1299 yilning 27 yanvarida Usmoniylar davlati qurildi.

usmoniy

УСМОНЛИ ТУРК ИМПЕРИЯСИ, Усмонлилар давлати [Европада Оттоман империяси деб аталган] — Кичик Осиё, Шарқий Европа, Яқин Шарқ ва Шим. Африка, қисман Кавказ ва Қримда усмонлилар сулоласи бошқарган давлат (1299— 1922). У.т.и. га Усмон I асос солган.
Бу давлат дастлаб Кичик Осиёнинг шим.-ғарбий қисми Эски шаҳар ва Анатолия ҳудудида салжуқийларнинт Кўния султонлигига тобе кичик бир беклик (бейлик) шаклида ташкил топган. Бу бекликнинг илк ҳукмдори Эртўғрул бўлса қам унинг ўғли — Усмонбей даврида беклик мустақил давлатга айланганлиги учун унинг номи б-н Усмонли беклиги деб аталган. Кейинчалик бу давлат У.т.и. номини олиб, ўрта асрларда жаҳоннинг энг қудратли давлатларидан бирига айланди. Усмон I ва унинг ўғли Урхон бек (бей) унвонини қабул қилган бўлса, Ўрхоннинг ўғли Мурод I давридан бошлаб ҳукмдорлар султон деб аталган.

666

Усмоилилар давлатининг Ўрта Осиё хонликлари билан ўзаро муносабатлари. Асрлар давомида икки халқ вакиллари, аввало, уламолар, олимлар, шоирлар, санъаткорлар мадрасаларда биргаликда таҳсил олишлари, зиёратлари, савдо-сотиқ муносабатлари ва ўзаро ташрифлар жараёнида дўстона алоқалар ўрнатганлар. Икки ўртадаги муносабатларда давлат раҳбарлари томонидан олиб борилган элчилик алоқалари муҳим ўрин тутади.
Сафавийлар давлатига қарши биргаликда курашиш учун султон Салим I элчи Муҳаммадбек орқали Шайбонийлар ҳукмдори Кўчкунчихота ўзаро мактуб жўнатган (1514). Хусусан, султон Сулаймон I Қонуний ва Бухоро хони Убайдуллахон Эронга қарши биргаликда курашиш учун ҳаракат қилишган. Шайбонийларнинг Самарқанддаги ҳукмдори Абдумлатифхонга Сулаймон I катта микдорда қурол-яроғ жўнатган (1551). Бухоро хони Субҳонқулихон султон Сулаймон II ҳузурига элчилар юбориб (1690) дўстона муносабатларни ривожлантирган. Бухоро амири Дониёлбий 1779 й.да Эрназар Масъуд ўғлини дастлаб Россия империяси сўнгра Усмонлилар султонлигига элчи қилиб тайинлаб, ўзаро алоқани мустаҳкамламоқчи бўлган. Дониёлбий 1783—84 й.ларда 2-марта султон Абдулҳамид I ҳузурига Муҳаммад Шарифни элчи қилиб жўнатган. Турк султони элчиси Маҳмуд Сайд оға Бухоро амири Шоҳмурод ҳузурида бўлади. (1786) Султон Салим III қам 1789 й.да ўз элчиларини юборган. Бухоро амири Ҳайдар девонбеги Эшмуҳаммад ва Мирзо Муҳаммад Юсуф қўрчи-бошини мактуб б-н Истанбулга юбориб, султон Мақмуд II дан шариатга доир китобларни сўратади (1815). Махмуд II ўз элчиси Ҳасан Чалабийдан Бухорога 32 жилдли китоб юборган. Хива хони Оллоқулихон хонликка қарши Перовский экспедицияытан сўнг Истанбул ва Англияга элчилар юбориб, ҳарбий ёрдам сўрайди. Бироқ, Хива хонига масофа олислиги учун харбий ёрдам жўнатилмай, тўп ясовчи турк усталари юборилади. Қўқон хони Султон Сайидхон (1865) ва Бухоро амири Музаффар муфтий Хожа Муҳаммад Порсони (1866) элчи қилиб Истанбулга жўнатишган ва султонлик-дан ҳарбий ёрдам сўраган.
Шунингдек, мазкур давлатлар ўртасида маданий алоқалар кенг йўлга қўйилган. Асли бурсалик Қозизода Румий Мирзо Улуғбекнииг расадхонасида мудирлик қилган, Самарқанддаги Улуғбек мадрасасида бош мударрис бўлган. Улуғбек ўлимидан сўнг унинг шогирди Али Қушчи Истанбулда султон Меҳмед II саройида хизмат қилган ва аё-София мадрасасининг бош мударриси бўлган. Жалолиддин Румийнинг бутун онгли фаолияти Кўния (Кичик Осиё)да кечган. Тасаввуфнмнг накшбандия ва яссавия тарикатлари У.т.и. ҳудудида ҳам кенг тарқалиб, бу ерда Баҳоуддин Нақшбанд ва Аҳмад Яссавийнкнг Юнус Эмро, Хожа Бектош Вали, Кийикли бобо сингари издошлари етишиб чиққан. Тилшунос олим, шоир ва элчи Сулаймон Бухорий 19-а. ўрталарида Истанбулда яшаб, «Луғати чиғатой ва турки усмоний» (2 жилдли) луғатини тузган.
20-а. бошларида Туркистондан борган 100 дан ортиқ талабалар (уларнинг орасида Фитрат, Усмон Хўжа, Отаулла Хўжаев, Бекжон Рахмонов ва б. бўлган) Истанбулда таҳсил олган. Ёш туркларнинг ғоялари Ёш бухороликлар ва Ёш хиваликлар дунёқарашига ижобий таъсир қилган. «Иттиҳод ва тараққий» партияси маориф бўлими мудири доктор Нозим ва туркистонлик талабалар ташаббуси б-н Истанбулда «Бухоро таълими маориф жамияти» (1908) ташкил қилинган. Жамият Истанбулдаги Ғалаба кўприги ёнидаги янги Жомеъ масжидида туркистонлик ўқувчилар учун алоҳида мактаб очган ва уларни текин ўқитган. Жамият томонидан Фитратнинг кўплаб асарлари илк марта Истанбулда босилган.

666

УСМОНЛИЛАР СУЛОЛАСИ

УСМОНЛИЛАР СУЛОЛАСИ — Кичик Осиё, Болқон, Шарқий Европа, Яқин Шарқ, Шим. Африка, қисман Кавказ ва Қримда ҳукмронлик қилган турк султонлари сулоласи (1299—1922). Усмонли турк империяси давлатини бошқарган. Сулола номи унинг асосчиси Усмон I ибн Эртўғрул номидан олинган.
 Мовароуннаҳр ва Хуросонда яшовчи ўғуз туркларининг қай (қайиғ) уруғига мансуб қавм Эртўғрул бошчилигида 13-а. 20-й.лари — мўғуллар истилоси даврида Кичик Осиёга бориб, ўрнашиб қолишган. Улар салжуқийларнинг Кўния султонлиги ҳудудида мустақил беклик ташкил қилишган. Эртўғрул беклик бошқарувини 1281 й.да ўғли Усмон I Ғозийга топширган. Бу беклик 1299 й.да узини мустақил давлат деб эълон қилган. Кейинчалик бу давлат Усмонли турк султонлиги номи б-н дунёга танилиб, ўрта асрларда жаҳондаги энг қудратли давлатга айланган. Сулола вакиллари ўзларини аввал бек (бей), сўнгра султон (Мурод I дан бошлаб) деб атаганлар, кейинчалик энг юқори диний унвон — халифа унвонини ҳам ўзларига қўшиб олганлар (Салим /дан бошлаб). У.с. сул-тонлари қуйидагилардан иборат:
 Усмон I (1299—1324), Урхон (1324— 1359), Мурод I (1359-1389), Боязид I (1389—1402), Боязид I ўғиллари Сулаймон Чалабей, Мусо Чалабейлар, Меҳмед Чалабейларнинг тахт учун кураши (1402—13), Мехмед I (1413—21), Мурод II (1421—44; 1446—51), Меҳмед II Фотих (1444—46; 1451—81), Боязид II (1481-1512), Салим I (1512—1520), Сулаймон I Қонуний (1520—66), Салим II (1566—74), Мурод III (1574-95), Меҳмед III (1595— 1603), Аҳмад I (1603—17), Мустафо (1617—18; 1622—23), Усмон II (1618—22), Мурод IV (1623—40), Иброҳим (1640-48), Меҳмед IV (1648-87),Сулаймон II (1687—91), Аҳмад II(1691-95), Мустафо II (1695-1703),Аҳмад III (1703 — 30), Маҳмуд I(1730-54), Усмон III (1754-57),Мустафо III (1757—74), Абдулҳамид I (1774-89), Салим III (1789-1807), Мустафо IV (1807—08), Маҳмуд II (1808 — 39), Абдулмажид (1839—61), Абдулазиз (1861-76), Мурод V (1876), Абдулҳамид II (1876-1909), Меҳмед V Рашид (1909—18), Меҳмед VI Вақидуддин (1918—22), Мустафо Камол (Отатурк) ташаббуси б-н Туркияда султонлик тугатилгач (1922 й. 1 нояб.), сўнгги султон Меҳмед VI хорижга жўнаб кетишга мажбур бўлган.

666

УСМОНИЙЛАР

УСМОНИЙЛАРНИНГ КЕЛИБ ЧИҚИШИ. ЭРТЎҒРУЛ. Турклар Ислом динини IX-X асрлардан Ўрта Осиёда яшаётган пайтларидаёқ қабул қилган эдилар. Жануб томон XI асрда силжий бошлаган туркларнинг бир шохобчаси Салжуқ бошчилигида Форсда жойлашиб қолиб, 1055 йилда Бағдодни босиб олди. Иккинчи шохобчаси – ғурийлар Қобулни эгаллаб, у ерда ўз ҳокимиятини ташкил этдилар. Бошқа бир кичик шохобча Форс ва Ироқ орқали ўтиб, монголлар истилоси даврида Фурот дарёсининг юқори қисми соҳилларида маълум вақтгача қарор топдилар. У пайтда ҳали мусулмонлар ўз эътиқодлари учун салибчиларга қарши жанг олиб боришаётган эдилар. Ҳамма жабҳаларда – Кичик Осиёда ҳам, Шомда ҳам кўнгиллиларга эҳтиёж сезиларди. Туркларнинг кўпгина гуруҳлари шу минтақага бориб-келиб юришди, айримлари элхонлар ҳукмронлиги даврида бекликларни қўлга киритдилар. Ана шундай гуруҳлардан бирига Усмон исмли турк саркори бош бўлиб, унинг тарафдорлари усмонли турклар деб аталадиган бўлдилар (кейинроқ уларни оврупоча талаффузда «усмонийлар» деб номлай бошладилар). У ўзи бошқарган кўплаб жанглардан бирида ҳалок бўлганидан кейин ўғли Эртўғрул Кўнйонинг салжуқий султони Алоуддин II хизматига ўтади. Жасур жангчилари билан донг таратган бу туркларни султон византияликларга қарши савашда синаб кўрмоқчи бўлди. У Эртўғрулни Мармар денгизининг жанубий соҳилида жойлашган Сўғундга бек қилиб тайинлаб, унга чегара посбонлигини топширди. 1289 йили Эртўғрул вафот этгач, қабилага бошчилик ҳамда чегара туманига эгалик қилиш унинг ўғли Усмон ихтиёрига ўтди.
УСМОН I (1290-1326 йиллар). Усмон усмонийлар давлатининг асосчиси ҳисобланиб, унинг номини турклар ҳозир ҳам ҳурмат билан тилга оладилар. У ўз халқини буюклик даражасига кўтаришни орзу қиларди. Салжуқийлар ва ғурийлар қўлга киритган ютуқларни яхши билган Усмон, нега менинг халқим ҳам шундай улуғ тақдирга арзимас экан, деб ўйларди. Унинг олдида турган ойдин вазифа Византия империясини тор-мор келтириш эди. У Ғарбга ўз империяси сифатида қарамоқчи бўларди, бунга эришмоқ учун эса халқига куч-қувват ато этиши зарурлигини яхши биларди. У византияликларни енгиб, ҳеч бўлмаганда уларнинг Кичик Осиёдаги истеҳкомини – кўҳна Бурса шаҳрини ёки Никодемияни забт этиб, лоақал кичикроқ мустақил бир амирликка эга бўлиб олгач, Мармара денгизи орқали Триест таянч нуқтасини қўлга киритиши даркор эди. Усмон ўғли Ўрхон билан биргаликда ана шуларнинг ҳаммасига эриша олди. Саргузашт ишқибози бўлган кўпгина мусулмонлар, савдогарлар, ҳатто яҳудийлар унга келиб қўшилдилар. Улар мададидан куч-қувватга тўлган Усмон византияликларга қарши бир неча ғазавот уруши олиб бориши натижасида Мелангнор шаҳрини забт этди ва унга Қаржаҳисар номини бериб, ўз пойтахтига айлантирди. Сўнгра муҳим Бурса қалъасини қамал қилдики, бу шаҳар 1326 йили, яъни унинг вафоти йили таслим бўлди. Кичик бир давлатига амир бўлган Усмон ўзини мустақил деб эълон қилиб, жонажон туркларини буюк мақсад сари бошлаб борди. Уларга интилиш ва қаҳрамонона ҳаракатлар васият қилди. Унинг ўрнини Ўрхон I эгаллади.

ЎРХОН I (1326-1359 йиллар). Ўрхон I Усмоннинг жасадини катта дабдаба билан Бурса қўрғонидаги черковга дафн эттирди. Шундан буён масжидга айлантирилган бу иморат турк султонларининг даҳмаси бўлиб қолди. Ўрхон Никодемияни босиб олиб, у ерда биринчи турк мактабини очди. Ажойиб фазилатлари билан яхши маълум Довуд ал-Қайсарий унга раҳбар этиб тайинланди. Ўрхон отаси анъаналарини давом эттириб, 1330 йили Филокрин яқинида византияликларга зарба берди, шаҳарни эгаллаб, у ерда мактаблар ҳамда саноат корхоналарини очдирди. Миллатнинг ҳақиқий бунёдкори сифатида у барча эски юнон билимгоҳларини сақлаб қолди: уларни Ислом тартиб-қоидаларига мослаштириб, ўзиники қилиб олди. Қўшинларини қайта қуриб, ғоят истеъдодли додхоҳ Қора Халил Жондорли Хайриддин Пошшони уларга бош қилиб қўйди. Деярли бутунлай отлиқ аскарлардан иборат турк қўшинлари учун янгича пойабзал кийишни урф эттирди. «Жоннисорлар» (дин учун ўлимга ҳам тайёрлар) деб номланган ҳарбий қисм ташкил қилдики, у кейинчалик шон-шавкати ҳамда чексиз садоқати жиҳатидан турк қўшинларида энг яхши қисмга айланди. Унинг аъзолари жоннисорлар номини олдилар. Дастлаб қарам насроний ўлкаларнинг фарзандларидан ҳам улар сафига олишиб, алоҳида имтиёзли шароитларда таълим берилди. Бу йигитларнинг кўпларидан машҳур додхоҳлар етишиб чиқди, уларнинг ҳаммаси мусулмон саналарди. Султонга мутаассибларча содиқ кишилардан ташкил топган бу қисм махсус қўшин сифатида донг таратди. Жоннисорлар қарийб уч юз йил мобайнида етакчилик қилишиб, кейин айниб кетдилар.

ЎРХОН ВА ВИЗАНТИЯЛИКЛАР. Шу даврга келиб Византия империяси анча кичрайиб қолганди. Аввалига салжуқийлар, сўнгра усмонийлар византияликларни Кичик Осиёдан суриб чиқардилар. Жануби-шарқий Овруподаги Византия императорининг давлати сербларнинг куч-қудратга тўлиб келаётган давлати томонидан қулатилди. Булғорлар ҳам ҳужумга ўтдилар. Венеъия давлатларини ҳамда Генуя Эгей денгизидаги бир нечта оролни эгалладилар. Ана шундай бир пайтда император Андроникус III вафотидан кейин (1331 йил) унинг беваси Анна император хоним бўлиб, Кантакузин исмли кимса эса унга муваққат васийликни ўз зиммасига олди. Тез орада улар ўртасида келиб чиққан низо натижасида Кантакузин Ўрхон I билан иттифоқ тузаркан, унинг қизи Теодорага уйланиб, эвазига вақтинча олти минг кишилик қўшин ажратиб беришни илтимос қилди. Кантакузин турк отлиқ аскарлари ёрдамида Аннани енгиб, ўз рафиқаси билан биргаликда императорликка кўтарилди. Тўрт йил ўтиб, 1349 йили серблар Византияга қарши қўлга қурол олганларида император Константинопол маликаси билан биргалашиб, иккинчи бор турк қўшинларини ёрдамга чақиришди. Ўрхон яна йигирма минг отлиқ ва пиёда аскарлари билан мададга келди. Тўрт йилдан кейин Кантакузин император хоним Аннанинг балоғатга етган ўғли Жон Палеолугос билан жанжаллашиб қолиб, тағин қайнотасидан кўмак сўрашга мажбур бўлди. Бу гал у Ўрхонга мамлакатнинг Халлеспонта деб аталган Оврупо қисмидаги Тзимпе қалъасини ишониб топширди. Ўрхон ўз ўғли Сулаймонга ваколат бериб, кучли ҳарбий қисм билан шу қалъага жўнатди. Тадбиркор йигит Сулаймон зилзила сабабли Галлиполи қалъаси вайрон бўлганлигидан фойдаланиб, уни ҳам эгаллади. Кантакузин бунга норозилигини баён қилганида Ўрхон тез-тез кўрсатилиб турилган ёрдам олдида шу хароба қалъани арзимаган нарса, деган фикр билдирди. Бундай муомала асло маъқул тушмаган император тўполон кўтариб, насроний дўстлари – серб ва булғор қиролларидан ёрдам сўраганида улардан рад жавобни олди. Бу воқеа византияликларнинг Кантакузинга нисбатан ғазабини аланга олдириб юборди. Уни сотқинликда айблашиб, тахтдан воз кечишга мажбур қилдилар. Фурсатдан фойдаланиб, Жон Палеолугос турклар қалъани тарк этишлари учун жон куйдирди, лекин унинг бу режаси рўёбга чиқолмай қолди. Чунки турклар у ерда маҳкам ўрнашиб олган эдилар. Улар ҳозир ҳам шу ерда муқим яшаб келишяпти. Сулаймон отидан йиқилиб қазо қилганида Ўрхон жуда қаттиқ куйинди. Унинг ўзи севимли ўғлидан бир йил кейин, 1359 йилда вафот этди. У яхши раҳнамо, буюк ташкилотчи, ажойиб маъмур ва миллатнинг вужудга келишида ҳақиқий бош бўлган киши эди.

МУРОД I (1359-1381 йиллар). Ўрхон ўрнига Онодўлида хизмат қилаётган пайтидаёқ Ангорани эгаллаган иккинчи ўғли Мурод келди. Ўрхон вафотидан кейин савдогарларнинг оқий бирлашмаси ёрдамига таянган онодўлиликлар қўзғолон кўтаришди. Мурод тезда орқага қайтиб келиб, қўзғолонни бостиргач, Триест довонидан ошиб ўтиб, Демостикени ўзига қароргоҳ қилиб белгилади. Шу ердан туриб у Болқон шаҳзодаларига қарши кўплаб чора-тадбирларни амалга оширди. Мурод 1362 йили Адрианополни забт этиб, пойтахтга айлантиргач, Константинополни Болқондан ажратиб олди. Сўнгра Болқон князликларини кетма-кет қўлга кирита борди. Унинг Эвренос ва Лала Шалин исмли додхоҳлари Тчорлу ва Кирк Килисса қалъаларини эгаллашди. Энди қўшин тортиб келиш навбати Византия императорига етган эди, бироқ Мурод Эски Бобо бўсағасида уни мағлубиятга учратиб, Филипполини ҳам қўлга киритди. У ҳужумни тўхтатмаган ҳолда Болқон тоғларигача бўлган барча ерларни босиб олди. Шу билан Мурод Болқон халқи қалбига титроқ соладиган раҳбарга айланди, булғор қироли Шишам эса товон, солиқ тўлашга ҳам рози бўлди.

ТУРКЛАРГА ҚАРШИ ДАСТЛАБКИ САЛИБ УРУШИ. Салиб юришлари якун топган эди. Шом забт этилиб, яна қўлдан чиқарилганди. Салибчиларнинг Фаластиндаги сўнгги қалъаларини мамлуклар тортиб олганларидан буён юз йиллаб давр ўтиб кетган бўлса-да, Папа ғарб салибчиларининг маънавий отаси сифатида ҳали ҳам маънавий тазйиқ ўтказиб туришга қодир эди. Шундай қилиб, Византия императори ёрдам сўраб мурожаат қилганида Папа Урбан V Оврупо тождорлари эътиборига эски шиорни ҳавола қилди. Жавоб ҳам илгаригидек бўлди. Мусулмонлар дегани қандай халқ ўзи? Уларни монголлар синдира олмаган, торторлар йўқ қилолмаган бўлса!.. Мана яна бош кўтариб чиқишяпти. Бу гал Оврупонинг бошқа бир бурчагидан… Бу саволлар ҳамманинг ақлини банд қилган эди. Салибчилар йиғилишиб, бошчи қилиб сайлашган Асмодеус Савойский ўз ҳарбий денгиз кучлари ва қўшинларини ҳозирлаб, Галлиполини босиб олганида турклар унга ҳужум қилиб, ҳайдашлари билан салиб юриши ҳам тугади. Лекин бу туркларга қарши юришларнинг сўнггиси эмасди. Шундан кейин Болқон давлатлари Сербия қироли раҳнамолигида бирлашиб, турклар қароргоҳига ҳужум қилдилар. 1371 йилда Мариъа дарёси яқинида ниҳоятда катта жанг бўлиб ўтди. Серблар ва уларнинг иттифоқчилари тор-мор келтирилиб, Мурод Македонияни эгаллади. У энди ҳатто Албания ва Юнонистонга ҳам юришлар уюштира бошлади. У Болқонда беқиёс катта қудратга эга бўлганлиги натижасида Константинопол императори Жон Палеологус турк султони қарамлигига тушиб қолди.

ЗАФАРЛАР ДАВОМИ. КОСОВО ЖАНГИ (1389 йил 20 июн). Муроднинг додхоҳлари, айниқса, Хайриддин Жондорли ва Ҳожи Элберзи амирнинг ўзи сингари дилбар кишилар эди. Улар навбатдаги янги ғалабалари арафасида муайян тадбирларни амалга оширдилар. Румелия пойтахти София 1385 йилда, Ниш шаҳри 1386 йилда қўлга киритилди. Бу ғалабалар туфайли турклар кучига куч қўшилиб, Сербия қироли Лазар ҳам Мурод I га итоат қиладиган бўлди. Италия жумҳуриятлари Муроддан савдо-сотиқ шартномаларини қўярда-қўймай талаб қила бошладилар. Генуя жумҳурияти эса у билан биринчи бўлиб савдо битими тузди. 1388 йили Венеъия бундан намуна олиб, Мармар денгизи орқали сузиб ўтиб, Русия ҳамда Қора денгиз соҳилидаги бандаргоҳлар билан савдо-сотиқ қилиш ижозатига эришди. Булғор подшоҳи Шишам III унга синглисини хотинликка бериб, иттифоқ тузган бўлса ҳам, Болқондаги бошқа давлатлар, серблар ва боснияликлар тазйиқи остида туркларни олға боришдан тўхтатишга яна бир бор уриниб кўрди. У жуда катта қўшинни сафарбар этганлиги натижасида насронийлар бироз устунлик қилган бўлсалар-да, додхоҳ Хайриддин Жондорлининг ўғли Али Пошшо Тирново ва Шумлу шаҳарларини босиб олди. Шундай пайтда бошқа бир иттифоқ вужудга келиб, Болқондаги барча давлатлар туркларга қарши уюшдилар. Серблар, булғорлар, боснияликлар ҳамда валахияликлар серб қироли Лазар саркардалигида бирлашувлари натижасида 1389 йил 20 июнда Косовода буюк жанг бошланиб кетди. Турклар иттифоқчиларини тор-мор қилиб, уларга қақшатқич зарба бердилар. Мурод жангда қурбон бўлди, лекин унинг ўғли шаҳзода Боязид олишувни давом эттирди. Қирол Лазар ҳам савашда ўлдирилиб, уруш тамом бўлди.

МУРОДНИНГ ЮТУҚЛАРИ. Усмон усмонийлар отаси, Ўрхон эса подшоҳлик асосчиси ҳисобланса бўлади. Лекин шу подшоҳликни империяга айлантирган киши Мурод I эди. Бу буюк фотиҳ Болқон халқларининг адабини шу даражада бериб қўйдики, турклар Овруподаги ҳар бир уйда оғиздан тушмайдиган бўлиб қолди. Жасурлик, қатъият ва тадбиркорлик унга хос хусусиятлар эди. У, шунингдек, яхши дипломат ҳисобланарди. Истило натижасида нимагаки эришган бўлса, ҳаммасини шартнома ёки иттифоқ тузиш ёхуд савдо битимлари воситасида қўлга киритди. У ўғли Боязидни Кариме (Қрим) амирининг қизига уйлантириб, қудасига тегишли давлатнинг бир бўлагини келиннинг сепи-совғаси сифатида ўзига қўшиб олди. Ҳамид давлатининг ҳар қисмини сотиб олиб, Кичик Осиёда ўз тасарруфи доирасини кенгайтирди. Урушда у душманларига даҳшат соларди. Унинг даврида турк қўшинлари Дунай дарёсини ҳам кечиб ўтдилар. Қўшинлари эса Оврупода пешқадам эди. У шон-шараф анъаналарини мерос қилиб қолдирдики, авлодлари уларни узоқ давр давомида авайлаб-асрадилар.

БОЯЗИД I (1389-1402 йиллар). Мурод ўрнига келган шаҳзода Боязид ўз аждодларига хос бутун жасоратини намойиш қилди. У Косовадаги ғалабани сабот билан охирига етказиб, сербларнинг янги қироли Стефанни таслим бўлишга мажбур қилди. Қўшинлари бошида Валахияга (ҳозирги Руминия) кириб олгач, унинг шаҳзодасини товон тўлашга мажбур этди. Бутун Булғория ҳам туркларнинг тобора кенгайиб бораётган империяси таркибига кирди. Боязиднинг ўғли Сулаймон Тирновони, Никополис, Велдин қалъаларини ва Силистрияни эгаллаб, шу билан турклар Можаристон сарҳадларига чиқиб олдилар. Султон бу давлатга ҳам қўшинларини йўллади. Жанубда унинг денгиздаги кучлари Эгей оролларига ҳужумни бошлаб юбордилар. Китобимизнинг IX бобида эслатиб ўтилганидек, у ўз бошига бало орттириб, Византиянинг Кичик Осиёдаги сўнгги қўрғони бўлиб турган Филаделфияни ҳам қўшиб олгач, бутун Кичик Осиёни забт этиб қўя қолиш тўғрисидаги хаёлга бориб қолди. Бироқ шунгача Боязид Константинополни қамал қилиб турган эди. Қамал саккиз йил (1391-1398 йиллар) давом этди. Шу давр ичида у бировларни императорликка тайинлади, кимларнидир тахтдан ағдарди, лекин шаҳарни босиб ололмади. Чунки Можаристон қироли Сигизмунд бошчилигида Оврупо насронийлари туркларга қарши янги салиб юришини бошлаб юборган эдилар. Болқондаги барча ҳукмдорлар ҳамда Англия, Фарангистон ва Олмониянинг паҳлавон жангчилари салибчиларга қўшилдилар. Уларга Папа ҳам ён босди, Можаристон ва Генуя тижоратчи давлатлари ёрдам беришди. 1396 йил 25 сентябрда Никополис учун бўлган жангда туркларни қарши олган салибчилар мағлубиятга учрадилар. Турклар уларнинг қўшинларини том маънода қиймалаб ташлашди. Шундан сўнг турк қўшинлари Юнонистон устига юриш қилиб, уни ҳам босиб олдики, бу Боязид давлати шуҳратининг чўққиси бўлди. Шундай шон-шуҳратдан эсанкираб қолган Боязид ўзидан устун Темурга қарши жанг бошлаб, мағлуб бўлди ва тутқунликда ўлиб кетди. Унинг вафотидан кейин ўғиллари орасида ўзаро олишув бўлиб, 1413 йилда шаҳзода Муҳаммад ғолиб чиқди.

МУҲАММАД (1413-1421 йиллар). Муҳаммад ҳаммаси бўлиб саккиз йилгина мамлакатни бошқарди. Лекин бу йилларнинг ҳеч бири бекор ўтмади. Энг аввало у усмонийлар империясида тартиб ўрнатди. Ўзларини ўнглаб олган болқонликлар Боязид авлодларининг ўзаро талашувларидан фойдаланиб гоҳ у ер, гоҳ бу ерда бош кўтара бошлаган эдилар. Муҳаммад султон бўлгач, ана шундай кўтарилишларга қаттиққўллик билан чек қўйди. Лекин туркларга ашаддий душман бўлиб қолган венеъияликлар шунга қадар Галлиполига ҳужум қилиб, уни босиб олишга улгуришган эди. У қадар қудратли бўлмаган ҳарбий-денгиз кучларига эга Муҳаммад Венеъиянинг денгиз кучларига қарши тура олиш мақсадида бу мамлакат билан сулҳ битими тузди. Бироқ шу пайтда бошқа муаммо келиб чиқди: мусулмонларга мансуб бир бидъатчи ўзини ҳалоскор деб эълон қилди. Кичик Осиёдаги ғарбий соҳил бўйлаб ҳаракат бошлаган бу киши Бадриддин Маҳмуд бўлиб, у асл соъиализм ғоясининг5 кўплаб тарафдорларини йиғишга эришди. Султон Маҳмуд Бадриддинга қарши юборган қўшин мағлубиятга учради. У бошлаган бошқа бир юриш ҳам барбод бўлди. Ниҳоят шаҳзода Мурод Оврупо Туркиясининг саркардаси Боязид Пошшо ҳамроҳлигида катта қўшинга бош бўлиб бориб, Бадриддин кучларини тор-мор келтирди ва бидъатчиликни ҳам таг-томири билан тугатди. Муҳаммад қазо қилгач, Мурод тахтга ўтирди.

МУРОД II (1421-1451 йиллар). Тахт эгаси Мурод ҳали жуда ёш эди. Насронийлар уни ағдариб ташлашни осон кўрдилар. Туркларни яксон қилиш орзуси овруполиклар қалбида пишиб етилган эди. Ўзини султон Боязиднинг ўғлиман, бинобарин, Муродга амаки бўламан, деб овоза қилиб юрган Мустафо исмли киши Константинопол императорига жуда қўл келиб, у қўзғолонга даъват билан бирга қўшин ва пул бергач, Мустафо Муродга ҳужум қилиб, Адрианопол остонасида ғолиб чиқди. Лекин Туркиянинг Осиё қисми ёрдамига таянган Мурод Константинополга ҳужум қилди, император эса ёрдам сўраб Венеъияга мурожаат этди. Венеъия денгиз кучлари унинг орқа томонидан шу қадар шиддатли ўқ ёғдирдики, натижада Мурод ўзини қуршовда қолдирди. Венеъия ҳатто Салоникини Юнонистондан ажратиб олиб, унинг билан иттифоқда турклар эгаллаб турган жойларга ёпирилиб бордилар. Шу оралиқда Мурод венеъияликларнинг Эгей денгизида эгаллаган мавқеларига қарши ўз денгиз кучларини юборди. 1430 йили Салоникини қўлга киритган турклар у ерда туриб қолмасдан, яна илгарилаб бориб Қибрисни ва Албаниянинг катта қисмини забт этдилар. Ўша пайтда Венеъияда нотинчлик эди, чунки унга Милан давлати ҳужум қилишга ҳозирланаётганди. Шу сабабли венеъияликлар чақириб олиниб, ғолиблик Мурод иккинчига насиб қилди.

ЖОН ХУНЁДИ – МОЖАРИСТОН ҲИМОЯЧИСИ (1442 йил). Айни куч-ғайратга тўлиб-тошган Мурод Можаристонга қўшин юборди, лекин унинг юриши ноқулай вақтга тўғри келди. Можар халқи ўзига раҳнамо топган эди. Кўплаб ажойиб фазилатлар соҳиби Жон Хунёди ана шундай зот бўлиб чиқди. Юртдошлари бу ғоят машҳур саркарда бошчилигида жанг қилишдан ўзларида мамнуният сезардилар. Хунёди садоқатли қўшинини туркларга қарши зафарли савашга бошлаб борди. Бу ғалаба тўғрисидаги хабар бутун Оврупони қувонтирди. Ниҳоят туркларни енга олган раҳбар ўзлари ичидан чиққанлигидан насронийлар бениҳоя хурсанд эдилар. Шунинг учун улар янги салиб юришини бошлаш фурсати етди, деган хаёлга бордилар. Папа ҳам зўр умидлар билан ҳамма ёққа ўз хабарчиларини йўллади. Болқондаги барча халқлар бунга хушнудлик билан жавоб бердилар. Можарлар, боснияликлар, валахияликлар ва серблар аллақачон керакли жойда шай туришарди. Муқаддас ишдан поляклар ҳам четда қолмадилар. Салибчилар бошида эса Жон Хунёди турарди. У Нишни босиб олиб, София томон йўналди. Мурод олдида иккита имконият турарди. Биринчидан, унинг қўшинлари аллақачон енгилган бўлиб, бундай катта кучга муносиб қаршилик уюштиришга ҳозирча вақти йўқ. Жангга киришадиган бўлса, яна мағлубиятга учраши мумкин. У аламли ечимга келиб, сулҳ тузиш тўғрисидаги музокарага борди. 1443 йилги Шежедин сулҳига кўра, Мурод Сербиядан воз кечиб, Можаристон қиролига Валахияни инъом этганидан кейин ўн йилга тинчлик ўрнатилди. Бу доно қарор бўлса ҳам, Муроднинг дилини пора қилганди. У номус ўтида қаттиқ куйинганлигидан ҳатто тахтидан воз кечиб, уни ўн тўрт яшар ўғлига қолдирганича ўзи Онодўлига қайтиб келди.

1444 ЙИЛГИ САЛИБ ЮРИШИ. Оврупо тантана қилмоқда. Беҳад хурсанд Папа кўнглидан «Мана ниҳоят туркларни ҳам тинчитдик», деган фикр ўтди. Насроний ҳукмдорлар битимни тан олишмади, эҳтимолки, Папа салиб юришини олиб бориш мақсадида шундай бўлиши учун оёқ тираб туриб олгандир. Можаристон қироли барчанинг фикрини қабул қили, Булғорияга қўшин тортди. Бунга венеъияликлар ҳам қўшилишга рози бўлдилар-у, бироқ салибчилар билан Варнада бирлашиш учун ўз денгиз кучларини юбориш ниятида эканликларини билдирдилар. Бу миллий буҳрон эди. Салибчилар ҳужумга ўтиб, империя хавф остида қолди. Турк зодагонлари эса Муродга қўрқинчли миш-мишлар етказиб, унинг йўлидан қайтишини ўтиниб сўрадилар. Ёлғизликдан зериккан Мурод Адрианополни кесиб ўтиб, турк қўшинларига саркардаликни қабул қилди. Бундан илҳомланган турклар қўрқув туйғусини унутдилар. Мурод салибчиларни Варнада қарши олиб, тор-мор келтирди. Можаристон қироли Владислав жангда ҳалок бўлди. 1448 йилда Жон Хунёди катта қўшин билан яна қайтиб келди, бироқ Мурод 17 октябрда Косовода бўлиб ўтган иккинчи савашда уни енгиши натижасида ўзининг барча ерларини қайтариб олди. Султоннинг номи яна Оврупода ваҳима уйғотадиган бўлди.

МУРОД II – ҲУКМДОР. Кўпгина жозибали фазилатларга эга бу ғоят машҳур султон усмонийлар империясига чексиз садоқатли раҳбар, йирик ҳарбий саркарда ва донгдор инсон саналарди. У ўз хатти-ҳаракатларида қатъиятли, адолатли, меҳр-оқибатли эди. Фан ривожини рағбатлантириб турарди, кўпгина араб ва форс мумтоз асарлари унинг даврида турк тилига ўгирилди. Тобора оммалашиб бораётган бу тилда насрий ва шеърий асарлар ёзила бошланди. Мурод тақводор инсон бўлса ҳам, ғайридинлардан инсонпарварлик муносабатларини аямасди. Насроний бандилар билан муомаласи унга халқаро иззат-ҳурмат келтирди. Ҳамма жойда унинг фикри билан ҳисоблашардилар, чунки билардиларки, у ҳеч қачон айтганидан қайтмайди. Мурод ажойиб усмоний султонларидан бири эди.

МУҲАММАДНИНГ ЗАБТКОРЛИГИ (1451-1481). Энди тожу тахт энг йирик турк султонларидан бирига – Муҳаммад алайҳиссалом динининг жонкуяри сифатида Забткор номи билан шуҳрат қозонган Муҳаммад II га тегди. Тахтга ўтирганида энди 21 ёшда бўлган бу йигит ўттиз йил подшоҳлик қилди. Амир Муовия давридан бери кўплаб қамалларга бардош бериб, Ислом кучларига таслим бўлмаган Константинополни босиб олишни ўзига мақсад қилиб қўйди. Унинг императори туркларга қарам бўлиб, солиқ тўлаб турарди, шаҳар барча овруполиклар учун ва, айниқса, юз эллик йил мобайнида турклар билан жангу жадаллар олиб борган Шарқий Оврупо насронийлари учун очиқ эди. Илгариги султонлар Босфорнинг Осиё қисмида, Константинополга бевосита яқин бўлган Онодўли Ҳиссор деб номланган жойда қурдирган қасрини у Румели Ҳиссор, яъни Оврупо саройи деб атади. Қалъа қуриб тугатилгач, Муҳаммад ўрта асрлар охирида ўз номи билан боғлиқ машҳур бўлиб қолган қамалларидан бирини амалга оширишга киришди.

КОНСТАНТИНОПОЛНИНГ БОСИБ ОЛИНИШИ (1453 йил). Эски шаҳарда 10 минг аскар бор эди. Венеъияликлар ва юнонлар туркларнинг шу атрофдаги ҳарбий-денгиз кучлари устунлигига қарамасдан, қуршовда қолганларга ёрдамга келдилар. Шаҳар шарқ томондан ҳимоя қилинди. Чунки византияликлар йўғон чўян занжир тайёрлатишиб, у билан Олтиншоҳ кўрфазини бирорта кема киролмайдиган даражада тўсиб қўйган эдилар. Муҳаммад II шаҳарнинг қувватли деворларини ғарбий ва шимолий томондан ўққа туттирди, бироқ эпчил ҳарбий қисм унинг ўпирилган жойларини зудлик билан ямаб турарди. Муҳаммад шаҳарнинг жанубидан ёки шарқидан кўринишга жазм этмади. «Занжирни узишга уриниб кўрсаммикин?» Бунга ҳам имконият йўқ, чунки шаҳар девори устига ўрнатилган тўплар тўппа-тўғри кўрфазни нишонга олиб туришарди. Қани энди кемалари нариги томонда бўлса! Умуман уларни бошқа соҳилда барпо этса бўлармиди? Йўқ, бўлмасди, сабаби у томонда бирорта кемасозлик майдони йўқ. Улар қирғоқ бурунларига урилишлари ва қитъа кўрсаткичи ёнидаги гирдобда соҳиллар орасида илиниб қолишлари мумкин эди. Таваккал қилиб кўрсинми? У денгизчи муҳандисларга маслаҳат солди. Улар бир синашиб боқишга, ўз навбатида Муҳаммад эса бунинг учун катта мукофот беришга ваъдалашдилар. Қуруқлик оша етмишта енгил кемани Қора денгизга судраб олиб келиб, тўлиқ жиҳозланган аскарлари ва замбараклар билан сузишга қўйиб юбордилар. Унчалик катта бўлмаган бу денгиз кучлари шаҳарга орқа томондан ҳужум қилишиб, қуршовни дарз кетдиришди. Муҳаммад ғарб томондан зарба бериб, қалъа деворининг йиқитилган жойидан эски шаҳарга бостириб киришга муваффақ бўлди. Қонли жангда сўнгги император Константик ўлдирилди. Венеъияликлар ва генуяликларнинг кемалари кўпгина насронийларни омон сақлаб қолдилар. Ниҳоят, қудратли Константинопол шаҳри таслим бўлди. Бу воқеа катта сиёсий аҳамият касб этмади, чунки турклар юз йиллар мобайнида Болқонда хўжайинлик қилиб турдилар. Лекин мазкур ғалабанинг бошқача бир аҳамияти бор эди. Қадимий маданият соҳиби бўлган бу шаҳар собитқадам черков маркази ва азалий императорлар маскани бўлиб бўлиб келганди. Унда бутун Оврупо ардоғидаги Авлиё София кафедрал собори жойлашган. Шу сабабдан ҳам шаҳарнинг қўлдан кетишидан бутун қитъа оғир қайғуга чўмди. Ойдинлар шаҳарни тарк этишаркан, қадимий адабий хазинани ўзлари билан олиб кетиб, Оврупони бойитдилар. Бироқ қитъа аҳолиси бу йўқотишни ҳеч қачон унута билмади ва туркларни ҳам авф эта олмади. Шу даврдан бошлаб Овруподаги ҳар бир қўл туркларга қарши чўзилаверадиган бўлди. Қитъадаги барча халқлар бирин-кетин улар билан курашиб чиқдилар, шу тариқа уруш тўрт юз йил давом этди. Насронийлар 1492 йили Ғарнотадаги сўнгги мусулмон подшоҳлигини барбод қилмагунларича унга ҳужум қилавериб аламларидан чиқдилар.

МУҲАММАД ФОТИҲ. Бундай унвонга у фақат Константинополни забт этганлиги учун эмас, балки кўп марталаб зафар қучганлиги туфайли сазовор бўлган. Хунёди ҳали турк ерларига юриш қилиб турарди. Муҳаммад ҳам ўз навбатида 1456 йилда Сербиянинг пойтахти Белград шаҳрини қамал қилди. Шундай бир пайтда Хунёди вафот этиб, Муҳаммад эса ғолибона юришини давом эттирди. У 1458 йилда Сербияни, 1458 ва 1461 йиллар оралиғида Босния билан Ҳеръеговинани эгаллади. Бу минтақаларда кўпчилик Ислом динини қабул қилди. Шу йиллари туркларнинг денгиз кучлари Эгей баҳридаги оролларни босиб олди. Бироқ ҳар қадамда Венеъия ва Генуяга мададкор бўлиб келаётган машҳур Искандар бошчилигидаги Албания бир чеккада қолаётган эди. Искандарбек вафотидан кейин 1467 йили бу малакат ҳам босиб олинди. Ана шу ғалабалар Оврупони таҳликага солиб қўйди. Мусулмонларнинг бошқа бир шохобчаси қитъада шарқ томондан ҳам хуруж қилаётган эди. Венеъия, айниқса, ташвишга тушиб қолди. Усмонийлар Византияга қарам барча Эгей оролларини эгаллаб, Венеъия билан Русиянинг кўпгина тижорат бозорлари жойлашган Қора денгиз бандаргоҳларига олиб борадиган савдо йўлини ёпиб қўйдилар. Ҳаяжонга тушган Папа яна «Насронийлар хавф остида!» деган эски даъват билан навбатдаги салиб юришини уюштиришга чоғланди. У ҳатто маълум натижага эришди ҳам. Можаристон билан Венеъия жангга ҳозирлик кўра бошлашди, бироқ бундан ҳеч нарса чиқмади. Бетайинликдан чарчаган турклар орқага қайтиб кетдилар. 1469 йили Долматия ва Хорватия, 1470 йили Адриатика денгизидаги Негропарте бандаргоҳи эгалланди. Венеъияликлар Форс билан иттифоқ тузиб, шоҳни шарқдаги туркларга қарам ўлкаларга ҳужум қилишга тезлашди. Форслар жангга отландилар, лекин турклар 1473 йилида Эрзинжонда уларга зарба берганларидан кейин Венеъия томонга бурилиб, шимолий Албаниядаги бир қанча шаҳарларни ҳам қўлга киритдилар. Венеъия денгиз кучлари Скутарига ҳужум қилди, турк денгизчилари эса Адриатикага сузиб кирганларича Венеъиянинг ўзини нишонга олишиб, уни муомалага ўргатиб қўйганликларидан ташқари кўп кулфатларга сабаб бўлган урушга чек қўйган сулҳ битими имзоланишига ҳам бошлаб келдилар. Турклар юқори Албанияни, Негропартени, Эгей оролларини ишғол қилдилар. Қора денгизда савдо қилиш ижозати учун Венеъия ҳар йили султонга 10 минг дукат тўлаб туришга рози бўлди.

МУҲАММАДНИНГ ҲУКМДОРЛИГИ. Муҳаммад фотиҳликда ҳам, маъмур сифатида ҳам буюк эди. Константинополни эгаллагач, у насронийлар ва юнонларга шаҳарда қолишга рухсат берди, ҳатто юнонларнинг қабила бошлиғи Геннадиосни турк ерларидаги барча насронийларнинг дин пешвоси сифатида қабул қилди, арман черковини ҳам эътироф этди. Янги сарой ҳамда подшоҳ қулларини ўқитиш учун мактаб қурдирди ва янгича ўқув тартибини жорий этди. Хорижий юртларнинг элчиларини султонга рўпара бўлишларига қадар қабул қилиб туриш учун бош вазирга ўз саройига эга бўлиш ихтиёри берилди. Бу сарой Боби Али (Катта дарвоза), Оврупода эса «Гранд гейт» ёки «Сублим порте» деб ном олган. Куч-қувватга тўлган Муҳаммад улуғ ниятлар билан яшарди. У, шунингдек, шеърият ва санъатга ихлос қўйган маданиятли киши эди. Ислом тадқиқотларига зўр мухлис бўлган Муҳаммад, айниқса, форс шеъриятини жуда севарди, юнон маданиятига қойил қоларди. Бир куни унга Рагуси шаҳридан юнон қўлёзмаларини ҳадя қилиб келтиришганди. У ҳуқуқшуносликни йўлга қўйди, мактаб очдирди, масжидлар ва касалхоналар қурдирди, ғоят илғор дунёқарашга эга бўлганлиги учун фанлар ва билим соҳасига ҳомийлик қилиб турар, фозилу фузалолар билан мулоқотдан жуда роҳатланар эди. У бутун Оврупода ажойиб инсон сифатида танилди. Венеъиялик рассом Беллини унинг тасвирини акс эттирган.

САЛИМ I (1512-1520 йиллар). Муҳаммад ўрнига келган унинг ўғли Боязид отаси каби жанговарлик фазилатларига эга бўлмаса-да, ақлий меҳнатни ва санъатни севишда ундан қолишмасди. Унинг султонлик даврида венеъияликлар Қибрисда ўзларига қўрғон яратиб, шу ердан туриб турклар билан олишмоқчи бўлдилар, бироқ турк адмирали Камол Раис денгиздаги катта жангда уларни енгиб чиқди. Турк денгизи кучлари Лепантони, Модонни ва Юнонистоннинг ғарбий соҳилидаги Коронни забт этди. Умуман турк қўшинлари Венеъиянинг асосий ҳудудига кириб, Вайсенъиягача етиб борди. Турклар учун жуда муҳим бўлган шундай бир пайтда Венеъия сулҳ сўради. Боязид салтанатининг охирги йилларида ўғиллари унга қарши қилич кўтариб чиқдилар. Ўзаро олишувларда катта шаҳзода Салим ғолиб келди. У ўзининг буюк жангчи эканлигини кўрсатиб, форс шоҳи Исмоилни енгди, сўнгра Шом томон от сурди. Шоҳ Исмоилнинг дўсти билан мамлук Султон Консоч ал-Ғурий унга катта қўшин билан қарши чиқди. Шунга қарамасдан, 1516 йил 24 августда Марж Дабиқда Салим мамлуклар устидан ғолиб чиқди. Консоч жангда ҳалок бўлиб, Салим Ҳалаб ва Дамашқни истило қилди. Янги мамлук султони ўзи устидан Салимнинг ҳукмронлигини тан олмаганлиги оқибатида Салим 1517 йил 22 январда Мисрга бостириб бориб, Қоҳирани эгаллади. Буржи мамлуклар империяси қўлга киритилиб, уларнинг сўнгги султони Туманбей қатл этилди. Қоҳирага турклардан додхоҳ-ҳоким тайинланиб, унга ҳарбий қисмлар ажратиб берилди. Бироқ ички маъмурият эски ҳолича қолган эди. Маккаи шариф таслим бўлди. Шундай қилиб, Салим бепоён Шарқий империя соҳиби бўлди. Бироқ у қайтиб келаётиб, йўлда қазо қилди. Бор-йўғи саккиз йил ҳукм сурган бўлса-да, ўзини танитишга улгурганлиги учун ҳам унинг ўлими бутун Оврупода шоду-хуррамлик уйғотиб, Папа Лео Х ҳозирлаётган салиб юриши ҳам кечиктирилди. Салим катта лашкарбоши ҳамда маданиятли инсон эди. У шеъриятни севиши билан бирга ўзи ҳам шоирлик қиларди. Салим Қоҳирада аббосийларнинг иккинчи авлодига мансуб сўнгги халифани асир оларкан, уни барча ваколатларидан маҳрум этиб, Константинополга, яъни ҳозирги Истанбулга олиб келди.

СУЛАЙМОН МУҲТАШАМ (1520-1566 йиллар). Усмоний султонларининг энг буюги – Салимнинг ўғли валиаҳд Сулаймон бўлди. У кўп жиҳатдан улуғ ҳукмдор, Венагача етиб бориб, уни ҳам қамал қилган фотиҳ эди. Шаҳарни ола билмаса ҳам, унда ўз ҳокимиятини ўрната олди. Давлат арбоби, ҳукмдор сифатида турк ҳарбий-денгиз кучларини устуворлик даражасига етказиб, овруподаги ҳар қандай шаҳаншоҳнинг ҳавасини келтирадиган иш қилди. Насроний давлатларининг барча найрангларини кетма-кет чиппакка чиқариб, уларни яхшилаб адабини ҳам берди. Форс билан жанг қилиб, Ироқни босиб олди. Саройнинг шуҳрати, куч-қудрати ва ҳашамати туфайли у тарихчиларга Сулаймон Муҳташам сифатида маълумдир. Севимли хотини рус чўри аёли Роҳилананинг таъсири унинг ягона ожизлиги эди. Малика Сулаймонга ўғил ҳадя этган бўлса-да, унинг катта ўғли Мустафони азобга қўйди. У отасининг ўзига нисбатан совуқ муомаласидан эзиларди.

МОҲАК ЖАНГИ (1526 йил). Сулаймон подшоҳлигидаги биринчи воқеа Миср истилосининг ниҳоясига етказилиши бўлди. У ўз тасарруфига олган янги давлат ҳукуматини қайта ташкил этиб, турк додхоҳ-ҳокимининг назоратини кучайтирди. Сулаймон қўлга киритган иккинчи мамлакат Можаристон ва Австрияга юришлар ташкил қилиб турди. 1526 йили можар қироли Луис Сулаймонга қарши катта қўшин ташлади. Турклар у билан машҳур Моҳак жангида тўқнашиб, йирик ғалабага эришдилар. Қирол Луис жангда ҳалок бўлди. Улар шимол томон илгарилаб бориб, Офенни ҳам қарамоғига олиб, орқага қайтдилар. Чунки Можаристонда, бир томондан, Ҳабсбург валиаҳди Фердинанд билан Австрия ҳокими, иккинчи томондан, можарларнинг донгдор раҳнамоси Жон Заполя ўртасида фуқаролар уруши келиб чиққан эди.

ВЕНА ВА РОДЕЗИЯ ҚАМАЛИ. Икки йилдан кейин Сулаймон Офенни қайта забт этиб, Венага ҳужумини давом эттирди. 1529 йили сентябрда бу машҳур шаҳарни қуршаб олиб, икки ой давомида унга ҳужум қилиб турди. Бироқ қиш кириб, тез-тез ёғаётган қор аралаш ёмғирлар турк қўшинларининг ҳаракатларини мушкуллаштириб қўйди. Оғир қурол-аслаҳаларни етказиб келтириш қийинлашди. Шундай вазиятда шаҳзода Фердинанд ўзи ғарбий Можаристоннинг қироли сифатида тан олингани тақдирда Сулаймонга товон тўлаб туражаклигини билдирди. Сулаймон бунга икки йилдан кейин розилик бераркан, Шарқий Можаристонга Заполяни ҳоким қилиб тайинлади. Улуғ Сулаймонга у ҳар йили товон тўлаб турарди. Султоннинг тажовузкорона сиёсати Оврупода ғулғула уйғотди. У навбатдаги зарбани Родезия оролига – туркларнинг савдо кемаларига ҳужум қилавериб Эгей денгизини хавфли жойга айлантирган авлиё Жон ташкилоти аъзолари қароргоҳига қаратди. Уюшма қуролбардорлари жасурона жанг қилганликларига қарамасдан, турклар оролни қўлга киритдилар. Улуғ Сулаймон мағлуб қуролбардорларга илтифот кўрсатиб, уларга ўз қурол-аслаҳаларини олганлари ҳолда муносиб равишда чиқиб кетишларига ижозат берди. Бундай олийҳимматлик султонга Оврупода катта ҳурмат келтирди.

АДМИРАЛ ХАЙРИДДИН. Сулаймон энди ҳарбий денгиз кучларига ҳам эътибор бера бошлади. Тунис кўрфазида хизматда бўлган машҳур денгиз қароқчиси қизилсоқол Хайриддин Барбароссани ўзига адмирал қилиб тайинлади. Хайриддин аллақачон насронийларнинг савдо кемалари учун даҳшат бўлиб танилганди. Бу йирик ҳарбий-денгиз дарғасининг жасорати мисоли бир эртак эди. У шитоб билан сузиб, белгиланган маррага чамадаги муддатдан илгари етиб борарди. Исломнинг бу курашчисига денгизда қарши турадиган рақиб йўқ эди. У Сулаймоннинг таклифини қабул қилиб, дарҳол ўзига билдирилган ишончни оқлашга киришди. Ўз жаноби шарафига Тунисни забт этганлиги унинг биринчи ютуғи бўлди. Шундан кейин у италян адмирали Андреа Дореага чап бериб, Сиъилия ва Жанубий Италияга қарши ҳужумга ўтди. Венеъия бунга жавобан Папа ёрдамида турклар империясига уруш эълон қилди. Папа сурункали салиб юришлар ғоясидан воз кечган ҳолда мусулмонларга қарши иттифоқ тузиб, ўзи ихтиро этган уйғун ҳаракатларни «Насроний қиролларнинг янги иттифоқи», «Муқаддас уюшма» деб атади. Карл V, Ҳабсбург императори ва Венеъия ҳам унга қўшилдики, бу Хайриддин учун яхши баҳона бўлди. У венеъияликларга ҳужум қилиб, 1538 йилда Привенсан жангида уларни тор-мор келтирганидан кейин Венеъия сулҳ сўраб, йирик солиқ тўлади. Султон Қизил денгизда ҳарбий кучларни барпо этгач, кўп ўтмай, турклар Яман ва Аданни босиб олдилар, уларнинг сувдаги ҳарбий кучлари эса Форс кўрфази ҳамда Ҳиндистон соҳиллари томон йўл олдилар.

ЯНА МОЖАРИСТОН. 1540 йилда Заполя вафот этди. Шаҳзода Фердинанд Шарқий Можаристонни истило қилиш мақсадида ҳужумни давом эттираётган Сулаймонга берган ваъдасига вафо қилмади. Бу эса унга қарши чиқмоқчи эканлигини англатарди. Шуни тўғри тушунган Сулаймон зудлик билан жавоб чораларини кўриб, шимолга йўл оларкан, Можаристоннинг пойтахти Будани истило қилди. Запроля балоғатга етмаган ўғлини ўрнига қолдирган эди. Сулаймон эса Шарқий Можаристон ишларига ваколатли қилиб ўз ҳокимини белгилади. Рақиби кучларининг жуда катта устунлигини кўрган шаҳзода Фердинанд 1547 йилда сулҳ сўради. Ҳатто у император сифатида отаси ўрнини эгаллаганида ҳам солиқ тўлаб турди. Кенжа Жон Заполя улғайганида унга Трансилванияни бердилар. Можаристонни Сулаймон ўз ихтиёрида қолдирди.

СУЛАЙМОННИНГ ҲУКМДОРЛИГИ. Ўттиз олти йил давр суриб, ўз замонасида энг кучли шаҳаншоҳлардан бири сифатида танилган Сулаймон 1566 йилда вафот этди. Форс билан урушлари натижасида у шарқда форслар юрти сарҳадларидан Жазоиргача, шимолда деярли Венадан тортиб жанубдаги Адангача бўлган кенгликни ўз ичига олган Месопотамияни империясига қўшиб олди. Хотини Роҳилананинг найранглари сабабли ҳаётининг сўнгги йиллари анча кўримсиз ўтди. Лекин у усмонийларни дунёвий давлатга айлантира олди. Мурод, Салим I ёки Муҳаммад II даражасида бўлмаса ҳам, ҳар ҳолда у ажойиб ҳарбий ташкилотчи ва омилкор раҳбар эди. Умуман, белгиланган тадбирларини муваффақиятли амалга оширди. Ўз душманларига нисбатан хатти-ҳаракатларида ҳеч қачон қўполлик ва шафқатсизлик қилмаган. Ўзига додхоҳлар танлашда моҳирона иш тутди, қўшинлари ва ҳарбий-денгиз кучларини такомиллаштира борди. У адолатли ва қатъий қарорлар қабул қилгувчи, ҳурфикрли киши эди. Рағбатга муносиб одамларга нисбатан ҳамдардлик ва олийжаноблик кўрсата олар, лекин зарур ҳолларда жазо чоралари қўллашда ҳам ғоят қаттиққўллик қила биларди. Додхоҳми ёки вазирлигидан қатъий назар, кишиларнинг билимсизлигига ва масъулиятсизлигига тоқат қилолмасди, давлат хоинларига шафқатсиз эди. Мардона жанг қилган зобитлар ҳамда жангчиларга ер бериб, энг муҳим лавозимларга кўтарарди. Улардан фақат ҳарбий ҳаракатлар пайтида султонга мададкор бўлишни ҳамда империя учун жанг қилиш лозимлигини пиёда ва отлиқ аскарларга сингдиринг, деб талаб қиларди. Маданиятли ва юксак маърифатли киши бўлган Сулаймон ўз тадбирларини кундаликларига қайд қилиб борди. У ҳам санъат ва ҳунармандчиликнинг сахий ҳомийси эди, масжидлар, мадраса, мактаб, касалхона, кўприклар ва бошқа фойдали иншоотлар бунёд эттирди. Турк ҳуқуқшунослигини ислоҳ қилиб, тарихда қонуншунос сифатида ном қолдирди. Салтанатида мамлакат сокин бўлиб турганлигидан уни ҳамма ерда буюк ҳукмрон сифатида кўришарди.

САЛИМ II ВА ОВРУПО ДУНЁСИ. Сулаймон вафот қилиши билан унинг иккала катта ўғли Салим ва Боязид ўртасида кураш бошланиб, ака ғолиб чиқди. Салим ичкиликни яхши кўрса ҳам, маданиятли ҳукмдор эди. Машҳур отасидан унга куч-ғайрат, зиёлилик фазилатлари ўтган бўлса-да, унингчалик меъёр туйғусига ёки давлат арбобига хос фазилатларга эга эмасди. Дунё Салимнинг аждодлари давридагига қараганда ўзгариб кетиб, катта воқеалар юз бераётган эди. Шундай иккита йирик воқеа Оврупода содир бўлди: реформаъия деб номланган диний инқилоб юз бериб, насронийлар Папанинг диний ҳокимиятига қарши исён кўтариш билан эътиқод ва ибодат эркинлиги учун курашдилар. Улар роман католик черкови билан алоқаларини узарканлар, ҳамма ерда ўз черковларини бунёд этиб, протестантлар деб атала бошладилар. XV асрнинг ўша даврида қадимий илмга ва янги уйғониб келаётган фанга қизиқиш кучайдики, бу ҳаракат реннесанс ёки фанда уйғониш номини олди. Дастлаб португалияликлар томонидан янги Қутб очилди, кейинроқ испанлар, улар кетидан эса инглизлар дунёни кашф этиш мақсадида бутун ер курраси бўйлаб изғидилар. Буларнинг ҳаммаси овруполикларнинг ўзларига ишончини ошириб, дунёқарашларини кенгайтирди. Осиё ва Америкада истилочиликни авж олдирган улар қудратли ҳарбий-денгиз кучларига ҳам эга бўлдилар.

ЛЕПАНТО ЖАНГИ (1571 йил 7 октябр). Тахт учун курашда Салимга италян қочоғи, яҳудий миллатига мансуб Жозеф Насси ёрдам берди. Бундан миннатдор Салим Нассини граф қилиб тайинлаб, подшоҳлик махфий кенгаши таркибига аъзо қилиб киритди. Ўша пайтда турклар Овруподаги иккита давлат – Ҳабсбург императори ва венеъияликлар билан жанг олиб боришаётган эдилар. Император Австрия, Можаристон, Испания ва Жанубий Италияга ҳукмронлик қиларди. Венеъия Ўртаер денгизи шарқидаги кучли тижорат давлати, сувга йўли очиқ давлат эди. Салимнинг бош вазири донишманд Муҳаммад Соқолли Венеъия билан дўстлашиб, Ҳабсбург императори Максимилиан устига ёпирилишни султонга маслаҳат берди. Бироқ Салим Насси гапига қулоқ солиб, Венеъияга қарши уруш очиш йўлини танлади. Венеъия эса шу пайтда Қибрисдан жангсиз воз кечишга рози бўлиб, урушга киришмади. Бироқ Насси Қибрисни эгаллаб, у ерда яҳудийларни жойлаштиришни жуда хоҳлаётган эди. Шу боисдан ҳам у султон Венеъияга қарши уруш бошланишини қаттиқ талаб қилиб туриб олди. Шу таклифга кўра, Салим 1570 йили жанг билан Кипрни эгаллади. Бундай вазият Венеъияни Испания билан иттифоқ тузишга мажбур қилди. Бу иккала давлат Папа ташкил этган янги муқаддас уюшмага аъзо бўлиб киришди. Насронийлар уюшмаси доирасида бирлашган ҳарбий-денгиз кучлари жуда катта қудратга айланиб, туркларга тегишли сувлар томонга йўл олдилар. Улар турк денгиз кучлари билан Юнонистоннинг ғарбий соҳилида, Коринф кўрфазида жойлашган Лепанто бандаргоҳида тўқнаш келдилар. Ўзига ортиқча ишонган, саройидаги мавқеига шахсий фазилатларидан кўра зодагонлар таъсири туфайли эришган Али Пошшо туркларнинг қўшилмаларига саркардалик қиларди. Кемаларнинг бошлиқлари унга ўз жойларидан жилмаган ҳолда насронийларнинг кучларини қарши олишни маслаҳат беришди. Лекин самимий маслаҳатларни қабул қилмайдиган ўта қайсар киши бўлган Али Пошшо насронийлар билан дуч келган жойда савашиб, ғалаба қила олишини билдириб, кемаларига очиқ денгизга чиқишни буюрди. Насронийлар қўшилмасида олға боришда шамолдан яхши фойдалана оладиган олтита азим қурилмага эга бўлган 208 та кема мавжуд эди. Жуда катта жанг бўлди, насронийлар кўпдан бери шундай шиддат билан савашмаган эдилар. Ҳар иккала томон ҳам жуда кўп қурбонлар бериб, насронийлар ғолиб чиқишди, туркларнинг денгиз кучлари тор-мор келтирилди. Фақат Жазоир бейларбейига тегишли биттагина эскадра қутулиб қола билди. Лепанто жанги буюк ғалаба сифатида оламга жар солинди, бутун Оврупо тантана қилди. Бу Оврупо тарихида денгиздаги энг йирик савашлардан бири деб баҳоланиб келди.

ШУНДАН КЕЙИНГИ ВОҚЕАЛАР. Ўйлашдики, турк қудрати синдирилиб, унинг ҳарбий-денгиз кучлари мангуга йўқ қилинди. Овруполиклар бутун бир йил давомида ана шу қувончли бир фикр билан яшадилар. Бироқ уларнинг турклар ҳалокати муносабати билан жўш урган шодликлари узоққа бормади. Ҳукмдор сифатида у қадар ғайрати жўш урмас Салим бу гал ўзига хос бўлмаган жадал сафарбарлик кўрсатди. У бутун куч-имкониятларини йиғиб, янги адмирали Драгут ихтиёрига юборди. Илгари унга буюк Хайриддин Пошшо ноиблик қилган эди. Ўзлари вайрон қилган денгиз кучларидан ҳам қудратлироқ янги кемалар қўшилмасини вужудга келтириш хусусида амр берди. Турк кемасозлари бутун йил давомида кечаю кундуз меҳнат қилиб, Али Пошшонинг қайсарлиги сабабли нобуд бўлганидан ҳам каттароқ денгиз кучларини барпо этдилар. Султон Драгутни ана шу янги ҳарбий қўшилмага саркарда қилиб тайинлаб, ундан насронийларнинг бекорчи сандирақлаб юрувчи бирлашган денгиз кучларига етиб олиб, яксон қилишни буюрди. Кишилар Дон Жонни турк кема қўшилмаларини ҳеч бўлмаганда Мореа (Қуйи Юнонистон)ни босиб олиш ниятида таъқиб қилиб бормаганликда айбладилар. Лекин бу айблов асоссиз эди. Чунки тўхтаб қолишга испанлар билан венеъияликлар орасидаги рақобат, уларнинг сиёсий мақсадлари бир-бирига тўғри келмаслиги сабаб бўлган эди. Испанлар Шимолий Африқони, энг бўлмаганда туркларга бўлган Жазоир ва Тунисни эгаллашни хоҳлаётган бўлсалар, венеъияликлар ўзларига Қибрисни қайтариб олишни кўнгилларига туккан эдилар. Бир йил ўтгач, даҳшат солувчи Хайриддин Барбароссанинг қўрқинчли ноиби Дрот туркларнинг илгариги денгиз кучларидан анча устун бўлган ўз кемалари қўшилмасини бошлаб келди. Адмиралнинг ўзи ҳам анойилардан эмасди. Денгиз қўшинларининг бу йирик саркардаси Дон Жонни айни Адриатика денгизида тор-мор келтирди, иттифоқчиларнинг бирлашган кемалари эса жангдан қочиб қолдилар. Драгут шундан кейин ғарбга йўналиб, 1573 йилда Тунисни қайтариб олди. Венеъияликлар ўзларининг Қибрисни босиб олишлари тўғрисидаги орзулари қандай барбод бўлаётганлигини кўриб турардилар. Улар султон билан ўзаро сулҳ тузарканлар, туркларнинг денгиз кучлари ҳар қачонгидан қудратли эканлигини ишонч ҳосил қилиб, Қибрисни забт этишга қаратилган барча даъволаридан воз кечдилар ва 300 минг дукат ҳажмида товон тўлашга рози бўлдилар. Бу пуллар янги ҳарбий кемалар қўшилмасини жиҳозлашга сарфланди. Драгут энди Ўртаер денгизида истаганича суза оларди. У Испания, Фарангистон соҳилларигача келарди. Сардиния ва Сиъилия унинг ҳар йили ташриф буюриб турадиган ерлари бўлиб қолди. Шундай қилиб, у ўғирланган кўплаб бойликка ва қулларга эга бўлди. Унинг бошқа бир мақсади ҳали ҳам туркларга тегишли бўлган Ўртаер денгизида ҳеч ким султон давлатига қарши бош кўтаролмаслигини намойиш қилишдан иборат эди. Кўп ўтмай, Оврупо мамлакатлари Лепанто яқинидаги ғалабаларини унутиб юбордилар.

БОШ ВАЗИРЛАР. МУҲАММАД СОҚОЛЛИ. У фақат давлат арбоби сифатидаги донишмандлиги ва империя маъмуриятини моҳирона бошқариши билангина қадрли бўлмасдан, империяга юз йил мобайнида бошчилик қилиб, унинг қудратини сақлаб қолган бош вазирлар сулоласининг тўнғичи сифатида ҳам ҳурмат-эътиборга моликдир. Султонлар тобора кучдан толиб боравердилар, уларнинг заифликлари гоҳ қайсарлик, гоҳида бемаъниларча серғайратлик, кўпинча қатъиятсизлик шаклида намоён бўлиб турарди. Ўша даврдаги турк султонлари томирида Усмоннинг қони жўш урарди. Уларнинг оналари ёки маликалар асосан чўрилар ёхуд давлат ишларига аралаша бошлаган хотинлар эдилар. Султонлар кўнгилларига келган ишни қилишиб, айш-ишратда яшай бошлашди. Истилочилик ҳам тўхтатилди. Чунки Оврупо бутунлай уйғонган, янги ихтиролар туфайли Оврупо қурол-аслаҳалари туркларникига қараганда тобора такомиллашиб ва яхшиланиб бораётган эди. Шу боисдан султонлар ўз давлатларининг ташвишларини кўпроқ бош вазирларига ишонадиган бўлиб қолдилар. Муҳаммад Соқолли ана шундай вазирлардан эди. Империя бахтига у фикрловчи, Ислом шуҳрати учун курашувчи истеъдодли инсон бўлиб чиқди. Ўртаер денгизи билан Қизил денгизни қўшиш учун Сувайш каналини қазиш ғоясини Оврупода биринчи бўлиб кўтарган ҳам шу Муҳаммад эди. У шимолда Русиядаги Дон ва Идел дарёларини ҳам шу усулда бирлаштиришни таклиф қилди. Осонликча бошқариладиган кичик кемалардан кучлар вужудга келтириб, улар билан Каспий денгизи орқали Туркиянинг доимий рақиби Форсга шимолдан ҳужум қилишни кўнглига тугиб қўйди. Шу даврга келиб турклар империяси буюк давлатга айланган, Қора денгиз, Ўртаер, Қизил ва Араб денгизларининг ҳарбий кучлари тўлиқ улар назоратига ўтган эди. Муҳаммад Соқолли империяни самарали бошқариб, яна ҳам бой-бадавлат мамлакатга айлантириш мақсадида алоқа воситаларини яхшилашга катта куч-ғайрат сарфлади. У барча ниятларига етганлиги туфайли Салим II подшоҳлиги турк империясининг барқ уриб яшнаган даврига тўғри келди. Шунга қарамасдан, 1574 йили якун топган бу подшоҳлик усмонийлар шуҳрат таратган даврнинг сўнгги палласи ўлароқ турклар тарихида бурилиш нуқтаси бўлди. Салим вафотидан кейинги юз йилликда ҳам ўз кучларини сақлаб қолган султонлар тобора заифлашиб, ички парокандаликка ва ташқи душманларга ҳам дуч келдиларки, уларни енгишлари энди анча мушкул эди. XVII асрда унчалик сезилмаган бу жараён XVIII асрда жадаллашиб кетди.

ИМПЕРИЯНИНГ ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛИШИ. Султон давлатнинг том маънодаги бошлиғи эди. У ҳукумат раҳбари, қўшинларнинг бош саркардаси, маънавий раҳнамо, яъни шариат масалалари ҳаками ва олий қози ҳисобланарди. Кейинчалик султонлар фақат империясинигина эмас, балки барча мусулмонларнинг диний муаммоларини ҳал қилувчи халифаларга ҳам айландилар. Турклар таназзулга учраб, султонлар шошилинч ёрдамга муҳтожлик сезган даврларда бу уларга жуда катта имтиёз ва руҳий мадад бериб турди. Биз юқорида қараб чиққан юз йилликлар мобайнида султон ҳокими мутлақ бўлиб, унинг сўзи қонун ҳисобланарди. У таниқли шахслар ва оддий фуқаро тақдирини ҳал қила оларди, илгариги ъезарларда бўлгани каби турклар тасарруфидаги ҳамма ерлар унга қарам эди. Битта фарқ шунда эдики, султон ҳамиша инсонлигича қолиб, ҳеч қачон ъезарчалик бирорта имтиёзга даъвогарлик қилмади. Ундан кейин турадиган бош вазирларга ҳам катта ҳуқуқлар берилганди. Вазирлар муайян идораларга бошчилик қилишарди, лекин бейларбей лавозими вазирликдан устун туриб, у бутун минтақага ҳарбий саркарда ҳисобланарди. Бундай минтақалар эса иккита эди: Румели ва Онодўли (Оврупо ва Кичик Осиё). Ҳар иккала минтақа бейларбейлари жуда нуфузли давлат арбоблари эдилар. Улардан кейинги сафда Румели ва Онодўли молия маъмурлари туришарди. Ҳукуматнинг бошқа бир аъзоси – жоннисорлар оғаси денгиз бейларбейи саналарди. Бош вазир барча вазирларни маслаҳатга йиғиб, сўнгра султонга империядаги аҳволдан ҳисобот берар, давлат раҳбари шунга қараб бирор қарорга келар эди. Вазирлар маҳкамаси қандайдир жуда муҳим қарор чиқариш учун султоннинг ижозатини олиши шарт ҳисобланарди.

МАЪМУРИЙ ИДОРА. Иккита кичик қироллик бошида ҳам бейларбей турарди. Анчадан кейин Африқо бейларбейи вазифаси ҳам жорий этилди, бироқ у юқоридаги икки бейларбейга нисбатан тобелик мавқеида эди. Кичик қиролликдан пастроқ поғона санжақларга тегишли бўлиб, оддий тилда чекка вилоят деб аталмиш бу маъмурий бирлик раҳбари ҳарбийчасига саркарда деб юритиларди. Бейларбейи ҳуқуқи берилган саркарда раҳнамолигида бейлар санжоқларни бошқариб туришарди. Султонлар ҳарбий хизмат эвазига ер ҳадя этишарди. Бундай мукофотлар тобора кўпайиб борганлиги натижасида вақти келиб бутун бир тоифа вужудга келди. Тортиқ қилинган ана шундай жуда катта ерларнинг эгалари султон қўшинларида хизмат қилиш учун суворийлар етказиб беришлари лозим эди. Шу жиҳатдан ҳам ҳарбий хизмат энг фахрли касб саналиб, жангда кўрсатилган жасорат сахийлик билан рағбатлантирилар эди. Сулаймон Муҳташам ўзининг «Қонуннома» китобида ерларни инъом этишга, ерлар эвазига бериладиган тўловларга ва турк баёнларининг бу соҳадаги ҳаддан зиёда ваколатларини чегаралашга доир қонун-қоидалар ёзиб қолдирган. Мусулмон қонунлари асосида иш кўрувчи ҳамда уларни шарҳлаб берувчи қозилар ва муфтийлар ҳам бор эди. Гарчи қози ўз соҳасида юксак мавқега эга бўлса-да, вилоятларда олий ҳокимият ҳарбий бошлиқлар, кейинчалик ҳокимлар қўлидан тушмади. Пойтахтда катта имомлар ёки шаҳар қозиси бўлиб, улар фақат бош вазирга, у орқали султонга итоат қиларди.

АДАБИЁТ. Узоқ давр форсий оҳанглар, тимсоллар ва ифодалар таъсирида бўлиб келганлиги сабабли турк адабиёти янгилик бобида анча кечикди. Мавлоно Румийнинг форсча ёзилган буюк маснавийси ўша пайтдаги Рум салжуқлари, бевосита турклар салафларининг энг йирик достонидир. Пайғамбар алайҳиссалом таваллуд топган кунга бағишлаб Султон Чалабий битган «Мавлуди Шариф» асари ҳар томонлама салмоқли турк достони ҳисобланарди. Дастлабки миллий ёзувчиларнинг пайдо бўлганлиги тўғрисидаги маълумотлар Муҳаммад Фотиҳ даврига тааллуқли бўлса ҳам, Мурод II адабиётга ихлос қўйган биринчи султон бўлди. У шоирлар, файласуфлар ва олимларни ўз атрофига тўплади. Илк давр шоирларидан тўрт кишининг исм-шарифларини эслатиб ўтиш эътиборга моликдир: Фузулий (1562 йилда вафот этган), Боқий (1600 йилда вафот этган), Нафий (1635 йилда вафот этган), Нодим (1732 йилда вафот этган). Бу шоирлар асрлар бўйи ардоқланиб келинган ғазал, қасида ва маснавий сингари шеърий усулларга мурожаат қилганлар. Ғазал – бу ишқий, фалсафий ёки илоҳий мавзуга бағишланиб ёзилган тўққиз байтдан ўн беш байтгача бўлган достондир. Қасида эса бирор йирик шахс, шоҳ ёки фотиҳ шаънига мадҳиядан иборат. Маснавий ишқ-муҳаббат ёки илоҳий мавзудан ҳикоя қилади. Адмирал Пири Риеснинг «Саёҳатнома»си биринчи насрий асар саналади. Бу китобда Ўртаер денгизи атрофидаги мамлакатлар ва бошқа давлатларга уларнинг ҳарбий-денгиз юришлари орқали таъриф-тавсиф берилади. Буюк турклар инқирозига яқин қолган бир даврда турк адабиёти ўз ривожланишида юксак даражага кўтарилган эди.

Кейинги даврдардаги усмонийлар

УСМОНИЙЛАР ИНҚИРОЗИ. Мусулмон давлатларининг юксалиши ва таназзулга юз тутишига қуйидагича умумий йўсин хосдир. Муайян бир халқ ўзига маълум бир жойда макон тутиб, униб-ўса боради. Дастлабки бир нечта ҳукмдор даврида унинг шиддати зўр бўлади. Анчадан кейин шашти сусайиб, наридан-бери яшашга ўтади, яқингинада ўзи рад қилган эски тартиб-қоидалар таъсирига берила бошлайди. Ўзи забт этган ирқлар билан чатишиб кетиб, хусусиятларини йўқотгач, ўзи ҳам қулаб тушганини билмай қолади. Уларга Испания ва Форсда ҳам, Ҳиндистонда ҳам шундай қисмат насиб этди. Мана энди усмонийлар шу маррага келиб қолган эдилар. Инқироз жуда яқин қолган. Бу даврга келиб султонлар қудратли якка ҳоким бўлиб олгандилар. Уларга энди ҳеч ким бас кела олмас эди. Истилочилик бобида ҳам султонларнинг армонлари қолмаганди. Бироқ Испаниядаги араблар сингари усмонийлар ҳам қайта уйғонаётган миллатларга дуч кела бошлаган эдилар. Султонларнинг аксарияти насроний қизларга уйланиб олишганди ёки уларни ўзларига жазман сифатида сақлашарди, аждодларининг мусулмонлар устунлигига доир қарашларига риоя қилмасдилар. Хуллас, улар кўнгилларига келган иш билан машғул бўлганликларидан давлат юмушларини ҳукмдор шоҳбонуларга, маликаларга ёки бош вазирларга топшириб қўйган эдилар.
Истеъдодли бош вазирлар анча вақтгача султонлар жонига оро кириб, уларни ортиқча ташвишлардан қутқариб турдилар. Лекин бора-бора бундай вазирлар ҳам топилмай қолди. Жоннисорлар ўжарлиги оша борди. Барча подшоҳларнинг тансоқчилари сингари улар ҳам ўзларининг керакли эканликларини ҳис этишиб, мавқеларини суиистеъмол қилишга ўтдилар. Маълум муддатга ҳокимиятни ўз қўлларига олиб, бошбошдоқликка йўл қўйдилар. Уларга қарши курашишга мажбур бўлган султоннинг қўли баланд келди. Лекин у жоннисорларни қириб ташлашга мажбур бўлдики, бу турклар давлатининг ҳарбий қудратига путур етказди. Оврупо халқлари оёққа тура бошладилар. Юз йил мобайнида усмонийлар гоҳ ғолиб чиқиб, гоҳ мағлуб бўлиб, ўзларини ҳимоя қилиб келдилар. Сўнгра усмонийлар тасарруфида бўлган насроний халқларга Русия ёрдамга келди. Бу кучлар нисбатини ўзгартириб юборганлиги сабабли мавқеларини бой бериб, аста-секин заифлаша бордилар. Вилоятлар бирин-кетин қўлдан кетаверди. Натижада XVIII аср охирига етганда турклар бутунлай кучсизланиб, ўз ўтмишларининг бир шарпасига айланиб қолдилар. Ғарбий Оврупо султонни «бемор овруполик» деб атайдиган бўлди. Турклар давлатининг учинчи – инқироз даври ана шундай бошланди.

МУРОД III (1574-1595 йиллар). Турклар бирданига заифлашиб қолмадилар. Мурод III тахтга ўтирганида улар қудратли давлатга эга эдилар. Лепантодаги мағлубиятдан кейин жуда катта қийинчиликлар билан денгиз кучларини тиклаган Салим II унинг отаси эди. Ғоят жиддий йигит бўлган Мурод III буюк султонлик истиқболига умид боғларди. Бироқ иккита аёл – Нурбону билан хотини бўлган италян заифаси София унга қаттиқ васийлик қилишиб, тинчлик беришмасди. Улар ҳар доим давлат ишларига аралашиб турардилар. Султон аёллар таъсирида эканлиги ҳақидаги хабар Овруподаги давлатларнинг пойтахтларига ҳам етиб борди. Бу ҳолат овруполикларни туркларнинг обрўсини тўкиш йўлларини қидириб топишга ундади, чунки илгаридан қаттиқ тазйиқ ўтказиб келаётганликлари учун уларни бошқа барча мусулмон халқларидан ёмон кўрардилар. Лекин бу гал салиб юришига ёки муқаддас иттифоққа даъват этишга муваффақ бўлиша олмагач, сафавийлар шоҳини Венеъия бошчилигида усмонийлар империясига ҳужум қилишга рози қилдилар. Шоҳ Таҳмасп қўшинларга чегарани босиб ўтиш тўғрисида буйруқ бериб, урушни бошлаб юборди, бироқ кўп ўтмай, ўзи қазо қилди. Ўғли Муҳаммад Худобанда эса жуда бўш, ночор подшоҳ бўлганлигидан уруш ҳам беҳуда бир ҳаракатга айланиб кетди. Ҳали куч сақлаб қолган турклар Кавказ орқали Форсга ҳужум қилдилар. 1577 йили Тифлисни босиб олишиб, 1579 йили Карсда мустаҳкам қалъа барпо этишди. Яна бир неча йилдан кейин, яъни 1585 йилда Табризни эгалладилар. Шундан кейин ҳам урушнинг боришида сезиларли ўзгариш юз бермагач, 1590 йили бу иккала давлат тузган сулҳга кўра, Гуржистон, Озарбайжон ва Ширвон турклар ихтиёрига ўтди. Энди уларнинг сарҳади Каспий денгизига бориб туташган эди.

АВСТРИЯ УРУШИ. МУҲАММАД III ВОРИСИ УСМОН II (1595-1623 йиллар). Шу даврда турклар жанубий Русияга нисбатан мавқеларини мустаҳкамлаб олдилар, жанубий Украина раҳбарлари эса султонга тобе бўлишди. Бу ҳол Австрия императорини қаттиқ ҳаяжонга солди. 1580 йилдаёқ Туркия билан Австрия сулҳ тузганликларига қарамасдан, улар чегарасидаги уруш яна бир неча йил давом этди. Ўн йилдан кейин қайта юз берган урушда Трансилвания шаҳзодаси Сигизмунд Басору императорга қўшилди. Туркларнинг шашти илгариги асрдагидан анча паст бўлганлиги сабабли уруш ҳам чўзилиб кетди. Айни шундай бир пайтда Мурод III вафот этиб, унинг малика Софиядан туғилган ва онасининг таъсирида бўлган ўғли тахтга ўтирди. У онасининг маслаҳатисиз бирор каттароқ ишга қўл урмаса ҳам, Туркия-Австрия урушининг ҳал қилувчи нуқталарида тўғри қарорга кела олиш учун зарур бўлган кучли шахсий табиатга эга эди. Австрияликлар Трансилвания шаҳзодаси билан алоқаларини уздилар, можарлар раҳбари Стефан Бошкей эса султонга иттифоқ тузишни таклиф қилди. Султон Трансилвания подшоҳлигини ваъда қилгач, у турклар томонига ўтди. Шунга қарамасдан, Австрия-Можаристон бирлашган кучлари ҳали анча устувор эдилар. Улар Варнага етиб борганларига қадар шу устунлик сақланиб қолди. Қаршилик кўрсатаётган Муҳаммад III шу ерда мустаҳкам жойлашиб олиб, турк жангчиларини моҳирона олға бошлаб бориши натижасида ғанимлар чекина бошладилар. Улар турклардан тортиб олиб эгаллаган ерларини ташлаб, Дунай дарёси ортига ўтиб олдилар. 1596 йил 24 октябрда Кереожтезда юз берган жангнинг учинчи куни туркларнинг йирик ғалабаси билан якунланди. Душман 30 минг жангчисидан ажралди. Уруш эса давом этаверди. Ниҳоят, 1606 йили Житвоторок сулҳига имзо чекилди. Австрияликлар шарқий Можаристонни ташлаб чиқиб кетишди. Лекин бу мамлакатнинг ғарбий қисми учун султонга товон тўлашдан халос бўлдилар. Шарқий Овруподаги султон бошлиқ қудратли давлат довруғи узоқ давом этмади.

ИЧКИ ИСЁНЛАР. Усмонийлар Ўрта Оврупода ўзларини намоён қилишлари мумкин эди, лекин ички исёнлар уларга панд бериб турди. Юқори Шомда Абдул Ҳолим Қора Ёзижи исмли жоннисорлар додхоҳи бош кўтарди. Эдессу шаҳрини қамал қилган додхоҳни тинчлантириш мақсадида унга Аморсия ҳокимлиги ваъда қилинди. Шундан кейин у яна ҳам дадиллашиб кетиб, жанубда Дамашқ ҳокимлигига ва шарқда Бағдодга ҳужум қилиб, енгиб чиқди. Унинг ўзи жангда ҳалок бўлгач, ишини укаси давом эттирди. Бу гал султон бир чора ўйлаб топишга ҳаракат қилиб, уларга раҳнамо бўла оладиган янги кишини юборди. У асосий тарафдорлари билан Истанбулда ҳозир бўлганларида эса уларни турклар қамалидаги Буда яқинида австрияликлар билан давом этаётган урушга жўнатишни қаттиқ туриб талаб қилди. Исёнчилар ватан ҳимояси йўлида қурбон бўлдилар, исён ва қўзғолонлар тўхтайвермади. Ҳалаб яқинидаги Клис шаҳар ҳокими, курдлар саркори Жонбўлод, Ливандаги друсслар бошчиси шаҳзода Фахруддин ҳам исён кўтардилар. Султон Шарқий Овруподаги ишларини изга солгач, Жонбўлодга қарши қўшин юборди. Мағлубиятга учраган курдлар раҳбари шаҳзода Фахруддиндан бошпана сўраб, жон сақлаб қолди. Ўзларининг жонажон тоғлиқ маконларида устунликка эга бўлган мутаассиб друсслар тариқати аъзолари султон қўшинларига самарали қаршилик кўрсатиб турдилар. Бироқ Кичик Осиёдаги бошқа турли исёнларнинг ҳаммаси бостирилган эди.

ФОРС БИЛАН УРУШ. Усмонийлар империясининг қуёши бота бошлаганлиги равшанлашди. Айни бир пайтда ундан ғарбда – Марказий Оврупада ва унинг шарқий чегарасида, яъни Форсда қудратли давлатлар вужудга келди. Марказий Осиёда Ҳабсбург императори куч-қувватга тўлиб борарди, сафавийлар Форсига эса буюк ҳукмдор Шоҳ Аббос бош бўлган эди. У қўшинларини қайта қуроллантириб, торторлар (Ўрта Осиё турклари) ҳамда Туркия туркларига қарши бошлаб борди. Урмия кўли яқинида турклар устидан ғалаба қозониб, Бағдод, Мўсул ва Диёрбакирни қўлга киритди. Шунгача Табриз, Ширвон ва Қарсни эгаллаган эди. Сал ўтиб, Гуржистон ва Озарбайжон ҳам тортиб олинди. Шу давргача турклар форсларнинг кўп нарсаларини ўзлаштириб келишарди. Энди эса йўқотганлирини қайтариб олиш навбати форсларга етган эди. Умуман, Ўрта Шарқ мусулмонлари ўзаро деярли ҳуда-беҳудага урушавериб, ҳеч қачон бирлаша олмадилар. Ҳиндистонни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, бутун мусулмон дунёсида Турон билан Эрон ўртасидаги ўзаро ирқий-диний муросасизлик ва асрий рақобат сиёсий келишмовчиликларни янада чуқурлаштираётган эди.

МУРОД IV (1623-1640 йиллар). Буюк Аббос вафотидан кейин турклар билан форслар ўртасидаги уруш қайтадан аланга олди. Ёш, серғайрат Мурод IV тахтга ўтирди. У Бағдоднинг Форсга қарамлигидан норози эди. Шу боис Форсни забт этишга фармон берди. Лекин ўша пайтда султоннинг бош қўшилмасидаги жоннисорлар кўтарилдилар. Улар ҳаддан зиёд кучайиб кетиб, назоратсиз қолган ва султон амр-фармонларига бўйсунмай қўйган эдилар. Навжувон султон нима қиларини билмай, бош вазирига маслаҳат солганида, у қаттиққўллик билан йўл тутишни тавсия этди. Бироқ султон четдан садоқатли кучлар ёрдамига таянмасдан туриб бу бошбошдоқ қўшилмалар ҳоврини тушириб қўя олмасди. У шундай кучларни вужудга келтиришга қарор қилди. Аввалига Онодўлидаги янги қўшинларни оёққа турғазиб, улар ёрдамида жоннисорларнинг бошлиқларини қаттиқ жазолади. Насронийлардан жоннисорликка олинишга чек қўйиб, бунга норозилик билдирган уларнинг саркардаларини вазифаларидан бўшатди, шундай кайфиятдаги қўшилмаларни қайта қуриб, кучайтириб, Форс ҳудудига босиб кираркан, 1630 йили Ҳамадонни босиб олди. Бир неча йилдан кейин Ереван ва Табризни қайтариб олиб, 1638 йили Бағдодни қўлга киритди. Ўша пайтда Мурод IV белгилаб берган шартлар асосида рақиблар ўртасида тузилган сулҳ-битимга кўра, Бағдод ўрнига Ереван қайтарилиб берилди.

МУРОД – СЎНГГИ КУЧЛИ СУЛТОН. У ёшлигиданоқ ўзини кўрсата билди, ҳарам таъсиридан қутулиб, жоннисорларга қарши қатъий чоралар белгилади ва Шарқда усмонийлар давлатини қайта тиклади. Аждодлари сингари кучли бўлган Мурод қисқа муддат ҳукмронлик қилганлигига қарамасдан, кўп натижага эришди. У қўшинига шахсан ўзи саркардалик қилган сўнгги султон бўлди. Гарчи салафлари даражасида кўзга кўринарли якка ҳоким бўлмаган эса-да, ўз номи ҳурмат билан тилга олинишига эришди. 1640 йили, яъни Форс билан узоқ давом этган уруш тугашидан кўп ўтмай, вафот қилган Муроддан кучли қўшинлар қолди. Унга яхши ёрдам бериб турган истеъдодли бош вазири Қора Мустафо вориси, яъни 1640 йили тахтга ўтирган унинг укаси Иброҳим подшоҳлигида ҳам хизматини давом эттирди.

ҚОРА МУСТАФО. Иброҳимнинг онаси ва учта хотини биргалашиб уни изга солмоқчи бўлишарди. Хайриятки, бош вазир қобилиятли маъмур ва давлатининг садоқатли хизматкори эди. У Муродга қуруқлик қўшинларини ва ҳарбий-денгиз кучларини шакллантиришда ёрдам қилди, порахўрликни ва шундай хатти-ҳаракатларга имкон берадиган ҳуқуқий нуқсонларни бартараф этди. Шу боисдан ҳам жоннисорлар ичида унга ғанимлик кўзи билан қаровчилар жуда кўп эди. Кейинроқ Қора Мустафо солиқ тартибларида ҳам ўзгариш ясаб, фуқаролардан чиққан амалдорларни ўзига қарши қилиб қўйди. Мурод тўртинчининг тазйиқидан халос бўлган жоннисорлар ва давлат амалдорлари бирлашиб, султоннинг қариган онасига қарши кураш бошлашиб, ғолиб чиқдилар. Ўз навбатида у ўғли Иброҳим биринчини Қора Мустафо даф қилиниши зарурлигига ишонтира билди. Иродаси бўш Иброҳим бунга рози бўлиб, бош вазирни қатл этишга буюрди. Мурод вафотидан икки йил кейин Қора Мустафо ҳам ўлдирилди.

ВЕНЕЦИЯ БИЛАН УРУШ (1645-1654 йиллар). 1645 йили туркларнинг бошқа доимий рақиби – Венеъия билан уруш бошланиб кетди. Венеъияликлар усмонийларга қарши ҳар қандай ҳаракатга бош қўшиб, улар билан асрлар бўйи жанг қилиб келдилар. Энди уларда илгариги куч-қудрат йўқ эди, лекин усмонийлар ҳам айтарли ҳукмдор эмасдилар. Турклар венеъияликларни шу қадар тез-тез савалаб туришларидан уларни менсимайдиган ҳам бўлиб қолган эдилар. Лепанто яқинидаги катта мағлубиятга қарамасдан, турклар ҳали ҳам Ўртаер денгизи атрофидаги буюк давлат ҳисобланардилар. Венеъияликларнинг сўнгги қалъаси бўлган Крит ороли Эгей денгизига кираверишдаги жуда қулай мавқени эгаллаб турганлигидан Венеъиянинг савдо кемаларига посбонлик қиларди. Шу денгиздаги деярли барча оролларни эгаллаган турклар Критни ҳам забт этишни ўзларига мақсад қилиб қўйдилар. Туркларнинг ҳарбий-денгиз кучлари 1664 йили оролга яқин келиб қўшин туширдилар. Катта оролда камгина қўшин бўлганлигидан турклар ҳатто унинг пойтахти Канеага етиб борганларида ҳам жиддий қаршиликка учрамадилар. Шу ерда ҳужум тўхтаб қолди. Чунки турклар айш-ишратга берилган раҳбарлари учун жонларини жабборга бериб жангни давом эттиришдан барака топмасликларини яхши тушуниб етдилар. Улар султон ўз ҳарами билан овора эканлигини, унинг ишларга қизиқиши йўқлиги Крит оролини забт этишга монелик қилганлигини ҳис этдилар. Бундай туйғу аҳолининг тобора кенг қатламларини қамраб ола бориб, фирқалар эътиборини ўзига торта бошлади. Натижада саройда исён кўтарилиб, султон ўлдирилди. Бироқ туркларнинг муваффақиятсизлиги ва қатъий сиёсат йўқлигидан келиб чиқувчи муаммолар очиқлигича қолаверди.

ҚАЛБАКИ ҲУКМРОНЛИК ВА УНИНГ ОҚИБАТЛАРИ. Энди ҳарам бош ҳукмрон бўлиб қолган эди. Бундай аҳвол анчагача давом этди. Унинг энг ёмон хусусиятларидан бири зобитларни сотиб юбориши бўлди. Султон ва саройдаги бир гуруҳ ҳийлагарлар мансаб ва лавозимларни пуллашга ўтдилар. Ишга фойда келтириш, ҳалоллик ва қобилият қадрланмай қолди. Таъсир кўрсатиш, мунофиқлик, сотқинлик умумий ҳоким эди. Кўп пора эвазига бирор мансабга эришганлар уни юз ҳисса қилиб халқдан ундириб олардилар. Улар адолатли раҳбарлик қилиш ва давлатнинг фаровонлиги тўғрисида деярли бош қотирмасдилар. Сарой аҳлининг энг таъсирли гуруҳи бундай барча ишлар учун асосан мансабфурушлар ва олди-сотдилар таянчи бўлиб турган жоннисорларни айблашга даъват этилганди. Ҳали кучли ва ўз қилмишларида аёвсиз бўлган жоннисорлардан одамлар қўрқишарди. Борди-ю, бирор вазир, султон ёки давлат арбоби ана шундай корчалонлар бошлиғини ёки унга қарам кишиларни ишдан бўшатгудек бўлса, шу одам ўзини қувғин қилинган ҳисоблаб, атрофига гуруҳлар тўплай бошларди. Улар мамлакат бўйлаб санқиб юришиб, ўзлари учун истеҳкомлар бунёд этишарди. Шундай қилиб, қонунсизлик кенг ёйила боргани сари аста-секин халқ ичида султоннинг обрўйи ҳам путурдан кетди.

БОШ ВАЗИР МУҲАММАД КЕПРУЛУ (1656-1661 йиллар). Турклар инқирозини кузатиб турган овруполиклар Истанбулда ўз айғоқчиларига эга эдилар. Кўпгина машҳур турклар насроний аёлларига уйланишган бўлиб, шу хотинлар ота-оналари ва Оврупо билан алоқалари бўлганлигидан ҳар қандай воқеа тўғрисидаги хабар дарҳол керакли жойига етиб борарди. Туркларнинг ички душманлари бўлмиш венеъияликлар шундай давлат янгиликларидан биринчи бўлиб фойдаланиб қолиш пайида юрардилар. Улар Адриатика денгизининг шарқий Долматия соҳилидан туркларни суриб чиқаришга киришдилар. Сурбетликлари ошганидан ошиб, Эгей денгизига ҳарбий кучлар ҳам йўллашди. Улар Дарданелл яқинидаги Парос оролигача сузиб боришгач, туркларнинг денгиз кучларига ҳужум қилиб, ғалабага эришдилар. Бу воқеа саройдагиларнинг ҳаммасини ваҳимага солди. Султон Муҳаммад IV (1647-1687 йиллар) ҳали ёш бола. Унга кучли раҳнамо белгиланган. Яхшиямки, саройда Муҳаммад Кепрулу исмли шундай доно давлат арбоби бор экан. Бош вазирлик вазифаси таклиф қилинганида у империя бахт-саодати йўлида ҳамма ишни қилишига ваколат берилмагунча бунга кўнолмаслигини билдирди. Султоннинг рози бўлишдан бошқа иложи йўқ эди. Муҳаммад саройни порахўрлик ва фисқ-фасоддан тозалашга киришди. У йирик тадбирларни қатъиятлик билан амалга ошириб, чакки қилмади. Жоннисорлар хавф-хатар туғдираётганлигини сезиб қолгудек бўлса, асосий бузғунчиларни ушлаб қатл эттирди. Ўзига қарши бош кўтарган сарой эркатойларини ҳам аяб ўтирмади. Бекорчи пули кўп бўлган зодагонлардан давлатга қарз бериб туришни сўрарди ёки насияга олаётганлигини билдириб қўйган ҳолда султоннинг шахсий жамғармасидан бемалол фойдаланаверарди. Бу бир сўзли, қатъиятли ва жуда малакали киши сал ўтиб, Венеъия устидан ғалаба қозонди. Беқиёс катта имкониятларга эга бўлган турклар империяси фақат кучли ҳукмдор ва ақл-заковатли маъмурга муҳтожлик сезарди. Ўз вазифасига киришаётиб, Муҳаммад Кепрулу империя душманларидан осонликча халос бўламан, деб ўйлаганди. Шарқий Оврупода Трансилвания султонига қарши кўтарилган Жорж Ракожини турк қўшинлари тор-мор келтирдилар. 1661 йилда бош вазирнинг вафот этганлиги салтанат учун катта йўқотиш бўлди.

АҲМАД КЕПРУЛУ (1661-1678 йиллар). Муҳаммаднинг ўғли Аҳмад бош вазир сифатида отаси ишини давом эттирди. Ҳукуматни бошқаришни яхши негизга қуриб кетган падари бузруквори сиёсатига содиқ қолиб, унинг ақлий меросидан яхши фойдаланди. Энди қўпол чора-тадбирларга ўрин қолмаган эди, шу боисдан ҳам у жуда одоб ва қатъият билан иш кўрар, султонга хушомад қилиб, унинг душманларини эса доғда қолдирар эди. Муомалага ғоят уста Аҳмад империя ишларида тартиб ўрнатиш мақсадида тез-тез музокара ва муросага мурожаат қилиб турарди. Бироқ бир нарса – турк қўшинларининг аҳволи унда ташвиш уйғотар эди. Уч аср давомида барчадан аъло бўлиб келган турклар ниҳояти овруполикларга нисбатан ночор қуролланганликлари кўзга ташланиб, жангларда насронийлар устунлиги сезила бошлаганди. Бундан ташқари шу пайтгача турклар билан савашиб келган Оврупо халқлари энди ўзаро уюшадиган, додхоҳлар, ахборот ва тажриба алмашадиган бўлиб олдилар. Бу давр турклари илгариги султонлар салтанатига хос сабот ва жасоратдан анча йироқ эдилар. Гўё уч аср давом этган истилочилик ва енгиллик энди хун талаб қилаётгандек туюларди. Форс уларни ўз ватанларидан – Ўрта Осиёдан узиб қўйди. Овруполиклар янги-янги ихтиролар ва кашфиётлар билан ўз қудратини ошириб бораётган эдиларки, бундан турклар билан олишиб, ғолиб чиқа олишларига ишончлари тобора мустаҳкамланаётган эди.

ВЕНАНИНГ БУЮК ҚАМАЛИ (1663 йил). Венанинг турклар томонидан қамал қилиниши, Ҳабсбург императорининг ҳийла-найрангларига қарши уюштирилган юришлар Аҳмад Кепрулу ҳукумати билан боғлиқ дастлабки воқеалар бўлди. Ўзи устидан ҳукмрон султонга қарши бош кўтарган Трансилвания шаҳзодаси Жорж Ракожи тахтдан ағдарилиб, унинг ўрнига Апафия ўтказиб қўйилди. Бу номзоднинг танланиши можарларга маъқул тушмай, улар императорга мурожаат қилишга мажбур бўлдилар. Император бу амалга ғойибдан юборилган яхши бир баҳона сифатида қаттиқ ёпишиб олди. Можорлар Апафияни эътироф этишдан бош тортдилар, бу эса Трансилванияда султон ҳукмрон эмас, деган маънони англатарди. Турклар сафарбар бўлишиб, уруш билан жавоб қайтардилар. Оврупода Папа барчага одатдаги оддий даъват билан мурожаат қилганида бунга қитъадаги кўпчилик давлатлар ижобий муносабат билдирдилар. Ҳатто Фарангистон қироли Людовиг XIV султонга иттифоқчи бўла туриб, Австрия императори учун 20 000 кишилик қўшин ажратиш илтимоси билан олмон иттифоқчисига мурожаат қилди. Турк қўшинлари ҳамма зарур нарсаларни шайлаб, шимол томон йўл олишаркан, Вена дарвозаси олдига келиб тўхташди. Қўрқиб кетган император Людовиг XIV 20 000 кишилик олмон қўшини берилиши тўғрисидаги таклифини қабул қилиб, ҳатто швед қиролидан ҳам ёрдам сўради. 1663 йил 1 августда империя додхоҳи Монтесюли Санкт Готхард туркларга қарши урушга киришганида Оврупонинг бирлашган қўшинлари унинг ихтиёрида турарди. Бу аслида янги салиб уруши эди, гарчи энди шундай аталмаса ҳам, турклар бундай катта кучга қарши туришга тайёр эмасдилар. Улар ўзларига хос жасорат билан узоқ жанг қилган бўлсалар-да, мағлубиятга учрадилар. Бу сафар император билан султон ўртасида йигирма йиллик сулҳ тузилди. Шунга биноан ўзига раҳнамо танлаш ихтиёрини султон Трансилваниянинг ўзига қўйиб берди. Бу султон қудратининг аста-секин камая бораётганлигини англатарди. Гарчи қарамоғидаги ерлар жиҳатидан ҳеч нарса йўқотмаган бўлса ҳам, бундай зарба унинг обрўйига сезиларли даражада путур етказди.

КРИТ ОРОЛИДАГИ ВА ПОЛШАДАГИ УРУШ. Турклар гоҳ у жабҳада, гоҳ бу жабҳада жанг қилишарди, овруполиклар уларга узоқ осойишталик бериб қўйишмасди. Эгей денгизида жиғига тегиб келаётган венеъияликлардан қутулиш учун турклар Крит оролини босиб олиш мақсадида унга ҳужум қилдилар. Венеъияликлар Фарангистон ва Австрияни ёрдамга чорлашди. Фарангистон кемалари 7 000 жангчи билан етиб келганларида турклар ўзларини йўқотиб қўймадилар. Орол таслим бўлди, критликлар узоқ қамалдан кейин 1669 йили пойтахтларини топширдилар. Тузилган битимда Венеъияга оролда учта қалъага эга бўлиш рухсат этилди. Уч йилдан кейин янги уруш бошланиб кетди. Украина ўша пайтда Полшанинг бир қисми ҳисобланарди. Қримнинг мусулмон торторлари ва казаклар асрлар бўйи унга ҳужум уюштириб турдилар. Илгари поляк қиролининг фуқароси бўлган казак атамани Дорошенко 1668 йили ўзига ўзи султон деган юксак ном берди. Шундан кейин поляклар турк ерларига ҳужум қила бошладилар. Турклар ҳужумни қайтарибгина қолмай, уларни Кичик Полша ҳудудидаги Лемберггача қувиб бордилар. Поляк миллий қаҳрамони Жон Собескийнинг майдонга чиқиши ҳам айни шу пайтга тўғри келди. Полшанинг нимжон қиролини тахтдан ағдариб, 1676 йили унинг ўрнини эгаллаган бу раҳбар туркларга қарши амалга оширган йирик тадбирлари билан довруғ таратди. Кўплаб жанглар олиб борар, лекин ҳаммасида ҳам ғолиб чиқавермасди. Дастлаб у Жанубий Украинадаги Подолияни босиб олди, сўнгра 1676 йили Днепр дарёсини кечиб ўтиб, Галиъиягача етиб борди. Бироқ Зуравна яқинида турк қисмлари қуршовига тушиб қолиб, султон билан битим тузишга мажбур бўлди. Шунга биноан Подолия ҳамда Украинани беришига тўғри келди.

ҚОРА МУСТАФО (1678). РУСИЯ БИЛАН УРУШ (1677-1681). Аҳмад Кепрулу ўлиб, турклар империяси бошига катта мусибат тушди. У буюк маъмур ва тожу тахт ҳимоячиси сифатида султонлик обрўсини юксакларга кўтара олган эди. Унинг ўрнини эгаллаган ғаразгўй, қайсар ва кибр-ҳаволи инсон Қора Мустафо хатарли иттифоқлар тузиб, империя бошига янги урушлар бошлаб келди. Император Леополд I га қарши можар қироли Католли билан битим тузиб, Австрия билан тўқнашувга сабаб бўлди. Полша ва Русиянинг гижгижлашлари сабабли бўлса керак, шимолда казаклар турклар ерига ҳужум қила бошладилар. Казакларни турклар жазолаганликларини кўриб, Русия ўзининг илгариги фуқароларига ғамхўрлик кўрсатган бўлди. Уруш ҳар иккала томонга ҳам ғалаба келтирмаган эса-да, Русия муайян жузъий устунликка эга бўлганлиги сабабли султоннинг Украинани унга беришига, казакларга эса Қора денгизда савдо кемаларидан фойдаланиш ҳуқуқини таъминлашига тўғри келди.

АВСТРИЯ БИЛАН УРУШ (1682-1689 йиллар). Русияга қарши урушдан кейин Австрия билан тўқнашув бошланиб кетди. Саккиз йил давом этган бу уруш жуда қимматга тушди. Турклар империясининг жонли кучлари ва моддий имкониятларини қуритди. Илгариги султонлар йўқ, Оврупода эса илмий ихтиролар ва кашфиётлар пишиб етилмоқда эди. Шу жиҳатдан ҳам туркларнинг рақиблари қурол-аслаҳалар билан яхши таъминланганликлари ва катта имкониятларга эга эканликлари кўриниб турарди. Давр тараққиётидан орқада қолишаётган туркларнинг жасурликдан бошқа ҳеч вақолари йўқ эди. Қора Мустафо 1683 йили турк қўшинларини Австрияга қарши бошлаб бориб Венани қамал қилди. Бу шаҳарнинг турклар томонидан амалга оширилган сўнгги қамали бўлди, ҳужум эса жуда шиддатли ўтди. Турклар ўрнатган моддалар портлашидан шаҳар деворининг бир бўлаги кўкка совурилди. Австрияликларнинг Вон Стахренберг графлигида довюрак саркардаси бўлиб, тез орада унга ғарбдан Чарлз Лоррейн ва шимолдан Жон Собеский қўшинлари билан келиб қўшилдилар. Яна овруполикларнинг туркларга қарши бирлашуви юз берди. Қамал давом этаётган бир пайтда ниҳоят музокаралар бошланиб кетиб, сулҳ тузилди. Султон ўз тасарруфидаги ерлардан ҳеч нарсани бой бермади, чунки турклар ҳали руҳан кучли эдилар. Лекин бу уларнинг шимолга қилган охирги энг узоқ сафари бўлди. Ҳатто ушбу битимнинг ҳам умри узоқ бўлмади. Чунки Папа ундан қониқмаганлиги сабабли янги муқаддас иттифоқ тузилди. Венеъияни Австрия билан бирлашишга кўндириб, Русия ва Полшани султонга қарши отлантирдилар. Ҳали ҳам султоннинг иттифоқчиси бўлиб қолаётган Фарангистон қироли Полшанинг иттифоқдан чиқиб кетишини талаб қилиб туриб олди. Бироқ австрияликлар Оврупо Туркиясига катта қўшин билан ҳужум қилиб, 1684 йили Кроатинни босиб олишгач, 1685 йили Будапешт томонга чиқдилар. Венеъияликлар Мореа (Жанубий Юнонистон) устига бостириб келган бўлсалар, руслар Азов ва Қримни қуршовга олдилар. Туркларга шу жабҳаларнинг барчасида жанг қилишга тўғри келди. Бу ниҳоятда йирик муаммо бўлиб, уни ҳал этиш камдан-кам мамлакатларнинг қўлидан келарди. 1687 йили турклар Маҳакдаги иккинчи жангда савашаётган эдилар, бироқ энди бутунлай бошқа давр бошланганди. Уларнинг мардона қаршиликларига қарамасдан, тақдир ғилдираги бошқа томонга айланаётган эди. Чарлз Лоррейн туркларни енгиб чиқди. Бу мағлубият султонни бутун Можаристондан маҳрум қилди. Истанбулда Муҳаммад IV тахтдан ағдарилиб, ўрнига укаси Сулаймон III ни ўтказишибди, деган миш-мишлар тарқалди, лекин бундан натижа чиқмади. Австрияликлар ҳужумни давом эттириб, Белградни, сўнгра Видинни забт этдилар. Вазирликда инқилоб бошланиб кетиб, Қора Мустафони вазифасидан четлатиб, Аҳмаднинг укаси Мустафо Кепрулуни бош вазирликка кўтардилар.

МУСТАФО КЕПРУЛУ. У турклар ишига барқарорлик бағишлашга муваффақ бўлди. Бу қобилиятли инсон қатъий тартиб ўрнатишга бел боғлади. Ҳамма жойда яхшиланиш сезила бошлади. Мамлакатнинг иқтисодий аҳволи ўнгланди, қўшинлар кучайиб, уларнинг жанговор руҳи кўтарилди, муваффақиятлари ҳам тезда кўзга ташланиб қолди: Булғориядан австрияликларни қувиб чиқардилар, Белградни қайта эгаллаб, Сербия ва Трансилванияни тортиб олдилар. Салем Кемен жангида (1691 йил, август) Мустафо Кепрулу Лукс Баденни енгиб чиқди. Жангда Мустафонинг ўзи ҳалок бўлганлигига қарамасдан, унинг қўшинлари олға томон интилавердилар. Шундай қилиб, турклар Шарқий Овруподаги ерларини қайтариб олишди. Янги султон Мустафо (1695-1703 йиллар) ҳам ғайратли ҳукмдорлардан эди. У қўшинларга саркардаликни ўз қўлига олиб, Шарқий Овруподаги Темесвар Банати пойтахти бўлмиш Темесварни забт этди.

ТУРКЛАРНИНГ ҚАҲРАМОНОНА ЖАНГИ. Бироқ бу муваффақиятлар вақтинчалик бўлиб, бўрон олдидаги осойишталикни эслатарди. Энди кўтарилаётган ҳақиқий тўфон эса қарийб юз йил давом этди. Турклар неча марталаб оёққа қалқдилар; кетма-кет жанглар давом этаверди, қаҳрамонларча куч-ғайратларига қарамасдан, улар мағлубиятга учрайвердилар. Ўзларидан устун қўшинларга, моҳир додхоҳларга, қарийб бутун Оврупонинг ўзларига қарши бирлашган кучлари ва иттифоқларига дуч келарканлар, улар мавқеларини мустаҳкамлаб улгурмаслариданоқ чекинишга мажбур бўлардилар. Охирги марта ҳам улар жанговарлик фазилатлари етишмаганлигидан эмас, балки ички сиёсатнинг бўшлиги, эски тушунчалар, янгиликлардан қўрқиш, саройда хушомадгўйлик ва порахўрлик авжига чиққанлиги сабабли мағлуб бўлдилар.

ЕВГЕНИЙ САВОЙСКИЙ ВА КАРЛОВЦИ БИТИМИ (1699 йил). Ўша даврда насронийларда Евгений Савойский исмли йирик додхоҳ бўлиб, уни айни шарқий жабҳага йўллашди. Турклар билан кўплаб марта олишувларда енгилиш нималигини билмаган додхоҳ биринчи ғалабани 1697 йил сентябрда Зента жангида турк қўшинларини тор-мор келтириб қўлга киритган эди. Рус подшоҳи Буюк Пётр турклар империясининг шимоли-шарқий жабҳасида, Қримда Азовни қамал қилиб, охирида қўлга киритди. Бахти қайтган туркларга овруполик иттифоқчилар 1699 йил январда Карловъи битимини зўрлаб тиқиштирдиларки, унга кўра, турклар ўзларига тегишли Оврупо империясининг ярмидан маҳрум бўлдилар. Темесвар Банатини ҳамда Трансилвания, Кроатин ва Славонини истисно қилганда, бутун Можаристонга Австрия эга чиқди. Полша Подолияни қўлга киритди. Азов денгизини қайтариб олган рус подшоҳининг кўнгли тўлмай қолди.

ПОДШОҲ ПЁТР ҚИЙИНЧИЛИКЛАРИ. Яна ўн йил ўтиб, Оврупода жиддий тўқнашув юз берди. Швеъиялик Карл Густав (Карл XII) рус подшоҳи Буюк Пётрнинг жуда катта режа ва ниятларини бузиб юборди. Бироқ бир неча кичик ғалабалардан кейин руслар уни 1709 йили Полтава яқинидаги жангда мағлубиятга учратдилар. Султоннинг дўсти бўлган Карл Туркиядан ёрдам олишга ҳаракат қилиб кўрди. У султонни русларга қарши майдонга тушиш даъватига киришиб, ниҳоят уни Карл XII бой бериб қўйган ҳудудларини қайтариб беришни Русиядан талаб қилишга кўндирди. Албатта рус подшоҳининг бунга рад жавоби тайин эди. Карловъи битими жуда қаттиқ ботган турклар сафарбарликни бошлаб юбордилар. Подшоҳ катта қўшин тортиб келди, лекин турклар Бессарабиядан ва шимолдан туриб ҳужум уюштириш орқали русларни алдаб қуршовга олдилар, Пётрни қўлга тушириш ниятида Прут дарёси яқинида унинг қўшинларини ўраб кела бошладилар. Саркардаликни вазирига топшириб қўйганлиги туфайлигина у асирликдан омон қолди. Жанг натижасида 1711 йилда Прут битими тузилиб, унга биноан Русия Азов денгизини Туркияга қайтариб берди.

ВЕНЕЦИЯ ВА АВСТРИЯ БИЛАН УРУШ. XVIII аср турклар тарихининг энг қайғули даври бўлди. Улар кетма-кет мағлубият аламини тортиб, иснодга қолавердилар. Венеъияликлар эгаллаб олган Монтенегода кўтарилган исён натижасида Венеъия билан Австрия ўртасида уруш келиб чиқди. Бу воқеа турклар Венеъияга ҳужум қилиб, Мореа ва Критни ўзларига қайтариб олишларига имкон берди, ўз навбатида бу шаҳзода Евгений Савойский бошчилигида Австрияни туркларга қарши кўтарди. 1716 йилдаги Питерварден жангида Савойский турклар устидан яна ғалаба қозониб, Темесварни қўлга киритди ва юришларини давом эттириб, бир йил ичида Белградни ҳам эгаллади. Турклар музокара олиб боришни таклиф қилганликлари сабабли уруш 1718 йил июлда имзоланган бошқа бир ҳақоратомуз битим – Пассаровъи шартномаси билан якунланди. Турклар Темесвар, Шимолий Сербия ва Кичик Валахиядан маҳрум бўлдилар.

МАҲАЛЛИЙ ТАШВИШЛАР. Уларнинг ташқи омадсизликлари империя ичидаги маҳаллий мусибатларни эслатарди. Сафавийлар салтанати афғонлар қўлига ўтган эди. Сўнгги сафавий шаҳзода Таҳмасп тожу тахтни эгаллашга жон-жаҳди билан интилди. Форснинг узоқ шимоли-ғарбида у ўзига қароргоҳ белгилаб, турклар сарҳадига тез-тез ҳужум қилиб турди. Султон Таҳмасп қарши курашга шайланмоқчи бўлганида эса жоннисорлар султоннинг ўзига қарши қўзғолон кўтариб, уни тахтдан ағдардилар ва ўрнига жияни Маҳмуд I ни ўтқаздилар. Бироқ саройда бошланган бошбошдоқлик икки йил давом этиб, фақат жоннисорларни ушлаб, минглаб қатл қила бошлаганларидан кейингина осойишталик ўрнатилди.

РУСИЯ БИЛАН БЎЛГАН УРУШ. БЕЛГРАД БИТИМИ. Кўп ўтмай, бошқа хавф-хатарлар ҳам турклар безовталигини ошира бошлади. Бу галги ташвишларга рус маликаси Кетрин (Екатерина) сабаб бўлди. Бироқ Русия билан бўлган 1739 йилги урушда турклар ғолиб чиқдилар. Султоннинг иттифоқчиси бўлган Фарангистон ундан Русиянинг Полшага нисбатан ниятлари хусусида норозилик билдиришни сўради. Турклар учун эса куч тўплаб олганларича холисроқ туриш мақсадга мувофиқ эди. Бироқ шонли жангчилар бўлган улар доимий иттифоқчилари билан бирлашган овруполикларнинг ўзларига нисбатан ноҳалол хатти-ҳаракатларини сезиб қолдилар. Боз устига Русия тобора жангарилашиб борарди. Қора денгизда эркин сузишни истаган руслар яна Азов денгизи учун турклар билан жиққамушт бўла бошладилар. Қрим ҳам, Волга дарёси ҳавзаси ҳам асрлар бўйи мусулмонликни қабул қилган торторлар ватани бўлиб келди. Улар Русияда ўз давлатларига эга эдилар. XIII асрдан XV асргача кучли давлат бўлмаган Москва князлиги торторларга узоқ давр мобайнида мажбуран товон тўлаб турди. XV асрга, Иван Грозний даврига келгандагина Москва мустақилликка эришди. То шунга қадар торторларга қарам бўлган руслар Волга дарёси ҳавзасидан маҳрум эдилар. Қрим торторлари ҳам турклар васийлигида бўлиб келганликлари боис султон бу ерда ҳам руслар билан олишиб турди. Шундай қилиб, руслар Азов денгизига ҳужум қилганларида турклар мустаҳкам мудофаа ташкил қилдилар. Ўша пайтда Евгений Савойский вафот этган ва турклар Шарқий Оврупода австрияликларни осонгина енгишларига умид боғлаётган эдилар. Урушга якун ясаган Белград битими туркларга Сербия, Белград ва Азовни қайтариб берди.

ДЕРЕБЕЙЛАР. Бироқ турклар тинчлик гаштини суришларига ҳали эрта эди. Чунки ўша пайтда Кичик Осиёда катта тартибсизликлар бўлиб ўтаётганди. Текисликларнинг эгалари, яъни уларнинг деребейлар деб номлана бошлаган ҳарбий авлодлари ўзларига у қадар катта бўлмаган ярим мустақил князликлар ташкил этишиб, солиқ тўлашдан ёки султоннинг талаби билан унга аскарликка одамлар беришдан бош тортдилар. Бу ҳалокатли мусулмон сиёсати касалликларининг қўзиши эди. Марказ заифлашаркан, барча пароканда бўлакларни ягона бир империяга жипслаштирадиган янги марказий ҳокимият вужудга келгунига қадар узоқ вилоятлар ёки ҳокимликлар мустақил бўлиб олишарди. Бирор кучли шахснинг бошқаруви ҳеч қачон халққа биргаликда давлат тўғрисида ғамхўрлик қилишга имкон берган эмас, гарчи халқ ўша давлатга содиқ эканлиги тўғрисида онт ичиб турган бўлса ҳам. Суверенитет – халқ иши деган демократия ғояси у пайтларда ҳали унчалик маълум эмасди. Ўша даврда империянинг қудратли ёки заиф бўлиши султонга, ҳукмдорларга боғлиқ бўлган замонлар эди. Туркия билан Форс ўртасида асрлар бўйи давом этиб келган урушлар ҳар иккаласининг ҳам силласини қуритиб қўйди. Бу олишувлар туронликлар ва эронликлар ёки суннийлар билан шиалар ўртасидаги эски рақобатнинг давоми эди. Лекин пировардида бу қарама-қаршиликдан ҳеч ким ютгани йўқ, ҳар иккала томон заифлашиб қолди.

РУСИЯ КЕТРИНХОНИМИ. Ўша пайтда овруполиклар иккита уруш – Австрияни қуршаб олиш учун ҳамда етти йиллик уруш домига тортилган эдилар. Бу шиддатли олишувлар туркларнинг ўзларини ўнглаб олишларига имкон яратди. Улар бахтига Мустафо III сиймосида доно султонлари ва унга жуда мос вазирлари Рағиб Пошшо бор экан. Рағиб Пошшо вазирлик пайтида етти йил (1757-1763 йиллар) империянинг молиявий муаммоларини ҳал этишга ҳамда қўшинларни қайта қуришга куч-ғайрат сарфлади. У Онодўлининг тинчини бузиб келаётган деребейларни тартибга чақириб қўйишга ҳам вақт топа билди. Бироқ осойишталик узоқ чўзилмади. Уни руслар, уларнинг даҳшат солувчи шоҳ маликаси Екатерина бузди. У ҳаракатларини Полшага ҳужумдан бошлади. Савашиб, чекинаётган поляклар ўзларидан устун кучлардан кетма-кет мағлубиятга учрамоқда эдилар. Кўплари Туркия империяси ҳудудига қочиб ўтдилар, уларни таъқиб қилиб келаётган руслар ҳам турклар чегарасидан ўтиб боравердилар. Султон ҳали кучига ишонмаганлигидан урушга қўшилолмай турди. Бироқ Фарангистон уни катта сиёсий хатога – Русияга уруш эълон қилишга бошлади. Малика гўё шуни кутиб тургандай иш кўриб, қўшинларини Молдавия ҳамда Валахия устига сурди. Сўнгра сафида кўплаб британ зобитлари бўлган денгиз кучларини Болтиқ денгизидан олиб, Эгей денгизи томон йўллади. Уларга нисбатан жуда камқувват бўлган турк денгиз кучлари 1770 йилда Чашмий яқинида бўлиб ўтган жангда мағлубиятга учрадилар. Пировардида руслар Қримни эгаллаб, турклар империяси ичкарисига кириб боравердилар. 1773 йили Русияда Пугачёв номи билан қўзғолон кўтарилмаганида, улар бу йўлларида тўхтамаган бўлардилар. Вужудга келган вазият маликани ўз қўшинларини орқага қайтаришга мажбур қилди. 1774 йилда имзоланган Кучук Қайнаржи битими эса Русия фойдасини кўзлаб тузилди: турклар Қримда Кенгбурунни, Ениқалъа ва Керчни йўқотдилар. Қрим торторларига мустақиллик ғояси сингдирилди, лекин улар султонни халифа сифатида ҳурмат қилаверишлари ҳам мумкинлиги айтиб қўйилди. Молдавия ҳамда Валахия Туркияга қайтариб берилди. Аммо Русия Шарқий Овруподаги насронийларнинг ҳомийси деб эътироф этилди. У Истанбулнинг насронийлар истиқомат қиладиган Ғалат туманида черков қуришга рухсат берилишини қатъий талаб қилди.

АВСТРИЯ ВА РУСИЯ ИТТИФОҚИ (1781 йил). Шу даврга келиб Русия билан Австрия ўртасида ўзаро муносабатлар ўрнатилган эди. Улар туркларни Шарқий Овруподан қувиб чиқариш, ўрта аср юнон империяси Бизантумни қайта тиклаганларидан кейин юнонларнинг озод император хоними Екатеринанинг ўғли Константинни ўзларига бош қилиб танлашлари учун барча имкониятларни ишга солишлари хусусида келишиб олдилар. Австрияликлар Болқоннинг ғарбий ярим қисмини эгаллашлари лозим эди. Ана шу битимга мувофиқ иш кўрган Екатерина 1783 йилда бутун Қримни ўзига ажратиб олди, бундан қаноат ҳосил қилмай, Кавказда Гуржистонни ҳам забт этди. Турклар ўз сарҳадлари ҳимоясига турганларида Австрия Русияга ёрдамга келди. Рус додхоҳлари Потёмкин ва Суворов Молдавияга бостириб кириб, у ерни истило қилдилар. Турклар яқингинада бўлиб ўтган урушлар ва деребейлар билан ички низоларидан кейин ҳали ўзларига келиб улгуришмаган бир пайтда руслар Дунай томон осонгина йўл очиб олдилар. Турклар яхши жанг қилсалар ҳам, самара кам эди. Рус қўшинларига қарши туришга уларнинг кучлари қолмаётганди. Ниҳоят тўхтатилмаган тақдирда Оврупода Русия кучайиб кетишидан хавфсираб қолган Пруссия 1791 йили Австрияни урушга чек қўйишга кўндириш натижасида Систов битими имзоланди. Оврупо давлатлари Туркиянинг гуноҳларини кечгандай бўлдилар. Бундан ташқари улар орасидаги ўзаро гумонсирашлар туфайли у кутганидан ҳам кўпроқ натижага эга бўлди. Австрия ўзига олган Босниянинг бир қисми ўрнига унга Белград қайтариб берилди. Бир йил ўтгач, 1792 йили Русияни Ясси битимини имзолашга рози қилдилар. Шу билан Русия Қримдаги Очаковни олиб, Молдавия, Бессарабия ва Валахияни Туркияга қайтариб берди. Днестр дарёси чегара қилиб белгиланди. XVIII аср охирига келиб ана шундай ҳолат юзага келди.

ТУРКЛАР ҲУКУМАТИ – СУЛТОН-ХАЛИФА. Энди империянинг маъмурий тузилишини қараб чиқиш, туркларнинг мазкур бобда баён этилган икки юз йиллик тарихида қўлга киритган ютуқларини аниқлаб олиш зарур. Шу даврга келганда султон гарчи барча мусулмонларнинг халифаси, яъни диний раҳнамоси бўлмаса ҳам, ҳар ҳолда шундай мавқеи билан ҳам маълум эди. Дастлаб усмонли турклар фақат ҳарбий саркардалар деб эътироф этилардилар. Ўрхон ўзини амир деб ҳисоблаган бўлса, Боязид I султон унвонини танлаган эди. Муҳаммад Фотиҳ эса султон номига «Бутун қуруқлик ва денгизлар» («Султон ул-Барраин вал-Баҳраин») сўзларини ҳам қўшиб қўйди. Салим I Мисрни босиб олганидан кейингина шу давргача аббосий халифаларгагина раво кўриб келинган Пайғамбар алайҳиссаломнинг ёпинчиғи Константинополда ҳам қўлланадиган бўлди. Бироқ султонлар ҳақиқий халифаликни XVIII асрдагина ўз унвонларига қўшиб олдилар. Шунга қарамай, улар ҳокимияти тобора заифлашиб, халқни тобеликда ушлаб туриш мушкуллаша борди. Халифалик – бу ҳазрат Али авлодларидан қолган мерос, деб билувчи форслар ўзларини ҳаргиз шундай деб ҳисобламасдилар. Ҳинд мусулмонлари эса шунчаки қизиқиш юзасидангина ўзларини ворис санардилар.

ИМПЕРИЯНИНГ ТАШКИЛИЙ ЖИҲАТЛАРИ. Империянинг олий дунёвий ишлари ва диний раҳнамоси бўлган султон-халифа ўзининг кўпгина ваколатларини бошқаларга топшириб қўядиган бўлди. Муҳаммад II ўз Қонунномасида давлатдаги олий лавозимларнинг ҳуқуқ ҳамда вазифаларини белгилаб берган даврдан эътиборан шу таомилга амал қила бошлаган эди. Улуғ ёки бош вазир султоннинг ноиби ёхуд ўринбосари бўларди. Заиф султонлар ҳукмронлиги даврида у давлат бошлиғи ҳам ҳисобланган. Улуғ вазир деярли ҳар куни вазирлар билан маслаҳат қилиб турарди. Бу кенгашларнинг ҳозирги маънодаги вазирлар маслаҳатларидан фарқи фақат шунда эдики, бевосита султон томонидан тайинланадиган вазирлар унинг олдидагина жавобгар бўлиб, бугунги кўплаб демократия мамлакатлари давлат тузумларидаги сингари халқ вакиллари ҳисобланмасдилар. Империя илк усмонийлар даврида бейлар бошчилигида бўлгани каби Румели, Онодўли ва Африқо номли учта кичик подшоҳликдан иборат эди.

ФУҚАРОЛИК ҲУКУМАТИ. Аввалига усмонлиларнинг умумий қонунлари бўлгани ҳолда мамлакатда шариат етакчи ўринда турарди. Турклар ўзларининг оддий хизматчиларига жуда асосли сабоқ беришарди ва бир йилликдан кўпроқ муддатли тайёргарлик мактабига ҳам эга эдилар. Иштиёқмандлари минглаб топиладиган бундай ўқишнинг дастлабки босқичи етти йиллик бўлиб, уни тугатганлар донишмандлар деб аталарди. Уларнинг ҳар бири истаган машғулотини танлай оларди, яъни ўқитувчилик ёки қозилик қилиши мумкин эди, оддий муллаликка хоҳиши бўлганларга юқори таълим мактабларида яна етти йил таҳсил кўришга тўғри келарди. Анча юксак лавозимларни эгаллашга эса олдиндан шахсий суҳбатдан ўтишни ҳам ўз ичига оладиган анча юқори талаблар қўйиларди.

ДИНИЙ УЮШМАЛАР. Диний ҳаёт ҳам яхши йўлга қўйилганди. Туркиядагидек диний ташкилотлар анча-мунча мусулмон мамлакатларида йўқ эди. Улар ичида тўрттала ташкилотнинг таъсири айниқса сезилиб турарди. Соф диний мазмундаги бу ташкилотлар аввалига сиёсий ишларга умуман аралашмадилар. Уларнинг учтаси энг машҳур эди. Биринчиси таниқли мутасаввуф шоир мавлоно Жалолиддин Румий асос солган мавлавий уюшмасининг тарафдорлари «зикру само билан машғул дарвишлар» номини олдилар. Насронийлар ҳамда мусулмонларнинг шиа мазҳаби учун муштарак жиҳатларига эга бўлган Бектоший жамоаси аъзолари расмий ибодатни тан олмасдилар ва улар тасаввуфида мусулмонча маросимларга кўп ҳам риоя қилинавермасди. Бундай тартиб-қоидалар жоннисорлар орасида айниқса кенг оммалашган эди. Учинчи жамоани ташкил қилувчи нақшбандийлар тўғрисида юқорида ҳам маълумотлар берилди. XVI асрда Ҳиндистонда жуда катта таассурот қолдирган мазкур йўналиш Шоҳ Вали ул-Лақабийдек шахснинг намоён бўлишига имкон яратди. Туркияда диний жамоалар аста-секин бу дунё лаззатларидан баҳраманд бўлишни ёқтирадиган кишиларнинг ташкилотларига айлана бордилар, уларнинг раҳнамолари эса мол-мулк тўплаб ёмон йўлга кира бошладилар. Хуллас, дастлаб туркларнинг ижтимоий ва маънавий ҳаётига йўналиш бериб турган жамоалар пировардида уларнинг инқирозига учраб, завол топишга ёрдам бердилар.

ТУРК МАДАНИЯТИ. Туркларнинг аксарияти азалдан жангчи ва тадбиркор кишилардир. Шунингдек, яхши қонунчи ва ташкилотчи эдилар. Улар жамиятларини миллий негизда қурганликлари туфайли ўз империяларидаги бошқа жамоаларнинг маданий, ижтимоий ва диний асосларидан деярли дахлсиз қола билдилар. Уларга, яъни булғорлар, серблар, арманлар ва друссларга ўз қонунлари асосида яшаш имконини бериб қўйдилар. Шу сабабдан турклар баъзан аралашиб кетганларида ҳам ўз империясини сақлаб қола билдилар. Адабий маданият бобида араб ва форс намуналарига, кўпроқ форсларга эргашардилар. Асрлар давомида уларнинг қонунчилигида арабча, адабиётида эса форсча майллар етакчилик қилиб келди. Тадрижий равишда уларнинг ўз анъаналари вужудга кела бошлади. Бу соҳада узоқни кўра биладиган султонларнинг ёрдами катта бўлди. Даставвал бутун турк шеърияти форс назмига хос шакл ва услубга тақлидан яратиб келинди. Турклар бу анъанадан воз кечишга кўп вақтларини сарфладилар. Насрда улар янги услубга эртароқ ўтишга муваффақ бўлдилар. 1679 йили авлиё Чалабий «Сайёҳ кундаликлари»ни ёзди. Оврупога саёҳатлари ва юришларида кўрган-билганларига асосланиб битилган мазкур янгича асарда у империянинг ижтимоий ҳамда иқтисодий шарт-шароитларини яхши акс эттирган. Шайх Ғолиб (1757-1790 йиллар) «Ҳусну ишқ» номли ажойиб достон яратди. Бу маънавий муҳаббат мажози мавлавийлар жамоасининг ўша пайтдаги бошлиғи қаламига мансуб эди. XVIII асрда «Тағути тавориҳ» («Тарих гултожи») асарини ёзган Саъдуддин ва кўп жилддан иборат «Тарих» китобини яратган Наима ўша даврнинг асосий тарихчилари ҳисобланадилар.

Манбаъ: http://islom.uz

(Tashriflar: umumiy 1 507, bugungi 13)

Izoh qoldiring