Shoir va adabiyotshunos Behzod Fazliddin sayti.

021
Кутилмаганда, бироз кечикиброқ, яна бир ижодкор веб-саҳифасини «топиб» олдим. Бу саҳифа ажойиб шоир ва бўлажак адабиётшунос олим Беҳзод Фазлиддинга тегишли эканидан янада қувондим. Бир томондан,  истеъдодли шоир ўз ижодий дунёсига кўпчиликни даъват этганидан, иккинчи томондан, ўзбек интернет тизимида яна бир  бой ресурснинг пайдо бўлганидан  қувондим. Веб-саҳифанинг манзили қуйида келтрилган.

012 Беҳзод ФАЗЛИДДИН шоир, журналист, адабиётшунос‑тадқиқотчи. 1983 йил 20 сентябрда Наманган вилояти Чуст туманидаги Дамобод қишлоғида туғилган. 2005 йили Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультети бакалаврлик босқичини, 2007 йили Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети магистратурасининг халқаро журналистика бўлимини тамомлаган. 2004 – 2010 йиллар давомида «Маърифат» газетасида мухбир, бўлим муҳаррири, «Тарбия» журнали бош муҳаррири ўринбосари бўлиб ишлаган. 2010 – 2013 йиллари Ўзбекистон Фанлар академияси тадқиқотчиси.

«Муқаддас замин» (1999), «Боғларингдан кетмасин баҳор» (2000), «Онамнинг кўнглига кетамиз» (2003), «Сен қачон гуллайсан» (2008), «Кутмаган кунларим, кутган кунларим» (2012) номли шеърий тўпламлари, кўплаб бадиий-публицистик, илмий‑адабий мақолалари чоп этилган. Журналистика ва бадиий ижод бўйича ўтказилган бир неча танловлар ғолиби. Айни кунда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти илмий ходими.

Веб-саҳифанинг манзили:http://behzodfazliddin.uz/

088

САҲИФАДАН БИР ШИНГИЛ

011
ЗАМОНАВИЙ ВА МУМТОЗ АДАБИЁТНИ БИРЛАШТИРУВЧИ «КЎПРИК» ШАХСИЯТИНИ БУТУНЛАШТИРА ОЛГАН КИТОБХОНДИР…
Адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққул билан Беҳзод Фазлиддин суҳбатидан

– Шу пайтгача бўлган ҳаёт ва ижодингизнинг асосини мумтоз адабиёт, хусусан, Навоий ижодини ўрганиш, тадқиқ этишга бағишлагансиз. Назаримда, биз Навоийни ўрганиш учун ўша давр – XV асрга бормоқчи бўламиз ва бу мумкин эмас. Ваҳоланки, мутафаккир бобомиз вақт масаласида ҳам шунчалар илгарилаб кетганки, чексиз имкониятлар асри авлоди ҳали-бери унинг этагини тута олмаса керак. Гарчи бу борада кўп фикрлар билдирган бўлсангиз-да, сўрамоқчиман: Навоийни қандай қилиб XXI асрга қайтариш мумкин? Бунинг энг самарали йўлларини санаб ўтсангиз.

044– Навоийни ҳеч бир маънода ўз асри ва замонидан ажратиб бўлмайди. XXI аср ўқувчиси Навоийни билишга кучли эҳтиёж сезса, мақсадга етишмоқ учун тил, тарих, анъана ёки дин ва фалсафадан бир йўл излашга киришади. Буни биров санъат ва маҳорат жозибасидан, кимдир ҳаётий таассуротлар тасвиридан, бошқа бири тасаввуфий тушунча ва тимсоллар ифодасидан топиши мумкин. Муҳими, у ёки бу асосга таяниш.
Навоийни Навоийнинг ҳиммати ва ёрдамисиз ўқиб-ўрганиш анча қийин. Бу нима дегани? Аввало, дунёга, ҳаёт ва инсонга мутафаккир шоир нигоҳи билан қарашга уриниш дегани. Навоий ёқлаган ва улуғлаган ҳақиқатларни юракдан ўтказиб, қоралаган нарса ва тушунчаларни дил-дилдан инкор айлашга бел боғланг, кутилмаганда кўнгилда ўзингиздан норозилик ҳисси бош кўтаради. Ана шунда Навоий сўзларини англаш ва ҳазм қилишда тафаккур кучи билан бирга маънавий-руҳий қувват зарурлигига тўла иқрор бўласиз. Улуғ шоир қитъаларидан бирида, мана, нима дейди:

Кимки махлуқ хизматиға камар,
Чуст этар – яхшироқ ушолса бели.

Қўл қовуштурғуча бу авлодур,
Ки анинг чиқса эгни, синса или.

Чун хушомад демакни бошласа кош,
Ким тутулса дами, кесилса тили.

Яъни: Кимки манфаат туфайли ўзига ўхшаш бир банда – махлуқнинг хизматига қаттиқ бел боғласа, бундан кўра унинг бели шикастлангани яхшироқ. Қўл қовуштириб қуллуқбозликни қойиллатишдан кўра эса одамнинг елкаси чиқиб, қўли сингани авло. Агар тил хушомад айтишга бошласа-чи? Унда нафас тутилиб (ёки чиқмай), тилнинг кесилгани мақбулдир.
Гўё қарғиш “тил”и билан битилган бу қитъа шеърхонни ҳам ўзига, ҳам ўзгаларга муросасиз бўлишга чорлайди. Лекин амалий уриниш ва қиёсий фикрлаш сўнгида ўқувчи ички азобдан бошқа бир нима топмайди. Тирикчилик ташвишу армонлари билан қуршалган халойиқ асрлар мобайнида ҳурликдан мутеълик ва тобеликни, ғурурдан ғурурсизликни, ростгўйликдан хушомад ва тилёғламаликни афзал кўрган. Зеро, нима яшашга енгиллик бериб, қулайлик туғдирса, инсон ундан ажралишни хоҳламайди. Демоқчимизки, Навоий талқин қилган ҳақиқатларнинг моҳиятига етиш, замон талабларига мувофиқ равишда уларни ривожлантириш учун ўқувчида наинки ақлий, балки маънавий-руҳий имконият ҳам баланд бўлмоғи шарт.

012 – Очиғи, бир жиҳатдан, бугунги ёш авлод Навоийни тушунмаётганидан (ўқимаётганидан дея олмадим) хурсанд бўламан ҳам. Негаки, орада беш ярим асрдан зиёд вақт (аммо улуғ шоир ҳамон асримиздан олдинда эканини айтиб ўтдик) ёки мураккаб тил, ажнабий сўзлар эмас, бутун башариятга маънавий раҳнамо бўлгулик улуғ даҳо “тўсиқ” бўлиб турибди. Бошқачароқ айтсак, биз ёшлар Навоийни тушунмаётган эканмиз, бунга буюк мутафаккирнинг ўзи “айбдор” гўё. Замонавий тил билан айтганда, “суперинсон” – Навоий оламига бўйлашга ҳар кимнинг, айниқса, ҳали деярли ҳеч нарса қўлидан келмайдиган беқарор туйғулар эгасининг юраги бетлармиди? Шунинг учун ҳам мен ўз-ўзидан “Навоийни ўқияпман” дея кўкрак керган тенгдошимнинг гапларидан шубҳаланаман. Албатта, бу ерда гап уқиб ўқиш ҳақида кетмоқда. Табиийки, Навоийни ўқиётган ёшлар ўзи сезган-сезмаган ҳолда бошқалардан ўзини устунроқ қўя бошламаслигига кафолат йўқ. Улуғ даҳо дунёсига ҳануз ошно бўлиб келаётган инсон сифатида фикрларимни малол олмайсиз, деган умиддаман. Ўзингиз “Навоийни маълум манфаатлар, ақлий муддаолар нуқтаи назаридан турибгина ўқимаслик керак”, дейсиз. Айтмоқчи бўлганим, Навоийни ўқиш учун, аввало, ички эҳтиёж ва руҳий яқинлик бўлиши керак эмасми? Бугуннинг ёшлари орасида Навоийга ботинан боғланганлари бормикан? Ёш навоийшунослар орасида-чи?

– Биласизми, Алишер Навоий ижодиётига теранроқ кириб бориш кишини “майдагина ғолиб, майдагина мағлуб”лик қисматидан бир қадар қутқазади. Навоийшунос бўлишнинг асосий шартларидан бири “ўзлик иморати”ни бузиш, яъни сифат эътибори билан ўзини ўзи ислоҳ айлашдир. Бу ишнинг ўзига яраша қийинчилик ва азоблари борки, буларни ҳеч кимга суянмасдан ҳар кимнинг ўзи ҳал қилади. Навоийни пухта ўқиб, яхши тушанган ёшлар “ўзи сезган-сезмаган ҳолда бошқалардан ўзини устунроқ қўйса”, бунинг ҳеч ёмон жойи йўқ. Навоийни билиш, истанг-истаманг, одамни маънан ва руҳан баландга кўтаради. Ана шунда руҳда чексизлик, самовийлик иштиёқи қанот ёзадики, ботиний ҳаётда ажаб ҳолат ва манзараларни кўриб ҳайронлар қоласиз. Ҳамма даҳо санъаткорлар сингари Навоий ижодиёти ҳам қалбни сўнгсизлик завқ-шавқи билан орзиқтиради. Руҳан Навоийга яқинлашишни кўзлаган киши буни албатта эътиборга олмоғи лозим…

– Мақола ва суҳбатларингизда Навоийни Навоийга яқинлаштириш ёки Навоийни Навоийдан йироқлаштириш борасида гапириб, бугунги маънавий муаммоларимизнинг аксарияти классик меросдан узоқлашиш туфайли келиб чиққанини куйиниб таъкидлайсиз. Шахсан менга мумтоз ва замонавий адабиётни бир-биридан айирмаслигингиз, аксинча, бирини иккинчисига узвий боғлиқ ҳолда ўрганишга даъват этишингиз жуда маъқул тушади. Яна, улкан ижодкорлар фикрига таяниб, замон адабиёти намуналари ўқувчи диққат-эътиборини ўзига чуқур жалб эта билмаса, мумтоз адабиёт билан алоқа ҳам сусайиб боради, дейсиз. Демак, классик меросдан узоқ эканимиз замонавий адабиёт билан боғлиқ экан-да?

– Ҳеч бир давр, ҳеч қайси замонда адабиёт ҳаёт ҳақиқати ва инсон тақдирини ўзи истаган даражада эркин ҳамда ҳаққоний тарзда тасвирлаб бера олгани йўқ. Бунга қарши кучларнинг қўли эса доим баланд бўлган.
Бадиий асар қачон қизиқиб ўқилади? Қачонки халқ унда ўз турмуши, ижтимоий аҳволи ва ғам-ғуссаларининг рост, табиий тасвирини кўрса. Бир давр адабиёти билан иккинчи бир давр адабиётини мустаҳкам боғлайдиган “олтин занжир” ана шу тажрибадир. Шу маънода шижоатсизлик, қарамлик хасталигига йўлиқмаган замонавий адабиёт намуналари мумтоз адабиётни билиш истагини жонлантириб юборади. Одам қайси давр адабиётини ўқимасин, унда ич-ичдан ўзини кўргиси, ҳис-туйғуларига муқобил ҳол ва ҳолатларни кечингиси келади. Демак, замонавий ва мумтоз адабиётни бирлаштирувчи “кўприк” шахсиятини бутунлаштира олган китобхондир.

“Ёшлик” журнали, 2013 йил 3-сон.

(Tashriflar: umumiy 174, bugungi 1)

1 izoh

  1. Бекзод ишларингга омад!кишлогимиздан етишиб чиккан биринчи истеьдодлик шоир.салом Билан зафар аканг нейрохирург!

Izoh qoldiring