Umid Bekmuhammad. Xorazmga talpingan Pushkin. Roman-esse (2)

334
    Пушкин шоир сифатида довруқ таратган даврда Оллоқулихон  (1825-1842 йилларда ҳукмдорлик қилган) Хива хони эди. У Муҳаммад Раҳимхон 1 нинг фарзанди бўлиб 30 ёшида тахтга ўтирганди.Отасидан унга бой хазина ва қўшни давлатларга таъсири катта бўлган мамлакат мерос қолганди.Буларнинг ҳар иккаласиниям сақлаб қолиш учун ҳукмдор бир неча бор Эрон ва Бухорога юриш қилади….   Оллоқулихон Бекович фожиасидан сўнг Россия билан тўхтаб қолган алоқаларни ҳам тиклашга интилган.Иккала давлат ўртасида элчилик муносабатларини ўрнатишга ҳаракат қилган.Шу ниятда бир неча бор элчиларни Русияга йўллайди.

222
Умид Бекмуҳаммад
ХОРАЗМГА ТАЛПИНГАН ПУШКИН
Роман-эссенинг давоми
ғ11

. . .

…Владимир Иванович Даль. Гарчи Даль Оренбургга келганига кўп вақт бўлмасада, маҳаллий шароитни яхши билар,бу ердаги турли касб эгалари билан дўст тутиниб улгурганди.Айниқса, қозоқлар орасида машҳур оқин Исатой Тайманов ( 1791-1838) ва ҳарбий шоир Маҳамбет ( Муҳаммад) Утемисов ( 1804-1846)лар билан жуда яқин қадрдон эди.
Айнан Даль ва Пушкин шаҳар чеккасига сайрга чиқиб қайтишда Маҳамбет Утемисовни учратишди.Ўшанда Маҳамбет Нурсултон исмли ўғлини Оренбург кадетлар корпусига ўқишга жойлаштириш учун расмий ҳужжатларни тайёрлаб юрганди. Унинг ёнида Жонкиши деган қозоқ оқини ҳам бор эди.
—Икки маротаба мактуб юборгандим—дея Маҳамбет Дальга мурожаат қилди,—негадир сизнинг суҳбатларингизни соғиниб қоламан.Мана яна учрашдик.
Даль ва Утемисов олдиндан таниш бўлганлиги сабаб қучоқлашиб кўришишди.
—Ўзим ҳам билгандим мактуб ортидан ўзингнинг ҳам келиб қолишингни—деди Даль қозоқ фарзандларни бағрига босганича—ўғиларинг ҳам катта бўлиб қолибди-ку, зийрак болалиги кенг пешонасидан ва кўзларидан маълум.Меним-ча уни ўқитишинг керак.Келгусида ажабмас,улар қозоқ халқининг забардаст ўғлони бўлса.
—Мен ҳам шу ниятдаман,—дея Маҳамбет Дальга ўзининг Оренбургга келишидан мақсадини баён қилди.
—Бу ишинг битди деявер—Даль шундай дея Утемисовга анча пайтдан бери индамайгина уларни кузатиб турган кишини таништирди:
—Александр Сергеевич Пушкин! Эшитган бўлсанг керак шундай машҳур шоирни Маҳамбет?
Пушкин бир оз ноқулай аҳволда қолгани учун Утемисовга саломлашиш учун қўлини узатди:
—Танишганимдан хурсандман! Сиз ҳақингизда Владимир Иванович йўлда келаяётганимда айтганди.Унинг айтишича, “Қўзи Кўрпеш-Боён Сулув” номли ишқий достонингиз нафақат қозоқу-қирғизлар ўртасида, балки Оренбургдаям машҳур экан.Иложи бўлса, ана шу достонингизни ёзиб олсам дегандим.
—Сиздай машҳур шоир ёзиб оламан деса мен йўқ деярмидим.Мана ёнимда Жонкиши ва Нурсултонлар ҳам бор.Баъзи жойларини улар жўрлигида айтиб берганим бўлсин.Ахир қозоқларнинг ҳар бири достон куйлай оладиган азамат оқинлар-ку!
Шу тахлит Маҳамбет Утемисов Пушкинга ана шу достонни айтиб берди.Ушбу достон Пушкинга шу қадар таъсир қилди-ки, шундан келиб чиқиб Пушкин ўз олдига “Қўзи Кўрпеш-Боён Сулув” достони асосида шеърий роман ёзишни ният қилиб қўйди.Афсуски, дуэлдаги ўлимидан сўнг Пушкиннинг нияти амалга ошмай қолди.

Аммо Москвадаги Пушкин музейида ҳозирда ҳам Маҳамбет Утемисовдан ёзиб олган “Қўзи Кўрпеш-Боён Сулув” достонининг саккиз саҳифаси энг бебаҳо экспонатлар қатори авайлаб сақланмоқда.
Пушкин билан Исатой Тайманов ва Махамбет Ўтемисовларнинг учрашувидан бир неча йил ўтгач—1836-38 йилларда Бўкей ўрдасида мустамлакачилик сиёсатига қарши халқ қўзғолони бўлиб, унга юқоридаги иккита қозоқ азамати бошчилик қилишади.Қўзғолончилар билан Россиянинг жазолаш аскарлари ўртасида 1837 йилда Тастобеда, 1838 йилда Оқбулоқ мавзеларида кескин жанглар бўлиб ўтади.Афсуски, қўзғолончиларда аниқ стратегик дастур йўқлиги, кичик ҳудудда чегараланиб қолгани туфайли исён жазолаш отряди томонидан аёвсиз бостирилади.Ўша йил 12 июлдаги қаттиқ жангларда Исатой Тайманов ҳам 80 нафар қўзғолончи билан ҳалок бўлганди.Махамбет Утемисов эса 1846 йил октябрида ҳалок бўлади.

Гарчи қозоқларнинг бу исёни мағлубиятга учрасада 1837-47 йилларда бошқа қозоқ азамати Кенесари Қосим ўғли ( 1802-1847) бошчилигида қайтадан халқ ғалаёнлари бошланиб учала жузни ҳам қамраб олади.Кенесарининг шижоати ва ўз тарафдорларини эргаштира билиши сабаб, қисқа фурсат ичида қўзғолончилар сони 20 минг кишига етади.Натижада 1845 йилдаги уч қозоқ жузи вакиллари иштирокидаги қурултойда уни хон этиб сайлашади.Афсуски, шундай қозоқ азамати ҳам 1847 йилда ҳалок бўлади.Гарчи Исатой, Махамбет ва Кенесари ботирлар вафот этган бўлсаларда улар қозоқлар тарихидаги Тама Есет, Жанхожа ботир, Айтеке Би ( Айтек Байбек ули), Раимбек ботир, Есет Котибар ули, Шектик -Кабак, Жалонтас ботир Тленши ули, Санкибай ботир, Доспанбет батир Кумисбай ули,Амангелди Имамов, Алиби Жангелди, Бароқ ботир Сотиболди ули сингари қозоқ даштларини сиқувга олган Жунғор ( Ойротлар-қалмиқлар) ҳамда чор мустамлакачилигига қарши курашган азамат ўғлонлар сафидан жой олишди.

Ушбу исёнлар фақат қозоқ даштларию, Оренбург, Уральск ўлкасинигина қамраб олмай, баъзи ҳолларда қўзғолончилар енгилгач, ёки бошқа сабабларга кўра, исён раҳбарлари Хоразмга келиб ҳам бир муддат яшашга мажбур бўлишган. Масалан, Хива хони бўлган Аваз Иноқ хонликка таҳдид солувчиларга қарши курашда Бароқ ботир мададидан фойдаланган.Бу тўғрида қозоқлар ўртасида кенг тарқалган “Бароқ ботир” эпосининг Хўжайли вариантида, Бароқ ботир қалмоқлар устидан ғалабага эришгач, Эрон ҳукмдори Нодиршоҳнинг Хоразмга қилган юришини эшитиб хиваликларга мададга келгани тасвирланган.

Хуллас, Пушкин билан учрашган қозоқ азаматлари Исатой Тайманов ва Махамбет Утемисов бошлаган исён кейинчалик Кенесари томонидан давом этдирилади.Аниқроғи Пушкин кезган Оренбург, Уральск сарҳадлари-ю, қозоқ жузлари даштларида мустамлакачиликка қарши курашлар бўлиб ўтади.Бу Пушкин яшаган даврдаги, у Пугачёв исёнининг келиб чиқишини ўргангандан кейин бўлиб ўтган воқеалардир.
…Даль ва Пушкин ҳамда Махамбет ва унинг ўғли Нурсултон ўтирган даврада мавзу ўз-ўзидан қозоқ жузлари, умуман қозоқлар ҳаёти, урф-одатлари бўйича кетаркан, Хива хонлиги тахтида ўтирган қозоқларга ҳам тўхталдилар.
—Махамбет, сен бир гал ўша қозоқ хонлари тўғрисида менга гапириб бергандик.Энди ўша ҳикоянгни Александр Сергеевичга ҳам сўзлаб берчи-дея Даль оқинни руҳлантириб юборди.
Оқин эса худди шуни кутиб тургандек ҳикоясини бошлади:
— Билсангиз Хива хонлиги ғарбда Каспий денгизигача, шимоли Орол денгизи ва Эмба дарёси соҳилларигача, шарқий чеграси эса Сирдарё ва Бухоро амирлигигача, жанубий ҳудудлари бўлса Кугуртли қаъласигача чўзилган ҳудуддан иборат.Бу борадаги маълумотни Неплюев номидаги ҳарбий ўқув юртидаги танишимнинг ўғли изоҳлаб берганди.Билсангиз Артюховнинг ўқув юрти икки бўлимдан иборат бўлиб руслар билан бирга қозоқ, татар, бошқирд, Ўрта Осиёликлар ўқийдиган мусулмон бўлими ҳам бор.
-Эй, Махамбет!Артюхов Алесандр Сергеевичнинг дўсти .Унинг ўқув юртида худо ҳоҳласа шеърият кечаси ўтказиш режамиз бор.Сен бизга қозоқ хонларинг тўғрисида гапирсанг-чи-дея Даль оқиннинг гапини бўлди.
-Мен ҳам ҳали шуни гапиряман-да.Шоиримиз ўйлаши мумкин-ку Хоразмга бормаган қозоқ оқин қандай қилиб хонлик ҳудудини боргандек тасвирлаяпти дея.Шунга Неплюев ўқув юртининг талабасини мавзуга қўшдим-да,Владимир Иванович…Хуллас, ана шу сарҳадларда ўзбекларнинг кўплаб уруғғлари, туркманлар, қозоқлар ва қорақалпоғ-у, форсийлар яшашади.17 аср охири ва 18 аср бошларидан эса Орол денгизи қирғоқларига Сирдарё бўйидаги яна кўплаб қозоқ уруғлари ҳам кўчиб келиб ўрнаша бошлайдилар.Улар Амударё ҳавзасининг шарқий соҳилларидаги кенг майдонларда деҳқончилик қилишади, яйловларда чорвачилик билан шуғуланишади.
Олдин ва ҳозирдаям Дашти Қипчоқдаги қозоқ уруғларининг Хива хонлиги билан алоқаси яхши йўлга қўйилган.Ҳатто, эшитгандирсиз-а Абулғозини?
—“Шажараи турк” ва “Шажараи тарокима”ни ёзган тарихчи хонми?
-Ҳа, ўша тахтдан соғлиғи ёмонлашгани сабаб ўз ихтиёри билан воз кечган хонни айтаманда.Ўша Абулғози 1625-27 йиллардаги тахт учун бўлган курашларда мағлубиятга учраганида қозоқлар ёнидан паноҳ топиб 2 йиллик ҳаётини у ерда ўтказганди.Энди қозоқ хонларга келсак, бу ҳақда менга Хивада меҳтар бўлиб ишлаган Нурмахан мирзо деган дўстим айтиб берган.
-Эй Махамбет-а, энди мавзуга етиб келдинг-а! Ж-аа, чўзвординг-ку? Айтаверда.-деди худди бир жойга шошгандек Даль.
Пушкин эса Махамбет ва Нурсултонлардан кўз узмай ҳикояни тинглашга муштоқ бўлиб ўтирарди.
—Ахир айтаётганим аниқ маълумотга эгалигини Александр Сергеевич билиши керак-ку.Хуллас, 18 аср бошларига келиб бир нечта қозоқ кишилари хонликда ҳукмдорлик қилганлар.Хусусан, 1726-27 йилларда машҳур қозоқ хони Абулхайрихоннинг иниси Баҳодирхон қисқа муддат тахтда ўтирган бўлса, 1727-40 йилларда қозоқ уруғларидан бўлган Элбарсхон хонликда ўз ҳукмдорлигини юритди.Элбарсхон хонлик даврида асосан ички низоларни бартараф этишга интилиб,Орол бўйида яшаётган ва кўпинча Хива хонларига мухолифликда бўлиб келган гуруҳлар билан музокаралар олиб бориб тотувликка эришади.Натижада у ердаги қорақалпоқ, ўзбек ва қозоқ уруғлари етиштирган буғдой 1732 йилларда ғоят баракали бўўлиб, ўзларидан ортиқча бўлган маҳсулотни Манғишлоқ,Устюрт ва Хива хонлигининг бошқа савдо маркази бўлган шаҳарларигаям сотишни кенг йўлга қўядилар.
Аммо 1739 йиллар Бухорони истило қилган Эрон ҳукмдори Нодиршоҳ орадан бир йил ўтиб катта қўшин билан Хива хонлигини ҳам забт қилади.Натижада хонлик парокандаликка учраб, босқинчилар Элбарсхонни 1740 йил Хонқа беклигида қатл қиладилар.Нодиршоҳ шу йил хонликдаги эроний асирларни озод этиб юртни талаб Хивага Тоҳирхон деган вассал хонни ҳукмдор қилиб Эронга жўнайди.Бироқ хоразмликлар Эроний вассалга бўйсунмай исён кўтаришади ва қозоқларнинг кичик жузи хони Абулхайрихонни Хивага ҳукмдорликка таклиф этишади.Хоразмда ҳукмдор сифатида сиёсат юргизган Абулхайрхон қисқа фурсат ичида, 1740 йилда элда тинчлик ва барқарорлик ўрнатишга интилади.Аммо Нодиршоҳ яна Хивага юриш қилаётганини эшитиб, уруш бўлса юрт пароканда бўлишини ўйлаб ўз элига қайтиб кетади.Ундан сўнг унинг ўғли Нуралихон қисқа муддат Хивада хон бўлиб туради.Бироқ у ҳам саройдаги эронийлар тарафдори бўлган кучлар томонидан 1741 йилда тахтдан ағдарилади.
Шундай бўлсада, Хивада ҳамон таъсири кучли бўлган юрт улуғлари маслаҳатлашиб 1745 йилда қозоқлардан бўлган Ғойибхонни тахтга чиқарадилар.Икки йиллик ҳукмдорлиги даврида у ҳокимиятни мустақил идора қилишга эришади.Ғойибхон даврида хонликда янги каналлар қазилади, янги ерлар ўзлаштирилади.Аммо хонлик ичидаги мухолиф кучлар уни 1756 йилда фитна кўтариб тахтдан туширадилар.Шундай бўлсада яна орадан йиллар ўтиб қозоқлар орасидан Хива тахтига хонлар кўтарилаверган.
Жумладан, 1762 йилда Хивада яшаётган Худойдод исмли қозоқ киши Хива тахтига муносиб деб кўрилиб тахтга чиқарилади.Тавкахон номи билан тарихда қолган Худойдод хайр саховатли, фақирваш, дарвешсифат киши бўлган.Унинг даврида солиқлар камайтирилиб, кўплаб мадраса ва масжидлар қурилади.Бироқ касаллиги туфайли 1764 йилда ўз ихтиёри билан тахтни топшириб Хивада яшай бошлайди.
Орадан уч йил ўтгач, 1767 йили Хива тахтига яна қозоқ султонларидан бўлган Бароқ султоннинг ўғли Нур Алихон чиқади.У ҳам икки йил хонлик қилгач, ички мухолиф кучлар таъсирида тахтдан туширилади.Бироқ шундан кейин ҳам машҳур қозоқ хонларидан Абулхайрихоннинг ўғли Бўлакайхон, кейин эса шу сулоладан бўлган Оқимхон 1770йилгача Хива хони сифатида ҳукмдорлик қиладилар.
Умуман олганда ўша қозоқ уруғидан бўлган хонлар 1727-1770 йилларда Хива тахтида ўтирган даврда ташқи кучлар-Эрон, Бухоро ҳукмдорларининг Хоразмга қайта ҳужумлари бўлиб турар, гоҳида эса ёвмудларнинг ҳам ғалаёнлари барқарорликни издан чиқарарди.Қолаверса, хонлик ичкарисидаги уруғлар ўртасидаям ҳокимият учун кураш шу даврларга тўғри келади.Аммо Хива тахтида ўтирган ҳозиргача 9 та қозоқ уруғига мансуб хонлар гарчи қисқа муддат ҳукм юритсаларда ҳукмдорлиги билан ажабмас тарихга кирсалар.Айримлар уларни қўғирқоч хонлар деб айтишади, яъни ула номигагина хон бўлиб, жилов иноқ, меҳтар каби амалдорлар зиммасида эди дейишади.Бу тадқиқ қиладиган, балки бадиий достон яратадиган мавзудир-дея ҳикоясини тугатди Махамбет.
—Ўйлайманки, шу мавзу бўйича ўзингиз достон яратсангиз бўларкан-таклиф қилди Пушкин.
—Ҳали, Александр Сергеевич Махамбет сизга уларнинг олиб борган сиёсатини қисқача айтиб берди.Энг асосийси қалби даштидай кенг қозоқларнинг таъсири Хивада ҳамон сақланиб қолганида-дея гурунгни давом этдирди Даль, -мен савдогарлар ва баъзи қочқин сарой амалдорлари билан гаплашсам, баъзи қозоқ урф-одатлари ҳамон амалда экан.
-Хўш, хўш -қизиқди Пушкин ҳам.
-Хива хонларининг қозоқ уруғидан бўлган қизларга уйланиб куёв саналиши, қозоқларнинг уруш даврида навкарликка олинишидан озод этилиши, хон саройида қозоқ таомларини истеъмол қилиш, давлат амалдорларидан энг обрўлиси бўлган оталиқ ва бий лавозимларигаям қозоқ уруғларидан бўлган кишининг тайинланиши ва буларнинг ҳаммаси қаътий қоидага айлангани ўша Махамбет айтган, тахтда ҳукм сурган қозоқ хонларининг таъсири сабабли.
—Айтимдим-ку, шоир жаноблари— қувонди оқин Махамбет— буни сиз айтгандек достон қилгулик .
-Унда эндиги учрашганимизда шу бўйича достонингни эшитамиз.Энди шаҳарга борайлик.Артюховга айтиб ўғилларингни ўқишга киритиш меним зиммамда.-дея Даль Пушкин билан Оренбургга қайтишди.
Икковлон аравада шаҳарга қайтаркан,Пушкин ҳамроҳига :
-Азизим, агарда мен сизнинг ўрнингизда бўлганимда, ҳозироқ роман ёзиб бошлаган бўлардим.Ахир сиз не бир воқеаларга гувоҳ бўлаяпсиз.Уларни сиздек илм кишиси бадиий қилиб роман сифатида қоғозга туширса, шарқ мавзусидаги энг ажойиб асар бўларди.Мен ҳозирданоқ учта романни бошлаб қўйганман.Аммо уларни давом этдиришга сабрим етмаяпди.-дея қайноқ руҳда сўзлаб борарди.
Даль эса шу тобда шоирни тинглаб,унинг нақадар ижодга берилган шахс эканлигидан ҳайратланиб бораркан,
-Мендек илм кишиси роман ёзса бадиийликдан узоқ, илмийроқ асар бўлиб қолади деб ўйлайман.Шу боис романни сиздек сўз санъаткори яратгани дуруст-деб бепоён даштларга ишора қилди:
— Менимча, сиз ўрганаётган Пугачёв исёни, шу билан бирга эса осиёлик қозоқлар, Бекович ҳалокати ва бошқа мавзулар романга боп мавзулардир.Боя,Махамбетнинг кўнглига келмасин дедим, зеро ўша айтган қозоқ хонлари меним аниқлашимча ва ўзиям айтганидек қўғирчоқ ҳукмдорлар бўлишган.Албатта улар орасида мустақил сиёсат юритишганлари бўлгандир.Аммо… хуллас, чалғимайлик, бу Махамбету бошқа оқинлар шуғулланадиган мавзу…Ўзимизга қайтсак,азизим, Александр Сергеевич.
Бизку тарантасда бемалол кетиб бораётибмиз, аммо мана бу даштлар не бир суронли воқеаларнинг гувоҳи.Балки сиз қизиқаётган Пугачёв мана бу иккимиз кетаётган йўллардан Оренбург шаҳрини забт этиш учун отлангандир.Балки ҳў-ана-ву дарахтзорда қочиб яширинган, ёки шаҳарни забт этиш режасини дўстлари билан пишитиб олгандир, шундаймас-ми?
-Бу гапларингизга қўшиламан.Ахир бу даштлар, дарахтзорлар забонсиз-да.Бўлмаса не бир воқеаларга гувоҳ бўлмаган дейсиз.Эсимга тушиб қолди, балки сиз ҳам эшитгандирсиз.Мен Петербургда унинг қочиб Ўрта Осиёга, Тошкентга яширинганини эшитиб қолгандим.Менимча, бу атайлаб тарқатилган шов-шув бўлса керак-а?
-Ҳа, менам бу гапларга ишонмагандим.Тўғри,Оренбургдан,Уральск бўйларидан Тошкентга қочса бўлади.Аммо бу атайин…бизнинг маҳкамалар томонидан тарқатилган миш-миш эди чамамда-жавоб қилди Даль ҳам Пушкин фикрини қўллаб.

. . . .

… Хўш, Пугачёв ростдан ҳам Тошкентга қочганмиди? У ҳақда бундай миш-мишларни тарқатиш нега керак бўлиб қолди?
….Бозорлару гузарларда тарқалган миш-миш аҳли Тошкентни ваҳимага солди.Негаки, шов-шувга кўра, “ўрис қўзғолончиси Тошкентга қочганмиш”, “ўрис подшоси Тошкентга яширинган Пугачёвни топиб, ҳукуматга топширишни Тошкент ҳокимидан,Қўқон хонидан талаб қилганмиш”, “қўзғолончи тутиб топширилмаса,Русия қўшини бу ерларга бостириб келармиш”.Хўш, 1774 йилнинг ёзида Тошкентда тарқалган гап-сўзлар ҳақиқатга қанчалик яқин эди? Пугачёв қўшини енгилгач,Тошкентга келиб яшириниши мумкинмиди?…
1742 йилда Дондаги Зимовейское номли қишлоқда туғилган Емельяннинг болалик ва ёшлик йиллари оғир меҳнат билан ўтди.1756-63 йиллардаги етти йиллик уруш, 1768-70 йилларда бўлса рус-турк уруши пайтида ҳарбий хизматга олингани боис унда жанговарлик қобилияти шаклланди.Бироқ зобитларнинг зуғуми, ҳарбий қисмлардаги бошбошдоқлик сабабли, қолаверса, эркинликка ўрганган казак бўлганлиги учун 1771 йили армиядан қочди.Аммо 1772 йилнинг февралида қўлга тушди. Пугачёв иккинчи бора ҳам йўлини топиб, қамоқдан қочди…
Ниҳоят, 1773 йилда Пугачёв Ёйиқ казаклари ва рус деҳқонларининг оғир аҳволидан фойдаланиб, уларнинг бошини бирлаштирди.Шу тариқа 1773 йилнинг сентябрида Завольже даштларида исён бошланди.Дастлаб 80 кишидан иборат исёнкорлар халққа ер бериш, мужикларни дворянлар қарамлигидан, солиқлардан озод қилиш ҳақидаги ваъдаларини кенг тарғиб қилиш натижасида бир ой ичида қўзғолончилар сони 2,5-3 минг кишига, 6 ойдан сўнг эса 25 минг нафарга етди.Ҳатто, қўзғолончилар подшо армиясининг 86 та замбарагини ҳам қўлга киритдилар.
Салават Юлаев бошчилигидаги бошқирдлар ҳам исён бошлагач, Пугачёв қўмондонлик қилаётган қўзғолон Қозон, жанубий Урал, Ғарбий Сибирь,Бошқирдистон, қозоқ чўллари-ю, Оренбург атрофидаги даштларни ҳам қамраб олди.
Айниқса, қозоқ ва Оренбург атрофидаги даштларда исён аланга олгач, Ўрта Осиёлик савдогарларнинг Россияга қатнови тўхтаб қолди.Аммо подшо ҳукуматиям анойи эмасди, Русия генераллари Пугачёв қўшини орасидан ўзларига айғоқчи ёллаб улгурганди.Улар бошлаган фитна, фисқ-фасодлар эса турли халқлар-казак, рус, татар, бошқирд, қозоқлардан иборат қўзолончилар орасига адоват ва ғулғула солди.Натижада подшо ҳукуматининг подполковник Михельсон бошлиқ корпуси ўтказган жангдан сўнг 1774 йил 15 июлда Қозон шаҳрида Пугачёв қўшини мағлубиятга учради.Емельян Пугачёвни подшо ҳукумати тута олмади ва унинг Русия бўйлаб қозоқ чўлларига қочгани, эҳтимол,Тошкентга ҳам яширинган бўлиши мумкинлиги ҳақида атайин миш-миш тарқатилди.Хўш, бу миш-мишлар қанчалик асосга эга ва ундан кимлар манфаатдор эди?!
Шуни таъкидлаш керакки, Русияда тарқалган миш-миш Тошкентдаям акс-садо бериб, қадим шошликлар, ҳатто бу шов-шувдан ғулғулага тушган? Нега? Чунки Русия ҳукумати Пугачёвни ахтарган бўлиб, аллақачонлардан бери Ўрта Осиёни забт этиш режасини шу баҳона билан амалга ошириши, яъни ўлкага бостириб кириши ҳам мумкин эди-да!
Пугачёвнинг Оренбург ёки қозоқ даштлари орқали худди карвон йўлларидаги савдогарлардек ниқобланган ҳолда Тошкентга келиши ҳам мумкин бўлган.
Бироқ у қўшини мағлубиятга учрагач, қўзғолонни яна давом этдириш, атрофига одамларни тўплаш, йўл қўйган камчиликларини тузатиб, жангни давом этдириш ниятида Русия ичкарисида юрганди.Емельяннинг Тошкентга қочгани ҳақидаги миш-мишлар подшо ҳукуматини чалғитиш мақсадида унга содиқ кишилар томонидан тарқатилганди.
Хуллас, подшо ҳукуматининг ҳам,Пугачёв маслакдошларининг ҳам миш-мишларни тарақтишдан манфаати бор эди ва манфаатлар ягона маслак ҳолига келди ва иккала мухолиф томонидан ҳам Русия ичкарисида ва Тошкентдаям тарқатилди.
Аммо Пугачёв учун бундай миш-мишлар бир озгина ҳукуматни чалғитиб турган бўлсада, у айнан Русия ичкарисида, 1774 йил 8 сентябрда атрофдагиларнинг “гуллаб” қўйиши туфайли қўлга олинди ва 15 сентябрда Ёйиқ шаҳрига келтирилди.Шундай экан,Пугачёвнинг Тошкентга қочгани ҳақидаги миш-мишларда қанчалик асос бор?
Ўша вақтларда Тошкент ҳокими бўлган Азаматхўжа хизматида 1772-1782 йилларда бир рус кишиси 10 йил ишлаган.Ярослав губерниясида туғилган крепостной деҳқон С.Матвеев 18 асрнинг 70 йилларида крепостнойликдан қочганида қозоқ жузи султони аскарлари томонидан асир олинган ва тошкентлик савдогарларга сотиб юборилганди.Савдогарлар эса сариқсоч, пахмоқсоқол, бақувват Матвеевни Тошкент ҳокимига инъом қилиб,ҳоким Азаматхўжа ёрдамида бир ишини битиришади.
Матвеев Тошкентда яшаган кезларида, хизматкорлар билан у ер-бу ерга, бозорга борганида Гришка исмли миллатдоши билан учрашиб қолади. Гришка ҳам Тошкентга қул сифатида сотилган бўлиб, у берган маълумотга кўра, 1773 йили Алексей Иванов исмли қочқин ниқобланган ҳолда ўзини савдогар қилиб кўрсатиб,Тошкентга яширинган.Аслида эса Пугачёв қўзғолони бостирилгач, бир қанча исёнчилар билан бошқирд, қозоқлар ёрдамида Астрахандан Бухорога, у ердан Тошкентга келган экан.
Алексей Иванов, Гришка, у орқали эса ҳоким хизматидаги Матвеевнинг калласида Пугачёв қўзғолончилари, эҳтимол,Емельяннинг ўзиям Тошкентда яширинган эмасмикан, деган ўй бор эди.Хуллас, бу фикрнинг атрофдагиларга айтилиши эса аста-секин бутун Тошкент бўйлаб миш-миш тарқалишига сабаб бўлди.
Аслида бу миш-мишни Пугачёв ва унга содиқ кишилар Астрахандан Бухорога келган, у ердан Тошкентга яширинган Алексей Иванов орқали подшо ҳукуматини чалғитиш учун Русияда, ҳамда Тошкентда тарқатишганди.Аммо бу ҳийла иш бермай,Пугачёв Русия ичкарисида қўлга олинди ва 1774 йил 29-31 декабр кунлари суд ўтказилади. Унга кўра, 1775 йил 10 январда Москвадаги Болотная майдонида Пугачёв ва қўзғолоннинг бошқа раҳбарлари қатл этилади.
Орадан йиллар ўтиб, бошбошдоқлик, ички низолар бартраф этилгач,Русия ҳукумати энди азалий орзуси-Ўрта Осиёни забт этиш ташивишига тушиб қолди. Шу аснода, яъни 1782 йили Тошкент ҳокими Азаматхўжа хизматидаги Матвеев яхши ишлагани учун қулликдан озод қилиниб, савдогарлар билан ватани-Русияга қайтиб келади.Табиийки,Матвеев келган пайтда Пугачёв қатл этилган ва бундан у хабардор эди.
У ватанидаги танишларига ҳижратда ўтган йиллари ҳақида ҳикоя қилиб, ўша вақтларда Пугачёв қўзғолончиларининг Тошкентга қочиб яширинганликлари тўғрисида миш-мишлар тарқалганини, ана шу қочоқлар ҳамон тирик бўлиши мумкинлигини айтади.Табиийки, бу гаплар подшо охранкасига етиб борди ва ваҳимачи Матвеев 1783 йилнинг бошида Ярославлда ҳибсга олинди.Уни сўроқ қилишга подшолик давлат арбоблариям аралашади ва тергов махфий равишда олиб борилади.
Терговда С.Матвеев ўзи яшаган йиллардаги Тошкент ҳаёти, сиёсий воқеалар, ҳокимнинг қарашлари, савдо жараёни, қўшни қозоқ жузлари билан муносабати, Қўқон хонлиги ҳамда Тошкентнинг заиф томонлари ва устунликлари ҳақидаям маълумот бериб ўтади.
Шу тариқа Пугачёвни Москвада қатл этган подшо арбоблари қўзғолон раҳбарининг Тошкентга қочгани ҳақидаги миш-мишни тарқатганлардан бири Матвеев орқали кўплаб маълумотларга эга бўлишди. Бу маълумотлар эса 19 асрнинг 53-80 йилларида Ўрта Осиёни, Тошкентни забт этишда, у ердаги вазиятни ўрганишда Перовский сингари Русия генералларига қўл келди…

. . . .

… Оренбург…
—Оренбург ғоят савдо қизғин шаҳар.Ўрта Осиёликлар ҳам бу ерда анча бўлиб,Сайид ва Нўғайбоқи деган жойларга ўрнашган.Уларнинг жамоасига « экин майдонлари ва яйловлардан фойдаланиш, бошқирдлардан ерларни сотиб олиш, ҳунармандчилик, савдо ва бошқа ишлар билан шуғулланиш ҳуқуқи ҳам берилган..Оренбург атрофидаги Троицк шаҳри ҳам салмоқли савдо марказларидан бўлиб,кўплаб ўзбек савдогарлари турли моллар олиб келишади.Бу ердаям ўзбек маҳаллалари бўлиб,граф Перовский уларга Троицкда мактаб, масжид ва меҳмонхона қуришга рухсат берган.Бундан ташқари, ўзбеклар от ва туя боқишни истасалар Урал дарёсининг бўйларидан яйлов ҳам ажратилиши тўғрисида ҳукумат қарори чиқган.—Даль шундай дея Пушкин билан тарантасда шаҳар бўйлаб кетишаркан бу ердаги вазият тўғрисида маълумот бериб борарди—мана бу ҳужжатда—у шундай дея сумкасидан император имзолаган фармонни кўрсатди—улар Буюк Русия фуқаролигини қабул қилишлари ёзилган.
Пушкин қизиққанидан фармонга кўз югуртирди:
« Оренбургда истиқомат қилаётган барча бухороликлар, хиваликлар ва тошкентликлар 1832 йилнинг 1 июнидан то 1833 йил 1 июль орасида ҳоҳлаган тақдирда Россия фуқаролигига ўтсинлар.Улар солиқларни тўлаш ва губерниянинг ичкарисида яшаш шарти билан фуқароликка қабул қилинсин.Бордию улар савдо гильдияларига ёзилишга ҳоҳиш билдириб, Россия фуқаролигига ўтмоқчи бўлсалар, у вақтда қаерда яшашларини ўзлари белгиласин.Агар бухороликлар,хиваликлар ва тошкентликлар бир йил мобайнида рўйхатдан ўтмасалар сайёқлар( бродяга) тоифасига киритилади»
1832 йил 15 март.(ЦГИА,России в Санкт Петербурге, ф.18,он 4, д 501, л 3-6)
—Хуллас,Ўрта Осиё масаласида вазият шундай—деди Даль Пушкин узатган фармонни сумкасига жойлаётиб,—билишимча,сизни Бекович ва шу билан боғлиқ Хоразм мавзуси қизиқтираяпди.
—Ҳа,Шунингдек,Пугачёв исёни, унга қўшилган Оренбургликлар масаласиям.Бу бўйича етарлича маълумотни тўпладим деб ўйлаяпман.Энди Хоразм ва Ўрта Осиёликларга оид материаллар керак.Ёрдамингизни аямассиз-а,Василий Иванович?—деди Оренбург кўчаларига разм солганича.
—Шунинг учун ҳам ёнингизда юрибманда,Александр Сергеевич. Оренбургда 51 та ўзбеклар оиласи истиқомат қилади.Улар бухоролик,хивалик ва тошкентликлардан иборат.Уларнинг 30 таси шаҳарда, 21 таси «Сайид жамоаси»да истиқомат қилишади.Аксарияти, савдогарчилик билан шуғулланади.Деҳқончилик ва ҳунармандчилик билан шуғулланувчилар ҳам бор—дея тарантасда кетишаркан Даль дам- ба -дам узун соқолини сийпалаганича Пушкинга йўл-йўлакай гапириб кетиб борарди.—Ҳозир негадир бирданига “Евгений Онегин” поэмангиздаги қаҳрамонингизнинг осиёликлар савдо билан шуғулланадиган ярмаркага борганини тасвирлаганингиз ёдимга тушди:

Ўйдим-чуқур Твер йўлидан
Мана, елар извош; ёнидан
Лип-лип ўтар қоравулхона,
Кампир, бола фонус ва чана,
Кулба, сарой, черков ва ерлар,
Бухорийлар, казак, деҳқони,
Минораю наъма дўкони,
Дарбозада-ғаройиб шерлар,
Дорихона, боғу боғчалар,
Хочлар узра гала зоғчалар…

Бухорийлар деганда сиз Ўрта Осиёликларни назарда тутгансиз-а?Сиз улар ҳақида олдин фақат эшитган ва ўқиган бўлсангиз энди уларни кўрибгина қолмай, гаплашишингиз ҳам мумкин…
Камердинер тарантасни Оренбургнинг ўзбеклар яшайдиган қисмига бурди.
—Гарчи, бу уйлар ташқаридан Оренбурглик татар ва бошқирдликларникига ўхшаб кетсада, ичкарисида уларнинг ўзларига хос жиҳозлари бор.—Василий Иванович суҳбатни шу ерда тўхтатиб извошчига буйруқ берди:
—Шу ерда,Мирзашиховнинг уйи олдида тўхтат!
Даль тарантасдан тезда тушиб, камердинер билан Пушкинга илтифот кўрсатди:
—Александр Сергеевич!Марҳамат, бу ердан энди у ёғига пиёда юрсак ҳам бўлади.Кечаги ёмғирдан кейин у ёғига тарантас юраолмайди. Бу Мирзашихов деганимиз асли Хоразмдан, туркманларга яқин Тошҳовуздан.Савдогарчилик қилиб бу ерларга келганича қолиб кетди.Татар аёлга уйланган.Бир боласиям бор.Губернаторлик маҳкамаси уни ўзбеклар маҳалласига бошчи, ўзлари тили билан айтганда пекол қилиб тайинлаган.—Даль шундай деб кўринишидан яхшигина бинонинг эшиги олдига келиб, ичкарига қичқирди:
—Мирзашихов!
Ичкаридан олдинига кичик бир болакай, унинг ортидан қўлига сочиқ ушлаганича бошига рўмол ўраган аёл чиқди:
—Альфия,Бозорбой уйдами?
—Бозорбой эрталабдан бозорга кетган, бугун Хоразмдан карвон келаркан,ҳамқишлоқлари бор шекилли, уларни кутишга чиққан—жавоб берди аёл.
Уй эгасини топишаолмагач,кўча бўйлаб яна йул юришди.
—Менимча сиз боя татарчалаб, уй эгасининг исмини айтиб сўрадингиз-а?—қизиқсинди Пушкин.
—Ҳа.
—Мени, Бозор сўзи ажаблантирди.Ахир бизда рынок сўзи билан бозор ҳам баробар ишлатилади.Нега энди, у кишининг исми шундай, ёки бу лақабми?
—Азизим,Александр Сергеевич, уларнинг нафақат исмлари, балки ҳаётининг ўзи ҳам ажабланарли.Шу боис ҳам врачлик қилмай, шу ишлар билан шуғулланиб юрибманда.Ўрта Осиёда, айниқса ўзбекларда бола бозор куни туғилса,исмини Бозорбой,жума куни туғилса Жумабой, Рўза кунлари туғилса эса Рўзибой деб ном қўйиш урфи бор.Мен ҳали, сизга бунданда қизиқ нарсалар айтиб беришим мумкин,—Даль шундай дея бир уй олдида тўхтаб—Мана шу уйда ажойиб бир инсон яшайди.Исми Комилжон.Биз уни фамилияси билан Нуржонов деб чақирамиз.Асли Хивалик.Ҳаттоки хон саройида ишлаган.Қўлёзма китоблари ҳам бор.Хон амалдорлари уни чиқиштирмагач, савдогарчилик қилиб юриб,Оренбургга келганича, мана уч йилдирки,шу ерда.Хотини Фазилат.У ҳам саводли аёллардан,Қўқонлик хаттотнинг қизи.Нуржонов сизга кўп нарсалар айтиб бериши мумкин.
—Уям, уйда йўқ бўлиб бозорга кетган бўлса-я?—қайғурди жингалаксоч сочларини силаганича Пушкин.
—Нуржонов, борига барака қиладиган, кўпинча ҳафтада икки-уч кун бозорга чиқади.Қолган пайтлари уйи атрофида деҳқончилик қилади.Бугун душанба, уйда бўлса керак.-Василий Иванович шундай дея қичқирди:
—Нуржонов, уйдамисиз?
—Ҳовва, пожалуста, келинглар—шундоққина эшиги олдида турган киши жавоб берди-ю, овози ортидан ўзи ҳам чиқиб келди.У ўрта бўйли, ёши 60лар атрофидаги чўгирма кийган киши экан.Пушкин Нуржоновнинг бош кийимига қараб ҳайратланганича, Дальдан кейин у ҳам қўл бериб Хивалик билан саломлашди.
— Долонда гурунглашамизда энди—дея меҳмонларни ичкарига илтифот қилди Нуржонов.Меҳмонлар мезбон ортидан дарахтлар оралаб ичкарига киришди.
—Нуржоновнинг айтишича, Хоразмда уйлар мана шунақа солинаркан.Яъни, узун, энли залдан ҳар иккала тарафдаги хоналарга кирилади ва улар буни долон дейишади—Пушкинга тушунтирди Даль.
—Оренбургда пахса-лойдан жой солиб бўлмайди.Бўлмаса кичик бўлсаям худди Хивадагидек қилиб қурмоқчи эдим.Шароит бошқача бўлгач,ёғочдан тиклаб қўяқолдим—Нуржонов шундай дея кийгиз устига ёйилган кўрпачада ўтириб, дастурхондаги нонни ушатганича гапини давом этдирди—Василий Иванович, маҳкамада ишлар кўпайдими дейман,кейинги пайтда кам дийдорлашадиган бўлдингиз?
—Ҳа,меҳмон келганди—Петербургдан,олдин айтган бўлсам керак сизга буюк Пушкин деган шоир бор бизда деб?
—Ҳа,мендан Абулғозининг китобини олиб кетишга келганингизда, адабиётдан сўз очиб айтгандингиз, менимча, Оренбургга энди ишга келган баҳор ойларида—Далга жавоб берди Нуржонов.
—Бу киши ана шу инсон Пушкин бўлади.
-Наҳотки,—ҳайратга тушди Нуржонов хотини олиб келган меваларни дастурхонга қўяётиб Пушкиннинг жингалак сочларига тикилганича.
—Мен улуғ Пётр даври, Бековичнинг Хива хонлигидаги фожиаси, умуман Хоразм мавзусида асар ёзиш ниятидаман.Шунга воҳа ҳақида материал тўплаяпман—дея Александр Сергеевич Дальдан ҳам олдин муддаога ўтиб қўяқолди.Шоирнинг назарида агарки,Хиваликнинг ажабланганини кўриб,Даль гапни бошлагудек бўлса, ўзини таърифлаб кетиши аниқ эди.
—Сизни нима кўпроқ қизиқтиради—Нуржонов ҳам мақсадга яраша савол билан Пушкинга боқди.
—Кўпгина маълумотларни Василий Иванович айтиб бераяпти.Мени бир нарса—Хивалик бир савдогар Оренбурга қатнаб, Хоразмга юк билан борганида бир қоп олтинга эга бўлиб қолгани, бироқ уни ишлатишдан ҳайиқиб хон ҳузурига олиб боргани,аммо олтинни ҳукмдор ҳам олмагани ҳайратлантирди.Бу шунчаки ривоятми ёки ҳақиқат?
—Ҳа,ҳақиқат, жаноб шоир! Бу воқеадан нафақат Хива хонлигида, балки Оренбургдаям кўпчилик хабардор.Чунки, ўша савдогар, мана шу сиз қадам ранжида қилган шаҳарга кўп келган,сизлар ўтирган ана шу долонда ўтириб чой ичган.Меҳмон бўлган.Бунга уч йилча бўлдиёв.
—Унда ўша воқеани айтиб берсангиз—илтимос қилди Пушкин Нуржоновдан.
Нуржонов чўгирмасини бошидан олганича ҳикоясини бошлади:
Ўша савдогарнинг исми Саид Ниёз бўлиб,Хивалик.Деҳқонлардан етиштирилган шолини олиб гуруч қилиб сотиш билан шуғулланар,шу боисдан ҳам Шоликорбой лақабини ҳам олганди.Шу тахлит кўпроқ пул тўплаган Шоликорбой ҳамюртларига қўшилиб,Оренбургга қўй ичаги,қоракўл, мева олиб келиб, қайтишда темир, идиш товоқлар, жез олиб кетарди.У мен бу ерга ўрнашиб қолиб кетгандан сўнг, Оренбургга келишни бошлаган.Уч-тўрт бор уйда меҳмон ҳам бўлган.Олтин топган сафари эса уч йилча олдин—1830 йилда содир бўлган.
Ўшанда,Оренбурглик Иван Медведов исмли таниш савдогаридан 40 қопга жойланган жез, темир, идиш товоқни олиб туяда Хивага борадию, йўлда чарчаганидан уйида ухлаб қолади.Эртасига ибодатини бажариб қопларни жойлаштира бошлайди ва бирисини очса-бир қоп олтин турганмиш.Дарров қопни бекитадию, Оренбургга кетаётган карвондан мактуб бериб юборади.Мактубни олиб келган Хивалик ўша куни меникида қолиб,эртасига бирга хатни темир ва жез сотадиган Иванга олиб бориб бердик.У мактубни ўқиб ҳайратланди ва бизларга айтдики, «мен доимги шартга кўра ҳамроҳларингиз ,қолаверса Оллоҳ шоҳидлигида унга жез ва темир сотганман.Дўстларинг у қоплар ичидан олтин топибди.Демак, олтин унга насиб этибдики,ҳалол экан,Шоликорбойга насиб этсин» дея воқеани айтиб,Саид Ниёзга жавоб ёзиб бериб юборди.
Кейин эшитсам, Саид Ниёз Шоликорбой бир қоп олтинни кўтариб Хива хони олдига борибди.
Пушкин гарчи ҳикояни авжида бўлаётганини билсада зўрға ботиниб сўради:
—Ўша хоннинг исми. Ким,ҳозир ҳам ҳукмдорми?
—Оллоқулихон.8 йилдирки,Хива ҳукмдори—дея Нуржонов чўгирмасини бир силаб қўйдию, чойдан ҳўплаганича давом этди:
—Хон ҳазратлари—дебди Саид Ниёзбой—менга темир ва жез деб сотганлари олтин бўлиб чиқди.Охиратим куйиб кетмасин деб қўрқаман.Шу боис бир қоп олтинни хонлик хазинасига қабул қилиб, мени ниҳоятда оғир ташвишдан холи этсангиз.
Шунда Оллоқулихон меҳтар Муҳаммад Юсуф билан кенгашиб дебдики:
«Олдимизда турган бир қоп олтин қандай йўл билан топилгани бизга маълум эмас.Шунинг учун бир қоп олтинни дея хонлик хазинасини булғамайлик.Демак олтинки сенга насиб этган экан,ўзингга буюрсин.Унга ҳоҳласанг масжид қур,»
Хоннинг жавоби шу бўлгач, Шоликорбой яна бир қоп олтинни зўрға орқалаганича саройдан чиқиб кетибди.
Шу тарзда масжид ва минора қуриш тўғрисида хоннинг фармони эълон қилинибди.Бир қоп олтин билан боғлиқ миш-мишлар бутун воҳада тарқалиб, ундан бу ерга келаётган савдогарлар орқали Оренбурггача етиб келди.Қурилиш бўладиган майдонда олти эски уй жойлашган бўлиб,эгаларининг розилиги билан Саид Ниёзбой жойни сотиб олибди.Шунда ёлғиз бир кампир ёлворгандай бўлиб,:
—Болам,илоё дунё турганча тургайсан.Менга сенинг бир пулинг ҳам керак эмас. Фақат илтимосим, бандаликни бажо келтирсам, мени шу ерга дафн этсанг бўлди.—дебди.
Ниҳоят, қурилиш бошланадиган куни атрофдан тумонат одам жам бўлибди.
— Намоз ўқиб, фарз амалларини бирор марта канда қилмаган,умрини,оиласини ҳалол ризқи билан боқиб,бирор марта зинокорлик қилмаган,ғийбат билан шуғулланмайдиган киши, ўртага чиқиб, масжиднинг ғиштини қўйсин.—дея эл оқсоқоли халойиққа жар солибди.
Ҳайратланарлиси шундаки, масжиднинг биринчи ғиштини қўйиш ҳам Саид Ниёзбойга насиб қилган экан.Зеро, ибодатни бирор марта канда қилмаган, оиласига садоқатли,элга меҳру мурувватли,оиласини ҳалол ризқ,пешона тери билан боқаётган инсон ҳам ўзи эди.Эҳтимол,шу боисдан ҳам унга ғойибдан бир қоп олтин инъом этилгандир.Хуллас,ҳали Саид Ниёзбой тирик бўлиб,масжид ва минора қурилиши билан банд.
Ўтирганлар ҳикояни эшитиб бир зум жим қолищди.
—Қаранг-а,Александр Сергеевич,худди, шарқ эртакларининг ўзи.Бироқ,ҳаётий ҳақиқат.
Пушкин воқеадан ғоят ҳайратланганича ҳануз сукут сақларди.Жимликни Нуржоновнинг сўзи бўлди:
—Энди яна бир косадан чой ичиб туринглар,ҳадемай палов еймиз.Мен намоз ўқиб олай!
—Сиз, ибодатингизни қилаверингу, бизга паловни эндиги сафарга қўйиб жавоб берсангиз.Чунки,Константин Артюховникига боришимиз керак.
Тарантасда кетиб боришар экан,Даль Пушкинга тушунтирди:
—Константин Демьяновичнинг бир қўшниси бор.Миша исмли ўша киши 9 йил Хивада асирликда сақланган.Зўрға қочиб келди бу йил ёзда.Ўшандан кўплаб Хоразм тўғрисида суриштириш мумкин.Мен у билан кўп суҳбатлашганман,ўзим ҳам ундан эшитганимни айтиб берардиму, ўзингиз тинглаган бошқача.
—Василий Иванович, сиз нима десангиз шуда, азизим.Боя Нуржонов хикоясидан хайратланиб, ундан бир нарсани сўраш эсимдан чиқибди.
—Хўш,нимани?
—Нуржонов Саид Ниёзбой Хивадан Оренбургга қўй ичаклари ҳам олиб келарди, дедику, шуни билмоқчийдим.
—Ҳа,—кулди соқолини силаганича Даль ва дедики,—буни мен яхши биламан.Хуллас,Хоразмда қўй кўп боқилади.Боя Нуржоновнинг уйида ўтирган кийгиз ҳам қўй жунидан тайёрланган.Сўйилган қўйни эгаси ёки қассоб нархини келишган ҳолда ичакфурушга сотаркан.Улар янги сўйилган қўй ичагини катта-катта махсус бочкаларда тузлаб сақлашган.Бир муддат ўтгач, тайёр бўлган хом ашё ичаклар Амударё орқали кемаларда Орол денгизига ёхуд туя карвонлари орқали бизнинг Оренбургга келтирилади.Пароходларда ёки карвонларда қўй ичаклари Оренбургдан Тула, Самара,Рязань ва Москва шаҳарларига, у ердан Болтиқбуйи давлатлари орқали Европага етказиб ҳам берилади.
Ушбу ичаклардан кемачилик эҳтиёжлари—катта елканли кемалар учун арқонлар ва бошқа зарур ёрдамчи воситалар тайёрланади.Европада эса Хоразмнинг қўй ичакларидан жарроҳлик операцияларида ҳам қўлланишади.
Пушкин Дальнинг бу гапларини эшитиб янада ҳайратланди:
—Қойил!..
…Камердинер тарантасни Артюховнинг уйи ёнида тўхтатаркан,Даль Пушкинга қараб:
—Менимча ҳозир Константин Демьяновичникига кирмай,Мишаникига бориб,унинг суҳбатини олсагу,кейин бемалол Артюховникида ўтирсак.—деди.
Улар шу тахлит Хивадаги асирликдан зўрға қочиб қутилган Мишанинг торгина уйида ўтириб,ҳол-аҳвол сўрашгач,ундан Хоразмдаги шароит,хон саройидаги вазият, урфлар тўғрисида гапириб беришни илтимос қилишди.
—Хоннинг саройдан чиқаётгани ё қайтаётганини карнай-сурнай овозидан билиб олса бўлади.Чунки, Хива хонлигида хон сафарга чиққанида сурнайчи ва карнайчи ҳамиша мулозимлар қаторида юриши шарт.Хон бирор бекликка,зиёрат ёки қандайдир маросим,тўй-маъракага бораркан,белгиланган манзилгача сафарга тантанали тус берилади.Энг олдинда жанда кийган 10-12 та қаландар пиёда кетиб бориб,ҳукмдорни мақтаб, мадҳ айтишади.Бу хизматлари учун ўша қаландарларга тўрт-беш тилло маош беришарди.Хоннинг ўзини эса тансоқчилари бўлган қизил тўнли,қўнғироқ камар боғлаган шотирлар кузатиб,эҳтиётлаб боришарди.Саройда ўн шотир бўлиб, тўрттаси хон отининг жиловини галма-гал ушлаб юрар, иккитаси эса икки ёнидан узангини ушлаб боради.Хазинадан шотирларнинг иккитаси саккиз тиллодан,қолганлари беш тиллодан маош олишади.
Шотирларку,ўз вазифасини бажариб,жим кетиб боришади.Удайчи ва жарчилар эса доимо бақириб-чақириб юрар,бу иши учун удайчи 15-20 тилло, жарчи беш тилло маош билан сийланади.Улар хон ёнида ортиқча бақир –чақир қилмас, хон халойиқнинг олдига чиққан пайтда удайчи ўз ҳукмдори овозини аяб, унинг ўрнига халқни қутлайди.Удайчилардан бири хон ўрнига «ассалому алайкум» деб халққа салом берса,бошқа ҳамкасби эса хон учун халойиқ жавобига «ва алайкум ассалом!» деб қўярди.
Хон саройида қирқтача маош оладиган амалдор бўлиб, улар орасида Ош меҳтар дегани ҳам бор.Унинг вазифаси хон учун кунига тўрт маҳал дастурхонга тортиладиган пишириқларни тайёрлашдан иборат.Хон учун овқат пишириладиган пайтда Ош меҳтарнинг шахсан ўзи ошпазлар устидан назорат қилиб туради.Бу назорат овқатга қанча масаллиқ солиш меъёрини ўлчаш учун эмасди.Зеро, ошпазлар ўз касбининг устаси бўлиб, ғоят мазали таом пиширишарди.Ош меҳтарнинг назорати эса сарой ўйинлари тез-тез юз бериб турадиган фитналарнинг олдини олиш, яъни ҳукмдор овқатига заҳар ёки маргимуш солмасликларига кўз-қулоқ бўлиб туришдир.Шу боис тайёр бўлган таомдан аввало ош меҳтар тотиб кўради.
Ош меҳтар бошчилигидаги ошпазлар таом тайёрлашса, дастурхончи хон олдига ёзган дастурхон атрофига сарой амалдорлари ёки ҳукмдорнинг оила аъзолари келиб ўтиргач,ош меҳтарнинг биргина имоси билан товоқчи таомни ўртага тортади.Табийки, чой ҳам қўйилади.Гоҳида шарбатдор тайёрлаган шарбат келтирилади.Овқат еб бўлингач, фотиҳа ўқилади.Кейин офтобачи хон қўлини ювдириб, рўмолчи эса хоннинг қўлини рўмоли билан артиб қўяди.Ҳар куни бажарадиган ана шу хизматлари учун ҳукмдор уларга яхшигина маош тўлайди.
Катта миқдорда маош олган ходимлар бор маҳоратини ишга солиб, турли мазали таомлар пиширишади.Хон дастурхонига Хоразмда етиштирилган энг сара мева-сабзавотлардан турли пишириқ ва салатлар тайёрлаб тортишади.Ошга Гурлан гурунчи, Хива пиёзи, Янги Урганч сабзисини ишлатишади.Хориждан келтирилган ноз-неъматлардан ҳам унумли фойдаланиб, Маридан махсус келтирилган қўй-қўзилар, Русиядан олиб келинган мураббо ва шакар,қанд,Волгабуйи ёнғоғи,Бухоронинг қандолат маҳсулотлари,Эрон ва Кавказ,Ҳиндистондан олиб келинган мева-чевалар хон дастурхонида ҳамиша муҳайё.Хуллас, Хоразмнинг халқи ҳурликдаю, амалдорлари роҳат фароғатда яшашади.Табийки, асирликда темирчилик қилган сен бу сарой ҳаётини қаёқдан биларсан,дерсиз Александр Сергеевич.Даль жанобларига ҳам айтгандим, ҳозир Хивада Федька Грушин деган салобатли рус асири хон саройида эшикоғаси бўлиб хизмат қилаяпди.У мендан икки йилча олдин туркманлар томонидан Каспий бўйида ўғирланиб,Хивадаги хон амалдорларига сотиб юборилган.Девонбеги эса унинг ишчанлиги учун хонга совға қилган.Оллоқулихон уни синаб кўргач,аста секин сарой ҳаётига аралаштириб, беш йил бўлдики эшикоғаси қилиб қўйди.У тез-тез устахонамизга келиб турарди.Юқорида айтиб берганларимни Федькадан эшитганман.Унга ҳам қочишни таклиф қилдим.Бироқ у рози бўлмагач, учта пирсиён (эронлик)билан зўрға қочишга эришдик.
—Боя мен тушунмайдиган ошмеҳтар, қаландар,жанда, шарбатдор сингари сўзларни кўп ишлатдингиз.Илтимос уларни изоҳлаб берсангиз?—мурожаат қилди Пушкин ёши қирқлардан ўтган Мишага.
—Менимча,бизнинг Артюховникига борадиган вақтимиз бўлди.Бу сўзлар изоҳини ўзим сизга изоҳлаб,ёзиб бериб юбораман.Қолаверса, шу каби Ўрта Осиёликлар ишлатиладиган сўзларни тўплаб юришимни биласизку?!
…Артюхов уларни Николай Павлович Иванов деган Неплюев номли Оренбург ҳарбий билим юртининг иқтидорли талабаси билан кутиб олди.Суҳбат дастурхон ёнида давом этиб,Пушкин Оренбургда кўрган кечирганлари,Пугачёв исёни ва Хоразм мавзусида анча материаллар тўплаганини ,Даль бу борада катта ёрдам бераётганини айтиб ўтди.Шундан сўнг Хоразмга талпинаётган шоир ва ҳамроҳлари империяда кечаётган ижтимоий аҳвол,Петербург ва Москвадаги ҳаёт ҳақида гурунглашдилар.Вақт алламаҳал бўлиб, меҳмонлар тарқалгач,Пушкин Атрюховнинг уйида ётиб қолди.У ётиш олдидан хотини Натальяга хат ҳам ёзиб, Артюхов уйидаги суҳбатни қоғозга туширди.
Эртасига эса Пушкин Оренбург бозорида,Ўрта Осиёлик савдогарлар билан учрашди, ўзини қизиқтирган саволларга жавоб излади.Даль,Артюхов билан бирга эса Пугачёв исёни бўлиб ўтган губерниянинг энг чеккасидаги Бердага бориб келишди.Берда станциясининг бошлиғи,Оренбург казакларининг атаманларидан Иван Васильевич Гребеньшиков Даль ва Артюховларнинг илтимосига кўра, Пугачёвни кўрган кекса чол ва кампирларни тўплаб, уларни Пушкин билан учраштирди.
Берда Пугачёв исёнига марказ бўлган ҳудуд эди.Пугачёвнинг замондошлари тўпланиб ўтирган хонага кирган шоир, столга ўтирдию қалин дафтар билан қалам чиқариб, исёнкорнинг замондошларидан воқеаларни суриштириб, уларни қоғозга тушира бошлади.Шоир улар билан саҳардан бошлаб суҳбат қуриб бошлаган, кўплаб маълумотларга эга бўлган бўлсада, кексалар меҳмоннинг қандайдир қўзғолончи тўғрисида суриштириб қолганига тушуна олмасди.
Бу суҳбат уларга шубҳали туюлди.Кексалар назарида, Пушкин ўша давр одатига кўра бош кийимини ечмагани,кексалар олдида туриб суҳбат олдидан чўқинмагани, қўлидаги узун тирноқлари ғалати эди.Шу боис уни чол-кампирлар “антихристос” деб ўйлашди.Айниқса, Пугачёвни нафақат кўрган, балки яқин суҳбатдош бўлган Евгения Захаровна Воронина деган кампир Пушкинга у ҳақдаги хотираларини сўзлаб бериб қолмай, исёнкор ҳақида қўшиқ куйлагач, шоир унга ва бошқаларгаям олтин танга ҳадя қилди.Бироқ айрим қариялар уни бояги сабабларга кўра “антихристос” деб ўйлашганиданми , пулни олишни ҳоҳлашмади…
…Оренбург.Бердага бориб қайтган шоир ва мезбонлари, отда бўлсада йўл юриб, чарчашганиданми ҳордиқ чиқаришни афзал кўришди.Артюхов кечқурун лицейдаги ётоқхонани текшириши лозимлигини айтиб, у ёққа жўнаб кетди.Даль уйида Пушкин иккаласи қолишди.Бу вақтга келиб,Пушкиндек машҳур шоирнинг Оренбургга келгани бутун шаҳарга овоза бўлган, айниқса уни бир кўришни, танишишни истаб қолган аёллар, Даль уйи атрофида айланиб юрардилар.Ҳаттоки,Пушкин Дальникига кириб келганида учрашиш иложини топиша олмагач, уни узоқдан кўришни ҳам ҳоҳлаб қолишди. Шунда бир гуруҳ аёллар кўча тарафдан кўриниб турган хонада ўтирган шоир ва мезбонни томоша қилиш учун, у ердаги дарахтга чиқиб узоқдан бўлсада машҳур шоирни кўриш бахтига муяссар бўлишди.Аёллар шоирнинг суҳбат асносидаги ҳаракатларини, чин кўнгилдан яйраб кулишини кузатишдию, дераза ромлари икки қат бўлганидан, афсуски суҳбатни эшита олишмади.
Пушкин Оренбурглик гўзал хонимлар билан суҳбатлашишни истар, аммо қисқа фурсатга келгани,ўз ишини тезроқ битириб қолишни ўйлаб, қолаверса яна Уралга бориши боис Петербург ёки Москвадагидек қиз-жувонлар билан бемалол гурунглашишдан ўзини тийди.Ўша туни Пушкин негадир болалигини эслаб қолди.Балки, бунга Даль уйидаги хизматкорнинг ўғлини кўриб болалиги эсга тушгандир.Ҳар ҳолда хизматкорнинг боласи нимаси биландир укаси Лёвушкани эслатарди.
Гарчи ойиси ва энагаси учун қиррабурун, хушрўй ва баджаҳл, чийилдоқ Олинка,жингалаксоч Александр,кичкинтой ҳамда эркатой Лёвушка ва касалванд,оқ-сариқдан келган Николинькалардек фарзандлар бирдай қадрли бўлсаларда, негадир Александрни “Саша” дейишдан ҳам кўра кўпроқ “арабвачча” дея масхара қилгандек бўлиб чақиришарди.Шунда дастлаб Сашанинг хўрлиги келар, аммо бора-бора у бунга кўникиб ҳам кетди.Чунки, вақт ўтган сайин буни ойиси, энагаси ва опа-укалари бобоси Ҳаннибалга нисбат бериб айтаётганини сезди.Бундан ташқари у олти ёшига борганда оғир, тепса-тебранмас бола бўлиб,зиғирранг жингалак сочлари қорая бошлаб катта бобосига торгандек бўлиб қолди.Унинг нигоҳларида ноаниқ бир диққат, ҳаракатларида сустлик бор эди.Онаси ва энагаси уни ўйнаб келгин деб қисташар, аммо барча ўйинлар унинг учун мутлақо ёт эди.
Александр ўйинчоқларни лоқайдлик билан тушириб юборар, бирга ўйнаётган ўртоқларини, болаларни эслаб қололмас,ҳар қалай учрашганда қувонганини, ажрашганда эса маъюс тортганини билдирмасди.У аллақандай оғир, машаққатли иш билан бандга ўхшаб кўринар, лекин нима билан бандлигини атрофдагиларга айтишни ҳоҳламас, ёки айта олмасди.У камсухан эди.Гоҳида уни ўйинга ўхшаган қандайдир иш устида топардилар.Шунда у қисиқ кўзларига бармоқларини тутиб,кеийн эса бирданига тирноқларини оғзига олиб бориб ғажиётган бўларди.Ўшандай вазиятларда она ўғлига узоқ тикилиб қолар, буни Саша пайқаб қолса, кўзини кўзидан олиб қочарди.Бироқ онаси шунда уйидагилар Александрни боболари Ҳаннибал ва Осип Абрамовичга ўхшатишини эслаб ичидан фахр ҳиссини туярди.Аммаси Анна Львовна эса доимо уйига келганларида негадир барча сингари “арабвачча” деб эмас, “Сашка” дея чақирар, шунда Александр учун бу чақириқ гўё жаҳл аралаш айтилгандек туюлиб кетарди.Ҳа, болалик, унда содир бўлган воқеаларнинг ўзи катта эсдалик китобларга жой бўлгудек. Бироқ ҳозир уйидан узоқ Оренбургда ётар экан, бояги хизматкор болани кўриб ўзининг болалигини эслагани ёдига тушди.Шунда балким, бу болакай ҳам вақт ўтиб мен сингари ўз ўлкасидан узоқ диёрларга сафар қилиб, рус халқининг шуҳратини оламга ёяр, илоҳим шундай бўлсин, дея ухлаш учун чироқни ўчирди.

. . . .

Эртасига уни Перовский ва Оренбургдаги дўстлари кузатиб қўйишди.
Шу тахлит 1833 йил 16—24 сентябрьда у Оренбург губерниясида( Оренбург шаҳрининг ўзида эса 18-20 сентябрь кунлари) меҳмон бўлганди.
—Петербургга борганда кўришамиз.Очиғи, у ерлик хонимчаларни соғиндим.Бал ва маскарадларда офатижонлар билан танца тушгим келаяпти.Хайр.
—губернатор унга шундай дея энди борадиган манзили—Уральскга омон-эсон боришини тилаб қолди.
…29 сентябрда Пушкин рафиқаси Натальяга Болдина мавзесидан туриб, шундай хат ёзди: Мен Оренбургдан чиқиб, Уралга йўл олдим.Божхона атамани ва казаклар мени илтифот билан кутиб олишди.Икки маҳал овқатлантиришди.Ҳаттоки, меним кўз ўнгимда икра тайёрлашиб, соғлигим учун ичишди.Казаклардан ҳам ўзимга керакли кўплаб маълумотларни олдим.
Болдинадан йўлга чиқишим олдидан кечқурун ёмғир ёғди.Шуни айтишим жоизки, бу йил ҳамма ерда қурғоқчилик бўлиб, худо сафарим давомида биргина мени эмас, бошқаларниям ёмғир билан тақдирлади.Менга ажойиб йўл тайёрлади.Ёмғир камдек қор ҳам ёғгач, қолган 50 чақирим йўлни чанада юришни маъқул топдим.Рус даласида чанада юриш нақадар завқли.Шундай завқли онларда сени эслайман, жоним !Ёнингга ишларимни битказиб, тезда етиб бораман деган умиддаман”.
Аммо Пушкин Наталья хоним олдига қанчалик шошмасин, “йўл азоби гўр азоби” деганларидек, Оренбургдан қайтишда анча кўнгилсизликлар ҳам бўлиб турди.
1 октябр куни Нижегородск губернияси орқали кетаётган шоир ва аравакаш, Арзамас йўлидан Лукояновага боришдаги Шатках қишлоғида отларга дам бериш учун тўхташди.Емакхонага кирган шоирни негадир мезбон кампир хушламай қарши олди:
-Бугун бизда ҳеч нарса тайёрлашмадилар жаноб-деди кампир.
-Балки шўрва ёки каша бордир?,- сўради очликдан силласи қуриган Александр Сергеевич.
-Афсус, улар ҳам йўқ,Аксига олиб бугун уларни ҳам тайёрламагандик.Истасангиз қуруқ нон бор-деди уялгандек кампир .
Бу жавобдан кейин шоир хўрсиниб, хонада у ёқдан бу ёққа бориб кела бошлади.Дераза олдига боргач, ўз-ўзига:
-Афсус. Мен ҳамма вақт шундай жазоланаман, жин урсин!Неча марта сафар олдидан емак ғамлайман дея ўз-ўзимга сўз берганман, лекин ҳар сафар итдек оч бўлиб қолганимни унитиб юборавераман.-дея Пушкин кўз олдига Оренбургдаги шоҳона дастурхонлар, Болдинадаги икраларни келтириб,
-“Уф”-деб қўйди.
Шу тобда шоирнинг ҳаракатини емакхона чеккасида кузатиб ўтирган қандайдир киши ташқарига чиқиб, ўз каретасидан вино ва йўл таомларини келтирди.У қўлидагиларни столга жойлаштираётиб, шоирни таклиф қилди.
Таклифдан қувонган Пушкин аравакашни ҳам чақириб, очликдан силласи қуриганидан нотаниш киши билан нонушта қила бошлади.Ҳар ҳолда бир кишига мўлжалланган йўл таоми учаласига ҳам етказса бўлгудек.Ахир осиёда “бир майизни қирққа бўлиб еса бўлади” деган мақол бор-ку!
Дастурхон атрофидаги суҳбат якунида, Пушкин вино билан шўр егуликларни тановул қила туриб, миннатдорчилик учун кимнинг шарафига қадаҳ кўтариш лозимлигини сўради.
-Ота-бола Савостьяновлар учун-деди мезбон.
-Кўринишигиздан боя айтай дедиму, лицейдаги дўстим Костяга ўхшаркансиз?Мабодо унинг отаси эмасимисиз?-қадаҳни ушлаб кулди шоир.
-Худди ўзи.Костя ҳам шу ерда.Ошқозони оғриганидан йўлдаги нонуштадан воз кечиб, ташқаридаги каретада ўтирибди,-дея Савостьянов ўғлини чақириб келди.
Костя кириб келиши билан қувонганидан Пушкин дўстининг бўйнига осилиб,уни бағрига босди.Ана шу тариқа йўлдаги очлик Шатках қишлоғидаги иккала дўстни учраштирганди.Пушкин ота-бола Савостьяновларга Оренбургдан келаётгани,у ерда кўрган тарихий обидалар,Осиё ва Пугачёв мавзусида кўплаб маълумотлар тўплаганини гапириб берди.Ширин суҳбат, дийдорлашув Пушкин учун қориннинг чала-чулпа тўйганлиги ўрнини ҳам босди.

. . .

Александр Сергеевич учун Нижний Новгород ,Оренбургдаги каби чекка,Осиёга ёндош ўлкаларда рус руҳи Москва ва Петербургдагидан кўра кўпроқ сақланиб қолгандек туюлди. Негаки, Саша болалигидан ўзининг оиласида ва бошқа дўстлари хонадонида французчалаб сўзлашиш одат тусига кириб бораётганидан ўкинарди.”Ахир сўзга бой, фахрлангудек рус тилимиз борку?!” ўйларди Александр.
Болалигида уйларининг тарзи ва ота-онанинг юзлари ҳар хил бўларди: бири-одамлар ичида, меҳмонлар борида, бошқаси-ҳеч ким йўғида.Гаплари ҳам ҳар хил-француза ва русча.Французчаси гўё шу тобда уйда меҳмонлар бордай, ҳамма нарсага қадр-қиммат ва салобат бахш этарди.Онани Надина деб атаганларида бувиси уни Надежда деб атаган пайтдагидай бўлакча бўларди. Бу баъзи пайтлар ота-она дастурхон устида гапириб қоладиган ва ота билан онаси гоҳида тунда қайтадиган ўша олам эди.Аммалари Анна Львовна билан елизавета Львовналар русча сўзларни худди французчадек қилиб димоғида талаффуз этардилар.Ота бармоқларини қисирлатар, унга русча сўзлар етмай қолар, тилига бошқа, французча сўзлар келиб турарди.ир-бирига меҳри қўзиб кетганда, ота-она ўзаро французча сўзлашар, фақат жанжаллашгандагина русчалаб бақиришарди.
Аёлларнинг бузиб, ғалати энтикиб-энтикиб, бидирлаб чулдираб гапиришлари унга ёқарди.Уларнинг ноз-ишвалари жуда кўркам эди. Меҳмон аёллар русча гапларга худди майда нўхат сепгандай француз ибораларни ёғдириб ташлашар, бир-бирига гал бермай чучукланишарди.Умуман, меҳмон аёллар бир-бирлари билан сўзлашганда муғомбирлик қилишар, бамисоли башанг, норусча,маскарад либосларини кийгандек бўлишар, фақат уларнинг бир-бирларига зимдан кўз қирини ташлашлари мутлақо бошқача –русча эди, холос.Уларнинг энтикишлари ясама, французча ва жуда латиф бўларди.Лекин эркакларнинг гаплари, учрашув ва хайрлашув онларидаги француз иборалари болалигида унга негадир қувонч бахш этарди.Французча ибораларни худди совға айрибош қилгандай ишлатишар, чала таниш одамлар билан ғижиллашганда французчадан худди эски нозик қуролдай фойдаланишар эди.Лекин суҳбатлар асносида битта-яримтаси ҳайрон қолгудай гурунг бўлиб қолса, бас-у дарров рус тилига, энага ва кампирлар тилига ўтиб оларди; вайсаётган оғизлар французча гапираётган чоғдаги сингари тирқиш бўлиб эмас, катта дарвоза бўлиб, омиларча очилиб кетарди.
Александр шуларни ўйлаб аравада маҳзун кетаркан,Оренбургда дўсти Дальнинг “Жонли рус тилининг изоҳли луғати”ни тузаётганини ўйлаб чеҳраси очилиб кетди.”Ҳа, оддий рус халқи, гоҳ у оренбургликлар,гоҳ новгородликлар бўлсин, пойтахтдан кўра чекка ҳудудларда сўкинишу, илтифот, меҳмондорчилику хайрлашувларнинг барчасида биронта французча эмас,русча иборалар ишлатилаётган экан,Даль каби фидойилар бор экан, рус тили авлодларга соф ҳолда етиб бораверади.Қанийди шу фикрларни биронта журъатли муҳаррир ўз нашрида босиб чиқарсаю, булар ўзини зиёли сановчи жамиятимизнинг французча сўзлашувчи зиёлиларини огоҳликка ундаса”, дея ўйлади Пушкин.
Пушкиннинг бу ўйларини орадан бир оз вақт ўтиб журналист К. С.Аксаков( 1817-1860) “Молва” газетасида имзосиз равишда чоп этдиришга муваффақ бўлди.” Халқ ва жамият” дея номланган мақолада Аксаков айнан Пушкин дилидаги ўйларни “Молва” саҳифаларига муҳрлаганди: “Бизда жамият пайдо бўлмасидан олдин ҳам халқ бор эди..бундай бўлиши мумкинми? Сўрашади мендан.Ҳа, жудаям мумкин ва мутлақо тўғри: бизда жамият йўқ эди, лекин халқ бўлганди.Бу Петербург қурилишидан анча олдин эди.Жамият-соф ғарбча кўриниш ва у бизга турли тартиб-қоидалар билан биргаликда ўша ёқдан кириб келган.У жуда оддий ташкил топди: халқнинг бир бўлаги рус ҳаёт тарзи, тили ва кийимини рад этди ва юзаки, намунавий жамият-гуруҳ пайдо бўлди.
Бу -ўша жамият, бизнинг ғарб билан доимий алоқамизни улаб туради: у ёқдан моддий ва маънавий фармойишларни кўчириб келади, унинг олдида худди устозидек таъзим қилади, фикр ва сезгилари билан шуғулланади. Бунинг эвазига катта бадал тўлайди: халқ ва чин фикрлар билан шуғулланиш вақтини бой беради.Жамият халққа нисбатан катта имтиёзга эга бўлган табақа сифатида намоён бўлади, пировардида жамият-халқ ғояларининг бузиб кўрсатилишидир.
Бизда халқ ва жамият ўртасидаги фарқ жуда равшан.( Биз умуман айтамиз, ўзига хослик тушунчаси бунга кирмайди).
Жамият тақлид қилади ва ўзликка эга эмас: у нимани қабул қилса-ташқаридан бегонани қабул қилади ва ҳар сафар ўзи бегонага айланади. Халқ тақлид қилмайди ва мутлақо ўзига хослик касб этади.Агар бегонаникини қабул қилса, буни у ўзиникини жонлантириш учун қилади.
Жамиятда ўзиники бегонага мурожаат қилади.Халқда эса бегона ўзиникига мурожаат қилади.Кўпинча, жамият базмга кетаётган пайтда халқ тунги ибодатга боради.Жамият рақс тушаётган пайтда, халқ яна ибодатга кетади.
Жамият денгиз тубидан фикр ва сезгиларни, куй ва рақсларни олиб чиқади: халқ ҳаётни ўз тарихидан излайди.Жамият француз тилида гапиради, халқ рус тилида.Жамиятда-Париж модаси.Халқда-ўз расм-русумлари.Жамият немис рўмолида юради, халқ эса ўз рўмолида.
Жамият( бинобарин, кўпроқ қисми) хушбўй таомлар билан озиқланади;халқ кучсиз озиқ ейди.Жамият уйқуда, халқ аллақачон уйғонган ва ишлаяпти.Жамият ишлаяпти( кўпроқ қисми паркет устида юрган ҳолда): халқ эса ухлаяпти ёки яна ишлаш учун уйғонаяпти.Жамият халқдан нафратланади,халқ эса уни кечиради.Жамият бор-йўғи юз эллик ёшда, халқнинг ёшини санаб бўлмайди.Жамият ўткинчи, халқ абадий.
Жамиятда ҳам олтин ва ифлослик бор ва халқда ҳам олтин ва ифлослик бор: бироқ жамиятда ифлослик олтинда, халқда олтин ифлосликда.
Жамият ва халқ доимий васфга эга: Бизда жамият улуғ, халқ эса кўҳна.”Жамият олға! Халқ орқага!”-шундай мазмундор қичқирганди бир полиция аскари”.
Булар Пушкин ўйлаган, орадан вақт ўтиб Аксаков газетада ёритган мақола.Аммо ундан жамиятдаги зиёлинамо французча гаплашувчи гуруҳ ва халқ қандай хулоса чиқарди? Гап ана шунда эди 19 аср чор империясида.

. . .

Пушкиннинг Оренбургга сафари…Бу воқеалардан уч йил ўтиб,—1836 йили Перовский Хива хонлигига юриш учун баҳона сифатида,572 кишидан иборат Хоразмлик савдогарларнинг 1400000 сўмлик молларини, қонунни бузди, дея мусодара этдиради ва ўзларини ҳибсга олдиради.Пушкин генерал дўстининг бу қилиқларини эшитиб ўкинди.
Бироқ граф Перовский хонликка юриш қилиш учун қўшин, заҳира озиқ овқатлар, аслаҳа тўплашда давом этаверди.Пушкин бўлса, Хоразм билан Бекович ҳалокати сабаб тўхтаб қолган алоқаларни дипломатия йўли билан ҳал этиш, шу боис элчиларни Хивага юбориш тарафдори эди.Айни пайтда у Николай 1 воҳага элчилар юборса, дипломатик миссияга аъзо бўлиб, Хоразмга бориб келиш орзусининг ушалишиниям истарди.

. . .

Пушкин шоир сифатида довруқ таратган даврда Оллоқулихон(1825-1842 йилларда ҳукмдорлик қилган) Хива хони эди. У Муҳаммад Раҳимхон 1 нинг фарзанди бўлиб 30 ёшида тахтга ўтирганди.Отасидан унга бой хазина ва қўшни давлатларга таъсири катта бўлган мамлакат мерос қолганди.Буларнинг ҳар иккаласиниям сақлаб қолиш учун ҳукмдор бир неча бор Эрон ва Бухорога юриш қилади.Ҳаттоки, 1826 йилда Эроннинг Бадгис вилоятидаги Оқдарбанд қишлоғилик форсийларни Хиванинг шимолий-ғарб томонига, 16-18 км узоққа кўчириб келиб янги этник жамоа-форсийларни, бундан ташқари Хоразмдаги 1815 йилда қазиб бошланган Қилич Ниёзбой анҳори бўйларигаям Эрондан 12 минг уйлик жамшидлар элатини кўчиртириб келганди.Бухорога қарашли Лабоб қишлоғи аҳлини ҳам Бўзсув анҳори бўйларига олиб келтирганди.
Оллоқулихон Бекович фожиасидан сўнг Россия билан тўхтаб қолган алоқаларни тиклашга интилган.Иккала давлат ўртасида элчилик муносабатларини ўрнатишга ҳаракат қилган.Шу ниятда бир неча бор элчиларни Русияга йўллайди.
Элчиларга қўшиб, кўп йиллардан бери Хивада сақланаётган 29 нафар рус асирини совға ва инъомлар билан озод қилиб,Русияга жўнатади.Чунки, Россия билан тўхтаб қолган савдо алоқалари сабаб, Хоразмлик савдогарларнинг Оренбургга бориши камайиб хонликда қимматчилик бошланганди.
Энг ҳайратланарлиси,Оллоқулихон шарқ мусулмонларига хос нафақат араб ва форс тилларини, балки рус тилиниям ўрганиб, ёзиб гапирадиган даражага етган.У Русиялик савдогарлардан русча китоблар сотиб олиб ўқирди.Ҳатто,Хоразмда, умуман Ўрта Осиёда биринчилардан бўлиб, замондоши Пушкин шеърларини мутоаала қилган.Ваҳоланки, кейинчалик, чоризм истилосидан сўнгги қарамлик давридаям,Бухоро амирлари ва Хива хонлари руслар билан тилмоч орқали муомила қилишган.
1830 йилларда, тағин диний бидъат авж олган замонларда Оврупа тилини, мутассиблар таъбири билан айтганда ,” кофирча” ни ўрганиш, китоблар ўқиш ҳам хон учун жасорат эди.
Оллоқулихоннинг тарих олдидаги катта хизмати барча шарқ ҳукмдорлари каби яшаш, ҳукмини ўтказиш, келадиган меҳмонларни кутиб олиш, давлатининг куч-қудратини намойиш этиш мақсадида сарой-тош ҳовлини барпо этдирганида эди.Маълумки, саройлар хон ва уларнинг яқинлари истиқомат этадиган, давлат хизматлари бажараладиган жой ҳисобланган.Ана шу боисдан яхлит меъморий ёдгорлик Тош ҳовли-сарой Оллоқулихон томонидан бунёд этилганди
.Саройни қуриш 1830 йилдан бошланиб 8 йил давом қилган.Сарой Ичан-қаъланинг шарқий дарвозаси ёнидаги бинолар билан биргаликда яхлит меъморий ансамблни ташкил қилиб бош жамоат маркази шу ерга жалб қилинган.Саройни қуриш учун Хоразмнинг энг моҳир наққошлари, кошинпазлари ва ҳунармандлари жалб этилган.Тош ҳовли кўринишидан баланд девор буржлари ва дарвозалари билан қўрғон тусини олган.Айнан саройнинг тош ҳовли дея аталишига сабаб, унинг ҳашаматли ва ниҳоятда чиройлилиги, ҳамда деворлари пишиқ ғиштдан терилганлигидадир.
Сарой учта катта ҳовли-кўринишхона, меҳмонхона ва ҳарамдан ҳамда бешта кичик ҳовли ва 163 хонадан иборатдир.Сарой ёғоч устунлар, мармар тошлар, шиплардаги нақшинкор ёзувлар билан ҳайратланарли бўлиб туюлади.Ҳашаматли саройни қуриш даври бир неча даврга бўлинган.Дастлаб ҳарам алоҳида қурилган бўлиб, у тўғри тўрт бурчак ҳовли ва атрофдаги 1-2 қаватли айвон хоналардан иборат бўлган.Атрофи буржли қалин девор билан ўраб олинган.Уй-жой бинолари тузилишини ҳарамнинг жойлашиши ва хоналарнинг ҳажми, ўзаро боғланиши мафтункор қилиб кўрсатиб туради.Сарой атайлаб ғарб-шарқ томонга чўзилган.Негаки бу ҳолда кўпчилик хоналар офтобрўя тарафга ўтади.Ҳарамнинг бутун жанубий қисми хоннинг тўрт хотини учун ажратилган бўлиб, қолган хоналарда янгалар, хизматкорлар туришар эди. Сарой бикалари-маликаларга энг чиройли ва қулай уйлар берилган.Ҳар бир биканинг уйи бир устунли пешайвон, хона ва қаноқдан иборат эди. Шарқ томондаги энг чекка айвон хон қароргоҳига олиб борган.Ушбу айвон бошқаларга нисбатан анча баланд, серҳашам ва қариндошлапр учун ажратилган бир кичик даҳлиз ва икки хонадан иборат бўлган.Айвоннинг иккинчи қаватига махсус зина орқали чиқилади.Ҳарамнинг бешта катта айвони хон ва унинг тўртта хотини учун мўлжалланган бўлиб, ниҳоятда чиройлик кошин қопламалар билан безатилган.Эшик ҳамда устунлар Хоразм ёғоч ўймакорлик санъатининг юксак намуналаридан саналади.Мармар устун тошлардаги,темир панжаралардаги жимжима ўйма нақшларда Хоразм усталарининг энг мукаммал санъати ўз ифодасини топган.Катта айвондан кейинги айвон устуннинг тоши ислимий нақшлар билан бирга “боқийлик” белгиси билан кўркамлаштирилган.Хонга энг чиройли кўринган бика ҳукмдор хобгоҳига яқин жойда яшаган.Яна тағин айвонларнинг охиргисидаги устун марказида ҳам шундай белги бор бўлиб, у унчалик ярқ этиб кўзга ташланмайди.Ҳовлига қараган барча хоналар безакларга бой.Ранг-баранг гулли сиркор паннолар, ўймакор ёғоч устун ва мармар тошлар, нақшли шиплар ва умуман ҳовлининг эркин тузилиши ажойиб шарқ миниатюрасини эслатиб туради. Бунда ҳар бир айвон ва ҳар бир панно-ёрқин санъат асаридир.Меъморчилик орнаменти ва монументал амалий санъат соҳасида халқ усталари эришган энг яхши ютуқлар ҳарам деворлари безагида ўз ифодасини топган.Айвон деворларидаги катта сиркор панноларнинг ўсимликсимон,гиреҳ ( геометрик) нақшлари улардаги безаклар бир-бирига унча ўхшамайди.Устунлардаги ва эшиклардаги ёғоч ўймакорлиги айниқса нафис бажарилган:-устунлар танасининг ики уч қатламли ўймакор гуллар чулғаб олган.Шипларда кўкиш кошинларнинг акси ўлароқ қизғиш жигар ранг ишлатилган.Эътиборлиси шундаки, ҳар бир шипдаги бўртма гиреҳ ва ҳовзак нақшлар иккинчи марта такрор ишлатилмаган, кичик айвонлар деворидаги наққошлик намуналари ҳам ўзига хос алоҳида талқин этилган.Мармар тошлардаги, жездан ишланган тўққиз панжарадаги мураккаб ва жимжима ўймакорлик-кандакор устанинг ўз маҳоратини тўлиқ намойиш этишга интилишининг натижасидир.Шарқ томондаги асосий айвон устуни жуда кўркам ва жимжимадор нақшлар билан безатилган бўлиб, шип ва девордаги нақшин гуллар ниҳоятда майда ва мураккаб орнаментлар билан берилган.Серҳашам ҳовлига нисбатан қазноқ, долон ( усти бостирилган узун йўлак) ва болохоналар жуда ҳам кўримсиздир.Очиқ ўчоқ дудлари қазноқнинг девор ва шипларини қорайтириб юборган.Хонимлар айвонини хон турар жой билан бирлаштиручи долон фақат тепадаги туйнуклар билан бир оз ёритилган.Кўринишхона ёки арзхонанинг ҳовлисига бориш учун бир қанча ярим қоронғи долон-хоналарни босиб ўтиш керак.
Саройнинг навбатдаги бунёд этилган қисми-меҳмонхона биносидир. Унинг тузилиши Тош ҳовлисидаги Арзхонага ва Кўҳна Аркдаги кўринишхонага ўхшаб кетади. Унчаям катта бўлмаган чорсироқ ҳовли атрофдан хоналар билан ўралган.Ҳовлида ўтов учун асос бўлган тўгарак-супалар ҳам бор.Ўз даврида меҳмонларга шу ўтовда катта зиёфатлар берилган.Шимол тарафга қараган бош айвонда саройнинг асосий қабул маросими ўтказилган.Хон ҳузурида бўлиб у билан суҳбат қилган саёҳатчилар, элчилар бу айвонларни театр саҳнасига ўхшатганлар.Меҳмонхона безаги айвон безагидан қолишмайди, бироқ бу ерда усталар сиркор кошинларда гулларни ва панноларни бошқачароқ ишлаганлар.Рассом-кулоллар ложувард ( тўйғинмовий) рангни кўп ишлатганлар.Бош айвон анча баланд бўлиб, сиркор кошинлар билан текис қопланган деворлар, ёрқин нақшли шиплар, кунгирадор карниз ва қуббалар ҳовлини манзарали ва ҳашаматли этиб кўрсатади.Меҳмонхона ҳовлиси аниқ шаклда бўлиб, катта айвон ёнида бир неча ёрдамчи хоналар бор.Қарши томонда учта хона ўрнига битта зал солинган.Залга мулозимхона ҳовлисидан кириш мумкин, эшик жойлашган ғарбий деворда ҳеч қандай нақш йўқ, чунки девор ёнида долон ва посбонлар турадиган бир неча хоналар бўлган.
Кўринишхона ҳам ранг-баранг кошинлар билан ҳашаматли қилиб безатилган, саройдаги кошинпазлик ишларини Оллоқулихон давридаги моҳир уста Абдулла жин лақабли киши бажарган.Тош ҳовли саройи қурилишида ганч, мармар, ёғочдаги нафис ўймакорлик безаклари ва шиплардаги ажойиб нақшлар истеъдодли усталарнинг маҳоратини намойиш этган.Сарой қурилишининг бошчиси Муҳаммад Юсуф меҳтар бўлиб, бош уста Нурмуҳаммад Тожи, унинг ўлимидан сўнг Қаландар Хивакий ишни давом этдирган.
Оллоқулихон ўзига ва кейинги хонларга атаб сарой бунёд этишдан ташқари Карвон сарой ва тим ҳам барпо этдирган.1831 йилда Ичан Қаъланинг шарқий қисмида, заҳкаш ариғи оқава сувидан ҳосил бўлган кўл ҳашар усули билан кўмилиб, унинг ўрнида катта бозор қуриш бошланади.Оллоқулихон фармонига кўра 45 кунда бозор барпо этиб бўлинади.Бу ерда баққоллар, балиқ ва бошқа таомларни пиширувчилар, мева, совун, шам сотувчилар растаси, шунингдек сартарошхона ва майда савдо уйлари ҳам бўлиб, уларга ёндош жойда қуллар сотилган.1833 йилда бозорга ёндош қаъла девори ёнида икки қаватли карвонсарой қурилиши билан яна бир бозор майдони пайдо бўлади.Карвонсарой ( тим-усти ёпиқ бозор) ўзининг ташқи кўринишга кўра Бухородаги Абдуллахон тимига ўхшаб кетади.Оллоқулихоннинг карвонсаройи ташқи мамлакатлардан келадиган карвонларни қабул қилишга мослаб қурилган бўлиб, унинг иккала ғарбий ва шарқий дарвозалари туяларда келтирилган юкларни бемалол карвонсаройга кириб чиқиши таъминланган. Карвонсарой ўртасида жанубга қаратиб солинган дарвоза орқали савдо марказига-савдо уйига кирилган.Савдо уйи икки қават қилиб қурилган бўлиб, 105 та ҳужрадан иборат.Пастки қавати савдогарлар учун савдо растаси вазифасини ўтаган, юқори қавати эса меҳмонхона ҳисобланган.Бино жуда қулай ва содда режалаштирилган.У кенг ҳовли ва ҳовли атрофидаги икки қаватли ҳужралардан иборат.Ҳамма ҳужралар ҳовли саҳнига қараган.Фақат фасаднинг жанубий қисмидаги ҳужраларнинг иккинчи қатори, худди мадрасадаги каби, майдонча томонга қараган бўлиб, бир хил тузилишдаги “ балхи” гумбазли ҳужралар фасаддаги равоклар қатори билан аниқ белгиланиб туради. Ҳовлига олиб ўтувчи икки тарафдан пештоқ билан чегараланган.Пештоқ қанотлари ичида иккинчи қаватга олиб чиқадиган айланма зиналар бор.Шу даврларда пастдаги баланд хоналарда юк сақланган бўлса, юқори асосан уй-жой сифатида фойдаланилган.Йилига омбор учун кумуш ҳисобида 10 сўм, ҳужра учун 5 сўм пул олинарди.Карвонсаройнинг ташқи кўриниши мадрасага ўхшайди, лекин унда ўзига хос баъзи томонлар ҳам бор.Масалан, мадрасадан ичкарига махсус хоналар орқали айланиб ўтилса, бу ерда ичкарига юклар билан икки гумбаз остидан тўғри ўтиш мумкин.Ҳовлининг ўрта қисми мол юклашга қулай бўлсин учун бир оз чуқур қилиб қўйилган.Мазкур бино меҳмонхона, омбор ва савдо расталари хизматини бажариши қийин бўлгани учун кейинроқ карвон саройнинг олдига тим қурилди.Тим ва карвонсарой бинолари бир бутундек кўринсада, лекин бу биноларнинг деворларида карвонсарой пештоқининг , равоқларнинг пастки қисми ва гудаста-минора қолдиқлари мавжуд .Тим икки қатор майда гумбазлар карвонсарой дарвозаси олдида келиб тақалган. Худди шундай гумбаз тимнинг ғарбий томонида ҳам бор. Хоразмнинг қўли гул усталари гумбазли долонларни жуда моҳирлик билан қурганлар.Гумбаз асослари мураккаб шаклда бўлишига қарамай, усталар осонлик билан ўзига хос ( гоҳ тўрт бурчак, гоҳ трапеция, гоҳ олти қиррали) конструктив асос топа билганлар.Тим ичкариси гумбазлардаги туйнуклар орқали ёритилган.Шу давр талаблари асосида хорижлик савдогарлар бир ҳужрани бир неча йилга ижарага олишган.Доимий ҳаракатда бўлган карвонлар эса шу савдогарларни маҳсулот билан таъминлаб туришган.Бу ерда маҳаллий маҳсулотларгина эмас, балки хорижлик савдогарлар моллариям сотилган.Бозорда раис тартиб интизомни ва тош тарозининг тўғри ишлатилишини кузатиб юрган.Агар харидор ҳақига хиёнат қилинса, савдогар шу ердаёқ айби исботланса жазоланган.
Карвонсаройда махсус девонхона бўлиб, келиб-кетувчи савдогарлар, шунингдек пул алмаштирувчи саррофлар, савдогарлар олиб келаётган товарларига баҳо белгилайдиган махсус амалдорлар хонаси бўлган.Бу ерда девонбеги дарвозадан ўтган моллар учун тамға пули олган ва бу пул давлат ғазнасига эмас, 1835 йилда қурилган Оллоқулихон мадрасаси кутубхонасини таъминлашга сарфланган.
Оллоқулихон томонидан шулар каби яна эски синчдан ва хом ғиштдан қурилган мадрасаларни буздириб, янгидан пишиқ ғишт ишлатган ҳолда мадрасалар ҳам барпо этдирган.Шулар қаторида ўзининг Ичанқаъланинг шарқий девори ўрнида мадрасасини қурдиради. Ушбу мадраса тим қурилиб бўлгач бошланган.Қурилиш бошлашдан илгари Хўжамбердибой мадрасасига ёндошган шаҳар деворининг бир қисми ва Полвон дарвоза гумбазларидан бир нечаси бузиб ташланган.Пахса ва ғишт девор қолдиқлари текисланиб, унинг устига мадрасанинг пештоқи тикланган.Бу пештоқ олдинги мадрасани пештоқи ўрнида қурилиб, бунинг натижасида бу ерда қўш мадраса барпо қилинган.
Уч метрлик тепалик Оллоқулихон мадрасасини қўшни Хўжамбердибий мадрасасининг пастак гумбазларидан анча юқорига кўтаришга ва натижада ичкарига—шаҳар атрофига ўтишга имкон берган. Мадрасанинг ҳовли қисми-бошқачароқ кўринишга эга:-икки қаватли ҳужралар қатори Полвон дарвозанинг кичик гумбазлари устига ва қисман тим гумбазлари чеккасига жойлашган.Мадраса трапеция шаклида қурилган бўлиб, унда 99 ҳужра , ёзги ва қишки масжид, дарсхона мавжуд.Ҳар бир ҳужрада бир эшик ва унинг устида кичик дарча бор.Ҳужра пастига чорси ғиштлар терилган.Деворлари ганч билан сувалган, тепасидаги “балхи” гумбазларини ичи безалмаган.Мадрасадаги қишги масжид ва дарсхона каби катта хоналар икки қаватли иморатлардек гумбази унча баланд эмас, катта равоқлари, безаксиз текис деворлар, чуқур токчалар бир оз беўхшов кўринади.Мадрасанинг ташқи безаклари бутунлай бошқачадир.Рўпарасидаги Қутлуғмурод Иноқ мадрасасида оқ ва рангли ганч, босма қолипли сирли кошин ишлатилган бўлса, бу мадрасада фақат сирли кошин ишлатилган.Аммо кошинларнинг нақшлари ҳар хил бўлиб, кулоллар бу ерда жойнинг безатиладиган ўрнига қараб уларнинг шакли, ранглар қуюқлиги ва ўлчамларини усталик билан танлаганлар.Пештоқдаги ислимий нақшлар, майин шаклли равоқлар қаторининг зерикарли гиреҳ ( геометрик) шаклини жонлантириб туради. Ҳовлидаги масжиднинг пештоқи мураккаб ҳалқасимон ислимий нақшлар билан безатилган бўлиб, ўша пештоқдан ёзги масжидга ўтилади.Мадрасанинг асосий пештоқининг орқа томони одатда безаксиз бўларди, бу ерда биз жимжимадор ислимий нақшлар туширилган сирли кошинларнинг ажиб манзараси намоён бўлади.
Ушбу Оллоқулихон мадрасаси қурилишига Муҳаммад Ризо қушбеги, унинг вафотидан сўнг эса Отамурод қушбеги бошчилик қилади.Мадраса 1834 йилда бошланиб бир йилдан сўнг ғоят чиройли кўринишда барпо этилиб бўлинган.
Оллоқулихон булардан ташқари Тошҳовуз шаҳрига деворлар билан ўраб олинган қаъла ва Ичанқаъладаги Полвон дарвозанинг ғарбий қисминиям қайтадан қурдириб, унинг олдида икки гумбазли ва пештоқли ҳаммом ҳам барпо этдирган бунёдкор шахс эди.
Оллоқулихон ҳукмронлиги даврида барпо этилган ,фақат унинг ўзига боғлиқ иншоаатларга мукаммал тўхталганимизнинг сабаби шундаки, агарки 1833 йилда Пушкин Оренбургдан фақат Хива хонлиги чегараларига келибгина қолмай, қадим шаҳарга ташриф буюрганида албатта рўй бераётган бунёдкорликларни ўз кўзи билан кўрган ҳамда улар ҳақида хотиралар битарди.Биз ҳам шунда Пушкин тасвирлаган битикларни сизга ҳавола қилиб қўярдик холос.
Оллоқулихон…У ўз даврининг , гарчи атрофини мутассиб диндорлар ўраб олганига қарамай бошқа дин ва диндагиларга шароит яратиб берган Осиёдаги ҳукмдорлар ичида саноқлиси, балки ягонасидир.Негаки, Оллоқулихон Федька Грушин деган рус асирини эшикоғаси лавозимига, Андрей Ивановни эса Хивада руҳонийлик қилишга, рус асирларининг тўпланиб, улуғ Рўза, пасха, троица-насронийлик диний байрамларини ўтказишига рухсат берди.
Хуллас, Хива хони Оллоқулихон (1795-1842) Хоразм-Русия муносабатларини яхши йўлга қўйган, ҳатто хонликдаги русларга зарур шарт-шароит яратиб берган ҳукмдор эди.
Бироқ Николай 1 (1825-1855) Оренбург генерал-губернатори Перовскийнинг маслаҳатига кўра, худди Пётр 1 дек Хоразмга юриш қилишни маъқул топди.Қўшинни қурол яроғ билан Хива томон шайлай бошлади.
Бундай босқинчилик фожиа билан тугашини биринчилардан бўлиб, Пушкин англаб етди.Унинг ўйлагани бўлди.

. . .

—Қудратли ва олий ҳимматли буюк давлатимиз Хиванинг васвасасига кўпдан бардош бериб келмоқда эди.Охири у ўзининг маккорлиги билан ўзига хавф орттирди.Оллоҳ амри ва подшоҳимиз фармони билан жангга бораётганларга шон-шарафлар бўлсин.Сизнинг жаҳду жадалингиз, тиришқоқлигингиз ва жасоратингиз юришимизни ғалаба билан тугаллашга имкон беради.Россия қўрс ва маккор қўшнимиз Хивани биринчи марта жазолаш учун бормоқда.Икки ойдан кейин худо ҳоҳласа Хивада бўламиз.Хива пойтахтида биринчи марта бут ва рус инжили олдида руслар ўз подшоҳи ва ватани учун баланд овоз билан самимий ибодат қиладилар—дея кузнинг совуғида туриб қўшини олдида мақтанганича нутқ сўзлади Перовский.
Шу тариқа кўп кутилган ва катта тайёргарлик кўрилган ҳолда, 1839 йил 14 ноябрьида Хива томон Перовскийнинг қуролланган қўшини отланди.Қўшин сафида Пушкин Оренбургга келганида унга ҳамроҳлик қилган В.Даль,К.Артюхов,Н.Иванов,шунингдек, олимлардан Н.Ханыков, П.Чихаев,Э.Эверсман, В.И.Штенберг, Г.И.Данилевскийлар ҳам бор эди.Шулар ва бошқа аскарлар жуда иссиқ кийинтирилди, шинел ёқасига қуён терисидан бўйинбоғлар қистирилди.Юзларини совуқдан сақлаш учун қора матодан ниқоб тикиб, фақат кўзи ва оғзи учун жой қолдирилди, бурун ўрнига сақланиш учун матодан бурун ясаб тикиб қўйишди.Перовский аскарларининг кийимига қараб,уларни ҳарбийларга эмас, алвастиларга , қўшинни бўлса шайтонлар галасига ўхшатиш мумкин эди.Отлиқ аскарлардан ташқари, оғир артиллерияни 12500 туя судраб кетди.Ҳаттоки,Хива дарвозаларини портлатиш учун галваник миналар ҳам олинган эди.Йиғиладиган палаткалар, каравотлар, халталаб ем-хашак, асал тўла бочкалар, консервалар, қуритилган озиқ-овқатлар ҳам қўшинда мавжуд эди.
Кимсасиз дашт эса худди атайлаб Перовскийнинг қўшинини кутиб тургандек оппоқ қор билан қопланган, тизза бўйи келарди.Бунинг устига 26 даража совуқ бошланиб, шамол эса бошлади.Кечалари отлар жон сақлаш учун совуқдан арқонни узганича қочиб кетар, чунки совуқ 40 даражага етиб қолганди.Эрталаб кўп аскарларнинг қўл-оёқлари музлаган ва уларни кесиб ташлаш учун санитар аравалар кўтариб кетишарди.Перовски ҳар соатда қоровулларни алмашлаб туришга буйруқ берди.Аммо зобитларнинг кўпчилигида соат йўқлигидан қоровул алмаштириш бетартиб кечарди.
—Эй худо! Бизга кигиз этик, пўстин беришса бўлмасмиди, бу жаҳаннам совуқларда қирилиб кетсак ҳам подшо ҳазратларига не ғам —дейишарди айрим аскарлар.
Ҳа, совуқ 40 даражага етгач, туялар совуқққа бардош беролмай бирин-кетин қирила бошлашди.Ҳар бир туяни йўқотиш одамлар учун беҳад оғир кўргулик эди.Йиқилган туядан юкларни олиб, қайтадан тақсимлаб ортиб чиқиш, йўлни очиш учун уни чеккага судраб чиқишга тўғри келарди. Буларни бажариш учун одамлар гоҳ тиззадан, гоҳ белигача қор кечиб ишлар ва оқибатда ҳолдан тойиб, чўзилиб қолишарди.Баъзи жойларда қор муздек қаттиқ, устидан бемалол ўтиб кетиларди,баъзи жойларда эса шунчалик юмшоқ эдики, чўкиб қолган туя, от ёки замбаракни тортиб чиқариш ўлгудек машаққатга айланарди. Ана шу алфозда чарчаб-ҳориб, бор-йўғи уч, тўрт чақирим юрилган кунлар кўп бўларди.Аёвсиз чўл бўронлари қутурган пайтларда бир жойда тўхтаб, шамол тинишини кутишдан бошқа чора қолмасди.Совуқ кун сайин авжига чиқарди.Тунги ҳордиқ пайтида ҳам аксарларга тиним йўқ эди.Ҳар бир қўшинда ўн минг бойлам юкни тушириш ва гулхан ёқиш учун музлаган қаттиқ ерни кавлаш лозим эди. Сўнг қорни тозалаб отлар, туялар учун жой ҳозирлашарди.Бечора аскарлар фақат кечки соат саккиз ёки тўққиздан кейингина дам олишга ўтиришар эдилар.Кейинги куни соат бир ёки иккида яна йўлга тушиш зарур эди.Бундай қаҳратон совуқда кийим-кечакни ювиш ва озода бўлиб юриш мумкин эмасди.Кўпчилик чойшабнигина эмас, ҳатто бутун сафар давомида кўйлагини ҳам алмаштиролмади.Оқибатда оғир меҳнат, очлик, ифлослик ўз кучини кўрсатди—аскарлар бирин-кетин касаллана бошлашди.Йўлда аскарларни қиздириш учун спирт олинмагани ҳам салбий таъсир қилди.Иссиқ овқат пишириш учун бўлса ўтин топилмасди.Шу туфайли бир чойнак чой қайнатиш учун аскарлар отларнинг эгар-жабдуқлари ва ипларни ёқишарди.Теварак атрофда биронтаям чўққайган шох-шабба кўринмасди.Перовский ўтин ўрнида ёқса бўладиган барча нарсаларни ёқишга рухсат берди. Аскарлар қор қатламини бузиб музлаб қолган турли илдизларни ковлаб кичкина гулханлар ёқишарди.Оқшомлари ухлаб ётган аскарлар музлаб қолмаслик учун ҳар соат ўрнидан туришарди.Бундай мушкулотлар етмаганидек, кун билан туннинг фарқига бориб бўлмаганидан, 5 минг аскар уйқусизлик касалига мубтало бўлди.Вазиятнинг хатарли тус олганидан уруш кўрган аскарлар бу юришнинг охири вой бўлишини аллақачон тушуниб етган эдилар.
—Эй худойим, бизга ўзинг мадад ,Перовскийга эса инсоф бергайсан!—нидо қилишарди аскарлар .
Кечалари эса дафн этилган аскарларни мозорлардан бўрилар ковлаб олишмаслиги учун машъала ёқишарди.Туялар сулини емас, лекин очлигидан бўйинтуруғини кемириб қўйишарди.Аскарларга етарлича гўшт берилар,аммо ёқишга ўтин кам бўлганидан гўшт ҳали пишиб улгурмасданоқ,очликка чидайолмай уни хомлигича еб қўйишарди.Касал бўлганларни аввал санитар фургонларига, сўнг тўғридан-тўғри қор тагига кўмишарди. Шу тахлит 34 кун деганда Перовский ҳали ҳеч бир ҳужумсиз катта талафотлар билан Эмба дарёсига чиқди.Бироқ ҳали олдинда минг чақиримлик йўл бор.Казакларнинг ”Дарвозангни оч Хива” дея хитоб қилишига ҳали эрта.
—“Хива томон юриш керакми? Ёки 500 чақирим орқадаги Оренбург томонми?”— Перовский ўзига ўзи савол берарди.
Бир неча кундан сўнг губернаторнинг Варна ёнида олган жароҳати очилиб аҳволи оғирлашди.Шундан сўнггина у орқага қайтиш тўғрисида буйруқ берди.Хуллас, минг азоблар билан ортга қайта бошлашди.
—Парижни забт этган эдик, лекин Хивага етиб бора олмадик! Бу ернинг оби-ҳавоси даҳшатли.Францияда ҳам узум экилади, бу ерда ҳам.Лекин ҳавоси жуда бўлмағур экан,— дейишарди баъзи зобитлар ўзаро гурунгларида.
Қайтиш йўли узундан узоқ ва яна ваҳимали туюларди.Аммо казаклар учун Оренбург ватан эди ва улар жонажон шаҳарларига талпиниб азобларни қайтадан бошдан кечиришди.Совуқ ҳамон кучли эди.Қор қуюнлари тез-тез безовта қилар, сув топиш қийин, ўтин топиш учун музлаган қатқалоқ ерни кавлашга тўғри келарди.Толиққан аскарларнинг руҳи сўник, тушкун эди.Бутун йўл бўйлаб илгари ўлган от ва туяларнинг жасади учрар, уларни саҳродаги ваҳший бўри галалари ва ўлаксахўр тулкилар хомталаш қилиб улгурган эди.Ниҳоят узоқдан уйлар кўринди.Бу казаклар хутори Илинская эди.Перовскийни бу ерда казак атамани кутиб олди.”Худога шукур” дея ўзидан кетиб йиқилди Перовский.Унинг сочлари бутунлай оқариб кетганди…

. . .

…1840 йилда Хивага босқин иштирокчиларидан,Пушкиннинг ёшликдаги дўсти ва уни Оренбургда меҳмон қилган К.Д.Артюхов вафот этади.У совуқда касал орттирган ва Перовскийга эргашгани умрига зомин бўлганди.
Пушкинни биринчи бор Артюхов уйида кўрган Николай Иванов эса Хива юриши бўйича « Хивинская экспедиция 1839-1840гг.Очерки и воспоминания очевидца» (СПБ, 1873,) номли хотиралар ёзди.
Қўшин сафида машаққатларга чидаб қайтган рассом Василий Иванович Штернберг( 1818—1845) бўлса бир нечта расмлар чизди.
Даль эса ушбу юриш пайтида ниманики кўрган-кузатган бўлса ҳаммасини қоғозга тушириб борган бўлиб, шулар асосида “Письма к друзьям из похода в Хиву 1839 года” номли (“Русский архив, 1867 , № 3, с 429-430) мақола ёзади.У ўз дўстларига 1839 йил 27 декабрда ёзган хатида бўлса “Нўғайлар, Шўрботир”, Шўро ботир”, “ Эр шўро” сарлавҳали достонларни Санъат исмли киши сўзлаб берганлигини ёзган.Ҳа, Даль ҳақиқий фан фидойиси эдики, юриш пайтидаям ўзи қизиққан мавзу-Ўрта Осиёликларнинг фольклори уни жалб этиб турарди.
Шу боис Дальнинг Хива юришидан ёзган хатлари ва Перовскийнинг шармандаларча чекиниши, машҳур ёзувчи Лев Толстойни ҳам қизиқтириб қўйди. “Декабристлар” романига материал тўплаш жараёнида, қолаверса Перовскийдек шуҳратпараст граф шахсига қизиққанидан, 1839 йилги юриш бўйичаям бирон асар ёзишга чоғланди.Толстой «Рус архиви» журнали бош муҳаррири П.Бартеневга ёзган хатида ана шулар тўғрисида гапириб ўтганди.Афсуски, Толстой “Декабристлар” асарини тугатаолмайди…
Мағлубиятга учраган қўшин сафидаги Г.И.Данилевский юриш олдидан, Хоразмга борай дея чин дилдан ихлос қилган эканки, фақат угина ниятига етди.Тўғри 1839 йилда эмас, орадан 3 йил ўтиб.У 1842 йилнинг октябридан 31 декабригача элчи сифатида Хива хонлигига бориб, хонлик тўғрисида Россия ҳарбийлари учун аҳамиятга эга бўлган анчагина маълумотлар тўплашга эришди.Хонликнинг харитасини, Амударё ғарбий қисми аҳолисининг харитасини,ижтимоий иқтисодий вазият тўғрисида материал йиғиб, Россияга қайтгач шу асосда “Описание хивинского ханства” номли асар яратди.
“ 30 октябрда полковник Данилевский ўз ҳамроҳлари билан Оллоқулихон ҳазратнинг тантанали маросимида бўлди.Кундуз соат 5 эди.Аввало уларни дарвозанинг сўл томонидаги кичкина ҳовлидаги пастак хонага олиб кирдилар.Бу меҳтарнинг, яъни биринчи вазирнинг хонаси эди.Ерга оқ намат тўшалган, тўрда учта темир сандиқ, токчада турган сопол чироқ бу хафагазак хонага нур сочиб турарди.Хона эгаси қирқ беш ёшлардаги меҳтар Ёқуббой элчиларни хурсанд бўлиб қаршилаб, хонга маълум қилмоқ учун, ўша замон уларни ёлғиз қолдириб, чиқиб кетди.Хоннинг чодири қирғизларнинг ўтовига ўхшар эди.Бу жой ҳам қабулхона, ҳам давлат маҳкамаси эди.Тўрда, гиламча устида узун мош-гуруч соқолли, бошига попоқ, устига қора мовут чакмон кийган бир кимса чордона қуриб ўтирарди, у Оллоқулихон эди.Мис қандилда ёниб турган шам хоннинг юзини ва чодир ичини аранг ёритиб турарди” дея ёзади (П.С.Савельев “Путешествие г.Базинера через киргизскую степь в Хиву” , “Географ. Известия Русск.гоеграф.обўества”, 1849, № 4, 168 стр) Данилевскийнинг ҳамроҳларидан бири.
Данилевскийнинг ўзи эса хонлик тўғрисида тўплаган маълумотлари асосида яратган асарида Оллоқулихоннинг вафоти тўғрисида шундай ёзади: “ 22 ноябрдан 23 ноябрга ўтар кечаси ( зулқаъда ойининг 3-сида сешанба куни) Оллоқулихон жаноб олийлари бу дунёдан у дунёга сафар қилдилар.Эртасига кечаси унинг валиаҳди тахтга ўтирди. Шуниси ажибки, Хивада хон уруғларининг тахтга меросхўрлик ҳуқуқи бўлишига қарамай, шу билан бирга, хоннинг халқ томонидан сайланиш ҳуқуқи ҳам сақланган.Мамлакатнинг оқсоқол ва мўътабар кишилари кечаси хон саройига тўпланишиб, хон уруғларидан бирини хон қилиб кўтардилар.Хон сайланадиган кишини ечинтириб, бошдан оёқ янги либослар кийгизадилар, хоннинг кошонасига олиб кириб, кийгизга ўтирғизадилар ва уч марта осмонга ирғитиб, “хон,хон, хон!” деб нидо қиладилар.Тахтга ўтқизиш маросими ана шундангина иборат”. Тахтга Оллоқулихоннинг Ҳазораспда ҳокимлик қилаётган катта ўғли Раҳимқули кўтарилганди.

. . .

Шуҳратпараст ва олифта Жорж Шарль Дантес 1812 йилнинг 5 февралида Францияда таваллуд топганди.У ёшлигидан ўткир зеҳнли бўлиб вояга етган бўлсада, ҳамма билан тил топиша оладиган феъли ва уддабуронлиги шуҳратпарастликка қаратилганди.У ҳатто кейинчалик Пруссия қиролига айланган Вильгелм билан ҳам ёшлигида дўст тутинганди.Жорж Дантес дастлаб Франциянинг Слук шаҳридаги Сен Сир ҳарбий ўқув юртини тугатиб, омадини синаб кўргани Россия томон интилди.Ҳа, бепоён Россия ўша вақтда ва ундан ҳам олдин кўплаб хорижликларни ўзига мафтун этган ўлка саналарди.
Бу пайтда Россия билан Пруссиянинг муносабатлари яхши бўлиб, Жорж Пруссия шаҳзодаси-дўсти Вильгелмдан ўзини ижобий тавсифловчи ёзма тавсиянома ҳам олиб келгандики, бунинг натижасида у Россия Ҳарбий Академиясига ҳужжат топшириб, 1834 йил 27 январда имтиҳонлардан муваффақиятли ўтди. 8 февралда бўлса, алоҳида гвардия корпусига зобит бўлиб ишга ҳам тайинланди.
Жоржнинг гапга чечанлиги, уддабуронлиги ҳамма жойда иш бериб, Россиядан кўплаб дўстлар орттирди.Ана шундай вазиятда Россия об-ҳавосига кўника олмаган Жорж касалланиб ётиб қолади.Бу пайтда унинг уйи йўқ бўлиб, ўша даврдаги одатий ҳол бўлган анъанага кўра меҳмонхонада тунаб юрарди.
Унинг бахтига ўша кунлари Нидерландиянинг Россиядаги элчиси барон Геккернинг извоши бузилиб, шу меҳмонхонада у ҳам ётиб юрганди.Кунларнинг бирида, таом чоғи мҳмонхона хўжайини бемор Жоржнинг аҳволидан Геккернга гап очиб қолади.Извошининг тузатилишини кутавериб зериккан кекса элчи жаноблари шу баҳона Жоржнинг ёнига кириб у билан танишади.
Касал ҳолида ҳам гапга чечан бўлган Жорж, ўз топқирлиги билан зериккан элчининг меҳмонхонадаги кунларини кўнгилли ўтишига ёрдам бериб унинг меҳрини қозонади.Шу тариқа меҳмонхонада бошланган дўстлик, тутинган ота-ўғил бўлишга сабаб бўлади.Натижада Жоржнинг отаси бўлишига қарамай, 1836 йил 5 майда уларнинг розилиги билан Жорж Дантес расмий ҳужжатларни қоидага кўра тўлдириб,Нидерландиялик барон Геккерннинг асранди ўғлига айланди.Элчи Геккерн билан муносабатлари яхши бўлган Россия императорининг олдида бу ҳолат Дантеснинг янада шуҳрати ошишига сабаб бўлди.
Келишган ва ҳазилкаш, гапга чечанлиги билан кўпчиликни , айниқса қизларни ўзига мафтун этувчи Жорж Дантес соҳибжамол Наталья билан зиёфатларнинг бирида танишиб қолади. Бироқ билсаки, унинг эри-кимсан шоир Пушкин бор экан.Бу борада Дантесга яна омад кулиб боқди.Яъни, Натальянинг опаси-Екатерина Николаевна келишган ва ҳазилкаш франциялик йигитни ёқтириб қолди. Бу ҳол эса уларнинг оила қуришига сабаб бўлди. Улар 1837 йил 10 январь куни никоҳдан ўтдилар.Ўша вақтда Екатерина Дантесдан 4 ёш катта бўлиб, 29 ёшга кирганди.
Дантесдек олифтани ёқтирмайдиган Пушкин қайинопаси ва божасининг тўйига бормайди.Ҳатто кейин ҳам уларни тўй билан қутламайди.Александр Сергеевич Дантесни биринчи маротаба кўрганиданоқ кўнглида алланечук ғашлик пайдо бўлди.Айниқса унинг оқ-сариқдан келган рангу рўйи-ю, мудом хушомадгўйларча термулиши Пушкин назарида, Россияга келган келгинди зобитнинг ғоят пасткаш, суюқ ва енгилтак кимса эканлигини кўрсатар эди.Бу орада куёвтўра Дантес Екатерина Гончаровага уйлангани камдек, Пушкиннинг хотинига ҳам баъзи-баъззида божаси бўлатуриб, кўз сузадиган бўлди.Бундай енгилтаклик эса Пушкиннинг нафсониятига текди.Айниқса қариндош бўлиб олган Дантеснинг Пушкин уйида йўқлигида Натальянинг ёнига келавериши, турли зиёфатларда “тасодифан” учрашиб ёки бирга ўтириб қолиши, энг ёмони севги изҳори қилиб Пушкинннинг хотинига мактублар йўллаши,бутун шаҳарда шу боис Дантес ва Натальянинг бир-бирига машъуқалиги тўғрисида миш-мишларнинг атайин оми халқ ўртасида тарқалиши, шоирни сўнгги чорани қўллашга ундади.Бу ўша вақтда одатга айланган дуэл эди.Олдинига Дантеснинг дуэлга рози бўлмай, шоир олдида ўзини гуноҳкордек сезаверди.Аммо Пушкин ўз даъвосида туриб олгач, ноилож дуэл 1837 йил 27 январга белгиланди.
Пушкин ҳаёти давомида жами бўлиб 15 маротаба дуэлга чиққанди.Ҳатто лицейда ўқиб юрганида 6 марта, Кишинёвда 4 марта, Одессада бўлса 5 марта барча низоларни дуэлда ҳал қилган, бироқ ҳаммасидаям биринчи бўлиб ўқ отмаганди.Яъни у тўппончадан ўқ узишга лицейдалигидан ишқибозлиги учун доимо нишонга бехато отарди.Аниқроғи, омади келиб 15 дуэлдан омон қолган, ўз мухолифларини яралаб ёки кечирим сўратишга мажбур қилдириб, барча отишмаларда ғолиб чиққанди.Бироқ, ўн олтинчи дуэль…
Ўша қонли фожиали 27 январь куни у эрталабдан туриб, ўзини бардам тутди.Соат 11 гача столида ўтириб ёзиш билан машғул бўлди.Соат 12 ларда эса Пушкин ҳузурига лицейда бирга ўқиган дўсти, полковник К.К.Данзас секундант сифатида етиб келди.Кейин улар биргаликда элчихонага бориб, божаси, бўлажак дуэлдоши Дантес, тутинган отаси Геккерн, секнданти Д.Аршиак билан учрашиб , шартлашдилар.
Шартга кўра, дуэл соат бешда, комендант боғи орқасида бўлиб ўтадиган бўлди.Икки нусхада ёзилиб, иккала тарафга берилган шартлашувда дуэль ҳақида шундай сўзлар битилган:
1.Рақиблар орасидаги масофа 20 метр бўлади.Ўртадаги тўсиқдан беш метр нарида турилади.(Ҳар бир рақиб учун алоҳида тўсиқ, ғов бор).
2.Пистолет билан қуролланган рақиблар рухсат этилгач, бир-бирига юриши ( асло ғовдан ўтмасдан) отиши мумкин.
3.Ўқни отгач, рақиблар жойни ўзгартирмайдилар.Чунки нариги рақиб ўқни рақиби турган масофадан қабул қилган.
4.Ҳар икки томон отишиб, натижа бўлмаган тақдирда биринчи галдаги ( 1, 2, 3-шартлар бўйича) каби дуэльни давом этдирадилар.
5.Секундантлар майдондаги рақиблар ўртасидаги ҳар қандай муносабатларда ҳушёр ҳакам сифатида шай турадилар.
6.Қуйида имзо чеккан ваколатли секундатларнинг ҳар бири ўз томонининг баён этилган шартга орият ва шараф билан риоя этилишини таъминлайди.
Ниҳоят соат 16: 30 ларда иккала дуэлдош божалар айтилган жойга келдилар.Пушкин айиқ терисидан тикилган поча пўстин, Дантес эса сюртук кийган эди.Секундант шляпасини силкитиб отишмани бошлаш кераклигини айтди.
Дуэлда Дантеснинг пушаймонлиги ортиб, ўзини гуноҳкордай сезаверди.қалбида қилган ҳатти-ҳаракатларидан хижолатпазлик ҳисси ўрин эгаллади. Ахир божаси билан дуэлга чиқиш унинг учун ҳам уятли эди-да.Шу боис Пушкинни ўлдириш нияти йўқ бўлиб, биринчи бўлиб ўқ отиш унга топширилди.Шунда Дантес буюк шоирнинг оёғидан отиб, уни ярадор қилишга шайланиб турганида қўли бир силкиниб, ўз-ўзидан юқорига кўтарилди ва у божасини аниқ нишонга олди. Пушкин Данзаснинг шинелига йиқилиб, боши билан қорга тушди.Бироқ у чап қўлига таяниб, ёрдамлашмоқчи бўлганларга “Шошманглар, ҳали мен ота оламан”, деди.
Дантес жойига қайтиб, ёнлаб турдида, ўнг қўли билан чап кўксини пана қилди.Секундант Данзас қор билан тўлиб қолган тўппончасини алмаштириб бергач, у Дантесга ўқ узди.Катта калибрли тўппончадан узилган Дантесни қалқитиб йиқитган эдики, Пушкин ҳайқирди: “Браво”.
Бу пайтда шоирнинг аҳволи оғир бўлиб, кўп қон йўқотганди.Уни кеч соат олтиларда уйига олиб кириб, ўзининг кабинетига ётқиздилар.
Пушкин ярадор ҳолатда ётсада, дўсти ва секунданти Данзасга ўзининг қарзлари рўйхатини туздирди ва имзо қўйди. У шунингдек, дўсту ёронларига хотини Натальяни турли иғво ва бўҳтонлардан асрашни васият қилди. Бу вақтда шоирнинг қорнидаги оғриқ борган сайин зўрайиб борарди. Доктор Арендт Пушкиннинг аҳволини кўздан кечириб, “қорин парданинг яллиғланиши, бошланиши перитонит” дея ташхис қўйдида, кўкнори ичиришни буюрди.
Ўша вақтда шоир ёнида бўлган И.Т. Спасскийнинг хотираларида бу ҳақда шундай ёзилган: “ Қориндаги оғриқ ниҳоятда зўрайиб, ҳақиқий уқубат бошланди.Пушкинннинг афти ўзгариб, нигоҳи ёввойилашди, кўзи косасидан чиқиб кетгудек бўлиб, танасини совуқ ва шилимшиқ тер қоплади.Шунга қарамасдан у ўзини инграшдан тийди. “Хотиним эшитиб, юраги эзилмасин”, деб тишини тишига босди.
Пушкиннинг аҳволи зўрайиб, клиник жиҳатдан перитонит манзараси аниқ яққол намоён бўлмоқда эди.У кўп қон йўқотган, вужудининг ҳимоя кучлари кескин камайган, аҳволи борган сари ёмонлашарди.Оғзи қуруқшаб, тили караш билан қопланган, териси заҳиллашиб лунж ичкарига ботган, кўз атрофи эса кўкариб ёноқ суяклари туртиб чиққанди.
Кўкнори ичиришдан сўнг, шоирнинг аҳволи ўзгариб ёнига севимли, бироқ дуэлга сабабчи бўлган рафиқасини ва болаларини чақиртирди. Болалари бу пайтда ухлаб қолишган бўлиб, уларни кўрпага ўраб олиб келишди.Пушкин 4 ёшлик Маша, 3 ёшлик Саша, 2 ёшлик Гришани ва эндигина 8 ойлик бўлган Наташани овозсиз дуо қилиб, қўллари билан зўрға сийпалади.
29 январ куни у бир неча марта “мен ўлаяпман, менга ўзи шу керак”, дея бир неча бор алаҳсиради.Кейин бўлса соат неча бўлганини сўраб, “Қачонгача, шундай қийналаман, марҳамат қилиб тезроқ жонимни олгин” каби гапларни такрорлади.Ёнига қўйилган сув ва муз парчасини олиб, чаккаларини муз билан артаркан, “Қандай зерикарли, юрак қинидан чиқиб кетгудек” деб қўйди. Бироз ўтиб бўлса, атрофдагилардан ўзини турғазишни сўраб, “Энди бироз тузук, шукур, анча яхши” дея пичирлади.Дўсти В.И.Дальга термулиб эса “очиғини айтгин, мен яқинда ўламанми? “ деб ҳам сўраб қўйди.Даль эса “Омон қолишингга биз ишонамиз” деди шоирнинг қўлларини қучиб.Пушкин эса бунга жавобан, “Яна бир карра раҳмат” дея олди холос.
Бу пайтда эса ҳақиқий вазият оғир бўлиб, шоирнинг томир уриши камая бориб, қўллари музлаб қолаёзганди.Даъфатан унинг кўзи олдига Петербургда Кирхгоф исмли кекса немис аёлига фол очтиргани тушди.Ўшанда жодугар фолбин “ Икки марта сургунда ҳаёт кечирасан, халқнинг фахри бўласан, балки узоқ умр кўрарсан, лекин 37 ёшингда оқ сочли кишидан, оқ отдан, оқ кийимли одамдан эҳтиёт бўл” деганди. Оқ-сариқдан келган киши божаси Дантес эканлиги, унинг ҳарбий қисмида оқ мундир кийилиши, отларнинг ҳам бари оқ эканлиги Александрга энди аён бўлди ва буларнинг бари тақдирдан эканлигига амин бўлди. Шунда бирдан Пушкин кўзларини очиб, морошка мевасидан сўраб қолди.Мевани келтиргач эса , “Хотинимни чақиринг мени овқатлантириб қўйсин” деб илтимос қилди. Наталья бўлса ўзини гуноҳкор сезиб, эри олдида чўккалади-да бир қўли билан қошиқ тутиб, иккинчи қўли билан унинг совуб бораётган юзини оҳиста силади.Пушкин бўлса кўзларини очиб, Натальянинг бошини силади-да, “Ҳеч қиси йўқ,Худога шукур, ҳаммаси жойида” деди.
Қўлларининг совуб бораётганини кўриб, Наталья қўшни хонада ўтирган Даль, Жуковский, Вяземский, Виелогорскийларни чақириб келди.Пушкин етиб келган дўстлари, айниқса Дальнинг қўлларини қисиб, “Ҳа, кўтарил, кетдик, юқорироққа, юқорига” деди пичирлаганича.Талвасалар орасида эса “Иккаламиз худди китоблар ва тахмонларга осилиб баландга чиқаётганимиздек туюлди, ҳатто бошим айланиб кетди” деб қолди. Атрофидаги дўстларидан кимдир Пушкиннинг бухороча халатини бироз кўтариб ҳам қўйди.Шунда у қўққисдан кўзларини очиб, юзи ёришиб кетди ва “Нафас олишим қийинлашди, умр ўтди” деди.Бу буюк шоирнинг сўнгги сўзлари эди.
Шоир ёнида сўнгги дақиқаларгача бирга бўлган дўсти Даль буюк шоирнинг ўлим тафсилотини шундай тасвирлаганди: “Дўстим тинчланиб, қўл совуб қолди, узуқ юлуқ ва тез-тез олинаётган нафас секинлашиб, чўзиқлашди, фақат мана шу сезилар-сезилмас нафас тириклар ва ўликлар дунёсини ажратиб турар эди.У шунчалар сокин жон бердики, буни биз ҳатто ёнида туриб сезмай қолдик”. Ушбу мудҳиш ўлим 1837 йилнинг 29 январида, соат 2 дан 45 дақиқа ўтганда содир бўлди.
Пушкиннинг дўстлари, княгина Вяземская, Загряжская хонимлар азадор Натальянинг ёнида туриб тасалли бериб туришди. Маросим билан боғлиқ сарф харажатларни дўстлари адо этишди.Жуковский бориб император хонасига кирганича унга ўлим тафсилотларини айтиб берди.Николай 1 мотам харажатларига кетадиган маблағни тўлади ва болаларига нафақа тўлатишга қарор қилди.Унга кўра, Натальяга хазинадан бир йўла 10 минг рубль, шунингдек тўртта етим болакайларнинг ҳар бирига 1,5 минг ва Натальянинг ўзига эса 5 минг рубль нафақа белгилатди.Айни пайтда шоирнинг одамлардан олган 138 минг 998 рубль қарзини ҳам, Псков губерниясидаги қарздорлик туфайли гаровга олинган чорбоғини ҳам шоирнинг оиласига ҳадя қилди. Пушкинннинг Саша ва Гриша исмли ўғилларини пажлар корпуси рўйхатига ёздириб қўйди.
Бундан ташқари эса шоир асарларини 10 жилдда давлат ҳисобидан чоп этиш учун 200 минг рубль ажратиб, қалам ҳақини ворисларига бериш лозимлигини ҳам ўз аёнларига буюрди император. Табиийки, буларнинг барини император Пушкин тириклигида қилса бўлар, ҳатто мудҳиш дуэлнинг олдини олсаям бўларди, афсус…
Хуллас, таъзиянинг эртаси куни шоирни дўстлари тобутга жойлаб индинига черковга келтиришди.Черковга йиғилган кўплаб одамлар буюк шоир билан 4 февралгача хайрлашиб, шу куни эрталаб Пушкин тобути Псков губерниясига, Святогорск ибодатхонасига олиб кетилди.Беларус йўли бўйлаб уч нафар от елар, олдингисида жандарм зобити, ўртада тобут ортилган чана ва охиргисида шоирнинг энг яқин дўсти Тургенев бор эди.Уни шу тариқа васиятига кўра, Псков губернияси Опосковский уездидаги Святогорск июодатхонасида онасининг ёнига қўйдилар.Бу ибодатхона шоирнинг болалиги кечган Михайловка қишлоғидан атиги тўрт чақирим нарида у ерда ота-оналари, Ганибаллар сулоласи мангу ором топган жой эди. Шу тариқа 6 феврал куни буюк рус шоири васият қилинган жойига дафн этилди.
Ана шундай вазиятда бепоён Россия бўйлаб Михаил Лермонтовнинг “ Шоирнинг ўлими” деган марсияси янградики, бу назмий асар халқни жунбушга келтирган бўлса, сарой аҳли ва киборларни ларзага солди:

Ҳалок бўлди шоир!-номус тутқуни-
Кўксида оловли қасос, қўрғошин,
Ифлос фисқу –фужур чулғади уни,
Йиқилди хам қилиб у мағрур бошин!…
Чиркин туҳматларга, шармисорликка
Шоирнинг виждони бераолмай бардош,
Ўзи бурунгидай танҳо ва якка
Киборларга қарши кўтарганда бош,
Уни ўлдирдилар! Ўлдирдилар, энди
Йиғлашлар, беҳуда қуруқ мақташлар,
Аянч шивир-шивир, ўзни оқлашлар
Не ҳожат? Тақдирнинг ҳукми юз берди!
Сиз эмасми, аввал ёвузлик билан
Озод, жасоратли созин қувганлар,
Сиз эмасми, ахир сал йилтиллаган
Чўғдан эрмак учун ёнғин қилганлар?
Мана энди, қувнанг…Шоир энг сўнгги
Оғир азобларга топмади илож:
Ажойиб бир гений шам каби сўнди,
Сўлди тантанали, яшнаган гултож.

Шоирнинг қотили бемалол,ҳиссиз
Совуққонлик билан оларди мўлжал…
Нажот йўқ: совуқ қалб тепарди текис,
Қўли қилт этмади ўқ узган махал.
Сира ажаб эмас! У бизга юзлаб
Қочоқ келгиндилар каби, узоқдан
Омад дарди билан амал-мансаб излаб
Тақдир изми билан келган беватан;

Оёқ ости қилди тубан назар-ла,
Бегона тупроқнинг одат, тилини;
Шуҳрат-шаънимиздан у аламзада,
Англай олмасди бу қонли лаҳзада
Кимга кўтарганин ёвуз қўлини!…

Ўлдирилди шоир-қучди ер қаъри;
Ўша сўник рашкнинг қурбони бўлган,
Ўзи ажиб куч-ла тараннум қилган,
Ёт қўл-ла, ўзидек қатл этилган,
Номаълум, беозор куйчи сингари.

Дилкаш дўстлик, тинч роҳатдан кетдию, нечун
Ўтли ҳислар ва эрксевар қалбин бўғувчи
Бу ғаразгўй кибор тўпга нега йўл олди?
Ёшлигидан одамларни билса-ю, недан
Шундай пасткаш иғвогарга қўл берди экан?
Сохта меҳру ёлғонларга нега инонди?

Асл гулчамбарни олиб унинг атайин,
Кийгиздилар лавр ичра тиканли чамбар.
Унинг шон-шуҳратли порлоқ манглайин
Қаттиқ поралади яширин ништар.
Пасткаш нодонларнинг макру иғвоси
Заҳарлади унинг энг сўнгги дамин.
У ўлди-қалбида қолди қасоси,
Алданган умиднинг яширин алами.
Ажойиб қўшиқлар товуши тинди,
Куйчининг ошёни тор ва қоронғу.
Ажойиб қўшиқлар янграмас энди,
Муҳр лабларига босилди мангу.
Сиз пасткашлик билан шуҳрат тўплаган
Оталарнинг кибор, шум авлодлари,
Сиз, бахт ўйинида ҳақир ва нолон
Насллар хокини кулдай топтаган,
Тахт ёнида турган очкўз оломон!
Озодлик, Гений ва Шон жаллодлари!
Қонун соясига пусасиз фақат,
Лолдир қаршингизда суд ва ҳақиқат!…
Аммо, ишрат бандалари, тангри ҳукми бор,
Даҳшатли ҳакам бор, у кутар сизни:
Олтин жарангига учмас ҳукмдор,
Олддан билар фикру ишларингизни!
У чоқ беҳудадир шум бўҳтонингиз:
Жонга аро кирмас макр қонуни.
У маҳал жамики ифлос қонингиз
Юволмас шоирнинг қутлуғ қонини!

Ушбу шеърни ёзган Михаил Лермонтов (1814-1841) ҳам худди Пушкин сингари Хоразмга ошуфта инсон эди.У айнан юқоридаги марсияси сабаб Кавказга сургун қилинади.Ўша ерда эса худди Пушкин сингари туркий халқлар, уларнинг урф-одатлари, достонлари билан танишиш асносида “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам” номли озарбайжон ва хоразмликларнинг достонига қизиқиб қолади.Мирзо Фатали, Карамзин каби дўстларидан, озарбайжонлик ошиқ – бахшилардан Хоразм тўғрисида сўраб суриштиради.Ўша достон асосида қисса ёзишга тайёргарлик кўради.Ҳаттоки,Хоразмга бориш учун тайёргарлик кўради.Бу ҳақда у 1837 йилнинг кузида дўсти С.А.Раевскийга ёзган хатида “Европага борганда француз тилини билиш нақадар зарур бўлса, Ўрта Осиёда бўлиш учун ҳам татарча( туркийча) ни билиш шу қадар зарур.Мен у тилни кейинчалик фойдаси тегиб қолар дея ўрганишга киришгандим, афсуски, энди баъзи сабабларга кўра , охиригача давом этдира олмаяпман.Ҳаттоки, мен Маккага,Форсия (Эрон)га, Хивага боришни режалаштириб қўйганман.Энди фақат Перовскийга илтимос қилиб экспедицияга ёзилиш қолди, холос”, дея ёзганди.Афсуски, у Кавказга сургун қилингани боис жандармлар бунга рухсат беришмасди.Орадан йиллар ўтди ва у кўплаб тарихда қолган асарлар ёзиб худди Пушкиндек 1841 йилда Мартинов билан бўлган дуэлдан сўнг вафот этди.Тақдирнинг ўхшашлигини қаранг…
…Пушкиннинг дафн маросимидан бир неча кун ўтиб, Франциянинг Россиядаги элчиси шоир қабри тепасига келиб, ўз халқи номидан Пушкин хоки ва бутун Россиядан Дантеснинг қилмиши учун кечирим сўради.
Дантес эса турли баҳоналар билан ўзини оқламоқчи бўлсада, ҳибсга олинди.У Петропавловск қаъласида Пушкиннинг унга жавобан отган ўқидан ўнг қўли жароҳатлангани боис, азоб чекканича келгуси тақдирини ўйлаб ётарди. Дантесни божаси, буюк рус шоирини ўлдиргани учун суд қилишиб, унвонларидан маҳрум қилишди. Ниҳоят қотил сифатида 1837 йил мартининг сўнгги кунларида Россия ҳудудидан бадарға этишди. Ортидан хотини Екатерина ҳам йўлга тушди.Улар тўрт нафар фарзанд кўришди. Қотилнинг она юрти Францияда омади келиб, Сулкда шаҳар мэри, кейин сенатор бўлиб ишлади. Гарчи қотил Жорж Дантес бойвачча ҳолда яшаб ҳаёт кечирган бўлсада, умри давомида хотини ва ҳатто 4 нафар фарзанди ҳам уни қотиллиги учун кечирмай ўтишди.Халқ ва адабиёт мухлисларининг абадий ланъатига учраган Дантес 1895 йил ҳаётдан кўз юмади.

. . . .

Дантес билан дуэлдан кейин , Пушкиннинг «Пётр 1 тарихи», Хоразм мавзусида, шунингдек қозоқларнинг “Қўзи Кўрпеш-Боён Сулув” достони асосида шеърий роман ёзиш, Хива хонлигига бориш орзусиям армон бўлиб қолди.Айнан дуэль кунлари Петербургда бўлиб қолган Оренбургдаги сафдоши Даль буюк шоирнинг сўнгги кунларида ҳам унинг ёнида бўлганди…
Аммо умри фожиали тугаган шоирнинг қатор достон, шеърларидаги шева, бир жилдлик тарихий асаридаги фикрлари тарихда боқий сўзлар бўлиб қолди.
Граф Перовский бўлса, 1839 йилдаги Хоразмга юришда чўлдаги қиш совуғига дош бера олмай, шармандаларча орқага қайтгач,император олдида ҳарбийлик обрўсини тўкиб, генераллар ичида давлат маблағини ҳавога совурган хаёлпараст номини олди.
Шундан кейин у зарбани Хива хонлигига эмас,Қўқон хонлигига берди.У бошчилигидаги қўшин 1852-53 йилларда Оқмасжидни забт этади.Орадан тўрт йил ўтиб, 1856 йилда эса,Пушкиннинг генерал дўсти Перовский 64 ёшида вафот этади.
Ҳа, унинг қонга ботган мустамлакачилик қадами Хива хонлигига етиб келмади.Аммо дўсти Пушкин Хоразмга талпинганича бу дунёдан эрта кўз юмган бўлсада, унинг асарлари бу қадим воҳага етиб келди ва ҳамон барҳаётдир.

. . .

“Пушкин Хоразмга келмаган, сиз айтгандек фақат қадим воҳага қизиққан, материаллар тўплаб, айрим асарларида озгинагина маълумотлар бериб ўтган экан.Ёки Пушкин Оренбургдан хонлик чегараларигача келган ҳам дейлик, бу ёғига ўтиб Хивага келганда, Оллоқулихон билан учрашганда хўш нима ўзгарарди?” дея савол бериб қолди ўзини зиёли сановчи дўстимиз.
Шунга ўхшашроқ саволни анча бундан илгарироқ, яъни 1990 йилларда шоир ва тарихнавис Хуршид Давронга ҳам беришган экан: “ Бибихоним ҳақида ёзиш шартми? Темур билан бир тўшакда ётган бўлса, ётгандирда, шунинг учун ҳам у ҳақда ёзиш керакми?”
—Бу дўстим чўрткесарлиги ва мақсади учун курашдан қўрқмаслиги, шунинг учун ҳам бир оз худбинлиги билан ажралиб турарди.Мен унга ҳеч нима демадим.Дўстимнинг қаътият ва кибр тўла кўзларига қараб туриб, ҳар қандай даъвом барибир унинг ишончидан қайтаролмаслигини англаганим учун унга ҳеч нима демадим.
Бибихоним ҳақида-Амир Темур билан бир тўшакда ётган гўзал аёл ҳақида, унинг мўмиёланган жасадининг қисмати ҳақида ёзиш шартми? Бу кимга керак? Бу нимага хизмат қилади?
Халқимизнинг ўтмиши, у қанчалар фожиали ва даҳшатли бўлмасин, барибир биз учун азиз ва муқаддас бўлиб қолаверади.Қолаверса, бу ўтмиш фақат фожиалар ва қора кунлардан иборат эмас.Кечмиш, фақат буюк ихтиролар ва оламшумул кашфиётлар, қонли савашлар ва улуғ қўзғолонлардангина иборат эмас.У шунинг билан бирга, ҳеч нима рўй бермагандек туюлган бўлса-да, тарих қатламларига сингиб, суғуриб олинса бутун иморат тўкилиб тушадиган оддий ғиштларга ўхшаш оддий кунлардан ҳам иборатдир.Амир Темур билан бир тўшакда ётган Сароймулкхоним, “паст зот”дан бўлган Жалолиддин Мангуберди қошида иззат-икром билан яшашдан кўра Чингизхон қозонининг ювиндисини афзал кўрган Турконхотун, беш кунлик дунё ҳой-ҳаваси деб отасининг ўлимига ризолик берган Абдулатиф, душманга қарши исён кўтарган Бобон ботирни Чор ҳукумати аскарларига тутиб берган Саидхон Каримхоновлардан ҳам иборатдир.Тарих фақат буюк шахсларнинг донишмандлиги ва жасорати эмас, ожиз кимсаларнинг қўрқоқлиги, нодонларнинг сурбетлиги, айёрларнинг фирибгарлиги, соддаларнинг алданишлари ҳамдир.
“ Клеопатранинг бурни бир оз бўлса-да қийшиқ бўлганда инсоният тарихи бутунлай бошқа йўлдан кетиши мумкин эди” деган эди Паскаль.Шундай экан, темурий подшоҳзодалар тарбияси ишониб топширилгани Бибихонимнинг Темур тузган буюк салтанатда тутган ўрни ҳақидаги далолат эмасми? Шу далолат туфайли биз маликанинг салтанат измига, демак, тарихимиз измига кўрсатган таъсири ҳақида ёзмасак адолатдан бўладими?
Тўғри, Клеопатра бурнининг тарихга таъсири ҳақида Паскаль фикрига ғайрича мулоҳаза ҳам бор.Буюк япон адиби Рюноскэ Акутагава бу ҳақда шундай ёзади: “Клеопатранинг бурни сал қийшиқ бўлган тақдирда ҳам, Антоний буни сезмаслиги истисно эмас.Кўрган-билган тақдирда ҳам бу иллат ўрнини боса оладиган фазилат топган бўларди.Бутун жаҳонни остин-устин қилиб ҳам севгилимиздан фазилатлироқ аёлни топа олмаймиз.Биз ўз севгилимизни кўриб маҳлиё бўлганимиздек Антоний ҳам Клеопатранинг кўзлари ёки дудоқларидан иллатни бутунлай ёпиб юбора оладиган фазилат топган бўларди.Бунинг устига “Қалб-чи, қалб!” дейишимиз ҳам мумкин.Аслида маҳбубамиз барча даврларда энг юксак қалб эгаси бўлиши табиий.Либоси, бойлиги ва жамиятда тутган ўрни ҳам унинг фазилатлари ҳисобига ўтади.Ҳатто шундай ҳодисалар бўлганки, уни қачондир қайсидир машҳур киши севгани ҳақидаги миш-мишлар ҳам фазилат саналган.
Клеопатра дабдабаю сир-асрорга ўрганган сўнгги Миср маликаси эди. У бошида қимматбаҳо тож, қўлида нилуфар ёхуд бошқа бирон гул тутиб, дунёни муаттар ифорларга тўлдириб мағорурона ўтирганда, наҳотки бирон бир кимса, айниқса Антоний унинг бурнининг хиёлгина қийшиқлигини сезса?
Бундай ўз-ўзини алдаш фақат муҳаббатгагина хос эмас.Биз айрим ҳоллардагина дунёни ўзимиз суйган рангин бўёқларга бўяймиз.Масалан, тиш дўхтирининг эшигидаги лавҳани олайлик.Тишимиз оғриғини бир лаҳза бўлса-да унитиш учун бу лавҳани кўз олдимизга келтиришга қанча уринмайлик, қанча истамайлик, бари бир кўролмаслигимиз тайин.Албатта тиш оғриғининг дунё тарихига ҳеч қандай алоқаси йўқ..Аммо бундай ўз-ўзини алдашга халқ кайфиятини билмоқни истайдиган сиёсатдонлар ҳам, ғанимлар вазиятини билишни суйган ҳарбийлар ҳам, молиявий аҳволни билишни ҳоҳлаган корчалонлар ҳам мойил.Ақл ва фаросат эса бу ҳолга тузатиш киритиб боришини рад этолмайман.Шу билан бирга барча инсоний ишларни бошқариб тургувчи “тасодиф” борлигини ҳам тан оламан.Балки ҳақиқатан ўз-ўзини алдаш тарихни бошқариб борадиган абадий кучдир.
Қисқаси, икки минг йиллик инсоният тарихи ўз қаърида “йилт” этиб ўтган Клеопатранинг бурни қандайлигига боғлиқ бўлмаган.У кўпроқ бизнинг тайёр ахмоқлигимизга боғлиқ.Кулгули, бироқ буюк аҳмоқлигимизга боғлиқ”.
Клеопатра бурнининг тарихга таъсири ҳақидаги ғайри бу мулоҳазадан ҳам “Бибихоним ҳақида ёзиш шартми?” деган саволга жавоб топиш мумкин деб ўйлайман.
Бугун бу ёруғ дунёда бор-йўғи икки кунгина яшаган гўдакни тупроққа топшириб қайтдик…
Унинг онаси боласи дунёдан кўз юмганидан бехабар ўлим билан олишиб ётарди.Гўдакнинг отаси-ҳали турмушнинг аччиқ-чучгини тотмаган, бошига илк марта тушган бу ноаён ва нотаниш, бешафқат ва қаттол зарбадан гарангсираб қолган ёшгина йигит болани кўмишга борган мендан ва шеригимдан бу фалокат сири ва сабабини изоҳлаб беришимизни сўрагандек мўлтириб боқарди.Шеригим-кўпни кўрган одам:”Ҳечқиси йўқ, дўстим, ҳали умр олдингизда, болаларингиз белингизда.Бир ярим килолик этни деб ўзингизни қийнайверманг”,-деб тасалли -таскин берар, аммо бу таскин, бола отасининг билмадим, менинг юрак-бағримни ўйиб борарди.
Фоний дунё азобу уқубатини, қувончу шодлигини кўрмай кўз юмган гўдак ўлими—аросат давримизнинг ҳайбатли ва чигал жумбоқлари, даҳшатли фожиалари олдида ҳеч нима эмасдек туюларди.Аммо дунёда яшаш, имон ва виждон олдидаги маъсулият ҳамиша энг оддий жумбоқлар ва воқеалар олдида ожиз қолмаганми? Бу ожизлик инсон қисматининг асосий мезони эмасми?
Боболаримиз “Ўлим ҳақ!” деганлар.Бунга шак келтирмайман.Бироқ. ҳар қандай ўлим ҳам ҳақ бўлмаслигини ҳам биламан.Бугунги алғов-долғов даврнинг занглаган пичоқлари асаб қилларини тинмай арралаётганини, заҳар билан тўйинган ҳавонинг бизни бўғаётганини, мева-чева тугул, ҳатто она сути таркибида пайдо бўлган заҳри қотилнинг гўдаклар умрига завол бўлаётганини кўриб-билиб туриб “Ўлим ҳақ!” дейишимиз гуноҳ эмасми?!
Бир неча йиллар ўтади, бугун биз тупроққа топширган гўдак ҳам ўтмишнинг бир бўлагига айланади.Шундай бўлмайди, деганлар, хато қиладилар.Шундай экан, энг оддий нарса, масалан, Клеопатра бурни, Бибихоним жасадининг бир жимжилоғи йўқлигиям, тарихга бўлган муносабатимизни белгилаши мумкин.Ўтмиш билан бугун бир-бирига тугиб боғланган ип эмас, улар узлуксиздир.Ўтмишда қилинган ҳар қандай гуноҳ нафақат ўша олис гуноҳкорларнинг, шу билан бирга бизнинг ҳам бўйнимизда.Ўтмишда қилинган ҳар бир эзгу иш учун келажак кишиларнинг ҳам юзи ёруғ бўлажак.Ўтмиш билан бугунни боғлаб турган нарса ёлғиз келажакдир.
Бу дунёда энг саодатманд лаҳзалардан бири ниҳол ўтқазмоқдир.Ичи қора одам дарахт ўтқазмайди.Дарахт эккан одам уни фақат ўзи учун эмас, туғилган ва туғилажак фарзандлари, неваралари учун ўтқазади.Тарих эса боболар боғидир.Йиллар, асрлар ўтиб бу боғда бир дарахт етишмаслиги билиниб қолади.Бу бугун биз тупроққа берган бола ўтқазолмаган дарахт бўлиши мумкин-дейди юқоридаги саволдан изтироб чекиб, чуқур мулоҳаза юритаркан Хуршид Даврон.
Энди Пушкинннинг Хоразмга талпинишига келсак, Хоразмдек мўъжизакор ва сеҳрли диёрга тарих мобайнида Искандар Зулқарнайн-у Қутайбадан тортиб Чингизхон аскарларию, Пётр 1 йўллаган Бекович Черкасский каби кўплаб истилочилар отланишган.
Баъзида бўлса, вазият сабаб Венгриялик Вамбери каби олимлар асл исми, ниятини яшириб Хоразмга ташриф буюришган ҳам.
Хуллас, Хоразмга талпиниб Ибн Батута сингари сайёҳ, Иван Грозний йўллаган Женкинсон ва яна неча турли хил соҳа вакиллари воҳада бўлганича, кўрган кечирганларини қоғозга туширишган.Буларнинг бари эса Хоразм тарихини бошқа манбаларга таққослаб ўрганувчи нодир қўлёзмалар сирасига киради.
Ажабланарлиси шундаки, ана шу мафтункор ўлкага қурол ўқталиб не бир босқинчилар, ҳайрат излаб сайёҳ, мўмай даромадни кўзлаб савдогар, асл нияту исмини яшириб жосуслар келган эканлару, инсоният тафаккури юксалишига ўз ҳиссасини қўшган Пушкиннинг қадамлари ушбу муқаддас масканга етмаган экан.Афсус..
Аммо, Пушкин ҳаёти давомида Хоразмга талпинган. Пётр 1 1717 йилда Хоразмга йўллаган Бекович-Черкасский ҳалокати сабаб шу бўйича асар ёзиш пайтида унинг эътиборини Хоразм ва хоразмликлар ҳам жалб қилган.Афсус деганимизнинг сабаби шундаки, агар у Хоразмга келганида, албатта кўрган-кечирганлари асосида ажойиб хотиралар битиларди.Балки шунда ул юксак ақл соҳибининг ёзган асарлари туфайли Хоразм тўғрисида ноёб дурдона асарлар яратилган бўларди.
Бироқ шундаям,Хоразм воҳасининг Пушкин эътиборини тортганининг ўзи катта бир мавзу.
Бу менинг бояги дўстимизнинг саволига берган жавобларим.Бошқасини эса Хуршид Даврон менимча ажойиб қилиб таърифлаб бердилар. Хоразм ва Пушкин ёки Пушкин ва Хоразм мавзусини қанчалик тўлақонли тадқиқ қилганимизга эса ўзингиз баҳо берарсиз.

хдк

(Tashriflar: umumiy 207, bugungi 1)

Izoh qoldiring