Boborahim Mashrab. Ijodidan namunalar

09     Машраб шеъриятининг ғоявий, фалсафий, ахлоқий замини – тасаввуф. Шоир ижодиётига доир тадқиқотларида унинг шеърлари онгли равишда ўз заминидан ажратилиб, таҳлил қилинган. Натижада, илоҳий ишқ моҳиятини очувчи фикру кечинмалар дунёвий муҳаббатга мансуб тасвирлар сифатида тавсия этилган. Машраб ижодиётидаги «антиклерикал мотив»лар ҳақида айтилган мулоҳазалар ҳам бирёқлама, гоҳо жуда чалкашдир. Бунинг сабаблари изоҳланганда, икки жиҳатга алоҳида диққат қилиш керак бўлади. Биринчиси, давлат ва сиёсат миқёсида динга қарши ҳужумнинг авж олдирилгани, иккинчиси, тасаввуф таълимотининг юзаки ўрганилгани (Иброҳим Ҳаққулнинг «Машраб нафаси» мақоласидан. Мақола мана бу саҳифада).

МАШРАБ ҲАҚИДА
Абдурашид Абдуғафуров
009

006Машраб (тахаллуси; асл исм-шарифи Бобораҳим Мулла Вали ўғли) (1640, Наманган — 1711, Балх) — шоир ва мутафаккир. Машраб номи 18—19-асрларда тузилган тазкира ва тасаввуфий йўналишдаги асарларда (масалан, Баде Самарқандийнинг «Музокир ул-ашоб» ва б.) зикр этилади. Аммо уларда шоир ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида келтирилган маълумотлар ниҳоятда кам. Машрабнинг қолдирган адабий мероси хусусида ҳам аниқ маълумот берувчи манба йўқ. Унинг ўз асарларини тўплаб, девон ёки бирор мажмуа тузганлиги маълум эмас. Фақат «Девони Машраб», «Девонаи Машраб», «Эшони Машраб», «Ҳазрати шоҳ Машраб» номлари остида халқ орасида қўлёзма ва тошбосма шаклида тарқалган қиссалардагина (уларнинг ким томонидан ва қачон тузилганлиги номаълум) шоирнинг ҳаёт йўли ва ижодий фаолияти маълум тартиб ва изчилликда баён этилади, шу жараёнда асарларидан намуналар ҳам келтирилади. Қиссалар кейинчалик ўзгартириш ва тузатишларга дуч келган, турли тўқималар, янги-янги ривоят, нақллар, саргузашт ва латифасимон лавҳалар билан тўлдирила борилган. Натижада қиссаларда тарихий Машраб ва унинг ижтимоий ва ижодий фаолияти халқ тасаввуридаги тўқима Машраб ҳамда у ҳақидаги саргузашт — ривоятлар билан қоришиб кетган. Шундай бўлсада, Машраб ҳақидаги қиссалар шоир ҳаёт йўлини нисбатан тўла ва босқичма-босқич баён этувчи, шунингдек, яратган асарларининг кўпгина қисмини ўзида жамловчи адабийтарихий манба сифатида илмий аҳамият касб этади.

Машраб отадан ёш етим қолади, оиланинг моддий қийинчиликлари янада ортади. Онаси ип йигириб тирикчилик ўтказади. Машраб дин асослари ва фалсафадан яхши хабардор бўлган Сўфи Эшон Мулла Бозор Охунд (хўжа Убайдулло) қўлида диний таълим олади, сўфий тариқатлар бўйича билимини оширади, форсий тилни ўрганади.

Тахминан 1665 йилларда Мулла Бозор Охунд тавсиясига кўра, ўша замонда катта обрўга эга бўлган йирик дин арбоби қашқарлик Ҳидоятулло Офоқ Хожа эшон ҳузурига боради. Шоир адабий меросидаги диний мазмун ва тасаввуфий йўналиш руҳидаги шеърларнинг кўпчилик қисми Офоқ Хожа даргоҳида ва унинг тарғибот-сабоқлари таъсирида яратилган. Офоқ Хожа шахсий хислат-фазилатларини мадҳ этувчи, уни «пиру раҳбар» деб тан олувчи байтмисралар мужассам бўлган ғазал ва мухаммаслар ҳам («Кошки», «Ўзум» радифли ғазаллар, «Қолмади» радифли мухаммас) шу муридлик йиллари маҳсулидир.

Машраб тахминан 1672—73 йилларда Офоқ Хожа даргоҳини тарк этади. Қиссаларда қайд этилишича, бунга Машрабнинг пири даргоҳидаги канизакларнинг бирига кўнгил қўйгани, севиб-севилгани сабаб бўлган. Аммо Машрабнинг оғир жисмоний жазоланиб қувилиши заминида пир билан мурид ўртасида жиддий ғоявий зиддиятлар бўлган дейилса, ҳақиқатга мувофиқ бўлади.

Машраб пири даргоҳидан кетгач, деярли 40 йиллик умрини доимий сафарда, турли ўлкаларда дарбадарликда ўтказади. Қўнимсиз ҳаётга юзланган шоир, асосан, ижодий иш билан шуғулланади. Оддий халқнинг қашшоқ ҳаёти, зулму ситам остидаги оҳу ноласи шоир қалбини ларзага солади («Дили тиғи ситамдин пора бўлғон халқни кўрдум»…).

Машраб асарларининг аксарияти чуқур ижтимоий йўналишга эга бўлиб, ўша давр ҳаёти, жамиятдаги воқеа-ҳодисалар билан чамбарчас боғлиқ. Хусусан, у баъзи руҳонийларнинг кирдикорлари ва ҳийлагарликларини фош этади, текинхўр мулкдорлар ва жоҳил амалдорларнинг зўравонлик фаолиятларини танқид қилади. Машрабнинг бу тур асарлари қўлдан қўлга, оғиздан оғизга ўтиб, тез тарқалган. Худди шунинг учун ҳам Машрабнинг бирор қишлоқ ёки шаҳарга келиши изсиз қолмаган, одил камбағал халқ уни қувонч-хурсандчилик ва қизиқиш билан қарши олган. Шоир қўнимсиз ҳаётининг сўнгги манзили Балхда ҳам ҳоким табақа ва мутаассиб шайх-муллалар Машрабни жисман йўқотиш пайига тушадилар. Шу тескаричи гуруҳларнинг расмий фатвоси ва Маҳмудбий Қатағоннинг ҳукми билан дорга осилади.

Машраб қолдирган бадиий мерос ҳажм ва жанрлар жиҳатидан ҳанузгача аниқланган эмас. Аммо бизга ҳозирча маълум асарларининг ўзи ҳам Машрабнинг фавқулодда ноёб истеъдод эгаси эканлигидан далолат беради. Машраб ижоди шеъриятнинг янада кенгроқ ижтимоий мазмун ва жанговар руҳ касб этишида, адабиётдаги халқчиллик ва дунёвийликнинг чуқурлашувида, лирик турларнинг такомиллашуви ҳамда бадиий санъатнинг камолотга эришувида янги бир юқори босқични ташкил этади.

Машрабнинг моҳиятан инсон қадри-шарафи ва маънавий камолотини улуғлашга, эзгулик ва гўзалликни мадҳ этишга бағишланган шеърий меросида ғазал, мустазод, мурабба, мухаммас, мусаддас, мусабба, маснавий, рубоий, таърих каби жанр турларида битилган етук намуналарни учратамиз. Аммо Машраб аввало моҳир ғазалнавис ҳамда кўплаб шўх ва жарангдор мустазодлар, ўйноқи ва жозибадор мурабба ҳамда халқ ғаму ҳасратига ҳамдардлик ҳисси билан йўғрилган мухаммаслар ижодкори сифатида кенг довруғ чиқарган. Машрабнинг жуда кўп ғазаллари халқ қўшикларидек содда ва жарангдор, жўшқин ва таъсирчандир.

Машраб ўзбек адабиёти тарихида энг кўп мустазод ёзган ижодкорлардан бири. Шоир мустазодлари ҳам, худди ғазаллари каби, шўх ва жарангдор, нафис ва завқбахшдир.

Мумтоз шеъриятда мурабба турининг узил-кесил мустаҳкамланиши ва такомилида Машраб ижодининг ўрни катта. Унинг романтик кўтаринкилик руҳи уфуриб турган асарларини адабиёт тарихида мурабба турида яратилган энг етук намуналар жумласига киритиш мумкин. Машрабнинг ғазал, мустазод ва мураббаларида ишқ-муҳаббат, вафосадоқат мавзуи етакчи ўринда турса, мухаммас ва мусаддасларида чуқур ижтимоийлик устунлик қилади, тақдирнинг кемтиклиги ва ҳаётнинг носозликларидан, давр (чарх, фалак) ва адолатсиз муҳитнинг шахс бошига тинимсиз келтираётган жабру жафосидан шикоят, таъқибтазйиқидан норозилик дардли миэраларда, аммо қатъий ва кескин ифодаланади. Машраб қолдирган ижодий меросда диний ва тасаввуфий ғоялар ҳам, ўша замонда кенг тарқалган қаландарлик тариқатининг айрим оҳангтаъкидлари ҳам сезиларли ўрин эгаллайди. Шоир шеърларида Аллоҳнинг мавжудлиги, бору бирлиги, барча жонли ва жонсиз мавжудотни яратганлиги узил-кесил ва қатий тан олинади, Худонинг куч-қудрати, тақдирнинг ўзгармаслиги ва Маҳшар куни ҳақидаги таълимот тўла-тўкис қабул қилинади.

Машраб форс тилида ҳам бир неча шеърий турларда етук намуналарни яратган. Машраб ижоди кейинги асрлар адабиётига сезиларли таъсир кўрсатган. Нодира, Ҳувайдо, Қорий, Фурқат, Ҳамза каби шоирлар унинг ғазалларига тахмис ва назиралар боғлашган.

Машраб қолдирган адабий мерос тўла аниқланиб, ўрганилган эмас. Баъзи тадқиқотчилар жуда кўп шеърий ҳикоят ва ғазалларни ўзида жамловчи «Мабдаи нур» номли йирик асарни шоирга нисбат берадилар.

Машраб ҳаёти ва ижоди ҳақида бир неча бадиий асарлар (роман, қисса, достонлар ва саҳна асарлари) яратилган, шоирнинг асарларидан намуналар қатор хорижий тилларга таржима қилинган. Мамлакатимизнинг турли шаҳар ва вилоятларида Машраб номида истироҳат боғлари ва кинотеатрлар, мактаб ва кутубхоналар, кўчалар ва жамоа хўжаликлари бор.

Бобораҳим Машраб
АСАРЛАРИДАН НАМУНАЛАР
009

ЎРТАР

Агар ошиқлиғим айтсам, куюб жону жаҳон ўртар,002
Бу ишқ сиррин баёт этсам, тақи ул хонумон ўртар.

Кишига ишқ ўтидин заррае етса, бўлур гирён,
Бўлуб бесабру бетоқат, юрак-бағри чунон ўртар.

Нечук тоқат қилай, дўстлар, бу дард ила бўлуб ҳайрон,
Ғамим бошқа, алам бошқа, юрагимни фиғон ўртар.

Мени бехонумон тинмай куюб ҳар дам фироқингда,
“Нигоро!” деб отинг айтсамки, шавқингдин забон ўртар.

Қаю тил бирла, эй жоно, сенинг васфинг баён айлай,
Тилим лолу кўзум гирён, сўнгакларни ниҳон ўртар.

На қаттиғ кун экан, дилбар, висолингдин жудо бўлмоқ,
Менинг оҳим ўтиға бул замину осмон ўртар.

Юракда дарду ғам қат-қатки, менда қолмади тоқат,
Агар бу заррасин бул вақт десам, ишқи баён ўртар.

Бу дард ила хароб ўлдум, келиб ҳолимни сўрмассан,
Унум чиқса юракдин, бу тану жон, устихон ўртар.

Бу Машраб дардини, жоноки, ҳеч ким бошиға солма,
Агар маҳшарда оҳ урсам, биҳишти жовидон ўртар.

ХОҲИ ИНОН, ХОҲИ ИНОНМА

Сенсан севарим, хоҳи инон, хоҳи инонма,
Қондур жигарим, хоҳи инон, хоҳи инонма.

Ғам шоми фироқингда кабоб этти фалакни
Оҳи саҳарим, хоҳи инон, хоҳи инонма.

Ногаҳ сари зулфунг сори бўлдум санга мойил,
Эй тожи сарим, хоҳи инон, хоҳи инонма.

Лаълинг ғамидин кўнглум эрур ғунча киби қон,
Гулбарги тарим, хоҳи инон, хоҳи инонма.

Заҳри ғами ҳажринг мени ўлдурғали етти,
Эй лабшакарим, хоҳи инон, хоҳи инонма.

Машраб, бўлубон кўйинга чун барқи тажалли,
Қолмай асарим, хоҳи инон, хоҳи инонма.

МАШРАБМАН

Санамнинг ишқида тинмай юруб, оввора Машрабман,
Кўзи ёшлиғ, қади хамлиғ, дили садпора Машрабман.

Кўнгулда заррача дунёни меҳри бўлмайин менда,
Сени деб икки оламдин кечиб, безора Машрабман.

Ўлиб кетсам, лаҳад ичра сўнгакдин кетмагай дардинг,
Жаҳонда топмадим чораки, мен – бечора Машрабман.

Анодин қай куни бўлдум, сенинг ишқингда оҳ урдум,
Муҳаббат даштида юрган бўлуб оввора Машрабман.

Муҳаббат жомидин май туттилар, ичмасга чорам йўқ,
Кўзумдин қон ёшим тинмай оқар, хунбора Машрабман.

Бошимга минг бало келса, тиларман васлин, эй зоҳид,
“Тилим кессанг, тўёрим йўқ, — деган, — дийдора” Машрабман.

Халойиқлар мени қувлар, ёмон деб ҳар шаҳар борсам,
Ажаб мардуд, ажаб махрум, ажаб сангсора Машрабман.

Ўзумни халқ аро ихфолиғимни ҳеч киши билмас,
Дилу жоним фидо айлаб, ажаб айёра Машрабман.

Мени девона Машрабга муҳаббатдин баён айланг,
Намозу рўзадин фориғ бўлуб сайёра Машрабман.

МEН НОЛА ҚИЛАЙ ШОМУ САҲАР…

Мен нола қилай шому саҳар дод, эшигингда,
Жонимни берай, шўхи паризод, эшигингда.

Ул лолаву райҳону суман, тоқа қизил гул,
Ҳам сарв букулди, қади шамшод эшигингда.

Хўбони жаҳон бўлса тақи Юсуфи Канъон,
Султону амир бандаё, озод эшигингда.

Зулфинг сени бу жонима юз доми балодур,
Жоним қуши сайд ўлди чу сайёд эшигингда.

Олам бориси лаззати ҳуснунгни топибдур,
Гирёну фиғон, нолаву фарёд эшигингда.

Савдойи муҳаббатга тушубман сени излаб,
Ўлтурди ғаминг, кўзлари жаллод, эшигингда.

Ашким тўкубон ҳажру ғамингда кеча-кундуз,
Вайрона ватан – манзул обод эшигингда.

Ул ҳусну жамолинг ўти Машрабға тушубдур,
Парвонасифат қуйди, паризод, эшигингда.

МАШРАБИ МЎЪТАБАР ЎЗУМ

Гулшани боғи даҳр аро булбули нағмагар ўзум,
Бир бути бебадал учун ошиқи дарбадар ўзум.

Кўюнга дам-бадам бориб, навҳаву зорлар қилиб,
Шому саҳар фиғон этиб, ҳофизи хуш асар ўзум.

Ё шаҳи меҳрибонмусан, ё маҳи осмонмусан,
Ер била кўкни куйдуруб кавкабаю қамар ўзум.

Жоми майи луоб ичиб, мажнуни бенаво бўлуб,
Нозу карашмалар қилиб, лайлийи ишвагар ўзум.

Шамъи жамолинг ўртади жону дилимни, эй санам,
Болу паримни куйдуруб, бедили навҳагар ўзум.

Васлингни истаб, эй санам, кечаю кундуз мудом,
Саҳарда бедор ўл дедингки, дояйи саҳар ўзум.

Хисрави комрон бўлуб, Рустами достон бўлуб,
Бир зўр паҳлавон бўлуб, Ҳамзайи рахнагар ўзум.

Олими нуктадон манам, пири ҳидояхон манам,
Шуҳрати шеър бобида Машраби мўтабар ўзум.

ЭШИТ АРЗИМНИ, ЭЙ ДИЛБАР

Азалдан то абад кўнглум қутулмас ишқ балосидин,
Юроким раҳналар бўлди, бу ишқнинг можаросидин.

Хаёлимда сенинг васлинг, тополмасман, мени ҳайрон,
Магар васлингга етсам пири комилнинг дуосидин.

Эшит арзимни, эй дилбар, юрак-бағрим кабоб ўлди,
Рақиблар шодмон бўлди нигоримнинг жафосидин.

Санам, сенсиз бу дунёда тириклик қилмоғим мушкул,
Кел, эй кўнгул, кечоли бу тирикликнинг бақосидин.

Санам, ишқинг ўти охир мени бехонумон этти,
Куярман дам-бадам тинмай бу дарди бедавосидин.

Хароб ўлди менинг кўнглум, кишим йўқтурки, роз айтсам,
Сўнгаклар рахналар бўлди дилимнинг оҳи босидин.

Сени ишқинг била йиғлаб, агар маҳшарда оҳ урсам,
Куярлар мўмину кофир бу Машрабнинг навосидин.

ТАНБУР

Сетор деманг, ҳоли дилим сўрғучи танбур,
Кўнглум гиреҳин, ғамларини сурғучи танбур.

Бир неча рақиблар сўзидин ғамзада бўлсам,
Ҳамдард бўлубон оғушима киргучи танбур.

Кўтоҳназар эл буни ҳеч қадрини билмас,
Даргоҳи азалдин хабаре берғучи танбур.

Гар ёр жамолини кўруб пардаға солсам,
Нағмаси они сийнахарош этғучи танбур.

Ҳам ёр жамолидек они нашъаси бордур,
Ҳайрат ўтидин маҳзи санам қилғучи танбур.

Ошиқ юрагидин чиқиб, ўттек келибон ул,
Бир учқуниға жумлани куйдурғучи танбур.

Машрабни тамом ақлин олиб ул бути хунрез,
Жонимни ёқиб сийнахарош этғучи танбур.

ОШИҚ БЎЛИБСАН, БЎЛМАҒИЛ ҒОФИЛ

Малаксан ё башар, ё ҳуру ғилмонсан, билиб бўлмас,
Бу лутфу бу назокат бирла сендин айрилиб бўлмас.

Ажаб бераҳ дилбарсан, ажаб шўхи ситамгарсан,
Чароғи ҳусни рўйингдин кўнгулни ҳам узуб бўлмас.

Юзунгни офтобини кўруб ҳайрон бўлуб қолдим,
Фалакка қўл узотиб, шамси анварни олиб бўлмас.

Юзунг мисли қизил гулдур, кўнгул чун булбули шайдо,
Бу гулнинг ишқидин булбул чамандин айрилиб бўлмас.

Кел, эй Машраб, агар ошиқ бўлибсан, бўлмағил ғофил,
Бу ғафлат уйқусидин, эй ёронлар, уйғониб бўлмас.

КEЛДИ

Наманган шаҳридин, дўстлар, менинг ёронларим келди,
Отам бирла онамни билгучи меҳмонларим келди.

Шижоат бобида ҳар қайсиси бир Рустаму Суҳроб,
Адолат тахтиға минган бу кун султонларим келди.

Иноятли, диёнатли, яна ҳам муршиди комил,
Ҳама ориф, ҳама содиқ, ҳама ирфонларим келди.

Аларнинг хоки пойи кўзларимга тўтиё, Машраб,
Чароғимни мунаввар қилғучи хоқонларим келди.

ТУШТИ САВДОЙИ МУҲАББАТ БОШИМА

Тушти савдойи муҳаббат бошима,
Ор этар мардум келурға қошима.

Ваҳ, муҳаббат кўйида қон йиғладим,
Ет(т)и иқлим ғарқ бўлди ёшима.

Сажда айлар зоҳид ул меҳробиға,
Мен қилурман сажда эгма қошима.

Қил ҳазар, албатта, жонон, қаҳрдин,
Узру зорим сенга – бағри тошима.

Муҳтасиб тўктурди соқий бодасин,
Етмади ақли анинг сирдошима.

Кунда юз минг жабр қилсанг, ўргулай,
Қўй қараб ғам тошина бардошима.

Машраби девонаман ҳайрон қилиб,
Не сабабдин келмадинг бир қошима.

СИҒМАМДУР

Ажаб мажнун эрурман, дашт ила саҳроға сиғмамдур,
Дилим дарёйи нурдур, мавж уруб дунёға сиғмамдур.

Шариат ҳам, тариқат ҳам, ҳақиқат мендадур мавжуд,
Чу султони азалдурманки, арши аълоға сиғмамдур.

Халилосо бу йўлда оташи Намруд – меърожим,
Ҳамон дурри ҳақиқатманки, ҳар дунёга сиғмамдур.

Ризо мулкидаман, ҳалқумни туттум тиғи Акбарга,
Бу йўлда сийнаи поки Забунуллоға сиғмамдур.

Агарчанде зиёрат қилмадим мен Каъбайи зоҳир,
Тариқат ҳожисидурманки, Байтуллога сиғмамдур.

Гаҳи бўлдум фақиру, гоҳи шоҳу, гаҳ гадодурман,
Ажаб девонаман, фардоки маҳшаргоҳға сиғмамдур.

Мақоми ҳайрат ичра гоҳи худман, гоҳи бехудман,
Жунун бозорида мастманки, истиғноға сиғмамдур.

Гаҳи ўрус, гоҳи черкас, гоҳи мўмин, гоҳи тарсоман,
Не кавнайни миёни ло-у иллоллоға сиғмамдур.

Мудом мискин эрурман чун ғуломинг – Машрабингдурман,
Мени бечора бу дунё билан уқбоға сиғмамдур.

ЎТТУМ

Ишқ водисидин бир кеча мен “ҳай-ҳа”лаб ўттум,
Монанди найистон гулиға ўт қалаб ўттум.

Офоқни бир лаҳзада кездим, на ажабдур,
Мино тоғидин аккасифат ҳаккалаб ўттум.

Оттим фаши-досторини девоналиғ айлаб,
Парвонасифат жоними ўтқа қалаб ўттум.

Билдимки, вафоси йўқ экан ушбу жаҳонни,
Мардона бўлуб, балки, этак силталаб ўттум.

Дунё ясаниб, жилва қилиб олдима келди,
“Борғил нари!” деб (кетиға) бир шатталаб ўттум.

Билдимки они, душмани маккорайи айёр,
“Ло” тирноғи бирла юзини тирмалаб ўттум.

Мардони худо дедики: “Дунё майи аччиғ”,
Аччиғлигини билмак учун бир ялаб ўттум.

Нафс кофири бирла туну кун қилдим урушни,
Танҳо қиличи бирла уруб, қиймалаб ўттум.

Хомуш пичоғин ҳар дам онинг бўғзига қўйдум,
Чўғ найзаси бирла кўзини найзалабб ўттум.

Девонайи Машраб, бу сўзунг дардга даводур,
Ошиқ элининг кўнглиға бир ўт қалаб ўттум.

ЧИДАЁЛМАС

Ишқ мазҳабига тақвию тоат чидаёлмас,
Тасбеҳу сано, зуҳду ибодат чидаёлмас.

Ким кўрса ўшал дилбари раънони баякбор,
Бетоқат ўлуб, айши фароғат чидаёлмас.

Фарёду фиғонлар қиладурман кеча-кундуз,
Ҳайратда қолиб, қад ила қомат чидаёлмас.

Адҳамсифат ул кирса киши фақр йўлига,
Осойиш ила хайри саховат чидаёлмас.

Арбоби муҳаббатга етиб бўйи санамдин,
Ақли кетибон сабру қаноат чидаёлмас.

Эй зоҳид, агар кўрсанг ўшал моҳлиқони,
Зуҳду вараъу кашфи каромат чидаёлмас.

Девона қилар ишқи санам васли чу Мажнун,
Номусу ҳаё, айбу қабоҳат чидаёлмас.

Ким жоми муҳаббат майидин журъае ичса,
Шоҳона ҳашам, иззату ҳурмат чидаёлмас.

Бу ишқ элининг ҳар дам этар валваласиға,
Бешубҳа, билинг, дасти иродат чидаёлмас.

Машраб, келибон кўнгул ила рақси самў қил,
Ишқ мазҳабида оби таҳорат чидаёлмас.

ДАРДИ СИРИМНИ КАВЛАМА

Эй сабо, ғамбодадурмен, бистаримни кавлама,
Чун шафақолудаман, хокистаримни кавлама.

Ҳар замоне Лайлидин манга китобатлар келур,
Сенки Мажнун бўлмасанг, сардафтаримни кавлама.

Хонавайронлар билур афтодаларнинг ҳолини,
Эйки, маҳрам бўлмасанг, чашми таримни кавлама.

То кишига дард тегмай, бўлмади бағри кабоб,
Дилда дардинг бўлмаса, дарди сиримни кавлама.

Ҳажр тошидин зарру офат бошиға етган ўзум,
Киштийи мотамдадурман, лангаримни кавлама.

Ет(т)и дўзах ўртанур афтодаларнинг оҳидин,
Оташи ҳажрида куйган мижмаримни кавлама.

Ломаконнинг шаҳрини бу ҳу била сайр айладим,
Жабрайил, борғил нари, болу паримни кавлама.

Баҳри раҳматга кириб, қилдим вужудимни адам,
Маърифатдин бехабарсан, дафтаримни кавлама.

Дурри дарёйи маоний бўлди чун Машраб, вале
Дийдабино бўлмасанг, кўз гавҳаримни кавлама.

ТО КИЙДИ ҚИЗИЛ…

То кийди қизил ўзини зебо қилайин деб,
Ўт ёқти жаҳон мулкида ғавғо қилайин деб.

Мастона хиром эттию кўргузди қадини,
Мендек неча девонани шайдо қилайин деб.

Зебо санамим гул юзидин парда кўтарди,
Олам ҳама кўз бўлди тамошо қилайин деб.

Зулфини тараб, қош учуруб жилвалар этти,
Ошуби бало, фитнани барпо қилайин деб.

То айладим олдиға бориб арзи ниёзим,
Чин солди жабиниға таманно қилайин деб.

Мастона саманд сакрата келди шаҳи хунрез,
Шамшири жафони яна бурро қилайин деб.

Кўп йилки, бу қул хизматини қилмади баржо,
Келдики ғазаб бирла чу сазо қилайин деб.

Бошимни кесиб олғилу хушҳол бўлуб кет,
Қонимни тўкуб, лолайи саҳро қилайин деб.

Ханжар қўлида Машрабин ўлдурғали келди,
Ғавғойи қиёматни ҳувайдо қилайин деб.

ҲEЧ КИМА МАЪЛУМ ЭМАС

Ҳеч кима маълум эмас ҳоли паришоним менинг,
Осмонни тийра қилди оҳу афғоним менинг.

Мен нечун шод этмайин бул хаста кўнлумни бугун,
Келди холимни сўраб ул шўх жононим менинг.

Эй ситамгар, келгилу эмди шаҳид эткил мени,
Мавж урсун Карбало даштида бу қоним менинг.

Чун Сурайё бормусан, афлокдин боломусан,
Бу фалакда кўрмадим, эй кўзи чўлпоним менинг.

Нозу истиғно била кетгил, мени ҳолимни сўр,
Термулиб доим йўлунгда чашми гирёним менинг.

Тобакай жабру ситам бирла юрурсан, эй рафиқ,
Чиқти, Машраб, ушбу ғамдин бу азиз жоним менинг.

НОГОҲ КЎРУНУБ КЎЗЛАРИ ШАҲЛО

Ногоҳ кўрунуб кўзлари шаҳло боқа қолди,
Парда кўтариб қошини ул дам қоқа қолди.

Ошиқ эканимни билиб ул дилбари раъно,
Ақлимни олиб, жонима ўтлар ёқа қолди.

Руҳум эритиб ёшини, ваҳ-ваҳ, юзи оташ,
Ишқ чақмоғини жонима, найлай, чақа қолди.

Тарсобачани кўрдиму дин кетти қўлумдин,
Қил сажда дебон бўйнума зуннор тақа қолди.

Мен онинг учун кечаю кундуз югурурмен,
Ёрим келибон биргина ҳолим сўра қолди.

Айди: “Не тиларсан?” Дедим: “Шамъи жамолинг!”
Кўрсатти юзин, мақсуд ҳосил эта қолди.

Машраб бу жаҳонда юрубон топмади бир мард,
Юз шукрки, онинг била улфат бўла қолди.

ОШИҚ УЛДУР ТО ДИЛИГА САҚЛАСА АСРОРИНИ

Ошиқ улдур то дилига сақласа асрорини,
Барҳам урса йўлиға оламда йўқу борни.

То ўзунгга дард тегмай, айланиб келмас даво,
Бас, бу маънодин ҳакимлар кўп сўрар беморни.

Гарчи осийман, анинг даргоҳидин навмид эмам,
Бир гул учун сув берурлар сад ҳазорон хорни.

Охири манзилга етмасдур кудуратлик кўнгул,
Дилга жо бермоқ на ҳожат душмани ғаддорни.

То дилингга маърифатдин нури имон бўлмаса,
Сўфилар, бир ҳуға алмашланг ани – дасторни.

Хотири покингни машғул қилма ҳаргиз дунёға,
Дил ғуборолуда бўлди, ул кўролмас ёрни.

Авлиёлардек муаззам бўлайин десанг, вале
Машрабо, ҳеч канда қилма дилдин истиғфорни.

ХУДОДИН ЎЗГАСИ БАРЧА ҒАЛАТДУР

Бу тани хокиннию руҳи равонни на қилай?!
Бўлмаса қошимда жонона, бу жонни на қилай?!

Ёрсиз ҳам бодасиз Маккага бормоқ не керак?
Иброҳимдин қолған ул эски дўконни на қилай?!

Урайинму бошима саккиз биҳишти дўзахин,
Бўлмаса васли менга, икки жаҳонни на қилай?!

Аршнинг кунгурасин устига қўйдум оёғим,
Ломакондин жой олибман, бу маконни на қилай?!

Заррае нури қуёшдек бу жаҳон ичра тамом
Ошкоро бўлмаса, сирри ниҳонни на қилай?!

Бир худодин ўзгаси барча ғалатдур, Машрабо,
Гул агар бўлса қўлумда, ул тиконни на қилай?!

ҚАЛАНДАР БЎЛ, ҚАЛАНДАР БЎЛ

Муродингга етай десанг, қаландар бўл, қаландар бўл,
Ситам аҳлин ютай десанг, қаландар бўл, қаландар бўл.

Оғиздин дур сочай десанг, шароби ишқ ичай десанг,
Ёмонлардин қочай десанг, қаландар бўл, қаландар бўл.

Фасод аҳлин қувай десанг, (кетига) бир урай десанг,
Бу даргоҳдин сурай десанг, қаландар бўл, қаландар бўл.

Риёзатсиз бўлай десанг, таним озод юрай десанг,
Жаҳонни сайр этай десанг, қаландар бўл, қаландар бўл.

Разолат куйдурай десанг, залолат ўлдурай десанг,
Ҳамасин супурай десанг, қаландар бўл, қаландар бўл.

Бу тақводин кечай десанг, хонақоҳдин қочай десанг,
Ҳақиқатни очай десанг, қаландар бўл, қаландар бўл.

Гуҳаррезлик қилай десанг, ҳамани кулдурай десанг,
Чу Машрабдек бўлай десанг, қаландар бўл, қаландар бўл.

МEҲРИБОН ОНАМ

Жамолинг кўргали келдим, аё эй меҳрибон онам,
Менинг учун адо бўлған юрагу бағри қон онам.

Хўтан даштига туштум бул фалакнинг гардиши бирлан,
Эшиткил арзи ҳолимни, мен айтай сенга, жон онам.

Ажойиб меҳрибонимсан, мени ороми жонимсан,
Муроди ду жаҳонимсан, биҳишти жовидон онам.

Мени бир жоду кўзлук бул жаҳон ичра хароб этти,
Қади сарву санавбар, қошлари мисли камон, онам.

Бошимга тушти бул савдо, бўлубман булбули шайдо,
Шабистони жаҳонда қумридек шаккарфишон онам.

Бу ишқ ўти хароб этти, юрак-бағрим кабоб этти,
Мени хоки туроб этти юзи моҳи тобон онам.

Сени кўп интизор эттим фироқ ўтиға, эй Каъбам,
Тавофи Каъбайи мақсуда келдим, дилкашон онам.

Илоҳо, авф қилғайсан бу Машрабнинг гуноҳини,
Туфайли онайи зорим, ғарибу нотавон онам.

ЎЗГИНАМ

Ишқ ўтига ўртаниб девона бўлган ўзгинам,
Куя-куя кул бўлуб бирёна бўлган ўзгинам.

Ошиқи дийдорман, эй ёр, билмассан магар,
Мансури Халлождек дорга осилган ўзгинам.

Куя-куя кул бўлуб дунёдин ўткан бормукин,
Ишқ йўлида минг ўлуб, минг бор тирилган ўзгинам.

Чок сийнамни қилиб маҳшарда айларман фиғон,
Ул куни дийдор деб маҳшарни бузган ўзгинам.

Ул сирот ал-мустақим олдида барча йиғлашур,
Ишқни раҳбар қилибон андин ўткан ўзгинам.

ЗАМОНГА СИҒМАДИМ

Онқадар нурга тўлибман  — осмонга сиғмадим,
Тоқи аршу курсию лавҳу жинонга сиғмадим.

Кимга соям тушса, бир нури яқин бўлди у ҳам,
Дафтари руҳи қудсдурман, забонга сиғмадим.

Жаннату кавсар манам, ҳам дўзаху сақар манам,
Бир ўзумдурман бу дам, ҳафт осмонга сиғмадим.

Сояйи одамға келдим, нури маъни изладим,
Жаннатул фирдавсдек олий маконга сиғмадим.

Бор эдим Нуҳ вақтида, ғарқ этмади тўфони ҳам,
Ҳамраҳи Мусо бўлуб Тури Синонға сиғмадим.

Эллик йил Исо билан юрдум ўлукни тиргузуб,
Боиси бир нуқтадин Машраб замонга сиғмадим.

БОШИМНИ ДОРҒА ТУТА ҚОЛДИМ

Дунёға келиб, лойиға билмай бота қолдим,
Дармон йўқидин неча оғиз сўз қота қолдим.

Кўрдумки ани, душмани руҳу тан экандур,
“Ло”  ўқи била икки кўзиға ота қолдим.

Майхонаға кирдим, била қолдим куяримни,
Масжидға кириб зоҳиди яхдек қота қолдим.

Зоҳид, менга бир шишада май, сенга намозинг,
Минг тақвини бир косайи майға сота қолдим.

То телбалигим шуҳрати оламни тутубдур,
Бир жилвасиға икки жаҳондин ўта қолдим.

Ваҳдат майини пири муғон илкидин ичтим,
Мансур каби бошими дорға тута қолдим.

Айб айламангиз Машраби бехудни, ёронлар,
Найлайки, бу ғурбат кўчасидин ўта қолдим.

ЯНА ҒУРБАТЗАДА, КEТТИМ

Дунё сориға бир келибон, ғамзада кеттим,
Бир лаҳза дам олмай турубон, лаҳзада кеттим.

Бир мушфиқи ҳамроз жаҳон ичра тополмай,
Ҳасрат ўтидин куйдиму мотамзада кеттим.

Суртмай бу қаро юзни бориб равзалариға,
Армонда юруб лек бузуғ кулбада кеттим.

Ҳар жон келару кетгусидур, билсам они ҳам,
Кетмасча юрубон яна ғурбатзада, кеттим.

Ҳорис бўлубон дунёда юрди неча гумроҳ,
Урён келибон мунда, яна арбада кеттим.

Ғофил кишилар кечаю кундуз тилагай мол,
Дунё ила динни сотибон ғамзада кеттим.

То ёрни хаёл айлади Машраб, кўзни очти,
Юз дарду алам бирлаки, меҳнатзада кеттим.

БИР НУҚТАДА МИНГ МАЪНО

То олами зоҳирға келиб ман гузар эттим
Тарк айладиму жумлани, қатъи назар эттим.

Аҳволи дилим айтғали бир маҳраме топмай,
Зулмингни қариндошу ғамингни падар эттим.

Бир қушки, чўлоқ, сен сори парвоз этайин деб,
Ҳажр ўқларини жонга суқуб болу пар эттим.

Душманга чу ҳарб этмак учун чора тополмай,
Дўстум қўлини туттиму тиғу табар эттим.

Ғам шомида қалбимға гузор этти хаёлинг,
Кўз ёш, юрак қони билан моҳазат эттим.

Савдойи сари зулфунг учун неча маҳалдур,
Жон кишварини буздиму зеру забар эттим.

Бир мартабада турмас эмиш шоҳ ила дарвеш,
Бас, жандани кийдим, ўзими дарбадар эттим.

Кўтаҳназар эл билмаса деб хаста бу Машраб,
Минг маънини бир нукта била мухтасар эттим.

ШАРҲ АЙЛАСАМ ИШҚ ДАФТАРИНИ

Шарҳ айласам ишқ дафтарини, жон чидаёлмас,
Ҳам жону жаҳон, одаму ҳайвон чидаёлмас.

Авроди муҳаббат ўқубон масжида кирсам,
Масжид куяру тоқи фарозон чидаёлмас.

Майхона кириб, васли санамдин хабар олса,
Зоҳид куяру оқилу нодон чидаёлмас.

Маҳшар куни гар барқ урубон чиқса нигорим,
Дўзах куяру жаннату ризвон чидаёлмас.

Ишқ дафтаридин гар ўқусам сура баякбор,
Бешубҳа, билинг, ояти қуръон чидаёлмас.

Гар наръа уруб тавсани ҳиммат мина қолсам,
Оламға тушуб шўриши афғон чидаёлмас.

Машраб, сен агар даъвие ишқи санам этсанг,
Биллоҳки, анга жисминг ила жон чидаёлмас.

МEНИ ЙЎҚЛАР КИШИМ БОРМУ?

Намангондин кетар бўлсам, мени йўқлар кишим борму?
Ғариблик шаҳрида ўлсам, мени йўқлар кишим борму?

Қани қавму қариндошим, бу йўлда бўлса йўлдошим,
Кўзумдин оқизиб ёшим, мени йўқлар кишим борму?

Муҳаббат шарбатин ичтим, қазондек қайнабон тоштим,
Бу фоний дунёдин кечтим, мени йўқлар кишим борму?

Тушубдур бошима савдо, рамузу ишқдин ғавғо,
Ўзига айлади шайдо, мени йўқлар кишим борму?

Турарга тоқатим йўқтур, юрарга ҳолатим йўқтур,
Юракда ишқ ўти чўғдур, мени йўқлар кишим борму?

Қарорим йўқ турай десам, Намангонда юрай десам,
Жаҳонни сайр этиб кезсам, мени йўқлар кишим борму?

Бу мискин зор Машрабни киши ҳолини билмайдур,
Бу ердин бош олиб кетсам, мени йўқлар кишим борму?

ХУДО БEРСУН ПАНОҲ

Нафси саркаш муддаосидин худо берсун паноҳ,
Бул замона муттакосидин худо берсун паноҳ.

Ҳирқайи бечора киймоқликму роҳи бандалик,
Сўфини далқи риёсидин худо берсун паноҳ.

Жомайи малла кийиб, қилғон иши ҳийлаву макр,
Шайх ноқис хонақосидин худо берсун паноҳ.

Ўзлари комилсифат, ҳар луқмаси ҳаққи сағир,
Юртни ул соҳиб дуосидин худо берсун паноҳ.

Лоф урар “Абдоли вақт — ман!” деб, сўзида маъни йўқ,
Бул замона раҳнамосидин худо берсун паноҳ.

Мард лашкар йўсинида қўлига тасбеҳ олиб,
Шайхни рангин асосидин худо берсун паноҳ.

Муттақийлик даъви айлаб, ўзларини пир тутуб,
Охири вақт порсосидин худо берсун паноҳ.

Бул қаландар жандасининг торида зуннори йўқ,
Бошига кийган кулосидин худо берсун паноҳ.

Машраби шўридани қилған дуосин қил қабул.
Ул саҳархезни дуосидин худо берсун паноҳ.

ЯХШИ ХАЛҚЛАРНИ БИРОДАР ТУТ

Тарозуйи амални қўлга ол, сўнгра баробар тут,
Хатарлик йўлдасан, то жустижў қил, яхши раҳбар тут.

Имонинг шамъини равшангаридур ҳамдами қобил,
Қўлингдин келса, доим яхши халқларни биродар тут.

Мақоми қурбат ўтиға агар кирсанг – ҳузур топсанг,
Ўзунг заҳроба ютгил, халқни комиға шаккар тут.

Бағир қони, кўзунг ёши, қади ҳам бирла оҳ тортгил,
Шафоат вақти бўлди, анда домони паямбар тут.

Бошинг гардунга етса, бўлмагил зинҳор хурсанде,
Ўзунгни ҳар хасу хошокдин, эй банда, камтар тут.

Бало кўрган кишилар мажлисини орзу қилғил
Ки, ҳар шум лодани кўрсанг, ўзунгни мунда беҳтар тут.

Тараддуд айлагил, занги дилинг шоядки соф ўлғай,
Ҳидоят кўчасининг ринди бўл, домани маҳшар тут.

Улуғман деб, такаббур пеша қилма муштипарларга,
Сарафрози топай десанг, давомат дийдани тар тут.

Ҳавас бозорини дур айлагил зинҳор бошингдин,
Қўлунгни икки дунёдин узуб, дилни қаландар тут.

Баҳойимдек емак-ичмакни саргардони кўп бўлма,
Кафан бичгил ўзунгга, дилда ўлмоғни муқаррар тут.

Адам саҳросидин дунёга келдинг банда бўлсам деб,
Камар боғлаб белингга, зикри тасбеҳи эранлар тут.

Бу зиндонхонадин ўттунг, кўрунди жаннатул аъло,
Баланд эт ҳимматингни мунда келдинг, мисли Ҳайдар тут.

Ўзини билмаган бедардларга очмагил дафтар,
Халилдек ўтни гулзор айлагил, хўйи самандар тут.

Бу ерда ёри берса лутфи ҳақдин гарчи иқболинг,
Адолат мулкининг сарриштасини мисли Умар тут.

Бу фоний дунёдин, Машраб, етишсанг боқи уқбоға,
Сиротал мустақимдин ўттинг, сўнгра роҳи дигар тут.

МУРАББАЪ
(Ёрга етар кун борму, ёронлар)

Ҳамду санолар айтай худога,
Ёрга етар кун борму, ёронлар?
Етгайму додим нозук адога,
Ёрга етар кун борму, ёронлар?

Шум толеимдан кўрдум жафони,
Золим рақиблар кўрди вафони,
Ҳолим сўр эмди, бергил давони
Ёрга етар кун борму, ёронлар?

Булбулдайинким фарёд этарман,
Ишқ дафтарини бунёд этарман,
Кўнглумни бир дам мен шод этарман,
Ёрга етар кун борму, ёронлар?

Қачон висолинг бўлғай муяссар,
Ишқингда кездим ҳам баҳру ҳам бар,
Дарду аламга тўлди кўнгуллар,
Ёрга етар кун борму, ёронлар?

Ғам баҳри қилди мавжини бунёд,
Ишқингда қилдим минг оҳу фарёд,
Ўтти нигорим чун сарви озод,
Ёрга етар кун борму, ёронлар?

Ҳажр аҳли келди, тутти ёқамдин,
Бағрим тилинди пайкони ғамдин,
Фарёд этарман ушбу аламдин,
Ёрга етар кун борму, ёронлар?

Шамъи фироқинг кўксимда ёнди,
Кўз ёшим оқиб бағримга томди,
Ғафлатда қолган Машраб уёнди
Ёрга етар кун борму, ёронлар?

ДАСТИНГДАН

Не ғурбатларни чектим чарх бебунёд дастингдин,
Мудом мотамда қолдим, бўлмадим дилшод дастингдин,
Тамоми хонумоним бўлди чун барбод дастингдин,
Қафасдин бўлмадимки қумридек озод дастингдин,
Ҳама обод бўлди, бўлмадим обод дастингдин
Ки мен ҳар қайга борсам, дод этарман, дод дастингдин.

Дилимнинг қуввати, руҳи равонимдин айирдилар,
Кўзимнинг оқи янглиғ меҳрибонимдин айирдилар,
Азизим, ҳамдамим, оромижонимдин айирдилар,
Жаҳон гулзорида ул гулистонимдин айирдилар,
Ҳама обод бўлди, бўлмадим обод дастингдин
Ки мен ҳар қайга борсам, дод этарман, дод дастингдин.

Чаманда булбули шўридадурман, ошёним йўқ,
Мисоли чўғдек вайроналарда ҳам маконим йўқ,
Вафолиғ ёр деб чиқти, жасадда балки жоним йўқ,
Азизимдин жудо бўлдум, бошимда соябоним йўқ,
Ҳама обод бўлди, бўлмадим обод дастингдин
Ки мен ҳар қайга борсам, дод этарман, дод дастингдин.

Менингдек ғамга қолган, дилпаришон ўлмасун ҳеч ким,
Кўзи чун термулуб йўлларда вайрон ўлмасун ҳеч ким,
Баҳори гулшани умри зимистон ўлмасун ҳеч ким,
Бу дунё дийдасиға торикистон ўлмасин ҳеч ким,
Ҳама обод бўлди, бўлмадим обод дастингдин
Ки мен ҳар қайга борсам, дод этарман, дод дастингдин.

Умидим бор, эткургаймусан хуршиди матлабни,
Саодат буржидин ул шаъми иқболимға кавкабни,
Кўтаргайсан бошимдин икки оламда қаро шабни,
Илоҳо, сен этур ҳиммат йўлиға хаста Машрабни,
Ҳама обод бўлди, бўлмадим обод дастингдин
Ки мен ҳар қайга борсам, дод этарман, дод дастингдин

ШОДМОНЛИК ИЗЛАМА

Шодмонлик излама, охир бошинга ғам келур,
Одамининг бошига андишайи мотам келур.

Осмонга этса бошинг мисли Мусо хомуш ўл,
Сар дарахт нурмева бўлган сўнгра боши хам келур.

Одамийнинг асли бирдур, бир-биридин фарқи бор,
Неча қарн ўтган сўғун дунёга бир одам келур.

Ваҳми маҳшардин гапурманг норасони олдида,
Гўши карға ҳақ сўзи албатта нофорам келур.

Йиғламоқ осон эмасдур, эй жигарбандим, эшит,
Мулки дил садпора бўлған сўнг кўзингдан нам келур.

Олими илмига магҳрур, жоҳили исёнга ғарқ,
Кас не билсун, рози маҳшар кимни тоши кам келур.

Ёшлигингда йўлга кирғил, токи топқайсан камол,
Гар жароҳат кўҳна бўлған сўнгра бемалҳам келур.

Машрабо, сийнамдаги дардимни айтсам, арш куяр,
Йўл хатардур, қўрқаман, мажлисга номаҳрам келур.

КЎРСАТ ЖАМОЛИНГ

Кўрсат жамолинг мастоналарға,
Ишқингда куйган парвоналарға.

Мендин дуодур,сендин — ижобат,
Жоним тасаддуқ жононаларға.

Эй кўнгли қаттиғ,раҳм айламайсан,
Қилғил назар сен бечораларға.

Машраб сени деб кечти жаҳондин,
Бошини қўюб остоналарға.

ҲАР КИШИНИ ДАРДИ БЎЛСА

Ҳар кишини дарди бўлса, йиғласун ёр олдида,
Қолмасун армон юракда, этсун изҳор олдида.

Андалиби бенаводек нола-ю афғон била
Доимо йиғлаб турарман айни гулзор олдида.

Мансури Халлождек ичиб шароби антаҳур,
Чарх уруб,йиғлаб турармен ушбу дам дор олдида.

Ҳар киши бир журъаэ нўш айласа бу бодадин,
Ул қиёматда қилур арзини Жаббор олдида.

Телба Машраб,қилмағил сиррингни зоҳидга аён,
Айтиб-айтиб йиғлагайсан ошиқи зор олдида.

ТУШТИ САВДОИ МУҲАББАТ БОШИМА

Тушти савдои муҳаббат бошима,
Ор этар мардум келурға қошима.

Ул муҳаббат кўйида қон йиғладим,
Етти иқлим ғарқ бўлди ёшима.

Сажда айлар зоҳид ул меҳроб аро,
Мен қилурман сажда эгма қошима.

Муҳтасиб тўктурди соқий бодасин,
Этмади ақли ани сирдошима.

Кунда юз жабр этганингдин ўргулай,
Қўй қараб ғам тошини бардошима.

Машраби девонани ҳайрон этиб,
Не сабабдин келмадинг бир қошима?

ЮЗИ МОҲИ ТОБОН ҚИЗ

Кокулунг анбар дурур, жон ичида жонон қиз,
Кўзларинг ахтар дурур, юзи моҳи тобон қиз.

Лабларинг эрур лаълдек, юзларинг қизил гулдек,
Барча сенгаким қулдек, хизматингга қурбон, қиз.

Тар оразинг гул, сочинг сунбулки,тишларинг дур,
Сарв қадлиғ, қош кўрунг офтоби даврон қиз.

Бир кўриб сени, золим, қолмади менинг ҳолим,
Танг бўлубдур аҳволим, билмадингму, нодон қиз?

Ой юзингни кўрганда, лабларингни сўрганда,
Машрабинг бўлур банда, қилсанг ани меҳмон қиз.

КЎРГОЛИ КEЛДИМ

Ишқинг ўтиға куйголи келдим,
Ойдек юзунгни кўрголи келдим.

Савдои зулфинг тушди бошимға,
Сендин саволлар сўрголи келдим.

Баҳрингга кирдим ғаввос бўлай деб,
Бир дурри мақсуд олғоли келдим.

Мани сўрасанг, эй гулузорим,
Маҳви жамолинг бўлғоли келдим.

Қофила кетти,манзилга етти,
Мен ҳам борай деб кетголи келдим.

Соқий, қадаҳни қилғил муҳайё,
Ваҳдат майидин ичголи келдим.

Раҳмат эшигин Машрабга очғил,
Ишқинг кўйида ўлғоли келдим.

ДEВОНА БЎЛДИМ

Кўрдум юзунгни — девона бўлдум,
Ақли ҳушимдан бегона бўлдум.

Тортиб жафони ўлсам кўйингда,
Қайтмасман ҳаргиз — мардона бўлдум.

Бўлиб жаҳонда расвои олам,
Яхши-ямонга афсона бўлдум.

Кавсар шароби ёдимға келмас,
Лаъли лабингдин мастона бўлдум.

Юмдум кўзумни сендин бўлакдин,
Кечдим баридин, риндона бўлдум.

Кўрдум тушумда шамъи жамолинг,
Чарх уруб ондин парвона бўлдум.

Ишқинг майини сунди бу жисмим,
Ҳам соқи-ю ҳам паймона бўлдум.

Бир қатра эрдим, чўмдум денгизга,
Кирдим садафга — дурдона бўлдим.

Куйдирмаса ўт, бўлмас оғоч чўғ,
Ишқ ўти бирлан ҳамхона бўлдум.

Бўлдум фано мен туфроғ ичинда,
Бир дона эрдим, минг дона бўлдум.

Ул юз ўтида буд бўлди нобуд,
Жон жонға кирди, жонона бўлдум.

Тегди кўзингдин ҳар дамда минг тийр,
Аввал эдим дашт, гулхона бўлдум.

Бир неча йилдур ёрдин жудоман,
Билмай ўзумни ҳайрона бўлдум.

Куймас,дедилар, маъмураи ганж,
Обод эдим ман, вайрона бўлдум.

Машрабга май сун майхона ичра,
Кечтим баридин — риндона бўлдум.

НОГОҲ КЎРУБОН ЖАМОЛИНГ

Ногоҳ кўрубон маҳви жамолинг бўла қолдим,
Ойдек юзингга боқдиму ҳайрон бўла қолдим.

Ўт туташиб куйди юрагим бирла жоним,
Парвона бўлуб ўтга юзимни ура қолдим.

Юз ғамза била чиқди санам май кадасидин,
Зуннор узуб, дин била имон сота қолди.

Кўрдумки,ажиб ишвагару дилбари танноз,
Девона бўлуб ишқида ўтдек ёна қолдим.

Дийдори жамолини кўруб ишқ йўлида,
Гулгун ёнубон мавҳи томошо бўла қолдим.

Ҳожат эмас ул Каъбаи жононаға бормоқ,
Мен гавҳари мақсуд бўлойин деб ёна қолдим.

Машраб бошиға тушди ўшал кун ғами дилдор,
Шайдойи бўлуб жумла ҳавасдин қола қолдим.

Mashrab she’riyatining g‘oyaviy, falsafiy, axloqiy zamini – tasavvuf. Shoir ijodiyotiga doir tadqiqotlarida uning she’rlari ongli ravishda o‘z zaminidan ajratilib, tahlil qilingan. Natijada, ilohiy ishq mohiyatini ochuvchi fikru kechinmalar dunyoviy muhabbatga mansub tasvirlar sifatida tavsiya etilgan. Mashrab ijodiyotidagi “antiklerikal motiv”lar haqida aytilgan mulohazalar ham biryoqlama, goho juda chalkashdir. Buning sabablari izohlanganda, ikki jihatga alohida diqqat qilish kerak bo‘ladi. Birinchisi, davlat va siyosat miqyosida dinga qarshi hujumning avj oldirilgani, ikkinchisi, tasavvuf ta’limotining yuzaki o‘rganilgani (Ibrohim Haqqulning “Mashrab nafasi” maqolasidan. Maqola mana bu sahifada).

MASHRAB HAQIDA
Abdurashid Abdug‘afurov
009

023Mashrab (taxallusi; asl ism-sharifi Boborahim Mulla Vali o‘g‘li) (1640, Namangan — 1711, Balx) — shoir va mutafakkir. Mashrab nomi 18—19-asrlarda tuzilgan tazkira va tasavvufiy yo‘nalishdagi asarlarda (masalan, Bade Samarqandiyning “Muzokir ul-ashob” va b.) zikr etiladi. Ammo ularda shoir hayoti va ijodiy faoliyati haqida keltirilgan ma’lumotlar nihoyatda kam. Mashrabning qoldirgan adabiy merosi xususida ham aniq ma’lumot beruvchi manba yo‘q. Uning o‘z asarlarini to‘plab, devon yoki biror majmua tuzganligi ma’lum emas. Faqat “Devoni Mashrab”, “Devonai Mashrab”, “Eshoni Mashrab”, “Hazrati shoh Mashrab” nomlari ostida xalq orasida qo‘lyozma va toshbosma shaklida tarqalgan qissalardagina (ularning kim tomonidan va qachon tuzilganligi noma’lum) shoirning hayot yo‘li va ijodiy faoliyati ma’lum tartib va izchillikda bayon etiladi, shu jarayonda asarlaridan namunalar ham keltiriladi. Qissalar keyinchalik o‘zgartirish va tuzatishlarga duch kelgan, turli to‘qimalar, yangi-yangi rivoyat, naqllar, sarguzasht va latifasimon lavhalar bilan to‘ldirila borilgan. Natijada qissalarda tarixiy Mashrab va uning ijtimoiy va ijodiy faoliyati xalq tasavvuridagi to‘qima Mashrab hamda u haqidagi sarguzasht — rivoyatlar bilan qorishib ketgan. Shunday bo‘lsada, Mashrab haqidagi qissalar shoir hayot yo‘lini nisbatan to‘la va bosqichma-bosqich bayon etuvchi, shuningdek, yaratgan asarlarining ko‘pgina qismini o‘zida jamlovchi adabiytarixiy manba sifatida ilmiy ahamiyat kasb etadi.

Mashrab otadan yosh yetim qoladi, oilaning moddiy qiyinchiliklari yanada ortadi. Onasi ip yigirib tirikchilik o‘tkazadi. Mashrab din asoslari va falsafadan yaxshi xabardor bo‘lgan So‘fi Eshon Mulla Bozor Oxund (xo‘ja Ubaydullo) qo‘lida diniy ta’lim oladi, so‘fiy tariqatlar bo‘yicha bilimini oshiradi, forsiy tilni o‘rganadi.

Taxminan 1665 yillarda Mulla Bozor Oxund tavsiyasiga ko‘ra, o‘sha zamonda katta obro‘ga ega bo‘lgan yirik din arbobi qashqarlik Hidoyatullo Ofoq Xoja eshon huzuriga boradi. Shoir adabiy merosidagi diniy mazmun va tasavvufiy yo‘nalish ruhidagi she’rlarning ko‘pchilik qismi Ofoq Xoja dargohida va uning targ‘ibot-saboqlari ta’sirida yaratilgan. Ofoq Xoja shaxsiy xislat-fazilatlarini madh etuvchi, uni “piru rahbar” deb tan oluvchi baytmisralar mujassam bo‘lgan g‘azal va muxammaslar ham (“Koshki”, “O‘zum” radifli g‘azallar, “Qolmadi” radifli muxammas) shu muridlik yillari mahsulidir.

Mashrab taxminan 1672—73 yillarda Ofoq Xoja dargohini tark etadi. Qissalarda qayd etilishicha, bunga Mashrabning piri dargohidagi kanizaklarning biriga ko‘ngil qo‘ygani, sevib-sevilgani sabab bo‘lgan. Ammo Mashrabning og‘ir jismoniy jazolanib quvilishi zaminida pir bilan murid o‘rtasida jiddiy g‘oyaviy ziddiyatlar bo‘lgan deyilsa, haqiqatga muvofiq bo‘ladi.

Mashrab piri dargohidan ketgach, deyarli 40 yillik umrini doimiy safarda, turli o‘lkalarda darbadarlikda o‘tkazadi. Qo‘nimsiz hayotga yuzlangan shoir, asosan, ijodiy ish bilan shug‘ullanadi. Oddiy xalqning qashshoq hayoti, zulmu sitam ostidagi ohu nolasi shoir qalbini larzaga soladi (“Dili tig‘i sitamdin pora bo‘lg‘on xalqni ko‘rdum”…).

Mashrab asarlarining aksariyati chuqur ijtimoiy yo‘nalishga ega bo‘lib, o‘sha davr hayoti, jamiyatdagi voqea-hodisalar bilan chambarchas bog‘liq. Xususan, u ba’zi ruhoniylarning kirdikorlari va hiylagarliklarini fosh etadi, tekinxo‘r mulkdorlar va johil amaldorlarning zo‘ravonlik faoliyatlarini tanqid qiladi. Mashrabning bu tur asarlari qo‘ldan qo‘lga, og‘izdan og‘izga o‘tib, tez tarqalgan. Xuddi shuning uchun ham Mashrabning biror qishloq yoki shaharga kelishi izsiz qolmagan, odil kambag‘al xalq uni quvonch-xursandchilik va qiziqish bilan qarshi olgan. Shoir qo‘nimsiz hayotining so‘nggi manzili Balxda ham hokim tabaqa va mutaassib shayx-mullalar Mashrabni jisman yo‘qotish payiga tushadilar. Shu teskarichi guruhlarning rasmiy fatvosi va Mahmudbiy Qatag‘onning hukmi bilan dorga osiladi.

Mashrab qoldirgan badiiy meros hajm va janrlar jihatidan hanuzgacha aniqlangan emas. Ammo bizga hozircha ma’lum asarlarining o‘zi ham Mashrabning favqulodda noyob iste’dod egasi ekanligidan dalolat beradi. Mashrab ijodi she’riyatning yanada kengroq ijtimoiy mazmun va jangovar ruh kasb etishida, adabiyotdagi xalqchillik va dunyoviylikning chuqurlashuvida, lirik turlarning takomillashuvi hamda badiiy san’atning kamolotga erishuvida yangi bir yuqori bosqichni tashkil etadi.

Mashrabning mohiyatan inson qadri-sharafi va ma’naviy kamolotini ulug‘lashga, ezgulik va go‘zallikni madh etishga bag‘ishlangan she’riy merosida g‘azal, mustazod, murabba, muxammas, musaddas, musabba, masnaviy, ruboiy, ta’rix kabi janr turlarida bitilgan yetuk namunalarni uchratamiz. Ammo Mashrab avvalo mohir g‘azalnavis hamda ko‘plab sho‘x va jarangdor mustazodlar, o‘ynoqi va jozibador murabba hamda xalq g‘amu hasratiga hamdardlik hissi bilan yo‘g‘rilgan muxammaslar ijodkori sifatida keng dovrug‘ chiqargan. Mashrabning juda ko‘p g‘azallari xalq qo‘shiklaridek sodda va jarangdor, jo‘shqin va ta’sirchandir.

Mashrab o‘zbek adabiyoti tarixida eng ko‘p mustazod yozgan ijodkorlardan biri. Shoir mustazodlari ham, xuddi g‘azallari kabi, sho‘x va jarangdor, nafis va zavqbaxshdir.

Mumtoz she’riyatda murabba turining uzil-kesil mustahkamlanishi va takomilida Mashrab ijodining o‘rni katta. Uning romantik ko‘tarinkilik ruhi ufurib turgan asarlarini adabiyot tarixida murabba turida yaratilgan eng yetuk namunalar jumlasiga kiritish mumkin. Mashrabning g‘azal, mustazod va murabbalarida ishq-muhabbat, vafosadoqat mavzui yetakchi o‘rinda tursa, muxammas va musaddaslarida chuqur ijtimoiylik ustunlik qiladi, taqdirning kemtikligi va hayotning nosozliklaridan, davr (charx, falak) va adolatsiz muhitning shaxs boshiga tinimsiz keltirayotgan jabru jafosidan shikoyat, ta’qibtazyiqidan norozilik dardli mieralarda, ammo qat’iy va keskin ifodalanadi. Mashrab qoldirgan ijodiy merosda diniy va tasavvufiy g‘oyalar ham, o‘sha zamonda keng tarqalgan qalandarlik tariqatining ayrim ohangta’kidlari ham sezilarli o‘rin egallaydi. Shoir she’rlarida Allohning mavjudligi, boru birligi, barcha jonli va jonsiz mavjudotni yaratganligi uzil-kesil va qatiy tan olinadi, Xudoning kuch-qudrati, taqdirning o‘zgarmasligi va Mahshar kuni haqidagi ta’limot to‘la-to‘kis qabul qilinadi.

Mashrab fors tilida ham bir necha she’riy turlarda yetuk namunalarni yaratgan. Mashrab ijodi keyingi asrlar adabiyotiga sezilarli ta’sir ko‘rsatgan. Nodira, Huvaydo, Qoriy, Furqat, Hamza kabi shoirlar uning g‘azallariga taxmis va naziralar bog‘lashgan.

Mashrab qoldirgan adabiy meros to‘la aniqlanib, o‘rganilgan emas. Ba’zi tadqiqotchilar juda ko‘p she’riy hikoyat va g‘azallarni o‘zida jamlovchi “Mabdai nur” nomli yirik asarni shoirga nisbat beradilar.

Mashrab hayoti va ijodi haqida bir necha badiiy asarlar (roman, qissa, dostonlar va sahna asarlari) yaratilgan, shoirning asarlaridan namunalar qator xorijiy tillarga tarjima qilingan. Mamlakatimizning turli shahar va viloyatlarida Mashrab nomida istirohat bog‘lari va kinoteatrlar, maktab va kutubxonalar, ko‘chalar va jamoa xo‘jaliklari bor.

Boborahim Mashrab
ASARLARIDAN NAMUNALAR
009

O’RTAR

Agar oshiqlig’im aytsam, kuyub jonu jahon o’rtar,002
Bu ishq sirrin bayot etsam, taqi ul xonumon o’rtar.

Kishiga ishq o’tidin zarraye yetsa, bo’lur giryon,
Bo’lub besabru betoqat, yurak-bag’ri chunon o’rtar.

Nechuk toqat qilay, do’stlar, bu dard ila bo’lub hayron,
G’amim boshqa, alam boshqa, yuragimni fig’on o’rtar.

Meni bexonumon tinmay kuyub har dam firoqingda,
“Nigoro!” deb oting aytsamki, shavqingdin zabon o’rtar.

Qayu til birla, ey jono, sening vasfing bayon aylay,
Tilim lolu ko’zum giryon, so’ngaklarni nihon o’rtar.

Na qattig’ kun ekan, dilbar, visolingdin judo bo’lmoq,
Mening ohim o’tig’a bul zaminu osmon o’rtar.

Yurakda dardu g’am qat-qatki, menda qolmadi toqat,
Agar bu zarrasin bul vaqt desam, ishqi bayon o’rtar.

Bu dard ila xarob o’ldum, kelib holimni so’rmassan,
Unum chiqsa yurakdin, bu tanu jon, ustixon o’rtar.

Bu Mashrab dardini, jonoki, hech kim boshig’a solma,
Agar mahsharda oh ursam, bihishti jovidon o’rtar.

XOHI INON, XOHI INONMA

Sensan sevarim, xohi inon, xohi inonma,
Qondur jigarim, xohi inon, xohi inonma.

G’am shomi firoqingda kabob etti falakni
Ohi saharim, xohi inon, xohi inonma.

Nogah sari zulfung sori bo’ldum sanga moyil,
Ey toji sarim, xohi inon, xohi inonma.

La’ling g’amidin ko’nglum erur g’uncha kibi qon,
Gulbargi tarim, xohi inon, xohi inonma.

Zahri g’ami hajring meni o’ldurg’ali yetti,
Ey labshakarim, xohi inon, xohi inonma.

Mashrab, bo’lubon ko’yinga chun barqi tajalli,
Qolmay asarim, xohi inon, xohi inonma.

MAShRABMAN

Sanamning ishqida tinmay yurub, ovvora Mashrabman,
Ko’zi yoshlig’, qadi xamlig’, dili sadpora Mashrabman.

Ko’ngulda zarracha dunyoni mehri bo’lmayin menda,
Seni deb ikki olamdin kechib, bezora Mashrabman.

O’lib ketsam, lahad ichra so’ngakdin ketmagay darding,
Jahonda topmadim choraki, men – bechora Mashrabman.

Anodin qay kuni bo’ldum, sening ishqingda oh urdum,
Muhabbat dashtida yurgan bo’lub ovvora Mashrabman.

Muhabbat jomidin may tuttilar, ichmasga choram yo’q,
Ko’zumdin qon yoshim tinmay oqar, xunbora Mashrabman.

Boshimga ming balo kelsa, tilarman vaslin, ey zohid,
“Tilim kessang, to’yorim yo’q, — degan, — diydora” Mashrabman.

Xaloyiqlar meni quvlar, yomon deb har shahar borsam,
Ajab mardud, ajab maxrum, ajab sangsora Mashrabman.

O’zumni xalq aro ixfolig’imni hech kishi bilmas,
Dilu jonim fido aylab, ajab ayyora Mashrabman.

Meni devona Mashrabga muhabbatdin bayon aylang,
Namozu ro’zadin forig’ bo’lub sayyora Mashrabman.

MEN NOLA QILAY ShOMU SAHAR…

Men nola qilay shomu sahar dod, eshigingda,
Jonimni beray, sho’xi parizod, eshigingda.

Ul lolavu rayhonu suman, toqa qizil gul,
Ham sarv bukuldi, qadi shamshod eshigingda.

Xo’boni jahon bo’lsa taqi Yusufi Kan’on,
Sultonu amir bandayo, ozod eshigingda.

Zulfing seni bu jonima yuz domi balodur,
Jonim qushi sayd o’ldi chu sayyod eshigingda.

Olam borisi lazzati husnungni topibdur,
Giryonu fig’on, nolavu faryod eshigingda.

Savdoyi muhabbatga tushubman seni izlab,
O’lturdi g’aming, ko’zlari jallod, eshigingda.

Ashkim to’kubon hajru g’amingda kecha-kunduz,
Vayrona vatan – manzul obod eshigingda.

Ul husnu jamoling o’ti Mashrabg’a tushubdur,
Parvonasifat quydi, parizod, eshigingda.

MAShRABI MO’ЪTABAR O’ZUM

Gulshani bog’i dahr aro bulbuli nag’magar o’zum,
Bir buti bebadal uchun oshiqi darbadar o’zum.

Ko’yunga dam-badam borib, navhavu zorlar qilib,
Shomu sahar fig’on etib, hofizi xush asar o’zum.

Yo shahi mehribonmusan, yo mahi osmonmusan,
Yer bila ko’kni kuydurub kavkabayu qamar o’zum.

Jomi mayi luob ichib, majnuni benavo bo’lub,
Nozu karashmalar qilib, layliyi ishvagar o’zum.

Sham’i jamoling o’rtadi jonu dilimni, ey sanam,
Bolu parimni kuydurub, bedili navhagar o’zum.

Vaslingni istab, ey sanam, kechayu kunduz mudom,
Saharda bedor o’l dedingki, doyayi sahar o’zum.

Xisravi komron bo’lub, Rustami doston bo’lub,
Bir zo’r pahlavon bo’lub, Hamzayi raxnagar o’zum.

Olimi nuktadon manam, piri hidoyaxon manam,
Shuhrati she’r bobida Mashrabi mo’tabar o’zum.

EShIT ARZIMNI, EY DILBAR

Azaldan to abad ko’nglum qutulmas ishq balosidin,
Yurokim rahnalar bo’ldi, bu ishqning mojarosidin.

Xayolimda sening vasling, topolmasman, meni hayron,
Magar vaslingga yetsam piri komilning duosidin.

Eshit arzimni, ey dilbar, yurak-bag’rim kabob o’ldi,
Raqiblar shodmon bo’ldi nigorimning jafosidin.

Sanam, sensiz bu dunyoda tiriklik qilmog’im mushkul,
Kel, ey ko’ngul, kecholi bu tiriklikning baqosidin.

Sanam, ishqing o’ti oxir meni bexonumon etti,
Kuyarman dam-badam tinmay bu dardi bedavosidin.

Xarob o’ldi mening ko’nglum, kishim yo’qturki, roz aytsam,
So’ngaklar raxnalar bo’ldi dilimning ohi bosidin.

Seni ishqing bila yig’lab, agar mahsharda oh ursam,
Kuyarlar mo’minu kofir bu Mashrabning navosidin.

TANBUR

Setor demang, holi dilim so’rg’uchi tanbur,
Ko’nglum girehin, g’amlarini surg’uchi tanbur.

Bir necha raqiblar so’zidin g’amzada bo’lsam,
Hamdard bo’lubon og’ushima kirguchi tanbur.

Ko’tohnazar el buni hech qadrini bilmas,
Dargohi azaldin xabare berg’uchi tanbur.

Gar yor jamolini ko’rub pardag’a solsam,
Nag’masi oni siynaxarosh etg’uchi tanbur.

Ham yor jamolidek oni nash’asi bordur,
Hayrat o’tidin mahzi sanam qilg’uchi tanbur.

Oshiq yuragidin chiqib, o’ttek kelibon ul,
Bir uchqunig’a jumlani kuydurg’uchi tanbur.

Mashrabni tamom aqlin olib ul buti xunrez,
Jonimni yoqib siynaxarosh etg’uchi tanbur.

OShIQ BO’LIBSAN, BO’LMAG’IL G’OFIL

Malaksan yo bashar, yo huru g’ilmonsan, bilib bo’lmas,
Bu lutfu bu nazokat birla sendin ayrilib bo’lmas.

Ajab berah dilbarsan, ajab sho’xi sitamgarsan,
Charog’i husni ro’yingdin ko’ngulni ham uzub bo’lmas.

Yuzungni oftobini ko’rub hayron bo’lub qoldim,
Falakka qo’l uzotib, shamsi anvarni olib bo’lmas.

Yuzung misli qizil guldur, ko’ngul chun bulbuli shaydo,
Bu gulning ishqidin bulbul chamandin ayrilib bo’lmas.

Kel, ey Mashrab, agar oshiq bo’libsan, bo’lmag’il g’ofil,
Bu g’aflat uyqusidin, ey yoronlar, uyg’onib bo’lmas.

KELDI

Namangan shahridin, do’stlar, mening yoronlarim keldi,
Otam birla onamni bilguchi mehmonlarim keldi.

Shijoat bobida har qaysisi bir Rustamu Suhrob,
Adolat taxtig’a mingan bu kun sultonlarim keldi.

Inoyatli, diyonatli, yana ham murshidi komil,
Hama orif, hama sodiq, hama irfonlarim keldi.

Alarning xoki poyi ko’zlarimga to’tiyo, Mashrab,
Charog’imni munavvar qilg’uchi xoqonlarim keldi.

TUShTI SAVDOYI MUHABBAT BOShIMA

Tushti savdoyi muhabbat boshima,
Or etar mardum kelurg’a qoshima.

Vah, muhabbat ko’yida qon yig’ladim,
Yet(t)i iqlim g’arq bo’ldi yoshima.

Sajda aylar zohid ul mehrobig’a,
Men qilurman sajda egma qoshima.

Qil hazar, albatta, jonon, qahrdin,
Uzru zorim senga – bag’ri toshima.

Muhtasib to’kturdi soqiy bodasin,
Yetmadi aqli aning sirdoshima.

Kunda yuz ming jabr qilsang, o’rgulay,
Qo’y qarab g’am toshina bardoshima.

Mashrabi devonaman hayron qilib,
Ne sababdin kelmading bir qoshima.

SIG’MAMDUR

Ajab majnun erurman, dasht ila sahrog’a sig’mamdur,
Dilim daryoyi nurdur, mavj urub dunyog’a sig’mamdur.

Shariat ham, tariqat ham, haqiqat mendadur mavjud,
Chu sultoni azaldurmanki, arshi a’log’a sig’mamdur.

Xaliloso bu yo’lda otashi Namrud – me’rojim,
Hamon durri haqiqatmanki, har dunyoga sig’mamdur.

Rizo mulkidaman, halqumni tuttum tig’i Akbarga,
Bu yo’lda siynai poki Zabunullog’a sig’mamdur.

Agarchande ziyorat qilmadim men Ka’bayi zohir,
Tariqat hojisidurmanki, Baytulloga sig’mamdur.

Gahi bo’ldum faqiru, gohi shohu, gah gadodurman,
Ajab devonaman, fardoki mahshargohg’a sig’mamdur.

Maqomi hayrat ichra gohi xudman, gohi bexudman,
Junun bozorida mastmanki, istig’nog’a sig’mamdur.

Gahi o’rus, gohi cherkas, gohi mo’min, gohi tarsoman,
Ne kavnayni miyoni lo-u illollog’a sig’mamdur.

Mudom miskin erurman chun g’uloming – Mashrabingdurman,
Meni bechora bu dunyo bilan uqbog’a sig’mamdur.

O’TTUM

Ishq vodisidin bir kecha men “hay-ha”lab o’ttum,
Monandi nayiston gulig’a o’t qalab o’ttum.

Ofoqni bir lahzada kezdim, na ajabdur,
Mino tog’idin akkasifat hakkalab o’ttum.

Ottim fashi-dostorini devonalig’ aylab,
Parvonasifat jonimi o’tqa qalab o’ttum.

Bildimki, vafosi yo’q ekan ushbu jahonni,
Mardona bo’lub, balki, etak siltalab o’ttum.

Dunyo yasanib, jilva qilib oldima keldi,
“Borg’il nari!” deb (ketig’a) bir shattalab o’ttum.

Bildimki oni, dushmani makkorayi ayyor,
“Lo” tirnog’i birla yuzini tirmalab o’ttum.

Mardoni xudo dediki: “Dunyo mayi achchig’”,
Achchig’ligini bilmak uchun bir yalab o’ttum.

Nafs kofiri birla tunu kun qildim urushni,
Tanho qilichi birla urub, qiymalab o’ttum.

Xomush pichog’in har dam oning bo’g’ziga qo’ydum,
Cho’g’ nayzasi birla ko’zini nayzalabb o’ttum.

Devonayi Mashrab, bu so’zung dardga davodur,
Oshiq elining ko’nglig’a bir o’t qalab o’ttum.

ChIDAYoLMAS

Ishq mazhabiga taqviyu toat chidayolmas,
Tasbehu sano, zuhdu ibodat chidayolmas.

Kim ko’rsa o’shal dilbari ra’noni bayakbor,
Betoqat o’lub, ayshi farog’at chidayolmas.

Faryodu fig’onlar qiladurman kecha-kunduz,
Hayratda qolib, qad ila qomat chidayolmas.

Adhamsifat ul kirsa kishi faqr yo’liga,
Osoyish ila xayri saxovat chidayolmas.

Arbobi muhabbatga yetib bo’yi sanamdin,
Aqli ketibon sabru qanoat chidayolmas.

Ey zohid, agar ko’rsang o’shal mohliqoni,
Zuhdu vara’u kashfi karomat chidayolmas.

Devona qilar ishqi sanam vasli chu Majnun,
Nomusu hayo, aybu qabohat chidayolmas.

Kim jomi muhabbat mayidin jur’aye ichsa,
Shohona hasham, izzatu hurmat chidayolmas.

Bu ishq elining har dam etar valvalasig’a,
Beshubha, biling, dasti irodat chidayolmas.

Mashrab, kelibon ko’ngul ila raqsi samo’ qil,
Ishq mazhabida obi tahorat chidayolmas.

DARDI SIRIMNI KAVLAMA

Ey sabo, g’ambodadurmen, bistarimni kavlama,
Chun shafaqoludaman, xokistarimni kavlama.

Har zamone Laylidin manga kitobatlar kelur,
Senki Majnun bo’lmasang, sardaftarimni kavlama.

Xonavayronlar bilur aftodalarning holini,
Eyki, mahram bo’lmasang, chashmi tarimni kavlama.

To kishiga dard tegmay, bo’lmadi bag’ri kabob,
Dilda darding bo’lmasa, dardi sirimni kavlama.

Hajr toshidin zarru ofat boshig’a yetgan o’zum,
Kishtiyi motamdadurman, langarimni kavlama.

Yet(t)i do’zax o’rtanur aftodalarning ohidin,
Otashi hajrida kuygan mijmarimni kavlama.

Lomakonning shahrini bu hu bila sayr ayladim,
Jabrayil, borg’il nari, bolu parimni kavlama.

Bahri rahmatga kirib, qildim vujudimni adam,
Ma’rifatdin bexabarsan, daftarimni kavlama.

Durri daryoyi maoniy bo’ldi chun Mashrab, vale
Diydabino bo’lmasang, ko’z gavharimni kavlama.

TO KIYDI QIZIL…

To kiydi qizil o’zini zebo qilayin deb,
O’t yoqti jahon mulkida g’avg’o qilayin deb.

Mastona xirom ettiyu ko’rguzdi qadini,
Mendek necha devonani shaydo qilayin deb.

Zebo sanamim gul yuzidin parda ko’tardi,
Olam hama ko’z bo’ldi tamosho qilayin deb.

Zulfini tarab, qosh uchurub jilvalar etti,
Oshubi balo, fitnani barpo qilayin deb.

To ayladim oldig’a borib arzi niyozim,
Chin soldi jabinig’a tamanno qilayin deb.

Mastona samand sakrata keldi shahi xunrez,
Shamshiri jafoni yana burro qilayin deb.

Ko’p yilki, bu qul xizmatini qilmadi barjo,
Keldiki g’azab birla chu sazo qilayin deb.

Boshimni kesib olg’ilu xushhol bo’lub ket,
Qonimni to’kub, lolayi sahro qilayin deb.

Xanjar qo’lida Mashrabin o’ldurg’ali keldi,
G’avg’oyi qiyomatni huvaydo qilayin deb.

HECh KIMA MAЪLUM EMAS

Hech kima ma’lum emas holi parishonim mening,
Osmonni tiyra qildi ohu afg’onim mening.

Men nechun shod etmayin bul xasta ko’nlumni bugun,
Keldi xolimni so’rab ul sho’x jononim mening.

Ey sitamgar, kelgilu emdi shahid etkil meni,
Mavj ursun Karbalo dashtida bu qonim mening.

Chun Surayyo bormusan, aflokdin bolomusan,
Bu falakda ko’rmadim, ey ko’zi cho’lponim mening.

Nozu istig’no bila ketgil, meni holimni so’r,
Termulib doim yo’lungda chashmi giryonim mening.

Tobakay jabru sitam birla yurursan, ey rafiq,
Chiqti, Mashrab, ushbu g’amdin bu aziz jonim mening.

NOGOH KO’RUNUB KO’ZLARI ShAHLO

Nogoh ko’runub ko’zlari shahlo boqa qoldi,
Parda ko’tarib qoshini ul dam qoqa qoldi.

Oshiq ekanimni bilib ul dilbari ra’no,
Aqlimni olib, jonima o’tlar yoqa qoldi.

Ruhum eritib yoshini, vah-vah, yuzi otash,
Ishq chaqmog’ini jonima, naylay, chaqa qoldi.

Tarsobachani ko’rdimu din ketti qo’lumdin,
Qil sajda debon bo’ynuma zunnor taqa qoldi.

Men oning uchun kechayu kunduz yugururmen,
Yorim kelibon birgina holim so’ra qoldi.

Aydi: “Ne tilarsan?” Dedim: “Sham’i jamoling!”
Ko’rsatti yuzin, maqsud hosil eta qoldi.

Mashrab bu jahonda yurubon topmadi bir mard,
Yuz shukrki, oning bila ulfat bo’la qoldi.

OShIQ ULDUR TO DILIGA SAQLASA ASRORINI

Oshiq uldur to diliga saqlasa asrorini,
Barham ursa yo’lig’a olamda yo’qu borni.

To o’zungga dard tegmay, aylanib kelmas davo,
Bas, bu ma’nodin hakimlar ko’p so’rar bemorni.

Garchi osiyman, aning dargohidin navmid emam,
Bir gul uchun suv berurlar sad hazoron xorni.

Oxiri manzilga yetmasdur kuduratlik ko’ngul,
Dilga jo bermoq na hojat dushmani g’addorni.

To dilingga ma’rifatdin nuri imon bo’lmasa,
So’filar, bir hug’a almashlang ani – dastorni.

Xotiri pokingni mashg’ul qilma hargiz dunyog’a,
Dil g’uboroluda bo’ldi, ul ko’rolmas yorni.

Avliyolardek muazzam bo’layin desang, vale
Mashrabo, hech kanda qilma dildin istig’forni.

XUDODIN O’ZGASI BARChA G’ALATDUR

Bu tani xokinniyu ruhi ravonni na qilay?!
Bo’lmasa qoshimda jonona, bu jonni na qilay?!

Yorsiz ham bodasiz Makkaga bormoq ne kerak?
Ibrohimdin qolg’an ul eski do’konni na qilay?!

Urayinmu boshima sakkiz bihishti do’zaxin,
Bo’lmasa vasli menga, ikki jahonni na qilay?!

Arshning kungurasin ustiga qo’ydum oyog’im,
Lomakondin joy olibman, bu makonni na qilay?!

Zarraye nuri quyoshdek bu jahon ichra tamom
Oshkoro bo’lmasa, sirri nihonni na qilay?!

Bir xudodin o’zgasi barcha g’alatdur, Mashrabo,
Gul agar bo’lsa qo’lumda, ul tikonni na qilay?!

QALANDAR BO’L, QALANDAR BO’L

Murodingga yetay desang, qalandar bo’l, qalandar bo’l,
Sitam ahlin yutay desang, qalandar bo’l, qalandar bo’l.

Og’izdin dur sochay desang, sharobi ishq ichay desang,
Yomonlardin qochay desang, qalandar bo’l, qalandar bo’l.

Fasod ahlin quvay desang, (ketiga) bir uray desang,
Bu dargohdin suray desang, qalandar bo’l, qalandar bo’l.

Riyozatsiz bo’lay desang, tanim ozod yuray desang,
Jahonni sayr etay desang, qalandar bo’l, qalandar bo’l.

Razolat kuyduray desang, zalolat o’lduray desang,
Hamasin supuray desang, qalandar bo’l, qalandar bo’l.

Bu taqvodin kechay desang, xonaqohdin qochay desang,
Haqiqatni ochay desang, qalandar bo’l, qalandar bo’l.

Guharrezlik qilay desang, hamani kulduray desang,
Chu Mashrabdek bo’lay desang, qalandar bo’l, qalandar bo’l.

MEHRIBON ONAM

Jamoling ko’rgali keldim, ayo ey mehribon onam,
Mening uchun ado bo’lg’an yuragu bag’ri qon onam.

Xo’tan dashtiga tushtum bul falakning gardishi birlan,
Eshitkil arzi holimni, men aytay senga, jon onam.

Ajoyib mehribonimsan, meni oromi jonimsan,
Murodi du jahonimsan, bihishti jovidon onam.

Meni bir jodu ko’zluk bul jahon ichra xarob etti,
Qadi sarvu sanavbar, qoshlari misli kamon, onam.

Boshimga tushti bul savdo, bo’lubman bulbuli shaydo,
Shabistoni jahonda qumridek shakkarfishon onam.

Bu ishq o’ti xarob etti, yurak-bag’rim kabob etti,
Meni xoki turob etti yuzi mohi tobon onam.

Seni ko’p intizor ettim firoq o’tig’a, ey Ka’bam,
Tavofi Ka’bayi maqsuda keldim, dilkashon onam.

Iloho, avf qilg’aysan bu Mashrabning gunohini,
Tufayli onayi zorim, g’aribu notavon onam.

O’ZGINAM

Ishq o’tiga o’rtanib devona bo’lgan o’zginam,
Kuya-kuya kul bo’lub biryona bo’lgan o’zginam.

Oshiqi diydorman, ey yor, bilmassan magar,
Mansuri Xallojdek dorga osilgan o’zginam.

Kuya-kuya kul bo’lub dunyodin o’tkan bormukin,
Ishq yo’lida ming o’lub, ming bor tirilgan o’zginam.

Chok siynamni qilib mahsharda aylarman fig’on,
Ul kuni diydor deb mahsharni buzgan o’zginam.

Ul sirot al-mustaqim oldida barcha yig’lashur,
Ishqni rahbar qilibon andin o’tkan o’zginam.

ZAMONGA SIG’MADIM

Onqadar nurga to’libman — osmonga sig’madim,
Toqi arshu kursiyu lavhu jinonga sig’madim.

Kimga soyam tushsa, bir nuri yaqin bo’ldi u ham,
Daftari ruhi qudsdurman, zabonga sig’madim.

Jannatu kavsar manam, ham do’zaxu saqar manam,
Bir o’zumdurman bu dam, haft osmonga sig’madim.

Soyayi odamg’a keldim, nuri ma’ni izladim,
Jannatul firdavsdek oliy makonga sig’madim.

Bor edim Nuh vaqtida, g’arq etmadi to’foni ham,
Hamrahi Muso bo’lub Turi Sinong’a sig’madim.

Ellik yil Iso bilan yurdum o’lukni tirguzub,
Boisi bir nuqtadin Mashrab zamonga sig’madim.

BOShIMNI DORG’A TUTA QOLDIM

Dunyog’a kelib, loyig’a bilmay bota qoldim,
Darmon yo’qidin necha og’iz so’z qota qoldim.

Ko’rdumki ani, dushmani ruhu tan ekandur,
“Lo” o’qi bila ikki ko’zig’a ota qoldim.

Mayxonag’a kirdim, bila qoldim kuyarimni,
Masjidg’a kirib zohidi yaxdek qota qoldim.

Zohid, menga bir shishada may, senga namozing,
Ming taqvini bir kosayi mayg’a sota qoldim.

To telbaligim shuhrati olamni tutubdur,
Bir jilvasig’a ikki jahondin o’ta qoldim.

Vahdat mayini piri mug’on ilkidin ichtim,
Mansur kabi boshimi dorg’a tuta qoldim.

Ayb aylamangiz Mashrabi bexudni, yoronlar,
Naylayki, bu g’urbat ko’chasidin o’ta qoldim.

YaNA G’URBATZADA, KETTIM

Dunyo sorig’a bir kelibon, g’amzada kettim,
Bir lahza dam olmay turubon, lahzada kettim.

Bir mushfiqi hamroz jahon ichra topolmay,
Hasrat o’tidin kuydimu motamzada kettim.

Surtmay bu qaro yuzni borib ravzalarig’a,
Armonda yurub lek buzug’ kulbada kettim.

Har jon kelaru ketgusidur, bilsam oni ham,
Ketmascha yurubon yana g’urbatzada, kettim.

Horis bo’lubon dunyoda yurdi necha gumroh,
Uryon kelibon munda, yana arbada kettim.

G’ofil kishilar kechayu kunduz tilagay mol,
Dunyo ila dinni sotibon g’amzada kettim.

To yorni xayol ayladi Mashrab, ko’zni ochti,
Yuz dardu alam birlaki, mehnatzada kettim.

BIR NUQTADA MING MAЪNO

To olami zohirg’a kelib man guzar ettim
Tark ayladimu jumlani, qat’i nazar ettim.

Ahvoli dilim aytg’ali bir mahrame topmay,
Zulmingni qarindoshu g’amingni padar ettim.

Bir qushki, cho’loq, sen sori parvoz etayin deb,
Hajr o’qlarini jonga suqub bolu par ettim.

Dushmanga chu harb etmak uchun chora topolmay,
Do’stum qo’lini tuttimu tig’u tabar ettim.

G’am shomida qalbimg’a guzor etti xayoling,
Ko’z yosh, yurak qoni bilan mohazat ettim.

Savdoyi sari zulfung uchun necha mahaldur,
Jon kishvarini buzdimu zeru zabar ettim.

Bir martabada turmas emish shoh ila darvesh,
Bas, jandani kiydim, o’zimi darbadar ettim.

Ko’tahnazar el bilmasa deb xasta bu Mashrab,
Ming ma’nini bir nukta bila muxtasar ettim.

ShARH AYLASAM IShQ DAFTARINI

Sharh aylasam ishq daftarini, jon chidayolmas,
Ham jonu jahon, odamu hayvon chidayolmas.

Avrodi muhabbat o’qubon masjida kirsam,
Masjid kuyaru toqi farozon chidayolmas.

Mayxona kirib, vasli sanamdin xabar olsa,
Zohid kuyaru oqilu nodon chidayolmas.

Mahshar kuni gar barq urubon chiqsa nigorim,
Do’zax kuyaru jannatu rizvon chidayolmas.

Ishq daftaridin gar o’qusam sura bayakbor,
Beshubha, biling, oyati qur’on chidayolmas.

Gar nar’a urub tavsani himmat mina qolsam,
Olamg’a tushub sho’rishi afg’on chidayolmas.

Mashrab, sen agar da’viye ishqi sanam etsang,
Billohki, anga jisming ila jon chidayolmas.

MENI YO’QLAR KIShIM BORMU?

Namangondin ketar bo’lsam, meni yo’qlar kishim bormu?
G’ariblik shahrida o’lsam, meni yo’qlar kishim bormu?

Qani qavmu qarindoshim, bu yo’lda bo’lsa yo’ldoshim,
Ko’zumdin oqizib yoshim, meni yo’qlar kishim bormu?

Muhabbat sharbatin ichtim, qazondek qaynabon toshtim,
Bu foniy dunyodin kechtim, meni yo’qlar kishim bormu?

Tushubdur boshima savdo, ramuzu ishqdin g’avg’o,
O’ziga ayladi shaydo, meni yo’qlar kishim bormu?

Turarga toqatim yo’qtur, yurarga holatim yo’qtur,
Yurakda ishq o’ti cho’g’dur, meni yo’qlar kishim bormu?

Qarorim yo’q turay desam, Namangonda yuray desam,
Jahonni sayr etib kezsam, meni yo’qlar kishim bormu?

Bu miskin zor Mashrabni kishi holini bilmaydur,
Bu yerdin bosh olib ketsam, meni yo’qlar kishim bormu?

XUDO BERSUN PANOH

Nafsi sarkash muddaosidin xudo bersun panoh,
Bul zamona muttakosidin xudo bersun panoh.

Hirqayi bechora kiymoqlikmu rohi bandalik,
So’fini dalqi riyosidin xudo bersun panoh.

Jomayi malla kiyib, qilg’on ishi hiylavu makr,
Shayx noqis xonaqosidin xudo bersun panoh.

O’zlari komilsifat, har luqmasi haqqi sag’ir,
Yurtni ul sohib duosidin xudo bersun panoh.

Lof urar “Abdoli vaqt — man!” deb, so’zida ma’ni yo’q,
Bul zamona rahnamosidin xudo bersun panoh.

Mard lashkar yo’sinida qo’liga tasbeh olib,
Shayxni rangin asosidin xudo bersun panoh.

Muttaqiylik da’vi aylab, o’zlarini pir tutub,
Oxiri vaqt porsosidin xudo bersun panoh.

Bul qalandar jandasining torida zunnori yo’q,
Boshiga kiygan kulosidin xudo bersun panoh.

Mashrabi sho’ridani qilg’an duosin qil qabul.
Ul saharxezni duosidin xudo bersun panoh.

YaXShI XALQLARNI BIRODAR TUT

Tarozuyi amalni qo’lga ol, so’ngra barobar tut,
Xatarlik yo’ldasan, to justijo’ qil, yaxshi rahbar tut.

Imoning sham’ini ravshangaridur hamdami qobil,
Qo’lingdin kelsa, doim yaxshi xalqlarni birodar tut.

Maqomi qurbat o’tig’a agar kirsang – huzur topsang,
O’zung zahroba yutgil, xalqni komig’a shakkar tut.

Bag’ir qoni, ko’zung yoshi, qadi ham birla oh tortgil,
Shafoat vaqti bo’ldi, anda domoni payambar tut.

Boshing gardunga yetsa, bo’lmagil zinhor xursande,
O’zungni har xasu xoshokdin, ey banda, kamtar tut.

Balo ko’rgan kishilar majlisini orzu qilg’il
Ki, har shum lodani ko’rsang, o’zungni munda behtar tut.

Taraddud aylagil, zangi diling shoyadki sof o’lg’ay,
Hidoyat ko’chasining rindi bo’l, domani mahshar tut.

Ulug’man deb, takabbur pesha qilma mushtiparlarga,
Sarafrozi topay desang, davomat diydani tar tut.

Havas bozorini dur aylagil zinhor boshingdin,
Qo’lungni ikki dunyodin uzub, dilni qalandar tut.

Bahoyimdek yemak-ichmakni sargardoni ko’p bo’lma,
Kafan bichgil o’zungga, dilda o’lmog’ni muqarrar tut.

Adam sahrosidin dunyoga kelding banda bo’lsam deb,
Kamar bog’lab belingga, zikri tasbehi eranlar tut.

Bu zindonxonadin o’ttung, ko’rundi jannatul a’lo,
Baland et himmatingni munda kelding, misli Haydar tut.

O’zini bilmagan bedardlarga ochmagil daftar,
Xalildek o’tni gulzor aylagil, xo’yi samandar tut.

Bu yerda yori bersa lutfi haqdin garchi iqboling,
Adolat mulkining sarrishtasini misli Umar tut.

Bu foniy dunyodin, Mashrab, yetishsang boqi uqbog’a,
Sirotal mustaqimdin o’tting, so’ngra rohi digar tut.

MURABBAЪ
(Yorga yetar kun bormu, yoronlar)

Hamdu sanolar aytay xudoga,
Yorga yetar kun bormu, yoronlar?
Yetgaymu dodim nozuk adoga,
Yorga yetar kun bormu, yoronlar?

Shum toleimdan ko’rdum jafoni,
Zolim raqiblar ko’rdi vafoni,
Holim so’r emdi, bergil davoni
Yorga yetar kun bormu, yoronlar?

Bulbuldayinkim faryod etarman,
Ishq daftarini bunyod etarman,
Ko’nglumni bir dam men shod etarman,
Yorga yetar kun bormu, yoronlar?

Qachon visoling bo’lg’ay muyassar,
Ishqingda kezdim ham bahru ham bar,
Dardu alamga to’ldi ko’ngullar,
Yorga yetar kun bormu, yoronlar?

G’am bahri qildi mavjini bunyod,
Ishqingda qildim ming ohu faryod,
O’tti nigorim chun sarvi ozod,
Yorga yetar kun bormu, yoronlar?

Hajr ahli keldi, tutti yoqamdin,
Bag’rim tilindi paykoni g’amdin,
Faryod etarman ushbu alamdin,
Yorga yetar kun bormu, yoronlar?

Sham’i firoqing ko’ksimda yondi,
Ko’z yoshim oqib bag’rimga tomdi,
G’aflatda qolgan Mashrab uyondi
Yorga yetar kun bormu, yoronlar?

DASTINGDAN

Ne g’urbatlarni chektim charx bebunyod dastingdin,
Mudom motamda qoldim, bo’lmadim dilshod dastingdin,
Tamomi xonumonim bo’ldi chun barbod dastingdin,
Qafasdin bo’lmadimki qumridek ozod dastingdin,
Hama obod bo’ldi, bo’lmadim obod dastingdin
Ki men har qayga borsam, dod etarman, dod dastingdin.

Dilimning quvvati, ruhi ravonimdin ayirdilar,
Ko’zimning oqi yanglig’ mehribonimdin ayirdilar,
Azizim, hamdamim, oromijonimdin ayirdilar,
Jahon gulzorida ul gulistonimdin ayirdilar,
Hama obod bo’ldi, bo’lmadim obod dastingdin
Ki men har qayga borsam, dod etarman, dod dastingdin.

Chamanda bulbuli sho’ridadurman, oshyonim yo’q,
Misoli cho’g’dek vayronalarda ham makonim yo’q,
Vafolig’ yor deb chiqti, jasadda balki jonim yo’q,
Azizimdin judo bo’ldum, boshimda soyabonim yo’q,
Hama obod bo’ldi, bo’lmadim obod dastingdin
Ki men har qayga borsam, dod etarman, dod dastingdin.

Meningdek g’amga qolgan, dilparishon o’lmasun hech kim,
Ko’zi chun termulub yo’llarda vayron o’lmasun hech kim,
Bahori gulshani umri zimiston o’lmasun hech kim,
Bu dunyo diydasig’a torikiston o’lmasin hech kim,
Hama obod bo’ldi, bo’lmadim obod dastingdin
Ki men har qayga borsam, dod etarman, dod dastingdin.

Umidim bor, etkurgaymusan xurshidi matlabni,
Saodat burjidin ul sha’mi iqbolimg’a kavkabni,
Ko’targaysan boshimdin ikki olamda qaro shabni,
Iloho, sen etur himmat yo’lig’a xasta Mashrabni,
Hama obod bo’ldi, bo’lmadim obod dastingdin
Ki men har qayga borsam, dod etarman, dod dastingdin

ShODMONLIK IZLAMA

Shodmonlik izlama, oxir boshinga g’am kelur,
Odamining boshiga andishayi motam kelur.

Osmonga etsa boshing misli Muso xomush o’l,
Sar daraxt nurmeva bo’lgan so’ngra boshi xam kelur.

Odamiyning asli birdur, bir-biridin farqi bor,
Necha qarn o’tgan so’g’un dunyoga bir odam kelur.

Vahmi mahshardin gapurmang norasoni oldida,
Go’shi karg’a haq so’zi albatta noforam kelur.

Yig’lamoq oson emasdur, ey jigarbandim, eshit,
Mulki dil sadpora bo’lg’an so’ng ko’zingdan nam kelur.

Olimi ilmiga maghrur, johili isyonga g’arq,
Kas ne bilsun, rozi mahshar kimni toshi kam kelur.

Yoshligingda yo’lga kirg’il, toki topqaysan kamol,
Gar jarohat ko’hna bo’lg’an so’ngra bemalham kelur.

Mashrabo, siynamdagi dardimni aytsam, arsh kuyar,
Yo’l xatardur, qo’rqaman, majlisga nomahram kelur.

KO’RSAT JAMOLING

Ko’rsat jamoling mastonalarg’a,
Ishqingda kuygan parvonalarg’a.

Mendin duodur,sendin — ijobat,
Jonim tasadduq jononalarg’a.

Ey ko’ngli qattig’,rahm aylamaysan,
Qilg’il nazar sen bechoralarg’a.

Mashrab seni deb kechti jahondin,
Boshini qo’yub ostonalarg’a.

HAR KIShINI DARDI BO’LSA

Har kishini dardi bo’lsa, yig’lasun yor oldida,
Qolmasun armon yurakda, etsun izhor oldida.

Andalibi benavodek nola-yu afg’on bila
Doimo yig’lab turarman ayni gulzor oldida.

Mansuri Xallojdek ichib sharobi antahur,
Charx urub,yig’lab turarmen ushbu dam dor oldida.

Har kishi bir jur’ae no’sh aylasa bu bodadin,
Ul qiyomatda qilur arzini Jabbor oldida.

Telba Mashrab,qilmag’il sirringni zohidga ayon,
Aytib-aytib yig’lagaysan oshiqi zor oldida.

TUShTI SAVDOI MUHABBAT BOShIMA

Tushti savdoi muhabbat boshima,
Or etar mardum kelurg’a qoshima.

Ul muhabbat ko’yida qon yig’ladim,
Yetti iqlim g’arq bo’ldi yoshima.

Sajda aylar zohid ul mehrob aro,
Men qilurman sajda egma qoshima.

Muhtasib to’kturdi soqiy bodasin,
Etmadi aqli ani sirdoshima.

Kunda yuz jabr etganingdin o’rgulay,
Qo’y qarab g’am toshini bardoshima.

Mashrabi devonani hayron etib,
Ne sababdin kelmading bir qoshima?

YuZI MOHI TOBON QIZ

Kokulung anbar durur, jon ichida jonon qiz,
Ko’zlaring axtar durur, yuzi mohi tobon qiz.

Lablaring erur la’ldek, yuzlaring qizil guldek,
Barcha sengakim quldek, xizmatingga qurbon, qiz.

Tar orazing gul, soching sunbulki,tishlaring dur,
Sarv qadlig’, qosh ko’rung oftobi davron qiz.

Bir ko’rib seni, zolim, qolmadi mening holim,
Tang bo’lubdur ahvolim, bilmadingmu, nodon qiz?

Oy yuzingni ko’rganda, lablaringni so’rganda,
Mashrabing bo’lur banda, qilsang ani mehmon qiz.

KO’RGOLI KELDIM

Ishqing o’tig’a kuygoli keldim,
Oydek yuzungni ko’rgoli keldim.

Savdoi zulfing tushdi boshimg’a,
Sendin savollar so’rgoli keldim.

Bahringga kirdim g’avvos bo’lay deb,
Bir durri maqsud olg’oli keldim.

Mani so’rasang, ey guluzorim,
Mahvi jamoling bo’lg’oli keldim.

Qofila ketti,manzilga yetti,
Men ham boray deb ketgoli keldim.

Soqiy, qadahni qilg’il muhayyo,
Vahdat mayidin ichgoli keldim.

Rahmat eshigin Mashrabga ochg’il,
Ishqing ko’yida o’lg’oli keldim.

DEVONA BO’LDIM

Ko’rdum yuzungni — devona bo’ldum,
Aqli hushimdan begona bo’ldum.

Tortib jafoni o’lsam ko’yingda,
Qaytmasman hargiz — mardona bo’ldum.

Bo’lib jahonda rasvoi olam,
Yaxshi-yamonga afsona bo’ldum.

Kavsar sharobi yodimg’a kelmas,
La’li labingdin mastona bo’ldum.

Yumdum ko’zumni sendin bo’lakdin,
Kechdim baridin, rindona bo’ldum.

Ko’rdum tushumda sham’i jamoling,
Charx urub ondin parvona bo’ldum.

Ishqing mayini sundi bu jismim,
Ham soqi-yu ham paymona bo’ldum.

Bir qatra erdim, cho’mdum dengizga,
Kirdim sadafga — durdona bo’ldim.

Kuydirmasa o’t, bo’lmas og’och cho’g’,
Ishq o’ti birlan hamxona bo’ldum.

Bo’ldum fano men tufrog’ ichinda,
Bir dona erdim, ming dona bo’ldum.

Ul yuz o’tida bud bo’ldi nobud,
Jon jong’a kirdi, jonona bo’ldum.

Tegdi ko’zingdin har damda ming tiyr,
Avval edim dasht, gulxona bo’ldum.

Bir necha yildur yordin judoman,
Bilmay o’zumni hayrona bo’ldum.

Kuymas,dedilar, ma’murai ganj,
Obod edim man, vayrona bo’ldum.

Mashrabga may sun mayxona ichra,
Kechtim baridin — rindona bo’ldum.

NOGOH KO’RUBON JAMOLING

Nogoh ko’rubon mahvi jamoling bo’la qoldim,
Oydek yuzingga boqdimu hayron bo’la qoldim.

O’t tutashib kuydi yuragim birla jonim,
Parvona bo’lub o’tga yuzimni ura qoldim.

Yuz g’amza bila chiqdi sanam may kadasidin,
Zunnor uzub, din bila imon sota qoldi.

Ko’rdumki,ajib ishvagaru dilbari tannoz,
Devona bo’lub ishqida o’tdek yona qoldim.

Diydori jamolini ko’rub ishq yo’lida,
Gulgun yonubon mavhi tomosho bo’la qoldim.

Hojat emas ul Ka’bai jononag’a bormoq,
Men gavhari maqsud bo’loyin deb yona qoldim.

Mashrab boshig’a tushdi o’shal kun g’ami dildor,
Shaydoyi bo’lub jumla havasdin qola qoldim.

088

(Tashriflar: umumiy 5 156, bugungi 1)

Izoh qoldiring