Xurshid Davron. Navoiynoma. XV-XVI. Lison ut tayr. Haj armoni. Yana g’avg’o. Mahbubul-qulub & Navoiy armoni

Ashampoo_Snap_2016.10.17_15h35m49s_001_.png    Алишер Навоийнинг шеърий даҳоси 15-аср охирларига келиб яна жўш урди. У 2 йил мобайнида 2 та йирик асар — «Лисон ут-тайр» («Қушлар тили») достонини ва «Муҳокамат ул-луғатайн» («Икки тил муҳокамаси») номли илмий асарини яратди. Алишер Навоийнинг сўнгги буюк асарларидан яна бири насрий панднома юсинида ёзилган «Маҳбубул-қулуб» («Қалблар севгани»)дир. У Шарқ адабиёти тарихида Шайх Саъдийнинг «Гулистон», Кайковуснинг «Қобуснома», Низомий Арузи Самарқандийнинг «Чор мақола» каби асарлари қаторида туради. Бу асарида Алишер Навоий ўзининг ҳаёт йўлини, бошидан кечирган турмуш машаққатларини ёрқин тасвирлаб берган.

  «Маҳбуб ул-қулуб» 3 қисмдан иборат. Унинг биринчи қисми 40 фасл. Ҳар бир фаслида муаллиф ўзи яшаган даврдаги бир табақа ҳаёти, ахлоқи ва вазифалари ҳақида суҳбат юритади. У ушбу табақа вакилларининг яхши ишлари ҳақида ҳам, айб ва нуқсонлари ҳақида ҳам гоҳ ҳалимлик билан, гоҳ ғазаб-нафрат билан мулоҳаза юритиб, уларни инсофга чақирмоқчи, тарбияламоқчи бўлади. Асарда Алишер Навоийнинг инсон ахлоқига ва тарбиясига доир энг ноёб панд ва насиҳатлари халқ мақоллари ва ҳикматли сўзлари шаклида баён қилинган. Кўп ўринда шоир ўз фикрларини байт, қита, маснавий, рубоий шаклида ифодалаши асарга ранг-баранглилик бағишлаган.

НАВОИЙНИНГ “ЛИСОНУ-Т-ТАЙР” ДОСТОНИ
Дилнавоз ЮСУПОВА
006

i_018.jpg“Лисону-т-тайр” достони шоир умрининг сўнгги йилларида, 1499 йилда ёзиб тугалланган. Филология фанлари номзоди Ш.Эшонхўжаев достоннинг илмий-танқидий матнини яратиб, изоҳлар билан нашрга тайёрлаган (МАТ, 12-жилд). Мазкур нашрда достон ҳажман 193 боб, 3666 байтдан иборат.

“Лисону-т-тайр” достони фалсафий-тасаввуфий мавзуда яратилган бўлиб, улуғ форс-тожик адиби Фаридиддин Атторнинг “Мантиқу-т-тайр” достонига жавобан ёзилган. Алишер Навоийнинг ўзи шу достонида болалик давридаёқ “Мантиқу-т-тайр”ни иштиёқ билан ўқиганлиги ва ёд олганлигини айтади:

Ёдима мундоқ келур бу можаро,
Ким туфулият чоғи мактаб аро.

Ким чекар атфол марҳуми забун,
Ҳар тарафдин бир сабақ забтиға ун…

Манга ул ҳолатда табъи булҳавас,
“Мантиқу-т-тайр” айлаб эрди мултамас.

Топти сокин-сокин ул такрордин,
Сода кўнглум баҳра ул гуфтордин.

Табъ ул сўзларга бўлғоч ошно,
Қилмади майл ўзга сўзларга яно.

“Лисону-т-тайр” достони анънавий тарзда Муқаддима, асосий қисм ва Хотимани ўз ичига олади. Муқаддима 13 бобдан иборат.

Достоннинг биринчи боби Аллоҳ Ҳамдига бағишланган. Навоий Аллоҳ бу оламни аниқ бир режа асосида бунёд қилганлиги ҳақида ёзар экан, унда ҳеч бир нарса тасодифий яратилмаганлигини айтади. Аллоҳнинг мўъжизаси сифатида бир-бирига зид бўлган тўрт унсур (сув, олов, тупроқ ва ҳаво)ни инсон вужудида бир бутун ҳолда бирлаштирганини таъкидлаб, бутун оламни яратишдан мақсад ҳам инсон эканлигини айтади:

Уйлаким душман яротиб ўтқа сув,
Елни ҳам туфроққа айлаб адув.

Сунъидин кўргилки мундоқ тўрт зид,
Бўлуб инсон хилқатида муттаҳид.

Офаринишдин қилиб инсон ғараз,
Они айлаб халқ ичинда беэваз.

Бобда, шунингдек, Алишер Навоий Аллоҳ инсонни ўз сиридан хабардор қилиб, халифалик тожи билан юксалтирди, шайтонни эса унга сажда қилишдан бош тортгани учун мардуду лаъин (рад этилган ва лаънатланган) қилди, дейди:

Ҳам қилиб ўз сирри бирла ганжи роз,
Ҳам хилофат бирла айлаб сарфароз.

Бўлди саркашликдин онинг офати,
Ажзу туфроғлиқ бу бирнинг рофати.

Бирга ул масжудлуғ берган ўзи,
Бирга бу мардудлуғ берган ўзи.

Достоннинг 2-боби муножотни ўз ичига олади. Бобда Алишер Навоий ўтган умрини сарҳисоб қилар экан, Яратган қошида ўзини беҳад гуноҳкор деб ҳисоблайди:

Аллоҳ, Аллоҳ, ўлтурур шармандалиқ,
Ёдима келса бу янглиғ бандалиқ.

Юз қаролиғ онча бўлмиш жаҳл аро,
Ким кўзимга қилди оламни қаро.

Қилмадим умрумда бир ракъат намоз,
Сар-басир маҳзи ниёз, эй бениёз.

Ҳаргиз андоқ қўймадим туфроққа бош,
Ким кераклик бўлмағай бошимға тош.

Бермадим ҳаргиз гадоға бир дирам,
То ўзумни кўрмадим соҳиб карам.

Тутмадим отинг қилиб фарзоналиқ,
Сабҳа элдин осмайин юз доналиқ.

Бир амал ҳаргиз риёсиз қилмадим,
Зарқсиз ҳаргиз ўзумни билмадим.

Ўйлаким мендурмен инсон бўлмасун,
Йўқки инсон – деву шайтон бўлмасун.

3-боб пайғамбар Расули акрам мадҳи – наътни ўз ичига олади. Бобда Навоий “Нури Муҳаммадия” ҳақида фикр юритар экан, бу нур олам яратилишидан ҳам илгари мавжуд бўлганлигини, Одам Атодан Шис пайғамбарга ва шу орқали кўплаб наслларга ўтиб, расули акрамнинг оталари Абдуллоҳга етиб келганлиги ва ниҳоят унинг фарзанди чеҳрасида пайғамбарлик нури сифатида зоҳир бўлганлигини ёзади.

Бобда шунингдек, Расули акрамнинг пайғамбарлик даврларидаги фаолиятлари: кофирларга қарши курашганлари, Лот бутининг ҳолини хароб қилганлари, халққа Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлиги ҳақидаги ҳақиқатни етказганликларига тўхталиб ўтилади. Боб сўнгида Расули акрам ва улар орқали барча яқинлари: саҳоба ва тобеинлар ҳам пок эканликлари айтилиб, уларга салом йўлланади:

Ўзи пок, азвож ила авлоди пок,
Зоти пок, асҳоб ила аҳфоди пок.

Анга ҳар дам юз дуруду минг салом.
Олам аҳлидин ила ёвмул қиём.

4-боб меърож туни таърифига бағишланган. Унда пайғамбаримизнинг ҳузурларига “Руҳу-л-амин” (Жаброил фаришта) келиб, Яратганнинг хабарини етказгани ва расули акрамнинг Буроқ отини миниб, Аллоҳ ҳузурига кўтарилганликлари, орадаги етмиш қават парда кўтарилиб, бор-йўқ тўсиқлар бартараф бўлганлиги, пайғамбаримиз Аллоҳдан умматларининг гуноҳини сўраганликлари ва Аллоҳ ўз ҳабибининг барча истакларини қабул қилгани ҳақида фикр юритилади.

Достоннинг 5-боби тўрт халифанинг биринчиси Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ мадҳига бағишланган. Алишер Навоий бу зотни “содиқу сиддиқ” деб атаб, ташбеҳ санъати воситасида пайғамбаримизни ғор ичидаги хазинага, Абу Бакр (р.а)ни эса шу хазинани қўриқлаб ётган аждаҳога ўхшатади:

Содиқу сиддиқу ҳамрози онинг,
Ҳар ёмон-яхшида дамсози онинг…

Ганжким ғор ичра пинҳонлик қилиб,
Аждаҳодек ул нигаҳбонлик қилиб.

Абу Бакр Сиддиқнинг пайғамбаримиздан кейин халифа имом бўлиб қолганликларини гўё қуёш кетиб, ой қолганлигига нисбат беради:

Ўрниға они расул айлаб имом,
Ой бўлиб хуршидға доим мақом.

6-боб Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ ҳақидаги ҳикоятни ўз ичига олади. Ҳикоятда айтилишича, Абу Бакр Сиддиқ халифалик тахтига ўтирганларида диндан қайтган бир гуруҳ кишилар ислом фарзларидан бири бўлган закотни бекор қилишни талаб қиладилар. Шунда халифа ғазаб билан: “Пайғамбар қонунида бирор ип миқдорича нарсани ҳам ўзгартириш мумкин эмас. Кимки бунга қарши бош кўтарса, уларга жавоб қилич ва ўқдир” деб айтадилар.

Достоннинг 7-боби Ҳазрат Умар Форуқ мадҳига бағишланган. Алишер Навоий ислом оламида ҳақни хатодан фарқ қилишда бу кишига тенг келувчи бошқа инсон йўқ эди, дейди:

Ҳақни ботилдин бировким қилди фарқ,
Адли бирла равшан етти ғарбу шарқ.

Ондин ўзга йўқ эди офоқ аро,
Балки ушбу қасри олий тоқ аро.

8-боб Ҳазрат Умар Форуққа бағишланган ҳикоятдан иборат. Ҳикоятга кўра, Ҳазрати Умар Мадойинни эгаллаганларида, жуда катта хазина йиғилади. Ҳазрати Умар бу хазина ва мол-мулкка қўз қирларини ҳам ташламайдилар: барча хазинани ғазотга чиқувчилар учун бўлиб беришни буюрадилар.

9-боб – Ҳазрат Усмон (р.а.) мадҳидадир. Ҳазрат Усмон пайғамбаримизнинг икки қизларига уйланганликлари учун “зуннурайн” лақабини олганлар. Алишер Навоий бу зотни Қуръони Каримни тўплаганлари сабаблари халқ Усмон ибн Аффон деб атади дейди:

Тенгри айлаб жомеъи “Қуръон” они,
Халқ деб Усмон бин Аффон они.

10-боб Ҳазрат Усмон ҳақидаги ҳикоятни ўз ичига олади. Ҳикоятга кўра, пайғамбаримиз бир куни элдан фароғат истаб, хилватга кириб, бир оёқларини узатиб ўтирадилар. Уларнинг ҳузурларига баъзи зодагон саҳобалар, айрим азиз ва шариф кишилар кирганларида ҳам уларнинг ҳолатларида ўзгариш бўлмайди. Лекин хонага ҳазрат Усмон киргач, расули акрам узатган оёқларини йиғиб оладилар. Бу пайғамбаримизнинг ҳазрат Усмонга бўлган чексиз ҳурматлари ифодаси эди.

11-боб мўминлар амири Ҳазрат Али (р.а) мадҳига бағишланган. Навоий бу зотнинг пайғамбаримизга фарзанд даражасида бўлганликларини айтиб, улар орасида “мен сеникиман, сен меникисан” деган аҳд мавжудлигига ишора қилади:

Анбиё сархайлига фарзанд ул,
Хайли одам ичра бемонанд ул…

Иттиҳодида нубувват шамъининг
Сўзи буким сен менингсен, мен сенинг.

12-боб Ҳазрат Алига бағишланган ҳикоятни ўз ичига олади. Ҳикоятга кўра, ғазот жангларидан бирида Ҳазрат Алига ўқ тегади. Ўқнинг учи уларнинг суякларигача ботиб, тортиб олишнинг иложи бўлмайди. Шунда саҳобалар пайғамбаримиздан бу ишнинг чорасини сўраганларида, расули акрам “У намоз ўқиётган пайтда ўқни тортиб олиш пайида бўлингиз. У намозга шундай берилган бўладики, ўқни тортиб олганларингни билмай қолади”, — дейдилар. Саҳобалар айтилгандек қиладилар ва Аллоҳ кушойиш бериб, бир лаҳзада жароҳатдан на дарду на ўқ учи қолади.

13-боб буюк форсигўй адиб Фаридиддин Аттор мадҳига бағишланган. Алишер Навоий сўз ўйини воситасида шоир тахаллусига мажозий нисбат бериб, бу дўконда оламдаги барча бойликлар: дуру гавҳарлар, гулобу мушки анбарлар, ширинликлар жамъ эканлигини айтади:

Ҳар не гардун баҳр ила конида бор,
Онча юз Аттор дўконида бор.

Алишер Навоий Атторнинг ёзган асарлари халқ учун гулқанд каби фойдалидир дейди ва шу муносабат билан унинг асарлари рўйхатини келтиради: “Мусибатнома”, “Илоҳийнома”, “Уштурнома”, “Лужжаи ҳилол”, “Тазкирату-л-авлиё”, “Мантиқу-т-тайр” ва бошқалар. Боб сўнгида Навоий агар Ҳақ мадад берса, мендек гадо Шайх руҳидан ёрдам олиб, қушлар нутқини изҳор қилсам, яъни “Мантиқу-т-тайр”га жавоб ёзсам дейди:

Лек ҳақ тавфиқ берса, мен — гадо,
Шайхнинг руҳиға айлаб иқтидо.

Ўйла қушлар нутқини изҳор этай,
Булбулу тўти киби ғуфтор этай.

Ким халойиқ чун тараннум айлагай,
Қуш тили бирла такаллум айлагай.

Лек сурмак нуктани тўти мисол,
Будур инсоф ўлса, эй фархунда фол.

Ким бу тўти тўъмаси бўлғой шакар,
Ул шакар фикр айласанг бўлғай магар.

Тенгрининг лутфу иноят хонидин,
Яъни, ул Атторнинг дўконидин.

Достоннинг асосий қисми 14-бобдан бошланади. Бир куни барча қушлар мажлис қурмоқ учун йиғилибдилар. Лекин мажлисда ўрин талашиб, жанжаллашиб қолибдилар. Шунда улар агар бир адолатли подшо бўлганда, баҳсга ҳожат қолмаган бўларди, деб ўйлабдилар. Шу вақт Ҳудҳуд деган қуш шундай подшоҳ борлигини, унинг номи Симурғ эканлиги ва Симурғнинг ҳузурига бормоқчи бўлганлар узоқ ҳамда машаққатли йўлни босиб ўтишлари зарурлигини айтади:

Борча олам қушларига шоҳ ул,
Ҳолингиздин мў-бамў огоҳ ул.

Ул ёқин сизга-ю сиз ондин йироқ,
Васл – анга ойин, вале сизга – фироқ.

Йўлида етса талабдин минг тааб,
Ҳам анга етмас киши қилмай талаб.

Лекин ул водий ниҳоятдин узун,
Қатъида офат ниҳоятдин фузун.

Умрлар урмоқ керак тинмай қанот,
Неча каркас умрича бўлса ҳаёт.

Қушлар Ҳудҳуд бошчилигида йўлга тушадилар. Бир неча кун йўл юргач, машаққатли сафар уларни толиқтиради. Улар ортга қайтмоқчи бўладилар ва бирин-кетин Ҳудҳудга ўз узрларини айта бошлайдилар. Дастлаб Тўти узр айтади. Ҳудҳуд унга жавобан “Ҳийлагарликни касб қилган яшил чакмонли киши” билан боғлиқ ҳикоятни келтиради. Тўтидан сўнг Товус узр айтиб, “Тангри мени атрофдагилар кўриб, ҳуснимга таҳсин айтишлари учун яратган, шундай экан, менга бу сафардан не ҳожат”, — дейди. Ҳудҳуд унга жавобан масхарабоз бир ҳиндунинг ўзини турли нақшу нигорлар билан безаб, майдонда томоша кўрсатгани, унинг атрофи бир гала бебошлар тўдаси билан тўлгач, назоратчилар томонидан тутиб олиниб, дарра билан савалангани ҳақидаги ҳикоятни келтиради. Ундан сўнг Булбул узр айтади. У ўз чаманидаги бир гулга ошиқлигини, гулдан айрилиққа чидай олмаслиги ва бу сафар унга чексиз ҳажр азобини олиб келаётганлигини баён қилади. Ҳудҳуд унга бир подшоҳга ошиқ бўлиб қолгани ҳақида лоф урган гадо ҳикоятини келтиради. Шу тариқа Қумри, Кабутар, Кабки дарий (Тоғ каклиги), Тазарв, Қарчиғай, Шунқор, Бургут, Куф (Бойўғли), Ҳумой, Ўрдак, Товуқ (Хўроз) каби қушлар ўз узрларини айтадилар. Ҳудҳуд уларнинг ҳар бирига мос ҳолатда турли ҳикоятлар билан жавоб қайтаради. Қушлар йўлларида давом этадилар. Улар Ҳудҳуддан Симурғга етишиш йўли ҳақида сўрайдилар. Ҳудҳуд уларга достондаги энг катта ва алоҳида мавқега эга бўлган “Шайх Санъон” ҳақидаги ҳикоятни сўзлаб беради.

Ҳикоятда келтирилишича, Шайх Санъон исмли авлиё Каъбадаги барча шайхларга муршид – устоз даржасида эди. Унинг 400 га яқин муриди бўлиб, уларнинг ҳар бири Жунайд ва Боязид ларга тенг эди. Шайх Санъон тушида бирор нарсани кўрса, бу воқеа ўнгида ҳам юз берарди. Бир куни у тушида Рум мамлакатида бутхона ичида маст ҳолда сайр қилиб юрганлигини кўради. Уйғониб, бу ҳолига тавба қилади. Лекин бу туш бир неча бор такрор бўлгач, унинг таъбири тақдири билан алоқадор эканлигини ҳис қилиб, ўз муридлари билан Рум сари йўлга тушади. Ниҳоят Рум ўлкасига етиб келишади. У ерда ғаройиб бир бутхонани кўрадилар. Шайх бутхонага киргач, ҳолатида ўзгариш содир бўлади, кўнгли изтиробдан бетоқат бўла бошлайди. Шунда беихтиёр унинг қаршисида юзига парда тортган тарсо (христиан динига мансуб) қиз пайдо бўлади. Шамол кўтарилиб, гўзалнинг юзидаги парда очилгач, Шайх ўзидан кетиб, тупроққа йиқилади. Шу тариқа Шайх ишқ дардига мубтало бўлади. Навоий унинг изтиробли ҳолатини шайх тилидан шундай тасвирлайди:

Ким:— «Бўлур ҳар лаҳза ранж афзун манга,
Не эдиким қилдинг, эй гардун, манга!

Офиятдин ишқ сори бошладинг,
Юз ёнар ўт ичра олиб тошладинг…

Оллоҳ! Оллоҳ! Не кечадур бу кеча!
Саъб мундоғ, ё раб, ўлғайму кеча!

Ўткарибмен кўп суубат кечалар,
Кўрмадим мундоғ уқубат кечалар!..

Дўстлар, нетти мадад еткурсангиз,
Жамъ ўлуб мен зорни ўлтурсангиз.

То қутулса даҳр оримдин менинг,
Даҳр эли афғону зоримдин менинг.

Жонима, асҳоб, тиғи қатл урунг.
Куйдуруб, ҳарён кулумни совурунг.

То жаҳонда бўйла расво бўлмайин,
Бир ўлай, юз қатла ҳардам ўлмайин!»

Шайхнинг бу мусибатли ҳолатини кўриб, муридлари насиҳатлар бера бошлайдилар. Улар шайхга ақл мезони билан хитоб этадилар, шайх эса ишқ йўсинида жавоб қайтаради. Муридлар унга таҳорат олиб, ибодат қилмоқни маслаҳат берганларида шайх уларга шундай жавоб қайтаради:

Шайх деб:— «Йўқ кўз ёшимдин ўзга сув,
Қон келур ҳардам боғирдин кўзга сув».

Муридлардан бирининг Каъбани зиёрат қилмоқ даркор деган даъватига Шайх томонидан шундай жавоб бўлади:

Шайх дебким: “Онда қилғонни талаб,
Мунда топдим, не чекай ул ён тааб”.

Шу тариқа Шайх ҳар муриднинг куйиниб айтган ўгитларига ишқ сўзи билан жавоб қайтаради.

Бутхонадаги кишилар эса дин аҳлининг бу ҳолатини мазах қилиб, ўз динларининг устунлигини гумроҳларча таъкидлай бошлайдилар. Бу ҳол тонг ёришгунга қадар давом этади. Муридлар номусга чидай олмай, шайхни ёлғиз ташлаб кетадилар. Шайх бутхонадаги болаларга ҳам масхара бўлади. Шу тариқа орадан бир ой ўтади. Ниҳоят, тарсо қизи яна бутхонада пайдо бўлади ва исломдек буюк дин пешвоси Шайхнинг кофирлар бутхонасида бу тарзда яшашидан мақсади не эканини сўрайди. Шайх тарсо қизига ўз ҳолини баён қилиб, буларнинг барчасига сабабчи сенинг оразинг, деб жавоб беради. Тарсо қизи шайх ишқининг далили сифатида унга тўрт шартни бажариши ва икки журмона (жарима) тўлаши кераклигини айтади. Айтилган тўрт шарт қуйидагилар эди:

1) май ичмоқ;
2) зуннор боғламоқ;
3) Қуръонни ўтда куйдирмоқ;
4) бутпарастлар динига кирмоқ.

Журмона сифатида эса бир йил давомида чўчқабоқарлик қилиш ва оташгоҳда ўт ёқишни буюради. Шайх бу шартлар ва журмоналарни ортиғи билан адо этади. Шу тариқа орадан бир йил ўтади.

Шайхнинг Каъбада бир фоний муриди бўлиб, Шайх Румга отланганида у бошқа бир мамлакатда сафарда эди. Сафардан қайтгач, Шайхни тополмай, бўлиб ўтган воқеалар ҳақида суриштиради. Муридлар унга аҳволни баён қиладилар. Фоний мурид уларга таъна қилиб шундай дейди:

Шайхким, пир эрдию, сизлар мурид,
Борчаға иршодидин беҳбуд умид…

Шайхингизга бевафолиқ бошлабон,
Қиблангингизни дайр ичинда ташлабон….

Одами бўлса, вафо андин йироқ,
Ит вафо бобида андин яхшироқ…

Шу тариқа шогирд бу ерда ўтириш билан иш битмайди, деб барча муридларни Рум сари йўлга бошлайди. Етиб бориб, кўрадиларки, Шайхда на ислом, на иймон маслагидан асар қолмаган эди. Содиқ шогирд бу ҳолни кўриб, оҳ уради ва кеча-кундуз Яратганга муножот қилиб, Шайхнинг ҳақига дуо ўқийди ва, ниҳоят, Аллоҳ унинг дуосини қабул этади. Шайхга ғойибдан огоҳлик етиб, кўзларидан хижолат ёшларини тўкиб, садоқатда бемисл бўлган шогирдига узрхоҳлик қилади. Шайх яна эгнига поклик хирқасини кийиб, ўз муридлари билан Каъба сари йўл олади.

Румда қолган тарсо қизи туш кўради. Тушида Исо (а.с.)дан: “Шайх Санъондек буюк муршид сенинг ҳузурингга меҳмон бўлиб келсаю, сен мезбонлик одатини билмасдан унинг бошига не кунларни солдинг?! Энди вақтни ғанимат билиб, унинг ортидан бор, динига мушарраф бўл”, – деган хабар келади. Тарсо қизи оҳ урганча, кўзларидан надомат ёшларини тўкиб, Каъба томон йўлга тушади. Йўлда унга хасталик ва ожизлик юзланиб, тупроқ устида ҳушидан кетади. Шайхга бу ҳол аён бўлиб, муридлари билан ортга қайтади ва тарсо қизининг сўнгги лаҳзаларда иймон соҳибаси бўлиб жон беришига шоҳид бўлади. Алишер Навоий ҳикоят сўнггида ишққа шундай таъриф беради:

Ишқ баҳредурки, йўқ поён анга,
Ҳар ҳубоби гунбади гардон анга…

Оламедур ишқ, лекин бас васеъ,
Торамедур ишқ, лек асру рафеъ…

Шу ўринда Навоий агар унга Аллоҳ умр берса, ўз ишқи шарҳини назмга солиб, бир достон ёзиш нияти борлигини айтади:

Бир неча кун умрдин топсам амон,
Шарҳи ишқим назм этай бир достон.

Анда билгай кимгаким инсофдур,
Ким сўзум чинмудурур ё лофдур.

Маълумки, тасаввуфда Ҳақни танишнинг икки йўли мавжуд. Биринчиси ҳаяжонли, руҳий кечинмаларни ошкора изҳор этиб бориш майли бўлса, иккинчиси осойишта, ички дардни яшириш майлидир. Биринчи майл “сукра” (мастлик) йўли деб аталиб, унинг йирик намояндалари сифатида Боязид Бистомий, Мансур Ҳаллож, Абу Саъид Абулхайр, Фаридиддин Аттор, Жалолиддин Румий, Бобораҳим Машраб номларини келтириш мумкин.

Иккинчи майл саҳв (ҳушёрлик) йўли деб номланиб, унинг тарафдорлари қаторида Жунайд Бағдодий, Саъдий Шерозий, Бахоуддин Нақшбанд каби ижодкорларларни санаб ўтиш мумкин.

Адабиётшунос олим Н.Комиловнинг фикрича, Шайх Санъоннинг барча диний илмлари ва Қуръонни унутиши бу Ҳаққа етиш учун дунёвийликдан, жумладан, ақл ва ақлий нарсалардан қутулиш, ўзлигини унутишга ишорадир. Унинг хотираси қайтиши эса, сукрадан саҳвга қайтиш ҳисобланади. Ҳақиқий бақо эса саҳв, яъни ҳушёрликка қайтишдан кейин бошланади. Сукрадаги солик бамисоли денгизга шўнғиб, ғарқ бўлган киши бўлса, саҳвга қайтган денгизга шўнғиб, гавҳар доналарини олиб қайтиб чиққан ғаввос кабидир.

Ҳудҳуд ҳикоятдан сўнг асл манзилга етиш учун 7 водийни босиб ўтиш кераклигини айтади. Қушлар водийлардан ўта бошлайдилар:

1. Талаб водийси – қушларнинг Симурғ васлига талабгорлиги билан боғлиқ бўлиб, Навоий бу водийга шундай таъриф беради:

Чун талаб водийсиға қўйсанг қадам,
Оллинга ҳар дам келур юз минг алам…

Истамак ранжи кўнгулни зор этар,
Топмомоғлиғ руҳни афгор этар…

Ламъа кўргузган сойи меҳри висол,
Айлагай шоминг саҳарға интиқол…

Аждаҳодин етмагай кўнглунгда ранж,
Ўйла бўлмиш бўлғай ул машъуф ганж.

Алишер Навоий ҳар бир водий таърифидан сўнг шу водий моҳиятини очиб берувчи ҳикоят ҳам келтиради. Жумладан, асарда талаб водийси билан боғлиқ қуйидаги ҳикоят берилади:

Қадимда бир қудратли подшоҳнинг Юсуфдек гўзал ўғли бўлган экан. Бутун олам аҳли унга ошиқу шайдо бўлиб, агар у қатл этмоқчи бўлса ҳам, кишилар бундан ғам чекишмас экан. Бир куни у саҳрода айланиб юриб, минглаб ошиқи зорларнинг унинг ишқида изтироб чекаётганлигини кўради . Улар орасида икки девона шаҳзоданинг диққатини тортади. Мулозимлар уларни ушлаб қаср томон олиб келадилар. Шоҳ улардан бирини зиндонга ташлаб, иккинчисини ўзига итбоқар қилиб тайинлайди. Шунда улардан бири иккинчисидан бу азоб-уқубат ичида ҳоли қандай эканлигини сўраганида у бу ҳолат машаққат эмас, балки ошиқ учун роҳат эканлигини айтади. Иккинчиси ҳам бу сўзларни тасдиқ этиб, ошиқ ўз маъшуқи васлига талабгор экан, бу азоблар унга фақат мамнунлик бахш этишини баён қилади. Бу сўзларни пана жойдан эшитиб турган шаҳзода бениҳоя хурсанд бўлиб, уларни ўзининг яқин маҳрамларига айлантиради.

Ҳикоятдан келиб чиқадиган хулоса шуки, талаб водийсига қадам қўйган солик ошиқликдан келадиган жами синовларга, машаққат ва уқубатларга тайёр туриши, маъшуқ васли йўлидаги қийинчиликларни бахту саодат деб қабул қилиши керак. Зеро, бу водийдан мақсад Яратганнинг васлидир.

2. Ишқ водийси – бу водийда қушларнинг қалбини Симурғнинг ишқи банд этади, улар ўзларини ва дунёни унутадилар. Алишер Навоий бу водийни шундай таърифлайди:

Ишқ келди машаъли гетифурўз,
Дема машъал шуълайи офоқсўз.

Ишқ аро ҳар кимса дархур бўлмағай,
Ўтқа лойиқ жуз самандар бўлмағай…

Куймаган ишқ ичра эрмас ишқбоз,
Ошиқ эрмас, улки эрмас жонгудоз.

Мазкур водий тавсифи учун ҳазрат Алишер Навоий Асмаъий билан боғлиқ ҳикоятни келтиради. Ҳикоятга кўра, Асмаъий ҳаж томон кетаётиб, бир чашма бошида ёзув битилган тошни кўради. Тошда шундай деб ёзилган эди: “Эй Ҳижоз аҳли! Бир сирнинг чорасини топсангиз: агар киши ишққа мубтало бўлиб, ишқ уни сабру қароридан жудо этган бўлса, нима қилсин?”

Асмаъий қўлига қалам олиб, ёзув тагига шундай сўзларни битади: “Кимки бу ҳалокатли йўлга кирган бўлса, ундан қўрқмасин”. Бу сўзларни ёзиб бўлиб, Асмаъий яна йўлида давом этади. Эртасига яна шу жойга келиб қараса, тошда янги ёзув пайдо бўлган экан: “Агар ошиқ пок бўлсаю, ишқини яширин сақласа, лекин муҳаббат шиддатидан тоқати тоқ бўлиб, васлга эҳтиёж сезса, бунинг иложини топмаса, нима қилсин?” Асмаъий бу сўзларни ўқиб, қалами билан шундай деб ёзиб қўяди: “Агар ўша дардли инсон насиҳатларимдан ўз мақсадига эришмаган бўлса, ўлсин ва ишқ ўтидан ўзини халос қилсин!”

Орадан бир кун ўтиб, ошиқнинг жавобини билиш учун ўша жойга келган Асмаъий чашма ёнида бошини тошга уриб, ҳалок бўлган бир кишини кўради. Асмаъий бу ҳолдан азобланиб, ҳалок бўлган ошиқ учун мотам тутади ва марҳумни қабрга қўяди.

Ушбу ҳикоятдан келиб чиқадиган хулоса шуки, ошиқнинг асосий маслаги – ишқ йўлида жисмдан воз кечиш ва ёр учун ўлмоқликни арзимас иш деб билиш.

3. Маърифат водийси – бунда қушлар Симурғ ҳақидаги билимлар, ғоялар чексизлигини ҳис этадилар, Симурғни таний бошлайдилар.

Кимки бу водийға бўлди муттасиф,
Топти анда ҳолларни мухталиф.

Водийедур, юз туман минг онда йўл,
Ул бу бир келмай, онингдекким бу ул…

Гар сулук атворида тағйир эди,
Мақсади лекин борининг бир эди.

Водий таърифига илова тарзида қуйидаги ҳикоят келтирилган: Айтишларича, бир куни бир гуруҳ кўрлар тақдир тақозоси билан Ҳиндистонда бир муддат яшаб, ўз юртларига қайтибдилар. Шунда бир киши улардан: “Ҳиндистонда филни кўрдингларми?” – деб сўрабди. Кўрлардан тасдиқ жавобини олгач, филнинг қандай ҳайвон эканини таърифлашларини илтимос қилибди. Шунда кўрларнинг ҳар бири филнинг маълум бир аъзосини пайпаслаб ҳосил қилган тасаввури асосида филни устунга, аждаҳога, иккита суякка, осилиб турган илонга, чўққига, қимирлаб турган икки елпиғичга ўхшатибди. Уларнинг таърифини тинглаб турган филбонликдан хабари бўлган бир киши кўрларга танбеҳ бермасдан, шундай дебди: “Гарчи улар ўз билганларича сўз айтиб, бир-бирларига зид фикрларни келтирган бўлсалар-да, уларнинг айтганлари кечирарлидир. Чунки улар айтган бу сифатларнинг барчасини бир ерга жам қилса, бу жавоблардан фил ҳақидаги муайян тасаввур пайдо бўлади”.

Ҳикоятдан келиб чиқадиган хулоса шуки, Аллоҳни таниш ва билиш йўли ҳар бир солик учун ўзига хос бўлиб, бу йўллар қанчалик хилма-хил бўлмасин, уларнинг мақсади бир – Яратганни англашдир.

4. Истиғно (эҳтиёжсизлик) водийсида қушларнинг эҳтиёжманд, Симурғнинг эса эҳтиёжсизлиги тасвири баёнида соликнинг мана шу эҳтиёжсизликни англаб етиш замиридаги ҳолати ифодаланади. Навоий водийни шундай тасвирлайди:

Водий ондин сўнгра истиғнодурур,
Онда тенг аълову гар аднодурур…

Етти кишвар ичра шоҳи қаҳрамон,
Бир гадо онда ҳамону ул ҳамон…

Онда тенг кўр гумраҳу огоҳни,
Дайр кўйи бирла Байтуллоҳни.

Водий моҳиятини ёритиш учун Алишер Навоий шатранж ўйини билан боғлиқ ҳикоятни келтиради. Унга кўра, икки шатранж устаси икки томонга ўтириб, ўртага тахтани қўйган ҳолда унга шатранж доналарини териб чиқишади. Икки ўртада кураш бошланади. Бунда шатранж тахтаси ўраб олинган қалъага, ундаги кураш эса худди ҳақиқий уруш майдонига ўхшаб қолади. Агар ўйин тугаб, шатранж ўйновчи тахтанинг бир четини кўтарса, буларнинг барчаси бир зумда йўққа чиқади. Чунки шатранж ўйновчи уста учун ўйин тугагач, шатранж доналарининг ҳеч қандай фарқи қолмайди. Шатранж доналари халта ичига солингач, “шоҳ” қуйи тушиши, “пиёда” эса юқорига кўтарилиши мумкин. Хулоса шундаки, Ҳақ наздида барча инсонлар шатранж доналари каби “ҳаёт ўйини”дан сўнг тенг даража касб этадилар.

5.Тавҳид (бирлик) водийси. Бутун борлиқ ягона руҳ – Симурғдан иборат эканлигини тушуниш:

Чун бу водий сори сайринг қўйди гом,
Фарду яктолиғ санга бўлди мақом…

Бирда бирдин ҳосил ўлди бир адад,
Йўқ хирадқа мунда дам урмоққа ҳад…

Бир бўлу, бир кўру, бир де, бир тила,
Майл қилма мунда иккилик била.

Водий моҳиятини янада аниқ ифодалаш учун Алишер Навоий Мансур Халлож билан боғлиқ воқеани келтиради. Унга кўра, Мансур Халлож доим тилида “Анал Ҳақ” жумласини такрорлаб юради. Дин арбоблари: “Сенга юзланган ҳолат сулук аҳлининг кўпига аён, лекин улар одоб сақлаб, ўз даъволарини ошкор қилмаганлар. Сен ҳам нафсингни дорга сазовор қилма”, – деб насиҳат қиладилар. Лекин Мансур Халлож бу жумлани такрорлашдан тўхтамайди. Бир куни у тушида Расулуллоҳ (с.а.в.)ни кўради. Расулуллоҳ (с.а.в.) унинг дилидаги “Нега Муҳаммад (с.а.в.) меърож кечаси фақат ислом умматининг гуноҳини сўради, барча осийларнинг гуноҳини тилаганда нима бўларди” деган ўй-хаёли учун унга танбеҳ беради:

Онда менликнинг хаёли йўқ эди,
Балки бу лафз эҳтимоли йўқ эди.

Элтган ул эрди бошлағон ҳам ул,
Истағон ҳам ул, бағишлағон ҳам ул…

Ул эди дегон ўзи, берғон ўзи,
Базл аро сочқон ўзи, терғон ўзи.

Ҳикоятдан келиб чиқадиган хулоса шуки, Мансур Халлож тавҳид моҳиятини тўла англаб етмагани учун “менлик” хаёли билан “Анал Ҳақ” жумласини такрорлаб юрар эди. Аслида тавҳид водийсида “менлик”ка йўл йўқ.

6. Ҳайрат водийси – Симурғнинг улуғворлигидан ҳайратга тушиб, ақлдан маҳрум бўлиш.

Алишер Навоий мазкур водий ҳақида шундай дейди:

Ҳайрат айлар тилни гунгу лол ҳам,
Ақл зойил, ҳушни помол ҳам…

Йўқни билмас, борини ҳам онгламас,
Не буларни тонглару, не тонгламас…

Фоний эрканнию боқийлиғни ҳам,
Маст эрканнию соқийлиғни ҳам.

Алишер Навоий мазкур водий билан боғлиқ қарашларини ифодалаш учун бир бора васл шаробидан маст бўлиб, ўзини йўқотган ва ҳажрда қолган йигит ҳақидаги ҳикоятни илова қилади. Унга кўра, бир подшоҳнинг ҳуснда ягона қизи тушида бир йигитни кўриб, севиб қолади. Бир куни отасининг базмида у йигитни кўриб, ҳушидан айрилади. Йигит ҳам қизни кўриб, ишқда ёна бошлайди. Подшоҳнинг қизи ўзига яқин бўлган икки маҳрам канизагига ўз сирини очиб, дардига даво топишларини ўтинади. Бу икки канизак жуда устомон ва ақлли бўлиб, ўз маликаларининг ҳажр ўтини бартараф этиш учун йигитни излаб топиб, у билан дўст тутинадилар. Суҳбатларда йигит ўз ишқи ҳақида уларга айтиб беради. Икки канизак базм уюштириб, йигитни чорлайдилар, қўшиқ айтиб, май билан маст қиладилар. Сўнг подшоҳнинг қизи ҳузурига йигитни элтадилар. Йигит у ерда ҳам май ичади, ақлни олгувчи базмда маст бўлади, мутлақо ўзини унутади… Ниҳоят ҳуши ўзига қайтгач, маъшуқа васлининг тушми, ўнгми эканини фаҳм этолмай, паришон бўлади. Атрофдагилар унинг ҳолини сўрашса, мен ҳажр ўтида ёняпман, яна ҳолимни сўраб, азобга солманг, деб жавоб беради. Буюк шоир бу ҳикоятни айнан ҳайрат водийси билан боғлаб келтирар экан, Ҳақ васли сари интилган солик ҳали чинакам висолга эришмай туриб, ундан бениҳоя ҳайратга чулғаниб, ўзлигини унутишига ишора қиляпти. Бу эса ўз ўрнида чинакам дийдор учун солик руҳини тайёрлаш босқичини ўтайди.

7.Фақру фано водийсида ўзликдан воз кечиб, Симурғ билан бирлашиш, абадийликка қайтиш моҳияти мужассам. Навоий бунга шундай таъриф беради:

Йўқ бу водий ичра жуз хомушлуқ,
Гунгу кар бўлмоғлиғу беҳушлуқ…

Ҳар неким қилсанг гумон топғон вужуд,
Буди йўқ, бу навъ эрур бори намуд.

Ғайри ҳақким, қодири барҳақдур ул,
Борча фоний, боқийи мутлақдур ул.

Ушбу водий шарҳида Навоий бир эмас, тўрт ҳикоят келтиради. Улар орасида “Парвоналар ва шам” ҳикояти алоҳида аҳамиятга эга. Ҳикоятга кўра, бир кеча парвоналар жам бўлиб, шамга етишмоқни мақсад қилишибди. Қанотларини ўтда ёқишга ҳозирлаб, ўз ҳолларини изҳор қилмоқчи бўлибдилар. Парвоналардан бири қанотларини қоқиб, шамда ёна бошлабди ва шам ҳақидаги сўзларни бошқа парвоналарга аён қилибди. Парвона ҳар қанча равшан сўзламасин, эшитувчилар уни англай олмабдилар. Шунда бошқа парвоналар ҳам бу ҳолни англамоқ учун уриниб кўрибдилар ва ўз қанотларини куйдирибдилар. Сўнгги парвона қўрқмасдан ўзини шуълага уриб, пок бўлибди ва ўзи ҳам шуълага айланибди. У ўз мақсади ичра нобуд бўлибди ва фанода айни муддаога эришибди. Ҳикоятдан келиб чиқадиган хулоса шуки, куймай туриб, шам билан бирликка эришиб бўлмайди. Солик фано бўлмай туриб, абадийликка, Ҳақ висолига эришолмайди. Шоир ҳикоят сўнгида Фоний тахаллусини қўллаш билан водий моҳиятини янада теранроқ, чуқурроқ англатади:

Фониё, лофи фано урмоғни қўй,
Васл эса коминг, фано ўтиға куй.

Эврулуб шамъ ўтиға парвонавор,
Ўзни ташла шуълаға девонавор.

Ниҳоят водийлар сўнгида фақат ўттиз қуш қолганлиги маълум бўлади. Ўттиз қуш форсчада “Си мурғ” дегани. Бу қушлар қаерга боқмасинлар, у ерда ўзларининг аксларини кўра бошлайдилар:

Кўрдилар ўзни қаёнким тушти кўз,
Оллоҳ-Оллоҳ не ажойибдур бу сўз.

Ким қилиб Симурғни ўттиз қуш ҳавас,
Ўзларин кўрдилар ул Симурғ бас.

Достон сўнгида қушлар ўзларидаги Симурғни кашф этадилар.

Тасаввуф фалсафасига кўра, бу дунё Ҳақнинг тажаллийси – Аллоҳнинг жилоланишидир. Дунёдаги барча мавжудот Аллоҳнинг зуҳуридир. Шу маънода инсон ҳам ўзидаги мана шу заррани кашф этмоғи, бунинг учун эса жуда узун ва машаққатли йўлни босиб ўтмоғи керак. Бу юқорида келтирилганидек, етти водийдир. Сўнгги водий фақру фано водийси, яъни йўқликка айланиб, Оллоҳга қўшилмоқдир.

Шундан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, Симурғ – Ҳаққа етишиш тимсоли. Қушлар – Ҳақ васлига талабгор соликлар тимсоли. Ҳудҳуд эса пири комил рамзи.
Юқорида кўринганидек, “Лисону-т-тайр” достони Фаридиддин Атторнинг “Мантиқу-т-тайр” достонига жавоб тарзида ёзилган. Бир қарашда бу икки достондаги воқеалар ривожи ҳам, ундаги қаҳрамонлар ҳам бир хилдек тасаввур уйғонади. Аслида, ҳар икки муаллиф ғоявий нуқтаи назар ҳамда қаҳрамонларга зиммасидаги бадиий юк жиҳатидан бир-бирларидан фарқланадилар. Адабиётшунос З.Мамадалиева ўзининг “Алишер Навоий “Лисону-т-тайр” достонидаги рамзий образлар тизими” номли тадқиқотида мазкур икки достондаги рамзий тимсолларни талқин қилиш асносида Навоий достонидаги Ҳудҳуднинг ўзига хос бир неча хусусиятларини кўрсатиб ўтади:

1) Навоий талқинидаги Ҳудҳуд комил инсон рамзи бўлиш билан бирга муаллифнинг достондаги биринчи рақамли тимсоли ҳамдир;
2) Навоий тасвирлаган Ҳудҳуд юксак ирфоний масалаларни ҳар бир қушнинг даражасига мос равишда содда ҳаётий воқеалар ва мисоллар билан тушунтириб беради;
3) Фаридиддин Аттор ўз достонида асар сюжетини ҳеч бир воқеасиз қушларни таърифлаш билан бошлайди, “Лисону-т-тайр”да эса қушларни таърифлаш вазифаси Ҳудҳудга юкланади;
4) “Мантиқу-т-тайр”да етти водий таърифи келганда Ҳудҳуднинг вазифаси тугайди, лекин Навоий достонидаги Ҳудҳуд қушларни сўнгги водий фақру фано водийсида ҳам қўллаб-қувватлайди.

Шунингдек, тадқиқот муаллифининг фикрича, “Мантиқу-т-тайр”даги ғояга кўра, ундаги қушлар Симурғнинг сояси, холос. Яъни улар Симурғга интилганларидагина аҳамиятли. Қушлар (инсонлар)нинг бу дунёдаги ҳаёти ҳижрон ва айрилиқда. Навоийда эса уларнинг яратилиши ҳижрон ва айрилиқда эмас, балки Яратганнинг ҳикматидадир. Шу маънода икки достонда ваҳдату-л-вужуд фалсафасининг икки хил талқини акс этганлигини кўрамиз. Аттор достонида қушлар сўнгги водийда Симурғ билан бирлик касб этадилар, Навоий достонида эса риёзат чекиш асносида покланиб, ўзларидаги Симурғни кашф этадилар.

Достондаги баъзи қушларни рамзий тимсоллар сифатида қуйидагича талқин қилиш мумкин:

Товус – дунё гўзаллигига маҳлиёлик.
Қарчиғай – ҳокимлик қилиш истаги.
Булбул – фоний дунё ошиғи.
Каклик – ўз рафтору амалларига маҳлиё бўлиш.
Бургут – мақсадсиз куч-қудрат.
Товуқ – фикрий, маънавий парвоздан маҳрумлик.

Бундан келиб чиқадики, кўпчилик Ҳаққа етишиш даъвоси билан сулукка кириши мумкин, лекин ҳамма ҳам бу йўлдаги имтиҳон ва синовлардан ўта олмаслиги мумкин экан.

“Лисону-т-тайр” достони Аттор достони сингари рамал баҳрининг рамали мусаддаси маҳзуф вазни (рукнлари ва тақтиъи: фоилотун фоилотун фоилун – V – – – V – – – V – ) вазнида ёзилган.

Адабиётлар:

1. Навоий Алишер. Лисонут тайр. Мукаммал асарлар тўплами. 20 жилдлик. – Т.: Фан, 1994. 12-жилд.
2. Navoiy Alisher. Lison ut-tayr (nasriy bayoni bilan). – T.: G’.G’ulom nomidagi nashriyot-matbaa uyi, 2005.
3. Лисонут тайр (насрий баёни билан). Таҳрир ҳайъати: А.Қаюмов ва бошқ. – Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1991.
4. Н.Комилов. Тасаввуф. –Т.: Мoвarounnahr – O‘zbekiston, 2009.
5. Бертельс Е.Э. Навои и Аттар / Суфизм и суфийская литература. – М.: 1965. – С.377-421.
6. Имомназаров М. Ҳақиқат ва мажоз (2-3-мақолалар) // Шарқ юлдузи. – Т., 1989. — № 4; 1991. — № 4.
7. Олимов С. Ишқ, ошиқ ва маъшуқ. – Т.: Адабиёт ва санъат, 1992.
8. Шарипов Ш. Алишер Навоий “Лисонут тайр” достонининг генезиси ва ғоявий-бадиий хусусиятлари. – Т.: Фан, 1982. – 96 б
9. Шарипов Ш. “Лисонут тайр” ҳақиқати. – Т.: Маънавият, 1998.
10. Мамадалиева З. Лисон ут-тайр” достонидаги рамзий образлар тизими. Филол.фан.номз.дисс. – Т., 2011.

Xуршид Даврон
НАВОИЙ АРМОНИ
07

     Шаҳзода Мўмин мирзо ўлдирилган ҳижрий тўққиз юз учинчи йилнинг сафар ойида – 1497 сананинг эрта баҳорида Мир Алишер Навоий Машҳадда эди. У бир пайтлар ўзи сабоқ олган бу кентга Имом Ризо мақбарасини зиёрат қилишга бориб, етим-есирларга сақат улашадиган ғалвурхона қурилишини бошлатган, шу боис, бир оз ушланиб қолган эди.

Навжувон шаҳзоданинг шафқатсизларча қатл этилганини Ҳиротга қaйтаётганда эшитиб, Мир Алишер бағоят қаттиқ қайғурди ва унга пешвоз чиққан ёру-биродарларига надомат билан: «Бир вақтлар Шайх Маждиддин Бағдодийнинг ўлдирилиши оқибатда Чингизхон босқинидан Мовароуннаҳр ва Хуросон қандай қирғинбаротга учраган бўлса, Мўмин мирзонинг ўлдирилиши оқибати ҳам худди шундай фалокатлардан дарак берадур», — деб айтди. Мир Алишер бундай қабиҳона қотиллик – бобонинг ўз набирасини ўлдиришга фатво бериши салтанат инқирозининг ибтидоси эканига ишора қилганини пайқаган Султон Ҳусайн Бойқаро қаттиқ ғазабланди. Аммо ғазабини ичига ютди. Зеро, подшоҳ шаҳид шаҳзоданинг отаси, тўнғич ўғли Бадиуззамон мирзо хун қасдида албатта исён бошлашини билар, бундай шароитда Мир Алишер билан ора бузилишини хоҳламас эди.

Султон Ҳусайн бу машъум воқеадан сўнг, қарийб ярим асрлик қадрдони бўлмиш Мир Алишер салтанат ишларидан бутунлай четлашишга, бир умрлик орзусини амалга оширишга аҳд қилганидан бехабар эди. У, бу ҳақда эшитганда ҳам жиддий эътибор бермади, илло, Мир Алишер бундай қарорларни олдин ҳам қилган, аммо унинг бошига ташвиш тушганда ҳеч қачон қараб ўтирмаган, хонанишинликни тарк этиб албатта кўмакка келган. Шоядким, бу гал ҳам шундай бўлгай… Қолаверса, Мир Алишерни подшоҳ хонадонига ипсиз боғлаб қўйган бир куч бор эдики, у ҳам бўлса, Султон Ҳусайн Бойқаро билан барча кечган хотиралари эди. Аммо бу галги тарк этиш Мир Алишернинг азалий орзуси билан боғлиқлигидан, бу орзу  ёш шоирнинг кўнглига ҳали Самарқандда ўқиб юрган кезларидаёқ пайдо бўлганидан бехабар эди. Баъзилар бу ният ўша ёшлик фаслида  рад этилган севги туфайли туғилган деб шубҳа қиладилар. Ўшанда илк муҳаббати кўнглининг тубида қолиб кетганидан эзилган йигирма етти яшар Алишер ҳажга кетишга, қолган бутун умрини тариқат сулуҳига бағишлашга чоғланган, аммо юртда кечган нотинчликлар сафарга чиқишига монелик қилганди. Ўшанда ёш шоир ҳазрати Хожа Аҳрор маслаҳатига амал қилиб, тариқат илмини ўрганишга зўр берди.

Султон Ҳусайн Бойқаро адашмади, ҳақиқатан ҳам келаси йилнинг ёзига чиқиб, Бадиуззамон мирзо исён бошлади. Султон Ҳусайн қўшин сафлаб, Астрободга отланди. Мир Алишер у билан бирга кетди. Ота ва ўғил ўртасида бегуноҳ набира хуни тургани учун ҳам қиличлар муҳорабаси қаттиқ ва аёвсиз бўлмоғи маълум эди. Мир Алишер  Хуросон салтанатини парчаланишдн сақлаб қолишни ўз бурчи санар, гарчи узилган ипни қайта улаб бўлмаслигини англаса-да, ота билан ўғилнинг бузилган муносабатларини тикламоққа зўр бериб уринарди. Султон Ҳусайн ҳам бутун умидини бу гал қиличига эмас, дўстининг тадбиркорлигига боғлаганини, очиқ-ойдин бўлмаса-да, нозик ишоралар билан билдиришга ҳаракат қиларди. Мана шу сабабдан ҳам Мир Алишер ҳаялламай Бадиуззамон мирзо ҳузурига элчиликка борди. У мирзодан ота амрига қулоқ солишни тилади. Худди олдинги – Мўмин мирзо ўлдирилишидан аввал юз берган исён пайтида нима деган бўлса, ўша гапларни такрорлади. Аммо қанча уринмасин, мирзо тавба қилишдан бор тортди. У Мир Алишер қаттиқ тикилиб: «Мавлоно, мен сизни отамдан ортуқроқ кўраман, ўғлим эса сизни мендан ортиқроқ суярди. Хўш, қани айтинг-чи, ота деган фарзандини тириклайин ўлдирадими?» – деди. Кекса шоирнинг кўзидан ёш тирқиради, у мирзо нимага ишора қилганини англади. Кейин базўр ўзини ўнглаб. «Мирзо, бу гапларни унутинг», — деди. «Қайси сўзларни?» – деди Бадиуззамон мирзо. Мир Алишер ортиқ ўзини тутиб туролмади, ҳўнграб йиғлаб юборди. Унинг аҳволини кўриб, Бадиуззамон мирзонинг ҳам кўзидан дувва-дувва ёш тўкилди.

Элчи Марвда қароргоҳ тутган Султон Ҳусайн ҳузурига умидсиз қайтгач, бир замонлар улуғ Амир Темур кўрагон тиклаган қудратли салтанатнинг сўнгги парчаси бўлмиш давлатнинг таназзулига моне бўлмоқ мақсадида подшоҳга: «Фарзандингиз тавба қилишга тайёр», — деб  айтди, ниятда бор тадбирларни қўллаб, Бадиуззамон мирзо кўна оладиган шартларни қабул этишга подшоҳни рози қилди. Сўнг қароргоҳдаги чодирига кириб, исёнчи шаҳзодага мактуб битди ва ўша фурсатдаёқ чопар билан бориб бериб юборди. Икки кун ўтар-ўтмас Бадиуззамон мирзодан жавоб келди. У Мир Алишер мактубида шартларни қабул қилгани ва ҳадемай тавба учун подшоҳ ҳузурига етиб беражагини билдирган эди. Воқеалар тадрижи мирзонинг мактубидаги ваъдасини исботлади. Сулҳ битилгач, подшоҳ Мозандаронга, Мир Алишер эса дорулсалтанатга қайтишни ихтиёр этдилар.

Тонгда йўлга чиқиш маҳалида шу нарса маълум бўлдики, қароргоҳдаги шоир чодири тўсинида бир ғуррак уя ясаб, тухум қўйишга ҳам улгурибди. Чодирни йиғиштириш учун рухсат тилаб кирган мулозимлар бу ҳақда хабар берганларида, Мир Алишер бу воқеани улардан олдинроқ сезганини маълум қилди. Мулозимлар қўл қовуштириб, тараддудланиб турганларини кўргач, айтди: «Ғуррак тухум очиб, полапонларини учириқ қилгунга қадар чодир шундай қолдирилсин». Сўнг у ўз ҳузурига Хожа Ҳусайн Бахтиёрни чақириб келишни ва Хожа келгач, унга чодирни муҳофазалаб туришни ва ғуррак полапонларини  темирқанот қилганидан кейин эса хизмат ҳақига бу тенги йўқ чодирни олиб кетишни буюрди. Хожа Ҳасан Бахтиёр дастлаб бироз гарангсираб турди, сўнг бирдан кўзлари чақнаб ҳазрат шаънига ва унинг саховатига ҳамду санолар айтиб, унинг амрини қабул қилди. Дили хотиржам тортган Мир Алишер салтанат полапонлари бўлмиш фуқароларга  Аллоҳ таолодан иноят тилаб йўлга тушди.

Мана, неча йилдирки, салтанат осойишталиги ҳам унинг чодири тўсинига уя қўйган ғуррак тухумларидек омонат. Агар улар муҳофаза этилмаса, ҳирсу ҳавас, зулму ситам, исёну ғаввғо касридан ерга тушиб чилпарчин бўлмоғи шубҳасиз.

То ҳирсу ҳавас хирмани барбод ўлмас,
То нафсу ҳаво қасри барафтод ўлмас,
То зулму ситам жонига бедод ўлмас,
Эл шод ўлмас, мамлакат обод ўлмас…

Ҳикоянинг давомини мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин.

  Alisher Navoiyning she’riy dahosi 15-asr oxirlariga kelib yana jo‘sh urdi. U 2 yil mobaynida 2 ta yirik asar — «Lison ut-tayr» («Qushlar tili») dostonini va «Muhokamat ul-lug‘atayn» («Ikki til muhokamasi») nomli ilmiy asarini yaratdi. Alisher Navoiyning so‘nggi buyuk asarlaridan yana biri nasriy pandnoma yusinida yozilgan «Mahbubul-qulub» («Qalblar sevgani»)dir. U Sharq adabiyoti tarixida Shayx Sa’diyning «Guliston», Kaykovusning «Qobusnoma», Nizomiy Aruzi Samarqandiyning «Chor maqola» kabi asarlari qatorida turadi. Bu asarida Alisher Navoiy o‘zining hayot yo‘lini, boshidan kechirgan turmush mashaqqatlarini yorqin tasvirlab bergan.

«Mahbub ul-qulub» 3 qismdan iborat. Uning birinchi qismi 40 fasl. Har bir faslida muallif o‘zi yashagan davrdagi bir tabaqa hayoti, axloqi va vazifalari haqida suhbat yuritadi. U ushbu tabaqa vakillarining yaxshi ishlari haqida ham, ayb va nuqsonlari haqida ham goh halimlik bilan, goh g‘azab-nafrat bilan mulohaza yuritib, ularni insofga chaqirmoqchi, tarbiyalamoqchi bo‘ladi. Asarda Alisher Navoiyning inson axloqiga va tarbiyasiga doir eng noyob pand va nasihatlari xalq maqollari va hikmatli so‘zlari shaklida bayon qilingan. Ko‘p o‘rinda shoir o‘z fikrlarini bayt, qita, masnaviy, ruboiy shaklida ifodalashi asarga rang-baranglilik bag‘ishlagan.

NAVOIYNING “LISONU-T-TAYR” DOSTONI
Dilnavoz YUSUPOVA
006

i_018.jpg“Lisonu-t-tayr” dostoni shoir umrining so‘nggi yillarida, 1499 yilda yozib tugallangan. Filologiya fanlari nomzodi Sh.Eshonxo‘jayev dostonning ilmiy-tanqidiy matnini yaratib, izohlar bilan nashrga tayyorlagan (MAT, 12-jild). Mazkur nashrda doston hajman 193 bob, 3666 baytdan iborat.

“Lisonu-t-tayr” dostoni falsafiy-tasavvufiy mavzuda yaratilgan bo‘lib, ulug‘ fors-tojik adibi Farididdin Attorning “Mantiqu-t-tayr” dostoniga javoban yozilgan. Alisher Navoiyning o‘zi shu dostonida bolalik davridayoq “Mantiqu-t-tayr”ni ishtiyoq bilan o‘qiganligi va yod olganligini aytadi:

Yodima mundoq kelur bu mojaro,
Kim tufuliyat chog‘i maktab aro.

Kim chekar atfol marhumi zabun,
Har tarafdin bir sabaq zabtig‘a un…

Manga ul holatda tab’i bulhavas,
“Mantiqu-t-tayr” aylab erdi multamas.

Topti sokin-sokin ul takrordin,
Soda ko‘nglum bahra ul guftordin.

Tab’ ul so‘zlarga bo‘lg‘och oshno,
Qilmadi mayl o‘zga so‘zlarga yano.

“Lisonu-t-tayr” dostoni an’naviy tarzda Muqaddima, asosiy qism va Xotimani o‘z ichiga oladi. Muqaddima 13 bobdan iborat.

Dostonning birinchi bobi Alloh Hamdiga bag‘ishlangan. Navoiy Alloh bu olamni aniq bir reja asosida bunyod qilganligi haqida yozar ekan, unda hech bir narsa tasodifiy yaratilmaganligini aytadi. Allohning mo‘’jizasi sifatida bir-biriga zid bo‘lgan to‘rt unsur (suv, olov, tuproq va havo)ni inson vujudida bir butun holda birlashtirganini ta’kidlab, butun olamni yaratishdan maqsad ham inson ekanligini aytadi:

Uylakim dushman yarotib o‘tqa suv,
Yelni ham tufroqqa aylab aduv.

Sun’idin ko‘rgilki mundoq to‘rt zid,
Bo‘lub inson xilqatida muttahid.

Ofarinishdin qilib inson g‘araz,
Oni aylab xalq ichinda beevaz.

Bobda, shuningdek, Alisher Navoiy Alloh insonni o‘z siridan xabardor qilib, xalifalik toji bilan yuksaltirdi, shaytonni esa unga sajda qilishdan bosh tortgani uchun mardudu la’in (rad etilgan va la’natlangan) qildi, deydi:

Ham qilib o‘z sirri birla ganji roz,
Ham xilofat birla aylab sarfaroz.

Bo‘ldi sarkashlikdin oning ofati,
Ajzu tufrog‘liq bu birning rofati.

Birga ul masjudlug‘ bergan o‘zi,
Birga bu mardudlug‘ bergan o‘zi.

Dostonning 2-bobi munojotni o‘z ichiga oladi. Bobda Alisher Navoiy o‘tgan umrini sarhisob qilar ekan, Yaratgan qoshida o‘zini behad gunohkor deb hisoblaydi:

Alloh, Alloh, o‘lturur sharmandaliq,
Yodima kelsa bu yanglig‘ bandaliq.

Yuz qarolig‘ oncha bo‘lmish jahl aro,
Kim ko‘zimga qildi olamni qaro.

Qilmadim umrumda bir rak’at namoz,
Sar-basir mahzi niyoz, ey beniyoz.

Hargiz andoq qo‘ymadim tufroqqa bosh,
Kim keraklik bo‘lmag‘ay boshimg‘a tosh.

Bermadim hargiz gadog‘a bir diram,
To o‘zumni ko‘rmadim sohib karam.

Tutmadim oting qilib farzonaliq,
Sabha eldin osmayin yuz donaliq.

Bir amal hargiz riyosiz qilmadim,
Zarqsiz hargiz o‘zumni bilmadim.

O‘ylakim mendurmen inson bo‘lmasun,
Yo‘qki inson – devu shayton bo‘lmasun.

3-bob payg‘ambar Rasuli akram madhi – na’tni o‘z ichiga oladi. Bobda Navoiy “Nuri Muhammadiya” haqida fikr yuritar ekan, bu nur olam yaratilishidan ham ilgari mavjud bo‘lganligini, Odam Atodan Shis payg‘ambarga va shu orqali ko‘plab nasllarga o‘tib, rasuli akramning otalari Abdullohga yetib kelganligi va nihoyat uning farzandi chehrasida payg‘ambarlik nuri sifatida zohir bo‘lganligini yozadi.

Bobda shuningdek, Rasuli akramning payg‘ambarlik davrlaridagi faoliyatlari: kofirlarga qarshi kurashganlari, Lot butining holini xarob qilganlari, xalqqa Allohdan boshqa iloh yo‘qligi haqidagi haqiqatni yetkazganliklariga to‘xtalib o‘tiladi. Bob so‘ngida Rasuli akram va ular orqali barcha yaqinlari: sahoba va tobeinlar ham pok ekanliklari aytilib, ularga salom yo‘llanadi:

O‘zi pok, azvoj ila avlodi pok,
Zoti pok, as’hob ila ahfodi pok.

Anga har dam yuz durudu ming salom.
Olam ahlidin ila yovmul qiyom.

4-bob me’roj tuni ta’rifiga bag‘ishlangan. Unda payg‘ambarimizning huzurlariga “Ruhu-l-amin” (Jabroil farishta) kelib, Yaratganning xabarini yetkazgani va rasuli akramning Buroq otini minib, Alloh huzuriga ko‘tarilganliklari, oradagi yetmish qavat parda ko‘tarilib, bor-yo‘q to‘siqlar bartaraf bo‘lganligi, payg‘ambarimiz Allohdan ummatlarining gunohini so‘raganliklari va Alloh o‘z habibining barcha istaklarini qabul qilgani haqida fikr yuritiladi.

Dostonning 5-bobi to‘rt xalifaning birinchisi Hazrat Abu Bakr Siddiq madhiga bag‘ishlangan. Alisher Navoiy bu zotni “sodiqu siddiq” deb atab, tashbeh san’ati vositasida payg‘ambarimizni g‘or ichidagi xazinaga, Abu Bakr (r.a)ni esa shu xazinani qo‘riqlab yotgan ajdahoga o‘xshatadi:

Sodiqu siddiqu hamrozi oning,
Har yomon-yaxshida damsozi oning…

Ganjkim g‘or ichra pinhonlik qilib,
Ajdahodek ul nigahbonlik qilib.

Abu Bakr Siddiqning payg‘ambarimizdan keyin xalifa imom bo‘lib qolganliklarini go‘yo quyosh ketib, oy qolganligiga nisbat beradi:

O‘rnig‘a oni rasul aylab imom,
Oy bo‘lib xurshidg‘a doim maqom.

6-bob Hazrat Abu Bakr Siddiq haqidagi hikoyatni o‘z ichiga oladi. Hikoyatda aytilishicha, Abu Bakr Siddiq xalifalik taxtiga o‘tirganlarida dindan qaytgan bir guruh kishilar islom farzlaridan biri bo‘lgan zakotni bekor qilishni talab qiladilar. Shunda xalifa g‘azab bilan: “Payg‘ambar qonunida biror ip miqdoricha narsani ham o‘zgartirish mumkin emas. Kimki bunga qarshi bosh ko‘tarsa, ularga javob qilich va o‘qdir” deb aytadilar.

Dostonning 7-bobi Hazrat Umar Foruq madhiga bag‘ishlangan. Alisher Navoiy islom olamida haqni xatodan farq qilishda bu kishiga teng keluvchi boshqa inson yo‘q edi, deydi:

Haqni botildin birovkim qildi farq,
Adli birla ravshan yetti g‘arbu sharq.

Ondin o‘zga yo‘q edi ofoq aro,
Balki ushbu qasri oliy toq aro.

8-bob Hazrat Umar Foruqqa bag‘ishlangan hikoyatdan iborat. Hikoyatga ko‘ra, Hazrati Umar Madoyinni egallaganlarida, juda katta xazina yig‘iladi. Hazrati Umar bu xazina va mol-mulkka qo‘z qirlarini ham tashlamaydilar: barcha xazinani g‘azotga chiquvchilar uchun bo‘lib berishni buyuradilar.

9-bob – Hazrat Usmon (r.a.) madhidadir. Hazrat Usmon payg‘ambarimizning ikki qizlariga uylanganliklari uchun “zunnurayn” laqabini olganlar. Alisher Navoiy bu zotni Qur’oni Karimni to‘plaganlari sabablari xalq Usmon ibn Affon deb atadi deydi:

Tengri aylab jome’i “Qur’on” oni,
Xalq deb Usmon bin Affon oni.

10-bob Hazrat Usmon haqidagi hikoyatni o‘z ichiga oladi. Hikoyatga ko‘ra, payg‘ambarimiz bir kuni eldan farog‘at istab, xilvatga kirib, bir oyoqlarini uzatib o‘tiradilar. Ularning huzurlariga ba’zi zodagon sahobalar, ayrim aziz va sharif kishilar kirganlarida ham ularning holatlarida o‘zgarish bo‘lmaydi. Lekin xonaga hazrat Usmon kirgach, rasuli akram uzatgan oyoqlarini yig‘ib oladilar. Bu payg‘ambarimizning hazrat Usmonga bo‘lgan cheksiz hurmatlari ifodasi edi.

11-bob mo‘minlar amiri Hazrat Ali (r.a) madhiga bag‘ishlangan. Navoiy bu zotning payg‘ambarimizga farzand darajasida bo‘lganliklarini aytib, ular orasida “men senikiman, sen menikisan” degan ahd mavjudligiga ishora qiladi:

Anbiyo sarxayliga farzand ul,
Xayli odam ichra bemonand ul…

Ittihodida nubuvvat sham’ining
So‘zi bukim sen meningsen, men sening.

12-bob Hazrat Aliga bag‘ishlangan hikoyatni o‘z ichiga oladi. Hikoyatga ko‘ra, g‘azot janglaridan birida Hazrat Aliga o‘q tegadi. O‘qning uchi ularning suyaklarigacha botib, tortib olishning iloji bo‘lmaydi. Shunda sahobalar payg‘ambarimizdan bu ishning chorasini so‘raganlarida, rasuli akram “U namoz o‘qiyotgan paytda o‘qni tortib olish payida bo‘lingiz. U namozga shunday berilgan bo‘ladiki, o‘qni tortib olganlaringni bilmay qoladi”, — deydilar. Sahobalar aytilgandek qiladilar va Alloh kushoyish berib, bir lahzada jarohatdan na dardu na o‘q uchi qoladi.

13-bob buyuk forsigo‘y adib Farididdin Attor madhiga bag‘ishlangan. Alisher Navoiy so‘z o‘yini vositasida shoir taxallusiga majoziy nisbat berib, bu do‘konda olamdagi barcha boyliklar: duru gavharlar, gulobu mushki anbarlar, shirinliklar jam’ ekanligini aytadi:

Har ne gardun bahr ila konida bor,
Oncha yuz Attor do‘konida bor.

Alisher Navoiy Attorning yozgan asarlari xalq uchun gulqand kabi foydalidir deydi va shu munosabat bilan uning asarlari ro‘yxatini keltiradi: “Musibatnoma”, “Ilohiynoma”, “Ushturnoma”, “Lujjai hilol”, “Tazkiratu-l-avliyo”, “Mantiqu-t-tayr” va boshqalar. Bob so‘ngida Navoiy agar Haq madad bersa, mendek gado Shayx ruhidan yordam olib, qushlar nutqini izhor qilsam, ya’ni “Mantiqu-t-tayr”ga javob yozsam deydi:

Lek haq tavfiq bersa, men — gado,
Shayxning ruhig‘a aylab iqtido.

O‘yla qushlar nutqini izhor etay,
Bulbulu to‘ti kibi g‘uftor etay.

Kim xaloyiq chun tarannum aylagay,
Qush tili birla takallum aylagay.

Lek surmak nuktani to‘ti misol,
Budur insof o‘lsa, ey farxunda fol.

Kim bu to‘ti to‘’masi bo‘lg‘oy shakar,
Ul shakar fikr aylasang bo‘lg‘ay magar.

Tengrining lutfu inoyat xonidin,
Ya’ni, ul Attorning do‘konidin.

Dostonning asosiy qismi 14-bobdan boshlanadi. Bir kuni barcha qushlar majlis qurmoq uchun yig‘ilibdilar. Lekin majlisda o‘rin talashib, janjallashib qolibdilar. Shunda ular agar bir adolatli podsho bo‘lganda, bahsga hojat qolmagan bo‘lardi, deb o‘ylabdilar. Shu vaqt Hudhud degan qush shunday podshoh borligini, uning nomi Simurg‘ ekanligi va Simurg‘ning huzuriga bormoqchi bo‘lganlar uzoq hamda mashaqqatli yo‘lni bosib o‘tishlari zarurligini aytadi:

Borcha olam qushlariga shoh ul,
Holingizdin mo‘-bamo‘ ogoh ul.

Ul yoqin sizga-yu siz ondin yiroq,
Vasl – anga oyin, vale sizga – firoq.

Yo‘lida yetsa talabdin ming taab,
Ham anga yetmas kishi qilmay talab.

Lekin ul vodiy nihoyatdin uzun,
Qat’ida ofat nihoyatdin fuzun.

Umrlar urmoq kerak tinmay qanot,
Necha karkas umricha bo‘lsa hayot.

Qushlar Hudhud boshchiligida yo‘lga tushadilar. Bir necha kun yo‘l yurgach, mashaqqatli safar ularni toliqtiradi. Ular ortga qaytmoqchi bo‘ladilar va birin-ketin Hudhudga o‘z uzrlarini ayta boshlaydilar. Dastlab To‘ti uzr aytadi. Hudhud unga javoban “Hiylagarlikni kasb qilgan yashil chakmonli kishi” bilan bog‘liq hikoyatni keltiradi. To‘tidan so‘ng Tovus uzr aytib, “Tangri meni atrofdagilar ko‘rib, husnimga tahsin aytishlari uchun yaratgan, shunday ekan, menga bu safardan ne hojat”, — deydi. Hudhud unga javoban masxaraboz bir hinduning o‘zini turli naqshu nigorlar bilan bezab, maydonda tomosha ko‘rsatgani, uning atrofi bir gala beboshlar to‘dasi bilan to‘lgach, nazoratchilar tomonidan tutib olinib, darra bilan savalangani haqidagi hikoyatni keltiradi. Undan so‘ng Bulbul uzr aytadi. U o‘z chamanidagi bir gulga oshiqligini, guldan ayriliqqa chiday olmasligi va bu safar unga cheksiz hajr azobini olib kelayotganligini bayon qiladi. Hudhud unga bir podshohga oshiq bo‘lib qolgani haqida lof urgan gado hikoyatini keltiradi. Shu tariqa Qumri, Kabutar, Kabki dariy (Tog‘ kakligi), Tazarv, Qarchig‘ay, Shunqor, Burgut, Kuf (Boyo‘g‘li), Humoy, O‘rdak, Tovuq (Xo‘roz) kabi qushlar o‘z uzrlarini aytadilar. Hudhud ularning har biriga mos holatda turli hikoyatlar bilan javob qaytaradi.  Qushlar yo‘llarida davom etadilar. Ular Hudhuddan Simurg‘ga yetishish yo‘li haqida so‘raydilar. Hudhud ularga dostondagi eng katta va alohida mavqega ega bo‘lgan “Shayx San’on” haqidagi hikoyatni so‘zlab beradi.

Hikoyatda keltirilishicha, Shayx San’on ismli avliyo Ka’badagi barcha shayxlarga murshid – ustoz darjasida edi. Uning 400 ga yaqin muridi bo‘lib, ularning har biri Junayd va Boyazid larga teng edi. Shayx San’on tushida biror narsani ko‘rsa, bu voqea o‘ngida ham yuz berardi. Bir kuni u tushida Rum mamlakatida butxona ichida mast holda sayr qilib yurganligini ko‘radi. Uyg‘onib, bu holiga tavba qiladi. Lekin bu tush bir necha bor takror bo‘lgach, uning ta’biri taqdiri bilan aloqador ekanligini his qilib, o‘z muridlari bilan Rum sari yo‘lga tushadi. Nihoyat Rum o‘lkasiga yetib kelishadi. U yerda g‘aroyib bir butxonani ko‘radilar. Shayx butxonaga kirgach, holatida o‘zgarish sodir bo‘ladi, ko‘ngli iztirobdan betoqat bo‘la boshlaydi. Shunda beixtiyor uning qarshisida yuziga parda tortgan tarso (xristian diniga mansub) qiz paydo bo‘ladi. Shamol ko‘tarilib, go‘zalning yuzidagi parda ochilgach, Shayx o‘zidan ketib, tuproqqa yiqiladi. Shu tariqa Shayx ishq dardiga mubtalo bo‘ladi. Navoiy uning iztirobli holatini shayx tilidan shunday tasvirlaydi:

Kim:— «Bo‘lur har lahza ranj afzun manga,
Ne edikim qilding, ey gardun, manga!

Ofiyatdin ishq sori boshlading,
Yuz yonar o‘t ichra olib toshlading…

Olloh! Olloh! Ne kechadur bu kecha!
Sa’b mundog‘, yo rab, o‘lg‘aymu kecha!

O‘tkaribmen ko‘p suubat kechalar,
Ko‘rmadim mundog‘ uqubat kechalar!..

Do‘stlar, netti madad yetkursangiz,
Jam’ o‘lub men zorni o‘ltursangiz.

To qutulsa dahr orimdin mening,
Dahr eli afg‘onu zorimdin mening.

Jonima, as’hob, tig‘i qatl urung.
Kuydurub, haryon kulumni sovurung.

To jahonda bo‘yla rasvo bo‘lmayin,
Bir o‘lay, yuz qatla hardam o‘lmayin!»

Shayxning bu musibatli holatini ko‘rib, muridlari nasihatlar bera boshlaydilar. Ular shayxga aql mezoni bilan xitob etadilar, shayx esa ishq yo‘sinida javob qaytaradi. Muridlar unga tahorat olib, ibodat qilmoqni maslahat berganlarida shayx ularga shunday javob qaytaradi:

Shayx deb:— «Yo‘q ko‘z yoshimdin o‘zga suv,
Qon kelur hardam bog‘irdin ko‘zga suv».

Muridlardan birining Ka’bani ziyorat qilmoq darkor degan da’vatiga Shayx tomonidan shunday javob bo‘ladi:

Shayx debkim: “Onda qilg‘onni talab,
Munda topdim, ne chekay ul yon taab”.

Shu tariqa Shayx har muridning kuyinib aytgan o‘gitlariga ishq so‘zi bilan javob qaytaradi.

Butxonadagi kishilar esa din ahlining bu holatini mazax qilib, o‘z dinlarining ustunligini gumrohlarcha ta’kidlay boshlaydilar. Bu hol tong yorishgunga qadar davom etadi. Muridlar nomusga chiday olmay, shayxni yolg‘iz tashlab ketadilar. Shayx butxonadagi bolalarga ham masxara bo‘ladi. Shu tariqa oradan bir oy o‘tadi. Nihoyat, tarso qizi yana butxonada paydo bo‘ladi va islomdek buyuk din peshvosi Shayxning kofirlar butxonasida bu tarzda yashashidan maqsadi ne ekanini so‘raydi. Shayx tarso qiziga o‘z holini bayon qilib, bularning barchasiga sababchi sening orazing, deb javob beradi. Tarso qizi shayx ishqining dalili sifatida unga to‘rt shartni bajarishi va ikki jurmona (jarima) to‘lashi kerakligini aytadi. Aytilgan to‘rt shart quyidagilar edi:

1) may ichmoq;
2) zunnor bog‘lamoq;
3) Qur’onni o‘tda kuydirmoq;
4) butparastlar diniga kirmoq.

Jurmona sifatida esa bir yil davomida cho‘chqaboqarlik qilish va otashgohda o‘t yoqishni buyuradi. Shayx bu shartlar va jurmonalarni ortig‘i bilan ado etadi. Shu tariqa oradan bir yil o‘tadi.

Shayxning Ka’bada bir foniy muridi bo‘lib, Shayx Rumga otlanganida u boshqa bir mamlakatda safarda edi. Safardan qaytgach, Shayxni topolmay, bo‘lib o‘tgan voqealar haqida surishtiradi. Muridlar unga ahvolni bayon qiladilar. Foniy murid ularga ta’na qilib shunday deydi:

Shayxkim, pir erdiyu, sizlar murid,
Borchag‘a irshodidin behbud umid…

Shayxingizga bevafoliq boshlabon,
Qiblangingizni dayr ichinda tashlabon….

Odami bo‘lsa, vafo andin yiroq,
It vafo bobida andin yaxshiroq…

Shu tariqa shogird bu yerda o‘tirish bilan ish bitmaydi, deb barcha muridlarni Rum sari yo‘lga boshlaydi. Yetib borib, ko‘radilarki, Shayxda na islom, na iymon maslagidan asar qolmagan edi. Sodiq shogird bu holni ko‘rib, oh uradi va kecha-kunduz Yaratganga munojot qilib, Shayxning haqiga duo o‘qiydi va, nihoyat, Alloh uning duosini qabul etadi. Shayxga g‘oyibdan ogohlik yetib, ko‘zlaridan xijolat yoshlarini to‘kib, sadoqatda bemisl bo‘lgan shogirdiga uzrxohlik qiladi. Shayx yana egniga poklik xirqasini kiyib, o‘z muridlari bilan Ka’ba sari yo‘l oladi.

Rumda qolgan tarso qizi tush ko‘radi. Tushida Iso (a.s.)dan: “Shayx San’ondek buyuk murshid sening huzuringga mehmon bo‘lib kelsayu, sen mezbonlik odatini bilmasdan uning boshiga ne kunlarni solding?! Endi vaqtni g‘animat bilib, uning ortidan bor, diniga musharraf bo‘l”, – degan xabar keladi. Tarso qizi oh urgancha, ko‘zlaridan nadomat yoshlarini to‘kib, Ka’ba tomon yo‘lga tushadi. Yo‘lda unga xastalik va ojizlik yuzlanib, tuproq ustida hushidan ketadi. Shayxga bu hol ayon bo‘lib, muridlari bilan ortga qaytadi va tarso qizining so‘nggi lahzalarda iymon sohibasi bo‘lib jon berishiga shohid bo‘ladi. Alisher Navoiy hikoyat so‘nggida ishqqa shunday ta’rif beradi:

Ishq bahredurki, yo‘q poyon anga,
Har hubobi gunbadi gardon anga…

Olamedur ishq, lekin bas vase’,
Toramedur ishq, lek asru rafe’…

Shu o‘rinda Navoiy agar unga Alloh umr bersa, o‘z ishqi sharhini nazmga solib, bir doston yozish niyati borligini aytadi:

Bir necha kun umrdin topsam amon,
Sharhi ishqim nazm etay bir doston.

Anda bilgay kimgakim insofdur,
Kim so‘zum chinmudurur yo lofdur.

Ma’lumki, tasavvufda Haqni tanishning ikki yo‘li mavjud. Birinchisi hayajonli, ruhiy kechinmalarni oshkora izhor etib borish mayli bo‘lsa, ikkinchisi osoyishta, ichki dardni yashirish maylidir. Birinchi mayl “sukra” (mastlik) yo‘li deb atalib, uning yirik namoyandalari sifatida Boyazid Bistomiy, Mansur Halloj, Abu Sa’id Abulxayr, Farididdin Attor, Jaloliddin Rumiy, Boborahim Mashrab nomlarini keltirish mumkin.

Ikkinchi mayl sahv (hushyorlik) yo‘li deb nomlanib, uning tarafdorlari qatorida Junayd Bag‘dodiy, Sa’diy Sheroziy, Baxouddin Naqshband kabi ijodkorlarlarni sanab o‘tish mumkin.

Adabiyotshunos olim N.Komilovning fikricha, Shayx San’onning barcha diniy ilmlari va Qur’onni unutishi bu Haqqa yetish uchun dunyoviylikdan, jumladan, aql va aqliy narsalardan qutulish, o‘zligini unutishga ishoradir. Uning xotirasi qaytishi esa, sukradan sahvga qaytish hisoblanadi. Haqiqiy baqo esa sahv, ya’ni hushyorlikka qaytishdan keyin boshlanadi. Sukradagi solik bamisoli dengizga sho‘ng‘ib, g‘arq bo‘lgan kishi bo‘lsa, sahvga qaytgan dengizga sho‘ng‘ib, gavhar donalarini olib qaytib chiqqan g‘avvos kabidir.

Hudhud hikoyatdan so‘ng asl manzilga yetish uchun 7 vodiyni bosib o‘tish kerakligini aytadi. Qushlar vodiylardan o‘ta boshlaydilar:

1. Talab vodiysi – qushlarning Simurg‘ vasliga talabgorligi bilan bog‘liq bo‘lib, Navoiy bu vodiyga shunday ta’rif beradi:

Chun talab vodiysig‘a qo‘ysang qadam,
Ollinga har dam kelur yuz ming alam…

Istamak ranji ko‘ngulni zor etar,
Topmomog‘lig‘ ruhni afgor etar…

Lam’a ko‘rguzgan soyi mehri visol,
Aylagay shoming saharg‘a intiqol…

Ajdahodin yetmagay ko‘nglungda ranj,
O‘yla bo‘lmish bo‘lg‘ay ul mash’uf ganj.

Alisher Navoiy har bir vodiy ta’rifidan so‘ng shu vodiy mohiyatini ochib beruvchi hikoyat ham keltiradi. Jumladan, asarda talab vodiysi bilan bog‘liq quyidagi hikoyat beriladi:

Qadimda bir qudratli podshohning Yusufdek go‘zal o‘g‘li bo‘lgan ekan. Butun olam ahli unga oshiqu shaydo bo‘lib, agar u qatl etmoqchi bo‘lsa ham, kishilar bundan g‘am chekishmas ekan. Bir kuni u sahroda aylanib yurib, minglab oshiqi zorlarning uning ishqida iztirob chekayotganligini ko‘radi . Ular orasida ikki devona shahzodaning diqqatini tortadi. Mulozimlar ularni ushlab qasr tomon olib keladilar. Shoh ulardan birini zindonga tashlab, ikkinchisini o‘ziga itboqar qilib tayinlaydi. Shunda ulardan biri ikkinchisidan bu azob-uqubat ichida holi qanday ekanligini so‘raganida u bu holat mashaqqat emas, balki oshiq uchun rohat ekanligini aytadi. Ikkinchisi ham bu so‘zlarni tasdiq etib, oshiq o‘z ma’shuqi vasliga talabgor ekan, bu azoblar unga faqat mamnunlik baxsh etishini bayon qiladi. Bu so‘zlarni pana joydan eshitib turgan shahzoda benihoya xursand bo‘lib, ularni o‘zining yaqin mahramlariga aylantiradi.

Hikoyatdan kelib chiqadigan xulosa shuki, talab vodiysiga qadam qo‘ygan solik oshiqlikdan keladigan jami sinovlarga, mashaqqat va uqubatlarga tayyor turishi, ma’shuq vasli yo‘lidagi qiyinchiliklarni baxtu saodat deb qabul qilishi kerak. Zero, bu vodiydan maqsad Yaratganning vaslidir.

2. Ishq vodiysi – bu vodiyda qushlarning qalbini Simurg‘ning ishqi band etadi, ular o‘zlarini va dunyoni unutadilar. Alisher Navoiy bu vodiyni shunday ta’riflaydi:

Ishq keldi masha’li getifuro‘z,
Dema mash’al shu’layi ofoqso‘z.

Ishq aro har kimsa darxur bo‘lmag‘ay,
O‘tqa loyiq juz samandar bo‘lmag‘ay…

Kuymagan ishq ichra ermas ishqboz,
Oshiq ermas, ulki ermas jongudoz.

Mazkur vodiy tavsifi uchun hazrat Alisher Navoiy Asma’iy bilan bog‘liq hikoyatni keltiradi. Hikoyatga ko‘ra, Asma’iy haj tomon ketayotib, bir chashma boshida yozuv bitilgan toshni ko‘radi. Toshda shunday deb yozilgan edi: “Ey Hijoz ahli! Bir sirning chorasini topsangiz: agar kishi ishqqa mubtalo bo‘lib, ishq uni sabru qaroridan judo etgan bo‘lsa, nima qilsin?”

Asma’iy qo‘liga qalam olib, yozuv tagiga shunday so‘zlarni bitadi: “Kimki bu halokatli yo‘lga kirgan bo‘lsa, undan qo‘rqmasin”. Bu so‘zlarni yozib bo‘lib, Asma’iy yana yo‘lida davom etadi. Ertasiga yana shu joyga kelib qarasa, toshda yangi yozuv paydo bo‘lgan ekan: “Agar oshiq pok bo‘lsayu, ishqini yashirin saqlasa, lekin muhabbat shiddatidan toqati toq bo‘lib, vaslga ehtiyoj sezsa, buning ilojini topmasa, nima qilsin?” Asma’iy bu so‘zlarni o‘qib, qalami bilan shunday deb yozib qo‘yadi: “Agar o‘sha dardli inson nasihatlarimdan o‘z maqsadiga erishmagan bo‘lsa, o‘lsin va ishq o‘tidan o‘zini xalos qilsin!”

Oradan bir kun o‘tib, oshiqning javobini bilish uchun o‘sha joyga kelgan Asma’iy chashma yonida boshini toshga urib, halok bo‘lgan bir kishini ko‘radi. Asma’iy bu holdan azoblanib, halok bo‘lgan oshiq uchun motam tutadi va marhumni qabrga qo‘yadi.

Ushbu hikoyatdan kelib chiqadigan xulosa shuki, oshiqning asosiy maslagi – ishq yo‘lida jismdan voz kechish va yor uchun o‘lmoqlikni arzimas ish deb bilish.

3. Ma’rifat vodiysi – bunda qushlar Simurg‘ haqidagi bilimlar, g‘oyalar cheksizligini his etadilar, Simurg‘ni taniy boshlaydilar.

Kimki bu vodiyg‘a bo‘ldi muttasif,
Topti anda hollarni muxtalif.

Vodiyedur, yuz tuman ming onda yo‘l,
Ul bu bir kelmay, oningdekkim bu ul…

Gar suluk atvorida tag‘yir edi,
Maqsadi lekin borining bir edi.

Vodiy ta’rifiga ilova tarzida quyidagi hikoyat keltirilgan: Aytishlaricha, bir kuni bir guruh ko‘rlar taqdir taqozosi bilan Hindistonda bir muddat yashab, o‘z yurtlariga qaytibdilar. Shunda bir kishi ulardan: “Hindistonda filni ko‘rdinglarmi?” – deb so‘rabdi. Ko‘rlardan tasdiq javobini olgach, filning qanday hayvon ekanini ta’riflashlarini iltimos qilibdi. Shunda ko‘rlarning har biri filning ma’lum bir a’zosini paypaslab hosil qilgan tasavvuri asosida filni ustunga, ajdahoga, ikkita suyakka, osilib turgan ilonga, cho‘qqiga, qimirlab turgan ikki yelpig‘ichga o‘xshatibdi. Ularning ta’rifini tinglab turgan filbonlikdan xabari bo‘lgan bir kishi ko‘rlarga tanbeh bermasdan, shunday debdi: “Garchi ular o‘z bilganlaricha so‘z aytib, bir-birlariga zid fikrlarni keltirgan bo‘lsalar-da, ularning aytganlari kechirarlidir. Chunki ular aytgan bu sifatlarning barchasini bir yerga jam qilsa, bu javoblardan fil haqidagi muayyan tasavvur paydo bo‘ladi”.
Hikoyatdan kelib chiqadigan xulosa shuki, Allohni tanish va bilish yo‘li har bir solik uchun o‘ziga xos bo‘lib, bu yo‘llar qanchalik xilma-xil bo‘lmasin, ularning maqsadi bir – Yaratganni anglashdir.

4. Istig‘no (ehtiyojsizlik) vodiysida qushlarning ehtiyojmand, Simurg‘ning esa ehtiyojsizligi tasviri bayonida solikning mana shu ehtiyojsizlikni anglab yetish zamiridagi holati ifodalanadi. Navoiy vodiyni shunday tasvirlaydi:

Vodiy ondin so‘ngra istig‘nodurur,
Onda teng a’lovu gar adnodurur…

Yetti kishvar ichra shohi qahramon,
Bir gado onda hamonu ul hamon…

Onda teng ko‘r gumrahu ogohni,
Dayr ko‘yi birla Baytullohni.

Vodiy mohiyatini yoritish uchun Alisher Navoiy shatranj o‘yini bilan bog‘liq hikoyatni keltiradi. Unga ko‘ra, ikki shatranj ustasi ikki tomonga o‘tirib, o‘rtaga taxtani qo‘ygan holda unga shatranj donalarini terib chiqishadi. Ikki o‘rtada kurash boshlanadi. Bunda shatranj taxtasi o‘rab olingan qal’aga, undagi kurash esa xuddi haqiqiy urush maydoniga o‘xshab qoladi. Agar o‘yin tugab, shatranj o‘ynovchi taxtaning bir chetini ko‘tarsa, bularning barchasi bir zumda yo‘qqa chiqadi. Chunki shatranj o‘ynovchi usta uchun o‘yin tugagach, shatranj donalarining hech qanday farqi qolmaydi. Shatranj donalari xalta ichiga solingach, “shoh” quyi tushishi, “piyoda” esa yuqoriga ko‘tarilishi mumkin. Xulosa shundaki, Haq nazdida barcha insonlar shatranj donalari kabi “hayot o‘yini”dan so‘ng teng daraja kasb etadilar.

5.Tavhid (birlik) vodiysi. Butun borliq yagona ruh – Simurg‘dan iborat ekanligini tushunish:

Chun bu vodiy sori sayring qo‘ydi gom,
Fardu yaktolig‘ sanga bo‘ldi maqom…

Birda birdin hosil o‘ldi bir adad,
Yo‘q xiradqa munda dam urmoqqa had…

Bir bo‘lu, bir ko‘ru, bir de, bir tila,
Mayl qilma munda ikkilik bila.

Vodiy mohiyatini yanada aniq ifodalash uchun Alisher Navoiy Mansur Xalloj bilan bog‘liq voqeani keltiradi. Unga ko‘ra, Mansur Xalloj doim tilida “Anal Haq” jumlasini takrorlab yuradi. Din arboblari: “Senga yuzlangan holat suluk ahlining ko‘piga ayon, lekin ular odob saqlab, o‘z da’volarini oshkor qilmaganlar. Sen ham nafsingni dorga sazovor qilma”, – deb nasihat qiladilar. Lekin Mansur Xalloj bu jumlani takrorlashdan to‘xtamaydi. Bir kuni u tushida Rasululloh (s.a.v.)ni ko‘radi. Rasululloh (s.a.v.) uning dilidagi “Nega Muhammad (s.a.v.) me’roj kechasi faqat islom ummatining gunohini so‘radi, barcha osiylarning gunohini tilaganda nima bo‘lardi” degan o‘y-xayoli uchun unga tanbeh beradi:

Onda menlikning xayoli yo‘q edi,
Balki bu lafz ehtimoli yo‘q edi.

Eltgan ul erdi boshlag‘on ham ul,
Istag‘on ham ul, bag‘ishlag‘on ham ul…

Ul edi degon o‘zi, berg‘on o‘zi,
Bazl aro sochqon o‘zi, terg‘on o‘zi.

Hikoyatdan kelib chiqadigan xulosa shuki, Mansur Xalloj tavhid mohiyatini to‘la anglab yetmagani uchun “menlik” xayoli bilan “Anal Haq” jumlasini takrorlab yurar edi. Aslida tavhid vodiysida “menlik”ka yo‘l yo‘q.

6. Hayrat vodiysi – Simurg‘ning ulug‘vorligidan hayratga tushib, aqldan mahrum bo‘lish.

Alisher Navoiy mazkur vodiy haqida shunday deydi:

Hayrat aylar tilni gungu lol ham,
Aql zoyil, hushni pomol ham…

Yo‘qni bilmas, borini ham onglamas,
Ne bularni tonglaru, ne tonglamas…

Foniy erkanniyu boqiylig‘ni ham,
Mast erkanniyu soqiylig‘ni ham.

Alisher Navoiy mazkur vodiy bilan bog‘liq qarashlarini ifodalash uchun bir bora vasl sharobidan mast bo‘lib, o‘zini yo‘qotgan va hajrda qolgan yigit haqidagi hikoyatni ilova qiladi. Unga ko‘ra, bir podshohning husnda yagona qizi tushida bir yigitni ko‘rib, sevib qoladi. Bir kuni otasining bazmida u yigitni ko‘rib, hushidan ayriladi. Yigit ham qizni ko‘rib, ishqda yona boshlaydi. Podshohning qizi o‘ziga yaqin bo‘lgan ikki mahram kanizagiga o‘z sirini ochib, dardiga davo topishlarini o‘tinadi. Bu ikki kanizak juda ustomon va aqlli bo‘lib, o‘z malikalarining hajr o‘tini bartaraf etish uchun yigitni izlab topib, u bilan do‘st tutinadilar. Suhbatlarda yigit o‘z ishqi haqida ularga aytib beradi. Ikki kanizak bazm uyushtirib, yigitni chorlaydilar, qo‘shiq aytib, may bilan mast qiladilar. So‘ng podshohning qizi huzuriga yigitni eltadilar. Yigit u yerda ham may ichadi, aqlni olguvchi bazmda mast bo‘ladi, mutlaqo o‘zini unutadi… Nihoyat hushi o‘ziga qaytgach, ma’shuqa vaslining tushmi, o‘ngmi ekanini fahm etolmay, parishon bo‘ladi. Atrofdagilar uning holini so‘rashsa, men hajr o‘tida yonyapman, yana holimni so‘rab, azobga solmang, deb javob beradi. Buyuk shoir bu hikoyatni aynan hayrat vodiysi bilan bog‘lab keltirar ekan, Haq vasli sari intilgan solik hali chinakam visolga erishmay turib, undan benihoya hayratga chulg‘anib, o‘zligini unutishiga ishora qilyapti. Bu esa o‘z o‘rnida chinakam diydor uchun solik ruhini tayyorlash bosqichini o‘taydi.

7.Faqru fano vodiysida o‘zlikdan voz kechib, Simurg‘ bilan birlashish, abadiylikka qaytish mohiyati mujassam. Navoiy bunga shunday ta’rif beradi:

Yo‘q bu vodiy ichra juz xomushluq,
Gungu kar bo‘lmog‘lig‘u behushluq…

Har nekim qilsang gumon topg‘on vujud,
Budi yo‘q, bu nav’ erur bori namud.

G‘ayri haqkim, qodiri barhaqdur ul,
Borcha foniy, boqiyi mutlaqdur ul.

Ushbu vodiy sharhida Navoiy bir emas, to‘rt hikoyat keltiradi. Ular orasida “Parvonalar va sham” hikoyati alohida ahamiyatga ega. Hikoyatga ko‘ra, bir kecha parvonalar jam bo‘lib, shamga yetishmoqni maqsad qilishibdi. Qanotlarini o‘tda yoqishga hozirlab, o‘z hollarini izhor qilmoqchi bo‘libdilar. Parvonalardan biri qanotlarini qoqib, shamda yona boshlabdi va sham haqidagi so‘zlarni boshqa parvonalarga ayon qilibdi. Parvona har qancha ravshan so‘zlamasin, eshituvchilar uni anglay olmabdilar. Shunda boshqa parvonalar ham bu holni anglamoq uchun urinib ko‘ribdilar va o‘z qanotlarini kuydiribdilar. So‘nggi parvona qo‘rqmasdan o‘zini shu’laga urib, pok bo‘libdi va o‘zi ham shu’laga aylanibdi. U o‘z maqsadi ichra nobud bo‘libdi va fanoda ayni muddaoga erishibdi. Hikoyatdan kelib chiqadigan xulosa shuki, kuymay turib, sham bilan birlikka erishib bo‘lmaydi. Solik fano bo‘lmay turib, abadiylikka, Haq visoliga erisholmaydi. Shoir hikoyat so‘ngida Foniy taxallusini qo‘llash bilan vodiy mohiyatini yanada teranroq, chuqurroq anglatadi:

Foniyo, lofi fano urmog‘ni qo‘y,
Vasl esa koming, fano o‘tig‘a kuy.

Evrulub sham’ o‘tig‘a parvonavor,
O‘zni tashla shu’lag‘a devonavor.

Nihoyat vodiylar so‘ngida faqat o‘ttiz qush qolganligi ma’lum bo‘ladi. O‘ttiz qush forschada “Si murg‘” degani. Bu qushlar qayerga boqmasinlar, u yerda o‘zlarining akslarini ko‘ra boshlaydilar:

Ko‘rdilar o‘zni qayonkim tushti ko‘z,
Olloh-Olloh ne ajoyibdur bu so‘z.

Kim qilib Simurg‘ni o‘ttiz qush havas,
O‘zlarin ko‘rdilar ul Simurg‘ bas.

Doston so‘ngida qushlar o‘zlaridagi Simurg‘ni kashf etadilar.

Tasavvuf falsafasiga ko‘ra, bu dunyo Haqning tajalliysi – Allohning jilolanishidir. Dunyodagi barcha mavjudot Allohning zuhuridir. Shu ma’noda inson ham o‘zidagi mana shu zarrani kashf etmog‘i, buning uchun esa juda uzun va mashaqqatli yo‘lni bosib o‘tmog‘i kerak. Bu yuqorida keltirilganidek, yetti vodiydir. So‘nggi vodiy faqru fano vodiysi, ya’ni yo‘qlikka aylanib, Ollohga qo‘shilmoqdir.

Shundan kelib chiqib, aytish mumkinki, Simurg‘ – Haqqa yetishish timsoli. Qushlar – Haq vasliga talabgor soliklar timsoli. Hudhud esa piri komil ramzi.
Yuqorida ko‘ringanidek, “Lisonu-t-tayr” dostoni Farididdin Attorning “Mantiqu-t-tayr” dostoniga javob tarzida yozilgan. Bir qarashda bu ikki dostondagi voqealar rivoji ham, undagi qahramonlar ham bir xildek tasavvur uyg‘onadi. Aslida, har ikki muallif g‘oyaviy nuqtai nazar hamda qahramonlarga zimmasidagi badiiy yuk jihatidan bir-birlaridan farqlanadilar. Adabiyotshunos Z.Mamadaliyeva o‘zining “Alisher Navoiy “Lisonu-t-tayr” dostonidagi ramziy obrazlar tizimi” nomli tadqiqotida mazkur ikki dostondagi ramziy timsollarni talqin qilish asnosida Navoiy dostonidagi Hudhudning o‘ziga xos bir necha xususiyatlarini ko‘rsatib o‘tadi:

1) Navoiy talqinidagi Hudhud komil inson ramzi bo‘lish bilan birga muallifning dostondagi birinchi raqamli timsoli hamdir;
2) Navoiy tasvirlagan Hudhud yuksak irfoniy masalalarni har bir qushning darajasiga mos ravishda sodda hayotiy voqealar va misollar bilan tushuntirib beradi;
3) Farididdin Attor o‘z dostonida asar syujetini hech bir voqeasiz qushlarni ta’riflash bilan boshlaydi, “Lisonu-t-tayr”da esa qushlarni ta’riflash vazifasi Hudhudga yuklanadi;
4) “Mantiqu-t-tayr”da yetti vodiy ta’rifi kelganda Hudhudning vazifasi tugaydi, lekin Navoiy dostonidagi Hudhud qushlarni so‘nggi vodiy faqru fano vodiysida ham qo‘llab-quvvatlaydi.

Shuningdek, tadqiqot muallifining fikricha, “Mantiqu-t-tayr”dagi g‘oyaga ko‘ra, undagi qushlar Simurg‘ning soyasi, xolos. Ya’ni ular Simurg‘ga intilganlaridagina ahamiyatli. Qushlar (insonlar)ning bu dunyodagi hayoti hijron va ayriliqda. Navoiyda esa ularning yaratilishi hijron va ayriliqda emas, balki Yaratganning hikmatidadir. Shu ma’noda ikki dostonda vahdatu-l-vujud falsafasining ikki xil talqini aks etganligini ko‘ramiz. Attor dostonida qushlar so‘nggi vodiyda Simurg‘ bilan birlik kasb etadilar, Navoiy dostonida esa riyozat chekish asnosida poklanib, o‘zlaridagi Simurg‘ni kashf etadilar.

Dostondagi ba’zi qushlarni ramziy timsollar sifatida quyidagicha talqin qilish mumkin:

Tovus – dunyo go‘zalligiga mahliyolik.
Qarchig‘ay – hokimlik qilish istagi.
Bulbul – foniy dunyo oshig‘i.
Kaklik – o‘z raftoru amallariga mahliyo bo‘lish.
Burgut – maqsadsiz kuch-qudrat.
Tovuq – fikriy, ma’naviy parvozdan mahrumlik.

Bundan kelib chiqadiki, ko‘pchilik Haqqa yetishish da’vosi bilan sulukka kirishi mumkin, lekin hamma ham bu yo‘ldagi imtihon va sinovlardan o‘ta olmasligi mumkin ekan.

“Lisonu-t-tayr” dostoni Attor dostoni singari ramal bahrining ramali musaddasi mahzuf vazni (ruknlari va taqti’i: foilotun foilotun foilun – V – – – V – – – V – ) vaznida yozilgan.

Adabiyotlar:

1. Navoiy Alisher. Lisonut tayr. Mukammal asarlar to‘plami. 20 jildlik. – T.: Fan, 1994. 12-jild.
2. Navoiy Alisher. Lison ut-tayr (nasriy bayoni bilan). – T.: G’.G’ulom nomidagi nashriyot-matbaa uyi, 2005.
3. Lisonut tayr (nasriy bayoni bilan). Tahrir hay’ati: A.Qayumov va boshq. – T.: Adabiyot va san’at nashriyoti, 1991.
4. N.Komilov. Tasavvuf. –T.: Movarounnahr – O‘zbekiston, 2009.
5. Bertels Ye.E. Navoi i Attar / Sufizm i sufiyskaya literatura. – M.: 1965. – S.377-421.
6. Imomnazarov M. Haqiqat va majoz (2-3-maqolalar) // Sharq yulduzi. – T., 1989. — № 4; 1991. — № 4.
7. Olimov S. Ishq, oshiq va ma’shuq. – T.: Adabiyot va san’at, 1992.
8. Sharipov Sh. Alisher Navoiy “Lisonut tayr” dostonining genezisi va g‘oyaviy-badiiy xususiyatlari. – T.: Fan, 1982. – 96 b
9. Sharipov Sh. “Lisonut tayr” haqiqati. – T.: Ma’naviyat, 1998.
10. Mamadaliyeva Z. Lison ut-tayr” dostonidagi ramziy obrazlar tizimi. Filol.fan.nomz.diss. – T., 2011.

Xurshid Davron
NAVOIY ARMONI
07

007 Shahzoda Mo‘min mirzo o‘ldirilgan hijriy to‘qqiz yuz uchinchi yilning safar oyida – 1497 sananing erta bahorida Mir Alisher Navoiy Mashhadda edi. U bir paytlar o‘zi saboq olgan bu kentga Imom Rizo maqbarasini ziyorat qilishga borib, yetim-yesirlarga saqat ulashadigan g‘alvurxona qurilishini boshlatgan, shu bois, bir oz ushlanib qolgan edi.

Navjuvon shahzodaning shafqatsizlarcha qatl etilganini Hirotga qaytayotganda eshitib, Mir Alisher bag‘oyat qattiq qayg‘urdi va unga peshvoz chiqqan yoru-birodarlariga nadomat bilan: «Bir vaqtlar Shayx Majdiddin Bag‘dodiyning o‘ldirilishi oqibatda Chingizxon bosqinidan Movarounnahr va Xuroson qanday qirg‘inbarotga uchragan bo‘lsa, Mo‘min mirzoning o‘ldirilishi oqibati ham xuddi shunday falokatlardan darak beradur», — deb aytdi. Mir Alisher bunday qabihona qotillik – boboning o‘z nabirasini o‘ldirishga fatvo berishi saltanat inqirozining ibtidosi ekaniga ishora qilganini payqagan Sulton Husayn Boyqaro qattiq g‘azablandi. Ammo g‘azabini ichiga yutdi. Zero, podshoh shahid shahzodaning otasi, to‘ng‘ich o‘g‘li Badiuzzamon mirzo xun qasdida albatta isyon boshlashini bilar, bunday sharoitda Mir Alisher bilan ora buzilishini xohlamas edi.

Sulton Husayn bu mash’um voqeadan so‘ng, qariyb yarim asrlik qadrdoni bo‘lmish Mir Alisher saltanat ishlaridan butunlay chetlashishga, bir umrlik orzusini amalga oshirishga ahd qilganidan bexabar edi. U, bu haqda eshitganda ham jiddiy e’tibor bermadi, illo, Mir Alisher bunday qarorlarni oldin ham qilgan, ammo uning boshiga tashvish tushganda hech qachon qarab o‘tirmagan, xonanishinlikni tark etib albatta ko‘makka kelgan. Shoyadkim, bu gal ham shunday bo‘lgay… Qolaversa, Mir Alisherni podshoh xonadoniga ipsiz bog‘lab qo‘ygan bir kuch bor ediki, u ham bo‘lsa, Sulton Husayn Boyqaro bilan barcha kechgan xotiralari edi. Ammo bu galgi tark etish Mir Alisherning azaliy orzusi bilan bog‘liqligidan, bu orzu yosh shoirning ko‘ngliga hali Samarqandda o‘qib yurgan kezlaridayoq paydo bo‘lganidan bexabar edi. Ba’zilar bu niyat o‘sha yoshlik faslida rad etilgan sevgi tufayli tug‘ilgan deb shubha qiladilar. O‘shanda ilk muhabbati ko‘nglining tubida qolib ketganidan ezilgan yigirma yetti yashar Alisher hajga ketishga, qolgan butun umrini tariqat suluhiga bag‘ishlashga chog‘langan, ammo yurtda kechgan notinchliklar safarga chiqishiga monelik qilgandi. O‘shanda yosh shoir hazrati Xoja Ahror maslahatiga amal qilib, tariqat ilmini o‘rganishga zo‘r berdi.

Sulton Husayn Boyqaro adashmadi, haqiqatan ham kelasi yilning yoziga chiqib, Badiuzzamon mirzo isyon boshladi. Sulton Husayn qo‘shin saflab, Astrobodga otlandi. Mir Alisher u bilan birga ketdi. Ota va o‘g‘il o‘rtasida begunoh nabira xuni turgani uchun ham qilichlar muhorabasi qattiq va ayovsiz bo‘lmog‘i ma’lum edi. Mir Alisher Xuroson saltanatini parchalanishdn saqlab qolishni o‘z burchi sanar, garchi uzilgan ipni qayta ulab bo‘lmasligini anglasa-da, ota bilan o‘g‘ilning buzilgan munosabatlarini tiklamoqqa zo‘r berib urinardi. Sulton Husayn ham butun umidini bu gal qilichiga emas, do‘stining tadbirkorligiga bog‘laganini, ochiq-oydin bo‘lmasa-da, nozik ishoralar bilan bildirishga harakat qilardi. Mana shu sababdan ham Mir Alisher hayallamay Badiuzzamon mirzo huzuriga elchilikka bordi. U mirzodan ota amriga quloq solishni tiladi. Xuddi oldingi – Mo‘min mirzo o‘ldirilishidan avval yuz bergan isyon paytida nima degan bo‘lsa, o‘sha gaplarni takrorladi. Ammo qancha urinmasin, mirzo tavba qilishdan bor tortdi. U Mir Alisher qattiq tikilib: «Mavlono, men sizni otamdan ortuqroq ko‘raman, o‘g‘lim esa sizni mendan ortiqroq suyardi. Xo‘sh, qani ayting-chi, ota degan farzandini tiriklayin o‘ldiradimi?» – dedi. Keksa shoirning ko‘zidan yosh tirqiradi, u mirzo nimaga ishora qilganini angladi. Keyin bazo‘r o‘zini o‘nglab. «Mirzo, bu gaplarni unuting», — dedi. «Qaysi so‘zlarni?» – dedi Badiuzzamon mirzo. Mir Alisher ortiq o‘zini tutib turolmadi, ho‘ngrab yig‘lab yubordi. Uning ahvolini ko‘rib, Badiuzzamon mirzoning ham ko‘zidan duvva-duvva yosh to‘kildi.

Elchi Marvda qarorgoh tutgan Sulton Husayn huzuriga umidsiz qaytgach, bir zamonlar ulug‘ Amir Temur ko‘ragon tiklagan qudratli saltanatning so‘nggi parchasi bo‘lmish davlatning tanazzuliga mone bo‘lmoq maqsadida podshohga: «Farzandingiz tavba qilishga tayyor», — deb aytdi, niyatda bor tadbirlarni qo‘llab, Badiuzzamon mirzo ko‘na oladigan shartlarni qabul etishga podshohni rozi qildi. So‘ng qarorgohdagi chodiriga kirib, isyonchi shahzodaga maktub bitdi va o‘sha fursatdayoq chopar bilan borib berib yubordi. Ikki kun o‘tar-o‘tmas Badiuzzamon mirzodan javob keldi. U Mir Alisher maktubida shartlarni qabul qilgani va hademay tavba uchun podshoh huzuriga yetib berajagini bildirgan edi. Voqealar tadriji mirzoning maktubidagi va’dasini isbotladi. Sulh bitilgach, podshoh Mozandaronga, Mir Alisher esa dorulsaltanatga qaytishni ixtiyor etdilar.

Tongda yo‘lga chiqish mahalida shu narsa ma’lum bo‘ldiki, qarorgohdagi shoir chodiri to‘sinida bir g‘urrak uya yasab, tuxum qo‘yishga ham ulguribdi. Chodirni yig‘ishtirish uchun ruxsat tilab kirgan mulozimlar bu haqda xabar berganlarida, Mir Alisher bu voqeani ulardan oldinroq sezganini ma’lum qildi. Mulozimlar qo‘l qovushtirib, taraddudlanib turganlarini ko‘rgach, aytdi: «G‘urrak tuxum ochib, polaponlarini uchiriq qilgunga qadar chodir shunday qoldirilsin». So‘ng u o‘z huzuriga Xoja Husayn Baxtiyorni chaqirib kelishni va Xoja kelgach, unga chodirni muhofazalab turishni va g‘urrak polaponlarini temirqanot qilganidan keyin esa xizmat haqiga bu tengi yo‘q chodirni olib ketishni buyurdi. Xoja Hasan Baxtiyor dastlab biroz garangsirab turdi, so‘ng birdan ko‘zlari chaqnab hazrat sha’niga va uning saxovatiga hamdu sanolar aytib, uning amrini qabul qildi. Dili xotirjam tortgan Mir Alisher saltanat polaponlari bo‘lmish fuqarolarga Alloh taolodan inoyat tilab yo‘lga tushdi.

Mana, necha yildirki, saltanat osoyishtaligi ham uning chodiri to‘siniga uya qo‘ygan g‘urrak tuxumlaridek omonat. Agar ular muhofaza etilmasa, hirsu havas, zulmu sitam, isyonu g‘avvg‘o kasridan yerga tushib chilparchin bo‘lmog‘i shubhasiz.

To hirsu havas xirmani barbod o‘lmas,
To nafsu havo qasri baraftod o‘lmas,
To zulmu sitam joniga bedod o‘lmas,
El shod o‘lmas, mamlakat obod o‘lmas…

Hikoyaning davomini mana bu sahifada o‘qishingiz mumkin.

Alisher Navoiy. Lisonut-tayr (Asliyat va nasriy bayoni) by Khurshid Davron on Scribd

Alisher Navoiy. Mahbubul qulub by Khurshid Davron on Scribd

004

(Tashriflar: umumiy 23 396, bugungi 10)

Izoh qoldiring