Atoqli hofiz Mulla To’ychi tavalludining 145 yilligiga.

mulla-toychi
      Бир куни отамнинг қабрини зиёрат қилишга борсам, қабр тепасида бир киши тиловат қилаяпти, кўзлари тўла ёш. Тиловат қилиб бўлгач, ундан мен ҳофизнинг ўғиллариман, мабодо сиз ҳам ўғли эмасмисиз деб сўрадим. Шундай, деб жавоб берди у. Қизиқишим ортиб уни сўроққа тутиб ташладим. Қабристондан қайта туриб йўлда бор гапни айтиб берди. Маълум бўлишича, бу одам ёшлигида бир бойнинг хизматини қилиб юрган. Бой ўғлини уйлантириш тараддудига тушади ва қани эди, тўйимга Мулла Тўйчи келса, деб қолади. Ҳалиги йигит қизиқ устида хўжайинига яхши кўриниш учун қўрқмасдан “мен у кишини олиб келишим мумкин, аввалдан танишчилигим бор”, — деб юборган. Айтилган сўз отилган ўқ бўлади-ю, йигит отамизни излаб бир тўйдан топади. Отам ўтирган жойидаёқ йигит унинг тиззасидан ушлаб, йиғлагудек бўлиб бор гапни тушунтиради, тилим қурсин, бошимга етмаса эди, бормасангиз бой мени ўлдиради, деб ялинади.

seper

Норсафар Имом
ХУШХОН ЭЛИНИНГ СИЗ ЭДИНГИЗ УСТОЗИ САРКОРИ

Халқ орасида Тўйчи Ҳофиз, Мулла Тўйчи дея ном қозонган бу санъаткор беқиёс қўшиқчи эди. Ҳар қандай ашулачи ҳам халқ орасида “ҳофиз” деган номга сазовор бўлавермаган. Зеро, “ҳофиз” дегани бу – халқ томонидан билдириладиган эътироф ва эҳтиром, шуҳрат, қолаверса, санъатдаги камолот нишонасидир. “Кучли овозга эга бўлган, ашула бобида маҳорат чўққисини забт этган, фақат санъати билангина эмас, билими, маданияти, одоби ва одамийлиги билан тингловчилар ва ҳамкасблари орасида манзур бўлган кишиларгина ҳофиз унвонига сазовор бўлишган. Дарҳақиқат, Мулла Тўйчи Тошмуҳамедов ана шундай фазилатларни ўзида мужассам қила олган чинакам халқ ҳофизи, забардаст аллома эди”, – деб ёзган эди санъатшунос олим М. Қодиров “Ҳофизлар сардори” номли мақоласида.

Мулла Тўйчи 1868 йилда Тошкентда туғилган. 1878—1884 йилларда эски мактабда ўқиган.Ёшлигидан ашула айтишга меҳр қўйган бўлажак ҳофиз Навоий, Ҳофиз, Бедил, Машраб, Фузулий каби мумтоз шоирлар асарларини ўқиб баҳра оларкан, амакиси Қўчқор отадан ашула айтиш сирларини қунт билан ўрганди.
Болалиги муҳтожлик ва қийинчиликда ўтган Тўйчи Тошмуҳамедов ашулачилик санъатини ўрганишда катта сабот ва ирода намоён қилди. Устозларидан мусиқа илми, соз чалиш санъати, ҳофизлик сирларини ўргангач, кўп ўтмай ўз ижро услубини кашф этди. Тез орада “” Тўйчи ҳофиз йўли” деган ибора пайдо бўлди. ХIХ асрнинг 90-йилларида Мулла Тўйчи Туркистондаги машҳур ҳофизлар қаторидан жой олади. 1905 йилда у ижро этган “Илғор”, “Суввора”, “Хисров” каби ўн бешта ашула пластинкаларга ёзиб олиниб, гарммофон орқали эшиттирилади. Бу одамлар томонидан бир мўъжиза сифатида қабул қилинади. Ўшанда одамлар граммофондан бир таажжублансалар, ҳофиз овозининг қудратидан яна бир ҳайратга тушганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд.

Шу тариқа Мулла Тўйчи Ҳофиз санъатининг довруғи кундан кунга ёйилиб бораверади. “1905 йилда Лондондан атайлаб келишиб Мулла Тўйчининг ижросини пластинкага ёзиб олишган ва бу овозлар Буюк Британиядаги олтин фондга топширилган”, – дейди Назрулло Нажбиддинов.

1937 йилда эса Москвадаги ўзбек декадаси доирасида қишлоқ хўжалиги кўргазмасида концерт берганида унинг овози ва ижросидан ҳайратланган рус мусиқашунослари Мулла Тўйчининг услубига қизиқиб, унинг ижросидаги “Баёт”, “Ушшоқ” ва бошқа ашулаларни махсус ёзиб олдилар. Ўзгача овоз, куй ва ашулаларнинг алоҳида талқини, улардаги оҳанг ва усуллар, тиним ва авжлар, уларга берилган ўзига хос жило ва пардоз, ижродаги юксак маҳорат ҳаммани мафтун этарди. Шу билан бирга Тўйчи Ҳофизнинг халқ орасида бу қадар қадр топишига сабаб бўлган омиллар унинг инсоний фазилатлари, санъаткор деган номни улуғ ва соф сақлаши, баъзан хокисорлик қадар камтарлик, меҳр-оқибатни улуғ тутиш, самимият, ўз соҳасининг етук билимдонлиги, тингловчига чин ҳурмат, элнинг дарди, кўнгли, орзу-тилакларини ҳис қилиш кабилардир. Шу боис унинг номи, ҳаёти, ижоди ҳақида одамлар орасида ажиб афсоналар юради.

Mулла Тўйчи Ҳофизнинг ўғли машҳур аскиячи Абулқосим ака Тўйчиев билан бўлган суҳбатда у киши бизга отаси блиан боғлиқ қуйидаги воқеаларни сўзлаб берди.

Отамнинг йиғлаб қўшиқ айтганинини, одамлар йиғлаб эшитганларини кўрганман. “Баёт”, “Дугоҳ”, “Сегоҳ”, “Чоргоҳ”, “Кўча боғи”, “Гиря”ларни, эҳ-ҳе, қандай сел бўлиб айтардилар-а. У киши содаддил, тўғрисўз одам эдилар. Фалончининг тўйига Тўйчи Ҳофиз келибди деган сўз катта бир обрў эди. Шундай бир воқеа бўлганди. ХХ асрнинг бошларида Тошкентнинг катта бойларидан бири келиб, отамни тўйига айтди. Бу вақтда отам бир деҳқоннинг тўйига бораман, деб ваъда бериб қўйганди, ҳалиги бой “агар тўйимга бормасанг Сибирь қилдириб юбораман” деб дағдаға қилиб кетди. Бойнинг дағдағаси юрагига ғулу солиб турса ҳам, берган ваъдасидан қайтмай, бояги деҳқоннинг тўйини ўтказиб берди. Уч тўрт-кун Сибирь қилдириб юбормаса эди, деб эшик тақилласа чўчиб, хавотирда юрди.

Яна бир воқеа эсимдан чиқмайди. У пайтда ёш бола эдим. Ҳовлида ўйнаб ўтирсам, бир йигит келиб отамни сўради. Отам чиқиб сўрашгач унинг Чорсуда туриши маълум бўлди. Отам “Э, фалончига, яқин тураркансиз”, деса ҳалиги йигит ўшанинг ўғлиман, деб қолди. Отам унда менга ҳам ўғлимдексан, бўлди тўйга борганим бўлсин, деб ваъда берди. Йигит неча пул бўлишини айтинг, деб туриб олди. Отам унга сенинг отанг билан аввалдан қадрдонлигимиз бор, пул керак эмас, деб қанча айтса ҳам, йигит “хамир учидан патир” бериб кетай, деб туриб олди. Отам раҳматли аскиячиликда ҳам уста эдилар. Бояги йигитни “Сен бола бозорга борсанг бўларкан. Ашулага кўйлак кийдириб бўлмаса, уни тарозига солиб бўлмаса-ки, фалон пул десам. Яхшиси бозорга бориб бир эчки сотиб ол-да, отангга мана шунча пулга олиб келдим эски танишингизни деб айт”, – деган сўзлар билан йигитни уялтирди. Чунки отам биров тўйга айтса, фалон пул берасан демасди, берганини олиб кетаверарди.

Энди манавинисини эшитинг. Отам 1943 йилнинг июлида вафот этдилар. Унинг қабрини тез-тез зиёрат қилиб турамиз Бир куни отамнинг қабрини зиёрат қилишга борсам, қабр тепасида бир киши тиловат қилаяпти кўзлари тўла ёш. Тиловат қилиб бўлгач, ундан мен ҳофизнинг ўғиллариман, мабодо сиз ҳам ўғли эмасмисиз деб сўрадим. Шундай, деб жавоб берди у. Қизиқишим ортиб уни сўроққа тутиб ташладим. Қабристондан қайта туриб йўлда бор гапни айтиб берди. Маълум бўлишича, бу одам ёшлигида бир бойнинг хизматини қилиб юрган. Бой ўғлини уйлантириш тараддудига тушади ва қани эди, тўйимга Мулла Тўйчи келса, деб қолади. Ҳалиги йигит қизиқ устида хўжайинига яхши кўриниш учун қўрқмасдан “мен у кишини олиб келишим мумкин, аввалдан танишчилигим бор”, — деб юборган. Айтилган сўз отилган ўқ бўлади-ю, йигит отамизни излаб бир тўйдан топади. Отам ўтирган жойидаёқ йигит унинг тиззасидан ушлаб, йиғлагудек бўлиб бор гапни тушунтиради, тилим қурсин, бошимга етмаса эди, бормасангиз бой мени ўлдиради, деб ялинади. Отам борганим бўлсин, сендай йигит жувонмарг бўлиб кетма, бўлмаса бундай қиламиз, тўйнинг кунини айтасан, кўп одам ичида сени эсдан чиқариб юрмайин, ўша куни бойнинг араваларидан бирини олиб келасан, “аравакаш ўғлингиз келди” дейишлари билан сен эканлигингни биламан ва бирга кетамиз, дейди. Хуллас тўйда ўша замоннинг пулидан икки қийиқ пул тушганмиш. Отам уларнинг бирини олади-да, ҳалиги йигитни чақириб, холи қолишгач, унга беради ва бундан буён гапингни ўйлаб гапир, тилингга эҳтиёт бўл, манави пулларни олиб бирор жойга бекит. Бой сенга ҳеч қачон бунча пул бермасди ва сени уйлантирмасди ҳам, шу пулларни харж қилиб ўзинг ҳам уйланиб ол, тўйингга келиб дуо қилиб кетаман дейди. Йигит бунча пулни кўрмаган, эси оғиб қолай дейди. Отамнинг айтганини қилиб пулларни харжлаб ўзига кичикроқ уй қуради ва уйланади. Бир-икки йил ўтиб, шийпонда созандалар билан ўтирса, улар аравакаш ўғлингиз келибди дейишади. Отам қарасаки, бояги йигит тўйига айтиб келибди. Отам шу тўйга ўзи бош-қош бўлиб, базмни ҳам ўзи ўтказиб беради. Шу-шу иккаласи ота-боладек бўлиб қолишган экан…

Отамиз Мулла Тўйчи Ҳофиз Тошмуҳамедов халқ хизматини қилиб ўз меҳнати эвазига эл орасида иззат-ҳурмат топган ана шундай инсон эдилар. Абулқосим ака суҳбат сўнгида Мулла Тўйчи Ҳофиз вафотидан кейин унинг дўсти – шоир Мутеий ҳофиз вафотига бағишлаб ёзган шеърни ёддан ўқиб берди ва биз уни ёзиб олдик.

Қилиб афсус қолдик, оҳким, кетдингиз қаён, Тўйчи?
Бориб ер юзидан ер қўйнига бўлдингиз ниҳон, Тўйчи.
Эмас ҳожат сизнинг васфингиз, кўп қилмоқ баён, Тўйчи,
Жаҳон аҳлига аҳволингиз сизнинг эрди аён, Тўйчи.
Ҳама ёшу қарига бирдек эрдингиз меҳрибон, Тўйчи.

Сиза Танбурчи эрди Шоҳ Борий, Султону Қурбонлар,
Ҳамиша Шожалилу, Шораҳим ёнингизда юрганлар.
Қилурди қайта кўрсам, деб орзу, бир бор кўрганлар,
Жаҳонда йўқ эди ҳофизлар ичра давр сурганлар.
Ҳама ёшу қарига бирдек эдингиз меҳрибон, Тўйчи,

Туриб радиода бўлдингиз неча вақт хушҳоллара устоз,
Қилиб, “Чоргоҳу” “Сегоҳ”, ўргатиб “Гул ёр” ила “Шаҳноз”.
Ўқирда шашмақомларни бўлурди сизга жўровоз,
Имомжон, ҳам Юнус Рихси, Ражаб, Мақсуд танбурсоз.
Ҳама ёшу қарига бирдек эдингиз меҳрибон, Тўйчи.

Ҳама хушхон элининг сиз эдингиз устози саркори,
Хусусан сизга шогирд эрди айниқса Ғулом Қори.
Ёнингизда ҳамдамингиз Набихўжа, қўлида сетори,
Мутейига буюрди бу мухаммасни Шоқосим Зорий,
Ҳама ёшу қарига бирдек эдингиз меҳрибон, Тўйчи.

Машҳур ҳофиз Мулла Тўйчи Тошмуҳамедов номи ва ижоди Ўзбекистон маданияти тарихида ўчмас из қолдирган бўлиб, унинг номи халқ орасида ҳамиша эҳтиром билан тилга олинади.

(Tashriflar: umumiy 246, bugungi 1)

Izoh qoldiring