To’ra Sulaymon. She’rlar.

077
15 феврал — Атоқли ва ардоқли шоир Тўра Сулаймон таваллудига 80 йил тўлди.

Раҳматли Тўра Сулаймон халқимизнинг суюкли шоири эди. Унинг ижоди ўзи мансуб бўлган меҳнаткаш, ҳалол, танти, бағрикенг ва жафокаш халқ руҳига жуда яқин. Балки шу сабаб шоирнинг ҳикматга бой, оҳангли шеърлари дарров куйга солинган, тилдан тилга ўтиб, юракларга қаттиқ ўрнашиб қолган.
Тўра Сулаймон деярли бутун умрини вилоятда – оддий одамлар орасида ўтказди. Ҳаётни ич-ичидан ўрганди, одамларнинг ўй-ташвиши, маърака-маросими, хурсандчилигига шерик бўлди. Шоирнинг қуйма мисраларини ўқир экансиз, ана шу ҳаётнинг аниқ-тиниқ нафасини, юрак уришини сезасиз.

022

098 Ардоқли шоир Тўра Сулаймон 1934 йил 15 февралда Бахмал туманида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири (1999). ТошДУнинг ўзбек филологияси факультетини тугатган (1964). Ижоди 50-йилларда бошланган. Илк шеърлар тўплами — «Истар кўнгил» (1962). «Мен қайга борар бўлсам» (1965), «Жаҳонгашта» (1970), «Ҳамқишлоқларим», «Интизор» (1973), «Сирдарё қўшиқлари» (1974), «Илтижо» (1976), «Алхазар» (1976), «Тўйбоши» (1977), «Сизни эслайман» (1980), «Қоракўзгинам» (1981), «Гулшан» (1988), «Сарвиноз» (1990), «Харсанг» (1994), «Жаҳоннома», «Гул бир ён, чаман бир ён» (1996), «Ёвқочди» (1998), «Сайхон» (2003) каби асарлар муаллифи. Кўплаб шеърлари қўшиқ қилинган. Публицистик мақолалар тўплами ҳам бор («Мамлакатнинг таянч нуқтаси», 2004). 2005 йил Гулистон шаҳрида вафот этган.

015
Тўра Сулаймон
АРО ЙЎЛДА ҚОЛҒУЛИК ҚИЛМА…
Шеърлар

* * *

Улкан йўлга чиқдим, йўлимда
Қайдам, қорли қоялар бордир.
Ўзлигимча, ўй-хаёлимда
Қиш билганим балким баҳордир…
Баҳор фасли, баҳор нафаси –
Йўлларимга кўп интизордир.

Йўлим тўғри, йўриғим ҳақдир,
Улкан йўлдан кетиб бораман.
Бировлардан қолиб орқада,
Бировлардан ўтиб бораман.
Манзил қайда, гап қайда ҳали,
Билмам, қачон етиб бораман!

Ёш боладай тиним билмасдан,
Бирда хиёл шошиб бораман.
Сўқмоқларни кўзга илмасдан,
Дарё мисол тошиб бораман.
Гоҳи боқмай олди-ортимга,
Ўз ҳаддимдан ошиб бораман…

Бўла билмас муродим ҳосил
Шошган билан, адашган билан,
Из қолдирмай юрган йўлимда
Улкан йўлга туташган билан,
Ўз йўлимни топмасдан туриб
Ўзгаларга ёндашган билан.

Манзил қайда, гап қайда ҳали,
Аро йўлда қолгулик қилма,
Ота мерос созим турганда,
Ўзга созни чалгулик қилма,
Термаларим, ўланларимсиз
Исму жисмим мангулик қилма.

ИЛТИЖО

Баҳор келса бошланур боғда булбул хониши,
Саъва, қумри нағмаси, суралай товланиши,
Қирларда лола сайли, қишловларда йил боши.
Тўхтагай табиатдан ҳаққушлар зорланиши,
Баҳор, кетма менинг боғимдан.

Қилмиши қинғир зотга давр қайда, даврон қайда?
Ватангадо кимсага беминнат макон қайда?
Ёлғиз отга оламда ном қайда, нишон қайда?
Баҳор, сенсиз саҳрою тоғу тошга жон қайда?
Кетма, Баҳор, менинг боғимдан.

Ўлмасликка ишора – ўланга ошиқлигим,
Саодатга ишора – замонга ошиқлигим.
Теранликка ишора – уммонга ошиқлигим,
Гўзалликка ишора – бўстонга ошиқлигим.
Баҳор, кетма менинг боғимдан.

Бу кун қай бир ерда қиш, қайда хазонрезгилик,
Қайларда ёз, қайда куз, қайда жондан безгилик,
Қўкламнинг ҳар нафаси – умрга арзигулик,
Боғсиз, боғбонсиз ерда не ҳам қилсин эзгулик…
Кетма, Баҳор, менинг боғимдан.

Гиёҳ билан қопланмиш кўҳна қабр бошлари,
Майсадаги шудринглар – кимларнинг кўз ёшлари?
Бу ерда ётар отам ҳам узангидошлари,
Ҳар баҳор эслар уни қавму қариндошлари,
Баҳор, кетма менинг боғимдан.

Ёз бўйи қорга зорман, қишда баҳорга зорман,
Чаманда гул бўйига интиқман, интизорман.
Куз келмай хазон бўлган севги, гулдан безорман,
Баҳорсиз ҳам диёрсиз эл ичра беназарман,
Баҳор, кетма менинг боғимдан.

ҚАЙДАДИР?

Боғларга ёндашиб, кўкка туташиб,
Довонлар ошмасанг, маъдан қайдадир?
Ортда қолар бўлсанг кўпдан адашиб,
Орзу-истак тугул армон қайдадир?

Зоғ билан булбулни фарқ қилмас зотга,
Наф бўлса нокасдан айрилмас зотга.
Бошга кун туққанда қайрилмас зотга
Ёру дўст қайдадир, ёрон қайдадир?

Меҳру шафоат бор, шафқат бор ерда,
Ҳалоллик бор ерда, ҳаром хор ерда,
Барча бирдай ерда, баробар ерда
Бадномларга ардоқ, омон қайдадир?

Чорасиз кимсага, чоғсиз кимсага,
Кўпдан айрилган – бир боғсиз кимсага,
Суянмоқ истаса тоғсиз кимсага,
Бир муддат армонсиз замон қайдадир?

Не бир кунларингда энг яқин дўстдан,
Туққан, тутинганинг – дили пайвастдан,
Жонини аямас ҳамдам, ҳамдастдан
Гумон қилар бўлсанг, имон қайдадир?

Баҳорсиз, боғбонсиз – давронсизларга,
Ҳиссиз, ҳаяжонсиз – бир жонсизларга,
Ўз элидан тонмиш – ватансизларга
Саъва сайраб турган чаман қайдадир?

Одамзод билмаса энди аламни
Урушни, ўлимни, кулфатни, ғамни,
Магар такрорласа даҳшатли дамни,
Сизу бизга еру осмон қайдадир?

ЎХШАЙДИ

Жонини элидан аямас эрлар
Карвонни бошловчи норга ўхшайди,
Ўз қадрини билмас баъзи беорлар
Ёру дўст меҳрига зорга ўхшайди.

Ҳеч кимнинг кўнглида армон бўлмасин,
Номи эл ичинда ёмон бўлмасин,
Маскани ер туриб осмон бўлмасин,
Бундайлар ҳар ерда хорга ўхшайди.

Бу қандай кўргулик: қўли эгрилар,
Йўсини, йўриғи, йўли эгрилар,
Элда эътиборсиз – дили эгрилар
Ҳали орамизда борга ўхшайди.

Мард туриб номардга кун чиққан дамлар,
Битар иш битмасдан кечиккан дамлар.
Товус тор қафасга кўниккан дамлар
Айни кўклам ёққан қорга ўхшайди.

Чинор ўрнин босмас терак билан тол,
Зоғнинг сор бўлиши – қайғули бир ҳол.
Қадимдан қолган гап: синиқ бир сопол
Лаъл, ёқут йўқ ерда зарга ўхшайди.

Тенглаб бўлармиди тамални тошга,
Ўн беш кунлик тўлин ойни қуёшга,
Бахтинг боғлиқ бўлса бир бағритошга,
Бу олам қурилган дорга ўхшайди.

Шеърларни  Азизбек Турдиев  тайёрлаган.
Манба: http://hidoyat.uz/

(Tashriflar: umumiy 2 764, bugungi 1)

Izoh qoldiring