Jo’ra Fozil. Boyqo’ng’ir lolalari & Nargiza Asadova. Dilga yorug’lik eltgan asar

03   1968 йил. Кеч куз тунларининг бирида Бухородан жўнаган поезд икки кеча-кундуз йўл босиб, қош қорайганда чўл бағридаги Тўра Том бекатига етиб келди. Бизни кузатиб келган сержантнинг айтишича, бекат аскарлар тилида Тўра Том эмас, турма том деб аталармиш. Бу сўзлар ҳарбий хизмат иштиёқи билан лиммо-лим юракларимизга қаттиқ ботган бўлса-да, кейинчалик сержантнинг эътирофи рост эканлигига имон келтирдик…

Жўра ФОЗИЛ
БОЙҚЎНҒИР ЛОЛАЛАРИ
Қисса
028

Жўра Фозил 1949 йилда Бухоро вилояти Ромитан туманида туғилган. Тошкент давлат университети журналистика факултетини тугатган. “Муҳаббатнинг байрамлари” (1991), “Барқут мавсум” (1992), “Бухоройи шариф элчилари” (1996), “Бахт юлдузи” (1997), “Менинг қизил гулим” (1998), “Болаликнинг ёлғиз ёдгори” (2002), “Бухорийнинг қайтиб келиши” (2004), “Айрилиқ остонаси” (2005), “Тирамоҳ армонлари” (2009), “Биз лола термаган баҳор” (2010) каби ҳикоя, қисса, романлари жамланган китоблари нашрдан чиққан.

Ухла аскар, ухла бепарво,
Тушларингга кирсин Бухоро…
Бухоролик аскарлар хиргойисидан

I. ПОЛВОН

1968 йил. Кеч куз тунларининг бирида Бухородан жўнаган поезд икки кеча-кундуз йўл босиб, қош қорайганда чўл бағридаги Тўра Том бекатига етиб келди. Бизни кузатиб келган сержантнинг айтишича, бекат аскарлар тилида Тўра Том эмас, турма том деб аталармиш. Бу сўзлар ҳарбий хизмат иштиёқи билан лиммо-лим юракларимизга қаттиқ ботган бўлса-да, кейинчалик сержантнинг эътирофи рост эканлигига имон келтирдик. Лекин ҳозирча ўн беш-йигирма чоғли пахса уй ва бекат биносидан иборат бу гадойтопмас гўша номи тилларда достон бўлган Бойқўнғир космодромининг дарвозаси эканини билмасдик. Бу ерлар фақат марказий матбуотда Бойқўнғир деб аталар, тўрт томон, минглаб чақирим масофада ракеталару ҳарбийлардан бўлак ҳеч зоғ йўқ, фазогирларнинг мўъжазгина шаҳарчаси Тўра Томдан икки-уч чақирим нарида, Сирдарё соҳилида жойлашган, аскарлар уни соддагина қилиб “10-майдонча” дейишарди. Лекин майдончаларни том маънода тушуниш керак эмас. Бу манзилларда қитъалараро ядро ракеталари учириладиган ер ости шахталари, космик кемалар парвоз этадиган ер усти майдончалари яқинида аскарлар яшаши, хизмат қилиши ва дам олиши учун озми-кўпми шароитлар бор эди.
10-майдонча Бойқўнғирнинг юраги эмас, бу ерда космодром оқсуяклари яшашар, асосий қора меҳнат аскарлар гарданида, улар эса юзлаб чақирим қум ичкарисида хизмат қилишга маҳкум эдилар. Бу майдончадаги аскарлар раҳбарият, айрим ўта махфий бўлимлар, алоқа хизматида эдилар. Яна бу ерда кичик командирлар тайёрлаш мактаби, бир неча қурилиш ва автомобиль батальонлари бор эди. Эҳтимол, яна аллакимлар, алланарсалар бўлгандир. Уларни айтмаганим учун шаҳар солномачилари мени кечиришар. Ўшанда мен – ўн тўққиз яшар аскарнинг билганим шу эди. Бундан кўпроқ билган, билмоқчи бўлган аскарлар билан махсус бўлим шуғулланарди.
Хуллас, умумий ҳарбий мажбурият ҳамда тақдир тақозоси билан ўша тунда мен ва бир гуруҳ ҳамшаҳарларим усти ёпиқ машиналарда қарийб юз чақирим йўл босиб, 95-майдончага етиб келдик. Биз учун тайёрлаб қўйилган аскарий таомларни нари-бери еб, казармага жойлашгач, донг қотиб қолдик.
Эрталаб қисмимиз қип-қизил чўлда жойлашгани маълум бўлди, бу руҳимизни тушириб юборди. Улкан шаҳарлар, ям-яшил ўрмонлар, мовий кўз маҳбубалар тўғрисидаги орзулар бир зумда чиппакка чиқди. Биз – урушдан кейин туғилган авлод, қишлоқларда “уруш-уруш” ўйнаб катта бўлгандик, ҳарбий хизматга жон-жаҳдимиз билан ошиқардик. Бу – хаёлимизда аллақандай улуғвор ғоялар, улкан ишлар билан йўғрилганди. Бу ерда аскарлар жанговар навбатчиликда турган, қачон, қаерда портлаши номаълум бўлган қитъалараро ядро ракеталарига хизмат қилишар, уларни қўриқлашар, янги-янги шахталар барпо этишаркан. Бу ҳеч қандай жасорат талаб қилмайдиган, зерикарли ишдай туюлди бизга ва қалбларимизни беадад бир дард, ўз-ўзимиздан қониқмаслик ҳисси чулғаб олди. Бахтимизга командирларимиз, сиёсий ходимларнинг аксарияти ўз ишини пухта билган, зукко одамлар экан. Улар бутун инсоният тақдири шу яйдоқ чўлнинг ҳар ер-ҳар ерида, барханлар сийнасига яширинган ракеталарга тўғридан-тўғри боғлиқ эканига бизни ишонтирдилар.
Чўлнинг ҳудудсиз кенгликларида изғирин шамоллар эсар, кўк юзини қоп-қора булутлар қоплаган, қовжироқ янтоқ ва явшанлар беҳол тебранишар, бу манзара юракка ҳазин туйғулар олиб кирар, ер-кўкдан соғинч, андуҳ ҳислари ёғиларди гўё.
…Кечга томон бошланган совуқ ёмғир борган сари кучаярди. Дераза ойнасига шитирлаб урилаётган томчилар товушига қулоқ тутганча ухлаб қолган эканман, бир маҳал гулдуракдек товушдан уйғониб кетдим.
– Р-р-о-о-т-т-а-а, подъём!
– Тревога!
Бир зумда рота оёққа қалқди. Олатасир бошланди, тез кийиниб, сафга турдик. Бир ҳафта мобайнида тез ечиниб-кийинишнинг машқини олганимиз қўл келди. Соат миллари тунги учни кўрсатиб турар, кун бўйи ер тепиб чарчаган оёқларим ловуллар, уйқуга тўймаган кўзларимни зўрға очардим.
– Ўҳ, отасининг гўрига! – норози тўнғиллади ҳамюртим Самад этигининг бир пойини ушлаганча сафга келиб қўшилар экан. – Шундай ажойиб тушнинг белига тепди-да, кошки эди, давомини кўришнинг иложи бўлса… – У ҳамон этигидан қўлини олмас, афтидан, пайтавасини яхши ўрай олмаганди. Рота командирининг жарангдор товуши янгради:
– Р-р-о-о-т-т-а-а-а, смирно! Командамни эшит! Бугун тунда қаттиқ ёмғир 90-учиш майдончасига ракета олиб борадиган темир изнинг анчагина қисмини ювиб кетибди. Темир йўлнинг бузилган қисмини тонггача тиклашимиз шарт. Бу – жанговар топшириқ. Эрталаб шу издан ракета учиш майдончасига ўтказилиши керак. Взвод-взвод бўлиб, машиналарга чиқилсин!
Борган сари кучаяётган ёмғир остида югуриб, бир маромда гуриллаб турган усти ёпиқ баҳайбат машиналарга чиқдик ва зим-зиё, кимсасиз чўлда чамаси ярим соатча йўл босганимиздан сўнг, кучли прожекторлар билан ёритилган ялангликка етиб келдик.
Қисм командири, штаб бошлиғи ва яна шунга ўхшаш катта-кичик бошлиқлар гуриллаб ёнаётган гулханлар ёнида шалаббо кийимларини бироз қуритган бўлиб, алланималар тўғрисида баҳслашишар, чеҳралари серташвиш, тунд эди.
Ёмғир пўлат излар остидаги кўтармани ювиб кетган, биздан олдинроқ етиб келган аскарлар машиналар тўхтовсиз ташиб турган майда тош, шағал билан шу ерни мустаҳкамлашарди. Биз ҳам тайёрлаб қўйилган белкурак, мисранг, чўкичларни олиб, ишга киришиб кетдик. Кўп ўтмай, совуқ ёмғир суяк-суягимизгача ўтиб, ҳатто пайтаваларимиз ҳам шалаббо бўлди.
Навбатма-навбат кийимларимизни қуритиб, яна қўлга белкурак олардик. Шу тахлит тонггача ишладик. Ёмғир эса тинай демасди. Умрида бунақа оғир ишни кўрмаган менга ўхшаганларнинг бўладигани бўлди, қўлларимиз шишиб, қонга беланди.
– Биз мардикорликка эмас, аскарликка келганмиз-ку, ахир, – йиғламсираб қўлларига “куҳ-куҳ”ларди малла, нимжон ҳамюртимиз Усмон.
– Ҳе, содда, аскар мардикор эмас деб сенга ким айтди? – деди кийимларини қуритаётган Ризо.
У биздан бир-икки ёш катта, унча-мунча ҳаётий тажрибаси бор эди, чамаси. Суҳбатни жимгина эшитиб турган штаб бошлиғи гапга аралашди:
– Лочинлар, кўникаверасизлар энди. Яна шуни қулоқларингга қуйиб олингки, билмасангиз ўргатамиз, истамасангиз мажбур қиламиз.
Биз жимиб қолдик. Кўзлари ўйнаб турувчи, қаримсиқ штаб бошлиғини бир ҳафтадаёқ ёмон кўриб улгургандик. Кимдир бўралаб, ўзбекча сўкинди. Штаб бошлиғи турган ерида бир сапчиди, кўзларини ола-кула қилиб ўшқирди:
– Но, но, полегче! Сўкинишни кўрсатиб қўяман, сен босмачиларга, – у ўзбекчани сал-пал тушунарди, афтидан. Яхшиям, ким сўкинганини билолмай қолди. Акс ҳолда, жазолаши турган гап эди.
Бу орада улкан идишларда биз учун нонушта олиб келишди. Иссиққина бўтқани совуқ ёмғирга қўшиб, паққос туширгач, бироз жонимиз кириб қолди. Энди штаб бошлиғи ҳам кўзимизга унчалик ёмон кўринмасди. У ҳам шаштидан тушиб, нари кетди.

* * *

Штаб бошлиғи ҳақ бўлиб чиқди. Ташвиш-азобларимиз кун сайин ошаверди, уйни соғинишга, ғусса чекишга ҳам вақт тополмай қолдик. Взвод командирининг ўринбосари, ғарбий украиналик сержант Харитонов бизга шунча кўп машқ бажартирар эдики, кечки овқатга ҳам ҳолимиз бўлмай, сулайиб қолардик. У золим эса, тунги йўқламадан сўнг ҳам бизни ухлагани қўймай, кийиниш-ечинишга, “Қизил бурчак”нинг полини тиш чўткаси билан совунлаб ювишга мажбур этар ва бундан лаззатланарди, чамаси.
Пичоқ суякка бориб тақалгач, ундан қасд олиш режасини туздик. Аввалига, ўзимизнинг йигитлар навбатчи бўлган тунда сержант Харитоновнинг яп-янги этиги ҳожатхонага элтиб ташланди. Золим сержант эрталаб сафга кечикиб, шарманда бўлди, взвод командирларидан танбеҳ эшитди. Лекин унинг зулми баттар кучайди. Шунда биз бир қучоқ шишапахта топиб, кечалари ухламай чиқсин деб, сержантнинг кўрпа-тўшагига жойлаб ташладик. У эса қутуриб кетиб, бизни қайта-қайта навбатдан ташқари хизматларга жўнатаверди.
Бу орада қиш келиб, шундай қаттиқ совуқ бўлдики, кўчага чиққанимизда пахтали шим, пийма кийиб, юз-кўзимизни сочиқ билан танғиб боғладик. Ётоғимиздаги иситиш қувурлари ёрилиб кетди. Шу совуқдаям Харитонов бизни аямас, картошка тозалаш, ўтин арралашга навбатдан ташқари юбораверарди. Картошка тозалаётганда бармоқларимиз игна санчгандек жизиллар, ўтин арралаганда киприкларимиз қисир-қисир музга айланарди.
Агар бахтли бир тасодиф бўлмаганда, муттаҳам Харитонов бизни қачонгача қийнарди, билмадим.
Янги йил арафасида қисмда эркин кураш бўйича мусобақа ўтказиладиган бўлди. Ҳаммага рақиб топилди-ю, “Мен эркин кураш бўйича Ғарбий Украина чемпиониман” дея керилиб юрган Харитонов билан майдонга тушадиган одам топилмади. Харитоновнинг гавдаси ҳўкиздай, вазниям шунга яраша – унинг оғирлигига тенг рақиб йўқ эди. Маслаҳатлаша бошладик. Лекин орамизда Харитоновни енга оладиган киши борлигига кўзимиз етмасди. Ризо чидаб туролмади:
– Майли, мен чиқаман. Лекин ўзимниям, сизларниям шарманда қилмасам, гўрга эди.
Ризо рост гапирарди. У Харитоновни енгиши даргумон. Рози бўлмадик. Финал олишуви бошланишига эса саноқли дақиқалар қолганди.
– Йигитлар, – деди бир чеккада жимгина ўтирган Тоҳир. – Харитонов билан мана, мен олишаман!
Ҳаммамиз анграйиб қолдик. Чунки бутун умри чўлда кечган бу чўпон йигит Харитоновнинг тенг ярмидан келарди.
– Девона бўлдингми? – қичқирдик баравар. – У сени бир силтаса, суяк­ларингни йиғиб ололмай қоласан-ку!
– Йўқ, жўралар, – мийиғида кулди Тоҳир. – Йигит кишига ўлиш бор, қайтиш йўқ! У қачонгача бизни қийнайди?!
Тоҳир бир сўзли экан, уни ниятидан қайтариб бўлмади ва ҳар икки рақиб майдонга тушдилар. Юрагимиз увушиб, Тоҳирдан кўз узмасдик.
Харитонов мийиғида кулганича, нописандлик билан даврани бир-икки айланди ва зил-замбил қўлини Тоҳирнинг елкасига ташлади. Ташлагани ҳамоно, “Ё, Али!” деган кучли бир ҳайқириқ зални ларзага солди, Тоҳир рақибини елкасидан ошириб, ерга чунонам кўтариб урдики, Харитонов бир неча сония қимирламай ётди. Қарсак, ҳуштакбозлик бўлиб кетди. Командирлар жазавага тушиб бақиришарди:
– Браво, Юсупов! Молодец, джигит!
Шарманда бўлиб гиламда ётган Харитонов билан ҳеч кимнинг иши йўқ, Тоҳир қисмнинг, биз учун эса, Ўзбекистоннинг мутлақ чемпиони бўлган эди.
Ташқарида майин қор учқунлаган шу қаҳратон тунда биз Тоҳирни қайта-қайта қучиб, ўпдик ва бахтдан сархуш бўлиб, донг қотиб ухладик. Энди сержант Харитонов бизни камситолмаслигига ишончимиз комил эди.

II. ҚАҲРАТОН

Бойқўнғирнинг ўзига хос шеваси, луғати бор эди. “Стакан” – қитъалараро ядро ракетаси турадиган ерости шахтаси, “старт” – космик ракеталар учириладиган майдонча, “режим хизмати” – ракета учирилиши арафасида, қирқ беш даражали совуққа қарамай, хизматдан бўш аскарларни, бутун гарнизонни ўн-ўн беш чақирим чўл ичкарисига ҳайдаб кетишга бош-қош бўладиган, бадқовоқ полковник Лаухин тасарруфидаги махсус бўлинма, таъбир жоиз бўлса, “жазо отряди”, “Вася” ёки “Василий Михайлович” – уч ойлик улоқчадек мушук. Штаб бошлиғи Василий Михайловични ёмон кўрганимиздан мушукни унинг исми билан атаган бўлсак ҳам, аслида жониворни ҳаммамиз беҳад суярдик. Ошхонадан қайтган бирор киши Василий Михайловични қуруқ қўймас, биров қанд, биров мой, яна биров гўшт билан сийлар, эркатойимиз кун сайин эмас, соат сайин семириб борарди ва миннатдор бўлиб, ётоғимиз навбатчилари олдидан бир қадам нари кетмай, тунни тонгга уларди. Туни билан мижжа қоқмай бир ерда ўтиришга мажбур аскарлар учун Василий Михайлович ажойиб эрмак эди. Лекин бу командирларимизга ёқинқирамасди, ҳарбий низомга хилоф, дея хархаша қилишар, бутун рота Васянинг ёнини олгач, ноилож қолишарди. Менимча, сотқинлик, чақимчилик бўлмаган гўша дунёда йўқ. 95-майдонча ҳам бундан мустасно эмасди. Кимдир штаб бошлиғига 1-ротадаги семириб кетган мушук унинг “шарафига” номланганини шипшитибди.
Василий Михайлович адашига очиқ ҳужум қилмади. Шундай қилса, обрўси тўкилишини яхши биларди. У ротамизда ўтказилган сиёсий машғулотларда бир-икки маротаба иштирок этиб, “Сизларда сиёсий тайёргарлик жуда бўшашиб кетибди”, дея шаъма қилди. Бу шаъма нимага қаратилгани бизга аён, штаб бошлиғи мушукка шу номни ким қўйганини аниқлай олса, “совет офицерини ҳақоратлади” дея ҳарбий трибуналга топширишдан ҳам тоймаслигини яхши билардик. Хайриятки, мушукка бу лақабни ким қўйганини аниқлаб бўлмасди. Лекин штаб бошлиғи кечиримли одамлар тоифасидан эмасди, у биз ва Васядан қандай қасд олишини ўйлаб, ўйимизга етолмасдик.

* * *

Қозоғистоннинг машҳур шамоли кучайгандан-кучаяр, қулоқ, бурун, қўл, оёғини совуққа олдирган аскарлар сони ошиб борар, пахталигу пўстинга ҳар қанча ўралмайлик, бу даҳшатли қаҳратондан омонлик йўқ эди. Ҳатто ошхонада кружкага қуйилган иссиқ чой орадан бир неча дақиқа ўтмай, юпқа муз парчаси билан қопланиб қоларди.
Ана шундай оғир шароитда ҳам Бойқўнғирнинг юраги уриб турар, улкан аслаҳахонага айлантирилган чўлнинг кўз илғамас кенгликларида янгидан-янги ядро ракета комплекслари барпо этиш учун кеча-кундуз кураш кетарди. Марказий газета-журналларда эса, қуролланиш пойгасини тўхтатиш, Совет Иттифоқининг ғоят тинчликсевар сиёсати ҳақида қоп-қоп сафсаталар босилар, сиёсий ходимлар биз билан машғулот ўтказаётганда қуролсизланиш ҳақида гапиришдан чарчамас эдилар. Ҳолбуки, қуролланиш пойгасининг энг олдинги марраси ракета бекитилмаган бирор гўшаси қолмаган ана шу чексиз саҳрода эди. Ҳафта сайин жанговар ва космик ракеталар фазога парвоз этар, ҳар бир парвоздан олдин хавфсизликни таъминлаш учун аскарларни аксарият ҳолларда тунги уйқудан уйғотиб, чўлга олиб чиқишар, шу қаҳратонда режим вақти тугагунча қумликларда дийдираб санқишга мажбур эдик. Ракеталар қулаб тушиши хавфи бўлганидан, режим хизмати қисмларда саноқли соқчилардан бўлак ҳеч кимнинг қолишига рухсат бермас, биз қисмда қолаётган дўстларимиз билан хайрлашаётиб: “Қўрқма, агар ўлиб-нетиб қолсанг, оркестр билан кўмамиз” дердик. Чунки чўлга бутун гарнизон билан кўчиб чиқишлар мутлақо кераксиз, режим хизматидагилар давлатнинг пулини бекорга олиб юришибди, деб ҳисоблардик. Лекин тез орада юз берган воқеалар биз янглишганимизни кўрсатди.
…“Геркулес” типидаги ракетани учиришга қизғин тайёргарлик кетар, айтишларича, бу парвоз космосни ўзлаштиришда инқилоб бўлиши керак эди. Шу боисдан тараддуд ўта махфий тарзда олиб бориларди. Одатда, нав­батдаги ракета қачон парвоз қилишини штабдаги дўстларимиз орқали соат ва дақиқаларигача билардик. “Геркулес” парвози ҳақида эса ҳеч ким, ҳатто командирларимиз ҳам билишмасди. Биз узоқ кутдик, парвоздан эса ҳадеганда дарак бўлавермади. Охири, жонимизга тегиб, эсламай қўйдик. Сирасини айтганда, парвоз бизни қизиқтирмас, балки шу қаҳратонда яна қачон чўлга ҳайдаб чиқаришларини аниқ билиб, шу сарсон-саргардонликка озми-кўпми тайёргарлик кўриб қўймоқчи бўлардик, холос. Тайёргарлик деганим, газниқоб халтасига бир бурда қора нон, икки-учта музлаган пиёз солишдан иборат эди.

* * *

Тун. Зим-зиё тун… Зулмат қаъридан Муаттар чиқиб келаяпти.
– Муаттар, Муаттар… нега хат ёзмайсан? Кутавериб юракларим қон бўлди-ку…
– Қандай ёзаман, қаёққа ёзаман? Манзилингиз аниқ эмас-ку!
– Бойқўнғирга деб ёзавер. Жамол биттаман. Ўзбекистонда сен ҳам биттасан.
– Йўқ, хат ёзмайман, ўзим ёнингизга учиб бораман!
– Уч-и-и-и-б келолмайсан, келма. Қанотларингни совуқ олади. Бу ер жуда совуқ. Ҳамма жой, чўл ҳам, уйлар ҳам, юраклар ҳам совуқ, қаҳратон, муз…
– Мен совуқдан қўрқмайман, Жамол ака. Қиз боланинг қайноқ юраги олдида совуқ нима деган гап? Наҳот шуни билмайсиз? Ахир, шоирсиз-ку, шоир-а!
– Йўқ, мен шоир эмасман, шоирликни вақтинча қўйиб турамиз, ҳозир оддий аскарман.
– Нима бўлсаям, мен юракларингиздаги музни эритишим керак. Ахир юракда муз билан, муз юрак билан қандай яшайсиз?!
– Фақат юрак эмас, қўллар, оёқлар, киприклар ҳам муз, лекин мана, бинойидек яшаяпмиз. Яшайверамиз…
– Йўқ, бундай яшаб бўлмайди. Бундай яшаш мумкин эмас!.. – Шундай деганича Муаттар аллақандай нурдан барқ уриб турган чиройли юзини қўллари билан бекитди, нозик бармоқлари орасидан биллурин ёш томчилари сизиб тушдилар.
– Йиғлама, Муаттар, ахир кўзёшларингга арзигулик гап бўлгани йўқ-ку! Йиғлама!
– Йиғлайман, сизнинг юрагингиз шунчалар муз бўлар экан, мен қон йиғлайман…
Мен Муаттар томонга талпиндим, унинг кўзёшларини артмоқчи, юпатмоқчи бўлдим. Лекин қимир этолмасдим, оёқларим ерга михпарчин этилганди гўё. Бор товушим билан бақирдим, лекин Муаттар товушимни эшитмас, кўзларидан дув-дув ёш оқарди. Иложсизликдан нима қилишимни билмай, яна унга талпиндим. Муаттар шахт билан ўгирилди-ю, югурганича мендан узоқлаша бошлади. Телба шамол унинг майда гулли чит кўйлагини тортиб ўйнар, қирқкокил сочлари белида тўлғонарди. У тобора узоқлашиб, кўм-кўк туман бағрига сингиб кетмоқда эди. “Кетма, Муаттар!” – овозим бўғилгудай қичқирдим ва худди шу аснода аллақандай кўзга кўринмас бир куч мени қаттиқ силкита бошлади.
Чўчиб кўзларимни очганимда, тепамда Усмон турар, рота сафга тизилган, қисқа-қисқа буйруқлар янграрди.
– Тур-е, кунда! Одам ҳам шунчалар қаттиқ ухлайдими? Муаттар, Муаттар, деб бўкиришини қаранг. Ҳозир командир Муаттарни кўзингга кўрсатади. Бўл тезроқ! Тревога! Режим!
Апил-тапил кийиниб, сафга югурдим. Командир бир ўқрайди-ю, ҳар қалай, жазоламади. Йўлга тушдик.
Чўл осмони мусаффо, юлдузлар ёрқин нур сочишар, ана шундай, ҳаво очиқ тунларда совуқ янада авжига минарди. Тунги соат икки, уйқунинг айни ширин пайти бўлганидан, кўпчилик аскарлар кўзлари юмуқ ҳолда қадам ташлашар, мен эсам ҳамон Муаттар билан бўлган суҳбат таъсирида эдим. Бу учрашув ғойибона эканлигига ишонгим келмас, кўзларим йиртилгудай бўлиб, поёнсиз зулмат қаъридан Муаттарнинг сиймосини излардим. Унинг кўзлари ҳам, қирқкокил сочлари ҳам тун рангида, уларни қоронғи тундан ажратолмасам не ажаб? Муаттарнинг юзларини яна кўраман, дея астойдил ишондим. Ана шу ишонч туфайли шамолнинг увуллашини, киприкларимга инган музни унутдим. Икки соатлардан сўнг режим хизмати белгилаб берган жойга етиб бордик. Ҳар ер-ҳар ерда гулханлар ёқилди, чўлни чумолидек босган гарнизон аскарлари олов атрофига тўпландилар. Суҳбат авжига чиқди. Ҳамманинг оғзида “Геркулес”, “инқилоб” сўзлари эди. Командирлар ҳар замонда соатларига бетоқат назар ташлаб қўйишарди.
Ниҳоят, юлдузлар бирин-кетин хиралашиб, уфқ қирмизи тус олди. Олисда оппоқ шамдек бўлиб турган ракета – “Геркулес” кўзга ташланди. Ҳамманинг нигоҳи уфққа қадалди.
Бойқўнғирнинг телба шамоллари онда-сонда ёғадиган қор чўлни бир текис оқартиришига йўл қўймас, ястаниб ётган қумликлар қуроқ дастурхондек оқ, сариқ, кулранг товланиб ётар, бу олачалпоқ хилма-хиллик аро “Геркулес” ғоят улуғвор кўринарди.
Бирдан уфқда кучли қизил аланга “лоп” этди. Гумбурлаш ер-кўкни ларзага солди. Чўл ёришиб кетди, қуюқ тутун, олов селига чулғанган ракета баландга кўтарила бошлади. У баландлаган сайин гумбурлаш кучайиб борар, назаримда ер ёрилиб кетгудек, бепоён қумликлар, уларга қўшилиб бутун вужудимиз титрар, айниқса, тиззалар қалтироғини босиш қийин эди.
“Геркулес” бир неча сония тикка парвоз этди, сўнгра кутилмаганда қиялай бошлади ва кўп ўтмай, кўз зўрға илғайдиган тўлқинсимон барханлар ортига қулаб тушди. Аввалгисидан ҳам даҳшатлироқ гумбурлаш қулоқни қоматга келтирди. Ҳаммаёқ остин-устун бўлиб кетди. Бироз фурсатдан сўнг “Ана сенга “Геркулес”, ана сенга инқилоб” деган хитоблар янг­ради. Командирлардан бири ўзи ҳам ишониб-ишонмай изоҳ берди:
– Белгиланган траекториядан чиқиб кетгани учун радио орқали команда билан ўзлари портлатиб юборишди, уни энди бошқариб бўлмас эди.
Аскарлар орасида ғала-ғовур бошланди. Портлаш сабабларини ҳар ким ўз билганича изоҳларди. Командирлар бақириб-чақириб, ғовурни босмоқчи бўлишар, лекин уларга ҳеч ким қулоқ солмасди. Атроф ёришиб, ракета қулаб тушган ерда ҳосил бўлган тўқ жигарранг тусдаги улкан қўзиқоринга ўхшаш тўзон кўзга яққол ташланганида ғала-ғовур янада кучайди. Чунки ядро бомбаси портлаганида айнан шундай қўзиқорин пайдо бўлади, деб бизга кўп марталаб уқтиришган эди.
Аскарлар орасида ваҳима бошланди. Шунда ердан чиқдими, осмондан тушдими, билмадим, қаршимизда юзлари қип-қизариб кетган режим хизмати бошлиғи, полковник Лаухин пайдо бўлди. Жуда хунук башараси учун унга “Иблис” деган махфий лақаб беришган эди.
– Молчать! Не паниковать!!! Нюни распустили! Солдаты, защитники называются, вашу мать!.. – чўлни бошига кўтариб бўкирди полковник кўзларини ола-кула қилиб. Унинг ракета гумбурлашидан паст бўлмаган овози ҳаммани ўзига келтирди. Жимиб қолдик.
Лаухин ҳам ўзини сал босиб олиб, тушунтира бошлади:
– Бу – “Геркулес” типидаги ракета, унинг ҳеч қанақа ядро заряди йўқ. Фақат ана шу қўзиқорин шаклини олган ёнилғиси заҳарли. Уни тўйиб ҳидлаган одам зурриёдсиз қолиши мумкин. Бахтга қарши, шимолдан эсаётган шамол ана шу ёнилғи портлашидан ҳосил бўлган газларни биз томонга ҳайдаяпти. Шу боисдан жанубга қараб икки-уч соат югуришимизга тўғри келади.
Яна қисқа-қисқа командалар янграй бошлади. Чўлни мўр-малахдек босган аскарлар ҳаракатга келиб, нари-бери сафланди. Ҳаммамиз йиқилиб-туриб югура бошладик. Буни агар биров четдан кузатса, ғаройиб манзаранинг гувоҳи бўларди, эҳтимол. Лекин ўшанда ҳамманинг фикри-зикри лаънати “қўзиқорин”дан мумкин қадар узоқроққа қочиш эди.
Кўп ўтмай қора терга ботдик. Чўлни ҳарсиллаш, асабий сўкинишлар босиб кетди. Пахтали шим, пиймаларда югуриш азоб эди. Сафларнинг энг охирида қўйларни ҳайдаётган чўпондек бўлиб, секин юраётган “УАЗ” машинасида полковник Лаухин келар, ундан бўлак неча минглаб кишининг ҳаммаси пою пиёда эди.
Биз қарийб тушгача, ўша лаънати “қўзиқорин” борган сари катталашиб, бўшлиққа сингиб кетгунга қадар югурдик. Неча марталаб йиқилиб-турганимиз ёлғиз Худога маълум. Охири ҳамма ўзини қор босган явшанлар, янтоқлар устига ташлади. Ҳеч кимнинг қимирлашга мадори йўқ эди. Тўда-тўда ётган аскарлар узра тамакининг енгил тутуни суза бошлади. Сал ўзларига келиб улгурган йигитлар ҳазил-мутойиба бошлашди. Ҳазил-ҳузулнинг ўткир тиғлари йиғлаб юборган аскарларга қаратилган, улар ҳам ўз-ўзларидан кулишарди. Усмонни эсладик. Ротада соқчиликда қолиш унинг чекига тушганди. Бутун чўл даҳшатидан остин-устун бўлганда, учиш майдончасидан шундоқ беш-олти чақирим берироқда казармада бечора Усмоннинг ҳоли нима кечди экан?
Кечга томон оёқларимизни зўрға судраб, қисмга кириб келдик. Казарма эшиги ёнида бизни қаршилаган Усмоннинг чеҳраси аянчли эди.
– Қўрқиб кетдингми, Усмон? – сўрадим мен.
– Қўрқиш ҳам гапми, ўлиб қолай дедим. Шошганимдан, аввалига газниқоб кийишни ҳам унутибман.
– Зарари йўқ, – гапга аралашди Самад. – Нари борса, зурриёдсиз қолишинг мумкин экан, “Иблис” шунақа деди.
Усмоннинг ҳазиллашадиган ҳоли йўқ эди. Самадни жеркиб берди:
– Ҳе, оғзингдан ел олсин! Ўзинг шу ерда бўлганингда кўрардим аҳволингни. Зурриёдсиз қоласан эмиш, ундан кўра ўлганим яхши эмасми?
– Бўлди, узр, жўражон, – муроса қилди Самад. – Ҳалиям юрагинг отнинг калласидай экан. Бизнинг ёнимиздаги айрим ҳезалаклар қўрқувдан бўкириб юборишди-ю…
Биз Усмонни юпатиш билан овора эканмиз, ротада ғала-ғовур бошланди. Ҳамма эркатойимиз Василий Михайловични изларди. Вася эса ҳеч қаерда кўринмасди. Мушук топилавермагач, йигитлар Усмонни айблай кетишди.
– Ерга кириб кетмагандир-ку, наҳот кўрмаган бўлсанг?!
– Ўлай агар, – қасам ичарди Усмон. – Ўша, сизларни кузатиб чиққани, казармага қайтиб келгани йўқ. Ўзим ҳам уни узоқ изладим.
Бутун рота гуруҳ-гуруҳ бўлиб Васяни излай бошладик. Қисмнинг биз бормаган бурчаги қолмади. Ҳамма ёқни ағдар-тўнтар қилдик. Василий Михайловичдан дарак йўқ эди.
Ҳаммамиз бу штаб бошлиғи Василий Михайловичнинг ўчи эканини юрак-юракдан ҳис этсак-да, севимли мушугимиз қурбон бўлганига ишонгимиз келмасди.
Орадан уч кун ўтди. Қисм чўчқахонасига гўнг тозалагани борган аскарлар Васянинг тарашадай қотган мурдасини топиб келишди. Жонивор икки ўқ билан отиб ўлдирилганди.

III. ЛОЖУВАРД ОСМОН

Тинкамизни қуритган қаҳратоннинг куни битиб, баҳор келди. Ўркач-ўркач барханлар сийнаси илиб, ҳаво келинчак бўсасидай ҳарорат олганидан биз – иссиқ ўлка фарзандларининг анча жонимиз кириб қолди. Қизил, нимпушти, оч-сариқ чўл лолалари тупроқдан бош кўтарди. Қиш бўйи ўзининг ғариб манзараси билан юракларимизни эзган ҳудудсиз кенгликлар ям-яшил тус олди.
Чошгоҳ. Осмон шу қадар беғубор эдики, қараганда кўз тинарди. Тобора баландланаётган қуёш нурларига тўла чўл мавжланарди. Мен ва Самад 10-майдончада топшириқни бажариб, ўз қисмимизга, 95-майдончага қайтиш учун назорат-текширув пости ёнида машина кутардик. Постдаги сержант ва аскарлар ҳужжатларимизни текшириб, уларнинг тўғрилигига ишонч ҳосил қилишгач, машина тўхтатиб беришга ваъда қилишди.
Сабр-тоқат билан кута бошладик. Машинадан эса ҳадеганда дарак бўлавермади.
Осмон ҳам, қуёш ҳам тобора юксалиб борар, баҳор ҳидига тўла эпкин димоқни қитиқларди. Бир маҳал қарасам, Самад елкасидан сафар халтасини ҳам олмай, ўтирган жойида пинакка кетибди. Уни уйғотиб юбормаслик учун секин ўрнимдан турдим-да, шлагбаум ёнида турган сержант билан чақчақлаша бошладим.
Худди шу пайт оппоқ “Волга” шлагбаумга теккудек бўлиб, қаттиқ тормоз берди. Сержант ҳайдовчининг ҳужжатларини текшираётганда, машинанинг орқа эшиги очилиб, ундан оппоқ кийинган бир қиз тушди. Ҳужжат текшираётган сержантнинг ҳам, менинг ҳам оғзим очилиб қолди.
Сержант ҳайдовчининг ҳужжатларини қайтариб бериб, тўлин ойдек нурланиб, бизга нимтабассум билан боқиб турган қизга мурожаат этди:
– Марҳамат қилиб, ҳужжатларингизни кўрсатсангиз.
Қиз янада беғубор жилмайди.
– Ҳужжатларимми, жоним билан!.. Мана!
Қиз сумкачасидан қизил рангли гувоҳнома олиб, сержантга узатди. Унинг овози ўзидан-да чиройли, ёқимли эди. Сержант сурати девор бўлиб, гувоҳномани қўлига олди, бир унга, бир қизга қаради-да, қайтариб берди. Сўнг секингина сўради:
– Сиз полковник Дубининнинг кимлари бўласиз?
Қиз қувлик билан чиройли кўзларини сузди:
– Бу ҳарбий сир, лекин майли, сизга айтганим бўлсин. Полковник Дубининнинг қизиман.
Қиз лабларида ўша ақл шоширувчи табассум билан машинага ўтирди. Сержант шлагбаумни кўтарди. Машина ўрнидан қўзғалди. Қиз ойнадан қўлини чиқариб, биз билан хайрлашган бўлди.
Анчагача ҳеч кимдан садо чиқмади. Қиз бизни сеҳрлаб, ерпарчин қилиб кетганди. Охири, сержант тилга кирди:
– Полковник Дубининни танисанг керак?
– Таниганда қандоқ, сиёсий бўлим бошлиғини танимай бўларканми?
– Эй, Худойим, – деди сержант чуқур “уф” тортиб. – Одам боласи ҳам шунчалик чиройли бўладими?
Қиз таърифи билан банд эканмиз, ёнимизга улкан “Урал” машинаси келиб тўхтади. Сержант ҳайдовчининг ҳужжатларини текширгач, менга: “Мана шу машинада кетасизлар” деди. Дарҳол бориб Самадни уйғотдим.
…Машина бир маромда гувуллаш билан олис йўл танобини тортар, асфальтдан кўтарилаётган иссиқ ҳовур кўнгилни беҳузур қиларди. Самад кўзларини бир нуқтага тикиб, жим ўтирар, мен эса бундан бир неча дақиқа олдинги учрашув хаёли билан банд эдим. Олдимиздан оққушдай учиб ўтган қиз ва Муаттар ўртасида ўхшашлик излардим.
Шу тахлит қанча йўл босдик, билмайман, бир вақт Самад ҳузур қилиб эснади-да, менга қараб жилмайди.
– Ҳа, нега бунча куйдирилган калладек тиржаясан?
– Эҳ, – ширин тамшанди Самад. – Тушимда оппоқ ҳарир кўйлак кийган бир паризодани кўрдим, сочлари узун, қарқарали қалпоқ кийган эмиш-у, негадир ўрисча гапирармиш. Ҳайрон бўлдим, бизнинг паризодлар ўрисча гапирмасди, шекилли?
Мен кулиб юбордим:
– Ўргилдим, ўрисзабон паризодингдан! Сен уни тушингда эмас, ўнгингда кўрдинг-ку! Ҳали, машина кутаётганимизда, пост ёнидан паризоддан ҳам чиройли бир қиз ўтиб кетди, ўшани айтаяпсанми?
Самаднинг аччиғи чиқди.
– Нима, мени жиннига чиқармоқчимисан? Мен ўнгимда қиз-пиз кўрганим йўқ. Тушимни айтаяпман сенга!
– Самад, ҳеч қанақа ўрисча гапирадиган паризод йўқ, фақат, ўша қизнинг ҳужжатларини текширишаётганда у сержант билан бир муддат гаплашди. Мудраб ўтирганингда шу гаплар қулоғингга чалинган бўлса, ажабмас.
Самад ҳайрон бўлиб елка қисди. У паризоднинг ўнг эканига, мен эса туш эканига ишонмасдик. Ҳар иккимиз ўз сўзимизда туриб олгандик.
Шу аснода машина қаттиқ бир силкиниб, тўхтади. Қисмимизга етиб келгандик.
– Сен нима десанг, дегин-у, лекин мен у паризодни тушимда кўрдим, – деди Самад машинадан тушганимиздан сўнг.
У маъюс тортган, овози ҳам ғамгин эди. Мен индамадим. Самаднинг юрагида қаттиқ соғинч, андуҳ уйғонганини сезиб турардим, ўзим ҳам шу учрашув туфайли Муаттарни ўйлаётгандим. Ундан ҳамон хат олмаган эдим.
Казармада “базми жамшид” устидан чиқдик: йигитлар таътилдан қайтиб келган Шерназарни қуршаб олиб, у келтирган олма, анор, майиз, туршак ва яна алланималарни ҳафсала билан туширмоқда эдилар. Шерназар оғзи қулоғида, уларни мамнун кузатиб турарди. У биз билан қучоқлашиб кўришиб, даврага таклиф қилди. Самад иккимиз ҳам енг шимариб, “ишга киришдик”.
Жомадоннинг таги кўриниб қолгач, йигитлар Шерназарга янги куч билан савол ёғдира бошладилар. Ризо эса бизнинг даврага кечикканимизни назарда тутиб, изоҳ берди:
– Жамол, Самад! Шерназарни табриклаб қўйинглар, бу хумпар ўн кун таътилга бориб, уйланиб қайтибди.
– Ҳа, энди, шунақа бўлиб қолди, – изоҳ берди Шерназар оғзининг таноби қочиб. – Отам ҳамма тайёргарликни кўриб қўйган экан, борганимдан сўнг, уч кун ўтгач, тўй бўлди. Келин ўз қариндошим.
Шерназар кўкрак чўнтагидан авайлаб бир сурат олиб, бизга узатди. Суратда ўн етти-ўн саккиз ёшлардаги атлас кўйлак, ироқи дўппи кийган дўндиққина бир қиз нимтабассум билан қараб турарди. “О-о-о, зўр-ку, дидингга қойил, Шерназар!” – деган хитоблар янгради.
Аскарлар уйланиш, чимилдиқ ва ҳоказоларни ипидан-игнасигача суриштира бошладилар. Бахтдан сархуш Шерназар ҳаммасига эринмай, соддалик билан жавоб берар, илмоқли саволлардан хафа бўлмай, жилмайиб қўярди.
– Хў-ў-ўш, уйланиш яхши эканми? – сўрайди бир неча овоз бирварака­йига.
– Яхши экан, жўралар, жуда маза! – дейди Шерназар ширин энтикиб.
– Нимаси яхши, нимаси мазза? – гувуллайди овозлар.
– Шу, ҳаммасиям яхши-да, чимилдиқ, юмшоққина ўрин… Чимилдиқ олдига тўкин дастурхон ёзишади, писта-бодом дейсанми, майиз-новвот дейсанми… – Шерназар эринмай чимилдиқда еган овқатларини санайди.
– Сен чимилдиқда фақат овқат едингми ёки бошқа бирор иш ҳам қилдингми? – унинг жиғига тегмоқчи бўлишади йигитлар. Шерназар хафа бўлмайди, суҳбатни давом эттиради.
– Янгалар-чи, янгалар пойлоқчилик қилишмадими? – яна саволга тутамиз бир ҳафталик куёвни.
– Пойламоқчи бўлишганди, мен уларга дангалини айтиб қўя қолдим. “Ҳой, янгалар, мен аскарман, Қозоғистоннинг чўлида ракеталарга пойлоқчилик қилавериб, жуда уста бўлиб кетганман. Уларнинг инжиқлиги бир қизникидан қолишмайди”, дедим. Кейин бизни тинч қўйишди. Энди янгалар менга бегона эмас-ку, ҳазилни тушунишади-да, – деди Шерназар.
Шерназарнинг хатти-ҳаракатлари бироз ўзгарган, у бизга “сенлар ҳаётда ҳали нимани кўрибсанлар” қабилида сал баланддан назар ташлаб қўярди.
Шу оқшом биз – бўйдоқлар куёвлик бахтига муяссар бўлган бу содда, тўпори йигит билан жуда узоқ суҳбатлашдик.
Орадан кўп ўтмай, бўлинмамиз мусаффо, салқин тонгларнинг бирида чексиз қум уммонининг 191-майдонча аталмиш гўшасига етиб келди. Биз деворларидан ҳур-ҳур шамол ўтиб, тунда томидан юлдуз кўринадиган бир чолдеворга жойлашдик. Чолдевор бу ердан юз қадам нарида жойлашган 191-жанговар қитъалараро ядро ракетаси комплексини барпо этиб, яқинда жўнаб кетган ҳарбий қурувчилар ротасининг вақтинчалик манзили экан. Кулол мўндида сув ичади, деганларидек, саноқли дақиқалар мобайнида Америка қитъасига ета оладиган замонавий жанговар ракета комплекси барпо этган ҳарбий қурувчилар яшаган, энди биз истиқомат қилишимиз лозим бўлган маскан чўчқахонадан кам фарқ қиларди.
Жанговар ракета комплекси ер қаърига қирқ-қирқ беш метр кириб кетган “стакан”, унга туташ неча ўнлаб ерости хоналари, электр станцияси ва бошқа ёрдамчи хизматлар учун керакли ускуна, анжомлардан иборат. Хоналарнинг бир қисми ракетани учиришга, бир қисми ерости навбатчилигидаги аскарларга хизмат қиларди. Хоналарнинг бирида ракетани учирувчи тугма жойлашган бўлиб, унинг ёнида офицерлар туришар, бу ерда Москва, Бош штаб билан тўғридан-тўғри алоқа мавжуд эди. “Стаканда” эса, бизга душман мамлакатнинг қайсидир шаҳрини бир неча дақиқада кунпаякун қилишга қодир ракета сақланарди.
Хуллас, Бойқўнғирнинг энг олис гўшасидаги 191-майдонча қуриб бўлинган, лекин ҳали унга жанговар ракета ва каллак қўйилмаган, ана шу вазифани амалга ошириши лозим бўлган ҳарбий ва фуқаро мутахассисларга бўлинмамиз кўмаклашиши керак эди. Биз асосан қора ишларни бажарардик.
191-аталмиш бу лаънати майдонча қисмимиздан неча юз чақирим олисда бўлиб, хат-хабар йигирма-йигирма беш кунда бир маротаба олиб келинар, боз устига, қорин тўйдириш аҳволи ҳам бир нави эди.
Уйдан хат-хабар кечикиб келиши бизни зериктирар, айниқса, хотинидан анчадан бери мактуб ололмаётган Шерназар жуда сиқиларди.
Аввалига йигитлар унинг қийналаётганига унчалик эътибор қилишмади. Лекин орадан икки ой ўтиб ҳам Шерназар хотинидан хат олмагач, уни очиқдан-очиқ мазах қилишга ўтдик.
– Нима, у сенинг юзингдан ой кўрибдими, бирортасининг этагини тутиб кетгандир-да… – дердик биз.
– Уйга борсам, уни нима қилишни ўзим биламан, – дерди Шерназар бўғилиб.
– Хў-ў-ўш? Нима қиласан?
– Ўзим биламан, ўзим, аҳмоқлар, ваҳшийлар! – Шерназар ҳўнграб йиғланича даврадан қочиб кетар, кеч тушгунча чўлда тентираб юрарди. Биз уни қийнаб ҳузур қилардик.
Ниҳоят, 191-майдончадаги ҳаётимизнинг учинчи ойи охирларида Шерназар хотинидан бирданига бир даста хат олди. Биз Шерназар қувончдан эсини йўқотиб қўяди ёки яна йиғлаб юборади деб ўйлагандик. Йўқ, Шерназар синиққина жилмайиб, мактубларни олди-ю, чўнтагига солиб, биздан нари кетди. “Қани ўқи-чи, хотининг нима ёзибди?” деган саволларга парво қилмади. Шундан сўнг, хизмат тугагунча, у бировга кўнгил очмади. Оломон унинг қалбидаги энг соф, энг бокира туйғуларни ҳақоратлаган, топтаган эди…

IV.  ЖИЙДА ГУЛЛАГАНДА

Май ойининг ўрталарида биринчи рота аскарлари кўч-кўронни кўтариб, машиналарда бир кеча-кундуз тўхтовсиз йўл босиб, Сирдарёнинг овлоқ соҳилига етиб келдик. Соҳилдаги жийдалар чунонам гуллаган эдики, дарёдан эсаётган эпкинга қўшилган муаттар ҳид кишини маст этарди.
Биз катталар ва уларнинг болалари учун ёзги қўналға барпо этишимиз керак экан.
Соҳилда саккиз-ўн кишилик чодирлар тиклаб, жойлашиб олдик-да, ишга киришмоқчи бўлдик. Лекин иш қаерда дейсиз? Болта топилса, мих топилмас, мих топилса, ёғоч йўқ эди. Устига-устак, орадан уч кун ўтиб, ўзимиз билан олиб келган қоқ нон ва консервалар тугади, оч қола бошладик. Қисмимиз неча юз чақирим олисда, алоқа қилишнинг иложи йўқ, бизни олиб келган машиналар ўша куниёқ ортига қайтганди.
Офицерлар алоҳида чодирга ўрнашиб олиб, дарёдан лаққа балиқ овлаб, ароқхўрлик қилишарди. Бу шўрликлар қисмнинг инжиқ командирлари ва улардан ҳам инжиқроқ хотинларидан вақтинча қутулганларига шукр қилар эдилар. Биз ҳам Бойқўнғир ҳудудини вақтинча бўлса-да, тарк этганимиздан шод эдик.
Улар пиширган балиқ шўрванинг хушбўй ҳиди соҳилни тўлдирар, очлик азоб бераётган аскарлар дарёнинг лойқа тўлқинларига тикилиб, паловхонтўра, тухумбарак, нўхат шўрва ва яна аллақандай тансиқ таомлар тўғрисида хаёл сурардилар. Командирларимизни хасисликда айблаб бўлмас, беш-олти кишига мўлжаллаб пиширилган шўрвани юз кишига етказишнинг сира иложи йўқ эди.
Чўнтагида озроқ пули, ҳаётий тажрибаси бўлган аскарлар темир йўл бекатига қатнаб, амаллаб қорин тўйдирар эдилар. Лекин аксарият аскарларда пул ҳам, тажриба ҳам йўқ эди. Уруш тугаганидан сўнг тўрт-беш йил ўтиб туғилган бизнинг авлод очликнинг ҳақиқий башарасини билмасди. Бу ерда унинг машъум кўланкаси бус-бутун намоён бўлди. Ҳамма жой тўкин-сочин паллада оч қолиш ёмон бўларкан. Орамизда бўйи икки метрга яқин, бир ўтиришда тўрт-беш кишининг овқатини туширадиган россиялик азамат йигитлар кўп эди. Уларнинг очликка чидаши, айниқса, қийин бўлди. Бечоралар жийдазорни ағдар-тўнтар қилиб, юмронқозиқ тутиб олардилар-да, янтоқ оловида “кабоб” пишириб, пок-покиза туширардилар.
Хайриятки, офицерлар орасида инсофлиси учраб турарди. Рота командирининг сиёсий ишлар бўйича ўринбосари лейтенант Ежов шундай одам экан. У бир кеча-кундуз темир йўл бекатида қолиб кетиб, озроқ макарон топиб келди ва дарёнинг лойқа сувида қайнатиб, бизни сийлади. Лекин лейтенантнинг яхши ният билан қилган иши бизни баттар азобга қўйди. Йигитлар ёппасига қоринларини чангаллаб қолишди. Жуда аҳволи ёмонлашганларни лейтенант ароқ билан даволашга мажбур бўлди.
Охир-оқибат, очликдан силласи қуриб, серрайиб қолган аскарлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, темир йўл бекатига туташ, Хархут номи билан аталадиган қозоқ овулига қатнай бошладилар. Ўнтача пахса уйдан иборат ночор овул юздан ошиқ аскарни баҳоли қудрат боқа бошлади.
Соҳилдаги ҳаётимизнинг учинчи ҳафтасида бизни эслаб қолишди чамаси, офтобботар маҳал қисмдан озиқ-овқат ортилган машина келди. Кабинада қип-қизил юзлари ароқ зарбидан бужмайган, чўмичдек бурни кўкрагига тегай-тегай деб турган маст-аласт интендент хизмати капитани Бабаян ўтирарди. Уни кўриб, кўнгилларимизга ёқилган чироқ сўнгандек бўлди. Чунки аскарлар нонини туя қилувчи энг катта каламуш шу муттаҳам эканини ҳаммамиз яхши билардик. Лекин туя қилинган бўлса-да, ўз нонингга нима етсин? Капитаннинг буйруғи билан машинадан нон, мой, бошқа озиқ-овқатларни бир зумда туширдик. Энг охирида бир яшик ароқни офицерлар чодирига элтиб қўйдик. Кейинчалик етиб келган миш-мишларга қараганда, лаънати Бабаян бизга тегишли озиқ-овқатларнинг ярмидан кўпини йўл-йўлакай сотиб, пулини чўнтакка урган, командирларнинг оғзини мойлаш учун бир яшик ароқ олиб келган экан.
Шундан сўнг Бабаян ва командирларимиз яна икки кеча-кундуз кўз очмай маишат қилишди. Биз ҳам қорнимиз тўйганига хурсанд эдик.
Мен жийда гуллари ҳидига ғарқ бўлган соҳилда соатлаб ўтириб, бўтана тўлқинларга қарардим. Баъзан дарё ёқалаб узоқ-узоқларга кетардим. Сир соҳилининг бетакрор гўзаллигига энди ошно бўлаётган эдим.
Саҳармардонда ҳаммадан олдин уйғониб, оқимга қарши бир чақиримча йўл босиб, дарёнинг бурилиш ерига етиб олардим-да, тик қирғоқда тарвақайлаб ўсган қари жийда остидаги тошга ўтириб, қуёш чиқишини томоша қилардим.
Бу пайтда ҳаво жуда мусаффо, ҳамма ёқ сокин, сатҳида майда тўлқинлар югургилаётган дарё жимир-жимир оқиб ётарди. Уфқ аввал ложувард, сўнг қонталаш тус олиб, тўлқинлар ол рангга бўялар, каттакон қизил олмадек қуёш сув узра секин-аста кўтарила бошларди. Бу манзарага маҳлиё бўлиб, соҳилда чошгоҳгача қолиб кетардим.
Менинг тонгда ғойиб бўлишларимни ротада ҳар ким ҳар хил баҳолар, кўпчилик қорин тўйдиргани Хархутга кетган, деб ўйларди.
Кунларнинг бирида, қари жийда тагига энди ўрнашиб олган ҳам эдимки, лейтенант Ежов келиб қолди. У афтидан мен билан изма-из келганди. Истар-истамас ўрнимдан турдим.
– Салом бердик, ўртоқ оддий аскар! – деди у қўлини чаккасига олиб бориб.
Индамадим.
– Хўш, – деди Ежов. – Бу ерда нима қилаётганингни билсам бўладими?
– Бўлади, – дедим мен. – Қуёш чиқишини томоша қиляпман.
– Қуёш чиқишини чодир ёнида томоша қилсанг ҳам бўлади-ку. Бунинг устига, лагерни бизнинг рухсатимизсиз тарк этишинг ҳарбий интизомни бузиш ҳисобланади, – деди сиёсий ишлар бўйича ўринбосар.
– Майли, интизомни бузган бўлсам, жазоланг, – дедим жойимга қайтиб ўтирар эканман.
– Қўйсанг-чи, гап сени жазолашда эмас, фақат ҳар тонг йўқолиб қолишинг мени ажаблантирди. Энди билсам, табиат ошиғи экансан. Тўғрисини айт, шоир-поир эмасмисан, ишқилиб, – деди лейтенант жилмайиб, ёнимга келиб ўтирар экан.
– Ҳозирча шоир эмасман, лекин шоир бўлиш ниятим бор.
Ежов “уф” тортди.
– Мен ҳам бир вақтлар бинойидек шеър ёзар эдим. Айримлари газетада ҳам босилган. Кейинчалик, турмуш ташвишлари билан бўлиб, ҳаммасини йиғиштирдим. Шеър ёзиш билан тирикчилик ўтказиб бўлмас экан. Уйландим, хотин, бола-чақа, рўзғорнинг қора қозони аста-секин юрагимдан шеъриятни сиқиб чиқарди, назаримда. Агар билсанг, рус аёли дунёда энг бардошли, энг жафокаш аёллардан. Лекин шундай нусхалари ҳам учраб турадики, нақ аждарҳонинг ўзи. Ана ўшандайи пешонангга битса, шўринг қуригани, қасдингни ароқдан олаверасан. Қарабсанки, қирққа кирмай, адойи тамом бўласан, – деди лейтенант овозида чексиз армон билан.
У ўттиз ёшлар чамасидаги, оқ-сариқдан келган чайир йигит эди. Фақат, ич-ичига ботган кўзлари ниҳоятда ғамгин, кенг пешонасига эрта ажин тушганди.
Шу тонг иккимиз узоқ суҳбат қурдик. Лейтенант Сергей Есенин, Александр Блок ва Анна Ахматоваларнинг шеърларини ёддан айтиб берди. Айниқса, Ахматованинг “Мен сева оламан” шеърини айтаётганида мовий кўзлари ёлқинланиб, овози титраб кетди.
– Сен бахтлисан, – деди у елкамга қўл ташлаб. – Шарқ – шоирлар юрти. Шарқ шеърияти – буюк шеърият. Сирасини айтганда, Бухоро ва Тошкентда яшаб, шоир бўлмаслик мумкин эмас. Эртаксимон юртингда мен бир неча бор бўлганман.
Қуёш дарё юзини мунаввар этган, биз соҳил ёқалаб секин-аста одимлардик.
– Тонгги сайрларингга расман рухсат берилди, деб ҳисоблайвер, – деди Ежов қўналғага етиб келганимиздан сўнг.
Ежовнинг рухсатидан руҳланиб, сайру саёҳатларни тағин ҳам авж олдирдим. Соҳилнинг яқин беш-ўн чақирим атрофдаги мен бормаган бурчаги қолмади.
Кунларнинг бирида эски қабристонга бордим. Янтоқ босган паст-баланд қабрлар оралаб узоқ тентирадим. Гувуллаб шамол эсар, қабрлардан аллақандай сас келарди: “Ҳой, ўғлон, сен бу ердан нима излаяпсан? Қўй, бусиз чирқираётган руҳимизни безовта этма!”
“Йўқ, йўқ, – фикран жавоб қайтардим мен. – Руҳингизга ҳурмат бажо келтиргани келдим-ку!”
Мени ваҳима босди, бу ердан тезроқ кетгим келди. Дарё анча олисда, ярқираб кўзни қамаштириб турарди. Қадамни тезлатдим. “Ҳой, ўғлон!” дея гувуллаган овоз ҳамон таъқиб этар, аллаким қуваётгандек эди.
Дарё томонга янада тезроқ югура бошладим. Бирдан гувуллаш ҳам, мени чорлаётган овоз ҳам тинди, олисда чанг-тўзон кўтарилиб, мен томонга қуюндай кела бошлади. Даҳшатли ҳайқириқ, дупур-дупурлар ер-кўкни остин-устун қилиб юборди. Оёқни қўлга олиб, дарё томонга югура бошладим. Негадир дарё мени бу балодан халос қилади, деб ўйлардим.
Қанча югурдим, билмайман, бир маҳал от кишнагани эшитилди. Ўгирилиб қарасам, мени таъқиб этаётган қора қуюн – йилқи уюри экан.
Уюр тиккага дарё томон елмоқда эди. Энди мен дарё томон югуришдан тўхтаб, шимолга қараб чопа бошладим. Бир неча дақиқадан сўнг, оппоқ чангга бурканган уюр мендан эллик қадамча наридан елдек ўтиб кетди-ю, қумлоқ соҳилга ёйилиб, сув ича бошлади.
Чанг-тўзон тарқаб, уюр ортидан келаётган, қош-киприкларигача оппоқ гард қўнган отлиқ кўринди. Менинг сувлоқдан тез узоқлашаётганимни кўриб, узун қамчиси билан “Тўхта” ишорасини қилди. Отлиқ, олтмиш беш-етмиш ёшлар чамасидаги қозоқ чол, саломимга алик олди-ю, жилмайди.
– Ҳа, ширағим, қўрқиб кетдингба? Қўрқма, йилқи одамни босмайди.
Чол хуржундан кичкина сопол кўзача, пиёла олди-да, унга оппоқ сутдай суюқлик қуйиб, менга узатди:
– Иш, ширағим, шубат. Туя сутидан.
Муздай ичимликни ҳузур қилиб симирдим. Ўзимизнинг айронга ўхшаб кетаркан. Пиёлани қайтариб, чолга миннатдорчилик билдирдим. У шубатдан ўзиям бир пиёла симирди-да, мени саволга тутди:
– Ўзбакмисан?
– Ҳа.
– Ўзбекистоннинг қай жеридансан?
– Бухороданман.
– Ҳа, Пухорданмисан, Пухор яхши шаҳар дейишади. Ҳеч бормаганман. Ўзи, мен Хархутдан бошқа жойни кўрмаганман, ширағим, – деди чол овозида аллақандай надомат билан. У билан хайрлашиб, изимга қайтдим.

* * *

Ниҳоят, 10-майдончадаги амалдорлар бизни бу ерга юбориб, хато қилганларини узил-кесил тушуниб етдилар шекилли, қисмдан чопар келди ва йўл тараддудини кўра бошладик.
Жўнаб кетиладиган кун арафасида, тушдан кейин соҳилнинг ўзимга қадрдон бўлиб қолган гўшаларини кезиб чиқиб, тик қирғоқдаги ўша қари жийда остидан туриб, дарёни сўнгги марта томоша қилмоқчи бўлдим.
…Қуёш аёвсиз қиздирар, иссиқ гармселдан кўнгил беҳузур бўларди. Жийда остига етиб келиб, бироз дам олдим, дарёдан эсаётган шамолга кўксимни тутдим. Гимнастёрка жиққа ҳўл, баданимга ёпишиб турарди.
Дарё сатҳи мени шубат билан сийлаган чолнинг серажин юзига ўхшар, қуёш нури сон-саноқсиз олтин тангачаларга бўлиниб, майда тўлқинлар елкасида оқиб кетарди.
Мен бу манзарага маҳлиё бўлиб, узоқ ўтирдим. Сўнгра бирдан аллақандай ваҳима чулғаб олди-ю, қулоғимга яна ўша қабристондаги сингари ғалати товушлар эшитила бошлади. “Ҳой, ўғлон, биз сенга руҳимизни безовта қилма, деган эдик-ку!”
Кўнглим ғашланиб, атрофга алангладим. Ҳеч ким кўринмайди. Бирдан, тўрт-беш қадам нарида тартиб билан тахлаб қўйилган кийим-бошга кўзим тушди. Сесканиб кетдим. Дарёда чўмилаётган одам кўринмасди. Беихтиёр кийимлар томонга қадам ташладим. Униққан фуражка, калта енгли лейтенант погонли гимнастёрка, камар, шим, бошмоқлар… Кийимлар лейтенант Ежовники эди. Кўнглим ёмон бир нарсани туйиб, баданим увушди. Тўрт томонга югуриб, Ежовни излай бошладим. “Ўртоқ лейтенант! Валентин Александрович! Қаердасиз, Валентин Александрович?” – бор овозда бақирардим мен.
Тезда бутун рота оёққа қалқди. Бир неча соат мобайнида чор-атрофдаги тўқайзор-у чакалакзорларни қадам-бақадам кезиб чиқдик. Ежовнинг ўзи тугул, изи ҳам йўқ эди. Йигитлар соҳил ёқалаб, сувга тикилганларича узоқ-узоқларга бориб келдилар. Хархутдан моторли қайиқда етиб келган қозоқ йигитлари дарё камарларини, нариги соҳил ёқаларини кезиб чиқдилар. Бефойда.
Қоронғи тушди. Кўзларим жиққа ёш, ўз чодиримга қайтар эканман, қулоғимга ўша машъум товуш эшитилди:
“Йиғлама, бекорга бўзлама, ўғлон! Сен излаган йигит аллақачон чўкиб кетди. Унинг руҳи поки биз томонга парвоз этаётир. Ҳа, биз томонга парвоз этаётир!..”

V. БАРХАНЛАР ИЧКАРИСИДА

Узун бўйли, елкалари букчайган, доимо дала ҳарбий кийимида юрадиган, қисм командирининг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари майор Кузнецовни аскарлар Кузя дейишар, биз, ўзбеклар тилида эса унинг лақаби “Куйдирган калла” эди. У доимо тиржайгандек, тишининг оқини кўрсатиб юрганидан шу лақабга “сазовор” бўлганди.
Кузя – Куйдирган калла жуда кам гапирар, “қўйсангчи, ҳе, онангни сени!” дан бўлак бирор калима сўз билмасди, чамаси.
Сиёсий тайёргарликдан “аъло” баҳо олиб, уйга бориб-келиш учун ўн кеча-кундузлик таътил билан тақдирланганимда, Куйдирган калла менга жуда меҳрибон бўлиб қолди ва бу дилсўзлик, ҳадя этилган бир сидра оҳори тўкилмаган аскарий сарпо билан ифодаланди. Умрида одам аҳлига бир оғиз яхши сўз айтмаган бу кимсанинг менга кўрсатаётган эътиборидан ҳайрон эдим. Тўғри-да, қисм командири ўринбосари қаерда-ю, эндигина бир йил хизмат қилган оддий аскар қаерда? У мени Тўра Том бекатигача кузатиб қўймоқчи бўлганида, ҳайратим янада ошди. Бу ҳайратга фақатгина поездга ўтириш олдидан чек қўйилди.
– Жорик, – деди Куйдирган калла ялинчоқ товуш билан елкамга дўстона қўл ташлаб. – Бухоро томонларда топилади, деб эшитаман, менга бироз наша олиб келсанг… – Майор галифе шими чўнтагига қўл суқиб, бир даста ўн сўмлик чиқарди.
Шу топда унинг башараси ҳақиқатан ҳам куйдирилган каллага жуда ўхшаб кетди.
– Пулнинг кераги йўқ, шундоқ олиб келаман, – дедим талмовсираб.
Қўрқиб кетгандим, ҳар қанча ёш, тажрибасиз бўлсам-да, шундай махфий манзилга наша олиб келиш Турма Том эмас, ҳақиқий турма билан тугашини билардим. Шу ернинг ўзида бундай номаъқул ишни қилмасликка онт ичдим-да, майорга “Ташвишланманг, албатта, олиб келаман”, дедим.
– Олиб келмасанг, ўзингга қийин бўлади, бола, – деди у энди сўз оҳангини ўзгартириб.
Лекин мен Москва-Ашхобод тезюрар поезди бўлмасига киришим биланоқ, Турма Томни, лаънати Бойқўнғирни, Куйдирган калла ва ҳамма-ҳаммасини унутдим. Бутун ўй-хаёлим қари отам ва Муаттарда эди.
Қадрдон Бухоро мени биринчи қор билан қарши олди. Деразадан қор ёғишини томоша қилиб, отам билан узоқ суҳбатлар қурдим. Оппоқ сеҳр-жодуга бурканган тоғу гумбазлар аро Муаттар иккимиз менинг қора погонларим, унинг қизил рўмоли қордан оқариб қолгунча кездик. Ўн кунлик таътил ўн дақиқадек ўтди-кетди. Озодликдан Бойқўнғирдек улкан аскарий турмага сира қайтгим келмас, лекин бунинг ҳеч бир иложи йўқ эди. Қисмга қайтиб келганимдан сўнг, Куйдирган калла билан бўлиб ўтган ёқимсиз суҳбат тафсилотини айтиб ўтирмайман. Фақат, суҳбат охирида Куйдирган калла илондай вишиллаб айтган сўзларини эслашга тўғри келади.
– Яхши, яхши, – деди у мен ҳеч нима олиб келмаганимни билгач. – Сен тўнкага командирни алдаш қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман. Лаънати осиёлик!
Командирнинг гаплари суяк-суягимдан ўтган бўлса-да, индамадим. Чунки сиртдан қараганда, вақтинчалик ҳақиқат у томонда, мен ваъдамнинг устидан чиқмаган эдим. Аслини олганда эса, у мени жиноятга ундаганини ҳисобга олмаётганди.

* * *

Қиш, баҳор ўтиб, хизматимизнинг сўнгги ёзи келди. Баҳорда ям-яшил ўт-ўланлар, лолаларга бурканган чўл бир ҳафтага қолмай, жизғанак бўлиб, чор-атроф яна кўзни толиқтирувчи сариқ, тўқ жигар рангига бурканди. Бойқўнғирнинг қиши қанчалик қаҳрли, қаҳратон бўлса, ёзи шунчалар жазирама, казармалар яқинида етимлардек мунғайган яккам-дуккам гужум, терак дарахтлари соясида ҳарорат эллик даражага етарди. Хизмат қишдагидан ҳам баттар оғирлашди. 95-майдончага сув ташиб келтирилар, шу боисдан айрим пайтлар ювиниш, ёинки, ичиш учун бир қултум сувга зор бўлардик. Орадан шунча вақт ўтган бўлса-да, Куйдирган калла мен билан қайта юзма-юз бўлмаган, бирор азият етказмаган, демак, орамиздаги жанжални унутиб юборган, деб ўйлардим. Лекин кўп ўтмай, адашганимни англадим.
…Иссиқ тонгларнинг бирида бадантарбия пайтида уч чақирим масофага югурмоқда эдик. Кимдир оёғимдан чалиб юборди. Қаттиқ мункиб кетдим, юзтубан йиқилишимга оз қолди. Бу бедодликка жавобан, шахт билан ўгирилдим-у, ортимдан келаётган қозоқ йигити Муҳаммеджоновга юз-кўзи аралаш қаттиқ мушт туширдим. Муҳаммеджонов додлаб юборди-ю, сафдан чиқди.
– Ҳой, танинг соғми сенинг, мен чалганим йўқ-ку! – деди у вой-войлаганича кўзини ушлаб.
Саф бузилди, аскарлар тўзиб кетишди. Югуришни истамаётган йигитларимиз учун яхши баҳона топилган эди.
Бадантарбия машғулоти барбод бўлди. Бунинг сабабчиси мен эдим. Муҳаммеджонов мени чалиб юборганини тан олмас, йигитлар ҳақиқий айбдор ким эканини айтишмас, чунки чақимчилик армияда жуда ёмон қусур саналарди.
Муҳаммеджоновнинг кўзи кўкариб, шишиб кетди, воқеадан хабар топган рота командири мени уч кеча-кундуз авахтага ҳукм этди.
Иш пачава бўлганди. Чунки, 95-майдончанинг авахтаси, унинг жуда қаттиққўл коменданти Пчёлкин ҳақида даҳшатли ҳикоялар юрарди, устига-устак, қуёш тиғидаги товуқ катагидек камераларни кана босган дейишарди. Комендант Пчёлкин авахтадаги аскарларни йиқилиб қолгунча югуртирармиш, ким йиқилиб қолса, қамоқ муддатини яна узайтирармиш… Авахта соқчилари овқатнинг сарасини ўзлари еб, сарқитни қамалганларга берармиш ва ҳоказо…
Ҳамюрт йигитлар кўнглимни кўтаришар, ҳақиқий айбдорни, албатта, аниқлаб, боплаб таъзирини берамиз, дейишарди.
Бу орада сержант Харитоновни болохонадор қилиб сўккани учун Ҳасан исмли озарбайжон йигити ҳам уч кеча-кундузлик авахтага ҳукм этилди. Кўнглим бироз ёришгандек бўлди, чунки Ҳасан жуда шўх, қизиқчи йигит эди.
Бизнинг камар ва ҳужжатларимизни олиб қўйиб, энди авахтага жўнатамиз, деб туришганида, саф олдида кутилмаганда Куйдирган калла пайдо бўлди.
– Командир, – деди у рота командирига юзланиб. – Мана шу икки лочинни менинг ихтиёримга берсанг. Булар учун махсус топшириқ бор. – Майор тиржайганича мен ва Ҳасанга ишора этди.
Улар олдиндан келишиб олган экан шекилли, рота командири ҳам дарҳол рози бўлақолди. Куйдирган калла бизни эргаштириб, штабга жўнади. Кўнглим ёмон бир нарсани сезиб, таъбим хиралашди.
– Ҳасан, дўстим, ҳушёр бўл, Кузя бизни ёмон бир балога гирифтор қилмоқчига ўхшайди, – дедим.
– Қўйсанг-чи, гардаш, у махсус топшириқ бор деяпти-ку, – деди Ҳасан соддалик билан қирғий бурнини қашиб.
– Эҳ, тентак, қамалган аскарга қанақа махсус топшириқ бўлсин?
Ҳасан “билмасам” дегандай елка қисди.
Орадан сал фурсат ўтиб, Куйдирган калла юк машинаси кабинасига ўтирди-да, бизни тепага чиқишга ундаб, шофёрга “ҳайда” ишорасини қилди.
– Гардаш, ҳой гардаш, – мени туртди Ҳасан. – Кўп ғам чекаверма, бизни ўлдиришмас, ахир. Ҳар қалай, икковимиз-ку, бир-биримиздан бохабар бўламиз.
Ярим соатлардан сўнг қисм чўчқахонасига етиб келдик. Ертўлада уч чўчқабоқар яшар, уларнинг бири – дум-думалоқ, сарғиш сочлари пешонасига тушиб турадиган рязанлик йигит Миша Мижуев ротамиз рўйхатида турар, у биз билан бир кунда ҳарбий хизматга чақирилганди.
– Лочинлар, – деди Куйдирган калла Ҳасан иккимизни энг чеккадаги бостирма ёнига бошлаб бориб. – Мана шу ерда етмиш қадамлик ёғоч девор барпо этасизлар. Роппа-роса уч кунлик иш. Хоҳланг – кундузи ишланг, хоҳланг – кечаси. Агар айтган муддатда ишни тугатмасангиз, ўзингиздан кўрасиз.
Майор бир яшик мих, битта болта ва аррани қўлимизга тутқазиб, атрофда уюм-уюм бўлиб ётган, кучукнинг оёғидек эгри-бугри ёғочларга ишора қилди-да, жўнаб кетди. У биз уч кун нима еб, нима ичамиз, қаерда ухлаймиз, бу ҳақда гапирмади.
Биз аввалига майордан тез ва осон қутулганимизга хурсанд бўлдик. Лекин қўлга болтани олиб, қуёш тиғида ярим соатча ишлаганимиздан сўнг, дурадгорликдан мутлақо хабари бўлмаган бу одамлар бу ишни бир ойда ҳам тугатолмаслигига амин бўлдик.
Уст-бошимиз тердан шалаббо, дақиқа сайин сув ичгимиз келарди. Шу тариқа тишни-тишга қўйиб, тушгача ўн қадамча жойга нари-бери девор тикладик. Эгнимизда труси, этик ва панамадан (Туркистон ҳарбий округи аскарлари ёзда киядиган бош кийими) бўлак нарса қолмади. Ҳолдан тойиб, бостирма соясига ўтирдик.
– Эҳ, қанийди, бир косагина муздек айрон бўлса! – дедим ташналикдан тилим танглайимга ёпишиб.
– Қўй, гардаш, юрагимни тирнама, ҳозир сену мендан ана у, балчиққа беланиб ётган чўчқанинг қадри баланд. Ейдигани ҳам, ичадигани ҳам ёнида… – деди Ҳасан авзойи бузилиб. – Агар Харитонов панароқда қўлимга тушиб қолса борми, бўғиб ташлайман. Бу, Кузя деганинг ҳам нақ ҳайвоннинг ўзи экан. Ҳе, махсус топшириғинг бошингни есин!
– Қўй, Ҳасан, хафа бўлма, авахта коменданти Пчёлкиннинг қўлига тушсак, аҳволимиз бундан баттар бўларди-ку!
– Баттар бўлиб кетмайдими, ҳар ҳолда у ерда еган-ичганинг тайин эди-да! – жиғибийрон бўлди Ҳасан.
Қаршимизда Миша Мижуев пайдо бўлди.
– Юринглар, йигитлар, Худо берган ризқ-насибани баҳам кўрайлик. Кузя сизларга овқат юборадиган анойилардан эмас, – деди у беғубор жилмайиб.
Чўчқабоқарларнинг ертўласи салқингина экан, анча жонимиз кириб қолди. Кўп ўтмай, столда бир буханка қора нон, товада жизиллаб турган картошка ва беш кружка сут пайдо бўлди. Сутни кўриб, Ҳасан бир сапчиб тушди, кўзлари ола-кула бўлиб, бақирди:
– Ҳой, Мишка! Тўғрисини айт, чўчқанинг сутими бу?! – у ўз кружкасини олиб, ирғитмоқчи бўлганди, Миша унинг қўлини ушлаб, тушунтирди.
– Тентаклик қилма, иккита сигиримиз ҳам бор. Ишонмасанг, юр, кўрсатаман.
Лекин Ҳасан сутни ичишдан қатъий бош тортди.
– Бўпти, – муроса қилди Мижуев. – Сут ичмасанг, спирт ичарсан?
У каравот остига қўл узатиб, ғилофи ҳўл сувдонни илиб олди. Ҳасаннинг кўзлари шўх чақнаб кетди.
– О-о, спирт? Спирт ичарам! Заҳар бўлса-да, ичарам!
Бешовлон бир сувдон спиртга, шунча миқдорда сув қўшиб, томчисини ҳам қолдирмай ичиб юбордик. Ҳаммадан олдин Ҳасан маст бўлиб қолди ва савағичдай узун бармоқлари билан кўзларини ишқаб, ҳўнг-ҳўнг йиғлай бошлади.
– Қишлоқда ёлғиз онам қолган. Онамни соғиндим. Жуда соғиндим. Буларнинг ҳаммаси эса онамни сўкади. Харитоновни қайтариб сўккандим, қамоққа ҳукм этишди. Ахир қамаш керак бўлса, аввал Харитоновни қамаш керак-ку, у биринчи бўлиб онамни сўкди-ку! Вай-вай, бу қандай бедодлик, – зорланарди у.
Ҳасан йиғлай-йиғлай, ухлаб қолди. Биз ҳам пинакка кетдик.
Уйғонганимизда қош қорая бошлаган, ҳаво ҳарорати анча пасайган эди. Ҳасан иккимиз яна қўлга болта-аррани олиб, ишимизни давом эттира бошладик. Миша ва унинг шериклари бизга ёрдамга келишди. Ойдин тунлар ва салқин тонглардан фойдаланиб, чўчқабоқарлар ризқига шерикчилик қилиб, икки кеча-кундуз ишладик. Лекин бешовлон тер тўксак-да, топширилган ишнинг ярмини ҳам уддалаёлмадик. Хафа бўлиб кетдик. Қўлимизда болта-ю, хаёлимиз “Энди Куйдирган калла бизга яна қанақа қийноқ ўйлаб топар экан?” деган ўй билан банд, ишимизда эса унум йўқ эди.
Учинчи кун чошгоҳда Куйдирган калла келди. У биз бажарган иш кўлами билан танишгач, бошини сарак-сарак қилганича, ёнига имлади. У бақириб-чақирмади, сўкмади, кўзимизга тик боқиб, лабида заҳарханда билан шундай деди:
– Командир буйруғини бажармабсизлар. Бунинг учун ҳар икковингни ҳам ҳарбий трибунал судига топшириб, қаматиб юборишим мумкин. Лекин мен олижаноб одамман, сенларга яна енгил жазо бераман. Қисм ошхонаси учун иккита чўчқа сўйиб берасизлар. Шу билан авахта муддатингиз ҳам тугайди.
Ҳасан ҳам, мен ҳам қотиб қолдик. Биз ҳар қандай оғир жазога ўзимизни тайёрлаган бўлсак-да, бунчалик зарбани кутмагандик. Ич-ичимдан кўтарилиб келаётган қаттиқ ғазаб ва титроқни зўрға босиб, Ҳасанга тикилдим. Унинг юзи янада қорайиб кетган, тишларини қисганча, ниманидир зўр бериб ўйларди. “Оббо, хаёл суришга топган вақтингни қара-ю!” дедим ўзимча ва Куйдирган каллага юзландим.
– Ўртоқ майор, мен бу буйруқни бажармайман!
Куйдирган калла пинагини ҳам бузмади.
– Бажармай қаёққа ҳам борардинг? Сен, маҳмадона, низомни ўқигансан, командир билан баҳслашиш нималарга олиб келишини биласан-ку!
– Биламан. Отиб ташласангиз ҳам майли. Лекин мен чўчқа сўймайман. Буни ўзимга ҳақорат деб ҳисоблайман.
– Яхши, яхши, гапиравер. Ҳақиқатан ҳам тилинг жуда бурро экан. Хўш, сен Муҳаммеджоновга туширган мушт ҳақорат бўлмай, мукофот эдими?! – вишиллади Куйдирган калла.
– У ўз номаъқулчилиги учун калтак еди, – дедим мен.
– Ҳа, баракалла, мана энди ўзингга келдинг! Сен ҳам номаъқулчилигинг учун азият чекяпсан. Қайтар дунё дейдилар буни, азизим…
Мен куни-кеча сигир сутини чўчқа сути деб ўйлаб, жазаваси қўзиган Ҳасандан нажот кутардим. Лекин Ҳасан негадир фавқулодда хотиржам эди. Баҳсимизни узоқдан кузатиб турган Миша ёнимизга келди.
– Ўртоқ майор, қўйинг, уларни бу ишга мажбур этманг. Мусулмонларда чўчқа ҳаром ҳисобланади. Боз устига, бу жониворларни дуч келган одам сўя олмайди-ку. Биз ўзимиз ҳар кунгидек сўяверамиз. Ҳеч кимнинг ёрдами керак эмас, – деди у.
Куйдирган калла башарасида чексиз нафрат билан Мишага ўқрайди.
– Оддий аскар Мижуев! Ким эканингизни унутяпсиз! Менга ақл ўргатишни бас қилинг! Бировларнинг ёнини олгунча, ўз гуноҳларингиз тўғрисида ўйлаб кўрсангиз яхши бўларди! – деди у таҳдидли овозда Мишани сизлашга ўтиб.
Миша жимиб қолди. Унинг ранги оқарган, мовий кўзларида қўрқув ва айни вақтда, нафрат ифодаси намоён эди. Шу чоққача мум тишлаб ўтирган Ҳасан тилга кирди:
– Қани, беринг пичоғингизни, нечта чўчқа бўлса, сўйиб ташлайман!
– Ҳой, Ҳасан, жинни бўлдингми? Чўчқа бир пишқирса, эсинг оғиб қолмасин яна!
Ҳасан менга ўқрайди ва ўт чақнаётган кўзлари билан “жим тур” маъносида им қоқди.
Куйдирган калла мамнун иршайди. Мижуевга пичоқ олиб келишни буюрди-да, худди меҳрибон устоздек, Ҳасанга чўчқа сўйишнинг “нозик” томонларини тушунтира кетди:
– Бунинг ҳеч қўрқадиган ери йўқ, сендан талаб қилинадигани, қўлинг қалтирамай, пичоқни мўлжалга – қоқ юрагига урсанг бўлгани. Бир неча зарбадан сўнг, тил тортмай ўлади, марра сеники…
Банг ва ароқ эс-ҳушини ўғирлаган майор Ҳасаннинг юзлари ҳаддан ташқари қорайиб кетганига, кўзларида телбавор, ёввойи бир ўт чақнаётганига эътибор қилмас, мен эса дўстимнинг важоҳатидан хавотирда эдим. Бу орада Мижуев келиб қолди ва қўлидаги ярим қулочча келадиган пичоқни Ҳасанга узатди. Қолган воқеалар бир неча сонияда содир бўлди. Мишадан пичоқни олган Ҳасан мушукдек сапчиб, Куйдирган калланинг бўғзига чанг солди, ўзига қараб қаттиқ тортди ва оёғидан чалиб юборди. Қўллари чўнтагида, бемалол валақлаётган, бундай ҳужумни сира кутмаган жабрловчимиз ўроқ тортилган жўхоридек қулади. Ҳасан чаққон ҳаракат билан унинг устига миниб, тиззасини кўкрагига босди ва пичоқни майорнинг лиқиллаб турган кекирдагига тиради. Мен ва Миша беихтиёр улар томонга ташланган эдик, Ҳасан пичоқни майорнинг кекирдагидан олиб, бизга ўқталди:
– Яқинлашсаларинг икковингниям сўйиб ташлайман! – унинг кўзлари қонга тўлган эди.
Миша иккимиз турган еримизда қотиб қолдик. Ҳасаннинг тиззаси остида ётган майор қаршилик кўрсатмас, ислиғи чиқиб кетган фуражкаси бир чеккага думалаб кетган, оқара бошлаган, сийрак сочлари пешонасига ёпишган, кулранг кўзлари нурсиз, шуурсиз боқарди. Ҳасан уни бўралаб сўкар, дағдаға қиларди.
– Ё ҳозир бизни хўрлаганинг учун кечирим сўрайсан ёки чўчқаларингдан олдинроқ нариги дунёга жўнайсан! Ҳе, онангни сенинг! Кўппак!
Гапиришга имкон яратиш учун Ҳасан майорнинг гирибонини бироз бўшатди. У чуқур тин олиб, эшитилар-эшитилмас хириллади:
– Кечиринглар мени, йигитлар… Бу кунимдан ўлганим яхши…
– Агар бизни сотсанг, барибир пайт пойлаб, сўйиб ташлайман, билиб қўй, – деди Ҳасан.
У майорнинг шалвираб ётганини кўриб, бироз шаштидан тушган эди. Рақибининг гирибонини қўйиб юбориб, ўрнидан турди ва пичоқни бостирма ортига отиб юборди.
Миша майорнинг ўрнидан туришига кўмаклашди, фуражкасини ердан олиб, чангини қоқиб, узатди. Куйдирган калла аянчли, афтодаҳол қиёфада бостирма соясига ўтди. Чўнтагидан эзғиланиб кетган сигарет олиб, тутатди, чуқур “уф” тортди. Ҳасан ўн қадамча наридан бизни сўзсиз кузатиб турарди.
– Биратўла ўлдириб қўяқолсаларинг бўларди. Ҳамма ғавғолардан қутулардим. Хизмат вазифасини бажариш пайтида ҳалок бўлди, дея мукофотга тақдим этишарди… – Куйдирган калланинг овози титраб чиқса-да, нурсиз кўзлари, заҳил башарасидан қўрқув излари йўқолган, унинг ўрнини ўша иржайганнамо заҳарханда эгалламоқда эди.
– Сиз хафа бўлманг-у, ўзингиздан ўтди, – деди Миша юрак ютиб.
– Ҳамма гапирса ҳам, сен гапирма. Булар билан энди ора очиқ, сўз бердим. Лекин сен билан ҳисоб-китоб ўзгача бўлади, – деди Куйдирган калла ва секин юриб Ҳасаннинг ёнига борди. Ҳасан ҳушёр тортиб, ҳурпайди. У афтидан, ўз қизиққонлиги оқибатларини ўйламоқда, чунки, агар иш чаппасидан кетса, ҳар иккимиз интизомий жазо батальонига равона бўлишимиз тайин эди.
– Қани, қўлни ташла осиёлик ёввойи, – деди майор Ҳасанга ориқ, узун қўлини узатар экан. – Гап шу ерда қолсин. Қариганда аскардан калтак еди, деган маломатга сира тоқатим йўқ.
Ҳасан бу сўзларга ишониш-ишонмаслигини билмай, қўл узатди.
Шу билан авахта муддатимиз тугади ва тушликка яқин қисмга қайтиб келдик. Йигитлар бизни худди у дунёдан қайтганларни кутгандек кутиб олишди. Ким тамаки тутқазди, ким гугурт чақиб берди, кимдир елкамизга шапатилади, хуллас, йигитлар бизни жуда талтайтириб юборишди.
Чўчқахонадаги воқеани ҳеч кимга айтмадик. Куйдирган калла ҳам сўзининг устидан чиқиб, бизга азият етказмади.

* * *

Хизматнинг сўнгги ёзи охирлаёзган, биз – юртдошлар тушимизда ҳам, ўнгимизда ҳам Бухорони кўрардик. Барча суҳбатларимиз шу мавзуда, томоғимиздан овқат ҳам яхши ўтмас, нуқул кун санардик. Ана шундай дилгир кунларнинг бирида “чўчқабоқар Миша Мижуев бедарак йўқолибди” деган хунук хабар тарқалди. Командирларимиз типирчилаб қолдилар. Аввалига қисмимиз, сўнг бутун гарнизон аскарлари чўлни қадам-бақадам кезиб чиқдик. Миша ҳеч қаерда йўқ эди. Унинг уйига, ҳарбий комиссариатга кетма-кет телеграммалар жўнатилди. Ҳарбий прокуратура жуда кўпчиликни, жумладан, мен ва Ҳасанни ҳам сўроқ қилди. Ҳеч қандай натижа чиқмади. Мен баъзи-баъзида Куйдирган калланинг Мишага дағдаға қилиб, “сен билан ҳисоб-китоб ўзгача бўлади” деган сўзларини эслаб, сес­каниб кетардим. Лекин бу сўзлар замирида қандай сир яширин эканини билолмасдим.
Оғир кунда бизга мадад берган оқкўнгил йигит Мишанинг тақдири мени беҳад ташвишлантирар, шубҳа-гумонларимни бировга айтолмай, қийналардим. Кунлар кетидан кунлар ўтди. Лекин Мишадан дарак бўлмади.

* * *

Бойқўнғирни тарк этганимга қарийб қирқ йил бўляпти. Бу маскан билан боғлиқ кўп воқеалар унутилиб кетди. Лекин Миша йўқолиб қолганидан сўнг орадан бир неча ой ўтгач, қисмга етиб келган онанинг аҳволини, кўзларида қотиб қолган даҳшатни ҳамон унутолмайман. Одмигина чит кўйлак кийиб, эски дуррача ўраган, оқ-сариқ сочлари паришон бу аёл ҳамон тушларимга киради. У ҳатто сичқон ҳам ўтолмайдиган сон-саноқсиз назорат-текширув постларидан қандай ўтгани, олис қумликлар ичкарисидаги бу масканга қай тахлит етиб келгани ўзига ва ёлғиз Худога маълум.
Мишанинг онаси штаб олдида бир кеча-кундуз тик турди. У йиғламас, гапирмас, фақат кўзларидаги даҳшат юрак-бағримизни эзарди. Биз унга нон, сарёғ, қанд олиб бордик, командирлар ҳам атрофида парвона бўлдилар. Лекин она қиё ҳам боқмас, лаблари аранг “Миша, Мишенька…” дея пичирларди, холос.
Эртасига эрталаб она ғойиб бўлди. Штабдаги югурдакларнинг айтишларича, махсус бўлимдагилар уни уйига кузатиб қўйиш учун олиб кетишганмиш…

M: “Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 4-сон

Наргиза АСАДОВА
ДИЛГА ЁРУҒЛИК ЭЛТГАН АСАР
028

“1968 йил. Кеч куз тунларининг бирида Бухородан жўнаган поезд икки кеча-кундуз йўл босиб, қош қорайганда чўл бағридаги Тўра Том бекатига етиб келди”
Ёзувчи Жўра Фозилнинг “Бойқўнғир лолалари” номли қиссаси (“Шарқ юлдузи” журнали 2016 йил 4-сон.) шундай бошланади. Бешта бобни ўз ичига олган қиссада хизматга отланган, аскарлик мақомига эга бўлгач турли қийинчиликларни бошидан кечирган Жамол исмли йигит ҳақида ҳикоя қилинади. Гарчи воқеалар изчиллик билан давом этмаса-да, лекин давомийликдаги кечинмалар, зиддиятлар мутолаага берилган чоғда аксланади. Яъни, қиссадаги ҳодисаларни муаллиф кўз ўнгингизга келтириб қўяди. Бўз йигитларнинг ҳатти-ҳаракатини, ориятли дўстларнинг ўзаро муносабатларини кўриб, бирдамлик ҳиссини туйиб яшай бошлайсиз. Мутолаа кўп вақтингизни олмайди. Ҳажман унча катта бўлмаган асарда содда, лўнда тасвирлар, қаҳрамонларнинг самимий мулоқотлари кишини зериктирмайди, балки “Энди нима бўлар экан?”нинг ортидан эргаштиради. Тили равон ва содда, баъзи жойларда шевага хос сўзлардан ҳам ўринли фойдаланиш асарнинг ўқимишлилигини таъминлайди.

***

Қозоғистоннинг муаллиф айтмоқчи гадойтопмас Бойқўнғир космодромида жойлашган ҳарбий қисмга келган Жамол, Самад, Усмон, Ризо, Тоҳир, Ҳасан сингари аскарлар то хизмат тугунгунга қадар бошидан кўп кечмишларни ўтказишади. Гап нима ёки ким ҳақида бормасин, асардан мустабид тузумнинг нафаси, унинг тайзиқи сезилиб туради. Чунончи, қаерда ва қачон портлаши номаълум бўлган қитъалараро ядро ракеталарини муҳофаза қилишга, янги шахталар барпо этишга сафарбар этилган аскарларни чор атрофи қип-қизил чўл бўлган кентнинг ноқулай шарт-шароити, кутилмаганда ўзгариб турадиган об-ҳавосигина эмас, балки “космодром оқсуяклари” томонидан аскарларга нисбатан қулдек муомала-муносабати, нописандлиги нафақат асар қаҳрамонларини балки ўқувчини ҳам азоблайди.
Полковник Лаухин, штаб бошлиғи Василий Михайлович, майор Кузя, сержант Харитонов каби бошлиқларнинг хўрлик ва қийноқларига қўлини мушт қилган, пичоқ суякка қадар боргач номардларнинг ҳиқилдоғига пичоқ тираган ғурурли персонажлар билан бирга ўқувчи ҳам бўғриқади, одамларга юқоридан қарайдиган бу ноқис кимсаларга нисбатан нафрат туяди. Бир қараганда, бу ҳодиса ўз-ўзидан эмас, битта ернинг нон-тузини еб катта бўлган ҳамюртларнинг бир-бировига берган меҳри, далдасидек бўлиб кўриниши мумкин. Лекин лейтенат Ежов, оддий аскар Миша сингари инсонлар ҳарбий қисмдагиларнинг аскарларга нисбатан ҳақоратлари-ю, хўрликларига гоҳ пинҳона гоҳи ошкора қарши муносабатда бўлишларини мутолаа жараёнида кузата туриб, инсон қадр-қимматини оширишга хизмат қиладиган умуминсоний туйғуларнинг миллат ва ҳудуд билмаслигига яна бир карра амин бўласиз. Бу жиҳатлар асарда инсонни тушуниш, зарур вақтда қўллаш, кўмакка муҳтож одамдан юз ўгирмаслик каби ҳислатлар тажассумида намоён бўлади. Жумладан, ҳарбий қисмни рухсатсиз тарк этиб, қуёшнинг уфқдан бош кўтаришини дарё соҳилида томоша қилишни одат қилган аскарни (!) жазолаш ўрнига: “Сен бахтлисан. Шарқ – шоирлар юрти. Шарқ шеърияти – буюк шеърият. Сирасини айтганда, Бухоро ва Тошкентда яшаб, шоир бўлмаслик мумкин эмас… “ – дея унга ҳавас қилган командирнинг сўзлари китобхоннинг-да дилига ёруғлик элтади.
Қиссада қизил гул сингари — Муаттар ҳаётга, инсонга бўлган муҳаббатнинг ёрқин тимсолидир. Гарчи қиз Жамолнинг гоҳ хаёлида, гоҳи тушида намоён бўлса-да, у асар давомида оғир кунларда йигитни умид билан яшашга, орзу сари одимлашга тонгги қўнғироқдек чорлаб туради. Оддий қилиб айтганда, шундай бир қийин шароитда, собиқ тузумнинг инсон манфаатларини, истакларини ҳисобга олмайдиган қатъий интизом ва зўравонликка хос даврида ҳам одамларда кўнгил борлигини, бу дил мудом яхшилик ва зиёга интилишини ёзувчи ижобий образлар сиймосида эслатиб туради.

***

Бугун атроф-жавонибимизда тамомила ўзгача манзара. Мустақил мамлакатимизда эрк ва озодлик инсонларнинг ор-номусидек ҳамқадам. Толъе истиқлол аталмиш буюк неъматни ато этгандан сўнг, юртимиз ва юртдошларимиз ҳаётида туб бурилишлар, ўзгаришлар юз берди. Зеро, сўзда ва амалда эркин бўлган инсонгина эрта ҳақида нурли ўйлар қилади, истиқболга ишонч кўзи билан қарайди.
Касбим тақозоси билан ҳарбий хизматчилар билан кўп мулоқотда бўламан. Бугун уларга қаратилаётган ижтимоий ҳимоя, оила аъзолари учун давлатимиз томонидан берилаётган юксак ғамхўрликнинг бевосита шоҳидиман. Айниқса, муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарлар билан кўришганда, уларнинг юз-кўзидаги мамнунлик, ўзига бўлган ишонч, шарафли бурчидан масрурликни ҳис этаман. Ҳарбий хизматга боргандан то уйга кузатиш жараёнига қадар улар иззат ва икромда десам, муболаға йўймассиз. Рости ҳам шундай. Замонавий кўринишда жиҳозланган, ошхона, ётоқхона, дам олиш жойлари, жанговар ва маънавий-маърифий машғулотлар ўтказиладиган хоналар буларнинг бари тинчлигимиз посбонлари учун шай. Бугун улар “Бойқўнғир лолалари” даги каби мусофирликда, бировнинг қош-қавоғига қараб, камситилиб кун санаётган аскарлар эмас, балки она Ватани бағрида, эртанги кун ҳақида тиниқ ва баланд орзулар билан хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилардир. Шундай дориломон кунларнинг қадрига етиш, ҳозирги авлодга эртакдек туюладиган ўтган кунларни шу онлар билан солиштириш, таққослаш ва муҳими хулоса қилиш имконини берган ёзувчи Жўра Фозилнинг бизга тақдим этган мазкур асари шу жиҳатдан эътибор-у эътирофга молик.

091968 yil. Kech kuz tunlarining birida Buxorodan joʻnagan poyezd ikki kecha-kunduz yoʻl bosib, qosh qorayganda choʻl bagʻridagi Toʻra Tom bekatiga yetib keldi. Bizni kuzatib kelgan serjantning aytishicha, bekat askarlar tilida Toʻra Tom emas, turma tom deb atalarmish. Bu soʻzlar harbiy xizmat ishtiyoqi bilan limmo-lim yuraklarimizga qattiq botgan boʻlsa-da, keyinchalik serjantning eʼtirofi rost ekanligiga imon keltirdik…

Joʻra FOZIL
BOYQOʻNGʻIR LOLALARI
Qissa
028

02Joʻra Fozil 1949 yilda Buxoro viloyati Romitan tumanida tugʻilgan. Toshkent davlat universiteti jurnalistika fakultetini tugatgan. “Muhabbatning bayramlari” (1991), “Barqut mavsum” (1992), “Buxoroyi sharif elchilari” (1996), “Baxt yulduzi” (1997), “Mening qizil gulim” (1998), “Bolalikning yolgʻiz yodgori” (2002), “Buxoriyning qaytib kelishi” (2004), “Ayriliq ostonasi” (2005), “Tiramoh armonlari” (2009), “Biz lola termagan bahor” (2010) kabi hikoya, qissa, romanlari jamlangan kitoblari nashrdan chiqqan.

Uxla askar, uxla beparvo,
Tushlaringga kirsin Buxoro…
Buxorolik askarlar xirgoyisidan

I. POLVON

1968 yil. Kech kuz tunlarining birida Buxorodan joʻnagan poyezd ikki kecha-kunduz yoʻl bosib, qosh qorayganda choʻl bagʻridagi Toʻra Tom bekatiga yetib keldi. Bizni kuzatib kelgan serjantning aytishicha, bekat askarlar tilida Toʻra Tom emas, turma tom deb atalarmish. Bu soʻzlar harbiy xizmat ishtiyoqi bilan limmo-lim yuraklarimizga qattiq botgan boʻlsa-da, keyinchalik serjantning eʼtirofi rost ekanligiga imon keltirdik. Lekin hozircha oʻn besh-yigirma chogʻli paxsa uy va bekat binosidan iborat bu gadoytopmas goʻsha nomi tillarda doston boʻlgan Boyqoʻngʻir kosmodromining darvozasi ekanini bilmasdik. Bu yerlar faqat markaziy matbuotda Boyqoʻngʻir deb atalar, toʻrt tomon, minglab chaqirim masofada raketalaru harbiylardan boʻlak hech zogʻ yoʻq, fazogirlarning moʻjazgina shaharchasi Toʻra Tomdan ikki-uch chaqirim narida, Sirdaryo sohilida joylashgan, askarlar uni soddagina qilib “10-maydoncha” deyishardi. Lekin maydonchalarni tom maʼnoda tushunish kerak emas. Bu manzillarda qitʼalararo yadro raketalari uchiriladigan yer osti shaxtalari, kosmik kemalar parvoz etadigan yer usti maydonchalari yaqinida askarlar yashashi, xizmat qilishi va dam olishi uchun ozmi-koʻpmi sharoitlar bor edi.
10-maydoncha Boyqoʻngʻirning yuragi emas, bu yerda kosmodrom oqsuyaklari yashashar, asosiy qora mehnat askarlar gardanida, ular esa yuzlab chaqirim qum ichkarisida xizmat qilishga mahkum edilar. Bu maydonchadagi askarlar rahbariyat, ayrim oʻta maxfiy boʻlimlar, aloqa xizmatida edilar. Yana bu yerda kichik komandirlar tayyorlash maktabi, bir necha qurilish va avtomobil batalyonlari bor edi. Ehtimol, yana allakimlar, allanarsalar boʻlgandir. Ularni aytmaganim uchun shahar solnomachilari meni kechirishar. Oʻshanda men – oʻn toʻqqiz yashar askarning bilganim shu edi. Bundan koʻproq bilgan, bilmoqchi boʻlgan askarlar bilan maxsus boʻlim shugʻullanardi.
Xullas, umumiy harbiy majburiyat hamda taqdir taqozosi bilan oʻsha tunda men va bir guruh hamshaharlarim usti yopiq mashinalarda qariyb yuz chaqirim yoʻl bosib, 95-maydonchaga yetib keldik. Biz uchun tayyorlab qoʻyilgan askariy taomlarni nari-beri yeb, kazarmaga joylashgach, dong qotib qoldik.
Ertalab qismimiz qip-qizil choʻlda joylashgani maʼlum boʻldi, bu ruhimizni tushirib yubordi. Ulkan shaharlar, yam-yashil oʻrmonlar, moviy koʻz mahbubalar toʻgʻrisidagi orzular bir zumda chippakka chiqdi. Biz – urushdan keyin tugʻilgan avlod, qishloqlarda “urush-urush” oʻynab katta boʻlgandik, harbiy xizmatga jon-jahdimiz bilan oshiqardik. Bu – xayolimizda allaqanday ulugʻvor gʻoyalar, ulkan ishlar bilan yoʻgʻrilgandi. Bu yerda askarlar jangovar navbatchilikda turgan, qachon, qayerda portlashi nomaʼlum boʻlgan qitʼalararo yadro raketalariga xizmat qilishar, ularni qoʻriqlashar, yangi-yangi shaxtalar barpo etisharkan. Bu hech qanday jasorat talab qilmaydigan, zerikarli ishday tuyuldi bizga va qalblarimizni beadad bir dard, oʻz-oʻzimizdan qoniqmaslik hissi chulgʻab oldi. Baxtimizga komandirlarimiz, siyosiy xodimlarning aksariyati oʻz ishini puxta bilgan, zukko odamlar ekan. Ular butun insoniyat taqdiri shu yaydoq choʻlning har yer-har yerida, barxanlar siynasiga yashiringan raketalarga toʻgʻridan-toʻgʻri bogʻliq ekaniga bizni ishontirdilar.
Choʻlning hududsiz kengliklarida izgʻirin shamollar esar, koʻk yuzini qop-qora bulutlar qoplagan, qovjiroq yantoq va yavshanlar behol tebranishar, bu manzara yurakka hazin tuygʻular olib kirar, yer-koʻkdan sogʻinch, anduh hislari yogʻilardi goʻyo.
…Kechga tomon boshlangan sovuq yomgʻir borgan sari kuchayardi. Deraza oynasiga shitirlab urilayotgan tomchilar tovushiga quloq tutgancha uxlab qolgan ekanman, bir mahal guldurakdek tovushdan uygʻonib ketdim.
– R-r-o-o-t-t-a-a, podyom!
– Trevoga!
Bir zumda rota oyoqqa qalqdi. Olatasir boshlandi, tez kiyinib, safga turdik. Bir hafta mobaynida tez yechinib-kiyinishning mashqini olganimiz qoʻl keldi. Soat millari tungi uchni koʻrsatib turar, kun boʻyi yer tepib charchagan oyoqlarim lovullar, uyquga toʻymagan koʻzlarimni zoʻrgʻa ochardim.
– Oʻh, otasining goʻriga! – norozi toʻngʻilladi hamyurtim Samad etigining bir poyini ushlagancha safga kelib qoʻshilar ekan. – Shunday ajoyib tushning beliga tepdi-da, koshki edi, davomini koʻrishning iloji boʻlsa… – U hamon etigidan qoʻlini olmas, aftidan, paytavasini yaxshi oʻray olmagandi. Rota komandirining jarangdor tovushi yangradi:
– R-r-o-o-t-t-a-a-a, smirno! Komandamni eshit! Bugun tunda qattiq yomgʻir 90-uchish maydonchasiga raketa olib boradigan temir izning anchagina qismini yuvib ketibdi. Temir yoʻlning buzilgan qismini tonggacha tiklashimiz shart. Bu – jangovar topshiriq. Ertalab shu izdan raketa uchish maydonchasiga oʻtkazilishi kerak. Vzvod-vzvod boʻlib, mashinalarga chiqilsin!
Borgan sari kuchayayotgan yomgʻir ostida yugurib, bir maromda gurillab turgan usti yopiq bahaybat mashinalarga chiqdik va zim-ziyo, kimsasiz choʻlda chamasi yarim soatcha yoʻl bosganimizdan soʻng, kuchli projektorlar bilan yoritilgan yalanglikka yetib keldik.
Qism komandiri, shtab boshligʻi va yana shunga oʻxshash katta-kichik boshliqlar gurillab yonayotgan gulxanlar yonida shalabbo kiyimlarini biroz quritgan boʻlib, allanimalar toʻgʻrisida bahslashishar, chehralari sertashvish, tund edi.
Yomgʻir poʻlat izlar ostidagi koʻtarmani yuvib ketgan, bizdan oldinroq yetib kelgan askarlar mashinalar toʻxtovsiz tashib turgan mayda tosh, shagʻal bilan shu yerni mustahkamlashardi. Biz ham tayyorlab qoʻyilgan belkurak, misrang, choʻkichlarni olib, ishga kirishib ketdik. Koʻp oʻtmay, sovuq yomgʻir suyak-suyagimizgacha oʻtib, hatto paytavalarimiz ham shalabbo boʻldi.
Navbatma-navbat kiyimlarimizni quritib, yana qoʻlga belkurak olardik. Shu taxlit tonggacha ishladik. Yomgʻir esa tinay demasdi. Umrida bunaqa ogʻir ishni koʻrmagan menga oʻxshaganlarning boʻladigani boʻldi, qoʻllarimiz shishib, qonga belandi.
– Biz mardikorlikka emas, askarlikka kelganmiz-ku, axir, – yigʻlamsirab qoʻllariga “kuh-kuh”lardi malla, nimjon hamyurtimiz Usmon.
– He, sodda, askar mardikor emas deb senga kim aytdi? – dedi kiyimlarini quritayotgan Rizo.
U bizdan bir-ikki yosh katta, uncha-muncha hayotiy tajribasi bor edi, chamasi. Suhbatni jimgina eshitib turgan shtab boshligʻi gapga aralashdi:
– Lochinlar, koʻnikaverasizlar endi. Yana shuni quloqlaringga quyib olingki, bilmasangiz oʻrgatamiz, istamasangiz majbur qilamiz.
Biz jimib qoldik. Koʻzlari oʻynab turuvchi, qarimsiq shtab boshligʻini bir haftadayoq yomon koʻrib ulgurgandik. Kimdir boʻralab, oʻzbekcha soʻkindi. Shtab boshligʻi turgan yerida bir sapchidi, koʻzlarini ola-kula qilib oʻshqirdi:
– No, no, polegche! Soʻkinishni koʻrsatib qoʻyaman, sen bosmachilarga, – u oʻzbekchani sal-pal tushunardi, aftidan. Yaxshiyam, kim soʻkinganini bilolmay qoldi. Aks holda, jazolashi turgan gap edi.
Bu orada ulkan idishlarda biz uchun nonushta olib kelishdi. Issiqqina boʻtqani sovuq yomgʻirga qoʻshib, paqqos tushirgach, biroz jonimiz kirib qoldi. Endi shtab boshligʻi ham koʻzimizga unchalik yomon koʻrinmasdi. U ham shashtidan tushib, nari ketdi.

* * *

Shtab boshligʻi haq boʻlib chiqdi. Tashvish-azoblarimiz kun sayin oshaverdi, uyni sogʻinishga, gʻussa chekishga ham vaqt topolmay qoldik. Vzvod komandirining oʻrinbosari, gʻarbiy ukrainalik serjant Xaritonov bizga shuncha koʻp mashq bajartirar ediki, kechki ovqatga ham holimiz boʻlmay, sulayib qolardik. U zolim esa, tungi yoʻqlamadan soʻng ham bizni uxlagani qoʻymay, kiyinish-yechinishga, “Qizil burchak”ning polini tish choʻtkasi bilan sovunlab yuvishga majbur etar va bundan lazzatlanardi, chamasi.
Pichoq suyakka borib taqalgach, undan qasd olish rejasini tuzdik. Avvaliga, oʻzimizning yigitlar navbatchi boʻlgan tunda serjant Xaritonovning yap-yangi etigi hojatxonaga eltib tashlandi. Zolim serjant ertalab safga kechikib, sharmanda boʻldi, vzvod komandirlaridan tanbeh eshitdi. Lekin uning zulmi battar kuchaydi. Shunda biz bir quchoq shishapaxta topib, kechalari uxlamay chiqsin deb, serjantning koʻrpa-toʻshagiga joylab tashladik. U esa quturib ketib, bizni qayta-qayta navbatdan tashqari xizmatlarga joʻnataverdi.
Bu orada qish kelib, shunday qattiq sovuq boʻldiki, koʻchaga chiqqanimizda paxtali shim, piyma kiyib, yuz-koʻzimizni sochiq bilan tangʻib bogʻladik. Yotogʻimizdagi isitish quvurlari yorilib ketdi. Shu sovuqdayam Xaritonov bizni ayamas, kartoshka tozalash, oʻtin arralashga navbatdan tashqari yuboraverardi. Kartoshka tozalayotganda barmoqlarimiz igna sanchgandek jizillar, oʻtin arralaganda kipriklarimiz qisir-qisir muzga aylanardi.
Agar baxtli bir tasodif boʻlmaganda, muttaham Xaritonov bizni qachongacha qiynardi, bilmadim.
Yangi yil arafasida qismda erkin kurash boʻyicha musobaqa oʻtkaziladigan boʻldi. Hammaga raqib topildi-yu, “Men erkin kurash boʻyicha Gʻarbiy Ukraina chempioniman” deya kerilib yurgan Xaritonov bilan maydonga tushadigan odam topilmadi. Xaritonovning gavdasi hoʻkizday, vazniyam shunga yarasha – uning ogʻirligiga teng raqib yoʻq edi. Maslahatlasha boshladik. Lekin oramizda Xaritonovni yenga oladigan kishi borligiga koʻzimiz yetmasdi. Rizo chidab turolmadi:
– Mayli, men chiqaman. Lekin oʻzimniyam, sizlarniyam sharmanda qilmasam, goʻrga edi.
Rizo rost gapirardi. U Xaritonovni yengishi dargumon. Rozi boʻlmadik. Final olishuvi boshlanishiga esa sanoqli daqiqalar qolgandi.
– Yigitlar, – dedi bir chekkada jimgina oʻtirgan Tohir. – Xaritonov bilan mana, men olishaman!
Hammamiz angrayib qoldik. Chunki butun umri choʻlda kechgan bu choʻpon yigit Xaritonovning teng yarmidan kelardi.
– Devona boʻldingmi? – qichqirdik baravar. – U seni bir siltasa, suyak­laringni yigʻib ololmay qolasan-ku!
– Yoʻq, joʻralar, – miyigʻida kuldi Tohir. – Yigit kishiga oʻlish bor, qaytish yoʻq! U qachongacha bizni qiynaydi?!
Tohir bir soʻzli ekan, uni niyatidan qaytarib boʻlmadi va har ikki raqib maydonga tushdilar. Yuragimiz uvushib, Tohirdan koʻz uzmasdik.
Xaritonov miyigʻida kulganicha, nopisandlik bilan davrani bir-ikki aylandi va zil-zambil qoʻlini Tohirning yelkasiga tashladi. Tashlagani hamono, “Yo, Ali!” degan kuchli bir hayqiriq zalni larzaga soldi, Tohir raqibini yelkasidan oshirib, yerga chunonam koʻtarib urdiki, Xaritonov bir necha soniya qimirlamay yotdi. Qarsak, hushtakbozlik boʻlib ketdi. Komandirlar jazavaga tushib baqirishardi:
– Bravo, Yusupov! Molodes, djigit!
Sharmanda boʻlib gilamda yotgan Xaritonov bilan hech kimning ishi yoʻq, Tohir qismning, biz uchun esa, Oʻzbekistonning mutlaq chempioni boʻlgan edi.
Tashqarida mayin qor uchqunlagan shu qahraton tunda biz Tohirni qayta-qayta quchib, oʻpdik va baxtdan sarxush boʻlib, dong qotib uxladik. Endi serjant Xaritonov bizni kamsitolmasligiga ishonchimiz komil edi.

II. QAHRATON

Boyqoʻngʻirning oʻziga xos shevasi, lugʻati bor edi. “Stakan” – qitʼalararo yadro raketasi turadigan yerosti shaxtasi, “start” – kosmik raketalar uchiriladigan maydoncha, “rejim xizmati” – raketa uchirilishi arafasida, qirq besh darajali sovuqqa qaramay, xizmatdan boʻsh askarlarni, butun garnizonni oʻn-oʻn besh chaqirim choʻl ichkarisiga haydab ketishga bosh-qosh boʻladigan, badqovoq polkovnik Lauxin tasarrufidagi maxsus boʻlinma, taʼbir joiz boʻlsa, “jazo otryadi”, “Vasya” yoki “Vasiliy Mixaylovich” – uch oylik uloqchadek mushuk. Shtab boshligʻi Vasiliy Mixaylovichni yomon koʻrganimizdan mushukni uning ismi bilan atagan boʻlsak ham, aslida jonivorni hammamiz behad suyardik. Oshxonadan qaytgan biror kishi Vasiliy Mixaylovichni quruq qoʻymas, birov qand, birov moy, yana birov goʻsht bilan siylar, erkatoyimiz kun sayin emas, soat sayin semirib borardi va minnatdor boʻlib, yotogʻimiz navbatchilari oldidan bir qadam nari ketmay, tunni tongga ulardi. Tuni bilan mijja qoqmay bir yerda oʻtirishga majbur askarlar uchun Vasiliy Mixaylovich ajoyib ermak edi. Lekin bu komandirlarimizga yoqinqiramasdi, harbiy nizomga xilof, deya xarxasha qilishar, butun rota Vasyaning yonini olgach, noiloj qolishardi. Menimcha, sotqinlik, chaqimchilik boʻlmagan goʻsha dunyoda yoʻq. 95-maydoncha ham bundan mustasno emasdi. Kimdir shtab boshligʻiga 1-rotadagi semirib ketgan mushuk uning “sharafiga” nomlanganini shipshitibdi.
Vasiliy Mixaylovich adashiga ochiq hujum qilmadi. Shunday qilsa, obroʻsi toʻkilishini yaxshi bilardi. U rotamizda oʻtkazilgan siyosiy mashgʻulotlarda bir-ikki marotaba ishtirok etib, “Sizlarda siyosiy tayyorgarlik juda boʻshashib ketibdi”, deya shaʼma qildi. Bu shaʼma nimaga qaratilgani bizga ayon, shtab boshligʻi mushukka shu nomni kim qoʻyganini aniqlay olsa, “sovet ofitserini haqoratladi” deya harbiy tribunalga topshirishdan ham toymasligini yaxshi bilardik. Xayriyatki, mushukka bu laqabni kim qoʻyganini aniqlab boʻlmasdi. Lekin shtab boshligʻi kechirimli odamlar toifasidan emasdi, u biz va Vasyadan qanday qasd olishini oʻylab, oʻyimizga yetolmasdik.

* * *

Qozogʻistonning mashhur shamoli kuchaygandan-kuchayar, quloq, burun, qoʻl, oyogʻini sovuqqa oldirgan askarlar soni oshib borar, paxtaligu poʻstinga har qancha oʻralmaylik, bu dahshatli qahratondan omonlik yoʻq edi. Hatto oshxonada krujkaga quyilgan issiq choy oradan bir necha daqiqa oʻtmay, yupqa muz parchasi bilan qoplanib qolardi.
Ana shunday ogʻir sharoitda ham Boyqoʻngʻirning yuragi urib turar, ulkan aslahaxonaga aylantirilgan choʻlning koʻz ilgʻamas kengliklarida yangidan-yangi yadro raketa komplekslari barpo etish uchun kecha-kunduz kurash ketardi. Markaziy gazeta-jurnallarda esa, qurollanish poygasini toʻxtatish, Sovet Ittifoqining gʻoyat tinchliksevar siyosati haqida qop-qop safsatalar bosilar, siyosiy xodimlar biz bilan mashgʻulot oʻtkazayotganda qurolsizlanish haqida gapirishdan charchamas edilar. Holbuki, qurollanish poygasining eng oldingi marrasi raketa bekitilmagan biror goʻshasi qolmagan ana shu cheksiz sahroda edi. Hafta sayin jangovar va kosmik raketalar fazoga parvoz etar, har bir parvozdan oldin xavfsizlikni taʼminlash uchun askarlarni aksariyat hollarda tungi uyqudan uygʻotib, choʻlga olib chiqishar, shu qahratonda rejim vaqti tugaguncha qumliklarda diydirab sanqishga majbur edik. Raketalar qulab tushishi xavfi boʻlganidan, rejim xizmati qismlarda sanoqli soqchilardan boʻlak hech kimning qolishiga ruxsat bermas, biz qismda qolayotgan doʻstlarimiz bilan xayrlashayotib: “Qoʻrqma, agar oʻlib-netib qolsang, orkestr bilan koʻmamiz” derdik. Chunki choʻlga butun garnizon bilan koʻchib chiqishlar mutlaqo keraksiz, rejim xizmatidagilar davlatning pulini bekorga olib yurishibdi, deb hisoblardik. Lekin tez orada yuz bergan voqealar biz yanglishganimizni koʻrsatdi.
…“Gerkules” tipidagi raketani uchirishga qizgʻin tayyorgarlik ketar, aytishlaricha, bu parvoz kosmosni oʻzlashtirishda inqilob boʻlishi kerak edi. Shu boisdan taraddud oʻta maxfiy tarzda olib borilardi. Odatda, nav­batdagi raketa qachon parvoz qilishini shtabdagi doʻstlarimiz orqali soat va daqiqalarigacha bilardik. “Gerkules” parvozi haqida esa hech kim, hatto komandirlarimiz ham bilishmasdi. Biz uzoq kutdik, parvozdan esa hadeganda darak boʻlavermadi. Oxiri, jonimizga tegib, eslamay qoʻydik. Sirasini aytganda, parvoz bizni qiziqtirmas, balki shu qahratonda yana qachon choʻlga haydab chiqarishlarini aniq bilib, shu sarson-sargardonlikka ozmi-koʻpmi tayyorgarlik koʻrib qoʻymoqchi boʻlardik, xolos. Tayyorgarlik deganim, gazniqob xaltasiga bir burda qora non, ikki-uchta muzlagan piyoz solishdan iborat edi.

* * *

Tun. Zim-ziyo tun… Zulmat qaʼridan Muattar chiqib kelayapti.
– Muattar, Muattar… nega xat yozmaysan? Kutaverib yuraklarim qon boʻldi-ku…
– Qanday yozaman, qayoqqa yozaman? Manzilingiz aniq emas-ku!
– Boyqoʻngʻirga deb yozaver. Jamol bittaman. Oʻzbekistonda sen ham bittasan.
– Yoʻq, xat yozmayman, oʻzim yoningizga uchib boraman!
– Uch-i-i-i-b kelolmaysan, kelma. Qanotlaringni sovuq oladi. Bu yer juda sovuq. Hamma joy, choʻl ham, uylar ham, yuraklar ham sovuq, qahraton, muz…
– Men sovuqdan qoʻrqmayman, Jamol aka. Qiz bolaning qaynoq yuragi oldida sovuq nima degan gap? Nahot shuni bilmaysiz? Axir, shoirsiz-ku, shoir-a!
– Yoʻq, men shoir emasman, shoirlikni vaqtincha qoʻyib turamiz, hozir oddiy askarman.
– Nima boʻlsayam, men yuraklaringizdagi muzni eritishim kerak. Axir yurakda muz bilan, muz yurak bilan qanday yashaysiz?!
– Faqat yurak emas, qoʻllar, oyoqlar, kipriklar ham muz, lekin mana, binoyidek yashayapmiz. Yashayveramiz…
– Yoʻq, bunday yashab boʻlmaydi. Bunday yashash mumkin emas!.. – Shunday deganicha Muattar allaqanday nurdan barq urib turgan chiroyli yuzini qoʻllari bilan bekitdi, nozik barmoqlari orasidan billurin yosh tomchilari sizib tushdilar.
– Yigʻlama, Muattar, axir koʻzyoshlaringga arzigulik gap boʻlgani yoʻq-ku! Yigʻlama!
– Yigʻlayman, sizning yuragingiz shunchalar muz boʻlar ekan, men qon yigʻlayman…
Men Muattar tomonga talpindim, uning koʻzyoshlarini artmoqchi, yupatmoqchi boʻldim. Lekin qimir etolmasdim, oyoqlarim yerga mixparchin etilgandi goʻyo. Bor tovushim bilan baqirdim, lekin Muattar tovushimni eshitmas, koʻzlaridan duv-duv yosh oqardi. Ilojsizlikdan nima qilishimni bilmay, yana unga talpindim. Muattar shaxt bilan oʻgirildi-yu, yugurganicha mendan uzoqlasha boshladi. Telba shamol uning mayda gulli chit koʻylagini tortib oʻynar, qirqkokil sochlari belida toʻlgʻonardi. U tobora uzoqlashib, koʻm-koʻk tuman bagʻriga singib ketmoqda edi. “Ketma, Muattar!” – ovozim boʻgʻilguday qichqirdim va xuddi shu asnoda allaqanday koʻzga koʻrinmas bir kuch meni qattiq silkita boshladi.
Choʻchib koʻzlarimni ochganimda, tepamda Usmon turar, rota safga tizilgan, qisqa-qisqa buyruqlar yangrardi.
– Tur-ye, kunda! Odam ham shunchalar qattiq uxlaydimi? Muattar, Muattar, deb boʻkirishini qarang. Hozir komandir Muattarni koʻzingga koʻrsatadi. Boʻl tezroq! Trevoga! Rejim!
Apil-tapil kiyinib, safga yugurdim. Komandir bir oʻqraydi-yu, har qalay, jazolamadi. Yoʻlga tushdik.
Choʻl osmoni musaffo, yulduzlar yorqin nur sochishar, ana shunday, havo ochiq tunlarda sovuq yanada avjiga minardi. Tungi soat ikki, uyquning ayni shirin payti boʻlganidan, koʻpchilik askarlar koʻzlari yumuq holda qadam tashlashar, men esam hamon Muattar bilan boʻlgan suhbat taʼsirida edim. Bu uchrashuv gʻoyibona ekanligiga ishongim kelmas, koʻzlarim yirtilguday boʻlib, poyonsiz zulmat qaʼridan Muattarning siymosini izlardim. Uning koʻzlari ham, qirqkokil sochlari ham tun rangida, ularni qorongʻi tundan ajratolmasam ne ajab? Muattarning yuzlarini yana koʻraman, deya astoydil ishondim. Ana shu ishonch tufayli shamolning uvullashini, kipriklarimga ingan muzni unutdim. Ikki soatlardan soʻng rejim xizmati belgilab bergan joyga yetib bordik. Har yer-har yerda gulxanlar yoqildi, choʻlni chumolidek bosgan garnizon askarlari olov atrofiga toʻplandilar. Suhbat avjiga chiqdi. Hammaning ogʻzida “Gerkules”, “inqilob” soʻzlari edi. Komandirlar har zamonda soatlariga betoqat nazar tashlab qoʻyishardi.
Nihoyat, yulduzlar birin-ketin xiralashib, ufq qirmizi tus oldi. Olisda oppoq shamdek boʻlib turgan raketa – “Gerkules” koʻzga tashlandi. Hammaning nigohi ufqqa qadaldi.
Boyqoʻngʻirning telba shamollari onda-sonda yogʻadigan qor choʻlni bir tekis oqartirishiga yoʻl qoʻymas, yastanib yotgan qumliklar quroq dasturxondek oq, sariq, kulrang tovlanib yotar, bu olachalpoq xilma-xillik aro “Gerkules” gʻoyat ulugʻvor koʻrinardi.
Birdan ufqda kuchli qizil alanga “lop” etdi. Gumburlash yer-koʻkni larzaga soldi. Choʻl yorishib ketdi, quyuq tutun, olov seliga chulgʻangan raketa balandga koʻtarila boshladi. U balandlagan sayin gumburlash kuchayib borar, nazarimda yer yorilib ketgudek, bepoyon qumliklar, ularga qoʻshilib butun vujudimiz titrar, ayniqsa, tizzalar qaltirogʻini bosish qiyin edi.
“Gerkules” bir necha soniya tikka parvoz etdi, soʻngra kutilmaganda qiyalay boshladi va koʻp oʻtmay, koʻz zoʻrgʻa ilgʻaydigan toʻlqinsimon barxanlar ortiga qulab tushdi. Avvalgisidan ham dahshatliroq gumburlash quloqni qomatga keltirdi. Hammayoq ostin-ustun boʻlib ketdi. Biroz fursatdan soʻng “Ana senga “Gerkules”, ana senga inqilob” degan xitoblar yang­radi. Komandirlardan biri oʻzi ham ishonib-ishonmay izoh berdi:
– Belgilangan trayektoriyadan chiqib ketgani uchun radio orqali komanda bilan oʻzlari portlatib yuborishdi, uni endi boshqarib boʻlmas edi.
Askarlar orasida gʻala-gʻovur boshlandi. Portlash sabablarini har kim oʻz bilganicha izohlardi. Komandirlar baqirib-chaqirib, gʻovurni bosmoqchi boʻlishar, lekin ularga hech kim quloq solmasdi. Atrof yorishib, raketa qulab tushgan yerda hosil boʻlgan toʻq jigarrang tusdagi ulkan qoʻziqoringa oʻxshash toʻzon koʻzga yaqqol tashlanganida gʻala-gʻovur yanada kuchaydi. Chunki yadro bombasi portlaganida aynan shunday qoʻziqorin paydo boʻladi, deb bizga koʻp martalab uqtirishgan edi.
Askarlar orasida vahima boshlandi. Shunda yerdan chiqdimi, osmondan tushdimi, bilmadim, qarshimizda yuzlari qip-qizarib ketgan rejim xizmati boshligʻi, polkovnik Lauxin paydo boʻldi. Juda xunuk basharasi uchun unga “Iblis” degan maxfiy laqab berishgan edi.
– Molchat! Ne panikovat!!! Nyuni raspustili! Soldatы, zaщitniki nazыvayutsya, vashu mat!.. – choʻlni boshiga koʻtarib boʻkirdi polkovnik koʻzlarini ola-kula qilib. Uning raketa gumburlashidan past boʻlmagan ovozi hammani oʻziga keltirdi. Jimib qoldik.
Lauxin ham oʻzini sal bosib olib, tushuntira boshladi:
– Bu – “Gerkules” tipidagi raketa, uning hech qanaqa yadro zaryadi yoʻq. Faqat ana shu qoʻziqorin shaklini olgan yonilgʻisi zaharli. Uni toʻyib hidlagan odam zurriyodsiz qolishi mumkin. Baxtga qarshi, shimoldan esayotgan shamol ana shu yonilgʻi portlashidan hosil boʻlgan gazlarni biz tomonga haydayapti. Shu boisdan janubga qarab ikki-uch soat yugurishimizga toʻgʻri keladi.
Yana qisqa-qisqa komandalar yangray boshladi. Choʻlni moʻr-malaxdek bosgan askarlar harakatga kelib, nari-beri saflandi. Hammamiz yiqilib-turib yugura boshladik. Buni agar birov chetdan kuzatsa, gʻaroyib manzaraning guvohi boʻlardi, ehtimol. Lekin oʻshanda hammaning fikri-zikri laʼnati “qoʻziqorin”dan mumkin qadar uzoqroqqa qochish edi.
Koʻp oʻtmay qora terga botdik. Choʻlni harsillash, asabiy soʻkinishlar bosib ketdi. Paxtali shim, piymalarda yugurish azob edi. Saflarning eng oxirida qoʻylarni haydayotgan choʻpondek boʻlib, sekin yurayotgan “UAZ” mashinasida polkovnik Lauxin kelar, undan boʻlak necha minglab kishining hammasi poyu piyoda edi.
Biz qariyb tushgacha, oʻsha laʼnati “qoʻziqorin” borgan sari kattalashib, boʻshliqqa singib ketgunga qadar yugurdik. Necha martalab yiqilib-turganimiz yolgʻiz Xudoga maʼlum. Oxiri hamma oʻzini qor bosgan yavshanlar, yantoqlar ustiga tashladi. Hech kimning qimirlashga madori yoʻq edi. Toʻda-toʻda yotgan askarlar uzra tamakining yengil tutuni suza boshladi. Sal oʻzlariga kelib ulgurgan yigitlar hazil-mutoyiba boshlashdi. Hazil-huzulning oʻtkir tigʻlari yigʻlab yuborgan askarlarga qaratilgan, ular ham oʻz-oʻzlaridan kulishardi. Usmonni esladik. Rotada soqchilikda qolish uning chekiga tushgandi. Butun choʻl dahshatidan ostin-ustun boʻlganda, uchish maydonchasidan shundoq besh-olti chaqirim beriroqda kazarmada bechora Usmonning holi nima kechdi ekan?
Kechga tomon oyoqlarimizni zoʻrgʻa sudrab, qismga kirib keldik. Kazarma eshigi yonida bizni qarshilagan Usmonning chehrasi ayanchli edi.
– Qoʻrqib ketdingmi, Usmon? – soʻradim men.
– Qoʻrqish ham gapmi, oʻlib qolay dedim. Shoshganimdan, avvaliga gazniqob kiyishni ham unutibman.
– Zarari yoʻq, – gapga aralashdi Samad. – Nari borsa, zurriyodsiz qolishing mumkin ekan, “Iblis” shunaqa dedi.
Usmonning hazillashadigan holi yoʻq edi. Samadni jerkib berdi:
– He, ogʻzingdan yel olsin! Oʻzing shu yerda boʻlganingda koʻrardim ahvolingni. Zurriyodsiz qolasan emish, undan koʻra oʻlganim yaxshi emasmi?
– Boʻldi, uzr, joʻrajon, – murosa qildi Samad. – Haliyam yuraging otning kallasiday ekan. Bizning yonimizdagi ayrim hezalaklar qoʻrquvdan boʻkirib yuborishdi-yu…
Biz Usmonni yupatish bilan ovora ekanmiz, rotada gʻala-gʻovur boshlandi. Hamma erkatoyimiz Vasiliy Mixaylovichni izlardi. Vasya esa hech qayerda koʻrinmasdi. Mushuk topilavermagach, yigitlar Usmonni ayblay ketishdi.
– Yerga kirib ketmagandir-ku, nahot koʻrmagan boʻlsang?!
– Oʻlay agar, – qasam ichardi Usmon. – Oʻsha, sizlarni kuzatib chiqqani, kazarmaga qaytib kelgani yoʻq. Oʻzim ham uni uzoq izladim.
Butun rota guruh-guruh boʻlib Vasyani izlay boshladik. Qismning biz bormagan burchagi qolmadi. Hamma yoqni agʻdar-toʻntar qildik. Vasiliy Mixaylovichdan darak yoʻq edi.
Hammamiz bu shtab boshligʻi Vasiliy Mixaylovichning oʻchi ekanini yurak-yurakdan his etsak-da, sevimli mushugimiz qurbon boʻlganiga ishongimiz kelmasdi.
Oradan uch kun oʻtdi. Qism choʻchqaxonasiga goʻng tozalagani borgan askarlar Vasyaning tarashaday qotgan murdasini topib kelishdi. Jonivor ikki oʻq bilan otib oʻldirilgandi.

III. LOJUVARD OSMON

Tinkamizni quritgan qahratonning kuni bitib, bahor keldi. Oʻrkach-oʻrkach barxanlar siynasi ilib, havo kelinchak boʻsasiday harorat olganidan biz – issiq oʻlka farzandlarining ancha jonimiz kirib qoldi. Qizil, nimpushti, och-sariq choʻl lolalari tuproqdan bosh koʻtardi. Qish boʻyi oʻzining gʻarib manzarasi bilan yuraklarimizni ezgan hududsiz kengliklar yam-yashil tus oldi.
Choshgoh. Osmon shu qadar begʻubor ediki, qaraganda koʻz tinardi. Tobora balandlanayotgan quyosh nurlariga toʻla choʻl mavjlanardi. Men va Samad 10-maydonchada topshiriqni bajarib, oʻz qismimizga, 95-maydonchaga qaytish uchun nazorat-tekshiruv posti yonida mashina kutardik. Postdagi serjant va askarlar hujjatlarimizni tekshirib, ularning toʻgʻriligiga ishonch hosil qilishgach, mashina toʻxtatib berishga vaʼda qilishdi.
Sabr-toqat bilan kuta boshladik. Mashinadan esa hadeganda darak boʻlavermadi.
Osmon ham, quyosh ham tobora yuksalib borar, bahor hidiga toʻla epkin dimoqni qitiqlardi. Bir mahal qarasam, Samad yelkasidan safar xaltasini ham olmay, oʻtirgan joyida pinakka ketibdi. Uni uygʻotib yubormaslik uchun sekin oʻrnimdan turdim-da, shlagbaum yonida turgan serjant bilan chaqchaqlasha boshladim.
Xuddi shu payt oppoq “Volga” shlagbaumga tekkudek boʻlib, qattiq tormoz berdi. Serjant haydovchining hujjatlarini tekshirayotganda, mashinaning orqa eshigi ochilib, undan oppoq kiyingan bir qiz tushdi. Hujjat tekshirayotgan serjantning ham, mening ham ogʻzim ochilib qoldi.
Serjant haydovchining hujjatlarini qaytarib berib, toʻlin oydek nurlanib, bizga nimtabassum bilan boqib turgan qizga murojaat etdi:
– Marhamat qilib, hujjatlaringizni koʻrsatsangiz.
Qiz yanada begʻubor jilmaydi.
– Hujjatlarimmi, jonim bilan!.. Mana!
Qiz sumkachasidan qizil rangli guvohnoma olib, serjantga uzatdi. Uning ovozi oʻzidan-da chiroyli, yoqimli edi. Serjant surati devor boʻlib, guvohnomani qoʻliga oldi, bir unga, bir qizga qaradi-da, qaytarib berdi. Soʻng sekingina soʻradi:
– Siz polkovnik Dubininning kimlari boʻlasiz?
Qiz quvlik bilan chiroyli koʻzlarini suzdi:
– Bu harbiy sir, lekin mayli, sizga aytganim boʻlsin. Polkovnik Dubininning qiziman.
Qiz lablarida oʻsha aql shoshiruvchi tabassum bilan mashinaga oʻtirdi. Serjant shlagbaumni koʻtardi. Mashina oʻrnidan qoʻzgʻaldi. Qiz oynadan qoʻlini chiqarib, biz bilan xayrlashgan boʻldi.
Anchagacha hech kimdan sado chiqmadi. Qiz bizni sehrlab, yerparchin qilib ketgandi. Oxiri, serjant tilga kirdi:
– Polkovnik Dubininni tanisang kerak?
– Taniganda qandoq, siyosiy boʻlim boshligʻini tanimay boʻlarkanmi?
– Ey, Xudoyim, – dedi serjant chuqur “uf” tortib. – Odam bolasi ham shunchalik chiroyli boʻladimi?
Qiz taʼrifi bilan band ekanmiz, yonimizga ulkan “Ural” mashinasi kelib toʻxtadi. Serjant haydovchining hujjatlarini tekshirgach, menga: “Mana shu mashinada ketasizlar” dedi. Darhol borib Samadni uygʻotdim.
…Mashina bir maromda guvullash bilan olis yoʻl tanobini tortar, asfaltdan koʻtarilayotgan issiq hovur koʻngilni behuzur qilardi. Samad koʻzlarini bir nuqtaga tikib, jim oʻtirar, men esa bundan bir necha daqiqa oldingi uchrashuv xayoli bilan band edim. Oldimizdan oqqushday uchib oʻtgan qiz va Muattar oʻrtasida oʻxshashlik izlardim.
Shu taxlit qancha yoʻl bosdik, bilmayman, bir vaqt Samad huzur qilib esnadi-da, menga qarab jilmaydi.
– Ha, nega buncha kuydirilgan kalladek tirjayasan?
– Eh, – shirin tamshandi Samad. – Tushimda oppoq harir koʻylak kiygan bir parizodani koʻrdim, sochlari uzun, qarqarali qalpoq kiygan emish-u, negadir oʻrischa gapirarmish. Hayron boʻldim, bizning parizodlar oʻrischa gapirmasdi, shekilli?
Men kulib yubordim:
– Oʻrgildim, oʻriszabon parizodingdan! Sen uni tushingda emas, oʻngingda koʻrding-ku! Hali, mashina kutayotganimizda, post yonidan parizoddan ham chiroyli bir qiz oʻtib ketdi, oʻshani aytayapsanmi?
Samadning achchigʻi chiqdi.
– Nima, meni jinniga chiqarmoqchimisan? Men oʻngimda qiz-piz koʻrganim yoʻq. Tushimni aytayapman senga!
– Samad, hech qanaqa oʻrischa gapiradigan parizod yoʻq, faqat, oʻsha qizning hujjatlarini tekshirishayotganda u serjant bilan bir muddat gaplashdi. Mudrab oʻtirganingda shu gaplar qulogʻingga chalingan boʻlsa, ajabmas.
Samad hayron boʻlib yelka qisdi. U parizodning oʻng ekaniga, men esa tush ekaniga ishonmasdik. Har ikkimiz oʻz soʻzimizda turib olgandik.
Shu asnoda mashina qattiq bir silkinib, toʻxtadi. Qismimizga yetib kelgandik.
– Sen nima desang, degin-u, lekin men u parizodni tushimda koʻrdim, – dedi Samad mashinadan tushganimizdan soʻng.
U maʼyus tortgan, ovozi ham gʻamgin edi. Men indamadim. Samadning yuragida qattiq sogʻinch, anduh uygʻonganini sezib turardim, oʻzim ham shu uchrashuv tufayli Muattarni oʻylayotgandim. Undan hamon xat olmagan edim.
Kazarmada “bazmi jamshid” ustidan chiqdik: yigitlar taʼtildan qaytib kelgan Shernazarni qurshab olib, u keltirgan olma, anor, mayiz, turshak va yana allanimalarni hafsala bilan tushirmoqda edilar. Shernazar ogʻzi qulogʻida, ularni mamnun kuzatib turardi. U biz bilan quchoqlashib koʻrishib, davraga taklif qildi. Samad ikkimiz ham yeng shimarib, “ishga kirishdik”.
Jomadonning tagi koʻrinib qolgach, yigitlar Shernazarga yangi kuch bilan savol yogʻdira boshladilar. Rizo esa bizning davraga kechikkanimizni nazarda tutib, izoh berdi:
– Jamol, Samad! Shernazarni tabriklab qoʻyinglar, bu xumpar oʻn kun taʼtilga borib, uylanib qaytibdi.
– Ha, endi, shunaqa boʻlib qoldi, – izoh berdi Shernazar ogʻzining tanobi qochib. – Otam hamma tayyorgarlikni koʻrib qoʻygan ekan, borganimdan soʻng, uch kun oʻtgach, toʻy boʻldi. Kelin oʻz qarindoshim.
Shernazar koʻkrak choʻntagidan avaylab bir surat olib, bizga uzatdi. Suratda oʻn yetti-oʻn sakkiz yoshlardagi atlas koʻylak, iroqi doʻppi kiygan doʻndiqqina bir qiz nimtabassum bilan qarab turardi. “O-o-o, zoʻr-ku, didingga qoyil, Shernazar!” – degan xitoblar yangradi.
Askarlar uylanish, chimildiq va hokazolarni ipidan-ignasigacha surishtira boshladilar. Baxtdan sarxush Shernazar hammasiga erinmay, soddalik bilan javob berar, ilmoqli savollardan xafa boʻlmay, jilmayib qoʻyardi.
– Xoʻ-oʻ-oʻsh, uylanish yaxshi ekanmi? – soʻraydi bir necha ovoz birvaraka­yiga.
– Yaxshi ekan, joʻralar, juda maza! – deydi Shernazar shirin entikib.
– Nimasi yaxshi, nimasi mazza? – guvullaydi ovozlar.
– Shu, hammasiyam yaxshi-da, chimildiq, yumshoqqina oʻrin… Chimildiq oldiga toʻkin dasturxon yozishadi, pista-bodom deysanmi, mayiz-novvot deysanmi… – Shernazar erinmay chimildiqda yegan ovqatlarini sanaydi.
– Sen chimildiqda faqat ovqat yedingmi yoki boshqa biror ish ham qildingmi? – uning jigʻiga tegmoqchi boʻlishadi yigitlar. Shernazar xafa boʻlmaydi, suhbatni davom ettiradi.
– Yangalar-chi, yangalar poyloqchilik qilishmadimi? – yana savolga tutamiz bir haftalik kuyovni.
– Poylamoqchi boʻlishgandi, men ularga dangalini aytib qoʻya qoldim. “Hoy, yangalar, men askarman, Qozogʻistonning choʻlida raketalarga poyloqchilik qilaverib, juda usta boʻlib ketganman. Ularning injiqligi bir qiznikidan qolishmaydi”, dedim. Keyin bizni tinch qoʻyishdi. Endi yangalar menga begona emas-ku, hazilni tushunishadi-da, – dedi Shernazar.
Shernazarning xatti-harakatlari biroz oʻzgargan, u bizga “senlar hayotda hali nimani koʻribsanlar” qabilida sal balanddan nazar tashlab qoʻyardi.
Shu oqshom biz – boʻydoqlar kuyovlik baxtiga muyassar boʻlgan bu sodda, toʻpori yigit bilan juda uzoq suhbatlashdik.
Oradan koʻp oʻtmay, boʻlinmamiz musaffo, salqin tonglarning birida cheksiz qum ummonining 191-maydoncha atalmish goʻshasiga yetib keldi. Biz devorlaridan hur-hur shamol oʻtib, tunda tomidan yulduz koʻrinadigan bir choldevorga joylashdik. Choldevor bu yerdan yuz qadam narida joylashgan 191-jangovar qitʼalararo yadro raketasi kompleksini barpo etib, yaqinda joʻnab ketgan harbiy quruvchilar rotasining vaqtinchalik manzili ekan. Kulol moʻndida suv ichadi, deganlaridek, sanoqli daqiqalar mobaynida Amerika qitʼasiga yeta oladigan zamonaviy jangovar raketa kompleksi barpo etgan harbiy quruvchilar yashagan, endi biz istiqomat qilishimiz lozim boʻlgan maskan choʻchqaxonadan kam farq qilardi.
Jangovar raketa kompleksi yer qaʼriga qirq-qirq besh metr kirib ketgan “stakan”, unga tutash necha oʻnlab yerosti xonalari, elektr stansiyasi va boshqa yordamchi xizmatlar uchun kerakli uskuna, anjomlardan iborat. Xonalarning bir qismi raketani uchirishga, bir qismi yerosti navbatchiligidagi askarlarga xizmat qilardi. Xonalarning birida raketani uchiruvchi tugma joylashgan boʻlib, uning yonida ofitserlar turishar, bu yerda Moskva, Bosh shtab bilan toʻgʻridan-toʻgʻri aloqa mavjud edi. “Stakanda” esa, bizga dushman mamlakatning qaysidir shahrini bir necha daqiqada kunpayakun qilishga qodir raketa saqlanardi.
Xullas, Boyqoʻngʻirning eng olis goʻshasidagi 191-maydoncha qurib boʻlingan, lekin hali unga jangovar raketa va kallak qoʻyilmagan, ana shu vazifani amalga oshirishi lozim boʻlgan harbiy va fuqaro mutaxassislarga boʻlinmamiz koʻmaklashishi kerak edi. Biz asosan qora ishlarni bajarardik.
191-atalmish bu laʼnati maydoncha qismimizdan necha yuz chaqirim olisda boʻlib, xat-xabar yigirma-yigirma besh kunda bir marotaba olib kelinar, boz ustiga, qorin toʻydirish ahvoli ham bir navi edi.
Uydan xat-xabar kechikib kelishi bizni zeriktirar, ayniqsa, xotinidan anchadan beri maktub ololmayotgan Shernazar juda siqilardi.
Avvaliga yigitlar uning qiynalayotganiga unchalik eʼtibor qilishmadi. Lekin oradan ikki oy oʻtib ham Shernazar xotinidan xat olmagach, uni ochiqdan-ochiq mazax qilishga oʻtdik.
– Nima, u sening yuzingdan oy koʻribdimi, birortasining etagini tutib ketgandir-da… – derdik biz.
– Uyga borsam, uni nima qilishni oʻzim bilaman, – derdi Shernazar boʻgʻilib.
– Xoʻ-oʻ-oʻsh? Nima qilasan?
– Oʻzim bilaman, oʻzim, ahmoqlar, vahshiylar! – Shernazar hoʻngrab yigʻlanicha davradan qochib ketar, kech tushguncha choʻlda tentirab yurardi. Biz uni qiynab huzur qilardik.
Nihoyat, 191-maydonchadagi hayotimizning uchinchi oyi oxirlarida Shernazar xotinidan birdaniga bir dasta xat oldi. Biz Shernazar quvonchdan esini yoʻqotib qoʻyadi yoki yana yigʻlab yuboradi deb oʻylagandik. Yoʻq, Shernazar siniqqina jilmayib, maktublarni oldi-yu, choʻntagiga solib, bizdan nari ketdi. “Qani oʻqi-chi, xotining nima yozibdi?” degan savollarga parvo qilmadi. Shundan soʻng, xizmat tugaguncha, u birovga koʻngil ochmadi. Olomon uning qalbidagi eng sof, eng bokira tuygʻularni haqoratlagan, toptagan edi…

IV. JIYDA GULLAGANDA

May oyining oʻrtalarida birinchi rota askarlari koʻch-koʻronni koʻtarib, mashinalarda bir kecha-kunduz toʻxtovsiz yoʻl bosib, Sirdaryoning ovloq sohiliga yetib keldik. Sohildagi jiydalar chunonam gullagan ediki, daryodan esayotgan epkinga qoʻshilgan muattar hid kishini mast etardi.
Biz kattalar va ularning bolalari uchun yozgi qoʻnalgʻa barpo etishimiz kerak ekan.
Sohilda sakkiz-oʻn kishilik chodirlar tiklab, joylashib oldik-da, ishga kirishmoqchi boʻldik. Lekin ish qayerda deysiz? Bolta topilsa, mix topilmas, mix topilsa, yogʻoch yoʻq edi. Ustiga-ustak, oradan uch kun oʻtib, oʻzimiz bilan olib kelgan qoq non va konservalar tugadi, och qola boshladik. Qismimiz necha yuz chaqirim olisda, aloqa qilishning iloji yoʻq, bizni olib kelgan mashinalar oʻsha kuniyoq ortiga qaytgandi.
Ofitserlar alohida chodirga oʻrnashib olib, daryodan laqqa baliq ovlab, aroqxoʻrlik qilishardi. Bu shoʻrliklar qismning injiq komandirlari va ulardan ham injiqroq xotinlaridan vaqtincha qutulganlariga shukr qilar edilar. Biz ham Boyqoʻngʻir hududini vaqtincha boʻlsa-da, tark etganimizdan shod edik.
Ular pishirgan baliq shoʻrvaning xushboʻy hidi sohilni toʻldirar, ochlik azob berayotgan askarlar daryoning loyqa toʻlqinlariga tikilib, palovxontoʻra, tuxumbarak, noʻxat shoʻrva va yana allaqanday tansiq taomlar toʻgʻrisida xayol surardilar. Komandirlarimizni xasislikda ayblab boʻlmas, besh-olti kishiga moʻljallab pishirilgan shoʻrvani yuz kishiga yetkazishning sira iloji yoʻq edi.
Choʻntagida ozroq puli, hayotiy tajribasi boʻlgan askarlar temir yoʻl bekatiga qatnab, amallab qorin toʻydirar edilar. Lekin aksariyat askarlarda pul ham, tajriba ham yoʻq edi. Urush tugaganidan soʻng toʻrt-besh yil oʻtib tugʻilgan bizning avlod ochlikning haqiqiy basharasini bilmasdi. Bu yerda uning mashʼum koʻlankasi bus-butun namoyon boʻldi. Hamma joy toʻkin-sochin pallada och qolish yomon boʻlarkan. Oramizda boʻyi ikki metrga yaqin, bir oʻtirishda toʻrt-besh kishining ovqatini tushiradigan rossiyalik azamat yigitlar koʻp edi. Ularning ochlikka chidashi, ayniqsa, qiyin boʻldi. Bechoralar jiydazorni agʻdar-toʻntar qilib, yumronqoziq tutib olardilar-da, yantoq olovida “kabob” pishirib, pok-pokiza tushirardilar.
Xayriyatki, ofitserlar orasida insoflisi uchrab turardi. Rota komandirining siyosiy ishlar boʻyicha oʻrinbosari leytenant Yejov shunday odam ekan. U bir kecha-kunduz temir yoʻl bekatida qolib ketib, ozroq makaron topib keldi va daryoning loyqa suvida qaynatib, bizni siyladi. Lekin leytenantning yaxshi niyat bilan qilgan ishi bizni battar azobga qoʻydi. Yigitlar yoppasiga qorinlarini changallab qolishdi. Juda ahvoli yomonlashganlarni leytenant aroq bilan davolashga majbur boʻldi.
Oxir-oqibat, ochlikdan sillasi qurib, serrayib qolgan askarlar guruh-guruh boʻlib, temir yoʻl bekatiga tutash, Xarxut nomi bilan ataladigan qozoq ovuliga qatnay boshladilar. Oʻntacha paxsa uydan iborat nochor ovul yuzdan oshiq askarni baholi qudrat boqa boshladi.
Sohildagi hayotimizning uchinchi haftasida bizni eslab qolishdi chamasi, oftobbotar mahal qismdan oziq-ovqat ortilgan mashina keldi. Kabinada qip-qizil yuzlari aroq zarbidan bujmaygan, choʻmichdek burni koʻkragiga tegay-tegay deb turgan mast-alast intendent xizmati kapitani Babayan oʻtirardi. Uni koʻrib, koʻngillarimizga yoqilgan chiroq soʻngandek boʻldi. Chunki askarlar nonini tuya qiluvchi eng katta kalamush shu muttaham ekanini hammamiz yaxshi bilardik. Lekin tuya qilingan boʻlsa-da, oʻz noningga nima yetsin? Kapitanning buyrugʻi bilan mashinadan non, moy, boshqa oziq-ovqatlarni bir zumda tushirdik. Eng oxirida bir yashik aroqni ofitserlar chodiriga eltib qoʻydik. Keyinchalik yetib kelgan mish-mishlarga qaraganda, laʼnati Babayan bizga tegishli oziq-ovqatlarning yarmidan koʻpini yoʻl-yoʻlakay sotib, pulini choʻntakka urgan, komandirlarning ogʻzini moylash uchun bir yashik aroq olib kelgan ekan.
Shundan soʻng Babayan va komandirlarimiz yana ikki kecha-kunduz koʻz ochmay maishat qilishdi. Biz ham qornimiz toʻyganiga xursand edik.
Men jiyda gullari hidiga gʻarq boʻlgan sohilda soatlab oʻtirib, boʻtana toʻlqinlarga qarardim. Baʼzan daryo yoqalab uzoq-uzoqlarga ketardim. Sir sohilining betakror goʻzalligiga endi oshno boʻlayotgan edim.
Saharmardonda hammadan oldin uygʻonib, oqimga qarshi bir chaqirimcha yoʻl bosib, daryoning burilish yeriga yetib olardim-da, tik qirgʻoqda tarvaqaylab oʻsgan qari jiyda ostidagi toshga oʻtirib, quyosh chiqishini tomosha qilardim.
Bu paytda havo juda musaffo, hamma yoq sokin, sathida mayda toʻlqinlar yugurgilayotgan daryo jimir-jimir oqib yotardi. Ufq avval lojuvard, soʻng qontalash tus olib, toʻlqinlar ol rangga boʻyalar, kattakon qizil olmadek quyosh suv uzra sekin-asta koʻtarila boshlardi. Bu manzaraga mahliyo boʻlib, sohilda choshgohgacha qolib ketardim.
Mening tongda gʻoyib boʻlishlarimni rotada har kim har xil baholar, koʻpchilik qorin toʻydirgani Xarxutga ketgan, deb oʻylardi.
Kunlarning birida, qari jiyda tagiga endi oʻrnashib olgan ham edimki, leytenant Yejov kelib qoldi. U aftidan men bilan izma-iz kelgandi. Istar-istamas oʻrnimdan turdim.
– Salom berdik, oʻrtoq oddiy askar! – dedi u qoʻlini chakkasiga olib borib.
Indamadim.
– Xoʻsh, – dedi Yejov. – Bu yerda nima qilayotganingni bilsam boʻladimi?
– Boʻladi, – dedim men. – Quyosh chiqishini tomosha qilyapman.
– Quyosh chiqishini chodir yonida tomosha qilsang ham boʻladi-ku. Buning ustiga, lagerni bizning ruxsatimizsiz tark etishing harbiy intizomni buzish hisoblanadi, – dedi siyosiy ishlar boʻyicha oʻrinbosar.
– Mayli, intizomni buzgan boʻlsam, jazolang, – dedim joyimga qaytib oʻtirar ekanman.
– Qoʻysang-chi, gap seni jazolashda emas, faqat har tong yoʻqolib qolishing meni ajablantirdi. Endi bilsam, tabiat oshigʻi ekansan. Toʻgʻrisini ayt, shoir-poir emasmisan, ishqilib, – dedi leytenant jilmayib, yonimga kelib oʻtirar ekan.
– Hozircha shoir emasman, lekin shoir boʻlish niyatim bor.
Yejov “uf” tortdi.
– Men ham bir vaqtlar binoyidek sheʼr yozar edim. Ayrimlari gazetada ham bosilgan. Keyinchalik, turmush tashvishlari bilan boʻlib, hammasini yigʻishtirdim. Sheʼr yozish bilan tirikchilik oʻtkazib boʻlmas ekan. Uylandim, xotin, bola-chaqa, roʻzgʻorning qora qozoni asta-sekin yuragimdan sheʼriyatni siqib chiqardi, nazarimda. Agar bilsang, rus ayoli dunyoda eng bardoshli, eng jafokash ayollardan. Lekin shunday nusxalari ham uchrab turadiki, naq ajdarhoning oʻzi. Ana oʻshandayi peshonangga bitsa, shoʻring qurigani, qasdingni aroqdan olaverasan. Qarabsanki, qirqqa kirmay, adoyi tamom boʻlasan, – dedi leytenant ovozida cheksiz armon bilan.
U oʻttiz yoshlar chamasidagi, oq-sariqdan kelgan chayir yigit edi. Faqat, ich-ichiga botgan koʻzlari nihoyatda gʻamgin, keng peshonasiga erta ajin tushgandi.
Shu tong ikkimiz uzoq suhbat qurdik. Leytenant Sergey Yesenin, Aleksandr Blok va Anna Axmatovalarning sheʼrlarini yoddan aytib berdi. Ayniqsa, Axmatovaning “Men seva olaman” sheʼrini aytayotganida moviy koʻzlari yolqinlanib, ovozi titrab ketdi.
– Sen baxtlisan, – dedi u yelkamga qoʻl tashlab. – Sharq – shoirlar yurti. Sharq sheʼriyati – buyuk sheʼriyat. Sirasini aytganda, Buxoro va Toshkentda yashab, shoir boʻlmaslik mumkin emas. Ertaksimon yurtingda men bir necha bor boʻlganman.
Quyosh daryo yuzini munavvar etgan, biz sohil yoqalab sekin-asta odimlardik.
– Tonggi sayrlaringga rasman ruxsat berildi, deb hisoblayver, – dedi Yejov qoʻnalgʻaga yetib kelganimizdan soʻng.
Yejovning ruxsatidan ruhlanib, sayru sayohatlarni tagʻin ham avj oldirdim. Sohilning yaqin besh-oʻn chaqirim atrofdagi men bormagan burchagi qolmadi.
Kunlarning birida eski qabristonga bordim. Yantoq bosgan past-baland qabrlar oralab uzoq tentiradim. Guvullab shamol esar, qabrlardan allaqanday sas kelardi: “Hoy, oʻgʻlon, sen bu yerdan nima izlayapsan? Qoʻy, busiz chirqirayotgan ruhimizni bezovta etma!”
“Yoʻq, yoʻq, – fikran javob qaytardim men. – Ruhingizga hurmat bajo keltirgani keldim-ku!”
Meni vahima bosdi, bu yerdan tezroq ketgim keldi. Daryo ancha olisda, yarqirab koʻzni qamashtirib turardi. Qadamni tezlatdim. “Hoy, oʻgʻlon!” deya guvullagan ovoz hamon taʼqib etar, allakim quvayotgandek edi.
Daryo tomonga yanada tezroq yugura boshladim. Birdan guvullash ham, meni chorlayotgan ovoz ham tindi, olisda chang-toʻzon koʻtarilib, men tomonga quyunday kela boshladi. Dahshatli hayqiriq, dupur-dupurlar yer-koʻkni ostin-ustun qilib yubordi. Oyoqni qoʻlga olib, daryo tomonga yugura boshladim. Negadir daryo meni bu balodan xalos qiladi, deb oʻylardim.
Qancha yugurdim, bilmayman, bir mahal ot kishnagani eshitildi. Oʻgirilib qarasam, meni taʼqib etayotgan qora quyun – yilqi uyuri ekan.
Uyur tikkaga daryo tomon yelmoqda edi. Endi men daryo tomon yugurishdan toʻxtab, shimolga qarab chopa boshladim. Bir necha daqiqadan soʻng, oppoq changga burkangan uyur mendan ellik qadamcha naridan yeldek oʻtib ketdi-yu, qumloq sohilga yoyilib, suv icha boshladi.
Chang-toʻzon tarqab, uyur ortidan kelayotgan, qosh-kipriklarigacha oppoq gard qoʻngan otliq koʻrindi. Mening suvloqdan tez uzoqlashayotganimni koʻrib, uzun qamchisi bilan “Toʻxta” ishorasini qildi. Otliq, oltmish besh-yetmish yoshlar chamasidagi qozoq chol, salomimga alik oldi-yu, jilmaydi.
– Ha, shiragʻim, qoʻrqib ketdingba? Qoʻrqma, yilqi odamni bosmaydi.
Chol xurjundan kichkina sopol koʻzacha, piyola oldi-da, unga oppoq sutday suyuqlik quyib, menga uzatdi:
– Ish, shiragʻim, shubat. Tuya sutidan.
Muzday ichimlikni huzur qilib simirdim. Oʻzimizning ayronga oʻxshab ketarkan. Piyolani qaytarib, cholga minnatdorchilik bildirdim. U shubatdan oʻziyam bir piyola simirdi-da, meni savolga tutdi:
– Oʻzbakmisan?
– Ha.
– Oʻzbekistonning qay jeridansan?
– Buxorodanman.
– Ha, Puxordanmisan, Puxor yaxshi shahar deyishadi. Hech bormaganman. Oʻzi, men Xarxutdan boshqa joyni koʻrmaganman, shiragʻim, – dedi chol ovozida allaqanday nadomat bilan. U bilan xayrlashib, izimga qaytdim.

* * *

Nihoyat, 10-maydonchadagi amaldorlar bizni bu yerga yuborib, xato qilganlarini uzil-kesil tushunib yetdilar shekilli, qismdan chopar keldi va yoʻl taraddudini koʻra boshladik.
Joʻnab ketiladigan kun arafasida, tushdan keyin sohilning oʻzimga qadrdon boʻlib qolgan goʻshalarini kezib chiqib, tik qirgʻoqdagi oʻsha qari jiyda ostidan turib, daryoni soʻnggi marta tomosha qilmoqchi boʻldim.
…Quyosh ayovsiz qizdirar, issiq garmseldan koʻngil behuzur boʻlardi. Jiyda ostiga yetib kelib, biroz dam oldim, daryodan esayotgan shamolga koʻksimni tutdim. Gimnastyorka jiqqa hoʻl, badanimga yopishib turardi.
Daryo sathi meni shubat bilan siylagan cholning serajin yuziga oʻxshar, quyosh nuri son-sanoqsiz oltin tangachalarga boʻlinib, mayda toʻlqinlar yelkasida oqib ketardi.
Men bu manzaraga mahliyo boʻlib, uzoq oʻtirdim. Soʻngra birdan allaqanday vahima chulgʻab oldi-yu, qulogʻimga yana oʻsha qabristondagi singari gʻalati tovushlar eshitila boshladi. “Hoy, oʻgʻlon, biz senga ruhimizni bezovta qilma, degan edik-ku!”
Koʻnglim gʻashlanib, atrofga alangladim. Hech kim koʻrinmaydi. Birdan, toʻrt-besh qadam narida tartib bilan taxlab qoʻyilgan kiyim-boshga koʻzim tushdi. Seskanib ketdim. Daryoda choʻmilayotgan odam koʻrinmasdi. Beixtiyor kiyimlar tomonga qadam tashladim. Uniqqan furajka, kalta yengli leytenant pogonli gimnastyorka, kamar, shim, boshmoqlar… Kiyimlar leytenant Yejovniki edi. Koʻnglim yomon bir narsani tuyib, badanim uvushdi. Toʻrt tomonga yugurib, Yejovni izlay boshladim. “Oʻrtoq leytenant! Valentin Aleksandrovich! Qayerdasiz, Valentin Aleksandrovich?” – bor ovozda baqirardim men.
Tezda butun rota oyoqqa qalqdi. Bir necha soat mobaynida chor-atrofdagi toʻqayzor-u chakalakzorlarni qadam-baqadam kezib chiqdik. Yejovning oʻzi tugul, izi ham yoʻq edi. Yigitlar sohil yoqalab, suvga tikilganlaricha uzoq-uzoqlarga borib keldilar. Xarxutdan motorli qayiqda yetib kelgan qozoq yigitlari daryo kamarlarini, narigi sohil yoqalarini kezib chiqdilar. Befoyda.
Qorongʻi tushdi. Koʻzlarim jiqqa yosh, oʻz chodirimga qaytar ekanman, qulogʻimga oʻsha mashʼum tovush eshitildi:
“Yigʻlama, bekorga boʻzlama, oʻgʻlon! Sen izlagan yigit allaqachon choʻkib ketdi. Uning ruhi poki biz tomonga parvoz etayotir. Ha, biz tomonga parvoz etayotir!..”

V. BARXANLAR ICHKARISIDA

Uzun boʻyli, yelkalari bukchaygan, doimo dala harbiy kiyimida yuradigan, qism komandirining xoʻjalik ishlari boʻyicha oʻrinbosari mayor Kuznetsovni askarlar Kuzya deyishar, biz, oʻzbeklar tilida esa uning laqabi “Kuydirgan kalla” edi. U doimo tirjaygandek, tishining oqini koʻrsatib yurganidan shu laqabga “sazovor” boʻlgandi.
Kuzya – Kuydirgan kalla juda kam gapirar, “qoʻysangchi, he, onangni seni!” dan boʻlak biror kalima soʻz bilmasdi, chamasi.
Siyosiy tayyorgarlikdan “aʼlo” baho olib, uyga borib-kelish uchun oʻn kecha-kunduzlik taʼtil bilan taqdirlanganimda, Kuydirgan kalla menga juda mehribon boʻlib qoldi va bu dilsoʻzlik, hadya etilgan bir sidra ohori toʻkilmagan askariy sarpo bilan ifodalandi. Umrida odam ahliga bir ogʻiz yaxshi soʻz aytmagan bu kimsaning menga koʻrsatayotgan eʼtiboridan hayron edim. Toʻgʻri-da, qism komandiri oʻrinbosari qayerda-yu, endigina bir yil xizmat qilgan oddiy askar qayerda? U meni Toʻra Tom bekatigacha kuzatib qoʻymoqchi boʻlganida, hayratim yanada oshdi. Bu hayratga faqatgina poyezdga oʻtirish oldidan chek qoʻyildi.
– Jorik, – dedi Kuydirgan kalla yalinchoq tovush bilan yelkamga doʻstona qoʻl tashlab. – Buxoro tomonlarda topiladi, deb eshitaman, menga biroz nasha olib kelsang… – Mayor galife shimi choʻntagiga qoʻl suqib, bir dasta oʻn soʻmlik chiqardi.
Shu topda uning basharasi haqiqatan ham kuydirilgan kallaga juda oʻxshab ketdi.
– Pulning keragi yoʻq, shundoq olib kelaman, – dedim talmovsirab.
Qoʻrqib ketgandim, har qancha yosh, tajribasiz boʻlsam-da, shunday maxfiy manzilga nasha olib kelish Turma Tom emas, haqiqiy turma bilan tugashini bilardim. Shu yerning oʻzida bunday nomaʼqul ishni qilmaslikka ont ichdim-da, mayorga “Tashvishlanmang, albatta, olib kelaman”, dedim.
– Olib kelmasang, oʻzingga qiyin boʻladi, bola, – dedi u endi soʻz ohangini oʻzgartirib.
Lekin men Moskva-Ashxobod tezyurar poyezdi boʻlmasiga kirishim bilanoq, Turma Tomni, laʼnati Boyqoʻngʻirni, Kuydirgan kalla va hamma-hammasini unutdim. Butun oʻy-xayolim qari otam va Muattarda edi.
Qadrdon Buxoro meni birinchi qor bilan qarshi oldi. Derazadan qor yogʻishini tomosha qilib, otam bilan uzoq suhbatlar qurdim. Oppoq sehr-joduga burkangan togʻu gumbazlar aro Muattar ikkimiz mening qora pogonlarim, uning qizil roʻmoli qordan oqarib qolguncha kezdik. Oʻn kunlik taʼtil oʻn daqiqadek oʻtdi-ketdi. Ozodlikdan Boyqoʻngʻirdek ulkan askariy turmaga sira qaytgim kelmas, lekin buning hech bir iloji yoʻq edi. Qismga qaytib kelganimdan soʻng, Kuydirgan kalla bilan boʻlib oʻtgan yoqimsiz suhbat tafsilotini aytib oʻtirmayman. Faqat, suhbat oxirida Kuydirgan kalla ilonday vishillab aytgan soʻzlarini eslashga toʻgʻri keladi.
– Yaxshi, yaxshi, – dedi u men hech nima olib kelmaganimni bilgach. – Sen toʻnkaga komandirni aldash qanaqa boʻlishini koʻrsatib qoʻyaman. Laʼnati osiyolik!
Komandirning gaplari suyak-suyagimdan oʻtgan boʻlsa-da, indamadim. Chunki sirtdan qaraganda, vaqtinchalik haqiqat u tomonda, men vaʼdamning ustidan chiqmagan edim. Aslini olganda esa, u meni jinoyatga undaganini hisobga olmayotgandi.

* * *

Qish, bahor oʻtib, xizmatimizning soʻnggi yozi keldi. Bahorda yam-yashil oʻt-oʻlanlar, lolalarga burkangan choʻl bir haftaga qolmay, jizgʻanak boʻlib, chor-atrof yana koʻzni toliqtiruvchi sariq, toʻq jigar rangiga burkandi. Boyqoʻngʻirning qishi qanchalik qahrli, qahraton boʻlsa, yozi shunchalar jazirama, kazarmalar yaqinida yetimlardek mungʻaygan yakkam-dukkam gujum, terak daraxtlari soyasida harorat ellik darajaga yetardi. Xizmat qishdagidan ham battar ogʻirlashdi. 95-maydonchaga suv tashib keltirilar, shu boisdan ayrim paytlar yuvinish, yoinki, ichish uchun bir qultum suvga zor boʻlardik. Oradan shuncha vaqt oʻtgan boʻlsa-da, Kuydirgan kalla men bilan qayta yuzma-yuz boʻlmagan, biror aziyat yetkazmagan, demak, oramizdagi janjalni unutib yuborgan, deb oʻylardim. Lekin koʻp oʻtmay, adashganimni angladim.
…Issiq tonglarning birida badantarbiya paytida uch chaqirim masofaga yugurmoqda edik. Kimdir oyogʻimdan chalib yubordi. Qattiq munkib ketdim, yuztuban yiqilishimga oz qoldi. Bu bedodlikka javoban, shaxt bilan oʻgirildim-u, ortimdan kelayotgan qozoq yigiti Muhammedjonovga yuz-koʻzi aralash qattiq musht tushirdim. Muhammedjonov dodlab yubordi-yu, safdan chiqdi.
– Hoy, taning sogʻmi sening, men chalganim yoʻq-ku! – dedi u voy-voylaganicha koʻzini ushlab.
Saf buzildi, askarlar toʻzib ketishdi. Yugurishni istamayotgan yigitlarimiz uchun yaxshi bahona topilgan edi.
Badantarbiya mashgʻuloti barbod boʻldi. Buning sababchisi men edim. Muhammedjonov meni chalib yuborganini tan olmas, yigitlar haqiqiy aybdor kim ekanini aytishmas, chunki chaqimchilik armiyada juda yomon qusur sanalardi.
Muhammedjonovning koʻzi koʻkarib, shishib ketdi, voqeadan xabar topgan rota komandiri meni uch kecha-kunduz avaxtaga hukm etdi.
Ish pachava boʻlgandi. Chunki, 95-maydonchaning avaxtasi, uning juda qattiqqoʻl komendanti Pchyolkin haqida dahshatli hikoyalar yurardi, ustiga-ustak, quyosh tigʻidagi tovuq katagidek kameralarni kana bosgan deyishardi. Komendant Pchyolkin avaxtadagi askarlarni yiqilib qolguncha yugurtirarmish, kim yiqilib qolsa, qamoq muddatini yana uzaytirarmish… Avaxta soqchilari ovqatning sarasini oʻzlari yeb, sarqitni qamalganlarga berarmish va hokazo…
Hamyurt yigitlar koʻnglimni koʻtarishar, haqiqiy aybdorni, albatta, aniqlab, boplab taʼzirini beramiz, deyishardi.
Bu orada serjant Xaritonovni boloxonador qilib soʻkkani uchun Hasan ismli ozarbayjon yigiti ham uch kecha-kunduzlik avaxtaga hukm etildi. Koʻnglim biroz yorishgandek boʻldi, chunki Hasan juda shoʻx, qiziqchi yigit edi.
Bizning kamar va hujjatlarimizni olib qoʻyib, endi avaxtaga joʻnatamiz, deb turishganida, saf oldida kutilmaganda Kuydirgan kalla paydo boʻldi.
– Komandir, – dedi u rota komandiriga yuzlanib. – Mana shu ikki lochinni mening ixtiyorimga bersang. Bular uchun maxsus topshiriq bor. – Mayor tirjayganicha men va Hasanga ishora etdi.
Ular oldindan kelishib olgan ekan shekilli, rota komandiri ham darhol rozi boʻlaqoldi. Kuydirgan kalla bizni ergashtirib, shtabga joʻnadi. Koʻnglim yomon bir narsani sezib, taʼbim xiralashdi.
– Hasan, doʻstim, hushyor boʻl, Kuzya bizni yomon bir baloga giriftor qilmoqchiga oʻxshaydi, – dedim.
– Qoʻysang-chi, gardash, u maxsus topshiriq bor deyapti-ku, – dedi Hasan soddalik bilan qirgʻiy burnini qashib.
– Eh, tentak, qamalgan askarga qanaqa maxsus topshiriq boʻlsin?
Hasan “bilmasam” deganday yelka qisdi.
Oradan sal fursat oʻtib, Kuydirgan kalla yuk mashinasi kabinasiga oʻtirdi-da, bizni tepaga chiqishga undab, shofyorga “hayda” ishorasini qildi.
– Gardash, hoy gardash, – meni turtdi Hasan. – Koʻp gʻam chekaverma, bizni oʻldirishmas, axir. Har qalay, ikkovimiz-ku, bir-birimizdan boxabar boʻlamiz.
Yarim soatlardan soʻng qism choʻchqaxonasiga yetib keldik. Yertoʻlada uch choʻchqaboqar yashar, ularning biri – dum-dumaloq, sargʻish sochlari peshonasiga tushib turadigan ryazanlik yigit Misha Mijuyev rotamiz roʻyxatida turar, u biz bilan bir kunda harbiy xizmatga chaqirilgandi.
– Lochinlar, – dedi Kuydirgan kalla Hasan ikkimizni eng chekkadagi bostirma yoniga boshlab borib. – Mana shu yerda yetmish qadamlik yogʻoch devor barpo etasizlar. Roppa-rosa uch kunlik ish. Xohlang – kunduzi ishlang, xohlang – kechasi. Agar aytgan muddatda ishni tugatmasangiz, oʻzingizdan koʻrasiz.
Mayor bir yashik mix, bitta bolta va arrani qoʻlimizga tutqazib, atrofda uyum-uyum boʻlib yotgan, kuchukning oyogʻidek egri-bugri yogʻochlarga ishora qildi-da, joʻnab ketdi. U biz uch kun nima yeb, nima ichamiz, qayerda uxlaymiz, bu haqda gapirmadi.
Biz avvaliga mayordan tez va oson qutulganimizga xursand boʻldik. Lekin qoʻlga boltani olib, quyosh tigʻida yarim soatcha ishlaganimizdan soʻng, duradgorlikdan mutlaqo xabari boʻlmagan bu odamlar bu ishni bir oyda ham tugatolmasligiga amin boʻldik.
Ust-boshimiz terdan shalabbo, daqiqa sayin suv ichgimiz kelardi. Shu tariqa tishni-tishga qoʻyib, tushgacha oʻn qadamcha joyga nari-beri devor tikladik. Egnimizda trusi, etik va panamadan (Turkiston harbiy okrugi askarlari yozda kiyadigan bosh kiyimi) boʻlak narsa qolmadi. Holdan toyib, bostirma soyasiga oʻtirdik.
– Eh, qaniydi, bir kosagina muzdek ayron boʻlsa! – dedim tashnalikdan tilim tanglayimga yopishib.
– Qoʻy, gardash, yuragimni tirnama, hozir senu mendan ana u, balchiqqa belanib yotgan choʻchqaning qadri baland. Yeydigani ham, ichadigani ham yonida… – dedi Hasan avzoyi buzilib. – Agar Xaritonov panaroqda qoʻlimga tushib qolsa bormi, boʻgʻib tashlayman. Bu, Kuzya deganing ham naq hayvonning oʻzi ekan. He, maxsus topshirigʻing boshingni yesin!
– Qoʻy, Hasan, xafa boʻlma, avaxta komendanti Pchyolkinning qoʻliga tushsak, ahvolimiz bundan battar boʻlardi-ku!
– Battar boʻlib ketmaydimi, har holda u yerda yegan-ichganing tayin edi-da! – jigʻibiyron boʻldi Hasan.
Qarshimizda Misha Mijuyev paydo boʻldi.
– Yuringlar, yigitlar, Xudo bergan rizq-nasibani baham koʻraylik. Kuzya sizlarga ovqat yuboradigan anoyilardan emas, – dedi u begʻubor jilmayib.
Choʻchqaboqarlarning yertoʻlasi salqingina ekan, ancha jonimiz kirib qoldi. Koʻp oʻtmay, stolda bir buxanka qora non, tovada jizillab turgan kartoshka va besh krujka sut paydo boʻldi. Sutni koʻrib, Hasan bir sapchib tushdi, koʻzlari ola-kula boʻlib, baqirdi:
– Hoy, Mishka! Toʻgʻrisini ayt, choʻchqaning sutimi bu?! – u oʻz krujkasini olib, irgʻitmoqchi boʻlgandi, Misha uning qoʻlini ushlab, tushuntirdi.
– Tentaklik qilma, ikkita sigirimiz ham bor. Ishonmasang, yur, koʻrsataman.
Lekin Hasan sutni ichishdan qatʼiy bosh tortdi.
– Boʻpti, – murosa qildi Mijuyev. – Sut ichmasang, spirt icharsan?
U karavot ostiga qoʻl uzatib, gʻilofi hoʻl suvdonni ilib oldi. Hasanning koʻzlari shoʻx chaqnab ketdi.
– O-o, spirt? Spirt icharam! Zahar boʻlsa-da, icharam!
Beshovlon bir suvdon spirtga, shuncha miqdorda suv qoʻshib, tomchisini ham qoldirmay ichib yubordik. Hammadan oldin Hasan mast boʻlib qoldi va savagʻichday uzun barmoqlari bilan koʻzlarini ishqab, hoʻng-hoʻng yigʻlay boshladi.
– Qishloqda yolgʻiz onam qolgan. Onamni sogʻindim. Juda sogʻindim. Bularning hammasi esa onamni soʻkadi. Xaritonovni qaytarib soʻkkandim, qamoqqa hukm etishdi. Axir qamash kerak boʻlsa, avval Xaritonovni qamash kerak-ku, u birinchi boʻlib onamni soʻkdi-ku! Vay-vay, bu qanday bedodlik, – zorlanardi u.
Hasan yigʻlay-yigʻlay, uxlab qoldi. Biz ham pinakka ketdik.
Uygʻonganimizda qosh qoraya boshlagan, havo harorati ancha pasaygan edi. Hasan ikkimiz yana qoʻlga bolta-arrani olib, ishimizni davom ettira boshladik. Misha va uning sheriklari bizga yordamga kelishdi. Oydin tunlar va salqin tonglardan foydalanib, choʻchqaboqarlar rizqiga sherikchilik qilib, ikki kecha-kunduz ishladik. Lekin beshovlon ter toʻksak-da, topshirilgan ishning yarmini ham uddalayolmadik. Xafa boʻlib ketdik. Qoʻlimizda bolta-yu, xayolimiz “Endi Kuydirgan kalla bizga yana qanaqa qiynoq oʻylab topar ekan?” degan oʻy bilan band, ishimizda esa unum yoʻq edi.
Uchinchi kun choshgohda Kuydirgan kalla keldi. U biz bajargan ish koʻlami bilan tanishgach, boshini sarak-sarak qilganicha, yoniga imladi. U baqirib-chaqirmadi, soʻkmadi, koʻzimizga tik boqib, labida zaharxanda bilan shunday dedi:
– Komandir buyrugʻini bajarmabsizlar. Buning uchun har ikkovingni ham harbiy tribunal sudiga topshirib, qamatib yuborishim mumkin. Lekin men olijanob odamman, senlarga yana yengil jazo beraman. Qism oshxonasi uchun ikkita choʻchqa soʻyib berasizlar. Shu bilan avaxta muddatingiz ham tugaydi.
Hasan ham, men ham qotib qoldik. Biz har qanday ogʻir jazoga oʻzimizni tayyorlagan boʻlsak-da, bunchalik zarbani kutmagandik. Ich-ichimdan koʻtarilib kelayotgan qattiq gʻazab va titroqni zoʻrgʻa bosib, Hasanga tikildim. Uning yuzi yanada qorayib ketgan, tishlarini qisgancha, nimanidir zoʻr berib oʻylardi. “Obbo, xayol surishga topgan vaqtingni qara-yu!” dedim oʻzimcha va Kuydirgan kallaga yuzlandim.
– Oʻrtoq mayor, men bu buyruqni bajarmayman!
Kuydirgan kalla pinagini ham buzmadi.
– Bajarmay qayoqqa ham borarding? Sen, mahmadona, nizomni oʻqigansan, komandir bilan bahslashish nimalarga olib kelishini bilasan-ku!
– Bilaman. Otib tashlasangiz ham mayli. Lekin men choʻchqa soʻymayman. Buni oʻzimga haqorat deb hisoblayman.
– Yaxshi, yaxshi, gapiraver. Haqiqatan ham tiling juda burro ekan. Xoʻsh, sen Muhammedjonovga tushirgan musht haqorat boʻlmay, mukofot edimi?! – vishilladi Kuydirgan kalla.
– U oʻz nomaʼqulchiligi uchun kaltak yedi, – dedim men.
– Ha, barakalla, mana endi oʻzingga kelding! Sen ham nomaʼqulchiliging uchun aziyat chekyapsan. Qaytar dunyo deydilar buni, azizim…
Men kuni-kecha sigir sutini choʻchqa suti deb oʻylab, jazavasi qoʻzigan Hasandan najot kutardim. Lekin Hasan negadir favqulodda xotirjam edi. Bahsimizni uzoqdan kuzatib turgan Misha yonimizga keldi.
– Oʻrtoq mayor, qoʻying, ularni bu ishga majbur etmang. Musulmonlarda choʻchqa harom hisoblanadi. Boz ustiga, bu jonivorlarni duch kelgan odam soʻya olmaydi-ku. Biz oʻzimiz har kungidek soʻyaveramiz. Hech kimning yordami kerak emas, – dedi u.
Kuydirgan kalla basharasida cheksiz nafrat bilan Mishaga oʻqraydi.
– Oddiy askar Mijuyev! Kim ekaningizni unutyapsiz! Menga aql oʻrgatishni bas qiling! Birovlarning yonini olguncha, oʻz gunohlaringiz toʻgʻrisida oʻylab koʻrsangiz yaxshi boʻlardi! – dedi u tahdidli ovozda Mishani sizlashga oʻtib.
Misha jimib qoldi. Uning rangi oqargan, moviy koʻzlarida qoʻrquv va ayni vaqtda, nafrat ifodasi namoyon edi. Shu choqqacha mum tishlab oʻtirgan Hasan tilga kirdi:
– Qani, bering pichogʻingizni, nechta choʻchqa boʻlsa, soʻyib tashlayman!
– Hoy, Hasan, jinni boʻldingmi? Choʻchqa bir pishqirsa, esing ogʻib qolmasin yana!
Hasan menga oʻqraydi va oʻt chaqnayotgan koʻzlari bilan “jim tur” maʼnosida im qoqdi.
Kuydirgan kalla mamnun irshaydi. Mijuyevga pichoq olib kelishni buyurdi-da, xuddi mehribon ustozdek, Hasanga choʻchqa soʻyishning “nozik” tomonlarini tushuntira ketdi:
– Buning hech qoʻrqadigan yeri yoʻq, sendan talab qilinadigani, qoʻling qaltiramay, pichoqni moʻljalga – qoq yuragiga ursang boʻlgani. Bir necha zarbadan soʻng, til tortmay oʻladi, marra seniki…
Bang va aroq es-hushini oʻgʻirlagan mayor Hasanning yuzlari haddan tashqari qorayib ketganiga, koʻzlarida telbavor, yovvoyi bir oʻt chaqnayotganiga eʼtibor qilmas, men esa doʻstimning vajohatidan xavotirda edim. Bu orada Mijuyev kelib qoldi va qoʻlidagi yarim qulochcha keladigan pichoqni Hasanga uzatdi. Qolgan voqealar bir necha soniyada sodir boʻldi. Mishadan pichoqni olgan Hasan mushukdek sapchib, Kuydirgan kallaning boʻgʻziga chang soldi, oʻziga qarab qattiq tortdi va oyogʻidan chalib yubordi. Qoʻllari choʻntagida, bemalol valaqlayotgan, bunday hujumni sira kutmagan jabrlovchimiz oʻroq tortilgan joʻxoridek quladi. Hasan chaqqon harakat bilan uning ustiga minib, tizzasini koʻkragiga bosdi va pichoqni mayorning liqillab turgan kekirdagiga tiradi. Men va Misha beixtiyor ular tomonga tashlangan edik, Hasan pichoqni mayorning kekirdagidan olib, bizga oʻqtaldi:
– Yaqinlashsalaring ikkovingniyam soʻyib tashlayman! – uning koʻzlari qonga toʻlgan edi.
Misha ikkimiz turgan yerimizda qotib qoldik. Hasanning tizzasi ostida yotgan mayor qarshilik koʻrsatmas, isligʻi chiqib ketgan furajkasi bir chekkaga dumalab ketgan, oqara boshlagan, siyrak sochlari peshonasiga yopishgan, kulrang koʻzlari nursiz, shuursiz boqardi. Hasan uni boʻralab soʻkar, dagʻdagʻa qilardi.
– Yo hozir bizni xoʻrlaganing uchun kechirim soʻraysan yoki choʻchqalaringdan oldinroq narigi dunyoga joʻnaysan! He, onangni sening! Koʻppak!
Gapirishga imkon yaratish uchun Hasan mayorning giribonini biroz boʻshatdi. U chuqur tin olib, eshitilar-eshitilmas xirilladi:
– Kechiringlar meni, yigitlar… Bu kunimdan oʻlganim yaxshi…
– Agar bizni sotsang, baribir payt poylab, soʻyib tashlayman, bilib qoʻy, – dedi Hasan.
U mayorning shalvirab yotganini koʻrib, biroz shashtidan tushgan edi. Raqibining giribonini qoʻyib yuborib, oʻrnidan turdi va pichoqni bostirma ortiga otib yubordi.
Misha mayorning oʻrnidan turishiga koʻmaklashdi, furajkasini yerdan olib, changini qoqib, uzatdi. Kuydirgan kalla ayanchli, aftodahol qiyofada bostirma soyasiga oʻtdi. Choʻntagidan ezgʻilanib ketgan sigaret olib, tutatdi, chuqur “uf” tortdi. Hasan oʻn qadamcha naridan bizni soʻzsiz kuzatib turardi.
– Biratoʻla oʻldirib qoʻyaqolsalaring boʻlardi. Hamma gʻavgʻolardan qutulardim. Xizmat vazifasini bajarish paytida halok boʻldi, deya mukofotga taqdim etishardi… – Kuydirgan kallaning ovozi titrab chiqsa-da, nursiz koʻzlari, zahil basharasidan qoʻrquv izlari yoʻqolgan, uning oʻrnini oʻsha irjaygannamo zaharxanda egallamoqda edi.
– Siz xafa boʻlmang-u, oʻzingizdan oʻtdi, – dedi Misha yurak yutib.
– Hamma gapirsa ham, sen gapirma. Bular bilan endi ora ochiq, soʻz berdim. Lekin sen bilan hisob-kitob oʻzgacha boʻladi, – dedi Kuydirgan kalla va sekin yurib Hasanning yoniga bordi. Hasan hushyor tortib, hurpaydi. U aftidan, oʻz qiziqqonligi oqibatlarini oʻylamoqda, chunki, agar ish chappasidan ketsa, har ikkimiz intizomiy jazo batalyoniga ravona boʻlishimiz tayin edi.
– Qani, qoʻlni tashla osiyolik yovvoyi, – dedi mayor Hasanga oriq, uzun qoʻlini uzatar ekan. – Gap shu yerda qolsin. Qariganda askardan kaltak yedi, degan malomatga sira toqatim yoʻq.
Hasan bu soʻzlarga ishonish-ishonmasligini bilmay, qoʻl uzatdi.
Shu bilan avaxta muddatimiz tugadi va tushlikka yaqin qismga qaytib keldik. Yigitlar bizni xuddi u dunyodan qaytganlarni kutgandek kutib olishdi. Kim tamaki tutqazdi, kim gugurt chaqib berdi, kimdir yelkamizga shapatiladi, xullas, yigitlar bizni juda taltaytirib yuborishdi.
Choʻchqaxonadagi voqeani hech kimga aytmadik. Kuydirgan kalla ham soʻzining ustidan chiqib, bizga aziyat yetkazmadi.

* * *

Xizmatning soʻnggi yozi oxirlayozgan, biz – yurtdoshlar tushimizda ham, oʻngimizda ham Buxoroni koʻrardik. Barcha suhbatlarimiz shu mavzuda, tomogʻimizdan ovqat ham yaxshi oʻtmas, nuqul kun sanardik. Ana shunday dilgir kunlarning birida “choʻchqaboqar Misha Mijuyev bedarak yoʻqolibdi” degan xunuk xabar tarqaldi. Komandirlarimiz tipirchilab qoldilar. Avvaliga qismimiz, soʻng butun garnizon askarlari choʻlni qadam-baqadam kezib chiqdik. Misha hech qayerda yoʻq edi. Uning uyiga, harbiy komissariatga ketma-ket telegrammalar joʻnatildi. Harbiy prokuratura juda koʻpchilikni, jumladan, men va Hasanni ham soʻroq qildi. Hech qanday natija chiqmadi. Men baʼzi-baʼzida Kuydirgan kallaning Mishaga dagʻdagʻa qilib, “sen bilan hisob-kitob oʻzgacha boʻladi” degan soʻzlarini eslab, ses­kanib ketardim. Lekin bu soʻzlar zamirida qanday sir yashirin ekanini bilolmasdim.
Ogʻir kunda bizga madad bergan oqkoʻngil yigit Mishaning taqdiri meni behad tashvishlantirar, shubha-gumonlarimni birovga aytolmay, qiynalardim. Kunlar ketidan kunlar oʻtdi. Lekin Mishadan darak boʻlmadi.

* * *

Boyqoʻngʻirni tark etganimga qariyb qirq yil boʻlyapti. Bu maskan bilan bogʻliq koʻp voqealar unutilib ketdi. Lekin Misha yoʻqolib qolganidan soʻng oradan bir necha oy oʻtgach, qismga yetib kelgan onaning ahvolini, koʻzlarida qotib qolgan dahshatni hamon unutolmayman. Odmigina chit koʻylak kiyib, eski durracha oʻragan, oq-sariq sochlari parishon bu ayol hamon tushlarimga kiradi. U hatto sichqon ham oʻtolmaydigan son-sanoqsiz nazorat-tekshiruv postlaridan qanday oʻtgani, olis qumliklar ichkarisidagi bu maskanga qay taxlit yetib kelgani oʻziga va yolgʻiz Xudoga maʼlum.
Mishaning onasi shtab oldida bir kecha-kunduz tik turdi. U yigʻlamas, gapirmas, faqat koʻzlaridagi dahshat yurak-bagʻrimizni ezardi. Biz unga non, saryogʻ, qand olib bordik, komandirlar ham atrofida parvona boʻldilar. Lekin ona qiyo ham boqmas, lablari arang “Misha, Mishenka…” deya pichirlardi, xolos.
Ertasiga ertalab ona gʻoyib boʻldi. Shtabdagi yugurdaklarning aytishlaricha, maxsus boʻlimdagilar uni uyiga kuzatib qoʻyish uchun olib ketishganmish…

M: “Sharq yulduzi” jurnali, 2016 yil, 4-son

Nargiza ASADOVA
DILGA YORUGʻLIK ELTGAN ASAR
028

“1968 yil. Kech kuz tunlarining birida Buxorodan joʻnagan poyezd ikki kecha-kunduz yoʻl bosib, qosh qorayganda choʻl bagʻridagi Toʻra Tom bekatiga yetib keldi”
Yozuvchi Joʻra Fozilning “Boyqoʻngʻir lolalari” nomli qissasi (“Sharq yulduzi” jurnali 2016 yil 4-son.) shunday boshlanadi. Beshta bobni oʻz ichiga olgan qissada xizmatga otlangan, askarlik maqomiga ega boʻlgach turli qiyinchiliklarni boshidan kechirgan Jamol ismli yigit haqida hikoya qilinadi. Garchi voqealar izchillik bilan davom etmasa-da, lekin davomiylikdagi kechinmalar, ziddiyatlar mutolaaga berilgan chogʻda akslanadi. Yaʼni, qissadagi hodisalarni muallif koʻz oʻngingizga keltirib qoʻyadi. Boʻz yigitlarning hatti-harakatini, oriyatli doʻstlarning oʻzaro munosabatlarini koʻrib, birdamlik hissini tuyib yashay boshlaysiz. Mutolaa koʻp vaqtingizni olmaydi. Hajman uncha katta boʻlmagan asarda sodda, loʻnda tasvirlar, qahramonlarning samimiy muloqotlari kishini zeriktirmaydi, balki “Endi nima boʻlar ekan?”ning ortidan ergashtiradi. Tili ravon va sodda, baʼzi joylarda shevaga xos soʻzlardan ham oʻrinli foydalanish asarning oʻqimishliligini taʼminlaydi.

***

Qozogʻistonning muallif aytmoqchi gadoytopmas Boyqoʻngʻir kosmodromida joylashgan harbiy qismga kelgan Jamol, Samad, Usmon, Rizo, Tohir, Hasan singari askarlar to xizmat tugungunga qadar boshidan koʻp kechmishlarni oʻtkazishadi. Gap nima yoki kim haqida bormasin, asardan mustabid tuzumning nafasi, uning tayziqi sezilib turadi. Chunonchi, qayerda va qachon portlashi nomaʼlum boʻlgan qitʼalararo yadro raketalarini muhofaza qilishga, yangi shaxtalar barpo etishga safarbar etilgan askarlarni chor atrofi qip-qizil choʻl boʻlgan kentning noqulay shart-sharoiti, kutilmaganda oʻzgarib turadigan ob-havosigina emas, balki “kosmodrom oqsuyaklari” tomonidan askarlarga nisbatan quldek muomala-munosabati, nopisandligi nafaqat asar qahramonlarini balki oʻquvchini ham azoblaydi.
Polkovnik Lauxin, shtab boshligʻi Vasiliy Mixaylovich, mayor Kuzya, serjant Xaritonov kabi boshliqlarning xoʻrlik va qiynoqlariga qoʻlini musht qilgan, pichoq suyakka qadar borgach nomardlarning hiqildogʻiga pichoq tiragan gʻururli personajlar bilan birga oʻquvchi ham boʻgʻriqadi, odamlarga yuqoridan qaraydigan bu noqis kimsalarga nisbatan nafrat tuyadi. Bir qaraganda, bu hodisa oʻz-oʻzidan emas, bitta yerning non-tuzini yeb katta boʻlgan hamyurtlarning bir-biroviga bergan mehri, daldasidek boʻlib koʻrinishi mumkin. Lekin leytenat Yejov, oddiy askar Misha singari insonlar harbiy qismdagilarning askarlarga nisbatan haqoratlari-yu, xoʻrliklariga goh pinhona gohi oshkora qarshi munosabatda boʻlishlarini mutolaa jarayonida kuzata turib, inson qadr-qimmatini oshirishga xizmat qiladigan umuminsoniy tuygʻularning millat va hudud bilmasligiga yana bir karra amin boʻlasiz. Bu jihatlar asarda insonni tushunish, zarur vaqtda qoʻllash, koʻmakka muhtoj odamdan yuz oʻgirmaslik kabi hislatlar tajassumida namoyon boʻladi. Jumladan, harbiy qismni ruxsatsiz tark etib, quyoshning ufqdan bosh koʻtarishini daryo sohilida tomosha qilishni odat qilgan askarni (!) jazolash oʻrniga: “Sen baxtlisan. Sharq – shoirlar yurti. Sharq sheʼriyati – buyuk sheʼriyat. Sirasini aytganda, Buxoro va Toshkentda yashab, shoir boʻlmaslik mumkin emas… “ – deya unga havas qilgan komandirning soʻzlari kitobxonning-da diliga yorugʻlik eltadi.
Qissada qizil gul singari — Muattar hayotga, insonga boʻlgan muhabbatning yorqin timsolidir. Garchi qiz Jamolning goh xayolida, gohi tushida namoyon boʻlsa-da, u asar davomida ogʻir kunlarda yigitni umid bilan yashashga, orzu sari odimlashga tonggi qoʻngʻiroqdek chorlab turadi. Oddiy qilib aytganda, shunday bir qiyin sharoitda, sobiq tuzumning inson manfaatlarini, istaklarini hisobga olmaydigan qatʼiy intizom va zoʻravonlikka xos davrida ham odamlarda koʻngil borligini, bu dil mudom yaxshilik va ziyoga intilishini yozuvchi ijobiy obrazlar siymosida eslatib turadi.

***

Bugun atrof-javonibimizda tamomila oʻzgacha manzara. Mustaqil mamlakatimizda erk va ozodlik insonlarning or-nomusidek hamqadam. Tolye istiqlol atalmish buyuk neʼmatni ato etgandan soʻng, yurtimiz va yurtdoshlarimiz hayotida tub burilishlar, oʻzgarishlar yuz berdi. Zero, soʻzda va amalda erkin boʻlgan insongina erta haqida nurli oʻylar qiladi, istiqbolga ishonch koʻzi bilan qaraydi.

Kasbim taqozosi bilan harbiy xizmatchilar bilan koʻp muloqotda boʻlaman. Bugun ularga qaratilayotgan ijtimoiy himoya, oila aʼzolari uchun davlatimiz tomonidan berilayotgan yuksak gʻamxoʻrlikning bevosita shohidiman. Ayniqsa, muddatli harbiy xizmatni oʻtayotgan askarlar bilan koʻrishganda, ularning yuz-koʻzidagi mamnunlik, oʻziga boʻlgan ishonch, sharafli burchidan masrurlikni his etaman. Harbiy xizmatga borgandan to uyga kuzatish jarayoniga qadar ular izzat va ikromda desam, mubolagʻa yoʻymassiz. Rosti ham shunday. Zamonaviy koʻrinishda jihozlangan, oshxona, yotoqxona, dam olish joylari, jangovar va maʼnaviy-maʼrifiy mashgʻulotlar oʻtkaziladigan xonalar bularning bari tinchligimiz posbonlari uchun shay. Bugun ular “Boyqoʻngʻir lolalari” dagi kabi musofirlikda, birovning qosh-qavogʻiga qarab, kamsitilib kun sanayotgan askarlar emas, balki ona Vatani bagʻrida, ertangi kun haqida tiniq va baland orzular bilan xizmat qilayotgan harbiy xizmatchilardir. Shunday dorilomon kunlarning qadriga yetish, hozirgi avlodga ertakdek tuyuladigan oʻtgan kunlarni shu onlar bilan solishtirish, taqqoslash va muhimi xulosa qilish imkonini bergan yozuvchi Joʻra Fozilning bizga taqdim etgan mazkur asari shu jihatdan eʼtibor-u eʼtirofga molik.

04

(Tashriflar: umumiy 535, bugungi 1)

Izoh qoldiring