3 октябрь — улуғ рус шоири Сергей Есенин таваллуд топган кунга 125 тўлди
Сергей Есенин менинг болалик дўстим десам хато бўлмас. Ҳассос шоир ижодини мактаб ёшимдан яхши кўриб, талабалик йилларда таржималар қилганман. Мени адабиётга олиб кирган устозларимдан бири ҳам Сергей Есенин. Мана,бугун яна ўша ёшликдан кўнглимга жо бўлган еллардек шўх, шабнамдек тиниқ, ойдек ёруғ ва ғамнок сатрларга қайтмоқдаман. Есенин каби истеъдодлар ҳамма замон, ҳамма халқларнинг кўнгил мулкидир. Ўз она юртини Есениндек севган, кенгликларида ялангоёқ югуриб, қайғу-ғамларига фарёд чеккан эрка ва дардли шоир дунёда кам. Болалик тасаввуримда у мен учун ўзбек шоири эди, бугун ҳам шундай. Уни мен таржима қилмадим, у ўзи шеърларини ўзбек тилида шивирлаб қулоғимга айтиб турди. Азиз ўқувчим, зора сиз ҳам шундай ҳис қилсангиз, деган орзуда уларни ҳукмингизга ҳавола қилдим (Таржимондан).
Сергей ЕСЕНИН
ШЕЪРЛАР
Эркин ВОҲИДОВ таржималари
Сергей Есенин 1895-йилнинг 3-октабрида (эски ҳисоб бўйича 21-сентабрида) Россиянинг қадим тарихга эга Рязан губерниясига қарашли Константиново қишлоғида оддий деҳқон оиласида туғилди. Отасининг камбағаллиги, аёлмандлиги учун у икки ёшлигидан ўзига рўқроқ бўлган она томонидан бобосининг оиласида тарбия топди. Беш ёшлигида ўқишни ўрганди, тўққиз ёшидан халқ қўшиқларига ўхшатиб шеърлар бита бошлади.
Қишлоқ муаллимлари тайёрлайдиган мактабни тугаллаб, ўн етти ёшида Москвага борди. Савдогарнинг идорасида ишлади, босмахонада мусаҳҳиҳлик қилди, адабий-мусиқий тўгаракка қатнашди, шеърлар ёзишни давом эттирди. Ўн тўққиз ёшидан шеърлари Москва журналларида босилиб, машҳур бўлди. Йигирма ёшида Петроградга келиб, яна бир машҳур рус шоири Александр Блок билан танишди. 1916-йилдан Армия хизматига кирди. Оқ подшоҳ шарафига шеър ёзишдан бош тортгани учун интизомий баталонга жўнатилди, кейин хизматдан тамоман воз кечди.
1918-1921-йилларда Мурманск, Архангелск, Қрим, Кавказ, Бессарабия, шунингдек, Туркистон бўйлаб сафар қилди. 1922-¬1923-йиллари эса таниқли америкалик раққоса Айседора Дункан билан Европанинг Германия, Франция, Белгия, Италия мамлакатларини айланди, тўрт ой АҚШ да яшади. Сергей Есенин 1925-йил 28-декабрда фожлали тарзда вафот этди. Шоир қаерда бўлмасин, умри бўйи ўзини руҳан қишлоқда юргандек ҳис қилиб яшади.
Шоирнинг ўз юрти ва она халқига юксак муҳаббати шеърларида унинг бевосита Рязан ўлкасига меҳри тарзида акс этган. Шоир асарларида таржимайи ҳоли билан боғлиқ нуқталар кўп тилга олинади. Мумтоз ўзбек адабиётида бундай асарларга ҳасби ҳол дейилади. “Энди қайтмам уйимга» ҳамда “Синглимга хат» шеърларида муаллифнинг кўп умри хорижий мамлакатларда, сафарларда ўтгани шундоқ сезилиб туради. Аммо қаерда яшамасин, ватани меҳри унинг қалбида жўш уради.
Сергей Есениннинг сатрлари қисқа-қисқа, тили равон ва содда, лирик қаҳрамоннинг ҳаёт, табиат, одамларга муносабатида қишлоқча самимийлик ва тўғрилик уфуриб туради. Энг муҳими, асарларида шарқона руҳ бор. Бу ўз-ўзидан пайдо бўлган эмас. Шоир форсий тилдаги мумтоз шеърият намуналари билан яқиндан танишганидан кейин Эронга боришга қаттиқ интилади. Бироқ ўша пайтдаги Россия ва Эрон муносабатлари рус шоирини у ёққа юбориш мақсадга мувофиқ эмаслигини тақозо этади. Шунга қарамасдан, Сергей Есенин қаттиқ туриб Эронга боришни талаб қилгани учун уни Озарбайжоннинг Бокуга яқин қишлоқларидан бирига юборишади. Бир неча муддат бу ерда яшаб, шарқона руҳни ҳис этади, Шарқ одамларининг ҳаёт тарзидан завқланади ва тез фурсатда унинг «Форс тароналари» шеърлар туркуми ёзилади. Шарқ шеъриятида Аллоҳга ишқни мажозан ёрга ишқ тарзида куйлаш кучли эди. Шунга тақлидан рус шоири ҳам Шарқ гўзалига бағишланган ишқий шеърлар битади. Лекин шу мавзу баҳонасида Ғарб кишисининг Шарққа меҳри жўш уриб турганини сезиш қийин эмас.
Рус ҳаётини тасвирлайдими, шарқона мавзуларда қалам тебратадими, бундан қатъи назар, Сергей Есенин сеърларининг туб моҳиятида умуминсонийлик ётади. Миллати, дини, ирқидан қатъи назар, уларни ўқиган кишининг кўнглида бир ёруғлик, завқ, меҳр, эзгуликка ошнолик туйғуси пайдо бўлади. Шеър қалбни поклайди, деганлари шу. Сергей Есениннинг аксар шеърларини Эркин Воҳидов маромига етказиб таржима қилган. Бу шеъриятнинг ўзбек шоирлари ижодига жуда катта таъсири бўлди. Эркин Воҳидов, Тилак Жўра, Маъруф Жалил, Хуршид Даврон, Муҳаммад Юсуф ва бошқалар ижодида буни яққол сезамиз.
БЕЗОРИМАН ҚЎШИҒИМДА ҲАМ
* * *
Бизлар аста кетаётирмиз –
Ҳаловатли сокин юртларга.
Фурсат балки менда ҳам тиғиз,
Отланишим керак сафарга.
Она замин, қум босган даштлик,
Оқ қайинзор ўрмон, чаманлар!
Юрагимда уйғотар ғашлик
Гала-гала кетаётганлар.
Мен бу ерни жуда севардим,
Суйдим бунда нимаки бўлса.
Севар эдим қарағайларим
Шафақ тушган сувга термулса…
Кўп хаёллар сурдим осуда,
Кўп қўшиқлар қилгандим ижод.
Шу замин, шу юрт оғушида
Бор бўлганим учун эдим шод.
Бахтли бўлдим қизларни ўпиб,
Чечакларни эзғилаб юрдим.
Ҳайдамадим итларни тепиб,
Уларни ўз укамдек кўрдим.
У юртларда йўқ бу чаманлар,
Оққуш бўйнин чўзмас жавдарим.
Шу сабаб ҳам кетаётганлар
Дилга титроқ солгувчи дардим.
Тополмасмиз ҳеч у томонда
Бу поёнсиз ўтлоқлардан из.
Шу сабабдан фоний жаҳонда
Яшаганлар мен учун азиз.
ВАТАН
Эй ватан, янги уйсан,
Томлари тилло.
Қулун отсан, кишнайсан,
Эшитар дунё.
Кенгликларинг сайр этсам,
Ғурурим баланд.
Шўх, бебошман, жон ўлкам,
Ўзингга монанд.
Тану руҳим чиниққан
Кўча жангида.
Куй айтар менга эман
Юрт оҳангида.
Севаман бор ёмонинг,
Гуноҳларинг ҳам.
Тўлдириб шарқ осмонинг
Юлдуздай ёнсам.
* * *
Девор тагин паналаб келиб,
Ўтлоқ ичра сингир шаббода.
Мен киссавур, безори бўлиб
Ўтажакман ёруғ дунёда.
Кун уфқлар ортига ботган,
Келар ундан чорлагувчи сас.
Бу оламда йўлин йўқотган,
Дайдиб юрган битта мен эмас.
Далаларга далалар туташ,
Бошдан оёқ оппоқ қор босмиш.
Хоҳ литваний бўлай, хоҳ чуваш,
Ҳамма каби менда ҳам ёзмиш.
Умрим менинг сирларга ошно,
Ишонаман, мўъжизалар бор.
Адашган бир йўлчидек гўё
Қайтиб келар Исо халоскор.
Ишонаман, у келар қайтиб,
Дийдорига балки етарман.
Ё кўрсам-да сархуш тиржайиб,
Танимасдан ўтиб кетарман.
Кўзларимда ёш қуригандек,
Умид кўкдан овунчлар тўкмиш.
Лекин шодлик мовий тумандек
Қоронғулик қаърига чўкмиш.
Юрак тўла ғашлик ва малол,
Биттагина орзум бор энди:
Тор кулбамга кирса-да шамол,
Ер тепиб бир рақс тушса эди.
* * *
Шафқатсизга ҳамма нарса бор,
Раҳмдилнинг насиби – алам.
Энди менга нима ҳам даркор,
Ачинайин энди кимга ҳам?
Раҳмим келар дайди ит кўрсам,
Раҳмим келар ўзимга бироз.
Кўнгил мени қадам-бақадам
Майхонага келтиргани рост.
Эй шайтонлар, кулманг бировга,
Шу ватанга бегонами биз?
Ё сиз шимни қўйиб гаровга,
Бир шиша май олмаганмисиз?
Деразадан қарайман бир дам,
Рўпарамда ёлғизоёқ йўл.
У ҳам мендек кимсасиз, пурғам,
Кўз ёшига ғарқ бўлгандек ҳўл.
Ана, ўйнаб юрар болакай,
Тош ирғитса, ўшанга хурсанд.
Унда ҳам бор ташвиш, ҳарқалай,
Тинмай бурун ковлаш билан банд.
Бу ишингни ташлама, бола,
Чуқурроқ сол бурнингга бармоқ.
Ўйнаб, зинҳор шу кир қўл билан
Ўз қалбингни кавлама бироқ.
Ўйлаб кўрсам, мен ҳам боламан,
Кўчаларда тентираб бу кун –
Тиқин пўкак териб оламан
Қалб оғзини беркитмоқ учун.
* * *
Эй сен кўҳна, сеҳрли қишлоқ,
Эй сиз, унинг сўқмоқ йўллари.
Сизни бўғиб турибди бу чоғ –
Шоҳ кўчанинг метин қўллари.
Ҳуркак далам, қор кўзгусига
Термуласан, кўксимда тугун.
Ўз ажалим рўбарўсига
Салом бериб чиқаман бугун.
Яраланган оҳудек қишлоқ,
Ўлаксахўр қуш каби шаҳар.
Ўтлоқларнинг сийнаси юмшоқ,
Симёғочлар найзаси заҳар.
Табиатнинг нозик оқ бўйнин
Тутар қора чўян бармоқлар,
Нима бўпти! Ажал ўйинин
Кўп кўрган бу кўҳна ўтлоқлар.
Кўп ёв босган, бу навбат шаҳар,
Қуритмоққа келди шўрини.
Худди шундай қуршаб овчилар,
Тўрт тарафдан отар бўрини.
Ана, сайёд мўлжаллаб овни,
Тепки босмоқ бўлгани замон –
Сапчиб, икки оёқли ёвни
Ғажиб ташлар бўри беомон.
Ваҳший дўстим, бил, сен томонман,
Қалб ёввойи руҳингга ошно.
Мен ҳам сендек қувғинди жонман
Темир юрак рақиблар аро.
Бугун улар ғолиб ва мамнун,
Қуршаб мени қўйдилар ночор,
Лек ёв қонин ичмоққа бир кун
Сўнгги карра сапчимоғим бор.
Адо бўлсам паймонам тўлиб,
Куйлаб қолар ёввойи созим.
У соҳилдан алқасос бўлиб
Увлар менинг дардли овозим.
* * *
Йиғламасман, қилмасам фиғон,
Ўтган ўтди, афсус айтмасман.
Олтин сочди бошимдан хазон,
Мен ёшликка энди қайтмасман.
Аввалгидек ўт олиб, шайдо –
Ёнмас чўғи совуган юрак.
Энди мовий кенгликлар аро
Ялангоёқ чопмасам керак.
Юрагимга чўкди ҳазинлик,
Йўқ у шодон, шўх-шўх сўзларим.
Қани ёвқур, мард ўспиринлик,
Қани завққа тўлган кўзларим?
Энди орзу-ҳавасларим кам,
Тушмиди ё ўнгмиди ҳаёт?
Кенг даладан бамисли кўклам
Ўтгандекман миниб учқур от.
Вафосиздир ўткинчи гардун,
Дунё билан хайрлашган он –
Яшаганинг, кўрганинг учун
Рози бўлиб шукур айт, инсон!
БЕЗОРИ
Тол баргагин ювганда ёмғир,
Япроқ юлиб ўйнар шаббода.
Юрак ҳам шўх, эрка шамолдир,
Безориман ёруғ дунёда.
Поёнсиз Рус, яшил Россиям,
Ахир мен бир куйчи боланг-да.
Бу жонивор шеъримни мен ҳам
Ялпиз бериб боқдим далангда.
Ой хумчаси фалакда гўё
Қайин сути билан тўладир.
Қора черков сукунат аро
Томоғимдан бўғмоқ бўладир.
Аммо қўрқинч билмас бу жоним,
Шарпаларга тик боқар кўзим.
Томиримда қароқчи қони,
Бир йўлтўсар ўғриман ўзим.
Чечак териб, кўнгилни хушлаб
Юрганимга кулиб қарашар.
Асли менга ойболта ушлаб,
Йўлда одам овлаш ярашар.
Энди нетай, қочай қай ёққа,
Шеър даштида қувғинди бошим.
Маҳкум бўлдим айлантирмоққа
Достонларнинг тегирмон тошин.
Булажабдир дунё ишлари,
Шоир бўлмоқ экан пешонам.
Куйла, шамол, сендек сарсари
Безориман қўшиғимда ҳам.
СИНГЛИМГА ХАТ
Бизнинг Александр
Делвиг ҳақида
Шеър ёзган, мадҳ этиб калла суягин.
Қандай ширин,
Қандай олис ақида,
Худди гулбоғ янглиғ кўнгилга яқин.
Салом сенга, синглим,
Салом, ассалом.
Қадрдон далалар саломат борми?
Айт, қалай парвариш қилмоқда бобом
Рязандаги бизнинг олучазорни?
Ўша олучазор
Борми ёдингда?
Отам шўрлик тинмай қиларди меҳнат.
Бир парча еридан
Ҳосил олгунча
Омоч суриб, қанча чекарди заҳмат.
Унга мақсад эди
Картошка олиш,
Биз боғ бўлса дердик,
Боғни кесишди.
Дилим ўртанганин
Айтсин ҳўл болиш,
Боғни кесишди-ю,
Бағрим эзишди.
Ёдимдадир байрам,
Ўша сўлим май,
Сабзалар безанган,
Гуллаб настарин.
Оппоқ қайинларни
Қучоқлаб тинмай,
Шўх хандон майдан ҳам
Мастроқ эдим ман.
Оҳ, у оқ қайинлар,
Оппоқ қайинлар…
Қизлардек сарвиноз, сулув, хушқомат.
Севмаслиги мумкин уларни фақат
Қувноқ навниҳолда кўрмаган самар.
Синглим!
Нақадар кам ҳаётда чин дўст,
Кўплардек менинг ҳам Юрагимда доғ.
Агар нозик қалбинг
Толиққан бўлса,
Бунинг соз давоси —
Тинмоқ, унутмоқ.
Саша*ни биласан,
Саша зўр эди.
Лермонтов ҳам, асли,
Унга жўр эди.
Мен бўлсам…
Касалга чалиниб турибман.
Энди эса настарин қорларда
Руҳимни даволаб юрибман.
Сенга ачинаман,
Ёлғиз қоларсан.
Мен эсам тайёрман
Дуелга, ҳатто.
«Бахтлидир жомини ичиб бўлмаган**,
Ва тинглаб бўлмаган найдан ҳам наво.
Ва лекин боғимиз…
Ўша боғ аро
Эрка болаларинг ўйнар кўкламда.
Улар ўйлаб қўйса қани бир бор, о,
Далли девоналар
Ўтган оламда.
——————-
* Саша – Александр Сергеевич Пушкин. ** Бу Александр Сергеевич Пушкиннинг сатри.
БУ ДУНЁДА МЕН БИР ЙЎЛОВЧИ…
Синглим Шурага
Бу дунёда мен бир йўловчи,
Шодон менга қўл силки, эркам.
Худди шундай тинч, эркаловчи
Зиё тўкар куз фасли Ой ҳам.
Исинурман Ойнинг тафтига,
Илк бор ундан ором олар жон.
Аллақачон сўнган севгига
Умид боғлаб яшайман ҳамон.
Бунга боис — шу маконимиз,
Шу ер — оппоқ, шўр манглай турбат,
Қайлардадир топталган номус,
Кимларгадир қадрдон ғурбат.
Яширмайман, ҳар ким ҳам билар:
Бошқа-бошқа эмас, жон сингил,
Иккимиз ҳам бир севги билан
Шу ватанга қўйганмиз кўнгил.
ОНА ИБОДАТИ
Қишлоқнинг бир четида
Пастаккина уй турар,
Сажда қилиб шу уйда
Онаизор ўлтирар.
Ёлғиз ўғлин эслар у
Ёниб аччиқ фироқда.
Ўғли эса юрт учун
Жанг қилади йироқда.
Она сажда қилади,
Кўзёшлари шашқатор.
Бир нуқтага тикилган,
Хаёлида нелар бор?
Кўз олдига келади:
Кенг дала — жанг майдони.
Жонсиз ётар майдонда
Мард ўғли — паҳлавони.
Кўкрагида жароҳат,
Қоп-қора қон ҳар ёғи.
Қолмиш жонсиз қўлида
Душманининг байроғи.
Она юзин қоплар ғам,
Чимирганча қошини,
Аста суяр қўлига
Оппоқ сочли бошини.
Юрак дарди ёш бўлиб,
Тўлиб келар кўзига.
Маржон-маржон томчилар
Оқиб, тушар юзига.
ИТ ҲАҚИДА ДОСТОН
Қуёш ўйнар жавдар хирмонда,
Чипталарда нури тилларанг.
Болалади она ит тонгда,
Етти кучук туғди малларанг.
Ювиб-тараб тиллари билан,
Оқшомгача эркалади у.
Она итнинг иссиқ бағридан
Қор устида эриб оқди сув.
Оқшом; пайти, товуқлар энди
Қўноғига тизилишган дам
Уй эгаси хўмрайиб келди,
Қопга солди еттовини ҳам.
Шўрлик она чопди кетидан,
Узоқ-узоқ қувлаб борди у.
Муздек терлар оқиб этидан,
Аччиқ-аччиқ увлаб борди у.
Ботқоқлардан кечиб ўтди лой,
Оёқлари толди, уринди.
Қайтар экан том устида Ой
Боласига ўхшаб кўринди.
Шўрлик яна боласин сўраб,
Кўкка боқиб увлади хаста.
Янги Ой ҳам аста ғилдираб
Тушиб кетди уфқдан пастга.
Бечорага эрмаклаб, кулиб,
Нон ўрнига отишгандек тош,
Ит кўзидан юлдузлар бўлиб
Қорга оқди томчи-томчи ёш.
«ФОРС (ЭРОН) ТАРОНАЛАРИ» ТУРКУМИДАН
ХУРОСОНДА БИР ДАРБОЗА БОР...
Хуросонда бир дарбоза бор,
Остонаси гулга кўмилган,
Унда яшар бир пари рухсор.
Хуросонда бир дарбоза бор,
Ҳайҳот, уни очолмадим ман.
Қўлларимда куч ҳам етарли,
Сочларимдан олтин ранг олган.
Асир этди мени ул пари.
Қўлда гарчи кучим етарли,
Ул эшикни очолмадим ман.
Мардлигим не ишқ майдонида,
Айтинг, кимга қилай шарҳи ғам?!
Севмас бўлса Шаҳи жонидан,
Ул эшикни очолмас бўлсам,
Мардлигим не ишқ майдонида?!
Яна тушди Рус сари йўлим,
Эрон, сендан кетгумми ҳали?
Наҳот, сени боз кўрмас бўлдим?
Она юртга меҳрим туфайли
Яна тушди Рус сари йўлим.
Хайр энди, хайр, паризод!
Дарбозангни очолмасам -да,
Ширин ғаминг бирла умрбод
Куйлаб ўтай сени ўлкамда.
Хайр энди, хайр, паризод…
ТАЛПИНМА КЎП, ДЕВОНА КЎНГИЛ…
Талпинма кўп, девона кўнгил,
Барчамиздан юз ўгирмиш бахт.
Шафқат тилар гадолар фақат…
Талпинма кўп, девона кўнгил.
Фусункор ой кийиб зар либос,
Шуъла тўкар каштанлар узра:
Қўйиб Лаълим сийнасига бош,
Пардасини тортаман юзга.
Талпинма кўп, девона кўнгил.
Биз барчамиз гўдакмиз бир оз,
Гоҳ кўзда ёш, гоҳ лабда кулгу,
Бўлмиш ушбу дунёда мерос.
Барчамизга шодлик ва қайғу.
Талпинма кўп, девона кўнгил.
Кўрганман кўп элатларни мен,
Толе излаб кезганман жаҳон.
Юрагимнинг эзгу истагин
Энди ортиқ қидирмам сарсон.
Талпинма кўп, девона кўнгил.
Умидим бор ҳаётдан ҳали,
Тугамаган кўнглимда бардош,
Кел, бир нафас ором ол, қалбим,
Ухла қўйиб ёр кўксига бош,
Умидим бор ҳаётдан ҳали.
Зора тақдир бошимиз силаб,
Саодатга ёр этса бизни,
Толе булбул овози билан
Аллаласа пок севгимизни.
Талпинма кўп, девона кўнгил…
ДОҒЛАР КЕТМИШ МАЖРУҲ КЎНГИЛДАН…
Доғлар кетмиш мажруҳ кўнгилдан,
Маст васваса қўзғамас туғён.
Мен дардимга Теҳрон гулидан
Чойхонада тополдим дармон.
Чойхоначи — барваста, ўктам,
Қойил қолсин рус, деб, чойимга,
Ўткир ароқ, май ўрнига ҳам
Аччиқ-аччиқ чой тутар менга.
Қуй, мезбоним, аммо ҳад билан,
Боғинг аро турфа гуллар бор.
Оқшом менга ниқоб остидан
Оҳу кўзин сузди гулрухсор.
Россияда гулдай қизларни
Тутқунликда сақламас эрлар.
Сармаст этар бўса бизларни
Беханжар-у бемакр-у безар.
Бу тонг юзли дилдор қошимда
Бир бор хиром этса ноз билан,
Шоҳи рўмол солгум бошига,
Йўлларига шерозий гилам.
Мезбон, чой қуй менга лолагун,
Шоир сенга сўйламас ёлғон.
Эҳтиёт бўл ўзингга бугун,
Сўнгра мендан қилмагин гумон.
Эшикка кўп қарайберма сан,
Гулбоғингга, барибир, йўл бор…
Оқшом менга ниқоб остидан
Оҳу кўзин сузди гулрухсор.
Sergey Yesenin mening bolalik do’stim desam xato bo’lmas. Hassos shoir ijodini maktab yoshimdan yaxshi ko’rib, talabalik yillarda tarjimalar qilganman. Meni adabiyotga olib kirgan ustozlarimdan biri ham Sergey Yesenin. Mana, bugun yana o’sha yoshlikdan ko’nglimga jo bo’lgan yellardek sho’x, shabnamdek tiniq, oydek yorug’ va g’amnok satrlarga qaytmoqdaman. Yesenin kabi iste’dodlar hamma zamon, hamma xalqlarning ko’ngil mulkidir. O’z ona yurtini Yesenindek sevgan, kengliklarida yalangoyoq yugurib, qayg’u-g’amlariga faryod chekkan erka va dardli shoir dunyoda kam. Bolalik tasavvurimda u men uchun o’zbek shoiri edi, bugun ham shunday. Uni men tarjima qilmadim, u o’zi she’rlarini o’zbek tilida shivirlab qulog’imga aytib turdi. Aziz o’quvchim, zora siz ham shunday his qilsangiz, degan orzuda ularni hukmingizga havola qildim.
Tarjimon
Sergey YESENIN
SHE’RLAR
Erkin Vohidov tarjimalari
Sergey Yesenin 1895-yilning 3-oktabrida (eski hisob bo’yicha 21-sentabrida) Rossiyaning qadim tarixga ega Ryazan guberniyasiga qarashli Konstantinovo qishlog’ida oddiy dehqon oilasida tug’ildi. Otasining kambag’alligi, ayolmandligi uchun u ikki yoshligidan o’ziga ro’qroq bo’lgan ona tomonidan bobosining oilasida tarbiya topdi. Besh yoshligida o’qishni o’rgandi, to’qqiz yoshidan xalq qo’shiqlariga o’xshatib she’rlar bita boshladi.
Qishloq muallimlari tayyorlaydigan maktabni tugallab, o’n yetti yoshida Moskvaga bordi. Savdogarning idorasida ishladi, bosmaxonada musahhihlik qildi, adabiy-musiqiy to’garakka qatnashdi, she’rlar yozishni davom ettirdi. O’n to’qqiz yoshidan she’rlari Moskva jurnallarida bosilib, mashhur bo’ldi. Yigirma yoshida Petrogradga kelib, yana bir mashhur rus shoiri Aleksandr Blok bilan tanishdi. 1916-yildan Armiya xizmatiga kirdi. Oq podshoh sharafiga she’r yozishdan bosh tortgani uchun intizomiy batalonga jo’natildi, keyin xizmatdan tamoman voz kechdi.
1918-1921-yillarda Murmansk, Arxangelsk, Qrim, Kavkaz, Bessarabiya, shuningdek, Turkiston bo’ylab safar qildi. 1922-¬1923-yillari esa taniqli amerikalik raqqosa Aysedora Dunkan bilan Yevropaning Germaniya, Frantsiya, Belgiya, Italiya mamlakatlarini aylandi, to’rt oy AQSH da yashadi. Sergey Yesenin 1925-yil 28-dekabrda fojlali tarzda vafot etdi. Shoir qaerda bo’lmasin, umri bo’yi o’zini ruhan qishloqda yurgandek his qilib yashadi.
Shoirning o’z yurti va ona xalqiga yuksak muhabbati she’rlarida uning bevosita Ryazan o’lkasiga mehri tarzida aks etgan. Shoir asarlarida tarjimayi holi bilan bog’liq nuqtalar ko’p tilga olinadi. Mumtoz o’zbek adabiyotida bunday asarlarga hasbi hol deyiladi. “Endi qaytmam uyimga» hamda “Singlimga xat» she’rlarida muallifning ko’p umri xorijiy mamlakatlarda, safarlarda o’tgani shundoq sezilib turadi. Ammo qaerda yashamasin, vatani mehri uning qalbida jo’sh uradi.
Sergey Yeseninning satrlari qisqa-qisqa, tili ravon va sodda, lirik qahramonning hayot, tabiat, odamlarga munosabatida qishloqcha samimiylik va to’g’rilik ufurib turadi. Eng muhimi, asarlarida sharqona ruh bor. Bu o’z-o’zidan paydo bo’lgan emas. Shoir forsiy tildagi mumtoz she’riyat namunalari bilan yaqindan tanishganidan keyin Eronga borishga qattiq intiladi. Biroq o’sha paytdagi Rossiya va Eron munosabatlari rus shoirini u yoqqa yuborish maqsadga muvofiq emasligini taqozo etadi. Shunga qaramasdan, Sergey Yesenin qattiq turib Eronga borishni talab qilgani uchun uni Ozarbayjonning Bokuga yaqin qishloqlaridan biriga yuborishadi. Bir necha muddat bu yerda yashab, sharqona ruhni his etadi, Sharq odamlarining hayot tarzidan zavqlanadi va tez fursatda uning «Fors taronalari» she’rlar turkumi yoziladi. Sharq she’riyatida Allohga ishqni majozan yorga ishq tarzida kuylash kuchli edi. Shunga taqlidan rus shoiri ham Sharq go’zaliga bag’ishlangan ishqiy she’rlar bitadi. Lekin shu mavzu bahonasida G’arb kishisining Sharqqa mehri jo’sh urib turganini sezish qiyin emas.
Rus hayotini tasvirlaydimi, sharqona mavzularda qalam tebratadimi, bundan qat’i nazar, Sergey Yesenin se’rlarining tub mohiyatida umuminsoniylik yotadi. Millati, dini, irqidan qat’i nazar, ularni o’qigan kishining ko’nglida bir yorug’lik, zavq, mehr, ezgulikka oshnolik tuyg’usi paydo bo’ladi. She’r qalbni poklaydi, deganlari shu. Sergey Yeseninning aksar she’rlarini Erkin Vohidov maromiga yetkazib tarjima qilgan. Bu she’riyatning o’zbek shoirlari ijodiga juda katta ta’siri bo’ldi. Erkin Vohidov, Tilak Jo’ra, Ma’ruf Jalil, Xurshid Davron, Muhammad Yusuf va boshqalar ijodida buni yaqqol sezamiz.
BEZORIMAN QO’SHIG’IMDA HAM
* * *
Bizlar asta ketayotirmiz –
Halovatli sokin yurtlarga.
Fursat balki menda ham tig’iz,
Otlanishim kerak safarga.
Ona zamin, qum bosgan dashtlik,
Oq qayinzor o’rmon, chamanlar!
Yuragimda uyg’otar g’ashlik
Gala-gala ketayotganlar.
Men bu yerni juda sevardim,
Suydim bunda nimaki bo’lsa.
Sevar edim qarag’aylarim
Shafaq tushgan suvga termulsa…
Ko’p xayollar surdim osuda,
Ko’p qo’shiqlar qilgandim ijod.
Shu zamin, shu yurt og’ushida
Bor bo’lganim uchun edim shod.
Baxtli bo’ldim qizlarni o’pib,
Chechaklarni ezg’ilab yurdim.
Haydamadim itlarni tepib,
Ularni o’z ukamdek ko’rdim.
U yurtlarda yo’q bu chamanlar,
Oqqush bo’ynin cho’zmas javdarim.
Shu sabab ham ketayotganlar
Dilga titroq solguvchi dardim.
Topolmasmiz hech u tomonda
Bu poyonsiz o’tloqlardan iz.
Shu sababdan foniy jahonda
Yashaganlar men uchun aziz.
VATAN
Ey vatan, yangi uysan,
Tomlari tillo.
Qulun otsan, kishnaysan,
Eshitar dunyo.
Kengliklaring sayr etsam,
G’ururim baland.
Sho’x, beboshman, jon o’lkam,
O’zingga monand.
Tanu ruhim chiniqqan
Ko’cha jangida.
Kuy aytar menga eman
Yurt ohangida.
Sevaman bor yomoning,
Gunohlaring ham.
To’ldirib sharq osmoning
Yulduzday yonsam.
* * *
Devor tagin panalab kelib,
O’tloq ichra singir shabboda.
Men kissavur, bezori bo’lib
O’tajakman yorug’ dunyoda.
Kun ufqlar ortiga botgan,
Kelar undan chorlaguvchi sas.
Bu olamda yo’lin yo’qotgan,
Daydib yurgan bitta men emas.
Dalalarga dalalar tutash,
Boshdan oyoq oppoq qor bosmish.
Xoh litvaniy bo’lay, xoh chuvash,
Hamma kabi menda ham yozmish.
Umrim mening sirlarga oshno,
Ishonaman, mo»jizalar bor.
Adashgan bir yo’lchidek go’yo
Qaytib kelar Iso xaloskor.
Ishonaman, u kelar qaytib,
Diydoriga balki yetarman.
YO ko’rsam-da sarxush tirjayib,
Tanimasdan o’tib ketarman.
Ko’zlarimda yosh qurigandek,
Umid ko’kdan ovunchlar to’kmish.
Lekin shodlik moviy tumandek
Qorong’ulik qa’riga cho’kmish.
Yurak to’la g’ashlik va malol,
Bittagina orzum bor endi:
Tor kulbamga kirsa-da shamol,
Yer tepib bir raqs tushsa edi.
* * *
Shafqatsizga hamma narsa bor,
Rahmdilning nasibi – alam.
Endi menga nima ham darkor,
Achinayin endi kimga ham?
Rahmim kelar daydi it ko’rsam,
Rahmim kelar o’zimga biroz.
Ko’ngil meni qadam-baqadam
Mayxonaga keltirgani rost.
Ey shaytonlar, kulmang birovga,
Shu vatanga begonami biz?
YO siz shimni qo’yib garovga,
Bir shisha may olmaganmisiz?
Derazadan qarayman bir dam,
Ro’paramda yolg’izoyoq yo’l.
U ham mendek kimsasiz, purg’am,
Ko’z yoshiga g’arq bo’lgandek ho’l.
Ana, o’ynab yurar bolakay,
Tosh irg’itsa, o’shanga xursand.
Unda ham bor tashvish, harqalay,
Tinmay burun kovlash bilan band.
Bu ishingni tashlama, bola,
Chuqurroq sol burningga barmoq.
O’ynab, zinhor shu kir qo’l bilan
O’z qalbingni kavlama biroq.
O’ylab ko’rsam, men ham bolaman,
Ko’chalarda tentirab bu kun –
Tiqin po’kak terib olaman
Qalb og’zini berkitmoq uchun.
* * *
Ey sen ko’hna, sehrli qishloq,
Ey siz, uning so’qmoq yo’llari.
Sizni bo’g’ib turibdi bu chog’ –
Shoh ko’chaning metin qo’llari.
Hurkak dalam, qor ko’zgusiga
Termulasan, ko’ksimda tugun.
O’z ajalim ro’baro’siga
Salom berib chiqaman bugun.
Yaralangan ohudek qishloq,
O’laksaxo’r qush kabi shahar.
O’tloqlarning siynasi yumshoq,
Simyog’ochlar nayzasi zahar.
Tabiatning nozik oq bo’ynin
Tutar qora cho’yan barmoqlar,
Nima bo’pti! Ajal o’yinin
Ko’p ko’rgan bu ko’hna o’tloqlar.
Ko’p yov bosgan, bu navbat shahar,
Quritmoqqa keldi sho’rini.
Xuddi shunday qurshab ovchilar,
To’rt tarafdan otar bo’rini.
Ana, sayyod mo’ljallab ovni,
Tepki bosmoq bo’lgani zamon –
Sapchib, ikki oyoqli yovni
G’ajib tashlar bo’ri beomon.
Vahshiy do’stim, bil, sen tomonman,
Qalb yovvoyi ruhingga oshno.
Men ham sendek quvg’indi jonman
Temir yurak raqiblar aro.
Bugun ular g’olib va mamnun,
Qurshab meni qo’ydilar nochor,
Lek yov qonin ichmoqqa bir kun
So’nggi karra sapchimog’im bor.
Ado bo’lsam paymonam to’lib,
Kuylab qolar yovvoyi sozim.
U sohildan alqasos bo’lib
Uvlar mening dardli ovozim.
* * *
Yig’lamasman, qilmasam fig’on,
O’tgan o’tdi, afsus aytmasman.
Oltin sochdi boshimdan xazon,
Men yoshlikka endi qaytmasman.
Avvalgidek o’t olib, shaydo –
Yonmas cho’g’i sovugan yurak.
Endi moviy kengliklar aro
Yalangoyoq chopmasam kerak.
Yuragimga cho’kdi hazinlik,
Yo’q u shodon, sho’x-sho’x so’zlarim.
Qani yovqur, mard o’spirinlik,
Qani zavqqa to’lgan ko’zlarim?
Endi orzu-havaslarim kam,
Tushmidi yo o’ngmidi hayot?
Keng daladan bamisli ko’klam
O’tgandekman minib uchqur ot.
Vafosizdir o’tkinchi gardun,
Dunyo bilan xayrlashgan on –
Yashaganing, ko’rganing uchun
Rozi bo’lib shukur ayt, inson!
BEZORI
Tol bargagin yuvganda yomg’ir,
Yaproq yulib o’ynar shabboda.
Yurak ham sho’x, erka shamoldir,
Bezoriman yorug’ dunyoda.
Poyonsiz Rus, yashil Rossiyam,
Axir men bir kuychi bolang-da.
Bu jonivor she’rimni men ham
Yalpiz berib boqdim dalangda.
Oy xumchasi falakda go’yo
Qayin suti bilan to’ladir.
Qora cherkov sukunat aro
Tomog’imdan bo’g’moq bo’ladir.
Ammo qo’rqinch bilmas bu jonim,
Sharpalarga tik boqar ko’zim.
Tomirimda qaroqchi qoni,
Bir yo’lto’sar o’g’riman o’zim.
Chechak terib, ko’ngilni xushlab
Yurganimga kulib qarashar.
Asli menga oybolta ushlab,
Yo’lda odam ovlash yarashar.
Endi netay, qochay qay yoqqa,
She’r dashtida quvg’indi boshim.
Mahkum bo’ldim aylantirmoqqa
Dostonlarning tegirmon toshin.
Bulajabdir dunyo ishlari,
Shoir bo’lmoq ekan peshonam.
Kuyla, shamol, sendek sarsari
Bezoriman qo’shig’imda ham.
SINGLIMGA XAT
Bizning Aleksandr
Delvig haqida
She’r yozgan, madh etib kalla suyagin.
Qanday shirin,
Qanday olis aqida,
Xuddi gulbog’ yanglig’ ko’ngilga yaqin.
Salom senga, singlim,
Salom, assalom.
Qadrdon dalalar salomat bormi?
Ayt, qalay parvarish qilmoqda bobom
Ryazandagi bizning oluchazorni?
O’sha oluchazor
Bormi yodingda?
Otam sho’rlik tinmay qilardi mehnat.
Bir parcha yeridan
Hosil olguncha
Omoch surib, qancha chekardi zahmat.
Unga maqsad edi
Kartoshka olish,
Biz bog’ bo’lsa derdik,
Bog’ni kesishdi.
Dilim o’rtanganin
Aytsin ho’l bolish,
Bog’ni kesishdi-yu,
Bag’rim ezishdi.
Yodimdadir bayram,
O’sha so’lim may,
Sabzalar bezangan,
Gullab nastarin.
Oppoq qayinlarni
Quchoqlab tinmay,
Sho’x xandon maydan ham
Mastroq edim man.
Oh, u oq qayinlar,
Oppoq qayinlar…
Qizlardek sarvinoz, suluv, xushqomat.
Sevmasligi mumkin ularni faqat
Quvnoq navniholda ko’rmagan samar.
Singlim!
Naqadar kam hayotda chin do’st,
Ko’plardek mening ham Yuragimda dog’.
Agar nozik qalbing
Toliqqan bo’lsa,
Buning soz davosi —
Tinmoq, unutmoq.
Sasha*ni bilasan,
Sasha zo’r edi.
Lermontov ham, asli,
Unga jo’r edi.
Men bo’lsam…
Kasalga chalinib turibman.
Endi esa nastarin qorlarda
Ruhimni davolab yuribman.
Senga achinaman,
Yolg’iz qolarsan.
Men esam tayyorman
Duelga, hatto.
«Baxtlidir jomini ichib bo’lmagan**,
Va tinglab bo’lmagan naydan ham navo.
Va lekin bog’imiz…
O’sha bog’ aro
Erka bolalaring o’ynar ko’klamda.
Ular o’ylab qo’ysa qani bir bor, o,
Dalli devonalar
O’tgan olamda.
——————-
* Sasha – Aleksandr Sergeevich Pushkin. ** Bu Aleksandr Sergeevich Pushkinning satri.
BU DUNYODA MEN BIR YO’LOVCHI…
Singlim Shuraga
Bu dunyoda men bir yo’lovchi,
Shodon menga qo’l silki, erkam.
Xuddi shunday tinch, erkalovchi
Ziyo to’kar kuz fasli Oy ham.
Isinurman Oyning taftiga,
Ilk bor undan orom olar jon.
Allaqachon so’ngan sevgiga
Umid bog’lab yashayman hamon.
Bunga bois — shu makonimiz,
Shu yer — oppoq, sho’r manglay turbat,
Qaylardadir toptalgan nomus,
Kimlargadir qadrdon g’urbat.
Yashirmayman, har kim ham bilar:
Boshqa-boshqa emas, jon singil,
Ikkimiz ham bir sevgi bilan
Shu vatanga qo’yganmiz ko’ngil.
ONA IBODATI
Qishloqning bir chetida
Pastakkina uy turar,
Sajda qilib shu uyda
Onaizor o’ltirar.
Yolg’iz o’g’lin eslar u
Yonib achchiq firoqda.
O’g’li esa yurt uchun
Jang qiladi yiroqda.
Ona sajda qiladi,
Ko’zyoshlari shashqator.
Bir nuqtaga tikilgan,
Xayolida nelar bor?
Ko’z oldiga keladi:
Keng dala — jang maydoni.
Jonsiz yotar maydonda
Mard o’g’li — pahlavoni.
Ko’kragida jarohat,
Qop-qora qon har yog’i.
Qolmish jonsiz qo’lida
Dushmanining bayrog’i.
Ona yuzin qoplar g’am,
Chimirgancha qoshini,
Asta suyar qo’liga
Oppoq sochli boshini.
Yurak dardi yosh bo’lib,
To’lib kelar ko’ziga.
Marjon-marjon tomchilar
Oqib, tushar yuziga.
IT HAQIDA DOSTON
Quyosh o’ynar javdar xirmonda,
Chiptalarda nuri tillarang.
Bolaladi ona it tongda,
Yetti kuchuk tug’di mallarang.
Yuvib-tarab tillari bilan,
Oqshomgacha erkaladi u.
Ona itning issiq bag’ridan
Qor ustida erib oqdi suv.
Oqshom; payti, tovuqlar endi
Qo’nog’iga tizilishgan dam
Uy egasi xo’mrayib keldi,
Qopga soldi yettovini ham.
Sho’rlik ona chopdi ketidan,
Uzoq-uzoq quvlab bordi u.
Muzdek terlar oqib etidan,
Achchiq-achchiq uvlab bordi u.
Botqoqlardan kechib o’tdi loy,
Oyoqlari toldi, urindi.
Qaytar ekan tom ustida Oy
Bolasiga o’xshab ko’rindi.
Sho’rlik yana bolasin so’rab,
Ko’kka boqib uvladi xasta.
Yangi Oy ham asta g’ildirab
Tushib ketdi ufqdan pastga.
Bechoraga ermaklab, kulib,
Non o’rniga otishgandek tosh,
It ko’zidan yulduzlar bo’lib
Qorga oqdi tomchi-tomchi yosh.
«FORS (ERON) TARONALARI» TURKUMIDAN
XUROSONDA BIR DARBOZA BOR...
Xurosonda bir darboza bor,
Ostonasi gulga ko’milgan,
Unda yashar bir pari ruxsor.
Xurosonda bir darboza bor,
Hayhot, uni ocholmadim man.
Qo’llarimda kuch ham yetarli,
Sochlarimdan oltin rang olgan.
Asir etdi meni ul pari.
Qo’lda garchi kuchim yetarli,
Ul eshikni ocholmadim man.
Mardligim ne ishq maydonida,
Ayting, kimga qilay sharhi g’am?!
Sevmas bo’lsa Shahi jonidan,
Ul eshikni ocholmas bo’lsam,
Mardligim ne ishq maydonida?!
Yana tushdi Rus sari yo’lim,
Eron, sendan ketgummi hali?
Nahot, seni boz ko’rmas bo’ldim?
Ona yurtga mehrim tufayli
Yana tushdi Rus sari yo’lim.
Xayr endi, xayr, parizod!
Darbozangni ocholmasam -da,
Shirin g’aming birla umrbod
Kuylab o’tay seni o’lkamda.
Xayr endi, xayr, parizod…
* * *
Talpinma ko’p, devona ko’ngil,
Barchamizdan yuz o’girmish baxt.
Shafqat tilar gadolar faqat…
Talpinma ko’p, devona ko’ngil.
Fusunkor oy kiyib zar libos,
Shu’la to’kar kashtanlar uzra:
Qo’yib La’lim siynasiga bosh,
Pardasini tortaman yuzga.
Talpinma ko’p, devona ko’ngil.
Biz barchamiz go’dakmiz bir oz,
Goh ko’zda yosh, goh labda kulgu,
Bo’lmish ushbu dunyoda meros.
Barchamizga shodlik va qayg’u.
Talpinma ko’p, devona ko’ngil.
Ko’rganman ko’p elatlarni men,
Tole izlab kezganman jahon.
Yuragimning ezgu istagin
Endi ortiq qidirmam sarson.
Talpinma ko’p, devona ko’ngil.
Umidim bor hayotdan hali,
Tugamagan ko’nglimda bardosh,
Kel, bir nafas orom ol, qalbim,
Uxla qo’yib yor ko’ksiga bosh,
Umidim bor hayotdan hali.
Zora taqdir boshimiz silab,
Saodatga yor etsa bizni,
Tole bulbul ovozi bilan
Allalasa pok sevgimizni.
Talpinma ko’p, devona ko’ngil…
DOG’LAR KETMISH MAJRUH KO’NGILDAN…
Dog’lar ketmish majruh ko’ngildan,
Mast vasvasa qo’zg’amas tug’yon.
Men dardimga Tehron gulidan
Choyxonada topoldim darmon.
Choyxonachi — barvasta, o’ktam,
Qoyil qolsin rus, deb, choyimga,
O’tkir aroq, may o’rniga ham
Achchiq-achchiq choy tutar menga.
Quy, mezbonim, ammo had bilan,
Bog’ing aro turfa gullar bor.
Oqshom menga niqob ostidan
Ohu ko’zin suzdi gulruxsor.
Rossiyada gulday qizlarni
Tutqunlikda saqlamas erlar.
Sarmast etar bo’sa bizlarni
Bexanjar-u bemakr-u bezar.
Bu tong yuzli dildor qoshimda
Bir bor xirom etsa noz bilan,
Shohi ro’mol solgum boshiga,
Yo’llariga sheroziy gilam.
Mezbon, choy quy menga lolagun,
Shoir senga so’ylamas yolg’on.
Ehtiyot bo’l o’zingga bugun,
So’ngra mendan qilmagin gumon.
Eshikka ko’p qarayberma san,
Gulbog’ingga, baribir, yo’l bor…
Oqshom menga niqob ostidan
Ohu ko’zin suzdi gulruxsor.
Ассалому алайкум, Сергей Есенин хакида укиб хурсанд булдим. Петербургда Таврический боги бор. Жуда гузал бог. Бир-биридан савлатли дарахтлар, ям-яшил ва кенг майдонлар, суви тиник, урдаклар сузб юрадиган ва митти-митти пуштиранг нилуфарга ухшаш ажабтовур гуллар очилиб турадиган кул бу богни янаям фусункор курсатади. Биринчи марта шу бокка кирганимда, айланиб юриб узокдан оппок бир хайкалга кузим тушди. Кизикиб якинрок бориб карадим. Бир кулида чинор баргига ухшаш япрок тутиб уйчан, ним табассум билан хаёл суриб утирган ёшгина йигит тасвирланган эди. Пушкин десам, унга ухшамайди. Оркаси узун костюмда, буйнига капалак галстук такиб олган бу йигитча хайкали остига бош харфлар билан катта-катта килиб «СЕРГЕЙ ЕСЕНИН» дея ёзиб куйилганди. Бу ёзувни укиб бир галати хис чулгаб олди мени. Гуё узга сайёрада анчадан бери курмаган танишини учратиб колган одамдек завкланардим. Беихтиёр тилимда «Белая берёза, под моим окнам…» сатрлари такрорлана бошлади. Кузларимда хайрат кувончи. Унинг оркасида улкан ок кайинлар атайин савлат тукиб турарди. Гуё улар Есенин билан фахрланаётгандек. Шундай гузалликни куриб турганимга шукур килдим. унинг шеърларини укигим келганди. Мана, бугун сахифангиз оркали ундан бахраманд булдим. Сизларга жуда катта муваффакиятлар тилайман!
Есенининг шаркка булган эхтироми албатта тахсинга лойик. «ДОҒЛАР КЕТМИШ МАЖРУҲ КЎНГИЛДАН…» шеърида, айникса, шарк аёлларининг гузаллиги, ибоси, биргина нигохининг кучи шоир кунглига канчалар гавго соганилиги хакида гузал баён килинган.
хуршид ака сизга купдан-куп рахмат Хар доим дарсга керакли маълумотларни мана шу сайтдан оламан Сизга ва сизнинг ушбу сайтингзга муваффакиятлар тилайман
Yesinen men uchun buyuk shoir Men xar doim xayotdan xafa bòlsam,tushkunlikga tushsam shu saytga kirib yesinen sherlarini òqiyman va xayotga,yashashga bòlgan ishtiyoqim yanada oshadi!
S. Yesenin she’rlari ustoz Erkin Vohidov tarjimasida yanada serjilo bo’lib ketgan.
Sergey Yesenin behavior shoir. Muhammad Yusuf ijodininhg o’chog’i.
Гап йўқ.
Есениннинг ижодини ёктираман.Эркин Вохидовнинг таржимасини укисам худди рус тилида укиётганимдек мазза киламан.рахмат
Zoʻr