Xurshid Davron. Mirzo Bobur pirlari. Ikkinchi maqola. Mavlono Abdulloh Qozi & Maxdumi A’zam

Ashampoo_Snap_2017.02.06_17h28m05s_002_.png   Бобур мирзонинг ёшлигидаги илк пири Хожа Мавлоно Абдуллоҳт Қози бўлиб, «Бобурнома»да ёзилишича, бу зот Шайх Бурҳониддин Қилич авлодидан ва Хожа Аҳрори Валининг халифаларидан бўлган. Хожа Аҳрор Вали вафот этганларидан сўнг, Бобур мирзонинг отаси Умаршайх мирзо  Хожа Мавлоно Қозини пир тутган. Шунинг учун ёш Бобур мирзо ҳам отаси вафотидан сўнг ушбу муршидни пир ва устоз деб билган.

Хуршид Даврон
МИРЗО БОБУР ПИРЛАРИ
Иккинчи мақола
06

02Биринчи мақолада  Бобур мирзо умр бўйи эътиқоду эътимод этган ҳазрат Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор ҳақида ёзган бўлсак, энди улуғ шоир ва саркардага болалик палласидан таянч бўлган, унинг сарсон-саргардонлик кезларида мадад берган, шу йўлда шаҳид кетган Хожа Мавлонойи Муҳаммад Қозий билан Бобур мирзо Мовароуннаҳрда иродатига кирган, Ҳиндистонда экан, гоҳ нома, гоҳ элчи юбориб маънавий кўмак, дуо-ю фотиҳа олган Махдуми Аъзам ҳақида ҳикоя қилишни мақсад қилдик. Бироқ, бу икки улуғ сиймо ҳақида ҳикоя бошлашдан аввал Туркистон тасаввуф тарихида сезиларли из қолдирган Султон Бурҳониддин Қилич хусусида маълумот бермоқчимиз, зеро, бу муборак зот бизнинг мақсадимизга сабаб бўлган икки зотнинг бобокалонидир.

Бобур мирзо ўз китобида Хожа Мавлоно Қози ҳақида ёзар экан, ушбуни қайд этади:»Хожа Мавлонойи Қозийнинг оти Абдуллоҳдир. Ота тарафидин насаби Шайх Бурҳониддин Қиличқа мунтаҳи бўлур. Она тарафидин Султон Илик Мозийға етар. Фарғона вилоятида бу табақа муқтадо ва шайхулислом ва қози бўла келгандурлар…» Махдуми Аъзам эса «Рисолаи тарихи вафоти шайхон («Шайхлар вафоти тарихи рисоласи»), «Рисолаи оламия»да Шайх Бурҳониддин Қилич ҳақида ёзар экан, ўзини беш пушт билан шайхга уланишини таъкидлаб, «Бобокалоним» деб фахрланади.

Султон Бурҳониддин Қилич ҳақида мухтасар бўлса-да, «Матлаб ат-толибин», «Маноқиби Махдуми Аъзам», «Жомеъ ул-мақомот», «Мулҳакот ас-суроҳ» номли асарларда ривояту нақллар мавжуд. Ривоят қилишларича, ҳазрати Абу Толиб авлодидан бўлмиш Сайид Камолиддин Мадинани тарк этиб, Мовароуннаҳрга келган экан. Бир куни у сув ёқасида дам олишга тўхтаганида Фарғона ва Ўзган подшоҳи Султон Илик Мозий хабар топиб, «Мабодо сайидзодага ҳурматсизликка йўл қўйилмасин» деган ниятда, уни ҳузурига  чорлаб  одамларини жўнатган экан. Сайид Камолиддин уларга: «Мен бир қаландар кишиман, аҳлуллоҳ дарди билан бу диёрга келганман — подшоҳларингга ишим йўқ!», — деб боришни истамабди. Бу гапни эшитган подшоҳ яна одам юбориб, унинг ҳузурига ўзи бориши учун рухсат тилабди. Шунда сайидзода: «Подшоҳларинг дарвешлар суҳбатига мойил экан, ўзим борурман», — деб. Султон Илик Мозий ҳузурига етиб борибди. Подшоҳ уни иззат-икром билан кутиб олибди ва анча вақт ўтгач, ўз қизини сайидзодага никоҳлаб берибди. Яна бир муддат ўтиб, Сайид Камолиддин хотинини олиб она юртига — Мадинага қайтибди ва кўп ўтмай дунёдан кўз юмибди. Ўлими олдидан хотинига туғилажак фарзандининг исмини Султон Бурҳониддин қўйишни васият қилган экан.

Ровийларнинг қайд этишларича, Султон Бурҳониддин тўққиз ёшга тўлганда онаси билан Фарғонага қайтган. Бобосининг вафотидан кейин тахтга чиқиб, бир қанча муддат эл-улусга адолат эшигини очиб, адлу-шафқатлар қилган экан. Аммо қонида дарвешлик, сўфийлик ғолиб келган ёш подшоҳ, худди ҳазрат Иброҳим Адҳамдек, тожу тахтдан воз кечиб, узлатни ихтиёр қилибди. Муршид излаб Хўжандга — ўша замоннинг энг забардаст тасаввуф арбоби Шайх Маслаҳатуддин Хўжандий (Уни Бадъеуддин Нурий ҳам дейдилар) даргоҳига бориб, кўп вақт мулозимат қилди. Устозининг вафотидан кейин (Тахминан 1221 йил)  Ўзганга қайтиб, халқни Ҳақ маърифати йўлига чорлаган ва ўша ерда оламдан ўтган. Қабри Ўзган шаҳри яқинидаги Мусофир Ота қабристонидадир.

Султон Бурҳониддин ислом оламида Шайх Бурҳониддин Қилич номи билан машҳур. Унга «Қилич» лақабининг берилиши сабаблари хусусида бир қатор ривоятлар мавжуд.

Эмишким, бир куни азиз кишилардан бири Султон Бурҳониддиннинг нима сабабдан тожу тахтдан воз кечиб, узлатни танлагани сабабини билиш мақсадида унинг хонақоҳсига боради. Салом бериб кирган кишининг ниятини илғаган шайх каромат кўрсатади. Азиззоданинг кўз ўнгида бир қилич пайдо бўлиб, ҳар томондан учган чивинлар унинг дамига урилиб, иккига бўлинар экан. Ҳайратдан оғиз очиб қолган кишига қараб, шайх:»Чивинлар айбдорми ё қиличми?» деганида, ҳалиги киши ўрнидан туриб, узр айтиб тавба қилган экан. Мана шу воқеа сабаб шайх «Қилич» лақабини олган экан.

Жамолиддин Қарший (1230 йилда туғилган) қаламига мансуб «Мулҳақат ас-Суроҳ» асарида ҳам Шайх Бурҳониддин Қилич ал-Ўзгандий ҳақида маълумотлар ва унинг азамати қудратли бўлгани ифодаланган ҳикоятлар келтирилган. Махдуми Аъзамнинг ёзишича, Шайх Бурҳониддин соҳиби қудрат бўлган, агар қуруқ хасга боқса, у дарҳол кўкарган. Кўҳна китоблар шайхнинг ўша даврнинг улуғ пешволари Хожа Абулқосим Гургоний ва Хожа Юсуф Ҳамадонийлар билан суҳбатдош бўлганини ҳам ҳикоя қиладилар.

 

II. ХОЖА МАВЛОНО АБДУЛЛОҲ ҚОЗИ

02

«Бобурнома»га асослансак, мавлоно Муҳаммад Қозий сўнгги йилларда Бобур мирзонинг отаси, Андижон ҳукмдори Умаршайх мирзонинг даргоҳида, унинг энг садоқатли кишиси, подшоҳнинг пири муршиди мақомида  бўлган. Шу сабабдан ҳам Умаршайх мирзонинг  фожиали ҳалок бўлиши, Султон Аҳмад мирзонинг Андижонга қўшин тортиши билан бошланган таҳликали кунларда Бобур мирзога кўмакка келган дастлабки кишилардан бири бўлди. Бобур мирзо ўша кунларни эслаб ёзади: «Хожа Мавлонойи Қозиким, Султон Аҳмад Қозининг ўғли ва Шайх Бурҳониддин Қиличнинг наслидур, она тарафидин Султон Илик Мозийға етар, анинг хонаводалари ул вилоятга (яъни Фарғона вилоятида) марже ва шайхулислом йўсунлуқ бўла келгандур, … қўрғон ичидаги беклар бу хабарни топиб, Хожа Муҳаммад Дарзийниким, Умаршайх мирзонинг бойруси ва бир қизининг аткаси эди, йибориб ул дағдағаларни буларнинг хотиридин рафъ қилиб, Номозгоҳга ёвуқ етган маҳалда мени олиб ёнди. Келиб аркка тушдум. Хожа Мавлонойи Қозий ва беклар менинг қошимда келиб, сўз ва кенгашни бир ерга қўюб, қўрғоннинг бурж ва борусининг забт ва работиға машғул бўлдилар…

Султон Аҳмад мирзо Ўратепада ва Хўжанд ва Марғилонни олиб келиб, Андижоннинг тўрт йиғочида Қубоға тушти… Хожа Қозини ва Узун Ҳасан Хожа Ҳусайнни элчиликка… йиборилди».

Ўша кундан бошлабоқ, мавлоно Муҳаммад Қозий ўн икки яшар темурийзодага раҳнамо бўлиб, суянчиқсиз қолган Бобур мирзо учун энг оғир паллаларда таянч бўлди.

1497 йил ноябрининг охирида Самарқандни илк марта эгаллаган Бобур мирзо бир-икки ой ўтмасданоқ танг аҳволда қолди. Самарқанд узоқ қамал қилингани сабабидан шаҳарга кирган Андижон қўшини танқислик торта бошлади. Оқибатда, бекларнинг айримлари Андижонга қочиб кетдилар. Ноилож қолган Бобур мирзо қочоқларни инсофга чақириш учун мавлоно Муҳаммад Қозийни Андижонга юборади.

Андижонга қочган беклар — Султон Аҳмад Танбал, Узун Ҳасан тил бириктириб хиёнат йўлига ўтдилар. Икки хиёнаткор бек Самарқанддан ўлжасиз қайтган  бекларни ҳам, қочқин  навкарларни ҳам ўз томонларига оғдириб Бобур мирзонинг иниси Жаҳонгир мирзога Андижон тахтини олиб бермоққа қасдландилар. Андижонга етиб борган мавлоно Муҳаммад Қозий вазиятнинг қалтислигини кўриб, юриш бошида Андижонда Бобур мирзо томонидан қолдирилган навкарлар ҳам исёнчилар томонига ўтиб кетмаслиги учун ўн саккиз минг қўйни қўрғонидаги қўшинга улашди. Шу билан бирга, у кетма-кет мактуб ёзиб, Бобур мирзони Андижонга қайтишга даъват қилди.

Бобур мирзо бу ҳақда ёзади:»Муҳосара муддатида менинг волидаларимдин ва Хожа Қозидин муттасил бу мазмун била хатлар келур эдиким, бизларни мундоқ муҳосара қилибтурлар:»Агар келиб фарёдимизға етмасангиз иш вубол бўлғусидур. Самарқанд  Андижон кучи била олилиб эди. Агар Андижон иликта бўлса, яна тенгри рост келтурса, Самарқандни иликласа бўлур». Мутаоқиб бу мазмун била хатлар келди…»

Худди ўша кунлари, ёлғиз қолиш  қўрқувиданми ёки бошқа бир сабабданми, Бобур мирзонинг аҳволи оғирлашиб, тўшакда ётиб қолди. Қолаверса, она кўкси исини унутишга улгурмаган ўн беш ёшли амирзода ўз волидасининг тақдиридан ҳам чўчиб қолган эди. Нима бўлгандаям, ота бир жигари бўлса-да, Жаҳонгир мирзонинг онаси бошқа эди. Шундай экан, зулм йўли очиқ турарди.

Андижондан хат келиш тўхтамасди: «Чун оналаримдинким, онам ва онамнинг онаси Эсан Давлатбегим бўлғай, яна УСТОД ва ПИРИМДИНКИМ, ХОЖА МАВЛОНОЙИ ҚОЗИ БЎЛҒАЙ, бу навъ хатлар келиб, мундоқ эҳтимом била тилағайлар, не кўнгул била киши турғай».

Шу сабабдан ҳам Бобур мирзо Самарқанд тахтига ўтирганига роса юз кун бўлганда — 1498 йил февралида шаҳарни тарк этиб, Андижонга қараб отланди. Унинг бир ҳовучлик қўшини жадал юриб, бир ҳафта деганда Хўжандга етди. Бу ерга етган Бобур мирзони даҳшатли хабар кутарди:»Ўшул куни Андижондин бир киши бу хабарни келтурдиким, етти кун мундин бурун, ўшул шанбаким, биз Самарқанддин чиқибтурбиз, ўшул шанба Али Дўст Тоғойи (Бу одамни Бобур Андижонга ҳоким қилиб қолдирган эди.) Андижон қалъасини мухолифларға берибтур…» Яна неча кун ўтиб Бобур мирзо навбатдаги машъум хабарни олди:»Андижонни олғондин сўнг менинг Хўжанд келганимни эшитиб, Хожа Мавлонойи Қозини арк дарвозасида беиззатона осиб шаҳид қилдилар».

Бобур мирзо пир ва устозини эслаб, хотирасини шундай якунлайди:»Хожа Қози ҳазрати Хожа Убайдуллоҳнинг муриди эди. Алардин тарбият топиб эди. Хожа Қозининг валилиғида менинг ҳеч шакким йўқтур. Қайси иш валоятқа мундин яхшироқ далилдурким, аларға қасд қилғонлардин оз фурсатта осор ва аломат қолмади. Хожа Қози ажаб киши эди. Қўрқмоқ анда асло йўқ эрди. Онча далер киши кўрилган эмас. Бу сифат ҳам валоят далилидур. Сойир эл ҳар неча баҳодир бўлса, андак дағдағаси ва таваҳҳуми бўлур. Хожада асло дағдаға ва таваҳҳум йўқ эди. Хожанинг воқеасидин сўнг Хожаға мансуб эллар мисли навкар ва чокар ва аймоқ ва аҳшомни тамом туттуруб талаттилар».

02

Хожа Мавлоно Абдуллоҳ Қозий каби Хожа Аҳрори Валининг асҳобларидан бўлмиш Хожа Мавлоно Муҳаммад ибн Бурҳониддин   851 (1447—48)  йили Самарқандда туғилган.  Бу зот ҳақида унинг шогирди, Мирзо Бобурнинг жияни Мирзо Ҳайдар ўзининг  «Тарихи Рашидий» асарида шундай маълумот беради: «Ҳазрат Мавлононинг исми Муҳаммад ибн Бурҳониддин эди. У кишининг отаси Мискин Самарқандий Қози Имомиддиннинг яқин кишилари жумласидан бўлгани сабабли у Мавлоно Муҳаммад Қози номи билан танилган эди. Илмлар таҳсил қилганидан кейин у кишида Худо йўлида дарвиш бўлмоқ нияти туғилди…»

Хожа Мавлоно Муҳаммад ибн Бурҳониддин  ўзининг «Силсилат ул-орифин ва тазкират ус-содиқин» асарида Хожа Аҳрори Валий мулозиматида ўн икки йил бўлганини қайд этган. Унинг ҳикоя қилишича, у мавлоно Неъматиллоҳ деган киши билан илм олиш мақсадида Самарқанддан Ҳиротга отланади ва Шодмон дарасига етганда, ҳавонинг исиб кетгани сабабли улар соя жойда паноҳ топадилар. Шом пайти Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор ҳам ўша манзилга етиб боради. Мавлоно Муҳаммад Қозий ўша заҳот унинг ҳузурига боради. Хожа ундан:»Сен қаерликсан? — деб сўрагач, мавлоно самарқандлик эканини билдиради. Хожа Аҳрор кўп ҳикоятларни уларга нақл қилади ва шу жумладан мавлоно Қозийнинг нима мақсадда Самарқанддан Ҳирот томонга йўл олганини айтиб беради. Унинг бу башоратидан ҳайратда қолган Муҳаммад Қозий Хожага эътиқод қилади. Хожа Аҳрор унга Ҳиротга боришдан мақсад илм олиш бўлса, уни Бухорода ҳам олиш мумкинлигини тушунтиради ва йўлдан қайтишни тавсия этади. Шунга қарамай, мавлоно Қозий йўлини давом эттиришини хоҳлайди ва яна ижозат олиш мақсадида Хожанинг олдига боради. Хожа Аҳрор ундан:»Ростини айтгин, Ҳиротга дарвешлик учун борасанми ё илм таҳсил учунми?» — деб сўраганда, мавлоно Неъматуллоҳ:»Дарвешлиги кучлилик қилиб илм олиш талаботини беркитиб қўйган», дейди. Шунда Хожа Аҳрор табассум қилиб мавлоно Қозийнинг қўлидан ушлаб боғ томон боради. Мавлоно Қозий эслайди:»қўлимни Ҳазрати ушлаган ҳамон ўзимдан ғайб урдим ва бир неча муддатдан сўнг ўзимга келдим». Ҳазрати Эшон айтадилар:»Сенга бир мактуб бераманким уни қўлингда тут ва уни ўқиёлмасанг ҳам яхши сақлаки, шояд у сенга ҳақиқатдур», сўнг бизга боришга рухсат бердилар ва фотиҳа бериб ўзлари отга миндилар ва биз Бухоро томон йўл олдик. Анча юриб эрдикки, орқамиздан бир пиёда киши югуриб келди ва Хожа айтган мактубни менга берди. Бу мактубни ўғиллари Хожа Калонға ёзган эрканлар ва унда:»Бу мактубни олиб борувчининг аҳволидан воқиф бўлинг. Асло йўл қўймангизгим, бекорлик қилса ва ҳар кимга тобеълик қилса», — дейилган эркан. Бухорога етишганча олтита эшакни алмаштирдик. Бухорога етиш билан кўз оғриғига дучор бўлдим ва неча кун сафарга чиқолмадим. Неча маротаба сафарга отланиш қасди қилинса, шунча маротаба қаршиликларга дуч келар эдим. Охири безгак касалига дучор бўлдим ва сафар қилиш фикрини бир томонга йиғиштириб қўйдим. Менда Тошкандга бориш иштиёқи пайдо бўлди ва Тошкентга бориб Шайх Илёс лангарига бормоқчи бўлиб уловимни ва унда ортилган китобларни ошнолардан бирига бердим. Шайх Илёс дарвешларидан бирор кишини кўриш мақсадида бозорга кирдим ва унда бир кишини учратдимки, у мени Шайх Илёс лангарига олиб бормоқчи бўлди. Уловимни олиш учун келиб эрдим, ул киши менга:»Уловинг хуржинлари билан йўқолди», деб жавоб қайтарди. Изтироб чекиб бир четга чиқиб ғамгин ҳолда ўлтирдим ва ҳаёлимда Хожагон тоифасини аҳли кўб рашклидурлар, мен эса уларни қўйиб ўзга шайх зиёратига бормоқчиман, эҳтиёт бўлишим керакки, мабодо бошқа зарар тегмаса» — деб ўйлаган ҳам эрдимки, қулоғимга бир товуш келди:»Сенинг эшагинг топилди. Бошимни кўтариб қарасам, эшагим ҳозир бўлиб турибди. Ул ошнам менга:»Мен ҳам ҳайратдаман, шундай олдимда турган уловинг бирдагина кўздан ғойиб бўлди», дер эди. Шу заҳоти уловимни миниб Самарқанд томонга йўл олдим ва Илёс Шайх лангарига боришдан ўзимни тутдим. Самарқандга Ҳазрати Эшон мулозиматларига кириб эрдим. Эшон:»Хуш келибсан, менга маълум бўлдиким, сен ўз ўйлаганингдан қайтибсан», — деб табассум қилдилар. Ўша кундан бошлаб мавлоно Қозий Хожа Аҳрор иродатига кириб, унга муридлик қилади.

У узоқ муддат устози қўлида тарбия топиб, пирининг ўша замондаги фаолиятига бевосита иштирок этиб, унинг муносиб ёрдамчисига айланади. Бу ўринда Маҳдуми Аъзам рисолаларидан бирида қайд этилган нақлни эсламоқ жоиз. Нақл фақат пир ва муршид фаолияти ҳақидагина эмас, шунингдек нақшбандия тариқатининг ибратли бир амали ҳақида ҳамдир.

«Бир маротаба ҳазрати Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор Тошканд шаҳрига келиб эрдилар, рамазон ойи эрди, — деб ҳикоя қилади мавлоно Муҳаммад Қозий, — фақир ҳам ўз кучим бирла ҳазрати эшон ҳамроҳлигида келиб эрдим. Шул пайтда Шоҳбекхон (Муҳаммад Шайбонихон)  Туркистонни ишғол қилган эрдики, унинг тамоми мардуми оч-яланғоч Тошкандга келиб эрдилар.

Ҳазрати Эшон /Хожа Аҳрор/менга айтдиларки:»Хоҳларманки, оч қолган туркистонликларни қорнини тўйғизсам ва сен бу хизматда қойим бўлсанг». Фақир Эшоннинг олий ишоратлари бирла хизматда бўлдим. Ҳар кеча етти юз нон ёпиб ва етти юз қўй сўйдириб ош пиширтирар эрдим ва саҳаргача таом емоққа ҳам фурсатим йўқ эрди. Ўз хотиримдан ўтказдимки:»Сенинг ишинг энди фақат шу бўлиб, тариқат ишлари, талаботи четда қолдиму?»

Филҳол (ўша лаҳза)  бир мулозим келиб, эшоннинг ҳузурларига боришимни айтди. Ҳазратнинг олдиларига бориб эрдим, ул киши менга боқиб:»Эй фарзанд, шуни билгинким, тариқат бирлан машғулликдан ташқари, тариқат йўлида савоб иш қилиш Худонинг файзидан бебаҳра қолдирмагай!» Англадимки, менинг хотирим (ўйлаганларим)  Эшонга аён бўлган экан. Ўша он тавба келтириб, пушаймон бўлдим…»

Нақлларга қараганда, мавлоно Муҳаммад Қозий устозининг амри билан Тошкентга келиб, бир қанча вақт шу ерда яшайди. Шу сабабдан уни Шоший деб ҳам тилга оладилар. У Тошкентдалигида, замон ўтиб Маҳдуми Аъзам номи билан машҳур бўлган  Сайид Аҳмад Жалолиддин Косонийни шогирдликка қабул қилади.

Хожа Аҳрори Валийнинг вафотидан сўнг (1490 й.)  нақшбандия хонадонига пешволик қилган Мавлоно Муҳаммад Қозийга ўтади. Нақлларга кўра, у кўп ўтмай Самарқандда бошланган тўс-тўполонлардан қочиб, яна Тошкентга қайтиб, устозининг ер-мулки бўлмиш Фаркатда истиқомат қилади. Махдуми Аъзам тилидан айтилган ривоятларнинг бирида келтирилишича, Тошкент хони, Бобур мирзонинг тоғаси бўлмиш Султон Маҳмудхон мавлоно ҳузурига одам юбориб, «рисолатга (элчиликка) қобилияти кишини анинг салотинига юбориш»ни илтимос қилганда, Мавлоно Муҳаммад Қозийнинг ўзи бу ишга отланади.

Шайбонийхон ҳукмронлиги даврида (1500—1510) ҳам унинг обрў-эътибори юқори бўлган. Китобларда Шайбонийхоннинг укаси, ўша пайтдаги Бухоро ҳокими бўлмиш Маҳмуд Султон унга мурид бўлгани ҳақида маълумотлар қолган. 1512 йили  Мирзо Бобурга кўмакка келган Шоҳ Исмоил қўшини — қизилбошлар Мовароуннаҳрга бостириб кирганида Мавлоно Муҳаммад Қози Андижон тарафга кетади ва Ахси шаҳрида ўрнашиб қолади. Менимча, у Мирзо Бобурнинг қизилбошларни ёрдамга чақириб, хато иш қилганини англагани учун шундай йўл тутганга ўхшайди. Кейинчалик,аниқроғи, вафотидан сал олдинроқ шайбоний Севинчикхон таклифи билан Тошкентга боради ва 922 (1515/1516) йили вафот этади.

Унинг қабри устози ёнида — Самарқандда, Хожа Аҳрори Валий марқадининг олдидадир. Бу хусусда муаррих Абу Тоҳирхожа «Самария» асарида шундай маълумот беради: «Мавлоно Муҳаммад Қози  хожа мозорининг ёнида кўмилган, қабри хожа мозорининг қуйисида, жануб томонда, хожа оёғининг тушма-тушидадир. Мавлоно қабрининг устида дарё қирларидан майда қайроқ тошлар (келтириб) тўкканлар ва уларнинг қабри нишонаси ҳам шудир».

III. МАХДУМИ АЪЗАМ

02Хожа Мавлоно Муҳаммад Қозининг ўлимидан сўнг нақшбандия хонадонига пешволик қилиш тасаввуф тарихида Махдуми Аъзам, Имом ал-Косоний, Хожоги Хожогий, Хожоги Косоний номлари билан из қолдирган Хожоги Сайид Аҳмадхожа ибн Сайид Жалолиддин Косонийга ўтди. Ривоят қилишларича, бу рутба унга Хожа Аҳрори Валий томонидан каромат бўлган. Бобо Ҳожи нақл қилади: «Бир кун отам бирла ҳазрати Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор мулозиматларига бордик. Ҳазрат Боғи Диловарда эдилар. Аларнинг хизматларида ҳазрати Хожа Муҳаммад Яҳё ва мавлоно Муҳаммад Қози ҳозир эдилар. Хожа Яҳё (Хожа Аҳрорнинг кичик ўғли) нинг қўлларида ёй бор эдики, ногоҳ ул бирла бир кабутарни уриб йиқитдилар ва кабутар ҳалок бўлди. Ҳазрати Хожа Аҳрор ўринларидан туриб ўғилларининг олдига ваҳшат бирла бориб, уни уришдилар:»Бу жониворга не ишинг бор эди ва бу нима қилганинг?». Хожа Яҳё бошларининг эгиб турган. Сўнг Хожа Яҳё камоннинг ўқи била ўлган кабутарни қимирлатган эдилар, қуш тирилиб учиб кетди. Буни кўриб ҳазрати Хожа Аҳрор хушҳол бўлиб айтдилар:»Муҳаммад Яҳё, сен бизга каромат кўрсатдинг. Биздан кейин соҳиби каромат сен, сендан кейин мавлоно Муҳаммад Қози ва ундан кейин мавлоно Хожоги Аҳмади Косоний бўлғайким, унинг кору бори кўб улуғ ва азим бўлғуси!»

Саййид Аҳмад Косоний Ҳазратларининг Нақшбандия тариқати йўлида олиб борган катта хизматлари учун, ул зотга Маҳдуми Аъзам унвони берилган. Ислом тарихида фақатгина уч кишига Аъзам унвони тақдим этилгани маълум. «Аъзам» сўзи араб тилидан олинган бўлиб, улуғ, катта деган маъноларни билдиради. Аъзам унвонига сазовор бўлган кишиларнинг биринчиси – Ханафийлик мазҳаби асосчиси Имом Аъзам ( Раҳматуллоҳу Таоло Алайҳ ) Ҳазратлари, иккинчиси – авлиёларнинг султони деб тан олинган Ғавсул Аъзам, яъни Абдулқодир Жилоний Ҳазратлари ва учинчиси Маҳдуми Аъзам – Саййид Аҳмад Косонийдир.

Сайид Аҳмад Фарғонанинг Косонида 1461 йилда таваллуд топган. Шажараларга биноан ота томонидан йигирма бир пушт билан Имом Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толибга бориб етади. Юқорида қайд этганимиздек, Махдуми Аъзам тасаввуфнинг улуғ арбоби Шайх Бурҳониддин Қиличнинг авлоди эди. У бу зотга беш пушт билан бориб етган. Дастлабки тарбияни Мир Сайид Али деган кишидан олган Махдуми Аъзам кейинчалик Тошкентга келиб, Мавлоно Муҳаммад Қозидан тасаввуф илмини тўла эгаллайди.

Шу авлодга мансуб бўлмиш самарқандлик таниқли тарихчи олим Комилхон Каттаевнинг ёзишича, Махдуми Аъзам йигитлик вақтларида Хожа Аҳрор Вали, Мавлоно Муҳаммад Қози каби ўша даврнинг атоқли алломалари билан яқиндан суҳбат қурган ва улардан сабоқ ўрганган. Жумладан, Абдураҳмон Жомий Самарқандда бетоб бўлиб ётган чоғларида, ёш Маҳдуми Аъзам устози Мавлоно Муҳаммад Қози билан ул зотни кўргани борганларида, Ҳазрат Жомий бу учрашувдан хушнуд бўлиб: “Келингиз, хуш келибсизларким, ушбу замон бир-биримизни ғанимат билайлик ва бу шундай замонким, эртамиз не бўлишини яратгандан бошқа ҳеч кимса билмайдир”, – деган.

Нақл этилишича,Махдуми Аъзам нақшбандиянинг улуғ пешволари мозорларини тавоф қилиш учун Бухорога боради. У дастлаб Хожа Баҳоуддин Нақшбанд, сўнг Хожа Абдуҳолиқ Ғиждувоний марқадларини зиёрат қиларкан, ҳар икки маконда: «Тариқат Хожагоннинг зубдасидур (хулосаси), сен зуҳурга келтирдинг, муборак бўлғай!» — деган ғайбий овозни эшитган. Бухородан сўнг у устози Мавлоно Муҳаммад Қозийнинг олдига — Фаркатга қайтади.

02Махдуми Аъзам муршид сифатида ўз фаолиятини асосан шайбонийлар даврида бошлайди. Бир қатор манбаъларда келтирилишича, шайбоний сулоласи намояндадалари: Убайдуллохон, Жонибек Султон, Исфандиёр Султон, Искандар Султон, Абдулазизхон унга муридликка қўл берган эдилар. Айниқса, Махдуми Аъзам билан Убайдуллохон («Убайдий» тахаллуси билан ижод қилган атоқли ўзбек шоири) ўртасида устоз-шогирдлик муомаласи жуда кучли бўлган. Махдуми Аъзам бу ҳақда Убайдуллохон асарларига бағишлаган «Рисолаи шарҳи абёт» асарида батафсил маълумот берган.

Махдуми Аъзам нақшбандия тариқатининг энг забардаст назариётчисидир. Унинг илоҳиёт, адабиёт, одоб ва тасаввуф илми билан тарихига оид йигирмадан ортиқ асарлари мавжуд. Қуйида уларнинг айримларини санаб ўтамиз: «Танбеҳ ас-салотин», «Одоб ал-соликин», «Одоб ус-сиддиқийн», «Насиҳат ас-соликин», «Силсила ус-сиддиқийн», «Вужудия», «Бақоия», «Самоъия», «Миръоти сафо», «Меърож ал-ошиқин», «Бобурия», «Ганжнома», «Силсилаи Хожагон», «Чаҳор калима» (Нақшбандиянинг тўрт асосий талаби ҳақида), «Нафаҳот ал-соликин», «Шайбия», «Фаноия», «Рисолаи зикр гуфтан», «Рисолаи баёни аҳволи уламо ва умаро» ва бошқалар.

Муаррих Абу Тоҳирхожа Самарқандий «Самария» асарида нақл қилади: «Ҳазрати Махдуми Аъзам жанобларининг мақомат, ҳолат ва кароматлари шундайким, бу нодоннинг қалами тақрир ва таҳрир қилишга ожизлик қилади».

Бошқа муаррих Ҳофиз Таниш Бухорий эса «Шарафномаи шоҳий»да ёзади: «У киши ўз замонасида ғоят буюк ва энг юқори ўринли киши эди, юқори даражали ҳазратдан турли кароматлар ва хориқий одатлар бўларди, токи Мовароуннаҳрнинг жами шаҳарларида бозор аҳли ва бошқа синфлар ўзларининг улуғ ҳамда шарафли иродатлик бошини у кишининг инобат ҳалқасида тутдилар. Ул ҳазратнинг суҳбатлари шарифи билан мужоҳада (саъийлик, валийлик) вақтида дил ва кўзларини дўстнинг мушоҳадасидан ғофил қўймадилар. Шу ҳам маъруф ва машҳурки, то валийлик нурлари ул ҳазратнинг равшан пешоналари машриқидан тобланиб, содиқ толиблардан ва мувофиқ ошиқлардан олтмиш киши у кишининг тарбия этагида парвариш топиб, йўқлик саҳросини ростлик қадами билан бирданига кезиб, ҳақиқий висол каъбасига қараб юрдилар. Шу туфайли ҳазратни қаерда танисалар «Пири шасти» («Олтмиш кишининг пири» маъносида) деб атардилар. Ул ҳазратнинг нисбати ҳақиқат шайхи, тариқат муқтадоси мазкур мавлоно Муҳаммад Қозига бўлган ва ҳақиқат сулукида нисбати интисоб ва ҳидоят доирасининг маркази ва валоят паргорининг нуқтаси, ғойиблар хилватхонасининг маҳрами, қалб аҳлларининг муқтадоси тариқат қутби, ҳақиқат ғовси, солиҳлар пешвоси, пок огоҳ Хожа Носириддин Убайдуллоҳдан бўлган».

Махдуми Аъзам авлодлари асрлар давомида кечган тўс-тўполонлар туфайли дунёнинг тўрт томонига сочилдилар. Улар Мовароуннаҳр, Кошғар ва бошқа кўплаб ўлкаларда фаолият юритдилар. Уларнинг тарихи бағоят узоқ ҳикояни талаб қилгани учун бу ҳақда тўхталиб ўтирмаймиз.

Махдум Аъзам ривоятларга кўра тахминан 1540 йилда Миёнкол ҳокими Жонибек Султон илтимоси билан Самарқанд Даҳбедига кўчиб борган.Бу ер хожага хусусий мулк қилиб берилади. Ҳазрат дастлаб, бу ерга 10 дона тол дарахти ниҳолларини ўтқазгани боис, кейинчалик бу жой “Даҳбед” (Ўнта тол ) дея атала бошлайди.

Махдуми Аъзам икки йилдан сўнг айни шу манзилда оламдан ўтган. Унинг асҳобларидан бўлмиш Ҳофиз Иброҳим ва мавлоно Қосим шундай нақл этадилар: «Ҳазрати Эшоннинг ўлимларидан олдин Ахси вилоятидан ёру дўстлар: мавлоно Луьфуллоҳ, Муҳаммад Али, Хожа Чоки ва бошқалар Даҳбедга келдилар. Улар ҳазратга уни Ахси вилоятига олиб кетиш мақсадларини билдирдилар. Эшон уларнинг бу таклифларини қабул қилиб, Хожа Чокига асҳобларни олиб олдинроқ жўнашни буюрдилар, ўзлари эса Даҳбеддан Самарқандга — ҳазрати Хожа Убайдуллоҳ мозорларини тавоф қилиш ниятида йўлга чиқдилар…

Даҳбеддан Самарқандга ҳазрат Махдумзодаи Калон (Махдуми Аъзамнинг тўнғич ўғли Хожа Калон) ва Хожа Муҳаммад Сиддиқ етиб келиб ўз оналарининг оғир бетоб ётганини ҳазратга баён қилдилар. Ҳазрат ўғилларига айтдилар:»Мени Даҳбедга олиб боринглар». Уч кундан сўнг ҳазрати Биби Калон оламдан ўтдилар. Бибини тупроққа топширгач, ҳазрат тобутни қазноққа қўйишни буюрдилар. Мавлоно Сайид Туркистоний ва самарқандлик ёронлар тобутни уйда тутиб туришнинг маъноси йўқ», — деб айтсалар ҳам, ҳазрат:»Иш беради», — деб кўнмадилар. Тўртинчи кун: «Менинг тўрт деворимдан бири қулади», — деб оғир бетобланиб ётиб қолдилар…»

Манбаъларда қайд этилишича, Махдум Аъзам ҳижрий 949 йил муҳаррам ойининг йигирма биринчисида, шанба куни, чошгоҳ вақтида — мелодий 1542 йилда 81 ёшларида оламдан ўтган ва Даҳбедда дафн этилган. Замонлар ўтиб, унинг сўнгги оромгоҳи ёнида ҳазратнинг авлодлари: Хожа Калон, Хожа Хоним, Хожа Мусо ва яна уч киши — суфадан пастда, Махдум Аъзамнинг оёқ томонларида Самарқанд ҳукмдори Ялангтўш баҳодир (У Шердор мадрасасини тиклатган), унинг ўғли Сутонқул баҳодир ва Афғонистон ҳукмдорлари: Шоҳ Қосим, Шоҳ Ҳидоят, малика Иқлимабону жой олган. Ҳозир бу мозор ва унинг ёнида 1619 йилда Ялангтўш Баҳодир қурдирган масжид мавжуд, аммо бу ерда бино этилган 41 ҳужрали мадрасадан ному нишон қолмаган.

Бу яқин орада ушбу мақбара ва масжидларнинг қурилганига 400 йил бўлиб қолади. Рус тарихчиси профессор Н. Веселовскийнинг ёзма манбаларига қараганда, Махдуми Аъзам даҳмаси Ўрта Осиёдаги даҳмаларнинг энг йириги ҳисобланар экан. 17х18 квадрат метрли саҳнли даҳманинг атрофлари мармар тошлар билан сайқалланган бўлиб, супасининг баландлиги 2 метрни ташкил этади.

Махдуми Аъзам Туркистон шеъриятининг улуғ намояндаси Бобораҳим Машрабнинг пири бўлган Офоқхожа Эшон Кошғарийнинг бобокалонидир. Машрабнинг ушбу сатрлари мавжуд:

Пири Маҳдуми Аъзам, подшоҳим кўргали келдим,
Итидек остонига юзумни сургали келдим.
Қиёмат боргоҳин тузар ул кун малоиклар,
Ки сен кимёназарсан, мен — мис, зар бўлгали келдим…

02Махдуми Аъзам номи «Бобурнома»да тилга олинмаган бўлса-да, Бобур мирзо бу муборак зотга Ҳиндистондан туриб ҳам эътиқодни аён қилиб тургани бир қатор манбаълардан мавжуд. Қувғинди подшоҳ Маҳдуми Аъзам билан қисқа муддатли тарзда учрашгани, иродатига киргани шак-шубҳасиз. Бу учрашув Махдуми Аъзамнинг Косондалигида ёки Тошкентдалигида юз берган бўлса керак. Яна шуни айтиб ўтиш лозимки, мақоланинг бошида биз тилга олган зот, яъни Мирзо Бобурнинг пири Мавлоно Абдуллоҳ Қози аслан Махдуми Аъзамнинг амакизодасидир. Ушбу ҳолат ҳам Мирзо Бобур Махдуми Аъзамни ўзига жуда яқин олганига далолатдир.

Биз биринчи мақоланинг дебочасида Ҳасанхожа Нисорийнинг Бобур мирзонинг нақшбандия хонадонига инобат нисбати борлиги хусусида айтган сўзларини келтирган эдик. Нисорий ўша сўзнинг давомида ёзади: «(Бобур мирзо) ҳазрати Махдуми мулло Хожагийга, сирлари муқаддас бўлсин, бир бўлак олтин қуймасини ниёз тариқасида юбориб, ёнида ушбу қитъасини ҳам шоҳид қилган эди.

Қитъа:
Дар ҳавои нафси гумроҳ умр зое кардаем,
Пеши аҳлуллоҳ аз атвори худ шармандаем,
Як назар афкан ба суи мо, ки аз роҳи вафо,
Хожагиро мондаем, хожагиро бандаем.

Мазмуни:
Адашган нафс йўлида умрни зое қилдик,
Дин аҳли олдида бу қилмишимиздан уятлимиз.
Биз томонга ҳеч бўлмаса бир назар сол, вафодорлик этиб —
Хожага боғланганмиз, хожага бандамиз…

Маҳдуми Аъзамнинг «Бобурия» рисоласида эса бу қитъа, аниқроғи учинчи сатр бошқа тарзда келтирилади:

Дар ҳавои нафси гумроҳ умр зое кардаем,
Пеши аҳлуллоҳ аз атвори худ шармандаем,
Як назар бар мухлисони хастадил бинмо, ки мо
Хожагиро мондаем, хожагиро бандаем.

Маҳдуми Аъзамнинг авлодларидан бўлмиш, олис аждоди ҳаёти ва фаолиятига бағишлаб рисола ёзган, у ҳақда тадқиқот олиб бораётган хўжандлик олим (ўзлари ҳам шу авлоддан бўлмиш) Илёсхон Ғозий сўнгги байт мазмунини қуйидагича баён қилиб, уни шундай шарҳлайди:

Бир назар, бул хастадил мухлисларингга ташлаким,
Хожогини қўйган эдик, Хожогига бандамиз…

Бу байтнинг охиридаги «Хожогини қўйган эдик, Хожогига бандамиз» дейилганини қуйидагича тушуниш мумкин. Темурийлар империяси тугатилиб, унинг ўрнига ўзбек хонлари — шайбонийлар сиёсий саҳнага чиқдилар. Бу сулола намояндалари Убайдуллохон, Жонибек Султон, Исфандиёр Султон, Искандар Султон ва Абдулазизхонлар Маҳдуми Аъзамнинг муриди эдилар. Темурийлар давридаги нақшбандия тариқатининг муршидлари — Хожа Аҳрор, Мавлоно Қози вафот этган эдилар ва Маҳдуми Аъзамнинг муршид сифатида саҳнага келиши шайбонийлар даврига тўғри келган эди. Темур наслидан бўлган Бобур албатта Маҳдуми Аъзамнинг шайбонийлар билан алоқада бўлишига миннатдорлик билан қарамас эди. Маҳдуми Аъзамнинг Бобурга қилган муруввати унда (Бобурда) бўлган эътирозни барҳам берди ва яна қайтадан Бобур Хожогига юз бурди».

Илёсхон Ғозий бу ўринда Маҳдуми Аъзамнинг Бобурга қилган қандай мурувватини назарда тутмоқда? Бу муаммони ечиш учун муаррих Ҳофиз Таниш Бухорийнинг Бобур мирзо Маҳдуми Аъзамни ўзига пир билиб, ундан маслаҳат ва ёрдам сўраб турганини ёки Шарқий Туркистонлик муаррих Муҳаммад Содиқ Кошғарийнинг китобида, қолаверса, «Бобурия» рисоласида келтирилган маълумотларни эслаш ўринли. Шарқий Туристонлик муаллиф ёзади: «Нақлдирким, вилоят Ҳиндистонда Бобур отлиқ бир подшо бўлган эрди. Ул замонда Султон Иброҳим отлиқ бир подшо душман бўлиб лашкар бирла келди. Бобур подшо ҳазрати Хожагонға мухлис эътиқодлик қилур эрди, хожалар арвоҳлариға таважжуҳ қилди. Ҳазрати Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор олами ғайбда ҳозир бўлдилар. Подшо булардан мадад тиладилар. Бу аснода ҳазрат Маҳдуми Аъзам, қаддаса сирриҳу, сурати зоҳиран намоён бўлди. Хожа Аҳрор подшони ҳазрати Маҳдуми Аъзамға топширдилар. «Кулли муҳимот ва мадад сиздан бўлғай» деб ғойиб бўлдилар. Подшоҳ ўзига келди, улкан жанги азим бўлди, ҳаммалари муойина кўрдилар:ҳазрати Маҳдуми Аъзам жамоа бирла зоҳир бўлдилар, душманлар лашкарларига барҳам урдилар».

Бу масалага ойдинлик киритиш учун Комилхон Каттаев таржима қилиб, илк марта эълон қилган «Жомеул-мақомот» асаридан ҳам бир иқтибосни айнан келтирамиз:
«Ўша замонким, кофир Раъно Санго Бобур подшоҳ бошига жанг талабида лашкар тортиб келганида, подшоҳнинг боши гангиб фикру андишага чўмади. Подшоҳнинг Амир Дарвиш Муҳаммад Сорбон номли вазирларидан бири ўз вақтида Ҳазрати Мавлоно Муҳаммад Қозининг муридларидан эдиким, у подшоҳдан нега ғамгин эканлиги сабабини сўрайди. Бобур подшоҳ дейди: Нега ғамгин бўлмайким, кофирлар лашкари мусулмонларни қиришга келишди ва бизнинг лашкар эса жуда заъифдир. Шунда вазир дейди: «Биздан шариат ва тариқат хилофига не ўтган бўлса тавба қилиб, Худо даргоҳига ва Хожагон тариқати акобирлари арвоҳига мутаважжеҳ бўлиб мадад сўрайлик». Улар Худодан мадад сўрагач, подшоҳ туш кўрадики, бир Хожагон тариқати муршиди унга мадад бераётган экан. Уйғониб вазирига воқеада кўрганини айтади ва кучига куч қўшилиб, жуда оз сонли аскари билан неча карра кўп сонли душманни тор-мор этгач, Ҳиндистон мамлакати унга муқаррар бўлади. Сўнг, ўша пирнинг кимлиги ҳақида вазиридан сўрайди; вазир ушбу муршид Мавлоно Хожагий Косоний — Махдуми Аъзами Даҳбедий эканлигини айтади.

Бу орада Ҳазрати Махдуми Аъзам ҳам ёронларига қараб айтадилар: «Тарихга ёзингизким, биз бу кеч Оллоҳ иродаси ва Хожагонлар руҳониятлари мадади билан Бобур подшоҳга ёрмандлик етказдик». Бу сўзларни ёзиб қўядилар.

Бу вақтда Ҳиндистонда Бобур мирзо душмандан тушган жуда катта ўлжанинг энг сарасидан бир неча олтин қуйма ва беҳисоб жавоҳирларни ўзининг рисолаю рубоийларига қўшиб бошқа бир вазири — Амир Қўзи орқали Даҳбедга юборади ҳамда ўзининг ғойибан иродат этиб қўл берганлигини эълон қилади. Шундан сўнг, Даҳбедда уч-тўрт кун меҳмон бўлиб пиру муршид суҳбатини олган вазир Амир Қўзи ҳам ҳукмдори каби қўл бериб иродатга киради. Ҳазрати Махдуми Аъзам вазирга жавоб бераётиб подшоҳ Бобурнинг рубоиётига ёзган Шарҳларини бериб юборади» .

Маҳдуми Аъзам «Рисолаи Бобурия»да Мирзо Бобур бериб юборган рубоийларнинг айримларини келтиради. Уларнинг бири ушбу маънода эди:

Дарвеш, туро агарчи на аз хешонем,
Лек аз дилу жон муътақадди эшонем,
Дур аст магўй шоҳи аз дарвеши,
Шоҳем, вале бандаи дарвешонем.

Мазмуни:
Дарвеш, сенга хеш (яқин) бўлмасак-да,
Лекин дилу жонимиз билан сизга эътиқодлимиз.
Демагилким, шоҳлик дарвешликдан йироқдир,
Шоҳмиз, аммо дарвешларга бандамиз.

Бобур мирзонинг Маҳдуми Аъзамга йўллаган ва «Рисолаи Бобурия»дан ўрин олган бошқа асарларда ҳам унинг пирига бўлган катта эътиқоди ўз аксини топган. Маҳдуми Аъзам эса ўз рисоласини Бобур мирзога бағишлар экан, ўз гуноҳини билган, уни бўйнига олган ва пушаймону-надомат чеккан кишилар Аллоҳга азиздир, деган фикрни аён этади ва бунга Бобур мирзони мисол қилиб келтиради.

Сўзимиз охирида шуни таъкидлашни истардимки, бу ёзганларимиз улуғ зотлар ҳаёти ва фаолиятидан бир мисқолчадир. Уни давом эттириш нафақат Комилхон Каттаев, Илёсхон Ғозий каби зукко,изланувчан олимларнинг, балки келгуси авлодларнинг ҳам зиммасидадир.

09

“РИСОЛАИ БОБУРИЯ» АСАРИ ҲАҚИДА
Комилхон Каттаев
«Рисолаи Бобурия» билан мана бу саҳифада танишинг
099

02Махдуми Аъзам ва Бобур мирзолар ўртасида бўлиб ўтган тариқий ва назмий робиталар тўғрисида тўлиқ баён берувчи «Рисолаи Бобурия» асари Махдуми Аъзамнинг энг катта асарларидан биридир. Рисоланинг номидан ҳам маълум бўлаётирки, китоб Бобур мирзонинг илтимосига кўра ёзилган. Юқоридаги манбаларда айтилганидек, Бобур мирзо Хожа Аҳрорнинг «Рисолаи волидия» асарини таржима этиб, ўз рубоийлари ва совға-саломига қўшиб пирига юборган. Жавоб тариқасида Махдуми Аъзам «Рисолаи Бобурия» асарини ёзган, деб келтиришган. Аммо фикримизча, Бобур мирзо пирига яна бир алоҳида хат юбориб, ундан зикрга доир баъзи масалаларни ҳал қилиб беришни илтимос қилган, кўринади. Чунки агарда, фақатгина юборган назм ва насрига оид ёзишмаларга жавоб берилганда эди, унда рисолага «Шарҳи ғазалиёти Бобурия» (худди, «Шарҳи ғазалиёти Убайдий» номли рисолалари каби) номи қўйиларди. Ундан ташқари, рисоланинг аксарият қисми зикр масаласига бағишланган. Шунинг учун ҳам пиру муршиднинг бу асарини аввало Бобур мирзонинг тариқат соҳасида қўйган саволига жавоб тариқасида ёзилган китоб, деб қарашимиз лозим кўринади.

Шу билан бирга, «Рисолаи Бобурия» асарида ўқувчи кўнглига кириб кета оладиган ғоят чиройли назмлар ва сўзлар орқали асосий ғоя баён этилган. Муаллиф ўзининг назмларидан ташқари ўзгаларнинг ҳар хил ғазал байтларини кетма-кет ўринлатиб жойлаштирганки, бундан чиройли маънилар чиққан.

Рисоладаги баъзи ғазалларда «Қосим» тахаллуси келтирилиши Қосим Анвор ё бошқа шоир ғазалими ёки Махдуми Аъзам шу тахаллус билан назм этганми, деган саволларга ҳам адабиётшунос олимларимиз келгусида жавоб топишади, деб умид қиламиз.

Афсуслар бўлсинки, Махдуми Аъзамнинг долзарб илмий аҳамиятга молик бўлган ушбу «Рисолаи Бобурия» асари ҳозирга қадар тадқиқотчи олимларимиз назаридан четда қолмоқда. Ваҳоланки, рисоланинг тадқиқ этилиши натижасида нафақат икки буюк арбобнинг фаолиятларига доир номаълум қирралар, назмий ва насрий ёзишмалар ёритилади, балким тасаввуф оқимлари йўналишидаги кўплаб тариқатларда муҳим ўрин тутган арконлардан бўлмиш жаҳрий ва хуфий зикрларнинг келиб чиқиш тарихи, ўрни ва моҳияти тўғрисида олимлар учун кутилмаган хулосаю натижалар, неча йиллик саволларга излаб юрилган жавоблар ногаҳон топилиб қолади.

Юқорида келтирилган чалкашликларни ҳал этишда, тарихимиз қора саҳифаларини ўчириб, бўш- оқ саҳифаларни тўлдиришда «Рисолаи Бобурия»нинг аҳамияти беқиёс бўлиб, унда икки зотнинг назмий-ирфоний ва насрий ёзишмаларидан кўп муаммоларни аёну баён этиш ҳам мумкин.

«Рисолаи Бобурия» ўз замонасида фавқулодда инқилобий рол ўйнаган асарлар сирасига киради. Нега деганда, ўша даврларда Нақшбандия ва Яссавия тариқати орасидаги жаҳрий ва хуфий зикрлар масаласи туфайли икки тариқат орасидаги вазият таранглашган бўлиб, агар бу масала сиёсат даражасигача кўтарилса, давлатда катта можароларга сабаб бўлиши мумкин эди (худди, калом илмида Қуръоннинг махлуқ ё эмаслиги тўғрисидаги тортишувлар каби). Ана шундай вазиятда, Нақшбандия пешвоси Махдуми Аъзам муриди Бобур мирзонинг илтимосидан фойдаланган ҳолда хуфия ва жаҳрия зикрларининг ҳар иккисини жоизлиги борасида илк марта илмий асосда чиқиш қилади. Ўша давр муҳитини инобатга оладиган бўлсак, бу жуда катта қаҳрамонлик иши бўлиб, ўртада ўз ному обрўълари қўйган эди. Шундай қилиб, Махдуми Аъзам Хожагон-Нақшбандия тариқати акобирлари орасида биринчи бўлиб жаҳрия тариқати зикрини илк асар ёзиб эътироф этган ва ҳурматини жойига қўйган аллома ҳисобланган.

Яссавия тариқати алломалари тўғрисида асосий мақомот асар ҳисобланган «Ламаҳот мин нафаҳотул-қудс» (25) (муаллифи замон олимлари пешвоси Олим Шайх Азизон, 1564/1632йй) асарида тарихда учрамайдиган воқеа тасвирланган: Миёнколда ўша замоннинг уч тариқат раҳбарлари- Нақшбандия пешвоси Махдуми Аъзам, Яссавия пешвоси Шайх Худойдоди Вали ва Кубравия пешвоси Шайх Махдуми Хоразмийлар бир жойда учрашишиб, бирма-бир ўз зикрларини намойиш этишган. Ҳар бир тариқат зикри ижро этилаётганда, бошқа тариқат пешволари ўринларидан туриб ҳурмат бажо келтиришган. Тариқатларнинг бу ажойиб келишуви ёки бир-бирига ҳурмати Махдуми Аъзамнинг илмий жиҳатдан зикрларнинг жоизлигини исботлаганларнинг натижаси ва «Рисолаи Бобурия»нинг маҳсули эди.

Махдуми Аъзам Даҳбедийнинг тасаввуф тариқатларига йўналтирилган «Рисолаи Бобурия» асари ўша замон мутасаввуф олимлари, пиру муршидларига қўлланма сифатида ёзилган бўлса-да, тариқий келиштирувчиликни амалга ошира оладиган асосан икки шахсга- Бобур мирзо ва Убайдуллохонларга ҳам мўлжалланган эди. Ва охир оқибат иккаласини яраштириб қўйиш ҳамда Мовароуннаҳр ва Ҳиндистон ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш мақсади ҳам бўлган эди.

Мовароуннаҳр диёридан ташқари, Ҳиндистонда ҳам тасаввуф тариқатлари маркази пайдо бўла бошлаганлигини Махдуми Аъзам тушуниб етган эди. Ҳиндистонда шаклланган тўрт зикр талқинидан (яъни, тўрт тариқатдан) инобату иродат олиш жомеъ сулуки пайдо бўлишида, тариқатларни тинч келиштиришда ва Аълия-Нақшбандия силсиласининг Алфи Сония сулуки шаклланишида «Рисолаи Бобурия» асари ва унинг муаллифи Махдуми Аъзам Даҳбедий жуда катта рол ўйнаган. Кези келганда айтиш жоизким, Махдуми Аъзамнинг чевараси, Аълия -Нақшбандия тариқати назариётчиси Мўсохонхожа Даҳбедий (Муҳаммад Мўсо ибн Хожа Исо Даҳбедий) Ҳиндистонда фаолият кўрсатган ва йигирмага яқин асарлар ёзиб, бу ишга ўз ҳиссасини қўшган.

«Рисолаи Бобурия» асари дунё илм аҳллари томонидан буюк саркарда, тарихчи, олим ва мутафаккир шоир сифатида тан олинган шавкатли юртдошимиз Бобур мирзо учун кўнгул шикасталикларидан қутулиш малҳами ҳам бўлди, десак адашмаймиз. Негаки, қизилбошлилар мадади билан бобоси пойтахти Самарқандни фатҳ этмоқчи бўлиб, халқ ва тариқат арбоблари ғазабига учраган Бобур мирзо учун Махдуми Аъзамдек раҳнамо муршиднинг назарига қайта тушиши, ватан олдида оқланишга эришиб, ўз йўлини қайта топиб олгандек даражада эди. Мисра:
Йўлни не билгай киши то раҳнамо кўрсатмагай.

Бу улуғ зотнинг номига доғ тушириш ҳоллари ҳам учрамоқда. Чархнинг Бобур мирзо кўрмаган жабру жафоси қолмагани етишмаганидек, ўз ҳаётида кўп азобларни кўриб, дашномларга қолганига қарамай, ҳозирги давримизда баъзи юртдош олимлар унинг фаолиятидан хато излаб шараф топмоқчи бўлишади.

Аммо, олдин унинг фавқулодда қобилияти, тарихда қолдирган ижобий-салбий хизматларини тарозига қўйишлари керак эди. Ваҳоланки, унинг пири фаолиятини тарозига тортиб, ижобий баҳони беш асрча олдиноқ берганди. Ушбу «Рисолаи Бобурия» асари уларга мозийдан берилган жавоб бўлди.

…«Рисолаи Бобурия»да Махдуми Аъзам Бобур мирзони, у орқали барчани адолатга, ҳалолликка, сабру қаноатга, қўл, кўнгул ва нафс тозалигига, бировни ҳақини емасликка ва асосийси халқ манфаати йўлида келишувчиликка чақиради. Шул жиҳатдан ҳам бу асар ўз замонасида бўлгани каби, ҳозирги давримизда ҳам ёшлар тарбияси учун айниқса долзарбдир.

…Сўзимиз ниҳоясида Махдуми Аъзамнинг ушбу дастхат китобини бизгача асраб етказган Нақшбандия тариқати охирги муршидларидан Музнибий тахаллусли Каттахонхожа Даҳбедийнинг (1868-1969) мусовадаларидан шоир Мавлоно Эшонжони Қундузий билан назмий ёзишмаларидан бирини келтирамизки, бу- Бобур мирзонинг пири Махдуми Аъзамга ёзган назмидан илҳомланиб ёзилгани билиниб туради. Рубоий:

Бандаги дар тарки нафсу роҳи Ҳақ паймуданаст,
Сар ба хоки остонаи Ҳақ парастон суданаст.
Давлату дунёву дин ҳангомаи иззу шараф,
Дар чавори Ҳазрати Махдуми Аъзам буданаст (26).

Мазмуни:

Бандалик-нафс таркию Ҳақ йўлидан юрмоқликдур,
Бошини Ҳақпарастлар остонига суртмоқликдур.
Давлат, дунё, дин ва шарафли иззат пайти,
Ҳазрати Махдуми Аъзам қабрида турмоқликдур.

————————————
25. Ламаҳот. Олим Шайх, тузувчилар: К.Каттаев, А.Нарзуллаев. Самарқанд, 2007 Самарқанднинг 2750 йиллигига атаб чоп этилган. 99-100 бетлар.
26. Каттахонхожа Даҳбедий. Рисолаи торихи Даҳбедия. Қўлёзма (м.ш.к.)
«Рисолаи Бобурия» асари «Мажмуа ар-расоил» қўлёзма тўпламининг 285а саҳифасидан то 301а саҳифасигача (33 саҳифа) жойни эгаллаб, қора-қизил бўёқларда жуда чиройли хат услубида ёзилган.

ДАВОМИ БОР

N1bwPTNq0bg.jpgXurshid Davron
MIRZO BOBUR PIRLARI
Ikkinchi maqola
06

02

Birinchi maqolada Bobur mirzo umr bo‘yi e’tiqodu e’timod etgan hazrat Xoja Ubaydulloh Ahror haqida yozgan bo‘lsak, endi ulug‘ shoir va sarkardaga bolalik pallasidan tayanch bo‘lgan, uning sarson-sargardonlik kezlarida madad bergan, shu yo‘lda shahid ketgan Xoja Mavlonoyi Muhammad Qoziy bilan Bobur mirzo Movarounnahrda irodatiga kirgan, Hindistonda ekan, goh noma, goh elchi yuborib ma’naviy ko‘mak, duo-yu fotiha olgan Maxdumi A’zam haqida hikoya qilishni maqsad qildik. Biroq, bu ikki ulug‘ siymo haqida hikoya boshlashdan avval Turkiston tasavvuf tarixida sezilarli iz qoldirgan Sulton Burhoniddin Qilich xususida ma’lumot bermoqchimiz, zero, bu muborak zot bizning maqsadimizga sabab bo‘lgan ikki zotning bobokalonidir.

Bobur mirzo o‘z kitobida Xoja Mavlono Qozi haqida yozar ekan, ushbuni qayd etadi:“Xoja Mavlonoyi Qoziyning oti Abdullohdir. Ota tarafidin nasabi Shayx Burhoniddin Qilichqa muntahi bo‘lur. Ona tarafidin Sulton Ilik Moziyg‘a yetar. Farg‘ona viloyatida bu tabaqa muqtado va shayxulislom va qozi bo‘la kelgandurlar…” Maxdumi A’zam esa “Risolai tarixi vafoti shayxon (”Shayxlar vafoti tarixi risolasi“), ”Risolai olamiya“da Shayx Burhoniddin Qilich haqida yozar ekan, o‘zini besh pusht bilan shayxga ulanishini ta’kidlab, ”Bobokalonim» deb faxrlanadi.

Sulton Burhoniddin Qilich haqida muxtasar bo‘lsa-da, “Matlab at-tolibin”, “Manoqibi Maxdumi A’zam”, “Jome’ ul-maqomot”, “Mulhakot as-suroh” nomli asarlarda rivoyatu naqllar mavjud. Rivoyat qilishlaricha, hazrati Abu Tolib avlodidan bo‘lmish Sayid Kamoliddin Madinani tark etib, Movarounnahrga kelgan ekan. Bir kuni u suv yoqasida dam olishga to‘xtaganida Farg‘ona va O‘zgan podshohi Sulton Ilik Moziy xabar topib, “Mabodo sayidzodaga hurmatsizlikka yo‘l qo‘yilmasin” degan niyatda, uni huzuriga chorlab odamlarini jo‘natgan ekan. Sayid Kamoliddin ularga: “Men bir qalandar kishiman, ahlulloh dardi bilan bu diyorga kelganman — podshohlaringga ishim yo‘q!”, — deb borishni istamabdi. Bu gapni eshitgan podshoh yana odam yuborib, uning huzuriga o‘zi borishi uchun ruxsat tilabdi. Shunda sayidzoda: “Podshohlaring darveshlar suhbatiga moyil ekan, o‘zim borurman”, — deb. Sulton Ilik Moziy huzuriga yetib boribdi. Podshoh uni izzat-ikrom bilan kutib olibdi va ancha vaqt o‘tgach, o‘z qizini sayidzodaga nikohlab beribdi. Yana bir muddat o‘tib, Sayid Kamoliddin xotinini olib ona yurtiga — Madinaga qaytibdi va ko‘p o‘tmay dunyodan ko‘z yumibdi. O‘limi oldidan xotiniga tug‘ilajak farzandining ismini Sulton Burhoniddin qo‘yishni vasiyat qilgan ekan.

Roviylarning qayd etishlaricha, Sulton Burhoniddin to‘qqiz yoshga to‘lganda onasi bilan Farg‘onaga qaytgan. Bobosining vafotidan keyin taxtga chiqib, bir qancha muddat el-ulusga adolat eshigini ochib, adlu-shafqatlar qilgan ekan. Ammo qonida darveshlik, so‘fiylik g‘olib kelgan yosh podshoh, xuddi hazrat Ibrohim Adhamdek, toju taxtdan voz kechib, uzlatni ixtiyor qilibdi. Murshid izlab Xo‘jandga — o‘sha zamonning eng zabardast tasavvuf arbobi Shayx Maslahatuddin Xo‘jandiy (Uni Badyeuddin Nuriy ham deydilar) dargohiga borib, ko‘p vaqt mulozimat qildi. Ustozining vafotidan keyin (Taxminan 1221 yil) O‘zganga qaytib, xalqni Haq ma’rifati yo‘liga chorlagan va o‘sha yerda olamdan o‘tgan. Qabri O‘zgan shahri yaqinidagi Musofir Ota qabristonidadir.

Sulton Burhoniddin islom olamida Shayx Burhoniddin Qilich nomi bilan mashhur. Unga “Qilich” laqabining berilishi sabablari xususida bir qator rivoyatlar mavjud.

Emishkim, bir kuni aziz kishilardan biri Sulton Burhoniddinning nima sababdan toju taxtdan voz kechib, uzlatni tanlagani sababini bilish maqsadida uning xonaqohsiga boradi. Salom berib kirgan kishining niyatini ilg‘agan shayx karomat ko‘rsatadi. Azizzodaning ko‘z o‘ngida bir qilich paydo bo‘lib, har tomondan uchgan chivinlar uning damiga urilib, ikkiga bo‘linar ekan. Hayratdan og‘iz ochib qolgan kishiga qarab, shayx:“Chivinlar aybdormi yo qilichmi?” deganida, haligi kishi o‘rnidan turib, uzr aytib tavba qilgan ekan. Mana shu voqea sabab shayx “Qilich” laqabini olgan ekan.

Jamoliddin Qarshiy (1230 yilda tug‘ilgan) qalamiga mansub “Mulhaqat as-Suroh” asarida ham Shayx Burhoniddin Qilich al-O‘zgandiy haqida ma’lumotlar va uning azamati qudratli bo‘lgani ifodalangan hikoyatlar keltirilgan. Maxdumi A’zamning yozishicha, Shayx Burhoniddin sohibi qudrat bo‘lgan, agar quruq xasga boqsa, u darhol ko‘kargan. Ko‘hna kitoblar shayxning o‘sha davrning ulug‘ peshvolari Xoja Abulqosim Gurgoniy va Xoja Yusuf Hamadoniylar bilan suhbatdosh bo‘lganini ham hikoya qiladilar.

II. XOJA MAVLONO ABDULLOH QOZI

02

“Boburnoma”ga asoslansak, mavlono Muhammad Qoziy so‘nggi yillarda Bobur mirzoning otasi, Andijon hukmdori Umarshayx mirzoning dargohida, uning eng sadoqatli kishisi, podshohning piri murshidi maqomida bo‘lgan. Shu sababdan ham Umarshayx mirzoning fojiali halok bo‘lishi, Sulton Ahmad mirzoning Andijonga qo‘shin tortishi bilan boshlangan tahlikali kunlarda Bobur mirzoga ko‘makka kelgan dastlabki kishilardan biri bo‘ldi. Bobur mirzo o‘sha kunlarni eslab yozadi: «Xoja Mavlonoyi Qozikim, Sulton Ahmad Qozining o‘g‘li va Shayx Burhoniddin Qilichning naslidur, ona tarafidin Sulton Ilik Moziyg‘a yetar, aning xonavodalari ul viloyatga (ya’ni Farg‘ona viloyatida) marje va shayxulislom yo‘sunluq bo‘la kelgandur, … qo‘rg‘on ichidagi beklar bu xabarni topib, Xoja Muhammad Darziynikim, Umarshayx mirzoning boyrusi va bir qizining atkasi edi, yiborib ul dag‘dag‘alarni bularning xotiridin raf’ qilib, Nomozgohga yovuq yetgan mahalda meni olib yondi. Kelib arkka tushdum. Xoja Mavlonoyi Qoziy va beklar mening qoshimda kelib, so‘z va kengashni bir yerga qo‘yub, qo‘rg‘onning burj va borusining zabt va rabotig‘a mashg‘ul bo‘ldilar…

Sulton Ahmad mirzo O‘ratepada va Xo‘jand va Marg‘ilonni olib kelib, Andijonning to‘rt yig‘ochida Qubog‘a tushti… Xoja Qozini va Uzun Hasan Xoja Husaynni elchilikka… yiborildi».

O‘sha kundan boshlaboq, mavlono Muhammad Qoziy o‘n ikki yashar temuriyzodaga rahnamo bo‘lib, suyanchiqsiz qolgan Bobur mirzo uchun eng og‘ir pallalarda tayanch bo‘ldi.

1497 yil noyabrining oxirida Samarqandni ilk marta egallagan Bobur mirzo bir-ikki oy o‘tmasdanoq tang ahvolda qoldi. Samarqand uzoq qamal qilingani sababidan shaharga kirgan Andijon qo‘shini tanqislik torta boshladi. Oqibatda, beklarning ayrimlari Andijonga qochib ketdilar. Noiloj qolgan Bobur mirzo qochoqlarni insofga chaqirish uchun mavlono Muhammad Qoziyni Andijonga yuboradi.

Andijonga qochgan beklar — Sulton Ahmad Tanbal, Uzun Hasan til biriktirib xiyonat yo‘liga o‘tdilar. Ikki xiyonatkor bek Samarqanddan o‘ljasiz qaytgan beklarni ham, qochqin navkarlarni ham o‘z tomonlariga og‘dirib Bobur mirzoning inisi Jahongir mirzoga Andijon taxtini olib bermoqqa qasdlandilar. Andijonga yetib borgan mavlono Muhammad Qoziy vaziyatning qaltisligini ko‘rib, yurish boshida Andijonda Bobur mirzo tomonidan qoldirilgan navkarlar ham isyonchilar tomoniga o‘tib ketmasligi uchun o‘n sakkiz ming qo‘yni qo‘rg‘onidagi qo‘shinga ulashdi. Shu bilan birga, u ketma-ket maktub yozib, Bobur mirzoni Andijonga qaytishga da’vat qildi.

Bobur mirzo bu haqda yozadi:“Muhosara muddatida mening volidalarimdin va Xoja Qozidin muttasil bu mazmun bila xatlar kelur edikim, bizlarni mundoq muhosara qilibturlar:”Agar kelib faryodimizg‘a yetmasangiz ish vubol bo‘lg‘usidur. Samarqand Andijon kuchi bila olilib edi. Agar Andijon ilikta bo‘lsa, yana tengri rost keltursa, Samarqandni iliklasa bo‘lur“. Mutaoqib bu mazmun bila xatlar keldi…”

Xuddi o‘sha kunlari, yolg‘iz qolish qo‘rquvidanmi yoki boshqa bir sababdanmi, Bobur mirzoning ahvoli og‘irlashib, to‘shakda yotib qoldi. Qolaversa, ona ko‘ksi isini unutishga ulgurmagan o‘n besh yoshli amirzoda o‘z volidasining taqdiridan ham cho‘chib qolgan edi. Nima bo‘lgandayam, ota bir jigari bo‘lsa-da, Jahongir mirzoning onasi boshqa edi. Shunday ekan, zulm yo‘li ochiq turardi.

Andijondan xat kelish to‘xtamasdi: “Chun onalarimdinkim, onam va onamning onasi Esan Davlatbegim bo‘lg‘ay, yana USTOD va PIRIMDINKIM, XOJA MAVLONOYI QOZI BO‘LG‘AY, bu nav’ xatlar kelib, mundoq ehtimom bila tilag‘aylar, ne ko‘ngul bila kishi turg‘ay”.

Shu sababdan ham Bobur mirzo Samarqand taxtiga o‘tirganiga rosa yuz kun bo‘lganda — 1498 yil fevralida shaharni tark etib, Andijonga qarab otlandi. Uning bir hovuchlik qo‘shini jadal yurib, bir hafta deganda Xo‘jandga yetdi. Bu yerga yetgan Bobur mirzoni dahshatli xabar kutardi:“O‘shul kuni Andijondin bir kishi bu xabarni kelturdikim, yetti kun mundin burun, o‘shul shanbakim, biz Samarqanddin chiqibturbiz, o‘shul shanba Ali Do‘st Tog‘oyi (Bu odamni Bobur Andijonga hokim qilib qoldirgan edi.) Andijon qal’asini muxoliflarg‘a beribtur…” Yana necha kun o‘tib Bobur mirzo navbatdagi mash’um xabarni oldi:“Andijonni olg‘ondin so‘ng mening Xo‘jand kelganimni eshitib, Xoja Mavlonoyi Qozini ark darvozasida beizzatona osib shahid qildilar”.

Bobur mirzo pir va ustozini eslab, xotirasini shunday yakunlaydi:“Xoja Qozi hazrati Xoja Ubaydullohning muridi edi. Alardin tarbiyat topib edi. Xoja Qozining valilig‘ida mening hech shakkim yo‘qtur. Qaysi ish valoyatqa mundin yaxshiroq dalildurkim, alarg‘a qasd qilg‘onlardin oz fursatta osor va alomat qolmadi. Xoja Qozi ajab kishi edi. Qo‘rqmoq anda aslo yo‘q erdi. Oncha daler kishi ko‘rilgan emas. Bu sifat ham valoyat dalilidur. Soyir el har necha bahodir bo‘lsa, andak dag‘dag‘asi va tavahhumi bo‘lur. Xojada aslo dag‘dag‘a va tavahhum yo‘q edi. Xojaning voqeasidin so‘ng Xojag‘a mansub ellar misli navkar va chokar va aymoq va ahshomni tamom tutturub talattilar”.

02

Xoja Mavlono Abdulloh Qoziy kabi Xoja Ahrori Valining as’hoblaridan bo‘lmish Xoja Mavlono Muhammad ibn Burhoniddin 851 (1447—48) yili Samarqandda tug‘ilgan. Bu zot haqida uning shogirdi, Mirzo Boburning jiyani Mirzo Haydar o‘zining “Tarixi Rashidiy” asarida shunday ma’lumot beradi: “Hazrat Mavlononing ismi Muhammad ibn Burhoniddin edi. U kishining otasi Miskin Samarqandiy Qozi Imomiddinning yaqin kishilari jumlasidan bo‘lgani sababli u Mavlono Muhammad Qozi nomi bilan tanilgan edi. Ilmlar tahsil qilganidan keyin u kishida Xudo yo‘lida darvish bo‘lmoq niyati tug‘ildi…”

Xoja Mavlono Muhammad ibn Burhoniddin o‘zining “Silsilat ul-orifin va tazkirat us-sodiqin” asarida Xoja Ahrori Valiy mulozimatida o‘n ikki yil bo‘lganini qayd etgan. Uning hikoya qilishicha, u mavlono Ne’matilloh degan kishi bilan ilm olish maqsadida Samarqanddan Hirotga otlanadi va Shodmon darasiga yetganda, havoning isib ketgani sababli ular soya joyda panoh topadilar. Shom payti Xoja Ubaydulloh Ahror ham o‘sha manzilga yetib boradi. Mavlono Muhammad Qoziy o‘sha zahot uning huzuriga boradi. Xoja undan:“Sen qayerliksan? — deb so‘ragach, mavlono samarqandlik ekanini bildiradi. Xoja Ahror ko‘p hikoyatlarni ularga naql qiladi va shu jumladan mavlono Qoziyning nima maqsadda Samarqanddan Hirot tomonga yo‘l olganini aytib beradi. Uning bu bashoratidan hayratda qolgan Muhammad Qoziy Xojaga e’tiqod qiladi. Xoja Ahror unga Hirotga borishdan maqsad ilm olish bo‘lsa, uni Buxoroda ham olish mumkinligini tushuntiradi va yo‘ldan qaytishni tavsiya etadi. Shunga qaramay, mavlono Qoziy yo‘lini davom ettirishini xohlaydi va yana ijozat olish maqsadida Xojaning oldiga boradi. Xoja Ahror undan:”Rostini aytgin, Hirotga darveshlik uchun borasanmi yo ilm tahsil uchunmi?“ — deb so‘raganda, mavlono Ne’matulloh:”Darveshligi kuchlilik qilib ilm olish talabotini berkitib qo‘ygan“, deydi. Shunda Xoja Ahror tabassum qilib mavlono Qoziyning qo‘lidan ushlab bog‘ tomon boradi. Mavlono Qoziy eslaydi:”qo‘limni Hazrati ushlagan hamon o‘zimdan g‘ayb urdim va bir necha muddatdan so‘ng o‘zimga keldim“. Hazrati Eshon aytadilar:”Senga bir maktub beramankim uni qo‘lingda tut va uni o‘qiyolmasang ham yaxshi saqlaki, shoyad u senga haqiqatdur“, so‘ng bizga borishga ruxsat berdilar va fotiha berib o‘zlari otga mindilar va biz Buxoro tomon yo‘l oldik. Ancha yurib erdikki, orqamizdan bir piyoda kishi yugurib keldi va Xoja aytgan maktubni menga berdi. Bu maktubni o‘g‘illari Xoja Kalong‘a yozgan erkanlar va unda:”Bu maktubni olib boruvchining ahvolidan voqif bo‘ling. Aslo yo‘l qo‘ymangizgim, bekorlik qilsa va har kimga tobe’lik qilsa“, — deyilgan erkan. Buxoroga yetishgancha oltita eshakni almashtirdik. Buxoroga yetish bilan ko‘z og‘rig‘iga duchor bo‘ldim va necha kun safarga chiqolmadim. Necha marotaba safarga otlanish qasdi qilinsa, shuncha marotaba qarshiliklarga duch kelar edim. Oxiri bezgak kasaliga duchor bo‘ldim va safar qilish fikrini bir tomonga yig‘ishtirib qo‘ydim. Menda Toshkandga borish ishtiyoqi paydo bo‘ldi va Toshkentga borib Shayx Ilyos langariga bormoqchi bo‘lib ulovimni va unda ortilgan kitoblarni oshnolardan biriga berdim. Shayx Ilyos darveshlaridan biror kishini ko‘rish maqsadida bozorga kirdim va unda bir kishini uchratdimki, u meni Shayx Ilyos langariga olib bormoqchi bo‘ldi. Ulovimni olish uchun kelib erdim, ul kishi menga:”Uloving xurjinlari bilan yo‘qoldi“, deb javob qaytardi. Iztirob chekib bir chetga chiqib g‘amgin holda o‘ltirdim va hayolimda Xojagon toifasini ahli ko‘b rashklidurlar, men esa ularni qo‘yib o‘zga shayx ziyoratiga bormoqchiman, ehtiyot bo‘lishim kerakki, mabodo boshqa zarar tegmasa” — deb o‘ylagan ham erdimki, qulog‘imga bir tovush keldi:“Sening eshaging topildi. Boshimni ko‘tarib qarasam, eshagim hozir bo‘lib turibdi. Ul oshnam menga:”Men ham hayratdaman, shunday oldimda turgan uloving birdagina ko‘zdan g‘oyib bo‘ldi“, der edi. Shu zahoti ulovimni minib Samarqand tomonga yo‘l oldim va Ilyos Shayx langariga borishdan o‘zimni tutdim. Samarqandga Hazrati Eshon mulozimatlariga kirib erdim. Eshon:”Xush kelibsan, menga ma’lum bo‘ldikim, sen o‘z o‘ylaganingdan qaytibsan», — deb tabassum qildilar. O‘sha kundan boshlab mavlono Qoziy Xoja Ahror irodatiga kirib, unga muridlik qiladi.

U uzoq muddat ustozi qo‘lida tarbiya topib, pirining o‘sha zamondagi faoliyatiga bevosita ishtirok etib, uning munosib yordamchisiga aylanadi. Bu o‘rinda Mahdumi A’zam risolalaridan birida qayd etilgan naqlni eslamoq joiz. Naql faqat pir va murshid faoliyati haqidagina emas, shuningdek naqshbandiya tariqatining ibratli bir amali haqida hamdir.

«Bir marotaba hazrati Xoja Ubaydulloh Ahror Toshkand shahriga kelib erdilar, ramazon oyi erdi, — deb hikoya qiladi mavlono Muhammad Qoziy, — faqir ham o‘z kuchim birla hazrati eshon hamrohligida kelib erdim. Shul paytda Shohbekxon (Muhammad Shaybonixon) Turkistonni ishg‘ol qilgan erdiki, uning tamomi mardumi och-yalang‘och Toshkandga kelib erdilar.

Hazrati Eshon /Xoja Ahror/menga aytdilarki:“Xohlarmanki, och qolgan turkistonliklarni qornini to‘yg‘izsam va sen bu xizmatda qoyim bo‘lsang”. Faqir Eshonning oliy ishoratlari birla xizmatda bo‘ldim. Har kecha yetti yuz non yopib va yetti yuz qo‘y so‘ydirib osh pishirtirar erdim va sahargacha taom yemoqqa ham fursatim yo‘q erdi. O‘z xotirimdan o‘tkazdimki:“Sening ishing endi faqat shu bo‘lib, tariqat ishlari, talaboti chetda qoldimu?”

Filhol (o‘sha lahza) bir mulozim kelib, eshonning huzurlariga borishimni aytdi. Hazratning oldilariga borib erdim, ul kishi menga boqib:“Ey farzand, shuni bilginkim, tariqat birlan mashg‘ullikdan tashqari, tariqat yo‘lida savob ish qilish Xudoning fayzidan bebahra qoldirmagay!” Angladimki, mening xotirim (o‘ylaganlarim) Eshonga ayon bo‘lgan ekan. O‘sha on tavba keltirib, pushaymon bo‘ldim…»

Naqllarga qaraganda, mavlono Muhammad Qoziy ustozining amri bilan Toshkentga kelib, bir qancha vaqt shu yerda yashaydi. Shu sababdan uni Shoshiy deb ham tilga oladilar. U Toshkentdaligida, zamon o‘tib Mahdumi A’zam nomi bilan mashhur bo‘lgan Sayid Ahmad Jaloliddin Kosoniyni shogirdlikka qabul qiladi.

Xoja Ahrori Valiyning vafotidan so‘ng (1490 y.) naqshbandiya xonadoniga peshvolik qilgan Mavlono Muhammad Qoziyga o‘tadi. Naqllarga ko‘ra, u ko‘p o‘tmay Samarqandda boshlangan to‘s-to‘polonlardan qochib, yana Toshkentga qaytib, ustozining yer-mulki bo‘lmish Farkatda istiqomat qiladi. Maxdumi A’zam tilidan aytilgan rivoyatlarning birida keltirilishicha, Toshkent xoni, Bobur mirzoning tog‘asi bo‘lmish Sulton Mahmudxon mavlono huzuriga odam yuborib, “risolatga (elchilikka) qobiliyati kishini aning salotiniga yuborish”ni iltimos qilganda, Mavlono Muhammad Qoziyning o‘zi bu ishga otlanadi.

Shayboniyxon hukmronligi davrida (1500—1510) ham uning obro‘-e’tibori yuqori bo‘lgan. Kitoblarda Shayboniyxonning ukasi, o‘sha paytdagi Buxoro hokimi bo‘lmish Mahmud Sulton unga murid bo‘lgani haqida ma’lumotlar qolgan. 1512 yili Mirzo Boburga ko‘makka kelgan Shoh Ismoil qo‘shini — qizilboshlar Movarounnahrga bostirib kirganida Mavlono Muhammad Qozi Andijon tarafga ketadi va Axsi shahrida o‘rnashib qoladi. Menimcha, u Mirzo Boburning qizilboshlarni yordamga chaqirib, xato ish qilganini anglagani uchun shunday yo‘l tutganga o‘xshaydi. Keyinchalik,aniqrog‘i, vafotidan sal oldinroq shayboniy Sevinchikxon taklifi bilan Toshkentga boradi va 922 (1515/1516) yili vafot etadi.

Uning qabri ustozi yonida — Samarqandda, Xoja Ahrori Valiy marqadining oldidadir. Bu xususda muarrix Abu Tohirxoja “Samariya” asarida shunday ma’lumot beradi: “Mavlono Muhammad Qozi xoja mozorining yonida ko‘milgan, qabri xoja mozorining quyisida, janub tomonda, xoja oyog‘ining tushma-tushidadir. Mavlono qabrining ustida daryo qirlaridan mayda qayroq toshlar (keltirib) to‘kkanlar va ularning qabri nishonasi ham shudir”.

III. MAXDUMI A’ZAM

02Xoja Mavlono Muhammad Qozining o‘limidan so‘ng naqshbandiya xonadoniga peshvolik qilish tasavvuf tarixida Maxdumi A’zam, Imom al-Kosoniy, Xojogi Xojogiy, Xojogi Kosoniy nomlari bilan iz qoldirgan Xojogi Sayid Ahmadxoja ibn Sayid Jaloliddin Kosoniyga o‘tdi. Rivoyat qilishlaricha, bu rutba unga Xoja Ahrori Valiy tomonidan karomat bo‘lgan. Bobo Hoji naql qiladi: “Bir kun otam birla hazrati Xoja Ubaydulloh Ahror mulozimatlariga bordik. Hazrat Bog‘i Dilovarda edilar. Alarning xizmatlarida hazrati Xoja Muhammad Yahyo va mavlono Muhammad Qozi hozir edilar. Xoja Yahyo (Xoja Ahrorning kichik o‘g‘li) ning qo‘llarida yoy bor ediki, nogoh ul birla bir kabutarni urib yiqitdilar va kabutar halok bo‘ldi. Hazrati Xoja Ahror o‘rinlaridan turib o‘g‘illarining oldiga vahshat birla borib, uni urishdilar:”Bu jonivorga ne ishing bor edi va bu nima qilganing?“. Xoja Yahyo boshlarining egib turgan. So‘ng Xoja Yahyo kamonning o‘qi bila o‘lgan kabutarni qimirlatgan edilar, qush tirilib uchib ketdi. Buni ko‘rib hazrati Xoja Ahror xushhol bo‘lib aytdilar:”Muhammad Yahyo, sen bizga karomat ko‘rsatding. Bizdan keyin sohibi karomat sen, sendan keyin mavlono Muhammad Qozi va undan keyin mavlono Xojogi Ahmadi Kosoniy bo‘lg‘aykim, uning koru bori ko‘b ulug‘ va azim bo‘lg‘usi!»

Sayyid Ahmad Kosoniy Hazratlarining Naqshbandiya tariqati yo‘lida olib borgan katta xizmatlari uchun, ul zotga Mahdumi A’zam unvoni berilgan. Islom tarixida faqatgina uch kishiga A’zam unvoni taqdim etilgani ma’lum. “A’zam” so‘zi arab tilidan olingan bo‘lib, ulug‘, katta degan ma’nolarni bildiradi. A’zam unvoniga sazovor bo‘lgan kishilarning birinchisi – Xanafiylik mazhabi asoschisi Imom A’zam ( Rahmatullohu Taolo Alayh ) Hazratlari, ikkinchisi – avliyolarning sultoni deb tan olingan G‘avsul A’zam, ya’ni Abdulqodir Jiloniy Hazratlari va uchinchisi Mahdumi A’zam – Sayyid Ahmad Kosoniydir.

Sayid Ahmad Farg‘onaning Kosonida 1461 yilda tavallud topgan. Shajaralarga binoan ota tomonidan yigirma bir pusht bilan Imom Husayn ibn Ali ibn Abu Tolibga borib yetadi. Yuqorida qayd etganimizdek, Maxdumi A’zam tasavvufning ulug‘ arbobi Shayx Burhoniddin Qilichning avlodi edi. U bu zotga besh pusht bilan borib yetgan. Dastlabki tarbiyani Mir Sayid Ali degan kishidan olgan Maxdumi A’zam keyinchalik Toshkentga kelib, Mavlono Muhammad Qozidan tasavvuf ilmini to‘la egallaydi.

Shu avlodga mansub bo‘lmish samarqandlik taniqli tarixchi olim Komilxon Kattayevning yozishicha, Maxdumi A’zam yigitlik vaqtlarida Xoja Ahror Vali, Mavlono Muhammad Qozi kabi o‘sha davrning atoqli allomalari bilan yaqindan suhbat qurgan va ulardan saboq o‘rgangan. Jumladan, Abdurahmon Jomiy Samarqandda betob bo‘lib yotgan chog‘larida, yosh Mahdumi A’zam ustozi Mavlono Muhammad Qozi bilan ul zotni ko‘rgani borganlarida, Hazrat Jomiy bu uchrashuvdan xushnud bo‘lib: “Kelingiz, xush kelibsizlarkim, ushbu zamon bir-birimizni g‘animat bilaylik va bu shunday zamonkim, ertamiz ne bo‘lishini yaratgandan boshqa hech kimsa bilmaydir”, – degan.

Naql etilishicha,Maxdumi A’zam naqshbandiyaning ulug‘ peshvolari mozorlarini tavof qilish uchun Buxoroga boradi. U dastlab Xoja Bahouddin Naqshband, so‘ng Xoja Abduholiq G‘ijduvoniy marqadlarini ziyorat qilarkan, har ikki makonda: “Tariqat Xojagonning zubdasidur (xulosasi), sen zuhurga keltirding, muborak bo‘lg‘ay!” — degan g‘aybiy ovozni eshitgan. Buxorodan so‘ng u ustozi Mavlono Muhammad Qoziyning oldiga — Farkatga qaytadi.

02Maxdumi A’zam murshid sifatida o‘z faoliyatini asosan shayboniylar davrida boshlaydi. Bir qator manba’larda keltirilishicha, shayboniy sulolasi namoyandadalari: Ubaydulloxon, Jonibek Sulton, Isfandiyor Sulton, Iskandar Sulton, Abdulazizxon unga muridlikka qo‘l bergan edilar. Ayniqsa, Maxdumi A’zam bilan Ubaydulloxon (“Ubaydiy” taxallusi bilan ijod qilgan atoqli o‘zbek shoiri) o‘rtasida ustoz-shogirdlik muomalasi juda kuchli bo‘lgan. Maxdumi A’zam bu haqda Ubaydulloxon asarlariga bag‘ishlagan “Risolai sharhi abyot” asarida batafsil ma’lumot bergan.

Maxdumi A’zam naqshbandiya tariqatining eng zabardast nazariyotchisidir. Uning ilohiyot, adabiyot, odob va tasavvuf ilmi bilan tarixiga oid yigirmadan ortiq asarlari mavjud. Quyida ularning ayrimlarini sanab o‘tamiz: “Tanbeh as-salotin”, “Odob al-solikin”, “Odob us-siddiqiyn”, “Nasihat as-solikin”, “Silsila us-siddiqiyn”, “Vujudiya”, “Baqoiya”, “Samo’iya”, “Mir’oti safo”, “Me’roj al-oshiqin”, “Boburiya”, “Ganjnoma”, “Silsilai Xojagon”, “Chahor kalima” (Naqshbandiyaning to‘rt asosiy talabi haqida), “Nafahot al-solikin”, “Shaybiya”, “Fanoiya”, “Risolai zikr guftan”, “Risolai bayoni ahvoli ulamo va umaro” va boshqalar.

Muarrix Abu Tohirxoja Samarqandiy “Samariya” asarida naql qiladi: “Hazrati Maxdumi A’zam janoblarining maqomat, holat va karomatlari shundaykim, bu nodonning qalami taqrir va tahrir qilishga ojizlik qiladi”.

Boshqa muarrix Hofiz Tanish Buxoriy esa “Sharafnomai shohiy”da yozadi: “U kishi o‘z zamonasida g‘oyat buyuk va eng yuqori o‘rinli kishi edi, yuqori darajali hazratdan turli karomatlar va xoriqiy odatlar bo‘lardi, toki Movarounnahrning jami shaharlarida bozor ahli va boshqa sinflar o‘zlarining ulug‘ hamda sharafli irodatlik boshini u kishining inobat halqasida tutdilar. Ul hazratning suhbatlari sharifi bilan mujohada (sa’iylik, valiylik) vaqtida dil va ko‘zlarini do‘stning mushohadasidan g‘ofil qo‘ymadilar. Shu ham ma’ruf va mashhurki, to valiylik nurlari ul hazratning ravshan peshonalari mashriqidan toblanib, sodiq toliblardan va muvofiq oshiqlardan oltmish kishi u kishining tarbiya etagida parvarish topib, yo‘qlik sahrosini rostlik qadami bilan birdaniga kezib, haqiqiy visol ka’basiga qarab yurdilar. Shu tufayli hazratni qayerda tanisalar ”Piri shasti“ (”Oltmish kishining piri“ ma’nosida) deb atardilar. Ul hazratning nisbati haqiqat shayxi, tariqat muqtadosi mazkur mavlono Muhammad Qoziga bo‘lgan va haqiqat sulukida nisbati intisob va hidoyat doirasining markazi va valoyat pargorining nuqtasi, g‘oyiblar xilvatxonasining mahrami, qalb ahllarining muqtadosi tariqat qutbi, haqiqat g‘ovsi, solihlar peshvosi, pok ogoh Xoja Nosiriddin Ubaydullohdan bo‘lgan”.

Maxdumi A’zam avlodlari asrlar davomida kechgan to‘s-to‘polonlar tufayli dunyoning to‘rt tomoniga sochildilar. Ular Movarounnahr, Koshg‘ar va boshqa ko‘plab o‘lkalarda faoliyat yuritdilar. Ularning tarixi bag‘oyat uzoq hikoyani talab qilgani uchun bu haqda to‘xtalib o‘tirmaymiz.

Maxdum A’zam rivoyatlarga ko‘ra taxminan 1540 yilda Miyonkol hokimi Jonibek Sulton iltimosi bilan Samarqand Dahbediga ko‘chib borgan.Bu yer xojaga xususiy mulk qilib beriladi. Hazrat dastlab, bu yerga 10 dona tol daraxti nihollarini o‘tqazgani bois, keyinchalik bu joy “Dahbed” (O‘nta tol ) deya atala boshlaydi.

Maxdumi A’zam ikki yildan so‘ng ayni shu manzilda olamdan o‘tgan. Uning as’hoblaridan bo‘lmish Hofiz Ibrohim va mavlono Qosim shunday naql etadilar: «Hazrati Eshonning o‘limlaridan oldin Axsi viloyatidan yoru do‘stlar: mavlono Lufulloh, Muhammad Ali, Xoja Choki va boshqalar Dahbedga keldilar. Ular hazratga uni Axsi viloyatiga olib ketish maqsadlarini bildirdilar. Eshon ularning bu takliflarini qabul qilib, Xoja Chokiga as’hoblarni olib oldinroq jo‘nashni buyurdilar, o‘zlari esa Dahbeddan Samarqandga — hazrati Xoja Ubaydulloh mozorlarini tavof qilish niyatida yo‘lga chiqdilar…

Dahbeddan Samarqandga hazrat Maxdumzodai Kalon (Maxdumi A’zamning to‘ng‘ich o‘g‘li Xoja Kalon) va Xoja Muhammad Siddiq yetib kelib o‘z onalarining og‘ir betob yotganini hazratga bayon qildilar. Hazrat o‘g‘illariga aytdilar:“Meni Dahbedga olib boringlar”. Uch kundan so‘ng hazrati Bibi Kalon olamdan o‘tdilar. Bibini tuproqqa topshirgach, hazrat tobutni qaznoqqa qo‘yishni buyurdilar. Mavlono Sayid Turkistoniy va samarqandlik yoronlar tobutni uyda tutib turishning ma’nosi yo‘q“, — deb aytsalar ham, hazrat:”Ish beradi“, — deb ko‘nmadilar. To‘rtinchi kun: ”Mening to‘rt devorimdan biri quladi“, — deb og‘ir betoblanib yotib qoldilar…”

Manba’larda qayd etilishicha, Maxdum A’zam hijriy 949 yil muharram oyining yigirma birinchisida, shanba kuni, choshgoh vaqtida — melodiy 1542 yilda 81 yoshlarida olamdan o‘tgan va Dahbedda dafn etilgan. Zamonlar o‘tib, uning so‘nggi oromgohi yonida hazratning avlodlari: Xoja Kalon, Xoja Xonim, Xoja Muso va yana uch kishi — sufadan pastda, Maxdum A’zamning oyoq tomonlarida Samarqand hukmdori Yalangto‘sh bahodir (U Sherdor madrasasini tiklatgan), uning o‘g‘li Sutonqul bahodir va Afg‘oniston hukmdorlari: Shoh Qosim, Shoh Hidoyat, malika Iqlimabonu joy olgan. Hozir bu mozor va uning yonida 1619 yilda Yalangto‘sh Bahodir qurdirgan masjid mavjud, ammo bu yerda bino etilgan 41 hujrali madrasadan nomu nishon qolmagan.

Bu yaqin orada ushbu maqbara va masjidlarning qurilganiga 400 yil bo‘lib qoladi. Rus tarixchisi professor N. Veselovskiyning yozma manbalariga qaraganda, Maxdumi A’zam dahmasi O‘rta Osiyodagi dahmalarning eng yirigi hisoblanar ekan. 17×18 kvadrat metrli sahnli dahmaning atroflari marmar toshlar bilan sayqallangan bo‘lib, supasining balandligi 2 metrni tashkil etadi.

Maxdumi A’zam Turkiston she’riyatining ulug‘ namoyandasi Boborahim Mashrabning piri bo‘lgan Ofoqxoja Eshon Koshg‘ariyning bobokalonidir. Mashrabning ushbu satrlari mavjud:

Piri Mahdumi A’zam, podshohim ko‘rgali keldim,
Itidek ostoniga yuzumni surgali keldim.
Qiyomat borgohin tuzar ul kun maloiklar,
Ki sen kimyonazarsan, men — mis, zar bo‘lgali keldim…

02Maxdumi A’zam nomi “Boburnoma”da tilga olinmagan bo‘lsa-da, Bobur mirzo bu muborak zotga Hindistondan turib ham e’tiqodni ayon qilib turgani bir qator manba’lardan mavjud. Quvg‘indi podshoh Mahdumi A’zam bilan qisqa muddatli tarzda uchrashgani, irodatiga kirgani shak-shubhasiz. Bu uchrashuv Maxdumi A’zamning Kosondaligida yoki Toshkentdaligida yuz bergan bo‘lsa kerak. Yana shuni aytib o‘tish lozimki, maqolaning boshida biz tilga olgan zot, ya’ni Mirzo Boburning piri Mavlono Abdulloh Qozi aslan Maxdumi A’zamning amakizodasidir. Ushbu holat ham Mirzo Bobur Maxdumi A’zamni o‘ziga juda yaqin olganiga dalolatdir.

Biz birinchi maqolaning debochasida Hasanxoja Nisoriyning Bobur mirzoning naqshbandiya xonadoniga inobat nisbati borligi xususida aytgan so‘zlarini keltirgan edik. Nisoriy o‘sha so‘zning davomida yozadi: «(Bobur mirzo) hazrati Maxdumi mullo Xojagiyga, sirlari muqaddas bo‘lsin, bir bo‘lak oltin quymasini niyoz tariqasida yuborib, yonida ushbu qit’asini ham shohid qilgan edi.

Qit’a:
Dar havoi nafsi gumroh umr zoye kardayem,
Peshi ahlulloh az atvori xud sharmandayem,
Yak nazar afkan ba sui mo, ki az rohi vafo,
Xojagiro mondayem, xojagiro bandayem.

Mazmuni:
Adashgan nafs yo‘lida umrni zoye qildik,
Din ahli oldida bu qilmishimizdan uyatlimiz.
Biz tomonga hech bo‘lmasa bir nazar sol, vafodorlik etib —
Xojaga bog‘langanmiz, xojaga bandamiz…

Mahdumi A’zamning “Boburiya” risolasida esa bu qit’a, aniqrog‘i uchinchi satr boshqa tarzda keltiriladi:

Dar havoi nafsi gumroh umr zoye kardayem,
Peshi ahlulloh az atvori xud sharmandayem,
Yak nazar bar muxlisoni xastadil binmo, ki mo
Xojagiro mondayem, xojagiro bandayem.

Mahdumi A’zamning avlodlaridan bo‘lmish, olis ajdodi hayoti va faoliyatiga bag‘ishlab risola yozgan, u haqda tadqiqot olib borayotgan xo‘jandlik olim (o‘zlari ham shu avloddan bo‘lmish) Ilyosxon G‘oziy so‘nggi bayt mazmunini quyidagicha bayon qilib, uni shunday sharhlaydi:

Bir nazar, bul xastadil muxlislaringga tashlakim,
Xojogini qo‘ygan edik, Xojogiga bandamiz…

Bu baytning oxiridagi “Xojogini qo‘ygan edik, Xojogiga bandamiz” deyilganini quyidagicha tushunish mumkin. Temuriylar imperiyasi tugatilib, uning o‘rniga o‘zbek xonlari — shayboniylar siyosiy sahnaga chiqdilar. Bu sulola namoyandalari Ubaydulloxon, Jonibek Sulton, Isfandiyor Sulton, Iskandar Sulton va Abdulazizxonlar Mahdumi A’zamning muridi edilar. Temuriylar davridagi naqshbandiya tariqatining murshidlari — Xoja Ahror, Mavlono Qozi vafot etgan edilar va Mahdumi A’zamning murshid sifatida sahnaga kelishi shayboniylar davriga to‘g‘ri kelgan edi. Temur naslidan bo‘lgan Bobur albatta Mahdumi A’zamning shayboniylar bilan aloqada bo‘lishiga minnatdorlik bilan qaramas edi. Mahdumi A’zamning Boburga qilgan muruvvati unda (Boburda) bo‘lgan e’tirozni barham berdi va yana qaytadan Bobur Xojogiga yuz burdi».

Ilyosxon G‘oziy bu o‘rinda Mahdumi A’zamning Boburga qilgan qanday muruvvatini nazarda tutmoqda? Bu muammoni yechish uchun muarrix Hofiz Tanish Buxoriyning Bobur mirzo Mahdumi A’zamni o‘ziga pir bilib, undan maslahat va yordam so‘rab turganini yoki Sharqiy Turkistonlik muarrix Muhammad Sodiq Koshg‘ariyning kitobida, qolaversa, “Boburiya” risolasida keltirilgan ma’lumotlarni eslash o‘rinli. Sharqiy Turistonlik muallif yozadi: “Naqldirkim, viloyat Hindistonda Bobur otliq bir podsho bo‘lgan erdi. Ul zamonda Sulton Ibrohim otliq bir podsho dushman bo‘lib lashkar birla keldi. Bobur podsho hazrati Xojagong‘a muxlis e’tiqodlik qilur erdi, xojalar arvohlarig‘a tavajjuh qildi. Hazrati Xoja Ubaydulloh Ahror olami g‘aybda hozir bo‘ldilar. Podsho bulardan madad tiladilar. Bu asnoda hazrat Mahdumi A’zam, qaddasa sirrihu, surati zohiran namoyon bo‘ldi. Xoja Ahror podshoni hazrati Mahdumi A’zamg‘a topshirdilar. ”Kulli muhimot va madad sizdan bo‘lg‘ay“ deb g‘oyib bo‘ldilar. Podshoh o‘ziga keldi, ulkan jangi azim bo‘ldi, hammalari muoyina ko‘rdilar:hazrati Mahdumi A’zam jamoa birla zohir bo‘ldilar, dushmanlar lashkarlariga barham urdilar”.

Bu masalaga oydinlik kiritish uchun Komilxon Kattayev tarjima qilib, ilk marta e’lon qilgan «Jomeul-maqomot» asaridan ham bir iqtibosni aynan keltiramiz:
«O‘sha zamonkim, kofir Ra’no Sango Bobur podshoh boshiga jang talabida lashkar tortib kelganida, podshohning boshi gangib fikru andishaga cho‘madi. Podshohning Amir Darvish Muhammad Sorbon nomli vazirlaridan biri o‘z vaqtida Hazrati Mavlono Muhammad Qozining muridlaridan edikim, u podshohdan nega g‘amgin ekanligi sababini so‘raydi. Bobur podshoh deydi: Nega g‘amgin bo‘lmaykim, kofirlar lashkari musulmonlarni qirishga kelishdi va bizning lashkar esa juda za’ifdir. Shunda vazir deydi: “Bizdan shariat va tariqat xilofiga ne o‘tgan bo‘lsa tavba qilib, Xudo dargohiga va Xojagon tariqati akobirlari arvohiga mutavajjeh bo‘lib madad so‘raylik”. Ular Xudodan madad so‘ragach, podshoh tush ko‘radiki, bir Xojagon tariqati murshidi unga madad berayotgan ekan. Uyg‘onib vaziriga voqeada ko‘rganini aytadi va kuchiga kuch qo‘shilib, juda oz sonli askari bilan necha karra ko‘p sonli dushmanni tor-mor etgach, Hindiston mamlakati unga muqarrar bo‘ladi. So‘ng, o‘sha pirning kimligi haqida vaziridan so‘raydi; vazir ushbu murshid Mavlono Xojagiy Kosoniy — Maxdumi A’zami Dahbediy ekanligini aytadi.

Bu orada Hazrati Maxdumi A’zam ham yoronlariga qarab aytadilar: «Tarixga yozingizkim, biz bu kech Olloh irodasi va Xojagonlar ruhoniyatlari madadi bilan Bobur podshohga yormandlik yetkazdik». Bu so‘zlarni yozib qo‘yadilar.

Bu vaqtda Hindistonda Bobur mirzo dushmandan tushgan juda katta o‘ljaning eng sarasidan bir necha oltin quyma va behisob javohirlarni o‘zining risolayu ruboiylariga qo‘shib boshqa bir vaziri — Amir Qo‘zi orqali Dahbedga yuboradi hamda o‘zining g‘oyiban irodat etib qo‘l berganligini e’lon qiladi. Shundan so‘ng, Dahbedda uch-to‘rt kun mehmon bo‘lib piru murshid suhbatini olgan vazir Amir Qo‘zi ham hukmdori kabi qo‘l berib irodatga kiradi. Hazrati Maxdumi A’zam vazirga javob berayotib podshoh Boburning ruboiyotiga yozgan Sharhlarini berib yuboradi» .

Mahdumi A’zam “Risolai Boburiya”da Mirzo Bobur berib yuborgan ruboiylarning ayrimlarini keltiradi. Ularning biri ushbu ma’noda edi:

Darvesh, turo agarchi na az xeshonem,
Lek az dilu jon mu’taqaddi eshonem,
Dur ast mago‘y shohi az darveshi,
Shohem, vale bandai darveshonem.

Mazmuni:
Darvesh, senga xesh (yaqin) bo‘lmasak-da,
Lekin dilu jonimiz bilan sizga e’tiqodlimiz.
Demagilkim, shohlik darveshlikdan yiroqdir,
Shohmiz, ammo darveshlarga bandamiz.

Bobur mirzoning Mahdumi A’zamga yo‘llagan va “Risolai Boburiya”dan o‘rin olgan boshqa asarlarda ham uning piriga bo‘lgan katta e’tiqodi o‘z aksini topgan. Mahdumi A’zam esa o‘z risolasini Bobur mirzoga bag‘ishlar ekan, o‘z gunohini bilgan, uni bo‘yniga olgan va pushaymonu-nadomat chekkan kishilar Allohga azizdir, degan fikrni ayon etadi va bunga Bobur mirzoni misol qilib keltiradi.

So‘zimiz oxirida shuni ta’kidlashni istardimki, bu yozganlarimiz ulug‘ zotlar hayoti va faoliyatidan bir misqolchadir. Uni davom ettirish nafaqat Komilxon Kattayev, Ilyosxon G‘oziy kabi zukko,izlanuvchan olimlarning, balki kelgusi avlodlarning ham zimmasidadir.

09

“RISOLAI BOBURIYA» ASARI HAQIDA
Komilxon Kattayev
“Risolai Boburiya” bilan mana bu sahifada tanishing
099

02…Maxdumi A’zam va Bobur mirzolar o‘rtasida bo‘lib o‘tgan tariqiy va nazmiy robitalar to‘g‘risida to‘liq bayon beruvchi «Risolai Boburiya» asari Maxdumi A’zamning eng katta asarlaridan biridir. Risolaning nomidan ham ma’lum bo‘layotirki, kitob Bobur mirzoning iltimosiga ko‘ra yozilgan. Yuqoridagi manbalarda aytilganidek, Bobur mirzo Xoja Ahrorning «Risolai volidiya» asarini tarjima etib, o‘z ruboiylari va sovg‘a-salomiga qo‘shib piriga yuborgan. Javob tariqasida Maxdumi A’zam «Risolai Boburiya» asarini yozgan, deb keltirishgan. Ammo fikrimizcha, Bobur mirzo piriga yana bir alohida xat yuborib, undan zikrga doir ba’zi masalalarni hal qilib berishni iltimos qilgan, ko‘rinadi. Chunki agarda, faqatgina yuborgan nazm va nasriga oid yozishmalarga javob berilganda edi, unda risolaga «Sharhi g‘azaliyoti Boburiya» (xuddi, «Sharhi g‘azaliyoti Ubaydiy» nomli risolalari kabi) nomi qo‘yilardi. Undan tashqari, risolaning aksariyat qismi zikr masalasiga bag‘ishlangan. Shuning uchun ham piru murshidning bu asarini avvalo Bobur mirzoning tariqat sohasida qo‘ygan savoliga javob tariqasida yozilgan kitob, deb qarashimiz lozim ko‘rinadi.

Shu bilan birga, «Risolai Boburiya» asarida o‘quvchi ko‘ngliga kirib keta oladigan g‘oyat chiroyli nazmlar va so‘zlar orqali asosiy g‘oya bayon etilgan. Muallif o‘zining nazmlaridan tashqari o‘zgalarning har xil g‘azal baytlarini ketma-ket o‘rinlatib joylashtirganki, bundan chiroyli ma’nilar chiqqan.

Risoladagi ba’zi g‘azallarda «Qosim» taxallusi keltirilishi Qosim Anvor yo boshqa shoir g‘azalimi yoki Maxdumi A’zam shu taxallus bilan nazm etganmi, degan savollarga ham adabiyotshunos olimlarimiz kelgusida javob topishadi, deb umid qilamiz.

Afsuslar bo‘lsinki, Maxdumi A’zamning dolzarb ilmiy ahamiyatga molik bo‘lgan ushbu «Risolai Boburiya» asari hozirga qadar tadqiqotchi olimlarimiz nazaridan chetda qolmoqda. Vaholanki, risolaning tadqiq etilishi natijasida nafaqat ikki buyuk arbobning faoliyatlariga doir noma’lum qirralar, nazmiy va nasriy yozishmalar yoritiladi, balkim tasavvuf oqimlari yo‘nalishidagi ko‘plab tariqatlarda muhim o‘rin tutgan arkonlardan bo‘lmish jahriy va xufiy zikrlarning kelib chiqish tarixi, o‘rni va mohiyati to‘g‘risida olimlar uchun kutilmagan xulosayu natijalar, necha yillik savollarga izlab yurilgan javoblar nogahon topilib qoladi.

Yuqorida keltirilgan chalkashliklarni hal etishda, tariximiz qora sahifalarini o‘chirib, bo‘sh- oq sahifalarni to‘ldirishda «Risolai Boburiya»ning ahamiyati beqiyos bo‘lib, unda ikki zotning nazmiy-irfoniy va nasriy yozishmalaridan ko‘p muammolarni ayonu bayon etish ham mumkin.

«Risolai Boburiya» o‘z zamonasida favqulodda inqilobiy rol o‘ynagan asarlar sirasiga kiradi. Nega deganda, o‘sha davrlarda Naqshbandiya va Yassaviya tariqati orasidagi jahriy va xufiy zikrlar masalasi tufayli ikki tariqat orasidagi vaziyat taranglashgan bo‘lib, agar bu masala siyosat darajasigacha ko‘tarilsa, davlatda katta mojarolarga sabab bo‘lishi mumkin edi (xuddi, kalom ilmida Qur’onning maxluq yo emasligi to‘g‘risidagi tortishuvlar kabi). Ana shunday vaziyatda, Naqshbandiya peshvosi Maxdumi A’zam muridi Bobur mirzoning iltimosidan foydalangan holda xufiya va jahriya zikrlarining har ikkisini joizligi borasida ilk marta ilmiy asosda chiqish qiladi. O‘sha davr muhitini inobatga oladigan bo‘lsak, bu juda katta qahramonlik ishi bo‘lib, o‘rtada o‘z nomu obro‘’lari qo‘ygan edi. Shunday qilib, Maxdumi A’zam Xojagon-Naqshbandiya tariqati akobirlari orasida birinchi bo‘lib jahriya tariqati zikrini ilk asar yozib e’tirof etgan va hurmatini joyiga qo‘ygan alloma hisoblangan.

Yassaviya tariqati allomalari to‘g‘risida asosiy maqomot asar hisoblangan «Lamahot min nafahotul-quds» (25) (muallifi zamon olimlari peshvosi Olim Shayx Azizon, 1564/1632yy) asarida tarixda uchramaydigan voqea tasvirlangan: Miyonkolda o‘sha zamonning uch tariqat rahbarlari- Naqshbandiya peshvosi Maxdumi A’zam, Yassaviya peshvosi Shayx Xudoydodi Vali va Kubraviya peshvosi Shayx Maxdumi Xorazmiylar bir joyda uchrashishib, birma-bir o‘z zikrlarini namoyish etishgan. Har bir tariqat zikri ijro etilayotganda, boshqa tariqat peshvolari o‘rinlaridan turib hurmat bajo keltirishgan. Tariqatlarning bu ajoyib kelishuvi yoki bir-biriga hurmati Maxdumi A’zamning ilmiy jihatdan zikrlarning joizligini isbotlaganlarning natijasi va «Risolai Boburiya»ning mahsuli edi.

Maxdumi A’zam Dahbediyning tasavvuf tariqatlariga yo‘naltirilgan «Risolai Boburiya» asari o‘sha zamon mutasavvuf olimlari, piru murshidlariga qo‘llanma sifatida yozilgan bo‘lsa-da, tariqiy kelishtiruvchilikni amalga oshira oladigan asosan ikki shaxsga- Bobur mirzo va Ubaydulloxonlarga ham mo‘ljallangan edi. Va oxir oqibat ikkalasini yarashtirib qo‘yish hamda Movarounnahr va Hindiston o‘rtasidagi aloqalarni mustahkamlash maqsadi ham bo‘lgan edi.

Movarounnahr diyoridan tashqari, Hindistonda ham tasavvuf tariqatlari markazi paydo bo‘la boshlaganligini Maxdumi A’zam tushunib yetgan edi. Hindistonda shakllangan to‘rt zikr talqinidan (ya’ni, to‘rt tariqatdan) inobatu irodat olish jome’ suluki paydo bo‘lishida, tariqatlarni tinch kelishtirishda va A’liya-Naqshbandiya silsilasining Alfi Soniya suluki shakllanishida «Risolai Boburiya» asari va uning muallifi Maxdumi A’zam Dahbediy juda katta rol o‘ynagan. Kezi kelganda aytish joizkim, Maxdumi A’zamning chevarasi, A’liya -Naqshbandiya tariqati nazariyotchisi Mo‘soxonxoja Dahbediy (Muhammad Mo‘so ibn Xoja Iso Dahbediy) Hindistonda faoliyat ko‘rsatgan va yigirmaga yaqin asarlar yozib, bu ishga o‘z hissasini qo‘shgan.

«Risolai Boburiya» asari dunyo ilm ahllari tomonidan buyuk sarkarda, tarixchi, olim va mutafakkir shoir sifatida tan olingan shavkatli yurtdoshimiz Bobur mirzo uchun ko‘ngul shikastaliklaridan qutulish malhami ham bo‘ldi, desak adashmaymiz. Negaki, qizilboshlilar madadi bilan bobosi poytaxti Samarqandni fath etmoqchi bo‘lib, xalq va tariqat arboblari g‘azabiga uchragan Bobur mirzo uchun Maxdumi A’zamdek rahnamo murshidning nazariga qayta tushishi, vatan oldida oqlanishga erishib, o‘z yo‘lini qayta topib olgandek darajada edi. Misra:
Yo‘lni ne bilgay kishi to rahnamo ko‘rsatmagay.

Bu ulug‘ zotning nomiga dog‘ tushirish hollari ham uchramoqda. Charxning Bobur mirzo ko‘rmagan jabru jafosi qolmagani yetishmaganidek, o‘z hayotida ko‘p azoblarni ko‘rib, dashnomlarga qolganiga qaramay, hozirgi davrimizda ba’zi yurtdosh olimlar uning faoliyatidan xato izlab sharaf topmoqchi bo‘lishadi.

Ammo, oldin uning favqulodda qobiliyati, tarixda qoldirgan ijobiy-salbiy xizmatlarini taroziga qo‘yishlari kerak edi. Vaholanki, uning piri faoliyatini taroziga tortib, ijobiy bahoni besh asrcha oldinoq bergandi. Ushbu «Risolai Boburiya» asari ularga moziydan berilgan javob bo‘ldi.

…«Risolai Boburiya»da Maxdumi A’zam Bobur mirzoni, u orqali barchani adolatga, halollikka, sabru qanoatga, qo‘l, ko‘ngul va nafs tozaligiga, birovni haqini yemaslikka va asosiysi xalq manfaati yo‘lida kelishuvchilikka chaqiradi. Shul jihatdan ham bu asar o‘z zamonasida bo‘lgani kabi, hozirgi davrimizda ham yoshlar tarbiyasi uchun ayniqsa dolzarbdir.

…So‘zimiz nihoyasida Maxdumi A’zamning ushbu dastxat kitobini bizgacha asrab yetkazgan Naqshbandiya tariqati oxirgi murshidlaridan Muznibiy taxallusli Kattaxonxoja Dahbediyning (1868-1969) musovadalaridan shoir Mavlono Eshonjoni Qunduziy bilan nazmiy yozishmalaridan birini keltiramizki, bu- Bobur mirzoning piri Maxdumi A’zamga yozgan nazmidan ilhomlanib yozilgani bilinib turadi. Ruboiy:

Bandagi dar tarki nafsu rohi Haq paymudanast,
Sar ba xoki ostonai Haq paraston sudanast.
Davlatu dunyovu din hangomai izzu sharaf,
Dar chavori Hazrati Maxdumi A’zam budanast (26).

Mazmuni:

Bandalik-nafs tarkiyu Haq yo‘lidan yurmoqlikdur,
Boshini Haqparastlar ostoniga surtmoqlikdur.
Davlat, dunyo, din va sharafli izzat payti,
Hazrati Maxdumi A’zam qabrida turmoqlikdur.

————————————
25. Lamahot. Olim Shayx, tuzuvchilar: K.Kattayev, A.Narzullayev. Samarqand, 2007 Samarqandning 2750 yilligiga atab chop etilgan. 99-100 betlar.
26. Kattaxonxoja Dahbediy. Risolai torixi Dahbediya. Qo‘lyozma (m.sh.k.)
«Risolai Boburiya» asari «Majmua ar-rasoil» qo‘lyozma to‘plamining 285a sahifasidan to 301a sahifasigacha (33 sahifa) joyni egallab, qora-qizil bo‘yoqlarda juda chiroyli xat uslubida yozilgan.

DAVOMI BOR

08

(Tashriflar: umumiy 5 142, bugungi 1)

Izoh qoldiring