Nuriddin Egamov. Qurbon…Graf Monte-Kristo… va Piri Zindoniy…

Ashampoo_Snap_2017.04.28_23h07m31s_004_.png9 май – Хотира ва қадрлаш куни олдидан

Бу бемаънилик ҳақида ўнлаб рўмонлар ёзган Эрих Ремарк битгани каби: “Қон дарёсини тўхтатишга қурби етмаган, юз минглаб бунақа даҳшатхоналарни очиб қўйган жамиятнинг минг йиллик тараққиётига ишонмайман, бари ёлғон, бу тараққиётдан инсонга сариқ чақалик наф йўқ”.

Нуриддин ЭГАМОВ
ҚУРБОН… ГРАФ МОНТЕ-КРИСТО…
ВА ПИРИ ЗИНДОНИЙ…

Уларнинг қаршилик қисматдоши ҳақида биласизми?
005

“Нега? Нега? Нега?”

“– Чегарадан ўтдик…
– Бизни уйга олиб боришаётгани йўқ…
– Биламан…”

05Эсладингизми?! Ҳа, бу барчамизга қадрдон бўлиб қолган, Иккинчи жаҳон урушининг қон силқиган жароҳатларидан, собиқ тузум қатоғонининг аламли жабру ситамларидан ҳикоя қилувчи, юракларимизни тилкалаган, кўзларимиздан ёш сириқтирган Зулфиқор Мусоқовнинг “Ватан” фильмидаги эпизодлардан бири.

Фильм қаҳрамонлари Қурбон ва унинг фашистлар концлагерида танишган дўсти Колянинг маҳбуслар ортилган поезддаги суҳбати бу… Тақдир тақозоси билан фашистларга асир тушиб қолган, инсон боласи чидай олмайдиган уқубат, хўрлик ва азобларни бошидан кечириб, омон қолган бу шўрликлар немислар лагеридан озод этилиб, бепоён советлар ўлкасига қайтаётган пайт. Энг ажабланарлиси, тўғрироғи, даҳшатлиси, шунча машаққатлардан сўнг улар эҳтиром билан уйларига – оиласи бағрига қайтишаётгани йўқ. Аксинча, бўйинларига янги тавқилаънат, оёқ-қўлларига қизил қатағон кишани урилиб, олис Сибирга жўнатилмоқда. Ўз юртлари озодлиги учун қонли жанггоҳларда жон олиб, жон берган бу жафокашлар “хоин”, “жосус” каби тамғалар билан “мукофот”ландилар.

Қоп-қора тутунини бурқситиб, ўкирганича олға босаётган поезднинг панжарали дарчаларидан боқаётган нигоҳларда акс этаётган изтироб, ўкинч, надомат юрагингизни тешиб юборади. Айниқса, юқоридаги суҳбатдан сўнг бир дақиқа ҳам ўтмай, жон таслим қилган, қабр ва тобут ҳам насиб этмай, жасади итдай улоқтирилган Колянинг очиқ қолган кўзларида… Бир савол қотиб қолган бу нигоҳларда: “Нега? Нега? Нега?”. Бу савол советларнинг фашистлар лагерларидан бешбаттар зиндонлари сари ошиқаётган поезд “тарақ-туруқ”ларига ҳамоҳанг жаранглайверади.

“Сепкилларингни кўраман, деб ўн йил кутдим…”

Фильм давомида турли қаҳрамонлар томонидан айтиладиган оддийгина иборалар ҳам қулоқларимиз остида ТВ анонслари каби янграб, юрагимизни ўртаб-ўртаб юборади:

“Сен зўрсан, ҳаттоки чиройлисан, лекин Қурбон бошқача-да…”;
“Калта оёғимга деб этик тикдирдим, пошна ясатдим… Мана, қаранг… Ахир бунақада ҳеч ким менга қизини бермайди-ку…”;

“Сен – “ХДХ” – яъни, “халқ душманининг хотини”сан… Уруғ-аймоғинг билан қуритиб юбораман…”;
“Отиб ташла! Ярамаслар!”;

“Танла, ука…”;
“Сепкилларингни кўраман, деб ўн йил кутдим…”;

“Маҳбус – иссиқ пайпоқда… Нима, сиз буларга курорт ташкил қилиб бераяпсизми?”;
“Бетон-ку, дада?!”;

“Шуларни деб қон тўкдингиз. Ватанингиздан, севган ёрингиздан айрилдингиз. Ватанингиз нима қилиб берди Сизга?!”;

“Кечир, Қурбон, ўзимни ўлдиролмадим… Арқон узилиб кетди…”
“Мен – ўзбекман!!!”.

Беихтиёр кўз ўнгимиздан тангрининг бир мушфиқ бандаси бошидан ўтказган шўришлар кинотасмадай липиллаб ўтади: ғирт оч бўлса-да, фашистлар томонидан улоқтирилган луқмадан ҳазар қилган маҳбус… Турк легиони тамғасидан кўра ўлимини бўйнига олганича, зиндон либосини танлаган маҳбус… Совуқ ўлкада ҳали чимилдиққа ҳам кириб улгурмаган шўрлик жуфти ҳалоли жасадига музликни ўйиб, гўр қазиётган маҳбус…

Ҳа, “банданинг боши – оллонинг тоши” экан. Йўқса, инсон боласи шунча азоб, шунча кўргуликка дош бера олармиди?!

Музаффари бўлмайдиган бемаънилик

Уруш – эртак эмас!
Уруш – кино эмас!

Уруш – сафлари йил сайин тўкилиб бораётган, кўксиларини орден ва медаллар безаган отахонларимиз ёшлар даврасида айтиб берадиган ҳикоя эмас…

Бу – бани башарнинг қон силқиган, жароҳати минг йиллар азоб берадиган яраси.
Бу – ҳеч қачон музаффари бўлмайдиган бемаънилик.

Бу бемаънилик ҳақида ўнлаб рўмонлар ёзган Эрих Ремарк битгани каби: “Қон дарёсини тўхтатишга қурби етмаган, юз минглаб бунақа даҳшатхоналарни очиб қўйган жамиятнинг минг йиллик тараққиётига ишонмайман, бари ёлғон, бу тараққиётдан инсонга сариқ чақалик наф йўқ”.

Биринчи Президентимизнинг “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир” китобида шундай мисралар бор: “Дунёда яшаётган кўпчилик халқлар қатори бизнинг халқимиз ҳам уруш қайтарилмаслигини истайди. Уруш ҳеч қачон қайтмасин, деб барча-барча момоларимиз, боболаримиз ҳам, опаларимиз, акаларимиз, болаларимиз ҳам – ҳамма битта нарсани истайди: эй одамзод, бу машъум уруш бошка кайтмасин, остонамизга бу бало якин йўламасин, деб ҳар сафар дуойи фотиҳани шундан бошлайди. Шунинг учун бизнинг қилаётган барча-барча ҳаракатларимиз, давлатимиз, ҳукуматимиз, раҳбарият амалга ошираётган ишлар, албатта, нимага қаратилган, деб сўрасак, мана шу тинчликни саклаш учун, деб жавоб бериш ҳар томонлама тўғри бўлади”.

Кинони кино дерсиз…

“Ватан” фильмидаги Қурбоннинг қаршилик қисматдоши ҳақида эшитганмисиз? Кинони кино дерсиз, аммо ундаги воқеалар бу инсоннинг ҳаётида бўлган, десак-чи?!

Яқинда Иккинчи жаҳон уруши фахрийси Ҳабиб Файзуллаевнинг “Сабр билан енгдим ўлимни” китобини қайта мутолаа қилиб, беихтиёр юқорида айтганимиз фильм лавҳалари, Дюманинг ўн тўрт йил Иф қалъаси зиндони заҳматини тортган Граф Монте-Кристо, Шайхзоданинг Пири Зиндоний сингари қаҳрамонларини эсладим…

Ҳабиб Файзуллаев 1919 йилда Қарши шаҳрида туғилиб, шу шаҳарда вояга етди. 1939 йилда ҳарбий хизматга чақирилди. Икки йил хизматни ўтаб, уйга қайтишга саноқли кунлар қолганида уруш бошланиб қолди.

Ҳабиб Файзуллаев хизмат қилаётган ҳарбий бўлинма душман билан Украинанинг чегара шаҳри Триполида тўқнашади. Улар қутурган фашистлар ҳужумига бор-йўғи 2 ҳафта дош бера оладилар. Ҳабиб 4 июль куни ёнгинасида портлаган снаряддан оғир яраланади, снаряд парчалари ўнг оёғини мажақлаб ташлаган эди. Ҳушига келганида эса тепасида автомат кўтариб турган фашистларни кўради.

Асирларни Львов шаҳридаги ўлим лагерига олиб келадилар. Бу ерда асирлар сони 40000 нафар эди. Очлик, касаллик туфайли 6 ой ичида 4000 киши қолади, холос. Ўликлар худди ўтин каби тахлаб қўйиларди бу ерда…

1943 йилнинг январида асирларни Берлиндан 30 километр узоқликдаги Вистрау лагерига олиб кўчирдилар. Ҳар томондан ўлим нафаси уфуриб турган лагерда Ҳабиб Файзуллаев Мусо Гумиров деган йигит билан танишади (худди Иф турмасида нажоткор Аббат Фариага йўлиққан Эдмон Дантес сингари…). Лагердаги яширин ташкилот раҳбари бўлган бу йигитнинг асл исми Муса Жалил бўлиб, машҳур татар шоири эди. У фашистлардан яшириб, фамилиясини ўзгартирган эди. Ҳабиб Файзуллаев тутқунликда ёзган бир қанча шеърларини Муса Жалилга кўрсатади. Шоир унинг қуйидаги шеърини таҳрир қилиб беради:

Кулма, эй душман! Узоқ чўзилмас,
Бошимга тушган бахтсиз кунларим.
Ҳақиқат устуни ҳеч қачон қуламас,
Ёруғликка чиқар зулматли тунларим..

Энг оғир дамларда Муса Жалил ёш Ҳабибни ғалабага ишонтирди. У доим ҳамхонасини “иним” деб чақирарди. Лекин лагердаги фашистларнинг айғоқчилари асирларнинг яширин ташкилоти ҳақида, уни бошқараётган киши коммунист, татар халқ шоири Муса Жалил эканини билиб қоладилар. Муса Жалилни 1943 йил февраль ойининг охирларида лагердан олиб кетадилар ва қийин-қистовлардан кейин қатл этадилар. Буюк шоирнинг ўлими ҳақида Ҳабиб Файзуллаев советлар ғалаба қилганидан кейин эшитади.

“Мен сотқин эмасман!”

Ниҳоят Муса Жалил ишонтирган ғалаба ҳам келади. Фашистлар ҳамма асирларни йўқ қилишга улгурмайдилар. АҚШ қуролли кучлари омон қолган маҳбусларни озод этдилар. Улар Франкфурт шаҳрида асирларни саралаб, совет маҳбуслари, шулар сафида Ҳабиб Файзуллаевни ҳам СМЕРШ (“смерть шпионам”) деб аталган махсус бўлим ходимларига топширдилар.

Ғалаба қувончи узоққа чўзилмади. 4000 нафардан зиёд маҳбусни СМЕРШчилар вагонларга ортиб, узоқ шимолнинг Коми АССР Кочлес посёлкасига олиб келдилар. Эски маҳбуслар лагерларига 500 нафардан бўлиб ташладилар. Кейинчалик Шукруллонинг “Кафансиз кўмилганлар” асарини ўқиб чиққан Ҳабиб Файзуллаев: “Булар биз кўрган азоблар олдида ҳеч нарса эмас. Мен тирик қолиш учун ўлган одамларнинг гўштини еганларни ўз кўзим билан кўрдим. Совуққа чидолмай, кафансиз кетган минглаб одамларни кўрдим. Жоним темир эканми, уч йиллик тергов азобларидан ҳам омон чиқдим. Терговда менга хоин деган тамғани босмоқчи эдилар. Лекин Ватанимга нисбатан бирор-бир хиёнатни исботлай олмадилар”, деган экан.

1948 йил 17 июлда учлик ҳарбий трибунали Ҳабиб Файзуллаевга 25 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини берди. Айби – урушда асир тушгани эди. Ҳукмдан сўнг яна учой умумий турмада сақлашди. Сўнгра Инта шаҳрига, махсус оғир режимли лагерга жўнатишди. Бу ерда 5000 нафар маҳбус бор эди. Асирлар ўз исм-шарифларидан ҳам маҳрум эди, уларни худди буюм сингари рақамлар билан аташарди. Фашистлар азобининг давоми эди бу.

Асирларни 250 метр чуқурликда кўмир конида ишлатдилар. Қаҳрамонимизнинг эслашича, уни ҳамма вақт ўлимдан асраган нарса онаси билан дийдорлашув хаёли экан. Шахтада ишлаш учун кўнгиллилар кам эди. Қамоқхона азобидан тирик қолишига ишонмаган Ҳабиб Файзуллаев кўнгиллилардан бўлиб кондан иш сўрайди. Уч ярим ой ичида 3000 рубль ишлаб онасига жўнатади.

У бир неча бор юқори органларга “Мен сотқин эмасман” деган мазмунда шикоят хати ёзади. Лагердан хат жўнатиш азоб эди. Маҳбусларнинг уйларига ёзган хатлари йўқотиб юбориларди. Аммо ниҳоят “кутинг, ишингизни қайта кўриб жавоб ёзамиз” деган жавоб келади. Сталин ўлимидан сўнг иши қайта кўрилган Ҳабиб Файзуллаев муддатидан илгари озодликка чиқди.

Озодликнинг чин маънодаги қувончи ҳали жуда узоқда эди. Буни Ҳабиб Қаршига келиб билади. Икки йил ҳарбий хизмат, фашистлар ва советлар зиндонларидаги тутқунликда ўтган ўн тўрт йил – жами 16 йиллик жудоликка дош бера олмаган онаизори у келишидан бир йил олдин вафот этган эди. Собиқ маҳбус Қаршига келган илк кунларини мозорда, оналарининг қабрини қучоқлаб ўтказган экан.

Эзгулик ва бунёдкорлик йўлида

Шукрки, Ҳабиб Файзуллаевнинг қолган умри “Ватан” фильмидаги Қурбон сингари она юртидан йироқда – ҳасратда ўтмади. Монте-Кристо сингари ҳаётини интиқомга бахш этгани йўқ. Аксинча, эзгулик ва бунёдкорлик йўлидан кетди. Шунча йиллик уқубатлари роҳатини ҳам кўрди.

Узоқ йиллар халқ хўжалигининг турли соҳаларида меҳнат қилди. Қарши чўлини ўзлаштиришда фаол иштирок этди. Савдо соҳасида ишлади, маҳалла оқсоқоли бўлди. Турмуш ўртоғи билан тўққиз қизни вояга етказди, ўқитди, турмушга узатди. Ўзбекистон мустақилликка эришган, озод ва обод юртнинг қадди юксалган кунларга гувоҳ бўлди. 88 ёшида вафот этди.

Отахон самарали ижод қилди. У кишининг “Сабр билан енгдим ўлимни” китобидаги ижод намуналари уруш ва қатоғон изтиробларидан сўйлайди. “Қизим! – деб ёзади у шу китобида фарзандига ўгит бера туриб. – Вақти етиб, омонатимни топширганимда ҳам мен ҳаётда бежиз, беиз яшамаганимни исботла. Қандай қилиб, дейсанми? Болаларингга, ўқувчиларингга, кези келиб, набираларингга менинг бошимдан ўтган ҳаётий эртакни тез-тез сўзлаб бер. Токи улар ҳам кимнинг зурриёти эканликларини англасинлар. Ҳаётнинг баъзи синовлари олдида эгилиб-букилиб қолмасинлар. Яшаш – бу қийинчиликларни мардона енгиш дегани, яшаш бу – ўтган ҳаётинг билан фахрлана олиш дегани, яшаш бу – фарзандларга муносиб ном қолдириш дегани”.

– Мен шундай жасоратли инсоннинг набираси эканимдан фахрланаман, – дейди Қарши давлат университети қошидаги 4-академик лицей ўқувчиси Хумора Исмоилова, – Уруш туфайли ёшлиги ва орзу-умидларидан айрилган матонатли инсон – бобом Ҳабиб Файзуллаев хотирасини доимо қалбимда сақлайман. У кишининг асл ибрат мактабига айланган ҳаёти ва фаолияти ҳақида дўстларимга гапириб беришдан асло чарчамайман.

“Бу – Сенинг ҳам Ватанинг…”

“Ҳаётимни Ватаним барбод қилмади. Замон шунақа эди… Ватан ҳам онадай…Мана шу ер, шу осмон, мана шу оқиб турган сой… – бу Ватан! Бу – Сенинг ҳам Ватанинг, ўғлим!”

Фильм ниҳоясида Қурбон бобонинг чексиз ўкинч ва изтироб, меҳр ва соғинч билан айтилган шу сўзлари ёдингиздадир?

Ҳа, бу – бизнинг ҳам Ватанимиз!

Ватанки, улуғ аждодлар кўрсатган жасорати, матонати, чеккан машаққатлари эвазига бизга қолдирилган бебаҳо мерос.

Ватанки, озод, обод, тинч-осойишта, осмони мусаффо, сарҳадлари мустаҳкам. Ватанки, келажаги буюк, тонглари оппоқ, манзиллари нурафшон…

Фильмдаги Қурбон бобонинг навқирон ўғли кўзларида жиққа ёш билан айтгани сингари юрагимиздан тошиб чиқиб, тилларимизда ўзгача ғурур, ўзгача ифтихор билан жаранглайди бу хитоб: “МЕН – ЎЗБЕКМАН!!!”

«Ватан» фильмини ўзбек тилида мана бу саҳифада кўришингиз мумкин

xotira.jpg9 may – Xotira va qadrlash kuni oldidan

Bu bema’nilik haqida o‘nlab ro‘monlar yozgan Erix Remark bitgani kabi: “Qon daryosini to‘xtatishga qurbi yetmagan, yuz minglab bunaqa dahshatxonalarni ochib qo‘ygan jamiyatning ming yillik taraqqiyotiga ishonmayman, bari yolg‘on, bu taraqqiyotdan insonga sariq chaqalik naf yo‘q”.

Nuriddin EGAMOV
QURBON… GRAF MONTЕ-KRISTO…
VA PIRI ZINDONIY…

Ularning qarshilik qismatdoshi haqida bilasizmi?
005

“Nega? Nega? Nega?”

“– Chegaradan o‘tdik…
– Bizni uyga olib borishayotgani yo‘q…
– Bilaman…”

Esladingizmi?! Ha, bu barchamizga qadrdon bo‘lib qolgan, Ikkinchi jahon urushining qon silqigan jarohatlaridan, sobiq tuzum qatog‘onining alamli jabru sitamlaridan hikoya qiluvchi, yuraklarimizni tilkalagan, ko‘zlarimizdan yosh siriqtirgan Zulfiqor Musoqovning “Vatan” filmidagi epizodlardan biri.

004Film qahramonlari Qurbon va uning fashistlar konslagerida tanishgan do‘sti Kolyaning mahbuslar ortilgan poyezddagi suhbati bu… Taqdir taqozosi bilan fashistlarga asir tushib qolgan, inson bolasi chiday olmaydigan uqubat, xo‘rlik va azoblarni boshidan kechirib, omon qolgan bu sho‘rliklar nemislar lageridan ozod etilib, bepoyon sovetlar o‘lkasiga qaytayotgan payt. Eng ajablanarlisi, to‘g‘rirog‘i, dahshatlisi, shuncha mashaqqatlardan so‘ng ular ehtirom bilan uylariga – oilasi bag‘riga qaytishayotgani yo‘q. Aksincha, bo‘yinlariga yangi tavqila’nat, oyoq-qo‘llariga qizil qatag‘on kishani urilib, olis Sibirga jo‘natilmoqda. O‘z yurtlari ozodligi uchun qonli janggohlarda jon olib, jon bergan bu jafokashlar “xoin”, “josus” kabi tamg‘alar bilan “mukofot”landilar.

Qop-qora tutunini burqsitib, o‘kirganicha olg‘a bosayotgan poyezdning panjarali darchalaridan boqayotgan nigohlarda aks etayotgan iztirob, o‘kinch, nadomat yuragingizni teshib yuboradi. Ayniqsa, yuqoridagi suhbatdan so‘ng bir daqiqa ham o‘tmay, jon taslim qilgan, qabr va tobut ham nasib etmay, jasadi itday uloqtirilgan Kolyaning ochiq qolgan ko‘zlarida… Bir savol qotib qolgan bu nigohlarda: “Nega? Nega? Nega?”. Bu savol sovetlarning fashistlar lagerlaridan beshbattar zindonlari sari oshiqayotgan poyezd “taraq-turuq”lariga hamohang jaranglayveradi.

“Sepkillaringni ko‘raman, deb o‘n yil kutdim…”

Film davomida turli qahramonlar tomonidan aytiladigan oddiygina iboralar ham quloqlarimiz ostida TV anonslari kabi yangrab, yuragimizni o‘rtab-o‘rtab yuboradi:

“Sen zo‘rsan, hattoki chiroylisan, lekin Qurbon boshqacha-da…”;
“Kalta oyog‘imga deb etik tikdirdim, poshna yasatdim… Mana, qarang… Axir bunaqada hech kim menga qizini bermaydi-ku…”;

“Sen – “XDX” – ya’ni, “xalq dushmanining xotini”san… Urug‘-aymog‘ing bilan quritib yuboraman…”;
“Otib tashla! Yaramaslar!”;

“Tanla, uka…”;
“Sepkillaringni ko‘raman, deb o‘n yil kutdim…”;

“Mahbus – issiq paypoqda… Nima, siz bularga kurort tashkil qilib berayapsizmi?”;
“Beton-ku, dada?!”;

“Shularni deb qon to‘kdingiz. Vataningizdan, sevgan yoringizdan ayrildingiz. Vataningiz nima qilib berdi Sizga?!”;

“Kechir, Qurbon, o‘zimni o‘ldirolmadim… Arqon uzilib ketdi…”
“Men – o‘zbekman!!!”.

Beixtiyor ko‘z o‘ngimizdan tangrining bir mushfiq bandasi boshidan o‘tkazgan sho‘rishlar kinotasmaday lipillab o‘tadi: g‘irt och bo‘lsa-da, fashistlar tomonidan uloqtirilgan luqmadan hazar qilgan mahbus… Turk legioni tamg‘asidan ko‘ra o‘limini bo‘yniga olganicha, zindon libosini tanlagan mahbus… Sovuq o‘lkada hali chimildiqqa ham kirib ulgurmagan sho‘rlik jufti haloli jasadiga muzlikni o‘yib, go‘r qaziyotgan mahbus…

Ha, “bandaning boshi – olloning toshi” ekan. Yo‘qsa, inson bolasi shuncha azob, shuncha ko‘rgulikka dosh bera olarmidi?!

hudojniki_05.jpgMuzaffari bo‘lmaydigan bema’nilik

Urush – ertak emas!
Urush – kino emas!

Urush – saflari yil sayin to‘kilib borayotgan, ko‘ksilarini orden va medallar bezagan otaxonlarimiz yoshlar davrasida aytib beradigan hikoya emas…

Bu – bani basharning qon silqigan, jarohati ming yillar azob beradigan yarasi.
Bu – hech qachon muzaffari bo‘lmaydigan bema’nilik.

Bu bema’nilik haqida o‘nlab ro‘monlar yozgan Erix Remark bitgani kabi: “Qon daryosini to‘xtatishga qurbi yetmagan, yuz minglab bunaqa dahshatxonalarni ochib qo‘ygan jamiyatning ming yillik taraqqiyotiga ishonmayman, bari yolg‘on, bu taraqqiyotdan insonga sariq chaqalik naf yo‘q”.

Birinchi Prezidentimizning “Ona yurtimiz baxtu iqboli va buyuk kelajagi yo‘lida xizmat qilish – eng oliy saodatdir” kitobida shunday misralar bor: “Dunyoda yashayotgan ko‘pchilik xalqlar qatori bizning xalqimiz ham urush qaytarilmasligini istaydi. Urush hech qachon qaytmasin, deb barcha-barcha momolarimiz, bobolarimiz ham, opalarimiz, akalarimiz, bolalarimiz ham – hamma bitta narsani istaydi: ey odamzod, bu mash’um urush boshka kaytmasin, ostonamizga bu balo yakin yo‘lamasin, deb har safar duoyi fotihani shundan boshlaydi. Shuning uchun bizning qilayotgan barcha-barcha harakatlarimiz, davlatimiz, hukumatimiz, rahbariyat amalga oshirayotgan ishlar, albatta, nimaga qaratilgan, deb so‘rasak, mana shu tinchlikni saklash uchun, deb javob berish har tomonlama to‘g‘ri bo‘ladi”.

Kinoni kino dersiz…

“Vatan” filmidagi Qurbonning qarshilik qismatdoshi haqida eshitganmisiz? Kinoni kino dersiz, ammo undagi voqealar bu insonning hayotida bo‘lgan, desak-chi?!

Yaqinda Ikkinchi jahon urushi faxriysi Habib Fayzullayevning “Sabr bilan yengdim o‘limni” kitobini qayta mutolaa qilib, beixtiyor yuqorida aytganimiz film lavhalari, Dyumaning o‘n to‘rt yil If qal’asi zindoni zahmatini tortgan Graf Monte-Kristo, Shayxzodaning Piri Zindoniy singari qahramonlarini esladim…

Habib Fayzullayev 1919 yilda Qarshi shahrida tug‘ilib, shu shaharda voyaga yetdi. 1939 yilda harbiy xizmatga chaqirildi. Ikki yil xizmatni o‘tab, uyga qaytishga sanoqli kunlar qolganida urush boshlanib qoldi.

Habib Fayzullayev xizmat qilayotgan harbiy bo‘linma dushman bilan Ukrainaning chegara shahri Tripolida to‘qnashadi. Ular quturgan fashistlar hujumiga bor-yo‘g‘i 2 hafta dosh bera oladilar. Habib 4 iyul kuni yonginasida portlagan snaryaddan og‘ir yaralanadi, snaryad parchalari o‘ng oyog‘ini majaqlab tashlagan edi. Hushiga kelganida esa tepasida avtomat ko‘tarib turgan fashistlarni ko‘radi.

Asirlarni Lvov shahridagi o‘lim lageriga olib keladilar. Bu yerda asirlar soni 40000 nafar edi. Ochlik, kasallik tufayli 6 oy ichida 4000 kishi qoladi, xolos. O‘liklar xuddi o‘tin kabi taxlab qo‘yilardi bu yerda…

1943 yilning yanvarida asirlarni Berlindan 30 kilometr uzoqlikdagi Vistrau lageriga olib ko‘chirdilar. Har tomondan o‘lim nafasi ufurib turgan lagerda Habib Fayzullayev Muso Gumirov degan yigit bilan tanishadi (xuddi If turmasida najotkor Abbat Fariaga yo‘liqqan Edmon Dantes singari…). Lagerdagi yashirin tashkilot rahbari bo‘lgan bu yigitning asl ismi Musa Jalil bo‘lib, mashhur tatar shoiri edi. U fashistlardan yashirib, familiyasini o‘zgartirgan edi. Habib Fayzullayev tutqunlikda yozgan bir qancha she’rlarini Musa Jalilga ko‘rsatadi. Shoir uning quyidagi she’rini tahrir qilib beradi:

Kulma, ey dushman! Uzoq cho‘zilmas,
Boshimga tushgan baxtsiz kunlarim.
Haqiqat ustuni hech qachon qulamas,
Yorug‘likka chiqar zulmatli tunlarim..

Eng og‘ir damlarda Musa Jalil yosh Habibni g‘alabaga ishontirdi. U doim hamxonasini “inim” deb chaqirardi. Lekin lagerdagi fashistlarning ayg‘oqchilari asirlarning yashirin tashkiloti haqida, uni boshqarayotgan kishi kommunist, tatar xalq shoiri Musa Jalil ekanini bilib qoladilar. Musa Jalilni 1943 yil fevral oyining oxirlarida lagerdan olib ketadilar va qiyin-qistovlardan keyin qatl etadilar. Buyuk shoirning o‘limi haqida Habib Fayzullayev sovetlar g‘alaba qilganidan keyin eshitadi.

“Men sotqin emasman!”

Nihoyat Musa Jalil ishontirgan g‘alaba ham keladi. Fashistlar hamma asirlarni yo‘q qilishga ulgurmaydilar. AQSH qurolli kuchlari omon qolgan mahbuslarni ozod etdilar. Ular Frankfurt shahrida asirlarni saralab, sovet mahbuslari, shular safida Habib Fayzullayevni ham SMЕRSH (“smert shpionam”) deb atalgan maxsus bo‘lim xodimlariga topshirdilar.

G‘alaba quvonchi uzoqqa cho‘zilmadi. 4000 nafardan ziyod mahbusni SMЕRSHchilar vagonlarga ortib, uzoq shimolning Komi ASSR Kochles posyolkasiga olib keldilar. Eski mahbuslar lagerlariga 500 nafardan bo‘lib tashladilar. Keyinchalik Shukrulloning “Kafansiz ko‘milganlar” asarini o‘qib chiqqan Habib Fayzullayev: “Bular biz ko‘rgan azoblar oldida hech narsa emas. Men tirik qolish uchun o‘lgan odamlarning go‘shtini yeganlarni o‘z ko‘zim bilan ko‘rdim. Sovuqqa chidolmay, kafansiz ketgan minglab odamlarni ko‘rdim. Jonim temir ekanmi, uch yillik tergov azoblaridan ham omon chiqdim. Tergovda menga xoin degan tamg‘ani bosmoqchi edilar. Lekin Vatanimga nisbatan biror-bir xiyonatni isbotlay olmadilar”, degan ekan.

1948 yil 17 iyulda uchlik harbiy tribunali Habib Fayzullayevga 25 yil ozodlikdan mahrum qilish jazosini berdi. Aybi – urushda asir tushgani edi. Hukmdan so‘ng yana uchoy umumiy turmada saqlashdi. So‘ngra Inta shahriga, maxsus og‘ir rejimli lagerga jo‘natishdi. Bu yerda 5000 nafar mahbus bor edi. Asirlar o‘z ism-shariflaridan ham mahrum edi, ularni xuddi buyum singari raqamlar bilan atashardi. Fashistlar azobining davomi edi bu.

Asirlarni 250 metr chuqurlikda ko‘mir konida ishlatdilar. Qahramonimizning eslashicha, uni hamma vaqt o‘limdan asragan narsa onasi bilan diydorlashuv xayoli ekan. Shaxtada ishlash uchun ko‘ngillilar kam edi. Qamoqxona azobidan tirik qolishiga ishonmagan Habib Fayzullayev ko‘ngillilardan bo‘lib kondan ish so‘raydi. Uch yarim oy ichida 3000 rubl ishlab onasiga jo‘natadi.
U bir necha bor yuqori organlarga “Men sotqin emasman” degan mazmunda shikoyat xati yozadi. Lagerdan xat jo‘natish azob edi. Mahbuslarning uylariga yozgan xatlari yo‘qotib yuborilardi. Ammo nihoyat “kuting, ishingizni qayta ko‘rib javob yozamiz” degan javob keladi. Stalin o‘limidan so‘ng ishi qayta ko‘rilgan Habib Fayzullayev muddatidan ilgari ozodlikka chiqdi.

Ozodlikning chin ma’nodagi quvonchi hali juda uzoqda edi. Buni Habib Qarshiga kelib biladi. Ikki yil harbiy xizmat, fashistlar va sovetlar zindonlaridagi tutqunlikda o‘tgan o‘n to‘rt yil – jami 16 yillik judolikka dosh bera olmagan onaizori u kelishidan bir yil oldin vafot etgan edi. Sobiq mahbus Qarshiga kelgan ilk kunlarini mozorda, onalarining qabrini quchoqlab o‘tkazgan ekan.

Ezgulik va bunyodkorlik yo‘lida

Ashampoo_Snap_2017.04.28_22h48m59s_002_.pngShukrki, Habib Fayzullayevning qolgan umri “Vatan” filmidagi Qurbon singari ona yurtidan yiroqda – hasratda o‘tmadi. Monte-Kristo singari hayotini intiqomga baxsh etgani yo‘q. Aksincha, ezgulik va bunyodkorlik yo‘lidan ketdi. Shuncha yillik uqubatlari rohatini ham ko‘rdi.

Uzoq yillar xalq xo‘jaligining turli sohalarida mehnat qildi. Qarshi cho‘lini o‘zlashtirishda faol ishtirok etdi. Savdo sohasida ishladi, mahalla oqsoqoli bo‘ldi. Turmush o‘rtog‘i bilan to‘qqiz qizni voyaga yetkazdi, o‘qitdi, turmushga uzatdi. O‘zbekiston mustaqillikka erishgan, ozod va obod yurtning qaddi yuksalgan kunlarga guvoh bo‘ldi. 88 yoshida vafot etdi.

Otaxon samarali ijod qildi. U kishining “Sabr bilan yengdim o‘limni” kitobidagi ijod namunalari urush va qatog‘on iztiroblaridan so‘ylaydi. “Qizim! – deb yozadi u shu kitobida farzandiga o‘git bera turib. – Vaqti yetib, omonatimni topshirganimda ham men hayotda bejiz, beiz yashamaganimni isbotla. Qanday qilib, deysanmi? Bolalaringga, o‘quvchilaringga, kezi kelib, nabiralaringga mening boshimdan o‘tgan hayotiy ertakni tez-tez so‘zlab ber. Toki ular ham kimning zurriyoti ekanliklarini anglasinlar. Hayotning ba’zi sinovlari oldida egilib-bukilib qolmasinlar. Yashash – bu qiyinchiliklarni mardona yengish degani, yashash bu – o‘tgan hayoting bilan faxrlana olish degani, yashash bu – farzandlarga munosib nom qoldirish degani”.

– Men shunday jasoratli insonning nabirasi ekanimdan faxrlanaman, – deydi Qarshi davlat universiteti qoshidagi 4-akademik litsey o‘quvchisi Xumora Ismoilova, – Urush tufayli yoshligi va orzu-umidlaridan ayrilgan matonatli inson – bobom Habib Fayzullayev xotirasini doimo qalbimda saqlayman. U kishining asl ibrat maktabiga aylangan hayoti va faoliyati haqida do‘stlarimga gapirib berishdan aslo charchamayman.

“Bu – Sening ham Vataning…”

“Hayotimni Vatanim barbod qilmadi. Zamon shunaqa edi… Vatan ham onaday…Mana shu yer, shu osmon, mana shu oqib turgan soy… – bu Vatan! Bu – Sening ham Vataning, o‘g‘lim!”

Film nihoyasida Qurbon boboning cheksiz o‘kinch va iztirob, mehr va sog‘inch bilan aytilgan shu so‘zlari yodingizdadir?

Ha, bu – bizning ham Vatanimiz!

Vatanki, ulug‘ ajdodlar ko‘rsatgan jasorati, matonati, chekkan mashaqqatlari evaziga bizga qoldirilgan bebaho meros.

Vatanki, ozod, obod, tinch-osoyishta, osmoni musaffo, sarhadlari mustahkam. Vatanki, kelajagi buyuk, tonglari oppoq, manzillari nurafshon…

Filmdagi Qurbon boboning navqiron o‘g‘li ko‘zlarida jiqqa yosh bilan aytgani singari yuragimizdan toshib chiqib, tillarimizda o‘zgacha g‘urur, o‘zgacha iftixor bilan jaranglaydi bu xitob: “MЕN – O‘ZBЕKMAN!!!”

007

(Tashriflar: umumiy 614, bugungi 1)

Izoh qoldiring