Sulaymon Rahmon. «Yangi asr daftari»dan she’rlar.

07
12 январ — Атоқли шоир Сулаймон Раҳмон таваллуд топган кун.

   Сулаймон Раҳмон ўзбек шеъриятида ўз овозига эга, ўз рангу оҳангини топган шоирлардан. Унинг шеърлари ва таржималари маданиятимизнинг ажралмас қисмига айланган. Шоир узоқ йиллар «Гулистон» журналида фаолият юритган йиллари моҳир муҳаррир, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаган инсон сифатида намоён бўлди. Гарчи у узоқ йиллар хилватга чекиниб, адабий ҳаётдан узоқлашгандай кўринса-да, ижодий фаолиятини тўхтатгани йўқ, янги шеърларидан адабий ва ижтимоий жараённи кузатиб бораётгани яққол сезилади. Айниқса, бизнинг кутубхонамиз саҳифаларида эълон қилинган ( ва эълон қилинажак)  Рауф Парфи,Тилак Жўра,Чўлпон Эргаш ҳақида ёзган хотиралари Сулаймон Раҳмон қаламининг қуввати ҳали янги-янги асарлар яратишга қодир эканини кўрсатди. Бу хотиралар ўтган аср ўзбек адабий ҳаётининг шиддатли ва машаққатли лаҳзалари ҳақида нодир маълумотларни қайд этаётгани билан қимматлидир.  Сизга тақдим этилаётган шеърлар ҳам илк маротиба эълон қилинмоқда.
Кутубхонамиз номидан Сулаймон аканинг туғилган куни билан самимий табриклаймиз, узоқ умр, ижодий ютуқлар тилаймиз ва ундан Асқад Мухтор ҳақида ёзилаётган хотирасини кутиб қоламиз.

012
Сулаймон Раҳмон
«ЯНГИ АСР ДАФТАРИДАН» ШЕЪРЛАР

* * *

Малоҳатни гулдан ўрган,
фатонатни* гулдан ол,
садоқатни гулдан ўрган,
матонатни гулдан ол.

Гул билмайди йиғиларни,
юлсанг ҳам у кулади.
Гул жилмайиб туғилади,
гул жилмайиб ўлади…

Нафосатни гулдан ўрган,
саховатда гулдай бўл.
Эътиқодни гулдан ўрган,
гулдай яша, гулдай ўл…

2000

———
* Фатонат – зийраклик, фаросат, сезгирлик…

ФИТРАТ:

«Биз қандай бир машъум манзилга етдик,
кунлар куйиб ётар, тунлар – куюнди.
Кулфатлар уйма-уй изғийди итдек,
гар обид куйинди, зобит – суюнди.

Оҳиста-оҳиста забтига олиб,
ҳақ деган кимсани эзар исканжа.
Оқил бандаларни кафтига олиб,
мижиғлай бошлайди бир темир панжа.

Қатағон қамчиси чийиллар чунон,
диёнат қон қусиб тушар юзтубан.
Ҳадик ва жаҳолат – қўш бошли илон,
худо деганларга бичади кафан.

Айбсиз эътиқодга айб тақар туҳмат,
адолат бу ранжу ситамдан ранжир.
Обид заҳмат олар, зобитлар – рағбат,
итоат тоатга уради занжир.

Бағирни мушукдай тимдалар андуҳ,
наҳотки тош бўлса барча бағирлар?
Наҳот Тошюракка сололмас чандиқ,
тунлари чирқираб чиққан сағирлар?

Наҳотки, шу ситам ичра ҳам, шоир,
кўзингга кўринса гул, булбул, чаман?
Менинг кўксим эзар дарз кетган дайр,
етимлар оҳидан силкинган ватан…».

2000

* * *

Тўғри йўлга йўллаган йўлдошни эҳтиёт қил,
тўғри йўлда қўллаган қўлдошни эҳтиёт қил.

Дилкаш бўлиб, еттиёт бегонани дилдош эт,
инжитма, ёв бўлмасин, дилдошни эҳтиёт қил.

Дуч келганни сирдош деб бўлар-бўлмас сочма сир,
сирин билсанг, сотмагил, сирдошни эҳтиёт қил.

Ҳар кимсага отмагил сен маломат тошини,
ўз бошингга тушмасин, ул тошни эҳтиёт қил.

Оҳу фиғон – зилзила, кўзёш – селу жоладир,
вужуд уйин бузмасин, кўзёшни эҳтиёт қил.

Юртинг учун хун ютган юртдошингни ардоқла,
эркни элга эм этган элдошни эҳтиёт қил.

Тил эркидан, Сулаймон, бошга ёғар балолар,
тилни тий-у, балодан сен бошни эҳтиёт қил…

2000

КЕЛАЖАКДА

Донони шуҳрат кутар,
нодонни кутар заҳмат.
Ботирни шавкат кутар,
қўрқоқни кутар лаънат.

Меҳнаткашни зар кутар,
совға кутар васийни.
Туҳматкашни жар кутар,
тавба кутар осийни.

Жобирни жазо кутар,
собирни кутар ҳолва.
Манманни низо кутар,
ғофилни кутар ғалва.

Ким ўйласа гар танни,
руҳ мулкига у етмас.
Ҳеч келиб, ҳеч кетганни
ҳеч ким, ҳеч нарса кутмас…

2000

* * *

Учишга шай турар гўё бу гўзал,
пуф десанг ҳаволаб кетгувчи пардай.
Мусичадай мўъмин кўзларин сузар,
ҳуркиб-ҳуркиб қарар зада каптардай…

Тангрим бир ҳуснни юз бўлак қилиб,
тўқсон тўққизини бермиш аёлга.
Мен бунга ишондим, ҳайратда қолиб,
у чўмиб турган чоғ теран хаёлга.

Ҳозир, мана, ҳозир учадигандай,
парвозга чоғланган қанот – қошлари.
Бир кўрса сув бўлиб оқар ҳар қандай
дилнинг ҳам эримас қайроқ тошлари…

Унинг орзулари баҳордай тоза,
унинг кўз илғамас қанотлари бор.
Лекин йўлларини тўсмиш дераза,
лекин ўйларини тўсмиш тўрт девор.

Бу гўзал ҳолатин қандай чиздим мен,
балки тасвирига достонлар керак?
Сездим, қаноти бор, аён сездим мен,
учиш учун унга осмонлар керак…

2000

* * *

Ғамлар бозоридан ғам олар жимлик.
Ойнинг дўконидан шаъм олар жимлик.
Қора чойшабига ўраниб туннинг
дарахтлар баргида дам олар жимлик.

Мудранар, ғудранар секин, телбавор,
унинг оҳ-ноласин ёд олар девор.
Деворга бош уриб, боши ёрилган
шамол ингранади ҳовузда абгор.

Инграб-инграб ичгач ўз бўзасини,
супура бошлайди сув юзасини.
Сув эса бағрига босиб ўпади
осмоннинг осмоний ферузасини.

Ойнинг дўконидан шаъм олган жимлик,
шабнамдан шалаббо нам бўлган жимлик,
туннинг чойшабини чала ёпиниб,
дарахтлар баргида дам олган жимлик

Чўчиб уйғонади қаттиқ чаҳ-чаҳдан –
қушлар ураётган гуррос қаҳқаҳдан.
Қараса, қарғалар куларлар қағ-қағ,
гўнг титиб ўтирган олашақшақдан…

Жимлик жим жилмаяр. Сўнг хандон отар.
Хандон отганда ҳам у чандон отар.
Қалбларда, лабларда ухлаб ётган маст
ялпи қаҳқаҳани ялпи уйғотар

дарахтлар баргида дам олган жимлик…

2000

* * *

Орзуларинг қонга ботмаган бўлса,
қон қусмаган бўлса умидларинг гар,
қайғурма, устингдан ҳасадлар кулса,
йиғлама, хўрласа сени хўрликлар…

Бу улкан, бу гавжум дунёи дунда
қора хаёлларга очмагил оғуш.
Қоронғи бурчакка тикилма тунда,
тушкунлик пойига йиқилма беҳуш.

Кўксингни куйдирса қандайдир олов,
бағрингни ўртаса эҳтирос чунон.
Сен инон, албатта топарсан қалов,
сен бахтли бўлишга ҳақлисан, инон!

Агар томирингда оқмаса бу ишқ,
агар нафасингни тарк этса ул ўт,
бил, ажал бошлабди сен ҳақда қўшиқ,
бил, кутиб турибди лошингни тобут…

Қуруқ бир оғочдир муҳаббатсиз зот,
ўғри урган уйдай ётар ҳувиллаб.
Севмаган кимсани севмайди ҳаёт,
ўтар, кўзёшлари кипригин ҳўллаб…

Йиғлама, ҳолингга ғуссалар кулса,
додлама, хўрласа сени хўрликлар.
Умидларинг қонга ботмаган бўлса,
қон қусмаган бўлса орзуларинг гар…

2000

* * *

Бу тоғларга қаёқлардан келди шамол?
Оҳ, бу тоғлар мунча гўзал! Кулди шамол.
Ҳар бир ғорга бошин суқиб, режа тузди,
бу тоғларни макон қилмоқ бўлди шамол.

Қаҳратонда харсангларга нақшлар ўйди.
Саратонда ўт пуркади – ўтлар қўйди,
қайсар гуллар қулоғини узиб, суйди,
қизғалдоқнинг бағрини қон қилди шамол.

Айқаш-уйқаш тошлар юзин тирмалади,
лолаларни юлиб-юлқаб қармалади,
қўнғир-қизғиш тупроқларни пармалади,
қоядаги наъматакни юлди шамол.

Уввос тортиб, тўрт томонга ташланди у,
муродига етмай баттар ғашланди у,
бирдан тўхтаб, хаёл суриб, қашланди у,
ногоҳ саёқ шамоллигин билди шамол.

Тўхта, деди, ҳансиради, тупроқ қазди,
қояларга уя қурди, толди, озди,
илдиз қўйди, куртак отди, япроқ ёзди,
энди тоғнинг ўз шамоли бўлди шамол.

Бу тоғ жуда гўзал эди, билди шамол,
унга эга бўлмоқ учун келди шамол…
Аммо ўзи гўзал тоғнинг мулки бўлди,
шамол – шамол, тоғ – тоғ экан. Кулди шамол…

2000

* * *

Ўзбекистон, сени англамоқ учун
инсон боласининг даҳоси етмас.
Сен – гўзал, ақлга сиғмас бир очун,
кўрган кўз саҳнидан сувратинг кетмас.

Сенинг қуёшингдай сахий қуёш йўқ,
ҳеч бир тарозуда тортилмас меҳринг.
Қадрингни ўлчашга етгулик тош йўқ,
айт, қайси ўлчовда ўлчанар сеҳринг?

Ўлчаш учун меҳру маҳобатингни,
қандай хос асбоб бор, қандай мезон бор?
Қадрига етсин деб саховатингни,
ўзбекни яратди қодир бирубор.

Доим қон бўлгандир ўлчови қоннинг,
жоннинг ҳам эвази ҳамиша жондир.
Ўзбекдир баҳоси Ўзбекистоннинг,
ўзбекнинг баҳоси – Ўзбекистондир.

Ойнинг латофати фақат ойда бор,
қуёшнинг ёғдуси хосдир қуёшга.
Дунёда сенга тенг ватан қайда бор,
жоним, Ўзбекистон, ўзингдан бошқа?..

2000

* * *

Кимга читтак, кимга сорман,
мен ҳам борман.
Кимдан безор, кимга зорман,
мен ҳам борман.

Дўстга – дармон, ёвга – дорман,
мен ҳам борман.
Мададсизман, мададкорман,
мен ҳам борман.

Кенгга – кенгман, торга – торман,
мен ҳам борман.
Эзгуликка хизматкорман,
мен ҳам борман.

Кимдан зўрман, кимдан хорман,
мен ҳам борман.
Дунёдорман ҳам ночорман,
мен ҳам борман.

Тилим, толма. Дилим, ҳорма.
Мен ҳам борман.
Лафзимга чин вафодорман,
мен ҳам борман.

Қатордаги битта норман,
мен ҳам борман.
Мақсадимга мардикорман,
мен ҳам борман…

2000

* * *

Ботди надоматнинг тошдай ёстиғи,
на лабда кулги бор, на кўзда йиғи,
жонимни тиғлади хатолар тиғи,
хатолар ноласин ёзсанг-чи, қалам.

Жигарим чўқиди ўкинч зоғлари,
ҳувиллаб қолди-ку кўнглим боғлари,
адолар қилди бу алам доғлари,
адолар ноласин ёзсанг-чи, қалам.

Хаёл айвонидан боқиб азонлар,
кўрдим, ҳаётимни чирмар мезонлар,
мунглиғ нидолардай учар хазонлар,
нидолар ноласин ёзсанг-чи, қалам.

Жон ўртар дунёнинг ноз-карашмаси,
насиб этгайми пок севги чашмаси,
менман адолатнинг танҳо ташнаси,
танҳолар ноласин ёзсанг-чи, қалам.

Гуноҳ саналгайми севги гуноҳи,
тавба булоғига бошлар дил оҳи,
менинг оҳ-воҳимдир гадо оҳ-воҳи,
гадолар ноласин ёзсанг-чи, қалам.

2002

* * *

Бўйларида ялпиз ўсган ялпизнафас
ариқларнинг бўтанасин ичиб ўтдим.

Оғушига олди мени дев армонлар,
орзуларни бир паридай қучиб ўтдим.

Тирикликнинг чигал-чигил жумбоқларин,
ақлим билан, сабрим билан ечиб ўтдим.

Сакраб ўтдим йўлим тўсса қайғу тоғи,
хўрликларнинг дарёларин кечиб ўтдим.

Кўнглим ўсди садоқатга келганда дуч,
хиёнатга дуч келишдан чўчиб ўтдим.

Ерда маъюс майса бўлдим, тупроқ бўлдим,
бўзтўрғайлар билан кўкда учиб ўтдим.

Ижарадан ижарага юрдим кўчиб,
юраклардан юракларга кўчиб ўтдим…

Бу дунёнинг тонгларини, шомларини
бир заҳардай, бир асалдай ичиб ўтдим…

2002

* * *

Минор бўламан деб алдади сўта,
сайёр бўламан деб алдади анор.
Бир пайтлар анжир ҳам, шу оддий бута,
ваъда берган эди бўлгали чинор.

Мен эса, соддадил, ишонавердим,
ҳар гапга алданиб юравердим маст.
Муҳаббат ён деса, мен ёнавердим,
нафрат қасд қил деса қилавердим қасд.

Нурман деб алдади неча бор соя,
қачон қойим бўлар ҳақиқат изми?
Ким қилар ёлғондан бизни ҳимоя,
алдаган ҳаётми, алданган бизми?

Алданган ҳаётми, алдаган бизми?

2002

* * *

Кўнглимни сўроққа тутади ақлим,
умрим соатларин бир-бир титкилаб:
–Тўғри келмадими нотанти иқлим,
сиғиштирмадими муҳит куткулаб?..

Оғзида мум бордай кўнгилчан кўнглим,
на қилди арзи ҳол, на бир шикоят.
Фақат хўрсиниққа тўлиб лиммо-лим,
калима ўгирди, ўқиди оят…

Айтса-ку, бор эди айтгулик дарди,
доим йўлин пойлар кўринмас қармоқ.
Дардин ичга ютмай, айтса нетарди,
тирноқлаб турар-ку мустабид тирноқ.

Айтса бўлар эди, дарёлар қазиб,
ўзи бир қултум сув ичолмаганин.
Худо қўйса ҳамки эркин тутқазиб,
қўрқув кишанидан кечолмаганин.

Айтса бўларди-ку, дунёга келиб,
бир ҳидлаб кўрмади бахтнинг атрини.
Салтанат қошида икки букилиб,
қонли тахт пойига тўкди қадрини.

Айтса бўларди-ку, бер четга қўйиб
кўнгилчанлигию метин сабрини.
Ҳақпарастлигини исёнга йўйиб,
ноҳақ жазолаган замон жабрини…

Аммо зорланмади, чунки унга зор
жароҳатга тушган бир туздек эди.
Зеро, нолимоқдан нима фойда бор?
Кўнглим ҳам ўзимдай ғирт ўзбек эди…

2004

* * *

Сарви санобарим ўйнаган кеча
ўйнаб чиқди менинг юраккинам ҳам.
Қора рўмолини силкитганича
йиғлаб «Муножот»га йўрғалади ғам.

Сарви санобарим ўйнаган кеча,
мунгларин унутди хаёлим – мунглим.
Завқнинг шаробини устма-уст ича,
гандираклаб қолди мастона кўнглим.

Сарви санобарим ўйнаган кеча
осмон чалиб чиқди ой чилдирмасин.
Юрагим тепиниб, талпиниб неча
бузмоқчи бўлди ўз кўҳна турмасин.

Сарви санобарим ўйнаган кеча
пойимга пояндоз бўлди Кўҳи Қоф.
Шаффоф бир дарёга айланди кўча,
дунёлар кўринди кўзимга шаффоф.

Сарви санобарим ўйнаган кеча,
йўқолди қаллоблар, ғарлар, қинғирлар.
Юзларимни ювди кумуш тонггача
кўзим осмонидан ёққан ёмғирлар.

2004

* * *

Мен энди сеникиман,
ўзимники эмасман…

Сен – орзу, сен – ҳавассан,
мен – бечора ҳавасманд.

Сен – гўзал, ўктам садо,
мен шивирман, мен сасман.

Сен – гулсан, гулистонсан,
мен-чи, хор хору хасман.

Сендан бир атир етса,
девона каби мастман.

Мен энди сеникиман,
ўзимники эмасман…

Еганим – сенинг ғаминг,
ўз ғамимни емасман.

Сен – чексиз жозибасан,
мен сенга муте жазман.

Берсайдинг кошки изн,
жон бўлсам сенга расман…

Мен энди сеникиман,
ўзимники эмасман…

2004

ЁЛҒИЗЛИК

Ёлғизликни хуш кўраман, ёлғизликни,
сайр этаман учқур хаёл учоғида.
Қучоғида кўраман бир холисликни,
хулёларни туш кўраман қучоғида.

Ёлғизликни ёқтираман, ёлғизликни,
зериктирмас, толиқтирмас, жонга тегмас.
Ёғдирмас у бошингга минг ёвузликни,
гуноҳ қилмас, изза қилмас, бошинг эгмас.

Ёлғизликни севаман мен, ёлғизликни,
қилиғи қиз қилиғидан ўйноқ унинг.
Ёлғизликни севаман мен, ёлғизликни,
бағри аёл бағридан ҳам қайноқ унинг.

Ёлғизликни ёзғирмайман, ёлғизликни,
ёлғизликни ёзғирганлар шафқат билмас.
Ёлғизликда кўрдим ёлғиз ёвсизликни,
ёлғизлик ҳеч иғво қилмас, туҳмат қилмас.

Ёлғизликка кўнгил бердим, ёлғизликка,
йўлдан урмас, жиноятга чорламас у.
Ўргатмайди золимликка, ёвузликка,
димоғ қилмас, фироқ қилмас, хўрламас у.

Ёлғизликни эъзозлайман, ёлғизликни,
сендан бўлак кимса билан ётмайди у.
Итлик қилмас ва ё билмас тўнғизликни,
сотилмайди ва сени ҳам сотмайди у.

Ёлғизликка талпинаман, ёлғизликка,
зарда қилмас, қовоқ уймас, силтамас у.
Ёлғиз Унга топинаман, ёлғиз Унга,
аканг алдар, уканг алдар, алдамас У.

Ёлғизликни авло билдим, ёлғизликни,
неки айтдим, қулоқ қоқмай тинглади у.
Сирдошларим, дилдошларим англамаган
дардларимни, сирларимни англади у.

Ёлғизликни қучоқладим, ёлғизликни,
ёр қучоғин туйдим момиқ қучоғида.
Кунларимни ўтин қилиб битта-битта
ёндираман ёлғизликнинг ўчоғида…

Ёлғизликни ошно тутдим, ёлғизликни,
оҳ урмадим, кимсасизман, адоман, деб.
Ёлғизлик деб билмадим мен ёрсизликни,
йиғламадим дўсту ёрдан жудоман, деб.

Ёлғизликни қадрлайман, ёлғизликни,
олиб кетар у нопоклар оламидан…
Ёлғизликни ким ҳам дилдан яхши кўрар,
яхши кўрган яхши кўрар аламидан…

Ёлғизликка юзни бурсанг – разолатлар,
қабоҳатлар чангалидан қочгайдирсан.
Ёлғизликка ўзни урсанг – адолатлар,
ҳақиқатлар эшигини очгайдирсан…

Ёлғизлик бир узлат эмас жаннатмакон,
ёлғизлик ҳам бир мафкура, дунёқараш.
Курашмоққа тополмасанг куч ва имкон,
бу ҳам – туғён, бу ҳам– исён, бу ҳам – кураш…

Ёлғизликни қучоқлайман, ёлғизликни,
бир ҳуррият туяман ҳур қучоғида.
Кунларимни ўтин қилиб аста-аста
ёндираман ёлғизликнинг ўчоғида…

2004

* * *

Олтинга айланди Дўрмон боғлари,
ловуллаб ёнар-у, лекин тафти йўқ.
Бошимда айланар замон зоғлари,
забт этмак истар-у, лекин забти йўқ.

Қуюқ туман ичра музтоғдай совуқ,
булутлар ортидан мўралайди кун.
Нимадир излайман кўнглимга ёвуқ,
шу кузнинг ўзидай тентираб маҳзун.

Мезондай ялтираб ястанар ариқ,
хас-хазон остида сокин тиниқиб.
Дарахтлар пойига лов-лов, сап-сариқ
япроқлар ёғилар синиб, синиқиб.

Дардларин барглардай тўкар қаламим,
лекин у дилларга етмайди бориб.
Қаридим, қаримас аммо аламим,
қайга қараяпсиз, Абдулла Ориф?

Эҳ, даврон дарахти бунча ғам сочар,
йўлимга тўшайди ҳийлаларини…
Юлонғич шамоллар юлқилаб қочар
Дўрмон боғларининг тиллаларини…

2006

ИБЛИСГА ДАШНОМ

Ғафур Ғуломга

Эшитдим, устомон эмишсан, Иблис,
демасман, юлдузни узиб бер менга.
Қўлингдан келса гар, йиғлаётган қиз
ингроғи расмини чизиб бер менга.

Демасман, сенга қўл чўзган болага
тилло садақа қил, инжу, садаф бер.
Эпласанг, ёқаси йиртиқ нолага
далда бер, тўрт дона тугма қадаб бер.

Демасман, ул қуруқ қошиқларга сен
бир чакра ёғ томиз, таом сол хуштаъм.
Зўр бўлсанг, яланғоч қўшиқларга сен
ҳаёдан кўйлак тик, ибодан – иштон…

2005

* * *

Хоразм лаҳжаси – гўё лаҳча чўғ,
оғзимни куйдирар, ёнар бўғизим.
Юзларим ловуллар алангасида,
ёдимни яйратар қадим ўғузим.

Салмоқлаб-салмоқлаб учирар сўзни
хоразмий санамнинг ғунча дудоғи.
Сарин шаббодадай силар дилимни
бу туркий гужумнинг нафис бутоғи.

Тоштарошга иши тушмаган тош бу,
сайқалга беҳожат дур бу – бесайқал.
Бу – сада, серяпроқ, бу лазги – ўйноқ,
бу – Аму, сердолға, бу – нутқий ҳайкал.

Бу – қоим қоядир, йиқолмас абад
замин зилзиласи, кўкнинг чақмоғи.
Бу – халқнинг руҳидан ўсиб чиққан тоғ –
тоғсиз Хоразмнинг елтўсар тоғи…

2005

* * *

Онажон, мозоринг бемайса бўлди,
уч ўғлим озори уч найза бўлди,
гуноҳим юз пайса, минг пайса бўлди,
булутлар чулғаган ой бўлиб қолдим.

Тангрим мен суянган одамни олди,
ҳотамлар ичра энг ҳотамни олди,
кўнглим шамчироғи – отамни олди,
ўрмонда адашган сой бўлиб қолдим.

Бош қўйсам, қўрқинчли тушлар ёприлди,
боғ қилсам, очофат қушлар ёприлди,
савдоли, ғавғоли ишлар ёприлди,
қашқирлар қуршаган той бўлиб қолдим.

Нафсимни алдашга ёвғон ош қани,
юзимни ювишга кўзда ёш қани,
бу золим зулмига ортиқ дош қани,
ўқлари отилган ёй бўлиб қолдим.

Мушкул бир жумбоқман, замон, еч мени,
мен сени кечирдим, сен-да, кеч мени,
ва ё тўкиб ташла ва ё ич мени,
қўлингда совуган чой бўлиб қолдим.

Ай, ватан, айт, ортиқ керагим йўқми,
сўзни пуч айтдимми, сараги йўқми,
қайда ул рўшнолик, дараги йўқми,
оёқлар остида лой бўлиб қолдим…

2005

* * *

Қачон эриб битар зулм қорлари,
қачон сенга етар дилим зорлари,
билсанг, бу оламнинг интизорлари
интизор эмаслар сенга мендайин…

Силкитса дунёнинг кирдикорлари,
бузулса кўнглимнинг гилдеворлари,
билсанг, бу оламнинг бинокорлари
бинокор эмаслар менга сендайин…

Мендай бемор эмас ишқ беморлари,
жонимни чақсалар жабринг морлари,
билсанг, бу оламнинг шифокорлари
шифокор эмаслар менга сендайин…

Хоҳ дилинг хушласин сафо торлари,
хоҳ йўлинг пойласин жафо дорлари,
билсанг, бу оламнинг вафодорлари
вафодор эмаслар сенга мендайин…

2006

МАКТУБ

Сен – гулсан, сенга зор не-не гулзорлар,
не-не гулистонлар бағрига чорлар –
лекин ўртамизда тоғлар, мозорлар…
маконим бошқадир, маконинг бошқа.

Сен – гулсан, мен ожиз шайдо капалак,
аъмолим бўлакдир, аъмолинг бўлак.
Инграсам, йиғласам – парвойинг фалак,
забоним бошқадир, забонинг бошқа.

Сен бу қизларга ҳеч ўхшамаган қиз,
мен – қари райҳонман, сен – барра ялпиз,
мен – кўҳна Кайҳонман, сен – янги юлдуз,
осмоним бошқадир, осмонинг бошқа.

Ўзинг айт, сен – олов, мен ёмғирмасми,
мен – зулмат, сен менга тушган нурмасми,
мен – ўтмиш, сен энди келар ҳурмасми,
замоним бошқадир, замонинг бошқа.

Сени – ҳур, мени қул яратмиш тақдир,
бас, тақдир ҳукмига исёним йўқдир.
Не раво кўрса у, мен учун, ҳақдир.
Имоним бошқадир, имонинг бошқа…

2006

* * *

Бу дунё нимаю у дунё нима?
Улар икки китоб, бирдир жавони.
Улар бир-бирларин кўра олмаслар,
улар бир деворнинг икки томони.

Битта тарозининг икки палласи,
бири кўтарилар, бирини боссанг.
Бири машриқ бўлса, бири мағрибдир,
биридан кетарсан бирига борсанг.

Бири – тўла қадаҳ, бири – бўш қадаҳ,
бири камаяди, бирин тўлдирсанг.
Икки дунё гўё икки кундошдир,
бириси йиғлайдир, бирин кулдирсанг…

2006

ОДАМ АТОНИНГ ЎҒЛИ ШИТГА НАСИҲАТИ

Ўғлим, айтгин ўғилларингга,
мол-дунёга кўз тикмасинлар.
Менга ўхшаб, жаннатдан айро,
пушаймонда энтикмасинлар.

Ў, мен нафснинг силлиқ, сирпанчиқ
йўлига бир тушдим, тайрилдим.
Юрагимни ўяр бир санчиқ –
гўзал жаннатимдан айрилдим.

Ўғлим, айтгин ўғилларингга,
хотинларин ҳавойи нафсин
тузоғига тушмасинлар ҳеч
(хотин нафси – қудратли афсун).

Мен тушдиму ўшал тузоққа
тўппа-тўғри йўлдан қайрилдим.
Дучор бўлдим мангу қийноққа,
гўзал жаннатимдан айрилдим.

Ўғлим, айтгин ўғилларингга,
не иш қилса, сўнггин ўйласин.
Таъқиқланган ишга қўл уриб,
пушаймонда мендек куймасин.

Малаклардан олмай маслаҳат,
хато қилдим, ёмон тайрилдим,
надоматлар қайтариб бермас
гўзал жаннатимдан айрилдим…

2006

* * *

Тилимни жодулар тилинг жодуси,
кўзимни куйдирар кўзинг офати.
Юзимни ёндирар юзинг ёғдуси,
журъатим синдирар дилинг журъати.

Ширин уйқунг кўриб уйқум безовта,
лабинг шарбатидан лабимда шарбат.
Жонлар бозорида жонимни сўрар
латиф мийиқларда кулган латофат.

2007

* * *

Чақмоқни саҳрога чаққан булутдай,
ёмғирни дарёга ёққан булутдай,

нечун севган дилдан қочасан, кўнглим,
севмаган дилга дил очасан, кўнглим?

Тупроқсан-ку, нечун хаёлинг ойда,
ҳозирсан керагинг бўлмаган жойда.

Булбулсан-ку, нечун ғизолни севдинг,
сенга зор бўлмаган гўзални севдинг?

Сендан безор ёрни ёр этдинг нечун,
сенга зор дилдорни хор этдинг нечун?

2007

* * *

Муҳаббатим, сенга шеър битмоқдаман,
лаззатлар бор эди ҳатто жабрингда.
Мук тушиб, тўлғониб, қон ютмоқдаман,
тиловатлар қилиб бу шом қабрингда.

Сени ўлдирдилар фитналар, ёраб,
фарёдим чирмашар тунги осмонга.
Кўнглимнинг паришон сочларин тараб,
сурурлар улашиб яшардинг жонга.

Бир тоғ босаётир елкамдан оғир,
бу ўлган севгимнинг совуқ лошими?
Наҳот топди майин яллалар охир,
бу ғам энди машъум ғамнинг бошими?

Юлқиниб, ичимдан отилар бир дод,
наҳот бу севгимга кўнглим видоси?
Тун ридосин йиртар ёввойи фарёд,
наҳот бу тун тунмас, мотам ридоси?

Руҳимда кезинар соянг саргардон,
жудолик жон ўртар, дил тирнар ғамлар.
Кошки яшай олсам эди хуш-хандон,
кошки тушунсайди мени одамлар.

Хўрлик ва ҳақорат доғларин кўрдим,
аччиқ таъналарнинг тотдим заҳрини.
Мен ўзи кимларга меҳримни бердим,
кимларга сочяпман қалбим қаҳрини?

Бедорлик бошимда гўё пар ёстиқ,
пешонамга тепчир совуқ бир алам.
Тилим инкор этар, юрагим – тасдиқ,
энди тўй – азадир, мотамдир байрам.

Кўзимда жовдирар бегуноҳ кўзим,
бошимда ҳушим ҳам ҳушидан жудо.
Сўзнинг оловидан мосуво сўзим,
бўғзимда овоздан айрилган нидо.

Фалакда юлдузлар мўлтирайди жим,
фаришталар йиғлар ҳолимга зор-зор.
Бу не замин, севги гуллари ғижим,
бу не замон, имон мажнунлари хор?!

2007

* * *

Бу дунёда менинг бировдан
қўрқадиган жойим йўқ сира.
Лекин мен қўрқаман меровдан,
туллак қилар таъбимни хира.

Мен қўрқмайман имзосиз хатдан,
мен қўрқмайман қувилсам ишдан.
Мен қўрқаман қуруқ туҳматдан,
мен қўрқаман изза бўлишдан.

Мен қўрқмайман унутилишдан,
мен қўрқмайман ишқ азобидан.
Мен қўрқаман севмай ўлишдан,
мен қўрқаман эл ғазабидан…

Қўрқитолмас ҳеч нима, ҳеч ким,
қўрқаман биргина У Кундан .
Бандасидан қўрқмайман, Тангрим,
ёлғиз Сендан қўрқаман, Сендан .

Тангрим, мени соҳиб идрок қил,
айб қилмасин умримни ғорат.
Тавба қилай, гуноҳдан пок қил,
тавба учун бергил жасорат…

2007

* * *

Сен яшаган уйда гул яшай олмас,
уч кунга ҳам етмай сўлади.
Сен яшаган қаср – қуш учун қафас,
бир ҳафтага қолмай ўлади.

Сен яшаган бу уй сукунатга ғарқ,
йўқ унда суронлар, хитоблар.
Унда мудрар фақат ўзингдай бефарқ,
ўзингдай бефойда китоблар…

2007

* * *

Уфқ яйловида бир бия кўрдим,
қуёшранг ёллари ловуллар…
Бу дунё бир қудуқ, лақаби – Қурдум,
умид хазонлари шовуллар…
Йигир калавангни, эй, дунё, йигир,
йиғлайверсин бу тумса пиқ-пиқ.
Кўзларингни сузиб, маза қил, сигир,
эмаверсин бузоғинг миқ-миқ…

Тумсанинг кўзида мевасиз дарахт,
қулоғида музлар чирсиллар.
Бўш бешик устида ўртанар карахт,
сутсиз маммалари тирсиллар…

Она оҳу, эмиз болангни ийиб,
итваччангни эмиз, эй, қанжиқ…
О, шўрлик жувоннинг жонини ўйиб,
бунчалар санчилдинг, сен, санчиқ…

Бўм-бўш бешик узра тун кечди хомуш.
Муаззин ҳам бошлади азон…
Кошки туш бўлсайди, кошки бўлса туш,
хазонсиз боғдаги бу хазон…

2007

* * *

Экиндан бўшаган яйдоқ анғизман,
ёнғоқда етилиб пишган мағизман,
қуши кетган индай тишсиз оғизман –
начора, кузман…

Хазон каби ҳазин сарғайган тусман,
бемаврид шамолдай тинчимни бузманг,
ёздан кўра кўпроқ мен қишга дўстман,
начора, кузман…

Дарахт танасидай бужмайган юзман,
чайналган, ғудранган, ғўлдироқ сўзман,
хира, қизилмижжа, ёшланган кўзман –
начора, кузман…

Кимгадир қалампир, кимгадир тузман,
кимгадир оловман, кимгадир музман,
ақраб осмонида совуқ юлдузман –
начора, кузман…

Кўзимнинг офтоби сўнди, ҳолсизман,
ҳамма гапни айтдим, энди тилсизман,
кераксиз буюмдай малолангизман –
начора, кузман…

2007

* * *

Ўрганмадим, ўрганолмадим
мен ҳаммага ўхшаб юришни.
Кулса – кулиб, йиғласа – йиғлаб,
ётса – ётиб, турса – туришни.

Ўрганмадим, кўникиб бўлмас
яхши-ёмон ишга кўнишни.
Ўйлаб кўрмай, тўғри-нотўғри
буйруқларга бўйинсунушни.

Жуда севдим, жуда ҳам севдим
ёқмаган мансабдан бўшашни.
Хулласкалом, ўрганолмадим
шунча йил яшаб ҳам – яшашни…

2007

ОДАМНИНГ ОЛАСИ

Кўринмайман, кўринмоққа уринмайман,
айб излайман ўзим айтган сўзимдан ҳам.
Қилвирликлар қилишдан ҳеч эринмайман,
онамни қўй, норозиман ўзимдан ҳам.

Мен одамзод ичидаги бир одамман,
Азозилнинг шотирлари улфатимдир.
Ҳамнафасман, дажжол билан дамодамман,
одамзодни комил кўрмоқ – кулфатимдир.

Балки аслим ҳасадчидан тарқагандир,
ҳасад билан тикиламан гадога ҳам.
Жин ургандир, балки худо қарғагандир,
отам тугул ишонмайман худога ҳам.

Гарчи ғараз таянчиман, аянчлиман,
доғулисан дея менга берма дакки.
Оёқ боссам чўл бўлади энг зўр чаман,
ёвузсан деб таъна қилсанг бўлар чакки.

Иғволарга белим боғлаб хизматдаман,
дангалчининг дангал сўзи ҳуркитади.
Томирдаман, панадаман, узлатдаман,
одамларнинг қўрқмас кўзи қўрқитади.

Лекин, нетай, одамларсиз яшолмайман,
кун кўраман ёлғон-яшиқ панасида.
Алдамасам, гапни гапга қўшолмайман,
ҳеч бўлмаса апрелнинг илк санасида.

Севолмайман, аммо жон деб исинаман
бировларнинг муҳаббати оловида.
Ҳақиқатнинг даврасида қисинаман,
ҳилпирайман яйраб ёлғон яловида.

Қани эди шундай бир ҳол содир бўлса,
рўёб топса ич-ичимда ётган ният.
Кучли бўлсам, ҳар бир ишга қодир бўлсам,
қўлларимда бўлиб қолса ҳокимият.

Хаёлимда қонсираган бир қиличдай,
пайғамбарлар умматини тинчитаман.
Кошки эди қира олсам, аммо, нетай,
кучим етмас, фитна қилиб ранжитаман.

Ўйинчиман, ўйнатаман, ишим ўйин,
хор қиламан кимки менга бўйин эгмас.
Не-не бўйни йўғонлар ҳам эгар бўйин,
низо қўзғаб яшашим ҳеч жонга тегмас.

Ўртанаман одамларни кўрганда жам,
аҳли имон кўрсам, ғамга бурканаман.
Мен ўзимни ўзим қаттиқ севаман ҳам,
мен ўзимдан ўзим қаттиқ жирканаман.

Ҳар одамда борман, аммо кўринмайман,
ҳар бир қўтир дилнинг ўгай ноласиман.
Ҳар юракда қора доғман, қиринмайман,
мен – одамнинг ичидаги оласиман…

2007

* * *

Қари дарахт илдизин
ювиб ётар оқова.
Тарам-тарам пўстлоғи
бамисоли муқова.

Танаси йўғон, бужур,
нима ҳақда бу китоб?
Тишинг ўтса, ўқиб кўр,
муаллиф ерми, офтоб?

Кетгиси келди кўп бор,
қаёққа ҳам кетарди?
Топайин деб эътибор,
битта жойда кўкарди.

Неча йилким, силжимас,
ўсиб унди, тўлиқди.
Япроқлари тинчимас,
аммо ўзи толиқди.

Бошидан кўп кечирди,
фаслларнинг жангини.
Шамоллар гоҳ учирди,
гоҳ сепди вақт чангини.

Қилар ишин у қилди,
берди мева ҳам соя.
Мана, ўша вақт келди,
келди машъум ниҳоя…

Балки энди кесарлар,
ўтин қилиб ёқарлар.
Балки бешик ясарлар,
кўзмунчоқлар тақарлар?

Китобига нималар
ёзганин парвардигор
дарахт билмас, билолмас –
унда эмас ихтиёр.

2007

* * *

Гуноҳ лаззатидан оласан лаззат,
лаззат гуноҳидан қиласан гуноҳ.
Ишрат тўшагини қиласан иззат,
ишрат кўрпасини биласан паноҳ.

Кўзларингда ўйнар тийиқсиз истак,
қадди-қоматингда ишваю фироқ.
Қанча ижирғансак ва қанча сўксак,
сен шунча кетасан ибодан йироқ.

Сендан юз ўгирган аёл ҳаёси,
номус сенга гўё буткул даҳлсиз.
Истакнинг бўтана, булғонч дарёси
оқизиб боради сени, соҳилсиз.

Сенга бегонадир ишқу муҳаббат,
унутгансан дилни, меҳрни, гулни.
Лаҳзалик лаззатни ўйлайсан фақат
ва лаззат ортидан келган мўл пулни.

Худо инсоф берса кошки зиёда,
бу қабиҳ ботқоқдан сени қутқарса?
Токай хаёлингни тортмас дунёда,
эркак оғушидан ўзга бир нарса?

Нимқоронғи, хилват хонада ёлғиз
ҳарис кўзларингга соламан назар.
Юрагим жунжикиб кетади муз-муз,
телба истакларинг уйғотар ҳазар…

2007

* * *

Мен билан учрашиб тунда сукунат,
кўринмас қўл билан силар кўнглимни.
Ичимда алмашар гўё ҳукумат,
қўлтиқдан оламан икки қўлимни.

Кўнглим жодуланар, муножот қилар,
ортиқ севинтирар севинчли мужда.
Замон кўз олдимда икки бўлинар,
ўтмиш дуо қилар, келажак – сажда.

Битта доирада қилар ҳаракат –
узоқ ҳам, яқин ҳам, ўтмиш, келажак.
Зўравон замондан келар қора хат,
зулм қочар, ана, думчаси гажак.

Истаклар уйғонар бағримда майин,
бўрондай тийиқсиз, тўфондай бузғун.
Ё бугун, ё эрта ўлиши тайин,
даврин суриб турган яламур қузғун.

Ичимда йиғлайди қувонч асабий,
ичимда уйғонар бир имон соҳир.
Ичимда учрашар ошиқлар каби,
ибтидо, интиҳо – азал ва охир…

2007

МАНТИҚСИЗ МАНТИҚ
(ПАРАДОКС)

Тубанмиз – хаёллар сурамиз юксак,
ёнамиз – қолмайди кўнглимиздан кул.
Худди севмагандай севамиз – севсак,
мағрурмиз – ўзимиз сўзимизга қул.

Ишонамиз – гумон ишончли шерик,
қочамиз фикрнинг дангалидан биз.
Собитмиз – риёзат йўлласа черик,
озодмиз – сиёсат чангалидамиз.

Мўъминмиз – подшодан кутамиз карам,
даҳриймиз – илоҳий майдан мастлармиз.
Ҳақирмиз – таҳқирни билиб муҳтарам,
фақирмиз – юраксиз индамаслармиз.

Куламиз – ҳайиқиб кулги бўлишдан,
эркинмиз – эрк сўзин қилмай талаффуз.
Қўрқоқмиз – қўрқамиз исён қилишдан,
аянчлимиз – ортиқ иззатталабмиз.

Хурсандмиз – ипакқурт каби япроқда
ўрмалаб яшасак, ризқимиз терсак.
Бахтлимиз – худойим берган тупроқда
худони унутиб керилиб юрсак.

Муслиммиз – худодан қилмаймиз ҳаё,
таслиммиз – золимни эмиб унамиз.
Қаролмиз – хожамиз нафсу мол-дунё,
хожамиз не деса, сўзсиз кўнамиз…

2007

* * *

Балиқларга қандай маза – керак эмас уй,
айиқларга қандай яхши – шарт эмас кийим.
Қалдирғочлар тизилишиб пештахталарда
бир-бирини чув туширмас талашиб тийин…

Қўлга тушган ўлжасига шукр қилар шер,
чумолидай тўлдирмайди дон-дунга уйин.
қузғун ҳам ўз топганига қилар қаноат,
нафснинг бузуқ нағмасига тушмайди ўйин.

Фақат орзу-ҳавасларнинг сўқмоқларида
истакларнинг истагига эгганча бўйин
кезиб юрган, дайдиб юрган, адашиб юрган
осий одам боласига жуда ҳам қийин…

2007

* * *

Гоҳ суврат, гоҳ сийрат, гоҳида рўё,
гоҳ аниқ, гоҳ мавҳум, гоҳида хира,
отни етаклаган жин каби гўё
етаклаб юради мени хотира.

Сўйла, эй, хотира, олтмиш йил аввал
мен ўзи ким эдим? Озғин ва нимжон
хунук бола эдим, ийманчиқ ва сал
асов, одамови, хаёлга қул жон.

Севар эдим ёзнинг салқин шомини,
беда ҳиди келган субҳи сабони.
Томда қизғалдоқнинг барқут жомини,
сайроқ каклиги бор мерган бобони.

Кичикликдан билдим катта-кичикни,
ўтлоқлар пойимда пояндоз эди.
Севмадим мушукни, битни, кучукни,
дарё сирдош эди, тоғ устоз эди.

Кўҳна ҳар ҳақиқат, кўҳна ҳар масал
топаркан онгимда янги бир мазмун,
билмасдим қилганин тақдири азал
мени сўз ишқида ошиқи мажнун.

Олиб қочар эди мени бир туйғу,
олиб қочар эди мени номсиз шавқ.
Не ажабки, менинг пешонамга у
осиб кетган экан «Шоир» деган лавҳ.

Руҳим озод эди, хаёлим обод,
сурур ўлкасида қилар эдим сайр.
Кўнглим тоғларидан эсган ҳур шаббод
ҳар бир учраганга улашарди хайр.

Орзу қули эдим, ўйпараст меъмор,
идроким – хақпараст инсон идроки.
Ўйлардим қурсам деб буюк бир девор,
янги Ўзбекистон деворин токи.

Кўнглим ҳурриятин алишдим неча
машаққатли йўлга, нотинч уйқуга.
Яшадим ташналик азоби ичра,
аммо қул бўлмадим зарра қўрқувга.

Қаҳрамон эмасман, зеро, кўксимни
кўкрак нишонлари тешмаган, бироқ,
мен тута олмадим баъзан ўзимни
хўрлик ўқларидан доим ҳам йироқ.

Гоҳ суврат, гоҳ сийрат, гоҳида рўё,
гоҳ аниқ, гоҳ мавҳум, гоҳида хира,
отни етаклаган жин каби гўё
етаклаб юради мени хотира…

2007

* * *

Мени ташлаб кетди мен севган баҳор,
бўлди бу кенг олам кўзларимга тор,
тангрим, ҳаётимга ёғдулар юбор,
қуёш ила ойга ошнолик бергин,
зимистон кўнглимга рўшнолик бергин.

Кўзларим ғарқ бўлиб хўрлик ёшига,
бош қўйиб ётибман сабр тошига,
ё келсин, ё ўзим борай қошига,
омад парисига ошнолик бергин,
сиқилган дилимга рўшнолик бергин.

Маломатим йўқдир чархи гардунга,
гоҳ кунга итқитар мени, гоҳ тунга,
саодат ато эт мендай маҳзунга,
яхши одамларга ошнолик бергин,
золимлар зулмидан рўшнолик бергин.

Дўстман деганлардан етди озорлар,
ўкситди қадримга етмаган ёрлар,
бадбин хаёлимга сепиб ифорлар,
эзгу умидларга ошнолик бергин,
хўрланган севгимга рўшнолик бергин.

Бевафо дунёнинг макридан тўйдим,
сенга қурбонлиққа кўнглимни сўйдим,
бошимни беш маҳал саждага қўйдим,
ё тангрим, ўзингга ошнолик бергин,
сиғинган кўнглимга рўшнолик бергин.

2007

* * *

Серюлдуз осмонда теран бир сукут,
серюлдуз бу кеча қандай ялтироқ!
Қалбим осмонида изғийди булут,
қалбим осмонида момақалдироқ.

Сен қўрқма, севгилим, севгим ўлмаган,
юзма-юз келди, бас, ақл ва жаҳл.
Қалбимда ўзаро дахл қилмаган
икки ҳолат қилар ўзаро дахл.

Бир-бирига ҳечам қўл бермас душман
гўё бир-бирига берган каби қўл,
тўқнашиб қолгандай гўё дафъатан
ҳеч тўқнаш келмаган икки тўғри йўл;

Гўё учрашувга чиққан мажбуран
икки севишмаган – икки ноилож;
бир қубба остидан гўё жой олган
икки дин белгиси — ярим ой ва хоч;

бир ниятда тутган битта қилични,
гўёки хайрилиқ бирла ғайрилиқ.
Гўё баҳам кўрган битта севинчни,
бирлашув ва унинг акси – айрилиқ…

Кўрсанг кўзларимда чақмоқ ва ёмғир,
сен қўрқма, севгилим, сен қўрқма фақат,
менинг юрагимда жанг қилаётир
муҳаббат ва нафрат, исён ва тоқат…

2007

* * *

Шеъриятнинг гўзал, нақшинкор
дарвозасин синдириб дадил,
ёприлмоқда ғўр шеърлар қатор,
қийқирганча беибо, бедил.

Урчиб кетди мавҳум жимжима,
оч, беҳаё ҳирслар ғимирлар.
Ўзи нима демоқчи, нима,
бу хотинбоз, нашаванд шеърлар?

Гўё ёрда юрак йўқ каби,
қўшиқларда қошлари камон
ёрнинг юзи, кўзлари, лаби,
хипча бели куйланар ҳамон.

Уятсиз шеър, бачкана клип –
нафосатдан тонган нафосат.
Нозлар қилиб, имолар қилиб,
алжирайди мақсадсиз мақсад.

Тор шим кийиб, бошига сербар
шляпани қўндириб қийшиқ,
ғар хотиндай бежо қийшанглар
яллачилар лунжида қўшиқ.

Илон ёғин ялаган сатанг,
шуҳрат нафси, у айёр тулки,
сўзбозларни наҳотки атай
қилмоқ бўлди эл аро кулги?

Суюқ сўздан суюлган авом
жилпанглайди ўзини тиймай.
Шаҳват ҳушдан айирган илҳом
рақс тушади иштон ҳам киймай…

Қалтирайман бу ҳолни кўриб,
саратонда қолгандай қорда,
шом келгандай тонгда бостириб,
куз келгандай айни баҳорда.

17.08.10

* * *

Ҳолбуки, қай бири кўзимни ўйган,
ҳолбуки, қай бири қайраган тишлар,
тирик танишларим йўқламай қўйган,
аммо йўқлаб турар ўлган танишлар.

Очиғини айтсам, ёруғ дунёда
доим чаппасига кетган ишларим.
Менга бу ҳаётдан кўра зиёда
хурсандчилик берар баъзи тушларим.

Тушимда ҳар доим бир уй қураман,
кўраман бир ҳовли, бир боғ ҳар кеча.
Асқад Мухторни кўп кўриб тураман,
Саид Аҳмад билан гаплашдим неча.

Тушларимга кирар серҳосил ишком,
кўраман гоҳ лифтни, гоҳо нарвонни.
Тез-тез учратаман негадир мудом
Тилак Жўра билан Шавкат Раҳмонни.

Қилмаган ишларни қиламан тушда,
кўрмаган жойларни кўраман нуқул.
Тушимда фоҳиша гўё фаришта,
номаъқул ишларим туюлар маъқул.

Жазирама офтоб азоби кетар
булбул нафасидай эсган сабодан.
Ўксук юрагимга тасалли етар
Рауф Парфи билан Машраб Бободан.

Умримда ош-қатиқ бўлмаганларим
гаплашар ошнамдай елкамдан қуча.
Сарвар Азимовга очиб дафтарим,
гаплашаман Шароф Рашидовгача…

Ғаним эмас энди ғаним бўлганлар,
гарчи бордир зимдан оёқ чалишлар.
Йўқлаб турадилар мени ўлганлар,
йўқламай қўйса ҳам тирик танишлар.

2011

(Tashriflar: umumiy 550, bugungi 1)

Izoh qoldiring