Методологик бўшлиқ ва ақидага қайтиш:
замонавий адабиётшуносликка исломий
нуқтайи назар нега зарур?
Олим ТОШБОЕВ — филология фанлари номзоди, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист
Абдураҳмон Раъфат Пошонинг “Бадиий адабиёт ва танқидда исломий нуқтаи назар” асарини ўқиб, таниқли олим, мутаржим Бобомурод Эралига миннатдорлик билдириш билан бирга, кўнглимда талай мулоҳазалар уйғонди.
Сўфи Оллоёрнинг қуйидаги сатрлари замондош адибларимизга қарата айтилгандек туюлади:
“Ақида билмаган шайтона элдур,
Агар минг йил амал деб қилса елдур”.
Исломий адабиёт таърифи ва унинг асосий белгиларини ўқиган ўқувчи кўз ўнгида шак-шубҳасиз қадим адабиётимиз мубоширлари – Лутфий, Атоий, Гадоий, Ҳофиз Хоразмий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Огаҳий, Машраб, Махтумқули сиймоси келади. Абдураҳмон Раъфат Пошо таъкидлаганидек, исломий адабиёт фақатгина диний мавзулар билан чекланиб қолмайди. Балки ундан шомилроқ ва кенгроқдир.
Абдураҳмон Раъфат Пошо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган “Албатта, мўмин қиличи ва тил билан жиҳод қилади. Менинг жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, сизларнинг айтган ҳақ сўзларинг душманларга ўқ ёмғири кабидир” деган ҳадисни келтиради.
Адабиёт – мужоҳидлар майдони. Мусулмон жамиятда энг қудратли мужоҳид, фотиҳ, бу – адиб. У нишон – ҳадафни сўз ила маҳв этади. Тош қотган қалбларни мумдай эритиб, иймон соҳибларини оға-инига айлантиради.
Мутафаккир Абдулла Ориф ёзганидек:
Сўз асли пайғамбар,
У боис балки
Одамзод таниган ўз Худойини.
Эриган темирнинг томчиси каби
Ўртаб юборар у теккан жойини.
Абдураҳмон Раъфат Пошо соғлом жамиятни барпо этишда мусулмон адибнинг ўрни ва роли беқиёс эканига эътибор қаратади. Унга кўра, адабиётнинг бош ва асл вазифаси ҳақ тарафда туриб ботилга қарши курашдан иборат. Яланғочликни мақтаб, шаҳватларни қўзғайдиган, шарм-ҳаёдан йироқ, ҳаром ишларни ҳалолга чиқарадиган ҳар қандай ижодкор, ким бўлишидан қатъи назар, исломга ёт ва бегона ҳисобланади.
Жанобимизнинг Ҳассон ибн Собит, Абдураҳмон ибн Равоҳа, Лабид, Шарийд каби шоирларга кўрсатган юксак эҳтироми муаллиф назаридан четда қолмаган. Ўқиб, ҳақ шеърга ошнолик, ундан ҳузур олиш суннат амаллардан эканини англайсиз. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам ўз масжидларида шеър ўқиш учун шоирларга минбар қўйиб бергани, қийин ва оғир дамларда шеърдан роҳатланиб, қалтис ва танг ҳолатларда кучга куч қўшилмоғи учун ичларида пичирлаб такрорлаб тургани баъзи “олим”ларга танбеҳдир.
Китобда Қуръони каримнинг “Шуаро” сурасидаги 225-226-оятлар қалби сўқир, бетамиз шоирларга нисбатан айтилгани таъкидланади.
Адабиёт рисолат тонгидан буён мусулмонлар ҳаётининг кўзгуси бўлиб келмоқда. Салкам минг йил бурун яратилган “Қобуснома”нинг бир боби “Шоирлик расми зикрида” деб номланади. Шеърни аввало санъат ва тартиб деб билган Кайковус ўғлига “шеър айтғон киши халқ учун айтур ва ўзи учун айтмас” дея уқтиради. Подшозода шеър деганда оҳанг, яхши садо, дард ва гўзал шакл, тўла вазнни тушунишини айтади. Фитрат “Шеър ва шоирлиқ” асарида “Шеърда кишиларнинг қонини қайнатғучи, сингирларини (асаб толалари) ўйнатғучи, миясини титраткучи, сезгисини қўзғатғучи бир куч, маънавий бир куч бор. Шундай бир кучи бўлмаған сўз вазн ва қофияси бўлсун шеър бўла олмайдир” деб ёзади.
Холид Муҳаммад Холид “Пайғамбар атрофидаги кишилар” асарида қурайш аҳли шуҳрати қабилалар орасида ёйилган шоир Туфайл ибн Амр Давсийнинг Расулуллоҳ (с.а.в.) билан кўришиб мусулмон бўлиши ва Исломга хизмат қилишидан қўрққани ҳақида маълумотлар келтиради. Муаллиф Али ибн Абу Толибнинг акаси, Расулуллоҳ (с.а.в.)га қуйиб қўйгандай ўхшаш Жаъфар ибн Абу Толиб ҳам шеърхонликни яхши кўрганини, саркарда сифатида рум қўшини сафини ёриб кирар экан, мусулмонларнинг руҳини кўтариш учун шеър айтганини ёзади. Китобни ўқиган одам саҳобалардан Усмон ибн Мазъун ҳам шоир бўлганини билиб олади.
Имом Шофеий девон тузган истеъдодли шоир эди. Фасоҳати зарбулмасал Шофеий ўзига шундай баҳо берган:
Шоирнинг ҳаёти, шеър машғулоти
Ярашмас олимнинг шаъни, шахсига,
Йўқса, хира тортиб Лабиднинг оти,
Биринчи бўлардим ашъор баҳсида.
“Инсонларни бошқариш ҳайвонларни бошқаришдан оғирроқдир” дея уқтирган имомдан яна бир шеър:
Қўй ёки туянинг нобуд бўлиши,
Уйнинг бузилиши – ғам ўзига мос.
Ҳақиқий мусибат – шахснинг ўлиши,
Бу ўлим жамоат ўлимига хос.
Академик Азиз Қаюмов “Беруний ва адабиёт” китобида улуғ аждодимизнинг синчи мунаққид ва адиб бўлганини далиллайди. Адабиёт аҳлига жуда яқин, шеъриятнинг юксак билимдони Беруний араб тилида шеърлар битган. Кўпгина асарларини шеърий парчалар, ҳикоялар билан безаган. Айрим илмий масалаларни бадиий шаклда ҳикоя қилган. Қомусий олимнинг ҳинд, юнон, араб адабиёти бўйича йиққан маълумотлари бемислдир. Беруний кўп халифалар шоирларга мурувват кўрсатгани, шоирларнинг уларга алоқадор бўлмаган “водийлар”да тентирашлари ва йўл қўйган нуқсонларига ортиқча аҳамият бермагани ҳақида ёзади.
Халифа Ҳорун ар-Рашид шеъриятни жуда нозик тушунган. Халифа Умар ибн Хаттоб шоир ал-Хутайъани қабила бошлиғи зуғумидан сақлаб қолган. Ал-Хутайъа Зибриқонни ҳажв қилиб шеър битади. Одилликда тенгсиз Умар Зибриқонга шоир тилини совға ва мукофотлар билан “кесиш”ни таклиф қилиб, иккисини яраштиради.
Араб сайёҳи Ибн Баттутанинг “Саёҳатнома” асарида IX–XIV асрларда яшаб ўтган бир қанча шоирлар ҳақида маълумотлар, асарларидан парчалар келтирилган. Жаҳонгашта олимнинг ёзишича, шоирлар Дамашқни “Агар жаннат ерда бўлса, у шаксиз Дамашқдир. Агар осмонда бўлса, Дамашқнинг устида, юқорисидадир” дея тавсифлаган экан. Дамашқдаги дунёнинг энг улуғ, ҳашаматли Бану Умайя жоме масжидини кўрган олим муаллимлар болаларга шеър воситасида ёзишни ўргатишини айтади. Ибн Баттута маккаликларнинг янги ой кириши билан боғлиқ одатлари ҳақида ёзиб, мақоми Иброҳимда намоз ўқиган амир Каъбани тавоф қилаётганида унинг ва ўтмишдаги азизларининг мадҳига шеър айтилишига, бу ҳол етти бор такрорланишига урғу беради.
Жаҳон адиблари орасида ҳам динимиз ва пайғамбаримизни мадҳ этганлар кўп. Рус шоирларидан Александр Пушкин, Иван Бунин ижодида Қуръон ва пайғамбаримизга бағишланган асарлар бор. “Ёш Вертернинг изтироблари”, “Фауст”, “Ғарбу Шарқ девони” каби асарлар муаллифи, буюк немис шоири ва мутафаккири Йоҳанн Вольфганг Гёте ислом дини ва пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)га буюк муҳаббат билан қараган. Олмон профессори Катарина Моммсеннинг “Гёте ва Ислом” асарида йигирма уч яшар навқирон шоир Муҳаммад пайғамбарга атаб ажойиб қасида битгани, етмиш ёшида эса Қуръон пайғамбарга тўла туширилган муқаддас кечани эҳтиром ила байрам қилишини жамоатчиликка маълум қилгани ҳақида маълумот бор. “Муҳаммаднинг бу дини, ривоятлари, ахлоқи юксак шеъриятга макон беради, гўё бундай шеърият мен учун аталгандай” дея мамнун бўлган Гёте келини оғир бетобланиб қолганида дўстларидан бирига йўллаган мактубида “Исломдан нажот излашдан бошқа бирон нарса дейишга ожизман” дейди. Моммсеннинг ёзишича, Гёте ислом дини таълимотига ихтиёран амал қилиб яшаган ва дўст-ёрларини очиқ-ошкора мусулмончиликка ундаган.
Гёте “Ғарбу Шарқ девони” босилиб чиқиши хусусидаги хабарномада ўз қўли билан қуйидаги сўзларни битади: “Муаллиф ўзи мусулмон бўлса керак” деган шубҳаларни рад этиш ниятим йўқ”. “Халоскор сен ўзинг, муқаддас Қуръон!” дея ҳайқирган буюк шоирнинг “Ғарбу Шарқ девони”да шундай сатрлар бор:
Нодон ҳар ҳодисани ўзича шарҳлашга шай,
Ҳар ҳодиса сабабин билгум, деган авом-да!
Аллоҳга итоатдир Ислом деган сўз асли,
Исломда яшаб ҳамма, ўлажакмиз Исломда.
Йоҳанн Петер Эккерманнинг “Гёте билан гурунглар” асари мутафаккир шоир даҳоси ҳақида яхшигина тасаввур беради.
Буюк адиб Лев Толстойнинг 1885 йилда А.А.Толстаяга битган мактубида шундай жумлалар бор: “Агар сиз мен билан бир хил эътиқодда бўлганингизда ниҳоятда хурсанд бўлардим, агар сиз бошқа йўлни тутган бўлсангиз, орамиздаги бундай фарқ менинг ҳеч қачон ғазабланишимга сабаб бўла олмайди. Менга нисбатан ғазабланиш эса шафқатсизликдир. Сиз менинг ҳаётимни тасаввур қилиб кўринг. Ҳаётимга қувонч бағишлаб келган ҳамма нарсадан воз кечдим. Ҳаётдаги барча кўнгилочар нарсалар – бойлик, иззат-ҳурмат, шуҳрат – буларнинг менга қизиғи қолмади. Дўстларим, ҳатто оила аъзоларим мендан юз ўгирмоқдалар. Баъзи либераллар ва эстетлар мени телба ёки Гоголга ўхшаган эси пастга чиқармоқдалар; бошқалар – инқилобчилар, радикаллар мени сафсатабоз, бадбин деб ҳисоблайдилар, ҳукумат одамлари мени зараркунанда революционер деб биладилар; православлар мени иблис деб атайдилар. Тан оламанки, булар мени ранжитиб қолмасдан, дилимни оғритади ҳам, сабаби, булар ҳаётимнинг асл мақсади ва бахт манбаи бўлган одамлар билан чинакам муҳаббат асосида мулоқотларимга халақит беради; ҳар қандай тубан киши сенга адоват ва ғазаб билан тикилиб турган пайтда бу ҳолат ниҳоятда оғир кечади. Шунинг учун, марҳамат қилиб, менга олижаноб мусулмон сифатида қарасангиз, ҳамма нарса ниҳоятда гўзал бўлар эди”.
Ислом динига бениҳоя катта муҳаббат билан қараган, насронийликдан устунлигини очиқ таъкидлаган, насронийликда ўзига хос “толстойчилик” оқимига асос солган Лев Толстойни черков муртад деб эълон қилади. “Россияда расволик, расволик, расволик” дея бонг урган адиб ҳамфикри Николай Страховга 1891 йилда ёзган хатида қалб изтиробларини шундай баён этади: “Давлат черковини йўқотинг, тўла диний эркинлик беринг, мажбурий ҳарбий хизматни йўқотинг, агар зарур бўлса, ихтиёрий ҳарбий хизматни жорий қилинг, агар сиз ҳукумат бўлсангиз, халққа ғамхўрлик кўрсатинг, ароқни йўқотинг – ана шунда 10 йилдан кейин рус халқи қандай бўлганини кўрасиз”.
Ислом дини ва ҳақ пайғамбарни ҳақорат қилганлар ҳаёти фожиа билан якун топган. Даҳрий Франсуа Вольтер 1742 йилда “Муҳаммад ёки мутаассиблик” деган бошдан-оёқ туҳматдан иборат трагедия ёзди. Ислом дини ва Расулуллоҳни ҳурмат қилган Наполеон Бонапарт асар ғоясини кескин рад этади ва Вольтерни қоралайди. Фаранг императори Расули акрамдай дунё тан олишини орзу қиларди. Ҳаётининг сўнгги йилларини Авлиё Елена оролида тутқунликда ўтказган саркарда пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)ни “Инсоният тарихини ўзгартирган буюк инсон” дея таърифлайди.
Профессор Жон Толаннинг “Муҳаммад сиймоси: ўрта асрлар ва бугунги Ғарбнинг ислом пайғамбарига муносабати” асарида шундай бир лавҳа бор: “1808 йил 2 октябрь куни Эрфуртда (Олмониядаги тарихий шаҳар – О.Т.) Йоҳанн Вольфганг Гёте ва Наполеон Бонапарт учрашди. Саркарда қароргоҳида бўлиб ўтган мулоқотда икки арбоб сиёсат, адабиёт борасида фикр алмашди. Наполеон Гётенинг Вольтер қаламига мансуб “Муҳаммад ёки мутаассиблик” трагедиясини немис тилига таржима қилганидан хабар топгач, асар ғояси бузуқ эканини, тарих оқимини ўзгартирган буюк шахс, жаҳон фотиҳи ҳақоратомуз тасвирланганини айтиб ўтди. Наполеон ва Гёте Муҳаммад алайҳиссалом ҳақида узоқ суҳбатлашди. Бу улуғ сиймо Наполеон учун ибрат тимсоли – жозибадор етакчи ва ҳарбий даҳо эди. Гёте учун эса кейинги асарларида тасвирланмиш пайғамбарликнинг асл намунасига айланади. Бошқа кўплаб европаликлар қатори икки арбоб учун ҳам Муҳаммад пайғамбар узоқ ўтмишдаги тарихий шахс эмас, балки ҳаётий мероси ва қисмати доимо қизиқиш, ҳайрат ҳамда таҳсин манбаи бўлиб келган улуғ бир сиймодир” (Таржима бизники – О.Т).
Вольтер ўлими бугун худосизликни ёқлаётганлар кўзини очиши лозим. Даҳрий олим туни билан Худога ёлвориб, кечиришини сўраб нола қилади. Аллоҳга исён қилган ижодкорнинг сўнгги кунларида ёнида бўлган ҳамшира “Бутун Европанинг бойликларини беришса ҳам Вольтер каби даҳрий ўлимини кўришни хоҳламас эдим” деган эди. Йўқсуллар доҳийси, даҳрий жамият асосчиси Владимир Ленин ҳам ақл-идрокдан мосуво бўлиб вафот этганини эшитган чиқарсиз. Гувоҳларнинг ёзишича, Ленин хонадаги стол ва стуллардан гуноҳларини кечишини сўраб ёлворган экан.
Вольтернинг замондоши Жан Жак Руссо 1750 йилда нашр этилган “Илм-фан ва санъат равнақи ахлоқнинг покланишига ёрдам берадими?” номли асарида Европанинг маърифий манзарасини қуйидагича тасвирлайди: “Одамлар Яратган Эгамни, Парвардигорни эсламай қўйди. Жуда катта маблағ эвазига қурилган тарбия муассасаларидаги машғулотларда ёшларга кўп нарсаларни ўргатишади, аммо зарур билимлар – соф виждонли ва мард бўлишни уқтиришмайди. Болаларингиз ўз она тилини эмас, балки бирор жойда ишлатилмайдиган тилларни ўрганади, ўзлари ҳам яхши тушуниб етмаган, ҳақни ноҳақликдан, яхшини ёмондан ажрата олмайдиган, яхшилик ниқобини кийган санъатни эгаллайди. Фарзандларимиз олижаноблик, адолат, одамийлик маъносига тушунмайди. “Ватан” сўзининг асл маъносини англамайди. Уларни қўрқитиш учунгина Аллоҳ тўғрисида гапиришади”.
Жон Толаннинг ёзишича, европалик зиёлилар Қуръони карим билан ўн олтинчи асрда танишиш имконига эга бўлишади. Каталонлик илоҳиётчи олим Майкл Серветус 1553 йилда бир рисола битиб, Муҳаммад пайғамбарни ҳақиқий ислоҳотчи сифатида кўрсатади. Рисола эълон қилинганидан сўнг Серветус католик инквизициячилари томонидан қамоққа олинади ва китобларига қўшиб ёқиб юборилади. 1734 йилда Жорж Сале Қуръони каримни илк бор арабчадан инглиз тилига ўгиради. 1783 йилда таржимон Клод-Этьен саъй-ҳаракати билан муқаддас китоб фаранг тилида чоп этилади. Мазкур нашр Наполеон Бонапартга кучли таъсир этган.
Фаранг адиби ва сиёсатчиси Альфонс де Ламартин “Туркия тарихи” асарининг бир бобини Муҳаммад пайғамбар ҳаётига бағишлайди. Шотландиялик тарихчи, эссенавист Томас Карлайл “Қаҳрамонлар, қаҳрамонликка сиғиниш ва тарихдаги қаҳрамонлик ҳақида” китобининг “Қаҳрамон пайғамбар: Муҳаммад ва Ислом” деб номланган бобида пайғамбаримизни инсониятни ёритиб турувчи сўнмас чироқ, дея таърифлаб, XIX аср Ғарб шарқшунослигида холис фикр шаклланишига улкан ҳисса қўшди.
Америкалик олим Уильям Дрейпер “Европанинг интеллектуал ривожланиши тарихи” асарида “Муҳаммад – инсониятга энг катта таъсир ўтказган шахс… У империяларни эмас, балки инсонлар қалби ва тафаккурини ўзгартирди” деб ёзади.
Ислом динини Ғарбда холис тушунтирган олимлардан яна бири Эдинбург университети профессори Уильям Монтгомери Уоттдир. Уоттнинг “Муҳаммад: пайғамбар ва давлат арбоби”, “Ислом фалсафаси ва илоҳиёти”, “Мусулмонларнинг Испанияга таъсири” китоблари кўҳна қитъада машҳур.
XX асрнинг таниқли исломшуноси ва тасаввуф бўйича йирик мутахассис Аннемари Шиммел юртдошларимизга яхши таниш. Олмон олимаси “Исломда тасаввуф ўлчамлари”, “Ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир” асарлари билан мағрибликларга Ислом маданияти, Жалолиддин Румий мероси ва Муҳаммад (с.а.в.) шахсиятини холис танитди.
Америкалик ҳайкалтарош, асли келиб чиқиши олмон бўлган Адольф Вайнман АҚШ Олий судининг асосий мажлислар залида ўн саккиз нафар қонуншунос қаторида Муҳаммад алайҳиссаломни ҳам акс эттиради.
Эзгулик ва ёвузлик ёнма-ён юради. Мусулмонларнинг очиқ душмани бўлган қавм “исломофобия” деган чўпчак тўқиб, мусулмон мамлакатларини ҳам ишонтирди. Уларга “байъат” бериб, диний эсктремизм пайини кесамиз, деган мусулмон етакчилари, пировардида, бадном бўлди. Давлатни интеллектуал элита бошқаргани қаерда-ю, садоқатли фосиқлар бошқаргани қаерда. Ер билан осмон қадар фарқланувчи бу икки қутб адабиётга ўз таъсирини шаксиз ўтказади.
Мустақиллик йилларида биз диний экстремизм ниқоби остида ижтимоий ҳаётнинг ҳамма соҳасини, жумладан адабиётни ҳам таъқиб этдик. Исломий молияга қандай иккиланиб қарасак, исломий адабиётга ҳам муносабатимиз шундай. Илдизлари масиҳийлик, яҳудийлик ва албатта атеизмга бориб тақаладиган адабий-фалсафий оқимлар ҳақида тадқиқотлар, беадоқ баҳслар олиб бориш мумкин эди-ю, аммо исломий адабиёт ҳақида бирон оғиз гапирилмас эди. Исломий адабиёт кўпчиликнинг кўзига қора байроқ бўлиб кўрингани рост. Аслида, адабиёт ранг-баранглиги билан жозибали. Ўзбек адабиётининг сўнгги юз йиллик тарихида исломий руҳ деярли маҳв этилди. Гўёки исломнинг замонавий ўзбек адабиётига, бадиий тафаккурга алоқаси йўқдек. Модернизм, постмодернизм, экзистенциализмнинг сирли жозибаси хусусида тадқиқотлар олиб борган адиб ва мунаққидларимиз мусулмон жамият эҳтиёжи аввало исломий адабиёт билан қондирилиши зарурлиги ҳақида икки калима битмаганига ҳайрон қоласиз.
Қуръон ва ҳадис фақат мумтоз адабиётимизга тегишли, “Улисс”нинг ўзбекчада жаранглаши адабиётимизнинг дунё адабиёти билан бўйлашаётганини билдиради, деган шодон гурунглар тез-тез қулоққа чалиниб туради. Эвоҳ! Минг йиллик адабиётимиз меҳварида ўнлаб улкан юлдуз чарақлаб турса-ю, қачонгача бошқаларнинг бўйига ўлчаб тўн бичамиз?..
Фитрат бундан юз йил бурун “Дунё саҳнасида “иярув-тақлид”нинг рўлини ҳеч бир миллат биз турклар каби адо эта олмағандир! Биз қайси бир миллатнинг қайси бир нарсасига тақлид этмакчи бўлсак, ўзимизнинг миллий руҳимизға қарамасдан тақлид этамиз” дея бежиз бонг урмаган.
Абдураҳмон Раъфат Пошонинг кенг дунёқараши ва катта адабий-илмий салоҳияти маҳсули бўлган таҳлиллари, пировардида, “Биз интилаётган адабий метод қандай” деган саволни ўртага ташлайди. Китобнинг бутун моҳияти мана шу саволга жавоб излашдан иборат.
Қуръони каримнинг маънолар таржимаси эълон қилинган даврдан бошлаб адабиётимизда ақида маёқ бўлганида эди, кучли миллий ғоя, мафкура асослари хусусида бош қотирмас эдик. Маънавий эҳтиёж ялпи миллий уйғонишга доя бўлди. Аммо биз улкан имкониятни яна бой бердик. Маънавий эҳтиёжни ғайри исломий адабий-илмий оқимлар билан қондиришга уриндик. Исломий адабиёт жамиятдаги барча муаммоларни муолажа қилиб, жамият аъзолари ўртасидаги руҳий яқинликни кучайтиришини билиб-билмай хаёлдан фаромуш қилдик. Жаҳолат байроғи ҳамиша қўлларда. Сўфий шоир Мансур Ҳалложнинг “Кўнгил Каъбасини зиёрат қилиш ҳаж амалини бажо келтиришдан афзалроқдир” деган ақидасини “Исломнинг бешинчи рукнини инкор этиш” деб талқин қилганлар “Ҳалложнинг қилмиши Каъбатуллоҳни бузмоқчи бўлган қарматийлар билан бир хилдир, ушбу гуноҳи учун Мансур Ҳалложнинг қатли вожибдир” дея фатво берган эди.
Арастунинг “Поэтика”си, Фаробийнинг ушбу асарга бағишланган рисоласи, Виссарион Белинский, Николай Чернишевский, Николай Добролюбов, Иззат Султон, Матёқуб Қўшжонов назарий қарашлари асосида шаклланган адабиёт илми исломий нуқтаи назаридан таҳлилий-танқидий кўриб чиқилиши лозим.
Бизда интерпретация ва ҳерменевтика, ижтимоий ва формал, тарихий-функционал таҳлил ҳақида, шунингдек, модерн, постмодерн асарларга ёндашув йўсинлари ҳақида таҳлиллар бор. Социологик, биографик, психологик, формал, структурал, лингвистик, герменевтик методлар ҳақида ҳам талай маълумотга эгамиз. Аммо исломий-маърифий методнинг муҳимлиги ва зарурлиги ҳақида фикр айтишга тақиқ қўйилгандай, гўё!
Қуръони каримдаги қиссалар аслида мусулмон насри, хусусан романчилигининг асоси эканини энди-энди англай бошладик. Асқад Мухтор “Тундаликлар”ида таассуф ила “Ўтган рус ҳамда Ғарб адабиёти ва санъатида ҳамма асарлар бир турда анъанавий инсоний эди… Эндиликда ўша буюк асосий Санъат парча-парча бўлиниб кетди: авангардизм, футуризм, символизм, декандентлик, модернизм, сюрреализм, акмеизм, имажинизм, иррационализм, абсурдизм, ультраизм, фрейдизм, кубизм, экзистенциализм, абстракционизм… Қўйинг-чи, ҳамма “изм”лар бор, фақат гуманизм ғолиб чиқса бас… Шундай бораверса, у бутунлай тугаб кетса эҳтимол…” дея таъкидлаган эди.
Абдураҳмон Раъфат Пошо асарининг ўзига хослиги шундаки, ғарбдаги классицизм, романтизм, реализм, натурализм, “Санъат санъат учун”, символизм, экзистенциализм каби адабий оқимлар ва мактаблар моҳияти ақида нуқтаи назаридан тадқиқ этилган. Масаланинг нозик ва муҳим нуқтаси мана шу ерда. Ўзбек китобхони исломий қараш ва мезон асосида яратилган кенг қамровли илмий тадқиқотга илк бор дуч келди. Мусулмон жамиятда ҳаёт, ахлоқ, ижтимоий муносабатлар исломий мезонлар асосига қурилган. Лекин адабиёт, сўз санъати, адабий танқидчилик бундан бебаҳра эди. Бу кемтиклик, таъбир жоиз бўлса, бўшлиқни тўлдириш ижодкор зиёлилар зиммасидаги фарздир. Исломий адабиёт яна қайта баравж бўлиши учун энг аввало адабиётшунослигимиз, танқидчилигимиз ақида илми билан қуролланган бўлиши керак. Биз хоҳлаймизми-йўқми, ҳамма масала-муаммо ижодкор шахсига, дунёқарашига келиб тақалади. Унинг феъл-сажияси, ақл-тафаккури, маънавий қиёфаси “болалари”га ўтади, шубҳасиз. Шундай экан, унинг интеллектуал салоҳияти, диди асосий омилдир.
Биз, аввало, мусулмон Шарқи одамларимиз. Бу заминга ботил эътиқоддаги адабий қарашлар пайванд қилинса тутиб кетмаслигини унутмаслигимиз керак. Ҳикматни сеҳрга ўраб тановул қилган умматни чалғитиш мумкиндир, аммо бутунлай маҳв этишнинг иложи йўқ. Бу, пойдеворнинг таги кўллатилса бино қийшаймайди, дегани эмас. Бизга исломий адабиёт ана шунинг учун ҳам зарур. Муҳташам адабиётимизни адабий васвасалардан асраш масаласи бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳим бўлиб қолди. Ёзувчилар уюшмаси шеърият кенгашининг йиллик ҳисобот йиғилишида баъзи шоирларнинг холиқни махлуқ сифати билан тасвирлаган шеърларини танқид қилган эдим. Лекин тахайюл оламига ғарқ ёш йигит-қиз шайтоний сатрлар тизишдан тийилди, деб айтолмайман. Чунки тарбия топмаган кўнгил, кибр уялаган қалб исёнини ташқаридан жиловлаб бўлмайди. Ижодкор ўзини ўзи тафтиш этмаса бекор. Кўнглида иштибоҳи бор қаламкашлар китобнинг “Холиқ Зот билан махлуқлари тўғрисида исломий тасаввур” бобини синчиклаб ўқиса, кўп манфаат топишига шак йўқ.
Немис маданияти инқирозига насронийлик ахлоқи айбдор, деб ҳисоблаган Фридрих Ницше 62 қисмдан иборат “Насронийликка қарши” асарини ёзади. Сўзбошида “Насронийлик танқиди йўлидаги уриниш”ини қуйидагича изоҳлаган: “Насронийликка лаънат. Бу асар оммага эмас, саноқли одамларга мўлжалланган. Эҳтимол, улар ҳали дунёга келмагандир. Балки “Зардушт таваллоси” асаримни тушунадиганлар ҳам ўшалар бўлар. Бас, шундай экан, қандай қилиб ўзимни бугуннинг одамига тенг кўраман? Менинг даврим – келажак. Айрим инсонлар ўлимдан кейин қайта туғилади” (Таржима бизники – О.Т).
“Тақдирни қўл билан яратар одам” деган шиорни илгари сурган даҳрий файласуфнинг ислом динини насронийликдан устун қўйгани муқаддас динимизни ҳурмат қилишини англатмайди: “Насронийлик бизни кўҳна дунё маданиятидан маҳрум этди, кейин эса Ислом маданияти меваларини ҳам қўлимиздан юлиб олди. Испаниядаги маврлар маданиятининг сеҳрли дунёси бизга Юнон ва Римдан кўра яқинроқ ва қадрлироқ эди. Не тонгки, ушбу муҳташам тамаддун оёқости қилинди (разиллар қандай ғорат этганини айтмай қўя қолай). Хўш, нима учун топташди? Сабаби, у мардона туйғулар туфайли бўй кўрсатган ҳаётни – маврлар маданиятининг бор ноёб ва нафис гўзалликлари ичида яшаш бахтини бутун борлиғи билан олқишлаган эди! Салибчилар шундай бир маданиятга қарши тиғ кўтаришдики, аслида унинг ҳузурида тиз чўкиб, таъзим бажо келтирсалар кўпроқ ярашарди… Бу юксаклик қаршисида бизнинг XIX асримиз ҳам, эҳтимол, жуда қашшоқ, жуда ҳам орқада қолгандек кўринади… Шубҳасиз, беҳисоб бойлик салибчиларнинг кўзини ўйнатди. Чунки шарқ бой эди… Келинг, воқеликка холис назар ташлайлик! Салиб юришлари – олийнасаб табақанинг қароқчилигидан бошқа нарса эмас! Бу ерда олмон оқсуяклари, яъни асл насаби викинглар – денгиз жангчилари бўлган аслзодалар ўз уйида юргандек эркин эди. Черков олмон зодагонларининг бу дунёга нима учун келганини аниқ-равшан биларди. Швейцария гвардияси азал-азалдан черковнинг тубан ва жирканч истакларига хизмат қилиб келган, черков эса мўмай ҳақ тўлаган… Черков немис қиличи, немис қони ва немис шижоатидан фойдаланиб, ер юзидаги гўзал қадриятларга қирғин келтирди! Бу ерда дилни ўртайдиган қанчадан-қанча масала – саволлар ётибди! Тарихдаги маданий юксалишларда нима учун олмон аслзодаларининг деярли ўрни йўқлигини билиш қийин эмас… Насронийлик ва ичкилик – инсонни издан чиқарувчи икки офат. Танлов йўқдек эди гўё: ислом ёки насронийлик, араб ёки яҳудий. Пешонангда бори шу: ҳеч кимга танлаш ҳуқуқи берилмаган. Ё сен қувғиндисан, ёки озод… “Римга қарши уруш, бу ҳаёт-мамот уруши! Ислом билан тинч-тотув яшаймиз!” Мана, олмон императорларининг эси бутуни Фридрих II нимани ўйлагани, қандай йўл тутганининг исботи! Наҳотки?! Наҳотки гўзал инсоний туйғуларни ҳис этиш учун олмонлардан даҳо ёки ҳурфикрли бўлиш талаб қилинса? Немислар қандай қилиб насронийча фикр ва ҳис-туйғуга асир бўлганига ҳеч ақлим етмайди…” (Таржима бизники – О.Т)
“Худо ўлди!” дея ҳайқирган Ницше динни инсон ақли маҳсули, насронийликни “қуллар ахлоқи”, ҳаётий интилишларни сўндирувчи заҳар деб билган.
Ўтган асрнинг 30-йиллари жаҳон сиёсий саҳнасига кўтарилган немис фашистлари даҳрий олим қарашларини дастак қилгани маълум. Файласуфнинг “Қийшайганни теп!” ғояси фашистларга “олий ирқ” бахт-саодати йўлида “ожизлар”ни маҳв этишда қўл келди. Яратганни муҳокама қилган, ижодидан “хатолар” топган Ницше ахлоқни тахайюлнинг жиддий инқирози дейишдан ўзини тия олмайди. Халқимизда “Йиқилганни тепма!” деган нақл бор. Ожизлар ким? Эътиқод эгалари. Лекин уларнинг айби камбағаллиги, бечоралиги. Ницше насронийликни рад этибгина қолмасдан, бутун ахлоққа қарши юриш қилди. “Санъат – эзгулик билан ёвузликни ажратадиган воситалардан бири – яхши таниб олиш воситасидир” дея уқтирган Лев Толстой инсониятга диний фаолият зарурлигини инкор этган Кант, яшаш учун кураш қонунларини топтаган Дарвин ўрнига Ницше таълимоти юзага чиқаётганини айтиб, “Унинг таълимоти мутлақо бемаъни, ўйланмаган, хира ва мазмуни ёмон, лекин мавжуд дунёқараш талабларига кўпроқ мос келади” дея таъкидлаган эди. “Тирилиш” романида рус жамиятининг ахлоқий-руҳий манзарасини тасвирлаган адиб фаҳш ва разолатни тарқатишга хизмат қилаётган қамоқхоналар ҳаётига тўхталиб, “Фисқ-фужурни ана шу муассасалар ёрдами билан ёйилиши натижасида Ницшенинг “Ҳамма нарсани қилиш мумкин, ҳеч нарса ман қилинмайди” деган янги таълимотини аввал маҳбуслар орасида, ундан сўнг эса халқ орасида тарқатиш рус кишисини саёқлар даражасига тушириши мумкин” дея ёзади.
Худони инкор этган Ницше ақлдан озиб вафот этганидан сўнг, синглиси Элизабет немис миллатчилари сафига қўшилади. Адольф Гитлер Ницше уй-музейида бир неча марта бўлган ва бу масканни миллатчи-социалистларнинг мафкура маркази деб эълон қилган.
Тадқиқотчилар модернизм Ницше назариясини тарғиб қилганини таъкидлайди. Ян Парандовский “Ницше ўз шахсиятидаги кемтикликларни аъло инсон деган сохта ғояда ифодалаган эди” деб ёзади. “Ҳар қандай асардан мақсад – эзгуликка хизмат қилишдир” деган фикрда собит мутафаккир адиб Лев Толстойнинг қуйидаги фикри биз учун ниҳоятда ибратлидир: “Инсониятнинг ҳаёти фақат диний онгни чуқур ўзлаштириб олиш оқибатидагина мукаммаллашиши мумкин. Диний онг эса одамларни ўзаро мустаҳкам боғлайдиган ягона ибтидодир. Одамларнинг диний онгни ўзлаштириши инсон маънавий фаолиятининг ҳамма қирралари томонидан амалга оширилади. Бу фаолиятнинг қирраларидан бири санъатдир. Санъатнинг қисмларидан бири драма бўлиб, эҳтимолки, у бошқалари орасида энг таъсирчанидир”.
Жан Поль Сартр 1946 йилда эълон қилинган “Экзистенциализм – бу инсонпарварлик” асарида “Экзистенциячилик – ўзини Худо йўқлигини исботлашга сарфлайдиган даҳрийчилик эмас. У кўпроқ мана бундай дейди: борди-ю, Худо бор бўлганда ҳам, бу ҳол ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Бизнинг нуқтаи назаримиз ана шундай” дея таъкидлаган эди.
Сартр мазкур маърузасида икки хил кўринишдаги экзистенциячилар борлигини айтиб, даҳрий экзистенциячилар, улар сафига Ҳайдеггер ва француз экзистенциячилари, шу жумладан мен ҳам кираман дейди. Сартр шогирдлари ва издошлари бўлган фаранг экзистенциячилари қаторида машҳур адиб Альбер Камю номини ҳам тилга олади. Сартр ўша маърузасида инсон табиатини яратувчи Худонинг ўзи йўқ бўлганидек, инсоннинг ҳам ҳеч қандай табиати йўқ деб уқтиради: “Достоевский қаердадир “Агар Худо йўқ экан, унда ҳамма нарсага рухсат бор деган эди. Мана шу – экзистенциячиликнинг ибтидо нуқтасидир. Дарҳақиқат, агар Худо йўқ экан, ҳамма нарсага рухсат бор, шунинг учун инсон ўз ҳолига ташлаб қўйилган, унинг ўзида ҳам, ташқарида ҳам бирон-бир суянчиғи йўқ”.
Фёдор Достоевскийдан келтирилган гап адибнинг “Ака-ука Карамазовлар” романи қаҳрамони Иван Карамазов тилидан айтилган.
Сартр Яратганни инкор этар экан, “Ўз ҳолига ташлаб қўйилганлик” (Ҳайдеггернинг севимли ибораси) ҳақида гапирар эканмиз, биз фақат, Худо йўқ ва барча хулосаларни ана шундан чиқариш зарур, деган гапнигина айтмоқчимиз, холос” дейди.
Эрих Фромм “Психоанализ ва дин” асарида “Барча буюк динларнинг фожиаси шундаки, улар дин пешволари измидаги улкан мафкура тизимига айлангач, эркинлик тамойилларини оёқости қилади ва бузиб кўрсатади. Диний уюшмалар ва уларнинг вакиллари вақт ўтиши билан оила, уруғ ва давлат деган тушунчалар ўрнини эгаллай бошлайди. Мутаассиблар инсон эркини чеклаб, оёқ-қўлига кишан уради. Натижада, одам Худога эмас, балки Унинг номидан гапираётган бир тўда мутаассибларга сиғина бошлайди. Бу ҳол истисносиз барча динларда содир бўлди. Динларнинг илк раҳнамолари инсонларни қуллик ўлкаси – Мисрдан ҳурлик саҳроси томон бошлаган эди, бироқ кейинги йўлбошчилар “Ваъда қилинган замин” дея кўҳна Миср бағрига – янги қуллик комига етаклаб келди” деб ёзади (Таржима бизники – О.Т).
Абдураҳмон Раъфат Пошо “Экзистенциалистлар Ницшенинг ахлоқ ҳаёт майдонида зўравонлар зулмидан ўзини ҳимоя қилиш учун бечора ва заиф кишилар ўйлаб топган уйдирмадир, деган фикрини маъқуллашди. Лекин улар ота-боболаридан ўтиб келаётган ахлоқий мерос ва самовий динларнинг ҳаёт учун юборган кўрсатмаларидан воз кечишгандан кейин инсон учун интилиб яшайдиган мақсад ва ўзлиги рўёбга чиқаришда гавдаланадиган ғояни излашга муҳтож эканини билиб қолишди” дейди. Муаллиф динларга қаттиқ адоват билан қараган мазкур оқим моҳиятини жуда теран таҳлил қилади ва шундай хулосани илгари суради: “Экзистенциалистлар инсон мавжудлигини туғилган чоғидан қабргача бўлган оралиқда хотима топадиган босқичдан иборат деб чеклаб қўйишади. Шунинг учун ҳам улар бу ҳаёти дунё лаззатларига қаттиқ берилиб, унга бутун борлиғи билан шўнғишни маъқул топишади. Мусулмон эса дунёни бор-йўғи охиратга олиб борадиган кўприк деб билади ва шунга мувофиқ умр кечиради. Зеро, Аллоҳ марҳамат қилиб деди: “Бу ҳаёти дунё эса алдагувчи матодир” (Оли Имрон сураси, 185-оят).
Абдураҳмон Раъфат Пошонинг “Мусулмонлар бугун олдинги замонлардагидек кўпроқ исломий адабиётга муҳтожликларини янада яхшироқ ҳис этиб туришибди. Чунки биз бу асрда илгари ўхшаши йўқ бир фикрий, виждоний ва маданий бир босқиндан катта талафот кўрдик. Ўз олдига улуғ мақсадларни қўйган асл адабиёт бу босқинга қарши курашиб, вайронкор адабий-фалсафий оқимлар таъсирини бартараф этадиган бадиий асарларни яратиши керак” деган мулоҳазаси айнан ўзбек жамияти учун айтилгандек таассурот қолдиради. Чунки барча соҳалар каби миллий адабиётимиз ҳам юз йил давомида мустабид чизган чизиқдан чиқолган эмас. Энг ёмони, даҳрий ғоялар хавфли вирус каби айрим ёшлар онгига ин қурди. Ақида илмидан бехабарлик, маҳдуд, лаъин ғоялар ҳамиша жозиб шаклларда жилваланади. Чиркин ғоялар, ахлоқсизлик тарғиботига қаратилган асарлар барҳам топади, деган хомхаёлга берилмайман. Адабий васваса ва таҳдид ҳамиша биз билан ёнма-ён яшайди.
Исломда адабиётнинг ўз услуби ва йўналиши бўлиши керак, деган даъватчилар – шайх Абул Ҳасан Надавий, Муҳаммад Қутб, доктор Нажиб Кийлоний, доктор Имодуддин Халил, имом Муҳаммад ибн Саъуд асарлари ҳам ўзбекчага ўгирилса, бу борадаги кемтиклик бутланган бўларди.
Баъзи давраларда туппа-тузук олимларнинг “Адабиёт диндан баланд” деган иддаолари қулоққа чалинади. Аслида, кўпчилигимиз дин деганда имомларнинг маъракалардаги даъватини тушунамиз, холос. “Саҳиҳи Муслим”да Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган шундай бир ҳадис бор: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Аллоҳ Одамни жаннатда яратганида уни ўзи хоҳлаганича ташлаб қўйди. Шунда иблис унинг атрофида айланиб, нима эканига қаради. Унинг ичи бўшлигини кўргач, нафсини тия олмайдиган қилиб яратилганини билди”.
Назаримда, адабиётнинг маншаи – муқаддимаси мана шу нуқтадан бошланади. Иблис алайҳи лаънани қувонтирган нафс одамни адабиётнинг бош муаммоси – объектига айлантирди. Нафс унинг бутун борлиғини, ибтидодаги хато моҳиятини очиб ташлайди: одам фоний дунё бекатларида гоҳ қувониб, гоҳ қайғуга тўлиб, гоҳ салтанат соҳиби, гоҳ гадой бўлиб, гоҳ бесар ошиқ, гоҳ ҳижронзада дарвеш сувратида, гоҳ фосиқ ҳукмдор, гоҳ қаноатли қул, малъун оқпадар, ҳақирлиги учун маломатга нишон бўлган хизматкор, иниси қонини тўккан қобил, дунёни афзал билган Қорун қиёфасида тентирайди…
Етти қават пишиқ-мустаҳкам осмон остидаги хилқат – энг гўзал шаклу шамойилда яратилган инсон Қуръонда шундай таъриф-тавсифланади: заиф, ноумид, ношукр, бесабр, бетоқат, бардошсиз, бахил, қизғанчиқ, димоғдор, унутувчан, саркаш, мақтанчоқ, мағрур, нодон, зулмкор, кўрнамак, тажовузкор…
Мумтоз адабиётимиз мазмун-моҳияти билан ана шу буюк ҳақиқатни акс эттирди. Ҳазрат Навоий “Парим бўлса учиб қочсам улустин то қанотим бор, // Қанотим куйса учмоқдин, югурсам то ҳаётим бор” деб бежиз битмаган. Ёки бўлмаса, Абдулла Ориповнинг “Кўзларимга гоҳ кўринар телба мисоли, // Мен бир вақтлар сажда қилган ҳазрати Инсон” деган сатрлари ана шу унутувчан, заиф одам қаршисидаги ҳайрат мевасидир. Азиз ва мукаррам қилиб яратилган одам шу қадар мураккабки, ҳатто унинг ўзи ҳам кимлигини билмайди. “Ўзини таниган Худони танийди” дейди доно халқимиз. Абу Ҳомид Ғаззолий ана шу саволларга жавоб излаб, бежиз нафс мазаммати ҳақида ёзмади. Қуруқ шарҳловчилик ролига ўтиб олган танқидчилик адабий жараёнга ташхис қўйиши, қандай мавзулар эътибордан четда қоляпти, қандай оғишлар рўй беряпти, иллат ва қусурлар илдизи нимада – тўлақонли таҳлил қилиб бориши шарт.
Ислом бир ярим минг йилдан бери ҳаёт тарзимиз бўлгани каби, адабиётимиз ҳам исломий адабиёт эди. Аммо… Чўлпон “Бир хил, бир хил…” дея фиғон чекканича бор. Ўн тўққизинчи асрга келиб ҳукмдорларимиз иши, халқнинг турмуши, мадрасалардаги таълим, афкор оммадаги илм каби адабиётдан ҳам путур кетди. Бу бўшлиқни ёш туркларга таассуб қилган Фитрат, Чўлпон ва бошқа ижодкорлар тўлдиришга уринди. Янги замон нафаси – жадид адабиёти кириб келди.
Бир юз олтмиш йил бурун Туркистонни мустамлака қилган чор маъмурлари руҳан ва жисман янчилган халқ маърифатини “Туркестанские ведомости” ва “Туркистон вилоятининг газети” орқали топташга тушди. Шўролар бу “эстафета”ни давом эттириб, адабиётни тўла ўз измига солди. Сир эмас, мусулмонлар дунё миқёсида молия, банк, илм-фан, ҳарб иши, рақамли технологиялар ва бошқа замонавий соҳаларда кейинги ўринларда қолмоқда. Ўрта асрлардаги шаън-шавкатни, мусулмон Ренессансини бошлаб берган боболаримиз номини айтиб мақтаниб юрганимиз оқибатида шу аҳволга тушдик. Агар эътибор қилсангиз, ҳар юз йиллик боши сиёсий, илмий-техникавий, ҳарбий, мафкуравий, адабий соҳаларда кескин ўзгаришлар ясаганига гувоҳ бўласиз. Ўтган аср ҳам бундан мустасно эмас. Туркистон адабий иқлими кескин ўзгариб, шеъриятда пайдо бўлган туркча оҳангларга кўникаётан қулоқлар социалистик қурилишлар бонгига мажбуран сингишиб кетди. Чўлпон ҳам “Муҳит кучлик экан эгдим бўйнимни” дея янги даврни куйлашга мажбур бўлди. 38-йилги қатағон нафақат мусулмон адибларни, чин сўзни айтган бошқа миллат вакилларини ҳам аямай ўз домига тортди. Қодирий, Чўлпон, Фитрат билан бир даврда яшаган руснинг дилбар шоири Сергей Есенин ҳам чекистлар қўлида жон берди. “Бизда адабиёт йўқ. Бунга ҳайрон бўлишнинг ҳам ҳожати йўқ. Чинакам фикр аллақайларга ғойиб бўлган жойда ҳақиқий адабиётнинг бўлиши мумкин эмас” деган яна бир рус ёзувчиси Андрей Новиков Сталин буйруғига кўра отиб ташланди.
Шўро мафкурачилари чинакам фикрни тақиқлаганидан сўнг халқ миллий адабиёт сарчашмаларидан маҳрум бўлди. Пировардида, оломончилик психологияси кучайиб кетди. Кейинги авлод ёзувчилари исломнинг инсон ҳақидаги тасаввуридан деярли бебаҳра эди. Шўро адабиётни тўла назоратга олганидан сўнг тўқсон тўққиз фоиз ҳолатда мусулмон мамлакатлари адабиётини таржима қилишга изн бермади. Биз Лотин Америкаси, Осиё, Европа мамлакатлари адабиёти билан етарли даражада танишдик. Аммо ислом дунёси сўз санъатидан деярли бебаҳра қолдик. Бу сиёсат салкам бир аср давом этди. Узилган ришталарни бугун ҳам улай олмаяпмиз.
Абдураҳмон Раъфат Пошо баён этган илзом ва илтизом тушунчаси бугунги ўқувчига унчалик таниш эмас. Шўро сиёсати ва тузумининг адибларни мажбурлаш сиёсати бу – илзом. Илтизом эса ихтиёрийликни билдиради. “Шубҳа йўқки, коммунист шоирлар мултазим эмас, балки мулзам (мажбурланган) кишилардир. Ислом адиблари эса мултазимдир… Марксчи адиб ўткинчи бир махлуқ банда олдида мултазим бўлса, ислом адиби ҳеч қачон йўқ бўлмайдиган боқий ва тирик Зот – Аллоҳ олдида мултазимдир” дейди муаллиф.
Ўзлигини бой берган, шахсиятидан жудо бўлган адиблар фақат шўро тузумида бор эди, ҳуррият бунга чек қўйди, десак ўтирик айтган бўламиз. Ақидани ҳаёт-мамот деб билмайдиган ижодкорлар ҳамиша икки оёқли “илоҳ”ларга топиниб кун кўради.
Биз сўз эркинлиги борасида саодат асрига ҳеч қачон етолмасак керак. Ҳолбуки, пайғамбаримиз “Энг афзал жиҳод золим подшоҳ олдида ҳақ сўзни айтишдир” дея буюрган.
Адабиёт ижтимоий ҳаётдан айрича яшай олмайди. Адабиётнинг заифлашуви нафақат давлатни заифлаштиради, балки жамият аъзолари иймонининг ҳам заифлашувига олиб келади. Кучли адабиёт туфайли жамиятда умумий бир сакинат пайдо бўлади. Бугун пештахталарни эгаллаб олган ахлоқсиз, разолат ва тубанликка етаклайдиган китоблар жамиятнинг пароканда бўлишини тезлаштиради. Бу вайронкор куч қанча эрта синдирилса, ахлоқ таназзулига шунча барвақт ҳад қўйилади.
1993 йилда “Саодат” журнали буюртмасига кўра Шукур Холмирзаев билан суҳбат уюштирганимда, келажакда ўзбек адабиёти қандай бўлади, деган саволга адиб шундай жавоб берган эди: “Оврупо реализмидан ҳам, ўрис реализмидан ҳам узоқлашиб, бошқача, яъни донишмандона бир адабиётга етамиз. Моҳият, мақсад аниқ, мағзи тўла бир адабиёт яратилади-ки, бу эса, ўша “Чор дарвеш” деганимиз, Саъдийнинг “Гулистон”, “Бўстон”, Фаридиддин Аттор, Ал Маарий ва бошқа классикларимизнинг йўлини давом эттирадиган адабиёт бўлади. Ана шу йўлдан кетадими дейман-ов. Ёки ҳеч бўлмаганда, ўша йўлга яқин бориб қолади. Мен бунга аминман!”
Назаримда, уламо-ю имомларимиз зиммаларидаги вазифани маъракаларда маърузалар қилиш, жаноза намози ва никоҳ хутбасини ўқиш, масжидда жамоатга беш маҳал имомлик қилиш доирасида тушунмаслиги керак. Уламолар маърифий муҳитга масъул шахс. Маърифатнинг муқаддимаси – адабиёт. Имом адабиётга ошно бўлса, ўша ҳудудда китобхонлик авж олади. Шайх Алоуддин Мансур, Анвар қори Турсунов адабиётчиларни хижолат қиладиган даражада билимдон эди. Улар даврасида уламолардан кўра ижодкор зиёлиларни кўплаб учратар эдингиз. Алишер Навоий, Абдулла Қодирий ва замонавий адабиёт муҳиби бу закий зотлар соҳир сўз туфайли элда азиз бўлди.
Абдураҳмон Раъфат Пошонинг “Бадиий адабиёт ва танқидда исломий нуқтаи назар” асари адабиётшунослигимиз, адабий танқидчилигимиз уфқларини кенгайтиради, адиб ва мутахассисларимиз учун ҳақни ботилдан ажратишда муҳим қўлланмадир.
Manba: https://oyina.uz/
Metodologik boʻshliq va aqidaga qaytish:
zamonaviy adabiyotshunoslikka islomiy
nuqtayi nazar nega zarur?
Olim TOSHBOYEV — filologiya fanlari nomzodi, Oʻzbekistonda xizmat koʻrsatgan jurnalist
Abdurahmon Ra’fat Poshoning “Badiiy adabiyot va tanqidda islomiy nuqtai nazar” asarini oʻqib, taniqli olim, mutarjim Bobomurod Eraliga minnatdorlik bildirish bilan birga, koʻnglimda talay mulohazalar uygʻondi.
Soʻfi Olloyorning quyidagi satrlari zamondosh adiblarimizga qarata aytilgandek tuyuladi:
“Aqida bilmagan shaytona eldur,
Agar ming yil amal deb qilsa yeldur”.
Islomiy adabiyot ta’rifi va uning asosiy belgilarini oʻqigan oʻquvchi koʻz oʻngida shak-shubhasiz qadim adabiyotimiz muboshirlari – Lutfiy, Atoiy, Gadoiy, Hofiz Xorazmiy, Alisher Navoiy, Zahiriddin Muhammad Bobur, Ogahiy, Mashrab, Maxtumquli siymosi keladi. Abdurahmon Ra’fat Posho ta’kidlaganidek, islomiy adabiyot faqatgina diniy mavzular bilan cheklanib qolmaydi. Balki undan shomilroq va kengroqdir.
Abdurahmon Ra’fat Posho Rasululloh sollallohu alayhi vasallamdan rivoyat qilingan “Albatta, moʻmin qilichi va til bilan jihod qiladi. Mening jonim qoʻlida boʻlgan Zotga qasamki, sizlarning aytgan haq soʻzlaring dushmanlarga oʻq yomgʻiri kabidir” degan hadisni keltiradi.
Adabiyot – mujohidlar maydoni. Musulmon jamiyatda eng qudratli mujohid, fotih, bu – adib. U nishon – hadafni soʻz ila mahv etadi. Tosh qotgan qalblarni mumday eritib, iymon sohiblarini ogʻa-iniga aylantiradi.
Mutafakkir Abdulla Orif yozganidek:
Soʻz asli paygʻambar,
U bois balki
Odamzod tanigan oʻz Xudoyini.
Erigan temirning tomchisi kabi
Oʻrtab yuborar u tekkan joyini.
Abdurahmon Ra’fat Posho sogʻlom jamiyatni barpo etishda musulmon adibning oʻrni va roli beqiyos ekaniga e’tibor qaratadi. Unga koʻra, adabiyotning bosh va asl vazifasi haq tarafda turib botilga qarshi kurashdan iborat. Yalangʻochlikni maqtab, shahvatlarni qoʻzgʻaydigan, sharm-hayodan yiroq, harom ishlarni halolga chiqaradigan har qanday ijodkor, kim boʻlishidan qat’i nazar, islomga yot va begona hisoblanadi.
Janobimizning Hasson ibn Sobit, Abdurahmon ibn Ravoha, Labid, Shariyd kabi shoirlarga koʻrsatgan yuksak ehtiromi muallif nazaridan chetda qolmagan. Oʻqib, haq she’rga oshnolik, undan huzur olish sunnat amallardan ekanini anglaysiz. Rasululloh solallohu alayhi vasallam oʻz masjidlarida she’r oʻqish uchun shoirlarga minbar qoʻyib bergani, qiyin va ogʻir damlarda she’rdan rohatlanib, qaltis va tang holatlarda kuchga kuch qoʻshilmogʻi uchun ichlarida pichirlab takrorlab turgani ba’zi “olim”larga tanbehdir.
Kitobda Qur’oni karimning “Shuaro” surasidagi 225-226-oyatlar qalbi soʻqir, betamiz shoirlarga nisbatan aytilgani ta’kidlanadi.
Adabiyot risolat tongidan buyon musulmonlar hayotining koʻzgusi boʻlib kelmoqda. Salkam ming yil burun yaratilgan “Qobusnoma”ning bir bobi “Shoirlik rasmi zikrida” deb nomlanadi. She’rni avvalo san’at va tartib deb bilgan Kaykovus oʻgʻliga “she’r aytgʻon kishi xalq uchun aytur va oʻzi uchun aytmas” deya uqtiradi. Podshozoda she’r deganda ohang, yaxshi sado, dard va goʻzal shakl, toʻla vaznni tushunishini aytadi. Fitrat “She’r va shoirliq” asarida “She’rda kishilarning qonini qaynatgʻuchi, singirlarini (asab tolalari) oʻynatgʻuchi, miyasini titratkuchi, sezgisini qoʻzgʻatgʻuchi bir kuch, ma’naviy bir kuch bor. Shunday bir kuchi boʻlmagʻan soʻz vazn va qofiyasi boʻlsun she’r boʻla olmaydir” deb yozadi.
Xolid Muhammad Xolid “Paygʻambar atrofidagi kishilar” asarida quraysh ahli shuhrati qabilalar orasida yoyilgan shoir Tufayl ibn Amr Davsiyning Rasululloh (s.a.v.) bilan koʻrishib musulmon boʻlishi va Islomga xizmat qilishidan qoʻrqqani haqida ma’lumotlar keltiradi. Muallif Ali ibn Abu Tolibning akasi, Rasululloh (s.a.v.)ga quyib qoʻyganday oʻxshash Ja’far ibn Abu Tolib ham she’rxonlikni yaxshi koʻrganini, sarkarda sifatida rum qoʻshini safini yorib kirar ekan, musulmonlarning ruhini koʻtarish uchun she’r aytganini yozadi. Kitobni oʻqigan odam sahobalardan Usmon ibn Maz’un ham shoir boʻlganini bilib oladi.
Imom Shofeiy devon tuzgan iste’dodli shoir edi. Fasohati zarbulmasal Shofeiy oʻziga shunday baho bergan:
Shoirning hayoti, she’r mashgʻuloti
Yarashmas olimning sha’ni, shaxsiga,
Yoʻqsa, xira tortib Labidning oti,
Birinchi boʻlardim ash’or bahsida.
“Insonlarni boshqarish hayvonlarni boshqarishdan ogʻirroqdir” deya uqtirgan imomdan yana bir she’r:
Qoʻy yoki tuyaning nobud boʻlishi,
Uyning buzilishi – gʻam oʻziga mos.
Haqiqiy musibat – shaxsning oʻlishi,
Bu oʻlim jamoat oʻlimiga xos.
Akademik Aziz Qayumov “Beruniy va adabiyot” kitobida ulugʻ ajdodimizning sinchi munaqqid va adib boʻlganini dalillaydi. Adabiyot ahliga juda yaqin, she’riyatning yuksak bilimdoni Beruniy arab tilida she’rlar bitgan. Koʻpgina asarlarini she’riy parchalar, hikoyalar bilan bezagan. Ayrim ilmiy masalalarni badiiy shaklda hikoya qilgan. Qomusiy olimning hind, yunon, arab adabiyoti boʻyicha yiqqan ma’lumotlari bemisldir. Beruniy koʻp xalifalar shoirlarga muruvvat koʻrsatgani, shoirlarning ularga aloqador boʻlmagan “vodiylar”da tentirashlari va yoʻl qoʻygan nuqsonlariga ortiqcha ahamiyat bermagani haqida yozadi.
Xalifa Horun ar-Rashid she’riyatni juda nozik tushungan. Xalifa Umar ibn Xattob shoir al-Xutay’ani qabila boshligʻi zugʻumidan saqlab qolgan. Al-Xutay’a Zibriqonni hajv qilib she’r bitadi. Odillikda tengsiz Umar Zibriqonga shoir tilini sovgʻa va mukofotlar bilan “kesish”ni taklif qilib, ikkisini yarashtiradi.
Arab sayyohi Ibn Battutaning “Sayohatnoma” asarida IX–XIV asrlarda yashab oʻtgan bir qancha shoirlar haqida ma’lumotlar, asarlaridan parchalar keltirilgan. Jahongashta olimning yozishicha, shoirlar Damashqni “Agar jannat yerda boʻlsa, u shaksiz Damashqdir. Agar osmonda boʻlsa, Damashqning ustida, yuqorisidadir” deya tavsiflagan ekan. Damashqdagi dunyoning eng ulugʻ, hashamatli Banu Umayya jome masjidini koʻrgan olim muallimlar bolalarga she’r vositasida yozishni oʻrgatishini aytadi. Ibn Battuta makkaliklarning yangi oy kirishi bilan bogʻliq odatlari haqida yozib, maqomi Ibrohimda namoz oʻqigan amir Ka’bani tavof qilayotganida uning va oʻtmishdagi azizlarining madhiga she’r aytilishiga, bu hol yetti bor takrorlanishiga urgʻu beradi.
Jahon adiblari orasida ham dinimiz va paygʻambarimizni madh etganlar koʻp. Rus shoirlaridan Aleksandr Pushkin, Ivan Bunin ijodida Qur’on va paygʻambarimizga bagʻishlangan asarlar bor. “Yosh Verterning iztiroblari”, “Faust”, “Gʻarbu Sharq devoni” kabi asarlar muallifi, buyuk nemis shoiri va mutafakkiri Yohann Volfgang Gyote islom dini va paygʻambarimiz Muhammad (s.a.v.)ga buyuk muhabbat bilan qaragan. Olmon professori Katarina Mommsenning “Gyote va Islom” asarida yigirma uch yashar navqiron shoir Muhammad paygʻambarga atab ajoyib qasida bitgani, yetmish yoshida esa Qur’on paygʻambarga toʻla tushirilgan muqaddas kechani ehtirom ila bayram qilishini jamoatchilikka ma’lum qilgani haqida ma’lumot bor. “Muhammadning bu dini, rivoyatlari, axloqi yuksak she’riyatga makon beradi, goʻyo bunday she’riyat men uchun atalganday” deya mamnun boʻlgan Gyote kelini ogʻir betoblanib qolganida doʻstlaridan biriga yoʻllagan maktubida “Islomdan najot izlashdan boshqa biron narsa deyishga ojizman” deydi. Mommsenning yozishicha, Gyote islom dini ta’limotiga ixtiyoran amal qilib yashagan va doʻst-yorlarini ochiq-oshkora musulmonchilikka undagan.
Gyote “Gʻarbu Sharq devoni” bosilib chiqishi xususidagi xabarnomada oʻz qoʻli bilan quyidagi soʻzlarni bitadi: “Muallif oʻzi musulmon boʻlsa kerak” degan shubhalarni rad etish niyatim yoʻq”. “Xaloskor sen oʻzing, muqaddas Qur’on!” deya hayqirgan buyuk shoirning “Gʻarbu Sharq devoni”da shunday satrlar bor:
Nodon har hodisani oʻzicha sharhlashga shay,
Har hodisa sababin bilgum, degan avom-da!
Allohga itoatdir Islom degan soʻz asli,
Islomda yashab hamma, oʻlajakmiz Islomda.
Yohann Peter Ekkermanning “Gyote bilan gurunglar” asari mutafakkir shoir dahosi haqida yaxshigina tasavvur beradi.
Buyuk adib Lev Tolstoyning 1885 yilda A.A.Tolstayaga bitgan maktubida shunday jumlalar bor: “Agar siz men bilan bir xil e’tiqodda boʻlganingizda nihoyatda xursand boʻlardim, agar siz boshqa yoʻlni tutgan boʻlsangiz, oramizdagi bunday farq mening hech qachon gʻazablanishimga sabab boʻla olmaydi. Menga nisbatan gʻazablanish esa shafqatsizlikdir. Siz mening hayotimni tasavvur qilib koʻring. Hayotimga quvonch bagʻishlab kelgan hamma narsadan voz kechdim. Hayotdagi barcha koʻngilochar narsalar – boylik, izzat-hurmat, shuhrat – bularning menga qizigʻi qolmadi. Doʻstlarim, hatto oila a’zolarim mendan yuz oʻgirmoqdalar. Ba’zi liberallar va estetlar meni telba yoki Gogolga oʻxshagan esi pastga chiqarmoqdalar; boshqalar – inqilobchilar, radikallar meni safsataboz, badbin deb hisoblaydilar, hukumat odamlari meni zararkunanda revolyutsioner deb biladilar; pravoslavlar meni iblis deb ataydilar. Tan olamanki, bular meni ranjitib qolmasdan, dilimni ogʻritadi ham, sababi, bular hayotimning asl maqsadi va baxt manbai boʻlgan odamlar bilan chinakam muhabbat asosida muloqotlarimga xalaqit beradi; har qanday tuban kishi senga adovat va gʻazab bilan tikilib turgan paytda bu holat nihoyatda ogʻir kechadi. Shuning uchun, marhamat qilib, menga olijanob musulmon sifatida qarasangiz, hamma narsa nihoyatda goʻzal boʻlar edi”.
Islom diniga benihoya katta muhabbat bilan qaragan, nasroniylikdan ustunligini ochiq ta’kidlagan, nasroniylikda oʻziga xos “tolstoychilik” oqimiga asos solgan Lev Tolstoyni cherkov murtad deb e’lon qiladi. “Rossiyada rasvolik, rasvolik, rasvolik” deya bong urgan adib hamfikri Nikolay Straxovga 1891 yilda yozgan xatida qalb iztiroblarini shunday bayon etadi: “Davlat cherkovini yoʻqoting, toʻla diniy erkinlik bering, majburiy harbiy xizmatni yoʻqoting, agar zarur boʻlsa, ixtiyoriy harbiy xizmatni joriy qiling, agar siz hukumat boʻlsangiz, xalqqa gʻamxoʻrlik koʻrsating, aroqni yoʻqoting – ana shunda 10 yildan keyin rus xalqi qanday boʻlganini koʻrasiz”.
Islom dini va haq paygʻambarni haqorat qilganlar hayoti fojia bilan yakun topgan. Dahriy Fransua Volter 1742 yilda “Muhammad yoki mutaassiblik” degan boshdan-oyoq tuhmatdan iborat tragediya yozdi. Islom dini va Rasulullohni hurmat qilgan Napoleon Bonapart asar gʻoyasini keskin rad etadi va Volterni qoralaydi. Farang imperatori Rasuli akramday dunyo tan olishini orzu qilardi. Hayotining soʻnggi yillarini Avliyo Yelena orolida tutqunlikda oʻtkazgan sarkarda paygʻambarimiz Muhammad (s.a.v.)ni “Insoniyat tarixini oʻzgartirgan buyuk inson” deya ta’riflaydi.
Professor Jon Tolanning “Muhammad siymosi: oʻrta asrlar va bugungi Gʻarbning islom paygʻambariga munosabati” asarida shunday bir lavha bor: “1808 yil 2 oktyabr kuni Erfurtda (Olmoniyadagi tarixiy shahar – O.T.) Yohann Volfgang Gyote va Napoleon Bonapart uchrashdi. Sarkarda qarorgohida boʻlib oʻtgan muloqotda ikki arbob siyosat, adabiyot borasida fikr almashdi. Napoleon Gyotening Volter qalamiga mansub “Muhammad yoki mutaassiblik” tragediyasini nemis tiliga tarjima qilganidan xabar topgach, asar gʻoyasi buzuq ekanini, tarix oqimini oʻzgartirgan buyuk shaxs, jahon fotihi haqoratomuz tasvirlanganini aytib oʻtdi. Napoleon va Gyote Muhammad alayhissalom haqida uzoq suhbatlashdi. Bu ulugʻ siymo Napoleon uchun ibrat timsoli – jozibador yetakchi va harbiy daho edi. Gyote uchun esa keyingi asarlarida tasvirlanmish paygʻambarlikning asl namunasiga aylanadi. Boshqa koʻplab yevropaliklar qatori ikki arbob uchun ham Muhammad paygʻambar uzoq oʻtmishdagi tarixiy shaxs emas, balki hayotiy merosi va qismati doimo qiziqish, hayrat hamda tahsin manbai boʻlib kelgan ulugʻ bir siymodir” (Tarjima bizniki – O.T).
Volter oʻlimi bugun xudosizlikni yoqlayotganlar koʻzini ochishi lozim. Dahriy olim tuni bilan Xudoga yolvorib, kechirishini soʻrab nola qiladi. Allohga isyon qilgan ijodkorning soʻnggi kunlarida yonida boʻlgan hamshira “Butun Yevropaning boyliklarini berishsa ham Volter kabi dahriy oʻlimini koʻrishni xohlamas edim” degan edi. Yoʻqsullar dohiysi, dahriy jamiyat asoschisi Vladimir Lenin ham aql-idrokdan mosuvo boʻlib vafot etganini eshitgan chiqarsiz. Guvohlarning yozishicha, Lenin xonadagi stol va stullardan gunohlarini kechishini soʻrab yolvorgan ekan.
Volterning zamondoshi Jan Jak Russo 1750 yilda nashr etilgan “Ilm-fan va san’at ravnaqi axloqning poklanishiga yordam beradimi?” nomli asarida Yevropaning ma’rifiy manzarasini quyidagicha tasvirlaydi: “Odamlar Yaratgan Egamni, Parvardigorni eslamay qoʻydi. Juda katta mablagʻ evaziga qurilgan tarbiya muassasalaridagi mashgʻulotlarda yoshlarga koʻp narsalarni oʻrgatishadi, ammo zarur bilimlar – sof vijdonli va mard boʻlishni uqtirishmaydi. Bolalaringiz oʻz ona tilini emas, balki biror joyda ishlatilmaydigan tillarni oʻrganadi, oʻzlari ham yaxshi tushunib yetmagan, haqni nohaqlikdan, yaxshini yomondan ajrata olmaydigan, yaxshilik niqobini kiygan san’atni egallaydi. Farzandlarimiz olijanoblik, adolat, odamiylik ma’nosiga tushunmaydi. “Vatan” soʻzining asl ma’nosini anglamaydi. Ularni qoʻrqitish uchungina Alloh toʻgʻrisida gapirishadi”.
Jon Tolanning yozishicha, yevropalik ziyolilar Qur’oni karim bilan oʻn oltinchi asrda tanishish imkoniga ega boʻlishadi. Katalonlik ilohiyotchi olim Maykl Servetus 1553 yilda bir risola bitib, Muhammad paygʻambarni haqiqiy islohotchi sifatida koʻrsatadi. Risola e’lon qilinganidan soʻng Servetus katolik inkvizitsiyachilari tomonidan qamoqqa olinadi va kitoblariga qoʻshib yoqib yuboriladi. 1734 yilda Jorj Sale Qur’oni karimni ilk bor arabchadan ingliz tiliga oʻgiradi. 1783 yilda tarjimon Klod-Etyen sa’y-harakati bilan muqaddas kitob farang tilida chop etiladi. Mazkur nashr Napoleon Bonapartga kuchli ta’sir etgan.
Farang adibi va siyosatchisi Alfons de Lamartin “Turkiya tarixi” asarining bir bobini Muhammad paygʻambar hayotiga bagʻishlaydi. Shotlandiyalik tarixchi, essenavist Tomas Karlayl “Qahramonlar, qahramonlikka sigʻinish va tarixdagi qahramonlik haqida” kitobining “Qahramon paygʻambar: Muhammad va Islom” deb nomlangan bobida paygʻambarimizni insoniyatni yoritib turuvchi soʻnmas chiroq, deya ta’riflab, XIX asr Gʻarb sharqshunosligida xolis fikr shakllanishiga ulkan hissa qoʻshdi.
Amerikalik olim Uilyam Dreyper “Yevropaning intellektual rivojlanishi tarixi” asarida “Muhammad – insoniyatga eng katta ta’sir oʻtkazgan shaxs… U imperiyalarni emas, balki insonlar qalbi va tafakkurini oʻzgartirdi” deb yozadi.
Islom dinini Gʻarbda xolis tushuntirgan olimlardan yana biri Edinburg universiteti professori Uilyam Montgomeri Uottdir. Uottning “Muhammad: paygʻambar va davlat arbobi”, “Islom falsafasi va ilohiyoti”, “Musulmonlarning Ispaniyaga ta’siri” kitoblari koʻhna qit’ada mashhur.
XX asrning taniqli islomshunosi va tasavvuf boʻyicha yirik mutaxassis Annemari Shimmel yurtdoshlarimizga yaxshi tanish. Olmon olimasi “Islomda tasavvuf oʻlchamlari”, “Va Muhammad Allohning elchisidir” asarlari bilan magʻribliklarga Islom madaniyati, Jaloliddin Rumiy merosi va Muhammad (s.a.v.) shaxsiyatini xolis tanitdi.
Amerikalik haykaltarosh, asli kelib chiqishi olmon boʻlgan Adolf Vaynman AQSH Oliy sudining asosiy majlislar zalida oʻn sakkiz nafar qonunshunos qatorida Muhammad alayhissalomni ham aks ettiradi.
Ezgulik va yovuzlik yonma-yon yuradi. Musulmonlarning ochiq dushmani boʻlgan qavm “islomofobiya” degan choʻpchak toʻqib, musulmon mamlakatlarini ham ishontirdi. Ularga “bay’at” berib, diniy esktremizm payini kesamiz, degan musulmon yetakchilari, pirovardida, badnom boʻldi. Davlatni intellektual elita boshqargani qayerda-yu, sadoqatli fosiqlar boshqargani qayerda. Yer bilan osmon qadar farqlanuvchi bu ikki qutb adabiyotga oʻz ta’sirini shaksiz oʻtkazadi.
Mustaqillik yillarida biz diniy ekstremizm niqobi ostida ijtimoiy hayotning hamma sohasini, jumladan adabiyotni ham ta’qib etdik. Islomiy moliyaga qanday ikkilanib qarasak, islomiy adabiyotga ham munosabatimiz shunday. Ildizlari masihiylik, yahudiylik va albatta ateizmga borib taqaladigan adabiy-falsafiy oqimlar haqida tadqiqotlar, beadoq bahslar olib borish mumkin edi-yu, ammo islomiy adabiyot haqida biron ogʻiz gapirilmas edi. Islomiy adabiyot koʻpchilikning koʻziga qora bayroq boʻlib koʻringani rost. Aslida, adabiyot rang-barangligi bilan jozibali. Oʻzbek adabiyotining soʻnggi yuz yillik tarixida islomiy ruh deyarli mahv etildi. Goʻyoki islomning zamonaviy oʻzbek adabiyotiga, badiiy tafakkurga aloqasi yoʻqdek. Modernizm, postmodernizm, ekzistensializmning sirli jozibasi xususida tadqiqotlar olib borgan adib va munaqqidlarimiz musulmon jamiyat ehtiyoji avvalo islomiy adabiyot bilan qondirilishi zarurligi haqida ikki kalima bitmaganiga hayron qolasiz.
Qur’on va hadis faqat mumtoz adabiyotimizga tegishli, “Uliss”ning oʻzbekchada jaranglashi adabiyotimizning dunyo adabiyoti bilan boʻylashayotganini bildiradi, degan shodon gurunglar tez-tez quloqqa chalinib turadi. Evoh! Ming yillik adabiyotimiz mehvarida oʻnlab ulkan yulduz charaqlab tursa-yu, qachongacha boshqalarning boʻyiga oʻlchab toʻn bichamiz?..
Fitrat bundan yuz yil burun “Dunyo sahnasida “iyaruv-taqlid”ning roʻlini hech bir millat biz turklar kabi ado eta olmagʻandir! Biz qaysi bir millatning qaysi bir narsasiga taqlid etmakchi boʻlsak, oʻzimizning milliy ruhimizgʻa qaramasdan taqlid etamiz” deya bejiz bong urmagan.
Abdurahmon Ra’fat Poshoning keng dunyoqarashi va katta adabiy-ilmiy salohiyati mahsuli boʻlgan tahlillari, pirovardida, “Biz intilayotgan adabiy metod qanday” degan savolni oʻrtaga tashlaydi. Kitobning butun mohiyati mana shu savolga javob izlashdan iborat.
Qur’oni karimning ma’nolar tarjimasi e’lon qilingan davrdan boshlab adabiyotimizda aqida mayoq boʻlganida edi, kuchli milliy gʻoya, mafkura asoslari xususida bosh qotirmas edik. Ma’naviy ehtiyoj yalpi milliy uygʻonishga doya boʻldi. Ammo biz ulkan imkoniyatni yana boy berdik. Ma’naviy ehtiyojni gʻayri islomiy adabiy-ilmiy oqimlar bilan qondirishga urindik. Islomiy adabiyot jamiyatdagi barcha muammolarni muolaja qilib, jamiyat a’zolari oʻrtasidagi ruhiy yaqinlikni kuchaytirishini bilib-bilmay xayoldan faromush qildik. Jaholat bayrogʻi hamisha qoʻllarda. Soʻfiy shoir Mansur Hallojning “Koʻngil Ka’basini ziyorat qilish haj amalini bajo keltirishdan afzalroqdir” degan aqidasini “Islomning beshinchi ruknini inkor etish” deb talqin qilganlar “Hallojning qilmishi Ka’batullohni buzmoqchi boʻlgan qarmatiylar bilan bir xildir, ushbu gunohi uchun Mansur Hallojning qatli vojibdir” deya fatvo bergan edi.
Arastuning “Poetika”si, Farobiyning ushbu asarga bagʻishlangan risolasi, Vissarion Belinskiy, Nikolay Chernishevskiy, Nikolay Dobrolyubov, Izzat Sulton, Matyoqub Qoʻshjonov nazariy qarashlari asosida shakllangan adabiyot ilmi islomiy nuqtai nazaridan tahliliy-tanqidiy koʻrib chiqilishi lozim.
Bizda interpretatsiya va hermenevtika, ijtimoiy va formal, tarixiy-funksional tahlil haqida, shuningdek, modern, postmodern asarlarga yondashuv yoʻsinlari haqida tahlillar bor. Sotsiologik, biografik, psixologik, formal, struktural, lingvistik, germenevtik metodlar haqida ham talay ma’lumotga egamiz. Ammo islomiy-ma’rifiy metodning muhimligi va zarurligi haqida fikr aytishga taqiq qoʻyilganday, goʻyo!
Qur’oni karimdagi qissalar aslida musulmon nasri, xususan romanchiligining asosi ekanini endi-endi anglay boshladik. Asqad Muxtor “Tundaliklar”ida taassuf ila “Oʻtgan rus hamda Gʻarb adabiyoti va san’atida hamma asarlar bir turda an’anaviy insoniy edi… Endilikda oʻsha buyuk asosiy San’at parcha-parcha boʻlinib ketdi: avangardizm, futurizm, simvolizm, dekandentlik, modernizm, syurrealizm, akmeizm, imajinizm, irratsionalizm, absurdizm, ultraizm, freydizm, kubizm, ekzistensializm, abstraksionizm… Qoʻying-chi, hamma “izm”lar bor, faqat gumanizm gʻolib chiqsa bas… Shunday boraversa, u butunlay tugab ketsa ehtimol…” deya ta’kidlagan edi.
Abdurahmon Ra’fat Posho asarining oʻziga xosligi shundaki, gʻarbdagi klassitsizm, romantizm, realizm, naturalizm, “San’at san’at uchun”, simvolizm, ekzistensializm kabi adabiy oqimlar va maktablar mohiyati aqida nuqtai nazaridan tadqiq etilgan. Masalaning nozik va muhim nuqtasi mana shu yerda. Oʻzbek kitobxoni islomiy qarash va mezon asosida yaratilgan keng qamrovli ilmiy tadqiqotga ilk bor duch keldi. Musulmon jamiyatda hayot, axloq, ijtimoiy munosabatlar islomiy mezonlar asosiga qurilgan. Lekin adabiyot, soʻz san’ati, adabiy tanqidchilik bundan bebahra edi. Bu kemtiklik, ta’bir joiz boʻlsa, boʻshliqni toʻldirish ijodkor ziyolilar zimmasidagi farzdir. Islomiy adabiyot yana qayta baravj boʻlishi uchun eng avvalo adabiyotshunosligimiz, tanqidchiligimiz aqida ilmi bilan qurollangan boʻlishi kerak. Biz xohlaymizmi-yoʻqmi, hamma masala-muammo ijodkor shaxsiga, dunyoqarashiga kelib taqaladi. Uning fe’l-sajiyasi, aql-tafakkuri, ma’naviy qiyofasi “bolalari”ga oʻtadi, shubhasiz. Shunday ekan, uning intellektual salohiyati, didi asosiy omildir.
Biz, avvalo, musulmon Sharqi odamlarimiz. Bu zaminga botil e’tiqoddagi adabiy qarashlar payvand qilinsa tutib ketmasligini unutmasligimiz kerak. Hikmatni sehrga oʻrab tanovul qilgan ummatni chalgʻitish mumkindir, ammo butunlay mahv etishning iloji yoʻq. Bu, poydevorning tagi koʻllatilsa bino qiyshaymaydi, degani emas. Bizga islomiy adabiyot ana shuning uchun ham zarur. Muhtasham adabiyotimizni adabiy vasvasalardan asrash masalasi bugun har qachongidan ham muhim boʻlib qoldi. Yozuvchilar uyushmasi she’riyat kengashining yillik hisobot yigʻilishida ba’zi shoirlarning xoliqni maxluq sifati bilan tasvirlagan she’rlarini tanqid qilgan edim. Lekin taxayyul olamiga gʻarq yosh yigit-qiz shaytoniy satrlar tizishdan tiyildi, deb aytolmayman. Chunki tarbiya topmagan koʻngil, kibr uyalagan qalb isyonini tashqaridan jilovlab boʻlmaydi. Ijodkor oʻzini oʻzi taftish etmasa bekor. Koʻnglida ishtibohi bor qalamkashlar kitobning “Xoliq Zot bilan maxluqlari toʻgʻrisida islomiy tasavvur” bobini sinchiklab oʻqisa, koʻp manfaat topishiga shak yoʻq.
Nemis madaniyati inqiroziga nasroniylik axloqi aybdor, deb hisoblagan Fridrix Nitsshe 62 qismdan iborat “Nasroniylikka qarshi” asarini yozadi. Soʻzboshida “Nasroniylik tanqidi yoʻlidagi urinish”ini quyidagicha izohlagan: “Nasroniylikka la’nat. Bu asar ommaga emas, sanoqli odamlarga moʻljallangan. Ehtimol, ular hali dunyoga kelmagandir. Balki “Zardusht tavallosi” asarimni tushunadiganlar ham oʻshalar boʻlar. Bas, shunday ekan, qanday qilib oʻzimni bugunning odamiga teng koʻraman? Mening davrim – kelajak. Ayrim insonlar oʻlimdan keyin qayta tugʻiladi” (Tarjima bizniki – O.T).
“Taqdirni qoʻl bilan yaratar odam” degan shiorni ilgari surgan dahriy faylasufning islom dinini nasroniylikdan ustun qoʻygani muqaddas dinimizni hurmat qilishini anglatmaydi: “Nasroniylik bizni koʻhna dunyo madaniyatidan mahrum etdi, keyin esa Islom madaniyati mevalarini ham qoʻlimizdan yulib oldi. Ispaniyadagi mavrlar madaniyatining sehrli dunyosi bizga Yunon va Rimdan koʻra yaqinroq va qadrliroq edi. Ne tongki, ushbu muhtasham tamaddun oyoqosti qilindi (razillar qanday gʻorat etganini aytmay qoʻya qolay). Xoʻsh, nima uchun toptashdi? Sababi, u mardona tuygʻular tufayli boʻy koʻrsatgan hayotni – mavrlar madaniyatining bor noyob va nafis goʻzalliklari ichida yashash baxtini butun borligʻi bilan olqishlagan edi! Salibchilar shunday bir madaniyatga qarshi tigʻ koʻtarishdiki, aslida uning huzurida tiz choʻkib, ta’zim bajo keltirsalar koʻproq yarashardi… Bu yuksaklik qarshisida bizning XIX asrimiz ham, ehtimol, juda qashshoq, juda ham orqada qolgandek koʻrinadi… Shubhasiz, behisob boylik salibchilarning koʻzini oʻynatdi. Chunki sharq boy edi… Keling, voqelikka xolis nazar tashlaylik! Salib yurishlari – oliynasab tabaqaning qaroqchiligidan boshqa narsa emas! Bu yerda olmon oqsuyaklari, ya’ni asl nasabi vikinglar – dengiz jangchilari boʻlgan aslzodalar oʻz uyida yurgandek erkin edi. Cherkov olmon zodagonlarining bu dunyoga nima uchun kelganini aniq-ravshan bilardi. Shveysariya gvardiyasi azal-azaldan cherkovning tuban va jirkanch istaklariga xizmat qilib kelgan, cherkov esa moʻmay haq toʻlagan… Cherkov nemis qilichi, nemis qoni va nemis shijoatidan foydalanib, yer yuzidagi goʻzal qadriyatlarga qirgʻin keltirdi! Bu yerda dilni oʻrtaydigan qanchadan-qancha masala – savollar yotibdi! Tarixdagi madaniy yuksalishlarda nima uchun olmon aslzodalarining deyarli oʻrni yoʻqligini bilish qiyin emas… Nasroniylik va ichkilik – insonni izdan chiqaruvchi ikki ofat. Tanlov yoʻqdek edi goʻyo: islom yoki nasroniylik, arab yoki yahudiy. Peshonangda bori shu: hech kimga tanlash huquqi berilmagan. Yo sen quvgʻindisan, yoki ozod… “Rimga qarshi urush, bu hayot-mamot urushi! Islom bilan tinch-totuv yashaymiz!” Mana, olmon imperatorlarining esi butuni Fridrix II nimani oʻylagani, qanday yoʻl tutganining isboti! Nahotki?! Nahotki goʻzal insoniy tuygʻularni his etish uchun olmonlardan daho yoki hurfikrli boʻlish talab qilinsa? Nemislar qanday qilib nasroniycha fikr va his-tuygʻuga asir boʻlganiga hech aqlim yetmaydi…” (Tarjima bizniki – O.T)
“Xudo oʻldi!” deya hayqirgan Nitsshe dinni inson aqli mahsuli, nasroniylikni “qullar axloqi”, hayotiy intilishlarni soʻndiruvchi zahar deb bilgan.
Oʻtgan asrning 30-yillari jahon siyosiy sahnasiga koʻtarilgan nemis fashistlari dahriy olim qarashlarini dastak qilgani ma’lum. Faylasufning “Qiyshayganni tep!” gʻoyasi fashistlarga “oliy irq” baxt-saodati yoʻlida “ojizlar”ni mahv etishda qoʻl keldi. Yaratganni muhokama qilgan, ijodidan “xatolar” topgan Nitsshe axloqni taxayyulning jiddiy inqirozi deyishdan oʻzini tiya olmaydi. Xalqimizda “Yiqilganni tepma!” degan naql bor. Ojizlar kim? E’tiqod egalari. Lekin ularning aybi kambagʻalligi, bechoraligi. Nitsshe nasroniylikni rad etibgina qolmasdan, butun axloqqa qarshi yurish qildi. “San’at – ezgulik bilan yovuzlikni ajratadigan vositalardan biri – yaxshi tanib olish vositasidir” deya uqtirgan Lev Tolstoy insoniyatga diniy faoliyat zarurligini inkor etgan Kant, yashash uchun kurash qonunlarini toptagan Darvin oʻrniga Nitsshe ta’limoti yuzaga chiqayotganini aytib, “Uning ta’limoti mutlaqo bema’ni, oʻylanmagan, xira va mazmuni yomon, lekin mavjud dunyoqarash talablariga koʻproq mos keladi” deya ta’kidlagan edi. “Tirilish” romanida rus jamiyatining axloqiy-ruhiy manzarasini tasvirlagan adib fahsh va razolatni tarqatishga xizmat qilayotgan qamoqxonalar hayotiga toʻxtalib, “Fisq-fujurni ana shu muassasalar yordami bilan yoyilishi natijasida Nitsshening “Hamma narsani qilish mumkin, hech narsa man qilinmaydi” degan yangi ta’limotini avval mahbuslar orasida, undan soʻng esa xalq orasida tarqatish rus kishisini sayoqlar darajasiga tushirishi mumkin” deya yozadi.
Xudoni inkor etgan Nitsshe aqldan ozib vafot etganidan soʻng, singlisi Elizabet nemis millatchilari safiga qoʻshiladi. Adolf Gitler Nitsshe uy-muzeyida bir necha marta boʻlgan va bu maskanni millatchi-sotsialistlarning mafkura markazi deb e’lon qilgan.
Tadqiqotchilar modernizm Nitsshe nazariyasini targʻib qilganini ta’kidlaydi. Yan Parandovskiy “Nitsshe oʻz shaxsiyatidagi kemtikliklarni a’lo inson degan soxta gʻoyada ifodalagan edi” deb yozadi. “Har qanday asardan maqsad – ezgulikka xizmat qilishdir” degan fikrda sobit mutafakkir adib Lev Tolstoyning quyidagi fikri biz uchun nihoyatda ibratlidir: “Insoniyatning hayoti faqat diniy ongni chuqur oʻzlashtirib olish oqibatidagina mukammallashishi mumkin. Diniy ong esa odamlarni oʻzaro mustahkam bogʻlaydigan yagona ibtidodir. Odamlarning diniy ongni oʻzlashtirishi inson ma’naviy faoliyatining hamma qirralari tomonidan amalga oshiriladi. Bu faoliyatning qirralaridan biri san’atdir. San’atning qismlaridan biri drama boʻlib, ehtimolki, u boshqalari orasida eng ta’sirchanidir”.
Jan Pol Sartr 1946 yilda e’lon qilingan “Ekzistensializm – bu insonparvarlik” asarida “Ekzistensiyachilik – oʻzini Xudo yoʻqligini isbotlashga sarflaydigan dahriychilik emas. U koʻproq mana bunday deydi: bordi-yu, Xudo bor boʻlganda ham, bu hol hech narsani oʻzgartirmaydi. Bizning nuqtai nazarimiz ana shunday” deya ta’kidlagan edi.
Sartr mazkur ma’ruzasida ikki xil koʻrinishdagi ekzistensiyachilar borligini aytib, dahriy ekzistensiyachilar, ular safiga Haydegger va fransuz ekzistensiyachilari, shu jumladan men ham kiraman deydi. Sartr shogirdlari va izdoshlari boʻlgan farang ekzistensiyachilari qatorida mashhur adib Alber Kamyu nomini ham tilga oladi. Sartr oʻsha ma’ruzasida inson tabiatini yaratuvchi Xudoning oʻzi yoʻq boʻlganidek, insonning ham hech qanday tabiati yoʻq deb uqtiradi: “Dostoyevskiy qayerdadir “Agar Xudo yoʻq ekan, unda hamma narsaga ruxsat bor degan edi. Mana shu – ekzistensiyachilikning ibtido nuqtasidir. Darhaqiqat, agar Xudo yoʻq ekan, hamma narsaga ruxsat bor, shuning uchun inson oʻz holiga tashlab qoʻyilgan, uning oʻzida ham, tashqarida ham biron-bir suyanchigʻi yoʻq”.
Fyodor Dostoyevskiydan keltirilgan gap adibning “Aka-uka Karamazovlar” romani qahramoni Ivan Karamazov tilidan aytilgan.
Sartr Yaratganni inkor etar ekan, “Oʻz holiga tashlab qoʻyilganlik” (Haydeggerning sevimli iborasi) haqida gapirar ekanmiz, biz faqat, Xudo yoʻq va barcha xulosalarni ana shundan chiqarish zarur, degan gapnigina aytmoqchimiz, xolos” deydi.
Erix Fromm “Psixoanaliz va din” asarida “Barcha buyuk dinlarning fojiasi shundaki, ular din peshvolari izmidagi ulkan mafkura tizimiga aylangach, erkinlik tamoyillarini oyoqosti qiladi va buzib koʻrsatadi. Diniy uyushmalar va ularning vakillari vaqt oʻtishi bilan oila, urugʻ va davlat degan tushunchalar oʻrnini egallay boshlaydi. Mutaassiblar inson erkini cheklab, oyoq-qoʻliga kishan uradi. Natijada, odam Xudoga emas, balki Uning nomidan gapirayotgan bir toʻda mutaassiblarga sigʻina boshlaydi. Bu hol istisnosiz barcha dinlarda sodir boʻldi. Dinlarning ilk rahnamolari insonlarni qullik oʻlkasi – Misrdan hurlik sahrosi tomon boshlagan edi, biroq keyingi yoʻlboshchilar “Va’da qilingan zamin” deya koʻhna Misr bagʻriga – yangi qullik komiga yetaklab keldi” deb yozadi (Tarjima bizniki – O.T).
Abdurahmon Ra’fat Posho “Ekzistensialistlar Nitsshening axloq hayot maydonida zoʻravonlar zulmidan oʻzini himoya qilish uchun bechora va zaif kishilar oʻylab topgan uydirmadir, degan fikrini ma’qullashdi. Lekin ular ota-bobolaridan oʻtib kelayotgan axloqiy meros va samoviy dinlarning hayot uchun yuborgan koʻrsatmalaridan voz kechishgandan keyin inson uchun intilib yashaydigan maqsad va oʻzligi roʻyobga chiqarishda gavdalanadigan gʻoyani izlashga muhtoj ekanini bilib qolishdi” deydi. Muallif dinlarga qattiq adovat bilan qaragan mazkur oqim mohiyatini juda teran tahlil qiladi va shunday xulosani ilgari suradi: “Ekzistensialistlar inson mavjudligini tugʻilgan chogʻidan qabrgacha boʻlgan oraliqda xotima topadigan bosqichdan iborat deb cheklab qoʻyishadi. Shuning uchun ham ular bu hayoti dunyo lazzatlariga qattiq berilib, unga butun borligʻi bilan shoʻngʻishni ma’qul topishadi. Musulmon esa dunyoni bor-yoʻgʻi oxiratga olib boradigan koʻprik deb biladi va shunga muvofiq umr kechiradi. Zero, Alloh marhamat qilib dedi: “Bu hayoti dunyo esa aldaguvchi matodir” (Oli Imron surasi, 185-oyat).
Abdurahmon Ra’fat Poshoning “Musulmonlar bugun oldingi zamonlardagidek koʻproq islomiy adabiyotga muhtojliklarini yanada yaxshiroq his etib turishibdi. Chunki biz bu asrda ilgari oʻxshashi yoʻq bir fikriy, vijdoniy va madaniy bir bosqindan katta talafot koʻrdik. Oʻz oldiga ulugʻ maqsadlarni qoʻygan asl adabiyot bu bosqinga qarshi kurashib, vayronkor adabiy-falsafiy oqimlar ta’sirini bartaraf etadigan badiiy asarlarni yaratishi kerak” degan mulohazasi aynan oʻzbek jamiyati uchun aytilgandek taassurot qoldiradi. Chunki barcha sohalar kabi milliy adabiyotimiz ham yuz yil davomida mustabid chizgan chiziqdan chiqolgan emas. Eng yomoni, dahriy gʻoyalar xavfli virus kabi ayrim yoshlar ongiga in qurdi. Aqida ilmidan bexabarlik, mahdud, la’in gʻoyalar hamisha jozib shakllarda jilvalanadi. Chirkin gʻoyalar, axloqsizlik targʻibotiga qaratilgan asarlar barham topadi, degan xomxayolga berilmayman. Adabiy vasvasa va tahdid hamisha biz bilan yonma-yon yashaydi.
Islomda adabiyotning oʻz uslubi va yoʻnalishi boʻlishi kerak, degan da’vatchilar – shayx Abul Hasan Nadaviy, Muhammad Qutb, doktor Najib Kiyloniy, doktor Imoduddin Xalil, imom Muhammad ibn Sa’ud asarlari ham oʻzbekchaga oʻgirilsa, bu boradagi kemtiklik butlangan boʻlardi.
Ba’zi davralarda tuppa-tuzuk olimlarning “Adabiyot dindan baland” degan iddaolari quloqqa chalinadi. Aslida, koʻpchiligimiz din deganda imomlarning ma’rakalardagi da’vatini tushunamiz, xolos. “Sahihi Muslim”da Anas roziyallohu anhudan rivoyat qilingan shunday bir hadis bor: “Rasululloh sallollohu alayhi vasallam shunday dedilar: “Alloh Odamni jannatda yaratganida uni oʻzi xohlaganicha tashlab qoʻydi. Shunda iblis uning atrofida aylanib, nima ekaniga qaradi. Uning ichi boʻshligini koʻrgach, nafsini tiya olmaydigan qilib yaratilganini bildi”.
Nazarimda, adabiyotning manshai – muqaddimasi mana shu nuqtadan boshlanadi. Iblis alayhi la’nani quvontirgan nafs odamni adabiyotning bosh muammosi – obyektiga aylantirdi. Nafs uning butun borligʻini, ibtidodagi xato mohiyatini ochib tashlaydi: odam foniy dunyo bekatlarida goh quvonib, goh qaygʻuga toʻlib, goh saltanat sohibi, goh gadoy boʻlib, goh besar oshiq, goh hijronzada darvesh suvratida, goh fosiq hukmdor, goh qanoatli qul, mal’un oqpadar, haqirligi uchun malomatga nishon boʻlgan xizmatkor, inisi qonini toʻkkan qobil, dunyoni afzal bilgan Qorun qiyofasida tentiraydi…
Yetti qavat pishiq-mustahkam osmon ostidagi xilqat – eng goʻzal shaklu shamoyilda yaratilgan inson Qur’onda shunday ta’rif-tavsiflanadi: zaif, noumid, noshukr, besabr, betoqat, bardoshsiz, baxil, qizgʻanchiq, dimogʻdor, unutuvchan, sarkash, maqtanchoq, magʻrur, nodon, zulmkor, koʻrnamak, tajovuzkor…
Mumtoz adabiyotimiz mazmun-mohiyati bilan ana shu buyuk haqiqatni aks ettirdi. Hazrat Navoiy “Parim boʻlsa uchib qochsam ulustin to qanotim bor, // Qanotim kuysa uchmoqdin, yugursam to hayotim bor” deb bejiz bitmagan. Yoki boʻlmasa, Abdulla Oripovning “Koʻzlarimga goh koʻrinar telba misoli, // Men bir vaqtlar sajda qilgan hazrati Inson” degan satrlari ana shu unutuvchan, zaif odam qarshisidagi hayrat mevasidir. Aziz va mukarram qilib yaratilgan odam shu qadar murakkabki, hatto uning oʻzi ham kimligini bilmaydi. “Oʻzini tanigan Xudoni taniydi” deydi dono xalqimiz. Abu Homid Gʻazzoliy ana shu savollarga javob izlab, bejiz nafs mazammati haqida yozmadi. Quruq sharhlovchilik roliga oʻtib olgan tanqidchilik adabiy jarayonga tashxis qoʻyishi, qanday mavzular e’tibordan chetda qolyapti, qanday ogʻishlar roʻy beryapti, illat va qusurlar ildizi nimada – toʻlaqonli tahlil qilib borishi shart.
Islom bir yarim ming yildan beri hayot tarzimiz boʻlgani kabi, adabiyotimiz ham islomiy adabiyot edi. Ammo… Choʻlpon “Bir xil, bir xil…” deya figʻon chekkanicha bor. Oʻn toʻqqizinchi asrga kelib hukmdorlarimiz ishi, xalqning turmushi, madrasalardagi ta’lim, afkor ommadagi ilm kabi adabiyotdan ham putur ketdi. Bu boʻshliqni yosh turklarga taassub qilgan Fitrat, Choʻlpon va boshqa ijodkorlar toʻldirishga urindi. Yangi zamon nafasi – jadid adabiyoti kirib keldi.
Bir yuz oltmish yil burun Turkistonni mustamlaka qilgan chor ma’murlari ruhan va jisman yanchilgan xalq ma’rifatini “Turkestanskiye vedomosti” va “Turkiston viloyatining gazeti” orqali toptashga tushdi. Shoʻrolar bu “estafeta”ni davom ettirib, adabiyotni toʻla oʻz izmiga soldi. Sir emas, musulmonlar dunyo miqyosida moliya, bank, ilm-fan, harb ishi, raqamli texnologiyalar va boshqa zamonaviy sohalarda keyingi oʻrinlarda qolmoqda. Oʻrta asrlardagi sha’n-shavkatni, musulmon Renessansini boshlab bergan bobolarimiz nomini aytib maqtanib yurganimiz oqibatida shu ahvolga tushdik. Agar e’tibor qilsangiz, har yuz yillik boshi siyosiy, ilmiy-texnikaviy, harbiy, mafkuraviy, adabiy sohalarda keskin oʻzgarishlar yasaganiga guvoh boʻlasiz. Oʻtgan asr ham bundan mustasno emas. Turkiston adabiy iqlimi keskin oʻzgarib, she’riyatda paydo boʻlgan turkcha ohanglarga koʻnikayotan quloqlar sotsialistik qurilishlar bongiga majburan singishib ketdi. Choʻlpon ham “Muhit kuchlik ekan egdim boʻynimni” deya yangi davrni kuylashga majbur boʻldi. 38-yilgi qatagʻon nafaqat musulmon adiblarni, chin soʻzni aytgan boshqa millat vakillarini ham ayamay oʻz domiga tortdi. Qodiriy, Choʻlpon, Fitrat bilan bir davrda yashagan rusning dilbar shoiri Sergey Yesenin ham chekistlar qoʻlida jon berdi. “Bizda adabiyot yoʻq. Bunga hayron boʻlishning ham hojati yoʻq. Chinakam fikr allaqaylarga gʻoyib boʻlgan joyda haqiqiy adabiyotning boʻlishi mumkin emas” degan yana bir rus yozuvchisi Andrey Novikov Stalin buyrugʻiga koʻra otib tashlandi.
Shoʻro mafkurachilari chinakam fikrni taqiqlaganidan soʻng xalq milliy adabiyot sarchashmalaridan mahrum boʻldi. Pirovardida, olomonchilik psixologiyasi kuchayib ketdi. Keyingi avlod yozuvchilari islomning inson haqidagi tasavvuridan deyarli bebahra edi. Shoʻro adabiyotni toʻla nazoratga olganidan soʻng toʻqson toʻqqiz foiz holatda musulmon mamlakatlari adabiyotini tarjima qilishga izn bermadi. Biz Lotin Amerikasi, Osiyo, Yevropa mamlakatlari adabiyoti bilan yetarli darajada tanishdik. Ammo islom dunyosi soʻz san’atidan deyarli bebahra qoldik. Bu siyosat salkam bir asr davom etdi. Uzilgan rishtalarni bugun ham ulay olmayapmiz.
Abdurahmon Ra’fat Posho bayon etgan ilzom va iltizom tushunchasi bugungi oʻquvchiga unchalik tanish emas. Shoʻro siyosati va tuzumining adiblarni majburlash siyosati bu – ilzom. Iltizom esa ixtiyoriylikni bildiradi. “Shubha yoʻqki, kommunist shoirlar multazim emas, balki mulzam (majburlangan) kishilardir. Islom adiblari esa multazimdir… Markschi adib oʻtkinchi bir maxluq banda oldida multazim boʻlsa, islom adibi hech qachon yoʻq boʻlmaydigan boqiy va tirik Zot – Alloh oldida multazimdir” deydi muallif.
Oʻzligini boy bergan, shaxsiyatidan judo boʻlgan adiblar faqat shoʻro tuzumida bor edi, hurriyat bunga chek qoʻydi, desak oʻtirik aytgan boʻlamiz. Aqidani hayot-mamot deb bilmaydigan ijodkorlar hamisha ikki oyoqli “iloh”larga topinib kun koʻradi.
Biz soʻz erkinligi borasida saodat asriga hech qachon yetolmasak kerak. Holbuki, paygʻambarimiz “Eng afzal jihod zolim podshoh oldida haq soʻzni aytishdir” deya buyurgan.
Adabiyot ijtimoiy hayotdan ayricha yashay olmaydi. Adabiyotning zaiflashuvi nafaqat davlatni zaiflashtiradi, balki jamiyat a’zolari iymonining ham zaiflashuviga olib keladi. Kuchli adabiyot tufayli jamiyatda umumiy bir sakinat paydo boʻladi. Bugun peshtaxtalarni egallab olgan axloqsiz, razolat va tubanlikka yetaklaydigan kitoblar jamiyatning parokanda boʻlishini tezlashtiradi. Bu vayronkor kuch qancha erta sindirilsa, axloq tanazzuliga shuncha barvaqt had qoʻyiladi.
1993 yilda “Saodat” jurnali buyurtmasiga koʻra Shukur Xolmirzayev bilan suhbat uyushtirganimda, kelajakda oʻzbek adabiyoti qanday boʻladi, degan savolga adib shunday javob bergan edi: “Ovrupo realizmidan ham, oʻris realizmidan ham uzoqlashib, boshqacha, ya’ni donishmandona bir adabiyotga yetamiz. Mohiyat, maqsad aniq, magʻzi toʻla bir adabiyot yaratiladi-ki, bu esa, oʻsha “Chor darvesh” deganimiz, Sa’diyning “Guliston”, “Boʻston”, Farididdin Attor, Al Maariy va boshqa klassiklarimizning yoʻlini davom ettiradigan adabiyot boʻladi. Ana shu yoʻldan ketadimi deyman-ov. Yoki hech boʻlmaganda, oʻsha yoʻlga yaqin borib qoladi. Men bunga aminman!”
Nazarimda, ulamo-yu imomlarimiz zimmalaridagi vazifani ma’rakalarda ma’ruzalar qilish, janoza namozi va nikoh xutbasini oʻqish, masjidda jamoatga besh mahal imomlik qilish doirasida tushunmasligi kerak. Ulamolar ma’rifiy muhitga mas’ul shaxs. Ma’rifatning muqaddimasi – adabiyot. Imom adabiyotga oshno boʻlsa, oʻsha hududda kitobxonlik avj oladi. Shayx Alouddin Mansur, Anvar qori Tursunov adabiyotchilarni xijolat qiladigan darajada bilimdon edi. Ular davrasida ulamolardan koʻra ijodkor ziyolilarni koʻplab uchratar edingiz. Alisher Navoiy, Abdulla Qodiriy va zamonaviy adabiyot muhibi bu zakiy zotlar sohir soʻz tufayli elda aziz boʻldi.
Abdurahmon Ra’fat Poshoning “Badiiy adabiyot va tanqidda islomiy nuqtai nazar” asari adabiyotshunosligimiz, adabiy tanqidchiligimiz ufqlarini kengaytiradi, adib va mutaxassislarimiz uchun haqni botildan ajratishda muhim qoʻllanmadir.
