Xurshid Davron. Samarqand she’rlari & Xurshid Davron. Samarqand xayoli

Ashampoo_Snap_2016.10.16_14h30m04s_001_.png18 октябрь — Самарқанд куни

    Бир пайтлари қишлоғимиз мозори ёнидаги ариқдан ҳатлаб ўтсангиз , улкан тепаликка дуч келардингиз. Болаликда ҳамма нарса катта туюларкан. Мен ҳозир ҳатлаб ўтсангиз дедиму аслида ўша ариқ болалик пайтида каттакон сойдай, тепалик эса тоғдай бўлиб кўрингани ёдимда. Мана шу  ҳайбатли тепаликка чиқиб Самарқандни — Регистон минораларини, Гўри Мир гумбазини кўриш мумкин эди…(Хуршид Давроннинг «Хотира парчалари» дафтаридан).

018

Хуршид Даврон
САМАРҚАНД ҲАҚИДА ШЕЪРЛАР
066

САМАРҚАНД

Бир шивир мисоли Самарқанд
Бисмиллоҳ каби ложувард

Юлдузлар остида дунёнинг
Энг гўзал аёли мисоли
Соғинчим тимсоли
Сочлари шамолда ёйилган
Навбаҳор тоширган Ёйиқдай
Симобий либосга ўранган
Темур эркалашларига ўрганган
Улуғбек қонидай сочилган
Қизғалдоқлардай очилган
Юлдузлар остида дунёнинг
Энг гўзал аёли мисоли
Дунёнинг энг гўзал шеърини
Болалик чоғимдан қучоқлаб
Онамдай эркалаб шивирлар
Самарқанд Самарқанд Самарқанд

Бир шивир мисоли мунгли дард
Бисмиллоҳ мисоли ложувард

2015

САМАРҚАНД ҲАҚИДА ОДДИЙ САТРЛАР

Жамшидга

Мен биламан,
У мени жуда яхши кўради.
У менинг тушларимга кирмоқ истайди,
У мени бағрига босмоқ истайди,
Кўрмоқ бўлар менинг соғинчимни.

У боболарим тушини сўйлаб бермоқчи,
Фақат қўрқар сиғармикан улар бағримга.
У менинг барча орзуларимни билмоқчи,
Фақат қўрқар сиғармикан улар бағрига.

У менинг онамга ўхшайди –
Кўзлари хаёлчан унинг ҳам.
У менинг болалигимга ўхшайди –
У ҳам менга ёзолмайди хат.

1978

ЭСКИ ШАҲАР

Бибихоним дахмаси харобасида
сўнгги бор акс этар ва сўнар қуёш.
Уйғона бошлайди кун нафасидан
мудраб ухлаб қолган қора қабртош.

Тор, қийшиқ кўчалар адашиб қолиб,
илондек ўрмалар нурафшон тунда.
Товлана бошлайди қайғуга тўлиб
“Зижи Кўрагон”нинг акси осмонда.

Мудрар сезгир қушлар бутоқлар аро,
уларнинг уйқусин бузар шамоллар
ва қайсар эшагин ниқтаб бесадо
уйга қайтаётган бозорчи чоллар.

Томга учиб тушган ёрқин бир юлдуз
куйдира бошлаган пайтда ўтларни,
мункайган чол каби қариган кундуз
Шоҳизинда томон писиб ўтарди…

Эски шаҳар ухлар, мудраган токлар
пахса деворларни маҳкам қучоқлар.
Ухлайди бозорда қовуну-ноклар,
Тушларига кириб муаттар боғлар.

Тунги сукунатда тўкилар ерга
йиллар нафасидан нам тортган шўрхок.
Боладек мўлтираб боқар шаҳарга
бир четда биқиниб олган митти боғ.

1979

САМАРҚАНДДА ТОНГ ОТИШИНИ КУТИБ

I

Тун кезинар… Қора кийган йўлчидек маҳзун
тун кезинар. Нигоҳимга йўл бермайди тун.
Кўзим чарчар тўқнашганча тун деворига.
Тун девори – қоронғилик, чексиз кўланка.
Термиламан, биламанки яқиндир саҳар
ва қаршимда оқ кийиниб уйғонар шаҳар.
Бироқ, ойдин саҳаргача яшамоқ керак,
гоҳо ойга, гоҳ юлдузга ўхшамоқ керак.

II

Қора саҳро тупроғидан униб чиқар тонг,
кўтарилар ниҳол каби шамси қамарга.
Ҳайратларим тўзим билмай балки ўша он
боқадирман кўзим ёниб она шаҳарга.
Қайда қолди Бибихоним?! Қайда Улуғбек?!
Оҳ, кимларнинг суягини оқартирганча
Самарқанднинг осмонида порлар ёруғлик,
қумга сингган Зарафшондек йўқолгач кеча.

Тонг отдими, бунда йўлин йўқотган тушлар
каби кўкда чарх уради ҳориган қушлар.
Бу қушчалар учиб келар гўё офтобдан –
олисларда қолиб кетган Афросиёбдан.

Қўл чўзсанг бас, қўлларингга қўнади улар
ва кафтингда қолар чангга айланган йиллар.

1979

АФРОСИЁБ СЎЗИ

Саратонда келсанг чангимни ютасан,
Чангларга айланган одамлар хокини –
Юрагин, қўлларин, кўзларин ютасан.

Кузда келсанг, ёмғирим сени ювади,
Ёмғирга айланган одамларнинг дарди,
Кўз ёшлари, армони, ғами ювади.

Қишда келсанг, совуқларим қийнайди сени,
Совуққа айланган одамлар ғазаби,
Нафрати, қасоси, номуси қийнайди.

Баҳорда келсанг, майсаларим олқишлар,
Майсага айланган боболаринг умри –
Мангулик, жасорат сени олқишлар.

Кел, бўтам, ағана, кўксимда силкинган
Майсазор устига, ахир сен менинг
Саратоним, кузим, қишим, баҳоримсан.

1980

* * *

Самарқанд – бу бир ҳовуч қайғу,
Бир қултум бахт, бир ҳовуч армон.
Самарқанд – бу қадим қайиғу
Сузиб борар келажак томон.

Самарқанд – бу Ўзбекистоннинг
Остонаси, биринчи сўқмоқ.
Бироқ уни англамоқ учун
Шартдир бутун Ватанни ўтмоқ.

Самарқанд – бу боболар сози,
«Муножот»га  аксу садодир.
Қўшиғини қолдириб, ўзи
Кетиб қолган Ҳожи бободир.

Самарқанд – бу рангин бир исён.
Ватанимнинг қоқ ўртасида
Юрагимдай кўтариб сурон
Боболарга ўқир қасида.

1980

* * *

Қандай тиниқ ва мовий осмон,
Қудуқ каби чуқурдир осмон
Шоҳизинда устида, қара!

Қабртошлар аро адашмай
Кетган сўқмоқ бўйлаб бораман –
Қандай тиниқ ва мовий осмон!

Афросиёб томондан, ана,
Келар пичан ортган арава –
Ярақлайди ўроқлар бирдан.

О, юрагим ҳовлиқма бунча,
Пичан, узра ёнбошлаб олган
Бола, ахир, сен эмасан-ку!

Кошки, қайтсам шу аравада,
Афросиёб адирларидан
Қайтсам ҳорғин арава билан.

Қандай тиниқ ва мовий осмон,
Қудуқ каби чуқурдир осмон
Шоҳизинда устида, она!

1981

БОБУР

Отлар елар шиддатдан терлаб,
Янграр хатар тўла тўқалар.
Ҳуркиб кўкка сапчир патирлаб,
Тун уйқуси — қора қарғалар.

Отлар елар, тилларанг хазон
Суворийлар узра сочилар.
Элас-элас янграйди азон –
Тоғлар узра осмон очилар.

Отлар елар, елар кўпириб,
Уйғотганча мудроқ йўлларни,
Гўё тўғон бандин ўпириб,
Тошқин қувиб келар уларни.

«Заҳириддин, қайга борурсан,
Бобонг тахтин, юртингни ташлаб?!
Қора тақдир сени қул каби
Қаёнларга кетмоқда бошлаб?!

Заҳириддин, бу қандай савдо,
Қора ҳижрат сари юз тутмоқ?
Юрагингни этар-ку адо –
Тирик туриб Ватандан кетмоқ?

Заҳириддин, ортга бир қара,
Ортга бир боқ, токи сен омон,
Ахир кейин тушларингда ҳам,
Бу тупроқни кўрмоғинг гумон.»

От пишқириб тўхтар, чавандоз
Узангига тирар оёғин
Ва бўғзига тўплар беовоз
Армон тўла юрак титроғин.

Алам билан юраги урар,
Шивирлайди титроқ лаблари:
«Ҳамма ердан кўриниб турар
Самарқанднинг миноралари».

1981

ВАСИҚА

Айтишларича, асримиз бошида рус архелоги В. Л. Вяткинга Улуғбек расадхонасининг ўрнини топишда бир самарқандлик кампирнинг қўлидаги кўхна васиқа ёрдам берган экан.

Домла Вяткинга тасанно, аммо
Мен сенга эй, халқим қиламан қуллуқ.
Сен ўзинг ҳаммадан топқир ва доно,
Сен ўзинг ҳаммадан камтар ва улуғ.

О, қанча ҳаётга қўймаган ихлос,
Кун келиб одамдан қолур ва чанг.
Мозийдан бугунга етмасди овоз,
Бўлмаганда, халқим, сенинг хотиранг.

Сен ўзинг битурсан ҳаёт қиссасин,
Сен ўзинг сўнг уни айларсан баён.
Ҳатто ўша куни Вяткинга ҳам
Кампирмас, сен ўзинг бўлдинг намоён.

Асрлар кўчида қанча кезмасин,
Навоий битган сўз  —  сўз-ки нақ чироқ!
Али Насафийнинг гулдор чизмаси,
Мавлоно Музаҳҳиб кашф этган бўёқ,

Осилган, сўйилган эрлар қисмати,
Боболар қиличи таратган жаранг
Бизнинг юраккача балки етмасди,
Бўлмаганда, халқим, сенинг хотиранг.

Сенинг хотирангда ҳар ботир шони,
Бобосин тахтини сотган амирлар.
Юртим деб жон берган шаҳидлар қони,
Достончи, маталчи чоллар, кампирлар.

Асрлар шахтидан қуриса дарё,
Тўзонлар тўлдирса ўзан кўзини,
Тошқин келганида, билгандай гўё
Ўша ўзанларга урар ўзини.

Чунки майсанинг ҳам хотираси бор,
Майса хотираси – нурга интилмоқ.
У паққос иккига бўлиб ташлайди,
Йўлининг устида турса ҳатто тоғ.

Ҳа, шундай!  То қуёш осмонда мангу,
Осмондек мангусан сен ҳам, эй, халқим.
Ҳар бир фожиага, ҳар бир шарафга,
Нисбат бермоққа ҳам ёлғиз сен ҳақли!

Замонлар ўтажак қуюнлари сингари,
Неча юлдуз сўниб, тамом йитажак.
Сенинг ёдинг бор-ки, ёруғ кунларга
Бизнинг кўзлар билан боқар келажак.

1982

САМАРҚАНД ҲАҚИДА ҚЎШИҚ

1. К У Н Д У З

Кўчалари бир-бирин тинмай
Такрорлайди мисли акс садо.
Олислардан келган кемадай
қалқиб турар Регистон танҳо.

Шу кемада келгандай, тушиб
эмаклайди ташна тонотар.
Унга асрий ўйларин қўшиб
тошҳовуз бир ҳовуч сув тутар.

Кўкда мовий дарё сузади,
оқиб ётар мовий бир кадар.
Темур отган пўлат найзадек
кўкка ботиб турар минорлар.

Олислардан келиб зиёрат
қилган каби армон мозорин,
Бибихоним масжиди узра
янграр Улуғ Қушлар Бозори.

Олиб чиқар нурга кўмилиб,
боболарга қирқ қари зина.
Ва эртакнинг нуқтаси бўлиб
қотиб турар тунд Шоҳизинда.

Шоҳизинда қабрларида
ухлаб ётар юз-юзлаб шаҳар.
Бироқ, унда энди ҳеч қачон
тун чўкмайди, оқармас саҳар.

2. Т У Н

Юлдузларга боқиб сармаст
шовиллайди чорбоғлари,
шаҳар томон оқиб тушар
Афросиёб сўқмоқлари.

Улар ойдин, улар сархуш,
ичгандек куз шаробидан.
Ерга қўнар мисоли қуш
хазонлар – ол, зардобиранг.

Мункиллаган кампирлар жим
шам ёқади мозорларда.
Саратоннинг иси ҳоким
мудраб ётган бозорларда

Ачиган май иси кезган
ҳовлиларда шамол-дайди
ниманидир гўё излаб
хумлар гирдин айланади…

Ҳамма ухлар, фақат шамол
дарахтларнинг сочин тарар.
Ухламасдан қўриқлайди
Самарқандни миноралар.

3. Т О Н Г

Туш кўрдим мен бугун саҳарда –
Титраб ёниб дил ларзасидан,
кирармишман мовий шаҳарга
мен Навбаҳор дарвозасидан

ва юлдузлар чанги қоплаган
майсаларнинг яшил қоғозин
ўқиб турсам, ернинг қаъридан
янграр эмиш инсон овози:

— Мен опичлаб Афросиёбни
олиб келдим, чиққин югуриб.
Тушда кўриб ҳар кун офтобни
сочим кетди қордек оқариб.

…Уйғондиму чиқдим кўчага –
Шаршарадек ойдин эди тун.
Қиздек ухлаб ётган кечага
мен меҳримни бердим ўша кун.

Кўзим тиниб осмонга боқдим,
У шишадек порларди совуқ.
Ёр яшаган равоқдан оқиб
тушар эди пастга чирмовиқ

ва куз меҳри чулғаган боғда,
она шаҳрим, сени ўйладим.
Кекса боғлар уйғонган чоғда
тонгга сингиб кетди ўйларим.

1980

ҲОЖИ АБДУЛАЗИЗ ҲАҚИДА ҚЎШИҚ

Қўшиқ – дил сукунати
ва сўзларнинг фарёди.
Қоп-қора оқшом пайти
янгради “Ушшоқ” доди.

Фонуснинг тиллари ҳам
жўр бўлар бу қўшиққа
ва титраб етиб борар
ҳилол – тилла бошоққа.

Қора шохли дарахтлар
силкинар куй авжида.
Юлдузчалар чўмилар
ойдин қайғу мавжида.

О, Ҳожи бобо саси,
қалқир ҳорғин миноралар,
бир-бирининг кўксига
бош қўяди чинорлар.

Гўри Мир даҳмасида
ўкиради оппоқ тош –
тош остида Улуғбек
кўзида қалқдими ёш?

Титратар гумбаз аро
қотиб қолган ҳавони
ва ранглар ташна саҳро
каби ютар навони.

О, Ҳожи бобо саси,
девордан оқади ранг
ва ранг билан юракни
бўяр мусаввир оҳанг.

Бу қўшиқнинг дардидан
мойчечаклар сарғаяр.
Уларнинг баргида жим
тош кўз ёши сирғалар.

Тун қучган ҳовлиларда
ухлатиб неварасин,
Кампирлар уйғотмоқда
юракдаги ярасин.

Расадхона шаҳардан
қирлар томон югурар
ва унинг нафасига
ёвшаннинг ҳиди урар.

Шоҳизинда бағрида
янграр қирқ зина сози –
қирқ пардага бўлинар
Ҳожи бобо овози.

Бу қўшиқнинг сасидан
ҳаво дардга қорилди,
бўғзимдаги ғунчалар
анор каби ёрилди.

О, Ҳожи бобо саси,
нақадар ғамгин, маҳзун.
Бу овознинг нафаси
ҳофиз умридан узун.
О, Ҳожи бобо саси –
ёвшангуллар нафаси…

1980

БИБИХОНИМ

1. УСТА

Мен шовқинга тўла бозордан
ҳайрат тўлиб тану жонимга,
термиламан кўкда порлаган
улуғ хаёл – Бибихонимга.

Термиламан, топаман излаб –
ҳув, хароба кўк гумбаз узра
эртак қаддин тикламоқ истаб
ўй суради мункайган уста.

У қовжироқ, титроқ қўлларин
бўйсундириб иродасига,
тинглар қадим ғиштлар куйлаган
рангин гуллар ҳикоясига.

Олисларда гувилларкан боғ
учиб кетмоқ бўлгандай ердан,
уста тикар самога нигоҳ
ва кўзлари қамашар нурдан.

Бироқ бирдан кўк тилга кирар,
сукут синар нақ шишасимон.
Хира кўзлар қаърига чўкар
гумбазнамо шаклда осмон.

Шунда ёниб шиддатдан қалби,
пастга, ерга ташлайди назар,
унда оний дақиқа каби
учиб ўтар баҳорлар, кузлар.

Пастда қолди шарафу олқиш,
Пастда қолди қарилик – хаста.
Фисқу-фасод, ғийбату-ташвиш –
қолиб кетди барчаси пастда.

Пастда бўғиқ суронга тўлиб
оқиб ётар гавжум кўчалар.
Пастда малла сочин силкитиб
сўкинади маст ёрдамчилар.

Пастда қолиб кетди ўқлардан
яраланган ғиштлар, нақшлар.
Пастда қолиб кетди устанинг
кўзларидан тўкилган ёшлар.

Бунда эса гумбаз ва осмон
бир-бирига қоришиб ётар,
ботаётган қуёш осмоннинг
ва гумбазнинг бағрига ботар.

Бунда дилда парвознинг ҳисси
уйғонади… Ё раббим! Наҳот?!
Кўкни қўмсар занжирлар қисиб
оддий қўлга айланган қанот.

2. БОЛА

Бола ҳар кун келар оқшомда,
тут тагига бориб ўтирар,
ва сарҳадсиз нилий осмонга –
кўк гумбазга боқиб ўй сурар.

Офтоб акси тушиб нақшларга
бўғилади бақироқ бозор.
Сукут чўкар улкан шаҳарга,
тиниб қолар мисоли мозор.

Бу сукунат болага ёқар
ва сукутни у тинглаган дам,
боши узра силкинган шохлар
қора тортиб борар хотиржам.

…………………………………………..

Сўнг ичкари кирар у сармаст
ва тепага боқар бахтиёр.
Ташқарида шитир этган сас
янграр бунда жомдек улуғвор.

Ташқаридан ҳар бир товушни
ютар бунда уч эшик – қулоқ.
Ютадию дарахтнинг, қушнинг
қўшиғини такрорлар узоқ.

…………………………………………..
…………………………………………..

“Мен тепага чиқишим керак”,
деган бир ўй чулғаган они,
бежо тепа бошлайди юрак,
гупуради соғинчдан қони.

Илк қувончи, илк қўшиқлари
ва илк ғами, қайғуси билан
юксакдаги кўк гумбаз сари
кўтарилар бола хаёлан…

Мана, осмон елкангга тегар,
мана, қолди пастликда шаҳар.
Ана ғарбда қуёш ҳам чўкар,
ана, шарқда кўринар саҳар.

…У умрида ҳали ҳеч қачон
чиқмагандир бундай юксакка,
шунинг учун оловланар қон
ва юраги сиғмас кўкракка.

Ҳали унинг кўксида тирик
эртаклари олмоқда нафас.
Кўзларини асраган киприк,
билмас ёшни, қайғуни билмас.

Ҳали унинг қўшиқларига
ситилмаган ғамгин садолар,
Ҳали унинг қўшиқларига
жўр бўлмаган ёлғон наволар.

Бироқ, соқов, гунг бўлган бола
тўлдиргандек ерни овозга,
кўзлари кўр ва хаста бола
чизганидек нурни қоғозга,

оёқлари шол бўлган бола
учганидай қушдек осмонда,
ва санашни билмаган бола
санагандек юлдузни тунда,

Бу бола ҳам ҳар куни такрор
орзусини туш кўрар шодон:
Кўтарилиб борармиш тонгда
юксакдаги кўк гумбаз томон.

1980

САМАРҚАНДДАГИ ОЗОДЛИҚ ҲАЙКАЛИ ҚОШИДА ЎЙЛАР

Хазонлар…
Хазонлар боққа ҳукмрон,
Тилларанг бўёкқа бўялган олам.
Озодлик ҳайкали қошига бу он
Эзгу ўйларимни олиб келдим ман.

Бу ерда изтироб кўксимга битган
Қиссалар тошини ирғитиб, тиниб,
Шу қутлуғ заминнинг қўйнида ётган
Ботирлар руҳини чорладим ёниб.

Кўз ўнгимда бирдан жонланди мозий,
Кўз ўнгимдан бирдан кечди замонлар —
Қулоғимга етди эрлар овози,
Ердан япроқларга сачради қонлар.
Дарахтлар эрк дея курашган лашкар
Қўлига инқилоб берган яловдек,
Дарахтлар — эрк дея навқирон аскар
Кўкрагида тепган қалби-оловдек
Қаршимда гувиллаб,
Гувиллаб ёнар —
Учқунларин кўкка учирар шамол.
Озодлик!
Ким сенинг тотингга қонар,
Ким сенинг меҳрингни айлагай завол?!

Озодлик!
Тилингда ҳайқириқ бўлган
Сўзни ким ўчирар қабртошлардан?! —
Озодлик!
Уйқусиз кўзингга тўлган
Тердай аччиқ  қонли ва шўр ёшлардан
Ким юзин ўгирар,
Ким кечади воз,
Ким уларсиз битар тарих варағин?!
Боболар қошингда тиз чўкиб ўлган,
Улар фақат сенга тиз буккан, холос!
Озодлик!
Мадад бер навқирон дилга,
Куй бергин, бўғзимни тўлдириб олай.
Қудрат бер, бағишлай қалбимни элга,
Ғазаб бер, мен уни шеъримга солай!
…Олов ёниб турар пойингда…
Гўё
Бу олов шодлик ундирган гиёҳ.
Бу олов тафтига юрагим қопар,
Бу олов юрагим шаклида ёнар.

1983

КЎЗЛАР
(Достондан лавҳалар)

Кўзим қаросида мардум киби ватан қилғил…
Алишер Навоий

Тингла,
Ойдин хаёлларга банд
Ва кўмилиб куз боғларига
Афсоналар сўйлар Самарқанд
Қадим ўзбек қишлоқларига.

Тингла, кўзим,
Ухлама, юрак,
Дардли эртак сўйлар деворлар.
Уни ёдда тутмоғинг керак
Яшамоқни истасанг агар.

Йиллар учқур, ўтаверади,
Хотиралар тобора оғир.
Деворлар жим чўкаверади,
Гўё ҳеч ким қолмагай сағир.

Йўқ, юрак-чи? Кўзлар-чи, ахир?!
Хотирасиз ўтажак етим.
Йиллар ўтиб айтар қай бағир:
“Сени деб жанг қилган, болам, мен эдим!”

…Кўз  уммондир,
Ҳа, кўзим уммон,
Унинг туби юрагимгача.
Не-ки кечди, юракда кечди,
Не-ки кечи, юракда лахча.

Юрагимда буюк деворлар,
У – ватандир Спитаменга.
Не-ки кечди, Юракдан кечди,
Тааллуқли барчаси менга.

Шоир эса халқнинг кўзидир,
Хира тортиб қолмасин бу кўз.
Нурга чўмсин, нурга йўғрилсин
Юракларда яшаётган Сўз.

Шоир мисли ўтли чегара,
Даврларнинг буюк ораси.
Неки кечди ва не-ки кечар,
Ватан эрур кўзим қораси.

* * *

Ҳаммаёқда ёнғин,
Ҳаммаёқ ёнғин.
Китоблар ёнади, шоирлар ёнар.
Осмонларда шохлаб кетади чақин,
Юлдузларни ютади қонлар…

Осмон ёнар,
Булутлар эса
Ёнғиндан узилган олов парчаси,
Ёнмоқда тўрт нақшин дарвоза.
Ёнмоқда барчаси…
Ёнар барчаси…

Афросиёб ёнар,
Қирғин-чи, қирғин
Қилич ушлаб дайдир тош майдонларда.
Тўймайди,
Тўймайди кўзи оч ёнғин.
Ўзини томоша қилар қонларда.

“…Сурат юзини қириб ташладилар”.
(Абу Бакир Муҳаммад ибн Жаъфар Ан Наршахий. Х аср)

…Чингизлар югуриб кирар хонага,
Тўсатдан букилиб кетар тиззалар.
Қаршисида оппоқ девордан унга
Аёвсиз тикилар саноқсиз кўзлар.
Мурдадай оқарар, яхлаб қолар қон,
Йўлидан адашиб кетади томир.

Босқинчи  ғазабдан титраб ногаҳон
Тик боққан кўзларга санчийди шамшир.
Ғазабдан  бўкирар кўзида ваҳшат:
“Ўйинглар аямай, ўчсин излари”.
Девордан қон каби, қон каби шу пайт
Тўкила бошлайди Сўғднинг кўзлари…

…Афросиёб, қадимий деворларга боқ,
Кўзларни соғинди ажойиб гуллар.
Ғазабга айланди ўйилган қабоқ,
Мушт бўлди гулларга чўзилган қўллар.
Ғазабдан тушмагай босқин  қўшини,
Бўғзига тиқилар ваҳший бир такбир.
Бироқ кўрмаса-да, кўзлар қуёшни
Қўллар бор қилич ушлашга қодир…

…Чекина олмайди деворда тасвир,
Даҳшатдан бўғилар деворда қуёш.
Сочилар ўйилган кўзлар бирма-бир
Қорайган девордан бамисоли ёш.
О, қандай мусибат кўздан айрилиб
Ёвга тик боқмоқдан бўлсанг бенасиб.
…Кўзи қон босқинчи чиқар қайрилиб
Ўйилган кўзларни бирма-бир босиб…

“…Минг киши фидойи бўлиб ўзига,
Бергай кўзларини анинг кўзига…”

(Девону луғатит турк. XI аср).

Кун ботар…
Энди тун ёна бошлайди,
Осмонда товланиб ёнар юлдузлар.
Оҳ, улар юлдузмас, Афросиёбнинг
Деворидан ўйиб ташланган кўзлар.

Оҳ, сен деворларда ўйилган кўзим
Ўрнига нур бўлиб қуюлгин, офтоб,
Кўряпсанми, пастда, ёнғин ва қонда
Инграр бағри пора чол – Афросиёб.

Бошларни гул каби кесади пичоқ,
Шамширлар ярақлар: яна ким тирик?
Ўлимга ким тайёр, турмас ушбу чоқ
Олдинроқ ўлган, ё туғилган ўлик.

…Ўша даҳшатли тун тонг отгунича
Тириклар уйида ўчмади чироқ.
Йиғлаб аза тутди, кўк кийди кеча
Қуёшни кутдилар одамлар бироқ
Ва қуёш уйғонди…
Эй, она қуёш!
Сенга қўлларини чўзди Ватаним.
Яраларин ўпиб, тиладинг бардош,
Бардош-ла улғайди гўдаклар тани.
Кўзлари ўйилган она кўз юмди
Ойдай чақалоққа бағишлаб нафас.
Қорайган деворда бир сас чайқалди:
“Гўдакнинг кўзлари ўйилган эмас!”

Гўдак кўзларидан қалқди-да, тўлиб
Кўз ёши тўкилди, уни шимди тош.
Унга кўксин тутди нурга кўмилиб
Тунлари оймомо, кундузи қуёш.
(Ҳамиша бор бўлсин бу абадий нур,
Қалбда нур, кўзда нур бор бўлсин мангу.
Бизга жангоҳларда бағишлаб сурур,
Ўтли курашларга бошлаб кирди у).

…Ватаним, кўзлари ўйилган она,
Яккаю-ягонам, бамисли қуёш,
Мен ҳам фақат сени эмганман, она,
Бошқа ҳеч сийнага қўймаганман бош.
Тинмай ҳайқиради ўйилган кўзлар:
— Йўқ! – дея.
Кўз ўрнида қолган жароҳат сўзлар:
— Йўқ! – дея.
Китоблар ёндилар,
Шоирлар ёнди,
Беҳуда излама уларнинг изин.
Ва лекин ҳеч қачон ўйиб бўлмайди,
Ёндириб бўлмайди буюк “йўқ” – сўзин:
— Бизлар яна кўрамизми, ўйилган кўзлар!
— Албатта!
— Бизлар яна енгамизми, ўйилган кўзлар?!
— Албатта!

“…Йиғи келмайди сира,
Ғазабдан қақраган кўз…”

(Ойбек. ХХ аср).

Мен ҳамон кўтариб юрибман сени,
Юрагим қаърида эй, Афросиёб.
Тиғ билан ўйилган мард кўзларингни
Ҳамон ўпиб юрар музаффар офтоб.
…Ўйилган кўзларми? Бу – гуллар эмас.
Ё қонга бўялган олтин тангалар.
Уларнинг барчаси юрагимдаги
Жароҳат,
Жароҳат,
Жароҳат улар.

Ўйилган кўзларми? Бу – гуллар эмас.
Ва лекин гул каби босиб лабимга,
Яшаганман ёниб, йиғлаб ўпганман,
Кўмганман уларни сўнгра қалбимга.
Гарчи қанча қонлар оқди томирдан,
Томирдан тўкилди гарчи қанча қон.
Менинг қарзим кўпдир бу она ердан,
Менинг қарзим кўпдир Ватандан ҳамон.

…Юртим, суратингни энтикиб чизсам,
Сенинг кўзларингни чизсам, онажон!
Кўзларинг тубида армондай кезсам.
Кўзларинг тубида бўлсам ҳаяжон.

Теримчи синглимнинг қадоқ қўлларин,
Орзу армонларин унутсам агар,
Қийнасин, ҳориган қишлоқ йўллари
Санчилсин кўксимга мисоли ханжар.

Бари бир мен сени чизаман рўйи рост,
Бари бир сени деб қўшиқ битгайман.
Ватаним, мен сени унутганим он,
Шубҳасиз ўзим ҳам изсиз кетгайман.

Мана асрлару замонлар  оша
Мукаммал суратинг турибди порлаб.
Ҳали битмагандир дилдаги яра,
Ҳамон мен уларга босмоқдаман лаб.

Гарчи сен қуёшга юзингни тутиб
Борурсан кўксингга гулларни тақиб.
Энди кўз ўювчи одамлар йўқ деб,
Ким айтар кўзимга типпа-тик боқиб.

Осмонда қуёш ҳам порлар музаффар,
Қуёш ҳам ўйилган кўзга ўхшайди,
Қуёш ҳам дилдаги СЎЗга ўхшайди –
Мени улғайтирди унинг шиддати.

Қанча ёвуз бўлса душман тиғлари
Шунчалик тўлурман ғазаб, қасосга,
Ўйилган кўзимнинг қорачиғлари
Дард каби тўкилиб тушар қоғозга.

Ўйилган қорачиқ ҳайқира бошлар,
Бамисли тўқайда яраланган шер.
Дунёни, қуёшни уйғотар, тошар
Ўйилган кўзларим – қоғоздаги шеър…

ДОСТОНДАН СЎНГ ЁЗИЛГАН ШЕЪР

Кўнгил кимни севса, у кўзда турар,
Неча боқмасин кўз, яна орзулар.
Дил орзу-тилаги нима бўлса гар
Оғизга сўзга очгач у тилга чиқар.

(Юсуф Хос Ҳожиб. Қутадғу билик. XI аср).

Бу кўнгил Ватан дер, кўзимда Ватан,
Неча боқмасин кўз, яна Ватан дер.
Қалбимнинг энг чуқур ерида ётган
Муқаддас, муқаддам сўзим Ватандир.

Тунлари кўзимда йиғлади Ватан,
Йиғлади Варахша, йиғлади Гурганж
Кўзим томчилари қуёшдан улкан.
Кўзим томчилари гоҳ қондир, гоҳ ранж.

Бу кўнгил эрк деди, кўзимдадир эрк,
Кўзимда осмону кўзимдадир қуш.
Кўксимда орзулар бефано, тирик,
Занжирлар, сиртмоқлар узилди нақ туш.

Тунлари кўзимда йиғлади қуёш,
Йиғлади юлдузлар, йиғлади ҳилол.
Кўзим томчилари гоҳ муздир, гоҳ тош,
Кўзим томчилари – мен севган аёл.

Бу кўнгил улус дер, сени дер, халқим,
Севгилим, овунчим, кўрар кўзим сен.
Қорачиғим аро нур бўлиб балқдинг,
Юрагим тубидан оққан сўзим сен.

Тунлари кўзимда халқим, йиғладинг,
Йиғлади Навоий, йиғлади Бобир.
Кўзим томчилари гоҳ гул, гоҳ тикан,
Кўзим томчилари гоҳи наводир.

…Бу кўнгил Ватан дер, аммо кўзимда
Елади Широқнинг оқ арғумоғи.
Юрак-ку Ватан дер, аммо бўғзимда
Машрабни бўғган ул дорнинг сиртмоғи.

Бу кўнгил Ватан – дер, аммо ўша он
Кўзимда балқийди Қутайба, Боту.
Юрак-ку Ватан дер, аммо уйғонар
Кўзим томчисида босқинлар ўти.

Бу кўнгил Ватан дер, аммо кўксимда
Зарра санчган пичоқ шимиради қон.
Ётурман сарғайган ўтлар устида.
Чериклар ўтади жанггоҳлар томон.

Анғизлар шивирлар қулоғимга жим:
“Турақол, турақол, кутмоқда Ватан”.
Бу кўнгил Ватан дер ва она қуёш
Нурини шимириб мен тириламан.

Ва бағрим туяди озод, бепоён,
Улуғ Ватанимнинг муҳаббатини.
Уйғонган томирда куйлай бошлар қон,
Куйлайди Ватанга садоқатини.

Боқурман теграмда яшнайди ўлкам,
Боқурман теграмда куйлайди баҳор.
Ва қуёш кезади самода улкан,
Унинг қўшиғида олий тилак бор.

Бу қуёш бор экан тирикдирман мен,
Бу кўнгил энтикиб яна Ватан дер.
Қалбимнинг энг чуқур ерида ётган
Энг қутлуғ, ягона сўзим Ватандир.

1977-1978

ҚАЙДАСАН,ХУРШИД ДАВРОН?

— Қайдасан, Хуршид Даврон?
— Ғорнинг илиқ тошига арслон расмин чизяпман.
— Қайдасан, Хуршид Даврон?
— Қушлар куйини тинглаб, дилда қўшиқ сезяпман.
— Қайдасан, Хуршид Даврон?
— Буғдой донасин сочдим уйғотганча тупроқни.
— Қайдасан, Хуршид Даврон?
— Афросиёб томонда кўрмоқдаман чироқни.
— Қайдасан, Хуршид Даврон?
— Қоним сачрар, ўляпман, кўксимда юнон тиғи.
— Қайдасан, Хуршид Даврон?
— Бошимда калхат каби чарх урар қора йиғи.
— Қайдасан, Хуршид Даврон?
— Оташхона ичида сиғиняпман сўнгги бор.
— Қайдасан, Хуршид Даврон?
— Варахшанинг йўлида мен кўмилган мозор бор.
— Қайдасан, Хуршид Даврон?
— Торобийнинг изидан отни солдим жангларга.
— Қайдасан, Хуршид Даврон?
— Шоҳизинда тошларин топширяпман рангларга.
— Қайдасан, Хуршид Даврон?
— Юртидан қувғин бўлган ботир Мангубердиман.
— Қайдасан, Хуршид Даврон?
— Сарбадорман, бошимни Ватанимга бердим ман.
— Қайдасан, Хуршид Даврон?
— Улуғбек битган “Зиж”ни хатлаяпман, хаттотман.
— Қайдасан, Хуршид Даврон?
— Панипатда ўч олиб турибман-ку, ҳаётдан.
— Қайдасан, Хуршид Даврон?
— Ўқлар келиб санчилган Бибихоним тошиман.
— Қайдасан, Хуршид Даврон?
— Темурбек  навкариман, Номоз қасосдошиман.
— Қайдасан, Хуршид Даврон?
— Дарвиш бўлиб инграйман Бухоро бозорида.
— Қайдасан, Хуршид Даврон?
— Мени-да кўммоқдалар Жиззахнинг мозорида.
— Қайдасан, Хуршид Даврон?
— Ёғийнинг байроғига артмоқдаман қонимни.
— Қайдасан, Хуршид Даврон?
-Пахтазорда эгилиб топаяпман нонимни.
— Қайдасан, Хуршид Даврон?
— Қор кетган далаларда мен чигит қадаяпман.
— Қайдасан, Хуршид Даврон?
— Қор кетган далаларда мен чигит қадаяпман.
— Қайдасан, Хуршид Даврон?
— Қор кетган далаларда…

1982

18 oktyabr- Samarqand kuni

   Bir paytlari qishlog’imiz mozori yonidagi ariqdan hatlab o’tsangiz , ulkan tepalikka duch kelardingiz. Bolalikda hamma narsa katta tuyularkan. Men hozir hatlab o’tsangiz dedimu aslida bu ariq bolalik paytida kattakon soyday, tepalik esa tog’day bo’lib tuyulgani yodimda. Mana shu tog’day tepalikka chiqib Samarqandni — Registon minoralarini, Go’ri Mir gumbazini ko’rish mumkin edi…(Xurshid Davronning «Xotira parchalari» daftaridan).

 

Xurshid Davron
SAMARQAND HAQIDA SHE’RLAR
066

SAMARQAND

Bir shivir misoli Samarqand
Bismilloh kabi lojuvard

Yulduzlar ostida dunyoning
Eng go’zal ayoli misoli
Sog’inchim timsoli
Sochlari shamolda yoyilgan
Navbahor toshirgan Yoyiqday
Simobiy libosga o’rangan
Temur erkalashlariga o’rgangan
Ulug’bek qoniday sochilgan
Qizg’aldoqlarday ochilgan
Yulduzlar ostida dunyoning
Eng go’zal ayoli misoli
Dunyoning eng go’zal she’rini
Bolalik chog’imdan quchoqlab
Onamday erkalab shivirlar
Samarqand Samarqand Samarqand

Bir shivir misoli mungli dard
Bismilloh misoli lojuvard

2015

SAMARQAND HAQIDA ODDIY SATRLAR

Jamshidga

Men bilaman,
U meni juda yaxshi ko’radi.
U mening tushlarimga kirmoq istaydi,
U meni bag’riga bosmoq istaydi,
Ko’rmoq bo’lar mening sog’inchimni.

U bobolarim tushini so’ylab bermoqchi,
Faqat qo’rqar sig’armikan ular bag’rimga.
U mening barcha orzularimni bilmoqchi,
Faqat qo’rqar sig’armikan ular bag’riga.

U mening onamga o’xshaydi –
Ko’zlari xayolchan uning ham.
U mening bolaligimga o’xshaydi –
U ham menga yozolmaydi xat.

1978

ESKI SHAHAR

Bibixonim daxmasi xarobasida
so’nggi bor aks etar va so’nar quyosh.
Uyg’ona boshlaydi kun nafasidan
mudrab uxlab qolgan qora qabrtosh.

Tor, qiyshiq ko’chalar adashib qolib,
ilondek o’rmalar nurafshon tunda.
Tovlana boshlaydi qayg’uga to’lib
“Ziji Ko’ragon”ning aksi osmonda.

Mudrar sezgir qushlar butoqlar aro,
ularning uyqusin buzar shamollar
va qaysar eshagin niqtab besado
uyga qaytayotgan bozorchi chollar.

Tomga uchib tushgan yorqin bir yulduz
kuydira boshlagan paytda o’tlarni,
munkaygan chol kabi qarigan kunduz
Shohizinda tomon pisib o’tardi…

Eski shahar uxlar, mudragan toklar
paxsa devorlarni mahkam quchoqlar.
Uxlaydi bozorda qovunu-noklar,
Tushlariga kirib muattar bog’lar.

Tungi sukunatda to’kilar yerga
yillar nafasidan nam tortgan sho’rxok.
Boladek mo’ltirab boqar shaharga
bir chetda biqinib olgan mitti bog’.

1979

SAMARQANDDA TONG OTISHINI KUTIB

I

Tun kezinar… Qora kiygan yo’lchidek mahzun
tun kezinar. Nigohimga yo’l bermaydi tun.
Ko’zim charchar to’qnashgancha tun devoriga.
Tun devori – qorong’ilik, cheksiz ko’lanka.
Termilaman, bilamanki yaqindir sahar
va qarshimda oq kiyinib uyg’onar shahar.
Biroq, oydin sahargacha yashamoq kerak,
goho oyga, goh yulduzga o’xshamoq kerak.

II

Qora sahro tuprog’idan unib chiqar tong,
ko’tarilar nihol kabi shamsi qamarga.
Hayratlarim to’zim bilmay balki o’sha on
boqadirman ko’zim yonib ona shaharga.
Qayda qoldi Bibixonim?! Qayda Ulug’bek?!
Oh, kimlarning suyagini oqartirgancha
Samarqandning osmonida porlar yorug’lik,
qumga singgan Zarafshondek yo’qolgach kecha.

Tong otdimi, bunda yo’lin yo’qotgan tushlar
kabi ko’kda charx uradi horigan qushlar.
Bu qushchalar uchib kelar go’yo oftobdan –
olislarda qolib ketgan Afrosiyobdan.

Qo’l cho’zsang bas, qo’llaringga qo’nadi ular
va kaftingda qolar changga aylangan yillar.

1979

AFROSIYOB SO’ZI

Saratonda kelsang changimni yutasan,
Changlarga aylangan odamlar xokini –
Yuragin, qo’llarin, ko’zlarin yutasan.

Kuzda kelsang, yomg’irim seni yuvadi,
Yomg’irga aylangan odamlarning dardi,
Ko’z yoshlari, armoni, g’ami yuvadi.

Qishda kelsang, sovuqlarim qiynaydi seni,
Sovuqqa aylangan odamlar g’azabi,
Nafrati, qasosi, nomusi qiynaydi.

Bahorda kelsang, maysalarim olqishlar,
Maysaga aylangan bobolaring umri –
Mangulik, jasorat seni olqishlar.

Kel, bo’tam, ag’ana, ko’ksimda silkingan
Maysazor ustiga, axir sen mening
Saratonim, kuzim, qishim, bahorimsan.

1980

* * *

Samarqand – bu bir hovuch qayg’u,
Bir qultum baxt, bir hovuch armon.
Samarqand – bu qadim qayig’u
Suzib borar kelajak tomon.

Samarqand – bu O’zbekistonning
Ostonasi, birinchi so’qmoq.
Biroq uni anglamoq uchun
Shartdir butun Vatanni o’tmoq.

Samarqand – bu bobolar sozi,
«Munojot»ga aksu sadodir.
Qo’shig’ini qoldirib, o’zi
Ketib qolgan Hoji bobodir.

Samarqand – bu rangin bir isyon.
Vatanimning qoq o’rtasida
Yuragimday ko’tarib suron
Bobolarga o’qir qasida.

1980

* * *

Qanday tiniq va moviy osmon,
Quduq kabi chuqurdir osmon
Shohizinda ustida, qara!

Qabrtoshlar aro adashmay
Ketgan so’qmoq bo’ylab boraman –
Qanday tiniq va moviy osmon!

Afrosiyob tomondan, ana,
Kelar pichan ortgan arava –
Yaraqlaydi o’roqlar birdan.

O, yuragim hovliqma buncha,
Pichan, uzra yonboshlab olgan
Bola, axir, sen emasan-ku!

Koshki, qaytsam shu aravada,
Afrosiyob adirlaridan
Qaytsam horg’in arava bilan.

Qanday tiniq va moviy osmon,
Quduq kabi chuqurdir osmon
Shohizinda ustida, ona!

1981

BOBUR

Otlar yelar shiddatdan terlab,
Yangrar xatar to’la to’qalar.
Hurkib ko’kka sapchir patirlab,
Tun uyqusi — qora qarg’alar.

Otlar yelar, tillarang xazon
Suvoriylar uzra sochilar.
Elas-elas yangraydi azon –
Tog’lar uzra osmon ochilar.

Otlar yelar, yelar ko’pirib,
Uyg’otgancha mudroq yo’llarni,
Go’yo to’g’on bandin o’pirib,
Toshqin quvib kelar ularni.

«Zahiriddin, qayga borursan,
Bobong taxtin, yurtingni tashlab?!
Qora taqdir seni qul kabi
Qayonlarga ketmoqda boshlab?!

Zahiriddin, bu qanday savdo,
Qora hijrat sari yuz tutmoq?
Yuragingni etar-ku ado –
Tirik turib Vatandan ketmoq?

Zahiriddin, ortga bir qara,
Ortga bir boq, toki sen omon,
Axir keyin tushlaringda ham,
Bu tuproqni ko’rmog’ing gumon.»

Ot pishqirib to’xtar, chavandoz
Uzangiga tirar oyog’in
Va bo’g’ziga to’plar beovoz
Armon to’la yurak titrog’in.

Alam bilan yuragi urar,
Shivirlaydi titroq lablari:
«Hamma yerdan ko’rinib turar
Samarqandning minoralari».

1981

VASIQA

Aytishlaricha, asrimiz boshida rus arxeologi V. L. Vyatkinga Ulug’bek rasadxonasining o’rnini topishda bir samarqandlik kampirning qo’lidagi ko’xna vasiqa yordam bergan ekan.

Domla Vyatkinga tasanno, ammo
Men senga ey, xalqim qilaman qulluq.
Sen o’zing hammadan topqir va dono,
Sen o’zing hammadan kamtar va ulug’.

O, qancha hayotga qo’ymagan ixlos,
Kun kelib odamdan qolur va chang.
Moziydan bugunga yetmasdi ovoz,
Bo’lmaganda, xalqim, sening xotirang.

Sen o’zing bitursan hayot qissasin,
Sen o’zing so’ng uni aylarsan bayon.
Hatto o’sha kuni Vyatkinga ham
Kampirmas, sen o’zing bo’lding namoyon.

Asrlar ko’chida qancha kezmasin,
Navoiy bitgan so’z — so’z-ki naq chiroq!
Ali Nasafiyning guldor chizmasi,
Mavlono Muzahhib kashf etgan bo’yoq,

Osilgan, so’yilgan erlar qismati,
Bobolar qilichi taratgan jarang
Bizning yurakkacha balki yetmasdi,
Bo’lmaganda, xalqim, sening xotirang.

Sening xotirangda har botir shoni,
Bobosin taxtini sotgan amirlar.
Yurtim deb jon bergan shahidlar qoni,
Dostonchi, matalchi chollar, kampirlar.

Asrlar shaxtidan qurisa daryo,
To’zonlar to’ldirsa o’zan ko’zini,
Toshqin kelganida, bilganday go’yo
O’sha o’zanlarga urar o’zini.

Chunki maysaning ham xotirasi bor,
Maysa xotirasi – nurga intilmoq.
U paqqos ikkiga bo’lib tashlaydi,
Yo’lining ustida tursa hatto tog’.

Ha, shunday! To quyosh osmonda mangu,
Osmondek mangusan sen ham, ey, xalqim.
Har bir fojiaga, har bir sharafga,
Nisbat bermoqqa ham yolg’iz sen haqli!

Zamonlar o’tajak quyunlari singari,
Necha yulduz so’nib, tamom yitajak.
Sening yoding bor-ki, yorug’ kunlarga
Bizning ko’zlar bilan boqar kelajak.

1982

SAMARQAND HAQIDA QO’SHIQ

1. K U N D U Z

Ko’chalari bir-birin tinmay
Takrorlaydi misli aks sado.
Olislardan kelgan kemaday
qalqib turar Registon tanho.

Shu kemada kelganday, tushib
emaklaydi tashna tonotar.
Unga asriy o’ylarin qo’shib
toshhovuz bir hovuch suv tutar.

Ko’kda moviy daryo suzadi,
oqib yotar moviy bir kadar.
Temur otgan po’lat nayzadek
ko’kka botib turar minorlar.

Olislardan kelib ziyorat
qilgan kabi armon mozorin,
Bibixonim masjidi uzra
yangrar Ulug’ Qushlar Bozori.

Olib chiqar nurga ko’milib,
bobolarga qirq qari zina.
Va ertakning nuqtasi bo’lib
qotib turar tund Shohizinda.

Shohizinda qabrlarida
uxlab yotar yuz-yuzlab shahar.
Biroq, unda endi hech qachon
tun cho’kmaydi, oqarmas sahar.

2. T U N

Yulduzlarga boqib sarmast
shovillaydi chorbog’lari,
shahar tomon oqib tushar
Afrosiyob so’qmoqlari.

Ular oydin, ular sarxush,
ichgandek kuz sharobidan.
Yerga qo’nar misoli qush
xazonlar – ol, zardobirang.

Munkillagan kampirlar jim
sham yoqadi mozorlarda.
Saratonning isi hokim
mudrab yotgan bozorlarda

Achigan may isi kezgan
hovlilarda shamol-daydi
nimanidir go’yo izlab
xumlar girdin aylanadi…

Hamma uxlar, faqat shamol
daraxtlarning sochin tarar.
Uxlamasdan qo’riqlaydi
Samarqandni minoralar.

3. T O N G

Tush ko’rdim men bugun saharda –
Titrab yonib dil larzasidan,
kirarmishman moviy shaharga
men Navbahor darvozasidan

va yulduzlar changi qoplagan
maysalarning yashil qog’ozin
o’qib tursam, yerning qa’ridan
yangrar emish inson ovozi:

— Men opichlab Afrosiyobni
olib keldim, chiqqin yugurib.
Tushda ko’rib har kun oftobni
sochim ketdi qordek oqarib.

…Uyg’ondimu chiqdim ko’chaga –
Sharsharadek oydin edi tun.
Qizdek uxlab yotgan kechaga
men mehrimni berdim o’sha kun.

Ko’zim tinib osmonga boqdim,
U shishadek porlardi sovuq.
Yor yashagan ravoqdan oqib
tushar edi pastga chirmoviq

va kuz mehri chulg’agan bog’da,
ona shahrim, seni o’yladim.
Keksa bog’lar uyg’ongan chog’da
tongga singib ketdi o’ylarim.

1980

HOJI ABDULAZIZ HAQIDA QO’SHIQ

Qo’shiq – dil sukunati
va so’zlarning faryodi.
Qop-qora oqshom payti
yangradi “Ushshoq” dodi.

Fonusning tillari ham
jo’r bo’lar bu qo’shiqqa
va titrab yetib borar
hilol – tilla boshoqqa.

Qora shoxli daraxtlar
silkinar kuy avjida.
Yulduzchalar cho’milar
oydin qayg’u mavjida.

O, Hoji bobo sasi,
qalqir horg’in minoralar,
bir-birining ko’ksiga
bosh qo’yadi chinorlar.

Go’ri Mir dahmasida
o’kiradi oppoq tosh –
tosh ostida Ulug’bek
ko’zida qalqdimi yosh?

Titratar gumbaz aro
qotib qolgan havoni
va ranglar tashna sahro
kabi yutar navoni.

O, Hoji bobo sasi,
devordan oqadi rang
va rang bilan yurakni
bo’yar musavvir ohang.

Bu qo’shiqning dardidan
moychechaklar sarg’ayar.
Ularning bargida jim
tosh ko’z yoshi sirg’alar.

Tun quchgan hovlilarda
uxlatib nevarasin,
Kampirlar uyg’otmoqda
yurakdagi yarasin.

Rasadxona shahardan
qirlar tomon yugurar
va uning nafasiga
yovshanning hidi urar.

Shohizinda bag’rida
yangrar qirq zina sozi –
qirq pardaga bo’linar
Hoji bobo ovozi.

Bu qo’shiqning sasidan
havo dardga qorildi,
bo’g’zimdagi g’unchalar
anor kabi yorildi.

O, Hoji bobo sasi,
naqadar g’amgin, mahzun.
Bu ovozning nafasi
hofiz umridan uzun.
O, Hoji bobo sasi –
yovshangullar nafasi…

1980

BIBIXONIM

1. USTA

Men shovqinga to’la bozordan
hayrat to’lib tanu jonimga,
termilaman ko’kda porlagan
ulug’ xayol – Bibixonimga.

Termilaman, topaman izlab –
huv, xaroba ko’k gumbaz uzra
ertak qaddin tiklamoq istab
o’y suradi munkaygan usta.

U qovjiroq, titroq qo’llarin
bo’ysundirib irodasiga,
tinglar qadim g’ishtlar kuylagan
rangin gullar hikoyasiga.

Olislarda guvillarkan bog’
uchib ketmoq bo’lganday yerdan,
usta tikar samoga nigoh
va ko’zlari qamashar nurdan.

Biroq birdan ko’k tilga kirar,
sukut sinar naq shishasimon.
Xira ko’zlar qa’riga cho’kar
gumbaznamo shaklda osmon.

Shunda yonib shiddatdan qalbi,
pastga, yerga tashlaydi nazar,
unda oniy daqiqa kabi
uchib o’tar bahorlar, kuzlar.

Pastda qoldi sharafu olqish,
Pastda qoldi qarilik – xasta.
Fisqu-fasod, g’iybatu-tashvish –
qolib ketdi barchasi pastda.

Pastda bo’g’iq suronga to’lib
oqib yotar gavjum ko’chalar.
Pastda malla sochin silkitib
so’kinadi mast yordamchilar.

Pastda qolib ketdi o’qlardan
yaralangan g’ishtlar, naqshlar.
Pastda qolib ketdi ustaning
ko’zlaridan to’kilgan yoshlar.

Bunda esa gumbaz va osmon
bir-biriga qorishib yotar,
botayotgan quyosh osmonning
va gumbazning bag’riga botar.

Bunda dilda parvozning hissi
uyg’onadi… YO rabbim! Nahot?!
Ko’kni qo’msar zanjirlar qisib
oddiy qo’lga aylangan qanot.

2. BOLA

Bola har kun kelar oqshomda,
tut tagiga borib o’tirar,
va sarhadsiz niliy osmonga –
ko’k gumbazga boqib o’y surar.

Oftob aksi tushib naqshlarga
bo’g’iladi baqiroq bozor.
Sukut cho’kar ulkan shaharga,
tinib qolar misoli mozor.

Bu sukunat bolaga yoqar
va sukutni u tinglagan dam,
boshi uzra silkingan shoxlar
qora tortib borar xotirjam.

…………………………………………..

So’ng ichkari kirar u sarmast
va tepaga boqar baxtiyor.
Tashqarida shitir etgan sas
yangrar bunda jomdek ulug’vor.

Tashqaridan har bir tovushni
yutar bunda uch eshik – quloq.
Yutadiyu daraxtning, qushning
qo’shig’ini takrorlar uzoq.

…………………………………………..
…………………………………………..

“Men tepaga chiqishim kerak”,
degan bir o’y chulg’agan oni,
bejo tepa boshlaydi yurak,
gupuradi sog’inchdan qoni.

Ilk quvonchi, ilk qo’shiqlari
va ilk g’ami, qayg’usi bilan
yuksakdagi ko’k gumbaz sari
ko’tarilar bola xayolan…

Mana, osmon yelkangga tegar,
mana, qoldi pastlikda shahar.
Ana g’arbda quyosh ham cho’kar,
ana, sharqda ko’rinar sahar.

…U umrida hali hech qachon
chiqmagandir bunday yuksakka,
shuning uchun olovlanar qon
va yuragi sig’mas ko’krakka.

Hali uning ko’ksida tirik
ertaklari olmoqda nafas.
Ko’zlarini asragan kiprik,
bilmas yoshni, qayg’uni bilmas.

Hali uning qo’shiqlariga
sitilmagan g’amgin sadolar,
Hali uning qo’shiqlariga
jo’r bo’lmagan yolg’on navolar.

Biroq, soqov, gung bo’lgan bola
to’ldirgandek yerni ovozga,
ko’zlari ko’r va xasta bola
chizganidek nurni qog’ozga,

oyoqlari shol bo’lgan bola
uchganiday qushdek osmonda,
va sanashni bilmagan bola
sanagandek yulduzni tunda,

Bu bola ham har kuni takror
orzusini tush ko’rar shodon:
Ko’tarilib borarmish tongda
yuksakdagi ko’k gumbaz tomon.

1980

SAMARQANDDAGI OZODLIQ HAYKALI QOSHIDA O’YLAR

Xazonlar…
Xazonlar boqqa hukmron,
Tillarang bo’yokqa bo’yalgan olam.
Ozodlik haykali qoshiga bu on
Ezgu o’ylarimni olib keldim man.

Bu yerda iztirob ko’ksimga bitgan
Qissalar toshini irg’itib, tinib,
Shu qutlug’ zaminning qo’ynida yotgan
Botirlar ruhini chorladim yonib.

Ko’z o’ngimda birdan jonlandi moziy,
Ko’z o’ngimdan birdan kechdi zamonlar —
Qulog’imga yetdi erlar ovozi,
Yerdan yaproqlarga sachradi qonlar.
Daraxtlar erk deya kurashgan lashkar
Qo’liga inqilob bergan yalovdek,
Daraxtlar — erk deya navqiron askar
Ko’kragida tepgan qalbi-olovdek
Qarshimda guvillab,
Guvillab yonar —
Uchqunlarin ko’kka uchirar shamol.
Ozodlik!
Kim sening totingga qonar,
Kim sening mehringni aylagay zavol?!

Ozodlik!
Tilingda hayqiriq bo’lgan
So’zni kim o’chirar qabrtoshlardan?! —
Ozodlik!
Uyqusiz ko’zingga to’lgan
Terday achchiq qonli va sho’r yoshlardan
Kim yuzin o’girar,
Kim kechadi voz,
Kim ularsiz bitar tarix varag’in?!
Bobolar qoshingda tiz cho’kib o’lgan,
Ular faqat senga tiz bukkan, xolos!
Ozodlik!
Madad ber navqiron dilga,
Kuy bergin, bo’g’zimni to’ldirib olay.
Qudrat ber, bag’ishlay qalbimni elga,
G’azab ber, men uni she’rimga solay!
…Olov yonib turar poyingda…
Go’yo
Bu olov shodlik undirgan giyoh.
Bu olov taftiga yuragim qopar,
Bu olov yuragim shaklida yonar.

1983

KO’ZLAR
(Dostondan lavhalar)

Ko’zim qarosida mardum kibi vatan qilg’il…
Alisher Navoiy

Tingla,
Oydin xayollarga band
Va ko’milib kuz bog’lariga
Afsonalar so’ylar Samarqand
Qadim o’zbek qishloqlariga.

Tingla, ko’zim,
Uxlama, yurak,
Dardli ertak so’ylar devorlar.
Uni yodda tutmog’ing kerak
Yashamoqni istasang agar.

Yillar uchqur, o’taveradi,
Xotiralar tobora og’ir.
Devorlar jim cho’kaveradi,
Go’yo hech kim qolmagay sag’ir.

Yo’q, yurak-chi? Ko’zlar-chi, axir?!
Xotirasiz o’tajak yetim.
Yillar o’tib aytar qay bag’ir:
“Seni deb jang qilgan, bolam, men edim!”

…Ko’z ummondir,
Ha, ko’zim ummon,
Uning tubi yuragimgacha.
Ne-ki kechdi, yurakda kechdi,
Ne-ki kechi, yurakda laxcha.

Yuragimda buyuk devorlar,
U – vatandir Spitamenga.
Ne-ki kechdi, Yurakdan kechdi,
Taalluqli barchasi menga.

Shoir esa xalqning ko’zidir,
Xira tortib qolmasin bu ko’z.
Nurga cho’msin, nurga yo’g’rilsin
Yuraklarda yashayotgan So’z.

Shoir misli o’tli chegara,
Davrlarning buyuk orasi.
Neki kechdi va ne-ki kechar,
Vatan erur ko’zim qorasi.

* * *

Hammayoqda yong’in,
Hammayoq yong’in.
Kitoblar yonadi, shoirlar yonar.
Osmonlarda shoxlab ketadi chaqin,
Yulduzlarni yutadi qonlar…

Osmon yonar,
Bulutlar esa
Yong’indan uzilgan olov parchasi,
Yonmoqda to’rt naqshin darvoza.
Yonmoqda barchasi…
Yonar barchasi…

Afrosiyob yonar,
Qirg’in-chi, qirg’in
Qilich ushlab daydir tosh maydonlarda.
To’ymaydi,
To’ymaydi ko’zi och yong’in.
O’zini tomosha qilar qonlarda.

“…Surat yuzini qirib tashladilar”.
(Abu Bakir Muhammad ibn Ja’far An Narshaxiy. X asr)

…Chingizlar yugurib kirar xonaga,
To’satdan bukilib ketar tizzalar.
Qarshisida oppoq devordan unga
Ayovsiz tikilar sanoqsiz ko’zlar.
Murdaday oqarar, yaxlab qolar qon,
Yo’lidan adashib ketadi tomir.

Bosqinchi g’azabdan titrab nogahon
Tik boqqan ko’zlarga sanchiydi shamshir.
G’azabdan bo’kirar ko’zida vahshat:
“O’yinglar ayamay, o’chsin izlari”.
Devordan qon kabi, qon kabi shu payt
To’kila boshlaydi So’g’dning ko’zlari…

…Afrosiyob, qadimiy devorlarga boq,
Ko’zlarni sog’indi ajoyib gullar.
G’azabga aylandi o’yilgan qaboq,
Musht bo’ldi gullarga cho’zilgan qo’llar.
G’azabdan tushmagay bosqin qo’shini,
Bo’g’ziga tiqilar vahshiy bir takbir.
Biroq ko’rmasa-da, ko’zlar quyoshni
Qo’llar bor qilich ushlashga qodir…

…Chekina olmaydi devorda tasvir,
Dahshatdan bo’g’ilar devorda quyosh.
Sochilar o’yilgan ko’zlar birma-bir
Qoraygan devordan bamisoli yosh.
O, qanday musibat ko’zdan ayrilib
Yovga tik boqmoqdan bo’lsang benasib.
…Ko’zi qon bosqinchi chiqar qayrilib
O’yilgan ko’zlarni birma-bir bosib…

“…Ming kishi fidoyi bo’lib o’ziga,
Bergay ko’zlarini aning ko’ziga…”

(Devonu lug’atit turk. XI asr).

Kun botar…
Endi tun yona boshlaydi,
Osmonda tovlanib yonar yulduzlar.
Oh, ular yulduzmas, Afrosiyobning
Devoridan o’yib tashlangan ko’zlar.

Oh, sen devorlarda o’yilgan ko’zim
O’rniga nur bo’lib quyulgin, oftob,
Ko’ryapsanmi, pastda, yong’in va qonda
Ingrar bag’ri pora chol – Afrosiyob.

Boshlarni gul kabi kesadi pichoq,
Shamshirlar yaraqlar: yana kim tirik?
O’limga kim tayyor, turmas ushbu choq
Oldinroq o’lgan, yo tug’ilgan o’lik.

…O’sha dahshatli tun tong otgunicha
Tiriklar uyida o’chmadi chiroq.
Yig’lab aza tutdi, ko’k kiydi kecha
Quyoshni kutdilar odamlar biroq
Va quyosh uyg’ondi…
Ey, ona quyosh!
Senga qo’llarini cho’zdi Vatanim.
Yaralarin o’pib, tilading bardosh,
Bardosh-la ulg’aydi go’daklar tani.
Ko’zlari o’yilgan ona ko’z yumdi
Oyday chaqaloqqa bag’ishlab nafas.
Qoraygan devorda bir sas chayqaldi:
“Go’dakning ko’zlari o’yilgan emas!”

Go’dak ko’zlaridan qalqdi-da, to’lib
Ko’z yoshi to’kildi, uni shimdi tosh.
Unga ko’ksin tutdi nurga ko’milib
Tunlari oymomo, kunduzi quyosh.
(Hamisha bor bo’lsin bu abadiy nur,
Qalbda nur, ko’zda nur bor bo’lsin mangu.
Bizga jangohlarda bag’ishlab surur,
O’tli kurashlarga boshlab kirdi u).

…Vatanim, ko’zlari o’yilgan ona,
Yakkayu-yagonam, bamisli quyosh,
Men ham faqat seni emganman, ona,
Boshqa hech siynaga qo’ymaganman bosh.
Tinmay hayqiradi o’yilgan ko’zlar:
— Yo’q! – deya.
Ko’z o’rnida qolgan jarohat so’zlar:
— Yo’q! – deya.
Kitoblar yondilar,
Shoirlar yondi,
Behuda izlama ularning izin.
Va lekin hech qachon o’yib bo’lmaydi,
Yondirib bo’lmaydi buyuk “yo’q” – so’zin:
— Bizlar yana ko’ramizmi, o’yilgan ko’zlar!
— Albatta!
— Bizlar yana yengamizmi, o’yilgan ko’zlar?!
— Albatta!

“…Yig’i kelmaydi sira,
G’azabdan qaqragan ko’z…”

(Oybek. XX asr).

Men hamon ko’tarib yuribman seni,
Yuragim qa’rida ey, Afrosiyob.
Tig’ bilan o’yilgan mard ko’zlaringni
Hamon o’pib yurar muzaffar oftob.
…O’yilgan ko’zlarmi? Bu – gullar emas.
YO qonga bo’yalgan oltin tangalar.
Ularning barchasi yuragimdagi
Jarohat,
Jarohat,
Jarohat ular.

O’yilgan ko’zlarmi? Bu – gullar emas.
Va lekin gul kabi bosib labimga,
Yashaganman yonib, yig’lab o’pganman,
Ko’mganman ularni so’ngra qalbimga.
Garchi qancha qonlar oqdi tomirdan,
Tomirdan to’kildi garchi qancha qon.
Mening qarzim ko’pdir bu ona yerdan,
Mening qarzim ko’pdir Vatandan hamon.

…Yurtim, suratingni entikib chizsam,
Sening ko’zlaringni chizsam, onajon!
Ko’zlaring tubida armonday kezsam.
Ko’zlaring tubida bo’lsam hayajon.

Terimchi singlimning qadoq qo’llarin,
Orzu armonlarin unutsam agar,
Qiynasin, horigan qishloq yo’llari
Sanchilsin ko’ksimga misoli xanjar.

Bari bir men seni chizaman ro’yi rost,
Bari bir seni deb qo’shiq bitgayman.
Vatanim, men seni unutganim on,
Shubhasiz o’zim ham izsiz ketgayman.

Mana asrlaru zamonlar osha
Mukammal surating turibdi porlab.
Hali bitmagandir dildagi yara,
Hamon men ularga bosmoqdaman lab.

Garchi sen quyoshga yuzingni tutib
Borursan ko’ksingga gullarni taqib.
Endi ko’z o’yuvchi odamlar yo’q deb,
Kim aytar ko’zimga tippa-tik boqib.

Osmonda quyosh ham porlar muzaffar,
Quyosh ham o’yilgan ko’zga o’xshaydi,
Quyosh ham dildagi SO’Zga o’xshaydi –
Meni ulg’aytirdi uning shiddati.

Qancha yovuz bo’lsa dushman tig’lari
Shunchalik to’lurman g’azab, qasosga,
O’yilgan ko’zimning qorachig’lari
Dard kabi to’kilib tushar qog’ozga.

O’yilgan qorachiq hayqira boshlar,
Bamisli to’qayda yaralangan sher.
Dunyoni, quyoshni uyg’otar, toshar
O’yilgan ko’zlarim – qog’ozdagi she’r…

DOSTONDAN SO’NG YOZILGAN SHE’R

Ko’ngil kimni sevsa, u ko’zda turar,
Necha boqmasin ko’z, yana orzular.
Dil orzu-tilagi nima bo’lsa gar
Og’izga so’zga ochgach u tilga chiqar.

(Yusuf Xos Hojib. Qutadg’u bilik. XI asr).

Bu ko’ngil Vatan der, ko’zimda Vatan,
Necha boqmasin ko’z, yana Vatan der.
Qalbimning eng chuqur yerida yotgan
Muqaddas, muqaddam so’zim Vatandir.

Tunlari ko’zimda yig’ladi Vatan,
Yig’ladi Varaxsha, yig’ladi Gurganj
Ko’zim tomchilari quyoshdan ulkan.
Ko’zim tomchilari goh qondir, goh ranj.

Bu ko’ngil erk dedi, ko’zimdadir erk,
Ko’zimda osmonu ko’zimdadir qush.
Ko’ksimda orzular befano, tirik,
Zanjirlar, sirtmoqlar uzildi naq tush.

Tunlari ko’zimda yig’ladi quyosh,
Yig’ladi yulduzlar, yig’ladi hilol.
Ko’zim tomchilari goh muzdir, goh tosh,
Ko’zim tomchilari – men sevgan ayol.

Bu ko’ngil ulus der, seni der, xalqim,
Sevgilim, ovunchim, ko’rar ko’zim sen.
Qorachig’im aro nur bo’lib balqding,
Yuragim tubidan oqqan so’zim sen.

Tunlari ko’zimda xalqim, yig’lading,
Yig’ladi Navoiy, yig’ladi Bobir.
Ko’zim tomchilari goh gul, goh tikan,
Ko’zim tomchilari gohi navodir.

…Bu ko’ngil Vatan der, ammo ko’zimda
Yeladi Shiroqning oq arg’umog’i.
Yurak-ku Vatan der, ammo bo’g’zimda
Mashrabni bo’g’gan ul dorning sirtmog’i.

Bu ko’ngil Vatan – der, ammo o’sha on
Ko’zimda balqiydi Qutayba, Botu.
Yurak-ku Vatan der, ammo uyg’onar
Ko’zim tomchisida bosqinlar o’ti.

Bu ko’ngil Vatan der, ammo ko’ksimda
Zarra sanchgan pichoq shimiradi qon.
Yoturman sarg’aygan o’tlar ustida.
Cheriklar o’tadi janggohlar tomon.

Ang’izlar shivirlar qulog’imga jim:
“Turaqol, turaqol, kutmoqda Vatan”.
Bu ko’ngil Vatan der va ona quyosh
Nurini shimirib men tirilaman.

Va bag’rim tuyadi ozod, bepoyon,
Ulug’ Vatanimning muhabbatini.
Uyg’ongan tomirda kuylay boshlar qon,
Kuylaydi Vatanga sadoqatini.

Boqurman tegramda yashnaydi o’lkam,
Boqurman tegramda kuylaydi bahor.
Va quyosh kezadi samoda ulkan,
Uning qo’shig’ida oliy tilak bor.

Bu quyosh bor ekan tirikdirman men,
Bu ko’ngil entikib yana Vatan der.
Qalbimning eng chuqur yerida yotgan
Eng qutlug’, yagona so’zim Vatandir.

1977-1978

QAYDASAN,XURSHID DAVRON?

— Qaydasan, Xurshid Davron?
— G’orning iliq toshiga arslon rasmin chizyapman.
— Qaydasan, Xurshid Davron?
— Qushlar kuyini tinglab, dilda qo’shiq sezyapman.
— Qaydasan, Xurshid Davron?
— Bug’doy donasin sochdim uyg’otgancha tuproqni.
— Qaydasan, Xurshid Davron?
— Afrosiyob tomonda ko’rmoqdaman chiroqni.
— Qaydasan, Xurshid Davron?
— Qonim sachrar, o’lyapman, ko’ksimda yunon tig’i.
— Qaydasan, Xurshid Davron?
— Boshimda kalxat kabi charx urar qora yig’i.
— Qaydasan, Xurshid Davron?
— Otashxona ichida sig’inyapman so’nggi bor.
— Qaydasan, Xurshid Davron?
— Varaxshaning yo’lida men ko’milgan mozor bor.
— Qaydasan, Xurshid Davron?
— Torobiyning izidan otni soldim janglarga.
— Qaydasan, Xurshid Davron?
— Shohizinda toshlarin topshiryapman ranglarga.
— Qaydasan, Xurshid Davron?
— Yurtidan quvg’in bo’lgan botir Manguberdiman.
— Qaydasan, Xurshid Davron?
— Sarbadorman, boshimni Vatanimga berdim man.
— Qaydasan, Xurshid Davron?
— Ulug’bek bitgan “Zij”ni xatlayapman, xattotman.
— Qaydasan, Xurshid Davron?
— Panipatda o’ch olib turibman-ku, hayotdan.
— Qaydasan, Xurshid Davron?
— O’qlar kelib sanchilgan Bibixonim toshiman.
— Qaydasan, Xurshid Davron?
— Temurbek navkariman, Nomoz qasosdoshiman.
— Qaydasan, Xurshid Davron?
— Darvish bo’lib ingrayman Buxoro bozorida.
— Qaydasan, Xurshid Davron?
— Meni-da ko’mmoqdalar Jizzaxning mozorida.
— Qaydasan, Xurshid Davron?
— Yog’iyning bayrog’iga artmoqdaman qonimni.
— Qaydasan, Xurshid Davron?
-Paxtazorda egilib topayapman nonimni.
— Qaydasan, Xurshid Davron?
— Qor ketgan dalalarda men chigit qadayapman.
— Qaydasan, Xurshid Davron?
— Qor ketgan dalalarda men chigit qadayapman.
— Qaydasan, Xurshid Davron?
— Qor ketgan dalalarda…

1982

022

(Tashriflar: umumiy 22 585, bugungi 1)

1 izoh

  1. Ёндириб бўлмайди буюк «Йўқ!» сўзин… О, устоз!..

Izoh qoldiring