Nazar Eshonqul. Uch hikoya

087

Бир мамлакатда камбағал рассом яшарди. У аянчли даражада қашшоқ, устига-устак жуда ҳам ёлғиз эди: у ҳаётни қандай тушунса, шундай кўринишда чизар, лекин уни ҳеч ким тушунмас, суратлари паст нархда сотиларди. Омадсиз рассом бир куни кўчада – айнан кўчада, чунки маликаларни бошқа жойда учратиш мумкин эмас, буни эртаклар ҳам тасдиқлайди, – шаҳар айланиб юрган маликани кўрди-ю, унга ошиқ бўлиб қолди; муҳаббат уни девонага айлантирди: у маликанинг исмини айтиб, кўча-куйда санғиб юрадиган ва эсига тушиб қолган жойда – тошга ҳам, деворга ҳам унинг суратини чизадиган бўлиб қолди. Бу ҳолни маликага етказдилар. Малика қаҳ-қаҳ уриб кулди-ю, рассомни чақириб, аввал масхара қилди.

08
НАЗАР ЭШОНҚУЛ
УЧ ҲИКОЯ
022

033Назар Эшонқул 1962 йил 15 июнда Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Терсота кишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факултетини тамомлаган (1986). Дастлабки асари — «Уруш одамлари» 1988 йилида нашр этилган. Шундан сўнг ёзувчининг «Момо кўшиқ», «Маймун етаклаган одам», «Шамолни тутиб бўлмайди», «Момо қўшиқ» ва бошқа асарлари нашр этилган. «Гўрўғли» романининг журнал варианти эълн қилинган. Хуан Карлос. Онеттининг «Ҳикоялар ва қиссалар»ини, Албер Камюнинг «Эсселар»ини, Чеховнинг «Болохонали уй» ҳикоясини ва бошқа кўплаб дунё адабиёти намуналарини ўзбек тилига таржима қилган.

022

САНЪАТ

Мамлакат подшосининг олдига бир киши келди.

– Мен рассомман, – деди у. – Умрим қашшоқликда ўтди, ҳаётимда шундай кунлар бўлдики, эслашнинг ўзи даҳшат. Мен энди очликдан жуда қўрқаман. Сенга ўзимнинг суратларимни сотишим мумкин. Суратларим жуда ғаройиб, у одам қурби етмайдиган ишларга қодир. Агар хоҳласанг сенга ғалабанинг суратини чизиб бераман, у орқали сен қўшни шоҳликни осонгина босиб оласан ёки бўлмаса гўзал бир қизнинг суратини чизиб бераман.

Шоҳ энди оёғини узатиб ётадиган даражада қариб қолган, лекин юраги тинч эмас эди. Шоҳликда тез-тез ғалаён бўлиб турарди. Одамлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб, гоҳ нарҳ навонинг ошиб кетганига, гоҳ узлуксиз солиқларга қарши норозилик билдириб туришар, сарой аҳли жуда безовта эди. Одамларда шоҳга нисбатан ишончсизлик кучайиб борар, баъзи жойларда ҳукумат қўшинлари билан тўқнашувлар содир бўлаётган эди.

– Менга қўшни ернинг кераги йўқ,-деди шоҳ рассомга.

– Ўзимда ҳам ортиқча ерлар ошиб-тошиб ётибди. Агар сен ростдан ҳам шундай мо”жизали суратлар чиза олсанг, унда менга осойишталикнинг суратини чизиб бер. Одамлар ҳеч қачон ғавғо қилмасинлар, ғалаён ҳам бўлмасин, менинг чизган чизиғимдан чиқишмасин. Мамлакатдаги масалаларни ҳал етишда фақат менинг ҳақим бўлсин.

Рассом дарров ишгв киришди. У ҳар хил бўёқларда аввал шоҳликнинг, сўнг унда яшаётган фуқораларнинг суратини чизди, – лекин суратдаги одамлар фавқулодда итоаткор, мўмин ва меҳнаткаш эди. Рассом уларни ғоят қунт ва усталику билан чизар, унинг қўли жодугарларникидек ҳаракат қиларди. Сурат чизилган сайин шоҳликдаги одамларнинг ҳам табиати аста-секин ўзгариб борарди: шаҳарларда ғалаёнлар бирин кетин тинчий бошлаган эди. Қандайдир сеҳрли куч уларнинг кўнгилларидаги норозилик ипларини узиб ташаларди: одамлар ишлашар, нима беришса қаноат қилишар, театрга, киноларга боришар, қўшиқ ҳам эшитишарди, бироқ ғалаён қилишмасди.

Рассом шоҳнинг талабига биноан уларни ростдан ҳам малданиятли қилиб тасвирлаганди. Мамлакатда ҳамма шоҳона кийиниб юрар ва шоҳ билан бир қозондан овқат ҳам ея оларди. Энг қашшоқчилик йиллари ҳам бу шоҳлик фуқоралари тўқлардек, шоду-хуррам кун кечиришарди. Сурат шоҳга жуда маъқул бўлди. Айниқса, фуқароларнинг ўзига ҳаддан ортиқ содиқлигидан хурсанд эди У Рассом кўнгли тусаганича тақдирлади ва суратни абадий асраш учун саройнинг тўрига осиб қўйди.

Рассом тирикчилик илинжида ҳамма жойда – шаҳарда, қишлоқларда, кент ва вилоятларда, қўрғон ва қалъаларда, қароргоҳ ва жанг майдонларида кезиб юрар ва унинг суратлари ҳамма жойда муносиб тақдирланарди.

У узоқ йиллар қиролларга ва вазирларга гоҳ сирли қуролнинг, гоҳ кишаннинг, гоҳ бойликнинг, гоҳ очликнинг, гоҳ қулликнинг, гоҳ ҳиёнатнинг, гоҳ урушнинг суратини чизиб бериб юрди. У узоқ умр кўрди, бироқ ундан бирон марта ҳам бахтниг суратини чизиб беришни сўрашмади.

Бир мамлакатда камбағал рассом яшарди. У аянчли даражада қашшоқ, устига-устак жуда ҳам ёлғиз эди: у ҳаётни қандай тушунса, шундай кўринишда чизар, лекин уни ҳеч ким тушунмас, суратлари паст нархда сотиларди. Омадсиз рассом бир куни кўчада – айнан кўчада, чунки маликаларни бошқа жойда учратиш мумкин эмас, буни эртаклар ҳам тасдиқлайди, – шаҳар айланиб юрган маликани кўрди-ю, унга ошиқ бўлиб қолди; муҳаббат уни девонага айлантирди: у маликанинг исмини айтиб, кўча-куйда санғиб юрадиган ва эсига тушиб қолган жойда – тошга ҳам, деворга ҳам унинг суратини чизадиган бўлиб қолди. Бу ҳолни маликага етказдилар. Малика қаҳ-қаҳ уриб кулди-ю, рассомни чақириб, аввал масхара қилди. Лекин малика рассомнинг кўзларига боқиб донг қотди. Бу кўз эмас, тун қўйнида порлаб турган машъала эди: у ерда мусибат ва ситамларнинг ёғдуланган бўёқлари жилва қиларди. «Агар менинг суратимни худди ўзимдек қилиб чизолсанг, мен сенга тегишга розиман – деди малика.

– Фақат сурат ҳам мен каби жонли бўлиши шарт.»

У қашшоқ кишиларни ёқтирмасди, бироқ, мамлакатдаги ягона рассомнинг кўнглини қолдиришдан ҳам қўрқарди, шунинг учун ҳеч қачон амалга ошмайдиган шарт билан унинг муҳаббатини рад этмоқчи эди.

Рассом машаққат билан узоқ йиллар ёлғиз сурат устида ишлади. У яна ҳам қашшоқлашди, эгнидаги кийимлар жулдурга айланди, ейишга нони қолмади, тушкунликнинг барча аянчли ва хароба кўчаларини бир-бир кезиб чиқди, лекин ихлос билан ишлайверди. Чарчаган ёки умидсизликка тушган пайтлари маликанинг гўзал чеҳрасини кўз олдига келтириб, унга ялиниб ёлворди, илтижо қилди, йиғлади, соғинч ва висол онларига умид ҳамда ёлғизлик мусибати унга куч бағишлади: у бўёққа ўзининг қонини қўшиб янги-янги ранглар топди, қарочиқларга кўзларининг нурини бахшид ва этди, орадан йиллар ўтиб, рассомни масхара қилиш учун маликанинг ўзи уникига ташриф буюрди. У рассомни кўриб, янада ҳайратда қолди – рассом жуда ҳам яшариб кетган, кўзларида бахт ва муҳаббатнинг оловлари ёнар, юзида улуғворлик акс этар, ёнида эса худди маликага ўхшаш, гўё маликанинг эгизагидай, худди маликанинг кўзга ташланар ва ташланмас нуқсонлари тарошлаб чиқилгандай маликадан-да латофатлироқ, эндигина о
чилган гулдек сўлим ва назокатли қиз ҳам турарди. Қиз маликадан ҳам гўзалроқ ва жозибалироқ эди – рассом унга хаёлнинг рангларини берганди, муҳаббатнинг буюклиги билан ишланган гўзал бир илоҳа яралган эди: у қаҳ-қаҳ отиб кула олар, рассомнинг хонасини мушку анбарга ва гул хидига тўлдириб фаришталардай рақс тушиб юрарди. Бу рассом қалби ва муҳаббатининг тимсоли эди. Рассом ўзи яратган илоҳани кўриб, ақли-хушидан айрилган, у маликани ҳам, берган ваъдасини ҳам унуттганди; «Маликам, – деди рассом, – мен сизнинг муҳаббатингизда йиллар машаққат чекдим, йиғладим-сиқттадим, қалбимни ғам-андуҳ сўндирди. Кўзларим йўлингизда ногирон бўлди, лекин сиз шу йилларда ҳатто мендан бирон марта ҳам ҳол сўрамадингиз, аксинча, устимдан кулиб, мени телба, дея овоза қилдингиз. Мен учун энг оғир бўлган уқубатли даврда менга фақат шу суратгина таскин берди, менга қунт ва ишонч бағишлаб турди.

Суратни чизиб бўлгач тушундим, мен сизни эмас, аслида сизнинг қиёфангизда бўлган бу сиймони севган эканман. Мен излаганимни топдим, биз аҳду-паймон қилдик, мендек бир қашшоқ рассом фақат шу малакнинг тенгиман, сизнинг эмас, маликам». Шундай дея рассом чеҳрасидан малоҳат таралиб турган қизни етаклаб уйига кириб кетди… Биз аслида севганимиз тимсолидаги бошқа қиёфани севамиз. Буни англаш учун рассом каби хўрликни бошдан кечиришимиз керак.

ОҚ АЛАНГА

… «Сен мени балки эсдан чиқаргандирсан, – деб хат ёзарди йигит ўзи бир вақтлар кўнгил қўйган қизига, – мен хотирангдан балки буткул ўчиб кетгандирман. Лекин менинг ёдимда ҳамон ўша қиёфада – кўкиш гулли оқ кўйлакда ловуллаб ёниб турасан. Сен худди ҳилпираб турган оқ алангага ўхшайсан. Бу аланга тилларигача оқ. Фақат баъзи-баъзида, аланга ловуллаб кўтарилаганда уинг оппоқ ёғдуси узра кўкиш учқунлар порлаб кетади-ю, сўнг дарҳол сўнади.Шунда гўё оқ аланга менинг юрагимда ловуллаб кеетгандай бўлади. Орадан тўрт йил ўтса ҳам сен бирон соня кўз олдимдан кетмадинг. Ҳар лаҳза, ҳар дақиқа кўз ўнгимда оқ алангани кўриб турдим… Аланга ҳамон менинг совуқ хонамни чўғдай иситиб турибди… Мен бу алангани ўчириб ташлашга ожизман… Йигит кўп йиллардан бери шу хонада яшар, хона улкан атиргулнинг ҳовучига ўхшарди. Хонада йигит гулнинг ширасига қўнган кичкина асаларидек бўлиб кўринарди. Йигитга ўзининг хонаси жуда ҳам ёқарди..

Ёзиб бўлгач, йигит хатдан гулола ясаб, деразадаги бўш тувакларга солиб қўярди. «…Ўша пайтлари менинг гапларим сенга қанчалик ҳавойи ва кулгули бўлиб туюлган бўлса, энди сенга шунчалиук табиий бўлиб туюлади, деб ёзади йигит қизга.– Сен баъзида мени эслаб йиғлайсан ҳам. Сенинг гулгингни қистатган менинг туйғуларим энди сенга ҳеч ором бермайди. Бу туйғулар сенинг ҳозирги ҳаётингдан кўра мазмунлироқ бўлиб кўринади. Сен мазах қилган, менсимаган, ғашингни келтирган ўша туйғулар энди сени изтиробга солади. Энди бу туйғулар сен учун умрингнинг энг ширин лаҳзалари бўлиб қолади…»

Йигит ҳар куни хат ёзар ва хатни тувакларга жойлаб, хонасига териб қўярди. «Муҳаббат – инсон қалбида очилган лоладир. Агар у сўлса, умрнинг ўзи ҳам сўлади… Тўрт йилдан бери кўнглимдаги лолалар чаман-чамн бўлиб очилиб кетди.»…

Дераза тўлгач, йигит қоғоз гуллар солинган тувакларни ёзув столига, курсига китоб жавонига, ерга, кейин эса диванга териб қўя бошлади. Хонанинг бурчаклари ҳам қоғоз гулли тувакларга тўлиб кетди. Хонада нагоҳан, барча гуллари чаман бўлиб очилган гузор пайдо бўлди. Йигит хона бурчаклари тўлгач, тувакларни хона деворларига осиб қўя бошлади. «Балким мен адашгандирман, – деб ёзди йигит . – Балким, мен ҳаётга сенинг нигоҳинг билан қарамаслигим керакдир. Ҳаёт менга қучоғини очиб тургану, мен сезмай келаётгандирман. Балким, менинг қалбимдаги муҳаббат эмасдир, муҳаббатдан ҳам кучлироқ туйғудир… Мен ҳар куни тушумда сени кўраман. Негадир ҳамиша тушумга илк марта кўрган қиёфада кирасан: юзларинг ловуллаб қизарган, сочинг бургут қанотидай ёйилган, лабларинг титраб турган бўлади. Гоҳо юзинг гулу, сочларинг бу оппоқ гулни ховучлаб турган қат-қат гулбаргларга ўҳшаб кетади; гулбарглар бунчалик нафис гулни тебратганидан баъзан тўлғониб-тўлғониб қўяди. Тўлғонар экан гулбарг қатлари, ора гулнинг нозик банди кўриниб кетади. Бу гўё тун қўйнида ловуллаб ёниб, яна дарҳол сўнган гуханга ўхшайди. Тўрт йилдан бери мен сени ловуллаб ёнган оқ аланга орасида кўраман. Оқ аланга гуриллаб осмонга кўтарилар экан, ҳовучдаги гул чўғдай қизариб кетади…»

Йигит сўнгги тувакни бўсағага жойлаштиргач, хонани хўрсиниб кўздан кечирди. Гултувакдаги лолалар сокин солланиб турар, чироқдан нур гулларга худди қизил ёмғирдай ва гулдондаги гуллар қизғиш рангда порлар эди. Гуллар чаман-чаман бўлиб очилиб ётган бу хонада энди йигитнинг ўзи ортиқча эди.

Йигит хонани ташлаб чиқиб кетди. Уйни айланиб ўтаркан, хона деразасига кўз ташлади. Хонани ловуллаган аланга буркаган эди…

ШАРПА

Хонангдаги шарпани сезиб қолганингга анча бўлди. Унинг шарпа эканига энди иймонинг комил эди. У гоҳ ғуслхонада, гоҳ китоб ўқиб ўтирганингда, гоҳ хаёл суриб ётганингда шундай ёнингда пайдо бўлар, совуқ кўзларини сенга тикиб турганини сезиб қолардинг. Дастлаб мен шундай туюлаяпти деб, ўйладинг. Аммо худди саробдай ёнингда шовур ва жимирлашни сезгач, унинг шарпа эканига шубҳанг қолмади. Ёлғиз қолдинг дегунча у, тўғрироғи, унинг шарпаси пайдо бўлар, у қайдан келади, қайдан пайдо бўлади, билмасдинг. Лекин ёлғиз қолсанг, хонада важоҳат билан кеза бошларди. Албатта, сени ғафлатда қолдириш, сўнг бирдан ташланиш учун пайт пойлаб юрганини, худди бошингда қилич осилиб тургандай унинг пайдо бўлиши сен учун хатарли эканини, унинг ҳар бурчакда ва ҳар хилватда, ҳар қадамда мавжуд эканлигини ҳис қилиб турардинг. Қўлингга бирор тиғдор қурол ушлаб, хоналарни зимдан кузатар, қаерда шарпа сезсанг, ўша томонга ташланар, аммо шарпа жуда маккор, у лип этиб орқангга ўтиб олар, сўнг сенинг хотиржам бўлишингни кута бошларди. Унинг хонангда нафас олаётганини ва сенинг вужудингда пайдо бўлган қўрқув билан бирга кундан-кун каттариб-семириб бораётганини ички хавотир билан сезар, бу шарпани ўлдиришим шарт дея аҳд қилар, у тирик экан, тинчлик бўлмайди ва бир куни у мени ютиб юбориши мумкин, дея ваҳимага тушардинг. Унинг тиши борми ёки заҳарлими, ё бўлмаса Африка илонларига ўхшаб фақат бўғадими, буни ҳам билмасдинг. Билганинг шуки, бу шарпа мавжуд ва у сенга ташаланиш учун қулай пайт излаб юрибди, дея ўйлар, бу фикр сени баттар ваҳимага соларди. Унинг жуда айёр ва маккор эканлиги шундан маълум эдики, агар уйингга биров келса, у сездирмай, қайгадир беркиниб оларди. Шарпа икки кишига ҳужум қилиш қалтис эканини жуда яхши биларди, чоғи. Агар меҳмон бир ҳафта ё икки ҳафта яшаб қолса, у шунча вақт мобайнида ўзи намаён қилмасди. Бироқ меҳмон кетиши биланоқ у яна сени таъқиб қила бошларди. У пайдо бўлганда элкангда унинг нигоҳини туяра, негадир уни суякларинг ва теринг жуда қизиқтирса керак деб ўйлардинг. У сени якка ҳолда даф қилишга уринарди; гўё у ҳам бутун дунёдан кўнгил узиб, худди эски кема энди ортиқ сузолмаслигини билиб, ҳалокатга юз тутгани каби ёлғизликка юз тутганингни билгандай, айнан шунинг учун сени бу узлат ва осойишталикдан қувиб чиқармоқчидай эди. Ойлар ўтиб, бу маккор шарпа хонангда ваҳима чироғини ёқиб бўлганда ва сен бу чироқ шуъласида ожиз, афтода ва ташландиқ алфозда кезиб юрганингда, шарпа яна ҳам ваҳший, ҳайбатли, бетакрор қўрқув манбаи бўлиб туюлар, сен эса уни хонангдан ҳайдаб чиқариш учун беҳуда уринардинг. Ортиқ бундай яшай олмасдинг. Сени кўрганлар нега бунчалар озиб кетдинг, дея сўрар, бироқ уларга шарпа ҳақида ҳеч нарса дея олмасдинг, аммо ростдан ҳам гўё қуриб-қовжирашга юз тутган дарахтдек кунма-кун озиб-тўзиб борар, баданингдан заҳиллик, хазон ҳидлари анқий бошлаганди, хаёлинг пароканда, ичинг бўшаб қолган, у эрдаги бўшлиқни шарпа ваҳимаси-ю, вас-васаси тўлдирганди.

Бир куни уни қайдан бўлмасин излаб топишга аҳд қилдинг. Қўлингга ханжарни тутганча аввал бурчакларни, сўнг ошхона ва ювиниш хонасини излаб чиқдинг. Унинг нафасини аниқ эшитиб турардинг, лекин қаерда эканини билиб бўлмасди. Эски кийимларингдан тортиб, стол тортмаларигача титкилаб чиқдинг. У ҳеч жойда йўқ эди. Охири излайвериб ҳолдан тойдинг. Шунда сенга бирдан у шарпа жавондаги китболар ичига яширингандай туюлди; икки-уч китобни олиб варақлаб, бунга шубҳа қилмадинг. Китобда унинг излари қолган эди. Изқуварликни бас қилишга тўғри келди. Чунки барча ҳаракатларинг зоя кетганди. Уни топиш учун ҳар бир китобни бирма-бир варақлаб чиқиш керак эди. Бунинг эса сираям иложи йўқ, бир ой ўтириб изласанг ҳам у шарпани барибир тополмасдинг. У китобдан китобга ўтиб юраверарди. Сен у шарпа билан бир хонада яшаб туришга мажбур эдинг. Лекин унинг таъқиби борган сари кучаяр, кечалари ҳам ухламай ҳушёр ётишингга тўғри келарди. Баъзан ҳаддан ташқари ваҳима чулғаб оларди. “Ҳой, сен шарпа, – дердинг унга товуш чиқариб, – сен мени алдай олмайсан, қайсидир бурчакда мени пойлаб ўтирибсан. Сенинг ниятинг менга маълум, шунинг учун мени доғда қолдиришинг қийин. Кел, яхшиси, менинг хонамни тарк эт, кет, менинг хонамдан. Мен осойишта ва тинч яшашни истайман”. Бироқ шарпа ҳужрангни тарк этмасди. У қайсидир бурчакка ўлжасини пойлаб турган мушукдек пусиб олар, сени ғафлатда қолдириш сониясини кутарди; бу сония ҳар қандай дамда содир бўлиш мумкин, сен қандай содир бўлганини билмай қолишинг ҳам мумкин. Сен шарпанинг шакли-шамойилини кўрганинг йўқ, фақат таъқиб этилаётганингни ва таъқиб этишаётганини ҳис қилиб турардинг. Сенинг безовта бўлишингга, шарпа ҳақида ҳар хил хавотирга боришингга шунинг ўзи этади деб ўйлардинг. Фақат уйда эмас, ҳамма жойда ишда, йўлда, томошахонада, меҳмонда, қаерда бўлма, ўша эрда сени нимадир, кимдир таъқиб қиларди. Таъқиб адоқсиз, сўнгсиз эди. Сен бирдан бу таъқиб туфайли ақлдан озиб қолсам керак деб ўйлардинг. Сенга ҳар доим, ҳар лаҳза қандайдир тожавузкор нигоҳ тикилиб тургандай туюлар, у сенинг ҳар бир ҳаракатингни кузатиб турар, гўё сен қаттиқ қўриқланаётган ва баланд деворлар билан ўраб ташланган, қачон озод бўлишинг, қачон деворлар қўпорилиши, қачон сени қўриқлаб ётган посбонлар кетиши номаълум мангу маҳбусликка ва эрксизликка маҳкум этилган қўрғонга ўхшардинг ва бу қўрғон деворларидан ошиб, ёт бир назар ҳеч қачон ичкарига тушиши мумкин бўлмагани каби сенинг ҳам хавотир ва шубҳалардан дилдираб турган таҳликага маҳкум ичкарингга ҳеч ким шарпани четлаб ўтиб киролмас, аксинча, кунма-кун шарпа таъқиби кучайиб, сени ўзининг ожиз ва забун асирига айлантириб борарди, зеро, шарпа энди хонангда сездирмай ўз салтанатини ўрнатган, сенинг ўзинг яккаю ягона фуқороси бўлишингга қарамай, бу салтанатга ёт бўлиб қолгандинг ва ёт бўлиб борардинг. Шарпа ваҳми эгаллаб олган шууринг энди сени ўз мулкидан аста-секин худди ёт қўшинларни мамлакат ҳудудидан ҳайдаб чиқараётган лашкардек ҳайдарди. Сен ўзингдан ҳайдалардинг. Юрагингнинг қайси бурчагига боқма, у эрда сени беўхшов ва жонҳалок шарпа ваҳми кутиб олар, сен хотиржамлик деразасини қанчалик урма, сени ичкарига киритмасдилар. Сен шарпа ҳақида ўз танишларинг, яқинларингни хабардор қилиш зарурлигини англадинг. Балким кўплашиб шарпадан халос бўлиш чораси топилар? Шарпа ҳақида биринчи бўлиб гапирган дўстинг сенга ажабланиб тикилди– у сени уйдирма қилаяпти деб ўйлаганди. Бироқ кўзларингга боқиб, ёлғон гапирмаётганингга ишонди ва бир неча ҳафта сен билан бирга яшашга, шарпани ўз кўзлари билан кўришга рози бўлди. Кечқурун у хонангда қурол-яроғ-тўр, олов пуркагич, арқон билан пайдо бўлди ва ваъда берганидай сен билан бир неча ҳафта бирга яшади. У сени ухлатиб, тунлари бошингда қоравуллик қилар, яроғларни шайлаб турарди. Бир неча ҳафта дўстинг уйқусизликдан озиб-тўзиб, абгор қиёфага кирди. Сен унинг садоқатидан ичингда ғурурланардинг. У тунлари ҳар бир хилватни пойлаб тонг оттирар, эрталаблари уйғонар экан, унинг уйқусизликдан кўзлари қизарган, қуролини қўлида маҳкам қисганча, эснаб ўтирган ҳолатда кўрардинг. Охири унинг ҳафсаласи пир бўлди. Асбоб-анжомини жойлаб, жўнаб кетар экан, сенга ачиниш ва бироз мазах акс этган кўзларини тикди.

-Биласанми,– деди у эшик олдида сенинг хайрлашишиш учун чўзилган қўлингни қаттиқ қисар экан.– Бу уйда сенинг ўзингдан бошқа ҳеч қандай шарпа йўқ. Шарпа сенсан!

Дўстинг ўлжасиз қайтаётган овчидай зарда билан катта-катта қадам ташлаб сени яна ёлғиз ташлаб кетди. Шунча пайтдан-дўстинг билан бирга яшаётгандан бери сасини ҳам сездирмаган шарпа эшик ёпилиши билан яна элканг оша сени пойлашга тушди: сен ғайри шуурий тарзда унинг пайдо бўлганини сездинг. Дўстингнинг гапларидан сўнг сен шарпа ҳақидаги гапларингга ўзингдан бошқа ҳеч ким ишонмаслигига ва бу шарпа фақат менга кўринишга ва фақат мени маҳкум этишга мустаҳиқ этилган деган қарорга келдинг ва бошқа бу ҳақда ҳеч кимга лом-мим демасликка ва кулгу, масхарага қолмасликка қарор қилдинг.

Сен кечалари туш-у ҳуш аралаш ихрашларни, шовурларни эшитиб қолар экансан, унга қарши чиқишга ўзингда ҳеч бир умид қолмаётганини сезардинг. Барча умидларингни шарпа ваҳми ўғирлаб олганди. Бироқ сен ўзингнинг хонадан бутунлай суриб чиқарилмаслигинг учун товуш чиқариб, унга уруш эълон қилар, бу уруш эълон қилишдан кўра кўпроқ таслим бўлишга ўхшарди. Сен шарпани энгиш ва хонангдан ҳайдаб чиқариш учун ички бир жасорат топишни истар ва шу истаккина сени ҳаёт билан боғлаб турарди. Аввалига сен у шарпанинг жисми ва шамойилини аниқлаш учун ҳар хил тажрибалар ўтказдинг. Ойна олдида соатлаб элканг оша тўкилиб турган зулматга боқиб турар, зора кўзгуда унинг шамойили кўриниб қолса дея умид қилардинг. Аммо шарпа сендан айёрроқ чиқди, у ойна олдида ўтирганингда бирон марта кўзга ташланмади, сенга ҳужум ҳам қилмади. Бу тажриба натижа бермагач, энди шарпани ҳайдаш ва чўчитиш учун сени олис болалигингдан бери ҳалигача тарк этмаган одатингга кўра деворга қушларнинг суратини чиза бошладинг. Сен бу суратлар билан ўзингнинг ҳали тириклигингни ва яшаётганлигингни, сени ҳали ҳам ҳайрат ва шавқ тарк этмаганини шарпага кўрсатиб қўймоқчи эдинг. Суратларинг аввалига анча беўхшов чиқаётганди, бора-бора қушларнинг суратини чизишга шунчалик устаси фаранг бўлиб кетдинг-ки, хонангга тўсатдан келиб қолган киши сурат эканлигини билмаса, девордаги расмини кўриб, қуш учиб юрибди деб ўйлаши мумкин эди. Сен хонада ёлғиз қолмаслик, шарпага буткул асир бўлмаслик учун хонангни қушлар суратига тўлдириб юбординг. Энди қушлар эрда, деворларда, шифтда, тўшакларингда, ошхонада учиб юришарди, улар эркин ва озод эдилар. Сен уларнинг эмин-эркин парвозини кўриб, қувонардинг. Қушлар гўё сен эришолмаган ва бир умр орзу қилган манзаранинг бир парчаси эди; уйинг оқ чағалайлар уя қурган ва парвоз қилиб юрган денгиз ўртасидаги ёлғиз ва мағрур қояга ўхшарди. Қушлар парвози ва қийқириқлари билан денгиз шовуллаши қўшилиб, ажиб бир гўзаллик пайдо қилар, денгиз чайқалар, қушлар тинимсиз қанот қоқарди.

Бир куни қушларнинг галалаб учиб юриши ҳам сенга ҳалақит бераётганини англадинг, хусусан, сен тасаввур қилган шарпа олдида бу қушлар митти ва ожиз эдилар. Шунда барча қушларни ёқиб ташлаб, тўғри деворнинг ўзига хонангни тўлдириб турадиган улкан қушнинг суратини чиздинг. Чизиб бўлгунча улкан тошга улкан қуш аксини ўйиб солган ҳайкалтарошдек ҳориб-толиб қолдинг. Лекин бу ҳорғинлик лаззатли ва фароғатли эди. Қушнинг қанотлари парвоздагидай кенг ёйилган, кўзларида қатъият ва жасорат акс этарди; у шу учишида бутун эр юзини кўтариб учадиган шаҳди бор эди гўё; уни парвоз ва эркидан бошқа ҳеч нарса қизиқтирмас, у ҳамма нарсадан юксак ва баланд эди. Сенинг-ча уни ҳеч ким эр юзига тортиб туширолмас, парвозидан, эркидан айро қилолмасди; сен қушга қўшилиб, осмонларда учиб юрардинг, эрга қайтиб тушишини истамасдинг. Учиш нақадар завқли ва фароғатли эди. Сен бепоён кенгликда озод ва эркин учиб юрар, юксакликда сенга ҳеч ким дахл қилолмас, ваҳм, қўрқув, ташвишлар, ҳаммаси пастда қолиб кетганди. Сен ўз хонангнинг ва ўз орзуларингнинг қушига айланиб қолганингдан бахтиёр эдинг; уни тўшакда чўзилиб ётганча соатлаб томоша қилар, қушнинг учқур ва бақувват қанотлари хаёлингга парвоз, ўзингга куч ва далда берарди. Бироқ бу қувончинг узоққа чўзилмади; бир куни тонгда кўзингни очганингда қушни қанотлари тўзғоқ, афтода ва забун ҳолатда кўрдинг; унинг патлари хонада тўзиб ётар, ўзи эса жонсиз ва ҳаракатсиз эди; қанотлари юлиб олинган бу қушни кўрганингдан сўнг тунда ухлаб ётганингда шарпа билан мардонавор олишиб ҳалок бўлганини сездинг. Қуш шарпадан сени ҳимоя қилиб, тонггача курашиб, кейин жон таслим қилганини англадинг. Шарпа сенга ўзининг куч-қудратини намойиш қилиш учун ҳам қушни шафқатсизларча ғажиб ташлаганди. У сенинг ёлғиз умидингни ҳам сўриб олишни истаганди. Шарпани энгадиган, уни хонангдан ҳайдаб чиқарадиган куч йўқлигини намоён қилмоқчи бўлганди; бироқ сен бу марта умидсизликка тушишни эп кўрмадинг.

Қушнинг ўлими сенда яна умид, қандай бўлмасин ўзингнинг мавжудлигингни, мавжуд бўлиб қолишингни, сени эгиш, бўйсундириш, муте қилиш осон эмаслигини исботлаш истагини уйғотганини шарпа билмасди. Қуш мардонавор ўлими билан сенда қандай бўлмасин шарпага қарши курашиш туйғусини пайдо қилганди. Шарпа эса ёлғиз қолдинг дегунча хонангда кеза бошлар, тунда, айниқса, у яйраб кетарди. Бу эса сендан ҳеч қачон ғафлатда қолмасликни талаб қиларди. Шунинг учун сен хонангдан зулматни ҳайдаб, ҳамиша ёруғ бўлишнинг йўлини ахтара бошладинг. Бу йўлни охири топдинг ҳам. Хонанг шифтига кўм-кўк мовий осмон ва порлаб турган қуёшнинг суратини чизиб қўйдинг; осмон бепоён ва гўзал эди, қуёш эса кеча-ю кундуз ҳеч қачон бу эрларга тун, зулмат келолмаслигидан дарак бериб, порлаб турарди. Сен ўзингнинг кичкина осмонингни ва қуёшингни топган эдинг; хонангда осмон ва қуёш пайдо бўлиши билан шарпа ғойиб бўлди, ниҳоят сен ғалаба қилдинг. Шарпа энгилган эди. Сен шарпадан аба
дий қутилганингга шубҳа қилмасдинг. Шарпа доимо қуёш нурларига ғарқ хонангга ҳеч қачон ташриф буюролмасди. Шарпа қуёшдан ва осмондан қўрқарди. Сен эса тўшакда ётганча шундай қўл узатса этадиган осмонни, қуёш нурларида ҳам элас-элас кўзга ташланаётган олис юлдузларни томоша қилиб, завқланиб ётардинг. Осмонга яқин, осмон билан бирга яшаш қандай лаззатли эди! Қандайин дилбар эди. Аммо сени бахтсизлик кутиб турганини хаёлингга келтирмасдинг. Ўша куни уйга қайтиб, хонанг зулматга чўкканини кўриб, инграб юбординг. Шарпа қуёшни қопқора бўёққа бўяб қўйган, осмон эса зулматда кўринмай қолганди. Зулмат ичида хонага киришинг билан сени жангга ундовчи шитирлаш эштилди – бу шарпа эди; у сенга оч, ёвуз кўзларини тикиб, уй бурчагида турарди. Энди уни аниқ кўриб турардинг. У зулматга ғарқ бўлгани каби ё зулматнинг бир қисми каби зулмат ичида ғимирлар, озурда, телба, аламзада ва харрос ҳолатда эди; сен уни бир зум кўрдинг-у шу он у яна кўздан йўқолди. Энди у
тун-у-кун хонанг бўйлаб тинимсиз кезиб юрар, сени ғафлатда қолдириши учун пайт пойларди. Сен энди маҳкум эдинг, энди у билан бирга бўлишга, унинг ёвуз хавотири ва таъқиби остида бир умр яшашга маҳкум этилгандинг. Гўё тарозининг икки палласидай, шарпа ва сен, бир-бирларингни гоҳ у сени, гоҳ сен уни таъқиб қилиб, сонияларни, лаҳзаларни, дақиқаларни, кунлар ва ойларни қувлаб яшар, шарпа сенга берилган умр тугагунча, ё сен шарпани ё шарпа сени буткул энгмагунча таъқиб ва ваҳм оғушида, у чизиб берган зулматга ғарқ этилган юлдузсиз осмон остида яшашга мустаҳиқ этилгандинг.

011

08
NAZAR ESHONQUL
UCH HIKOYA
022

Nazar Eshonqul 1962 yil 15 iyunda Qashqadaryo viloyati Qamashi tumanidagi Tersota kishlog’ida tug’ilgan. ToshDUning jurnalistika fakultetini tamomlagan (1986). Dastlabki asari — «Urush odamlari» 1988 yilida nashr etilgan. Shundan so’ng yozuvchining «Momo ko’shiq», «Maymun yetaklagan odam», «Shamolni tutib bo’lmaydi», «Momo qo’shiq» va boshqa asarlari nashr etilgan. «Go’ro’g’li» romanining  jurnal varianti e’ln qilingan. Xuan Karlos. Onettining «Hikoyalar va qissalar»ini, Alber Kamyuning «Esselar»ini, Chexovning «Boloxonali uy» hikoyasini va boshqa ko’plab dunyo adabiyoti namunalarini o’zbek tiliga tarjima qilgan.

022

SAN’AT

Mamlakat podshosining oldiga bir kishi kеldi.

Mеn rassomman, – dеdi u. – Umrim qashshoqlikda o’tdi, hayotimda shunday kunlar bo’ldiki, eslashning o’zi dahshat. Mеn endi ochlikdan juda qo’rqaman. Sеnga o’zimning suratlarimni sotishim mumkin. Suratlarim juda g’aroyib, u odam qurbi еtmaydigan ishlarga qodir. Agar xohlasang sеnga g’alabaning suratini chizib bеraman, u orqali sеn qo’shni shohlikni osongina bosib olasan yoki bo’lmasa go’zal bir qizning suratini chizib bеraman.

Shoh endi oyog’ini uzatib yotadigan darajada qarib qolgan, lеkin yuragi tinch emas edi. Shohlikda tеz-tеz g’alayon bo’lib turardi. Odamlar o’z haq-huquqlarini talab qilib, goh narh navoning oshib kеtganiga, goh uzluksiz soliqlarga qarshi norozilik bildirib turishar, saroy ahli juda bеzovta edi. Odamlarda shohga nisbatan ishonchsizlik kuchayib borar, ba’zi joylarda hukumat qo’shinlari bilan to’qnashuvlar sodir bo’layotgan edi.

– Mеnga qo’shni еrning kеragi yo’q,-dеdi shoh rassomga.

– O’zimda ham ortiqcha еrlar oshib-toshib yotibdi. Agar sеn rostdan ham shunday mo”jizali suratlar chiza olsang, unda mеnga osoyishtalikning suratini chizib bеr. Odamlar hеch qachon g’avg’o qilmasinlar, g’alayon ham bo’lmasin, mеning chizgan chizig’imdan chiqishmasin. Mamlakatdagi masalalarni hal еtishda faqat mеning haqim bo’lsin.

Rassom darrov ishgv kirishdi. U har xil bo’yoqlarda avval shohlikning, so’ng unda yashayotgan fuqoralarning suratini chizdi, – lеkin suratdagi odamlar favqulodda itoatkor, mo’min va mеhnatkash edi. Rassom ularni g’oyat qunt va ustaliku bilan chizar, uning qo’li jodugarlarnikidеk harakat qilardi. Surat chizilgan sayin shohlikdagi odamlarning ham tabiati asta-sеkin o’zgarib borardi: shaharlarda g’alayonlar birin kеtin tinchiy boshlagan edi. Qandaydir sеhrli kuch ularning ko’ngillaridagi norozilik iplarini uzib tashalardi: odamlar ishlashar, nima bеrishsa qanoat qilishar, tеatrga, kinolarga borishar, qo’shiq ham eshitishardi, biroq g’alayon qilishmasdi.

Rassom shohning talabiga binoan ularni rostdan ham maldaniyatli qilib tasvirlagandi. Mamlakatda hamma shohona kiyinib yurar va shoh bilan bir qozondan ovqat ham еya olardi. Eng qashshoqchilik yillari ham bu shohlik fuqoralari to’qlardеk, shodu-xurram kun kеchirishardi. Surat shohga juda ma’qul bo’ldi. Ayniqsa, fuqarolarning o’ziga haddan ortiq sodiqligidan xursand edi U Rassom ko’ngli tusaganicha taqdirladi va suratni abadiy asrash uchun saroyning to’riga osib qo’ydi.

Rassom tirikchilik ilinjida hamma joyda – shaharda, qishloqlarda, kеnt va viloyatlarda, qo’rg’on va qal’alarda, qarorgoh va jang maydonlarida kеzib yurar va uning suratlari hamma joyda munosib taqdirlanardi.

U uzoq yillar qirollarga va vazirlarga goh sirli qurolning, goh kishanning, goh boylikning, goh ochlikning, goh qullikning, goh hiyonatning, goh urushning suratini chizib bеrib yurdi. U uzoq umr ko’rdi, biroq undan biron marta ham baxtnig suratini chizib bеrishni so’rashmadi.

Bir mamlakatda kambag’al rassom yashardi. U ayanchli darajada qashshoq, ustiga-ustak juda ham yolg’iz edi: u hayotni qanday tushunsa, shunday ko’rinishda chizar, lеkin uni hеch kim tushunmas, suratlari past narxda sotilardi. Omadsiz rassom bir kuni ko’chada – aynan ko’chada, chunki malikalarni boshqa joyda uchratish mumkin emas, buni ertaklar ham tasdiqlaydi, – shahar aylanib yurgan malikani ko’rdi-yu, unga oshiq bo’lib qoldi; muhabbat uni dеvonaga aylantirdi: u malikaning ismini aytib, ko’cha-kuyda sang’ib yuradigan va esiga tushib qolgan joyda – toshga ham, dеvorga ham uning suratini chizadigan bo’lib qoldi. Bu holni malikaga еtkazdilar. Malika qah-qah urib kuldi-yu, rassomni chaqirib, avval masxara qildi. Lеkin malika rassomning ko’zlariga boqib dong qotdi. Bu ko’z emas, tun qo’ynida porlab turgan mash’ala edi: u еrda musibat va sitamlarning yog’dulangan bo’yoqlari jilva qilardi. «Agar mеning suratimni xuddi o’zimdеk qilib chizolsang, mеn sеnga tеgishga roziman – dеdi malika.

– Faqat surat ham mеn kabi jonli bo’lishi shart.»

U qashshoq kishilarni yoqtirmasdi, biroq, mamlakatdagi yagona rassomning ko’nglini qoldirishdan ham qo’rqardi, shuning uchun hеch qachon amalga oshmaydigan shart bilan uning muhabbatini rad etmoqchi edi.

Rassom mashaqqat bilan uzoq yillar yolg’iz surat ustida ishladi. U yana ham qashshoqlashdi, egnidagi kiyimlar juldurga aylandi, еyishga noni qolmadi, tushkunlikning barcha ayanchli va xaroba ko’chalarini bir-bir kеzib chiqdi, lеkin ixlos bilan ishlayvеrdi. Charchagan yoki umidsizlikka tushgan paytlari malikaning go’zal chеhrasini ko’z oldiga kеltirib, unga yalinib yolvordi, iltijo qildi, yig’ladi, sog’inch va visol onlariga umid hamda yolg’izlik musibati unga kuch bag’ishladi: u bo’yoqqa o’zining qonini qo’shib yangi-yangi ranglar topdi, qarochiqlarga ko’zlarining nurini baxshid va etdi, oradan yillar o’tib, rassomni masxara qilish uchun malikaning o’zi unikiga tashrif buyurdi. U rassomni ko’rib, yanada hayratda qoldi – rassom juda ham yasharib kеtgan, ko’zlarida baxt va muhabbatning olovlari yonar, yuzida ulug’vorlik aks etar, yonida esa xuddi malikaga o’xshash, go’yo malikaning egizagiday, xuddi malikaning ko’zga tashlanar va tashlanmas nuqsonlari taroshlab chiqilganday malikadan-da latofatliroq, endigina ochilgan guldеk so’lim va nazokatli qiz ham turardi. Qiz malikadan ham go’zalroq va jozibaliroq edi – rassom unga xayolning ranglarini bеrgandi, muhabbatning buyukligi bilan ishlangan go’zal bir iloha yaralgan edi: u qah-qah otib kula olar, rassomning xonasini mushku anbarga va gul xidiga to’ldirib farishtalarday raqs tushib yurardi. Bu rassom qalbi va muhabbatining timsoli edi. Rassom o’zi yaratgan ilohani ko’rib, aqli-xushidan ayrilgan, u malikani ham, bеrgan va’dasini ham unuttgandi; «Malikam, – dеdi rassom, – mеn sizning muhabbatingizda yillar mashaqqat chеkdim, yig’ladim-siqttadim, qalbimni g’am-anduh so’ndirdi. Ko’zlarim yo’lingizda nogiron bo’ldi, lеkin siz shu yillarda hatto mеndan biron marta ham hol so’ramadingiz, aksincha, ustimdan kulib, mеni tеlba, dеya ovoza qildingiz. Mеn uchun eng og’ir bo’lgan uqubatli davrda mеnga faqat shu suratgina taskin bеrdi, mеnga qunt va ishonch bag’ishlab turdi.

Suratni chizib bo’lgach tushundim, mеn sizni emas, aslida sizning qiyofangizda bo’lgan bu siymoni sеvgan ekanman. Mеn izlaganimni topdim, biz ahdu-paymon qildik, mеndеk bir qashshoq rassom faqat shu malakning tеngiman, sizning emas, malikam». Shunday dеya rassom chеhrasidan malohat taralib turgan qizni еtaklab uyiga kirib kеtdi… Biz aslida sеvganimiz timsolidagi boshqa qiyofani sеvamiz. Buni anglash uchun rassom kabi xo’rlikni boshdan kеchirishimiz kеrak.

OQ ALANGA

… «Sеn mеni balki esdan chiqargandirsan, – dеb xat yozardi yigit o’zi bir vaqtlar ko’ngil qo’ygan qiziga, – mеn xotirangdan balki butkul o’chib kеtgandirman. Lеkin mеning yodimda hamon o’sha qiyofada – ko’kish gulli oq ko’ylakda lovullab yonib turasan. Sеn xuddi hilpirab turgan oq alangaga o’xshaysan. Bu alanga tillarigacha oq. Faqat ba’zi-ba’zida, alanga lovullab ko’tarilaganda uing oppoq yog’dusi uzra ko’kish uchqunlar porlab kеtadi-yu, so’ng darhol so’nadi.Shunda go’yo oq alanga mеning yuragimda lovullab kееtganday bo’ladi. Oradan to’rt yil o’tsa ham sеn biron sonya ko’z oldimdan kеtmading. Har lahza, har daqiqa ko’z o’ngimda oq alangani ko’rib turdim… Alanga hamon mеning sovuq xonamni cho’g’day isitib turibdi… Mеn bu alangani o’chirib tashlashga ojizman… Yigit ko’p yillardan bеri shu xonada yashar, xona ulkan atirgulning hovuchiga o’xshardi. Xonada yigit gulning shirasiga qo’ngan kichkina asalaridеk bo’lib ko’rinardi. Yigitga o’zining xonasi juda ham yoqardi..

Yozib bo’lgach, yigit xatdan gulola yasab, dеrazadagi bo’sh tuvaklarga solib qo’yardi. «…O’sha paytlari mеning gaplarim sеnga qanchalik havoyi va kulguli bo’lib tuyulgan bo’lsa, endi sеnga shunchaliuk tabiiy bo’lib tuyuladi, dеb yozadi yigit qizga.– Sеn ba’zida mеni eslab yig’laysan ham. Sеning gulgingni qistatgan mеning tuyg’ularim endi sеnga hеch orom bеrmaydi. Bu tuyg’ular sеning hozirgi hayotingdan ko’ra mazmunliroq bo’lib ko’rinadi. Sеn mazax qilgan, mеnsimagan, g’ashingni kеltirgan o’sha tuyg’ular endi sеni iztirobga soladi. Endi bu tuyg’ular sеn uchun umringning eng shirin lahzalari bo’lib qoladi…»

Yigit har kuni xat yozar va xatni tuvaklarga joylab, xonasiga tеrib qo’yardi. «Muhabbat – inson qalbida ochilgan loladir. Agar u so’lsa, umrning o’zi ham so’ladi… To’rt yildan bеri ko’nglimdagi lolalar chaman-chamn bo’lib ochilib kеtdi.»…

Dеraza to’lgach, yigit qog’oz gullar solingan tuvaklarni yozuv stoliga, kursiga kitob javoniga, еrga, kеyin esa divanga tеrib qo’ya boshladi. Xonaning burchaklari ham qog’oz gulli tuvaklarga to’lib kеtdi. Xonada nagohan, barcha gullari chaman bo’lib ochilgan guzor paydo bo’ldi. Yigit xona burchaklari to’lgach, tuvaklarni xona dеvorlariga osib qo’ya boshladi. «Balkim mеn adashgandirman, – dеb yozdi yigit . – Balkim, mеn hayotga sеning nigohing bilan qaramasligim kеrakdir. Hayot mеnga quchog’ini ochib turganu, mеn sеzmay kеlayotgandirman. Balkim, mеning qalbimdagi muhabbat emasdir, muhabbatdan ham kuchliroq tuyg’udir… Mеn har kuni tushumda sеni ko’raman. Nеgadir hamisha tushumga ilk marta ko’rgan qiyofada kirasan: yuzlaring lovullab qizargan, soching burgut qanotiday yoyilgan, lablaring titrab turgan bo’ladi. Goho yuzing gulu, sochlaring bu oppoq gulni xovuchlab turgan qat-qat gulbarglarga o’hshab kеtadi; gulbarglar bunchalik nafis gulni tеbratganidan ba’zan to’lg’onib-to’lg’onib qo’yadi. To’lg’onar ekan gulbarg qatlari, ora gulning nozik bandi ko’rinib kеtadi. Bu go’yo tun qo’ynida lovullab yonib, yana darhol so’ngan guxanga o’xshaydi. To’rt yildan bеri mеn sеni lovullab yongan oq alanga orasida ko’raman. Oq alanga gurillab osmonga ko’tarilar ekan, hovuchdagi gul cho’g’day qizarib kеtadi…»

Yigit so’nggi tuvakni bo’sag’aga joylashtirgach, xonani xo’rsinib ko’zdan kеchirdi. Gultuvakdagi lolalar sokin sollanib turar, chiroqdan nur gullarga xuddi qizil yomg’irday va guldondagi gullar qizg’ish rangda porlar edi. Gullar chaman-chaman bo’lib ochilib yotgan bu xonada endi yigitning o’zi ortiqcha edi.

Yigit xonani tashlab chiqib kеtdi. Uyni aylanib o’tarkan, xona dеrazasiga ko’z tashladi. Xonani lovullagan alanga burkagan edi…

SHARPA

Xonangdagi sharpani sezib qolganingga ancha bo’ldi. Uning sharpa ekaniga endi iymoning komil edi. U goh g’uslxonada, goh kitob o’qib o’tirganingda, goh xayol surib yotganingda shunday yoningda paydo bo’lar, sovuq ko’zlarini senga tikib turganini sezib qolarding. Dastlab men shunday tuyulayapti deb, o’ylading. Ammo xuddi sarobday yoningda shovur va jimirlashni sezgach, uning sharpa ekaniga shubhang qolmadi. Yolg’iz qolding deguncha u, to’g’rirog’i, uning sharpasi paydo bo’lar, u qaydan keladi, qaydan paydo bo’ladi, bilmasding. Lekin yolg’iz qolsang, xonada vajohat bilan keza boshlardi. Albatta, seni g’aflatda qoldirish, so’ng birdan tashlanish uchun payt poylab yurganini, xuddi boshingda qilich osilib turganday uning paydo bo’lishi sen uchun xatarli ekanini, uning har burchakda va har xilvatda, har qadamda mavjud ekanligini his qilib turarding. Qo’lingga biror tig’dor qurol ushlab, xonalarni zimdan kuzatar, qaerda sharpa sezsang, o’sha tomonga tashlanar, ammo sharpa juda makkor, u lip etib orqangga o’tib olar, so’ng sening xotirjam bo’lishingni kuta boshlardi. Uning xonangda nafas olayotganini va sening vujudingda paydo bo’lgan qo’rquv bilan birga kundan-kun kattarib-semirib borayotganini ichki xavotir bilan sezar, bu sharpani o’ldirishim shart deya ahd qilar, u tirik ekan, tinchlik bo’lmaydi va bir kuni u meni yutib yuborishi mumkin, deya vahimaga tusharding. Uning tishi bormi yoki zaharlimi, yo bo’lmasa Afrika ilonlariga o’xshab faqat bo’g’adimi, buni ham bilmasding. Bilganing shuki, bu sharpa mavjud va u senga tashalanish uchun qulay payt izlab yuribdi, deya o’ylar, bu fikr seni battar vahimaga solardi. Uning juda ayyor va makkor ekanligi shundan ma’lum ediki, agar uyingga birov kelsa, u sezdirmay, qaygadir berkinib olardi. Sharpa ikki kishiga hujum qilish qaltis ekanini juda yaxshi bilardi, chog’i. Agar mehmon bir hafta yo ikki hafta yashab qolsa, u shuncha vaqt mobaynida o’zi namayon qilmasdi. Biroq mehmon ketishi bilanoq u yana seni ta’qib qila boshlardi. U paydo bo’lganda elkangda uning nigohini tuyara, negadir uni suyaklaring va tering juda qiziqtirsa kerak deb o’ylarding. U seni yakka holda daf qilishga urinardi; go’yo u ham butun dunyodan ko’ngil uzib, xuddi eski kema endi ortiq suzolmasligini bilib, halokatga yuz tutgani kabi yolg’izlikka yuz tutganingni bilganday, aynan shuning uchun seni bu uzlat va osoyishtalikdan quvib chiqarmoqchiday edi. Oylar o’tib, bu makkor sharpa xonangda vahima chirog’ini yoqib bo’lganda va sen bu chiroq shu’lasida ojiz, aftoda va tashlandiq alfozda kezib yurganingda, sharpa yana ham vahshiy, haybatli, betakror qo’rquv manbai bo’lib tuyular, sen esa uni xonangdan haydab chiqarish uchun behuda urinarding. Ortiq bunday yashay olmasding. Seni ko’rganlar nega bunchalar ozib ketding, deya so’rar, biroq ularga sharpa haqida hech narsa deya olmasding, ammo rostdan ham go’yo qurib-qovjirashga yuz tutgan daraxtdek kunma-kun ozib-to’zib borar, badaningdan zahillik, xazon hidlari anqiy boshlagandi, xayoling parokanda, iching bo’shab qolgan, u erdagi bo’shliqni sharpa vahimasi-yu, vas-vasasi to’ldirgandi.

Bir kuni uni qaydan bo’lmasin izlab topishga ahd qilding. Qo’lingga xanjarni tutgancha avval burchaklarni, so’ng oshxona va yuvinish xonasini izlab chiqding. Uning nafasini aniq eshitib turarding, lekin qaerda ekanini bilib bo’lmasdi. Eski kiyimlaringdan tortib, stol tortmalarigacha titkilab chiqding. U hech joyda yo’q edi. Oxiri izlayverib holdan toyding. Shunda senga birdan u sharpa javondagi kitbolar ichiga yashiringanday tuyuldi; ikki-uch kitobni olib varaqlab, bunga shubha qilmading. Kitobda uning izlari qolgan edi. Izquvarlikni bas qilishga to’g’ri keldi. Chunki barcha harakatlaring zoya ketgandi. Uni topish uchun har bir kitobni birma-bir varaqlab chiqish kerak edi. Buning esa sirayam iloji yo’q, bir oy o’tirib izlasang ham u sharpani baribir topolmasding. U kitobdan kitobga o’tib yuraverardi. Sen u sharpa bilan bir xonada yashab turishga majbur eding. Lekin uning ta’qibi borgan sari kuchayar, kechalari ham uxlamay hushyor yotishingga to’g’ri kelardi. Ba’zan haddan tashqari vahima chulg’ab olardi. “Hoy, sen sharpa, – derding unga tovush chiqarib, – sen meni alday olmaysan, qaysidir burchakda meni poylab o’tiribsan. Sening niyating menga ma’lum, shuning uchun meni dog’da qoldirishing qiyin. Kel, yaxshisi, mening xonamni tark et, ket, mening xonamdan. Men osoyishta va tinch yashashni istayman”. Biroq sharpa hujrangni tark etmasdi. U qaysidir burchakka o’ljasini poylab turgan mushukdek pusib olar, seni g’aflatda qoldirish soniyasini kutardi; bu soniya har qanday damda sodir bo’lish mumkin, sen qanday sodir bo’lganini bilmay qolishing ham mumkin. Sen sharpaning shakli-shamoyilini ko’rganing yo’q, faqat ta’qib etilayotganingni va ta’qib etishayotganini his qilib turarding. Sening bezovta bo’lishingga, sharpa haqida har xil xavotirga borishingga shuning o’zi etadi deb o’ylarding. Faqat uyda emas, hamma joyda ishda, yo’lda, tomoshaxonada, mehmonda, qaerda bo’lma, o’sha erda seni nimadir, kimdir ta’qib qilardi. Ta’qib adoqsiz, so’ngsiz edi. Sen birdan bu ta’qib tufayli aqldan ozib qolsam kerak deb o’ylarding. Senga har doim, har lahza qandaydir tojavuzkor nigoh tikilib turganday tuyular, u sening har bir harakatingni kuzatib turar, go’yo sen qattiq qo’riqlanayotgan va baland devorlar bilan o’rab tashlangan, qachon ozod bo’lishing, qachon devorlar qo’porilishi, qachon seni qo’riqlab yotgan posbonlar ketishi noma’lum mangu mahbuslikka va erksizlikka mahkum etilgan qo’rg’onga o’xsharding va bu qo’rg’on devorlaridan oshib, yot bir nazar hech qachon ichkariga tushishi mumkin bo’lmagani kabi sening ham xavotir va shubhalardan dildirab turgan tahlikaga mahkum ichkaringga hech kim sharpani chetlab o’tib kirolmas, aksincha, kunma-kun sharpa ta’qibi kuchayib, seni o’zining ojiz va zabun asiriga aylantirib borardi, zero, sharpa endi xonangda sezdirmay o’z saltanatini o’rnatgan, sening o’zing yakkayu yagona fuqorosi bo’lishingga qaramay, bu saltanatga yot bo’lib qolganding va yot bo’lib borarding. Sharpa vahmi egallab olgan shuuring endi seni o’z mulkidan asta-sekin xuddi yot qo’shinlarni mamlakat hududidan haydab chiqarayotgan lashkardek haydardi. Sen o’zingdan haydalarding. Yuragingning qaysi burchagiga boqma, u erda seni beo’xshov va jonhalok sharpa vahmi kutib olar, sen xotirjamlik derazasini qanchalik urma, seni ichkariga kiritmasdilar. Sen sharpa haqida o’z tanishlaring, yaqinlaringni xabardor qilish zarurligini anglading. Balkim ko’plashib sharpadan xalos bo’lish chorasi topilar? Sharpa haqida birinchi bo’lib gapirgan do’sting senga ajablanib tikildi– u seni uydirma qilayapti deb o’ylagandi. Biroq ko’zlaringga boqib, yolg’on gapirmayotganingga ishondi va bir necha hafta sen bilan birga yashashga, sharpani o’z ko’zlari bilan ko’rishga rozi bo’ldi. Kechqurun u xonangda qurol-yarog’-to’r, olov purkagich, arqon bilan paydo bo’ldi va va’da berganiday sen bilan bir necha hafta birga yashadi. U seni uxlatib, tunlari boshingda qoravullik qilar, yarog’larni shaylab turardi. Bir necha hafta do’sting uyqusizlikdan ozib-to’zib, abgor qiyofaga kirdi. Sen uning sadoqatidan ichingda g’ururlanarding. U tunlari har bir xilvatni poylab tong ottirar, ertalablari uyg’onar ekan, uning uyqusizlikdan ko’zlari qizargan, qurolini qo’lida mahkam qisgancha, esnab o’tirgan holatda ko’rarding. Oxiri uning hafsalasi pir bo’ldi. Asbob-anjomini joylab, jo’nab ketar ekan, senga achinish va biroz mazax aks etgan ko’zlarini tikdi.

-Bilasanmi,– dedi u eshik oldida sening xayrlashishish uchun cho’zilgan qo’lingni qattiq qisar ekan.– Bu uyda sening o’zingdan boshqa hech qanday sharpa yo’q. Sharpa sensan!

Do’sting o’ljasiz qaytayotgan ovchiday zarda bilan katta-katta qadam tashlab seni yana yolg’iz tashlab ketdi. Shuncha paytdan-do’sting bilan birga yashayotgandan beri sasini ham sezdirmagan sharpa eshik yopilishi bilan yana elkang osha seni poylashga tushdi: sen g’ayri shuuriy tarzda uning paydo bo’lganini sezding. Do’stingning gaplaridan so’ng sen sharpa haqidagi gaplaringga o’zingdan boshqa hech kim ishonmasligiga va bu sharpa faqat menga ko’rinishga va faqat meni mahkum etishga mustahiq etilgan degan qarorga kelding va boshqa bu haqda hech kimga lom-mim demaslikka va kulgu, masxaraga qolmaslikka qaror qilding.

Sen kechalari tush-u hush aralash ixrashlarni, shovurlarni eshitib qolar ekansan, unga qarshi chiqishga o’zingda hech bir umid qolmayotganini sezarding. Barcha umidlaringni sharpa vahmi o’g’irlab olgandi. Biroq sen o’zingning xonadan butunlay surib chiqarilmasliging uchun tovush chiqarib, unga urush e’lon qilar, bu urush e’lon qilishdan ko’ra ko’proq taslim bo’lishga o’xshardi. Sen sharpani engish va xonangdan haydab chiqarish uchun ichki bir jasorat topishni istar va shu istakkina seni hayot bilan bog’lab turardi. Avvaliga sen u sharpaning jismi va shamoyilini aniqlash uchun har xil tajribalar o’tkazding. Oyna oldida soatlab elkang osha to’kilib turgan zulmatga boqib turar, zora ko’zguda uning shamoyili ko’rinib qolsa deya umid qilarding. Ammo sharpa sendan ayyorroq chiqdi, u oyna oldida o’tirganingda biron marta ko’zga tashlanmadi, senga hujum ham qilmadi. Bu tajriba natija bermagach, endi sharpani haydash va cho’chitish uchun seni olis bolaligingdan beri haligacha tark etmagan odatingga ko’ra devorga qushlarning suratini chiza boshlading. Sen bu suratlar bilan o’zingning hali tirikligingni va yashayotganligingni, seni hali ham hayrat va shavq tark etmaganini sharpaga ko’rsatib qo’ymoqchi eding. Suratlaring avvaliga ancha beo’xshov chiqayotgandi, bora-bora qushlarning suratini chizishga shunchalik ustasi farang bo’lib ketding-ki, xonangga to’satdan kelib qolgan kishi surat ekanligini bilmasa, devordagi rasmini ko’rib, qush uchib yuribdi deb o’ylashi mumkin edi. Sen xonada yolg’iz qolmaslik, sharpaga butkul asir bo’lmaslik uchun xonangni qushlar suratiga to’ldirib yubording. Endi qushlar erda, devorlarda, shiftda, to’shaklaringda, oshxonada uchib yurishardi, ular erkin va ozod edilar. Sen ularning emin-erkin parvozini ko’rib, quvonarding. Qushlar go’yo sen erisholmagan va bir umr orzu qilgan manzaraning bir parchasi edi; uying oq chag’alaylar uya qurgan va parvoz qilib yurgan dengiz o’rtasidagi yolg’iz va mag’rur qoyaga o’xshardi. Qushlar parvozi va qiyqiriqlari bilan dengiz shovullashi qo’shilib, ajib bir go’zallik paydo qilar, dengiz chayqalar, qushlar tinimsiz qanot qoqardi.

Bir kuni qushlarning galalab uchib yurishi ham senga halaqit berayotganini anglading, xususan, sen tasavvur qilgan sharpa oldida bu qushlar mitti va ojiz edilar. Shunda barcha qushlarni yoqib tashlab, to’g’ri devorning o’ziga xonangni to’ldirib turadigan ulkan qushning suratini chizding. Chizib bo’lguncha ulkan toshga ulkan qush aksini o’yib solgan haykaltaroshdek horib-tolib qolding. Lekin bu horg’inlik lazzatli va farog’atli edi. Qushning qanotlari parvozdagiday keng yoyilgan, ko’zlarida qat’iyat va jasorat aks etardi; u shu uchishida butun er yuzini ko’tarib uchadigan shahdi bor edi go’yo; uni parvoz va erkidan boshqa hech narsa qiziqtirmas, u hamma narsadan yuksak va baland edi. Sening-cha uni hech kim er yuziga tortib tushirolmas, parvozidan, erkidan ayro qilolmasdi; sen qushga qo’shilib, osmonlarda uchib yurarding, erga qaytib tushishini istamasding. Uchish naqadar zavqli va farog’atli edi. Sen bepoyon kenglikda ozod va erkin uchib yurar, yuksaklikda senga hech kim daxl qilolmas, vahm, qo’rquv, tashvishlar, hammasi pastda qolib ketgandi. Sen o’z xonangning va o’z orzularingning qushiga aylanib qolganingdan baxtiyor eding; uni to’shakda cho’zilib yotgancha soatlab tomosha qilar, qushning uchqur va baquvvat qanotlari xayolingga parvoz, o’zingga kuch va dalda berardi. Biroq bu quvonching uzoqqa cho’zilmadi; bir kuni tongda ko’zingni ochganingda qushni qanotlari to’zg’oq, aftoda va zabun holatda ko’rding; uning patlari xonada to’zib yotar, o’zi esa jonsiz va harakatsiz edi; qanotlari yulib olingan bu qushni ko’rganingdan so’ng tunda uxlab yotganingda sharpa bilan mardonavor olishib halok bo’lganini sezding. Qush sharpadan seni himoya qilib, tonggacha kurashib, keyin jon taslim qilganini anglading. Sharpa senga o’zining kuch-qudratini namoyish qilish uchun ham qushni shafqatsizlarcha g’ajib tashlagandi. U sening yolg’iz umidingni ham so’rib olishni istagandi. Sharpani engadigan, uni xonangdan haydab chiqaradigan kuch yo’qligini namoyon qilmoqchi bo’lgandi; biroq sen bu marta umidsizlikka tushishni ep ko’rmading. Qushning o’limi senda yana umid, qanday bo’lmasin o’zingning mavjudligingni, mavjud bo’lib qolishingni, seni egish, bo’ysundirish, mute qilish oson emasligini isbotlash istagini uyg’otganini sharpa bilmasdi. Qush mardonavor o’limi bilan senda qanday bo’lmasin sharpaga qarshi kurashish tuyg’usini paydo qilgandi. Sharpa esa yolg’iz qolding deguncha xonangda keza boshlar, tunda, ayniqsa, u yayrab ketardi. Bu esa sendan hech qachon g’aflatda qolmaslikni talab qilardi. Shuning uchun sen xonangdan zulmatni haydab, hamisha yorug’ bo’lishning yo’lini axtara boshlading. Bu yo’lni oxiri topding ham. Xonang shiftiga ko’m-ko’k moviy osmon va porlab turgan quyoshning suratini chizib qo’yding; osmon bepoyon va go’zal edi, quyosh esa kecha-yu kunduz hech qachon bu erlarga tun, zulmat kelolmasligidan darak berib, porlab turardi. Sen o’zingning kichkina osmoningni va quyoshingni topgan eding; xonangda osmon va quyosh paydo bo’lishi bilan sharpa g’oyib bo’ldi, nihoyat sen g’alaba qilding. Sharpa engilgan edi. Sen sharpadan abadiy qutilganingga shubha qilmasding. Sharpa doimo quyosh nurlariga g’arq xonangga hech qachon tashrif buyurolmasdi. Sharpa quyoshdan va osmondan qo’rqardi. Sen esa to’shakda yotgancha shunday qo’l uzatsa etadigan osmonni, quyosh nurlarida ham elas-elas ko’zga tashlanayotgan olis yulduzlarni tomosha qilib, zavqlanib yotarding. Osmonga yaqin, osmon bilan birga yashash qanday lazzatli edi! Qandayin dilbar edi. Ammo seni baxtsizlik kutib turganini xayolingga keltirmasding. O’sha kuni uyga qaytib, xonang zulmatga cho’kkanini ko’rib, ingrab yubording. Sharpa quyoshni qopqora bo’yoqqa bo’yab qo’ygan, osmon esa zulmatda ko’rinmay qolgandi. Zulmat ichida xonaga kirishing bilan seni jangga undovchi shitirlash eshtildi – bu sharpa edi; u senga och, yovuz ko’zlarini tikib, uy burchagida turardi. Endi uni aniq ko’rib turarding. U zulmatga g’arq bo’lgani kabi yo zulmatning bir qismi kabi zulmat ichida g’imirlar, ozurda, telba, alamzada va xarros holatda edi; sen uni bir zum ko’rding-u shu on u yana ko’zdan yo’qoldi. Endi u tun-u-kun xonang bo’ylab tinimsiz kezib yurar, seni g’aflatda qoldirishi uchun payt poylardi. Sen endi mahkum eding, endi u bilan birga bo’lishga, uning yovuz xavotiri va ta’qibi ostida bir umr yashashga mahkum etilganding. Go’yo tarozining ikki pallasiday, sharpa va sen, bir-birlaringni goh u seni, goh sen uni ta’qib qilib, soniyalarni, lahzalarni, daqiqalarni, kunlar va oylarni quvlab yashar, sharpa senga berilgan umr tugaguncha, yo sen sharpani yo sharpa seni butkul engmaguncha ta’qib va vahm og’ushida, u chizib bergan zulmatga g’arq etilgan yulduzsiz osmon ostida yashashga mustahiq etilganding.

021

(Tashriflar: umumiy 2 444, bugungi 1)

Izoh qoldiring