Mash’al Xushvaqt. She’rlar

Ashampoo_Snap_2017.01.11_22h11m18s_002_.png    Бундан 16 йилча аввал устоз Озод Шарафиддинов Машъал Хушвақт шеърлари ҳақида «унинг шеърлари ҳароратли, фикрлари теран, ҳис-туйғулари оҳорли. Уларда фалсафийлик ҳам, юмор ҳам,  киноя-ю писандалар ҳам,чуқур дардлар ҳам бор» деб ёзган эди…

Машъал ХУШВАҚТ
ШЕЪРЛАР
0045

    Машъал Хушвақт 1961 йил 21 августда Андижон вилояти Асака тумани Арғин қишлоғида ўқитувчи оиласида туғилган.. Тошкент давлат университетининг филология факультетида таҳсил олган. “Ойдин ғуссалар” номли шеърий китоби нашр этилган. Шеърлари мамлакат журналлари ва газеталарида, шунингдек, «Хуршид Даврон кутубхонаси» вебсаҳифасида ҳам мунтазам эълон қилинади.

0045

ИЛК ШЕЪРЛАРДАН…

МЕН СИЗНИ…

Машъал ХУШВАҚТ.jpg

Мен сизни куйлайман овозсиз,
Мактублар ёзаман, мактублар,
Мен сизга ҳар куни қоғозсиз.

Мен сизга парвозсиз учаман,
Учаман мен сизга парвозсиз,
Қўлларсиз мен сизни қучаман.

Мен сизни ўйлайман кечаси,
Ўйлайман мен сизни, кундузнинг
Очилиб қолгунча елкаси…

* * *

Ширин тушларини кеча ҳўплаган,
Юрагида нурли умид тўплаган,
Юзларидан бебош шамол ўпмаган –
Қиз ухлар…

Бир ажиб титроқдан вужуди толиб,
Мурғак муҳаббатин бағрига олиб,
Қотил қароғини зиндонга солиб,
Қиз ухлар…

Дераза ортида шамол сил бўлган,
Унинг сабри тўлган, жонидан тўйган,
Уйқулар ёстиққа гул экиб қўйган –
Қиз ухлар…

ҲАМАЛ

Бағрига шохлари тиқилиб,
Дарахтлар шошилар саҳарга.
Бесўнақай қишлоқ йўллари
Югуриб кетади шаҳарга.

Тушуниб бўлмайди шу топда,
Янада кўпаяр майсалар.
Топила бошлайди атрофда,
Гўзаллик яширган нарсалар…

***

Ўлим, сенга қадар йўл узоқ,
Ҳали азоблар бор мен йўқлайдиган.
Чайнайдиган тошлар бор – қайноқ,
Оловлар бор мен ҳўплайдиган.

Йўлим олис,
Бу олис йўлда,
Ҳаёт турар сендан-да кучли.
Машаққатли сендан минг марта,
Минг мартаба сендан қўрқинчли…

ЯНГИ ШЕЪРЛАРДАН

АНГЛАШ

Дилимга ишқ тўлди,
муҳаббат тўлди,
Энди ўтли оҳлар содиқ йўлдошим.
Жисми вайронимга бойқушлар қўнди,
Қайғу ортган карвон бўлди кўз ёшим.

Билдим, энг чиройли жонзот – қурбақа,
Энг ювош мавжудот экан чаёнлар.
Ҳеч ким ўргатмади нодонлардақа,
Асил устоз экан менга нодонлар.

Ғам-андуҳга ватан эканман, билдим,
Чивиндан-да тубан эканман, билдим.
Билдим, билган сарим билгандан куйдим,
Куйдим, куйган сарим куйгандан кулдим…

Аёнлашиб борди буду нобудим,
Ғуборимни кўрдим ниш урган донда.
Кўрдим, бир ниҳолда ўсар тобутим,
Бир гиёҳнинг ҳаққи бор экан менда.

Кўрдим, дову дарахт мени олқишлар,
Қутлар мўру малаҳ,
қутлар ўт-ўлан.
Елкамга қуш қўнар,
капалак қўнар,
Табриклашар одам бўлганим билан…

КУЗ ТАШБЕҲЛАРИ

1

Куз келди.
Сафар олдидан қушлар
Шохларда ўтирар.
Ғамгин хайрлашар –
Дарахт шохларини маҳкам сиқишар…
Дарахт қушлар билан кетишни,
Узоқ-узоқларга учишни истар.
Ахир, у ҳам бир қуш –
Тинмай қанот қоқаётган.
Енга олмай оғирлигини,
Парлари тўзаётган,
Парлари тўкилаётган бир қушдир.

2

Бунчалар дардмансан,
Бунчалар сўлғин,
Бунча ҳам муштипар, кимсасизсан-а!..
Мен сени жон-жон деб қиз қилиб олгум,
Мунисгинам менинг, кузгинам.
Қиёфангни кўриб эзилди жоним,
Бўлди мунгли-мунгли жисмимда борим.
Юзлари заъфарон, заиф беморим,
Маҳзунгинам менинг, кузгинам.
Сен арзи саробим, баҳри ҳубобим,
Ошиқлар рангидек ранги зардобим.
Парвона умридек умри нобопим,
Зардюзгинам менинг, кузгинам.
Тобора вужудинг совуб борар, воҳ,
Маъюс табассуминг сўниб борар, воҳ.
Метин юрагимни ҳасрат ёрар, воҳ,
Маъюсгинам менинг, кузгинам.
Жон қизим, қўрқитма, мени қўрқитма,
Сен ҳали яшайсан, яшайсан яна.
Отадан ҳам олдин ўлурми бола,
Менинг кенжа қизим, кузгина?..

ҚОР ҲАҚИДА ИККИ ШЕЪР

ҚОРНИ СОҒИНИБ

Кўйлагини довдир шамоллар йиртган,
Очиқ танасидан хижолат тортган,
Қишнинг қучоғида бемажол ётган
боғ,боғ.

Дала тушларига киради тўрғай,
Елвизак ўтади судралиб зўрға,
Боғда дод солади бир қари қарға –
зор, зор.

Теварак юзида зоҳир мусибат,
Эзгин хўрсинади шўрлик рутубат,
Шамолга тилини берган сукунат
хор, хор

Қарға фарёд қилар янада баттар,
Дарахтлар яна ҳам тортар хижолат,
Даланинг тушлари бузилиб кетар,
Елвизак шол бўлиб қолар ниҳоят.

Осмондан қуйила бошлар даъфатан,
Дарахтлар ёлвориб тилаётган ор,
Қари қарға тинмай сўраган кафан –
қор, қор, қор…

ЭНДИ ҚОР ЁҒМАЙДИ

Энди қор ёғмайди, кутмагин,
Менингча, шунча қор ёққани етар.
Турналар келишар энди қайдандир,
Қайгадир қарғалар қочишиб кетар.

Энди қор ёғмайди, дарагин
Боғлардан билавер, боғлардан,
Ишонмасанг, ана, сўрагин,
Тили чиқиб қолган шохлардан…

ЖОН ҲАҚИДА ИККИ ШЕЪР

1

Жонимда умидлар сузиб юрмаса,
Туйғулар ўсмаса қонимда агар,
Ҳақиқат тилимга ошён қурмаса,
Ва иймон дилимга бўлмаса падар,
Қаттиқ жазолайман мен сени, ҳаёт, –
Ташлаб кетаман!..

2

Жоним, нега келдинг бўғзимга?
Йўқ, йўқ, ҳеч қаерга кетмаймиз.
Қани, қайтгин дарров изингга,
Қайда жой бор, бу жойдан-да соз?!
Мен шунчаки тутақиб кетдим,
Мен шунчаки бўғилдим, холос…

***

— Мана шодликларим,
— Бу-чи?
— Ғамларим.
Куйиб-куйиб сени мадҳ этган
Булар эса ёзган шеърларим.
Қирқ йил териб-темчиб йиққаним —
Шу бир ҳовуч обрў ҳам сенга.
— Бори шуми?!
Кейин каловланди,
Кейин пайпаслади ёнини…
Чўнтакларин узоқ кавлади.
Тополмади шўрлик ҳеч нарса.
Бирдан эсга тушди нимадир –
Севиниб кетди:
— Айтса, жоним бор-ку қурбон қилгани,
Қоним бор-ку, ахир, тўккани! — деди.

ҚАДРДОН ҲОВЛИ

Мен туғилган ҳовли,
табаррук ҳовли,
отам онам билан қовушган ҳовли,
алмисоқдан буён жимгина кутиб,
руҳим танам билан топишган ҳовли…
Авло кўрдим сендан,
шаҳри азимни,
нечун бунча менинг кўнглим тош экан?
Қачон узгайдирман олган қарзимни,
мени одам қилган жонажон маскан?
Тошшаҳардан ортга нега қайтмадим,
ахир бу ҳовлида чўзилди бўйим.
Бу ҳовлида нега тўйим ўтмади,
нега туғилмади бу уйда ўғлим…
Бир йилда бир бора келаман зўрға,
чоки гирибонимда соғинч панжаси.
Не қилай, елкамни эзади тўрва,
Не қилай, ихтиёр менда бўлмаса…
Кузатиб қоласан ортимдан маъюс,
менга омад тилаб,
менга бахт тилаб.
Юрак чеккасида ватан тутган ҳис
ва сағир туйғунинг бошини силаб.
Қара,чордоқдаги мен ётган бешик
келганимни билиб севинди яна.
Узатган қўлимни ўпади эшик,
оёғимни эса ўпар остона…
Хафа бўлмайсанми,
ўкинмайсанми,
бир йилда бир марта кўргани келсам.
Нураб кетмайсанми,
тўкилмайсанми,
Юз йилда бир марта ўлгани келсам…

 

МЕН СЕНИ ИЗЛАДИМ

Мен сени изладим
кечаги кундан,
Бугун-чи, бугундан қидирмоқдаман.
Тополмасам сени бугундан,
Шунда ҳам қўрқмайман,
Шунда ҳам.
Чунки эрта бордир олдимда.
Эрта жуда сирли,
Жимир-жимирли,
Гўё сен беркиниб турибсан унда…

КУТИШ

Ўчоқнинг пинжига суқилган ўтин,
Хонтахта устида бир коса овқат.
Жимгина эрини кутаётган хотин,
Жони таслим бўлаётган тоқат.

Соат “ку-ку”лайди – ярим бўлар тун,
Хонтахтада эса совуб борар ош.
Бахтиёр пичирлар, пичирлар секин,
Ўчоқнинг кўксига ўтин қўйиб бош…

Ҳавас билан боқар ўчоққа аёл,
Ҳавас билан боқар, танида титроқ.
Фақат тонгга яқин ош музлаб қолар,
Фақат тонгга яқин бўшайди қучоқ…

КЎНИКМА

Сендан жудо бўлиб ўлиб қолмадим,
Телба бўлганим йўқ, айрилиб сендан.
Ё ғамдан мамотни тортиб олмадим,
Ғам тортиб олмади ҳаётни мендан.

Осмон ўша-ўша,
Ер ҳам ўшадир,
Вужудимда ҳамон ғимирлар жоним,
Ўлимни бермади менга шум тақдир,
Ўтар томоғимдан тишлаган ноним.

Мен ҳамон кунларни кўраётирман,
Ҳаёт берган ялов – кўйлак устимда.
Мен ҳамон ўгирилиб қараётирман.
“Машъал!” деб чақирса биров ортимдан…

ИБТИДО ЮКИ

Руҳим,
алмисоқда нима дегансан,
Не деб сўз бергансан, жону нафасим?
Нафсим, не улушга рози бўлгансан,
Дил, қандай бўлишга қилгансан азм?

Нафсим,
яна менда қолдими ризқинг,
Умримни ошалаб бўлдингми, ҳасрат?!
Ичимда ўлдингми, туғилмай, ишқим,
Қонимда чўмилиб бўлдингми, шаҳват?!

Кин, ҳасад юракни хардек миндилар,
Ҳаммоли маъсият – бўлди юмушим.
Нафсим хизматини қилиб синдилар,
Бир пайт пайғамбардан қизғанган тишим…

Ўзимга ёт бўлдим,
Ит бўлдим минг бор,
Дами пок бўлгунча, одам бўлгунча.
Нафсим кўмак берди бу ишда бисёр,
Бунда жон куйдирди гуноҳим қанча…

Худойим,
Мен сени дўст билдим яқин,
Дилимдан, бир мўмин суйгандек суйдим,
Қўлимдан келганин қилдим мен тағин:
Қарагин, ўғлимга исмингни қўйдим!..

ДИЛ ҲАҚИДА

Бадсиёқ хаёллар,
бузуқ хоҳишлар
ишрат хобгоҳига бурганида юз,
жамила туйғулар, анбар оғушлар
баднафс қароқларга чўкканида тиз,
дунё лаззатидан ҳориган бадан,
шабона манзарда кўрганида туш,
адашиб, чинқираб бероҳ, бекафан,
бошлар узра қанот қоққанда қарғиш —
…йиғладим, дилимни бағримга босиб,
уни ёвузларга келмади бергим.
Дунё, нафс, шайтоннинг йўлини тўсиб,
умримнинг энг сўнгги кунига боргим.
Дунё дилга душман,
дил озор ғамдан,
нафсим унга ғайр, бадан дўст бўлмас.
Биламан, бу дилим бошқа оламдан,
биламан, бу дилим бу ерлик эмас..

МАКТУБ

Унинг мактубини ўқийсан қайта,
Ўтли нигоҳингдан куяди қоғоз.
Юзларингга тегар шу парча хатда
Яшириниб келган ёқимли нафас…
Ва жавоб ёзасан,
қўлларинг титрар,
Ловуллаб-ловуллаб ёнади юзинг.
Қоғозда сенинг ҳам соғинчинг кетар,
Эргашар бир парча қоғозга исинг…

ШОИР ХАЛҚИ

Қанча замон бўлди туғилганига,
Неча йиллар, ахир,
Бахт уни суймас.
Азоблар тинч қўймас,
Тинч қўймас нега,
Қайғу тўймас унга, ғам тўймас?

Қанча замон бўлди – кула олмайди,
Дунё роҳатини кўрмайди кўзи.
Тўзим бир қадам ҳам ундан қолмайди,
Тўзим учун суюк ватандир — кўкси.

Ўзи ёрдамга зор,
Ўзи хокисор,
Бедор кўнгли доим тиланаверар.
Бу ғариб дунёда неки роҳат бор,
Ўзидан бошқага илинаверар.

Манзил эса узоқ,
Жуда ҳам узоқ,
Вужудини унга элтади зўрға.
Тиллари ялинчоқ, дили ялинчоқ,
Юраги – бўйнига осиғлиқ тўрва…

ЭВРИЛИШ

Залолат раҳмида ўсган ёвузлик,
Бурро забонларга беркинган бало.
Тубида маломат бижғиган хўрлик,
Гуноҳлар сармоя қилинган риё.

Фалак ёрғучоғин юргизган нафас,
Тийнатда илондай ётган хусумат.
Серпушт ҳавойи ҳирс тўқимлаган нафс,
Кўз билан йиғлашга ўрганган уммат.

Занггин ҳасад юмруқ қўйган дилравзан,
Шайтонга овозлар, нафслар — гумашта.
Ҳалол луқма тилаб йиғлар тинмасдан,
Ҳалқумга посибон бўлган фаришта.

Нега иймон лоғар,*
Нега дил озғин,
Нега кўнглимиздан улкан қорнимиз?
Нега бу дунёга эгади бўйин,
Азалдан «аналҳақ» сузган қонимиз?!

Анбар туйғулар йўқ,
Анбар ҳислар йўқ,
Кўзимиз ялтироқ, осилган занах.*
Нега бизга келиб, ҳувиллар учмох,
Нега бизга келиб, тўлмоқда дўзах?..
———————
Лоғар — озғин,заиф
Занах — бақбақа

СОАТ

Хонамда
мен билан яшайди бир қуш,
патлари забаржад, олмос тумшуғи.
Кечираётган оним – бу қушга емиш,
Яшаётган лаҳзам – унинг озиғи.

У тинмай чириқлар,
ғизо кутади,
қадаб вужудимга юҳо кўзини.
Олдига ташласам бир-бир ютади,
бошимдан ўтказган ҳар бир лаҳзани.

Кунларимни бир-бир ютиб юборар,
ойларимни бир-бир ютиб юборар,
йилларимни бир-бир ютиб юборар,
шу тахлит, шу тахлит, шу тахлит.

Наҳотки,
дунёга шу қуш деб келсам,
наҳот, шу очкўзни вазифам боқиш?
Кўтарар бошини қачон билмасам,
ўзи қачон тўяр бу очофат қуш…

МАШРАБГА ЎКИНЧ

Бу диёр сизнинг-ла жуда пок эди,
сиз билан табаррук эди бу ватан.
Бандалари солик ҳам бебок эди,
сиз билан, девонам, сиз билан.

Қушлар ҳам зикрни сиздан-да билди,
ихлос билан сизга мурид бўлди тоғ.
Сиз боққан гиёҳки нолалар қилди:
“Аналҳақ!”,”Аналҳақ!”,”Аналҳақ!”

Девонам,
Ватандан нечук кетдингиз –
бир сиқим тупроқни Балхга элтингиз?..
Наҳот, қадрингизга етмади биров,
азиз қўлингизни тутмади биров?

“Сиз бизга кераксиз, ҳазратим” деган
садо чиқмаса ҳам бирор одамдан,
қушлар сизни қол деб қистамадими,
сувлар қолишингиз истамадими?!

Кетар чоғингизда Ватандан мангу,
ётиб олмадими тоғ йўлингизга?!
Пешингизга тикан ёпишмадими,
қумлар тўлмадими ковушингизга?..

***

Эрталаб нонушта,
дастурхон тўкин…
Сўлак тўла оғиз, хушланган димоғ.
Тегирмон тошидай шақиллайди жағ,
Бир четдан дастурхон бўшайди секин.
Юҳо болалаган салтанат — бадан.
Яна бўлиб қолар бир зумда тушлик.
Жиғилдон бахтиёр бўлар ҳаммадан,
ҳалқумдан отилар шодон кекирик…
Кечки овқат,
зиёфат яқин,
емаклардан мамнун чарақлайди кўз.
Дил бу зиёфатдан қочади тағин,
Дил бундай даврада бўлади маъюс.
Турфа таомлардан айниган нафас,
оғизга тинимсиз емак тиқар қўл:
юҳо боласини эмизётир нафс,
очдан ўлиб бораётир Дил…

СЕВГИ

Билмайман,
Қандайин алдоққа учдим,
Қандай ёлғон  ютди мени комига.
Нима бўлди менга,
Мен қандай тушдим,
Илоҳнинг ердаги  тузоқ-домига?..

Мен инсон эдим-ку,
Эҳтиёткор инсон,
Энди бир қуш каби қилмоқдаман сас.
Қачон тўти бўлдим, қачондан буён,
Менга ватан эрур бу ажиб қафас?

Билмайман,
Не бўлди, оҳ, менга ўзи,
Сиз бирдан қаршимда бўлсангиз пайдо,
Тинмасдан қайтара бошлайман, Худо
Ўргатган шу уч-тўртта сўзни:

«Мен сизни севаман!
Мен сизни…»

УМР

Ҳақим бор, умримни қандай сарф этсам,
Бу умр — меники, менда ихтиёр:
Учирмоқчи бўлсам – шамоллар эсар,
Совурмоқчи бўлсам, ана, осмон бор.

Ана, дарё оқар,
Шарқираб оқар,
Агар оқизмоқни истасам сувга.
Журъат қилолмайман мен  — савобёқар
Бўлган одам барибир бунга.

Кимгадир кўмакка шошаман дарҳол,
Қайси бир гумроҳ деб тўкаман кўз ёш.
Кимнингдир ғамига бўламан ҳаммол,
Кимнингдир дардига маҳраму дарддош.

Ҳа, шундай яшайман,
Шундай яшайман.
Осмон эса турар ҳамон бошимда.
Тинмай теваракда гуриллар шамол…
Шарқирайди дарё қошимда…

ҚАЙСАРЛИК

Бу яқин кишининг оёқларига,
Қани энди йиқила олса.
Ҳар куни минг марта йиқилар эди,
Агар унинг қўлидан келса.
Ўтирмаган бўларди ўйлаб,
Бу ишни уддалай олса у кунда:
Гапиролса агар оғзига қараб,
Лабларини кўрса гапирганида…

БИРДАН…

Бирдан чопқир сувлар қолди оёқдан,
Қуёш — суворийнинг қамчиси синди.
Яланғоч дарахтлар куйди совуқдан,
Гулханида хоин шамол исинди.

Қаҳратон — сеҳргар,
Унинг кўз қири
Тушган нарса борки, бари — муз, демак.
Ҳар олган нафаси. эса — изғирин,
Кўксидаги соқол — сумалак.

Кун келиб…
Сеҳрдан атроф қутулар,
Чопқилаб кетишар сувлар ҳам дарҳол.
Шунда далаларда вақт қор курар,
Шунда кўчаларни супурар шамол.

Олислардан ҳориб келган қушларни
Қучоғига боғ шошиб олар.
Дабдурустдан бу жоҳил қишнинг
Соқолига кимдир чанг солар…

«ЭРКАК ВА АЁЛ» ТУРКУМИДАН

Чидаш мумкин эмас, қийиндир чидаш,
У билан яшашни бошқа истамас,
Севишга бағри тош, бағри тош
Бу эркакни бошқа қистамас.

Ортиқ қистамайди, ортиқ севмайди,
Турмайди у билан бу аёл бошқа.
Ахир қандай аёл истайди,
Тунлари бош қўйиб ухлашни тошга…

* * *

Бардоши ўлади кунда минг марта,
Минг мартаба тирилар сабри.
Қувончга тўлади қайта ва қайта,
Аёл севгисидан илиган бағри.

Титрайди билинар-билинмас,
Бедорликнинг қаноти — мижжа.
Аёл унинг уйига эмас,
Тушига киради тонг отгунича.

Аёлнинг чиройли оғзини
У қачондан бери пойлайди шумшук.
Пойлагани каби сичқон инини —
Мушук!..

ЁЗУВ

Такрорланар яна ўша ҳол,
Йўлак гавжум ҳар сафаргидек.
Ўтган-кетган аёл юзига
Ийманиб-ийманиб қарар бир эркак.
Қани қайси аёл жилмаяр унга,
Қайси аёл унга талпинар секин.
Қайси бир аёлнинг пешонасига
Унинг номи битилган экан…
Йўлак чеккасида бир эркак турар,
Меҳр оқиб икки кўзидан.
Исмини қидирар, тинмай қидирар
Бегона аёллар пешонасидан…

***

Сиз туфайли қанча аламлар ютдим,
Қанча ғамга тутдим сиз деб юракни.
Сизни ойлаб кутдим, йиллаб кутдим,
Йиртдим неча-неча кўйлакни.

Не ёмғирлар ёғди,
Не қорлар ёғди,
Кўксимда яшади тоқат асирдай.
Шўрлик юрагимни умидлар боқди,
Ишонч етаклади уни басирдай.

Минг шукур,
Ҳали ҳам айланар тилим,
Ҳали ҳам ўлимни ўйлаганим йўқ.
Пешонам остида қорачиқларим
Ҳаёт елкасини куйдираётган чўғ.

Сизни ёшим арта-арта кутаман,
Минг марта аламлар ютаман яна.
Йиллар етса бўлди, сизга етаман,
Йиртгани ўзимда кўйлак бор, мана!..

ҚАРЗДОРЛИК

Қарзимни биламан,
Тоғ суяк берган,
Юлдузлар кўз берган,
Яшин – кескир тил.
Тахайюлни эса олдим самодан,
Сабодан олганим – девона кўнгил…

Кундуз шодлик берди,
Ғуссани – кеча,
Шижоатни сўраб оловга бордим.
То унинг ўзига керак бўлгунча,
Шу азиз тупроқдан қонни қарз олдим…

СИЗ ЎТСАНГИЗ..

Бирдан тугаб қолар юражак йўлим,
Даф бўлар қайгадир ўнгиму сўлим.
Чўнтакка беркинар титраган қўлим,
Сиз ёнимдан ўтганингизда.

Забонимни ташлаб қочади сўзим,
Сизга тўлар менинг иккала кўзим.
Оловсиз ёнади ловуллаб юзим,
Сиз ёнимдан ўтганингизда.

Кўй* қолиб, жисмимда кезасиз нега,
Дилни парканд-парканд узасиз нега,
Йўл қолиб, жонимни эзасиз нега,
Сиз ёнимдан ўтганингизда?

Кетиб борар яна мардумларим дарз,
Ичимда сўнгаклар овози ”қарс-қарс”,
Ёрилгандай бўлар томирларим тарс,
Сиз ёнимдан ўтганингизда.

Қаранг, эй қотилим, аҳволим ёмон,
Мени тарк этгувси ҳали замон жон.
Мени ҳалок қилиб борурсиз қаён,
Сиз ёнимдан ўтганингизда?

Айтиб кетинг,
Шамол тобут ясасин,
Булутга тайинланг, кафанлик берсин,
Буюринг ёмғирга — ғассоллик* қилсин,
Сиз ёнимдан кетганингизда…

—————-
кўй — кўча
ғассол – ўлик ювувчи

ТАЗАРРУ
Дўстим Аҳмаджонга

Нафсимни боғлашга чилвир сўрадим,
дилимни доғлашга капгир сўрадим,
тақдирни ростлашга тадбир сўрадим,
кўрдим нима тушган бўлса шу бошга,
гуноҳ қилиб ишим тушди кўз ёшга.

Барбод шамолига учди сўзларим,
нурини бекорга тўкди кўзларим,
адам саҳросида чўкди изларим,
узооқ тополмадим ўзимни ўзим,
дилга айланмади бу зоҳир кўзим.

Лабзим биносини йиқитди ёлғон,
макр абжадини ўқитди ёлғон,
қурди қароғимда ёмғирлар макон,
кетдим, умидимни ўлдириб қўйиб,
юрагим қонига қўлимни ювиб.

Дилим чорбоғини равзан айласам.
виждонни иймонга посбон сайласам,
шайтон қўлларини маҳкам боғласам,
кулсам нафс устидан қаҳқақа уриб,
ўлсам бир мартаба ўлмасдан туриб.

Гуноҳим орқалаб ёнингга борсам,
ҳеч кимга ёрмаган дилимни ёрсам,
қанча гуноҳ қилдим, барини айтсам,
қайтсам йиғлаб-йиғлаб одамлигимга,
мангу видо айтиб нодонлигимга…

ОЛМАЖОН

Отам эккан олма,
қирмизи олма,
Отамнинг кунига яраган олма.
У қайга отланса, унинг изидан
мингта кўзи билан қараган олма.

Ҳар йил мева тугиб ларзон ва ларзон,
унинг рўзғорига қарашар эдинг,
Жаннатдан ҳикоя сўйлаб беармон,
мен эзган кўнглини кўтарар эдинг.

Сен мендан отамга яқинроқ эдинг,
мендан меҳрибонроқ,
мендан авфзалроқ.
Доим япроқ ёздинг,
доим барг ёздинг,
мен ёзган шеърлардан гўзалроқ…

Раҳмат, сенга, олма,
юракни ютиб,
кетмадинг, мен каби отамни ташлаб.
Ҳадеб соғинтириб,
ҳадеб ўкситиб,
ўтмадинг бир бора дарвоза ҳатлаб.

Минг афсус,
Сарвақтим қоришди мунгга,
ота қадрин аввал билмаганимдан.
Ўзимдан хафаман, бу даҳри дунга
сендай олма бўлиб келмаганимдан.

Отамни мендан-да кўрдинг бошқача,
мендан ҳам у зотга яхшироқ тўйдинг.
Не қилай олисдан етиб келгунча,
ўзинг келган ерга кузатиб қўйдинг…

Сен иним экансан,
укам экансан,
ҳали бу ҳовлида яшайсан узоқ.
Мендан ҳам отамга ўхшар экансан,
Ҳаққинг бу ҳовлида сеники кўпроқ…

ОДАМЛАР

Буюрсанг, зум ўтмай дунёга келар,
Тонгдан то шомгача ўзидан кечиб,
Бари билганича зироат қилар,
Деҳқончилик қилар охират учун.

Сўнг бари сен томон йўл олишар боз,
Сўнг бари сен томон шошилар, тангри.
Бироқ нега савоб кўтарганлар оз,
Нега кўпдир гуноҳ орқалагани?!

Нега бари ёзуқ кўтарган бирдай,
Нега бари қоп-қоп гуноҳ ортган, воҳ! –
Маҳшар бозорида маъсият пулдай,
Маҳшар бозорида қимматдек гуноҳ?.

БЕТОБЛИКДА

Албатта, яшайди куч топиб,
Бир марота ўзини кўрса,
Хотинининг тиниқ қорачиғида.

Куч топса,
Ҳали яна кўп яшашига
Ишонтирар эди болаларини.

Дўстларига айтар эди у,
Ўлим тўшагида ётмаганини;
Хотини қовуган тўшаклигини
Айтар эди душманларига…

ТУҒИЛГАН ЖОЙ

Сабрни алдаб кўчага чиқдинг,
Бошинг оқар, узоққа оқар.
Ортингда қолади қайтишинг учун
Сендан тилхат олган бегона шаҳар.

Кетасан дилдираб-дилдираб,
Баданинг жунжуккан, руҳинг қақшаган.
Узоқларда бир ўт милтирар,
Кўр тушига кирган нурга ўхшаган.

Кетасан, бу ўтнинг тафтидан
Вужудинг қизийди, илир руҳинг ҳам.
Яқинлашган саринг каттариб борар,
Қадрдон одамлар ёқаётган гулхан..

ҲОЛАТ

Кўзингга тор кўринар олам,
Тағин чил-чил синади руҳинг.
Сенинг яна байроғинг – алам,
Тағин сенинг азобдир – туғинг.

Юрак ёнар, юрак куяди,
Қисиқ тағин омаднинг тили.
Кўзларингдан ёш тўкилади,
Бу – ёнаётган юракнинг кули…

ПЎРТАНА

Вужудимда бўрон кўтарилади,
Узоқлашиб кетаман ердан.
Зумда қулоқларим битади,
Ақлсиз қоламан бирдан…

Бунда сузиб юрган вужудимдаги
Ҳар битта туйғуга –ўлим!
Ёшларим ўзини кўзларимдаги
Қирғоққа уришар бетиним.

ЁЗУВ

Сенга хат ёздим яна,
Сен бўлсанг яна ёзмадинг.
Қаршимдаги кўзгуга қарайман,
Қарайман пешонамга.
У сип-силлиқ ва тоза.
Унда
Битта ҳам ҳарфи йўқ исмингнинг…

***

Жуда яқин, нақадар яқин,
Бу сен томон элтадиган йўл.
Чўнтагимга беркинар тағин,
Сен борингда титрайдиган қўл.

Юрак “така-пука”,”така-пука”,
Бир-бирига зўрға тегади тишим:
Мен ҳозир бировнинг уйига,
Гўё ўғирликка тушгим.

Мана етиб келдим,
Ғам тўла чеҳранг,
Титрайман, кўринмас азобнинг кети.
Тил ҳадеб айланар ўғрининг
Эшикка тушмаган калити…

***

Ботинимга боқиб йиғладим, худо:
Дилимда чумоли кўзичалик гард.
Ин қўймиш бўғзимга тариқдек риё,
Қонимга қўшилмиш бир томчи ҳасад.

Айтдим, нега қаддим бунчалик эгик,
Ва маънисиз кечар яшаган умрим.
Кўзларим мурданинг кўзидек сўник,
Тоат- ибодатим лаззатдан маҳрум.

Айтдим,
Нега кўнглим тўлмаяпти деб,
Дуоим ижобат бўлмаяпти деб,
Қарғансам, қарғишим тегмаяпти деб,
Айтдим-а, айтдим…

***

Чарақлаган кундуз қийнади мени,
Сен йўқсан, ёнимда сен йўқсан.
Шамоллар учириб келмади сени…

Шамоллар йўқ ҳаргиз,
шамоллар йўқдир,
Қани улар сени учириб келса…

Кўнгил – чўкиб кетган қайиқдир.
…Демак, шамол бўлган, шамоллар бўлган,
Бекордан бекорга чўкмаган қайиқ,

Фақат улар сени олиб келмаган,
Улар келган сенсиз қуп-қуруқ…

ҒАЗЗОЛИЙНИ ЎҚИБ

Дўстим, ҳали ичим тошимга хилоф,
Шошма, ҳали моҳтоб эмас сийратим.
Пўсту мағзимда олам иҳтилоф,
Адашма, одамга ўхшар суратим…

Дилим қулф,
Мифтоҳи* бўлса йўқолган,
Ғанимат саҳари, ғафлат маҳали.
Қурсоғим* зиллату ачиққа тўлган,
Булғанган балчиққа руҳим жавҳари.

Дилим қулф,
Мифтоҳни излар дарранда,
Шайтонлар излашар, жинлар излашар.
Баҳайбат бир ҳадик, қўрқув ичимда:
Топиб олса эди тезроқ фаришта…

—————-
мифтоҳ — калит
қурсоқ- қорин

ҚЎШИҚ

Самода қушлар ҳам жуфт-жуфт учмоқда,
Гул гулни, ялпиз ялпизни қучмоқда.
Жуфти-ла капалак ўйин тушмоқда,
Қайдасиз, иккинчи бўлагим,
Қайдасиз, иккинчи бўлагим?

Сизни излаб узоқ, шамолдай елдим,
Не-не манзилу маконда бўлдим.
Рости, бу дунёга сизни деб келдим,
Қайдасиз, иккинчи бўлагим,
Қайдасиз, иккинчи бўлагим?

Келинг, кириб олай кўзларингизга,
Келинг, кириб олай сўзларингизга,
Сиз менга айланинг, мен сизга,
Қайдасиз, иккинчи бўлагим,
Қайдасиз, иккинчи бўлагим?

ФРАЗЕОЛОГИК ШЕЪРЛАР

ЁДГОРЛИК

Сенинг бағринг – тош.
Ҳа, ҳақиқий тошдир.
Барибир сен менга парво қилмассан.

Сенга қанча мен қарамайин.
Қанча гапирмайин кулмассан,
Дунёдаги барча қизиқ гапларни.

Ўзимни ўлдирсам сени деб бир кун,
Йиғлаб ҳам келмассан
мен ётган ерга…

Минг афсус, мени деб куймассан.
Бағринг тош, ахир, сенинг,
Бағринг – тош.

Сен бу тошни менинг қабримга
Қўймассан, ҳеч қачон қўймассан…

***

Қаршингдаги гул дўконидан,
Гул сотиб олмадинг бу қизга.
Пулинг йўқлик қилди, тўғриси.

Бир пул бўлдинг…
Шундай бир пулки:
Кимдир бу қиз учун шу пулга
Сотиб олиш мумкин қизилгул…

***

Дунёдан ўтишдек оғир, аянчли,
Ёнингдан индамай ўтишим.
Тағин сенинг ёнингга келиш,
Бу дунёга келишдек ширин…
Бу дунёдан кетишдек қийин,
Яна сенинг ёнингдан кетиш…

ҒАМ

Қандай очлик экан бу очлик,
Ва у келди бу ерга қандай?
Эсли-ҳушли бўлган бир одам
Ўзини еб қўйса бутунлай.

МАРД ОДАМ

Унинг кўнгли қўлидек очиқ,
У ўлиб емади, у бўлиб ейди.
Тоғдан келсанг, боғдан келмайди,
У бир ўлар, минг бор ўлмайди.

Унинг елкасида элининг юки,
Таънанинг шуъласи ёнмас кўзида.
Тоғни талқон қилса, миқ этмас, чунки,
Шу тоғнинг толқони бўлар оғзида.

***

Суҳбатлашиб турган икки одамнинг
Атрофида кўп айланди у.
Қаранг,
Улар суҳбатлашар қанчалик қизғин.
Киришиб кетишган бир-бирларига
Қанчалик жипс.
Ҳатто, кичкина бир оралиқ йўқдир
Бу одамнинг бурни сиққудек.

***
Бошимга қора булутдек
Ёпирилиб келди маломат…
Мана, бошим узра
Шу булут осилиб турибди –
Кўзларимдан узундан узоқ
Ёмғир бўлиб қуйгувчи…

***

Муҳаббатимнинг кўзи кўр эмас,
Кўзлари очиқдир муҳаббатимнинг.
Балки,
У соқовдир, ҳақиқий соқов.
Соқов бўлмаганда сен ҳақда
Гапирган бўлардим кимгадир…

***

Кўзларим толади, оёғим толар,
Нима қиларимни билмай қолдим мен.
Сени топиб олсам – ақлим йўқолар,
Ақлимни топгунча йўқоласан сен.

***

Бунчалар лаззатли бўлмасди ҳаёт,
Бунчалар нурафшон бўлмасди борлиқ:
Агар сен бўлмасанг, ҳазрати мамот,
Агар сен бўлмасанг, дўзахий оғриқ…

ҒАМ

Тийра қилдинг ичу тошимни,
Тийра қилдинг тун-кунимни ҳам.
Бўяяпсан оққа сочимни,
Қора рангинг тугадими, ҒАМ?!

***

Аниқ оч қолмасди бола-бақраси,
Аёл хор бўлмасди ахир бунчалик.
Эркакнинг мўрчалик номуси бўлса,
Куч бўлса эркакда чумоличалик…

ДАРЁ

Ғаройиб, жуда ҳам чиройли
Биргина қўшиқни биларлар:
Ҳаёт ҳақидаги қўшиқ туфайли,
Ҳеч қачон юмилмас бу лаблар…

73458_original.jpgMash’al XUSHVAQT
SHE’RLAR
0045

    Mash’al Xushvaqt 1961 yil 21 avgustda Andijon viloyati Asaka tumani Arg‘in qishlog‘ida o‘qituvchi oilasida tug‘ilgan.. Toshkent davlat universitetining filologiya fakultetida tahsil olgan. “Oydin g‘ussalar” nomli she’riy kitobi nashr etilgan. She’rlari mamlakat jurnallari va gazetalarida, shuningdek, “Xurshid Davron kutubxonasi” vebsahifasida ham muntazam e’lon qilinadi.

0045

ILK SHE’RLARDAN…

MЕN SIZNI…

Машъал ХУШВАҚТ_1.jpg

Men sizni kuylayman ovozsiz,
Maktublar yozaman, maktublar,
Men sizga har kuni qog‘ozsiz.

Men sizga parvozsiz uchaman,
Uchaman men sizga parvozsiz,
Qo‘llarsiz men sizni quchaman.

Men sizni o‘ylayman kechasi,
O‘ylayman men sizni, kunduzning
Ochilib qolguncha yelkasi…

* * *

Shirin tushlarini kecha ho‘plagan,
Yuragida nurli umid to‘plagan,
Yuzlaridan bebosh shamol o‘pmagan –
Qiz uxlar…

Bir ajib titroqdan vujudi tolib,
Murg‘ak muhabbatin bag‘riga olib,
Qotil qarog‘ini zindonga solib,
Qiz uxlar…

Deraza ortida shamol sil bo‘lgan,
Uning sabri to‘lgan, jonidan to‘ygan,
Uyqular yostiqqa gul ekib qo‘ygan –
Qiz uxlar…

HAMAL

Bag‘riga shoxlari tiqilib,
Daraxtlar shoshilar saharga.
Beso‘naqay qishloq yo‘llari
Yugurib ketadi shaharga.

Tushunib bo‘lmaydi shu topda,
Yanada ko‘payar maysalar.
Topila boshlaydi atrofda,
Go‘zallik yashirgan narsalar…

***

O‘lim, senga qadar yo‘l uzoq,
Hali azoblar bor men yo‘qlaydigan.
Chaynaydigan toshlar bor – qaynoq,
Olovlar bor men ho‘playdigan.

Yo‘lim olis,
Bu olis yo‘lda,
Hayot turar sendan-da kuchli.
Mashaqqatli sendan ming marta,
Ming martaba sendan qo‘rqinchli…

YANGI SHE’RLARDAN

ANGLASH

Dilimga ishq to‘ldi,
muhabbat to‘ldi,
Endi o‘tli ohlar sodiq yo‘ldoshim.
Jismi vayronimga boyqushlar qo‘ndi,
Qayg‘u ortgan karvon bo‘ldi ko‘z yoshim.

Bildim, eng chiroyli jonzot – qurbaqa,
Eng yuvosh mavjudot ekan chayonlar.
Hech kim o‘rgatmadi nodonlardaqa,
Asil ustoz ekan menga nodonlar.

G‘am-anduhga vatan ekanman, bildim,
Chivindan-da tuban ekanman, bildim.
Bildim, bilgan sarim bilgandan kuydim,
Kuydim, kuygan sarim kuygandan kuldim…

Ayonlashib bordi budu nobudim,
G‘uborimni ko‘rdim nish urgan donda.
Ko‘rdim, bir niholda o‘sar tobutim,
Bir giyohning haqqi bor ekan menda.

Ko‘rdim, dovu daraxt meni olqishlar,
Qutlar mo‘ru malah,
qutlar o‘t-o‘lan.
Yelkamga qush qo‘nar,
kapalak qo‘nar,
Tabriklashar odam bo‘lganim bilan…

KUZ TASHBЕHLARI

1

Kuz keldi.
Safar oldidan qushlar
Shoxlarda o‘tirar.
G‘amgin xayrlashar –
Daraxt shoxlarini mahkam siqishar…
Daraxt qushlar bilan ketishni,
Uzoq-uzoqlarga uchishni istar.
Axir, u ham bir qush –
Tinmay qanot qoqayotgan.
Yenga olmay og‘irligini,
Parlari to‘zayotgan,
Parlari to‘kilayotgan bir qushdir.

2

Bunchalar dardmansan,
Bunchalar so‘lg‘in,
Buncha ham mushtipar, kimsasizsan-a!..
Men seni jon-jon deb qiz qilib olgum,
Munisginam mening, kuzginam.
Qiyofangni ko‘rib ezildi jonim,
Bo‘ldi mungli-mungli jismimda borim.
Yuzlari za’faron, zaif bemorim,
Mahzunginam mening, kuzginam.
Sen arzi sarobim, bahri hubobim,
Oshiqlar rangidek rangi zardobim.
Parvona umridek umri nobopim,
Zardyuzginam mening, kuzginam.
Tobora vujuding sovub borar, voh,
Ma’yus tabassuming so‘nib borar, voh.
Metin yuragimni hasrat yorar, voh,
Ma’yusginam mening, kuzginam.
Jon qizim, qo‘rqitma, meni qo‘rqitma,
Sen hali yashaysan, yashaysan yana.
Otadan ham oldin o‘lurmi bola,
Mening kenja qizim, kuzgina?..

QOR HAQIDA IKKI SHE’R

QORNI SOG‘INIB

Ko‘ylagini dovdir shamollar yirtgan,
Ochiq tanasidan xijolat tortgan,
Qishning quchog‘ida bemajol yotgan
bog‘,bog‘.

Dala tushlariga kiradi to‘rg‘ay,
Yelvizak o‘tadi sudralib zo‘rg‘a,
Bog‘da dod soladi bir qari qarg‘a –
zor, zor.

Tevarak yuzida zohir musibat,
Ezgin xo‘rsinadi sho‘rlik rutubat,
Shamolga tilini bergan sukunat
xor, xor

Qarg‘a faryod qilar yanada battar,
Daraxtlar yana ham tortar xijolat,
Dalaning tushlari buzilib ketar,
Yelvizak shol bo‘lib qolar nihoyat.

Osmondan quyila boshlar da’fatan,
Daraxtlar yolvorib tilayotgan or,
Qari qarg‘a tinmay so‘ragan kafan –
qor, qor, qor…

ENDI QOR YOG‘MAYDI

Endi qor yog‘maydi, kutmagin,
Meningcha, shuncha qor yoqqani yetar.
Turnalar kelishar endi qaydandir,
Qaygadir qarg‘alar qochishib ketar.

Endi qor yog‘maydi, daragin
Bog‘lardan bilaver, bog‘lardan,
Ishonmasang, ana, so‘ragin,
Tili chiqib qolgan shoxlardan…

JON HAQIDA IKKI SHE’R

1

Jonimda umidlar suzib yurmasa,
Tuyg‘ular o‘smasa qonimda agar,
Haqiqat tilimga oshyon qurmasa,
Va iymon dilimga bo‘lmasa padar,
Qattiq jazolayman men seni, hayot, –
Tashlab ketaman!..

2

Jonim, nega kelding bo‘g‘zimga?
Yo‘q, yo‘q, hech qayerga ketmaymiz.
Qani, qaytgin darrov izingga,
Qayda joy bor, bu joydan-da soz?!
Men shunchaki tutaqib ketdim,
Men shunchaki bo‘g‘ildim, xolos…

***

— Mana shodliklarim,
— Bu-chi?
— G‘amlarim.
Kuyib-kuyib seni madh etgan
Bular esa yozgan she’rlarim.
Qirq yil terib-temchib yiqqanim —
Shu bir hovuch obro‘ ham senga.
— Bori shumi?!
Keyin kalovlandi,
Keyin paypasladi yonini…
Cho‘ntaklarin uzoq kavladi.
Topolmadi sho‘rlik hech narsa.
Birdan esga tushdi nimadir –
Sevinib ketdi:
— Aytsa, jonim bor-ku qurbon qilgani,
Qonim bor-ku, axir, to‘kkani! — dedi.

QADRDON HOVLI

Men tug‘ilgan hovli,
tabarruk hovli,
otam onam bilan qovushgan hovli,
almisoqdan buyon jimgina kutib,
ruhim tanam bilan topishgan hovli…
Avlo ko‘rdim sendan,
shahri azimni,
nechun buncha mening ko‘nglim tosh ekan?
Qachon uzgaydirman olgan qarzimni,
meni odam qilgan jonajon maskan?
Toshshahardan ortga nega qaytmadim,
axir bu hovlida cho‘zildi bo‘yim.
Bu hovlida nega to‘yim o‘tmadi,
nega tug‘ilmadi bu uyda o‘g‘lim…
Bir yilda bir bora kelaman zo‘rg‘a,
choki giribonimda sog‘inch panjasi.
Ne qilay, yelkamni ezadi to‘rva,
Ne qilay, ixtiyor menda bo‘lmasa…
Kuzatib qolasan ortimdan ma’yus,
menga omad tilab,
menga baxt tilab.
Yurak chekkasida vatan tutgan his
va sag‘ir tuyg‘uning boshini silab.
Qara,chordoqdagi men yotgan beshik
kelganimni bilib sevindi yana.
Uzatgan qo‘limni o‘padi eshik,
oyog‘imni esa o‘par ostona…
Xafa bo‘lmaysanmi,
o‘kinmaysanmi,
bir yilda bir marta ko‘rgani kelsam.
Nurab ketmaysanmi,
to‘kilmaysanmi,
Yuz yilda bir marta o‘lgani kelsam…

MЕN SЕNI IZLADIM

Men seni izladim
kechagi kundan,
Bugun-chi, bugundan qidirmoqdaman.
Topolmasam seni bugundan,
Shunda ham qo‘rqmayman,
Shunda ham.
Chunki erta bordir oldimda.
Erta juda sirli,
Jimir-jimirli,
Go‘yo sen berkinib turibsan unda…

KUTISH

O‘choqning pinjiga suqilgan o‘tin,
Xontaxta ustida bir kosa ovqat.
Jimgina erini kutayotgan xotin,
Joni taslim bo‘layotgan toqat.

Soat “ku-ku”laydi – yarim bo‘lar tun,
Xontaxtada esa sovub borar osh.
Baxtiyor pichirlar, pichirlar sekin,
O‘choqning ko‘ksiga o‘tin qo‘yib bosh…

Havas bilan boqar o‘choqqa ayol,
Havas bilan boqar, tanida titroq.
Faqat tongga yaqin osh muzlab qolar,
Faqat tongga yaqin bo‘shaydi quchoq…

KO‘NIKMA

Sendan judo bo‘lib o‘lib qolmadim,
Telba bo‘lganim yo‘q, ayrilib sendan.
Yo g‘amdan mamotni tortib olmadim,
G‘am tortib olmadi hayotni mendan.

Osmon o‘sha-o‘sha,
Yer ham o‘shadir,
Vujudimda hamon g‘imirlar jonim,
O‘limni bermadi menga shum taqdir,
O‘tar tomog‘imdan tishlagan nonim.

Men hamon kunlarni ko‘rayotirman,
Hayot bergan yalov – ko‘ylak ustimda.
Men hamon o‘girilib qarayotirman.
“Mash’al!” deb chaqirsa birov ortimdan…

IBTIDO YUKI

Ruhim,
almisoqda nima degansan,
Ne deb so‘z bergansan, jonu nafasim?
Nafsim, ne ulushga rozi bo‘lgansan,
Dil, qanday bo‘lishga qilgansan azm?

Nafsim,
yana menda qoldimi rizqing,
Umrimni oshalab bo‘ldingmi, hasrat?!
Ichimda o‘ldingmi, tug‘ilmay, ishqim,
Qonimda cho‘milib bo‘ldingmi, shahvat?!

Kin, hasad yurakni xardek mindilar,
Hammoli ma’siyat – bo‘ldi yumushim.
Nafsim xizmatini qilib sindilar,
Bir payt payg‘ambardan qizg‘angan tishim…

O‘zimga yot bo‘ldim,
It bo‘ldim ming bor,
Dami pok bo‘lguncha, odam bo‘lguncha.
Nafsim ko‘mak berdi bu ishda bisyor,
Bunda jon kuydirdi gunohim qancha…

Xudoyim,
Men seni do‘st bildim yaqin,
Dilimdan, bir mo‘min suygandek suydim,
Qo‘limdan kelganin qildim men tag‘in:
Qaragin, o‘g‘limga ismingni qo‘ydim!..

DIL HAQIDA

Badsiyoq xayollar,
buzuq xohishlar
ishrat xobgohiga burganida yuz,
jamila tuyg‘ular, anbar og‘ushlar
badnafs qaroqlarga cho‘kkanida tiz,
dunyo lazzatidan horigan badan,
shabona manzarda ko‘rganida tush,
adashib, chinqirab beroh, bekafan,
boshlar uzra qanot qoqqanda qarg‘ish —
…yig‘ladim, dilimni bag‘rimga bosib,
uni yovuzlarga kelmadi bergim.
Dunyo, nafs, shaytonning yo‘lini to‘sib,
umrimning eng so‘nggi kuniga borgim.
Dunyo dilga dushman,
dil ozor g‘amdan,
nafsim unga g‘ayr, badan do‘st bo‘lmas.
Bilaman, bu dilim boshqa olamdan,
bilaman, bu dilim bu yerlik emas..

MAKTUB

Uning maktubini o‘qiysan qayta,
O‘tli nigohingdan kuyadi qog‘oz.
Yuzlaringga tegar shu parcha xatda
Yashirinib kelgan yoqimli nafas…
Va javob yozasan,
qo‘llaring titrar,
Lovullab-lovullab yonadi yuzing.
Qog‘ozda sening ham sog‘inching ketar,
Ergashar bir parcha qog‘ozga ising…

SHOIR XALQI

Qancha zamon bo‘ldi tug‘ilganiga,
Necha yillar, axir,
Baxt uni suymas.
Azoblar tinch qo‘ymas,
Tinch qo‘ymas nega,
Qayg‘u to‘ymas unga, g‘am to‘ymas?

Qancha zamon bo‘ldi – kula olmaydi,
Dunyo rohatini ko‘rmaydi ko‘zi.
To‘zim bir qadam ham undan qolmaydi,
To‘zim uchun suyuk vatandir — ko‘ksi.

O‘zi yordamga zor,
O‘zi xokisor,
Bedor ko‘ngli doim tilanaverar.
Bu g‘arib dunyoda neki rohat bor,
O‘zidan boshqaga ilinaverar.

Manzil esa uzoq,
Juda ham uzoq,
Vujudini unga eltadi zo‘rg‘a.
Tillari yalinchoq, dili yalinchoq,
Yuragi – bo‘yniga osig‘liq to‘rva…

EVRILISH

Zalolat rahmida o‘sgan yovuzlik,
Burro zabonlarga berkingan balo.
Tubida malomat bijg‘igan xo‘rlik,
Gunohlar sarmoya qilingan riyo.

Falak yorg‘uchog‘in yurgizgan nafas,
Tiynatda ilonday yotgan xusumat.
Serpusht havoyi hirs to‘qimlagan nafs,
Ko‘z bilan yig‘lashga o‘rgangan ummat.

Zanggin hasad yumruq qo‘ygan dilravzan,
Shaytonga ovozlar, nafslar — gumashta.
Halol luqma tilab yig‘lar tinmasdan,
Halqumga posibon bo‘lgan farishta.

Nega iymon log‘ar,*
Nega dil ozg‘in,
Nega ko‘nglimizdan ulkan qornimiz?
Nega bu dunyoga egadi bo‘yin,
Azaldan “analhaq” suzgan qonimiz?!

Anbar tuyg‘ular yo‘q,
Anbar hislar yo‘q,
Ko‘zimiz yaltiroq, osilgan zanax.*
Nega bizga kelib, huvillar uchmox,
Nega bizga kelib, to‘lmoqda do‘zax?..
———————
Log‘ar — ozg‘in,zaif
Zanax — baqbaqa

SOAT

Xonamda
men bilan yashaydi bir qush,
patlari zabarjad, olmos tumshug‘i.
Kechirayotgan onim – bu qushga yemish,
Yashayotgan lahzam – uning ozig‘i.

U tinmay chiriqlar,
g‘izo kutadi,
qadab vujudimga yuho ko‘zini.
Oldiga tashlasam bir-bir yutadi,
boshimdan o‘tkazgan har bir lahzani.

Kunlarimni bir-bir yutib yuborar,
oylarimni bir-bir yutib yuborar,
yillarimni bir-bir yutib yuborar,
shu taxlit, shu taxlit, shu taxlit.

Nahotki,
dunyoga shu qush deb kelsam,
nahot, shu ochko‘zni vazifam boqish?
Ko‘tarar boshini qachon bilmasam,
o‘zi qachon to‘yar bu ochofat qush…

MASHRABGA O‘KINCH

Bu diyor sizning-la juda pok edi,
siz bilan tabarruk edi bu vatan.
Bandalari solik ham bebok edi,
siz bilan, devonam, siz bilan.

Qushlar ham zikrni sizdan-da bildi,
ixlos bilan sizga murid bo‘ldi tog‘.
Siz boqqan giyohki nolalar qildi:
“Analhaq!”,”Analhaq!”,”Analhaq!”

Devonam,
Vatandan nechuk ketdingiz –
bir siqim tuproqni Balxga eltingiz?..
Nahot, qadringizga yetmadi birov,
aziz qo‘lingizni tutmadi birov?

“Siz bizga keraksiz, hazratim” degan
sado chiqmasa ham biror odamdan,
qushlar sizni qol deb qistamadimi,
suvlar qolishingiz istamadimi?!

Ketar chog‘ingizda Vatandan mangu,
yotib olmadimi tog‘ yo‘lingizga?!
Peshingizga tikan yopishmadimi,
qumlar to‘lmadimi kovushingizga?..

***

Ertalab nonushta,
dasturxon to‘kin…
So‘lak to‘la og‘iz, xushlangan dimog‘.
Tegirmon toshiday shaqillaydi jag‘,
Bir chetdan dasturxon bo‘shaydi sekin.
Yuho bolalagan saltanat — badan.
Yana bo‘lib qolar bir zumda tushlik.
Jig‘ildon baxtiyor bo‘lar hammadan,
halqumdan otilar shodon kekirik…
Kechki ovqat,
ziyofat yaqin,
yemaklardan mamnun charaqlaydi ko‘z.
Dil bu ziyofatdan qochadi tag‘in,
Dil bunday davrada bo‘ladi ma’yus.
Turfa taomlardan aynigan nafas,
og‘izga tinimsiz yemak tiqar qo‘l:
yuho bolasini emizyotir nafs,
ochdan o‘lib borayotir Dil…

SЕVGI

Bilmayman,
Qandayin aldoqqa uchdim,
Qanday yolg‘on yutdi meni komiga.
Nima bo‘ldi menga,
Men qanday tushdim,
Ilohning yerdagi tuzoq-domiga?..

Men inson edim-ku,
Ehtiyotkor inson,
Endi bir qush kabi qilmoqdaman sas.
Qachon to‘ti bo‘ldim, qachondan buyon,
Menga vatan erur bu ajib qafas?

Bilmayman,
Ne bo‘ldi, oh, menga o‘zi,
Siz birdan qarshimda bo‘lsangiz paydo,
Tinmasdan qaytara boshlayman, Xudo
O‘rgatgan shu uch-to‘rtta so‘zni:

«Men sizni sevaman!
Men sizni…»

UMR

Haqim bor, umrimni qanday sarf etsam,
Bu umr — meniki, menda ixtiyor:
Uchirmoqchi bo‘lsam – shamollar esar,
Sovurmoqchi bo‘lsam, ana, osmon bor.

Ana, daryo oqar,
Sharqirab oqar,
Agar oqizmoqni istasam suvga.
Jur’at qilolmayman men — savobyoqar
Bo‘lgan odam baribir bunga.

Kimgadir ko‘makka shoshaman darhol,
Qaysi bir gumroh deb to‘kaman ko‘z yosh.
Kimningdir g‘amiga bo‘laman hammol,
Kimningdir dardiga mahramu darddosh.

Ha, shunday yashayman,
Shunday yashayman.
Osmon esa turar hamon boshimda.
Tinmay tevarakda gurillar shamol…
Sharqiraydi daryo qoshimda…

QAYSARLIK

Bu yaqin kishining oyoqlariga,
Qani endi yiqila olsa.
Har kuni ming marta yiqilar edi,
Agar uning qo‘lidan kelsa.
O‘tirmagan bo‘lardi o‘ylab,
Bu ishni uddalay olsa u kunda:
Gapirolsa agar og‘ziga qarab,
Lablarini ko‘rsa gapirganida…

BIRDAN…

Birdan chopqir suvlar qoldi oyoqdan,
Quyosh — suvoriyning qamchisi sindi.
Yalang‘och daraxtlar kuydi sovuqdan,
Gulxanida xoin shamol isindi.

Qahraton — sehrgar,
Uning ko‘z qiri
Tushgan narsa borki, bari — muz, demak.
Har olgan nafasi. esa — izg‘irin,
Ko‘ksidagi soqol — sumalak.

Kun kelib…
Sehrdan atrof qutular,
Chopqilab ketishar suvlar ham darhol.
Shunda dalalarda vaqt qor kurar,
Shunda ko‘chalarni supurar shamol.

Olislardan horib kelgan qushlarni
Quchog‘iga bog‘ shoshib olar.
Dabdurustdan bu johil qishning
Soqoliga kimdir chang solar…

“ERKAK VA AYOL” TURKUMIDAN

Chidash mumkin emas, qiyindir chidash,
U bilan yashashni boshqa istamas,
Sevishga bag‘ri tosh, bag‘ri tosh
Bu erkakni boshqa qistamas.

Ortiq qistamaydi, ortiq sevmaydi,
Turmaydi u bilan bu ayol boshqa.
Axir qanday ayol istaydi,
Tunlari bosh qo‘yib uxlashni toshga…

* * *

Bardoshi o‘ladi kunda ming marta,
Ming martaba tirilar sabri.
Quvonchga to‘ladi qayta va qayta,
Ayol sevgisidan iligan bag‘ri.

Titraydi bilinar-bilinmas,
Bedorlikning qanoti — mijja.
Ayol uning uyiga emas,
Tushiga kiradi tong otgunicha.

Ayolning chiroyli og‘zini
U qachondan beri poylaydi shumshuk.
Poylagani kabi sichqon inini —
Mushuk!..

YOZUV

Takrorlanar yana o‘sha hol,
Yo‘lak gavjum har safargidek.
O‘tgan-ketgan ayol yuziga
Iymanib-iymanib qarar bir erkak.
Qani qaysi ayol jilmayar unga,
Qaysi ayol unga talpinar sekin.
Qaysi bir ayolning peshonasiga
Uning nomi bitilgan ekan…
Yo‘lak chekkasida bir erkak turar,
Mehr oqib ikki ko‘zidan.
Ismini qidirar, tinmay qidirar
Begona ayollar peshonasidan…

***

Siz tufayli qancha alamlar yutdim,
Qancha g‘amga tutdim siz deb yurakni.
Sizni oylab kutdim, yillab kutdim,
Yirtdim necha-necha ko‘ylakni.

Ne yomg‘irlar yog‘di,
Ne qorlar yog‘di,
Ko‘ksimda yashadi toqat asirday.
Sho‘rlik yuragimni umidlar boqdi,
Ishonch yetakladi uni basirday.

Ming shukur,
Hali ham aylanar tilim,
Hali ham o‘limni o‘ylaganim yo‘q.
Peshonam ostida qorachiqlarim
Hayot yelkasini kuydirayotgan cho‘g‘.

Sizni yoshim arta-arta kutaman,
Ming marta alamlar yutaman yana.
Yillar yetsa bo‘ldi, sizga yetaman,
Yirtgani o‘zimda ko‘ylak bor, mana!..

QARZDORLIK

Qarzimni bilaman,
Tog‘ suyak bergan,
Yulduzlar ko‘z bergan,
Yashin – keskir til.
Taxayyulni esa oldim samodan,
Sabodan olganim – devona ko‘ngil…

Kunduz shodlik berdi,
G‘ussani – kecha,
Shijoatni so‘rab olovga bordim.
To uning o‘ziga kerak bo‘lguncha,
Shu aziz tuproqdan qonni qarz oldim…

SIZ O‘TSANGIZ..

Birdan tugab qolar yurajak yo‘lim,
Daf bo‘lar qaygadir o‘ngimu so‘lim.
Cho‘ntakka berkinar titragan qo‘lim,
Siz yonimdan o‘tganingizda.

Zabonimni tashlab qochadi so‘zim,
Sizga to‘lar mening ikkala ko‘zim.
Olovsiz yonadi lovullab yuzim,
Siz yonimdan o‘tganingizda.

Ko‘y* qolib, jismimda kezasiz nega,
Dilni parkand-parkand uzasiz nega,
Yo‘l qolib, jonimni ezasiz nega,
Siz yonimdan o‘tganingizda?

Ketib borar yana mardumlarim darz,
Ichimda so‘ngaklar ovozi ”qars-qars”,
Yorilganday bo‘lar tomirlarim tars,
Siz yonimdan o‘tganingizda.

Qarang, ey qotilim, ahvolim yomon,
Meni tark etguvsi hali zamon jon.
Meni halok qilib borursiz qayon,
Siz yonimdan o‘tganingizda?

Aytib keting,
Shamol tobut yasasin,
Bulutga tayinlang, kafanlik bersin,
Buyuring yomg‘irga — g‘assollik* qilsin,
Siz yonimdan ketganingizda…

—————-
ko‘y — ko‘cha
g‘assol – o‘lik yuvuvchi

TAZARRU
Do‘stim Ahmadjonga

Nafsimni bog‘lashga chilvir so‘radim,
dilimni dog‘lashga kapgir so‘radim,
taqdirni rostlashga tadbir so‘radim,
ko‘rdim nima tushgan bo‘lsa shu boshga,
gunoh qilib ishim tushdi ko‘z yoshga.

Barbod shamoliga uchdi so‘zlarim,
nurini bekorga to‘kdi ko‘zlarim,
adam sahrosida cho‘kdi izlarim,
uzooq topolmadim o‘zimni o‘zim,
dilga aylanmadi bu zohir ko‘zim.

Labzim binosini yiqitdi yolg‘on,
makr abjadini o‘qitdi yolg‘on,
qurdi qarog‘imda yomg‘irlar makon,
ketdim, umidimni o‘ldirib qo‘yib,
yuragim qoniga qo‘limni yuvib.

Dilim chorbog‘ini ravzan aylasam.
vijdonni iymonga posbon saylasam,
shayton qo‘llarini mahkam bog‘lasam,
kulsam nafs ustidan qahqaqa urib,
o‘lsam bir martaba o‘lmasdan turib.

Gunohim orqalab yoningga borsam,
hech kimga yormagan dilimni yorsam,
qancha gunoh qildim, barini aytsam,
qaytsam yig‘lab-yig‘lab odamligimga,
mangu vido aytib nodonligimga…

OLMAJON

Otam ekkan olma,
qirmizi olma,
Otamning kuniga yaragan olma.
U qayga otlansa, uning izidan
mingta ko‘zi bilan qaragan olma.

Har yil meva tugib larzon va larzon,
uning ro‘zg‘origa qarashar eding,
Jannatdan hikoya so‘ylab bearmon,
men ezgan ko‘nglini ko‘tarar eding.

Sen mendan otamga yaqinroq eding,
mendan mehribonroq,
mendan avfzalroq.
Doim yaproq yozding,
doim barg yozding,
men yozgan she’rlardan go‘zalroq…

Rahmat, senga, olma,
yurakni yutib,
ketmading, men kabi otamni tashlab.
Hadeb sog‘intirib,
hadeb o‘ksitib,
o‘tmading bir bora darvoza hatlab.

Ming afsus,
Sarvaqtim qorishdi mungga,
ota qadrin avval bilmaganimdan.
O‘zimdan xafaman, bu dahri dunga
senday olma bo‘lib kelmaganimdan.

Otamni mendan-da ko‘rding boshqacha,
mendan ham u zotga yaxshiroq to‘yding.
Ne qilay olisdan yetib kelguncha,
o‘zing kelgan yerga kuzatib qo‘yding…

Sen inim ekansan,
ukam ekansan,
hali bu hovlida yashaysan uzoq.
Mendan ham otamga o‘xshar ekansan,
Haqqing bu hovlida seniki ko‘proq…

ODAMLAR

Buyursang, zum o‘tmay dunyoga kelar,
Tongdan to shomgacha o‘zidan kechib,
Bari bilganicha ziroat qilar,
Dehqonchilik qilar oxirat uchun.

So‘ng bari sen tomon yo‘l olishar boz,
So‘ng bari sen tomon shoshilar, tangri.
Biroq nega savob ko‘targanlar oz,
Nega ko‘pdir gunoh orqalagani?!

Nega bari yozuq ko‘targan birday,
Nega bari qop-qop gunoh ortgan, voh! –
Mahshar bozorida ma’siyat pulday,
Mahshar bozorida qimmatdek gunoh?.

BЕTOBLIKDA

Albatta, yashaydi kuch topib,
Bir marota o‘zini ko‘rsa,
Xotinining tiniq qorachig‘ida.

Kuch topsa,
Hali yana ko‘p yashashiga
Ishontirar edi bolalarini.

Do‘stlariga aytar edi u,
O‘lim to‘shagida yotmaganini;
Xotini qovugan to‘shakligini
Aytar edi dushmanlariga…

TUG‘ILGAN JOY

Sabrni aldab ko‘chaga chiqding,
Boshing oqar, uzoqqa oqar.
Ortingda qoladi qaytishing uchun
Sendan tilxat olgan begona shahar.

Ketasan dildirab-dildirab,
Badaning junjukkan, ruhing qaqshagan.
Uzoqlarda bir o‘t miltirar,
Ko‘r tushiga kirgan nurga o‘xshagan.

Ketasan, bu o‘tning taftidan
Vujuding qiziydi, ilir ruhing ham.
Yaqinlashgan saring kattarib borar,
Qadrdon odamlar yoqayotgan gulxan..

HOLAT

Ko‘zingga tor ko‘rinar olam,
Tag‘in chil-chil sinadi ruhing.
Sening yana bayrog‘ing – alam,
Tag‘in sening azobdir – tug‘ing.

Yurak yonar, yurak kuyadi,
Qisiq tag‘in omadning tili.
Ko‘zlaringdan yosh to‘kiladi,
Bu – yonayotgan yurakning kuli…

PO‘RTANA

Vujudimda bo‘ron ko‘tariladi,
Uzoqlashib ketaman yerdan.
Zumda quloqlarim bitadi,
Aqlsiz qolaman birdan…

Bunda suzib yurgan vujudimdagi
Har bitta tuyg‘uga –o‘lim!
Yoshlarim o‘zini ko‘zlarimdagi
Qirg‘oqqa urishar betinim.

YOZUV

Senga xat yozdim yana,
Sen bo‘lsang yana yozmading.
Qarshimdagi ko‘zguga qarayman,
Qarayman peshonamga.
U sip-silliq va toza.
Unda
Bitta ham harfi yo‘q ismingning…

***

Juda yaqin, naqadar yaqin,
Bu sen tomon eltadigan yo‘l.
Cho‘ntagimga berkinar tag‘in,
Sen boringda titraydigan qo‘l.

Yurak “taka-puka”,”taka-puka”,
Bir-biriga zo‘rg‘a tegadi tishim:
Men hozir birovning uyiga,
Go‘yo o‘g‘irlikka tushgim.

Mana yetib keldim,
G‘am to‘la chehrang,
Titrayman, ko‘rinmas azobning keti.
Til hadeb aylanar o‘g‘rining
Eshikka tushmagan kaliti…

***

Botinimga boqib yig‘ladim, xudo:
Dilimda chumoli ko‘zichalik gard.
In qo‘ymish bo‘g‘zimga tariqdek riyo,
Qonimga qo‘shilmish bir tomchi hasad.

Aytdim, nega qaddim bunchalik egik,
Va ma’nisiz kechar yashagan umrim.
Ko‘zlarim murdaning ko‘zidek so‘nik,
Toat- ibodatim lazzatdan mahrum.

Aytdim,
Nega ko‘nglim to‘lmayapti deb,
Duoim ijobat bo‘lmayapti deb,
Qarg‘ansam, qarg‘ishim tegmayapti deb,
Aytdim-a, aytdim…

***

Charaqlagan kunduz qiynadi meni,
Sen yo‘qsan, yonimda sen yo‘qsan.
Shamollar uchirib kelmadi seni…

Shamollar yo‘q hargiz,
shamollar yo‘qdir,
Qani ular seni uchirib kelsa…

Ko‘ngil – cho‘kib ketgan qayiqdir.
…Demak, shamol bo‘lgan, shamollar bo‘lgan,
Bekordan bekorga cho‘kmagan qayiq,

Faqat ular seni olib kelmagan,
Ular kelgan sensiz qup-quruq…

G‘AZZOLIYNI O‘QIB

Do‘stim, hali ichim toshimga xilof,
Shoshma, hali mohtob emas siyratim.
Po‘stu mag‘zimda olam ihtilof,
Adashma, odamga o‘xshar suratim…

Dilim qulf,
Miftohi* bo‘lsa yo‘qolgan,
G‘animat sahari, g‘aflat mahali.
Qursog‘im* zillatu achiqqa to‘lgan,
Bulg‘angan balchiqqa ruhim javhari.

Dilim qulf,
Miftohni izlar darranda,
Shaytonlar izlashar, jinlar izlashar.
Bahaybat bir hadik, qo‘rquv ichimda:
Topib olsa edi tezroq farishta…

—————-
miftoh — kalit
qursoq- qorin

QO‘SHIQ

Samoda qushlar ham juft-juft uchmoqda,
Gul gulni, yalpiz yalpizni quchmoqda.
Jufti-la kapalak o‘yin tushmoqda,
Qaydasiz, ikkinchi bo‘lagim,
Qaydasiz, ikkinchi bo‘lagim?

Sizni izlab uzoq, shamolday yeldim,
Ne-ne manzilu makonda bo‘ldim.
Rosti, bu dunyoga sizni deb keldim,
Qaydasiz, ikkinchi bo‘lagim,
Qaydasiz, ikkinchi bo‘lagim?

Keling, kirib olay ko‘zlaringizga,
Keling, kirib olay so‘zlaringizga,
Siz menga aylaning, men sizga,
Qaydasiz, ikkinchi bo‘lagim,
Qaydasiz, ikkinchi bo‘lagim?

FRAZЕOLOGIK SHE’RLAR

YODGORLIK

Sening bag‘ring – tosh.
Ha, haqiqiy toshdir.
Baribir sen menga parvo qilmassan.

Senga qancha men qaramayin.
Qancha gapirmayin kulmassan,
Dunyodagi barcha qiziq gaplarni.

O‘zimni o‘ldirsam seni deb bir kun,
Yig‘lab ham kelmassan
men yotgan yerga…

Ming afsus, meni deb kuymassan.
Bag‘ring tosh, axir, sening,
Bag‘ring – tosh.

Sen bu toshni mening qabrimga
Qo‘ymassan, hech qachon qo‘ymassan…

***

Qarshingdagi gul do‘konidan,
Gul sotib olmading bu qizga.
Puling yo‘qlik qildi, to‘g‘risi.

Bir pul bo‘lding…
Shunday bir pulki:
Kimdir bu qiz uchun shu pulga
Sotib olish mumkin qizilgul…

***

Dunyodan o‘tishdek og‘ir, ayanchli,
Yoningdan indamay o‘tishim.
Tag‘in sening yoningga kelish,
Bu dunyoga kelishdek shirin…
Bu dunyodan ketishdek qiyin,
Yana sening yoningdan ketish…

G‘AM

Qanday ochlik ekan bu ochlik,
Va u keldi bu yerga qanday?
Esli-hushli bo‘lgan bir odam
O‘zini yeb qo‘ysa butunlay.

MARD ODAM

Uning ko‘ngli qo‘lidek ochiq,
U o‘lib yemadi, u bo‘lib yeydi.
Tog‘dan kelsang, bog‘dan kelmaydi,
U bir o‘lar, ming bor o‘lmaydi.

Uning yelkasida elining yuki,
Ta’naning shu’lasi yonmas ko‘zida.
Tog‘ni talqon qilsa, miq etmas, chunki,
Shu tog‘ning tolqoni bo‘lar og‘zida.

***

Suhbatlashib turgan ikki odamning
Atrofida ko‘p aylandi u.
Qarang,
Ular suhbatlashar qanchalik qizg‘in.
Kirishib ketishgan bir-birlariga
Qanchalik jips.
Hatto, kichkina bir oraliq yo‘qdir
Bu odamning burni siqqudek.

***
Boshimga qora bulutdek
Yopirilib keldi malomat…
Mana, boshim uzra
Shu bulut osilib turibdi –
Ko‘zlarimdan uzundan uzoq
Yomg‘ir bo‘lib quyguvchi…

***

Muhabbatimning ko‘zi ko‘r emas,
Ko‘zlari ochiqdir muhabbatimning.
Balki,
U soqovdir, haqiqiy soqov.
Soqov bo‘lmaganda sen haqda
Gapirgan bo‘lardim kimgadir…

***

Ko‘zlarim toladi, oyog‘im tolar,
Nima qilarimni bilmay qoldim men.
Seni topib olsam – aqlim yo‘qolar,
Aqlimni topguncha yo‘qolasan sen.

***

Bunchalar lazzatli bo‘lmasdi hayot,
Bunchalar nurafshon bo‘lmasdi borliq:
Agar sen bo‘lmasang, hazrati mamot,
Agar sen bo‘lmasang, do‘zaxiy og‘riq…

G‘AM

Tiyra qilding ichu toshimni,
Tiyra qilding tun-kunimni ham.
Bo‘yayapsan oqqa sochimni,
Qora ranging tugadimi, G‘AM?!

***

Aniq och qolmasdi bola-baqrasi,
Ayol xor bo‘lmasdi axir bunchalik.
Erkakning mo‘rchalik nomusi bo‘lsa,
Kuch bo‘lsa erkakda chumolichalik…

DARYO

G‘aroyib, juda ham chiroyli
Birgina qo‘shiqni bilarlar:
Hayot haqidagi qo‘shiq tufayli,
Hech qachon yumilmas bu lablar…

002

(Tashriflar: umumiy 506, bugungi 1)

Izoh qoldiring