Одамлар катта ёки кичкина бўлиши айни ҳақиқат экан. Катта одам деганда унинг мансаби ва вазни тариқчалик ҳам ҳисобга олинмаслиги Сизга аён. Зотан, шу мезонлар доирасида фикрлаш ғирт нодонлик бўлур эди. Катта ва кичик одамнинг энг асосий белгиси – уларнинг муаммоларидир. Муаммолар икки турли бўлади: шахсий моддий ва умумий маънавий. Кимки ўз шахсий моддий дунёсига ўралиб қолиб кетса, шубҳасиз, уни майдалар қопида кўрамиз. Кимки умумий маънавий муаммолар ҳақида қайғурса, биз уни юксаклик ва улуғворлик чўққиларидан топамиз. Сезганингиздек, биз буларни катта одамлар деб атаймиз.
Акром Малик
МЕНИНГ БИР ОРЗУИМ

Акром Малик (Акром Маликов) 1990 йил 19 сентябрь куни туғилган. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Ўзбек филологияси факультетини битирган. Алишер Навоий мероси юзасидан илмий тадқиқот олиб бориш ниятида “Хамса” дебочаларини матншунослик контекстида ўрганмоқда. Илмий маърузалари билан турли илмий анжуманларида қатнашган.. Ижодий ишлари Ўзбекистондаги газета ва журналларда ёритиб борилади. “Буюр, кўнгилжоним” (2007), “Ўзликка талаб” (2012) шеърий тўпламлари чоп этилган. Айни пайтда “Сенга бағишлайман” номли шеърий тўпламини нашрга тайёрламоқда.
Қалбимда бир орзу пайдо бўлган. Шу орзу умуман мени тинч қўймайди. Ухласам, тушларимда шу орзу юргандек туюлади. Уйғонсам, хаёлимда…
Ҳаётнинг паст-баланди кўп. Қоқилиб-суқилиб, йиғлаб-сиқтаб кетаверар эканмиз. Бир оғизгина сўздан дилимиз вайрон бўлади, кичиккина хатоимиз катта балоларни бошлаб келиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас. Ҳар куни турли муаммоларга рўпара келамиз. Яхши яшаш учун дам пул кам, дам вақт етмайди… Иккисини ҳам топганда эса соғликка путур етган бўлади.
Ўзимизда камчиликлар тўлиб-тошиб ётган бўлса-да, бошқаларнинг чумолидек нуқсони кўзимизга филдек кўринади. Ўз худбинлигимизни тергов қилмасдан яқинларимиз, дўстларимиз ва беш-бегоналарни судга тортамиз. Ҳали бировни ёлғончиликда, ҳали бировни мунофиқликда, ҳали бировни дангасаликда, ҳали бировни сергапликда, ҳали бировни омиликда, ҳали бировни амалсизликда айблаймиз… Агар ўз қусурларимизни очиқ турган кўзларимиз илғай олганида эди қалбимиз оғриқ ичра қолиб, тилимиз ўзгаларни маломат қилиш учун чоғланишга мажол топа олмасмиди, эҳтимол…
Инсон болаликдан бошлаб улғайиш пиллапояларидан кўтарилиб боради. Бўйига бўй, энига эт қўшилади. Аввал англамаган ҳақиқатларни бугун, бугун тушунмаганини эртага билиб, ақли тўлишади.
Аммо одамлар катта ёки кичкина бўлиши айни ҳақиқат экан. Катта одам деганда унинг мансаби ва вазни тариқчалик ҳам ҳисобга олинмаслиги Сизга аён. Зотан, шу мезонлар доирасида фикрлаш ғирт нодонлик бўлур эди. Катта ва кичик одамнинг энг асосий белгиси – уларнинг муаммоларидир. Муаммолар икки турли бўлади: шахсий моддий ва умумий маънавий. Кимки ўз шахсий моддий дунёсига ўралиб қолиб кетса, шубҳасиз, уни майдалар қопида кўрамиз. Кимки умумий маънавий муаммолар ҳақида қайғурса, биз уни юксаклик ва улуғворлик чўққиларидан топамиз. Сезганингиздек, биз буларни катта одамлар деб атаймиз.
Орамизда катта одамлар кўпайгани сари миллат кучга тўлади.
Келинг, катта одамга яхшироқ таъриф берайлик. У чуқур илм эгаси, босиқ, фикри кенг, ҳар қандай масалада исталган суҳбатдош билан гаплаша олади, ҳақ ва ноҳақни теран ажратади, ёлғон ва ростни аралаштирмайди, танлаган тўғри йўлидан қайтмайди, ғийбатдан йироқда, пасткашликдан ҳазар қилади…
Ана шу сифатлар жам бўлган инсонни биз катта одам деб атаган бўлардик. Ёки яна ҳам муносиброқ ном билан маърифатли инсон дея шарафлашга ҳам тайёрмиз.
Ана шундай кишиларни тарбиялаш учун қандай чоралар кўрилади? Маърифатли инсон қандай муҳит меваси?
Кўзларим маърифатли инсон учун ягона бешик китоб эканини фаҳмламоқда. Китобга тўкилган кўз нурлари қалбга кўчиб ўтиб, инсонни юксак маъно оламларига олиб киради.
Орзуимни айтиш мавриди энди келди: кўчаларда, бекатларда, расмий ёки норасмий ишхоналарда, йўлларда, хонадонларда ҳамма китоб мутолааси билан банд бўлишини тасаввур қила оласизми? Мен ҳамиша ана шундай манзарани кўз олдимга келтираман:
“Бугун мен Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”ини олтинчи марта ўқиб тугатдим… Сиз-чи?”
“Сервантеснинг “Дон Кихот”ининг ярмига келдим…”
“Кечирасиз, Шекспирнинг “Макбет” драмаси ҳақида нима деб ўйлайсиз? Ҳозир ўқиб охирига етиб қолдим… Театрларимизда саҳналаштиришяптими экан?”
“Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романини маза қилиб ўқидим… Илгари у кишининг шеърларини севардим, эеди буюк носир эканларини кашф қилдим… Романнинг иккинчи китоби топилмаган эканми?”
“Қутлуғ қон” ва “Улуғ йўл” романлари ўз вазифасини ўтаб бўлган дейишади. Лекин улар ўша давр одамлари кайфиятини акс эттириб бергани билан ҳам керакли эмасми? Балки камчиликлари ҳам бордир, аммо Ойбекнинг бадиий маҳоратига тан бермаслик иложсиз… Сатрларни шеър мисрасидек тизиб қўяди-я!”
“Ғафур Ғуломнинг шеърларидаги юксак фалсафадан ҳайрон қоламан. Аллома шоир бўлган экан! Насрий асарлари эса дарёга ўхшайди. Масалан, “Шум бола”ни ўқисангиз, гоҳ тўлқинланиб, гоҳ вазмин оқаётган дарёда сузаётгандек ҳис қиласиз ўзингизни!”
“Тоғай Мурод бахшими? Бахшилик қилмаганмикин? Қиссалари худди жировларнинг ноласига ўхшайди. Ўқийсиз, ўқийсиз… Томир-томирларингизга қон каби сингиб кетади…”
“Лолазор” жуда ажиб роман эканми?! Номини ўқиб, маъноси нима экан дебман. Икки саҳифа ўқиб, бошимни кўтара олмай қолдим. Муаллифнинг жумла тузишлари, ҳолатни чизиб беришлари шунчалик оригинал ва бетакрорки! Романни ўқир экансиз, қулоғингиз остида сўзлари кулгига тўла, аммо овозида йиғи оҳанги янграётган бир одам сизга ҳамроҳлик қилиб боради. Китобни тугатар экансиз, негадир йиғлай дейсизу, йиғлолмайсиз…”
“Фенимор Купернинг Америка ҳиндулари, чингачкукулари ҳақидаги романларига нима дейсиз? Бир ҳафталик воқеани беш юз бетли китобда тасвирлаб берган ёзувчига қойил қолмайсизми?..”
“Пушкин?! О, Пушкин! Сизни қайси оламларга олиб кетади у! Пушкин олов-ку! Шеърлари бир қайноқ олам унинг! Қиссалари эса сизни Рус одамлари билан дўстлаштириб қўяди!”
“Лермонтовнинг нимасини айтасиз! Пушкинга қасд қилганларида фақатгина у ҳақ гап қаерда эканини қўрқмасдан айта олди. Шундай, Лермонтов кабилар шоирликнинг вазифаси ҳақиқат учун курашиш эканини теран ангалайди…”
“Толстой ҳақида гаплашсак, гапимиз тугамас керак… Унинг қайси романи ҳақида гапирай? Худонинг қудратини қаранг, кимга хоҳласа, ана шундай тафаккурни берар экан-да…”
“Достоевкийнинг “Телба”сини ўқиб ҳар бир одам ўз ичидаги телбаликни, аслиятини кашф этиши мумкин десам, ишонасизми? Достоевский оламида сиз ўзингизни кўрасиз…”
“Кафка ҳақида нима дейишим мумкин? Бешафқат тузум, эътиқодсизлар жамиятининг фожиасини кўрасиз-да унинг ёзганларида…”
“Камю ташқаридан қараганда раҳмсиз ва бахтсиз бир кимсадек туюлади. Иложи йўқ, сиз ёзувчи билан мулоқотга унинг ёзган асарлари орқали киришасиз. Ўйлайманки, Кафка жуда нафис қалб эгаси эди… Унинг асарида одамлар чорасизликдан синиб, синиқиб, оталари ёпиб кетган йўлларни излаётганлардир…”
Бу мен тасаввур қиладиган, орзуимдаги суҳбатларнинг бир парчасидир. Биз ўзгаларни ғийбат қилиб, бировларни алдаб бой бўлиш, катта мансаб эгаси бўлиш ҳақида эмас, адабиёт ва китоблар ҳақида суҳбат қурсак, маънолар дунёсининг мангу аъзоларига айлансак, қандай бўларкин!
Энг кўп кутганим эса – ҳазрат Навоийни ўқиётган, севиб ўқиётган кишиларни кўриш. Навоийни севган, уни ўз маъносида тушунган ҳар бир одамни дўстим деб қабул қилишга тайёрман. Алишер Навоий деган буюк сарҳадда кезиб юрган, ундаги ғаройиботлардан, ажойиботлардан ҳайрат қанотларига кўтарилган дўстларим кўп бўлишини жуда-жуда истайман…
Бутун мамлакатимизда ана шу манзарани кўргим келади. Кўринган ҳар бир одамга китоб ҳақида гапиришга тайёрман.
Китоб – жамият руҳидир. Китобдан айрилган жамият қуруқ жасадга айланади. Китоб танлай билиш керак. Китобни саралай олиш лозим.
Иложи бўлганда эди, ҳаммани шунга чақирар эдим:
1. Уйингиздаги энг шинам хонада китоблар тахланиб турсин. Сиз ҳар куни у ерга киринг ва китоблар билан узоқ суҳбат қуринг.
2. Дўстлар энг яхши ҳадя деганда китобни тасаввур қилсалар! Тўйларда китоб тўёна тарзида берилса!
3. Ҳар йили маҳалаларда, Республикамизнинг ҳар бир кўчасида Миллий китоб байрамлари ўтказилса. Китоб байрамларига Миллий мақом берилса.
Эҳ, китоб! Китоб! Китоблар!..
Китобларни яхши кўриш касаллиги бор, албатта. Эҳтимол, билгичлар менда унинг симптомларини топиб ўтиришгандир. Аммо бугун дунёни балолардан яхши китоблар қутқара олади деган ишончдаман.
Akrom Malik
MENING BIR ORZUIM

Akrom Malik (Akrom Malikov) 1990 yil 19 sentyabr` kuni tug’ilgan. Mirzo Ulug’bek nomidagi O’zbekiston Milliy universiteti O’zbek filologiyasi fakul`tetini bitirgan. Alisher Navoiy merosi yuzasidan ilmiy tadqiqot olib borish niyatida “Xamsa” debochalarini matnshunoslik kontekstida o’rganmoqda. Ilmiy ma’ruzalari bilan turli ilmiy anjumanlarida qatnashgan.. Ijodiy ishlari O’zbekistondagi gazeta va jurnallarda yoritib boriladi. “Buyur, ko’ngiljonim” (2007), “O’zlikka talab” (2012) she’riy to’plamlari chop etilgan. Ayni paytda “Senga bag’ishlayman” nomli she’riy to’plamini nashrga tayyorlamoqda.
Qalbimda bir orzu paydo bo’lgan. Shu orzu umuman meni tinch qo’ymaydi. Uxlasam, tushlarimda shu orzu yurgandek tuyuladi. Uyg’onsam, xayolimda…
Hayotning past-balandi ko’p. Qoqilib-suqilib, yig’lab-siqtab ketaverar ekanmiz. Bir og’izgina so’zdan dilimiz vayron bo’ladi, kichikkina xatoimiz katta balolarni boshlab kelib qolishi ham hech gap emas. Har kuni turli muammolarga ro’para kelamiz. Yaxshi yashash uchun dam pul kam, dam vaqt yetmaydi… Ikkisini ham topganda esa sog’likka putur yetgan bo’ladi.
O’zimizda kamchiliklar to’lib-toshib yotgan bo’lsa-da, boshqalarning chumolidek nuqsoni ko’zimizga fildek ko’rinadi. O’z xudbinligimizni tergov qilmasdan yaqinlarimiz, do’stlarimiz va besh-begonalarni sudga tortamiz. Hali birovni yolg’onchilikda, hali birovni munofiqlikda, hali birovni dangasalikda, hali birovni sergaplikda, hali birovni omilikda, hali birovni amalsizlikda ayblaymiz… Agar o’z qusurlarimizni ochiq turgan ko’zlarimiz ilg’ay olganida edi qalbimiz og’riq ichra qolib, tilimiz o’zgalarni malomat qilish uchun chog’lanishga majol topa olmasmidi, ehtimol…
Inson bolalikdan boshlab ulg’ayish pillapoyalaridan ko’tarilib boradi. Bo’yiga bo’y, eniga et qo’shiladi. Avval anglamagan haqiqatlarni bugun, bugun tushunmaganini ertaga bilib, aqli to’lishadi.
Ammo odamlar katta yoki kichkina bo’lishi ayni haqiqat ekan. Katta odam deganda uning mansabi va vazni tariqchalik ham hisobga olinmasligi Sizga ayon. Zotan, shu mezonlar doirasida fikrlash g’irt nodonlik bo’lur edi. Katta va kichik odamning eng asosiy belgisi – ularning muammolaridir. Muammolar ikki turli bo’ladi: shaxsiy moddiy va umumiy ma’naviy. Kimki o’z shaxsiy moddiy dunyosiga o’ralib qolib ketsa, shubhasiz, uni maydalar qopida ko’ramiz. Kimki umumiy ma’naviy muammolar haqida qayg’ursa, biz uni yuksaklik va ulug’vorlik cho’qqilaridan topamiz. Sezganingizdek, biz bularni katta odamlar deb ataymiz.
Oramizda katta odamlar ko’paygani sari millat kuchga to’ladi.
Keling, katta odamga yaxshiroq ta’rif beraylik. U chuqur ilm egasi, bosiq, fikri keng, har qanday masalada istalgan suhbatdosh bilan gaplasha oladi, haq va nohaqni teran ajratadi, yolg’on va rostni aralashtirmaydi, tanlagan to’g’ri yo’lidan qaytmaydi, g’iybatdan yiroqda, pastkashlikdan hazar qiladi…
Ana shu sifatlar jam bo’lgan insonni biz katta odam deb atagan bo’lardik. Yoki yana ham munosibroq nom bilan ma’rifatli inson deya sharaflashga ham tayyormiz.
Ana shunday kishilarni tarbiyalash uchun qanday choralar ko’riladi? Ma’rifatli inson qanday muhit mevasi?
Ko’zlarim ma’rifatli inson uchun yagona beshik kitob ekanini fahmlamoqda. Kitobga to’kilgan ko’z nurlari qalbga ko’chib o’tib, insonni yuksak ma’no olamlariga olib kiradi.
Orzuimni aytish mavridi endi keldi: ko’chalarda, bekatlarda, rasmiy yoki norasmiy ishxonalarda, yo’llarda, xonadonlarda hamma kitob mutolaasi bilan band bo’lishini tasavvur qila olasizmi? Men hamisha ana shunday manzarani ko’z oldimga keltiraman:
“Bugun men Abdulla Qodiriyning “O’tkan kunlar”ini oltinchi marta o’qib tugatdim… Siz-chi?”
“Servantesning “Don Kixot”ining yarmiga keldim…”
“Kechirasiz, Shekspirning “Makbet” dramasi haqida nima deb o’ylaysiz? Hozir o’qib oxiriga yetib qoldim… Teatrlarimizda sahnalashtirishyaptimi ekan?”
“Cho’lponning “Kecha va kunduz” romanini maza qilib o’qidim… Ilgari u kishining she’rlarini sevardim, eedi buyuk nosir ekanlarini kashf qildim… Romanning ikkinchi kitobi topilmagan ekanmi?”
“Qutlug’ qon” va “Ulug’ yo’l” romanlari o’z vazifasini o’tab bo’lgan deyishadi. Lekin ular o’sha davr odamlari kayfiyatini aks ettirib bergani bilan ham kerakli emasmi? Balki kamchiliklari
ham bordir, ammo Oybekning badiiy mahoratiga tan bermaslik ilojsiz… Satrlarni she’r misrasidek tizib qo’yadi-ya!”
“G’afur G’ulomning she’rlaridagi yuksak falsafadan hayron qolaman. Alloma shoir bo’lgan ekan! Nasriy asarlari esa daryoga o’xshaydi. Masalan, “Shum bola”ni o’qisangiz, goh to’lqinlanib, goh vazmin oqayotgan daryoda suzayotgandek his qilasiz o’zingizni!”
“Tog’ay Murod baxshimi? Baxshilik qilmaganmikin? Qissalari xuddi jirovlarning nolasiga o’xshaydi. O’qiysiz, o’qiysiz… Tomir-tomirlaringizga qon kabi singib ketadi…”
“Lolazor” juda ajib roman ekanmi?! Nomini o’qib, ma’nosi nima ekan debman. Ikki sahifa o’qib, boshimni ko’tara olmay qoldim. Muallifning jumla tuzishlari, holatni chizib berishlari shunchalik original va betakrorki! Romanni o’qir ekansiz, qulog’ingiz ostida so’zlari kulgiga to’la, ammo ovozida yig’i ohangi yangrayotgan bir odam sizga hamrohlik qilib boradi. Kitobni tugatar ekansiz, negadir yig’lay deysizu, yig’lolmaysiz…”
“Fenimor Kuperning Amerika hindulari, chingachkukulari haqidagi romanlariga nima deysiz? Bir haftalik voqeani besh yuz betli kitobda tasvirlab bergan yozuvchiga qoyil qolmaysizmi?..”
“Pushkin?! O, Pushkin! Sizni qaysi olamlarga olib ketadi u! Pushkin olov-ku! She’rlari bir qaynoq olam uning! Qissalari esa sizni Rus odamlari bilan do’stlashtirib qo’yadi!”
“Lermontovning nimasini aytasiz! Pushkinga qasd qilganlarida faqatgina u haq gap qaerda ekanini qo’rqmasdan ayta oldi. Shunday, Lermontov kabilar shoirlikning vazifasi haqiqat uchun kurashish ekanini teran angalaydi…”
“Tolstoy haqida gaplashsak, gapimiz tugamas kerak… Uning qaysi romani haqida gapiray? Xudoning qudratini qarang, kimga xohlasa, ana shunday tafakkurni berar ekan-da…”
“Dostoevkiyning “Telba”sini o’qib har bir odam o’z ichidagi telbalikni, asliyatini kashf etishi mumkin desam, ishonasizmi? Dostoevskiy olamida siz o’zingizni ko’rasiz…”
“Kafka haqida nima deyishim mumkin? Beshafqat tuzum, e’tiqodsizlar jamiyatining fojiasini ko’rasiz-da uning yozganlarida…”
“Kamyu tashqaridan qaraganda rahmsiz va baxtsiz bir kimsadek tuyuladi. Iloji yo’q, siz yozuvchi bilan muloqotga uning yozgan asarlari orqali kirishasiz. O’ylaymanki, Kafka juda nafis qalb egasi edi… Uning asarida odamlar chorasizlikdan sinib, siniqib, otalari yopib ketgan yo’llarni izlayotganlardir…”
Bu men tasavvur qiladigan, orzuimdagi suhbatlarning bir parchasidir. Biz o’zgalarni g’iybat qilib, birovlarni aldab boy bo’lish, katta mansab egasi bo’lish haqida emas, adabiyot va kitoblar haqida suhbat qursak, ma’nolar dunyosining mangu a’zolariga aylansak, qanday bo’larkin!
Eng ko’p kutganim esa – hazrat Navoiyni o’qiyotgan, sevib o’qiyotgan kishilarni ko’rish. Navoiyni sevgan, uni o’z ma’nosida tushungan har bir odamni do’stim deb qabul qilishga tayyorman. Alisher Navoiy degan buyuk sarhadda kezib yurgan, undagi g’aroyibotlardan, ajoyibotlardan hayrat qanotlariga ko’tarilgan do’stlarim ko’p bo’lishini juda-juda istayman…
Butun mamlakatimizda ana shu manzarani ko’rgim keladi. Ko’ringan har bir odamga kitob haqida gapirishga tayyorman.
Kitob – jamiyat ruhidir. Kitobdan ayrilgan jamiyat quruq jasadga aylanadi. Kitob tanlay bilish kerak. Kitobni saralay olish lozim.
Iloji bo’lganda edi, hammani shunga chaqirar edim:
1. Uyingizdagi eng shinam xonada kitoblar taxlanib tursin. Siz har kuni u yerga kiring va kitoblar bilan uzoq suhbat quring.
2. Do’stlar eng yaxshi hadya deganda kitobni tasavvur qilsalar! To’ylarda kitob to’yona tarzida berilsa!
3. Har yili mahalalarda, Respublikamizning har bir ko’chasida Milliy kitob bayramlari o’tkazilsa. Kitob bayramlariga Milliy maqom berilsa.
Eh, kitob! Kitob! Kitoblar!..
Kitoblarni yaxshi ko’rish kasalligi bor, albatta. Ehtimol, bilgichlar menda uning simptomlarini topib o’tirishgandir. Ammo bugun dunyoni balolardan yaxshi kitoblar qutqara oladi degan ishonchdaman.
Sizni aslo zeriktirmaydigan va sizdan hesh ham malollanmaydigan, dardlaringizni jimgina tinglab, eng munosib va to’g’ri javobni sizga tuhfa aylaydigan hamda barcha muammolaringizga go’zal yechim topib beradigan do’stlar muborak bo’lsin! Albatta, agar insoniyat kitobni naqadar ishonchli do’st ekanligini bilganida edi, ehtimol bugungi kunda qimmatli vaqtimizni johillar tomonidan sodir etilgan jinoyatlarga qarshi kurashishga emas, balki «mening orzuim» nomli maqoladagi kabi sevimli kitoblar muhokamasiga bag’ishlagan bo’larmidik…
Akromjon seni tangrini o’zi qo’llaydi men bunga ishonaman!
Insof berib albatta chiqasan muxlising!!!