Murod Muhammad Do’st. Darvoza yonidagi it.

Ashampoo_Snap_2017.04.12_23h14m11s_001_.pngАТОҚЛИ ЁЗУВЧИ МУРОД МУҲАММАД ДЎСТНИ 75 ЁШИ БИЛАН САМИМИЙ ҚУТЛАЙМИЗ!

Тонготарда итни уйқу элитди. У тушида онасини кўрди. Кейин уни хўжайин чакмонининг бағрига солиб, уйига опкелди. Унга сири кўчган сопол товоқчада сут беришди. Хўжайиннинг болалари суйиб эркалашди, унинг жажжи оқ-қора холдор панжаларини ўпиб, юзларига суркашди…

Мурод Муҳаммад Дўст
ДАРВОЗА ЁНИДАГИ ИТ
009

9703561596dc775ec45398ae43acd871.jpgМурод Муҳаммад Дўст 1949 йил Самарқанднинг Жом қишлоғида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатгач,дастлаб Тошкент Давлат университетида,кейинчалик Москвадаги Адабиёт институтида таҳсил кўрган. Ёзувчи «Ўзбекфильм» киностудиясида, «Шарқ юлдузи» журналида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизматида, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида, «Ўзбеккино» Давлат акциядорлик компаниясида фаолият олиб борган.

009

  Олапар тун бўйи ухламади. Бошини салгина кўтарса бас, миясида мислсиз оғриқ уйғонар, «лўқ-лўқ» уриб, чаноғини ёриб чиқадигандай бўлар эди. У тумшуғини ерга қўйиб ётаркан, оғриққа чидолмай, ора-сира увлаб қўярди.

Саҳар пайти эди. Олапарни чап яғринидаги итчивин қаттиқ чақди. У кейинги оёғини узатиб, итчивин чаққан жойини қашлади. Ўрнидан қўзғалишга уринди, лекин биқини куйдиргудек бўлиб ачишди. У ёнбошига ағдарилиб, бир-икки силкинди-да, жимиб қолди. Шу вақт қаердандир ҳали думи кесилмаган итвачча югуриб келиб, Олапарнинг тумшуғини ялай бошлади. Унинг тили иссиққина эди… Олапар ҳузур қилиб ғингшиди… Кўп ўтмай, итвачча зерикди шекилли, ингичка думини биланглатганча, ўйноқлаб-ўйноқлаб нари кетди. Кейин у ортига қайрилди. Олапарнинг пойида ётган суякни кўриб, яна қайтиб келди. Итвачча бурун парракларини кериб, ҳавони бот-бот ҳидлади. Олапарга суқатойлик билан тикилди. Олапарнинг қорни оч эди, лекин у шўх кучукчани койишга эринди, суяк устида ётган оёқларини йиғиб олди. Итвачча беҳад севинди, миннатдорлик юзасидан Олапарнинг думини тортқилаб ўйнади, сўнг суякка ташланди. Унинг тишлари нозик эди, қоқ суякни ғажишга кучи етмади. Итваччанинг ҳафсаласи  пир бўлди, лекин суякни қолдиришга ҳам кўзи қиймади, уни кичкина жағлари орасига қистирди. Тезда жуфтакни ростлашдан ор қилди шекилли, гўёки Олапарни менсимагандай… хунук ириллаб қўйди-да, атайин чайқалиб-чайқалиб уйчасига равона бўлди. Шу аснода барглари сийраклашган гужум шохидаги хўрозлар устма-уст қуқулаб юборишди, сўнг ўзларидан мамнун бўлгандек, қанотларини осилтириб, «қу-ғуқ, қу-ғуқ», — дейишди. Итвачча аввалига қўрқди, жағидаги суяк «тап» этиб ерга тушди. У дарахт тагига келиб, кутилмаганда қичқирган беадаб махлуқларни кузата бошлади, уларнинг кўпам даҳшатли эмаслигини англаб, ярашиқсиз овозда акиллаб берди. Итвачча ниҳоят, тинчланди-да, уйчасига кириб кетди.

Атрофга сукунат чўкди. Олапар қимирламай ётганича хаёл сурарди. У онасини — узун елини осилган ювош итни эслади. Она ит қишлоқ четидаги харобазорда болалаган эди. У одамларга яқинлашмас, нуқул даштга чиқиб, совуқда ҳаром қотган жсниворларнинг калла-почасини ташиб келарди. Олапарнинг иккита акаси ва синглиси бор эди. Улар чирик хашак устида қунишиб ётишар, аёз кучайган пайтларда она итнинг пинжига тиқилишар, у бўлмаганида, яхлит қорамтир тепачага айланиб, бир-бирларини иситар эдилар. Ўша қиш жуда совуқ келди. Кейин яна баҳор қайтди, илиқ кунлар бошланди. Баҳорнинг охирроғида она ит болаларига семиз илон опкелди, сўнг ўзи ўт-ўланлар устига ётди-ю, бошқа ўрнидан турмади. Итваччалар қийналиб қолишди. Раҳмдил бир ўткинчи Олапарни уйига олиб кетди. Унга сут, ивитилган нон беришди…

Олапар ҳазин ғингшиди. Яна онасини, унинг мулойим нигоҳини хотирлади. Бундан таъсирланди чоғи, қаншари ачишиб, бадани саноқсиз итчивинлар чаққандек қалтираб кетди.

Рўпарадаги сўрида нимадир шитирлади. Ит кўзларини очди. Устига намат ёпилган саватнинг бир томони кўтарилиб, оралиқдан каттакон қора мушук сирғалиб чиқди. У сўрининг четига келиб оҳиста керишди, сўнг сакраб ерга тушди. Унинг тумшуғи қаймоққа беланган эди. Мушук Олапарни писанд қилмай, хунук миёвлаб қўйди-да, тумшуғига илашган қаймоқни ялай бошлади. У илгарилари Олапардан қўрқар эди. Итни кўрганида ҳар туки игнадай тиккайиб, ўтакаси ёрилгудай бўлиб пихиллар, жонҳолатда гужум тепасига чиқиб кетарди. Энди бўлса… Олапарнинг хўрлиги келди, мушукнинг сур бетини кўрмаслик учун кўзларини қайтадан юмиб олди.

Тонготарда итни уйқу элитди. У тушида онасини кўрди. Кейин уни хўжайин чакмонининг бағрига солиб, уйига опкелди. Унга сири кўчган сопол товоқчада сут беришди. Хўжайиннинг болалари суйиб эркалашди, унинг жажжи оқ-қора холдор панжаларини ўпиб, юзларига суркашди… Бирдан бу лаҳзалар ортга чекинди. Ит ўзининг кексалигини, гужум тагида уззу-кун қимирламай ётганини кўрди. Хўжайиннинг кенжа ўғли бир парча гўшт келтириб, унинг ялоғига ташлади. Олапар сургалиб, идишга яқинлашди. У энди гўштни ҳидлаб турганида, уйдан хўжайиннинг хотини чиқди ва ўғлига бобиллаб берди:
— Нима, туянг қалъадан қатнаб ётибдими? Ҳу, гўшт сани кўр қилгур! Яшшамагур!

Олапар чўчиб уйғонди. Кун чошгоҳга яқинлашган, қуёш пастак девор устига минганди. Итнинг кўзлари қамашди. У қулоқларини диккайтириб, атрофга қулоқ солди. Хўжайиннинг хотини мўрча тарафдан жавраб келарди. Олапар сергакланди: аёлнинг жаҳли чиқса, аламини итдан оларди. Ҳозир у сербарг хашаки олмалар тагидан юриб келар, қўллари кир солинган тоғора билан банд эди. Ҳовлида болалар кўринмасди. Улар аллақачон мактабга жўнаган эдилар. Олапар гужум ёнидаги уйчага кўз ташлаб, кеча пешинда пайдо бўлган итваччани кўрди. Итвачча тунги ўлжаси — қоқ суякни зўр бериб кемирар, аҳён-аҳёнда Олапарга шубҳали қараб қўярди. Олапар ундан суякни тортиб олмоқчи бўлди. Энди жойидан қўзғалганида, итвачча суякни унутиб, уйга томон отилди. Эшик оғзида кўзлари уйқудан шишинқираган хўжайин турарди. Итвачча югуриб келишда хўжайиннинг тиззасига ёпишди, унинг оппоқ иштонига сўлагини оқизиб, ўзича муҳаббат изҳор қилган бўлди. Унинг қилиғи Олапарга ёқмади, у хўжайинни дунёдаги ҳамма итлардан, ҳатто хотинлардан ҳам қизғанарди. Олапар тийиқсиз итваччани бўйнидан тишлаб, баланд супа устига ирғитиб юборишга хезланди. Кекса танига ғазабли куч қуйилди… Лекин шу топда кутилмаган ҳол рўй берди: итвачча хўжайиннинг тиззасини қўйиб юбориб, аламидан қалтираётган Олапарнинг бўйнига осилди, думини жилпанглатиб, унинг терисини тишлаб тортқилай бошлади. У ўзича: «Қўй, сен кўпам жаҳлланма… ахир мен шунчаки…» — демоқчи бўларди. Олапар бир зумда ҳовридан тушди. Итваччани озроқ эркалатди, сўнг аста қулоғидан тишлаб йўлидан четлатди-да, хўжайинининг ёнига борди.

— Ҳа, Олапар! Оббо сан-эй… — хўжайин итнинг бошини силади. — Фиғонинг чиқди-ёв… Ит деган мунақа жаҳлдор бўлмайди-да. Қўй, куюнма, ошна, у санга жўра бўлади.

Олапар унинг гапларини тушунган каби секин ғингшиди.

— Хотин! Ҳой хотин!— чақирди хўжайин. — Бу Олапаринг оч қоптими дейман, қорни жа пучайиб кетибди. Кеча ялоққа қарамабмидинг?

— Худо урсин ўша гўрсўхтани! — аёл қўлидаги тоғорани тарс эткизиб сўрига қўйди.— Кўтара савлат, ит сиёғи йўқ! Кечасиминам бир марта вов демайди, гўрсўхта… Тунда сутни ичиб кетибди.

— Олапарми?! — хўжайин ёқасини ушлади. — Ёлғонни айтасан-ов, хотин! Вой, санинг ёлғон ўргатган пирингни!.. Кўрсам, нақ пўстагини қоқаман-а… Қачондан бери Олапар ўғри бўпти?

— Нима, ман Олапар дедимми? Анави Ҳамид ғалчанинг мушуги-да… Оқ мушуги бор-у, ўша сутни ичади-да… Мелнхол буви бекорга дод-вой қиладими? Бир балоси бордирки, додлайди.

— Ўзингнинг қора мушугингни айт. Уям фаришта эмасдир-ов… — эътироз билдирди хўжайин.
— Ўзимники уйда ётувди. Қулоғингиз кар бўлган, кўрпангиздаги мушукнинг хуррагини эшитмайсиз.

— Ҳаҳ! Санам роса оласан-да, хотин! Намунча мушугингни авайлаб қолдинг? Асли хотинминам мушукнинг мижози бир. Мани айтди дема, муни Маҳаммат пайғамбаримиз айтган.

— Ҳе, ўлсин, шу мушугингиз!.. Хотинингизам ўлсин. Ҳаммасига манави Олапар, гўрсўхта айбли. Тун бўйи чўзилиб ётади. Шуям итми? Маъраканинг зийнати, ошу ноннинг офати. Турқиям ҳалиги очофат Расулга ўхшайди. Ҳе, ўлсин!..

— Ҳов, итга тил тегизма, хотин! Ўнта Расулинг Олапарнинг тирноғига. арзимас Бунинг ёшлигида бўри олгани ёдингдан чиқдими? Билиб қўй, ит — вафо, хотин — жафо.

— Вой мани туққан шўрлик энагинам!— хотин кутилмаганда ҳўнграб юборди. — Вой, ман ўлай! Ҳали сизга битта ҳаром итча бўлмадимми? Ман ўла-ай!..
Аёлнинг қаҳри келди. Қўлидаги кир совунни Олапарга отди. Ит ўзини четга олишга улгурди. Совун учиб келишда хўжайиннинг қоқ тиззасига тегди. Олапар сўри ортига ўтиб, асабий хотинга ачингандай… хийла маънодор қараш қилди. Агар хўжайин ҳам анчайин босиқ бўлганида, эҳтимол, кейинги фалокатлар бўлмасди…

Эр-хотин мушук ичган сут жазасидан уришиб қолдилар. Улар ўзаро сўкишиб, уйга киришди. Ич-каридан сандиқ қопқоғининг тарақлаши, тахмондан олиниб, уй ўртасида отилган кўрпаларнинг гупиллагани эшитилди. Афтидан, улар рўзғорни ажрим қилишарди…

Орадан бир қумғон қайнагулик вақт ўтди. Жанжал ҳам тугади. Ора-сирада аёлнинг бурнини тортиб, ўксингани эшитиларди. Хўжайин уйдан хомуш бўлиб чиқди. У бошига эски кўк қийиқ боғлаган, эгнида қалин чакмон бор эди. Хўжайин қўлидаги қўшоғиз тасмасини елкасига соларкан, итни «маҳ-маҳ», — деб чақирди. Олапар юрак бетламай унга яқинлашди. Хўжайиннинг ёғ босган кирза этигини, милтиқнинг совуқ қувурларини ҳидлаб кўрди-да, севинчдан вовиллаб қўйди. Милтиқдори ҳиди унга жудаям таниш эди… Ит тулкилар изғийдиган қирларни кўз олдига келтирди, димоғига бурганларнинг хуш бўйи урилгандай бўлди..

Хўжайин дарвозани очиб, итни чақирди, унинг бўйнига чилвир боғлаб, аста-секин етаклаб кетаверди. Олапарнинг кўнгли ғашланди. Илгари овга чиқишганда хўжайин итнинг бўйнига чилвир солмас, уни ўз ҳолига қўйиб юбориб, йўл-йўлакай «Қаро кўзим…»ни хиргойи қиларди. Энди у жим… мум тишлагандай жим кетяпти.

Ит ва хўжайин икки чеккасида жийда, тиканли буталар ўсиб ётган сертупроқ йўлдан боришарди. Пахса деворли ҳовлиларда жимлик ҳукм сурарди. Одамлар қишлоқ этагидаги полизга кетишган. Ҳосили йиғилган томорқаларда подадан қочган сигирлар макка илдизларини тортқилаб юришибди.
Улар йўлда почтачига дуч келишди. У мўйнаси тўкилган яғир телпагини қийшиқ кийган, қандайдир бир навони минғиллаб айтар, керакли ҳовлига тенглашганда эшагини бир зумгина тўхтатиб, хуржундаги газета, хат ва журналларни олар, уларни девор оша томорқа уватларига ирғитарди. Почтачи хўжайинга салом берди, лекин хўжайин чиндан эшитмадими ёки жўрттага ўзини меровликка солдими, ишқилиб, саломга жавоб қайтармади. Почтачининг жаҳли чиқди. Палағда товушда қуртдаккина сўкиниб, ирғай халачўп билан эшагининг сағрисига туширди. Бечора эшак зарбдан чапга майишди, «тап-тап» юрган кўйи йўл четидаги лойхандаққа яқинлашди. Почтачи узангидан оёқларини чиқариб сакрашга шайланди, лекин эшак охирги сонияда ғаройиб бир чапдастлик билан яна ўнгланиб олди ва жон аччиғида тупроқни тўзғитиб йўрғалай кетди.

Олапар ва хўжайин қишлоқ ўртасидаги сойликдан ўтиб, заранг йўлга тушдилар. Бу йўлнинг учи кафтдек сайҳонликка туртиб чиққан қирларга бориб тақалар, ўша жойда сўқмоқларга бўлиниб, қир ёнбағирлари, сойликлар бўйлаб, узоқда кўкариб турган ясси тоғликлар томон югуриб кетар эдилар. Хўжайии сойликка элтадигаи сўқмоқни танлади, шу сўқмоқдан ярим чақирим юрилгач, ўнгдаги янтоқзорни оралаб, жар лабига келдилар. Итнинг бўйнидаги чилвир анча узун эди. У жар деворига қияланиб кирган ним даҳанасимон чуқурга тушиб, у ердаги инларни бирма-бир ҳидлаб чиқди. Сўнг пастга қаради. Жар тубида сел оқизиб келган тошлардан бошқа нарса кўринмасди. Олапар атрофни итлик идроки етгунича, хийла синчиклаб текширди, кейин «мени нега опкелдинг» дегандек, хўжасига боқди. Хўжайин ҳамон тунд эди. У итни ёнига чақириб, бошини силади. Олапар хўжасининг совуқ бармоқлари титраганини пайқади. Хўжайин чилвирни жар лабидаги бурган тупига боғлади. Сўнг йигирма қадамча нарига бориб, ортига қайрилди. Олапар хўжасининг ғалати қилиғини тушунолмади, олдинга талпинди. Лекин бурган пояси мустаҳкам эди, чилвир таранглашиб, итнинг томоғини бўғиб қўйди.

— Тек тур, Олапар!..

Олапар хўжасининг амрига бўйсунди. Чилвир салқи тортди, итнинг тани ҳам бўшашди. Хўжайин елкасидаги қўшоғизни олиб, унга тўғрилади. Олапар буни ҳам тушунмади, бир жарнинг нариги қирғоғига, бир хўжасига қизиқсиниб тикилди. Хўжайин тепкига бормоқ тегизди, лекин босишга журъат қилмади, чуқур уҳ тортиб, милтиқ қўндоғини ерга қўйди, дағал чакмонининг барини кўтариб, пешонасини артди. Сўнг яна итни мўлжалга олди. Энди бу ўйин Олапарни буткул маҳлиё этди; у хўжасининг тез-тез кўтарилиб тушаётган кекирдагидан кўзларини узолмай қолди.

Милтиқ отилди… Ит жар тубига учиб тушди. Олддаги чап оёғи қиррадор тошга тегиб, қирсиллаб синди. Узилган чилвирнинг бир қулочи бўйнига илондай ўралди. У оғриққа чидолмай, овози борича вангиллади, боши чирпирак бўлиб айланиб кетди…

…Олапар тумшуғига тушган илиқ томчилардан ҳушига келди. Тепасида хўжайин чўккалаб ўтирарди. У итнинг мажруҳ оёғини авайлаб қўлларига олди. Олапар ғингшимади, жағларини маҳкам қисиб, хўжасига қаради. Хўжайин юм-юм йиғларди.

— Тегмабди…

У афсусланиб бош чайқади. Ўқ итга лат еткизмаган, табиий муҳофаза туйғуси ҳали милтиқ қувури олов пуркамай туриб, Олапарни жарга улоқтирган эди.

— Мани кечир, ошна… — хўжайин энгашди, юзини итнинг бошига тегизди. — Сани сиғдирмаса нима қилай?.. Биласан, ўша тунда бегона одамни тишлаганингдан бери ёмон кўради. Шунгаям беш йил бўпти. Иложим қанча, ошнам… Ўртада болалар бор, ажралиб кетолмасам… Мангаям алам қилади… Осон деб ўйлайсанми? Эҳ, одам бўлганингда ҳаммасини билардинг… Лекин бўлмаганинг маъқулроқ. Сан бир итсан, ўлишинг ҳам осонроқ… Энди кексайиб қолдинг… Ма, гўштни егин,— у белбоғини ечиб, бир парча гўшт олиб ташлади.— Санга деб ўғирлаб чиқдим… Энди шу ерда ўлақол, Олапар… Эртага ўзим кўмиб қўяман. Ахир уйга бориб нимаям қиласан?.. Сани хўрлашади…

Ит яна ҳушини йўқотди. Хўжайин уни ўлган фаҳмлаб, тепасида бир неча дақиқа мунғайиб турди, сўнг жарнинг қияроқ жойидан тирмашиб юқорига чиқди. Уст-бошини қоқиб, букчайган кўйи, тез-тез юриб, жар лабидан узоқлашди.

Олапар вақт пешиндан оққунча гоҳ ҳушёр, гоҳ беҳуш бўлиб ётди. Ташналикдан жағлари қуриб, карахтланди. У кўзларини очиб, жар лабига қўнган иккита зоғни кўрди. Тепада кўринган осмон парчасида тасқаралар тўдаси оҳиста сузиб юрарди. Ит куни битаётганини сезди, гўёки шу туйғуни қувламоқчи бўлгандек, чўзиб-чўзиб улиди. Зоғларнинг ҳафсаласи пир бўлиб, кунботарга учиб кетишди. Олапар бир амаллаб жойидан қўзғалди-да, жар деворига тирмашди. Мажруҳ оёғи зирқираб кетди, кўзларида ўт чақилди. У оғриқни писанд қилмай, тирноқларини созтупроққа ботирди. Лекин жар деворининг ярмига етмасдан дармони қуриди, пайлари бўшашди, пастга гурс этиб қулади-ю, бошдан-оёқ сарғиш чангга беланди. Ит аламидан аччиқ ғингшиди, сўнг тақдирга тан бергандек, бошини қуйи солиб, жар тубидан ҳаккалаб кета бошлади. Жарликдаги тошлар, тиканли буталар жунларини юлиб, баданини қонатиб юборди. Ниҳоят, оёқ остида нам кўринди. Олапар юришини тезлатди. Жарнинг қуйи тарафи кенгайиб, олдинда кичик ботқоқлик пайдо бўлди. Ит ботқоқни қоплаган бесўнақай ялпиз поялари орасидап ўта туриб, бехосдаи булоқ ҳавзасига тушиб кетди. Булоқда сув мўл эди. Лекин ит чанқоғини босолмади, сувдан қон ва жуннинг қўнғирсиқ ҳиди келарди. Олапар ҳавзадан чиққан жилғани кечиб, тегирмон харобасигача борди. Бу пайтда қуёш уфқ ғуборига чўмган, қип-қизил шафақ хароба тегирмоннинг қолган-қутган деворларида, боғдаги дарахтлар либосида ял-ял ёнарди. Ит чошгоҳда келган йўлига тушиб олди.

Пода қайтмоқда эди. Сигирлар ҳаккалаб келаётган Олапарни кўриб, таҳдид билан пишқирдилар. Кичик бир новвос пода ортида қолиб, итнинг йўлини тўсди. Кўзларини олайтириб, сузишга шайланди. Ит унга парво қилмади, сал чапроқдан юриб, ўз йўлига кетаверди. У уйга етгунча узоқ юрди. Илиққан итлар галасини, кўчага супуринди чиқариб ташлаётган кампирни учратди. Итлар унга дахл қилишмади, кампир бўлса, ҳокандознинг узун дастига суяниб турганича ғалати бош чайқади.

Олапар хўжайиннинг уйига келганида атроф қоронғи эди. Итнинг димоғига қовурдоқ ҳиди урилди. Ўчоқда ёнаётган олов шуъласи тамбаланган дарвоза ёриқларидан ерга тарам-тарам бўлиб тушарди. Олапар дарвозадан берироққа ғужанак бўлиб ётди. Бир оздан сўнг ичкаридан болаларнинг чуғур-чуғури эшитилди. Ит қулоқларини динг қилди.

— Ойи, ойижон! Борайлиик… — ялинчоқлик қилишарди болалар.
— Бор, боравер!.. Ўша итминам қўшмазор бўлинглар! — ўшқирди аёл. — Эртага отанг келсин, нақ гўштларингни ўйдираман!

Олапар сесканиб тушди. Яна ўша жарликка, яланг тошларга қайтиб боргиси келди. У энди ўрнидан турганида, дарвоза тамбаси шарақлаб, ҳовлидан хўжайиннинг ўғилчаси чиқди.

— Келавер, Банно, келавер… — у синглисини чақирди.

Болалар дарвозани ёпиб, қоронғилик бағрига қўрқа-писа тиқилишди.
— Вуй, ака! Қая, Олапай! — қизча севинчидан қичқириб юборди.

Улар Олапарга яқин келишди. Бола итнинг бўйнидан қучоқлаб олди. Қизалоқ бўлса, унинг тумшуғини силар, ҳадеб «Олапай, Олапай…» — деб чулдирарди. Ит мажруҳ оёғини осилтириб тураверди.

Болалар унинг ярадор эканини пайқашмади ҳам.

— Банно, ман совқотдим, — деди бола озроқ ўтгач — Қара, Олапаринг ҳўл экан… Ман кетаман.
— Кетма, ака. Озёқ туяйлик…

— Ман кетаман, ўзинг қолавер.
— Бий ўзим қўйқаман.

Болалар салқиндан дийдирашиб, ҳовлига томон юришди. Қизалоқ дарвоза ёнида туриб, чақирди:
— Кий, Олапай, кияқол…

Олапар дарвозага яқинлашди, лекин болалар ҳарчанд тавалло қилишмасин, ичкарига оёқ босмади.

Атроф жимжит бўлиб қолди. Олапар зах ерга чўзилди. Жароҳатдан анчагача азоб чекди, сўнг карахтланиб уйқуга кетди. Тушида хўжаси билан ов қилиб юрганмиш… Улар тоғ этакларига боришди. Янтоқ тупи ортидан товушқон чиқди ва ўнги сўлига қарамай қоча бошлади. Хўжайин: «Чоп, Олапар! Чоп, ошнам, у сеники бўлади!» —деб қичқирди. Олапар товушқонни қувлай бошлади. Кутилмаганда товушқон бели ингичка қора мушукка айланди. Итнинг чандон ғазаби ошди, кучига куч қўшилди. Энди мушукка етай деганда, рўпарада чуқур жарлик пайдо бўлди. Мушук камалакдай эгилиб, нариги тарафга сапчиди. Олапар ҳам сакради, лекин у жардан ўтолмади, пастга тошдек қулади. Ит жар тубига урилиб, чилпарчин бўлишини кутаркан, вужуди борган сайин кичраяверди. Бирдан Олапар пар син-гари енгил бўлиб қолди, сўнг тушдай шаффоф, беозор фазо қўйнида қайларгадир оҳиста сузиб кетди…

ATOQLI YOZUVCHI MUROD MUHAMMAD DO’STNI 75 YOSHI BILAN SAMIMIY QUTLAYMIZ!!

Tongotarda itni uyqu elitdi. U tushida onasini ko’rdi. Keyin uni xo’jayin chakmonining bag’riga solib, uyiga opkeldi. Unga siri ko’chgan sopol tovoqchada sut berishdi. Xo’jayinning bolalari suyib erkalashdi, uning jajji oq-qora xoldor  panjalarini o’pib, yuzlariga surkashdi…

urod Muhammad Do‘st
DARVOZA YONIDAGI IT
009

Murod Muhammad Do‘st 1949 yil Samarqandning Jom qishlog‘ida tavallud topgan. O‘rta maktabni tugatgach,dastlab Toshkent Davlat universitetida,keyinchalik Moskvadagi Adabiyot institutida tahsil ko‘rgan. Yozuvchi “O‘zbekfilm” kinostudiyasida, “Sharq yulduzi” jurnalida, O‘zbekiston Respublikasi Prezidenti Matbuot xizmatida, O‘zbekiston Milliy axborot agentligida, “O‘zbekkino” Davlat aksiyadorlik kompaniyasida faoliyat olib borgan.

009

Olapar tun bo‘yi uxlamadi. Boshini salgina ko‘tarsa bas, miyasida mislsiz og‘riq uyg‘onar, «lo‘q-lo‘q» urib, chanog‘ini yorib chiqadiganday bo‘lar edi. U tumshug‘ini yerga qo‘yib yotarkan, og‘riqqa chidolmay, ora-sira uvlab qo‘yardi.

Sahar payti edi. Olaparni chap yag‘rinidagi itchivin qattiq chaqdi. U keyingi oyog‘ini uzatib, itchivin chaqqan joyini qashladi. O‘rnidan qo‘zg‘alishga urindi, lekin biqini kuydirgudek bo‘lib achishdi. U yonboshiga ag‘darilib, bir-ikki silkindi-da, jimib qoldi. Shu vaqt qayerdandir hali dumi kesilmagan itvachcha yugurib kelib, Olaparning tumshug‘ini yalay boshladi. Uning tili issiqqina edi… Olapar huzur qilib g‘ingshidi… Ko‘p o‘tmay, itvachcha zerikdi shekilli, ingichka dumini bilanglatgancha, o‘ynoqlab-o‘ynoqlab nari ketdi. Keyin u ortiga qayrildi. Olaparning poyida yotgan suyakni ko‘rib, yana qaytib keldi. Itvachcha burun parraklarini kerib, havoni bot-bot hidladi. Olaparga suqatoylik bilan tikildi. Olaparning qorni och edi, lekin u sho‘x kuchukchani koyishga erindi, suyak ustida yotgan oyoqlarini yig‘ib oldi. Itvachcha behad sevindi, minnatdorlik yuzasidan Olaparning dumini tortqilab o‘ynadi, so‘ng suyakka tashlandi. Uning tishlari nozik edi, qoq suyakni g‘ajishga kuchi yetmadi. Itvachchaning hafsalasi pir bo‘ldi, lekin suyakni qoldirishga ham ko‘zi qiymadi, uni kichkina jag‘lari orasiga qistirdi. Tezda juftakni rostlashdan or qildi shekilli, go‘yoki Olaparni mensimaganday… xunuk irillab qo‘ydi-da, atayin chayqalib-chayqalib uychasiga ravona bo‘ldi. Shu asnoda barglari siyraklashgan gujum shoxidagi xo‘rozlar ustma-ust ququlab yuborishdi, so‘ng o‘zlaridan mamnun bo‘lgandek, qanotlarini osiltirib, «qu-g‘uq, qu-g‘uq», — deyishdi. Itvachcha avvaliga qo‘rqdi, jag‘idagi suyak «tap» etib yerga tushdi. U daraxt tagiga kelib, kutilmaganda qichqirgan beadab maxluqlarni kuzata boshladi, ularning ko‘pam dahshatli emasligini anglab, yarashiqsiz ovozda akillab berdi. Itvachcha nihoyat, tinchlandi-da, uychasiga kirib ketdi.

Atrofga sukunat cho‘kdi. Olapar qimirlamay yotganicha xayol surardi. U onasini — uzun yelini osilgan yuvosh itni esladi. Ona it qishloq chetidagi xarobazorda bolalagan edi. U odamlarga yaqinlashmas, nuqul dashtga chiqib, sovuqda harom qotgan jsnivorlarning kalla-pochasini tashib kelardi. Olaparning ikkita akasi va singlisi bor edi. Ular chirik xashak ustida qunishib yotishar, ayoz kuchaygan paytlarda ona itning pinjiga tiqilishar, u bo‘lmaganida, yaxlit qoramtir tepachaga aylanib, bir-birlarini isitar edilar. O‘sha qish juda sovuq keldi. Keyin yana bahor qaytdi, iliq kunlar boshlandi. Bahorning oxirrog‘ida ona it bolalariga semiz ilon opkeldi, so‘ng o‘zi o‘t-o‘lanlar ustiga yotdi-yu, boshqa o‘rnidan turmadi. Itvachchalar qiynalib qolishdi. Rahmdil bir o‘tkinchi Olaparni uyiga olib ketdi. Unga sut, ivitilgan non berishdi…

Olapar hazin g‘ingshidi. Yana onasini, uning muloyim nigohini xotirladi. Bundan ta’sirlandi chog‘i, qanshari achishib, badani sanoqsiz itchivinlar chaqqandek qaltirab ketdi.

Ro‘paradagi so‘rida nimadir shitirladi. It ko‘zlarini ochdi. Ustiga namat yopilgan savatning bir tomoni ko‘tarilib, oraliqdan kattakon qora mushuk sirg‘alib chiqdi. U so‘rining chetiga kelib ohista kerishdi, so‘ng sakrab yerga tushdi. Uning tumshug‘i qaymoqqa belangan edi. Mushuk Olaparni pisand qilmay, xunuk miyovlab qo‘ydi-da, tumshug‘iga ilashgan qaymoqni yalay boshladi. U ilgarilari Olapardan qo‘rqar edi. Itni ko‘rganida har tuki ignaday tikkayib, o‘takasi yorilguday bo‘lib pixillar, jonholatda gujum tepasiga chiqib ketardi. Endi bo‘lsa… Olaparning xo‘rligi keldi, mushukning sur betini ko‘rmaslik uchun ko‘zlarini qaytadan yumib oldi.

Tongotarda itni uyqu elitdi. U tushida onasini ko‘rdi. Keyin uni xo‘jayin chakmonining bag‘riga solib, uyiga opkeldi. Unga siri ko‘chgan sopol tovoqchada sut berishdi. Xo‘jayinning bolalari suyib erkalashdi, uning jajji oq-qora xoldor panjalarini o‘pib, yuzlariga surkashdi… Birdan bu lahzalar ortga chekindi. It o‘zining keksaligini, gujum tagida uzzu-kun qimirlamay yotganini ko‘rdi. Xo‘jayinning kenja o‘g‘li bir parcha go‘sht keltirib, uning yalog‘iga tashladi. Olapar surgalib, idishga yaqinlashdi. U endi go‘shtni hidlab turganida, uydan xo‘jayinning xotini chiqdi va o‘g‘liga bobillab berdi:
— Nima, tuyang qal’adan qatnab yotibdimi? Hu, go‘sht sani ko‘r qilgur! Yashshamagur!

Olapar cho‘chib uyg‘ondi. Kun choshgohga yaqinlashgan, quyosh pastak devor ustiga mingandi. Itning ko‘zlari qamashdi. U quloqlarini dikkaytirib, atrofga quloq soldi. Xo‘jayinning xotini mo‘rcha tarafdan javrab kelardi. Olapar sergaklandi: ayolning jahli chiqsa, alamini itdan olardi. Hozir u serbarg xashaki olmalar tagidan yurib kelar, qo‘llari kir solingan tog‘ora bilan band edi. Hovlida bolalar ko‘rinmasdi. Ular allaqachon maktabga jo‘nagan edilar. Olapar gujum yonidagi uychaga ko‘z tashlab, kecha peshinda paydo bo‘lgan itvachchani ko‘rdi. Itvachcha tungi o‘ljasi — qoq suyakni zo‘r berib kemirar, ahyon-ahyonda Olaparga shubhali qarab qo‘yardi. Olapar undan suyakni tortib olmoqchi bo‘ldi. Endi joyidan qo‘zg‘alganida, itvachcha suyakni unutib, uyga tomon otildi. Eshik og‘zida ko‘zlari uyqudan shishinqiragan xo‘jayin turardi. Itvachcha yugurib kelishda xo‘jayinning tizzasiga yopishdi, uning oppoq ishtoniga so‘lagini oqizib, o‘zicha muhabbat izhor qilgan bo‘ldi. Uning qilig‘i Olaparga yoqmadi, u xo‘jayinni dunyodagi hamma itlardan, hatto xotinlardan ham qizg‘anardi. Olapar tiyiqsiz itvachchani bo‘ynidan tishlab, baland supa ustiga irg‘itib yuborishga xezlandi. Keksa taniga g‘azabli kuch quyildi… Lekin shu topda kutilmagan hol ro‘y berdi: itvachcha xo‘jayinning tizzasini qo‘yib yuborib, alamidan qaltirayotgan Olaparning bo‘yniga osildi, dumini jilpanglatib, uning terisini tishlab tortqilay boshladi. U o‘zicha: «Qo‘y, sen ko‘pam jahllanma… axir men shunchaki…» — demoqchi bo‘lardi. Olapar bir zumda hovridan tushdi. Itvachchani ozroq erkalatdi, so‘ng asta qulog‘idan tishlab yo‘lidan chetlatdi-da, xo‘jayinining yoniga bordi.

— Ha, Olapar! Obbo san-ey… — xo‘jayin itning boshini siladi. — Fig‘oning chiqdi-yov… It degan munaqa jahldor bo‘lmaydi-da. Qo‘y, kuyunma, oshna, u sanga jo‘ra bo‘ladi.

Olapar uning gaplarini tushungan kabi sekin g‘ingshidi.

— Xotin! Hoy xotin!— chaqirdi xo‘jayin. — Bu Olaparing och qoptimi deyman, qorni ja puchayib ketibdi. Kecha yaloqqa qaramabmiding?

— Xudo ursin o‘sha go‘rso‘xtani! — ayol qo‘lidagi tog‘orani tars etkizib so‘riga qo‘ydi.— Ko‘tara savlat, it siyog‘i yo‘q! Kechasiminam bir marta vov demaydi, go‘rso‘xta… Tunda sutni ichib ketibdi.

— Olaparmi?! — xo‘jayin yoqasini ushladi. — Yolg‘onni aytasan-ov, xotin! Voy, saning yolg‘on o‘rgatgan piringni!.. Ko‘rsam, naq po‘stagini qoqaman-a… Qachondan beri Olapar o‘g‘ri bo‘pti?

— Nima, man Olapar dedimmi? Anavi Hamid g‘alchaning mushugi-da… Oq mushugi bor-u, o‘sha sutni ichadi-da… Melnxol buvi bekorga dod-voy qiladimi? Bir balosi bordirki, dodlaydi.

— O‘zingning qora mushugingni ayt. Uyam farishta emasdir-ov… — e’tiroz bildirdi xo‘jayin.
— O‘zimniki uyda yotuvdi. Qulog‘ingiz kar bo‘lgan, ko‘rpangizdagi mushukning xurragini eshitmaysiz.

— Hah! Sanam rosa olasan-da, xotin! Namuncha mushugingni avaylab qolding? Asli xotinminam mushukning mijozi bir. Mani aytdi dema, muni Mahammat payg‘ambarimiz aytgan.

— He, o‘lsin, shu mushugingiz!.. Xotiningizam o‘lsin. Hammasiga manavi Olapar, go‘rso‘xta aybli. Tun bo‘yi cho‘zilib yotadi. Shuyam itmi? Ma’rakaning ziynati, oshu nonning ofati. Turqiyam haligi ochofat Rasulga o‘xshaydi. He, o‘lsin!..

— Hov, itga til tegizma, xotin! O‘nta Rasuling Olaparning tirnog‘iga. arzimas Buning yoshligida bo‘ri olgani yodingdan chiqdimi? Bilib qo‘y, it — vafo, xotin — jafo.

— Voy mani tuqqan sho‘rlik enaginam!— xotin kutilmaganda ho‘ngrab yubordi. — Voy, man o‘lay! Hali sizga bitta harom itcha bo‘lmadimmi? Man o‘la-ay!..
Ayolning qahri keldi. Qo‘lidagi kir sovunni Olaparga otdi. It o‘zini chetga olishga ulgurdi. Sovun uchib kelishda xo‘jayinning qoq tizzasiga tegdi. Olapar so‘ri ortiga o‘tib, asabiy xotinga achinganday… xiyla ma’nodor qarash qildi. Agar xo‘jayin ham anchayin bosiq bo‘lganida, ehtimol, keyingi falokatlar bo‘lmasdi…

Er-xotin mushuk ichgan sut jazasidan urishib qoldilar. Ular o‘zaro so‘kishib, uyga kirishdi. Ich-karidan sandiq qopqog‘ining taraqlashi, taxmondan olinib, uy o‘rtasida otilgan ko‘rpalarning gupillagani eshitildi. Aftidan, ular ro‘zg‘orni ajrim qilishardi…

Oradan bir qumg‘on qaynagulik vaqt o‘tdi. Janjal ham tugadi. Ora-sirada ayolning burnini tortib, o‘ksingani eshitilardi. Xo‘jayin uydan xomush bo‘lib chiqdi. U boshiga eski ko‘k qiyiq bog‘lagan, egnida qalin chakmon bor edi. Xo‘jayin qo‘lidagi qo‘shog‘iz tasmasini yelkasiga solarkan, itni «mah-mah», — deb chaqirdi. Olapar yurak betlamay unga yaqinlashdi. Xo‘jayinning yog‘ bosgan kirza etigini, miltiqning sovuq quvurlarini hidlab ko‘rdi-da, sevinchdan vovillab qo‘ydi. Miltiqdori hidi unga judayam tanish edi… It tulkilar izg‘iydigan qirlarni ko‘z oldiga keltirdi, dimog‘iga burganlarning xush bo‘yi urilganday bo‘ldi..

Xo‘jayin darvozani ochib, itni chaqirdi, uning bo‘yniga chilvir bog‘lab, asta-sekin yetaklab ketaverdi. Olaparning ko‘ngli g‘ashlandi. Ilgari ovga chiqishganda xo‘jayin itning bo‘yniga chilvir solmas, uni o‘z holiga qo‘yib yuborib, yo‘l-yo‘lakay «Qaro ko‘zim…»ni xirgoyi qilardi. Endi u jim… mum tishlaganday jim ketyapti.

It va xo‘jayin ikki chekkasida jiyda, tikanli butalar o‘sib yotgan sertuproq yo‘ldan borishardi. Paxsa devorli hovlilarda jimlik hukm surardi. Odamlar qishloq etagidagi polizga ketishgan. Hosili yig‘ilgan tomorqalarda podadan qochgan sigirlar makka ildizlarini tortqilab yurishibdi.
Ular yo‘lda pochtachiga duch kelishdi. U mo‘ynasi to‘kilgan yag‘ir telpagini qiyshiq kiygan, qandaydir bir navoni ming‘illab aytar, kerakli hovliga tenglashganda eshagini bir zumgina to‘xtatib, xurjundagi gazeta, xat va jurnallarni olar, ularni devor osha tomorqa uvatlariga irg‘itardi. Pochtachi xo‘jayinga salom berdi, lekin xo‘jayin chindan eshitmadimi yoki jo‘rttaga o‘zini merovlikka soldimi, ishqilib, salomga javob qaytarmadi. Pochtachining jahli chiqdi. Palag‘da tovushda qurtdakkina so‘kinib, irg‘ay xalacho‘p bilan eshagining sag‘risiga tushirdi. Bechora eshak zarbdan chapga mayishdi, «tap-tap» yurgan ko‘yi yo‘l chetidagi loyxandaqqa yaqinlashdi. Pochtachi uzangidan oyoqlarini chiqarib sakrashga shaylandi, lekin eshak oxirgi soniyada g‘aroyib bir chapdastlik bilan yana o‘nglanib oldi va jon achchig‘ida tuproqni to‘zg‘itib yo‘rg‘alay ketdi.

Olapar va xo‘jayin qishloq o‘rtasidagi soylikdan o‘tib, zarang yo‘lga tushdilar. Bu yo‘lning uchi kaftdek sayhonlikka turtib chiqqan qirlarga borib taqalar, o‘sha joyda so‘qmoqlarga bo‘linib, qir yonbag‘irlari, soyliklar bo‘ylab, uzoqda ko‘karib turgan yassi tog‘liklar tomon yugurib ketar edilar. Xo‘jayii soylikka eltadigai so‘qmoqni tanladi, shu so‘qmoqdan yarim chaqirim yurilgach, o‘ngdagi yantoqzorni oralab, jar labiga keldilar. Itning bo‘ynidagi chilvir ancha uzun edi. U jar devoriga qiyalanib kirgan nim dahanasimon chuqurga tushib, u yerdagi inlarni birma-bir hidlab chiqdi. So‘ng pastga qaradi. Jar tubida sel oqizib kelgan toshlardan boshqa narsa ko‘rinmasdi. Olapar atrofni itlik idroki yetgunicha, xiyla sinchiklab tekshirdi, keyin «meni nega opkelding» degandek, xo‘jasiga boqdi. Xo‘jayin hamon tund edi. U itni yoniga chaqirib, boshini siladi. Olapar xo‘jasining sovuq barmoqlari titraganini payqadi. Xo‘jayin chilvirni jar labidagi burgan tupiga bog‘ladi. So‘ng yigirma qadamcha nariga borib, ortiga qayrildi. Olapar xo‘jasining g‘alati qilig‘ini tushunolmadi, oldinga talpindi. Lekin burgan poyasi mustahkam edi, chilvir taranglashib, itning tomog‘ini bo‘g‘ib qo‘ydi.

— Tek tur, Olapar!..

Olapar xo‘jasining amriga bo‘ysundi. Chilvir salqi tortdi, itning tani ham bo‘shashdi. Xo‘jayin yelkasidagi qo‘shog‘izni olib, unga to‘g‘riladi. Olapar buni ham tushunmadi, bir jarning narigi qirg‘og‘iga, bir xo‘jasiga qiziqsinib tikildi. Xo‘jayin tepkiga bormoq tegizdi, lekin bosishga jur’at qilmadi, chuqur uh tortib, miltiq qo‘ndog‘ini yerga qo‘ydi, dag‘al chakmonining barini ko‘tarib, peshonasini artdi. So‘ng yana itni mo‘ljalga oldi. Endi bu o‘yin Olaparni butkul mahliyo etdi; u xo‘jasining tez-tez ko‘tarilib tushayotgan kekirdagidan ko‘zlarini uzolmay qoldi.

Miltiq otildi… It jar tubiga uchib tushdi. Olddagi chap oyog‘i qirrador toshga tegib, qirsillab sindi. Uzilgan chilvirning bir qulochi bo‘yniga ilonday o‘raldi. U og‘riqqa chidolmay, ovozi boricha vangilladi, boshi chirpirak bo‘lib aylanib ketdi…

…Olapar tumshug‘iga tushgan iliq tomchilardan hushiga keldi. Tepasida xo‘jayin cho‘kkalab o‘tirardi. U itning majruh oyog‘ini avaylab qo‘llariga oldi. Olapar g‘ingshimadi, jag‘larini mahkam qisib, xo‘jasiga qaradi. Xo‘jayin yum-yum yig‘lardi.

— Tegmabdi…

U afsuslanib bosh chayqadi. O‘q itga lat yetkizmagan, tabiiy muhofaza tuyg‘usi hali miltiq quvuri olov purkamay turib, Olaparni jarga uloqtirgan edi.

— Mani kechir, oshna… — xo‘jayin engashdi, yuzini itning boshiga tegizdi. — Sani sig‘dirmasa nima qilay?.. Bilasan, o‘sha tunda begona odamni tishlaganingdan beri yomon ko‘radi. Shungayam besh yil bo‘pti. Ilojim qancha, oshnam… O‘rtada bolalar bor, ajralib ketolmasam… Mangayam alam qiladi… Oson deb o‘ylaysanmi? Eh, odam bo‘lganingda hammasini bilarding… Lekin bo‘lmaganing ma’qulroq. San bir itsan, o‘lishing ham osonroq… Endi keksayib qolding… Ma, go‘shtni yegin,— u belbog‘ini yechib, bir parcha go‘sht olib tashladi.— Sanga deb o‘g‘irlab chiqdim… Endi shu yerda o‘laqol, Olapar… Ertaga o‘zim ko‘mib qo‘yaman. Axir uyga borib nimayam qilasan?.. Sani xo‘rlashadi…

It yana hushini yo‘qotdi. Xo‘jayin uni o‘lgan fahmlab, tepasida bir necha daqiqa mung‘ayib turdi, so‘ng jarning qiyaroq joyidan tirmashib yuqoriga chiqdi. Ust-boshini qoqib, bukchaygan ko‘yi, tez-tez yurib, jar labidan uzoqlashdi.

Olapar vaqt peshindan oqquncha goh hushyor, goh behush bo‘lib yotdi. Tashnalikdan jag‘lari qurib, karaxtlandi. U ko‘zlarini ochib, jar labiga qo‘ngan ikkita zog‘ni ko‘rdi. Tepada ko‘ringan osmon parchasida tasqaralar to‘dasi ohista suzib yurardi. It kuni bitayotganini sezdi, go‘yoki shu tuyg‘uni quvlamoqchi bo‘lgandek, cho‘zib-cho‘zib ulidi. Zog‘larning hafsalasi pir bo‘lib, kunbotarga uchib ketishdi. Olapar bir amallab joyidan qo‘zg‘aldi-da, jar devoriga tirmashdi. Majruh oyog‘i zirqirab ketdi, ko‘zlarida o‘t chaqildi. U og‘riqni pisand qilmay, tirnoqlarini soztuproqqa botirdi. Lekin jar devorining yarmiga yetmasdan darmoni quridi, paylari bo‘shashdi, pastga gurs etib quladi-yu, boshdan-oyoq sarg‘ish changga belandi. It alamidan achchiq g‘ingshidi, so‘ng taqdirga tan bergandek, boshini quyi solib, jar tubidan hakkalab keta boshladi. Jarlikdagi toshlar, tikanli butalar junlarini yulib, badanini qonatib yubordi. Nihoyat, oyoq ostida nam ko‘rindi. Olapar yurishini tezlatdi. Jarning quyi tarafi kengayib, oldinda kichik botqoqlik paydo bo‘ldi. It botqoqni qoplagan beso‘naqay yalpiz poyalari orasidap o‘ta turib, bexosdai buloq havzasiga tushib ketdi. Buloqda suv mo‘l edi. Lekin it chanqog‘ini bosolmadi, suvdan qon va junning qo‘ng‘irsiq hidi kelardi. Olapar havzadan chiqqan jilg‘ani kechib, tegirmon xarobasigacha bordi. Bu paytda quyosh ufq g‘uboriga cho‘mgan, qip-qizil shafaq xaroba tegirmonning qolgan-qutgan devorlarida, bog‘dagi daraxtlar libosida yal-yal yonardi. It choshgohda kelgan yo‘liga tushib oldi.

Poda qaytmoqda edi. Sigirlar hakkalab kelayotgan Olaparni ko‘rib, tahdid bilan pishqirdilar. Kichik bir novvos poda ortida qolib, itning yo‘lini to‘sdi. Ko‘zlarini olaytirib, suzishga shaylandi. It unga parvo qilmadi, sal chaproqdan yurib, o‘z yo‘liga ketaverdi. U uyga yetguncha uzoq yurdi. Iliqqan itlar galasini, ko‘chaga supurindi chiqarib tashlayotgan kampirni uchratdi. Itlar unga daxl qilishmadi, kampir bo‘lsa, hokandozning uzun dastiga suyanib turganicha g‘alati bosh chayqadi.

Olapar xo‘jayinning uyiga kelganida atrof qorong‘i edi. Itning dimog‘iga qovurdoq hidi urildi. O‘choqda yonayotgan olov shu’lasi tambalangan darvoza yoriqlaridan yerga taram-taram bo‘lib tushardi. Olapar darvozadan beriroqqa g‘ujanak bo‘lib yotdi. Bir ozdan so‘ng ichkaridan bolalarning chug‘ur-chug‘uri eshitildi. It quloqlarini ding qildi.

— Oyi, oyijon! Borayliik… — yalinchoqlik qilishardi bolalar.
— Bor, boraver!.. O‘sha itminam qo‘shmazor bo‘linglar! — o‘shqirdi ayol. — Ertaga otang kelsin, naq go‘shtlaringni o‘ydiraman!

Olapar seskanib tushdi. Yana o‘sha jarlikka, yalang toshlarga qaytib borgisi keldi. U endi o‘rnidan turganida, darvoza tambasi sharaqlab, hovlidan xo‘jayinning o‘g‘ilchasi chiqdi.

— Kelaver, Banno, kelaver… — u singlisini chaqirdi.

Bolalar darvozani yopib, qorong‘ilik bag‘riga qo‘rqa-pisa tiqilishdi.
— Vuy, aka! Qaya, Olapay! — qizcha sevinchidan qichqirib yubordi.

Ular Olaparga yaqin kelishdi. Bola itning bo‘ynidan quchoqlab oldi. Qizaloq bo‘lsa, uning tumshug‘ini silar, hadeb «Olapay, Olapay…» — deb chuldirardi. It majruh oyog‘ini osiltirib turaverdi.

Bolalar uning yarador ekanini payqashmadi ham.

— Banno, man sovqotdim, — dedi bola ozroq o‘tgach — Qara, Olaparing ho‘l ekan… Man ketaman.
— Ketma, aka. Ozyoq tuyaylik…

— Man ketaman, o‘zing qolaver.
— Biy o‘zim qo‘yqaman.

Bolalar salqindan diydirashib, hovliga tomon yurishdi. Qizaloq darvoza yonida turib, chaqirdi:
— Kiy, Olapay, kiyaqol…

Olapar darvozaga yaqinlashdi, lekin bolalar harchand tavallo qilishmasin, ichkariga oyoq bosmadi.

Atrof jimjit bo‘lib qoldi. Olapar zax yerga cho‘zildi. Jarohatdan anchagacha azob chekdi, so‘ng karaxtlanib uyquga ketdi. Tushida xo‘jasi bilan ov qilib yurganmish… Ular tog‘ etaklariga borishdi. Yantoq tupi ortidan tovushqon chiqdi va o‘ngi so‘liga qaramay qocha boshladi. Xo‘jayin: «Chop, Olapar! Chop, oshnam, u seniki bo‘ladi!» —deb qichqirdi. Olapar tovushqonni quvlay boshladi. Kutilmaganda tovushqon beli ingichka qora mushukka aylandi. Itning chandon g‘azabi oshdi, kuchiga kuch qo‘shildi. Endi mushukka yetay deganda, ro‘parada chuqur jarlik paydo bo‘ldi. Mushuk kamalakday egilib, narigi tarafga sapchidi. Olapar ham sakradi, lekin u jardan o‘tolmadi, pastga toshdek quladi. It jar tubiga urilib, chilparchin bo‘lishini kutarkan, vujudi borgan sayin kichrayaverdi. Birdan Olapar par sin-gari yengil bo‘lib qoldi, so‘ng tushday shaffof, beozor fazo qo‘ynida qaylargadir ohista suzib ketdi…





007

(Tashriflar: umumiy 787, bugungi 1)

Izoh qoldiring