Xurshid (Shamsiddin Sharafiddinov). She’rlar.

033

10 май – Шоир ва драматург Хуршид (Шамсиддин Шарафиддин ўғли Хуршид) таваллуд топган кун.

Ўзбек мумтоз адабиёти билан XX аср янги адабиётини бир-бирига боғлаб турувчи кўприклардан бири Шамсиддин Шарафиддин ўғли Хуршиддир. У ўзбек драматургиясига пойдевор қўйган дастлабки ижодкорлардан бири, шоир, ёзувчи, таржимон ва режиссёрдир. Ана шу кўп қиррали ва самарали ижодий фаолияти учун 1990 йилда унга «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» деган юксак унвон берилган.

09

xurshidХуршид (Шамсиддин Шарафиддинов) 1892 йилнинг 20 июнида Тошкентда боғбон оиласида таваллуд топган. Мадраса ва эски мактабда таҳсил олган. У асримиз бошларидан, аниқроғи, 1905—1906 йиллардан бошлаб жадид адабиётининг навқирон намояндаларидан бири сифатида қалам тебрата бошлаган. Шу маънода у маърифатпарварлик руҳида «Эскилик ва янгилик» деган дастлабки пьесасини, кейинроқ «Ориф ва Маъруф», «Қора хотин», «Кичик аскар» каби пьесаларини, «Лайли ва Мажнун», «Фарҳод ва Ширин», «Сиёвуш», «Ойбону» сингари мусиқий драмаларини яратган. Айниқса, унинг Алишер Навоий достонлари асосида яратган ҳар икки драмаси ўз даврида жуда машҳур бўлган. Хуршид қатор опералар либреттоларини ҳам ёзган.

Хуршиднинг дастлабки шеърлари 1914 йилда «Туркистон вилоятининг газети», «Садои Туркистон» газеталари, «Таржимон», «Ойна» журналлари ва «Туҳфаи Хислат» баёзида (1914) «Хоиб» тахаллуси билан эълон қилинган. Ўз шеърларини жамлаб, «Девони Шоҳидий» номи билан девон ҳам тузган (1912). Шоир кейинчалик «Муштум» журналида босилган ҳажвий шеърларида «Ўжар», «Тажанг», «Чаён» каби тахаллуслардан фойдаланган.

Хуршид таржимон сифатида ҳам самарали ижод этган. Хусусан, Шиллернинг «Қароқчилар», В. Шекспирнинг «Қора араб», «Отелло», У. Ҳожибековнинг «Аршин мол-олан» каби машҳур асарларини ўзбек тилига ағдарган. Шунингдек, Шарқнинг буюк шоирларидан бири Ҳофиз Шерозийнинг юзга яқин ғазалларини она тилига таржима этган. Бундан ташқари у ўзбек мумтоз адабиётининг ёрқин намояндалари Мунис ва Огаҳий каби шоирлар девонларини араб графикасидан ҳозирги ўзбек (кирилл) ёзувига ўтказиб, нашрга тайёрлаган.

Хуршид етук ғазалнавис шоирдир. Унинг «Чоргоҳ», «Гирён», «Баёт», «Ушшоқ», «Сегоҳ», «Дугоҳ», «Сувора» каби куйларга солинган оҳанграбо шеърлари машҳур ҳофизлар томонидан ҳамон ихлос билан айтиб келинмокда. Моҳир ғазалнавис шоир, етук драматург ва таржимон Хуршиднинг ижодий мероси анча бой, серқирра ва сермазмун бўлиб, у ҳозир Ўзбекистон Фанлар академияси Ҳ. Сулаймонов номидаги Адабиёт музейида авайлаб сақланмоқда.

Хуршид 1960 йил 13 сентябрда Тошкент шаҳрида вафот этган.

ХУРШИД ВА ТЕАТР
09

Хуршид саҳна фаолиятини театрда суфлёрликдан бошлаган, “Ҳалима” спектаклини саҳна жараёнининг ичида пишиб етилган Уйғурнинг сафдошларидан, саҳна сирларини билимдонларидан эди. Унинг “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун” пьесалари Алишер Навоий ва Фузулий асарларининг том маънодаги инсценировкалари бўлмай, халқ афсоналари асосида оддий тамошабинга тушинарли тилда яратилган достонлар эди.

Бу тўғрида муаллифнинг ўзи ҳар икки асар мазмунини халқ афсоналари ташкил этгани, ўрни билан Навоий ва Фузулий достонларидан фойдаланилганини айтади.

Ўз навбатида театр шу пьесалар юзасидан ўзининг саҳнадаги эртак-мусиқали достонини яратади. Масалан, “Лайли ва Мажнун”нинг 1924 йили қайта саҳналаштирилган нусҳасида, спектаклни тамошабинга руҳий таъсирини янада ошириш мақсадида мусиқага кенг ўрин берилади : Хуршиднинг ўз қўли билан ёзилган суфлёр нусхасида муқаддима, ария, хор, рақс ва хотима куйларига қирқ тўрт ўринда мусиқа ишлатилганини гувоҳи бўламиз. Булар мақом ва халқнинг бошқа меросидан олинган наволардир.

Спектаклда Лайли ролини Маъсума Қориева, Қайс ролини Аброр Ҳидоятов, Лайлининг отаси Омир ролини Зиё Саидов, Қайснинг отаси Маҳди ролини Сайфи Олимов, Ибн Салом ролини Фатхилла Умаров ижро этадилар.

Театр спектаклда Лайли ва Қайснинг бир-бирларига муҳаббати ва хоҳиш истакларига ота-оналари, яқин кишиларининг муносабати мавзуига маърифатпарвар жадидларга хос назар билан ёндошиб, фарзандларнинг эрки билан ҳисоблашмаслик қадимдан мавжуд иллат эканига эътибор қаратади. Чунончи Омир Лайлининг Қайсга севгисини рад этиб, қизини Ибн Саломга раво кўришини зулм эканини таъкидлаш билан баробар саҳоватпеша Навфалнинг ҳам қизини валламатлик билан Қайс никоҳига киритишини ҳам зулм, ҳам гумроҳлик ҳисоблайди. Сабаби, Қайс Лайлиси туриб бошқани севолмаслигини, бунинг устига қизининг ҳам ўз севгани борлигини ота ҳаёлига ҳам келтирмайди.

“Фарҳод ва Ширин” ҳам мусиқали достон сифатида саҳнага қўйилди. Фарҳод ролини Аброр Ҳидоятов, Ширин ролини Маъсума Қориева, Баҳром ролини Босит Қориев, Шопур ролини Фатхулла Умаров, Хўтан хоқони ролини Музаффар Мухамедов, Моҳинбону ролини Бахтиёрова, Хисрав ролини Етим Бобожонов, Ёсуман ролини Зиё Саид ижро этишди.

Шу спектаклнинг достон жанрига мансублигидан кўнгли тўлмаган Уйғур уни 1929 йили қайтадан саҳналаштиради. Спектаклнинг янги нусҳасида пардаси ёпиқ саҳна олдининг ўнг ва чап четига икки шартли чайла қурилади. Чайланинг биридан халқ бахшиси, иккинчисидан қўғирчоқ боз ўрин олади. Достон-спектаклни халқ бахшиси (Хожи Содиқ Исломов) қўлида

дутор билан ярим қўшиқ речитатив куйи билан бошлайди. Унинг кўйли ҳикояси мазмунини саҳнанинг у четидаги қўғирчоқ боз Ҳикмат Латипов қўғирчоқ ўйини билан жонлантиради. Бахши Хўтон хоқони тожу-тахтини валиахди бўлмуш яккаю ёлғиз ўғлини тахтга ўтказишга муносиб ёшини, интиқлик билан кутгани, ниҳоят у паллани етиб келганини баён қилар экан, оркестр жонланиб, унинг садоси остида аста-секин парда очилади.

Саҳнада ёш, бахтиёр Фарҳод дўстлари билан қўлида човгон, отда ҳарбий машқ ўйинидан қайтиб келаётган бўлади. Фарҳод билан кетма-кет саҳнани халқ театрининг “от ўйин” тамошасига хос, сунъий арғумоқлар устидаги сарбозлар саҳнани тўлдиради.

Ана шу саҳнанинг талқин усули билан театр тамошабинга спектаклни эртак-мусиқали достон эканини аниқ уқдирмоқчи бўлади. От ўйин эпизоди спектаклнинг тўртинчи пардасидан ҳам ўрин олиб, у ерда бошқа бадиий ифода воситаларига хизмат қилади: энди беҳисоб сунъий отлар устида бир томондан Хисрав лашкари, қарама – қарши томонда тошу-гурзидан бўлак қуроли йўқ Фарҳод.

Спектаклни саҳналаштириш, айниқса ижро талқинида халқ эртак ва эпосига хос лофу-муболаға тимсолларнинг юриш-туриши, нутқидаги кўтаринкилик, ўрни билан баландпарвоз монологларни асослаш учун бу усул ўринли бўлиб, театрни саҳна талқинларида профессионализмни атрофлича эгаллаш йўлидан оғишмай бораётганидан гувоҳлик берарди

088

ХУРШИДНИНГ «ТАНЛАНГАН АСАРЛАР» (ҒАЗАЛЛАР,ДРАМАЛАР) КИТОБИНИ МУТОЛАА ҚИЛИНГ
09

12

(Tashriflar: umumiy 281, bugungi 1)

Izoh qoldiring