Erkin Vohidov. Teran daryo sokin oqar…

0122    Бир воқеани доим эслаб тураман. Бу воқеа раҳматли Озод Шарафиддинов у кишини қандай юксак эҳтиром билан эътироф қилганига далил бўлади. Олимнинг “Тасаввуф” деган китоби эълон қилиниб, халқ ичида кенг тарқалган вақт эди. Озод Шарафиддинов домланинг ҳам бир китоби нашрдан чиқиб, бир куни шу китобнинг тақдимоти бўлди. Шу сабаб билан бир қанча олим ва ижодкорлар у кишининг уйига борган эдик. Озод ака ногирон эдилар, баъзан оромкурсида амаллаб ўтирардилар. Нажмиддин Комилов кириб келганида, устоз Озод акада у кишига нисбатан ҳурмат аломатлари ва муносиб қаршилаб олиш иштиёқи пайдо бўлди. Кўришган вақтларида дарҳол Нажмиддин Комиловнинг қўлларини тутиб, кўзларига сурдилар ва: “Шу “Тасаввуф” китобини ёзган қўлларингизни бир кўзларимга сурай”, дедилар.

011
Эркин Воҳидов
ТЕРАН ДАРЁ СОКИН ОҚАР…
09

Бир суҳбатда Алихонтўра Соғуний ҳазратларидан Алишер Навоийнинг бир байтини шарҳлаб беришларини сўраган эдим:

Ашрақат мин акси шамсил-каъси анворул-ҳудо,
“Ёр аксин майда кўр”, деб жомдин чиқди садо.

Май нима? Жом нима? Ёр нима? Ваҳдат нима? У зот шу истилоҳларни бир соат шарҳлаган эдилар. Ўшанда Навоийнинг нақадар буюклигига ва Соғунийнинг улуғ олим эканликларига тан берганман. Энди ўйласам, ўша мажлисда тасаввуф ҳақида бир маъруза бўлган экан.

У киши суҳбатда “тасаввуф” сўзини ишлатиб: “Тасаввуфни билмаган киши, унга теран кирмаган киши Навоийни била олмайди”, деган эдилар. Мен бу сўзнинг маъносини яна кўп йиллар ўтгандан кейин, “Ёшлик” журналида Нажмиддин Комиловнинг “Тимсоллар тимсоли” мақоласи эълон этилгач, теранроқ англадим.

У даврда одамлар тасаввуфни яхши билмаган, Қуръон ва ҳадисларни яхши билмаган. Бу маънавий хазиналарнинг билимдони бўлган Алихонтўра Соғуний эса бизга ёндош қўшни маҳаллада турардилар, ўша шарҳ ва суҳбатларни у кишидан ёзиб олмаганимга, яна бориб, такрор-такрор мурожаат этмаганимга кўп афсусланаман.

Шўро даврида, у кишининг сиёсий мавқеи жиҳатидан, уйларига бориш, у киши билан суҳбатда бўлиш ҳисоб-китобда бўлар эди. Яъни, ҳаётлари шўро сиёсатчилари томонидан назоратда тутилар эди.

Биз ўша маҳалда тасаввуфни гарчи ақлимиз, илмимиз билан тушуниб етмаган бўлсак-да, лекин тасаввуф оламини кўнглимиз билан ҳис қилиб, қалбимиз билан уни англаганмиз.

Ҳолбуки, биз “дин афъюндир”, деган даврда яшаганмиз. У замонда ҳазрат Навоий ижодини ҳаққоний талқин қилишнинг иложи бўлган эмас. Гўё Навоий динга зарба берган, руҳонийларга қарши курашган, деб тушунтирилар эди. Ваҳоланки, Навоийнинг бутун ҳаёти ижтимоий ҳаёт билан қанчалик боғлиқ бўлса, дин билан, Қуръон ва ҳадис билан ҳам шунчалик боғлиқ бўлган экан. Навоий барча ғазал ва достонларида мажозий ишқни восита қилиб, илоҳий ишқни куйлаган экан!

Ана шу борадаги маърифий ишларни биринчи бўлиб бошлаган, аввал мақолалар ёзиб, жиддий ишлар олиб борган, кейин эса икки жилдлик “Тасаввуф” китобини ёзиб, сўнг ҳазрат Навоий асарлари шарҳига киришиб, маънолар оламига жиддий сафар қилган олим Нажмиддин Комилов бўлди.

Нажмиддин Комиловнинг мумтоз шеъриятнинг ирфоний маънолари ҳақидаги илк мақолаларини ўқиганимизда биз учун янги бир олам очилгандек бўлган эди.

Нажмиддин Комиловни Тошкент илмий, адабий муҳитидаги ҳар бир ижодкор ёки олим чин дилдан ҳурмат қилар, у кишининг илмий-маънавий салоҳиятига, фазилатига тан берар эди.

Бир воқеани доим эслаб тураман. Бу воқеа раҳматли Озод Шарафиддинов у кишини қандай юксак эҳтиром билан эътироф қилганига далил бўлади. Олимнинг “Тасаввуф” деган китоби эълон қилиниб, халқ ичида кенг тарқалган вақт эди. Озод Шарафиддинов домланинг ҳам бир китоби нашрдан чиқиб, бир куни шу китобнинг тақдимоти бўлди. Шу сабаб билан бир қанча олим ва ижодкорлар у кишининг уйига борган эдик. Озод ака ногирон эдилар, баъзан оромкурсида амаллаб ўтирардилар. Нажмиддин Комилов кириб келганида, устоз Озод акада у кишига нисбатан ҳурмат аломатлари ва муносиб қаршилаб олиш иштиёқи пайдо бўлди. Кўришган вақтларида дарҳол Нажмиддин Комиловнинг қўлларини тутиб, кўзларига сурдилар ва: “Шу “Тасаввуф” китобини ёзган қўлларингизни бир кўзларимга сурай”, дедилар.

Нажмиддин Комилов шунчалик улуғ олим бўлишига қарамай, ниҳоятда камтарин инсон эди, у киши бу ҳолдан жуда хижолат бўлиб: “Сиздан ўрганганмиз, сиздан ўрганганмиз”, дея олди, холос. Камтарликдан у кишининг ана шундай хижолат бўлганини кўрганмиз.

У киши ниҳоятда камгап, сокин, заруриятсиз гапга аралашавермас, кўпроқ эшитишга мойил эди. Зотан, “Чуқур дарё сокин оқади”, деган гап бор. Нажмиддин Комиловнинг камтаринлигини ўйласам, бир форсий байт эсимга келади:

Нокасе гар аз касе боло нишинад айб нест,
Чунки хас дар рўйи об-у, зери дарё гавҳар аст.

Яъни: “Агар нокас касдан юқорида ўтирса, айб эмас. Чунки хас сувнинг юзида-ю, гавҳар дарёнинг тагида бўлади”.

Нажмиддин Комилов чинакам гавҳар эди, қалби гавҳар, илми, тафаккури гавҳар эди. Халққа гавҳар улашиб яшаган инсон эди.

Яна муҳим бир тарихий воқеани эслайман. 2000 йил бошида Олий Мажлис иккинчи чақириқ халқ депутатларининг ташкилий йиғини бўлди. Ўша мажлисга белгиланган расмий тартибга кўра, Республика Сайлов комиссиясининг раиси сифатида Нажмиддин Комилов раислик қилдилар.

Шунда муҳтарам Президентимиз нутқ сўзлаб, нутқнинг маънавият ҳақидаги қисмида ҳазрат Алишер Навоийдан сўз очдилар ва ижодкор депутатларга юзланиб, ҳозирги инсонлар нима учун Навоий ижодини теран англамаслигини, ҳазрат Навоийни халққа англатиш учун нималар қилиш кераклигини айтиб, ўртага фикр ташладилар, депутатларни шу ҳақда фикрлашга чақирдилар. Ўшанда энг билимдон зот Нажмиддин Комилов эди. Ҳазрат Навоийни халққа англатиш йўлида энг кўп хизмат қилаётган киши ҳам шу киши эди. Бу дард – мумтоз адабиётни, Алишер Навоий ижодини халққа англатиш, етказиш дарди ҳаммамизнинг дардимиз ва энг аввал Нажмиддин Комиловнинг дарди эди. Лекин у киши бир оғиз ҳам сўз айтгани йўқ. Сукут сақлаб, тафаккур қилиб ўтирди. Биз ўшанда Нажмиддин Комиловнинг айтмаган сўзларини, қалбидан кечираётган туйғуларини юракдан ҳис этиб турганмиз. Ўшанда энг ақлли гапни ҳам, энг тўғри жавобни ҳам у киши айтиши мумкин эди. Лекин азбаройи камтарлиги ва одоби жиҳатидан сукутни раво кўрди.

Ўз ўрнида айтмоғимиз лозимки, Навоий ижодини одамларга англатиш, Навоий маърифатини халққа етказиш кўп йилларни талаб қилиши турган гап эди. Чунки кўп йиллар давомида халқимизда Навоийдан узоқлашиш ҳолати пайдо бўлган эди.

* * *

Нажмиддин Комилов ўз даврида жуда кам қолган уламоларнинг, яъни мадраса кўрган катта шайх ва алломаларнинг суҳбатини олган, улардан илм, одоб ва маърифат ўрганган киши эди; мустамлака замонида қадри бўлмаса ҳам, лекин комил инсонлар ичида жуда улуғ ҳурматга эга бўлган чинакам буюк уламолар билан бирга бўлиб, улардан дарс эшитган шахс эди. Масалан, у кишининг марҳум Қутбиддин Эшон Муҳитдинов билан бўлган муносабатлари, илмий-маърифий ҳамкорликлари илм аҳли учун ибратдир. Қутбиддин Эшон Муҳитдинов билан яқиндан таниш бўлмаган эсам-да, ул зотни яхши билганман. У киши – филология фанлари номзоди, Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтининг маънавий илмий ходими, ҳазрати Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғатини тузишда фаол иштирок этган, айниқса, “Хамса” каби муҳташам асар луғатини тузишда жонбозлик кўрсатган асл аллома эдилар. Тўрт жилддан иборат “Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати” китобининг биринчи жилди тақдимида у зотнинг шаънида “Қ.Муҳитдинов – “Хамса” асарининг луғатини тузган, форсий, арабий сўз, ибора ва байтларнинг изоҳи ва талқинини берган, “Мажолисун-нафоис”, “Лисонут-тайр” асарларининг луғатларини тузишда иштирок этган”, деган сўзлар ёзилган. Шунингдек, у киши тарихий силсилаи шарифдан ўрин олган Нақшбандия шайхи, мумтоз шеърият донишманди, Қуръон ва ҳадис билимдони, Навоий ижодидаги маърифий нуқталарни англаш ва англатишда, луғатлар учун таржима қилиб беришда беназир бўлган шахс эдилар. Шўро даврида, мустамлака истибдоди ичида соқолли, чакмонли, дўппили бир шахснинг фан арбоби бўлиши, илмий анжуманларда иштирок этиши, Фанлар академиясида хизмат қилиши осон гап эмас эди! Бу деярли бўлиши мумкин бўлмаган бир иш эди. Ўз истеъдоди ва маърифатини баҳоли қудрат халққа етказишга йўл топган ана шундай зотнинг назарига тушиш, муҳаббатига эришиш, ташқи ҳовлисида яшаш, суҳбатидан тўйиб-тўйиб баҳраманд бўлиш Нажмиддин Комиловдек тафаккур соҳибига насиб этди. Бу маънавий баҳралари, эришган илмлари натижаси ўлароқ, олим мумтоз шеъриятнинг тасаввуфий маъноларини кашф этди, ҳазрат Навоий ижодини теран тимсоллари билан таҳлил қилди, яхши шогирдлар етиштирди, ўзидан яхши китобларни ёдгор қолдирди.

Биз у киши билан турли анжуманларда, давраларда, кўпчилик ичида кўришиб турар эдик, лекин, афсус, алоҳида суҳбатларда бўлмас эдик.

Ўша даврда халқ ичида машҳур бўлган “Алишер Навоий” спектаклида эсда қолгулик сатрлар бор эди, Нажмиддин Комиловни сўнгги йўлга кузатиб, қабрга қўяётганларида шу сатрлар хаёлимдан ўтди:

Етишгунча яна ул сингари зот,
Қуёш юз йилча нур сочмоғи лозим,
Баҳор юз карра гул очмоғи лозим…

Нажмиддин Комилов етук асарлари билан ўз номини боқийликка хатлаб кетди.

Манба: «Китоб дунёси» газетаси

033

(Tashriflar: umumiy 221, bugungi 1)

Izoh qoldiring