Ahmad A’zam. Ro’yo yoxud G’ulistonga safar. Romanning boshlanishi.

пойдевори баланд, ғиштин, баҳаво яхши уйига нисбатан арзон тургандирман, қарздорлик ҳисси шунгадир дейман, қиз неварасининг ҳаётда ҳам мени бунча ёмон кўришига келсак… у мени яхши кўрган бўлса керак, яхши кўришини ўзи ҳам англамай, атайлаб, жон-жаҳди билан ёмон кўраман деб ўйлаган бўлса керак, дейман. Шуниси тўғрироқ чиқар, бўлмаса нега бунча танлаб, ашаддий, махсус, иштиёқ билан ўқрайиб ёмон кўрган мени? Ҳар қалай, шу пайтгача ўша невара қизнинг ўзи эмас, ундан қолган қўрқувнинг тушимга кириши бежиз эмас. Кейин, тўғрисини айтсам, бир марта шундай бўлган ҳам, лекин бу тушимга кирмайди. Автобусда бир қиз билан айтишиб қолдим. Одам кўп эмас, лекин ўтиргани жой йўқ, тикка кетаётган эдим, қизни кўрганим йўқ, у эса бирдан менга: «Сен, йигит ўлгур, нега менга қарайсан? Мен сенга томошақовоқми?”, деб сенлаб қичқириб юборди. Довдираганимдан: «Қачон қарадим, синглим?», деган эдим, «Қарадинг! Мана, қараяпсан-ку! Қараб турибсан-ку!», деб яна бақирди. Автобусдагилар ҳам анграйиб менга қаради, лекин ҳеч ким гапирмади, бари бир, жуда ўсал бўлдим, қиз менга ғирт бегона, илгари сира учратмаганман, автобусга чиққанда ҳам кўрганим йўқ, бировга ўхшатдими, бало-қазодек ёпишиб кетди. «Э, бор-э!» деб юзимни зўрға буриб олдим. «Ҳа, энди кўзингни яширасанми? Ҳе шу кўзинг гўрда чирисин!», деб яна қарғашга тушди. Ҳамманинг кўзи икковимизда, худди мен унинг нозик жойидан ҳеч кимга билдирмай чимчилаб олгандек шундай қарғадики, бўралаб сўкди, десам ҳам бўлади. Ёмон уялдим. Миқ этмадим, индаганимда ҳам бунга бас келишим амримаҳол эди. Ўзимни четдан қараб турган бошқа бировнинг ўрнида тасаввур қилиб, бунга ўзим билмай бир ёмонлик қилганман шекилли, бўлмаса одам боласини ҳам шунча ёмон кўриб қарғаш мумкинми, деб ҳам ўйладим. Ёнидан ўтаётганда қўл-пўлим бирон жойига тегиб кетдимикин десам, у орқа эшикдан чиққан, мен олдинги эшикдан. Яхши ҳамки, тушадиган бекатим келиб қолди. Буни қарангки, у ҳам бирга силжиди, бекатимиз битта экан, биздан бошқа ҳеч ким тушмади. Автобус жўнади, бекатда икковимиз, у менга тескари қараб турибди-ю, худди кетгиси йўқдек туюлди менга. «Ўв синглим, жуда кўзим гўрда чиригулик нима ёмонлик қилдим сизга?», десам, у менга ялт этиб қаради-да, бирдан кўзлари ёшланиб: «Ҳа, нима қилай сизни яхши кўрсам, эрим бўлса, у асли сиздан ҳам яхши бўлса-да, мен эса сизни яхши кўрсам, хўш, сизни қарғамай кимни қарғашим керак, қани, ўзингиз айтинг-чи?», деса бўладими? Нима дейман, кўнглимдаги хўрланган ғурур билан тош қотиб қолавердим, у эса менга қараб турди-да, кейин шахт бурилиб, ўша мендан яхши эрининг олдига кетаверди. Тим қора кўзлари ўт, қадди сарвиравондек, ўзи ҳам чақнаб турган бир аломат жувон экан. Тилимга «хайр» деган калом ҳам келмади. Кампирнинг невараси ҳам муҳаббатини шундай изҳор қилгандир, лекин у сира тушимга кирмайди, ижарада турганим, кўнглимдаги қарздорлик ва ўша қиздан қўрқув туйғусининг ўзини ҳис этиб ётаман туш кўрганимда, уни эмас.

Баъзан эса жуда ёрқин, жуда чиройли тушлар кўраман, уйқуда кўтарилиб, баҳаво кенгликларга чиқиб кетганимни билиб ётаман. Қандай яхши-я, тушим узилмасин, ишқилиб, охиригача кўрай деб, юзимни парёстиққа қаттиқроқ босаман, билиб туриб уйғонмайман, баъзан ҳатто уйғониб кетсам ҳам, чуқур нафас олиб, ҳозиргина кўрган тушимни бир эслайман-да, келган жойидан давом эттираман.

Мана, биттасини айтайми? Тушимда кўп иззат-ҳурмат билан Қашқадарёнинг қаеригадир борибман. Тоғ тагидаги бир қишлоқ, қишлоқдагиларнинг ҳаммаси кулол эмиш. Ўрта — сойлиқ, бир томони бир-бирига маташиб, худди расмларда кўрганимиз Кавказдагидек устма-уст қурилган уйлар, бу томонидаги тоққа туташ адирнинг усти аралаш-қуралаш пасту баланд хумдон! Ҳамманинг ўз хумдони бор, жуда кўп. Мени одамларнинг уйи томондан олиб ўтиб, қишлоқнинг ўртасидаги чойхонага бошладилар. Чойхона дарахтларнинг тагида, тутун босган, ўчоқлардан чиққан шекилли, кейин бу чойхона бирдан клубга айланди, кўп одам тўпланган, мен билан учрашув бўлгандек бўлди, ишқилиб, кўп кишининг иззат-ҳурматини сезиб ётибман, бу шу туманнинг ҳокими ёки пойтахтдан борган амалдорга билдирилган эътибор эмас, йўқ, жуда самимий, тоза, қандайдир жуда инсоний, манфаатсиз чуқур бир эҳтиром; ўзимга ҳам сал ноқулай, лекин қушдек енгилман, дил яйрайди. Ростдан, тушимда шундай ичимдан қувнаб юрибман. Бир вақти яна орқага қайтиб келаётиб қарасам, осмонда оппоқ булут, оппоқми ё кулрангроқми, ишқилиб, жуда тепада, булутнинг орасида эса елкасида кетмон, эшагини етаклаган одам учиб юрибди, яъни осмонда бемалол юриб кетяпти эшагини етаклаб! Яна қарасам, нарироқда яна бир одам, белидан юқориси кўринади, чайқалишига қараганда, у ҳам осмонда келяпти. Кўнглим… боя ичдан яйрайди, деганим ҳеч гап бўлмай қолди, қанақадир жуда ёруғ бўлиб ёришиб кетди. Гўзал туйғуларга чулғаниб қолдим. Одамлари осмонда худди ерда юрадигандек бемалол юрадиган шунақа жойлар бор, шу жойни кўриш менга насиб қилди, деб роса қувониб кетдим. Кўнглимнинг бир чеккасида булар қандай қилиб осмонда юрар экан деган жичча қизиқсиниш ҳам бор, яна нега шу пайтгача буларни газетларда ёзмаганлар, сайёҳларга кўрсатмаганлар, бизникиларга гўзаллик эмас, фақат пахта керак, деб жиндай яниш ҳам бор-у, лекин ўзим шунга гувоҳ бўлганимдан, газетчилар бундан бехабарлигидан хурсанд кайфиятдаман. Ёнимда бир-иккита одам бордек эди, улар осмондагилар билан шунчаки бош ирғаб саломлашиб қўйдилар, осмондагиларнинг саломидан менга ҳам тегди, шундан билдимки, булар ҳам истаган пайти, йўлни қисқа қилиш учунми, ё шошилиб турсаларми, тўппа-тўғри осмонга чиқиб, борар манзилига ўша ёқдан юриб кетаверадилар. Балки осмонга чиқиб ёнбошлаб, пастдаги қўйларини боқарлар. Шунақа оддий, лекин чиройли бир ҳайратда томоша қилиб бораётиб, осмонда фақат одамлар эмас, хумдоннинг мўриси, тўғрироғи, ярмидан кўпроғини кўрдим. Хумдон – осмонга қурилган! Аллақандай баланд бир завқ билан томоша қилдим. Ёнимдагилардан: «Сизларнинг осмонда бемалол юришингиз-ку тушунарли, лекин нега хумдонни ҳавога қургансиз?» деб сўрашга чоғланаман, лекин, шундоқ ажойиб фазилатлари бор, яна мени меҳмон деб иззатлаб бораётган одамларнинг ҳурматини қилай деб гапирмайман. Лекин ичим қизиб кетади: тоғда яшайдиган одамлар тоққа ўрганиб қолади, гулзорнинг ичида яшайдиган одам бутун дунёни бир оддий гулзордек кўради, дунёдаги энг сулув, энг ҳусндор, энг кўркли қизга уйланган йигит унга оддий хотинга қарагандек қарайди, ҳатто ўзини ҳам ҳамма қатори оддий бир эр деб билади, ахир; «Ҳей, бу гўзаллик, бу ноёб нарсаларнинг қадрига етинг, ўзингизга шунчаки бир одам сифатида қараётганингиз нимаси, нега ўзингизни оддий одамлар қаторига туширасиз?», деб шодон қичқиргим келади буларга. «Нега шунақа чиройли тоққа хумдон қуриб ташлагансиз, ахир, бу кўринишни ҳам, ҳавони ҳам бузади-ку!», демоқчи ҳам бўламан, лекин завқимни бузгим келмайди, чунки бошқа жойда бунақаси йўқ. Кейин хумдоннинг осмонда туриши ҳам ўзимга керакдек, ҳали уйғонсам ҳамгапларимга айтиб бераман, деган фикр ҳам бор тушимда. Кейин тушим сал ўзгариб, бу жой Қашқадарё эмас, Фориш тоғидаги бир қишлоқ бўлиб чиқди. Бу ерга келганимнинг сабаби ҳам саёҳат эмас, асли бу ердаги одамлар она томондан қариндошларим бўлиб, шу узоқлашиб кетган хешларимни ахтариб келган эканман, менга бўлган эътибор ҳам шундан экан. Бир уйга кириб чиқдик, ўртада бир уйғонган бўлсам керак, осмон тоза, булут ариган. Қарасам, боя эшак етаклаб осмонда юрган одамнинг ўрнида тиккалаб кетган баланд тоғ сўқмоғи, ақба дейдими, шунда ҳали ҳам одамлар юрибди, бирови ўроқ, бирови елкасига арқон ташлаб, бирови ўтин елкалаб тушяпти. Шунда билдимки, олдинроқ кетмон кўтариб, эшак етаклаб учган одам менга булутнинг ёриғидан кўринган! Ҳалиги хумдон ҳам бошқа хумдонлардан энг баландда тургани, пастини ҳам, тепасини ҳам булут босгани учун менга осмонда муаллақ туюлган экан! Баттар завқим ошди. Ростдан! Ҳафсалам пир бўлгани йўқ, аксинча, шундай фавқулодда манзара бўлиб кўринганига! Фавқулоддалиги шундай эдики, асли қиялаб кўтарилиши керак бўлган тоғ тиккароқ турган, одамлар ҳам, хумдон ҳам менга жуда яқин кўринган эди. Кейин тушим яна давом этдими, эсимда йўқ, лекин эрталаб хуш кайфиятда уйғондим, уйғонганимда ҳам ҳалиги одамларнинг кўрса – одамнинг ғурури тошадиган шундай гўзал маъвода яшаётганидан, ўша ерга борганимдан кўнглим ҳали ҳам ёришиб турган эди. Ўша куни ишга ҳам енгил бордим, ҳамкасбларимга нуқул яхши гапиргим келаверди, улар ҳам, катта-кичик ҳаммаси шу куни менга яхши муносабатда бўлди, ҳатто мен билан сўзлашишни ўзларига эп билмаганлари ҳам, жилла қурса, илиқ қараб қўйдилар. Шу-да, сен яхши – олам яхши, деб бекорга айтилмаган. Ҳалигача шу тушни эсласам, яхши маънода ғалати бўлиб кетаман: бизда шундай маъволар борки, у ерларнинг қишлоқларидаги одамларимиз самода ҳам худди ердагидек бемалол юргандек, хумдонларини баланддаги ҳавода қуриб, сопол лаганларини ўша хумдонларда пишириб, кейин шу осмондаги шу хумдонларида пиширилган лаганларга сузилган ошни ўртага олиб, ҳавода муаллақ ёнбошлаб, гурунг қуриб ётгандек, ана шундай осмон одамлари менинг олис қариндошларим, нуроний тоғаларим жойнамоз оппоқ булутларнинг устида намозларини адо этаётгандек бўлиб туюлади. Шунақа жаннат тушларидан кейин бу ёққа қайтиб ҳам уларни кўришга интиқ бўлиб юраман.

Шу соғинч билан тушимдан уйғондиму эсимдан чиқиб қолмасин деб, кундаликка туширдим. Вақти келиб ҳикоя қиларман, деган эдим, аммо кейин шундай тушни қоғозга исроф қилишга қизғандим. Бу ҳам қанотлари яшноқ капалакни ушлаб, унга игна тиқиб, деворга санчиб қўйишга, чиройли гулни узиб, дафтар варақлари орасига тиқишга ёки ноёб хонгулни овлаб тутиб, кийик бечоранинг гўшти ширинлиги учун сўйиб юборишга ўхшайди.

Қизғанмаганимда ҳам ёза олмайман, ўзи ёзмай қўйганимга ҳам анча бўлган, уйга қамалиб юрибман. Мени билганлар кўчада кўришса: «Кўринмай қўйдингиз? Жа уйга бекиниб олиб ёзяпсиз шекилли?», дейишади. «Қаёқда!». Ёзаман деган ўй кўп, режалар бор, лекин чиқмайди. Ёзишга ўтираман, қоғозга бир-икки жумла тушираман, ўхшамайди. Бир куни «Викинглар» деган кинога тушдим. Яхши кино экан, таъсирланиб кўрдим. Кино тугади, шифтдаги чироқлар чинк-чинк этиб, аввал бир-иккита, кейин бараварига ёнди, доимгидек босинқи ғовур кўтарилди, ўриндиқлар орасидан ёнлаб чиқишга бораётганимизда бирданига қиз боланинг шодон қичқириғи эшитилди: «Вой, бу кимнинг сумкаси?». Ҳамма ўша ёққа – тепага қаради. Қиз, йигити ёнида бўлса ҳам бояги қичқириғидан пастроқ, лекин ҳамон баланд овозда гапирди: «Қаранг! Биров қолдириб кетибди!». Қиз йигитнинг ортида эди, сумка эса йигитнинг олдидаги ўриндиқнинг бурчагида турарди. Йигит сумкани олиб, «Ҳой, кимники бу?», деди. Ҳамма ўрнидан турган эди. Олдиндаги бир йигит орқасига ўгирилиб, сумкага қаради-да, яна олдинга қараб: «Ҳэ-э, Сано!», деб чақирди. Йигитнинг олдидаги қиз унга қаради. «Сумканг қолиб кетяпти-ку», деди йигит. Негадир йигитнинг ўзи дастлаб сумкага қўл чўзмади. «Вой-й! – Сано – Санобарнинг товушида қўрқинч бор эди. – Оберинг! Оберинг!». Йигит сумкани бу йигитдан олиб унга узатди. Қизнинг олдида яна икки дугонаси бор эди, энг олдиндагиси талмовсираб ўгирилиб: «Ҳа, Сано?», деди. «Вой! Сумкам қолиб кетяпти экан!», деди қиз. «Во-ой! – у қизнинг талмовсираши қўрқувга айланди. – Вой, Сано-ей!». Қолиб кетаётган сумкани кўрган қиз эса тинмай йигитига бидирлар эди: «Қарасам – сумка ётибди! Кимники деб ўйладим! Шундай бурчакка тиқилиб ётибди. Биров унутган деб…» Йигити эса негадир хижолат бўлиб, ҳаммадан кўзини олиб қочар эди. Учинчи қиз эса паришон, юзида ачинишми, таассуфми, ишқилиб, шунга ўхшаган ифода, сумкасини топган қиз эса негадир унинг олдида ўзини гуноҳкор билиб, «Кинога эсим кетиб…», деб нуқул ўзини оқлар, сумкани бағрига маҳкам босиб олган, «Сано!» деб қўрқиб кетгани эса сумкадан кўз узмас эди. Энг биринчи қиз эса гоҳ қизларга, гоҳ уларнинг ёнидаги йигитга аланг-жаланг кўз югуртириб, ўзининг йигитига бояги гапларини қайтарарди: «Шундай бурчакда ётибди-я! Кинога кирганда ёнига қўйгану тураётганда унутган…» Уч қизнинг йигити ниҳоят уларнинг эсига келмаган гапни айтди: «Раҳмат!». Ҳалиги қиз эса маъюсланиб: «Шундай қарасам!.. Ўрнимдан тургандан кейин бирдан кўзим тушди», деб яна такрорлади.

Шундан ҳикоя чиқармоқчи бўлдим, ҳар хил руҳий ҳолатларни ўйладим:

а/ қиз кино таъсирида ўзи ҳам кутмаган ҳолда яхшилик қилиб қўйиб, кейин кўнглининг туб-тубида, айтмай, билдирмайгина ўзим олсам бўлар экан дедими; йигити эса унинг кўнглидаги майда манфаатни туйиб, ундан ўзини узоққа олиш пайига тушдими;

б/ қиз сумкада қимматбаҳо нарса бор деб ўйладими ёки ўзи қилган яхшилигидан ўзи ҳам хурсанд бўлиб кетиб, буни бошқалар унча қадрламагани учун ҳадеб қайтаряптими, йигити асли қизни алдаб юрган бўлиб, энди шундоқ яхши қизнинг олдида ўзининг пастлигини сезиб қолдими;

в/ «Вой, Сано!» деган қиз сумкадаги нарса йўқолмаганидан кўра, дугонасининг паришонлигидан хурсанд, униси эса ичиқоралигини яшириш пайида, ҳатто йигит ҳам сумкасини қолдирган қизга ўзини бегона кўрсатмоқчи, бўлмаса, уч қизнинг ичидан юрадигани шу қиз.

Хуллас, у ёғини-бу ёғини ўйладим, икки йигиту тўрт қизнинг ҳар бирининг ўзича фикри, ўзича муносабатлари бор, шунда ҳам ҳеч бировининг ичи ташига тўғри келмайди. Олтови ҳам жуда мураккаб экан. Яхши бир ҳикоя чиқиши мумкин эди, лекин кўнглим сезиб турибди-ю, бир якун ўйласам, унга акс бошқа бир хулоса келиб чиқадигандек туюлаверди. Кейин ёзганимда ҳам «Хўш, нима бўпти? Битта сумка йўқолганига шунча гапми?» деган савол кўндаланг чиқаверди. У пайтлари ҳар бир ёзган нарсангизнинг моҳиятида катта ижтимоий мазмун, ибратли бир сабоқ бўлиши шарт эди. Мен бир ҳикоямни пьесага айлантирган эдим. Унда иккита аспирант қизнинг стипендиясини бошқа бир қиз ўғирлайди, Мусо деган бир йигит учта аёлни уюштириб уни фош қилишга киришади, лекин қўлидан ҳеч нарса келмайди, ҳаммаси эски ҳолича қолади, институтдаги ҳаёт илгаригидек давом этаверади. Воқеа жуда қизиқ эди, бир-иккита режиссёр ўқиб, саҳнага қўйса бўлади, оригинал, деди, вазирликда бир бошқарма бор экан, пьесаларни бор ёки йўқ қиладиган, шу ерга берсам, у ердагилар бир устоз танқидчимизга оширибдилар, устоз танқидчи: «Муаллиф танлаб олган воқеа жуда арзимас, унинг асосида кўпчиликнинг диққат-эътиборини жалб қиладиган асар яратиш қийин… Муаллиф яхши ният билан қалам олган-у, лекин нияти рўёбга чиқмай қолган. У танлаган воқеа айтмоқчи бўлган ғояларни очишга ночорлик қилган. Воқеа тутуриқсиз бўлгани учун персонажлар ҳам жуда ғариб, рангсиз, инсоний белгилардан маҳрум бўлиб чиққан… Буларнинг барчаси пьесани ғоявий-бадиий жиҳатдан бугунги талабларга

(Tashriflar: umumiy 353, bugungi 1)

Izoh qoldiring