Sobir Rustamxonli: O’zbekiston dunyoning tafakkur nuqtasi.

sabir
Ўзбекистонга илк зиёратим туркий халқлар руҳини яшнатувчи ерларни кўриш, тарихнинг ва мангуликка дахлдор маданият нафасини, об-ҳавосини ҳис қилиш истагидан туғилганди. Қадим Афросиёб шаҳаридан, Самарқанддан бошланганди бу сафарим. Кейинроқ Бухорони, Хивани, Хоразм воҳасини, Фарғона водийсини, Наманганни ва, та­биийки, Тошкентни ҳам айланиб, яқиндан билиб, севганман. Ўз тақдирини Ўзбекистон билан боғлаган озарбайжонлик зиёлилар билан учрашган, улар ҳақида ёзувлар ёзганман. Ўзбекистонда ўтказилган сайловларда кузатувчи бўлганимни ҳам қўшиб қўйишим керак. Ҳар сафаримда қачонлардир пайдо бўлган чегаралар икки халқни бир-биридан айри тутганига қарамай, Озарбайжон ва ўзбек халқининг қалбан ва руҳан яқин эканлиги, ўртадаги енгилмас қардошлик туйғуси мени ҳайратлантирган.

калам

Собир Рустамхонли:
ЎЗБЕКИСТОН – ДУНЁНИНГ ТАФАККУР НУҚТАСИ

“Китоб дунёси” газетаси мухбири Озарбайжон Халқ шоири, Озарбайжон Миллий Мажлиси депутати Собир РУСТАМХОНЛИ билан ўтказган суҳбати эътиборингизга ҳавола қилинмоқда.

Газетамиз саҳифалари орқали суҳбатлашиб турганимиздан мам­нунмиз. Вақт ажратганингиз учун ташаккур. Энди муддаога кўчсак; адабиёт учун сарҳад йўқ, айниқса инсон қалбига борадиган йўлларда адабиёт ёруғ из қолдириб нур тезлигида олдга интилади – қалбга йўл олади. Адабиёт вакиллари халқларнинг зиё таратгувчиси, улар ҳамиша дўстлик, аҳиллик кўпригини бунёд этадилар. Озар халқининг истеъдодли адиби сифатида бу борада Сизнинг фикрларингизни билишни истардик.

– Гапингиз тўғри. Адабиёт сарҳад билмайди. Инсон деган кенг ва бепоён маконда яшайди ва инсон юрагини ёритиш учун абадият офтоби тимсолида порлайди. Бу тантанавор гап эмас, айни бор ҳақиқатдир. XX асрнинг 80-йилларида ўтказилган Ўзбекистон адабиёти ва санъати кунлари халқларимиз маданий ҳаётида чуқур излар қолдиргани ҳақиқат. ўафур ўулом, Мақсуд Шайхзода, Миртемир, Зулфия, Абдулла Орипов, Иброҳим Ғафуров ва бошқа бир қанча ўзбек адиб ва шоирларининг китоблари Озарбайжон ўқувчилари қалбига кириб келганди. У пайтда “Ёзувчи” нашриётининг Бош муҳаррири сифатида менинг ҳам бу ишда, бунда меҳнатим сингиган эди, ўзбек шеъриятидан анчагина таржималар ҳам қилгандим.

Адабиётшунос олим, академик Воҳид Зоҳидов билан Тошкентда, унинг уйидаги учрашувимизни ҳозир ҳам хуш кайфият билан ёдга оламан. Тақдир уни 14 ёшида Бакуга ташлаган экан, ёши етмаслигига қарамай, университетга қабул қилиб билим олишида кўмак берган Озарбайжон зиёлиларини чуқур ҳурмат билан эслар эди. У Ўзбекистон драмтургияси ва санъатининг ривожида Озарбайжон маданияти вакилларининг роли, Ўзбекистоннинг бир қатор таниқли зиёлиларининг етишувида Баку маданий муҳитининг аҳамияти ҳақида тўлқинланиб гап очарди. Самарқандда Шоҳи-Зинда мажмуасидаги илк мақбаранинг Озарбайжон меъморлари томонидан қурилгани, Бибихоним ёдгорлигининг қад кўтаришида Озарбайжондан келган усталарнинг ҳам теша урганини аллома самимият ва мамнуният билан гапирганди.

Маънавий тарихимиз учун қизиқарли ҳодиса, яна бир адабий воқелик бу Мақсуд Шайхзоданинг ижодидир. У киши Озарбайжонда туғилса ҳам бутун ҳаётини Ўзбекистонда ўтказган, ўзбекча ёзган ва ўзбек адабиётининг тараққиётида хизмат кўрсатган. Бу эса икки халқ қалби нурли ришта билан боғлиқлигининг ҳаётий исботидир.

Шу анъаналар ҳозир ҳам яшамоқда. Мустақиллик тарихимизни, босиб-ўтган йўлларимизни янгидан объектив англаб етиш имконини беради.

Масалан, Озарбайжоннинг кўркам шоири ва мустақиллик йўлидаги курашимизнинг етакчиларидан бири бўлган Халил Ризо Улутурк бутун умри давомида ўзбек адабиётининг тадқиқи ва таржимаси билан шуғулланган эди.

– Азалдан қардош халқларимиз ўртасидаги муносабатларни янада чуқурлаштириш мақсадида яна қандай ишлар амалга оширилиши, икки халқнинг келажаги, дўстлиги, равнақи йўлида адабиёт вакиллари нималар қилиши лозим, деб ўйлайсиз?

– Оврўпа ва дунё маданиятларини ўрганганимиз сингари, бир-биримизни ўрганишимиз, тарғиб қилишимиз ҳаётий заруратдир. Бугун ғоят долзарб бўлган фильмлар яратишда, муҳим маданий ва иқтисодий лойиҳаларда бирлашишимиз керак. Адабий асарлар яна ҳам изчил равишда пухта, пишиқ ўгирилиб нашр этилиши лозим. Озарбайжонлик ёшлар Ўзбекистонда, ўзбекистонлик ёшлар Бакуда мақсадли равишда ўқитилиши, ўзаро сафарлар, учрашувлар сони оширилиши мақсадга мувофиқ, албатта. Ўрта мактабларда муштарак адабий-маданий ёдгорликларимиз атрофлича ўргатилиши, дарсликларимизда бир-биримизнинг тарихимиз ва адабиётимизга яна ҳам кенгроқ ўрин ажратиш.

– Бугун тезкор, глобаллашув даврида китобнинг аҳамияти йўқолиб боряпти, деган фикрга қандай қарайсиз? Умуман, халқнинг маънавий куч-қудрати юксалишида китобнинг ўрнини қандай баҳолайсиз?

– Бир мақоламда ёзган эдим: Кўкдан китобдан бошқа тағин нима тушган, деб… Таврот, Инжил, Қуръони Карим…. самовий китоблар. Аллоҳнинг инсонларга мактубларидир. Барча китобларни бутунича мактуб деб аташ мумкин. Инсоннинг Тангрига, инсоннинг инсонга мактублари… Шу маънода китоб муқаддас ва мислсиз бир бойликдир. Бир пайтлар уни лой лавҳаларга муҳрлаб қўйишарди, кейин Миср папирусига, Самарқанд қо­ғозига ёзишарди. Ҳозир эса дискларга, хотира карталарига ҳам кўчиришади. Аммо моҳият ўзгармайди. Китоб ҳам, кутубхона ҳам. Компьютер орқали китоб ўқишимиз Месопатамиянинг лой китоблари аҳамиятини камайтирмайди.

– Қайси китоблар Сизнинг болалигингизни ҳайратга солган? Қайси китоблар Сизнинг ҳаётингизга катта таъсир кўрсатган?

– Болаликда мени “Гўрўғли” достони, айниқса, “Китоби Дада Қўрқут” ҳайратлантирган. Тағин халқимизнинг фожеали тарихи акс этган Мирза Иброҳимнинг “Шундай кун келади” романи, ўзбек адабиётидан Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”, қозоқ адабиётидан Мухтор Авезовнинг “Абай” романлари ҳам болалик хотирамда ўчмас излар қолдирган. Рус ва Оврўпа классикларини ўқишга имкон, вақт, хафсала топганман. Сервантеснинг “Дон Кихот”, Гюгонинг “Сафиллар”, Гетенинг “Ёш Вертернинг изтироблари”, Вольтер Скоттнинг “Айвенго”, Жеймс Фенимер Купернинг “Сўнгги могикан”, Лев Толстойнинг “Анна Каренина”, Тагорнинг “Боғбон” асарларининг номини тилга олишим мумкин. Мен туғилган қишлоқнинг кичкина кутубхонасида бизга тақдим қилинган асарларнинг жўғрофияси, афсуски, чекланган эди.

– Ўзбекистон билан, ўзбек халқи билан боғлиқ ёрқин хотираларингиз хусусида ҳам билишни истардик.

– Давлатларнинг ўзига хос ранги бор. Ўзбекистон менинг хаёлимда доимо оқ рангдадир. Шубҳасизки, қардош халқнинг маънавий дунёсининг поклиги ҳам тасаввурнинг шаклланишида ўз ролини ўйнагандир. Бироқ, шу оқликка иккинчи бир ранг аралашган жойи бор, у ҳам бўлса, зангорий рангдир: Самарқанд, Бухоро, Хивада сайқал берилган обидалар, мадрасалар, миноралар, мақбаралар, хилхоналари, сарой ва карвонсарой мажмуаларининг ранги.

Ўзбекстонга учаётганда ўзим кузатган бошқа бир қизиқ ўхшашлик ҳам бор; Агар ҳаво очиқ бўлса, Хазарнинг устидан ўтган ҳамона кўз ўнгингизда дунёнинг улкан саҳроларидан бири жонланади. Фарқи йўқ, Оғжақум, ё Қорақум… Чексиз бир чўл, қум денгизи – ёриқ-ёриқ, қатлам-қатлам, бўлак-бўлак… Текисликлар ва тепаликлар. Минг йилликларнинг инсон қўли путур етказмаган муҳри!. Тўлқинли пайтида музлаб қолган қирғоқсиз бир денгизга ҳам ўхшайди шу ер…

Бироқ мени ҳайратлантирган кўпроқ шу қум дунёсининг, Хазар-Орол ораси чўлларнинг инсон миясига менгзашидир.

Аслида бу шунчаки оддий бир ўхшашлик эмас. Шу ер менинг назаримда чиндан ҳам Ер куррасининг миясидир. Чунки дунёнинг кўпгина энг муҳим илмлари, кашфиётлари, ижодий мўъжизалари худди шу миянинг, унинг қобиғи ва теварагининг абадий донишмандлиги чашмасининг маҳсулидир…. Жаҳоннинг кўп жойида жаҳолат, маданиятсизлик ҳукм сураётганда, яъни минг йиллар олдин шу ер дунёнинг тафаккур маркази эди. Марв, Самарқанд, Бухоро, Урганч, Хўжанд, Хива шаҳарларида ирфон марказлари, фан даргоҳлари, расадхоналар, кутубхоналар яратилганди. Шу ер тиббиёт, риёзиёт, астрономия ва бошқа табиий фанларнинг, яъни бу илмларни яратганларнинг ватанидир.

Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Беруний, Ибн-Сино, Қозизода Румий, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи… Дин, дил, ижтимоий фикр ва адабиёт соҳасида қўл етмас чўққиларга айланган Яссавий, Маҳмуд Қошғарий, Ал-Бухорий, Алишер Навоий, Бобур каби буюкларни ҳам шу рўйхатга қўйсак, Аллоҳнинг бу тупроққа қанчалик чексиз қудрат, мислсиз ёғду ва барокот ато қилганидан ҳайратга тушамиз…

Қанча зулм-зўравонлик кўрса ҳам, айниқса, Пётр 1 давридан бошланган рус ишғолларида қанча қурбонлар, шаҳидлар берса ҳам, куч ва энергия сарф этса ҳам яна яшамоқда. Шоҳи-зинда, Регистонни, Бибихоним мақбараларини яратганлар яна тинмасдан ўз юртларига сайқал бермоқда…

Ўзбекистонга илк зиёратим туркий халқлар руҳини яшнатувчи ерларни кўриш, тарихнинг ва мангуликка дахлдор маданият нафасини, об-ҳавосини ҳис қилиш истагидан туғилганди. Қадим Афросиёб шаҳаридан, Самарқанддан бошланганди бу сафарим. Кейинроқ Бухорони, Хивани, Хоразм воҳасини, Фарғона водийсини, Наманганни ва, та­биийки, Тошкентни ҳам айланиб, яқиндан билиб, севганман. Ўз тақдирини Ўзбекистон билан боғлаган озарбайжонлик зиёлилар билан учрашган, улар ҳақида ёзувлар ёзганман. Ўзбекистонда ўтказилган сайловларда кузатувчи бўлганимни ҳам қўшиб қўйишим керак. Ҳар сафаримда қачонлардир пайдо бўлган чегаралар икки халқни бир-биридан айри тутганига қарамай, Озарбайжон ва ўзбек халқининг қалбан ва руҳан яқин эканлиги, ўртадаги енгилмас қардошлик туйғуси мени ҳайратлантирган.

Оғзаки нутқда озгина қийинлик бўлса ҳам, ўзбек китобларини, матбуотини эмин-эркин ўқийман ва ўқиган сайин ўзбек тилининг сеҳрли севинчи мени ром этади.

Ўзбекистон адабиёт ва санъат юксак баҳоланаётган, тарихий ёдгорликлар ва миллий қадриятлар асраб-авайланаётган ўлка. Адабиётнинг ривожидаги хизматларига ва мустақиллик йўлидаги курашлари инобатга олиниб, эътироф этилиб, беш ижодкорга “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони берилибди. Мустақилликка эришгандан сўнг маданият ва маънавият соҳасида кўрилган ишларнинг кўлами, ўлкада шу соҳага алоҳида диққат-эътибор берилаётганининг намунасидир.

Ўзбекистонга сўнгги сафаримда мактаб китоблари орасида кўрганим дарсликлар мени хурсанд қилди. “Маънавият”, “Ватан туйғуси”, “Миллий мустақиллик ғояси ва маънавиятнинг асослари” ва бошқа шу каби ёрқин номлар. Кейинроқ ўргандимки, Ўзбекистон мактабларида “Миллий Истиқлол ғояси: асосий тушунча ва тамойиллар” номли алоҳида фан ўқитилмоқда. Ва шу фан бўйича янги дарсликлар тайёрланган.

“Ўзбекистон — ватаним менинг”, “Ўзбекистон халқи”, “Истиқлол нима?”, “Ватанни нега севамиз?”, “Она юрт”, “Самарқанд нони”, “Миллий мустақиллик ғояси ва Ўзбекистон тараққиёти”, “Ўзбекистоннинг ривожи ва маънавий-ахлоқий ғоялар”, “Ўзбекистон ва дунё”, “Халқ фаровонлиги”, “Диний бағрикенглик (толерантлик)”, “Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминоти”, “Тил – миллатнинг маънавияти кўзгусидир”, “Экологик қадриятлар” ва бошқа шу каби мавзулар мазкур фаннинг қанчалик қимматли бир максадга хизмат қилаётганини яққол кўрсатади ва ёш авлодга бунинг таъсири шубҳасиздир.

Уларга “Конституциянинг алифбоси” ҳам ўргатилади. Шу билан бирга, Ўзбекистондаги вилоят ва туманлар ҳокимиятларида, барча давлат идораларида маънавият бўлимлари бор ва халқнинг маънавий қадриятларининг асраб-авайланишига алоҳида аҳамият берилмоқда.

Фикримча, бу гўзал ва ўрганса арзигулик ишдир. Ўзбек халқи шу маънавиятни асрагани сайин улуғлигича қолади ва хайру барокотдан кам бўлмайди. Қардош халққа тилаганим ҳам худди шудир. Меҳнаткаш, истеъдодли ўзбек халқи, худо хоҳласа, барча масалаларга ечим топаверади. Чунки янги авлод кимлигини англаш, буюк ўтмишини қадрлаб, мозий ва келажакка эгалик қилиш руҳида тарбияланмоқда, келажак учун асл ватандошликнинг, юрт севгисининг пойдевори қўйилаяпти. 29 миллионлик ўзбек халқи минг йилларнинг тарихидан Хоразмийларнинг, Форобийлар, Амир Темур, Навоий ва Улуғбекларнинг руҳидан куч олганча юксалажак!  Бунга ишонамиз!

Дилфуза ЭРГАШЕВА суҳбатлашди

Манба: “Китоб дунёси” газетаси, 2012 йил 30 ноябрь, 14 (147)-сон

(Tashriflar: umumiy 54, bugungi 1)

Izoh qoldiring