Yusuf Hamadoniy. «Rutbatu-l-hayot»dan

022    Қадим Туркистон маънавиятида ўзига хос дунёқараш, тасаввуф тизимини барпо этган, ривожлантирган олим ва ориф бир зот бўлмиш Юсуф Ҳамадонийнинг «Рутбату-л-ҳаёт» рисоласи савол-жавоб тарзида ёзилган. Шайхга ўн тўрт савол берилган ва уларнинг жавоблари асосида рисола тартиб қилинган. Асарда «ҳалол ва ҳаром, моддийлик ва руҳоният, дунё ва охират, тубанлик ва юксаклик» кабилар ва уларнинг оқибатлари ҳақида фикр юритилган.

ЮСУФ ҲАМАДОНИЙ
«РУТБАТУ-Л-ҲАЁТ»ДАН
Сайфиддин Рафъиддин ва Нодирхон Ҳасан таржимаси
034

09Юсуф Ҳамадоний (1048-1141) Хуросондаги Ҳамадон шаҳрининг Бузанжирд (ёки Бузинажирд) қишлоғида таваллуд топди. Бомиён шаҳрида вафот этган, унинг васиятига кўра жасади муридлари томонидан Марв шаҳрига келтирилиб, у ерга кўмилган (Фотосуратда Маридаги Ҳамадоний мажмуаси).

Юсуф Ҳамадоний қадим Туркистон маънавиятида ўзига хос дунёқараш, тасаввуф тизимини барпо этган, ривожлантирган олим ва ориф бир зотдир. Шунингдек, Шайх Ҳамадоний Туркистон пири Хожа Аҳмад Яссавий ва Хожаи жаҳон Абдулхолиқ Ғиждувонийни тарбиялаб камолга етказган пири комилдир. Бу зот ҳақида Абдулхолиҳ Ғиждувонийнинг «Мақомоти Хожа Юсуф Ҳамадоний», Фаридиддин Атторнинг «Тазкирату-л-авлиё», Абдираҳмон Жомийнинг «Нафаҳоту-л-унс», Алишер Навоийнинг «Насойиму-л-муҳаббат» тазкираларида маълумот берилган. Замонасининг етук шайхлари Абдулқодир Гилоний (Ғавсу-л-аъзам), Шайх Ҳамидуддин Мултоний, Имом Ғаззолий билан мулоқотда бўлган. Одамлар орасида юриб, уларни иршод қилиш, муридлар таълим-тарбияси билан шуғулланиш йўлини танлаган.

Шайх Ҳамадонийнинг қуйидаги асарлари маълум: «Рутбату-л-ҳаёт» («Ҳаёт мартабаси»), «Кашф», «Рисола дар одоби тариқат» («Тариқат одоби ҳақида рисола»), «Рисола фи анна-л-кавна мусаххарун лил инсон» («Яратганнинг ҳукмидаги борлиқ ва Инсон менлиги ҳақида рисола») , «Рисола дар ахлоқ ва муножот» («Ахлоқ ва илтижо ҳақида рисола»).

«Рутбату-л-ҳаёт» рисоласи савол-жавоб тарзида ёзилган. Шайхга ўн тўрт савол берилган ва уларнинг жавоблари асосида рисола тартиб қилинган. Асарда «ҳалол ва ҳаром, моддийлик ва руҳоният, дунё ва охират, тубанлик ва юксаклик» кабилар ва уларнинг оқибатлари ҳақида фикр юритилган.

034

Фақат Ундан ёрдам сўраймиз. Ҳамд Оллоҳ таолога хосдир. Азалий ҳамдининг буюклиги билан Ҳомид (1), илк улуғворлик ҳамди билан Мажид (2), доимий тавҳидининг карами билан Шоҳид, абадий бирлигининг мушоҳадаси билан Воҳид (3), зоҳирий қаҳрининг азамати билан Жаббор (4), ботиний азаматининг қаҳри билан Қаҳҳор (5), юксак ҳокимиятининг улуғлиги билан Малик (6), қайюмий иззатининг мулки билан Мутакаббир (7), олий марҳаматининг гўзаллиги билан Восеъ (8) ва шафқатли раҳматининг кенглиги билан Муҳсин (9) бўлган У (Оллоҳ таоло)дир. Махлуқотининг энг олий, закий ва хайрлиси бўлган Расулига, унинг асҳоби, ақрабо ва умматига салоту саломлар бўлсин.

Оллоҳ таоло сени ўзи севган ва рози бўлган ишларда муваффақ қилсин, «тирик (жонли) ким ва тириклик (ҳаёт) нима?» деб сўрадинг.

Жавоб: Тавфиқ Оллоҳдан. Билгилки, басират ва яқин аҳли (10)  қошида, тирик — бу тинч-осуда кишидир. «Тириклик» эса тинчлик, хотиржамликдир. Етти қават осмон ва ернинг махлуқоти, тинчлик ва хотиржамликнинг моҳияти ҳақида ҳамфикрдирларки, ҳар бир киши бир нарса билан осуда, тинч ва сокиндир. Аммо тасалли ва хотиржамлик жойлари турличадир… Ҳамманинг ўз мавқе-мақоми ва аҳволига кўра бир тасалли макони мавжуд. Инсон унинг мавжудлиги билан ҳузур-ҳаловат, роҳат ва таскин топади. Уни йўқотганида эса саросима ва изтиробга тушади. У билан роҳатланиб, тасалли топгач, кўнгиллар хотиржам бўлади. Ҳақ йўлининг йўлчилари бўлган пайғамбарлар айтадиларки: «Фалон киши фалон нарса билан тирикдир». Бу тирик ва тирикликни танишда умумий қоидадир.

Аммо тирик билан тирикликни сўфий тоифасининг таърифига кўра батафсил билмоқчи бўлсанг, билгилки, дунё безаклари билан тасалли топиб овунган кишининг саодати — бу алданиш саройи бўлмиш дунёнинг арзимас молини жамлаш, манъ қилиш, олиш ва беришдир. Бу киши дунё билан умр кечирмоқда. Демак, дунё билан тирикдир. Бу ҳолат Одам боласининг ҳаёт мартабаси ва манзилидаги энг қадрсиз ва тубан даражадир. Чунки дунё матоси билан хотиржам бўлиб овунган киши ҳайвонлар, ҳашаротлар, ёввойи ва уй ҳайвонлари, қуш ва балиқлар билан баробар ва улар билан шерикдир. Чунки улар бу алдов дунёнинг лаззатлари билан тирик ва ҳаётдирлар…

Дунёнинг ортиқча ишларидан йироқлашиш ва сақланишда инсон мавжуд вазият ва эҳтиёжига кўра машаққат тортиши керак… Ҳаловат ва ором топишнинг ҳосил бўлишида икки йўл мавжуд:

Биринчиси, Оллоҳнинг фазлу карами туфайли бандага заҳмату машаққатсиз келадиган ҳаловат бўлиб, у бандани дунё ҳаётининг қаъридан дин дунёсининг кўкларига чиқаради. Аммо бу ноёб ҳодиса бўлиб, «ноёбнинг ҳукми йўқдир» демишлар…

Иккинчиси, риёзату қийинчиликлар чекиш орқали эришиладиган ҳузур-ҳаловат бўлиб, у олдинги ва ҳозирги соликларнинг мужоҳада (11) йўлидир. Ҳақ таоло фармон қилурки: «Бизнинг (йўлимиз)да жиҳод қилган — курашган зотларни, албатта, Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз. Аниқки, Оллоҳ чиройли амал қилгувчи зотлар билан биргадир» (12) (Қуръон, 29:69). Ва яна дедилар: «Ким мужоҳада орқали ўзининг зоҳирини (феълу атворини) безаса, Оллоҳ таоло мушоҳада (қалб кўзи билан Ҳақни сайр этиш) орқали унинг ботинини гўзаллаштиради». Яна дейилдики: «Зоҳирий ҳаракатлар  ботиний баракотларга сабаб бўлади». «Кимгаки, нафси дўст ва карамли бўлса, у кишининг диний ишлари осонлашади» (13). «Дунё оромгоҳи ва ундаги ортиқча нарсаларни хароб қилишга сарфланган ҳаракат миқдорида Ҳақ зикри тасаллигоҳининг иморати маъмур бўлиб бораверади». «Ким сенга дунёни озайтирса, дардингни озайтирган бўлади. Кимки, дунёни кўпайтирса, дардингни кўпайтирган бўлади… Ҳақ йўлида юрган соликларнинг бу мавзудаги сўзу иборалари фарқлидир:

Сўфий шундай дейди: «Кимки дунё кудуратидан (ғашлигидан) пок бўлса, Мавло (14) зикрининг софлиги билан ҳаловат топади.

Дарвиш дейди: Алданиш дунёсида фақрлашди, сурур ва саодат оламида бой бўлди.

Муваҳҳид (15) дейди: ширк ва шерикликдан қутулди, танҳо ва ёлғиз бўлди.

Муқарраб (16) дейди: ўлимнинг дастидан халос бўлди ва абадий ҳаётга боғланди.

Солик дейди: хароб уйдан чиқди ва обод манзилга жойлашди.

Ориф дейди: шайтон ва девларнинг уясидан қутулиб, илоҳий ризо боғчаси бирла ҳузур топди.

Аҳли кашф (17) дейди: нафс зиндонидан кўнгил тахтига чиқди.

Барча бу сўзлар тўғри ва ҳақдир. Қачонки, инсон бу дунёнинг оромгоҳини охиратнинг оромгоҳига алмаштирса, бу барча таърифланган сифатлар унинг либоси бўлади. Ҳам дарвиш бўлур, ҳам сўфий, ҳам муваҳҳид, ҳам аҳли кашф, ҳам ориф, ҳам солик, ҳам маънавий мақом соҳиби ҳамда йўлнинг ҳақиқатига эришган инсонга айланади.

Агар бири шундай савол билан мурожаат қилса: бу масалада мазҳаб олимлари турли фикрлар билдиришган, баъзиси иймон ва ислом бир нарсадир дейишган бўлса, баъзилари иймон бошқа, ислом бошқа дейишган. Қайси фикр тўғрилигини изоҳлаб беринг. Ушбу икки хил фикрдан қайси бирини қалбингиз тасдиқлайди? Агар иймон ва ислом бир нарса бўлса, уларни иккига ажратиш дируст эмас. Агар иймон бошқаю, ислом бошқа бўлса, бу фарқлиликнинг далили нима?

Жавоб: Оллоҳ муваффақ айласин.

Эй басират ва яқин денгизида инжу изловчи киши! Билгилки, бу масалада мурид кўнгилни тақлид зангидан поклаб, изланиш уйининг эшигини шубҳа тиканларидан тозалаши даркор. Бундан ташқари мурид Ҳақ таолонинг улуғвор йўлидан насибасини олган валийлар билан яқинлик ва дўстлик ҳосил қилиши керак. Ҳиммат эгалари боғлаган камар билан улар ҳам белларини боғлашлари шарт. Токи «Биз унга покиза ҳаёт ато этурмиз» (Қуръон, 16:97) (18) сўзларининг оҳанглари ва бу оҳангларнинг сўзлари унинг қулоғига етгач, ҳарф, сўз ва оҳанглар бўғзидан жой олишидан олдин ҳарф маъноси унинг қалбида ўрнашган бўлади.

Агар мурид бу даражага эриша олмаган бўлса, унинг тасарруфи ақлу заковат тасарруфига айланади. Бунинг учун эса у англаб идрок этган ҳар бир нарсага зикр, дуо, шукр ва ҳамд билан муносабат билдириши, мавзуларни идрок этолмагач, гўллигини сўзловчининг сўз ва илмига эмас, балки ўз фаҳмининг ноқислигидан деб билиши (лозим)…

Қалбий тафаккур ва ботиний мушоҳада банданинг ғайрати билан ҳосил бўладими? Ёки Ҳақ таолонинг инъоми ва туҳфасими?

«Фикр (тафаккур)нинг йўллари ва чегаралари қанча, қандай ва қаерда? Қандай бир зикр тафаккурдан устун ва қайси тафаккур зикрдан афзалдир? Пайғамбарлар ва авлиёлар зикр билан сифатланганлар. Гарчи уларнинг кўнгиллари ботинни кўриш ва ғайбни мушоҳада қилиш хазинасидир».

Жавоб: «Зикр ва фикр (тафаккур) банданинг ғайрати ва ҳаракати билан ҳосил бўладими ёки Ҳақ таолонинг инъоми- лутфи билан юзага келадими?» — деб сўраяпсан.

Билгилки, шундай фикрки, мўъминнинг унс мақоми, сукунат ва ором маҳали, кўнглининг ҳаёт ва тириклиги бўлса ва бу фикр зикрдан туғилган бўлса, банданинг ҳаракатисиз бандада зоҳир бўлади. Солик Ҳақ йўлидаги зикрида охирги нуқтага етиб бормагунича, унинг зикри бир суратга кирмайди. Шу боис бундай ҳолатдаги соликнинг тафаккури Ҳақнинг инояти мавҳибаи илоҳия (19) сидир. Илоҳий қонун ва одат шу тарзда жараён этади.

Соликнинг зикрда охирги нуқтасига етиши бу тили билан бирга етти аъзосининг, ҳатто туклари ва тирноқларининг ҳам зикрда иштирок этишидир. Қалб аъзоларнинг зикрини эшитади ва кўради, ҳароратга келади, натижада қувват топиб, у ҳам зикрга қўшилади.

Қалб зикрининг ниҳояси қирқ кундир. Бу муддат охирига етганда нурлар жамланиб, қалбни шуълалантиради, ҳис аъзоларининг тешикларидан ташқарига чиқади.

Хилват аҳлида пайдо бўлган бу ҳолларни ҳеч бир фақиҳ, муфассир ёки муҳаддис билолмайди (20).

Эй, Ҳақ йўлининг йўлчиси! Сен ҳам бир кун бу мартабага етсанг, ўз кўзинг билан кўрасан. Бу маънавий ҳолу мушоҳадалар баъзан бир йил, баъзан ўн йил давом этади. Ҳолларнинг муддати зикр муддати қадардир. Бу воқеа пайдо бўлгунга қадар (қалб кўзи очилгунга қадар) инсон зоҳирий кўзи билан кўриб туради. Қалб кўзи билан кўриш, яъни мушоҳададан кейин зикрга гал келади ва ҳокимият қалбий зикр қўлига ўтади. Қалб ҳарорат билан зикр қилган вақт мобайнида тил шодмон бўлиб, интизорлик билан кутиб туради. Қалб зикри тўхтагач, тилга навбат келади ва у зикрга киришади. Муриднинг насибаси меҳрибон бир пирга кўнгил боғлашидир. Мурид ўзи ёлғиз ўн йилда боса олмайдиган йўлни пир раҳбарлигида бир йилда босиб ўтади. Мурид бир ҳол ва мушоҳадага боғланиб, у мартабада ўн йил қолиши мумкин. Оқибатда бир пир келиб, унинг йўлини очади ва муридни у аҳволдан қутқаради.

Воқеалар (мушоҳада) нинг вақти ва навбати ўтгач, қалбдаги зикр иқлимидан барча тафаккур эшиклари тамоман очилади. Тафаккур ортгач, мурид янада жонланади, натижада ҳузур макони янада обод бўлиб, Ҳақ таолонинг муҳофазасига эришади.

Энди сўзимизнинг асл мақсадига ўтайлик: баъзиларда ҳою ҳавас ғазаби, баъзиларда диний ҳақлар ғолиб келади ва унинг сўз ва ишлари одатдаги табиий ҳолати чегарасидан чиқиб кетади. Шундай экан, бир инсоннинг меҳр- муҳаббати бошқа инсонга ғолиб келса, унинг сўзу ҳаракатлари одатдаги тартибдан чиқса, ажабланмаслик керак. Нафсоний, шайтоний ва шаҳвоний ишқ ҳоким бўлган ошиқлар орасида бундай ҳолат очиқ-ойдин кўринади. Шак-шубҳасиз, улар шундай бир фазилатга эришадиларки, сўзлари, хатти-ҳаракат ва йўналишлари олдинги ҳолларига асло ўхшамайди. Шундай экан, Оллоҳ дўстларига ва Ҳақ ошиқларига нега ишониш мумкин эмас? Ҳолбуки, Оллоҳ севгиси (21) махлуқот севгисидан кўра жўшқин, шиддатли ва қудратлироқдир.

Нафсоний ва шайтоний севги билан раҳмоний севги орасидаги фарқ шундай: махлуқот севгисида ўзидан кетиш ва девоналик юзага келади. Ҳақ таолони севишда эса кўнгилда фаросат, ҳикмат ва маърифат ҳосил бўлади. Чунки шайтоннинг йўлида тикан ва хас-хашак учраса, Ҳақ таолонинг йўлида фақат наргису лола рўпара келади.

Савол берувчи «Қайси зикр фикрдан (тафаккурдан), қайси тафаккур зикрдан афзалроқ?» деб сўраган эди.

Бу ҳақда фикримиз шундай: Молий ҳуқуқлар ва баданий вазифалар каби ислом қуббалари ва таянчлари (22) ни муҳофаза қилувчи, ҳаёт истеҳкомини соғломлаштириб, унс уйи иморатини бунёд этувчи зикр — фикрдан афзалроқдир. Чунки бу зикр кўнгил оламида эмас, аъзолар оламида жараён этади. Аъзолардаги зикр шакл ва кўринишга киради. Зикр тил билан ижро этилади, тил эса бир аъзодир. Бу ерда фикрга урғу берилмаяпти, чунки у қалб ишидир ва бу зикр кўнгил оламига етишмаган. Бу зикрнинг устунлиги қуйидаги сабабларга кўрадир: бу мартабада фикр (тушунча, тафаккур) мажбурланмайди. Чунки бу шахснинг кўнгли иймон оламини мушоҳада этиш нурлари билан ойдинлашмаган. Банда нафс ва шаҳват қуллигидан қутулмаган. Дунё, мақом ва ҳаёт севгиси пардаси билан дунёда боқийлик орзуси унинг кўнгил кўзида собитдир. Бу ҳолдаги шахснинг тафаккури қоронғу ва ёмғирли бир кечада йўл билмайдиган кишининг юришига ўхшайди. Ҳар қанча юргани билан манзилга етолмайди. Тўғри ва мустаҳкам йўлдан юриши ноёб бир ҳодиса бўлгани билан «нодирнинг ҳукми йўқдир…»

Бундан ташқари унинг тафаккури кўнгилни очмайди. Чунки у мартаба ва мақомга ҳануз етишмаган. Шу боис ҳануз етишмаган ҳолда бўлгани учун зикр тафаккурдан афзалдир. Зеро, зикр қалбни юмшатади ва кўнгил кўзини мунаввар қилади. Қалб тафаккурини очувчи калит зикрдир. Шу боис Ҳақ таоло «Уйларга эшикларидан киринглар!» (Қуръони карим, 2:189) (23) деган. Ва бу ўз ўрнида амалга ошади.

Қалб билан зикр дарахт билан сувга ўхшайди. Қалб билан тафаккур эса дарахт билан мевага менгзайди. Дарахтни суғормасдан, унинг гуллаб барг чиқаришини кутмасдан ва у ҳали ғунчаю новда очмасдан туриб, ундан мева талаб қилиш хатодир. Чунки ҳануз мева ҳосил бериш вақти етмаган. Балки дарахтни вояга етказиш вақтидир. Уни суғориш, атрофидаги бегона ўт-ўлан ва зараркунандалардан тозалаш, офтоб ҳароратидан баҳраманд бўлишини кутиш керак. Токи дарахт кўкаради, яшнайди ва ям-яшил баргларга бурканади. Шундан кейингина унинг шохларидан мева таъма қилиш тўғри ва ўринли бўлади. Ҳақ таолонинг қуйидаги ояти каримаси мазкур нуқтани тасдиқлайди: «Бизнинг (йўлимиз)да жиҳод қилган — курашган зотларни албатта ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз. Аниқки, Оллоҳ чиройли амал қилгувчи зотлар билан биргадир» (24) (Қуръони карим, 29:69). Тилнинг зикри — мужоҳададир. Кўнгилдаги тафаккур эшигини очиш — ҳидоят йўлларини кўрсатишдир.

Ҳар бир нарса бу оятга мувофиқ фоний бўлади, йўқликка айланади. Илк сўзловчи киши бу жинслар орасидаги фарқни шарҳлаганидек, оят ва ҳадисларда келган — хоҳ баданий бўлсин, хоҳ руҳий бўлсин — сифатлар, туғма хусусиятлар, ахлоқ ва фикрий идроклар бу дунёга тегишли ва ўткинчидир…

Бу сўзнинг изоҳи қуйидагича: жазо, мукофот, тақдирлаш ва даража куни бўлган охиратда гўзаллик ва хунуклик, заифлик ва куч-қувват, ҳушёрлик ва ғафлат, тавозеъ ва шуҳрат, сўзамоллик ва дудуқлик, фақрлик ва бойлик, қуллик ва қироллик, хасталик ва саломатлик сингари дунёвий хусусиятлар бирон кишига савоб, даража, жазо ва мукофот бермайди. Бу нарсалар савоб тарозусига қўйилмайди. Булар сабабли инсонга жазо ҳам, азоб ҳам берилмайди. Бу нарсалар билан дунё ҳаётида Ҳақ таолонинг даргоҳига яқинлашиш учун васила ва яқинлик қилмайдилар. Булар билан охират йўлининг манзилларини кеча олмайдилар. Авлиёуллоҳнинг мартабаларига ҳам эриша олмайдилар.

Дин йўлининг улуғларидан бирига савол беришибди: «Бу йўлда бало кўпми ёки неъматми?» У зот шундай жавоб берибдилар: «Бу йўлда на неъмат бор, на бало, на хасталик, на саломатлик, на фақрлик, на бойлик, на яхшилик ва на ёмонлик». Бу сўзни менга савол сўраган одамнинг ўзи айтди. Тўғрисини Оллоҳ таоло яхши билгучидир.

ИЗОҲЛАР

Юсуф Ҳамадонийнинг табиати, диний сифати ва сулук йўли ҳақида маълумот берувчи манбалар жуда кам. Улар орасида Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг «Мақомоти Хожа Юсуф Ҳамадоний» номли рисоласининг қўлёзмаси ЎРФАШИда 3001 рақами остида сақланади. Ушбу «Мақомот»дан матбуотда айрим парчалар эълон қилинган (Хожаи Жаҳон — Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний. — Т.: Наврўз, 1994. — Б. 18 — 22). Мажмуада келтирилаётган парчалар  асарнинг Эрон (Юсуф Ҳамадоний. Рутбату-л-ҳаёт. Доктор Муҳаммад Амин Риёҳий муқаддимаси. — Теҳрон 1361 ҳ.ш.) ва Туркия (Науаt nedir -— Rиtbatu’l hayat (Носе Уиsuf-i Нетеdani. Сеverеп Necdat  Тоsип. — Isапbul, Iпsап уауinlari, 1998) даги нашрларидан Сайфиддин Рафъиддин ва Нодирхон Ҳасан томонидан ўзбек тилига ўгирилган.

1. Ҳомид — мақталган, мақтовли, мадҳ этилган.
2. Мажид — мавжуд қилувчи, яратувчи.
3. Воҳид — ягона, ёлғиз.
4. Жаббор — жабр берувчи.
5. Қаҳҳор — қаҳрли, қаҳр қилувчи.
6. Малик — подшоҳ.
7. Мутакаббир — «кабир»дан улуғвор.
8. Восеъ — кенг (бағирли), марҳаматли.
9. Муҳсин — ҳуснли, гўзал.
10. Яқин аҳли — Оллоҳга ва унинг биру борлигига ишонувчилар.
11. Мужоҳада йўли — жиҳод йўли, нафсга қарши кураш йўли.
12. «Анкабут» сурасидаги сўнгги оят. Бу ва кейинги ояти карималарнинг зоҳирий таржимаси Алоиддин Мансур муаллифлигида берилади.

13. Қавс ичида сура ва оят рақамлари кўрсатилмаган ояти карималар таржимонлар ва ноширлар томонидан қайси сура ва оят эканлиги аниқланмаган. Биз ҳам шуни сақлашга мажбур бўлдик.
14. Мавло — соҳиб, сарвар.
15. Муваҳҳид — тавҳид сирларидан хабардор.
16. Муқарраб — яқин турувчи, ҳамсуҳбат; етишган.
17. Аҳли кашф — каромат қилувчилар.
18. «Биз унга покиза ҳаёт ато этурмиз» — Наҳл сурасидаги 97- оятдан. Ояти кариманинг тўлиқ мазмуни шундай; «Эркакми ё аёлми — кимда-ким мўъмин бўлган ҳолида бирон яхши амал қилса, бас, Биз унга покиза ҳаёт ато этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган амаллардан чиройлироқ ажр-савоблар билан мукофотлаймиз».
19. Мавҳибаи илоҳия — илоҳий неъмат, илоҳий эҳсон.
20. Бунинг боиси шундаки, улар илмнинг зоҳирий қисми билан банд бўладилар. Хилват аҳлининг ботини эса, ёлғиз Яратгангагина аёндир.
21. Оллоҳ севгиси — бу ўринда  Оллоҳнинг севгиси эмас, балки банданинг Оллоҳга нисбатан илоҳий муҳаббати назарда тутилади.
22. Қуббалари ва таянчлари — қуббалар Атторнинг фикрига кўра олтита: нафс, нафси аммора, аҳл, илм, фақр, тавҳид; таянч дейилганда, исломнинг беш рукни (устуни) назарда тутилади.
23. «Уйларга эшикларидан киринглар!» — Бақара сурасидаги  189-оят. Унинг тўла мазмуни шундай: «Сиздан ойлар ҳақида сўрашади. Айтинг: у (ойлар) одамлар ва ҳаж учун вақт ўлчовларидир. Уйларингизга орқа томонидан киришингиз яхшилик эмас, балки Оллоҳдан қўрққан киши яхшилик қилгувчидир. Уйларга эшикларидан кирингиз! Ва Оллоҳдан қўрқинг! Шояд нажот топсангиз».
24. «Оллоҳ чиройли амал қилгувчи зотлар билан биргадир» — «Анкабут» сурасидаги 69-оят. Унинг тўла мазмуни шундай: «Бизнинг (йўлимиз)да жиҳод қилган — курашган зотларни, албатта, Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз. Аниқки, Оллоҳ чиройли амал қилгувчи зотлар билан биргадир».

056

YUSUF HAMADONIY
«RUTBATU-L-HAYOT»DAN
Sayfiddin Raf’iddin va Nodirxon Hasan tarjimasi
034

Yusuf Hamadoniy (1048-1141) Xurosondagi Hamadon shahrining Buzanjird (yoki Buzinajird) qishlog’ida tavallud topdi. Bomiyon shahrida vafot etgan, uning vasiyatiga ko’ra jasadi muridlari tomonidan Marv shahriga keltirilib, u yerga ko’milgan (Fotosuratda Maridagi Hamadoniy majmuasi).

Yusuf Hamadoniy qadim Turkiston ma’naviyatida o’ziga xos dunyoqarash, tasavvuf tizimini barpo etgan, rivojlantirgan olim va orif bir zotdir. Shuningdek, Shayx Hamadoniy Turkiston piri Xoja Ahmad Yassaviy va Xojai jahon Abdulxoliq G’ijduvoniyni tarbiyalab kamolga yetkazgan piri komildir. Bu zot haqida Abdulxolih G’ijduvoniyning «Maqomoti Xoja Yusuf Hamadoniy», Farididdin Attorning «Tazkiratu-l-avliyo», Abdirahmon Jomiyning «Nafahotu-l-uns», Alisher Navoiyning «Nasoyimu-l-muhabbat» tazkiralarida ma’lumot berilgan. Zamonasining yetuk shayxlari Abdulqodir Giloniy (G’avsu-l-a’zam), Shayx Hamiduddin Multoniy, Imom G’azzoliy bilan muloqotda bo’lgan. Odamlar orasida yurib, ularni irshod qilish, muridlar ta’lim-tarbiyasi bilan shug’ullanish yo’lini tanlagan.

Shayx Hamadoniyning quyidagi asarlari ma’lum: «Rutbatu-l-hayot» («Hayot martabasi»), «Kashf», «Risola dar odobi tariqat» («Tariqat odobi haqida risola»), «Risola fi anna-l-kavna musaxxarun lil inson» («Yaratganning hukmidagi borliq va Inson menligi haqida risola») , «Risola dar axloq va munojot» («Axloq va iltijo haqida risola»).

«Rutbatu-l-hayot» risolasi savol-javob tarzida yozilgan. Shayxga o’n to’rt savol berilgan va ularning javoblari asosida risola tartib qilingan. Asarda «halol va harom, moddiylik va ruhoniyat, dunyo va oxirat, tubanlik va yuksaklik» kabilar va ularning oqibatlari haqida fikr yuritilgan.

034

Faqat Undan yordam so’raymiz. Hamd Olloh taologa xosdir. Azaliy hamdining buyukligi bilan Homid (1), ilk ulug’vorlik hamdi bilan Majid (2), doimiy tavhidining karami bilan Shohid, abadiy birligining mushohadasi bilan Vohid (3), zohiriy qahrining azamati bilan Jabbor (4), botiniy azamatining qahri bilan Qahhor (5), yuksak hokimiyatining ulug’ligi bilan Malik (6), qayyumiy izzatining mulki bilan Mutakabbir (7), oliy marhamatining go’zalligi bilan Vose’ (8) va shafqatli rahmatining kengligi bilan Muhsin (9) bo’lgan U (Olloh taolo)dir. Maxluqotining eng oliy, zakiy va xayrlisi bo’lgan Rasuliga, uning as’hobi, aqrabo va ummatiga salotu salomlar bo’lsin.

Olloh taolo seni o’zi sevgan va rozi bo’lgan ishlarda muvaffaq qilsin, «tirik (jonli) kim va tiriklik (hayot) nima?» deb so’rading.

Javob: Tavfiq Ollohdan. Bilgilki, basirat va yaqin ahli (10) qoshida, tirik — bu tinch-osuda kishidir. «Tiriklik» esa tinchlik, xotirjamlikdir. Yetti qavat osmon va yerning maxluqoti, tinchlik va xotirjamlikning mohiyati haqida hamfikrdirlarki, har bir kishi bir narsa bilan osuda, tinch va sokindir. Ammo tasalli va xotirjamlik joylari turlichadir… Hammaning o’z mavqe-maqomi va ahvoliga ko’ra bir tasalli makoni mavjud. Inson uning mavjudligi bilan huzur-halovat, rohat va taskin topadi. Uni yo’qotganida esa sarosima va iztirobga tushadi. U bilan rohatlanib, tasalli topgach, ko’ngillar xotirjam bo’ladi. Haq yo’lining yo’lchilari bo’lgan payg’ambarlar aytadilarki: «Falon kishi falon narsa bilan tirikdir». Bu tirik va tiriklikni tanishda umumiy qoidadir.

Ammo tirik bilan tiriklikni so’fiy toifasining ta’rifiga ko’ra batafsil bilmoqchi bo’lsang, bilgilki, dunyo bezaklari bilan tasalli topib ovungan kishining saodati — bu aldanish saroyi bo’lmish dunyoning arzimas molini jamlash, man’ qilish, olish va berishdir. Bu kishi dunyo bilan umr kechirmoqda. Demak, dunyo bilan tirikdir. Bu holat Odam bolasining hayot martabasi va manzilidagi eng qadrsiz va tuban darajadir. Chunki dunyo matosi bilan xotirjam bo’lib ovungan kishi hayvonlar, hasharotlar, yovvoyi va uy hayvonlari, qush va baliqlar bilan barobar va ular bilan sherikdir. Chunki ular bu aldov dunyoning lazzatlari bilan tirik va hayotdirlar…

Dunyoning ortiqcha ishlaridan yiroqlashish va saqlanishda inson mavjud vaziyat va ehtiyojiga ko’ra mashaqqat tortishi kerak… Halovat va orom topishning hosil bo’lishida ikki yo’l mavjud:

Birinchisi, Ollohning fazlu karami tufayli bandaga zahmatu mashaqqatsiz keladigan halovat bo’lib, u bandani dunyo hayotining qa’ridan din dunyosining ko’klariga chiqaradi. Ammo bu noyob hodisa bo’lib, «noyobning hukmi yo’qdir» demishlar…

Ikkinchisi, riyozatu qiyinchiliklar chekish orqali erishiladigan huzur-halovat bo’lib, u oldingi va hozirgi soliklarning mujohada (11) yo’lidir. Haq taolo farmon qilurki: «Bizning (yo’limiz)da jihod qilgan — kurashgan zotlarni, albatta, O’z yo’llarimizga hidoyat qilurmiz. Aniqki, Olloh chiroyli amal qilguvchi zotlar bilan birgadir» (12) (Qur’on, 29:69). Va yana dedilar: «Kim mujohada orqali o’zining zohirini (fe’lu atvorini) bezasa, Olloh taolo mushohada (qalb ko’zi bilan Haqni sayr etish) orqali uning botinini go’zallashtiradi». Yana deyildiki: «Zohiriy harakatlar botiniy barakotlarga sabab bo’ladi». «Kimgaki, nafsi do’st va karamli bo’lsa, u kishining diniy ishlari osonlashadi» (13). «Dunyo oromgohi va undagi ortiqcha narsalarni xarob qilishga sarflangan harakat miqdorida Haq zikri tasalligohining imorati ma’mur bo’lib boraveradi». «Kim senga dunyoni ozaytirsa, dardingni ozaytirgan bo’ladi. Kimki, dunyoni ko’paytirsa, dardingni ko’paytirgan bo’ladi… Haq yo’lida yurgan soliklarning bu mavzudagi so’zu iboralari farqlidir:

So’fiy shunday deydi: «Kimki dunyo kuduratidan (g’ashligidan) pok bo’lsa, Mavlo (14) zikrining sofligi bilan halovat topadi.

Darvish deydi: Aldanish dunyosida faqrlashdi, surur va saodat olamida boy bo’ldi.

Muvahhid (15) deydi: shirk va sheriklikdan qutuldi, tanho va yolg’iz bo’ldi.

Muqarrab (16) deydi: o’limning dastidan xalos bo’ldi va abadiy hayotga bog’landi.

Solik deydi: xarob uydan chiqdi va obod manzilga joylashdi.

Orif deydi: shayton va devlarning uyasidan qutulib, ilohiy rizo bog’chasi birla huzur topdi.

Ahli kashf (17) deydi: nafs zindonidan ko’ngil taxtiga chiqdi.

Barcha bu so’zlar to’g’ri va haqdir. Qachonki, inson bu dunyoning oromgohini oxiratning oromgohiga almashtirsa, bu barcha ta’riflangan sifatlar uning libosi bo’ladi. Ham darvish bo’lur, ham so’fiy, ham muvahhid, ham ahli kashf, ham orif, ham solik, ham ma’naviy maqom sohibi hamda yo’lning haqiqatiga erishgan insonga aylanadi.

Agar biri shunday savol bilan murojaat qilsa: bu masalada mazhab olimlari turli fikrlar bildirishgan, ba’zisi iymon va islom bir narsadir deyishgan bo’lsa, ba’zilari iymon boshqa, islom boshqa deyishgan. Qaysi fikr to’g’riligini izohlab bering. Ushbu ikki xil fikrdan qaysi birini qalbingiz tasdiqlaydi? Agar iymon va islom bir narsa bo’lsa, ularni ikkiga ajratish dirust emas. Agar iymon boshqayu, islom boshqa bo’lsa, bu farqlilikning dalili nima?

Javob: Olloh muvaffaq aylasin.

Ey basirat va yaqin dengizida inju izlovchi kishi! Bilgilki, bu masalada murid ko’ngilni taqlid zangidan poklab, izlanish uyining eshigini shubha tikanlaridan tozalashi darkor. Bundan tashqari murid Haq taoloning ulug’vor yo’lidan nasibasini olgan valiylar bilan yaqinlik va do’stlik hosil qilishi kerak. Himmat egalari bog’lagan kamar bilan ular ham bellarini bog’lashlari shart. Toki «Biz unga pokiza hayot ato eturmiz» (Qur’on, 16:97) (18) so’zlarining ohanglari va bu ohanglarning so’zlari uning qulog’iga yetgach, harf, so’z va ohanglar bo’g’zidan joy olishidan oldin harf ma’nosi uning qalbida o’rnashgan bo’ladi.

Agar murid bu darajaga erisha olmagan bo’lsa, uning tasarrufi aqlu zakovat tasarrufiga aylanadi. Buning uchun esa u anglab idrok etgan har bir narsaga zikr, duo, shukr va hamd bilan munosabat bildirishi, mavzularni idrok etolmagach, go’lligini so’zlovchining so’z va ilmiga emas, balki o’z fahmining noqisligidan deb bilishi (lozim)…

Qalbiy tafakkur va botiniy mushohada bandaning g’ayrati bilan hosil bo’ladimi? Yoki Haq taoloning in’omi va tuhfasimi?

«Fikr (tafakkur)ning yo’llari va chegaralari qancha, qanday va qaerda? Qanday bir zikr tafakkurdan ustun va qaysi tafakkur zikrdan afzaldir? Payg’ambarlar va avliyolar zikr bilan sifatlanganlar. Garchi ularning ko’ngillari botinni ko’rish va g’aybni mushohada qilish xazinasidir».

Javob: «Zikr va fikr (tafakkur) bandaning g’ayrati va harakati bilan hosil bo’ladimi yoki Haq taoloning in’omi- lutfi bilan yuzaga keladimi?» — deb so’rayapsan.

Bilgilki, shunday fikrki, mo»minning uns maqomi, sukunat va orom mahali, ko’nglining hayot va tirikligi bo’lsa va bu fikr zikrdan tug’ilgan bo’lsa, bandaning harakatisiz bandada zohir bo’ladi. Solik Haq yo’lidagi zikrida oxirgi nuqtaga yetib bormagunicha, uning zikri bir suratga kirmaydi. Shu bois bunday holatdagi solikning tafakkuri Haqning inoyati mavhibai ilohiya (19) sidir. Ilohiy qonun va odat shu tarzda jarayon etadi.

Solikning zikrda oxirgi nuqtasiga yetishi bu tili bilan birga yetti a’zosining, hatto tuklari va tirnoqlarining ham zikrda ishtirok etishidir. Qalb a’zolarning zikrini eshitadi va ko’radi, haroratga keladi, natijada quvvat topib, u ham zikrga qo’shiladi.

Qalb zikrining nihoyasi qirq kundir. Bu muddat oxiriga yetganda nurlar jamlanib, qalbni shu’lalantiradi, his a’zolarining teshiklaridan tashqariga chiqadi.

Xilvat ahlida paydo bo’lgan bu hollarni hech bir faqih, mufassir yoki muhaddis bilolmaydi (20).

Ey, Haq yo’lining yo’lchisi! Sen ham bir kun bu martabaga yetsang, o’z ko’zing bilan ko’rasan. Bu ma’naviy holu mushohadalar ba’zan bir yil, ba’zan o’n yil davom etadi. Hollarning muddati zikr muddati qadardir. Bu voqea paydo bo’lgunga qadar (qalb ko’zi ochilgunga qadar) inson zohiriy ko’zi bilan ko’rib turadi. Qalb ko’zi bilan ko’rish, ya’ni mushohadadan keyin zikrga gal keladi va hokimiyat qalbiy zikr qo’liga o’tadi. Qalb harorat bilan zikr qilgan vaqt mobaynida til shodmon bo’lib, intizorlik bilan kutib turadi. Qalb zikri to’xtagach, tilga navbat keladi va u zikrga kirishadi. Muridning nasibasi mehribon bir pirga ko’ngil bog’lashidir. Murid o’zi yolg’iz o’n yilda bosa olmaydigan yo’lni pir rahbarligida bir yilda bosib o’tadi. Murid bir hol va mushohadaga bog’lanib, u martabada o’n yil qolishi mumkin. Oqibatda bir pir kelib, uning yo’lini ochadi va muridni u ahvoldan qutqaradi.

Voqealar (mushohada) ning vaqti va navbati o’tgach, qalbdagi zikr iqlimidan barcha tafakkur eshiklari tamoman ochiladi. Tafakkur ortgach, murid yanada jonlanadi, natijada huzur makoni yanada obod bo’lib, Haq taoloning muhofazasiga erishadi.

Endi so’zimizning asl maqsadiga o’taylik: ba’zilarda hoyu havas g’azabi, ba’zilarda diniy haqlar g’olib keladi va uning so’z va ishlari odatdagi tabiiy holati chegarasidan chiqib ketadi. Shunday ekan, bir insonning mehr- muhabbati boshqa insonga g’olib kelsa, uning so’zu harakatlari odatdagi tartibdan chiqsa, ajablanmaslik kerak. Nafsoniy, shaytoniy va shahvoniy ishq hokim bo’lgan oshiqlar orasida bunday holat ochiq-oydin ko’rinadi. Shak-shubhasiz, ular shunday bir fazilatga erishadilarki, so’zlari, xatti-harakat va yo’nalishlari oldingi hollariga aslo o’xshamaydi. Shunday ekan, Olloh do’stlariga va Haq oshiqlariga nega ishonish mumkin emas? Holbuki, Olloh sevgisi
(21) maxluqot sevgisidan ko’ra jo’shqin, shiddatli va qudratliroqdir.

Nafsoniy va shaytoniy sevgi bilan rahmoniy sevgi orasidagi farq shunday: maxluqot sevgisida o’zidan ketish va devonalik yuzaga keladi. Haq taoloni sevishda esa ko’ngilda farosat, hikmat va ma’rifat hosil bo’ladi. Chunki shaytonning yo’lida tikan va xas-xashak uchrasa, Haq taoloning yo’lida faqat nargisu lola ro’para keladi.

Savol beruvchi «Qaysi zikr fikrdan (tafakkurdan), qaysi tafakkur zikrdan afzalroq?» deb so’ragan edi.

Bu haqda fikrimiz shunday: Moliy huquqlar va badaniy vazifalar kabi islom qubbalari va tayanchlari (22) ni muhofaza qiluvchi, hayot istehkomini sog’lomlashtirib, uns uyi imoratini bunyod etuvchi zikr — fikrdan afzalroqdir. Chunki bu zikr ko’ngil olamida emas, a’zolar olamida jarayon etadi. A’zolardagi zikr shakl va ko’rinishga kiradi. Zikr til bilan ijro etiladi, til esa bir a’zodir. Bu yerda fikrga urg’u berilmayapti, chunki u qalb ishidir va bu zikr ko’ngil olamiga yetishmagan. Bu zikrning ustunligi quyidagi sabablarga ko’radir: bu martabada fikr (tushuncha, tafakkur) majburlanmaydi. Chunki bu shaxsning ko’ngli iymon olamini mushohada etish nurlari bilan oydinlashmagan. Banda nafs va shahvat qulligidan qutulmagan. Dunyo, maqom va hayot sevgisi pardasi bilan dunyoda boqiylik orzusi uning ko’ngil ko’zida sobitdir. Bu holdagi shaxsning tafakkuri qorong’u va yomg’irli bir kechada yo’l bilmaydigan kishining yurishiga o’xshaydi. Har qancha yurgani bilan manzilga yetolmaydi. To’g’ri va mustahkam yo’ldan yurishi noyob bir hodisa bo’lgani bilan «nodirning hukmi yo’qdir…»

Bundan tashqari uning tafakkuri ko’ngilni ochmaydi. Chunki u martaba va maqomga hanuz yetishmagan. Shu bois hanuz yetishmagan holda bo’lgani uchun zikr tafakkurdan afzaldir. Zero, zikr qalbni yumshatadi va ko’ngil ko’zini munavvar qiladi. Qalb tafakkurini ochuvchi kalit zikrdir. Shu bois Haq taolo «Uylarga eshiklaridan kiringlar!» (Qur’oni karim, 2:189) (23) degan. Va bu o’z o’rnida amalga oshadi.

Qalb bilan zikr daraxt bilan suvga o’xshaydi. Qalb bilan tafakkur esa daraxt bilan mevaga mengzaydi. Daraxtni sug’ormasdan, uning gullab barg chiqarishini kutmasdan va u hali g’unchayu novda ochmasdan turib, undan meva talab qilish xatodir. Chunki hanuz meva hosil berish vaqti yetmagan. Balki daraxtni voyaga yetkazish vaqtidir. Uni sug’orish, atrofidagi begona o’t-o’lan va zararkunandalardan tozalash, oftob haroratidan bahramand bo’lishini kutish kerak. Toki daraxt ko’karadi, yashnaydi va yam-yashil barglarga burkanadi. Shundan keyingina uning shoxlaridan meva ta’ma qilish to’g’ri va o’rinli bo’ladi. Haq taoloning quyidagi oyati karimasi mazkur nuqtani tasdiqlaydi: «Bizning (yo’limiz)da jihod qilgan — kurashgan zotlarni albatta o’z yo’llarimizga hidoyat qilurmiz. Aniqki, Olloh chiroyli amal qilguvchi zotlar bilan birgadir» (24) (Qur’oni karim, 29:69). Tilning zikri — mujohadadir. Ko’ngildagi tafakkur eshigini ochish — hidoyat yo’llarini ko’rsatishdir.

Har bir narsa bu oyatga muvofiq foniy bo’ladi, yo’qlikka aylanadi. Ilk so’zlovchi kishi bu jinslar orasidagi farqni sharhlaganidek, oyat va hadislarda kelgan — xoh badaniy bo’lsin, xoh ruhiy bo’lsin — sifatlar, tug’ma xususiyatlar, axloq va fikriy idroklar bu dunyoga tegishli va o’tkinchidir…

Bu so’zning izohi quyidagicha: jazo, mukofot, taqdirlash va daraja kuni bo’lgan oxiratda go’zallik va xunuklik, zaiflik va kuch-quvvat, hushyorlik va g’aflat, tavoze’ va shuhrat, so’zamollik va duduqlik, faqrlik va boylik, qullik va qirollik, xastalik va salomatlik singari dunyoviy xususiyatlar biron kishiga savob, daraja, jazo va mukofot bermaydi. Bu narsalar savob tarozusiga qo’yilmaydi. Bular sababli insonga jazo ham, azob ham berilmaydi. Bu narsalar bilan dunyo hayotida Haq taoloning dargohiga yaqinlashish uchun vasila va yaqinlik qilmaydilar. Bular bilan oxirat yo’lining manzillarini kecha olmaydilar. Avliyoullohning martabalariga ham erisha olmaydilar.

Din yo’lining ulug’laridan biriga savol berishibdi: «Bu yo’lda balo ko’pmi yoki ne’matmi?» U zot shunday javob beribdilar: «Bu yo’lda na ne’mat bor, na balo, na xastalik, na salomatlik, na faqrlik, na boylik, na yaxshilik va na yomonlik». Bu so’zni menga savol so’ragan odamning o’zi aytdi. To’g’risini Olloh taolo yaxshi bilguchidir.

IZOHLAR

Yusuf Hamadoniyning tabiati, diniy sifati va suluk yo’li haqida ma’lumot beruvchi manbalar juda kam. Ular orasida Abdulxoliq G’ijduvoniyning «Maqomoti Xoja Yusuf Hamadoniy» nomli risolasining qo’lyozmasi O’RFASHIda 3001 raqami ostida saqlanadi. Ushbu «Maqomot»dan matbuotda ayrim parchalar e’lon qilingan (Xojai Jahon — Xoja Abdulxoliq G’ijduvoniy. — T.: Navro’z, 1994. — B. 18 — 22). Majmuada keltirilayotgan parchalar asarning Eron (Yusuf Hamadoniy. Rutbatu-l-hayot. Doktor Muhammad Amin Riyohiy muqaddimasi. — Tehron 1361 h.sh.) va Turkiya (Nauat nedir -— Ritbatu’l hayat (Nose Uisuf-i Netedani. Severep Necdat Tosip. — Isapbul, Ipsap uauinlari, 1998) dagi nashrlaridan Sayfiddin Raf’iddin va Nodirxon Hasan tomonidan o’zbek tiliga o’girilgan.

1. Homid — maqtalgan, maqtovli, madh etilgan.
2. Majid — mavjud qiluvchi, yaratuvchi.
3. Vohid — yagona, yolg’iz.
4. Jabbor — jabr beruvchi.
5. Qahhor — qahrli, qahr qiluvchi.
6. Malik — podshoh.
7. Mutakabbir — «kabir»dan ulug’vor.
8. Vose’ — keng (bag’irli), marhamatli.
9. Muhsin — husnli, go’zal.
10. Yaqin ahli — Ollohga va uning biru borligiga ishonuvchilar.
11. Mujohada yo’li — jihod yo’li, nafsga qarshi kurash yo’li.
12. «Ankabut» surasidagi so’nggi oyat. Bu va keyingi oyati karimalarning zohiriy tarjimasi Aloiddin Mansur muallifligida beriladi.

13. Qavs ichida sura va oyat raqamlari ko’rsatilmagan oyati karimalar tarjimonlar va noshirlar tomonidan qaysi sura va oyat ekanligi aniqlanmagan. Biz ham shuni saqlashga majbur bo’ldik.
14. Mavlo — sohib, sarvar.
15. Muvahhid — tavhid sirlaridan xabardor.
16. Muqarrab — yaqin turuvchi, hamsuhbat; yetishgan.
17. Ahli kashf — karomat qiluvchilar.
18. «Biz unga pokiza hayot ato eturmiz» — Nahl surasidagi 97- oyatdan. Oyati karimaning to’liq mazmuni shunday; «Erkakmi yo ayolmi — kimda-kim mo»min bo’lgan holida biron yaxshi amal qilsa, bas, Biz unga pokiza hayot ato eturmiz va ularni o’zlari qilib o’tgan amallardan chiroyliroq ajr-savoblar bilan mukofotlaymiz».
19. Mavhibai ilohiya — ilohiy ne’mat, ilohiy ehson.
20. Buning boisi shundaki, ular ilmning zohiriy qismi bilan band bo’ladilar. Xilvat ahlining botini esa, yolg’iz Yaratgangagina ayondir.
21. Olloh sevgisi — bu o’rinda Ollohning sevgisi emas, balki bandaning Ollohga nisbatan ilohiy muhabbati nazarda tutiladi.
22. Qubbalari va tayanchlari — qubbalar Attorning fikriga ko’ra oltita: nafs, nafsi ammora, ahl, ilm, faqr, tavhid; tayanch deyilganda, islomning besh rukni (ustuni) nazarda tutiladi.
23. «Uylarga eshiklaridan kiringlar!» — Baqara surasidagi 189-oyat. Uning to’la mazmuni shunday: «Sizdan oylar haqida so’rashadi. Ayting: u (oylar) odamlar va haj uchun vaqt o’lchovlaridir. Uylaringizga orqa tomonidan kirishingiz yaxshilik emas, balki Ollohdan qo’rqqan kishi yaxshilik qilguvchidir. Uylarga eshiklaridan kiringiz! Va Ollohdan qo’rqing! Shoyad najot topsangiz».
24. «Olloh chiroyli amal qilguvchi zotlar bilan birgadir» — «Ankabut» surasidagi 69-oyat. Uning to’la mazmuni shunday: «Bizning (yo’limiz)da jihod qilgan — kurashgan zotlarni, albatta, O’z yo’llarimizga hidoyat qilurmiz. Aniqki, Olloh chiroyli amal qilguvchi zotlar bilan birgadir».

056

(Tashriflar: umumiy 217, bugungi 1)

Izoh qoldiring