Имом Мужтаҳиддин қулай фурсат келиши билан ўз мақсадини амалга оширди. Бу фурсат Чингизхон Гурганж остонасида бир-бири билан келишолмай ғалабани қўлидан чиқараётган икки ўғли – Чиғатой билан Ўқтой ҳузурига тўнғич ўғли Жўжини юборишга аҳд қилган куни етди. Имом Мужтаҳиддинни бу хусусда чақирилган машваратда Шайх Кубро ҳақида сўз очди, уни қамал қилинган Гурганждан олиб чиқиш учун изн тилади. Ўз ниятига етиш учун асосий даъвосини қайта-қайта айтди: — Токим Шайх Кубро шаҳарни тарк этмас экан, ўғилларига зафар мушарраф бўлмас, илло, Шайхи Валитарошнинг қуввати ҳар қандай қўшиндан ҳам кучлироқдур, — деди.
ХУРШИД ДАВРОН
ШАҲИДЛАР ШОҲИ
ЁХУД НАЖМИДДИН КУБРО ТУШЛАРИ
Муқаддима ва биринчи қисмнинг бошланиши
МУҚАДДИМА
Бисмиллоҳир роҳманир роҳийм. Оллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, у доимо тирикдир ва коинотни бошқариб турувчидир. Уни мудроқ ҳам, уйқу ҳам олмайди. Уни кўз кўрмайди, у эса кўзларни кўради. Унинг ўхшаши йўқдир. У энг аввалгидир ва энг охиргидир. Энг зоҳирдир ва энг ботиндир. Осмонлару ердаги барча нарсалар Оллоҳникидир.
Оллоҳ Таоло энг аввал яратгани Расулуллоҳнинг нури эди. Шундан кейин ул нурни тўртга бўлиб, бир бўлагидан Арши Аълони, бир бўлагидан Қаламни, учинчи бўлагидан Жаннатни ва сўнгги бўлакдан мўминларни яратди.
Кейин ул тўрт бўлакни яна тўртга бўлиб, биринчи бўлакдан азизу мукаррам Расулуллоҳни яратди, иккинчи бўлакдан Ақлни, учинчи бўлакдан Уятни ва, ниҳоят, охирги бўлакдан Ишқни яратди.
Сўнг Оллоҳ Таоло Қаламга хитоб қилди: “Арши Аъло узра ёзилгилким: “Ла илоҳа иллаллоҳ Муҳаммадур-расулуллоҳ” деб”. Қалам тўрт юз йил ёзди-ю, калиманинг ярмига: “Ла илоҳа иллалоҳ”га етди. Қалам айтди: “Эй қиёси йўқ, тенги йўқ зот, ёздимки: “Ла илоҳа иллалоҳ” деб, аммо бу улуғ ном сеникими, бошқаникими, билмайман”. Оллоҳ хитоб қилдики: “Бу менинг номи ҳабибимдир ва қимматимдир. Эй Қалам, давомини ёз: “Муҳаммадур расуллулоҳ”. Оллоҳ хитобининг ҳайбатидан Қаламнинг боши синди, сўнг ёзди: “Муҳаммадур-расулуллоҳ” деб. Шундан қалам бошини синдириб ёзиш Қиёматгача суннат бўлди…
Шундан сўнг Оллоҳ Таоло Арши Аълода Гавҳарни яратди ва ўша Гавҳардан Лавҳул Маҳфузни бунёд қилди. Қаламга хитоб қилдиким: “Уктуб илмий фий халқий ва мо ҳува қоинун ило явм-ил-қиёмати”, яъни Қиёматгача менинг халқимга қонун бўладиган илмимни ёз!” Қаламнинг Лавҳул Маҳфузга битган илк сўзлари ушбу бўлди: “Бисмиллоҳир раҳмонир роҳим. Аналлоҳу ло илоҳа илло ано, ман истаслама ва би қазойи ва ясбиру ъало балойи ва яшкару ъало нуъамойи, катабутҳу ва баъастуҳу маъа-с-садиқина. Ва ман лам ярзий би қазойи ва лам ясбир ъало балойи ва лам яшкур ъало нуъамойи, фалиятлуба раббан сивойи ва яхружа мин таҳта самойи”.
Сўнг Қалам Қиёматгача Оллоҳнинг бандаларига қонун бўладиган Оллоҳ илмини ёзиб чиқди. Шунда Лавҳул Маҳфуз қимирлаб, айтди: “Алҳамду лиллоҳи мам-мисли”, яъни Худо илми менга иншо бўлдики, менинг мислим борми энди. Нидо келдиким: “Оллоҳ ўзи хоҳлаган нарсани ўчирур ва устувор қилур”.
Сўнг Оллоҳ Таоло Гавҳарга хитоб қилди: “Кенгай!” Гавҳар чексиз даражада кенгайди ва Оллоҳнинг Курсисига айланди. Шундан кейин Оллоҳ Курси қаршисига бир дона гавҳарни қўйди ва унга ҳайбат назарини тикди. Гавҳар титрашга тушиб, эриб суйилди. Ундан тўрт елни бунёд этди.
Сўнг тўрт елга хитоб қилдики: “Тўрт ёндан сувга шўнғинг, сувни тўлқинлатинг ва кафтимни сувга тўлдиринг”.
Сўнг Оташни яратиб, буюрдиким: “Сув узра ловиллаб ён!” Оташдан сув қайнаб, кўпикланди, ул кўпикдан тутун ўрлади. Кўпикдан Ерни яратди, унда Каъба ўрнини белгилади. Сўнг айтдиким: “Ерни икки кунда яратдим”. Аммо у дунёнинг бир куни бу дунёнинг минг йилига тенг эди.
Оллоҳ Таоло шундан кейин тутундан иборат ҳилқатга юзланди-да, уларни етти қат осмон қилиб тиклади. Ҳар бир қатнинг ораси беш юз йиллик масофа бўлди. Сўнг қуёшни яратди, у ўз жойида ҳаракатланиб турди. Ойни яратди, унга хос манзилларни белгилаб қўйди. Кечаю-кундузни яратди. Оллоҳ Таоло айтдиким: “Кечаю-кундуз, қуёшу-ой Оллоҳнинг белгиларидир. Қуёшга ҳам, ойга ҳам сажда қилмангиз. Агар ибодат қилмоқчи бўлсангиз, уларни яратган Оллоҳга сажда қилингиз”. Ундан кейин қушлару қурт-қумурсқаларни, фаришталарни, денгизларни яратди, дарахту-чечакларни яратди-ундирди, уларни ризқ беришга масъул этди.
Борлиқдаги бутун мавжудотни яратгач, айтдиким: “Уларни олти кунда яратдим”.
Шундан кейин Оллоҳ Таоло Азозилни яратди. Азозил яратганига қараб олти юз йил сажда қилди. Кейин у Ерга тушиб еттиқат заминнинг ҳар бирида минг йилдан Оллоҳга саждага ўтирди. Кейин биринчи қат осмонга кўтарилди, минг йил Худога сажда қилди. Унга Хошиъаш деб ном бердилар. Сўнг иккинчи қат осмонга чиқиб минг йил ибодатдан бўшамади, аҳли осмон уни Обид деб атадилар. Учинчи қат осмонда ҳам минг йил Оллоҳга сажда қилди, Солиҳ деган ном олди. Тўртинчи қат осмонда Оллоҳга ҳамду-сано айтиб, минг йил ибодат қилди ва Валияш деб аталди. Ундан бешинчи осмонга кўтарилди ва минг йил саждада турди, Азозил номини олди. Ундан олтинчи осмонга учди ва минг йил ибодат қилди, ундан еттинчи осмонга чиқди ва яна минг йил саждадан бош кўтармади. Ниҳоят, Ер билан Осмонда Азозил ўтириб сажда қилмаган бир кафт жой қолмади.
Шундан кейин Аршга чиқди ва олти минг йил давомида бир мақомда сажда бажо келтирди. Сўнг бошини саждадан кўтариб, ҳожат тилади ва айтди: “Худовандо! Мени Лавҳул Маҳфузингдан хабардор қил, токим суннатингни билай ва ибодатимни зиёда қилай!” Оллоҳдан фармон келдики: “Хабардор бўл!” Азозил Лавҳул Маҳфузга яқинлашгач, бир ёзувга кўзи тушди. Унда ёзилмиш эдики, Худои Таолонинг бир бандаси борким, ул Тангрига олти юз минг йил сажда қилғай, оқибат бир марта сажда қилмагани сабабли Оллоҳ уни кофирга айлантирар ва олти юз минг йиллик ибодатини нобуд қилиб, номини Иблис деб қўяр. Бу ёзувни ўқиган Азозил Лавҳул Маҳфуз олдида тўхтаб, олти юз йил йиғлади. Ўша палла Оллоҳдан хитоб келди: “Ё Азозил, айтгил, фармонимга бўйсунмаган ва тоатимни қилмаган банданинг жазоси нимадир?” Азозил айтди: “Худовандо! Сенинг фармонингдан бўйин товлаган кишини жазоси лаънатдур!” Нидо келдики: “Ушбуни хат қилиб ёз ва сақла!” Оллоҳнинг фармони билан Азозилни жаннатга элтдилар ва у минг йил жаннат хазинадори бўлди. Сўнг Оллоҳ жаннатда нурдан бир минбар пайдо қилдиким, Азозил унда туриб ўн икки минг йил ваъз айтди.
Сўнг Оллоҳ Таоло Одамни яратурман деб хитоб қилди. Шунда у яратган барча нарсалар бош кўтариб, “Одамни биздан яратгил”, деб тамаъ қилдилар. Тоғ айтди: “Мен қутлуғман”, Денгиз айтди: “Мен ҳайбатлиман”, Олтин эса: “Мен азизман” деди, Кўк эса “Мен адизман”, деди. Барча нарсалар бош кўтариб, ўзларини мақтай кетдилар. Ёлғиз Ер тавозеъ қилиб айтдиким: “Мен улардан заифман, оёқ остидаман, менда қувончу нарса йўқ”. Шунда Оллоҳ хитоб қилдиким: “Мен Одамни тупроқдан яратурман”.
Оллоҳ Жаброилга амр этди: “Борғил, Ер юзингдан бир ҳовуч тупроқ келтиргил”. Жаброил келиб, Каъба ўрни деб белиганган жойдан тупроқ олмоқчи бўлди, Ер: “Мандин тупроқ олмағил, қўрқаманки, Жаноби Кибриё мендан халифа бунёд қилғай, ундан-да осий фарзандлар пайдо бўлиб, Дўзахга муставжоб бўлғайлар ва мен Худои Таоло азобига тоқат қилмасман. Эй Жаброил, мендан тупроқ олмағил”, — деб ялинди. Жаброил тупроқ олмай қайтди. Оллоҳ Исрофилни жўнатди, яна ўша ҳолат такрорланди. Кейин Мекоил ҳам тупроқ ололмай қайтди. Оллоҳ Азроилни жўнатди. Ер унга ҳам “Мендан тупроқ олмағил” дея ўтинди, аммо Азроил айтдиким: “Сенинг ўтинчингдан менга Мавло Таоло буйруғи азизроқ турур”. Азроил бутун Ер юзидан бир ҳовуч тупроқ олди. Ҳазрат Оллоҳ Таолодан хитоб келди: “Эй Азроил, сен ғоят қаттиқ кўнгуллик экансан. Қасамки, барча танлиғларнинг жонини сенга олдурғайман”.
Азроил бир ҳовуч тупроқ келтирди. Қирқ йил ул тупроқ устига ёмғир ёғди, ўттиз тўққиз йил қайғу ёмғири, бир йил севинч ёмғири ёғди. Шу сабабдан Одамга севинчдан қайғу кўпроқ бўлди. Қирқ йилдан кейин Оллоҳ қудрати билан ул лойдан Одам сувратини бунёд қилди.
Бир кун Азозил етмиш минг фаришта бирла лойдан ясалган Одам қошига келди, қўли билан Одамнинг қорнини қоқди, ичини кавак кўрди. Фаришталарга айтдиким: “Буни йўлдан чиқармоқ ўнғай бўлғай”. – Яна қирқ йилдан кейин Оллоҳ Одамнинг жонига буюрдиким: “Одамнинг танига киргил!” Жон Одамнинг боши узра туриб қолди, киргали унамади. “Ман нурдан нега кирайин”, деди. Жаброил айтдиким: “Эй азиз жон, изи азза ва жалла оти бирла киргил”. Жон Оллоҳ отин эшитган замон Одам бошига кирди ва икки юз йил уни кезди. Андин кейин кўзга ўтди, кўз тирилиб, қора тупроқдан яралган ўз юзини кўрди. Бурнига келган эди бир аксирди. Ундан оғзига ўтгач, тил тирилди ва айтди: “Алҳамду лиллаҳи робил аламин”. Буни эшитган Оллоҳ Таоло ёрлақади: “Йарҳамука раббука ва лизалика халактука – Оллоҳ, сенга раҳмат қилсун, мен сени шунинг учун яратдим”.
Шундан кейин жон кўкракка келди. Ошиқиб турмоқчи бўлди, туролмади. Ундан кейин қорнига ўтдики, қорни таом тилади. Жон бутун вужудга ёйилди, сўнгаклар, эт, тери, томирлар, ҳужайралар тирилдилар. Одам тебрана бошлади. Кунба-кун қуввати ва кўрки орта бошлади.
Одам Ато етти кун унда ўтирди. Еттинчи кундан кейин Оллоҳ уни қизил олтиндан яратилмиш, гавҳар бирла безатилмиш бир тахтга ўтқазди. Унга ажойиб хилъатлар кийгизди, бошига олтин тож қўндирди. Етти юз минг фаришта Оллоҳ Таоло фармойишига бўйсуниб, Одамнинг теграсида тизилиб турдилар. Оллоҳ Одамни безашдан чарчамади, унинг тишларидан нур балқиди, кўз нури беқиёс бўлди.
Одам қаршисида ловиллаб турган бир нурни кўрди – у нур Муҳаммад ал-Мустафонинг нурлари эди. Одам: “Бу нурни бир кўрсам” дея орзу қилди. Ўша лаҳза Жаноби Ҳақнинг амри билан ул нур Одамнинг ўнг яноғига сингиди. Кейин бутун вужудини қамради. Нур қўлларидан ўтиб шаҳодат бармоғининг учида тўпланди. Одам бармоғини юқори кўтариб, унинг кўркини кўриб ҳайратдан: “Ла илоҳа иллолоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ” деб юборди. Шундан бармоғини кўтариб шаҳодат калимасини айтмоқ Одам қавмига суннат бўлиб қолди.
Сўнг Оллоҳ фаришталарга: “Мен Ерда Одамни халифа қиламан”, — деди. Буни эшитган фаришталар айтдилар: “У ерда бузғунчилик қиладиган, қонлар тўкадиган кимсани халифа қиласанми? Ҳолбуки, биз ҳамду-сано айтиш билан Сени улуғлаймиз ва Сенинг номингни мудом пок тутамиз!” Оллоҳ бу гапларни эшитиб деди: “Мен сизлар билмаган нарсани биламан” ва у зот Одамга барча нарсаларнинг исмларини ўргатади. Сўнг бу нарсаларни фаришталарга кўрсатиб сўради: “Агар халифаликка биз ҳақдормиз, деган сўзларингиз рост бўлса, мана бу нарсаларнинг исмларини менга билдиринг”. Фаришталар айтдиларким: “Эй пок Парвардигор, биз фақат сен биладиган нарсаларнигина биламиз. Албатта, сен ўзинг илму ҳикмат соҳибисан”. Оллоҳ: “Эй Одам, буларга у нарсаларнинг исмларини билдир”, — деди. Одам фаришталарга барча нарсаларнинг исмларини билдирганидан кейин Оллоҳ айтди: “Сизларга Мен Еру-Осмонларнинг сирларини ва сизлар ошкор қилган ва яширган нарсаларни биламан, демаганмидим? Энди сизга маълум бўлдиким, Одам олим эрур, сиз обидсиз. Оллоҳингиз минг обиддан бир олимни фозилроқ билур. Қайда обид эрса олимга хизмат қилмоғи керак. Ул маҳдум бўлсин, сизлар ходим бўлинг. Ул масжид бўлсун, сизлар сожид бўлинг. Буюраман, Одамга сажда қилинг”. Шундай дейиши билан фаришталар саждага эгилдилар.
Фақат Азозил кибр ва ор қилиб, Одамга сажда қилмади…
БИРИНЧИ ҚИСМ
Ўзингга назар қил…
(Ҳадисдан).
I
Ҳижрий олти юз ўн еттинчи йил муҳаррам ойининг сўнгги куни Гурганждан чиққан карвон ҳафта йўл босар-босмас таланди. Талангандаям, уни қўриқлаши керак бўлган навкарлар томонидан таланди. Карвонбоши Абулфатҳ Самарқандийнинг инсофга чақириб, дод-вой қилиши, қўриқчидан қароқчига айланган навкарларни Хоразмшоҳ номи билан қўрқитиши, худони ўртага қўйиб панд-насиҳат қилиши бекор кетди. Карвон эгасининг ҳамма уринишидан фойда чиқмади. Талончи навкарлар аҳли карвон жонига қасд қилмадилар, фақат моллар ортилган туяларни қўлга киритиб, тезда қумтепалар ичида ғойиб бўлдилар.
Бундай кўз кўриб, қулоқ эшитмаган воқеа Хоразмшоҳ мулкида бу яқин орада бўлмаган эди. Хоразмшоҳ давлатида карвон йўллари хатарсиз, тартиб-интизом кучли, савдогарлар молига кўз олайтирган, жонига қасд қилган қароқчилар ҳақида неча замонлардан буён ҳеч ким эшитмаган эди. Дорулсалтанатдан бор-йўғи бир ҳафталик масофада – бепоён саҳро бошланишида карвонидан айрилган Абулфатҳ Самарқандий, мулозимлар ва карвонга қўшилиб Нишопурга етмоқчи бўлган йўловчилар бу фалокатдан карахт эдилар. Анчадан кейин ўзига келган карвон эгаси фалокат сабабини англади ва шериклари кутмаган таклифни: иложи бўлса чўнтакларида талондан омон қолган бойликлардан фойдаланиб, кўчманчи ёвмутлардан от-улов сотиб олиб, йўлни давом эттириш лозимлигини айтди. Ҳамма энди орқага – Гурганжга қайтсак керак, деб ўйлаб турган пайтда айтилган бу таклиф ғалати туюлди. Аммо Абулфатҳ муддао сабабини ошкор қилгач, кўпчилик унинг бу сўзини маъқул деб топди.
Карвоннинг ўз қўриқчилари томонидан жазодан қўрқмай таланганига, карвон эгасининг Хоразмшоҳ пойтахтига қайтиб қароқчиларни тутиб жазолашни талаб қилиш ўрнига йўлини давом эттирганига сабаб – Хоразмшоҳ салтанати ҳудудига жуда бешафқат ва кучли душманлар галаси бостириб кириб, бирин-кетин унинг шаҳарларини забт этаётгани эди…
Абулфатҳ карвони билан Гурганждан чиқишидан бир неча кун аввал она юрти – Самарқанд мана шу ёвуз гала томонидан ғорат этилганини билган эди. Бу шум хабарни эшитгач, кўз ўнгида ўғилчаси Рустам, қизчаси Субуҳа, хотини Ойчучукбеканинг маъюс нигоҳлари кўринди. Кўзёши тирқираб оқди. Аммо “Қўлимдан нима ҳам келарди!” – деб ўйлади. Сўнг тезроқ Мовароуннаҳрни тарк этиш тадоригини излади. Унинг она шаҳрини вайрон қилиб, юртбошларини қатлиом қилган душманлар ҳукмдорининг номи Чингизхон эди.
Абулфатҳ ва унинг йўлдошлари ёвмутлардан от-улов сотиб олиб, Нишопурга қараб йўлга чиққан куннинг эртаси уларни шитоб билан елиб бораётган бир гуруҳ отлиқлар қувиб ўтди. Чавандозларнинг бирининг қўлида хоразмшоҳийларнинг қора байроғи ҳилпираб борарди. Даставвал уларни қароқчилар тўдаси деб ўйлаб ваҳимага тушган йўлчилар гуруҳнинг ўзларига яқинлашмай ўтиб кетганларини кўриб хотиржам бўлдилар. Абулфатҳ қора айғир миниб олган, белига эни кафтдек келадиган қимматбаҳо камар таққан, қора соқолли чавандозни Муҳаммад Хоразмшоҳга ўхшатгандек бўлди. У Самарқандда Хоразмшоҳни бир-икки марта яқиндан кўришна муяссар бўлганди. Аммо қудратли султоннинг етагида бораётган навкарлар хатти-ҳаракатида тантанадан кўра, бесаранжомликни пайқаб, “Адашган бўлсам керак”, — деб ўйлади. Дам ўтмай, отлиқлар қўлида фақат султоннинг хос навкарлари олиб юришига ҳақли шоҳона қора байроқни эслаб, адашмаганига ишонди. Ўз-ўзидан кўнгли хавотир бўлиб, шерикларини тезроқ юришга даъват қилди. У ортда қолиб бораётган Мовароуннаҳрда даҳшатли воқеалар бошланганини сезди.
Абулфатҳ Самарқандий адашмаган эди. Уни қувиб ўтган отлиқлар гуруҳи ичида ҳақиқатан ҳам Муҳаммад Хоразмшоҳ бор эди. У ёв билан жанг қилишдан қўрқиб, ўз салтанатини онаси – Турконхотун билан қора тақдир ихтиёрига ташлаб қочиб борарди. Ортидан Жўба билан Субутой баҳодир бошлиқ мўғул аскарлари қувиб келаётганини эшитган Хоразмшоҳ ҳам қўрқувдан, ҳам шошилишдан етмиш тойга жойланган олтин-кумушнинг Амударёнинг тўполон сувига ғарқ бўлганига ачинмай, шу қочишдан бир неча муддат дарбадар ҳаёт кечириб, ҳижрий олти юз ўн еттинчи йилнинг шаввол ойида – 1220 йилнинг декабрь ойида Гиркан (Каспий) денгизида оролларнинг бирида оламдан ўтди. Айтишларича, Ғарбу-Шарқда энг бой бўлган бу ҳукмдор энг сўнгги куни етганда шундай ғариб эдики, кафанлик топилмагани сабабли, жасади ўзи кийиб юрган либосда дафн этилди. Унинг ботир фарзанди Жалолиддинга эса ота мулкидан ёлғиз бир қилич қолди.
* * *
Салтанат пойтахти – Гурганж шаҳри Хоразмшоҳ уни қўшини билан ҳимоя қилмай, ўз ҳолига ташлаб қочганидан огоҳ эди. Доруссалтанат фуқароси Мовароуннаҳрнинг буюк шаҳарлари – Бухоро, Самарқанд мўғуллар томонидан забт этилиб, бухороликлардан ўттиз минг, самарқандликлардан юз минг киши қатл этилганини, ўзларининг олиймақом санъатлари, илм-маърифатлари, нозик табиатлари ва аҳлоқлари билан Шарқ оламини ҳайратга солиб келган бу икки муқаддас шаҳар халқи бадбахт ва масхара этилганлигини эшитиб, ваҳимага тушишар, аммо бу шаҳарлар ёвуз душман билан қаҳрамонона жанг қилганлари, ботир йигитларнинг жасорати, донишманд чолларнинг ўлимга тик боқиб ҳалок бўлганлари ҳақида туғёнли ҳикояларни эшитиб, ватандошлари қаҳрамонлигига тасанно айтиб, бўлажак беомон жангга тайёргарлик кўрардилар…
Гурганж салтанат пойтахти бўлса-да, сўнгги йилларда мамлакат ҳукмдори Муҳаммад Хоразмшоҳ деярли бу шаҳарда яшамасди. Пойтахт унинг онаси Туркон хотун қўл остида эди. шу сабабдан бўлса керак, унинг сўзи салтанат ҳудудида Самарқандда ўрнашган Хоразмшоҳ сўзидан кўра эътиборлироқ эди. Турконхотуннинг заифаларга хос худбин, Муҳаммад Хоразмшоҳнинг калтабинлик сиёсати туфайли мамлакат тупроғига кириб келган мўғулларни тўхтатадиган куч парчаланиб ташланганди. Бир мулкни икки ҳукмдор бошқаргандан сўнг бирлик қаердан келсин?!
Чингизхон Гурганжни талафотсиз ва осон қўлга киритиш мақсадида Туркон хотун ҳузурига ўз элчиси – Ҳожиб Донишмандни жўнатди. Элчи маликага мўғуллар ҳукмдорининг мактубини топширди. Чингизхон мактубида Туркон хотун кўнглига хуш келадиган сўзларни тизган, жумладан, у Муҳаммад Хоразмшоҳни қоралаб, бу нодон ва бетайин фарзанд Туркон хотуннинг қадрига етмагани, шу сабабдан у бу бадбахт ўғилни муносиб жазолашга аҳд қилгани ҳақида ёзган эди. Мактуб: “Мен сен билан эмас, ўғлинг билан жанг қиламан. Агар сен менинг ҳукмимни тан олсанг, Хоразму-Хуросонни сенга қолдираман”, — деган сўзлар билан якунланган эди.
Туркон хотун Чингизхонга ишонмади ва ўғли кетидан мамлакатни ташлаб қочмоқчи бўлди. Шу сабабдан ҳам Ҳожиб Донишмандга билдирмай, салтанат хазинасини, Хоразмшоҳ хотинлари ва болаларини олиб доруссалтанатни яширин тарк этди. Аммо кетишдан олдин у салтанатга тобе бўлган ўлкалардан келтирилган ва омонат сифатида сақланаётган султонзодалару-шаҳзодаларни Амударёга ғарқ қилишни буюрди. Машъум ниятини амалга оширгач, Мозандаронга – Илол қалъаси томонга йўл олди.
Туркон хотун омонатда турган шаҳзодалардан ёлғиз Умархонни ўлдиртирмади. Язир мулки ҳукмдорининг ўғли бўлмиш Умархон малика отланган Мозандарондаги Илол қалъасига олиб борадиган йўлларни яхши биларди. Аммо бечора шаҳзода ҳалол хизмат эвазига ўлим топди: қалъа деворлари кўриниши билан Туркон хотун уни жаллод қўлига топширди.
Кўп ўтмасдан маликани қўлга киритиш вазифаси юклатилган мўғул қўшини Илол қалъаси деворлари олдида пайдо бўлди ва қалъани қамалга олди. Қамал қарийб тўрт ойдан зиёд давом этди. Илол қўрғони салтанатдаги энг мустаҳкам қалъалардан бири бўлиб, унда ҳимоя учун ҳамма имкониятлар: узоқ муддатга етарли озиқ-овқат, қурол-яроқ заҳираси мавжуд эди. Шу боис Туркон хотуннинг душман олдидаги ваҳимаси қанчалик кучли бўлмасин, кўнгли хотиржам эди. Бироқ, омондагиларнинг қонини ноҳақ тўкканига Оллоҳнинг қаҳрига учрадими, маликанинг омад юришмади. Бутун қамал давомида осмондан бир томчи ёғин тушмаганидан қалъада ҳовузлар қуриб қолди, қудуқлардан сув қочди ва қамалдагиларни ташналик азоби қийнай бошлади. Ҳузур-ҳаловатга қанчалик кўниккан бўлмасин, Туркон хотун машаққатларга ҳам чидашга куч топа олди. Аммо аҳвол тобора оғирлашиб бораверди.
Малика Оллоҳнинг қаҳрига учраганини ўшанда илк марта сезгандай бўлиб, кеча-кундуз ибодатдан бош кўтармади. Гуноҳи кўп эканми, Тангри таваллосини эшитмади. Охири малика қалъа деворларини очиб, душманга таслим бўлишни буюрди.
Тақдирнинг ўйинини қарангки, Туркон хотун қалъа дарвозасидан ташқарига қалам қўяр-қўймас, чарақлаб турган осмон тўсатдан қоп-қорайиб, шитирлаб ёмғир ёға бошлади. У борган сари кучайиб, бирпасда челаклаб қуйишга ўтди. Уст-боши шалаббо малика эсини йўқотиб қўйгандек бўлди, сўнг уввос тортиб ўкирди.
Маликани Чингизхон ҳузурига жўнатишди. У йўл бўйи йиғлаб борди. Йиғлаган сайин кўкси юмшаш ўрнига тошга айланиб қаттиқлашди. Охири кўзига ёш келмай қолди. “Кўз ёшим абадиян қуриди!” – деб ўйлади малика. Аммо бу йиғлаганлари камлик қилди.
Чингизхон даргоҳига келтирилган маликага жуда узоқ тикилди, аммо чурқ этмади. На ёзган мактубидаги таклифини рад этгани учун дашном берди, на эрта-индин бутун Хоразмшоҳ салтанати оёғи остида бўлишини айтиб мақтанди. У маликага тикилар экан, қудратли Хоразм давлати бекаси бўлмиш аёл шунча машаққатдан сўнг ҳам ўзининг улуғ маликаларга хос важоҳатини сақлаб қолганини кўриб, уни яна баттар ҳақорат қилиб таҳқирламоқни ўйлади. Маликага нималардан айрилганини кўрсатиб қўймоқчи бўлди.
Ҳукмдор фармонига кўра доруссалтанат Гурганжни забт этишга отланган қўшин сафга тизилиб кетма-кет қароргоҳ ёнидан ўта бошлади. Шу фармонга биноан малика Туркон хотун ва унинг бадбахт келинларидан қўшин ўтаётган йўл чеккасида туриб, Хоразмшоҳ салтанатига аза тутиб баланд овозда сочларини юлиб йиғлашлари талаб қилинди. Қўшин сафлари чанг кўтариб ўтар экан, хотинлар уввоси чор-атрофни тутди.
Кекса малика аввал тишини-тишига босиб жим тураверди. Ён-атрофида турган келинларининг фарёди дастлаб унинг ғазабини қўзғади, кейин эса бутунлай кар бўлиб қолгандек, ҳеч нимани эшитмай қолди. Кўз олдида саф тортиб ўтаётган сон-саноғи номаълум аскарларни, уларнинг бир-бирига урилиб шарақлаётган қурол-яроқларини, қандайдир ёввойи қаҳр ва ёвузлик билан ёнаётган кўзларни, бу кўзларда тобора жилваланаётган масхара учқунларини кўраркан, бирдан ўнгидаги дунё ғойиб бўлди, унинг ўрнини фақат қўрқинчли зулумот қоплади. У худди туш кўраётгандай, назарида худди бўм-бўш ҳувилдоқда сузиб кетаётгандек эди. Сўнг қамал давомида озиб қолган узун бўйли малика бирдан етти қат букчайди ва ўз-ўзидан чайқаларкан, шундоқ уввос кўтардики, қаршисидан саф тортиб ўтаётган мўғул жангчиларининг вужудларида титроқ югурди. Маликанинг фарёди келинларини яна телбаваш йиғлашга ундади, еру-кўкни бир ҳовуч хотиннинг фарёди тутди. Бу фарёд ёлғиз мўғул ҳукмдори кўнглига хуш ёқарди, холос. Чингизхоннинг кўзлари яшнаб, юрак-бағри роҳатланаркан, ногаҳон олис болалигида бўлиб ўтган воқеани эслади.
Тўққиз-ўн ёшларида укаси Хасар билан бепоён саҳрода овчилик қилиб юриб, бўри уясига дуч келишган, ундаги бўриваччаларни қопга солиб ортга қайтишган эди. Аммо бу иш билан овора бўлиб, кеч тушиб қолганини сезмаган, қоронғи тушгач эса, йўлни йўқотиб қўйишганди. Охири ака-ука атрофдан ўтин йиғиб, гулхан ёқиб тонгни кутишга қарор қилишган эди.
Ўтган кеча бўралаган бўрондан сўнг саҳрони қор босган, у сукунат оғушида эди. Фақат ака-уканинг ғўнғир-ғўнғир суҳбати, гулханнинг чирсиллаб ёниши, қопдаги бўриваччаларнинг худди ёш бола йиғлаганидай оҳиста ингиллаган овози кеча тинчини бузиб турарди. Бирдан Хасар бақириб юборди: гулхан алангаси зўрға ёритиб турган ўн қадамча нарида жуни ҳурпайган, озғинликлан калласи катталашиб қолгандай сўррайган, эмчаклари салқиб осилган она бўри турарди. У ириллаб, сакрашга ҳозирлагандек орқа оёқларига оғирлигини ташларди-ю, яна аввалги ҳолига қайтарди: йиртқич оловдан қўрқарди. Буни сезган болалар гулханга яқинроқ силжидилар. Дам ўтмай улар она бўридан сал чеккароқда турган уч-тўртта бўрини ҳам пайқашди. Бечора она бўри эмизиклик болаларига емак қидириб кетган, қайтганда уясини бўш топиб, одамлар ва болалари ҳидини олиб из қувган эди. Унинг ёнида турган бўрилар эса ундан сал олдинроқ одам исини сезиб бу атрофга келиб тўхташган, она бўри уларга кўзи тушиб дадиллашган ва бошқалар гулханга яқинлашишдан қўрқаётганини билса-да, болаларининг ёрдамга чақирган овозларини эшитиб, тобора гулханга яқинлаша бошлаган эди. Аммо барибир олов уни тўхтатди.
Ака-укалар гулханга ўтин ташлаб, уни баландлатган сайин бўрилар ҳам қулай фурсат кутиб, гулхан теварагида сакраб-сакраб айланиша бошладилар. Ана ўшанда ҳозир Чингизхон эсига тушган воқеа юз берди. Она бўри гулхандан ўн қадамча нарида тўхтаб, шундоқ қаттиқ увиллай бошладики, боядан бери гулханга ишониб бу хавф-хатардан қутулишга умид боғлаган ака-ука кўнглида қўрқув ғимирлади: Хасар акасига ёпишди.
Атрофни зулумот қучган, манзилнинг қаердалиги номаълум, ёрдам келиши умидсиз, тонгача узоқ эди – дунёда ҳеч кимнинг, ўладими, қоладими, бу шўрлик овчилар билан иши йўқ, қўрқиб кетган болалар ёнларида камон борлигини ҳам унутиб қўйишган эди.
Она бўри увиллаши борган сари кучаярди. Бошқа бўрилар бир-бири билан ўйноқлаб айланиб юришарди. Аммо бир соатлардан кейин улар ҳам она бўри ёнида тўхтаб, тумшуқларини осмонга чўзиб увиллай бошладилар – дунёни бўри уввоси тутди. Ув солган овозлар кўкка ўрлар ва юракка оғир ваҳима соларди. Совуқданми, қўрқувданми, Хасарни титроқ босди. У акасига баттарроқ ёпишиб, унинг бағрига тиқиларди. Вақт ўтган сайин она бўри ўлиши аччиқ, аламли йиғига айланди. Болаларидан айрилиб азоб-уқубатларда қолган маҳлуқ ғамини ҳеч қаёққа сиғдиролмай фарёд соларди. Бу уввос дам мунгли ва оғир, дам дарғазаб қаҳрли таралар – она бўрининг дардини туйган бошқа бўриларнинг юрагида ҳам алам уйғонган, бу аламдан ўзларини қўярга жой топмай баравар увиллашарди.
Хасар бўри болаларини қопдан чиқариб гала турган томонга ирғитиш кераклигини айтиб акасига ялина бошлади. Темурчин (у Чингиз исмини тахтга ўтиргач олди) бунга кўнмади. У қўрқув нималигини англаган, аммо боланинг заиф онги билан бўлса-да, агар ҳозир қўрқувга таслим бўлса, умрининг охиригача қўрқув ва таҳқир ичида яшашга маҳкум бўлишини англаб, укасининг гапига кўнишни истамасди.
Тонгга яқин она бўридан бошқа йиртқичлар ўлжадан умид узиб, бирин-кетин саҳро ичкарисида сингиб, кўздан йўқолдилар. Ёлғиз она бўри кучдан қолган бўлишига қарамай ваҳшат билан увиллашга уринар, кўзларидан қонли ёшлар сел бўлиб оқарди. Бутун оламда – унга тасалли берувчи ҳеч ким йўқ, ҳеч ким унга қўшилиб йиғламасди. Саҳро бепоён ва совуқ, тонг қўрқинчли ва қондай қизил, болаларини ўғирлаган одамлар эса бераҳм ва ёвуз, эвоҳким, қоп ичида ингиллаётган болаларидан бирининг овози тинган, бошқаларники заифлашиб қолган эди.
Тонг ёришиб, ака-ука қопни елкалаб йўлга тушишга ҳозирландилар. Улар она бўридан кўз узмасдан узоқ туриб қолишди. Сўнг тақдирга тан бериб, йўлга тушдилар. Она бўри бутунлай мадордан қолганига қарамай, бор кучини тўплаб одамларга эргашди. Бари бир узоққа боролмади, уч кундан буён туз тотмагани, кечаси билан кўз юммай увиллаб мадордан кетгани панд берди. У чайқалиб-чайқалиб борар, кўз ўнги тобора қоронғилашарди. Охири ерга чўзилиб қолди. Бир муддат бутунлай ўзидан кетгандай бўлди. Болаларининг ингиллашини эшитаркан, тўсатдан ярқ этиб кўзини очди. Сўнг вужудидаги ғайритабиий бир қувват уни оёққа турғазди. Бўри одамлар томон отилди. Худди ўша лаҳза кўксига ниманидир жизиллаб санчилганини сезди-ю, дўмбалоқ ошиб ерга қулади. Темурчин отган ўқи бўрига текканини кўриб, қийқириб юборди. Ака-укалар бир дам узоқда қорайиб ётган бўрига тикилиб турдилар, сўнг унинг ўлганига ишониб, қувонганча йўлга тушдилар.
Аммо она бўри ўлмаган эди. У кўксига ботиб турган, вужудини чўғдек куйдираётган ўқни сезмагандек, яна оёққа турди. Икки-уч қадам босар-босмас, мадорсизланган оёқлари чалишиб, яна қор устига ағанади. Сўнг бор кучини тўплаб, ув тортиб фарёд чекар экан, одамлар ортидан эмаклай бошлади. Аммо одамлар ундан кучлироқ эдилар, улар тобора узоқлашиб борардилар.
Ака-ука она бўри ётган ердан узоқлашган сайин бечора маҳлуқнинг уввоси пасаймас, аксинча, кучайиб борарди. Аммо улар бу уввос она бўри ётган томондан эмас, бутун нотинч кеча давомида қўрқув тўпланган юрак ичидан келаётганини билмасдилар.
Ҳозир Чингизхон Хоразмни забт этишга отланган қўшинлар кўтарган чангу-тўзон ичида қолиб, соч юлиб йиғлаётган малика Туркон хотун ва Хоразмшоҳ хотинлари уввосини эшитаркан, ўша она бўри уввосини эшитиб тургандек эди.
* * *
Малика Туркон хотун тарк этгач, бутунлай эгасиз қолган Гурганж ваҳима ичида эди. Шаҳарда бошдоқликлар, талончилигу тўс-тўполон авж олди. Бирмунча муддат шаҳар муттаҳам Али Кўҳий қўлига ўтди. У фаолиятини шаҳар аҳолисига оғир солиқ солишдан бошлади. Аммо тез орада тўрт томонга қараб тарқалган салтанат амалдорларининг айримлари пойтахтга қайта бошладилар. Қайтиб келганлардан султон девонини бошқарган мушриф Имомиддин билан мушриф Шарафиддин Кўпак Гурганждаги тартибсиздикни кўриб, ҳокимиятни ўз қўлларига олдилар. Али Кўҳий бунга қаршилик кўрсатишга уринганда, икки мушриф қочоқ Хоразмшоҳ номидан шаҳарни бошқариш ўзларига топширилгани ҳақида сохта нома битиб, мухолифларнинг дамини ўчирдилар.
Душман ҳали узоқда эди. Гурганждаги қўшинларга Хўжанд ҳокими Темурмалик қўмондонлик қила бошлади. У Хўжандни мардона ва узоқ ҳимоя қилди. Қарийб ярим йиллик жанг давомида душман билан олишган ҳимоячилар сафининг тобора сийраклашгани, очлик бошлангани туфайли Темурмалик Хўжанд қалъасини тарк этиб, чекинишдан ўзга чора қолмаганини англади. Шундан кейин у ярим кечаси бир неча кемага навкарларини ўтқазиб, Сирдарёнинг қуйи томонига қараб сузиб кетди. Мўғуллар ҳар икки соҳил тарафдан кемаларни исканжага олиб таъқиб қила бошладилар. Кемадагилар эса ой ва машъалалар ёруғида жанг қилишни тўхтатмай шиддат билан олға суздилар. Жуда кўп қийинчиликлар билан бўлса-да, кемалар Бинокат шаҳригача жиддий қаршиликсиз сузиб бордилар.
Бинокатда эса уларнинг йўлини занжир ташлаб тўсишди.
Аммо хўжандликлар занжирни узиб ташладилар. Иккинчи маротаба кемалар йўлини Жандга яқин ерда тўсишди. Сирдарёнинг қуйи томонидаги қалъаларни ишғол қилиш билан машғул Жўжи Бинокатда бўлган воқеалардан хабар топгач, дарё устига кўприк қурдирди, унинг устида нафт тўла қозонни ўрнатиб, ёндирилган нафтли ўқларни отиш учун мерганларини тизиб қўйди. Буни кўрган Темурмалик қирғоққа тушиб, жанг қилишга қарор қилди. Кемадагилар қирғоқда турган мўғулларни ўққа тутиб, соҳилга яқинлашдилар ва бор қурол-яроқларини олиб, жангга отилдилар. Аммо сон жиҳатдан кўп бўлган мўғуллар билан жанг қилиш ҳалокатли эди. Шу сабабдан Темурмалик навкарларини жангдан олиб чиқиб, Хоразмга қараб от қўйди. Аммо мўғуллар уларни таъқиб қилишдан тўхтамадилар. Хўжанд ҳокими доруссалтанатга етиб келганида ёнида бир ҳовуч навкару садоғида иккитагина ўқ қолган эди.
Хоразмга келгач, бу ердаги таҳликани, тахт талашган кимсаларнинг фитна-ю, фисқу-фасодини кўриб ҳафсаласи пир бўлди. Аммо қўшинга раҳбар этиб тайинланганидан фойдаланиб, тарқалган кучларни бирлаштиришга киришди. У қачон душман бостириб келади, деб кутиб ўтиришни истамасди. У бир марта душман келишини пойлаб, сўнг жанг бошлаган эди, билдики, бу хато йўл экан. Аммо бу жанг қилиш фаросатини йўқотиб қўйган Хоразмшоҳнинг хатоси эканини билса-да, бари бир ўзини айбдор ҳисоблар, уят ва виждон азоби унга кеча-кундуз тинчлик бермасди. Ахир у қўшинларни парчалаб, душманга қарши жанг қилиш хато эканини биларди-ку! Аммо ўз фикрини Хоразмшоҳ олдида ҳимоя қилишга ожизлик қилди. Қанча уринмасин, қанчалик тиришмасин, Муҳаммад Хоразмшоҳ ҳеч кимга қулоқ солмади. Ўша ҳарбий кенгашда энг тўғри тадбирни салтанат арбобларидан бири бўлмиш Шаҳобиддин ал-Ҳивоқий айтди. У Хоразмшоҳ қўл остидаги тўрт юз минглик қўшинни Сирдарё соҳилида тўплаб, узоқ йўл босиб келган мўғулларга ҳужум қилишни таклиф қилди. Темурмалик ўз кўнглидаги гапни эшитиб, қувониб кетганди ўшанда. Дарров бу таклифни қўллаб-қувватлаганди. Аммо Хоразмшоҳ ал-Ҳивоқий таклифини тўла рад этди. Мана энди ўша хатонинг оқибатларини кўриб турибди. Йўқ, ҳалиям кеч эмас, ҳалиям душман йўлини тўсиб жанг қилиш керак. Жонини сақлашни, тожу-тахт ҳавасини унутиб, Ватан учун, дину-иймон учун жанг қилиш керак! Қасос ўти билан юраги ёнган Темурмалик тўплаган аскарларини Сирдарё томонга – жангга бошлади.
Темурмалик душман билан юзма-юз чиқишга отланиб, пойтахтни тарк этган кундан кўп ўтмай Гурганжга мушриф Имомиддин билан мушриқ Шарафиддин Кўпак дамини ўчиришга қодир кишилр ҳам қайтдилар. Булар марҳум Хоразмшоҳнинг ўғиллари – Жалолиддин Мангуберди, Ўзлоқшоҳ ва Оқшоҳ эдилар.
Бу орада Сирдарё томонга қараб кетган Темурмалик ҳам қайтиб келди. У ўша кетишида душман огоҳ бўлмаслиги учун энг овлоқ йўллар билан бепоён қумликни минг бир азоб билан босиб ўтиб, тўсатдан душман устига ёпирилди. Дастлаб, Орол денгизига яқин Янгикент қалъасини мўғуллар қўлидан тортиб олди, душманлар томонига ўтиб кетган шаҳар волийсини дорга осди. Сўнг шаҳарда ўзи белгилаган амалдорларни бир гуруҳ аскарлар билан қолдириб, ўзга шаҳарларни Жўжи аскарлари яғмосидан озод қилишга ошиқди.
Аммо Жўжи унга қарши кучли қўшин жўнатди. Қизилқумдаги манзилларнинг бирида тўқнашган икки қўшин аскарлари юз-кўзлари чангу-тўзондан қоп-қорайиб кетган, тишлари орасидаги қумларни ғижирлатганча беомон жанг қилдилар. Ўзларига нисбатан бир неча ҳисса кўп бўлган душман билан олишган хоразмликларнинг сафлари тобора сийраклашиб борди. Ниҳоят, Темурмалик чекинишга мажбур бўлди. Мўғуллар ўтган гал уни изма-из қувган навкарларнинг аҳволини яхши билганлари учун таъқиб қилишга юраклари бетламай, тўхтаб қолдилар. Темурмалик Гурганжга келиши билан шаҳзода Жалолиддин шу ерда эканлигини эшитди, ўша заҳоти ҳаялламай унинг ҳузурига ошиқди.
Жалолиддин Темурмаликни аввалдан ботирлиги ва ҳарбий салоҳияти туфайли қаттиқ ҳурмат қиларди. Энди унинг Хўжанддаги қаҳрамонликлари, кемаларда туриб душманни тутдек тўккани, бошқалар қочиб, жонини сақлашга киришган пайтда яна мўғул билан жанг қилишга ошиққани ҳақида эшитиб, унга бўлган ҳурмати ошган эди.
Икки жангчи қучоқлашиб кўришдилар.
— Агар Рустами Достон тирик бўлганида сизга ходим бўлишга ярарди, — деди жилмайиб Жалолиддин.
— Биз эса сизга ходим бўлишдан ўзга иноят истамасмиз, — деди бунга жавобан Темурмалик кўзлари ёниб…
Муҳаммад Хоразмшоҳ бундан бир неча йил аввал Туркон хотун сўзидан чиқолмай, тўнғич фарзанди Жалолиддинни четлаб, ўртанча Ўзлоқшоҳни валиаҳд деб эълон қилган ва бу амри билан биродарлар ўртасида адоват қўзғаган эди. Бу адоватдан фойдаланган Туркон хотуннинг шаҳарга қайтган уруғ-аймоқлари қочоқ маликанинг укаси Хумортегинни Хоразмшоҳ тахтига ўтқаздилар. Бироқ доруссалтанат аҳолиси Жалолиддинни қўллаётганини кўриб хавотирланган бу кимсалар шаҳзода жонига қасд қилиш режасини туздилар. Бу шум ниятдан огоҳлантирилган Жалолиддин Хўжанд ҳокими қўл остидаги уч юз кишилик гуруҳ билан пойтахтни ташлаб кетишга мажбур бўлди. Бу воқеадан кўп ўтмай шаҳарга мўғуллар қўшини яқинлашаётгани ҳақида хабар етиб келди. Кечагина Хоразмшоҳ тахтини талашиб, “ботирлик” қилиб юрган талабгорлар бирин-кетин қоча бошладилар. Биринчилардан бўлиб Ўзлоқшоҳ билан Оқшоҳ қочдилар. Шаҳар Хоразмшоҳ деб эълон қилинганидан масту-аласт бўлиб қолган – Хумортегин ва унга тарафдор кишиларнинг тўқсон минглик қўшини ҳимоясида қолди. Мўғуллар келишидан ҳафтача аввал биринчи қор ёғди. Кечикиб келган қиш қамал арафасида одамларга ўз ғамларини кўришга кўпроқ имкон бергандек бўлди. Борлиқ бир кечада оппоқ тусга кирди.
Душман келишини хавотир билан кутаётган халқ шамол келтираётган ачимтил ҳид – қор даракчисини сезиши билан қувонгандек бўлди, назарида қор тушиб, йўллар бекилиб, совуқ авжига чиқади-ю, душман Гурганжни яғмо қилишдан қайтади. Аммо ёғий аллақачонлар йўлга тушган, на совуқ, на иссиқ тўхтата оладиган куч ҳаракатда эди.
Сокин кечалари Амударё сувининг шовур-шувури узоқ-узоқлардан эшитиларди. Тўсатдан булут босган осмон юзида ой кўринарди. У қуш ва ҳайвонларни, майса ва япроқларни ғафлатда қолдириб, зулмат қўйнидан бирдан сузиб чиқиб совуқ пуркарди. Ой заррин нурига чўмилган шохларни оҳиста титрата бошлар, чиябўри ва сиртлонларнинг улишига жимгина қулоқ соларди.
Қор тушиши арафасида бир ҳовуч нур эвазига жонини омон сақлаб келаётган тиканаклар ва буталар бирпасда шилвираб, сўлиб қолдилар. Ана ўшанда шимолдаги денгиз томондан ачимтил ислар кела бошлади. Ҳар тарафдан уйилиб келиб, хавотир ва таҳлика мулкига айланган шаҳар устида айқаш-уйқаш бўлиб ётган қора булутлар совуқ шамолдан изиллаб қор элай бошлади.
Қор ерни шошмасдан қоплади, уйқуга кетган чечаклар устига то кўкламгача ўзининг қалин ва иссиқ кўрпасини ёпди.
Икки кун тўхтамай ёққан қор кўрпаси қалинлашди. Олисдаги дарё товуши тиниб қолди – совуқ қаттиқлигидан бир нафасда уни муз қоплади, муз остидан яхламаган сувнинг осуда шилдир-шилдири эшитиларди.
Икки кунлик қордан кейин қиш узил-кесил ҳукмига кирди: боғлардаги дарахтлар карахт бўлиб, қотиб қолди, токлар шумшайиб эгилди, борлиқ уйқуга кетди. Аммо Гурганж беором эди.
Хумортегинни шаҳарни ҳимоя қилиш истаги эмас, тахт ҳаваси ушлаб турарди. Аммо шаҳар остонасида пайдо бўлган мўғул қўшинининг илғор гуруҳларига кўзи тушиши билан Хумортегин кўнглидаги ҳавас ўрнини қўрқув эгаллади. Беш кунлик дунёда тожу-тахт қайғусидан жон қайғуси афзалроқ эканини англади. Бироқ, вақт ўтган, душман Гурганжни қамалга олиб бўлган эди.
Илғор мўғул гуруҳлари кетидан даставвал Байғу нўён бошлиқ қўшин, уларга изма-из улуғ хоннинг ўғиллари Ўқтой билан Чиғатой раҳбарлигидаги юз минг аскар етиб келди.
Гурганж Хоразмшоҳ салтанатидаги энг мустаҳкам қалъа эканидан хабардор Чингизхон тўрт тарафдан ишчи кучларни – сон-саноғи йўқ асирларни жўнатишга фармон берган эди. узоқ йўл босиб ҳолдан тойган, совуқда тарашадек қотган, нам теккан мисдек кўкариб кетган бу бечоралар аҳволини кўрган гурганжликлар йиғлаб юбордилар. Аммо энг даҳшати кейинда эди. Бухорою-Самарқанд томонларда ҳайдаб келтирилган асирлар икки ўтнинг орасида қолдилар. Улар мўғулларнинг тазйиқи остида қалъа теварагидаги хандақларни тупроқ, шох-шабба, хас-хашак билан тўлдиришга мажбур эдилар. Аммо қалъа ичидагилар уларнинг бу ишини бемалол кузатишдан маҳрум, илло, ҳимоя хандақларидан айрилган қалъанинг куни тезроқ битишини улар яхши билардилар. Шунинг учун ўз қавмларидан бўлган бечора асирлар бошига ўқ ва найза, қайноқ суву, ловиллаб ёнаётган нафтни ёғдиришдан тўхташмас, ҳар бир нишонга етган ўқ уларнинг ҳам юрагини яраларди, ярадор асирлар кўксидан учган ҳар бир оҳу-нола уларнинг бўғзига келиб тиқиларди. Жаҳаннамга айланган оралиқда асирлар гоҳ қалъа тарафдан, гоҳ мўғуллар томонидан узилган ўқдан юз тубан йиқилишар, фарёд қилишга ҳоллари етмай, жон беришарди. Гурганжликлар бундай аччиқ қисматга ўзларини дучор қилмасликни худодан илтижо қилишарди.
Орадан бир неча куни ўтиб мўғуллар шаҳар атрофидаги тутларни бир бошдан кесиб чиқаётганларини кўрган қамалдагилар ҳайрон қолдилар. Аммо бу иш нима мақсадда қилингани тез орада маълум бўлди.
Бир куни тонг ёриши арафасида шаҳар дарвозаларини қўриқлаётган соқчилар кучли силкинишлардан чўчиб кетдилар. Мўғуллар минг бир амал билан манзилга етказилган ва дарбозаларга шикаст берувчи ҳужум қуроллари: манжаниқ, матарис, дабобатларни ишга солган эдилар. Бир неча кун олдин кесилган тутлардан қирқилган, туни билан сувга бўктирилган ғўлаларнинг манжаниқдан тошдай отилиши девору-дарвозаларни дам-бадам силкита бошлади. Хоразмда харсангтошлар йўқлиги сабабли мўғуллар тутларни қирқиб чиққанлари сабабини гурганжликлар энди англадилар.
Қамал олти юз ўн еттинчи йилнинг зулқаъда ойида – 1221 йилнинг январида бошланиб, қарийб ярим йилгача давом этди. Мана шу муддат давомида шаҳар аҳолисининг қақшатқич ҳимоясини енголмаган мўғуллар Самарқандни олиш пайтида қўллаган ҳийлаларини ҳам қўллаб кўрдилар. Улар қамалдагилар кўзи остида шаҳар остонасини тарк этган бўлиб, қалъага яқин, аммо кўздан йироқ жойларга, жумладан, шаҳардан бир фарсаҳ масофадаги Боғи Хуррам ичида бекиниб олдилар. Қамалдагилар душман бир иш чиқаролмай, бошқа ёққа кетди, деган ўй билан хотиржамликка берилдилар. Шунинг учун бир неча кундан сўнг шаҳар атрофида тағин пайдо бўлган оз миқдорли мўғул гуруҳларини кўриб, бу иш атайин қилинганидан бехабар, айрим калтабин қўшин бошлиқлари душманга ҳужум қилиш режасини туздилар. Билмадиларки, бу уларнинг эмас, душманнинг режаси эди.
Шаҳардан чиққан бир неча минглик қўшинни кўриб, мўғуллар қоча бошладилар. Гурганжликлар билан руҳланиб, отларига қамчи уриб, душманни қува кетдилар. Душман қочгани сайин, улар таъқиб қилишга чунон ҳам берилдиларки, ортда қолган Боғи Хуррам ичидан гувиллаб чиқиб йўлларини тўса бошлаган мўғул аскарларини пайқаганларида вақт ўтган эди.
Қочаётган мўғуллар тўсатдан ортга қайрилгач, гурганжликлар икки ўтнинг ўртасида қолдилар. Ғоят даҳшатли жанг бошланди. Бу жангда хоразмликлардан мингдан ортиқ аскар нобуд бўлди. Шаҳардан чиқиш тарафдорларидан бўлмиш Ҳожиб Ўғул бошлиқ бир қисм аскарлар шаҳарга қайтиш иложини тополмай, Хуросонга қараб қочдилар. Ҳалқани ёриб ўтишга муяссар бўлган аскарларни таъқид қилган мўғуллар нажот учун очилган Қобилон дарвозасидан шаҳарга кириб олишга уриндилар. Аммо уларнинг омади келмади. Қамалдагилар: эркагу-аёл, қарию-ёш, дарвозани қўриқлаган амир Фаридун Ғурий раҳбарлигидаги аскарларга қўшилиб, тор дарвозадан тиқилиб кираётган душманга шундай шиддатли қаршилик кўрсатдиларки, мўғуллар саросимада қолиб, чекинишга мажбур бўлдилар. Қоронғи туша бошлагани сабабли душман шаҳарни тарк этди. Аммо бу тўс-тўполонда Қобилон дарвозасига жуда катта зарар етди. Туни билан уни тузатишга бўлган уринишлар зое кетди. Дарвоза бари бир омонат бўлиб қолган эди.
Шунинг учун ҳам эртаси куни душманнинг асосий кучи яна шу дарвоза олдида тўпланди. Аммо дарвоза омонат бўлсада, қамалдагиларнинг матонати бутун эди. Душман ўз ниятига эришолмаган бу жангдаям ҳар икки томондан катта талафотлар берилди.
Мана шу беомон жанглар пайтида Чингизхон Хоразмдан узоқда – Балх атрофидаги яйловларнинг бирида ўтов тикиб, Гурганж олингани ҳақидаги хабарни кутарди. Бироқ, ўғиллари ҳузурида юрган Устун нўённинг Ўқтой билан Чиғатой ўртасидаги келишмовчилик туфайли шаҳарни олиш иши сустлашгани, бу ишга айрим нўёнлар ҳам ҳисса қўшаётгани ҳақидаги махфий номаси етиб келди. Чингизхон сусткашлик учун бирор тадбир қўлламаса бўлмаслигини англади. У ўз ҳузурида қолган тўнғич ўғли Жўжини чақирди. Ўғли келгач, унга Гурганжга боришни буюраркан: “Хоразм мулкини сенга бераман деб айтганимни биласан. Тезроқ борда, ўз мулкингни қўлга ол!” – деди.
* * *
Жўжихон билан бирга имом Мужтаҳиддин Қозихон ҳам Гурганжга жўнади. Имом Мужтаҳиддин мўғуллар қўшини Мовароуннаҳр тупроғига қадам қўйган кундан буён Чингизхонга мулозимлик қилар ва кофирлар галаси оқизган беҳисоб мусулмон қонини кўравериб дўзахий бўлиб қолганини ўзи ҳам англаган, аммо қочишга имкони, ўзининг жонига қасд қилмоққа имони йўл қўймасди. Қишнинг ўртасида Чингизхон Хоразм устига ўртанча ўғилларини жўнатаётганда, имомнинг кўнглига келган дастлабки ўй: “Шайхи Валитарош вилоятдан чиқиб кетганмикан?” – деган савол бўлди. Аммо воқеаларнинг кечишидан шуни билдики, Шайх Кубро она юртини тарк этмабди, душмандан қочмабди.
Имом Мужтаҳиддин бутун гуноҳи эвазига Шайх Куброни қутқариши лозимлиги ҳақидаги дастлабки ўй кўнглидан ўтганда тиззалари қалтираб кетганини эсласа, ҳамон кўнгли тўлиб, кўзи намланади. У ўз мақсадини амалга ошириш режасини тузди ва қулай пайт топиб Шайх Кубро хусусида Чингизхонга арз қилиб, иноят тилашни ўйлади. Аммо Хоразмдаги омадсизликдан кундан-кунга қаҳри ошиб бораётган мўғул хонининг ҳузурида бировга омонлик тилаш жонига қасди бор одамнинг иши эканини ўйлаб, пойлашни давом этди. Бу юзидан нур ёғиб турадиган пакана хоннинг ҳар бир қарашида ўлим хавфи яширинганлигини у жуда яхши биларди. Қолаверса, бир неча ой аввал Қозий Ваҳиддин билан бўлган воқеа ҳали ёдидан ўчганича йўқ…
Қозий Ваҳиддин Фушанжий Хуросон акобирларидан эди. У шаҳзода Тўлуй Ҳиротни қамалга олганда, шаҳар ичида эди.
— Ўшал қамал чоғи, — деб ҳикоя қилган эди Қозий Ваҳиддин, — мен ҳам ғозийлар удумига мувофиқ силоҳ кийиб девор устида бўлар эдим. Бир куни, жанг айни қизиган палла эди, оёғим остидаги тош тўсатдан қўпорилиб, мувозанатни йўқотдиму, девордан пастга, мўғул навкарлари қайнаб ётган чоҳга қуладим. Қирқ газча келадиган баландликдан қулаб, омон қолганимни кўриб турган шаҳзода мени ҳузурига олиб келишни буюрди.
Тўлуй бир навкарга мени кўздан кечириб, лат еган-емаганимни билишни буюрди. Навкар қўл-оёғимни пайпаслаб кўриб, тўрт мучам соғлиғини айтгач, шаҳзода ҳайратини яширмай сўради:
— Сен одаммисан ё пари жинсиданмисан, ё улуғ Тангри паноҳида бўлганинг учун шундай бўлдими? Ҳолингни менга англат!
Мен бошимни эгганча:
— Мен донишманд ва дуогўйлар жинсидан бўлган бир бечора одамман! Аммо… аммо мени бир нарса сақлади.., — дедим. Шаҳзода ўша заҳоти у нима эканлигини билишни истади. Мен бундай савол берилишини билганим учун ўша заҳот айтдим:
— Сенинг назаринг мени сақлади! Пастга қулаётган пайтим назаринг менга тушди-ю, омон қолдим.
Тўлуйга менинг жавобим маъқул келди. У мени мўғул амирларидан бирига топширар экан, оқил ва доно киши сифатида падари Чингизхон хизматига лойиқлигимни айтиб, авайлаб-асрашга буюрди.
Хуросон фатҳидан сўнг Тўлуй билан Чингизхон ҳузурига келган Қозий Ваҳиддин Фушанжий қисқа муддат ичида мўғул хони эътиборини қозонди.
Имом Мужтаҳиддинни ваҳимада тутган воқеа баҳор ўртасида, даштдаги ўт-ўлан сарғайишга юз тутган кунларнинг бирида рўй берди. Ўшанда мўғул қўшини забт этган навбатдаги шаҳар гувиллаб ёнар, қурбонлар оҳу-фарёди кўкка ўрлар, Хуросону-Мовароуннаҳр уламолари эса саф тортганча, қароргоҳдаги чодир айвонидан Чингизхоннинг камонбозлик машқини кузатиш билан машғул эдилар.
Олтмиш олти яшар мўғул хони қаерда бўлмасин, камонбозлик машқини канда қилмас, қариб қовжираб қолганига қарамай, ҳамон мўлжалга бехато урарди. Ҳар гал отган ўқи нишонга тегар экан, хондан кўра унинг машқини кузатиб турганлар кўпроқ мароқланишарди. Бу мароқланиш аслида қулларнинг итоаткорлик туйғусининг изҳори эди.
Хотиржам кўринган Чингизхоннинг кўнгли безовта эди – у Гурганжни фатҳ этишга ноқобил ўғилларидан норози ҳолда ич-ичидан ўртанарди. Баччағарлар, — деб ўйларди у. – Қариб мункиллаб қолган оталари келиб шаҳарни олиб беришини кутишяптими? Йўқ, чучварани хом санашибди, бу гал у бориб бўпти! Ё Жўжини, ё Тўлуйни юборади!”
Мўғул хонининг навбатдаги ўқи ҳам нишонга аниқ етди-ю, яна бўғиқ қийқириш янгради. Бундан фойдаланган имомнинг ёнида турган Қозий Ваҳиддин эгилиб шивирлади:
— У – Қозий Ваҳиддин шундай деб қош учирганча Чингизхонга ишора қилди, — менга Хоразмшоҳ ҳақида нима деганини биласизми?
Имом суҳбатдошига савол назари билан қаради.
— У Султон Муҳаммадни “Муҳаммад ўғри” деб сўкди, подшоҳ бўлганида менинг элчимлару-тожирларимни ўлдирмасди, деди… Яна айтдики…
Аммо Қозий Ваҳиддин гапини тугатолмади. Анча нарида турганига қарамай, бу шивир-шивирни эшитган Чингизхон тўсатдан ялт этиб уларга қаради. Икковларининг ҳам дамлари ўчди. Хон бир зум уларга диққат билан тикилиб турди-да, қўлидаги камон билан ўқларни ушлаганча, уч-тўрт қадам юрди. Сўнг қисиқ кўзларини Қозий Ваҳиддинга қараб сўради:
— Қани айтчи, ўлимимдан сўнг одамлар мени эслайдиларми?
Ранги бўздек оқариб кетган Қозий Ваҳиддин бир лаҳза нима дейишини билмай саросимага тушди-ю, тезда ўз ҳаяжонини босиб олди ва салладор бошини эгган кўйи оғиз очди:
— Агар ҳазрати ҳоқон бир қошиқ қонимдан кечсалар, мен бу ҳақда сўз айтай…
— Кечдим, гапир! – деди Чингизхон ва нима учундир, Қозий Ваҳиддинга орқа ўгириб, унинг жавобини кута бошлади.
— Ҳазрати ҳоқон, ўлган одамнинг номи тирик одамлар бор жойда эсланади, — дея гап бошлади Қозий Ваҳиддин. – Навкарларингиз қиличи жабридан сизнинг номингизни эслайдиган одам қолармикан? Бу қон дарёсида тирик одамлар била баробар аларнинг хотираси ҳам чўкаётир-ку!
Фушанжийнинг сўнгги сўзи оғзида қолди. Чингизхон қўлида ушлаб турган камон ва ўқларни жаҳл билан четга улоқтирди-да, қиличига қўл югуртириб, Қозий Ваҳиддинга юзланди. Сўнг кўзлари чақчайганча уч-тўрт қадам босди. Ҳали-ҳали эсимда турибди, ўшанда хоннинг жаҳлдан қайрилган қошларини дир-дир титраётганини кўриб, у: “Тамом, Ваҳиддин, бу қиличлар сени хароб қилғайлар!” – деб ўйлаган эди. Аммо Чингизхон шиддат билан ортига қайтди. У бир дам қўлларини белига тираганча ёнаётган шаҳарга қараб турди, сўнг кескин ўгирилиб мавлонога қарата сўзлади:
— Шу пайтгача мен сени фаросатли ва оқил киши деб билардим. Аммо бу айтган сўзларингдан англадимки, хато қилибман. Сен бир калтабин ва аҳмоқ одам экансан. Ҳа, ғирт нодон экансан. Сен шуни билгинки, навкарларимнинг қиличлари менинг номимни абадият дафтарига битмоқдалар. Бу қиличлардан омон қолган вилояту-мамлакатлар одамлари мени ҳеч қачон унутмаслар! Мен ўлгандан сўнг минг йиллар ўтар, аммо номимни улар тугул, уларнинг болалари ҳам қўрқув билан эслайдилар.
— Ҳа, инсон вужудига қўрқув солиш уни суйишдан осонроқ… – дея шивирлади мавлоно, аммо унинг бахтига ҳоқон бу сўзларни эшитмади. Бир неча кун ўтиб Ваҳиддин Фушанжий пайт пойлаб мўғул хони қароргоҳидн қочди. Нега у ўшанда бирга кетмади?!
Имом Мужтаҳиддин қулай фурсат келиши билан ўз мақсадини амалга оширди. Бу фурсат Чингизхон Гурганж остонасида бир-бири билан келишолмай ғалабани қўлидан чиқараётган икки ўғли – Чиғатой билан Ўқтой ҳузурига тўнғич ўғли Жўжини юборишга аҳд қилган куни етди. Имом Мужтаҳиддинни бу хусусда чақирилган машваратда Шайх Кубро ҳақида сўз очди, уни қамал қилинган Гурганждан олиб чиқиш учун изн тилади. Ўз ниятига етиш учун асосий даъвосини қайта-қайта айтди:
— Токим Шайх Кубро шаҳарни тарк этмас экан, ўғилларига зафар мушарраф бўлмас, илло, Шайхи Валитарошнинг қуввати ҳар қандай қўшиндан ҳам кучлироқдур, — деди.
Чингиз бир сўз айтишдан олдин ҳаммани чиқариб юбориб, Шайх Кубро ҳақида батафсил суриштирди. Сўнг тонг отиши билан имом Мужтаҳиддинни ўғли Жўжига ҳамроҳ қилиб, буюрди: “Ўша ўлкага етганларидан сўнг шайхлар шайхи Нажмиддин Куброга хабар қилсинларки, у ўзининг аҳлу-аъёнлари, барча ёру-дўстларини олиб шаҳардан ташқарига чиқсин, чунки биз ўша мамлакат аҳлини қатли омга буюрганмиз”.
Жўжи ўз қўшини билан Хоразмга етиб келганда, Гурганж атрофида одатдаги жанглар бир маромда борарди. Мўғуллар гоҳ бу, гоҳ у дарвозани манжаниқ билан тошбўрон қилишар, аммо мустаҳкам дарвозалар қилт этмаганини кўриб, бошқа дарвозалар томонга қараб кетишарди. Ишнинг бундай кетишига кўникиб қолган Ўқтой билан Чиғатой шаҳар ёқалаб ўтган тўқайзорларда ов қилиш билан машғул эдилар. Жўжи отасининг шаҳарни тезликда забт этиш лозимлиги ҳақидаги амрини маълум қилганда, укалари: “Ахир, шу иш билан машғулмиз-ку!” – дейишди бир оғиздан. Аммо Жўжи оталари улардан қаттиқ норози эканини айтгач, дамлари ўчди. Ўғиллари бу дунёда ҳеч нимадан қўрқишмас, ёлғиз Чингизхон ғазабидан ҳайиқишарди.
Жўжи қамал қилинган шаҳарга ўз элчиларини жўнатди ва уларни жангсиз таслим бўлишга ундади. Таслим бўлишса, шафқат қилишини ҳам билдирди. Бундан укаларининг, айниқса, Чиғатойнинг қаттиқ жаҳли чиқди. “Бу ўлкада бирорта шаҳар қолмаслиги керак, — деди у. – Шаҳар қолса, улар бизга қарши жанг қилаверадилар”. Ўқтой ҳам укасини қўллади. Аммо Жўжи сўзини икки қилмади: шаҳарни тинч ва талафотсиз қўлга киритиш тадоригини кўра бошлади.
Элчилар Жўжи таклифини қамалдагиларга етказгач, айрим боёнлар Хумортегинга бу талабни қабул қилишни маслаҳат бердилар. Бироқ, шаҳар фуқароси, ҳатто қандай музокара бўлмаслиги ҳақидаги талабларини билган Хумортегин мўғул элчиларини жавобсиз қайтарди.
Фуқаро аллақачонлар Хумортегинни ҳар йили бўладиган Наврўз сайлида қизиқчилик юзасидан сайланадиган подшоҳга нисбат бериб, “Наврўзи подшоҳ” деб атай бошлаган эди. “Наврўзи подшоҳдай титрама”, — дея қиқирлаб кулишарди болалар бир-бирларини туртиб, “Наврўзи подшоҳ бўлмай, ўл!” – дея қарғарди уни кампирлар. “Наврўзи подшоҳнинг бошида тож эмас, масхарабознинг қалпоғи”, — дея ғазабланишарди навкарлар…
Мўғуллар ҳужуми баттар авж олди. Ниҳоят улар шаҳарни ўраган ҳандақларни асирлар ёрдамида кўмиб ташлаб, шаҳар деворларига янада яқин келдилар ва манжаниқ, матарсис, дабобатларни баравар ишга солдилар. Душман Амударёдаги тўғонни бузиб ташлаб, шаҳарни сув остига ғарқ қилиш мақсадида қилган хатти-ҳаракатларидан ҳам фойда чиқмади. Жўжи инилари аҳволига тушди, у ҳам нима қилишини билмасди. Энди учала чингиззода ҳам қамалдаги шаҳарда очлик бошланишини кутардилар, аммо очлик бошлангани ҳақидаги хабар етиб келгандан кейин гурганжликлар матонат билан жанг қилаётганларини кўриб бошлари қотарди. Ғазабдан ақлини йўқотиб қўйган ака-укалар қай бир тадбирни қўллашни билишмас, шу туфайли ўрталарида келишмовчиликлар чиқар, бир-бирларининг хатолари ҳақида Балхга етказишга ҳаракат қилардилар. Уларнинг ҳар бири қамалнинг чўзилганига бошқа бировларни айблашга, бу билан улуғ хон қаҳридан ўзларини пана қилишга уринардилар.
Чингизхон эса ғазаби қайнаб гоҳ у, гоҳ бу нўённи юбориб маслаҳатлар берар, ўғилларини лаънатларди. У доира ичидаги нуқтадек ўраб олинган Гурганжни забт этиш суюкли ўғли Жўжининг ҳам қўлидан келмаганини ўйлар экан, битта шаҳарни эплаб қўлга ололмаган ношуд ўғиллари ўлимидан сўнг қандай қилиб бу бепоён салтанатни бошқара олишаркан, дея қийналарди. Қамалнинг тўртинчи ойи бошлангач, Устун нўён жўнатган навбатдаги махфий нома келди. Устун нўён Жўжи келиши билан оға-инилар ўртасидаги келишмовчиликлар битмагани маълум қилган ва Хоразмдаги қўшин ягона бошлиққа бўйсундирилиши, бу бошлиқнинг амрига бўйсунмаган киши, у ҳатто хон фарзанди бўлсин ўлим билан жазоланажаги лозимлиги ҳақида хон ёрлиғи юборишни маслаҳат берган эди. “Аксинча қолаверса, ишимиз юришмайди”, — деб хатини якунлаганди Устун нўён.
Номани ўқиган Чингизхон уч кеча-кундуз чодирига бировни йўлатмай чора излади. Учинчи куни Хоразмга ёрлиқ жўнатди. Ёрлиққа кўра бутун қўшин Ўқтой қўл остига берилган ва “ақли расо фаросат ва заковати билан танилган Ўқтой қалъани олиш борасида нима ҳукм қилса, Жўжи билан Чиғатой унинг раъйига амал қилсинлар, уни ўзларига бошлиқ билиб, унинг сўзидан чиқмасинлар. Акс ҳолда энг оғир жазога дучор бўлғайлар”, — деб буюрилган эди.
Ёрлиқни олган Ўқтой фурсатни ғанимат билиб, шу пайтгача унинг кичиклигини пеш қилиб, назар-писанд қилмаган акаларига жанг қилмоқ қанақа бўлишини кўрсатиб қўймоқчи бўлди. Чингизхоннинг кенжа ўғлини бошлиқ қилиб тайинлашдан мақсади ҳам шу эди. Ўқтой энг аввало Гурганжга ҳужум қилиш мунтазам ва тартибли бўлишини талаб қилди. Бу ишда сусткашлик қилган аскар бошлиқларини қаттиқ жазолади, ғайратсизларни алмаштирди, шаҳарга биринчи бостириб кирган гуруҳга катта мукофот ваъда қилди.
Давоми бор
XURSHID DAVRON
SHAHIDLAR SHOHI
YOXUD NAJMIDDIN KUBRO TUSHLARI
Muqaddima va birinchi qismning boshlanishi
MUQADDIMA
Ollohdan boshqa iloh yo’q, u doimo tirikdir va koinotni boshqarib turguvchidir. Uni mudroq ham, uyqu ham olmaydi. Uni ko’z ko’rmaydi, u esa ko’zlarni ko’radi. Uning o’xshashi yo’qdir. U eng avvalgidir va eng oxirgidir. Eng zohirdir va eng botindir. Osmonlar-u Yerdagi barcha narsalar Ollohnikidir.
Olloh taolo eng avval nurni yaratdi. Shundan keyin ul nurni to’rtga bo’lib, bir bo’lagidan Arshi A’loni, bir bo’lagidan Qalamni, uchinchi bo’lagidan Jannatni va so’nggi bo’lakdan mo’minlarni yaratdi.
So’ng Olloh taolo Qalamga xitob qildi: «Arshi A’lo uzra yozgilkim: «Laa ilaha illallohu Muhammadur rosululloh» deb». Qalam to’rt yuz yil yozdi-yu, kalimaning yarmiga: «Laa ilaha illallohu»ga yetdi. Qalam aytdi: «Ey qiyosi yo’q, tengi yo’q zot, yozdimki: «Laa ilaha illallohu» deb, ammo bu ulug’ nom senikimi, boshqanikimi, bilmayman». Olloh xitob qildiki: «Bu mening nomi habibimdir va qimmatimdir. Ey Qalam, davomini yoz: «Muhammadur rosululloh» deb». Olloh xitobining haybatidan Qalamning boshi sindi, so’ng yozdi: «Muhammadur rosululloh» deb. Shundan qalam boshini sindirib yozish Qiyomatgacha sunnat bo’ldi.
Shundan so’ng Olloh taolo Arshi A’loda Gavharni yaratdi va o’sha Gavhardan lavhul Mahfuzni bunyod qildi. Qalamga xitob qildikim: «Uktub ilmi fiy xalqiy va ma huva kainun ila yavmil-qiyomati», ya’ni Qiyomatgacha mening xalqimga qonun bo’ladigan ilmimni yoz!» Qalamning lavhul Mahfuzga bitgan ilk so’zlari ushbu bo’ldi: «Bismillahir rohmanir rohiym. Anallohu laa ilaha ana, man istaslama va bi qazoyi va yasbiru ‘ala balayi va yashkaru ‘ala nu’amayi, katabuthu va ba’astuhu ma’a-ssadiqina. Va man lam yarziy bi qazoyi va lam yasbir ‘ala baloyi va lam yashkur ‘ala nu’amoyi, faliyatluba rabban sivayi va yaxruja min tahta samayi».
So’ng Qalam Qiyomatgacha 0llohning bandalariga qonun bo’ladigan Olloh ilmini yozib chiqdi. Shunda lavhul Mahfuz qimirlab, aytdi: «Alhamdu lillahi mam-misli» ya’ni,Xudo ilmi menga insho bo’ldiki, mening mislim bormi endi. Nido keldikim: «Olloh o’zi xohlagan narsani o’chirur va ustuvor qilur».
So’ng Olloh taolo Gavharga xitob qildi: «Kengay!»
Gavhar cheksiz darajada kengaydi va Ollohning Kursisiga aylandi. Shundan keyin Olloh Kursi qarshisiga bir dona gavharni qoydi va unga haybat nazarini tikdi. Gavhar titrashga tushib, erib suyildi. Undan to’rt yelni bunyod etdi.
So’ng to’rt yelga xitob qildiki: «To’rt yondan suvga sho’ng’ing, suvni to’lqilating va kaftimni suvga to’ldiring» .
So’ng Otashni yaratib, buyurdikim: «Suv uzra lovullab yon!» Otashdan, suv qaynab, ko’piklandi, ul ko’pikdan tutun o’rlad. Ko’pikdan Yerni yaratdi, unda Ka’ba o’rnini belgiladi. So’ng aytdikim: «Yerni ikki kunda yaratdim». Ammo u dunyoning bir kuni bu dunyoning ming yiliga teng edi.
Olloh taolo shundan keyin tutundan iborat xilqatga yuzlandi-da, ularni yetti qat osmon qilib tikladi. Har bir qatning orasi besh yuz yillik masofa bo’ldi. So’ng quyoshni yaratdi, u o’z joyida harakatlanib turdi. Oyni yaratdi, unga xos manzillarni belgilab qo’ydi. Kecha-yu kunduzni yaratdl. Olloh taolo aytdikim: «Kecha-yu kunduz, quyoshu oy Ollohning belgilaridir. Quyoshga ham, Oyga ham sajda qilmangiz. Agar Ibodat qilmoqchi bo’lsangiz, ularni yaratgan Ollohga sajda qilingiz».
Undan keyin qushlar-u qurt-qumursqalarni, farishtalarni, dengizlarni yaratdi, daraxt-u chechaklarni yaratdi, undlrdl, ularlni rizq berishga mas’ul etdi.
Borliqdagi butun mavjudotni yaratgach, aytdikim:
“Ularlll oltI kunda yaratdim».
Shundan keyin 0lloh taolo Azozilni yaratdi, Azozil Yaratganga qarab olti yuz yil sajda qildi. Keyin u Verga tushIb, yettI qat zammning har birida ming yildan Ollohga sajdada o’tirdi. Keyin birinchi qat osmonga ko’tarildi, ming yIl Ollohga sajda qildi. Unga Xoshi’ash deb nom berdilar. So’ng ikkinchi qat osmonga chiqib, ming yil I bodatdan bo’shamadi, ahli osmon uni Obid deb atadi. Uchinchi qat osmonda ham ming yil Ollohga sajda qildi, Solih degan nom oldi. To’rtinchi qat osmonda 0llohga hamd-u sana aytib, ming yil ibodat qildi va Valiyash deb ataldi. Undan beshinchi osmonga ko’tarildi va ming yil sajdada turdi, Azozil nomini oldi. Undan oltinchi osmonga uchdi va ming yil ibodat qildi, undan yettinchi osmonga chiqdi va yana ming yil sajdadan bosh ko’taqnadi. Nihoyat, Yer biJan Osmonda Azozil o’tirib sajda qilmagan bir kaft joy qolmadi.
Shundan keyin Arshga chiqdi va olti ming yil davomida bir maqomda sajda bajo keltirdi. So’ng boshini sajdadan ko’tarib, hojat tiladi va aytdi: «Xudovando! Meni lavhul Mahfuzingdan xabardor qil, tokim sunnatingni bilay va ibodatimni ziyoda qilay!» 0llohdan farmon keldiki: «Xabardor bo’l!»
Azozil lavhul Mahfuzga yaqinlashgach, bir yozuvga ko’zi tushdi. Unda yozilmish ediki, Xudoi taoloning bir bandasi borkim, ul Tangriga olti yuz ming yil sajda qilg’ay, oqibat bir marta sajda qilmagani sababli Olloh uni kofirga aylantirgay va olti yuz ming yillik ibodatini nobud qilib, nomini iblis deb qo’yar. Bu yozuvni o’qigan Azozil l avhul Mahfuz oldida to’xtab, olti yuz yil yig’ladi. O’sha palla Ollohdan xitob keldi: «Yo Azozil, aytgil, farmonimga bo’ysunmagan va toatimni qilmagan bandaning sazosi nimadir?» Azozil aytdi: «Xudovando! Sening fannoningdan bo’yin tovlagan kishining sazosi la’natdur!» Nido keldiki: «Ushbuni xat qilib yoz va saqla!» 0llohning farmoni bilan Azozilni jannatga eltdilar va u ming yil jannat xazinadori bo’ldi. So’ng Olloh jannatda nurdan bir minbar paydo qildikim, Azozil unda turib, o’n ikki ming yil va’z aytdi.
So’ng Olloh taolo Odamni yaraturman deb xitob qildi.
Shunda u yaratgan barcha narsalar bosh ko’tarib: «Odamni bizdan yaratgil», deb tama’ qildilar. Tog’ aytdi: «Men qutlug’man», Dengiz aytdi: «Men haybatlikman», Oltin esa: «Men azizman», dedi, Ko’k esa «Men adizman», dedi. Barcha narsalar bosh ko’tarib o’zlarini maqtay ketdilar. Yolg’iz Yer tavoze’ qilib aytdikim: «Men ulardan zaifman, oyoq ostidaman, menda quvonch-u narsa yo’q». Shunda Olloh xitob qildikim: «Men Odamni tuproqdan yaraturman».
Olloh Jabroilga amr etdi: «Borg’il, Yer yuzindan bir hovuch tuproq keltirgil». Jabroil kelib, Ka’ba o’rni deb belgilangan joydan tuproq olmoqchi bo’ldi, Yer: «Mandin tuproq olmag’il, qo’rqamankim, Janobi Kibriyo mendan xalifa bunyod qilg’ay, undan-da osiy farzandlar paydo bo’lib, Do’zaxga mustavjob bo’lg’aylar va man Xudoi taolo azobiga to qat qilmasman. Ey Jabroil, mendan tuproq olmag’il», — deb yalindi. Jabroil tuproq olmay qaytdi. OUoh Isrofilni jo’natdi, yana o’sha holat takrorlandi’ . Keyin Mekoil ham tuproq ololmay qaytdi. Olloh Azroilni jo’natdi. Yer unga ham «Mendan tuproq olmag’il», deya o’tindl, ammo Azroil aytdlkIm: «Sening o’tinchingdan menga Mavlo taolo buyrug’i azizroq turuI»’. Azroil butun Yer yuzidan bir hovuch tuproq oldi. Hazrat Olloh taolodan xitob keldi: «Ey AzI’oil, sen g’oyat qattiq ko’ngullik ekansan. Qasamki, barcha tanlig’larning jonini senga olduI’g’ayman» .
…Azroil bir hovuch tuproqni keltiidi. Qirq yil ul tuproq ustIga yomg’ir yogdi, 0’ttIz toqqiz yil qayg’u yomg’iri, blr yil sevinch yomg’iri yog’di. Shu sababdan Odamga sevinchdan qayg’u ko’proq bo’ldi. Qirq yildan keyin 0lloh qudratI bllan ul loydan Odam suvratini bunyod qildi.
Blr kun Azozil yetmish ming farishta birla loydan yasalgan Odam qoshiga keldi,qo’li bilan Odamni qornini qoqdi, Ichini kayak ko rdl. Farishtalarga aytdikim: «Buni yo’ldan chiqarmoq o’ng’ay bo’lg’ay».
…Yana qirq yildan keyin Olloh Odamning joniga buyurdlkIm: “Odamning taniga kirgil!» Jon Odamning boshi uzra turib qoldl, kirgali unamadi. «Man nurdan yaralganman, ulviyman — ulug’man, sifliyga — past narsaga nega kirayin», dedi. Jabroil aytdikim: «Ey aziz jon, izi azza va jalla oti birla kirgil». Jon Olloh otin eshitgan zamon Odam boshiga kirdi va ikki yuz yil uni kezdi. Shundin keyin ko’zga o’tdi, ko’z tirilib, qora tuproqdan yaralgan o’z yuzini ko’rdl. Burniga kelgan edi, bir aksirdi. Undan og’ziga o’tgach, til tirildi va aytdi: «Alhamdu lillahi robbil alamin». Buni eshitgan Olloh taolo yorlaqadi: «Yarhamuka rabbuka va lizalika xalaktuka — 0lloh sanga rahmat qilisun, men seni shuning uchun yaratdim».
Shuundin keyin jon ko’krakka keldi. Oshiqib turmoqchi bo‘ldi, turolmadl. Undan keyin qorniga o’tdiki, qorni taom tiladl. Jon butun vujudga yoyildi, so’ngaklar, et, teri, tomirlar, hujayralar tirildilar. Odam tebrana boshladi. Kunba-kun quvvati va ko’rki orta boshladi.
Odam Ato yetti kun unda o’tirdi. Yettinchi kundan keyin 0lloh uni qizil oltindan yaratilmish, gavhar birla bezatilmish bir taxtga o’tqazdi. Unga ajoyib xil’atlar kiyglzdl, boshiga oltin toj qo’ndirdi. Yetti yuz ming farishta Olloh taolo farmoyishiga bo’ysunib, Odamning tegrasida tizilib turdilar. Olloh Odamni bezashdan charchamadi, uning tizzalaridan nur balqidi, ko’z nuri beqiyos bo’ldi.
Odam qarshisida lovillab turgan bir nurni ko’rdi — u nur Muhammad al-Mustafoning nurlari edi. Odam: «Bu nurni bir ko’rsam», deya orzu qildi. O’sha lahza Janobi Haqning amri bilan ul nur Odamning o’ng yanog’iga singidi. Keyin butun vujudini qamradi. Nur qo’llaridan o’tib, shahodat barmog’ining uchida to’plandi. Odam barmog’ini yuqori ko’tarib, uning ko’rkini ko’rib hayratdan: «Laa ilaha illallohu Muhammadur rosululloh», deb yubordi. Shundan barmog’ini ko’tarib shahodat kalimasini aytmoq Odam qavmiga sunnat bo’lib qoldi.
So’ng Olloh farishtalarga: «Men Yerda Odamni xalifa qilaman», — dedi. Buni eshitgan farishtalar aytdilar: «U yerda buzg’unchilik qiladigan, qonlar to’kadigan kimsani xalifa qilasanmi? Holbuki biz hamd-u sano aytish bilan Seni ulug’laymiz va Sening nomingni mudom pok tutamiz!» Olloh bu gaplarni eshitib dedi: «Men sizlar bilmagan narsani bilaman» va U Zot Odamga barcha narsalarning ismlarini o’rgatdi. So’ng bu narsalarni farishtalarga ko’rsatib so’radi: «Agar xalifalikka biz haqdormiz, degan so’zlaringiz rost bo’lsa, mana bu narsalarning ismlarini menga bildiring». Farishtalar aytdilarkim: Hey pok Parvardigor, biz faqat sen bildirgan narsalarnigina bilamiz. Albatta, Sen O’zing ilm-u hikmat sohibisan». Olloh: «Ey Odam, bularga u narsalarning ismlarini bildir», — dedi. Odam farishtalarga barcha narsalarning ismlarini bildirganidan keyin Olloh aytdi: «Sizlarga Men Yer-u Osmonlarning sirlarini va sizlar oshkor qilgan va yashirgan narsalarni bilaman, demaganmidim? Endi sizga ma’lum bo’ldikim, Odam olim erur, siz obidsiz. Ollohingiz ming obiddan bir olimni fozilroq bilur. Qayda obid ersa olimga xizmat qilmog’i kerak. Ul mahdum bo’lsin, sizlar xodim bo’ling. UI masjid bo’lsun, sizlar sojid bo’ling. Buyuraman, Odamga sajda qiling». Shunday deyishi bilan farishtalar sajdaga egildilar.
Faqat Azozil kibr va or qilib, Odamga sajda qilmadi …
BIRINCHI QISM
O’zingga nazar qiI…
(Hadisdan)
Hijriy olti yuz o’n yettinchi yil muharram oyining so’nggi kuni Gurganjdan chiqqan karvon hafta yo’l bosar-bosmas talandi. Talangandayam, uni qo’riqlashi kerak bo’lgan navkarlar tomonidan talandi. Karvonboshi Abulfath Samarqandiyning insofga chaqirib, dod-voy qilishi, qo’riqchidan qaroqchiga aylangan navkarlarni Xorazmshoh nomi bilan qo’rqitishi, xudoni o’rtaga qo’yib pand-nasihat qilishi bekor ketdi. Karvon egasining hamma urinishidan foyda chiqmadi. Talonchi navkarlar ahli karvon joniga qasd qilmadilar, faqat mollar ortilgan tuyalarni qo’lga kiritib, tezda qumtepalar ichida g’oyib bo’idilar.
Bunday ko’z ko’rib, quloq eshitmagan voqea Xorazmshoh mulkida bu yaqin orada bo’imagan edi. Xorazmshoh davlatida karvon yo’llari xatarsiz, tartib-intizom kuchli, savdogarlar moliga ko’z olaytiradigan, joniga qasd qiladigan qaroqchilar haqida necha zamonlardan buyon hech kim eshitmagan edi. Dorulsaltanatdan bor-yo’g’I bir haftalik masofada — bepoyon sahro boshlanishida karvonidan ayrilgan Abulfath Samarqandiy, mulozimlar va karvonga qo’shilib Nishopurga yetmoqchi bo’lgan yo’lovchilar bu falokatdan karaxt edilar. Anchadan keyin o’ziga kelgan karvon egasi falokat sababini angladi va sheriklari kutmagan taklifni: iloji bo’lsa cho’ntaklarida talondan omon qolgan boyliklardan foydalanib, ko’chmanchi yovmutlardan ot-ulov sotib olib, yo’lni davom ettirish lozimligini aytdi. Hamma endi orqaga Gurganjga qaytsak kerak, deb o’ylab turgan paytda aytilgan bu taklif g’alati tuyuldi. Ammo Abulfath muddao sababini oshkor qilgach, ko’pchilik uning bu so’zini ma’qul deb topdi.
Karvonning o’z qo’riqchilari tomonidan jazodan qo’rqmay talanganiga, karvon egasining Xorazmshoh poytaxtiga qaytib, qaroqchilarni tutib jazolashni talab qilish o’rniga yo’lini davom ettirganiga sabab — Xorazmshoh saltanati hududiga juda beshafqat va kuchli dushman galasi bostirib kirib, birin-ketin uning shaharlarini zabt etayotgani edi …
Abulfath karvoni bilan Gurganjdan chiqishidan bir necha kun avval ona yurti — Samarqand mana shu yovuz gala tomonidan g’orat etilganini bilgan edi. Bu shum xabarni eshitgaeh, ko’z o’ngida o’g’ilchasi Rustam, qizchasi Subuha, xotini Oychuchukbikaning ma’yus nigohlari ko’rindi. Ko’zyoshi tirqirab oqdi. Ammo «Qo’limdan nima ham kelardi!» — deb o’yladi. So’ng tezroq Movarounnahrni tark etish tadorugini izladi. Uning ona shahrini vayron qilib, yurtdoshlarini qatliom qilgan bosqinchilar hukmdorining nomi Chingizxon edi.
Abulfath va uning yo’ldoshlari yovmutlardan ot-ulov sotib olib, Nishopurga qarab yo’lga chiqqan kunning ertasi ularni shitob bilan yelib borayotgan bir guruh otliqlar quvib o’tdi. Chavandozlardan birining qo’lida xorazmshohiylarning qora bayrog’I hilpirab borardi. Dastavval ularni qaroqchilar to’dasi deb o’ylab vahimaga tushgan yo’lchilar guruhning o’zlariga yaqinlashmay o’tib ketganlarini ko’rib, xotirjam bo’ldilar. Abulfath qora ayg’ir minib olgan, beliga eni kaftdek keladigan qimmatbaho kamar taqqan, qora soqolli chavandozni Muhammad Xorazmshohga o’xshatgandek bo’ldi. U Samarqandda Xorazmshohni bir-ikki marta yaqindan ko’rishga muyassar bo’lgan edi. Ammo qudratli sultonning yetagida borayotgan navkarlar xatti-harakatida tantanadan ko’ra besaranjomlikni payqab, «Adashgan bo’lsam kerak», — deb o’yladi. Dam o’tmay, otliqlar qo’lida faqat sultonning xos navkarlari olib yurishiga haqli shohona qora bayroqqni eslab, adashmaganiga ishondi. O’z-o’zidan ko’ngli xavotir bo’lib, sheriklarini tezroq yurishga da’vat qildi. U ortda qolib borayotgan Movarounnahrda dahshatli voqealar boshlanganini sezdi.
Abulfath Samarqandiy adashmagan edi. Uni quvib o’tgan otliqlar guruhi ichida haqiqatan ham Muhammad Xorazmshoh bor edi. U yov bilan jang qilishdan qo’rqib, o’z saltanatini onasi — Turkonxotun bilan qora taqdir ixtiyoriga tashlab qochib borardi. Ortidan Jo’ba bilan Subutoy bahodir boshliq mo’g’ul askarlari quvib kelayotganini eshitgan Xorazmshoh ham qo’rquvdan, ham shoshilishdan yetmish toyga joylangan oltin-kumushning Amudaryoning to’polon suviga g’arq bo’lganiga achinmay, shu qochishda bir necha muddat darbadar hayot kechirib, hijriy olti yuz o’n yettinchi yilning shavvol oyida — 1220-yilning dekabr oyida Girkan (Kaspiy) dengizidagi orollarning birida olamdan o’tdi.
Aytishlarieha, G’arbu Sharqda mislsiz boyligi bilan mashhur bo’lgan bu hukmdor eng so’nggi kuni yetganda shunday g’arib ahvilda ediki, kafanlik topilmagani sababli, jasadi o’zi kiyib yurgan libosda dafn etildi. Uning botir farzandi Jaloliddinga esa ota mulkidan yolg»iz bir qilich meros bo’lib qoldi.
* * *
Uzoq yillar davomida xotirjam hayotga ko’nikkan Gurganj shahri Xorazmshoh dorulmulkni qo’shini bilan himoya qilmay, o’z holiga tashlab qochganidan ogoh edi. Dorissaltanat fuqarosi Movarounnahrning buyuk shaharlari — Buxoro, Samarqand mo’g’ullar tomonidan zabt etilib, buxoroliklardan o’ttiz ming, samarqandliklardan yuz ming kishi qatl etilganini, o’zlarining oliymaqom san ‘atlari , ilm-ma’rifatlari, nozik tabiatlari va axloqlari bilan Sharq olamini hayratga solib kelgan bu ikki muqaddas shahar xalqi badbaxt va masxara etilganligini eshitib vahimaga tushgan, ammo bu shaharlar yovuz dushman bilan qahramonona jang qilgani, botir yigitlarning jasorati, donishmand chollarning o’limga tik boqib halok bo’lganlari haqida tug’yonli hikoyalarni eshitib, vatandoshlari qahramonligiga tasannolar aytib, bo’lajak beomon jangga tayyorgarlik ko’rardi…
Gurganj saltanat poytaxti bo’lsa-da, so’nggi yillarda mamlakat hukmdori Muhammad Xorazmshoh deyarli bu shaharda yashamasdi. Poytaxt uning onasi Turkonxotun qo’l ostida edi. Shu sababdan bo’lsa kerak, uning so’zi saltanat hududida Samarqandda o’rnashgan Xorazmshoh so’zidan ko’ra e’tiborliroq sanalardi. Turkonxotunning zaifalarga xos xudbin, Muhammad Xorazmshohning kaltabinlik siyosati tufayli mamlakat tuprog’iga kirib kelgan mo’g’ullarni to’xtatadigan kuch parchalanib tashlangandi. Bir mulkni ikki hukmdor boshqargandan so’ng birlik’ qayerdan kelsin?!
Chingizxon Gurganjni talofatsiz va oson qo’lga kiritish maqsadida Turkonxotun huzuriga o’z elchisi — Hojib Donishmandni jo’natdi. Elchi malikaga mo’g’ullar hukmdorining maktubini topshirdi. Chingizxon maktubida Turkonxotun ko’ngliga xush keladigan so’zlarni tizgan, jumladan, u Muhammad Xorazmshohni qoralab, bu nodon va betayin farzand Turkonxotunning qadriga yetmagani, shu sababdan u bu badbaxt o’g’ilni munosib jazolashga ahd qilgani haqida yozgan edi. Maktub: «Men sen bilan emas, o’g’ling bilan jang qilaman. Agar sen mening hukmimni tan olsang, Xorazm-u Xurosonni senga qoldiraman», degan so’zlar bilan yakunlangan edi.
Turkonxotun Chingizxonga ishonmadi va o’g’li ketidan mamlakatni tashlab qochmoqchi bo’ldi. Shu sababdan ham Hojib Donishmandga bildirmay, saltanat xazinasini, Xorazmshoh xotinlari va bolalarini olib dorissaltanatni yashirin tark etdi. Ammo ketishdan oldin u saltanatga tobe bo’lgan o’lkalardan keltirilgan va omonat sifatida saqlanayotgan sultonzodalar-u shahzodalarni Amudaryoga g’arq qilishni buyurdi. Mash’um niyatini amalga oshirgach, Mozandaronga — Hol qal’asi tomonga yo’l oldi.
Turkonxotun omonatda turgan shahzodalardan yolg’iz Umarxonni o’ldirtirmadi. Yazir mulki hukmdorining o’g’li bo’lmish Umarxon malika otlangan Mozandarondagi Hol qal’asiga olib boradigan yo’llarni yaxshi bilardi. Ammo bechora shahzoda halol xizmat evaziga o’lim topdi: qal’ a devorlari ko’rinishi bilan Turkonxotun uni jallod qo’liga topshirdi.
Ko’p o’tmasdan malikani qo’lga kiritish vazifasi yuklatilgan mo’g’ul qo’shini Hol qal’asi devorlari oldida paydo bo’ldi va qal’ani qamalga oldi. Qamal qariyb to’rt oydan ziyod davom etdi. Hol qo’rg’oni saltanatdagi eng mustahkam qal’alardan biri bo’lib, unda himoya uchun hamma imkoniyatlar: uzoq muddatga yetarli oziq-ovqat, qurol-yaroq zaxirasi mavjud edi. Shu bois Turkonxotunning dushman oldidagi vahimasi qanchalik kuchli bo’lmasin, ko’ngli xotirjam edi. Biroq omonatdagilarning qonini nohaq to’kkani uchun Ollohning qahriga uchradimi, malikaning omadi yurishmadi. Butun qamal davomida osmondan bir tomchi yog’in tushmaganidan qal’ada hovuzlar qurib qoldi, quduqlardan suv qochdi va qamaldagilarni tashnalik azobi qiynay boshladi. Huzur-halovatga qanchalik ko’nikkan bo’lmasin, Turkonxotun mashaqqatlarga ham chidashga kuch topa oldi. Ammo ahvol tobora og’irlashib boraverdi.
Malika Ollohning qahriga uchraganini o’shanda ilk marta sezganday bo’lib, kecha-kunduz ibodatdan bosh ko’tarmadi. Gunohi ko’p ekanmi, Yaratgan tavallosini eshitmadi. Oxiri ‘malika qal’a devorlarini ochib, dushmanga taslim bo’lishni buyurdi.
Taqdirning o’yiniga qarang-ki, Turkonxotun qal’a darvozasidan tashqariga qadam qo’yar-qo’ymas, charaqlab turgan osmon to’satdan qop-qorayib, shitirlab yomg’ir yog’a boshladi. U borgan sari kuchayib, birpasda chelaklab quyishga o’tdi. Ust-boshi shalabbo malika esini yo’qotib qo’ygandek bo’ldi, so’ng uvvos tortib o’kirdi. .
Malikani Chingizxon huzuriga jo’natishdi. U yo’l bo’yi yig’lab bordi. Yig’lagani sayin ko’ksi yumshash o’rniga toshga aylanib qattiqlashdi. Oxiri ko’ziga yosh kelmay qoldi. «Ko’z yoshim abadiyan quridil» — deb o’yladi malika. Ammo bu yig’laganlari kamlik qildi.
Chingizxon dargohiga keltirilgan malikaga juda uzoq tikildi, ammo churq etmadi. Na yozgan maktubidagi taklifini rad etgani uchun dashnom berdi, na erta-indin butun Xorazmshoh saltanati oyog’i ostida bo’lishini aytib maqtandi. U malikaga tikilar ekan, qudratli Xorazm davlati bekasi bo’lmish ayol shuncha mashaqqatdan so’ng ham o’zining ulug’ malikalarga xos vajohatini saqlab qolganini ko’rib, uni yana battar haqorat qilib tahqirlamoqni o’yladi: Malikaga nimalardan ayrilganini ko’rsatib qo’ymoqchl bo’ldi.
Hukmdor farmoniga ko’ra dorissaltanat Gurganjni zabt etishga otlangan qo’shin safga tizilib ketma-ket qarorgoh yonidan o’ta boshladi. Shu farmonga binoan malika Turkonxotun va uning badbaxt kelinlaridan qo’shin o’tayotgan yo’l chekkasida turib, Xorazmshoh saltanatiga aza tutib baland ovozda sochlarini yulib yig’lashlari talab qilindi. Qo’shin saflari chang ko’tarib o’tar ekan, xotinlar uvvosi chor atrofni tutdi.
Keksa malika avval tishini-tishiga bosib jim turaverdi.
Yon-atrofida turgan kelinlarining faryodi dastlab uning g’azabini qo’zg’adi, keyin esa butunlay kar bo’lib qolgandek hech nimani eshitmay qoldi. Ko’z oldida saf torhb o’tayotgan son-sanog’i noma’lum askarlarning bir-biriga urilib sharaqlayotgan qurol-yaroqlarni, qandaydlr yovvoyi qahr va yovuzlik bilan yonayotgan ko’zlarni,bu ko’zlarda tobora jilvalanayotgan masxara uchqunlarini ko’rarkan, birdan o’ngidagi dunyo g’oyib bo’ldi, uning o’rnini faqat qo’rqinchli zultimot qopladi. U xuddi tush ko’rayotganday, nazarida xuddi bo’m-bo’sh huvildoqda suzib ketayotgandek edi. So’ng qamal davomida ozib qolgan uzun bo’yli malika birdan yetti qat bukchaydi va o’z-o’zidan chayqalarkan, shundoq uvvos ko’tardiki, qarshisidan saf tortib o’tayotgan mo’g’ul jangchilarining vujudlarida titroq yugurdi. Malikaning faryodi kelinlarini yana telbavash yig’lashga undadi, yer-u ko’kni bir hovuch xotinning faryodi tutdi. Bu faryod yolg’iz mo’g’ul hukmdori ko’ ngliga xush yoqardi, xolos. Chingizxonning ko’zlari yashnab, yurak-bag’ri rohatlanarkan, nogahon olis bolaligida bo’lib o’tgan voqeani esladi.
To’qqiz-o’n yoshlarida ukasi Xasar bilan bepoyon sahroda ovchilik qilib yurib, bo’ri uyasiga duch kelishgan, undagi bo’rivachchalarni qopga solib ortga qaytishgan edi. Ammo bu ish bilan ovora bo’lib, kech tushib qolganini sezmagan, qorong’i tushgach esa, yo’lni yo’qotib qo’yishgandi. Oxiri aka-uka atrofdan shox-shabba yig’ib, gulxan yoqib tongni kutishga qaror qilishgan edi.
O’tgan kecha bo’ralagan bo’rondan so’ng sahroni qor bosgan, u sukunat og’ushida edi. Faqat aka-ukaning g’o’ng’ir-g’o’ng’ir suhbati, gulxanning chirsillab yonishi, qopdagi bo’rivachchalarning xuddi yosh bola yig’laganiday ohista ingillagan ovozi kecha tinchini buzib turardi. Birdan Xasar baqirib yubordi: gulxan alangasi zo’rg’a yoritib turgan o’n qadamcha narida juni hurpaygan, ozg’inlikdan kallasi kattalashib qolganday so’rraygan, emchaklari salqib osilgan kulrang ona bo’ri turardi. U irillab, sakrashga hozirlangandek orqa oyoqlariga og’irligini tashlardi-yu, yana avvalgi holiga qaytardi: yirtqich olovdan qo’rqardi. Buni sezgan bolalar gulxanga yaqinroq siljidilar. Dam o’tmay ular ona bo’ridan sal chekkaroqda turgan uch-to’rtta bo’rini ham payqashdi. Bechora ona bo’ri emiziklik bolalariga yemak qidirib ketgan, qaytganda uyasini bo’sh topib, odamlar va bolalari hidini olib iz quvgan edi. Uning yonida turgan bo’rilar esa undan sal oldinroq odam isini sezib bu atrofga kelib to’xtashgan, ona bo’ri ularga ko’zi tushib dadillashgan va boshqalar gulxanga yaqinlashishdan qo’rqayotganini bilsa-da, bolalarining yordamga chaqirgan ovozlarini eshitib, tobora gulxanga yaqinlasha boshlagan edi. Ammo baribir olov uni to’xtatdi.
Aka-ukalar gulxanga o’tin tashlab, uni balandlatgan sayin bo’rilar ham qulay fursat kutib, gulxan tevaragida sakrab-sakrab aylanisha boshladilar. Ana o’shanda hozir Chingizxon esiga tushgan voqea yuz berdi. Ona bo’ri gulxandan o’n qadamcha narida to’xtab, shundoq qattiq uvillay boshladiki, boyadan beri gulxanga ishonib bu xavf¬xatardan qutulishga umid bog’lagan aka-uka ko’nglini qo’rquv butunlay egalladi: Xasar akasiga yopishdi.
Atrofni zulumot quchgan, manzilning qayerdaligi noma’lum, yordam kelishi umidsiz, tonggacha uzoq edi — dunyoda hech kimning, o’ladimi, qoladimi, bu sho’rlik ovchilar bilan ishi yo’q, qo’rqib ketgan bolalar yonlarida kamon borligini ham unutib qo’yishgan edi.
Ona bo’ri uvillashi borgan sari kuchayardi. Boshqa bo’rilar bir-biri bilan o’ynoqlab aylanib yurishardi. Ammo bir soatlardan keyin ular ham ona bo’ri yonida to’xtab, tumshuqlarini osmonga cho’zib uvillay boshladilar — dunyoni bo’ri uvvosi tutdi. Uv solgan ovozlar ko’kka o’rlar va yurakka og’ir vahima solardi. Vaqt o’tgan sayin ona bo’ri ulishi achchiq, alamli yig’iga aylandi. Bolalaridan ayrilib azob-uqubatlarda qolgan maxluq g’amini hech qayoqqa sig’dirolmay faryod solardi. Bu uvvos dam mungli va og’ir, dam darg’azab va qahrli taralar — ona bo’rining dardini tuygan boshqa bo’rilarning yuragida ham umidsiz alam uyg’ongan, bu alamdan o’zlarini qo’yarga joy topmay baravar uvillashardi.
Xasar bo’ri bolalarini qopdan chiqarib gala turgan tomonga irg’itish kerakligini aytib, akasiga yalina boshladi. Temuchin (u Chingiz ismini taxtga o’tirgach oldi ) bunga ko’nmadi. U qo’rquv nimaligini anglagan, ammo bolaning zaif ongi bilan bo’lsa-da, agar hozir qo’rquvga taslim bo’lsa, umrining oxirigacha qo’rquv va tahqir ichida yashashga mahkum bo’lishini anglab, ukasining gapiga ko’nishni istamasdi.
Tongga yaqin ona bo’ridan boshqa yirtqichlar o’ljadan umid uzib, birin-ketin sahro ichkarisiga singib, ko’zdan yo’qoldilar. Yolg’iz ona bo’ri kuchdan qolgan bo’lishiga qaramay vahshat bilan uvillashga urinar, ko’zlaridan qonli yoshlar sel bo’lib oqardi. Butun olamda unga tasalli beruvchi hech kim yo’q, hech kim unga qo’shilib yig’lamasdi. Sahro bepoyon va sovuq, tong qo’rqinchli va qonday qizil, bolalarini o’g’irlagan odamlar esa berahm va yovuz, evohkim, qop ichida ingillayotgan bolalaridan birining ovozi tingan, boshqalariniki zaiflashib qolgan edi.
Tong yorishib, aka-uka qopni yelkalab yo’lga tushishga hozirlandilar. Ular ona bo’ridan ko’z uzmasdan uzoq turib qolishdi. So’ng taqdirga tan berib, yo’lga tushdilar. Ona bo’ri butunlay madordan qolganiga qaramay, bor kuchini to’plab odamlarga ergashdi. Baribir uzoqqa borolmadi, uch kundan buyon tuz totmagani, kechasi bilan ko’z yummay uvillab madordan ketgani pand berdi. U chayqalib- chayqalib borar, ko’z o’ngi tobora qorong’ilashardi. Oxiri yerga cho’zilib qoldi. Bir muddat butunlay o’zidan ketganday bo’ldi. Bolalarining ingillashini eshitarkan, to’satdan yarq etib ko’zini ochdi. So’ng vujudidagi g’ayritabiiy bir quvvat uni oyoqqa turg’azdi. Bo’ri odamlar tomon otildi. Xuddi o’sha lahza ko’ksiga nimanidir jizillab sanchilganini sezdi-yu, o’mbaloq oshib yerga quladi. Temuchin otgan o’qi bo’riga tekkanini ko’rib qiyqirib yubordi. Aka-ukalar bir dam uzoqda qorayib yotgan bo’riga tikilib turdilar, so’ng uning o’lganiga ishonib, quvongancha yo’lga tushdilar.
Ammo ona bo’ri o’lmagan edi. U ko’ksiga botib turgan, vujudini cho’g’dek kuydirayotgan o’qni sezmagandek, yana oyoqqa turdi. Ikki-uch qadam bosar-bosmas, madorsizlangan oyoqlari chalishib, yana qor ustiga ag’anadi. So’ng bor kuchini to’plab, uv tortib faryod chekar ekan, odamlar ortidan emaklay boshladi. Ammo odamlar undan kuchliroq edi, ular o’zlarini qutqarib qolgan quyosh yoritgan cheksiz sahro bo’ylab tobora uzoqlashib borardi.
Aka-uka ona bo’ri yotgan yerdan uzoqlashgan sayin bechora maxluqning uvvosi pasaymas, aksincha, kuchayib borardi. Ammo ular bu uvvos ona bo’ri yotgan tomondan emas, butun notinch kecha davomida qo’rquv to’plangan yurak ichidan kelayotganini bilmasdilar.
Hozir Chingizxon Xorazmni zabt etishga otlangan qo’shinlar ko’targan chang-u to’zon ichida qolib, soch yulib yig’layotgan malika Turkonxotun va Xorazmshoh xotinlari faryodini eshitarkan, o’sha ona bo’ri uvvosini eshitib turgandek edi.
* * *
… Malika Turkonxotun tark etgach, butunlay egasiz qolgan Gurganj vahima ichida edi. Shaharda boshboshdoqliklar, talonchilig-u to’s-to’polon avj oldi. Birmuncha muddat shahar muttaham Ali Ko’hiy qo’liga o’tdi. U faoliyatini shahar aholisiga og’ir soliq solishdan boshladi. Ammo tez orada to’rt tomonga qarab tarqalgan saltanat amaldorlari ning ayrimlari poytaxtga qayta boshladilar. Qaytib kelganlardan sulton devonini boshqargan mushrif Imomiddin bilan mushrif Sharafiddin Ko’pak Gurganjdagi tartibsizlikni ko’rib, hokimiyatni o’z qo’llariga oldilar. Ali Ko’hiy bunga qarshilik ko’rsatishga uringanda, ikki mushrif qochoq Xorazmshoh nomidan shaharni boshqarish o’zlariga topshirilgani haqida soxta noma bitib, muxoliflarning damini o’chirdilar.
Dushman hali uzoqda edi. Gurganjdagi qo’shinlarga Xo’jand hokimi Temurmalik qo’mondonlik qila boshladi. U Xo’jandni mardona va uzoq himoya qildi. Qariyb yarim yillik jang davomida dushman bilan olishgan himoyachilar safining to bora siyraklashgani, ochlik boshlangani tufayli Temurmalik Xo’jand qal’asini tark etib, chekinishdan o’zga chora qolmaganini angladi. Shundan keyin u yarim kechasi bir necha kemaga navkarlarini o’tqazib, Sirdaryoning quyi tomoniga qarab suzib ketdi. Mo’g’ullar har ikki sohil tarafdan kemalarni iskanjaga olib, ta’ qib qila boshladilar. Kemadagilar esa oy va mash’alalar yorug’ida jang qilishni to’xtatmay shiddat bilan olg’a suzdilar. Juda ko’p qiyinchiliklar bilan bo’lsa-da, kemalar Binokat shahrigacha jiddiy qarshiliksiz suzib bordi.
Binokatda esa ularning yo’lini zanjir tashlab to’sishdi.
Ammo xo’jandliklar zanjirni uzib tashladilar. Ikkinchi marotaba kemalar yo’lini Jandga yaqin yerda to’sishdi. Sirdaryoning quyi tomonidagi qal’alarni ishg’ol qilish bilan mashg’ul Jo’ji Binokatda bo’lgan voqealardan xabar topgach, daryo ustiga ko’prik qurdirdi, uning ustida naft to’la qozonni o’rnatib, yondirilgan naftli o’qlarni otish uchun merganlarini tizib qo’ydi. Buni ko’rgan Temurmalik qirg’oqqa tushib, jang qilishga qaror qildi. Kemadagilar qirg’oqda turgan mo’g’ullarni o’qqa tutib, sohilga yaqinlashdilar va bor qurol-yaroqlarini olib, jangga otildilar. Ammo son jihatdan ko’p bo’lgan mo’g’ullar bilan jang qilish halokatli edi. Shu sababdan Temurmalik navkarlarini jangdan olib chiqib, Xorazmga qarab ot qo’ydi. Ammo mo’g’ullar ularni ta’qib qilishdan to’xtamadilar. Xo’jand hokimi dorissaltanatga yetib kelganida yonida bir hovuch navkar-u sadog’ida ikkitagina o’q qolgan edi.
Xorazmga kelgach, bu yerdagi tahlikani, taxt talashgan kimsalarning fitna-yu fisqu fasodini ko’rib, hafsalasi pir bo’ldi. Ammo qo’shinga rahbar etib tayinlanganidan foydalanib, tarqalgan kuchlarni birlashtirishga kirishdi. U qachon dushman bostirib keladi deb kutib o’tirishni istamasdi. U bir marta dushman kelishini poylab, so’ng jang boshlagan edi, bildiki, bu xato yo’l ekan. Aslida bu jang qilish farosatini yo’qotib qo’ygan Xorazmshohning xatosi ekanini bilsa-da, baribir o’zini aybdor hisoblar, uyat va vijdon azobi unga keeha-kunduz tinchlik bermasdi. Axir, u qo’shinlarni parchalab, dushmanga qarshi jang qilish xato ekanini bilardi-ku! Ammo o’z fikrini Xorazmshoh oldida himoya qilishga ojizlik qildi. Qancha urinmasin, qanchalik tirishmasin, Muhammad Xorazmshoh hech kimga quloq solmadi. O’sha harbiy kengashda eng to’g’ri tadbirni saltanat arboblaridan biri bo’lmish Shahobiddin al-Hivoqiy aytdi. U Xorazmshoh qo’l ostidagi to’rt yuz minglik qo’shinni Sirdaryo sohilida to’plab, uzoq yo’l bosib kelgan mo’g’ullarga hujum qilishni taklif qildi. Temurmalik o’z ko’nglidagi gapni eshitib, quvonib ketgandi o’shanda. Darrov bu taklifni qo’llab-quvvatlagandi. Ammo Muhammad Xorazmshoh baribir al-Hivoqiy taklifini to’la rad etdi. Mana endi o’sha xatoning oqibatlarini ko’rib turibdi. Yo’q, haliyam kech emas, haliyam dushman yo’lini to’sib jang qilish kerak. Jonni saqlashni, toj-u taxt havasini unutib, Vatan uchun, din-u iymon uchun jang qilish kerak! Qasos o’ti bilan yuragi yongan Temurmalik to’plagan askarlarini Sirdaryo tomonga — jangga boshladi.
Temurmalik dushman bilan yuzma-yuz chiqishga otlanib poytaxtni tark etgan kundan ko’p o’tmay Gurganjga mushrif Imomiddin bilan mushrif Sharafiddin Ko’pak damini o’chirishga qodir kishilar ham qaytdilar. Bular marhum Xorazmshohning o’g’illari — Jaloliddin Manguberdi, O’zloqshoh va Oqshoh edilar.
Bu orada Sirdaryo tomonga qarab ketgan Temurmalik ham qaytib keldi. U o’sha ketishda dushman ogoh bo’imasligi uchun eng ovloq yo’llar bilan bepoyon qumlikni ming bir azob bilan bosib o’tib, to’satdan dushman ustiga yopirildi. Dastlab Orol dengiziga yaqin Yangikent qal’asini mo’g’ullar qo’lidan tortib oldi, dushmanlar tomoniga o’tib ketgan shahar voliysini dorga osdi. So’ng shaharda o’zi belgilagan amaldorlarni bir guruh askarlar bilan qoldirib, o’zga shaharlarni Jo’ji askarlari yag’mosidan ozod qilishga oshiqdi.
Ammo Jo’ji unga qarshi ham son,ham qurol jihatdan juda kuchli qo’shin jo’natdi. Bu xabardor Temurmalik orqaga chekinmadi,dushmanga qarshi chiqdi.
Qizilqumdagi manzillarning birida to’qnashgan ikki qo’shin askarlari yuz-ko’zlari chang-u to’zondan qop-qorayib ketgan, tishlari orasidagi qumlarni g’ijirlatgancha beomon jang qildilar. O’zlariga nisbatan bir necha hissa ko’p bo’lgan dushman bilan olishgan movarounnahrliklarning saflari tobora siyraklashib bordi. Nihoyat, Temurmalik chekinishga majbur bo’ldi. Mo’g’ullar o’tgan gal uni izma-iz quvgan navkarlarning ahvoli nima bilan tugaganini yaxshi bilganlari uchun ta’qib qilishga yuraklari betlamay, to’xtab qoldilar. Temurmalik Gurganjga kelishi bilan shahzoda Jaloliddin shu yerda ekanligini eshitdi, o’sha zahoti hayallamay uning huzuriga oshiqdi.
Jaloliddin Temurmalikni avvaldan botirligi va harbiy salohiyati tufayli qattiq hurmat qilardi. Endi uning Xo’janddagi qahramonliklari, kemalarda turib dushmanni tutdek to’kkani, boshqalar qochib, jonini saqlashga kirishgan paytda yana mo’g’ul bilan jang qilishga oshiqqani haqida eshitib, unga bo’lgan hurmati oshgan edi.
Ikki jangchi quchoqlashib ko’rishdilar.
— Agar Rustami Doston tirik bo’lganida sizga xodim bo’lishga yarardi, — dedi Jaloliddin jilmayib.
— Biz esa sizga xodim bo’lishdan o’zga inoyat istamasmiz, — dedi bunga javoban Temurmalik ko’zlari yonib …
Muhammad Xorazmshoh bundan bir necha yil avval Turkonxotun so’zidan chiqolmay, to’ng’ich farzandi Jaloliddinni chetlab, o’rtancha O’zloqshohni valiahd deb e’lon qilgan va bu amri bilan birodarlar o’rtasida adovat qo’zg’agan edi. Bu adovatdan foydalangan Turkonxotunning shaharga qaytgan urug’-aymoqlari qochoq malikaning ukasi Xumorteginni Xorazmshoh taxtiga o’tqazdilar. Biroq dorissaltanat aholisi Jaloliddinni qo’llayotganini ko’rib xavotirlangan bu kimsalar shahzoda joniga qasd qilish rejasini tuzdilar. Bu shum niyatdan ogohlantirilgan Jaloliddin Xo’jand hokimi qo’l ostidagi ueh yuz kishilik guruh bilan poytaxtni tashlab ketishga majbur bo’ldi. Bu voqeadan ko’p vaqt o’tmay shaharga mo’g’ullar qo’shini yaqinlashayotgani haqida xabar yetib keldi. Kechagina Xorazmshoh taxtini talashib «botirlik» qilib yurgan talabgorlar birin-ketin qocha boshladilar. Birinchilardan bo’lib O’zloqshoh bilan Oqshoh qochdilar. Shahar Xorazmshoh deb e’lon qilinganidan mast-u alast bo’lib qolgan Xumortegin va unga tarafdor kishilarning to’qson minglik qo’shini himoyasida qoldi. Mo’g’ullar kelishidan haftacha avval birinchi qor yog’di. Kechikib kelgan qish qamal arafasida odamlarga o’z g’amlarini ko’rishga ko’proq imkon bergandek bo’ldi. Borliq bir kechada oppoq tusga kirdi.
Dushman kelishini xavotir bilan kutayotgan xalq shamol keltirayotgan achimtil hid — qor darakchisini sezishi bilan quvongandek bo’ldi, nazarida qor tushib, yo’llar bekilib, sovuq avjiga chiqadi-yu, dushman Gurganjni yag’mo qilishdan qaytadi. Ammo yog’iy allaqachonlar yo’lga tushgan, na sovuq, na issiq to’xtata oladigan kuch harakatda edi.
Sokin kechalari Amudaryo suvining shovir-shuvuri uzoq-uzoqlardan eshitilardi. To’satdan bulut bosgan osmon yuzida oy ko’rinardi. U qush va hayvonlarni, maysa va yaproqlarni g’aflatda qoldirib, zulmat qo’ynidan birdan suzib chiqib sovuq purkardi. Oy zarrin nuriga cho’milgan shoxlarni ohista titrata boshlar, chiyabo’ri va sirtlonlarning ulishiga jimgina quloq solardi.
Qor tushishi arafasida bir hovuch nur evaziga jonini omon saqlab kelayotgan tikanaklar va butalar birpasda shilvirab, so’lib qoldi. Ana o’shanda shimoldagi dengiz tomondan achimtil islar kela boshladi. Har tarafdan uyilib kelib, xavotir va tahlika mulkiga aylangan shahar ustida ayqash-uyqash bo’lib yotgan qora bulutlar sovuq shamoldan izillab qor elay boshladi.
Qor yerni shoshmasdan qopladi, uyquga ketgan chechaklar ustiga to ko’klamgacha o’zining qalin va issiq ko’rpasini yopdi. Ikki kun to’xtamay yoqqan qor ko’rpasi qalinlashdi. Olisdagi daryo tovushi tinib qoldi — sovuq qattiqligidan bir nafasda uni muz qopladi, muz ostidan yaxlamagan suvning osuda shildir-shildiri eshitilardi.
Ikki kunlik qordan keyin qish uzil-kesil hukmiga kirdi: bog’lardagi daraxtlar karaxt bo’lib, qotib qoldi, toklar shumshayib egildi, borliq uyquga ketdi: Ammo Gurganj uyqusiz va beorom edi.
Xumorteginni shaharni himoya qilish istagi emas, taxt havasi ushlab turardi. Ammo shahar ostonasida paydo bo’lgan mo’g’ul qo’shinining ilg’or guruhlariga ko’zi tushishi bilan Xumortegin ko’nglidagi havas o’rnini qo’rquv egalladi. Besh kunlik dunyoda toj-u taxt qayg’usidan jon qayg’usi afzalroq ekanini angladi. Biroq vaqt o’tgan, dushman Gurganjni qamalga olib bo’lgan edi.
Ilg’or mo’g’ul guruhlari ketidan dastavval Bayg’u no’yon boshliq qo’shin, ularga izma-iz ulug’ xonning o’g’illari O’ktoy bilan Chig’atoy rahbarligidagi yuz ming askar yetib keldi.
Gurganj Xorazmshoh saltanatidagi eng mustahkam qal’a ekanidan xabardor Chingizxon to’rt tarafdan ishchi kuchlarni — son-sanog’i yo’q asirlarni jo’natishga farmon bergan edi. Uzoq yo’l bosib holdan toygan, sovuqda tarashadek qotgan, nam tekkan misdek ko’karib ketgan bu bechoralar ahvolini ko’rgan gurganjliklar yig’lab yubordilar. Ammo eng dahshati keyinda ekan. Buxoro-yu Samarqand tomonlardan haydab’ keltirilgan asirlar ikki o’tning orasida qoldilar. Ular mo’g’ullarning tazyiqi ostida qal’a tevaragidagi xandaqlarni tuproq, shox-shabba, xas¬xashak bilan to’ldirishga majbur edilar. Ammo qal’a ichidagilar ularning bu ishini bemalol kuzatishdan mahrum, zero, himoya xandaqlaridan ayrilgan qal’aning kuni tezroq bitishini ular yaxshi bilardilar. Shuning uchun o’z qavmlaridan bo’lgan bechora asirlar boshiga o’q va nayza, qaynoq suv-u lovillab yonayotgan naftni yog’dirishdan to’xtashmas, har bir nishonga yetgan o’q ularning ham yuragini yaralar, yarador asirlar ko’ksidan uchgan har bir oh-u nola ularning bo’g’ziga kelib tiqilardi. Jahannamga aylangan oraliqda asirlar goh qal’ a tarafdan, goh mo’g’ullar tomonidan uzilgan o’qdan yuztuban yiqilishar, faryod qilishga hollari yetmay, jon berishardi. Gurganjliklar bunday achchiq qismatga o’zlarini duchor qilmaslikni xudodan iltijo qilishardi.
Orad an bir necha kun o’tib, mo’g’ullar shahar atrofidagi tut-gujumlarni bir boshdan kesib chiqayotganlarini ko’rgan qamaldagilar hayron qoldilar. Ammo bu ish nima maqsadda qilingani tez orada ma’lum bo’ldi.
Bir kuni tong yorishi arafasida shahar darvozalarini qo’riqlayotgan soqchilar kuchli silkinishlardan cho’chib ketdilar. Mo’g’ullar ming bir amal bilan manzilga yetkazilgan va darvozalarga shikast beruvchi hujum qurollari: manjaniq, mataris, dabobatlarni ishga solgan edilar. Bir necha kun oldin kesilgan tut-gujumlardan qirqilgan, tuni bilan suvga bo’ktirilgan g’o’lalarning manjaniqdan toshday otilishi devor-u darvozalarni damba-dam silkita boshladi. Xorazmda xarsangtoshlar yo’qligi sababli mo’g’ullar tut-gujumlarni qirqib chiqqanlari sababini gurganjliklar endi angladilar.
Qamal olti yuz o’n yettinchi yilning zulqa’da oyida-1221-yilning yanvarida boshlanib, qariyb yarim yilgacha davom etdi. Mana shu muddat davomida shahar aholisining qaqshatqich himoyasini yengolmagan mo’g’ullar Samarqandni olish paytida qo’llagan hiylalarini ham qo»llab ko’rdilar. Ular qamaldagilar ko’zi ostida shahar ostonasini tark etgan bo’lib, qal’aga yaqin, ammo ko’zdan yiroq joylarga, jumladan, shahardan bir farsah masofadagi Bog’i Xurram ichida bekinib oldilar. Qamaldagilar dushman bir ish chiqarolmay, boshqa yoqqa ketdi, degan o’y bilan xotirjamlikka berildilar. Shuning uchun bir necha kundan so’ng shahar atrofida tag’in paydo bo’lgan oz miqdorli mo’g’ul guruhlarini ko’rib, bu ish atayin qilinganidan bexabar ayrim kaltabin qo’shin boshliqlari dushmanga hujum qilish rejasini tuzdilar. Bilmadilarki, bu ularning emas, dushmanning rejasi edi.
Shahardan chiqqan bir necha minglik qo’shinni ko’rib, mo’g’ullar qocha boshladilar. Gurganjliklar bundan ruhlanib, otlariga qamchi urib, dushmanni quva ketdilar. Dushman qochgani sayin, ular ta’qib qilishga chunonam berildilarki, ortda qolgan Bog’i Xurram ichidan guvillab chiqib, yo’llarini to’sa boshlagan mo’g’ul askarlarini payqaganlarida vaqt o’tgan edi. Qochayotgan mo’g’ullar to’satdan ortga qayrilgach, gurganjliklar ikki o’tning o’rtasida qoldilar, g’oyat dahshatli jang boshlandi. Bu jangda xorazmliklardan mingdan ortiq askar nobud bo’ldi. Shahardan chiqish tarafdorlaridan bo’lmish Hojib O’g’ul boshliq bir qism askarlar shaharga qaytish ilojini topolmay, Xurosonga qarab qochdilar. Halqani yorib o’tishga muyassar bo’lgan askarlarni ta’qib qilgan mo’g’ullar najot uchun ochilgan Qobilon darvozasidan shaharga kirib olishga urindilar. Ammo ularning omadi kelmadi. Qamaldagilar: erkag-u ayol, qari-yu yosh, darvozani qo’riqlagan amir Faridun G’uriy rahbarligidagi askarlarga qo’shilib, tor darvozadan tiqilib kirayotgan dushmanga shunday shiddatli qarshilik ko’rsatdilarki, mo’g’ullar sarosimada qolib, chekinishga majbur bo’ldilar. Qorong’i tusha boshlagani sababli dushman shaharni tark etdi. Ammo bu to’s-to’polonda Qobilon darvozasiga juda jiddiy zarar yetdi. Tuni bilan uni tuzatishga bo’lgan urinishlar zoye ketdi. Darvoza baribir omonat bo’lib qolgan edi.
* * *
Shuning uchun ham ertasi kuni dushmanning asosiy kuchi yana shu darvoza oldida to’plandi. Ammo darvoza omonat bo’ lsa-da, qamaldagilarning matonati butun edi. Dushman o’z niyatiga erisholmagan bu jangdayam har ikki tomondan katta talafotlar berildi.
Mana shu beomon janglar paytida Chingizxon Xorazmdan uzoqda — Balx atrofidagi yaylovlarning birida o’tov tikib, Gurganj olingani haqidagi xabarni kutardi. Biroq o’g’illari huzurida yurgan Ustun no’yonning O’ktoy bilan Chig’atoy o’rtasidagi kelishmovchilik tufayli shaharni olish ishi sustlashgani, bu ishga ayrim no’yonlar ham hissa qo’shayotgani haqidagi maxfiy nomasi yetib keldi. Chingizxon bu sustkashlik uchun biror tadbir qo’llamasa bo’lmasligini angladi. U o’z huzurida qolgan to’ng’ich o’g’li J o’jini chaqirdi. O’g’li kelgach, unga Gurganjga borishni buyurarkan: «Xorazm mulkini senga beraman, deb aytganimni bilasan. Tezroq bor-da, o’z mulkingni qo’lga oll» — dedi.
Jo’jixon bilan birga imom Mujtahiddin Qozixon ham Gurganjga jo’nadi. Imom Mujtahiddin mo’g’ullar qo’shini Movarounnahr tuprog’iga qadam qo’ygan kundan buyon Chingizxonga mulozimlik qilar va kofirlar galasi oqizgan behisob musulmon qonini ko’raverib do’zaxiy bo’lib qolganini o’zi ham anglagan, ammo qochishga imkoni, o’zining joniga qasd qilmoqqa imoni yo’l qo’ymasdi. Qishning o’rtasida Chingizxon Xorazm ustiga o’rtancha o’g’illarini jo’natayotganda, imomning ko’ngliga kelgan dastlabki o’y: «Shayxi valitarosh viloyatdan chiqib ketganmikan?» — degan savol bo’ldi. Ammo voqealarning kechishidan shuni bildiki, Shayx Kubro ona yurtini tark etmabdi, dushmandan qochmabdi.
Imom Mujtahiddin butun gunohi evaziga Shayx Kubroni qutqarishi lozimligi haqidagi dastlabki o’y ko’nglidan o’tganda tizzalari qaltirab ketganini eslasa, hamon ko’ngli to’lib, ko’zi namlanadi. U o’z maqsadini amalga oshirish rejasini tuzdi va qulay payt topib Shayx Kubro xususida Chingizxonga arz qilib, inoyat tilashni o’yladi. Ammo Xorazmdagi omadsizlikdan kundan kun qahri oshib borayotgan mo’g’ul xonining huzurida birovga omonlik tilash joniga qasdi bor odamning ishi ekanini o’ylab, poylashni davom etdi. Bu yuzidan nur yog’ib turadigan pakana xonning har bir qarashida o’lim xavfi yashiringanligini u juda yaxshi bilardi. Qolaversa, bir necha oy avval Qoziy Vahiddin bilan bo’lgan voqea hali yodidan o’chganiha yo’q …
Qoziy Vahiddin Fushanjiy Xuroson akobirlaridan edi.
U shahzoda To’luy Hirotni qamalga olganda, shahar ichida edi.
— O’shal qamal chog’i, — deb hikoya qilgan edi Qoziy Vahiddin, — men ham g’oziylar udumiga muvofiq siloh kiyib, devor ustida bo’lar edim. Bir kuni, jang ayni qizigan palla edi, oyog’im ostidagi tosh to’satdan qo’porilib, muvozanatni yo’qotdimu devordan pastga, mo’g’ul navkarlari qaynab yotgan chohga quladim. Qirq gazcha keladigan balandlikdan qulab, omon qolganimni ko’rib turgan shahzoda meni huzuriga olib kelishni buyurdi.
To’luy bir navkarga meni ko’zdan kechirib, lat yegan¬yemaganimni bilishni buyurdi. Navkar qo’l-oyog’imni pay-paslab ko’rib, to’rt mucham sog’ligini aytgach, shahzoda hayratini yashirmay so’radi:
— Sen odammisan yo pari jinsidanmisan, yo ulug’ Tangri panohida bo’lganing uchun shunday bo’ldimi? Holingni ‘menga anglat!
Men boshimni eggancha:
— Men donishmand va duogo’ylar jinsidan bo’lgan bir bechora odamman! Ammo … ammo meni bir narsa saqla-di … — dedim.
Shahzoda o’sha zahoti u nima ekanligini bilishni istadi. Men bunday savol berilishini bilganim uchun o’sha zahot aytdim:
— Sening nazaring meni saqladi! Pastga qulayotgan payt nazaring menga tushdi-yu, omon qoldim.
To’luyga mening javobim ma’qul keldi. U meni mo’g’ul amirlaridan biriga topshirar ekan, oqil va dono kishi sifatida padari Chingizxon xizmatiga loyiqligimni aytib, avaylab-asrashga buyurdi.
Xuroson fathidan so’ng To’luy bilan Chingizxon huzuriga kelgan Qoziy Vahiddin Fushanjiy qisqa muddat ichida mo’g’ul xoni e’tiborini qozondi.
Imom Mujtahiddinni vahimada tutgan voqea bahor o’rtasida, dashtdagi o’t-o’lan sarg’ayishga yuz tutgan kunlaming birida ro’y berdi. O’shanda mo’g’ul qo’shini zabt etgan navbatdagi shahar guvillab yonar, qurbonlar oh-u faryodi ko’kka o’rlar, Xuroson-u Movarounnahr ulamolari esa saf tortgancha, qarorgohdagi chodir ayvonidan Chingizxonning kamonbozlik mashqini kuzatish bilan mashg’ul edilar.
Oltmish olti yashar mo’g’ul xoni qayerda bo’lmasin, kamonbozlik mashqini kanda qilmasdi, qarib qovjirab qolganiga qaramay, hamon mo’ljalga bexato urardi. Har gal otgan o’qi nishonga tegar ekan, xondan ko’ra uning mashqini kuzatib turganlar ko’proq maroqlanishardi. Bu maroqlanish aslida qullarning itoatkorlik tuyg’usining ifodasi edi.
Xotirjam ko’ringan Chingizxonning ko’ngli bezovta edi.
U Gurganjni fath etishga noqobil o’g’illaridan norozi holda ich-ichidan o’rtanardi. “Bachchag’arlar, — deb o’ylardi u. — Qarib munkillab qolgan otalari kelib shaharni olib berishini kutishyaptimi? Yo’q, chuchvarani xom sanashibdi, bu gal u borib bo’pti! Yo Jo’jini, yo To’luyni yuboradi!»
Mo’g’ul xonining navbatdagi o’qi ham nishonga aniq yetdi-yu, yana bo’g’iq qiyqirish yangradi. Bundan foydalangan imomning yonida turgan Qoziy Vahiddin egilib shivirladi:
— U, — Qoziy Vahiddin shunday deb qosh uchirgancha Chingizxonga ishora qildi, — menga Xorazmshoh haqida nima deganini bilasizmi?
Imom suhbatdoshiga savol nazari bilan qaradi.
— U Sulton Muhammadni «Muhammad o’g’ri» deb so’kdi, podshoh bo’lganida mening elchilarim-u tojirlarimni o’ldirmasdi, dedi … Yana aytdiki …
Ammo Qoziy Vahiddin gapini tugatolmadi. Ancha narida turganiga qaramay bu shivir-shivirni eshitgan Chingizxon to’satdan yalt etib ularga qaradi. Ikkovlarining ham damlari o’chdi. Xon bir zum ularga diqqat bilan tikilib turdi-da, qo’lidagi kamon bilan o’qlarni ushlagancha, uch-to’rt qadam yurdi. So’ng qisiq ko’zIarini Qoziy Vahiddinga qadab so’radi:
— Qani, aytchi, o’limimdan so’ng odamlar meni eslaydilarmi?
Rangi bo’zdek oqarib ketgan Qoziy Vahiddin bir lahza nima deyishini bilmay sarosimaga tushdi-yu, tezda o’z hayajonini bosib oldi va sallador boshini eggan ko’yi og’iz ochdi:
— Agar hazrati xoqon bir qoshiq qonimdan kechsalar, men bu haqda so’z aytay… .
— Kechdim, gapir! — dedi Chingizxon va nima uchundir, Qoziy Vahiddinga orqa o’girib, uning javobini kuta boshladi.
— Hazrati xoqon, o’lgan odamning nomi tirik odamlar bor joyda eslanadi, — deya gap boshladi Qoziy Vahiddin. — Navkarlaringiz qilichi jabridan sizning nomingizni eslaydigan odam qolarmikan? Bu qon daryosida tirik odamlar bila barobar alarning xotirasi ham cho’kayotir-ku!
Fushanjiyning so’nggi so’zi og’zida qoldi. Chingizxon qo’lida ushlab turgan kamon va o’qlarni jahl bilan chetga uloqtirdi-da, qilichiga qo’l yugurtirib, Qoziy Vahiddinga yuzlandi. So’ng ko’zlari chaqchaygancha uch-to’rt qadam bosdi. Hali-hali esida turibdi, o’shanda xonning jahldan qayrilgan qoshlarini dir-dir titrayotganini ko’rib, u:
«Tamom, Vahiddin, bu qilichlar seni ham xarob qilg’aylar!» ¬deb o’ylagan edi. Ammo Chingizxon kutilmaganda shiddat bilan ortiga qaytdi. U bir dam qo’llarini beliga tiragancha yonayotgan shaharga qarab turdi, so’ng keskin o’girilib, mavlonoga qarata so’zladi:
— Shu paytgacha men seni farosatli va oqil kishi deb bilardim. Ammo bu aytgan so’zlaringdan angladimki, xato qilibman. Sen bir kaltabin va ahmoq odam ekansan. Ha, g’irt nodon ekansan. Sen shuni bilginki, navkarlarimning qilichlari mening nomimni abadiyat daftariga bitmoqdalar. Bu qilichlardan omon qolgan viloyat-u mamlakatlar odamlari meni hech qachon unutmaslar! Men o’lgandan so’ng ming yillar o’tar, ammo nomimni ular tugul, ularning bolalari ham qo’rquv bilan eslaydilar.
— Ha, inson vujudiga qo’rquv solish uni suyishdan osonroq … — deya shivirladi mavlono, ammo uning baxtiga xoqon bu so’zlarni eshitmadi. Bir necha kun o’tib, Vahiddin Fushanjiy payt poylab mo’g’ul xoni qarorgohidan qochdi. Nega u o’shanda birga ketmadi?!
Imom Mujtahiddin qulay fursat kelishi bilan o’z maqsadini amalga oshirdi. Bu fursat Chingizxon Gurganj ostonasida bir-biri bilan kelisholmay g’alabani qo’lidan chiqarayotgan ikki o’g’li — Chig’atoy bilan O’ktoy huzuriga to’ng’ich o’g’li Jo’jini yuborishga ahd qilgan kuni yetdi. Imom Mujtahiddinni bu xususda chaqirilgan mashvaratda Shayx Kubro haqida so’z ochdi, uni qamal qilingan Gurganjdan olib chiqish uchun izn tiladi. O’z niyatiga yetIsh uchun asosiy da’vosini qayta-qayta aytdi:
— Tokim Shayx Kubro shaharni tark etmas ekan o’g’illaringizga zafar musharraf bo’lmas, inchunin, Shayxi Valitaroshnmg quvvatI har qanday qo’shindan ham kuchliroqdur, — dedi.
Chingizxon bir so’z aytishdan oldin hammani chiqarib yuborib Sayx Kubro haqida batafsil surishtirdi. So’ng tong otishi bIlan Imom Mujtahiddinni o’g’li Jo’jiga hamroh qilib, buyurdi: «O’sha o’lkaga yetganlaridan so’ng Shayxlar Shayxi Najmiddin Kubroga xabar qilsinlarki u o’zining ahl-u a’yonlari, barcha yor-u do’stlarini olib shahardan tashqariga chiqsin, chunki biz o’sha mamlakat ahlini qatli omga buyurganmiz».
Jo’ji o’z qo’shini bilan Xorazmga yetib kelganda, Gurganj atrofida odatdagi janglar bir maromda borardi. Mo’g’ullar goh bu, goh u darvozani manjaniq bilan toshbo’ron qilishar, ammo mustahkam darvozalar qilt etmaganini ko’rib, boshqa darvoza tomonga qarab yugurishardi. Ishning bunday ketishiga ko’nikib qolgan O’ktoy bilan Chig’atoy shaharni yoqalab o’tgan to’qayzorlarda ov qilish bilan mashg’ul edilar. Jo’ji otasining shaharni tezlikda zabt etish lozimligi haqidagi amrini ma’lum qilganda, ukalari:
«Axir, shu ish bilan mashg’ulmiz-ku!» — deyishdi bir og’izdan. Ammo Jo’ji otalari ulardan qattiq norozi ekanini aytgach, damlari o’chdi. O’g’illari bu dunyoda hech nimadan qo’rqishmas, yolg’iz Chingizxon g’azabidan hayiqishardi.
Jo’ji qamal qilingan shaharga o’z elchilarini jo’natdi va ularni jangsiz taslim bo’lishga undadi. Taslim bo’lishsa shafqat qilishini ham bildirdi. Bundan ukalarining, ayniqsa, Chig’atoyning qattiq jahli chiqdi. «Bu o’lkada birorta shahar qolmasligi kerak, — dedi u. — Shahar qolsa, ular bizga qarshi jang qilaveradilar». O’ktoy ham ukasini qo’lladi. Ammo Jo’ji so’zini ikki qilmadi: shaharni tinch va talofatsiz qo’lga kiritish tadorigini ko’ra boshladi. U eng avvalo elchilar jo’natdi.
Elchilar Jo’ji taklifini qamaldagilarga yetkazgach, ayrim a’yonlar Xumorteginga bu talabni qabul qilishni maslahat berdilar. Biroq shahar fuqarosi, hatto, qo’l ostJdagi askarJarning taslim bo’lish haqida hech qanday muzokara bo’lmasligi haqidagi talablarini bilgan Xumortegin mo’g’ul elchilarini javobsiz qaytardi.
Fuqaro allaqachonlar Xumorteginni har yili bo’ladigan Navro’z saylida qiziqchilik yuzasidan saylanadigan podshohga nisbat berib, «Navro’zi podshoh» deb atay boshlagan edi. «Navro’zi podshohday titrama», — deya qiqirlab kulishardi bolalar bir-birlarini turtib, «Navro’zi podsnoh bo’lmay, o’l!» — deya qarg’ardi uni kampirlar. «Navro’zi podshohning boshida toj emas, masxarabozning qalpog’i»¬deya g’azablanishardi navkarlar…
Mo’g’ullar hujumi battar avj oldi. Nihoyat ular shaharni o’ragan xandaqlarni asirlar yordamida ko’mib tashlab, shahar devorlariga yanada yaqin keldilar va manjaniq, matarsis, dabobatlarni baravar va beto’xtov ishga soldilar. Dushman Amudaryodagi to’g’onni buzib tashlab, shaharni suv ostiga g’arq qilish maqsadida qilgan xatti-harakatlaridaridan ham foyda chiqmadi. Jo’ji inilari ahvoliga tushdi, u ham nima qilishini bilmasdi. Endi uchala chingizzoda ham qamaldagi shaharda ochlik boshlanishini kutardi, ammo ochlik boshlangani haqidagi xabar yetib kelgandan keyin ham gurganjliklar matonat bilan jang qilayotganlarini ko’rib boshlari qotardi, g’azabdan aqlini yo’qotib qo’ygan aka-ukalar qay bir tadbirni qo’llashni bilishmas, shu tufayli o’rtalarida kelishmovchiliklar chiqar, bir-birlarining xatolari haqida Balxga yetkazishga harakat qilardilar. Ularning har biri qamalning cho’zilganiga boshqa birovlarni ayblashga, bu bilan ulug’ xon qahridan o’zlarini pana qilishga urinardi.
Chingizxon esa g’azabi qaynab goh u, goh bu no’yonni yuborib maslahatlar berar, o’g’illarini la’natlardi. U doira ichidagi nuqtadek o’rab olingan Gurganjni zabt etish suyukli o’g’li Jo’jining ham qo’lidan kelmaganini o’ylar ekan, bitta shaharni eplab qo’lga ololmagan noshud o’g’illari o’limidan so’ng qanday qilib bu bepoyon saltanatni boshqara olisharkan, deya qiynalardi.
Qamalning to’rtinchi oyi boshlangach, Ustun no’yon jo’natgan navbatdagi maxfiy noma keldi. Ustun no’yon Jo’ji kelishi bilan og’a-inilar o’rtasidagi kelishmovchiliklar bitmaganini ma’lum qilgan va Xorazmdagi qo’shin yagona boshliqqa bo’ysundirilishi, bu boshliqning amriga bo’ysunmagan kishi, u hatto, xon farzandi bo’lsin o’lim bilan jazolanajagi lozimligi haqida xon yorlig’i yuborishni maslahat bergan edi. «Aksincha qolaversa, ishimiz yurishmaydi», — deb xatini yakunlagandi Ustun no’yon.
Nomani o’qigan Chingizxon uch kecha-kunduz chodiriga birovni yo’latmay chora izladi. Uchinchi kuni Xorazmga yorliq jo’natdi. Yorliqqa ko’ra butun qo’shin O’ktoy qo’l ostiga berilgan va «aqli raso, farosat va zakovati bilan tanilgan O’ktoy qal’ani olish borasida nima hukm qilsa, Jo’ji bilan Chig’atoy uning ra’yiga amal qilsinlar, uni o’zlariga boshliq bilib, uning so’zidan chiqmasinlar. Aks holda eng og’ir jazoga duchor bo’lg’aylar», — deb buyurilgan edi.
Yorliqni olgan O’ktoy fursatni g’animat bilib, shu paytgacha uning kichikligini pesh qilib nazar-pisand qilmagan akalariga jang qilmoq qanaqa bo’lishini ko’rsatib qo’yishni o’yladi. Chingizxonning kenja o’g’lini boshliq qilib tayinlashdan maqsadi ham shu edi. O’ktoy eng avvalo Gurganjga hujum qilish muntazam va tartibli bo’lishini talab qildi. Bu ishda sustkashlik qilgan askar boshliqlarini qattiq jazoladi, g’ayratsizlarini almashtirdi, shaharga birinchi bostirib kirgan guruhga katta mukofot va’da qildi.
Davomi bor