Anqara jangining 610 yilligi oldidan. Amir Temur (1336-1405)

anqara

Бундан роппа-роса 610 йил аввал — 1402 йил 28 июлида Амир Темур (1336-1405) билан усмонли турк султони Йилдирим Боязид (1389—1402) қўшинлари ўртасида Анқара ёнида ўша даврдаги энг муҳим ва қақшатқич жанг бўлиб ўтган эди. Анқара жангининг 610 йиллиги кунигача роппа-роса бир ой бор.Мана шу бир ой мобайнида бу тарихий муҳораба,Амир Темур билан Йилдирим Боязид ҳақида ўзбек,турк ва ғарб олимлари,адиблари асарларидан парчалар эълон қилиб боришни ҳам ўйлаб қўйдим.
Бугун эса Ўзбекистон миллий энциклопедияси асосида ушбу жанг ва унинг асосий иштирокчилари Амир Темур билан Йилдирим Боязид ҳақида қисқача (аммо алоҳида-алоҳида) маълумот бераман-да, кейин янги саҳифада «Темурбек ва Улуғбек» («Соҳибқирон набираси») номли қиссамдан айни шу тарихий ҳодисага бағишланган бобни назарингизга ҳавола этаман.

temur

АМИР ТЕМУР

АМИР ТЕМУР, Темур, Темурбек (тўлиқ исми Амир Темур ибн Амир Тарағой ибн Амир Барқул) (1336.9.4, Кеш (ҳоз. Шаҳрисабз) ш. яқинидаги Хожа Илғор қишлоғи (ҳоз. Яккабоғ тумани) — 1405.18.2, Ўтрор ш., Самарқандда дафн этилган) — ўрта асрнинг йирик давлат арбоби, буюк саркарда, кучли, марказлашган давлат асосчиси, илм-фан ва маданият ҳомийси.
А. Т.нинг онаси Такина хотун бухоролик. Отаси амир Тарағой эса барлос
уруғининг оқсоқолларидан ҳамда Чиғатой улусинииг эътиборли бекларидан ҳисобланган. Унинг аждодлари Кеш вилоятида ҳокимлик қилишган. Шу боис А. Т.нинг отаси амир Тарағой ҳам йилда бир маротаба Или дарёси бўйида хон томонидан чақириладиган эл-юрт бекларининг қурултойига таклиф этилар ва у бундай йиғинларда муттасил қатнашар эди. Шу б-н бирга у, Шарафуддин Али Яздийнинг таъкидлашига кўра, «уламо ва сулаҳо ва муттақийларға мушфиқ ва меҳрибон эрди ва буларнинг мажлисига борур эрди…». Тарағойбек пири Шамсуддин Кулолни айниқса чуқур эҳтиром қилган. Кейинчалик шайх Кулол А. Т.нинг ҳам пири бўлган. Тарағойбек 1360 й.да вафот этган.
А. Т.нинг ёшлиги Кешда кечди. Етти ёшга тўлгач, отаси уни ўқишга берди. А. Т. ёшлик чоғлариданоқ махсус мураббийлар назорати остида чавандозлик, овчилик, камондан нишонга ўқ узиш, бошқа турли машқ ва ҳарбий ўйинлар б-н машғул бўлган. Шу асно-да А. Т. тулпорларни саралаб ажрата оладиган моҳир чавандоз ва довюрак баҳодир бўлиб вояга етган. А. Т. табиатан оғир, босиқ, теран фикрли ва идрокли ҳамда ниҳоятда зийрак, кишилардаги қобилият, фазилат, айниқса, самимиятни тезда фаҳмлаб оладиган инсон бўлган. Шу туфайли ўспиринлик чоғларидаёқ атрофига тенгқурлари орасидан садоқатли дўстларни жалб қила олган. Унинг атрофига болаликдаги дўстлари ва мактабдошлари (Аббос баҳодур, Жаҳоншоҳбек, Қимори иноқ, Сулаймоншоҳбек, Идику Темур, Сайфуддинбек, Ҳиндушоҳ, Қарқара ва б.) тўпланишиб, биргаликда машқ қилар, мусобақаларда иштирок этишар, аста-секин навкар бўлишиб ва ҳарбий гуруҳга бирлашиб, ҳарбий бўлинма сифатида шакллана борган. Кейинчалик улар А. Т. қўшинида лашкарбошилик даражасигача кўтарилганлар.
А. Т. ўзининг илк ҳарбий фаолиятини қўл остидаги навкарлари б-н айрим вилоят амирларига хизмат қилишдан бошлаган; уларнинг ўзаро курашларида қатнашиб, жасорат кўрсатган, жангларда чиниққан, ҳарбий маҳоратини оширган. Донғи бутун Қашқадарё воҳасига ёйилган. А. Т.нинг ақлу заковати, шижоати ва шуҳрати уни Мовароуннаҳрнинг нуфузли амирларидан амир Хизр Ясовурий ва амир Қазағон б-н яқинлаштирди. Хондадамирнинг ёзишича, отаси амир Тарағой А. Т.ни аввал (1355) амир Жоку барлоснинг қизи Нурмушк оғога, сўнгра ўша йили (1355) Қазағоннинг набираси ва амир Ҳусайннинг синглиси Ўлжой Туркон оғога уйлантиради. Кейинги никоҳ туфайли А. Т. б-н Балх ҳокими амир Ҳусайн ўртасида иттифоқ юзага келиб, улар биргаликда мўғулларга қарши курашадилар.
А. Т.нинг Мовароуннаҳрни бирлаштириш йўлидаги ҳаракати 14-а.нинг 60-й.лари бошларидан бошланди. 14-а. нинг 50-й.лари охирида Мовароуннаҳрда амирларнинг ўзаро кураши кучайиб, амир Қазағон ўлдирилди. Мамлакатда сиёсий парокандалик авжига чиқиб, оғир танглик содир бўдди. Хондамирнинг «Ҳабиб ус-сияр» китобида келтирилган маълумотларга қараганда, улус ўнга яқин мустақил бекликларга бўлиниб кетган. Самарқанд вилоятида амир Баён сулдуз, Кешда амир Ҳожи барлос, Хўжандда амир Боязид жалоир, Балхда Улжой Буға сулдуз, Шибирғонда Муҳаммад I Хожа Аперди найман, Кўҳистонда Бадахшон шоҳи амир Сотилмиш, Хутталонда Кайхусрав, Ҳисори Шодмон ҳудудида амир Ҳусайн ва амир Хизр Ясовурийлар ўзларини ҳокими мутлақ деб эълон қиладилар.
Бу даврда Чиғатой улусининг шарқий қисми — Еттисув ва Шарқий Туркистонда ҳукмронлик қилаётган мўғул хонлари Мовароуннаҳрдаги оғир сиёсий вазиятдан фойдаланиб, бу ерда ўз ҳокимиятини ўрнатишга ҳаракат қиладилар. Жета хонларидан Туғлуқ Темур ва унинг вориси Илёсхожа 1360 — 61 ва 1365 й. ларда Мовароуннаҳрга бир неча бор бостириб кирадилар. Мўғул хонларининг босқинчилик юришлари ва зулмига қарши халқ ҳаракати бошланади. Бироқ, Мовароуннаҳр амирлари халққа бош бўлиб, мўғул босқинчиларига қарши курашга журъат эта олмайдилар. Уларнинг бир қисми душман тарафига ўтади, иккинчи қисми эса эл-юртни тарк этиб, ўзга мамлакатлардан бошпана излайдилар. А. Т.нинг амакиси, Кеш вилоятининг ҳукмдори амир Ҳожи барлос Хуросонга қочади. Мана шундай оғир паллада сиёсат майдонига А. Т. киради. Мўғулларга қарши туриш учун кучлар нисбати тенг эмаслигини ҳисобга олган 24 ёшли А. Т. 1360 и.нинг бошида Туғлуқ Темур томонидан Кешга юборилган беклар б-н келишади. Шароит тақозоси б-н хон хизматига ўтиб, унинг ёрлиғи б-н ўз вилоятининг доруғаси этиб тайин қилинади. Шубҳасиз, бу ноиложликдан қўйилган сиёсий ҳамда стратегик қадам бўлиб, бу б-н А. Т. мўғулларнинг навбатдаги талон-тарожининг олдини олган, мамлакат ва халқни фалокатдан қутқарган эди. Бироқ, Мовароуннаҳрнинг ҳукмдори этиб тайин қилинган Илёсхожа ва унинг лашкарбошиси амир Бекки-чик б-н А. Т.нинг муросаси келишмай қолади. Шу сабабдан 1361 й.нинг охирида у мамлакатни тарк этишга мажбур бўлади.
Хиванинг жан.да, Урганжий даштида А. Т. Туғлуқ Темурнинг яна бир рақиби — қайноғаси амир Ҳусайн б-н уч-рашади. А. Т. мўғуллар б-н курашиш мақсадида у б-н бирлашиб, икковлон куч тўплашга киришади. Дастлаб улар Туғлуқ Темурхоннинг фармонига биноан А. Т.ни таъқиб қилишга киришган Хива доруғаси Тўқол (Таваккал) б-н жанг қиладилар. Сўнгра 1362 й.нинг кузида Сеистонда вилоят ҳукмдори Малик Қутбиддиннинг тарафида туриб мекронийлар б-н бўлган тўқнашувда А. Т. ўнг кифти ва ўнг оёғидан жароҳатланди.
А. Т. ва амир Хусайн кейинги икки йил давомида Илёсхожа бошлиқ Жета лашкари б-н бир неча марта жанг қиладилар. Ниҳоят, 1364 й. охирида улар мўғул қўшинларини Мовароуннаҳр ҳудудидан қувиб чиқаришга муваффақ бўладилар.
Бироқ, Мовароуннаҳрни қўлдан чиқаришни истамаган Илёсхожа 1365 й.нинг баҳорида яна Туркистон устига қўшин тортади. Тошкент б-н Чиноз оралиғида икки ўртада содир бўлган жанг тарихда «Лой жанги» номи б-н шуҳрат топади. Жангда амир Ҳусайннинг хиёнати оқибатида мағлубиятга учрайдилар ва ўз қўшинлари б-н Аму-дарё бўйларига чекиниб, Балх вилоятида ўрнашдилар. Илёсхожа эса ҳеч қандай қаршиликка учрамай Хўжанд, Жиззах ва б. бир қанча шаҳар ҳамда қишлоқларни эгаллаб, Самарқанд устига юради. Самарқанд ўша пайтларда катта қўшинга қаршилик кўрсата олмасди. Шаҳарнинг на девори ва на мустаҳкам истеҳкомлари, на қуролланган сипоҳийси бор эди. Бек ва амирлар шаҳарни тарк этган эди, лекин мўғулларга қарши халқ кўтарилди, сарбадорлар шаҳар мудофаасини ўз қўлларига олдилар. Шаҳар мудофаачиларига Мадраса толиби илмларидан Мавлонозода Самарқанаий, жун (пахта) титувчилар маҳалласининг оқсоқоли Абу Бакр Кулуйи (Калавий) Наддоф ва мерган мавлоно Хурдаки Бухорийлар бошчилик қиладилар. Сарбадорлар Самарқанд шда мўғулларга қақшатқич зарба берадилар. Илёсхожа дастлаб Самарқандни, сўнгра бутун Мовароуннаҳрни ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлади. Сарбадорларнинг мўғуллар устидан қозонган ғалабаси ҳақидаги хабар амир Хусайн б-н А. Т.га ҳам бориб етган. А. Т. қишни Қаршида, Хусайн эса Амударё бўйида ўтказиб, 1366 й. баҳорида Самаркандга йўл олдилар. Улар Конигилда тўхтаб сарбадорларнинг душман устидан қозонган ғалабаларидан мамнун бўлганликларини ва улар б-н учрашмоқчи эканликларини билдирадилар. Бироқ, сарбадорларнинг бошлиқлари амирлар ҳузурига келганларида амир Ҳусайн буйруғи б-н Абу Бакр Кулуйи (Калавий) Наддоф б-н мавлоно Хурдак Бухорийлар дорга тортилади. Мавлонозодани эса А.Т. ўз ҳимоясига олиб қутқариб қолади. Шу тариқа сарбадорлар бошлиқсиз қолдирилиб, Мовароуннаҳрда амир Ҳусайннинг ҳукмронлиги ўрнатилади, аммо кўп вақт ўтмай Ҳусайн б-н А. Т. ўртасидаги муносабат кескинлашиб, очиқдан-очиқ низога айланади. А. Т.нинг нуфузи ортиб бораётганлигидан хавфсираган амир Ҳусайн Балхга қайтиб, унинг қалъа деворлари ва истеҳкомларини мустаҳкамлашга киришади. Балх, Қундуз ва Бадахшондан кўп сонли лашкар ҳам тўплайди. Кеш ва Карши вилоятларига бош бўлган А. Т. ҳам амир Ҳусайнга қарши ҳал қилувчи жангга ҳозирлик кўради. 1366 — 70 й.лар ўртасида бир неча бор тўқнашувлар бўлиб ўтади.
14-а.нинг 60-й.ларида Мовароуннаҳрда ҳукм сурган ниҳоятда оғир сиёсий ва иқтисодий вазият мамлакатни бирлаштириб, кучли бир давлат ташкил этишни тақозо қилмоқда эди. Амир Ҳусайндан кўра А. Т. замонининг бундай талабини яхшироқ тушунарди. Шунинг учун ҳам ўз фаолиятининг дастлабки босқичида барча ҳаракатни Мовароуннаҳрда марказлашган давлат тузишга қаратади. Бундай мақсадни амалга оширишда у руҳонийлар, ҳарбийлар, савдогарлар ва шаҳар ҳунармандлари табақаларига суянади. А. Т. тарқоқ мамлакатни бирлаштиришга киришар экан, курашни аввало ички ғанимларидан бошлайди. 1370 й. баҳорида А. Т. амир Ҳусайнга қарши йўлга чиқади. Қўшин Термиз яқинидаги Биё қишлоғига етганда маккалик шарифлардан Саййид Барака А. Т. фаолиятини қўллаб-қувватлаб, унга олий ҳокимият рамзи катта ноғора — табл б-н ялов — байроқ тортиқ қилади. Шубҳасиз бу воқеа катта сиёсий аҳамиятга эга эди. Чунки у салтанатлик рамзи эди. А. Т. буни яхши тушунарди. Шунинг учун ҳам Балхга етмасдан Ўрпуз мавзеида у амир ва нўёнлари б-н кенгаш ўтказади. Кўпчиликнинг хоҳиш ва ихтиёри б-н, ўша давр қонун-қоидаларига кўра, чингизийлар авлодидан бўлган Суюрғатмиш ўғлон Мовароуннаҳр подшолиги тахтига ўтқазилди. А. Т. қўшини то Балхга етиб боргунича, унга йўл-йўлакай янги-янги кучлар келиб қўшилди. Шу аснода амир Ҳусайнни кўпчилик амирлари тарк этдилар. Жангда амир Ҳусайн қўшинлари енгилди, икки кунлик қамалдан сўнг, 1370 и.нинг 10 апр.да Балх ш. А. Т.га таслим бўлди. Амир Ҳусайн асир олиниб, қатл этилди. Бу ғалабадан сўнг А. Т. Мовароуннаҳрнинг чингизийлардан бўлган ҳукмдори Қозонхоннинг қизи Сароймулк хонимни ўз никоҳига олади. Хон қизига уйланганлиги муносабати б-н А. Т. «кўрагон», яъни «хоннинг куёви» унвонини олди.
1370 й.нинг 11 апр.да Чиғатой улусининг барча беклари, амирлари, вилоят ва туманларнинг доруғалари ҳамда Термизнинг саййидлари (худовандзодалари), шунингдек А. Т.нинг ёшликдан бирга бўлган қуролдош дўстлари ва пири Саййид Бараканинг иштирокида ўтказилган қурултойда анъанага кўра чингизийлардан Суюрғатмишхон мамлакат ҳукмдори деб эълон қилинган бўлса-да, амалда марказий ҳокимиятни А. Т. ўзи бошқарди, вилоятлардаги ҳокимиятни ўғиллари, набиралари ва яқин амирлари орқали идора қилди. Самарқанд А. Т. давлатининг пойтахтига айлантирилиб, ўша йилнинг ёзида шаҳар девори ва қалъаси тикланди, сарой ва қасрлар бино қилинди.
Мамлакатнинг сиёсий ва иқтисодий мавқеини мустаҳкамлаб, кўпдан давом этиб келаётган ички тарқоқаикка барҳам бериш, тинчлик ва осойишталикни қарор топтириш мақсадида А. Т. (1370 й. июнида) Самарқандда катта қурултой чақирди. Унда марказий давлат тизимини шакллантириш ва қўшин тузиш масалалари муҳокама этилди.
Эл-юртни бошқаришда ҳарбий кучнинг аҳамиятини яхши тушунган А. Т. қўшиннинг тузилишига катта аҳамият берди. У «амир» ва «амир ул-умаро» каби юқори даражали ҳарбий унвонлар жорий қилди. Қўшинни ҳарбий жиҳатдан ислоҳ қилар экан, у айниқса лашкарбошиларни танлаш ва уларни тарбиялаш, ҳарбий қисмлар ва уларнинг жойлашиш тартиби, навкар ва сарбозларнинг қуролланиши ҳамда интизом масалаларига ниҳоятда эътибор беради (яна қ. Темурийлар ҳарбий санъати).
А. Т. ҳокимият тепасига келгач, дастлабки вақтлардаёқ мамлакатда рўй берган оғир иқтисодий тангликни бартараф қилиш учун энг аввало солиқ тизимини тартибга солди. Давлат солиқларини йиғишда аминлар, калонтарлар ва солиқ йиғувчиларни раъиятга нисбатан инсоф ва адолатли бўлишга, қонунга хилоф иш тутмасликка чақирди, чунки салтанатнинг барқарорлиги кўп жиҳатдан раъиятнинг ҳол-аҳволи, унинг давлат ва давлат бошлиғига бўлган садоқатига боғлиқ. Раъиятни ҳимоя қилиш қонун б-н мустаҳкамланган, қонун барчага баробар бўлган. А. Т. нафақат ўз халқини, балки забт этилган мамлакатларнинг аҳолисини ҳам имкони борича қонун ҳимоясига олган. Уларни асирлик ва талон-та-рожлардан сакдаган.
А. Т. Мовароуннаҳрни мўғуллар ҳукмронлигидан озод этиб, бу қад. мамлакатда мустақил давлат барпо этган бўлса-да, ҳали мамлакатда барқарор тинчлик ўрнатилган эмас эди. Бир томондан айрим вилоят ҳокимлари А. Т. ҳокимиятини тан олишдан бош тортиб турган бўлсалар, иккинчи томондан мамлакатнинг шарқий ва шим. ҳудудлари нотинч эди. Мўғулистон б-н Оқ Ўрда ҳукмдорлари Фарғона водийсининг шарқи, Ўтрор, Ясси (Туркистон) ва Сайрам ш.ларига хавф солиб, бу ҳудудларга тез-тез ҳужум қилар ва аҳолини талон-тарож қиларди. Шунинг учун ҳам А. Т. дастлабки йилларда мамлакат сарҳадлари хавфсизлигини таъминлашга катта аҳамият берди. Исёнчи амирларга қарши шафқатсиз кураш олиб борди. 1370 й. кузи ва 1371 й. баҳорида амир Зинда Чашмга зарба бериб, Шибирғон вилояти бўйсундирилди. Балх ва Тошкент вилоятлари ҳам А. Т. ҳокимиятини тан олдилар. Аммо Хоразм Оқ Ўрда ҳукмдорларига суяниб, ҳануз бўйсунишдан бош тортиб келарди. Хоразмни А. Т. Чиғатой улусининг ажралмас қисми деб ҳисоблаб, уни ўз давлатига қўшиб олиш сиёсатини тутди. Аммо бу масала элчилар воситасида тинч йўл б-н ҳал этилмагач, А. Т. Хоразм ҳудудига беш маротаба юриш қидди. Биринчи юриши 1371 й. ёз (июл)ида Кот ш.ни эгаллаш б-н якунланди. А. Т.нинг 1373 й. баҳори ва 1375 й. езида Хоразм томонга қилган икки юриши натижасиз тугади. Бу аснода Олтин Ўрда хони Тўхтамиш б-н иттифоқ тузиб олган Хоразм ҳукмдори Юсуф сўфи, унинг ёрдамида А. Т. давлати ҳудудларига бир неча бор юриш қилиб, Қоракўл вилояти ва Бухоро туманларини талон-тарож этди. Бундай вазият шубҳасиз, 1379 й.да А. Т.ни тўртинчи маротаба Хоразмга қўшин тортишга мажбур этди. Лекин, бу юриш ҳам аввалгилари каби сулҳ тузиш б-н тугади. Бироқ шунга қарамай, Юсуф сўфи илгари Хоразмнинг Чиғатой улусига тегишли бўлган жан.-шарқий (Кот ва Хива ш.лари бирга) қисмини яна қайтадан босиб олди. А. Т. давлатига нисбатан Юсуф сўфининг тутган бундай тажовузкорона сиёсати Хоразм устига А. Т.нинг бешинчи марта юриш қилишига сабаб бўлди. 1388 й.да Хоразмнинг пойтахти вайрон этилиб, унинг ҳудудлари А. Т. давлатига бўйсундирилди.
Бу орада А. Т. Мўғулистон ҳокими Қамариддин б-н ҳам тўқнашиб қолди, чунки бу даврда унинг Мовароуннаҳрга бўлган талончилик хуружлари кучайиб кетганди. 1370 — 71 й.ларда у Тошкент ва Андижон устига бир неча бор босқин қилиб, талаб қайтганди. 1376 й.да эса Қамариддин ҳатто Фарғона водийсининг талайгина қисмини босиб олди. А. Т. мамлакатнинг шим.-шарқий ҳудудларига нисбатан бўлаётган муттасил таҳдидни бартараф қилиш учун Қамариддинга жиддий зарба беришга киришади. Йигирма йил (1371 — 90) мобайнида Соҳибқирон Мўғулистонга етти марта юриш қилиб, мўғул ҳукмдорлари Анқотўра ва Қамариддин устидан ғалаба қозонди. Шу зайлда А. Т. Мовароуннаҳр ва Хоразмда ички тарқоқлик, ўзаро низолар, шунингдек Мўғулистон томонидан бўлиб турган тазйиққа чек қўйиб, ушбу ҳудудда яшовчи элу элат ва халқларни ягона давлатга бирлаштирди. Бу шубҳасиз, Мовароуннаҳр аҳолиси тақдирида ижобий аҳамият касб этди. Аммо, А. Т. бу б-н қаноатланмади. Тез орада у қўшни давлатлар ва халқаар устига юриш қилиб, уларни ўзига бўйсундириш ва марказлашган буюк салтанат барпо этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Бу даврда Олтин Ўрда, Хуросон ва Эрондаги ижтимоий-сиёсий вазият унинг учун жуда қўл келди. А. Т. ҳарбий юришни Хуросондан бошлади. 1381 й. у Ҳиротни эгаллади. Сарахс, Жом ва Қавсия ш.лари жангсиз таслим бўлди. Хуросон, хусусан унинг пойтахти Ҳирот стратегик жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга бўлиб, Эрон, Ироқ, Шом ва б. мамлакатларга ўтишда кўприк вазифасини ўтарди. 1381 — 84 й.лар давомида А. Т. Эроннинг катта қисмини эгаллади. Аввал (1381) Калот, Туршиз ва Сабзавор, кейин (1383) Сеистоннинг Зиреҳ, Зова, Фараҳ ва Буст қалъалари, 1384 й.да эса Астробод вилояти ва Озарбайжоннинг Омул, Сори, Султония ва Табриз ш.лари бўйсундирилди.
А. Т. Эрон, Озарбайжон, Ироқ ва Шом (Сурия) устига уч марта лашкар тортди. Бу юришлар тарихда «уч йиллик», «беш йиллик» ва «етти йиллик» урушлар номи б-н машҳур. Уч йиллик (1386 — 88) ҳарбий юришлар оқибатида Жан. Озарбайжон, Ироқнинг шим. қисми, Гуржистон ва Ван кўли атрофидаги ерлар эгалланди.
А. Т. шу б-н бирга шим.-ғарбдан, яъни Олтин Ўрда томонидан бўлаётган тазйиққа барҳам бериш мақсадида Тўхтамишга қарши уч марта қўшин тортишга мажбур бўлди. У 1389 й. да Дизақ (Жиззах)нинг Аччиқ мавзеида, 1391 й.нинг 18 июнида (ҳоз. Самара б-н Чистополь ш.лари оралиғида жойлашган Қундузча (Кондурча) дарёси водийсида
ва ниҳоят, 1395 й.да (28 фев.) Шим. Кавказда Терек дарёси бўйида Тўхтамиш қўшинига қақшатқич зарба беради. А. Т. ҳарбий юришлари оқибатида Куйи Идил (Волга) вилоятлари, Сарой Берка, Саройчик ва Ҳожитархон (Астрахон) каби шаҳарлар ғорат қилинди. А. Т. Тўхтамишни қувиб Рязань вилоятигача борди ва Елец ш.ни ишғол қилди. Шарафуддин Али Яздий А. Т.нинг Москва юришини шундай таърифлайди: «Соҳибқирон Маскавга сориким, Руснинг шаҳарларидан эрди, таважжуқ қилди. Анда етконда нусратшиъор черики ул вилоятни (шаҳар ва атрофи-ни) чобтилар ва андағи ҳокимларни тобеъ қилди. Ва черикнинг эликларига сонсиз мол тушти…» («Зафарнома», 179-бет). Бу урушда Азақ (Азов), Кубан ва Черкас ерлари ҳам кучли азият чекди. Кизиғи шуидаки, А. Т. Идилнинг Туро-тур кечуви бўйида Ўрусхоннинг ўғли Куйричоқ ўғлонни чақиртириб, унга қўлга киритилган собиқ Жўчи улусини инъом этди. Россия тарихчилари Б. Д. Греков ва А. Ю. Якубовскийларнинг ёзишларича, А. Т.нинг Тўхтамиш устидан қозонган ғалабаси, фақат Марказий Осиё учун эмас, балки бутун Шарқий Европа, шунингдек тарқоқ Русь князликларининг бирлашиши учун ҳам буюк аҳамият касб этган.
Шундан сўнг А. Т. бутун эътиборини Эрон, Ироқ, Сурия, Кичик Осиё ва Ҳиндистон ерларини узил-кесил забт этишга қаратди. У беш йиллик (1392 — 96) уруш давомида Ғарбий Эрон, Ироқи Ажам ва Кавказни эгаллади, натижада музаффарийлар ва жалоирийлар сулоласининг ҳукмронлиги барҳам топди.
А. Т.нинг Ҳиндистон устига қилган уруши (1398 й. май — 1399 й. март) қарийб ўн бир ой давом этди. А. Т. Ҳиндистондан катта ўлжа, шу жумладан 120 жанговар фил б-н қайтди. Ўлжаларнинг бир қисми қўшинга тақсимлаб берилди, қолгани Самарқанд ва Кеш ш.ларида олиб борилаётган қурилишларга сарфланди.

temur davlati
А. Т.нинг 1399 — 1404 й.ларда олиб борган ҳарбий юришлари натижасида Шомнинг Ҳалаб (Алеппо), Хумс, Баалбек (Баъалбак), Димишқ (Дамашқ) каби йирик шаҳарлари ва Ироқи Арабнинг Убулистон ўлкаси (қад. Каппадокия) б-н Бағдод, шунингдек Туркиянинг катта қисми забт этилади. Анқара жангида А. Т. жаҳоннинг буюк саркардаларидан бири Боязид /Йилдирим устидан ғалаба қозонди. Туркия султони асирга олинди. У б-н бирга хотини серб маликаси Оливера, ўғиллари Мусо ва Исо Чалабийлар ҳам асирга тушдилар. Сўнг, А. Т. Анадолу я. о.ни эгаллаб, Ўрта денгизнинг шарқий соҳилида жойлашган Измир ш.ни забт этди ва салибчиларнинг Яқин Шаркдаги охирги қароргоҳига барҳам берди. Сўнгра, Эгей денгизида жойлашган Хиос ва
Лесбос о.ларидаги Генуя мулкларининг ҳукмдорлари унга таслим бўлдилар, Миср ҳам ўз итоаткорлигини изҳор этди. А. Т. Анқара, Никея, Бурса ва Измир ш.ларини эгаллаб, Византия ва бутун насоро оламининг Боязидга йиғиб берган божларидан иборат катта бойликни қўлга киритди. Биргина Бурса ш.дан олинган олтин ва жавоҳирларнинг ўзи каттагина карвонга юк бўлган. Асирга олинган Боязид ўрдугоҳга олиб келингач, А. Т. унга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатди. Унинг вафотидан сўнг (1403 й. 9 март) эса ворисларига ҳиммат кўзи б-н боқиб, уларга беқиёс мурувватлар қилди. Чунончи Боязиднинг тўнғич ўғли Сулаймон Чалабийни туркларнинг Европадаги вилоятларига ҳоким этиб тайинлади. Эдирне (Адрианополь) ш. унинг пойтахти қилиб белгиланди. Анадолунинг шим.-ғарбий қисми суюрғол сифатида Исо Чалабийга инъом қилиниб, Бурса ш. унинг пойтахтига айлантирилди. Усмонли турклар давлатининг марказий қисмини бошқаришни Мусо Чалабийга топширди. А. Т. Усмонли турклар давлатини бутунлай босиб олиш ниятида бўлмаган, чунки у Европа давлатларининг Яқин Шарқ мамлакатларига нисбатан тажовузкорона ниятда эканлигини яхши тушунар эди. Шунинг учун ҳам А. Т. Усмонли турклар давлатини сақлаб қолди ва Боязиднинг ворисларига мурувват қўлини чўзди. Шундай бўлса-да, Боязид устидан қозонилган бу ғалаба б-н А. Т.ни Франция қироли Карл VI (1380 — 1422), Англия қироли Генрих IV(1399 — 1407) табриклаб, унга махсус мактуб юбордилар. Чунки А. Т. эндигина уйғонаётган Европага улкан хавф солиб турган Усмонли турклар давлатига зарба бериб, бутун Европанинг халоскорига айланган эди.
А. Т. Кичик Осиёдан Самарқандга қайтгач, 1404 й. 27 нояб.да 200 минг қўшин б-н Самарқанддан Хитой сафарига чиқди. Бироқ Хитой устига юриш А. Т.нинг Ўтрорда вафоти (1405 й. 18 фев.) туфайли амалга ошмай қолди. А. Т.нинг вафоти ҳақидаги хабар гарчи аввалда сир тутилса-да, аммо кўп вақт ўтмай бу нохуш хабар мамлакат бўйлаб тарқалиб кетади. А. Т.нинг жасади Самарқандга олиб келиниб дафн қилинади
А. Т. — буюк давлат асосчиси. У Ҳиндистон ҳамда Хитойдан Қора денгизга қадар, Сирдарё ва Орол денгизидан Форс қўлтиғига қадар ғоят катта ҳудудни қамраб олган марказлашган улкан салтанатга асос солди. Бундан ташқари А. Т. давлатига Кичик Осиё, Сурия, Миср ва шим.-ғарбда Қуйи Волга, Дон бўйлари; шим.-шарқда Балхаш кўли ва Или дарёсигача; жан.-шарқда эса Шим. Хиндистонгача бўлган мамлакатлар бўйсундирилди. А.Т. давлатни ақл-заковот ва ҳуқуқий асос б-н идора этган. Унинг «…давлат ишларининг тўққиз улушини кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улушини қилич б-н амалга оширдим», деган сўзлари бунинг ёрқин далилидир.
Соҳибқироннинг бунёдкорлик соҳасидаги тарихий хизматлари беқиёсдир. Тарих бу қўҳна дунёда ўтган кўп жаҳонгирларни билади. Уларнинг аксарияти фақат бузган. А. Т.нинг улардан фарқи шундаки, у умр бўйи бунёдкорлик б-н машғул бўлган. Унинг «Қай бир жойдан бир ғишт олсам, ўрнига ўн ғишт қўйдирдим, бир дарахт кестирсам, ўрнига ўнта кўчат эктирдим» деган сўзлари бунинг ёрқин исботидир. А. Т.га ҳар бир зафарли воқеа ва севинчли ҳодисани муҳташам меъморлик обидаси барпо этиш б-н нишонлаш одат бўлган. Шу мақсадда Ҳиндистон, Шероз, Исфаҳон ва Дамашқнинг машҳур уста-ҳунармандлари мамлакатда ҳашамдор.иморату иншоотлар бино қилганлар. А. Т. забт этган мамлакатларнинг бир қатор шаҳарлари (Бағдод, Дарбанд, Байлақон)ни қайта тиклади. А. Т. Табризда масжид, Шерозда сарой, Бағдодда Мадраса, Туркистонда машҳур шайх Ахмад Яссавий қабри устига мақбара қурдирган бўлса-да, лекин асосий эътиборини она шахри Кеш ва пойтахти Самарқандга қаратди. Кешда отасининг қабри устига мақбара, ўғли Жаҳонгирга мақбара б-н масжид қурдирди. А. Т. ҳукмронлигининг илк даврида Кеш ш.ни пойтахтга айлантириш ниятида бўлиб, унинг ободончилигига катта аҳамият берди, бу ерда машҳур Оқсарой қад кўтарди. А. Т. Кешни Мовароуннаҳрнинг маданий марказига айлантиришга ҳаракат қилди. Шу боисдан бу шаҳар «Қуббатул-илм вал-адаб» унвонига эга бўлди. Салтанат пойтахти Самарканд А. Т. даврида айниқса гуллаб яшнади. Шаҳарда Исфаҳон, Шероз, Ҳалаб, Хоразм, Бухоро, Қарши ва Кеш ш.ларининг меъмору бинокорлари қўли б-н саройлар, масжидлар, мадрасалар, мақбаралар қурилади. Шаҳар ташқарисида эса боғ-роғлар ва бўстонлар барпо этилади. Хусусан Шоҳизинда меъморий мажмуасига мансуб Шодимулк оғо мақбараси, Ширинбека оғо мақбараси ва б. қурилади. Шаҳарда Вибихоним жоме масжиди, А. Т.нинг қароргоҳи Кўксарой ва Бўстонсаройлар қад кўтаради. Умуман олганда Самарканд ш. А. Т. даврида ўзининг қад. ўрни Афросиёбдан бирмунча жан.роқда бутунлай янгитдан қурилди. Шаҳар тевараги мустаҳкам қалъа девори б-н ўралиб, Оҳанин, Шайхзода, Чорсу, Коризгоҳ, Сўзангарон ва Феруза каби номлар б-н аталувчи 6 та дарвоза ўрнатилди. Мовароуннахрнинг деҳқончилик воҳаларида, хусусан Зарафшон водийсида ўнлаб суғориш тармоқлари чиқарилиб, деҳқончилик майдонлари кенгайтирилди. Янги қишлоқлар барпо этилди. Ибн Арабшоҳниж ёзишича, А. Т. Самарканд атрофида қад кўтарган бир қанча янги қишлоқларни Шарқнинг машҳур шаҳарлари Димишқ (Дамашқ), Миср, Бағдод, Султония ва Шероз номлари б-н атади. А. Т.нинг фикрича, Самарканд катталиги, гўзаллиги ҳамда теварак-атрофининг обод этилганлиги жиҳатидан дунёдаги энг йирик шаҳарлардан ҳам устунроқ турмоғи лозим эди. Ҳофизи Абрунинг ёзишича, А. Т. турк, араб ва эронликлар тарихини чуқур билган. У давлат аҳамиятига эга бўлган ҳар бир масалани ҳал этишда, шу соҳанинг билимдонлари ва уламолари б-н маслаҳатлашарди. Одатда у тиббиёт, риёзиёт, фалакиёт, тарих, адабиёт, тилшунослик илми намояндалари, шунингдек илоҳиёт ва дин соҳасидаги машҳур уламолар б-н суҳбатлар ўтказарди. А. Т. саройида уламолардан мавлоно Абдужаббор Хоразмий, мавлоно Шамсуддин Мунши, мавлоно Абдулло Лисон, мавлоно Баҳруддин Аҳмад, мавлоно Нуъмонуддин Хоразмий, Хўжа Афзал, мавлоно Алоуддин Коший, Жалол Хокий ва б. хизмат қиларди. Алишер Навоийга А. Т.нинг илм ва маънавият аҳлига кўрсатган ғамхўрлиги жуда ёқар эди. Бу ҳақда Навоий шундай деганди: «Агар Темур қаерда фан, маданият ва санъат аҳлини учратса, уларни ўз ҳомийлигига олар, уларга иззат-икром кўрсатар, уларнинг тарбиясига аҳамият берар ҳамда бу зотлардан ўз олий мажлисида надим (маслаҳатчи) сифатида ва б. лавозимларда фойдаланарди». А. Т. даврида савдо ва ҳунармандчилик ғоятда ривожланади. Янги бозорлар, савдо расталари барпо қилинади. Кастилия элчиси Клавихо Самарканд бозорларида буғдой ва гуручнинг мўллиги ва арзонлиги ҳақида гапириб, шаҳар ҳунармандчилиги маҳсулотларини — атлас, кимхоб, ҳар хил ип ва жун тўқима моллар, мўйнали ва ипакли пўстинликлар, атторлик моллари, зиравор ва дориворлар, зарҳал ва ложувардлар ҳамда бошқа молларнинг сероблигини ҳам таъкидлайди. Бу даврда А. Т. ва унинг жойлардаги ноиблари Хитой ва Ҳиндистондан Ўрта Осиё орқали Яқин Шарқ ва Европа мамлакатларига йўнатган асосий халқаро савдо йўли — «Буюк ипак йўли»ни назорат қилиб, савдо карвонлари қатнови хавфсизлигини таъминлашда, работлар, қалъалар, кўприклар қуриш йўлида муҳим чора-тадбирлар кўрдилар ва Шарқ б-н Ғарб ўртасида савдо-сотиқ ва элчилик алоқаларини ҳар томонлама ривожлантиришга ғоят катта эътибор бердилар. А. Т. энг муҳими, Эрон, Озарбайжон ва Ироқдаги майда ҳукмдорлар ўртасидаги тарқоқлик ва бошбошдоқликка барҳам бериб, бу б-н нафақат Мовароуинаҳр, балки Узоқ ва Яқин Шарқ мамлакатларининг иқтисодий ва маданий тараққиётига, халқлар ва мамлакатларни бир-бири б-н яқинлаштиришга улкан ҳисса қўшди. А. Т. Европанинг Франция, Англия ва Кастилия каби йирик қиролликлари б-н бевосита савдо ва дипломатик алоқалар ўрнатди.
А. Т.нинг ҳарбий юришлари, жангу жадалларининг оқибатларига баҳо берилар экан, шуни алоҳида таъкидлаш керакки, унинг фаолияти қўйилган мақсад ва режалари жиҳатидан икки босқичга бўлинади. Биринчи босқич (1360 — 86)да А. Т. Мовароуннаҳрда марказлашган давлат тузиш йўлида курашди, Мовароуннаҳрни бирлаштиришдан манфаатдор бўлган маҳаллий зодагонлардан иборат ижтимоий кучлар (мулкдор деҳқонлар, ҳарбийлар. I ҳунармаидлар, савдогарлар ва руҳоний- I лар) ёрдамида тарқоқ мулкларни бирлаштириш учун кураш олиб борди. А. Т.нинг будаврдаги фаолияти Ўрта Осиё | халқпарининг ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаёти тараққиёти йўлида шубҳасиз улкан ижобий аҳамият касб этади. Мамлакатда тарқоқлик тугатилиб, мар¬казлашган давлатнинг ташкил топиши ижобий оқибатларга олиб келди. Мамлакат и.ч. кучларини ва мўғулларнинг бир ярим асрлик ҳукмронлиги натижасида бўҳронга учраган иқтисодни тиклаш учун қулайроқ шароит вужудга келди. Айни вақтда хўжаликнинг асоси бўлган деҳқончиликда муайян силжишлар рўй берди. Янги-янги ариқ (канал)лар қазилиб, деҳқончилик майдонлари кенгайди. Ҳунармандчилик, ички ва ташқи савдо ривожланди, фан ва маданият равнақ топиб, шаҳарлар ободлашди ва гавжумлашди. А. Т. бирор мамлакатни тасарруфига олишдан аввал албатта ўша жой аҳолисига тинчлик йўлини таклиф этган, бу йўл инкор этилган ҳолдагина ҳарбий куч ишлатган.
А. Т. ҳаетлиги чоғидаеқ салтанатии асосан тўрт қисм (улус)га бўлиб, ўғил, набираларига тақсимлаб берган: Хуросон, Журжон, Мозандарон ва Сейистон (маркази Ҳирот) Шоҳрухга, Ғарбий Эрон, Озарбайжон, Ироқ ва Арманистон (маркази Табриз) Мироншоҳга, Форс, яъни Эроннинг жаи. қисми (маркази Шероз) Умаршайхга, Афғонистон ва Шим. Ҳиндистон (маркази Ғазна, кейинчалик Балх) Пирмуҳаммадта суюрғол қилиб берилган. А. Т. давлати ўзига хос тартиб-қоидаларга асосланган ҳолда идора этилган (қ. Темурийлар давлати). А. Т. асос солган бу давлат Хуросон ва Мовароуннаҳрда 16-а. бошигача мавжуд бўлиб, Шайбонийхон томонидан тугатилган.
Шўролар тузуми даврида А.Т. шахси ва фаолиятига адолатсизлик б-н ёндошилиб, бир ёқлама баҳо берилиб келинди. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг бундай қарашларга барҳам берилди. Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов саъй-ҳаракати б-и А. Т.нинг жаҳон тарихида тутган ўрни ўз жойига қўйила бошланди. Ўзбекистонда унинг фаолиятини ўрганишга ва уни оммалащтиришга кенг йўл очилди. «Соҳибқирон А. Т. шахси унинг аждодлари булмиш фақат бизнинг эмас, балки минтақамиздаги барча халқларнинг, бутун маърифий инсониятнинг бойлиги»га айланди (И. Каримов). Унинг номи Ўзбекистонда абадийлаштирилди. Кўплаб шаҳар ва қишлоқлардаги шоҳ кўчалар, майдонлар, жамоа хўжаликлари, мактаблар, кинотеатрлар ва б. унинг номи б-н аталди. Тошкент, Самарқанд, Шаҳрисабз ва б. шаҳарларнинг марказий майдонлари-да А. Т.га ҳайкал ўрнатилди, Тошкентдаги Амир Темур хиёбонида Темурийлар даври музейи барпо этилди (1996), «Амир Темур» ордени таъсис этилди (1996) ва Халқаро Амир Темур жамғармаси ташкил қилинди (1995). Тошкент, Самарканд ва хорижий мамлакатларда ЮНЕСКО раҳбарлигида ҳазрат Соҳибқирон таваллудининг 660 йиллиги кенг нишонланди (1996). А. Т. ҳақида икки қисмдан иборат бадиий фильм, спектакллар ва шеърий ҳамда насрий асарлар яратилди.
Манбалар ва ад.: Темур тузуклари, форсчадан Алихон Соғуний ва Ҳабибулло Кароматов таржимаси. Т., 1991; Ибн Арабшоҳ, Ажоиб ал-макдур фи тарихи Таймур (Темур тарихида тақдир ажойибот-лари). Т., 1992; Низомиддин Шомий, Зафарнома, Т., 1996; Шарафулдин Али Йаздий, Зафарнома, Т., 1997; Муҳаммаджонов А., Темур ва темурийлар салтанати (Тарихий очерк), Т., 1994; Аҳмедо в Б., Соҳибқирон Темур (Ҳаёти ва ижтимоий-сиёсий фаолияти), Т., 1996; Темур ва Улуғбек даври тарихи, Т., 1996; Пугаченкова Г. А., Архитектурное наследие Темура, Т., 1996; Амир Темур жаҳон тарихида, Париж, 1996; Каримов И., Амир Темур давридаги бунёдкорлик ва хамкорлик руҳи бизга намуна бўлаверсин, Асарлар, 4-ж., Т., 1996; Каримов И., Халқимиз бор экан, Амир Темур номи барҳаётдир; Азалий буюклик маскани; Сохибқирон камолга етган юрт; Адолат ва қудрат тимсоли; Амир Темур — фахримиз, ғуруримиз, Асарлар, 5-ж., Т., 1997.
Биобиблиография: Ртвеладзе Э. В., Сайдов А. X., Амир Темур в зеркале мировой истории, Париж, 1996; Алимов Р. А., Соҳибқирон Амир Темур (Методик тавсиянома), Т., 1995.

Матн муаллифлари: Бўрибой Аҳмедов, Абдулаҳад Муҳаммаджонов.

(Tashriflar: umumiy 1 599, bugungi 1)

Izoh qoldiring