Sharifjon Ahmad. To’rtinchi qavatdagi…

091 Саратоннинг қоқ ўртаси бўлишига қарамай, уззу-кун тиним билмай ёққан дўл-ёмғирлару дов-дарахтларнинг шохларини синдириб, бир зумда ҳаммаёқни кунпаякун қилиб юборган тентак шамоллар бугун негадир дафъатан тиниб қолган, худди оташкесимдан сўнг замбарак садоларию милтиқлар олатасири ҳам тўхтагач, энди ҳар икки рақиб томон жанг майдонидан ўликларини йиғиштириб олишга фурсат топганидек, шаҳар маъмурлари ҳам тозалаш ишларини бошлаб юборишганди.

Шарифжон АҲМАД
ТЎРТИНЧИ ҚАВАТДАГИ…


005Шарифжон Аҳмедов 1969 йилда Андижоннинг Асакасида туғилган. 1992 йили ТошДУ журналистика факултетини тамомлаган. Дастлабки ҳикоялари ўтган асрнинг 9-йилларида «Ёш куч» журналида эълон қилинган.Лотин Америкаси адабиёти тадқиқи билан шуғулланади. Узоқ йиллар давомида Хорхе Луис Борхес ижодий дунёсини чуқур ўрганиб, машҳур адиб яшаган ўлкаларга бориб илҳомланган ва ҳикоялари билан бизни таништириб келмоқда. «Хуршид Даврон кутубхонаси» саҳифаларида унинг Хорхе Луис Борхес, Хулио Кортасар, Жуброн Халил Жуброн асарларидан қилган таржималари мунтазам эълон қилиб борилмоқда.


У сарсон изларди ўзини-ўзи…
Артюр Рембо.*

Олим Отахонга

Саратоннинг қоқ ўртаси бўлишига қарамай, уззу-кун тиним билмай ёққан дўл-ёмғирлару дов-дарахтларнинг шохларини синдириб, бир зумда ҳаммаёқни кунпаякун қилиб юборган тентак шамоллар бугун негадир дафъатан тиниб қолган, худди оташкесимдан сўнг замбарак садоларию милтиқлар олатасири ҳам тўхтагач, энди ҳар икки рақиб томон жанг майдонидан ўликларини йиғиштириб олишга фурсат топганидек, шаҳар маъмурлари ҳам тозалаш ишларини бошлаб юборишганди. Жароҳат олган аскарлар каби юзтубан қулаган пажмурда дарахтларнинг аввал майиб шохлари, сўнг эса танаси ҳам кесилиб, шу ернинг ўзида саранжомланаётган, бир маромда ҳаракатланаётган фаррош машиналар эса кўчаларни ялаб-юлқаб, тозалаш билан овора эди. Ҳарбий лазарет фаолияти айни авжида, деб ўйлади у, остона хатлаб ташқарига чиқар экан.

Аслида ҳам ёзнинг қоқ ўртасида ҳавои жаҳоннинг кутилмаганда бундай айниб бериши одамларни шошириб қўйган, аввал тиниқ осмоннинг ҳув олис бурчида кўринган бир тутам булут тобора ёйилганча, соат ўтмай, бутун уфқни эгаллаб олгани ҳам ташвиш уйғотмаганди. Одамларни доғда қолдириб, энди шаҳарнинг қоқ устида тўпланиб олган тимқора булутлар оралаб кескир яшин тиғлари ерга санчила бошлаганда эса кеч бўлганди. Юракларга ибтидоий ғулу солиб чақинлар ортидан янграган қалдироқлар кўча ва хиёбонларда кезаётган одамларни бир зумда тирқиратиб юборди. Бўлиқ кўксини самовий шамшир тиғлари пароканда қилаётган булутлардан дўлу ёмғирлар шиддат билан шаҳар устига ёпирилар, жунбушга келган бу телба қудрат неки бўлса, барини уриб-синдириб, яксону пайҳон этишга астойдил бел боғлагандек эди. Ҳеч кутилмаганда бошланган тўфон бир неча кун ўтиб, худди шундай — дафъатан тинчигунига қадар одамлар тенгсиз ушбу важоҳатни уйларига қамалиб олганча, пусиб кузатишга маҳкум эдилар.

Мана энди, неча кунлик талотўплар ортда қолиб, бошқа бандалар қатори кўчага отланар экан, шу дамда у қаёққа йўл солишини, ўзини нима билан андармон қилишини билмас, наинки булар, балки ўзининг ҳеч бир иштирокисиз, ихтиёридан ташқари бир одми одат тарзида нафас олаётганидан, атрофда ҳукм сураётган мана бу ташқи олам изнисиз унинг (ташқи бу оламнинг) ҳар бир манзарасини истаса-истамаса кузатишга маҳкум эканидан сиқилар, устига устак, хаёлида ғужғон ўйнаётган, аммо ҳали тайинли бир фикр шаклини ололмаётган пароканда бу ўйлардан мақсаду мурод не эканлигини ҳеч англамас, аслида эса мана шу англамаслигини тушунишга ҳам қурби етмас эди.

Уни ўз бағрига олган бу шаҳар ўз ҳолича яшашда давом этар, мана шу давомийлик ичра ўзгаришларга дучор бўлаётгандай кўринса ҳам, бўрону тўфонлар етказган талафотларга ҳам қарамасдан, аслида кеча ва аввалги кунлар қандай бўлса, бу шаҳар барибир ўзгаришларсиз — ўз ҳолича қолаётган эди. Фақатгина кундалик ташвишлар етовида кезинаётган одамлару турли русумли автолар, йўл четида саф тортган дарахтларга дам-бадам гуррос қўнаётган қушлар галаси сароб каби хаёлий бу тирикликка ҳаракат ва фаолият бағишлаб тургандек эди, холос.

Шаҳарни довул асоратларидан тозалаш билан ҳамон машғул хизматчиларни кузатиб, буталари баравж ўсган аллақандай боққа келиб қолганини сезмади. Унгача ҳам неча замонлар бадалида юрилавериб, ўт-ўланлари босилавериб, сўқмоққа айланган оралиқдан юриб, бир ялангликка чиқди. Ялангликда эса ҳориган йўловчилар йўлини пойлаганча ёлғиз курси бағрини очиб турарди. Курсига чўкди. Вақт чошгоҳга яқинлашган, қоқ тиккага келган қуёш тафти дарахтлардан ҳоли бу ялангликни забтига олганди. Довулли кунлар бўйи кулбасида қамалиб ётавериб, зах босган унинг танасига энди бу иссиқлик хуш ёқа бошлади. (Бу жойнинг яна бир афзаллиги одамлар нигоҳидан панада эканида эди, илло ўнгу сўлга муттасил автолар ўтиб турган йўлдан баландроқда жойлашган ва қалин буталар билан ихоталанган бу ялангликдан атрофни бемалол ва бехавотир кузатишинг мумкин, айни пайтда йўл ёқасида кезинаётган одамлар эса сени илғай олишмасди.)

Тирикликка умид билан умидсизгина ва базўр бош кўтариб, (аммо барибир муқим фикр шаклини ололмасдан) шу оннинг ўзидаёқ тафаккурининг овлоқ туйнукларида чўкиб ўлаётган ожиз учқунларнинг қайта безовта қилишини истамаганидан, буталар оша назар ташлаб, ҳув анави чорраҳага бемақсад ва бемаъно тикилиб қолди. Аммо бу ерда нима қилиб ўтирибди? Автойўлга бақамти йўлакдан шошилмай бораётган анави одамлар нимани истайди? Бир-бирининг пинжига суқилган аёл билан эркак. Эркакка кулгу ҳадя этаётган бу аёлнинг табассуми қанчалар самимий аслида? Агар чин табассум бўлса, нега унда сохта қилиб кўрсатмоқчи бўляпти? Ё бу ноз-карашмаю ишвалар бир вақтнинг ўзида бирваракайига ишга солинаётганидан шунақа сохта туюладими? Улар нималар ҳақида сўзлашаётган бўлса? Умуман, нималарнидир сўзлаш, хаёлда кечаётган нарсаларни сўзлар шаклига солиб, ҳаволарни беҳуда тўлқинлантириш шунчалар муҳимми? Сўзланаётган сўзлардан аслида маъно борми ва сўзларни сўзлаш бу сўзларнинг асил маъноларига беомон путур етказмасми? Агар чуқурроқ ўйлаб кўрилса, агар тафаккур заррабинида синчиклаб кўрилса, сўзлаётганимиз шу қадар беҳисоб сўзларнинг бирортасида гўёки улар ташиётган маънолардан бирор нишона борми аслида? Сўзларни тафаккур этиш учун сарф этилаётган барча ушбу чиранишларни исроф этиш ўрнига, одамларнинг барча истак ва эҳтирослари, зарурат ва мақсадларини бира тўла ва тўла-тўкис ифода эта олаяжак биргина сўзнинг ўзи кифоя эмасми, масалан, биргина “уй” ва ё “кулба”? “Уй” ва ё “кулба” дейилиши ҳамон оилаю бола-бақра, ота-онангу элу-юртинг, бу элу-юрт одамларининг барча истак-интилишлари, азоб ва уқубатлари, кулфат ва ғамларидан бино этилган тариху-келажаги, юксалиш ва инқироз манзаралари, инсоний фожеалару бир-бирининг пинжига суқилган кўйи ўз муҳаббат гўшалари томон бораётган худди анави жуфтлик каби барча инсонларнинг майл ва эҳтирослари яхлит тизим бўлиб бирлашмасми? Нега кеча ва ундан аввалги кунлари ёмғиру-довул ҳеч тинмади, бугун эса — сукунат?

Моҳиятларини унинг ўзи ҳам англамаётган бу саволлардан боши ғовлаб кетди. Оёғи остига тикилди, офтоб тафтини соғинган ҳашаротлар ғимирлаган кўйи бир нималар билан машғул. Бута шохига қанотчалари қуёш нурларида товланаётган ниначи келиб қўнди. Икки кўзи қабариқ гуманоидларникига ўхшаш бошини ўнгу сўлга дам-бадам буриб, охири хатар йўқлигига ишонч ҳосил қилди шекилли, қанотларини бўш қўйганича, тек қотиб қолди. Ниначини тутиб, яқиндан томоша қилгиси келди. Пусиб, аста бутага яқинлашди, ниначи хатарни илғаб, учиб кетди. Ортидан кузатиб турди, ниначи тепада чивинларнинг ғужғон булутига ўзини урди, чапдаст экан – оғзида ўлжа билан энди нариги бута шохига келиб қўнди. Тамадди қилишини берироқдан кузатиб турди. Сўнг яна эҳтиёт бўлиб яқинлашди, ниначи овқат билан андармон бўлгани учун бу сафар уни осонгина тутиб олди. Саросимада қолган ниначи оғзидаги чивин қолдиқларини тушириб юборди. Қанотларини қўйиб юбормасдан, диққат билан кузатди — болалигида қишлоққа туташиб кетган пахта даласи устидан пастлаб учганча сассиқ дори сепадиган кукурузник-самолётнинг худди ўзгинаси – майда томирлар билан қопланган икки жуфт шаффоф қанотча, думи томон ингичкалашиб борган фюзеляж танасию ўлжасини тутишга мослашган тукли оёқлари. Энг муҳими, ҳаракатчан бошида қабариб кўринаётган кўзлар. Бир сўз билан, ўлжа овлашга мукаммал ихтисослашган жажжи йиртқич. Бошқа болалар билан бирга ниначилар устида ўтказган тажрибалари эсига тушди. Тўрттала қанотини бир хил калталикда чилпиб қирқди-да, энди учиб кўрчи, дегандек осмонга улоқтирди. Бандиликдан бўшалган бўлса ҳам, ниначи учишга уриниб ҳам кўрмади, сал нарироққа бориб қулади. Қилган ишидан ўзи уялиб кетди, бориб ниначини қўлига олди ва бутанинг баландроқ шохига ушлатиб қўйди. Балки бошқа шериклари кўриб қолса, ярадор биродарига ўзлари билганча ёрдам кўрсатишар. Ниначига қилган зулмидан пушаймон бўлгани аниқ эди, шу сабаб бу ерда бошқа ўтиролмади. Ўрнидан туриб, ялангликни, ундан кейин бу боғни ҳам тарк этди.

Хаёлу-фикрлари пароканда ҳолатида эндиям қай томонга боришини билолмай каловланиб турди, сўнг йўлнинг нариги муюлишида кўринган трамвай бекатига қараб юрди. Қай томонга эканининг асло фарқи йўқ, фақат қаергадир кетса ва қачондир ўша қаергадир етиб борса, яна ҳам тўғрироғи эса — ҳеч қачон ҳеч қаерга етиб бормаса бўлгани эди! Қулоғига кўпдан таниш қўнғироқларини жаранглатиб, бекатга трамвай келиб тўхтади. Нечанчи рақамли эканини ўйлаб ўтирмасдан, супадан кўтарилиб, энг сўнгги бекатга чипта олди.

Нафсиламбри, негалигини аниқ айтолмайди, балки автобуслардаги одатдаги тирбандликдан кўра бу ерда ўриндиқлар кўпинча бемалол бўлгани учунми ва ё аллақандай руҳий сокинлик бағишлаши туфайлими, у ҳамиша трамвайларда юришни маъқул кўрарди. Метрода юришдан эса худо асрасин, то манзилга етиб олгунча кўнглингни ноқулай бир ғашлик тинч қўймайди. Метрода ҳамма асабийлашади, аммо ҳар ким бу ҳолатини бошқаларга сездирмасликка интилади ва интилгани сайин ички зўриқиш ҳам ошиб боради, кўзлар тасодифан вагон ойнаси аксида бошқа кўзлар билан тўқнашгач эса бу зўриқиш қанчалар нохуш экани шундоқ билиниб қолади. Шу нохушликка дучор бўлмаслик учун, бошқа бировнинг кўзларига кўзлари тушмаслиги учун йўловчилар ўзларини нималар биландир банд қилиб кўрсатишади, ана, бири газета ўқиш билан машғул, бошқа биров эса кўзларини чирт юмганча ўзини ухлаётганга солади, агар диққат билан қаралса, юмуқ қабоқлари ичидаги кўзлари дам-бадам ўйноқлашидан аслида уйғоқ экани ва бекатини ўтказиб юбормаслик илинжида қулоқлари ҳам сергак эканини билиб олиш қийин эмас. Шундоқ ҳам ёлғиз одамларнинг ер остида яна бўрттирилган ёлғизлиги. Манзилга етиб, еростидан ниҳоят шаҳарнинг қучоқ очган бағрига чиққач, назарида, ҳар бир одам ўзини бениҳоя бахтиёр ҳис этишига ҳеч шубҳа қилмасди.

Аксига олиб, трамвай одатдагидан кўра бугун тирбанд, ҳамма ўриндиқлар боқишлари сипою сурбет чеҳралар билан банд эди. Бир аёлнинг қўлидаги чақалоқ тинмай биғиллар, оёқлар остидаги темир ғилдиракларнинг рельс бўйлаб ҳаракатидан пайдо бўлаётган муттасил “тарақа-туруқ” ичкарини ўз забтига олганди. Тутқичларга осилган озғину хўппа семиз гавдалар трамвай ҳаракатига монанд бир маромда чайқалиб борарди.

Ажабо, бу ерда ҳам ўзимни ноқулай сеза бошладим. Ҳолироқ жой топиш учун вагон охири томон узр сўраганча сурилиб борарканман, фақат айнан уларга тегишли хос ёлғизликларини безовта қилаётгандек менга хўмрайиб назар ташлашар, норози оҳангда бир нималар деб пўнғиллаганча юзларини намойишкорона терс ўгириб олишарди. Ёнидан ўтаётганимда биттаси ҳатто, киши билмас қилиб, тирсаги билан биқинимга чунонам ниқтадики, нафас олишим қийинлашиб, юзларим бўғриқиб кетди. Ҳамдардлик излаб, атрофга олазарак бўлиб қарадим, гўрдами, ҳамма ўзини гўлликка солиб олган, ушбу бедодликка аниқ гувоҳ бўлган анави семиз жувон бўлса, ўриндиққа ёйилиб олганича, бундан мамнунлигини ҳатто яширишни ҳам истамасди. Хўрлигим келиб, ниҳоят вагон охирига етиб бордим. Қулоқларим остида ҳамон темир ғилдираклар шовқини, чақалоқнинг биғиллаши ҳам тинай демасди.

Ҳозиргина бутун вагонга калака бўлганидан ўзини қаттиқ хўрланган ҳис қилар, кўнглидаги бу ўнғайсизликни аритиш учун трамвай ойнасидан муттасил ўтиб бораётган шаҳар манзараларига тикилишдан бошқа арзирли машғулот топа олмасди — ишқилиб, масхараомуз нигоҳларга дуч келмаса бўлгани эди. Ташқарида эса одамлар неча кунлик ёғингарчиликдан сўнг, ниҳоят, ўз ҳукмига кирган қуёш тафтида кезинишар, табиат хуружининг йўл четларида қолган сўнгги нишоналари ҳам бартараф этилаётган эди. Трамвай ойнасидан ташқарига қараб боришнинг метродан афзаллиги ҳам шунда эди аслида – токи ташқарида ҳали кундуз ҳукмрон экан, ойна тубларида бошқалар нигоҳи билан тўқнаш келмайсан.

Ташқари қуёш нурларидан бениҳоя чароғон эди, ёруғликка узоқ вақт тикилаверганидан кўзлари толиқди. Бу орада эса атрофида нотаниш бошқа чеҳралар пайдо бўлганига эътибор қилди, афтидан, ўзи билан овора бўлиб, бир неча бекат ортда қолгани ва унинг бояги ҳолатига гувоҳ бўлганларнинг кўплари ана шу бекатларда тушиб қолганини сезмай қолганди. Бундан бениҳоя мамнун бўлди, ўзини қарийб бахтиёр сеза бошлади. Дадиллашиб, атрофдаги янги қиёфаларга разм солди. Ана, шопмўйловли бобой, ҳойнаҳой бозорга йўл олган чиқар. Унинг ёнида шаҳарлик пўримларга хос бўлмаган соддагина йигит ва қизалоқ, аҳён-аҳёнда бир-бирларига ўғринча қараб қўйишади, нигоҳлари учрашганда эса иккисининг ҳам ёноқлари дув қизариб кетгандек бўлади; афтидан қишлоқдан келган биринчи курс талабалари, ҳатто бир гуруҳда ўқишса ҳам керак, ҳечқиси йўқ, ҳозирча шунақа уялинқираб турганларинг ҳам дуруст, бир-икки йил ўтсин, қарабсанки, пихини ёриб, сурбетлашган шаҳарлик олифталарга айланасан-қоласанлар. Вагон ичидагиларни қизиқсиниб кузатишда давом этаркан, бирдан бошқалар назаридан йироқда, энг сўнгги ўриндиқда ўтирган қизга кўзи тушди.

Кўзим тушдию юрагим ҳаприқиб ура бошлади, илло соҳибжамол бу қизга сокин юрак билан боқиш асло мумкин эмасди. Оёқларимдан мадор кетиб, кўз олдим қоронғулашаётганини сездим, у қизга яхшироқ разм солиш, ўртамиздаги масофани лоақал бирмунча бўлсин аритиш, унинг бутун нафис қиёфасидан таралаётган сезилмас тўлқинларни ҳис этиб ва ниҳоят унинг меҳварида айланмоқ учун ўша томон юрдим. Қизнинг гўзаллигига тоқат қилиб бўлмас эди.

Қаршимда мангу аримас, ақл бовар қилмас бошқа оламлардан ташриф буюрган хилқат тургандек бутун вужудим билан кўзга айландим. Шу бугунга қадар, шу тобга қадар нени билган, нени англаган бўлсам бари — менинг барча масрур қувончларим, жамики қайғули андуҳларим — барчаси бир тугун бўлиб бирлашди-ю, вужудимни зир титратиб, портлаб кетгандек бўлди. Назаримда, бу оламда неки бор бўлса, уларнинг бари шу қизда мужассам, бу оламдаги барча манзиллар биргина унда сўнгги истак бўлиб бирлашаётган эди. Ана, тушларимда неча бор кўрган синоатли ёбон ва таваллуд юртимга қайта элтажак кеманинг парқу елканлари сокин елларда ҳилпираб, бу ёбонда лангар ташлаши ёхуд узоқ айрилиқдан сўнг ниҳоят етиб борганим қадрдон қишлоқда эса волидаю-падарим, бобо ва момоларим кўзларида ёш билан қучоқ очиб қарши олишлари ва яна кўплаб шу каби ўтмиш тасвирларининг адоқ билмас шажаралари. Қизга суқланиб тикиларканман, атрофдагилар нигоҳи унинг маъбудий тимсолини булғашини истамай, ҳатто юзларини сийпалаётган қуёш нурларидан ҳам қизғона бошлагандим. Унинг бемисл малоҳати вужуду-шууримнинг то сўнгги зарраларига қадар ишғол этиб, бутун борлиғимда чидамсиз оғриқ уйғотганди. Тенгсиз гўзаллик нашъасидан пайдо қийноқлар азоби.

Бутун иродасини йиғиб, ниҳоят қизга бир нима дегиси келди.
— Салом, яхшимисиз…

Қиз назокат ила бошини кўтариб, салом соҳибига қаради: тубсиз тубларидан ажиб нурлар таратаётган тимқора кўзлар гавҳари!

— Салом.
— Китоб ўқияпсизми?
— Ҳа.
— Яхши китоб. «Тўртинчи қаватдаги…»
— Кўзларингиз ўткир экан, – билинар-билинмас табассум.

— Кўзларимдан ҳозирча нолимайман, – навбатдаги табассум ҳадяси. – Аслида бу китобни шу кунларда ўзим ҳам хатм қилиб туширдим, шунга…

Қиз жилмайибгина:
— Табъи назмингиз нозик кўринади, мавлонога ёққандир, ахир?
— Эпиграфида Рембодан шундоқ олиб ёзиб қўйилганидек, ўзини сарсону саргардон излаётган бир шизофреник дарвеш ҳақида.

— Жа унчаликмас-ов, — эътироз билдирди қиз ўпкаланиб, — менимча, неча замонлардан бери ҳаётига ҳеч бир янгилик йўламаётган ва шу сабаб ҳам тушкунлик, умидсизлик ботқоғига ботиб бораётган кимсанинг ўзи учун ўзи умидворлик яратиш интилишлари, десак сал тўғрироқ бўлар…

— “Ҳаётда ҳеч нарса ўзидан ўзи содир бўлмайди: беамр тикан кирмайди, деганлари бежиз эмас – рўй берган ҳар қандай ҳодисанинг сабаби мавжуд — бироқ кеч кузнинг замҳарир кунларидан бирида тасодифан учраб, хаёлингни алғов-далғов қилиб юборган нарсанинг сабабини сен ҳеч қачон топа олмайсан: қолаверса, бунга ҳатто қизиқиб ҳам кўрмайсан…”

— Эҳ-ҳе, ҳали ҳикояни ёддан биламан денг, воажаб!

— “Нима қилиш керак? – дея ўз-ўзингдан норози бўлардинг ва секин-аста аллақандай умидсизлик юрагингга чўкиб бораётганини сезардинг. – Худди ҳаётимда бир нима юз берадигандек доим ниманидир кутиб юраман… Нима қилиш керак?”

— Ана бўлмаса!

— “Сен кўримсизгина бино томон юриб ва худди шундай кўримсиз йўлакдан ўтиб, чапга буриласан. Йўл ўртасида калта-култа шохларини узатишга чоғланган кўйи қотиб қолган дарахт ёнидан ўтаётиб хўрсинасан. Дунёда хосиятсиз нарсалар кўп: хосиятсиз кунлар, хосиятсиз тушлар, ҳатто хосиятсиз тасодифлар… Сен ирим-чиримларга ишонмаганинг учун бу хосиятсиздек дарахтга бошқа кўз билан қарардинг.”

— Салгина сабр қилинг,- деди қиз,- менга ҳам навбат беринг ахир!- Шундай дея қиз ҳам, қўлидаги китобни ёпиб, ҳикоянинг давомини ёдаки айта бошлади: — “Шамол энди рўпарадан эсарди, сен чиқишдан кўра тушиш ноқулай бўлган зина тарафга юрасан. Зина тепасига етганда теварак-атрофни алланечук шовур-шувур тутиб бораётгандай туюлади; сен пастга туша бошлайсан – қуйироқ тушганинг сари шовқин кучайиб боради.
Сўнгги поғонага оёқ қўйганингда дастлаб бошинг узра денгиз тўлқинлари гувиллагандек бўлади, илкис бош кўтариб, учиб бораётган қушлар галасига кўзинг тушганда эса ҳазин садолар янграб кетади.”

Мен буни ҳеч кутмагандим, ўзининг назмий таровати билан, синоатли туйғуларининг эҳтиросли изҳорлари билан хаёлимни ўғирлаган бу ҳикояни мендан бошқа яна кимдир шу қадар ҳис эта олишини, ҳис этибгина қолмасдан, ҳикоянинг яширин оҳангларини ҳам баралла намоён эта олишини асло кутмаган эдим. Қиз эса сокин ва ширали талаффузда давом этарди:

— “Худди мана шу қушлар жуда кўп нарсалар ҳақида сени огоҳ қилиши мумкиндек ва ҳаётинг қўнғироқчаларини чалиб юборишга қодирдек уларга дафъатан талпинасан. Бироқ, қарасанг қушлар йўқ, улар узоқда қора доғлардек қип-қизил шафаққа сингиб боради. Сен мунғайиб улар ортидан термуласан, назарингда яна бошқа қушлар тўдаси учиб ўтаётгандек, ҳеч қаерга жилмай, кўзинг толгунча қараб тураверасан. Бехосдан бир нарсага кўзинг тушади-ю, юрагинг ҳаприқиб ҳаммасига тушунасан.”

Тилсимлари бисёр синоатга бехос дуч келган каби менинг ҳам юрагим ҳаприқа бошлади. Қизгинанинг лабларидан учаётган ҳазин каломлар ҳеч бир қаршиликсиз тўғридан-тўғри менинг юрагимдан жой олаётган, барчасини очиқ-ойдин изҳор этишни ўзига эп кўрмаган ёзувчи сокин бу сатрлар аро яширмиш ғаройиб эҳтиросларнинг ноаён тимсоллари баайни унинг талаффузида асил моҳиятларини кўрсатиб, ечилиб бормоқда эди.

Ўзининг масрур кайфиятини бошқалар билан баҳам кўриш истагида атрофидагиларга боқди. Вагон ичидагилар бу икков ўртасида кечаётган айтишувга ҳайрат ичида шоҳид бўлишлари керак эди назарида. Аммо не ажабки, ҳеч ким уларга қайрилиб ҳам қараб қўймас, ҳамма ўз машғулоти билан андармон, кимдир газета ўқиган, яна биров эса трамвайга монанд чайқалиб, пинакка кетганди. Бошқалар учун уларнинг иккиси ҳам мавжуд эмасдек эди гўё.

Қизнинг эса бошқалар билан иши йўқ, гўёки ўйинни бошлаб берган бу йигитни ўзининг қуроли билан батамом яксон этишга қасд қилган каби ёдаки мутолада давом этарди:

— “Бу ҳозиргина тепасидан сайёҳ қушлар учиб ўтган иморатнинг тўртинчи қаватидаги дераза эди, ундан аста-секин қуюқлашётган қоронғулик қўйнига ипакдек майин шуъла тараларди. Бамисли нотинч денгизда адашиб – улоқиб юрган ва кунлардан бир кун нур сочаётган маёқни кўрган денгизчилар илкис қувончдан ўзларини йўқотиб қўймай, дастлаб жилвагар маёқнинг нажотбахш рафторига мафтун бўлгандек сен ҳам бир неча сония тўртинчи қаватдаги сарғиш деразага ҳайрат билан тикилиб қоласан. Дераза чиндан ҳам маёққа ўхшарди: у имлар ёхуд чорлар ва бу дераза шаклидаги ёруғлик манбаи оҳанграбодек домига тортарди. Сен беихтиёр “Қушлардан хотира бу” дея хаёл қиласан: дарвоқе, деразадан ёғилаётган қизғиш шуъла билан қушлар овозида муайян умумийлик бор эди – икковининг замирида ҳам унсиз фарёд кучли, иккови ҳам деярли бир хил таъсир этарди.”

— Ҳа, худди шундай, — деди йигит, — тўртинчи қаватдаги сарғиш дераза рутубатли бу ҳаётдан сўнгги умидларини ҳам узиб, умидсизлик ботқоғига ботиб бораётган телбасифат ҳикоя қаҳрамони учун дафъатан юзага қалқиб чиққан бир маёқ каби эди. Маёқки, унинг замирида қаҳрамоннинг ўзигагина мансуб барча эҳтирос ва майллар, қалбининг энг тубларига бошқалар кўзидан нари тутиш илинжида ўзи қачонлардир улоқтирган, энди шу тобда унинг ўзи ҳам ҳайбатига ортиқ дош бера олмас ўзининг зимистон ўйлари яширин эди.

— Бечора қаҳрамонни намунча ҳақорат қилмасангиз, ҳали шизофреникдан олиб, ҳали телбага соляпсиз-а! – деди қиз норозиланиб. – Агар билсангиз, ҳикоя сиз айтаётган талқинлардан мутлақо йироқ. Бу ҳикоя савқи табиий билан бир нафаснинг ўзида ёзилган ўта ноёб асарлардан бири. Ҳа, қоғозга тушириш учун сарфланган вақтни истисно қилсак, ҳикоя чиндан ҳам бир нафаснинг ўзида битилган. Ундаги ҳар бир сўз ва ҳолатлар тасвири шу қадар ўз ўрнига муҳрланганки, сўзларнинг бирортасини ўзгартириш мутлақо ақлга сиғмайди. Нафис туйғуларни шунақа сеҳрли шаклларга жойлаб тараннум этиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайди. Ҳа, бу тимсолий ҳикоя, ҳа, унда эҳтиросу-йўқотишлар ғуссалари ҳам бор. Етарлича зукко ўқувчи гап нима ҳақида эканини тахминан сезиб, англаб ҳам туради. Лекин, энг муҳими, бу ҳикояни ҳеч ким токи сўнгига қадар тўла тушунтириб бера олмайди. Керак бўлса, ҳатто муаллифнинг ўзи ҳам бунга ожиз.

“Сен йўлканинг адоғига боргач, яна бош кўтариб қарайсан. Энди деразани бафуржа томоша қилса бўлади, чунки сен унинг нақ рўпарасидасан. Назарингда дераза ҳамон кимнидир чақирар, кимнидир ўзидан огоҳ қиларди: нимадандир умидворга ўхшарди. Сен дафъатан мана шу илтижони пайқаб қолганинг учун зум ўтмай у илтижонинг қизғиш бармоқлари вужудингга ёпишиб, юрагингни пайпаслаётганини сезиб сесканиб кетасан. Ҳа, у юрагингни изламоқда эди! Беихтиёр энтикасан.”

Қиз ҳикоя ҳақида сўзлар экан, унинг ҳазин, шу билан бирга эътирозларга ўрин қолдирмас оҳанглари мени тамом ўзига мафтун этган, у сўзлаётган фикрларга заррача бўлсин эътироз билдиришни истамасдим.

“…Бора-бора бу сарғиш дераза фикру хаёлингни ўғирлаб қўйди. Сен ҳатто баъзи кунлари тезроқ қоронғу тушсаю тезроқ ўша дераза олдига борсам, дея кутадиган бўлдинг. Гоҳо ишхонангда деразадан серқатнов кўчага қараб ўтирган пайтларда бирдан кўз олдингга сарғиш дераза келар, юрагинг орзиқиб кетарди. Сарғиш дераза бамисоли маҳбубанг эди, маҳбуба бўлганда ҳам юлдуздек чарақлаган, зориққан кўзларида, ҳорғин ва ўйчан қарашлари, зариф табассумида интизорлик, илтижо ва алоҳида меҳр жилваланган маҳбуба!”

Алмисоқдан қолган трамвай вагонининг адоғида тасодифан учрашиб қолган бу икковлон ўртасида, бошқа йўловчиларнинг зиғирча қизиқишию аралашувисиз адабий муҳораба давом этаркан, йигит айнан шу ҳикояга дохил кўпдан бери ўйлаб юрган фикрини ўртага ташлади:

— Биласизми, — деди у қизга қараб, — мулоҳазаларингизга менда зиғирча ҳам эътироз йўқ. Умидсизлик ичра бир умид ваъдаси билан якун топган ушбу ҳикоянинг мутлақо бошқа шаклини, эҳтимолки, муаллифнинг ўзи бунга тиш-тирноғи билан қаршилик билдириш эҳтимоли тайин бўлган бошқа шаклини ёзишни таклиф этган бўлардим. Навбатдаги бу ҳикоя сиз билан биз кўнгил қўйган ушбусининг мантиқий давоми бўлиши ҳам, айни пайтда эса ўз ҳаёти билан яшаб, ўз сюжет чизиқларида мустақил давом этажак алоҳида ҳикоя бўлиши ҳам мумкин. Ҳикоя ичра ҳикоя эмас, балки ҳикоядан таваллуд топган мувозий ҳикоя.

— Сизни шунчаки бир китобхон мухлис десам, қаламкашликдан тузуккина хабарингиз борга ўхшайсиз-ку. Унда, агар сир бўлмаса, ўша сиз айтаётган ҳикоя қандай бўларкин?

— Бу шундай ҳикоя бўладики, аслият қаҳрамонининг оромини бузиб, унинг бутун хаёлини ўғирлаган тўртинчи қаватдаги ўша сарғиш дераза ичкарисига қадам қўямиз ва ана ўша ичкарида йиллар давомида қамалиб олганча энди ташқарини кузатамиз. Аслият қаҳрамони наздидаги бу гўша синоатларини қадамба-қадам еча борарканмиз, тўрт девор ичида яшашга маҳкум этилган бандининг руҳий фожеаларига, унинг истак ва майлларига шерик бўламиз.

— Топилмангиз чакки эмас, аммо бунинг хотимаси қандай бўлади? Ишқилиб қаҳрамонларни ўлдириб юбормассиз?

— Ҳикоясини бошлар экан, аслият муаллифи ҳам бу асарига пировардида қай тусдаги хотималар раво кўрилишини аввалдан билмагани каби, мен ҳам олдиндан бир нарса деёлмайман. Аммо билганим шуки, бу ҳикоя инсоннинг руҳий оламидаги эврилишларни тадқиқ этиш, ибтидодан бошланган жумбоқли саволларга (майли, самарасиз бўлсин) жавоб излашга доир навбатдаги уриниш бўлади. Унинг муҳитларида мана бу рутубатли ва дилгир оламнинг бефайз манзаралари эмас, билъакс, новоқеъ воқеликнинг, бошқа бир оламнинг ҳали кўплар билмаган, кўникилмаган манзаралари эҳтирос ва муҳаббат билан муқаррар этилажак. Унда адабий ақидаларнинг зўраки ва муттасил такрорларига батамом барҳам берилиб, бўлак манзилгоҳларга элтувчи янги сўқмоқлар изланади. Энг муҳими эса бу янглиғ асар мутоласи адоқсиз ҳузур инъом этиши назарда тутилажакдир.

— Бу ҳикояни мен ҳам ҳузурланиб ўқишни жудаям истардим…

Менинг бутун хаёлларимни ўғирлаб, сен учун, фақат сен учун битмоқчи бўлганим ўша асар завқини ҳам пароканда этиб, кейинги бекатда тушиб қолдинг. Изингдан қараб қоларканман, сен ортингга қайрилмадинг ва менга қўл ҳам силтамадинг. Биз қайтиб кўришмадик.

Тўртинчи қаватдаги сарғиш дераза эса бу гал бутун жозибасини намойиш этиб ёп-ёруғ, кундуздан-да ёруғ порларди. “Назарингда у ҳорғин эмас, сокин эди. Сен энсиз йўлканинг адоғига бориб, қўл силкийсан ва бир изтироб вужудингни секин қамраб ола бошлайди-ю, унсиз, елкаларинг силкиниб-силкиниб, худди узоқ айрилиқдан сўнг фарзандини кўрган она кўйига тушасан…”

* * *

Аммо яна бир таассуф шунда эдики, саратоннинг қоқ ўртасида бехосдан қутурган довулли кунлардан сўнг энди тин олиб, ўзига кела бошлаган шаҳарда, эски трамвай вагони адоғида иккимиз ўртамизда кечган ушбу суҳбат чинми эди ва ё рўё, малоҳатингдан кўз олдим қоронғулашиб, ҳар иккимиз суйган ҳикоядан иккимиз-да басма-бас сатрлар ўқирканмиз, сокин табассум ҳадя этишларинг чинми эди ва ё хаста тафаккурим фаразларими
– буларни энди билолмасман. Ҳар не бўлганда ҳам, ўшанда шопмўйлов бобойнинг овозидан ўзимга келдим:

— Ҳов йигитча, тушадиларми, ё..?
— Ҳа, амаки, тушаман,- трамвайда дарбадар кезишга бошқа ҳожат қолмаганди.

Аллақайси бекатда тушиб қолдим, шу ернинг ўзида ўриндиққа ўтириб, папирос тутатдим. Бўлиб ўтган ва ё бўлмаган, чинакам ва ё хаёлий суҳбатни қайта хаёлдан ўтказдим. Алланималарни ўйлаб, бир нарсаларни тафаккур қилдим. Ибтидодан интиҳога томон ва ёки билъакс – келмишдан кечмишга томон сизиб ўтаётган бу мангулик аро сарсон бизларни, бизларнинг барча майл ва истакларимизни омонликда сақлаб бўларми…
Хаёлимдан эса яна ғаройиб мана бу сатрлар кечарди:

/ Ҳар кечнинг кечари кундир, / Ҳар куннинг кечари кеч. / Ҳар кечнинг келмиши кундир, / Ҳар куннинг кечмиши кеч…

1992 йил

2017 йилда ёзилган P.S :

Бир замонлар қоғозга туширилиб, ижарама-ижара юришлардан иборат кейинги маиший талотўплар оқибатида бадар кетган ушбу ҳикоя мана энди, орадан чорак аср ўтиб, қайта қўлга киритилар экан, ташқи олам билан ичкисининг ўртасида муроса излаш машаққатларидан сўзланган саҳифаларга андак пардоз бериш билангина чекландик. Шунингдек, Тошшаҳар бағрини тилиб, аллақай томон йўналган эски трамвагон ичида “кечган” хаёлий суҳбат асносида билдирилган, бир ҳикоядан бошқа муқобил асар яратиш ғояси ўша мунозарадан кўп ўтмай амалга оширилгани ва “Тимқора шаҳар ривоятлари” номли туркумимизга киритилганини ҳам маълум қиламан.

____________________
* Il cherche lui-même, il épuise en lui tous les poisons, pour n’en garder que les quintessences. …Car il arrive à l’inconnu! Puisqu’il a cultivé son âme, déjà riche, plus qu’aucun! Qu’il crève dans son bondissement par les choses inouïes et innombrables: viendront d’autres horribles travailleurs; ils commenceront par les horizons où l’autre s’est affaissé!”, Arthur Rimbaud, Lettre du Voyant, à Paul Demeny, 15 mai 1871.

“Моҳиятларни англаш ишқида неки заққум бор — барини татиб кўрарак, у ҳамон ўзини излаётир. Ва замон келарки, тилсимлари бисёр синоатларни ҳам англаб етажакдир, илло, аслида ҳам кўркам қалбини муттасил парваришлаш унинг чекига тушмиш эди. Юксакларга парвоз қилар экан, бемисл синоатлар завқидан, майли, завол топсин, аммо изидан келаётган ўзга ворислар у ялов тиккан ўша уфқлардан фитрат сафарларига бардам отланажаклар…” Артюр Рембо, “Башоратгўй битиклари”, Поль Денемига, 1871 йил, 15 май.

Манба: Шарифжон Аҳмедовнинг фейсбукдаги саҳифасидан олинди.
«Хуршид Даврон кутубхонаси»да Шарифжон Аҳмедов билан боғлиқ саҳифалар.

021Saratonning qoq o’rtasi bo’lishiga qaramay, uzzu-kun tinim bilmay yoqqan do’l-yomg’irlaru dov-daraxtlarning shoxlarini sindirib, bir zumda hammayoqni kunpayakun qilib yuborgan tentak shamollar bugun negadir daf’atan tinib qolgan, xuddi otashkesimdan so’ng zambarak sadolariyu miltiqlar olatasiri ham to’xtagach, endi har ikki raqib tomon jang maydonidan o’liklarini yig’ishtirib olishga fursat topganidek, shahar ma’murlari ham tozalash ishlarini boshlab yuborishgandi.

Sharifjon AHMAD
TO’RTINChI QAVATDAGI…


043Sharifjon Ahmedov 1969 yilda Andijonning Asakasida tug’ilgan. 1992 yili ToshDU jurnalistika fakultetini tamomlagan. Dastlabki hikoyalari o’tgan asrning 9-yillarida «Yosh kuch» jurnalida e’lon qilingan.Lotin Amerikasi adabiyoti tadqiqi bilan shug’ullanadi. Uzoq yillar davomida Xorxe Luis Borxes ijodiy dunyosini chuqur o’rganib, mashhur adib yashagan o’lkalarga borib ilhomlangan va hikoyalari bilan bizni tanishtirib kelmoqda. «Xurshid Davron kutubxonasi» sahifalarida uning Xorxe Luis Borxes, Xulio Kortasar, Jubron Xalil Jubron asarlaridan qilgan tarjimalari muntazam e’lon qilib borilmoqda.


U sarson izlardi o’zini-o’zi…
Artyur Rembo.*

Olim Otaxonga

Saratonning qoq o’rtasi bo’lishiga qaramay, uzzu-kun tinim bilmay yoqqan do’l-yomg’irlaru dov-daraxtlarning shoxlarini sindirib, bir zumda hammayoqni kunpayakun qilib yuborgan tentak shamollar bugun negadir daf’atan tinib qolgan, xuddi otashkesimdan so’ng zambarak sadolariyu miltiqlar olatasiri ham to’xtagach, endi har ikki raqib tomon jang maydonidan o’liklarini yig’ishtirib olishga fursat topganidek, shahar ma’murlari ham tozalash ishlarini boshlab yuborishgandi. Jarohat olgan askarlar kabi yuztuban qulagan pajmurda daraxtlarning avval mayib shoxlari, so’ng esa tanasi ham kesilib, shu yerning o’zida saranjomlanayotgan, bir maromda harakatlanayotgan farrosh mashinalar esa ko’chalarni yalab-yulqab, tozalash bilan ovora edi. Harbiy lazaret faoliyati ayni avjida, deb o’yladi u, ostona xatlab tashqariga chiqar ekan.

Aslida ham yozning qoq o’rtasida havoi jahonning kutilmaganda bunday aynib berishi odamlarni shoshirib qo’ygan, avval tiniq osmonning huv olis burchida ko’ringan bir tutam bulut tobora yoyilgancha, soat o’tmay, butun ufqni egallab olgani ham tashvish uyg’otmagandi. Odamlarni dog’da qoldirib, endi shaharning qoq ustida to’planib olgan timqora bulutlar oralab keskir yashin tig’lari yerga sanchila boshlaganda esa kech bo’lgandi. Yuraklarga ibtidoiy g’ulu solib chaqinlar ortidan yangragan qaldiroqlar ko’cha va xiyobonlarda kezayotgan odamlarni bir zumda tirqiratib yubordi. Bo’liq ko’ksini samoviy shamshir tig’lari parokanda qilayotgan bulutlardan do’lu yomg’irlar shiddat bilan shahar ustiga yopirilar, junbushga kelgan bu telba qudrat neki bo’lsa, barini urib-sindirib, yaksonu payhon etishga astoydil bel bog’lagandek edi. Hech kutilmaganda boshlangan to’fon bir necha kun o’tib, xuddi shunday — daf’atan tinchiguniga qadar odamlar tengsiz ushbu vajohatni uylariga qamalib olgancha, pusib kuzatishga mahkum edilar.

Mana endi, necha kunlik taloto’plar ortda qolib, boshqa bandalar qatori ko’chaga otlanar ekan, shu damda u qayoqqa yo’l solishini, o’zini nima bilan andarmon qilishini bilmas, nainki bular, balki o’zining hech bir ishtirokisiz, ixtiyoridan tashqari bir odmi odat tarzida nafas olayotganidan, atrofda hukm surayotgan mana bu tashqi olam iznisiz uning (tashqi bu olamning) har bir manzarasini istasa-istamasa kuzatishga mahkum ekanidan siqilar, ustiga ustak, xayolida g’ujg’on o’ynayotgan, ammo hali tayinli bir fikr shaklini ololmayotgan parokanda bu o’ylardan maqsadu murod ne ekanligini hech anglamas, aslida esa mana shu anglamasligini tushunishga ham qurbi yetmas edi.

Uni o’z bag’riga olgan bu shahar o’z holicha yashashda davom etar, mana shu davomiylik ichra o’zgarishlarga duchor bo’layotganday ko’rinsa ham, bo’ronu to’fonlar yetkazgan talafotlarga ham qaramasdan, aslida kecha va avvalgi kunlar qanday bo’lsa, bu shahar baribir o’zgarishlarsiz — o’z holicha qolayotgan edi. Faqatgina kundalik tashvishlar yetovida kezinayotgan odamlaru turli rusumli avtolar, yo’l chetida saf tortgan daraxtlarga dam-badam gurros qo’nayotgan qushlar galasi sarob kabi xayoliy bu tiriklikka harakat va faoliyat bag’ishlab turgandek edi, xolos.

Shaharni dovul asoratlaridan tozalash bilan hamon mashg’ul xizmatchilarni kuzatib, butalari baravj o’sgan allaqanday boqqa kelib qolganini sezmadi. Ungacha ham necha zamonlar badalida yurilaverib, o’t-o’lanlari bosilaverib, so’qmoqqa aylangan oraliqdan yurib, bir yalanglikka chiqdi. Yalanglikda esa horigan yo’lovchilar yo’lini poylagancha yolg’iz kursi bag’rini ochib turardi. Kursiga cho’kdi. Vaqt choshgohga yaqinlashgan, qoq tikkaga kelgan quyosh tafti daraxtlardan holi bu yalanglikni zabtiga olgandi. Dovulli kunlar bo’yi kulbasida qamalib yotaverib, zax bosgan uning tanasiga endi bu issiqlik xush yoqa boshladi. (Bu joyning yana bir afzalligi odamlar nigohidan panada ekanida edi, illo o’ngu so’lga muttasil avtolar o’tib turgan yo’ldan balandroqda joylashgan va qalin butalar bilan ixotalangan bu yalanglikdan atrofni bemalol va bexavotir kuzatishing mumkin, ayni paytda yo’l yoqasida kezinayotgan odamlar esa seni ilg’ay olishmasdi.)

Tiriklikka umid bilan umidsizgina va bazo’r bosh ko’tarib, (ammo baribir muqim fikr shaklini ololmasdan) shu onning o’zidayoq tafakkurining ovloq tuynuklarida cho’kib o’layotgan ojiz uchqunlarning qayta bezovta qilishini istamaganidan, butalar osha nazar tashlab, huv anavi chorrahaga bemaqsad va bema’no tikilib qoldi. Ammo bu yerda nima qilib o’tiribdi? Avtoyo’lga baqamti yo’lakdan shoshilmay borayotgan anavi odamlar nimani istaydi? Bir-birining pinjiga suqilgan ayol bilan erkak. Erkakka kulgu hadya etayotgan bu ayolning tabassumi qanchalar samimiy aslida? Agar chin tabassum bo’lsa, nega unda soxta qilib ko’rsatmoqchi bo’lyapti? Yo bu noz-karashmayu ishvalar bir vaqtning o’zida birvarakayiga ishga solinayotganidan shunaqa soxta tuyuladimi? Ular nimalar haqida so’zlashayotgan bo’lsa? Umuman, nimalarnidir so’zlash, xayolda kechayotgan narsalarni so’zlar shakliga solib, havolarni behuda to’lqinlantirish shunchalar muhimmi? So’zlanayotgan so’zlardan aslida ma’no bormi va so’zlarni so’zlash bu so’zlarning asil ma’nolariga beomon putur yetkazmasmi? Agar chuqurroq o’ylab ko’rilsa, agar tafakkur zarrabinida sinchiklab ko’rilsa, so’zlayotganimiz shu qadar behisob so’zlarning birortasida go’yoki ular tashiyotgan ma’nolardan biror nishona bormi aslida? So’zlarni tafakkur etish uchun sarf etilayotgan barcha ushbu chiranishlarni isrof etish o’rniga, odamlarning barcha istak va ehtiroslari, zarurat va maqsadlarini bira to’la va to’la-to’kis ifoda eta olayajak birgina so’zning o’zi kifoya emasmi, masalan, birgina “uy” va yo “kulba”? “Uy” va yo “kulba” deyilishi hamon oilayu bola-baqra, ota-onangu elu-yurting, bu elu-yurt odamlarining barcha istak-intilishlari, azob va uqubatlari, kulfat va g’amlaridan bino etilgan tarixu-kelajagi, yuksalish va inqiroz manzaralari, insoniy fojealaru bir-birining pinjiga suqilgan ko’yi o’z muhabbat go’shalari tomon borayotgan xuddi anavi juftlik kabi barcha insonlarning mayl va ehtiroslari yaxlit tizim bo’lib birlashmasmi? Nega kecha va undan avvalgi kunlari yomg’iru-dovul hech tinmadi, bugun esa — sukunat?

Mohiyatlarini uning o’zi ham anglamayotgan bu savollardan boshi g’ovlab ketdi. Oyog’i ostiga tikildi, oftob taftini sog’ingan hasharotlar g’imirlagan ko’yi bir nimalar bilan mashg’ul. Buta shoxiga qanotchalari quyosh nurlarida tovlanayotgan ninachi kelib qo’ndi. Ikki ko’zi qabariq gumanoidlarnikiga o’xshash boshini o’ngu so’lga dam-badam burib, oxiri xatar yo’qligiga ishonch hosil qildi shekilli, qanotlarini bo’sh qo’yganicha, tek qotib qoldi. Ninachini tutib, yaqindan tomosha qilgisi keldi. Pusib, asta butaga yaqinlashdi, ninachi xatarni ilg’ab, uchib ketdi. Ortidan kuzatib turdi, ninachi tepada chivinlarning g’ujg’on bulutiga o’zini urdi, chapdast ekan – og’zida o’lja bilan endi narigi buta shoxiga kelib qo’ndi. Tamaddi qilishini beriroqdan kuzatib turdi. So’ng yana ehtiyot bo’lib yaqinlashdi, ninachi ovqat bilan andarmon bo’lgani uchun bu safar uni osongina tutib oldi. Sarosimada qolgan ninachi og’zidagi chivin qoldiqlarini tushirib yubordi. Qanotlarini qo’yib yubormasdan, diqqat bilan kuzatdi — bolaligida qishloqqa tutashib ketgan paxta dalasi ustidan pastlab uchgancha sassiq dori sepadigan kukuruznik-samolyotning xuddi o’zginasi – mayda tomirlar bilan qoplangan ikki juft shaffof qanotcha, dumi tomon ingichkalashib borgan fyuzelyaj tanasiyu o’ljasini tutishga moslashgan tukli oyoqlari. Eng muhimi, harakatchan boshida qabarib ko’rinayotgan ko’zlar. Bir so’z bilan, o’lja ovlashga mukammal ixtisoslashgan jajji yirtqich. Boshqa bolalar bilan birga ninachilar ustida o’tkazgan tajribalari esiga tushdi. To’rttala qanotini bir xil kaltalikda chilpib qirqdi-da, endi uchib ko’rchi, degandek osmonga uloqtirdi. Bandilikdan bo’shalgan bo’lsa ham, ninachi uchishga urinib ham ko’rmadi, sal nariroqqa borib quladi. Qilgan ishidan o’zi uyalib ketdi, borib ninachini qo’liga oldi va butaning balandroq shoxiga ushlatib qo’ydi. Balki boshqa sheriklari ko’rib qolsa, yarador birodariga o’zlari bilgancha yordam ko’rsatishar. Ninachiga qilgan zulmidan pushaymon bo’lgani aniq edi, shu sabab bu yerda boshqa o’tirolmadi. O’rnidan turib, yalanglikni, undan keyin bu bog’ni ham tark etdi.

Xayolu-fikrlari parokanda holatida endiyam qay tomonga borishini bilolmay kalovlanib turdi, so’ng yo’lning narigi muyulishida ko’ringan tramvay bekatiga qarab yurdi. Qay tomonga ekanining aslo farqi yo’q, faqat qayergadir ketsa va qachondir o’sha qayergadir yetib borsa, yana ham to’g’rirog’i esa — hech qachon hech qayerga yetib bormasa bo’lgani edi! Qulog’iga ko’pdan tanish qo’ng’iroqlarini jaranglatib, bekatga tramvay kelib to’xtadi. Nechanchi raqamli ekanini o’ylab o’tirmasdan, supadan ko’tarilib, eng so’nggi bekatga chipta oldi.

Nafsilambri, negaligini aniq aytolmaydi, balki avtobuslardagi odatdagi tirbandlikdan ko’ra bu yerda o’rindiqlar ko’pincha bemalol bo’lgani uchunmi va yo allaqanday ruhiy sokinlik bag’ishlashi tufaylimi, u hamisha tramvaylarda yurishni ma’qul ko’rardi. Metroda yurishdan esa xudo asrasin, to manzilga yetib olguncha ko’nglingni noqulay bir g’ashlik tinch qo’ymaydi. Metroda hamma asabiylashadi, ammo har kim bu holatini boshqalarga sezdirmaslikka intiladi va intilgani sayin ichki zo’riqish ham oshib boradi, ko’zlar tasodifan vagon oynasi aksida boshqa ko’zlar bilan to’qnashgach esa bu zo’riqish qanchalar noxush ekani shundoq bilinib qoladi. Shu noxushlikka duchor bo’lmaslik uchun, boshqa birovning ko’zlariga ko’zlari tushmasligi uchun yo’lovchilar o’zlarini nimalar bilandir band qilib ko’rsatishadi, ana, biri gazeta o’qish bilan mashg’ul, boshqa birov esa ko’zlarini chirt yumgancha o’zini uxlayotganga soladi, agar diqqat bilan qaralsa, yumuq qaboqlari ichidagi ko’zlari dam-badam o’ynoqlashidan aslida uyg’oq ekani va bekatini o’tkazib yubormaslik ilinjida quloqlari ham sergak ekanini bilib olish qiyin emas. Shundoq ham yolg’iz odamlarning yer ostida yana bo’rttirilgan yolg’izligi. Manzilga yetib, yerostidan nihoyat shaharning quchoq ochgan bag’riga chiqqach, nazarida, har bir odam o’zini benihoya baxtiyor his etishiga hech shubha qilmasdi.

Aksiga olib, tramvay odatdagidan ko’ra bugun tirband, hamma o’rindiqlar boqishlari sipoyu surbet chehralar bilan band edi. Bir ayolning qo’lidagi chaqaloq tinmay big’illar, oyoqlar ostidagi temir g’ildiraklarning relьs bo’ylab harakatidan paydo bo’layotgan muttasil “taraqa-turuq” ichkarini o’z zabtiga olgandi. Tutqichlarga osilgan ozg’inu xo’ppa semiz gavdalar tramvay harakatiga monand bir maromda chayqalib borardi.

Ajabo, bu yerda ham o’zimni noqulay seza boshladim. Holiroq joy topish uchun vagon oxiri tomon uzr so’ragancha surilib borarkanman, faqat aynan ularga tegishli xos yolg’izliklarini bezovta qilayotgandek menga xo’mrayib nazar tashlashar, norozi ohangda bir nimalar deb po’ng’illagancha yuzlarini namoyishkorona ters o’girib olishardi. Yonidan o’tayotganimda bittasi hatto, kishi bilmas qilib, tirsagi bilan biqinimga chunonam niqtadiki, nafas olishim qiyinlashib, yuzlarim bo’g’riqib ketdi. Hamdardlik izlab, atrofga olazarak bo’lib qaradim, go’rdami, hamma o’zini go’llikka solib olgan, ushbu bedodlikka aniq guvoh bo’lgan anavi semiz juvon bo’lsa, o’rindiqqa yoyilib olganicha, bundan mamnunligini hatto yashirishni ham istamasdi. Xo’rligim kelib, nihoyat vagon oxiriga yetib bordim. Quloqlarim ostida hamon temir g’ildiraklar shovqini, chaqaloqning big’illashi ham tinay demasdi.

Hozirgina butun vagonga kalaka bo’lganidan o’zini qattiq xo’rlangan his qilar, ko’nglidagi bu o’ng’aysizlikni aritish uchun tramvay oynasidan muttasil o’tib borayotgan shahar manzaralariga tikilishdan boshqa arzirli mashg’ulot topa olmasdi — ishqilib, masxaraomuz nigohlarga duch kelmasa bo’lgani edi. Tashqarida esa odamlar necha kunlik yog’ingarchilikdan so’ng, nihoyat, o’z hukmiga kirgan quyosh taftida kezinishar, tabiat xurujining yo’l chetlarida qolgan so’nggi nishonalari ham bartaraf etilayotgan edi. Tramvay oynasidan tashqariga qarab borishning metrodan afzalligi ham shunda edi aslida – toki tashqarida hali kunduz hukmron ekan, oyna tublarida boshqalar nigohi bilan to’qnash kelmaysan.

Tashqari quyosh nurlaridan benihoya charog’on edi, yorug’likka uzoq vaqt tikilaverganidan ko’zlari toliqdi. Bu orada esa atrofida notanish boshqa chehralar paydo bo’lganiga e’tibor qildi, aftidan, o’zi bilan ovora bo’lib, bir necha bekat ortda qolgani va uning boyagi holatiga guvoh bo’lganlarning ko’plari ana shu bekatlarda tushib qolganini sezmay qolgandi. Bundan benihoya mamnun bo’ldi, o’zini qariyb baxtiyor seza boshladi. Dadillashib, atrofdagi yangi qiyofalarga razm soldi. Ana, shopmo’ylovli boboy, hoynahoy bozorga yo’l olgan chiqar. Uning yonida shaharlik po’rimlarga xos bo’lmagan soddagina yigit va qizaloq, ahyon-ahyonda bir-birlariga o’g’rincha qarab qo’yishadi, nigohlari uchrashganda esa ikkisining ham yonoqlari duv qizarib ketgandek bo’ladi; aftidan qishloqdan kelgan birinchi kurs talabalari, hatto bir guruhda o’qishsa ham kerak, hechqisi yo’q, hozircha shunaqa uyalinqirab turganlaring ham durust, bir-ikki yil o’tsin, qarabsanki, pixini yorib, surbetlashgan shaharlik oliftalarga aylanasan-qolasanlar. Vagon ichidagilarni qiziqsinib kuzatishda davom etarkan, birdan boshqalar nazaridan yiroqda, eng so’nggi o’rindiqda o’tirgan qizga ko’zi tushdi.

Ko’zim tushdiyu yuragim hapriqib ura boshladi, illo sohibjamol bu qizga sokin yurak bilan boqish aslo mumkin emasdi. Oyoqlarimdan mador ketib, ko’z oldim qorong’ulashayotganini sezdim, u qizga yaxshiroq razm solish, o’rtamizdagi masofani loaqal birmuncha bo’lsin aritish, uning butun nafis qiyofasidan taralayotgan sezilmas to’lqinlarni his etib va nihoyat uning mehvarida aylanmoq uchun o’sha tomon yurdim. Qizning go’zalligiga toqat qilib bo’lmas edi.

Qarshimda mangu arimas, aql bovar qilmas boshqa olamlardan tashrif buyurgan xilqat turgandek butun vujudim bilan ko’zga aylandim. Shu bugunga qadar, shu tobga qadar neni bilgan, neni anglagan bo’lsam bari — mening barcha masrur quvonchlarim, jamiki qayg’uli anduhlarim — barchasi bir tugun bo’lib birlashdi-yu, vujudimni zir titratib, portlab ketgandek bo’ldi. Nazarimda, bu olamda neki bor bo’lsa, ularning bari shu qizda mujassam, bu olamdagi barcha manzillar birgina unda so’nggi istak bo’lib birlashayotgan edi. Ana, tushlarimda necha bor ko’rgan sinoatli yobon va tavallud yurtimga qayta eltajak kemaning parqu yelkanlari sokin yellarda hilpirab, bu yobonda langar tashlashi yoxud uzoq ayriliqdan so’ng nihoyat yetib borganim qadrdon qishloqda esa volidayu-padarim, bobo va momolarim ko’zlarida yosh bilan quchoq ochib qarshi olishlari va yana ko’plab shu kabi o’tmish tasvirlarining adoq bilmas shajaralari. Qizga suqlanib tikilarkanman, atrofdagilar nigohi uning ma’budiy timsolini bulg’ashini istamay, hatto yuzlarini siypalayotgan quyosh nurlaridan ham qizg’ona boshlagandim. Uning bemisl malohati vujudu-shuurimning to so’nggi zarralariga qadar ishg’ol etib, butun borlig’imda chidamsiz og’riq uyg’otgandi. Tengsiz go’zallik nash’asidan paydo qiynoqlar azobi.

Butun irodasini yig’ib, nihoyat qizga bir nima degisi keldi.
— Salom, yaxshimisiz…

Qiz nazokat ila boshini ko’tarib, salom sohibiga qaradi: tubsiz tublaridan ajib nurlar taratayotgan timqora ko’zlar gavhari!

— Salom.
— Kitob o’qiyapsizmi?
— Ha.
— Yaxshi kitob. «To’rtinchi qavatdagi…»
— Ko’zlaringiz o’tkir ekan, – bilinar-bilinmas tabassum.

— Ko’zlarimdan hozircha nolimayman, – navbatdagi tabassum hadyasi. – Aslida bu kitobni shu kunlarda o’zim ham xatm qilib tushirdim, shunga…

Qiz jilmayibgina:
— Tab’i nazmingiz nozik ko’rinadi, mavlonoga yoqqandir, axir?
— Epigrafida Rembodan shundoq olib yozib qo’yilganidek, o’zini sarsonu sargardon izlayotgan bir shizofrenik darvesh haqida.

— Ja unchalikmas-ov, — e’tiroz bildirdi qiz o’pkalanib, — menimcha, necha zamonlardan beri hayotiga hech bir yangilik yo’lamayotgan va shu sabab ham tushkunlik, umidsizlik botqog’iga botib borayotgan kimsaning o’zi uchun o’zi umidvorlik yaratish intilishlari, desak sal to’g’riroq bo’lar…

— “Hayotda hech narsa o’zidan o’zi sodir bo’lmaydi: beamr tikan kirmaydi, deganlari bejiz emas – ro’y bergan har qanday hodisaning sababi mavjud — biroq kech kuzning zamharir kunlaridan birida tasodifan uchrab, xayolingni alg’ov-dalg’ov qilib yuborgan narsaning sababini sen hech qachon topa olmaysan: qolaversa, bunga hatto qiziqib ham ko’rmaysan…”

— Eh-he, hali hikoyani yoddan bilaman deng, voajab!

— “Nima qilish kerak? – deya o’z-o’zingdan norozi bo’larding va sekin-asta allaqanday umidsizlik yuragingga cho’kib borayotganini sezarding. – Xuddi hayotimda bir nima yuz beradigandek doim nimanidir kutib yuraman… Nima qilish kerak?”

— Ana bo’lmasa!

— “Sen ko’rimsizgina bino tomon yurib va xuddi shunday ko’rimsiz yo’lakdan o’tib, chapga burilasan. Yo’l o’rtasida kalta-kulta shoxlarini uzatishga chog’langan ko’yi qotib qolgan daraxt yonidan o’tayotib xo’rsinasan. Dunyoda xosiyatsiz narsalar ko’p: xosiyatsiz kunlar, xosiyatsiz tushlar, hatto xosiyatsiz tasodiflar… Sen irim-chirimlarga ishonmaganing uchun bu xosiyatsizdek daraxtga boshqa ko’z bilan qararding.”

— Salgina sabr qiling,- dedi qiz,- menga ham navbat bering axir!- Shunday deya qiz ham, qo’lidagi kitobni yopib, hikoyaning davomini yodaki ayta boshladi: — “Shamol endi ro’paradan esardi, sen chiqishdan ko’ra tushish noqulay bo’lgan zina tarafga yurasan. Zina tepasiga yetganda tevarak-atrofni allanechuk shovur-shuvur tutib borayotganday tuyuladi; sen pastga tusha boshlaysan – quyiroq tushganing sari shovqin kuchayib boradi.
So’nggi pog’onaga oyoq qo’yganingda dastlab boshing uzra dengiz to’lqinlari guvillagandek bo’ladi, ilkis bosh ko’tarib, uchib borayotgan qushlar galasiga ko’zing tushganda esa hazin sadolar yangrab ketadi.”

Men buni hech kutmagandim, o’zining nazmiy tarovati bilan, sinoatli tuyg’ularining ehtirosli izhorlari bilan xayolimni o’g’irlagan bu hikoyani mendan boshqa yana kimdir shu qadar his eta olishini, his etibgina qolmasdan, hikoyaning yashirin ohanglarini ham baralla namoyon eta olishini aslo kutmagan edim. Qiz esa sokin va shirali talaffuzda davom etardi:

— “Xuddi mana shu qushlar juda ko’p narsalar haqida seni ogoh qilishi mumkindek va hayoting qo’ng’iroqchalarini chalib yuborishga qodirdek ularga daf’atan talpinasan. Biroq, qarasang qushlar yo’q, ular uzoqda qora dog’lardek qip-qizil shafaqqa singib boradi. Sen mung’ayib ular ortidan termulasan, nazaringda yana boshqa qushlar to’dasi uchib o’tayotgandek, hech qayerga jilmay, ko’zing tolguncha qarab turaverasan. Bexosdan bir narsaga ko’zing tushadi-yu, yuraging hapriqib hammasiga tushunasan.”

Tilsimlari bisyor sinoatga bexos duch kelgan kabi mening ham yuragim hapriqa boshladi. Qizginaning lablaridan uchayotgan hazin kalomlar hech bir qarshiliksiz to’g’ridan-to’g’ri mening yuragimdan joy olayotgan, barchasini ochiq-oydin izhor etishni o’ziga ep ko’rmagan yozuvchi sokin bu satrlar aro yashirmish g’aroyib ehtiroslarning noayon timsollari baayni uning talaffuzida asil mohiyatlarini ko’rsatib, yechilib bormoqda edi.

O’zining masrur kayfiyatini boshqalar bilan baham ko’rish istagida atrofidagilarga boqdi. Vagon ichidagilar bu ikkov o’rtasida kechayotgan aytishuvga hayrat ichida shohid bo’lishlari kerak edi nazarida. Ammo ne ajabki, hech kim ularga qayrilib ham qarab qo’ymas, hamma o’z mashg’uloti bilan andarmon, kimdir gazeta o’qigan, yana birov esa tramvayga monand chayqalib, pinakka ketgandi. Boshqalar uchun ularning ikkisi ham mavjud emasdek edi go’yo.

Qizning esa boshqalar bilan ishi yo’q, go’yoki o’yinni boshlab bergan bu yigitni o’zining quroli bilan batamom yakson etishga qasd qilgan kabi yodaki mutolada davom etardi:

— “Bu hozirgina tepasidan sayyoh qushlar uchib o’tgan imoratning to’rtinchi qavatidagi deraza edi, undan asta-sekin quyuqlashyotgan qorong’ulik qo’yniga ipakdek mayin shu’la taralardi. Bamisli notinch dengizda adashib – uloqib yurgan va kunlardan bir kun nur sochayotgan mayoqni ko’rgan dengizchilar ilkis quvonchdan o’zlarini yo’qotib qo’ymay, dastlab jilvagar mayoqning najotbaxsh raftoriga maftun bo’lgandek sen ham bir necha soniya to’rtinchi qavatdagi sarg’ish derazaga hayrat bilan tikilib qolasan. Deraza chindan ham mayoqqa o’xshardi: u imlar yoxud chorlar va bu deraza shaklidagi yorug’lik manbai ohangrabodek domiga tortardi. Sen beixtiyor “Qushlardan xotira bu” deya xayol qilasan: darvoqe, derazadan yog’ilayotgan qizg’ish shu’la bilan qushlar ovozida muayyan umumiylik bor edi – ikkovining zamirida ham unsiz faryod kuchli, ikkovi ham deyarli bir xil ta’sir etardi.”

— Ha, xuddi shunday, — dedi yigit, — to’rtinchi qavatdagi sarg’ish deraza rutubatli bu hayotdan so’nggi umidlarini ham uzib, umidsizlik botqog’iga botib borayotgan telbasifat hikoya qahramoni uchun daf’atan yuzaga qalqib chiqqan bir mayoq kabi edi. Mayoqki, uning zamirida qahramonning o’zigagina mansub barcha ehtiros va mayllar, qalbining eng tublariga boshqalar ko’zidan nari tutish ilinjida o’zi qachonlardir uloqtirgan, endi shu tobda uning o’zi ham haybatiga ortiq dosh bera olmas o’zining zimiston o’ylari yashirin edi.

— Bechora qahramonni namuncha haqorat qilmasangiz, hali shizofrenikdan olib, hali telbaga solyapsiz-a! – dedi qiz norozilanib. – Agar bilsangiz, hikoya siz aytayotgan talqinlardan mutlaqo yiroq. Bu hikoya savqi tabiiy bilan bir nafasning o’zida yozilgan o’ta noyob asarlardan biri. Ha, qog’ozga tushirish uchun sarflangan vaqtni istisno qilsak, hikoya chindan ham bir nafasning o’zida bitilgan. Undagi har bir so’z va holatlar tasviri shu qadar o’z o’rniga muhrlanganki, so’zlarning birortasini o’zgartirish mutlaqo aqlga sig’maydi. Nafis tuyg’ularni shunaqa sehrli shakllarga joylab tarannum etish har kimning ham qo’lidan kelmaydi. Ha, bu timsoliy hikoya, ha, unda ehtirosu-yo’qotishlar g’ussalari ham bor. Yetarlicha zukko o’quvchi gap nima haqida ekanini taxminan sezib, anglab ham turadi. Lekin, eng muhimi, bu hikoyani hech kim toki so’ngiga qadar to’la tushuntirib bera olmaydi. Kerak bo’lsa, hatto muallifning o’zi ham bunga ojiz.

“Sen yo’lkaning adog’iga borgach, yana bosh ko’tarib qaraysan. Endi derazani bafurja tomosha qilsa bo’ladi, chunki sen uning naq ro’parasidasan. Nazaringda deraza hamon kimnidir chaqirar, kimnidir o’zidan ogoh qilardi: nimadandir umidvorga o’xshardi. Sen daf’atan mana shu iltijoni payqab qolganing uchun zum o’tmay u iltijoning qizg’ish barmoqlari vujudingga yopishib, yuragingni paypaslayotganini sezib seskanib ketasan. Ha, u yuragingni izlamoqda edi! Beixtiyor entikasan.”

Qiz hikoya haqida so’zlar ekan, uning hazin, shu bilan birga e’tirozlarga o’rin qoldirmas ohanglari meni tamom o’ziga maftun etgan, u so’zlayotgan fikrlarga zarracha bo’lsin e’tiroz bildirishni istamasdim.

“…Bora-bora bu sarg’ish deraza fikru xayolingni o’g’irlab qo’ydi. Sen hatto ba’zi kunlari tezroq qorong’u tushsayu tezroq o’sha deraza oldiga borsam, deya kutadigan bo’lding. Goho ishxonangda derazadan serqatnov ko’chaga qarab o’tirgan paytlarda birdan ko’z oldingga sarg’ish deraza kelar, yuraging orziqib ketardi. Sarg’ish deraza bamisoli mahbubang edi, mahbuba bo’lganda ham yulduzdek charaqlagan, zoriqqan ko’zlarida, horg’in va o’ychan qarashlari, zarif tabassumida intizorlik, iltijo va alohida mehr jilvalangan mahbuba!”

Almisoqdan qolgan tramvay vagonining adog’ida tasodifan uchrashib qolgan bu ikkovlon o’rtasida, boshqa yo’lovchilarning zig’ircha qiziqishiyu aralashuvisiz adabiy muhoraba davom etarkan, yigit aynan shu hikoyaga doxil ko’pdan beri o’ylab yurgan fikrini o’rtaga tashladi:

— Bilasizmi, — dedi u qizga qarab, — mulohazalaringizga menda zig’ircha ham e’tiroz yo’q. Umidsizlik ichra bir umid va’dasi bilan yakun topgan ushbu hikoyaning mutlaqo boshqa shaklini, ehtimolki, muallifning o’zi bunga tish-tirnog’i bilan qarshilik bildirish ehtimoli tayin bo’lgan boshqa shaklini yozishni taklif etgan bo’lardim. Navbatdagi bu hikoya siz bilan biz ko’ngil qo’ygan ushbusining mantiqiy davomi bo’lishi ham, ayni paytda esa o’z hayoti bilan yashab, o’z syujet chiziqlarida mustaqil davom etajak alohida hikoya bo’lishi ham mumkin. Hikoya ichra hikoya emas, balki hikoyadan tavallud topgan muvoziy hikoya.

— Sizni shunchaki bir kitobxon muxlis desam, qalamkashlikdan tuzukkina xabaringiz borga o’xshaysiz-ku. Unda, agar sir bo’lmasa, o’sha siz aytayotgan hikoya qanday bo’larkin?

— Bu shunday hikoya bo’ladiki, asliyat qahramonining oromini buzib, uning butun xayolini o’g’irlagan to’rtinchi qavatdagi o’sha sarg’ish deraza ichkarisiga qadam qo’yamiz va ana o’sha ichkarida yillar davomida qamalib olgancha endi tashqarini kuzatamiz. Asliyat qahramoni nazdidagi bu go’sha sinoatlarini qadamba-qadam yecha borarkanmiz, to’rt devor ichida yashashga mahkum etilgan bandining ruhiy fojealariga, uning istak va mayllariga sherik bo’lamiz.

— Topilmangiz chakki emas, ammo buning xotimasi qanday bo’ladi? Ishqilib qahramonlarni o’ldirib yubormassiz?

— Hikoyasini boshlar ekan, asliyat muallifi ham bu asariga pirovardida qay tusdagi xotimalar ravo ko’rilishini avvaldan bilmagani kabi, men ham oldindan bir narsa deyolmayman. Ammo bilganim shuki, bu hikoya insonning ruhiy olamidagi evrilishlarni tadqiq etish, ibtidodan boshlangan jumboqli savollarga (mayli, samarasiz bo’lsin) javob izlashga doir navbatdagi urinish bo’ladi. Uning muhitlarida mana bu rutubatli va dilgir olamning befayz manzaralari emas, bil’aks, novoqe’ voqelikning, boshqa bir olamning hali ko’plar bilmagan, ko’nikilmagan manzaralari ehtiros va muhabbat bilan muqarrar etilajak. Unda adabiy aqidalarning zo’raki va muttasil takrorlariga batamom barham berilib, bo’lak manzilgohlarga eltuvchi yangi so’qmoqlar izlanadi. Eng muhimi esa bu yanglig’ asar mutolasi adoqsiz huzur in’om etishi nazarda tutilajakdir.

— Bu hikoyani men ham huzurlanib o’qishni judayam istardim…

Mening butun xayollarimni o’g’irlab, sen uchun, faqat sen uchun bitmoqchi bo’lganim o’sha asar zavqini ham parokanda etib, keyingi bekatda tushib qolding. Izingdan qarab qolarkanman, sen ortingga qayrilmading va menga qo’l ham siltamading. Biz qaytib ko’rishmadik.

To’rtinchi qavatdagi sarg’ish deraza esa bu gal butun jozibasini namoyish etib yop-yorug’, kunduzdan-da yorug’ porlardi. “Nazaringda u horg’in emas, sokin edi. Sen ensiz yo’lkaning adog’iga borib, qo’l silkiysan va bir iztirob vujudingni sekin qamrab ola boshlaydi-yu, unsiz, yelkalaring silkinib-silkinib, xuddi uzoq ayriliqdan so’ng farzandini ko’rgan ona ko’yiga tushasan…”

* * *

Ammo yana bir taassuf shunda ediki, saratonning qoq o’rtasida bexosdan quturgan dovulli kunlardan so’ng endi tin olib, o’ziga kela boshlagan shaharda, eski tramvay vagoni adog’ida ikkimiz o’rtamizda kechgan ushbu suhbat chinmi edi va yo ro’yo, malohatingdan ko’z oldim qorong’ulashib, har ikkimiz suygan hikoyadan ikkimiz-da basma-bas satrlar o’qirkanmiz, sokin tabassum hadya etishlaring chinmi edi va yo xasta tafakkurim farazlarimi
– bularni endi bilolmasman. Har ne bo’lganda ham, o’shanda shopmo’ylov boboyning ovozidan o’zimga keldim:

— Hov yigitcha, tushadilarmi, yo..?
— Ha, amaki, tushaman,- tramvayda darbadar kezishga boshqa hojat qolmagandi.

Allaqaysi bekatda tushib qoldim, shu yerning o’zida o’rindiqqa o’tirib, papiros tutatdim. Bo’lib o’tgan va yo bo’lmagan, chinakam va yo xayoliy suhbatni qayta xayoldan o’tkazdim. Allanimalarni o’ylab, bir narsalarni tafakkur qildim. Ibtidodan intihoga tomon va yoki bil’aks – kelmishdan kechmishga tomon sizib o’tayotgan bu mangulik aro sarson bizlarni, bizlarning barcha mayl va istaklarimizni omonlikda saqlab bo’larmi…
Xayolimdan esa yana g’aroyib mana bu satrlar kechardi:

/ Har kechning kechari kundir, / Har kunning kechari kech. / Har kechning kelmishi kundir, / Har kunning kechmishi kech…

1992 yil

2017 yilda yozilgan P.S :

Bir zamonlar qog’ozga tushirilib, ijarama-ijara yurishlardan iborat keyingi maishiy taloto’plar oqibatida badar ketgan ushbu hikoya mana endi, oradan chorak asr o’tib, qayta qo’lga kiritilar ekan, tashqi olam bilan ichkisining o’rtasida murosa izlash mashaqqatlaridan so’zlangan sahifalarga andak pardoz berish bilangina cheklandik. Shuningdek, Toshshahar bag’rini tilib, allaqay tomon yo’nalgan eski tramvagon ichida “kechgan” xayoliy suhbat asnosida bildirilgan, bir hikoyadan boshqa muqobil asar yaratish g’oyasi o’sha munozaradan ko’p o’tmay amalga oshirilgani va “Timqora shahar rivoyatlari” nomli turkumimizga kiritilganini ham ma’lum qilaman.

____________________
* Il cherche lui-même, il épuise en lui tous les poisons, pour n’en garder que les quintessences. …Car il arrive à l’inconnu! Puisqu’il a cultivé son âme, déjà riche, plus qu’aucun! Qu’il crève dans son bondissement par les choses inouïes et innombrables: viendront d’autres horribles travailleurs; ils commenceront par les horizons où l’autre s’est affaissé!”, Arthur Rimbaud, Lettre du Voyant, à Paul Demeny, 15 mai 1871.

“Mohiyatlarni anglash ishqida neki zaqqum bor — barini tatib ko’rarak, u hamon o’zini izlayotir. Va zamon kelarki, tilsimlari bisyor sinoatlarni ham anglab yetajakdir, illo, aslida ham ko’rkam qalbini muttasil parvarishlash uning chekiga tushmish edi. Yuksaklarga parvoz qilar ekan, bemisl sinoatlar zavqidan, mayli, zavol topsin, ammo izidan kelayotgan o’zga vorislar u yalov tikkan o’sha ufqlardan fitrat safarlariga bardam otlanajaklar…” Artyur Rembo, “Bashoratgo’y bitiklari”, Polь Denemiga, 1871 yil, 15 may.

Manba: Sharifjon Ahmedovning feysbukdagi sahifasidan olindi.
«Xurshid Davron kutubxonasi»da Sharifjon Ahmedov bilan bog’liq sahifalar.

087

(Tashriflar: umumiy 193, bugungi 1)

Izoh qoldiring