Abdusattor Jumanazar. Uch maqola & O’rolboy Qobil. «Mabdayi nur» kimniki?

Ashampoo_Snap_2017.08.07_14h29m15s_001_.png…Абдусаттор Жуманазарнинг чиқишлари мантиқий мулоҳазага асосланиши, далилларининг аниқлиги билан ажралиб туради. Олим мумтоз адабиётимиз тўғрисидаги мулоҳазаларини баён этганда мавҳум, умумий гаплар билан аравани олиб қочмайди, ҳавойи даъволарга берилмайди  (Абдулла Улуғовнинг «Мангу мезон» мақоласидан).

 

“МАБДАИ НУР” КИМНИКИ?
Ўролбой ҚОБИЛ
01

Яқинда қўлимга манбашунос Абдусаттор Жуманазарнинг «Академнашр» нашриёти томонидан чоп этилган «Машраб» номли китоби тушиб қолди. Китоб муаллифини яхши танишим ва у олиб бораётган илмий тадқиқотлардан қисман хабардор бўлганим сабабли асарни қизиқиш билан ўқишга тушдим. Асар мумтоз адабиётимизнинг забардаст вакили, оташнафас шоир Бобораҳим Машраб ва Қашқадарёнинг Касби тумани Қамаши қишлоғида умргузаронлик қилган, адабиётимиз тарихи зарварақларида Машраби Соний (Иккинчи Машраб) номини олган Рўзибой охундларнинг ҳаёти ва ижоди, улар яшаган давр ва замон, қолаверса, «Мабдаи нур» асарининг қайси шоирга тегишли эканлиги каби муаммоларга бағишлангани сабабли қизиқарли эди.

Адабиёт ихлосмандлари бундан бир неча йиллар аввал «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафтаномасида бошланган қизғин мунозара ва баҳслардан хабардор бўлсалар керак. Унда Абдусаттор Жуманазарнинг «Мабдаи нур» асарининг шу кунгача дарслик ва қўлланмаларда Бобораҳим Машрабга тегишли эканлигига эътироз билдиривчи туркум мақолалари эълон қилинган, муаллиф чиқишларида, ўзининг давосини бирламчи манбаларга таяниб, бу мўътабар асарни Ҳофиз Рўзибой охун Машраб қаламига мансуб эканлигини асослаб бергани сабаб бўлган эди. Албатта, Абдусаттор Жуманазарнинг бу чиқишлари кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Шу билан биргаликда Абдулла Жаббор, Жалолиддин Юсупов каби олимлар бунга эътироз билдиришга ҳаракат қилиб кўришди. Бу борада изланишлар олиб борган Поён Равшанов ва Олим Равшановлар ҳам ўзларининг чиқишлари билан баҳсда иштирок этишганди.

Муаллифнинг таъкидлашича, қарийиб бир асрдан буён баҳсу мунозараларга сабаб бўлган «Мабдаи нур» масаласига илк бора рус тадқиқотчилари Н. С. Ликошин, В. Л. Вяткин, машҳур адабиётшунос ва адиб Абдурауф Фитрат, О. Шарафуддинов, А. Ҳайитметовлар қисман эътибор қаратишган бўлишса, аллома шоир Ғафур Ғуломнинг «Икки Машраб» мақоласи эса бу масалага эътиборни янада кучайтирган. Бобораҳим Машраб ҳаёти ва ижоди билан Порсо Шамсиев, Пўлатжон Қаюмов, Абдурашид Абдуғафуров, Воҳид Абдуллаев, Исматулла Абдуллаев, Абдулла Носиров, Муҳсин Зокировлар узоқ йиллар давомида изланишлар олиб боришган. Ғафур Ғулом, Пўлатжон Қаюмов, Абдулла Носиров ва Муҳсин Зокировлар машҳур асарни Бобораҳим Машраб қаламига мансуб эмаслигига ишора қилишган. Аммо, орадан йиллар ўтиб, негадир олимлардан бири Муҳсин Зокиров ўз фикридан қайтгани ҳақида ёшлар газетасида мақола эълон қилади.

Шу орада яна Машрабнинг ижодидан намуналар жамланган китоблар бир неча бор нашр этилди ва «Мабдаи нур» ва «Кимё» каби асарлар Бобораҳим Машрабники деб бот-бот такрорланди .

Муаллиф ёзади: «Аввало, Германиянинг Герда Хенкил жамғармаси билан Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ходимлари ҳамкорлигида қўлёзма асарлар электрон каталогини тузиш ишида «Мабдаи нур», «Кимё» ва «Ғазалёти эшон Машраб» каби шеърлар тўпламига дуч келиб, уларни аниқ ва батафсил тавсиф қилиш зарурияти пайдо бўлди. Иккинчидан, «Мужаддидийларнинг Бухоро хонлиги маърифий ҳаётида тутган ўрни» мавзусидаги тадқиқотда Рўзибой Машраб исмли шахс мужаддидийлар сафида чиқиб қолди.»
Хўш, Рўзибой Машраб ким бўлган? Аллома шоир Касбининг Қамаши қишлоғида тахминан 1785-1871 йилларда яшаб ўтган ва қабртоши ҳам сақланиб қолган.

Муаллиф «Дариғ” радифли таркиббанд ва “Олдимга кел” мухаммасини шоирнинг тарижимаи ҳоли ҳамда “Мабдаи нур”асари ҳақида хабар берувчи илк ишончли манбалар деб ҳисоблайди. Айниқса, “Дариғ” таркиббандининг икки бандида Рўзибой Машраб ҳаётининг айрим қирралари қисқа ва лўнда баён этилганига эътибор қаратади.

Бор эди бир шайх, гўё ул манго мавло эди,
Исми поки Ёрмуҳаммад, соҳиби тақво эди.
Гуҳари кўзидин ниҳону илмга дарё эди,
Кони Соҳибзодадин чиққан дурру якто эди.

Шоирнинг биринчи устози мулла Ёрмуҳаммад исмли кўзи ожиз киши бўлган. Илмий тадқиқот ва адабиётларда бу шахс ҳақида деярли маълумотлар учрамайди. Унда Соҳибзода сўзи нимани англатади? Тарихий манбаларда бир неча шахс шу ном билан аталган. Биринчиси Миён Фазл Аҳмад, иккинчиси унинг ўғли Миён Ғулом Қодир Соҳибзодадир. Биринчиси Бухоро, иккинчиси Қўқон хонлигида фаолият олиб борган мужаддидий шайхлар бўлиб, улардан давом этган авлодларнинг айримларига “соҳибзода” сўзи қўшиб айтилган. У Амир Шоҳмурод Бухоро тахтига ўтиргач, бош пир ўрнини эгаллайди. Миён Фазл Аҳмад жуда кўп сўфийларга устозлик қилган, шеъриятни қадрлаган ва ўзи ҳам асарлар ёзган. Мулла Ёрмуҳаммад худди шу устозидан тариқат илмини ўрганади ва устозининг кўрсатмаси билан Қаршида фаолият олиб боради. Рўзибой Машраб дастлаб шу кишидан 1790-1800 йилларда тариқат сабоғи олган бўлса, 1800-1801 йилларда Қаршига унинг иккинчи устози Абдураҳмон ан-Насафий кўчиб келади. Рўзибой Машраб ундан тариқат илмини ўрганган пайтларда 30-35 ёшларда бўлган.

Муаллиф ёзади: -Асар Бобораҳим Машрабга тегишли дейишимиз учун унда Наманган, Андижон, Марғилон, Ўш, Қошғар, Ғўлжа, Хўтан, Бадахшон каби юртлар ва у ерларда яшаб ўтган азиз-авлиёлар оламини кўришимиз лозим эди. Лекин улар учрамади. Аммо, асарда Насафнинг Патрон қишлоғида Хожа Шарафиддин ва Касби, Фазли томонда яшаган Хожа Шариф исмли тарихий шахслар номи зикр этилган. Шунингдек Хожа Размоз номли зиёратгоҳ эса Ғузордан 14 чақирим узоқлиқда жойлашган.

Бундан ташқари “Мабдаи нур” асарида ўчрайдиган шевага оид сўзларнинг Қарши, Ғузор, Шахрсабз, Китоб шаҳарларида яшовчи аҳолининг тилига яқинлигига эътибор қаратган. Шунингдек № 12318-8 рақамли “Рисолои мансубаи девони Машраб” ҳажми 18 варақли янги топилган қўлёзмада унинг тугатган санаси солиштирилганда Рўзибой Машрабга тўғри келишини аниқлаш билан бирга ўқувчига, “Бобораҳим Машраб ХIХ асрда нима қилиб юрибди?”, деган саволни беради.

Муаллиф Рўзибой қаламига мансуб бўлган шарқшунослик институти хазинасида сақланаётган қўлёзмалар рўйхатини ва шоирнинг “Иккинчи Машраб” номи билан “Туркистон вилоятининг газети” 1902 йил 1 феврал сонида босилган сўзбоши билан эълон қилинган “Дариғ” таркиббандини излаб топгани таҳсинга лойиқдир.
Китобнинг сўнгида шундай сўзлар бор; “Кичкина бир тавсиф тарихи якунига етди. Кўриб чиқилган матнлар ҳамда улардаги маълумотларга асосланиб тузилаётган электрон каталог тавсифидаги биргина “Муаллиф:…” бандига “Ҳофиз Рўзибой Машраб” деб ёзишга мажбур бўлдим”.- деб якунлайди.

Асар охирида муаллиф фойдаланган 200 дан ортиқ манба, илмий адабиёт ва тадқиқотлар, луғат ва каталоглар рўйхати илова қилинган.

Хуллас, китобни мутолаа қилган ўқувчи, мумтоз адабиётимизда жўшқин шеърияти билан ўчмас из қолдиран Бобораҳим Машраб ижоди, у яшаган давр, устозлари ҳақида тўлиқ маълумот олиш билан бирга улуғ шоир қаламига мансуб деб келинган “Мабдаи нур”, “Кимё” каби асарларнинг уники бўлмаганини “Машраби Соний” номини олган яна бир улкан шоир Рўзибой Машраб ҳам борлигини билиб олади.

Шу ўринда бир мушоҳада қилсак. Ҳонуз мактаб ва коллеж, лицей, олий ўқув юртлари ўқувчи ва талабалари учун минглаб нусхада чоп қилинаётан адабиёт дарсликларида юқорида номи зикр этилаётган асарларнинг муаллифи Бобораҳим Машраб деб келинаётганлиги ажабланарлидир. Қолаверса, бу янгиликдан адабиёт муаллимлари хабардорми? Қарийиб икки асрдан буён бахс-мунозараларга сабаб бўлган чалкашликка ниҳоят чек қўйилганга ўхшайди.

Яна бир гап: Истеъдодли ва захматкаш олим Абдусаттор Жуманазарнинг “Машраб” рисоласи Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси томонидан мустақиллигимизнинг 25 йиллигига бағишланган “Ватанни мадҳ этиш бахти” танловида рағбатлантирувчи мукофотга лойиқ топилгани ҳам асарда кўтарилган муаммонинг аҳамиятини кўрсатиб турибди.

Абдусаттор Жуманазар
УЧ МАҚОЛА
01

Абдусаттор Жуманазар  1961 йилда Қашқадарё вилояти Қамаши тумани Наймансарой қишлоғида туғилган. Тошкент Давлат университетининг шарқшунослик факультетини тамомлаган. Газета ва журналларда фаолият юритган. Ҳозир ЎЗ ФА Беруний номидаги шарқшунослик инстутида катта илмий ходим бўлиб ишлайди. “Ҳилват аҳли”, “Мадорис”, “Насаф”, “Машраб”, “Вахшувор”, “Бухоро” каби илмий-бадиий китоблари нашр этилган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

01

ҚАЛАМ ВА ТОШГА АЙЛАНГАН КЎЗ ЁШ

decor60.jpg

Қалам

Биз кўриб, фойдаланаётган қалам XVI-XVII асрлардаги турдошига ўхшамайди. Уларнинг фақат номи бир. У даврларнинг қалами кўпроқтурк, ҳинд, форс қамишларидан ясалган. Бу қамишлар йиғлаган ва «кўз ёши» билан саҳифаларни тўлдирган. Шу сабабли ўқувчи мумтоз адабиётда дил ноласи, ҳижрон ўртовлари, муножотга йўғрилган ибодат, Чўли Ироқ ва бир олам ғамларга тўқнашади. Тарихдаги барча фусункор хатлар, мўъжизалар ҳудудидан териб келинган ҳарфлар улар орқали дунёга келган.

Бизнинг давримизда бирорта қалам йиғламай қўйди. Қанчалик йўнганинг билан улардан бир томчи ҳам тушмайди. Улар билан ҳатто мумтоз адабиётдан кўчирма нусха олиб бўлмайди. Қалбга хос бўлган барча хусусиятлар саҳифада узоқ турмасдан умалиб, тушиб кетаверади. Йўнганингда бугунги қаламнинг ичида қаттиқ қора тошни кўрасан. Тошга айланган «кўз ёш»лар… Ундан энди дардлар ёқимсиз қасирлаб, юракларни тирнаб, бир улов арава шағалдай тўкилади. Уларни энди Нафс учун сотиб олиш, улардан ҳашаматли қасрлар ва одам яқинлаша олмайдиган дала ҳовлилар қуриш мумкин. Бу ҳодисалар XXI аср – бизнинг давримизга хосдир. Бир қарич чиқар-чиқмас қаламнинг ўтмишига кўз югуртиришга уринаман. У фавқулодда узун…

Унинг ибтидосида ёнаётган чўпга дуч келдим. Инсоният тарихидаги энг содда одамлар улардан йиртқич ва ёввойи ҳайвонларни қўрқитиш, тошларга шакллар чизиш, миясидаги тасвирларни ташқарига чиқариш учун фойдаланган экан. Замонлар ўтаверибди, одамнинг қўлида ёнган чўпнинг кичикроқлари Қалам ва ёнаётган узунроқлари Қиличга айланибди. Шу тариқа аслида уларнинг ўзи ва иши ҳам бир экан. Ке¬йинчалик, қалам қамиш ва қилич пўлатдан ясаладиган бўлибди. Айтишларича, милоддан олдинги VIII-VII асрларда Осиёнинг қудратли ва машҳур ҳукмдори Алп Эр Тўнга (Афросиёб) шамширига «Қилич ва Қаламни Эр тутсин» сўзлари битилган экан. Бу тарих тафсилотини алоҳида сўзлашга тўғри келади.

Ҳозир қалам қутимда «Нийоза», «Навқад Қурайш», «Афросиёб», «Лангар Ота», «Хонақоҳ», «Охунд», «Исфароз» деб номланган яна бир қанча махсус қаламлар бор. Ҳали уларни ишлатмадик. Уларнинг ҳар бири буюк жангчилар, шарафли масканлар, юракларда ҳилпираган яловлар… ҳақида қиссалар сўзлайди. Олдинги мақолаларда Имкана қишлоғида кечган тарихий воқеалардан сўзлаётгандик. У чала қолмасин. Ҳикояни «Имкана» қаламида давом эттирамиз.

Мадраса

1950–1960 йиллар оралиғида қишлоқда жуда катта иккита йўқотиш бўлди. Улардан бири Имкана мадрасасидир. У ўттиздан ошиқ ҳужралардан иборат унчалик кичик бўлмаган ўқув даргоҳи эди. Ўртасида ерга пишиқ ғишт терилган тўғри тўрт бурчакли майдон, шимолида хонақоҳга қараган ва жанубида жоме масжидига олиб чиқувчи ажойиб дарвозалари бўлган. Унинг ҳужраларидан бирида мадраса ва жоме масжидига қарашли бой кутубхона жойлашган. Қишлоқнинг номини «илм кони» деб ўзгартиришди. Аммо худди ўша кезлари унинг олис ўлкаларда ҳам машµур бўлган илм ва эътиқод масканлари бузиб ташланди. Қадимшунос Г. Пугаченкованинг «Ўрта Осиё йўл кўрсаткичи» («Средняя Азия справочник-путеводитель») китобида уларнинг фақат умумий тархи қолди. Бундан ташқари, кейинги тадқиқотлар мобайнида ҳар жойдан мазкур мадраса фаолиятига доир турли мазмундаги қимматли ҳужжатлар топилди. Уларда шўролар инқилобидан илгарироқ Имкана мадрасасида мулла Акбархожа, мулла Салоҳиддин, мулла Ҳақназар исмли шахслар илм толибларига дарс ўтгани ҳақида маълумотлар борлиги аниқланди. Мударриснинг ойлик маоши олти–саккиз юз танга оралиғида эди. Бу миқдор вилоятда мазкур мадраса мавқеи анчагина юқори бўлганидан дарак беради. ХХ аср бошларида бу ерда Бақохожа ибн Бобохожа, Сайфиддинхожа Имканагий каби илм соҳасида таниқли инсонлар яшаган. Уларнинг қўли теккан ёзув ва китобларни кўришга муваффақ бўлдим. Қўшни вилоятларда ҳам машҳур бўлишига қарамай, XIX асрнинг охирларидаёқ мадраса биноси яхши аҳволда эмасди. Афтидан, мутаваллилар ўз вазифасини сидқидилдан бажармаган.

Қозон ҳикояси

Хонақоҳ, мадраса ва масжидга оид вақф ҳужжатида ҳафтанинг душанба, жума кунлари тўпланадиган мусулмонлар учун ош, нон ва ҳолва тайёрлаш шарт қилинган эди. Ушбу хайрли одат шўролар ҳукмронлигининг илк даврларида ҳам давом этган экан.
1950–1955 йиллар қаровсизликдан емирилиб бораётган тарихий обидаларнинг вақт «азоби»дан қутулишига қишлоқ аҳли кўмаклашиб юборади. Қачонлардир кўркам ва улуғвор бўлган, фалокатли иккинчи жаҳон уруши ҳам зарар етказолмаган Жоме масжиди таг-туги билан йўқ қилинади. Мадраса бузилиб, ўрнига мактаб қурилади. Бир замонлар қоронғу дилларни ёритган чироқ («Мишкват ул-масобиҳ») ўчирилади. Унинг ўрнини Ленин ва шўролар, динсизлар таълимоти эгаллайди. Аждодлар… унутилишга маҳкум этилади. Улардан энди ҳар хил узуқ-юлуқ ривоятлар, эскирган хира хотиралар, тепадаги танаси бир неча марта синган Чинор, кексаларнинг оғир хўрсинишлари, ўтмишини йўқотган умидсиз нигоҳлар қолганди.

Душман енгса,
Шундай енгади-да!
Мағлубнинг боши хам,
Кўзи – қуриган булоқдай.

Сўрасанг,
Қўрқади… билмайди…
Мақтанаверади бирибир.

Аммо заррадек шуъла қолган,
Бир тўда чоллардан,
Бирининг ичида.

Мағлубни
Ғолибга айлантирадиган.

Энди душанба, жума кунлари ош, нон ва ҳолва тайёрланмайдиган бўлди. Бу воқеалардан ярим аср ўтиб кетганди… Мен шу манзилга келдим. Вақф ҳужжатидаги мазкур маълумотлар жуда оддий, тушунарли эди. Тўсатдан, бу ерда қандай ош тайёрлангани ва ҳужжатдаги ўша гапларни унчалик тушунмаганимни билиб қолдим. Вақф ҳужжатида кўрсатилган таомлардан бири пиширилган идишга дуч келгандим. У мисдан ясалган, баландлиги 56 см, айлана узунлиги 347 см, юқори қисми бир оз торайган, оғзи айланасининг диаметри 88 см. Икки ёнида отнинг сувлиғига ўхшаб кетадиган тутқичлари бор. У қозон эди.

Шўролар даврида аввал қишлоқнинг тарихий анъаналари тўхтади. Қозон мадраса ё масжидда улар бузилгунча турди. Кейин кимдир уни мактаб омборига киритиб қўяди. Вақт ўтаверади… Яна бошқа кимнингдир боши «ишлаб», ундан мактабни таъмирлаш ишларида фойдалана бошлайди. Ош ё ҳолва пиширилган қадимий аждодлар қозонида оҳак ивитилади, бетон қорилади… Бундай оғир жараёнлардан унинг таги тешилиб қолади. У яроқсиз буюм сифатида четга улоқтирилади ва анча вақт кўздан четроқда, панада ётади. Бир куни яна кимдир уни қимматбаҳо рангли маъдан сифатида темир-терсакчиларга сотиб юбораётганда мактаб мудири уни олиб қолади ва мен уни учратган ушбу жойга келтириб, бекитиб қўяди. Бу воқеалар қозоннинг шўролар давридан бугунгача босиб ўтган аянчли йўлидир. Унинг бу воқеалардан олдинги таржимаи ҳоли эса вақф ҳужжатидаги «душанба, жума кунлари йиғиладиган мусулмонлар учун ош, нон ва ҳолва тайёрлаш» сўзларига тақалади ва мавлона Абдулбоқи Хожаги Имканагий тарихига улашиб кетади…

Кимдир Напалеон мундирининг тугмасини кўрганини фахр билан гапиради, яна кимдир Черчиллнинг тамаки муштугини томоша қилгани ва унинг хусусиятлари, ҳозиргача сақланиб қолган ҳидини меҳр билан таърифлайди. Киборлар аҳли бу ҳикояларни берилиб тинглайди.

Мен тўрт юз йил аввал шу юрт қавми, Абдулбоқи Хожаги Имканагий издошлари овқатланган, Пир Муҳаммадхон ва Боқи Муҳаммадхон жанги билан боғлиқ, Соҳибқирон Амир Темурнинг «Шимол боғи» қиссасидан сўзлайдиган қозонни учратдим. Хат ёзаман: «Эй ука, Имканагийлар қозонига дуч келдим. Сен Юртнинг ҳар бир тоши, ҳатто чўпини ҳам қадрла! Улар сени миллатнинг ўтмиши билан таништиради, нимани ва қандай ҳимоя қилишни ўргата олади…»
Қозон бирор моҳир мутахассис ҳам изоҳлаб беролмайдиган ҳодисаларни менга осонгина тушунтириб қўйди. Маълум бўлишича, унда «сафо оши» пиширилган экан.

Туганмас анжуман…

Шундайи ҳам бўлади. Имкана анжуманида Боқибиллоҳ Деҳлавий, Халифа Наврўз Кеший, Қози Омон Термизий, Муҳаммад Тоҳир Хоразмий, Мусахон Даҳбедий, Файзий Самарқандий, Амир Шоҳмурод, Мир Ҳусайний каби яна кўплаб ўз даврининг алломалари, давлат арбоблари иштирок этган. Улар манбаларда номлари кўрсатилганларнинг бир қисми холос.

Хожа Муҳаммад Боқибиллоҳ Деҳлавий ва Абдулбоқи Хожаги Имканагий суҳбати тўғрисида қисқагина айтиб ўтгандик.

Халифа Наврўз Кеший XVII асрнинг иккинчи ярми ва XVIII аср бошларида ҳаёт кечирган. Тўрт ҳалқа орқали Абдулбоқи Хожаги Имканагийга боғланади. Ҳожи Муҳаммад Ҳабибуллоҳ Ҳисорийдан (1630–1699) таълим олган. Ўзи машҳур Сўфи Оллоёрга (1663–1724) устозлик қилган. Қабри Китоб туманидаги Катлос қишлоғида. Имкана қишлоғини тез-тез зиёрат қилиб турган.

Муҳаммад Тоҳир Хоразмий ва Қози Омон Термизий нақшбандия тариқатининг бошқа тармоғидан. XVIII аср бошида Хожаги Имканагий ва мавлона Дарвеш Муҳаммад остонасини зиёрат қилади. Қишлоқда Хожаги авлодларидан Хожа Низомиддин ва Хожа Жалолиддин уйида меҳмон бўлади. Бу тўғрида Муҳаммад Тоҳир Хоразмий қимматли маълумотлар ёзиб қолдирган.
Мусахон Даҳбедий XVIII асрда яшаган, тариқатда беш ҳалқа билан Хожаги Имканагийга етади. «Мискин» тахаллуси била шеърлар битган. Ўз асрида жуда машҳур бўлган ва бир қанча асарлар ёзиб қолдирган. У кишининг Имканага келиши, бу ерда Тактак шайх билан ўртасида бўлиб ўтган воқеаларга оид қизиқарли маълумотлар сақланиб қолган.

Мир Файзий ибн мавлона Ориф Самарқандий XVIII асрда яшаган, Хожаги Имканагийга ҳурмати беҳад юқори бўлган. Тариқатда қай тарзда боғланишини аниқлаш учун ҳозирча вақт ажратолмадик. Аммо унинг Мир Абдулҳай (в. 1243 (1827) йил) исмли невараси олти восита билан Хожаги Имканагийга боғланади. У кўплаб асарлар муаллифи эди. Хожаги Имканагий зиёратгоҳига тез-тез келиб турган. Чунки бобоси Мир Файзий ибн мавлона Ориф шу ерга дафн қилинган эди. Бу ҳақда машҳур «Самарийа» асари муаллифи Абу Тоҳирхожа: «Ҳазрат мавлона Файзийнинг мозори Шаҳрисабз вилоятида Имкана номли мавзеда, ҳазрат Хожа Имкана қабристонидадир», дея ахборот беради. У Абу Тоҳирхожанинг учинчи катта бобоси эди. Бу маълумотдан сўнг бир неча марта Имканага борган бўлсак-да, қабртошларни синчиклаб ўрганишга фурсат бўлмади.

Амир Шоҳмурод (1743–1800) тариқатда камида учта тармоқ орқали у кишига боғланади. Сиёсий ва ҳарбий курашларда устозлари жумладан, Хожаги Имканагий қарашларига қаттиқ таянади. Бу мавзуда алоҳида мақоламиз борлиги туфайли айтадиган сўзларимизни кейинга қолдирамиз.
Мир Ҳусайний манғит ҳукмдорлари хонадони вакилларидан бири, Амир Шоҳмуроднинг иккинчи ўғли эди. Имкана қишлоғида кўп марта бўлган. Хожаги Имканагийнинг баъзи авлодлари билан яқин дўст тутинган. «Махазин ат-тақво» асарида улар тўғрисида ажойиб маълумотлар ёзиб қолдирган.

* * *

Бу анжуманни охирига етказиб бўлмайди, иштирокчилари жуда кўп. Унда ҳатто, Қофқоз халқлари миллий озодлик курашининг афсонавий қаҳрамони, толмас курашчи, буюк жангчи Шамил ҳам иштирок этади…

Қалбдаги чизиқлар

Уларни кўриш учун Хожаги Имканагий суҳбатдошларини тарихдан излаб топиш зурур. Қалбда аниқ чизиқлар бор… Улар соҳибини чўчитади. Энг оддийи «йўллар» (тавориқ) деб номланади. Иккинчисининг номини аниқ ўқиб бўлмади. Аммо у «ақл ўтолмайдиган (хавориқ) чизиқ»қа ўхшайди. Унинг ортида ғаройиб ҳодисалар содир бўлади.
Ақл шу чизиқ орқасида уларни ҳайрат билан кузатади.
Жаҳл унга ҳеч қачон тушунолмаса ҳам, уни кўргандек, тушунгандек ва ҳатто, унинг тарафдори, яқинидек кўрсатишга уринади ўзини.

Руҳ ва Парда

Ақл ҳайрат билан кузатадиган аммо ўзи ўтолмайдиган ўша ҳодисалар ортида ҳам ниҳоятда берк ва маҳкам парда бор. Бу пардани хавориқлар кўтара олмайди. Уни фақат шуълалардан ҳосил бўлган чақмоқлар йўқ қила олади. Шуълалар – рост сўз, бировнинг ҳаққи қўшилмаган луқма, тоза назар, таъмадан тозаланган нафс, нафратсиз тафаккур, ишқ… каби оламдаги барча ибодатлардан иборатдир. Улардан бирортасига зарар етса, шуъла хиралашади. Чақмоқ сўнади. Парда яна пайдо бўлади.

Вақти келса, бу пардани Хожаги Имканагийнинг отаси мавлона Дарвеш Муҳаммад қандай кўтарганини билиб олармиз.

Бу дунёда…

Қаламнинг қудрати чексиздир. Сабр-тоқатимиз етса, у бизга Дунёдаги бирорта воқеани қолдирмай баён қила олади. Ҳатто, хавориқларнинг кучи етмаган парда, уни патдек енгилгина учириб юборадиган ва оламларни ёритиб, ларзага соладиган Чақмоқларни ҳам у тушунтириб беради. Тангри қаламнинг зиммасига шундай вазифаларни юклаб, ерга юборган. Бу дунёда қилич билан битмайдиган ишлар жуда кўп, лекин қалам билан ундай эмас…

БУЛБУЛ ТИЛСИМИ

5008446-kaleidoscopic-floral-tatoo-mandala-in-black-and.jpg

Бугунги ўқувчи мулла Бозор охундни Бобораҳим Машрабнинг тариқатдаги биринчи устози деб билади. Лекин кўпчилик китобхонлар бу шахснинг таржимаи ҳолидан деярли хабардор бўлмаса керак. Илмий адабиётларга кўз югуртирилса, худди шогирди сингари унинг ҳаёти ҳам ўзаро мос тушмаган турли ахборотлар қоришиғидан иборат экани аён бўлади. Баъзи тадқиқотларда унга оид қисқача маълумотлар учрайди, айримларида эса номигина қайд этилади. Бозор охунд ким ва қачон яшаган? Қайси тариқат вакили? Бу саволлар ҳозиргача қарийб жавобсиздир. Тарихий манбаларда бу тўғрида қандай гап-сўзлар бор?

Бозор охунд ҳақидаги илк илмий хабарлар Н.С. Ликошиннинг “Девонаи Машраб” таржимаси тадқиқот қисмида берилади. У Машрабга оид маълумот излаб, мурожаат қилгандан сўнг Чуст шаҳри қозиси домулла Масъуд махдум, қозикалон Муҳаммад Мурод ва шайх ул-ислом Нодим унга ахборот тўплаб беради. Улар орасида Бозор охунд шажараси ҳам бор эди. Шажарада Бозор охунд насаби имом Ҳанафия орқали ҳазрати Алига етиши таъкидланади. Бозор охунднинг отаси Султон Муҳаммадхон эди. У даставвал ҳазрати Султон Аҳмад Яссавий юртида яссавия тариқати вакилларидан таълим олади ва кейинчалик Қўқонга кўчиб келади. У ерда бир неча муддат яшаб, Наманганга ўтади ва ўша жойда муқим бўлиб қолади. Унинг Убайдуллоҳ хожа, Олим хожа исмли ўғиллари бор эди. Убайдуллоҳ хожа ўз даврида Подшо Бозор охунд номи билан шуҳрат қозонади. Унинг қол ва ҳол илмидаги биринчи устози, шубҳасиз, отаси эди. У яссавия тариқати мактабида сабоқ олиб вояга етади.

Абдурауф Фитрат “Машраб” мақоласида Бозор охундни: “Бухороли Баҳодур эшоннинг муриди бўлған Охунд мулла Бозор наманганли бўлуб, Фарғонада машҳур ва маълум бир мулла бўлган, қабри бу кун Наманган шаҳридадир”, деб қисқагина тавсифлаб ўтади. Кейинги тадқиқотчилар кўпроқ Н.С.Ликошин маълумотларидан фойдаландилар ва ХХ аср илмий адабиётида Бозор охунднинг вафоти, асосан, 1668 йил деб кўрсатилди.

Бу сана абжад ҳисоби билан “Булбул бирафт аз боғи илм” (“Булбул илм боғидан кетди”) сатридан олинган. Н.С. Ликошин худди шу таърихга асосланган ва уни биринчи бўлиб жамоатчилик эътиборига ҳавола қилганди. Тадқиқотимиз мазмунини мана шу бир неча сўздан иборат бир сатргина матн ҳақидаги мулоҳазалар ташкил этади. Ундаги “аз боғи илм” жумласидан ҳ. 1143 йил(1730-1731) ҳосил бўлади. Н.С. Ликошин абжад ҳисобини аниқлаш учун “булбул” сўзида жамланган 64 рақамини 1143 сонидан олиб ташлайди. У мисрани рақамлар билан “64 кетди 1143дан”, деб ўқийди. Оқибатда ундан ҳ. 1079 йил(1668 июн – 1669 июн) пайдо бўлади. Тадқиқотчилар рақамлар бекитилган бу сатрни Машрабга тегишли, деб ҳисобладилар. А. Абдуғафуров бир ишида: “Чунки Машраб З. Ризаев даъво этаётган санадан 4 йил кейин – 1668(ҳижрий 1079) йилда вафот этган Бозор охундга “Булбул бирафт аз боғи илм”мисраси билан таърих ёзган”, деб “далил” келтиради(“Эрк ва эзгулик куйчилари”, 116-бет).

Исматулла Абдуллаев, Шорасул Зуннунов, Ҳамидулла Болтабоев ва бошқа олимлар ишларида ҳам худди шу сана келтирилади. Муҳсин Зокиров “Эрк ва маърифат куйчилари” китобида (1984) (20 — 21-бетлар) Бозор охундни 1678 йили вафот этган, деб ёзади. Бироқ бу маълумотни қаердан олганини айтмайди. (Балки босмада 1668 сони 1678 деб хато терилган бўлиши ҳам мумкиндир, биз буни билмаймиз.) Нима бўлганда ҳам, Бозор охунд вафоти тарихга шу зайлда шубҳали саналар билан кириб қолади.

Аниқлик излаб қилинган уриниш зое кетмади. Жаноб Н.С. Ликошин “булбул”ни тушунмаган ва уни нотўғри шарҳлаган экан. Илк текширувдаёқ кутилмаган натижага дуч келдик. Абдулазиз Наманганийнинг(Мажзуб) “Тазкират ул-авлиё” асаридан Бозор охундга тааллуқли қуйидаги қизиқ ахборот чиқди: “Мулла Бозор Наманганий одатда туннинг аввалида ухларди. Уйқудан туриб, таҳажжуд намозини адо этарди-да, бир соат “Ҳидойайи шариф”ни ўқир ва кейин “Каломи шариф”ни тиловат қиларди. Бир кеча тиловат пайтида ғайбдан “Қуръонхонлигингдан безор бўлдим”, деган овоз эшитди. Уч кунгача шундай овоз келиб, у ақл-ҳушини йўқотди ва Бухоро тарафга равона бўлди. Бухорода ошпазга шогирд тушди.

Мирзо Баҳодур бир куни Регистонга келиб айланди ва ошпазнинг уйига кирди. Ошпаз лалида(лаганда) ош келтирди. У ошдан бир сиқим еди ва қолганини ошпазга қайтариб берди. “Буни ол, ошингни нима қиламан? Сенинг бир шогирдинг учун келдим. У шогирдинг бўладиган йигит”, деди. Ошпаз шогирдини ҳазратнинг ҳузурига келтирди. Охунд мулла Бозорни синаб кўриб, ўзи билан олиб кетди. Манзилга етгач, домулла Бозор ичкарига кирди. Икки-уч ой пир хизматида бўлди”(ЎзР ФАШИ. 1337-рақамли қўлёзма, 68а —69а-бетлар).

Мулла Бозорни ошпазнинг уйидан олиб кетган Мирзо Баҳодур ким эди? Н.С. Ликошин, Абдурауф Фитрат у Бозор охунднинг устози эканини гапириб ўтади. Бобораҳим Машрабга нисбат бериладиган бир ғазалда ҳам у мулла Бозор охунднинг устози сифатида таърифланади:

Маърифатнинг гулзори мулла Бозор девона,
Ошиқларнинг сардори мулла Бозор девона.

Йўқтур асло кийнаси, баҳри урфон сийнаси,
Нури Ҳақ ойинаси мулла Бозор девона.

Жойларидур Наманган, Ҳақ йўлида жон берган,
Муридларини севган мулла Бозор девона.

Ичларидур тўла нур, пирларидур Баҳодур,
Бухорода ул машҳур, мулла Бозор девона.

Машраб ўзи девона, ишқўтиға парвона,
Йўл юрадур сарсона, мулла Бозор девона.

Манбаларда мазкур шахсҳақида баъзи маълумотлар учрайди. У кубровия тариқатининг таниқли шайхи МирзоБаҳодур Шербадуний ал-Бухорий эди. Тахминан, 1640 – 1710 йиллари Бухорода яшаган. Унинг яна Лутфуллоҳ хожа(Эшон Шаҳид), Ниёз Чўқмоқий, Ҳазрати Имло каби шогирдлари тарихда машҳурдир.

Ҳижрий 1082 йили(1671-1672) кубровия тариқати муршиди Мир Шаҳобиддин Соктараги вафот этиб, раҳбарлик Мир Атоуллоҳ Соктарагига қолганди. Ундан кейин ҳ. 1100 йили(1689) Мирзо Баҳодур тариқат муршиди маснадига ўтиради(ЎзР ФАШИ. 79-5-рақамли қўлёзма, 73б-саҳифа). Худди шу пир Регистон ёнидаги ошхонага келиб, ошпазнинг “бўладиган” шогирди мулла Бозорни кубровия тариқати сари бошлаб кетганди.

Муаррих Мирза Олим Махдум Бозор охунд ҳақида шундай маълумот беради:

“Шоҳруххонни аввал мартаба Хўқандга хонлик маснадига ўлтурганлигини тарихи ҳижрийда 1121(1709-1710) йили экан. Бир шоир бул тарихни “Зи Шоҳрух жў”(Шоҳрухдан қидир) иборатидин топибдур.

Хулосаи калом, Шоҳруххон ўн икки йил хонлик қилиб, ўн учинчи йилда вафот қилибдур. Машҳур наманганлик Машрабни пири шайх мулла Бозор охунд Наманганий ул хонга ҳамаср эканлар.

…Яна баъзи зурафолар Шоҳруххон вафоти тарихи ҳақида баъзи алфозлар мулла Бозор охундни муридлари оғзидин чиққан экан, моддаи тарих топибдур. Анинг ҳикояси шул эканким, вафотига Шоҳруххон Хўқанд шаҳрининг қалъа ва арк биноларида наманганлик мулла Бозор охундни муридларидин бир одамни мардикор қилиб ишлатиб юрган экан. Бу хабарни мулла Бозор охунд эшитиб, ани халос қилмоқ учун Хўқандга келиб, Шоҳруххондин ул муридларини илтимос қилган экан. Хон илтимосларини рад қилибдур. Шайх хондин хафа бўлуб қайтиб, Қаровултепада бир муридларининг уйига бориб, деворга Шоҳруххон тасвирини тортиб, ўқ-ёй ила ул суратга қараб отиб, мезбонга айтибдурлар “Шоҳрух мурд” деб. Бу ҳодиса пайшанба куни жума кечаси экан. Ўша жума куни хонни кифтига бир ёмон яра чиқиб, вафот қилибдур. Бир неча кундин кейин мулла Бозор охундни бир муридлари Қаровултепаға, ўшал уйга қўнганда соҳиби хонадон ҳодисани баён қилиб, шайх жўнаганлари ҳамоно хон вафот қилди, дебдур. Анда ул сўфий жоҳил “хирс ки мурд” деган экан. Ул мезбони зариф бул иборатни ҳисоб қилиб кўрса, моддаи таърих тушубдур” (“Тарихи Туркистон”,Т., 2008, 48 — 50-бетлар).

Бу воқеа Бобораҳим Машраб вафотидан 11 йил кейин 1722 санада рўй беради. Мулла Бозор охунд бу пайтда ҳали жисмонан бақувват, ғайрат-шижоатли эди. Яна бир неча манбада бу воқеага оид шунга ўхшаш маълумот учрайди. Орадан тўққиз йил кечиб, ҳ. 1143 йили(1730-1731) мулла Бозор охунд бу ғавғоли дунёдан ўтади. Шундан сўнг унинг ўтмиш ҳаёти шу бир мисрага айланган ва маърифат гулшани булбули унга келиб қўнганди. Шарҳловчилар ҳозиргача мухлисларга: “Бу мисрани Бобораҳим Машраб ёзган”, дея уқтириб келмоқдалар.

02 Бу маълумотлар “Булбул бирафт аз боғи илм” сатри хатолигини англатмайди. Аксинча, Н.С. Ликошин булбул тилини тушунмасдан таржима қилгани ва кейинги тадқиқотчилар унга кўр-кўрона эргашганидан дарак беради. Ажабки, ҳеч ким мазкур сатр устида бош қотириб кўрмайди. Бу ерда “булбул” сўзидаги 64 рақамини 1143 сонидан айириб ташлаш учун бирор сабаб кўринмаяпти. Балки, 64 рақами мулла Бозор охунднинг ёшини ифодалар? Наҳотки, шу пайтга қадар унинг туғилган йилини вафоти санаси, деб келдик?! Бу фикр бошимга маҳкам ўрнашишга, мен уни қувишга уринардим. “Мулла Бозор охунд 1668 йили туғилган”, деб ёзишга сира қўлим бормади. Уни шундай ёзсам… юз йил давомида “Мулла Бозор охунд 1668 йили вафот этган” деб таълим олиб келаётган, бу маълумот қон-қонига сингиб кетган миллионлаб ўқувчилар ҳоли не кечаркан! “Булбул”ни рақамга айлантириш шартми ўзи?

Мазкур тарихий воқеалардан хулоса чиқарадиган бўлсак, мулла Бозор охунд шогирди Бобораҳим Машрабдан йигирма йил кейин ҳ. 1143 йили(1731) фоний оламдан кетади. Унинг шижоати ва Шоҳруххон ўлими ҳодисасини(1722) ёдга олайлик. Бу хатти-ҳаракатлар олтмиш ёшлардан ошган одамни эслатади. Маълумотларнинг шу каби жиҳатлари назарда тутилса, унинг ҳ. 1070-йиллар атрофида(1655 – 1660) туғилгани тахмин этилиши тўғрироқ чиқар. Шунда у 71 – 76 йил яшаган бўлади. Отасидан яссавия таълимотини ўрганиб, 25-30 ёшларида ўзи ҳам ёш шогирдлар тарбиялай бошлагандир. Мирзо Баҳодур билан 1690-йиллари учрашган бўлиши мумкин. Бу фикрлар турли манбалардаги тўртта аниқ сана(1689, 1709-1710, 1722, 1731 йиллар) ва ўша даврларда содир бўлган айрим тарихий ҳодисалар теграсида шаклланди. Ҳозирча, қанча изламайлик, 1655 — 1660 йилнинг нарёғидан Бозор охундни топиб бўлмади. Унинг ҳаётига тегишли барча маълумотлар 1689 йилдан кейинги воқеаларга боғланиб чиқаётир.

Хуллас, машрабшунослик соҳасини бир асрдан кўпроқ тарих ҳудуди ташқарисида саргардон этган ҳ. 1079 сана(1668) тўрга илинди. Шу билан бир сатр мулоҳазаси охирлагандек бўлди. У Н.С. Ликошин “булбул”ни илм боғидан қувиб, ўрнига йўқ “қисса”ни киритгани ва таърих оёғини осмондан келтиргани ошкор бўлиши билан якунланди. Ниҳоят, “булбул” тилсими ечилди… Энди “озод” тарихий майдондан Бобораҳим Машрабни қидирамиз.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 52-сонидан олинди.

ТУТҚУН

images.jpgТутқуннинг бир лаҳзалик ҳолини ёритишга ҳарчанд уринаётгандим. Темирни лағча чўғга айлантириб, исталган шаклга солиш мумкин. Бироқ айни дамда бисотимдаги бор сўзлар унинг бир лаҳзалик ҳолини ифодалашга ожиз эди. “Нақшбандийа тариқатининг йирик вакили”, “ваҳдат аш-шуҳуд кашфиётчиси”, “иккинчи минг йилликда диннинг буюк қувватлантирувчиси”, “барча ҳоллар соҳиби”… Бу каби таърифлардан кўнгилдаги истак ҳосил бўлмаяпти.

Ҳозир бошимда чарх ураётган фикрларни “қора туйнук”ка йўналтирсам, унинг қиёфаси сўзларимда тўлиқ ва жонли акс эта бошлайди. Қора туйнук – бутун бошли оламлар банди этиладиган чоҳ. У ерда нур сўнади, товуш ўчади. Улкан сайёралар унинг бағрида чинақай[1] тирноғидек жойга жо бўлиб кетади. Илм-фаннинг энг сўнги русумдаги замонавий ускуналарига ҳам тутқич бермас тиним нималигини билмайдиган майда заррачалар у ерда ҳаракатини буткул йўқотади. У ерда барча мавжудот ўзига хос бўлган нарсасидан айрилади. Бундай Қисматнинг коинотда қандай осилиб тургани ҳайратли… Бироқ сўзлар орқали бу манзилга кириб-чиқиш мумкин.

Азалнинг мана шундай маконига бориб кела оладиган сўзлар бу Тутқун қошида ҳолсиз эди.

* * *

XVII аср бошларида Ҳиндистон заминида нақшбандийа тариқати фавқулодда тараққий топди ва шиддат билан ёйила бошлади. Бу жараённинг бош манбаи Хожа Муҳаммад Боқибиллоҳ Деҳлавий ҳамда Шайх Аҳмад Сирҳиндий эди. Хайрли ва баракатли туртки эса мукаррам ўлка Туркистон тарафлардан бўлганди… Бу мухтасар мақолада Аҳмад Сирҳиндий ҳаёти ва сулукдаги фаолиятига қисқагина тўхталамиз.

Тарихий манбаларда у ҳижрий 971 йили шаввол ойининг 14-куни (1564 йил, 26 май) Ҳиндистоннинг Сирҳинд шаҳрида дунёга келгани кўрсатилади. Отасининг исми Абдулаҳад эди, етти нафар фарзанди бўлган. Аҳмад Сирҳиндий уларнинг тўртинчисидир.

Муҳаммад Ҳошим Кешмий унинг насабини 26 аждоди орқали қуйидаги тартибда хулафои рошидинларнинг иккинчиси Умар ибн ал-Хаттоб (582–644) рози оллоҳу анҳуга етказади: Шайх Аҳмад Сирҳиндий – Шайх Абдулаҳад – Шайх Зайнул Обидин – Шайх Абдулҳай – Шайх Муҳаммад – Шайх Ҳабибуллоҳ – Имом Рофиъиддин Хожа Hyp – Хожа Насириддин – Хожа Сулаймон – Хожа Исҳоқ – Хожа Абдуллоҳ – Хожа Шуъайб – Хожа Аҳмад – Хожа Йусуф – Султон Шаҳобиддин Али ал-маъруф би Фарруҳшоҳ Кобулий – Хожа Насриддин – Хожа Маҳмуд – Хожа Сулаймон – Хожа Масъуд – Хожа Абдуллоҳ – Воиз ал-Акбар – Хожа Абдул Фатҳ – Хожа Исҳоқ – Хожа Иброҳим – Хожа Носир – Хожа Абдуллоҳ – Амир ал-Мўминин Умар ал-Форуқ рози оллоҳу анҳу.

Кешмийнинг таъкидлашича, Шаҳобиддин Али Фарруҳшоҳ ал-Форуқий Ғазнавий султонлар саройида вазирлик лавозимида эди. Бир қанча муддат Кобулда яшагани туфайли Кобулий нисбаси билан ҳам юритилади. Ғазнавийлар давридаёқ унинг авлодлари Ҳинд диёрига келиб, бу ерда исломнинг тарқалишига хизмат қилади.

Унинг олтинчи аждоди имом Рофиъиддин Хожа Нур ўз замонасида машҳур бўлган. У барча зоҳирий ва ботиний илмларни мукаммал тасарруф этган. Тариқат илмини Махдуми Жаҳон номи билан танилган Саййид Жалолиддин Бухорийдан ўрганган. У суҳравардийа тариқати намояндаси Баҳовуддин Мўлтонийнинг (ХIII аср) халифаси эди. Сирҳиндда яшаган.

Ҳазратнинг отаси Шайх Абдулаҳад ҳам (1521 йилда туғилган) Ҳиндистоннинг улуғ авлийоларидан эди. У мавлона Абдулқуддус раҳматуллоҳи алайҳи хизматида бўлиб, ундан чиштийа тариқати одоб- қоидалари бўйича таълим олади. Пирининг вафотидан сўнг унинг ўғли Шайх Рукниддин раҳнамолигида фаолиятини давом эттиради.

Қодирийа тариқатидаги силсиласи ўн восита билан Ғавсул Аъзам Абдулқодир Жилонийга (1077–1166) бориб етади.

Шайх Абдулаҳад ўғлининг тарбиясига жиддий эътибор қаратади. Хат-саводини чиқариш учун уни бошланғич мактабга топширади. Ўзи ҳам унга чиштийа ва қодирийа тариқати одобларидан таҳсил бериб боради. Аҳмад Сирҳиндий ёшлигида ниҳоятда тиришқоқ ва ғоятда истеъдодли эди. У кўпгина илмларни отасидан ўрганди. Жуда тез фурсатда Қуръонни ёд олади. Илмга чанқоқлик уни замонасининг илғор алломалари ҳузурига етаклайди. Сийалкот шаҳрига бориб, Камол Кашмирий хизматига киради. У Хожа Абдушаҳид Нақшбандий муриди ва даврининг энг билимдон кишиларидан эди. Ҳижрий 1017 (1608-1609) йили Сийалкотда вафот этган.

Ҳадис илми соҳасида шайхи муаззам ва қутби мукаррам Қутбиддин Ҳусайн Хоразмий Кубровийнинг (1466–1551) шогирди Йаъқуб Кашмирийдан дарс тинглайди.

У араб-форс тилларини пухта эгаллайди ва бу тилларда етук асарлар ёза бошлайди. Қуръон тафсирлари, “саҳиҳи ситта” ҳадисларини, ўзидан олдин ўтган кўпгина аҳлийуллоҳ ва машҳур алломалар асарларини зўр иштиёқ билан мутолаа қиларди.

Ривойат қилишларича, Ҳинд подшоси Жалолиддин Муҳаммад Акбаршоҳнинг (ҳукмронлик даври 1556–1606 йиллар) таниқли вазири адиб Абул Фазл Алломий ҳарфларига нуқталарини қўймасдан Қуръони шарифга тафсир битади. Мавлона Жамол Лаҳўрий каби Ҳиндистоннинг бир талай алломалари ушбу тафсирнинг муҳокамасига тўпланади. Мажлис аҳли анча баҳс-мунозаралардан сўнг бу тафсирни рад этишга қарор қилади. Гангиб қолган Алломий ул ҳазратни мажлисга чақиртиради ва вазиятни унга тушунтиради. Агар у мазкур тафсирнинг эътироф этилишига кўмаклашса, эвазига яхшигина туҳфа беришини ваъда қилади. Шунда Аҳмад Сирҳиндий қўлига қалам олади-да, қолдириб кетилган нуқталарни ўз ўрнига қўйиб чиқа бошлайди. Йиғилган алломалар унинг бу шаҳди ва илмидан, ақлининг теранлигидан ҳайрону лол қолади. Шу тариқа Алломий тафсири мукаммал этилади. Бу воқеа 1586 йили бўлиб ўтган ва бу пайтда у эндигина 21 ёшда эди. У худди ўша даврларда “Рисолаи исботи нубувват” (“Набийлик исботи ҳақида рисола”) ва “Рисолаи радди равофиз” асарларини ёзганди.

Гарчи Шайх Абдулаҳад ўғлини чиштийа ва қодирийа тариқати хирқалари билан тақдирлаган бўлса-да, у қодирийа тариқатининг яна бир вакилидан ҳам хирқа қабул қилган эди. У азиз мавлона Камол Киҳталийнинг набираси Шоҳ Искандар эди. Аҳмад Сирҳиндий ёшлик чоғида мавлона Камол Киҳталийнинг[2] ўзи билан ҳам кўришганди.

Бундан ташқари, у Хожа Муҳаммад Боқибиллоҳ билан учрашгунга қадар нақшбандийа тариқатидан ҳам яхшигина хабардор бўлган. Ҳинд тасаввуфшунос олими Аббос Резве унинг Агра шаҳрида нақшбандийа тариқатига қизиқиб, Хожа Убайд Кобулий раҳнамолигида “тавба” қилгани тўғрисида маълумот беради.

Келтирилган ушбу маълумотлардан кўриниб турибдики, Шайх Аҳмад Сирҳиндий ҳали ўзининг севимли устозини учратмасдан бурун кўпгина илм соҳаларида катта олимлик даражаси ва тариқатда муршидлик маснадига етишганди.

* * *

Ҳижрий 1007 йили ражаб ойининг 17-кунида (1599 йил, 13 феврал) ҳазратнинг отаси Абдулаҳад ибн Зайнул Обидин ўткинчи дунё кулбасидан бақо саройига сафар қилади. Шайх Аҳмад кўпдан бери ҳаж зиёрати ва Муҳаммад Мустафо салоллоҳу алайҳи вассалам равзаи муборакларини кўришни орзу қилиб юрарди. Бироқ падари бузрукворининг кексайиб қолгани ҳамда хасталаниб, парваришга муҳтожлиги сабабли бунга шошилмади. У отаси вафотидан сўнг Макка зиёратига йўлга тушади. Деҳлига келганда унга мавлона Ҳасан Кашмирий йўлиқиб, Хожа Боқибиллоҳни кўриб ўтишни маслаҳат беради. Шу тариқа улар ҳижрий 1008 йил рабби ус-соний ойида (1599 йил, нойабр) учрашади.

Икки илоҳий шавқу-завққа лиммо-лим жозиб қалблар ишқ майидан сармаст бўлиб, бу дунёни буткул унутиб қўяди. Буни яна қандай таърифлаш мумкин? Муборак Маккага, ҳаж зиёратига кетаётган одам барча нарсани унутиб Хожа Боқибиллоҳ хонақоҳида уч ойдан зиёд қолиб кетса! Унинг учун бу хонақоҳ Каъба хонаси, ҳар эшитаётганлари Мустафо салоллоҳу алайҳи вассалам равзасидан таралаётган зиё каби эди. Аҳмад Сирҳиндий устозининг ўргатганларини ғоятда чанқоқлик билан қабул қиларди. Шогирдининг баланд парвози ва ноёб истеъдоди устозини ҳам бутунлай ўзига ром этиб қўйганди.

У пок эътиқоди ва пирининг тарбияти билан тариқатда юксак мақомга етишади. Уларнинг учрашувидан тўрт йил ўтиб, Хожа Муҳаммад Боқибиллоҳ оламдан кўз юмади ва муршидлик маснадида Шайх Аҳмад Сирҳиндий қолади.

Манбаларда унинг ўз ҳолини тасарруф этган тўрт юздан ортиқ шогирди бўлгани тўғрисида сўз юритилади. Уларнинг орасида Шайх Муҳаммад Тоҳир Лаҳўрий, Ҳaмид Бaнгoлий, Бaдиъуддин Сaҳарoнпурий, Нурмуҳaммaд Путаний, Aҳмaд Қурайш Бaркий,[3] Шaйx Музaммил, мaвлoна Қoсим Али, Ёрмуҳaммaд Қaдим, Ёрмуҳaммaд Жадид Тaлиқoний, Ҳaсaн Бaркий, Шaйx Aбдулҳoдий, Аҳмад Саҳаронпурий, Ҳoжи Xизр Aфғoн, Шaйx Йусуф Бaркий, Шайx Муҳибуллoҳ, Мавлавий Шайх Кaримиддин (Бoбo Ҳaсaн Aбдoл номи билан машҳур), Шaйx Исҳoқ Синдий, Aбдулвoҳид Лaҳўрий, Oмoнуллoҳ фақиҳ Лaҳўрий, Муҳaммaд Сoдиқ Бaдaxшoний, Салим Баннурий, Oдaм Бaннурий, Шайх Нурмуҳаммад Таҳовий, Шайх Ҳомид Таҳовий, Ғозий Гужоратий каби яна бир қанча халифалари ва илғор талабалари номлари алоҳида таъкидланади.

Муҳаммад Сиддиқ Кешмий, Тоҳир Бадахший, Хожа Муҳаммад Ҳошим Кешмий ва Бадриддин Сирҳиндийларнинг мужаддидийа-нақшбандийа тариқати Мовароуннаҳрга кириб келиши ва тарқалишида хизматлари беқиёсдир.

Шогирдлари, замондошлари ва кейинги даврларда яшаб ўтган издошлари уни эҳтиром билан Имом Раббоний Шайх Аҳмад Сирҳиндий ал-Форуқий[4] ал-Мужаддиди алфи соний[5] дея аташарди.

У ҳижрий 1034 йил сафар ойининг 29-куни (1624 йил, 10 декабр) Сирҳинд шаҳрида вафот этди. Ундан Муҳаммад Содиқ, Муҳаммад Саъид ва Муҳаммад Маъсум исмли уч нафар ўғил фарзанд қолгани ва улар ҳам орифлар зумрасидан эканини олдинги мақолада айтиб ўтдик.

Муаррих Ҳусайн Алининг хабарига кўра, Афғонистон ҳукмдори Шоҳи Замон (ҳукмронлик вақти XVIII аср охирлари) шайх қабри тепасига мақбара қурдирган.

* * *

Туркистон хонликлари узил-кесил барҳам топгунга қадар ўлкамизда машҳур бўлган бу шахс ҳақидаги маълумотлар ҳам Аҳмад Яссавий, Баҳовуддин Нақшбанд, Хожа Муҳаммад Порсо, Йаъқуб Чархий, Сўфи Оллоҳёр каби алломаларимиз қаторида мактаб ҳамда олий таълим дарсликларига киритилмади. Шўролар таълими ва ғоялари ХХ аср авлодлари қалбидан миллий хотиранинг кўплаб зарварақларини юлиб ташлаб, уларнинг ўрнини банд этишга улгурганди. Оқибатда ўзидан бой маънавий мерос қолдирган, бир замонлар номи тиллардан тушмаган, давраларда ҳурмат билан ёд этилган бу инсонни юртимизда биладиганлар 1950–2000 йилларда ҳам жуда камчиликни ташкил қилар, у ҳақидаги ахборотлар қашшоқ ва узуқ-юлуқ эди.

* * *

Мужаддиди алфи соний Шайх Аҳмад Сирҳиндий аштархонийлар даврида Бухоро хонлигидаги тасаввуф аҳли билан ҳам мунтазам алоқада бўлиб турган. Уларнинг айримлари ҳатто, тариқат таълимини ўрганиш ниятида Мовароуннаҳрдан Ҳиндистонга борган ва унинг даргоҳида илму эътиқод йўлида машаққат чекиб, юқори натижаларга эришганди. Бу тўғрида манбаларда учрайдиган маълумотлардан баъзиларини айтиб ўтамиз.

Мир Муҳaммaд Нўъмoн ҳазратнинг энг илғор халифаларидан эди. Ҳижрий 977 йили (1569-1570) Самарқандда туғилади. У таваллуд топишидан сал аввал отаси жаноб Имом Аъзам Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собитни тушида кўради. У: “Сендан бир саодатманд ўғил дунёга келади, уни бизнинг исмимиз билан атайсан”, деб тайинлайди. Мир Муҳаммад Нўъмоннинг отаси Мир Бузрук номи билан танилган Амир Жалолиддин исмли азиз эди. Этикдўз дарвеш бўлган ва сулукдаги нисбати ишқийа тариқатига туташади. У Самарқандда ишқийа тариқати улуғларидан таълим олган. Қосим шайх Карманагий (ваф. 1578) хизматида ҳам бўлган. Муҳаммад Ҳошим Кешмий унинг Мовароуннаҳр ва кейинчалик Кобул, Бадахшон вилоятларида яшагани ҳақида ахборот беради. Мир Муҳаммад Нўъмоннинг бобоси Саййид Ҳамидиддин ҳам уламолардан эди.

Мир Муҳаммад Нўъмон йигитлик чоғида Балхда Амир Абдуллоҳ Балхий Ишқийдан сулук сабоғини олади. Кейинчалик устози уни Ҳиндистонга юборади ва шу тариқа у нақшбандийа тариқатининг ҳинд тармоғи билан боғланади. Уни атрофидагилар Пири Булбул дейишарди. Қуръонни беҳад ёқимли ва сеҳрли қироат қиларканки, унинг тиловати пайтида ҳатто булбуллар хониш этишдан тўхтаркан. Устозига тегишли “Мактубот”нинг 123 хатдан иборат учинчи жилдини у тўплаган.

Мавлона Йусуф Самарқандий сулукдаги йўли ибтидосини Хожа Муҳаммад Боқибиллоҳ даврасида бошлаган. Кўп илмлар соҳиби, фозил ва гўзал ахлоқли эди. Устозининг вафотидан кейин Сирҳиндга келади ва Имом Раббоний ҳалқасига киради. Бу ерда у мақсадига етади. Ўлими олдида: “Алҳамдуллоҳ, дил нени талаб қилган бўлса, худди ўша бўлди”, дея жонини ҳаққа топширган экан.

Шайх Абдулҳай Сағонийоний XVII асрда ҳаёт кечирган. Манбаларда унинг ватани Ҳисори Шодмон атрофидаги Сағонийон (Чағонийон) мавзеси экани ёзилган. Баъзи муаллифлар унинг номини Шайх Абдулҳай Чокар Ҳисорий шаклида ҳам кўрсатади. Ҳиндистонга келиб устозининг олий остонасида кўп йиллар риёзат чекади ва иноят назарига эришади, хосиятли сирларидан воқиф бўлади, муборак лафзидан нурли ҳолларига оид сўзлар тинглайди ҳамда армонсиз хизматлар қилиб, фазилатлар касб этади.

Махдумзода Муҳаммад Маъсум ишорати ила устози хатлари мажмуаси “Мактубот”нинг иккинчи жилдини тўплаб кўчиради ва китоб ҳолига келтиради. Фурсат етиб, муршидининг кўрсатмасига биноан илм толибларига тариқат таълимини ўргатиш учун Патна шаҳрига жўнаб кетади. У ерда қисқа вақтда шуҳрат қозониб, маърифат тарқатади. Асҳобларидан Шайх Нурмуҳаммад унинг аҳволи тўғрисида мактубларида ёзиб қолдирган. Бадриддин Сирҳиндий ва Муҳаммад Ҳошим Кешмий асарларида ҳам мазкур аллома ҳаётига оид маълумотлар учрайди.

Мавлона Солиҳ Кўлобий шайхнинг яқин асҳобларидан, қадим Туркистон ҳудудидаги Кўлоб вилоятидан эди. У тариқат аҳли орасида кўп кезади. Бироқ кўнглидаги саволлар ва муаммоларга қониқарли жавоб топмайди. Кунлардан бир куни Агра шаҳри жомеъ масжидида Шайх Аҳмад Сирҳиндий мажлисига етишади. Шундан сўнг улар ўртасида пири муридлик муносабатлари бошланади. Мавлона Солиҳ Кўлобий ҳижрий 1038 йили (1629) вафот этади.

У “Маноқиби Аҳмад Сирҳиндий”, “Ҳидойат ат-толибин” каби асарлар ёзиб қолдирган. Мазкур асарларда мужаддидийа-нақшбандийа тариқати тартиб қоидалари ва тарихига оид қизиқарли маълумотлар бор.

* * *

Аҳмад Сирҳиндийнинг мовароуннаҳрлик Хожа Умак, Хожа Абдулғафур Самарқандий, махдумзода Абулқосим Имканагийларга ёзган мактублари сақланиб қолган.

* * *

Яна Тутқун қошига қайтамиз. Тепадаги сатрлар, Сирҳиндий ҳазратларининг тарихи бизни барибир унинг ҳузурига бошлаб келаверди. Сўз инсоннинг ботиний оламини ошкор қилади. Тутқуннинг ҳолини унинг ўз сўзлари орқали англаш осонроқ. Шайх Аҳмад Сирҳиндий мавлона Хожаги Абдулбоқи Имканагий муридларидан Хожа Умакка жўнатган мактубларининг бирида Тутқун ҳақида шундай ёзади:

“Бу ҳам Хожа Умакка. Яратганнинг ҳукми бирла юксакликдан қуйига туширилиб, йироқлаштирилиш ҳикмати хусусида битилди. Карам юзасидан бу мухлис номига юборган табаррук марҳаматномангиз мутолаасига мушарриф бўлдик ва ундаги олқишлар бизни беҳад қувонтирди. Не неъматдурки, озодлар тутқунларни ёд этар ва не давлатдурки, восиллар ғарибларга ғамхўрлик қилар. Чун, бу бечораи маҳжур ўзини висолга етишишга муносиб деб билмас. Зарурат важҳидан жойи номаълум ҳижрон кулбаси бўлди.[6] Яқинликдан қочиб, йироқликдан ором ахтарди. Висолни тарк этиб, айрилиқдан қўним топди. Озодликни ихтиёр қилиб, тутқунликка гирифтор бўлди. Оқибатда тутқунлик миннати ризқи бўлди. Байт:

Чун таъма хоҳанд з-ман султони дин,
Хок бар фарқи қаноат баъд аз ин.

(Таъма истар мендин чун, султони дин,
Не қолур эрса унда қаноатдин.)

Бу байтда сўзлар қовушмаган, ишоралар тарқоқдир. Узрлик бўлгайким, Оллоҳ таоло сизу бизни расуллар саййиди изидан бошласин, унга энг самимий олқишлар ва энг яхши қутловлар бўлсин!”

Бу Хожа Умакка юборилган иккинчи мактуб эди. Тутқуннинг ҳоли содда ва тушунарли баён қилинган. У Одамзотнинг кичиккина матнга сиғдирилган катта Тарихи… ҳам ўқувчига Ўрта асрлардаги шарқ адабиёти дунёсига кириш учун тутқазилган калит. Бу бир парча мактуб сўфийларнинг барча оҳу волалари, залворли ҳайқириқларини бағрига сингдирган жимжитликдир. Унда фақат “Ҳуш дар дам”, “Назар бар қадам”, “Сафар дар ватан”, “Хилват дар анжуман”, “Ёдкард”, “Бозгашт”, “Нигоҳдошт”, “Ёддошт”, “Вуқуфи замоний”, “Вуқуфи одатий”, “Вуқуфи қалбий” ҳалқалари билан кишанбанд қилинган Тутқунлар яшайди. Бу занжирлар туфайли уларнинг ҳуши ҳамиша ўзида бўлади; дунё молига қўли ва кибр ҳавосига боши; ҳақ йўлидан бошқасига қадами етмайди. Зулм қилолмайди… Бу ҳалқалар жаҳоннинг барча ҳукмдорлари занжирларидан-да, беркдир. Шайх Аҳмад Сирҳиндий бу тўғрида Хожа Умакка олдин ҳам хат ёзганди:

“Хожа Умакка. Олий нисбат нақшбандийа тариқи бузругларининг мадҳи тўғрисида битилди. Тангри уларнинг сирларини муқаддас қилсин.

Алҳамдуллоҳ, бу мухлис номига марҳаматномаларини юборган ул тақво соҳибига саломлар бўлсин! Мактуб мазмуни бизни қувонтириб, масрур этди. Саломат бўлгайсизким, нақшбандийа олий силсиласи хусусида олқишлар айтиб, сизни уринтиришни истамасмиз. Бу бузругнинг, яъни махдумимиз (Тангри сирларини муқаддас қилсин) силсилалари байонида воқеъ бўлубдурки, ҳамма нисбатлардан юксакроқ нисбат[7] ҳозирлик[8] ва огоҳликдир.[9] Ва уларнинг наздида ҳозирлик мўътабардир. Ҳозирлик беғайбийатдир.[10] “Ёддошт”да[11] юзага келади. Бас, шундай экан, бу азизларнинг нисбати “ёддошт”дан иборатдир.

Бу фақирнинг фаҳми ожизича, “ёддошт”нинг асоси ҳазрат таоло ва тақаддусдан содир бўлгувчи ул зотнинг зуҳуридан иборат – тажаллийи зотдир. Ва бу зуҳурда асмо, сифат, шаййун[12] ва эътиборат[13] мулоҳазасиз мавжуддир. Бу тажаллини “барқий” дермишларки, “ламиҳи басир”[14], яъни жуда тез фурсатда шаййун ва эътиборат орадан кўтарилиб, яна пайдо бўлур. У яна шаййун ва эътиборат дарпардаси ортига ғойиб бўлади. Бас, бу тақдир бирла ғайбийатсиз ҳозирлик ифода бўлмас. Балки “ламиҳи басир”да ҳозирлик воқеъ бўлиб, кўпроқ вақт ғайбийат тургусидур.

Бу нисбат бу бузруглар қошида беэътибордир. Ваҳоланки, бу тажаллини ўзга машойихлар силсиласида “ниҳойатун ниҳойа”[15] дерлар. Ҳар вақтики, ҳозирлик доимий бўлиб, асло ёпинчиқ қабул қилмаса, асмо, сифат, шаййун ва эътиборат пардаси муттасил тўсиқ бўлавермасдан мутажаллий бўлса, ҳозирлик ғайбийатсиз бўлади. Шундай экан, бу бузруг нисбатини ўзгалар нисбатига қиёс қилиб, унинг бошқа ҳамма нисбатдан юқори эканини очиқ эътироф этиш лозим. Бу янглиғ ҳозирлик гарчи аксар мардум наздида йироқ кўринур. Аммо, шеър:

Ҳунаййал арбобун наъим наъимуҳа,
Ва-л-лилошиқул мискинҳо йатажарруъ.

(Дунёпарастлар учун у – дунё бас,
Ошиқу мискинларга қатра холос.)

Бу олий нисбат шундай бир ғаройиб йўл барпо қилибдиким, агар ўзга тариқа арбобига бу силсила ҳақиқатдан ҳам бузрукроқ дейилса, шаксизки уларнинг барчаси инкор мақомига келади. Ва бузрук қавм орасида алҳол, бу нисбатнинг одатдаги оддий ҳол эканига ишонмаслар. Субҳона таоло шуҳуди[16] ҳақнинг ҳозирлигидир. У шоҳидий ва машҳудий[17] васфдан буткул мусаффодир. Агар хусусияти мавҳумликдан юқорироқ ва зоҳирда давомий бўлса, таважжуҳи[18] кучсиз одатий ҳолдан холи туради. Бу нисбат фақат жазаба мақомида мавжуд бўлади. Унинг мавҳумликдан юксаклиги зоҳирлик сабаби эмасдир. У “ёддошт”га хилоф равишда маъноси айтиб ўтилдики, жазаба мукаммал бўлгандан кейингина ҳосил бўлиб, сулук мақоматининг барқарорлиги ва олийлигидир. Унинг олийлик даражаси ҳеч кимсага махфий эмас. Агар махфий бўлса, уни ҳосил этишга тиришур бас. Ҳасадгўй ўз ҳасадини, ноқис ноқислигини тан олса узрлидир. Қитъа:

Қосири гap кунад ин тоифи ро таъна ва қусур,
Ҳошалеллоҳ ки бар ором бизабони ин геле ро.
Ҳама шерони жаҳон басте ин силсилаи анд,
Ру би аз ҳийлаи чесон бигусалид ин силсиле ро.

(Қусур излаб, таъна қиладур агар фаҳми кам,
Унинг фисқу фасодидан омон сақлагин эгам.
Бу занжирга боғланмиш жаҳоннинг барча шери,
Уза олгайми уни бирор найранг ё фириб)
Аввал ҳам охири хайрли, бўлсин!”

Хожа Умакка ёзилган бу хатлар “Мактубот”нинг Ёрмуҳаммад Жадид Толиқоний тўплаган биринчи жилдидан олинди.

* * *

Жалолиддин Муҳаммад Акбаршоҳ ҳукмронлигининг охирги йиллари саройдаги иғволар қутқуси натижасида Шайх Аҳмад Сирҳиндий Гвалийор қалъасига зиндонбанд этилади. Ҳиндистоннинг энг ваҳимали зиндонида бир-бирига мутлақо зид икки дунё – Руҳ ва Нафс тутқунлари учрашади…

Зиндoн бoшлиғи Ҳазратнинг ашаддий душмани – давлат вазирининг укаси эди. Вазир вазиятдан фойдаланиб иниси орқали уни ҳар хил қийноқлар билан азоблашга ҳаракат қилади. Бироқ кутилмаган воқеа юз беради. Ҳaзрaтнинг соф эътиқоди, сaбри, илми вa гўзал ахлоқи таъсирида зиндoнбoши хулқидаги қусурларини тўғрилаб, тавба қилади вa унинг тaлaбaлaридaн биригa aйлaнди. Талончилик, қотиллик, ўғрилик ва турли қаллобликлар билан банди қилинган юзлаб маҳбуслар ҳам ўз қилмишларидан изтироб чекиб, ҳақ йўлига киради. Ҳолбуки, уларнинг орасида буддҳавий, ҳинду ва бошқа ғайридинлар ҳам кўп эди. Жамият назарида хосиятсиз бўлган бу қўрқинчли макон Ҳазратнинг шарофати билан Имон манзилига айланади.

Акбаршоҳдан сўнг тахтга ўғли Шоҳ Жаҳон ўтиради ва Аҳмад Сирҳиндийни Гвалийор зиндонидан озод қилади.

* * *

У ўзидан бой ёзма маънавий мерос қолдирган. Унинг “Рисолаи дафиъ шубҳаҳот” (“Шубҳаларни даф қилиш ҳақида рисола”), “Маъорифи ладунийа” (“Илоҳиётни англаш”), “Ал-мабдаъ ва-л-маод” (“Ибтидо ва интиҳо”), “Мукошафати ғайбийа” (“Ғойибнинг аён бўлиши”), “Радди равофиз” (“Шиавий қарашлар радди”), “Рисолаи исботи нубувват” (“Набийлик исботи ҳақида рисола”), “Дар таҳқиқи калимаи таййиба” (“Таййиба калимасининг тадқиқи”), “Шарҳи рубоийоти Шайх Муҳаммад Боқибиллоҳ”, 535 мактубни ўз ичига олган уч жилдлик “Мактуботи имом Раббоний” (“Имом Раббоний мактублари”) каби асарлари ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги қўлёзмалар хазинасида сақланмоқда.

[1] Жимжилоқ.
[2] Киҳтал – Сирҳинд атрофидаги қишлоқ номи.
[3] Барк – Кобул ва Қандаҳор ўртасида жойлашган мавзе.
[4] “Форуқий” нисбаси унинг Умар ибн ал-Хаттоб ал-Форуқий (Тангри уни раҳмат қилсин) авлоди эканига ишорадир.
[5] Мужаддиди алфи соний – “Иккинчи минг йилликда динни янгиловчи (қувватлантирувчи)” мазмунини билдиради.

[6] Ҳижрон кулбаси – пирнинг хонақоси. Аслида бутун ер курраси – ҳижрон кулбасидир. Одам арши аълодан қувғин қилиниб, пастга туширилди ва ерда яшашга мажбур бўлди.
[7] Нисбат – тариқатда мақомлар ўрнини ифодалайди.
[8] Ҳозирлик – сўфий назарида у сезгининг энг олий кўринишидан бири. Бунда солик ва Тангри ўртасидаги тўсиқ-парда кўтарилади ва яқин мулоқот бошланади. Бу ҳолни фақат олий мақом сўфийлардагина кузатиш мумкин.
[9] Огоҳлик – атрофда ва ўзида содир бўлаётган воқеаларда Тангри иштирокини ҳис қилиб туриш. Айрим ҳолларда ҳозирлик билан тенг маънода ҳам ишлатилади.
[10] Тўсиқ ва пардалардан холи.

[11] Ёддошт – нақшбандийа сулукидаги саккизинчи қудсий сўз. Бунда солик қалбида Тангри муҳаббатидан ўзга нарса қолмайди. Солик доимий огоҳлик билан завқу шавққа тўлиб, уни ёд этади. Шунда ғайбийатсиз ҳозирлик пайдо бўлади.
[12] Шаййун – нарса, моддий мавжудот.
[13] Эътиборат – диққатни чалғитувчи ҳамма нарса.
[14] Ламиҳи басир – Қуръони каримдаги “Наҳл” (“Асалари”) сурасининг 76, “Қамар” сурасининг 50-оятларига ишора. “Каламиҳ ал-басари” – бир қарагунча, кўз очиб юмгунча маъносида. Жуда тез содир бўлиш.
[15] Ниҳойатун ниҳойа – манзилнинг охири, поёни.
[16] Субҳона таоло шуҳуди – Тангрининг намоён бўлиши, сезилиши.
[17] Шоҳидий ва машҳудий – гувоҳ бўлувчи; кўриб, кузатиб туриш ҳолати.
[18] Таважжуҳи – юзланиши, яъни Тангрининг соликка эътибор бериши.

0 9_o.jpg…Abdusattor Jumanazarning chiqishlari mantiqiy mulohazaga asoslanishi, dalillarining aniqligi bilan ajralib turadi. Olim mumtoz adabiyotimiz to‘g‘risidagi mulohazalarini bayon etganda mavhum, umumiy gaplar bilan aravani olib qochmaydi, havoyi da’volarga berilmaydi (Abdulla Ulug‘ovning «Mangu mezon» maqolasidan).

“MABDAI NUR” KIMNIKI?
O‘rolboy QOBIL
01

Yaqinda qo‘limga manbashunos Abdusattor Jumanazarning «Akademnashr» nashriyoti tomonidan chop etilgan «Mashrab» nomli kitobi tushib qoldi. Kitob muallifini yaxshi tanishim va u olib borayotgan ilmiy tadqiqotlardan qisman xabardor bo‘lganim sababli asarni qiziqish bilan o‘qishga tushdim. Asar mumtoz adabiyotimizning zabardast vakili, otashnafas shoir Boborahim Mashrab va Qashqadaryoning Kasbi tumani Qamashi qishlog‘ida umrguzaronlik qilgan, adabiyotimiz tarixi zarvaraqlarida Mashrabi Soniy (Ikkinchi Mashrab) nomini olgan Ro‘ziboy oxundlarning hayoti va ijodi, ular yashagan davr va zamon, qolaversa, «Mabdai nur» asarining qaysi shoirga tegishli ekanligi kabi muammolarga bag‘ishlangani sababli qiziqarli edi.

Adabiyot ixlosmandlari bundan bir necha yillar avval «O‘zbekiston adabiyoti va san’ati» haftanomasida boshlangan qizg‘in munozara va bahslardan xabardor bo‘lsalar kerak. Unda Abdusattor Jumanazarning «Mabdai nur» asarining shu kungacha darslik va qo‘llanmalarda Boborahim Mashrabga tegishli ekanligiga e’tiroz bildirivchi turkum maqolalari e’lon qilingan, muallif chiqishlarida, o‘zining davosini birlamchi manbalarga tayanib, bu mo‘’tabar asarni Hofiz Ro‘ziboy oxun Mashrab qalamiga mansub ekanligini asoslab bergani sabab bo‘lgan edi. Albatta, Abdusattor Jumanazarning bu chiqishlari ko‘pchilikda qiziqish uyg‘otdi. Shu bilan birgalikda Abdulla Jabbor, Jaloliddin Yusupov kabi olimlar bunga e’tiroz bildirishga harakat qilib ko‘rishdi. Bu borada izlanishlar olib borgan Poyon Ravshanov va Olim Ravshanovlar ham o‘zlarining chiqishlari bilan bahsda ishtirok etishgandi.

Muallifning ta’kidlashicha, qariyib bir asrdan buyon bahsu munozaralarga sabab bo‘lgan «Mabdai nur» masalasiga ilk bora rus tadqiqotchilari N. S. Likoshin, V. L. Vyatkin, mashhur adabiyotshunos va adib Abdurauf Fitrat, O. Sharafuddinov, A. Hayitmetovlar qisman e’tibor qaratishgan bo‘lishsa, alloma shoir G‘afur G‘ulomning «Ikki Mashrab» maqolasi esa bu masalaga e’tiborni yanada kuchaytirgan. Boborahim Mashrab hayoti va ijodi bilan Porso Shamsiyev, Po‘latjon Qayumov, Abdurashid Abdug‘afurov, Vohid Abdullayev, Ismatulla Abdullayev, Abdulla Nosirov, Muhsin Zokirovlar uzoq yillar davomida izlanishlar olib borishgan. G‘afur G‘ulom, Po‘latjon Qayumov, Abdulla Nosirov va Muhsin Zokirovlar mashhur asarni Boborahim Mashrab qalamiga mansub emasligiga ishora qilishgan. Ammo, oradan yillar o‘tib, negadir olimlardan biri Muhsin Zokirov o‘z fikridan qaytgani haqida yoshlar gazetasida maqola e’lon qiladi.

Shu orada yana Mashrabning ijodidan namunalar jamlangan kitoblar bir necha bor nashr etildi va «Mabdai nur» va «Kimyo» kabi asarlar Boborahim Mashrabniki deb bot-bot takrorlandi .

Muallif yozadi: «Avvalo, Germaniyaning Gerda Xenkil jamg‘armasi bilan Abu Rayhon Beruniy nomidagi Sharqshunoslik instituti xodimlari hamkorligida qo‘lyozma asarlar elektron katalogini tuzish ishida «Mabdai nur», «Kimyo» va «G‘azalyoti eshon Mashrab» kabi she’rlar to‘plamiga duch kelib, ularni aniq va batafsil tavsif qilish zaruriyati paydo bo‘ldi. Ikkinchidan, «Mujaddidiylarning Buxoro xonligi ma’rifiy hayotida tutgan o‘rni» mavzusidagi tadqiqotda Ro‘ziboy Mashrab ismli shaxs mujaddidiylar safida chiqib qoldi.»

Xo‘sh, Ro‘ziboy Mashrab kim bo‘lgan? Alloma shoir Kasbining Qamashi qishlog‘ida taxminan 1785-1871 yillarda yashab o‘tgan va qabrtoshi ham saqlanib qolgan.

Muallif «Darig‘” radifli tarkibband va “Oldimga kel” muxammasini shoirning tarijimai holi hamda “Mabdai nur”asari haqida xabar beruvchi ilk ishonchli manbalar deb hisoblaydi. Ayniqsa, “Darig‘” tarkibbandining ikki bandida Ro‘ziboy Mashrab hayotining ayrim qirralari qisqa va lo‘nda bayon etilganiga e’tibor qaratadi.

Bor edi bir shayx, go‘yo ul mango mavlo edi,
Ismi poki Yormuhammad, sohibi taqvo edi.
Guhari ko‘zidin nihonu ilmga daryo edi,
Koni Sohibzodadin chiqqan durru yakto edi.

Shoirning birinchi ustozi mulla Yormuhammad ismli ko‘zi ojiz kishi bo‘lgan. Ilmiy tadqiqot va adabiyotlarda bu shaxs haqida deyarli ma’lumotlar uchramaydi. Unda Sohibzoda so‘zi nimani anglatadi? Tarixiy manbalarda bir necha shaxs shu nom bilan atalgan. Birinchisi Miyon Fazl Ahmad, ikkinchisi uning o‘g‘li Miyon G‘ulom Qodir Sohibzodadir. Birinchisi Buxoro, ikkinchisi Qo‘qon xonligida faoliyat olib borgan mujaddidiy shayxlar bo‘lib, ulardan davom etgan avlodlarning ayrimlariga “sohibzoda” so‘zi qo‘shib aytilgan. U Amir Shohmurod Buxoro taxtiga o‘tirgach, bosh pir o‘rnini egallaydi. Miyon Fazl Ahmad juda ko‘p so‘fiylarga ustozlik qilgan, she’riyatni qadrlagan va o‘zi ham asarlar yozgan. Mulla Yormuhammad xuddi shu ustozidan tariqat ilmini o‘rganadi va ustozining ko‘rsatmasi bilan Qarshida faoliyat olib boradi. Ro‘ziboy Mashrab dastlab shu kishidan 1790-1800 yillarda tariqat sabog‘i olgan bo‘lsa, 1800-1801 yillarda Qarshiga uning ikkinchi ustozi Abdurahmon an-Nasafiy ko‘chib keladi. Ro‘ziboy Mashrab undan tariqat ilmini o‘rgangan paytlarda 30-35 yoshlarda bo‘lgan.

Muallif yozadi: -Asar Boborahim Mashrabga tegishli deyishimiz uchun unda Namangan, Andijon, Marg‘ilon, O‘sh, Qoshg‘ar, G‘o‘lja, Xo‘tan, Badaxshon kabi yurtlar va u yerlarda yashab o‘tgan aziz-avliyolar olamini ko‘rishimiz lozim edi. Lekin ular uchramadi. Ammo, asarda Nasafning Patron qishlog‘ida Xoja Sharafiddin va Kasbi, Fazli tomonda yashagan Xoja Sharif ismli tarixiy shaxslar nomi zikr etilgan. Shuningdek Xoja Razmoz nomli ziyoratgoh esa G‘uzordan 14 chaqirim uzoqliqda joylashgan.

Bundan tashqari “Mabdai nur” asarida o‘chraydigan shevaga oid so‘zlarning Qarshi, G‘uzor, Shaxrsabz, Kitob shaharlarida yashovchi aholining tiliga yaqinligiga e’tibor qaratgan. Shuningdek № 12318-8 raqamli “Risoloi mansubai devoni Mashrab” hajmi 18 varaqli yangi topilgan qo‘lyozmada uning tugatgan sanasi solishtirilganda Ro‘ziboy Mashrabga to‘g‘ri kelishini aniqlash bilan birga o‘quvchiga, “Boborahim Mashrab XIX asrda nima qilib yuribdi?”, degan savolni beradi.

Muallif Ro‘ziboy qalamiga mansub bo‘lgan sharqshunoslik instituti xazinasida saqlanayotgan qo‘lyozmalar ro‘yxatini va shoirning “Ikkinchi Mashrab” nomi bilan “Turkiston viloyatining gazeti” 1902 yil 1 fevral sonida bosilgan so‘zboshi bilan e’lon qilingan “Darig‘” tarkibbandini izlab topgani tahsinga loyiqdir.
Kitobning so‘ngida shunday so‘zlar bor; “Kichkina bir tavsif tarixi yakuniga yetdi. Ko‘rib chiqilgan matnlar hamda ulardagi ma’lumotlarga asoslanib tuzilayotgan elektron katalog tavsifidagi birgina “Muallif:…” bandiga “Hofiz Ro‘ziboy Mashrab” deb yozishga majbur bo‘ldim”.- deb yakunlaydi.

Asar oxirida muallif foydalangan 200 dan ortiq manba, ilmiy adabiyot va tadqiqotlar, lug‘at va kataloglar ro‘yxati ilova qilingan.

Xullas, kitobni mutolaa qilgan o‘quvchi, mumtoz adabiyotimizda jo‘shqin she’riyati bilan o‘chmas iz qoldiran Boborahim Mashrab ijodi, u yashagan davr, ustozlari haqida to‘liq ma’lumot olish bilan birga ulug‘ shoir qalamiga mansub deb kelingan “Mabdai nur”, “Kimyo” kabi asarlarning uniki bo‘lmaganini “Mashrabi Soniy” nomini olgan yana bir ulkan shoir Ro‘ziboy Mashrab ham borligini bilib oladi.

Shu o‘rinda bir mushohada qilsak. Honuz maktab va kollej, litsey, oliy o‘quv yurtlari o‘quvchi va talabalari uchun minglab nusxada chop qilinayotan adabiyot darsliklarida yuqorida nomi zikr etilayotgan asarlarning muallifi Boborahim Mashrab deb kelinayotganligi ajablanarlidir. Qolaversa, bu yangilikdan adabiyot muallimlari xabardormi? Qariyib ikki asrdan buyon baxs-munozaralarga sabab bo‘lgan chalkashlikka nihoyat chek qo‘yilganga o‘xshaydi.

Yana bir gap: Iste’dodli va zaxmatkash olim Abdusattor Jumanazarning “Mashrab” risolasi O‘zbekiston Yozuvchilar Uyushmasi tomonidan mustaqilligimizning 25 yilligiga bag‘ishlangan “Vatanni madh etish baxti” tanlovida rag‘batlantiruvchi mukofotga loyiq topilgani ham asarda ko‘tarilgan muammoning ahamiyatini ko‘rsatib turibdi.

Abdusattor Jumanazar
UCH MAQOLA
01

Abdusattor Jumanazar 1961 yilda Qashqadaryo viloyati Qamashi tumani Naymansaroy qishlog‘ida tug‘ilgan. Toshkent Davlat universitetining sharqshunoslik fakultetini tamomlagan. Gazeta va jurnallarda faoliyat yuritgan. Hozir O‘Z FA Beruniy nomidagi sharqshunoslik instutida katta ilmiy xodim bo‘lib ishlaydi. “Hilvat ahli”, “Madoris”, “Nasaf”, “Mashrab”, “Vaxshuvor”, “Buxoro” kabi ilmiy-badiiy kitoblari nashr etilgan. O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi a’zosi.

01

QALAM VA TOSHGA AYLANGAN KO‘Z YOSh

decor60.jpg

Qalam

Biz ko‘rib, foydalanayotgan qalam XVI-XVII asrlardagi turdoshiga o‘xshamaydi. Ularning faqat nomi bir. U davrlarning qalami ko‘proqturk, hind, fors qamishlaridan yasalgan. Bu qamishlar yig‘lagan va «ko‘z yoshi» bilan sahifalarni to‘ldirgan. Shu sababli o‘quvchi mumtoz adabiyotda dil nolasi, hijron o‘rtovlari, munojotga yo‘g‘rilgan ibodat, Cho‘li Iroq va bir olam g‘amlarga to‘qnashadi. Tarixdagi barcha fusunkor xatlar, mo‘’jizalar hududidan terib kelingan harflar ular orqali dunyoga kelgan.

Bizning davrimizda birorta qalam yig‘lamay qo‘ydi. Qanchalik yo‘nganing bilan ulardan bir tomchi ham tushmaydi. Ular bilan hatto mumtoz adabiyotdan ko‘chirma nusxa olib bo‘lmaydi. Qalbga xos bo‘lgan barcha xususiyatlar sahifada uzoq turmasdan umalib, tushib ketaveradi. Yo‘nganingda bugungi qalamning ichida qattiq qora toshni ko‘rasan. Toshga aylangan «ko‘z yosh»lar… Undan endi dardlar yoqimsiz qasirlab, yuraklarni tirnab, bir ulov arava shag‘alday to‘kiladi. Ularni endi Nafs uchun sotib olish, ulardan hashamatli qasrlar va odam yaqinlasha olmaydigan dala hovlilar qurish mumkin. Bu hodisalar XXI asr – bizning davrimizga xosdir. Bir qarich chiqar-chiqmas qalamning o‘tmishiga ko‘z yugurtirishga urinaman. U favqulodda uzun…

Uning ibtidosida yonayotgan cho‘pga duch keldim. Insoniyat tarixidagi eng sodda odamlar ulardan yirtqich va yovvoyi hayvonlarni qo‘rqitish, toshlarga shakllar chizish, miyasidagi tasvirlarni tashqariga chiqarish uchun foydalangan ekan. Zamonlar o‘taveribdi, odamning qo‘lida yongan cho‘pning kichikroqlari Qalam va yonayotgan uzunroqlari Qilichga aylanibdi. Shu tariqa aslida ularning o‘zi va ishi ham bir ekan. Ke¬yinchalik, qalam qamish va qilich po‘latdan yasaladigan bo‘libdi. Aytishlaricha, miloddan oldingi VIII-VII asrlarda Osiyoning qudratli va mashhur hukmdori Alp Er To‘nga (Afrosiyob) shamshiriga «Qilich va Qalamni Er tutsin» so‘zlari bitilgan ekan. Bu tarix tafsilotini alohida so‘zlashga to‘g‘ri keladi.

Hozir qalam qutimda «Niyoza», «Navqad Quraysh», «Afrosiyob», «Langar Ota», «Xonaqoh», «Oxund», «Isfaroz» deb nomlangan yana bir qancha maxsus qalamlar bor. Hali ularni ishlatmadik. Ularning har biri buyuk jangchilar, sharafli maskanlar, yuraklarda hilpiragan yalovlar… haqida qissalar so‘zlaydi. Oldingi maqolalarda Imkana qishlog‘ida kechgan tarixiy voqealardan so‘zlayotgandik. U chala qolmasin. Hikoyani «Imkana» qalamida davom ettiramiz.

Madrasa

1950–1960 yillar oralig‘ida qishloqda juda katta ikkita yo‘qotish bo‘ldi. Ulardan biri Imkana madrasasidir. U o‘ttizdan oshiq hujralardan iborat unchalik kichik bo‘lmagan o‘quv dargohi edi. O‘rtasida yerga pishiq g‘isht terilgan to‘g‘ri to‘rt burchakli maydon, shimolida xonaqohga qaragan va janubida jome masjidiga olib chiquvchi ajoyib darvozalari bo‘lgan. Uning hujralaridan birida madrasa va jome masjidiga qarashli boy kutubxona joylashgan. Qishloqning nomini «ilm koni» deb o‘zgartirishdi. Ammo xuddi o‘sha kezlari uning olis o‘lkalarda ham mashµur bo‘lgan ilm va e’tiqod maskanlari buzib tashlandi. Qadimshunos G. Pugachenkovaning «O‘rta Osiyo yo‘l ko‘rsatkichi» («Srednyaya Aziya spravochnik-putevoditel») kitobida ularning faqat umumiy tarxi qoldi. Bundan tashqari, keyingi tadqiqotlar mobaynida har joydan mazkur madrasa faoliyatiga doir turli mazmundagi qimmatli hujjatlar topildi. Ularda sho‘rolar inqilobidan ilgariroq Imkana madrasasida mulla Akbarxoja, mulla Salohiddin, mulla Haqnazar ismli shaxslar ilm toliblariga dars o‘tgani haqida ma’lumotlar borligi aniqlandi. Mudarrisning oylik maoshi olti–sakkiz yuz tanga oralig‘ida edi. Bu miqdor viloyatda mazkur madrasa mavqei anchagina yuqori bo‘lganidan darak beradi. XX asr boshlarida bu yerda Baqoxoja ibn Boboxoja, Sayfiddinxoja Imkanagiy kabi ilm sohasida taniqli insonlar yashagan. Ularning qo‘li tekkan yozuv va kitoblarni ko‘rishga muvaffaq bo‘ldim. Qo‘shni viloyatlarda ham mashhur bo‘lishiga qaramay, XIX asrning oxirlaridayoq madrasa binosi yaxshi ahvolda emasdi. Aftidan, mutavallilar o‘z vazifasini sidqidildan bajarmagan.

Qozon hikoyasi

Xonaqoh, madrasa va masjidga oid vaqf hujjatida haftaning dushanba, juma kunlari to‘planadigan musulmonlar uchun osh, non va holva tayyorlash shart qilingan edi. Ushbu xayrli odat sho‘rolar hukmronligining ilk davrlarida ham davom etgan ekan.
1950–1955 yillar qarovsizlikdan yemirilib borayotgan tarixiy obidalarning vaqt «azobi»dan qutulishiga qishloq ahli ko‘maklashib yuboradi. Qachonlardir ko‘rkam va ulug‘vor bo‘lgan, falokatli ikkinchi jahon urushi ham zarar yetkazolmagan Jome masjidi tag-tugi bilan yo‘q qilinadi. Madrasa buzilib, o‘rniga maktab quriladi. Bir zamonlar qorong‘u dillarni yoritgan chiroq («Mishkvat ul-masobih») o‘chiriladi. Uning o‘rnini Lenin va sho‘rolar, dinsizlar ta’limoti egallaydi. Ajdodlar… unutilishga mahkum etiladi. Ulardan endi har xil uzuq-yuluq rivoyatlar, eskirgan xira xotiralar, tepadagi tanasi bir necha marta singan Chinor, keksalarning og‘ir xo‘rsinishlari, o‘tmishini yo‘qotgan umidsiz nigohlar qolgandi.

Dushman yengsa,
Shunday yengadi-da!
Mag‘lubning boshi xam,
Ko‘zi – qurigan buloqday.

So‘rasang,
Qo‘rqadi… bilmaydi…
Maqtanaveradi biribir.

Ammo zarradek shu’la qolgan,
Bir to‘da chollardan,
Birining ichida.

Mag‘lubni
G‘olibga aylantiradigan.

Endi dushanba, juma kunlari osh, non va holva tayyorlanmaydigan bo‘ldi. Bu voqealardan yarim asr o‘tib ketgandi… Men shu manzilga keldim. Vaqf hujjatidagi mazkur ma’lumotlar juda oddiy, tushunarli edi. To‘satdan, bu yerda qanday osh tayyorlangani va hujjatdagi o‘sha gaplarni unchalik tushunmaganimni bilib qoldim. Vaqf hujjatida ko‘rsatilgan taomlardan biri pishirilgan idishga duch kelgandim. U misdan yasalgan, balandligi 56 sm, aylana uzunligi 347 sm, yuqori qismi bir oz toraygan, og‘zi aylanasining diametri 88 sm. Ikki yonida otning suvlig‘iga o‘xshab ketadigan tutqichlari bor. U qozon edi.

Sho‘rolar davrida avval qishloqning tarixiy an’analari to‘xtadi. Qozon madrasa yo masjidda ular buzilguncha turdi. Keyin kimdir uni maktab omboriga kiritib qo‘yadi. Vaqt o‘taveradi… Yana boshqa kimningdir boshi «ishlab», undan maktabni ta’mirlash ishlarida foydalana boshlaydi. Osh yo holva pishirilgan qadimiy ajdodlar qozonida ohak ivitiladi, beton qoriladi… Bunday og‘ir jarayonlardan uning tagi teshilib qoladi. U yaroqsiz buyum sifatida chetga uloqtiriladi va ancha vaqt ko‘zdan chetroqda, panada yotadi. Bir kuni yana kimdir uni qimmatbaho rangli ma’dan sifatida temir-tersakchilarga sotib yuborayotganda maktab mudiri uni olib qoladi va men uni uchratgan ushbu joyga keltirib, bekitib qo‘yadi. Bu voqealar qozonning sho‘rolar davridan bugungacha bosib o‘tgan ayanchli yo‘lidir. Uning bu voqealardan oldingi tarjimai holi esa vaqf hujjatidagi «dushanba, juma kunlari yig‘iladigan musulmonlar uchun osh, non va holva tayyorlash» so‘zlariga taqaladi va mavlona Abdulboqi Xojagi Imkanagiy tarixiga ulashib ketadi…

Kimdir Napaleon mundirining tugmasini ko‘rganini faxr bilan gapiradi, yana kimdir Cherchillning tamaki mushtugini tomosha qilgani va uning xususiyatlari, hozirgacha saqlanib qolgan hidini mehr bilan ta’riflaydi. Kiborlar ahli bu hikoyalarni berilib tinglaydi.

Men to‘rt yuz yil avval shu yurt qavmi, Abdulboqi Xojagi Imkanagiy izdoshlari ovqatlangan, Pir Muhammadxon va Boqi Muhammadxon jangi bilan bog‘liq, Sohibqiron Amir Temurning «Shimol bog‘i» qissasidan so‘zlaydigan qozonni uchratdim. Xat yozaman: «Ey uka, Imkanagiylar qozoniga duch keldim. Sen Yurtning har bir toshi, hatto cho‘pini ham qadrla! Ular seni millatning o‘tmishi bilan tanishtiradi, nimani va qanday himoya qilishni o‘rgata oladi…»
Qozon biror mohir mutaxassis ham izohlab berolmaydigan hodisalarni menga osongina tushuntirib qo‘ydi. Ma’lum bo‘lishicha, unda «safo oshi» pishirilgan ekan.

Tuganmas anjuman…

Shundayi ham bo‘ladi. Imkana anjumanida Boqibilloh Dehlaviy, Xalifa Navro‘z Keshiy, Qozi Omon Termiziy, Muhammad Tohir Xorazmiy, Musaxon Dahbediy, Fayziy Samarqandiy, Amir Shohmurod, Mir Husayniy kabi yana ko‘plab o‘z davrining allomalari, davlat arboblari ishtirok etgan. Ular manbalarda nomlari ko‘rsatilganlarning bir qismi xolos.

Xoja Muhammad Boqibilloh Dehlaviy va Abdulboqi Xojagi Imkanagiy suhbati to‘g‘risida qisqagina aytib o‘tgandik.

Xalifa Navro‘z Keshiy XVII asrning ikkinchi yarmi va XVIII asr boshlarida hayot kechirgan. To‘rt halqa orqali Abdulboqi Xojagi Imkanagiyga bog‘lanadi. Hoji Muhammad Habibulloh Hisoriydan (1630–1699) ta’lim olgan. O‘zi mashhur So‘fi Olloyorga (1663–1724) ustozlik qilgan. Qabri Kitob tumanidagi Katlos qishlog‘ida. Imkana qishlog‘ini tez-tez ziyorat qilib turgan.

Muhammad Tohir Xorazmiy va Qozi Omon Termiziy naqshbandiya tariqatining boshqa tarmog‘idan. XVIII asr boshida Xojagi Imkanagiy va mavlona Darvesh Muhammad ostonasini ziyorat qiladi. Qishloqda Xojagi avlodlaridan Xoja Nizomiddin va Xoja Jaloliddin uyida mehmon bo‘ladi. Bu to‘g‘rida Muhammad Tohir Xorazmiy qimmatli ma’lumotlar yozib qoldirgan.
Musaxon Dahbediy XVIII asrda yashagan, tariqatda besh halqa bilan Xojagi Imkanagiyga yetadi. «Miskin» taxallusi bila she’rlar bitgan. O‘z asrida juda mashhur bo‘lgan va bir qancha asarlar yozib qoldirgan. U kishining Imkanaga kelishi, bu yerda Taktak shayx bilan o‘rtasida bo‘lib o‘tgan voqealarga oid qiziqarli ma’lumotlar saqlanib qolgan.

Mir Fayziy ibn mavlona Orif Samarqandiy XVIII asrda yashagan, Xojagi Imkanagiyga hurmati behad yuqori bo‘lgan. Tariqatda qay tarzda bog‘lanishini aniqlash uchun hozircha vaqt ajratolmadik. Ammo uning Mir Abdulhay (v. 1243 (1827) yil) ismli nevarasi olti vosita bilan Xojagi Imkanagiyga bog‘lanadi. U ko‘plab asarlar muallifi edi. Xojagi Imkanagiy ziyoratgohiga tez-tez kelib turgan. Chunki bobosi Mir Fayziy ibn mavlona Orif shu yerga dafn qilingan edi. Bu haqda mashhur «Samariya» asari muallifi Abu Tohirxoja: «Hazrat mavlona Fayziyning mozori Shahrisabz viloyatida Imkana nomli mavzeda, hazrat Xoja Imkana qabristonidadir», deya axborot beradi. U Abu Tohirxojaning uchinchi katta bobosi edi. Bu ma’lumotdan so‘ng bir necha marta Imkanaga borgan bo‘lsak-da, qabrtoshlarni sinchiklab o‘rganishga fursat bo‘lmadi.

Amir Shohmurod (1743–1800) tariqatda kamida uchta tarmoq orqali u kishiga bog‘lanadi. Siyosiy va harbiy kurashlarda ustozlari jumladan, Xojagi Imkanagiy qarashlariga qattiq tayanadi. Bu mavzuda alohida maqolamiz borligi tufayli aytadigan so‘zlarimizni keyinga qoldiramiz.
Mir Husayniy mang‘it hukmdorlari xonadoni vakillaridan biri, Amir Shohmurodning ikkinchi o‘g‘li edi. Imkana qishlog‘ida ko‘p marta bo‘lgan. Xojagi Imkanagiyning ba’zi avlodlari bilan yaqin do‘st tutingan. «Maxazin at-taqvo» asarida ular to‘g‘risida ajoyib ma’lumotlar yozib qoldirgan.

* * *

Bu anjumanni oxiriga yetkazib bo‘lmaydi, ishtirokchilari juda ko‘p. Unda hatto, Qofqoz xalqlari milliy ozodlik kurashining afsonaviy qahramoni, tolmas kurashchi, buyuk jangchi Shamil ham ishtirok etadi…

Qalbdagi chiziqlar

Ularni ko‘rish uchun Xojagi Imkanagiy suhbatdoshlarini tarixdan izlab topish zurur. Qalbda aniq chiziqlar bor… Ular sohibini cho‘chitadi. Eng oddiyi «yo‘llar» (tavoriq) deb nomlanadi. Ikkinchisining nomini aniq o‘qib bo‘lmadi. Ammo u «aql o‘tolmaydigan (xavoriq) chiziq»qa o‘xshaydi. Uning ortida g‘aroyib hodisalar sodir bo‘ladi.
Aql shu chiziq orqasida ularni hayrat bilan kuzatadi.
Jahl unga hech qachon tushunolmasa ham, uni ko‘rgandek, tushungandek va hatto, uning tarafdori, yaqinidek ko‘rsatishga urinadi o‘zini.

Ruh va Parda

Aql hayrat bilan kuzatadigan ammo o‘zi o‘tolmaydigan o‘sha hodisalar ortida ham nihoyatda berk va mahkam parda bor. Bu pardani xavoriqlar ko‘tara olmaydi. Uni faqat shu’lalardan hosil bo‘lgan chaqmoqlar yo‘q qila oladi. Shu’lalar – rost so‘z, birovning haqqi qo‘shilmagan luqma, toza nazar, ta’madan tozalangan nafs, nafratsiz tafakkur, ishq… kabi olamdagi barcha ibodatlardan iboratdir. Ulardan birortasiga zarar yetsa, shu’la xiralashadi. Chaqmoq so‘nadi. Parda yana paydo bo‘ladi.

Vaqti kelsa, bu pardani Xojagi Imkanagiyning otasi mavlona Darvesh Muhammad qanday ko‘targanini bilib olarmiz.

Bu dunyoda…

Qalamning qudrati cheksizdir. Sabr-toqatimiz yetsa, u bizga Dunyodagi birorta voqeani qoldirmay bayon qila oladi. Hatto, xavoriqlarning kuchi yetmagan parda, uni patdek yengilgina uchirib yuboradigan va olamlarni yoritib, larzaga soladigan Chaqmoqlarni ham u tushuntirib beradi. Tangri qalamning zimmasiga shunday vazifalarni yuklab, yerga yuborgan. Bu dunyoda qilich bilan bitmaydigan ishlar juda ko‘p, lekin qalam bilan unday emas…

BULBUL TILSIMI

5008446-kaleidoscopic-floral-tatoo-mandala-in-black-and.jpg

Bugungi o‘quvchi mulla Bozor oxundni Boborahim Mashrabning tariqatdagi birinchi ustozi deb biladi. Lekin ko‘pchilik kitobxonlar bu shaxsning tarjimai holidan deyarli xabardor bo‘lmasa kerak. Ilmiy adabiyotlarga ko‘z yugurtirilsa, xuddi shogirdi singari uning hayoti ham o‘zaro mos tushmagan turli axborotlar qorishig‘idan iborat ekani ayon bo‘ladi. Ba’zi tadqiqotlarda unga oid qisqacha ma’lumotlar uchraydi, ayrimlarida esa nomigina qayd etiladi. Bozor oxund kim va qachon yashagan? Qaysi tariqat vakili? Bu savollar hozirgacha qariyb javobsizdir. Tarixiy manbalarda bu to‘g‘rida qanday gap-so‘zlar bor?

Bozor oxund haqidagi ilk ilmiy xabarlar N.S. Likoshinning “Devonai Mashrab” tarjimasi tadqiqot qismida beriladi. U Mashrabga oid ma’lumot izlab, murojaat qilgandan so‘ng Chust shahri qozisi domulla Mas’ud maxdum, qozikalon Muhammad Murod va shayx ul-islom Nodim unga axborot to‘plab beradi. Ular orasida Bozor oxund shajarasi ham bor edi. Shajarada Bozor oxund nasabi imom Hanafiya orqali hazrati Aliga yetishi ta’kidlanadi. Bozor oxundning otasi Sulton Muhammadxon edi. U dastavval hazrati Sulton Ahmad Yassaviy yurtida yassaviya tariqati vakillaridan ta’lim oladi va keyinchalik Qo‘qonga ko‘chib keladi. U yerda bir necha muddat yashab, Namanganga o‘tadi va o‘sha joyda muqim bo‘lib qoladi. Uning Ubaydulloh xoja, Olim xoja ismli o‘g‘illari bor edi. Ubaydulloh xoja o‘z davrida Podsho Bozor oxund nomi bilan shuhrat qozonadi. Uning qol va hol ilmidagi birinchi ustozi, shubhasiz, otasi edi. U yassaviya tariqati maktabida saboq olib voyaga yetadi.

Abdurauf Fitrat “Mashrab” maqolasida Bozor oxundni: “Buxoroli Bahodur eshonning muridi bo‘lg‘an Oxund mulla Bozor namanganli bo‘lub, Farg‘onada mashhur va ma’lum bir mulla bo‘lgan, qabri bu kun Namangan shahridadir”, deb qisqagina tavsiflab o‘tadi. Keyingi tadqiqotchilar ko‘proq N.S.Likoshin ma’lumotlaridan foydalandilar va XX asr ilmiy adabiyotida Bozor oxundning vafoti, asosan, 1668 yil deb ko‘rsatildi.

Bu sana abjad hisobi bilan “Bulbul biraft az bog‘i ilm” (“Bulbul ilm bog‘idan ketdi”) satridan olingan. N.S. Likoshin xuddi shu ta’rixga asoslangan va uni birinchi bo‘lib jamoatchilik e’tiboriga havola qilgandi. Tadqiqotimiz mazmunini mana shu bir necha so‘zdan iborat bir satrgina matn haqidagi mulohazalar tashkil etadi. Undagi “az bog‘i ilm” jumlasidan h. 1143 yil(1730-1731) hosil bo‘ladi. N.S. Likoshin abjad hisobini aniqlash uchun “bulbul” so‘zida jamlangan 64 raqamini 1143 sonidan olib tashlaydi. U misrani raqamlar bilan “64 ketdi 1143dan”, deb o‘qiydi. Oqibatda undan h. 1079 yil(1668 iyun – 1669 iyun) paydo bo‘ladi. Tadqiqotchilar raqamlar bekitilgan bu satrni Mashrabga tegishli, deb hisobladilar. A. Abdug‘afurov bir ishida: “Chunki Mashrab Z. Rizayev da’vo etayotgan sanadan 4 yil keyin – 1668(hijriy 1079) yilda vafot etgan Bozor oxundga “Bulbul biraft az bog‘i ilm”misrasi bilan ta’rix yozgan”, deb “dalil” keltiradi(“Erk va ezgulik kuychilari”, 116-bet).

Ismatulla Abdullayev, Shorasul Zunnunov, Hamidulla Boltaboyev va boshqa olimlar ishlarida ham xuddi shu sana keltiriladi. Muhsin Zokirov “Erk va ma’rifat kuychilari” kitobida (1984) (20 — 21-betlar) Bozor oxundni 1678 yili vafot etgan, deb yozadi. Biroq bu ma’lumotni qayerdan olganini aytmaydi. (Balki bosmada 1668 soni 1678 deb xato terilgan bo‘lishi ham mumkindir, biz buni bilmaymiz.) Nima bo‘lganda ham, Bozor oxund vafoti tarixga shu zaylda shubhali sanalar bilan kirib qoladi.

Aniqlik izlab qilingan urinish zoye ketmadi. Janob N.S. Likoshin “bulbul”ni tushunmagan va uni noto‘g‘ri sharhlagan ekan. Ilk tekshiruvdayoq kutilmagan natijaga duch keldik. Abdulaziz Namanganiyning(Majzub) “Tazkirat ul-avliyo” asaridan Bozor oxundga taalluqli quyidagi qiziq axborot chiqdi: “Mulla Bozor Namanganiy odatda tunning avvalida uxlardi. Uyqudan turib, tahajjud namozini ado etardi-da, bir soat “Hidoyayi sharif”ni o‘qir va keyin “Kalomi sharif”ni tilovat qilardi. Bir kecha tilovat paytida g‘aybdan “Qur’onxonligingdan bezor bo‘ldim”, degan ovoz eshitdi. Uch kungacha shunday ovoz kelib, u aql-hushini yo‘qotdi va Buxoro tarafga ravona bo‘ldi. Buxoroda oshpazga shogird tushdi.

Mirzo Bahodur bir kuni Registonga kelib aylandi va oshpazning uyiga kirdi. Oshpaz lalida(laganda) osh keltirdi. U oshdan bir siqim yedi va qolganini oshpazga qaytarib berdi. “Buni ol, oshingni nima qilaman? Sening bir shogirding uchun keldim. U shogirding bo‘ladigan yigit”, dedi. Oshpaz shogirdini hazratning huzuriga keltirdi. Oxund mulla Bozorni sinab ko‘rib, o‘zi bilan olib ketdi. Manzilga yetgach, domulla Bozor ichkariga kirdi. Ikki-uch oy pir xizmatida bo‘ldi”(O‘zR FASHI. 1337-raqamli qo‘lyozma, 68a —69a-betlar).

Mulla Bozorni oshpazning uyidan olib ketgan Mirzo Bahodur kim edi? N.S. Likoshin, Abdurauf Fitrat u Bozor oxundning ustozi ekanini gapirib o‘tadi. Boborahim Mashrabga nisbat beriladigan bir g‘azalda ham u mulla Bozor oxundning ustozi sifatida ta’riflanadi:

Ma’rifatning gulzori mulla Bozor devona,
Oshiqlarning sardori mulla Bozor devona.

Yo‘qtur aslo kiynasi, bahri urfon siynasi,
Nuri Haq oyinasi mulla Bozor devona.

Joylaridur Namangan, Haq yo‘lida jon bergan,
Muridlarini sevgan mulla Bozor devona.

Ichlaridur to‘la nur, pirlaridur Bahodur,
Buxoroda ul mashhur, mulla Bozor devona.

Mashrab o‘zi devona, ishqo‘tig‘a parvona,
Yo‘l yuradur sarsona, mulla Bozor devona.

Manbalarda mazkur shaxs’haqida ba’zi ma’lumotlar uchraydi. U kubroviya tariqatining taniqli shayxi MirzoBahodur Sherbaduniy al-Buxoriy edi. Taxminan, 1640 – 1710 yillari Buxoroda yashagan. Uning yana Lutfulloh xoja(Eshon Shahid), Niyoz Cho‘qmoqiy, Hazrati Imlo kabi shogirdlari tarixda mashhurdir.

Hijriy 1082 yili(1671-1672) kubroviya tariqati murshidi Mir Shahobiddin Soktaragi vafot etib, rahbarlik Mir Atoulloh Soktaragiga qolgandi. Undan keyin h. 1100 yili(1689) Mirzo Bahodur tariqat murshidi masnadiga o‘tiradi(O‘zR FASHI. 79-5-raqamli qo‘lyozma, 73b-sahifa). Xuddi shu pir Registon yonidagi oshxonaga kelib, oshpazning “bo‘ladigan” shogirdi mulla Bozorni kubroviya tariqati sari boshlab ketgandi.

Muarrix Mirza Olim Maxdum Bozor oxund haqida shunday ma’lumot beradi:

“Shohruxxonni avval martaba Xo‘qandga xonlik masnadiga o‘lturganligini tarixi hijriyda 1121(1709-1710) yili ekan. Bir shoir bul tarixni “Zi Shohrux jo‘”(Shohruxdan qidir) iboratidin topibdur.

Xulosai kalom, Shohruxxon o‘n ikki yil xonlik qilib, o‘n uchinchi yilda vafot qilibdur. Mashhur namanganlik Mashrabni piri shayx mulla Bozor oxund Namanganiy ul xonga hamasr ekanlar.

…Yana ba’zi zurafolar Shohruxxon vafoti tarixi haqida ba’zi alfozlar mulla Bozor oxundni muridlari og‘zidin chiqqan ekan, moddai tarix topibdur. Aning hikoyasi shul ekankim, vafotiga Shohruxxon Xo‘qand shahrining qal’a va ark binolarida namanganlik mulla Bozor oxundni muridlaridin bir odamni mardikor qilib ishlatib yurgan ekan. Bu xabarni mulla Bozor oxund eshitib, ani xalos qilmoq uchun Xo‘qandga kelib, Shohruxxondin ul muridlarini iltimos qilgan ekan. Xon iltimoslarini rad qilibdur. Shayx xondin xafa bo‘lub qaytib, Qarovultepada bir muridlarining uyiga borib, devorga Shohruxxon tasvirini tortib, o‘q-yoy ila ul suratga qarab otib, mezbonga aytibdurlar “Shohrux murd” deb. Bu hodisa payshanba kuni juma kechasi ekan. O‘sha juma kuni xonni kiftiga bir yomon yara chiqib, vafot qilibdur. Bir necha kundin keyin mulla Bozor oxundni bir muridlari Qarovultepag‘a, o‘shal uyga qo‘nganda sohibi xonadon hodisani bayon qilib, shayx jo‘naganlari hamono xon vafot qildi, debdur. Anda ul so‘fiy johil “xirs ki murd” degan ekan. Ul mezboni zarif bul iboratni hisob qilib ko‘rsa, moddai ta’rix tushubdur” (“Tarixi Turkiston”,T., 2008, 48 — 50-betlar).

Bu voqea Boborahim Mashrab vafotidan 11 yil keyin 1722 sanada ro‘y beradi. Mulla Bozor oxund bu paytda hali jismonan baquvvat, g‘ayrat-shijoatli edi. Yana bir necha manbada bu voqeaga oid shunga o‘xshash ma’lumot uchraydi. Oradan to‘qqiz yil kechib, h. 1143 yili(1730-1731) mulla Bozor oxund bu g‘avg‘oli dunyodan o‘tadi. Shundan so‘ng uning o‘tmish hayoti shu bir misraga aylangan va ma’rifat gulshani bulbuli unga kelib qo‘ngandi. Sharhlovchilar hozirgacha muxlislarga: “Bu misrani Boborahim Mashrab yozgan”, deya uqtirib kelmoqdalar.

02 Bu ma’lumotlar “Bulbul biraft az bog‘i ilm” satri xatoligini anglatmaydi. Aksincha, N.S. Likoshin bulbul tilini tushunmasdan tarjima qilgani va keyingi tadqiqotchilar unga ko‘r-ko‘rona ergashganidan darak beradi. Ajabki, hech kim mazkur satr ustida bosh qotirib ko‘rmaydi. Bu yerda “bulbul” so‘zidagi 64 raqamini 1143 sonidan ayirib tashlash uchun biror sabab ko‘rinmayapti. Balki, 64 raqami mulla Bozor oxundning yoshini ifodalar? Nahotki, shu paytga qadar uning tug‘ilgan yilini vafoti sanasi, deb keldik?! Bu fikr boshimga mahkam o‘rnashishga, men uni quvishga urinardim. “Mulla Bozor oxund 1668 yili tug‘ilgan”, deb yozishga sira qo‘lim bormadi. Uni shunday yozsam… yuz yil davomida “Mulla Bozor oxund 1668 yili vafot etgan” deb ta’lim olib kelayotgan, bu ma’lumot qon-qoniga singib ketgan millionlab o‘quvchilar holi ne kecharkan! “Bulbul”ni raqamga aylantirish shartmi o‘zi?

Mazkur tarixiy voqealardan xulosa chiqaradigan bo‘lsak, mulla Bozor oxund shogirdi Boborahim Mashrabdan yigirma yil keyin h. 1143 yili(1731) foniy olamdan ketadi. Uning shijoati va Shohruxxon o‘limi hodisasini(1722) yodga olaylik. Bu xatti-harakatlar oltmish yoshlardan oshgan odamni eslatadi. Ma’lumotlarning shu kabi jihatlari nazarda tutilsa, uning h. 1070-yillar atrofida(1655 – 1660) tug‘ilgani taxmin etilishi to‘g‘riroq chiqar. Shunda u 71 – 76 yil yashagan bo‘ladi. Otasidan yassaviya ta’limotini o‘rganib, 25-30 yoshlarida o‘zi ham yosh shogirdlar tarbiyalay boshlagandir. Mirzo Bahodur bilan 1690-yillari uchrashgan bo‘lishi mumkin. Bu fikrlar turli manbalardagi to‘rtta aniq sana(1689, 1709-1710, 1722, 1731 yillar) va o‘sha davrlarda sodir bo‘lgan ayrim tarixiy hodisalar tegrasida shakllandi. Hozircha, qancha izlamaylik, 1655 — 1660 yilning naryog‘idan Bozor oxundni topib bo‘lmadi. Uning hayotiga tegishli barcha ma’lumotlar 1689 yildan keyingi voqealarga bog‘lanib chiqayotir.

Xullas, mashrabshunoslik sohasini bir asrdan ko‘proq tarix hududi tashqarisida sargardon etgan h. 1079 sana(1668) to‘rga ilindi. Shu bilan bir satr mulohazasi oxirlagandek bo‘ldi. U N.S. Likoshin “bulbul”ni ilm bog‘idan quvib, o‘rniga yo‘q “qissa”ni kiritgani va ta’rix oyog‘ini osmondan keltirgani oshkor bo‘lishi bilan yakunlandi. Nihoyat, “bulbul” tilsimi yechildi… Endi “ozod” tarixiy maydondan Boborahim Mashrabni qidiramiz.

“O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasining 2010 yil 52-sonidan olindi.

TUTQUN

images.jpgTutqunning bir lahzalik holini yoritishga harchand urinayotgandim. Temirni lag‘cha cho‘g‘ga aylantirib, istalgan shaklga solish mumkin. Biroq ayni damda bisotimdagi bor so‘zlar uning bir lahzalik holini ifodalashga ojiz edi. “Naqshbandiya tariqatining yirik vakili”, “vahdat ash-shuhud kashfiyotchisi”, “ikkinchi ming yillikda dinning buyuk quvvatlantiruvchisi”, “barcha hollar sohibi”… Bu kabi ta’riflardan ko‘ngildagi istak hosil bo‘lmayapti.

Hozir boshimda charx urayotgan fikrlarni “qora tuynuk”ka yo‘naltirsam, uning qiyofasi so‘zlarimda to‘liq va jonli aks eta boshlaydi. Qora tuynuk – butun boshli olamlar bandi etiladigan choh. U yerda nur so‘nadi, tovush o‘chadi. Ulkan sayyoralar uning bag‘rida chinaqay[1] tirnog‘idek joyga jo bo‘lib ketadi. Ilm-fanning eng so‘ngi rusumdagi zamonaviy uskunalariga ham tutqich bermas tinim nimaligini bilmaydigan mayda zarrachalar u yerda harakatini butkul yo‘qotadi. U yerda barcha mavjudot o‘ziga xos bo‘lgan narsasidan ayriladi. Bunday Qismatning koinotda qanday osilib turgani hayratli… Biroq so‘zlar orqali bu manzilga kirib-chiqish mumkin.

Azalning mana shunday makoniga borib kela oladigan so‘zlar bu Tutqun qoshida holsiz edi.

* * *

XVII asr boshlarida Hindiston zaminida naqshbandiya tariqati favqulodda taraqqiy topdi va shiddat bilan yoyila boshladi. Bu jarayonning bosh manbai Xoja Muhammad Boqibilloh Dehlaviy hamda Shayx Ahmad Sirhindiy edi. Xayrli va barakatli turtki esa mukarram o‘lka Turkiston taraflardan bo‘lgandi… Bu muxtasar maqolada Ahmad Sirhindiy hayoti va sulukdagi faoliyatiga qisqagina to‘xtalamiz.

Tarixiy manbalarda u hijriy 971 yili shavvol oyining 14-kuni (1564 yil, 26 may) Hindistonning Sirhind shahrida dunyoga kelgani ko‘rsatiladi. Otasining ismi Abdulahad edi, yetti nafar farzandi bo‘lgan. Ahmad Sirhindiy ularning to‘rtinchisidir.

Muhammad Hoshim Keshmiy uning nasabini 26 ajdodi orqali quyidagi tartibda xulafoi roshidinlarning ikkinchisi Umar ibn al-Xattob (582–644) rozi ollohu anhuga yetkazadi: Shayx Ahmad Sirhindiy – Shayx Abdulahad – Shayx Zaynul Obidin – Shayx Abdulhay – Shayx Muhammad – Shayx Habibulloh – Imom Rofi’iddin Xoja Hyp – Xoja Nasiriddin – Xoja Sulaymon – Xoja Is’hoq – Xoja Abdulloh – Xoja Shu’ayb – Xoja Ahmad – Xoja Yusuf – Sulton Shahobiddin Ali al-ma’ruf bi Farruhshoh Kobuliy – Xoja Nasriddin – Xoja Mahmud – Xoja Sulaymon – Xoja Mas’ud – Xoja Abdulloh – Voiz al-Akbar – Xoja Abdul Fath – Xoja Is’hoq – Xoja Ibrohim – Xoja Nosir – Xoja Abdulloh – Amir al-Mo‘minin Umar al-Foruq rozi ollohu anhu.

Keshmiyning ta’kidlashicha, Shahobiddin Ali Farruhshoh al-Foruqiy G‘aznaviy sultonlar saroyida vazirlik lavozimida edi. Bir qancha muddat Kobulda yashagani tufayli Kobuliy nisbasi bilan ham yuritiladi. G‘aznaviylar davridayoq uning avlodlari Hind diyoriga kelib, bu yerda islomning tarqalishiga xizmat qiladi.

Uning oltinchi ajdodi imom Rofi’iddin Xoja Nur o‘z zamonasida mashhur bo‘lgan. U barcha zohiriy va botiniy ilmlarni mukammal tasarruf etgan. Tariqat ilmini Maxdumi Jahon nomi bilan tanilgan Sayyid Jaloliddin Buxoriydan o‘rgangan. U suhravardiya tariqati namoyandasi Bahovuddin Mo‘ltoniyning (XIII asr) xalifasi edi. Sirhindda yashagan.

Hazratning otasi Shayx Abdulahad ham (1521 yilda tug‘ilgan) Hindistonning ulug‘ avliyolaridan edi. U mavlona Abdulquddus rahmatullohi alayhi xizmatida bo‘lib, undan chishtiya tariqati odob- qoidalari bo‘yicha ta’lim oladi. Pirining vafotidan so‘ng uning o‘g‘li Shayx Rukniddin rahnamoligida faoliyatini davom ettiradi.

Qodiriya tariqatidagi silsilasi o‘n vosita bilan G‘avsul A’zam Abdulqodir Jiloniyga (1077–1166) borib yetadi.

Shayx Abdulahad o‘g‘lining tarbiyasiga jiddiy e’tibor qaratadi. Xat-savodini chiqarish uchun uni boshlang‘ich maktabga topshiradi. O‘zi ham unga chishtiya va qodiriya tariqati odoblaridan tahsil berib boradi. Ahmad Sirhindiy yoshligida nihoyatda tirishqoq va g‘oyatda iste’dodli edi. U ko‘pgina ilmlarni otasidan o‘rgandi. Juda tez fursatda Qur’onni yod oladi. Ilmga chanqoqlik uni zamonasining ilg‘or allomalari huzuriga yetaklaydi. Siyalkot shahriga borib, Kamol Kashmiriy xizmatiga kiradi. U Xoja Abdushahid Naqshbandiy muridi va davrining eng bilimdon kishilaridan edi. Hijriy 1017 (1608-1609) yili Siyalkotda vafot etgan.

Hadis ilmi sohasida shayxi muazzam va qutbi mukarram Qutbiddin Husayn Xorazmiy Kubroviyning (1466–1551) shogirdi Ya’qub Kashmiriydan dars tinglaydi.

U arab-fors tillarini puxta egallaydi va bu tillarda yetuk asarlar yoza boshlaydi. Qur’on tafsirlari, “sahihi sitta” hadislarini, o‘zidan oldin o‘tgan ko‘pgina ahliyulloh va mashhur allomalar asarlarini zo‘r ishtiyoq bilan mutolaa qilardi.

Rivoyat qilishlaricha, Hind podshosi Jaloliddin Muhammad Akbarshohning (hukmronlik davri 1556–1606 yillar) taniqli vaziri adib Abul Fazl Allomiy harflariga nuqtalarini qo‘ymasdan Qur’oni sharifga tafsir bitadi. Mavlona Jamol Laho‘riy kabi Hindistonning bir talay allomalari ushbu tafsirning muhokamasiga to‘planadi. Majlis ahli ancha bahs-munozaralardan so‘ng bu tafsirni rad etishga qaror qiladi. Gangib qolgan Allomiy ul hazratni majlisga chaqirtiradi va vaziyatni unga tushuntiradi. Agar u mazkur tafsirning e’tirof etilishiga ko‘maklashsa, evaziga yaxshigina tuhfa berishini va’da qiladi. Shunda Ahmad Sirhindiy qo‘liga qalam oladi-da, qoldirib ketilgan nuqtalarni o‘z o‘rniga qo‘yib chiqa boshlaydi. Yig‘ilgan allomalar uning bu shahdi va ilmidan, aqlining teranligidan hayronu lol qoladi. Shu tariqa Allomiy tafsiri mukammal etiladi. Bu voqea 1586 yili bo‘lib o‘tgan va bu paytda u endigina 21 yoshda edi. U xuddi o‘sha davrlarda “Risolai isboti nubuvvat” (“Nabiylik isboti haqida risola”) va “Risolai raddi ravofiz” asarlarini yozgandi.

Garchi Shayx Abdulahad o‘g‘lini chishtiya va qodiriya tariqati xirqalari bilan taqdirlagan bo‘lsa-da, u qodiriya tariqatining yana bir vakilidan ham xirqa qabul qilgan edi. U aziz mavlona Kamol Kihtaliyning nabirasi Shoh Iskandar edi. Ahmad Sirhindiy yoshlik chog‘ida mavlona Kamol Kihtaliyning[2] o‘zi bilan ham ko‘rishgandi.

Bundan tashqari, u Xoja Muhammad Boqibilloh bilan uchrashgunga qadar naqshbandiya tariqatidan ham yaxshigina xabardor bo‘lgan. Hind tasavvufshunos olimi Abbos Rezve uning Agra shahrida naqshbandiya tariqatiga qiziqib, Xoja Ubayd Kobuliy rahnamoligida “tavba” qilgani to‘g‘risida ma’lumot beradi.

Keltirilgan ushbu ma’lumotlardan ko‘rinib turibdiki, Shayx Ahmad Sirhindiy hali o‘zining sevimli ustozini uchratmasdan burun ko‘pgina ilm sohalarida katta olimlik darajasi va tariqatda murshidlik masnadiga yetishgandi.

* * *

Hijriy 1007 yili rajab oyining 17-kunida (1599 yil, 13 fevral) hazratning otasi Abdulahad ibn Zaynul Obidin o‘tkinchi dunyo kulbasidan baqo saroyiga safar qiladi. Shayx Ahmad ko‘pdan beri haj ziyorati va Muhammad Mustafo salollohu alayhi vassalam ravzai muboraklarini ko‘rishni orzu qilib yurardi. Biroq padari buzrukvorining keksayib qolgani hamda xastalanib, parvarishga muhtojligi sababli bunga shoshilmadi. U otasi vafotidan so‘ng Makka ziyoratiga yo‘lga tushadi. Dehliga kelganda unga mavlona Hasan Kashmiriy yo‘liqib, Xoja Boqibillohni ko‘rib o‘tishni maslahat beradi. Shu tariqa ular hijriy 1008 yil rabbi us-soniy oyida (1599 yil, noyabr) uchrashadi.

Ikki ilohiy shavqu-zavqqa limmo-lim jozib qalblar ishq mayidan sarmast bo‘lib, bu dunyoni butkul unutib qo‘yadi. Buni yana qanday ta’riflash mumkin? Muborak Makkaga, haj ziyoratiga ketayotgan odam barcha narsani unutib Xoja Boqibilloh xonaqohida uch oydan ziyod qolib ketsa! Uning uchun bu xonaqoh Ka’ba xonasi, har eshitayotganlari Mustafo salollohu alayhi vassalam ravzasidan taralayotgan ziyo kabi edi. Ahmad Sirhindiy ustozining o‘rgatganlarini g‘oyatda chanqoqlik bilan qabul qilardi. Shogirdining baland parvozi va noyob iste’dodi ustozini ham butunlay o‘ziga rom etib qo‘ygandi.

U pok e’tiqodi va pirining tarbiyati bilan tariqatda yuksak maqomga yetishadi. Ularning uchrashuvidan to‘rt yil o‘tib, Xoja Muhammad Boqibilloh olamdan ko‘z yumadi va murshidlik masnadida Shayx Ahmad Sirhindiy qoladi.

Manbalarda uning o‘z holini tasarruf etgan to‘rt yuzdan ortiq shogirdi bo‘lgani to‘g‘risida so‘z yuritiladi. Ularning orasida Shayx Muhammad Tohir Laho‘riy, Hamid Bangoliy, Badi’uddin Saharonpuriy, Nurmuhammad Putaniy, Ahmad Quraysh Barkiy,[3] Shayx Muzammil, mavlona Qosim Ali, Yormuhammad Qadim, Yormuhammad Jadid Taliqoniy, Hasan Barkiy, Shayx Abdulhodiy, Ahmad Saharonpuriy, Hoji Xizr Afg‘on, Shayx Yusuf Barkiy, Shayx Muhibulloh, Mavlaviy Shayx Karimiddin (Bobo Hasan Abdol nomi bilan mashhur), Shayx Is’hoq Sindiy, Abdulvohid Laho‘riy, Omonulloh faqih Laho‘riy, Muhammad Sodiq Badaxshoniy, Salim Bannuriy, Odam Bannuriy, Shayx Nurmuhammad Tahoviy, Shayx Homid Tahoviy, G‘oziy Gujoratiy kabi yana bir qancha xalifalari va ilg‘or talabalari nomlari alohida ta’kidlanadi.

Muhammad Siddiq Keshmiy, Tohir Badaxshiy, Xoja Muhammad Hoshim Keshmiy va Badriddin Sirhindiylarning mujaddidiya-naqshbandiya tariqati Movarounnahrga kirib kelishi va tarqalishida xizmatlari beqiyosdir.

Shogirdlari, zamondoshlari va keyingi davrlarda yashab o‘tgan izdoshlari uni ehtirom bilan Imom Rabboniy Shayx Ahmad Sirhindiy al-Foruqiy[4] al-Mujaddidi alfi soniy[5] deya atashardi.

U hijriy 1034 yil safar oyining 29-kuni (1624 yil, 10 dekabr) Sirhind shahrida vafot etdi. Undan Muhammad Sodiq, Muhammad Sa’id va Muhammad Ma’sum ismli uch nafar o‘g‘il farzand qolgani va ular ham oriflar zumrasidan ekanini oldingi maqolada aytib o‘tdik.

Muarrix Husayn Alining xabariga ko‘ra, Afg‘oniston hukmdori Shohi Zamon (hukmronlik vaqti XVIII asr oxirlari) shayx qabri tepasiga maqbara qurdirgan.

* * *

Turkiston xonliklari uzil-kesil barham topgunga qadar o‘lkamizda mashhur bo‘lgan bu shaxs haqidagi ma’lumotlar ham Ahmad Yassaviy, Bahovuddin Naqshband, Xoja Muhammad Porso, Ya’qub Charxiy, So‘fi Ollohyor kabi allomalarimiz qatorida maktab hamda oliy ta’lim darsliklariga kiritilmadi. Sho‘rolar ta’limi va g‘oyalari XX asr avlodlari qalbidan milliy xotiraning ko‘plab zarvaraqlarini yulib tashlab, ularning o‘rnini band etishga ulgurgandi. Oqibatda o‘zidan boy ma’naviy meros qoldirgan, bir zamonlar nomi tillardan tushmagan, davralarda hurmat bilan yod etilgan bu insonni yurtimizda biladiganlar 1950–2000 yillarda ham juda kamchilikni tashkil qilar, u haqidagi axborotlar qashshoq va uzuq-yuluq edi.

* * *

Mujaddidi alfi soniy Shayx Ahmad Sirhindiy ashtarxoniylar davrida Buxoro xonligidagi tasavvuf ahli bilan ham muntazam aloqada bo‘lib turgan. Ularning ayrimlari hatto, tariqat ta’limini o‘rganish niyatida Movarounnahrdan Hindistonga borgan va uning dargohida ilmu e’tiqod yo‘lida mashaqqat chekib, yuqori natijalarga erishgandi. Bu to‘g‘rida manbalarda uchraydigan ma’lumotlardan ba’zilarini aytib o‘tamiz.

Mir Muhammad No‘’mon hazratning eng ilg‘or xalifalaridan edi. Hijriy 977 yili (1569-1570) Samarqandda tug‘iladi. U tavallud topishidan sal avval otasi janob Imom A’zam Abu Hanifa No‘’mon ibn Sobitni tushida ko‘radi. U: “Sendan bir saodatmand o‘g‘il dunyoga keladi, uni bizning ismimiz bilan ataysan”, deb tayinlaydi. Mir Muhammad No‘’monning otasi Mir Buzruk nomi bilan tanilgan Amir Jaloliddin ismli aziz edi. Etikdo‘z darvesh bo‘lgan va sulukdagi nisbati ishqiya tariqatiga tutashadi. U Samarqandda ishqiya tariqati ulug‘laridan ta’lim olgan. Qosim shayx Karmanagiy (vaf. 1578) xizmatida ham bo‘lgan. Muhammad Hoshim Keshmiy uning Movarounnahr va keyinchalik Kobul, Badaxshon viloyatlarida yashagani haqida axborot beradi. Mir Muhammad No‘’monning bobosi Sayyid Hamididdin ham ulamolardan edi.

Mir Muhammad No‘’mon yigitlik chog‘ida Balxda Amir Abdulloh Balxiy Ishqiydan suluk sabog‘ini oladi. Keyinchalik ustozi uni Hindistonga yuboradi va shu tariqa u naqshbandiya tariqatining hind tarmog‘i bilan bog‘lanadi. Uni atrofidagilar Piri Bulbul deyishardi. Qur’onni behad yoqimli va sehrli qiroat qilarkanki, uning tilovati paytida hatto bulbullar xonish etishdan to‘xtarkan. Ustoziga tegishli “Maktubot”ning 123 xatdan iborat uchinchi jildini u to‘plagan.

Mavlona Yusuf Samarqandiy sulukdagi yo‘li ibtidosini Xoja Muhammad Boqibilloh davrasida boshlagan. Ko‘p ilmlar sohibi, fozil va go‘zal axloqli edi. Ustozining vafotidan keyin Sirhindga keladi va Imom Rabboniy halqasiga kiradi. Bu yerda u maqsadiga yetadi. O‘limi oldida: “Alhamdulloh, dil neni talab qilgan bo‘lsa, xuddi o‘sha bo‘ldi”, deya jonini haqqa topshirgan ekan.

Shayx Abdulhay Sag‘oniyoniy XVII asrda hayot kechirgan. Manbalarda uning vatani Hisori Shodmon atrofidagi Sag‘oniyon (Chag‘oniyon) mavzesi ekani yozilgan. Ba’zi mualliflar uning nomini Shayx Abdulhay Chokar Hisoriy shaklida ham ko‘rsatadi. Hindistonga kelib ustozining oliy ostonasida ko‘p yillar riyozat chekadi va inoyat nazariga erishadi, xosiyatli sirlaridan voqif bo‘ladi, muborak lafzidan nurli hollariga oid so‘zlar tinglaydi hamda armonsiz xizmatlar qilib, fazilatlar kasb etadi.

Maxdumzoda Muhammad Ma’sum ishorati ila ustozi xatlari majmuasi “Maktubot”ning ikkinchi jildini to‘plab ko‘chiradi va kitob holiga keltiradi. Fursat yetib, murshidining ko‘rsatmasiga binoan ilm toliblariga tariqat ta’limini o‘rgatish uchun Patna shahriga jo‘nab ketadi. U yerda qisqa vaqtda shuhrat qozonib, ma’rifat tarqatadi. As’hoblaridan Shayx Nurmuhammad uning ahvoli to‘g‘risida maktublarida yozib qoldirgan. Badriddin Sirhindiy va Muhammad Hoshim Keshmiy asarlarida ham mazkur alloma hayotiga oid ma’lumotlar uchraydi.

Mavlona Solih Ko‘lobiy shayxning yaqin as’hoblaridan, qadim Turkiston hududidagi Ko‘lob viloyatidan edi. U tariqat ahli orasida ko‘p kezadi. Biroq ko‘nglidagi savollar va muammolarga qoniqarli javob topmaydi. Kunlardan bir kuni Agra shahri jome’ masjidida Shayx Ahmad Sirhindiy majlisiga yetishadi. Shundan so‘ng ular o‘rtasida piri muridlik munosabatlari boshlanadi. Mavlona Solih Ko‘lobiy hijriy 1038 yili (1629) vafot etadi.

U “Manoqibi Ahmad Sirhindiy”, “Hidoyat at-tolibin” kabi asarlar yozib qoldirgan. Mazkur asarlarda mujaddidiya-naqshbandiya tariqati tartib qoidalari va tarixiga oid qiziqarli ma’lumotlar bor.

* * *

Ahmad Sirhindiyning movarounnahrlik Xoja Umak, Xoja Abdulg‘afur Samarqandiy, maxdumzoda Abulqosim Imkanagiylarga yozgan maktublari saqlanib qolgan.

* * *

Yana Tutqun qoshiga qaytamiz. Tepadagi satrlar, Sirhindiy hazratlarining tarixi bizni baribir uning huzuriga boshlab kelaverdi. So‘z insonning botiniy olamini oshkor qiladi. Tutqunning holini uning o‘z so‘zlari orqali anglash osonroq. Shayx Ahmad Sirhindiy mavlona Xojagi Abdulboqi Imkanagiy muridlaridan Xoja Umakka jo‘natgan maktublarining birida Tutqun haqida shunday yozadi:

“Bu ham Xoja Umakka. Yaratganning hukmi birla yuksaklikdan quyiga tushirilib, yiroqlashtirilish hikmati xususida bitildi. Karam yuzasidan bu muxlis nomiga yuborgan tabarruk marhamatnomangiz mutolaasiga musharrif bo‘ldik va undagi olqishlar bizni behad quvontirdi. Ne ne’matdurki, ozodlar tutqunlarni yod etar va ne davlatdurki, vosillar g‘ariblarga g‘amxo‘rlik qilar. Chun, bu bechorai mahjur o‘zini visolga yetishishga munosib deb bilmas. Zarurat vajhidan joyi noma’lum hijron kulbasi bo‘ldi.[6] Yaqinlikdan qochib, yiroqlikdan orom axtardi. Visolni tark etib, ayriliqdan qo‘nim topdi. Ozodlikni ixtiyor qilib, tutqunlikka giriftor bo‘ldi. Oqibatda tutqunlik minnati rizqi bo‘ldi. Bayt:

Chun ta’ma xohand z-man sultoni din,
Xok bar farqi qanoat ba’d az in.

(Ta’ma istar mendin chun, sultoni din,
Ne qolur ersa unda qanoatdin.)

Bu baytda so‘zlar qovushmagan, ishoralar tarqoqdir. Uzrlik bo‘lgaykim, Olloh taolo sizu bizni rasullar sayyidi izidan boshlasin, unga eng samimiy olqishlar va eng yaxshi qutlovlar bo‘lsin!”

Bu Xoja Umakka yuborilgan ikkinchi maktub edi. Tutqunning holi sodda va tushunarli bayon qilingan. U Odamzotning kichikkina matnga sig‘dirilgan katta Tarixi… ham o‘quvchiga O‘rta asrlardagi sharq adabiyoti dunyosiga kirish uchun tutqazilgan kalit. Bu bir parcha maktub so‘fiylarning barcha ohu volalari, zalvorli hayqiriqlarini bag‘riga singdirgan jimjitlikdir. Unda faqat “Hush dar dam”, “Nazar bar qadam”, “Safar dar vatan”, “Xilvat dar anjuman”, “Yodkard”, “Bozgasht”, “Nigohdosht”, “Yoddosht”, “Vuqufi zamoniy”, “Vuqufi odatiy”, “Vuqufi qalbiy” halqalari bilan kishanband qilingan Tutqunlar yashaydi. Bu zanjirlar tufayli ularning hushi hamisha o‘zida bo‘ladi; dunyo moliga qo‘li va kibr havosiga boshi; haq yo‘lidan boshqasiga qadami yetmaydi. Zulm qilolmaydi… Bu halqalar jahonning barcha hukmdorlari zanjirlaridan-da, berkdir. Shayx Ahmad Sirhindiy bu to‘g‘rida Xoja Umakka oldin ham xat yozgandi:

“Xoja Umakka. Oliy nisbat naqshbandiya tariqi buzruglarining madhi to‘g‘risida bitildi. Tangri ularning sirlarini muqaddas qilsin.

Alhamdulloh, bu muxlis nomiga marhamatnomalarini yuborgan ul taqvo sohibiga salomlar bo‘lsin! Maktub mazmuni bizni quvontirib, masrur etdi. Salomat bo‘lgaysizkim, naqshbandiya oliy silsilasi xususida olqishlar aytib, sizni urintirishni istamasmiz. Bu buzrugning, ya’ni maxdumimiz (Tangri sirlarini muqaddas qilsin) silsilalari bayonida voqe’ bo‘lubdurki, hamma nisbatlardan yuksakroq nisbat[7] hozirlik[8] va ogohlikdir.[9] Va ularning nazdida hozirlik mo‘’tabardir. Hozirlik beg‘aybiyatdir.[10] “Yoddosht”da[11] yuzaga keladi. Bas, shunday ekan, bu azizlarning nisbati “yoddosht”dan iboratdir.

Bu faqirning fahmi ojizicha, “yoddosht”ning asosi hazrat taolo va taqaddusdan sodir bo‘lguvchi ul zotning zuhuridan iborat – tajalliyi zotdir. Va bu zuhurda asmo, sifat, shayyun[12] va e’tiborat[13] mulohazasiz mavjuddir. Bu tajallini “barqiy” dermishlarki, “lamihi basir”[14], ya’ni juda tez fursatda shayyun va e’tiborat oradan ko‘tarilib, yana paydo bo‘lur. U yana shayyun va e’tiborat darpardasi ortiga g‘oyib bo‘ladi. Bas, bu taqdir birla g‘aybiyatsiz hozirlik ifoda bo‘lmas. Balki “lamihi basir”da hozirlik voqe’ bo‘lib, ko‘proq vaqt g‘aybiyat turgusidur.

Bu nisbat bu buzruglar qoshida bee’tibordir. Vaholanki, bu tajallini o‘zga mashoyixlar silsilasida “nihoyatun nihoya”[15] derlar. Har vaqtiki, hozirlik doimiy bo‘lib, aslo yopinchiq qabul qilmasa, asmo, sifat, shayyun va e’tiborat pardasi muttasil to‘siq bo‘lavermasdan mutajalliy bo‘lsa, hozirlik g‘aybiyatsiz bo‘ladi. Shunday ekan, bu buzrug nisbatini o‘zgalar nisbatiga qiyos qilib, uning boshqa hamma nisbatdan yuqori ekanini ochiq e’tirof etish lozim. Bu yanglig‘ hozirlik garchi aksar mardum nazdida yiroq ko‘rinur. Ammo, she’r:

Hunayyal arbobun na’im na’imuha,
Va-l-liloshiqul miskinho yatajarru’.

(Dunyoparastlar uchun u – dunyo bas,
Oshiqu miskinlarga qatra xolos.)

Bu oliy nisbat shunday bir g‘aroyib yo‘l barpo qilibdikim, agar o‘zga tariqa arbobiga bu silsila haqiqatdan ham buzrukroq deyilsa, shaksizki ularning barchasi inkor maqomiga keladi. Va buzruk qavm orasida alhol, bu nisbatning odatdagi oddiy hol ekaniga ishonmaslar. Subhona taolo shuhudi[16] haqning hozirligidir. U shohidiy va mashhudiy[17] vasfdan butkul musaffodir. Agar xususiyati mavhumlikdan yuqoriroq va zohirda davomiy bo‘lsa, tavajjuhi[18] kuchsiz odatiy holdan xoli turadi. Bu nisbat faqat jazaba maqomida mavjud bo‘ladi. Uning mavhumlikdan yuksakligi zohirlik sababi emasdir. U “yoddosht”ga xilof ravishda ma’nosi aytib o‘tildiki, jazaba mukammal bo‘lgandan keyingina hosil bo‘lib, suluk maqomatining barqarorligi va oliyligidir. Uning oliylik darajasi hech kimsaga maxfiy emas. Agar maxfiy bo‘lsa, uni hosil etishga tirishur bas. Hasadgo‘y o‘z hasadini, noqis noqisligini tan olsa uzrlidir. Qit’a:

Qosiri gap kunad in toifi ro ta’na va qusur,
Hoshalelloh ki bar orom bizaboni in gele ro.
Hama sheroni jahon baste in silsilai and,
Ru bi az hiylai cheson bigusalid in silsile ro.

(Qusur izlab, ta’na qiladur agar fahmi kam,
Uning fisqu fasodidan omon saqlagin egam.
Bu zanjirga bog‘lanmish jahonning barcha sheri,
Uza olgaymi uni biror nayrang yo firib)
Avval ham oxiri xayrli, bo‘lsin!”

Xoja Umakka yozilgan bu xatlar “Maktubot”ning Yormuhammad Jadid Toliqoniy to‘plagan birinchi jildidan olindi.

* * *

Jaloliddin Muhammad Akbarshoh hukmronligining oxirgi yillari saroydagi ig‘volar qutqusi natijasida Shayx Ahmad Sirhindiy Gvaliyor qal’asiga zindonband etiladi. Hindistonning eng vahimali zindonida bir-biriga mutlaqo zid ikki dunyo – Ruh va Nafs tutqunlari uchrashadi…

Zindon boshlig‘i Hazratning ashaddiy dushmani – davlat vazirining ukasi edi. Vazir vaziyatdan foydalanib inisi orqali uni har xil qiynoqlar bilan azoblashga harakat qiladi. Biroq kutilmagan voqea yuz beradi. Hazratning sof e’tiqodi, sabri, ilmi va go‘zal axloqi ta’sirida zindonboshi xulqidagi qusurlarini to‘g‘rilab, tavba qiladi va uning talabalaridan biriga aylandi. Talonchilik, qotillik, o‘g‘rilik va turli qallobliklar bilan bandi qilingan yuzlab mahbuslar ham o‘z qilmishlaridan iztirob chekib, haq yo‘liga kiradi. Holbuki, ularning orasida buddhaviy, hindu va boshqa g‘ayridinlar ham ko‘p edi. Jamiyat nazarida xosiyatsiz bo‘lgan bu qo‘rqinchli makon Hazratning sharofati bilan Imon manziliga aylanadi.

Akbarshohdan so‘ng taxtga o‘g‘li Shoh Jahon o‘tiradi va Ahmad Sirhindiyni Gvaliyor zindonidan ozod qiladi.

* * *

U o‘zidan boy yozma ma’naviy meros qoldirgan. Uning “Risolai dafi’ shubhahot” (“Shubhalarni daf qilish haqida risola”), “Ma’orifi laduniya” (“Ilohiyotni anglash”), “Al-mabda’ va-l-maod” (“Ibtido va intiho”), “Mukoshafati g‘aybiya” (“G‘oyibning ayon bo‘lishi”), “Raddi ravofiz” (“Shiaviy qarashlar raddi”), “Risolai isboti nubuvvat” (“Nabiylik isboti haqida risola”), “Dar tahqiqi kalimai tayyiba” (“Tayyiba kalimasining tadqiqi”), “Sharhi ruboiyoti Shayx Muhammad Boqibilloh”, 535 maktubni o‘z ichiga olgan uch jildlik “Maktuboti imom Rabboniy” (“Imom Rabboniy maktublari”) kabi asarlari O‘zR FA Abu Rayhon Beruniy nomidagi qo‘lyozmalar xazinasida saqlanmoqda.

[1] Jimjiloq.
[2] Kihtal – Sirhind atrofidagi qishloq nomi.
[3] Bark – Kobul va Qandahor o‘rtasida joylashgan mavze.
[4] “Foruqiy” nisbasi uning Umar ibn al-Xattob al-Foruqiy (Tangri uni rahmat qilsin) avlodi ekaniga ishoradir.
[5] Mujaddidi alfi soniy – “Ikkinchi ming yillikda dinni yangilovchi (quvvatlantiruvchi)” mazmunini bildiradi.

[6] Hijron kulbasi – pirning xonaqosi. Aslida butun yer kurrasi – hijron kulbasidir. Odam arshi a’lodan quvg‘in qilinib, pastga tushirildi va yerda yashashga majbur bo‘ldi.
[7] Nisbat – tariqatda maqomlar o‘rnini ifodalaydi.
[8] Hozirlik – so‘fiy nazarida u sezgining eng oliy ko‘rinishidan biri. Bunda solik va Tangri o‘rtasidagi to‘siq-parda ko‘tariladi va yaqin muloqot boshlanadi. Bu holni faqat oliy maqom so‘fiylardagina kuzatish mumkin.
[9] Ogohlik – atrofda va o‘zida sodir bo‘layotgan voqealarda Tangri ishtirokini his qilib turish. Ayrim hollarda hozirlik bilan teng ma’noda ham ishlatiladi.
[10] To‘siq va pardalardan xoli.

[11] Yoddosht – naqshbandiya sulukidagi sakkizinchi qudsiy so‘z. Bunda solik qalbida Tangri muhabbatidan o‘zga narsa qolmaydi. Solik doimiy ogohlik bilan zavqu shavqqa to‘lib, uni yod etadi. Shunda g‘aybiyatsiz hozirlik paydo bo‘ladi.
[12] Shayyun – narsa, moddiy mavjudot.
[13] E’tiborat – diqqatni chalg‘ituvchi hamma narsa.
[14] Lamihi basir – Qur’oni karimdagi “Nahl” (“Asalari”) surasining 76, “Qamar” surasining 50-oyatlariga ishora. “Kalamih al-basari” – bir qaraguncha, ko‘z ochib yumguncha ma’nosida. Juda tez sodir bo‘lish.
[15] Nihoyatun nihoya – manzilning oxiri, poyoni.
[16] Subhona taolo shuhudi – Tangrining namoyon bo‘lishi, sezilishi.
[17] Shohidiy va mashhudiy – guvoh bo‘luvchi; ko‘rib, kuzatib turish holati.
[18] Tavajjuhi – yuzlanishi, ya’ni Tangrining solikka e’tibor berishi.

07

(Tashriflar: umumiy 1 299, bugungi 1)

1 izoh

  1. Ҳақиқий олим эканлар.
    Миллий адабиётшуносликда академизм руҳини янгилаш кераклигини англатди бу мақолалар.
    Олди-қочдиларсиз, илмий тус бериш учунгина қўлланган терминлардан холи, битиклар чанги-ғубори уфуриб турган фитратона илмни қанчалар соғинибмиз!

Izoh qoldiring