Замира Суюнова: «Ҳар бир оиланинг ўз бахтли яшаш сири бўлади…» & Zamira Suyunova. Bog’i Shamol & Chorminor

Ashampoo_Snap_2017.06.14_22h48m00s_002_.png    Ҳаёт тажрибаси катта инсонлар билан учрашганда суҳбат ўз-ўзидан қизиб кетади. Бу галги суҳбатдошимиз — Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистон Давлат консерваторияси доценти Замира Суюнова билан ҳам худди шундай бўлди. Айтишларича, инсоннинг ўз ҳаёт йўлини топишида бурилиш нуқтаси бўларкан. Суҳбатни эса ўқитувчи оиласида туғилиб, санъат соҳасини танлаши, хор дирижёрлигидан хонандаликка ўтишида бурилиш нуқтаси вазифасини ким ёки нима ўтагани ҳақидаги савол билан бошладик.

ҲАР БИР ОИЛАНИНГ ЎЗ
БАХТЛИ ЯШАШ СИРИ БЎЛАДИ…

Ўзбекистон халқ артисти Замира Суюнова билан суҳбат
065

14793644438.jpg— Санъат соҳасига киришимда отамнинг ҳиссаси катта бўлган, — дейди Замира опа. — Ўқувчилик вақтимиздаёқ опам рубоб чалиб, қўшиқ куйлар, мен катта ашулаларни билганимча айтардим. Отам шу қизиқишимизни қўллаб-қувватлаб, опам ва мени Тошкентдаги Глиэр номидаги мусиқа мактабига олиб борган. У вақтларда ота-оналар фарзанди санъаткор бўлишини кўпам хоҳламасди. Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидаги чекка бир қишлоқдан бешинчи ва олтинчи синф қизларини пойтахтга олиб келиб, санъат йўналишидаги ўқишга қўйиш — ўша давр учун қаҳрамонлик эди. Мусиқа мактабида ғижжак йўналишида ўқий бошладим. Лекин ғижжакка қизиқишим йўқлиги боис, кейинроқ хор дирижёрлигига ўтказишган. Институтда ҳам шу йўналишни давом эттирдим.

Хор дирижёрлигидан хонандаликка ўтишимда «Дуторчилар» ансамбли бурилиш нуқтаси бўлган. Ўшанда учинчи курсда ўқирдим. «Дуторчилар» ансамбли ташкил этилаётганини эшитиб, опам билан синовга борганмиз. «Тано­вар 2»­ни куйлаб, ансамблга қабул қилинганман.

— Ўзи Тошкентга келишингиздан асл мақсад ҳам хонандалик бўлган-ку, шундайми?

— Отам «ашула айтасан», деб пойтахтга олиб келган. Хор дирижёрлиги йўналишида ўқиган вақтим деярли қўшиқ куйламасдим. Бир куни отам мендан бироз ранжиб: «Қўшиқчи бўласан, чиройли ашулалар айтасан, деб сени Тошкентга олиб боргандим. Билган қўшиқларинг ҳам эсингдан чиқиб кетибди-ку», деган эди. Кўп ўтмай отамнинг орзулари амалга ошди. Ғанижон Тошматовнинг «Дуторчилар» ансамблида, Дони Зокиров ташкил қилган оркестр билан жуда кўп ашулалар айтдим.

Турмуш ва фарзандлар

— Оиладаги тартиб, тозаликка, истаймизми-йўқми, аёл масъул. Ижод ва ишдан узилмаган ҳолда фарзандлар тарбияси, уй юмушларига улгуриш қийин эмасми?

— Рости, аввалига қийналганман. Оилали бўлсам, ижодим қолиб кетишини ўйлаб, турмушга кечроқ чиққанман. Оилани ҳам, санъатни ҳам эплашимда турмуш ўртоғимнинг санъаткорлиги, касбимизнинг паст-баландини яхши тушунгани катта ёрдам берди. Қолаверса, ўша вақтлар Қашқадарёдан сингилларим келиб, олийгоҳларда ўқишарди. Уй юмушларида уларга кўпроқ суянардим. Нимагадир эришиш учун нимадандир воз кечиш керак. Ижодга айни шўнғиган дамларимизда фарзандларни чуқурлаштирилган мусиқа мактабида ўқитишга вақтимиз етмаган. Қуш уясида кўрганини қиларкан. Иккаласи ҳам санъат йўлидан кетди барибир. Лекин баъзи-баъзида «Бизни Глиэрда ўқитмагансиз», деб қолишади.

— Санъаткорлар турмуш қурса, бирга яшаб кетиши қийин, деган фикр бор. Бу қарашнинг шаклланишига сабаб бўлган мисоллар ҳам талай. Сизнинг бахтли турмушингиз сири нимада?

— Ҳар бир оиланинг ўз ички қонун-қоидалари, бахтли яшаш сирлари бўлади. Бахтли турмушнинг асоси у ёки бу, деб қатъий айтолмайсиз. Бу нарса жуфтларнинг феъл-атворига қараб шаклланса керак. Биргаликда тинч-тотув яшаш учун биз ҳам жуда кўп қийинчиликларни бошдан ўтказганмиз. Яхши-ёмон кунларимиз, хафалашган дамларимиз бўлган. Менимча, турмушда сабрнинг ўрни муҳим. Турмуш ўртоғимнинг феъли тезроқ, мен эса жуда босиқман… Қолаверса, санъаткорлар оиласида бир-бирининг ижодини тушуниш, меҳнатини қадрлашнинг ҳам аҳамияти катта. Балки бир-биримизнинг камчиликларимизни тўлдириб, хатоларимизни кечирганимиз учун оиламиз сақланиб келаётгандир.

— Бола тарбиясида кўпроқ нимага эътибор қаратгансиз?

— Кўнглим бўшлиги учун бўлса керак, болаларга қаттиқ турмаганман. Кўпроқ уларни эшитишга, тушунтиришга ҳаракат қилганман. Болага бирор нарсани ўргатиш осон. Лекин фарзанд шуни қабул қиляптими, амал қиляптими? Мана бу нарса ота-онанинг имконидан ташқарида экан. Болаларим вояга етди, ўз йўлларини ҳам топишди. Ҳозир уларнинг ортидан эшитган ҳар бир яхши гап мен учун катта мукофотдир.

Тўйлар… ва яна тўйлар

— Халқимиз қувончли кунини санъаткорлар билан баҳам кўради. Бугун тўйларимиздаги қайси камчиликлар сизни ўйлантиради?

— Тўйларимиз ҳақиқатан жуда гўзал ўтади. Чиройли одатларимиз бор. Катта-катта ресторанларда ўтаётган тўйларда баъзан ўйланиб қоламан: дастурхон тўкин, овқатнинг кети узилмайди. Келган меҳмонлар ҳам ўзига тўқ одамлар. Тўй эгасининг шунақа имконияти бор экан, шартнома пулини тўлай олмай, академик таътилга чиқиб кетаётган талабагами ёки болалар уйигами ёрдам қўлини чўзса, қандай яхши бўларди.

Баъзан эса бор-буди етмаганидан, йўғини йўндириб, қарзга ботиб, тўй қилаётганларни кўриб ачиниб кетаман. Бир кечалик ҳашамни деб, боши берк кўчага кириб қолаётганлар ҳам учраб туради. Аслида ўзбекчилигимизда одатлар ҳеч кимга малол келмайдиган, камхарж, сипо. Лекин у баъзан кимўзарга айланиб кетаётгани ёмон.

— Тўйлардаги кимўзарликлар ҳақида гапирсангиз, кўпчиликнинг фикри бир жойдан чиқади: ҳамма бунга қарши. Лекин дабдабали тўй қилиш барибир давом этяпти…

— Маърифатпарвар олим ­Абдулла Авлоний «Ўзбек халқини тўй балосидан қутқаринг!» деб ёзган эди. Ўт балоси, сув балоси, туҳмат балоси… Буни қаранг, олим тўйни ҳам шундай бир балога тенглаштирган. Ўзи дабдабага қарши бўла туриб, катта тўй қилган киши ё фарзандининг кўнглига қараган, ёки «Эл-халқ нима дейди», деган фикрга бориб, шу ишга қўл урган бўлади. Назаримда, халқнинг тушунчасини ўзгартирмай туриб, тўйларимиздаги дабдабабозликларни қисқартириш мушкул.

Баҳсли мавзу: фонограммами ё жонли ижро?

BEK_5366a.jpg— Бир вақтлар ота-онамиз эшитган қўшиқлар буви-бобомизга ёқмаган экан. Бугун эса биз тинглайдиган ашулалар ота-онамизга маъқул эмас…

— Бу табиий ҳол. Йиллар ўтган сари замон ҳам, дид ҳам, санъатга муносабат ҳам ўзгариб бораркан. Қолаверса, санъатнинг ўзи ҳам янги талабларга мослашади. Санъат бу — ижод. Ижод эса ҳамиша эркин ва бетакрор. Қайси ашулани эшитишни эса мухлис ўзининг дидидан келиб чиқиб танлайди. Ижодни ҳам, дидни ҳам қолипга солиб бўлмайди. Лекин бу миллий мусиқамиздан воз кечиш керак, дегани эмас. Боғча-мактаб ёшидан болаларга унча мураккаб бўлмаган мумтоз қўшиқларимиздан эшиттириб борсак, уларнинг диди шунга мос шаклланади. Қулоғи ўрганади. Ҳар қандай замонавий йўналишдаги қўшиқ ҳам миллий санъатимиздан озиқланиб яратилса, яхшироқ қабул қилинади ва узоқ яшайди, назаримда.

— Фонограммага муносабатингиз қандай?

— Фонограмма — жуда баҳсли мавзу. Бир ҳамкасбимиз: «Жонли айтсанг ҳам шу олқиш, фонограммада айтсанг ҳам шу олқиш», деб ўпкалаганди. «Тингловчига силлиқланган, тоза ашулалар ёқади. Шунинг учун фонограммада куйлаш ёмон эмас», деб ҳисобловчи касбдошларимиз ҳам бор. Бу фикрларнинг бирортасини рад этолмайман. Ҳар иккисининг ҳам ҳақиқати бор.

Менимча, санъат саройларида бўладиган галаконцертларни ё фақат жонли ижрода ёки фақат фонограммада қилиб қўйиш тўғри бўларди. Икки ижрони аралаштириш томошабинни чалғитиб қўяди. Енгил ялла-лапарни фонограммада куйлаган билан авжи баланд оғир ашулани жонли айтган бир хил эътироф эътилса — тўғри эмас-да!

— Айрим санъаткорлар жонли айтаман, деб қўшиқни бузган ҳолатларга ҳам кўп гувоҳ бўламиз. Шундай маҳал «Қўлингдан келмас экан, фонограммада айтмайсанми?» деб юборади тингловчи…

— Ҳозир техника жуда ривожланган. Мусиқий асарларнинг сифат даражасига ҳам талаб юқори. Тингловчига «яхшилаб пардозланган» қўшиқни эшитиш кўпроқ маъқул. Лекин ҳадеб фонограммада куйлаш, маҳоратни пасайтиради — ижрони ўтмаслаштиради. Кейин бир ўрни келиб, жонли айтишга тўғри келганда, ашулани бузиб қўяди. Шунинг учун ёш санъаткорлар кўпроқ жонли айтиб, ўз маҳоратини чархлаб бориши тарафдориман.

Баъзида ҳафсала етишмайди

— 2002 йилдан буён Ўзбекистон давлат консерваториясида дарс бериб келасиз. 14 йиллик кузатувларингиз билан ўртоқлашсангиз. Талабаларда шу муддат ичида қайси томонга ўзгариш сездингиз?

— Ҳар йилги келаётган талабаларга қараб, бир нарсага амин бўламан: биз ўзбеклар жуда истеъдодли халқмиз. Менимча, талабалар яхши томонга ўзгармоқда. Глобаллашув, ҳар хил маънавий таҳдидлар ҳозир бутун дунёда авж олган. Халқларнинг миллийлиги, ўзлиги йўқолиб кетаётгани бот-бот айтилади. Шундай бир замонда классик мақомларимизни ўрганишга талабгор ёшларнинг кўплиги қувонарли. Улар орасида ёрқин истеъдодли, чуқур мусиқий билимга эгалар бисёр.

— Бугунги қўшиқчилик ҳақида фикрингиз қандай? Ундан кўнгли­нгиз тўладими?

— Бу мавзуга бир сўз билан баҳо бериш қийин. Тўғри, баъзида қўшиқнинг сўзи ёки клипидан ранжиган вақтларимиз бўлади. Лекин улар орасида эшитишга арзийдиганлари ҳам бор. Балки бадиий кенгашлар фаолияти кучайтирилса, сифат ва савия янада кўтарилар.

— Ёш санъаткорлардан кимларни эшитасиз?

— Ҳам мумтоз, ҳам эстрада йўналишида ижод қиладиган ёшларнинг санъатини кўпроқ қадрлайман. Гулсанам Мамазоитова, Алишер Файз, Юлдуз Турдиева, Гулзода Худойназароваларнинг ижоди ҳурматга лойиқ.

Лекин яна бир томони бор… Ошпаз биров тайёрлаган таомни ҳар доим ҳам маза қилиб емаганидек, санъаткорлар ҳам қўшиқ тинглаганда унга оддий мухлис эмас, мутахассис сифатида қарайди. Қўшиққа ашулачининг қанча меҳнати кетганини баҳолай олади. Шунинг учун устоз санъаткорларнинг «шу қўшиқ яхши чиқибди», дейишининг ўзи катта эътироф.

— Ёш ижодкорларга яна қандай талаблар қўйган бўлардингиз?

— Гоҳида қулоққа чалиниб қолади: «ёшлар ундай, ёшлар бундай… бизнинг вақтимизда яхшироқ эди…» Йўқ, илғор ёшлар аввал ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор, бундан кейин ҳам бўлади. Фақат уларга биз устозлик қилиб, тўғри йўналтириб туришимиз керак. Ёш санъаткорлардан саҳна ортидаги муомала маданияти ва саҳна маданиятига риоя қилишларини сўрардим. Машҳурлик касалидан ўзларини эҳтиётлаб юрсагина юксак ижодий поғонада собит ва мустаҳкам туришлари мумкин.

— Истеъдод — халқ мулки, деган гап бор. Лекин, афсуски, ҳар доим ҳам ҳақиқий истеъдодлар юзага чиқавермайди…

— Истеъдодли, жуда чиройли овозга эга ёшларимиз кўп. Лекин бугун юзага чиқиш учун истеъдоднинг ўзи камлик қиляпти. Бозор иқтисодиёти… Битта қўшиқни тайёр ҳолга келтиришнинг ўзи ҳам маблағга бориб тақалади. Шунда: «Санъаткор тадбиркор ҳам бўлиши керак экан-да», деб ўйлаб қоламан. Баъзида истеъдоди беш баҳоли талабада тадбиркорлик етишмаслиги сабаб ўзини намоён этолмайди, уч баҳоли тадбиркорроқ курсдоши эса ундан ўзиб кетади.

— Ижодкорнинг илҳомчиси бўлади, дейишади. Сизнинг илҳомчиларингиз кимлар?

— Устозларимиз — Абдуҳошим Исмоилов ва Ғанижон Тошматовларнинг ижодидан илҳомланаман. Қўшиқларимнинг негизида ҳам уларнинг меҳнати бор.

— Ижодингиздан кўнглингиз тўладими? Нималарга улгуролмаяпман, деб ҳисоблайсиз?

— Ўзимдан қониқмаяпман. Бунга сабаб — ижод қилолмаётганим, янги қўшиқлар ёзмаётганим. Баъзида ёзган қўшиқларимни чиқаришга ҳафсала етмайди. Гоҳида бирор чиройли шеърни ўқиганимда, яхши оҳанг келади-ю, уни ёзишга имкон йўқ… Умуман олганда, кўп нарсага улгуролмаяпман.

Дилроз Абраева  суҳбатлашди

Манба: «Оила даврасида» газетаси

Hayot tajribasi katta insonlar bilan uchrashganda suhbat o‘z-o‘zidan qizib ketadi. Bu galgi suhbatdoshimiz — O‘zbekiston xalq artisti, O‘zbekiston Davlat konservatoriyasi dotsenti Zamira Suyunova bilan ham xuddi shunday bo‘ldi. Aytishlaricha, insonning o‘z hayot yo‘lini topishida burilish nuqtasi bo‘larkan. Suhbatni esa o‘qituvchi oilasida tug‘ilib, san’at sohasini tanlashi, xor dirijyorligidan xonandalikka o‘tishida burilish nuqtasi vazifasini kim yoki nima o‘tagani haqidagi savol bilan boshladik.

HAR BIR OILANING O‘Z
BAXTLI YASHASh SIRI BO‘LADI…

O‘zbekiston xalq artisti Zamira Suyunova bilan suhbat
065

A-4858494-1454366808-2951.jpeg.jpg— San’at sohasiga kirishimda otamning hissasi katta bo‘lgan, — deydi Zamira opa. — O‘quvchilik vaqtimizdayoq opam rubob chalib, qo‘shiq kuylar, men katta ashulalarni bilganimcha aytardim. Otam shu qiziqishimizni qo‘llab-quvvatlab, opam va meni Toshkentdagi Glier nomidagi musiqa maktabiga olib borgan. U vaqtlarda ota-onalar farzandi san’atkor bo‘lishini ko‘pam xohlamasdi. Qashqadaryo viloyatining Kitob tumanidagi chekka bir qishloqdan beshinchi va oltinchi sinf qizlarini poytaxtga olib kelib, san’at yo‘nalishidagi o‘qishga qo‘yish — o‘sha davr uchun qahramonlik edi. Musiqa maktabida g‘ijjak yo‘nalishida o‘qiy boshladim. Lekin g‘ijjakka qiziqishim yo‘qligi bois, keyinroq xor dirijyorligiga o‘tkazishgan. Institutda ham shu yo‘nalishni davom ettirdim.

Xor dirijyorligidan xonandalikka o‘tishimda «Dutorchilar» ansambli burilish nuqtasi bo‘lgan. O‘shanda uchinchi kursda o‘qirdim. «Dutorchilar» ansambli tashkil etilayotganini eshitib, opam bilan sinovga borganmiz. «Tano­var 2»­ni kuylab, ansamblga qabul qilinganman.

— O‘zi Toshkentga kelishingizdan asl maqsad ham xonandalik bo‘lgan-ku, shundaymi?

— Otam «ashula aytasan», deb poytaxtga olib kelgan. Xor dirijyorligi yo‘nalishida o‘qigan vaqtim deyarli qo‘shiq kuylamasdim. Bir kuni otam mendan biroz ranjib: «Qo‘shiqchi bo‘lasan, chiroyli ashulalar aytasan, deb seni Toshkentga olib borgandim. Bilgan qo‘shiqlaring ham esingdan chiqib ketibdi-ku», degan edi. Ko‘p o‘tmay otamning orzulari amalga oshdi. G‘anijon Toshmatovning «Dutorchilar» ansamblida, Doni Zokirov tashkil qilgan orkestr bilan juda ko‘p ashulalar aytdim.

Turmush va farzandlar

— Oiladagi tartib, tozalikka, istaymizmi-yo‘qmi, ayol mas’ul. Ijod va ishdan uzilmagan holda farzandlar tarbiyasi, uy yumushlariga ulgurish qiyin emasmi?

— Rosti, avvaliga qiynalganman. Oilali bo‘lsam, ijodim qolib ketishini o‘ylab, turmushga kechroq chiqqanman. Oilani ham, san’atni ham eplashimda turmush o‘rtog‘imning san’atkorligi, kasbimizning past-balandini yaxshi tushungani katta yordam berdi. Qolaversa, o‘sha vaqtlar Qashqadaryodan singillarim kelib, oliygohlarda o‘qishardi. Uy yumushlarida ularga ko‘proq suyanardim. Nimagadir erishish uchun nimadandir voz kechish kerak. Ijodga ayni sho‘ng‘igan damlarimizda farzandlarni chuqurlashtirilgan musiqa maktabida o‘qitishga vaqtimiz yetmagan. Qush uyasida ko‘rganini qilarkan. Ikkalasi ham san’at yo‘lidan ketdi baribir. Lekin ba’zi-ba’zida «Bizni Glierda o‘qitmagansiz», deb qolishadi.

— San’atkorlar turmush qursa, birga yashab ketishi qiyin, degan fikr bor. Bu qarashning shakllanishiga sabab bo‘lgan misollar ham talay. Sizning baxtli turmushingiz siri nimada?

— Har bir oilaning o‘z ichki qonun-qoidalari, baxtli yashash sirlari bo‘ladi. Baxtli turmushning asosi u yoki bu, deb qat’iy aytolmaysiz. Bu narsa juftlarning fe’l-atvoriga qarab shakllansa kerak. Birgalikda tinch-totuv yashash uchun biz ham juda ko‘p qiyinchiliklarni boshdan o‘tkazganmiz. Yaxshi-yomon kunlarimiz, xafalashgan damlarimiz bo‘lgan. Menimcha, turmushda sabrning o‘rni muhim. Turmush o‘rtog‘imning fe’li tezroq, men esa juda bosiqman… Qolaversa, san’atkorlar oilasida bir-birining ijodini tushunish, mehnatini qadrlashning ham ahamiyati katta. Balki bir-birimizning kamchiliklarimizni to‘ldirib, xatolarimizni kechirganimiz uchun oilamiz saqlanib kelayotgandir.

— Bola tarbiyasida ko‘proq nimaga e’tibor qaratgansiz?

— Ko‘nglim bo‘shligi uchun bo‘lsa kerak, bolalarga qattiq turmaganman. Ko‘proq ularni eshitishga, tushuntirishga harakat qilganman. Bolaga biror narsani o‘rgatish oson. Lekin farzand shuni qabul qilyaptimi, amal qilyaptimi? Mana bu narsa ota-onaning imkonidan tashqarida ekan. Bolalarim voyaga yetdi, o‘z yo‘llarini ham topishdi. Hozir ularning ortidan eshitgan har bir yaxshi gap men uchun katta mukofotdir.

To‘ylar… va yana to‘ylar

— Xalqimiz quvonchli kunini san’atkorlar bilan baham ko‘radi. Bugun to‘ylarimizdagi qaysi kamchiliklar sizni o‘ylantiradi?

— To‘ylarimiz haqiqatan juda go‘zal o‘tadi. Chiroyli odatlarimiz bor. Katta-katta restoranlarda o‘tayotgan to‘ylarda ba’zan o‘ylanib qolaman: dasturxon to‘kin, ovqatning keti uzilmaydi. Kelgan mehmonlar ham o‘ziga to‘q odamlar. To‘y egasining shunaqa imkoniyati bor ekan, shartnoma pulini to‘lay olmay, akademik ta’tilga chiqib ketayotgan talabagami yoki bolalar uyigami yordam qo‘lini cho‘zsa, qanday yaxshi bo‘lardi.

Ba’zan esa bor-budi yetmaganidan, yo‘g‘ini yo‘ndirib, qarzga botib, to‘y qilayotganlarni ko‘rib achinib ketaman. Bir kechalik hashamni deb, boshi berk ko‘chaga kirib qolayotganlar ham uchrab turadi. Aslida o‘zbekchiligimizda odatlar hech kimga malol kelmaydigan, kamxarj, sipo. Lekin u ba’zan kimo‘zarga aylanib ketayotgani yomon.

— To‘ylardagi kimo‘zarliklar haqida gapirsangiz, ko‘pchilikning fikri bir joydan chiqadi: hamma bunga qarshi. Lekin dabdabali to‘y qilish baribir davom etyapti…

— Ma’rifatparvar olim ­Abdulla Avloniy «O‘zbek xalqini to‘y balosidan qutqaring!» deb yozgan edi. O‘t balosi, suv balosi, tuhmat balosi… Buni qarang, olim to‘yni ham shunday bir baloga tenglashtirgan. O‘zi dabdabaga qarshi bo‘la turib, katta to‘y qilgan kishi yo farzandining ko‘ngliga qaragan, yoki «El-xalq nima deydi», degan fikrga borib, shu ishga qo‘l urgan bo‘ladi. Nazarimda, xalqning tushunchasini o‘zgartirmay turib, to‘ylarimizdagi dabdababozliklarni qisqartirish mushkul.

Bahsli mavzu: fonogrammami yo jonli ijro?

— Bir vaqtlar ota-onamiz eshitgan qo‘shiqlar buvi-bobomizga yoqmagan ekan. Bugun esa biz tinglaydigan ashulalar ota-onamizga ma’qul emas…

— Bu tabiiy hol. Yillar o‘tgan sari zamon ham, did ham, san’atga munosabat ham o‘zgarib borarkan. Qolaversa, san’atning o‘zi ham yangi talablarga moslashadi. San’at bu — ijod. Ijod esa hamisha erkin va betakror. Qaysi ashulani eshitishni esa muxlis o‘zining dididan kelib chiqib tanlaydi. Ijodni ham, didni ham qolipga solib bo‘lmaydi. Lekin bu milliy musiqamizdan voz kechish kerak, degani emas. Bog‘cha-maktab yoshidan bolalarga uncha murakkab bo‘lmagan mumtoz qo‘shiqlarimizdan eshittirib borsak, ularning didi shunga mos shakllanadi. Qulog‘i o‘rganadi. Har qanday zamonaviy yo‘nalishdagi qo‘shiq ham milliy san’atimizdan oziqlanib yaratilsa, yaxshiroq qabul qilinadi va uzoq yashaydi, nazarimda.

— Fonogrammaga munosabatingiz qanday?

— Fonogramma — juda bahsli mavzu. Bir hamkasbimiz: «Jonli aytsang ham shu olqish, fonogrammada aytsang ham shu olqish», deb o‘pkalagandi. «Tinglovchiga silliqlangan, toza ashulalar yoqadi. Shuning uchun fonogrammada kuylash yomon emas», deb hisoblovchi kasbdoshlarimiz ham bor. Bu fikrlarning birortasini rad etolmayman. Har ikkisining ham haqiqati bor.

Menimcha, san’at saroylarida bo‘ladigan galakonsertlarni yo faqat jonli ijroda yoki faqat fonogrammada qilib qo‘yish to‘g‘ri bo‘lardi. Ikki ijroni aralashtirish tomoshabinni chalg‘itib qo‘yadi. Yengil yalla-laparni fonogrammada kuylagan bilan avji baland og‘ir ashulani jonli aytgan bir xil e’tirof e’tilsa — to‘g‘ri emas-da!

— Ayrim san’atkorlar jonli aytaman, deb qo‘shiqni buzgan holatlarga ham ko‘p guvoh bo‘lamiz. Shunday mahal «Qo‘lingdan kelmas ekan, fonogrammada aytmaysanmi?» deb yuboradi tinglovchi…

— Hozir texnika juda rivojlangan. Musiqiy asarlarning sifat darajasiga ham talab yuqori. Tinglovchiga «yaxshilab pardozlangan» qo‘shiqni eshitish ko‘proq ma’qul. Lekin hadeb fonogrammada kuylash, mahoratni pasaytiradi — ijroni o‘tmaslashtiradi. Keyin bir o‘rni kelib, jonli aytishga to‘g‘ri kelganda, ashulani buzib qo‘yadi. Shuning uchun yosh san’atkorlar ko‘proq jonli aytib, o‘z mahoratini charxlab borishi tarafdoriman.

Ba’zida hafsala yetishmaydi

— 2002 yildan buyon O‘zbekiston davlat konservatoriyasida dars berib kelasiz. 14 yillik kuzatuvlaringiz bilan o‘rtoqlashsangiz. Talabalarda shu muddat ichida qaysi tomonga o‘zgarish sezdingiz?

— Har yilgi kelayotgan talabalarga qarab, bir narsaga amin bo‘laman: biz o‘zbeklar juda iste’dodli xalqmiz. Menimcha, talabalar yaxshi tomonga o‘zgarmoqda. Globallashuv, har xil ma’naviy tahdidlar hozir butun dunyoda avj olgan. Xalqlarning milliyligi, o‘zligi yo‘qolib ketayotgani bot-bot aytiladi. Shunday bir zamonda klassik maqomlarimizni o‘rganishga talabgor yoshlarning ko‘pligi quvonarli. Ular orasida yorqin iste’dodli, chuqur musiqiy bilimga egalar bisyor.

— Bugungi qo‘shiqchilik haqida fikringiz qanday? Undan ko‘ngli­ngiz to‘ladimi?

— Bu mavzuga bir so‘z bilan baho berish qiyin. To‘g‘ri, ba’zida qo‘shiqning so‘zi yoki klipidan ranjigan vaqtlarimiz bo‘ladi. Lekin ular orasida eshitishga arziydiganlari ham bor. Balki badiiy kengashlar faoliyati kuchaytirilsa, sifat va saviya yanada ko‘tarilar.

— Yosh san’atkorlardan kimlarni eshitasiz?

— Ham mumtoz, ham estrada yo‘nalishida ijod qiladigan yoshlarning san’atini ko‘proq qadrlayman. Gulsanam Mamazoitova, Alisher Fayz, Yulduz Turdiyeva, Gulzoda Xudoynazarovalarning ijodi hurmatga loyiq.

Lekin yana bir tomoni bor… Oshpaz birov tayyorlagan taomni har doim ham maza qilib yemaganidek, san’atkorlar ham qo‘shiq tinglaganda unga oddiy muxlis emas, mutaxassis sifatida qaraydi. Qo‘shiqqa ashulachining qancha mehnati ketganini baholay oladi. Shuning uchun ustoz san’atkorlarning «shu qo‘shiq yaxshi chiqibdi», deyishining o‘zi katta e’tirof.

— Yosh ijodkorlarga yana qanday talablar qo‘ygan bo‘lardingiz?

— Gohida quloqqa chalinib qoladi: «yoshlar unday, yoshlar bunday… bizning vaqtimizda yaxshiroq edi…» Yo‘q, ilg‘or yoshlar avval ham bo‘lgan, hozir ham bor, bundan keyin ham bo‘ladi. Faqat ularga biz ustozlik qilib, to‘g‘ri yo‘naltirib turishimiz kerak. Yosh san’atkorlardan sahna ortidagi muomala madaniyati va sahna madaniyatiga rioya qilishlarini so‘rardim. Mashhurlik kasalidan o‘zlarini ehtiyotlab yursagina yuksak ijodiy pog‘onada sobit va mustahkam turishlari mumkin.

— Iste’dod — xalq mulki, degan gap bor. Lekin, afsuski, har doim ham haqiqiy iste’dodlar yuzaga chiqavermaydi…

15877381_276079872807895_5441534658485420032_n.jpg— Iste’dodli, juda chiroyli ovozga ega yoshlarimiz ko‘p. Lekin bugun yuzaga chiqish uchun iste’dodning o‘zi kamlik qilyapti. Bozor iqtisodiyoti… Bitta qo‘shiqni tayyor holga keltirishning o‘zi ham mablag‘ga borib taqaladi. Shunda: «San’atkor tadbirkor ham bo‘lishi kerak ekan-da», deb o‘ylab qolaman. Ba’zida iste’dodi besh baholi talabada tadbirkorlik yetishmasligi sabab o‘zini namoyon etolmaydi, uch baholi tadbirkorroq kursdoshi esa undan o‘zib ketadi.

— Ijodkorning ilhomchisi bo‘ladi, deyishadi. Sizning ilhomchilaringiz kimlar?

— Ustozlarimiz — Abduhoshim Ismoilov va G‘anijon Toshmatovlarning ijodidan ilhomlanaman. Qo‘shiqlarimning negizida ham ularning mehnati bor.

— Ijodingizdan ko‘nglingiz to‘ladimi? Nimalarga ulgurolmayapman, deb hisoblaysiz?

— O‘zimdan qoniqmayapman. Bunga sabab — ijod qilolmayotganim, yangi qo‘shiqlar yozmayotganim. Ba’zida yozgan qo‘shiqlarimni chiqarishga hafsala yetmaydi. Gohida biror chiroyli she’rni o‘qiganimda, yaxshi ohang keladi-yu, uni yozishga imkon yo‘q… Umuman olganda, ko‘p narsaga ulgurolmayapman.

Dilroz Abrayeva suhbatlashdi

Manba: “Oila davrasida” gazetasi

008

(Tashriflar: umumiy 1 729, bugungi 1)

Izoh qoldiring