Samandar Vohidov. G’azallar.

098
   Самандар Воҳидов шеърларида қадим боболардан қолган фалсафа мавжланиб туради. Бунга эса шоир аввало мумтоз адабиётимизни мутолаа ва мушоҳада этиш орқали эришди. Тажриба ва маҳорати ошгани сари ижодкор устозлар меросига мурожаат этиб, Имом Бухорий, Хожа Исматуллоҳ Бухорий, Содиқ Жондорий сингари бухоролик алломалару  шоирлар асарларини таржима қилди. Уларнинг ғазалларига мухаммаслар битди.  Таниқли адиб ва шоир Омон Мухтор ( Аллоҳ раҳматига олсин)  бир мақоласида қаламкаш дўстини шундай таърифлайди:

«Бухоролик бутун бир авлод қалам аҳлининг устози, раҳматли Тошпўлат Ҳамид вилоятдаги ёш ижодкорлар тарбиясига алоҳида эътибор бериб қарар, ҳар қайси ижодкор ўз йўлини топишига бевосита ёрдам кўрсатарди. Таниқли шоир Самандар Воҳид мана, шу даврада тарбия топган, шаклланган ва худди ўша йиллари вилоят радиосидаги даврага келиб қўшилган эди. Неъмат Амин, Саид Равшанга шартли равишда қиёслайдиган бўлса, Самандар ўта жиддий, босиқ-мулоҳазали, ўйчан ва бир оз маҳзун йигит. У радиода узоқ йиллар ишлаб, ҳаёт нафасини туйган, доим қадим ва навқирон деб аталган Бухоро ва бухороликлар оламини яхши билган истеъдодли, моҳир радиожурналист (кейинроқ тележурналист ҳам!) бўлиб танилди. Шунинг баробарида, Самандарни ҳаётида бирон лаҳза шеър хаёли тарк этгани йўқ. Самандар Воҳид вилоятда яшаб ижод қилаётган, адабиёт мухлислари орасида обрў-эътибор қозонган шоирлардан биридир. Кўп йиллардан буён шахсан мен ҳам унинг шеърияти мухлисиман.»

07
Самандар ВОҲИДОВ.
ҒАЗАЛЛАР
001

БИҲАМДИЛЛОҲ, НАВОИЙ БОР

Биҳамдиллоҳки, халқимга Яратганнинг атойи бор,
Башарға илму ҳикмат ёғдирар офтобу ойи бор,
Даҳо фарзандлари боис нуфуз тахтида жойи бор,
Бунинг янглиғ шарофатдан бу юртнинг ўз Ҳумойи бор,
Камол аҳли аро соҳиб калом шоир Навоий бор.

Асрлар шоҳид ўлғайким, маоний мулки султони,
Шараф тожи, дея, билди бу борлиқ ичра инсонни,
Назм дунёсининг беш қитъасидир бешта достони,
Бақо бағрида жой олди, агарчи ўзни дер Фоний,
Ки авлод кўнглида меҳри абад жойгир Навоий бор.

Бу бахтдин баҳраманд халқнинг қувончку фахри сўнмасдур,
Ҳаёт сарчашмасидин сув ичиб, бўстони сўлмасдур,
Ғазалхон булбули борким, бу боққа қарға қўнмасдур,
Бу элнинг риштаи ишқи арздин аршга пайвастдур,
Нечунким, риштаи ишққа жилобахш нур Навоий бор.

Туғилган чоқ қулоғимга азон айтгач, бобом дастлаб,
Изидин кирди кўнглумға Навоий ҳикмати янграб,
Анинг кўзи билан кўрдим ҳаётни, байтларин тинглаб,
Ўзумға беклиғимдин завқ ҳисин туйдим ани англаб,
Не тонг бу юртда ҳар уйда ҳаводай ҳур Навоий бор.

Навосизлиққа маҳкумлар наво топқай Навоийдан,
Вафосизлиқда раҳ гумлар вафо топқай Навоийдан,
Зиёсизлиқда мазлумлар зиё топқай Навоийдан,
Давосизлиқда маҳзумлар даво топқай Навоийдан,
Аларға ҳар сўзи имон сари дастур Навоий бор.

Мунаққид, ибрат олгин, деб, мени ташвиқи Ғарб этма,
Аёнга йўқ баён, дерлар, сўзинг беҳуда сарф этма,
Бўлур тўрт иккию икки, замон зайлида зарб этма,
Адаб дарсида толибни мударраси салаф этма,
Қуёш Шарқдин чиқар, Шарқда қуёш тенгқур Навоий бор.

Биру бор бандасин суйса, ани илм йўлиға бошлар,
Азал Оллоҳ, кейин Устоз ҳузурида эгик бошлар,
Қачон Устозға пешхезлик қилур одобли издошлар,
Қилур-ку, эътироф сўз ганжида ғарблик гуҳарфошлар,
Ки Шарқ шоҳсупаси узра аларға Пир Навоий бор.

Анинг назм боғи гирдида адолатдин тутилғон сад,
Футувват ва мурувватдин бу сад ҳар ғиштида зийнат,
Бу боғ сайриға ким кирса, диёнатдин олур ибрат,
Агар шер—ўрганур шафқат, агар мўр олғуси қудрат,
Чу ҳар гулнинг ифорида дили изҳор Навоий бор.

Мен ҳам Устоз яратган шу чаман кунжида бир хасмен,
Нечун беҳуш дема, шеър шавқидин сархушу сармастмен,
Шу сармастлик аро битдим анга неча МУХАММАС мен,
Агар нуқсони беҳаддур, Самандар, навмид эрмасмен,
Ки атфол, деб, гуноҳим тутғали маъзур Навоий бор.

АЛИШЕР НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Ёру ағёрга бу дунё бўстондир, бизга йўқ,
Барчага тутган гули бетикондир, бизга йўқ,
Ҳар кишиға ишқи ёрнинг жонга жондир, бизга йўқ,
Ул париваш муддаиға меҳрибондир, бизга йўқ,
Фил масал олдида онинг итга сондур, бизга йўқ.

Муддаоға етгали қўймайди не ғовлар мени,
Гўё ҳажр сайёди йўлға дом қўйиб овлар мени,
Бўйлаким, таъқиб қилурлар бераҳм ёвлар мени,
Кўйида итларға маскандур валек қавлар мени,
Ваҳки, ҳамдамларға анда хонумондур, бизга йўқ.

Жоми сабримни жудолиқ оғуси тўлдурдиким,
Ёр лабимас, жом лаби охир мени сўлдурдиким,
Дўстларим ашкин тўкиб, душманларим кулдурдиким,
Элни ҳар дам ўлтурур, бизни бу ғам ўлтурдиким,
Лутфи анинг ўзгаларга ҳар замондур, бизга йўқ.

Давлати бўлғайми кам, бу хастани шод айласа,
Бир нигоҳ солмоқ ила мажруҳга имдод айласа.
Бу хароботи ғарибни меҳри обод айласа,
Тонг эмас гар оҳ хоки танни барбод айласа,
Гардға чун остонида макондир, бизга йўқ.

Ул париға дилда дарду ҳасратим не навъ дей,
Сувратимда қолмади-ку сийратим, не навъ дей,
Долга менгзарлар алиф тахлит қадим, не навъ дей,
Итлари меҳмон бўлурға йўқ ҳадим, не навъ дей,
Ким, ул ой махсусларға меҳмондур, бизга йўқ.

Лаҳза-лаҳза бир садо кўкдан қулоғимға етур,
Ким азал саркотиби номимға ҳукмини битур,
Соқиё, пайсалламай сўнгги жомингни кетур,
Ҳай дегунча чун ўтар ҳам айшу ҳам ғам, бас недур
Гар фалакдин элга айши бегарондир, бизга йўқ.

Гарчи сенга васлини кўрмас раво ул ҳурким,
Эй, Самандар, англагил ёр ишқини бир нурким,
Субҳу шом исмини қил дил бирла тилда зикрким,
Қисмат ар дилҳоҳ ила эрмас, Навоий, шукрким,
Элга бу иш мужиби оҳу фиғондир, бизга йўқ.

ИНСОН ТИЛИ

Инсон тили, аввало, салом учун яралган,
Руҳиятга ҳаловат пайғом учун яралган.

Тил ганжи бедахлдир, шоҳу факир баҳраманд,
Наинки, хос учун ё авом учун яралган.

Дилларни бир-бирига лутф ила бойлагай тил,
Озор эмас, юракка ором учун яралган.

Тил болу тил оғудир, заҳрини этма шоён,
Асали ёру дўстга инъом учун яралган.

Сўзловчининг сийрати сувратида Ҳувайдо,
Тил суврату сийратга маром учун яралган.

Ҳикмати бўлмаган тил ҳурматидан жудодир,
Ҳикмати гуллаган тил икром учун яралган.

Сўз зар эса, заргари – тил, дейди, аҳли дониш.
Демакки, тил тиллоранг калом учун яралган.

Пок сўз-ла покла тилни, зрта жавоби бордир,
Тил иймон, эътиқодга мақом учун яралган.

Сўз сўзласанг, Самандар, меъёру мезонни бил,
Шоир тили шарҳи дил – илҳом учун яралган.

АЁЛ

Аёл – инсоният тожин безатган дуру гавҳарсан,
Садоқатдан саодат қасрини этдинг мунавварсан.

Ҳаё сенда, ибо сенда, малаклар поклиги сенда,
Меҳрда шамси анварсан, латофатда суманбарсан.

Сенинг сабрингга тоғ тимсол, сенинг бағрингга боғ тимсол,
Баайни тоғ муқаррарсан, баайни боғ муаттарсан.

Кимки билмагай қадринг, маломат айлагай “макринг”,
Сенинг «макринг» – расо фикринг, акл мулкида сарварсан.

Муҳаббат туйғуси қай кун иноят бўлди Оллоҳдан,
Бу туйғуга бўлиб ҳомий, вафоинг бирла асрарсан.

Самандар сингари юз минг қаламкаш ёзса юз минг йил,
Сенинг васфингни юз мингдан бирин битса унга аҳсан.

ҚАЙТМАГАЙ

Қайтмагай кетган баҳоринг, лолазоринг қайтмагай,
Ёшлигинг – умрингда фасли беғуборинг қайтмагай.

Қўл узатсанг етгудек, аммо, уфқлардан йироқ,
Шўх гўдаклик дамларинг – ойдин наҳоринг қайтмагай.

Боғи ишқнинг гуллари куз елларига хомталаш,
На гулинг қайтар у боғдан, наки, хоринг қайтмагай.

Сархуш эрдинг бир замон, дийдоримас, хуморидан,
Йўк-ку дийдордан умид, ҳатто, хуморинг қайтмагай.

Дейдилар: «Қайтар бу дунё”, лоф экан қайтарлиги,
Базми армон авждаю азму қароринг қайтмагай.

Кетди қанча дўст-биродар дилда доғлар қолдириб,
Етмагайму ё уларга оҳу зоринг, қайтмагай.

Эй, Самандар, қайтмаганга кайғуришнинг нафи йўқ,
Борини қадр этки, кетса-ушбу боринг қайтмагай.

МЕН СЎЙЛАГАН АФСОНАЛАР

Сенга севги қиссасин сўйлар эмиш бегоналар,
Дарбадар юрган эмиш мен сўйлаган афсоналар.

Юзларингда муҳри толе,кўзларингда нақши ишқ –
Чақнар эрмиш ишқ вафодан урса лоф ҳамхоналар.

Хотиранг кўзгусидай синган эмиш, мен бир замон –
Лабларингга тутганим гулкосалар, паймоналар.

Келмагай эрмиш эсингга шеър битиб дил қонидан,
Кўча боғда изларингни излаган ҳайроналар.

Гар фаромуш айлай олсанг беғубор кечмишларинг,
Сен, демак, бахт шоҳисан, қисматга қил шукроналар.

Не ажаб, асли садафнинг қўйнида пайдо бўлиб,
Сўнг, бировлар бўйнини қучгай экан дурдоналар.

Бағрида асраб-авайлаб, ҳусн ато этгай, вале,
Гулни узгай ўзгалар, бебаҳрадир гулхоналар.

Бевафолардан вафо кутган Самандардан кулиб,
Ўз сафига лутф ила олмиш қўшиб девоналар.

ВАСФИ ҲУСНИНГ

Лабми, бу лаб, ғунчами, гул баргими гулгун дудоқ,
Ойдан андозами ё ойга андоза бу яноқ?
Кўз, десам, ҳаққи кетар кўзингни менда, эй санам,
Кўз, агар, кўз бўлса, эсу ҳушга қўйгайми тузоқ?

Мен Эрам боғин ривоятда эшитган соддаман,
Қўлми бу ёки Эрам боғида унган гул бутоқ.

Тун десам сочинг қаросин, тун уятдан бўзраяр,
Сочларингга шўнғиса ёғдуланиб қайтгай тароқ.

Дил ўтингдан ўт олиб, офтоб узайтар умрини,
Йўқса, сўнгай эрди у мисли ёғсиз шамчироқ.

Кўрса рафторинг агар товус таманнодан топар,
Кўрса гуфторинг агар булбул қилар кўксини чок.

Васфи ҳуснинг айлайин, десам, қалам чўғ бўлдию
Ёнди қоғоз, қолипидан кечди воз вазну туроқ.

Дилга нақш этдим жамолинг ўзга кўздан ёшуриб,
Зарни-ер, дурни-садаф тутган каби кўздан йироқ.

099

(Tashriflar: umumiy 646, bugungi 2)

Izoh qoldiring