3 феврал — атоқли ўзбек адиби Тоғай Мурод (1948–2003) туғилган кун.
Тоғай Мурод ўз тупроғини севган, севдира олган аломат ёзувчи эди. Унинг асарлари кўз очган саналарга қарайман: илк ҳикояси «Бобоси билан набираси» 1966 йили ёзилган. Демак, айни ўн саккиз баҳорга тўғри келар экан. Сўнгги асари — «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» романига 1998 йил — нақд эллик ёшнинг устида нуқта қуйилган. Ҳисобланса, ўттиз икки йиллик ҳайрат ва муҳаббат, илҳом ва меҳнатнинг ҳузури бизга қолди, завқи ва дарди ўзбекнинг, инсониятнинг мулки бўлди… Мен Тоғай Мурод хонадонида бўлмаганман, нашр этилмай ётган ёхуд бошлаб қўйган асарларидан хабарсизман. Лекин бўлиши керак. Кўнглидагисини эса эҳе-э… ҳисоблаб бўладими? Бетизгин бир ҳарислик билан асарлари, улар яратилган йиллар рўйхати кўз олдимдан ўтади. Тўртта ҳикоя. Тўрттагина-я… «Бобоси билан набираси», «Кузнинг бир кунида», «Ку-ку- ку», «Эр-хотин», (150 дан ортиқ ҳикоялар ёзган Жек Лондон бор-йўғи 40 ёшга кириб- кирмаган.) Davomini o'qish