Хадича кетдию кўнглидан ҳаловат ҳам кетди. Уй бамисоли ўлик чиққандай ҳувиллайди. Полвоннинг юраги ториқди — уйни тарк этди, боққа олиб тушадиган қияликдаги бобосидан қолган ертўлани ўзига бошпана қилди. Одамларнинг кулишини биларди, аммо уйдаги ҳамма нарса Хадичани эсга солади: остонага қадами теккан, деворга елкаси — чидаб ўтириши қийин бўлди…
Мурод Муҳаммад Дўст
ДАШТУ ДАЛАЛАРДА
Мурод Муҳаммад Дўст 1949 йил 12 апрелда Самарқанд вилоятининг Жом қишлоғида туғилган. ТошДУнинг тарих факултетининг фалсафа бўлимини тугатган (1971). Москвадаги Адабиёт институтида ўқиган (1974 — 79). Дастлабки ҳикоялар тўплами — «Қайдасан, кувонч садоси?» (1976). Шундан кейин «Мустафо» (1977), «Бир тойчоқнинг хуни» (1979), «Галатепага қайтиш» (1983), «Дашту далаларда» (1987) сингари ҳикоя ва қиссалари нашр этилган. «Лолазор» (1988) романи муаллифи. Асарлари асосида бадиий филмлар суратга олинган. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1990). Ёзувчи «Ўзбекфильм» киностудиясида, «Шарқ юлдузи» журналида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизматида, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида, «Ўзбеккино» Давлат акциядорлик компаниясида фаолият олиб борган.
Хадича кетдию кўнглидан ҳаловат ҳам кетди. Уй бамисоли ўлик чиққандай ҳувиллайди. Полвоннинг юраги ториқди — уйни тарк этди, боққа олиб тушадиган қияликдаги бобосидан қолган ертўлани ўзига бошпана қилди. Одамларнинг кулишини биларди, аммо уйдаги ҳамма нарса Хадичани эсга солади: остонага қадами теккан, деворга елкаси — чидаб ўтириши қийин бўлди.
Ертўла эски бўлса ҳам ҳавоси қуруқ эди. Ери нақ метин — чўкич тегса, чақин чиқади. Қоратойни ҳам ичкари олиб кирди. Бечора ит очиққа ўрганган эди, ертўлага кўниколмади, уч-тўрт кеча увлаб чиқди, лекин — йўқ, кейин-кейин эгасининг ҳолига тушунди чоғи, пойгакка тўшалган похол устида индамай ётадиган бўлди.
Ертўла аввалига сал ваҳимали кўринди. Шифти паст, агар чироқ бўлмаса, нақ лаҳаднинг ўзгинаси…
Аста-секин ертўланинг гўрсимон эканига ҳам кўникди. Ёмғирли бир тунда уйқусиз ётиб, узоқ ўйлади, ўзининг тириклигини ўйлади, ёнида ити Қоратой борлигини, Хадичанинг кетганини… Бир ўзи кетса гўрга эди, қизчани ҳам етаклаб кетди. Шу тариқа, хаёли тўрт яшар қизчаси Чаманга оғди, қизим ҳозир Шўрқудуқнинг кўчасида бемалол ўйнаб юргандир, деб ўйлади, ҳатто унинг қўлчаларини тупроққа белаб қичқираёттанини эшитгандай бўлди. Ярим тун экани, ташқарида ёмғир шаррос қуяётгани — бариси бекор эди. Хўрлиги келди, ўзидан хафа бўлди, кейин пойгакда хумдай бошини ерга қўйиб мудраётган итига сўзланди: менинг ҳолим шу, Қоратойжон, хотин кетди, ҳар ким ўз йўлига экан…
Ит отини эшитиб, кўзларини очди: Полвон гапириб ётаверди. Гўёки бор алами танидан ҳовурдек кўтарилиб, бутун ертўлани тўлдираётгандай эди. Қоратой эгасининг қарашига чидай олмади, похол устида ғужанак бўлиб, яна кўзларини юмди.
…Кунлар шу зайлда ўтаверди. Синглиси Адолат ҳар кеч сигир соғар маҳали ҳолидан хабар олиб турарди. Акасининг ўрлигини билар, шу сабабли унга кўпда ақл бўлавермас эди. Лекин, ахийри у ҳам чидаб туролмади.
— Менгаям осон тутманг, ака, — деди. — Жўжабирдай жонман, қайси бировларингга қарайман? Одамларга кулги бўлдик, ака, бу кунингиздан ўлганингиз беҳроқ эди!..
Ҳар сафар синглиси келганда миқ этмай ётадиган одам, бу гал илкис қўзғалди:
— Мен ўлсам тинчийсанми, Адол?
— Қайтиб олдим, ака, — деди у. — Тилларим қирқилсин, ака, қайтиб олдим!…
— Сенга оғирим тушгани рост, — деди Полвон. — Сал сабр қилгин, сингил, мен аввал олд-ортини бир ўйлаб олай…
Ўшандан бери Адолат қорасини кўрсатмайди. Олиб келган нарсасини ҳам ертўладан ташқарига, эски толтовоқнинг остига қўйиб кетади.
Кундузлари бир нав — ёлғизлик кўп билинмайди. Эрталаб қўлига гаврон олиб чўлга чиқиб кетгани билан то шомгача подага андармон бўлиб юради. Бахтига, шериги Ҳасанбой камгапроқ одам, бир марта уйланиб, йил ўтмай ажрашган. Полвоннинг хотини кетиб қолганига кўп ҳам ажабланмайди.
Кундузлари бир нав, жами азоб шомдан кейин, ифти паст ертўлага қайтган маҳали бошланади.
Хадича ёнингда ётганида ўлим ёдингга тушса ҳам қўрқмайсан: хотининг бор, боланг бор, тепангда — худо, э, бир гап бўлар-да, деб ўйлайсан. Хадича бўлмаса қийин экан. Энди унинг сиёғи ҳам эсдан чиққандай: бечора салга шамолларди, шамоллаб димоғи чиппа битганида пишқириб безор қиларди, ҳуда-беҳуда чироқ ёқарди, ивирсиб ғашингга тегарди, лекин бари борлиги дуруст эди — овунардинг, истаган пайтингда қўл узатсанг етади, ғингшиса ғингшир, иложи йўқ ўртада нон синган, никоҳ ўқилган; бағрингга босиб юзи кўзидан муччи олган чоғларингда бечора кичрайиб қоларди, у-ку кичкина, лекин сен ҳам ўзингни пардек енгил сезасан; димоғингда сутнинг ҳиди, қаёққадир учиб кетгиларинг келади; доим кўклам бўлса, кўкаламзор бўлса, яланг оёқ, яланг бош, пардек енгил Хадичани кўтариб ҳовлидан чиқсанг, кейин шу кўтарганча кетсанг, ҳеч кимдан уялмасанг, кетсанг, йўлингда биров учрамаса, кетсанг-да, қаёққа кетаётганингни ўзинг ҳам билмасанг!
У хотинини умрида бир марта — чимилдиқда амаллаб кўтариб олган, холос. Фақат, баъзан пода кетидан юрганида хаёли оғиб, уни ана шундай кўтариб чопмоқни истаганларини эслайди. Чимилдиқда иккита аёл этагидан босиб турган, биттаси — Хадичанинг ўртанча аммаси, шунчаки этакдан босмай, нақ тақимига қистирган. Полвон унда ёш эди, бирмунча шўхлиги ҳам бор, кишибилмас тимирскиланиб туриб, Хадичани қўлтиғидан шартта кўтарди. Аммо ғафлатда қолди, кападек бўлиб ағдарилиб тушди. Уни роса кулги қилишди. Хотин-халаж баралла кулди. «Мана сенга, Ойбуви, мана сенга куёвнинг зўри», дейишди. Зўру нозўри кимга керак — шунчаки гап бўлса бас, ҳамма оғзига келганини айтади, ҳамманинг димоғи чоғ. Полвон чимилдиқ ортидан маст одамдай гандираклаб чикди, чиқдию кўчада шўрқудуқлик йигитлар билан ўралашиб турган жўраларини кўрди. Куёвнинг ўзи чиққач, шўрқудуқлик биттаси баттар авж қилди: «Сенга Хатча ҳайф, Полвон, — деди. — Ўзимиздан ортиб қолгани йўқ эди, қулоғини тишлаб қўювдик, ҳалиям ташлаб кетабер!…» Полвоннинг ёмон ажинаси тутди, лекин уришгани жўралари қўйишмади, неки ҳарбу зарб бўлса, ўзларини балогардон қилишди… Сўнг, Шўрқудуқдан чиқар маҳал, кўчанинг адоғида, улар тушган уловга тош ёғилди. Полвон сал энкайиб, келиннинг бошида турди, лекин Хадича шусиз ҳам бехатар эди. Уст-боши қалин, юмшоқ — унга ҳеч зиён етмади. Биргина Ғуччи чолга тош қаттиқроқ тегди, бечора йилқичи, алами тутиб, овозининг борича айтиб қўяберди: «Нокас шўрқудуқлик, менинг айбим нима? Чимилдиққа кирган менми?!» Унинг бақирганига биров парво қилмади. «Ёр-ёр-ёрон-эй!» деб қўшиқ айтишди. Уни Шўрқудуқдан қўшилиб чиққан келиннинг хешлари бошлади. Галатепаликлар аввалига ийманиброқ туришди, кейин улар ҳам қўшилди, то ўзларининг сарҳадларига етгунча бўкириб боришди: «Томда товуқ ётади, ёр-ёр-ёрон-эй, оёғи совқотади ёр-ёр-ёрон-эй!..» Ёлғиз Полвон қўшиқ айтмади. Индамай келди. Ғалати эди. Ёнида — Хадича, ҳали юзини тузукроқ кўролгани ҳам йўқ, уяту қўрқувдан бир бурда бўлиб ўтирибди, улов ҳар силкинганда елкаси тегади, худди бир яшин ургандай, ўт, олов, қиёматнинг нақ ўзи!.. Кенг бир дала, Йўл, улов… Э, Худо, улов дегани мунча имилламаса!.. Бир ёқда қўшиқ, бир ёқда Ғуччи чол, ҳалиям сўкиняпти: шўрқудуқлик номард чиқди, кўчада рўпара бўлолмади, орқадан тош отди… Энди Ғуччига қийин, энди унинг ғуррасини Галатепа роса бир ой кулги қилади, ажаб бўпти, хўб бўпти, сен чолга куёвнавкарликни ким қўйибди; э, эналари ўлсин, нимасини эслайсан, Полвон, эслагулик жойи қолдими! Ёнингда Хадича ётса тузук, Полвон, ҳали бу кўрганларинг оз, Полвон!..
***
Хадича бир сидра кийимини тугун қилиб, пойгакда қотиб турди, бечора бирор садо чиқишини кутди, лекин Полвон эр бўлиб бир нарса демади. Хадича даҳлизга чиқиб яна бирпас турди, ҳовлига чиқиб ҳовлида турди, илинди, қайтариб олар-ку, деди, аммо Полвон тескари-тўнг бўлиб ётаверди, сўнг, Хадича дарвозага етганда чидаб туролмади, қизчаси Чаманни қўлидан судраб чиқди: «Ма, муниям обкет, пишириб ейсанми, исқотингга қўясанми!..» Мушт еганда йиғламаган аёл, буни эшитиб ёмон бўшашди, кўзига ёш олди: «Ҳаҳ, фалак!— деди. — Майли, кетсам кетайин, беқадр бўлдим, майли, Худодан топинг». Шу гапни айтдию қизини етаклади-кетди. Қанча ётганини билмайди, бир пайт чиқиб қараса, Хадича узоқлабди, Шўрқудуқнинг йўлида қизини ияртиб кетяпти. Полвон Тошгазагача изма-из борди, лекин уларнинг қайрилмаганини кўриб шартта тўхтади, аввалига ғазаби йўқ, ичи тўла алам, чакмонининг барига бир урди: «Ҳай, майли, кетсанг кетабер, Хатча, Шўрқудуқ борасанми, нарироққа ўтиб кетасанми, бир бо
шимда бир куним, мен ҳам сенсиз улоқиб кетмасман!…»
Орқага қайтди. Ҳовлида ўтириб, замбилғалтакнинг бўшаган тирсагини созлади, чалғининг тиғини пешлади, ўзини юпатди, ҳатто сал овунгандай ҳам бўлди, кейин, кеч тушганда қараса, тақрон жойда тоқ ўзи ўтирибди, дардлашгудек маҳрами йўқ, йиғлайин деса, кўр бўлгур кўзга ёш келмайди. Нотавонлигини энди сезди, аламидан хотин бечоранинг уйда қолган кийим-кечагини ҳовлига олиб чиқиб ошпичоқ билан қиймалади, култепага элтиб кўмди. Йўқ, бу билан ҳав тинчимади, култепага ўзини элтиб кўмса ҳам тинчигудай эмасди. Безовта, беором, миясига қурт тушган қўчқордек ҳовлини гир айланиб югурди. Айланатуриб дарвозага рўпара бўлди-ю, уни ланг очиқ кўрди. Кўчага чиқди. Шўрқудуққа йўл тутмай, тўғри Салим сақичникига бурилди. Борса, Салим ҳовли ўртасида сандал қўйиб, олдида мағзава тўла тоғора, бир парча пишиқ ғишт билан товонининг емини қиртишлаб ўтирибди. Полвон тоғорани бир тепиб ағдарди, сўнг Салимнинг ёқасидан олди. Ўртага Махфират тушмаганда охири ёмон бўларди.
Салим унинг қўлидан юлқиниб уйга чопди, зум ўтмай отасидан қолган қўштиғни кўтариб чиқиб, Полвонга ўқталди: «Кет, бўлмасам отаман!» Маҳфират милтиққа кўкрагини тутди: «Аввал мени отасан!..» Полвон уни четлади: «Қўй, синглим, эринг ҳазиллашяпти». Йўқ, хотин айтганидан қолмади, эридан милтиқни юлқиб олиб, ҳамсоянинг ҳовлисига отди. Полвон бошқа мушт кўтармади, ғазабини ичига ютиб, ташқари чиқди. Ҳаял ўтмай, ортидан Салим сақич ҳам чиқиб келди, қачон йиртиб улгурган бўлса ҳам, эгнидаги кийимнинг бутуни йўқ, енгларию иштонининг балоқларигача рўдаподай осилиб ётибди, бошидан тупроқ сочганми, афт-башарасининг кулга юмалаган тойхардан фарқи кам, чиқасолиб Низомбой милисанинг уйига жўнади. Полвоннинг хаёли қочди: бу номард бошини ёришдан ҳам тоймайди! Э, опкетса, опкетар, нима, ортингда йиғлаб қоладиганинг борми! Майли, охиригача номардлик қилаверсин, Низомбойга чақадими, бошқа қиладими, майли, шу номарднинг ҳам хусури қонсин!..
Ўзи кейинги пайтлар Салим сақич билан ошначиликни бас қилмоқчи эди. Бир-икки бор атай сўкишгани чоғланиб борди. «Зора сўкишиб қолсагу ора очилиб, юзкўрмас бўп кетсак», деб ўйлади. Йўқ, сўкиш ҳам осон эмас экан, одамнинг юзидан ўтиши қийин бўлди.
Икки пиёла ароқ ичгунча ҳар не жанжалга хезланиб ўтирди. Кейин сал кайфи ошди. Салим сақичга раҳми келди. «Бу даюс сил, қон туфлаб юриб, ўзини ўнглагунча озмунча уриндими», деб ўйлади, қийналди.
Салим Каттақўрғондан мурч, сақич, ҳуштак, ҳатто окак одам номус қиладиган нарсаларгача олиб келиб отарди. Кейин ана шу атторликдан тушган сармоя билан бошқа бир ишни касб қилди. Кечқурунлари, кишлоқда исми дўкон ёпилган маҳал, сўраб келганга бир сўм устамаси билан ароқ сотади. Ҳозир энди тузук бўлиб қолгани — юзига қон югурган, йўтали йўқ, гаплари ҳам дадил.
Охирги гал Салим сақич унга насиҳат қилган бўлди:
— Бу ишингни қўй, бола, сен кўп ичаверма.
Полвон унинг насиҳати астойдил эканига ишонмади, кулди. Салимнинг эса жаҳли чикди.
— Мен бир оти ёмон одамман, Полвон укам, — деди у, — Эшитсанг, ўзинг учун эшитасан, эшитмасанг — отангнинг гўрига!..
— Гапинг ўзи қизиқ-да, Салим — деб эътироз қилди Полвон. — Ўзинг қуйиб берасан-у, ичмагин, деб айтганинг нимаси? Кейин, ошна, Худо бўлсанг ҳам, ота-бувамни ўртага қўшма, тепада тинч ётсин, мен ҳали ўзимдан қолганим йўқ.
— Ҳолингга боқмаганинг ёмон, — деб кулди Салим сақич. — Ўзингча не хаёлларга бориб юрибсан! Айтиб қўяй, менга кўп шох қилаверма, бўлмаса, нақ чангингни чиқараман! Сен бу ёкда ичиб юрасан, хотинчанг Шўрқудуққа бир ойлаб ўтлагани кетади!..
Полвон Салимни жағига бир уриб кўрпачага қулатди. Лекин у таслим бўлмади, тишининг орасидан сизаётган қонни кафти билан сидира туриб, яна гапирди:
— Сен бу ёқда, у нарёқда… Энасиникида ўсма қўйиб ўтирибди, деб ўйлайсанми!..
— Бас қил!…
— Бўпти, мен бас қилдим, лекин сен ҳам ўзингга эҳтиёт бўл, Полвон укам! Кучингни хотинга ҳам кўрсатиб тур!.. — Салим сақич пихиллаб кулди.
Полвон тағин мушт кўтарди, лекин урмади, шартта жойидан туриб жўнади. Йўл бўйи Хадичани ўйлади. Бузуқ деса, бузуқлигига ишонмайди, тузук деса, эрта баҳорда Шўрқудуққа кетиб, роса икки ҳафта ўша ёкда қолгани рост. «Сатторқулнинг хотини туғибди», деган эди. Бунисини Полвоннинг ўзи ҳам биларди. Шўрқудуққа борганида бидиллаб қарши оладиган тожик қиз — Сатторқулнинг хотини кейинги сафар ундан тортиниброқ турган эди. Ўчоқнинг бошидан бери келмаган. Ўзи ориққина, шундан, қорни батгар дўшйиб кўринган эди.
Унинг-ку, бўшангани рост, лекин Хадичанинг ўша ерда бунчалик қадалиб қолганига нима дейсан?.
Уйга қайтиб, хотинини буровга олди. Хадича қасам ичди, қизини, энасини, Худонинг ўзини гувоҳ қилди. Лекин Полвон ишонмади. Ишонай деди-ю, кўнглида тутун қоларини сезди. Кайфи бор эди, чекаётган азоби бол туюлди — хотинига ишонмади.
Бир куни азонда подани чўлга ҳайдаб кетатуриб, Тошгазанинг сўл бетида қирғийдек қўққайиб ўтирган Назар Махсумни кўрди. Ҳайрон бўлди: Махсум-ку ўзидан тинчиган одам, чошгоҳдан олдин қорасини кўрсатмайди — бугун бундай ўтирибди? Қичқириб салом берди. Сўрашай деса — узоқ, саломини кифоя билиб, яна подага андармон бўлди, ҳайдайверди. Бир вақт Назар Махсум кулранг тойхарида орқадан етис келди ва ёнма-ён кетаверди.
— Неварамнинг тўйпга бир келасиз-да, Полвон бой, — деди у. — Ўзингиз келиб бир давра қурсангиз Одам юбораман.
— Кўп қатори борарман, — деди Полвон. — Лекин, Махсум бува, ўзингиз биласиз, мен олишадиган полвон бўлмасам, отамнинг қўйиб кетган оти…
— Олишмасангиз ҳам бир келинг, — деди Назар Махсум. — Неварамнинг тўйини бир кўринг. Яхшг йигит, бошқаларнинг боласига ўхшамайди, асли палаги тоза-да, Полвонбой. Уста Холиёр ваҳима қилиб юборди, «Мунингиз бир алпомиш йигит, муни кўрпачага қандай ағнатамиз?», дейди…
— Ўсарқулни биламиз, Махсум бува, — деди Полвон. — Тузук бола.
— Э, паст кетдингиз, тилла-ку, тилла! — деди Назар Махсум. — Ўзингиз қалайсиз, Полвонбой? Хотинингиз кетибди, деб эшитиб эдим, шу гаплар ростми?
— Эртага қирқ кун бўлади, — деди Полвон.
— Чилласи чиқаркан-да, — деди Назар Махсум. — Бекор қипти, Полвонбой, сочи узунлик қипти, энди сиздай йигитни тополмайди, Талоқ-палоғини айтдингизми ?
— Кўзим қиймаяпти, Махсум бува. Айтсамми дейман-у, қурғур кўз қиймайди.
— Ўйчининг ўйи битгунча таваккалчининг иши битади, — деди Назар Махсум. — Шўрқудуқ боряпман, агар талоғини айтсангиз, мен ўзим опкетардим.
— Дабдурустдан бўлмас, — дея мулоҳаза қилди Полвон. — Бунинг бир хил қоидалари бўларди, шундай айтиб юборган билан…
— Бўлаверади, — деди Назар Махсум. — Энди, ўйлаб ўтирасизми, Полвонбой, магарким, юзингизга оёқ қўйдими, энди ўйлаш йўқ! Бу ўзи бир чувалган савдо, талоғини айтасизу шартта қирқасиз — давоси шу!
Полвон қандай «хўп» деб юборганини билмай қолди.
— Битта «хўп» билан иш битмайди, — деди Назар Махсум унинг нодонлигидан ранжиб. — «Талоқ қилдим», деб айтинг.
— Талоқ… — деди Полвон.
— Бўлмайди, қаттиқроқ, — деди Назар Махсум. — Яна икки марта айтинг, қоидаси шу.
— Талоқ, талоқ!
Қаҳри қўзиб турган эди, талоқ айтиб ҳам ҳоври босилмади. Аламидан орқароқда бораётган сигирнинг куймичига гаврон билан туширди, кейин бирдан кўзлари тинди, бўшашди, ёлғизоёқ йўлнинг четига беҳол ўтириб қолди…
Бир замон қараса, сигирлар йўлдан чиқиб, лалми йўнғичқага оралаб кетибди. Назар Махсум ҳам олисда, худди ёв қувгандай ортга қараш йўқ, тойхарини қичиб боряпти. Полвон бир касофатни сезгандек бўлди, лалми бедага уриб кетган подани ҳам унутиб, Назар Махсумнинг ортидан чопди. Қувиб етиб, йўлини тўсди:
— Кимга мўлжал қилиб боряпсиз, Махсум бува?
— Мўлжалим йўқ, Полвонбой, ҳеч мўлжалим йўқ, — дея Назар Махсум тайсаллади, кўзларини олиб қочди. — Ўролни айтгандай бўлишувди, лекин мен кўнмадим, меники бир савоб…
— Савобингизнинг уйи куйсин, — деди Полвон. — Ваколатимни қайтиб беринг!
— Ана, олинг, Полвонбой, — деди Назар Махсум ақли шошиброқ. — Ана, олинг ваколатингизни, мен бир савоб иш, деб эдим, майли, ўзингиз бориб айтинг.
— Мўлжални хато олган экансиз, — деди Полвон.— Қўядиган хотиним йўқ!
— Хўп, хўп, Полвонбой, бизники тиғиз эмас, деди Назар Махсум. — Лекин сиз ҳам бир ўйланг, ҳозир менга зуғум қиляпсиз, эртага ўғлим Санақудбек келганда нима жавоб айтишингизниям бир ўйланг.
— Ўролга Сананинг хотинини обберинг! — деди Полвон. — Уйга қайтинг, Махсум бува, Шўрқудуққа кейинроқ борасиз.
Назар Махсум итоат қилди — тойхарини орқага бурди. Полвон бедага оралаган сигирларни бир амаллаб тўда қилди-ю, овлоқ бир камарга қамаб, ўзи Шўрқудуққа жўнади.
Дарвоза очиқ эди. Ҳар гал бемалол кириб бораверадиган одам, бугун тақиллатгани ҳам журъат қилмади — тураверди. Хайрият, ҳовлида Хадичанинг ўзи кўринди, ажабланди, қўлидаги чўлтоқ супургини ташлашни ҳам унутиб ташқари чиқди. Арази тарқамаган чоғи: салом бермади, худди бегонадай, кўзлари ерда, оғзини рўмол билан тўсди… Полвон аччиқланмади, қайтага — хўрлиги келди, хотини ўраган бир сўмлик гарди рўмолу унинг кир уннаган кўйлаги сабаб бўлдими ёки қўлидаги чўлтоқ супургими, ишқилиб, унга бетлаб қарай олмади, уялди, ўзини номард, ноинсоф сезди.
— Обкетай деб келувдим. Хатча, — деди секин, овозини ўзи ҳам танимай.
— Ўлдириб қўясан, — деди Хадича, — Мен-ку, борарман, лекин сен, тентак, ўлдириб қўясан.
Шундай деб йиғлади. Полвон унга жўялироқ гап топиб беролмади. «Рост, — деб ўйлади, — бу борса, яна жиним қўзиб, яна сўксам, урсам, хотин деган нар-санинг нима ҳоли бор, ўлдириб қўяман».
Хадича ичкари кириб, Чаманни етаклаб чикди. Қизча қўрқиб қолган экан — отага қараб талпинмади.
— Ўлмасанг, манави норасида одам бўлганда тушунарсан, топишарсан, — деди хотин. — Мени ўз ҳолимга қўй энди.
Полвон бирдан сергакланди: Хадича хотин боши билан боядан бери сенсираётган экан.
— Сенсирама, Хатча, — деди у. — Тоза томиринг сувга етган бўлсаям сенсирамай гапир!
Хадича шўрлик тўлиб турган эканми, баттар терс келди:
— Қўлингдан келганини қил! — Бу гапни айтишга айтди-ю, ортга тисланди. Полвон анграйиб туриб қолди.
— Сен у ёкда одамга ўхшаб гапирардинг, Хатча, — еди У бир вақт ўзига келиб. — Кимнинг дарсини олдинг, нега ундай гапирасан?
Хадича индамай ерга қаради. Укаси Сатторқул дарвоза орқасига келиб бекинган экан, шартта отилиб чикди.
— Кет! — деди у кўкрагини кериб. — Эсинг борида кет, бўлмаса ёмон қиламан!
Полвон уни таниёлмай қолди. Йигитнинг кайфи бузуқ, мўйловининг учларигача титраб турибди, индамасанг, урадиган шашти бор. Полвон, бир кўнгли, гарданига солай, деб ўйлади, лекин шайтонга ҳай берди: қўй, баравар бўлиб ўтирма, бир кун туз ичгатс жойга қирқ кун салом, қўй, Полвон, ўзингни бос!
Орқасига юрди. Сатгорқул изидан қолмади.
— Кет! — деб бақирди у тағин. — Қайтиб шу кўчада қорангни кўрсам, оёғингни уриб синдираман!
Полвон бўғилиброқ кулди. Ўзининг не алфозда кетаётганини ўйлади: елкалари қисиқ, қадди букик, бўйнига мугпт тушарини кутгандек. Уят, уят, не кунларга қўйдинг, Хатча? Сендан шуни кутиб эдимми, Хатча? Кўрган биров нима деб ўйлайди, энағар Хатча?! Ер билан битта қилдинг-ку!..
Номус зўр чикди, чидолмади, таққа тўхтади. Сатторқул ҳам тўхтаса дуруст эди, аммо у тўғри бостириб келди, мушт кўтарди, лекин улгурмади, ўзи зарбдан ерга ағдарилиб тушди. Полвон уни билагидан даст ушлаб, силтаб турғазиб қўйди, лекин гап қотмади, йўлига кетаверди.
Еган мушти алам қилган экан. Сатторқул ярим йўлда, адирдаги туяқудуқ ёнида қувиб етди. Ёлғиз эмас, қаватида яна икки отлиқ, бири — Аҳмад шайтон, униси — юқори лаби кемтик, жиккакроқ одам.
Этик қўнжига қўл юборса номардлик бўлади, гаврон ҳам пода қамалган камарда қолган — бир ўзи учовини даф этарга ҳоли келмади. Бир нафасда қўлларини орқасига қайириб бойлашди, сўнг ҳалиги лаби кемтик йигит бехосдан тақимига тепди — Полвон чалқанча қулаб тушди. Ўрнидан турмоқчи бўлиб уринганида, Сатторқул келиб, елкасидан этиги билан босди:
— Хатчанинг талоғини айтасан! — деди у. — кейин, майли, тусаган ёғингга кетабер. Айтсанг — бўшатамиз.
— Ҳозир бўшат, — дея Полвон қайнисига эмас лаби кемтик йигитга юзланди. — Бўшатиб қўйиб гаплаш.
Полвоннинг ўзига беписанд қарагани Сатторқулга алам қилди:
— Э, бешбаттар бўлмайсанми!.. — Этигининг учи билан Полвонни юзтубан ағдариб ташлади ва яғрини аралаш қамчи тортди. Ўрмаси майда экан — баданни тиғдек куйдириб ўтди.
Полвон иягини заранг ерга тираган кўйи қотиб ётаверди. Аввалига оғриқни сезиб турди, қамчи ҳар тушганида эти кўпчиб-қабариб чиқаётганини ҳам билди, лекин бирпасдан сўнг эти ўлиб, қулоқларида қамчининг ҳавони визиллатиб чизаётган товушигина қолди.
Ишонгиси келмади. Тинчгина молини ҳайдаб кетаётиб эди, йўлда Махсум учради, талоқни олиб кетмоқчи бўлди, уни изига қайтариб, ўзи келди, мана энди, манави заранг ерда, туяқудуқ ёнида, қўллари боғлиқ, қимир этгани имкони йўқ, ер билан битта… Туш кўряпман, деб ўйлади у, ҳаммасини туш кўряпман, сениям туш кўряпман. Сатторқул иним, подачининг туши қурсин, бир хил тушларимда мени илон чақади, тиши этигимдан ўтиб болдиримга санчилади, дод дейман. Додлайману уйғониб кетаман, сениям туш кўряпман, Сатторқул иним, яхши қилмадинг, иним, майли, қаттиқроқ ур, токи мен уйғониб кетай… Ёлғизлик ёмон, иним, сизлар учов, мен бир ўзимман… Сен ҳам ҳарсиллаб қолдинг, чарчадинг, иним, майли, қамчини лаби кемтик жўрангга бер, у ҳам урсин, айт, қаттиқроқ урсин, ўрмаси ҳар сермаб ўтганида яғри нимдан парча-парча эт узиб олсину мен уйғониб кетай, тушдан фориғ бўлай, ёнимда Хатчани кўрай, тушимда бўлсаям уни уйга обкетай, майли, урабер, иним, яра-чақа бўлса битиб кетар, тўхтама, нега тўхтадинг ёки менга раҳминг келдими, иним?..
Чидаб ётди. Инграмади. Бир маҳал ҳаво дим тортганини сезди. Дим, эпкинсиз, қуюқ. Елкасидан чиққан тер кўзёшидай иссиқ… Терми бу, қон эмасми?.. Қип-қизил, кўзёшидай жизиллатади, сарғиш чакмонни бағир тусига бўяб боряпти…
Кўзларини йириб олдинда бир жуфт тоштовон этикни кўрди. Ағдарма кўн, чоклари пишиқ, жийрилган жойи йўқ, фақат нағали ейилибди, қушнинг тилидай юпқа, бугун-эрта узилади…
Этиклар қимирлади. Полвон ётган жойида бир-икки силкиниб тушди. Кейин этиклар яна манглай тарафига ўтди. Полвон тағин уларга тикилди, бироқ этиклар тутқич бермади, сония сайин кичрайиб, узоқлашиб бораверди. Кўзларини юмаркан, чуқур тин олди, илжайди: этиклар қочди, қочди!..
… Саҳар маҳали кунботар тарафда йилқи кишнади. Сайхонликдаги янтокдарни шитирлатиб салқин шамол турди. Полвон унга юз тутди — узоқ, то сал тетик тортгунича. Сўнг йилқи овози келган ёққа қараб ўрмалади.
Кўп судралди. Тиззалари, тирсаклари зирапчага тўлди. Тақирга етганида қуриган лой қисир-қисир сина бошлади. Бир пайт бармоқлари балчиққа тегди. Чанқоқ хуруж қилди: балчиқни сиқимлаб оғзига солиб шимиди. Сув чиқмади ҳисоб, томоғига тиқилиб, нафасини қайтарди. Яна олдинга ўрмалади. Бирор беш дақиқа ўтиб, узатган қўли сувга тегди. Полвон икки-уч тўлғониб олға жилдию бетини сувга ботирди, сўнг тирсакларига таяниб, тили билан ялашга тутинди. Кўнглида ғалати бир ғурур уйғонди, ўзининг мискинлигидан, манави қора балчиққа беланиб ётганидан, сувни кучукка ўхшаб шалоплатиб ичаётганидан шодланди, совуқ томчиларнинг чанқоқ вужуди бўйлаб бир маромда таралаётганига қулоқ солди…
Хадичани Шўрқудуқдан берида, пода ётар жойда топди. Устида ўша кир кўйлаги билан гарди рўмоли, этагида қўнғиз кавлаб кетган беш-олти ғовак тезак (шуни баҳона қилиб чиққан), биров урганми, ўзи йиғлаганми, кўзлари қизарган…
Полвонни аввалига танимади, йўқ, таниди-ю, кўзларига ишонмади, қўркди, қўли билан юзини пана қилди — қамчидан тўсгандай.
— Талоғимни айтдингизми? — дея секин, хўрланиб, келар балони даф этолмаслигидан қўрққандек сўради: кўзлари мўлтиради, этагидаги тезак ерга тўкилди.
— Айтардим, Хатча, — деди Полвон. — Айтардим, лекин энди бўлмайди, иложим йўқ, айтсам — қўрқоққа чиқаман. Чидайсан энди, Хатча…
Хадича йиғлади. Кўзларини артаркан, рўмоли бошидан сирғалиб тушди, сочлари елкасига ёйилди.
— Борайми? — деб сўради. — Урмайсизми?..
Полвоннинг хўрлиги келди: сени урган қўл синмайдими, Хатча?..
Хадича яқинроқ келди, эрининг усти-бошига чапланган лой ва қонни артмоқ бўлиб қўл чўзди, аммо ботинмади, ёвуқликнинг ўзи маҳобатли бир девор мисол кўз олдини тўсди — қўлларини тортди, кўнглига яна қўрқув оралади.
Полвон ҳайратланди: сенга шунчалик кўнгил қўйиб эдимми, Хатча? Кел, қўлларимда азод кўтарай сени, ўн беш кунлик ойдай қучоғимни тўлдир. Хатча, мени қаттиқ-қаттиқ чимчила, зора сени туш кўрмаган бўлсам!..
У аёлни даст кўтариб одди. Хадичанинг билаклари бўйнига чирмашган замон мажоли қочди, гандираклаб кетди, лекин сал ўтиб билакларнинг куйдиргувчи тафтига кўникди, чарчоғу оғриқ унутилди, гўё тани ҳам унут бўлдию унинг ўзи бўйнига чирмашган билакларга айланди… Фақат юракларнинг ола-тасир ургани сезилади, гўё бутун дашту далалар уларнинг дупурига тўлган… Сени шунчалар соғиниб эдимми, Хатча? Кўнгилдаги кину ғазабим қани? Нега йиғлайсан, Хатча? Сен ҳам соғиндингми? Соғинганинг ростми, Хатча? Бирор нарса де, шубҳаларинг бекор де, Хатча, кўнглимни қабартма, белимни букма, гавҳарни тошга урмайлик, Хатча!..
Аёлнинг юзига тикилиб, гумонига тасдиқ излади. Лекин Хадичанинг турган-биттани — юзу кўзи, бўйнига чирмашган билаклари, ёқасига қадалган қатор садаф тугмаларигача иффатга ёр, шубҳага зомин эди.
Хадича эрининг кўзларида бир оғриқ кўрди, аммо сўз сўйларга мажоли етмади, бўғзига тиқилган аччиқ хўрсиниқни ичига ютдию унинг тарашадек қотган жун чакмонига бетини буркади…
Xadicha ketdiyu ko’nglidan halovat ham ketdi. Uy bamisoli o’lik chiqqanday huvillaydi. Polvonning yuragi toriqdi — uyni tark etdi, boqqa olib tushadigan qiyalikdagi bobosidan qolgan yerto’lani o’ziga boshpana qildi. Odamlarning kulishini bilardi, ammo uydagi hamma narsa Xadichani esga soladi: ostonaga qadami tekkan, devorga yelkasi — chidab o’tirishi qiyin bo’ldi…
Murod Muhammad Do’st
DASHTU DALALARDA
Murod Muhammad Do‘st 1949 yil 12 aprelda Samarqand viloyatining Jom qishlog‘ida tug‘ilgan. ToshDUning tarix fakultetining falsafa bo‘limini tugatgan (1971). Moskvadagi Adabiyot institutida o‘qigan (1974 — 79). Dastlabki hikoyalar to‘plami — «Qaydasan, kuvonch sadosi?» (1976). Shundan keyin «Mustafo» (1977), «Bir toychoqning xuni» (1979), «Galatepaga qaytish» (1983), «Dashtu dalalarda» (1987) singari hikoya va qissalari nashr etilgan. «Lolazor» (1988) romani muallifi. Asarlari asosida badiiy filmlar suratga olingan.Hamza nomidagi O‘zbekiston Davlat mukofoti laureati (1990). Yozuvchi “O‘zbekfilm” kinostudiyasida, “Sharq yulduzi” jurnalida, O‘zbekiston Respublikasi Prezidenti Matbuot xizmatida, O‘zbekiston Milliy axborot agentligida, “O‘zbekkino” Davlat aksiyadorlik kompaniyasida faoliyat olib borgan.
Xadicha ketdiyu ko’nglidan halovat ham ketdi. Uy bamisoli o’lik chiqqanday huvillaydi. Polvonning yuragi toriqdi — uyni tark etdi, boqqa olib tushadigan qiyalikdagi bobosidan qolgan yerto’lani o’ziga boshpana qildi. Odamlarning kulishini bilardi, ammo uydagi hamma narsa Xadichani esga soladi: ostonaga qadami tekkan, devorga yelkasi — chidab o’tirishi qiyin bo’ldi.
Yerto’la eski bo’lsa ham havosi quruq edi. Yeri naq metin — cho’kich tegsa, chaqin chiqadi. Qoratoyni ham ichkari olib kirdi. Bechora it ochiqqa o’rgangan edi, yerto’laga ko’nikolmadi, uch-to’rt kecha uvlab chiqdi, lekin — yo’q, keyin-keyin egasining holiga tushundi chog’i, poygakka to’shalgan poxol ustida indamay yotadigan bo’ldi.
Yerto’la avvaliga sal vahimali ko’rindi. Shifti past, agar chiroq bo’lmasa, naq lahadning o’zginasi…
Asta-sekin yerto’laning go’rsimon ekaniga ham ko’nikdi. Yomg’irli bir tunda uyqusiz yotib, uzoq o’yladi, o’zining tirikligini o’yladi, yonida iti Qoratoy borligini, Xadichaning ketganini… Bir o’zi ketsa go’rga edi, qizchani ham yetaklab ketdi. Shu tariqa, xayoli to’rt yashar qizchasi Chamanga og’di, qizim hozir Sho’rquduqning ko’chasida bemalol o’ynab yurgandir, deb o’yladi, hatto uning qo’lchalarini tuproqqa belab qichqirayottanini eshitganday bo’ldi. Yarim tun ekani, tashqarida yomg’ir sharros quyayotgani — barisi bekor edi. Xo’rligi keldi, o’zidan xafa bo’ldi, keyin poygakda xumday boshini yerga qo’yib mudrayotgan itiga so’zlandi: mening holim shu, Qoratoyjon, xotin ketdi, har kim o’z yo’liga ekan…
It otini eshitib, ko’zlarini ochdi: Polvon gapirib yotaverdi. Go’yoki bor alami tanidan hovurdek ko’tarilib, butun yerto’lani to’ldirayotganday edi. Qoratoy egasining qarashiga chiday olmadi, poxol ustida g’ujanak bo’lib, yana ko’zlarini yumdi.
…Kunlar shu zaylda o’taverdi. Singlisi Adolat har kech sigir sog’ar mahali holidan xabar olib turardi. Akasining o’rligini bilar, shu sababli unga ko’pda aql bo’lavermas edi. Lekin, axiyri u ham chidab turolmadi.
— Mengayam oson tutmang, aka, — dedi. — Jo’jabirday jonman, qaysi birovlaringga qarayman? Odamlarga kulgi bo’ldik, aka, bu kuningizdan o’lganingiz behroq edi!..
Har safar singlisi kelganda miq etmay yotadigan odam, bu gal ilkis qo’zg’aldi:
— Men o’lsam tinchiysanmi, Adol?
— Qaytib oldim, aka, — dedi u. — Tillarim qirqilsin, aka, qaytib oldim!…
— Senga og’irim tushgani rost, — dedi Polvon. — Sal sabr qilgin, singil, men avval old-ortini bir o’ylab olay…
O’shandan beri Adolat qorasini ko’rsatmaydi. Olib kelgan narsasini ham yerto’ladan tashqariga, eski toltovoqning ostiga qo’yib ketadi.
Kunduzlari bir nav — yolg’izlik ko’p bilinmaydi. Ertalab qo’liga gavron olib cho’lga chiqib ketgani bilan to shomgacha podaga andarmon bo’lib yuradi. Baxtiga, sherigi Hasanboy kamgaproq odam, bir marta uylanib, yil o’tmay ajrashgan. Polvonning xotini ketib qolganiga ko’p ham ajablanmaydi.
Kunduzlari bir nav, jami azob shomdan keyin, ifti past yerto’laga qaytgan mahali boshlanadi.
Xadicha yoningda yotganida o’lim yodingga tushsa ham qo’rqmaysan: xotining bor, bolang bor, tepangda — xudo, e, bir gap bo’lar-da, deb o’ylaysan. Xadicha bo’lmasa qiyin ekan. Endi uning siyog’i ham esdan chiqqanday: bechora salga shamollardi, shamollab dimog’i chippa bitganida pishqirib bezor qilardi, huda-behuda chiroq yoqardi, ivirsib g’ashingga tegardi, lekin bari borligi durust edi — ovunarding, istagan paytingda qo’l uzatsang yetadi, g’ingshisa g’ingshir, iloji yo’q o’rtada non singan, nikoh o’qilgan; bag’ringga bosib yuzi ko’zidan muchchi olgan chog’laringda bechora kichrayib qolardi, u-ku kichkina, lekin sen ham o’zingni pardek yengil sezasan; dimog’ingda sutning hidi, qayoqqadir uchib ketgilaring keladi; doim ko’klam bo’lsa, ko’kalamzor bo’lsa, yalang oyoq, yalang bosh, pardek yengil Xadichani ko’tarib hovlidan chiqsang, keyin shu ko’targancha ketsang, hech kimdan uyalmasang, ketsang, yo’lingda birov uchramasa, ketsang-da, qayoqqa ketayotganingni o’zing ham bilmasang!
U xotinini umrida bir marta — chimildiqda amallab ko’tarib olgan, xolos. Faqat, ba’zan poda ketidan yurganida xayoli og’ib, uni ana shunday ko’tarib chopmoqni istaganlarini eslaydi. Chimildiqda ikkita ayol etagidan bosib turgan, bittasi — Xadichaning o’rtancha ammasi, shunchaki etakdan bosmay, naq taqimiga qistirgan. Polvon unda yosh edi, birmuncha sho’xligi ham bor, kishibilmas timirskilanib turib, Xadichani qo’ltig’idan shartta ko’tardi. Ammo g’aflatda qoldi, kapadek bo’lib ag’darilib tushdi. Uni rosa kulgi qilishdi. Xotin-xalaj baralla kuldi. «Mana senga, Oybuvi, mana senga kuyovning zo’ri», deyishdi. Zo’ru nozo’ri kimga kerak — shunchaki gap bo’lsa bas, hamma og’ziga kelganini aytadi, hammaning dimog’i chog’. Polvon chimildiq ortidan mast odamday gandiraklab chikdi, chiqdiyu ko’chada sho’rquduqlik yigitlar bilan o’ralashib turgan jo’ralarini ko’rdi. Kuyovning o’zi chiqqach, sho’rquduqlik bittasi battar avj qildi: «Senga Xatcha hayf, Polvon, — dedi. — O’zimizdan ortib qolgani yo’q edi, qulog’ini tishlab qo’yuvdik, haliyam tashlab ketaber!…» Polvonning yomon ajinasi tutdi, lekin urishgani jo’ralari qo’yishmadi, neki harbu zarb bo’lsa, o’zlarini balogardon qilishdi… So’ng, Sho’rquduqdan chiqar mahal, ko’chaning adog’ida, ular tushgan ulovga tosh yog’ildi. Polvon sal enkayib, kelinning boshida turdi, lekin Xadicha shusiz ham bexatar edi. Ust-boshi qalin, yumshoq — unga hech ziyon yetmadi. Birgina G’uchchi cholga tosh qattiqroq tegdi, bechora yilqichi, alami tutib, ovozining boricha aytib qo’yaberdi: «Nokas sho’rquduqlik, mening aybim nima? Chimildiqqa kirgan menmi?!» Uning baqirganiga birov parvo qilmadi. «Yor-yor-yoron-ey!» deb qo’shiq aytishdi. Uni Sho’rquduqdan qo’shilib chiqqan kelinning xeshlari boshladi. Galatepaliklar avvaliga iymanibroq turishdi, keyin ular ham qo’shildi, to o’zlarining sarhadlariga yetguncha bo’kirib borishdi: «Tomda tovuq yotadi, yor-yor-yoron-ey, oyog’i sovqotadi yor-yor-yoron-ey!..» Yolg’iz Polvon qo’shiq aytmadi. Indamay keldi. G’alati edi. Yonida — Xadicha, hali yuzini tuzukroq ko’rolgani ham yo’q, uyatu qo’rquvdan bir burda bo’lib o’tiribdi, ulov har silkinganda yelkasi tegadi, xuddi bir yashin urganday, o’t, olov, qiyomatning naq o’zi!.. Keng bir dala, Yo’l, ulov… E, Xudo, ulov degani muncha imillamasa!.. Bir yoqda qo’shiq, bir yoqda G’uchchi chol, haliyam so’kinyapti: sho’rquduqlik nomard chiqdi, ko’chada ro’para bo’lolmadi, orqadan tosh otdi… Endi G’uchchiga qiyin, endi uning g’urrasini Galatepa rosa bir oy kulgi qiladi, ajab bo’pti, xo’b bo’pti, sen cholga kuyovnavkarlikni kim qo’yibdi; e, enalari o’lsin, nimasini eslaysan, Polvon, eslagulik joyi qoldimi! Yoningda Xadicha yotsa tuzuk, Polvon, hali bu ko’rganlaring oz, Polvon!..
***
Xadicha bir sidra kiyimini tugun qilib, poygakda qotib turdi, bechora biror sado chiqishini kutdi, lekin Polvon er bo’lib bir narsa demadi. Xadicha dahlizga chiqib yana birpas turdi, hovliga chiqib hovlida turdi, ilindi, qaytarib olar-ku, dedi, ammo Polvon teskari-to’ng bo’lib yotaverdi, so’ng, Xadicha darvozaga yetganda chidab turolmadi, qizchasi Chamanni qo’lidan sudrab chiqdi: «Ma, muniyam obket, pishirib yeysanmi, isqotingga qo’yasanmi!..» Musht yeganda yig’lamagan ayol, buni eshitib yomon bo’shashdi, ko’ziga yosh oldi: «Hah, falak!— dedi. — Mayli, ketsam ketayin, beqadr bo’ldim, mayli, Xudodan toping». Shu gapni aytdiyu qizini yetakladi-ketdi. Qancha yotganini bilmaydi, bir payt chiqib qarasa, Xadicha uzoqlabdi, Sho’rquduqning yo’lida qizini iyartib ketyapti. Polvon Toshgazagacha izma-iz bordi, lekin ularning qayrilmaganini ko’rib shartta to’xtadi, avvaliga g’azabi yo’q, ichi to’la alam, chakmonining bariga bir urdi: «Hay, mayli, ketsang ketaber, Xatcha, Sho’rquduq borasanmi, nariroqqa o’tib ketasanmi, bir bo
shimda bir kunim, men ham sensiz uloqib ketmasman!…»
Orqaga qaytdi. Hovlida o’tirib, zambilg’altakning bo’shagan tirsagini sozladi, chalg’ining tig’ini peshladi, o’zini yupatdi, hatto sal ovunganday ham bo’ldi, keyin, kech tushganda qarasa, taqron joyda toq o’zi o’tiribdi, dardlashgudek mahrami yo’q, yig’layin desa, ko’r bo’lgur ko’zga yosh kelmaydi. Notavonligini endi sezdi, alamidan xotin bechoraning uyda qolgan kiyim-kechagini hovliga olib chiqib oshpichoq bilan qiymaladi, kultepaga eltib ko’mdi. Yo’q, bu bilan hav tinchimadi, kultepaga o’zini eltib ko’msa ham tinchiguday emasdi. Bezovta, beorom, miyasiga qurt tushgan qo’chqordek hovlini gir aylanib yugurdi. Aylanaturib darvozaga ro’para bo’ldi-yu, uni lang ochiq ko’rdi. Ko’chaga chiqdi. Sho’rquduqqa yo’l tutmay, to’g’ri Salim saqichnikiga burildi. Borsa, Salim hovli o’rtasida sandal qo’yib, oldida mag’zava to’la tog’ora, bir parcha pishiq g’isht bilan tovonining yemini qirtishlab o’tiribdi. Polvon tog’orani bir tepib ag’dardi, so’ng Salimning yoqasidan oldi. O’rtaga Maxfirat tushmaganda oxiri yomon bo’lardi.
Salim uning qo’lidan yulqinib uyga chopdi, zum o’tmay otasidan qolgan qo’shtig’ni ko’tarib chiqib, Polvonga o’qtaldi: «Ket, bo’lmasam otaman!» Mahfirat miltiqqa ko’kragini tutdi: «Avval meni otasan!..» Polvon uni chetladi: «Qo’y, singlim, ering hazillashyapti». Yo’q, xotin aytganidan qolmadi, eridan miltiqni yulqib olib, hamsoyaning hovlisiga otdi. Polvon boshqa musht ko’tarmadi, g’azabini ichiga yutib, tashqari chiqdi. Hayal o’tmay, ortidan Salim saqich ham chiqib keldi, qachon yirtib ulgurgan bo’lsa ham, egnidagi kiyimning butuni yo’q, yenglariyu ishtonining baloqlarigacha ro’dapoday osilib yotibdi, boshidan tuproq sochganmi, aft-basharasining kulga yumalagan toyxardan farqi kam, chiqasolib Nizomboy milisaning uyiga jo’nadi. Polvonning xayoli qochdi: bu nomard boshini yorishdan ham toymaydi! E, opketsa, opketar, nima, ortingda yig’lab qoladiganing bormi! Mayli, oxirigacha nomardlik qilaversin, Nizomboyga chaqadimi, boshqa qiladimi, mayli, shu nomardning ham xusuri qonsin!..
O’zi keyingi paytlar Salim saqich bilan oshnachilikni bas qilmoqchi edi. Bir-ikki bor atay so’kishgani chog’lanib bordi. «Zora so’kishib qolsagu ora ochilib, yuzko’rmas bo’p ketsak», deb o’yladi. Yo’q, so’kish ham oson emas ekan, odamning yuzidan o’tishi qiyin bo’ldi.
Ikki piyola aroq ichguncha har ne janjalga xezlanib o’tirdi. Keyin sal kayfi oshdi. Salim saqichga rahmi keldi. «Bu dayus sil, qon tuflab yurib, o’zini o’nglaguncha ozmuncha urindimi», deb o’yladi, qiynaldi.
Salim Kattaqo’rg’ondan murch, saqich, hushtak, hatto okak odam nomus qiladigan narsalargacha olib kelib otardi. Keyin ana shu attorlikdan tushgan sarmoya bilan boshqa bir ishni kasb qildi. Kechqurunlari, kishloqda ismi do’kon yopilgan mahal, so’rab kelganga bir so’m ustamasi bilan aroq sotadi. Hozir endi tuzuk bo’lib qolgani — yuziga qon yugurgan, yo’tali yo’q, gaplari ham dadil.
Oxirgi gal Salim saqich unga nasihat qilgan bo’ldi:
— Bu ishingni qo’y, bola, sen ko’p ichaverma.
Polvon uning nasihati astoydil ekaniga ishonmadi, kuldi. Salimning esa jahli chikdi.
— Men bir oti yomon odamman, Polvon ukam, — dedi u, — Eshitsang, o’zing uchun eshitasan, eshitmasang — otangning go’riga!..
— Gaping o’zi qiziq-da, Salim — deb e’tiroz qildi Polvon. — O’zing quyib berasan-u, ichmagin, deb aytganing nimasi? Keyin, oshna, Xudo bo’lsang ham, ota-buvamni o’rtaga qo’shma, tepada tinch yotsin, men hali o’zimdan qolganim yo’q.
— Holingga boqmaganing yomon, — deb kuldi Salim saqich. — O’zingcha ne xayollarga borib yuribsan! Aytib qo’yay, menga ko’p shox qilaverma, bo’lmasa, naq changingni chiqaraman! Sen bu yokda ichib yurasan, xotinchang Sho’rquduqqa bir oylab o’tlagani ketadi!..
Polvon Salimni jag’iga bir urib ko’rpachaga qulatdi. Lekin u taslim bo’lmadi, tishining orasidan sizayotgan qonni kafti bilan sidira turib, yana gapirdi:
— Sen bu yoqda, u naryoqda… Enasinikida o’sma qo’yib o’tiribdi, deb o’ylaysanmi!..
— Bas qil!…
— Bo’pti, men bas qildim, lekin sen ham o’zingga ehtiyot bo’l, Polvon ukam! Kuchingni xotinga ham ko’rsatib tur!.. — Salim saqich pixillab kuldi.
Polvon tag’in musht ko’tardi, lekin urmadi, shartta joyidan turib jo’nadi. Yo’l bo’yi Xadichani o’yladi. Buzuq desa, buzuqligiga ishonmaydi, tuzuk desa, erta bahorda Sho’rquduqqa ketib, rosa ikki hafta o’sha yokda qolgani rost. «Sattorqulning xotini tug’ibdi», degan edi. Bunisini Polvonning o’zi ham bilardi. Sho’rquduqqa borganida bidillab qarshi oladigan tojik qiz — Sattorqulning xotini keyingi safar undan tortinibroq turgan edi. O’choqning boshidan beri kelmagan. O’zi oriqqina, shundan, qorni batgar do’shyib ko’ringan edi.
Uning-ku, bo’shangani rost, lekin Xadichaning o’sha yerda bunchalik qadalib qolganiga nima deysan?.
Uyga qaytib, xotinini burovga oldi. Xadicha qasam ichdi, qizini, enasini, Xudoning o’zini guvoh qildi. Lekin Polvon ishonmadi. Ishonay dedi-yu, ko’nglida tutun qolarini sezdi. Kayfi bor edi, chekayotgan azobi bol tuyuldi — xotiniga ishonmadi.
Bir kuni azonda podani cho’lga haydab ketaturib, Toshgazaning so’l betida qirg’iydek qo’qqayib o’tirgan Nazar Maxsumni ko’rdi. Hayron bo’ldi: Maxsum-ku o’zidan tinchigan odam, choshgohdan oldin qorasini ko’rsatmaydi — bugun bunday o’tiribdi? Qichqirib salom berdi. So’rashay desa — uzoq, salomini kifoya bilib, yana podaga andarmon bo’ldi, haydayverdi. Bir vaqt Nazar Maxsum kulrang toyxarida orqadan yetis keldi va yonma-yon ketaverdi.
— Nevaramning to’ypga bir kelasiz-da, Polvon boy, — dedi u. — O’zingiz kelib bir davra qursangiz Odam yuboraman.
— Ko’p qatori borarman, — dedi Polvon. — Lekin, Maxsum buva, o’zingiz bilasiz, men olishadigan polvon bo’lmasam, otamning qo’yib ketgan oti…
— Olishmasangiz ham bir keling, — dedi Nazar Maxsum. — Nevaramning to’yini bir ko’ring. Yaxshg yigit, boshqalarning bolasiga o’xshamaydi, asli palagi toza-da, Polvonboy. Usta Xoliyor vahima qilib yubordi, «Muningiz bir alpomish yigit, muni ko’rpachaga qanday ag’natamiz?», deydi…
— O’sarqulni bilamiz, Maxsum buva, — dedi Polvon. — Tuzuk bola.
— E, past ketdingiz, tilla-ku, tilla! — dedi Nazar Maxsum. — O’zingiz qalaysiz, Polvonboy? Xotiningiz ketibdi, deb eshitib edim, shu gaplar rostmi?
— Ertaga qirq kun bo’ladi, — dedi Polvon.
— Chillasi chiqarkan-da, — dedi Nazar Maxsum. — Bekor qipti, Polvonboy, sochi uzunlik qipti, endi sizday yigitni topolmaydi, Taloq-palog’ini aytdingizmi ?
— Ko’zim qiymayapti, Maxsum buva. Aytsammi deyman-u, qurg’ur ko’z qiymaydi.
— O’ychining o’yi bitguncha tavakkalchining ishi bitadi, — dedi Nazar Maxsum. — Sho’rquduq boryapman, agar talog’ini aytsangiz, men o’zim opketardim.
— Dabdurustdan bo’lmas, — deya mulohaza qildi Polvon. — Buning bir xil qoidalari bo’lardi, shunday aytib yuborgan bilan…
— Bo’laveradi, — dedi Nazar Maxsum. — Endi, o’ylab o’tirasizmi, Polvonboy, magarkim, yuzingizga oyoq qo’ydimi, endi o’ylash yo’q! Bu o’zi bir chuvalgan savdo, talog’ini aytasizu shartta qirqasiz — davosi shu!
Polvon qanday «xo’p» deb yuborganini bilmay qoldi.
— Bitta «xo’p» bilan ish bitmaydi, — dedi Nazar Maxsum uning nodonligidan ranjib. — «Taloq qildim», deb ayting.
— Taloq… — dedi Polvon.
— Bo’lmaydi, qattiqroq, — dedi Nazar Maxsum. — Yana ikki marta ayting, qoidasi shu.
— Taloq, taloq!
Qahri qo’zib turgan edi, taloq aytib ham hovri bosilmadi. Alamidan orqaroqda borayotgan sigirning kuymichiga gavron bilan tushirdi, keyin birdan ko’zlari tindi, bo’shashdi, yolg’izoyoq yo’lning chetiga behol o’tirib qoldi…
Bir zamon qarasa, sigirlar yo’ldan chiqib, lalmi yo’ng’ichqaga oralab ketibdi. Nazar Maxsum ham olisda, xuddi yov quvganday ortga qarash yo’q, toyxarini qichib boryapti. Polvon bir kasofatni sezgandek bo’ldi, lalmi bedaga urib ketgan podani ham unutib, Nazar Maxsumning ortidan chopdi. Quvib yetib, yo’lini to’sdi:
— Kimga mo’ljal qilib boryapsiz, Maxsum buva?
— Mo’ljalim yo’q, Polvonboy, hech mo’ljalim yo’q, — deya Nazar Maxsum taysalladi, ko’zlarini olib qochdi. — O’rolni aytganday bo’lishuvdi, lekin men ko’nmadim, meniki bir savob…
— Savobingizning uyi kuysin, — dedi Polvon. — Vakolatimni qaytib bering!
— Ana, oling, Polvonboy, — dedi Nazar Maxsum aqli shoshibroq. — Ana, oling vakolatingizni, men bir savob ish, deb edim, mayli, o’zingiz borib ayting.
— Mo’ljalni xato olgan ekansiz, — dedi Polvon.— Qo’yadigan xotinim yo’q!
— Xo’p, xo’p, Polvonboy, bizniki tig’iz emas, dedi Nazar Maxsum. — Lekin siz ham bir o’ylang, hozir menga zug’um qilyapsiz, ertaga o’g’lim Sanaqudbek kelganda nima javob aytishingizniyam bir o’ylang.
— O’rolga Sananing xotinini obbering! — dedi Polvon. — Uyga qayting, Maxsum buva, Sho’rquduqqa keyinroq borasiz.
Nazar Maxsum itoat qildi — toyxarini orqaga burdi. Polvon bedaga oralagan sigirlarni bir amallab to’da qildi-yu, ovloq bir kamarga qamab, o’zi Sho’rquduqqa jo’nadi.
Darvoza ochiq edi. Har gal bemalol kirib boraveradigan odam, bugun taqillatgani ham jur’at qilmadi — turaverdi. Xayriyat, hovlida Xadichaning o’zi ko’rindi, ajablandi, qo’lidagi cho’ltoq supurgini tashlashni ham unutib tashqari chiqdi. Arazi tarqamagan chog’i: salom bermadi, xuddi begonaday, ko’zlari yerda, og’zini ro’mol bilan to’sdi… Polvon achchiqlanmadi, qaytaga — xo’rligi keldi, xotini o’ragan bir so’mlik gardi ro’molu uning kir unnagan ko’ylagi sabab bo’ldimi yoki qo’lidagi cho’ltoq supurgimi, ishqilib, unga betlab qaray olmadi, uyaldi, o’zini nomard, noinsof sezdi.
— Obketay deb keluvdim. Xatcha, — dedi sekin, ovozini o’zi ham tanimay.
— O’ldirib qo’yasan, — dedi Xadicha, — Men-ku, borarman, lekin sen, tentak, o’ldirib qo’yasan.
Shunday deb yig’ladi. Polvon unga jo’yaliroq gap topib berolmadi. «Rost, — deb o’yladi, — bu borsa, yana jinim qo’zib, yana so’ksam, ursam, xotin degan nar-saning nima holi bor, o’ldirib qo’yaman».
Xadicha ichkari kirib, Chamanni yetaklab chikdi. Qizcha qo’rqib qolgan ekan — otaga qarab talpinmadi.
— O’lmasang, manavi norasida odam bo’lganda tushunarsan, topisharsan, — dedi xotin. — Meni o’z holimga qo’y endi.
Polvon birdan sergaklandi: Xadicha xotin boshi bilan boyadan beri sensirayotgan ekan.
— Sensirama, Xatcha, — dedi u. — Toza tomiring suvga yetgan bo’lsayam sensiramay gapir!
Xadicha sho’rlik to’lib turgan ekanmi, battar ters keldi:
— Qo’lingdan kelganini qil! — Bu gapni aytishga aytdi-yu, ortga tislandi. Polvon angrayib turib qoldi.
— Sen u yokda odamga o’xshab gapirarding, Xatcha, — yedi U bir vaqt o’ziga kelib. — Kimning darsini olding, nega unday gapirasan?
Xadicha indamay yerga qaradi. Ukasi Sattorqul darvoza orqasiga kelib bekingan ekan, shartta otilib chikdi.
— Ket! — dedi u ko’kragini kerib. — Esing borida ket, bo’lmasa yomon qilaman!
Polvon uni taniyolmay qoldi. Yigitning kayfi buzuq, mo’ylovining uchlarigacha titrab turibdi, indamasang, uradigan shashti bor. Polvon, bir ko’ngli, gardaniga solay, deb o’yladi, lekin shaytonga hay berdi: qo’y, baravar bo’lib o’tirma, bir kun tuz ichgats joyga qirq kun salom, qo’y, Polvon, o’zingni bos!
Orqasiga yurdi. Satgorqul izidan qolmadi.
— Ket! — deb baqirdi u tag’in. — Qaytib shu ko’chada qorangni ko’rsam, oyog’ingni urib sindiraman!
Polvon bo’g’ilibroq kuldi. O’zining ne alfozda ketayotganini o’yladi: yelkalari qisiq, qaddi bukik, bo’yniga mugpt tusharini kutgandek. Uyat, uyat, ne kunlarga qo’yding, Xatcha? Sendan shuni kutib edimmi, Xatcha? Ko’rgan birov nima deb o’ylaydi, enag’ar Xatcha?! Yer bilan bitta qilding-ku!..
Nomus zo’r chikdi, chidolmadi, taqqa to’xtadi. Sattorqul ham to’xtasa durust edi, ammo u to’g’ri bostirib keldi, musht ko’tardi, lekin ulgurmadi, o’zi zarbdan yerga ag’darilib tushdi. Polvon uni bilagidan dast ushlab, siltab turg’azib qo’ydi, lekin gap qotmadi, yo’liga ketaverdi.
Yegan mushti alam qilgan ekan. Sattorqul yarim yo’lda, adirdagi tuyaquduq yonida quvib yetdi. Yolg’iz emas, qavatida yana ikki otliq, biri — Ahmad shayton, unisi — yuqori labi kemtik, jikkakroq odam.
Etik qo’njiga qo’l yuborsa nomardlik bo’ladi, gavron ham poda qamalgan kamarda qolgan — bir o’zi uchovini daf etarga holi kelmadi. Bir nafasda qo’llarini orqasiga qayirib boylashdi, so’ng haligi labi kemtik yigit bexosdan taqimiga tepdi — Polvon chalqancha qulab tushdi. O’rnidan turmoqchi bo’lib uringanida, Sattorqul kelib, yelkasidan etigi bilan bosdi:
— Xatchaning talog’ini aytasan! — dedi u. — keyin, mayli, tusagan yog’ingga ketaber. Aytsang — bo’shatamiz.
— Hozir bo’shat, — deya Polvon qaynisiga emas labi kemtik yigitga yuzlandi. — Bo’shatib qo’yib gaplash.
Polvonning o’ziga bepisand qaragani Sattorqulga alam qildi:
— E, beshbattar bo’lmaysanmi!.. — Etigining uchi bilan Polvonni yuztuban ag’darib tashladi va yag’rini aralash qamchi tortdi. O’rmasi mayda ekan — badanni tig’dek kuydirib o’tdi.
Polvon iyagini zarang yerga tiragan ko’yi qotib yotaverdi. Avvaliga og’riqni sezib turdi, qamchi har tushganida eti ko’pchib-qabarib chiqayotganini ham bildi, lekin birpasdan so’ng eti o’lib, quloqlarida qamchining havoni vizillatib chizayotgan tovushigina qoldi.
Ishongisi kelmadi. Tinchgina molini haydab ketayotib edi, yo’lda Maxsum uchradi, taloqni olib ketmoqchi bo’ldi, uni iziga qaytarib, o’zi keldi, mana endi, manavi zarang yerda, tuyaquduq yonida, qo’llari bog’liq, qimir etgani imkoni yo’q, yer bilan bitta… Tush ko’ryapman, deb o’yladi u, hammasini tush ko’ryapman, seniyam tush ko’ryapman. Sattorqul inim, podachining tushi qursin, bir xil tushlarimda meni ilon chaqadi, tishi etigimdan o’tib boldirimga sanchiladi, dod deyman. Dodlaymanu uyg’onib ketaman, seniyam tush ko’ryapman, Sattorqul inim, yaxshi qilmading, inim, mayli, qattiqroq ur, toki men uyg’onib ketay… Yolg’izlik yomon, inim, sizlar uchov, men bir o’zimman… Sen ham harsillab qolding, charchading, inim, mayli, qamchini labi kemtik jo’rangga ber, u ham ursin, ayt, qattiqroq ursin, o’rmasi har sermab o’tganida yag’ri nimdan parcha-parcha et uzib olsinu men uyg’onib ketay, tushdan forig’ bo’lay, yonimda Xatchani ko’ray, tushimda bo’lsayam uni uyga obketay, mayli, uraber, inim, yara-chaqa bo’lsa bitib ketar, to’xtama, nega to’xtading yoki menga rahming keldimi, inim?..
Chidab yotdi. Ingramadi. Bir mahal havo dim tortganini sezdi. Dim, epkinsiz, quyuq. Yelkasidan chiqqan ter ko’zyoshiday issiq… Termi bu, qon emasmi?.. Qip-qizil, ko’zyoshiday jizillatadi, sarg’ish chakmonni bag’ir tusiga bo’yab boryapti…
Ko’zlarini yirib oldinda bir juft toshtovon etikni ko’rdi. Ag’darma ko’n, choklari pishiq, jiyrilgan joyi yo’q, faqat nag’ali yeyilibdi, qushning tiliday yupqa, bugun-erta uziladi…
Etiklar qimirladi. Polvon yotgan joyida bir-ikki silkinib tushdi. Keyin etiklar yana manglay tarafiga o’tdi. Polvon tag’in ularga tikildi, biroq etiklar tutqich bermadi, soniya sayin kichrayib, uzoqlashib boraverdi. Ko’zlarini yumarkan, chuqur tin oldi, iljaydi: etiklar qochdi, qochdi!..
… Sahar mahali kunbotar tarafda yilqi kishnadi. Sayxonlikdagi yantokdarni shitirlatib salqin shamol turdi. Polvon unga yuz tutdi — uzoq, to sal tetik tortgunicha. So’ng yilqi ovozi kelgan yoqqa qarab o’rmaladi.
Ko’p sudraldi. Tizzalari, tirsaklari zirapchaga to’ldi. Taqirga yetganida qurigan loy qisir-qisir sina boshladi. Bir payt barmoqlari balchiqqa tegdi. Chanqoq xuruj qildi: balchiqni siqimlab og’ziga solib shimidi. Suv chiqmadi hisob, tomog’iga tiqilib, nafasini qaytardi. Yana oldinga o’rmaladi. Biror besh daqiqa o’tib, uzatgan qo’li suvga tegdi. Polvon ikki-uch to’lg’onib olg’a jildiyu betini suvga botirdi, so’ng tirsaklariga tayanib, tili bilan yalashga tutindi. Ko’nglida g’alati bir g’urur uyg’ondi, o’zining miskinligidan, manavi qora balchiqqa belanib yotganidan, suvni kuchukka o’xshab shaloplatib ichayotganidan shodlandi, sovuq tomchilarning chanqoq vujudi bo’ylab bir maromda taralayotganiga quloq soldi…
Xadichani Sho’rquduqdan berida, poda yotar joyda topdi. Ustida o’sha kir ko’ylagi bilan gardi ro’moli, etagida qo’ng’iz kavlab ketgan besh-olti g’ovak tezak (shuni bahona qilib chiqqan), birov urganmi, o’zi yig’laganmi, ko’zlari qizargan…
Polvonni avvaliga tanimadi, yo’q, tanidi-yu, ko’zlariga ishonmadi, qo’rkdi, qo’li bilan yuzini pana qildi — qamchidan to’sganday.
— Talog’imni aytdingizmi? — deya sekin, xo’rlanib, kelar baloni daf etolmasligidan qo’rqqandek so’radi: ko’zlari mo’ltiradi, etagidagi tezak yerga to’kildi.
— Aytardim, Xatcha, — dedi Polvon. — Aytardim, lekin endi bo’lmaydi, ilojim yo’q, aytsam — qo’rqoqqa chiqaman. Chidaysan endi, Xatcha…
Xadicha yig’ladi. Ko’zlarini artarkan, ro’moli boshidan sirg’alib tushdi, sochlari yelkasiga yoyildi.
— Boraymi? — deb so’radi. — Urmaysizmi?..
Polvonning xo’rligi keldi: seni urgan qo’l sinmaydimi, Xatcha?..
Xadicha yaqinroq keldi, erining usti-boshiga chaplangan loy va qonni artmoq bo’lib qo’l cho’zdi, ammo botinmadi, yovuqlikning o’zi mahobatli bir devor misol ko’z oldini to’sdi — qo’llarini tortdi, ko’ngliga yana qo’rquv oraladi.
Polvon hayratlandi: senga shunchalik ko’ngil qo’yib edimmi, Xatcha? Kel, qo’llarimda azod ko’taray seni, o’n besh kunlik oyday quchog’imni to’ldir. Xatcha, meni qattiq-qattiq chimchila, zora seni tush ko’rmagan bo’lsam!..
U ayolni dast ko’tarib oddi. Xadichaning bilaklari bo’yniga chirmashgan zamon majoli qochdi, gandiraklab ketdi, lekin sal o’tib bilaklarning kuydirguvchi taftiga ko’nikdi, charchog’u og’riq unutildi, go’yo tani ham unut bo’ldiyu uning o’zi bo’yniga chirmashgan bilaklarga aylandi… Faqat yuraklarning ola-tasir urgani seziladi, go’yo butun dashtu dalalar ularning dupuriga to’lgan… Seni shunchalar sog’inib edimmi, Xatcha? Ko’ngildagi kinu g’azabim qani? Nega yig’laysan, Xatcha? Sen ham sog’indingmi? Sog’inganing rostmi, Xatcha? Biror narsa de, shubhalaring bekor de, Xatcha, ko’nglimni qabartma, belimni bukma, gavharni toshga urmaylik, Xatcha!..
Ayolning yuziga tikilib, gumoniga tasdiq izladi. Lekin Xadichaning turgan-bittani — yuzu ko’zi, bo’yniga chirmashgan bilaklari, yoqasiga qadalgan qator sadaf tugmalarigacha iffatga yor, shubhaga zomin edi.
Xadicha erining ko’zlarida bir og’riq ko’rdi, ammo so’z so’ylarga majoli yetmadi, bo’g’ziga tiqilgan achchiq xo’rsiniqni ichiga yutdiyu uning tarashadek qotgan jun chakmoniga betini burkadi…