Tog’ay Murod.Oydinda yurgan odamlar. Qissa. IV-V bob

oydin3 феврал — атоқли ўзбек адиби Тоғай Мурод туғилган кун.

    Бобомиз сергакландилар. Қаддини кўтардилар. Чордона қурдилар. Тиззаларини қучоқладилар. Салласини кетига суриб қўйдилар. Еллар забти бобомиз пешонасига хуш ёқди. Отлар кишнаган тарафдан янги ўрилмиш йўнғичқа иси келди.

Тоғай Мурод
ОЙДИНДА ЮРГАН ОДАМЛАР
Давоми
09

IV

Бобомиз сергакландилар. Қаддини кўтардилар. Чордона қурдилар. Тиззаларини қучоқладилар. Салласини кетига суриб қўйдилар.
Еллар забти бобомиз пешонасига хуш ёқди.
Отлар кишнаган тарафдан янги ўрилмиш йўнғичқа иси келди.
Бобомиз тун жарчиси овоз бермиш тарафга қарадилар.
Одам овозларидан дарак бўла бермади.
Бобомиз ойдин олисларга термилдилар. Хаёлий овозда айтдилар:
— Мабодо сувда зардоли оқмай қолса, болалар девордан бўйлайди. Зардоли беринг, деёлмайди. Сув оқиб чиқадиган тешикни пойлайди. Шамоли қурғур ҳадеганда бўла бермайди. Шунда, билдирмайман-да, ўзим шамол бўламан. Зардолини оҳиста-оҳиста силкийман. Зардолилар дувв-дувв тўкилади… Шунда, кўчадан, ушла, оқиб келаяпти, ушла, деган овозлар келади…

1

Толтуш эмиш…
Олапар тут соясида олд оёқларига тумшуқ қўйиб сувга термулар эмиш.
Девор ёқалаб оқмиш ариқда бир қизил олма бир кўриниб, бир кўринмай оқиб келармиш.

Олапар қулоқларини диккайтириб, олмага ажабланиб қарармиш.
Еб бўлмаслигини билармиш-да, тағин оёқларига тумшуқ қўярмиш.
Олапар қабатида қизалоқлар давра бўлиб ўтириб босмалим ўйнар эмиш.
Бир қизалоқ гилосдай-гилосдай бешта тош иккитасини ўнг, иккитасини чап тарафига қўярмиш. Қўлида қолмиш бир тошни осмонга отармиш. Кафти билан ерга бир шапатилармиш- да, осмондан келмиш тошни қўли юзаси билан илиб олармиш. Қўли юзасидан ғоят нафис, ғоят эпчиллик билан қўли кафтига олармиш…
Қизалоқ… онамиз қизи эмиш!
Онамиз… қизи отини билмасмиш!
Қизи босмалим ўйнай берармиш-ўйнай берармиш! Босмалимнинг ёвғон турини ўйнаб бўлиб, даҳмана, улуғ, эшала, эшонқўзим, шовдир, кичикқон, каттакон, култепа, ер шапиллатар, қайирув, келин турларини-да ўйнармиш.
Ўйин якунловчи келин турига яқинлашган сайин мураккаблашиб борармиш.
Қизи тошни турли-туман ўйнатиб-ўйнатиб илиб олармиш. Шу тур номини ўйин нағмасига монанд бот-бот айтар эмиш:
— Келиним бир, келиним икки, келиним уч…
Қизи кўп турларни уч маротаба ижро этибди. Улуғ, каттакон деган турларни олти маротаба, эшонқўзим турини тўққиз маротаба такрорлабди. Тошни тур охиригача ерга туширмай ўйнабди. Хатоликка йўл қўймай ўйнабди. Борди-ю, бирор тошни номаъқул илиб олса, ё, адашиб илиб олса, босмалим ўйнаш гали ёнидаги қизалоққа…».
Темир сўрида ётмиш Оймомо онамиз сесканиб уйғонди. Қораялангбош туриб ўтирди. Болишда ёйилиб ётмиш рўмолини ёпинди. Тиззаларини кўрпа сиртидан қучоқлади. Уйқули кўзларини уқалади. Теваракка аланглади.
Ой қоронғи бўлди. Юлдузлар сийрак бўлди.
Робия ҳамсояси гўдаги биғ-биғ йиғлади.
«Келиб-келиб шу маҳалда-да йиғлайдими… — дея ўкинди онамиз. — Ўзи, ҳали нима кўрди?
Ўғил кўрдими, ё, қиз кўрдими? Қиз кўрди, қиз! Босмалим ўйнади-ку…».
Онамиз эснаб-еснаб минғиллади:
— Қиз бўлса-да майли… — деди.
Қабатида ётмиш отамиз-да уйғонди.
— Нима бало, эловраяпсанми? — деди.
— Йўқ, Робиянинг чақалоғи уйғотиб юборди.
— Шунинг чақалоғи ёмон йиғлоқи бўлди-да.
— Айтгили йўқ.
— Ёт энди, ёт.
Онамиз ётиб, кўзларини юмди.
«Ҳали тонг олис, — умидланди онамиз. — Тушимнинг охирини кўраман. Шунда, қизимнинг отини билиб оламан…».

2

Кузда майиз қилиш бошланди.
Отамиз аввал ўз томорқаси майизини қилди.
Ҳосил яхши бўлди. Беш юз килоча майиз олди.
Ўзи тўқимиш иккита қўлсаватчани эгар қошига қистирди. Колхоз майизига йўл олди.
От қозиғини тарвузпояга тепиб-тепиб қоқди. Хуржун елкалаб, токзор оралади. Пайкалларда чоллар тизилиб узум узди.

— Хирмон тўлсин-у! — деди отамиз.
— Йўлингиз унсин-у! — деди чоллар.
Отамиз чаққон бўлди. Пайкалга тушди.
Узум бошларини чирсиллатиб-чирсиллатиб узиб, қўлсаватга солди.
Бир бўзбола замбил саватни пайкал бошига қўйди.
Отамиз саватчасидаги узумни пешма-пеш замбил саватга солиб турди.
Замбил узумга тўлди.
Бўзбола чопони орқасини яғринига қайирди. Бир қўлини белига тираб, энгашди.
Отамиз эллик килоча келмиш саватни бўзбола яғринига қўйди.
Бўзбола илон из сўқмоқдан тепа ўрлади.

3

Тепада аёл-қизлар давра қуриб узум тозалади.
Оймомо онамиз-да чап тиззасига тирсаклаб узум тозалади.
Онамиз юзлари сўлғин бўлди. Онамиз кечаги тушлари ўйида бўлди.
Онамиз пешонасида ўтирмиш Барчин хола:
— Қани, Оймомо дўстим, бундайгина… машқингиз паст? — дея кўнгил сўради.
— Шундай, ўзим… — дея маъюсланди онамиз.
— Ай, дўстим, сўраганнинг айби йўқ… у ёқ-бу ёққа югуряпсизларми?
— Ҳа, вақти-вақти билан.
— Вақти деб ўтирасизларми? Иш адо бўлармиди! Уёқ-буёққа чопингизлар, кўрсатингизлар-

— Бориб турибмиз.
— Қаерларга бордиларингиз?
Шунда, давра ёппасига сергак бўлди.
Онамиздан бир аёл нарида ўтирмиш Қиммат момо-да қулоқ берди.
— Сўфи Оллоёр ҳазратимга бордик, — деди онамиз.
Қиммат момо бошини сарак-сарак этди.
— Вой бечора-е, вой бечорагина-а! — деди.
— Ҳазратимни зиёрат қилдик. У киши оҳларимни эштдилар шекилли, кўнглимга умид

солдилар…
— Вой шўрпешона-е, вой шўрпешонагина-а! — деди Қиммат момо.
— Иннайкейин, Ҳожар кўрга фол очирдим…
— Вой шўринг қургур-ей, вой шўргинанг қургур-е! Шунча сарсон-саргардон бўпти-я!.. —
деди Қиммат момо.
Онамиз кўкрагига тушмиш рўмоли учини елкасига тирсаклаб ташлади. Бир бош узум олиб,Қиммат момога қаратиб отди.
Узум Қиммат момонинг бетига бориб тегди. Бети шилт-шилт узум шираси бўлди.
Қиммат момо бетини чангаллаб қолди.
Онамиз забт билан жойидан турди. Қиммат момони юлмоқчи бўлди, юмма-юмма юлмоқчи бўлди.
Афсуслар бўлсинким, Барчин хола онамизни ушлаб қолди. Тирсагидан етаклаб, холисроққа
олиб бориб ўтирғизди.
— Балчиққа тош отсанг, бетингга сачрайди! Қўйинг, дўстим, шунга тенг бўлманг! — деди.
Онамиз рангида қон қолмади. Олисдан чопиб келмишдай ҳансиради. Қўллари совқотмишдай қалтиради. Тиззаларига пешонасини қўйиб, ҳўнграб йиғлаб юборди…
— Буники бир бўлмаса, икки бўлмаса, Барчиной дўстим! — дея йиғлади. — Яна тағин хеш

эмиш! Ҳа, ошингни ейин, сендай хешимнинг!..
Қиммат момо онамизни маззаммат қилди.
— Мен сенга бирон ёмон гап гапирдимми, ит!!.— дея шанғиллади. — Ичим куйганидан, ичим ачиганидан гапираман-да, ит!.. Пешонанг нимага бундайин шўр десам, гап бу ёқда экан- да, ит!!.
— Бедана тезотар бўлса, ўз бошини ўзи ёради! — деди бир аёл.
Қиммат момо онамизни маззаммат қилди-қилди, кафтларини катта очди.
— Омин! — деди, — мендайин бир бегуноҳ момони сочимнинг оқига қарамайин урган бўлсанг, илоё, оламдан бепушт ўтгин! Менинг ёшимга етолмайин жувонмарг ўлгин, оллоҳ- акбар!.. — деди.
Аёллар ичини тортди, аёллар бош чайқади.
— Илоё, оғзингдан чиқиб, ёқангга ёпишсин!— деди Барчин хола.
Онамиз паноҳ излади, онамиз нажот излади.
Ёш тўла кўзлари олазарак-олазарак боқди.
Пастда ҳайрондан ҳайрон қараб турмиш отамизни топди.
Бир кўнгли, отамиз олдига борайин, деди. Айтиб-айтиб йиғлайин, деди.
Аммо теварак-бошдан ор қилди.
Ҳалқа-ҳалқа кўзёшлар ичидан отамизга термулди. Мўлтираб-мўлтираб термулди…
Онамиз тағин йиғлади. Билакларига йиғлаб-билакларига йиғлаб қўя берди.
— Дунёда бир менми, бефарзанд! — дея айтиб-айтиб йиғлади. — Тирноққа зор бўлиб ўтганлар нечов! Мен ҳали кўрарман, умидим кўп… Фарзанднинг эрта-кечи бўладими… Бировга эртароқ беради, бировга кечроқ беради…
— Бир қишнинг бир ёзи бўлади, қарғанинг қағиллагани қолади, Оймомо дўстим!
— Мен уни кўрдим, Барчиной дўстим, кўрдим! Яратганнинг ўзи уни тушларимга солди, кўнгилларимга солди! Нима қилайин, вақти-соати етмаган эканми, қўйнимга солмади… Тушларим тўлди, кўнгилларим тўлди. Нима қилайин, қўйним тўлмай турибди, қучоғим тўлмай турибди… Барчиной дўстим, мен уни толтушда кўрдим, толтушда! Дугоналари билан тутимиз остида босмалим ўйнади. Ишонмасангиз, Олапар итимдан сўранг. Босмалимда унга тенг келадигани бўлмади. Ўн икки хилида-да адашмади. Айниқса келин хилини бир ўйнади-бир ўйнади! Дугоналари оғзини очиб ўтира берди! Мен унинг отини билолмай қолдим. Барчиной дўстим… Робиянинг чақалоғи биғиллаб уйғотиб юборди. Тағин кўзларимни юмиб, унинг йўлига қарадим. У бошқа келмади… Барибир келади. Барчиной дўстим, келади, мана кўрасиз… Ана шунда уни шу ерларга етаклаб келаман! Мана шу момоларингга бир босмалим ўйнаб бер, дейман, Барчиной дўстим!..
— Айтганингизга фаришталар омин ўқисин, Оймомо дўстим!

4

Отамиз тепада бўлмиш гапларни эшитди. Аммо эшитмасликка олди.
Узум узиб-узиб, ари уясига дуч келди.
Ари уяси кунгабоқардай-кунгабоқардай бўлди.
Арилар ғуж-ғуж тешикларда тумшуқларини бир-бирига тегизиб яшади. Борди-ю, четдан таҳдид бўлса, арилар ёппасига ҳамла қилди. Шиддат билан учиб келиб, таҳдид қилувчи кўзига ё қулоғига ёпишди.
Отамиз чопони ўнгирини бошига ёпди. Енгларини тирсакларигачайин қайирди.
Билакларини яланғоч қилди.
Оҳиста энкайиб, ари уяси осилиб турмиш ток новдани силкиди.
Арилар ғимирлади, ёппасига қўзғолди. Иккита-учтаси отамиз кўзини мўлжаллаб учди, қулоғини мўлжаллаб учди. Аммо чопон ўнгирига дуч келди.
Тағин учиб, яланғоч билакларга бориб ёпишди. Билакларга чим-чим ниш урди. Чим-чим-чим!..
Чим-чим чақмиш ари бўлдими ё чибин бўлдими?
Билолмади, отамиз билолмади!
Отамиз кайфияти шу қадар таранг бўлди! Эркаклар пешин чоғи узум узишни бўлди қилди.
Пайкаллардан чиқиб келди.
Аёллар эркакларни кўриб, у ёқ-бу ёғини тузатган бўлди, ўзига қараган бўлди. Айрим узум доналари кесак орасида қолиб ё сув тегиб, чириган бўлди. Аёллар ана шу чирикни майизжой бир четига олиб бориб ёйди.
Офтобда очиқ қолиб, пўла бўлиб қолмиш узумлар-да бўлди. Бу узум офтоби майиз бўлди.
Офтоби майиз бутун ёзи билан саратон офтобини олиб пишди. Шу боис, кўп шифоли бўлди.
Аёллар ана шу офтоби майизни алоҳида ёйди.
Майизжой четида улкан дашт ўчоқ бўлди. Ана шу ўчоққа ўт ёқилди.
Отамиз чопони ўнгирини қайириб, белбоғига қистирди. Зинадан ўчоққа кўтарилди.
Қозондаги сувга ишқор билан оҳак солди.
Дашт-биёбонларда бир ўт ўсади. Майизчилар шу ўтни териб, тўда қилиб куйдиради. Ўт куяётиб, ундан чакиллаб-чакиллаб суви томади. Сув кул билан қўшилиб, чўқир тош мисол қотади. Ўзи кулранг, ўткир ҳидли бўлади.
Ишқор ана шу бўлади!
Майиз қозон қайнади.
Отамиз чўмич билан қайнаган сув тиниғини олди-олди, бир тоза идишга солди. Қозонни тозалаб ювиб олди.
Кейин ишқор билан оҳак сувини тағин қайтариб қозонга солди.
Ўтёқар тинмай ўт ёқиб турди.
Аёллар қўлсаватларга узум солиб берди.
Бўзболалар қўлсават боғичидан кўтариб, отамизга олиб келиб берди.
Отамиз оёғини ўчоқ лабига тиради. Сават боғичидан авайлаб ушлади. Билқиллаб қайнаб турмиш қозонга пишиб-пишиб олди.
Узумлар сап-сариқ бўлди.
Отамиз саватни тағин бўзболага узатди.
Бўзбола остидан ишқор ҳам оҳак суви шўр-шўр оқиб турмиш қўлсаватни майизжойга ташиди.
Аёллар узумларни ёйиб-ёйиб турди. Жовузни алоҳида, ҳусайинини алоҳида, кишмишини
алоҳида ёйди.
Боиси, ҳар майизнинг ўз таъми бўлади, ўз-мазаси бўлади.
Ана энди узумлар офтобда ҳафта деганда қурийди, сап-сариқ майиз бўлади!

5

Ишдан қайтар чоғларида бригадир келди.
Отамиз бригадирни холисроққа етаклаб борди. Ниятини айтди.
Бригадир ажабланди. Боисини сўради.
Отамиз жавоб бермади. Кўзларини олиб қочди. Ўзича бош ирғади. Кўнглида: «Eл-юртга аралашмайин дейман, ука, тилим қисиқ… Вақтлироқ келганингда, тепадаги гапларни эшитган бўлардинг…» деди.
Отамиз ўз кўнглида айтмиш гапини бригадирга айтдим, дея ўйлади.
— Шундай, бригадир ука, шундай… — дея тағин бош ирғади.

— Майли, қоровуллик бўлса қоровуллик-да. Омбор бўладими? — деди бригадир.
— Йўқ, дала бер, ука, дала бер.
— Майлингиз, унда, Камарга борасизми?
— Йўқ, бизга Сайрак адирни бер, ука. Аёлимиз билан икковимизга-да. Аёлимиз ўрнига-да ўзим тура бераман. Аёлимиз овқат пишириб бериб туради.
— Майлингиз.
— Шу, Сайрак адирга бир дил кетди-да, ука…
— Бўлди-бўлди, гап йўқ! Лекин айтиб қўяй, Йўлдош қоровул кўнмасов. Шундай бўлса-да,
бир айтиб кўраман.
— Шундай қил, ука, шундай қил…
— Ҳали-ҳозирча қимирлаб туринг, майизлар тугасин.

6

«Энди нима қиламиз, момоси?»
Отамиз шундай савол назари билан онамизга термулди.
Онамиз ғарибланди, онамиз азобланди.
— Деновда зўр табиб бор, дейишаяпти, — дея пичирлади онамиз. — Борганлар дардига даво топиб қайтар эмиш…
Отамиз билан онамиз ана шу табибга борди.
Табиб гап индаллосини айтди:
— Бизни эътиборга олиб келибсизлар, қуллуқ, — деди. — Энди, дўхтирга боринглар. Эшон, табибни қўя беринглар. Олдинлари дўхтир йўқ эди, бўлса-да, тахчил эди. Эл бечора эшон, табиб деб келар эди. Қўлимиздан келганича йўл-йўриқ бериб жўнатар эдик. Энди, дўхтир кўп, дўхтирдан қолманглар. Лекин Денов дўхтирларига борманглар, қўлга қарайди… Термизда зўр бир дўхтир бор. Ана шу дўхтирга боринглар. Мана, манзили…
Отамиз билан онамиз мол-ҳолларни Робия ҳамсоясига тайинлади.
Термиз йўл олди.
Қидирди-қидирди, табиб айтмиш дўхтирни топди.
Дўхтир йўлланма сўради.
Отамиз билан онамизда йўлланма бўлмади.
— Унда, қабул қилмаймиз, — деди дўхтир.
Отамиз сарғайди.
— Уйимиз овлоқ, мол-ҳолга қарайдиганимиз йўқ… — деди.
Дўхтир кулди-кулди… охири қабул қилди.
Эркаклар алоҳида дўхтирга навбатда турди, аёллар алоҳида дўхтирга навбатда турди.
Гал келди, отамиз ичкари кирди.
Дўхтир сўраб-суриштирди. Қоғоз қоралади. Кейин, отамизни қаради… Анализ топшириш учун юборди…
— Уч кундан кейин келинг, — деди.
Гал келди, онамиз-да ўз дўхтирига кирди…
Отамиз билан онамиз Термизда уч кун қолди. Бозор меҳмонхонасида ётди.
Учинчи кун дўхтир ҳузурига борди.
Аввал отамиз ичкарилаб келди.
— Нима деди? — сўради онамиз.
— Сиздан фарзанд бўлмаса, бошқа бир эркакдан-да фарзанд бўлмайди деди.
Кейин, онамиз ичкарилаб келди. Маъюс-маъюс бўлиб келди, ғамгин-ғамгин бўлиб келди.
— Нима, деди-а, нима деди? — сўради отамиз.

Онамиз бошини чапига хиёл эгди. Ерга кўз тикди.
— Ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ, деди… — дея пичирлади.
Отамиз маъқуллаб-маъқуллаб бош ирғади.
— Ана, айтдим-ку, бўлади деб, ана… — деди.
Отамиз билан онамиз қайтиб келди.

7

Отамиз онаси оёқдан қолди. Ётди-ётди, овқатдан қолди. Ётди-ётди, тилдан қолди.
Ётди-ётди… чолни олдига кетди.

8

Отамиз бригадир олдидан ўтди.
Бригадир ўз сўзида турди.

 

Йўлдош қоровул олдига йўл олди.
— Энди, сиз Камарга борасиз, — деди.
Йўлдош қоровул ҳанг-манг бўлди. Бирдан тутаб ёнди…
Боиси, Камар олис бўлди. Яна тағин, Камарда маккажўхоридан бошқа нима бўлмади.
Сайрак адир эса боғот бўлди, гарди гурд оғиз тегиб турди.
Йўлдош қоровул олов олди.
— Нима учун энди? — деди. — Бу ер-чи, мисол учун?
— Бу ерга бошқа одам келади.
Йўлдош қоровул тағин олов олди.
— Бирдай у ёқдан бу ёққа қув-қув экан-да!— деди. — Нима, биз колхознинг ўгай аъзосими,
мисол учун?
— Борасиз, борасиз.
— Раисга борсам бораман, Камарга бормайман!
— Оббо, сиз гапни олинг!
Қоровул ҳаминқалар олов олди.
— Олсам олмасам! Ҳайдасангиз, мана, ҳайданг! — деди. — Бола-чақам очидан ўлсаям ишга чиқмайман! Гапим шу, мисол учун!
— Оббо, хўп-е, хўп!
— Ўзи, ким экан у, бошида ойи бор арзанда, мисол учун?
— Қоплон акага деб эдим! Майли, бормасангиз борманг…
Бригадир оғриниб-оғриниб жўнади.
Йўлдош қоровул қўлларини орқасига қилди. Бригадир кетидан қараб турди. Турди-турди-да,
бригадир кетидан чопқиллаб борди.
— Қоплон акага бўлса майли, мисол учун, — деди. — Кўнгли ярим… Бошқага бўлса, ўлиб ҳам бермасдим, мисол учун.

9

Эртаси отамиз келди.
Йўлдош қоровул билан теварак айланиб кўрди.
— Сизга бригадир ҳеч нима демадими, мисол учун? — сўради қоровул.
— Йўқ. Нима эди? — деди отамиз.

Қоровул хотирижам бўлиб гапирди:
— Бригадирга айтдим, бу ернинг қоровуллигидан кўп зерикдим, мени Камарга юборинг,
дедим. Бригадир майли, деди, мисол учун.
— Ҳа-а.
— Кейин, ўртоқ Одилов, сиз ўз касбингизнинг устасисиз, ўрнингизга ўринбосар тайинланг, деди. Мен айтдим, мен бир бор-йўғи қоровул бўлсам, қандай қилиб қоровул тайинлайман, ўзингиз тайинланг, дедим. Унда, ўрнингизга муносиб ўринбосар айтинг, деди. Айтган одамингизни қўямиз, гапингиз гап, сўзингиз сўз, деди. Обрўй бор-да, мисол учун, обрўй бор, ҳа!
— Шундай, ҳа, шундай.
— Мен хўп, дедим, мисол учун. Мен бир ўйлаб кўрайин қани, дедим. Эртага бир хабарлашинг, дедим. Бизнинг жойимиз ҳазилакам жойлардан эмас, дедим. Чин-да, шунча боғ- роғга қараб ўтиришнинг ўзи бўладими, мисол учун! Жойимга кимни қўйсам экан деб, кечаси билан ўйладим-ўйладим! Қишлоқда оти одам борки, барини битталаб ғалвирдан ўтказдим, барини чертиб-чертиб кўрдим, мисол учун. Эртаси бригадирга, мен Қоплон акани ўрнимга лойиқ топаман, дедим!
— Ҳа-а.
— Биламиз-да, ким қандайлигини, мисол учун!
— Қуллуқ, қуллуқ.
— Ана боғ, буюрсин, мисол учун. Қани, оллоҳ-акбар, мисол учун!..
Йўлдош қоровул кўч-кўронини йиғиштириб кетди.

10

Отамиз қоровулдан қолмиш чайлада чўнқайди. Тиззаларини қучоқлади. Теваракка назар солди.
Сарғайди-сарғайди, ёлворди-ёлворди, боши етмиш жой шу чайла бўлди. Нима учун шу чайла дея сарғайди-сўлди? Ёлғиз ўзи билди, ёлғиз худо билди. Ўтирди-ўтирди… Худодан-да кўнгли қолди!
— Э-е-е, бор-е!.. — дея қўл силтади.
Отамиз… худога қўл силтади!
«Eй, худо, сен ўзи қаердасан, қайлардасан? — дея хаёлланди. — Сен ўзи, бормисан? Бор бўлсанг, жавоб бер, юзага чиқ! Мендайин бир шўрпешона банданг билан юзма-юз бўл! Мендайин бир хокисор банданг ҳолини кўр!
Айт, ўзи, мен бандангни нима учун яратдинг? Шу бечора-да дунёда юрсин, шу ғариб-да ўз кунини ўзи кўриб юрсин, дея яратдингми?
Унда, мен бандангни-да хор қилма-да, эй, худо, мен бандангни-да ёлғиз қилма-да, эй худо!
Бандангни ярат-ярат, пушти камари билан ярат-да, эй, худо!
Eй, худо, эсимни таниганимдан буён худога сиғиниб келдим, худога топиниб келдим, худога ишониб келдим.
Шундай экан, ҳар не қилсанг қил, пушти камарли қил-да, эй худо!
Дунёдан неча-неча подшолар ўтди, неча-неча ҳокимлар ўтди, неча-неча катталар ўтди… Пуштсиз умрим мобайнида кўп-кўп подшолардан қайтдим, кўп-кўп катталардан қайтдим… Аммо… аммо ёлғиз сендан қайтмадим, эй, худо!
Дилимда-да худо бўлди, тилимда-да худо бўлди!
Шундай экан, ҳар не қилсанг қил, пушти камарли қил-да, эй, худо!
Бандаларинг қай бир подшоларга сиғинмади, бандаларинг қайбир катталарга сиғинмади.
Бандаларинг нималарга сиғинмади, бандаларинг нималарга топинмади…
Бандаларинг динидан қайтди, бандаларинг худосидан қайтди, бандаларинг имонидан

қайтди!
Сен айнан ана шу бандаларингни зурриётли қилиб яратдинг, эй, худо!
Ожиз қолмишларимда, чор-ночор қолмишларимда, хокисор қолмишларимда:
— Эй, худо, ўзинг сақла! Эй, худо, ўзинг мадад бер! — дедим.
Асло, асло:
— Эй, партия, ўзинг сақла! Эй, комсомол, ўзинг мадад бер! — демадим.
Аммо шундай дегувчилар бўлди! Бандаларинг шу даражага-да борди!
Сен келиб-келиб, айнан ана шу бандаларингни зурриётли қилиб яратдинг, эй, худо!
Мен бандангни шайтон йўлдан оздирган вақтлар бўлди, шайтон ёмон йўлга бошлаган вақтлар бўлди.
Шунда, ўзимга-ўзим:
— Эй, банда, худодан қўрқ! — дедим-да, йўлдан қайтдим.
Асло, асло:
— Эй, банда, партиядан қўрқ! Эй, банда, комсолдан қўрқ! — демадим.
Аммо, шундай дейдиганлар бўлди!
Динидан қайтмишлар нечов бўлди, худодан қайтмишлар нечов бўлди!
Сен айнан ана шуларга зурриёт бердинг, эй, худо, қатор-қатор зурриёт бердинг!
Мени бўлса… мен бандангни бўлса, зурриётсиз қилдинг, эй, худо!
Чин, билиб-билмайин гуноҳ қилиб қўйдим. Дардимни бировга айтолмадим. Дард бўлса,
имонни куйдира берди…
Шунда мен гуноҳларимдан фориғ бўлиш учун тавба-тазарру қилдим:
— Эй, худо, ўзинг кечир! — дедим.
Асло, асло:
— Эй, партия, ўзинг кечир! Эй, комсомол, ўзинг кечир! — демадим.
Аммо шундай дейдиганлар бўлди! Кўп-кўп бўлди, мўл-мўл бўлди!
Мен бўлсам, дилимда-да худони қўймадим, тилимда-да худони қўймадим!
Мен ёлғиз худони дедим!
Шундай экан, бир содиқ бандангни бунчалар хўрлама-да, эй, худо! Бир содиқ бандангни бунчалар оёқ ости қилма-да, эй, худо!
Ҳар не қилсанг қил, пушти камарли қил-да, эй, худо!..»

11

«Мен эркакман. Унга қийин…»
Отамиз ана шундай ўйга борди.
Онамиз бўлса, тушлик олиб кела бермади. Отамиз оёғи уйига тортди. Уйига отланди. Келса, ҳовли бош-адоқ қулф бўлди.
Отамиз ажабланди, отамиз ҳайронланди.
Отини дарвоза устунига бойлади. Ўзи девордан ошиб ўтди.
Яширинча жойлари бўлмиш носоз радио ичидан калитни олди.
Ошхонага кирди. Идиш-тобоқларни бир-бир очиб кўрди. Тўнтариқлик тобоқ остидан бир лаъли тобоқ палов топди.
Ток вайиши остига гилам ёйди. Дастурхон ёйди.
Чинни косада шакароб қилди. Чой дамлади.
Чордана қуриб ўтирди. Пиёладай-пиёладай юмалоқлаб палов еди.

12

Шу вақт, кўчада от дупурлади. Девор узра шўро котиби юз берди.
— Ассалому алайкум, Қоплон ака! — деди котиб.
— Ваалайкум-ваалайкум! — деди отамиз.
— Яхшимисиз, димоғлар чоғми?
— Шукур-шукур, бинойидай. Ўзингиздан сўрасак?
— Раҳмат-раҳмат…
Котиб шундай дея, кўз қири билан тобоқдаги паловга қаради. Оғзи палов таъмини туйди…
Девордан ошиб ўтмоқчи бўлди. Яна тағин, ниятидан қайтди.
Кимсан, қишлоқ шўроси котиби! Кимсан, шўро вакили! Уй хўжаси таклиф қилар?
Котиб ана шундай ўйга борди.
Отамиз хотиржам-хотиржам палов еди. Котибга қайрилиб-да қарамади!
— Бизга қоровулликка ўтаман деб, бормадингиз? — деди котиб.
Отамиз ошам юдмалоқлаб-ошам юмалоқлаб, жавоб берди:
— Энди, ука, сўнг-сўнг ўйлаб қарасам, олиснинг паловидан, яқиннинг шўрваси яхши экан!
Котиб паловга тамшаниб-тамшаниб қаради.
— Ҳа-а-а! — деди котиб. — Олдигинангиздаги паловгинадан дейсиз-да?
— Шундай-шундай.
—Ўзгинангиз еяётган зиғир мойликкина паловгинадан дейсиз-да?
— Ўзимиз еяётган зиғир мойлик эмас, пахта мойлик палов.
— Ҳа-а-а!.. — Пахта мойликкина паловгинаям яхши…
— Шундай-шундай. Бай-бай-бай! Ўзиям, паловмисан-палов бўлибди-да.
Котиб бир тескари қараб олди.
— Ҳа-а-а-, майли… — деди котиб. — Икки йиллик томорқа солиғини тўламабсиз. Солиқчи бўлса касал. Буёғи, раёндан бўл-бўл қиляпти. Шунга ўзим келиб эдим.
— Бинойи-да, бинойи, — деди отамиз. — Энди, ука, гапнинг ўнақайини айтсам, менда пул йўқ! Менга пул нима керак? Адирда магазин бўлмаса, бозор бўлмаса…
— Унда қайтамиз?
— Пулнинг бари аёлимизда! Аёлимиз бир ёққа овул қидириб кетди. Овуллаб келсин,
оғзингиздан чиққанини беради!
Отамиз ошамни катта-катта олди.
Отамиз ҳадиксиради: катта халқи юзсиз бўлади, сурбет бўлади! Мабодо, котиб отдан тушиб, индамай келиб ўтирса нима бўлади? Унда отамиз тобоқдан қўлини тортади! Дастурхондан холисроққа бориб ўтиради!
Котиб тоифасидагилар билан бир дастурхондан туз емайди, бир тобоқдан палов емайди!
Марҳумлар ҳақини ейдиган одам билан бир тобоқдан палов еб бўладими? Бўлмайди,
бўлмайди! Макруҳ, макруҳ!
Котиб, амални пеш қилиш фойдасизлигини билди. Энди ўзга йўлга ўтди.
— Биласизми-йўқми, сағал уруғчилигимиз бор… — деди котиб.
— Биламан, ўнгирнинг учи…
— Ия, ўнгирнинг учиям уруғ-да!
Отамиз косадаги шакароб сувдан ҳўплади. Паловга янада иштаҳа билан қўл узатди. Ўзига ўзи марҳамат этди:
— Катта-катта олинг-е, Қоплонбой-е!
Палов борган сайин камайиб борди.
Котиб елкасидан нафас олди, котиб қилтиллаб ютинди.
— Минг қилсаям, уруғ уруғ-да, қоплон ака,— деди. — Эт билан тирноқни айириб бўлмайди…

Палов бир чети жар бўлиб, шу тарафга ағнаб тушди.
Отамиз билагидан мой оқди. Билагини ялаб-ялаб, лабларини чапиллатди.
Котиб-да тишини сўриб, лабларини чапиллатди.
— Томир тортади… — деди.
Палов ўртасида иссиқ бўлди.
Отамиз паловни бармоқлари учи билан титиб-титиб ташлади. Табоқдан палов иси анқиди.
Ай, палов иси, палов ислари-ай!..
Котиб чуқур-чуқур нафас олди. Димоғи роҳатланди!
Пешонасини қашиган бўлди-да, бармоқлари орасидан паловга қаради.
Палов борган сайин озайиб борди…
— Бўлмаса, қоровул бўламан деганлар кўп эди, — деди котиб. — Барини қайтардим. Сизга хўп дедим…
Отамиз пиёлага чулдиратиб-чулдиратиб чой қуйди. Иссиқ-иссиқ чой ичди. Хўр-хўр чой ичди.
— Эй, худо, ўзингга шукур-е! — деди.
Котиб тобоққа қаради. Табоқдаги паловдан асарда қолмади!
Отамиз палов тагида қолмиш мойни ичди. Тобоқни ялаб-ялаб қўйди.
Ўзига-ўзи фотиҳа ўқиди.
Тағин чойдан босиб-босиб ичди.
Қадларини ростлади. Тишларини ковлади. Кекириб-кекириб, ўтирди.
— Худога шукур-е!.. — деди.
Котиб девордан қўлини олди. Отига аччиқ-аччиқ қамчи босди.
— Одам кўрганим ёлғон экан-а!.. — дея куюна-куюна кетди.

13

Отамиз энди ишига отланаётиб эди, онамиз кириб келди.
Отамиз, онамиз юзига қайрилиб-да қарамади…
— Қаёқларда юрибсан? — дея тўнғиллади.
Онамиз калиши учи билан ер чизди.
— Денов бориб эдим… — деди.
— Деновда пишириб қўйибдимикин?
— Аёллар, балиқ еб келамиз дея, юр-юр қилди…
— Аёлимиз балиқ еб юрсин, биз бу ёқда оч ўтирайлик!
— Тушгача келаман деб эдим, автобус ҳаяллаб қолди.
— Энди, Москвага бор! Кейин, Ленинградга!..
Отамиз зарда билан отланди.

14

Шоймардон ферма мудир ўғли қўлини ҳалоллади.
Тўшакда ётмиш ўғил кўнмади. Юзини гоҳ ўнг тарафга, гоҳ чап тарафга буриб йиғлади.
Ўғил қабатида тиззалаб ўтирмиш уста Мажид асбоб-анжомини ҳозирлади. Ўткир паккисини кафтида қайради.
— Қўрқма-е! Чибин чаққандайин ҳам бўлмайди! — дея далда берди уста Мажид.
— Чибинди қўйинг, шамол эсиб ўтгандай бўлади!— деди уста шогирди.
Қоплон отамиз ўғилчага пул узатди.
— Ма, тарлон от ол! — деди.

— Ана, бойиб кетдинг!
— Менга берганларида жон-жон деб кўнардим!
— Шунча пулгаям йўқ дейсанми? Унда, тур, ўзим ётаман!
Нурали бобо шундай дея, тўшакка талпинди.
— Уста бова, мен ётайин!
— Қўйинг-е, ўзи ётади!
Ўғил теваракка аланглади. Одамлар юзи жиддий бўлди. Бири қўйиб бири, унинг ўрнига ётайин, дея интилди.
Шунда, ўғил тинчиди.
Ўғил оғзига тандир нон тутдилар.
— Тишла, тишла! — дедилар.
Ўғил нон тишлади.
Уста руҳий санъатини қўллади. Ўғилни гап билан чалғитди. Ўғилни хотиржамлатди. Пайт пойлади…
— Ай, яша! — деди. — Неча пулинг бор? От олсанг мениям миндирасанми-йўқми? Балли!
Қоплон бованг чин айтади, от олсанг Тарлонидан ол!.. Ҳуйдар-ҳуйда-а-ар!..
— Ҳуйдар-ҳуйда-а-ар!.. — жўр бўлди одамлар.
Ўғил нонни жон-жақди билан тишлаб… узиб олди! Унсиз-унсиз йиғлаб қўя берди.
Уста кесик жойга куйдирилган пахта кулини босди. Устидан букилмайдиган дўппи қоплаб қўйди.

15

Қоплон отамиз ён уйга кириб ўтирди.
Шоймардон ферма мудирнинг тўхтамишлик мол дўхтир ошнаси келди.
Ичкарилади. Қўли ҳалолланмиш ўғлон билан сўрашиб келди.
Барча билан кўришди. Тўрлаб ўтирди. Ўнг тарафдан битта-битталаб сўрашди. Гал учинчи одамга келди.
Қоплон отамиз сергакланди. Эшикка қараб-қараб қўйди. Бошини қуйи эгди. Дастурхон
четини қайириб ўйнади. Чойнак қопқоғини шиқиллатиб-шиқиллатиб очиб-ёпди.
Гал Қоплон отамизга келди.
Меҳмон, қўли кўксида сўраб бошлади:
— Яхшимисиз, ака…
Отамиз қўлини кўксига қўйди.
— Шукур-шукур, — деди.
— Бола-чақалар ўсаяптими?
— Шукур…
— Невара-чеваралар катта бўлаяптими?
— Шукур.
— Чопқиллаб-чопқиллаб юришибдими?..
Отамиз қўли кўксида бўлди. Эгик бошини ирғаб ўтира берди.
Отамиз тўй-тўйлаганлари, еган-ичканлари бурнидан чиқди!

16

Отамиз уйига ёниб-ёниб келди!
Нимага энди, фақат бола-чақани сўрайди?
Нимага манави данғиллама уйини сўрамайди? Муҳташам ҳовлисини сўрамайди? Кўкракдор

отини сўрамайди?
Тўда-тўда қўйлари бор. Қўша-қўша моллари бор. Қўйлари йилма-йил қўзилайди. Моллари йилма-йил бузоқлайди. Нимага мол-ҳолини сўрамайди?
Боғлари ҳар йили беш юз килолаб майиз беради.
Нимага майизларини сўрамайди?
Ўзи ҳамиша отдай бўлиб юради. Тани-жони соғ бўлиб юради. Ишласа, иккита-учта эркакнинг ишини қилади. Мўл-кўл меҳнат ҳақи олади. Нимага буларни сўрамайди?

17

Отамиз ичкарилади.
Узала тушиб ухламиш онамизга қаради. Жағ суяклари бўртиб-бўртиб қаради…
Бирдан.. онамиз билагидан олиб, отиб юборди!
Онамиз мисоли тўрва халтадай учиб, юзлари билан юк-ёпга бориб ўрилди. Шундай зарб билан урилди… Зарбидан кетига чалпак бўлиб йиқилди…
Онамиз довдираб қолди, онамиз эсанкираб қолди.
— А-а-а… — дея, заиф ҳам қалтироқ овоз берди.
Сапчиб туриб ўтирди. Кафтлари билан яланг бошини ёпди. Энтикиб-ентикиб нафас олди.
Қўрққанидан чирилламоқчи-да бўлди.
Ожизона овоз билан, ёлворувчи овоз билан:
— Мен бу кишига нима қилдим… — дея шивирлади.
— Нимага ухлайсан?
— Ҳамма ухлайди-ку…
— Сенга ким қўйибди ухлашни!
— Ҳамма ухлайди-ку…
— Сенга ухлашни ким қўйибди деяпман? Айт! Айтмайсанми, айтмайсанми!..
Отамиз, онамиз яланг бошидаги қўлларини силтаб ташлади. Сочларини билагига ўраб олди.
Отамиз чап қўли онамиз бўғзига борди…
Онамиз:
— Хрр-хрр-хрр… — этди.
Отамиз панжалари тағин-да ботди-ботди…
— Хрр-хрр-хрр…
Онамиз ияги юқорилади. Тағин юқорилади… Кўзлари жон беражак бузоқ кўзларидай олайиб-олайиб борди.
Онамиз кўз қорачиғлари йўқолиб қолди! Оқлари кўпайиб қолди!

18

Отамиз сесканди… Қўллари бўшашди…
Кетига қарай-қарай, ташқарилади. Зинапояда ҳайкалдай турди. Энтика-ентика, оламга қаради…
Олам бир ҳовуч! Қишлоқ чолдевор! Кенг юзли ҳовли товуқ катаги!..
Обтовада қўлига сув қуйди.
Қўлига сув юқмади. Сув бармоқлари орасидан қумдай тўкилиб кетди.
Суви йўқдир, деган ўйда обтова қаърига қаради. Эти совуқда жунжикмиш одамдай сесканиб бош кўтарди.
Обтова балдоғини маҳкам ушлаб қотиб қолди. Обтовани отиб юборишини-да, ушлаб туришини-да билмади.

Обтова қаъри поёнсиз сув бўлди. Сув қаъридан бир одам отамизга бақрайиб қараб турди.
Бақраймиш юз важоҳатли бўлди…
Отамиз михдан қамчини олди. Отига қараб юрди. От арқонини эгар қошига ўради. Сапчиб отланди. Дарвозадан энкайиб ўтди. Қоровуллигига йўл олди.

19

Қоровуллигида отини йўнғичқапояга қантарди. Чайласига қараб юрди.
Ариқ бўйида ёввойи боғ гулларига дуч келди. Энкайди, гулларга димоғини қўйди. Димоғи бўй пайқамади!
Гуллар гул эмас, тикон. Тикон учига қистириб қўйилмиш қизил қоғоз!
Отамиз афтлари буришди. Йўлида давом этди. Адирлади.
Чайлада гиламга тўкилмиш чайла хас-чўпларини қоқди. Кўрпача ёйди.
Тахлоғлиқ кўрпачаларга орқа бериб ўтирди. Оёқларини узатди.
Липпасидан носқовоқ олди. Носқовоқ остига чертиб-чертиб, кафтига нос тўкди. Оғзини осмон қилиб, танглайига нос отди.
Лабларини чўччайтирди. Нос юқи кафтини сонига артиб-артиб олди.
Кетига чалқайди. Ҳароммағзи билан кўрпачага суянди. Телпагини пешонасига қўндирди…
Шу ўтиришда ўтирди-ўтирди… нос элитди… кўзи илинди…

20

Тоғни қора булут босди. Булутлар бағрида сонсиз тасмалар тортилди: тоғга ёмғир ёғди.
Қоп-қора булутлар тобора пастлади. Қирлар булут ичида қолди.
Отамиз адири-у қирлар қоқ оралиғида бўлди. Отамиз мисоли жар оралиғида, улкан тош устида ўтирди.
Жар тубсиз бўлди…
Отамиз ҳадемай ана шу жарга тушиб кета- ди. Тушиб кетишини биров-да билмайди. Биров-
да сўраб-суриштирмайди. Ном-нишонсиз йўқо-лади…
Кими-да сўрайди? Кими-да суриштиради? Кимида эслайди?..
Отамиз овози борича бақиради. Қўлларини узатиб бақиради.
Кими-да овоз беради? Қирларми? Қирлар акс садо беради. Майна қилмишдай, отамиз овозини қайтаради.
Отамиз қўллари шалвираб қолади. Энди, ёлғиз таянчи бўлмиш, ёлғиз илинжи бўлмиш аёлини чақиради.
Аёл қўлидан нима келади? Йиғи келади!

21

Қоп-қора булутлар Арчакўтал чўққиларини чалиб кетди. Телевизор стансия, Тўхтамиш това қирлари-да кўринмай қолди. Булут катта лалми чўққиларини-да босди.
Шунда… шунда, булутлар орасида бир чол пайдо бўлди. Чол уст-бошлари оппоқ бўлди.
Соқоллари-да оппоқ бўлди.
Остидаги эшаги-да оппоқ бўлди. Тақимида узун ҳасса бўлди.
Отамиз чолни қаердадир кўргандай бўлди. Ўйлаб-ўйлаб, эслади: баргга борганда кўриб эди.
Отамиз кўнглига таҳлика тушди: «Ким бўлди, бу мўйсафид?» дея ўйлади.
Булутлар аро момақалдироқ қарсиллади. Айқаш-уйқаш тасмалар ёниб-ўчди: яшин чақнади.

Отамиз сесканиб тушди.
Чол парвойига-да келмади. Чол яқин келди. Юзлари яққол бўлди.
Отамиз чолдан кўз узмади. Кўнглидаги таҳликалар тарқала борди.
«Ким бўлди экан, бу мўйсафид? Самад бобомикин? Унинг эшаги қора эди-ку? Қарши махсуммикин? Йўқ, махсум эшакни бефаросат ҳайвон деб минмайди».
Отамиз ўйлаб ўйига етди… Сесканди… Ёқа ушлади…
«Ё, қудратингдан! Чинингми шу?»
Ичида калима қайтарди. Чолга янада синчиклаб тикилди.
«Кўриниши айтиб турибди. Шундай бўлса-да, шошмаган маъқул. Ким билади, кўзимга шундай кўриняптими. У кишида барчага аён белги бўлади. Шундан билса бўлади».
Отамиз сапчиб турди. Чолга пешвоз юрди. Қўли кўксида бўлди.
— Ассалому алайкум! — деди.
— Ваалайкум, болам, ваалайкум! — алик олди чол. — Ўтир, туриш даркор эмас, ўтир. Мен бир йўловчи одамман. Хўш, болам, адирлардан кетмай қолдинг, нима, бирор сеҳри борми?
Отамиз чолга синчиклаб-синчиклаб тикилди. Аниқ бир фикрга келолмади.
— Сиз Самад бова эмасмисиз? — деди.
Чол рад маъносида бош чайқади.
— Ҳа-а, билдим, билдим! — деди отамиз. — Сиз Ҳасан миробсиз. Тоғдан сув ёқалаб келаяпсиз. Тошлоқда сел келишидан қўрқиб, қир ошиб келаяпсизми?
Чол қаҳ-қаҳ урди.
Булутлар, адирлар кулгидан зириллаб кетди.
Ёмғир қиёлаб-қиёлаб ёғди.
Яшин тўлқинланиб-тўлқинланиб чақнади.
— Бўлмаса, кимсиз? Айтинг-да, одамни қўрқитмай!
Отамиз чол қошига келди.
Чол олис боғлар, пахтазорларга ўйчан боқиб турди.
— Қани, омонмисиз, эсонмисиз..
Отамиз шундай дея, чол қўлини кафтларига олди.
Чол сесканиб қўл тортди.
Отамиз чолни таниди: ҳазрати Хизр бобо! Боиси, бошмалдоғида суяги йўқ! У кишининг бошмалдоғи суяксиз бўлади!
Ҳазрати Хизр бобо одамзод мушкулини осон қилажак, ҳожатини чиқаражак эзгулик пири!
Отамиз ўзида йўқ қувонди! Дардига даво топишдай бўлди! Энтикди! Яйради!
Ана ўша зот, ана! Шу зотнинг бир оғиз сўзи!
Нима учун шу зотни вақтлироқ йўқламади?
Ана, охири ўзлари йўқлаб келди! Ўзларига ўзлари айтган-да, борайин, шундай бир куйган бандам бор, дардига қулоқ солайин, деган-да!
Ҳазрати Хизр айтсалар, йўқдан бор бўлади!
Ҳазрати Хизр бобо оғриндилар.
— Мен йўлиққан одамлар ичида энг номаъқули сен бўлдинг, — дедилар.
— Мен нима қилдим, ҳазрати Хизр боважоним? — деди отамиз.
— Қўл узатиб, одобсизлик қилдинг.
— Айбимдан ўтинг, ҳазрати Хизр боважоним, айбимдан ўтинг!
Отамиз теваракка аланглади. Теварак овлоқ бўлди.
Умрида биринчи марта… биринчи марта… инсон олдида тиз чўкди! Кафтларини инсонга чўзди. Ёноқларидан маржон-маржон ёшлар сизди… Дардини ёриб-дардини ёриб қўя берди:
— Ҳазрати Хизр боважоним! Садағангиз кетайин, ҳазрати Хизр боважоним, мени авф этинг!

Мен табиб деб чопдим, фолчи деб чопдим, нодон-лик қилдим, кўрлик қилдим! Авф этинг, ҳазрати Хизр боважоним! Аслида сизни йўқлашим даркор эди! Мен қаёққа боришимни билмадим-да, қаерда экани- нгизни билмадим-да, ҳазрати Хизр боважоним! Қола берса, ҳузурингизга боришга ҳаддим сиғмади! Мен бир фақир одам бўлсам, қандай-да бораман! Энди, овора бўлиб ўзингиз келибсиз, боважоним! Қуллуқ, боважоним, қуллуқ! Ҳазрати Хизр боважоним, мен бир шўрпешона бандаман! Тирноққа зорман! Эшитяпсизми, тирноққа зорман! Нима тиласангиз тиланг, манави чопонимгача сотаман, айтганингизни айтгандайин бажо келтираман! Менга бир фарзанд берсангиз бўлди, ҳазрати Хизр боважо-ним!..
— Менга мол-дунё даркор эмас…
— Унда, менга бир фарзанд беринг, ҳазрати Хизр боважоним! Дунёдан қўли очиқ кетмайин, ҳазрати Хизр боважон! Майли, бизга биттагина Хушвақт бўлса-да бўлади! Фақирга палов! Биласизми-йўқми, Хушвақт йўлида кўзимиз тўрт, ҳазрати Хизр боважоним!
— Дунёдан кўп нолий берма…
— Бизни бу дунёга боғлаб қўйган эмас, ҳазрати Хизр боважоним! Бир кунмас-бир кун танамиз совийди. Шунда, ким бизнинг иси чироғимизни қилади? Ким отамлаб йиғлайди? Ким энамлаб йиғлайди? Биров, ҳеч бўлмаса бировгина отамлаб йиғласа экан, бировгина энамлаб йиғласа экан, ҳазрати Хизр боважоним!
— Борига шукур қил.
— Изидан ўғил қолдириб, отаси учун мотам туттирмаган эркак, эркак бўптими! Орқасидан қиз қолдириб, энаси учун қора кийдириб, аза очдирма-ган аёл, аёл бўптими! Дунёга келдим деб юрмасинлар. Ҳазрати Хизр боважоним! Кўпга берган тирноқни биздан-да дариғ тутманг! Менга раҳмингиз келмасада, энасига раҳмингиз келсин, Ҳазрати Хизр боважоним! Пошикаста куйиб- куйиб, адойи тамом бўлди, ўлик бўлиб гўрда йўқ, тирик бўлиб тўрда йўқ, ҳазрати Хизр боважоним!..
— Мен сенга фарзанд берганман…
— Берганингиз йўқ, ҳазрати Хизр боважоним, берганингиз йўқ! Сиз мени биров билан адаштиряпсиз, ҳазрати Хизр боважоним! Уста Қулматга келбат бераман, ўша деяётгандирсиз- да? Чин, уста Қулматда фарзанд бор, олтита! Менда бўлса, бировда йўқ, ҳазрати Хизр боважоним!..
— Қандай отасанки, ўз фарзандингни билмайсан? Ҳали кўп-кўп фарзанд бераман.
— А? Кўп-кўп фарзанд бераман дедингизми? Қачон-қачон? Қуллуқ, ҳазрати Хизр боважоним, қуллуқ! Қани эди, кўп-кўп бўлса! Ўнта бўлса ўрни бошқа, қирқта бўлса қилиғи, ҳазрати Хизр боважоним!..
Ҳазрати Хизр бобо кўздан ғойиб бўлдилар.

22

Қош қорайди.
Боғотда одам оёғи тинди.
Отамиз қоровуллигидан қайтиб келди.
Онамиз чаппа бурилиб йиғлади.
— Кўрган куним қурсин… — деди.
Отамиз бетини олиб қочди.
— Йиғлама-е… Мен сенга нима қилдим… — деди.
Онамиз айтиб-айтиб йиғлади:
— Шу бўғганида ўлиб кета берсам бўлмасмиди…
Отамиз талмовсираб туриб олди.
— Мен бўғдимми? Мен-а? — деди. — Одамга туҳмат қилма-е, мен адир-да эдим.

— Бўлмаса ким? Робия ҳамсоянинг эркагими?
— Сени бўғдимми? Сени-я? Қачон-қачон?
— Дарди чипқон, қачон-қачон!..
— Шу гапингга номаъқулнинг нонини ебсан. Мен ҳозиргина боғотдан келдим.
— Шу кишининг эси жойидами ўзи?
— Эсим жойида, ҳа, эсим жойида…
— Эси жойида бўлса, шуйтадими?
—Бўлди-бўлди. Ундан кўра, суюнчини чўз…
Отамиз бўлиб ўтмиш гапни айтиб берди.
Айта-айта, шипларга қараб жилмайди, деразаларга қараб жилмайди!
Шўрвани-да жилмая-жилмая ичди!
—Ҳа-а-а, бешик-мешигинг борми ўзи, момоси? — деди.
— Бешик нима қилади…
— Э, ҳали бешигинг йўқми? Унда, шу бозор Денов бориб келганим бўлсин!
— Ҳали вақтли.
— Вақтлиси бўптими, эҳтиёт-да.
— Мен ўзим айтаман…
— Ҳа-а-а-, сенинг гапинг жуфт, момоси…

23

Онамиз юраги ўйнади, онамиз кўнгли айниди.
Қўллари юзини оғзига тутди. Осмонга қараб-қараб эснади:
— А-а-ауф, -а-а-ауф!..
Отамиз эснашди ўзича тушунди. Ўзида йўқ суюнди.
«Ана, ҳазрати Хизр бовамизнинг марҳамати, ана!» дея хаёлланди отамиз.
Отамиз онамизга сипориш қилди.
— Энди, ўзингни оғир ишлардан тий, — деди. — Хафагарчиликлардан сақлан. Тўйиб-тўйиб ухла. Кўнглимда сен учун атаб юрганларим бор. Куни келсин, айтаман.
— Нима экан, у?
— Ҳали-ҳозир айтмайман. Куни келса, айтаман.
— Айтсин, ҳозир айтсин.
— Йўқ, бўлмайди. Айтсам, сен бировга айтиб қўясан.
— Айтмайман, айтсин, айтмайман.
Отамиз деразага қараб-қараб:
— Қўшиқ айтиб бераман, — деди сокин.
Онамиз ҳайрондан-ҳайрон бўлди.
— Нима-нима? — деди.
— Қўшиқ айтиб бераман, дейман… — деди, тағин-да сокин-сокин.
Онамиз оғзини ушлаб кулди.
— Шу киши қўшиқ айтадими? — деди.
— Эса-чи…
Онамиз пиқ-пиқ кулди.
— Шу киши-я?
— Э, бизга нима қипти?..
Онамиз болишга юмалаб кулди.

24

Отамиз адирларга сиғмай қолди!
Йўлда ҳориб қолади дея, онамизга тушлик ташиттирмади.
Ўзи келиб кетар бўлди.
Бўлар-бўлмас гаплар айтиб, онамизни кулдириб-кулдириб турди.
Кунлар кетидан кунлар ўтди, тунлар кетидан тунлар ўтди.

25

Отамиз тун чироғини ёқиб ётди.
Уй нимқоронғи бўлди.
Отамиз чалқанчадан ёнбош бўлди. Онамизга ўгирилди. Билагини онамиз бўйни остидан ўтказди. Онамиз юзларини қучоғига олди.
Отамиз чап қўли Хушвақтнинг илк… илк бешигига кетди. Қўли бешик бўйлаб юрди, бешик узра юрди. Бир юқорилади, бир пастлади.
Кафти мулойим-мулойим оламни қайта-қайта силади. Силади-силади, бир манзилда оёқ илди… Йўқ, йўқ…
Кафти тағин қуйилади-юқорилади. Ўнг-у чапга бориб келди. Кафти югурди, кафти елди,
кафти излади… Йўқ, йўқ…
Отамиз илк бешикка қўлини юзини тутди. Бор эътиборини, бор диққатини қўли ихтиёрига берди. Юрагини қўли юзига жо қилди… Йўқ, йўқ…
Ўнг қулоғини онамиз кўкраклари остига қўйди. Нафасини ютди. Бир лаҳза қотиб қолди.
Қулоғи остида онамиз юраги дук-дук урди…
Илк бешик бор! Тўққиз ой-ю, тўққиз кунлик мулойим олам бор!
Хушвақт йўқ, Хушвақт!
Отамиз ҳафсаласи пир бўлди… Онамиз юзига юзини қўйди…
Онамиз пиқ-пиқ йиғлаб қўя берди.
— Йиғлама, бўлади. Ҳазрати Хизр бовамиз айтдилар-ку…
Отамиз шундай дея, ўзини-да, онамизни-да овутди.
Онамиз отамиз билан тағин-да жипсроқ ётди. Соқолларига юзларини силади.
Олис айрилиқдан кейин кўришмишдайин, бағридан қўйиб юбормади. Олис соғинишдан кейин кўришмишдайин, бот-бот ўпди. Эркалатишлардан армони қолмади…
— Эртага бозорлаб келмайдими?
— Бозорлаганим бўлсин!

26

Онамиз саҳар маҳали отамизни уйғотди.
Отамиз бозор отланди.
Онамиз зим-зиё оламга боқди…
Ой ҳали туғмади. Шу боис, олам зимистон бўлди. Онамиз ой туғажак тарафга қараб турди-
турди-да… ўзини ойга менгзади, тақдирини оламга менгзади!
«Ой-да мендайин туғмади. Олам-да тақдиримдайин зим-зиё бўлди…» дея ўксиди.
Онамиз отамиз билан хўшлашди.
— Майли, хуш борсин-хуш келсин, — деди.
Отамиз зим-зиёга сингиб кетди.
Онамиз дарвоза қиррасига пешонасини қўйди. Ўксиб-ўксиб йиғлади…

Кўчада эчки маъради. Онамиз қайрилиб қаради. Eчкилари кўчага тизилиб чиқди.
Онамиз эчкиларни ичкари қайтарди. Дарвозани ичкаридан занжирлади. Занжирдан чўп ўтказди.
Супага келиб ўтирди. Пешонасини тиззаларига қўйди.
Тағин йиғлади…

27

Бари гап Термизда ҳал бўлди.
Ўшанда дўхтир онамизга бор гапни айтди. Отамизга айтмиш гап… тескарисини айтди!..
Онамиз дўхтир гапига ишонмади. Отамиздан пинҳона Денов дўхтирларига борди. Ўзини синчиклаб-синчиклаб қаратди.
Денов дўхтирлари-да Термиз дўхтирлари айтмиш гапни айтди.
Онамиз отамизга билдирмади. Аёллар билан Деновдан балиқ еб келдим, деди.

28

Онамиз ичига ютиб юрмиш дардлари ўша кундан эътиборан кўзларида балқиб қолди. Юракни яширса бўлади. Боиси, юрак кўринмайди. Юрак жамики дардларни пинҳон тутади. Аммо кўзларни яшириб бўлмайди. Кўзлар ўзини ўзи фош этади.
Шундай бўлса-да, отамиз пайқамади!
Отамизга очиқ-ойдин айтсинми? Қандай айтади? Айтиш, ўзини ўзи инкор қилиш бўлади!
Аёллик шаънини йўққа чиқариш бўлади!
Кейин аёлман деб юрмаса-да бўлади! Мабодо айтса, гап чиқади, элга ёйилади… Йўқ, икки дунёда-да айтмайди!
У бир эркак, зўр бир эркак бахтини боғлаб юрибди!
Эркак ҳадемай элликка киради. Эркак орзуларга тўла, эркак умидларга тўла!
Эркак тинимсиз елиб-югуради, эркак интиқ бўлиб қарайди, эркак излайди! Кўнгил мевасини излайди! Шу мевани топажагига ишонади, қўлига олиб ўйнатажагига ишонади! Юзларига, бағирларига босажагига ишонади!
Ана, эркак бешикка кетди! Ҳадемай, бешик кўтариб келади!
«Момоси, мана, Хушвақтнинг бешиги…» дейди.
Аниқ шундай дейди!
Онамиз бўлса… алдайди! Кўра-била туриб алдайди, ёнма-ён ётиб алдайди, кўзларига тик қараб алдайди!
Кимни алдайди? Умрида кўз очиб кўрмиш суюклидан-суюкли одамини алдайди!

29

Тонг таги оқариб-оқариб кела берди.
Онамиз молхона тарафга юрди.
Мол-ҳолларга қаради. Сигир соғди. Бузоқ эмизди. Мол-ҳолни подага ҳайдади.
Қўшиқ айтиб-айтиб соғмиш моллари, хўш энди!
Онамиз катак оғзида турмиш тошни олди.
Катакда ётмиш товуқлар ҳадеганда чиқа бермади. Ичкарида қурқ-қурқлаб тура берди.

Онамиз энкайди. Катак ичига қаради.
Мояк тугиб бермиш товуқлари, хўш энди!
Онамиз ошхонада хиёл турди. Теваракни қаради. Сирғалиб тушмиш докани тағин тобоқларга ёпди. Тағин тушиб кетмасин дея, дока бурчларини тобоқ остига бостирди. Таом юқи идиш-тобоқларни қатрон қилиб ювди.
Келин бўлиб, ўт ёқмиш ўчоқлари, хўш энди!
Келин бўлиб, мой томизмиш қозонлари, хўш энди!
Онамиз тандир бошига келди, рўмоли учларини елкаларига ташлаб энкайди. Тандирга қаради. Тандирга суёғлик оташкуракни олди. Оташкурак билан уюм-уюм тандир кулини олди. Тандир оғзини ёпиб қўйди.
Келин бўлиб нон ёпмиш тандирлари, хўш энди!
Онамиз эшик-орани супурди. Уй шипларида осилиб турмиш қора қурумларни олиб ташлади. Деразаларни ярақлатиб артди. Уйларни супуриб-сидирди. Юк-ёпларни келиштириб- келиштириб тахлади.
Келин бўлиб келмиш уйлари, хўш энди!
Онамиз зинада чўнқайиб ўтирди.
Тағин йиғлади. Ўпкасини босолмай йиғлади. Ҳиқ-ҳиқ йиғлади.

30

Офтоб олмалар учини чалиб юборди.
Онамиз рўмоли учлари билан бет-бошини ўради.
Дарвоза тараф юрди. Дарвозадан ташқарилади. Девордан бўйлади. Қадрдон ҳовлисига қаради. Сўнгги… сўнгги бор қаради…
Оҳиста-оҳиста юрди-юрди, тағин оёқ илди. Кетига қайрилиб қаради.
Шунда, изидан ияриб келмиш Олапар итини кўрди.
— Қол, қол! — деди.
Олапар беш-олти қадам қолди. Аммо, тағин ияриб келди.
Онамиз оёқ илса, Олапар-да оёқ илди. Онамизга қараб-қараб тура берди.
Онамиз ҳафсаласи пир бўлди. Йўлида давом этди.
Онамиз тўлиб-тошиб одимлади, босар-тусарини билмай одимлади!
Пойидаги мана булар қатор-қатор уйларми?
Йўқ, булар майда-майда оқ тошлар! Рангли-рангли кесаклар! Онамиз тошлар билан кесакларни янчиб-янчиб одимлади! Мана булар нима? Теракларми? Тутларми?
Йўқ, булар ногирон-ногирон гиёҳлар! Онамиз гиёҳларни эзиб-езиб одимлади! Ҳай, бўй бермиш тоғларми?
Йўқ, тоғлар эмас, йўқ! Булар болалар ўйнаяжак ҳаммомпиш уйлар!
Онамиз ҳаммомпиш уйларни босиб-босиб одимлади!
Тоғлардаги қорлар… қоп-қора бўлди!

31

Бу вақт отамиз Қизилсув бўйига келиб қолди.
Лойқа дарё ёқалади, саёқроқ кечув излади. Таваккал қилди, бир ёймадан от солди.
Дарё от қорнини ювиб-ювиб оқди.
Отамиз кечувдан чиқди. Дарё бўйида жойлашмиш лойқўрғон сари кўтарилди.

Отини қўрғон олди отхонага бойлади. Тароқи хуржунни буклаб-буклаб қўлтиқлади.
— Бисмиллоҳи раҳмони раҳим! — дея бозор оралади.
Бозор тумонат одам бўлди. Қадам босадиган ер тахчил бўлди.
Ҳавода кабоб, сомса, манти ҳиди анқиди.
Сонсиз овозлар қулоқни гаранг қилади. Ким гапиряпти, кимга гапиряпти, нимани гапиряпти, билиб бўлмади.
Бозор сонсиз чумчуқлар ғимирсиб чирқиллаётган уядай бўлди!
Отамиз бозорчилар билан тўқнашиб-тўқнашиб юрди, туртиниб-туртиниб юрди.
Фавқулодда пиллачи агрономга дуч келди. Агроном отамизни кўриб-кўрмасликка олди. Отамиз агроном билагидан қўшқўллаб ушлади. Агроном ялт этиб ўгирилди.
— Э-е, Қоплон ака! Бозорлабсиз-да? — деди.
Отамиз қўлтиғидаги хуржунга ишора қилди.
— Тирикчилик, ҳа, тирикчилик! — деди.
— Ҳа-а, маъқул-маъқул!
Агроном йўлида давом этди.
Отамиз агроном кетидан қараб-қараб қолди.
«Бефаҳм! Диплом бўлган билан, фаросат бўлмагандан кейин, қийин экан-да…» дея ўйлади.
Йўлида давом этди. Майиз бозорини ёнлаб юрди.
Майизчилар тизилиб ўтириб овоз берди:
— Кеп қолинг. Ҳўжасоатнинг майизига!
— Арзон қилдим, килоси ўн сўм!
— Синонинг майизи шўр бўлади, Хўжасоатникидан қолманглар, мисол учун!
Отамиз охирги гапни айтмиш Йўлдош қоровулни таниб қолди. Йўлини атайин қоровул олдидан солди. Қоровул олдида атайин оҳиста-оҳиста одимлади. Атайин қириниб-қириниб йўталди.
— Йўлингиз унсин, Қоплон ака! — деди Йўлдош қоровул.
Отамиз гўё, фавқулодда кўришиб қолмишдай, юзлари ёришди.
— Э, ҳа, иним, бозорингиз унсин! — деди.
— Айтганингиз келсин! Қани, бундайгина юрибсиз, мисол учун?
Отамиз қўли билан хуржунни кўрсатди.
— Тирикчилик, мана, тирикчилик! — деди.
— Ҳозир йўл бўлсин, мисол учун?
Отамиз… отамиз ниятига етди!
— Шу, бешик бозорига бораяпман, Йўлдош иним! — деди.
— Ана-ана! Буюрсин, буюрсин, мисол учун!
Отамиз тағин-да очилди.
— Қуллуқ-қуллуқ! — дея бош ирғади.
— Айтгандай, тўнғич неварамизни кўраяпсиз-да, мисол учун?
— Шундай, шундай!
Йўлдош қоровул ўйланиб қолди. Бир нима демоқчи бўлди. Оғиз жуфтлади-да, яна тағин индамади.
— Бир нима демоқчи бўлдингиз шакилли, иним?— сўради отамиз.
— Энди, Қоплон ака, ёшингиз улуғ, сизга оқсоқолчилик қилиб бўладими, мисол учун!
— Э, оқсоқолчилиги бўптими, айта беринг-да!
— Мисол учун айтсам, эски бешик яхши, ака! Айниқса, серфарзандларнинг бешигини олсангиз, нур устига нур бўлади, мисол учун!

— Унда, бешик олмаганингиз маъқул, дейсиз-да?
— Ҳа-да! Мана, бизникини олиб туринг, мисол учун!
— Унда, сизнинг айтганингизга юрдим, иним!..
Отамиз изига бурилди.

32

Дўконларни айланди. Олмаса-да, айрим нарсалар нархини сўраб-суриштирди.
Дўконларни айланди-айланди, китоб дўконига келиб қолди.
«Eҳ-ҳе-е-е! — деди ичида. — Бунча кўп қоғоз!»
Энди кетмоқчи бўлиб эди, ичкаридан бир қиз чиқиб келди.
— Ҳа, бова, қандай китоб берайин? — деди.
Отамиз, йўқ деган бўлиб бош чайқади.
— Ўғилми, қизми? Неча ёшда?
Отамиз кетишини-да билмади, кетмасини-да билмади. Нима дейишини-да билмади!
— Ўғил! — деб юборди.
Қиз токчадан катта китоб олиб узатди.
— Мана шуни олинг, — деди.
Отамиз китоб юзини томоша қилди.
Китоб юзида улкан мушук чўнқайиб ўтирди.
«Китоб ана шу мушук ҳақидадиров…» дея ўйлади.
Китобни қайтиб берди.
Турди-турди, ўйлаб қолди. Чиндан-да китоб олиб борса бўлмайдими? Хушвақт катта бўлса ўқийди-да?..
Отамиз эшитган-билган китобларини бир-бир ёдга олди.
— Шу, Кумушбибидан борми? — деди.
— Қанақа Кумуш?
— Ҳалиги, марғилонлик Кумушбиби.
— Ёзувчими?
— Э, йўғ-е, ҳалиги… Отабекнинг қайлиғи-чи?
— Ҳа-а, «Ўтган кунлар» денг. Бор, бор.
— Шундан бер, Кумушбибидан бер.
Қиз китобни топиб келди.
— Отабек керак эмасми? — дея жилмайди.
— Кумушбиби қаерда бўлса, Отабек-да шу ерда бўлади-да.
Отамиз дўкондан чойхонага йўл олди.
Икки кило қовурилган балиқ олди. Ярмини ўзи тушлик қилди. Ярмини қоғозга ўраб,
хуржунга солди.
— Аёлимизга, — деди ўзича.

33

Отамиз ҳамсоя-қўлларникига овоз берди.
— Ай, ҳамсоя, ўша ёқда бизники йўқми? — деди.
— Бугун кўрмадик, — жавоб берди ҳамсоялар.
Биров-ярим билан гап сотиб ўтирибди-ёв дея, ҳовуздан хабар олди.
Ҳовузда-да бўлмади.
Супага чўнқайди. Аёли йўлига қаради. Дарвоза тиқ этса қаради.

Қош қорайди.
Моллар подадан қайтди.

34

Отамиз тоқати тоқ бўлди.
Қаҳр билан отланди. Қайноғасиникига йўл олди.
Остонада отдан тушмай овоз берди.
— Ай, бу ёққа бир қаранглар! — деди.
Ичкаридан аёл овоз берди.
Деразадан тўкилмиш нурни бир соя кесиб ўтди.
Остонада қайнагачиси қора берди.
— Шу ёққа бизники келдими? — сўради отамиз.
— Келди, қани, ичкариланг, — деди қайнагачиси.
— Ёмон…
Отамиз: «ёмон хотиннинг уйи кўп, порахўрнинг гўйи кўп», дея узиб-узиб олмоқчи бўлди.
Аммо, аёли оғироёқ арафасида эканини ўйлади. Шаштидан қайтди.
— Меҳмон деган қош қорайгунча ўтира берар экан-да. Рўзғор деганни-да ўйлайди-да…—
деди.
Қайнегачиси ичкарилаб қайтди.
— Бормайман, деяпти, — деди.
— Нима-нима дейди?
— Бормайман, кета берсин деяпти.
— Э!..
Отамиз отдан тушди. Отни дарвоза устунига боғлади. Ичкарилади. Шу вақт деразадан тўкилмиш нурни тағин бир соя кесиб ўтди. Галдаги уй деразаси ёришди.
— Қани? — деди отамиз.
— Ана, нариги уйга ўтиб кетди, — деди қайнегачиси. Отамиз қайнегачиси кўрсатмиш уйга кириб кетди. Хиёлдан кейин қайтиб чиқди.
Қайнегачиси қошига келди.
Боши билан онамиз ўтирмиш уйга имо қилди.
— Анавига нима бўлди? — деди.
— Билмасам.
— Гапирсам, миқ этмайди?
— Ким билади. Эрталаб ўзи кириб келди. Энди уйимга бормайман, деди. Сўраб эдим,
индамади.
— Ё, бирон нима деб айнитдингизми?
Қайнегачиси бир парда кўтарилди.
— Ҳа, қайнсинглим кун сайин яшариб келаяпти! — деди. — Сиздан айнитиб, ўн саккиз яшар бўзболага бераман!
— Бўлмаса, нимага бундай қилади?
— Мен не биламан? Ана аёлингиз, ана сиз! Гаплаша беринг-да!
Отамиз тағин онамиз олдига кириб кетди.
Бу сафар кўп қолиб кетди.
Бир маҳал, эшик қарсиллаб-қарсиллаб ёпилди.
Қайнегачи деразадан ташқари қаради.

Ҳовлида отланаётган куёвини кўрди.

V

Кавкабистонда ой балқиди.
Ойдин сутга чайгандай оппоқ бўлди.
— Кўзларингга боқишларим… боқишларимизнинг ўзи бир достон, момоси. Бовужуд, шоирлар билмади, билса, элга ёярди… Мен сенга айтсам, момоси, боқишлар-да ҳали ўзимизники…
Олис-олис ойдинлар.
Олис-олис оқшомлар.
Энди қайтиб бўлмас олис бир олам…
— Гоҳида атайин ўйда ўтираман, момоси, болалар мени йўқ деб ўйлайди, девордан ошиб киради. Зардолиларга чиқади, тўйгунича ейди. Қўйинларини тўлдириб кетади. Мен яйраб-яйраб қарайман… эшитяпсанми, момоси, бизнинг зардолиларни болалар еяпти, болалар! Шу, кўча юзларига-да мевали дарахтлар эксамми деяпман, момоси. Ўтган-кетганнинг оғзи тегади-да, болалар ейди-да..
.

1

Отамиз ёлғиз яшади.
Аччиғи тарқалгунча аёли йўқлиги билинмади.
Кейин-кейин билинди.
Аёлини қўмсаб-қўмсаб энтикди. Болишни бағрига босиб-босиб энтикди. Ҳовлини айланиб-
айланиб энтикди…
Аёли хумор қилди!..
Отамиз отланди. Йўлга тушди. Зим-зиё кўчалардан юрди.
Қайноғаси девори олдида оёқ илди. Девордан бўйлади.
Зим-зиё ҳовлига бот-бот қаради. Энтикиб-ентикиб қаради…
Аёли ҳавосини олиб-олиб қайтди…

2

Ўйлади-ўйлади, тоғасини қайноғасиникига юборди.
Тоғаси куйиниб-куйиниб қайтиб келди.
— Кўр бўл, ҳа, кўр бўл! — дея ер муштлади. — Кўргина бўл!..
— Оғзингга тош-е! — деди холаси.
Тоғаси тағин ер муштлаб-ер муштлаб куйинди:
— Отанг раҳматлик айтди, энанг раҳматлик айтди, ажраш, турмушинг турмуш бўлмайди, деди! Айтганлари келдими? Мана, келди! Ўзингнинг умрингни ўзинг кўкка совурдинг! Уям ўйлаган-да…
— Нимани ўйлаган-да? — деди отамиз.
— ўйлаган-да, эркак одамнинг қайғуси болами, ўзим кетиб, пешонамни бир синаб кўрайин деган-да!
— Кетса, кета берсин! — деди холаси. — Аёли топилади! Пўлат пичоқ қинсиз қолмайди!..
«Ё, чини билан у шундай ўйга бордимикин-а?»
Отамиз хаёлидан шу гап ўтди.
Ўтирди-ўтирди, дадил ҳам кесиб гапирди:

— Бўпти, энди янги рўзғор қилганим бўлсин.

3

Тоғаси хеш-табор билан кенгашди, маслаҳатлашди.
Отамизга аёл қидирдилар.
Иккита аёл топдилар. Икковини-да эри машина фалокатида кетибди.
Бири ўттиз бешларда, фарзандсиз бўлди. Бири қирқларда, қўш фарзандли бўлди.
Холаси раъйкорчилик қилди.
— Эшик кўрганни олма, бешик кўрганни ол! — деди. — Ойгул бинойи, фарзанди бор…
Тоғаси совчиликка йўл олди.
Аёл бўлмиш ота-онасини кўндирди. Аёл бўлмиш болаларини кўрди.
Болалар бир-биридан суюмли бўлди!
— Яхши бўлди, жиянимизга фарзанд бўлади, — деди тоғаси.

4

Онамиз, отамиз янги рўзғор қилаяпти, дея эшитди.
Онамиз куйиб-куйиб кетди!
Дераза токчасига тирсаклади.
— Гўрга бўлса, менга нима… — дея пичирлади.
Кафтини иягига қўйди. Бошини чапга хиёл қийшайтирди, ташқарига тикилди.
Юзлари лов-лов этди. Ёноқлари булк-булк учди. Кўкраклари ости ўпирилиб тушаётгандай бўлди. Ўпирилиш кўксини борган сайин қуйига босди.
Буни оғриқ-да деб бўлмайди, ғашлик-да деб бўлмайди.
Гўё, кўкраклари остида зилдай бир нима ипда осилиб қолди. Борди-ю, иплар узилса,
қоматини кўтариб турмиш зилдай нима ерга тушади, чил-чил бўлади…

5

Кўкраги остидаги зилдай нима бирдан тошдай қотиб қолди.
Онамиз керишди. Шунда-да бўлмади.
Қотиб қолмиш нима юмшаб-да кетмади, тушиб-да кетмади.
Онамиз уқаламоқчи бўлди. Бармоқлари бориши билан кўкрак этлари пир-пир учди. Этлари ўзини олиб қочди.
Онамиз энди бармоқларини олисроқдан олиб борди, авайлаб олиб борди. Кафти билан оҳиста-оҳиста уқалади. Кўзларини юмиб уқалади.
Кўкраклари остида бармоқлари соясини ҳис этди.
Ниҳоят, кўксини ғижимламиш зилдай нима қўйиб юборди.
Пешонасидан совуқ-совуқ терлар оқди.
Ўтирди-ўтирди, мийиғида кулди. Бир гапни маъқулламишдай, билинар-билинмас бош ирғади.
Ич-ичидан куя-куя:
— Уйланса, оқ бутум қора куярмиди… — дея пичирлади.

6

Аёл зоти аззанча ўзига тўқ бўлсин, еган-ичгани олдида бўлсин, аззанча серуруғ бўлсин,

серавлод бўлсин, барибир… барибир, ўз оти ўзи билан… заифа бўлади!
Шу боис, аёл зоти ҳамиша бошида паноҳи бўлишини хоҳлайди.
Аёл зоти аззанча ўзига мустақил бўлсин, мағрур бўлсин, барибир, ана шу паноҳига бош эгиб яшайди.
Бош паноҳи амалдорми? Бош паноҳи камбағалми? Кўрми ё калми? Бош паноҳи майибми?
Барибир, аёл зоти учун барибир!
Кўмирчи бўлсин, темирчи бўлсин, тўрт девор ичида суюкли бўлсин!
Аёл зоти ана шу бош паноҳига суяниб яшайди!
Боши очиқ…
Аёл зоти аззанча хўрликни кўтаради, аззанча таҳқирлашни кўтаради. Аммо «боши очиқ»,деган гапни кўтаролмайди!
«Ўнта ўғлим бўлмасин… чолим ўлмасин», демиш гап, аёллар юрагидан отилиб чиққан бўлади!
Бу дунёга кимни бойлаб қўйиб эди-да, аёл зотини бойлаб қўяди?
Дард бор, бош ёстиққа тегиш бор.
Ана шунда, суяб турғизажак танмаҳрам кунга ярайди. Ана шунда, оғизга сув томизажак танмаҳрам кунга ярайди.
Эркак зоти ёмон бўлиб туғилмайди! Қарсак икки қўлдан чиқади!
Ўзи яхшилаб олади! Нима деса, хўп дейди! Қўлини косов қилади, сочини супурги қилади!
Майли, болалари онамизни ўз онаси ўрнида кўрмаса-да, майли! Аммо онамиз уларни ўз боласи ўрнида кўради! Бир оначалик қарайди!
У киши ана шундай бир эркакдан умидвор бўлди!

7

Отамиз қайноғаси дарвозасида оёқ илди. Узангидан оёқ олди. Отини етаклаб ичкарилади.
Ичкарида жамоа жам бўлди.
Отамиз жамоа билан юзма-юз бўлди. Юган тутамлаб, дол турди.
Салмоқлаб-салмоқлаб, аёли жавобини берди:
— Икки талоқ! Бўлдими? — деди.
Дераза олдида ўтирмиш Оймомо онамиз ўз жавобини эшитди.
Онамиз акаси музтар бўлиб қотиб қолди.
Ҳамсоя-қўллар ачиниш ҳам қайғуриш билан бош чайқади.
— Қайнсингилгинам умри хазон бўлди! Бошқа эркакка тушганида ҳалигача неварали бўларди!
Бу гапни онамиз янгаси айтди.
Ҳамсоя-қўллар далда берди:
— Тақдир-пешона экан-да, ким ўйлабди дейсиз…
— Ҳали жойи чиқади!
— Жойи чиқса, берамиз!
— Ҳали қўчқордайин-қўчқордайин ўғиллар кўради!
— Ҳали попукдайин-попукдайин қизлар кўради!
— Тешик мунчоқ ерда қолмайди!..

8

Отамиз жамоадан кўзини олиб қочди.
Ерга қаради. Мунғайиб қолди.

Ер остидан тоғасига қараб-қараб олди.
Ўзини жуда-жуда ёмон сезди. Оёғи остида ер борми-йўқми, билолмади. Ўзини омонат сезди.
Мунғаймиш кўйи кетига қайрилди. Ердан кўз олмай от етаклади. Оҳиста-оҳиста одимлади.
Ер сунгалаб-ер сингалаб одимлади. Мунғайиб-мунғайиб одимлади.
Бош кўтариш учун мажоли-да қолмади, ҳаддида қолмади! Бош кўтариш учун ботинолмади!
Ичкаридан тоғаси овозини эшитди.
— Энди, бари худо тарафдан, қуда, — деди тоғаси. — Сиз ҳам, биз ҳам айбдор эмасмиз. Энди, келин бўлмиш юк-ёпларини олиб келиш учун борасизларда. Ўзим бошида туриб, ипидан игнасигача бўлиб бераман…
Отамиз ер остидан кетига қаради. Юрак-бағри ҳаминқадар эзилиб-езилиб кетди!
Ҳамиша қайқайиб-қайқайиб юрмиш оти, ҳамиша кўкрак кериб-кўкрак кериб юрмиш оти… боши хам бўлиб-хам бўлиб қадамлади! Ерга тумшуқ бериб-тумшуқ бериб қадамлади! Ерга кўз тикиб-кўз тикиб қадамлади!
«Ёмон бўлди, кўп ёмон бўлди, — хаёлланди отамиз. — Энди шуни, шу жонивор билмаса нима қипти?»
Отамиз ҳадаҳалади. Дарвозадан ташқарилади.
Узангига оёқ илди. Отига қамчи урди.

9

Отамиз чайладан адоқлади.
Адир адоғида қантарилмиш отини минди. Уйига йўл олди.
Дарвозани очди. Кўчада сочилиб юрмиш мол-ҳолларни ичкари киритди. Мол-ҳолга қаради.
Отини охурига бойлади.
Ҳовли ўртасида серрайиб қолди.
ҳовли зим-зиё бўлди. Милт этмиш шуъла бўлмади.
Ичкарилаб, уй чироғини ёқди. Кўрпачага чўзилди. Этиги қўнжидан қамчини олди-да, оҳиста-оҳиста этик қўнжига урди, кўрпачага урди, деворга урди.
Ётиб ётолмади, ухлаб ухлолмади.
Тағин ташқарилади.
Бир қурбақа сапчиб-сапчиб келди. Деразадан тўкилмиш нурда тўхтади.
Нур, отамиз ғашини келтирди. Ичкарилаб, чироқни ўчириб келди.
Ток вайиши остида чўк тушди. Оёқларини чалиштирди. Жойлашиб ўтирди. Вайиш устунига яғрин берди. Бошини-да устунга қўйди.
Боши узра назар солди. Қоп-қораймиш вайишга тикилди. Тикилди-тикилди, кўзлари илинди…
Хўрозлар қичқириғидан, бузоқлар маърашидан уйғонди.
Тобора ёришиб келмиш осмонга қаради. Мунғайиб-мунғайиб қаради. Ғарибона-ғарибона қаради…
Отаси бор эди, отасига суянар эди. Отаси қазо қилди.
Аёлига суяниб қолди.
Онаси бор эди, онасига суянар эди. Онаси-да кетди.
Тағин аёлига суяниб қолди.
Энди, ёлғиз суянчиғидан-да ажралди. Ёлғиз юпанчидан-да ажралди. Ёлғиз юпанчидан-да ажралди. Ёлғиз паноҳидан-да ажралди.
Тўрт тарафи қибла бўлиб қолди!
Энди… Манави устунга суяниб қолди!

10

Отамиз отига қаради-юрди.
Қўйлар емиш дардида отамизга суйкалди.
Отамиз қўйларни туртиб-туртиб ташлади, жеркиб-жеркиб ташлади.
Отини эгарлади, ташқари етаклади.
Дарвозани ташқаридан қулфлади. Эгар қошидан олди, узангига оёқ илди.
От шахдам-шахдам қадамлади.
Тонг еллари ҳур-ҳур эсди.
Отамиз тегирмон олдидан йўл олди.
Тегирмон остидан шовуллаб отилмиш сув йўлни кўндаланг кесиб оқди.
Отамиз кечувда жиловни бўш қўйди.
От бош кўтармай-бош кўтармай сув ичди.
Шунда:
— Ассалому алайкум, Қоплон ака! — демиш овоз келди.
Овоз қаёқдан келди, сув шовуллашида билиб бўлмади.
— Мен бу ёқдаман, мисол учун! — деди овоз.
Отамиз тегирмон супасида турмиш Йўлдош қоровулни кўрди.
Қоровул бел боғидан қўшқўллаб ушлади. Кулиб-кулиб қараб турди.
— Тегирмонга келдингизми, мисол учун? — деди.
Отамиз нима дейишини билмади.
— Шундай, шундай… — дея бош ирға- ди.
Йўлдош қоровул тап этиб супадан тушди. Отамиз билан кўришиб-сўрашди.
— Буғдойингизни қайси бурчакка қўйиб эдингиз, мисол учун? — деди.
— Нима эди?
— Буғдойингизни ичкаридан топиб оламан-да, тегирмонга соламан, мисол учун. Тушгача тегирмондан чиқади. Тушда келиб отга ортиб кета берасиз, мисол учун.
— Йўқ…
— Йўғи бўптими, мисол учун. Боғқоровул бўла туриб, тушгачайин ўтира берасизми? Узумларингизни чумчуқ еб кетади, мисол учун! Мана биз ўтирсак, бўла беради. Биз маккажўхори қоровули. Маккажўхорини ит ейдими, мисол учун…
Отамиз хўрсинди. Теваракка аланглади. Йўл бўйи симёғоч симларида тизилиб турмиш қалдирғочларга тикилди.
Йўлдош қоровул, отамиз истиҳола қилаяпти, дея ўйлади. Тағин гапга тушди.
— Навбатда турганлар жанжал қилади, деб ўйлаяпсизми, мисол учун? Чин, тегирмон навбати билан, дейдилар, мисол учун. Лекин мен тегирмончи билан гапиришаман-да. Шундай- шундай, дейман-да, мисол учун…
Отамиз қамчи сопи билан қалдирғочли симларга ишора қилди.
— Шу симларда ток бор-а? — деди.
— Ҳа, ток бор, мисол учун.
— Унда, нимага қалдирғочларни ток урмайди?
— Шуни билмадим-а, мисол учун. Чопиб бориб, Николай монтёрдан билиб келайинми,
мисол учун?
От сувдан бош кўтарди.
Отамиз отни тиззалари билан ниқтаб ҳайдади. От сув сачратиб-сув сачратиб кечувдан ўтди. Отамиз йўлида давом этди.
Йўлдош қоровул отамиз кетидан қараб қолди.

11

Отамиз тегирмондан олислади.
Тонгги ҳаводан баданлари жунжикди. Чопони ўнгирлари ёнларига ёйилди.
Бор вужуди билан, бор тани билан… қўмсаш қўшиғини айтди…
Улкан тол теварагини бир айланиб оёқ илди. Ерга тушди. Отини тол танасига бойлади.
Елкасидан нафас олди. Баданлари қизиди. Ёқаларини очди.
Азим ёнғоқ остига борди. Ёнғоқ танасига суяниб ўтирди…

12

Пойида булоқ сувлари тиниқ оқди, сокин оқди.
Пўст ташламиш ёнғоқлар булоққа чўлп-чўлп тушди. Булоқда қалқиб-қалқиб оқди… Отамиз булоқдан ҳовучлаб-ҳовучлаб олди. Оғзини чайди. Юзига сепди. ўзини совутди. Булоқ бўйидаги кийик ўтларга термилиб ўтирди-ўтирди… Эслаш қўшиғини айтди…

13

«…Зардоли барги мисол қайрилма ой, булутсиз оқшом осмонида ҳаволанди.
Оқшом тағин-да оппоқ, тағин-да нафис бўлди.
Қовжираб ётмиш қиёқ ўтлар шамолда чайқалди. Шамолда айқашди, ажиб товуш берди.
Барглар шитир-шитир этди.
Пишиб меъёридан ўтиб кетмиш зардолилар ерга тап-тап тушди.
Оқшомдан зардоли ҳиди анқиди.
У, Оймомо сочини ушлади…
Оймомо рўмоли четидан ўпкаланиб-ўпкаланиб қаради…»

14

Эслаш қўшиғи авж олди:
— Ҳа-а-ай…
Отамиз отланди. Адирга йўл олди.
Адир ғуж-ғуж дарахт бўлди. Зардоли, олма, жийда, ёнғоқ, дўлана… бўлди. Уларни табиат экди, табиат кўкартирди. Шу боис, оти ёввойи олма бўлди, ёввойи ёнғоқ бўлди.
Бу йил дарахт барглари учи сариқ-сариқ бўлди. Демак, қиш кеч келади. Борди-ю, барглар остидан сарғайиб бошласа, қиш эрта келади.
Отамиз от жиловини ўз ҳолига қўйди.
Ер синчиклаб-ер синчиклаб қаради…
Шу ерларда… Худди шу ерларда бир сўқмоқ бўлар эди. Сўқмоқ боғ тарафидан… Оймомо ишдан қайтар эди. Отамиз худди шу ерда Оймомо йўлини пойлар эди…
Бу, кўришув қўшиғи бўлди!
Энди у сўқмоқлар йўқ…
Сўқмоқлар кўмилиб кетди. Изсиз, ном-нишонсиз кўмилиб кетди…

15

Бир калтакесак хазонларни шитирлатиб-шитирлатиб чопди.

От сесканиб оёқ илди. Қулоғини динг қилди.
Отамиз жиловни орқага бурди.
От ўзи юрмиш эгри сўқмоқдан юраман, деди.
Аммо отамиз отни тиккасига солди.
Йўлда йўнғичқапоя келди, ариқ келди, ўр-чуқур келди. От баридан сапчиб ўтди, баридан ирғиб ўтди.
Кўришув қўшиғи поёнлади.
Қўшиқ ёввойи дарахтлар остида қолди. Ном-нишонсиз сўқмоқларда қолди…

16

Отамиз Сайрак адирда жилов тортди. Эгар қошига жилов илди.
От бўйни кўзойнак илон мисол гажак-гажак бўлди.
От пишқирди. Олд туёқлари билан тарс-тарс ер тепди.
Отамиз, қамчи сопи билан телпагини кетига сурди. Қамчили қўлини сонига тиради.
Елкадан нафас олди. Қириниб йўталди. Қўшиқ айта бериб қақраб қолмиш томоғини намлади.
Назарини боғларга берди…

17

Шу кўйи ўтирди-ўтирди… ўзининг сўнгги… энг сўнгги қўшиғини бошлади…
Бу, хайрлашув қўшиғи бўлди, алвидо қўшиғи бўлди!
Тонглар бепоёндир, бепоён! Олис-олис уфқларда тонг. Боботоғ чўққиларида тонг. Даграз сув омбори узра тонг. Қишлоқ узра тонг. Боғларда тонг. Терак учларида, баргларида тонг. Гала- гала чумчуқлар парвозида тонг. От ёлларини ўйнамиш сокин елларда тонг. Куйловчи соқолини силамиш салқин саболарда тонг.
Қўшиқда-да тонг!

18

Сокин боғ узра бир гала чумчуқ ўйнади.
Чумчуқлар турнақатор бўлиб тизилди. Ғуж бўлди. Ёппасига терак шохларига ёпирилди.
Тағин парвозланди.
Жимжит терак қўйнида парр этмиш кўр овоз келди.
Бир тўрғай ҳаволаниб-ҳаволаниб ўйнади. Ўз ўйинидан, тонг ҳавосидан маст бўлиб сайради. Бир жойда муаллақ турди. Чалқанча ётди. Қуйига шўнғиди. Тағин юқорилади. Кўкка тўш берди. Жойида қотиб қолди. Тағин тўлқиндайин-тўлқиндайин парвозланди…
Алвидо қўшиғи авжида бўлди!

19

Кун, тонгни ёқиб юборди.
Оламдан оппоқ парда кўтарилди.
Боботоғ чўққисида турмиш дум-думалоқ кун, тераклар учини чалиб кетди.
Бир терак шохида чумчуқлар зорланиб-зорланиб чирқиллади. Чумчуқлар илон кўрса, ана шундай зорланиб чирқиллайди… Алвидо қўшиғи қиёмда бўлди:

— Лалайлам, ла-а-ам!…
Бебош саболар терак баргларини чаппа-чаппа қайирди.
Фотмачумчуқлар шохма-шох ликиллади.

20

Қишлоқ тарафдан келмиш сўқмоқда отлиқлар, эшаклилар кўринди, пиёдалар кўринди.
Биров уловига сават осиб олди, биров қўлтиғига сават қисиб олди.
Деҳқонлар узум узишга кела берди.

21

Бригадир отини йўнғичқапоя гирдига бойлади.
Теракзор ёнлаб юрди. Чумчуқлар зорланмиш терак олдига борди. Eнкайиб-енкайиб қаради. Бирдан… изига қараб-қараб қочди. Бригадир қўлини қоши устига қўйиб қаради.
— Ҳой, Қоплон ака! — деди. — Белни олиб чопинг! Анави теракда бир дарранда ўралиб ётибди!

22

Отамиз алвидо қўшиғини бекам-у кўст айтди. Умрида илк бор… илк бор, қўшиғида сўз ишлатди. Қўшиқ қиёмида кўнглидан бир сўз отилиб чиқди:
— …Ку-у-уйга-а-ай!..
Отамиз алвидо қўшиғини боғлар оралаб бўлинмиш меҳнаткашларга қараб айтди.
Меҳнаткашларни қўшиқ билан кузатди.
Меҳнаткашлар ишларига қўшиқли бўлиб кетди!

23

Сўқмоқда бир қизил кийим кўринди.
Бошида дока рўмоли бўлди. Қўлида саватча бўлди.
Одимлари вазмин-вазмин бўлди.
Бу, асл қўшиқнинг ўзи бўлди!
Асл қўшиқ турганда мухаммас қўшиққа йўл бўлсин! Асл қўшиққа тараф йўқ!
Қўшиқ беихтиёр адирдан эниб бошлади.

24

Бригадир, қўли қоши устидалигича қолди.

25

От, асл қўшиқ олдини олди. Асл қўшиқ чапдан йўл олди. От, асл қўшиқ олдини олди. Асл қўшиқ ўнгдан йўл олди.

От, тағин олдинни олди.
Асл қўшиқ нима қилишини билмади. Ерга қараб қолди.
Шунда, қўшиқ отдан тушди. От бўйнига қўлини қўйди. Олис турди.
Асл қўшиқ рўмоли ерлларда ҳилпираб-ҳилпираб турди.
Қўшиқ, асл қўшиқ қўлидан саватчани олди. Эгар қошига илди. Бир қўли билан от жиловидан ушлади. Бир қўли билан асл қўшиқ рўмолидан ушлади.
Оҳиста-оҳиста қишлоққа йўл олдилар.
Қўшиқлар юзма-юз бўлиб, нималарни гапиришдилар?
Қўшиқлар йиғлаб-йиғлаб, мана бундай гапиришдилар:
— Умрингизни олмайин дедим, боваси, ёлғиз ўғилсиз…
— Шу гапингга номаъқулнинг нонини ебсан, момоси. Сенга келган дардга ўзим кўндаланг,
момоси…

26

Бригадир олислик қилди.
Шу боисдан эшитмади.
Аммо барини кўриб-билиб турди.
— Ҳа, кучингдан, бизнинг қоровул! — дея жилмайди.

VI

Ой сузилиб-сузилиб боқди.
Бобомиз озғин панжаларини ҳавода очиб юмдилар.
— Эсингдами, момоси, — дедилар. — Ўшанда-да ой ёруғ эди, ёп-ёруғ эди…
Бобомиз кафтлари билан қовжираб-қовжираб ётмиш хасларни пайпасладилар.
— Мен отни жилдириб келайин, момоси, — дедилар.— Сен ўтириб тур. Қўрқмайсанми, ўзи?
Бобомиз адирдан эндилар. Ариқдан ҳатладилар. Йўнғичқапоя оралаб юрдилар.
От қулоқларини диккайтирди. Кетига тис бўлди.
Хўжасини таниди, бўй берди.
Бобомиз от ёлларини силадилар. Силаб-силаб эркалатдилар.
От қозиғини суғурдилар. Ҳали от оғзи тегмаган ерга тепиб-тепиб қоқдилар. Жабдуғини-да от олдига олиб келиб қўйдилар.
Бобомиз ана шу жабдуққа пича чўнқайдилар. Оёқларини узатиб-узатиб ўтирдилар.
Кафтлари билан йўнғичқаларни силадилар. Кафтларини юзларига суртдилар, бурунларига босдилар.
Кафтларини тўйиб-тўйиб искадилар.
Шунда… шунда, ариқ ёқалаб келмиш қораларга кўзлари тушдилар.
Йўнғичқа исли кафтлари билан соқолларини тутамлаб-тутамлаб қарадилар…

1

Неча-неча қизғалдоқлар очилди.
Барглари сочилиб-сочилиб кетди.
— Дўхтир бизнинг ичимизга кириб чиқибдими, момоси. Дўхтир айта беради-да! Ана, Жўрақулни дўхтирлар одам бўлмайди, деди. Беморхонадан олиб кетинг, деди. Ана, юрибди, отдайгина бўлиб!..
— Чин, боваси чин.

— Биласан, Ҳазрати Хизр суйган бандаларига йўлиқадилар. Менга йўлиқдилар, фарзанд бераман, дедилар. У киши юзимдан ўтолмайди, момоси. Одамнинг юзи иссиқ-да, момоси.
— Айтганлари келсин, боваси.
— Бўғирсоқ, ёғли патир қил. Эртага ишга олиб борамиз. Арпага ўроқ тушар эмиш. Меҳнат ҳайити-да.
— Уфф, ишнинг охириям бормикин-а.
— Тирикчилик, момоси, тирикчилик. Одамнинг юзи чидамайди. Яна тағин Ҳушвақт ҳаяллаяпти. Ҳушвақт ўрнига-да меҳнат қилмасак бўлмайди. Одамлардан уят. Хушвақт келсин, ўзимиз биламиз…
— Катталар қўяр.
— Э, қўймай нима? Хушвақтдай улимиз бўлади-да, катталардан қўрқамизми? Бирови ғинг деб кўрсин! Ҳай, кўп жаврама, ана улимиз ишла-япти, деймиз. Бор, йўлингдан қолма, деймиз. Бари уялиб қолади! Қола берса, Хушвақт улимизни ўйлайди. Чол-кампирга индамайлик, ули хафа бўлади, дейди. Улимизнинг юз-хотирини қилади. Ҳали-ҳозир кимимизнинг юз-хотирини қиладилар, момоси…

2

Неча-неча қовунлар пишди. Тарвузлар тарс ёрилди. Узумлар майиз бўлди.
— Эшитдингми, момоси, Вахшиворда биров етмишида фарзанд кўрибди. Яна тағин, ўғил эмиш! Ана кўрдингми, эрта-кечи бўлмайди. Сабр қилсанг, ғўрадан ҳолва битади. Сабрнинг таги олтин, момоси.
— Айтганлари келсин, боваси.
— Айтгандай, яна пахтани деяпти, момоси. «Ҳазорбоғ» совхозига ёрдамга борамиз экан, ўн беш кунга.
— Икковимиз-да борамизми?
— Йўқ, бир ўзим бораман, момоси. Бригадир ўзингиз борасиз, деди. Билади-да, бир ўзим икки-уч кишининг ишини қилишимни билади-да, момоси.
— Билади, бригадир билади, боваси.
— Бригадир, сиз чойхоначи бўласиз, деди. Мен айтдим, чойхоначилик яримжонларнинг иши, мен пахта тераман, дедим.
— Унда, мен нима қилайин, боваси?
— Сен мол-ҳолларга қараб, уйда ўтир, момоси. Сенинг улушингни-да, Хушвақтнинг улушини-да ўзим бажараман. Хушвақт келсин, оёқни узатиб ётганимиз бўлсин, момоси.
— Айтганлари келсин, боваси.

3

Неча-неча барглар сарғайиб хазон бўлди.
Қизлар келин бўлди. Болалар куёв бўлди. Тойлар от бўлди.
— Ҳазрати Хизр лафзларидан қайтмайдилар, момоси. Борди-ю, қайтсалар, ёдларидан кўтарилган бўлади. Унда, тағин эсларига соламан, момоси. Ҳазратим, бизнинг улимиз нима бўлди, биз улимиз йўлига қараб ўтирибмиз, дейман. Қандай қилиб айтасиз, дейсанми? Биласанми-йўқми, Ҳазрати Хизр одамга уч марта йўлиқадилар. Мен, энди икки бор йўлиқдим.

Ҳали яна бир йўлиқишим бор. Ўшанда айтаман-да, момоси. Ишончим комилки, у киши узрларини айтадилар-да, лафзига амал қиладилар…
— Айтганлари келсин, боваси…

4

Неча-неча қорлар ёғди.
Сув бўлиб-сув бўлиб оқди.
— Мен сенга айтсам, момоси, Яратганнинг ўзи бераман деса, қўшқўллаб беради. Сендан-
мендан сўраб ўтирмайди. Ма, ол, қулим, дейди. Мана кўрасан, момоси…
— Айтганлари келсин, боваси…

5

Авжи саратон бўлди.
Офтоб лов-лов ёнди.
Офтоб оламни жингиртоб-жингиртоб қилди. Офтобда сув қайнайин-сув қайнайин, деди. Шундай кунда рамазон келди.
Эл рўза тутишини-да билмади, рўза тутмасини-да билмади. Рўза тутайин деди, кун кўз очирмади, кун нафас олдирмади. Рўза тутмайин деди, мўмин-мусулмон учун рўза қарз-да бўлди, фарз-да бўлди.
Отамиз билан онамиз ўйлаб-да ўтирмади. Кун офтоб тугул, олов пуркасада, рўза тутарман бўлди.
Боиси, эл-юрт олдида ўзларини қарздор билди, эл-юрт олдида ўзларини айбдор билди…
Қола берса, отамиз бир умиди Лайлат ул-Қадр бўлди…

6

Эмишки, йил, мелодий олти юз ўнинчи йил бўлди. Ой, Рамазон ой бўлди.
Оллоҳи таолонинг Жаброил отли бир фариштаси бўлдилар. Оллоҳи таоло ана шу фариштасини ҳузурларига чақирдилар. Жаброил фариштасидан Муҳаммад алайҳиссаломимизга ваҳий юбордилар.
Бу амал Қуръони карим оятлари ёддан айтила бошламиш илк кечада содир бўлди.
Оллоҳи таоло ана шу тариқа-ана шу тариқа, Муҳаммад пайғамбаримизга ваҳий йўллай-
ваҳий йўллай бердилар.
Мелодий олти юз ўттиз иккинчи йилгачайин ана шундайин ваҳий йўллаб турдилар.
Эмишки, Қуръони карим ана шундай бино бўлди!
Шу боисдан Рамазон муқаддас ой бўлди.
Қуръони каримдай мўтабар ҳам табаррук китоб бино бўлди, муқаддас бўлади-да!
Шу боисдан Рамазонда мўмин-мусулмонлар рўза тутди.
Ойдин бўлдиким, Лайлат ул-Қадр оллоҳи таоло Муҳаммад расулуллоҳимиз учун яратмиш кеча бўлди.
Арабча «лайл» сўзи ўзбекча «кеча» демакдир. Арабча «қадр», ўзбекча «тақдир» демакдир.
Ойдин бўлдиким, Лайлат ул-Қадр, «тақдир ҳал бўлажак кеча» демакдир.
Жумлайи мўминларга аёнким, йиллар ҳисоб-китоби Қуёш Ер гирдида айланмиш даврига қараб саналади. Шунга биноан ҳар келажак янги йил эски йилга нисбатан ўн кун-ўн кун олдин келади.

Рамазон ҳижрий-қамарий йиллар тўққизинчи ойи бўлади.
Демак, Лайлат ул-Қадр ҳар йили бир вақтда келмайди. Турли кечаларда келади. Рамазон ойи охирги тоқ кечаларида келади. Хусусан, ўн еттинчи, ўн тўққизинчи, йигирма биринчи, йигирма учинчи кечаларда келади. Кўпинча, рамазоннинг йигирма еттинчисида келади.
Лайлатул-Қадр келажак кеча мўмин-мусулмонлар ниманики тиласалар, тилаклари бажо бўлади. Орзу-умидлари ушалади.

7

Отамиз-да, онамиз-да, Лайлат ул-Қадрни… улуғ бир зот, дея ўйлади!
— Лайлатул-Қадр ҳар бандасиникига-да кела бермайди, момоси, — деди отамиз. — У киши ўз суйган бандаларникига келади. Кимда-ким бус-бутун рўза тутса, ана шу бандасиникига қадам ранжида қилади.
Отамиз рамазон кечаларини санаб рўза тутди.
Неча-неча кечалар бедор ўтди. Отамиз кўз илмаяжак кечалар бўлди. Онамиз киприк қоқмаяжак кечалар бўлди.
Ўзлари тўшакда бўлди, бор вужудлари ташқирида бўлди. Қулоқлари динг бўлди.
Лайлатул-Қадрни чўчитиб юбормасинлар учун йўталмай ётди.Оҳиста-оҳиста гапиришди.
Тиқ этмиш товуш чиқаришмади.
Eшиклар билан деразаларни ланг-ланг очиб қўйдилар…
Рамазон-да охирлади.
Мўмин-мусулмонлар рўзаларини очди.
Рамазон ҳайити бўлди.
Онамиз чайинди-таранди, ўзига оро берди. Ҳайтлик либосларини кийди.
Қабристон йўл олди.
Ота-онаси бошига борди. Ота-онаси қабрига чироқ ёқди: пахта толасини эшит-ешиб, пилик қилди. Зиғир мойга белаб олди. Чўп учига ўради. Чўпни қабр бағрига қадади. Гугурт билан пилик учини ёқди.
Пилик учи лип-лип ёнди.
Онамиз лип-лип ёнмиш пиликка термулди…
Онамиз онаси раҳматликни ёдлади, онамиз отаси раҳматликни ёдлади.
Ёдлаб-ёдлаб йиғлади…
Онамиз ота-онаси бошидан қайтарда дуч келмиш етим-есирни қутлади.
— Ҳайитингиз қуллуқ бўлсин! — деди.
Етим-есирларга бир сўм-бир сўмдан ҳайитлик берди.
Отамиз-да озода кийимларини кийди. Жийноқ бўлажак ҳовуз бўйига йўл олди.
Йўлида учрамиш мўмин-мусулмонларни қутлади, бева-бечораларни қутлади.
— Ҳайитингиз қуллуқ бўлсин! — деди.
Бева-бечоралар қўлига уч сўм-уч сўмдан ҳайитлик берди.
Отамиз бева-бечоралар дуосини олди.
Бекатларда ўтирмиш хокисор бандаларни қутлади, уч сўм-уч сўмдан ҳайитлик берди.
Отамиз хокисорлар дуосини олди.
Ҳовуз бўйида ғуж бўлиб турмиш болаларни кўрди. Болалар нишолда теварагида уймаланди.
Билди, болаларнинг тангаси йўқ, бўлса, нишолда олиб еяр эди.
Отамиз болаларга битта-биттадан нишолда олиб берди.
Болалар нишолда ялай-ялай тарқалди, отамизга қарай-қарай тарқалди.
Отамиз болалар дуосини олди.

Йўл-йўлакай ҳамсоя-қўлларни ҳайит билан муборакбод этиб келди.
— Лайлатул-Қадр келаман деса, Рамазон деб ўтирмай, кела беради, момоси… — деди отамиз.
— Айтганлари келсин, боваси… — деди онамиз.

8

Онамиз тўлишиб-тўлишиб қолди.
Ёноқларида сепкил тошиб-сепкил тошиб қолди.
— Оймомонинг бўйида бўпти, кўз тегмасин.
— Яратганнинг ўзи ноласини эшитибди, кеч бўлсаям берибди.
— Фарзанднинг эрта-кечи бўладими.
— Ишқилиб, эсон-омон қутулиб олсин. Онамизни кўрмишлар ана шундай дедилар! Аслида… ундай эмас!
Аёл зоти чинакам фарзанд доғида куйса… фарзандни қалбан орзу қилса… худди бўйида бўлмишдай тўлишади! Аёл руҳияти шундай, аёл тани шундай, аёл қалби шундай!
Табиат аёлни фарзанд учун яратади.
Фарзанд — аёл бахти бўлади, шон-шарафи бўлади, юз-хотири бўлади!
Она — аёл зоти учун олийдан-олий мартаба бўлади!

9

Онамиз дарди ичида бўлди. Бировга сир бермади.
Ўтирди-ўтирди, Робия ҳамсоясиникига ўтди.
Ҳамсояси айвонда ўғлини осмонга отиб ўйнади. Ҳар отишида гўдак қийқириб-қийқириб кулди.
Онамиз кўзи тандирга қия ташиб юрмиш қизда бўлди. Ана, ўша йиғлоқи чақалоқ, ана!
Дўппосдай қиз бўлди!
Онамиз қизга тикилди-тикилди, ич-ичида шундай деди:
«Биғ-биғ қилмаганингда… қизимнинг отини билиб олар эдим…».
Ҳамсояси гўдагини бешикка белади. Ўғли тилидан айтди:
— Ай момо, мени тебратиб туринг, энам нон ёпиб келсин. Катта бўлсам, мен ҳам қизингизнинг бешигини тебратаман.
— Айтганинг келсин… — деди онамиз. Ҳамсояси тандирга қараб кетди. Онамиз бешик тебратди.
Чақалоқ онамизга қараб-қараб келди.
Онамиз-да кулди.
— Ҳа, кулишни-да биласанми? Кулишни-я? — ияк силкиди, — Кул, кула бер!..
Чақалоқ мимит қўлларини шундай пешонасида осилмиш туморга узатиб-узатиб кулди.
Оғзида битта-да тиши бўлмади!
Онамиз бешикка энгашди. Шунда… шунда, димоғи гўдак исини туйди…
Онамиз умрида гуллар, барглар исидан баҳра олди. Турфа кўкатлар, таомлар исидан баҳра олди. Тўйиб-тўйиб искади.
Аммо… гўдак исидан тароватлисини кўрмади, гўдак исидан ҳаётбахшини кўрмади!
Ай, гўдак ислари, гўдак ислари-ай!..
Гўдак кўзлари илиниб-илиниб кетди. Момомиз кўзларини юмиб, беихтиёр димоғида алла

айтди:

Алла-алла, аҳди бор-а, алла-ё, алла-ё,
Уйқунинг ҳам вақти бор-а, алла-ё, алла-ё,
Алла айтган энангни-ё, алла-ё, алла-ё,
Қоп-қорайган бахти бор-а, алла-ё, алла-ё.

Аллада Шеробод даштларидай анқиллаб ётмиш кўнгил ноласи бўлди.
Кўнгил дарди бўлди, армони бўлди.
Кўнгил фожиаси бўлди!..

Дашт-у далада узум, алла-ё, алла-ё,
Узганимни ким билар-а, алла-ё, алла-ё
Ҳасрату армон билан, алла-ё, алла-ё,
Жон берганимни ким билар-а алла-ё, алла-ё..
.

Онамиз кўкраклари учида игна санчилмишдай- йигна санчилмишдай бўлди.
Онамиз кафти билан кўкракларини силади. Силади-силади, бирдан… чап кўкрагини чангаллади. Чангаллади-чангаллади… Чайқалди-чайқалди… Кетига шилқ этиб тушди…
Онамиз кўкрагига… сут келди.

10

— Ҳамсоя, сўраб эдингиз, келдилар, кўзингизни очинг.
Онамиз кўзларини очдилар…
Отамизга термулдилар. Заъфарон юзлари ёришдилар. Сўниқ кўзлари хиёл ойдинлашдилар.
Маъюс табассум бердилар.
Бармоқларини қимирлатиб-қимирлатиб, отамиз қўлини изладилар.
Отамиз титрамиш қўлини кафтлари орасига олдилар.
Онамиз юзлари тағин-да ёришди. Отамиз кафтларини ҳис этдилар-да!
Онамиз кўзларини юмиб-очдилар, юмиб-очдилар…
Отамиз сокин ўтира бердилар.
Шунда, аёллардан бирови отамизни туртди.
Отамиз туртмиш аёлга қарадилар. Ана шундагина нима гаплигини тушундилар…
Кўнгиллари орзиқиб-орзиқиб кетдилар…
Отамиз, онамиз юзларига эгилдилар.
— Момоси, мендан рози бўл, момоси… — дедилар. — Кўзингни оч, момоси, мендан рози бўл…
Онамиз тағин кўзларини юмиб-очдилар, юмиб очдилар… Билинар-билинмас бош қимирлатдилар…
Отамиз ўкириб юбордилар…

11

Аёллар овоз бердилар:
— Вой, ҳамсоям-е, ҳамсоям-е!..
Онамиз бир кеча меҳмон бўлдилар. Бир уй аёллар қуршовида ётдилар.
Ичкарида аёллар онамиз теварагида ҳалқа бўлиб садр тушди.

Ташқарида эркаклар уй теварагини айланиб-айланиб йиғлади. Айтиб-айтиб йиғлади:
— Холамов-в, холамов-в!..
— Опамов-в, опамов-в!..
— Аммомовв-в, аммомов-в!..
Чор тарафга чопар кетди.
Чопар қишлоқ кўчалари бўйлаб жар солди:
— Халойиқ, барчангиз Қоплон қоровулникига жанозага! Бу ҳамманинг бошида бор савдо,
халойиқ!..

12

Одамлар оқиб-оқиб кела берди. Уй одамлар қуршовида қолди. Одамлар онамизни ёдладилар,
— Бечорани элликни қариблаган аёл деб бўлмас эди.
— Икки юзи қип-қизил анордай эди.
— Сўрамоқдан айб йўқ, бечора нечада кетибди?
— Қирқ саккизда, дейишаяпти.
— Шундай, элликни қариблаб борибди.
— Энди, элликда деб дуо олади-да?
— Шундай-шундай, элликда деб дуо берилади.
— Ўзи, беморхонада дейишиб эди-ку?
— Дўхтир, олиб кетинглар, одам бўлмайди, дебди…

13

Ёш-яланглар момомлаб-момомлаб йиғлади:

Осмондаги қирқ юлдуз
Қиялаб кетади ботгани,
Вой момом-ов, момом-овв!

Мен момомни бир ўпайин,
Қиёмат кетади ётгани,
Вой момом-ов, момом-овв!

Ёши қайтишлар онамлаб-онамлаб йиғлади:

Ҳовлимизнинг толини
Тобут бўлсин, дебмидик
Вой энам-овв, энам-овв!..

14

Увол-савобчи аёллар уйларни бир-бир қаради. Уйларда тўшалмиш гиламларни кўтариб-
кўтариб кўрди.
Бир уй ости тахтасиз ер бўлди.
Аёллар ана шу тахтасиз уй гиламини йиғиб олди. Уй ўртасига бўйра тўшади. Икки обтова сув олиб келди.

Аёллар онамизни кафтларида олиб келди. Ана шу бўйра узра ётқизди.
Уволчи аёл обтовада сув қуйди, савобчи аёл…
Онамизни ювди! Бошдан адоқ ювди. Силаб-сийпаб ювди…
Аёллар онамизни оппоқ сурпга ўраб-ўраб олди. Кафтларида тобутга ётқизди.
Онамиз сўнгги манзилларига… сўнгги манзилларига пок-покизагина бўлиб жўнадилар.

15

Тобутга-да оппоқ сурп ёпилди.
Бу, ёшини яшаб ўтди, аломати бўлди.
Эл тобут пойида… онамиз пойида тизилиб-тизилиб жаноза ўқиди.
Тобут… онамиз эл кафтида қалқиб-қалқиб жўнади.
Эл тобутга… онамизга талпинди. Тобутни… онамизни кафтида кўтариб бориш ниятида бўлди. Ақалли қўлини теккизиб бориш пайида бўлди.
Эл тобут кетидан… онамиз кетидан қабристон борди.

16

Онамиз лаҳадга қўйилди.
Мозорга тупроқ тортилди. Тупроққа чим босилди.
Одам боши бир сўмдан исқот берилди.
Бир дастрўмолдан оқ йиртиш берилди.
Домла қабр бошида қироат билан-қироат билан Қуръон ўқиди:
— Аузу биллаҳи минаш, шайтонир-рожим. Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳим! Табарокаллази биядиҳил мулку ва ҳува ала кулли шайин қодир. Аллази холақол мавта вал ҳаята лияблувакум айюкум аҳсану амала. Ва ҳувал азизул-ғофур аллази холақо сабъа самаватин тибақо. Ма таро фи ҳолқиррохмани мин тафавут. Фаржиъил басаро ҳал таро мин футур. Суммар жиил басар. Карротайни янқолиб илайкал басару хо сиав ва ҳува хасир. (Тошбўрон қилинган шайтондан Оллоҳнинг паноҳига сиғинаман. Беҳад раҳмли, ниҳоятда меҳрибон Оллоҳ номи билан! Эгалик қўлида бўлмиш зот улуғ бўлди. Ва у ҳар нарсага қодир. Ул зотики яратди ҳаётни ва мамотни. Имтиҳон қилиш учун қайсиниси амал жиҳатдан яхшироқ. Ва у ғолиб мағфиротлик, қайсики яратди етти осмон табақасини. Кўрмайсан Оллоҳ яра-тишида бирор камчилик. Тиккин кўзингни. Кўрасанми бирор ёриқ. Сўнгра тиккин кўзингни қайта-қайта. Қайтади кўзинг сенга ноумид бўлиб ва толиб).
Юзларга фотиҳа суртилди.
Тупроқдан яралмиш онамиз, тағин тупроқ бўлиб кетдилар!

VII

Қоралар ариқ ёқалаб-ариқ ёқалаб кела берди.
— Кетганга ўхшайдилар, кўринмаяптилар.
— Йўқ, ҳали кетмаганлар. Ёнбошлаб ётган бўлсалар керак.
Маъшуқ овоз бобомизга таниш туюлди. Эътибор билан эшитдилар.
— Манави ерга ўтирайлик.
— Сабр, қил, қўлрўмол билан ўтларни артиб ташлайин, ана, энди ўтир.
— Уҳ, пидананинг исини. Юлманг, биздан кейин ҳам келадиганлар бор. Исини кафтимда олиб бераман. Мана, исканг.
— Йўқ, қонмадим. Учларини силкиб юбор.

Бобомиз ҳайрат билан ёқа ушладилар… «Ё, тавба, маъшуқ овоз ҳамсояси Менгтўранинг қизи бўлди. У буёқда нима қилиб юрибди? Ё… Йўғ-е! У ҳали гўдак-ку. Дарров-а? Айтиб бўлмайди, қиз бола шайтон бўлади. Уёқдан буёққа қарагунча бўй беради»…
Ошиқ овоз бобомизни ҳаминқадар ҳайрон қолдирди. Ошиқ овоз момомиз, акасининг ўғли бўлди… Жимжитлик бўлди. Маъюс кулги бўлди.
— Шеър ўқиб берайинми? Яқинда ёдлаб олдим. Қара, эшит:

Ёришмоқда олис чек ҳам,
Тонг фусункор, сулув бирам.
Ғазал янглиғ жарангдор дам,
Янгроқ ҳаво эсингдами?

Сукунат бўлди. Қўлингиз мунча қаттиқ, демиш овоз бўлди. Овоз эркали бўлди. Гинадан кўра, миннатдорликка мойил бўлди.

Бошланар тўрғайлар куйи,
Табиатнинг тонгги тўйи,
Ёруғ рўё эсингдами?

Бобомиз беихтиёр бош ирғадилар. Ойдин ранги, кўк йўнғичқа бўйи, байтдан кайфлари чоғ бўлди.
— Қара, тағин бир шеър ўқиб берайин.
Байтлар ғамза билан ўқилди.
Хаёллари, ўйлари қўйнидаги бобомиз, хушвақтликлари, руҳий ҳайитлари қўйнидаги бобомиз байтларни эшитмадилар. Адир бетидаги қоп-қора ёнғоққа термилдилар. Юксакланиб кетмиш Вахшивор қирларига, Кераготоғ чўққилари бағрида элас-елас оқариб кўринмиш оппоқ қорга тикилдилар.
Байтларнинг сўнгги мисрасини эшитдилар.

Боболарим бирин-кетин суяк суриб ўтган ер.
Момоларим сочларини қирқта ўриб ўтган ер.

Юзларида, кўнгилларида ёруғ табассум ўйнадилар.
— Ҳай-ҳай-ҳай… — дея пичирладилар.
— Бундай бемаҳалда қолиб кетмасдилар-ку? — деди ошиқ.
— Кетгилари келмаяпти шекилли, — деди маъшуқ.
— Кўнгиллари бузилиб ўтиргандир.
— Кечроқ энам, бобонгнинг мол-ҳолларига қарайин деб, даричадан қайтиб келди. Ўзлари қараётган эканлар, вайрон кўнгилларини баттар вайрон қилмайин деб бормадим, деди.
— Отам, ҳар оқшом момонгникига бориб молҳолга қара, деди.
— Оқшомлари борсак, бир-биримизга гап қўшмаймиз, майлими? Бўлмаса билиб қоладилар.
— майли.
— Қоронғилатиб адир айланамиз…
— Момомиз қазо қилганидан буён телевизор, радио қўймаймиз.
— Биз ҳам қўймаймиз.
— Энам қора кийиб юрибди.
— Менинг отам бир куни янгироқ кийимини кийиб шаҳарга бормоқчи бўлиб эди, энам уришди, одаммисиз ўзи, деди. Отам фаросатсизлигидан ўзини койиб, яна қора кийди.
— Биз ҳам қора кийимларимизни кийиб юрибмиз.
— Энам тақинчоқлариниям сандиққа солиб қўйди.
— Укаларим оқшомлари ашула айтиб ўйнарди, энам уришди. Азалимиз, бованг эшитиб қолса нима деган одам бўламиз, деди.
— Энди момомизнинг қирқи ўтгунча шундай бўлади.
— Бовамиз буёқларга келиб юришимизниям билармикинлар? — деди маъшуқ.
— Билмасалар керак, — деди ошиқ.
— Момомизнинг вафоти куни сен ҳам йиғладингми?
— Бўлмасам-чи, уйни айланиб, момомлаб йиғладим.
— Мен энамлаб йиғладим.
— Қара, кетибдилар.
— Юринг, Сайрак адирга энди биз чиқамиз…
Ошиқ-маъшуқ қўзғолди. Ариқ ёқалаб юрди.
Бобомиз кўнгиллари ёришди. Тўлқинландилар. Ўтиришларини-да, туришларини-да билмадилар. Кетларига хиёл чайқалиб, кўзларини юмдилар. энтикиб-ентикиб нафас олдилар. Кийимлари ўзларига торлик қилаётгандай бўлдилар. Ёқаларини кўтариб-кўтариб, кўкракларини шамоллатдилар.
Жойларидан авайлаб турдилар. Этакларини қоқдилар. Ўтира бериб қотиб қолмиш қаддиларини ростлаш учун белларига қўлларини тирадилар.
Адирламиш ошиқ-маъшуқлардан кўз узмадилар. Суқланиб-суқланиб қарадилар…
Беихтиёр… беихтиёр қишлоққа боражак сўқмоқдан йўл солдилар…
— Момоси, мен уларни кўрдим… — дедилар. — Мен сенга айтиб эдим-у, Ҳазрати Хизр юзимиздан ўтолмайди деб!..
Бобомиз оёқ илдилар. Сайрак адирга қайрилиб қарадилар.

Боболарим бирин-кетин суяк суриб ўтган ер,
Момоларим сочларини қирқта ўриб ўтган ер…

Бобомиз бошларини эгганларича туриб қолдилар!
— Момоси, юр, кетамиз… — дедилар.
Бобомиз йўлларида имиллаб, бир-бир босиб давом этдилар.
Шунда, Сайрак адирда… ҳассаси… қарилик ҳассаси қолиб кетганини эсладилар.
— Майли, уларга қолсин… — дея қўл силтадилар.
Бошлари ғувиллаб, ўзларини мажолсиз ҳис қилдилар. Кўз ўнглари ғимирлади.
Ойдинлар тўлқиндай чайқалди. Ойдинлар тўлқиндай мавжланди.
Бобомиз хаста қалблари ўртанди, ғариб қалблари ўртанди. Кўзлари ёшга тўлди. Кўз ёшлари ойдай оппоқ соқолларига сизиб тушди.
— Момоси, мен уларни кўрдим. Улар байт айтди, эшитаяпсанми, байт!.. — дедилар.
Бобомиз кўз олдилари ойдинланди. Тағин Сайрак адирга қайрилиб қарадилар.
Сайрак адирда иккита қора қолди.
Бири ошиқ, бири маъшуқ бўлди.
Ошиқ билан маъшуқ бир иккита бўлиб қолди, бир битта бўлиб қолди…
Бобомиз жилмайдилар.
— Ана, бизнинг болаларимиз! — дедилар. — Ҳазрати Хизр боважоним, умрингиздан барака топинг!..
Бобомизнинг жилмаймиш ёноқларидан бетиним ёшлар сизди.
Момомиз вафотидан кейин кўз ёшлари қуриб қолгандай бўлиб эди. Қайларда ётиб эди,

шашқатор ёшлар?
Шашқатор ёшлар бобомиз лабларига сизди, иякларига сизди.
Бобомиз кўз ёшларини енглари билан артиб олдилар. Адирдан кўз узмадилар.
— Ана, бизнинг невараларимиз! — дедилар. — Қуллуқ, Ҳазрати Хизр боважоним, қуллуқ!
Бобомиз кўнгилларидан нималардир тошиб кела берди.
Бу тошқинни қайғу десак-да бўлади, хушвақтлик десак-да бўлади.
Бобомиз кўнгилларидан қайғули хушвақтлик ўксиб-ўксиб кела берди.
— Юр, кетдик, момоси, энди биз келмаймиз… — дедилар.
Кўзлари кулмиш бобомиз, юзлари кулмиш бобомиз, ёноқлари кулмиш бобомиз, лаблари кулмиш бобомиз тантана қилдилар.
— Бу адирлар бизники! — дедилар.
Ўксиклар зарбидан елкалари силкина берди.
— Бу ойдинлар бизники! — дедилар.
Кўнгиллари тинмайин ўксимиш бобомиз, елкалари тинмайин силкинмиш бобомиз сўнгги бор,сўнгги бор оёқ илдилар. Қоматларини адл тутдилар.
Сайрак адир, адирда ўтирмиш ўғил-қизларига тантана билан қарадилар.

Боболарим бирин-кетин суяк суриб ўтган ер.
Момоларим сочларини қирқта ўриб ўтган ер
.

Бобомиз сўқмоқдаги сўнгги қадамларини боса-боса, ойдиндаги сўнгги сўзларини айта-айта,
йўлларида давом этдилар:
— Энди кетсак майли!..

1980

togay murod

ТОҒАЙ МУРОД БИОГРАФИЯСИ

Истеъдодли адиб Тоғай Мурод адабиётимизнинг қутлуғ даргоҳига 70-йилларнинг охири ва 80-йилларнинг бошларида кириб келган. Унинг асл исм-шарифи Тоғаймурод Менгноров бўлиб, Тоғай Мурод адабий тахаллусидир. У 1948 йилда Сурхондарё вилояти Денов туманининг Хўжа Соат қишлоғида дунёга келган.
Ўзи туғилиб ўсган қишлоғидаги ўрта мактабни 1966 йилда тугатиб, Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетида таҳсил олган. Уни 1972 йилда муваффақиятли якунлаб, республика радиосида муҳаррирлик қилган. 1976-1978 йилларда «Ўзбекистон физкультурачиси», 1982-1984 йилларда «Фан ва турмуш» журналида фаолият кўрсатган.
1985-1987 йилларда Москвадаги Адабиёт институтида ўқиган. Худди шу йилларда у кичик-кичик ҳикоялар ёза бошлади. «Мен, — деб ёзган эди у, — фақат бир мақсадни кўзладим: ўттиз-ўттиз беш ёшларгача жаҳон адабиётини ўқиш, фақат ўқиш билан банд бўлдим. Қўл қотиб қолмасин учун майда-майда ҳикоялар машқ қилиб турдим. Мен шу ният йўлида иморат солмадим, машина олмадим, мансаб эгалламадим, шон-шуҳрат изламадим».
1976 йилга келиб Тоғай Муроднинг «Юлдузлар мангу ёнади» деган илк қиссаси «Шарқ юлдузи» журналида чоп этилгач, китобхонлар оғзига тушади. Кетма-кет адибнинг «От кишнаган оқшом» (1979), «Ойдинда юрган одамлар» (1980) ва «Момо Ер қўшиғи» (1985) каби ўзбек миллий қиссачилигининг янги намуналари дунёга келади. Улар ҳам юксак баҳоланиб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Ойбек номидаги йиллик мукофотига сазовор бўлди.
Агар адиб ўзининг «Юлдузлар мангу ёнади» илк қиссасида ўзбек миллий кураши ҳақида ҳикоя қилган бўлса, «От кишнаган оқшом» қиссасида улоқчи-чавандозлар ҳаётини тасвирга тортди. Ундаги бош қаҳрамон Тарлон номли от тимсолида бир олам инсоний эзгу туйғуларини тўкиб солди. Ўзбекистон Қаҳрамони Саид Аҳмад шу ҳақда ёзиб, ҳеч ким Тоғай Муродча отга бундай таъриф бермаганини алоҳида қайд этган эди. Тоғай Мурод асарларида ҳикоя, ифода йўсини янгича тус олади. Ёзувчи «Ойдинда юрган одамлар» қиссасидаги бош қаҳрамонлар Қоплон билан Оймомоларнинг фарзанд илинжида ўтказган изтиробларга тўла ҳаёти мисолида инсондаги илоҳий меҳрни улуғлайди. «Момо ер қўшиғи»да эса она заминдан ажралиб қолган, она Ватанда яшаб туриб, эл-юрт туйғусидан маҳрум бўлган ва оқибатда мустабид тузум мафкураси қурбонига айланган ижодкор шахс образини маҳорат билан умумлаштиради.
Адиб 1986-1991 йилларда Чор Россияси ва шўро босқини остида ўтган ҳаётини — 100 йилдан ортиқроқ тарихни ўзида мужассам этган «Отамдан қолган далалар» романини яратди. Мазкур роман 1993 йилда чоп этилиб, 1994 йили Абдулла Қодирий таваллудининг юз йиллигида унга Абдулла Қодирий номидаги Республика Давлат мукофоти берилди. «Отамдан қолган далалар» ижтимоий роман бўлиб, нафақат адиб ижодида, балки 90-йиллар ўзбек адабиётида катта воқеа бўлди. Унда биз кўп марталаб норози бўлган, гоҳ тасвирлаб, гоҳ тасвирлай олмаган мустабид тузум илдизлари очиб ташланди. Очилганда ҳам ўзгача, тил жилолари, ўзгача тасвир оҳангларида фош этилди. Ундаги Деҳқонқул ўзбек халқининг умумлашган, рамзий образи даражасига кўтарилди.
Тоғай Мурод истеъдодли таржимон сифатида 1974-1975 йилларда Ж.Лондоннинг «Бойнинг қизи» драмаси ва бир неча ҳикояларини таржима қилди. 1989 йилда Е.Сетон-Томпсоннинг машҳур «Ёввойи йўрға» китобини ўзбекчалаштирди. Унинг «Отамдан қолган далалар» асари асосида икки қисмдан иборат фильм яратилган. Унга 1999 йилда «Ўзбекистон халқ ёзувчиси» деган юксак унвон берилган.
Тоғай Мурод 2003 йилда вафот этган.

034

(Tashriflar: umumiy 367, bugungi 1)

Izoh qoldiring