Normurod Norqobilov. Ikki yangi hikoya

022    Собиқ муаллим – Раҳмон чол ғайритабиий бу қўшничиликка бошида сира кўника олмаганидек, эрта бир кун келиб уларга қаттиқ боғланиб қолишини ва ҳатто юрагида соғинчга ўхшаш ажабтовур туйғуларни туя бошлаши мумкинлигини ўшанда хаёлининг етти кўчасига ҳам келтирмаганди.Хуллас, дастлабки кезлари турқи совуқ бу жонзотлардан қанчалик ҳайиққан бўлса, эндиликда чоғроқ ҳовли кунжагидан ўрин олган эски омбортом биносига бақамти тушган пастак ҳаммомнинг атай қия очиб қўйилган эшигидан уларнинг, ҳар галгидек, бирин-сирин ўрмалаб чиқишини шунчалик илҳақ бўлиб кутмоқда эди.

02 Нормурод НОРҚОБИЛОВ
ИККИ ЯНГИ ҲИКОЯ
09

01Нормурод Норқобилов 1953 йил 7 июнда Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманидаги Қишлиқ қишлоғида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (2006). ТошДУнинг журналистика факултетини тугатган (1982). Дастлабки ҳикояси — «Чорраҳа» (1982). «Зангори кўл» (1987), «Унутилган қўшиқ» (1990), «Юзма-юз» (1993), «Пахмоқ» (1997), «Сариқгул» (1998), «Аразчи чумчуқ» (1999), «Бекатдаги оқ уйча» (2000), «Жўшқин дарё», «Овул оралаган бўри» (2005), «Бўрон қўпкан кун» (2007) каби қисса ва ҳикоялардан иборат тўпламлари нашр этилган. «Қуёши ботмайдиган юрт», «Шим ёхуд хотинлар жанжали» номли асарлари асосида бир неча қисмли видеофилм яратилган. «Шуҳрат» медали билан тақдирланган (1999).

09

ЙЎЛАК

Қия очиқ оғир ва қўпол оғоч дарвоза тириқишидан якка кифт ҳолда сирғалиб ташқарилаган Мурод кўчанинг нариги бетига – икки ҳовли оралиғидаги энсиз, узун йўлак бошида тонгги эпкинда сокин тебраниб турган ёлғиз ўрик дарахтига ошиғич кўз ташларкан, енгил тин олди.
Хайрият қотинишмабди!

Кеча оқшом қўшни эркаклар орасида бўлиб ўтган жанжалдан сўнг дарахтнинг омон қолмоғи қийин эди – бири дарахтни так-томири билан қўпориб ташлаш қасдида, иккинчиси эса уни арралаб, болталаб, тандирга тиқиш жаҳдида роса гувранишганди.

Ўрикни зиён-заҳматсиз кўрган йигитчанинг кўнгли ётоғидан эндигина бош кўтарган эрта кўклам офтоби янглиғ чароғон тортиб, ўтган ёзда пишиқ-пухта асфальтланган кўча юзига, ярим тунда ёғиб ўтган жаладан қолган катта-кичик халқобларга, бошидаги лоларанг тусдаги рўмолини қошигача тушириб, эшиги олдини супураётган икки уй наридаги янги тушган келинчакка бир-бир назар ташларкан, катталардек чуқур нафас олиб, тағин дарахт томон юзланди ва шу қиш ичи режалаштирган навбатдаги суратини бот кўз ўнгида гавдалантириб, бу сафар ўрикка умид ва синчковлик билан разм солди. Афсуски, аллақачон оппоқ гулга кириши лозим бўлган дарахт ҳануз уйқуда, новдалардаги пушти куртаклар шу созда миқ этмай турарди.

Ўрикнинг кеч уйғонишига гўё кўкда сузиб юрган булутлар айбдордек, у осмонга малолланиб боқди. Сўнг қўшни боғларга кўз югуртирди. Қизиқ, бошқа ўриклар аллақачон оппоқ гулга кирган, ҳатто ўз боғларидаги кечки икки ўрикнинг тепа шохлари оқиш тус ола бошлаган. Бу ўрик эса яланг даштда бўронда қолган чўпондек мўнғайибгина турарди. Боз устига, бошқа ўриклар каби бўлиқ ва бўйчан ҳам эмас.

Катталар наздида, тенгқурлари қатори маза қилиб тўп тепиш, чиллак ўйнаш ёхуд бошқа ўйинлар билан андарман бўлиш ўрнига нуқул йўқ ердаги нарсаларнинг суратини чизиб юрадиган жиддий ва хаёлчан бу боланинг ниятидан бохабар одам: “И-и, мужрайган бу дарахтнинг нимасини чизасан, ундан кўра анову ўрикларнинг суратини сол. Савлатини қара, чимилдиққа қадам қўйган келинчакдай сузилиб туришларини қара…” дейиши тайин эди. Бироқ, ҳамма гап шундаки, уни мисли келинчакдай сузилиб турган қўшни ўриклар эмас, айнан йўлак бошидаги ушбу дарахт қизиқтирар ва мана неча кундирки унинг тезроқ гулга киришини илҳақ кутарди.

Суратда у йўлак пойини тилимлаб, адоқ томон ипдек чўзилиб кетган ингичка сўқмоқ бошида – биринчи планда, сўнг эса оқимтир тақир сўқмоқ акс этмоғи лозим эди. Мурод ўрикни ёнлаб ўтган сўқмоқни шунчаки бор ҳолича тасвирлаб қолмай, уни оч камалак тусдаги сирли фон – нелигини англаш ва идрок этишдан кўра, тасаввур қилиш минг чандон завқлироқ бўлган ўзга бир олам, яъни айнан мавҳумлиги билан дилга англарсиз сурур бахшлайдиган ёндош олам бағрига сингдириш ўйида эди.

Сўқмоққа боғлиқ бу ғайритабиий шуур болага, эс-ҳушини танибдики, яқин йўлдош бўлиб, ҳалигача тинчига қўймас – андак хаёлатга эрк бериши ҳамон қалбида ўша ғаройиб ҳис қайта бош кўтарарди-да, натижада, у худди дунёни энди-энди таниётган гўдакдек сарпойчан сўқмоқ бўйлаб югургиси ва шу югуришда йўлак охиридаги нотаниш олам бағрига бутун вужуди билан шўнғиб кеткиси келарди.

Аслида сўқмоқ унинг хаёлат дунёсидаги сирли олам қучоғига эмас, бор-йўғи, йўлак адоғининг ўнг кунжагидан ўрин олган “етим эшик”ка олиб борарди, холос. Шу ўринда, мазкур йўлак хусусида яна шуни айтиб ўтиб жоизки, унинг ҳолати ва манзараси кўчалари бир тўкисда асфальтланган бугунги обод қишлоқ қиёфасига кўпда мос тушмасди – умрида сувоқ юзини кўрмаган пишиқ-пухта, баланд пахса деворлар тизими, бамисли тик жардай, икки ёнда қомат кериб турар, адоқдаги сертиканак чоғроқ бутазор ҳамда тақир сўқмоқ ёқасида бултурдан қолган янтоқ, каврак ва яна аллақандай тиканлар йўлакка ёввойи дашт тусини бериб, кенг кўча ҳуснига ярашмайроқ турарди. Агар четроқдан туриб қаралса, негадир ҳануз уйғонишга ошиқмаётган ўрик дарахти ораста кўча бўйида эмас, кенг даштда кўп учрайдиган жарликлардан бири оғзида бўй чўзиб тургандек туюларди. Хуллас, бошқалар назарида, қаровсиз торкўча мақомига эга бўлган йўлакнинг айни шу ёввойи ҳолати болага ғоятда қадрли бўлиб, юқорида таъкидланганидек, гўдаклигидаёқ уни адоқдаги сирли олам сарҳадига элтувчи афсонавий йўлка сифатида тасаввур этарди. Ҳолбуки, адоқдаги сирли олам, яъни кунжакдаги “етим эшик”нинг сўл қаватини энлаб тушган қуюқ буталар ортидаги пастак девордан нариси кеча оқшом ўрикни болталаш жаҳдида хийлагина қуюшқондан чиққан Содиқнинг томорқаси эди.

Анчайин мўмин феълли Содиқнинг ҳовли-жойи кенг бўлиб, рангги униққан каттакон дарвозаси кўча четидаги чоғроқ майдонга қараган, бир одам базўр сиғарли йўлак пўчмоғидаги “етим эшик” эса, Содиққа қасдма-қасд ҳолда, ўрикни так-томири билан қўпориб ташлаш ниятида ўзича обдон чиранган Бозор бодига тегишли эди. Дарвоқе, унинг шаҳар нусха каттакон дарвозаси қўшни кўчага қараган эса-да, “етим эшик” боис, Бозор боди бу кўчанинг ҳам одами ҳисобланарди.
Бироқ бу эшикдан кирди-чиқди жуда кам эди.

Агар гапни сал наридан бошлайдиган бўлсак, йўлак ўрни, кеча Бозор боди даъво қилганидек, унга эмас, аксинча Содиққа қарашли эди. Қай бир йили энаси Машир кампир яқин дугонаси бўлмиш Норчучук кампирнинг кириб-чиқмоғи ҳамда келиб-кетмоғига ўнғай бўлиши учун ҳовлисининг бир ёнидан, бор бўйича, йўлакка жой ажратиб, раҳматли чолига деворни икки қулоч беридан олдиртирган эди. “Етим эшик” дейилишига келсак, буни Норчучук кампир ўйлаб топган, ўзимдан бўлак сўровчиси – кириб-чиқувчиси йўқ, етимгина эшигим, деган.
Мурод уларни яхши эслайди.

Йўлакда ирғай ҳасса тутган Норчучук кампир пайдо бўлиши билан бу ёқдан урчуғини кўтариб, сўл қулоғига райҳон қистирган, Машир кампир чиқиб келар, сўнг икки дугона дарвозанинг ўнг биқинидаги қорайган харига ёнма-ён чўкканича, одатдагидек, эзмаланиб гурунга тушишарди.
Кампирлар бирин-сирин дунёдан ўтишгач, улардан хотира бўлиб ушбу ёввойи йўлак қолди. Агар кеча Бозор боди ўзича қилиқ қилмаганида – бодиликни обдан қиёмига етказишга уринмаганида, йўлак ўрни ўзга бировга эмас, айнан ўзига тегишли эканлиги икки дунёда ҳам Содиқнинг эсига келмасди.

Бари ҳеч кутилмаганда содир бўлди.
Содиқ табиатан дала одами эмасми, юмушсиз қиш-қировли кунларни ўлгудек ёмон кўрар ва бекорчиликдан ториғиб ўлиш даражасига етганча, ҳар сафар кўклам келишини зор-интизор кутарди. Ана шундай интиқиб юрган кунлардан бирида дарвозаси ортига қандайдир машина келиб тўхтади-да, чўзиброқ сигнал берди.

У, меҳмон-пеҳмон келди-ёв, деган ўйда шошиб ташқарига йўналди. Қараса-ки, қаймоқранг, яп-янги машина дарвозасига тумшуқ тираб турибди, улов эгаси Бозор боди эса машина эшигини ошиқмай қулфлаяпти. Содиқ шу яқинда уни машина сотиб олганини эшитган ва ҳали қутлашга улгурмаган, шу сабаб, бошда жиндек хижолат тортди. Сўнг, ҳечдан кўра кеч, дея муборакбод этмоқ ўйида, илжайганча, у томон интилди. Бироқ чўзилган қўли ҳавода муаллақ туриб қолди. Раҳматли кампирларнинг хоҳишига кўра, тўн ёпинишган дўсти – Бозор боди, кўзлари тўла кибр, кеккайганча осмондан боқиб турарди. Бу ҳолдан Содиқ уни отлиқ, ўзини эса пойи пиёда ҳис этди. Бундан дили оғринса-да, дўстининг бу хил куракда турмайдиган ажабтовур қилиқларига кўниккан эмасми, аввалига эътибор бермасликка уринди. Бироқ қани энди, Бозор боди ҳаялламай, тезроққина пастга туша қолса, йўқ, қайтамга қошида қимтиниб турган дўстини ҳатто чумоли ўрнида кўргуси келмай, таниш бир оҳангни димоғида хиргойи қилганича, қўлидаги бир талай калитларни атай шиқирлатиб, солланиб йўлак томон юрди.

Содиқ, шусиз ҳам сиқилиброқ турган эмасми, бирдан жини қўзиди, ўзини тутолмай, машинанинг олд ғилдирагига ўхшатиб бир тепти. Оёғи тегиши билан машина бор овозда “дод”лашга тушди. Уловининг тепкиланиши Бозор бодининг иззат-нафсига теккан эса-да, сир бермасликка тиришди, виқорла ўгирилганча, гўё ёш болани тергагандай деди:
– Ув-в, мошинга тегма, нари тур!

Машинанинг бехос “фарёд” кўтаришидан қаттиқ чўчиб кетган Содиқ, ранг-қути учганча, ҳануз ғўдайиб турган улов эгасига айбдорона боқаркан, дафъадан, унга ҳам ҳаваси, ҳам ҳасади келди. Аммо зумда ҳаваси ҳасадга қоришиб, кўнглида нохуш бир туйғу – ғаламислик қанотланди-да, йўлак ўрни манову ғўдайган “отлиқ”қа эмас, “пиёда”га, яъни ўзига тегишли эканлиги бирдан, ўз навбатида, илк бора эсига тушди, ҳатто шунча ер бекордан-бекорга ётганига ичи ачишиб кетди. Етар, эртадан “етим эшик”ка тамба ураман, йўлакни бўйлатиб-бўйлатиб, қаторлатиб-қаторлатиб терак экаман, дея қатъий қарорга келди.
– Ортиқ бу томонда қорангни кўрмай! – деди ўзига эрмак топилганидан ичдан қувониб. – Эртан йўлак тўрини ёпаман! Ҳи-и, нега безраясан? Нима, йўлак ўрни сенга эмас, менга товунлигини билмайсанми?

Бозор боди буни биларди. Билса-да, бу нарса жондек жўраси томонидан, худди манглайига ургандай, алоҳида таъкидланишини сира кутмаган – энсасига бехос туртки еган одамдай, бир қалқиб тушди. Алам ва ҳаяжони зўрлигидан лаблари қуруқшиб, бояги виқоридан асар ҳам қолмади. Бир хаёли, шу қаровсиз йўлак сенга керакми, ана, ол, тўй, дея ўзича этак силтаб, аразлаб кетмоқчи бўлди. Бироқ алам араздан устивор келди – йўлакдан осонликча воз кечмасликка аҳд қилди. Аммо бунинг учун жўяли бирор баҳона топиши лозим эди. Айни шу аснода унинг кўзи ўрикка тушиб қолди.
– Бекорнинг бештасини айтибсан! – деди қўрққан олдин мушт кўтарар қабилида. – Биласанми, манову ўрикни ким эккан? Менинг энам эккан. Демак, йўлак сенга эмас, менга тегишли! Унутма, ўрик – бу белги! Энам менга шундай деган. Шунинг учун йўқ ердаги гаплар билан кўп бошимни қотирма! Эмасам, бекордан-бекорга тебалашиб қоламиз!

Ўрикни унинг энаси – Норчучук кампир эмас, омон бўлсак, соясига тўшамча ташлаб, сўйлашиб ўтирамиз, дея Машир кампир қўшни болаларга эктирганди. Ўша болалар орасида аллақачон эсини таниб улгурган кичкина Мурод ҳам бор эди. Ўшанда Машир кампир ҳовлисидан кўтариб чиққан кўчатни унга узатган, у эса уни нарида чуқур қазиётган болаларга обориб берган. Сўнг эса кампирлар томонидан тез-тез улашиб туриладиган ширинлик илинжида, улар қаватига чўккан ва қуйидаги гурунгга гувоҳ бўлган.
– Бунинг тутмайди-ёв, Машир, – деган Норчучук кампир бу ишга кўпда рўйхушлик бермай. – Тутсаям, қўй-эчкилар қўймайди, каллаклаб кетади.
– Тутмаганига қўймайман, – деган Машир кампир кўчат тубига тупроқ тортаётган болаларга кўз-қулоқ бўлиб. – Бунга ўзим қараб тураман.
– Бундан кўра тиканак эктирганинг дурустмиди дейман-да.
– Ўл-л, сен, ҳеч тиканакка туймас экансан-да.
– Тиканаклар олис даштдаги тувган овулимни эсимга соп туради-да…
– Янги тушган келинмидинг, бунча овулимлайсан…
– Тиканакларнинг ҳидиям бошқачада бўлади-да…
– Сен тиканак ҳидлама, райҳон ҳидла!
– Йўқ, менга тиканаклар иси ёқади.

Кейинчалик Мурод шуни англаб етди-ки, йўлакнинг ёввойи рухсори Норчучук кампирнинг даштпарастлиги туфайли экан. Йўлак тўридаги сертиканак ёввойи буталарни ундирган ҳам, сўқмоқ ёқасидаги янтоқ ва бошқа хил дашт ўсимликларининг эмин-эркин ўсмоғига тўла изн бериб, уларга кетмон урдирмайдиган ҳам у эди. Бола Норчучук кампирнинг ёлғиз йўлак бўйлаб хаёлчан сайр қилиб юришларини кўп бора кузатган. Айтганча, сайрчилардан яна бири – унинг ўзи эди, ялангоёқ ҳолда сўқмоқ босиб юришни ҳаддан зиёд яхши кўрарди. Айниқса, йилнинг илиқ-иссиқ кунларида йўлак салқин ва ғоятда оромбахш бўларди – кампир атай эктирган шувоқлардан ёқимли бўй таралган, ўт-уланлар орасида турли майда жониворлар питирлаган, ғимирлаган, турфа ёввойи чечаклар узра капалаклар қанот қоққан, икки ёндаги девор юзи эса катта-кичик калтакесаклар билан “безанган”… Бунинг бари – Норчучук кампирнинг мулки, сўнгги нафасигача тилидан қўймаган ўша олис даштнинг бир бўлаги эди.

Кампирнинг вафотидан кейин йўлак шу созда – ёввойи ҳолича қолди, уни саришталаш Бозор бодининг хаёлига келмаганидек, бу нарса, шу кунгача кераксиз ҳудуд санаб келгани боис, Содиқни ҳам ортиқ безовта қилмасди.

Чунончи йўлак эгаси – Норчучук кампир Содиққа бегона эмас, онаси қатори азиз бир инсон эди. Аммо Бозор бодининг йўқ ердаги даъвосидан сўнг момонинг нурли сиймоси хира тортиб, марҳумага нисбатан Содиқнинг юрагида биринчи бор ётлик ҳиси пайдо бўлди. Бу шўр ишларнинг барига ўша тиканакпарвар кампир сабабчи, деб ўйлади. Ва шунингдек, энаси – Машир кампирдан ҳам ўпка-гина қилишни унутмади, аслида барига сиз айбдорсиз, эна!
– Такрор айтаман, бу белги – ўрикни менинг энам ўз қўллари билан эккан! – деди жўрасини бир зум хаёлга толишини ўзича тушунган Бозор боди баттар кариллаб. – Шунингчун кўпам ўзингдан кетаверма!
– Энанг? – Содиқ, бунинг эси бутунми ўзи, деган маънода унга ёнлаб қараркан, сўнг ҳар бир сўзини чертиб-чертиб деди: – Бу ўрикни умр бўйи ҳассадан ўмган узолмаган энанг экибдими?
– Унда сени энанг эккан экан-да, а? – деди Бозор боди унинг шаъмасини англаб.
– Эмасам-чи.
– Агар шу гапинг чин бўлса, – Бозор боди энди ўрлик отига минди, – бу тундан қолмайди бу! Анову Тоҳир жўрамнинг трактирини миниб келаман-да, кўрасан, так-томири билан суғуриб ташлайман!
– Овора бўлмай қўя қол! – деди Содиқ ундан улгу олиб. – Агар бу ўрик чинданам энанг айтган белги бўлса, билиб қўй, мен бундай чикин шум белгини эшигим олдида кўклатиб қўймайман! Болтанинг остига оламан! Ҳа, майдалайман, бурдалайман, тандирга тиқаман, ўчоққа ўтин қиламан! Танасидан тамба йўниб, “етим эшик”ни бир умрга таққа-тақ ёпаман!

– Сен?.. – жанжални кутилмаганда бу тахлит жиддий тус олишидан Бозор боди андак саросималанди.
– Ҳа, мен!
– Ахир йўлакда энамнинг излари қолган-а…
– Бор эди, энди йўқ!
– Шу гапни сен айтаяпсанми?
– Нима, шубҳанг борми?
– Яқин жўрам…
– Эди… – Содиқ унинг оғзига урди. – Энди у йўқ!
– Нима, тўнғиз қўптими?
– Ундан баттари…

Бозор боди сўз қидириб, чайналиб, бирпасда дўстдан ғанимга айланган жўрасига қаншари остидан ҳўмрайиб боқаркан, алами қўзиб, хўрлиги келиб, ич-ичидан ундан қаттиқ ўпкаланди: “О-о, номард, шу биргина эркалигимни кўтара олмадинг-га! Тағин бу кишим тўн кийишган дўст эмиш!..”
Бу жиҳатдан Бозор боди ҳақ эди.
Унинг режасига кўра, Содиқ, доимо тўсатдан бодилиги тутиб қоладиган жўрасининг бу галги қилиғига ҳам, одатдагидек, кўпда эътибор бермай, аввалига ҳавас ва иштиёқ билан машина атрофини айланиши, о-о, зўр-зўр, бизгаям буюрсин-бизгаям буюрсин, дея улов сиртини силаб-сийпалаши, худди улоқчи отни эркалагандай, енгил-енгил шапатилаши, сўнг эса нарида жўрттага ғўдайиб турган боди жўрасига юзланиб, ув-в, хода ютган, бодиланмай, берман ке энди, биргина бовримга босай сени, дейиши лозим эди.

Бозор боди шуни кутганди.
Қутловдан сўнг машина капоти устига кичкина дастурхон ёзиб, олдинги ўриндиқда ётган икки шиша ароқдан бирини жўраси билан баҳам кўрмоқчи эди.
У шу ширин ниятда бу томондан юрганди.
Афсуски, Содиқ барини расво қилди.
Кечаги бу жанжалнинг бугун қайта қўпишидан хавотирланган Мурод ёввойи йўлак манзарасини тезроқ полотнага муҳрлашга аҳд қилди. У мактабга боришниям унутиб, отаси юмушга отланиши билан дарров ишга киришди. Аввалига кишилар диққатини жалб этмаслик учун мольбертни боягидан кўра, хиёл кенгроқ очиб қўйилган дарвоза ортига ўрнатди.

Сўнг…
У ошиқарди.
Ўрикни гулга киришини кутиб ўтиришга энди унинг фурсати йўқ – бир хуруждан фавқулодда омон қолган дарахтга исталган пайтда болта урилиши мумкинлигини англаган ҳолда мўйқаламни қўлига олди.
Қизиқ, йўлак бир четда қолиб, нечун улар нуқул ўрикка ёпишишди экан, а?
Бола мана шунисидан ҳайрон эди.

Ота кечки пешинда маҳзун бир кайфиятда уйга қайтганда, сурат якунлаб қолган – бола қутлашга арзигулик ишни ниҳоялашга улгурган, йўлак оғзидаги мудроқ ўрик ҳамда адоқ томонга чўзилган оқиш тусдаги сўқмоқ бир-бирига уйғун ҳолатда бинойидек тасвирланган эди. Бироқ ота, одатига хилоф равишда, бу сафар суратга қия боқмади. Уйга кириб, зумда кийимини алмаштириб чиқди-да, дарвоза ташқарисида туриб кимнидир кута бошлади.
Кўп ўтмай қаршидаги дарвозадан кўчалик тўнини эгнига илиб Содиқ чиқди.
Салдан кейин уларга яна икки киши келиб қўшилди.

Қўшнилар бир уловга жам бўлиб, бугун тушга яқин катта йўлда фалокатга йўлиққан Бозор бодининг ҳолидан хабар олгани туман марказига жўнашди.
Бу воқеадан огоҳ бўлган бола куйинишиниям, суйинишиниям билолмай боши қотди – куйинай деса, ушбу фалокат туфайли ўрик омон қолди, унга қотиниш энди кимнинг ҳам кўнглига сиғарди дейсиз; суйинай деса, ўз майлида дайдиб юрган бирор-бир саёқ ит эмас, одам боласи ҳалокатга учраган – қувониш уят.
У пароканда хаёлларини жамлаш ва жиловлаш ниятида суратга олислаб боқаркан, унда нимадир етишмаётганини ичдан туйди.
Нима экан?
Аммо шунча уринса-да, тополмади.

Оқшомни қоралатиб уйга қайтган отасидан шу гурунгни эшитди. Боши бинтланган, синган оёқлари осилган Бозор боди йиғлаб Содиққа деганмиш: “Жон дегани чумчуқдай ҳуркак, умр дегани тонгги шудрингдай омонат нарса экан, жўра! Буни билиб-билмай, талашган нарсамизни қара-я! Уятдан ўлай деяпман! Кечир мени! Кечирмасанг бўмайди! Эсим оғибироқ ётганида, энам… йўқ, эналаримиз тушимга кириб, тоза мени буровга олишди! Ишқилиб, ўрикка тегмадингми? Хайрият-хайрият! Тегма, асло тега кўрма унга!..”

Бу гапни эшитган Мурод суратда нима етишмаётганини дарров фаҳмлади. Суратда бири райҳон ҳидини, иккинчиси эса, аксинча, ёввойи ўт-уланлар исини севадиган ва бундан ҳам кўра, оқшомлари кўчани шовқунга тўлдириб ўйнайдиган болаларни меҳрла тергаб ўтиришни хуш кўрадиган ва кўнгиллари бу олам айвонидан ҳам кенгроқ бўлган – Машир ва Норчучук кампирнинг нуроний сиймоси етишмасди. Боланинг назарида, уларсиз нафақат бу ёруғ олам, ҳатто дарвоза биқинидаги кўҳна хари ҳам ўксикдек эди.

Момоларга боғлиқ нурли хотиралар гирдобида қолган бола шу кеч бўлак бир нохушликка дуч келди – отасидан не гаплигини билиш ниятида чиққан қўшни эркаклар йўлига Бозор бодининг абгор аҳволига ачингандек бўлишди-ю, сўнг уни бутунлай эсдан чиқаришиб, ҳафтага етмай дабдаласи чиққан янги, янгигина эмас, яп-янги машина ҳангомасини бошлаб юборишди.

Гурунг қатига яширинган лоқайдлик, лоқайдликдан ҳам кўра, пинҳоний мамнунлик ҳисини туйган бола даврадагиларнинг барини йиғнаб, қора-қура ранглар уммонига итқитгиси ҳамда уларнинг асил қиёфасини ушбу бўёқда акс эттиргиси келди. Бироқ бир муддатдан сўнг эса бу хаёлий истакдан тезда воз кечди – бисотида мавжуд бўлган бир донагина қора сиқма мойбўёғини қизғанди – уларни ҳатто салга чапланиб, ўчиб кетадиган жўнгина сувбўёққа ҳам арзитмади.

Эртаси тонгда эса ғаройиб манзарага рўпарў бўлди ва бир тунда оппоқ гулга кирган ўрик қаршисида анг-танг туриб қолди.
Бу не синоат?
Бироқ бу олам синоатларини англашга у ҳали ожиз, жуда ожиз эди.

2015

ЧОЛ ВА ИЛОНЛАР

Собиқ муаллим – Раҳмон чол ғайритабиий бу қўшничиликка бошида сира кўника олмаганидек, эрта бир кун келиб уларга қаттиқ боғланиб қолишини ва ҳатто юрагида соғинчга ўхшаш ажабтовур туйғуларни туя бошлаши мумкинлигини ўшанда хаёлининг етти кўчасига ҳам келтирмаганди.
Хуллас, дастлабки кезлари турқи совуқ бу жонзотлардан қанчалик ҳайиққан бўлса, эндиликда чоғроқ ҳовли кунжагидан ўрин олган эски омбортом биносига бақамти тушган пастак ҳаммомнинг атай қия очиб қўйилган эшигидан уларнинг, ҳар галгидек, бирин-сирин ўрмалаб чиқишини шунчалик илҳақ бўлиб кутмоқда эди.
Ё аллақачон чиқиб бўлишдимикан?
Энсиз йўлак бўйлаб нари-бери бориб келаётган Раҳмон чол шу хаёлда ҳаммом қаршисидаги чоғроқ гулзор бўйида тўхтади ва хиёл энгашганча, одатда, илонлар кулча бўлиб ётадиган гултожихўроз пуштасига бот назар ташлади.
Йўқ, улар кўринмайди.
Ана, тонгда гулзор четига сепиб қўйилган ярим кафтча ун ҳам шу созда турибди, оқариб.

Чолнинг кўнгли беихтиёр ғашланди, ё кетиб қолишдимикан? Йўқ, бўлиши мумкин эмас, ахир уларни безовта қиладиган бирон-бир ножуя ҳаракатга йўл қўймаган, ўзи айтмишли, қўлидан келганча доимо иззатини қилиб келган. Қизиқ, агар ун сепиб турсанг, емак ҳурмати ўзлари кетишади деганлари ростмикан?
Ё келини…

Йўқ, бу борада уни айблаш ноўрин, негаки, ҳаммомда илонлар борлигини эшитган заҳотиёқ, у икки боласини олдига солганча, жуфтакни ростлаган, яъни одамгарчилик юзасидан, янада аниқроғи, ўлгани кунидангина қайнотасининг ҳолидан бирровга хабар олгани келган жувонга зўр баҳона бўлган – бу. Яқинда кўзи ёриган кенжа қизининг иссиқ-совуғига қараб турган кампирининг ошиғич қўнғироқ қилишига қараганда, бу хабардан шаҳардаги барча хешлари аллақачон воқиф бўлганга ўхшайди. Акс ҳолда кампири, анову отинг ўчкирларни тез йўқотмас экансиз, ҳовлингизга қадам босмайман, ўтираверинг ёлғиз ўзингиз бойўғлидай сўппайиб, дея замзама қилмасди.
Аслида шусиз ҳам чол ҳовлида ёлғиз эди.
Аммо бахтиёр эди.

Ахир қачон бўлмасин бир парча ерга эга бўлиш орзусида бутун умрини кўпқаватли уйда яшаб ўтказган бу одам шу ёз бошида ниҳоят ниятига етган ва мана, бир ойдан зиёдки, кампирини тўзғиган ҳовлига эмас, шинам ва саришта гўшага кўчириб келиш ўйида ҳовлининг майда-чуйда кам-кўстларини бутлаш билан овора эди. У ўтган вақт ичида уйнинг собиқ эгасидан қолган гулзорни дид билан парваришлади, қўлидан келганича экин-тикинларга қаради, ҳовли юзини тартибга келтириб, эски ҳаммомни дидига мослаб қайта таъмирдан чиқарди ва шу юмушлар орасида ҳеч кутилмаганда ғаройиб қўшниларга рўпарў бўлди. Бу қўшничилик, сен менга тегма-мен сенга тегмайман қабилида бўлгани сабаб, чол уларга даҳл қилмасликка уринади. Буни қарангки, жониворлар ҳам шу таомилга амал қилишади – зарур пайтлардагина ташқарига судралиб чиқиб, қолган вақт кўпда кўзга ташланишмайди. Аммо гулзор четига сепиб қўйиладиган унни канда қилмай ялаб кетишади.

Чол гоҳ гултожихўроз пуштасига, гоҳ қия очиқ эшикка ғамнак боқаркан, соғинчга ўхшаш ғалати бир туйғу бот юрагини чимчилаб ўтганини сезди. Агар айни шу тобда илонларни бирров кўрмаса, кўнгли хотиржам тортмайдигандек, чуқур хўрсинди – кимсасиз даштга тушиб қолгандек, илк бора ўзини ёлғиз ҳис эта бошлади. Зеро, шу дамгача бу мўъжаз маконда ўзидан бўлак яна бир жуфт хатарли жонивор мавжудлигидан доимо ҳушёр тортиб юргани боис, танҳолиги унча сезилмасди. Чунончи, айнан илонлар сабаб чолнинг теварак-атрофга нисбатан эътибори ортиб, у дов-дарахтлардаги турли қушларни, олма танасидаги чумолилар карвонини, чоққина экинзору гулзорда учиб-қўниб юрадиган капалакларни, омборхона саҳнида онда-сонда кўзга ташланиб қоладиган жимитдек югурик сичқонларни, томдаги мушукларни, йўлак ва эгатларда тинмай уймалашадиган серҳадик чумчуқларни ва шунингдек, гулзорнинг экинга туташ қисмидаги майин тупроқли кафтдек майдончада ора-сира илонларнинг қуёшга тобланиб ётишларини илғайдиган бўлди. Бурун у ён-атрофга бутунлай бефарқ эди, яъни бутун диққати юмушда бўлиб, серчаккак кампирини тезроқ ҳовлига кўчириб келишдан ўзгасини ўйламасди. Ана шундай серташвиш кунлардан бирида тўйқусдан илонларга дуч келди-ю, чолнинг кўзи ярқ этиб очилди – ҳовли дегани шаҳардаги шинам квартира эмаслиги, унинг таъбири билан айтганда, бу “бир парча тупроқ” ўзидан бўлак ўзга жонзодларга ҳам тегишли эканлигини фавқулодда англаб етди.

Бу ҳолат чолга жуда хуш ёқди.
Ахир бир умр шуни орзулаган эмасмиди? Табиий, у шуни орзулаган эса-да, аммо илонлар билан қўшничилик қиламан деб сира ўйламаганди.
Ўша даҳшатли сонияни эсласа, ҳали-ҳануз чолни совуқ тер босади. Шу кезгача, яъни жиддий огоҳлантирувчи “ссс-с-с-с” деган сасни эшитмагунча, бу дунёда “хавф” деган бало борлигини хаёлига ҳам келтирмаганди: дастлаб у қўрқувдан теракдай қотганча, ўзидан атига икки қарич нарида бошини хиёл кўтариб турган илонга бақадай тикилиб қолди, унинг бошидан думи учига қадар чўзилган жигарранг тасма ҳамда тасманинг икки ёнидаги жимжимадор катта-кичик безаклар ушбу лаҳзанинг мингдан бир улушида чолнинг шуурига умрбод михланиб қолди. У ҳатто хиёл нарироқда ўзига ҳадикла тикилиб турган иккинчи жониворнинг яғринидаги узун тасма жигарранг эмас, балки қорамтир тусда эканини ҳам пайқашга улгурди. Қўрқувдан онги карахтлашган, жўяли бирор чора ўйлаб топгунча бўлмай, илонларнинг ўзи кетди, гулзор оралаб кўздан ғойиб бўлди. Кутилмаганда юз берган бу учрашувдан сўнг чолнинг бир тўхтамга келгани шу бўлди: “Ҳа-а, газандалар чумчуқ эмас, қўл сирмасанг пир учиб кетадиган. Улар билан ўйлашиброқ муомила қилмоқ лозим!” Шу-шу у ҳар тонг биринчи бўлиб илонлар емагидан хабар олади – гулзор четига ярим кафтча ун сепгандан кейингина, кўнгли жойига тушиб, бошқа юмушларига уннайди.

Бугун у эрта пешинданоқ ҳаммомга ўт ёққан. Сув қизигач, ўзи ҳавасга ўрнатган ялтироқ ваннага қайноқ сувни очиб қўйиб, илонларнинг ташқарига чиқишини кутиб, ҳовлида кезиниб юрарди. Бироқ орадан хийла вақт ўтган эса-да, негадир улардан дарак йўқ эди. Ҳолбуки, жониворлар ванна сирти қизий бошлаши билан дарров ҳаракатга тушиб, атайдан қия очиқ қолдирилган эшикдан бирин-кетин ўрмалаб чиқиб келишарди. Сўнг уй эгаси ювиниб бўлмагунча гултожихўроз пуштасида кулча бўлиб ётишади. Чол ҳаммомдан ҳузурланиб, қизариб-бўртиниб чиқаркан, ҳар сафар ўта қувноқ кайфиятда уларга қарата дейди:
– Қани энди, жойларинга би-ир жўнаб қолингларчи!

Бироқ жониворлар жилишга ошиқмайди, қачонки ҳаммом ичкариси хийла совугандан кейингина бир томони очиқ ҳолда, қолган қисмига гир айлантириб ғишт терилган ванна тагига кириб кетади. Бироқ, бугун, мана, ванна яримлаяпти-ки, ҳануз уларнинг қораси кўринмаяпти.
Раҳмон чол ҳовлига сиғмай қолди. Бир хаёли ҳасрат истаб тўғридаги қўшнисиникига чиқмоқчи бўлди. Бироқ нима дейди? Илонларим кетиб қопти, дейдими? Мабода у, ажаб бўпти, ахир шуни ўзингиз истагандингиз-ку, деяр бўлса, аввал истардим, энди эса йўқ, дейдими? Тўғри, шундай деган тақдирда ҳам қўшниси унинг устидан кулмайди – кўпни кўрган зиёли одам у. Лекин бу хил гап-сўзлар ўзидек кап-катта бир одам тилида эврилишининг ўзи қандайдир эриш туюлмоқда эди. Аммо илонларга тўқнаш келган биринчи куни ўпкасини қўлтиқлаганча зинғиллаб чиққани рост. Бироқ қўшниси у кутганча ҳовлиқмаган, қўлига кетмон тутиб, ёрдамга ҳам ошиқмаган. Бошидаги дўпписини энсасига суриб, қалин кўзойнаги тепасидан бир муддат тикилиб турганда, сўнг қўлига чой тутқазиб сокин оҳангда деган: “Оллоҳга нимангиздир хўш ёқибди-ки, ҳовлингизда жониворлар пайдо бўпти, қўшни. Уй илони – барака рамзи. Шунингчун, зинҳор уларни безовта қила кўрманг…”

Кейинчалик улар орасида шу суҳбат бўлиб ўтган.
– Қалай, қўшнилар омон юришибдими?
– Омон-омон, сепган унимга қаноат қип юришибди.
– Ўзлари кетмагунча, ун сепишни канда қилманг.
– Кўникиб ҳам қолдим, кетмагани дурустми дейман?
– Ҳа, энди, ҳовлида бирор жонзотнинг бўлгани яхши-да.

Чолнинг ҳовлисида илонлардан бўлак муштдеккина оппоқ ити ҳам бор. Аммо итнинг илонлар билан иши йўқ, куну тун дарвозани қўриқлаб ётади. Аммо ўнта бўлса ўрни бошқа дегандай, шу онда чолга илонларнинг ўрни ниҳоятда билинмоқда эди.
Илонлардан дарак бўлавермагач, у кайфиятсиз ҳолатда сувни ўчирди.

Келини қайраган шекилли, салдан сўнг ўғли қўнғироқ қилди, йўлига ҳол-аҳвол сўраган киши бўлиб, илонларни зудлик билан йўқотишни илтимос қилди. Чолнинг энсаси қотиб, илоннинг энг зўри қўйнингда-ю, нима қиласан ҳовлимдаги жонзодларга қотиниб, дегиси келди, лекин демади. Илонларга тушган зиғирдек меҳри нечун ўз келинига тушмаганидан ажабланиб қўя қолди. Аслида келинига меҳри тушганди, фарзандларим яна биттага кўпайди, дея суюнганди. Бироқ салдан кейин сездики, уйнинг сири ташқарига силқиб, келини кампири билан тенгма-тенг тишлашмоқда. Чол уларни феъли торлик ҳамда нодонликда айблаб, ўзича насиҳат қилган, муросага чақирган бўлди. Бироқ аёллар муросага келмади. Шундан сўнг чол азалий орзусини тезроқ рўёбга чиқариш пайида бўлиб, ниҳоят шаҳар чеккасидан ҳовли сотиб олишга муваффақ бўлди. Илонлар билан қадрдонлашиб олганидан бери мудом бир савол уни ўйлатади: “Жониворлар билан муроса қилиш мумкин ҳолда нечун одамзод билан тил топишиб бўлмайди, а?”

Ўша кунни чол ёдидан чиқармайди.
У илонлар ванна тагини макон тутганига тўла амин бўлгач, ўзича ёмон бир шумликни ўйлади – ваннага қайноқ сувни оқизиб қўйиб, ўзи гулзор четида томошабин бўлиб турди. Бироздан сўнг эшикдан жигарранг тасмали илон, кейин иккинчиси ўрмалаб чиқди-да, тўғри гулзорга шўнғиди. Чол ўзича тантана қилди, илонларни инидан қувиб солдим деб ўйлади. Бироқ сувни ўчириб қўйиб, сўнг бундай разм солсаки, гўё ҳеч нарса бўлмагандай, тағин илонлар ҳаммомга судралиб кириб кетмоқда. Бу ҳолни кўриб, унинг бошига қон тепди, сўнг қўшнисининг қуйидаги гапини эслади: “Муросани унутманг, жонзодлар муросани тушунишади. Мабода халақит бераётганини сезишса, ҳайдамасангиз-да, ими-жимида ўзлари кетади. Айтганча, ун сепишни хаёлдан қочирманг. Улар буни “яхшилик” деб билади, ризқ ҳақ-ҳурмати бу даргоҳни ўзлари тарк этади.” Бироқ кунда ун сепса-да, илонлар кетмади. Чол ваннага қайноқ сув оқизганда, ташқарилаб, сўнг яна ичкарига кириб олади. Чол бунга кўникиб кетди. Мана энди, кўриниш беришмагач, уларни соғина бошлади.Шу куни чолнинг қўли ишга бормади, ҳатто ити ҳам ғамнак кўринди кўзига. Орада эгилиб, ванна тагига кўз ташлаб чиқди. Йўқ, жониворлар изсиз йўқолган, ана, унга ҳам тегмабди.

Кампири яна телефон қилди.
– Анову отинг ўчгирларни йўқотдингизми?
– Йўқотмадим, ўзлари кетди, кампир.
– Хайрият, домдаги илон камдек, ҳовлидаям илонлар билан
яшайманми деб қўрқиб кетдим-да, чол.
– Булар безиён эди.
– Вой!
– Булар билан муроса қилса бўларди.
– Одамни кулдирманг.
– Уларсиз кўнглимни ҳувиллаб қолди.
– Қизиқчи бўп қопсизми, чол?
– Ҳаётни ўзи қизиқ-да, кампир.

У йўлак четидаги омонат курсига хомуш чўкди. Илонларнинг тўсатдан ғойиб бўлишини нимага йўйишини билолмай бош қотди – яхшиликками, ёмонликками? Шунда унинг кўзи ҳаммом томидан омбортом чордоғи томон ўрмалаб бораётган илонлардан бирига тушиб қолди. Чол севинди ва дарров англади-ки, жониворлар уни ортиқ безовта қилмаслик учун ванна тагини тарк этиб, омбортом чордоғини эгаллабди. У ўрнидан илкис қўзғолиб, енгил ва илдам одимлар билан гулзор четига борди-да, сочилган унга назар солди.
Ун аллақачон ялаб кетилганди.

Чол яна ун олиб келиш учун ошхона томон жиларкан, тағин қўнғироқ қилган кампирига, йўл-йўлакай, беихтиёр, ўз қувончини ошкор этди.
– Илонлар қайтди, кампир! Улар қайтиб, мана, боврим тўлиб қолди, кампир!

2015

015

02 Normurod
NORQOBILOV

IKKI YANGI HIKOYA
09

Normurod Norqobilov 1953 yil 7 iyunda Qashqadaryo viloyatining Yakkabog’ tumanidagi Qishliq qishlog’ida tug’ilgan. O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan madaniyat xodimi (2006). ToshDUning jurnalistika fakultetini tugatgan (1982). Dastlabki hikoyasi — «Chorraha» (1982). «Zangori ko’l» (1987), «Unutilgan qo’shiq» (1990),  «Yuzma-yuz» (1993), «Paxmoq» (1997), «Sariqgul» (1998), «Arazchi chumchuq» (1999), «Bekatdagi oq uycha» (2000), «Jo’shqin daryo», «Ovul oralagan bo’ri» (2005), «Bo’ron qo’pkan kun» (2007) kabi qissa va hikoyalardan iborat to’plamlari nashr etilgan. «Quyoshi botmaydigan yurt», «Shim yoxud xotinlar janjali» nomli asarlari asosida bir necha qismli videofilm yaratilgan. «Shuhrat» medali bilan taqdirlangan (1999).

09

YO’LAK

Qiya ochiq og’ir va qo’pol og’och darvoza tiriqishidan yakka kift holda sirg’alib tashqarilagan Murod ko’chaning narigi betiga – ikki hovli oralig’idagi ensiz, uzun yo’lak boshida tonggi epkinda sokin tebranib turgan yolg’iz o’rik daraxtiga oshig’ich ko’z tashlarkan, yengil tin oldi.
Xayriyat qotinishmabdi!

Kecha oqshom qo’shni erkaklar orasida bo’lib o’tgan janjaldan so’ng daraxtning omon qolmog’i qiyin edi – biri daraxtni tak-tomiri bilan qo’porib tashlash qasdida, ikkinchisi esa uni arralab, boltalab, tandirga tiqish jahdida rosa guvranishgandi.

O’rikni ziyon-zahmatsiz ko’rgan yigitchaning ko’ngli yotog’idan endigina bosh ko’targan erta ko’klam oftobi yanglig’ charog’on tortib, o’tgan yozda pishiq-puxta asfal`tlangan ko’cha yuziga, yarim tunda yog’ib o’tgan jaladan qolgan katta-kichik xalqoblarga, boshidagi lolarang tusdagi ro’molini qoshigacha tushirib, eshigi oldini supurayotgan ikki uy naridagi yangi tushgan kelinchakka bir-bir nazar tashlarkan, kattalardek chuqur nafas olib, tag’in daraxt tomon yuzlandi va shu qish ichi rejalashtirgan navbatdagi suratini bot ko’z o’ngida gavdalantirib, bu safar o’rikka umid va sinchkovlik bilan razm soldi. Afsuski, allaqachon oppoq gulga kirishi lozim bo’lgan daraxt hanuz uyquda, novdalardagi pushti kurtaklar shu sozda miq etmay turardi.

O’rikning kech uyg’onishiga go’yo ko’kda suzib yurgan bulutlar aybdordek, u osmonga malollanib boqdi. So’ng qo’shni bog’larga ko’z yugurtirdi. Qiziq, boshqa o’riklar allaqachon oppoq gulga kirgan, hatto o’z bog’laridagi kechki ikki o’rikning tepa shoxlari oqish tus ola boshlagan. Bu o’rik esa yalang dashtda bo’ronda qolgan cho’pondek mo’ng’ayibgina turardi. Boz ustiga, boshqa o’riklar kabi bo’liq va bo’ychan ham emas.

Kattalar nazdida, tengqurlari qatori maza qilib to’p tepish, chillak o’ynash yoxud boshqa o’yinlar bilan andarman bo’lish o’rniga nuqul yo’q yerdagi narsalarning suratini chizib yuradigan jiddiy va xayolchan bu bolaning niyatidan boxabar odam: “I-i, mujraygan bu daraxtning nimasini chizasan, undan ko’ra anovu o’riklarning suratini sol. Savlatini qara, chimildiqqa qadam qo’ygan kelinchakday suzilib turishlarini qara…” deyishi tayin edi. Biroq, hamma gap shundaki, uni misli kelinchakday suzilib turgan qo’shni o’riklar emas, aynan yo’lak boshidagi ushbu daraxt qiziqtirar va mana necha kundirki uning tezroq gulga kirishini ilhaq kutardi.

Suratda u yo’lak poyini tilimlab, adoq tomon ipdek cho’zilib ketgan ingichka so’qmoq boshida – birinchi planda, so’ng esa oqimtir taqir so’qmoq aks etmog’i lozim edi. Murod o’rikni yonlab o’tgan so’qmoqni shunchaki bor holicha tasvirlab qolmay, uni och kamalak tusdagi sirli fon – neligini anglash va idrok etishdan ko’ra, tasavvur qilish ming chandon zavqliroq bo’lgan o’zga bir olam, ya’ni aynan mavhumligi bilan dilga anglarsiz surur baxshlaydigan yondosh olam bag’riga singdirish o’yida edi.

So’qmoqqa bog’liq bu g’ayritabiiy shuur bolaga, es-hushini tanibdiki, yaqin yo’ldosh bo’lib, haligacha tinchiga qo’ymas – andak xayolatga erk berishi hamon qalbida o’sha g’aroyib his qayta bosh ko’tarardi-da, natijada, u xuddi dunyoni endi-endi taniyotgan go’dakdek sarpoychan so’qmoq bo’ylab yugurgisi va shu yugurishda yo’lak oxiridagi notanish olam bag’riga butun vujudi bilan sho’ng’ib ketkisi kelardi.

Aslida so’qmoq uning xayolat dunyosidagi sirli olam quchog’iga emas, bor-yo’g’i, yo’lak adog’ining o’ng kunjagidan o’rin olgan “etim eshik”ka olib borardi, xolos. Shu o’rinda, mazkur yo’lak xususida yana shuni aytib o’tib joizki, uning holati va manzarasi ko’chalari bir to’kisda asfal`tlangan bugungi obod qishloq qiyofasiga ko’pda mos tushmasdi – umrida suvoq yuzini ko’rmagan pishiq-puxta, baland paxsa devorlar tizimi, bamisli tik jarday, ikki yonda qomat kerib turar, adoqdagi sertikanak chog’roq butazor hamda taqir so’qmoq yoqasida bulturdan qolgan yantoq, kavrak va yana allaqanday tikanlar yo’lakka yovvoyi dasht tusini berib, keng ko’cha husniga yarashmayroq turardi. Agar chetroqdan turib qaralsa, negadir hanuz uyg’onishga oshiqmayotgan o’rik daraxti orasta ko’cha bo’yida emas, keng dashtda ko’p uchraydigan jarliklardan biri og’zida bo’y cho’zib turgandek tuyulardi. Xullas, boshqalar nazarida, qarovsiz torko’cha maqomiga ega bo’lgan yo’lakning ayni shu yovvoyi holati bolaga g’oyatda qadrli bo’lib, yuqorida ta’kidlanganidek, go’dakligidayoq uni adoqdagi sirli olam sarhadiga eltuvchi afsonaviy yo’lka sifatida tasavvur etardi. Holbuki, adoqdagi sirli olam, ya’ni kunjakdagi “etim eshik”ning so’l qavatini enlab tushgan quyuq butalar ortidagi pastak devordan narisi kecha oqshom o’rikni boltalash jahdida xiylagina quyushqondan chiqqan Sodiqning tomorqasi edi.

Anchayin mo’min fe’lli Sodiqning hovli-joyi keng bo’lib, ranggi uniqqan kattakon darvozasi ko’cha chetidagi chog’roq maydonga qaragan, bir odam bazo’r sig’arli yo’lak po’chmog’idagi “etim eshik” esa, Sodiqqa qasdma-qasd holda, o’rikni tak-tomiri bilan qo’porib tashlash niyatida o’zicha obdon chirangan Bozor bodiga tegishli edi. Darvoqe, uning shahar nusxa kattakon darvozasi qo’shni ko’chaga qaragan esa-da, “etim eshik” bois, Bozor bodi bu ko’chaning ham odami hisoblanardi.
Biroq bu eshikdan kirdi-chiqdi juda kam edi.

Agar gapni sal naridan boshlaydigan bo’lsak, yo’lak o’rni, kecha Bozor bodi da’vo qilganidek, unga emas, aksincha Sodiqqa qarashli edi. Qay bir yili enasi Mashir kampir yaqin dugonasi bo’lmish Norchuchuk kampirning kirib-chiqmog’i hamda kelib-ketmog’iga o’ng’ay bo’lishi uchun hovlisining bir yonidan, bor bo’yicha, yo’lakka joy ajratib, rahmatli choliga devorni ikki quloch beridan oldirtirgan edi. “Etim eshik” deyilishiga kelsak, buni Norchuchuk kampir o’ylab topgan, o’zimdan bo’lak so’rovchisi – kirib-chiquvchisi yo’q, yetimgina eshigim, degan.
Murod ularni yaxshi eslaydi.

Yo’lakda irg’ay hassa tutgan Norchuchuk kampir paydo bo’lishi bilan bu yoqdan urchug’ini ko’tarib, so’l qulog’iga rayhon qistirgan, Mashir kampir chiqib kelar, so’ng ikki dugona darvozaning o’ng biqinidagi qoraygan xariga yonma-yon cho’kkanicha, odatdagidek, ezmalanib gurunga tushishardi.
Kampirlar birin-sirin dunyodan o’tishgach, ulardan xotira bo’lib ushbu yovvoyi yo’lak qoldi. Agar kecha Bozor bodi o’zicha qiliq qilmaganida – bodilikni obdan qiyomiga yetkazishga urinmaganida, yo’lak o’rni o’zga birovga emas, aynan o’ziga tegishli ekanligi ikki dunyoda ham Sodiqning esiga kelmasdi.

Bari hech kutilmaganda sodir bo’ldi.
Sodiq tabiatan dala odami emasmi, yumushsiz qish-qirovli kunlarni o’lgudek yomon ko’rar va bekorchilikdan torig’ib o’lish darajasiga yetgancha, har safar ko’klam kelishini zor-intizor kutardi. Ana shunday intiqib yurgan kunlardan birida darvozasi ortiga qandaydir mashina kelib to’xtadi-da, cho’zibroq signal berdi.

U, mehmon-pehmon keldi-yov, degan o’yda shoshib tashqariga yo’naldi. Qarasa-ki, qaymoqrang, yap-yangi mashina darvozasiga tumshuq tirab turibdi, ulov egasi Bozor bodi esa mashina eshigini oshiqmay qulflayapti. Sodiq shu yaqinda uni mashina sotib olganini eshitgan va hali qutlashga ulgurmagan, shu sabab, boshda jindek xijolat tortdi. So’ng, hechdan ko’ra kech, deya muborakbod etmoq o’yida, iljaygancha, u tomon intildi. Biroq cho’zilgan qo’li havoda muallaq turib qoldi. Rahmatli kampirlarning xohishiga ko’ra, to’n yopinishgan do’sti – Bozor bodi, ko’zlari to’la kibr, kekkaygancha osmondan boqib turardi. Bu holdan Sodiq uni otliq, o’zini esa poyi piyoda his etdi. Bundan dili og’rinsa-da, do’stining bu xil kurakda turmaydigan ajabtovur qiliqlariga ko’nikkan emasmi, avvaliga e’tibor bermaslikka urindi. Biroq qani endi, Bozor bodi hayallamay, tezroqqina pastga tusha qolsa, yo’q, qaytamga qoshida qimtinib turgan do’stini hatto chumoli o’rnida ko’rgusi kelmay, tanish bir ohangni dimog’ida xirgoyi qilganicha, qo’lidagi bir talay kalitlarni atay shiqirlatib, sollanib yo’lak tomon yurdi.

Sodiq, shusiz ham siqilibroq turgan emasmi, birdan jini qo’zidi, o’zini tutolmay, mashinaning old g’ildiragiga o’xshatib bir tepti. Oyog’i tegishi bilan mashina bor ovozda “dod”lashga tushdi. Ulovining tepkilanishi Bozor bodining izzat-nafsiga tekkan esa-da, sir bermaslikka tirishdi, viqorla o’girilgancha, go’yo yosh bolani tergaganday dedi:
– Uv-v, moshinga tegma, nari tur!

Mashinaning bexos “faryod” ko’tarishidan qattiq cho’chib ketgan Sodiq, rang-quti uchgancha, hanuz g’o’dayib turgan ulov egasiga aybdorona boqarkan, daf’adan, unga ham havasi, ham hasadi keldi. Ammo zumda havasi hasadga qorishib, ko’nglida noxush bir tuyg’u – g’alamislik qanotlandi-da, yo’lak o’rni manovu g’o’daygan “otliq”qa emas, “piyoda”ga, ya’ni o’ziga tegishli ekanligi birdan, o’z navbatida, ilk bora esiga tushdi, hatto shuncha yer bekordan-bekorga yotganiga ichi achishib ketdi. Yetar, ertadan “etim eshik”ka tamba uraman, yo’lakni bo’ylatib-bo’ylatib, qatorlatib-qatorlatib terak ekaman, deya qat’iy qarorga keldi.
– Ortiq bu tomonda qorangni ko’rmay! – dedi o’ziga ermak topilganidan ichdan quvonib. – Ertan yo’lak to’rini yopaman! Hi-i, nega bezrayasan? Nima, yo’lak o’rni senga emas, menga tovunligini bilmaysanmi?

Bozor bodi buni bilardi. Bilsa-da, bu narsa jondek jo’rasi tomonidan, xuddi manglayiga urganday, alohida ta’kidlanishini sira kutmagan – ensasiga bexos turtki yegan odamday, bir qalqib tushdi. Alam va hayajoni zo’rligidan lablari quruqshib, boyagi viqoridan asar ham qolmadi. Bir xayoli, shu qarovsiz yo’lak senga kerakmi, ana, ol, to’y, deya o’zicha etak siltab, arazlab ketmoqchi bo’ldi. Biroq alam arazdan ustivor keldi – yo’lakdan osonlikcha voz kechmaslikka ahd qildi. Ammo buning uchun jo’yali biror bahona topishi lozim edi. Ayni shu asnoda uning ko’zi o’rikka tushib qoldi.
– Bekorning beshtasini aytibsan! – dedi qo’rqqan oldin musht ko’tarar qabilida. – Bilasanmi, manovu o’rikni kim ekkan? Mening enam ekkan. Demak, yo’lak senga emas, menga tegishli! Unutma, o’rik – bu belgi! Enam menga shunday degan. Shuning uchun yo’q yerdagi gaplar bilan ko’p boshimni qotirma! Emasam, bekordan-bekorga tebalashib qolamiz!

O’rikni uning enasi – Norchuchuk kampir emas, omon bo’lsak, soyasiga to’shamcha tashlab, so’ylashib o’tiramiz, deya Mashir kampir qo’shni bolalarga ektirgandi. O’sha bolalar orasida allaqachon esini tanib ulgurgan kichkina Murod ham bor edi. O’shanda Mashir kampir hovlisidan ko’tarib chiqqan ko’chatni unga uzatgan, u esa uni narida chuqur qaziyotgan bolalarga oborib bergan. So’ng esa kampirlar tomonidan tez-tez ulashib turiladigan shirinlik ilinjida, ular qavatiga cho’kkan va quyidagi gurungga guvoh bo’lgan.
– Buning tutmaydi-yov, Mashir, – degan Norchuchuk kampir bu ishga ko’pda ro’yxushlik bermay. – Tutsayam, qo’y-echkilar qo’ymaydi, kallaklab ketadi.
– Tutmaganiga qo’ymayman, – degan Mashir kampir ko’chat tubiga tuproq tortayotgan bolalarga ko’z-quloq bo’lib. – Bunga o’zim qarab turaman.
– Bundan ko’ra tikanak ektirganing durustmidi deyman-da.
– O’l-l, sen, hech tikanakka tuymas ekansan-da.
– Tikanaklar olis dashtdagi tuvgan ovulimni esimga sop turadi-da…
– Yangi tushgan kelinmiding, buncha ovulimlaysan…
– Tikanaklarning hidiyam boshqachada bo’ladi-da…
– Sen tikanak hidlama, rayhon hidla!
– Yo’q, menga tikanaklar isi yoqadi.

Keyinchalik Murod shuni anglab yetdi-ki, yo’lakning yovvoyi ruxsori Norchuchuk kampirning dashtparastligi tufayli ekan. Yo’lak to’ridagi sertikanak yovvoyi butalarni undirgan ham, so’qmoq yoqasidagi yantoq va boshqa xil dasht o’simliklarining emin-erkin o’smog’iga to’la izn berib, ularga ketmon urdirmaydigan ham u edi. Bola Norchuchuk kampirning yolg’iz yo’lak bo’ylab xayolchan sayr qilib yurishlarini ko’p bora kuzatgan. Aytgancha, sayrchilardan yana biri – uning o’zi edi, yalangoyoq holda so’qmoq bosib yurishni haddan ziyod yaxshi ko’rardi. Ayniqsa, yilning iliq-issiq kunlarida yo’lak salqin va g’oyatda orombaxsh bo’lardi – kampir atay ektirgan shuvoqlardan yoqimli bo’y taralgan, o’t-ulanlar orasida turli mayda jonivorlar pitirlagan, g’imirlagan, turfa yovvoyi chechaklar uzra kapalaklar qanot qoqqan, ikki yondagi devor yuzi esa katta-kichik kaltakesaklar bilan “bezangan”… Buning bari – Norchuchuk kampirning mulki, so’nggi nafasigacha tilidan qo’ymagan o’sha olis dashtning bir bo’lagi edi.

Kampirning vafotidan keyin yo’lak shu sozda – yovvoyi holicha qoldi, uni sarishtalash Bozor bodining xayoliga kelmaganidek, bu narsa, shu kungacha keraksiz hudud sanab kelgani bois, Sodiqni ham ortiq bezovta qilmasdi.

Chunonchi yo’lak egasi – Norchuchuk kampir Sodiqqa begona emas, onasi qatori aziz bir inson edi. Ammo Bozor bodining yo’q yerdagi da’vosidan so’ng momoning nurli siymosi xira tortib, marhumaga nisbatan Sodiqning yuragida birinchi bor yotlik hisi paydo bo’ldi. Bu sho’r ishlarning bariga o’sha tikanakparvar kampir sababchi, deb o’yladi. Va shuningdek, enasi – Mashir kampirdan ham o’pka-gina qilishni unutmadi, aslida bariga siz aybdorsiz, ena!
– Takror aytaman, bu belgi – o’rikni mening enam o’z qo’llari bilan ekkan! – dedi jo’rasini bir zum xayolga tolishini o’zicha tushungan Bozor bodi battar karillab. – Shuningchun ko’pam o’zingdan ketaverma!
– Enang? – Sodiq, buning esi butunmi o’zi, degan ma’noda unga yonlab qararkan, so’ng har bir so’zini chertib-chertib dedi: – Bu o’rikni umr bo’yi hassadan o’mgan uzolmagan enang ekibdimi?
– Unda seni enang ekkan ekan-da, a? – dedi Bozor bodi uning sha’masini anglab.
– Emasam-chi.
– Agar shu gaping chin bo’lsa, – Bozor bodi endi o’rlik otiga mindi, – bu tundan qolmaydi bu! Anovu Tohir jo’ramning traktirini minib kelaman-da, ko’rasan, tak-tomiri bilan sug’urib tashlayman!
– Ovora bo’lmay qo’ya qol! – dedi Sodiq undan ulgu olib. – Agar bu o’rik chindanam enang aytgan belgi bo’lsa, bilib qo’y, men bunday chikin shum belgini eshigim oldida ko’klatib qo’ymayman! Boltaning ostiga olaman! Ha, maydalayman, burdalayman, tandirga tiqaman, o’choqqa o’tin qilaman! Tanasidan tamba yo’nib, “etim eshik”ni bir umrga taqqa-taq yopaman!

– Sen?.. – janjalni kutilmaganda bu taxlit jiddiy tus olishidan Bozor bodi andak sarosimalandi.
– Ha, men!
– Axir yo’lakda enamning izlari qolgan-a…
– Bor edi, endi yo’q!
– Shu gapni sen aytayapsanmi?
– Nima, shubhang bormi?
– Yaqin jo’ram…
– Edi… – Sodiq uning og’ziga urdi. – Endi u yo’q!
– Nima, to’ng’iz qo’ptimi?
– Undan battari…

Bozor bodi so’z qidirib, chaynalib, birpasda do’stdan g’animga aylangan jo’rasiga qanshari ostidan ho’mrayib boqarkan, alami qo’zib, xo’rligi kelib, ich-ichidan undan qattiq o’pkalandi: “O-o, nomard, shu birgina erkaligimni ko’tara olmading-ga! Tag’in bu kishim to’n kiyishgan do’st emish!..”
Bu jihatdan Bozor bodi haq edi.
Uning rejasiga ko’ra, Sodiq, doimo to’satdan bodiligi tutib qoladigan jo’rasining bu galgi qilig’iga ham, odatdagidek, ko’pda e’tibor bermay, avvaliga havas va ishtiyoq bilan mashina atrofini aylanishi, o-o, zo’r-zo’r, bizgayam buyursin-bizgayam buyursin, deya ulov sirtini silab-siypalashi, xuddi uloqchi otni erkalaganday, yengil-yengil shapatilashi, so’ng esa narida jo’rttaga g’o’dayib turgan bodi jo’rasiga yuzlanib, uv-v, xoda yutgan, bodilanmay, berman ke endi, birgina bovrimga bosay seni, deyishi lozim edi.

Bozor bodi shuni kutgandi.
Qutlovdan so’ng mashina kapoti ustiga kichkina dasturxon yozib, oldingi o’rindiqda yotgan ikki shisha aroqdan birini jo’rasi bilan baham ko’rmoqchi edi.
U shu shirin niyatda bu tomondan yurgandi.
Afsuski, Sodiq barini rasvo qildi.
Kechagi bu janjalning bugun qayta qo’pishidan xavotirlangan Murod yovvoyi yo’lak manzarasini tezroq polotnaga muhrlashga ahd qildi. U maktabga borishniyam unutib, otasi yumushga otlanishi bilan darrov ishga kirishdi. Avvaliga kishilar diqqatini jalb etmaslik uchun mol`bertni boyagidan ko’ra, xiyol kengroq ochib qo’yilgan darvoza ortiga o’rnatdi.

So’ng…
U oshiqardi.
O’rikni gulga kirishini kutib o’tirishga endi uning fursati yo’q – bir xurujdan favqulodda omon qolgan daraxtga istalgan paytda bolta urilishi mumkinligini anglagan holda mo’yqalamni qo’liga oldi.
Qiziq, yo’lak bir chetda qolib, nechun ular nuqul o’rikka yopishishdi ekan, a?
Bola mana shunisidan hayron edi.

Ota kechki peshinda mahzun bir kayfiyatda uyga qaytganda, surat yakunlab qolgan – bola qutlashga arzigulik ishni nihoyalashga ulgurgan, yo’lak og’zidagi mudroq o’rik hamda adoq tomonga cho’zilgan oqish tusdagi so’qmoq bir-biriga uyg’un holatda binoyidek tasvirlangan edi. Biroq ota, odatiga xilof ravishda, bu safar suratga qiya boqmadi. Uyga kirib, zumda kiyimini almashtirib chiqdi-da, darvoza tashqarisida turib kimnidir kuta boshladi.
Ko’p o’tmay qarshidagi darvozadan ko’chalik to’nini egniga ilib Sodiq chiqdi.
Saldan keyin ularga yana ikki kishi kelib qo’shildi.

Qo’shnilar bir ulovga jam bo’lib, bugun tushga yaqin katta yo’lda falokatga yo’liqqan Bozor bodining holidan xabar olgani tuman markaziga jo’nashdi.
Bu voqeadan ogoh bo’lgan bola kuyinishiniyam, suyinishiniyam bilolmay boshi qotdi – kuyinay desa, ushbu falokat tufayli o’rik omon qoldi, unga qotinish endi kimning ham ko’ngliga sig’ardi deysiz; suyinay desa, o’z maylida daydib yurgan biror-bir sayoq it emas, odam bolasi halokatga uchragan – quvonish uyat.
U parokanda xayollarini jamlash va jilovlash niyatida suratga olislab boqarkan, unda nimadir yetishmayotganini ichdan tuydi.
Nima ekan?
Ammo shuncha urinsa-da, topolmadi.

Oqshomni qoralatib uyga qaytgan otasidan shu gurungni eshitdi. Boshi bintlangan, singan oyoqlari osilgan Bozor bodi yig’lab Sodiqqa deganmish: “Jon degani chumchuqday hurkak, umr degani tonggi shudringday omonat narsa ekan, jo’ra! Buni bilib-bilmay, talashgan narsamizni qara-ya! Uyatdan o’lay deyapman! Kechir meni! Kechirmasang bo’maydi! Esim og’ibiroq yotganida, enam… yo’q, enalarimiz tushimga kirib, toza meni burovga olishdi! Ishqilib, o’rikka tegmadingmi? Xayriyat-xayriyat! Tegma, aslo tega ko’rma unga!..”

Bu gapni eshitgan Murod suratda nima yetishmayotganini darrov fahmladi. Suratda biri rayhon hidini, ikkinchisi esa, aksincha, yovvoyi o’t-ulanlar isini sevadigan va bundan ham ko’ra, oqshomlari ko’chani shovqunga to’ldirib o’ynaydigan bolalarni mehrla tergab o’tirishni xush ko’radigan va ko’ngillari bu olam ayvonidan ham kengroq bo’lgan – Mashir va Norchuchuk kampirning nuroniy siymosi yetishmasdi. Bolaning nazarida, ularsiz nafaqat bu yorug’ olam, hatto darvoza biqinidagi ko’hna xari ham o’ksikdek edi.

Momolarga bog’liq nurli xotiralar girdobida qolgan bola shu kech bo’lak bir noxushlikka duch keldi – otasidan ne gapligini bilish niyatida chiqqan qo’shni erkaklar yo’liga Bozor bodining abgor ahvoliga achingandek bo’lishdi-yu, so’ng uni butunlay esdan chiqarishib, haftaga yetmay dabdalasi chiqqan yangi, yangigina emas, yap-yangi mashina hangomasini boshlab yuborishdi.

Gurung qatiga yashiringan loqaydlik, loqaydlikdan ham ko’ra, pinhoniy mamnunlik hisini tuygan bola davradagilarning barini yig’nab, qora-qura ranglar ummoniga itqitgisi hamda ularning asil qiyofasini ushbu bo’yoqda aks ettirgisi keldi. Biroq bir muddatdan so’ng esa bu xayoliy istakdan tezda voz kechdi – bisotida mavjud bo’lgan bir donagina qora siqma moybo’yog’ini qizg’andi – ularni hatto salga chaplanib, o’chib ketadigan jo’ngina suvbo’yoqqa ham arzitmadi.

Ertasi tongda esa g’aroyib manzaraga ro’paro’ bo’ldi va bir tunda oppoq gulga kirgan o’rik qarshisida ang-tang turib qoldi.
Bu ne sinoat?
Biroq bu olam sinoatlarini anglashga u hali ojiz, juda ojiz edi.

2015

CHOL VA ILONLAR

Sobiq muallim – Rahmon chol g’ayritabiiy bu qo’shnichilikka boshida sira ko’nika olmaganidek, erta bir kun kelib ularga qattiq bog’lanib qolishini va hatto yuragida sog’inchga o’xshash ajabtovur tuyg’ularni tuya boshlashi mumkinligini o’shanda xayolining yetti ko’chasiga ham keltirmagandi.
Xullas, dastlabki kezlari turqi sovuq bu jonzotlardan qanchalik hayiqqan bo’lsa, endilikda chog’roq hovli kunjagidan o’rin olgan eski ombortom binosiga baqamti tushgan pastak hammomning atay qiya ochib qo’yilgan eshigidan ularning, har galgidek, birin-sirin o’rmalab chiqishini shunchalik ilhaq bo’lib kutmoqda edi.
Yо allaqachon chiqib bo’lishdimikan?

Ensiz yo’lak bo’ylab nari-beri borib kelayotgan Rahmon chol shu xayolda hammom qarshisidagi chog’roq gulzor bo’yida to’xtadi va xiyol engashgancha, odatda, ilonlar kulcha bo’lib yotadigan gultojixo’roz pushtasiga bot nazar tashladi.
Yo’q, ular ko’rinmaydi.
Ana, tongda gulzor chetiga sepib qo’yilgan yarim kaftcha un ham shu sozda turibdi, oqarib.

Cholning ko’ngli beixtiyor g’ashlandi, yo ketib qolishdimikan? Yo’q, bo’lishi mumkin emas, axir ularni bezovta qiladigan biron-bir nojuya harakatga yo’l qo’ymagan, o’zi aytmishli, qo’lidan kelgancha doimo izzatini qilib kelgan. Qiziq, agar un sepib tursang, yemak hurmati o’zlari ketishadi deganlari rostmikan?
YO kelini…

Yo’q, bu borada uni ayblash noo’rin, negaki, hammomda ilonlar borligini eshitgan zahotiyoq, u ikki bolasini oldiga solgancha, juftakni rostlagan, ya’ni odamgarchilik yuzasidan, yanada aniqrog’i, o’lgani kunidangina qaynotasining holidan birrovga xabar olgani kelgan juvonga zo’r bahona bo’lgan – bu. Yaqinda ko’zi yorigan kenja qizining issiq-sovug’iga qarab turgan kampirining oshig’ich qo’ng’iroq qilishiga qaraganda, bu xabardan shahardagi barcha xeshlari allaqachon voqif bo’lganga o’xshaydi. Aks holda kampiri, anovu oting o’chkirlarni tez yo’qotmas ekansiz, hovlingizga qadam bosmayman, o’tiravering yolg’iz o’zingiz boyo’g’liday so’ppayib, deya zamzama qilmasdi.
Aslida shusiz ham chol hovlida yolg’iz edi.
Ammo baxtiyor edi.

Axir qachon bo’lmasin bir parcha yerga ega bo’lish orzusida butun umrini ko’pqavatli uyda yashab o’tkazgan bu odam shu yoz boshida nihoyat niyatiga yetgan va mana, bir oydan ziyodki, kampirini to’zg’igan hovliga emas, shinam va sarishta go’shaga ko’chirib kelish o’yida hovlining mayda-chuyda kam-ko’stlarini butlash bilan ovora edi. U o’tgan vaqt ichida uyning sobiq egasidan qolgan gulzorni did bilan parvarishladi, qo’lidan kelganicha ekin-tikinlarga qaradi, hovli yuzini tartibga keltirib, eski hammomni didiga moslab qayta ta’mirdan chiqardi va shu yumushlar orasida hech kutilmaganda g’aroyib qo’shnilarga ro’paro’ bo’ldi. Bu qo’shnichilik, sen menga tegma-men senga tegmayman qabilida bo’lgani sabab, chol ularga dahl qilmaslikka urinadi. Buni qarangki, jonivorlar ham shu taomilga amal qilishadi – zarur paytlardagina tashqariga sudralib chiqib, qolgan vaqt ko’pda ko’zga tashlanishmaydi. Ammo gulzor chetiga sepib qo’yiladigan unni kanda qilmay yalab ketishadi.

Chol goh gultojixo’roz pushtasiga, goh qiya ochiq eshikka g’amnak boqarkan, sog’inchga o’xshash g’alati bir tuyg’u bot yuragini chimchilab o’tganini sezdi. Agar ayni shu tobda ilonlarni birrov ko’rmasa, ko’ngli xotirjam tortmaydigandek, chuqur xo’rsindi – kimsasiz dashtga tushib qolgandek, ilk bora o’zini yolg’iz his eta boshladi. Zero, shu damgacha bu mo»jaz makonda o’zidan bo’lak yana bir juft xatarli jonivor mavjudligidan doimo hushyor tortib yurgani bois, tanholigi uncha sezilmasdi. Chunonchi, aynan ilonlar sabab cholning tevarak-atrofga nisbatan e’tibori ortib, u dov-daraxtlardagi turli qushlarni, olma tanasidagi chumolilar karvonini, choqqina ekinzoru gulzorda uchib-qo’nib yuradigan kapalaklarni, omborxona sahnida onda-sonda ko’zga tashlanib qoladigan jimitdek yugurik sichqonlarni, tomdagi mushuklarni, yo’lak va egatlarda tinmay uymalashadigan serhadik chumchuqlarni va shuningdek, gulzorning ekinga tutash qismidagi mayin tuproqli kaftdek maydonchada ora-sira ilonlarning quyoshga toblanib yotishlarini ilg’aydigan bo’ldi. Burun u yon-atrofga butunlay befarq edi, ya’ni butun diqqati yumushda bo’lib, serchakkak kampirini tezroq hovliga ko’chirib kelishdan o’zgasini o’ylamasdi. Ana shunday sertashvish kunlardan birida to’yqusdan ilonlarga duch keldi-yu, cholning ko’zi yarq etib ochildi – hovli degani shahardagi shinam kvartira emasligi, uning ta’biri bilan aytganda, bu “bir parcha tuproq” o’zidan bo’lak o’zga jonzodlarga ham tegishli ekanligini favqulodda anglab yetdi.

Bu holat cholga juda xush yoqdi.
Axir bir umr shuni orzulagan emasmidi? Tabiiy, u shuni orzulagan esa-da, ammo ilonlar bilan qo’shnichilik qilaman deb sira o’ylamagandi.
O’sha dahshatli soniyani eslasa, hali-hanuz cholni sovuq ter bosadi. Shu kezgacha, ya’ni jiddiy ogohlantiruvchi “sss-s-s-s” degan sasni eshitmaguncha, bu dunyoda “xavf” degan balo borligini xayoliga ham keltirmagandi: dastlab u qo’rquvdan terakday qotgancha, o’zidan atiga ikki qarich narida boshini xiyol ko’tarib turgan ilonga baqaday tikilib qoldi, uning boshidan dumi uchiga qadar cho’zilgan jigarrang tasma hamda tasmaning ikki yonidagi jimjimador katta-kichik bezaklar ushbu lahzaning mingdan bir ulushida cholning shuuriga umrbod mixlanib qoldi. U hatto xiyol nariroqda o’ziga hadikla tikilib turgan ikkinchi jonivorning yag’rinidagi uzun tasma jigarrang emas, balki qoramtir tusda ekanini ham payqashga ulgurdi. Qo’rquvdan ongi karaxtlashgan, jo’yali biror chora o’ylab topguncha bo’lmay, ilonlarning o’zi ketdi, gulzor oralab ko’zdan g’oyib bo’ldi. Kutilmaganda yuz bergan bu uchrashuvdan so’ng cholning bir to’xtamga kelgani shu bo’ldi: “Ha-a, gazandalar chumchuq emas, qo’l sirmasang pir uchib ketadigan. Ular bilan o’ylashibroq muomila qilmoq lozim!” Shu-shu u har tong birinchi bo’lib ilonlar yemagidan xabar oladi – gulzor chetiga yarim kaftcha un sepgandan keyingina, ko’ngli joyiga tushib, boshqa yumushlariga unnaydi.

Bugun u erta peshindanoq hammomga o’t yoqqan. Suv qizigach, o’zi havasga o’rnatgan yaltiroq vannaga qaynoq suvni ochib qo’yib, ilonlarning tashqariga chiqishini kutib, hovlida kezinib yurardi. Biroq oradan xiyla vaqt o’tgan esa-da, negadir ulardan darak yo’q edi. Holbuki, jonivorlar vanna sirti qiziy boshlashi bilan darrov harakatga tushib, ataydan qiya ochiq qoldirilgan eshikdan birin-ketin o’rmalab chiqib kelishardi. So’ng uy egasi yuvinib bo’lmaguncha gultojixo’roz pushtasida kulcha bo’lib yotishadi. Chol hammomdan huzurlanib, qizarib-bo’rtinib chiqarkan, har safar o’ta quvnoq kayfiyatda ularga qarata deydi:
– Qani endi, joylaringa bi-ir jo’nab qolinglarchi!

Biroq jonivorlar jilishga oshiqmaydi, qachonki hammom ichkarisi xiyla sovugandan keyingina bir tomoni ochiq holda, qolgan qismiga gir aylantirib g’isht terilgan vanna tagiga kirib ketadi. Biroq, bugun, mana, vanna yarimlayapti-ki, hanuz ularning qorasi ko’rinmayapti.
Rahmon chol hovliga sig’may qoldi. Bir xayoli hasrat istab to’g’ridagi qo’shnisinikiga chiqmoqchi bo’ldi. Biroq nima deydi? Ilonlarim ketib qopti, deydimi? Maboda u, ajab bo’pti, axir shuni o’zingiz istagandingiz-ku, deyar bo’lsa, avval istardim, endi esa yo’q, deydimi? To’g’ri, shunday degan taqdirda ham qo’shnisi uning ustidan kulmaydi – ko’pni ko’rgan ziyoli odam u. Lekin bu xil gap-so’zlar o’zidek kap-katta bir odam tilida evrilishining o’zi qandaydir erish tuyulmoqda edi. Ammo ilonlarga to’qnash kelgan birinchi kuni o’pkasini qo’ltiqlagancha zing’illab chiqqani rost. Biroq qo’shnisi u kutgancha hovliqmagan, qo’liga ketmon tutib, yordamga ham oshiqmagan. Boshidagi do’ppisini ensasiga surib, qalin ko’zoynagi tepasidan bir muddat tikilib turganda, so’ng qo’liga choy tutqazib sokin ohangda degan: “Ollohga nimangizdir xo’sh yoqibdi-ki, hovlingizda jonivorlar paydo bo’pti, qo’shni. Uy iloni – baraka ramzi. Shuningchun, zinhor ularni bezovta qila ko’rmang…”

Keyinchalik ular orasida shu suhbat bo’lib o’tgan.
– Qalay, qo’shnilar omon yurishibdimi?
– Omon-omon, sepgan unimga qanoat qip yurishibdi.
– O’zlari ketmaguncha, un sepishni kanda qilmang.
– Ko’nikib ham qoldim, ketmagani durustmi deyman?
– Ha, endi, hovlida biror jonzotning bo’lgani yaxshi-da.

Cholning hovlisida ilonlardan bo’lak mushtdekkina oppoq iti ham bor. Ammo itning ilonlar bilan ishi yo’q, kunu tun darvozani qo’riqlab yotadi. Ammo o’nta bo’lsa o’rni boshqa deganday, shu onda cholga ilonlarning o’rni nihoyatda bilinmoqda edi.
Ilonlardan darak bo’lavermagach, u kayfiyatsiz holatda suvni o’chirdi.

Kelini qayragan shekilli, saldan so’ng o’g’li qo’ng’iroq qildi, yo’liga hol-ahvol so’ragan kishi bo’lib, ilonlarni zudlik bilan yo’qotishni iltimos qildi. Cholning ensasi qotib, ilonning eng zo’ri qo’yningda-yu, nima qilasan hovlimdagi jonzodlarga qotinib, degisi keldi, lekin demadi. Ilonlarga tushgan zig’irdek mehri nechun o’z keliniga tushmaganidan ajablanib qo’ya qoldi. Aslida keliniga mehri tushgandi, farzandlarim yana bittaga ko’paydi, deya suyungandi. Biroq saldan keyin sezdiki, uyning siri tashqariga silqib, kelini kampiri bilan tengma-teng tishlashmoqda. Chol ularni fe’li torlik hamda nodonlikda ayblab, o’zicha nasihat qilgan, murosaga chaqirgan bo’ldi. Biroq ayollar murosaga kelmadi. Shundan so’ng chol azaliy orzusini tezroq ro’yobga chiqarish payida bo’lib, nihoyat shahar chekkasidan hovli sotib olishga muvaffaq bo’ldi. Ilonlar bilan qadrdonlashib olganidan beri mudom bir savol uni o’ylatadi: “Jonivorlar bilan murosa qilish mumkin holda nechun odamzod bilan til topishib bo’lmaydi, a?”

O’sha kunni chol yodidan chiqarmaydi.
U ilonlar vanna tagini makon tutganiga to’la amin bo’lgach, o’zicha yomon bir shumlikni o’yladi – vannaga qaynoq suvni oqizib qo’yib, o’zi gulzor chetida tomoshabin bo’lib turdi. Birozdan so’ng eshikdan jigarrang tasmali ilon, keyin ikkinchisi o’rmalab chiqdi-da, to’g’ri gulzorga sho’ng’idi. Chol o’zicha tantana qildi, ilonlarni inidan quvib soldim deb o’yladi. Biroq suvni o’chirib qo’yib, so’ng bunday razm solsaki, go’yo hech narsa bo’lmaganday, tag’in ilonlar hammomga sudralib kirib ketmoqda. Bu holni ko’rib, uning boshiga qon tepdi, so’ng qo’shnisining quyidagi gapini esladi: “Murosani unutmang, jonzodlar murosani tushunishadi. Maboda xalaqit berayotganini sezishsa, haydamasangiz-da, imi-jimida o’zlari ketadi. Aytgancha, un sepishni xayoldan qochirmang. Ular buni “yaxshilik” deb biladi, rizq haq-hurmati bu dargohni o’zlari tark etadi.” Biroq kunda un sepsa-da, ilonlar ketmadi. Chol vannaga qaynoq suv oqizganda, tashqarilab, so’ng yana ichkariga kirib oladi. Chol bunga ko’nikib ketdi. Mana endi, ko’rinish berishmagach, ularni sog’ina boshladi.Shu kuni cholning qo’li ishga bormadi, hatto iti ham g’amnak ko’rindi ko’ziga. Orada egilib, vanna tagiga ko’z tashlab chiqdi. Yo’q, jonivorlar izsiz yo’qolgan, ana, unga ham tegmabdi.

Kampiri yana telefon qildi.
– Anovu oting o’chgirlarni yo’qotdingizmi?
– Yo’qotmadim, o’zlari ketdi, kampir.
– Xayriyat, domdagi ilon kamdek, hovlidayam ilonlar bilan
yashaymanmi deb qo’rqib ketdim-da, chol.
– Bular beziyon edi.
– Voy!
– Bular bilan murosa qilsa bo’lardi.
– Odamni kuldirmang.
– Ularsiz ko’nglimni huvillab qoldi.
– Qiziqchi bo’p qopsizmi, chol?
– Hayotni o’zi qiziq-da, kampir.

U yo’lak chetidagi omonat kursiga xomush cho’kdi. Ilonlarning to’satdan g’oyib bo’lishini nimaga yo’yishini bilolmay bosh qotdi – yaxshilikkami, yomonlikkami? Shunda uning ko’zi hammom tomidan ombortom chordog’i tomon o’rmalab borayotgan ilonlardan biriga tushib qoldi. Chol sevindi va darrov angladi-ki, jonivorlar uni ortiq bezovta qilmaslik uchun vanna tagini tark etib, ombortom chordog’ini egallabdi. U o’rnidan ilkis qo’zg’olib, yengil va ildam odimlar bilan gulzor chetiga bordi-da, sochilgan unga nazar soldi.
Un allaqachon yalab ketilgandi.

Chol yana un olib kelish uchun oshxona tomon jilarkan, tag’in qo’ng’iroq qilgan kampiriga, yo’l-yo’lakay, beixtiyor, o’z quvonchini oshkor etdi.
– Ilonlar qaytdi, kampir! Ular qaytib, mana, bovrim to’lib qoldi, kampir!

2015

015

(Tashriflar: umumiy 2 050, bugungi 1)

Izoh qoldiring