Turob To’la. Obidcha mahsum yoki Muqimiy portreti.

087
Шўро даврида расм бўлган одатга кўра, машҳур ёзувчиларнинг нафақат туғилган, балки вафот этган йирик саналари ҳам байрам ўлароқ нишонланган. Ана шундай мотамнамо байрамлардан бири бундан 65 йил аввал, суронли 1943 йилнинг июн ойларида бўлиб ўтган. Вафотининг 40 йиллиги нишонланажак Муҳаммад Аминхўжа Муқимийнинг фотосурати бизгача етиб келмагани, аммо уни кўрган ва яхши билган кишилар барҳаёт бўлганлари учун рассом А.Шчепкинга шу кишиларнинг хотиралари асосида шоир портретини яратиш вазифаси топширилган эди. Ҳозир мактаб дарсликлари ва Муқимий асарлари орқали эл-юрт ўртасида маълум ва машҳур бўлган шоир портрети ўша вақтда яратилган.
Ўзбекистон халқ шоири Туроб Тўланинг бой архивида бошқа бир талай катта-кичик асарлар билан бирга мазкур портретнинг юзага келиши билан боғлиқ воқеий ҳикоя ҳам бор. Бу ҳикоя ўз вақтида эълон қилинганми ё йўқми, буни билмайман. Гарчи бир замонлар чоп этилган бўлса ҳам, бугунги авлод Туроб Тўланинг бу ажойиб ҳикоясини ва унда тасвирланган буюк ижодкорларни яхши билмайди. Шунинг учун ушбу ҳикоянинг, матнини ўзгартиришларсиз сақлаган ҳолда,  эълон қилинишини истадим.

Наим КАРИМОВ

021
Туроб ТЎЛА
ОБИДЧА МАХСУМ ЁКИ МУҚИМИЙ ПОРТРЕТИ
Хотира-ҳикоя

   1943 йилнинг ёз ойлари эди. Уруш, қаттиқчилик ҳаммани қийнаб ташлаган. Муқимий юбилейига озгина қолган. Аммо ҳамон унинг портрети йўқ. Аллақандай олимларнинг аллақандай тахминлари, портрети аллақандай кишилар билан қачонлардир тушган суратидан олса бўлади, деган фаразлар ҳаммаси бекор бўлиб чиқди, Муқимий умри бино бўлиб суратга тушмаган экан. Энди унинг тахминий суратини чизишга қарор қилинди, уни кўрганлардан бир-икки киши ҳаёт, дейишди, уларни қидириб топишди, аммо улар ҳам ниҳоят даражада кексаликларидан тайинроқ бир гап айтолмадилар. Кимдир, Ёрий домла бўлсалар керак (у киши ўша йиллари тўқсонларни қоралаб қолган эдилар): “Муқимий Чорсудаги Умар отага ўхшаб кетарди”, деди. Ўша вақтдаги шаҳар партия комитетининг биринчи секретари бу гапни маҳкам ушлаб олди-ю, Умар отани дарҳол топтирди. Юбиляр суратини тайёрлашни Марказий Комитет унинг зиммасига юклаган эди. Умар ота рассом қаршисида ойлаб ўтирди. Ниҳоят, Ориф Алимов Усмон Юсуповичга портрет тайёр, деб сим қоқди. Тошкент портретни қабул қилиб олишдек ниҳоятда муҳим ва тарихий вазифани Ғафур Ғуломга юклади.

Ғафур ака қаерга бормасин, қаёққа йўлга чиқмасин ёлғиз ўзи кам юргучийди, бирон-бир шогирдини олиб кетарди. Бу сафар бу бахтга мен муяссар бўлдим. Бу юқоридаги гапларнинг ҳаммасини биз Қўқонга келиб, Ориф Алимовичнинг кабинетларида эшитдик.
— Бор гап шу, — деди у киши Ғафур акага қараб. — Портрет, мана, оққа кўчирилган. Рассом, мана, — баланд бўйли, эллик ёшлар чамасидаги кўркам рус рассоми ўтирарди қўл қовуштириб ўзбеклардай. — Очсинми?
Ғафур ака кўришга шошиларди, мен ҳам, албатта. Аммо Ғафур ака бирдан бир нарсани хаёлига келтирди-ю, портрет юзига ёпиб қўйилган пардани очтиришга шошилмади, кимлар кўргани, Умар отанинг ўзи ким, Шокиров ким, қаердан, неча ёшда, ким таклиф қилганини сўради. Ориф Алимович бошидан гапириб берди:
— Жуда кўп изладик Муқимийни кўрганларни, Қўқонда топилмади, Яйпандан топиб келишди. У мўйсафидни билсангиз керак, яқинда шеърлар китоби ҳам чиққан экан. Ёрий домла деган шоир, Муқимийнинг замондоши.
Ғафур ака: “Ҳа, биламан, яхши”, деди. Ориф ака давом этди:
— Ундан кейин шоир Чархий кўп хизмат қилди. Жавдат Абдулла, Шариф Ризо деган ёзувчилар ҳам. Улар шоирнинг жияни ҳожи бувани олиб келдилар. Ёрий домла Ғарибий, мулла Абдулла, мулла Аҳмад деган шогирдларини, улфатларини айтдилар. Уларни ҳам таклиф қилдик. Ёрий домла ҳам рассомга кераклик гап айтмади, деярлик. Охири рассом шаҳарда у кишига ўхшаш бирон киши бормикин, деб илтимос қилди. Биз Ёрий домла билан Юсуф қизиқ иштирокларида боғда бир неча кун аския кечаларини ўтказдик, маҳаллама-маҳалла, такяма-такя, чойхонама-чойхона юришди. Бир куни Ёрий домла бир кишини олиб келди. “Мана шу кишига жуда ўхшардилар, назаримда”, деди. Юсуф қизиққа кўрсатдик. У киши ҳам тасдиқлади. Рассом бир оз бўлса ҳам қаноат ҳосил қилди ва ишга ўтирди.

— У киши ким экан? — қизиқиб қолди Ғафур ака.
— У киши шу ерлик, қўқонлик, Чорсудан. Ўзингизнинг шогирдингиз Амин Умарийнинг оталари экан.
Биз ҳанг-манг бўлиб қолдик.
— Суратни Ёрий домлага кўрсатдингизми? — сўради Ғафур ака.
— Йўқ ҳали, биз сизларни кутиб турган эдик.

Кўрик эртанги кунга, 25 июнга, соат 12 га тайин қилинди. Аллақандай таассуротлар ва хаёллар билан меҳмонхонага кетдик. Йўлда Ғафур ака: “Қандайдир кўнгил ғаш”, деди. Меники ҳам шундай туюлаётган эди. “Ёрий домла тўқсонни ёқалаб қолган, Юсуф қизиқ қирқ учинчи йилда суратига гувоҳ бўламан деб у вақтлари шоирга тузукроқ қараб олмаган. Орадан қанча йил ўтиб кетган. Ҳар нечук тахминий бўлиб қолмаса кошкийди”, дерди ташвиш тортиб. “Биласанми, — деди йўл ўртасида тўхтаб бирдан, — Обидча маҳсум қаердайкин, беш-олти йил илгари Жавдат билан Шариф Ризо кўрганликларини айтишган эди. Уларни топиш керак. Балки тирикдир. Тирик бўлса ҳеч кимнинг кераги йўқ”.

Меҳмонхонани ёқалаб Чорсуга қараб кетдик. Жавдат бизни қидириб келаётган экан. У аввал Умар отаникига олиб борди бизни, у билан таништирди. Жуда мулойим, яхши одам экан. У киши Обидча маҳсумни билар экан, “Бор, ўлмаган”, деди, аммо жуда ҳам хароб бўлиб қолганини айтди. Уруш вақти. Ҳамма нарса деярли камчил, Обидча маҳсум тугул бошқалар ҳам ўзини зўрға эплаётган вақт эди, албатта.

Ғафур ака уни қаердан топиш мумкинлигини сўради қатъий. Жавдат негадир топиб беришни истамаётгандай кўринди. Ғафур ака уни мажбур қилди: “Ҳозир топасан, — деди, — ҳукумат номидан айтаман”, деб юборди ҳатто. Жаҳли жуда ёмон чиқиб кетган эди. Жавдат Ғафур аканинг авзойини кўриб қўрқиб кетди.
— Ғафур ака, у киши сиз кўрадиган ҳолатдамас, — деди.
— Ҳа, касалми, ўсалми? — деди Ғафур ака тикланиб унга.
— Йўқ, гадо бўлиб қолган, девона, — деди ниҳоят.
— Олиб бор бизни ҳозир унинг олдига! Ҳали Муқимийни гадоликдан асраб қолган, ҳақоратлардан асраган, Муқимийимизни бошида кўтариб келган одамни шундай аҳволга солиб қўйдиларингми? Уялмадиларингми? Қани бошла! — деди ва Жавдат билан Умар ота бизни бошлаб кетди.
Ғафур ака Обидча маҳсумни ҳали кўриб улгурмасиданоқ у кўрган эди, бозорнинг ўртасидан гадо тўрвасини, йиртиқ тиланчилик чорсусини судраб “Ғафурлаб” келарди ҳўнграб.
— Билардим, билардим сенинг келишингни! Қанчадан бери кутиб ётибман, Ғафур, ахир, шунча ҳам ташлаб қўясанми! Кўролмай, ўлиб кетсам нима қилардинг? — деб келиб бағрига ташланди.

Ғафур ака ҳам кўзларида ёш, унга интилдилар. Адабиётимизнинг икки ғамхўри бозорнинг ўртасида шундай ҳўнграб йиғлаб, қучоқлашиб кўришдиларки, йиғлаган ҳам йиғлади, йиғламаган ҳам. Пилталари чиқиб кетган яғир дўппи, олақуроқ бўлиб кетган сариқ чакмон, дабдала бўлиб кетган бўз кўйлак билан бўз иштон Ғафур аканинг топ-тоза энгил-боши билан қоришиб кетди. Яра бўлиб кетган оёқлар эса, ҳамон Ғафур аканинг оёқлари орасида титрарди.

Улар узоқ бир-бирларини қўйиб юборишмади. Энгаклари бир-бирларининг елкаларида титраб, ёшлари соқолларига тўкилар, одамлар уларнинг мусичадек бир-бирларига меҳрибонликларига қараб энтикардилар…
Мен Ғафур акани ҳеч бунақа ҳолда кўрмаган эдим. Қаттиқ ҳаяжонда, жаҳлидан қизариб-бўзариб кетган, кимга заҳрини сочишни билмас, қаёққа боришини ҳам билолмай алангларди. Жавдат бўлса, ниҳоятда катта айб қилиб қўйган боладек бир чеккада йиғидан ўзини тўхтатолмасди.

— Фойтун тўхтат, — деди Ғафур ака унга мулойимлик билан. Жавдат фойтун тўхтатди. Биз тупроққа қоришиб ётган, эти суягига ёпишиб кетиб, одам танимайдиган бўлиб қолган Муқимийнинг ўртоғини олиб меҳмонхонага йўл олдик.
— Йўқ, — деди бирдан Ғафур ака меҳмонхонага қараб от жиловини бурган фойтунчига, — горкомга! — деди. Тўғри горкомга етиб бордик. Мен Ғафур акага шу аҳволда олиб кирамизми, деган ишорани қилган эдим, у киши: “Ориф ўзимизники, ўз кўзи билан кўриши шарт”, деди ва Обидча маҳсумни тўғри ҳалиги кабинетга олиб кирди ва кимлар биландир гапиришиб ўтиришган шаҳар секретарига:
— Мана, Муқимийни яхши биладиган одам, уни балолардан сақлаб қолган одам, Обидча маҳсум, ўлмаган экан, демак, Муқимий ҳам, — деди.

Ориф ака Ғафур аканинг авзойидан, гадонинг аҳволидан ҳамма нарсага тушуна қолди. Шу ернинг ўзидаёқ шаҳарнинг бешта артелидан беш раҳбарини чақирди. Бир нафасда шаҳар комитети ғовур-ғувур бўлиб кетди. Беш артелнинг беш раиси етиб келди. Ориф ака уларга бу “гадо”нинг (“ҳар куни кўриб юрганларинг”, деб қўшиб ҳам қўйди) ким эканлигини тушунтирди аввал, сўнг бир сидрадан энгил-бош совға қилишларини буюрди. Биз бўлсак, у кишини тўғри ҳаммомга олиб кетдик…

Ҳаммомдан чиққанимизда беш сидра сарупо тахт турарди. Обид ота уларни кийиб, одам тусига кирди. Ориф ака тайинлаган бежирим ҳужрага кўчириб олиб борилди.

Эртаси соат 12да эса, сурат кўригининг тўрида у киши ўтирарди. Рассом ҳаяжон ичида суратни очди. Залда қатор ўтирганлар — Ёрий домла ҳам, Юсуфжон қизиқ ҳам, ҳатто Обидча маҳсум ҳам — кўпчилик орасида аввалига жим қолишди. Узоқ тикилишди суратга. Ориф ака ҳам, Ғафур ака ҳам, мен ҳам рассомдан кам ҳаяжондамасдик. Минутлар ўтяпти, ҳеч ким ҳеч нарса демайди. Ниҳоят, Ғафур ака Обидча маҳсумга тикилди, сўнг Юсуфжон қизиққа, Ёрий домлага, бошқаларга, хўш, қалай, ўхшайдими, дегандай. Ёрий домла “тавба” деб ёқасини ушлади, Юсуфжон ака ҳам. Обидча маҳсум тағин йиғлаб ўрнидан турди. Беихтиёр: “Мулла ака!” деб қичқириб юборди ва ҳўнг-ҳўнг йиғлай бошлади. Ғафур ака билан Ориф акалар у кишини юпатишга тушдилар. Рассомнинг шодликдан ўти ёрилгудек эди. Ғафур ака Обидча маҳсумни зўрға тўхтатдилар.

— Ё тавба,— деди ниҳоят ўзини тўхтатиб олиб Обидча маҳсум, — шунақа ҳам ўхшатиб сурат соладиларми! Худди ўзлари-я муллакамларнинг!
Улар Муқимийни “мулла ака”, дейишар эканлар тириклигида.
Ғафур ака Обидча маҳсумга Умар отани кўрсатиб, сўради:
— Бу кишига бир қаранг-чи, бу кишига ўхшармидилар?
Обидча маҳсум Умар отага ўгирилиб қаради-ю, ҳайрон бўлди:
— Шунча вақтдан бери кўрардим-у, лекин эътибор бермас эканман. Аммо негадир яхши кўрардим Умарвойни. Ҳа, шунинг учун экан-да, — деб илжайди. — Жуда ўхшайдилар, — деб қўшиб қўйди.
Ориф Алимович мамнуният билан чуқур хўрсиндилар-да, телефон трубкасини олдилар ва телефонистка қизга: “Тошкентни уланг”, дедилар…

(Tashriflar: umumiy 122, bugungi 1)

Izoh qoldiring