Boborahim Mashrab. G’azallar, murabba’lar, muxammaslar

004   Дарвешлик Машраб учун шоҳликдан баланд. У «жон тўтисини ишқ ила сарбоз этай деб», жандани кийиб ўзни дарбадарликка чоғлаган эди. Машраб чин маънодаги ошиқ шоирдир. У «Шариат шарбатин ичгон», «Тариқат ҳалқасин тутқон», «Ҳақиқат шоҳини сургон», «Маломат куйида юргон», «Муҳаббат йўлида куйгон» «суяр қуллар», яъни Ҳақ ошиқлари фикру кечинмалари ифодачиси. Машраб ҳақиқий ишқ баҳрига чўмган санъаткор эди: «Шудам пайғамбари савдо, мани девонаи Машраб» (Иброҳим Ҳаққулнинг «Машраб нафаси» мақоласидан).

БОБОРАҲИМ МАШРАБ
ҒАЗАЛЛАР, МУСТАЗОДЛАР, МХАММАСЛАР
08

055Машраб (тахаллуси; асл исм-шарифи Бобораҳим (Раҳимбобо) Мулла Вали ўғли) (1640, Наманган — 1711, Балх) — шоир ва мутафаккир. Машраб номи 18—19-асрларда тузилган тазкира ва тасаввуфий йўналишдаги асарларда зикр этилади. Аммо уларда шоир ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида келтирилган маълумотлар ниҳоятда кам. Машрабнинг қолдирган адабий мероси хусусида ҳам аниқ маълумот берувчи манба йўқ.  Фақат «Девони Машраб», «Девонаи Машраб», «Эшони Машраб», «Ҳазрати шоҳ Машраб» номлари остида халқ орасида қўлёзма ва тошбосма шаклида тарқалган қиссалардагина  шоирнинг ҳаёт йўли ва ижодий фаолияти маълум тартиб ва изчилликда баён этилади, асарларидан намуналар ҳам келтирилади.

Отадан ёш етим қолган Машраб дин асослари ва фалсафадан яхши хабардор бўлган Сўфи Эшон Мулла Бозор Охунд (хўжа Убайдулло) қўлида диний таълим олади, сўфий тариқатлар бўйича билимини оширади, форсий тилни ўрганади. Тахминан 1665 йилларда устози тавсиясига кўра, ўша замоннинг йирик дин арбоби, келиб чиқиши Махдуми Аъзам (Имом ал-Даҳбедий)га боғланган қашқарлик Ҳидоятулло Офоқ Хожа эшон ҳузурига боради. Шоир адабий меросидаги диний мазмун ва тасаввуфий йўналиш руҳидаги шеърларнинг кўпчилик қисми Офоқ Хожа даргоҳида ва унинг тарғибот-сабоқлари таъсирида яратилган. Машраб тахминан 1672—73 йилларда Офоқ Хожа даргоҳини тарк этади.

Машраб асарларининг аксарияти чуқур ижтимоий йўналишга эга бўлиб,улар қўлдан қўлга, оғиздан оғизга ўтиб, тез тарқалган. Худди шунинг учун ҳам Машрабнинг бирор қишлоқ ёки шаҳарга келиши изсиз қолмаган, одил камбағал халқ уни қувонч-хурсандчилик ва қизиқиш билан қарши олган. Шоир қўнимсиз ҳаётининг сўнгги манзили  Балхда  мутаассиб шайх-муллалар  расмий фатвоси ва  шаҳар ҳокими Маҳмудбий Қатағоннинг ҳукми билан дорга осилади.

Машраб аввало моҳир ғазалнавис ҳамда кўплаб шўх ва жарангдор мустазодлар, ўйноқи ва жозибадор мурабба ҳамда халқ ғаму ҳасратига ҳамдардлик ҳисси билан йўғрилган мухаммаслар ижодкори сифатида кенг довруғ чиқарган. Машрабнинг жуда кўп ғазаллари халқ қўшикларидек содда ва жарангдор, жўшқин ва таъсирчандир.

Машраб ижоди кейинги асрлар адабиётига сезиларли таъсир кўрсатган. Нодира, Ҳувайдо, Қорий, Фурқат, Ҳамза каби шоирлар унинг ғазалларига тахмис ва назиралар боғлашган.

Машраб ҳаёти ва ижоди ҳақида бир неча бадиий асарлар (роман, қисса, достонлар ва саҳна асарлари) яратилган, шоирнинг асарларидан намуналар қатор хорижий тилларга таржима қилинган. Мамлакатимизнинг турли шаҳар ва вилоятларида Машраб номида истироҳат боғлари ва кинотеатрлар, мактаб ва кутубхоналар, кўчалар ва жамоа хўжаликлари бор.

08

ҒАЗАЛЛАР

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИЙМ

ОЛДИДА

Кори муфлис саҳл эрурким под(и)шоҳнинг олдида,
Сийнайи дафтарни очманг дил сиё(ҳ)нинг олдида.

Ман тасаддуқи ўшандоқ оли ҳимматлар бўлай,
Икки олам бир қадамдур авлиёнинг олдида.

Раҳматанлилоламийннинг уммати бўлсанг агар,
Роҳи аслингдин гапурма рў сиё(ҳ)нинг олдида.

Кимки жоҳилдир насиҳат берсанг анга сахт етар,
Икки дунё нур бўлур соҳиб дуонинг олдида.

Домани давлатни тутганлар билур бул маънини,
Яхши сўзни сўзламанг бахти қаронинг олдида.

Машрабо, ҳар қайга борсанг излагил ганжи ниҳон,
Рўзи Маҳшар қурб топгайсан Худонинг олдида.

ДЕВОНА ҚИЛДИ ИШҚ МАНИ

Ман кимга айтай, дўстларим, девона қилди ишқ мани,
Садпора қилди юраким, девона қилди ишқ мани.

Тун-кечалар дод айласам, ҳар дам сани ёд айласам,
Ишқингда фарёд айласам, девона қилди ишқ мани.

Шому саҳар гирён бўлай, йўлунгда саргардон бўлай,
Охир санга қурбон бўлай, девона қилди ишқ мани.

Ҳамдам бўлай майхонага, сокин бўлай бутхонага,
Бошим қўяй остонага, девона қилди ишқ мани.

Ишқ аҳлига ҳамдам бўлай, Ҳақ йўлига маҳкам бўлай,
Даргоҳига маҳрам бўлай, девона қилди ишқ мани.

Девонайи шайдо бўлай, ман толиби Мавло бўлай,
Халқ элига расво бўлай, девона қилди ишқ мани.

Машрабга қил лутфу карам, ваҳдат шаробин дамбадам,
Эй соҳиби Лавҳу Қалам, девона қилди ишқ мани.

МАНАМ, МАНАМ, МАНАМ

Мақсуди Ҳақнинг аслиям, оре, манам, манам, манам,
Соҳиби нури фазлиям, оре, манам, манам, манам.

Қатрани ман гуҳар қилай, хору хасини зар қилай.
Жумлани бохабар қилай, оре, манам, манам, манам.

Зоти учун қатил бўлай, оташила Халил бўлай,
Кўйида Жабраил бўлай, оре, манам, манам, манам.

Кўрини ман бино қилай, мурдага жон ато қилай,
Зотига ошно қилай, оре, манам, манам, манам.

Кўси муҳаббатий урай, жумлани нурга тўлдурай,
Етти фалакни куйдурай, оре, манам, манам, манам.

Тўбони сарнигун қилай, рофизини жунун қилай,
Бангини раҳнамун қилай, оре, манам, манам, манам.

Ишқини зулфиқориман, Машраби беқарори ман,
Хизру Масеҳни ёриман, оре, манам, манам, манам.

ДАРДИ СИРИМНИ КАВЛАМА

Эй сабо, ғамбодадурмен, бистаримни кавлама,
Чун шафақолудаман, хокистаримни кавлама.

Ҳар замоне Лайлидин манга китобатлар келур,
Сенки мажнун бўлмасанг, сардафтаримни кавлама.

Хонавайронлар билур афтодаларнинг ҳолини,
Ейки, маҳрам бўлмасанг, чашми таримни кавлама.

То кишига дард тегмай, бўлмади бағри кабоб,
Дилда дардинг бўлмаса, дарди сиримни кавлама.

Ҳажр тошидин зарру офат бошиға етган ўзум,
Киштийи мотамдадурман, лангаримни кавлама.

Ети дўзах ўртанур афтодаларнинг оҳидин,
Оташи ҳажрида куйган мижмаримни кавлама.

Ломаконнинг шаҳрини бу ҳу била сайр айладим,
Жабрайил, борғил нари, болу паримни кавлама.

Баҳри раҳматга кириб, қилдим вужудимни адам,
Маърифатдин бехабарсан, дафтаримни кавлама.

Дурри дарёйи маоний бўлди чун машраб, вале
Дийдабино бўлмасанг, кўз гавҳаримни кавлама.

ОҲИСТА-ОҲИСТА

Борурман остонига саҳар оҳиста-оҳиста,
Сурарман кўзларимга хоки дар оҳиста-оҳиста.

Ўтар бир-бир босиб ул шўх, боқмас бевафолиқдин,
Эрур андоқ вафосиз умр ўтар оҳиста-оҳиста.

Кичикликда, нигорим, аччиғ айтса айб эрмасдур,
Ки, фаслида бўлур ширин самар оҳиста-оҳиста.

Жамолинг баркамол ўлди, бўлур бир-бир хатинг пайдо,
Баҳор ўлса ўсарлар сабзалар оҳиста-оҳиста.

Борур мискин бу Машраб гул юзунгни кўргали, аммо
Кўролмай оразинг йиғлаб турар оҳиста-оҳиста.

ЗУЛФУ СИЁҲСИНИ КЎРУНГ

Офати жоним ул санам қоши қаросини кўрунг,
Икки юзига чулғаниб зулфи сиёҳсини кўрунг.

Ҳуру паридин тозадур, шамсу қамар ҳижилдадур,
Ким ани кўрса бандадур, ҳусни зиёсини кўрунг.

Гоҳ ёрим қизил кийиб, қирмизи сочбоғин солиб,
Нозу карашмалар қилиб, аҳди вафосини кўрунг.

Гоҳ қошини чу ё этиб, кифрик ўқи бирлан отиб,
Жоду кўзини ўйнатиб, макру балосини кўрунг.

Машраби бенаводу(р)ман, васли учун гадоду(р)ман,
Ҳажр ўтиға куёду(р)ман, ёр жафосини кўрунг.

ЎЗГИНАМ

Ишқ ўтига ўртаниб девона бўлган ўзгинам,
Куя-куя кул бўлуб бирёна бўлган ўзгинам.

Ошиқи дийдорман, эй ёр, билмассан магар,
Мансури Ҳаллождек дорга осилган ўзгинам.

Куя-куя кул бўлуб дунёдин ўткан бормукин,
Ишқ йўлида минг ўлуб, минг бир тирилган ўзгинам.

Чок сийнамни қилиб Маҳшарда айларман фиғон,
Ул куни дийдор деб Маҳшарни бузган ўзгинам.

Ул Сиротал-мустақийм олдида барча йиғлашур,
Ишқни раҳбар қилибон андин ўтган ўзгинам.

ЮЗ МИНГ БАЛО КЎРСАМ

Сузук кўзлу, сариғ садбарг юзунгни, дилрабо, кўрсам,
Юзунгдин юз ўгурмасман, агар юз минг бало кўрсам.

Мани ошиқ, сани маъшуқ ки дерлар ушбу оламда,
Насиб ўлмиш манга давлат, фироқинг ўтида куйсам.

Чунонам кўнгли қаттиқсан, бирам ҳолимни сўрмассан,
Жамолингга тўёлмасман бошингдин юз минг ўргулсам.

Нечук бедодлиғ иш бўлдики, ман сандин жудо бўлдум?
Жафоларники ман тортиб, на мушкулдур қараб қолсам.

Садафсиз дур, тикансиз гул, машаққатсиз ҳунар йўқдур,
Топарманму висолингни жаҳонни истабон юрсам?

Лабинг — лаълу хатинг — Хизру юзунг — монанди Юсуфдур,
Зулайҳодек куюб-ёниб бу ишқ ичра адо бўлсам.

Ўшал Мажнуни шайдодек биёбонлар аро ман ҳам,
Кўюнгда дам-бадам ёниб, қани Лайло деб оҳ урсам.

Кел, эй Машраб, кўзунг йўлларда қолди термулуб, найлай,
Қани ул хоки пойинг, кўзларимга тўтиё қилсам.

ЧАМАН  ЭТТИМ

Дил даштида ғам оҳулариға ватан эттим,
Ғамзанг ўқи то лолалар очти, чаман эттим.

Ишқ аҳли манинг сори келурға 6у эрур йўл,
Ҳар ерда тараб гуллари эрди ватан эттим.

Найсон каби кўздин ёғадур ашки равоним,
Садқангга юрак қонини лаъли Яман эттим.

Меҳринг қуши кўнглим қўлидан ажрамасун деб,
Жон риштаси бирлан оёғидан расан эттим.

Жонимға нигоҳинг ўқидин гуллар очилса,
Сайримға ани настарану ёсуман эттим.

Расволиғ ўтин балки ўзимға ёқадурман,
Жисмимға самандар каби ўт пираҳан эттим.

Машраб, бу сўзинг топди санинг бўйи шаҳодат,
Қонлиғ танима ишқ либосин кафан эттим.

ХАНЖАРНИ ОЛО КЕЛДИ

Минг шўри фиғон бирлан, ҳай-ҳай, не бало келди,
Жон қичқирадур қўй деб, ханжарни оло келди.

Қўлида қилич фўлод, қошимға келиб жаллод,
Қилди мани бебунёд, тийғи гузаро келди.

Кетсам бу алам бирлан, юз коҳиши ғам бирлан,
Савдойи санам бирлан, хуш даври сафо келди.

Рози бўлайин ўлсам, жон бергу(н)ча бир кўрсам,
Мундоғ не бало бирлан шиддатли қазо келди.

Заҳматга қазо ёндош, бўлди ҳаммаси йўлдош,
Ул жавру жафо подош, тиклаб югуро келди.

Девонайи Машрабсан, қўрқуб нега йиғларсан? —
Ошиқ кишига ўлмоқ ким, айни шифо келди.

ИШҚИНГДА ЎЛДУМ

Шоҳи жаҳоним, ишқингда ўлдум,
Ороми жоним, ишқингда ўлдум.

Кимдин ўргандинг мунча жафони,
Эй нуктадоним, ишқингда ўлдум.

То қоба қавсайн шарҳи қошингдир,
Абрў камоним, ишқингда ўлдум.

Қақнусга ўхшаб нола қилурман,
Ўртанди жоним, ишқингда ўлдум.

Бир раҳм қилғил, ҳолимни сўрғил,
Номеҳрибоним, ишқингда ўддум.

Ёрим санга ман чокар бўлойин,
Соҳибқироним, ишқингда ўлдум.

Машрабга бир боқ, жон дабға етти,
Руҳи равоним, ишқингда ўлдум.

МУСТАЗОДЛАР

ҚОШ ҚОҚТИВУ КЕТТИ

Ногоҳ кўрунуб кўчада ул сарви хиромон, —
Қош қоқтиву кетти,
Қош учида имо қилибон жуббаси ларзон, —
Бир боқтиву кетти.

Ул шўхи пари, кўзлари офат, сўзи оташ, —
Ҳай-ҳай, не жавоҳир,
Бир шева қилиб этти мани ўзига ҳайрон, —
Хуш ёқтиву кетти.

Юз жилва билан борур эли кўчада ул шўх, —
Бағримни қилиб қон,
Минг таъзим илан ман қолибон волаву ҳайрон, —
Зор эттиву кетти.

Ул зулфи паришон уйидин чиқса боякбор, —
Ман шукр этадурман.
Минг жоним агар бўлса, қилай ман анга қурбон, —
Ўт ёқтиву кетти.

Машрабни бу дунёда хароб этган ўзунгсан, —
Эй кўзлари шаҳло,
Айди сўзини, ёйди бу дунёга фаровон, —
Дол эттиву кетти.

ҲАЙРОН БЎЛА ҚОЛДИМ

Кўз учи билан дилбари раъно манга боқти, —
Ҳайрон бўла қолдим,
Юз нозу карашма била ёр қошини қоқти, —
Сарсон бўла қолдим.

«Жонимни олур бўлсанг ол!» деб ёнига бордим, —
Кулди: «Нари тур!» деб,
Бехуд қилибон бошима савдосини солди, —
Нолон бўла қолдим.

Айдимки, яна: «Ўргулайин, қошима келсанг», —
Юзини ўгурди,
Ҳушум кетибон кўздаги ёш қон бўлуб оқти, —
Гирён бўла қолдим.

Боскан изини кўзума сурттум нола айлаб: —
«Дилбар қайдасан?» деб,
Чиқмади садо, ишқ ўтини жонима ёқти —
Сўзон бўла қолдим.

Оҳ урдиму айдимки, «Сани қайда топарман излаб?» —
Деди: «Сабр эт!»
Ҳеч қолмади сабрим, жигарим сув бўлуб оқти, —
Тобон бўла қолдим.

Машрабга саҳар ёри ширин сўз қотиб ўтти, —
Жондин кеча қолдим,
Девона қилиб, жоним олиб, биллаҳ(ки) йиқти, —
Қурбон бўла қолдим.

МУХАММАСЛАР

АФСОНА БЎЛМАГУНЧА

Ишқингда ёнмас ошиқ девона бўлмағунча,
Шамъингга куймагай ул парвона бўлмағунча,
Боғлаб белин бу йўлда мардона бўлмағунча,
Бошға олиб маломат афсона бўлмағунча,
Севмас салафин сарроф дурдона бўлмағунча.

Сансиз манга, нигоро, икки олам керакмас,
Тахту бахти Сулаймон, манга Ҳотам керакмас,
Хизр умри зиндалиги манга ул ҳам керакмас,
Сансиз ўлай, дуо қил, манга бул дам керакмас,
Жону таним қолмади бегона бўлмағунча.

Аршинг куяр оҳимдин тонгла бўлса Қиёмат,
Инсу малак титрашиб айтур: «Нечук аломат?»
Ҳуру ғилмон, биҳиштинг этишурлар надомат,
Чиқса оҳим учқуни ҳеч ким қолмас саломат,
Қолмас молик дўзахинг сўзона бўлмағунча.

Тушти бошимға ишқинг, ларза қилиб йиғладим,
Тақлир азал шундоғ деб, белим маҳкам боғладим,
Ошиқ иши қаттиғ деб, оҳу воҳлар айладим,
Дардинг беҳад зўрлади, даргоҳин(г)га йиғладим,
Раҳм айламас нигорим гирёна бўлмағунча.

Ошиқ бўлсанг туну кун жонни қурбон айлағил,
Доғи фурқат дардидин доим афғон айлағил,
Зулфи чинлар куфрини зинҳор имон айлағил,
Ҳажру меҳнат жафоси тегса пинҳон айлағил,
Жонингга жон улашмас, жонона бўлмағунча.

Номус кетмас ҳеч кимдин ишққа қадам қўймаса,
Адҳам сифат дунёни то пушти по урмаса,
Восил бўлмас васлиға ёлғуз ўзин севмаса,
Ғози бўлуб қазога ҳар ўтиға куймаса,
Топмас дилбар сўроғин жўёна бўлмағунча.

Вақти баҳор май ичгил, билсанг ишрат ғанимат,
Соқий, сунгил қадаҳни фурсат, сиҳат ғанимат,
Зоҳид айтур, ёронлар, тасбеҳ, тоат ғанимат,
Машраб қаландарингга дарду меҳнат ғанимат.
Кўрмас машъуқ юзини афсона бўлмағунча.

ҚАТРАЙИ СУВ КЕЛМАДИ

Ваъда қилди бир келай деб, кўзга уйқу келмади,
Термулуб йўлида турдим, шўхи бадхў келмади,
Неча келди шум рақиблар, ул парирў келмади,
Дардидин ўлдум, табиб, дардимға дору келмади,
Ман шаҳиди ишқ бўлдум, қатрайи сув келмади.

Додхоҳман рўзи Маҳшар қошима бир келмаса,
Ҳажрида ўлдум букун бир лаҳза ҳолим сўрамаса,
Ҳаммага қилган вафони манга дилбар қилмаса,
Йиғламайму оҳ уруб ҳаргиз кўзига илмаса,
Барчага ширин забону манга бадгў, келмади.

Оҳу воҳ айлаб ғариблик шаҳрида беморман,
Гар олур бўлсанг бу жоним ол, санам, безорман,
Пардани юздин кўтаргил, ошиқи дийдорман,
Соқиё, тўйғунча май бер, неча кун хумморман,
Барча мажлислар гули, зулфи суманбў келмади.

Ташналаб қолдим ғамингда, меҳрибоним, қайдасан?
Оҳ уруб йиғлаб юрурман, жонажоним, қайдасан?
Изласам йўқтур маконинг, ломаконим, қайдасан?
Маҳрами сиррим манинг, эй роздоним, қайдасан?
Юз туман савдое тушти, маслаҳатгў келмади.

Йиғламоғлиғ бул сабабдин — ул нигорим келмади,
Гул очиб юз лутф илан боғу баҳорим келмади,
Икки оламдин кечибман, шаҳсуворим келмади,
Ғам билан букчайди қаддим, ғамгусорим келмади,
Меҳрибон, улфатнишин, ширин сухангў келмади.

Ўртади жонимни, дўстлар, ёрнинг ҳар бир сўзи,
Боққач иймонимни олди оҳудек ўйнар кўзи,
Гул учун булбул қафасда, зоғлар айлар бози,
Жон берар вақтда келай деб ваъдалар қилди ўзи,
Ҳалқума етти бу жоним, чашми жоду келмади.

Ўртаниб кўйида куйди жони зорим, билмади,
«Эй ғариби хокисорим», деб бу ҳолим сўрмади,
Жабрини ҳар кун зиёда айлади, кам қилмади,
Не сабаб ҳозиқ табибим зарра кўзга илмади,
Кўнгли қаттиғ, тошбағир, дардимга дору келмади.

Келса юз минг жилва айлаб ул мани куйдургани,
Ҳолатим йўқтур анинг дардида бир дам ургани,
Зулфининг бандиға чирмаб неча мандек бандани,
Айтиб-айтиб йиғласам ул бевафонинг дардини,
Бевафонинг дардини айтурға ҳақжў келмади.

Кўрмасам бир дам сани байтул-ҳарамни найлайин?
Қолғон Иброҳимдин ул эски дўконни найлайин?
Ҳам Биҳишту  ҳуру  ғилмон, ул Жинонни найлайин?
Етти афлоку саккиз Жаннат-маконни найлайин?
Бул сабабдин, дод этарга тилга «ҳо», «ҳу» келмади.

Куйгуси тонгла Қиёмат доди оҳимни кўруб,
Қолғуси Маҳшар эли ҳайрон гуноҳимни кўруб,
Тийра бўлғай еру кўк рўйи сиёҳимни кўруб,
Шояд ул раҳм айлагай ҳоли табоҳимни кўруб,
Зор ўлдум ҳажрида қошимға ҳақгў келмади.

Бул юроким ғамга тўлди, гулъузорим, келсано,
Қон тўлубдур кўксума қошимға, ёрим, келсано,
Ҳар на қилсанг сан ўзунг қил, ғамгусорим, келсано,
Жумла шоҳларни улуғи, номдорим, келсано,
Дилни зангорин очурға ойинарў келмади.

Зоҳидо, Машрабга дединг: «Масжид ичра қўй қадам!»
Ўлтуруб меҳробда айдинг: «Хотирингни айла жам!»
Фаҳшидин қилдим ибо, ҳеч урмадим ман анга дам,
Турфа ишдурким, кўрунг, масжидга кирмиш дарду ғам,
Неча кун зоҳид бўлуб кўнглумга бир ҳу келмади.

ТАВБАНГ ҚАБУЛ БЎЛМАС СЕНИ

Эй кўзимнинг шамъию ҳам нури дийдам равшани,
Одами имонға етмай ҳеч вақт бўлмас Ғани,
Мардумозори қилиб бўлма Худони душмани,
Осмонга етса бошинг қилмагил мову-мани,
То Отанг рози эмас, тавбанг қабул бўлмас сени.

Кечаю кундуз агар Қуръон тиловат айласанг,
Шабни рўз айлаб мудом тақвойи тоат айласанг,
Мисли Ҳотамдек бўлиб хайру саховат айласанг,
Каъбайи мақсудни минг бор зиёрат айласанг,
То Отанг рози эмас, тавбанг қабул бўлмас сени.

Машриқу Мағрибни кезсанг, йўқ бу дардингга табиб,
Қилмағай андак шафоат, саййиди нури Ҳабиб,
Куйдурур ул Молики дўзах, сени охир мужиб,
Юз фиғону нола қилсанг, ҳеч киши келмас қариб,
То Отанг рози эмас, тавбанг қабул бўлмас сени.

Дини имонинг билан урсанг бу йўлда дасту по,
Зўри бозинг бирла этсанг ўттиз уч минг хонақо,
Осмондин тушса Исо, қилса ҳаққингга дуо
Муршидинг Хизри замон бўлса, бўлолмас раҳнамо,
То Отанг рози эмас, тавбанг қабул бўлмас сени.

Бўйи раҳмат анга етмас, кимки бадкирдордур,
Гўр ани қилмас қабул, чиркин тани мурдордур,
Чун Худо бандам демас, ҳар кимки дил озордур,
Ким Падарозордур, андин Худо безордур,
То Отанг рози эмас, тавбанг қабул бўлмас сени.

Тоатинг беҳудадур, ҳаргиз тополмассан самар,
Сад ҳазорон некни, бир хўйи бад барҳам урар,
Эй муққаддар доманинг куйди ўзингдин бехабар,
Арши аъзамдин улуғдур, бандага амри Падар,
То Отанг рози эмас, тавбанг қабул бўлмас сени.

Ҳеч оқил ўзини аҳли касофат айламас,
Бу гиёҳи талхни ҳеч ким зироат айламас,
Ким Падарозордур Аҳмад шафоат айламас,
Бандайи мўмин омонатга хиёнат айламас,
То Отанг рози эмас, тавбанг қабул бўлмас сени.

Машрабо азми сафар қилгил неку кирдор бўл,
Бандаликни пеша тут, шаб то саҳар бедор бўл,
Охиратни хавфидин қон йиғлагил ҳушёр бўл,
Боғи ризвон истасанг амри падарга ёр бўл,
То Отанг рози эмас, тавбанг қабул бўлмас сени.

004 Darveshlik Mashrab uchun shohlikdan baland. U «jon to’tisini ishq ila sarboz etay deb», jandani kiyib o’zni darbadarlikka chog’lagan edi. Mashrab chin ma’nodagi oshiq shoirdir. U «Shariat sharbatin ichgon», «Tariqat halqasin tutqon», «Haqiqat shohini surgon», «Malomat kuyida yurgon», «Muhabbat yo’lida kuygon» «suyar qullar», ya’ni Haq oshiqlari fikru kechinmalari ifodachisi. Mashrab haqiqiy ishq bahriga cho’mgan san’atkor edi: «Shudam payg’ambari savdo, mani devonai Mashrab» (Ibrohim Haqqulning «Mashrab nafasi» maqolasidan).

BOBORAHIM MASHRAB
G’AZALLAR, MUSTAZODLAR, MXAMMASLAR
08

055Mashrab (taxallusi; asl ism-sharifi Boborahim (Rahimbobo) Mulla Vali o’g’li) (1640, Namangan — 1711, Balx) — shoir va mutafakkir. Mashrab nomi 18—19-asrlarda tuzilgan tazkira va tasavvufiy yo’nalishdagi asarlarda zikr etiladi. Ammo ularda shoir hayoti va ijodiy faoliyati haqida keltirilgan ma’lumotlar nihoyatda kam. Mashrabning qoldirgan adabiy merosi xususida ham aniq ma’lumot beruvchi manba yo’q. Faqat «Devoni Mashrab», «Devonai Mashrab», «Eshoni Mashrab», «Hazrati shoh Mashrab» nomlari ostida xalq orasida qo’lyozma va toshbosma shaklida tarqalgan qissalardagina shoirning hayot yo’li va ijodiy faoliyati ma’lum tartib va izchillikda bayon etiladi, asarlaridan namunalar ham keltiriladi.

Otadan yosh yetim qolgan Mashrab din asoslari va falsafadan yaxshi xabardor bo’lgan So’fi Eshon Mulla Bozor Oxund (xo’ja Ubaydullo) qo’lida diniy ta’lim oladi, so’fiy tariqatlar bo’yicha bilimini oshiradi, forsiy tilni o’rganadi. Taxminan 1665 yillarda ustozi tavsiyasiga ko’ra, o’sha zamonning yirik din arbobi, kelib chiqishi Maxdumi A’zam (Imom al-Dahbediy)ga bog’langan qashqarlik Hidoyatullo Ofoq Xoja eshon huzuriga boradi. Shoir adabiy merosidagi diniy mazmun va tasavvufiy yo’nalish ruhidagi she’rlarning ko’pchilik qismi Ofoq Xoja dargohida va uning targ’ibot-saboqlari ta’sirida yaratilgan. Mashrab taxminan 1672—73 yillarda Ofoq Xoja dargohini tark etadi.

Mashrab asarlarining aksariyati chuqur ijtimoiy yo’nalishga ega bo’lib,ular qo’ldan qo’lga, og’izdan og’izga o’tib, tez tarqalgan. Xuddi shuning uchun ham Mashrabning biror qishloq yoki shaharga kelishi izsiz qolmagan, odil kambag’al xalq uni quvonch-xursandchilik va qiziqish bilan qarshi olgan. Shoir qo’nimsiz hayotining so’nggi manzili Balxda mutaassib shayx-mullalar rasmiy fatvosi va shahar hokimi Mahmudbiy Qatag’onning hukmi bilan dorga osiladi.

Mashrab avvalo mohir g’azalnavis hamda ko’plab sho’x va jarangdor mustazodlar, o’ynoqi va jozibador murabba hamda xalq g’amu hasratiga hamdardlik hissi bilan yo’g’rilgan muxammaslar ijodkori sifatida keng dovrug’ chiqargan. Mashrabning juda ko’p g’azallari xalq qo’shiklaridek sodda va jarangdor, jo’shqin va ta’sirchandir.

Mashrab ijodi keyingi asrlar adabiyotiga sezilarli ta’sir ko’rsatgan. Nodira, Huvaydo, Qoriy, Furqat, Hamza kabi shoirlar uning g’azallariga taxmis va naziralar bog’lashgan.

Mashrab hayoti va ijodi haqida bir necha badiiy asarlar (roman, qissa, dostonlar va sahna asarlari) yaratilgan, shoirning asarlaridan namunalar qator xorijiy tillarga tarjima qilingan. Mamlakatimizning turli shahar va viloyatlarida Mashrab nomida istirohat bog’lari va kinoteatrlar, maktab va kutubxonalar, ko’chalar va jamoa xo’jaliklari bor.

08

G’AZALLAR

BISMILLOHIR RAHMONIR RAHIYM

OLDIDA

Kori muflis sahl erurkim pod(i)shohning oldida,
Siynayi daftarni ochmang dil siyo(h)ning oldida.

Man tasadduqi o’shandoq oli himmatlar bo’lay,
Ikki olam bir qadamdur avliyoning oldida.

Rahmatanlilolamiynning ummati bo’lsang agar,
Rohi aslingdin gapurma ro’ siyo(h)ning oldida.

Kimki johildir nasihat bersang anga saxt yetar,
Ikki dunyo nur bo’lur sohib duoning oldida.

Domani davlatni tutganlar bilur bul ma’nini,
Yaxshi so’zni so’zlamang baxti qaroning oldida.

Mashrabo, har qayga borsang izlagil ganji nihon,
Ro’zi Mahshar qurb topgaysan Xudoning oldida.

DEVONA QILDI ISHQ MANI

Man kimga aytay, do’stlarim, devona qildi ishq mani,
Sadpora qildi yurakim, devona qildi ishq mani.

Tun-kechalar dod aylasam, har dam sani yod aylasam,
Ishqingda faryod aylasam, devona qildi ishq mani.

Shomu sahar giryon bo’lay, yo’lungda sargardon bo’lay,
Oxir sanga qurbon bo’lay, devona qildi ishq mani.

Hamdam bo’lay mayxonaga, sokin bo’lay butxonaga,
Boshim qo’yay ostonaga, devona qildi ishq mani.

Ishq ahliga hamdam bo’lay, Haq yo’liga mahkam bo’lay,
Dargohiga mahram bo’lay, devona qildi ishq mani.

Devonayi shaydo bo’lay, man tolibi Mavlo bo’lay,
Xalq eliga rasvo bo’lay, devona qildi ishq mani.

Mashrabga qil lutfu karam, vahdat sharobin dambadam,
Ey sohibi Lavhu Qalam, devona qildi ishq mani.

MANAM, MANAM, MANAM

Maqsudi Haqning asliyam, ore, manam, manam, manam,
Sohibi nuri fazliyam, ore, manam, manam, manam.

Qatrani man guhar qilay, xoru xasini zar qilay.
Jumlani boxabar qilay, ore, manam, manam, manam.

Zoti uchun qatil bo’lay, otashila Xalil bo’lay,
Ko’yida Jabrail bo’lay, ore, manam, manam, manam.

Ko’rini man bino qilay, murdaga jon ato qilay,
Zotiga oshno qilay, ore, manam, manam, manam.

Ko’si muhabbatiy uray, jumlani nurga to’lduray,
Yetti falakni kuyduray, ore, manam, manam, manam.

To’boni sarnigun qilay, rofizini junun qilay,
Bangini rahnamun qilay, ore, manam, manam, manam.

Ishqini zulfiqoriman, Mashrabi beqarori man,
Xizru Masehni yoriman, ore, manam, manam, manam.

DARDI SIRIMNI KAVLAMA

Ey sabo, g’ambodadurmen, bistarimni kavlama,
Chun shafaqoludaman, xokistarimni kavlama.

Har zamone Laylidin manga kitobatlar kelur,
Senki majnun bo’lmasang, sardaftarimni kavlama.

Xonavayronlar bilur aftodalarning holini,
Yeyki, mahram bo’lmasang, chashmi tarimni kavlama.

To kishiga dard tegmay, bo’lmadi bag’ri kabob,
Dilda darding bo’lmasa, dardi sirimni kavlama.

Hajr toshidin zarru ofat boshig’a yetgan o’zum,
Kishtiyi motamdadurman, langarimni kavlama.

Yeti do’zax o’rtanur aftodalarning ohidin,
Otashi hajrida kuygan mijmarimni kavlama.

Lomakonning shahrini bu hu bila sayr ayladim,
Jabrayil, borg’il nari, bolu parimni kavlama.

Bahri rahmatga kirib, qildim vujudimni adam,
Ma’rifatdin bexabarsan, daftarimni kavlama.

Durri daryoyi maoniy bo’ldi chun mashrab, vale
Diydabino bo’lmasang, ko’z gavharimni kavlama.

OHISTA-OHISTA

Borurman ostoniga sahar ohista-ohista,
Surarman ko’zlarimga xoki dar ohista-ohista.

O’tar bir-bir bosib ul sho’x, boqmas bevafoliqdin,
Erur andoq vafosiz umr o’tar ohista-ohista.

Kichiklikda, nigorim, achchig’ aytsa ayb ermasdur,
Ki, faslida bo’lur shirin samar ohista-ohista.

Jamoling barkamol o’ldi, bo’lur bir-bir xating paydo,
Bahor o’lsa o’sarlar sabzalar ohista-ohista.

Borur miskin bu Mashrab gul yuzungni ko’rgali, ammo
Ko’rolmay orazing yig’lab turar ohista-ohista.

ZULFU SIYOHSINI KO’RUNG

Ofati jonim ul sanam qoshi qarosini ko’rung,
Ikki yuziga chulg’anib zulfi siyohsini ko’rung.

Huru paridin tozadur, shamsu qamar hijildadur,
Kim ani ko’rsa bandadur, husni ziyosini ko’rung.

Goh yorim qizil kiyib, qirmizi sochbog’in solib,
Nozu karashmalar qilib, ahdi vafosini ko’rung.

Goh qoshini chu yo etib, kifrik o’qi birlan otib,
Jodu ko’zini o’ynatib, makru balosini ko’rung.

Mashrabi benavodu(r)man, vasli uchun gadodu(r)man,
Hajr o’tig’a kuyodu(r)man, yor jafosini ko’rung.

O’ZGINAM

Ishq o’tiga o’rtanib devona bo’lgan o’zginam,
Kuya-kuya kul bo’lub biryona bo’lgan o’zginam.

Oshiqi diydorman, ey yor, bilmassan magar,
Mansuri Hallojdek dorga osilgan o’zginam.

Kuya-kuya kul bo’lub dunyodin o’tkan bormukin,
Ishq yo’lida ming o’lub, ming bir tirilgan o’zginam.

Chok siynamni qilib Mahsharda aylarman fig’on,
Ul kuni diydor deb Mahsharni buzgan o’zginam.

Ul Sirotal-mustaqiym oldida barcha yig’lashur,
Ishqni rahbar qilibon andin o’tgan o’zginam.

YUZ MING BALO KO’RSAM

Suzuk ko’zlu, sarig’ sadbarg yuzungni, dilrabo, ko’rsam,
Yuzungdin yuz o’gurmasman, agar yuz ming balo ko’rsam.

Mani oshiq, sani ma’shuq ki derlar ushbu olamda,
Nasib o’lmish manga davlat, firoqing o’tida kuysam.

Chunonam ko’ngli qattiqsan, biram holimni so’rmassan,
Jamolingga to’yolmasman boshingdin yuz ming o’rgulsam.

Nechuk bedodlig’ ish bo’ldiki, man sandin judo bo’ldum?
Jafolarniki man tortib, na mushkuldur qarab qolsam.

Sadafsiz dur, tikansiz gul, mashaqqatsiz hunar yo’qdur,
Toparmanmu visolingni jahonni istabon yursam?

Labing — la’lu xating — Xizru yuzung — monandi Yusufdur,
Zulayhodek kuyub-yonib bu ishq ichra ado bo’lsam.

O’shal Majnuni shaydodek biyobonlar aro man ham,
Ko’yungda dam-badam yonib, qani Laylo deb oh ursam.

Kel, ey Mashrab, ko’zung yo’llarda qoldi termulub, naylay,
Qani ul xoki poying, ko’zlarimga to’tiyo qilsam.

CHAMAN ETTIM

Dil dashtida g’am ohularig’a vatan ettim,
G’amzang o’qi to lolalar ochti, chaman ettim.

Ishq ahli maning sori kelurg’a 6u erur yo’l,
Har yerda tarab gullari erdi vatan ettim.

Nayson kabi ko’zdin yog’adur ashki ravonim,
Sadqangga yurak qonini la’li Yaman ettim.

Mehring qushi ko’nglim qo’lidan ajramasun deb,
Jon rishtasi birlan oyog’idan rasan ettim.

Jonimg’a nigohing o’qidin gullar ochilsa,
Sayrimg’a ani nastaranu yosuman ettim.

Rasvolig’ o’tin balki o’zimg’a yoqadurman,
Jismimg’a samandar kabi o’t pirahan ettim.

Mashrab, bu so’zing topdi saning bo’yi shahodat,
Qonlig’ tanima ishq libosin kafan ettim.

XANJARNI OLO KELDI

Ming sho’ri fig’on birlan, hay-hay, ne balo keldi,
Jon qichqiradur qo’y deb, xanjarni olo keldi.

Qo’lida qilich fo’lod, qoshimg’a kelib jallod,
Qildi mani bebunyod, tiyg’i guzaro keldi.

Ketsam bu alam birlan, yuz kohishi g’am birlan,
Savdoyi sanam birlan, xush davri safo keldi.

Rozi bo’layin o’lsam, jon bergu(n)cha bir ko’rsam,
Mundog’ ne balo birlan shiddatli qazo keldi.

Zahmatga qazo yondosh, bo’ldi hammasi yo’ldosh,
Ul javru jafo podosh, tiklab yuguro keldi.

Devonayi Mashrabsan, qo’rqub nega yig’larsan? —
Oshiq kishiga o’lmoq kim, ayni shifo keldi.

ISHQINGDA O’LDUM

Shohi jahonim, ishqingda o’ldum,
Oromi jonim, ishqingda o’ldum.

Kimdin o’rganding muncha jafoni,
Ey nuktadonim, ishqingda o’ldum.

To qoba qavsayn sharhi qoshingdir,
Abro’ kamonim, ishqingda o’ldum.

Qaqnusga o’xshab nola qilurman,
O’rtandi jonim, ishqingda o’ldum.

Bir rahm qilg’il, holimni so’rg’il,
Nomehribonim, ishqingda o’ddum.

Yorim sanga man chokar bo’loyin,
Sohibqironim, ishqingda o’ldum.

Mashrabga bir boq, jon dabg’a yetti,
Ruhi ravonim, ishqingda o’ldum.

MUSTAZODLAR

QOSH QOQTIVU KETTI

Nogoh ko’runub ko’chada ul sarvi xiromon, —
Qosh qoqtivu ketti,
Qosh uchida imo qilibon jubbasi larzon, —
Bir boqtivu ketti.

Ul sho’xi pari, ko’zlari ofat, so’zi otash, —
Hay-hay, ne javohir,
Bir sheva qilib etti mani o’ziga hayron, —
Xush yoqtivu ketti.

Yuz jilva bilan borur eli ko’chada ul sho’x, —
Bag’rimni qilib qon,
Ming ta’zim ilan man qolibon volavu hayron, —
Zor ettivu ketti.

Ul zulfi parishon uyidin chiqsa boyakbor, —
Man shukr etadurman.
Ming jonim agar bo’lsa, qilay man anga qurbon, —
O’t yoqtivu ketti.

Mashrabni bu dunyoda xarob etgan o’zungsan, —
Ey ko’zlari shahlo,
Aydi so’zini, yoydi bu dunyoga farovon, —
Dol ettivu ketti.

HAYRON BO’LA QOLDIM

Ko’z uchi bilan dilbari ra’no manga boqti, —
Hayron bo’la qoldim,
Yuz nozu karashma bila yor qoshini qoqti, —
Sarson bo’la qoldim.

«Jonimni olur bo’lsang ol!» deb yoniga bordim, —
Kuldi: «Nari tur!» deb,
Bexud qilibon boshima savdosini soldi, —
Nolon bo’la qoldim.

Aydimki, yana: «O’rgulayin, qoshima kelsang», —
Yuzini o’gurdi,
Hushum ketibon ko’zdagi yosh qon bo’lub oqti, —
Giryon bo’la qoldim.

Boskan izini ko’zuma surttum nola aylab: —
«Dilbar qaydasan?» deb,
Chiqmadi sado, ishq o’tini jonima yoqti —
So’zon bo’la qoldim.

Oh urdimu aydimki, «Sani qayda toparman izlab?» —
Dedi: «Sabr et!»
Hech qolmadi sabrim, jigarim suv bo’lub oqti, —
Tobon bo’la qoldim.

Mashrabga sahar yori shirin so’z qotib o’tti, —
Jondin kecha qoldim,
Devona qilib, jonim olib, billah(ki) yiqti, —
Qurbon bo’la qoldim.

MUXAMMASLAR

AFSONA BO’LMAGUNCHA

Ishqingda yonmas oshiq devona bo’lmag’uncha,
Sham’ingga kuymagay ul parvona bo’lmag’uncha,
Bog’lab belin bu yo’lda mardona bo’lmag’uncha,
Boshg’a olib malomat afsona bo’lmag’uncha,
Sevmas salafin sarrof durdona bo’lmag’uncha.

Sansiz manga, nigoro, ikki olam kerakmas,
Taxtu baxti Sulaymon, manga Hotam kerakmas,
Xizr umri zindaligi manga ul ham kerakmas,
Sansiz o’lay, duo qil, manga bul dam kerakmas,
Jonu tanim qolmadi begona bo’lmag’uncha.

Arshing kuyar ohimdin tongla bo’lsa Qiyomat,
Insu malak titrashib aytur: «Nechuk alomat?»
Huru g’ilmon, bihishting etishurlar nadomat,
Chiqsa ohim uchquni hech kim qolmas salomat,
Qolmas molik do’zaxing so’zona bo’lmag’uncha.

Tushti boshimg’a ishqing, larza qilib yig’ladim,
Taqlir azal shundog’ deb, belim mahkam bog’ladim,
Oshiq ishi qattig’ deb, ohu vohlar ayladim,
Darding behad zo’rladi, dargohin(g)ga yig’ladim,
Rahm aylamas nigorim giryona bo’lmag’uncha.

Oshiq bo’lsang tunu kun jonni qurbon aylag’il,
Dog’i furqat dardidin doim afg’on aylag’il,
Zulfi chinlar kufrini zinhor imon aylag’il,
Hajru mehnat jafosi tegsa pinhon aylag’il,
Joningga jon ulashmas, jonona bo’lmag’uncha.

Nomus ketmas hech kimdin ishqqa qadam qo’ymasa,
Adham sifat dunyoni to pushti po urmasa,
Vosil bo’lmas vaslig’a yolg’uz o’zin sevmasa,
G’ozi bo’lub qazoga har o’tig’a kuymasa,
Topmas dilbar so’rog’in jo’yona bo’lmag’uncha.

Vaqti bahor may ichgil, bilsang ishrat g’animat,
Soqiy, sungil qadahni fursat, sihat g’animat,
Zohid aytur, yoronlar, tasbeh, toat g’animat,
Mashrab qalandaringga dardu mehnat g’animat.
Ko’rmas mash’uq yuzini afsona bo’lmag’uncha.

QATRAYI SUV KELMADI

Va’da qildi bir kelay deb, ko’zga uyqu kelmadi,
Termulub yo’lida turdim, sho’xi badxo’ kelmadi,
Necha keldi shum raqiblar, ul pariro’ kelmadi,
Dardidin o’ldum, tabib, dardimg’a doru kelmadi,
Man shahidi ishq bo’ldum, qatrayi suv kelmadi.

Dodxohman ro’zi Mahshar qoshima bir kelmasa,
Hajrida o’ldum bukun bir lahza holim so’ramasa,
Hammaga qilgan vafoni manga dilbar qilmasa,
Yig’lamaymu oh urub hargiz ko’ziga ilmasa,
Barchaga shirin zabonu manga badgo’, kelmadi.

Ohu voh aylab g’ariblik shahrida bemorman,
Gar olur bo’lsang bu jonim ol, sanam, bezorman,
Pardani yuzdin ko’targil, oshiqi diydorman,
Soqiyo, to’yg’uncha may ber, necha kun xummorman,
Barcha majlislar guli, zulfi sumanbo’ kelmadi.

Tashnalab qoldim g’amingda, mehribonim, qaydasan?
Oh urub yig’lab yururman, jonajonim, qaydasan?
Izlasam yo’qtur makoning, lomakonim, qaydasan?
Mahrami sirrim maning, ey rozdonim, qaydasan?
Yuz tuman savdoe tushti, maslahatgo’ kelmadi.

Yig’lamog’lig’ bul sababdin — ul nigorim kelmadi,
Gul ochib yuz lutf ilan bog’u bahorim kelmadi,
Ikki olamdin kechibman, shahsuvorim kelmadi,
G’am bilan bukchaydi qaddim, g’amgusorim kelmadi,
Mehribon, ulfatnishin, shirin suxango’ kelmadi.

O’rtadi jonimni, do’stlar, yorning har bir so’zi,
Boqqach iymonimni oldi ohudek o’ynar ko’zi,
Gul uchun bulbul qafasda, zog’lar aylar bozi,
Jon berar vaqtda kelay deb va’dalar qildi o’zi,
Halquma yetti bu jonim, chashmi jodu kelmadi.

O’rtanib ko’yida kuydi joni zorim, bilmadi,
«Ey g’aribi xokisorim», deb bu holim so’rmadi,
Jabrini har kun ziyoda ayladi, kam qilmadi,
Ne sabab hoziq tabibim zarra ko’zga ilmadi,
Ko’ngli qattig’, toshbag’ir, dardimga doru kelmadi.

Kelsa yuz ming jilva aylab ul mani kuydurgani,
Holatim yo’qtur aning dardida bir dam urgani,
Zulfining bandig’a chirmab necha mandek bandani,
Aytib-aytib yig’lasam ul bevafoning dardini,
Bevafoning dardini ayturg’a haqjo’ kelmadi.

Ko’rmasam bir dam sani baytul-haramni naylayin?
Qolg’on Ibrohimdin ul eski do’konni naylayin?
Ham Bihishtu huru g’ilmon, ul Jinonni naylayin?
Yetti afloku sakkiz Jannat-makonni naylayin?
Bul sababdin, dod etarga tilga «ho», «hu» kelmadi.

Kuygusi tongla Qiyomat dodi ohimni ko’rub,
Qolg’usi Mahshar eli hayron gunohimni ko’rub,
Tiyra bo’lg’ay yeru ko’k ro’yi siyohimni ko’rub,
Shoyad ul rahm aylagay holi tabohimni ko’rub,
Zor o’ldum hajrida qoshimg’a haqgo’ kelmadi.

Bul yurokim g’amga to’ldi, gul’uzorim, kelsano,
Qon to’lubdur ko’ksuma qoshimg’a, yorim, kelsano,
Har na qilsang san o’zung qil, g’amgusorim, kelsano,
Jumla shohlarni ulug’i, nomdorim, kelsano,
Dilni zangorin ochurg’a oyinaro’ kelmadi.

Zohido, Mashrabga deding: «Masjid ichra qo’y qadam!»
O’lturub mehrobda ayding: «Xotiringni ayla jam!»
Fahshidin qildim ibo, hech urmadim man anga dam,
Turfa ishdurkim, ko’rung, masjidga kirmish dardu g’am,
Necha kun zohid bo’lub ko’nglumga bir hu kelmadi.

TAVBANG QABUL BO’LMAS SENI

Ey ko’zimning sham’iyu ham nuri diydam ravshani,
Odami imong’a yetmay hech vaqt bo’lmas G’ani,
Mardumozori qilib bo’lma Xudoni dushmani,
Osmonga yetsa boshing qilmagil movu-mani,
To Otang rozi emas, tavbang qabul bo’lmas seni.

Kechayu kunduz agar Qur’on tilovat aylasang,
Shabni ro’z aylab mudom taqvoyi toat aylasang,
Misli Hotamdek bo’lib xayru saxovat aylasang,
Ka’bayi maqsudni ming bor ziyorat aylasang,
To Otang rozi emas, tavbang qabul bo’lmas seni.

Mashriqu Mag’ribni kezsang, yo’q bu dardingga tabib,
Qilmag’ay andak shafoat, sayyidi nuri Habib,
Kuydurur ul Moliki do’zax, seni oxir mujib,
Yuz fig’onu nola qilsang, hech kishi kelmas qarib,
To Otang rozi emas, tavbang qabul bo’lmas seni.

Dini imoning bilan ursang bu yo’lda dastu po,
Zo’ri bozing birla etsang o’ttiz uch ming xonaqo,
Osmondin tushsa Iso, qilsa haqqingga duo
Murshiding Xizri zamon bo’lsa, bo’lolmas rahnamo,
To Otang rozi emas, tavbang qabul bo’lmas seni.

Bo’yi rahmat anga yetmas, kimki badkirdordur,
Go’r ani qilmas qabul, chirkin tani murdordur,
Chun Xudo bandam demas, har kimki dil ozordur,
Kim Padarozordur, andin Xudo bezordur,
To Otang rozi emas, tavbang qabul bo’lmas seni.

Toating behudadur, hargiz topolmassan samar,
Sad hazoron nekni, bir xo’yi bad barham urar,
Ey muqqaddar domaning kuydi o’zingdin bexabar,
Arshi a’zamdin ulug’dur, bandaga amri Padar,
To Otang rozi emas, tavbang qabul bo’lmas seni.

Hech oqil o’zini ahli kasofat aylamas,
Bu giyohi talxni hech kim ziroat aylamas,
Kim Padarozordur Ahmad shafoat aylamas,
Bandayi mo’min omonatga xiyonat aylamas,
To Otang rozi emas, tavbang qabul bo’lmas seni.

Mashrabo azmi safar qilgil neku kirdor bo’l,
Bandalikni pesha tut, shab to sahar bedor bo’l,
Oxiratni xavfidin qon yig’lagil hushyor bo’l,
Bog’i rizvon istasang amri padarga yor bo’l,
To Otang rozi emas, tavbang qabul bo’lmas seni.

Boborahim Mashrab. Mehribonim Qaydasan. Devon by Khurshid Davron on Scribd

003

(Tashriflar: umumiy 99 118, bugungi 6)

16 izoh

  1. Аналҳақ гӯи эъҷодам таҷалли парвари ишқам,
    Мудом аз хуни Мансурам майе дар соғари ишқам.
    Шаби ғамро кунад равшан чароғи дуди оҳи ман,
    Занад чун таъна бар хуршеду ахтар машҳари ишқам.
    На куфорам шикебои на исломам таманнои,
    Надонам Каъбаву бутхона аз ҳам кофари ишқам.
    Намак парвардаи доғам шарар омодаи оҳам,
    Матоъи дарду ғам дорам ба каф савдогари ишқам.
    Шудам пайғамбари савдо мани девонаи Машраб,
    Шафоъат мекунад аҳли ҷунунро машҳари ишқам.

  2. Рахмат Яна авлиёларимиз хакидаги хикояларни хаётиларини ижодларини купрок кутиб коламиз

  3. Maxtumquli va Mashrab sherlari va g’azallari juda maqul,sizlarga katta raxmat

  4. АЛЛОҲ ТАОЛО ижодий Ишларга ривож берсун. Расулуллоҳ келадур ғазалини топишга ёрдамлашинглар, илтимос

  5. Расулулоҳ келадур (Машраб ғазали) PDF Босма E-mail
    Кел, анда Жабройил, Аршни супургил,
    Анда меҳмон бўлгали Расулуллоҳ келадур.

    «Мазо — ал басар» кўзлик, «шамс —уз зуҳо» юзлик
    Ҳаммадан ширин сўзлик, Расулуллоҳ келадур.

    Моликларгаму айтинг, дўзах эшигин ёпсин,
    Бошларига дур сочсин, Расулуллоҳ келадур.

    Ғилмонларгаму айтинг, жаннат эшигин очсин,
    Йўлларига кўз тутсин, Расулуллоҳ келадур.

    Шамолларгаму айтинг, сайр этишини қўйсин,
    Беадаблик қилмасун, Расулуллоҳ келадур.

    Дарёларгаму айтинг, мавж уришини қўйсин,
    Олдида соқов бўлсин, Расулуллоҳ келадур.

    Азройилгаму айтинг, жон олишини қўйсин,
    Хизматда муқим турсин, Расулуллоҳ келадур.

    Уфқул мақомига бориб йиғлайди Жабройил:
    «Бундан ўтсам, ё Расул, қанотларим куядур».

    Маҳшар куни бўлганда йиғилур -халойиқлар
    Расулуллоҳ кейнидан Машраб қаландар келадур.

    Шарҳ; Расулуллоҳ (с.а.в.) келадир
    Ё Жабройил алайҳиссалом, ҳозирлик кўрингки, инсонларнинг сарвари Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) арши аъло сари меҳмон бўлгани келмоқдалар. Басирот кўзлари кундек равшан, юзлари тонг шафақидек покиза, ҳалийм ва сўзлари жозиб Расулуллоҳ (с.а.в.) келадилар. Ё Жабройил алайҳиссалом дўзах қўриқчилари малоикаларга айтинг: улар ҳам дўзах эшикларини ёпиб, ўз вазифаларини бир дам унутсинлар ва Аллоҳнинг севимли пайғамбари (с.а.в.) бошларидан дури гавҳарлар сочсинлар. Ғилмонларга айтингки, жаннат эшикларини ланг очсинлар ва интизор кўзларини ул муборак зот йўлларига тиксинларки, бу меърож тунини ёритиб Ҳабибуллоҳ (с.а.в.) келмоқдалар. Бебош шамоллар ҳам бир зум сукут ичра қотсинлар. Беадаблик қилиб, увилламасинлар. Дарёлар шовуллаб мавжланишини бас қилсин. Азроил алайҳиссалом ўзларининг аввалу охир вазифалари — жон олишидан тийилиб, хизматда муқим турсинларки, Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузури олийга келмоқдалар. Зеро, Аллоҳ ҳузурида ҳозир бўлиш малойиклар, инсу жинс орасида фақат Муҳаммад алайҳиссаломгагина насиб этмишдир. Ҳатто Жаброил алайҳиссалом каби буюк фаришта ҳам Сидратул Мунтаҳо остонасида «Бундан нари ўтсам, қанотларим куяди», дея юм — юм йиғлайди. Маҳшар куни жами халойиқ йиғлаган куйи у зотга эргашурларки, девона Машраб ҳам шуларнинг биридир.

  6. КЎЧИРИБ ФБГА ҚЎЙДИМ РОЗИ БЎЛАСИЗЛАР. ИЖОДИНГИЗГА БАРАКА

  7. ШУНАКА ТАРИХИМИЗНИ ЧИКАРГАНЛАРГА КАТТАКОН РАХМАТ УЛАНИНГ ШЕРЛАРИ МЕНИНГ ЮРАГИМДАДУР❤❤❤❤❤

  8. Эй фалак газални ким билса илова килса илтимос

  9. Eshitishimcha dorga osgani olib ketayotganda bir sher aytgan. U o‘sha biz to‘ylarda eshitadigan To‘ylar muborak. Xaqiqatdan ham bu qo‘shiqning so‘zlari Mashrabga tegishlimi? Men eshitgan bu ma‘lumot xaqiqatga yaqinmi? Shu xaqda ma‘lumot beringlar iltimos

  10. Авзу.бисмиллахдан бошлайман сузим.ОНАСИН КОРНИДА ЙИГЛАГАН БОБО МАШРАБИМДАН ЁДГОРИМ МУХАММАСЛАРИМ. ГАЗАЛУ РУБОЙИЛАРИМ КАДДИНГДАН КЕТАЙМУ КАДРИНГА ЕТАЙМУ БОБОРАХИММАШРАБ БОБОМ..ХАЖЖУ МАБРУР .БУЮК УТКИР .АБАРАЛИ ХОЖИАКБАР САНОГИ ЙУК ХАЖ САВОБИ ВА ХАТМИЛКУРОНЛАР САВОБИ ЮРТИМИЗНИ 12000 ХАЖЖИМАБРУРЛАРИ ДУОЛАРИ СИЗ УЧУН ЧЕКСИЗ БУЛСИН ОМИН!!!!!!!!!!!ДНГАНЛАР ХАМ САМАРИ САВОБГА ЭГА БУЛСИНЛАР ОМИН!!!!!!!

  11. Машраб
    СИҒМАМДУР

    Ажаб мажнун эрурман, дашт ила саҳроға сиғмамдур,
    Дилим дарёйи нурдур, мавж уруб дунёға сиғмамдур.

    Шариат ҳам, тариқат ҳам, ҳақиқат мендадур мавжуд,
    Чу султони азалдурманки, арши аълоға сиғмамдур.

    Халилосо бу йўлда оташи Намруд – меърожим,
    Ҳамон дурри ҳақиқатманки, ҳар дунёга сиғмамдур.

    Ризо мулкидаман, ҳалқумни туттум тиғИ Акбарга,
    Бу йўлда сийнаи поки Забунуллоға сиғмамдур.

    Агарчанде зиёрат қилмадим мен Каъбайи зоҳир,
    Тариқат ҳожисидурманки, Байтуллога сиғмамдур.

    Гаҳи бўлдум фақиру, гоҳи шоҳу, гаҳ гадодурман,
    Ажаб девонаман, фардоки маҳшаргоҳға сиғмамдур.

    Мақоми ҳайрат ичра гоҳи худман, гоҳи бехудман,
    Жунун бозорида мастманки, истиғноға сиғмамдур.

    Гаҳ ўрус, гоҳи черкас, гоҳи мўмин, гоҳи тарсоман,
    Не кавнайни миёни лоу иллоллоға сиғмамдур.

    Мудом мискин эрурман чун ғуломинг – Машрабингдурман,
    Мени бечора бу дунё билан уқбоға сиғмамдур.

  12. Assalomu alaykum. Boborahim Mashrab bobomizni nechuk qilgʻayman ey Alloh gʻazali kimda bor iltimos topishga yordam beringlar kimda boʻlsa pochtaamga tashlab beringlar Alloh rozi boʻlsin

  13. Эй биродарлар рахм этмангиз
    Ман бир казога йигласам

    Деб бошланувчи газални топиб бера оласизларми илтимос шу газални рахматли бувам айтгандилар топа олмаяпман ИЛТИМОС

Izoh qoldiring