Ibrohim Haqqul. Qo’rqoq bo’lsang, qo’rqoq bo’lar she’r

076            Эҳтимол, инжиқлиги, чўрткесарлиги, ҳатто исёнкорлигини кимлардир қабул этолмас. Шу “қайсарлик”лари билан у Хуршид Даврон. Бугун шу хусусиятларни кимга нисбат бериб бўлади? Сўзи, фикри, истеъдоди ва эркини сотмаган ижодкор борми ҳозир? Бўлса, нечта?..

022

“ҚЎРҚОҚ БЎЛСАНГ, ҚЎРҚОҚ БЎЛАР ШЕЪР…”
Иброҳим ҲАҚҚУЛ, филология фанлари доктори, профессор


Қайдадир бир пок тийнат тўғри ёр,
Қани инсофу мурувват, кимда бор?
Насимий

    Инсон тафаккурини тўхтатиб бўлмаганидек, унинг тахайюл кучи, тасаввур имкониятларини ҳам чеклаш мумкинмас. Шундоқ экан ёлғон, уйдирма ва алдовга ҳам доимо йўл очиқ. Бу имкондан кимдир кўпроқ, кимлардир камроқ фойдаланиши мумкин – аммо фойдаланади. Дин, тарих, сиёсат, фалсафа, санъат, адабиёт мавзусида шўро замонида айтилган ва ёзилган фикр-мулоҳазаларнинг кўпи ҳақиқатга тескари тўқималардир. Яроқсизлигини тўла-тўкис аниқлаб бўлмаганидек, уларнинг зарарини ҳам охиригача шарҳлаш душвордир. Сохта илм, яроқсиз оммавий адабиёт ва санъатнинг олди тўсилмас экан, оломончилик илдамлаб бораверади. Янги Ўзбекистоннинг маънавий кўзгуси янги адабиёт бўлиши ва мустамлакачилик ғояси, коммунистик идеаллардан фориғ маслак ила қалам юритган истеъдодлар тажрибаси заминида шаклланишини унутмаслик зарур. Бу тажриба бизда бор. Унинг пешволари эса шеъриятда Абдулҳамид Чўлпон бошлаган йўналишни собитлик ила давом эттирган Рауф Парфи, Жамол Камол, Чўлпон Эргаш, Миразиз Аъзамлардир. Буларнинг издоши ўлароқ адабиётга кириб келган шоир ва адиблар, биринчидан, адабиётни босқинчилик сиёсати, коммунистик партия исканжасидан халос айлашга катта куч сарфлашган бўлса, иккинчидан, миллат эрки, Ватан мустақиллиги ҳар нарсадан муқаддаслигини амалда исботлашган. Мана шулардан бири ва миллий эътиқодга тўла содиқ шоир Хуршид Даврондир.

05 Истеъдоднинг биринчи белгиси ва хусусияти Дард ва Изтироб. Улардан маҳрум сўз ҳам, маъни ҳам кўнгилга етиб бормайдиган бир гапбозликдир.

   Совет давлати ҳукм юритган даврдан бошлаб, “шодлик ва бахт”ни кўйлашни коммунистлар бош вазифа этиб белгилашгач, дард, ғам, қайғу, алам, ҳасрат сингари сўз ва тушунчалар наинки ҳаёт, балки адабиётдан ҳам четлатилди. Натижада бадиий адабиётда тўлдириб бўлмас бир бўшлиқ юзага келиб, ғайриинсоний бир тамойил ўтган асрнинг олтмишинчи йилларигача давом топди. Ва адабиёт нурсиз, зиёсиз, маънавий файз ва таассуротдан маҳрум бир мавжудликка ўхшаб қолганди. Инсоннинг инсонийлиги, эрки ва қисматига қарши амалга оширилган бу зўравонликка қарши курашни зиммасига олиб, ғоявий, маънавий собитликдан чекинмай ижод қилган Хуршид Даврон ҳам адабиётимизнинг улкан намояндаси мақомига юксалди. Инсон сифатида ҳам, ижодкор қиёфасида ҳам Хуршид даъводан холи, моддий дунё торта-тортларидан баландлаган шахсдир.

Қўлларимни қаламим еди,
У тунлари жуда оч эди.

Сўзларга ем бўлди кўзларим,
Балки шундан ёруғ сўзларим.

Вужудимни кемирди йиллар,
Қорлар, тунда гувлаган еллар.

Қувончимни ҳижроним еди,
Тақдиримда улар кўп эди.

Ғамларимни ўқиди тушлар,
Хаёлимни чўқиди қушлар.

Хайр, хайр, энди мен кетдим,
Юрагимни мен ўзим едим.

Бу шеърлар фақат шоиргамас, “қисмат майин” ичиб ўзлигини таниган ҳар бир кишига тегишли. “Юрагимни мен ўзим едим”, дея оладиган шахс  шеърда янгича ифодаланган кечинма ва иқрорни бехато англайди, деб ўйлайман.

  Улкан ижодкор эртадир, кечдир ҳеч кимдан хафа бўлмаслик, шон- шуҳрат ва манфаат пойгаларида қатнашмаслик, қўлдан келганни беғараз, тамасиз бажариши керак, деган қарорга келади. Ана шунда у бировдан марҳамат кутмаганидек, ножинсу нокасларнинг турфа-турфа риёкорликларига парво ҳам қилмайди. Бундай ҳолат ва холисликка эришган истеъдод соҳиблари бор, бироқ жуда саноқли.

   Сафдош, маслакдош бўлганим боис тенгдошларимдан қайси шоир ва ёзувчиларга коммунист арбоблар қандай тиш қайраб, пичоқ ўқталганини ҳар қалай аниқ биламан.

   Очиғини айтса, буқаламунлик ва юзсизликни “касби камол” ишига айлантириб олган “фидойи”ларнинг юзини кўриш ҳам, сўзини тинглаш ҳам ниҳоятда ёқимсиз. Рауф Парфини хорлашган шулар. Шавкат Раҳмон ўлимини шу нобакорлар тезлаштирган. Ҳалима Худойбердиева каби ўнлаб шоир, олим ва адибларни “қора рўйхат”га тиркаганлар ким?

    Яқинда илмий-маъруфий бир йиғинда мендан “Нега Хуршид Даврон телевизорга чиқмайди? Нима учун унинг китоблари босилмайди?” – деб сўрашди. Дафъатан нима дейишни билолмадим… Дарвоқе, Хуршид Даврон миллатимизнинг беқиёс шоири, ҳассос, зукко тарихнависи. Унинг ижодий қиёфаси тозалиги, самимияти, ҳаққонийлиги билан ажралиб туради. Болалик поклиги ва табиийлигига хилоф бир ҳаракат қилмаган иккита шоир бўлса, бизнингча, бири Хуршиддир. Ахир, илм ва ижодкорлар орасида мустақиллик ва истиқлол байроқдорларидан бири ҳам Хуршид Даврон эди-ку! Унга тенг келадиган шоир, олим, муаррих яна қачон пайдо бўлади?! Худо билади…

    Эҳтимол, инжиқлиги, чўрткесарлиги, ҳатто исёнкорлигини кимлардир қабул этолмас. Шу “қайсарлик”лари билан у Хуршид Даврон. Бугун шу хусусиятларни кимга нисбат бериб бўлади? Сўзи, фикри, истеъдоди ва эркини сотмаган ижодкор борми ҳозир? Бўлса, нечта?..

     Хуршид Даврон тарафкашлик, маҳаллийчилик, тўдабозликни ҳақиқатда ёмон кўради. Қолаверса, унда бировнинг ҳимоясига майл ҳам, муҳтожлик ҳам йўқ. У шу юртнинг энг содиқ ва озод шоирларидан бири. Хуршид Даврондаги ишқ – гўзаллик ишқи, адабиёт ишқи, маърифат ва ҳақиқат севгиси билан бирлашиб кетган. Бу жиҳатдан бугун унинг “панжасига панжа” ура оладиган шоирни билмайман.

Бизлар жуда ақллимиз,
Минг ўлчаб, бир кесамиз.
Яшасин, деб халқимиз,
Мансабларда ўсамиз.

    Бу сатрлар бундан қарийб эллик йил аввал битилган. Кейинги даврларда ижодкорлик имтиёзларидан фойдаланиб, мансабу мартабаларда ўсиш иштиёқи пасайдими? Йўқ…

    Мен етмишинчи йилларнинг иккинчи ярмидан буёғига сиёсатчи ва давлат мулозимларининг ҳақиқий ижодкорлар маслак ва эътиқодини ўзгартириш ва ўзлари кўзлаган томонга буришга уринишларини кузатиб келаман. Муроса қилмаган, бўйин эгмаганлар таъқибга учраган, яккаланган, ҳар турли моддий имтиёзлардан маҳрум этилган. Бундан ким ютган? Ҳақиқат, тўғрилик ва адабиёт ютган.

    Одамлар онги, идроки, қалби ва руҳига чин шоирнинг сўзи қадар илҳом бағишлайдиган сўз оздир, деса хато бўлмас. Аммо шеърга, шоирликка охиригача ҳамма ҳам содиқ қололмайди. Шунинг учун шеъриятдан сиёсатга, ундан динга, диндан тариқатга сакрайдиганларнинг на эътиқоди, на ташаббусига асло ишонмаслик керак.

   Шеърда, шоирликда нима эскирмайди ва нима ҳамиятини йўқотмайди? Руҳ ва моҳият эскирмайди. Дард ва изтироб қуввати сусаймайди. Буларнинг барисини Хуршид Даврон билади. Лекин на мавзу, на оҳанг ва на ранг тасвирларида атайинликка йўл бермайди:

Оппоқ эди бошда бу дунё,
Кўча оппоқ, кечалар оппоқ.
Қандай яхши экан болалик,
Оппоқ ранглар билан яшамоқ…

Бу оқлик ҳанузгача шоирнинг кўнглини ҳам, шеъриятини ҳам тарк этгани йўқ. Албатта, болаликдан кейинги умр – “оқ, яшил, мовий” каби ранглар аралашган, таассуротлар аёвсиз ўзгарган умр:

Кунлар хазон каби сарғарди,
Учиб кетди япроқлар каби.
Кеча қалбга дунё сиғарди,
Бугун сиғмас ўзимнинг дардим…

“Шаҳардаги олма дарахти” тўпламидаги шеърларидан бирида шоир бундай дейди:

Мовий рангли осмонга боқдим,
Осмонимга айланди осмон.
Зумрад дала меники бўлди,
Боққанимда чексизлик томон…

Ичдим ўтли шамолларни мен,
Шамолларга айланди бағрим.
Севдим гулу аёлларни мен
Ва ҳаётни ёниб куйладим.

Аслида мана шундай шеърларни ўқиган зукко шеърхон “Шеър нима?”, “Шоир ким?” – деган саволларга иккиланмасдан жавоб топади. Аллоҳ яратган гўзаллик ва мавжудлик борки, шоир қалбида завқ қўзғаб, имкони борича уларни қайта яратишга завқлантиради. Ана шунда у “мовий рангли осмони”, “зумрад даласи”, “ўту гулу шамол”ларига соҳиб бўлади.

Ҳар кимнинг ҳам бўлсин осмони,
Ўт, гуллари бўлсин қалбининг.
Эркдай улуғ Ўзбекистони,
Чексизлиги бўлсин ҳар кимнинг…

Бу сўзлар юракни шу қадар орзиқтириб юборадики, эркдай Ўзбекистоннимас, Ўзбекистондай улуғ эркни ва осмон қадар чексизликни орзу қилади.

Кўпчилик эътироф этганидек, Хуршид Даврон табиат куйчиси. Она табиат инсонга қандай меҳр кўрсатиб, уни нечоғлик асраб-авайлаб, ташқи бағритошликлардан муҳофаза этса, Хуршид шуларнинг, деярли, ҳаммасини мушоҳададан ўтказган. Қарангки, у ўзини чегарасиз табиатга қарам эмас, табиатни ўзининг давоми ўлароқ тасаввур этган.

Табиатдир менинг давомим,
Туташ эрур бағрим бағрига.
Умрим боғлиқ ою офтоби,
Дарё, дала, дарахтларига.

Ялпизларни қучоқлаб сархуш,
Муҳаббатга чулғанар қалбим.
Бошим узра учиб ётар қуш,
Хаёлимнинг давоми каби.

Тунлар нафас олмай ётаман,
Мени қучар қувончу алам.
Дарахт кулгусини кўрганман,
Кўрганман кўзёшларини ҳам…

Одамлар нега шеърдан совиб, шеърхонликдан узоқлашиб қолишди? Негаки, юқоридаги сингари соф шеърият намуналари озайиб кетди. Шоирман деганлардан кўпчилигининг сийратида турғунлик, қашшоқликдан бошқа бир нима юзага чиқмайдиган бўлиб қолди.

Сен қўрқувни қанчалик яшир,
Шеър қилади барибир ошкор.
Қўрқоқ бўлсанг, қўрқоқ бўлар шеър,
Мардман, деб жар солмоғинг бекор.

045 Хуршид Даврон “Шоир шеърнинг олдидан тирик, шеър сўнгида ўлмоғи даркор”, деганда минг бора ҳақ бўлган. У бошқа бир шеърида “ҳаяжонга  тўлган мусаввир уйғонади менинг қалбимда”, дейди. Бу шунчаки эътироф ёки хабар эмас. Хуршид Даврон шеъриятида шоир – мусаввир, ҳассос рассом ва шоир, муаррих – шоир, гуё ўрин алмашиб қалам тебратишган. Шарқ мумтоз шеърияти, наинки, ошиқлик ва орифлик, балки дарвешлик, қаландарлик, риндлик, фақирлик руҳи билан йўғрилган. Уни теран ўқиб- ўзлаштирган ижодкорнинг ботинида, албатта, орифлик, дарвешлик ҳолатлари бош кўтаради. Хуршид Давроннинг Шарқнинг Аттор, Кубро, Румий, Ҳофиз, Навоий каби даҳоларига мухлис ва муҳиблигининг бош сабаби ҳам ана шунда.

Унинг нуқтаи назарида шоир – халқнинг кўзи. Бу кўз ҳеч қачон хира тортмаслиги керак. Ана шунда юракларда яшайдиган СЎЗ нурга чўмиб, зиёга йўғрилади. Миллийлик, ҳурлик ва истиқлол руҳи ана шунда кўнгилларни фараҳлантиради.

   Хуршид Даврон тили дилидан, сўзи ҳолидан асло ажралмаган шоир. Мустабидлик, зўравонлик, эрксизлик, истибдод нималигини у ҳар жиҳатдан чуқур идрок этиб, дил дарди ва оғриқларидан шеър яратган. Бошданоқ у нажот бой берилганда эмас, бой берилмаганда, деб билган. Шу туйғу уни олисдан-олис мозийга йўналтирган. Она халқининг илмий, тарихий, маданий ва адабий меросини мустақил ақл-идрок билан билишга ва шахсини қувватлантиришга илҳомлантирган. Хуршид Даврон ўзлигидан ажратилган мазлум бир халқнинг руҳида исён олови гуриллаган виждонли фарзандидир. Унинг шеъриятида зоҳирий мақсад ёки ўткинчи манфаатни ифодалайдиган ахлоқий, ижтимоий, сиёсий фикрларни учратмайсиз. Хуршид ботини дард ва маънига тўлган, сувратпарастликка берилиб, сийратидаги гавҳарларини сотмаган ориф шоир. Бу эса мен учун энг муҳимидир.

14.01.22
Дўрмон.

Манба:  “Хуршид Даврон ижодининг маънавий- маърифий аҳамияти” мавзусида ўтказилган республика илмий конференцияси материаллари. Тошкент,2022

Xurshid Davron tili dilidan, so’zi holidan aslo ajralmagan shoir. Mustabidlik, zo’ravonlik, erksizlik, istibdod nimaligini u har jihatdan chuqur idrok etib, dil dardi va og’riqlaridan she’r yaratgan. Boshdanoq u najot boy berilganda emas, boy berilmaganda, deb bilgan.

 

“QO’RQOQ BO’LSANG, QO’RQOQ BO’LAR ShE’R…”
Ibrohim HAQQUL — filologiya fanlari doktori, professor


Qaydadir bir pok tiynat to’g’ri yor,
Qani insofu muruvvat, kimda bor?
Nasimiy

   Inson tafakkurini to’xtatib bo’lmaganidek, uning taxayyul kuchi, tasavvur imkoniyatlarini ham cheklash mumkinmas. Shundoq ekan yolg’on, uydirma va aldovga ham doimo yo’l ochiq. Bu imkondan kimdir ko’proq, kimlardir kamroq foydalanishi mumkin – ammo foydalanadi. Din, tarix, siyosat, falsafa, san’at, adabiyot mavzusida sho’ro zamonida aytilgan va yozilgan fikr-mulohazalarning ko’pi haqiqatga teskari to’qimalardir. Yaroqsizligini to’la-to’kis aniqlab bo’lmaganidek, ularning zararini ham oxirigacha sharhlash dushvordir. Soxta ilm, yaroqsiz ommaviy adabiyot va san’atning oldi to’silmas ekan, olomonchilik ildamlab boraveradi. Yangi O’zbekistonning ma’naviy ko’zgusi 17yangi adabiyot bo’lishi va mustamlakachilik g’oyasi, kommunistik ideallardan forig’ maslak ila qalam yuritgan iste’dodlar tajribasi zaminida shakllanishini unutmaslik zarur. Bu tajriba bizda bor. Uning peshvolari esa she’riyatda Abdulhamid Cho’lpon boshlagan yo’nalishni sobitlik ila davom ettirgan Rauf Parfi, Jamol Kamol, Cho’lpon Ergash, Miraziz A’zamlardir. Bularning izdoshi o’laroq adabiyotga kirib kelgan shoir va adiblar, birinchidan, adabiyotni bosqinchilik siyosati, kommunistik partiya iskanjasidan xalos aylashga katta kuch sarflashgan bo’lsa, ikkinchidan, millat erki, Vatan mustaqilligi har narsadan muqaddasligini amalda isbotlashgan. Mana shulardan biri va milliy e’tiqodga to’la sodiq shoir Xurshid Davrondir.

Iste’dodning birinchi belgisi va xususiyati Dard va Iztirob. Ulardan mahrum so’z ham, ma’ni ham ko’ngilga yetib bormaydigan bir gapbozlikdir.

Sovet davlati hukm yuritgan davrdan boshlab, “shodlik va baxt”ni ko’ylashni kommunistlar bosh vazifa etib belgilashgach, dard, g’am, qayg’u, alam, hasrat singari so’z va tushunchalar nainki hayot, balki adabiyotdan ham chetlatildi. Natijada badiiy adabiyotda to’ldirib bo’lmas bir bo’shliq yuzaga kelib, g’ayriinsoniy bir tamoyil o’tgan asrning oltmishinchi yillarigacha davom topdi. Va adabiyot nursiz, ziyosiz, ma’naviy fayz va taassurotdan mahrum bir mavjudlikka o’xshab qolgandi. Insonning insoniyligi, erki va qismatiga qarshi amalga oshirilgan bu zo’ravonlikka qarshi kurashni zimmasiga olib, g’oyaviy, ma’naviy sobitlikdan chekinmay ijod qilgan Xurshid Davron ham adabiyotimizning ulkan namoyandasi maqomiga yuksaldi. Inson sifatida ham, ijodkor qiyofasida ham Xurshid da’vodan xoli, moddiy dunyo torta-tortlaridan balandlagan shaxsdir.

Qo’llarimni qalamim yedi,
U tunlari juda och edi.

So’zlarga yem bo’ldi ko’zlarim,
Balki shundan yorug’ so’zlarim.

Vujudimni kemirdi yillar,
Qorlar, tunda guvlagan yellar.

Quvonchimni hijronim yedi,
Taqdirimda ular ko’p edi.

G’amlarimni o’qidi tushlar,
Xayolimni cho’qidi qushlar.

Xayr, xayr, endi men ketdim,
Yuragimni men o’zim yedim.

Bu she’rlar faqat shoirgamas, “qismat mayin” ichib o’zligini tanigan har bir kishiga tegishli. “Yuragimni men o’zim yedim”, deya oladigan shaxs she’rda yangicha ifodalangan kechinma va iqrorni bexato anglaydi, deb o’ylayman.

Ulkan ijodkor ertadir, kechdir hech kimdan xafa bo’lmaslik, shon- shuhrat va manfaat poygalarida qatnashmaslik, qo’ldan kelganni beg’araz, tamasiz bajarishi kerak, degan qarorga keladi. Ana shunda u birovdan marhamat kutmaganidek, nojinsu nokaslarning turfa-turfa riyokorliklariga parvo ham qilmaydi. Bunday holat va xolislikka erishgan iste’dod sohiblari bor, biroq juda sanoqli.

Safdosh, maslakdosh bo’lganim bois tengdoshlarimdan qaysi shoir va yozuvchilarga kommunist arboblar qanday tish qayrab, pichoq o’qtalganini har qalay aniq bilaman.

Ochig’ini aytsa, buqalamunlik va yuzsizlikni “kasbi kamol” ishiga aylantirib olgan “fidoyi”larning yuzini ko’rish ham, so’zini tinglash ham nihoyatda yoqimsiz. Rauf Parfini xorlashgan shular. Shavkat Rahmon o’limini shu nobakorlar tezlashtirgan. Halima Xudoyberdiyeva kabi o’nlab shoir, olim va adiblarni “qora ro’yxat”ga tirkaganlar kim?

Yaqinda ilmiy-ma’rufiy bir yig’inda mendan “Nega Xurshid Davron televizorga chiqmaydi? Nima uchun uning kitoblari bosilmaydi?” – deb so’rashdi. Daf’atan nima deyishni bilolmadim… Darvoqe, Xurshid Davron millatimizning beqiyos shoiri, hassos, zukko tarixnavisi. Uning ijodiy qiyofasi tozaligi, samimiyati, haqqoniyligi bilan ajralib turadi. Bolalik pokligi va tabiiyligiga xilof bir harakat qilmagan ikkita shoir bo’lsa, bizningcha, biri Xurshiddir. Axir, ilm va ijodkorlar orasida mustaqillik va istiqlol bayroqdorlaridan biri ham Xurshid Davron edi-ku! Unga teng keladigan shoir, olim, muarrix yana qachon paydo bo’ladi?! Xudo biladi…

Ehtimol, injiqligi, cho’rtkesarligi, hatto isyonkorligini kimlardir qabul etolmas. Shu “qaysarlik”lari bilan u Xurshid Davron. Bugun shu xususiyatlarni kimga nisbat berib bo’ladi? So’zi, fikri, iste’dodi va erkini sotmagan ijodkor bormi hozir? Bo’lsa, nechta?..

Xurshid Davron tarafkashlik, mahalliychilik, to’dabozlikni haqiqatda yomon ko’radi. Qolaversa, unda birovning himoyasiga mayl ham, muhtojlik ham yo’q. U shu yurtning eng sodiq va ozod shoirlaridan biri. Xurshid Davrondagi ishq – go’zallik ishqi, adabiyot ishqi, ma’rifat va haqiqat sevgisi bilan birlashib ketgan. Bu jihatdan bugun uning “panjasiga panja” ura oladigan shoirni bilmayman.

Bizlar juda aqllimiz,
Ming o’lchab, bir kesamiz.
Yashasin, deb xalqimiz,
Mansablarda o’samiz.

Bu satrlar bundan qariyb ellik yil avval bitilgan. Keyingi davrlarda ijodkorlik imtiyozlaridan foydalanib, mansabu martabalarda o’sish ishtiyoqi pasaydimi? Yo’q…

Men yetmishinchi yillarning ikkinchi yarmidan buyog’iga siyosatchi va davlat mulozimlarining haqiqiy ijodkorlar maslak va e’tiqodini o’zgartirish va o’zlari ko’zlagan tomonga burishga urinishlarini kuzatib kelaman. Murosa qilmagan, bo’yin egmaganlar ta’qibga uchragan, yakkalangan, har turli moddiy imtiyozlardan mahrum etilgan. Bundan kim yutgan? Haqiqat, to’g’rilik va adabiyot yutgan.

Odamlar ongi, idroki, qalbi va ruhiga chin shoirning so’zi qadar ilhom bag’ishlaydigan so’z ozdir, desa xato bo’lmas. Ammo she’rga, shoirlikka oxirigacha hamma ham sodiq qololmaydi. Shuning uchun she’riyatdan siyosatga, undan dinga, dindan tariqatga sakraydiganlarning na e’tiqodi, na tashabbusiga aslo ishonmaslik kerak.

She’rda, shoirlikda nima eskirmaydi va nima hamiyatini yo’qotmaydi? Ruh va mohiyat eskirmaydi. Dard va iztirob quvvati susaymaydi. Bularning barisini Xurshid Davron biladi. Lekin na mavzu, na ohang va na rang tasvirlarida atayinlikka yo’l bermaydi:

Oppoq edi boshda bu dunyo,
Ko’cha oppoq, kechalar oppoq.
Qanday yaxshi ekan bolalik,
Oppoq ranglar bilan yashamoq…

Bu oqlik hanuzgacha shoirning ko’nglini ham, she’riyatini ham tark etgani yo’q. Albatta, bolalikdan keyingi umr – “oq, yashil, moviy” kabi ranglar aralashgan, taassurotlar ayovsiz o’zgargan umr:

Kunlar xazon kabi sarg’ardi,
Uchib ketdi yaproqlar kabi.
Kecha qalbga dunyo sig’ardi,
Bugun sig’mas o’zimning dardim…

“Shahardagi olma daraxti” to’plamidagi she’rlaridan birida shoir bunday deydi:

Moviy rangli osmonga boqdim,
Osmonimga aylandi osmon.
Zumrad dala meniki bo’ldi,
Boqqanimda cheksizlik tomon…

Ichdim o’tli shamollarni men,
Shamollarga aylandi bag’rim.
Sevdim gulu ayollarni men
Va hayotni yonib kuyladim.

Aslida mana shunday she’rlarni o’qigan zukko she’rxon “She’r nima?”, “Shoir kim?” – degan savollarga ikkilanmasdan javob topadi. Alloh yaratgan go’zallik va mavjudlik borki, shoir qalbida zavq qo’zg’ab, imkoni boricha ularni qayta yaratishga zavqlantiradi. Ana shunda u “moviy rangli osmoni”, “zumrad dalasi”, “o’tu gulu shamol”lariga sohib bo’ladi.

Har kimning ham bo’lsin osmoni,
O’t, gullari bo’lsin qalbining.
Erkday ulug’ O’zbekistoni,
Cheksizligi bo’lsin har kimning…

Bu so’zlar yurakni shu qadar orziqtirib yuboradiki, erkday O’zbekistonnimas, O’zbekistonday ulug’ erkni va osmon qadar cheksizlikni orzu qiladi.

Ko’pchilik e’tirof etganidek, Xurshid Davron tabiat kuychisi. Ona tabiat insonga qanday mehr ko’rsatib, uni nechog’lik asrab-avaylab, tashqi bag’ritoshliklardan muhofaza etsa, Xurshid shularning, deyarli, hammasini mushohadadan o’tkazgan. Qarangki, u o’zini chegarasiz tabiatga qaram emas, tabiatni o’zining davomi o’laroq tasavvur etgan.

Tabiatdir mening davomim,
Tutash erur bag’rim bag’riga.
Umrim bog’liq oyu oftobi,
Daryo, dala, daraxtlariga.

Yalpizlarni quchoqlab sarxush,
Muhabbatga chulg’anar qalbim.
Boshim uzra uchib yotar qush,
Xayolimning davomi kabi.

Tunlar nafas olmay yotaman,
Meni quchar quvonchu alam.
Daraxt kulgusini ko’rganman,
Ko’rganman ko’zyoshlarini ham…

Odamlar nega she’rdan sovib, she’rxonlikdan uzoqlashib qolishdi? Negaki, yuqoridagi singari sof she’riyat namunalari ozayib ketdi. Shoirman deganlardan ko’pchiligining siyratida turg’unlik, qashshoqlikdan boshqa bir nima yuzaga chiqmaydigan bo’lib qoldi.

Sen qo’rquvni qanchalik yashir,
She’r qiladi baribir oshkor.
Qo’rqoq bo’lsang, qo’rqoq bo’lar she’r,
Mardman, deb jar solmog’ing bekor.

Xurshid Davron “Shoir she’rning oldidan tirik, she’r so’ngida o’lmog’i darkor”, deganda ming bora haq bo’lgan. U boshqa bir she’rida “hayajonga to’lgan musavvir uyg’onadi mening qalbimda”, deydi. Bu shunchaki e’tirof yoki xabar emas. Xurshid Davron she’riyatida shoir – musavvir, hassos rassom va shoir, muarrix – shoir, guyo o’rin almashib qalam tebratishgan. Sharq mumtoz she’riyati, nainki, oshiqlik va oriflik, balki darveshlik, qalandarlik, rindlik, faqirlik ruhi bilan yo’g’rilgan. Uni teran o’qib- o’zlashtirgan ijodkorning botinida, albatta, oriflik, darveshlik holatlari bosh ko’taradi. Xurshid Davronning Sharqning Attor, Kubro, Rumiy, Hofiz, Navoiy kabi daholariga muxlis va muhibligining bosh sababi ham ana shunda.

Uning nuqtai nazarida shoir – xalqning ko’zi. Bu ko’z hech qachon xira tortmasligi kerak. Ana shunda yuraklarda yashaydigan SO’Z nurga cho’mib, ziyoga yo’g’riladi. Milliylik, hurlik va istiqlol ruhi ana shunda ko’ngillarni farahlantiradi.

Xurshid Davron tili dilidan, so’zi holidan aslo ajralmagan shoir. Mustabidlik, zo’ravonlik, erksizlik, istibdod nimaligini u har jihatdan chuqur idrok etib, dil dardi va og’riqlaridan she’r yaratgan. Boshdanoq u najot boy berilganda emas, boy berilmaganda, deb bilgan. Shu tuyg’u uni olisdan-olis moziyga yo’naltirgan. Ona xalqining ilmiy, tarixiy, madaniy va adabiy merosini mustaqil aql-idrok bilan bilishga va shaxsini quvvatlantirishga ilhomlantirgan. Xurshid Davron o’zligidan ajratilgan mazlum bir xalqning ruhida isyon olovi gurillagan vijdonli farzandidir. Uning she’riyatida zohiriy maqsad yoki o’tkinchi manfaatni ifodalaydigan axloqiy, ijtimoiy, siyosiy fikrlarni uchratmaysiz. Xurshid botini dard va ma’niga to’lgan, suvratparastlikka berilib, siyratidagi gavharlarini sotmagan orif shoir. Bu esa men uchun eng muhimidir.

14.01.22
Do’rmon.

Manba:  “Xurshid Davron ijodining ma’naviy- ma’rifiy ahamiyati” mavzusida o’tkazilgan respublika ilmiy konferentsiyasi materiallari. Toshkent,2022


032

(Tashriflar: umumiy 253, bugungi 1)

Izoh qoldiring