Nasiba Bozorova. «Mushohada yog’dusi»dagi so’z yog’dusi & Adabiyot va abadiyat. Atoqli olim Ibrohim Haqqul bilan suhbat (2022)

2228 март — Таниқли навоийшунос олим, зукко мунаққид Иброҳим Ҳаққул (1949-2022 таваллудининг 75 йиллиги

Устоз учун сўз, шунчаки тил безаги эмас, дил ҳақиқати, виждон овози ва фикр яроғи эди. Иброҳим Ҳаққулни салладор сўзлар, доно фикрлар эмас, холислик ҳоли, мухлис калимасининг риёдан холи, самимий деган маъноси қизиқтирган.  

“МУШОҲАДА ЁҒДУСИ”ДАГИ СЎЗ ЁҒДУЛАРИ
Насиба Бозорова
филология фанлари номзоди


Сен сари келганда сўз мавжи латиф,
Англагайсенким, ўшал денгиз шариф.

Жалолиддин Румий

Оламнинг илк яратиғи – СЎЗ. Аслида сўз бир восита, моҳият эса ИШҚ эди. Ҳақ таоло ишқи Муҳаммадия сабаб оламларни бор этди. “Кун” ила бунёд бўлган Арзу-само, Тоқу Курси, Лавҳул Маҳфуз – бари Буюк ИШҚнинг ҳосиласи эди. Шу боис ҳам улуғ Навоий: “Эй ишқ, ғариб кимиёсен, Бал ойинаи жаҳоннамосен”, – деб битгандир. Бундан чиқадики, сўз билан иш кўрувчилар аслида сўзшунос эмас, ишқшунос – сабабдан мусабибни изловчилар экан. Шу боис ҳам сўзшунослик қисмати ҳаммага насиб этмайди. Худои таоло СЎЗ қиймати, залворини англаган, шу юкни кўтара оладиган, унга муносиб бўлганларгагина бу тақдирни раво кўради ва тақдир эгасини СЎЗ шарофати сабаб шарафга ноил этади.

Адабий меросимизнинг зукко билимдони филология фанлари доктори Иброҳим Ҳаққул ҳам Сўз зарофати, Сўз латофатидан баҳра топган ва шу баҳрамандликни адабиёт мухлисларига етказган ҳассос олимларимиздан эди.  Устоз Яссавий ҳазратлари таъбири билан айтганда, ёстуғини тошдан яратган чин олим эди. У миллат маънавияти, шахс камоли, ахлоқ ҳурлиги, фикр эркинлиги йўлида умрини сарфлаган, ўзининг ҳар бир тадқиқоти, олиб борган изланишлари, мақола ва китоблари билан ўзбек адабиётшунослигининг, айниқса, тасаввуф шеърияти, Алишер Навоий ижодий оламининг илмий-назарий муаммоларини ҳал қилишга муносиб ҳисса қўшган, ижодкор шахсияти ва бадиий маҳорати хусусида янгича сўз айта олган адабиётшунослигимиз дарғаларидан эди. 

Устознинг адабиётшуносликда ўз тадқиқ усули, сўзга муносабати, масалага ёндашиш тарзи, муносабати бор эди. Иброҳим Ҳаққул қайси мавзуда  ёзса ҳам ўзгача завқ ва илҳом билан ёзишини барча эътироф этади. Домланинг мақолаю китоблари илмдан маърифат, маърифатдан мушоҳада пайдо бўлишинининг жонли далили. Устознинг барча китобларидан саралаб олиниб 3 та китоб ҳолида нашр этилган “Мушоҳада ёғдуси”даги фикрларнинг ўзиёқ Иброҳим Ҳаққул дунёқараши, тафаккур ва қалб олами нақадар кенглигини кўрсатади. Агар мазкур китоблардаги фикрлар адабиёт, дин, санъат, тарих, миллат, жамият, ишқ, ирфон, илм, маърифат каби мавзуларга ажратиб, изчиллик билан ўрганилса, устоз ижодининг қамрови яна ҳам улканлашади, Иброҳим Ҳаққул китобларидаги жозиб бир руҳ, уйғоқлик, огоҳликка чорловчи овоз, Устоз шахсиятидаги жасорат, ҳақпарастлик куртакларининг етилиш омиллари ойдинлашади. Жумладан, Устоз мақолаларида турли мавзу доирасида билдириб ўтилган Тил, Сўз ҳақидаги фикрлар бир жойда жамланса, тизимга солинса, муаллифнинг ижод қонуниятига оид илмий-назарий қарашлари, амалий тавсиялари, шунингдек, поэтик матнни тадқиқ этиш, ижодкорни баҳолаш тамойил ва мезонлари аёнлашади.

Биламизки, Устоз Иброҳим Ҳаққул илмий меросининг энг катта қисми мутафаккир шоир Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди тадқиқига бағишланган. Устоз улуғ шоир ижодий оламини ёритишда, аввало, ижодкорнинг жонкуяр тил муҳофизи бўлгани, дақиқ ва нозик сўз асрори соҳиби эканига эътибор қилган. Устознинг беш китобдан иборат “Навоийга қайтиш”дек улкан тадқиқоти ҳам асли Алишер Навоийнинг сўз водийлариаро чамандек сочилган маъни дурларини излаш, топиш, ўрганиш, текширишдан юзага келган. Айтиш мумкинки, Навоий сўзига мусоҳибликдан Устоз қадр топди, навоийшуносликда пешқадам бўлди. Устоз ёзади: “Тил, энг аввало, руҳий ҳодиса. Руҳ эса илоҳийдир. Тилнинг руҳи ва илоҳий сир-асрорини билмаган одам унинг гўзаллигини ҳам, қайтарилмас жозибасини ҳам ҳис қилолмайди. Алишер Навоий шундай беназир санъаткорки, унинг нафаси ҳар бир сўз, ҳар қандай маънога жон бағишлайди. Навоийнинг қайси бир шеъри ёки байтини ўқиманг, дунёдаги жамики ўтли оҳанг, ёрқин ранг, бир-биридан теран фикр ва янги тасвир бу –  биринчи навбатда, тил имтиёзи, тил саховати, тил имконияти эканига ишончингиз кучайиб бораверади. Ижодкор қалбан, маънан, руҳан, ўзининг жонажон она тилига чуқур боғланганда, унинг маънавий ҳаётида на сўниклик, на якранглик на-да маҳдудлик бўлмаслигига иқрор бўласиз. Навоий “туркий тилнинг соҳибқирони, Исойи Масиҳи” деган таърифларда, бизнингча, муболаға йўқ”  (“Мушоҳада ёғдуси”. 2-китоб / Нашрга тайёрловчилар З.Раҳмонова, С.Ўтанова. –Тошкент: Тафаккур, 2019.  54-бет.  Барча иқтибослар шу китобдан олинди).

Бу фикрлар Алишер Навоий ижодини ўрганаётган тадқиқотчиларга улуғ шоир асарларининг абадияти сири, Навоийнинг “Черик чекмай Хитодан то Хуросон”ни забт этиш сабаблари, биринчи галда, мутафаккирнинг ўз сўзлари ва унинг маъно-мазмунига диққат қилиш, мушоҳада этиш орқали аниқланади, деган хулосани сингдиради.  Негаки, Устоз ёзганидек: “Сўз – шеъриятнинг биринчи ва асосий унсури бўлиб, фикру ҳислар сўз орқали шакл топади. Таъсир ва тарбия қуроли ҳам сўздир. Шу боис сўзнинг ҳаётбахш қудрати доим юқори баҳоланган”. Сўз ижодкорнинг диди, услуби ва маҳоратини шакллантиришда асосий ўрин тутиши аён ҳодиса, лекин бунга эришиш йўли қандай? Бунга шунчаки сўз эмас, балки жонли сўз ахтариш, топиш орқали эришилади. Устоз таъкидича, “Кучли фикр жонли сўз ахтаришни талаб қилади. Кўзланган сўзга эришиш йўли машаққатли йўл”. Устознинг ўзи бу қоидага тўла амал қилган, сўз машаққатидан ҳеч толмаган, чекинмаган, билъакс, сўз меҳнатида тобланиб, сўз фазосига кўтарила олган. Устоз ўз шогирдларига сўзнинг овозини эшитиш, ранги, ҳолатини билиш, таъми ва мазасини ҳис қилиш, қон томирини топа билиш кераклиги таъкидларди. Қоғозга тушган сўзнинг нафаси ўқувчига етиб бориши учун, аввало, ёзувчининг ўзи шу ҳисни туйиши лозим, деб ўргатарди. “Сўздан, яъни сўз изидан маънига томон сайрни ўрганган киши сўз ҳолати, сўз тақдири ва тарихини ҳам бемалол билади. Худди тирик мавжудотга ўхшаб сўз ва калималар ҳам туғилади, яшайди: баъзи бирлари узоқ умр кечирса, айримларининг умри қисқароқ бўлади. Вақт ва замон ўтиши билан сўзларнинг оҳанги, маъно ва шаклларида ҳам ўзгаришлар бўлиши ёки янги мазмун, ўзгача бир завқ билан бойиши уларнинг жонли мавжудлик эканидан дарак беради”. Ҳа, устоз Иброҳим Ҳаққул бизга сўз билан сирлашишни ижоднинг (илмий ижод, ё бадиий ижод бўлишидан қатъи назар) биринчи шарти деб сабоқ берарди. Сўз услубни, маҳоратни, ўзингни топишингга восита экан, шакл эмас, маънисига боқ, деб уқтирарди. “Сўз ва мазмун оловланганда шеър бир мўъжизага айланади. Хусусан, шеър таркибидаги ҳар бир сўз ўз-ўзича янги муносабат, янги таассуротларни юзага чиқаради. Чунки сўз йўли энг дақиқ энг равон бир йўлдир. Бу йўл одатда маъно ва моҳият бўстонларига қараб узаяди. Буни ҳамма ҳам англайвермайди”, – дерди. Устознинг шоирлар маҳорати, истеъдодини баҳолаши ҳам ижодкорнинг жонли сўзга муносабатига эътибор  қаратиш асосида бўларди: “Шундай шоирлар борки, Сўз уларнинг асарларида тириклигини тасдиқлолмайди” дея ижодкорнинг  ўртамиёналигининг бош омили сўзга эътибори сустлиги, сўз устида ишламаслигидан, деб танқид қиларди.

Устоз учун сўз шунчаки “тил безаги эмас, дил ҳақиқати, виждон овози ва фикр яроғи” эди. Иброҳим Ҳаққулни “салладор сўзлар, доно фикрлар эмас, холислик ҳоли, мухлис калимасининг риёдан холи, самимий деган маъноси қизиқтирган”.  

Умуман, “Мушоҳада ёғдуси”даги бу каби мулоҳазаларни бир мавзу доирасида ўқиб чиқсангиз, китоб сўзбошисида ёзилганидек, ўзингизни улуғ Устоз Иброҳим Ҳаққул билан ҳамсуҳбат, ҳамсафар ҳис этасиз. Умрини бадиий адабиёт – том маънодаги СЎЗ тадқиқига бағишлаган олимнинг қалбидан тўкилган ёғдудан кўнглингиз ёришади. Устознинг шу вақтга қадар ниманики топган бўлса Сўздан топгани, нимагаки эришган бўлса Сўз туфайли эришгани, оламни унутар даражада СЎЗ – ИШҚ – АДАБИЁТ оламига ошно бўлганини ҳис этасиз. Мушоҳадалар сизга дардни ҳам, ташвишу қувончни ҳам сўз билан енгган, соғинчни ҳам кўз ёшни ҳам сўзга яширган, орзу ва ниятини ҳам сўзда ифода этган, ёлғизлик изтироби, ўлим қўрқуви, абадият саодатини сўздан ахтарган ва сўздан англаган Иброҳим Ҳаққул сиймосини гавдалантиради.

Сўз ичра ўзлигини излаган, шогирд, мухлислари қалбига жонли Сўз уруғини эккан, Сўзлари билан абадиятга кўчган Устозимизнинг охиратлари обод бўлсин!

28 mart — Taniqli navoiyshunos olim, zukko munaqqid Ibrohim Haqqul (1949-2022) tavalludining 75 yilligi.

Ustoz uchun so‘z, shunchaki til bezagi emas, dil haqiqati, vijdon ovozi va fikr yarog‘i edi. Ibrohim Haqqulni sallador so‘zlar, dono fikrlar emas, xolislik holi, muxlis kalimasining riyodan xoli, samimiy degan ma’nosi qiziqtirgan.

“MUSHOHADA YOG‘DUSI”DAGI SO‘Z YOG‘DULARI
Nasiba Bozorova
filologiya fanlari nomzodi


Sen sari kelganda so‘z mavji latif,
Anglagaysenkim, o‘shal dengiz sharif.

Jaloliddin Rumiy

Olamning ilk yaratig‘i – SO‘Z. Aslida so‘z bir vosita, mohiyat esa ISHQ edi. Haq taolo ishqi Muhammadiya sabab olamlarni bor etdi. “Kun” ila bunyod bo‘lgan Arzu-samo, Toqu Kursi, Lavhul Mahfuz – bari Buyuk ISHQning hosilasi edi. Shu bois ham ulug‘ Navoiy: “Ey ishq, g‘arib kimiyosen, Bal oyinai jahonnamosen”, – deb bitgandir. Bundan chiqadiki, so‘z bilan ish ko‘ruvchilar aslida so‘zshunos emas, ishqshunos – sababdan musabibni izlovchilar ekan. Shu bois ham so‘zshunoslik qismati hammaga nasib etmaydi. Xudoi taolo SO‘Z qiymati, zalvorini anglagan, shu yukni ko‘tara oladigan, unga munosib bo‘lganlargagina bu taqdirni ravo ko‘radi va taqdir egasini SO‘Z sharofati sabab sharafga noil etadi.

Adabiy merosimizning zukko bilimdoni filologiya fanlari doktori Ibrohim Haqqul ham So‘z zarofati, So‘z latofatidan bahra topgan va shu bahramandlikni adabiyot muxlislariga yetkazgan hassos olimlarimizdan edi. Ustoz Yassaviy hazratlari ta’biri bilan aytganda, yostug‘ini toshdan yaratgan chin olim edi. U millat ma’naviyati, shaxs kamoli, axloq hurligi, fikr erkinligi yo‘lida umrini sarflagan, o‘zining har bir tadqiqoti, olib borgan izlanishlari, maqola va kitoblari bilan o‘zbek adabiyotshunosligining, ayniqsa, tasavvuf she’riyati, Alisher Navoiy ijodiy olamining ilmiy-nazariy muammolarini hal qilishga munosib hissa qo‘shgan, ijodkor shaxsiyati va badiiy mahorati xususida yangicha so‘z ayta olgan adabiyotshunosligimiz darg‘alaridan edi.

Ustozning adabiyotshunoslikda o‘z tadqiq usuli, so‘zga munosabati, masalaga yondashish tarzi, munosabati bor edi. Ibrohim Haqqul qaysi mavzuda yozsa ham o‘zgacha zavq va ilhom bilan yozishini barcha e’tirof etadi. Domlaning maqolayu kitoblari ilmdan ma’rifat, ma’rifatdan mushohada paydo bo‘lishinining jonli dalili. Ustozning barcha kitoblaridan saralab olinib 3 ta kitob holida nashr etilgan “Mushohada yog‘dusi”dagi fikrlarning o‘ziyoq Ibrohim Haqqul dunyoqarashi, tafakkur va qalb olami naqadar kengligini ko‘rsatadi. Agar mazkur kitoblardagi fikrlar adabiyot, din, san’at, tarix, millat, jamiyat, ishq, irfon, ilm, ma’rifat kabi mavzularga ajratib, izchillik bilan o‘rganilsa, ustoz ijodining qamrovi yana ham ulkanlashadi, Ibrohim Haqqul kitoblaridagi jozib bir ruh, uyg‘oqlik, ogohlikka chorlovchi ovoz, Ustoz shaxsiyatidagi jasorat, haqparastlik kurtaklarining yetilish omillari oydinlashadi. Jumladan, Ustoz maqolalarida turli mavzu doirasida bildirib o‘tilgan Til, So‘z haqidagi fikrlar bir joyda jamlansa, tizimga solinsa, muallifning ijod qonuniyatiga oid ilmiy-nazariy qarashlari, amaliy tavsiyalari, shuningdek, poetik matnni tadqiq etish, ijodkorni baholash tamoyil va mezonlari ayonlashadi.

Bilamizki, Ustoz Ibrohim Haqqul ilmiy merosining eng katta qismi mutafakkir shoir Alisher Navoiy hayoti va ijodi tadqiqiga bag‘ishlangan. Ustoz ulug‘ shoir ijodiy olamini yoritishda, avvalo, ijodkorning jonkuyar til muhofizi bo‘lgani, daqiq va nozik so‘z asrori sohibi ekaniga e’tibor qilgan. Ustozning besh kitobdan iborat “Navoiyga qaytish”dek ulkan tadqiqoti ham asli Alisher Navoiyning so‘z vodiylariaro chamandek sochilgan ma’ni durlarini izlash, topish, o‘rganish, tekshirishdan yuzaga kelgan. Aytish mumkinki, Navoiy so‘ziga musohiblikdan Ustoz qadr topdi, navoiyshunoslikda peshqadam bo‘ldi. Ustoz yozadi: “Til, eng avvalo, ruhiy hodisa. Ruh esa ilohiydir. Tilning ruhi va ilohiy sir-asrorini bilmagan odam uning go‘zalligini ham, qaytarilmas jozibasini ham his qilolmaydi. Alisher Navoiy shunday benazir san’atkorki, uning nafasi har bir so‘z, har qanday ma’noga jon bag‘ishlaydi. Navoiyning qaysi bir she’ri yoki baytini o‘qimang, dunyodagi jamiki o‘tli ohang, yorqin rang, bir-biridan teran fikr va yangi tasvir bu – birinchi navbatda, til imtiyozi, til saxovati, til imkoniyati ekaniga ishonchingiz kuchayib boraveradi. Ijodkor qalban, ma’nan, ruhan, o‘zining jonajon ona tiliga chuqur bog‘langanda, uning ma’naviy hayotida na so‘niklik, na yakranglik na-da mahdudlik bo‘lmasligiga iqror bo‘lasiz. Navoiy “turkiy tilning sohibqironi, Isoyi Masihi” degan ta’riflarda, bizningcha, mubolag‘a yo‘q” (“Mushohada yog‘dusi”. 2-kitob / Nashrga tayyorlovchilar Z.Rahmonova, S.O‘tanova. –Toshkent: Tafakkur, 2019. 54-bet. Barcha iqtiboslar shu kitobdan olindi).

Bu fikrlar Alisher Navoiy ijodini o‘rganayotgan tadqiqotchilarga ulug‘ shoir asarlarining abadiyati siri, Navoiyning “Cherik chekmay Xitodan to Xuroson”ni zabt etish sabablari, birinchi galda, mutafakkirning o‘z so‘zlari va uning ma’no-mazmuniga diqqat qilish, mushohada etish orqali aniqlanadi, degan xulosani singdiradi. Negaki, Ustoz yozganidek: “So‘z – she’riyatning birinchi va asosiy unsuri bo‘lib, fikru hislar so‘z orqali shakl topadi. Ta’sir va tarbiya quroli ham so‘zdir. Shu bois so‘zning hayotbaxsh qudrati doim yuqori baholangan”. So‘z ijodkorning didi, uslubi va mahoratini shakllantirishda asosiy o‘rin tutishi ayon hodisa, lekin bunga erishish yo‘li qanday? Bunga shunchaki so‘z emas, balki jonli so‘z axtarish, topish orqali erishiladi. Ustoz ta’kidicha, “Kuchli fikr jonli so‘z axtarishni talab qiladi. Ko‘zlangan so‘zga erishish yo‘li mashaqqatli yo‘l”. Ustozning o‘zi bu qoidaga to‘la amal qilgan, so‘z mashaqqatidan hech tolmagan, chekinmagan, bil’aks, so‘z mehnatida toblanib, so‘z fazosiga ko‘tarila olgan. Ustoz o‘z shogirdlariga so‘zning ovozini eshitish, rangi, holatini bilish, ta’mi va mazasini his qilish, qon tomirini topa bilish kerakligi ta’kidlardi. Qog‘ozga tushgan so‘zning nafasi o‘quvchiga yetib borishi uchun, avvalo, yozuvchining o‘zi shu hisni tuyishi lozim, deb o‘rgatardi. “So‘zdan, ya’ni so‘z izidan ma’niga tomon sayrni o‘rgangan kishi so‘z holati, so‘z taqdiri va tarixini ham bemalol biladi. Xuddi tirik mavjudotga o‘xshab so‘z va kalimalar ham tug‘iladi, yashaydi: ba’zi birlari uzoq umr kechirsa, ayrimlarining umri qisqaroq bo‘ladi. Vaqt va zamon o‘tishi bilan so‘zlarning ohangi, ma’no va shakllarida ham o‘zgarishlar bo‘lishi yoki yangi mazmun, o‘zgacha bir zavq bilan boyishi ularning jonli mavjudlik ekanidan darak beradi”. Ha, ustoz Ibrohim Haqqul bizga so‘z bilan sirlashishni ijodning (ilmiy ijod, yo badiiy ijod bo‘lishidan qat’i nazar) birinchi sharti deb saboq berardi. So‘z uslubni, mahoratni, o‘zingni topishingga vosita ekan, shakl emas, ma’nisiga boq, deb uqtirardi. “So‘z va mazmun olovlanganda she’r bir mo‘jizaga aylanadi. Xususan, she’r tarkibidagi har bir so‘z o‘z-o‘zicha yangi munosabat, yangi taassurotlarni yuzaga chiqaradi. Chunki so‘z yo‘li eng daqiq eng ravon bir yo‘ldir. Bu yo‘l odatda ma’no va mohiyat bo‘stonlariga qarab uzayadi. Buni hamma ham anglayvermaydi”, – derdi. Ustozning shoirlar mahorati, iste’dodini baholashi ham ijodkorning jonli so‘zga munosabatiga e’tibor qaratish asosida bo‘lardi: “Shunday shoirlar borki, So‘z ularning asarlarida tirikligini tasdiqlolmaydi” deya ijodkorning o‘rtamiyonaligining bosh omili so‘zga e’tibori sustligi, so‘z ustida ishlamasligidan, deb tanqid qilardi.

Ustoz uchun so‘z shunchaki “til bezagi emas, dil haqiqati, vijdon ovozi va fikr yarog‘i” edi. Ibrohim Haqqulni “sallador so‘zlar, dono fikrlar emas, xolislik holi, muxlis kalimasining riyodan xoli, samimiy degan ma’nosi qiziqtirgan”.

Umuman, “Mushohada yog‘dusi”dagi bu kabi mulohazalarni bir mavzu doirasida o‘qib chiqsangiz, kitob so‘zboshisida yozilganidek, o‘zingizni ulug‘ Ustoz Ibrohim Haqqul bilan hamsuhbat, hamsafar his etasiz. Umrini badiiy adabiyot – tom ma’nodagi SO‘Z tadqiqiga bag‘ishlagan olimning qalbidan to‘kilgan yog‘dudan ko‘nglingiz yorishadi. Ustozning shu vaqtga qadar nimaniki topgan bo‘lsa So‘zdan topgani, nimagaki erishgan bo‘lsa So‘z tufayli erishgani, olamni unutar darajada SO‘Z – ISHQ – ADABIYOT olamiga oshno bo‘lganini his etasiz. Mushohadalar sizga dardni ham, tashvishu quvonchni ham so‘z bilan yenggan, sog‘inchni ham ko‘z yoshni ham so‘zga yashirgan, orzu va niyatini ham so‘zda ifoda etgan, yolg‘izlik iztirobi, o‘lim qo‘rquvi, abadiyat saodatini so‘zdan axtargan va so‘zdan anglagan Ibrohim Haqqul siymosini gavdalantiradi.

So‘z ichra o‘zligini izlagan, shogird, muxlislari qalbiga jonli So‘z urug‘ini ekkan, So‘zlari bilan abadiyatga ko‘chgan Ustozimizning oxiratlari obod bo‘lsin!

075

(Tashriflar: umumiy 97, bugungi 1)

Izoh qoldiring