Xurshid Davron. Bobur mirzo pirlari. Birinchi maqola. Xoja Ubaydulloh Ahror.

Ashampoo_Snap_2017.02.06_17h24m54s_001_.png      Мирзо Бобур шахсияти, унинг ижодий ва сиёсий фаолияти ёшлигимдан диққатимни тортган. «Бобурнома» эса энг севимли, такрор-такрор ўқийдиган китобимга айланган. Айни шу қизиқиш, узоқ йиллик ўрганиш натижасида бу дилбар сиймога бағишланган бир неча шеъру мақола, кичик достон, «Самарқанд хаёли» номли қисса, «Соғинч ёхуд Бобуршоҳ» номли пьеса ёздим.

МУАЛЛИФДАН
055

Мирзо Бобур шахсияти, унинг ижодий ва сиёсий фаолияти ёшлигимдан диққатимни тортган. Айни шу қизиқиш, узоқ йиллик ўрганиш натижасида бу дилбар сиймога бағишланган бир неча шеър, кичик достон, «Самарқанд хаёли» номли қисса, «Соғинч ёхуд Бобуршоҳ» номли пьеса ёздим.

1994 йили ёз кунларидан бирида  девонда бўлиб ўтган суҳбатдан кейин юртбошимиз Ислом Каримов  мени олдларига чақириб:  «Амир Темур қандай буюк зот бўлганини биласиз-а?» — деб савол берди. Мен «Биламан»,— дегандай бош силкигач, — «Аммо, Темур бирдан шундай улуғ одам бўлиб туғилмаган-ку,деди Ислом ака менга жиддий тикилиб, — Уни улуғ қилган устозлари бўлади. Сиз унинг устозлари ҳақида ёзинг. Ҳамма билсин».

Мана шу гапдан кейин «Амир Темур пирлари» мақоласини ёздим  ва  у 1995 йили «Тафаккур» журналининг 1-сонида босилиб чиқди (Мақолани мана бу саҳифада мутолаа қилинг).

 Кейинчалик «Мирзо Бобур пирлари» мақоласини ёзишга киришдим. Ушбу бадиада Бобур мирзо эътиқод қўйган нақшбандия хонадонига мансуб уч улуғ пешво ҳақида ҳикоя қилишни мақсад қилдим.  Бу улуғ инсонларни билиш Бобур мирзо табиатдаги кўп қирраларни кашф этиши шубҳасиздир.

Бугун ҳам Бобур авлодларига бағишланган бир неча асар устида ишламоқдаман.

Хуршид Даврон
БОБУР МИРЗО ПИРЛАРИ
Биринчи мақола
055

023Тарих тўққиз юз ўттиз еттинчи ҳижрий, жумодил-аввал ойининг олтинчи куни — мелодий 1530 йил 26 декабрида Ҳиндистон мулкининг ҳукмдори Бобур подшоҳ Аградаги ўз қўли билан обод қилган Зарафшон боғида оламдан ўтди. Халқ орасида подшоҳлар ўлими ҳамиша исёну тафриқа қўзғагани сабабидан Бобуршоҳнинг ўлимини анча вақтгача сир тутдилар. «Бобуршоҳ тожу тахтни фарзанди Муҳаммад Ҳумоюнга топшириб, ўзи дарвешлик йўлини тутмиш», — деган хабар чиқардилар.

Тарқатилган хабар ёлғон бўлса-да, аммо бу гапни айтишга асос бор эди. Кўпчилик Бобуршоҳ кейинги йилларда хилватланишликни орзу қилиб, бир неча карра «Кўнглим салтанат ва подшоҳликдан олинди, шу Зарафшон боғида бир бурчакда ўтирсам, подшоҳликни Ҳумоюнга берсам», — деганини эшитган эди. Аслида ҳам бу ният Бобуршоҳнинг кўнгул орзуси эди. У дунёдан кўз юмиш олдидан ҳам «Шу мақсадимга етмадим» дея армон қилди.

Ўн бир — ўн икки ёшидан бошлаб, умри жангу жадал, сарсонлик-саргардонлик ичра кечган, она юртини тарк этишга мажбур бўлган Бобур мирзо умрининг шомида улуғвор салтанатга асос солган бўлса-да, кўнгли ғариб, изтиробли бўлиб қолаверди.

Хазондек қон ёшим сориғ юзимдан эл танаффурда,
 Ба ҳар ранге, биҳамдиллаҳ, улусдин ўзни қутқордим.…

Унинг кўнгли ҳаловат истар, салтанат эса ҳаловат беролмасди. Унинг назарида: «Подшолик била ёлғизлик рост келмас». Шу сабабдан ҳам ўзини подшоҳликдан қутқармоқ истаган Бобур умрининг шомини ижодга, сўфиёна турмушга бағишлашни орзу қиларди. Ҳинд рожаси Рано Санго билан бўлган жанг арафасида ичкиликни тарк этишни аҳд қилиши, сўнгги ғазалларида тасаввуфона оҳангларнинг пайдо бўлиши мана шу орзу мевалари эди.

Бобур мирзо ўз аждодлари — Соҳибқирон Амир Темурдан то отаси Султон Умаршайх мирзога қадар бу улуғ хонадонга урф бўлган Хожагон — нақшбандия тариқати амалида бўлишни муқаддас тутди, ота-боболари каби тариқат пешволари билан мудом ҳамсуҳбат бўлиб, уларни руҳоният оламида ўзига устод ва пир деб билди. Ҳасанхожо Нисорий «Музаккири аҳбоб»да, фикримизни тасдиқловчи, қуйидаги сатрларни ёзади: «Бобур подшоҳ нақшбандия олий хонадонига иродат нисбати бор эди. Юқори шон-шавкатли бобоси ва салтанат нишонли отасининг ҳазрат Хожа Аҳрорга иродати бўлган. Бобур подшоҳ ҳам бу улуғлар хонадонига нисбатан иззат-икромни соатма-соат оширар ва бирор дақиқа бу ишни канда қилиб, ғафлатда қолмас эди. Барча дарвешларга лутф эшигини очиб, ниёзмандлик юмушини бажо келтирарди».

Султон Абусаид мирзонинг кенжа ўғли, Фарғона вилояти ҳукмдори Султон Умаршайх мирзо хонадонида тўнғич ўғил туғилганда унга исм қўйган зот ҳам Хожа Убайдуллоҳ Аҳрордир.
Бир кўҳна китобда қайд этилганидек, «ул зот бобаракатиға ҳазрат Хожа Аҳрори Валий Мирзо Бобур исмға хитоб қилдилар. Хутбада хатиблар Муҳаммад Заҳириддин  (Заҳируллоҳдин)  Бобур ўқир эрдилар».

Бу хусусда Мирза Ҳайдарнинг «Тарихи Рашидий» асарида қуйидагича ёзилган: «…Подшоҳ (Мирзо Бобур) саккиз юз саксон саккизинчи йил муҳаррам ойининг олтинчи (1483 йилнинг 14 феврали) кунида таваллуд топди. Улуғбекнинг уламойи мутаҳҳирларидан бири – Мавлоно Мунир Марғиноний унинг туғилган йили тарихини «Шаши муҳаррам» (муҳаррам ойининг олтинчи куни) сўзларидан топди. Улар Ҳазрат Эшон Убайдуллоҳдан гўдакка исм қўйиб беришни сўрашди. У киши Заҳириддин Муҳаммад исми билан мушарраф қилдилар. У пайтда чиғатойлар кўчманчи ҳаёт кечиришар, ўтроқ эмас эди, улар Заҳириддин Муҳаммадни айтишга қийналишарди, шу сабабли уни Бобур деб ҳам атардилар. Хутба ва ёрлиқларда уни «Заҳириддин Муҳаммад Бобур» деб айтишди ва ёзишди. Аммо у кўпроқ Бобур Подшоҳ номи билан машҳурдир.

Насл-насаби: Умаршайх кўрагон ибн Султон Абусаид кўрагон ибн Султон Муҳаммад мирзо ибн Мироншоҳ мирзо ибн Амир Темур кўрагондир. Она томондан – Қутлуқ Нигор хоним Юнусхон қизи ибн Увайсхон ибн Шералихон ибн Муҳаммадхон ибн Хизр Хожахон ибн Туғлуқ Темурхондир.»

Биз ушбу бадиада Бобур мирзо эътиқод қўйган нақшбандия хонадонига мансуб уч улуғ пешво ҳақида ҳикоя қилишни мақсад қилдик. Инчунин, Бобур мирзо шахси табиатини англаш учун ёлғиз унинг ижоди ва фаолияти эмас, шу билан баробар у устоду пир деб билган кишилар қандай фазилатли зотлар бўлганини бўлганини билиш зарур. Бу улуғ инсонларни билиш Бобур мирзо табиатдаги кўп қирраларни кашф этиши шубҳасиздир.

I. БОБУР МИРЗОНИНГ МУЛЛО БОБОСИ  — ХОЖА УБАЙДУЛЛОҲ АҲРОР

032  Замонлар ўтиб «Нақшбанди Соний» («Иккинчи Нақшбанд») деб  эътироф этилган  муборак зот —  Хожа Носириддин Убайдуллоҳ ибн Маҳмудхожа Аҳрори Вали ҳижрий 806 йилнинг рамазон ойида — мелодий 1404 йилнинг март ойида Тошкент вилоятидаги тоғли Боғистон қишлоғида таваллуд топган. Ривоятларга кўра, хожа мансуб оила халифаи чорёрдан бўлмиш ҳазрати Умар наслидан бўлган. Хожа Убайдуллоҳнинг отаси Хожа Маҳмуд бўлиб, унинг аждоди Хожа Муҳаммад Номий — Бағдодийга бориб уланган. Хожа Муҳаммад Номийни баъзи ровийлар Бағдоддан, айримлари Хоразмдан деб қайд этганлар. У ўша даврда Тошкентнинг машҳур уламоси бўлмиш Шайх Абу Бакр Муҳаммад бин Али бин Исмоил Қаффоли Шошийнинг довруғини эшитиб, унинг ҳузурига илм тилаб келади ва Тошкентда қолиб кетади. Хожа Аҳрор Вали мана шу хожадан қолган оила давомчиси эди. Хожа Убайдуллоҳнинг онаси Хожа Довуднинг қизи бўлиб, Хожа Довуд эса Шайх Хованди Таҳур фарзандидир. Шайх Хованди Таҳурнинг отаси эса ҳазрати Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг эътиборини қозонган Шайх Умар Боғистоний эди.

Хожа Аҳрор эслайдиларким: «Мен бир яшар эрдим ва менинг бошимни қирган эрдилар. Ўшал куни Амир Темур вафот қилгани тўғрисида хабар келди. Одамлар пишиб турган ошларини ташлаб, бир-бирларига урилиб-туртиниб югуриб кетдилар».

Дарвеш Муҳаммад Сарипулий нақл қилади:
«Мен кичик ёшда эдим, ўшанда отам мавлоно Низомиддин Хомуш хизматларида эрдилар. Уларнинг айтишларича, бир кун Мавлоно Низомиддин муроқабага ўтдилар ва отам ўз ишлари билан машғул бўладилар. Бир неча лаҳзадан сўнг мавлоно бирданига фарёд қилган эканлар ва отам бу фарёднинг маънисини сўрасалар, мавлоно: «Шарқ томонидин бир киши пайдо бўлди, номи Хожа Убайдуллоҳдур, у бутун ер юзини оладиган кишидур», — деган эканлар».

Хожа Убайдуллоҳнинг болалик ва ёшлик йиллари Боғистон ва Тошкентда, Қаффол Шоший марқади атрофидаги маҳаллада кечди. Кейинчалик ўша даврларни хотирлаб, қуйидагиларни нақл қилган:»Ўн саккиз ёшга тўлган эдим, кечалари Тошканднинг жамий мозорларини тавоф қилар эдим. Шу жумладан Шайх Абубакр Қаффол Шоший, Шайх Хованди Таҳур, Хожа Иброҳим Кимёгар, Шайх Зайниддин Кўйи Орифон мозоротларини тавоф қилар эдим, менда ҳеч қўрқиш ва хавф сезилмас эди». Бошқа бир жойда ўша йиллар юз берган бошқа воқеани хотирлайди:»Ёшлигимда ҳазрати Шайх Абубакр Каффолнинг нурли мозоротини тавоф қилганимда Ҳазрати Исони туш кўрдим. У ҳазрат менга илтифот қилиб дедиларким:»Ғам ема, сенинг тарбиянгни биз ўз зиммамизга олганмиз… Ҳазрати Исо каминани ўз тарбияларига олганлари сабабидан бу фақирда ўлик қалбларни тирилтириш сифати аён бўлди…»

Хожа Убайдуллоҳ 20 (22 деб ҳам келтирилади)  ёшга тўлганда тоғаси Хожа Иброҳим уни илм таҳсили мақсадида Самарқандга олиб боради. Тоға ўз жиянини мавлоно Қутбиддин Садр мадрасасида жойлаштиради. Аммо ёш йигитда илм олиш иштиёқидан азизлар суҳбатида бўлиш иштиёқи кўпроқ эди. Самарқандда экан, ўз даврининг машҳур алломалари Саъдиддин Кошғарий, Амир Сайид Қосим Анвор, мавлоно Низомидддин Хомуш мулозиматларида бўлиб, ҳамсуҳбатлик қилди.

«…Кўнглимда илм олиш истаги туғилиб, йигирма ёшимда Тошкентдан Мавлоно Низомиддин Хомушнинг хизматларига равона бўлдим. У киши ўша пайда Самарқанддаги Улуғбек мадрасасида мударрислик қилар эдилар («Аш Шақбиқ ан-Нўъмония»)».

Икки йилдан кейин соғлиғи ёмонлашгани туфайли мадраса таҳсилидан узоқлашган Хожа Убайдуллоҳ муршиди комил излашга отланади. У дастлаб Бухорога боради. Йўлда Шайх Сирожиддин Пирмастий қишлоғига қўниб, бир ҳафта шайх билан суҳбатда бўлади. Сўнг Бухорога бориб мавлоно Ҳисомиддин Шошийни кўрган, Хожа Аловуддин Ғиждувоний билан суҳбатлар қурган экан. Кейинчалик Бухородан Хуросон томонга мурожаат қилган. Марв йўлидан ўтиб, Ҳиротга етган ва у ерда узоқ вақт яшаб Саййид Қосим Табрезий, Шайх Боҳаваддин Умар, Шайх Зайниддин Хавофийнинг суҳбат ва мулозиматларида бўлган.

Хожа Убайдуллоҳ нақл қиладилар: «Мен Самарқанд ва Хуросонда кўп акобирлар суҳбатида бўлдим, лекин ҳазрат Саййид Қосим Табрезий каби улуғ кишини кўрмадим. Ҳар маротаба ҳазратнинг суҳбатларига етишганимда менга шундай кўринар эдики, ул кишининг гирду атрофларида тамоми коинот айланиб, эшоннинг ботинларида маҳв бўлур /йўқолур/ эди. Ҳазрат Сайид Қосим эшикларининг олдида бир посбон турардики, ҳеч кимсани уларнинг олдиларига рухсатсиз қўймас эди. Лекин у посбонга Ҳазрат Сайид Қосим:»Ҳар мудомки, бу туркистонлик жавон ( йигит) келса, унга қаршилик кўрсатмағил ва қўйгилким, олдимга кирсин», — деб буюрган эдилар…»

Хожа Убайдуллоҳ  яна нақл қиладилар: «Ҳиротда бўлган чоғларимда Ҳазрат Саййид Қосим Табризий ҳузурларига бориб турардик. Ул зот ошининг ярми ейилган ўз косаларини менга узатиб, бундай буюрар эдилар: “Эй шайхзодаи туркистоний, ҳамчунонки ин нохушон қубоби мо шудаанд, зуд бошадки дунёйи ту қубоби ту шавад”. (“Эй туркистонлик шайхзода, ушбу ёқимсизлар бизни ўраб олганларидек, тезликда дунё ва давлатинг сени ҳам ўраб олади” )  Саййид бу сўзларни айтган чоғларида дунёдан менинг ҳеч қандай насибам йўқ эди”.

Хожа Убайдуллоҳ Ҳиротда экан Шайх Баҳоваддин Умарга ҳам иродат қилади. Аммо,нақл қилинишича, Хожа Убайдулло Шайх Баҳоваддинга бир савол билан мурожаат қилиб, қаноатланарли жавоб ололмагач, шайх у излаган пири комил эмаслигини англайди. У жавоб излаган муаммо эса бобокалони бўлмиш Шайх Умар Боғистонийнинг бир насиҳати билан боғлиқ эди. Шайх Умар Боғистоний фарзанди бўлмиш Шайх Хованди Таҳурга насиҳат қилиб:»Мулло бўлма, шайх бўлма, сўфий бўлма, мусулмон бўл!» деб таъкидлаган экан.

Хожа Убайдулло 1432-1433 йилларда Чағониёнга йўл олиб, Ҳазрати Хожа Нақшбанднинг тўрт асосий халифасидан бири бўлмиш мавлоно Яъқуб Чархий мулозаматига боради. Хожа нақл қилади:»Мавлоно Яъқуб Чархий мулозиматларига бориб эдим. Сўрадилар:»Қайдин сен?» Айтдимки:»Шошийдин». Сўрадилар:»Шайх Умар Боғистонийга қаробатинг (яқинлигинг)  борми?»  Бу савол менга хуш келмади ва айтдим: «Отам у кишига мурид эмишлар».  Сўнг мавлоно Шайх Умар Боғистонийни таърифу тавсия қилдилар».

Хожа Убайдуллоҳ мавлоно Чархийдан нақшбандия тариқати асосларини ўрганади, устозининг «Рисолаи Унсия»сини қунт билан мутолаа қилади. У мавлоно Чархий сиймосида ўз излаган маънавий устозни кўриб, уни муршид сифатида тан олади ва кўп ўтмай устозидан иршодлик  (етуклик)  хатини олади. Шундан сўнг 29 яшар Хожа Убайдуллоҳ ўз туғилган юрти — Фаркат (Паркент)га га қайтиб, зироат билан машғул бўлади.

Хожа Аҳрор асҳобидан бирининг нақл қилишича, бир кун Хожа Аҳрор Фаркатда экан, ўз мулозимларидан қаламу қоғоз талаб қилган. Кейин қоғозга темурийзода  Султон Абусаид номини ёзиб, ўз салласи орасига солиб қўяди. Ўша пайтда ҳали Султон Абусаиддан ном-нишон йўқ экан. Мулозимлар:»Бу кимнинг номи бўлди?» деб сўраганда, хожа уларга:»Бу шундай кишининг номики, тез орада Тошканд, Самарқанд, Хуросон ва ҳамма унинг раъиятида бўлади», — деган. Шу воқеадан кўп ўтмай, Султон Абусаиднинг номи Фаркатга етган экан.

Бошқа ривоятга кўра, Султон Абусаид мирзо туш кўрса, тушида Хожа Аҳмад Яссавий бир пурвиқор кишидан Султон Абусаидга фотиҳа беришни ишорат қилган экан. Мирзо Ҳазрат Хожа Аҳмад Яссавийдан фотиҳа берган кишининг кимлигини сўрайман, деб турганида уйғониб кетибди. Уйғонгач, атрофидаги олимларни чақиради ва фалон андомдаги, фалон сийратли киши ким эканлигини сўрайди. Донишмандлар унинг Хожа Аҳрор эканлигини ва у Тошкандда яшашини айтадилар. Султон Абусаид мирзо дарҳол Тошкандга отланади ва хожани у ерда тополмай Фаркат  томонга боради. Ўша ерда тушида кўрган кишиси — Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорни топади. Катта суҳбат қуриб, Хожанинг иродатига кирган мирзо ундан Самарқандни фатҳ қилиш учун фотиҳа сўрайди. Хожа Убайдуллоҳ унга:»Агар қиладиган юришингиз ислом ва раиятга шафқат учун бўлса, муборак этурманки, фатҳ сизнинг томонингизда бўлғай», — деган экан. Султон Абусаид мирзо мақсад шундай эканлигини билдиради.

Шу орада (темурий шаҳзодалар орасида Самарқанд тахти учун кураш авжига чиққан кунларда)  Султон Абусаид билан Абдулло мирзо  (Улуғбек мирзонинг куёви) орасида катта жанг бўлади. Султон Абусаид хос навкари бўлмиш Ҳасан баҳодирдан:»Ҳой, Ҳасан,сен нима кўраяпсан?» — деб сўраганда, у: «Султоним, ҳазрати Хожани кўряпман, ул киши бизнинг олдимизга келмоқдалар», — деб жавоб берган экан. Султон Абусаид мирзо ҳам жавобни тасдиқлаб:»Валлоҳким, мен ҳам шундай кўряпман», — деб ўзига тасалли берган.

Жанг ярим соатга ҳам чўзилмай, Абдулло мирзо лашкари қочишга юз ўгиради ва мирзонинг оти лойга тиқилиб қолади. Футсатдан фойдаланган навкарлар уни тутиб, бошини танасидан жудо қиладилар. Султон Абусаид Самарқандни эгаллайди.

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг айтишича, уруш бўлаётган пайтда у Фаркатдан Тошкентга келаётган экан. Тўсатдан бир оқ қуш ерга қулаб тушади ва типирчилаб жон беради. Уни Хожа Аҳрор Абдулло мирзо тимсоли деб билади, яъни қуш ҳалок бўлган аснода мирзо ҳам қатлга етган экан. Бу воқеа сабаб Султон Абусаид мирзонинг эътиқоди хожага яна ҳам ошиб, уни 1451 йилда Самарқандга кўчириб борадики, бу Улуғбек мирзо ўлимидан икки йил кейин содир бўлган эди ( Бу гапни айтшимиздан мурод, совет даврида кўпчилик олимлар томонидан «Мирзо Улуғбекнинг фожиона ўлимида Хожа Аҳрорнинг қўли бор» деган гапларнинг ёлғон эканлигини яна бир марта таъкидлашдан иборат).

Муаррих Абу Тоҳирхожа Самарқандий ўзининг машҳур «Самария» асарида ёзади:»Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг лақаби Носириддин бўлиб, насаби Умар Хаттобга эришади. Бу киши асли Тошканд вилоятидан бўлиб, Султон Абусаиднинг истаги ва илтимоси билан Самарқандга кўчиб келиб, Хожа Кафшир (Хожа Кафший деб ҳам ўқийдилар) маҳалласида тура бошлади. Хожа Кафшир шаҳарнинг жануб томонида ва бир тошнинг учдан бир улуши (тўрт минг қадам) чамаси олисроқдадир. Хожа Аҳрор Ҳазрат мавлоно Яъқуб Чархийнинг муриди бўлиб, у бухоролик Ҳазрат Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг муридидир. Лекин мавлоно Яъқуб Чархий тугалликни ҳазрат Хожа Аловуддин Аттордан топган. Хожа Аловуддин Аттор Хожа Баҳоуддиннинг халифаси эди. Хожа Аҳрор шайхлик йўлини касб этиб юрган чоғларида Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига сафар этиб, ўша замоннинг шайхлари бўлган Сайид Қосим, мавлоно Низомиддин Хомуш, шайх Баҳовуддин Умар сингари зотларнинг суҳбатларига етишди. Энг кейин мавлоно Яъқуб Чархийга йўлиқиб, мурид бўлди ва у кишидан тугаллик топиб, замоннинг биринчи ва жаҳоннинг тенгсиз бир кишиси бўлди. Чунончи, ҳазрат мавлоно Абдураҳмон Жомий унинг номига ёзган «Туҳфат ул-аҳрор» китобида айтадирким:

Зад ба жаҳон навбати шаҳаншоҳий
Камкабаи фақр Убайдуллоҳий
Он ки зи ҳуррияти фақр огаҳ аст,
Хожаи Аҳрор, Убайдуллост.

Таржимаси:

Дунёда шоҳлик навбати нақорасини чалди
Убайдуллоҳ фақрининг шавкати.
Фақрнинг эркинлигидан хабардор бўлган кимса
Эрклиларнинг эгаси бўлган Убайдуллоҳдир…

04Барча кучли ва азаматли ҳоқонлар хожага қуллик, фармонбардорлик ва ихлоскашлик камарини белларига боғлагандилар. Хонлар, бошларида хонлик жиғаси ва белларида подшоҳлик камари бўлган ҳолда, унинг узангусида яёв югурар эканлар… Валоят ва тасарруфининг кучлигидан халқнинг ичи ва ташига эга бўлиб, истаган йўлига бошқарар экан. Хожа ички ва ташқи гўзалликлар билан безанган бўлиб, ички нисбатида шунча ширинлик бор эдиким, унинг бандига тутилганларга туганмас лаззат ва битмас ҳаловат муяссар бўлур экан. Чунончи, бунинг шоҳиди мозорининг зиёратидирким, ўлган кўнгилни ва титилган юракни тирилтиради. Унинг қабри юзланган кишига янги тириклик ва сонсиз қувонч бағишлайди…

Хожа Аҳрор узоқ умр кечирди. Саккиз юз тўқсон бешинчи (1490) йилда ражаб ойининг биринчи кечаси, жумаъдан қайтишли шанба оқшоми ғурубдан бир ярим соат ўтган вақт у бахтликларнинг қибласи ва орифларнинг орифроғи Самарқанднинг жанубий тоғи этагида бўлган Камонгарон қишлоғида оламдан ўтди. Унинг жасади у ердан (Самарқандга)  келтирилиб, ўзининг турар жойи бўлган Хожа Кафшир маҳалласида, «Муҳоватан муллоён»нинг ташқарисидаги тупроқ ҳарамсаройининг хилваткадасида кўмилган. «Шайхлик йўлининг йўлбошчиси қолмади» мазмунида бўлган «намонд муршиди роҳ» сўзи ўлимининг тарихидир (895).

Хожанинг руҳониятидан авлоди ва Самарқанд халқининг ҳимояти йўлида киши ҳайрон қоларлик тасаввуф асарлари кўринади. Хожанинг суҳбатдоши ва халифаси кўп. Улардан бирови «Силсилат ул-орифин» китобининг муаллифи ва даҳбедлик ҳазрат Махдуми Аъзамнинг пири бўлган мавлоно Муҳаммад Қозидир. Ул ҳазрат хожа мозорининг ёнида кўмилган, қабри хожа мозорининг қуйисида, жануб томонда, хожа оёғининг тушма-тушидадир. Мавлоно қабрининг устида дарё қирларидан майда қайроқтошлар келтириб тўкилган ва уларнинг қабри нишонаси ҳам шудир. Хожанинг ўзга халифалари ҳам кўпинча уларнинг ҳазирасида кўмилгандилар…»

  Қисқача тарзда, Хожа Аҳрор ҳақида замондошлари ёзган асарлар ҳақида маълумот  берсак. Бу асарларнинг энг биринчиси «Масмуот» («Эшитилган) рисоласи хожанинг куёви ва издоши бўлмиш Мир Абдулаввал Нишопурий  томонидан ёзилган. Иккинчи муҳим манба хожанинг халифаси Муҳаммад Қози Бурҳониддиннинг  ( бу зот ҳақида мақоламизнинг иккинчи қисмида келадиган Хожа Мавлоно Абдуллоҳ Қози бўлимида батафсил ўқийсиз)  «Силсилат ул-орифин ва тазкират ус-содиқин»  асаридир. Фахриддин Али Сафийнинг «Рашаҳоти айнул-ҳаёт» («Ҳаёт чашмаларидан томчилар»)  асари 1504 йилда ёзилган бўлиб,  ўша давр тасаввуфий ҳаёти  ва арбоблари ҳақида батафсил ахбарот берадиган нодир манба ҳисобланади. Булардан ташқари Хожа Аҳрор ҳақида Абдураззоқ Самарқандий, Мирхонд, Хондамир, Зайниддин Восифий ва албатта, Мирзо Бобур, шунингдек, Ҳазрати Хожанинг кўплаб халифалари, издошлари ва замондошлари қолдирган бир қатор асарларда катта-кичик ҳажмда маълумотлар мавжуд.

Хожа Аҳрори Валийдан мерос қолган асарлар қуйидагилар: «Фиқрот ул-орифин» ёки айрим нусхаларда “Фиқроти аҳрория” ва «Воридот», «Рисолаи волидия» ёки «Мухтасар», «Рисолаи Ҳуроия», “Калимоти қудсия”,  “Малфузот” ва хожанинг Алишер Навоийга ёзган мактублари — уларни улуғ ўзбек шоири бениҳоя қадрлаб, бошқа шахслардан келган мактублар билан бирга махсус дафтар ҳолига келтирган.

Шу ўринда атоқли аллома Ботирхон Валихўжаевнинг «Буюк маънавий муршид» рисоласидан қуйидаги парчани келтириб, Хожанинг темурийлар сулоласига ва Алишер Навоийга бўлган мунсабатини кўрсатишни маъқул топдим:

Хожа Аҳрор ва Абдураҳмон Жомийнинг шахсан мулоқотлари орасида ва кейин ҳам ўзаро нома ёзишлари муттасил давом этган. Турли муносабат ва мавзуларда ёзилган бу номаларида Хожа Аҳрор ҳам, Абдураҳмон Жомий ҳам охирида «ал-фақир» деб ўз номларини ёзардилар. Қанчалик ибратли! Шогирд ўз устозига хат ёзганида шундай имзо Чекиши маълум маънода табиий кўринса-да, аммо устознинг шогирдига ёзган мактубида ҳам шундай ёзилиши шогирд олдида ўзини фақир тарзида эслатиши бу юксак маданият соҳиби бўлишни, балки ўзгаларни (ким бўлишидан қатъий назар) ўзидан устун қўйиб, ҳурматини жойига келтиришдан далолат бергувчи олижаноб инсоний фазилатдир. Шуларни назарда тутиб, Хожа Убайдуллоҳнинг Абдураҳмон Жомийга ёзган битта мактубининг асл матни ва таржимасини муҳтарам ўқувчилар диққатига ҳавола этамиз.

«Баъд аз арзи ниёз марфуъ он ки илтимос аз хидмати шумо онки гоҳе худро ба шарафи мулозамати хидмати мавлоно Алишер мадҳали отифат расонида, инфақирро ба хотири шарифи эшон ба ёд оварда илтимос кунед, ки холисан ли вачҳи субҳона ҳеч дағдаға ва фикр накунанд дар расонидан ончи мебояд расонд пеши ҳазрати салтанатшиорй чи фоида расониданд он чи хайри муслимин аст. Ба ҳақиқат хайр дорини он ҳазрат аст В-ас-салом. Ал-фақир Убайдуллоҳ» (А. Чомй. Номаҳо. Душанбе, «Дониш», 1989, 319–320 б., араб ёзувида).

Таржимаси: Илтижо билан мурожаатимиздан мурод шулки, Сиздан илтимос шулки, баъзан ўзингизни меҳрибонлик манбаи муҳтарам мавлоно Алишер ҳузурига етказиб, бу фақирни ул жанобнинг тариф хотирига келтириб, илтимос қилингким, худо ҳурмати учун салтанат фармонлиғ ҳазратлари ҳузурида холисан бажарилиши лозим бўлган вазифаларни бажаришда ҳеч қандай дағдаға ва фикр қилмасинлар. Қандай фойда келтираолсалар, у муслимлар манфаатига йўналтирилган бўлади. Ҳақиқатдан яхшилик ва манфаат Келтириш бу ҳазратнинг одатидир. В-ас-салом. Ал-фақир Убайдуллоҳ».

Бу мактуб 1475–1476 йиллардан Алишер Навоийда Султон Ҳусайн Бойқаро саройида хизмат қилишдан бирваракайига истеъфо бериш кайфияти пайдо бўлган вақтларда ёзилган. Бу хабар Ҳиротдагина эмас, балки Самарқандда ҳам тарқалган, Хожа Убайдуллоҳ Алишер Навоий каби зотнинг халқ манфаатларини ҳимоя қилиш учун ҳам сарой хизматида бўлиши зарурлигини Сезиб, уни бундай ниятдан қайтариш мақсадида унинг ўзига (бу хат кейин келтирилади) мурожаат қилиш – хат ёзиш билан қаноатланиб қолмай, балки Абдураҳмон Жомийга ҳам юқорида келтирилган мактубни ёзиб, Жомийнинг бу ишларга аралашуви лозимлигини уқтирган. Бу мактубдан Хожа Убайдуллоҳ фуқаро манфаатларига тегишли бўлган ҳар қандай ишни бажаришга тайёрлиги кўзга ташланади. Шу билан бирга мактубда Алишер Навоий «меҳрибонлик манбаи муҳтарам мавлоно Алишер» тарзида эслатилганки, бу ҳам Хожа Убайдуллоҳнинг Алишер Навоийга бўлган муносабатини яна бир карра очиқ намойиш этади.

Алишер Навоий ҳам ўзининг «Ҳайрат ул-аброр» ва «Насойим ул-муҳаббат» асарларида Хожа Убайдуллоҳ ҳақида кенгроқ тўхталади. Жумладан, «Ҳайрат ул-аброр» достонида Хожа Баҳовуддин Нақшбанд ва Хожа Убайдуллоҳлар зикрига махсус боб ажратиб, бунинг асосий қисмини Хожа Убайдуллоҳ тавсифи ва таърифига бағишлайди. Бу қисм Алишер Навоийнинг Хожа Убайдуллоҳга нисбатан бўлган муносабатини аниқлаш ҳамда Хожа Убайдуллоҳнинг ўша даврдаги мавқеи, фазилати, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий фаолияти ҳақида тасаввур ҳосил қилишда муҳим бир адабий-тарихий ҳужжат сифатида аҳамиятга молик бўлгани сабабли уни мухлисларга тўла манзур этиш мақсадга мувофиқ кўринди (шарҳлаш осон бўлсин учун байтлар олдидан рақам қўйилди). Алишер Навоий шундай ёзади:

Улки бу офоқ ичида тоқ эрур,
Тоқ неким, муршиди офоқ эрур.

Чархи нигун даргаҳида хокрўб,
Балки жабини била хошок рўб.

Юз қўюбон қуллуғига шоҳлар,
Базмида Бехуд ўлуб огоҳлар.

Хизматидин ҳар киши огоҳ ўлуб,
Гарчи гадо маъни ила шоҳ ўлуб.

Неча тушуб эгнига қилсанг қиёс,
Хозини ирфон кафидан юз либос.

Зарқ ила тағйири либос этмайин,
Тафриқаи хаззу палос этмайин.

Суҳбатида ҳар неча бешакку райб,
Жилва қилиб шоҳиди раънойи ғайб.

Гўшаи хилват аро тутмай қарор,
Ўзини қилмай яшурун ошкор.

Атласи гардун била минг зебу фар.
Тўрқа тўни остида кўк остар.

Лек ўшал тўрқаси ҳар тор ила,
Фақрда юз муршид учун силсила.

Мулки жаҳон мазраи деҳқони ул,
Балки жаҳон мулки нигаҳбони ул.

Йўқки мамоликка нигаҳбон ўлуб,
Борча салотин уза султон ўлуб.

Руқъалари етса не шоҳ қошига,
Иш ани қўймоғлиғ ўпуб қошига,

Англаб ани бош уза тожи яқин,
Ҳар сўзи ул тож уза дурри самин.

Шаҳға дема лутф чоғи тож бахш,
Балки гадоларга доғи тож бахш.

Ҳақ сўзини элга қилурди адо,
Тенг кўрунуб олдида шоҳу гадо.

Чун чолиниб навбати қадрига кўс,
Шаҳлар ўлуб навбат ила хокбўс,

Хотир ўлуб меҳри жаҳонтоб анга,
Авжи шараф анжуми ашоб анга.

Ҳар бири олам элига раҳнамо,
Дема жаҳон аҳлики, аҳли само.

Барча сулук аҳлига раҳбар бўлуб,
Йўл элига тийра тун ахтар бўлуб.

Тийра назарларга бериб нуру тоб,
Ҳар бириси ўйлаки нажми шиҳоб.

Гарчи тижорат бўлуб ойинлари,
Бўлмади бир мулкда таскинлари.

Юкларида тўҳфаи нақди фано,
Ҳар бири ул нақддин истаб ғино.

Симлари борса фано қонидин,
Дурлари йўқлук суви уммонидин.

Чун кивуруб ҳар сори рахти нажот,
Банд бўлуб чорсуйи коинот.

Олгувчи гар ваҳми зиенбуд этиб.
Лек бу савдо чу қилиб судиб.

Токи жаҳон қасрининг имкони бор,
Устида онинг фалак айвони бор,

Қўймасун айвони жаҳонни тиҳи.
Дабдабаи кўси Убайдуллоҳи.

Ҳимматидин бизни ҳам этсун худой,
Фақр йўлида ғани, имонга бой.

(Алишер  Навоий Хамса. Тошкент, ФАН, 1960, 49-бет.)

Муҳтарам ўқувчиларга тушунарли бўлсин деган ният билан қуйида байтларнинг насрий баёни айрим шарҳлар билан келтирилади (баён олдидан келтирилган рақамлар байтнинг рақамига мосдир):

1. Бу офоқ-дунёда нодир бўлган зот – Хожа Убайдуллоҳдир, у фақат нодир зот эмас, балки офоқ-дунёнинг муршиди, йўлбошчиси ҳамдир.
2. Шунинг учун ҳам фалак эгилиб, унинг даргоҳи тупроқларини, фақат тупроқларинигина эмас, балки хас-хошокларини ҳам киприклари билан супуради.
3-4. Шоҳлар унинг қули – муриди бўлиш учун юзларини бу даргоҳга қўядилар: унинг базмига қатнашиш шарафига муяссар бўлган огоҳ-хабардорлар ҳам суҳбатлари туфайли ўзларидан кетиб қоладилар. Унга хизмат қилишга чоғланган ҳар ким огоҳлик даражасига етади, агар у гадо бўлса, маънавий жиҳатдан шоҳ бўлади.
5. Агар унинг эгнига назар солсанг, унда ирфон хазинабони қўли билан кийдирилган юз кийимни кўрасан, яъни ирфон маърифати ундан юзлаб қават ўрин олган.
6. Шунинг учун у фириб-найранг билан тўнни ўзгартирмайди; у қимматбаҳо мўйнадан ёки оддий матодан тикилган тўнларга эътибор бермайди, яъни унинг кийимлари дабдабали эмас, балки оддий кийимлардир.
7. Унинг суҳбатида ғайб оламининг гўзали ҳеч шак-шубҳас
из ўзини кўрсатади, яъни уларнинг суҳбатларида ғайб оламининг сир-асрори шундай гўзал тарзда баён этиладики, эшитувчилар унинг мафтуни бўлиб қоладилар.
8. Хожа ҳазратлари хилват бурчагини ўзига ватан қилмай, бир бурчакда яшириниб ўтирмай, балки очиқ-ошкора фаолият кўрсатади.
9. Фалакнинг қимматбаҳо атласи ва дунёнинг ҳашамати унинг оддий тўнининг астаридекдир, яъни у оддий бўлиб, дунёнинг ҳашаматини кўзга илмайди.
10. Аммо ўша оддий тўн матойининг ҳар тори-ипи фақр-фақирлик тариқатида юзта муршид-йўлбошчига олтин занжирдай бўлиб туюлади.
11. У жаҳон мулкидаги экинзорнинг Деҳқонигина эмас, балки жаҳон мулкининг нигоҳбони – қўриқловчисидир. 12. У мамлакатларнинг нигоҳбони қўриқловчисигина эмас, балки барча султонларнинг султонидир.
13. Агар унинг руқъалари – хатлари подшоҳлар қўлига тегса, аввал уни ўпадилар-да, сўнгра қошларига суртиб эъзозлайдилар.
14. Бу номаларни ҳар бир подшоҳ бошидаги тождек, ундаги ҳар бир сўзни эса безаган қимматбаҳо дурлардек биладилар
. 15. У фақат шоҳларга илтифот қилиб, уларга тожлар бағишламайди, балки гадоларга ҳам илтифот кўрсатиб, уларни ҳам баланд мартабалар билан эъзозлайди.
16. У Ҳақ (ҳам ҳақиқат, ҳам Оллоҳ) сўзини элга баён қилар экан, бу вақтда унинг олдида шоҳу гадо Тенг кўринади.
17. Унинг даргоҳида қабул маросими бошланишига гувоҳлик берувчи карнайлар чалинар экан шоҳлар навбат билан кириб, даргоҳи тупроғини ўпадилар.
18. Ул ҳазратнинг хотирлари жаҳонни ёритгувчи қуёшдек бўлиб, суҳбатдошлари эса, шараф осмонидаги юлдузларга ўхшайди.
19. Унинг суҳбатдошларининг ҳар бири олам элигагина эмас, балки самодагиларга ҳам йўл кўрсатувчидирлар. 20. Суҳбатдошларнинг барчаси сулук-тариқат аҳлига раҳбар бўлиб, қоронғи кечалари эса йўловчиларга йўл кўрсатувчи юлдуздирлар.
21. Уларнинг ҳар бири тийра назарларга нур-ёруғлик бағишлашда Чўлпон юлдузидекдир.
22. Ул ҳазратнинг одатлари тижорат-савдо қилиш бўлгани туфайли бир жойда сокин бўлиб қолмайдилар.
23. У кишининг юклари фано мулкидан келтирилган бўлиб, ҳар бир солик-йўловчи бу туҳфалардан бойлик орттиради.
24. Ул ҳазратнинг сийм-бойликларининг барчаси фано конидан, дурру-гавҳарлари эса йўқлик (фано) уммонидан олинган.
25. Нажот бағишлагучи юкларни турли томонга юборганлари туфайли коинотнинг чорсулари (бозоржойлари) улар билан банд бўлди.
26. Бу нарсаларни сотиб олгувчилар зарар кўрсак керак деб ваҳимага тушишади, аммо уларни сотиб олгач, улардан фойда кўришади.
27. Токи жаҳон қасри бор экан, токи унинг устига фалакнинг айвони (осмон-кўк) бор экан.
28. Убайдуллоҳ карнайининг (шуҳратининг) дабдабаси жаҳон айвонини ҳоли қолдирмасин.
29. Оллоҳ бул ҳазратнинг ҳимматин бизга ҳам раво кўрса ва шу туфайли биз ҳам фақр йўлида бой бўлиб имонимиз ҳам бойиса (мустаҳкамланса)» (Ботирхон Валихўжаев.Буюк маънавий муршид» рисоласидан).

Дарҳақиқат, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор ўз даврининг энг нуфузли дин арбоби эди. Бобур ҳам ёшликдан бу улуғ сиймога қаттиқ эътиқод қўяди. Ўша олис воқеалар баён қилинган солномаларни варақласангиз, Соҳибқирон Амир Темур салтанати парчалангандан кейин унинг ҳудудида таркиб топган вилоятлар ҳукмдорлари, хоҳ темурий мирзолар, хоҳ мўғул хонлари бўлсин, Хожа Аҳрорга эътиқод қўйиб, унинг сўзи амалида бўлганлар. Бу зот неча марта бир-бирига қилич пешлаб чиққан ҳукмдорларни адолат йўлига қайтарган, жанг бошлай деб турган лашкарлар ўртасига тушиб қон тўкилиши олдини олган эди. Бунга ишониш учун «Бобурнома», «Абдулланома» каби мўътабар китобларни варақлаш кифоя.

Мирзо Бобурнинг  Хожа Аҳрор номини илк тилга олиши  899 ҳижрий (1494 мелодий) йил воқеалари тасвирланган биринчи бобда кўринади. Бу бобда отаси Умар Шайх мирзо вафоти ҳақида гапираркан, Бобур отаси билан ҳазрати Хожа Убайдуллоҳ муносабатлари тўғрисида қуйидагича ёзади: «(Умар Шайх мирзонинг) ҳазрати Хожа Убайдуллоҳга иродати бор эрди (аларнинг) суҳбатларига бисёр мушарраф бўлуб эди. Ҳазрат Хожа ҳам (ани) фарзанд деб эрдилар» («Бобурнома», Тошкент, ЎзФАН, 1960, 64-бет).

Бобур мирзо яна бир темурийзода, амакиси бўлмиш  Самарқанд ҳукмдори Султон Аҳмад мирзо ҳақида ёзар экан, нақл қиладиким, «Самарқанд аҳликим, йигирма-йигирма беш йил Султон Аҳмад мирзонинг замонида рафоҳият ва фароғат била ўткариб эдилар, аксар муомала ҳазрати Хожа (Убайдуллоҳ) жиҳатидан эди ва шаръ тариқи била эди». Бошқа бир ўринда у қуйидагиларни қайд қилади:»Ҳазрати Хожа Убайдуллоҳнинг мутааллиқлариғаким, бурун харж ва таҳмилларда кўп фақир ва мискин аларнинг ҳимояти била зулм ва таддидин халос бўлурлар эди».

Бобир мирзонинг бундай ёзишига асос бор. Хожа Аҳрор ўз тасарруфидаги ер-мулкдан келган даромадларни кори хайрга, чунончи, мадраса, масжид, хонакоҳлар ва бошқа хил қурилишларга, халқ бошига тушган табиий офатлар зарарига, улусга солинган ортиқча солиқларни тўлашга сарфларди.

Бобоси Султон Абусаид мирзо ва отаси Султон Умаршайх мирзо каби Бобур мирзо ҳам Хожа Аҳрори Валийга ихлоси баланд эди. Унинг хотиралар китобини варақласангиз, Бобур ҳаётининг энг қалтис вазиятларида хожа ғайб оламидан пайдо бўлиб, каромати билан мирзога йўл очгани, кўмак берганини кўрасиз. Бу воқеалар ғаройиб ва ҳайратланарли. Бу ўринда икки воқеани келтирамиз.

Биринчи воқеа

032  1500 йил кузи. Бобур мирзо Самарқандни Шайбонийхондан тортиб олиш ниятида шаҳар яқинидаги Ёряйлоқдаги Асфидак қўрғонида ўрнашиб қулай фурсатни пойлайди. Самарқандга кириб чиққан хуфя яхши хабар билан қайтади. Эмишким, Шайбонийхон Самарқандни Жонвафобий ихтиёрига топшириб, унга бор-йўғи олти юзга яқин навкар қолдириб, ўзи шаҳар атрофидаги боғлардан бирида ором олаётганмиш. Ёнида етти-саккиз мингта яқин навкар ҳам бор эмиш. Шаҳарликлар ҳам кўчманчилар асоратидан қутилиш истагида эмишлар. Бобур мирзо шошилинч кенгаш чақиради. Асфидак қўрғонида бўлган бу кенгашда Бобур мирзо тарафдорлари ўзларининг жуда оз бор-йўғи икки юз киши бўлишларига қарамай, Самарқандни ҳозир олсак, оламиз, кейинга сурсак, ололмаймиз, халқ хонга кўникиб қолади деган қарорга келишди.

Икки юз қирқ киши улуғ бир шаҳарни қандай қўлга киритишлари мумкин эди? Бунинг учун ягона йўл шаҳарга кечаси, эл ётган пайтда, хуфёна кириб олиш эди. Фақат бу ҳужум кутилмаган ва шиддатли бўлиши шарт. Шаҳар ичидаги тўрт юз-беш юз одамни енгиш осон бўлмас, бироқ энг муҳими уларга шаҳар фуқаролари ёрдам бермаслиги тайин-ку! Шаҳар олинса, у ёғи бир гап бўлар. Шу қарордан сўнг, кун оғиши билан улар Ёряйлоқдан йўлга чиқиб, ярим кечада Хонюртига етиб келдилар. Аммо олдинга юборилган хабаргирлар: «Шаҳардагилар бу режамиздан хабардор бўлмиш», — деган гапни олиб келгандан кейин Бобур мирзо ўз лашкарини ортга — Ёряйлоққа бошлаб қайтди.

Душманни ғафлат уйқусида босиш учун яна Асфидак қўрғонидан бош чиқармай кутиш бошланди. Аммо шундай сўлғин куз оқшомларининг бирида қизиқ воқеа бўлади. Бобур мирзонинг  ҳар оқшом атрофига яқинларини тўплаб, уёқ-буёқдан суҳбатлашиб ўтириш одати бор эди. Лекин гап ҳар гал барибир Самарқандни олишга келиб тақаларди. Мана шундай қизғин суҳбатларнинг бирида Бобур мирзо: «Келинг, айтингким, Тангри рост келтурса, Самарқандни қачон олғаймиз?» — деган саволни ўртага ташлади. Ҳамма жимиб қолди. Бироздан сўнг даврадагиларнинг бири: «Ёзда олғайбиз!», иккинчиси: «Бир ой — қирқ кунда!», бошқаси: «Йигирма кунда олғайбиз!» деган гап қилди. Даврада ўтирганлар ичида сухандонликдан кўра қилич чопқиллашга мойил, камгап Нўён Кўкалтош бўлса айтдиким: «Ўн тўрт кунда олурбиз!»

Даврадагилар: «Нега айнан ўн тўрт кунда, а, Кўкалтош, айтинг?» — деб Нўён Кўкалтош устидан кулдилар. Бобур мирзо ҳам бошқалардан кўра бирмунча ортиқ меҳр қўйган бу содиқ навкарининг сўзини эшитиб, мийиғида кулиб қўйди. Фақат ичида «кошки» деган гап, юрагини ачиштириб, ғимирлади.

Бобур мирзо ўша кеча ғалати туш кўради. Бу ҳақда «Бобурнома»да шундай ёзилган: «Туш кўрарманким, ҳазрати Хожа Убайдуллоҳ келмишлар, мен истиқболлариға чиқмишмен. Хожа келиб ўлтурдилар. Хожанинг олиға ғолибо бетакаллуфроқ дасторхон солмишлар. Бу жиҳаттин ҳазрат хотириға нима келмиш. Мулло Бобо менинг сари боқиб ишорат қиладур. Мен ҳам имо била дедимким: «Мендин эмастур. Дасторхон солғучи тақсир қилибтур?». Хожа фаҳм қилиб, бу узр масмуъ тушти. Қўптилар. Узата чиқдим. Ушбу уйнинг долонида ўнг қўлумдин ё сўл қўлумдан тутиб, андоқ кўтардиларким, бир оёғим ердин қўпти. Туркий дедиларким:»Шайх маслаҳат берди». Ўшул неча кунда Самарқандни олдим…»

Бобур мирзо Нўён Кўкалтош сўзини ҳам эслаб ёзади: «Тангри рост келтурди, рост ўн тўрт кунда Самарқандни олдук».

«Бобурнома»дан келтирилган парчада Бобур мирзонинг Хожа Аҳрори Валийга бўлган ботиний бир ҳурмат ва ихлосни зоҳир этувчи бир аломат бор. Тарихда Хожани не-не фахрли номлар билан аташмаган. Агар Жомий уни «Каъбаи мақсуд» деб билган бўлса, Ҳазрат Алишер Навоий уни «Тариқат қутби» деб эътироф этса, Бобур мирзо бу парчада хожани «Мулло Бобо» деб атайдики, бу соддадиллик билан айтилган номда жуда улкан меҳр яширинганини сезмасдан илож йўқ.

Иккинчи воқеа

032  Бобур мирзо ҳам Андижондан, ҳам Самарқанддан айрилиб сарсонликда қолган кунларнинг бирида у бир гуруҳ мунофиқ кишилар қўлига тушиб қолади. Улар Бобур мирзони тутиб, мирзонинг ашаддий ғаними Аҳмад Танбалга топширмоқ илинжида эдилар. Бундан хабар топган ёш мирзо бутун умидини йўқотгудек аҳволга тушади. Бобур мирзо бу воқеани хотираларида шундай тасвирлайди:

«Ўзумни ўлумга қарор бердим ( Бобур ўлимни бошимга олиб иш тутмоқчи бўлдим, демоқчи). Ўшал боғда бир сув оқиб келадур эди, вузу қилдим, икки ракъат намоз ўқудим, бошимни муножотқа қўюб, тилак тилайдур эдимким, кўзум уйқуға борибтур. Кўрадурменким, Хожа Яъқуб, — Хожа Яҳёнинг ўғли, ҳазрати Хожа Убайдуллоҳнинг набиралари рўбарўйимга аблақ от миниб, кўп жамоати аблақсувор билан келдилар. Дедиларким:»Ғам емангиз. Хожа Аҳрор мени сизга йибордилар. (Хожа Аҳрор) дедиларким, биз аларға истионат тегуруб, подшоҳлик маснадиға ўлтурғузуббиз. Ҳар ерда мушкул иш тушса, бизни назариға келтуруб ёд этсун, биз анда ҳозир бўлурбиз. Ҳоло ушбу соат фатҳ ва нусрат сизнинг соридур. Бош кўтаринг, уйғонинг».

Ўшал ҳолда хушҳол бўлуб уйғондимким, Юсуф доруға ва ҳамроҳлари бир-бирига маслаҳат қиладурларким, баҳона қилиб ҳаял қиладур, тутуб боғламоқ керак.
Бу сўзни мен эшитиб дедиким:»Сизлар бу йўсунлуқ сўзларсиз, аммо кўрайинким, қайсингиз менинг қошимға келар олурсиз?»

Ушбу сўзнинг устида эдиким, боғнинг деворидин ташқари қалин отлиқнинг келур овози келди. Юсуф доруға дедиким:»Биз агар сизни олиб Танбал қошиға борсак эди, бизнинг ишимиз илгари борур эди. Ҳоло яна кўп киши йиборибтур, сизни тутғали.

Ул яқин қилдиким, бу овоз Танбалнинг йиборган кишиларининг товуши бўлғай. Бу сўзни эшитгач, манга изтироб кўпроғ бўлуб, қилур ишимни билмадим.

Ўшал ҳинда бу отлиқлар боғнинг эшигини топарға фурсат қилмай, деворниким, эски бўлғон еридин раҳна қилиб кирдилар. Кўрсамким, Қутлуқ Муҳаммад барлос ва Бобои Парғарийким, менинг жон тортқон навкарларим ўн-ўн беш, йигирма киши бўлғай, етиб келдилар. Булар ёвуқ келиб, оттин ўзларини ташлаб, йироғдин ёкуниб, таъзим қилиб, менинг оёғимға йиқилдилар. Ўшал ҳолда манга андоқ ҳолат бўлдиким, гўё манга янги боштин худой жон берди. Мен дедимким:»Ул Юсуф доруғани ва бу турғон муздур мардакларни тутуб боғланг. Ўшал мардаклар қоча бериб эдиким, бир ерда бировни тутуб боғлаб келтурдилар».

Мен дедимким:»Сизлар қайдин келасиз, нечук хабар топдингиз?» Қутлуқ Муҳаммад барлос дедиким:»Аҳсидин қочиб чиқғанда сиздин айрила тушганда Андижон келдимким, хонлар (яъни Бобур мирзонинг тоғалари: Султон Маҳмудхон ва Султон Аҳмадхон) ҳам Андижон келибтурлар. Мен туш кўрдумким, Хожа Убайдулло дедиларким:»Бобур подшоҳ Карнон деган кенттадур, бориб ани олиб келингким, подшоҳлик маснади анга тааллуқ бўлубтур». Мен бу тушни кўруб, хушҳол бўлуб, улуғ хон, кичик хонға арз қилдим, хонларға дедимким:»Менинг беш-олти иним — ўғлум бор, яна бир неча йигит қўшунгиз, Карнон тарафидин бориб, хабар олайин». Хонлар дедиларким:»Бизнинг хотиримизға ҳам етадурким, ўшал йўлға борғон бўлғой»… Букун уч кундурким йўл келабиз. Аламдулиллоҳ, сизни топтук, дедилар. Айттиларким:»Юрунг, отланинг, бу боғланғанларни ҳам олиб боралинг; мунда турмоқ яхши эмастур. Танбал сизни мунда келган хабарингизни топибтур. Ҳар тавр қилиб бориб, хонларга қўшулалинг.

Ўшал замон отланиб, Андижон тарафиға юруй бердук… Андижонға кириб улуғ хон додам ва кичик хон додамни кўрунуш қилдим ва ўткан кунларни тамом баён қилдим. Хонлар билан тўрт ой бирга бўлинди. Ҳар ерда борғон-кўрган навкарларим йиғилдилар. Уч юздин кўпрак киши бор эди. Хотиримға келдиким, токай бу Фарғона вилоятида саргардон бўлуб турмоқ керак, бир тарафға талаб қилойин деб…»

Шундан кейин, Гулбаданбегим ёзганидек, «икки юз киши пиёда, елкаларида чопон, оёқларида чориқ, қўлларида таёқ бўлгани ҳолда, худога таваккал қилиб, Бадахшон ва Кобулга қараб йўл олдилар». Аммо роппа-роса бир йилдан сўнг, Карнон кентидаги туш ўнг келди, Хожа Аҳрори Валий башорати юзага чиқди: Бобур мирзо Кобулни фатҳ этди ва қисқа муддат ичида кучли давлат тузиб, подшоҳлик мақсадига эришди…

Бобур мирзо умрининг охиригача Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорга бўлган ихлосини муқаддас тутди. Умрининг сўнгги йилларида, кетма-кет оғир хасталикларга чалинган кезларида ҳам, шифони хожа руҳониятидан излайди. Бобурнинг бутун ҳаёти давомида мададкор куч сифатида қўллаб келган хожа бу сафар ҳам унга нажот йўллайди:

«Сешанба кечаси, сафар ойининг йигирма еттисида Ҳазрат Хожа Убайдуллоҳнинг «Волидиййа» рисоласини назм қилмоқ хотиримға кечти. Ҳазратнинг руҳиға илтижо қилиб, кўнглумга кечурдумким, агар бу манзум ул ҳазратнинг мақбули бўлур, ҳуд нечукким, соҳиби «Қасидаи Бурда»нинг қасидаси мақбул тушуб, ўзи афлиж маразидин халос бўлди, мен доғи бу оризадин қутулиб, назмимнинг қабулиға далиле бўлғусидур. Ушбу ният била «рамали мусаддаси махбуни аруз» ва «зарбгоҳи махбуни маҳфуз»  вазнидаким,мавлоно Абдураҳмон Жомийнинг «Суҳба»си ҳам бу вазндадур, рисола назмиға шуруъ қилдим, ҳам ўшал кеча ўн уч байт айтилди. Интизом йўсунлуқ, кунда ўн байттин камрак айтилмас эди. Ғолибо бир кун тарк бўлди. Ўтган йил ва балки ҳар маҳал мундоқ оризаким бўлди, ақалли бир ой — қирқ кунга тортти. Тангри инояти била, ҳазратнинг (Хожа Аҳрорнинг) ҳимматидин, панжшанба куни, ойнинг йигирма тўққузида андаке афсурда бўлди, ўзга бу оризадин халос бўлдум. Шанба куни рабиул-аввал ойининг секкизида рисола сўзларитнинг назм қилмоғ ихтимомиға етти. Бир кун эллек икки байт айтилди.»

Бобур мирзо ўз маънавий устозини шундай таърифлайди:

Хожалар Хожаси ул Хожа Убайд,
Ходиму чокари Шиблийу Жунайд.
Ҳолату мартабаси зоҳирдур,
Васфу таърифида тил қосирдур.

Бобур  “Волидия” рисоласини таржима қилгандан кейин рисоланинг  бир нусхаси ва бир неча рубоийларини  яна бир пири — нақшбандия тариқатининг ўша даврдаги   олиймақом вакили  Махдуми Аъзам — Саййид Аҳмад ибн Жалолуддинга юборади. Махдуми Аъзам рисола таржимасига юқори  баҳо беради (Бу хусусда мақоламизнинг иккинчи қисмида келадиган Махдуми Аъзам бобида яна тўхталамиз).

Хожа Аҳрорнинг авлодлари ҳам Мовароуннаҳрни тарк этган Бобур мирзо билан алоқани узмадилар. Хожанинг набиралари, шайбонийлар томонидан бири қувғин, бири шаҳид этилган икки ўғли: Хожа Абдуллоҳ билан Хожа Яҳъёнинг фарзандлари бўлмиш  Хожа Абдулҳақ ва Хожа Калон 1528 йилда Ҳиндистонга борганлари маълум.

«Бобурнома»да  Бобур бир маросимда ҳазрати Хожанинг набираларини иззат қилиб, ўнг қўлида ўлтирғизгани ҳақида ёзади:  «Шанба куни ойнинг олтисида тўй бўлди…Мен янги солғон мусамман хаспўш талорнинг шимолий зилъида ўлтурдум,ўнг қўлумда бешолти қари — Тўхта Бўға султон ва Аскарий ва Ҳазрати Хожанинг авлоди Хожа Абдушшаҳид ва Хожа Калон…яна Самарқанддин келган хожаларнинг тавобеи ҳофиз ва муллолар ўлтурдилар…Улуғ ош тортилғондин кейин,Хожа Абдушшаҳид била Хожа Калонға ўрмак  абралиқ қиш жуббалар муносиб хилъатлар кийдурулди…Икки хожаға…кумуш тоши била олтун ва олтун тоши била кумуш тортилиб,инъом бўлди…Ҳофиз Тошкандий ва мулло Фарруҳ бошлиқ Хожанинг мулозимлариға…ҳам олтундин,кумушдин таркаш била инъомлар бўлди».

Хожа Абдулҳақ 1530 йилгача Аграда яшайди, аммо Хожа Калон шайбонийлар йўллаган элчилар қаторида Самарқандга қайтади. «Бобурнома»дан: «Тонгласиға Хожа Абдулҳаққа Ограда турмоққа ва Хожа Калон — Хожа Яҳёнинг набирасиғаким, ўзбек хон ва султонларидин рисолат тарийқи била келиб эдилар. Самарқанд бормоққа рухсат бўлди».

Бобур мирзо ўз фарзандларига ҳазрат хожа ва унинг авлодларига эътиқодда бўлишни васият қилади. Хусусан, у ўғли Комрон мирзога йўллаган мактубида шундай насиҳат қилади: «Тақи Мовороуннаҳр эли бисёр содалавҳ элдурлар. Ҳар нечаи беқобилият бўлсалар, аларга эътимод қилса бўлур. Тахсис ул қурси шабистонининг шамъи анваридур, аё гулистонининг андалиби суханвари ҳазрат Хожа Убайдуллоҳким, имдод қилибтурлар, то ғоят бу ишларни(нг) давлати ул азизларнинг ҳимматидиндур.

Ул силсиланинг мурид ва асҳоби подшоҳзода деб сенга келсалар, зинҳор акром ва эъзозларини маръий тутиб, аларнинг борисида тақсир қилмағайсен. Аларким, ишқ бобинда бўлурлар, севарларнинг итини ҳам севарлар».
Бу мактуб хусусида Бегали Қосимов мақоласини ўқинг.

Бобур мирзонинг фарзандлари оталари васиятини азиз тутдилар, нақшбандия хонадони ва ҳазрати хожанинг авлодларига ихлос амалида бўлдилар. Чунончи, Ҳасанхожа Нисорий ўз тазкирасида Комрон мирзо ҳақида ёзар экан, қайд этади:»Иродат нисбати ҳазрат шайхи мутлақ Хожа Абдулҳақ бин Ҳазрат Хожага бин Ҳазрат Хожа Носириддин Убайдуллоҳга эди. Ва ҳазрат Хожа Абдулҳақ улуғ бобосининг суҳбати шарифини топган эдилар, аларга эргашиб тариқат маслакларини босиб ўтиб, ҳақиқат мамлакатларига етишган эдилар. Хожа Абдулҳақ тақдир тақозоси билан бир неча муддат Ҳиндда Ватан тутдилар ва ўша ердан Ҳижоз орзуси кўйига тушиб, рост йўлидан шариф ҳарамлар тавофига мушарраф бўлганлар».
Яна шу муаллиф Хожа Аҳрори Валийнинг бошқа бир набираси, Хожа Абдулҳақнинг туғишган биродари Хожа Муъиниддин — ҳазрат Хожа Хованд Маҳмуд (бир китобда Муҳаммад) ҳақида маълумот бериб, «мулукона сулук қилиб, Ҳумоюн подшоҳ билан муҳосиб бўлган» деб қайд этади.

ДАВОМИ БОР

  021                                                                                                                                MUALLIFDAN
055

Mirzo Bobur shaxsiyati, uning ijodiy va siyosiy faoliyati yoshligimdan diqqatimni tortgan. «Boburnoma» esa eng sevimli, takror-takror o’qiydigan kitobimga aylangan. Ayni shu qiziqish, uzoq yillik o‘rganish natijasida bu dilbar siymoga bag‘ishlangan bir necha she’ru maqola, kichik doston, “Samarqand xayoli” nomli qissa, “Sog‘inch yoxud Boburshoh” nomli pyesa yozdim.

1994 yili yoz kunlaridan birida devonda bo‘lib o‘tgan suhbatdan keyin yurtboshimiz Islom Karimov meni oldlariga chaqirib: “Amir Temur qanday buyuk zot bo‘lganini bilasiz-a?” — deb savol berdi. Men “Bilaman”,— deganday bosh silkigach, — «Ammo, Temur birdan shunday ulug‘ odam bo‘lib tug‘ilmagan-ku,dedi Islom aka menga jiddiy tikilib, — Uni ulug‘ qilgan ustozlari bo‘ladi. Siz uning ustozlari haqida yozing. Hamma bilsin».

Mana shu gapdan keyin “Amir Temur pirlari” maqolasini yozdim va u 1995 yili “Tafakkur” jurnalining 1-sonida bosilib chiqdi (Maqolani mana bu sahifada mutolaa qiling).

Keyinchalik “Mirzo Bobur pirlari” maqolasini yozishga kirishdim. Ushbu badiada Bobur mirzo e’tiqod qo‘ygan naqshbandiya xonadoniga mansub uch ulug‘ peshvo haqida hikoya qilishni maqsad qildim. Bu ulug‘ insonlarni bilish Bobur mirzo tabiatdagi ko‘p qirralarni kashf etishi shubhasizdir.

Bugun ham Bobur avlodlariga bag‘ishlangan bir necha asar ustida ishlamoqdaman.

 

Xurshid Davron
BOBUR MIRZO PIRLARI
Birinchi maqola
055

034Tarix to’qqiz yuz o’ttiz yettinchi hijriy, jumodil-avval oyining oltinchi kuni — melodiy 1530 yil 26 dekabrida Hindiston mulkining hukmdori Bobur podshoh Agradagi o’z qo’li bilan obod qilgan Zarafshon bog’ida olamdan o’tdi. Xalq orasida podshohlar o’limi hamisha isyonu tafriqa qo’zg’agani sababidan Boburshohning o’limini ancha vaqtgacha sir tutdilar. «Boburshoh toju taxtni farzandi Muhammad Humoyunga topshirib, o’zi darveshlik yo’lini tutmish», — degan xabar chiqardilar.

Tarqatilgan xabar yolg’on bo’lsa-da, ammo bu gapni aytishga asos bor edi. Ko’pchilik Boburshoh keyingi yillarda xilvatlanishlikni orzu qilib, bir necha karra «Ko’nglim saltanat va podshohlikdan olindi, shu Zarafshon bog’ida bir burchakda o’tirsam, podshohlikni Humoyunga bersam», — deganini eshitgan edi. Aslida ham bu niyat Boburshohning ko’ngul orzusi edi. U dunyodan ko’z yumish oldidan ham «Shu maqsadimga yetmadim» deya armon qildi.

O’n bir — o’n ikki yoshidan boshlab, umri jangu jadal, sarsonlik-sargardonlik ichra kechgan, ona yurtini tark etishga majbur bo’lgan Bobur mirzo umrining shomida ulug’vor saltanatga asos solgan bo’lsa-da, ko’ngli g’arib, iztirobli bo’lib qolaverdi.

Xazondek qon yoshim sorig’ yuzimdan el tanaffurda,
Ba har range, bihamdillah, ulusdin o’zni qutqordim.…

Uning ko’ngli halovat istar, saltanat esa halovat berolmasdi. Uning nazarida: «Podsholik bila yolg’izlik rost kelmas». Shu sababdan ham o’zini podshohlikdan qutqarmoq istagan Bobur umrining shomini ijodga, so’fiyona turmushga bag’ishlashni orzu qilardi. Hind rojasi Rano Sango bilan bo’lgan jang arafasida ichkilikni tark etishni ahd qilishi, so’nggi g’azallarida tasavvufona ohanglarning paydo bo’lishi mana shu orzu mevalari edi.

Bobur mirzo o’z ajdodlari — Sohibqiron Amir Temurdan to otasi Sulton Umarshayx mirzoga qadar bu ulug’ xonadonga urf bo’lgan Xojagon — naqshbandiya tariqati amalida bo’lishni muqaddas tutdi, ota-bobolari kabi tariqat peshvolari bilan mudom hamsuhbat bo’lib, ularni ruhoniyat olamida o’ziga ustod va pir deb bildi. Hasanxojo Nisoriy «Muzakkiri ahbob»da, fikrimizni tasdiqlovchi, quyidagi satrlarni yozadi: «Bobur podshoh naqshbandiya oliy xonadoniga irodat nisbati bor edi. Yuqori shon-shavkatli bobosi va saltanat nishonli otasining hazrat Xoja Ahrorga irodati bo’lgan. Bobur podshoh ham bu ulug’lar xonadoniga nisbatan izzat-ikromni soatma-soat oshirar va biror daqiqa bu ishni kanda qilib, g’aflatda qolmas edi. Barcha darveshlarga lutf eshigini ochib, niyozmandlik yumushini bajo keltirardi».

Sulton Abusaid mirzoning kenja o’g’li, Farg’ona viloyati hukmdori Sulton Umarshayx mirzo xonadonida to’ng’ich o’g’il tug’ilganda unga ism qo’ygan zot ham Xoja Ubaydulloh Ahrordir.
Bir ko’hna kitobda qayd etilganidek, «ul zot bobarakatig’a hazrat Xoja Ahrori Valiy Mirzo Bobur ismg’a xitob qildilar. Xutbada xatiblar Muhammad Zahiriddin (Zahirullohdin) Bobur o’qir erdilar».

Bu xususda Mirza Haydarning «Tarixi Rashidiy» asarida quyidagicha yozilgan: «…Podshoh (Mirzo Bobur) sakkiz yuz sakson sakkizinchi yil muharram oyining oltinchi (1483 yilning 14 fevrali) kunida tavallud topdi. Ulug’bekning ulamoyi mutahhirlaridan biri – Mavlono Munir Marg’inoniy uning tug’ilgan yili tarixini «Shashi muharram» (muharram oyining oltinchi kuni) so’zlaridan topdi. Ular Hazrat Eshon Ubaydullohdan go’dakka ism qo’yib berishni so’rashdi. U kishi Zahiriddin Muhammad ismi bilan musharraf qildilar. U paytda chig’atoylar ko’chmanchi hayot kechirishar, o’troq emas edi, ular Zahiriddin Muhammadni aytishga qiynalishardi, shu sababli uni Bobur deb ham atardilar. Xutba va yorliqlarda uni «Zahiriddin Muhammad Bobur» deb aytishdi va yozishdi. Ammo u ko’proq Bobur Podshoh nomi bilan mashhurdir.

Nasl-nasabi: Umarshayx ko’ragon ibn Sulton Abusaid ko’ragon ibn Sulton Muhammad mirzo ibn Mironshoh mirzo ibn Amir Temur ko’ragondir. Ona tomondan – Qutluq Nigor xonim Yunusxon qizi ibn Uvaysxon ibn Sheralixon ibn Muhammadxon ibn Xizr Xojaxon ibn Tug’luq Temurxondir.»

Biz ushbu badiada Bobur mirzo e’tiqod qo’ygan naqshbandiya xonadoniga mansub uch ulug’ peshvo haqida hikoya qilishni maqsad qildik. Inchunin, Bobur mirzo shaxsi tabiatini anglash uchun yolg’iz uning ijodi va faoliyati emas, shu bilan barobar u ustodu pir deb bilgan kishilar qanday fazilatli zotlar bo’lganini bo’lganini bilish zarur. Bu ulug’ insonlarni bilish Bobur mirzo tabiatdagi ko’p qirralarni kashf etishi shubhasizdir.

I. BOBUR MIRZONING MULLO BOBOSI — XOJA UBAYDULLOH AHROR

 Zamonlar o’tib «Naqshbandi Soniy» («Ikkinchi Naqshband») deb  e’tirof etilgan  muborak zot hijriy 806 yilning ramazon oyida — melodiy 1404 yilning mart oyida Toshkent viloyatidagi tog’li Bog’iston qishlog’ida tavallud topgan. Rivoyatlarga ko’ra, xoja mansub oila xalifai choryordan bo’lmish hazrati Umar naslidan bo’lgan. Xoja Ubaydullohning otasi Xoja Mahmud bo’lib, uning ajdodi Xoja Muhammad Nomiy — Bag’dodiyga borib ulangan. Xoja Muhammad Nomiyni ba’zi roviylar Bag’doddan, ayrimlari Xorazmdan deb qayd etganlar. U o’sha davrda Toshkentning mashhur ulamosi bo’lmish Shayx Abu Bakr Muhammad bin Ali bin Ismoil Qaffoli Shoshiyning dovrug’ini eshitib, uning huzuriga ilm tilab keladi va Toshkentda qolib ketadi. Xoja Ahror Vali mana shu xojadan qolgan oila davomchisi edi. Xoja Ubaydullohning onasi Xoja Dovudning qizi bo’lib, Xoja Dovud esa Shayx Xovandi Tahur farzandidir. Shayx Xovandi Tahurning otasi esa hazrati Xoja Bahouddin Naqshbandning e’tiborini qozongan Shayx Umar Bog’istoniy edi.

Xoja Ahror eslaydilarkim: «Men bir yashar erdim va mening boshimni qirgan erdilar. O’shal kuni Amir Temur vafot qilgani to’g’risida xabar keldi. Odamlar pishib turgan oshlarini tashlab, bir-birlariga urilib-turtinib yugurib ketdilar».

Darvesh Muhammad Saripuliy naql qiladi:
«Men kichik yoshda edim, o’shanda otam mavlono Nizomiddin Xomush xizmatlarida erdilar. Ularning aytishlaricha, bir kun Mavlono Nizomiddin muroqabaga o’tdilar va otam o’z ishlari bilan mashg’ul bo’ladilar. Bir necha lahzadan so’ng mavlono birdaniga faryod qilgan ekanlar va otam bu faryodning ma’nisini so’rasalar, mavlono: «Sharq tomonidin bir kishi paydo bo’ldi, nomi Xoja Ubaydullohdur, u butun yer yuzini oladigan kishidur», — degan ekanlar».

Xoja Ubaydullohning bolalik va yoshlik yillari Bog’iston va Toshkentda, Qaffol Shoshiy marqadi atrofidagi mahallada kechdi. Keyinchalik o’sha davrlarni xotirlab, quyidagilarni naql qilgan:»O’n sakkiz yoshga to’lgan edim, kechalari Toshkandning jamiy mozorlarini tavof qilar edim. Shu jumladan Shayx Abubakr Qaffol Shoshiy, Shayx Xovandi Tahur, Xoja Ibrohim Kimyogar, Shayx Zayniddin Ko’yi Orifon mozorotlarini tavof qilar edim, menda hech qo’rqish va xavf sezilmas edi». Boshqa bir joyda o’sha yillar yuz bergan boshqa voqeani xotirlaydi:»Yoshligimda hazrati Shayx Abubakr Kaffolning nurli mozorotini tavof qilganimda Hazrati Isoni tush ko’rdim. U hazrat menga iltifot qilib dedilarkim:»G’am yema, sening tarbiyangni biz o’z zimmamizga olganmiz… Hazrati Iso kaminani o’z tarbiyalariga olganlari sababidan bu faqirda o’lik qalblarni tiriltirish sifati ayon bo’ldi…»

Xoja Ubaydulloh 20 (22 deb ham keltiriladi) yoshga to’lganda tog’asi Xoja Ibrohim uni ilm tahsili maqsadida Samarqandga olib boradi. Tog’a o’z jiyanini mavlono Qutbiddin Sadr madrasasida joylashtiradi. Ammo yosh yigitda ilm olish ishtiyoqidan azizlar suhbatida bo’lish ishtiyoqi ko’proq edi. Samarqandda ekan, o’z davrining mashhur allomalari Sa’diddin Koshg’ariy, Amir Sayid Qosim Anvor, mavlono Nizomidddin Xomush mulozimatlarida bo’lib, hamsuhbatlik qildi.

«…Ko’nglimda ilm olish istagi tug’ilib, yigirma yoshimda Toshkentdan Mavlono Nizomiddin Xomushning xizmatlariga ravona bo’ldim. U kishi o’sha payda Samarqanddagi Ulug’bek madrasasida mudarrislik qilar edilar («Ash Shaqbiq an-No»moniya»)».

Ikki yildan keyin sog’lig’i yomonlashgani tufayli madrasa tahsilidan uzoqlashgan Xoja Ubaydulloh murshidi komil izlashga otlanadi. U dastlab Buxoroga boradi. Yo’lda Shayx Sirojiddin Pirmastiy qishlog’iga qo’nib, bir hafta shayx bilan suhbatda bo’ladi. So’ng Buxoroga borib mavlono Hisomiddin Shoshiyni ko’rgan, Xoja Alovuddin G’ijduvoniy bilan suhbatlar qurgan ekan. Keyinchalik Buxorodan Xuroson tomonga murojaat qilgan. Marv yo’lidan o’tib, Hirotga yetgan va u yerda uzoq vaqt yashab Sayyid Qosim Tabreziy, Shayx Bohavaddin Umar, Shayx Zayniddin Xavofiyning suhbat va mulozimatlarida bo’lgan.

Xoja Ubaydulloh naql qiladilar: «Men Samarqand va Xurosonda ko’p akobirlar suhbatida bo’ldim, lekin hazrat Sayyid Qosim Tabreziy kabi ulug’ kishini ko’rmadim. Har marotaba hazratning suhbatlariga yetishganimda menga shunday ko’rinar ediki, ul kishining girdu atroflarida tamomi koinot aylanib, eshonning botinlarida mahv bo’lur /yo’qolur/ edi. Hazrat Sayid Qosim eshiklarining oldida bir posbon turardiki, hech kimsani ularning oldilariga ruxsatsiz qo’ymas edi. Lekin u posbonga Hazrat Sayid Qosim:»Har mudomki, bu turkistonlik javon ( yigit) kelsa, unga qarshilik ko’rsatmag’il va qo’ygilkim, oldimga kirsin», — deb buyurgan edilar…»

Xoja Ubaydulloh yana naql qiladilar: «Hirotda bo’lgan chog’larimda Hazrat Sayyid Qosim Tabriziy huzurlariga borib turardik. Ul zot oshining yarmi yeyilgan o’z kosalarini menga uzatib, bunday buyurar edilar: “Ey shayxzodai turkistoniy, hamchunonki in noxushon qubobi mo shudaand, zud boshadki dunyoyi tu qubobi tu shavad”. (“Ey turkistonlik shayxzoda, ushbu yoqimsizlar bizni o’rab olganlaridek, tezlikda dunyo va davlating seni ham o’rab oladi” ) Sayyid bu so’zlarni aytgan chog’larida dunyodan mening hech qanday nasibam yo’q edi”.

Xoja Ubaydulloh Hirotda ekan Shayx Bahovaddin Umarga ham irodat qiladi. Ammo,naql qilinishicha, Xoja Ubaydullo Shayx Bahovaddinga bir savol bilan murojaat qilib, qanoatlanarli javob ololmagach, shayx u izlagan piri komil emasligini anglaydi. U javob izlagan muammo esa bobokaloni bo’lmish Shayx Umar Bog’istoniyning bir nasihati bilan bog’liq edi. Shayx Umar Bog’istoniy farzandi bo’lmish Shayx Xovandi Tahurga nasihat qilib:»Mullo bo’lma, shayx bo’lma, so’fiy bo’lma, musulmon bo’l!» deb ta’kidlagan ekan.

Xoja Ubaydullo 1432-1433 yillarda Chag’oniyonga yo’l olib, Hazrati Xoja Naqshbandning to’rt asosiy xalifasidan biri bo’lmish mavlono Ya’qub Charxiy mulozamatiga boradi. Xoja naql qiladi:»Mavlono Ya’qub Charxiy mulozimatlariga borib edim. So’radilar:»Qaydin sen?» Aytdimki:»Shoshiydin». So’radilar:»Shayx Umar Bog’istoniyga qarobating (yaqinliging) bormi?» Bu savol menga xush kelmadi va aytdim: «Otam u kishiga murid emishlar». So’ng mavlono Shayx Umar Bog’istoniyni ta’rifu tavsiya qildilar».

Xoja Ubaydulloh mavlono Charxiydan naqshbandiya tariqati asoslarini o’rganadi, ustozining «Risolai Unsiya»sini qunt bilan mutolaa qiladi. U mavlono Charxiy siymosida o’z izlagan ma’naviy ustozni ko’rib, uni murshid sifatida tan oladi va ko’p o’tmay ustozidan irshodlik (yetuklik) xatini oladi. Shundan so’ng 29 yashar Xoja Ubaydulloh o’z tug’ilgan yurti — Farkat (Parkent)ga ga qaytib, ziroat bilan mashg’ul bo’ladi.

Xoja Ahror as’hobidan birining naql qilishicha, bir kun Xoja Ahror Farkatda ekan, o’z mulozimlaridan qalamu qog’oz talab qilgan. Keyin qog’ozga temuriyzoda Sulton Abusaid nomini yozib, o’z sallasi orasiga solib qo’yadi. O’sha paytda hali Sulton Abusaiddan nom-nishon yo’q ekan. Mulozimlar:»Bu kimning nomi bo’ldi?» deb so’raganda, xoja ularga:»Bu shunday kishining nomiki, tez orada Toshkand, Samarqand, Xuroson va hamma uning ra’iyatida bo’ladi», — degan. Shu voqeadan ko’p o’tmay, Sulton Abusaidning nomi Farkatga yetgan ekan.

Boshqa rivoyatga ko’ra, Sulton Abusaid mirzo tush ko’rsa, tushida Xoja Ahmad Yassaviy bir purviqor kishidan Sulton Abusaidga fotiha berishni ishorat qilgan ekan. Mirzo Hazrat Xoja Ahmad Yassaviydan fotiha bergan kishining kimligini so’rayman, deb turganida uyg’onib ketibdi. Uyg’ongach, atrofidagi olimlarni chaqiradi va falon andomdagi, falon siyratli kishi kim ekanligini so’raydi. Donishmandlar uning Xoja Ahror ekanligini va u Toshkandda yashashini aytadilar. Sulton Abusaid mirzo darhol Toshkandga otlanadi va xojani u yerda topolmay Farkat tomonga boradi. O’sha yerda tushida ko’rgan kishisi — Xoja Ubaydulloh Ahrorni topadi. Katta suhbat qurib, Xojaning irodatiga kirgan mirzo undan Samarqandni fath qilish uchun fotiha so’raydi. Xoja Ubaydulloh unga:»Agar qiladigan yurishingiz islom va raiyatga shafqat uchun bo’lsa, muborak eturmanki, fath sizning tomoningizda bo’lg’ay», — degan ekan. Sulton Abusaid mirzo maqsad shunday ekanligini bildiradi.

Shu orada (temuriy shahzodalar orasida Samarqand taxti uchun kurash avjiga chiqqan kunlarda) Sulton Abusaid bilan Abdullo mirzo (Ulug’bek mirzoning kuyovi) orasida katta jang bo’ladi. Sulton Abusaid xos navkari bo’lmish Hasan bahodirdan:»Hoy, Hasan,sen nima ko’rayapsan?» — deb so’raganda, u: «Sultonim, hazrati Xojani ko’ryapman, ul kishi bizning oldimizga kelmoqdalar», — deb javob bergan ekan. Sulton Abusaid mirzo ham javobni tasdiqlab: «Vallohkim, men ham shunday ko’ryapman», — deb o’ziga tasalli bergan.

Jang yarim soatga ham cho’zilmay, Abdullo mirzo lashkari qochishga yuz o’giradi va mirzoning oti loyga tiqilib qoladi. Futsatdan foydalangan navkarlar uni tutib, boshini tanasidan judo qiladilar. Sulton Abusaid Samarqandni egallaydi.

Xoja Ubaydulloh Ahrorning aytishicha, urush bo’layotgan paytda u Farkatdan Toshkentga kelayotgan ekan. To’satdan bir oq qush yerga qulab tushadi va tipirchilab jon beradi. Uni Xoja Ahror Abdullo mirzo timsoli deb biladi, ya’ni qush halok bo’lgan asnoda mirzo ham qatlga yetgan ekan. Bu voqea sabab Sulton Abusaid mirzoning e’tiqodi xojaga yana ham oshib, uni 1451 yilda Samarqandga ko’chirib boradiki, bu Ulug’bek mirzo o’limidan ikki yil keyin sodir bo’lgan edi ( Bu gapni aytshimizdan murod, sovet davrida ko’pchilik olimlar tomonidan «Mirzo Ulug’bekning fojiona o’limida Xoja Ahrorning qo’li bor» degan gaplarning yolg’on ekanligini yana bir marta ta’kidlashdan iborat).

Muarrix Abu Tohirxoja Samarqandiy o’zining mashhur «Samariya» asarida yozadi:»Xoja Ubaydulloh Ahrorning laqabi Nosiriddin bo’lib, nasabi Umar Xattobga erishadi. Bu kishi asli Toshkand viloyatidan bo’lib, Sulton Abusaidning istagi va iltimosi bilan Samarqandga ko’chib kelib, Xoja Kafshir (Xoja Kafshiy deb ham o’qiydilar) mahallasida tura boshladi. Xoja Kafshir shaharning janub tomonida va bir toshning uchdan bir ulushi (to’rt ming qadam) chamasi olisroqdadir. Xoja Ahror Hazrat mavlono Ya’qub Charxiyning muridi bo’lib, u buxorolik Hazrat Xoja Bahouddin Naqshbandning murididir. Lekin mavlono Ya’qub Charxiy tugallikni hazrat Xoja Alovuddin Attordan topgan. Xoja Alovuddin Attor Xoja Bahouddinning xalifasi edi. Xoja Ahror shayxlik yo’lini kasb etib yurgan chog’larida Samarqand va Buxoro shaharlariga safar etib, o’sha zamonning shayxlari bo’lgan Sayid Qosim, mavlono Nizomiddin Xomush, shayx Bahovuddin Umar singari zotlarning suhbatlariga yetishdi. Eng keyin mavlono Ya’qub Charxiyga yo’liqib, murid bo’ldi va u kishidan tugallik topib, zamonning birinchi va jahonning tengsiz bir kishisi bo’ldi. Chunonchi, hazrat mavlono Abdurahmon Jomiy uning nomiga yozgan «Tuhfat ul-ahror» kitobida aytadirkim:

Zad ba jahon navbati shahanshohiy
Kamkabai faqr Ubaydullohiy
On ki zi hurriyati faqr ogah ast,
Xojai Ahror, Ubaydullost.

Tarjimasi:

Dunyoda shohlik navbati naqorasini chaldi
Ubaydulloh faqrining shavkati.
Faqrning erkinligidan xabardor bo’lgan kimsa
Erklilarning egasi bo’lgan Ubaydullohdir…

Barcha kuchli va azamatli hoqonlar xojaga qullik, farmonbardorlik va ixloskashlik kamarini bellariga bog’lagandilar. Xonlar, boshlarida xonlik jig’asi va bellarida podshohlik kamari bo’lgan holda, uning uzangusida yayov yugurar ekanlar… Valoyat va tasarrufining kuchligidan xalqning ichi va tashiga ega bo’lib, istagan yo’liga boshqarar ekan. Xoja ichki va tashqi go’zalliklar bilan bezangan bo’lib, ichki nisbatida shuncha shirinlik bor edikim, uning bandiga tutilganlarga tuganmas lazzat va bitmas halovat muyassar bo’lur ekan. Chunonchi, buning shohidi mozorining ziyoratidirkim, o’lgan ko’ngilni va titilgan yurakni tiriltiradi. Uning qabri yuzlangan kishiga yangi tiriklik va sonsiz quvonch bag’ishlaydi…

088Xoja Ahror uzoq umr kechirdi. Sakkiz yuz to’qson beshinchi (1490) yilda rajab oyining birinchi kechasi, juma’dan qaytishli shanba oqshomi g’urubdan bir yarim soat o’tgan vaqt u baxtliklarning qiblasi va oriflarning orifrog’i Samarqandning janubiy tog’i etagida bo’lgan Kamongaron qishlog’ida olamdan o’tdi. Uning jasadi u yerdan (Samarqandga) keltirilib, o’zining turar joyi bo’lgan Xoja Kafshir mahallasida, «Muhovatan mulloyon»ning tashqarisidagi tuproq haramsaroyining xilvatkadasida ko’milgan. «Shayxlik yo’lining yo’lboshchisi qolmadi» mazmunida bo’lgan «namond murshidi roh» so’zi o’limining tarixidir (895).

Xojaning ruhoniyatidan avlodi va Samarqand xalqining himoyati yo’lida kishi hayron qolarlik tasavvuf asarlari ko’rinadi. Xojaning suhbatdoshi va xalifasi ko’p. Ulardan birovi «Silsilat ul-orifin» kitobining muallifi va dahbedlik hazrat Maxdumi A’zamning piri bo’lgan mavlono Muhammad Qozidir. Ul hazrat xoja mozorining yonida ko’milgan, qabri xoja mozorining quyisida, janub tomonda, xoja oyog’ining tushma-tushidadir. Mavlono qabrining ustida daryo qirlaridan mayda qayroqtoshlar keltirib to’kilgan va ularning qabri nishonasi ham shudir. Xojaning o’zga xalifalari ham ko’pincha ularning hazirasida ko’milgandilar…»

  Qisqacha tarzda, Xoja Ahror haqida zamondoshlari yozgan asarlar haqida ma’lumot  bersak. Bu asarlarning eng birinchisi «Masmuot» («Eshitilgan) risolasi xojaning kuyovi va izdoshi bo’lmish Mir Abdulavval Nishopuriy  tomonidan yozilgan. Ikkinchi muhim manba xojaning xalifasi Muhammad Qozi Burhoniddinning  ( bu zot haqida maqolamizning ikkinchi qismida keladigan Xoja Mavlono Abdulloh Qozi bo’limida batafsil o’qiysiz)  «Silsilat ul-orifin va tazkirat us-sodiqin»  asaridir. Faxriddin Ali Safiyning «Rashahoti aynul-hayot» («Hayot chashmalaridan tomchilar»)  asari 1504 yilda yozilgan bo’lib,  o’sha davr tasavvufiy hayoti  va arboblari haqida batafsil axbarot beradigan nodir manba hisoblanadi. Bulardan tashqari Xoja Ahror haqida Abdurazzoq Samarqandiy, Mirxond, Xondamir, Zayniddin Vosifiy va albatta, Mirzo Bobur, shuningdek, Hazrati Xojaning ko’plab xalifalari, izdoshlari va zamondoshlari qoldirgan bir qator asarlarda katta-kichik hajmda ma’lumotlar mavjud.

Xoja Ahrori Valiydan meros qolgan asarlar quyidagilar: «Fiqrot ul-orifin» yoki ayrim nusxalarda «Voridot», «Risolai volidiya» yoki «Muxtasar», «Risolai Huroiya» va xojaning Alisher Navoiyga yozgan maktublari — ularni ulug’ o’zbek shoiri benihoya qadrlab, boshqa shaxslardan kelgan maktublar bilan birga maxsus daftar holiga keltirgan.

Shu o’rinda atoqli alloma Botirxon Valixo’jaevning «Buyuk ma’naviy murshid» risolasidan quyidagi parchani keltirib, Xojaning temuriylar sulolasiga va Alisher Navoiyga bo’lgan munsabatini ko’rsatishni ma’qul topdim:

Xoja Ahror va Abdurahmon Jomiyning shaxsan muloqotlari orasida va keyin ham o’zaro noma yozishlari muttasil davom etgan. Turli munosabat va mavzularda yozilgan bu nomalarida Xoja Ahror ham, Abdurahmon Jomiy ham oxirida «al-faqir» deb o’z nomlarini yozardilar. Qanchalik ibratli! Shogird o’z ustoziga xat yozganida shunday imzo Chekishi ma’lum ma’noda tabiiy ko’rinsa-da, ammo ustozning shogirdiga yozgan maktubida ham shunday yozilishi shogird oldida o’zini faqir tarzida eslatishi bu yuksak madaniyat sohibi bo’lishni, balki o’zgalarni (kim bo’lishidan qat’iy nazar) o’zidan ustun qo’yib, hurmatini joyiga keltirishdan dalolat berguvchi olijanob insoniy fazilatdir. Shularni nazarda tutib, Xoja Ubaydullohning Abdurahmon Jomiyga yozgan bitta maktubining asl matni va tarjimasini muhtaram o’quvchilar diqqatiga havola etamiz.

«Ba’d az arzi niyoz marfu’ on ki iltimos az xidmati shumo onki gohe xudro ba sharafi mulozamati xidmati mavlono Alisher madhali otifat rasonida, infaqirro ba xotiri sharifi eshon ba yod ovarda iltimos kuned, ki xolisan li vachhi subhona hech dag’dag’a va fikr nakunand dar rasonidan onchi meboyad rasond peshi hazrati saltanatshiory chi foida rasonidand on chi xayri muslimin ast. Ba haqiqat xayr dorini on hazrat ast V-as-salom. Al-faqir Ubaydulloh» (A. Chomy. Nomaho. Dushanbe, «Donish», 1989, 319–320 b., arab yozuvida).

Tarjimasi: Iltijo bilan murojaatimizdan murod shulki, Sizdan iltimos shulki, ba’zan o’zingizni mehribonlik manbai muhtaram mavlono Alisher huzuriga yetkazib, bu faqirni ul janobning tarif xotiriga keltirib, iltimos qilingkim, xudo hurmati uchun saltanat farmonlig’ hazratlari huzurida xolisan bajarilishi lozim bo’lgan vazifalarni bajarishda hech qanday dag’dag’a va fikr qilmasinlar. Qanday foyda keltiraolsalar, u muslimlar manfaatiga yo’naltirilgan bo’ladi. Haqiqatdan yaxshilik va manfaat Keltirish bu hazratning odatidir. V-as-salom. Al-faqir Ubaydulloh».

Bu maktub 1475–1476 yillardan Alisher Navoiyda Sulton Husayn Boyqaro saroyida xizmat qilishdan birvarakayiga iste’fo berish kayfiyati paydo bo’lgan vaqtlarda yozilgan. Bu xabar Hirotdagina emas, balki Samarqandda ham tarqalgan, Xoja Ubaydulloh Alisher Navoiy kabi zotning xalq manfaatlarini himoya qilish uchun ham saroy xizmatida bo’lishi zarurligini Sezib, uni bunday niyatdan qaytarish maqsadida uning o’ziga (bu xat keyin keltiriladi) murojaat qilish – xat yozish bilan qanoatlanib qolmay, balki Abdurahmon Jomiyga ham yuqorida keltirilgan maktubni yozib, Jomiyning bu ishlarga aralashuvi lozimligini uqtirgan. Bu maktubdan Xoja Ubaydulloh fuqaro manfaatlariga tegishli bo’lgan har qanday ishni bajarishga tayyorligi ko’zga tashlanadi. Shu bilan birga maktubda Alisher Navoiy «mehribonlik manbai muhtaram mavlono Alisher» tarzida eslatilganki, bu ham Xoja Ubaydullohning Alisher Navoiyga bo’lgan munosabatini yana bir karra ochiq namoyish etadi.

Alisher Navoiy ham o’zining «Hayrat ul-abror» va «Nasoyim ul-muhabbat» asarlarida Xoja Ubaydulloh haqida kengroq to’xtaladi. Jumladan, «Hayrat ul-abror» dostonida Xoja Bahovuddin Naqshband va Xoja Ubaydullohlar zikriga maxsus bob ajratib, buning asosiy qismini Xoja Ubaydulloh tavsifi va ta’rifiga bag’ishlaydi. Bu qism Alisher Navoiyning Xoja Ubaydullohga nisbatan bo’lgan munosabatini aniqlash hamda Xoja Ubaydullohning o’sha davrdagi mavqei, fazilati, ijtimoiy-siyosiy va iqtisodiy faoliyati haqida tasavvur hosil qilishda muhim bir adabiy-tarixiy hujjat sifatida ahamiyatga molik bo’lgani sababli uni muxlislarga to’la manzur etish maqsadga muvofiq ko’rindi (sharhlash oson bo’lsin uchun baytlar oldidan raqam qo’yildi). Alisher Navoiy shunday yozadi:

Ulki bu ofoq ichida toq erur,
Toq nekim, murshidi ofoq erur.

Charxi nigun dargahida xokro’b,
Balki jabini bila xoshok ro’b.

Yuz qo’yubon qullug’iga shohlar,
Bazmida Bexud o’lub ogohlar.

Xizmatidin har kishi ogoh o’lub,
Garchi gado ma’ni ila shoh o’lub.

Necha tushub egniga qilsang qiyos,
Xozini irfon kafidan yuz libos.

Zarq ila tag’yiri libos etmayin,
Tafriqai xazzu palos etmayin.

Suhbatida har necha beshakku rayb,
Jilva qilib shohidi ra’noyi g’ayb.

Go’shai xilvat aro tutmay qaror,
O’zini qilmay yashurun oshkor.

Atlasi gardun bila ming zebu far.
To’rqa to’ni ostida ko’k ostar.

Lek o’shal to’rqasi har tor ila,
Faqrda yuz murshid uchun silsila.

Mulki jahon mazrai dehqoni ul,
Balki jahon mulki nigahboni ul.

Yo’qki mamolikka nigahbon o’lub,
Borcha salotin uza sulton o’lub.

Ruq’alari yetsa ne shoh qoshiga,
Ish ani qo’ymog’lig’ o’pub qoshiga,

Anglab ani bosh uza toji yaqin,
Har so’zi ul toj uza durri samin.

Shahg’a dema lutf chog’i toj baxsh,
Balki gadolarga dog’i toj baxsh.

Haq so’zini elga qilurdi ado,
Teng ko’runub oldida shohu gado.

Chun cholinib navbati qadriga ko’s,
Shahlar o’lub navbat ila xokbo’s,

Xotir o’lub mehri jahontob anga,
Avji sharaf anjumi ashob anga.

Har biri olam eliga rahnamo,
Dema jahon ahliki, ahli samo.

Barcha suluk ahliga rahbar bo’lub,
Yo’l eliga tiyra tun axtar bo’lub.

Tiyra nazarlarga berib nuru tob,
Har birisi o’ylaki najmi shihob.

Garchi tijorat bo’lub oyinlari,
Bo’lmadi bir mulkda taskinlari.

Yuklarida to’hfai naqdi fano,
Har biri ul naqddin istab g’ino.

Simlari borsa fano qonidin,
Durlari yo’qluk suvi ummonidin.

Chun kivurub har sori raxti najot,
Band bo’lub chorsuyi koinot.

Olguvchi gar vahmi zienbud etib.
Lek bu savdo chu qilib sudib.

Toki jahon qasrining imkoni bor,
Ustida oning falak ayvoni bor,

Qo’ymasun ayvoni jahonni tihi.
Dabdabai ko’si Ubaydullohi.

Himmatidin bizni ham etsun xudoy,
Faqr yo’lida g’ani, imonga boy.

(Alisher Navoiy Xamsa. Toshkent, FAN, 1960, 49-bet.)

Muhtaram o’quvchilarga tushunarli bo’lsin degan niyat bilan quyida baytlarning nasriy bayoni ayrim sharhlar bilan keltiriladi (bayon oldidan keltirilgan raqamlar baytning raqamiga mosdir):

1. Bu ofoq-dunyoda nodir bo’lgan zot – Xoja Ubaydullohdir, u faqat nodir zot emas, balki ofoq-dunyoning murshidi, yo’lboshchisi hamdir.
2. Shuning uchun ham falak egilib, uning dargohi tuproqlarini, faqat tuproqlarinigina emas, balki xas-xoshoklarini ham kipriklari bilan supuradi.
3-4. Shohlar uning quli – muridi bo’lish uchun yuzlarini bu dargohga qo’yadilar: uning bazmiga qatnashish sharafiga muyassar bo’lgan ogoh-xabardorlar ham suhbatlari tufayli o’zlaridan ketib qoladilar. Unga xizmat qilishga chog’langan har kim ogohlik darajasiga yetadi, agar u gado bo’lsa, ma’naviy jihatdan shoh bo’ladi.
5. Agar uning egniga nazar solsang, unda irfon xazinaboni qo’li bilan kiydirilgan yuz kiyimni ko’rasan, ya’ni irfon ma’rifati undan yuzlab qavat o’rin olgan.
6. Shuning uchun u firib-nayrang bilan to’nni o’zgartirmaydi; u qimmatbaho mo’ynadan yoki oddiy matodan tikilgan to’nlarga e’tibor bermaydi, ya’ni uning kiyimlari dabdabali emas, balki oddiy kiyimlardir.
7. Uning suhbatida g’ayb olamining go’zali hech shak-shubhas
iz o’zini ko’rsatadi, ya’ni ularning suhbatlarida g’ayb olamining sir-asrori shunday go’zal tarzda bayon etiladiki, eshituvchilar uning maftuni bo’lib qoladilar.
8. Xoja hazratlari xilvat burchagini o’ziga vatan qilmay, bir burchakda yashirinib o’tirmay, balki ochiq-oshkora faoliyat ko’rsatadi.
9. Falakning qimmatbaho atlasi va dunyoning hashamati uning oddiy to’nining astaridekdir, ya’ni u oddiy bo’lib, dunyoning hashamatini ko’zga ilmaydi.
10. Ammo o’sha oddiy to’n matoyining har tori-ipi faqr-faqirlik tariqatida yuzta murshid-yo’lboshchiga oltin zanjirday bo’lib tuyuladi.
11. U jahon mulkidagi ekinzorning Dehqonigina emas, balki jahon mulkining nigohboni – qo’riqlovchisidir. 12. U mamlakatlarning nigohboni qo’riqlovchisigina emas, balki barcha sultonlarning sultonidir.
13. Agar uning ruq’alari – xatlari podshohlar qo’liga tegsa, avval uni o’padilar-da, so’ngra qoshlariga surtib e’zozlaydilar.
14. Bu nomalarni har bir podshoh boshidagi tojdek, undagi har bir so’zni esa bezagan qimmatbaho durlardek biladilar
. 15. U faqat shohlarga iltifot qilib, ularga tojlar bag’ishlamaydi, balki gadolarga ham iltifot ko’rsatib, ularni ham baland martabalar bilan e’zozlaydi.
16. U Haq (ham haqiqat, ham Olloh) so’zini elga bayon qilar ekan, bu vaqtda uning oldida shohu gado Teng ko’rinadi.
17. Uning dargohida qabul marosimi boshlanishiga guvohlik beruvchi karnaylar chalinar ekan shohlar navbat bilan kirib, dargohi tuprog’ini o’padilar.
18. Ul hazratning xotirlari jahonni yoritguvchi quyoshdek bo’lib, suhbatdoshlari esa, sharaf osmonidagi yulduzlarga o’xshaydi.
19. Uning suhbatdoshlarining har biri olam eligagina emas, balki samodagilarga ham yo’l ko’rsatuvchidirlar. 20. Suhbatdoshlarning barchasi suluk-tariqat ahliga rahbar bo’lib, qorong’i kechalari esa yo’lovchilarga yo’l ko’rsatuvchi yulduzdirlar.
21. Ularning har biri tiyra nazarlarga nur-yorug’lik bag’ishlashda Cho’lpon yulduzidekdir.
22. Ul hazratning odatlari tijorat-savdo qilish bo’lgani tufayli bir joyda sokin bo’lib qolmaydilar.
23. U kishining yuklari fano mulkidan keltirilgan bo’lib, har bir solik-yo’lovchi bu tuhfalardan boylik orttiradi.
24. Ul hazratning siym-boyliklarining barchasi fano konidan, durru-gavharlari esa yo’qlik (fano) ummonidan olingan.
25. Najot bag’ishlaguchi yuklarni turli tomonga yuborganlari tufayli koinotning chorsulari (bozorjoylari) ular bilan band bo’ldi.
26. Bu narsalarni sotib olguvchilar zarar ko’rsak kerak deb vahimaga tushishadi, ammo ularni sotib olgach, ulardan foyda ko’rishadi.
27. Toki jahon qasri bor ekan, toki uning ustiga falakning ayvoni (osmon-ko’k) bor ekan.
28. Ubaydulloh karnayining (shuhratining) dabdabasi jahon ayvonini holi qoldirmasin.
29. Olloh bul hazratning himmatin bizga ham ravo ko’rsa va shu tufayli biz ham faqr yo’lida boy bo’lib imonimiz ham boyisa (mustahkamlansa)» (Botirxon Valixo’jaev.Buyuk ma’naviy murshid» risolasidan).

Darhaqiqat, Xoja Ubaydulloh Ahror o’z davrining eng nufuzli din arbobi edi. Bobur ham yoshlikdan bu ulug’ siymoga qattiq e’tiqod qo’yadi. O’sha olis voqealar bayon qilingan solnomalarni varaqlasangiz, Sohibqiron Amir Temur saltanati parchalangandan keyin uning hududida tarkib topgan viloyatlar hukmdorlari, xoh temuriy mirzolar, xoh mo’g’ul xonlari bo’lsin, Xoja Ahrorga e’tiqod qo’yib, uning so’zi amalida bo’lganlar. Bu zot necha marta bir-biriga qilich peshlab chiqqan hukmdorlarni adolat yo’liga qaytargan, jang boshlay deb turgan lashkarlar o’rtasiga tushib qon to’kilishi oldini olgan edi. Bunga ishonish uchun «Boburnoma», «Abdullanoma» kabi mo»tabar kitoblarni varaqlash kifoya.

Mirzo Boburning Xoja Ahror nomini ilk tilga olishi 899 hijriy (1494 melodiy) yil voqealari tasvirlangan birinchi bobda ko’rinadi. Bu bobda otasi Umar Shayx mirzo vafoti haqida gapirarkan, Bobur otasi bilan hazrati Xoja Ubaydulloh munosabatlari to’g’risida quyidagicha yozadi: «(Umar Shayx mirzoning) hazrati Xoja Ubaydullohga irodati bor erdi (alarning) suhbatlariga bisyor musharraf bo’lub edi. Hazrat Xoja ham (ani) farzand deb erdilar» («Boburnoma», Toshkent, O’zFAN, 1960, 64-bet).

Bobur mirzo yana bir temuriyzoda, amakisi bo’lmish Samarqand hukmdori Sulton Ahmad mirzo haqida yozar ekan, naql qiladikim, «Samarqand ahlikim, yigirma-yigirma besh yil Sulton Ahmad mirzoning zamonida rafohiyat va farog’at bila o’tkarib edilar, aksar muomala hazrati Xoja (Ubaydulloh) jihatidan edi va shar’ tariqi bila edi». Boshqa bir o’rinda u quyidagilarni qayd qiladi:»Hazrati Xoja Ubaydullohning mutaalliqlarig’akim, burun xarj va tahmillarda ko’p faqir va miskin alarning himoyati bila zulm va taddidin xalos bo’lurlar edi».

Bobir mirzoning bunday yozishiga asos bor. Xoja Ahror o’z tasarrufidagi yer-mulkdan kelgan daromadlarni kori xayrga, chunonchi, madrasa, masjid, xonakohlar va boshqa xil qurilishlarga, xalq boshiga tushgan tabiiy ofatlar zarariga, ulusga solingan ortiqcha soliqlarni to’lashga sarflardi.

Bobosi Sulton Abusaid mirzo va otasi Sulton Umarshayx mirzo kabi Bobur mirzo ham Xoja Ahrori Valiyga ixlosi baland edi. Uning xotiralar kitobini varaqlasangiz, Bobur hayotining eng qaltis vaziyatlarida xoja g’ayb olamidan paydo bo’lib, karomati bilan mirzoga yo’l ochgani, ko’mak berganini ko’rasiz. Bu voqealar g’aroyib va hayratlanarli. Bu o’rinda ikki voqeani keltiramiz.

Birinchi voqea

1500 yil kuzi. Bobur mirzo Samarqandni Shayboniyxondan tortib olish niyatida shahar yaqinidagi Yoryayloqdagi Asfidak qo’rg’onida o’rnashib qulay fursatni poylaydi. Samarqandga kirib chiqqan xufya yaxshi xabar bilan qaytadi. Emishkim, Shayboniyxon Samarqandni Jonvafobiy ixtiyoriga topshirib, unga bor-yo’g’i olti yuzga yaqin navkar qoldirib, o’zi shahar atrofidagi bog’lardan birida orom olayotganmish. Yonida yetti-sakkiz mingta yaqin navkar ham bor emish. Shaharliklar ham ko’chmanchilar asoratidan qutilish istagida emishlar. Bobur mirzo shoshilinch kengash chaqiradi. Asfidak qo’rg’onida bo’lgan bu kengashda Bobur mirzo tarafdorlari o’zlarining juda oz bor-yo’g’i ikki yuz kishi bo’lishlariga qaramay, Samarqandni hozir olsak, olamiz, keyinga sursak, ololmaymiz, xalq xonga ko’nikib qoladi degan qarorga kelishdi.

Ikki yuz qirq kishi ulug’ bir shaharni qanday qo’lga kiritishlari mumkin edi? Buning uchun yagona yo’l shaharga kechasi, el yotgan paytda, xufyona kirib olish edi. Faqat bu hujum kutilmagan va shiddatli bo’lishi shart. Shahar ichidagi to’rt yuz-besh yuz odamni yengish oson bo’lmas, biroq eng muhimi ularga shahar fuqarolari yordam bermasligi tayin-ku! Shahar olinsa, u yog’i bir gap bo’lar. Shu qarordan so’ng, kun og’ishi bilan ular Yoryayloqdan yo’lga chiqib, yarim kechada Xonyurtiga yetib keldilar. Ammo oldinga yuborilgan xabargirlar: «Shahardagilar bu rejamizdan xabardor bo’lmish», — degan gapni olib kelgandan keyin Bobur mirzo o’z lashkarini ortga — Yoryayloqqa boshlab qaytdi.

Dushmanni g’aflat uyqusida bosish uchun yana Asfidak qo’rg’onidan bosh chiqarmay kutish boshlandi. Ammo shunday so’lg’in kuz oqshomlarining birida qiziq voqea bo’ladi. Bobur mirzoning har oqshom atrofiga yaqinlarini to’plab, uyoq-buyoqdan suhbatlashib o’tirish odati bor edi. Lekin gap har gal baribir Samarqandni olishga kelib taqalardi. Mana shunday qizg’in suhbatlarning birida Bobur mirzo: «Keling, aytingkim, Tangri rost keltursa, Samarqandni qachon olg’aymiz?» — degan savolni o’rtaga tashladi. Hamma jimib qoldi. Birozdan so’ng davradagilarning biri: «Yozda olg’aybiz!», ikkinchisi: «Bir oy — qirq kunda!», boshqasi: «Yigirma kunda olg’aybiz!» degan gap qildi. Davrada o’tirganlar ichida suxandonlikdan ko’ra qilich chopqillashga moyil, kamgap No’yon Ko’kaltosh bo’lsa aytdikim: «O’n to’rt kunda olurbiz!»

Davradagilar: «Nega aynan o’n to’rt kunda, a, Ko’kaltosh, ayting?» — deb No’yon Ko’kaltosh ustidan kuldilar. Bobur mirzo ham boshqalardan ko’ra birmuncha ortiq mehr qo’ygan bu sodiq navkarining so’zini eshitib, miyig’ida kulib qo’ydi. Faqat ichida «koshki» degan gap, yuragini achishtirib, g’imirladi.

Bobur mirzo o’sha kecha g’alati tush ko’radi. Bu haqda «Boburnoma»da shunday yozilgan: «Tush ko’rarmankim, hazrati Xoja Ubaydulloh kelmishlar, men istiqbollarig’a chiqmishmen. Xoja kelib o’lturdilar. Xojaning olig’a g’olibo betakallufroq dastorxon solmishlar. Bu jihattin hazrat xotirig’a nima kelmish. Mullo Bobo mening sari boqib ishorat qiladur. Men ham imo bila dedimkim: «Mendin emastur. Dastorxon solg’uchi taqsir qilibtur?». Xoja fahm qilib, bu uzr masmu’ tushti. Qo’ptilar. Uzata chiqdim. Ushbu uyning dolonida o’ng qo’lumdin yo so’l qo’lumdan tutib, andoq ko’tardilarkim, bir oyog’im yerdin qo’pti. Turkiy dedilarkim:»Shayx maslahat berdi». O’shul necha kunda Samarqandni oldim…»

Bobur mirzo No’yon Ko’kaltosh so’zini ham eslab yozadi: «Tangri rost kelturdi, rost o’n to’rt kunda Samarqandni olduk».

«Boburnoma»dan keltirilgan parchada Bobur mirzoning Xoja Ahrori Valiyga bo’lgan botiniy bir hurmat va ixlosni zohir etuvchi bir alomat bor. Tarixda Xojani ne-ne faxrli nomlar bilan atashmagan. Agar Jomiy uni «Ka’bai maqsud» deb bilgan bo’lsa, Hazrat Alisher Navoiy uni «Tariqat qutbi» deb e’tirof etsa, Bobur mirzo bu parchada xojani «Mullo Bobo» deb ataydiki, bu soddadillik bilan aytilgan nomda juda ulkan mehr yashiringanini sezmasdan iloj yo’q.

Ikkinchi voqea

Bobur mirzo ham Andijondan, ham Samarqanddan ayrilib sarsonlikda qolgan kunlarning birida u bir guruh munofiq kishilar qo’liga tushib qoladi. Ular Bobur mirzoni tutib, mirzoning ashaddiy g’animi Ahmad Tanbalga topshirmoq ilinjida edilar. Bundan xabar topgan yosh mirzo butun umidini yo’qotgudek ahvolga tushadi. Bobur mirzo bu voqeani xotiralarida shunday tasvirlaydi:

«O’zumni o’lumga qaror berdim ( Bobur o’limni boshimga olib ish tutmoqchi bo’ldim, demoqchi). O’shal bog’da bir suv oqib keladur edi, vuzu qildim, ikki rak’at namoz o’qudim, boshimni munojotqa qo’yub, tilak tilaydur edimkim, ko’zum uyqug’a boribtur. Ko’radurmenkim, Xoja Ya’qub, — Xoja Yahyoning o’g’li, hazrati Xoja Ubaydullohning nabiralari ro’baro’yimga ablaq ot minib, ko’p jamoati ablaqsuvor bilan keldilar. Dedilarkim:»G’am yemangiz. Xoja Ahror meni sizga yibordilar. (Xoja Ahror) dedilarkim, biz alarg’a istionat tegurub, podshohlik masnadig’a o’lturg’uzubbiz. Har yerda mushkul ish tushsa, bizni nazarig’a kelturub yod etsun, biz anda hozir bo’lurbiz. Holo ushbu soat fath va nusrat sizning soridur. Bosh ko’taring, uyg’oning».

O’shal holda xushhol bo’lub uyg’ondimkim, Yusuf dorug’a va hamrohlari bir-biriga maslahat qiladurlarkim, bahona qilib hayal qiladur, tutub bog’lamoq kerak.
Bu so’zni men eshitib dedikim:»Sizlar bu yo’sunluq so’zlarsiz, ammo ko’rayinkim, qaysingiz mening qoshimg’a kelar olursiz?»

Ushbu so’zning ustida edikim, bog’ning devoridin tashqari qalin otliqning kelur ovozi keldi. Yusuf dorug’a dedikim:»Biz agar sizni olib Tanbal qoshig’a borsak edi, bizning ishimiz ilgari borur edi. Holo yana ko’p kishi yiboribtur, sizni tutg’ali.

Ul yaqin qildikim, bu ovoz Tanbalning yiborgan kishilarining tovushi bo’lg’ay. Bu so’zni eshitgach, manga iztirob ko’prog’ bo’lub, qilur ishimni bilmadim.

O’shal hinda bu otliqlar bog’ning eshigini toparg’a fursat qilmay, devornikim, eski bo’lg’on yeridin rahna qilib kirdilar. Ko’rsamkim, Qutluq Muhammad barlos va Boboi Parg’ariykim, mening jon tortqon navkarlarim o’n-o’n besh, yigirma kishi bo’lg’ay, yetib keldilar. Bular yovuq kelib, ottin o’zlarini tashlab, yirog’din yokunib, ta’zim qilib, mening oyog’img’a yiqildilar. O’shal holda manga andoq holat bo’ldikim, go’yo manga yangi boshtin xudoy jon berdi. Men dedimkim:»Ul Yusuf dorug’ani va bu turg’on muzdur mardaklarni tutub bog’lang. O’shal mardaklar qocha berib edikim, bir yerda birovni tutub bog’lab kelturdilar».

Men dedimkim:»Sizlar qaydin kelasiz, nechuk xabar topdingiz?» Qutluq Muhammad barlos dedikim:»Ahsidin qochib chiqg’anda sizdin ayrila tushganda Andijon keldimkim, xonlar (ya’ni Bobur mirzoning tog’alari: Sulton Mahmudxon va Sulton Ahmadxon) ham Andijon kelibturlar. Men tush ko’rdumkim, Xoja Ubaydullo dedilarkim:»Bobur podshoh Karnon degan kenttadur, borib ani olib kelingkim, podshohlik masnadi anga taalluq bo’lubtur». Men bu tushni ko’rub, xushhol bo’lub, ulug’ xon, kichik xong’a arz qildim, xonlarg’a dedimkim:»Mening besh-olti inim — o’g’lum bor, yana bir necha yigit qo’shungiz, Karnon tarafidin borib, xabar olayin». Xonlar dedilarkim:»Bizning xotirimizg’a ham yetadurkim, o’shal yo’lg’a borg’on bo’lg’oy»… Bukun uch kundurkim yo’l kelabiz. Alamdulilloh, sizni toptuk, dedilar. Ayttilarkim:»Yurung, otlaning, bu bog’lang’anlarni ham olib boraling; munda turmoq yaxshi emastur. Tanbal sizni munda kelgan xabaringizni topibtur. Har tavr qilib borib, xonlarga qo’shulaling.

O’shal zamon otlanib, Andijon tarafig’a yuruy berduk… Andijong’a kirib ulug’ xon dodam va kichik xon dodamni ko’runush qildim va o’tkan kunlarni tamom bayon qildim. Xonlar bilan to’rt oy birga bo’lindi. Har yerda borg’on-ko’rgan navkarlarim yig’ildilar. Uch yuzdin ko’prak kishi bor edi. Xotirimg’a keldikim, tokay bu Farg’ona viloyatida sargardon bo’lub turmoq kerak, bir tarafg’a talab qiloyin deb…»

Shundan keyin, Gulbadanbegim yozganidek, «ikki yuz kishi piyoda, yelkalarida chopon, oyoqlarida choriq, qo’llarida tayoq bo’lgani holda, xudoga tavakkal qilib, Badaxshon va Kobulga qarab yo’l oldilar». Ammo roppa-rosa bir yildan so’ng, Karnon kentidagi tush o’ng keldi, Xoja Ahrori Valiy bashorati yuzaga chiqdi: Bobur mirzo Kobulni fath etdi va qisqa muddat ichida kuchli davlat tuzib, podshohlik maqsadiga erishdi…

Bobur mirzo umrining oxirigacha Xoja Ubaydulloh Ahrorga bo’lgan ixlosini muqaddas tutdi. Umrining so’nggi yillarida, ketma-ket og’ir xastaliklarga chalingan kezlarida ham, shifoni xoja ruhoniyatidan izlaydi. Boburning butun hayoti davomida madadkor kuch sifatida qo’llab kelgan xoja bu safar ham unga najot yo’llaydi:

«Seshanba kechasi, safar oyining yigirma yettisida Hazrat Xoja Ubaydullohning «Volidiyya» risolasini nazm qilmoq xotirimg’a kechti. Hazratning ruhig’a iltijo qilib, ko’nglumga kechurdumkim, agar bu manzum ul hazratning maqbuli bo’lur, hud nechukkim, sohibi «Qasidai Burda»ning qasidasi maqbul tushub, o’zi aflij marazidin xalos bo’ldi, men dog’i bu orizadin qutulib, nazmimning qabulig’a dalile bo’lg’usidur. Ushbu niyat bila «ramali musaddasi maxbuni aruz» va «zarbgohi maxbuni mahfuz» vaznidakim,mavlono Abdurahmon Jomiyning «Suhba»si ham bu vazndadur, risola nazmig’a shuru’ qildim, ham o’shal kecha o’n uch bayt aytildi. Intizom yo’sunluq, kunda o’n bayttin kamrak aytilmas edi. G’olibo bir kun tark bo’ldi. O’tgan yil va balki har mahal mundoq orizakim bo’ldi, aqalli bir oy — qirq kunga tortti. Tangri inoyati bila, hazratning (Xoja Ahrorning) himmatidin, panjshanba kuni, oyning yigirma to’qquzida andake afsurda bo’ldi, o’zga bu orizadin xalos bo’ldum. Shanba kuni rabiul-avval oyining sekkizida risola so’zlaritning nazm qilmog’ ixtimomig’a yetti. Bir kun ellek ikki bayt aytildi.»

Bobur mirzo o’z ma’naviy ustozini shunday ta’riflaydi:

Xojalar Xojasi ul Xoja Ubayd,
Xodimu chokari Shibliyu Junayd.
Holatu martabasi zohirdur,
Vasfu ta’rifida til qosirdur.

Bobur “Volidiya” risolasini tarjima qilgandan keyin risolaning bir nusxasi va bir necha ruboiylarini yana bir piri — naqshbandiya tariqatining o’sha davrdagi oliymaqom vakili Maxdumi A’zam — Sayyid Ahmad ibn Jaloluddinga yuboradi. Maxdumi A’zam risola tarjimasiga yuqori baho beradi (Bu xususda maqolamizning ikkinchi qismida keladigan Maxdumi A’zam bobida yana to’xtalamiz).

Xoja Ahrorning avlodlari ham Movarounnahrni tark etgan Bobur mirzo bilan aloqani uzmadilar. Xojaning nabiralari, shayboniylar tomonidan biri quvg’in, biri shahid etilgan ikki o’g’li: Xoja Abdulloh bilan Xoja Yah’yoning farzandlari bo’lmish Xoja Abdulhaq va Xoja Kalon 1528 yilda Hindistonga borganlari ma’lum.

«Boburnoma»da Bobur bir marosimda hazrati Xojaning nabiralarini izzat qilib, o’ng qo’lida o’ltirg’izgani haqida yozadi: «Shanba kuni oyning oltisida to’y bo’ldi…Men yangi solg’on musamman xaspo’sh talorning shimoliy zil’ida o’lturdum,o’ng qo’lumda besholti qari — To’xta Bo’g’a sulton va Askariy va Hazrati Xojaning avlodi Xoja Abdushshahid va Xoja Kalon…yana Samarqanddin kelgan xojalarning tavobei hofiz va mullolar
o’lturdilar…Ulug’ osh tortilg’ondin keyin,Xoja Abdushshahid bila Xoja Kalong’a o’rmak abraliq qish jubbalar munosib xil’atlar kiyduruldi…Ikki xojag’a…kumush toshi bila oltun va oltun toshi bila kumush tortilib,in’om bo’ldi…Hofiz Toshkandiy va mullo Farruh boshliq Xojaning mulozimlarig’a…ham oltundin,kumushdin tarkash bila in’omlar bo’ldi».

Xoja Abdulhaq 1530 yilgacha Agrada yashaydi, ammo Xoja Kalon shayboniylar yo’llagan elchilar qatorida Samarqandga qaytadi. «Boburnoma»dan: «Tonglasig’a Xoja Abdulhaqqa Ograda turmoqqa va Xoja Kalon — Xoja Yahyoning nabirasig’akim, o’zbek xon va sultonlaridin risolat tariyqi bila kelib edilar. Samarqand bormoqqa ruxsat bo’ldi».

Bobur mirzo o’z farzandlariga hazrat xoja va uning avlodlariga e’tiqodda bo’lishni vasiyat qiladi. Xususan, u o’g’li Komron mirzoga yo’llagan maktubida shunday nasihat qiladi: «Taqi Movorounnahr eli bisyor sodalavh eldurlar. Har nechai beqobiliyat bo’lsalar, alarga e’timod qilsa bo’lur. Taxsis ul qursi shabistonining sham’i anvaridur, ayo gulistonining andalibi suxanvari hazrat Xoja Ubaydullohkim, imdod qilibturlar, to g’oyat bu ishlarni(ng) davlati ul azizlarning himmatidindur.

Ul silsilaning murid va as’hobi podshohzoda deb senga kelsalar, zinhor akrom va e’zozlarini mar’iy tutib, alarning borisida taqsir qilmag’aysen. Alarkim, ishq bobinda bo’lurlar, sevarlarning itini ham sevarlar».
(Bu maktub xususida Begali Qosimov maqolasini o’qing)

Bobur mirzoning farzandlari otalari vasiyatini aziz tutdilar, naqshbandiya xonadoni va hazrati xojaning avlodlariga ixlos amalida bo’ldilar. Chunonchi, Hasanxoja Nisoriy o’z tazkirasida Komron mirzo haqida yozar ekan, qayd etadi:»Irodat nisbati hazrat shayxi mutlaq Xoja Abdulhaq bin Hazrat Xojaga bin Hazrat Xoja Nosiriddin Ubaydullohga edi. Va hazrat Xoja Abdulhaq ulug’ bobosining suhbati sharifini topgan edilar, alarga ergashib tariqat maslaklarini bosib o’tib, haqiqat mamlakatlariga yetishgan edilar. Xoja Abdulhaq taqdir taqozosi bilan bir necha muddat Hindda Vatan tutdilar va o’sha yerdan Hijoz orzusi ko’yiga tushib, rost yo’lidan sharif haramlar tavofiga musharraf bo’lganlar».
Yana shu muallif Xoja Ahrori Valiyning boshqa bir nabirasi, Xoja Abdulhaqning tug’ishgan birodari Xoja Mu’iniddin — hazrat Xoja Xovand Mahmud (bir kitobda Muhammad) haqida ma’lumot berib, «mulukona suluk qilib, Humoyun podshoh bilan muhosib bo’lgan» deb qayd etadi.

DAVOMI BOR

021

(Tashriflar: umumiy 5 428, bugungi 1)

Izoh qoldiring