O’zbek hikoyalari ingliz tilida.

09

ЎЗБЕК ҲИКОЯЛАРИ ИНГЛИЗ ТИЛИДА

Индиана штати Блумингтон шаҳридаги “AuthorHouse” нашриёти шу шаҳардаги Индиана университети магистранти Маҳмуда Сайдумарова томонидан инглиз тилига таржима қилинган “Ўзбек ҳикоялари тўплами” (A Collection of Uzbek Short Stories) китобини 2012 йил декабрь ойида нашр қилди.

Маҳмуда Сайдумарова 1990 йили Марғилон шаҳрида туғилган. 1996 йили Тошкент шаҳридаги 243-мактабнинг 1-синфига ўқишга кирди. Отаси Муртазо Сайдумаровнинг Подшо Сауд Университетига илмий-педагогик хизмат сафарига бориши муносабати билан ота-онаси билан биргаликда Саудия Арабистонига келиб, “Манарат ар-Риёд” халқаро мактабида, кейин “Ал-Мина” халқаро мактабида ўқишини давом эттирди. Ўрта мактабни битиргач, Подшоҳ Сауд Университетининг филология факультетига ўқишга кирди. Ўқиш даврида адабиётга бўлган қизиқиши ортиб борди. У 2009 йили университет талабалари ва аспирантларининг 1-илмий симпозиумида инглиз шоираси “Эмили Бронти шеъриятида тушкунлик ва кечинмалар” (“Pessimizm and Suffering in Emily Bronte’s Poetry”) мавзусидаги илмий тадқиқоти билан иштирок этиб, у ижтимоий соҳалар йўналиши бўйича фахрли 3-ўринни эгаллади. Маҳмуда Сайдумарова 2010 йили мазкур университетнинг филология факультетини “Инглиз филологияси” мутахассислиги бўйича биринчи даражали имтиёзли диплом билан битириб, бакалавр даражасига эришди.
У ўз меҳнат фаолиятини Ар-Риёддаги Подшоҳ Файсал мактабида инглиз тили муаллимаси сифатида бошлади.
2011 йили АҚШнинг Блумингтон шаҳридаги Индиана университетига “Амалий тилшунослик ва инглиз тилини чет тили сифатида ўқитиш” мутахассислиги бўйича ўқишга қабул қилинди ва уни 2012 йил декабрда муваффиқиятли тамомлади.
“Ўзбек ҳикоялари тўплами” Маҳмуда Сайдумарованинг бадиий таржима соҳасидаги биринчи ижодий ишидир. У ўзбек адабиётидан танлаб олиб инглиз тилига таржима қилиб америкалик ўқувчилар ҳукмига ҳавола этаётган ҳикоялари ўзбек маданиятини, ўзбек халқининг ижтимоий ҳаётини тасвирлайди.

Маҳмуда Сайдумарова тўпламга ёзган кириш сўзида қуйидаги маълумотларни келтиради.
“Ўзбекистон дунёнинг сиёсий харитасида 1991 йили Совет Иттифоқи тугатилганидан сўнг пайдо бўлган янги давлат, у Маркизий Осиёда жойлашган. Аҳолиси хозирги кунда қарийб 30 миллион кишини ташкил этади. Марказий Осиёдаги Ўзбекистонга қўшни бўлган барча мамлакатларда ҳам ўзбеклар яшайдилар. Ўзбек адабиёти эса минг йилдан ортиқ тарихга эга.
Ҳозирги замон ўзбек адабиётидан мен танлаган ушбу тўпламни инглиз тилига таржима қилиб америкалик ўқувчиларнинг эътиборига ҳавола этар эканман, ўзбек адабиётида ҳикоя жанри ҳақида қисқа сатрларда тўхталиб ўтмоқчиман.

ХХ аср ўзбек адабиёти адабиёти минг йиллик тарихга эга бўлган ўзбек адабиётининг энг яхши намуналарини ўзида мужамссамлаштирган ва айни пайтда ҳаётда юз берган ижтимоий-сиёсий воқеаларни ифода этган реалистик адабиётдир. Ушбу тўпламга ўзбек халқи маданий ҳаётининг турли даврларига хос хикояларни танлаб олишга харакат қилдим.

Тўпламга киритилган Хайриддин Султоновнинг “Бунчалар ширинсан, эй аччиқ ҳаёт!” хикоясида рус босқинчиларига қарши кураш қаҳрамони, қаршилик кўрсатиш ҳаракатини бошчиси кекса аёл Қурбонжон додҳоҳ рус генерали фон Кауфман бошчилигида босқинчи қўшинлар томонидан асирга олинган ва дорга осилаётган ўғлининг олдига келиб хайрлаша олганлиги таъсирли тасвирланган. У ўлимга ҳукм этилган ўғлини қатл қилинаётган пайтида унинг олдига келиб видолашади:

“Болам! Шаҳид ўлмоқ бизга мерос! Ота-боболаринг ҳам душман қўлида ўлган! Алвидо,болам! Берган сутим оқ бўлсин!”

Ғафур Ғуломнинг “Менинг ўғригина болам” ҳикояси ХХ асрнинг ўн еттинчи йилларида фожеали ҳолатларини оддий ҳикоя асосида таъсирчан хикоя қилади. Кечаси том бошида ёнбошлаб ётган ўғри билан пастда ҳовлида невараларинг ёнида ётган Кампир ўртасида қизғин суҳбат бошланиб кетади. Ўғри аслида ўғри эмас, замона зайли, турмуш қийинчиликлари туфайли бола чақасини боқиш учун шу куйга тушган. Кампир эса ота-онаси ўлиб кетган набираларинг тақдири учун қайғуриб кечаларини ўтказувчи ожиза (заиф аёл). Ҳар иккаласининг ҳам дарду аламлари бор. Шу боис улар қизғин суҳбатга, дардлашишга киришадилар. Бу суҳбат шундай табиий, ҳаётийки, аслида хар икки характер ўз инсоний қиёфаси билан ўқувчи хотирасида ўрнашиб қолади.

ХХ асрнинг биринчи ярмида Аббдулла Қаҳҳор ҳам самарали ижод этади. У адабиётшуносликда “моҳир хикоянавис” номини ҳам шу даврда яратган ҳикоялари учун олди. Абдулла Қаҳҳорни ўзбек адабийтининг Чехови деб аташ мумкин. Абдулла Қаҳҳорнинг шу даврда яратилган сатирик ҳикояларининг асосида фош қилувчи кулги ётади. “Адабиёт муаллими”даги Боқижон Бақоев шу типдаги кулгига дучор бўлган сатирик характерлардир. Боқижон Бақоев адабиёт муаллими бўла туриб қайнисинглисининг оддий саволларига ҳам жавоб бера олмай ўз саводсизлигини хаспўшлаш учун гапни ҳар томонга чалғитиб, китобхон олдида ўз-ўзини фош қилади. Абдулла Қаххор ўз ҳикоялари билан ўзбек адабиётида ҳикоя жанрининг ривожланишига катта ҳисса қўшган адибдир.

Мен танлаган ҳиқоялардан яна бири Саид Аҳмаднинг “Келинлар қўзғолони” ўзбек халқи урф-одатлари қайнона-келин муносабатлари қизиқарли тасвирланган ҳиқоялардан хисобланади. Ана шу ҳиқоя асосида яратилган пьеса бир неча йиллардан буён театр саҳнасида қўйилиб келинади. Айнан шу мавзудаги ҳикоялардан яна бири ёш ёзувчи Наргиза Ғуломованинг истиқлол йиллари даврида ёзилган “Шаҳарлик келинчак” хикоясидир.

Ойдин Ҳожиеванинг “Рамазон”, Нормурод Назруллаевнинг “Камалак” ҳикоялари болалар адабиётига хос бўлса, Тоғай Муроднинг “Бобоси ва невараси” кекса авлод билан болалар муносабати, атроф-муҳитга икки хил нуқтаи назар билан қараш масалалари кўтарилган.

Фарҳод Мусажоновнинг “Нозик масала” ҳикояси комедия жанрида ёзилган. Саъдулла Сиёевнинг “Бир ой “мистер” бўлганим” ҳикоясида автор америкалик сайёҳ билан мулоқот ва у билан ёзишма орқали ўзбек халқининг урф-одатлари, ўзбеклар тарихига оид баъзи фактлар орқали ўз миллатидан, ўз халқидан фахрланиши тасвирлаб берилади.
Америкалик ўқувчилар ҳукмига хавола этилаётган ушбу ҳикоялар уларга ўзбек ҳикоялари намуналари орқали ўзбек халқи ҳақида қисқача бўлса ҳам маълумот беради деб умид қиламан”, – деган сатрлар билан таржимон ўз сўзбошини якунлайди.

“Vatandosh” газетаси таҳририяти Маҳмуда Сайдумаровани ушбу биринчи бадиий таржимаси Америкада нашр этилиши билан табриклаб, унинг келгуси ижодий ишларида муваффақиятлар тилайди ва ушбу тўплам америкалик китобхонларда ўзбек адабиётига қизиқиш уйғотади деб умид қилади.

Фарҳод СУЛТОН

Manba’: Vatandosh

(Tashriflar: umumiy 4 985, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring