Қиссани ўқиган таниқли ёзувчи Назар Эшонқул ёзади: Шербек яхши қисса ёзибди. Тажрибасизлик бор. Аммо сўзни, дардни ҳис қилиш, воқеликни поэтик мушоҳода этиш бор. Тўқимайди, ичидан чиқариб, ҳис қилиб ёзади. Сўзнинг бўёғини табиий кучайтира олади, сўз ўйинлари ҳам табиий, ясалмаган, миллий тафаккурга мос. Бошқаларга ҳам ўқишни тавсия қиламан…
* * *
2019 йил, 27 феврал. Қишлоқ. Пахтазорлар ўртасидаги сувсиз ариқ рошида тоғларга томон кетяпман. Кундузги ўнлар. Қўлимда телефон. Экранчасида юрагимгагина юкланган рақамлар… соҳибасини чақиряпти. Кўтарди. Аммо кутарди. Мен ҳам жим қулоқ тутиб кетавердим. Ниҳоят:
– Ассалому алайкум! – овозини эшитдим.
– Воалайкум ассалом… Яхшимисиз?
– Яхши-и…
– Битта хушхабарим бор эди. Шунга…
– Нима бўлди?! – хавотир инди унига.
– Ҳеч нима…
– Йўў-ў(қ), айтдиз-ку хушхаба-ар деб?
– Ҳа-а… Мен ёздим!
– Тинчликми? – хавотири оша бошлади.
– Тинчлик. Ёздим, деяпман, тушуняпсизми? – ҳаяжондан бўғилиб борардим.
– Қайга ёздиз?
– Ҳозирча дафтарга…
– Раҳбарга?! – хавотири яна ошди.
– Дафтарга, дафтарга…
– Ҳм-м-м… Ҳикоями, романми?
– Билмадим. Қисса деб турибман ўзимча.
– Қисқа?
– Қисса-а, қисса…
– Қисса? Хўп, нега менга айтяпсиз буни?
– Айтгим келди.
– Йў(қ), мен ҳақимдами, нима у?
– Бутун бошли юртингиз бор унда…
– Ҳа, унда газитга беринг?
– Газитбоп… газитларимизбоп нарса эмас, менимча.
– Нима ҳақда ўзи?
– Бир қарашда ҳеч нима, аслан ҳамма нарса ҳақида. Ҳаётнинг бор башараси…
– Ишлаяпсизми, бирор жойда?
– Йўқ, бир йил бўп қолди, ҳеч қаерда ишламаётганимга.
– Нимага?
– Жонимга тегди ҳаммаси. Шунга. Ўзимдан зериккан куним кирарман ишга.
– Ҳи-и… Мани бошлиғим кеп қолди… Майли, Шербек?
– Яхши…
– Шу кунларда ишимиз кўпайган-де… Шунга, хапа бўмийсиз?
– Тушунаман.
– Бўпти унда, ёзишдан тўхтаманг, ишга киринг лекин. Юрманг бундай?
– Иҳм…
– Соғ бўлинг!..
* * *
Ассалому алайкум, устоз, омонмисиз? Мен… чидаса бўлади. Юрибман. Ҳа, қишлоқда эдим. Ҳозир эса Тошкентда. Ўзим, шунчаки бундаги қадрдонларни қаттиқ соғингандим. Келдим. Дийдорлашдик. Шукр… Энди қайтсамам бўлар. Кетар олди шу нимарсамни Сизга жўнатгим келди. Сабаби оддий: шу чоққача ёзган-чизганларим фақат Сизнинг кутубхонангиздагина бичилмасдан чиққан.
Юқорида ёзганим… яхлит, узил-кесил мулоҳазаларимга асос бўлди. Йўқ, кимнидир айбламоқчимасман ортиқ. Уққаним шу бўлдики, ўшанда менга телефонда у…гина эмас, бугунги жамият, алашовур олам жавоб қайтарганди. Тирикчиликнинг товушини, яшашнинг суронини эшитгандай бўлдим. Буни, имкон қадар истиҳола ила айтиб, билдириб қўйгани-чун раҳмат дейман, унга!
Кўрингчи, устоз?.. Ташаккур! Чарчаманг.
Шербек БОБОНОР ўғли
ҚОРА СУЯКЛАР
Қисса

Мени тиклаб, ўзи букчайиб бораётган,
хато қилсам кулмайдиган,
кулиб юрсам йиғламайдиган,
ишлию ишсизлигимдан,
соғу носоғлигимдан,
йўлгир ё ношудлигимдан қатъий назар,
меҳрига миннат аралашмайдиган,
ҳали яшашни ёлчитмаган эсам-да
«Нима қилай?», деб фикримни ғуборсиз сўрайдиган
ва айтган «йўл-йўриқ»ларим тийинга арзимаса ҳам
ҳукумат қароридай қабул қиладиган,
қўлим,
тилим,
таниш-билишларимнинг саноғи,
диплому даражаларим рўйхати…
эмас,
умрим узун бўлишини тилайдиган
ҳамда
шу-унчалигига қарамай,
мендан одамдай бир муомала кўрмай ўтаётган
ягона аёлга —
аям Анора НЕЬМАТ қизига атадим.
Январда ялпиз чиқибди. «Пидана» дейишади, биз тарафларда. Темирйўлнинг таккинасидан, қазиб тозаланган каттагина, сувсиз ариқ лабидан чиқибди. Қовжираб ётган бултурги хашаклар ичра бўй таратганча, кўкмаккина бўп турибди. Ҳавода қиш уфунати, ҳув нарида қўйлар галаси…
Шағиллаб ўтиб кетган поезд оша тоғларга қарайман — қишлоғимиз жанубидаги Қоратов(Қоратоғ) тизмаларига. Эскиларнинг эслашича, одамлар, шу тоғларни оралаб, Қаршига бориб келишаркан, бир замонлар. Бу-ку юрт жуғрофиясининг бир чеккаси, аммо юрагим жуғрофиясининг бир чеккасидан туриб қарасам, асосан анов уч тоғни — Қушчўққи, Эгартов(Эгартоғ) ва Қизбувини — кўраман. Уччовиям тизмадаги энг баланд тоғлар бўлгани-чун жуда яқин қўринади. Ва шу уч тоғнигина алоҳида ном-ла атайди, эл. Қушчўққини — қанотларини ёзиб турган қушга, Эгартовни — эгарга ўхшатиш қийинмас. Қизбуви… Айрича асотир буткул.
Лекин ҳозир асотирмас, асорат ахтариб қарайман кўпроқ. Болалик хотираларимдан қолган асоратларни ахтараман. Айниқса Қизбувига узоқ син соламан: ҳар баҳорда қариндошу қўшнилар бир автобус бўлиб, унинг этагига борардик — «маёвка». Катталар кўрпа-тўшагу қозон-товоқларни тушириб жойлаштиргунча, биз белига етардик, Қизбувининг. Иккита булоғи бор эди. Пойида ва бошида. Иккисининг ҳам қошида патталаган, бужур бир дарахт бўлиб, шохларига боғланган турфа латталар шамолда бетиним ҳилпирарди. Биз-да ўзимизча ният қилиб, парча латталар боғлаганмиз, неча марталаб. Бошидаги булоқ қуриб қолгани сабаб бо-ор чанқоғимизни пойидагисидан қондирардик. Сувидишларимизниям тўлдириб олардик камига. Бир сафар оиламиздан фақат мен бордим. Тоғма-тоғ ҳаллослай-ҳаллослай терга ботиб келдиму булоқнинг муздай сувига урдим ўзимни. Беармон ютоқиб ичдим. Кўп ўтмай миям мисдай қизиб, танам титрашга тушди. Кўчамиз бошида автобусдан аранг тушдим. Қўлларимда булоқ суви, пиёзи билан ковлаб олинган лолалар, судралгудай уйга кириб келдиму таппа ташладим симсўрига. Шу кўйи ҳафтами-ўн кун ётдим. Бўлмади. Дадам касалхонага обборди. Нимқоронғи хонада обдон текширган дўхтир амакининг: «…вақтида опкепсиз полвонди, ака, уч кун кечикканларингизда ўпкасига ўтиб кетийкан дард», деганини эслайман.
Шунгаям… ўн беш йилча бўпти. Бир қарашда ҳеч нима ўзгармагандай: ана Қизбуви, мана мен. Яхширо-оқ қаралсачи: ана — бағридан олтин рудаси чиққани важҳидан кўксигача ўпириб ташланган, тўрт тарафидан темир устунлару панжара билан ўралган, ичидаги шахталарда тараққиёт гувиллаб турган Қизбуви ва мана — унинг пойида паст-баланд ўр-қирлар, ўр-қирларнинг пойида тош конлари, тош конларининг пойида заводларга тош ташийдиган эшелонларнинг темир изи, темир изнинг пойида экин далаларию тутқаторлар, уларнинг пойида симтўсиғу симёғочлар иҳотасидаги электровоз релслари, унинг пойида эса бошига отасининг кўҳна телпагини бостирган, бўйнида Тошкентда талай йил чидаган ижара уй бекасидан эсдалик оқ йўлли шарф, устида чопон, оёғида маҳси-калиш, ўнг қўлида бир учи эгри таёқ, чап қўли нимчасининг чўнтагида… мен.
Яланг дашт изғирини жондан ўтади. Бурун шўрқиллай бошлади. Қизбувига қараб-қараб қайтдим. Йўл устида мозоратга қайриламан. Қишлоқдаги энг катта ва кўҳна мозорат. «Қирқ бир қарта» ҳам дейишади — колхоз вақти қирқ биринчи қартанинг жойи бўлганакан.
Аввал бобомнинг бошига бораман. Ёнгинасида момом ётибди. Тиловатдан сўнг диловатга кўчиб ўйлайман. Кўзим бобомнинг қабртошида: «Очилов Бобоқул 1937-2015…» Биринчи октябрда, пайшанба куни йўқ бўлганди(«ўлди»ни — «йўқ бўлди» ҳам деймиз). Дафнига бутун эл-уруғ қойим бўлган… Мендан бўлак… Ўша куни қаерда эдим? Нима қилаётгандим?..
«…Пақ!», «…пақ!», «…пақ!», «…пақ!» — икки узу-ун устунга боғланган юзтача, оқу кўк шарлар бирин-кетин ёриларди. Пойтахтнинг киндигидаги кутубхона ҳовлиси. Кунжакка қўйилган харракда ўтирардим. Ҳовли саҳнида ҳалиги устунлардан узилиб тушган шарлар учиб-қўниб юрарди. Касбдош бир сингилни — «Беҳбудийнинг қизи»ни кутаётгандим. Отаси зиёли киши бўлиб, барча маърифатпарварларнинг, зотан Беҳбудийнинг ҳам ашаддий ихлосманди экан. Исботи ўлароқ қизига Беҳбудийнинг қизининг исмини қўйибди.
Шарларга шунчаки қараб ўтирарканман, қандайдир ёлғизлик ҳисси ёприларди ич-ичимга. Кетиб юборсаммиям дердим. Йўқ, ҳарқалай кепқолди шоша-пиша сингил — «Беҳбудийнинг қизи». Ҳовлиқиб сўрашдию ичкарилай кетди кутубхонага. Шамолдай шувиллаб эшигу турникатлардан ораларкан, бир амаллаб «айб»имни — аъзолик билетимнинг муддати тугаганини, янгилашга етгулик ақчам йўқлигини — айтдим. Паспортимни ола солиб, ёзди-югурди-тўлади-тўғрилади. Қаватдан қаватга чиқиб-тушардик: сўра-сўра, изла-изла, ёз-ёз…
Учта партани газит-журнал-дафтарга тўлдириб, жойлашдик ахийри. Варақлай кетдик бирма-бир. Олдимизда очиқ блокнот, ёзиб-ёзиб қўярдик. Пиқирлаб қўярди «мих» бир нарса ўқиб қолса сингил — «Беҳбудийнинг қизи». Менга-да ўқиб бериб, муносабатга ундаб қоларди сингил — «Беҳбудийнинг қизи». Аксари казо сиёсатчиларнинг нимкоса қочиримлари бўлиб, кўнглимга киноя сиғмай борарди, одатимга терс тарзда.
Уч соатча ўтиргач, қайтдик. Кўча четидаги йўлакда кетарканмиз, сандиқдай сумкасидан миттигина идиш опчиқди. Унинг ичидан эса пишириқ. «Европийский пица», экан. Ўзи пиширибди. Иккимизниям даҳанимиз дам билмас: у гапирар-кулар, мен ковшанардим. Кўпроқ болалигида кўрган-кечирганларидан гапирарди. Хусусан: қизлардан кўра ўғил болалардан ўртоқлари мўл бўлганини, бир гал серқават уйлар томида чопқиллаб ўйнашаркан, нариги уй томига сакраётиб, сирпаниб осилиб қолганини(«…тўққиз қаватли дом эди»), шу-шу ичига қўрқув қамалиб қолганини, наинки баландликдан, умуман ҳаётдаги муаммо-тўсиқ-ғовларни ошиб ўтиш олдидан ҳам ўша қўрқувдан қутулолмай хуноблигини…
Мен ҳам хуноб эдим — ичимдаги музнинг эримаётганидан, шу мавҳум қаҳратоннинг аримаётганидан. Гап-гап билан ишхонам тагига кеп қолибмиз. Хўшлашдик. Кетди. Қолдим. Ишга яқинда кирган эсам-да ишхонага киргим келмас, шусизам ўзимдаги тундлик икки дунёмга етиб-ортадигандек эди.
Кечқурун Қорақамиш кўчаларида, бошпанамга борарканман, қофиялар қалқди тилимга:
Ютақолгин, Ер, мени,
ютмасидан шум ғафлат?
Еса қуртлар ер мени,
остинг осуда фақат.
Ютақолгин, Ер, мени,
ютмай ўзим кимнидир?
Чорла тез, чақир мени,
жонга тегди қимтиниш!
Ютақолгин, Ер, мени?
Ютиниб яшаб тўйдим.
Кутма, бас, соат-кунни…
Ют, ҳозир ют, мен кўндим!
Ютақолгин, Ер, мени?
«Ер ютди…», десин кўрган.
Йўқса ютаман сени…
Мени шундай жин урган.
Ютақолгин, Ер, мени?
Тез ҳазм бўп кетаман.
Хўп, десангчи, кел энди,
Онасанку бетаъма?..
Тўрт кундан кейин оқшом пайти телефонда аям(онам)нинг узуқ-юлуқ эшитилган овозидан уқдимки, ўша куни: ўша, мен, ҳашамат кутубхонада, ўша сингил ила газит-журнал титкилаётганимда, ўша сиёсатчиларнинг ўша нимкоса гапларига муносабатан нималарнидур ғўлдираётганимда, ўша мавҳум ички қаҳратондан қунишиб, қайларгадур кетгим келаётганда… бобомни кўмишаётган экан.
Боз бир-икки кундан кейинги оқшомда жайдари бир жўрам телефон қилганди:
— …қулоққа(асли, бешбаттарроқ сўз) ке(л)мадингма, бувангди жаназасиға?!, — ўшқирганди ўдағайлаб.
— Қулоққа(шу сўзни қайтаргандим) бораманма, эшитмаган бў(л)сам?!, — қўзиганди меники ҳам.
Бир нафас жимиб қолгач, пастроқ товушда айтгандики:
— Жўқ бўлишидан икки кунча олдин сени сўровди. Шу… ҳам(и)шаги жойида, кўча бетидаги усталида ў-ўтирғанакан. Ўтиб кетиябидим. Сўраб қолди. «Ишга киргани ростма? Ке(л)масмикан? Би-ир ке(л)са яхши бўлийди-да?..», деганиди… Ҳалиям гўри совуғани жўқ. Ҳалиям кечмас демоқчиман!..
Гўри совуб, қотиб, қатқалоқ тортганда — қирқ беш кундан сўнг боргандим, «Қирқ бир қарта»га. Бора-боргунча кў-ўп нарсалар ўтди ўмгандан: охирги гурунгларимизнинг бирида санаторияга «саяқ журналист»(сайёр журналист)ликни касб этган Зиёда отлиғ бир жувон текширгани келганини, тезда ота-боладай бўп кетишганини, эри, бетайин ишинг боракан, ундай-бундай дейвургач, борей деб, ажрашганини, шундан бери юрт кезиб, қайда муаммо кўрса шаппа босаётганини, касбини жуда яхши кўришини, санаториянинг катталариниям зир югуртирганини, ҳеч кимдан ҳеч нарса олмай кетганини, кетаётиб қоғозча(«Ташриф қоғози») узатганини, қайсиямдир кўйлакнинг киссасида йўқотганини, дадил-дангаллигию томоғи бутун(ҳалол)лигига қойил қолганини… айтиб берганди.
Яна… қандай жони узилганини эшитганимда яхшигина таъсирлангандим (ҳозир ҳам таъсирланаман): краватда, кенжа ўғлининг кенжатойи билан мултфилм кўри-иб ётганда «кўзи илинибди». Кенжатой хонадан чиқа туриб, телевизорни ўчириш ё ўчирмасликни сўрабди — бобо жим. Овозини кўтариброқ сўрабди — бобо жим. Яқин бориб, энкайиб сўрабди — бобо жим… Қўрқиб кетган кенжатой невара ташқарига отилибди: «…бувам гапирмай қўйди-и!»
Ёлчитиб тиловат қилолгандимми-йўқми, билмадим. Эсимда бори эзилиб ғўнғиллагандим, бир майдон. Дафтаргаям ёзган эканман…
***
Бобомнинг оти Бобоқул эди.
Одамлар уни: «Бувақул», дерди.
Одаммаслар: «Буванг — қул», дерди.
«Ўзинг шундайсан, ўзи-инг!», чирқиллардим қалтираб-қақшаб.
Илжайишарди: «Боласан-да, бола…»
Чинданам бола эдим.
Тушунмасдим «қул» сўзин, ҳатто.
Лекин қандайдир совуқ эшитиларди-да.
Энди ўйласам, мени улғайтирган вақт эмас экан — гап экан.
Гап ўлдирмасин-да, ишқилиб.
Чўзилган чўпчак
(ёки ҳаяллаган авлод баҳоналари)
Ассалому алайкум, бува. Мен келдим. Яхши ётибсизми? Энди ҳеч қаерингиз оғримаётгандир? Жимсиз… Ўзи етмиш йилдан зиёд сўзлаб, топганингиз нима бўлди? Лақаблар бўлди — мазаху ишончсизликка қоришган лақаблар: «Алдар Кўса», «Дон Кихот»… Шунгами, кўпроқ эшитадиган бўп қолгандингиз. Бошингизни солинтириб, ҳассангиз учи билан ер чизиб, ҳар-ҳар замон томоқ қириб, тупуриб… эшитардингиз. Нима, чинданам алдармидингиз шунчалик? Гапира бошласангиз, бўлди, афтлари тиришиб, оғизлари жийрилиб кетуврарди, эшитаётганларнинг. Нималарни гапирардингиз ўзи: кўрган-кечирганингизни, бошингиздан ўтганини… Бухоронинг Қоракўлидан бир жўрам бор. Шоир. Шу жўрамниям сиз тенггилар буваси бор. Шу бувасидан эшитганларини бир достондай шеърга солиб, телефонда жўнатганди менга. Сўзлари содда, халқчил бўлгани учун калламда қопти. Ҳозир айтаман:
«БОБОМ ТИЛИДАН
Камбағал эдик жуда,
Бойлар одам эмасди.
Биз кунжара еганда,
Қора нон ҳам емасди.
Камбағаллик айб эмас,
Онам шундай сўзларди.
Акам очдан ўлганда,
Унинг фикри ўзгарди.
Ҳеч ким билмас отамни
Қандай дард йиқитганин.
Кўз юмса ҳам ҳаётдан,
Кўзи очиқ кетганин.
Мен билардим ҳаммасин,
Айтолмасдим ўша пайт.
Ахир бойлар виждони
Кўзларидек очофат.
Бир қизга кўнгил ёриб,
Кейин бошимни ёрдим.
Сўнг ўшанинг уйига
Мардикор бўлиб бордим.
Мардикорлик айб эмас,
Тилим шундай сўзларди.
Тил остида тил сақлаб,
Юзим ранги ўзгарди.
Энди у кунлар ўтди,
Қора нон ҳам қолмаган.
У кунлар ўтган билан
Бойлар одам бўлмаган!..»
Эндиларда ўйлайман: у ишонганакан-ку, бувасига? Улар ишонишганакан-ку? Унинг бувасиям бошидан ўтганини гапирган?..
Очиғи, менам ишонмасдим сизга уқадар… Ҳали росту норостни тузукроқ фарқлолмайдиган пайтимдаёқ, сўзга лафз очишингиз баробарида миямдаги иштибоҳ ғимирлайверарди: «…китобини очяпти яна — лоф китобини». Бундан чиқди, бошқаларга ишонибман-да? Сизникини — «лоф», ўзиникини — «соф» билган бошқаларга?..
Шоир бўлмасамам шоир жўрамга жавоб ёзиб жўнатгандим, ўшанда:
БУВАМНИНГ АЙТМАЙ ҚЎЙГАНЛАРИ
Менинг бувамни эса
тинглашмайди тузукроқ.
Эмишки, бари — «эртак,
софидан лофи кўпроқ».
Агар бошласа гапин:
ўтмишидан, ўзидан…
Расво қилишар таъбин,
кам топиб ҳар сўзидан:
«…э-э, ота, қўйсангизчи,
у пайтлар мактаб қайда?!
Ҳамма саводсиз эди,
далада қотган дийда…»
Бувам қизишиб аксар,
айтишиб кетар ҳадеб:
«…ўргатма-йей, уккағар,
бошидан ўтган — тавиб!..»
Сўнгра… секи-ин бош эгиб,
ўйга толади узо-оқ.
Етмиш беш йилга чўкиб,
сукутга солар қулоқ:
ўн бола, юз сўм ойлик,
колхоз, сувчи, ўттиз йил…
Ҳақиқатан, чиро-ойли
эртак, дейди, беўй тил.
Бойлар қўйнинг сарасин
димлама учун сўйган.
Бувам… тўртта боласин
тупроққа «димлаб қўйган».
Ҳа, қадрдон, бу гаплар,
бугун оддий эрмакдир.
Қизиқтирмас сабаблар,
ҳайҳот, тарих — «эртак»дир?!..
Эшитяпсизми, бува? Буёғига фақат эшитишингизга тўғри келади. Мен ҳам вайсаяпман яна. Бу ҳали ҳолва. У ёқда, шаҳарда кўп гапирамиз, жудаям кўп: кимларнидир авра-астарини чиқариб, ғийбат қиламиз, сўкамиз, жағ жанги уюштирамиз, ўзимизни оқлаб, ўзгаларни қоралаймиз, бетутуруғ баҳсларда соатлаб оғзимиз тинмайди, юқуми йўқ, илмилиқ тадбиру мажлисларда илжиллаб опқочамиз… Қишлоқ одамлариниям жуда-а «сўзи ҳикмат, иши ибрат», деб бўлмайди, албатта. Бу ердаям бекорчи гап сотадиганлар ачиб ётибди. Аммо…
Зиёли зиёлига қасд қилса, ёмон бўларкан, бува. Буни биринчи марта ўзимизда, мактабда кўргандим. Саккизинчи синфмидик… ишқилиб, тарих-ҳуқуқ фанларидан дарс беришга янги, ёшгина қиз келувди. Отасини айтсам танийсиз, эслайсиз-ку-у… шартмас, менимча. Эҳ-ҳе, ундаги ғужур, журъат унча-мунча йигитман деганида йўғиди. Ўзигача амал-тақал қип келинаётган «дарс ўтиш» усулларининг оёғини осмондан этиб, бошқача бир кайфиятда бошловди ишини. Ҳаммамизни тенгқўридай кўрар, ҳол сўраб, кўнглимизга қарарди. Мағзава топшириқлар бермас, қўл учида текшириб, тил учида баҳоламасди. Биз ҳам бисиратиб варақламаган тарих-ҳуқуқ дарсликларимизни саҳар туриб, ўқиб борадиган бўлдик. Бодом қовоқлари орасидаги кўк кўзларини чақнатиб: «Молодец!», дейишининг ўзи — катта байрамиди, биз учун.
Шуйтибчи, бува, бир ой нари-берисида у бизни, битта сўзда айтсам, тирилтирганди. Эсачи, кўрган куни: «бойўғлилар», «товуқкаллалар», «одам бўмайсилар»…ни эшитганча, сўлжайи-иб юрганларни «Тирик», деб бўладими? У эса бизни нафақат одамлигимизга, балки ўқиб, ҳаракат қилсак, «Идеал шахс» бўлишимизга ҳам ишонтириб, ўтакамизга ўт ёққанди. Фанига қизиққанлардан саралаб, тузган жамоаси ҳар хил мусобақаларда қатнашиб, вилоятгача чиқувди…
Ёзишди, ёзғиришди, ёмонлашди… Дарс ўтмай қўйди. Умуман, мактабда кўринмай қолди. Яна ўша бадқовоғу бақироқ домлаларимиз дийдорига термули-иб ўтирадиган бўлдик. Уёғига «миш-миш»лар: эрга текканмиш, болали бўлганмиш, ажрашганмиш, ярашганмиш, Тошкентга оилавий кўчиб кетганмиш… Чет элдалигини эшитдик кейин.
Шаҳар бориб, ўқишга кириб, ўт-тиб кетганларини кўрдим, кузатдим, бува. Камида катта ўқитувчи, кўпида профессор даражасидаги одамлар… бир-бирининг олдида кўпириб, ортидан гапиришда ҳам «профессор» бўп кетишган экан. Фақат бир-бирини ёмонлаш билангина кифояланишса қанийди, ҳадеб ўтган тузум гўрига ғишт қалайверишлари… нонкўрликмасмикан? Яхшими-ёмон, кўпчилиги ўша давр тузлуғидан туз, қудуғидан сув ичиб, рўзғор тебратган. Ялло қип яшаганлари қанча. Энди эса… оғиз тў-ўлдириб тупуришгани тупуришган. Камига бизниям тупуришга — кўрнамакликка ундашади. Бети билан кети бирми буларнинг, деб қўяман.
Мана, сиз ҳам, бува, ўша даврда яшагансиз, ишлагансиз, тишлагансиз-ку? Умрингизнинг ярми колхоз даласига сув тараб ўтди. Юз сўм ойлигингизга ўндан ортиқ оғиз қараб турган… Аммо эсимни танибманки, замонасозлик қилиб, кўпирганингизни кўрмадим. Биз, қирқдан ошиқ невара-чевараларингизни тўплаб олиб, кечангизни «тошбўрон» қилсангиз бўларди-ку? Газеталарга гердайиб расм тушсангиз, майдамих мухбирчаларга «залворли ҳаёт йўлингиздан ҳикоялар» айтиб берсангиз бўларди-ку? Санаторияларда не-ечтаси билан танишгандирсиз?..
Йўқ, телевизорда чиққандингиз, айтганча. Водийдаги санаториядан келиб эдингиз, чоғи. Саҳархўрлик қилаётгандим. «Таҳлилнома» бошланди. Одатдаги олабайроқ гаплар орасида таниш санатория номи қулоғимга чалинди. Қарасам, умумий планда: дарахтзор, остида йўлак, устида уч-тўртта чол, юри-иб кетяпти… Сизни дарров илғадим. Қориндор гавдангизу оч сариқ рангли ҳассангиздан илғаб қолдим. Қабатингизда жўрангиз Темир буваям боракан. Уни аям илғаб қопти. Бирдан йирик планда гапира кетдингиз: «…шароитлари яхши. Уйда юролмай қолувдим, бу ерга келиб, мана, юриб кетдим…» Оғзимдаги оғзимда, бўғзимдаги бўғзимда қотди. Уйдан чиқиб, тўғри олдингизга бордим. Супадаги чорпояда ёнбошлаб ётган экансиз… Уёғини эсларсиз? Мен эса эсимдан чиқаролмай қонман, ўшанда, кафтингизга носдан уюб отганча айтганларингизни:
— …қоғозға питип(битиб) бейди, нима дейишимди. Анишуйайди гапийашиж, деди. Ўжимам биламан гапийишди дешамам, қў-ўймади-да-йей, қижжиғаййай.
Кейин бошингизни эгиб, кўрпачадаги нонушоқларни терган кўйи жим бўп қолгандингиз. Унда ўқишга кирмагандим. Унда, ўзича ҳақиқатга ҳавасманд бу неварангиз, кун келиб, ўша сизни «сайратган»лардан биттаси бўлишини, супрадай-супрадай саҳифаларни мақтову миннатларга тўлдиришини… тушидаям кўрмаганди…
Ҳа… бу ёққа келишингиздан икки кун бурун мени сўрабсиз? Жўрам айтди… Анов, немис тили домламизнинг катта ули(ўғли)чи, шундан сўрабсиз-ку? «Кўриб турибсанма?», дебсиз. «Ишга киргани ростма?», дебсиз. «Бир кеп кетса, яхши бўлийди?», дебсиз… Ишга кирганим рост, бува. Катта газитти кичкина мухбириман. Тўғри, ота-бувамиз қилмаган иш. Нима қилай, сизларнинг йўриғингизни тутсам… кўкаришимга кўз етмади. Кўпроқ дадамнинг кўзи етмади. Нимачиликка бўлсаям ўқи, деди. Қора меҳнатга қолган кунинг очдан ўласан, деди. Ва ўқитди. Ўзидай яшамаслигим — яшай олмаслигим учун.
Келганим… ойлик олувдим. Биринчи ойлигимни. Қарз-парзлардан қутулдим, қолгани йўлкирага етаркан, келдим. «Ташкин тинчма? Нон арзанма?», дердингиз. Нотинчлигиниям, қимматчилигу қаҳатчилигиниям кўргандингиз, яна кўраётгандингиз… Жонингиздан ўтган-да, сўрайсиз.
Бу сафар китоб опкелмадим. Ўзи уйга қайтсам, китоб кўтариб чиқмасликка ҳаракат қиламан, кўчага. Биласиз-ку, шаҳарда кетмон кўтарган қандай кўринса, қишлоқда китоб кўтаргангаям шундай қарашади. Қийшиқ қарашлардан юрагим безиллаб қолган, бува. Тўрт йил ўқиш киролмай, китоб-дафтар кўтариб, ўтиб-қайтгандан сўнг шу-да.
Умуман, шу, кечикиш «одат»ини орттирганга ўхшайман: мактабга кечикиб борардим, ўқишга кечикиб кирдим, студентлигим кечикиб бориш-узр сўраш-«Тушунтириш хати» ёзиш билан ўтди. Ишгаям кўпинча кечикаман. Сизнинг олдингизгаям…
Гапларимдан бошингиз қотиб, безовта бўлаётгандирсиз? Бўлди, унимни ўчираман. Шусизам… бир ярим ойга ҳаяллаб келганимга яраша, «инг»им чиқмай ўтиришим, сизни «эшитишим» керагиди. Кечикканнинг кори — важҳ келтириш экан, илож қанча. Ҳаққиростки, улгурмаганнинг, ҳаяллаганнинг ҳар қандай гапи — баҳона туюлади.
Майли, бува, мен борай. Кечиринг, биз — «тирик»ларнинг бўлганимиз шу экан. Хайр, мендан рози бўлинг?
Ҳе-ей, одаму одаммасла-ар, бобом энди озод: ҳаммасидан, ҳаммамиздан!.. Ёлғонми? Бу дунёсининг ўзи ростми?! Мени эмас, ўзингизни нимагадир ишонтириб олингчи, аввал!?..
Бобомнинг оти Бобоқул эди…
***
…Момомнинг қабртошига юзланаман: «Товошарова Норгул 1938-1999…» Ўн яшар пайтим йўқ бўлган экан. Шунинг-чун ғира-шира эслайман, раҳматлини: тўлача тан, вазмин феъл, зимдан разм соп турувчи кўзлар, мийиғдаги табассум, гулдор яшил кўйлак, пешанага танғилган рўмол, майда ўрилган узун сочлар, ўримлар учида бир-бирига урилиб, тиринглаб турган калитлар…
Охирги ўғли уйланаётганда касал ётганди. Дуою фотиҳасини олиш учун келин-куёв тўшак тепасига кириб боришган. Уч-тўрт киши суёвида зў-ўрға ўтириб олган момом, елкасидан нафас ола-ола пичирлаб, уларнинг юз-кўзидан ўпганини ўша тўй кассетасида кўргандим. Шу тўйдан бир ҳафта ўтиб — йигирма биринчи май куни жони узилган экан. Аҳволини кўриб-билган дўхтир: «…ошқозон раки. Куни кам қопти. Тўйни тезлаштиринглар!», дегач, ортиқ дабдабасиз, шошилинч туширишган келинни.
Ҳа, яқин момом(биз отанинг онасини, уйи яқинлиги учунми — «яқин момо» ёки шевада «жақин мома», ҳам дердик) рак — саратон сабаб кетган, «борса келмас»га. Хўп, саратонгача-чи? Унгача ҳам шундай «саратон»ларни кечирганки, буёғини энди билганлардан сўраб билганим асосида тасаввур қиламан, тасвирлашга уриниб кўраман.
«Қаҳрамон она»нинг саратонлари
Эрта бева қолган Яхшигул момо ёлғиз қизи Норгул ҳамда ўғиллари Эшқувват ва Эшмуродни йўқсилликда, минг машаққат билан ўстиради, узатади, уйлантиради. Қизи ва катта ўғлининг умри даладан ортмай ўтади. Жуфтлари билан ҳам далада танишиб, турмуш қуришган. Бир муддат техник, сўғин сувчи-мироб бўлиб, пенсияга чиққан куёви ҳам, унинг ҳосилот(агроном) отаси — қудаси(Очил бобо) — ҳам «ер одамлари» бўлган.
Эшқувват ўғли трактор ҳайдаган. Темиртаннинг «тар-тар»ига ҳамоҳанг қилиб, ашулани вадаванг айтганда, бутун даладагиларни, айниқса қиз-жувонларни сомеъ этган экан. Унга эса ул нозик «сомелари» ичида биттагинасининг — Сафаргулининг бор-йўқлиги муҳимроқ ўлиб, шунга-да қўшиқларининг авжига авж, ноласига нола қўшаверарди. Қисқаси, Сафаргулга уйланади. Сафаргул ҳам саккизта туғиб беради. Бири эмизикли, бири эмаклаётган, бири атак-чачак жужуқларини қайнонасига — Яхшигул момога топширганча, елкасида кетмон, далага чиқиб кетавераркан. Далада наинки ризқ-рўзи, балки ўзи ҳам бор эди-да. Яъни бундай: «булбулгўё» бир трактор бор. Унинг ичида хушовоз, келишган ҳайдовчиси бор, ашуласи тиндиради, аммо тинмайди. Ахир унинг ичида ҳеч кимникига ўхшамаган юрак бор. Унинг ичида эса ўзи бор…
Сафаргул — Сафар чечамиз давраларга динамитдай кириб борарди. Эсимда: «Сапар чеча келди, Сапар чеча! Э-энди қизийди гап!», дея-дея гувва жонланарди, хотин-халаж. Тў-ўрга жойлашволиб, гумбурлаб гапга тушган оқ-сариқ, барваста, шаддод хотинни аямнинг пинжида, уртимда ҳолвами-парварда, анқайиб кузатарканман, хотинлар кулгисининг зарбидан шифтдаги лампичкаям лопиллаётгандек кўринарди кўзимга.
Эл қисқартириб, бузиб айтмасин деб, деярли барча болаларига қисқа-қисқа, ошиб борса олти ҳарфли исмлар қўйган, Эшқувват тоғамиз(отанинг тоғасини ҳам «тоға», деймиз): Раъно, Барно, Зебо, Лайло, Ўғилой, Дилором(шу қизлари туғруқхонада чироқ ўчиб, бошқа чақалоқ билан алмашиб қолади. Барибир, камситмай катта қилишади униям. Вақтлар ўтиб, асл қизларини ҳам топишади. Исми Насиба экан. Ҳозир ҳам «энам»лаб кеп-кетиб юради, Сафар чечамиз олдига), ўғиллари Рустам, Ўткир.
Эшқувват тоғамиз етмишга етиб-етмай қазо қилади. Маййитни маҳрам сувига олишда кирган бир жияни, сокин ётган тоғасининг томоғида… айланасига ботиқ из кўради. Уёғини билмадик. Билганимиз шу — қизларининг исмидай қисқа тафсил-тусмол. Майли, шуниям бузмайлик.
Эшмурод тоғамиз эса кетмоннимас, китобни танлайди. Талаба бўлиб, шаҳри Самарқандда ўқий бошлайди. Бироқ битиролмайди ўқишни — вақтида йигирма сўм топилмагани-чун. Шўрли Яхшигул момо ўлгунча яримҳазил таъналардан қутулмайди: «…йигирма сўмам пул бўптима, мома-а! Шугинаниям топмабмидингиз, мома-а! Дадамиз ҳозир журналист бўлийди, мома-а!..» Тоғамиз қасам ичади: «…болаларимни ўқитаман! Олий маълумотли бўлади бари!» Ўқитди ҳам. Тўрт қизиям институтларда ўқиди. Қизларидан бирининг ўғлини — «ўғил» қип олган. Хурсанд(Хурсандой) чечамиз иккови шу «ўғил»ларига — Асадбекка суянибгина яшаяпти. Уни-да олий маълумотли қилишмоқчи.
Момом… Яхшигул момонинг ёлғизгина бу гулига, Худо, ҳусн ҳам ақлни беармон берганакан. Буни қаригандаги қиёфатиданам фаҳмлаш мушкулмас эди. Ёшлигидаги суратини кўрганларнинг, мисол, аямнинг айтишича, «жуд-даларда чиройли» бўлган. Биринчи боласи(дадам) уйланаётганда, ўнинчи боласи бешикда ётган. Тўққизинчи боласи уч яшар бўлган. Саккизинчи боласи беш яшар. Еттинчиси етти яшар… Хуллас, болаларининг орасидаги ёш фарқи — икки йил. Етти ўғил, уч қиз. «Келинлар қўзғолони»ни ҳар кўрганида, Фармонбибининг гапларига булкиллаб-булкиллаб кулганакан, момом.
Орада болалари бўлган яна, кўп турмаган — қизамиқ, сариқ, чечак… Гўдакликда ҳур бўлиш бошқа экану кап-каттариб, элга қўшилганда, гўр бўлиш бошқа экан-да. Тўқсон бешинчи йил эди, чамам. Хуфтонда кимдир чақирарди дарвозамиздан. Дадам ишда. «Бемаҳалда кимакан у?», дея алағда чиққан аям йиғлаб кириб келди. Краватга ўтириб қолди: «…Шокир акаларинг жўқ бўпти!» Очиқфеъл, қувноқ, болалар орасида ўзиям болага айланиб, уйни бошига кўтарадиган, жингалаксоч, қорача Шокир акамнинг — амакимнинг энди йўқлигини, энди бизни елкалаб югурмаслигини, «Биология» китобни очволиб, маймунларнинг расмини битта-битта кўрсатиб: «…ийе, манов сенма?», деб энди ҳаммамизни кулдирмаслигини… норасида ҳолимда англабмидим, совуқ бир шовур ўтганди ичимдан.
Навоий шаҳридаги кимё заводида ишларди. Бутун заводга эшитилаётган «Помоги-ити-и-и!»га биргина одам югуриб боради — шу амаким. Борсаки, заҳарли ҳавога тўлган хонада катта жасадли бир ҳамкасби ҳирқираб ётибди. Амаким уни ташқарига судраркан, каппа-каппа нафас оладию… Шумхабар етиб келганда, бобом билан момом қишлоғорадаги қариндошларининг бириникида, тўйда бўлишган. Ўликхона(МОРГ)га укасини опкелиш-чун борган дадам ўликларнинг уюлиб ётганини кўради(ўша фалокат қанча одамнинг бошига етганини шунданам тахминлаш мумкин). «Тирик қолгандир», дея жон ҳалпида кутишаётган, тонг қоронғисида пишиллаб ухлаётган уч яшар Фурқатию бешикдаги қирқ кунлик Иброҳимининг пешаначасидан ўпиб, даҳлиз чироғини ўчирибгина чиқиб кетган уйига ўлик хабарида қайтиши… қиёмат қўпдиради, мисоли. Момом, худдики, еттитамас ягона ўғли боридию унданам айрилгандай, инчкириб-инчкириб йиғлайди.
Раҳматли амаким шунчалар қаттиқ «қаҳ-қаҳ» отарканки, аҳли заводга етаркан овози: «…ух-х, Шокир кепти-да ишга!» Кўп китоб ўқиркан. Кутубхона ячейкасидан топилган паспорти ҳам бунга далил. Уйларига укаларим — Фурқату Иброҳим-ла ўйнаш учун бориб юрган бола кунларимнинг бирида сандиқ тагидан ён дафтарча топиб олгандим. Дадамники, деди Фурқат. Варақладим. Шеърлар экан. Қалин сиёҳда кўримли ҳуснихат билан ёзилган сатрларнинг сараси янгамга, сираси ўзининг англамсиз туйғуларига тааллуқли эди. Зулмат, ёлғизлик, ожизгина милтираётган қора чироқ… деярли ҳар шеърида учрарди. Танимаган-билмаган одам, агар ўқиб қолса шу шеърларни, уларни ёзганнинг ота-онаси, тўққиз ака-ука-опа-сингиллари, хотин-бола-чақаси борлигига, шўх-шалайим бўлганлигига ишониши амримаҳол.
Шоирлик ишқи кенжа амакимга — Тўлқин акамга ҳам тушганди. Эсимни таниётган кезлар. Бобомларникидаман. Супадамиз. Кечки овқатдан сўнг нимаям бўлдию амаки-аммаларим: «…қани-қани, эшитайли-ик?», деб қолишди. Шунда ғизза уйдан опчиққан дафтарчасини оча солиб, «бахшиёна»ларини бошлади-ку, акамиз:
«Саққалларин селкиллатип,
Журар бизди Саққалтой.
Ўзи арриқ бўсиям
Думбалари ғиж-ғиж мой…»
«Пиқир-пиқир» кулгу ундан бунга кўчарди, дастурхон бўйлаб. «Саққалтой» — Эркин амаким ҳам тиржайиб ўтирарди. Навбатдаги шеър олдидан пастгина сасда андишасини ғудранди:
— …муҳаббат ҳақида ёзувдим, ўқиб берайма, эна?
— Керакмас! Бўлди, дастурхонди йиғиштиринглар…
Ҳали-ҳали болаларининг мактаб-коллеждаги байрамларига мослаб шеърлар тўқийди, Тўлқин амакимиз. Ҳали-ҳали «Саққал»(Соқол), дейишади, бўйнию бетларини тиканакдай соқол босиб юрадиган Эркин амакимни. Латифа тўқишга уста лекин, шу амакимиз. Бир латифаларки, на ёзиб бўлади, на нозикро-оқ давраларда айтиб. Ёнида ўн минут ўтирганнинг кулавериб, афт «харита»си ўзгариб кетади. Икки хоналигина уйида икки қизини узатди. Неваралари бор. Фақат феъли ўша-ўша: кулади, кулдиради, тўйларда тўйволиб ўйинни қизитади, муштлашади, қарз сўраб келганга бисотида борини бервориб, ўғлини дўконга зувиллатади: «…гўшт билан гуруч опке, би-ир ошхўрлик қилайлик! Ҳа, “темир даптар”га ёздирувир. Битта қип тўлаймиз, насиб»
Катталаримизнинг таъбирича, «сира каттармайдиган» бу амаким жуда кеч кўчиб чиққан, ота уйидан. Момом, ана кетди-мана кетди, бўп ётган жойида ҳам айтиб-айтиб қўяркан: «…Эркинга уй қилишимиз керагиди-да… Эркинга ватан тикламадик-да…»
Тавба-тавба, «оналик саодати» шуми: дард тутиб, жонидан жон айириб туғиш, дардлардан опичлаб одам қилиш, дардмандлигини яшириб болалари кўзига масрур кўриниш, ахийри дарддан гуппа йиқилганда ҳам ўзинимас, ўзларини аллақачон эплаб-сеплаб кетган болаларини ўйлай-ўйлай, кўзи орқада кетиш?.. Ўнта боласи… ўнта дарди — ўнта «саратон»и эди, момомнинг. Етмагандай, йўқчилик бир «саратон». Йўқчиликдаги кўпчилик бир «саратон»… Баридан безиблар кетганда нима қиларкин? Бориб бошини қаерга ураркин?..
Олтмишинчи йиллар(етмишинчимикан ё? Саксонинчидир, эҳтимол?). Ёз чилласи — саратон(!)да, чошгоҳ палла қишлоқ кўчасининг ўртасида бир аёл кетиб боради: кўзлари қизарган, узун сочлари тўзғиқ, кийимлари кўримсиз, унниқиблар кетган… Кўча-кўйда одамлар сийрак. Битта-яримта дуч келгани ҳам четлаб-четлаб ўтарди. Ёши улуғроқ, кайвони бир аёлгина четламади:
— …Ҳай-ҳай-ҳай, келин, бу нима аҳвол? Тинчлиқма? Сиздан сўраяппан, ҳу-уй?..
— Мени тўсманг! Тўсманг мени!..
— Хў-ўп, гартдак ҳовурингиздан тушинг, айланай, нима бўлди ўзи? Қайга кетяпсиз? Ҳеч бўмаса, шуни айтинг?
— Ўлдираман! Отаман!
— Эбий, ўлай… Кимди? Нимага?..
— Ўзимди… Нарпайга отаман(Нарпай — Наҳрипай канали. Ўтган аср бошларида қазилган. Каттақўрғонда бошланиб, туманимизда, Пахтачида тугайди. Ҳозир анча қум босиб, саёз тортиб қолган)!
— Вой, ўлмаса-ам… Ҳай, келин? Ҳа-ай, келин!.. Менга қаранг… Менга қар-ранг…
— Тўсманг, дедим сизга… Тўйдим! Тўй-йиб кетди-им!.. Қўйворинг мени, барибир ўзимди сувга отаман! Қутуламан… Қутуласилар…
— Тўт… тўхтанг, жон келин, шу-унча одамди иснодга қўйиб… Ҳай, менга бир қаранг-да! Болаларингизчи?! Яқинда бўшангансиз(туққансиз), эмизиклигингиз бор-ку, у нима бўлади?! Ҳеч гўрга бормайсиз, қани, юрингчи!..
Рост, гўрга боришига а-анча бор эди: ўн болани тикка қилиб, «Қаҳрамон она» тақдирланиши, портрети музейларга қўйилиши, алалоқибат олтмиш бир ёшида, саратондан тутдай тўкилиб, ёзга яқин жон таслим қилиши… бор ҳали. Ҳозирча эса кайвони аёл етовида изига қайтяпти, чор-ночор. Кўкраклари симиллаяпти — бешикдагиси уйғонганга ўхшайди…
***
…Мозоротдан чиқаётиб, бала-анд бир қабртошга кўзим тушади. Қоп-қора мармар қаърида оппоқ сочлари батартиб таралган, костюмининг тўши тўла орден-медал, арбобнамо қиёфа қараб турибди: «Шомурат Қаххоров 1921-1988…» Бугун қишлоғимиз номини «Хайробод» ё «Амиробод», деб қоғозларга тиркашадию оғизда ит ҳам ишлатмайди, ҳеч қандай «…обод»ни. Аммо Шомурод Қаххоровни тилга олганимда, қишлоқку қишлоқ, ҳув, Тошкентнинг би-ир бурчагидаги бадгумон маҳалла оқсоқолининг-да жағи жилов узганди: «…борганман, кўрганман. Та-ак… саксонинчи йилларда. Бой колхозиди-де…»
Чин, бу одамнинг йигирма саккиз йиллик раислигида қишлоғимиз салкам шаҳарга айланган: маданият саройи, кинозал, кутубхона, музей, стадион, меҳмонхона, айродром, амблатория, болалар лагери, боғча, мактаб, лабаратория…
Етмиш тўққизинчи йилнинг октябрида бутун идорасини оёққа қалқитиб, йиғилиш қилади. Котибаю ҳарф терувчиларига алоҳида топшириқ юклайди:
— …гаснитса(гостница) ошхонасига марш, гўштдан барак(чучвара) букинглар. Туядай-туядай қип букманглар, дид била-ан, кичкина-кичкина қип букинглар!
— Нима гап, раис бува, билсак бўлар?, — чувиллайди аёллар.
— Шароф Рашидов келяпти, колхозимизга…
Айтилганидан ҳам ортиқроқ дид билан, чақалоқнинг қулоғидай қилиб тайёрлашади таомни. Дастурхонниям бадастир тузашади. Борки ноз-неъматларини тўкиб солишади. Бироқ бу Шароф Рашидов деганлари ўйлашаганидан-да «чимхўр»роқ чиқади: чучварадан чўқилайдию чой ҳўпла-аб ўтираверади. Гурунг-пурунгам бермайди, одамга ўхшаб. «Раҳмат»дан бошқа сўзини эшитишмайди, ҳисоб.
Ўша йили тўйи бўлган, колхоз идорасида яқиндагина иш бошлаган бир машинистка — ҳарф терувчи келинчак, барча-барчасини қирқ йил ўтиб ўғлига — менга сўзларкан, неча карра «бориб-келади», ўша кунларига. Эргашиб бормоқчи бўламану ўзаро тафовутнинг дастлабки бурилишларидаёқ улоқиб кетаман. Ахир унда хотира — воқеъ кечмиш. Менда, бор-йўғи хаёлот. Шу хотиралар устига хаёлотимни теришга тушаман. Ана энди-и нисбатан йиғиқ манзаралар ҳосил бўладики, таскин топаман. Демак, ёзишда давомлашим мумкин.
Шомурод Қаххоров ҳақида бошқа ёзгим йўқ. Етар. Менсиз ҳам у киши таърифида ёзилмаган нимарсаю ёзмаган кимарса қолмагандир, бу теваракда? Ёзсам-ку ёзгулик нималардир бордай: қандли диабети билан олиша-олиша олтмиш еттисида енгилгани, ўзини ўзи томиридан эмлаб, ишига шошиб кетавергани, анов қоратошни келтириб ўрнатган тўнғичи Абдураҳмон ҳам узоқ яшамагани — азборойи кўп ичганидан элликнинг нари-берисида тамом бўлгани, одамлар уни «алкаш», «тентак» деб мазахласа-да бир одатини тан олишлари — ҳар куни(!), гарчи эмаклагудек ичган эса ҳам онасидан ҳол сўраб ўтишини, ўлгач, онасининг тағин бир ўғлию икки қизи борлигига қарамай, сўровчим кетди-йей, дея гўяндалик қилганини… бафуржа, ёйи-иб ёзсам бўлади.
Гапнинг гартками, ундан кейинги раису раисалар, қишлоқдаги биргина бинога зеб бериб, кўтаришди шаъшаъдор қилиб — ўзларининг уйини. Мактабу боғча ўз вазифасини амаллаяпти, холос. Бошқалари: сотилди, ёпилди ё шунчаки қаровсизликда харобага айланди. Шунинг ўзи ҳам Шомурод Қаххоров шахсига етарлича «чизги», деб ўйлайман.
Отаси Қаххорнинг она бир, ота бошқа укаси бўлган. Ибод — Ибодулла(ёки Ибодин). Араб тилини яхши билгани ва хофизи Қуръон бўлгани учун эл уни «мулла Араб», дея алқаган. Ва айни муллалиги «касри»га жуфти Ойзода иккиси ит кунини кўришган. Валадлари… Бўлак ёза қолай.
«Мулла Араб»нинг чилимкаш завжаси
Мазкур бобокалонимиз алфозида ярим афсона, ярим чин гаплар юради. Афсонаси: Бухоро мадрасаларида ўқиганлар… Шунчалар баланд жаҳрда акса урганаканларки, қишлоқдан қидириб борган хеш-ақрабо манзилни муқаррар чўтлашган: «…а-а, топдик, шу ёқда экан!»
Чини: ўтиз еттинчи йиллар «қама-қама»сида опкетаверишган-опкетаверишган. Завжаси Ойзода — момокалонимиз, уйидаги гиламларгача сотиб, опкелаверган-опкелаверган. Билониҳоя, бу корибад ўз ишини қилган. Бандиликда ичтерламани орттирган «мулла Араб» қирқ-қирқ беш ёш миёнасида омонатини Эгасига топширганлар. Ошхонаси деворидаги тешик-тирқишларда сурнайча кепатасида ўроғлиқ қоғозлар суқилган бўлиб, уларда араб имлосида нималардир ёзиб-чизилган экан. Фаҳми ожизимча, бу қисматга боис — тақволаригина эмас, валлоҳи аълам.
Ўлган-ку ўлди, ҳисоб-китоби Ўзига аён, унга суяниб қолганга қийин, қолганга. Уч гўдаги уч тарафда — ичкари тўла оғиз, ташқарида — қаҳатчилик, қатағон… Валадлари бешта бўлганакан. Иккисидан буваклигидаёқ айрилишган: тўнғич эгизакларининг Зуҳрасидан — касаллик; кенжа ўғилчалари Нормуроддан — саккиз ойлигида эмакла-аб бориб, мулойимгина сиёқда ётган мушукка тегинади, ҳайвон-да, сапчиб туриб юзчасига чанг солади… Тамом, момокалонимиз мушукни ёмон кўриб ўтади. Кўрса, қувиб солади.
Катта ўғиллари Неьмат эса, наинки мушукка, оти ҳайвоннинг борига меҳр қўяди. Шу меҳрининг ҳадди аълоси сифатида Самарқандда ўқиб кеп, молдўхтир(ветеренар) етишади. Буниям ўз тарихчаси бор: ҳўкизга омоч улаб, ҳиргойини борича қўйган ҳоли ер шудгорлаётганда, аммаси ўтиб қолади, дала рошидан:
— …Ҳа-а, Неьмат, бу, оғзинг қулоқда?
— Бахмалга уйланаман. Ўзи рози-и…
— Эби-ий, ана эмаса! Тентакди тушига тўрт қарич бўз кириймиш… Эна-отасини олдиданам ўтдингма ҳеч?
— Йўқ, ҳали..?
— Уларди биласан, осмонларда яшайди. Сендайчикин бир эшакли гадайга қиз берадима, шулар? Се-ен олдин ўқи, одам бў(л), бир ишди бошини тут. Кейин гапир уйланишдан…
Бундай гаплар кимнинг жонидан ўтмайди. Умидгар банда, онасини совчиликка жўнатиб кўради, шунда ҳам. Аммасининг билгани билган чиқади. Бермасликларини айтишади узил-кесил. Ана сўғин ўқишга киради. Ижара уйида ивирсиб ўтирган кунларининг бирида эшик таққиллайди. Очса… Бахмал, кўзига қараб-қаролмаяпти; ёнида… яқин бир жўраси, ишшайибгина турибди:
— …келди-ик, жўра. Устидентти кўриб келай(л)ик, дедик-да бир. Ўқийвур. Бахмалга биз уйланамизда-а, шуйтиб.
— Кепси(з)лар, яхши. Тор хонада ториғиб ўтирувдим ўзи. Юрингларчи, си(з)ларга би-ир шаҳарди кўрсатай…
Регистон кўчаларининг биттасида Бахмални… етаклай кетади, қаёқларгадир. Куёвтўра билмай ҳам қолади. Хилват бир жойга элтаётганда, ҳамсабоқлари тўсади йўлини: «…ундай қилма!» Бахмал йиғлайди, йиғлайверади… Индамай-нетмай, қайтариб обборади қўшганига.
Ўқишини тугаллаб, қишлоғига қайтгач ҳам кўп қийналади. Уйланишиям дардисар бўлади: қашшоқлик бир ёқда, «мулланинг боласи» деган тамға бир ёқда. Эшикма-эшик раьд жавобини эшитавериб, алҳами олти бўлган онаси — момокалонимиз, укасининг уйига изиллаб боради, охири:
— …Неьматгинамга ҳе-еч ким қизини қиймаяпти, Рўзиқул! Ўқиб келди, ишлаяпти, яна нима керак бу одамларға, Рўзиқул? Биз(л)ардиям кўкайимизга кун тейиб қолар, жигит моли жерда-ку, Рўзиқул! Сендан бошқа борарим қо(л)мади, Зулайҳонгди сўраб келдим, Рўзиқу-ул?..
Тўй ўтиб, аммасининг кулбасига келин тушган, ўзганинг «юсуф»и ила яшай бошлаган Зулайҳо беш фарзанд кўради. Улар каттаргунча ўзи кичрайиб, пардайгина бўп қолади. Мискинликнинг зил-замбил бир шомида ишидан ҳориб қайтган ўзганинг «юсуф»и гилам ямаб ўтирган хасминиям ўзгача Зулайҳо авзоида кўради. Ичи идраб, овутмоққа тутинади:
— …Ҳаммаси олдинда. Шундай ўтиб кетмасмиз…
— Э-э-э… Асли гадай бой бў(л)мас!
— Нима дединг-нима дединг…
Отасидан емаган калтакни эридан еб, ўласи ҳолда ерпарчин ётган Зулайҳо шу кунини умрбод унутмайди, унутолмайди. Жуфти ҳақ чиқади-да. Ўзини ўтга, чўққа уриб, «Неьматгина»дан «Неьматбой»га дўнади: бузиб қурилган ҳашамат уйлар, гаражда улов, мол тўла молхона, қўй тўла қўтон, чўрилар, хизматчилар…
У ҳам қайтиб қўл кўтармайди Зулайҳога. Аксинча, хастаҳоллиги учунам икки ҳисса меҳр қўйиб, авайлаб ўтади. Ажабки, унинг манглайига хастаҳол, дардманд заифаларга қараб ўтиш битилган экан. Онаси — момокалонимиз ҳам бу гапга гардан. Уни — «Неьматгина»сини ўқитиш-чун патир ёпиб, қишлоқнинг энг катта бозорига пойи пиёда бориб сотган. Қор-ёмғирда бошига кўҳна костюмни ташлаб олган. Ҳафтада бир келиб турган ўқимишли ўғлини чўнтагида патир пули, тугунчада зоғора нонлар билан жўнатган. Бозорга бориш ўн чақиримча, қайтиш ўн чақиримча… оёғини олдирган, ишқилиб. Шуқадар зирқираб оғриган эканки, дод-войи кўчага эшитиларкан, момокалонимизнинг.
Чидолмаган ўғли қайдандир илми зўр дўхтирни бошлаб келади, бир куни. Оғриқ оёғининг — ўнг тиззасининг «кўз»ини айлантириб укол уриб чиққан дўхтир, керакли дори-малҳамни ёзиб бериб кетади. Оғриқ забтидан тушади. Ўша дўхтир охирги сафар келганда айтадики: «…бўлди, укол-дори шартмас энди, фақат ҳар-ҳар замонда битта попирис(папирос) чакиб турсин». Бир муддат чилим қуриллатиб юрган момо ниҳояти невараларини «Astra»га — папиросга ғизиллатадиган бўлади. Оғриқдан-ку батамом қутулади, аммо папиросни то оёқларини ёруғ дунёсида йиғолмайдиган қилиб, боқийга узатгунича тутатади.
Шундай қилиб, «мулла Араб»нинг мохорка исли завжаси — Зулайҳонинг аммаси — аямнинг мақолчи момоси(ҳа, Неьмат молдўхтир — онамнинг отаси эди) иккита жаҳон урушини, иккита авжи қатағонни, очарчилигу оғриқларни, охирда тўкис турмушни-да кўрарича кўриб, саксон тўрт ёшида «чўбин от»га минади(роппа-роса 1900-йилда туғилган бўлиб, момонглар йил билан баравар, деркан «Неьматгина»си). Ўн йил ўтиб, ўзганинг «юсуф»и-ла яшаган Зулайҳонинг(олтмиш ёшида) оғзини танғишади — жигар церрози. Ўзганинг «юсуф»и эса: 2007-йил қишида, ярим кечаси, ўртанча ўғлининг молини кўриб қайтаётганда, товуқкатакнинг эшиги ёпилдимикан, ўйида томорқа тўрлайди ва тойиб ағанайди. Бўксаси дарз кетади… Йил ўтиб, 2008-йилнинг қишида, саксон ёшида вафот этади.
Бахмал… Худонинг берган куни эри ичиб кеп уради: «қисирсан» деб уради, бошқасан деб уради. Бефарзандлик маломатидан қутулиш илинжида икки ўғил асраб олишади. Таассуфки, улардан ҳам ёлчимайди: бири нашаванд, бири «шишаванд» чиқади… Ўлимидан сал аввал, ота қишлоғидан келган бир аёлдан кўчада сўрабди:
— …Неьмат бува тирикма?..
— Ўтган жили жўқ бўлувди..?
— …
Шу аёл ўша сўнгги суҳбатчани ҳамқишлоқларига сўзларкан, бир ҳайратини қўшиб сўзлашдан эринмайди ҳеч:
— Қаррисаям чиройини жўғатмағанди, раҳматли. Ёшлиғида қандайлар бўғанакан-а…
***
…Узоқ бувам — Неьмат бобомиз хонадонида яна бир момо юргич эди. Хирагина хотирлайман: бу-урчакдаги хонасига букчайибгина кириб-чиқар, гапирмас, биз болалар, унинг ҳатто расмига қарашгаям қўрқардик — чап кўзию яноғидаги ёнғоқдай-ёнғоқдай норлари, бола қарашимизга қўрқинчли кўринарди.
Кейин-кейин билдикки, у мўйсафид — Зулайҳо момомизнинг онаси Хосият момо экан. Хўп, нега куёвиникида яшарди? Ўғли йўқмиди?..
«Наташа янга»нинг қайнонаси
Эри Рўзиқул билан ажрашганда, болалари кичкина-кичкина эди ҳали: Рисолат, Зулайҳо, Алиқул. Рўзиқул-ку Рўзигул деганига уйланди-кетди, аммо Хосият эр қилмади бошқа. «Палахмон тош»лари бориб тушган ерида палак ёзиб, ўзларидан ортмай қолишади. Алиқули…
Армияга кетган Алиқул ўрис хотин — Наталия билан қайтади, уйига. Кўккўзу сариқсоч «Наташа янга»нинг тилига тушунишмаса-да дилининг тозалигига ишонч ҳосил қилишади, қисқа фурсатда. Бироқ беш йилча яшашади бирга. Азборойи кўп ичганидан эридан бозиллаб, юртига қайтиб кетади. Эмизикли Эркинчасини ҳам опкетади(ё, алҳазар, ўзбекнинг ичағонлигига ўрис чидолмайди! Нимаям дердик, фазилатдан кўра иллатни ўрганиш, ўзлаштириш осонроқ).
Уларни опкелиш учун Ўрусия борган Алиқул қайноғаларидан ур калтак-сур калтак бўлиб, хотинию жигаргўшаси ўрнига эзилган жигар билан келади қайтиб. Шу кўйи ўнгланмай, ўттиз саккиз ёшида «жувонмарг» кетади. Шусизам сўққабош ўтаётган, энди яна-да яккаланиб, адо бўлаёзган чечаси ҳам қайнонасини Неьмат бобомиз кўчириб келади, хонадонига. Ош-овқатию кир-чиридан вақтида хабар олиб, меҳр кўрсатишса-да бир гапини такрорлайвераркан, бот-бот: «…жантағам(янтоқ ҳам) ўз элида кўгарсинакан».
Хосият чеча қариб — Хосият момо бўлганида, қишлоққа таниш келбатли меҳмон дориқади, ўрис элидан: қўлида ўғилчаси, қабатида хотини. Йўлда суриштираверадики: «…исмим Эркин. Отамни излаб келдим. Исми Алиқул. Онам юборди?» Катта ҳовли бир пасда одамга тўлади. Олазарак отасини қидираётган Эркинга тоғаси Облоқул(Аллоҳқули) англатади: «…отанг ўлган, юр, қабрига олиб бораман».
Сўнг шу тоғаси тўй — жажжи «Илҳом»(Илъя)нинг суннат тўйини бошлайди даранглатиб. Давра ўртасида жияни Эркин, атлас кўйлак кийиб, сирғалар таққан ўрис келин, бир ўйинга тушадиларки…
Кейин суратга тушадилар. Кўрганман ўша суратни: ҳовли, харракда Хосият момо, ёнгинасида ёлғизидан қолган ёлғизи Эркин ўтирибди, орқаларида ўрис келин тикка турибди, бир қўли момонинг, бир қўли эрининг елкасида, бошини хиёл солинтирган, офтобданми кўзлари қисиқ… Қайтиб борган ўғлини эшитаётган «Наташа янга» бир ўринда танг қотади: «…ҳозир ҳам ҳаётмикан, ўша аёл? Ой-ёй-ё-ой!»
Ўғлини кўмган, чеварасиниям кўрган, куёвиникида яшаган Хосият момо 1994-йилда, саксон ёшларида сафарини якунлайди, бу оламдаги. Қачонлардир ўзи башорат қилганидек, Зулайҳо қизиникидан — Неьмат куёвининг уйидан чиқаришади, маййитини.
Ўғил доғида ўтиш онасидан — саксон олти ёшида кўзлари йўл қараб бадар қотган Умида момодан «мерос» экан, асли. Урушдаги икки ўғлининг биридан қорахат, биридан «бедарак йўқолди» мазмунли хат олгач, аза очиб, кўк киядию… ечмайди. Ўзича қасд қиладики, бедарагидан дарак топмагунича ечмайди! Ёзми-қиш, уйми-кўча, тўйми-байрам… шу мотамсаро кўйлагини қўймайди эгнидан. Икки йил шундай юради…
Уйда ўзгинаси куймалани-иб турса, биров чақиради. «Тиқ» этган товушга, «миқ» этган илинжга маҳтал она ҳадаҳалаб боради. Эшикда эгачиси, қўлтиғида янги тикилган кўйлак, қатиъ қараб турарди:
— …Бўлди, еч манов рўдапонгни!
— Кетинг!
— Еч, дедим, сенга!
— Кетинг, дедим, сизга!
— Шундайми?.. Унда ўзим…
— Йўқ-йўқ… Яқинлашманг!
— Ўрлик(ўжарлик) қи(л)ма, тирик бў(л)ганда шу пайтгача…
— Кет-т-ти-и-и-инг!
— Ҳм-м… Ўзингдан ўпкала энди.
— Йўқ… Йў-ў-ўқ!..
— Тўхта, ҳай, қайга қочяпсан… Шунчасиям етиб ортади… Уруш кетган бир сени болангми… Тўхта, деди-им…
Ҳовли айлантириб қува-қува ушлаб, уйга опкиради. Устидаги аза кийимини — «кўк»ни йиртиб-сиртиб, ечиб отади. Қўлтиқлаб келган кўйлагини уриб-дўқлаб кийгизади. Аммо ичдаги «кўк»ни — сарғаймайдиган, қаримайдиган, қуримайдиган, кўм-кўк умидни бандаси суғуриб ота олармикан?! Умида момо ўттиз йил кутади яна. Паймонаси тўлиб, тоза кўтарам бўлганида ҳам шивирлайдики: «…дарвоза очиқ турсин! Кеп қолар?..»
***
Клуб(маданият саройи), кинозал, кутубхона, музей… харобаларида изғийман. Зах тортиб, нураётган бу деворларнинг кечаги кунлари ҳофизамда қад ростлайди.
…Ана, клуб: саҳнасида «Кулгиминятуралар» театрининг хассос қизиқчилари, зал зириллайди кулгидан, қишлоқ аҳли айниқса Эргаш Каримовдан кўз узмай куляпти;
…Ана, кинозал: синфдош ошналар «Илонлар водийси» деган кинони нимқоронғиликда нафас ютиб кўряпти;
…Ана, стадион: майдон ўртасида кураш тушишяпти, трибуна тўла одам — Наврўз. Томошагоҳ теп-пасида ўспирин йигитчалар, темир панжарага суяниб, тик оёқда туришибди. Олдиларидан тенгқўр қизчалар ўта бошлади. Йигитчалар қизчалардан бирини — калта сочини тугиб олган, спорт кийимидаги, оппоқ крассовкалисини — «тухум», дея ҳазил-мазахлашга киришади. Орасида рангпаргина бири ҳам «туху-ум», деб илжаяди. Қизча икки қадам ўтиб-ўтмай таққа тўхтайди, ортига бурилиш баробарида оппоқ крассовкаси билан унинг нақ тўшига, Роналдо расмининг устига ў-ўхшатиб тепади. Гурра кулги. Қулоғининг остида шивир: «…қиз боладан таяғ жединг, ў-ўле-ей-й!»;
…Ана, кутубхона: яқин орада катта «Камаз» келиб, ҳа-амма китобни опкетажагини эшитган қотма бир рўдапо кутубхоначи аёлдан ўсмоқчилаяпти:
— …қайга опкетади?
— Қайга бўларди, макалатурага-да асосан. Қолган-қутгани тумандаги коллеж-мактабларнинг кутубхоналарига.
— Макалатурада нима қилишади?
— Туалет қоғози қилишади, бумага-а… Етиб бордими?
— Йўқ… Қандай?..
— Уф-ф… Сув тўла ка-атта ҳовузга оббориб тўкилади, китоблар. Илвираб, бир-бирига қўшилиб кетар даражага етгандан кейин олиб, қайта ишлашади…
Рўдапонинг рангги баттар қочади. Ҳовузда хамирдай кўпчиб ётган китобларни кўз ортига келтирадию… ўғрилашга тушади, китобларни. Қават-қават кийимларининг ичига тиқиб ўғрилайди, камарига қистириб ўғрилайди, деразадан ташлаб ўғрилайди… Қониқмасдан, бир-икки жўрасиниям ияртириб келади, шериклашиб ўғрилайди. Орада кутубхоначига пул ҳам узатишади, ими-жимида: «…карточкадаги китобларимизни «қайтарди» қип қўйсангиз?» Миясида биргина хавотир: «…ҳадемай “Камаз” келади, улгуриш керак, улгуриш!» Улгурмайди. Ўн мингтача китобни шу йўсин, қисқа вақт ичи ўмариб бўлармиди?
Ўзича кутубхоначини «сотволиб», китобларни «улгуржи» ташиш пайида қоп ола келган рўдапо кутубхона эшигида калласидай қулф кўради. Кафтини пана қилиб, деразаларга битта-битта бет босади. Хоналар бўм-бўш, китобнинг «к»сиям қолмабди. «Қачон? Шунча тезми?..», ўйлари тугамай, калласидай қулфга калла қўйиб, ҳиққиллайверади-ҳиққилайверади. Ахир, у, мактабдаги олди-қочди «дарс»лардан, одамни масхаралаб эт оладиган кимсалардан, ўйлагисиям келмай қолган эртасидан, тирикчилик талотўпларидан… шу ерда — шу эшик ортидагина жон сақларди-да;
…Ана, музей: бирда муаллимимиз бошловида, бирда ўзимиз бориб тургич эдик. Ичдан қулф эшиги очилишининг ўзи бир «томоша» тусини оларди. Чувиллашиб бақириб-чақиришганимиздан кейин йўтал аралаш «Ҳози-ир!»ни эшитардик. Ранги заҳил, мудроқ чол чиқарди иҳраб — Қулмат бува. Музейнинг фаррош ҳам қоровули, тилмоч ҳам ясовули эди, шу чол. Қий-чув солиб, ичкарига урардик. Бўсағада бирровга тик қотардик. Боши шифтга теккудай, сап-сариқ, тепакал, кузалган соқолли ҳайкал турарди шундоқ киришда — Ленин. Пойидан пилдирабгина ўтиб, хоналарга «юриш» ясардик. Кели, жоди, ойболта, қилич… амсолидаги экспонатларнинг ваҳми босарди, қандайдир. Қишлоғимиздаги «Қаҳрамон она»ларнинг портрети ҳам, «мулла Араб» хатм этган Қуръон ҳам шунда эди.
Қулмат бува изимиздан тергаб юрарди: «…муюмларға(буюмларга) тейинманглар, хўппа? Кунчковлик қиганингди, айтиб қўйай, қамаб кетаман, кечаси мановлар тирилиб жейди!» Ҳеч қайсимиз қамалмадик-ку Қулмат буванинг ўзини қўйиб келишди(Худо раҳматига олган бўлсин). Музей-да кўпга бормади. Бир куни танаффусда кўрдикки, шалоқ тиркама унинг олдида бел бўлибди. Устига «тарақ-туруқ» ортишарди, кўҳна бисотни. Кейинги танаффусда ўзи шипшийдон. Эшигида тамба, деразалари михланган.
Ҳайкални қолдиришибди. Ташқарида юзтубан ётарди. Анча вақт шундай ётди. Бекор ётмади аммо — бекорчиларга ўриндиқ бўп ётди. Шуниям кўп кўришди, бечорага, қаёққадир даф қилишди. Ҳафта ўтдими-ой, дараги келди — «доҳий» тоғда экан. Ўша, қишлоғимиз бошидаги Қоратов этакларида, қирлар орасида ётганини кўришибди. Қорайиб-занглаб ётганмиш. Яна қай бир эринмаган мардум чўкич билан аъзойи баданини уриб, пачақлаб чиққанмиш. Мис бўлса сотаман, дегандир-да…
Бугунчи?.. Харобат тўла қўқим, қадамда оёққа илакишади. Телефоним экрани шуъласида сочилиб ётган гуноҳ қолдиқларига кўз югуртираман: «Белая акула»(арақ), «Pulsar»(пиво), «PallMall»(сигарет), «Nur»(“mazali pista”), «Романтик»(“простой презервативы”), кўрпача… Кўрпача матосида гуллар, катта-катта, оқ-сариқ-қизил гуллар… Босилавериб-эзилавериб, тайин бир туси қолмаган, увадаранг гуллар…
Тоза ҳаво, ёруғлик истаб, ташқарига ошиқаман. Катта йўл ёқасида кўраман ўзимни. Кунчиқаримизда «Деҳқонобод», кунботаримизда «Султонобод» қишлоғи. Кунботарга юраман. «Султонобод»даги — чеврамиздаги энг катта ҳам қадим бозор биқинидаги бир тамаддихонага бош суқаман. Тепа ошиёнининг бурчагини, дераза олдини бандлайман. Кўк чойга қўшиб бундаги яқин-йироқ ўтмишниям қайтараман. Юз йилча муқаддам, ўз номига монанд султону амирлар замонасида бу жойлар — яхшигина қатлгоҳ ҳам бўлган: ўғри-муттаҳамнинг қўлини кесишган, баттарроғининг бошини… Сўнг-сўнг қайнаган бозорга айланган. Ойзода момокалонимиз патирларини шу бозорда сотган. Ҳозир ҳам, мана, чўтловчию чайқовчининг уяси.
Аммо менга бозоримас, мозори қизиқроқ, бу жавонибнинг. Аниқроғи, мозоридаги яккаш бир мозор. Яккашки, унда ётганни ётлар кўмди, ювиб-кафанлаб. Турган бўлса, турбатида тори тургандир. «Кара гуз»ли ёри турмагани аниқ, лекин. Тура олса туради-да… Билганимдан келай.
Йўлда қолган тор ноласи
2009-йил. Авжи ёз. Тик туш. Силлиқуритар иссиқдан қочиб, ҳамма уйига уриб кетган. Зоғ ҳам кўринмайди кўчада. Хонада ўзим, китоб қараб ўтирардим. Қайлардандир бир товуш… йўқ, хониш келгандай бўлди. Узилиб-узилиб, паст-баланд келаётган бу хонишга дастлаб парво қилмадим унча. Тор жўрлигини илғагач, сергакландим янаям. Қизиқ, бундайи биз тарафларга ораламасди. Оралаганлариям онда-сонда, гавжум жойлар, масалан, бозорларда, тўй-ҳашамларда бирровга пайдо бўлишардию бекорчига текин томоша, бакорчига дардисар бўла-бўла, оларини олгач, қорасини ўчирарди. Аслида ҳам улар, ўзларидаги ўша: доирани даранглатишу сурнайини саланглатишдан бошқасига ярамайдиган, «ҳунар»лари билан ҳисоблаганда ҳам тийинга тош босмайдиган томоқ телбаларию қорин қаландарлари, холос.
Лекин бу хониш… Хонам рўпарасидан ўтаётганда, деразага шошилдим. 45-50 ёшлардаги, жуссаси қорувли, бошида дўппи, эгнида, шу жазирамага қарамасдан, қора камзул-шим, кўзига ярим афт-ангорини эгаллаган қора кўзойнак таққан бир киши, кўксида тор, куйлаб борарди:
«…Нигоҳи-инг на-айзадур ола-ар жа-анимни,
Гипригинг игнаду-ур, тўка-ар ка-анимни,
Бир караб гуйдирди-инг хо-онимонимнийе-е-й,
Ёр, кара-а гузлари-инг на-а иста-ар маннан?..»
Куйларкан, ён-атрофига разм соп қўяр, гўё кимнидур излар, кимгадур илҳақдек умидсаро қидиринқирарди. Бироз кузатдиму эшикка чопдим. Йўл-йўлакай, қуруқ борсам бўлмас, андишасида ортга қайрилдим. Тўғри келган жойни титкилардим: шкаф, тортма, кийимларнинг чўнтаги… Ҳа, эссиз-эссиз. Болаликда бир одатим бор эди, қанча топсамам ўша заҳоти бир қутичага солардиму, ҳув, бурчакдаги лўлисандиққа тиқиб қўярдим. Йиғаверардим, йиғиверардим ва «бойиганим» сари ўзимча «тужжор» режалар тузардим. Кўпинча умуман бошқа нарсаларга совуриб юборардим, аммо.
Индалло, «нарзу ниёз»га арзирли вақо топилмагач, йўқ тортиб кетмайдими-йей, деб кўчага учдим. Бу фурсат ичида тинчиб қолган хониш ҳақида ўйларканман, хаёлимда, у, бошқа-бошқа кўчаларга оралаб, узоқлашиб кетгандек эди. Чиқсам, хайрият, кўчамиз бошида, йўл гирдида ётган бетон устида, қатор экилган тераклар панасида ўтирарди. Кўча, ўша-ўша, фақат сал нарироқда, ариқ бўйида чўнқайганча телефон чуқалаб ўтирган ҳамсоя болакайни айтмаганда, кимса кўринмасди.
Истиҳолаю иккиланишлар билан борарканман, у ҳам менга манглайини тириштирганча қараб ўтирарди.
— …Ассалому алайкум… ака. Хуш кепсиз. Чарчамадингизми?
— Ваалайкум ассалом, иним… Раҳмат.
— Мен… овозингизни эшитиб… келятувдим.
— Раҳмат, иним, раҳмат! Дўғриси, ино бу гўчаданам хопо бўлиб гетятувдим. Ҳов, бу ёна ўтирчи, аввал донишсак…
Абдураззоқ исмли бу одам Хоразмнинг Шовотидан бўлиб, мактабни битиргач, «соз сирларини билгали» Хива мадрасаларига отланибди. У ёқдаги таҳсилининг ҳам таги кўрингач, шу билган-ўрганганини кифоя санаб, торини олибдию «энди мани ишим эл ичинда, сазимни сайратишу дилларни яйратиш», қарорида халқ хизматига шўнғибди. Элининг қаерида, қандай тўйми-маъракаси чиқса, бепайсал борибди. Бақавлиҳол хожатбарор бўлибди.
Шундай кунларининг бирида онаси уни чақирволиб, ўша азал мавзусини очибди: кўнглингда бирортаси бўлса, айт? Бўлмаса ҳам айт, мана, бизда бор!
Кўнглидагини айтибди. Дўст-душманга бирдай тотувли тўй ўтибди. Уёғи: турмуш, болалар, рўзғор…
Лекин тақдир бу бахшивор бошга ҳам синовини солибди. Ўзига бино тугул қаср қўйишсаям кам кўрадиган талтайма бир таннозга йўлиқибди. «Томоша» одатдагича кечибди: омонат «оҳ»лар, сўқир «воҳ»лар, уч йиллик улоқиш, сози билан сўппайиб қайтиш…
Қайтишга қайтгандию энди унга кўзи учиб турган кимидир қолмаганди. Ажримдан кейин аёли кўпам боши очиқ юрмапти, художўй бир киши оғиз солибди. Бир этак нонхўри билан қаёққа, қанчалик сиғишини билмай гаранг қотган жувон ҳам ортиқ оҳанжамасиз тегибди-кетибди. Онасига эса оғирлик қипти, бу шармсорлик. Кўтаролмай кетибди, мангуга. Ошна-оғайни, қариндошлар ҳам, табиийки, нари тутибди ўзларини. Ота ҳовлиси ҳам кўп ҳувилламапти, аллақачон «эгаси»ни топган экан.
Нафсиламри, бедананинг уйи йўқ, қайга борса «битбилдиқ», бўпти. Элига ортиқ сиғмаслигини фаҳмлаб, эгик боши энган тарафга кетаверибди. Биргина сози ҳамроҳ бўлиб, мана, неча замонки, тоб бериб келаётганакан.
—…Шуннан бари ўн йил ўтди. Алимда торим, юрт гези-иб юрибман-да. Ўзбекистонни ман бормаган тупкаси, сазим чолинмаган чаккаси қолмади, ҳовва-а…
— Хоразмчи? Бориб турасизми?
— Э, иним, онадан гина қилиб нера борасан! Гўрдим: Самарқанду Бухоросиниям, Тошкенту водийсиниям… Дим яхши. Фақат шу Хоразма, уйина миймон галсаям сакраб ўйина душиб гетажак адамларина хос нанидир топмадим, топа билмадим… Бориб дуржакман, аммо Шовотамас, ёвуқ бир жойина.
— Нима… бирорта танишингиз…
— Йў-ўқ, иним, айтдимку, донишлар маннан алини ювган, даб… Ёшулли бир онахонникина. Бир-икки сафар уйларини олдина ўтириб, нафас ростлаб адим. Гузати-иб, эшити-иб юрганакан. Ина бир гуни толлари соясинда ҳаз ати-иб дурсам, галди. Салом-аликнан кейин бир жуфт сувора гуйладим. Тебраниб-тебраниб эшитди. Кейин муддаосини сулладики, суйимни йўқотдим: мани ўзина «ўғил» атмоқчи акан. Ҳар неча узрим иш бармади. Қараб дурсам, тиз чўкиб, тавалло атажак. Нима, ман… Худомидимки, ёшулли бир бандасини тиз чўктириб, тавалло аткизсам! Шусизам бир она норизо гетди маннан… Хўп, дадим. Ҳов, шундай суюнди, шундай суюнди-и… Ичона бошлади.
Гунлар ўтди. Тўйлара бориб-галиб юравардим. Ҳаммаси жойина адию оқшамлари онахон… гўринмий-гўринмий қоларди-да. Ҳа она, дасам, хўрсинардию индамасди. Бир оқшам изина душтим. Ҳовли четина бир хона бор ади. Дишиннан ажува гуринарди. Ина шуни ичина кириб йўқолди. Ман ҳам шоппа кириб бордим. Онахон девора ёлпошиб қолди. Боқсам, дўрдаги тераза тайинда бир қийз ўтирибди: сачлари паришон, рангги солқи… «Касалванд акан-да, монглайи қара», даб турсам, онахон тиззама ёпишди:
—…касалвандмас, аяқларини озроқ босолмийди. Уйлан шу қийзима, жаним болам, уйлан шу қийзима-а?..
Энди ман ёлпошиб қолдим девора. Қийз йиғламас, аммо гузлари-и…
— Шербек, ҳай, Шербек? Гаранг-паранг бўп қолдингма, ҳа-ай!, — дея чақирган аямнинг овозидан гурунгимиз бўлинди.
— Нима дейсиз?, — истамайроқ жавоб бердим.
— Кўрмаяпсанма, ариққа сув кепти. Маккайи(маккажўхори)лар қақраб кетган. Тез бўл, кетмонди олу сувди бошқар ичкарига!, — дедию уйга қараб кетди.
— Оббо-о… Ҳозир шу шартмикан?, — ғўдраниб қўйдим.
— Ундай дама, бор, — пиёладаги чойини бўшатди(чойнак-пиёла опчиққандим орада).
— Улгураман, сиз бемалол…
— Йўқ, иним, ман энди турай. Йўла душишим гарак, — торини олиб қўзғолди, — Худо хоҳласа, гўришажакмиз.
— Лекин… Хўп, унда уйга киринг? Меҳмонимиз бўлинг? Йўқ деманг энди, ака?.., — нимагадур хайрлашгим келмас, бу дардчил дарбадарни кўп-кўп тинглагим келарди.
— Хўп, иним, хўп. Аммо бошқа сафар… Ҳов, онангни ўзи сув очажак ўхшийди. Бор. Манам борай, гутяпти ахир. Омон бўл…
«Кутяпти»? Ким кутяпти? Кимни кутяпти?.. Ўйларим яна жаранглай бошлаган тор овозига уйқашиб кетди.
Бир неча ойдан сўнг, Рамазонда кўрдим. Ўша-ўша: дўппи, қора камзул-шим, ярим юзлик кўзойнакда. Қўшниларимиздан бирининг дарвозаси олдида, тўнкага ўтирволиб куйларди. Атрофида ўтин майдалаётганлар эса бир бўзариб, бир гезариб қараб қўйишарди унга. Иккита қўшиқ айтди ё йўқ, секи-ин турди тўнкадан. Ошналарим келгани боис бу гал чиқмадим. Деразадан кузатиб туравердим. Ошналарнинг ҳам диққати динг экан:
—…э, ҳув ўша ҳофиз акамасми, бу? Ҳа, худди ўзи… Сенам биласанми уни?, — сўз қотди бири, ёнимга келиб.
— Ҳа, сал-пал, — деразадан кўз узмасдим.
— Қизиқ одамакан. Кўзидагини сира о(л)майди. Кўрми, деб ўйлайсан. Овозичи, қалтираб чиқади қандайдир. Товба.
— Дуосиниям эшитдингларми?, — гап қўшди бошқаси. — «Суйганинг билан яша, бўлмаса тоқ ўт!», дейди.
— Сениям шундай дуо қилдими? Сену менга ўхшаганларнинг барини шундай дуо қиляпти эмиш, — қўшилди униси ҳам.
— Ўзича пичирлаб қўядиган тилагиничи, униям эшитдингларми?, — ижикилади буниси.
— «Санъатти сақла, Худойим», дейишиними? Ҳа, эшитдим. Унинг калимасиям шуёв, тез-тез қайтариб қўяркан, — тасдиқлади униси.
— Шуни айтей, ҳайрон бўп сўрабам кўрдим, нимага шундай дейвурасиз, ака, санъаткорман дегани қўқиб ётибди-ку ҳозир, дедим.
— Нима дейди?
— «Шунинг учунам сақлашини сўраяпман-да, Худодан. Комилжон оғадан, Олмахон опадан битта қўшиқ айтолмайдилару хоразмчага ҳаваскор. Қисқаси, санъатимиз жар ёқасида», дейди. Ростданам қизиқ одамакан…
Ошналар бири олиб, бири қўйиб, уни «қалов» қилишаётган паллада у тобора узоқлаб борар, тори ҳамоҳанг хонишигина элас-элас кеп турарди:
«…Ёр, кара-а гузлари-инг на-а иста-ар маннан?»
2011-йилнинг кеч кузи. Тошкентда, ижара уй шифтига тикилиб ётганим бир кечада, телефоним тинғирлади. Уйдагилар: «…анов, хоразмлиқ хопиз ака бориди-ку, кўчамизга кеп турийди, шуни бугун катта жўл(йўл)да мошин уриб кетибди… Султонободлиқлар кўмипти… Эшитяпсанма? Ало? Ало-о?..»
***
Дафтарларим орасидан газит парчаси чиқиб қолди. Ёйсам, «Даракчи»нинг 2014-йил 6-ноябр сонидан саҳифа экан:
«Дунёни йиғлатган мактуб(Ўтган ойда Теҳронда қотилликда айбланган 26 ёшли Райҳона Жабборий устидан чиқарилган ўлим ҳукми ижро этилди)»
Биринчи устунчани тўлиқ ўқиёлмадим — йиртиқ. Ўқиёлганимча келтираман: «…Албатта, аёлни мамлакат ва жаҳоннинг бир қатор инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш ташкилотлари ўлим жазосидан қутқаришга уриниб кўришди. Аммо барча уринишлари бесамар кетди. 2009-йилда чиқарилган ўлим ҳукми орадан беш йил ўтиб, пойтахтдаги аёллар қамоқхонаси ҳудудида ижро этилди.
Суд ва тергов ҳужжатларига кўра, воқеа 2007-йилда юз берган. Райҳона мамлакат ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирининг собиқ ходими Муртазо Абдул Али…(йиртиқ)га унинг уйида пичоқ билан тан жароҳати етказган. Оқибатда Муртазо вафот этган(“тўнғиз қўпган” ёки “итдай ўлган” дейишса, тўғрироқ бўларди — Ш. Б). Райҳонанинг…(йиртиқ) гувоҳлик беришича, Муртазо уни зўрламоқчи бўлган. Қиз фақат ўз номусини…(йиртиқ) мақсадида Муртазони пичоқлаган. Шунингдек, қотилликда ўша уйдаги…(йиртиқ) одамнинг ҳам иштироки бўлган. Бироқ суд ҳам, прокуратура ҳам, Райҳонани қотилликда айблаш учун…(йиртиқ) етарли деб топди. Унинг кўрсатмаларига эътибор…(йиртиқ) ва унинг…(йиртиқ) ўлим ҳукми ўқилди. …(йиртиқ) Райҳона Жабборий…(йиртиқ) куни дорга…(йиртиқ)».
Буёғи бутунлиги-чун саҳифадагиларни тўлиқ келтираман:
«…Райҳона қатл қилинадиган куни интернетдаги Facebook ижтимоий тармоғида онасига ўзининг васиятини ёзиб қолдирган. Ўтган ҳафтада Day.az электрон нашри хатнинг тўлиқ матнини эълон қилди:
“Онажон!
Бугун оқшом мени қатл этишларини эшитдим. Ҳа, бу кун келиши аниқ эди. Бу кунни мен етти йил азоб ва изтироблар билан кутдим.
Мен бу дунёда атиги 19 йил яшадим, холос. Умримнинг қолган етти йили ҳибсда, тўрт девор орасида кечди. Буни ҳаёт деб бўлмайди. Аслида мен 7 йил аввал ўлиб кетишим мумкин эди. Ўша машъум тунда мени ўлдириб, қай бир чоҳга ташлаб кетишар, орадан бир неча кун ўтиб, полиция ўлигимни топар, экспертиза мени зўравонлик қурбони бўлганимни исботлар ва сиз ҳам бу мудҳиш ҳақиқатдан хабар топар эдингиз.
Қотилни бирибир топа олишмасди. Сиз эса бир умр армонда ўтардингиз. Ва қачондир бу мусибат, бу дард сизни ҳам олиб кетарди…
Бироқ шум тақдиримда бошқачароқ қисмат битилган экан. Яратганнинг менга атагани шу экан. Ўлимдан кейин ҳам ҳаёт давом этишини сиз мендан ҳам яхшироқ биласиз.
Онажон!
Эсингиздами, ўқувчилик пайтимизда сиз бизни ҳар қандай вазиятни босиқлик билан қабул қилишга, ўзимизни чинакам хонимлардек тутишга ўргатган эдингиз. Бу тарбия мени муқаррар ҳалокатдан асраб қололмади.
Суд залида менинг устимдан совуққон жиноятчи сифатида ҳукм чиқаришди. Мен суд залида бошимни эгиб тавалло қилмадим. Кўз ёш тўкмадим. Қонунга бўйсундим.
Ҳа, мени қотилликда айблашди. Онажон, ахир сиз мени туққансиз, мен ҳатто чивинни ҳам ўлдиролмаслигимни биласиз-ку!
Азиз онажоним!
Сизга илтимосим бор. Бу сиздан, бу ёруғ оламдан, бу мамлакатдан сўрайдиган ягона илтимосим. Онажон, фақат йиғламанг ва бу васиятимни бажаринг.
Ўлганимдан сўнг вужудим чириб, кўзларим, юрагим, буйрагим, ўпкам ва бошқа ички аъзоларим тупроққа айланиб кетишини истамайман. Ахир айни лаҳзада ҳам қанчадан-қанча инсонлар ўлим билан олишмоқда. Илтимос, тана аъзоларимни уларга инъом этинг. Токи менинг ўлимим беиз кетмасин.
Онажон, ҳаёт бизни севмади, бизни сийламади. Мен ишонаман, боқий дунёда ўша инспектор, ўша судя, ўша қораловчилар билан учрашамиз ва улар ана ўша онда ўз қилмишлари учун тазарру қилишади, аммо унда кеч бўлади.
Қадрдон онажоним!
Ҳозир ўлим олдидан сизни кўришни, бағримга босишни шуқадар истаяпманки!
Иншооллоҳ, маҳшарда сиз билан дийдорлашамиз.
Бахтиқаро қизингиз Райҳона…”»
Дунё йиғлаган бўлса йиғлагандир, буни ўқиб, аммо уларнинг ўзи — маҳкумалар йиғлаганмикин? Йўқ, уларнинг дийдаси тош, демоқчимасман. Балки уларнинг идроки биз «озод»у «оппоқ»ларникидан анча-мунча фарқланишини айтаяпман. Биз шўрқиллаб эшитган нарсани улар кулиб сўзлаши ё аксинча оғзимизнинг танобини қочирган нарсага уввос солишлари ҳеч гапмас. «У ёқ»дан эсон-омон чиқишган тақдирларида ҳам ичкин зиндоний зиллатдан қутулолмай ўтишади. Ташқарида эса тамға — «ўтириб чиққан».
Буларни қай бир китобми-кинога таассубан валдирамаяпман. Шундай бир шўрпешона соҳибаси оламида керагидан кўпроқ яшадим. Гоҳ жинкўчаларга бўлиниб, кишини тентиратадиган, гоҳ жанггоҳга айланиб, ҳар ёққа маҳобат соладиган бу оламда ўтган ҳар куннинг ўзи китобу кино бўлгулик. Қани унга қунт, қавл?.. Борича ёзиш тусовида бир-бир хотирлайман ўша кунларни, қайтадан «яшайман»…
«Karvon» кампирнинг мушуклари
Мени бу: сиртдан кўримсиз, узоқ яшаб бўлмайдиган даражада нотинч туюлувчи, шароитлари шаҳар номига исноддек аҳволдаги бошпанага илк даъфа Акбар деган дўстим, 2011-йил июлининг ўрталарида бошлаб борганди. Дўстим талабалик отлиғ зангламас даврдан эндигина қутулган, мен эса абитуриентлигимнинг аччиқ ичакдай чўзилган беш йиллигидан қутулиб, эндигина талаба бўлиш арафасида эдим.
Тушга довур «Талабалар шаҳарчаси»ни кеза-кеза қўнимгоҳ топмадик. Шунда дўстим: «…Қорақамишда битта жойни биламан. Курсдошларим турган эди. Бир-икки марта борганман. Ҳовли. Квартирант кўпиди лекин. Борайликчи, хай. Каникул-ку ҳозир», деб қолди. Илож қанча? Иссиқда, тўрва-халта кўтариб юриш ҳам жонга текканди. Дўстимга «дум бўлиб» боравердим. Юришдан армон қолмади аммо: чорраҳалар, бурилишлар, кесиб ўтишлар, йўлаклар, ора кўчалар… Берк бир кўча адоғида тўхтадик. Иккита дарвозача турарди. Бири темир, бири ёғочдан. Ёғочининг қўнғироғини босди, дўстим. Сунъий булбул «чах-чах»и ке-етди, ичкарига. Лайча аккиллади. Кетидан эркакшода товуш келди: «…пашол!»
Эшик очилди: калта ҳам сийрак сочлари хинога бўёғлиқ, юз-кўзларига ажинлар аёвсиз чанг солган, қўлида тутаб турган сигарет, оёқлари остида оқ-қора-сариқ-кулранг ўнтача мушук ва битта пахмоқ, қоп-қора, жингалак жунлари орасида тугмадек кўзлари зўрға кўринадиган пудел кучукча, эллик беш-олтмиш ёшлардаги кампиршо қойим бўлди бўсағада.
—…ва-ай, Акба-ар, санмисан! Ваалейкум ассалом… Ҳи-и… Келийла(р). Қўрқмий кируврийла(р), тишламийди кучувим. Ҳидлаб қўяди, просто… Пашол, Шаҳло, иди на место!..
Кирдиму… етти йил қолиб кетдим, ўша ёғоч дарвозача ортида. Кираётганимда, ҳайтовур, кимдир бўлиш иштиёқида ёнардим, менга ишонишарди ва мен ҳам ишонардим, кў-ўп нарсаларга. Чиқаётганимда, айтарли ҳеч ким эдим. Тўғри, қайдадир чанг босиб ётган эса-да университет дипломим, ҳовучгина бўлсаям газит-журналда ишлаб орттирган тажрибаю танишларим, беш-ўнта мақолабитиш нимарсаларим ҳамда ўқисам-ўқимасам опташланган китобларим бор эди. Барибир ўзимни кераксиз ва ҳар кимса балодай эплаб юрган яшашни ҳам эплолмаётган нусха, ҳис қилардим. Кўзлардаги умид ўрнини хафсаласизлик, юзлардаги табассум ўрнини эсноқлар эгаллаганди. Вазият таққосларда янаям ойдинлашади. Инчинун, мени бошлаб борган, бирга-бирга кирган ўша дўстим — катта бир ташкилотнинг ишончли ишчиси, беш яшар полвончанинг отаси бўлиб улгурганди, чиқаётганимда. Ҳа, тенг-тўшларим нима қилса қилишган, ишқилиб, «ёғоч дарвоза»ни ёриб чиқиб кета олишган, эвазига эл-уруғ, хотин-бола-чақа, ошна-оғайни ичра умргузаронлик қилишарди. Менчи: Яссавий, Кафка, Чехов, Достоевский, Мушфиқ Козимий, Саъдулла Ваннос, Камю, Шеърозий, Акутагава, Навоий, Маркес, Явдат Илёсов, Ўрхон Памуқ, Чори Аваз, Тўхтамурод Рустам… сўқмоқларида телвакезик тентирдим…
Хоналар кимсасиз, ижарадорлар таътилга кетишган экан. Кираверишдаги шифти паст хоначага жойлашдим. Дўстим эртасигаёқ кетди уйига. Тўрдаги краватда, нима қиларимни билмай серрайиб ўтирганимда, тавақалари ланг очиқ дераза ташидан тамакисини бўрқситиб келиб, гапга тутганди, кампиршо:
—…Ларингитий бо(р)ми?
— Билмадим… Менимча, бу йод танқислиги… Кейин камқонлигимдан…
— Ҳи-и… Барибир буқоққа ўхшийди. Бўгандаям эркагини орттирибсан: шунақа бўли-иб организмдаги бор витамин, калорияларри ўзига тортувради, еган-ичганийни юқтирмийди.
— Балким…
— Дўхтир-пўхтирга кўринганмисан? Дори, укол-пукол, дегандай?..
— Ҳ-ҳа-а… Бир пайтлар борувдим. Нимаямдир дори ёзиб берганди. Ичувдим. Шу…
— Ҳм-м, ўз вохтида серёзний қарамганси(з)ла(р)-де, мана, оқибат. Туришийни қара, шунақаям озғин бўладими, йигит киши?!
— Э…эндиям кечмасдир?..
— Ну, да. Вохтинг бемалол бўган бирор кунни этсанг, биргалашиб бир табибникига ўтиб келамиза. А так, энди нормалний қаратмасанг бўмийди. Опасний нарса бу, нафасийни сиқиб-сиқи-иб боради-де, юракка битта пресс беради — всё! Понел?
— Иҳм, бўпти, бирор кун ўтиб келармиз… хола…
— Какой «хола», ҳамма қатори «Гуля опа» дейвур. Шуниси удобний…
Ўтиб келмадик табибга. «Табиб»нинг ўзи келиб ўтганди. 2013-йилнинг сентябрида, учинчи курсни э-энди бошлаган кезларим. Кундуз тўртларда келиб эди. Гуля опанинг гулдираб чақирганига чиқиб борсам… Шерқўзи Ғозиев турибди, кўчада.
—…Қани, қўлингни берчи? Ҳм… Буйрагингда бироз туз йиғилган, сахарнинг жойида… Оғзингни оччи, тилингни чиқар, яна… Хў-ўш, бўлди. Томоғингни даволаса бўлади, бир-бир ярим ойча вақт кетади… Томир уришингни кўрайчи… Ҳм-м… Юрагингда сиқиқлик бор экан. Ҳаммаси асабдан. Кўп ўйланасан, шекилли?..
Гуля опа гап қистирди:
— Ҳа, вой, сўраманг. Ўтган курсда фанларини ёпо(л)маганди-де, шунга ўйланвотти.
Кулгим қистади.
Таниқли «табиб» дори-гиёҳларни оғзаки айта кетди:
— Хў-ўш, энг биринчи навбатда Чорсуга бориб, шотут шарбатидан бир литр опкеласан-да холодилникка қўйиб қўясан… Йўқ, ичмийсан, ўзим сургидори тайёрлаб бераман, табиий, шунга керак…
«Ташхис» тугагач, озроқ валақлашдик, у ёқ-бу ёқдан: тўртта ўқишни тамомлабди — журналистика, санъат, солиқ, иқтисод.., деди адашмасам. Тиббиёт — бобомерос касби экан. Шунга йиллаб махсус курсларга қатнабди. Ҳозир қўлида Тибет тиббиёт академиясининг тасдиқномаси бормиш. Қолаверса йигит кишига етмиш ҳунар ҳам озмиш.
Тим қора уловига ястаниб ўтираркан, нима бўлгандаям даволанишим кераклигини, айниқса соҳам шунга — асабга боғлиқлигини, яъни нимадир ёзиб-чизган одам, албатта, ўйланиб-сиқилишини уқтирди. Касбдош ҳам «адаш» эканмиз-да, деб алқаган бўлди. Эрталаб саккизларга уйига ўтишим мумкинлигини айта-айта кетди.
Эртасига ҳам, индинига ҳам… бормагандим, ҳеч ёққа. Аввало «сургидори»га эҳтиёж сезмаётгандим, кейин… кеч ётардик жуда. Кундалик «саҳна кўриниши» — ичкиликбозлик томошалари сабаб. Шундай. Кампиршомиз ичишниям «қойиллатарди». Унча-мунчага маст бўлмасди. Маст бўлса-а… «аламзада рицар» бўлиб, дуч келганга «от солиб» қоларди. Биз ҳам, эҳ-ҳе, ададсиз қувғин бўлганмиз уйидан. Кундузи бир нави-ку, ярим тунда кўч-кўронни йиғиштириб, бадарға бўлишнинг «гашти» бўлакча-да.
2012-йил, 31-июл. Йиқила-йиқила, еттинчи марта ўқишга кириш илинжида Тошкент борган жўрам(ўша — раҳматли бобом, қазосидан икки кун бурун мени сўраган, жайдари жўрам) билан алламаҳалгача «калла» излаб, шаҳарда дайдидик. Топдик ҳам. Гаплашиб-келишиб-тайин қилгач, қайтаётиб қорнимизда очлик «яккахон концерт» бошлаганини пайқадик. Емакхоналар ёпилиб бўлган, бирда-яримда учраган дўкончалардан колбаса, нон-пон олиб, ёғоч дарвозачимизга келдик. Ҳовли чироқлари ёниқ, водапровод шилдирар, тунги «томоша» пардалари энди-и кўтарилаётганди. Кайфи тарақ хўжайкамиз эшикни очиши ҳамоно:
—…қаттан кевотганларийни биламан, борларинг, топган қанжиқларийни қўйнида ётувирларинг!, — деса бўладими. Кулишга ҳол, йиғлашга ҳақ қани-да. У десак бу, бу десак у. Муддао маълум: қувиб солиш. Ромитондан, имтиҳонолди ўғлига ҳарна далда учун кеп турган басавлат бир амак ҳам бор эди. Можаромиздан чиқиб келдию орамизга тушди:
— Шу маҳалга бачалар қайга бораде, апа, уннай қилмангей?
— Сиз, укам, во-опшим аралашманг!, — тутақди кампиршо.
Кетишга чоғланаётсак, хўжайка холига имлади ўзимни. Бордим. Секин шипшиди:
— Сан қолувир, анувга этвомман ҳаммасини.
— «Анув» менга ишониб кеп ўтирибди, қишлоқдан. Эрта юз кўришишимиз бор. Гапим шу: қолсин ё бирга кетамиз.
— Шунақами-и?!, — қаддию овозини тиклади. — Кечдим сандан! Қарғийман… Вот, именно қарғийман! Илоҳо омин, худоё худовондо.., — қиблага юзланиб, кафтларини очди. Оҳиста бориб, елкасидан қучдим:
— Қарғаманг, Гуля опа, қарғаманг! Онамдай бўп қолгансиз…
Жимгина қўлларини тушириб, ўгрилди ортига:
— Одамла(р) бор-де, бўмаса-ку-у шун-нақ-қа урардим сани!, — қаҳрмас меҳр уфурарди энди овозидан.
Елкамизда юкхалталар, қоронғиликка сингиб борарканмиз, ёғоч дарвозачасини ёпаётган Гуля опа пойидаги мушукларига гапирарди:
— Ана-а, Шербе(к)ниям ҳайдавомми-из. Бўлди, кир-кир, келовир…
Буткул ҳайдалганлар ҳам келиб турарди. Жилла қурса, телефонда ҳол-аҳволлашишни канда қилмайди. Аюҳаннос солиб, жанжал билан кетганлари-да кўнгил узиб кетган эмас.
2014-йилидиёв. Ўқишини беш-олти йилдан бери битиролмаётган, оғзининг «шлагбаум»и йўқ, домласию деканини ошириб сўкавергани учунам талабалиги тугамаётган, туз-қалампир йигит келди ижара туришга. Ишдан қочмасди, аммо: юк ташишми у, ўра ковлашми у, деҳқончилик… фарқсиз, кетаверарди, иш кийимларини олиб.
Бир гал бизни — тўртта «тириктовон» хонадошни — ҳам олиб борди меҳнатга. Каллаи саҳарда туриб кетгандик, бешовлон: Ўткир(курсдош-қадрдоним), Миртемиру Мадаминжон(жигарлар — маданият коллежи ўқирманлари), мен ва у. Келишилган жойга қўшша «Damas» келиб опкетди. Қозоғистон чегараси тагидаги бир фермернинг ерига бориб тушдик. Кечгача кечги картишкани йиғиб-тердик. Ў-ў, меҳнатда қулфи-дили очиларкан-да унинг: ҳали қўшиқ айтган, ҳали машҳур киноларимиз қаҳрамонларига ўхшатма қилган…
«Зил»га қопларни ортиб жўнатгач, ўзимиз ҳам жўнаш тараддисига тушдик. Тўртовимиз ювиниб-қоқиниб турсак, бақир-чақир қўпди. Унинг овозини танидик. Кимлар биландир талашиб-тортишарди, намозшомда: «…лафз борми, ака, лафз!» Муросага келишди, чоғи, тинчиб қолишди. Олдимизга келди:
— Мана, санаб олинглар. Беш минг кам берамиз, деб қолди. Шунга қоп кетдим.
«Damas»да қайтяпмиз: шофёр ёнида у, о-орқада биз. Салон чироғида юз-кўзларимиздаги унсиз чарчоқ янаям яққолроқ аксланади.
— Ҳа, Шербек, жимсан? Чарчадингми?, — пешойнадан қараб сўради у.
Нимадир деб ғўнқилладим. Таъби тирриқ бўлиб, сигарет тутатди. Ёмғир шиғалаб урарди. Ойналарда оқиб тушаётган томчилараро йўлга қараб борардик.
— Ка-айф ҳаво бўлопте-а, ака?, — қадрдоним Ўткирнинг пишангидан ўнгландим. Ўйларимни сўйга эврилтдим:
— Ҳа-а… Шу кетишимизнинг ўзини кинобоп нимадир қилса бўлади. Эркин Аъзам асарларидай, масалан.
— Ҳм-м… Но бунинг учун Эркен Аъзам бўлеш керак!
— А-а, шартмас кимдир бўлиш. Мисол учун айтдим, — бу гапим бўғзимда айлангандими, оғзимда, эслолмадим.
Ижарагоҳимизга келдигу еганимиз медамизга тушар-тушмас, шилққа чўзилдик. Итдай чарчаган эсак-да димоғимиз чоғ эди… У чарчаганга ўхшамас, девор ортидан шовури замбаракнинг ўқидай кеп турарди. Кимнидир телефонда бўраларди:
—…ув, ҳозир топиб бориб, шун-ндай қиламан лекин, бир ҳафта пашшага таланиб ётасан!
Унинг бисотида бундай «Тошпўлат тегмаган» сўкишлар серобиди. Сўкишга тушса, ҳатто хўжайкамиз жимиб қоларди. Бир қозонда икки «қўчқор» калласи қайнамаслиги рост чиқди. Кампиримиз унга-да «ҳайдалиш куйи»ни чалдириш-чун пайт пойларди. Топиб-тутди ҳам, пайтини.
Одатича ҳориб-тўкилиб, кеч келдию хонасида телевизор кўришга ётди. Ярим соат ўтди, бир соат… Кампиримиз шаҳд бориб, кирди хонасига:
—…ҳи, бу нима ётиш? Мундо-оқ ошхонага ўтиб сўрашмийсанми, келди-им, деб қўймийсанми?
— Келганимди кўрмадингизми, хона свети ёниқ-ку, бўлди-да!, — чирсиллади у ҳам.
— Тушунмадим?! Сан ўзийдан кетвоссан, чо-та. Анув болларимчи, даже туалетга сийгани кетвоссиям манга айтиб ўтишади, Гуля-па-а, сийгани кетвомма-ан, деб. Сани кетганийниям билмийман, келганийниям. Ошхонага борсанг, нима, чўчоғинг тушиб қоладими?
— Чарчаганман, Гуля опа, сизам асабга ўйнаманг-да! Нима энди, газхонага бориб, пишакларингизга қара-аб ўтиришим керакми?!
— Вой, сан ҳали мани мушувларимми… Уҳ, бўлди, чиқиб кет! Ҳо-озир кет! Пулийни қайтараман, далний момент. Всё, во-опшим ёқмадинг манга!, — гурсиллатиб эшик ёпганча, ошхонасига ошиқди кампиримиз.
— Э, сизам менга ёқмадингиз!, — нарсаларини йиға кетди уям.
Кетгач, кампирнинг унга бағишлов «оғзаки ижоди» кезди ҳовлида, бир мунча вақт. Йўқ, изсиз кетмади, ҳар-ҳар замонда, кундузлари икковининг ошхонада улфатлаши-иб ўтирганини кўрардик: кампиримиз креслосида, у табуреткада, стол устида пиво, қуррут, сигарет… остида лайчаю мушуклар…
«У» дейман нуқул, исми нима эди-я? Уввало уриндим, эсимга тушмади. Азбаройи Худо, эслолмадим… Ҳарқалай, қадрдоним Ўткир тиркаган лақабини унутмабман: «Прораб»
Лақаб қўйишда кампиримиз олдида Гиббелс(Гитлернинг «ўнг қўли») ҳам ип эшолмасди, лекинчи: шоирлар — «бутилка», рассомлар — «маҳлиё», куй-қўшиқ ишқибозлари — «отарчи», техника соҳасида ўқиётганлар — «темир-терсак», маданият коллежи ўқувчилари — «маданият-жалаб»… Мениям бирда боплаб таништирганди, кимигадур: «…бу Шербе(к), журналист, анақа, совол-мовол берадиган».
Ёзар зотидан учтасини танирди ва тан оларди: Қодирийни — «Отабе(к)», дерди. Асарларидан кўра «ўзига ярашган мўйлови»ни кўпроқ эътирофларди; Муса Жалилни — татар ҳам «туремшик»лиги туфайли; Ориповни — сигарет бергани учун… «Ривоят»и бундай: …78-йилда дугоналари билан Бешёғочда юрган бекамиз, «Муқимий» театри қошида ёлғиз чеки-иб турган жуда таниш бир истарани илғаб қолади(«…вой, котта шоирми? Ўзи-ўзи!»). дарров баҳс боғлайдики, олдига бориб гаплашаман, камига сигарет ундириб қайтаман! Дугоналари кула-кула кузатиб қолади. Қараб туришса, қурмағур, бориб гаплашяпти-йей! Ана, сигаретлиям бўволди(«…сизга очилмаганидан бераман, деб, папкасини очди. Во-о… дода-дода сигаретла(р)! Бир почка “Золотая корона” узатди»). Алқисса, «котта шоир» ҳузуридан «зафар қучиб» қайтган бекамиз, дугоналари-ла иттифоқ қиладики: «Ностоящий поет!»
Ўз давронида шов-шув кўтарган асарларгаям ўзининг ўхшовсиз «ёрлиғи»ни ёпиштирарди-қўярди. Юқорироқда ёзганим жигарлардан бири — Миртемир, Ўткирнинг қистов-қизиқтириши шарофатига Одил Ёқубовнинг «Муқаддас»ини ўқидию икки гапининг бирида «муқаддас»лаб қолди. Ётволиб кўрган ҳинд кинолари ҳамда ўқиётган соҳаси — актёрлигини битта қилиб, асарга аралашма хаёлий манологлар сўқирди: «…ўшанда Муқаддасни бағримга тортарканман, вужудим ана-мана гуриллаб ёниб кетаётгандек қизирди. Ўзини тортса керак деб ўйлагандим, ажабо, тортинмади…» Шундай алжиб ўтирганда, «Она қиролича»(Гуля опага ўзаро тақаган «рутба»миз), дераза рахига ташқаридан келиб, тирсак тиради:
— Вой, товба! Нима қилди, манбига?, — дея мутлақо жиддият ила қараб тураверди.
—…о, Гуля опа, келинг, сизга ҳам сўзлаб берай, муҳаббатимни!, — актёрлигини давомлади, Миртемир. — Муқаддасни йўл четидаги ўриндиқда бағримга босгандим, илк бор…
— Иҳи, кегинчи-кегин?
— Кейинми, ундан бўса олдим!
— Иҳи-и… Айтовур-айтовур?
— Нимасини айтай? Қочмади ҳам, қувмади ҳам… Наҳотки… наҳотки, у ҳам мени севган бўлса, Гуля опа, наҳотки-и?!
— Понятно, — сигаретини чуқур тортиб пуфлади, — тешув бўган унинг!
Қаҳқаҳамиздан қўрқиб кетган мушуклар урра қочди.
Кайфиятимиз, аъло бўлса расвога, расво бўлса аълога буриб қўярди, юз саксон даража. Айтайлик, недир ўйдан эзилиб ўтирибсан. Битта гап кам, иккитаси ортиқча. Бир сўрайди:
— Ҳи?
— Ҳеч нима… ўзим.., — хўрсиниб бет бурасан.
Пультни олади. Каналма-канал ҳатлаб, қўшиққа қўяди. Борича баландлатиб, муқом қила кетади, қошларини учириб:
— Ҳа… Ҳа-а-а…
Кулмай бўпсан!
Нимаям бўлдию баридан бездим, бир оқшом: яшашу яшолмасликдан ҳам, хайрихоҳу ғайрихоҳлардан ҳам, иқрору инкоридан ҳам… Ошхона эшиги кесакисига суяниб, ичкарида ивирсиб юрган бекамизга ғўлдирадим:
—…бездим, Гуля опа, ҳаммасидан! Ўзимни бир нима қип қўяман, бу кетишда.
Турган жойида қотди:
— Нима қиласан?!
— Билмадим…
Кириб ётдим. Ухлолмадим, ёлчитиб. Эрталабгача ўйлардан қақшаб чиқдим. Деразалар очиқ, пардалар туширилганди. Кўзим юмуқ эса-да пардаларнинг бир чети кўтарилганини, кимдир қараб-қараб кетаётганини, заққумли «уф-ф» тортаётганини «кўриб» ётардим. Азонда аччиқ-аччиқ жекирикдан уйғонди, ҳовли:
—…кет, ҳамманг ке-ет, мангаям жон кере-ей!
Туриб ташқариладим. Зинада ўтирган экан: юз-кўзлари қизарган, кулдонида папирос қолдиқлари уюми, бўшаган пиво баклашкалари оёғости афтода… Қаради:
—…яхшимисан? Ман яхшимасман! Ухло(л)мадим, биласанми шуни?! Кечаси билан кўтийни пойлаб чиқдим, биласанми шуни?! Ўзимми бир бало қиламан, деганийни майнамдан чиқро(л)мадим, биласанми шуни-и-и…
Силкиниб-силкиниб йиғлар, нарироқда мушуклари ҳайиқибгина туришарди.
«Бу даргоҳдан ҳеч ким норизо кетган эмас», деёлмайман, судлашишгача етганлариям бор: ижара пули, ажримлар, қарзлар… Бироқ, бу даргоҳдан ҳеч ким ажалидан беш кун олдин кетган эмас. Ҳарчанд тўлиб кетсаям, вақти-соатини — Ўзи мушкулини осон қилишини кутиб чидаган. Чандон қийналган, ўкириб юбораверган… чидаган.
Одам қандай хароб бўлишини, сония сайин тугаб, қандай мурдага дўнишини кўрдим, бунда. Тиғсиз-дорисиз-сиртмоқсиз… ҳам ўзни ўлдириш мумкинлигини кўрдим, бунда. Яшашни ортиқ истамай қўйган бандасининг яшашини Худо ҳам истамай қўйишини кўрдим, бунда.
Нағим ака — бекамизнинг укаси эди. Якка-ёлғиз укаси. Ҳовлининг кунгай бетидаги хонасидан чиқмас, эрмаги телевизору таблеткалар эди. Бу ранги докадай оқ, тиришиқ юзли, игна ютгандай камгўшт одамни даставвал кўрган, хўжайкамизнинг хўжаси — эри, тахминларди. Ўзининг саноғича беш марта, опасининг танобича уч марта уйланган, лек ҳеч бирида «омади чопмаган»лардан экан. Болалари борми-йўқми, қаерларда, нималар қилишяпти… гапирмаган ҳеч. Мутлақ хонанишин бўволишидан илгари, оқсаброқ бўлса-да юрарди. Бир қўлида қўлтиқтаёқ, бир қўлида мўьжаз аравачасини ғилдиратганча чиқарди-кетарди, кўчаларга. Қаердаки қоғоз, кардон, темир-терсак, увада-пахта… кўрса, шу «тачка»сига йиғиб бориб сотарди, эскифурушга. Топганига олса оёғига дори, қурсоғига у-бу емиш оларди, қолганига ичарди. Ичгандаям вино — «бутиличной». Кечда ўзини солиб, суриб опкелишар, уйда эса опаси ва швабра «кутиб оларди».
2012-йил, май якшанбаларидан бирининг субҳида таниш, тўнғиллаган чақириқдан кўз очдим:
—…Шербат, турсангчи, борамизми ё… ухлийсанми?, — деразадан қараб турарди.
— А?.. Ҳа, борамиз-борамиз! Мана, ҳо-озир, чиқяпман.
— Эй, Шербат, биб… бўлса агар… минг сўм оволгин, ўрто(қ), керак эди-де… Опчиқасанми?
— Шу сафар йўғиди-да, Нағим ака, бўлгандайди…
— Йўқми-а?.. Ҳа, бўпти. Тезро(қ) чиққин, ҳаво исиб кетмасдан успет қилишимиз керак. Сан чиқувир, ман пахтани жойлаб тураман…
Анчадан бери менга, яқин бир жойда «водопад»(шаршара) бор, бирор кун кўрсатаман, деб келарди. Аравачани судрашиб, Қорақамишнинг гадойтопмас бир кўчасига бордик. Оқми-кўк, темир қопқадан соч-соқоли ўсиқ эскифуруш пешвоз чиқди:
—…о-о, Нагим, как дело?
— Нормальний, Марат, а как ты?
— Неплоха…
Пахтани ўлчашди. Уч килоча тош босди. Ҳисоб-китоблари битгач, аравачани елдириб, изимизга қайтдик.
«Шаршара»ни кўриб, елкам тиришди, бошда: канал кўпригининг тагидан сув вулқондай сачраб чиқаркан — шу. Қирғоғида чалабитган иморат «скелет»и, деворларида уятсиз ёзув-чизувлар, теварак тўла чиқинди… Барибир, табиатдан — яшиллик ва ёйилиб оқаётган сувнинг яхдай тафтидан тан яйрарди. Йўл ёқасидаги бетонга чўкдик. Нағим ака виносидан ҳўплаб-ҳўплаб қўяр, устма-уст сигарет сўрарди. Пастда анҳор, тепада қушлар.
—…зўр-а, Шербат?
— Зўр!..
Бўш қоринга қўш шишани юмалатган Нағим аканинг ўзи ҳам юмалаб қолди, тупроққа. Суяб-судраганим сари янаям сулаярди. «Сис…сан б-б-борувир… Гиг…Гулшадга э…этмагин…», дедию тилдан ҳам қолди. Гулшад — Гуля опа исмининг асли. Нағим акагина тўлиқ, бузмай-нетмай айтарди.
Кўзойнакли бир ўткинчи тўхтаб, ўрисчасига эринмай насиҳат қилдию ёрдам қилмади. Иложсиз Гуля опага бонг урдим. Снаряддай учиб келган бекамиз пишқириб сўради:
—…Қани?
— Ана, дарахтти тагида…
Бориб ёқасига ёпишди:
— Нимага ичдинг, чучела, нимага ич-ди-инг?!, — афтига мушт қўйди. Ўнг яноғида қон йилтиради, Нағим аканинг. «Ялт» этиб менга қаради, бир нафас: «…айтма дегандим-ку!» Энди тилга кираётганди ҳамки, навбатдаги муштдан узала тушди. Кўйлагининг ён чўнтагидаги чақа-тангасидан ҳам айрилди.
—…ётувир, бўқинга ботиб! Юр, Шербе(к)!
— Опкетмаймизми?..
— Ўлмийди. Ётиб-ётиб, боради ўзи…
Шундай ётиб қолган бир тунида оёғини олдирган, дейишарди. Қиш қаҳратонида ағнагану «ўчиб қолган». Ариқда муз қотган ўнг оёқ бармоқларини кесишган экан — қорасон.
Ҳаётдан аламзада, бедаво бир одамсуймасдек таассурот қолдирса-да ҳориқулодда одамохунлиги йўқ эмасди. Уч йиллик улфатлигим хулосалари бу. Беҳаё латифалар, «шеър»лар тўқирди. Энг яхши кўрган мавзулари: тансиқ таомлар, сархил ичимликлар ва бузуқ хотинлар эди. Шуларни гапираётганда жўшиб кетар, оғзининг суви қочарди. Бироқ баъзида бир гапларни гапирардики…
— Нағим ака, қайтадан яшасангиз нима қилардингиз ёки нима қилмасдингиз?, — деб сўраганимда, кутганимдан «километр» узоқдаги жавобни олгандим.
— Насибани таш(л)аб кетмасдим!
— Ким у?
— Биттаси-да… Ёқарди. Бошқачийди. Ман учун ҳамма нарсага тайёриди.
— Нима учун ташлаб кетгандингиз унда?
— Дураклик… Кўчада, остановкада таш(л)аб қочгандим. Росса йиғлаганди, қатга кетвосса-ан, деб. Трамвай келгандан, бўпти-бўпти дедиму алдаб-сулдаб, шарт қочворгандим. Трамваййи орқасидан қара-аб қолганди…
Гуля опа билан даҳанаки жанглари дўппослашишгача етган кунларда ўкириб-ўкириб йиғларди:
—…ё, Худо-о, бўлди энди, жонимни ол, илтимос, ол жонимни-и-иҳи-и-ҳи-и!..
«Ҳар кун уйғонарканман, биринчи қилган ишим ўзимни сўкиш бўлади — яна тирикманми-а, нимага, деб», дерди умрининг охирларида. Тоза ҳаво, офтобга чиқмас, саккиз ойдан бери ювинмаганди. Сув ҳам ичмай қўйган сўнгги кунларида кирдим, хонасига. Кўзлари киртайиб, бурни суррайган, ҳансираб-ҳансираб нафас оларди. Рангли телевизорчаси, доимгидай, рус каналини кўрсатарди. Диванига ёндош креслога ўтирдим. Чираниб-амаллаб сўзлай кетди:
—…Шер, иссув кийиниб юр… Қиш… қаттув келадиганга ўхшийди… Ман… уҳ-ҳ… у кунларри кўро(л)мийман… Аданг билан ойингни айтганларини қи(л)гин… Қўлинга қанча беришса… хиҳ… хурсанд бўлиб кетовур… Бошингдан телпагийни ечма… Ўзийни асра…
2013-йилнинг 23-октябрида, пайшанба кечқурун — 58 ёшда доди Худога етди.
Ўткир билан дўконга чиқиб кетгандик, келсак, хонасида чироқлар чарақлаяпти(ёқмасди чироқларини — телевизор ёруғида «яшарди»), дераза-эшиклари ланг очиқ, ҳаммада ҳадик ва… хотиржамлик — енгиллик. Квартирантлар унинг деразаси яқинида уймалашар, оққа ёпиниб, жағи танғиқ ётган жасадга қараб қўйишарди. Гуля опа бесаранжом ўтиб-қайтар, ўксаси тўлган, даҳани дир-дир титрарди.
Жума куни тупроққа топширдик. Мачитга элтдик аввал. Жаноза намозига бутун жамоат қойим турди. Тобут одамлар елкасида оқди сўнг. Осмон очиқ, тупроқ майин эди…
Қиссаи кўтоҳ, жонидан тўйганлар топилардию жонига қасд… Тўхта-тўхта, Дурдончи?! Ҳа, чиқиб кетганди. Ҳа, ўз уйида… Лекин бу ўзимизни «оҳаклаш»га кифоямикин?..
2015-йил, 24-август. Намозшомда Гуля опа гуриллаб қолди:
—…Шербе(к)? Ҳой, Шербе(к)? Шербе-е(к)?..
— Нима?
— Бияққа ке(л)гин?
— Ҳозир…
«Тинчлимикан, бунча… Квартплатани тўлагандим-ку, сентябргача олди-бердимиз йўқ бўлса бошқа? Пива-мивага юбормоқчидир-да?..», янглиғ ўйларда чиқиб, даҳлиздаёқ сўраб қўя қолдим:
—…ҳа, Гуля опа?
— Дурдона боридию, жиззахлик?, — хобгоҳининг зинасига ўтираркан, сигарет ёқди. — Ўша ўзини осиб қўйибди…
— Қиқ… қачон?
— Ҳайитдан бир кун аввал.
— Қайси, шу йилги, рўза чиқишидагими?
— Ҳи-и, манши рўза чиқишидаги, чин арафа кунида осипти ўзини.
— Нима бўлганакан?, — эшик тутқичига тирмашиб борардим.
— Қаттан билий… Табака тарафларга ўтувдим, қизла(р) этиб қолишди: Хадичани олдига ке(л)ганакан, сени яхши кўраман, кел, бир пас гаплашиб ўтирайли-ик, депти. Гаплашибди-гаплашибди, қайтибди и бу кунисига…
— Ўзи кечирсин!, — дея хонимга қайрилдим.
Иккинчи курсдан учинчи курсга ўтар ёзда, ўқиш бошланишидан бир ойча бурун кеволгандим, Тошкентга. Хўжайкамиз квартирантман деганини қалаштириб қўйган, хоналар ёппасига банд, биттасида — бурчакдаги энг катта хонада тўрт-бешта официант қизлар туришарди. Ашқол-дашқолим «хосхонамиз»да, ўзим эса ҳовлидаги чорпояни макон тутгандим.
Қизлар кун бошидан, саккизларда ишга кетишар, шу кетганча, ҳув, тунгги ўн иккиларда бурунлари ерга теккудайгина бўп қайтишарди. Сув иситишарди, кирларини ювишарди, ювиниб-тараниб, алла-паллада хоналарининг чироғи ўчар, бироз ғужурлашгач, ухлаб қолишарди: Хадича, Малика, Соҳиба, Дурдона…
Дурдона ол яноқли, дуркунгина қиз… эди. Юзиям, кўзиям кулиб турар, истарали… эди.
Қуёш кўтарилган сайин чорпояда туриб бўлмай қолар, ёқса-ёқмаса, тушиб кетишга мажбур бўлардим. Кўрпа-тўшагимни саришталарканман, Дурдона, чорпоя панжаларига суянганча, юз-кўзларида гардсиз жилмайиш-ла кузатарди:
—…ҳорманг энди, қалай, калла пишдими?, — сўрарди туриб-туриб.
Битта бўсаға, битта зиналар, битта даҳлиздан кириб-чиқардик: ўнгда уларнинг, сўлда бизнинг хона эди. Дам олиш кезлари хонамизни супуриб-сидираётсак, уқувсизлигимизданми безовталаниб, келарди жадал:
—…берингей, ўзим супураман!
Остонада рўбарў кеп қолардик кўпинча. Қўлимдаги китобга қараб қўярди:
—…китоб?
— Китоб…
Куз келиб, хоналарнинг асл-азалий турарманлари — талабалар қайтгач, Гуля опа қизларни бошпана топиб бериб, чиқариб юборди. Бошқа кўришмадик. Эшитардик фақат узунқулоқ гапларни: унаштирилганини, фотиҳаси бузилганини(хўжайкамиз иштироклари ила — бўлажак куёв боланинг қондошлари «ғирт афирист» ва уларга шундай қиз «жалко», эмиш), Жиззахнинг ўзидаги тиббиёт коллежига ўқишга кирганини, иккинчи бора унаштирилганини, унисиям бекор бўлганини(йигит бўлмиш унинг «фотиҳаси қайтган»ларданлигини билиб, айнибди)…
—…анақа, Фарру-ух? Дурдона қизим бориди-ку…
— Эшитдим: ўлипти, осипти ўзини… Неччи марта айтасиз, мама, бўлди-да энди!
— Ҳей, онангни эшак…
Гуля опа икки соатда бу шумхабарни ўнтача одамга ёйиб-ўқловлади. Баҳонада яхшигина ичволди. Тавба, қичаб айтилаверса, шумхабарнинг ҳам шумлиги қолмаскан…
—…Шербе(к)? Шербе-е(к)?.. Бахкегин?, — зинасида чўнқайиб, яна мени чорлашга тушди, Гуля опа.
— Уф-ф, бошланди! Бо-ошланди!, — ошхонадан овоз келди(катта ўғли);
— Кериймас, мам, бўлди, дамиззи олинг, илтимос?!, — раҳматли Нағим аканинг хонасидан уйқисироқ овоз келди(кичик «ўғли»);
—…Ке(л), Шербе(к), ўтиргин ёнимга? Мана, манбитга… Ке(л), ўтирувир, ҳи-и… Вай-й, Шербе(к), ҳе-еч ўзимми успокоит қиломиёмман. Қандоқ қизидия! Кириб-чиқиб юрарди, ёнимга ўтириб, гаплашарди ман билан… Яхшигина юрганака-ан, Хадичани олдига борипти, икки соатча гапиришипти, хамирли овқат тайёрлаб ейишипти… Уйига борибдию қўйхонага кириб… Вай, жинни-и-и, вай, ҳа-а-аҳ, тчи-тчи-тчи!, — карахтланиб сигарет солди оғзига. Хонтахтада ётган иккала ёққичдаям ёқолмади. Сўкинганча тимирскиланиб, гугурт қутисини пашалади. Учинчи ёққични олиб ёқдим:
—…фуф-ф-ф, тутунини ҳидлашши яхши кўрарди сигаретимми. Чакиб ўтирсам, кеволиб ҳидлуврарди. Биламан, Дурдон, чакиб турасан, ма, торт деб берардим. Ютоқиб-ютоқиб тортарди.
— Чекканини кўрмаган эканман…
— Во-ой, ичибам турарди. Пиво только. Ҳеч ким йўғида бир-икки қултум кўтариб-кўтариб юборарди. Гов(гоҳ) маҳалларичи, клиентла(р)дан қолган сигаретларри кўтариб келарди, мана, Гуля-па-а, деб. Ва-ай, шундай қиза, шундай!..
— Ҳа, яхши қизиди.., — деб қўяман. Ёмонлигини кўрмадик, ҳарқалай.
«…шафоатинг кенг қил, Аллоҳ, уни кечир? Бизни ҳам?..», дея-дея хонамга кирарканман, бўсағада таниш табассум «йилт» этди, худди:
—…китоб?
— Китоб…
Шундай бўларкан-да ўзи, ўйлайман эндиларда: кимнидур ўзимизча кимларданми-нималардан асрамоққа уринарканмизу, аксинча, нобуд қилиб қўярканмиз.
Бу ўй бекамизнинг ҳам жонтомирига туташ чиқар. Гулларнинг барвақт сўлиши бу ҳовлининг бўлмаса-да бу оиланинг номаи аъмолига тошбитикдай ўйилган. «Ўғил» деб Гуля опанинг кенжасини қўштирноққа опкелганим имло ёхуд истеҳзоданмас. Биргина тирноғи бор ўзининг(Фаррух). «Кенжа»си(Улуғбек) ва «қизи»(Малика) — опасининг болалари, аслан.
Гулчечак — сингли Гулшад(Гуля опа)нинг терси ўлароқ: нозиккина, чандон хушрўй ва «ичимдагини топ»лар хилидан бўлган экан. «Магазинчилик»ка ўқиётиб танишгани Р.га эрга тегади(«…тўққиз йил гаплашиб-гаплашиб, сўнг турмуш қуришувди»). Эрининг ҳамма «ҳунар»ига чидаб, тишини тишига босади(«…опам мани тескарим эди — индамий ичига ютуврарди. Эрини неча марта ман ўзим ким-кимларрикидан ур-р-и-иб-уриб опке(л)ганман»). Сабрнинг таги қабр ҳам бўп тураркан, ошиб кетса. Учинчи фарзандини туққанининг 28-кунида эрини жазмани билан «жавлон ураётгани» устидан чиқади. Ин-ндамай қайтади уйига. Кела солиб ошпичоқни оладию(«…чопа-чопа болницага обборсак, уже кеч бў(л)ганакан, пичоқ тиғи юрагига қирқ миллиметр ботганакан, тирий қолармиди… Ҳи-и, ўзи нозий бўсиям севгиси кучлик эди, опамми. Йигирма тўққиз ёшда кетти, шунақ(а) қилиб. Болаларини ман олдим қаровимга»)…
—…Сигареттиям паравоздай чекасизей, Гуля опа. Яна «Karvon», бучоксизидан. Ўпкангизда қасдингиз борми?, — сўрадим бир куни, зинасида елкама-елка ўтирарканмиз.
— Ҳи-и-и… Ман унуто(л)мий ҳалак, санла(р) эсимга со(л)ганларий-со(л)ган…
Ўрлаётган тамаки дудига термулиб қолди. Тасаввуримдаги кинотасма ғириллашга тушди:
…73-йил, ноябр. Кеч кузлигига қарамай, ҳаво илиқ. Тошкентнинг че-екка бир ҳовлисида гўдак қийқириғи эшитилади. Унга онасининг — ўн тўққиз баҳорли навжувоннинг масрур, серзавқ кулгиси уланади. Эри ишда, қайнонаси дўконда. Она-бола ўзлари. Гўдак қўл-оёқчаларини силкитиб, тоғорадаги сувни шалоплатади. Етти ою йигирма беш кунлик бу жажжи жонни онаси кунора чўмилтиради. Отаси «ачом-ачом» қилгандагина тинчирди. Исминиям отаси қўйган — Гулнора.
Биринчи фарзанд биринчи экан-да, ота-онаси уни опичлаганча, буёғи Қўқондан уёғи Бухорогача бориб келишади… Ана-а, чўмилиб бўлдик! Жигарбандини татарча-ўрисча-ўзбекча алфоз эркалата-эркалата хонага опкирган онаси, артиб-суртгач, шитоб айланаётган вентелятор олдига ўтқазиб қўяди… Кечга бориб, мурғак таннинг иситмаси кўтарилади: югур-югур, педиатр, палата… Эртан ҳолгинаси оғирлашади. Индинига тонгда… фалак фаришталарининг адади биттага кўпаяди…
—…Ҳеч қатга сиғмасдим. Худди бир нарсам юқолгандий, танамми бир аъзоси етишмаётгандий… Кўзга кўриниб қолувди-де… Олдин пачти чакмасдим, ўшандан сўнг аввалига «Prima», «Astra» чака бошладим. Магазинда қирқ тийин, кўчада: хотинла(р), қоровулла(р)да ўн беш-йигирма тийинга сотишарди… Тўқсон олтинчи йилдан «Karvon»га ўтдим… Шунақа, буни оти ман учун «Karvon»мас — «Гулнора»!..
— Хўжайнингиз..?
— Хўжайнимга тўқсон учинчи йилда «у ёқ»дан(қамоқдан) хат ёзганман. Янги йил арафасида. Чиқишимга икки йил қо(л)ганди, шунга, ўзимча байрам билан поздравт қилиб ёзувдим: «…мана, срогимам оз қолди, ҳадемай қутуламан. Кегин постаянно бирга бўламиза. Сиқилманг, жони-им», деб. Хатти ўқиб, набарот, баттар сиқилган. Янги йил куни оғайнилари билан рос-са ичволиб, уйига зў-ўрға ке(л)ган. Оналари, раҳматли қайнонам: «…ке(л), болам, қорний очиб кетгандир? Сан ўтира тур, ман ҳозир, овқат опкеламан», деб у кишини тўрга ўтқизгану кухнияга кетганла(р). Беш минутла(р)дан кегин, қўлида овқат, кириб қарасала(р), ўғли ўша ўтирганча, деворда осулиқ тўйимиз куни тушган расмимиздан кўз узмасдан, қимирламасмиш. «Болам, мана овқатинг, совуб қо(л)масдан евол», десала(р) ҳам шу аҳвол, кипригам қоқмасмиш. Елкаларидан туртсала(р), сирғали-иб тушибди. Кўзлари очу… Шу ўтиришида юрейи қисиб…
Срогим тугаб, чиқиб келдим. Кўп юрмадим, тағин қайтаришди: битта «казёл»да аламим бориди — кўприй тегида кийим-кечий сотардий-де, бир тўда хотинла(р), шўпиримиз айниди, пулли кам бервотсанла(р) манга, ундоғ-мундоғ… Ментларри етийлаб келувди кегин — тў-ўғри бориб, оч биқинига пичоқ урдим, доконца урдим… Жони қаттув экан, педараззи, тирий қолди. Ҳозир Юнусободда такси уради. Мани кўрса, қочворади узо-о(қ)данам… Олти йилга кесишди. Вохт ўтиб кетувраркан. Орадаги узилишларри этмасак, о-общий ўн икки йил ўтирганман, зонада.
Ўттаги(у ёқдаги) хотинларри ҳар биттаси бир история. Мундо-о(қ) қарасанг, фарқи йў(қ)дий, бир-бирлигидан, лекигин стрессга тушишса-а… Маняк хотин бориди, масалан. Карцерга тиқиб қўйишарди, кўпинча. Бир кун тўпол-ло-он бўп кетти. Камерасини олди од-да-ам. Ҳалиги маняк трусигига осиб қўйипти ўзини, вейх-хех-хе-е-е… Деворда қон билан ёзилган иккита анақа… сўз: «Прости, мама!»
Ёшгина қиз бориди яна. Ўгай отаси кайфда кеп зўрламоқчи бў(л)ган. Кухнияда масаллув тўғравотганда, орқасидан келиб ёпишган. Шартта бурилиб, пичо(қ)ни тиқворган.
Чақалоғини ўлдирган аёл бориди. Споко-ойна юрарди, бировга зиёнсиз… Ёш болани овозиними, яғловотганиними эшитиб қолса-а… Шокка тушиб, шун-нақ-қа қалтирарди-и…
Шундоғамчи, «пара»лари бориди кўп-пини. Туғилган кунларида, праздникла(р)да келишарди. Киришши иложисини қило(л)маганлари опкелган подаркаларини девордан ошириб отишарди, ичкарига. Бақир-чеқи-ир билан отишарди: «На-астя!», «Ве-ера!», «Мари-ин!»…
Ҳаммасидан қутулиб қайтсам, ўғлим Фаррух коп-котта парен, уйланса бўладигон. Кўриб, вопшим ҳайрон қо(л)ганман, отасининг коп-пияси-де, как… эрим бор, ўлмагандий. Ўша юриш-туриш, ўша ҳарактер… Ўз-зи! Просто мўйлови йўқ. Отаси мўйловдориди. Тағин формада юрарди. Майёриди. Майёр Маҳмуд Юсупип…
Уйлантиришшиям ўзи бў(л)мади, ўғилларимми. Киммикига борсам, «ўтириб чиққан»лигимми этишарди. Ўзимга этишмасаям орқамдан гап қилишарди. Шун-чунам кўп кўчганмиза, бир томондан: тўйимиз бўлган йили — етмиш биринчи йилда Янгийўл район, «Боғбон» маҳалласидаги 1-уйда яшардик. Эрим военкоматда ишларди. Беш йилдан сўнг кўчдик. «Чилонзор» метронинг о-олдидаги 5-дом, 24-квартирага. Ўша йилли апрелида иккинчи болам — Фаррух туғилувди. А, бўтга(бу ерга) — Қорақамишга 2005-йилда кўчганмиза.
Хўжайнимми ўтганига энди-энди-и кўниквомман. Вохти-вохти билан зиёрат қип келаман… Ман шу пайтгача яшаш учун, тирикчилий деб, эҳ-ҳе, нимала(р) қилмадим: овқат пишириб сотдим кўчада, уборщица бўлдим, кийим-кечей опсоттим, банкда пул «ямадим», официанкалий қилдим, уй бозорда маклерлий… Фақатчи, ҳеч қачон, эшитвотсанми, ҳеч-ч-ч қачон ҳаромга юрмадим! Хиёнат қи(л)мадим! Зонадаям, волядаям!.. Ишонасанми шунга?!
— Ишонаман…
— Ман-на, ишонасан!.. Кў-ўпчилий ишонмийди. «Ишонаман» деб иршаяди, оғзини эшакникига ўхшатиб. Нечево, Худо олдида юзим ёруғ, главнийси.
— Давлат ишини кўрмадингизми ҳеч, Гуля опа?
— Битимга олишадими довлат ишига, мактаббиям томомламаган бўсам.
— Бормай қўйганмидингиз?
— Ҳайдашган… Олтинчи синф эдим. Чет тили дарсийди. Қурт е-еб ўтирсам, қулоғимми тегидан бир нима визиллаб ўтдию орқадаги деворга тегиб-титилиб кетти. Қарасам, ўқитувчимиз ўқрайиб турипти манга. Сиёҳдонни улоқтирдим қайтариб: «…мель отиш манбиндай бўлади!», деб. Точьно пешонасига тегиб, тит-пити чиқди, сиёҳдонни. Узу-ун говда гурсиллаб ағанади полга. Шляпаси учиб кетти бошидан. Срочно директирри хонасига чақиришди. «Кечирим сўра!», дейишди. «Сўрамийман!», дедим… Ҳайдашди-де, кароччи.
— Ҳм-м… Гуля опа, ота томондан татармисиз, она томондан?
— Иккови томонданам. Просто бошқа-бошқа жойдан келишган: анийим(«аний» — «она», татарчада) — Қрим, атийим(отам) — Қозон татарларидан.
— Қандай топишишган?
— Та-ак.., — кампиримиз «Karvon»ини, мен тасаввуримни ёқдим яна:
…50-йиллар. Тошкент. Чорсунинг биқинидаги «бутик» олдида одамлар турнақатор навбатда. Улкан КООПТОРГнинг кийим-солим кунжида — кейинчалик, тизиму тузумлар чархпарраги чириллаб, «Детский мир» дегич савдо уйига дўнган, вақтики, худкуш бир хотиннинг портлаши касрига қанчалаб одаму ойналар тутдай тўкилган жойда: Уфадан келмиш, асли-насли Қримли, шаҳри Шошнинг «Олчазор»(ҳозирги «Зарқайнар») кўчасида опасию акалари ила истиқоматдаги, қўл-оёғи чаққонгина, қароқларига қайғу чўккангина, орастаю оҳорли, йигирма уч баҳорли, жисми кўркам, исми Марям бир қиз ишларди. Ҳар рўз, кун ёйилгандан ёнбошлагунча, пештахта ортида, сотқилиғу оларманлар орасида савдони зичларди.
Навбат кутмишлар ичра эса: Қозондан кўч ортиб, кўзи тўқ хешларини қора тортиб келган, Зангиотада қўноқ турган, бақувват бир йигит бор эди. Оти Ноил, уст-боши жандаи соил эди. Шунинг-чун ҳам шунда бўлиб, ўша давронда «урф» ўлмиш ҳарбийча фасонда(нархиям арзон-да) кийиниш муддаосида эди.
Оралари қисқара-қисқара, юзма-юз келишди, охир: кўз кўзга, сўз сўзга… борей, юлдуз юлдузга тушди. Ўшанда бир муддат, лаҳзаларгагина сукутда термулишаркан, ўрталарида пештахта ва пешана турарди. Пештахтада-ку шинел, шим, нимчалар бор эди. Пешанада нималар бор эди?
Хў-ўш(«Та-ак»): ҳадемай тўй бўлиши(«…битта ястиқ, кўрпа и кўрпача билан ўтказишган тўййичи»); янги оила куёвнинг амакисиникида — «Октябрский»(ҳозирги Шайхонтоҳур)да — бир неча ой бўлиши; майда гаплар маддалайвергач, «Шопоес»да, беш сотих ер устида уй қилиши(«…адамла(р), эслашимча, пожарнийда ишларди. “Солдат” бол(а)ла(р)ни опкелардила(р), шанби-отдих. Ула(р) учун бу бир дам олишиди. Питаниягачи зўр-зўр овқатла(р) тайёрларди, ойимла(р). Адамам винони тоз-засидан қўярдила(р)-де»); икки қизу бир ўғил ўстириб, олдин Ноил(70 ёшларда), кейин Марям(77 ёшда) ўлиши… бор эди, пешоналарида.
—…Кис-кис-кис, ке(л), Чернеш, келовир. Ва-ай, нарвонни опқўйишиптими? Ҳо-озир қўяман-де… Ўзимми хулегани-им!, — томдан тушолмай миёвлаётган қумғондек қора мушуги сари жадаллади, кампиримиз. Ҳа, унинг гала мушуклари бор: катта-кичик, семиз-ориқ, зотдор-ҳашаки… Уларни «болаларим» деб папалайди. Ўзи оч қолса қоладики, мушукларини тўйдиради. Шулари учун кунора кафе-ресторанларга қатнайди — суяк-пуяк, овқат юқлари опкелгани. Паспорту пропискаси бор барининг. Участка нозирларию қоғоз «ғожир»лари қонимизга ташна қилганда, биз квартирантлар, пайровлашардик, ўзаро: «…одаммас ҳайвон бўп келиш керагакан-да, асли. Мушукларига уйланволамизми ё, прописка балосидан қутулардик!»
Урғочилари ҳар кўклам болалайди. Хумпарчалар узоқ яшамайди, аммо. Кампир ҳаммасини целлофанга соладию ҳовлининг бир бурчагига кўмиб ташлайди — тириклай кўмади: бу ерларда мушук ҳеч кимга керакмасмиш, сотса, пули сотиш-чун бориб-келишга сарфланган йўлкираниям қопламасмиш…
Мушукларидан бирининг ўзи ўлиб-пўлиб қолгудай эса «мотам ҳафталиги» эълон қилади. Йўқ, бирламчи, «дафн маросими» ўтказади, тантанали равишда. Жасадни «Махсустранс»га топширмайди. Катта йўл рошидаги гуллар остига кўмиб келади. «Мотам ҳафталиги» мобайнида бўккудай ича-ича «раҳматли»нинг хислатларидан сўзлайверади-сўзлайверади. Ора-чора «зиёрат»ниям канда қилмайди. Гандираклаб бориб, гуллар тагидаги дўнгакчани дўнқайиб ўпади. Ўтиб-қайтаётган машинаю махлуқотга бепарво арзиҳол айтади. Йиғлаб-сиқтайди…
Умуман, Гуля опа ҳамроҳлигида кўча кезиш мароқли. Қадамда ҳажвияю фожия. Бамисли, бани башарни минг йилларки таниб-биладигандек, одамлар ҳам унга ўрганиб қолгандек. Кўргани-ла кўришиб-сўрашиб кетаверади, йўл-йўлакай: уловлими-пиёда, алкашми-аравакаш, бадавлатми-бедавлат… Қусиғига қоришиб ётган мастданам ҳол сўраб ўтади. Маст ҳам хурсанд жавоб қайтаради унга:
—…Ҳи-и, Саша, оширворибсану?
— Дўппим… ҳқ-қ… ярашиптими, Гуля-па?
— Томий кетипти сани, жиннихонага оббориб ташлаш керий.
— Шусизам жиннихонадамизу…
«Беш» ташлаб, кулишадию йўлида давомлайди. Солиқхонага «қўшин тортади» — уйига келган катта коммунал қарз маъносидаги хат важҳидан. Кира солиб, худдики ҳаммасига шу айбдордай, концелярияда ўтирганга ўчакиша кетади. Пировардда ҳукмини ўқийди, баралла:
—…а так, сан бола, кўп ўтирмийсан жойингда! Тем более, бу йил, қарияларри анақ(а) қилиш йилида!..
«Қарияларри анақ(а) қилиш йили» аллақачон ўтиб кетгани аҳамиятсиз, сиёсат уриб чиққани — ҳисоб. Шундай юра-юра, оқшомги пивохўрликда айтиб беришга етгулик «масала» йиғгач, «сўнгги бекат»ига — «Вино-водка» пештоқли эшикка бурилади…
Рўзи маҳшардай ваҳшат бир кун кўпчисаю талвасада ўз жонинигина ҳовучлаб югураётганлар аро шу кампир чиқиб келиб: «…қорнинг қалай?», деса, кўпам ҳайрон бўлмасдим. Йўқ, у фаришта эмас. Руҳ сокинлигига эришган донишманд ҳам эмас. Етти туғиб, бир қолганим ҳаммас… У — Гуля опа! Қорақамишдаги даллол хотин: уй даллоли, мусофирлар даллоли, кўчада қолганлар даллоли, пропискасизлар — ўз ватанида ватангадолар даллоли.
…Ҳозир қишлоқдаман, ота уйимда. Тошкентдан 450 чақирим олисдаман. Аммо аминманки, ярим тун эса-да, у айни дам уйғоқ. Ошхонасида ў-ўтирибди: столда «Weston» қора чойи дамланган, қўлида «Karvon», телевизорчасида ўрисларнинг криминал сериали, тиззасию пойафзали узра мушуклари «хр-хр» мизғияпти…
Хотима
…Юртни ёв босибди. Ёв шу-да: босади, осади, хўрлайди, зўрлайди, дўқ қилади, йўқ қилади… Уйма-уй талон-тарож ясаб юрган ёғийнинг нафс итлари ириллаб, бир эшикни тепиб киришса, чолгина турибди ғазаб-ла титраб. Унга қилич санчишгани ҳамоно уй ортидаги қирлардан чинқириқ эшитилибди. Қарашса, тўрт бўй етган қиз, йиқилиб-суриниб, ортларига қарай-қарай қочишябди. Бундан ғанимнинг ҳирси хирсдай бўлиб, қувлай кетибди. Қизлар қоча-қоча энг баланд тоққа ўрлабди. Изма-из баднафслар ўрмалабди. Чўққига чиққан опа-сингиллар кўрсаки, ҳар тарафдан ўраб келишаётир. Кўкка қўл чўзишибди: «…ё, Тангри, қудратингни кўрсат! Шундай қилки, танимизга тирноқлари ҳам ботмасин?!»
Мутаъққиблар чиқиб кўришса: тўрт сулув — тўрт ҳарсанг ҳолида, бир-бирига жипслашиб, чўққининг «чўққиси» бўлиб қолганмиш. Илоҳ каромати ваҳмидан қўрқа-писа жуфтакни ростлашибди. Ёв-ку изига қайтибди, қизлар ўзига қайтмабди.
Неча аср, неча авлод алмашибди. Қизлар тош кўйида «буви» бўлибди. Тоғни эса — «Қизбуви», номлабди улус. Эмишки, ҳар куни, тонгги шафақ шулалари Ерга етиб келишидан бироз аввал қизлар аслига айланади. Тоғдаги булоқ сувида ювиниб, сочларини ўриб-тарашади. Қуёш нурлари келиши билан тош қотишади яна…
«…Гурс-с-с!»
—…Ҳа-а, энача-ангди…
— Астароқ, ошна, кўзга қараб ҳайда!
— Кўз бў(л)са қарайман-да, фаралар куйган-ку…
Тунгги бирлар. Тоғ йўлида «Виллис» чайқалиб-чайқалиб боради. Ичида ўн чоғли «тиллатопар» ва битта бузуқ мотоцикл. Ёмғир савалайди — баҳор ёмғири. Яшин «ялт-юлт»ида кўраманки, қазиб ташланган забойларни оралаб, Хитой деворида кетаётгандекмиз. Турқ-турмишимизда ҳорғинликдан бошқаси билинмайди. Автоҳалокатлар, тош-тупроқ босиб қолиши, давлат қўриқчиларидан қочиш… Тирикчилик қаршисида ҳеч экан. Мана, исбот: ташқарида — ғиж-биж хатар, ичкарида — ҳазил-ҳангома. Пойинтар-сойинтар, аммо самимий гаплардан кайфиятинг кўтарилади:
—…Амир Темурди қайси оёғи чўлоқ бў(л)ган?;
—…кеча тарракдай қотиппиз-ей;
—…са-ал сурил, ўтириб ол-а, Аширди энасидай;
—…сигарет қо(л)мади, «сигара»м бор лекин, опчиқайми, «Гаванна» чаккандай бўласан;
—…Лелин(Ленин) кўмилдими, ҳалиям шанграйиб ётибдими ё?;
—…бу матсикил(мотоцикл) энди одам бў(л)мийди;
—…тирмиз(тормоз)диям босиб тур, шопи-ир!
—…тирмиз? Нима у? Ейдиган нарсами? Бу мошинда шундай матоҳам борми?
—…ҳали тузатмадингми-йей, ҳе, калла гўшинга сени…
Кетяпмиз, шуйти-иб. Ортимизда, ҳув, зулмат бағрида: Қизбувининг қораси. Олдимизда: ўр-қирлар, ўр-қирлар пойида тош конлари, тош конлари пойида заводларга тош ташийдиган эшелонларнинг темир изи, темир из пойида экин далаларию тутқаторлар, уларнинг пойида симтўсиғу симёғочлар иҳотасидаги электровоз рельслари, унинг пойида эса — бошига отасининг телпагини бостирган, бўйнида Тошкентда талай йил чидаган ижара уй бекасидан эсдалик оқ йўлли шарф, устида чопон, оёғида маҳси-калиш, ўнг қўлида бир учи эгри таёқ, чап қўли нимчасининг чўнтагида… кимдир.
П.С(«Пистирма сўз»):
—…Уҳ-ҳ, озроқ ўтирай-да, тинкам қуриди… Ҳа, ёзяпсанма?
— Ёзяпман, ая, ёзяпман.
— Мениям ёздингма?
— Йўқ…
— Ёз-да, эбий!
— Нима деб?
— Унисини ўзинг биласан-да… Кимларди ёздинг ўзи?
— Ўзингиз қулоғимга қуйиб келган бува-момоларни, хоразмлик хопиз акани, Гуля опани… Э, хуллас, дарддан дувва тўкилаёзган, лекин чидаб-кўниб-кўндириб ўтганларни, ўтаётганларни… Қунтим етганча-да.
— Ха-а… Майли, ёзибир. Менам турай, эмаса. Донини бермасам, анов товуқларинг бир-бирини жеб қўяди… Вах-е-ей, мениям қуруқ расмим қопти, ҳамма жойим зирқирайди. Суякларимам қоп-қора бўп кетгандир, бу оврув(оғриқ)лардан. Би-ир замонлар кеп, олимлар, қорайиб жотқан(ётган) суякларди топади: «…эбий-а-ай, манов одам жониб(ёниб) кетганакан!», дейди, ўзларича. Билишмайдики, мени суякларим бўлади улар… Ёзувчилар ёза кетади: «Қора суяк»лар драммаси… Ҳа, сенга кулиш бў(л)са-да-а?..
Ўзи ҳам кула-кула чиқиб кетаётган аямга қараб қоламан: «драмма» нималигини билармикан? Мен, масалан, билмайман. «Комедия»сини биларман — ҳамма кулади, «трагедия»сини биларман — ҳамма ўлади. «Драмма»си нима бўлди?.. «Қисса», деб ёза кетсачи, ёзувчилар — «Қора суяк»лар қиссаси… Буниси билгичларга тан. Бизнинг билдигимиз шугина, ҳозирча. Янаям Ўзи билгувчироқ.
2009-2019 й.й Qissani o’qigan taniqli yozuvchi Nazar Eshonqul yozadi: Sherbek yaxshi qissa yozibdi. Tajribasizlik bor. Ammo so’zni, dardni his qilish, voqelikni poetik mushohoda etish bor. To’qimaydi, ichidan chiqarib, his qilib yozadi. So’zning bo’yog’ini tabiiy kuchaytira oladi, so’z o’yinlari ham tabiiy, yasalmagan, milliy tafakkurga mos. Boshqalarga ham o’qishni tavsiya qilaman…
* * *
2019 yil, 27 fevral. Qishloq. Paxtazorlar o’rtasidagi suvsiz ariq roshida tog’larga tomon ketyapman. Kunduzgi o’nlar. Qo’limda telefon. Ekranchasida yuragimgagina yuklangan raqamlar… sohibasini chaqiryapti. Ko’tardi. Ammo kutardi. Men ham jim quloq tutib ketaverdim. Nihoyat:
– Assalomu alaykum! – ovozini eshitdim.
– Voalaykum assalom… Yaxshimisiz?
– Yaxshi-i…
– Bitta xushxabarim bor edi. Shunga…
– Nima bo’ldi?! – xavotir indi uniga.
– Hech nima…
– Yo’o’-o'(q), aytdiz-ku xushxaba-ar deb?
– Ha-a… Men yozdim!
– Tinchlikmi? – xavotiri osha boshladi.
– Tinchlik. Yozdim, deyapman, tushunyapsizmi? – hayajondan bo’g’ilib borardim.
– Qayga yozdiz?
– Hozircha daftarga…
– Rahbarga?! – xavotiri yana oshdi.
– Daftarga, daftarga…
– Hm-m-m… Hikoyami, romanmi?
– Bilmadim. Qissa deb turibman o’zimcha.
– Qisqa?
– Qissa-a, qissa…
– Qissa? Xo’p, nega menga aytyapsiz buni?
– Aytgim keldi.
– Yo'(q), men haqimdami, nima u?
– Butun boshli yurtingiz bor unda…
– Ha, unda gazitga bering?
– Gazitbop… gazitlarimizbop narsa emas, menimcha.
– Nima haqda o’zi?
– Bir qarashda hech nima, aslan hamma narsa haqida. Hayotning bor basharasi…
– Ishlayapsizmi, biror joyda?
– Yo’q, bir yil bo’p qoldi, hech qayerda ishlamayotganimga.
– Nimaga?
– Jonimga tegdi hammasi. Shunga. O’zimdan zerikkan kunim kirarman ishga.
– Hi-i… Mani boshlig’im kep qoldi… Mayli, Sherbek?
– Yaxshi…
– Shu kunlarda ishimiz ko’paygan-de… Shunga, xapa bo’miysiz?
– Tushunaman.
– Bo’pti unda, yozishdan to’xtamang, ishga kiring lekin. Yurmang bunday?
– Ihm…
– Sog’ bo’ling!..
* * *
Assalomu alaykum, ustoz, omonmisiz? Men… chidasa bo’ladi. Yuribman. Ha, qishloqda edim. Hozir esa Toshkentda. O’zim, shunchaki bundagi qadrdonlarni qattiq sog’ingandim. Keldim. Diydorlashdik. Shukr… Endi qaytsamam bo’lar. Ketar oldi shu nimarsamni Sizga jo’natgim keldi. Sababi oddiy: shu choqqacha yozgan-chizganlarim faqat Sizning kutubxonangizdagina bichilmasdan chiqqan.
Yuqorida yozganim… yaxlit, uzil-kesil mulohazalarimga asos bo’ldi. Yo’q, kimnidir ayblamoqchimasman ortiq. Uqqanim shu bo’ldiki, o’shanda menga telefonda u…gina emas, bugungi jamiyat, alashovur olam javob qaytargandi. Tirikchilikning tovushini, yashashning suronini eshitganday bo’ldim. Buni, imkon qadar istihola ila aytib, bildirib qo’ygani-chun rahmat deyman, unga!
Ko’ringchi, ustoz?.. Tashakkur! Charchamang.
Sherbek BOBONOR O’G’LI
QORA SUYAKLAR
Qissa

Meni tiklab, o’zi bukchayib borayotgan,
xato qilsam kulmaydigan,
kulib yursam yig’lamaydigan,
ishliyu ishsizligimdan,
sog’u nosog’ligimdan,
yo’lgir yo noshudligimdan qat’iy nazar,
mehriga minnat aralashmaydigan,
hali yashashni yolchitmagan esam-da
«Nima qilay?», deb fikrimni g’uborsiz so’raydigan
va aytgan «yo’l-yo’riq»larim tiyinga arzimasa ham
hukumat qaroriday qabul qiladigan,
qo’lim,
tilim,
tanish-bilishlarimning sanog’i,
diplomu darajalarim ro’yxati…
emas,
umrim uzun bo’lishini tilaydigan
hamda
shu-unchaligiga qaramay,
mendan odamday bir muomala ko’rmay o’tayotgan
yagona ayolga —
ayam Anora NEЬMAT qiziga atadim.
Yanvarda yalpiz chiqibdi. «Pidana» deyishadi, biz taraflarda. Temiryo’lning takkinasidan, qazib tozalangan kattagina, suvsiz ariq labidan chiqibdi. Qovjirab yotgan bulturgi xashaklar ichra bo’y taratgancha, ko’kmakkina bo’p turibdi. Havoda qish ufunati, huv narida qo’ylar galasi…
Shag’illab o’tib ketgan poyezd osha tog’larga qarayman — qishlog’imiz janubidagi Qoratov(Qoratog’) tizmalariga. Eskilarning eslashicha, odamlar, shu tog’larni oralab, Qarshiga borib kelisharkan, bir zamonlar. Bu-ku yurt jug’rofiyasining bir chekkasi, ammo yuragim jug’rofiyasining bir chekkasidan turib qarasam, asosan anov uch tog’ni — Qushcho’qqi, Egartov(Egartog’) va Qizbuvini — ko’raman. Uchchoviyam tizmadagi eng baland tog’lar bo’lgani-chun juda yaqin qo’rinadi. Va shu uch tog’nigina alohida nom-la ataydi, el. Qushcho’qqini — qanotlarini yozib turgan qushga, Egartovni — egarga o’xshatish qiyinmas. Qizbuvi… Ayricha asotir butkul.
Lekin hozir asotirmas, asorat axtarib qarayman ko’proq. Bolalik xotiralarimdan qolgan asoratlarni axtaraman. Ayniqsa Qizbuviga uzoq sin solaman: har bahorda qarindoshu qo’shnilar bir avtobus bo’lib, uning etagiga borardik — «mayovka». Kattalar ko’rpa-to’shagu qozon-tovoqlarni tushirib joylashtirguncha, biz beliga yetardik, Qizbuvining. Ikkita bulog’i bor edi. Poyida va boshida. Ikkisining ham qoshida pattalagan, bujur bir daraxt bo’lib, shoxlariga bog’langan turfa lattalar shamolda betinim hilpirardi. Biz-da o’zimizcha niyat qilib, parcha lattalar bog’laganmiz, necha martalab. Boshidagi buloq qurib qolgani sabab bo-or chanqog’imizni poyidagisidan qondirardik. Suvidishlarimizniyam to’ldirib olardik kamiga. Bir safar oilamizdan faqat men bordim. Tog’ma-tog’ halloslay-halloslay terga botib keldimu buloqning muzday suviga urdim o’zimni. Bearmon yutoqib ichdim. Ko’p o’tmay miyam misday qizib, tanam titrashga tushdi. Ko’chamiz boshida avtobusdan arang tushdim. Qo’llarimda buloq suvi, piyozi bilan kovlab olingan lolalar, sudralguday uyga kirib keldimu tappa tashladim simso’riga. Shu ko’yi haftami-o’n kun yotdim. Bo’lmadi. Dadam kasalxonaga obbordi. Nimqorong’i xonada obdon tekshirgan do’xtir amakining: «…vaqtida opkepsiz polvondi, aka, uch kun kechikkanlaringizda o’pkasiga o’tib ketiykan dard», deganini eslayman.
Shungayam… o’n besh yilcha bo’pti. Bir qarashda hech nima o’zgarmaganday: ana Qizbuvi, mana men. Yaxshiro-oq qaralsachi: ana — bag’ridan oltin rudasi chiqqani vajhidan ko’ksigacha o’pirib tashlangan, to’rt tarafidan temir ustunlaru panjara bilan o’ralgan, ichidagi shaxtalarda taraqqiyot guvillab turgan Qizbuvi va mana — uning poyida past-baland o’r-qirlar, o’r-qirlarning poyida tosh konlari, tosh konlarining poyida zavodlarga tosh tashiydigan eshelonlarning temir izi, temir izning poyida ekin dalalariyu tutqatorlar, ularning poyida simto’sig’u simyog’ochlar ihotasidagi elektrovoz relslari, uning poyida esa boshiga otasining ko’hna telpagini bostirgan, bo’ynida Toshkentda talay yil chidagan ijara uy bekasidan esdalik oq yo’lli sharf, ustida chopon, oyog’ida mahsi-kalish, o’ng qo’lida bir uchi egri tayoq, chap qo’li nimchasining cho’ntagida… men.
Yalang dasht izg’irini jondan o’tadi. Burun sho’rqillay boshladi. Qizbuviga qarab-qarab qaytdim. Yo’l ustida mozoratga qayrilaman. Qishloqdagi eng katta va ko’hna mozorat. «Qirq bir qarta» ham deyishadi — kolxoz vaqti qirq birinchi qartaning joyi bo’lganakan.
Avval bobomning boshiga boraman. Yonginasida momom yotibdi. Tilovatdan so’ng dilovatga ko’chib o’ylayman. Ko’zim bobomning qabrtoshida: «Ochilov Boboqul 1937-2015…» Birinchi oktyabrda, payshanba kuni yo’q bo’lgandi(«o’ldi»ni — «yo’q bo’ldi» ham deymiz). Dafniga butun el-urug’ qoyim bo’lgan… Mendan bo’lak… O’sha kuni qayerda edim? Nima qilayotgandim?..
«…Paq!», «…paq!», «…paq!», «…paq!» — ikki uzu-un ustunga bog’langan yuztacha, oqu ko’k sharlar birin-ketin yorilardi. Poytaxtning kindigidagi kutubxona hovlisi. Kunjakka qo’yilgan xarrakda o’tirardim. Hovli sahnida haligi ustunlardan uzilib tushgan sharlar uchib-qo’nib yurardi. Kasbdosh bir singilni — «Behbudiyning qizi»ni kutayotgandim. Otasi ziyoli kishi bo’lib, barcha ma’rifatparvarlarning, zotan Behbudiyning ham ashaddiy ixlosmandi ekan. Isboti o’laroq qiziga Behbudiyning qizining ismini qo’yibdi.
Sharlarga shunchaki qarab o’tirarkanman, qandaydir yolg’izlik hissi yoprilardi ich-ichimga. Ketib yuborsammiyam derdim. Yo’q, harqalay kepqoldi shosha-pisha singil — «Behbudiyning qizi». Hovliqib so’rashdiyu ichkarilay ketdi kutubxonaga. Shamolday shuvillab eshigu turnikatlardan oralarkan, bir amallab «ayb»imni — a’zolik biletimning muddati tugaganini, yangilashga yetgulik aqcham yo’qligini — aytdim. Pasportimni ola solib, yozdi-yugurdi-to’ladi-to’g’riladi. Qavatdan qavatga chiqib-tushardik: so’ra-so’ra, izla-izla, yoz-yoz…
Uchta partani gazit-jurnal-daftarga to’ldirib, joylashdik axiyri. Varaqlay ketdik birma-bir. Oldimizda ochiq bloknot, yozib-yozib qo’yardik. Piqirlab qo’yardi «mix» bir narsa o’qib qolsa singil — «Behbudiyning qizi». Menga-da o’qib berib, munosabatga undab qolardi singil — «Behbudiyning qizi». Aksari kazo siyosatchilarning nimkosa qochirimlari bo’lib, ko’nglimga kinoya sig’may borardi, odatimga ters tarzda.
Uch soatcha o’tirgach, qaytdik. Ko’cha chetidagi yo’lakda ketarkanmiz, sandiqday sumkasidan mittigina idish opchiqdi. Uning ichidan esa pishiriq. «Evropiyskiy pitsa», ekan. O’zi pishiribdi. Ikkimizniyam dahanimiz dam bilmas: u gapirar-kular, men kovshanardim. Ko’proq bolaligida ko’rgan-kechirganlaridan gapirardi. Xususan: qizlardan ko’ra o’g’il bolalardan o’rtoqlari mo’l bo’lganini, bir gal serqavat uylar tomida chopqillab o’ynasharkan, narigi uy tomiga sakrayotib, sirpanib osilib qolganini(«…to’qqiz qavatli dom edi»), shu-shu ichiga qo’rquv qamalib qolganini, nainki balandlikdan, umuman hayotdagi muammo-to’siq-g’ovlarni oshib o’tish oldidan ham o’sha qo’rquvdan qutulolmay xunobligini…
Men ham xunob edim — ichimdagi muzning erimayotganidan, shu mavhum qahratonning arimayotganidan. Gap-gap bilan ishxonam tagiga kep qolibmiz. Xo’shlashdik. Ketdi. Qoldim. Ishga yaqinda kirgan esam-da ishxonaga kirgim kelmas, shusizam o’zimdagi tundlik ikki dunyomga yetib-ortadigandek edi.
Kechqurun Qoraqamish ko’chalarida, boshpanamga borarkanman, qofiyalar qalqdi tilimga:
Yutaqolgin, Yer, meni,
yutmasidan shum g’aflat?
Yesa qurtlar yer meni,
osting osuda faqat.
Yutaqolgin, Yer, meni,
yutmay o’zim kimnidir?
Chorla tez, chaqir meni,
jonga tegdi qimtinish!
Yutaqolgin, Yer, meni?
Yutinib yashab to’ydim.
Kutma, bas, soat-kunni…
Yut, hozir yut, men ko’ndim!
Yutaqolgin, Yer, meni?
«Er yutdi…», desin ko’rgan.
Yo’qsa yutaman seni…
Meni shunday jin urgan.
Yutaqolgin, Yer, meni?
Tez hazm bo’p ketaman.
Xo’p, desangchi, kel endi,
Onasanku beta’ma?..
To’rt kundan keyin oqshom payti telefonda ayam(onam)ning uzuq-yuluq eshitilgan ovozidan uqdimki, o’sha kuni: o’sha, men, hashamat kutubxonada, o’sha singil ila gazit-jurnal titkilayotganimda, o’sha siyosatchilarning o’sha nimkosa gaplariga munosabatan nimalarnidur g’o’ldirayotganimda, o’sha mavhum ichki qahratondan qunishib, qaylargadur ketgim kelayotganda… bobomni ko’mishayotgan ekan.
Boz bir-ikki kundan keyingi oqshomda jaydari bir jo’ram telefon qilgandi:
— …quloqqa(asli, beshbattarroq so’z) ke(l)madingma, buvangdi janazasig’a?!, — o’shqirgandi o’dag’aylab.
— Quloqqa(shu so’zni qaytargandim) boramanma, eshitmagan bo'(l)sam?!, — qo’zigandi meniki ham.
Bir nafas jimib qolgach, pastroq tovushda aytgandiki:
— Jo’q bo’lishidan ikki kuncha oldin seni so’rovdi. Shu… ham(i)shagi joyida, ko’cha betidagi ustalida o’-o’tirg’anakan. O’tib ketiyabidim. So’rab qoldi. «Ishga kirgani rostma? Ke(l)masmikan? Bi-ir ke(l)sa yaxshi bo’liydi-da?..», deganidi… Haliyam go’ri sovug’ani jo’q. Haliyam kechmas demoqchiman!..
Go’ri sovub, qotib, qatqaloq tortganda — qirq besh kundan so’ng borgandim, «Qirq bir qarta»ga. Bora-borguncha ko’-o’p narsalar o’tdi o’mgandan: oxirgi gurunglarimizning birida sanatoriyaga «sayaq jurnalist»(sayyor jurnalist)likni kasb etgan Ziyoda otlig’ bir juvon tekshirgani kelganini, tezda ota-boladay bo’p ketishganini, eri, betayin ishing borakan, unday-bunday deyvurgach, borey deb, ajrashganini, shundan beri yurt kezib, qayda muammo ko’rsa shappa bosayotganini, kasbini juda yaxshi ko’rishini, sanatoriyaning kattalariniyam zir yugurtirganini, hech kimdan hech narsa olmay ketganini, ketayotib qog’ozcha(«Tashrif qog’ozi») uzatganini, qaysiyamdir ko’ylakning kissasida yo’qotganini, dadil-dangalligiyu tomog’i butun(halol)ligiga qoyil qolganini… aytib bergandi.
Yana… qanday joni uzilganini eshitganimda yaxshigina ta’sirlangandim (hozir ham ta’sirlanaman): kravatda, kenja o’g’lining kenjatoyi bilan multfilm ko’ri-ib yotganda «ko’zi ilinibdi». Kenjatoy xonadan chiqa turib, televizorni o’chirish yo o’chirmaslikni so’rabdi — bobo jim. Ovozini ko’taribroq so’rabdi — bobo jim. Yaqin borib, enkayib so’rabdi — bobo jim… Qo’rqib ketgan kenjatoy nevara tashqariga otilibdi: «…buvam gapirmay qo’ydi-i!»
Yolchitib tilovat qilolgandimmi-yo’qmi, bilmadim. Esimda bori ezilib g’o’ng’illagandim, bir maydon. Daftargayam yozgan ekanman…
***
Bobomning oti Boboqul edi.
Odamlar uni: «Buvaqul», derdi.
Odammaslar: «Buvang — qul», derdi.
«O’zing shundaysan, o’zi-ing!», chirqillardim qaltirab-qaqshab.
Iljayishardi: «Bolasan-da, bola…»
Chindanam bola edim.
Tushunmasdim «qul» so’zin, hatto.
Lekin qandaydir sovuq eshitilardi-da.
Endi o’ylasam, meni ulg’aytirgan vaqt emas ekan — gap ekan.
Gap o’ldirmasin-da, ishqilib.
Cho’zilgan cho’pchak
(yoki hayallagan avlod bahonalari)
Assalomu alaykum, buva. Men keldim. Yaxshi yotibsizmi? Endi hech qayeringiz og’rimayotgandir? Jimsiz… O’zi yetmish yildan ziyod so’zlab, topganingiz nima bo’ldi? Laqablar bo’ldi — mazaxu ishonchsizlikka qorishgan laqablar: «Aldar Ko’sa», «Don Kixot»… Shungami, ko’proq eshitadigan bo’p qolgandingiz. Boshingizni solintirib, hassangiz uchi bilan yer chizib, har-har zamon tomoq qirib, tupurib… eshitardingiz. Nima, chindanam aldarmidingiz shunchalik? Gapira boshlasangiz, bo’ldi, aftlari tirishib, og’izlari jiyrilib ketuvrardi, eshitayotganlarning. Nimalarni gapirardingiz o’zi: ko’rgan-kechirganingizni, boshingizdan o’tganini… Buxoroning Qorako’lidan bir jo’ram bor. Shoir. Shu jo’ramniyam siz tenggilar buvasi bor. Shu buvasidan eshitganlarini bir dostonday she’rga solib, telefonda jo’natgandi menga. So’zlari sodda, xalqchil bo’lgani uchun kallamda qopti. Hozir aytaman:
«BOBOM TILIDAN
Kambag’al edik juda,
Boylar odam emasdi.
Biz kunjara yeganda,
Qora non ham yemasdi.
Kambag’allik ayb emas,
Onam shunday so’zlardi.
Akam ochdan o’lganda,
Uning fikri o’zgardi.
Hech kim bilmas otamni
Qanday dard yiqitganin.
Ko’z yumsa ham hayotdan,
Ko’zi ochiq ketganin.
Men bilardim hammasin,
Aytolmasdim o’sha payt.
Axir boylar vijdoni
Ko’zlaridek ochofat.
Bir qizga ko’ngil yorib,
Keyin boshimni yordim.
So’ng o’shaning uyiga
Mardikor bo’lib bordim.
Mardikorlik ayb emas,
Tilim shunday so’zlardi.
Til ostida til saqlab,
Yuzim rangi o’zgardi.
Endi u kunlar o’tdi,
Qora non ham qolmagan.
U kunlar o’tgan bilan
Boylar odam bo’lmagan!..»
Endilarda o’ylayman: u ishonganakan-ku, buvasiga? Ular ishonishganakan-ku? Uning buvasiyam boshidan o’tganini gapirgan?..
Ochig’i, menam ishonmasdim sizga uqadar… Hali rostu norostni tuzukroq farqlolmaydigan paytimdayoq, so’zga lafz ochishingiz barobarida miyamdagi ishtiboh g’imirlayverardi: «…kitobini ochyapti yana — lof kitobini». Bundan chiqdi, boshqalarga ishonibman-da? Siznikini — «lof», o’zinikini — «sof» bilgan boshqalarga?..
Shoir bo’lmasamam shoir jo’ramga javob yozib jo’natgandim, o’shanda:
BUVAMNING AYTMAY QO’YGANLARI
Mening buvamni esa
tinglashmaydi tuzukroq.
Emishki, bari — «ertak,
sofidan lofi ko’proq».
Agar boshlasa gapin:
o’tmishidan, o’zidan…
Rasvo qilishar ta’bin,
kam topib har so’zidan:
«…e-e, ota, qo’ysangizchi,
u paytlar maktab qayda?!
Hamma savodsiz edi,
dalada qotgan diyda…»
Buvam qizishib aksar,
aytishib ketar hadeb:
«…o’rgatma-yey, ukkag’ar,
boshidan o’tgan — tavib!..»
So’ngra… seki-in bosh egib,
o’yga toladi uzo-oq.
Yetmish besh yilga cho’kib,
sukutga solar quloq:
o’n bola, yuz so’m oylik,
kolxoz, suvchi, o’ttiz yil…
Haqiqatan, chiro-oyli
ertak, deydi, beo’y til.
Boylar qo’yning sarasin
dimlama uchun so’ygan.
Buvam… to’rtta bolasin
tuproqqa «dimlab qo’ygan».
Ha, qadrdon, bu gaplar,
bugun oddiy ermakdir.
Qiziqtirmas sabablar,
hayhot, tarix — «ertak»dir?!..
Eshityapsizmi, buva? Buyog’iga faqat eshitishingizga to’g’ri keladi. Men ham vaysayapman yana. Bu hali holva. U yoqda, shaharda ko’p gapiramiz, judayam ko’p: kimlarnidir avra-astarini chiqarib, g’iybat qilamiz, so’kamiz, jag’ jangi uyushtiramiz, o’zimizni oqlab, o’zgalarni qoralaymiz, betuturug’ bahslarda soatlab og’zimiz tinmaydi, yuqumi yo’q, ilmiliq tadbiru majlislarda iljillab opqochamiz… Qishloq odamlariniyam juda-a «so’zi hikmat, ishi ibrat», deb bo’lmaydi, albatta. Bu yerdayam bekorchi gap sotadiganlar achib yotibdi. Ammo…
Ziyoli ziyoliga qasd qilsa, yomon bo’larkan, buva. Buni birinchi marta o’zimizda, maktabda ko’rgandim. Sakkizinchi sinfmidik… ishqilib, tarix-huquq fanlaridan dars berishga yangi, yoshgina qiz keluvdi. Otasini aytsam taniysiz, eslaysiz-ku-u… shartmas, menimcha. Eh-he, undagi g’ujur, jur’at uncha-muncha yigitman deganida yo’g’idi. O’zigacha amal-taqal qip kelinayotgan «dars o’tish» usullarining oyog’ini osmondan etib, boshqacha bir kayfiyatda boshlovdi ishini. Hammamizni tengqo’riday ko’rar, hol so’rab, ko’nglimizga qarardi. Mag’zava topshiriqlar bermas, qo’l uchida tekshirib, til uchida baholamasdi. Biz ham bisiratib varaqlamagan tarix-huquq darsliklarimizni sahar turib, o’qib boradigan bo’ldik. Bodom qovoqlari orasidagi ko’k ko’zlarini chaqnatib: «Molodets!», deyishining o’zi — katta bayramidi, biz uchun.
Shuytibchi, buva, bir oy nari-berisida u bizni, bitta so’zda aytsam, tiriltirgandi. Esachi, ko’rgan kuni: «boyo’g’lilar», «tovuqkallalar», «odam bo’maysilar»…ni eshitgancha, so’ljayi-ib yurganlarni «Tirik», deb bo’ladimi? U esa bizni nafaqat odamligimizga, balki o’qib, harakat qilsak, «Ideal shaxs» bo’lishimizga ham ishontirib, o’takamizga o’t yoqqandi. Faniga qiziqqanlardan saralab, tuzgan jamoasi har xil musobaqalarda qatnashib, viloyatgacha chiquvdi…
Yozishdi, yozg’irishdi, yomonlashdi… Dars o’tmay qo’ydi. Umuman, maktabda ko’rinmay qoldi. Yana o’sha badqovog’u baqiroq domlalarimiz diydoriga termuli-ib o’tiradigan bo’ldik. Uyog’iga «mish-mish»lar: erga tekkanmish, bolali bo’lganmish, ajrashganmish, yarashganmish, Toshkentga oilaviy ko’chib ketganmish… Chet eldaligini eshitdik keyin.
Shahar borib, o’qishga kirib, o’t-tib ketganlarini ko’rdim, kuzatdim, buva. Kamida katta o’qituvchi, ko’pida professor darajasidagi odamlar… bir-birining oldida ko’pirib, ortidan gapirishda ham «professor» bo’p ketishgan ekan. Faqat bir-birini yomonlash bilangina kifoyalanishsa qaniydi, hadeb o’tgan tuzum go’riga g’isht qalayverishlari… nonko’rlikmasmikan? Yaxshimi-yomon, ko’pchiligi o’sha davr tuzlug’idan tuz, qudug’idan suv ichib, ro’zg’or tebratgan. Yallo qip yashaganlari qancha. Endi esa… og’iz to’-o’ldirib tupurishgani tupurishgan. Kamiga bizniyam tupurishga — ko’rnamaklikka undashadi. Beti bilan keti birmi bularning, deb qo’yaman.
Mana, siz ham, buva, o’sha davrda yashagansiz, ishlagansiz, tishlagansiz-ku? Umringizning yarmi kolxoz dalasiga suv tarab o’tdi. Yuz so’m oyligingizga o’ndan ortiq og’iz qarab turgan… Ammo esimni tanibmanki, zamonasozlik qilib, ko’pirganingizni ko’rmadim. Biz, qirqdan oshiq nevara-chevaralaringizni to’plab olib, kechangizni «toshbo’ron» qilsangiz bo’lardi-ku? Gazetalarga gerdayib rasm tushsangiz, maydamix muxbirchalarga «zalvorli hayot yo’lingizdan hikoyalar» aytib bersangiz bo’lardi-ku? Sanatoriyalarda ne-echtasi bilan tanishgandirsiz?..
Yo’q, televizorda chiqqandingiz, aytgancha. Vodiydagi sanatoriyadan kelib edingiz, chog’i. Saharxo’rlik qilayotgandim. «Tahlilnoma» boshlandi. Odatdagi olabayroq gaplar orasida tanish sanatoriya nomi qulog’imga chalindi. Qarasam, umumiy planda: daraxtzor, ostida yo’lak, ustida uch-to’rtta chol, yuri-ib ketyapti… Sizni darrov ilg’adim. Qorindor gavdangizu och sariq rangli hassangizdan ilg’ab qoldim. Qabatingizda jo’rangiz Temir buvayam borakan. Uni ayam ilg’ab qopti. Birdan yirik planda gapira ketdingiz: «…sharoitlari yaxshi. Uyda yurolmay qoluvdim, bu yerga kelib, mana, yurib ketdim…» Og’zimdagi og’zimda, bo’g’zimdagi bo’g’zimda qotdi. Uydan chiqib, to’g’ri oldingizga bordim. Supadagi chorpoyada yonboshlab yotgan ekansiz… Uyog’ini eslarsiz? Men esa esimdan chiqarolmay qonman, o’shanda, kaftingizga nosdan uyub otgancha aytganlaringizni:
— …qog’ozg’a pitip(bitib) beydi, nima deyishimdi. Anishuyaydi gapiyashij, dedi. O’jimam bilaman gapiyishdi deshamam, qo’-o’ymadi-da-yey, qijjig’ayyay.
Keyin boshingizni egib, ko’rpachadagi nonushoqlarni tergan ko’yi jim bo’p qolgandingiz. Unda o’qishga kirmagandim. Unda, o’zicha haqiqatga havasmand bu nevarangiz, kun kelib, o’sha sizni «sayratgan»lardan bittasi bo’lishini, supraday-supraday sahifalarni maqtovu minnatlarga to’ldirishini… tushidayam ko’rmagandi…
Ha… bu yoqqa kelishingizdan ikki kun burun meni so’rabsiz? Jo’ram aytdi… Anov, nemis tili domlamizning katta uli(o’g’li)chi, shundan so’rabsiz-ku? «Ko’rib turibsanma?», debsiz. «Ishga kirgani rostma?», debsiz. «Bir kep ketsa, yaxshi bo’liydi?», debsiz… Ishga kirganim rost, buva. Katta gazitti kichkina muxbiriman. To’g’ri, ota-buvamiz qilmagan ish. Nima qilay, sizlarning yo’rig’ingizni tutsam… ko’karishimga ko’z yetmadi. Ko’proq dadamning ko’zi yetmadi. Nimachilikka bo’lsayam o’qi, dedi. Qora mehnatga qolgan kuning ochdan o’lasan, dedi. Va o’qitdi. O’ziday yashamasligim — yashay olmasligim uchun.
Kelganim… oylik oluvdim. Birinchi oyligimni. Qarz-parzlardan qutuldim, qolgani yo’lkiraga yetarkan, keldim. «Tashkin tinchma? Non arzanma?», derdingiz. Notinchliginiyam, qimmatchiligu qahatchiliginiyam ko’rgandingiz, yana ko’rayotgandingiz… Joningizdan o’tgan-da, so’raysiz.
Bu safar kitob opkelmadim. O’zi uyga qaytsam, kitob ko’tarib chiqmaslikka harakat qilaman, ko’chaga. Bilasiz-ku, shaharda ketmon ko’targan qanday ko’rinsa, qishloqda kitob ko’targangayam shunday qarashadi. Qiyshiq qarashlardan yuragim bezillab qolgan, buva. To’rt yil o’qish kirolmay, kitob-daftar ko’tarib, o’tib-qaytgandan so’ng shu-da.
Umuman, shu, kechikish «odat»ini orttirganga o’xshayman: maktabga kechikib borardim, o’qishga kechikib kirdim, studentligim kechikib borish-uzr so’rash-«Tushuntirish xati» yozish bilan o’tdi. Ishgayam ko’pincha kechikaman. Sizning oldingizgayam…
Gaplarimdan boshingiz qotib, bezovta bo’layotgandirsiz? Bo’ldi, unimni o’chiraman. Shusizam… bir yarim oyga hayallab kelganimga yarasha, «ing»im chiqmay o’tirishim, sizni «eshitishim» keragidi. Kechikkanning kori — vajh keltirish ekan, iloj qancha. Haqqirostki, ulgurmaganning, hayallaganning har qanday gapi — bahona tuyuladi.
Mayli, buva, men boray. Kechiring, biz — «tirik»larning bo’lganimiz shu ekan. Xayr, mendan rozi bo’ling?
He-ey, odamu odammasla-ar, bobom endi ozod: hammasidan, hammamizdan!.. Yolg’onmi? Bu dunyosining o’zi rostmi?! Meni emas, o’zingizni nimagadir ishontirib olingchi, avval!?..
Bobomning oti Boboqul edi…
***
…Momomning qabrtoshiga yuzlanaman: «Tovosharova Norgul 1938-1999…» O’n yashar paytim yo’q bo’lgan ekan. Shuning-chun g’ira-shira eslayman, rahmatlini: to’lacha tan, vazmin fe’l, zimdan razm sop turuvchi ko’zlar, miyig’dagi tabassum, guldor yashil ko’ylak, peshanaga tang’ilgan ro’mol, mayda o’rilgan uzun sochlar, o’rimlar uchida bir-biriga urilib, tiringlab turgan kalitlar…
Oxirgi o’g’li uylanayotganda kasal yotgandi. Duoyu fotihasini olish uchun kelin-kuyov to’shak tepasiga kirib borishgan. Uch-to’rt kishi suyovida zo’-o’rg’a o’tirib olgan momom, yelkasidan nafas ola-ola pichirlab, ularning yuz-ko’zidan o’pganini o’sha to’y kassetasida ko’rgandim. Shu to’ydan bir hafta o’tib — yigirma birinchi may kuni joni uzilgan ekan. Ahvolini ko’rib-bilgan do’xtir: «…oshqozon raki. Kuni kam qopti. To’yni tezlashtiringlar!», degach, ortiq dabdabasiz, shoshilinch tushirishgan kelinni.
Ha, yaqin momom(biz otaning onasini, uyi yaqinligi uchunmi — «yaqin momo» yoki shevada «jaqin moma», ham derdik) rak — saraton sabab ketgan, «borsa kelmas»ga. Xo’p, saratongacha-chi? Ungacha ham shunday «saraton»larni kechirganki, buyog’ini endi bilganlardan so’rab bilganim asosida tasavvur qilaman, tasvirlashga urinib ko’raman.
«Qahramon ona»ning saratonlari
Erta beva qolgan Yaxshigul momo yolg’iz qizi Norgul hamda o’g’illari Eshquvvat va Eshmurodni yo’qsillikda, ming mashaqqat bilan o’stiradi, uzatadi, uylantiradi. Qizi va katta o’g’lining umri daladan ortmay o’tadi. Juftlari bilan ham dalada tanishib, turmush qurishgan. Bir muddat texnik, so’g’in suvchi-mirob bo’lib, pensiyaga chiqqan kuyovi ham, uning hosilot(agronom) otasi — qudasi(Ochil bobo) — ham «er odamlari» bo’lgan.
Eshquvvat o’g’li traktor haydagan. Temirtanning «tar-tar»iga hamohang qilib, ashulani vadavang aytganda, butun daladagilarni, ayniqsa qiz-juvonlarni some’ etgan ekan. Unga esa ul nozik «somelari» ichida bittaginasining — Safargulining bor-yo’qligi muhimroq o’lib, shunga-da qo’shiqlarining avjiga avj, nolasiga nola qo’shaverardi. Qisqasi, Safargulga uylanadi. Safargul ham sakkizta tug’ib beradi. Biri emizikli, biri emaklayotgan, biri atak-chachak jujuqlarini qaynonasiga — Yaxshigul momoga topshirgancha, yelkasida ketmon, dalaga chiqib ketaverarkan. Dalada nainki rizq-ro’zi, balki o’zi ham bor edi-da. Ya’ni bunday: «bulbulgo’yo» bir traktor bor. Uning ichida xushovoz, kelishgan haydovchisi bor, ashulasi tindiradi, ammo tinmaydi. Axir uning ichida hech kimnikiga o’xshamagan yurak bor. Uning ichida esa o’zi bor…
Safargul — Safar chechamiz davralarga dinamitday kirib borardi. Esimda: «Sapar checha keldi, Sapar checha! E-endi qiziydi gap!», deya-deya guvva jonlanardi, xotin-xalaj. To’-o’rga joylashvolib, gumburlab gapga tushgan oq-sariq, barvasta, shaddod xotinni ayamning pinjida, urtimda holvami-parvarda, anqayib kuzatarkanman, xotinlar kulgisining zarbidan shiftdagi lampichkayam lopillayotgandek ko’rinardi ko’zimga.
El qisqartirib, buzib aytmasin deb, deyarli barcha bolalariga qisqa-qisqa, oshib borsa olti harfli ismlar qo’ygan, Eshquvvat tog’amiz(otaning tog’asini ham «tog’a», deymiz): Ra’no, Barno, Zebo, Laylo, O’g’iloy, Dilorom(shu qizlari tug’ruqxonada chiroq o’chib, boshqa chaqaloq bilan almashib qoladi. Baribir, kamsitmay katta qilishadi uniyam. Vaqtlar o’tib, asl qizlarini ham topishadi. Ismi Nasiba ekan. Hozir ham «enam»lab kep-ketib yuradi, Safar chechamiz oldiga), o’g’illari Rustam, O’tkir.
Eshquvvat tog’amiz yetmishga yetib-etmay qazo qiladi. Mayyitni mahram suviga olishda kirgan bir jiyani, sokin yotgan tog’asining tomog’ida… aylanasiga botiq iz ko’radi. Uyog’ini bilmadik. Bilganimiz shu — qizlarining ismiday qisqa tafsil-tusmol. Mayli, shuniyam buzmaylik.
Eshmurod tog’amiz esa ketmonnimas, kitobni tanlaydi. Talaba bo’lib, shahri Samarqandda o’qiy boshlaydi. Biroq bitirolmaydi o’qishni — vaqtida yigirma so’m topilmagani-chun. Sho’rli Yaxshigul momo o’lguncha yarimhazil ta’nalardan qutulmaydi: «…yigirma so’mam pul bo’ptima, moma-a! Shuginaniyam topmabmidingiz, moma-a! Dadamiz hozir jurnalist bo’liydi, moma-a!..» Tog’amiz qasam ichadi: «…bolalarimni o’qitaman! Oliy ma’lumotli bo’ladi bari!» O’qitdi ham. To’rt qiziyam institutlarda o’qidi. Qizlaridan birining o’g’lini — «o’g’il» qip olgan. Xursand(Xursandoy) chechamiz ikkovi shu «o’g’il»lariga — Asadbekka suyanibgina yashayapti. Uni-da oliy ma’lumotli qilishmoqchi.
Momom… Yaxshigul momoning yolg’izgina bu guliga, Xudo, husn ham aqlni bearmon berganakan. Buni qarigandagi qiyofatidanam fahmlash mushkulmas edi. Yoshligidagi suratini ko’rganlarning, misol, ayamning aytishicha, «jud-dalarda chiroyli» bo’lgan. Birinchi bolasi(dadam) uylanayotganda, o’ninchi bolasi beshikda yotgan. To’qqizinchi bolasi uch yashar bo’lgan. Sakkizinchi bolasi besh yashar. Yettinchisi yetti yashar… Xullas, bolalarining orasidagi yosh farqi — ikki yil. Yetti o’g’il, uch qiz. «Kelinlar qo’zg’oloni»ni har ko’rganida, Farmonbibining gaplariga bulkillab-bulkillab kulganakan, momom.
Orada bolalari bo’lgan yana, ko’p turmagan — qizamiq, sariq, chechak… Go’daklikda hur bo’lish boshqa ekanu kap-kattarib, elga qo’shilganda, go’r bo’lish boshqa ekan-da. To’qson beshinchi yil edi, chamam. Xuftonda kimdir chaqirardi darvozamizdan. Dadam ishda. «Bemahalda kimakan u?», deya alag’da chiqqan ayam yig’lab kirib keldi. Kravatga o’tirib qoldi: «…Shokir akalaring jo’q bo’pti!» Ochiqfe’l, quvnoq, bolalar orasida o’ziyam bolaga aylanib, uyni boshiga ko’taradigan, jingalaksoch, qoracha Shokir akamning — amakimning endi yo’qligini, endi bizni yelkalab yugurmasligini, «Biologiya» kitobni ochvolib, maymunlarning rasmini bitta-bitta ko’rsatib: «…iye, manov senma?», deb endi hammamizni kuldirmasligini… norasida holimda anglabmidim, sovuq bir shovur o’tgandi ichimdan.
Navoiy shahridagi kimyo zavodida ishlardi. Butun zavodga eshitilayotgan «Pomogi-iti-i-i!»ga birgina odam yugurib boradi — shu amakim. Borsaki, zaharli havoga to’lgan xonada katta jasadli bir hamkasbi hirqirab yotibdi. Amakim uni tashqariga sudrarkan, kappa-kappa nafas oladiyu… Shumxabar yetib kelganda, bobom bilan momom qishlog’oradagi qarindoshlarining birinikida, to’yda bo’lishgan. O’likxona(MORG)ga ukasini opkelish-chun borgan dadam o’liklarning uyulib yotganini ko’radi(o’sha falokat qancha odamning boshiga yetganini shundanam taxminlash mumkin). «Tirik qolgandir», deya jon halpida kutishayotgan, tong qorong’isida pishillab uxlayotgan uch yashar Furqatiyu beshikdagi qirq kunlik Ibrohimining peshanachasidan o’pib, dahliz chirog’ini o’chiribgina chiqib ketgan uyiga o’lik xabarida qaytishi… qiyomat qo’pdiradi, misoli. Momom, xuddiki, yettitamas yagona o’g’li boridiyu undanam ayrilganday, inchkirib-inchkirib yig’laydi.
Rahmatli amakim shunchalar qattiq «qah-qah» otarkanki, ahli zavodga yetarkan ovozi: «…ux-x, Shokir kepti-da ishga!» Ko’p kitob o’qirkan. Kutubxona yacheykasidan topilgan pasporti ham bunga dalil. Uylariga ukalarim — Furqatu Ibrohim-la o’ynash uchun borib yurgan bola kunlarimning birida sandiq tagidan yon daftarcha topib olgandim. Dadamniki, dedi Furqat. Varaqladim. She’rlar ekan. Qalin siyohda ko’rimli husnixat bilan yozilgan satrlarning sarasi yangamga, sirasi o’zining anglamsiz tuyg’ulariga taalluqli edi. Zulmat, yolg’izlik, ojizgina miltirayotgan qora chiroq… deyarli har she’rida uchrardi. Tanimagan-bilmagan odam, agar o’qib qolsa shu she’rlarni, ularni yozganning ota-onasi, to’qqiz aka-uka-opa-singillari, xotin-bola-chaqasi borligiga, sho’x-shalayim bo’lganligiga ishonishi amrimahol.
Shoirlik ishqi kenja amakimga — To’lqin akamga ham tushgandi. Esimni taniyotgan kezlar. Bobomlarnikidaman. Supadamiz. Kechki ovqatdan so’ng nimayam bo’ldiyu amaki-ammalarim: «…qani-qani, eshitayli-ik?», deb qolishdi. Shunda g’izza uydan opchiqqan daftarchasini ocha solib, «baxshiyona»larini boshladi-ku, akamiz:
«Saqqallarin selkillatip,
Jurar bizdi Saqqaltoy.
O’zi arriq bo’siyam
Dumbalari g’ij-g’ij moy…»
«Piqir-piqir» kulgu undan bunga ko’chardi, dasturxon bo’ylab. «Saqqaltoy» — Erkin amakim ham tirjayib o’tirardi. Navbatdagi she’r oldidan pastgina sasda andishasini g’udrandi:
— …muhabbat haqida yozuvdim, o’qib berayma, ena?
— Kerakmas! Bo’ldi, dasturxondi yig’ishtiringlar…
Hali-hali bolalarining maktab-kollejdagi bayramlariga moslab she’rlar to’qiydi, To’lqin amakimiz. Hali-hali «Saqqal»(Soqol), deyishadi, bo’yniyu betlarini tikanakday soqol bosib yuradigan Erkin amakimni. Latifa to’qishga usta lekin, shu amakimiz. Bir latifalarki, na yozib bo’ladi, na nozikro-oq davralarda aytib. Yonida o’n minut o’tirganning kulaverib, aft «xarita»si o’zgarib ketadi. Ikki xonaligina uyida ikki qizini uzatdi. Nevaralari bor. Faqat fe’li o’sha-o’sha: kuladi, kuldiradi, to’ylarda to’yvolib o’yinni qizitadi, mushtlashadi, qarz so’rab kelganga bisotida borini bervorib, o’g’lini do’konga zuvillatadi: «…go’sht bilan guruch opke, bi-ir oshxo’rlik qilaylik! Ha, “temir daptar”ga yozdiruvir. Bitta qip to’laymiz, nasib»
Kattalarimizning ta’biricha, «sira kattarmaydigan» bu amakim juda kech ko’chib chiqqan, ota uyidan. Momom, ana ketdi-mana ketdi, bo’p yotgan joyida ham aytib-aytib qo’yarkan: «…Erkinga uy qilishimiz keragidi-da… Erkinga vatan tiklamadik-da…»
Tavba-tavba, «onalik saodati» shumi: dard tutib, jonidan jon ayirib tug’ish, dardlardan opichlab odam qilish, dardmandligini yashirib bolalari ko’ziga masrur ko’rinish, axiyri darddan guppa yiqilganda ham o’zinimas, o’zlarini allaqachon eplab-seplab ketgan bolalarini o’ylay-o’ylay, ko’zi orqada ketish?.. O’nta bolasi… o’nta dardi — o’nta «saraton»i edi, momomning. Yetmaganday, yo’qchilik bir «saraton». Yo’qchilikdagi ko’pchilik bir «saraton»… Baridan beziblar ketganda nima qilarkin? Borib boshini qayerga urarkin?..
Oltmishinchi yillar(etmishinchimikan yo? Saksoninchidir, ehtimol?). Yoz chillasi — saraton(!)da, choshgoh palla qishloq ko’chasining o’rtasida bir ayol ketib boradi: ko’zlari qizargan, uzun sochlari to’zg’iq, kiyimlari ko’rimsiz, unniqiblar ketgan… Ko’cha-ko’yda odamlar siyrak. Bitta-yarimta duch kelgani ham chetlab-chetlab o’tardi. Yoshi ulug’roq, kayvoni bir ayolgina chetlamadi:
— …Hay-hay-hay, kelin, bu nima ahvol? Tinchliqma? Sizdan so’rayappan, hu-uy?..
— Meni to’smang! To’smang meni!..
— Xo’-o’p, gartdak hovuringizdan tushing, aylanay, nima bo’ldi o’zi? Qayga ketyapsiz? Hech bo’masa, shuni ayting?
— O’ldiraman! Otaman!
— Ebiy, o’lay… Kimdi? Nimaga?..
— O’zimdi… Narpayga otaman(Narpay — Nahripay kanali. O’tgan asr boshlarida qazilgan. Kattaqo’rg’onda boshlanib, tumanimizda, Paxtachida tugaydi. Hozir ancha qum bosib, sayoz tortib qolgan)!
— Voy, o’lmasa-am… Hay, kelin? Ha-ay, kelin!.. Menga qarang… Menga qar-rang…
— To’smang, dedim sizga… To’ydim! To’y-yib ketdi-im!.. Qo’yvoring meni, baribir o’zimdi suvga otaman! Qutulaman… Qutulasilar…
— To’t… to’xtang, jon kelin, shu-uncha odamdi isnodga qo’yib… Hay, menga bir qarang-da! Bolalaringizchi?! Yaqinda bo’shangansiz(tuqqansiz), emizikligingiz bor-ku, u nima bo’ladi?! Hech go’rga bormaysiz, qani, yuringchi!..
Rost, go’rga borishiga a-ancha bor edi: o’n bolani tikka qilib, «Qahramon ona» taqdirlanishi, portreti muzeylarga qo’yilishi, alaloqibat oltmish bir yoshida, saratondan tutday to’kilib, yozga yaqin jon taslim qilishi… bor hali. Hozircha esa kayvoni ayol yetovida iziga qaytyapti, chor-nochor. Ko’kraklari simillayapti — beshikdagisi uyg’onganga o’xshaydi…
***
…Mozorotdan chiqayotib, bala-and bir qabrtoshga ko’zim tushadi. Qop-qora marmar qa’rida oppoq sochlari batartib taralgan, kostyumining to’shi to’la orden-medal, arbobnamo qiyofa qarab turibdi: «Shomurat Qaxxorov 1921-1988…» Bugun qishlog’imiz nomini «Xayrobod» yo «Amirobod», deb qog’ozlarga tirkashadiyu og’izda it ham ishlatmaydi, hech qanday «…obod»ni. Ammo Shomurod Qaxxorovni tilga olganimda, qishloqku qishloq, huv, Toshkentning bi-ir burchagidagi badgumon mahalla oqsoqolining-da jag’i jilov uzgandi: «…borganman, ko’rganman. Ta-ak… saksoninchi yillarda. Boy kolxozidi-de…»
Chin, bu odamning yigirma sakkiz yillik raisligida qishlog’imiz salkam shaharga aylangan: madaniyat saroyi, kinozal, kutubxona, muzey, stadion, mehmonxona, ayrodrom, amblatoriya, bolalar lageri, bog’cha, maktab, labaratoriya…
Yetmish to’qqizinchi yilning oktyabrida butun idorasini oyoqqa qalqitib, yig’ilish qiladi. Kotibayu harf teruvchilariga alohida topshiriq yuklaydi:
— …gasnitsa(gostnitsa) oshxonasiga marsh, go’shtdan barak(chuchvara) bukinglar. Tuyaday-tuyaday qip bukmanglar, did bila-an, kichkina-kichkina qip bukinglar!
— Nima gap, rais buva, bilsak bo’lar?, — chuvillaydi ayollar.
— Sharof Rashidov kelyapti, kolxozimizga…
Aytilganidan ham ortiqroq did bilan, chaqaloqning qulog’iday qilib tayyorlashadi taomni. Dasturxonniyam badastir tuzashadi. Borki noz-ne’matlarini to’kib solishadi. Biroq bu Sharof Rashidov deganlari o’ylashaganidan-da «chimxo’r»roq chiqadi: chuchvaradan cho’qilaydiyu choy ho’pla-ab o’tiraveradi. Gurung-purungam bermaydi, odamga o’xshab. «Rahmat»dan boshqa so’zini eshitishmaydi, hisob.
O’sha yili to’yi bo’lgan, kolxoz idorasida yaqindagina ish boshlagan bir mashinistka — harf teruvchi kelinchak, barcha-barchasini qirq yil o’tib o’g’liga — menga so’zlarkan, necha karra «borib-keladi», o’sha kunlariga. Ergashib bormoqchi bo’lamanu o’zaro tafovutning dastlabki burilishlaridayoq uloqib ketaman. Axir unda xotira — voqe’ kechmish. Menda, bor-yo’g’i xayolot. Shu xotiralar ustiga xayolotimni terishga tushaman. Ana endi-i nisbatan yig’iq manzaralar hosil bo’ladiki, taskin topaman. Demak, yozishda davomlashim mumkin.
Shomurod Qaxxorov haqida boshqa yozgim yo’q. Yetar. Mensiz ham u kishi ta’rifida yozilmagan nimarsayu yozmagan kimarsa qolmagandir, bu tevarakda? Yozsam-ku yozgulik nimalardir borday: qandli diabeti bilan olisha-olisha oltmish yettisida yengilgani, o’zini o’zi tomiridan emlab, ishiga shoshib ketavergani, anov qoratoshni keltirib o’rnatgan to’ng’ichi Abdurahmon ham uzoq yashamagani — azboroyi ko’p ichganidan ellikning nari-berisida tamom bo’lgani, odamlar uni «alkash», «tentak» deb mazaxlasa-da bir odatini tan olishlari — har kuni(!), garchi emaklagudek ichgan esa ham onasidan hol so’rab o’tishini, o’lgach, onasining tag’in bir o’g’liyu ikki qizi borligiga qaramay, so’rovchim ketdi-yey, deya go’yandalik qilganini… bafurja, yoyi-ib yozsam bo’ladi.
Gapning gartkami, undan keyingi raisu raisalar, qishloqdagi birgina binoga zeb berib, ko’tarishdi sha’sha’dor qilib — o’zlarining uyini. Maktabu bog’cha o’z vazifasini amallayapti, xolos. Boshqalari: sotildi, yopildi yo shunchaki qarovsizlikda xarobaga aylandi. Shuning o’zi ham Shomurod Qaxxorov shaxsiga yetarlicha «chizgi», deb o’ylayman.
Otasi Qaxxorning ona bir, ota boshqa ukasi bo’lgan. Ibod — Ibodulla(yoki Ibodin). Arab tilini yaxshi bilgani va xofizi Qur’on bo’lgani uchun el uni «mulla Arab», deya alqagan. Va ayni mullaligi «kasri»ga jufti Oyzoda ikkisi it kunini ko’rishgan. Valadlari… Bo’lak yoza qolay.
«Mulla Arab»ning chilimkash zavjasi
Mazkur bobokalonimiz alfozida yarim afsona, yarim chin gaplar yuradi. Afsonasi: Buxoro madrasalarida o’qiganlar… Shunchalar baland jahrda aksa urganakanlarki, qishloqdan qidirib borgan xesh-aqrabo manzilni muqarrar cho’tlashgan: «…a-a, topdik, shu yoqda ekan!»
Chini: o’tiz yettinchi yillar «qama-qama»sida opketaverishgan-opketaverishgan. Zavjasi Oyzoda — momokalonimiz, uyidagi gilamlargacha sotib, opkelavergan-opkelavergan. Bilonihoya, bu koribad o’z ishini qilgan. Bandilikda ichterlamani orttirgan «mulla Arab» qirq-qirq besh yosh miyonasida omonatini Egasiga topshirganlar. Oshxonasi devoridagi teshik-tirqishlarda surnaycha kepatasida o’rog’liq qog’ozlar suqilgan bo’lib, ularda arab imlosida nimalardir yozib-chizilgan ekan. Fahmi ojizimcha, bu qismatga bois — taqvolarigina emas, vallohi a’lam.
O’lgan-ku o’ldi, hisob-kitobi O’ziga ayon, unga suyanib qolganga qiyin, qolganga. Uch go’dagi uch tarafda — ichkari to’la og’iz, tashqarida — qahatchilik, qatag’on… Valadlari beshta bo’lganakan. Ikkisidan buvakligidayoq ayrilishgan: to’ng’ich egizaklarining Zuhrasidan — kasallik; kenja o’g’ilchalari Normuroddan — sakkiz oyligida emakla-ab borib, muloyimgina siyoqda yotgan mushukka teginadi, hayvon-da, sapchib turib yuzchasiga chang soladi… Tamom, momokalonimiz mushukni yomon ko’rib o’tadi. Ko’rsa, quvib soladi.
Katta o’g’illari Neьmat esa, nainki mushukka, oti hayvonning boriga mehr qo’yadi. Shu mehrining haddi a’losi sifatida Samarqandda o’qib kep, moldo’xtir(veterenar) yetishadi. Buniyam o’z tarixchasi bor: ho’kizga omoch ulab, hirgoyini boricha qo’ygan holi yer shudgorlayotganda, ammasi o’tib qoladi, dala roshidan:
— …Ha-a, Neьmat, bu, og’zing quloqda?
— Baxmalga uylanaman. O’zi rozi-i…
— Ebi-iy, ana emasa! Tentakdi tushiga to’rt qarich bo’z kiriymish… Ena-otasini oldidanam o’tdingma hech?
— Yo’q, hali..?
— Ulardi bilasan, osmonlarda yashaydi. Sendaychikin bir eshakli gadayga qiz beradima, shular? Se-en oldin o’qi, odam bo'(l), bir ishdi boshini tut. Keyin gapir uylanishdan…
Bunday gaplar kimning jonidan o’tmaydi. Umidgar banda, onasini sovchilikka jo’natib ko’radi, shunda ham. Ammasining bilgani bilgan chiqadi. Bermasliklarini aytishadi uzil-kesil. Ana so’g’in o’qishga kiradi. Ijara uyida ivirsib o’tirgan kunlarining birida eshik taqqillaydi. Ochsa… Baxmal, ko’ziga qarab-qarolmayapti; yonida… yaqin bir jo’rasi, ishshayibgina turibdi:
— …keldi-ik, jo’ra. Ustidentti ko’rib kelay(l)ik, dedik-da bir. O’qiyvur. Baxmalga biz uylanamizda-a, shuytib.
— Kepsi(z)lar, yaxshi. Tor xonada torig’ib o’tiruvdim o’zi. Yuringlarchi, si(z)larga bi-ir shahardi ko’rsatay…
Registon ko’chalarining bittasida Baxmalni… yetaklay ketadi, qayoqlargadir. Kuyovto’ra bilmay ham qoladi. Xilvat bir joyga eltayotganda, hamsaboqlari to’sadi yo’lini: «…unday qilma!» Baxmal yig’laydi, yig’layveradi… Indamay-netmay, qaytarib obboradi qo’shganiga.
O’qishini tugallab, qishlog’iga qaytgach ham ko’p qiynaladi. Uylanishiyam dardisar bo’ladi: qashshoqlik bir yoqda, «mullaning bolasi» degan tamg’a bir yoqda. Eshikma-eshik raьd javobini eshitaverib, alhami olti bo’lgan onasi — momokalonimiz, ukasining uyiga izillab boradi, oxiri:
— …Neьmatginamga he-ech kim qizini qiymayapti, Ro’ziqul! O’qib keldi, ishlayapti, yana nima kerak bu odamlarg’a, Ro’ziqul? Biz(l)ardiyam ko’kayimizga kun teyib qolar, jigit moli jerda-ku, Ro’ziqul! Sendan boshqa borarim qo(l)madi, Zulayhongdi so’rab keldim, Ro’ziqu-ul?..
To’y o’tib, ammasining kulbasiga kelin tushgan, o’zganing «yusuf»i ila yashay boshlagan Zulayho besh farzand ko’radi. Ular kattarguncha o’zi kichrayib, pardaygina bo’p qoladi. Miskinlikning zil-zambil bir shomida ishidan horib qaytgan o’zganing «yusuf»i gilam yamab o’tirgan xasminiyam o’zgacha Zulayho avzoida ko’radi. Ichi idrab, ovutmoqqa tutinadi:
— …Hammasi oldinda. Shunday o’tib ketmasmiz…
— E-e-e… Asli gaday boy bo'(l)mas!
— Nima deding-nima deding…
Otasidan yemagan kaltakni eridan yeb, o’lasi holda yerparchin yotgan Zulayho shu kunini umrbod unutmaydi, unutolmaydi. Jufti haq chiqadi-da. O’zini o’tga, cho’qqa urib, «Neьmatgina»dan «Neьmatboy»ga do’nadi: buzib qurilgan hashamat uylar, garajda ulov, mol to’la molxona, qo’y to’la qo’ton, cho’rilar, xizmatchilar…
U ham qaytib qo’l ko’tarmaydi Zulayhoga. Aksincha, xastaholligi uchunam ikki hissa mehr qo’yib, avaylab o’tadi. Ajabki, uning manglayiga xastahol, dardmand zaifalarga qarab o’tish bitilgan ekan. Onasi — momokalonimiz ham bu gapga gardan. Uni — «Neьmatgina»sini o’qitish-chun patir yopib, qishloqning eng katta bozoriga poyi piyoda borib sotgan. Qor-yomg’irda boshiga ko’hna kostyumni tashlab olgan. Haftada bir kelib turgan o’qimishli o’g’lini cho’ntagida patir puli, tugunchada zog’ora nonlar bilan jo’natgan. Bozorga borish o’n chaqirimcha, qaytish o’n chaqirimcha… oyog’ini oldirgan, ishqilib. Shuqadar zirqirab og’rigan ekanki, dod-voyi ko’chaga eshitilarkan, momokalonimizning.
Chidolmagan o’g’li qaydandir ilmi zo’r do’xtirni boshlab keladi, bir kuni. Og’riq oyog’ining — o’ng tizzasining «ko’z»ini aylantirib ukol urib chiqqan do’xtir, kerakli dori-malhamni yozib berib ketadi. Og’riq zabtidan tushadi. O’sha do’xtir oxirgi safar kelganda aytadiki: «…bo’ldi, ukol-dori shartmas endi, faqat har-har zamonda bitta popiris(papiros) chakib tursin». Bir muddat chilim qurillatib yurgan momo nihoyati nevaralarini «Astra»ga — papirosga g’izillatadigan bo’ladi. Og’riqdan-ku batamom qutuladi, ammo papirosni to oyoqlarini yorug’ dunyosida yig’olmaydigan qilib, boqiyga uzatgunicha tutatadi.
Shunday qilib, «mulla Arab»ning moxorka isli zavjasi — Zulayhoning ammasi — ayamning maqolchi momosi(ha, Neьmat moldo’xtir — onamning otasi edi) ikkita jahon urushini, ikkita avji qatag’onni, ocharchiligu og’riqlarni, oxirda to’kis turmushni-da ko’raricha ko’rib, sakson to’rt yoshida «cho’bin ot»ga minadi(roppa-rosa 1900-yilda tug’ilgan bo’lib, momonglar yil bilan baravar, derkan «Neьmatgina»si). O’n yil o’tib, o’zganing «yusuf»i-la yashagan Zulayhoning(oltmish yoshida) og’zini tang’ishadi — jigar serrozi. O’zganing «yusuf»i esa: 2007-yil qishida, yarim kechasi, o’rtancha o’g’lining molini ko’rib qaytayotganda, tovuqkatakning eshigi yopildimikan, o’yida tomorqa to’rlaydi va toyib ag’anaydi. Bo’ksasi darz ketadi… Yil o’tib, 2008-yilning qishida, sakson yoshida vafot etadi.
Baxmal… Xudoning bergan kuni eri ichib kep uradi: «qisirsan» deb uradi, boshqasan deb uradi. Befarzandlik malomatidan qutulish ilinjida ikki o’g’il asrab olishadi. Taassufki, ulardan ham yolchimaydi: biri nashavand, biri «shishavand» chiqadi… O’limidan sal avval, ota qishlog’idan kelgan bir ayoldan ko’chada so’rabdi:
— …Neьmat buva tirikma?..
— O’tgan jili jo’q bo’luvdi..?
— …
Shu ayol o’sha so’nggi suhbatchani hamqishloqlariga so’zlarkan, bir hayratini qo’shib so’zlashdan erinmaydi hech:
— Qarrisayam chiroyini jo’g’atmag’andi, rahmatli. Yoshlig’ida qandaylar bo’g’anakan-a…
***
…Uzoq buvam — Neьmat bobomiz xonadonida yana bir momo yurgich edi. Xiragina xotirlayman: bu-urchakdagi xonasiga bukchayibgina kirib-chiqar, gapirmas, biz bolalar, uning hatto rasmiga qarashgayam qo’rqardik — chap ko’ziyu yanog’idagi yong’oqday-yong’oqday norlari, bola qarashimizga qo’rqinchli ko’rinardi.
Keyin-keyin bildikki, u mo’ysafid — Zulayho momomizning onasi Xosiyat momo ekan. Xo’p, nega kuyovinikida yashardi? O’g’li yo’qmidi?..
«Natasha yanga»ning qaynonasi
Eri Ro’ziqul bilan ajrashganda, bolalari kichkina-kichkina edi hali: Risolat, Zulayho, Aliqul. Ro’ziqul-ku Ro’zigul deganiga uylandi-ketdi, ammo Xosiyat er qilmadi boshqa. «Palaxmon tosh»lari borib tushgan yerida palak yozib, o’zlaridan ortmay qolishadi. Aliquli…
Armiyaga ketgan Aliqul o’ris xotin — Nataliya bilan qaytadi, uyiga. Ko’kko’zu sariqsoch «Natasha yanga»ning tiliga tushunishmasa-da dilining tozaligiga ishonch hosil qilishadi, qisqa fursatda. Biroq besh yilcha yashashadi birga. Azboroyi ko’p ichganidan eridan bozillab, yurtiga qaytib ketadi. Emizikli Erkinchasini ham opketadi(yo, alhazar, o’zbekning ichag’onligiga o’ris chidolmaydi! Nimayam derdik, fazilatdan ko’ra illatni o’rganish, o’zlashtirish osonroq).
Ularni opkelish uchun O’rusiya borgan Aliqul qaynog’alaridan ur kaltak-sur kaltak bo’lib, xotiniyu jigargo’shasi o’rniga ezilgan jigar bilan keladi qaytib. Shu ko’yi o’nglanmay, o’ttiz sakkiz yoshida «juvonmarg» ketadi. Shusizam so’qqabosh o’tayotgan, endi yana-da yakkalanib, ado bo’layozgan chechasi ham qaynonasini Neьmat bobomiz ko’chirib keladi, xonadoniga. Osh-ovqatiyu kir-chiridan vaqtida xabar olib, mehr ko’rsatishsa-da bir gapini takrorlayverarkan, bot-bot: «…jantag’am(yantoq ham) o’z elida ko’garsinakan».
Xosiyat checha qarib — Xosiyat momo bo’lganida, qishloqqa tanish kelbatli mehmon doriqadi, o’ris elidan: qo’lida o’g’ilchasi, qabatida xotini. Yo’lda surishtiraveradiki: «…ismim Erkin. Otamni izlab keldim. Ismi Aliqul. Onam yubordi?» Katta hovli bir pasda odamga to’ladi. Olazarak otasini qidirayotgan Erkinga tog’asi Obloqul(Allohquli) anglatadi: «…otang o’lgan, yur, qabriga olib boraman».
So’ng shu tog’asi to’y — jajji «Ilhom»(Il’ya)ning sunnat to’yini boshlaydi daranglatib. Davra o’rtasida jiyani Erkin, atlas ko’ylak kiyib, sirg’alar taqqan o’ris kelin, bir o’yinga tushadilarki…
Keyin suratga tushadilar. Ko’rganman o’sha suratni: hovli, xarrakda Xosiyat momo, yonginasida yolg’izidan qolgan yolg’izi Erkin o’tiribdi, orqalarida o’ris kelin tikka turibdi, bir qo’li momoning, bir qo’li erining yelkasida, boshini xiyol solintirgan, oftobdanmi ko’zlari qisiq… Qaytib borgan o’g’lini eshitayotgan «Natasha yanga» bir o’rinda tang qotadi: «…hozir ham hayotmikan, o’sha ayol? Oy-yoy-yo-oy!»
O’g’lini ko’mgan, chevarasiniyam ko’rgan, kuyovinikida yashagan Xosiyat momo 1994-yilda, sakson yoshlarida safarini yakunlaydi, bu olamdagi. Qachonlardir o’zi bashorat qilganidek, Zulayho qizinikidan — Neьmat kuyovining uyidan chiqarishadi, mayyitini.
O’g’il dog’ida o’tish onasidan — sakson olti yoshida ko’zlari yo’l qarab badar qotgan Umida momodan «meros» ekan, asli. Urushdagi ikki o’g’lining biridan qoraxat, biridan «bedarak yo’qoldi» mazmunli xat olgach, aza ochib, ko’k kiyadiyu… yechmaydi. O’zicha qasd qiladiki, bedaragidan darak topmagunicha yechmaydi! Yozmi-qish, uymi-ko’cha, to’ymi-bayram… shu motamsaro ko’ylagini qo’ymaydi egnidan. Ikki yil shunday yuradi…
Uyda o’zginasi kuymalani-ib tursa, birov chaqiradi. «Tiq» etgan tovushga, «miq» etgan ilinjga mahtal ona hadahalab boradi. Eshikda egachisi, qo’ltig’ida yangi tikilgan ko’ylak, qati’ qarab turardi:
— …Bo’ldi, yech manov ro’dapongni!
— Keting!
— Yech, dedim, senga!
— Keting, dedim, sizga!
— Shundaymi?.. Unda o’zim…
— Yo’q-yo’q… Yaqinlashmang!
— O’rlik(o’jarlik) qi(l)ma, tirik bo'(l)ganda shu paytgacha…
— Ket-t-ti-i-i-ing!
— Hm-m… O’zingdan o’pkala endi.
— Yo’q… Yo’-o’-o’q!..
— To’xta, hay, qayga qochyapsan… Shunchasiyam yetib ortadi… Urush ketgan bir seni bolangmi… To’xta, dedi-im…
Hovli aylantirib quva-quva ushlab, uyga opkiradi. Ustidagi aza kiyimini — «ko’k»ni yirtib-sirtib, yechib otadi. Qo’ltiqlab kelgan ko’ylagini urib-do’qlab kiygizadi. Ammo ichdagi «ko’k»ni — sarg’aymaydigan, qarimaydigan, qurimaydigan, ko’m-ko’k umidni bandasi sug’urib ota olarmikan?! Umida momo o’ttiz yil kutadi yana. Paymonasi to’lib, toza ko’taram bo’lganida ham shivirlaydiki: «…darvoza ochiq tursin! Kep qolar?..»
***
Klub(madaniyat saroyi), kinozal, kutubxona, muzey… xarobalarida izg’iyman. Zax tortib, nurayotgan bu devorlarning kechagi kunlari hofizamda qad rostlaydi.
…Ana, klub: sahnasida «Kulgiminyaturalar» teatrining xassos qiziqchilari, zal zirillaydi kulgidan, qishloq ahli ayniqsa Ergash Karimovdan ko’z uzmay kulyapti;
…Ana, kinozal: sinfdosh oshnalar «Ilonlar vodiysi» degan kinoni nimqorong’ilikda nafas yutib ko’ryapti;
…Ana, stadion: maydon o’rtasida kurash tushishyapti, tribuna to’la odam — Navro’z. Tomoshagoh tep-pasida o’spirin yigitchalar, temir panjaraga suyanib, tik oyoqda turishibdi. Oldilaridan tengqo’r qizchalar o’ta boshladi. Yigitchalar qizchalardan birini — kalta sochini tugib olgan, sport kiyimidagi, oppoq krassovkalisini — «tuxum», deya hazil-mazaxlashga kirishadi. Orasida rangpargina biri ham «tuxu-um», deb iljayadi. Qizcha ikki qadam o’tib-o’tmay taqqa to’xtaydi, ortiga burilish barobarida oppoq krassovkasi bilan uning naq to’shiga, Ronaldo rasmining ustiga o’-o’xshatib tepadi. Gurra kulgi. Qulog’ining ostida shivir: «…qiz boladan tayag’ jeding, o’-o’le-ey-y!»;
…Ana, kutubxona: yaqin orada katta «Kamaz» kelib, ha-amma kitobni opketajagini eshitgan qotma bir ro’dapo kutubxonachi ayoldan o’smoqchilayapti:
— …qayga opketadi?
— Qayga bo’lardi, makalaturaga-da asosan. Qolgan-qutgani tumandagi kollej-maktablarning kutubxonalariga.
— Makalaturada nima qilishadi?
— Tualet qog’ozi qilishadi, bumaga-a… Yetib bordimi?
— Yo’q… Qanday?..
— Uf-f… Suv to’la ka-atta hovuzga obborib to’kiladi, kitoblar. Ilvirab, bir-biriga qo’shilib ketar darajaga yetgandan keyin olib, qayta ishlashadi…
Ro’daponing ranggi battar qochadi. Hovuzda xamirday ko’pchib yotgan kitoblarni ko’z ortiga keltiradiyu… o’g’rilashga tushadi, kitoblarni. Qavat-qavat kiyimlarining ichiga tiqib o’g’rilaydi, kamariga qistirib o’g’rilaydi, derazadan tashlab o’g’rilaydi… Qoniqmasdan, bir-ikki jo’rasiniyam iyartirib keladi, sheriklashib o’g’rilaydi. Orada kutubxonachiga pul ham uzatishadi, imi-jimida: «…kartochkadagi kitoblarimizni «qaytardi» qip qo’ysangiz?» Miyasida birgina xavotir: «…hademay “Kamaz” keladi, ulgurish kerak, ulgurish!» Ulgurmaydi. O’n mingtacha kitobni shu yo’sin, qisqa vaqt ichi o’marib bo’larmidi?
O’zicha kutubxonachini «sotvolib», kitoblarni «ulgurji» tashish payida qop ola kelgan ro’dapo kutubxona eshigida kallasiday qulf ko’radi. Kaftini pana qilib, derazalarga bitta-bitta bet bosadi. Xonalar bo’m-bo’sh, kitobning «k»siyam qolmabdi. «Qachon? Shuncha tezmi?..», o’ylari tugamay, kallasiday qulfga kalla qo’yib, hiqqillayveradi-hiqqilayveradi. Axir, u, maktabdagi oldi-qochdi «dars»lardan, odamni masxaralab et oladigan kimsalardan, o’ylagisiyam kelmay qolgan ertasidan, tirikchilik taloto’plaridan… shu yerda — shu eshik ortidagina jon saqlardi-da;
…Ana, muzey: birda muallimimiz boshlovida, birda o’zimiz borib turgich edik. Ichdan qulf eshigi ochilishining o’zi bir «tomosha» tusini olardi. Chuvillashib baqirib-chaqirishganimizdan keyin yo’tal aralash «Hozi-ir!»ni eshitardik. Rangi zahil, mudroq chol chiqardi ihrab — Qulmat buva. Muzeyning farrosh ham qorovuli, tilmoch ham yasovuli edi, shu chol. Qiy-chuv solib, ichkariga urardik. Bo’sag’ada birrovga tik qotardik. Boshi shiftga tekkuday, sap-sariq, tepakal, kuzalgan soqolli haykal turardi shundoq kirishda — Lenin. Poyidan pildirabgina o’tib, xonalarga «yurish» yasardik. Keli, jodi, oybolta, qilich… amsolidagi eksponatlarning vahmi bosardi, qandaydir. Qishlog’imizdagi «Qahramon ona»larning portreti ham, «mulla Arab» xatm etgan Qur’on ham shunda edi.
Qulmat buva izimizdan tergab yurardi: «…muyumlarg’a(buyumlarga) teyinmanglar, xo’ppa? Kunchkovlik qiganingdi, aytib qo’yay, qamab ketaman, kechasi manovlar tirilib jeydi!» Hech qaysimiz qamalmadik-ku Qulmat buvaning o’zini qo’yib kelishdi(Xudo rahmatiga olgan bo’lsin). Muzey-da ko’pga bormadi. Bir kuni tanaffusda ko’rdikki, shaloq tirkama uning oldida bel bo’libdi. Ustiga «taraq-turuq» ortishardi, ko’hna bisotni. Keyingi tanaffusda o’zi shipshiydon. Eshigida tamba, derazalari mixlangan.
Haykalni qoldirishibdi. Tashqarida yuztuban yotardi. Ancha vaqt shunday yotdi. Bekor yotmadi ammo — bekorchilarga o’rindiq bo’p yotdi. Shuniyam ko’p ko’rishdi, bechoraga, qayoqqadir daf qilishdi. Hafta o’tdimi-oy, daragi keldi — «dohiy» tog’da ekan. O’sha, qishlog’imiz boshidagi Qoratov etaklarida, qirlar orasida yotganini ko’rishibdi. Qorayib-zanglab yotganmish. Yana qay bir erinmagan mardum cho’kich bilan a’zoyi badanini urib, pachaqlab chiqqanmish. Mis bo’lsa sotaman, degandir-da…
Bugunchi?.. Xarobat to’la qo’qim, qadamda oyoqqa ilakishadi. Telefonim ekrani shu’lasida sochilib yotgan gunoh qoldiqlariga ko’z yugurtiraman: «Belaya akula»(araq), «Pulsar»(pivo), «PallMall»(sigaret), «Nur»(“mazali pista”), «Romantik»(“prostoy prezervativы”), ko’rpacha… Ko’rpacha matosida gullar, katta-katta, oq-sariq-qizil gullar… Bosilaverib-ezilaverib, tayin bir tusi qolmagan, uvadarang gullar…
Toza havo, yorug’lik istab, tashqariga oshiqaman. Katta yo’l yoqasida ko’raman o’zimni. Kunchiqarimizda «Dehqonobod», kunbotarimizda «Sultonobod» qishlog’i. Kunbotarga yuraman. «Sultonobod»dagi — chevramizdagi eng katta ham qadim bozor biqinidagi bir tamaddixonaga bosh suqaman. Tepa oshiyonining burchagini, deraza oldini bandlayman. Ko’k choyga qo’shib bundagi yaqin-yiroq o’tmishniyam qaytaraman. Yuz yilcha muqaddam, o’z nomiga monand sultonu amirlar zamonasida bu joylar — yaxshigina qatlgoh ham bo’lgan: o’g’ri-muttahamning qo’lini kesishgan, battarrog’ining boshini… So’ng-so’ng qaynagan bozorga aylangan. Oyzoda momokalonimiz patirlarini shu bozorda sotgan. Hozir ham, mana, cho’tlovchiyu chayqovchining uyasi.
Ammo menga bozorimas, mozori qiziqroq, bu javonibning. Aniqrog’i, mozoridagi yakkash bir mozor. Yakkashki, unda yotganni yotlar ko’mdi, yuvib-kafanlab. Turgan bo’lsa, turbatida tori turgandir. «Kara guz»li yori turmagani aniq, lekin. Tura olsa turadi-da… Bilganimdan kelay.
Yo’lda qolgan tor nolasi
2009-yil. Avji yoz. Tik tush. Silliquritar issiqdan qochib, hamma uyiga urib ketgan. Zog’ ham ko’rinmaydi ko’chada. Xonada o’zim, kitob qarab o’tirardim. Qaylardandir bir tovush… yo’q, xonish kelganday bo’ldi. Uzilib-uzilib, past-baland kelayotgan bu xonishga dastlab parvo qilmadim uncha. Tor jo’rligini ilg’agach, sergaklandim yanayam. Qiziq, bundayi biz taraflarga oralamasdi. Oralaganlariyam onda-sonda, gavjum joylar, masalan, bozorlarda, to’y-hashamlarda birrovga paydo bo’lishardiyu bekorchiga tekin tomosha, bakorchiga dardisar bo’la-bo’la, olarini olgach, qorasini o’chirardi. Aslida ham ular, o’zlaridagi o’sha: doirani daranglatishu surnayini salanglatishdan boshqasiga yaramaydigan, «hunar»lari bilan hisoblaganda ham tiyinga tosh bosmaydigan tomoq telbalariyu qorin qalandarlari, xolos.
Lekin bu xonish… Xonam ro’parasidan o’tayotganda, derazaga shoshildim. 45-50 yoshlardagi, jussasi qoruvli, boshida do’ppi, egnida, shu jaziramaga qaramasdan, qora kamzul-shim, ko’ziga yarim aft-angorini egallagan qora ko’zoynak taqqan bir kishi, ko’ksida tor, kuylab borardi:
«…Nigohi-ing na-ayzadur ola-ar ja-animni,
Gipriging ignadu-ur, to’ka-ar ka-animni,
Bir karab guydirdi-ing xo-onimonimniye-e-y,
Yor, kara-a guzlari-ing na-a ista-ar mannan?..»
Kuylarkan, yon-atrofiga razm sop qo’yar, go’yo kimnidur izlar, kimgadur ilhaqdek umidsaro qidirinqirardi. Biroz kuzatdimu eshikka chopdim. Yo’l-yo’lakay, quruq borsam bo’lmas, andishasida ortga qayrildim. To’g’ri kelgan joyni titkilardim: shkaf, tortma, kiyimlarning cho’ntagi… Ha, essiz-essiz. Bolalikda bir odatim bor edi, qancha topsamam o’sha zahoti bir qutichaga solardimu, huv, burchakdagi lo’lisandiqqa tiqib qo’yardim. Yig’averardim, yig’iverardim va «boyiganim» sari o’zimcha «tujjor» rejalar tuzardim. Ko’pincha umuman boshqa narsalarga sovurib yuborardim, ammo.
Indallo, «narzu niyoz»ga arzirli vaqo topilmagach, yo’q tortib ketmaydimi-yey, deb ko’chaga uchdim. Bu fursat ichida tinchib qolgan xonish haqida o’ylarkanman, xayolimda, u, boshqa-boshqa ko’chalarga oralab, uzoqlashib ketgandek edi. Chiqsam, xayriyat, ko’chamiz boshida, yo’l girdida yotgan beton ustida, qator ekilgan teraklar panasida o’tirardi. Ko’cha, o’sha-o’sha, faqat sal nariroqda, ariq bo’yida cho’nqaygancha telefon chuqalab o’tirgan hamsoya bolakayni aytmaganda, kimsa ko’rinmasdi.
Istiholayu ikkilanishlar bilan borarkanman, u ham menga manglayini tirishtirgancha qarab o’tirardi.
— …Assalomu alaykum… aka. Xush kepsiz. Charchamadingizmi?
— Vaalaykum assalom, inim… Rahmat.
— Men… ovozingizni eshitib… kelyatuvdim.
— Rahmat, inim, rahmat! Do’g’risi, ino bu go’chadanam xopo bo’lib getyatuvdim. Hov, bu yona o’tirchi, avval donishsak…
Abdurazzoq ismli bu odam Xorazmning Shovotidan bo’lib, maktabni bitirgach, «soz sirlarini bilgali» Xiva madrasalariga otlanibdi. U yoqdagi tahsilining ham tagi ko’ringach, shu bilgan-o’rganganini kifoya sanab, torini olibdiyu «endi mani ishim el ichinda, sazimni sayratishu dillarni yayratish», qarorida xalq xizmatiga sho’ng’ibdi. Elining qayerida, qanday to’ymi-ma’rakasi chiqsa, bepaysal boribdi. Baqavlihol xojatbaror bo’libdi.
Shunday kunlarining birida onasi uni chaqirvolib, o’sha azal mavzusini ochibdi: ko’nglingda birortasi bo’lsa, ayt? Bo’lmasa ham ayt, mana, bizda bor!
Ko’nglidagini aytibdi. Do’st-dushmanga birday totuvli to’y o’tibdi. Uyog’i: turmush, bolalar, ro’zg’or…
Lekin taqdir bu baxshivor boshga ham sinovini solibdi. O’ziga bino tugul qasr qo’yishsayam kam ko’radigan taltayma bir tannozga yo’liqibdi. «Tomosha» odatdagicha kechibdi: omonat «oh»lar, so’qir «voh»lar, uch yillik uloqish, sozi bilan so’ppayib qaytish…
Qaytishga qaytgandiyu endi unga ko’zi uchib turgan kimidir qolmagandi. Ajrimdan keyin ayoli ko’pam boshi ochiq yurmapti, xudojo’y bir kishi og’iz solibdi. Bir etak nonxo’ri bilan qayoqqa, qanchalik sig’ishini bilmay garang qotgan juvon ham ortiq ohanjamasiz tegibdi-ketibdi. Onasiga esa og’irlik qipti, bu sharmsorlik. Ko’tarolmay ketibdi, manguga. Oshna-og’ayni, qarindoshlar ham, tabiiyki, nari tutibdi o’zlarini. Ota hovlisi ham ko’p huvillamapti, allaqachon «egasi»ni topgan ekan.
Nafsilamri, bedananing uyi yo’q, qayga borsa «bitbildiq», bo’pti. Eliga ortiq sig’masligini fahmlab, egik boshi engan tarafga ketaveribdi. Birgina sozi hamroh bo’lib, mana, necha zamonki, tob berib kelayotganakan.
—…Shunnan bari o’n yil o’tdi. Alimda torim, yurt gezi-ib yuribman-da. O’zbekistonni man bormagan tupkasi, sazim cholinmagan chakkasi qolmadi, hovva-a…
— Xorazmchi? Borib turasizmi?
— E, inim, onadan gina qilib nera borasan! Go’rdim: Samarqandu Buxorosiniyam, Toshkentu vodiysiniyam… Dim yaxshi. Faqat shu Xorazma, uyina miymon galsayam sakrab o’yina dushib getajak adamlarina xos nanidir topmadim, topa bilmadim… Borib durjakman, ammo Shovotamas, yovuq bir joyina.
— Nima… birorta tanishingiz…
— Yo’-o’q, inim, aytdimku, donishlar mannan alini yuvgan, dab… Yoshulli bir onaxonnikina. Bir-ikki safar uylarini oldina o’tirib, nafas rostlab adim. Guzati-ib, eshiti-ib yurganakan. Ina bir guni tollari soyasinda haz ati-ib dursam, galdi. Salom-aliknan keyin bir juft suvora guyladim. Tebranib-tebranib eshitdi. Keyin muddaosini sulladiki, suyimni yo’qotdim: mani o’zina «o’g’il» atmoqchi akan. Har necha uzrim ish barmadi. Qarab dursam, tiz cho’kib, tavallo atajak. Nima, man… Xudomidimki, yoshulli bir bandasini tiz cho’ktirib, tavallo atkizsam! Shusizam bir ona norizo getdi mannan… Xo’p, dadim. Hov, shunday suyundi, shunday suyundi-i… Ichona boshladi.
Gunlar o’tdi. To’ylara borib-galib yuravardim. Hammasi joyina adiyu oqshamlari onaxon… go’rinmiy-go’rinmiy qolardi-da. Ha ona, dasam, xo’rsinardiyu indamasdi. Bir oqsham izina dushtim. Hovli chetina bir xona bor adi. Dishinnan ajuva gurinardi. Ina shuni ichina kirib yo’qoldi. Man ham shoppa kirib bordim. Onaxon devora yolposhib qoldi. Boqsam, do’rdagi teraza tayinda bir qiyz o’tiribdi: sachlari parishon, ranggi solqi… «Kasalvand akan-da, monglayi qara», dab tursam, onaxon tizzama yopishdi:
—…kasalvandmas, ayaqlarini ozroq bosolmiydi. Uylan shu qiyzima, janim bolam, uylan shu qiyzima-a?..
Endi man yolposhib qoldim devora. Qiyz yig’lamas, ammo guzlari-i…
— Sherbek, hay, Sherbek? Garang-parang bo’p qoldingma, ha-ay!, — deya chaqirgan ayamning ovozidan gurungimiz bo’lindi.
— Nima deysiz?, — istamayroq javob berdim.
— Ko’rmayapsanma, ariqqa suv kepti. Makkayi(makkajo’xori)lar qaqrab ketgan. Tez bo’l, ketmondi olu suvdi boshqar ichkariga!, — dediyu uyga qarab ketdi.
— Obbo-o… Hozir shu shartmikan?, — g’o’dranib qo’ydim.
— Unday dama, bor, — piyoladagi choyini bo’shatdi(choynak-piyola opchiqqandim orada).
— Ulguraman, siz bemalol…
— Yo’q, inim, man endi turay. Yo’la dushishim garak, — torini olib qo’zg’oldi, — Xudo xohlasa, go’rishajakmiz.
— Lekin… Xo’p, unda uyga kiring? Mehmonimiz bo’ling? Yo’q demang endi, aka?.., — nimagadur xayrlashgim kelmas, bu dardchil darbadarni ko’p-ko’p tinglagim kelardi.
— Xo’p, inim, xo’p. Ammo boshqa safar… Hov, onangni o’zi suv ochajak o’xshiydi. Bor. Manam boray, gutyapti axir. Omon bo’l…
«Kutyapti»? Kim kutyapti? Kimni kutyapti?.. O’ylarim yana jaranglay boshlagan tor ovoziga uyqashib ketdi.
Bir necha oydan so’ng, Ramazonda ko’rdim. O’sha-o’sha: do’ppi, qora kamzul-shim, yarim yuzlik ko’zoynakda. Qo’shnilarimizdan birining darvozasi oldida, to’nkaga o’tirvolib kuylardi. Atrofida o’tin maydalayotganlar esa bir bo’zarib, bir gezarib qarab qo’yishardi unga. Ikkita qo’shiq aytdi yo yo’q, seki-in turdi to’nkadan. Oshnalarim kelgani bois bu gal chiqmadim. Derazadan kuzatib turaverdim. Oshnalarning ham diqqati ding ekan:
—…e, huv o’sha hofiz akamasmi, bu? Ha, xuddi o’zi… Senam bilasanmi uni?, — so’z qotdi biri, yonimga kelib.
— Ha, sal-pal, — derazadan ko’z uzmasdim.
— Qiziq odamakan. Ko’zidagini sira o(l)maydi. Ko’rmi, deb o’ylaysan. Ovozichi, qaltirab chiqadi qandaydir. Tovba.
— Duosiniyam eshitdinglarmi?, — gap qo’shdi boshqasi. — «Suyganing bilan yasha, bo’lmasa toq o’t!», deydi.
— Seniyam shunday duo qildimi? Senu menga o’xshaganlarning barini shunday duo qilyapti emish, — qo’shildi unisi ham.
— O’zicha pichirlab qo’yadigan tilaginichi, uniyam eshitdinglarmi?, — ijikiladi bunisi.
— «San’atti saqla, Xudoyim», deyishinimi? Ha, eshitdim. Uning kalimasiyam shuyov, tez-tez qaytarib qo’yarkan, — tasdiqladi unisi.
— Shuni aytey, hayron bo’p so’rabam ko’rdim, nimaga shunday deyvurasiz, aka, san’atkorman degani qo’qib yotibdi-ku hozir, dedim.
— Nima deydi?
— «Shuning uchunam saqlashini so’rayapman-da, Xudodan. Komiljon og’adan, Olmaxon opadan bitta qo’shiq aytolmaydilaru xorazmchaga havaskor. Qisqasi, san’atimiz jar yoqasida», deydi. Rostdanam qiziq odamakan…
Oshnalar biri olib, biri qo’yib, uni «qalov» qilishayotgan pallada u tobora uzoqlab borar, tori hamohang xonishigina elas-elas kep turardi:
«…Yor, kara-a guzlari-ing na-a ista-ar mannan?»
2011-yilning kech kuzi. Toshkentda, ijara uy shiftiga tikilib yotganim bir kechada, telefonim ting’irladi. Uydagilar: «…anov, xorazmliq xopiz aka boridi-ku, ko’chamizga kep turiydi, shuni bugun katta jo’l(yo’l)da moshin urib ketibdi… Sultonobodliqlar ko’mipti… Eshityapsanma? Alo? Alo-o?..»
***
Daftarlarim orasidan gazit parchasi chiqib qoldi. Yoysam, «Darakchi»ning 2014-yil 6-noyabr sonidan sahifa ekan:
«Dunyoni yig’latgan maktub(O’tgan oyda Tehronda qotillikda ayblangan 26 yoshli Rayhona Jabboriy ustidan chiqarilgan o’lim hukmi ijro etildi)»
Birinchi ustunchani to’liq o’qiyolmadim — yirtiq. O’qiyolganimcha keltiraman: «…Albatta, ayolni mamlakat va jahonning bir qator inson huquqlarini himoyalash tashkilotlari o’lim jazosidan qutqarishga urinib ko’rishdi. Ammo barcha urinishlari besamar ketdi. 2009-yilda chiqarilgan o’lim hukmi oradan besh yil o’tib, poytaxtdagi ayollar qamoqxonasi hududida ijro etildi.
Sud va tergov hujjatlariga ko’ra, voqea 2007-yilda yuz bergan. Rayhona mamlakat huquq-tartibot idoralaridan birining sobiq xodimi Murtazo Abdul Ali…(yirtiq)ga uning uyida pichoq bilan tan jarohati yetkazgan. Oqibatda Murtazo vafot etgan(“to’ng’iz qo’pgan” yoki “itday o’lgan” deyishsa, to’g’riroq bo’lardi — Sh. B). Rayhonaning…(yirtiq) guvohlik berishicha, Murtazo uni zo’rlamoqchi bo’lgan. Qiz faqat o’z nomusini…(yirtiq) maqsadida Murtazoni pichoqlagan. Shuningdek, qotillikda o’sha uydagi…(yirtiq) odamning ham ishtiroki bo’lgan. Biroq sud ham, prokuratura ham, Rayhonani qotillikda ayblash uchun…(yirtiq) yetarli deb topdi. Uning ko’rsatmalariga e’tibor…(yirtiq) va uning…(yirtiq) o’lim hukmi o’qildi. …(yirtiq) Rayhona Jabboriy…(yirtiq) kuni dorga…(yirtiq)».
Buyog’i butunligi-chun sahifadagilarni to’liq keltiraman:
«…Rayhona qatl qilinadigan kuni internetdagi Facebook ijtimoiy tarmog’ida onasiga o’zining vasiyatini yozib qoldirgan. O’tgan haftada Day.az elektron nashri xatning to’liq matnini e’lon qildi:
“Onajon!
Bugun oqshom meni qatl etishlarini eshitdim. Ha, bu kun kelishi aniq edi. Bu kunni men yetti yil azob va iztiroblar bilan kutdim.
Men bu dunyoda atigi 19 yil yashadim, xolos. Umrimning qolgan yetti yili hibsda, to’rt devor orasida kechdi. Buni hayot deb bo’lmaydi. Aslida men 7 yil avval o’lib ketishim mumkin edi. O’sha mash’um tunda meni o’ldirib, qay bir chohga tashlab ketishar, oradan bir necha kun o’tib, politsiya o’ligimni topar, ekspertiza meni zo’ravonlik qurboni bo’lganimni isbotlar va siz ham bu mudhish haqiqatdan xabar topar edingiz.
Qotilni biribir topa olishmasdi. Siz esa bir umr armonda o’tardingiz. Va qachondir bu musibat, bu dard sizni ham olib ketardi…
Biroq shum taqdirimda boshqacharoq qismat bitilgan ekan. Yaratganning menga atagani shu ekan. O’limdan keyin ham hayot davom etishini siz mendan ham yaxshiroq bilasiz.
Onajon!
Esingizdami, o’quvchilik paytimizda siz bizni har qanday vaziyatni bosiqlik bilan qabul qilishga, o’zimizni chinakam xonimlardek tutishga o’rgatgan edingiz. Bu tarbiya meni muqarrar halokatdan asrab qololmadi.
Sud zalida mening ustimdan sovuqqon jinoyatchi sifatida hukm chiqarishdi. Men sud zalida boshimni egib tavallo qilmadim. Ko’z yosh to’kmadim. Qonunga bo’ysundim.
Ha, meni qotillikda ayblashdi. Onajon, axir siz meni tuqqansiz, men hatto chivinni ham o’ldirolmasligimni bilasiz-ku!
Aziz onajonim!
Sizga iltimosim bor. Bu sizdan, bu yorug’ olamdan, bu mamlakatdan so’raydigan yagona iltimosim. Onajon, faqat yig’lamang va bu vasiyatimni bajaring.
O’lganimdan so’ng vujudim chirib, ko’zlarim, yuragim, buyragim, o’pkam va boshqa ichki a’zolarim tuproqqa aylanib ketishini istamayman. Axir ayni lahzada ham qanchadan-qancha insonlar o’lim bilan olishmoqda. Iltimos, tana a’zolarimni ularga in’om eting. Toki mening o’limim beiz ketmasin.
Onajon, hayot bizni sevmadi, bizni siylamadi. Men ishonaman, boqiy dunyoda o’sha inspektor, o’sha sudya, o’sha qoralovchilar bilan uchrashamiz va ular ana o’sha onda o’z qilmishlari uchun tazarru qilishadi, ammo unda kech bo’ladi.
Qadrdon onajonim!
Hozir o’lim oldidan sizni ko’rishni, bag’rimga bosishni shuqadar istayapmanki!
Inshoolloh, mahsharda siz bilan diydorlashamiz.
Baxtiqaro qizingiz Rayhona…”»
Dunyo yig’lagan bo’lsa yig’lagandir, buni o’qib, ammo ularning o’zi — mahkumalar yig’laganmikin? Yo’q, ularning diydasi tosh, demoqchimasman. Balki ularning idroki biz «ozod»u «oppoq»larnikidan ancha-muncha farqlanishini aytayapman. Biz sho’rqillab eshitgan narsani ular kulib so’zlashi yo aksincha og’zimizning tanobini qochirgan narsaga uvvos solishlari hech gapmas. «U yoq»dan eson-omon chiqishgan taqdirlarida ham ichkin zindoniy zillatdan qutulolmay o’tishadi. Tashqarida esa tamg’a — «o’tirib chiqqan».
Bularni qay bir kitobmi-kinoga taassuban valdiramayapman. Shunday bir sho’rpeshona sohibasi olamida keragidan ko’proq yashadim. Goh jinko’chalarga bo’linib, kishini tentiratadigan, goh janggohga aylanib, har yoqqa mahobat soladigan bu olamda o’tgan har kunning o’zi kitobu kino bo’lgulik. Qani unga qunt, qavl?.. Boricha yozish tusovida bir-bir xotirlayman o’sha kunlarni, qaytadan «yashayman»…
«Karvon» kampirning mushuklari
Meni bu: sirtdan ko’rimsiz, uzoq yashab bo’lmaydigan darajada notinch tuyuluvchi, sharoitlari shahar nomiga isnoddek ahvoldagi boshpanaga ilk da’fa Akbar degan do’stim, 2011-yil iyulining o’rtalarida boshlab borgandi. Do’stim talabalik otlig’ zanglamas davrdan endigina qutulgan, men esa abituriyentligimning achchiq ichakday cho’zilgan besh yilligidan qutulib, endigina talaba bo’lish arafasida edim.
Tushga dovur «Talabalar shaharchasi»ni keza-keza qo’nimgoh topmadik. Shunda do’stim: «…Qoraqamishda bitta joyni bilaman. Kursdoshlarim turgan edi. Bir-ikki marta borganman. Hovli. Kvartirant ko’pidi lekin. Boraylikchi, xay. Kanikul-ku hozir», deb qoldi. Iloj qancha? Issiqda, to’rva-xalta ko’tarib yurish ham jonga tekkandi. Do’stimga «dum bo’lib» boraverdim. Yurishdan armon qolmadi ammo: chorrahalar, burilishlar, kesib o’tishlar, yo’laklar, ora ko’chalar… Berk bir ko’cha adog’ida to’xtadik. Ikkita darvozacha turardi. Biri temir, biri yog’ochdan. Yog’ochining qo’ng’irog’ini bosdi, do’stim. Sun’iy bulbul «chax-chax»i ke-etdi, ichkariga. Laycha akkilladi. Ketidan erkakshoda tovush keldi: «…pashol!»
Eshik ochildi: kalta ham siyrak sochlari xinoga bo’yog’liq, yuz-ko’zlariga ajinlar ayovsiz chang solgan, qo’lida tutab turgan sigaret, oyoqlari ostida oq-qora-sariq-kulrang o’ntacha mushuk va bitta paxmoq, qop-qora, jingalak junlari orasida tugmadek ko’zlari zo’rg’a ko’rinadigan pudel kuchukcha, ellik besh-oltmish yoshlardagi kampirsho qoyim bo’ldi bo’sag’ada.
—…va-ay, Akba-ar, sanmisan! Vaaleykum assalom… Hi-i… Keliyla(r). Qo’rqmiy kiruvriyla(r), tishlamiydi kuchuvim. Hidlab qo’yadi, prosto… Pashol, Shahlo, idi na mesto!..
Kirdimu… yetti yil qolib ketdim, o’sha yog’och darvozacha ortida. Kirayotganimda, haytovur, kimdir bo’lish ishtiyoqida yonardim, menga ishonishardi va men ham ishonardim, ko’-o’p narsalarga. Chiqayotganimda, aytarli hech kim edim. To’g’ri, qaydadir chang bosib yotgan esa-da universitet diplomim, hovuchgina bo’lsayam gazit-jurnalda ishlab orttirgan tajribayu tanishlarim, besh-o’nta maqolabitish nimarsalarim hamda o’qisam-o’qimasam optashlangan kitoblarim bor edi. Baribir o’zimni keraksiz va har kimsa baloday eplab yurgan yashashni ham eplolmayotgan nusxa, his qilardim. Ko’zlardagi umid o’rnini xafsalasizlik, yuzlardagi tabassum o’rnini esnoqlar egallagandi. Vaziyat taqqoslarda yanayam oydinlashadi. Inchinun, meni boshlab borgan, birga-birga kirgan o’sha do’stim — katta bir tashkilotning ishonchli ishchisi, besh yashar polvonchaning otasi bo’lib ulgurgandi, chiqayotganimda. Ha, teng-to’shlarim nima qilsa qilishgan, ishqilib, «yog’och darvoza»ni yorib chiqib keta olishgan, evaziga el-urug’, xotin-bola-chaqa, oshna-og’ayni ichra umrguzaronlik qilishardi. Menchi: Yassaviy, Kafka, Chexov, Dostoyevskiy, Mushfiq Kozimiy, Sa’dulla Vannos, Kamyu, She’roziy, Akutagava, Navoiy, Markes, Yavdat Ilyosov, O’rxon Pamuq, Chori Avaz, To’xtamurod Rustam… so’qmoqlarida telvakezik tentirdim…
Xonalar kimsasiz, ijaradorlar ta’tilga ketishgan ekan. Kiraverishdagi shifti past xonachaga joylashdim. Do’stim ertasigayoq ketdi uyiga. To’rdagi kravatda, nima qilarimni bilmay serrayib o’tirganimda, tavaqalari lang ochiq deraza tashidan tamakisini bo’rqsitib kelib, gapga tutgandi, kampirsho:
—…Laringitiy bo(r)mi?
— Bilmadim… Menimcha, bu yod tanqisligi… Keyin kamqonligimdan…
— Hi-i… Baribir buqoqqa o’xshiydi. Bo’gandayam erkagini orttiribsan: shunaqa bo’li-ib organizmdagi bor vitamin, kaloriyalarri o’ziga tortuvradi, yegan-ichganiyni yuqtirmiydi.
— Balkim…
— Do’xtir-po’xtirga ko’ringanmisan? Dori, ukol-pukol, deganday?..
— H-ha-a… Bir paytlar boruvdim. Nimayamdir dori yozib bergandi. Ichuvdim. Shu…
— Hm-m, o’z voxtida seryozniy qaramgansi(z)la(r)-de, mana, oqibat. Turishiyni qara, shunaqayam ozg’in bo’ladimi, yigit kishi?!
— E…endiyam kechmasdir?..
— Nu, da. Voxting bemalol bo’gan biror kunni etsang, birgalashib bir tabibnikiga o’tib kelamiza. A tak, endi normalniy qaratmasang bo’miydi. Opasniy narsa bu, nafasiyni siqib-siqi-ib boradi-de, yurakka bitta press beradi — vsyo! Ponel?
— Ihm, bo’pti, biror kun o’tib kelarmiz… xola…
— Kakoy «xola», hamma qatori «Gulya opa» deyvur. Shunisi udobniy…
O’tib kelmadik tabibga. «Tabib»ning o’zi kelib o’tgandi. 2013-yilning sentyabrida, uchinchi kursni e-endi boshlagan kezlarim. Kunduz to’rtlarda kelib edi. Gulya opaning guldirab chaqirganiga chiqib borsam… Sherqo’zi G’oziyev turibdi, ko’chada.
—…Qani, qo’lingni berchi? Hm… Buyragingda biroz tuz yig’ilgan, saxarning joyida… Og’zingni ochchi, tilingni chiqar, yana… Xo’-o’sh, bo’ldi. Tomog’ingni davolasa bo’ladi, bir-bir yarim oycha vaqt ketadi… Tomir urishingni ko’raychi… Hm-m… Yuragingda siqiqlik bor ekan. Hammasi asabdan. Ko’p o’ylanasan, shekilli?..
Gulya opa gap qistirdi:
— Ha, voy, so’ramang. O’tgan kursda fanlarini yopo(l)magandi-de, shunga o’ylanvotti.
Kulgim qistadi.
Taniqli «tabib» dori-giyohlarni og’zaki ayta ketdi:
— Xo’-o’sh, eng birinchi navbatda Chorsuga borib, shotut sharbatidan bir litr opkelasan-da xolodilnikka qo’yib qo’yasan… Yo’q, ichmiysan, o’zim surgidori tayyorlab beraman, tabiiy, shunga kerak…
«Tashxis» tugagach, ozroq valaqlashdik, u yoq-bu yoqdan: to’rtta o’qishni tamomlabdi — jurnalistika, san’at, soliq, iqtisod.., dedi adashmasam. Tibbiyot — bobomeros kasbi ekan. Shunga yillab maxsus kurslarga qatnabdi. Hozir qo’lida Tibet tibbiyot akademiyasining tasdiqnomasi bormish. Qolaversa yigit kishiga yetmish hunar ham ozmish.
Tim qora uloviga yastanib o’tirarkan, nima bo’lgandayam davolanishim kerakligini, ayniqsa soham shunga — asabga bog’liqligini, ya’ni nimadir yozib-chizgan odam, albatta, o’ylanib-siqilishini uqtirdi. Kasbdosh ham «adash» ekanmiz-da, deb alqagan bo’ldi. Ertalab sakkizlarga uyiga o’tishim mumkinligini ayta-ayta ketdi.
Ertasiga ham, indiniga ham… bormagandim, hech yoqqa. Avvalo «surgidori»ga ehtiyoj sezmayotgandim, keyin… kech yotardik juda. Kundalik «sahna ko’rinishi» — ichkilikbozlik tomoshalari sabab. Shunday. Kampirshomiz ichishniyam «qoyillatardi». Uncha-munchaga mast bo’lmasdi. Mast bo’lsa-a… «alamzada ritsar» bo’lib, duch kelganga «ot solib» qolardi. Biz ham, eh-he, adadsiz quvg’in bo’lganmiz uyidan. Kunduzi bir navi-ku, yarim tunda ko’ch-ko’ronni yig’ishtirib, badarg’a bo’lishning «gashti» bo’lakcha-da.
2012-yil, 31-iyul. Yiqila-yiqila, yettinchi marta o’qishga kirish ilinjida Toshkent borgan jo’ram(o’sha — rahmatli bobom, qazosidan ikki kun burun meni so’ragan, jaydari jo’ram) bilan allamahalgacha «kalla» izlab, shaharda daydidik. Topdik ham. Gaplashib-kelishib-tayin qilgach, qaytayotib qornimizda ochlik «yakkaxon kontsert» boshlaganini payqadik. Yemakxonalar yopilib bo’lgan, birda-yarimda uchragan do’konchalardan kolbasa, non-pon olib, yog’och darvozachimizga keldik. Hovli chiroqlari yoniq, vodaprovod shildirar, tungi «tomosha» pardalari endi-i ko’tarilayotgandi. Kayfi taraq xo’jaykamiz eshikni ochishi hamono:
—…qattan kevotganlariyni bilaman, borlaring, topgan qanjiqlariyni qo’ynida yotuvirlaring!, — desa bo’ladimi. Kulishga hol, yig’lashga haq qani-da. U desak bu, bu desak u. Muddao ma’lum: quvib solish. Romitondan, imtihonoldi o’g’liga harna dalda uchun kep turgan basavlat bir amak ham bor edi. Mojaromizdan chiqib keldiyu oramizga tushdi:
— Shu mahalga bachalar qayga borade, apa, unnay qilmangey?
— Siz, ukam, vo-opshim aralashmang!, — tutaqdi kampirsho.
Ketishga chog’lanayotsak, xo’jayka xoliga imladi o’zimni. Bordim. Sekin shipshidi:
— San qoluvir, anuvga etvomman hammasini.
— «Anuv» menga ishonib kep o’tiribdi, qishloqdan. Erta yuz ko’rishishimiz bor. Gapim shu: qolsin yo birga ketamiz.
— Shunaqami-i?!, — qaddiyu ovozini tikladi. — Kechdim sandan! Qarg’iyman… Vot, imenno qarg’iyman! Iloho omin, xudoyo xudovondo.., — qiblaga yuzlanib, kaftlarini ochdi. Ohista borib, yelkasidan quchdim:
— Qarg’amang, Gulya opa, qarg’amang! Onamday bo’p qolgansiz…
Jimgina qo’llarini tushirib, o’grildi ortiga:
— Odamla(r) bor-de, bo’masa-ku-u shun-naq-qa urardim sani!, — qahrmas mehr ufurardi endi ovozidan.
Yelkamizda yukxaltalar, qorong’ilikka singib borarkanmiz, yog’och darvozachasini yopayotgan Gulya opa poyidagi mushuklariga gapirardi:
— Ana-a, Sherbe(k)niyam haydavommi-iz. Bo’ldi, kir-kir, kelovir…
Butkul haydalganlar ham kelib turardi. Jilla qursa, telefonda hol-ahvollashishni kanda qilmaydi. Ayuhannos solib, janjal bilan ketganlari-da ko’ngil uzib ketgan emas.
2014-yilidiyov. O’qishini besh-olti yildan beri bitirolmayotgan, og’zining «shlagbaum»i yo’q, domlasiyu dekanini oshirib so’kavergani uchunam talabaligi tugamayotgan, tuz-qalampir yigit keldi ijara turishga. Ishdan qochmasdi, ammo: yuk tashishmi u, o’ra kovlashmi u, dehqonchilik… farqsiz, ketaverardi, ish kiyimlarini olib.
Bir gal bizni — to’rtta «tiriktovon» xonadoshni — ham olib bordi mehnatga. Kallai saharda turib ketgandik, beshovlon: O’tkir(kursdosh-qadrdonim), Mirtemiru Madaminjon(jigarlar — madaniyat kolleji o’qirmanlari), men va u. Kelishilgan joyga qo’shsha «Damas» kelib opketdi. Qozog’iston chegarasi tagidagi bir fermerning yeriga borib tushdik. Kechgacha kechgi kartishkani yig’ib-terdik. O’-o’, mehnatda qulfi-dili ochilarkan-da uning: hali qo’shiq aytgan, hali mashhur kinolarimiz qahramonlariga o’xshatma qilgan…
«Zil»ga qoplarni ortib jo’natgach, o’zimiz ham jo’nash taraddisiga tushdik. To’rtovimiz yuvinib-qoqinib tursak, baqir-chaqir qo’pdi. Uning ovozini tanidik. Kimlar bilandir talashib-tortishardi, namozshomda: «…lafz bormi, aka, lafz!» Murosaga kelishdi, chog’i, tinchib qolishdi. Oldimizga keldi:
— Mana, sanab olinglar. Besh ming kam beramiz, deb qoldi. Shunga qop ketdim.
«Damas»da qaytyapmiz: shofyor yonida u, o-orqada biz. Salon chirog’ida yuz-ko’zlarimizdagi unsiz charchoq yanayam yaqqolroq akslanadi.
— Ha, Sherbek, jimsan? Charchadingmi?, — peshoynadan qarab so’radi u.
Nimadir deb g’o’nqilladim. Ta’bi tirriq bo’lib, sigaret tutatdi. Yomg’ir shig’alab urardi. Oynalarda oqib tushayotgan tomchilararo yo’lga qarab borardik.
— Ka-ayf havo bo’lopte-a, aka?, — qadrdonim O’tkirning pishangidan o’nglandim. O’ylarimni so’yga evriltdim:
— Ha-a… Shu ketishimizning o’zini kinobop nimadir qilsa bo’ladi. Erkin A’zam asarlariday, masalan.
— Hm-m… No buning uchun Erken A’zam bo’lesh kerak!
— A-a, shartmas kimdir bo’lish. Misol uchun aytdim, — bu gapim bo’g’zimda aylangandimi, og’zimda, eslolmadim.
Ijaragohimizga keldigu yeganimiz medamizga tushar-tushmas, shilqqa cho’zildik. Itday charchagan esak-da dimog’imiz chog’ edi… U charchaganga o’xshamas, devor ortidan shovuri zambarakning o’qiday kep turardi. Kimnidir telefonda bo’ralardi:
—…uv, hozir topib borib, shun-nday qilaman lekin, bir hafta pashshaga talanib yotasan!
Uning bisotida bunday «Toshpo’lat tegmagan» so’kishlar serobidi. So’kishga tushsa, hatto xo’jaykamiz jimib qolardi. Bir qozonda ikki «qo’chqor» kallasi qaynamasligi rost chiqdi. Kampirimiz unga-da «haydalish kuyi»ni chaldirish-chun payt poylardi. Topib-tutdi ham, paytini.
Odaticha horib-to’kilib, kech keldiyu xonasida televizor ko’rishga yotdi. Yarim soat o’tdi, bir soat… Kampirimiz shahd borib, kirdi xonasiga:
—…hi, bu nima yotish? Mundo-oq oshxonaga o’tib so’rashmiysanmi, keldi-im, deb qo’ymiysanmi?
— Kelganimdi ko’rmadingizmi, xona sveti yoniq-ku, bo’ldi-da!, — chirsilladi u ham.
— Tushunmadim?! San o’ziydan ketvossan, cho-ta. Anuv bollarimchi, daje tualetga siygani ketvossiyam manga aytib o’tishadi, Gulya-pa-a, siygani ketvomma-an, deb. Sani ketganiyniyam bilmiyman, kelganiyniyam. Oshxonaga borsang, nima, cho’chog’ing tushib qoladimi?
— Charchaganman, Gulya opa, sizam asabga o’ynamang-da! Nima endi, gazxonaga borib, pishaklaringizga qara-ab o’tirishim kerakmi?!
— Voy, san hali mani mushuvlarimmi… Uh, bo’ldi, chiqib ket! Ho-ozir ket! Puliyni qaytaraman, dalniy moment. Vsyo, vo-opshim yoqmading manga!, — gursillatib eshik yopgancha, oshxonasiga oshiqdi kampirimiz.
— E, sizam menga yoqmadingiz!, — narsalarini yig’a ketdi uyam.
Ketgach, kampirning unga bag’ishlov «og’zaki ijodi» kezdi hovlida, bir muncha vaqt. Yo’q, izsiz ketmadi, har-har zamonda, kunduzlari ikkovining oshxonada ulfatlashi-ib o’tirganini ko’rardik: kampirimiz kreslosida, u taburetkada, stol ustida pivo, qurrut, sigaret… ostida laychayu mushuklar…
«U» deyman nuqul, ismi nima edi-ya? Uvvalo urindim, esimga tushmadi. Azbaroyi Xudo, eslolmadim… Harqalay, qadrdonim O’tkir tirkagan laqabini unutmabman: «Prorab»
Laqab qo’yishda kampirimiz oldida Gibbels(Gitlerning «o’ng qo’li») ham ip esholmasdi, lekinchi: shoirlar — «butilka», rassomlar — «mahliyo», kuy-qo’shiq ishqibozlari — «otarchi», texnika sohasida o’qiyotganlar — «temir-tersak», madaniyat kolleji o’quvchilari — «madaniyat-jalab»… Meniyam birda boplab tanishtirgandi, kimigadur: «…bu Sherbe(k), jurnalist, anaqa, sovol-movol beradigan».
Yozar zotidan uchtasini tanirdi va tan olardi: Qodiriyni — «Otabe(k)», derdi. Asarlaridan ko’ra «o’ziga yarashgan mo’ylovi»ni ko’proq e’tiroflardi; Musa Jalilni — tatar ham «turemshik»ligi tufayli; Oripovni — sigaret bergani uchun… «Rivoyat»i bunday: …78-yilda dugonalari bilan Beshyog’ochda yurgan bekamiz, «Muqimiy» teatri qoshida yolg’iz cheki-ib turgan juda tanish bir istarani ilg’ab qoladi(«…voy, kotta shoirmi? O’zi-o’zi!»). darrov bahs bog’laydiki, oldiga borib gaplashaman, kamiga sigaret undirib qaytaman! Dugonalari kula-kula kuzatib qoladi. Qarab turishsa, qurmag’ur, borib gaplashyapti-yey! Ana, sigaretliyam bo’voldi(«…sizga ochilmaganidan beraman, deb, papkasini ochdi. Vo-o… doda-doda sigaretla(r)! Bir pochka “Zolotaya korona” uzatdi»). Alqissa, «kotta shoir» huzuridan «zafar quchib» qaytgan bekamiz, dugonalari-la ittifoq qiladiki: «Nostoyaщiy poyet!»
O’z davronida shov-shuv ko’targan asarlargayam o’zining o’xshovsiz «yorlig’i»ni yopishtirardi-qo’yardi. Yuqoriroqda yozganim jigarlardan biri — Mirtemir, O’tkirning qistov-qiziqtirishi sharofatiga Odil Yoqubovning «Muqaddas»ini o’qidiyu ikki gapining birida «muqaddas»lab qoldi. Yotvolib ko’rgan hind kinolari hamda o’qiyotgan sohasi — aktyorligini bitta qilib, asarga aralashma xayoliy manologlar so’qirdi: «…o’shanda Muqaddasni bag’rimga tortarkanman, vujudim ana-mana gurillab yonib ketayotgandek qizirdi. O’zini tortsa kerak deb o’ylagandim, ajabo, tortinmadi…» Shunday aljib o’tirganda, «Ona qirolicha»(Gulya opaga o’zaro taqagan «rutba»miz), deraza raxiga tashqaridan kelib, tirsak tiradi:
— Voy, tovba! Nima qildi, manbiga?, — deya mutlaqo jiddiyat ila qarab turaverdi.
—…o, Gulya opa, keling, sizga ham so’zlab beray, muhabbatimni!, — aktyorligini davomladi, Mirtemir. — Muqaddasni yo’l chetidagi o’rindiqda bag’rimga bosgandim, ilk bor…
— Ihi, keginchi-kegin?
— Keyinmi, undan bo’sa oldim!
— Ihi-i… Aytovur-aytovur?
— Nimasini aytay? Qochmadi ham, quvmadi ham… Nahotki… nahotki, u ham meni sevgan bo’lsa, Gulya opa, nahotki-i?!
— Ponyatno, — sigaretini chuqur tortib pufladi, — teshuv bo’gan uning!
Qahqahamizdan qo’rqib ketgan mushuklar urra qochdi.
Kayfiyatimiz, a’lo bo’lsa rasvoga, rasvo bo’lsa a’loga burib qo’yardi, yuz sakson daraja. Aytaylik, nedir o’ydan ezilib o’tiribsan. Bitta gap kam, ikkitasi ortiqcha. Bir so’raydi:
— Hi?
— Hech nima… o’zim.., — xo’rsinib bet burasan.
Pulьtni oladi. Kanalma-kanal hatlab, qo’shiqqa qo’yadi. Boricha balandlatib, muqom qila ketadi, qoshlarini uchirib:
— Ha… Ha-a-a…
Kulmay bo’psan!
Nimayam bo’ldiyu baridan bezdim, bir oqshom: yashashu yasholmaslikdan ham, xayrixohu g’ayrixohlardan ham, iqroru inkoridan ham… Oshxona eshigi kesakisiga suyanib, ichkarida ivirsib yurgan bekamizga g’o’ldiradim:
—…bezdim, Gulya opa, hammasidan! O’zimni bir nima qip qo’yaman, bu ketishda.
Turgan joyida qotdi:
— Nima qilasan?!
— Bilmadim…
Kirib yotdim. Uxlolmadim, yolchitib. Ertalabgacha o’ylardan qaqshab chiqdim. Derazalar ochiq, pardalar tushirilgandi. Ko’zim yumuq esa-da pardalarning bir cheti ko’tarilganini, kimdir qarab-qarab ketayotganini, zaqqumli «uf-f» tortayotganini «ko’rib» yotardim. Azonda achchiq-achchiq jekirikdan uyg’ondi, hovli:
—…ket, hammang ke-et, mangayam jon kere-ey!
Turib tashqariladim. Zinada o’tirgan ekan: yuz-ko’zlari qizargan, kuldonida papiros qoldiqlari uyumi, bo’shagan pivo baklashkalari oyog’osti aftoda… Qaradi:
—…yaxshimisan? Man yaxshimasman! Uxlo(l)madim, bilasanmi shuni?! Kechasi bilan ko’tiyni poylab chiqdim, bilasanmi shuni?! O’zimmi bir balo qilaman, deganiyni maynamdan chiqro(l)madim, bilasanmi shuni-i-i…
Silkinib-silkinib yig’lar, nariroqda mushuklari hayiqibgina turishardi.
«Bu dargohdan hech kim norizo ketgan emas», deyolmayman, sudlashishgacha yetganlariyam bor: ijara puli, ajrimlar, qarzlar… Biroq, bu dargohdan hech kim ajalidan besh kun oldin ketgan emas. Harchand to’lib ketsayam, vaqti-soatini — O’zi mushkulini oson qilishini kutib chidagan. Chandon qiynalgan, o’kirib yuboravergan… chidagan.
Odam qanday xarob bo’lishini, soniya sayin tugab, qanday murdaga do’nishini ko’rdim, bunda. Tig’siz-dorisiz-sirtmoqsiz… ham o’zni o’ldirish mumkinligini ko’rdim, bunda. Yashashni ortiq istamay qo’ygan bandasining yashashini Xudo ham istamay qo’yishini ko’rdim, bunda.
Nag’im aka — bekamizning ukasi edi. Yakka-yolg’iz ukasi. Hovlining kungay betidagi xonasidan chiqmas, ermagi televizoru tabletkalar edi. Bu rangi dokaday oq, tirishiq yuzli, igna yutganday kamgo’sht odamni dastavval ko’rgan, xo’jaykamizning xo’jasi — eri, taxminlardi. O’zining sanog’icha besh marta, opasining tanobicha uch marta uylangan, lek hech birida «omadi chopmagan»lardan ekan. Bolalari bormi-yo’qmi, qayerlarda, nimalar qilishyapti… gapirmagan hech. Mutlaq xonanishin bo’volishidan ilgari, oqsabroq bo’lsa-da yurardi. Bir qo’lida qo’ltiqtayoq, bir qo’lida mo’ьjaz aravachasini g’ildiratgancha chiqardi-ketardi, ko’chalarga. Qayerdaki qog’oz, kardon, temir-tersak, uvada-paxta… ko’rsa, shu «tachka»siga yig’ib borib sotardi, eskifurushga. Topganiga olsa oyog’iga dori, qursog’iga u-bu yemish olardi, qolganiga ichardi. Ichgandayam vino — «butilichnoy». Kechda o’zini solib, surib opkelishar, uyda esa opasi va shvabra «kutib olardi».
2012-yil, may yakshanbalaridan birining subhida tanish, to’ng’illagan chaqiriqdan ko’z ochdim:
—…Sherbat, tursangchi, boramizmi yo… uxliysanmi?, — derazadan qarab turardi.
— A?.. Ha, boramiz-boramiz! Mana, ho-ozir, chiqyapman.
— Ey, Sherbat, bib… bo’lsa agar… ming so’m ovolgin, o’rto(q), kerak edi-de… Opchiqasanmi?
— Shu safar yo’g’idi-da, Nag’im aka, bo’lgandaydi…
— Yo’qmi-a?.. Ha, bo’pti. Tezro(q) chiqqin, havo isib ketmasdan uspet qilishimiz kerak. San chiquvir, man paxtani joylab turaman…
Anchadan beri menga, yaqin bir joyda «vodopad»(sharshara) bor, biror kun ko’rsataman, deb kelardi. Aravachani sudrashib, Qoraqamishning gadoytopmas bir ko’chasiga bordik. Oqmi-ko’k, temir qopqadan soch-soqoli o’siq eskifurush peshvoz chiqdi:
—…o-o, Nagim, kak delo?
— Normalьniy, Marat, a kak tы?
— Neploxa…
Paxtani o’lchashdi. Uch kilocha tosh bosdi. Hisob-kitoblari bitgach, aravachani yeldirib, izimizga qaytdik.
«Sharshara»ni ko’rib, yelkam tirishdi, boshda: kanal ko’prigining tagidan suv vulqonday sachrab chiqarkan — shu. Qirg’og’ida chalabitgan imorat «skelet»i, devorlarida uyatsiz yozuv-chizuvlar, tevarak to’la chiqindi… Baribir, tabiatdan — yashillik va yoyilib oqayotgan suvning yaxday taftidan tan yayrardi. Yo’l yoqasidagi betonga cho’kdik. Nag’im aka vinosidan ho’plab-ho’plab qo’yar, ustma-ust sigaret so’rardi. Pastda anhor, tepada qushlar.
—…zo’r-a, Sherbat?
— Zo’r!..
Bo’sh qoringa qo’sh shishani yumalatgan Nag’im akaning o’zi ham yumalab qoldi, tuproqqa. Suyab-sudraganim sari yanayam sulayardi. «Sis…san b-b-boruvir… Gig…Gulshadga e…etmagin…», dediyu tildan ham qoldi. Gulshad — Gulya opa ismining asli. Nag’im akagina to’liq, buzmay-netmay aytardi.
Ko’zoynakli bir o’tkinchi to’xtab, o’rischasiga erinmay nasihat qildiyu yordam qilmadi. Ilojsiz Gulya opaga bong urdim. Snaryadday uchib kelgan bekamiz pishqirib so’radi:
—…Qani?
— Ana, daraxtti tagida…
Borib yoqasiga yopishdi:
— Nimaga ichding, chuchela, nimaga ich-di-ing?!, — aftiga musht qo’ydi. O’ng yanog’ida qon yiltiradi, Nag’im akaning. «Yalt» etib menga qaradi, bir nafas: «…aytma degandim-ku!» Endi tilga kirayotgandi hamki, navbatdagi mushtdan uzala tushdi. Ko’ylagining yon cho’ntagidagi chaqa-tangasidan ham ayrildi.
—…yotuvir, bo’qinga botib! Yur, Sherbe(k)!
— Opketmaymizmi?..
— O’lmiydi. Yotib-yotib, boradi o’zi…
Shunday yotib qolgan bir tunida oyog’ini oldirgan, deyishardi. Qish qahratonida ag’naganu «o’chib qolgan». Ariqda muz qotgan o’ng oyoq barmoqlarini kesishgan ekan — qorason.
Hayotdan alamzada, bedavo bir odamsuymasdek taassurot qoldirsa-da horiqulodda odamoxunligi yo’q emasdi. Uch yillik ulfatligim xulosalari bu. Behayo latifalar, «she’r»lar to’qirdi. Eng yaxshi ko’rgan mavzulari: tansiq taomlar, sarxil ichimliklar va buzuq xotinlar edi. Shularni gapirayotganda jo’shib ketar, og’zining suvi qochardi. Biroq ba’zida bir gaplarni gapirardiki…
— Nag’im aka, qaytadan yashasangiz nima qilardingiz yoki nima qilmasdingiz?, — deb so’raganimda, kutganimdan «kilometr» uzoqdagi javobni olgandim.
— Nasibani tash(l)ab ketmasdim!
— Kim u?
— Bittasi-da… Yoqardi. Boshqachiydi. Man uchun hamma narsaga tayyoridi.
— Nima uchun tashlab ketgandingiz unda?
— Duraklik… Ko’chada, ostanovkada tash(l)ab qochgandim. Rossa yig’lagandi, qatga ketvossa-an, deb. Tramvay kelgandan, bo’pti-bo’pti dedimu aldab-suldab, shart qochvorgandim. Tramvayyi orqasidan qara-ab qolgandi…
Gulya opa bilan dahanaki janglari do’pposlashishgacha yetgan kunlarda o’kirib-o’kirib yig’lardi:
—…yo, Xudo-o, bo’ldi endi, jonimni ol, iltimos, ol jonimni-i-ihi-i-hi-i!..
«Har kun uyg’onarkanman, birinchi qilgan ishim o’zimni so’kish bo’ladi — yana tirikmanmi-a, nimaga, deb», derdi umrining oxirlarida. Toza havo, oftobga chiqmas, sakkiz oydan beri yuvinmagandi. Suv ham ichmay qo’ygan so’nggi kunlarida kirdim, xonasiga. Ko’zlari kirtayib, burni surraygan, hansirab-hansirab nafas olardi. Rangli televizorchasi, doimgiday, rus kanalini ko’rsatardi. Divaniga yondosh kresloga o’tirdim. Chiranib-amallab so’zlay ketdi:
—…Sher, issuv kiyinib yur… Qish… qattuv keladiganga o’xshiydi… Man… uh-h… u kunlarri ko’ro(l)miyman… Adang bilan oyingni aytganlarini qi(l)gin… Qo’linga qancha berishsa… xih… xursand bo’lib ketovur… Boshingdan telpagiyni yechma… O’ziyni asra…
2013-yilning 23-oktyabrida, payshanba kechqurun — 58 yoshda dodi Xudoga yetdi.
O’tkir bilan do’konga chiqib ketgandik, kelsak, xonasida chiroqlar charaqlayapti(yoqmasdi chiroqlarini — televizor yorug’ida «yashardi»), deraza-eshiklari lang ochiq, hammada hadik va… xotirjamlik — yengillik. Kvartirantlar uning derazasi yaqinida uymalashar, oqqa yopinib, jag’i tang’iq yotgan jasadga qarab qo’yishardi. Gulya opa besaranjom o’tib-qaytar, o’ksasi to’lgan, dahani dir-dir titrardi.
Juma kuni tuproqqa topshirdik. Machitga eltdik avval. Janoza namoziga butun jamoat qoyim turdi. Tobut odamlar yelkasida oqdi so’ng. Osmon ochiq, tuproq mayin edi…
Qissai ko’toh, jonidan to’yganlar topilardiyu joniga qasd… To’xta-to’xta, Durdonchi?! Ha, chiqib ketgandi. Ha, o’z uyida… Lekin bu o’zimizni «ohaklash»ga kifoyamikin?..
2015-yil, 24-avgust. Namozshomda Gulya opa gurillab qoldi:
—…Sherbe(k)? Hoy, Sherbe(k)? Sherbe-e(k)?..
— Nima?
— Biyaqqa ke(l)gin?
— Hozir…
«Tinchlimikan, buncha… Kvartplatani to’lagandim-ku, sentyabrgacha oldi-berdimiz yo’q bo’lsa boshqa? Piva-mivaga yubormoqchidir-da?..», yanglig’ o’ylarda chiqib, dahlizdayoq so’rab qo’ya qoldim:
—…ha, Gulya opa?
— Durdona boridiyu, jizzaxlik?, — xobgohining zinasiga o’tirarkan, sigaret yoqdi. — O’sha o’zini osib qo’yibdi…
— Qiq… qachon?
— Hayitdan bir kun avval.
— Qaysi, shu yilgi, ro’za chiqishidagimi?
— Hi-i, manshi ro’za chiqishidagi, chin arafa kunida osipti o’zini.
— Nima bo’lganakan?, — eshik tutqichiga tirmashib borardim.
— Qattan biliy… Tabaka taraflarga o’tuvdim, qizla(r) etib qolishdi: Xadichani oldiga ke(l)ganakan, seni yaxshi ko’raman, kel, bir pas gaplashib o’tirayli-ik, depti. Gaplashibdi-gaplashibdi, qaytibdi i bu kunisiga…
— O’zi kechirsin!, — deya xonimga qayrildim.
Ikkinchi kursdan uchinchi kursga o’tar yozda, o’qish boshlanishidan bir oycha burun kevolgandim, Toshkentga. Xo’jaykamiz kvartirantman deganini qalashtirib qo’ygan, xonalar yoppasiga band, bittasida — burchakdagi eng katta xonada to’rt-beshta ofitsiant qizlar turishardi. Ashqol-dashqolim «xosxonamiz»da, o’zim esa hovlidagi chorpoyani makon tutgandim.
Qizlar kun boshidan, sakkizlarda ishga ketishar, shu ketgancha, huv, tunggi o’n ikkilarda burunlari yerga tekkudaygina bo’p qaytishardi. Suv isitishardi, kirlarini yuvishardi, yuvinib-taranib, alla-pallada xonalarining chirog’i o’char, biroz g’ujurlashgach, uxlab qolishardi: Xadicha, Malika, Sohiba, Durdona…
Durdona ol yanoqli, durkungina qiz… edi. Yuziyam, ko’ziyam kulib turar, istarali… edi.
Quyosh ko’tarilgan sayin chorpoyada turib bo’lmay qolar, yoqsa-yoqmasa, tushib ketishga majbur bo’lardim. Ko’rpa-to’shagimni sarishtalarkanman, Durdona, chorpoya panjalariga suyangancha, yuz-ko’zlarida gardsiz jilmayish-la kuzatardi:
—…hormang endi, qalay, kalla pishdimi?, — so’rardi turib-turib.
Bitta bo’sag’a, bitta zinalar, bitta dahlizdan kirib-chiqardik: o’ngda ularning, so’lda bizning xona edi. Dam olish kezlari xonamizni supurib-sidirayotsak, uquvsizligimizdanmi bezovtalanib, kelardi jadal:
—…beringey, o’zim supuraman!
Ostonada ro’baro’ kep qolardik ko’pincha. Qo’limdagi kitobga qarab qo’yardi:
—…kitob?
— Kitob…
Kuz kelib, xonalarning asl-azaliy turarmanlari — talabalar qaytgach, Gulya opa qizlarni boshpana topib berib, chiqarib yubordi. Boshqa ko’rishmadik. Eshitardik faqat uzunquloq gaplarni: unashtirilganini, fotihasi buzilganini(xo’jaykamiz ishtiroklari ila — bo’lajak kuyov bolaning qondoshlari «g’irt afirist» va ularga shunday qiz «jalko», emish), Jizzaxning o’zidagi tibbiyot kollejiga o’qishga kirganini, ikkinchi bora unashtirilganini, unisiyam bekor bo’lganini(yigit bo’lmish uning «fotihasi qaytgan»lardanligini bilib, aynibdi)…
—…anaqa, Farru-ux? Durdona qizim boridi-ku…
— Eshitdim: o’lipti, osipti o’zini… Nechchi marta aytasiz, mama, bo’ldi-da endi!
— Hey, onangni eshak…
Gulya opa ikki soatda bu shumxabarni o’ntacha odamga yoyib-o’qlovladi. Bahonada yaxshigina ichvoldi. Tavba, qichab aytilaversa, shumxabarning ham shumligi qolmaskan…
—…Sherbe(k)? Sherbe-e(k)?.. Baxkegin?, — zinasida cho’nqayib, yana meni chorlashga tushdi, Gulya opa.
— Uf-f, boshlandi! Bo-oshlandi!, — oshxonadan ovoz keldi(katta o’g’li);
— Keriymas, mam, bo’ldi, damizzi oling, iltimos?!, — rahmatli Nag’im akaning xonasidan uyqisiroq ovoz keldi(kichik «o’g’li»);
—…Ke(l), Sherbe(k), o’tirgin yonimga? Mana, manbitga… Ke(l), o’tiruvir, hi-i… Vay-y, Sherbe(k), he-ech o’zimmi uspokoit qilomiyomman. Qandoq qizidiya! Kirib-chiqib yurardi, yonimga o’tirib, gaplashardi man bilan… Yaxshigina yurganaka-an, Xadichani oldiga boripti, ikki soatcha gapirishipti, xamirli ovqat tayyorlab yeyishipti… Uyiga boribdiyu qo’yxonaga kirib… Vay, jinni-i-i, vay, ha-a-ah, tchi-tchi-tchi!, — karaxtlanib sigaret soldi og’ziga. Xontaxtada yotgan ikkala yoqqichdayam yoqolmadi. So’kingancha timirskilanib, gugurt qutisini pashaladi. Uchinchi yoqqichni olib yoqdim:
—…fuf-f-f, tutunini hidlashshi yaxshi ko’rardi sigaretimmi. Chakib o’tirsam, kevolib hidluvrardi. Bilaman, Durdon, chakib turasan, ma, tort deb berardim. Yutoqib-yutoqib tortardi.
— Chekkanini ko’rmagan ekanman…
— Vo-oy, ichibam turardi. Pivo tolьko. Hech kim yo’g’ida bir-ikki qultum ko’tarib-ko’tarib yuborardi. Gov(goh) mahallarichi, kliyentla(r)dan qolgan sigaretlarri ko’tarib kelardi, mana, Gulya-pa-a, deb. Va-ay, shunday qiza, shunday!..
— Ha, yaxshi qizidi.., — deb qo’yaman. Yomonligini ko’rmadik, harqalay.
«…shafoating keng qil, Alloh, uni kechir? Bizni ham?..», deya-deya xonamga kirarkanman, bo’sag’ada tanish tabassum «yilt» etdi, xuddi:
—…kitob?
— Kitob…
Shunday bo’larkan-da o’zi, o’ylayman endilarda: kimnidur o’zimizcha kimlardanmi-nimalardan asramoqqa urinarkanmizu, aksincha, nobud qilib qo’yarkanmiz.
Bu o’y bekamizning ham jontomiriga tutash chiqar. Gullarning barvaqt so’lishi bu hovlining bo’lmasa-da bu oilaning nomai a’moliga toshbitikday o’yilgan. «O’g’il» deb Gulya opaning kenjasini qo’shtirnoqqa opkelganim imlo yoxud istehzodanmas. Birgina tirnog’i bor o’zining(Farrux). «Kenja»si(Ulug’bek) va «qizi»(Malika) — opasining bolalari, aslan.
Gulchechak — singli Gulshad(Gulya opa)ning tersi o’laroq: nozikkina, chandon xushro’y va «ichimdagini top»lar xilidan bo’lgan ekan. «Magazinchilik»ka o’qiyotib tanishgani R.ga erga tegadi(«…to’qqiz yil gaplashib-gaplashib, so’ng turmush qurishuvdi»). Erining hamma «hunar»iga chidab, tishini tishiga bosadi(«…opam mani teskarim edi — indamiy ichiga yutuvrardi. Erini necha marta man o’zim kim-kimlarrikidan ur-r-i-ib-urib opke(l)ganman»). Sabrning tagi qabr ham bo’p turarkan, oshib ketsa. Uchinchi farzandini tuqqanining 28-kunida erini jazmani bilan «javlon urayotgani» ustidan chiqadi. In-ndamay qaytadi uyiga. Kela solib oshpichoqni oladiyu(«…chopa-chopa bolnitsaga obborsak, uje kech bo'(l)ganakan, pichoq tig’i yuragiga qirq millimetr botganakan, tiriy qolarmidi… Hi-i, o’zi noziy bo’siyam sevgisi kuchlik edi, opammi. Yigirma to’qqiz yoshda ketti, shunaq(a) qilib. Bolalarini man oldim qarovimga»)…
—…Sigarettiyam paravozday chekasizey, Gulya opa. Yana «Karvon», buchoksizidan. O’pkangizda qasdingiz bormi?, — so’radim bir kuni, zinasida yelkama-elka o’tirarkanmiz.
— Hi-i-i… Man unuto(l)miy halak, sanla(r) esimga so(l)ganlariy-so(l)gan…
O’rlayotgan tamaki dudiga termulib qoldi. Tasavvurimdagi kinotasma g’irillashga tushdi:
…73-yil, noyabr. Kech kuzligiga qaramay, havo iliq. Toshkentning che-ekka bir hovlisida go’dak qiyqirig’i eshitiladi. Unga onasining — o’n to’qqiz bahorli navjuvonning masrur, serzavq kulgisi ulanadi. Eri ishda, qaynonasi do’konda. Ona-bola o’zlari. Go’dak qo’l-oyoqchalarini silkitib, tog’oradagi suvni shaloplatadi. Yetti oyu yigirma besh kunlik bu jajji jonni onasi kunora cho’miltiradi. Otasi «achom-achom» qilgandagina tinchirdi. Isminiyam otasi qo’ygan — Gulnora.
Birinchi farzand birinchi ekan-da, ota-onasi uni opichlagancha, buyog’i Qo’qondan uyog’i Buxorogacha borib kelishadi… Ana-a, cho’milib bo’ldik! Jigarbandini tatarcha-o’rischa-o’zbekcha alfoz erkalata-erkalata xonaga opkirgan onasi, artib-surtgach, shitob aylanayotgan ventelyator oldiga o’tqazib qo’yadi… Kechga borib, murg’ak tanning isitmasi ko’tariladi: yugur-yugur, pediatr, palata… Ertan holginasi og’irlashadi. Indiniga tongda… falak farishtalarining adadi bittaga ko’payadi…
—…Hech qatga sig’masdim. Xuddi bir narsam yuqolgandiy, tanammi bir a’zosi yetishmayotgandiy… Ko’zga ko’rinib qoluvdi-de… Oldin pachti chakmasdim, o’shandan so’ng avvaliga «Prima», «Astra» chaka boshladim. Magazinda qirq tiyin, ko’chada: xotinla(r), qorovulla(r)da o’n besh-yigirma tiyinga sotishardi… To’qson oltinchi yildan «Karvon»ga o’tdim… Shunaqa, buni oti man uchun «Karvon»mas — «Gulnora»!..
— Xo’jayningiz..?
— Xo’jaynimga to’qson uchinchi yilda «u yoq»dan(qamoqdan) xat yozganman. Yangi yil arafasida. Chiqishimga ikki yil qo(l)gandi, shunga, o’zimcha bayram bilan pozdravt qilib yozuvdim: «…mana, srogimam oz qoldi, hademay qutulaman. Kegin postayanno birga bo’lamiza. Siqilmang, joni-im», deb. Xatti o’qib, nabarot, battar siqilgan. Yangi yil kuni og’aynilari bilan ros-sa ichvolib, uyiga zo’-o’rg’a ke(l)gan. Onalari, rahmatli qaynonam: «…ke(l), bolam, qorniy ochib ketgandir? San o’tira tur, man hozir, ovqat opkelaman», deb u kishini to’rga o’tqizganu kuxniyaga ketganla(r). Besh minutla(r)dan kegin, qo’lida ovqat, kirib qarasala(r), o’g’li o’sha o’tirgancha, devorda osuliq to’yimiz kuni tushgan rasmimizdan ko’z uzmasdan, qimirlamasmish. «Bolam, mana ovqating, sovub qo(l)masdan yevol», desala(r) ham shu ahvol, kiprigam qoqmasmish. Yelkalaridan turtsala(r), sirg’ali-ib tushibdi. Ko’zlari ochu… Shu o’tirishida yureyi qisib…
Srogim tugab, chiqib keldim. Ko’p yurmadim, tag’in qaytarishdi: bitta «kazyol»da alamim boridi — ko’priy tegida kiyim-kechiy sotardiy-de, bir to’da xotinla(r), sho’pirimiz aynidi, pulli kam bervotsanla(r) manga, undog’-mundog’… Mentlarri yetiylab keluvdi kegin — to’-o’g’ri borib, och biqiniga pichoq urdim, dokontsa urdim… Joni qattuv ekan, pedarazzi, tiriy qoldi. Hozir Yunusobodda taksi uradi. Mani ko’rsa, qochvoradi uzo-o(q)danam… Olti yilga kesishdi. Voxt o’tib ketuvrarkan. Oradagi uzilishlarri etmasak, o-obщiy o’n ikki yil o’tirganman, zonada.
O’ttagi(u yoqdagi) xotinlarri har bittasi bir istoriya. Mundo-o(q) qarasang, farqi yo'(q)diy, bir-birligidan, lekigin stressga tushishsa-a… Manyak xotin boridi, masalan. Kartserga tiqib qo’yishardi, ko’pincha. Bir kun to’pol-lo-on bo’p ketti. Kamerasini oldi od-da-am. Haligi manyak trusigiga osib qo’yipti o’zini, veyx-xex-xe-e-e… Devorda qon bilan yozilgan ikkita anaqa… so’z: «Prosti, mama!»
Yoshgina qiz boridi yana. O’gay otasi kayfda kep zo’rlamoqchi bo'(l)gan. Kuxniyada masalluv to’g’ravotganda, orqasidan kelib yopishgan. Shartta burilib, picho(q)ni tiqvorgan.
Chaqalog’ini o’ldirgan ayol boridi. Spoko-oyna yurardi, birovga ziyonsiz… Yosh bolani ovozinimi, yag’lovotganinimi eshitib qolsa-a… Shokka tushib, shun-naq-qa qaltirardi-i…
Shundog’amchi, «para»lari boridi ko’p-pini. Tug’ilgan kunlarida, prazdnikla(r)da kelishardi. Kirishshi ilojisini qilo(l)maganlari opkelgan podarkalarini devordan oshirib otishardi, ichkariga. Baqir-cheqi-ir bilan otishardi: «Na-astya!», «Ve-era!», «Mari-in!»…
Hammasidan qutulib qaytsam, o’g’lim Farrux kop-kotta paren, uylansa bo’ladigon. Ko’rib, vopshim hayron qo(l)ganman, otasining kop-piyasi-de, kak… erim bor, o’lmagandiy. O’sha yurish-turish, o’sha harakter… O’z-zi! Prosto mo’ylovi yo’q. Otasi mo’ylovdoridi. Tag’in formada yurardi. Mayyoridi. Mayyor Mahmud Yusupip…
Uylantirishshiyam o’zi bo'(l)madi, o’g’illarimmi. Kimmikiga borsam, «o’tirib chiqqan»ligimmi etishardi. O’zimga etishmasayam orqamdan gap qilishardi. Shun-chunam ko’p ko’chganmiza, bir tomondan: to’yimiz bo’lgan yili — yetmish birinchi yilda Yangiyo’l rayon, «Bog’bon» mahallasidagi 1-uyda yashardik. Erim voyenkomatda ishlardi. Besh yildan so’ng ko’chdik. «Chilonzor» metroning o-oldidagi 5-dom, 24-kvartiraga. O’sha yilli aprelida ikkinchi bolam — Farrux tug’iluvdi. A, bo’tga(bu yerga) — Qoraqamishga 2005-yilda ko’chganmiza.
Xo’jaynimmi o’tganiga endi-endi-i ko’nikvomman. Voxti-voxti bilan ziyorat qip kelaman… Man shu paytgacha yashash uchun, tirikchiliy deb, eh-he, nimala(r) qilmadim: ovqat pishirib sotdim ko’chada, uborщitsa bo’ldim, kiyim-kechey opsottim, bankda pul «yamadim», ofitsiankaliy qildim, uy bozorda maklerliy… Faqatchi, hech qachon, eshitvotsanmi, hech-ch-ch qachon haromga yurmadim! Xiyonat qi(l)madim! Zonadayam, volyadayam!.. Ishonasanmi shunga?!
— Ishonaman…
— Man-na, ishonasan!.. Ko’-o’pchiliy ishonmiydi. «Ishonaman» deb irshayadi, og’zini eshaknikiga o’xshatib. Nechevo, Xudo oldida yuzim yorug’, glavniysi.
— Davlat ishini ko’rmadingizmi hech, Gulya opa?
— Bitimga olishadimi dovlat ishiga, maktabbiyam tomomlamagan bo’sam.
— Bormay qo’yganmidingiz?
— Haydashgan… Oltinchi sinf edim. Chet tili darsiydi. Qurt ye-eb o’tirsam, qulog’immi tegidan bir nima vizillab o’tdiyu orqadagi devorga tegib-titilib ketti. Qarasam, o’qituvchimiz o’qrayib turipti manga. Siyohdonni uloqtirdim qaytarib: «…melь otish manbinday bo’ladi!», deb. Tochьno peshonasiga tegib, tit-piti chiqdi, siyohdonni. Uzu-un govda gursillab ag’anadi polga. Shlyapasi uchib ketti boshidan. Srochno direktirri xonasiga chaqirishdi. «Kechirim so’ra!», deyishdi. «So’ramiyman!», dedim… Haydashdi-de, karochchi.
— Hm-m… Gulya opa, ota tomondan tatarmisiz, ona tomondan?
— Ikkovi tomondanam. Prosto boshqa-boshqa joydan kelishgan: aniyim(«aniy» — «ona», tatarchada) — Qrim, atiyim(otam) — Qozon tatarlaridan.
— Qanday topishishgan?
— Ta-ak.., — kampirimiz «Karvon»ini, men tasavvurimni yoqdim yana:
…50-yillar. Toshkent. Chorsuning biqinidagi «butik» oldida odamlar turnaqator navbatda. Ulkan KOOPTORGning kiyim-solim kunjida — keyinchalik, tizimu tuzumlar charxparragi chirillab, «Detskiy mir» degich savdo uyiga do’ngan, vaqtiki, xudkush bir xotinning portlashi kasriga qanchalab odamu oynalar tutday to’kilgan joyda: Ufadan kelmish, asli-nasli Qrimli, shahri Shoshning «Olchazor»(hozirgi «Zarqaynar») ko’chasida opasiyu akalari ila istiqomatdagi, qo’l-oyog’i chaqqongina, qaroqlariga qayg’u cho’kkangina, orastayu ohorli, yigirma uch bahorli, jismi ko’rkam, ismi Maryam bir qiz ishlardi. Har ro’z, kun yoyilgandan yonboshlaguncha, peshtaxta ortida, sotqilig’u olarmanlar orasida savdoni zichlardi.
Navbat kutmishlar ichra esa: Qozondan ko’ch ortib, ko’zi to’q xeshlarini qora tortib kelgan, Zangiotada qo’noq turgan, baquvvat bir yigit bor edi. Oti Noil, ust-boshi jandai soil edi. Shuning-chun ham shunda bo’lib, o’sha davronda «urf» o’lmish harbiycha fasonda(narxiyam arzon-da) kiyinish muddaosida edi.
Oralari qisqara-qisqara, yuzma-yuz kelishdi, oxir: ko’z ko’zga, so’z so’zga… borey, yulduz yulduzga tushdi. O’shanda bir muddat, lahzalargagina sukutda termulisharkan, o’rtalarida peshtaxta va peshana turardi. Peshtaxtada-ku shinel, shim, nimchalar bor edi. Peshanada nimalar bor edi?
Xo’-o’sh(«Ta-ak»): hademay to’y bo’lishi(«…bitta yastiq, ko’rpa i ko’rpacha bilan o’tkazishgan to’yyichi»); yangi oila kuyovning amakisinikida — «Oktyabrskiy»(hozirgi Shayxontohur)da — bir necha oy bo’lishi; mayda gaplar maddalayvergach, «Shopoyes»da, besh sotix yer ustida uy qilishi(«…adamla(r), eslashimcha, pojarniyda ishlardi. “Soldat” bol(a)la(r)ni opkelardila(r), shanbi-otdix. Ula(r) uchun bu bir dam olishidi. Pitaniyagachi zo’r-zo’r ovqatla(r) tayyorlardi, oyimla(r). Adamam vinoni toz-zasidan qo’yardila(r)-de»); ikki qizu bir o’g’il o’stirib, oldin Noil(70 yoshlarda), keyin Maryam(77 yoshda) o’lishi… bor edi, peshonalarida.
—…Kis-kis-kis, ke(l), Chernesh, kelovir. Va-ay, narvonni opqo’yishiptimi? Ho-ozir qo’yaman-de… O’zimmi xulegani-im!, — tomdan tusholmay miyovlayotgan qumg’ondek qora mushugi sari jadalladi, kampirimiz. Ha, uning gala mushuklari bor: katta-kichik, semiz-oriq, zotdor-hashaki… Ularni «bolalarim» deb papalaydi. O’zi och qolsa qoladiki, mushuklarini to’ydiradi. Shulari uchun kunora kafe-restoranlarga qatnaydi — suyak-puyak, ovqat yuqlari opkelgani. Pasportu propiskasi bor barining. Uchastka nozirlariyu qog’oz «g’ojir»lari qonimizga tashna qilganda, biz kvartirantlar, payrovlashardik, o’zaro: «…odammas hayvon bo’p kelish keragakan-da, asli. Mushuklariga uylanvolamizmi yo, propiska balosidan qutulardik!»
Urg’ochilari har ko’klam bolalaydi. Xumparchalar uzoq yashamaydi, ammo. Kampir hammasini sellofanga soladiyu hovlining bir burchagiga ko’mib tashlaydi — tiriklay ko’madi: bu yerlarda mushuk hech kimga kerakmasmish, sotsa, puli sotish-chun borib-kelishga sarflangan yo’lkiraniyam qoplamasmish…
Mushuklaridan birining o’zi o’lib-po’lib qolguday esa «motam haftaligi» e’lon qiladi. Yo’q, birlamchi, «dafn marosimi» o’tkazadi, tantanali ravishda. Jasadni «Maxsustrans»ga topshirmaydi. Katta yo’l roshidagi gullar ostiga ko’mib keladi. «Motam haftaligi» mobaynida bo’kkuday icha-icha «rahmatli»ning xislatlaridan so’zlayveradi-so’zlayveradi. Ora-chora «ziyorat»niyam kanda qilmaydi. Gandiraklab borib, gullar tagidagi do’ngakchani do’nqayib o’padi. O’tib-qaytayotgan mashinayu maxluqotga beparvo arzihol aytadi. Yig’lab-siqtaydi…
Umuman, Gulya opa hamrohligida ko’cha kezish maroqli. Qadamda hajviyayu fojiya. Bamisli, bani basharni ming yillarki tanib-biladigandek, odamlar ham unga o’rganib qolgandek. Ko’rgani-la ko’rishib-so’rashib ketaveradi, yo’l-yo’lakay: ulovlimi-piyoda, alkashmi-aravakash, badavlatmi-bedavlat… Qusig’iga qorishib yotgan mastdanam hol so’rab o’tadi. Mast ham xursand javob qaytaradi unga:
—…Hi-i, Sasha, oshirvoribsanu?
— Do’ppim… hq-q… yarashiptimi, Gulya-pa?
— Tomiy ketipti sani, jinnixonaga obborib tashlash keriy.
— Shusizam jinnixonadamizu…
«Besh» tashlab, kulishadiyu yo’lida davomlaydi. Soliqxonaga «qo’shin tortadi» — uyiga kelgan katta kommunal qarz ma’nosidagi xat vajhidan. Kira solib, xuddiki hammasiga shu aybdorday, kontselyariyada o’tirganga o’chakisha ketadi. Pirovardda hukmini o’qiydi, baralla:
—…a tak, san bola, ko’p o’tirmiysan joyingda! Tem boleye, bu yil, qariyalarri anaq(a) qilish yilida!..
«Qariyalarri anaq(a) qilish yili» allaqachon o’tib ketgani ahamiyatsiz, siyosat urib chiqqani — hisob. Shunday yura-yura, oqshomgi pivoxo’rlikda aytib berishga yetgulik «masala» yig’gach, «so’nggi bekat»iga — «Vino-vodka» peshtoqli eshikka buriladi…
Ro’zi mahsharday vahshat bir kun ko’pchisayu talvasada o’z joninigina hovuchlab yugurayotganlar aro shu kampir chiqib kelib: «…qorning qalay?», desa, ko’pam hayron bo’lmasdim. Yo’q, u farishta emas. Ruh sokinligiga erishgan donishmand ham emas. Yetti tug’ib, bir qolganim hammas… U — Gulya opa! Qoraqamishdagi dallol xotin: uy dalloli, musofirlar dalloli, ko’chada qolganlar dalloli, propiskasizlar — o’z vatanida vatangadolar dalloli.
…Hozir qishloqdaman, ota uyimda. Toshkentdan 450 chaqirim olisdaman. Ammo aminmanki, yarim tun esa-da, u ayni dam uyg’oq. Oshxonasida o’-o’tiribdi: stolda «Weston» qora choyi damlangan, qo’lida «Karvon», televizorchasida o’rislarning kriminal seriali, tizzasiyu poyafzali uzra mushuklari «xr-xr» mizg’iyapti…
Xotima
…Yurtni yov bosibdi. Yov shu-da: bosadi, osadi, xo’rlaydi, zo’rlaydi, do’q qiladi, yo’q qiladi… Uyma-uy talon-taroj yasab yurgan yog’iyning nafs itlari irillab, bir eshikni tepib kirishsa, cholgina turibdi g’azab-la titrab. Unga qilich sanchishgani hamono uy ortidagi qirlardan chinqiriq eshitilibdi. Qarashsa, to’rt bo’y yetgan qiz, yiqilib-surinib, ortlariga qaray-qaray qochishyabdi. Bundan g’animning hirsi xirsday bo’lib, quvlay ketibdi. Qizlar qocha-qocha eng baland toqqa o’rlabdi. Izma-iz badnafslar o’rmalabdi. Cho’qqiga chiqqan opa-singillar ko’rsaki, har tarafdan o’rab kelishayotir. Ko’kka qo’l cho’zishibdi: «…yo, Tangri, qudratingni ko’rsat! Shunday qilki, tanimizga tirnoqlari ham botmasin?!»
Muta’qqiblar chiqib ko’rishsa: to’rt suluv — to’rt harsang holida, bir-biriga jipslashib, cho’qqining «cho’qqisi» bo’lib qolganmish. Iloh karomati vahmidan qo’rqa-pisa juftakni rostlashibdi. Yov-ku iziga qaytibdi, qizlar o’ziga qaytmabdi.
Necha asr, necha avlod almashibdi. Qizlar tosh ko’yida «buvi» bo’libdi. Tog’ni esa — «Qizbuvi», nomlabdi ulus. Emishki, har kuni, tonggi shafaq shulalari Yerga yetib kelishidan biroz avval qizlar asliga aylanadi. Tog’dagi buloq suvida yuvinib, sochlarini o’rib-tarashadi. Quyosh nurlari kelishi bilan tosh qotishadi yana…
«…Gurs-s-s!»
—…Ha-a, enacha-angdi…
— Astaroq, oshna, ko’zga qarab hayda!
— Ko’z bo'(l)sa qarayman-da, faralar kuygan-ku…
Tunggi birlar. Tog’ yo’lida «Villis» chayqalib-chayqalib boradi. Ichida o’n chog’li «tillatopar» va bitta buzuq mototsikl. Yomg’ir savalaydi — bahor yomg’iri. Yashin «yalt-yult»ida ko’ramanki, qazib tashlangan zaboylarni oralab, Xitoy devorida ketayotgandekmiz. Turq-turmishimizda horg’inlikdan boshqasi bilinmaydi. Avtohalokatlar, tosh-tuproq bosib qolishi, davlat qo’riqchilaridan qochish… Tirikchilik qarshisida hech ekan. Mana, isbot: tashqarida — g’ij-bij xatar, ichkarida — hazil-hangoma. Poyintar-soyintar, ammo samimiy gaplardan kayfiyating ko’tariladi:
—…Amir Temurdi qaysi oyog’i cho’loq bo'(l)gan?;
—…kecha tarrakday qotippiz-ey;
—…sa-al suril, o’tirib ol-a, Ashirdi enasiday;
—…sigaret qo(l)madi, «sigara»m bor lekin, opchiqaymi, «Gavanna» chakkanday bo’lasan;
—…Lelin(Lenin) ko’mildimi, haliyam shangrayib yotibdimi yo?;
—…bu matsikil(mototsikl) endi odam bo'(l)miydi;
—…tirmiz(tormoz)diyam bosib tur, shopi-ir!
—…tirmiz? Nima u? Yeydigan narsami? Bu moshinda shunday matoham bormi?
—…hali tuzatmadingmi-yey, he, kalla go’shinga seni…
Ketyapmiz, shuyti-ib. Ortimizda, huv, zulmat bag’rida: Qizbuvining qorasi. Oldimizda: o’r-qirlar, o’r-qirlar poyida tosh konlari, tosh konlari poyida zavodlarga tosh tashiydigan eshelonlarning temir izi, temir iz poyida ekin dalalariyu tutqatorlar, ularning poyida simto’sig’u simyog’ochlar ihotasidagi elektrovoz relьslari, uning poyida esa — boshiga otasining telpagini bostirgan, bo’ynida Toshkentda talay yil chidagan ijara uy bekasidan esdalik oq yo’lli sharf, ustida chopon, oyog’ida mahsi-kalish, o’ng qo’lida bir uchi egri tayoq, chap qo’li nimchasining cho’ntagida… kimdir.
P.S(«Pistirma so’z»):
—…Uh-h, ozroq o’tiray-da, tinkam quridi… Ha, yozyapsanma?
— Yozyapman, aya, yozyapman.
— Meniyam yozdingma?
— Yo’q…
— Yoz-da, ebiy!
— Nima deb?
— Unisini o’zing bilasan-da… Kimlardi yozding o’zi?
— O’zingiz qulog’imga quyib kelgan buva-momolarni, xorazmlik xopiz akani, Gulya opani… E, xullas, darddan duvva to’kilayozgan, lekin chidab-ko’nib-ko’ndirib o’tganlarni, o’tayotganlarni… Quntim yetgancha-da.
— Xa-a… Mayli, yozibir. Menam turay, emasa. Donini bermasam, anov tovuqlaring bir-birini jeb qo’yadi… Vax-e-ey, meniyam quruq rasmim qopti, hamma joyim zirqiraydi. Suyaklarimam qop-qora bo’p ketgandir, bu ovruv(og’riq)lardan. Bi-ir zamonlar kep, olimlar, qorayib jotqan(yotgan) suyaklardi topadi: «…ebiy-a-ay, manov odam jonib(yonib) ketganakan!», deydi, o’zlaricha. Bilishmaydiki, meni suyaklarim bo’ladi ular… Yozuvchilar yoza ketadi: «Qora suyak»lar drammasi… Ha, senga kulish bo'(l)sa-da-a?..
O’zi ham kula-kula chiqib ketayotgan ayamga qarab qolaman: «dramma» nimaligini bilarmikan? Men, masalan, bilmayman. «Komediya»sini bilarman — hamma kuladi, «tragediya»sini bilarman — hamma o’ladi. «Dramma»si nima bo’ldi?.. «Qissa», deb yoza ketsachi, yozuvchilar — «Qora suyak»lar qissasi… Bunisi bilgichlarga tan. Bizning bildigimiz shugina, hozircha. Yanayam O’zi bilguvchiroq.
2009-2019 y.y
Шербек яхши қисса ёзибди.
Тажрибасизлик бор. Аммо сўзни, дардни ҳис қилиш, воқеликни поэтик мушоҳода этиш бор. Тўқимайди, ичидан чиқариб, ҳис қилиб ёзади. Сўзнинг бўёғини табиий кучайтира олади, сўз ўйинлари ҳам табиий, ясалмаган, миллий тафаккурга мос. Бошқаларга ҳам ўқишни тавсия қиламан.
Назар Эшонқул