Vafo Fayzulloh ‘She’r sehri’ teleloyihasida

021
Вафо Файзуллоҳ 1963 йил, 27 июлда Навоий вилояти, Кармана туманининг Тоғгузар қишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факултетини тамомлаган (1986). «Ҳуг» (1993), «Хабарсиз севинч» (1997), «Мангу лаҳза» (2000) шеърий китоблари нашр этилган. Жаҳон шеърияти вакиллари — Ш. Бодлер, П. Верлен, А. Рембо, И. Бродский ижодидан ўзбек тилига таржималар қилган.
Бугун истеъдодли шоир Вафо Файзуллоҳни 50 ёшга тўлиши муносабати билан чин дилдан қутлаймиз ва Яратгандан шоир дўстимизга узоқ умр,янги ижодий ютуқлар тилаймиз.

099
Вафо Файзуллоҳ
ШЕЪРЛАР

* * *

Орзунг сурурга тўлар,
Айтма, сирингни айтма.
Ҳар сўзинг ҳикмат бўлар,
Қайтма, йўлингдан қайтма.

Ташна бўл, балки саҳро,
Тугамаса ҳам ҳатто,
Дардга ҳамиша даво,
Қайтма, йўлингдан қайтма.

Ўқи, излан, англагин,
Ғарибларни тинглагин,
Меҳр билан ранглагин
Оламларнинг юрагин.

Балки, бир кун мард билар,
Айтма, дардингни айтма.
Ҳар сўзинг нурга тўлар,
Қайтма, йўлингдан қайтма.

* * *

Тушларимни ишғол қилган эй малак,
Сен билан сенсизлик ўртар жонимни.
Севилмоқлик бўлак, севмоқлик бўлак,
Ичаман ўзимнинг ўзим қонимни.

Чорраҳалар туташ, айро кетаман,
Менга хаёлинг бас, висолинг эмас.
Олисга борлигинг учун етаман,
Билганимни фаришта билмас.

* * *

Кимдир ҳисларимга кишан солганми,
Боқаману чиқармайман ун?!
Овозимни йўқлик олганми,
Туйғуларим такроргина, жўн?!

Қаттол бир қиш орқада қолди,
Синди ғажирлатган тишлари.
Режалари улгурмай толди,
Етмади менгача тушлари.

Неки, осмон, қанот қоқмоқда,
Қанча музлар кетдилар эриб.
Теграмда тентирар чақмоқлар,
Дардимга кетишар урилиб.

Ҳовлиқиб ёзаман исмингни,
Пистоқи бир шаҳар қураман.
Соғиндим-ку, зангор тусингни,
Кўклардан тушолмай юраман.

О, борлиқнинг юраги – севги,
Манглайимнинг сувсиз дарёси.
Айтгин, ахир, менга не бўлди,
Руҳиятим ҳайрат гадоси?!

* * *

Энди нуқсон кўрдим ўйларимда ҳам,
Беғубор сарҳадлар чангга қорилиб.
Ичимга қуюлар кўзимдаги нам,
Хотиранг ярадай ёрилиб.

Бизни ёт ёқларга тақдир отмади,
Балки севинчимиз кетди улоқиб.
Гулларни севайлик, гуллар сотмади,
Фақат доғ қийнайди, қалбда шам ёқиб.

* * *

Сочимдаги оқларни териб,
Баҳор гуллари деб элтаман.
Қизил, яшил мевалар бериб,
Сен – ёз сари чиқиб кетасан.

Йўлимизни тутади ўрмон,
Тилимизни тушунмас қушлар.
Бизни ҳар кун софлайди армон,
Ҳисларимиз китоби – тушлар.

Келар жонсиз пайдар-пай хатлар
Бу дунёнинг одамларига,
Жавобидай елади дардлар
У дунёнинг одамларига.

Учраштирган тақдир айирар,
Олдин кимдир чиқади йўлга.
Ишон, фақат, бу бир доира,
Эвриламиз сўнгги бор гулга.

Гул бўламиз қирлардаги хуш,
Улашамиз севги, ҳаяжон.
Нафрат қочар, тўхтайди уруш,
Тонг уфқида порласак бир он.

КУЗ ВА БАҲОР ОРАЛИҒИДА

Осмоннинг рангига қўшилган ранглар
Олмалар ҳидини ҳидлайди тутиб.
Қишлоқ. Бошланади пистоқи жанглар,
Яшамайди улар баҳорни кутиб.

Сўлғин боғ. Қабариб қолган қабрлар
Кўксимни тўлдирар айтмай алвидо.
Тунларни қучоклаб йиғлар адирлар,
Эскирган фаслдан бўлмасдан жудо.

Тонгда уйғонади кўкарган тупроқ,
Тугайди мен эккан сўнгги сабрлар.
Қаҳратон остида қолмасдан чорбоғ,
Қуёшга талпина бошлар қабрлар…

Сумбула сувига чайдим кўнглимни,
Гарчи ювиб бўлмас гуноҳларим бор.
Гарчи ғариб кўрдим гулдай умримни,
Бехаёл бўғзимда тилла боғич дор.

Чайдим, Мажнунлар хор, ишқимдан ёдгор,
Туйғум чўққисига лолалар илди.
Хотирам қирида кўмилган баҳор,
Руҳимнинг бир этак боласи келди.

Не бир даҳшат сирлар томири дилда,
Айтсам ўзанига қайтади дунё.
Айтсам, телба дерлар туққан элимда
Булбулигўёлари Ҳақ демас асло.

Чақмоққа минганча келар видоси,
Қани эди мен ҳам қийқириб кулсам.
Мени-да соғинади тонгнинг Эгаси,
Чайилган кўнглим билан кўкларда ўлсам.

ҚИШЛОҚИ ШОИР БАХТИ

Қишлоқ армонлари йиғилган дўнглик,
Овозалар севар ул қизнинг ҳуснин.
Мендан бўлак яна шайдо тўкқиз бек,
Тунларни тебратиб такрорлар исмин.

Тўдабоши бориб турган безори,
Қонаган бурунлар кучига тилхат.
Қўрқитиб олмоқчи бўлар баҳорни,
Севги ҳақиқатнинг лунжидаги байт.

Шўхлик кўчасида бири кучукбоз,
Қароғида яшар овул итлари.
Қишлоқ куйларига улар жўровоз,
Оқшомлар йўргагин эса йиртади.

Агар тўдабоши бўлса зўравон
Ўсиб келаётган юрак чўлига.
Ишонинг, кучуклар эди ҳукмрон
Ул пари қатновчи қишлоқ йўлига.

Ана, кенгликларда тушди эсимга
Куйлари осмонга ёйилган Чўлпон.
Унинг куйларидан ҳўнграб йигладим,
Лекин бойлик дея ўлади жаҳон.

Ҳавас ошиқликни олмоқчи сотиб,
Қишлоқнинг тилида айланар армон.
Ўқ йўқми, қўзғалинг кесаклар отиб,
Бойлик севолмайди, севгиси ёлғон.

Тепаликнинг дарди ошиқ ўновлон,
Қайралган тишларда кўрмоқлик ҳавас.
Гўзаллик мағрурдир мисоли осмон,
Мактублар йиртилган, ҳеч кимга боқмас.
Биламан, ҳаммангиз бўсага зорсиз.
Орзулар тўзони ичра турибман.
Йиллар қаҳратонда қолган баҳорсиз,
Мен унинг қалбини ўпиб юрибман.

Майли, қоптирингиз тишлонғич итга,
Мен ҳам ул севгига ахир дахлдор.
Дўстларим, бари бир қолгайсиз четда,
Ўнта дард меники ва битта баҳор.

Ҳаёт шеърларини ёдлаб, юкунган,
Ҳаяжоним қишлоқ ҳуснига овчи.
Менинг томонимдан, менинг ишқимдан
Ҳофиз билан Хайём бўлдилар совчи.
Дўстларим, бари бир қолгайсиз четда,
Сиз севган, мен куйган, ул эса битта.
Шеър ёздим йўлига, исмидир васфи,
Тайёрман Исодек михлансам бутга.

Унинг қанотидир қишлоқ алвончи,
Булут овозимда кунлар қувончи.
Менинг томонимдан, менинг ишқимдан
Ҳофиз билан Хайём бўлдилар совчи.

МЕН КИМ

Бу янги работ бўлса, маймунлар кулса,
Кўнгил ўлса, қирқ йил кетмайди доғи.
Инсон яшолмаса, гул кулолмаса,
Болдан безган дунё излайди оғу…
Мен нима ҳам дердим?
Мен ким ҳам эрдим?

Теграмда малойиклар алвасти таълат,
Ялмоғизлар ташлаб кетган борини…
Исмимдан дард йўнарлар – арвоҳларга хат,
Булбуллар юрар кўтариб бедил зорини.
Мен нима ҳам дердим?
Мен ким ҳам эрдим?

Оҳу ҳур йўқолган нур, топилган узр,
Ҳаётга эрк теккани шайтон қонидан.
Иблиснинг кишанида илоҳий ҳузур.
Севинч туш кўради ғам ёбонида…
Мен нима ҳам дердим?
Мен ким ҳам эрдим?

Тутаб хуршид ботур, ойни уйғотур,
Қавми номаълум шам излайди ўлжа.
Кўнглимда қиличини қайрайди қотил,
Руҳимнинг изғишида кўрк туғар ғунча.
Мен нима ҳам дердим?
Мен ким ҳам эрдим?

Сабил фасли зафар, мутрибадир кар,
Нотинчланган нағма қасди дилором.
Сўнгги имконимни еган жигарлар.
Тонгда ағёр истар, тунда хунли жом.
Мен нима ҳам дердим?
Мен ким ҳам эрдим?

Довуллар алмашади, дайдир турли куй,
Гуноҳга яшринганни ким ҳам топади?
Оқиллар жоҳилларга берадилар тўй,
Лоларуҳ маъволарда итлар чопади…
Мен нима ҳам дердим?
Мен ким ҳам эрдим?

Кундада қилич чопмас бедаво севгим.
Ишқсиз боласини моҳ йўргаклайди.
Саробларда сармаст бевафо севгим,
Сени хотир деган ит сўроқлайди!
Мен нима ҳам дердим?
Мен ким ҳам эрдим?
Ёлғон шамойилли жаллод муножот –
Қайсдан Мажнунгача азалий зулм!
Тилсиз баҳоримни кўмиб келган бод,
Қабрини тирналайди савдойи дилим.
Мен нима ҳам дердим?
Мен ким ҳам эрдим?

Тириларми кўнглим, ўлмасми ўлим?
Кузнинг боши очиқ кунлари менда.
Сендан умидим йўқ, сен, сенсиз йўлим
Қарарсан кимгадир зор, тентирми сенда?!.
Мен нима ҳам дердим?
Мен ким ҳам эрдим?

(Tashriflar: umumiy 94, bugungi 1)

Izoh qoldiring