Muhammad Yunus Toib. Tarixi Aliquli (Alimquli) amirlashkar. 1-4 fasllar

0716-17 июнь кунлари миллий тарихимизнинг энг фожиали воқеаларидан бири — босқинчи рус қўшинлари томонидан Тошкентнинг ишғол этилганига 150 йил бўлади. Сайтимиз шу муносабат билан Тошкентни забт этилиши воқеалари тасвирланган тарихий асарлар ва мақолалар туркумини тақдим этишни бошлайди. Бугун ана шундай қимматли тарихий манбалардан бири бўлмиш Муҳаммад Юнус бин Муҳаммад Амин (Муҳаммад Юнус Тоиб) қаламига мансуб «Тарихи Алиқули (Алимқули) амирлашкар» асарининг 1-4 фасллари билан танишинг.

005
Муҳаммад Юнус Толиб
ТАРИХИ АЛИҚУЛИ (АЛИМҚУЛИ) АМИРЛАШКАР
04

099…жаноби жавҳари шамшири шужоат, қуввати бозуи шаҳомат, яъни, Абулфатҳ Мулло Алимқули амирлашкар, шаҳиди марҳумнинг ибтидои офтоби давлатларидан то ғуруби умр ва иқболларигача давлатосо мулозими рикоби ҳумоюн(ида) эрдим. Ҳусни ихлос ва ақида шуни талаб қилур эрдиким, ул зоти олисифотнинг аёми саболаридин, то ҳангоми шаҳодатларигача воқеалар ва ахборотларини таҳрир силкига чекиниб, бир яхши китоб қилсам. Муни устига, ул шажарайи тойиба самаралари фарзанди Мулло Шермуҳаммад Мирзойи мингбоши ҳам илтимос қилдиларки, ул жанобни воқеа ва ахборотларини сиздан яхшироқ биладурғон одам йўқ, ул зоти ҳужастасифот зикрларини бир ёднома китоб қилиб берсангиз, то ойнаи хосу авомдан фаромуш бўлиб қолмасин, деб. Агарчи бандаи ҳақирда шайхухот ғалабаси ва, мунинг устига, белу аёғ оғриғи ва дахли, кўз оғриқ ва иштиҳосизлик илова бўлиб, қувват заъф ва қуққат топиб ёзмоқ ва таҳрир қилмоқға мажол ва қудрат қолмаган эрди, аммо ул жанобни зикри лаззат маззаси билан ўз кўзум бирлан кўрганларимни ва кўрмаган бўлсам, ул жанобни(нг) фарзанди аржумандлари Мулло Шермуҳаммад Мирзойи мингбошидан сўраб, амрга шуруъ айладим.

Маълум ўлғайким, Амирлашкари марҳумнинг насаблари қирғиз-қипчоқ жамоасидан бўлиб, исми шарифлари Мулло Алимқули Ҳасанбий ўғли эрди ва волидайи шарифлари Шаҳарбону биби эрур. Мазкурлар Хўқанд уезида Навиғут бўлустида Бўжун Буткан деган мавзеда турғучи фуқаро аҳлидан эрдилар. Қиладурғон ишлари қўю мол ва йилқи тўхтатиб, боқиб, булардан фойдаланиб юрар эрдилар. Худованди карим лутфу карами бўлиб, мазкур Ҳасанбийдан шу мавзеда Мулло Алимқули амирлашкар ва яна бир қиз… вужудга келиб, кейин Андижон уезига (уездига) тобеъ қўрғон бўлустидаги (волости) Тошлоқ қишлоқида тарбият топиб(дилар).

Амирлашкари марҳум икки яшарлик вақтиларида оталари Ҳасанбий вафот қилиб, волидалари қўлларида ёш ва сағир қолиб, бо вужуди ёшлиғ беҳуда ҳаракат қилмай волидаларининг акалари Мулло Дўст охунд деган, то олти-етти яшар бўлғонларича Бўжун Буткан мавзеда ўқиб, саводлари чиқонндан сўнгра Қўрғонтепа бўлустига кўчиб келибдилар, сўнг Андижонда Оқмасжид мадрасада бир-икки йил ўқиб, кейин Хўқанд бориб Махсум Ҳожи раис-жаноби Домулло Аёз махдум марҳум ўғиллари хизматларида ўқиб, илму хат ҳосил қилибдилар. Шу аснода тахминан жаноби Амирлашкари марҳум ўн саккиз яшар бўлғонедилар. Баъд Амирлашкарни ҳамшираларини олган Тағойқул додҳол олиб келиб, баъзи сипоҳигарчилик ишларига аралаштириб, ул ерда ҳам хизмат ишларини бир неча вақт яхши қилиб туриб, яна Қўрғонтепа бўлустида оталари ўрнига бий бўлибдилар. Ниҳоят, хушмандлиғ ва зийракларидан ишларни яхши саранжом айлаб, фуқаро ва халқуллоҳга нафъ ва осойиш еткуриб, кундан кун ривож ва равнақлари зиёда бўлган сабабли, замона мардумлари ул кишига ҳасад қилиб, беақлу бехирадлар адоват камарини белларига боғладилар…

I. БУ ФАСЛ АМИРЛАШКАРНИНГ ИБТИДОИ СИПОҲГАРЧИЛИККА ОРАЛАШҚОНЛАРИНИНГ БАЁНИ ТУРУР

Амирлашкари марҳум катта бир жойга суянмоқ ва такя қилмоқни зарур ва лозимлигини фаҳмладилар, ўша фурсатда Худоёрхоннинг ота бир волида бошқа акаси Маллабек Шералихонни ўғли ўз акаси Андижон ҳокими Сўфибек тўй қилғони учун тўйга келибди. Амирлашкари марҳум ҳам бир от билан Маллабеки мазкурни(нг) хизматларига келиб, нўкар ва йигит бўлдилар. Ул ерда камоли хушмандлиғидан кундан-кун мартабаси ошиб, Маллабеки мазкурга тақарруби зиёда бўлиб, бирга Хўқанд келдилар. Аммо Худоёрхон ҳамеша ит талоштурмоқ ва теваю қўчқор уруштурмоқ ва улоқ чопмоққа машғул бўлиб, фуқаро ҳолидан ғофил қолган сабабли, Қурама халқи Нормуҳаммад парвоначи зулмидан додга келиб, фарёдларига ҳеч ким қулоқ солмаганидан, аризаларини дарахтлар шоҳига остилар. Тошканду Дашти қипчоқ фуқаролари Мирзо Аҳмад қушбеги жабру зулмидан жонларидан тўюб, доду фарёд ва оҳу нолаларига ҳеч қулоқ солмаган сабабли тамоми қирғизия, қазоқия ва сартия ёв бўлиб, Мирзо Аҳмад қушбегини ҳар тарафга закот учун юборган сардор ва одамларини тамоман уриб, ўлдириб, ўзини Авлиё ота қўрғонига қамаб, атрофини олдилар. Худоёрхон ночор Мирзо Аҳмадни қутқариб олмоқ учун Маллабек ва Шодмонхўжа мингбошини аксари аскарияи Хўқанд ва жаноби Миён Халил ҳазрат (Оллоҳ унинг марқадини ёритсин) билан Тошканд буюрдилар. Бизлар Тошканд бориб, уч-тўрт кундан сўнгра Чимкент бордик ва Хўқанд аскари Чимкентда қўнғондан сўнгра Авлиё отада Мирзо Аҳмадни қамаган элотия кундан-кун заиф бўлиб тарқалиб кетди. Мирзо Аҳмад қувват топиб, Авлиё отадан чиқиб, Чимкент келди. Мингбоши Маллабекларни олиб Чимкентдан Тошканд келдилар. Тошкандда Солар лабида беш-олти кун туриб, Тошканд ишини саришта қилгандан сўнг Мирзо Аҳмадни олиб Хўқанд тарафига жўнаб, Тўйтепа мавзеига қўнғонда маълум бўлдики, Мирзо Аҳмад қушбеги Шодмонхўжа мингбошига туҳмату бўҳтон қилиб, “Тошкандни бузиб ёв бўлмоқчи эди”, деб Хўқандга ариза ёзибди. Худоёрхон бу сўзни таҳқиқ қилмай, ишониб иноятнома юбориб, ўша ерда мингбошии мазкурни ушлаб, Йўлчибек деган лўлиларни(нг) понсадбошисига топшириб, у ердан жўнаб, Хўқанд келибди. Мингбошии мазкурни банди қилиб Шаҳрихон юбориб, унинг ўрнига Мирзо Аҳмадни Мингбоши қилди.

Ул фурсатда амири Бухоро қўшини билан айланиб келиб Ўратепани қамади, Худоёрхон Ўратепа мадади учун юборган Муҳаммад Назарбек қушбегилар етмасдан илгари амир Ўратепани олиб, Рустамбекни ўлдуриб, келиб Хўжанд муҳосирасига машғул бўлибди. Худоёрхон Хўжанд мадади учун Муҳаммад Ёқуббек бадавлатни Хўжандга Буюриб (юборди). У Хўжандга кириб, ниҳоят шужоат ва мардоналик кўрсатибди. Бу кишининг ғайрати сабаб Хўжанд саломат қолиб, амири Бухоро ёнди. Амири Бухоро қўшинидан Қосим мингбошии қадима, Гадойбой мингбошининг ўғли Ҳақназар мирзо, Қосимбек ва Баҳодур қушбегининг ўғиллари, Мирзо улуғ ва Рустамбек сарқори Раҳимбеклар қочиб Хўқанд келдилар. Худоёрхон мажбур бўлиб, Шодмонхўжа мингбошини ҳам олиб келди.

Бир куни намози бомдоддан сўнг тамоми умаро ва сардорлар салом учун ўрда эшикига жамъ бўлғонда Маллабек Мирзо Аҳмад Қушбеги ва Дўстмуҳаммад дастурхончиларга ниҳоят қаҳру ғазаб билан боқиб: “Хонни сизлар йўлдан уруб, ит уриштирмоқ ва хўрус уруштурмоқ йўлига бошлаб, юрт ва фуқаролар ҳолидан ғофил ва бехабар айлаб, оламни хароб қилдинглар!” деб уларни(нг) қасида қиличини ғилофидан чиқорди. Акобир ва умаро мабодо бир беҳуда иш бўлмасин, деб Маллабекни(нг) қўлидан ушлаб, илтижо ва зорилар билан уларни ҳалос қилдилар. Маллабек бу ердан чиқиб, ҳовлисига келиб, ҳозиру тайёр нўкарлари билан Андижон тарафига азимат қилди. Худоёрхон буни ешитиб, қайтармоқ учун орқасидан одам буюрди. Аммо одамлар етолмадук деб қайтиб келдилар.

Маллабек Амирлашкари марҳум маслаҳати билан тўғри Ўшга келибди. Ул ердан Алимбек додҳоҳ ва Сайидбек додҳоҳларни олиб келиб, яхши сўз ва аҳду паймон билан ўзига мутеъ ва фармонбардор айлаб, Каломуллоҳ кўтартириб, тамоми ўттуз ўғил, тайит ва санчиқли (қабилалари) Маллабек итоатига кирибди. Ўшондан жамъият тамом билан жўнаб, Андижон тобеи Тошлоқ мавзеида Амирлашкар ҳовлисида қўнубдилар. У ерда билиттифоқ Маллабекни хонлиққа кўтариб, асбоби жанг тайёр қилмоқ ва юрт олмоқ тараддудига тушибдилар. Ул вақтда амири Бухоро дафъи учун Андижон ҳокими Сўфибек ва Марғилон ҳокими Шоҳмуродбек йигит ва лашкари билан Хўқанд кетиб, бу юртлар бўш қолган сабабли осонлик билан Маллабек тасарруфига кириб қолди. Маллабек жамъияти тамом ва жамиъи қирғизия ва қипчоқия қўшини билан Хўқанд ташири учун жўнаб, Сомончи мавзеида бориб қўндилар. Худоёрхон ҳам тамоми Хўқанд аскари ва тўпу тўпхона билан Хўқанддан чиқиб, Қороқулоқдан ўтуб қўнибди. Ул кеча ётиб, эртаси намоздан сўнгра икки тараф саф тортип, муҳориба воқеъ бўлиб, гарду ғубор офтобни хира қилди. Худоёрхон ва Маллбек рўбарў бўлишиб, бир-бирларига қилич солдилар, аммо бир-бирларига заҳмлари таъсир қилмай, икки лашкар ҳам тарқалиб кетди. Аммо Худоёрхон аскарининг тафрикаси кўпроқ еди. Фақат Бобобек ва Муҳаммад Муродбек – Шаҳрисабз беклари Хўқандга қочиб келиб, тўпхона ва сарбозга бош бўлибдилар, ғайрат билан жанг қилардилар. Худоёрхон хуфтон вақтида Хўқандга доҳил бўлди, Маллахон эса, ташқарида Хўқандни қамалга олди. Аммо Мирзо Аҳмад мингбоши Сомончидан қочиб, ҳеч жойда таваққуф қилмай, Бухорога кетди. Қосим мингбоши эса, йўлдан қайтиб Хўқандга келиб, яна мингбоши бўлди. Лекин ташқари атрофу теварак тамоман Маллахонга тобеъ бўлди ва кундан-кун қувват ошди.

Тўқайтепа қамали ва муҳосираси қаттиғ бўлди. У ерда Амирлашкари марҳум Хўқанд қоровулларига рўбарў бўлиб, уларни қочириб, орқасидан тишган вақтда отдан йиқилиб, оёқлари андак шикастланди, яна Оллоҳ таоло шафоат қилди. Мунинг устига, Тошканд ҳокими Султон Муродбек ҳам Хўқандга келди. Тошкандда қолган Ўтамбой қушбеги қипчоқ ҳам Тошканд аҳли билан Маллахонга тобеъ бўлди. Худоёрхон иши ислоҳдан ўтиб, фасодга тортибди. Андижон ҳокими Сўфибек бир неча тамоми ва қўшини билан Хўқанддан қочиб, Маллахонга қўшилдилар. Қурама ва нўкарлари билан Хўқанддан қочип чиқиб, Маллахонга қўшилди. Худоёрхон иши тамом бўлғонини фаҳмлаб, бир кеча эл аёғи босилгандан ўзи ва акаси, шогирдпешалари ва хос одамлари билан хазинадан нақдина, пул ва қимматли нарсаларни олиб, Бухоро тарафига қочти.

Эртаси тамоми машоих ва уламо акобиру ашроф шаҳардан чиқиб, Маллахонни дуо қилиб, эъзоз ва икром билан шаҳарга олиб кириб, бил-иттифоқ хонлиғ тахтига кўтардилар. Худоёрхон Хўқанддан чиқиб, Хўжандга кирди. (Шаҳар ҳокими) Муҳаммад Мусо парвоначи ҳам уни эъзоз ва икром қилиб, Хўжанд аркига қўндирди. Аммо Хўжанд сипоҳларидан Тиллохўжа ва Мир Тоҳирбек ва Мулло Бобожон деган фитначи одамлар Худоёрхонга яқинлик пайдо қилиб, иғва билан Маллахонга ёв бўлмоқ ва Хўқанд хонлигини қайта олмоқ фикрини Худоёрхон димоғига жойладилар. Муҳаммад Мусо парвоначи буни англаб, панд-насиҳат билан Худоёрхонни йўлга солмай, ночор йигитларини йиғиб, уруш билан Худоёрхонни Хўжанд шаҳридан Бухоро тарафига ҳайдадилар. Маллахон Муҳаммад Мусога кўп илтифотлар қилиб, Худоёрхонни бузган муфсидларига Мир Комилбой, Мир Тоҳир бийнинг акаси ҳам қўшиб, буларни Кўкард тарафига банди қилиб юбориб, ўша жонибда ҳалок қилди.

Маллахон Хўқанд тахтига ўтурғондан сўнг, Қосим Мингбошига Балиғчи ҳукуматини берди. Қосим мингбошилик мансабидан Балиғчи ҳукуматига ўтишини ўзига номуносиб ва нолойиқ иш деб жузъу фуръу ва ношукрлик қилғони сабабли азл бўлиб, Қоратегин ва Дарвоз тарафига чиқориб юборилди. Балиғчи ҳукуматини Шодмонхўжа мингбошига ва Чимён ҳукуматини Амирлашкари марҳумга (Алимқулига) берди ва ишлар саранжом бўлди.

Маллахони мазкур бағоят сариъул-ғазаб, тундхўй ва қаҳҳор, баджаҳл подшоҳ эди. Чунончи бир коса қимиз учун Амирлашкардан хафа бўлиб, шунча қилғон жонбозлик ва давлатхоҳликларини ёдига келтирмай, банди қилиб, Туркистонга Рустамбек додҳоҳга топширди. Яна уч-тўрт ойдан сўнг олиб келиб, олдинги мансабини берди. Ёқуббек Бадавлатга ҳам ғазаб айлаб Шаҳрихонга Бобобек додхоҳга берди. Ҳосил (ул-калом), ўша қиш ичида Маллахон Тошканд бориб, Тошканд аскарларини кўриб, Ўтамбой қушбегини Тошканд ҳукуматига насб қилиб, Хўқанд келди ва оз фурсатдан сўнг Ўтамбой қушбегини Тошканд ҳукуматидан олиб, Муҳаммад Мусо парвоначини Тошкандда ҳоким қилди. Унинг ўрнига Хўжандга Бобобек додхоҳ қирғиз ҳоким бўлди.

Бу орада фақирни Муҳаммад Мусо парвоначини(нг), молия ишлари ва мулкияларини саришта қилмоқ учун Тошканд вилоятига сикритар, яъни, мирзабоши қилиб юбордилар. Неча муддатдан сўнг яна Маллахон ўзлари Қаноат оталиқ билан Тошкандга борди. Муҳаммад Мусо парвоначини элотияи қўнғирот ва тавобеоти закотини олмоқ учун буюрди. Жаноби хон ва аркони давлат лавозими зиёфат ва меҳмонгарчилик қилмоқ учун Тошкандда мени муддати йигирма икки кун хизматкорлик камарини боғлаб қолди. Муҳаммад Мусо парвоначи ҳам закотчилик ишидан фориғ бўлиб қайтиб келди. Хон Қаноат оталиқни буюриб, Муҳаммад Мусо парвоначини ҳисоб-китоб қилсириб, аксари зарур сарфларини тан олмай, йигирма иики минг тилло қарз билан Тошканд ҳукуматидан олиб, ўрнига Рустамбек додхоҳ Қозоқбой ўғлини Тошкандда ҳоким қилиб, Хўқандга мурожаат қилди. Бир неча муддатдан сўнг Рустамбеки мазкур тамоми Тошканд ва тавобиоти қўшини билан Русия дафъи учун Пишкак тарафига отланди.

Эмди бу ерга етканда аввалги ва келаси сўз боғланиши учун Русия Аҳволидан баён қиилмоқ лозим кўринди.

II. БУ ФАСЛДА ХЎҚАНД ХОНЛАРИ БИЛАН РУСИЯ ДАВЛАТИ ОРАЛАРИГА ТУШКАН ВОҚЕАЛАРНИНГ ИБТИДОСИНИНГ БАЁНИ ТУРУР

Маълум олғайким, Русия султонлари билан Хўқанд хонлари ораларига аввалдан ҳеч мухолифат ва душманлик тушмай, ҳамиша муҳаббат ва ошнолиғ бўлганекан. Бизларни(нг) асримиздан илгари Умархон вақтида Хўқанддан Шодмонхўжа мингбоши амакиси Турсунхўжа судур (билан) Фитирбурхга элчи бўлиб борибди. Импротури аъзам ғоятда уларни эъзоз қилиб, муддати қирқ кундан зиёд Фитирбурхда иззат билан таваққуф қилиб, ундан сўнг хушвақт ва хурсанд қайтариб, Чу сойидан бери тарафга Ўрусияга аскари ва нари тарафга Хўқанд аскари ўтмасга муқаррар қилиб, иттифоқ бўлган эрканлар.

Яна (бир дафъа) Муҳаммад Алихоннинг ибтидои давлатидан жаноби ҳидоятпаноҳ мазҳари лутфи роби жалил ҳазрати Миён Халил Соҳибзода ки, сидқгуфтор ва олинасаб ва вофурҳасаб, зуко, оқиллик ва хушмандлиғда ақли мужаррар, сўзлашда лойиқ ва муносиб эдилар, Муҳаммад Алихон тарафидан ба тариқи элчилик ва сафорат, Фитирбурхга борибди. Импротури аъзам ниҳоят иззатва эҳтиром айлаб, мувофиқи фазлу донишлари Эрон, Хоразм ва бошқа вилоят элчиларидан сарфи назар қилиб, муқаддам ўлтурғизиб, тамоми муддаў ва мақсадларини қабул айлаб, хушвақт ва сарафроз этибди ва икки подшоҳ орасида муҳаббат ва дўстлик биноси ниҳоят истеҳком топибди. Ҳатто Тошканд ҳокими Лашкар бекларбеги Чу сойидан ўтиб, шимол тарафидан улуғ тоққа ва машриқ тарафидан Қаффолга қўрғон солиб, бу ўртадаги элотияларни Хўқанд ва Тошкандга тобеъ қилиб, закот ва улфон олурсан демасдан эркин ва озод қўюбди. Хўқанд тавобеоти ва мулки вусъат топиб, ниҳоят даража обод бўлган эди.

Аммо бу орада Тойчиқ тўра ва Аҳмад тўра ва Сидиқ тўра, оталари Кенжасари тўра деган Қосим ўғли шўх ва бебок чиқиб, Ўрусия тавобеотига дахл ва тааруз қилиб, молу амволларини ғорат ва торож қилгани сабабли фуқаро Русия сардорларига арз қилибди. Ўрусия аскари Кенжасари тўрани қувлаб ва тўранинг ўрусларга муқобил бўлмоқға тоқат келтурмай, бери суруб қочибди. Кам-кам ушбу тариқа бирла Ўрус тавобиоти Тошканд тавобиоти бирла аралашиб яқинлаштилар. Кенжасари тўра Ўрусияга қилғон иши устига Хўқандга ёв бўлиб, Тошканд тобеи Сузак деган жойни қозоқия қўшини билан қамади. Сузак ҳокими Раис деган ғайратлик киши шужоат зоҳир қилиб, Кенжасари аскарини шикаст ва ҳазимат бериб қайтарди. Кенжасари тўра бир неча муддат Иткечук ва Авлиё отага тобеъ элотия орасида юриб, охир ул-амр тақрибан сана 1263 ҳижрийда (милодий 1847 йили) Пишкак тавобеоти Кабклик мавзеида султа ва сарбағиш қирғизиялари устига келибди. Тўрани мазкур улар билан урушиб, тамоми тавобиотлари бирлан мақтул бўлибди.

Яна Оқмасжид тарафидан Раҳим қалъаси деган жой, аввалдан Урганж тобеъи еди. У ерга Урганж хони тарафидан Хожа Ниёзбек деган ҳоким еди, шу учун “Хожа Ниёз қўрғони” атар эдилар. Бу Хўжа Ниёз ҳам қўтоҳақл ва камандеша одам экан. Раҳим карвонбоши деган киши Бухоро карвони ва кўп юк билан келганда, Хўжа Ниёз: “Мен бу молу юкларни очиб закот қилурман”, деб (карвонни тўхтатади). Раҳим карвонбоши: “Мунда закойлик мол йўқ, тамоми закотини Бухорода берганмиз”, деса ҳам, қабул қилмай: “Мен закотликмолни ўзим топиб оламан”, деб юкни ешгунча сабр қилмай, арқонларини пичоқ билан кесибди. Савдогар моли паришон бўлиб ва қанчаси йўқолибди. Юк бойлайдурғон барбандчи ва симбандчи юк боғламоқға арқон тополмай, савдогарлар кўп кулфат ва меҳнатлар чекиб, ташвиш тортиб (эрканлар). Шу дафъа Раҳим карвонбоши импротури аъзамга: “Йўлда бу навъ қароқчи вақуто ут-тариқ бор, эмди бизларга савдогарлик ва авқот қилмоқ мушкул бўлди”, деб йиғлаб, арз қилиб(ди). Импротури аъзами мазкур йўл эминлиги ва савдогар тинчлиги учун аскар юборибди. Хўжа Ниёзбек маҳориба қуввати бўлмай, Урганж тарафига қочибди. Ўрусия аскари мазкур қўрғонга жойланиб, Раҳим карвонбоши арзи бирла олинган сабабли “Раҳим қалъаси” деб от кўтарди.

Бу сабаб бирла Оқмасжид тарафидан Русия аскари ва фуқароси Хўқанд аскари ва фуқаросига аралашиб ва фуқаро ва ўша халқ ораларида мунозиат ва мухосимат тушиб, дўстлик биносига хила халал етди.

Мунинг устига, Муҳаммад Алихон охири аём давлатида Ҳожи Қурбон отлиғ бир ноқисул-ақл ва хазифул-хираду сифла ва асфия одамни элчи қилиб Фитбурхга юборди. Бу элчилар Русия сарҳадига борганда, сарҳад ҳокими буларни тўхтатиб. Элчи келган хабарини импротури аъзам хизматларига маълум қилибди. Импротури аъзам: “Фитирбурх ва Масков бу атроф жавонибда шиддатлиғ ва қаттиғ вафо бўлубдур, менинг ўз фуқаром ва аскаримдан ҳар қанча ўлса, Худойи таоло тақдири ва ризоси деб сабру таҳаммул қилурман, аммо менга дўстликдан элчи юборган подшони(нг) бир камтарин нафар одамига вабо тегиб нобуд бўлса, унинг афсус ва ҳасрати ҳаргиз кўнглумдан чиқмаса керак. Элчилар не тариқа хоҳласалар, шу тариқа иззат ва икром билан тўхтатиб, хатларини менга юборинглар ва мен ҳар на илтимос қилғон бўлсалар, тамоман қабул айлаб, хушвақту хуррам қайтарай”, деб жавоб ёзган экан.

Ҳожи Қурбон бу сўзни эшитиб, ниҳоят камақлик ва бехирадлик билан арбада (жанжол) қилиб: “Мен хатимни сизлар қабили одамга берадурғон киши эмасман, ўз қўлим билан импротури аъзам қўлларига топшириб, оғзиларидан қулоғим билан сўз эшитиб қайтадурғон одамман!” деб ҳазёнот ва беҳуда калимот бошлаб (юборибди).

Русия бошлиғлари: “Тўғри. Биз хўб билдик ва тажриба қилдик. Сан на мусулмон ва на насроний ва на жуҳуд ва на габру, на ҳиндий ва ҳеч бир дин эгаси одам эмас экансан. Қилдурғон ишинг кечаси арақ ичиб, масту пиён бўлиб, хушдан ажраб, зино қилмоқ ва Муҳаммад Алихону Лашкар бегларбеги шукуҳи ва шикоятини ва дашному ҳақоратини қилмоқ ва субҳидамда ит каби уйқуламоқ ва кундузи беҳуда сўзламоқдур. Худо амирини ва ўз хонининг қадрини ва валинеъмати шукри неъматини билмаган одам бизни(нг) подшоҳимиз қимматини нечук билсун?! Кет! Йўқол! Бизларга касофат ва шумлуғун юқмасун!” деб импротурига маълум айлаб, шарманда этиб қайтардилар. Бу сабаб бирла дўстлик қасри инҳидом топиб (бузулиб), муҳаббат ва ошнолик орадин кўтарилди.

Тақрибан сана 1266 ҳижрийда (милодий 1849-50 йили) Мусулмонқули мингбоши Хўқанддан Мулло Холбек қушбеги ва Мулло Каримқули мингбошига ёв бўлиб, Мусулмонқули мингбоши Хўқанд беги Ёқуббек Бадавлатни Оқмасжиддан олиб келиб, Тошкандга баҳодурбоши қилдилар. Бадавлат Мусулмонқули билан Чалчиқ (Чирчиқ) лабида урушиб, Мусулмонқули шикаст топиб, қирғизия тарафига қочти. Уни(нг) ўрнига Ўтамбой қушбегини мингбоши қилиб, Худоёрхон билан Хўқанд тарафига қайтдилар.

III. УШБУ ЕРДА ЎРУСИЯ ЛАШКАРИ БИЛАН МУСУЛМОНИЯ ЛАШКАРИНИ ИБТИДОИ УРУШ ҚИЛҒОНЛАРИНИ(НГ) БАЁНИ ТУРУР

Бу орада бир мунча ўрус лашкари Берфут пулкуфлик бошчилигида Оқмасжид устига келиб, Ёқуббек Бадавлат ноиби Мулло Муҳаммад Ризо баҳодурбошини қамабди. Ва бу хабарни эшитган заҳоти Ёқуббек Бадавлат, мен ва Тошканд аскари Оқмасжид мадади учун шитоб ва таъжил билан жўнадик. Бу Ўрусия аскари Оқмасжидни қаттиғ муҳосира қилиб ва тўплари ўқи шаҳарга тушиб танг қилиб турган маҳалда, иттифоқдан шаҳардан отган бир тўп ўқи Русия тўпига тегиб, Русия тўпи синибди. Буни устига, Бадавлат ҳам яқинлашди ва Русия Оқмасжид устидан кўчиб кетди. Бадавлат Оқмасжидъга кириб, уч-тўрт кун туриб, Оқмасжид ишини саранжомлаб, сўнгра Тошканд келиб, бир ҳафта туриб олди.

Бу муддатда Нормуҳаммад қушбегидан ёширин тамоми Тошканд акобирлари Шодмонхўжа мингбоши, Муҳаммадниёз понсадбоши, Фозилбек понсадбоши ва Қосим понсадбоши ва тамоми акобирлар Бадавлат билан билиттифоқ қипчоқияни ўртадан кўтармоқға аҳду паймон қилиб, Қуръон кўтариб, сўзларини бир жойга қўюб, Хўқанд тарафига жўнаттилар. Шаҳидон қўнғонларида яна аҳду паймонларини янги қилиб, истеҳком бердилар. Ундин ўтиб, Чилмаҳрам кемасига келганда, Хўқанд шаҳридан Хўжа Калонтўра ва Каримқули меҳтар ва Муҳаммадназар парвоначи Хўжанд ҳокими ва Мўминхўжа додхоҳлардан одам келиб, аҳду паймон қилиб, Қуръон кўтариб қайтдилар. Ўша куни дарёдан ўтиб Чорбоғи Тўранги мавзеига қўниб, у ердан субҳи содиқдан олдин кўчиб, жаноби Бадавлат тамоми аскария билан илгари тушубди. Нормуҳаммад қушбеги бир андак маҳрам ясовули билан кейин қолибди.

Қуёш чиқиб тулуъ қилғон вақтда Хўқанд ўрдасининг дарвозаси олдидаги сойга биз ҳам ҳозир бўлдик. Қипчоқия ҳам салом учун ўрда ичинда жамъ эрканлар. Шу дамда Бадавлат ишораси билан тамоми аскария қиличларини ғилофидан чиқориб ва милтиқларини ростлаб: “Ҳар жойда қипчоқия бўлса, ўлдурунглар!”деб баланд овоз билан, якбора отлиқ ва пиёда арк ичига кириб, хон ҳузурида дастурхонда ўлтурғон қипчоқияни ҳам судраб олиб чиқиб, ўлдуриб ташладилар. Ул куни Ўтамбой мингбоши ва Нормуҳаммад қушбеги ва фарзандларидан бошқа Хўқанд шаҳрида тирик қипчоқ қолмай ўлдирилиб, сўнгра Қосим понсадбошига мингбошилик ва Мулло Юсуфиддинга дастурхончилик ва Бадавлатга шиғовуллик ва Муҳаммадниёз понсадбошига Тошканд ҳукумати ва Маллабекка Ёрмозору Марғилон ҳукумати ва Дўшабой қурамага Кировучи ҳукуматини бериб, уч-тўрт кун шаҳарда туруб, шаҳар ичини саришта қилдилар. Сўнгра Мусулмонқули мингбоши ва қолган қипчоқия дафъи учун Икки сув ораси тарафига азимат қилиб жўнадилар. У мавзега боргандан сўнг Мусулмонқули мингбоши ҳам тамоми қипчоқия билан жонларидан кечиб, жамъияти азим айлаб, муқобала бўлиб, муҳориба қилдилар. Уруш ниҳоят даража қаттиғ бўлиб, қипчоқия халқи ва Худоёрхон қўшини ҳар иккала тараф паришон ва пароканда бўлсалар ҳам, аммо Худоёрхон ва Маллабек ва Шодмонхўжа мингбоши, Қосим мингбоши ва авлоди Куликадин Андижон ҳокими Исо парвоначилар маъракада собитқадам турдилар. Мусулмонқул лашкари тамоман мағлуб ва мунҳазим бўлди. Охируламр, тамоми қипчоқия Мусулмонқулдан юз ўгириб, уни(нг) тадбири ва маслаҳатига қулоқ солмай, Мусулмонқулни ушлаб, “Ямонимиз шул эрди”, деб Худоёрхонга тутиб топшурдилар. Бу қилган ишлари қипчоқияга ҳеч нафъ ва фойда бермай, балки Ҳотамқул парвоначи ва Холмуҳаммад додхоҳ ва мунга ўхшаш тамоми акобир ва сардорларини Худоёр ўлдириб ва Мусулмонқулни Йўлчибек додхоҳ қўлидан Хўқанд юбориб, дорга осиб ўлдириб, ўзи қайтиб, Хўқанд келиб ўлтурди.

Аммо Маллахон бағят тундмизожу бебок эди. Марғилон Хўқандга яқин бўлгани учун Худоёр Маллахон ваҳимадан ташвишнок бўлиб, ҳар нимадур йироқроқ жойда турсун, деб Муҳаммадниёз қушбегини Тошканд ҳукуматидан олиб, Маллабекни ҳоким қилиб юборди. Маллабек Тошканд бориб, Абдували деган одамни Оқмасжидга ҳоким қилиб юборди, ўзи андак муддат ичдан Худоёрхонга ёв бўлиб, хонлик даъвосини қилди. Худоёрхон Маллабек дафъи учун тамоми Хўқанд аскари бирла отланиб, Хўжанд йўли бирла юриб, Хўжандга Муҳаммадназар парвоначи ўрнига (Ёқуббек) Бадавлатни ҳоким қилиб, ўзи Тошканд бориб, Маллабекни олди.

РУСИЯ ИККИНЧИ МАРТАБА ОҚМАСЖИДНИ МУҲОСИРА ҚИЛҒОНИНИ(НГ) БАЁНИ ТУРУР

Бу орада Ўрусия бир катта сардор бир мунча аскар ва тўпу тўпхона билан келиб, Оқмасжидда Абдувалини муҳосира қилди. Мазкур сардор Абдувалига уруш яхши эрмас, ҳар нимадур ислоҳ билан топишайлик, деб одам киргусга ҳам, Абдували тундхўйлик билан ўрус сардорига: “Сиз қўрғонга келинг, икковлон сўзлашиб аҳду паймон айлаб, топишиб, мусолиҳа қилайлик”, деб одам юборибди. Ўрус сардори унинг сўзига ишониб, бошлиғлари билан милтиқ ушламай, бе яроғу анжом, хотиржамлик билан қўрғон олдига келибди. Абдували хиёнат қилиб, тамоми мерганларини қўрғон устига чиқариб, ҳаммалари ўрусияни нишона қилиб, “Отинглар!” деб буюрибди. Ҳаммалари якбора ўрусияни отибдилар, аммо Худованди таоло сақлаб бирор нафар ўрусия ё оталарига ўқ текмай, ҳаммалари саломат жойларига қайтарибдилар. Ундан сўнг ўрус сардори Абдувалига: “Бу қилғон ғадур хиёнат бирла сенинг қонинг менга мубоҳ бўлди”, деб муҳосирани қаттиғ қилибди. Қўрғон деворига нақб ковлаб, дору тўлдириб, кўп ўт қўюб, қўрғонни йиқитиб, рахнадан аскар шаҳарга югурибди. Абдували бир неча тавобеи бирла ўлиб ва ярадор бўлган ярадор бўлиб, Русия аскари қаҳру ғалаба бирла шаҳарга кирибди…

Бу тарафдан Маллабек Худоёрхонга муқобиладан ожиз келиб, Бухоро тарафига қочти ва Худоёрхонга Тошканд фатҳ бўлиб, Шодмонхўжа қушбегини ҳоким қилиб, ўзи қайтди. Шодмонхўжа Тошканд қўшини ва тўпу тўпхона билан Русия дафъи учун Оқмасжид тарафига отланиб борди. Ўрусия тарафидан бир мунча аскар чиқиб орада андак муҳориба воқеъ бўлиб, Шодмонхўжа қушбеги эски аскар хушмандлиги ва оқиллигидан билдиким, Русия аскари билан урушиб, обрў олиб бўлмайди. Ночор тадбир устидан бир хат чиқориб: “Менга хондан ўрус билан урушманг, мен ўзим импротури аъзам хизматларига элчи юбориб сўзлашурман, деган мазмунда иноятнома қилибдурлар”, деб айтди. Шу тадбир бирла урушни мавқуф қўюб, тўпхона ва асбобу анжом бирла саломат мурожаат қилди.

Аммо Қосим мингбоши ниҳоят нодонлиғ ва ҳамоқатидан: “Шодмонхўжа беғайрат ва номард одам экан, Тошканд қўшини билан ўрусни олмай ва Оқмасжидни фатҳ қилмай қайтмоғдан ортуғроқ номардлик иши бўларму?! Мен агар лочин ва қарчиғайларимни буюрсам, Русияни чанголлари билан кўтариб ташлаб, тамом қилур эдилар”, деб айтди. Худоёрхон бу аҳмоқона сўзларига ишониб, Шодмонхўжа қушбеги ва Саримсоқ додхоҳ, Муҳаммадкарим шайх додхоҳ – бу уч нафар сардорни таҳқиру иҳонат бирла Хўқанд олиб бориб, Хўқанд ўртасида айни жамоат ва салом вақтида замона (аёлларни) либосин кийдириб, олдиларига чарх ва дук қўюб, беҳуда обрўларини тўкти.

Қосим мингбоши тамоми Хўқанд аскари ва тўпу тўпхона ва Тошканд аскарини олиб, “Фитирбурхгача ўрусдан асар қолдирмайман”, деб ғурур ва лофу казоф билан Оқмасжид устига жўнади. Булар бориб, бир қазон лабига қўндилар. Ўрусия аскари Оқмасжиддан чиқиб, рўбарў бўлиб, Ўрусия тарафидан беш-олти тўп отилиб, ўқлари Қосим мингбоши лашкарига оралаб тушиб, ҳеч ким ўлмай ва ярадор бўлмабди, аммо Худованди таоло кўнгилларига хавфу ҳайбат солиб, тўпу тўпхона, қўшу пилта ва хаймаю чодар ва молу амвол, ҳатто бошларидаги марворид телфакларини ташлаб, от қамчи(лаб), Тошканд тарафига қочибдилар. Йўлда очлик ва чанқоқлик кулфатини тотиб, ит азобида дохили Тошканд бўлиб, ҳадсиз инфиол ва хижолат ва шармандалик билан дохили Хўқанд бўлиб келдилар.

Қосим мингбошини(нг) Худоёрхон ва тамоми аҳли сипоҳ ва фуқаро назарида қадру эътибори қолмади. Андак муддатда Худоёрхон Қосим мингбоши ва Намангон ҳокими Сўфибек додхоҳ Давронбек ўғли, Мулло Сайфиддин дастурхончи, Муҳаммадназар парвоначи ва Мўминхўжа додхоҳлардан хафа бўлиб, Қосимбек мингбоши, Сўфибек ва Қамбарбекларни Қоратегин тарафига чиқориб юборди. Мулло Сайфиддин дастурхончи, Муҳаммадназар парвоначи ва Мўмин додхоҳларни Хўқандда ўлдириб, Муҳаммадниёз қушбегини мингбоши ва Фозилбек додхоҳ Арслонбек додхоҳ ўғлини дастурхончи қилди. Яна Худоёрхон оға-инилик жиҳати ва силаи раҳм ўйидан Бухорога Маллабекка жарчи юбориб, жамъи гуноҳидан ўтибди. У ҳам Хўқанд келиб, яна оғи-ини топишиб, иттифоқ бўлдилар. Бу ҳангомда Маллабекни ота-она бир (айний) укоси ва Худоёрхонни(нг) ота бир она бошқа укоси Андижон ҳокими Сўфибек Шералихон ўғли Андижонда тўй бошлаб, Худоёрхон Маллабек бирла тўй учун Андижон келдилар.

Астағфируллоҳ! Не мақомда эрдим ва не ерга келдим. Амирлашкари марҳумни(нг) баёни аҳволи эди, таҳрир топмоқи лозим эди, аммо аввалдан ёзилиб, сўз оралади.

Ҳосили калом, ул қиш ул баҳорда Шодмонхўжа мингбошини Балиғчидан чиқориб, Туркистонга ҳоким қилди. Ва камина мингбошидан бир ҳафта илгари Туркистон бордим. Рустамбек ўрнига амакиваччаси Шодибек Абдусамад Оқсоқол ўғли ҳоким бўлиб, Туркистон аскари чунон хароб эканини, шунча аскар ичидан икки тош йўлга ярайдурғон от топилмади. То мингбоши боргунча, Оқмасжиддан бир ўрус сардори бир мунча аскар билан отланиб келиб, бўлак ёнига қўнди. Алқисса, Шодмонхўжа мингбоши доҳили Туркистон бўлиб, Сайидхўжа отлиғ одамни элчи қилиб, яхши, ширин ва мулойим сўзлар айтиб, сулҳдан сўз бошлади. Мазкур Русия сардори ҳам жойидан ҳаракат қилмай турди. Бу орада Тошканд ҳокими Қаноат оталиқ сўзи билан Шодмонхўжа мингбоши ўрнига Дўстмуҳаммад қароқалфоқни Туркистонга ҳоким қилиб, мингбошини Хўқандга олиб келиб, тўпу тўфангларни топшириб, ноиб қилди.

IV. УЧИНЧИ МАРТАБА ЎРУСИЯ АСКАРИ ЯНГИ ҚЎРҒОННИ МУҲОСИРА ҚИЛҒОНИ БАЁНИ ТУРУР

Муни(нг) устига, ўрус сардори Янги Қўрғонни қамади, деган хабар келди. Маллахон дарҳол Шодмонхўжа мингбошини Нормуҳаммад қушбеги қипчоқ ва Баҳодурбек додхоҳ ва Қурама ҳокими Ёқуббек Бадавлат ва мени тўпу тўпхона ва сарбозлар билан Русия дафъи учун Янги Қўрғон буюрди. Бизлар шитоб билан Туркистонга борсак, Русия Янги Қўрғонни олиб, ичидаги аскар ва одамларни сиҳату саломат Туркистонга юбориб, Янги Қўрғонни ёндириб кетган экан.

Алқисса, Янги Қўрғон бориб, қайта бошдан таъмир қилмоқ ва девор урмоқ учун камина сарбоз билан Янги Қўрғонда қолиб, тамоми қўшин Жўлак устига кетдилар. Бу миқдор қўшин тўпу милтиқ хавфидан Жўлак қўрғонига яқин боролмай, уч-тўрт нафар аробага пичан юклаган русларга рўбарў бўлиб, русларни отамиз, деб ҳамла қилибдилар. Руслар милтиқ отиб Баҳодурбек додхоҳни баданидан ярдор қилиб, ўзлари саломат Жўлак қўрғонига, бу қадар қўшинлар эса, аробага қўшган беш-олти адад ҳўкузларни ўлжа қилиб, Янги Қўрғонга қайтиб келдилар.

Алҳосил, Янги Қўрғон деворларини кўтариб, Туркистон ҳокимига топшириб, мурожаат айлаб, Хўқанд келдик. Маллахон Шоҳмуродбекни Намангон ҳокимлигидан олиб, Шодмонхўжа қушбегини ҳоким қилди. Қушбеги мазкур доҳили Намангон болиб, муддати бир ярим ой ўйгандан сўнг, Аҳрор тўра деган одам Маллахондан бир иноятнома кўтариб келди. Унда Намангон қўшуни дарҳол Хўқандга ҳозир бўлинг, деб буюрган экан. Шул сабабдан қушбеги мазкур каминани ўринларига қўюб, ўзлари Намангон қўшуни билан Хўқанд келдилар. Мазкур қўшунбеги Хўқанд қўнганларидан сўнг, Олимбек додхоҳ ва қипчоқия одамлари Маллахоннинг хос одамларидан Хидир қирғиз додхоҳ, Муҳаммад Иброҳим мирзабоши ва Дўст меҳтар, буларга ўхшаш Маллахон бадхўйлигидан жондан тўйган одамлар иттифоқ бўлибдилар. Бир кеча Маллахон ётқан жойига босиб кириб, Каримқули қипчоқ қиличи заҳми билан шаҳид қилиб ертаси Шоҳмуродбекни хон кўтардилар. Шодмонхўжани мингбоши Худойназар додхоҳ туркни Намангонда ҳоким қилдилар. Камина ҳам Намангондан Хўқанд келдим. Яна Маллахонни ўлдириб, Шоҳмуродбекни хон ва Шодмонхўжа қушбегини мингбоши қилғонларини суюнчи тариқасида хат қилиб, Қаноат оталиқ ва (Ёқуббек) Бадавлатгаким, Туркистонда эдилар, Дўст меҳтар қўлиданн юбордилар. Қаноат оталиқ Шодмонхўжа қушбегини мингбоши қилғон важҳидан паришонхотир ва ташвишнок бўлди. Тез Бухорога киши юбориб, Чинос ва Чордара йўли билан Худоёрхонни Тошкандга келтириб,хон кўтарди-да, Хўқандга ёв бўлди. Бу хабарни эшитган заҳоти Шоҳмуродхон, мингбоши ва амирлашкар тамоми Хўқанд қўшини билан Тошканд тарафига отланиб, Хўжанд йўли билан Нав қалъасиники, Худоёрхон тарафидан Дўст Муҳаммад дастурхончи ҳоким экан, қамаб, ўшал куни фатҳ қилдилар. Дўстмуҳаммад дастурхончини Ўзгандга юбордилар. Дарёдан ўтиб, Кировучи устигаким, Худоёрхон тарафидан Бадавлат ҳоким еркан, бориб қамалдилар. Бадавлат аҳд риояси учун бошдан ўн-ўн беш тўп ўқ ўткунча сабр қилиб, сўнгра мусолиҳа билан чиқиб, Кировучи қўрғонини топширди. Бу мавзедан кўчиб бориб, Тошканд муҳосирасига машғул бўлиб, фатҳ яқинлашган вақтда қипчоқиядан Мингбой додхоҳ ва Ирисали понсад, қирғизиядан Хидир додхоҳ ва Намангон ҳокими Худойназар додхоҳ турк шунга ўхшаш фитначи одамлар Шодмон мингбошини, Алимқули амирлашкар ва Бекназар додхоҳни ўлдирмак ва бошқа тариқа иш тутмак тараддудига туштилар. Бу сўзни мингбоши ва амирлашкари марҳум фаҳмлаб, душман устида мухолифат қилмоқ ё мухолифларни тутмоқ ва ўлдурмоқ яхши бўлмагани учун Тошканд иши маътал ва муҳмал қолса ҳам, Хўқанд тарафига мурожаат қилдилар. Кировучидан ўтгандан сўнг бадавлат Хўжандга ҳоким бўлди. Аммо душманларни кундан-кун қаршиликлари зиёда бўлиб, ҳадларидан ошиб, беҳуда ҳаракат қила бошладилар. Симғор қўнғон куни Хидир, Худойназар ва Ирисали бир неча мухолифатлар билан хуфтан вақтидан сўнг мингбоши чодарига келиб то ярим кечагача ўтирдилар. Мингбоши ҳам еҳтиёт ва ҳушёрлиқ бирла муомала қилиб, ҳеч иш қилолмай қайтдилар.

(Шодмонхўжа) мингбоши: “Кўч нағораси куйган заҳоти мени уйғотинг”, деб мени таъкидлаб, истироҳатга майл қилдилар. Фақир уйғоқ ўтириб, субҳи содиқ кўч ноғараси куйган заҳоти мингбошини огоҳ қилдим. Туриб, таҳорат олиб, отланиб, хон хизматига кетдилар. Фақир намози бомдоддан сўнг қўшу пилаталарни юклатиб, мингбоши туғини кўтартириб, тобеъ лашкар билан йўлга туштим. Андак фурсат ўткандан сўнг яна Хидир, Худойназар ва Ирисалилар пайдо бўлиб, “Мингбоши аком қаён етдилар?” деб фақирдан сўрадилар ва камина: “Кўч нағораси куйган ҳамоно отланиб эрдилар, билмадим, хон ҳузурларида эканларму”, деб жавоб бердим. Бу жавобни эшитиб, улар ҳам хон туғига қараб кетдилар ва бир соатдан сўнг мингбошидан кўнглим ташвишнок бўлиб, хон туғи остига бордим. У ерда мингбошидан асар топмай, Кўл мавзеидан чиқиб, Хожа ягона даштига келсам, бу ерга қўш қўниб, мингбоши саропарда соясида ўтурғон эканлар. Камина келиб салом берган эдим, илтифот айлаб, қўлларида бир жом искинжин шарбатини бердилар. Ичиб, дуо қилиб, хонни(нг) яқинликидан хабардор қилдим.

Ўрунларидан туруб, хон чодарига борганда, хон ҳам келди. Дастурхон ўтгандан сўнг мингбоши ўз қўшларига келиб, ўтовига кириб, истироҳатга машғул бўлдилар. Камина ҳаво ҳароратидан ва гарду ғубор касратидан соч олдурмоқға машғул эдим. Бирдан Алимқул амирлашкари марҳум пайдо бўлиб: “Соч оладурғон вақти эмас эди”, деб фақирга итоб қилиб, мингбошини сўрадилар. Камина: “Ўтовида истироҳатда”, деб жавоб бердим. Ҳар дафъа уйғотиб беринг, деб фақирга буюрар эдилар, аммо бу дафъа ўзлари кириб уйғотиб, яна икковлон хон ҳузурига кетдилар. Ўшал лаҳза икковлон хон ҳузуридан келиб, “Пешин вақти бўлибдирму?” деб савол қилдилар. Фақир соатга қараб, “Аввали вақт”, деб жавоб бердим. Дарҳол азонга буюриб, намоздан сўнг каминага: “Хайр Муҳаммад ёварга айтинг тамоми сарбозлари билан мани чодарим ва чодар қаноти орқасида зоҳир ва тайёр бўлиб турсин”, деб амр қилди. Ўзлари Амирлашкари марҳум чодарга кириб: “Маслаҳат бор, тамоми саркарда ва умаро жамъ бўлсун”, деб одам буюрдилар. Ва саркарда-умаролар жамъ бўлдилар. Аммо Хидир тезда ҳозир бўлмай, ҳаммадан сўнг камина чодарим билан мингбоши чодарлари қаноти орасинда бир тор йўлдан кириб келди. Аммо аёғида етик йўқ, сар-пой билан кириб ўтирди. Суҳбатни бошқа тариқа фаҳмлаб ваҳмга тушиб: “Мен етик кийиб келай”, деб мазкур тор йўл билан қўшига равона бўлди. Аммо сарбоз йўлини тўсиб милтиқ ҳавола қилғондан сўнг қочиб, камина чодаримга кирди, орқасидан йигитлар кириб, қилич билан чопиб, чодардан судраб олиб чиқиб, чодарим ёнида ўлдирдилар.

Камина чодару палосларим қону ҳаром бўлдимикин, хабар олай, деб чодаримга кирдим. Орқамдан Қўйчи додхоҳ қирғиз кириб нос чекиб, мени сўзга машғул қилиб турғонда Ирисали понсадбоши қипчоқ кириб: “Мен бу муфсидларга қўшулган эмасман, хос давлатхоҳман, мени аризамни мингбошига маълум қилинглар”, деб тавалло ва зори қила бошлади. Аммо Бекмуҳаммад додхоҳ: “Бугун ҳар жамоа ўз ёмонларини ўлдурадурғон кун. Қипчоқни(нг) ямони Ирисали. Уни ўлдиринглар”, деб баланд овоз бирла чақириб, менинг чодаримга югурдилар.

Камина ва Қўйчи додхоҳ қочиб чиқиб, йигитлар кириб, Ирисалини қилич остига олдилар. Лекин совут ва чоройина бойланган экан, қилич тезда таъсир қилмай, чодардан судраб чиқиб, Хидир ёнига ташлаб, отиб ўлдирдилар. Худойназар додхоҳ туркни мингбошига тобеъ Рустам Елбек отлиғ йигит бир қилич зарби бирла охират сафига озим қилди. Аммо Мингбой додхоҳ дарёдан ўтиб қўнғон экан ва ҳам ўзи истисқо ва чилаашур касалига мубтало бўлгани учун Бекмуҳаммад додхоҳ илтимоси билан бу офат ва балодан саломат қолди.

Ўша куни Алимқули эшик оғоси қирғиз қипчоқинким, охир удайчи ҳам бўлди, Олим додхоҳни ўлдурмак учун Хўқандга буюрдилар. Ул ҳам хуфтон вақтида дохили Хўқанд бўлиб, Олимбек додхоҳни ўлдириб, муфсид ва муфатинлар иши тугаб, итмомига етди. Ертаси ўзимиз ҳам ул мавзедан кўчиб дохили Хўқанд бўлдик. У тарафдан подшоҳ келиб Хўқандни қамаб, Худоёрхон ўз тавобеоти билан келиб, Хўқанд муҳосирасига қўл урди. Аммо Бадавлат Хўжандда ҳарчанд саъй ва тараддуд қилса ҳам, фуқароси ёв бўлиб, Сайид Фозил Мири Асадники, Домулло Мир Боқи марҳум ўғли ва Хўжанднинг рукни эди, уруб ўлдириб Бадавлат қасдига югурдилар, (Ёқуббек) Бадавлат ҳам ночор қочиб, амирни кўриб омон қолди. Аммо Хўқандни Худоёрхон Тўқайтепага қўниб муҳосира қилганда, Шодмонхўжа мингбоши тоғлик дарвоза ва Амирлашкари марҳум Марғилон дарвоза ва Бекмуҳаммад додхоҳ ва бошқа сардор ҳар қайсилари бир дарвоза муҳофизатига машғул бўлдилар.

Бу орада бир кеча мингбоши ва Амирлашкари марҳум каминани бир хизмат учун шаҳар ичига буюрдилар. Камина ҳам ул хизматни бажариб, субҳи содиқ Тоғлик дарвозасига келдим. Мингбоши то аввалги вақт ухламай уйғоқ эканлар. Марҳамат қилдиларки: “Мен бу кеча ухламадим. Хўжа калонтўра ва Шайхул-ислом менга хат ёзибдурларки, фуқаро тамоман сизларга ёв бўлиб, ерта Худоёрхонни шаҳарга олиб кириб, сизларни тутадурлар, деб. Мунга нима тадбир қилсак экан?” Камина арз қилдимки: “Амирлашкар ва Бекмуҳаммад додхоҳ укаларимиз билан машварат қилиб, савоб қайси ишда бўлса, уни қилсунлар”.

Мингбошига ҳам маъқул тушиб, дарҳол отланди. Амирлашкар қўши Марғилон дарвозаси тарафига юрди. Амирлашкар ва Бекмуҳаммад додхоҳлар билан мингбоши сўзлашти. Мингбошида икки юз нафар тошкандлик йигит бор эди. Уларнинг иши шу эдики, ҳар куни шомдан сўнг қўрғонни айланиб, хабардорлик қилиб, субҳи содиқ Тоғлик дарвоза қўшларига келиб ухлар эдилар. Амирлашкари марҳум ва мингбоши Марғилон дарвозадан каминага: “Бориб ўшал икки юз нафар йигитни уйғотиб, бетаъхир дарҳол олиб келинг!” деб буюрдилар.

Камина бориб мазкур йигитларни уйғотиб, олиб келсам, мингбоши ва Амирлашкар Марғилон дарвозасидан чиқиб кетиб, ҳеч одам қолмабди. Тошканд йигитлари ҳам ночор уларни тополмагандан сўнг, Худоёрхон тарафига юрдим. Мазангликка борганда, Абдуллоҳ эшикоғоси учраб, мендан аҳвол сўради. Камина аҳволни муфассал баён қилдим. Абдуллоҳ эшикоғоси каминани манъ қилиб, дедики: “Қаноат оталиқни кўрмай Худоёрхонга етмак сизга мумкин эмас. Қаноат оталиққа мулоқот қилсангиз, бўлар иш маълум (бўлади). Маслаҳат шулким, мен бирлан шаҳар кириб, менинг ҳовлимда туринг. Пешиндан сўнг, шаҳарга кирадурган хон хизматларига арз қилиб, ундин сўнг кўрсатайин”, деди.

Бинобарин он, камина шаҳарга кирдим ва Абдуллоҳ эшикоғоси арз қилиб, иноятнома олиб, ертаси хон(нинг) саодати мулоқотларига еткарди.

Амири Бухоро Хўжандни олиб Қароқчиқумга келғонда, Худоёрхон: “Бизлар Хўқандни олиб хотиржам бўлдик”, деб Қаноат оталиқни юборди. Амири Бухоро Хўқанд келмай, Қаноатни олиб, Бухорога мурожаат қилди. Бухорога боргандан сўнг, Қаноатни ўлдириб, риштаи ҳаётини узди. Бу тарафдан Амирлашкари марҳум ва мингбошилар Хўжанддан чиқиб, йўлда Сўхдан келиб турғон Худоёрхон мулозими Йўлчибек додхоҳ рўбарў келиб ва уни одамлари билан ўлдириб, Андижон уезди Тошлоқ қишлоқда Амирлашкари марҳум ҳовлисига қўндилар. Амирлашкари марҳум қирқ-эллик минг нақдина сиққани олиб чиқиб, мингбоши ва аркони давлат олдига қўйиб: “Ҳозир бу нақдинани аскарга беринглар, яна шундан сўнг, ҳарнима лозим бўлса, жону дил бирла тайёр ва муҳайё қилурман”, деди. Тамоми аркони давлат бил-иитифоқ бу пул нақдинани олиб: “топқон сиз ва сарф қилғучи ҳам ўзингиз бўлурсиз, не ихтиёрингизда, бизларда итоат ва инқиёддан бошқа иш йўқ”, деб айтдилар. Амирлашкар ҳам ночор қабул қилиб, тамоми аскарига харж ва имкони борича ёроғу аслаҳ ясаб, тамоми қўшун билан Андижонга келиб, Худоёрхон амрига тобеъ одамларни қочириб, Андижонни фатҳ қилдилар. Бу хабарни Худоёрхон эшитиб, хафа бўлиб, Хўқанд аскари билан отланиб Марғилондан ўтиб қўнди. Бу тарафдан Амирлашкар Андижондан жўнаб, Хўжасон мавзеига қўнди, ертаси Шўр мавзеида икки лашкар бир-бирларига рўбарў бўлиб, уруш бошланди. Худованди таоло фазлу карами билан Амирлашкар аскари ғолиб ва музаффар бўлиб, Худоёрхон лашкари қочиб тарқаб, қанчаси ўлиб, бошқалари мажруҳ ва хаста бўлди. Қолганлар Худоёрхон ва укаси Султон Муродбек билан бозорчилар аробаси ва тўпхона аробасига яшириниб қочиб, қиличу ханжар зарбидан халос бўлдилар. Аммо Амирлашкари марҳум аскарлари уларни қуршаб олди. Худоёрхон ва укаси тобеълари билан ҳар важҳдин, хусусан, авқот жиҳатидан ниҳоят танглик ва меҳнатга қолиб, Хўқанд фуқароларидан мадад тилабдилар. Нодон фуқаро жаноби катта ҳазрат Домулло Файзи қози раис ва бир неча уламо ва акобирларни жабр билан отлантириб, олдиларига солиб, Худоёрхон мадади учун Марғилондан ўтғонларида, Амирлашкар уларни қочириб, бир нечаси ўлиб ва бир нечаси ярадор бўлдилар. Қолганлари от ва либосдан ажраб, ит аҳволида Марғилонга қочиб кирдилар. Аммо Амирлашкар мингбоши бир биродари бирлан сўзлашиб, “Лашкарга тўп ва занбарак лозим, агар бизларда тўп бўлса эди, Худоёрхон ишини қачонлар тамом қилур эдик. Ҳали бўлса, сизларга ҳар нимарсадан тўп зарур экан”, деди.

Бил-иттифоқ, бир тунда тўп қасдида ҳужум қилиб, Хўқандга келдилар. Тонгда Хўқанд халқи огоҳ бўлиб Худоёрхонга тобелар Бухоро тарафига қочди. Амирлашкар ва мингбоши шаҳарга кириб, у кеча шаҳарга етиб, тўпдан кераклича олиб, тўпчилардан Абдусамадхон ва Ҳабибуллохонларни олиб, ўрадан чиқиб, Ҳаштчаманга қўндилар.

Бу тарафдан Худоёрхон Амирлашкар ва мингбоши аскаридан асар кўрмай, воқеа нима эканини билмай, ҳасратга қолди. Охири хабардор бўлиб, у ҳам тамомиаскар билан Хўқандга келди ва нодон фуқаролар Худоёрхонни шаҳарга киргузиб ва Амирлашкар дарвозага қўйган одамларни банди қилди. Фуқаро ва Худоёрхон ҳам Ҳашт чаманга келдилар. Амирлашкар ҳам дарҳол тўпларни қўрғон раҳнасидан ташқари чиқориб, ҳам қўрғондан чиққанда намози асру шом орасида уруш бошланди. Неча каррот Худоёрхон аскарини қочириб шаҳарга қамадилар. Бу орада Жарқинбой додхоҳ Муҳаммадёр лашкарбоши укасиким, қипчоқия орасида баҳодирлиғ ва дилдорлиғда машҳур эди, қоронғуликда оти шолипоя лойига ботиб шаҳид бўлди.

Ҳосил (ул-калом), у кеча намози хуфтондан сўнг, сойга қўниб, ертаси то чоштгоҳ Амирлашкар кўчмай, “Агар Худоёрхон чиқса, то ўрдагача қувиб танбеҳини берай”, деб ҳаракат қилмай турди. Аммо Худоёрхон на ўзи ва на аскари ҳаргиз қораларини кўрсатмадилар. Ночор чоштгоҳдан сўнг жўнаб, Сомончи мавзеига келиб, тўп аробалари хароб (бўлгани) учун ҳар бир йигитга “Хнс(?) мавзеига етказиб беринглар”, деб бир адад тўп ўқи хатлаб топширилди. Ва шу пайт ҳам Сомончи тарафдан қуюқ дуд (тутун) кўринди. “Бу нима ҳодисадур? Хабар олинглар”, деб бир тоифа аскарга буюрдилар. Улар борсалар, Рошидан, Оқ ер ва мунга ўхшаш қишлоқларини(нг) авбоши фуқаролари эканким, келиб бу орадаги қирғизия ва елотияни талаб уйларига ўт қўйган экан. Аскарлар бориб бечора қирғизларни қутқариб, фалончи фуқародан қўлига тушганини ўлдириб, улуғларини Сомончи сойига ташлаб келдилар. Ул куни Сомончи сойидан сув ичгали бўлмади.

Ба ҳар тақдир, ул кеча Сомончида ётиб, ертаси кўчуб Хнс(?)га Қўш парвоначи манзилига қўниб, ул ерда аробачи усталарни йиғиб, тўп аробаларини таъмирладилар. У ердан кўчиб, Ёрмозордан Қубога қўнуб, бир-икки марта тўп отишлари билан Қубо акобирлари ва фуқаролари пешкашу ҳадя билан чиқиб, дуо қилдилар, ва тобеъ бўлиб, марҳамат ва илтифот топтилар.

Ундан ўтиб, Асака мавзеига қўнуб, Бекмуҳаммад додхоҳни кўриб, эъзоз ва еҳтиром билан шаҳарга олиб кириб, сидқидиллик билан мутеъ ва миндоқ бўлганлиғи хабарини ундан олдилар.

Асакани жамъияти хотир билан Андижонга келиб, ҳазрати… бузургвор алайҳи раҳма тарафларидан Андижон муҳосирасига машғул бўлдик. Бу мавзеда Қўйчи додхоҳ Ўзганддан қирғизия аскари билан келиб қўшулди ва ертаси Андижон шаҳарини икки-уч тарфидан то’ъга тутдилар. Амирлашкар бир чўян тўп ба бир мунча аскарни олиб, Андижон шаҳри ичига жўнадилар. Валекин кўп фурсат ўтиб Амирлашкардан ҳеч асар зоҳир бўлмаган сабабли, Шодмонхўжа мингбоши хабар олмоқ учун орқаларидан борди. Яна ўша соат қайтиб келиб, каминага дедиларки: “Амирлашкар ямон жойда Гултепада, атрофларини тамоман фуқаро қуршаб ўртага олган. Бир навъ билан қутқармасак бўлмас, икки-уч даста аскарни тайёрлаб олиб келинг”, деб буюрдилар. Камина дарҳол уч даста қирғизия, қорақалфоқ аскарини ҳозир қилдим. Бу аскарлар қиличларини ғилофидан чиқориб ва найзаларини ростлаб, мингбоши олдиларига от чопиб бордилар. Фуқаро бу аскарни кўриб, ҳар тарафга қочиб (кетди). Амирлашкарни улар орасидан саломат ажратиб олдик. Аммо чўян тўп Гултепада фуқаро қўлида қолиб, олмоқ муяссар бўлмади.

Андижонни ҳар кун ҳар тарафдан қаттиғ муҳосирага олинди. Андижон ҳокими Қодираулбек додхоҳ ва Худоёрхон илғорлари ва тамоми фуқаро қўлларидан келган саъй ва тараддудларини бажо келтириб (мудофаада турдилар). Аёми муҳосира раби-ул-аввал ойининг ибтидосидан, то ражаб ойининг охиригача давом етиб, охири Худойи таоло карами бирла фатҳ топиб, мусаххар бўлди. Қодурқули додхоҳ тамоми қуззот, уламо ва улуғ;ари билан чиқиб, кўрди. Амирлашкар ва мингбоши буларни гуноҳ ва жаройимларидан ўтиб, сарполар ва хилъатлар бериб, марҳамати бениҳоя бирла сарафроз қилдилар. Лекин, Холназар чўлоқ, Камол ва Боқи – Худоёрхон илғорлари чиқиб кўрмай, қочиб, йўлдаги аскар қўлига гирифтор бўлиб, ҳалокатга еттилар.

Андижон фатҳидан сўнг, мингбоши ва тобеъ марҳумлари қорақалфоқ аскари, сартиядан Муҳаммадназарбек қушбеги ва қипчоқлардан Мингбой додхоҳ билан Балиғчи фатҳига буюрдилар. Камина ҳам (Шодмонхўжа) мингбоши илтимоси билан у сафарда ҳамроҳ бўлиб бориб, Балиғчини олиб, Мингбой Балиғчида Муҳаммадназарбек қушбеги, Мингбой додхоҳлар Намангон тарафига бордилар.

Бу аснода Амирлашкардан мингбошига мактуб келиб, каминани талаб қилғон эканлар. Камина Балиғчидан жўнаб, Амирлашкар Андижондан кўчиб, Асакага келганда, у ерда шарафи дастбўс ҳосил қилдим. Жаноби Амирлашкар марҳамат қилдиларки: “Биз ушбу қиш ичра Марғилон иши ҳам саранжом топса, деб Асакага келдик. Эмди сиз бориб Мингбоши акамга (Шодмонхўжага) маълум қилинг. Агар ул кишга ҳам маъқул бўлса, сизни юборсунлар. Мингбой додхоҳларни кўруб, аларға ҳам мақбул бўлса, келиб бизга қўшулсунлар, токи жамъият тамом бирла Марғилон узасига борайлик”, дедилар.

Камина бу хизматга мураххас бўлиб, Балиғчи келиб, мингбошига айтдим, у кишига маъқул бўлиб, Мингбой додхоҳ қўшига буюрдилар.

Мингбой додхоҳ ҳузурларига келдим. Абдураҳмон офтобачи ва қипчоқия акобирлари билан ўтирган экан. Уларга жаноби Амирлашкар сўзларини баён қилдим. Мингбой додхоҳ дедики: “Ниҳоят маъқул сўз, аммо бошлиғимиз Муҳаммадназар қушбегидир, аввал у кишига англатиб, билиттифоқ жавоб берайлик”, деб ўринларидан турдилар. Шу вақтда қоровулдан: “Бугун ёв қоровулларини шиддати зиёдроқ, бир мунча мерган беринг”, деб одам келди. Мингбой додхоҳ беш-олти нафар мерган қўшиб қаровга юбориб, отланиб, Муҳаммадназарбек қўшига келдик. Бу ерда ширчой тайёр экан, ширчой тортти ва Амирлашкар маслаҳатлари бу кишига ҳам маъқул тушти. Шу аснода қоровулдан “мерган” деб одам келди. Мингбой додхоҳ савол қилдики: “Душман у кўфрукдан йироқму ё яқинму?” Жавоб бердики: “Яқин деса ҳам бўлур, йироқ деса ҳам бўлур”. Яна мерган бериб жўнатдилар.

Ширчойни ичиб тамом қилмаган эдики, “душман кўприкдан ўтти”, деб хабар келди. Дарҳол отланиб, жамъият билан бизлар бордик, тамоми Намангон аскари ва Худоёрхон қошидан келган илғор тамом чиқиб келган экан. Ночор чоштгоҳдан уруш бошланди.

Балиғчидан мингбоши хабардор бўлиб қорақалфоқ аскари билан мадад учун келди. Ўша куни то икки хуфтангача уруш бўлиб, Намангон қўшини қочиб, кўп одам ўлиб, кўп банди, туғу байроқ ва ўн олти карнай ўлжа ушди. Намангон йигитлари азобу уқубат билан қочиб, қолганлари Намангон қўрғонига кирдилар. Бизлар ўша кеча шу мавзеда туриб, тушган банди, ўлжа ва ғаниматларни саришта айлаб, хотиржамлик билан кўчиб, Амирлашкарга қўшилиб, Марғилон устига келдик. Марғилондан Мулло Султон додхоҳ ва Мирзо Аҳмад қушбеги тамоми Марғилондаги аскариялар билан чиқиб, охири пешиндан, то икки хуфатнгача қаттиғ уруш ва муҳобира қилдилар. Худоёрхон тобеъларидан Давлат қўрбоши ва шунга ўхшаш неч нафар катта одам банди бўлиб, кўпи ўлиб, боқий лашкар қочиб шаҳарга кирди. Бизлар ўша кеча мавзеи мазкурга қўниб, андин сўнг, Ёрмозор ичига кўчиб кирдик. Ва ҳар куни мингбоши Тошлоқ дарвозасида Мулло Султонга қарши, Амирлашкар (Алимқули)ҳазрат Муоз Жабал дарвозасида Мирзо Аҳмадга қарши, бошқа аскарлар ҳар тарафдан Марғилон муҳосарасига машғул бўлдилар.

Бир куни Амирлашкари марҳум мингбошига дедиларки: “Бугун жойимиз бадал бўлсин. Мулло Султонга муқобил ман борай, Мирзо Аҳмадга қарши сиз боринг”, деб. Ушбу иттифоқ билан жўнаб кўрдиларким, Кирги ариғи суви Марғилонга кирар экан. Шу сабабли, ўн нафар маҳрамни каминага қўшиб, буюрдиларки: “Киргил ариғи сувини Марғилондан боғлаб, даштга солиб юборинг”. Камина бу хизматга машғул эдимки, икки тарафдан уруш бошланиб, Амирлашкар томонидан Мулло Султонга ўқ тегиб ўлди. Ўлигини Амирлашкар амри билан бир отга ортиб, мингбоши (Шодмонхўжа) ҳузурига келтирдилар. Уруш ҳам тамом бўлди. Амирлашкар Мулло Султон ўлигини кўп тақдим билан ювиб, кимхоб ва атлас билан ёптириб, жамъияти азим билан жаноза ўқиб дафн айлаб, руҳига хатми Қуръон ва ҳайрот бердилар.

Султон ўлгандан кейин, Марғилон иши кундан-кунга ва лаҳза ба лаҳза хароб ва вайрон бўлиб, аскарлари Хўқанд тарафига қочиб, Марғилон фатҳ бўлди. Марғилон фатҳидан сўнг, Хўқанд устига жўнаб Хўқанд қўрғонига яқин Мингтут мавзеига қўниб, Хўқанд муҳосирасига машғул бўлдик.

Иттифоқдан бир намози пешин ҳадида бемаҳал ва бемаврид уруш бошлади. Мингбоши (Шодмонхўжа)ни Сайид ғози отлиқ катта ўғлига қазои илоҳий бирлан тўп ўқи тегиб, оти билан қўшиб неча пора қилди. Ва мунинг устига, қоровулларимиздан “Амири Бухоро қўшини билан Конибодомдан жўнаб, муқаддимаи лашкари Бешариқ қўнди”, деб хабар келди. Бу икки воқеадан қўшинимиз паришонҳол бўлиб, Сайид ғози хўжа намози жанозасини ўқуғондан сўнг, Хўқанд томонга кўчиб, Сомончига< ундан Олтиариққа, Кейин Ёрмозорига нузул қилдик. Бу манзилда худованди таоло иродаси билан мингбошидан бир иш содир бўлдики, амирлашкари марҳумнинг риштаи ирода ва ихлосини ундан қайтарди. Шунга ўхшаш иш Андижонда ҳам вуқуъ топиб, бинойи эътиқодини мунҳазам қилғон эди. Ва бу икки ишни малол келмаслиги учун баён қилмадим.

Ҳосил ул-калом, амири Бухоро ва Худоёрхон отланган хабари келгандан сўнг, Ёрмозордан кўчиб, Қубо, кейин Асака, Андижон ва ундан Ҳазрати Юнус Алайҳиссалом тепалри остига қўндик ва подшоҳ (амир Музаффар) ва Худоёрхонлар ҳам Ўш тобеи Қошғар қишлоғига қўндилар. Амирлашкар Хол понсад ва шунга ўхашаш бир неча жасурлар қаровул тариқида Ҳазрати Юнус алайҳиссалом тепаларида қўюб, боқий аскари дарёдан ўтиб, Хонобод ва Бургутчи мавзеига қўндилар. Бу мавзеда мингбошига андак заъф ва беморлик ориз бўлиб, кучи билан илғори жўнаб кетди. Аммо у Амирлашкарга кўп насиҳатлар қилди. Насиҳатлардан бири бул эдиким: “Зинҳор подшоҳ билан уруш ва муҳориба қилманг, на учунким, урушнинг икки боши бор: ё шикаст, ёзафар. Худо асрасун, мабодо шикаст бўлса, яна бу жамъита мумкин бўлмайдур. Агар муҳориба қилмасангиз, подшоҳ ҳам бу ерларда ҳафтадан ортуқ туролмайди. Авбош лашкари фуқароларни ғорат ва тарож айлаб, екину зироатлар хароб ва зое қилганда, халқуллоҳ подшадан тамоман безор бўлиб, уни нафрин ва лаънат қилиб, Хўқанд ва Фарғона фуқаролари сизни дуо қилиб, бошларига кўтарадилар”, деб бу насиҳатга кўп таъкидлар қилдилар.

Ҳосил ул-калом, подшоҳ Қошғар қишлоқдан отланиб жўнаганда, Ҳазрати Юнус алайҳиссаломдаги қаровулларимиз тўну қаровул билан андак муҳориба қилиб, бир асир ва бир-икки ўлжа олиб, дарёдан ўттилар. Подшоҳ аскари ҳазрат мозори остига қўнди.

Амирлашкари марҳумнинг амир билан урушмоқ ва муҳориба қилмоқға шавқу рағбати ғолиб бўлса ҳам, мингбоши насиҳати унга монэъ тушди. Камина ҳам нафас ба нафас мингбоши маслаҳатларини хотири муборакларига солиб турардим. Подшоҳ дарё лабига қўнғонда бо ҳузури тамом аста-секин Хонариққа қўниб, нафасларимизни ростлаб турдик. Подшоҳ аскарини йироқдан томоша қилиб, жамъияти тамом бирла Қулинчоқ устига қўндик. Подшоҳ ҳам дарёдан ўтиб, хонободга қўнди. Ертаси Қулинчоқддан кўчиб Ўзгандга, ундан кўчиб Қароғулчага қўниб, кейин Қароғулча дарасига кириб, тоғ орасини тошу лой билан мустаҳкам қўрғон қилиб тўсиб, дарвоза қўйдик ва тўплар қўрғон устига чиқориб, хотиржамъ ва фориғул-бол бўлдик. Подшоҳ ҳам бизларни кейин Ўзганд келди ва аскари Ўзганд фуқаросини ғорат ва талон-тарож қилиб, тамоми молу амволларини олиб, яланғоч ва урён айлаб, сўнг жўнаб Қароғулча даҳасига яқин келмай, йироқ қўниб, бир ҳожазодани элчи тариқасида киргуздиким: “Ман бу ергача келдим, чиқиб мани кўриб дуо қилинглар ва ман кимни хоҳласаларингиз хон қилиб, сизларга кўп илтифотлар кўрсатай”.

Амирлашкар ва мингбоши жавоб айтдиларки: “Бу қадар такаллуф ва хушомадга ҳожат йўқ, бир кўчманчи хон керак эмас. Обрў ва давлат билан амир қайтсинлар, ўзимиз кимни хоҳласак хон қилиб, Худованди карим ирода ва тақдири нима бўлса, кўрармиз”.

Подшоҳ ҳам ночор ҳеч иш ухдасидан чиқмағон сабабли иззати кетиб, обрўйи тўкилиб, Хўқанд тарафига мурожаат қилди.

Бизлар ҳам Қароғулчадан чиқиб, ул маргузори жаннатосорда, сабза ва раёҳин ва Худованди Роббул-оламин яратган гўзалликларни тамоша айлаб, Ўзгандга келиб, бир-икки кун турдик. Кейин ўттуз адир йўли билан юриб Ўш тобе Қўрғошим даштига қўндик. У ерда Ўш фуқаролари ва Марғилон ҳокими Баҳодур тўра пешкаш ва тортуқ билан келиб, тобеъ бўлиб қолдилар. Хўқанддан Ёқуббек оталиқ Бадавлат ва Мирзо Аҳмад қушбеги Худоёрхондан қочиб келдилар. Бу ерда ҳар тарафдан акобиру ашроф келиб қўшилиб, ниҳоят жамъияти азим ҳозир бўлди. Шодмон мингбошини Тошканд фатҳига буюриб, каминани ажратиб олиб қолдилар. Мингбоши ҳарчанд: “Бу бўлмаса, мен ҳам бормайман”, деб саъй қилди, аммо Амирлашкар: “Алҳол бизлар подшоҳ бирлан сўзлашиб турибмиз, бизга зарур ва лозим. Аммо сизга Тошкандга ҳеч даркорлиги йўқ. Ҳар вақт Хўқандга кириб хотиржамъ бўлсак, хизматингизга юборурмиз”, деб мени олиб қолдилар.

Подшоҳ Хўқандда ҳам туролмай, бир навъ Бухоро тарафига мурожаат қилди. Амирлашкар жўнаб, Ёрмозор қўрғонига қўнди. У ерда Марғилон, Ўш, Андижон, Шаҳрихон, Намангон, Чуст, Хўқанд ва тамоми атрофу теваракнинг уламо, фузало, қуззот ва акобиру ашрофлари жамъ бўлиб, Маллахони шаҳиднинг ўғли Султон Сайидхонни Намангонга олиб келиб, билиттифоқ хон тахтига кўтардилар. Аммо юртдорлиғ ишини чунончи, дахлу сарф, азлу насб, қатлу раҳм ва тамоми муҳимоти мулку мол тасарруфини Амирлашкарга таслим ва таслид айладилар. Бу маънига камина қалами бирла аҳдномаи муаққад ва паймону васиқа ёзилиб, бул аҳдномага жаноби хон бошлиғ тамоми уламо, фузало ва акобир сидқидил бирла қўл қўюб, муҳр босиб, мустаҳкам қилдилар.

Бу ишлардан хотиржамъ бўлғондан сўнг, жўнаб Хўқандга дохил бўлдик. Ўша куни мингбоши (Шодмонхўжа) тарафидан Солиҳхўжа Мирзо Тошканд фатҳ бўлғонини(нг) хабарини олиб келди. Амирлашкар ўшал куни хазинаи олийга кириб, бир катта тилло кимхоб тўн каминага кийдуруб, марҳамат қилдиларким: “Фарғонани(нг) хирожини, танобона ва закот пуллари, аскариянинг қишлоқ ва ғаллоти, қишлоқлар ижороти, саркору амлоклар таҳқиқи ва ҳисобу, аскария яроғу аслиҳа дафтари сизга тааллуқлидир. Булардан яхши хабардор бўлунг ва мукоҳила қилманг”.

Яна қўлимга тўрт кимхоб тўн бердилар: бири Дўстга меҳтарлик, яъни, закотчилик сарпоси, яна бири Муҳаммад Иброҳимга иноқли сарпоси, яна бири Турсун Муҳаммадга саркорлик, яъни, никоҳона, таракона ва кема ижораларини олмоқ сарпоси, яна бири Мирзо Ғафурга саррофона, яъни, тилло ва сиккарларга зарб урғучи бошлиғи сарпоси. Камина буларни(нг) либосларини бериб, дуо қилдирдим. Мушофиҳат, оғзаки уларни менга тобеъ бўлинглар, деб амр қилдилар. Бу орада Тошканд бормоқ иродасини қилиб, каминани аскар қишлоғи ва баротларини бермоқ учун Хўқандга ташлаб, ўзлари Хўжанд йўли билан Мирзо Аҳмад қушбегини ҳам ҳамроҳ олиб, Тошканд бордилар. Тошкандда Ёрмозор ва Андижонда воқеъ бўлди, деб ишорат қилғон воқелар сабабли, балки хотимаи умр ва интиҳои ажал бирла мингбоши (Шодмонхўжа) вафот етди. Ўрнига Нормуҳаммад парвоначини Тошкандга ҳоким айлаб, мурожаат қилиб, Хўқанд келдилар.

Камина бир неча маҳал топиб арз қилдимки: “Алҳамдулиллоҳ, бу давлат янгии ва жадид давлатдур. Бизларни аскаримиздан ҳам фуқаромизга ҳеч бир озор ва заҳмат лоҳақ бўлғон эмас. Шу вақтда бир хушёр одамни элчилик тариқи ила юбориб, импротур давлатигаким, давлати азимдур, такя қилсак, яхши бўлур эрди”.

Жаноби амирлашкарга сўзларим маъқул бўлиб, дедиларки: “Ниҳоят мақбул маслаҳатдур. Муни ўйлаб топибсиз, эмди борадурғон одамни ҳам мулоҳиза айлаб арз қилинг”. Камина арз қилдимки: “Агар аскария< умаро ва сардорлардан борса, лойиқ одамни жанобларидан яхшираоқ билмайдур ва агар юрт акобиру уламоларидан борса, Тошканд тобеъида туркистонлик Алиакбар ҳожи нақиб ва тошкандлик Хонторахон эшони марҳум ўғиллари Абдулқосимхон эшон ва Низомуддин қози ўғиллари Эшон қози ва Хўқанддан Йўлдашбой карвонбошилардан қайсиси борса ҳам, лойиқ ва муносибдур”. Савол қилдиларким: “Бу қадар халқуллоҳ ичидан бу тўрт нафарни нима сабабдан кўрсатасиз?” Камина жавоб бердимки: “Одамизод ҳамма баробар эмас, балки зукколиги, ақли ва ҳушу фаҳми ўткирлиги билан ажралиб турадур. Муҳаммад Алихони шаҳид асрида жаноби Миён Халил Соҳиб ҳазрат элчилик билан Фитирбурх борғонларида, ул жанобни Ўрусия тобеъида нуғой тоифаси ва бошқа тоифадин муриду мухлис, ёру, дўстлари кўп экан, ҳар қайсилари ўз ҳокимлари билан истиқболга чиқиб, бу тариқа Ўрусия катталарига қадру манзалатлари маълум бўлибди. Борғондан сўнг, ўзлари ниҳоят даража оқил ва хўшманд (бўлғонлари) учун низом биладурғон ёру дўст машварати бирла мувофиқи қоида иш қилиб, ниҳоят иззат ва обрў билан қайтган эдилар. Бу тўрт нафарни ҳам Ўрусия катталаридан ёру ошнолари кўп ва ҳам ўзлари ғоятда оқилу ҳушёр одамлардур. Тақдир бўлуб борсалар, умидким, бо маслаҳат, қонун-қоидадан чиқмай, албатта ҳурмат ва обрў билан мурожаат қилсалар керак”.

Жаноби Амирлашкарга (Алимқулига) мақбул бўлиб, булардан бирини юбормоқ фикру мулоҳазасига туштилар.

Бу орада султони Рум, яъни, халиф хизматларига Тибет йўли билан юборган Аҳмадхўжа эшон элчини Хитой йўл бермай, Ёркендда тутиб турур, деб хабар қилди. Жаноби Амирлашкар музтариб бўлиб: “Бу элчини(нг) бормоғи ниҳоят зарур”, деб каминага марҳамат қилдиларки: “Аввал Қошғар бориб, на тариқа бирла мумкин бўлса, Аҳмадхўжа эшон элчини ўтказиб юбориб келинг. Ундан сўнг, импротур хизматларига элчи юборурмиз”.

Рамазон намози ўқулғон куни биринчи шаввол каминани Қошғарға буюриб, Аҳмадхўжа эшон ўрнига халифаи Рум хизматларига элчи Ҳожи Мелибой ва Инглис давлатига элчи Мулло Хўжабек удайчи, Қобул ва Кандаҳорга подшоҳи амир Шералихонга элчи косонлик Муҳаммадназар эшикоғаси, Жамуд ва Кашмир Маҳаражасига Шукурхон оқсоқол ўрнига Хамроқули эшикоғаси оқсоқолни (элчи) қилиб, буларни(нг) ҳаммасини каминага топшириб, шавволнинг иккинчи куни Хўқанддан чиқиб, муддати ўн олти кунда доҳили Қошғар ҳокими Қутлуғбек билан мулоқот қилиб, Хитой анбаллари билан сўзлашиб, бу элчиларни Тибет йўлига солиб жўнатгунча узоқ муддат ўтиб кетди. Ийди қурбон намозини ҳам Қошғарда ўқиб, андин сўнг хоқони Хитой Қосимбек деган сарт бекини кўп ҳадия ва туҳфалар билан элчилик тариқасида каминага қўшиб, муҳаррам ойи ўраталарида Қошғардан чиқиб, Хўқанд тарафига жўнадик ва охири муҳаррам, балки авоили сафар Хўқандга доҳил бўлдим. Мазкур элчи ва ҳадияларни жўнатиб Амирлашкари марҳум ва жаноби хон назари муборакларидан ўтказдим. Улар бағоят хурсанд бўлиб, каминага кўп илтифотлар айлаб, марҳамат қилдиларким: “Бу ишларингиздан кўп масрур ва рози бўлдик. Аммо узундан-узоқ юриб фурсат ўтиб, Туркистон қўлданкетди. Каминага ҳам ба қадри ҳол дилосолик бериб, мазкур элчини ҳам тезлик билан хушвақт ва масрур қайтариб, сафаройининг йигирмаси ёки йигирма биринчиси (Амирлашкар) тамоми Хўқанд ва Фарғона аскари, тўпу тўпхонаси билан ба давлати тамом Чимкент отландилар.

077

16 iyun` kuni milliy tariximizning eng fojiali voqealaridan biri — rus qo’shinlari tomonidan Toshkentning bosib olinganiga 150 yil bo’ladi. Saytimiz shu munosabat bilan Toshkentni zabt etilishi voqealari aksini topgan tarixiy asarlar va maqolalar turkumini taqdim etishni boshlaydi. Bugun ana shunday qimmatli tarixiy manbalardan biri bo’lmish Muhammad Yunus bin Muhammad Amin (Muhammad Yunus Toib) qalamiga mansub «Tarixi Aliquli (Alimquli) amirlashkar» asarining 1-4 fasllari bilan tanishing.

005
Muhammad Yunus Tolib
TARIXI ALIQULI (ALIMQULI) AMIRLASHKAR
04

034…janobi javhari shamshiri shujoat, quvvati bozui shahomat, ya’ni, Abulfath Mullo Alimquli amirlashkar, shahidi marhumning ibtidoi oftobi davlatlaridan to g‘urubi umr va iqbollarigacha davlatoso mulozimi rikobi humoyun(ida) erdim. Husni ixlos va aqida shuni talab qilur erdikim, ul zoti olisifotning ayomi sabolaridin, to hangomi shahodatlarigacha voqealar va axborotlarini tahrir silkiga chekinib, bir yaxshi kitob qilsam. Muni ustiga, ul shajarayi toyiba samaralari farzandi Mullo Shermuhammad Mirzoyi mingboshi ham iltimos qildilarki, ul janobni voqea va axborotlarini sizdan yaxshiroq biladurg‘on odam yo‘q, ul zoti hujastasifot zikrlarini bir yodnoma kitob qilib bersangiz, to oynai xosu avomdan faromush bo‘lib qolmasin, deb. Agarchi bandai haqirda shayxuxot g‘alabasi va, muning ustiga, belu ayog‘ og‘rig‘i va daxli, ko‘z og‘riq va ishtihosizlik ilova bo‘lib, quvvat za’f va quqqat topib yozmoq va tahrir qilmoqg‘a majol va qudrat qolmagan erdi, ammo ul janobni zikri lazzat mazzasi bilan o‘z ko‘zum birlan ko‘rganlarimni va ko‘rmagan bo‘lsam, ul janobni(ng) farzandi arjumandlari Mullo Shermuhammad Mirzoyi mingboshidan so‘rab, amrga shuru’ ayladim.

Ma’lum o‘lg‘aykim, Amirlashkari marhumning nasablari qirg‘iz-qipchoq jamoasidan bo‘lib, ismi shariflari Mullo Alimquli Hasanbiy o‘g‘li erdi va volidayi shariflari Shaharbonu bibi erur. Mazkurlar Xo‘qand uezida Navig‘ut bo‘lustida Bo‘jun Butkan degan mavzeda turg‘uchi fuqaro ahlidan erdilar. Qiladurg‘on ishlari qo‘yu mol va yilqi to‘xtatib, boqib, bulardan foydalanib yurar erdilar. Xudovandi karim lutfu karami bo‘lib, mazkur Hasanbiydan shu mavzeda Mullo Alimquli amirlashkar va yana bir qiz… vujudga kelib, keyin Andijon ueziga (uezdiga) tobe’ qo‘rg‘on bo‘lustidagi (volosti) Toshloq qishloqida tarbiyat topib(dilar).

Amirlashkari marhum ikki yasharlik vaqtilarida otalari Hasanbiy vafot qilib, volidalari qo‘llarida yosh va sag‘ir qolib,bo vujudi yoshlig‘ behuda harakat qilmay volidalarining akalari Mullo Do‘st oxund degan, to olti-yetti yashar bo‘lg‘onlaricha Bo‘jun Butkan mavzeda o‘qib, savodlari chiqonndan so‘ngra Qo‘rg‘ontepa bo‘lustiga ko‘chib kelibdilar, so‘ng Andijonda Oqmasjid madrasada bir-ikki yil o‘qib, keyin Xo‘qand borib Maxsum Hoji rais-janobi Domullo Ayoz maxdum marhum o‘g‘illari xizmatlarida o‘qib, ilmu xat hosil qilibdilar. Shu asnoda taxminan janobi Amirlashkari marhum o‘n sakkiz yashar bo‘lg‘onedilar. Ba’d Amirlashkarni hamshiralarini olgan Tag‘oyqul dodhol olib kelib, ba’zi sipohigarchilik ishlariga aralashtirib, ul yerda ham xizmat ishlarini bir necha vaqt yaxshi qilib turib, yana Qo‘rg‘ontepa bo‘lustida otalari o‘rniga biy bo‘libdilar. Nihoyat, xushmandlig‘ va ziyraklaridan ishlarni yaxshi saranjom aylab, fuqaro va xalqullohga naf’ va osoyish etkurib, kundan kun rivoj va ravnaqlari ziyoda bo‘lgan sababli, zamona mardumlari ul kishiga hasad qilib, beaqlu bexiradlar adovat kamarini bellariga bog‘ladilar…

I. BU FASL AMIRLASHKARNING IBTIDOI SIPOHGARCHILIKKA ORALASHQONLARINING BAYONI TURUR

Amirlashkari marhum katta bir joyga suyanmoq va takya qilmoqni zarur va lozimligini fahmladilar, o‘sha fursatda Xudoyorxonning ota bir volida boshqa akasi Mallabek sheralixonni o‘g‘li o‘z akasi Andijon hokimi So‘fibek to‘y qilg‘oni uchun to‘yga kelibdi. Amirlashkari marhum ham bir ot bilan Mallabeki mazkurni(ng) xizmatlariga kelib, no‘kar va yigit bo‘ldilar. Ul yerda kamoli xushmandlig‘idan kundan-kun martabasi oshib, Mallabeki mazkurga taqarrubi ziyoda bo‘lib, birga Xo‘qand keldilar. Ammo Xudoyorxon hamesha it taloshturmoq va tevayu qo‘chqor urushturmoq va uloq chopmoqqa mashg‘ul bo‘lib, fuqaro holidan g‘ofil qolgan sababli, Qurama xalqi Normuhammad parvonachi zulmidan dodga kelib, faryodlariga hech kim quloq solmaganidan, arizalarini daraxtlar shohiga ostilar. Toshkandu Dashti qipchoq fuqarolari Mirzo Ahmad qushbegi jabru zulmidan jonlaridan to‘yub, dodu faryod va ohu nolalariga hech quloq solmagan sababli tamomi qirg‘iziya, qazoqiya va sartiya yov bo‘lib, Mirzo Ahmad qushbegini har tarafga zakot uchun yuborgan sardor va odamlarini tamoman urib, o‘ldirib, o‘zini Avliyo ota qo‘rg‘oniga qamab, atrofini oldilar. Xudoyorxon nochor Mirzo Ahmadni qutqarib olmoq uchun Mallabek va Shodmonxo‘ja mingboshini aksari askariyai Xo‘qand va janobi Miyon Xalil hazrat (Olloh uning marqadini yoritsin) bilan Toshkand buyurdilar. Bizlar Toshkand borib, uch-to‘rt kundan so‘ngra Chimkent bordik va Xo‘qand askari Chimkentda qo‘ng‘ondan so‘ngra Avliyo otada Mirzo Ahmadni qamagan elotiya kundan-kun zaif bo‘lib tarqalib ketdi. Mirzo ahmad quvvat topib, Avliyo otadan chiqib, Chimkent keldi. Mingboshi Mallabeklarni olib Chimkentdan Toshkand keldilar. Toshkandda Solar labida besh-olti kun turib, Toshkand ishini sarishta qilgandan so‘ng Mirzo Ahmadni olib Xo‘qand tarafiga jo‘nab, To‘ytepa mavzeiga qo‘ng‘onda ma’lum bo‘ldiki, Mirzo Ahmad qushbegi Shodmonxo‘ja mingboshiga tuhmatu bo‘hton qilib, “Toshkandni buzib yov bo‘lmoqchi edi”, deb Xo‘qandga ariza yozibdi. Xudoyorxon bu so‘zni tahqiq qilmay, ishonib inoyatnoma yuborib, o‘sha yerda mingboshii mazkurni ushlab, Yo‘lchibek degan lo‘lilarni(ng) ponsadboshisiga topshirib, u yerdan jo‘nab, Xo‘qand kelibdi. Mingboshii mazkurni bandi qilib Shahrixon yuborib, uning o‘rniga Mirzo Ahmadni Mingboshi qildi.

Ul fursatda amiri Buxoro qo‘shini bilan aylanib kelib O‘ratepani qamadi, Xudoyorxon O‘ratepa madadi uchun yuborgan Muhammad Nazarbek qushbegilar yetmasdan ilgari amir O‘ratepani olib, Rustambekni o‘ldurib, kelib Xo‘jand muhosirasiga mashg‘ul bo‘libdi. Xudoyorxon Xo‘jand madadi uchun Muhammad Yoqubbek badavlatni Xo‘jandga Buyurib (yubordi). U Xo‘jandga kirib, nihoyat shujoat va mardonalik ko‘rsatibdi. Bu kishining g‘ayrati sabab Xo‘jand salomat qolib, amiri Buxoro yondi. Amiri Buxoro qo‘shinidan Qosim mingboshii qadima, Gadoyboy mingboshining o‘g‘li Haqnazar mirzo, Qosimbek va Bahodur qushbegining o‘g‘illari, Mirzo ulug‘ va Rustambek sarqori Rahimbeklar qochib Xo‘qand keldilar. Xudoyorxon majbur bo‘lib, Shodmonxo‘ja mingboshini ham olib keldi.

Bir kuni namozi bomdoddan so‘ng tamomi umaro va sardorlar salom uchun o‘rda eshikiga jam’ bo‘lg‘onda Mallabek Mirzo Ahmad Qushbegi va Do‘stmuhammad dasturxonchilarga nihoyat qahru g‘azab bilan boqib: “Xonni sizlar yo‘ldan urub, it urishtirmoq va xo‘rus urushturmoq yo‘liga boshlab, yurt va fuqarolar holidan g‘ofil va bexabar aylab, olamni xarob qildinglar!” deb ularni(ng) qasida qilichini g‘ilofidan chiqordi. Akobir va umaro mabodo bir behuda ish bo‘lmasin, deb Mallabekni(ng) qo‘lidan ushlab, iltijo va zorilar bilan ularni halos qildilar. Mallabek bu yerdan chiqib, hovlisiga kelib, hoziru tayyor no‘karlari bilan Andijon tarafiga azimat qildi. Xudoyorxon buni eshitib, qaytarmoq uchun orqasidan odam buyurdi. Ammo odamlar yetolmaduk deb qaytib keldilar.

Mallabek Amirlashkari marhum maslahati bilan to‘g‘ri O‘shga kelibdi. Ul yerdan Alimbek dodhoh va Sayidbek dodhohlarni olib kelib, yaxshi so‘z va ahdu paymon bilan o‘ziga mute’ va farmonbardor aylab, Kalomulloh ko‘tartirib, tamomi o‘ttuz o‘g‘il, tayit va sanchiqli (qabilalari) Mallabek itoatiga kiribdi. O‘shondan jam’iyat tamom bilan jo‘nab, Andijon tobei Toshloq mavzeida Amirlashkar hovlisida qo‘nubdilar. U yerda bilittifoq Mallabekni xonliqqa ko‘tarib, asbobi jang tayyor qilmoq va yurt olmoq taraddudiga tushibdilar. Ul vaqtda amiri Buxoro daf’i uchun Andijon hokimi So‘fibek va Marg‘ilon hokimi Shohmurodbek yigit va lashkari bilan Xo‘qand ketib, bu yurtlar bo‘sh qolgan sababli osonlik bilan Mallabek tasarrufiga kirib qoldi. Mallabek jam’iyati tamom va jami’i qirg‘iziya va qipchoqiya qo‘shini bilan Xo‘qand tashiri uchun jo‘nab, Somonchi mavzeida borib qo‘ndilar. Xudoyorxon ham tamomi Xo‘qand askari va to‘pu to‘pxona bilan Xo‘qanddan chiqib, Qoroquloqdan o‘tub qo‘nibdi. Ul kecha yotib, ertasi namozdan so‘ngra ikki taraf saf tortip, muhoriba voqe’ bo‘lib, gardu g‘ubor oftobni xira qildi. Xudoyorxon va Mallbek ro‘baro‘ bo‘lishib, bir-birlariga qilich soldilar, ammo bir-birlariga zahmlari ta’sir qilmay, ikki lashkar ham tarqalib ketdi. Ammo Xudoyorxon askarining tafrikasi ko‘proq edi. Faqat Bobobek va Muhammad Murodbek – Shahrisabz beklari Xo‘qandga qochib kelib, to‘pxona va sarbozga bosh bo‘libdilar, g‘ayrat bilan jang qilardilar. Xudoyorxon xufton vaqtida Xo‘qandga dohil bo‘ldi, Mallaxon esa, tashqarida Xo‘qandni qamalga oldi. Ammo Mirzo Ahmad mingboshi Somonchidan qochib, hech joyda tavaqquf qilmay, Buxoroga ketdi. Qosim mingboshi esa, yo‘ldan qaytib Xo‘qandga kelib, yana mingboshi bo‘ldi. Lekin tashqari atrofu tevarak tamoman Mallaxonga tobe’ bo‘ldi va kundan-kun quvvat oshdi.

To‘qaytepa qamali va muhosirasi qattig‘ bo‘ldi. U yerda Amirlashkari marhum Xo‘qand qorovullariga ro‘baro‘ bo‘lib, ularni qochirib, orqasidan tishgan vaqtda otdan yiqilib, oyoqlari andak shikastlandi, yana Olloh taolo shafoat qildi. Muning ustiga, Toshkand hokimi Sulton Murodbek ham Xo‘qandga keldi. Toshkandda qolgan O‘tamboy qushbegi qipchoq ham Toshkand ahli bilan Mallaxonga tobe’ bo‘ldi. Xudoyorxon ishi islohdan o‘tib, fasodga tortibdi. Andijon hokimi So‘fibek bir necha tamomi va qo‘shini bilan Xo‘qanddan qochib, Mallaxonga qo‘shildilar. Qurama va no‘karlari bilan Xo‘qanddan qochip chiqib, Mallaxonga qo‘shildi. Xudoyorxon ishi tamom bo‘lg‘onini fahmlab, bir kecha el ayog‘i bosilgandan o‘zi va akasi, shogirdpeshalari va xos odamlari bilan xazinadan naqdina, pul va qimmatli narsalarni olib, Buxoro tarafiga qochti.

Ertasi tamomi mashoix va ulamo akobiru ashrof shahardan chiqib, Mallaxonni duo qilib, e’zoz va ikrom bilan shaharga olib kirib, bil-ittifoq xonlig‘ taxtiga ko‘tardilar. Xudoyorxon Xo‘qanddan chiqib, Xo‘jandga kirdi. (Shahar hokimi) Muhammad Muso parvonachi ham uni e’zoz va ikrom qilib, Xo‘jand arkiga qo‘ndirdi. Ammo Xo‘jand sipohlaridan Tilloxo‘ja va Mir Tohirbek va Mullo Bobojon degan fitnachi odamlar Xudoyorxonga yaqinlik paydo qilib, ig‘va bilan Mallaxonga yov bo‘lmoq va Xo‘qand xonligini qayta olmoq fikrini Xudoyorxon dimog‘iga joyladilar. Muhammad Muso parvonachi buni anglab, pand-nasihat bilan Xudoyorxonni yo‘lga solmay, nochor yigitlarini yig‘ib, urush bilan Xudoyorxonni Xo‘jand shahridan Buxoro tarafiga haydadilar. Mallaxon Muhammad Musoga ko‘p iltifotlar qilib, Xudoyorxonni buzgan mufsidlariga Mir Komilboy, Mir Tohir biyning akasi ham qo‘shib, bularni Ko‘kard tarafiga bandi qilib yuborib, o‘sha jonibda halok qildi.

Mallaxon Xo‘qand taxtiga o‘turg‘ondan so‘ng, Qosim Mingboshiga Balig‘chi hukumatini berdi. Qosim mingboshilik mansabidan Balig‘chi hukumatiga o‘tishini o‘ziga nomunosib va noloyiq ish deb juz’u fur’u va noshukrlik qilg‘oni sababli azl bo‘lib, Qorategin va Darvoz tarafiga chiqorib yuborildi. Balig‘chi hukumatini Shodmonxo‘ja mingboshiga va Chimyon hukumatini Amirlashkari marhumga (Alimquliga) berdi va ishlar saranjom bo‘ldi.

Mallaxoni mazkur bag‘oyat sari’ul-g‘azab, tundxo‘y va qahhor, badjahl podshoh edi. Chunonchi bir kosa qimiz uchun Amirlashkardan xafa bo‘lib, shuncha qilg‘on jonbozlik va davlatxohliklarini yodiga keltirmay, bandi qilib, Turkistonga Rustambek dodhohga topshirdi. Yana uch-to‘rt oydan so‘ng olib kelib, oldingi mansabini berdi. Yoqubbek Badavlatga ham g‘azab aylab Shahrixonga Bobobek dodxohga berdi. Hosil (ul-kalom), o‘sha qish ichida Mallaxon Toshkand borib, Toshkand askarlarini ko‘rib, O‘tamboy qushbegini Toshkand hukumatiga nasb qilib, Xo‘qand keldi va oz fursatdan so‘ng O‘tamboy qushbegini Toshkand hukumatidan olib, Muhammad Muso parvonachini Toshkandda hokim qildi. Uning o‘rniga Xo‘jandga Bobobek dodxoh qirg‘iz hokim bo‘ldi.

Bu orada faqirni Muhammad Muso parvonachini(ng), moliya ishlari va mulkiyalarini sarishta qilmoq uchun Toshkand viloyatiga sikritar, ya’ni, mirzaboshi qilib yubordilar. Necha muddatdan so‘ng yana Mallaxon o‘zlari Qanoat otaliq bilan Toshkandga bordi. Muhammad Muso parvonachini elotiyai qo‘ng‘irot va tavobeoti zakotini olmoq uchun buyurdi. Janobi xon va arkoni davlat lavozimi ziyofat va mehmongarchilik qilmoq uchun Toshkandda meni muddati yigirma ikki kun xizmatkorlik kamarini bog‘lab qoldi. Muhammad Muso parvonachi ham zakotchilik ishidan forig‘ bo‘lib qaytib keldi. Xon Qanoat otaliqni buyurib, Muhammad Muso parvonachini hisob-kitob qilsirib, aksari zarur sarflarini tan olmay, yigirma iiki ming tillo qarz bilan Toshkand hukumatidan olib, o‘rniga Rustambek dodxoh Qozoqboy o‘g‘lini Toshkandda hokim qilib, Xo‘qandga murojaat qildi. Bir necha muddatdan so‘ng Rustambeki mazkur tamomi Toshkand va tavobioti qo‘shini bilan Rusiya daf’i uchun Pishkak tarafiga otlandi.

Emdi bu yerga yetkanda avvalgi va kelasi so‘z bog‘lanishi uchun Rusiya Ahvolidan bayon qiilmoq lozim ko‘rindi.

II. BU FASLDA XO’QAND XONLARI BILAN RUSIYA DAVLATI ORALARIGA TUSHKAN VOQEALARNING IBTIDOSINING BAYONI TURUR

Ma’lum olg‘aykim, Rusiya sultonlari bilan Xo‘qand xonlari oralariga avvaldan hech muxolifat va dushmanlik tushmay, hamisha muhabbat va oshnolig‘ bo‘lganekan. Bizlarni(ng) asrimizdan ilgari Umarxon vaqtida Xo‘qanddan Shodmonxo‘ja mingboshi amakisi Tursunxo‘ja sudur (bilan) Fitirburxga elchi bo‘lib boribdi. Improturi a’zam g‘oyatda ularni e’zoz qilib, muddati qirq kundan ziyod Fitirburxda izzat bilan tavaqquf qilib, undan so‘ng xushvaqt va xursand qaytarib, Chu soyidan beri tarafga O‘rusiyaga askari va nari tarafga Xo‘qand askari o‘tmasga muqarrar qilib, ittifoq bo‘lgan erkanlar.

Yana (bir daf’a) Muhammad Alixonning ibtidoi davlatidan janobi hidoyatpanoh mazhari lutfi robi jalil hazrati Miyon Xalil Sohibzoda ki, sidqguftor va olinasab va vofurhasab, zuko, oqillik va xushmandlig‘da aqli mujarrar, so‘zlashda loyiq va munosib edilar, Muhammad Alixon tarafidan ba tariqi elchilik va saforat, Fitirburxga boribdi. Improturi a’zam nihoyat izzatva ehtirom aylab, muvofiqi fazlu donishlari Eron, Xorazm va boshqa viloyat elchilaridan sarfi nazar qilib, muqaddam o‘lturg‘izib, tamomi muddao‘ va maqsadlarini qabul aylab, xushvaqt va sarafroz etibdi va ikki podshoh orasida muhabbat va do‘stlik binosi nihoyat istehkom topibdi. Hatto Toshkand hokimi Lashkar beklarbegi Chu soyidan o‘tib, shimol tarafidan ulug‘ toqqa va mashriq tarafidan Qaffolga qo‘rg‘on solib, bu o‘rtadagi elotiyalarni Xo‘qand va Toshkandga tobe’ qilib, zakot va ulfon olursan demasdan erkin va ozod qo‘yubdi. Xo‘qand tavobeoti va mulki vus’at topib, nihoyat daraja obod bo‘lgan edi.

Ammo bu orada Toychiq to‘ra va Ahmad to‘ra va Sidiq to‘ra, otalari Kenjasari to‘ra degan Qosim o‘g‘li sho‘x va bebok chiqib, O‘rusiya tavobeotiga daxl va taaruz qilib, molu amvollarini g‘orat va toroj qilgani sababli fuqaro Rusiya sardorlariga arz qilibdi. O‘rusiya askari Kenjasari to‘rani quvlab va to‘raning o‘ruslarga muqobil bo‘lmoqg‘a toqat kelturmay, beri surub qochibdi. Kam-kam ushbu tariqa birla O‘rus tavobioti Toshkand tavobioti birla aralashib yaqinlashtilar. Kenjasari to‘ra O‘rusiyaga qilg‘on ishi ustiga Xo‘qandga yov bo‘lib, Toshkand tobei Suzak degan joyni qozoqiya qo‘shini bilan qamadi. Suzak hokimi Rais degan g‘ayratlik kishi shujoat zohir qilib, Kenjasari askarini shikast va hazimat berib qaytardi. Kenjasari to‘ra bir necha muddat Itkechuk va Avliyo otaga tobe’ elotiya orasida yurib, oxir ul-amr taqriban sana 1263 hijriyda (milodiy 1847 yili) Pishkak tavobeoti Kabklik mavzeida sulta va sarbag‘ish qirg‘iziyalari ustiga kelibdi. To‘rani mazkur ular bilan urushib, tamomi tavobiotlari birlan maqtul bo‘libdi.

Yana Oqmasjid tarafidan Rahim qal’asi degan joy, avvaldan Urganj tobe’i edi. U yerga Urganj xoni tarafidan Xoja Niyozbek degan hokim edi, shu uchun “Xoja Niyoz qo‘rg‘oni” atar edilar. Bu Xo‘ja Niyoz ham qo‘tohaql va kamandesha odam ekan. Rahim karvonboshi degan kishi Buxoro karvoni va ko‘p yuk bilan kelganda, Xo‘ja Niyoz: “Men bu molu yuklarni ochib zakot qilurman”, deb (karvonni to‘xtatadi). Rahim karvonboshi: “Munda zakoylik mol yo‘q, tamomi zakotini Buxoroda berganmiz”, desa ham, qabul qilmay: “Men zakotlikmolni o‘zim topib olaman”, deb yukni yeshguncha sabr qilmay, arqonlarini pichoq bilan kesibdi. Savdogar moli parishon bo‘lib va qanchasi yo‘qolibdi. Yuk boylaydurg‘on barbandchi va simbandchi yuk bog‘lamoqg‘a arqon topolmay, savdogarlar ko‘p kulfat va mehnatlar chekib, tashvish tortib (erkanlar). Shu daf’a Rahim karvonboshi improturi a’zamga: “Yo‘lda bu nav’ qaroqchi vaquto ut-tariq bor, emdi bizlarga savdogarlik va avqot qilmoq mushkul bo‘ldi”, deb yig‘lab, arz qilib(di). Improturi a’zami mazkur yo‘l eminligi va savdogar tinchligi uchun askar yuboribdi. Xo‘ja Niyozbek mahoriba quvvati bo‘lmay, Urganj tarafiga qochibdi. O‘rusiya askari mazkur qo‘rg‘onga joylanib, Rahim karvonboshi arzi birla olingan sababli “Rahim qal’asi” deb ot ko‘tardi.

Bu sabab birla Oqmasjid tarafidan Rusiya askari va fuqarosi Xo‘qand askari va fuqarosiga aralashib va fuqaro va o‘sha xalq oralarida munoziat va muxosimat tushib, do‘stlik binosiga xila xalal yetdi.

Muning ustiga, Muhammad Alixon oxiri ayom davlatida Hoji Qurbon otlig‘ bir noqisul-aql va xaziful-xiradu sifla va asfiya odamni elchi qilib Fitburxga yubordi. Bu elchilar Rusiya sarhadiga borganda, sarhad hokimi bularni to‘xtatib. Elchi kelgan xabarini improturi a’zam xizmatlariga ma’lum qilibdi. Improturi a’zam: “Fitirburx va Maskov bu atrof javonibda shiddatlig‘va qattig‘ vafo bo‘lubdur, mening o‘z fuqarom va askarimdan har qancha o‘lsa, Xudoyi taolo taqdiri va rizosi deb sabru tahammul qilurman, ammo menga do‘stlikdan elchi yuborgan podshoni(ng) bir kamtarin nafar odamiga vabo tegib nobud bo‘lsa, uning afsus va hasrati hargiz ko‘nglumdan chiqmasa kerak. Elchilar ne tariqa xohlasalar, shu tariqa izzat va ikrom bilan to‘xtatib, xatlarini menga yuboringlar va men har na iltimos qilg‘on bo‘lsalar, tamoman qabul aylab, xushvaqtu xurram qaytaray”, deb javob yozgan ekan.

Hoji Qurbon bu so‘zni eshitib, nihoyat kamaqlik va bexiradlik bilan arbada (janjol) qilib: “Men xatimni sizlar qabili odamga beradurg‘on kishi emasman, o‘z qo‘lim bilan improturi a’zam qo‘llariga topshirib, og‘zilaridan qulog‘im bilan so‘z eshitib qaytadurg‘on odamman!” deb hazyonot va behuda kalimot boshlab (yuboribdi).

Rusiya boshlig‘lari: “To‘g‘ri. Biz xo‘b bildik va tajriba qildik. San na musulmon va na nasroniy va na juhud va na gabru, na hindiy va hech bir din egasi odam emas ekansan. Qildurg‘on ishing kechasi araq ichib, mastu piyon bo‘lib, xushdan ajrab, zino qilmoq va Muhammad Alixonu Lashkar beglarbegi shukuhi va shikoyatini va dashnomu haqoratini qilmoq va subhidamda it kabi uyqulamoq va kunduzi behuda so‘zlamoqdur. Xudo amirini va o‘z xonining qadrini va valine’mati shukri ne’matini bilmagan odam bizni(ng) podshohimiz qimmatini nechuk bilsun?! Ket! Yo‘qol! Bizlarga kasofat va shumlug‘un yuqmasun!” deb improturiga ma’lum aylab, sharmanda etib qaytardilar. Bu sabab birla do‘stlik qasri inhidom topib (buzulib), muhabbat va oshnolik oradin ko‘tarildi.

Taqriban sana 1266 hijriyda (milodiy 1849-50 yili) Musulmonquli mingboshi Xo‘qanddan Mullo Xolbek qushbegi va Mullo Karimquli mingboshiga yov bo‘lib, Musulmonquli mingboshi Xo‘qand begi Yoqubbek Badavlatni Oqmasjiddan olib kelib, Toshkandga bahodurboshi qildilar. Badavlat Musulmonquli bilan Chalchiq (Chirchiq) labida urushib, Musulmonquli shikast topib, qirg‘iziya tarafiga qochti. Uni(ng) o‘rniga O‘tamboy qushbegini mingboshi qilib, Xudoyorxon bilan Xo‘qand tarafiga qaytdilar.

III. USHBU YERDA O’RUSIYA LASHKARI BILAN MUSULMONIYA LASHKARINI IBTIDOI URUSH QILG’ONLARINI(NG) BAYONI TURUR

Bu orada bir muncha o‘rus lashkari Berfut pulkuflik boshchiligida Oqmasjid ustiga kelib, Yoqubbek Badavlat noibi Mullo Muhammad Rizo bahodurboshini qamabdi. Va bu xabarni eshitgan zahoti Yoqubbek Badavlat, men va Toshkand askari Oqmasjid madadi uchun shitob va ta’jil bilan jo‘nadik. Bu O‘rusiya askari Oqmasjidni qattig‘ muhosira qilib va to‘plari o‘qi shaharga tushib tang qilib turgan mahalda, ittifoqdan shahardan otgan bir to‘p o‘qi Rusiya to‘piga tegib, Rusiya to‘pi sinibdi. Buni ustiga, Badavlat ham yaqinlashdi va Rusiya Oqmasjid ustidan ko‘chib ketdi. Badavlat Oqmasjid’ga kirib, uch-to‘rt kun turib, Oqmasjid ishini saranjomlab, so‘ngra Toshkand kelib, bir hafta turib oldi.

Bu muddatda Normuhammad qushbegidan yoshirin tamomi Toshkand akobirlari Shodmonxo‘ja mingboshi, Muhammadniyoz ponsadboshi, Fozilbek ponsadboshi va Qosim ponsadboshi va tamomi akobirlar Badavlat bilan bilittifoq qipchoqiyani o‘rtadan ko‘tarmoqg‘a ahdu paymon qilib, Qur’on ko‘tarib, so‘zlarini bir joyga qo‘yub, Xo‘qand tarafiga jo‘nattilar. Shahidon qo‘ng‘onlarida yana ahdu paymonlarini yangi qilib, istehkom berdilar. Undin o‘tib, Chilmahram kemasiga kelganda, Xo‘qand shahridan Xo‘ja Kalonto‘ra va Karimquli mehtar va Muhammadnazar parvonachi Xo‘jand hokimi va Mo‘minxo‘ja dodxohlardan odam kelib, ahdu paymon qilib, Qur’on ko‘tarib qaytdilar. O‘sha kuni daryodan o‘tib Chorbog‘i To‘rangi mavzeiga qo‘nib, u yerdan subhi sodiqdan oldin ko‘chib, janobi Badavlat tamomi askariya bilan ilgari tushubdi. Normuhammad qushbegi bir andak mahram yasovuli bilan keyin qolibdi.

Quyosh chiqib tulu’ qilg‘on vaqtda Xo‘qand o‘rdasining darvozasi oldidagi soyga biz ham hozir bo‘ldik. Qipchoqiya ham salom uchun o’rda ichinda jam’ erkanlar. Shu damda Badavlat ishorasi bilan tamomi askariya qilichlarini g‘ilofidan chiqorib va miltiqlarini rostlab: “Har joyda qipchoqiya bo‘lsa, o‘ldurunglar!”deb baland ovoz bilan, yakbora otliq va piyoda ark ichiga kirib, xon huzurida dasturxonda o‘lturg‘on qipchoqiyani ham sudrab olib chiqib, o‘ldurib tashladilar. Ul kuni O‘tamboy mingboshi va Normuhammad qushbegi va farzandlaridan boshqa Xo‘qand shahrida tirik qipchoq qolmay o‘ldirilib, so‘ngra Qosim ponsadboshiga mingboshilik va Mullo Yusufiddinga dasturxonchilik va Badavlatga shig‘ovullik va Muhammadniyoz ponsadboshiga Toshkand hukumati va Mallabekka Yormozoru Marg‘ilon hukumati va Do‘shaboy quramaga Kirovuchi hukumatini berib, uch-to‘rt kun shaharda turub, shahar ichini sarishta qildilar. So‘ngra Musulmonquli mingboshi va qolgan qipchoqiya daf’i uchun Ikki suv orasi tarafiga azimat qilib jo‘nadilar. U mavzega borgandan so‘ng Musulmonquli mingboshi ham tamomi qipchoqiya bilan jonlaridan kechib, jam’iyati azim aylab, muqobala bo‘lib, muhoriba qildilar. Urush nihoyat daraja qattig‘ bo‘lib, qipchoqiya xalqi va Xudoyorxon qo‘shini har ikkala taraf parishon va parokanda bo‘lsalar ham, ammo Xudoyorxon va Mallabek va Shodmonxo‘ja mingboshi, Qosim mingboshi va avlodi Kulikadin Andijon hokimi Iso parvonachilar ma’rakada sobitqadam turdilar. Musulmonqul lashkari tamoman mag‘lub va munhazim bo‘ldi. Oxirulamr, tamomi qipchoqiya Musulmonquldan yuz o‘girib, uni(ng) tadbiri va maslahatiga quloq solmay, Musulmonqulni ushlab, “Yamonimiz shul erdi”, deb Xudoyorxonga tutib topshurdilar. Bu qilgan ishlari qipchoqiyaga hech naf’ va foyda bermay, balki Hotamqul parvonachi va Xolmuhammad dodxoh va munga o‘xshash tamomi akobir va sardorlarini Xudoyor o‘ldirib va Musulmonqulni Yo‘lchibek dodxoh qo‘lidan Xo‘qand yuborib, dorga osib o‘ldirib, o‘zi qaytib, Xo‘qand kelib o‘lturdi.

Ammo Mallaxon bag‘yat tundmizoju bebok edi. Marg‘ilon Xo‘qandga yaqin bo‘lgani uchun Xudoyor Mallaxon vahimadan tashvishnok bo‘lib, har nimadur yiroqroq joyda tursun, deb Muhammadniyoz qushbegini Toshkand hukumatidan olib, mallabekni hokim qilib yubordi. Mallabek Toshkand borib, Abduvali degan odamni Oqmasjidga hokim qilib yubordi, o‘zi andak muddat ichdan Xudoyorxonga yov bo‘lib, xonlik da’vosini qildi. Xudoyorxon Mallabek daf’i uchun tamomi Xo‘qand askari birla otlanib, Xo‘jand yo‘li birla yurib, Xo‘jandga Muhammadnazar parvonachi o‘rniga (Yoqubbek) Badavlatni hokim qilib, o‘zi Toshkand borib, Mallabekni oldi.

RUSIYA IKKINCHI MARTABA OQMASJIDNI MUHOSIRA QILG’ONINI(NG) BAYONI TURUR

Bu orada O‘rusiya bir katta sardor bir muncha askar va to‘pu to‘pxona bilan kelib, Oqmasjidda Abduvalini muhosira qildi. Mazkur sardor Abduvaliga urush yaxshi ermas, har nimadur isloh bilan topishaylik, deb odam kirgusga ham, Abduvali tundxo‘ylik bilan o‘rus sardoriga: “Siz qo‘rg‘onga keling, ikkovlon so‘zlashib ahdu paymon aylab, topishib, musoliha qilaylik”, deb odam yuboribdi. O‘rus sardori uning so‘ziga ishonib, boshlig‘lari bilan miltiq ushlamay, be yarog‘u anjom, xotirjamlik bilan qo‘rg‘on oldiga kelibdi. Abduvali xiyonat qilib, tamomi merganlarini qo‘rg‘on ustiga chiqarib, hammalari o‘rusiyani nishona qilib, “Otinglar!” deb buyuribdi. Hammalari yakbora o‘rusiyani otibdilar, ammo Xudovandi taolo saqlab biror nafar o‘rusiya yo otalariga o‘q tekmay, hammalari salomat joylariga qaytaribdilar. Undan so‘ng o‘rus sardori Abduvaliga: “Bu qilg‘on g‘adur xiyonat birla sening qoning menga muboh bo‘ldi”, deb muhosirani qattig‘ qilibdi. Qo‘rg‘on devoriga naqb kovlab, doru to‘ldirib, ko‘p o‘t qo‘yub, qo‘rg‘onni yiqitib, raxnadan askar shaharga yuguribdi. Abduvali bir necha tavobei birla o‘lib va yarador bo‘lgan yarador bo‘lib, Rusiya askari qahru g‘alaba birla shaharga kiribdi…

Bu tarafdan Mallabek Xudoyorxonga muqobiladan ojiz kelib, Buxoro tarafiga qochti va Xudoyorxonga Toshkand fath bo‘lib, Shodmonxo‘ja qushbegini hokim qilib, o‘zi qaytdi. Shodmonxo‘ja Toshkand qo‘shini va to‘pu to‘pxona bilan Rusiya daf’i uchun Oqmasjid tarafiga otlanib bordi. O‘rusiya tarafidan bir muncha askar chiqib orada andak muhoriba voqe’ bo‘lib, Shodmonxo‘ja qushbegi eski askar xushmandligi va oqilligidan bildikim, Rusiya askari bilan urushib, obro‘ olib bo‘lmaydi. Nochor tadbir ustidan bir xat chiqorib: “Menga xondan o‘rus bilan urushmang, men o‘zim improturi a’zam xizmatlariga elchi yuborib so‘zlashurman, degan mazmunda inoyatnoma qilibdurlar”, deb aytdi. Shu tadbir birla urushni mavquf qo‘yub, to‘pxona va asbobu anjom birla salomat murojaat qildi.

Ammo Qosim mingboshi nihoyat nodonlig‘ va hamoqatidan: “Shodmonxo‘ja beg‘ayrat va nomard odam ekan, Toshkand qo‘shini bilan o‘rusni olmay va Oqmasjidni fath qilmay qaytmog‘dan ortu’groq nomardlik ishi bo‘larmu?! Men agar lochin va qarchig‘aylarimni buyursam, Rusiyani changollari bilan ko‘tarib tashlab, tamom qilur edilar”, deb aytdi. Xudoyorxon bu ahmoqona so‘zlariga ishonib, Shodmonxo‘ja qushbegi va Sarimsoq dodxoh, Muhammadkarim shayx dodxoh – bu uch nafar sardorni tahqiru ihonat birla Xo‘qand olib borib, Xo‘qand o‘rtasida ayni jamoat va salom vaqtida zamona (ayollarni) libosin kiydirib, oldilariga charx va duk qo‘yub, behuda obro‘larini to‘kti.

Qosim mingboshi tamomi Xo‘qand askari va to‘pu to‘pxona va Toshkand askarini olib, “Fitirburxgacha o‘rusdan asar qoldirmayman”, deb g‘urur va lofu kazof bilan Oqmasjid ustiga jo‘nadi. Bular borib, bir qazon labiga qo‘ndilar. O‘rusiya askari Oqmasjiddan chiqib, ro‘baro‘ bo‘lib, O‘rusiya tarafidan besh-olti to‘p otilib, o‘qlari Qosim mingboshi lashkariga oralab tushib, hech kim o‘lmay va yarador bo‘lmabdi, ammo Xudovandi taolo ko‘ngillariga xavfu haybat solib, to‘pu to‘pxona, qo‘shu pilta va xaymayu chodar va molu amvol, hatto boshlaridagi marvorid telfaklarini tashlab, ot qamchi(lab), Toshkand tarafiga qochibdilar. Yo‘lda ochlik va chanqoqlik kulfatini totib, it azobida doxili Toshkand bo‘lib, hadsiz infiol va xijolat va sharmandalik bilan doxili Xo‘qand bo‘lib keldilar.

Qosim mingboshini(ng) Xudoyorxon va tamomi ahli sipoh va fuqaro nazarida qadru e’tibori qolmadi. Andak muddatda Xudoyorxon Qosim mingboshi va Namangon hokimi So‘fibek dodxoh Davronbek o‘g‘li, Mullo Sayfiddin dasturxonchi, Muhammadnazar parvonachi va mo‘minxo‘ja dodxohlardan xafa bo‘lib, Qosimbek mingboshi, So‘fibek va Qambarbeklarni Qorategin tarafiga chiqorib yubordi. Mullo Sayfiddin dasturxonchi, Muhammadnazar parvonachi va Mo‘min dodxohlarni Xo‘qandda o‘ldirib, Muhammadniyoz qushbegini mingboshi va Fozilbek dodxoh Arslonbek dodxoh o‘g‘lini dasturxonchi qildi. Yana Xudoyorxon og‘a-inilik jihati va silai rahm o‘yidan Buxoroga Mallabekka jarchi yuborib, jam’i gunohidan o‘tibdi. U ham Xo‘qand kelib, yana og‘i-ini topishib, ittifoq bo‘ldilar. Bu hangomda Mallabekni ota-ona bir (ayniy) ukosi va Xudoyorxonni(ng) ota bir ona boshqa ukosi Andijon hokimi So‘fibek Sheralixon o‘gli Andijonda to‘y boshlab, Xudoyorxon Mallabek birla to‘y uchun Andijon keldilar.

Astag‘firulloh! Ne maqomda erdim va ne yerga keldim. Amirlashkari marhumni(ng) bayoni ahvoli edi, tahrir topmoqi lozim edi, ammo avvaldan yozilib, so‘z oraladi.

Hosili kalom, ul qish ul bahorda Shodmonxo‘ja mingboshini Balig‘chidan chiqorib, Turkistonga hokim qildi. Va kamina mingboshidan bir hafta ilgari Turkiston bordim. Rustambek o‘rniga amakivachchasi Shodibek Abdusamad Oqsoqol o‘g‘li hokim bo‘lib, Turkiston askari chunon xarob ekanini, shuncha askar ichidan ikki tosh yo‘lga yaraydurg‘on ot topilmadi. To mingboshi borguncha, Oqmasjiddan bir o‘rus sardori bir muncha askar bilan otlanib kelib, bo‘lak yoniga qo‘ndi. Alqissa, Shodmonxo‘ja mingboshi dohili Turkiston bo‘lib, Sayidxo‘ja otlig‘ odamni elchi qilib, yaxshi, shirin va muloyim so‘zlar aytib, sulhdan so‘z boshladi. Mazkur Rusiya sardori ham joyidan harakat qilmay turdi. Bu orada Toshkand hokimi Qanoat otaliq so‘zi bilan Shodmonxo‘ja mingboshi o‘rniga Do‘stmuhammad qaroqalfoqni Turkistonga hokim qilib, mingboshini Xo‘qandga olib kelib, to‘pu to‘fanglarni topshirib, noib qildi.

IV. UCHINCHI MARTABA O’RUSIYA ASKARI YANGI QO’RG’ONNI MUHOSIRA QILG’ONI BAYONI TURUR

Muni(ng) ustiga, o‘rus sardori Yangi Qo‘rg‘onni qamadi, degan xabar keldi. Mallaxon darhol Shodmonxo‘ja mingboshini Normuhammad qushbegi qipchoq va Bahodurbek dodxoh va Qurama hokimi Yoqubbek Badavlat va meni to‘pu to‘pxona va sarbozlar bilan Rusiya daf’i uchun Yangi Qo‘rg‘on buyurdi. Bizlar shitob bilan Turkistonga borsak, Rusiya Yangi Qo‘rg‘onni olib, ichidagi askar va odamlarni sihatu salomat Turkistonga yuborib, Yangi Qo‘rg‘onni yondirib ketgan ekan.

Alqissa, Yangi Qo‘rg‘on borib, qayta boshdan ta’mir qilmoq va devor urmoq uchun kamina sarboz bilan Yangi Qo‘rg‘onda qolib, tamomi qo‘shin Jo‘lak ustiga ketdilar. Bu miqdor qo‘shin to‘pu miltiq xavfidan Jo‘lak qo‘rg‘oniga yaqin borolmay, uch-to‘rt nafar arobaga pichan yuklagan ruslarga ro‘baro‘ bo‘lib, ruslarni otamiz, deb hamla qilibdilar. Ruslar miltiq otib Bahodurbek dodxohni badanidan yardor qilib, o‘zlari salomat Jo‘lak qo‘rg‘oniga, bu qadar qo‘shinlar esa, arobaga qo‘shgan besh-olti adad ho‘kuzlarni o‘lja qilib, Yangi Qo‘rg‘onga qaytib keldilar.

Alhosil, Yangi Qo‘rg‘on devorlarini ko‘tarib, Turkiston hokimiga topshirib, murojaat aylab, Xo‘qand keldik. Mallaxon Shohmurodbekni Namangon hokimligidan olib, Shodmonxo‘ja qushbegini hokim qildi. Qushbegi mazkur dohili Namangon bolib, muddati bir yarim oy o‘ygandan so‘ng, Ahror to‘ra degan odam Mallaxondan bir inoyatnoma ko‘tarib keldi. Unda Namangon qo‘shuni darhol Xo‘qandga hozir bo‘ling, deb buyurgan ekan. Shul sababdan qushbegi mazkur kaminani o‘rinlariga qo‘yub, o‘zlari Namangon qo‘shuni bilan Xo‘qand keldilar. Mazkur qo‘shunbegi Xo‘qand qo‘nganlaridan so‘ng, Olimbek dodxoh va qipchoqiya odamlari Mallaxonning xos odamlaridan Xidir qirg‘iz dodxoh, Muhammad Ibrohim mirzaboshi va Do‘st mehtar, bularga o‘xshash Mallaxon badxo‘yligidan jondan to‘ygan odamlar ittifoq bo‘libdilar. Bir kecha Mallaxon yotqan joyiga bosib kirib, Karimquli qipchoq qilichi zahmi bilan shahid qilib ertasi Shohmurodbekni xon ko‘tardilar. Shodmonxo‘jani mingboshi Xudoynazar dodxoh turkni Namangonda hokim qildilar. Kamina ham Namangondan Xo‘qand keldim. Yana Mallaxonni o‘ldirib, Shohmurodbekni xon va Shodmonxo‘ja qushbegini mingboshi qilg‘onlarini suyunchi tariqasida xat qilib, Qanoat otaliq va (Yoqubbek) Badavlatgakim, Turkistonda edilar, Do‘st mehtar qo‘lidann yubordilar. Qanoat otaliq Shodmonxo‘ja qushbegini mingboshi qilg‘on vajhidan parishonxotir va tashvishnok bo‘ldi. Tez Buxoroga kishi yuborib, Chinos va Chordara yo‘li bilan Xudoyorxonni Toshkandga keltirib,xon ko‘tardi-da, Xo‘qandga yov bo‘ldi. Bu xabarni eshitgan zahoti Shohmurodxon, mingboshi va amirlashkar tamomi Xo‘qand qo‘shini bilan Toshkand tarafiga otlanib, Xo‘jand yo‘li bilan Nav qal’asiniki, Xudoyorxon tarafidan Do‘st Muhammad dasturxonchi hokim ekan, qamab, o‘shal kuni fath qildilar. Do‘stmuhammad dasturxonchini O‘zgandga yubordilar. Daryodan o‘tib, Kirovuchi ustigakim, Xudoyorxon tarafidan Badavlat hokim erkan, borib qamaldilar. Badavlat ahd rioyasi uchun boshdan o‘n-o‘n besh to‘p o‘q o‘tkuncha sabr qilib, so‘ngra musoliha bilan chiqib, Kirovuchi qo‘rg‘onini topshirdi. Bu mavzedan ko‘chib borib, Toshkand muhosirasiga mashg‘ul bo‘lib, fath yaqinlashgan vaqtda qipchoqiyadan Mingboy dodxoh va Irisali ponsad, qirg‘iziyadan Xidir dodxoh va Namangon hokimi Xudoynazar dodxoh turk shunga o‘xshash fitnachi odamlar Shodmon mingboshini, Alimquli amirlashkar va Beknazar dodxohni o‘ldirmak va boshqa tariqa ish tutmak taraddudiga tushtilar. Bu so‘zni mingboshi va amirlashkari marhum fahmlab, dushman ustida muxolifat qilmoq yo muxoliflarni tutmoq va o‘ldurmoq yaxshi bo‘lmagani uchun Toshkand ishi ma’tal va muhmal qolsa ham, Xo‘qand tarafiga murojaat qildilar. Kirovuchidan o‘tgandan so‘ng badavlat Xo‘jandga hokim bo‘ldi. Ammo dushmanlarni kundan-kun qarshiliklari ziyoda bo‘lib, hadlaridan oshib, behuda harakat qila boshladilar. Simg‘or qo‘ng‘on kuni Xidir, Xudoynazar va Irisali bir necha muxolifatlar bilan xuftan vaqtidan so‘ng mingboshi chodariga kelib to yarim kechagacha o‘tirdilar. Mingboshi ham ehtiyot va hushyorliq birla muomala qilib, hech ish qilolmay qaytdilar.

(Shodmonxo‘ja) mingboshi: “Ko‘ch nag‘orasi kuygan zahoti meni uyg‘oting”, deb meni ta’kidlab, istirohatga mayl qildilar. Faqir uyg‘oq o‘tirib, subhi sodiq ko‘ch nog‘arasi kuygan zahoti mingboshini ogoh qildim. Turib, tahorat olib, otlanib, xon xizmatiga ketdilar. Faqir namozi bomdoddan so‘ng qo‘shu pilatalarni yuklatib, mingboshi tug‘ini ko‘tartirib, tobe’ lashkar bilan yo‘lga tushtim. Andak fursat o‘tkandan so‘ng yana Xidir, Xudoynazar va Irisalilar paydo bo‘lib, “Mingboshi akom qayon yetdilar?” deb faqirdan so‘radilar va kamina: “Ko‘ch nag‘orasi kuygan hamono otlanib erdilar, bilmadim, xon huzurlarida ekanlarmu”, deb javob berdim. Bu javobni eshitib, ular ham xon tug‘iga qarab ketdilar va bir soatdan so‘ng mingboshidan ko‘nglim tashvishnok bo‘lib, xon tug‘i ostiga bordim. U yerda mingboshidan asar topmay, Ko‘l mavzeidan chiqib, Xoja yagona dashtiga kelsam, bu yerga qo‘sh qo‘nib, mingboshi saroparda soyasida o‘turg‘on ekanlar. Kamina kelib salom bergan edim, iltifot aylab, qo‘llarida bir jom iskinjin sharbatini berdilar. Ichib, duo qilib, xonni(ng) yaqinlikidan xabardor qildim.

O‘runlaridan turub, xon chodariga borganda, xon ham keldi. Dasturxon o‘tgandan so‘ng mingboshi o‘z qo‘shlariga kelib, o‘toviga kirib, istirohatga mashg‘ul bo‘ldilar. Kamina havo haroratidan va gardu g‘ubor kasratidan soch oldurmoqg‘a mashg‘ul edim. Birdan Alimqul amirlashkari marhum paydo bo‘lib: “Soch oladurg‘on vaqti emas edi”, deb faqirga itob qilib, mingboshini so‘radilar. Kamina: “O‘tovida istirohatda”, deb javob berdim. Har daf’a uyg‘otib bering, deb faqirga buyurar edilar, ammo bu daf’a o‘zlari kirib uyg‘otib, yana ikkovlon xon huzuriga ketdilar. O‘shal lahza ikkovlon xon huzuridan kelib, “Peshin vaqti bo‘libdirmu?” deb savol qildilar. Faqir soatga qarab, “Avvali vaqt”, deb javob berdim. Darhol azonga buyurib, namozdan so‘ng kaminaga: “Xayr Muhammad yovarga ayting tamomi sarbozlari bilan mani chodarim va chodar qanoti orqasida zohir va tayyor bo‘lib tursin”, deb amr qildi. O‘zlari Amirlashkari marhum chodarga kirib: “Maslahat bor, tamomi sarkarda va umaro jam’ bo‘lsun”, deb odam buyurdilar. Va sarkarda-umarolar jam’ bo‘ldilar. Ammo Xidir tezda hozir bo‘lmay, hammadan so‘ng kamina chodarim bilan mingboshi chodarlari qanoti orasinda bir tor yo‘ldan kirib keldi. Ammo ayog‘ida etik yo‘q, sar-poy bilan kirib o‘tirdi. Suhbatni boshqa tariqa fahmlab vahmga tushib: “Men etik kiyib kelay”, deb mazkur tor yo‘l bilan qo‘shiga ravona bo‘ldi. Ammo sarboz yo‘lini to‘sib miltiq havola qilg‘ondan so‘ng qochib, kamina chodarimga kirdi, orqasidan yigitlar kirib, qilich bilan chopib, chodardan sudrab olib chiqib, chodarim yonida o‘ldirdilar.

Kamina chodaru paloslarim qonu harom bo‘ldimikin, xabar olay, deb chodarimga kirdim. Orqamdan Qo‘ychi dodxoh qirg‘iz kirib nos chekib, meni so‘zga mashg‘ul qilib turg‘onda Irisali ponsadboshi qipchoq kirib: “Men bu mufsidlarga qo‘shulgan emasman, xos davlatxohman, meni arizamni mingboshiga ma’lum qilinglar”, deb tavallo va zori qila boshladi. Ammo Bekmuhammad dodxoh: “Bugun har jamoa o‘z yomonlarini o‘lduradurg‘on kun. Qipchoqni(ng) yamoni Irisali. Uni o‘ldiringlar”, deb baland ovoz birla chaqirib, mening chodarimga yugurdilar.

Kamina va Qo‘ychi dodxoh qochib chiqib, yigitlar kirib, Irisalini qilich ostiga oldilar. Lekin sovut va choroyina boylangan ekan, qilich tezda ta’sir qilmay, chodardan sudrab chiqib, Xidir yoniga tashlab, otib o‘ldirdilar. Xudoynazar dodxoh turkni mingboshiga tobe’ Rustam Elbek otlig‘ yigit bir qilich zarbi birla oxirat safiga ozim qildi. Ammo Mingboy dodxoh daryodan o‘tib qo‘ng‘on ekan va ham o‘zi istisqo va chilaashur kasaliga mubtalo bo‘lgani uchun Bekmuhammad dodxoh iltimosi bilan bu ofat va balodan salomat qoldi.

O‘sha kuni Alimquli eshik og‘osi qirg‘iz qipchoqinkim, oxir udaychi ham bo‘ldi, Olim dodxohni o‘ldurmak uchun Xo‘qandga buyurdilar. Ul ham xufton vaqtida doxili Xo‘qand bo‘lib, Olimbek dodxohni o‘ldirib, mufsid va mufatinlar ishi tugab, itmomiga yetdi. Ertasi o‘zimiz ham ul mavzedan ko‘chib doxili Xo‘qand bo‘ldik. U tarafdan podshoh kelib Xo‘qandni qamab, Xudoyorxon o‘z tavobeoti bilan kelib, Xo‘qand muhosirasiga qo‘l urdi. Ammo Badavlat Xo‘jandda harchand sa’y va taraddud qilsa ham, fuqarosi yov bo‘lib, Sayid Fozil Miri Asadniki, Domullo Mir Boqi marhum o‘g‘li va Xo‘jandning rukni edi, urub o‘ldirib Badavlat qasdiga yugurdilar, (Yoqubbek) Badavlat ham nochor qochib, amirni ko‘rib omon qoldi. Ammo Xo‘qandni Xudoyorxon To‘qaytepaga qo‘nib muhosira qilganda, Shodmonxo‘ja mingboshi tog‘lik darvoza va Amirlashkari marhum Marg‘ilon darvoza va Bekmuhammad dodxoh va boshqa sardor har qaysilari bir darvoza muhofizatiga mashg‘ul bo‘ldilar.

Bu orada bir kecha mingboshi va Amirlashkari marhum kaminani bir xizmat uchun shahar ichiga buyurdilar. Kamina ham ul xizmatni bajarib, subhi sodiq Tog‘lik darvozasiga keldim. Mingboshi to avvalgi vaqt uxlamay uyg‘oq ekanlar. Marhamat qildilarki: “Men bu kecha uxlamadim. Xo‘ja kalonto‘ra va Shayxul-islom menga xat yozibdurlarki, fuqaro tamoman sizlarga yov bo‘lib, erta Xudoyorxonni shaharga olib kirib, sizlarni tutadurlar, deb. Munga nima tadbir qilsak ekan?” Kamina arz qildimki: “Amirlashkar va Bekmuhammad dodxoh ukalarimiz bilan mashvarat qilib, savob qaysi ishda bo‘lsa, uni qilsunlar”.

Mingboshiga ham ma’qul tushib, darhol otlandi. Amirlashkar qo‘shi Marg‘ilon darvozasi tarafiga yurdi. Amirlashkar va Bekmuhammad dodxohlar bilan mingboshi so‘zlashti. Mingboshida ikki yuz nafar toshkandlik yigit bor edi. Ularning ishi shu ediki, har kuni shomdan so‘ng qo‘rg‘onni aylanib, xabardorlik qilib, subhi sodiq Tog‘lik darvoza qo‘shlariga kelib uxlar edilar. Amirlashkari marhum va mingboshi Marg‘ilon darvozadan kaminaga: “Borib o‘shal ikki yuz nafar yigitni uyg‘otib, beta’xir darhol olib keling!” deb buyurdilar.

Kamina borib mazkur yigitlarni uyg‘otib, olib kelsam, mingboshi va Amirlashkar Marg‘ilon darvozasidan chiqib ketib, hech odam qolmabdi. Toshkand yigitlari ham nochor ularni topolmagandan so‘ng, Xudoyorxon tarafiga yurdim. Mazanglikka borganda, Abdulloh eshikog‘osi uchrab, mendan ahvol so‘radi. Kamina ahvolni mufassal bayon qildim. Abdulloh eshikog‘osi kaminani man’ qilib, dediki: “Qanoat otaliqni ko‘rmay Xudoyorxonga etmak sizga mumkin emas. Qanoat otaliqqa muloqot qilsangiz, bo‘lar ish ma’lum (bo‘ladi). Maslahat shulkim, men birlan shahar kirib, mening hovlimda turing. Peshindan so‘ng, shaharga kiradurgan xon xizmatlariga arz qilib, undin so‘ng ko‘rsatayin”, dedi.

Binobarin on, kamina shaharga kirdim va Abdulloh eshikog‘osi arz qilib, inoyatnoma olib, ertasi xon(ning) saodati muloqotlariga yetkardi.

Amiri Buxoro Xo‘jandni olib Qaroqchiqumga kelg‘onda, Xudoyorxon: “Bizlar Xo‘qandni olib xotirjam bo‘ldik”, deb Qanoat otaliqni yubordi. Amiri Buxoro Xo‘qand kelmay, Qanoatni olib, Buxoroga murojaat qildi. Buxoroga borgandan so‘ng, Qanoatni o‘ldirib, rishtai hayotini uzdi. Bu tarafdan Amirlashkari marhum va mingboshilar Xo‘janddan chiqib, yo‘lda So‘xdan kelib turg‘on Xudoyorxon mulozimi Yo‘lchibek dodxoh ro‘baro‘ kelib va uni odamlari bilan o‘ldirib, Andijon uyezdi Toshloq qishloqda Amirlashkari marhum hovlisiga qo‘ndilar. Amirlashkari marhum qirq-ellik ming naqdina siqqani olib chiqib, mingboshi va arkoni davlat oldiga qo‘yib: “Hozir bu naqdinani askarga beringlar, yana shundan so‘ng, harnima lozim bo‘lsa, jonu dil birla tayyor va muhayyo qilurman”, dedi. Tamomi arkoni davlat bil-iitifoq bu pul naqdinani olib: “topqon siz va sarf qilg‘uchi ham o‘zingiz bo‘lursiz, ne ixtiyoringizda, bizlarda itoat va inqiyoddan boshqa ish yo‘q”, deb aytdilar. Amirlashkar ham nochor qabul qilib, tamomi askariga xarj va imkoni boricha yorog‘u aslah yasab, tamomi qo‘shun bilan Andijonga kelib, Xudoyorxon amriga tobe’ odamlarni qochirib, Andijonni fath qildilar. Bu xabarni Xudoyorxon eshitib, xafa bo‘lib, Xo‘qand askari bilan otlanib Marg‘ilondan o‘tib qo‘ndi. Bu tarafdan Amirlashkar Andijondan jo‘nab, Xo‘jason mavzeiga qo‘ndi, ertasi Sho‘r mavzeida ikki lashkar bir-birlariga ro‘baro‘ bo‘lib, urush boshlandi. Xudovandi taolo fazlu karami bilan Amirlashkar askari g‘olib va muzaffar bo‘lib, Xudoyorxon lashkari qochib tarqab, qanchasi o‘lib, boshqalari majruh va xasta bo‘ldi. Qolganlar Xudoyorxon va ukasi Sulton Murodbek bilan bozorchilar arobasi va to‘pxona arobasiga yashirinib qochib, qilichu xanjar zarbidan xalos bo‘ldilar. Ammo Amirlashkari marhum askarlari ularni qurshab oldi. Xudoyorxon va ukasi tobe’lari bilan har vajhdin, xususan, avqot jihatidan nihoyat tanglik va mehnatga qolib, Xo‘qand fuqarolaridan madad tilabdilar. Nodon fuqaro janobi katta hazrat Domullo Fayzi qozi rais va bir necha ulamo va akobirlarni jabr bilan otlantirib, oldilariga solib, Xudoyorxon madadi uchun Marg‘ilondan o‘tg‘onlarida, Amirlashkar ularni qochirib, bir nechasi o‘lib va bir nechasi yarador bo‘ldilar. Qolganlari ot va libosdan ajrab, it ahvolida Marg‘ilonga qochib kirdilar. Ammo Amirlashkar mingboshi bir birodari birlan so‘zlashib, “Lashkarga to‘p va zanbarak lozim, agar bizlarda to‘p bo‘lsa edi, Xudoyorxon ishini qachonlar tamom qilur edik. Hali bo‘lsa, sizlarga har nimarsadan to‘p zarur ekan”, dedi.

Bil-ittifoq, bir tunda to‘p qasdida hujum qilib, Xo‘qandga keldilar. Tongda Xo‘qand xalqi ogoh bo‘lib Xudoyorxonga tobelar Buxoro tarafiga qochdi. Amirlashkar va mingboshi shaharga kirib, u kecha shaharga yetib, to‘pdan keraklicha olib, to‘pchilardan Abdusamadxon va Habibulloxonlarni olib, o‘radan chiqib, Hashtchamanga qo‘ndilar.

Bu tarafdan Xudoyorxon Amirlashkar va mingboshi askaridan asar ko‘rmay, voqea nima ekanini bilmay, hasratga qoldi. Oxiri xabardor bo‘lib, u ham tamomiaskar bilan Xo‘qandga keldi va nodon fuqarolar Xudoyorxonni shaharga kirguzib va Amirlashkar darvozaga qo‘ygan odamlarni bandi qildi. Fuqaro va Xudoyorxon ham Hasht chamanga keldilar. Amirlashkar ham darhol to‘plarni qo‘rg‘on rahnasidan tashqari chiqorib, ham qo‘rg‘ondan chiqqanda namozi asru shom orasida urush boshlandi. Necha karrot Xudoyorxon askarini qochirib shaharga qamadilar. Bu orada Jarqinboy dodxoh Muhammadyor lashkarboshi ukasikim, qipchoqiya orasida bahodirlig‘ va dildorlig‘da mashhur edi, qorong‘ulikda oti sholipoya loyiga botib shahid bo‘ldi.

Hosil (ul-kalom), u kecha namozi xuftondan so‘ng, soyga qo‘nib, ertasi to choshtgoh Amirlashkar ko‘chmay, “Agar Xudoyorxon chiqsa, to o‘rdagacha quvib tanbehini beray”, deb harakat qilmay turdi. Ammo Xudoyorxon na o‘zi va na askari hargiz qoralarini ko‘rsatmadilar. Nochor choshtgohdan so‘ng jo‘nab, Somonchi mavzeiga kelib, to‘p arobalari xarob (bo‘lgani) uchun har bir yigitga “Xns(?) mavzeiga yetkazib beringlar”, deb bir adad to‘p o‘qi xatlab topshirildi. Va shu payt ham Somonchi tarafdan quyuq dud (tutun) ko‘rindi. “Bu nima hodisadur? Xabar olinglar”, deb bir toifa askarga buyurdilar. Ular borsalar, Roshidan, Oq yer va munga o‘xshash qishloqlarini(ng) avboshi fuqarolari ekankim, kelib bu oradagi qirg‘iziya va elotiyani talab uylariga o‘t qo‘ygan ekan. Askarlar borib bechora qirg‘izlarni qutqarib, falonchi fuqarodan qo‘liga tushganini o‘ldirib, ulug‘larini Somonchi soyiga tashlab keldilar. Ul kuni Somonchi soyidan suv ichgali bo‘lmadi.

Ba har taqdir, ul kecha Somonchida yotib, ertasi ko‘chub Xns(?)ga Qo‘sh parvonachi manziliga qo‘nib, ul yerda arobachi ustalarni yig‘ib, to‘p arobalarini ta’mirladilar. U yerdan ko‘chib, Yormozordan Quboga qo‘nub, bir-ikki marta to‘p otishlari bilan Qubo akobirlari va fuqarolari peshkashu hadya bilan chiqib, duo qildilar, va tobe’ bo‘lib, marhamat va iltifot toptilar.

Undan o‘tib, Asaka mavzeiga qo‘nub, Bekmuhammad dodxohni ko‘rib, e’zoz va ehtirom bilan shaharga olib kirib, sidqidillik bilan mute’ va mindoq bo‘lganlig‘i xabarini undan oldilar.

Asakani jam’iyati xotir bilan Andijonga kelib, hazrati… buzurgvor alayhi rahma taraflaridan Andijon muhosirasiga mashg‘ul bo‘ldik. Bu mavzeda Qo‘ychi dodxoh O‘zganddan qirg‘iziya askari bilan kelib qo‘shuldi va ertasi Andijon shaharini ikki-uch tarfidan to’’ga tutdilar. Amirlashkar bir cho‘yan to‘p ba bir muncha askarni olib, Andijon shahri ichiga jo‘nadilar. Valekin ko‘p fursat o‘tib Amirlashkardan hech asar zohir bo‘lmagan sababli, Shodmonxo‘ja mingboshi xabar olmoq uchun orqalaridan bordi. Yana o‘sha soat qaytib kelib, kaminaga dedilarki: “Amirlashkar yamon joyda Gultepada, atroflarini tamoman fuqaro qurshab o‘rtaga olgan. Bir nav’ bilan qutqarmasak bo‘lmas, ikki-uch dasta askarni tayyorlab olib keling”, deb buyurdilar. Kamina darhol uch dasta qirg‘iziya, qoraqalfoq askarini hozir qildim. Bu askarlar qilichlarini g‘ilofidan chiqorib va nayzalarini rostlab, mingboshi oldilariga ot chopib bordilar. Fuqaro bu askarni ko‘rib, har tarafga qochib (ketdi). Amirlashkarni ular orasidan salomat ajratib oldik. Ammo cho‘yan to‘p Gultepada fuqaro qo‘lida qolib, olmoq muyassar bo‘lmadi.

Andijonni har kun har tarafdan qattig‘ muhosiraga olindi. Andijon hokimi Qodiraulbek dodxoh va Xudoyorxon ilg‘orlari va tamomi fuqaro qo‘llaridan kelgan sa’y va taraddudlarini bajo keltirib (mudofaada turdilar). Ayomi muhosira rabi-ul-avval oyining ibtidosidan, to rajab oyining oxirigacha davom etib, oxiri Xudoyi taolo karami birla fath topib, musaxxar bo‘ldi. Qodurquli dodxoh tamomi quzzot, ulamo va ulug‘;ari bilan chiqib, ko‘rdi. Amirlashkar va mingboshi bularni gunoh va jaroyimlaridan o‘tib, sarpolar va xil’atlar berib, marhamati benihoya birla sarafroz qildilar. Lekin, Xolnazar cho‘loq, Kamol va Boqi – Xudoyorxon ilg‘orlari chiqib ko‘rmay, qochib, yo‘ldagi askar qo‘liga giriftor bo‘lib, halokatga yettilar.

Andijon fathidan so‘ng, mingboshi va tobe’ marhumlari qoraqalfoq askari, sartiyadan Muhammadnazarbek qushbegi va qipchoqlardan Mingboy dodxoh bilan Balig‘chi fathiga buyurdilar. Kamina ham (Shodmonxo‘ja) mingboshi iltimosi bilan u safarda hamroh bo‘lib borib, Balig‘chini olib, Mingboy Balig‘chida Muhammadnazarbek qushbegi, Mingboy dodxohlar Namangon tarafiga bordilar.

Bu asnoda Amirlashkardan mingboshiga maktub kelib, kaminani talab qilg‘on ekanlar. Kamina Balig‘chidan jo‘nab, Amirlashkar Andijondan ko‘chib, Asakaga kelganda, u yerda sharafi dastbo‘s hosil qildim. Janobi Amirlashkar marhamat qildilarki: “Biz ushbu qish ichra Marg‘ilon ishi ham saranjom topsa, deb Asakaga keldik. Emdi siz borib Mingboshi akamga (Shodmonxo‘jaga) ma’lum qiling. Agar ul kishga ham ma’qul bo‘lsa, sizni yuborsunlar. Mingboy dodxohlarni ko‘rub, alarg‘a ham maqbul bo‘lsa, kelib bizga qo‘shulsunlar, toki jam’iyat tamom birla Marg‘ilon uzasiga boraylik”, dedilar.

Kamina bu xizmatga muraxxas bo‘lib, Balig‘chi kelib, mingboshiga aytdim, u kishiga ma’qul bo‘lib, Mingboy dodxoh qo‘shiga buyurdilar.

Mingboy dodxoh huzurlariga keldim. Abdurahmon oftobachi va qipchoqiya akobirlari bilan o‘tirgan ekan. Ularga janobi Amirlashkar so‘zlarini bayon qildim. Mingboy dodxoh dediki: “Nihoyat ma’qul so‘z, ammo boshlig‘imiz Muhammadnazar qushbegidir, avval u kishiga anglatib, bilittifoq javob beraylik”, deb o‘rinlaridan turdilar. Shu vaqtda qorovuldan: “Bugun yov qorovullarini shiddati ziyodroq, bir muncha mergan bering”, deb odam keldi. Mingboy dodxoh besh-olti nafar mergan qo‘shib qarovga yuborib, otlanib, Muhammadnazarbek qo‘shiga keldik. Bu yerda shirchoy tayyor ekan, shirchoy tortti va Amirlashkar maslahatlari bu kishiga ham ma’qul tushti. Shu asnoda qorovuldan “mergan” deb odam keldi. Mingboy dodxoh savol qildiki: “Dushman u ko‘frukdan yiroqmu yo yaqinmu?” Javob berdiki: “Yaqin desa ham bo‘lur, yiroq desa ham bo‘lur”. Yana mergan berib jo‘natdilar.

Shirchoyni ichib tamom qilmagan ediki, “dushman ko‘prikdan o‘tti”, deb xabar keldi. Darhol otlanib, jam’iyat bilan bizlar bordik, tamomi Namangon askari va Xudoyorxon qoshidan kelgan ilg‘or tamom chiqib kelgan ekan. Nochor choshtgohdan urush boshlandi.

Balig‘chidan mingboshi xabardor bo‘lib qoraqalfoq askari bilan madad uchun keldi. O‘sha kuni to ikki xuftangacha urush bo‘lib, Namangon qo‘shini qochib, ko‘p odam o‘lib, ko‘p bandi, tug‘u bayroq va o‘n olti karnay o‘lja ushdi. Namangon yigitlari azobu uqubat bilan qochib, qolganlari Namangon qo‘rg‘oniga kirdilar. Bizlar o‘sha kecha shu mavzeda turib, tushgan bandi, o‘lja va g‘animatlarni sarishta aylab, xotirjamlik bilan ko‘chib, Amirlashkarga qo‘shilib, Marg‘ilon ustiga keldik. Marg‘ilondan Mullo Sulton dodxoh va Mirzo Ahmad qushbegi tamomi Marg‘ilondagi askariyalar bilan chiqib, oxiri peshindan, to ikki xufatngacha qattig‘ urush va muhobira qildilar. Xudoyorxon tobe’laridan Davlat qo‘rboshi va shunga o‘xshash nech nafar katta odam bandi bo‘lib, ko‘pi o‘lib, boqiy lashkar qochib shaharga kirdi. Bizlar o‘sha kecha mavzei mazkurga qo‘nib, andin so‘ng, Yormozor ichiga ko‘chib kirdik. Va har kuni mingboshi Toshloq darvozasida Mullo Sultonga qarshi, Amirlashkar (Alimquli)hazrat Muoz Jabal darvozasida Mirzo Ahmadga qarshi, boshqa askarlar har tarafdan Marg‘ilon muhosarasiga mashg‘ul bo‘ldilar.

Bir kuni Amirlashkari marhum mingboshiga dedilarki: “Bugun joyimiz badal bo‘lsin. Mullo Sultonga muqobil man boray, Mirzo Ahmadga qarshi siz boring”, deb. Ushbu ittifoq bilan jo‘nab ko‘rdilarkim, Kirgi arig‘i suvi Marg‘ilonga kirar ekan. Shu sababli, o‘n nafar mahramni kaminaga qo‘shib, buyurdilarki: “Kirgil arig‘i suvini Marg‘ilondan bog‘lab, dashtga solib yuboring”. Kamina bu xizmatga mashg‘ul edimki, ikki tarafdan urush boshlanib, Amirlashkar tomonidan Mullo Sultonga o‘q tegib o‘ldi. O‘ligini Amirlashkar amri bilan bir otga ortib, mingboshi (Shodmonxo‘ja) huzuriga keltirdilar. Urush ham tamom bo‘ldi. Amirlashkar Mullo Sulton o‘ligini ko‘p taqdim bilan yuvib, kimxob va atlas bilan yoptirib, jam’iyati azim bilan janoza o‘qib dafn aylab, ruhiga xatmi Qur’on va hayrot berdilar.

Sulton o‘lgandan keyin, Marg‘ilon ishi kundan-kunga va lahza ba lahza xarob va vayron bo‘lib, askarlari Xo‘qand tarafiga qochib, Marg‘ilon fath bo‘ldi. Marg‘ilon fathidan so‘ng, Xo‘qand ustiga jo‘nab Xo‘qand qo‘rg‘oniga yaqin Mingtut mavzeiga qo‘nib, Xo‘qand muhosirasiga mashg‘ul bo‘ldik.

Ittifoqdan bir namozi peshin hadida bemahal va bemavrid urush boshladi. Mingboshi (Shodmonxo‘ja)ni Sayid g‘ozi otliq katta o‘g‘liga qazoi ilohiy birlan to‘p o‘qi tegib, oti bilan qo‘shib necha pora qildi. Va muning ustiga, qorovullarimizdan “Amiri Buxoro qo‘shini bilan Konibodomdan jo‘nab, muqaddimai lashkari Beshariq qo‘ndi”, deb xabar keldi. Bu ikki voqeadan qo‘shinimiz parishonhol bo‘lib, Sayid g‘ozi xo‘ja namozi janozasini o‘qug‘ondan so‘ng, Xo‘qand tomonga ko‘chib, Somonchiga< undan Oltiariqqa, Keyin Yormozoriga nuzul qildik. Bu manzilda xudovandi taolo irodasi bilan mingboshidan bir ish sodir bo‘ldiki, amirlashkari marhumning rishtai iroda va ixlosini undan qaytardi. Shunga o‘xshash ish Andijonda ham vuqu’ topib, binoyi e’tiqodini munhazam qilg‘on edi. Va bu ikki ishni malol kelmasligi uchun bayon qilmadim.

Hosil ul-kalom, amiri Buxoro va Xudoyorxon otlangan xabari kelgandan so‘ng, Yormozordan ko‘chib, Qubo, keyin Asaka, Andijon va undan Hazrati Yunus Alayhissalom tepalri ostiga qo‘ndik va podshoh (amir Muzaffar) va Xudoyorxonlar ham O‘sh tobei Qoshg‘ar qishlog‘iga qo‘ndilar. Amirlashkar Xol ponsad va shunga o‘xashash bir necha jasurlar qarovul tariqida Hazrati Yunus alayhissalom tepalarida qo‘yub, boqiy askari daryodan o‘tib, Xonobod va Burgutchi mavzeiga qo‘ndilar. Bu mavzeda mingboshiga andak za’f va bemorlik oriz bo‘lib, kuchi bilan ilg‘ori jo‘nab ketdi. Ammo u Amirlashkarga ko‘p nasihatlar qildi. Nasihatlardan biri bul edikim: “Zinhor podshoh bilan urush va muhoriba qilmang, na uchunkim, urushning ikki boshi bor: yo shikast, yozafar. Xudo asrasun, mabodo shikast bo‘lsa, yana bu jam’ita mumkin bo‘lmaydur. Agar muhoriba qilmasangiz, podshoh ham bu yerlarda haftadan ortuq turolmaydi. Avbosh lashkari fuqarolarni g‘orat va taroj aylab, ekinu ziroatlar xarob va zoye qilganda, xalqulloh podshadan tamoman bezor bo‘lib, uni nafrin va la’nat qilib, Xo‘qand va Farg‘ona fuqarolari sizni duo qilib, boshlariga ko‘taradilar”, deb bu nasihatga ko‘p ta’kidlar qildilar.

Hosil ul-kalom, podshoh Qoshg‘ar qishloqdan otlanib jo‘naganda, Hazrati Yunus alayhissalomdagi qarovullarimiz to‘nu qarovul bilan andak muhoriba qilib, bir asir va bir-ikki o‘lja olib, daryodan o‘ttilar. Podshoh askari hazrat mozori ostiga qo‘ndi.

Amirlashkari marhumning amir bilan urushmoq va muhoriba qilmoqg‘a shavqu rag‘bati g‘olib bo‘lsa ham, mingboshi nasihati unga mone’ tushdi. Kamina ham nafas ba nafas mingboshi maslahatlarini xotiri muboraklariga solib turardim. Podshoh daryo labiga qo‘ng‘onda bo huzuri tamom asta-sekin Xonariqqa qo‘nib, nafaslarimizni rostlab turdik. Podshoh askarini yiroqdan tomosha qilib, jam’iyati tamom birla Qulinchoq ustiga qo‘ndik. Podshoh ham daryodan o‘tib, xonobodga qo‘ndi. Ertasi Qulinchoqddan ko‘chib O‘zgandga, undan ko‘chib Qarog‘ulchaga qo‘nib, keyin Qarog‘ulcha darasiga kirib, tog‘ orasini toshu loy bilan mustahkam qo‘rg‘on qilib to‘sib, darvoza qo‘ydik va to‘plar qo‘rg‘on ustiga chiqorib, xotirjam’ va forig‘ul-bol bo‘ldik. Podshoh ham bizlarni keyin O‘zgand keldi va askari O‘zgand fuqarosini g‘orat va talon-taroj qilib, tamomi molu amvollarini olib, yalang‘och va uryon aylab, so‘ng jo‘nab Qarog‘ulcha dahasiga yaqin kelmay, yiroq qo‘nib, bir hojazodani elchi tariqasida kirguzdikim: “Man bu yergacha keldim, chiqib mani ko‘rib duo qilinglar va man kimni xohlasalaringiz xon qilib, sizlarga ko‘p iltifotlar ko‘rsatay”.

Amirlashkar va mingboshi javob aytdilarki: “Bu qadar takalluf va xushomadga hojat yo‘q, bir ko‘chmanchi xon kerak emas. Obro‘ va davlat bilan amir qaytsinlar, o‘zimiz kimni xohlasak xon qilib, Xudovandi karim iroda va taqdiri nima bo‘lsa, ko‘rarmiz”.

Podshoh ham nochor hech ish uxdasidan chiqmag‘on sababli izzati ketib, obro‘yi to‘kilib, Xo‘qand tarafiga murojaat qildi.

Bizlar ham Qarog‘ulchadan chiqib, ul marguzori jannatosorda, sabza va rayohin va Xudovandi Robbul-olamin yaratgan go‘zalliklarni tamosha aylab, O‘zgandga kelib, bir-ikki kun turdik. Keyin o‘ttuz adir yo‘li bilan yurib O‘sh tobe Qo‘rg‘oshim dashtiga qo‘ndik. U yerda O‘sh fuqarolari va Marg‘ilon hokimi Bahodur to‘ra peshkash va tortuq bilan kelib, tobe’ bo‘lib qoldilar. Xo‘qanddan Yoqubbek otaliq Badavlat va Mirzo Ahmad qushbegi Xudoyorxondan qochib keldilar. Bu yerda har tarafdan akobiru ashrof kelib qo‘shilib, nihoyat jam’iyati azim hozir bo‘ldi. Shodmon mingboshini Toshkand fathiga buyurib, kaminani ajratib olib qoldilar. Mingboshi harchand: “Bu bo‘lmasa, men ham bormayman”, deb sa’y qildi, ammo Amirlashkar: “Alhol bizlar podshoh birlan so‘zlashib turibmiz, bizga zarur va lozim. Ammo sizga Toshkandga hech darkorligi yo‘q. Har vaqt Xo‘qandga kirib xotirjam’ bo‘lsak, xizmatingizga yuborurmiz”, deb meni olib qoldilar.

Podshoh Xo‘qandda ham turolmay, bir nav’ Buxoro tarafiga murojaat qildi. Amirlashkar jo‘nab, Yormozor qo‘rg‘oniga qo‘ndi. U yerda Marg‘ilon, O‘sh, Andijon, Shahrixon, Namangon, Chust, Xo‘qand va tamomi atrofu tevarakning ulamo, fuzalo, quzzot va akobiru ashroflari jam’ bo‘lib, Mallaxoni shahidning o‘g‘li Sulton Sayidxonni Namangonga olib kelib, bilittifoq xon taxtiga ko‘tardilar. Ammo yurtdorlig‘ ishini chunonchi, daxlu sarf, azlu nasb, qatlu rahm va tamomi muhimoti mulku mol tasarrufini Amirlashkarga taslim va taslid ayladilar. Bu ma’niga kamina qalami birla ahdnomai muaqqad va paymonu vasiqa yozilib, bul ahdnomaga janobi xon boshlig‘ tamomi ulamo, fuzalo va akobir sidqidil birla qo‘l qo‘yub, muhr bosib, mustahkam qildilar.

Bu ishlardan xotirjam’ bo‘lg‘ondan so‘ng, jo‘nab Xo‘qandga doxil bo‘ldik. O‘sha kuni mingboshi (Shodmonxo‘ja) tarafidan Solihxo‘ja Mirzo Toshkand fath bo‘lg‘onini(ng) xabarini olib keldi. Amirlashkar o‘shal kuni xazinai oliyga kirib, bir katta tillo kimxob to‘n kaminaga kiydurub, marhamat qildilarkim: “Farg‘onani(ng) xirojini, tanobona va zakot pullari, askariyaning qishloq va g‘alloti, qishloqlar ijoroti, sarkoru amloklar tahqiqi va hisobu, askariya yarog‘u asliha daftari sizga taalluqlidir. Bulardan yaxshi xabardor bo‘lung va mukohila qilmang”.

Yana qo‘limga to‘rt kimxob to‘n berdilar: biri Do‘stga mehtarlik, ya’ni, zakotchilik sarposi, yana biri Muhammad Ibrohimga inoqli sarposi, yana biri Tursun Muhammadga sarkorlik, ya’ni, nikohona, tarakona va kema ijoralarini olmoq sarposi, yana biri Mirzo G‘afurga sarrofona, ya’ni, tillo va sikkarlarga zarb urg‘uchi boshlig‘i sarposi. Kamina bularni(ng) liboslarini berib, duo qildirdim. Mushofihat, og‘zaki ularni menga tobe’ bo‘linglar, deb amr qildilar. Bu orada Toshkand bormoq irodasini qilib, kaminani askar qishlog‘i va barotlarini bermoq uchun Xo‘qandga tashlab, o‘zlari Xo‘jand yo‘li bilan Mirzo Ahmad qushbegini ham hamroh olib, Toshkand bordilar. Toshkandda Yormozor va Andijonda voqe’ bo‘ldi, deb ishorat qilg‘on voqelar sababli, balki xotimai umr va intihoi ajal birla mingboshi (Shodmonxo‘ja) vafot etdi. O‘rniga Normuhammad parvonachini Toshkandga hokim aylab, murojaat qilib, Xo‘qand keldilar.

Kamina bir necha mahal topib arz qildimki: “Alhamdulilloh, bu davlat yangii va jadid davlatdur. Bizlarni askarimizdan ham fuqaromizga hech bir ozor va zahmat lohaq bo‘lg‘on emas. Shu vaqtda bir xushyor odamni elchilik tariqi ila yuborib, improtur davlatigakim, davlati azimdur, takya qilsak, yaxshi bo‘lur erdi”.

Janobi amirlashkarga so‘zlarim ma’qul bo‘lib, dedilarki: “Nihoyat maqbul maslahatdur. Muni o‘ylab topibsiz, emdi boradurg‘on odamni ham mulohiza aylab arz qiling”. Kamina arz qildimki: “Agar askariya< umaro va sardorlardan borsa, loyiq odamni janoblaridan yaxshiraoq bilmaydur va agar yurt akobiru ulamolaridan borsa, Toshkand tobe’ida turkistonlik Aliakbar hoji naqib va toshkandlik Xontoraxon eshoni marhum o‘g‘illari Abdulqosimxon eshon va Nizomuddin qozi o‘g‘illari Eshon qozi va Xo‘qanddan Yo‘ldashboy karvonboshilardan qaysisi borsa ham, loyiq va munosibdur”. Savol qildilarkim: “Bu qadar xalqulloh ichidan bu to‘rt nafarni nima sababdan ko‘rsatasiz?” Kamina javob berdimki: “Odamizod hamma barobaremas, balki zukkoligi, aqli va hushu fahmi o‘tkirligi bilan ajralib turadur. Muhammad Alixoni shahid asrida janobi Miyon Xalil Sohib hazrat elchilik bilan Fitirburx borg‘onlarida, ul janobni O‘rusiya tobe’ida nug‘oy toifasi va boshqa toifadin muridu muxlis, yoru, do‘stlari ko‘p ekan, har qaysilari o‘z hokimlari bilan istiqbolga chiqib, bu tariqa O‘rusiya kattalariga qadru manzalatlari ma’lum bo‘libdi. Borg‘ondan so‘ng, o‘zlari nihoyat daraja oqil va xo‘shmand (bo‘lg‘onlari) uchun nizom biladurg‘on yoru do‘st mashvarati birla muvofiqi qoida ish qilib, nihoyat izzat va obro‘ bilan qaytgan edilar. Bu to‘rt nafarni ham O‘rusiya kattalaridan yoru oshnolari ko‘p va ham o‘zlari g‘oyatda oqilu hushyor odamlardur. Taqdir bo‘lub borsalar, umidkim, bo maslahat, qonun-qoidadan chiqmay, albatta hurmat va obro‘ bilan murojaat qilsalr kerak”.

Janobi Amirlashkarga (Alimquliga) maqbul bo‘lib, bulardan birini yubormoq fikru mulohazasiga tushtilar.

Bu orada sultoni Rum, ya’ni, xalif xizmatlariga Tibet yo‘li bilan yuborgan Ahmadxo‘ja eshon elchini Xitoy yo‘l bermay, Yorkendda tutib turur, deb xabar qildi. Janobi Amirlashkar muztarib bo‘lib: “Bu elchini(ng) bormog‘i nihoyat zarur”, deb kaminaga marhamat qildilarki: “Avval Qoshg‘ar borib, na tariqa birla mumkin bo‘lsa, Ahmadxo‘ja eshon elchini o‘tkazib yuborib keling. Undan so‘ng, improtur xizmatlariga elchi yuborurmiz”.

Ramazon namozi o‘qulg‘on kuni birinchi shavvol kaminani Qoshg‘arg‘a buyurib, Ahmadxo‘ja eshon o‘rniga xalifai Rum xizmatlariga elchi Hoji Meliboy va Inglis davlatiga elchi Mullo Xo‘jabek udaychi, Qobul va Kandahorga podshohi amir Sheralixonga elchi kosonlik Muhammadnazar eshikog‘asi, Jamud va Kashmir Maharajasiga Shukurxon oqsoqol o‘rniga Xamroquli eshikog‘asi oqsoqolni (elchi) qilib, bularni(ng) hammasini kaminaga topshirib, shavvolning ikkinchi kuni Xo‘qanddan chiqib, muddati o‘n olti kunda dohili Qoshg‘ar hokimi Qutlug‘bek bilan muloqot qilib, Xitoy anballari bilan so‘zlashib, bu elchilarni Tibet yo‘liga solib jo‘natguncha uzoq muddat o‘tib ketdi. Iydi qurbon namozini ham Qoshg‘arda o‘qib, andin so‘ng xoqoni Xitoy Qosimbek degan sart bekini ko‘p hadiya va tuhfalar bilan elchilik tariqasida kaminaga qo‘shib, muharram oyi o‘ratalarida Qoshg‘ardan chiqib, Xo‘qand tarafiga jo‘nadik va oxiri muharram, balki avoili safar Xo‘qandga dohil bo‘ldim. Mazkur elchi va hadiyalarni jo‘natib Amirlashkari marhum va janobi xon nazari muboraklaridan o‘tkazdim. Ular bag‘oyat xursand bo‘lib, kaminaga ko‘p iltifotlar aylab, marhamat qildilarkim: “Bu ishlaringizdan ko‘p masrur va rozi bo‘ldik. Ammo uzundan-uzoq yurib fursat o‘tib, Turkiston qo‘ldanketdi. Kaminaga ham ba qadri hol dilosolik berib, mazkur elchini ham tezlik bilan xushvaqt va masrur qaytarib, safaroyining yigirmasi yoki yigirma birinchisi (Amirlashkar) tamomi Xo‘qand va Farg‘ona askari, to‘pu to‘pxonasi bilan ba davlati tamom Chimkent otlandilar.

Manba: Muhammad Yunus Toib. Tarixi Alimquli amirlashkar//Sharq yulduzi. –1996. -№ 1-2.

044

(Tashriflar: umumiy 1 398, bugungi 2)

Izoh qoldiring