Xurshid Davron. Samarqand xayoli. Uchinchi qism.

777   Йиллар ўтиб олис Ҳинд тупроғидан Бобур мирзонинг соғинчли ғазаллари тоғу саҳролар ошиб келиб Фарғона, қолаверса, бутун Мовароуннаҳр аҳли дилини забт этди. Халқ дилидаги мана шу ўчмас меҳрни сезиб-билиб юрган ҳукмдорлар ўз насл-насабларини ватангадо подшоҳ номи билан боғлаб, шу меҳр ва муҳаббатга шерик бўлишга уриндилар. Шу меҳр туфайли халқнинг ўзи ҳам ғаройиб афсоналар тўқиди. Ўзи тўқиб, ўзи шу афсоналарга ишонди. Шу меҳр туфайли тўқилган афсона ва достонларда (масалан,XV асрнинг охири ва XVI асрнинг бошларига оид тарихий воқеаларга акс этган “Ойчинор” достонида. Достонда Бобур мирзо ҳаётининг Самарқандни ташлаб Афғонистонга чекиниш палласи тасвирланган) Бобур сиймоси адолатли подшоҳ, доно инсон, буюк шоир сифатида намоён этилди.
Ўтмиш ва бугунннинг жоҳил ҳукмдорлари халқ дилидаги шу меҳрга қайта-қайта чанг солишга уриндилар. Аммо уларнинг чангаллари фақат бўғизларни бўғишга етди, холос. Улар ҳурлик маскани – юракни забт этолмадилар. Юракни эса фақат меҳр ва муҳаббатгина забт этган ва этажак…

Хуршид Даврон
САМАРҚАНД ХАЁЛИ
Учинчи қисм
04

09Самарқанд Шайбонийхон қўлига ўтгандан сўнг, шаҳар фуқароси бошига қора кунлар тушди. Ҳерман Вамберининг ёзишича, интиқом ҳисси жўш урган шайбонийлар шаҳарда бор нарсанинг ҳаммасини талон-тарож қилдилар. Шаҳарда етти ойлик қамал пайтида бошланган очарчилик кейинроқ, қиш тушиши билан баттар зўрайди.

Қиш қотиғ келди-ю, кўп ёғди қор,
Ўлди очу-яланғоч эл бисёр.

Кўчалар бўлди ўлукдин мамлу,
Шаҳр бўлди йигрурдек усру.

…Юз минг одам ўлуб эркан шояд,
Эвлари бузулиб эркан шояд…

Шу билан бирга, шаҳар аҳолиси ғолиблар интиқомидан, зулмидан қўрқиб, қочиб қутулиш йўлига тушдилар. “Булар орасида Шайбонийхоннинг жуда хавфли душмани, муваққат оқсоқол Хожа Яҳъё ҳам бор эди”, — деб ёзган Вамбери яна Хожа Яҳъё билан Хожа Абулмакоримни чалкаштиради. Биз юқорида Хожа Яҳъё қандай ўлдирилгани ҳақида ҳикоя қилган эди. Қамал пайтида эса Бобур мирзо ёнида Хожа Абулмакорим турган эди. Демак, Хожа Яҳъё деган шахс Хожа Абулмакорим эди. Шуни билгач, у ҳақдаги мажор олимининг ҳикоясини тинглайлик: “У ўзини танитмаслик учун мусулмонлар назарида жуда ёмон кўрилган бир ишни қилди. Соқолини қириб ташлади. Лекин бу билан қутула олмади. Танилиб, тутилди ва Шайбонийхон ҳузурига келтирилди. Шайбоний нега бунчалик фано бир ишга ботинганини сўраганида, Хожа Яҳъё (аслида Хожа Абулмакорим): “Худо ёндирган шамни сўндирмоқ учун уни пуфлаган одам ўзининг соқолини ёндирадир” қабилида форсча бир шеър билан жавоб берди. Лекин худонинг шами, яъни Шайбоний, унинг бундай самимийлигига аҳамият бермади. Жамоат талаблари билан юргани учун Хожа Яҳъё (Хожа Абулмакорим) бошини жаллодга таслим этишга мажбур бўлди”.

Самарқанддан узоқларга эса, Бобур мирзо бошлиқ “икки юз киши пиёда, елкаларида чопон, оёқларида чориқ, қўлларида таёқ бўлгани ҳолда, беяроқ, худога таваккал қилиб, Бадахшон ва Кобилга қараб йўл олдилар”.
Бу сўзларни ёзган Гулбаданбегим отаси йўлини “Бадахшон ва Кобилга қараб йўл олдилар” дея жуда қисқартириб айтади.

От устида тебранган кўйи бораётган Бобур мирзонинг кўзига бўлиб ўтган воқеа туш ва хаёлдек кўринур ва кечар эди. Бобур мирзо тўғри бориб аввал Халилияга, ундан Дизакка, ундан Ўратепага ўтди. Ўратепадан Пашоғар қўрғонига бориб қўнди. Шу ерда у опаси Хонзодабегим тўйини ўтказиб, Самарқанддан қайтган онасини кутиб олди. Қутлуғ Нигорхоним Самарқанддан Пашоғаргача пиёда келганини эшитиб, кўнгли қаттиқ ўксиди. Озгина вақт ўтгандан кейин Тошкентга – тоғаси Султон Маҳмудхон ҳузурига бордилар. Тошкентга етганларида, Хонзодабегим ёнида қолган холаси Меҳр Нигорхоним ҳам Самарқанддан етиб келди. Қизи Шайбонийхон ҳузурида кекса бувиси Эсон Давлатбегим билан яккаю-ёлғиз қолганидан онаизорнинг кўнгли бузилиб, оҳ-воҳ қилди, дам ўтмай қизи билан ўғлининг қисматини ўйлайверганидан қаттиқ бетобланиб қолди.

Шу кунларда Бобур мирзо Самарқанддан чиқиб келиб, Фаркатда яшаётган Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг катта ўғли Ҳазрати Хожаго Хожани бориб зиёрат қилди.

Мирзонинг кўнглида “тоғам менга ривоят ва иноят мақомида бўлиб, вилоят ва паргана берғайлар”, деган умид бор эди. Аммо бир борганда ваъда қилинган Ўратепа ҳам унга насиб қилмаслигини тезда англади. Буёғи қиш бошланиб, Бобур мирзо бекларидан бир нечаси Андижонга кетишга изн сўрашди. Улар кетган куни Самарқанддан бувиси – Эсон Давлатбегим кўч-кўрони билан келди.

Қиш давомида Шайбонийхоннинг янги-янги зафарлари ҳақида хабарлар эшитилди. Шоҳруҳия ва Пискент олинганини билиб, Султон Маҳмудхон ҳам типирчилаб қолди. Бобур мирзо эса озгина кишиси қолганига қарамай, яна қизиққонлик қилиб Пискентга қараб от чоптирди. Аммо душман Пискентни талаб, қўрғондан чиқиб кетганди.

Баҳор охирида, ёз бошида Шайбонийхон Ўратепага қўшин тортиб келаётгани хабари келди. Бу сафар Бобур мирзо Масчо томонга қараб кетди. У ерда бир муддат туриб, саргардонликдан озор топган юрагини қоғозга тўкди. Мана бу рубойиси ўзига ҳам маъқул тушди:

Ёд этмас эмиш кишини меҳнатга киши,
Шод этмас эмиш, кўнгулни ғурбатга киши.
Кўнглум бу ғарибликда шод ўлмади ҳеч,
Ғурбатта севунмас эмиш, албатта, киши.

Ёш йигит ғурбатнинг каттаси ҳали олдинда эканидан, ҳадемай Хуросону-Ҳиндистон ғурбати бошланишидан бехабар эди.

Мақсадимиз Бобур мирзонинг Самарқанд хаёлида қилган юришлари ҳақида ҳикоя қилиш экан, бу ҳақда маълумот беришда давом этайлик.

Шайбонийхон Самарқандни забт этгач, Тошкентни босиб олишга киришди. Мирза Муҳаммад Ҳайдар “Тарихи Рашидий”да гувоҳлик беришича, хон барча султон ва шаҳзодаларга ҳарбий юришда иштирок этиш ва ғалабага эришмагунча жанг майдонини ташлаб кетмаслик ҳақида фармон чиқарди.

Вазият Тошкентни босиб олиш учун жуда ўнг эди. Чунки айни шу пайтда ўзи боқиб улғатирган шербачча орқасига ўтиб, ҳамлага тайёрланаётганидан бехабар Султон Маҳмудхон Андижонни қўлга киритишга ҳозирлик кўриш билан овора эди. Тошкент хони паноҳига келган жияни Бобур мирзога Султон Аҳмад Танбал босиб олган ерларни қайтариб олиб бераман деб ваъда қилганди. Аслида нияти Андижон ер-сувини ўз қўл остига киритишдан иборат эди. Шунинг учун у Бобурга аскар ажратди. Бобур отамерос тупроқни яна қўлга киритгандан кейин эса хон бу ерларни иниси Султон Аҳмадхонга олиб бераман, деб ўйларди. Оқибатда шундай бўлди. Воқеани бундай терс кетганидан норози беклар, айниқса, оддий халқ хон қўшинига қарши кураш бошлаб уни вилоятдан қувиб чиқарди.

Мана шу тўс-тўполондан усталик билан фойдаланган Шайбонийхон Шоҳруҳия ва Ўратепани қўлга киритди. Шу фурсат Андижон тахтини қўлга киритган Султон Аҳмад Танбал Шайбонийхон ҳузурига оғаси Бек Телбани юбориб, итоат изҳорини қилди ва хон ҳокимиятини қуръон устида тан олганини маълум қилди. Бу хабарни олган Шайбонийхон Танбалга ўз нишонларини юборди, бироқ юраги чидамай ўзи қўшин бошлаб чиқди.

Султон Маҳмудхон – Хоника ўз қавмидан чиққан бу янги даъвогарнинг хатти-ҳаракатидан норози бўлиб, унга хат юборди. Бу мактубда битилган сўзларни Муҳаммад Солиҳ бундоқ баён этади:

Сен келиб олғоли Туркистонни,
Мен аёмадим сендин жонни.

Қалъа олурда сенга ёр ўлдум,
Уруш айларға мададкор бўлдим.

Эмдиким, тушти Самарқанд санго,
Назаринг тушмади бир вақт манго.

Хизматимни унутибсан, гўё
Ўзгача расм тутубсан гўё.

Эмди ҳам бўлса мени унутма,
Ётлиқ расмини ўрту тутма!

Бобур учун ғазаб этмас зоҳир,
Ким анинг иши бўлубтур охир.

Гар анго банда мададкор ўлдум,
Ямон эл сўзи била ёр ўлдум.

Билмадим, билмасима бшлма менинг,
Ки бағоят караминг бор сенинг.

Мени дармонда қилибтур Танбал,
Мени бечора билибтур Танбал.

Сен менинг бирла агар сулҳ этсанг,
Ё Ҳисор устига бориб етсанг,

Мен отини йибориб келтуройин,
Танбал устига етибон туройин.

Жим тут сен бу тарафдин хотир,
Ким хилоф ўлмоғусидур зоҳир..

Шайбонийхон Султон Маҳмудхон мактубини олиб у билан сулҳ тузишга рози бўлди. Бироқ, бу келиши вақтинча эканлигини ҳар икки хон ҳам биларди. Шайбонийхонга сулҳ тузиш Хоразмни қўлга киритиш учун керак эди. Хоразм, Андижон, Ҳисор, қисқаси Мовароуннаҳр қўлга кирса, у ёғи Хуросон, Шому Ироқ…

Хоразмга юборилган қўшинга хоннинг иниси Султон Маҳмуд бошчи бўлди. У ёнига жияни, янги уйланган Убайдуллахонни ҳам қўшиб олди. Султон Маҳмуд хонга: “Сиз бормаганингиз маъқул, ҳали Хусравшоҳ, Термиз атрофида, Балхдаям Шоҳзамон – Султон Ҳусайн мирзонинг ўғли Бадиуззамон этагида юрган Зуннунбек билан Боқи тархон бизга қарши юрайлик деб куч тўплаш билан овора… Сиз шунда қолинғ”, — деди. Шайбонийхон инисининг гапига кўнди. Хоразм ўша йили – 1502 йилда забт этилди. Хоразм қўлга киргач, хон вақтинчалик тузилган сулҳни бузиб, 1503 йилнинг баҳорида Тошкент хони Султон Маҳмудхон қўшинини мағлуб қилди, хон ва иниси Султон Аҳмадхонни асир олди. Тез орада Ҳисор билан Қундуз ҳам ўзбек хони тасарруфига ўтди.

Бу воқеалардан сўнг Бобур мирўо Сўх томонларда бир йилча саргардон умр кечириб, сўнг бир ҳовуч йигитлари билан тоғ ошиб, дарё кечиб Кобил томонларга бош олиб кетди. У манзилни мўлжаллаб бораркан, на уйқусида, на ўнгида ҳаловат топарди. Кеча-ю, кундуз йўл босиб, от устида тебранганча Мир Алишер Навоийнинг бир байтини оғзидан қўймай, қайта-қайта такрорларди:

Мақсуд топилса яхши, йўқса нетайин,
Бошимни олиб қай сори эмди кетайин?..

“Мақсуд топилса яхши, — деб пичирларди унинг толиқишдан оқарган лаблари, — мақсуд топилса яхши…” Алам билан айтилаётган бу сўзлар унинг ичида кучли қийноқ жо эканидан дарак берарди. Дилини ўртаётган фожиага – ватандан “бош олиб кетмоққа” Бобур мирзо руҳан тайёр эди.

Хўш, бош олиб кетиш билан Бобур нимага эришмоқчи эди? “Ғаразим бу эдики, — деб ёзади у бош олиб кетишдан кўзлаган мақсади тўғрисида, — бу баҳона била орадан чиқсам, Мўғулистон ва Турфонга борғонда худ ҳеч моне ва дағдаға қолмас. Ўз жиловим ўзумнинг илигимда бўлур”.

Бироқ, орадан чиқиш ва ўз жилови ўз қўлида бўлиш учун она юртдан айрилиш, очироғи, ундан қочиш Бобур мирзо юрак-бағрини қаттиқ ўртарди.

Келди ул вақтки, бошимни олиб кетгайман,
Олам ичра аёғим етгунча етгайман…

Бобур мирзо бир неча муддат аввал – ҳам Андижон, ҳам Самарқанд илигидан чиқиб, дарбадарликда кечган аҳволини:

Бормоққа не маскан муяссар,
Турмоққа не давлат муқаррар,

деб ифодалаганини эслатиб ўтган эдик. Энди бормоққа маскан муяссар, турмоққа давлат муқаррар бўлишини тилаб йўлга чиққан Бобур мирзонинг лаблари умрбод юрагини ўртагувчи байтларни қайта-қайта пичирларди.

Мақсуд топилса яхши, йўқса нетайин,

Қисқа муддат ичида Шайбонийхон жуда кўп ерларни босиб олди. 1505 йилда бир мунча вақтдан бурун қўлдан чиққан Хоразмни қайта забт этиш учун ҳозирланганини ҳикоя қилган Муҳаммад Солиҳ қўшин сафига кимлар кирганини ва ўзбеклар қўлига қандай шаҳру-вилоятлар ўтганини санагандек бўлади:

Хон чиқиб айлади фармон била жар,
Ким, Бухорода йиғилсун лашкар.

Ким юриб бороли Хоразм сори,
Мулки нур арбадаю разм сори.

Андижонда Жонибек Султондур,
Мўғул ўзи билан саргардондур.

Тошканд ичра Севинчик Султон,
Ўлтурубон юрутодур фармон.

Ясси Суронда Кўчум Султондур,
Қозоқ анинг ишида ҳайрондур.

Шоҳруҳия ичидадур Яъқуб,
Ким эрур қўшчиға ўзи мансуб.

Ҳожи Ғозидур Ўротепа аро,
Ул доғи анда эрур мул аро.

Бор Самарқанд аро Аҳмад Султон,
Эмди оламда будур дориламон.

Ҳамза Султон бу сори топти қарор,
Бўлди дарбаст анго мулки Ҳисор.

Термиз устида қилибон жавлон,
Ўлтурур нақд Саидбобохон.

Қундуз аркида эрур Қамбарбий,
Бўлур ул андо басе сарварбий…

1505 йилнинг қишида бошланган Хоразм қамали, худди Самарқанд қамалидек олти ойга (Бобур мирзо ўн ой деб маълумот беради) чўзилди. Хоразм ҳокими Чин Сўфи мардона жанг қилди. Лекин, Шайбонийхон олтинчи ой бошида етиб келган янги кучлар ёрдамида уни енгишга муяссар бўлди. Хон Хоразмни Кўпакбийга бериб, ўзи Самарқандга қайтди.

Бобоси салтанати асоси бўлмиш ерларни бирин-кетин эгаллаб, зўрайиб бораётган Шайбонийхоннинг ҳаракатлари Хуросон ҳукмдори Султон Ҳусайн Бойқаро кўнглига ғулғула солди. У Шайбонийларга қарши чиқишга аҳд қилди. Султон Ҳусайн Шайбонийхоннинг бобосини ўз кўзи билан кўрган ва у билан суҳбат қурганди. Ўшанда у Ёдгор Муҳаммад Носир мирзо билан Ҳирот тахтини талашиб, бу курашда кўмак олиш учун Абулхайрхон қошига борган эди. Бобоси шуҳратини пеш қилиб борган темурийзодаги хонга руку қилса қабул қилишини айтганларида, унинг жон-пони чиқиб кетди. Бу талабни келиб айтган бийга: “Темур Кўрагон авлоди ҳали ҳеч кимга руку қилмоғон ва қилмағай ҳам”, — деб айтганди ўшанда. Кўчманчилар хонига эгилиб, таъзим қилишдан номус қилган мирзо, бундан кўра ўлганим яхши, ёрдамиям керакмас, деб қайтмоқчи бўлиб турганида туйқусдан хон ҳузурига уни чорладилар. Абулхайрхон буюк жаҳонгир неварасини қуюқ зиёфат қилди. Шаробнинг кети узилмади. Султон Ҳусайн бирор марта ҳам косани қайтармади, кўрдим, демай, сипқараверди. Ёш мирзонинг шунча ичсаям эс-ҳушини йўқотмаганини кўрган ўзбеклар ҳукмдори таажжубланиб, таҳсинлар ўқиди.
Бироқ, зиёфатдан кейин ўзининг суюкли хотини, Улуғбек мирзонинг қизи Робия Султонбегимга бўлган воқеани гапириб берар экан: “Мирзонинг бошиға энг машъум кунларни шу май солғай”, — деди.

Мана энди етмиш ёшга етай деган Ҳусайн мирзога ўша Абулхайрхоннинг набираси билан қилич чопқилаш насиб қиладиган бўлди.

“Бобурнома”дан: “Султон Ҳусайн мирзо Муҳаммад Шайбонийхоннинг дафъиға азм-жазм қилиб, таом ўғлонларини тилатти, мени дағи Сайид Султон Али хоббининг ўғли Сайид Афзални йибориб тилаб эди. Хуросон жонибини азимат қилмоқ бизга неча жиҳатдан тилаб эди. Хуросон жонибининг азимат қилмоқ бизга неча жиҳатдан лозим бўлди. Бир буким, Султон Ҳусайн мирзодек Темурбек ўруниға ўлтурғон улуғ подшоҳ йиғноқ қилиб, атроф ва жавонибдин ўғлонларини ва бекларини тилатиб, Шайбонийхондек ғанимнинг устига озим бўлғонда, эл оёқ била борғонда, биз бош била борғайбиз, эл таёқ била борғонда – биз тош била борғайбиз”.

Гулбаданбегим “Ҳумоюннома”да шундай ёзади: “Султон Ҳусайн мирзодан, биз ўзбекларга қарши жанг қилмоқчимиз, агар сиз (яъни Бобур мирзо) ҳам келсангиз, жуда яхши бўлур эди, деган қатъий хабар келди. Ҳазрат (Бобур мирзо) эса худди шу мазмундаги таклифни худодин тилар эдилар, ниҳоят улар томонга отландилар. Йўлда кетаётганда “Султон Ҳусайн мирзо вафот этди” деган хабар келди”.

Шайбонийхоннинг Балхга қараб йўлга чиққанини эшитиб жангга отланган Ҳусайн Бойқаро тўққиз юз ўн иккинчи йилнинг зилҳижжа ойида – 1506 йилнинг бешинчи майида йўлда қазо қилди. Ўша йилнинг ноябрида Балх тўрт ойлик қамалдан кейин Шайбонийхон қўлига ўтди.

Гулбаданбегим ёзади: “…Султон Ҳусайн мирзо саксон йил давомида (Гулбаданбегим хатога йўл қўйган. Султон Ҳусайн Бойқаро Ҳирот тахтини 1469 йилда эгаллаб, 1506 йилда вафот қилганини ҳисобга олсак, у Хуросонни 37 йил давомида бошқарган – Х.Д.) Хуросонни обод ва маъмур қилган эдилар, аммо мирзолар (Султон Ҳусайн мирзонинг ўғиллари) оталарининг ўрнини олти ой ҳам сақлаб тура олмадилар”.

Бутун Ҳирот аҳли номаълум бир шоир томонидан битилган шеърни ҳуфя айтиб юришарди:

Султон Ҳусайн шоҳи, к-аз улувви қадр,
Будаш фарози гунбази феруза боргоҳ.

Рафту намонд фалак салтанат аз ў,
Монанди меҳру моҳ ду шоҳи жаҳонпаноҳ.

Лекин ба ҳар ду нисбати шоҳи буд гунонак,
Ба як ду чўб пора зи шатранж номи шоҳ.

Мазмуни: Султон Ҳусайн шоҳи жаҳон эди, қадри баландлигидан тахти кўк гумбазидек баланд эди. У кетиб, фалак узра унинг салтанати йўқолди. Бу икки шоҳ қуёшу-ойдек эди. Лекин уларнинг шоҳлиги шатранжнинг ики чўпдан бўлган шоҳлари нисбатича эди.

Аслида, Султон Али мирзо онасининг нодонлиги туфайли Самарқандни қўлдан бериб қўйганидек, Хуросон салтанатининг жуда тез инқирозга юз тутишини ҳам тезлаштирган орага хотин кишининг аралашуви бўлди.

Султон Ҳусайн ўзининг тўнғич ўғли Бадиуззамонни валиаҳдликка белгилаган эди. Бироқ, унинг қазосидан сўнг Ҳирот саройида нуфузли ўрин тутган Хадича бегим – ўлган мирзонинг беваси ҳийлаю-найранглар ясаб, ўз ўғли Музаффар мирзониям тахтга ўтқазди. Оқибатда, “Бадиуззамон мирзо билан Музаффар Ҳусайн мирзони Ҳирий тахтида баширкат подшоҳ қилдилар”. Бобур мирзо бу ҳақда афсус билан ёзади. “Бу ғариб амре эди, ҳаргиз подшоҳликка ширкат эшитилган эмас. Шайх Саъдий сўзининг мазмунининг хилофи воқе бўлди. Нечукким, “Гулистон”да келтурубтур. “Даҳ дарвеш дар гиламе биҳусбанд ва ду подшоҳ дар иқлиме нагунжанд” (Ўн дарвиш бир гиламга сиғиб ётарлар, икки подшоҳ бир иқлимга сиғмайди).

Шундай қилиб, ўз сўзини ўтказишга ўрганиб қолган малика ғавғоси туфайли тарихда бўлмаган иш – бир тахтда икки ҳукмдор ўтириб қолди. Ҳолбуки, машойихлар: “Бир ишга икки бошлиқ бўлиши ўша ишнинг бошлиқсиз қолишидан зарарлироқдир”, — деб айтганлар.

Тўққиз юз ўн учинчи йил муҳаррам ойининг бошларида Шоҳ Бадиуззамон билан Музаффар Ҳусайн мирзо Чилдухтарон яйловида мажлис қуриб, базми-жамшид қилиб турганларида “Шайбоқхон Насаф (Қарши) томондан илғор қилиб етиб, Амудан кечиб ўтибди эмиш. Салтанат сарҳадида ўн минг навкар билан қоровуллик қилаётган саркарда Амир Зуннун арғун шерик подшоҳлар ўтирган манзилдан бир фарсах масофада Шайбонийхон қўшини йўлини тўсиб чиққан эмиш, деган хабар келди. Ҳар икки подшоҳ пинакларини бузишмади. Улар ўз кучларига ва Амир Зуннунга қаттиқ ишонардилар.

Амир Зуннун арғун марҳум подшоҳнинг ботир лашкарбошиларидан бири эди. У ҳамиша жангга биринчи бўлиб кирар, энг охирги бўлиб тарк этарди. Душманлар унинг қиличи шиддатига дош беришолмасди. Ҳали бирор жангда унга зиён етмагани тилларда достон эди. Амир Зуннуннинг ўзи буни Оллоҳнинг кароматидан деб билар, “менда бир руҳий қувват яшириндурким, на тир, на шамшир танамга таъсир қилолғай”, деб фахрланарди.

“Бобурнома”дан: “Зуннун арғун агарчи мардона киши эрди, вале хасис ва молдўст ва раъй ва ҳисобдин йироқроқ ва ковокракват телбарак киши эди… Бадиуззамон мирзо қошида бу соҳиби ихтиёр эди, нечукким мазкур бўлди, молдўстлиғи жиҳатидан Муҳаммад Бурундуқнинг шаҳрда турмоғига рози бўлмади, ўзи шаҳрда турар хаёл қилди, ани мундин яхшироқ далил бўлурмиким, зарроқ ва таммоъ элнинг ёлғон ва хушомадин қабул қилиб, ўзини фазиҳат ва расво қилди.

Тафсили булурким, Ҳирийда мундоқким ихтиёр ва эътибор бўлди, бир неча шайх ва мулло келиб анга дерларким, Қутб бизнинг била ихтилот қиладур, санга “Ҳизарбруллоҳ” лақаб бўлди, сен ўзбакни олғунгдур. Бу сўзга инониб, бўйниға фўта солиб, шукрлар қилибтур. Ушбу жиҳатлардин Муҳаммад Бурундуқнинг маъқул раъйи била амал қилмай, не қўрғон ишини мазбут қилибтур, не уруш яроғини марбут, не қоровул, не чиғдовулким ёғий келуридин огоҳ қилҳай, не ясолда тартиб ва насақким ёғий келса уруш хотирхоҳ қилғай.

Шайбоқхон муҳаррам ойида Мурғобдин ўтуб, Серкой навоҳисиға ёвуқ етганда хабардор бўлурлар, саросима бўлуб, ҳеч иш қила олмаслар, не элни йиға олурлар, не ясолни қила олурлар, тушлук-тушидин юруй берурлар. Зуннун арғун ушбу хушомадга ғарра бўлуб, қирқ-эллик минг ўзбакнинг ўтрусида юз-юз элликча кишиси била Қароработта турар”.

Шу ерда шуни айтиб ўтиш лозимки, шайбонийлар билан хуросонликлар ўртасида содир бўлган бу жанг майдони турлича. Бобур мирзо Қораработда, Хондамир Марол деган жой билан Мир Алишер Навоий қурдирган работ оралиғида, Восифий эса Ҳусайн Бойқаронинг ёзлик манзили бўлган Чилдухтарондан бир фарсаҳ узоқликдаги Тарноб деган ерда деб кўрсатади.

“Манга на тир, на шамшир таъсир қилолғай”, деб фахрланиб юрган Амир Зуннун арғун учун Шайбонийхон қўшини билан тўқнашув сўнгги жанг бўлди. Шайбонийхон лашкари, сел худди хашакни суриб ташлагандек, Амир Зуннун билан Низомиддин Шайхали тоғойи бошлиқ Хуросон навкарларини пайҳон қилиб ташлади. Амирни тутиб, танасини тилка-пора қилиб, бошини найзага илиб, мирзолар манзили томонга илдам от суришди. Бадиуззамон билан Музаффар мирзо бу нохуш хабарни эшитгач, маст-аласт кўйи ўз лашкарлари ортидан қочишга тушдилар.

Икки-уч маст амирлар қиличларини яланғочлаб, “Ўзбек Шайбоқхонни подшоҳларимиз устига келишга ҳадди сиғарми?” – деб шовқин кўтариб туришганда, боғ девори ортидан гурсиллаб, ер титратиб ўтаётган отларнинг туёғидан ер зилзила пайтидагидек, зириллаб кетганда, бадмас амирларнинг дами ичига тушиб, хуфя девор ошиб, қуён бўлдилар. Бу воқеа тўққиз юз ўн учинчи (1507 йилнинг 20 майи) йил муҳаррам ойининг еттисида содир бўлди. Шу қочишда Бадиуззамон Ҳиротга кирмай, Қондарҳорга қараб кетди. Музаффар Ҳусайн эса тонг пайти шаҳарга етиб, Шайхулислом Сайфиддин Аҳмад Тафтазонийнинг боғига қўнди. Ўша заҳоти у ўз ҳузурига қози Ихтиёриддин бошлиқ шаҳар казо-казоларини чорлаб, шаҳар мудофаасини ташкил қилишда кўмак сўради. Аммо чақирилганлар бунга кўнмагандан сўнг бадбахт шаҳзода Астрободга қараб қочди.

Шайбонийхон бошчилигида эллик минг кишилик қўшин тез орада Ҳирот яқинига етди. Ўлган подшоҳнинг беваси, фитнакор малика Хадичабегим Ҳиротнинг барча аъёнлари ва кабирларини шаҳар боғига йиғиб, уларга шундай мурожаат қилди:

— Султон Ҳусайн мирзо давлати соясида сиз кўп неъматлар, бисёр яхшиликлар кўрдингиз. Марҳаматли подшоҳ сизга чунон навозишлар қилдики, ҳеч бир подшоҳ ўз аъёнларига бундайин каромат қилмаган. Энди унинг фарзандлари бошига қаттиқ кун тушди. Уларнинг тахтига душманлар таҳдид қилмоқда. Энди сизлардан шу нарса муносибдирким, ҳақиқат йўлига юз тутсангиз ва меросий ҳуқуқини уларга манзур қилсангиз. Бу шаҳарни муҳофизат этинг, токим Ҳирот фуқаросини Самарқанд ва Мовароуннаҳр мардумларига нисбатан қилган муомалалари ила машҳур бўлмиш Шайбонийхон навкарларига топшириб қўйманглар!

Шунда Шайхулислом Сайфуддин Аҳмад Тафтазоний (Восифийнинг “Бадоеъ-ул-воқоеъ” асарининг ўзбекча нашрида таржимон томонидан бир қатор хатоларга йўл қўйилган. Шу жумладан Шайхулислом Сайфиддин Аҳмад Тафтазоний билан амир Мирмуҳаммад Юсуф номи чалкаштирилган. Бунинг оқибатида таржима матнида “Шайхулислом Мирмуҳаммад Юсуф” деган хатолик ўтиб кетганди – Х.Д.), қози Ихтиёриддин ва бошқа казо-казолар Хадичабегимга шундай дедилар:

— Агар шаҳзодалардан бир нарсани умид қилган пайтимизда сизнинг бу сўзингизга амал қилсак дуруст бўларди. Ўзингиз биласизки, шаҳзода Бадиуззамон ва фарзандингиз Музаффар Ҳусайн мирзо оталари вафотидан сўнг қай тарзда подшоҳлик қилдилар. Улардан халқнинг ҳеч бир хайрли умиди йўқдур. Қолаверса, улар ёвдан қаттиқ шикаст топиб, бизни ташлаб қочдилар. Қолаверса, қайтиб келишга ҳадлари сиғармикан? Салтанат тиргаки бўлмиш саркардаларнинг кўпи ўлдирилган, қолгани қочиб кетган.

Шайбонийхон ўта ғайир подшоҳ. Агар Ҳиротни мудофаа этск, кўчманчилар ғолиб чиққудек бўлса, шаҳар ғорат, шаҳар аҳли қатли ом бўлиши тайин. Хўп, сизнинг шаҳарни ҳимоя қилинг деб айтган гапингизга кўниб иш тутдик дейлик. Нари борса, ў кун ёки бир ой шаҳарни қўлда тутармиз. Кейин охир-оқибат биз айтгандек бўлиши маълум-ку. Шунинг учун ҳам бунинг фойдаси бормикан?

Хадичабегим узоқ ўйга ботиб турди ва шахд билан ўрнидан туриб, “Рост сўйладингиз!” – деди. Сўнг тўпланганлардан ризолигини айтиб, барчага рухсат берди. Ҳирот пешволари Шайхулислом мадрасасида тўпланиб, шаҳар калитларини хонга юбориш лозим, деган қарорга келдилар. Улар шундай деб турганларида тўсатдан  Султон Ҳусайн Бойқаро ўғилларидан Абулмуҳсин мирзо (Бир мунча вақт аввал Қоракўлни шу мирзо олганди) эллик минг навкар билан Машҳаддан етиб келибди, деган хабар етди. Уларнинг кўнгилларида ялт этиб ёнган чироқ, дам ўтмай сўнди: хабар ёлғон чиқди. Шундан кейин тонг отиши билан шаҳар калитларини расм-русумга амал қилиб, туҳфалар билан хон ҳузурига олиб чиқамиз, деган гапни бир жойга қўйиб тарқалдилар.

Шайбонийхон шаҳар яқинида турар экан, Музаффар мирзонинг ҳусну-жамоли Мовароуннаҳргача машҳур бўлмиш хотинига атаб бир ғазал ёзиб юборди. Бу хотиннинг онаси Султон Ҳусайн мирзонинг синглиси эди. Султон Ҳусайн мирзо эса Абусаид мирзо билан Ҳирот тахтини талашиб юрган чоғларида ўз синглисини Аҳмадхон исмли ўзбек хонига узатган эди. Улар никоҳидан бир қиз туғилиб, исми Хонзодахоним эди. Аҳмадхон вафотидан сўнг Султон Ҳусайн мирзонинг синглиси Ҳиротга қайтиб, қизини акасининг ўғли Музаффар Ҳусайнга узатган эди.

Ғазал қўшилган мактуб Хонзодахонимга бориб етгач, у Хадичабегим бошлиқ аёллар бола-чақалари билан Ихтиёриддин қалъасига яширинмоқ ниятида йўлга отлаганларида, улар билан кетмай шаҳарда қолди. Хотинларнинг дилини овлашга устаси фаранг Муҳаммад Шайбонийхон битган ғазал ўз кучини кўрсатди – Хонзодабегим уни ўқиши билан турганда ҳам, ётганда ҳам ўй-хаёлини ўзбек хони банд қилиб қўйди. Ҳирот гўзали ўзининг шаръий эрини жангда қочирган хон қучоғига етмоқ учун ҳамма нарсага тайёр эди. Аммо у ёзуғида нималар борлигини – бошида бир неча кунлик саодат битилганини, Шайбонийхон никоҳига ўтгандан сўнг ширин кечган тунларнинг бирида хон билан тўшакда ётганида бир уят қилиғи учун ишрат даргоҳидан қувилишини билмасди.

Хондамир ҳам ўзининг машҳур “Хабиб-ус-сияр” асарида қуйидагиларни бизга маълум қилади: сана тўққиз юз ўн учинчи йил муҳаррам ойининг саккизинчи кунида Ҳирот аъёнлари Шайхулислом мадрасасида тўпланиб, шаҳарни топширишга қарор қилдилар. Улар Хондамирдан Шайбонийхон номига мактуб битиб, унда шаҳарни топшириш ҳақидаги истакларини баён қилишни сўрадилар.

Ҳиротлик мутаҳасиблардан бири бўлмиш Мулла Усмон мактуб билан шаҳар дарвозасидан чиқди. Шаҳар атрофидаги чорбоғу-қўрғонларни талаб юрган ўзбек жангчилари элчини ушлаб, бор-йўғини тортиб олдилар. Шунга қарамй, Мулла Усмон ҳиротликлар мактубини Шайбонийхонга топширишга муваффақ бўлди. Мактуб мазмуни билан танишган хон ўша куниёқ шаҳарга яқин манзилга кўчиб ўтди.

Ўша куни қизиқ воқеа юз берди. Шаҳардаги чорбоғларда бекиниб юрган Ҳирот қўшинининг қолган-қутган қисми бир кун олдин тарқалган “Муҳаммад Муҳсин ва Кепак мирзо қўшини келаётганмиш” деган миш-мишдан фойдаланиб, ўзларини шу ёрдамга келган қўшин сифатида кўрсатиб, яъни жанговар сафга тизилиб, Ҳиротни ўраб олган ўзбеклар қўшини орасидан ўтиб кетишга уриндилар. Аммо бу ҳийла ўзбеклардан кўра, қамалда қолган ҳиротликларга кўпроқ панд берди. “Муҳаммад Муҳсин ва Кепак мирзо қўшини”ни кўрган ҳиротликлар ғайрати жўшиб, шаҳардан чиқиб, талончилик қилиб юрган ва дам олаётган ўзбеклар билан жанг бошладилар. Тез орада алданганлари маълум бўлиб қолгач, улар шаҳарга қайтиб кириб бекиндилар ва қилмишларини Шайбонийхон жазосиз қолдирмаслигини тушуниб, ғаму-ҳасрат ичида қолдилар.

Эртаси куни – муҳаррам ойининг тўққизинчи кунида шаҳарга Шайбонийхон элчиси – шоир Камолиддин Биноийнинг туғишган биродари кириб келди. Унинг қўлида Шайбонийхон номаси бор эди. Номада Шайбонийхон шайхулислом Сайфиддин Аҳмад Тафтазоний билан козикалон Ихтиёриддин Ҳасанга таҳдид қилиб, тезда шаҳардан чиқиб, дарвозалар калитларини топширишларини талаб қилган эди.

Тонголаси шайхулислом бошлиқ Ҳирот аъёнлари шаҳар калитларини хон ҳузурига олиб чиққанларида, хон калитларга қайрилиб ҳам қарамади. Гапни чўзиб ўтирмай, энг аввал қочоқ Музаффар Ҳусайн мирзонинг хотинини никоҳга олиш нияти борлигини айтди. Эри тирик хотинни никоҳлаб олиш шариатга маъқул келмаса-да, хон найранг ишлатиб, Хонзодабегимнинг ёлғон даъвоси, шайхислом билан қози-калоннинг кўмаги ёрдамида ўз ниятига эришди. Самарқандда бўлганидек, Шайбонийхон Ҳиротгаям янги хотин тўйидан чиқиб кирди. Сана тўққиз юз ўн учинчи йил муҳаррам ойининг ўн саккизинчи куни (1507 йил май ойининг охири) Шайбонийхон номига хутба ўқилди. Самарқандда бўлганидек, Жонвафобий Ҳирот доруғаси қилиб тайинланди. Шайбонийхон кўҳна китобларда жаҳонгир Искандар Мақдуний тиклаган шаҳарлар деб тан олинган икки қадимий шаҳар – Самарқанд билан Ҳиротни қўлга киритганидан ўзини Искандари замон деб билгудай фахрланарди.

Айни шу кунларда хон хизматида юрган Муҳаммад Солиҳ бир рубоий ёзди. Бу рубоий Шайбонийхонга мойдек ёқди. Ҳар гал рубоийни баланд овоз билан ўқир экан, сўнгида мириқиб, хихилаб куларди. Сўнг завқ билан қироат қиларди:

Мискин чиғатойки, кундузи тундир онға,
Аҳволи паришону, қаро кундур онға,
Мағрур бўлуб, ер юзига сиғмас эди,
Сичқон тўшуги эмди минг олтиндур онға.

Рубоий оғиздан-оғизга ўтиб, Бобур мирзо етди. У душмани паноҳида юрган Муҳаммад Солиҳдан қанчалик нафратланмасин, рубоийни эшитгач: “Рост айтибтур!” – деб тан берди.

Бадиуззамон Эронга – сафавийлар паноҳига қочди. Унинг қочиши темурийлар сулоласининг Мовароуннаҳр ва Хуросонда тарих саҳнасида тушиши бўлди. Бир пайтлар Шайбонийхон бобоси – Абулхайрхонга руку қилишни ор деб билган Султон Ҳусайн Бойқаронинг хотину-болаларигина эмас, бутун давлати ўша даштлик ўзбек чолнинг невараси олдида чилпарчин ётарди.

Икки йилча ичида (1507-1508) Шайбонийхон Жом, Марв, Машҳад, Сабзавор, Гўргон ва Дамғонни қўлга киритди. Хон янги забт этилган ерларни ўз фарзандлари, биродарлари ва султонларига бўлиб берди. Герман Вамберининг ёзишича, Ҳирот – Жонвафобийга, Марв – Қўбиз Найманга, Балх – хоразмлик Султоншоҳга, Ҳисор атрофи билан баробар Маҳди Султон ва Ҳамза Султонларга, Қундуз – Аҳмад Султонга, Тошкент – Суюнчхўжахонга, Ахси – Жонибек Султонга, Андижон – Маҳмуд Султонга, Хоразм – Қўшчи Кўпакбийга, Туркистон – Кўчкунчихонга берилди. Бухоро ва Қоракўл ноиблиги Шайбонийнинг укаси Султон Маҳмудга, у вафот қилса, тўнғич ўғли ва тахтнинг вориси бўлгувчи Муҳаммад Темур Султонга тақдим этилди. Бутун мамлакатнинг жавоҳири Самарқанд билан Кеш ва Миёнкол, Аёлти билан бирликда ушбу Муҳаммад Темурнинг салтанатига берилди. Шу жумладан, Бобур мирзонинг эгачиси Хонзодабегимдан туғилган мурғак ўғли Хуррам Султонга тақдим қилинди.

Герман Вамбери ёзади: “Чингиз билан Темурга тақлидан Шайбоний ўзига олий бош қўмондонлик мансабини олди. Илгари чўлларда сарсон бўлган бу одам қурол кучи билан бир неча ўлкаларнинг ҳукмдори даражасига етди. Жаҳонгирлик йўлида қурол кучи билан у янада илгари босишга ўзида қувват борлигини ҳис этмоқда эди. Эҳтимолки, яқин замонда у каби шуҳрапараст, у сингари ғайратли қаҳрамон ҳамда мамлакатнинг чегарасини ғарбга кенгайтириш учун бор кучи билан ғайрат этувчи, Шайбонийдек мамлакатнинг ҳудудини шарққа томон кенгайтиришга интилувчи бошқа бир зот уруш майдонига чиқмаса, ким билади дейсиз. Шайбоний Темур каби янги бир ғаройиб хилқат сифатида кўринар эдими?”

Бироқ, Мовароуннаҳр билан Хуросон мулкининг янги эгаси бўлмиш Муҳаммад Шайбонийхоннинг ҳар бир ҳаракатини зийраклик билан кузатиб турган шахс аллақачонлар тарих саҳнасида мавжуд эди. Бу шахс жуда ёшлигидаёқ Ширвоншоҳ тахтини, кейин эса Эрон тахтини қўлга киритишга муваффақ бўлган Шоҳ Исмоил эди. У тузган қудратли салтанат тарихда Сафавийлар давлати номи билан муҳрланиб қолган. Бу давлат атамаси Шоҳ Исмоилнинг улуғ бобоси бўлмиш ва Шайх Сафи номи билан машҳур бўлган Шайх Сафиуддин Исҳоқ Ардабилининг (1252-1335) оти билан боғлиқдир. Ўрта асрларда яшаб ўтган озарбайжон шоири Ориф Ардабили Шайх Сафига “дин ва миллат ҳомийси” деб таъриф беради. Шоҳ Исмоил тарихда худди Бобур мирзо, Шайбонийхон каби шоир сифатидаям ном қолдирган, тахаллуси Хатоийдир. Биз бу уч буюк саркарданинг ҳар бири алоҳида олганда буюк шоир эканликлари ва уларнинг умр йўллари бир-бири ила, чопқилаш пайтидаги қиличлардек тўқнашгани ҳақида, уч даҳони гоҳ жанггоҳ, гоҳ ғазал устида тўқнаштирган чархи фалакнинг сири ҳақида бошқа бир қиссамизда ҳикоя қилиш истагимиз бор. Уларнинг умр йўли аслида тақдирнинг ўйини бўлгани, бизлар англамаган қандайдир бағоят мукаммал ва аниқ бир қонуниятлар асосида кечгани ҳар бир тарих ишқибози дилини ғалати ҳисларга кўмади.

Шоҳ Исмоил 1487 йилда Ардабил шаҳрида илдизи жуда узоқ мозийга бориб туташган нуфузли туркий оилада дунёга келди. Унинг бобоси Султон Жунайда, отаси Султон Ҳайдар нуфузли ҳукмдорлар, онаси Оламшоҳ бегим эса оққуюнлилар ҳукмдори Узун Ҳасаннинг қизи эди.

Бир пайтлар бобоси тасарруфида бўлган ерларни бирин-кетин эгаллаб, кучайиб бораётган Шайбонийхондан чўчиган Султон Ҳусайн Бойқаро ўша пайтларда Шоҳ Исмоил қошига ўз элчиларини юбориб, дўстлик алоқаларини ўрнатгани маълум. Буюк жаҳонгирнинг авлодлари билан дўст тутуниш Шоҳ Исмоил учун мақбул эди. Бу пайтда у жуда кучли давлат тузиб, бу давлатнинг бир сарҳади Ҳусайн Бойқаро ерлари билан, бир сарҳадли усмонли турклар давлати билан туташ эди.

Шайбонийхоннинг Мовароуннаҳру-Хуросонни қўлга киритиши Шоҳ Исмоил учун навбатдаги уруш улар ўртасида бўлажагини билдирарди. Кейинги воқеалар шоҳ тахминини исботлади.

Шоҳ Исмоил давлатида ҳар бир масжидда шиа имомларининг номи хутбага қўшиб ўқитилиши қонун кучига кирган эди. Шайбонийхон эса сунний мазҳаб тарафдори сифатида бундай шаккокликка тезроқ барҳам берилишини, акс ҳолда уруш бошлаяжагини айтиб, Шоҳ Исмоилга таҳдидли мактублар жўната бошлайди. Шайбонийхон ўз мактубларида сафавийлар ҳукмдорига ўзига тобе султонларга мурожаат қилганидек, беписанд тарзда ундан Маккага бориб тавба қилиб қайтишни, ўз номини хутбага қўшдириб ўқитишни, ўзига лойиқ совғалар ҳозирлаб, ҳузурига бош эгиб келишни талаб қилиб иддаоли кўрсатмалар берарди.

Герман Вамбери бу воқеалар хусусида сўз юритиб, ўша мактублардан бирининг мазмуни билан бизни таништиради. “…У (Шайбонийхон) қаҳрамон сўфига (Шоҳ Исмоилга) қарши жангни муқаддас дин руҳи билан жонлантириб, янада қаттиқроқ ҳаяжон ҳосил қилиш учун авлодининг бир воизи сифатида юзланди ва 914 (1508) санада уларга ушбу мазмунда мактуб ёзди: “Эй, Эрон ҳукмдори! Менга етмиш маълумотга қараганда, сен залолат йўлига эргашиб, шайтон иғвосига берилиб, шиа мазҳабини тарқатмоқда экансан. Сенга танбеҳ бериб айтаманки, бу ғайри шаръий мазҳабдан воз кечиб, аҳли суннат жамоасига қайтгил. Йўқса, ёққан исённинг олови ўзингни куйдирар. Сен хато йўлдасан. Шайтон касофатидан абадий қутулиш учун бу залолатингдан воз кечиб, ҳақ йўлига қайт. Агар менинг бу сўзларим сенинг тарафингдан эътиборга олинмаса, балки ҳисобсиз кўп лашкарим билан Ироққа кирарман ва ўткир қиличимни қўлимга олиб, сенинг Исфаҳон саройингни ҳарни қадар, унинг гумбазли бурчлари ғоят юксак бўлсалар-да, ер билан яксон этарман. Менинг жазом Ироқ аҳли учун қиёматгача унутилмас даражада шиддатли бўлур”.

Шоҳ Исмоил бу мактубни жавобсиз қолдирган шекилли, Шайбоний буни унинг заифлигига йўйиб, қўл остидаги кенг мамлакатни янада кенгайтириш пайига тушди. Хуросоннинг жанубидаги шафқатсиз ўзбек ўрдуси Қандаҳорнинг нариги тарафига кечиб ўтди. Шу тариқа Кирмон устига ҳужумга ҳозирлик кўрилаётганида Шоҳ Исмоил ҳужумни тўхтатиш қасди билан Шайбонийга вакил жўнатди. Шайбоний яна дўқ-пўписа билан жавоб берди. Сўфига кашкул ва ҳасса юбориб, қуйидаги мактубни ёзди: “Бу ҳадяларни қабул эт, улар сенинг отангдан қолган мерос аломатларидир. Аммо менга келганда, мен ўзимнинг улуғ машҳур бобом Чингиздан мерос қилич билан ҳокимият олдим. Агар сен ўзингнинг тиланчилик унвонингдан рози бўлмасанг, ўз муомалангдан, ўзингдан ўпкала”.

“Абдулланома” муаллифи Ҳафиз Таниш Бухорий ҳам буларни тасдиқлаб ёзади: “Шоҳ Исмоил Хуросон вилоятида туғини мансаб ва ҳокимият тепасига тиккан эди. Мардуди равофиз (диндан чиққан шиалар маъносида) фирқаннг ҳеч вақт шон-шавкатли подшоҳи бўлмаган эди. Шайбонийхон ҳар доим (Шоҳ Исмоилга) элчи юборар эди. “Ё ота-боболарингнинг йўли бўлган аҳли суннат ва жамоат шевасини қабул қил, ёки урушга шайланиб, уруш ва жанг қилиб гумроҳлик йўлини илгари сур”. Ҳар икки томон бир-бирига хат ва элчи юборишни бир неча бор такрорлагач, Шоҳ Исмоил Шайбонийхон устига юрди.

Суннийлар билан шиалар ўртасидаги муросасиз кураш биз сўйлаётган воқеалардан сал кам тўққиз аср бурун бошланган эди. Кураш пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг қазоларидан сўнг (632 йилнинг 8 июнь куни) у киши тузган жамоани ким бошқаради, ким халифа бўлади, деган тортишувдан бошланган эди.

Бир гуруҳ пайғамбар уруғи бўлмиш қурайш қабиласига мансуб кишиларгина халифа бўлиши мумкин, деса, бошқа бир гуруҳ эса фақат пайғамбар оиласига мансуб кишилардангина халифа сайланмоғини талаб қилиб чиқдилар. Иккинчи гуруҳга мансуб кишилар пайғамбарнинг амакиваччаси ва куёви – қизи Фотиманинг эри Алига тарафдор бўлсалар, биринчи гуруҳ Алининг ёш эканлигини пеш қилиб, суннат, яъни қабила удумига биноан қурайш қабиласига мансуб ёши улуғ кишигина мусулмонлар жамоасига бош бўлмоғи лозим, деб пайғамбарнинг содиқ сафдоши, кекса Абубакрни халифаликка муносиб кўрардилар. Абубакр тарафдорлари “Пайғамбарнинг ўзи ўлими олдидан, яъни оғир хасталаниб, мачитга чиқолмай қолган пайтларида ўз ўрнига – имомликка Абубакрни тайинлаган”ларини айтиб, бу эса уларпга Оллоҳнинг ишораси бўлганини таъкидлардилар. Ижмоъда (қабиланинг умумий мажлисида) сунна тарафдорлари ғолиб чиқдилар. Халифаликка пайғамбарнинг қанотаси – унинг суюкли хотини Ойшанинг отаси Абубакр сайланди.

Абубакр эса ўлими олдидан ўз ўрнига пайғамбарнинг бошқа бир қайнотаси – Умарни сайлашларини тайинлади. Умар тез орада эроний қул томонидан пичоқлаб ўлдирилди. Шундан сўнг ижмоъ Муҳаммад пайғамбарнинг икки куёвидан бирини – ё Усмонни, ёки Алини сайлаши кераклиги олдида қолди. Охир-оқибатда Усмон сайланди. Айнан ман шу сайлов кунидан бошлаб ислом жамоаси иккига бўлина бошлади.

656 йилда халифа Усмонга қарши исён кўтарилди ва ўша йилнинг ёзида кексайиб қолган халифа қуръон мутолаа қилиб турган пайтида қилич билан чопиб ташланди. Ўлдирилган халифа қони қуръон саҳифаларига сачради. (Бу қуръон тарихини “Бибихоним қиссаси” номли эсседа ҳикоя қилдик). Ўша куниёқ Али халифа деб эълон қилинди.

Халифа Усмон ўлдирилишидан бир оз олдин Мадинадан Маккага кетиб қолган Ойша ўз атрофига Алига қарши куч тўплади. Улар Алини “Усмон қотили” деб айблай бошладилар. 656 йилнинг қишида бу икки гуруҳ ўртасида қақшатгич жанг бўлиб ўтди. Ойша бошлиқ гуруҳ мағлубиятга учради, Ойшани қўллаган жуда кўп нуфузли кишилар мана шу жангда нобуд бўлдилар. Ғолиб чиққан Али пойтахтни Мадинадан ўз тарафдорлари кўп бўлган Куфа шаҳрига кўчирди. Аммо халифа Умар томонидан Шом вилоятининг ҳокими қилиб тайинланган ва қурайш қабиласига мансуб уммавийлар хонадонининг вакили Муовия ибн Абу Сўфён янги халифага бўйсунишдан бош тортиб, Алига Ойша қўйган айбни ҳужжат қилди ва Дамашқда ўзини халифа деб эълон қилди.

658 йили улар ўртасида уруш ҳаракатлари бошланди. Фурот дарёсининг ўнг соҳилида жойлашган воҳаларнинг бирида уч ой давом этган жанг натижасиз тугади. Али билан Муовия сулҳ туздилар. Сулҳ тузилишидан норози бўлган хорижийлар Алига суиқасд уюштириб, уни ўлдирдилар. Бу 661 йили юз берди. Муовия ягона ҳукмрон бўлиб қолди.

Аммо кураш тўхтамади. Али тарафдорлари унинг Биби Фотиадан туғилган катта ўғли Ҳасанни Куфада халифа деб эълон қилдилар. Аммо Ҳасан ҳам отаси йўлини тутиб, Муовия билан музокара бошлади. У катта бойлик эвазига ҳокимиятдан воз кечиб, Мадинага кўчиб кетди ва у ерда баъзи манбаларга кўра, хасталаниб, бошқа манбаларга кўра эса заҳарланиб вафот этди.

Шундан кейин куфаликлар Алининг Фотимадан туғилган кичик ўғли Ҳусайнни 669 йили халифа деб эхлон қилишга аҳдландилар. 680 йили халифа Муовия вафот қилди ва унинг ўғли Язид халифаликка кўтарилди. Бундан норози Куфа шиалари Ҳусайнни ўзларининг имоми деб тан олиб, уни Куфага чақирдилар. Куфаликлар юборган мактубда Ҳусайндан Язидга қарши ҳаракатга раҳбарлик қилишни сўраганлар. Ҳусайн бу таклифга рози бўлди ва Куфага ўз одами – Муслимни жўнатди.

Бу гапдан хабар топган халифа Язид тезда ўз ҳузурига уммавийлар хонадонига мансуб Басра ҳокими Убайдуллоҳ ибн Зиёдни чорлаб, унга Куфадаги исённи бостиришни буюрди. Убайдуллоҳ уст-бошини ўзгартириб, ўзини имом Ҳусайн деб кўрсатиб, Куфа шаҳрига кириб олди ва шаҳардаги халифага содиқ кучларни ўз қўл остига бирлаштирди. Тез кунда Ҳусайн юборган Муслим унинг буйруғи билан ўлдирилди.

Бу орада Муслим томонидан Маккага жўнатилган чопар Ҳусайнга Куфада ҳамма уни интизорлик билан кутаётганлиги ҳақидаги хабарни етказди. Муслимнинг фожиали ўлимидан ва Убайдуллоҳнинг Куфададалигидан бехабар Ҳусайн ўзига яқин икки юз киши билан Маккани тарқ этди. Шаҳардан чиқмасдан туриб у Куфа томонлардан келган шоир ибн Фараздакни учратиб, ундан бораётган манзилидаги аҳволни суриштирди. Фараздак унга: “Уларнинг диллари сенинг, қиличлари уммавийларнинг, қолгани Оллоҳнинг қўлида”, деб жавоб беради. Ҳусайн бу сўзлар маъноси устида бош қотирмай йўлида давом этди.

Убайдуллоҳ Ҳусайн келаётганидан хабар топиб, йўлларга пистирмалар қўйиб чиқди. Ҳусайн дуч келган биринчи пистирма раҳбари Хурр деган одам пайғамбарнинг неварасига ҳужум қилишдан қўрқиб, уни йўлдан қайтаришга уринди. Бунга жавобан Ҳусайн куфаликлар жўнатган мактубларни Хуррга кўрсатди. Худди ўша пайтда Ҳусайнга Муслим ўлими ва куфаликларнинг ночор аҳволи ҳақидаги хабарни етказдилар. Ҳусайн ўзига эргашган одамларга қарата: “Биродарим Муслим қони учун ўч олмай қайтиш гуноҳ. Ё унинг қотилларини енгаман, ё у каби мен ҳам қурбон бўламан”, деб онт ичади.

Аммо у Куфага бориш хатарли эканини англаб, Фурот дарёси томонга қараб йўл олади. Карбало даштидан ўтаётганда уни Умар ибн Саъда бошлиқ тўрт минг кишилик қўшин қуршаб олади. Умар ибн Саъда энг аввало Ҳусайн қароргоҳидан ўтадиган ариқни тўсади. Орада музокара бошланади. Умар пайғамбарнинг невараси олдига Убайдуллоҳ шартларини кўндаланг қўяди: Ҳусайн ё Маккага қайтиши, ё Дамашққа бориб халифа Язидга содиқлигини бўйнига олиши, ё исломни қабул қилмаган қўшни давлатларнинг бирига ҳужум қилиб уруш бошлаши талаб қилинади.

Музокара олиб борилаётган пайтда Куфадан Шимри ибн Зул-Жавшан деган киши етиб келади. Шимри уммавийлар хонадони тарафдори бўлиб, пайғамбар хонадонининг баттол душмани эди. Шунинг учун ҳам Куфада Убайдуллоҳ ибн Зиёдни қистовга олиб, Ҳусайн олдига ягона шарт – таслим бўлишни қўйиш кераклигига кўндиради. Шимрнинг бўйруғи билан Умар ибн Саъда Ҳусайн ҳузурига келиб ундан таслим бўлишни талаб қилади. Ҳусайн бунга рози бўлмагани учун ўртада жанг бошланади. Умар бошлиқ жангчилар пайғамбар невараси билан қилич чопқилашдан ўзларини олиб қочаётганликларини кўрган Шимр ўз одамлари билан Ҳусайнни ўраб олади. Ҳусайн қанчалик матонат билан жанг қилмасин, кучлар тенг эмасди. Ҳусайн қийма-қийма қилиб чопиб ташланади. Унинг боши ва икки юз киши ичида омон қолдирилган хотинларию-болалари Дамашққа – халифа Язид ҳузурига жўнатилади. Бу воқеа ҳижрий 61 йил муҳаррам ойининг 10 кунида (мелодий 680 йилнинг 10 октябри) юз беради.

Ўша олис воқеадан бошлаб, шиалар ва суннийлар ўртасидаги беомон кураш гоҳ сўниб, гоҳ кучайиб давом этди. Тарих давомида шиа ғояси асосан Эрон ва Озарбайжон фуқаролари орасида қарор топди ва Шоҳ Исмоил тахтда ўтирган пайтдан бошлаб, шиа мазҳаби биринчи марта давлат дини мақомини эгаллади.

Юқорида тилга олиб ўтилган Шоҳ Исмоилнинг бобоси Шайх Сафиуддин Исҳоқ Ардабили XIV асрда асос солган таассуф таълимотининг Сафавия силсиласи XV асрга келиб, Эрон ва Озарбайжонда яшовчи шиа аҳли ичида кенг тарқалган эди. Шоҳ Исмоил мана шу кучлар ёрдамида тахтга ўтиргандан сўнг, Сафавия силсиласи ақидалари баён қилинган “Сифат-ус-сафо” асарини ёзган бобосини шиалар эътиқод қиладиган ўн икки имом¹нинг(ўн икки имом – Али билан Фотимадан тарқалган авлодлардан иборат ва шиалар эътиқод қиладиган имомлар сулоласи. Улар пайғамбар авлоди деб тан олинади. Шиалар уларнигина тан олиб, халифалар ҳокимиятини қонунсиз деб ҳисоблайдилар. Булар – Али ибн Абу Толиб, Ҳасан, Ҳусайн, Зайн ал-Обидин Али, Муҳаммад ал-Бокир, Жаъфар ас-Содиқ, Мусо ал-Козим, Али ар-Ризо, Муҳаммад ат-Тақий, Али ан-Нақий, Ҳасан ал-Аскарий, Муҳаммад ал-Муҳаммад ал-Маҳдий. Ўн иккинчи имом – ал-Маҳдий яширинган деб ҳисобланиб, унинг қайтишини кутиш шиа анъанаси сифатида сақланиб қолган.) еттинчиси бўлмиш Мусоал-Козимнинг йигирма биринчи авлоди, силсила шайхи эса давлат ва қўшин бошлиғи – шоҳ бўлишини эълон қилди.

Шайбоний билан Шоҳ Исмоил ўртасидаги бўлажак уруш тўққиз аср давомида кечаётган суннийлар ва шиалар ўртасидаги беомон курашнинг давоми эди.

Шундай қилиб, тўққиз юз ўн олтинчи (1509) йили Шоҳ Исмоил ғазабга тўла бир мактуб битиб, Шайбонийга жўнатди. Мактубда панд-насиҳат кор қилмагани учун хоннинг таъзирини қилич зарби билан бериб қўйиши лозим деб топганлигини маълум қилди. Мирхонднинг ривоятига қараганда, Шоҳ Исмоил қуйидаги мазмунда мактуб жўнатган: “Агар мен сен айтгандек, дарвиш бўлсам, улуғ Имом Ризонинг қабрини зиёрат қилиш учун Машҳадга бориш фикридаман, сен билан ўша ерда учрашамиз”. Аммо мактуб жўнатишга жўнатди-ю, ўзи қулай вазиятни кутди. Шундай қулай вазият ҳақида хуфиялар хабар келтирди. Улардан Шайбонийхон қўшинининг асосий қисми Дашти Қипчоқдаги қозоқ ва мўғул хонлари билан жангу-суронда овора эканини, хоннинг ўзи раҳбарлик қилаётган қўшин эса фирузқўҳи қабиласининг исёни сабабли жанубга ҳаракат қилишдан тўхтаб қолганини эшитиши билан Шоҳ Исмоил қизилбошлар қўшинини бошлаб, Хуросон сарҳадларига бостириб кирди.

Сафавий давлати аскарларининг қизилбош деб аталишига сабаб, Шоҳ Исмоил ўз лашкарига қизил рангли салла ўрашни қоида сифатида таъсис қилганидан эди. Қизил мато бошга ўн икки марта ўраларди. Бу шиа мазҳаби учун муқаддас ўн икки имомга ишора эди.

Шоҳ Исмоилнинг босиб келаётганини эшитган Муҳаммад Шайбонийхон Марвга қараб кетди. Хон ўз юртига яқинроқ манзилда жанг қилиш истагида шундай қилдими ёки у қўшини оз бўлгани сабаб душмандан қўрқиб қочдими, бу ҳақда аниқ гап айтиш қийин. Нима бўлгандаям, Шоҳ Исмоил Марв қўрғонида қамалиб олган Шайбонийхонни ҳийла билан қалъадан ташқарига чиқарди ва унинг қўшинига жиддий шикаст етказди. Мана шу жанг сўнгида бўйнига урилган қилич зиёни билан ўзбеклар ҳукмдори ҳалок бўлди. Бу воқеа тўққиз юз ўн олтинчи йил шаъбоннинг ўттизинчи кунида (1510 йилнинг 4 феврали) содир бўлди.

“Абдулланома”дан: “Шоҳ Исмоил… Араб ва Ажам Ироқидан Шайбонийхон томонга юрди ва Марв вилоятида ул ҳазратга етишди. Ўша замонда хоннинг… хизматида бир неча саноқли кишиларидан бошқа аскар бўлмаган ҳолда, ғазот шарафига бениҳоя ҳарис бўлганидан ҳаётдан кўнглини узиб, душман томонга ўзини отди. Душман чекинмоқчи бўлиб турганда, хон аскари уни қувиб етди. Ҳар икки томоннинг лашкари… бир-бирининг муқобилида саф тортдилар. Тақдир қалами… Шайбонийхоннинг пешона лавҳасига шаҳидлик рақамини ёзган эдикм, гумроҳлик бу урушда ғалаба қилиб, Шайбонийхонни кўп кишилари билан шаҳидлик даражасига етказдилар… Фозиллар ул ҳазратнинг воқеасида унинг шаҳодат тарихини шу ибора, яъни “кулоҳи сурх” билан таъкидлайдилар. “Кулоҳи сурх” иборасида Шайбонийхон ўлдирилган йил тарихи – тўққиз юз ўн олти рақами яширилган.

Хондамирнинг ёзишича, жангдан кейин сафавий жангчилари Шайбонийхон бошини танидан жудо қилиб, уни найзага иладилар, бош терисини шилиб олиб, сомон тиқадилар. Шундан кейин уруш хавф-хатари доимо барқарор бўлган душмани – турк султони Боязид II қошига Шайбонийхоннинг сомон тиқилган бошини жўнатади. Бу билан шоҳ султонга: “Мен билан ўйлашиб беллаш, бўлмаса шу кўйга соламан”, дея таҳдид қилмоқчи эди. Ўзбеклар хонининг бош суягига олтин қоплатиб, шоҳ ундан май ичадиган коса ясаттиради.

Герман Вамберининг эрон тарихчилари нақли сифатида келтирган ривоятига қараганда, Шайбонийнинг ўнг қўли гавдасидан олиниб, тубандаги мазмунда масхарали бир хат билан ўзбекларнинг тарафдори – Мозандарон ҳокимига юборилган экан. Хатда шу сўзлар ёзилган: “Сен ҳар вақт Шайбонийнинг тарафини олишни истар эдинг. Фақат унинг тириклигида бу сенга насиб этмади. Шу истагинг амалга ошсин деб Шоҳ Исмоил ҳозир сенга шу ҳамийнинг қўлини берди”.

Абу Тоҳирхўжа “Самария” асарида ёзишига қараганда эса, Шайбонийхоннинг ўғли Муҳаммад Темурхон отасининг мурдасини келтириб ўз хотини Маҳди Улёхоним солдирган мадраса ҳовлисида тупроққа топширади. Ўшандан бошлаб бу мадраса, Шайбонийхон мадрасаси номи билан атала бошлади. Ўғли отасининг қабрига шундай бир қабртош қўйдиким, билимдонларнинг эътирофича, у жаҳондаги тош ўймакорлиги санъатининг тенгсиз намунаси эди. Мозорларни талаш билан шуғулланган Чор Россияси босқинчилари Самарқандни забт этгандан сўнг бу тошни совуқ пойтахтларига олиб кетдилар…

Шоҳ Исмоил шу боришда Бадахшон, Қобил, Кандаҳорга қадар босди. Ҳирот шаҳри эса Сафавийлар давлатининг иккинчим бир муҳим марказига айланди. Шоҳ Исмоилнинг тўнғич ўғли Туҳмасиб маркази Ҳирот бўлган Ўрта Осиёдаги босиб олинган ерларнинг валийси қилиб тайин этилди.

Гулбаданбегим “Ҳумоюннома”да ёзади: “Шоҳибекхонни Шоҳ Исмоил ўлдирди” – деган хабар келди. Подшоҳ ҳазратлари Кобилни Носир мирзога бериб, ўзлари аҳли аёлари ва фарзандлари: Ҳумоюн, Меҳр Жаҳонбегим, Борбўл мирзо, Масъума Султонбегим ва Мирзо Камронларни олиб Самарқандга кетдилар. Шоҳ Исмоилнинг ёрдами билан Самарқандни қўлга киритдилар ва саккиз ой давомида бутун Мовароуннаҳр у кишининг ҳукмронликлари остида бўлди”.

Бобур мирзо “Бобурнома”да бу йилларга оид воқеаларни ташлаб ўтади. Биз Шайбонийхон ва Шоҳ Исмоил ўртасида кечган воқеаларни ёзишдан мақсадимиз, мана шу бўшлиқни тўлдиришдан иборат, Бобур мирзога бу фожиали воқеалар ҳақида ёзиш нақадар машаққатли бўлганини англаган ҳолда қалам юритишга тўғри келади.  Гарчи қиссамизнинг иккинчи қисмида Муҳаммад Шайбонийхон шахсияти ҳақида маълумот бериб ўтган бўлсак-да,  қисса нашр этилгандан кейинги даврда, аниқроқ айтсак, мустақиллик даврида  ўзбек тарих илмида ва жамиятида Шайбонийхонга бўлган ноилмий қараш мустаҳкам ўрнашганини ҳисобга олиб, бу тарихий шахс хусусидаги айрим қарашларимизни қайд этишни  лозим кўрамиз. Шу мақсадда қиссамиз таркибига кирмаган ва бошқа бир сабаб туфайли ёзилган мақоламизни сизга тақдим этамиз.

МУҲАММАД ШАЙБОНИЙХОН ҲАҚИДА МУХТАСАР СЎЗ

Муҳаммад Шайбонийхон узоқ йиллардан буён ўзбек тарихи учун, аниқроғи, сиёсатчига айланган тарихчилару тарихшуносга айланган сиёсатдонлар учун ўтмишимизнинг ўгай фарзанди бўлиб қолмоқда. Совет давридаям, бугунги кундаям нашр этилаётган мумтоз шеърият мажмуаларини қанча варақламанг, унинг адабий меросидан бир сатр ҳам тополмайсиз. Илмни шарманда қилиш шу даражага бордики, мустақилликнинг илк йилларида нашр этилган «Ўзбекистон тарихи» дарсликларидан бирида Муҳаммад Шайбонийхон даври умуман киритилмаган, қарайб бир асрлик тарихдан кўз юмилган эди. Бу илмга мутлақо зид ҳолат,олимликка хиёнат эди.

Айрим илмни сиёсат деб билгувчи олимлар назарида Шайбонийхон Бобур мирзони Мовароуннаҳрдан сиқиб чиқариб, темурийларнинг тарих саҳнасидан тушиб қолишига айбдор тарихий шахс эди. Мен ТАРИХИЙ ШАХС калимасига алоҳида урғу бермоқчиман. Чунки, тарихий шахсни тарих саҳифасидан ўчириб бўлмайди.

Ҳа, Муҳаммад Шайбонийхон темурийлар ҳукмронлигини йўққа чиқарган кучнинг тимсоли эди. Аммо, темурийларнинг тарих саҳнасидан тушишига, энг аввало, уларнинг ўзи, Соҳибқирон боболари бирлаштирган салтанатни парчаланишига хизмат қилган набиралар ғавғоси туфайли, ўзаро иттифоқнинг йўқлигидан юз бергани тарихий ҳақиқат ва тарихнинг қайтарилмас ҳукми эди. Бу хусусда одил ва холис баҳони Бобур мирзонинг ўзи ҳаёт китобида битиб қўйган. Бобур билан Шайбонийхоннинг зиддияти тарихнинг мулкига айланган, бу зиддиятни бугунгача «кўтариб юриш» илмга зид ишдан ва тарихий воқеаларни холис баён этишга халақит берувчи сохтакорликдан бошқа нарса эмас.

Аслида Муҳаммад Шайбонийхон ҳақида ёзишимга бир олима синглимнинг мақоласи, аниқроқ айтсам, ундаги бир-икки жумла сабаб бўлди. Ўша мақола бугун эмас, анча йиллар аввал ёзилган бўлса-да, унинг интернет тармоғида мавжудлиги мени қисқа тарзда бўлса ҳам муносабатимни билдиришга мажбур қилди.

Олима синглим мақоласида Бобур мирзо билан Муҳаммад Шайбонийхон ўртасида Самарқанд учун кечган жангу жадали пайтида юз берган воқеа, яъни Бобур мирзо эгачиси Хонзодабегимни ўзбеклар ҳукмдори мажбуран ўзига никоҳлаб олгани ҳақида ҳикоя қилиб, шундай ёзади:» Хонзода бегим ҳусну малоҳатда эмас, ақлда ҳам беназир эди. Бундай рафиқа Шайбоний каби ярим саҳройи учун улкан мукофот эди».

Гап мана шу «ярим саҳройи» иборасида. Йўқ,Муҳаммад Шайбонийхон ярим саҳройи эмас эди. У Бухорода илм ўрганган, кўнгли шеърият ва илм-фанга пайванд инсон эди. Мирзо Бобур «Бобурнома» асарида Шайбонийхоннинг исмини Шойбоқхон деб қайд этади. Бу ном «куч-қудрат» деган маънони англатади. Муҳаммад Шайбоний нафақат куч-қудратли саркарда, шунинг баробарида саховаткор илму маърифат ҳомийси ва беназир ижодкор сифатида ҳам куч-қудратли шахс эди. У шоир сифатида Шайбонийхон, Шоҳбахт, Шойбоқ, Шойбек, Шебони, Шоҳибек, Шайбоний тахаллуслари билан шеърлар ёзган, камдан-кам ижодкорга насиб этадиган рутба — „Девон“ эгаси бўлган. Бу девон 300 дан ортиқ ғазал, рубоий,туюқ,чистон,таърих ва бошқа жанрдаги асарларни ўз ичига олган. Девон Истанбулда Тўпқопи саройи музейида сақланади (Саҳифа пастида девоннинг турк олими Ёқуб Қорасўй томонидан лотин алифбосига кўчирилган нусхасини (Şeybani Han Divani (Inceleme-Metn — Yaqub Qarasoy) (Konya-1989) тақдим этмоқдамиз).

Муҳаммад Шайбонийдан нафақат шеърий девон, шу билан бирга диний мазмундаги «Баҳр ул-ҳудо» номли достон, ўғли Темур султонга атаб ёзган панд — насиҳатлардан иборат китоб ёзган, демак, ҳаёти бетўхтов жангу жадал ичида кечганига қарамай катта маърифий мерос қолдирган инсон эди. Ишончим комилки, Ҳазрат Мир Алишер Навоий хоннинг «Девони», достону ҳикматномаси билан танишиш имкониятига эга бўлганда, бу асарларга муносиб баҳо берган бўларди.

Муҳаммад Шайбоний адабий меросининг асосий қисмини уруш тафсилотлари, ҳаётий муаммолар, дарвишлик кечинмалари билан йўғрилган диний-тасаввуфий қарашлар акс этган ғазаллар ташкил этади. Улар ўз замонида кенг тарқалган ва машҳур бўлган. “Меҳмонномаи Бухоро” асарида қайд этилган эътироф, яъни Шайбонийнинг тасаввуфий ғазалларига жуда кўп шарҳлар ёзилгани бунинг яққол далилидир.

Ровийлар хабарига кўра, Шайбонийхон ислом уламоларига беҳад катта ҳурмат кўрсатган. У барча ҳарбий сафарларида ўзи билан кичкина гўзал кутубхонасини олиб юрар ва Амир Темур каби Дамашқу Ҳалаб уламолари билан диний мунозараларга қатнашган. Ҳиротнинг пешқадам тафсирчилари бўлган Қози Ихтиёр ва Муҳаммад Юсуф билан Қуръоннинг баъзи бир оятлари борасида баҳсу мулоқотда бўлган. Мирзо Бобур ҳам Шайбонийхонинг исломий билими юксак эканлигини тан олади. Айни шу юксак билими учун ўша даврда яшаган уламолар, шоир ва тарихчилар Шайбонийни «Халифа ур-Раҳмон» ва «Имом аз-Замон» яъни «давр имоми» ва «тангрининг ердаги халифаси» деб улуғлаганлар.

Мирзо Бобур билан Шайбонийхон зиддиятида икки муҳим: Мирзо Бобур учун оғриқли, Муҳаммад Шайбоний учун ижобий нуқта бор. Ҳокимияти учун кечган кураш давомида Мирзо Бобур ёшлиги ва тажрибасизлиги, энг аввало, ҳарбий куч-қудратининг заифлиги туфайли хатога йўл қўяди: у шиа мазҳабли сафавийлар (Эрон) ҳукмдори Шоҳ Исмоил билан иттифоқ тузиб, Самарқанд тахтини бегона кучлар ёрдамида қўл олишга уринади, ҳатто Самарқандни сўнгги марта қўлга киритгач, шоҳ Исмоил номига хутба ўқитиб,шиа имомлари номи битилган танга зарб этдиради. Айни шу хато Мовароуннаҳр аҳолисининг темурий шаҳзодадан кўнгли қолишига, маълум таъсир кучга эга уламоларнинг ундан юз ўгиришига олиб келган бўлса, Шайбонийхон асл мусулмонлар, яъни сунна мазҳабидаги мусулмонларнинг бошлиғи ва уларнинг химоячиси сифатида ҳар томонлама қўллаб-қувватланади (Мен бу ҳақда «Самарқанд хаёли» (Тошкент,»Камалак» нашриёт-матбаа бирлашмаси, 1991) номли асаримда тарихий ҳужжатлар асосида татафсил тўхталганман.

Муҳаммад Шайбоний ўзини Амир Темур давлатининг вориси ҳисоблаган. Айни шу сабабдан у мамлакат бошқаришда Соҳибқирондан ибрат олади. Шайбонийхон ва сулоласи ҳукмронлиги даврида Самарқанд ва Бухорода ободончилик ишлари, ҳозири кунимизгача юксак миллий меъморчилигимиз намуналари ҳисобланган кўплаб бинолар тикланади. Хусусан, шайбонийларнинг сўнгги вакили Абдуллахон (1583-1598) даврида Мавораннаҳр тарихида эътиборга лойиқ юксалишлар юз беради. Айни шу ишлари ва юқорида айтиб ўтган фазилатлари, қолдирган бой мероси сабабидан Муҳаммад Шайбонийни «ярим саҳройи» деб аташ беҳад катта хато деб ҳисоблайман.

Мақоламизга нуқта қўйиб қиссамизни давом этамиз.

*  *  *

Олтин қозиқ ўрни – Самарқанд атрофида шаддод отлар гурсиллаб айланади. Отларнинг туёқларидан ўт чақнаб ўтмишу келажак зулматини ёритар, ер гувиллаб силкинар, чавандозлар эгнидаги жавшанлар, қўлларидаги қиличу-қалқонлар жаранги Хуросону-Мовароуннаҳр, ундан ошиб, Ироқу-Ажам фуқароларини қўрқувга солар, ҳукмдорлар кўнглида ҳавас гулларини очар ва хазон қиларди.
Отлар куну-тун, ҳафталару-ойлар, йиллару-асрлар гурсиллаб айланади. Бу жангари отлар жилову-кишанни тан олмайди, лекин чавандозлар дили кўринмас иплар билан бу олтин қозиққа маҳкам боғланган эди. Бу кўринмас ипларни фақат ҳаёт ришталарини кесгувчи бешафқат ўлим тиғигина уза оларди.

Олтин қозиқ – Самарқанд атрофида шаддот отлар билан бирга ҳасад ва ҳавас, муҳаббат ва қаҳр, меҳр ва ғазаб, жаҳолат ва диёнат, садоқат ва хиёнат айланарди.

Гулбаданбегим “Ҳумоюннома”да отаси ҳақида: “У ҳазратга дуч келган уқубат ва хатарлар оз подшоҳларга дуч келган. Уч қайта Самарқандни қилич зўри билан фатҳ қилдилар. Биринчи марта подшоҳ бобом ҳазратлари ўн икки ёшда, иккинчи марта ўн тўққиз ёшда ва учинчи марта эса йигирма икки ёшда эдилар”, — деб ёзар экан бир оз хатога йўл қўяди. Бобур мирзо учинчи марта бобоси тахтини Самарқанддан чиқиб қочганидан роппа-роса 10 йил ўтгач – 1511 йилнинг октябрида, демак йигирма тўққиз ёшида Эрон ҳукмдори Шоҳ Исмоил ёрдамида, шоҳга вассаллигини тан олиб эгаллади.

Ҳафиз Таниш Бухорийнинг ёзишича, Шайбонийхон Мирзо Бобурнинг эгачиси Хоназодабегимни талоқ қилиб (бу воқеа уларнинг ўғли Хуррамнинг ўлимидан сўнг, яъни 1511 йилда содир бўлган бўлса керак – Х.Д.) сайидларидан бирига хотинликка берган эди. Шайбонийхон ҳалок бўлган Марв жанги пайтида у душман қўлига тушади. Сўнг Шоҳ Исмоил амри билан зўр иззат-икром ила Қобилга, Бобур подшоҳ ҳузурига юборилди. Уни кузатган элчи келишув ва ҳамкорликни ўз ичига олган хат ва хабарни ҳам Бобурга етказди. Бобур подшоҳ Шоҳ Исмоил мактуби билан танишгач, ўз амакиваччаси Хонмирзо ибн Султон Маҳмуд мирзони шоҳ ҳузурига юборди. У билан хайрхоҳлик, итоаткорликни ифодаловчи ариза ҳам юбориб, ёрдам сўради. Шоҳ Исмоил Бобур мирзо илтимосини ортиғи билан бажо келтириб, ўз аскарларидан Хонмирзога ҳамроҳ қилди. Мирзо қўшин билан Хуросонга етиб келди. Бобур подшоҳ уларнинг ёрдамига таяниб, Ҳисор устига қўшин тортди. Ҳисорни бошқарган Ҳамза Султон ва Маҳди Султон душманларнинг келишларидан огоҳ бўлиб, бу ҳодисани маълум қилиш учун Самарқанд ва Бухорога одам юбордилар. Ўзлари бўлса душманга қарши чиқдилар. Сурхоб дарёсининг сўл ирмоғи Оби Хингав устига қурилган Пули Сангин деб аталган тош кўприк устида бу икки қўшин бир-бири билан тўқнашди. Бобур подшоҳ бу жангда ғалаба қилиб, Ҳамза Султон, Маҳди Султон ва Момиқ Султонни шаҳид қилди ва Ҳисор мамлакатини босиб олди. “Бу воқеа барчага аён бўлгач, жами Шайбоний султонлар, замон тақозосича, тезлик билан Туркистон томон жўнадилар ва ўша ерда қарор ва ором топдилар, — деб ёзади Ҳафиз Таниш, — Тарих тўққиз юз ўн бешинчи йил ражаб ойида (1509 йил октябрь-ноябрь ойлари¹ (Бу ерда Ҳафиз Таниш хатога йўл қўяди. Бу воқеалар Шайбонийхон ўлимидан сўнг (816) бўлаётганини эътиборга олсак, Восифийнинг маълумотларига асослансак, Бобур мирзо Мовароуннаҳрни 817 (1511) йилда қўлга киритган бўлиб чиқади) Бобур мирзо иккинчи марта (аслида учинчи марта – Х.Д.) у ёмон тоифа (қизилбошлар) ёрдами билан ўзининг мерос бўлиб қолган мамлакатларини истило қилди ва Самарқандни пойтахт қилди. Бухорога бўлса, Ширим тоғойини (Ширимбек – Умаршайх мирзо бекларидан эди) ҳоким қилиб қўйди. Аммо Мовароуннаҳр халқи бошда подшоҳнинг бу ғалабасидан мамнун бўлган бўлса ҳам охирида унинг номақбул феъллари ва хулқлари туфайли уни ўзларидан фироқ бўлишини… тангридан сўрадилар”.

“Нима учун шундай бўлди?” – деган сўроққа Ҳафиз Таниш Бухорий шундай жавоб беради: “Чунки халқ подшоҳдан қачон у ўзининг мерос қолган мамлакатига эга бўлса, ҳаёт ва тирикчилик заруратидан бу ерга келган қизилбошлар либосини ташлаб, аҳли суннат ва жамоат зийнатига кириб, шу вилоятнинг либосини кийишини кутар эди. Аммо Бобур подшоҳ ул маймун табақанинг либосини ўзидан йироқ қилмади ва халқнинг ундан кўзлаган умиди юзага чиқмади, чунки Бобур подшоҳнинг шавкат ва қуввати бошқадан мадад ва кўмак олиш эҳтиёжи тушмадиган даражага етмаган эди”.

Мана шу сабабдан ҳам Бобур мирзо Самарқандга кирган куниёқ, Шоҳ Исмоилнинг қатъий талабларидан биринчисини бажарди – Самарқанддаги Жоме масжидида ўн икки шиа имомларининг ва Шоҳ Исмоилнинг номи хутбага қўшиб ўқитилди. Уман сафавий сиёсатининг Самарқандда қандай кутиб олинганини тушуниш истагида Восифийнинг китобини қўлга олайлик. “Бадоеъул вақоеъ” муаллифи қизилбошларнинг Ҳиротдаги қилмишларини шундай ҳикоя қилади:

“Шоҳ Исмоилнинг босиб келиши ҳақида гап-сўз бор эди… Ярим кечадан ўтган эди. Бир киши эшик ҳалқасини урди. У дедики, хабарингиз йўқми, Шоҳ Исмоил Шайбоқхонни енгиб, ўлдирибди. Амир Нажми Сонийнинг жияни Қулихон Шоҳ Исмоилнинг фатҳномасини келтирибди.

Эрталаб жар солиндики, “барча акобиру аҳоли Ҳиротнинг Маликон масжидида жомеъсига йиғилсин!”

Хатибнинг минбарини мақсура айвонининг шимолий чеккасига қўйдилар. Шайхулислом, Амир Юсуф, қози Ихтиёриддин, мавлоно Асомиддин Иброҳим ва бошқа уламолар минбар ёнидан жой олдилар. Кўпчилик ҳалқ томларда ва игна ташланса ерга тушмайдиган даражада тўплаган эди.

Мавлоно Шарафиддин Зиёратгоҳий авлодидан бўлган Ҳофиз Зайнуддин фатҳномани ўқимоқ учун тайинланди. Ҳофиз Зайнуддин фатҳнома ўқий бошлади. У фатҳномани оддий ва умумий хутбасини ўқиб тамом қилганда, Шоҳ Исмоил Сафавий элчилари ўз ҳукмдорлари фармойишига мувофиқ буюрдиларким, у энди пайғамбар саҳобаларидан ўн етти кишининг номига лаънатлар ўқисин”.
Ранги оқариб кетган Ҳофиз Зайнуддин тўхтаб, шайхлислом ва бошқа уламоларга “Нима қилай?” дегандек, умидвор қаради.

Шайхулислом унга деди:
— Ў, ҳофиз, фитна қўзғама ва халқ қонини тўкма, нима десалар шуни айт!

Ҳофиз Зайнуддин қарийб ўн сатр шу лаънат ифода қилинган жойни ташлаб ўқий бошлади. Шоҳ вакили Қулихон ғазабланиб, бақирди: “Бу қандай одам ўзи, шоҳ нишонига хиёнат қилади…” Сўнг ўрнидан ирғиб туриб, Ҳайдарали маддоҳни минбар томон юборди. У бора солиб Ҳофиз Зайнуддиннинг соқоли ва ёқасидан олиб: “Ҳой, хорижий, тез бўл! Лаънат қил!” – деди-да, сўз айтишга ҳам имкон бермай, минбардан тортиб туширди. Ҳофиз Зайнуддин ерга оёқ қўймаган ҳам эдики, бир қизилбош унинг бошига шамшир билан туширди ва қоши ўртасидан икки бўлди. Ўн чоғли қизилбош уни шамшир билан минбар ёнида пора-пора қилди. (Хондамир эса Ҳофиз Зайнуддинни Қулихоннинг ўзи чопиб ташлади, деб маълумот беради).

Буни кўриб Мавлоно Нуриддин Абдураҳмон Жомийнинг муридларидан бўлган Ҳофиз Хуш деди: “Мискин Ҳофиз Зайнуддин шаҳид бўлди”. Уни ҳам тилка-пора қилиб ташламоқчи бўлишди. Бир тўда одам орага тушиб, уни тўрт минг хоний тилла эвазига қутқариб қолдилар.

Ҳайдарали маддоҳ минбарга чиқиб, лаънат жойини ўқиди, бунинг эвазига тилла тугмали чорқабни кийди, минбар ёнидаги ашрафийларни олди.

Лаънатномани эшитиб, том тепасида ўтирганлардан кўп киши ҳуши оғиб йиқилиб, оёқ-қўли майиб бўлди. Етти киши ўлди… Масжиди жомеъ тепасида бир гуруҳ қизилбош одамлар устига ашрафийлар чочар эди. Ҳеч ким уларга парво қилмас ва ердан териб олмас эди.

…Элликка яқин найзага санчилган бошларни кўтариб юрган қизилбошларни кўрдик. Улар: “Эй, сунний хорижийлар, ибрат олинглар!” – дердилар.

Мир шонатарош деган машҳур рофизий бўларди. Саҳобалар лаънатига атаб, Ироқ оҳангида куй басталаган эди. Мингга яқин киши тўпланиб, шу қўшиқни куйлаганча Хиёбон боши томон кетарди. Дуч келган уларга эргашар, эргашмаган ёки чиқиб кетмоқчи бўлганларни ўлдирилиб, бошлари найзага илинарди. Мавлоно Нуриддин Абдураҳмон Жомий мозори тепасига етганларида уларнинг сони мингдан ошди. Шу атрофда эшик борми, курси, тахта борми – ҳаммасини мавлавий қабри устига уйиб тўда қилдилар. Кейин ўт қўйдилар”.

Восифий ўз ҳикояси давомида шаҳарда суннийлар қирғин қилингани ҳақида ёзади. Худди унга ўхшаш воқеаларни Хондамир ҳам ўзининг “Ҳабиб-ас сияр” номли асарида тасвирлайди. Бундай қирғин, бундай қора қисмат Эрон қўшини забт этган ҳар бир шаҳару-қишлоқда содир бўлгани кўплаб тарихий ҳужжатлардан маълум. Худди шундай зулм, суннийлар жони ва молу-мулкига қасд қилиш Самарқандда ҳам юз бергани табиий эди.

Бобур Мирзонинг Самарқанд жомеъ масжидида ўн икки шиа имоми номини хутбага қўшдириб ўқитгани, қизилбошилар раъйига қараб иш тутиши самарқандликлар орасида норозилик уйғотди. Икки ўт – ватан меҳри ва тахт ҳаваси ўртасила қолган Бобур мирзо Самарқанд билан Бухоро оралиғида от чоптириб юриб, ўзбек султонлари ҳужумларини қайтариш, ўз мавқеини мустаҳкамлаш учун қанчалик уринмасин, қилган хатти-ҳаракатлари маҳаллий халқ томонидан қўллаб-қувватланмаганини кўриб, нақадар хато ишга қўл урганини сезиб ич-ичидан қайғурарди.

“Мана шу сабабдан, — деб ёзади “Абдулланома” муаллифи, — Бобур подшоҳ Мовароуннаҳрда саккиз ойдан ортиқ ҳокимият ва мансаб эгаси бўла олмади ва шикаст топиб яна чекиниш йўлини тутди… Бу воқеанинг баёни шулки, мазкур (тўққиз юз ўн саккизинчи) йилнинг ражаб ойида Бобур подшоҳ зўр шижоат билан Мовароуннаҳрда ғалаба қилди. Унинг ҳукмронлиги саккиз ойдан ортиқроқ бўлди. Самарқанд ва Бухоронинг улуғ ва шарифлари унинг Шоҳ Исмоилга бўйсуниб, хароб туркманларнинг (яъни қизилбошларнинг) либосини кийганидан ҳаммалари ундан нафратланадилар. Ўша йилги қиш тамом бўлиши ва кетма-кет тўхтовсиз ёмғирлар ёғиб, ер юзи сабзадан тўн кийиши билан шайбоний ҳоқонлардан Убайдуллохон Жонибек Султоннинг маслаҳати билан икки минг олти юз киши билан чўл тарафдан Еттиқудуқ (Еттиқудуқ – Дашти Қипчоқдан Самарқанд ва Бухорога борадиган йўлдаги манзил. Бу йўл Саврон – Ўзган – Арқуқ – Еттиқудуқ — Тўртқудуқ орқали ўтарди) билан келиб, Бухорога ҳужум қилдилар.

…Бобур подшоҳ бу кулфат асар хабарни эшитгандан кейин мўътабар амирлардан бир тўдасини Қосим кўҳбур (Ҳайдар Қосимбекнинг тўнғич ўғли, кейинчалик Ҳумоюннинг оталиғи ҳам бўлган (етакчилигида Тошкентга юборди. Ўзи бўлса қирқ минг аскар билан Бухоро томонга отланди ва Бухоронинг ғарбий томонида жойлашган Кўли Малик (Г.Вамберининг ёзишича, Кўли Малик Бухоронинг шимолий томонида жойлашган Хайробод қишлоғи ёнида бўлган. Бу кўл ҳозир йўқ) деган жойда Убайдуллахон қўшинига муқобил бўлди. Ҳар икки томон бир-бирлари билан муқобил бўлганларидан сўнг ҳар икки тарафнинг паҳлавонлари бир-бирларининг қаршисида саф тортдилар ва қон тўкувчи тиғларини байроқ қилиб, фитна ва ғавғо билан тўлган найзаларини кўтариб, урушиш ва ўч олиш қасди билан эгар уйлардан қўзғалдилар. Оқибатда, “кўп марта бўлганки, оз жамоа тангларининг азми билан, кўп жамоадан ғолиб келган” ояти бўйича Убайдуллахон ғолиб келиб, Бобур подшоҳ енгилди. У бир неча саноқли одами билан қочиб, Ҳисор томонга кетди”. Бу воқеа саккиз юз ўн саккизинчи йил сафар ойида (1512 йил апрель ойи) содир бўлди.

Буни Восифий ҳам “бадоеъул вақоеъ”даги ҳикояси билан тасдиқлайди. У Хуросон тупроғи Шоҳ Исмоил қўшини томонидан истило қилингач, пайт пойлаб Мовароуннаҳрга қараб йўл тутгани ҳақида ёзар экан, қуйидагиларни битади. “Карвон аҳли Насаф (Қарши) қалъасига яқинлашганда тўда-тўда, гуруҳ-гуруҳ одамлар ёнимизга келиб, Мирзо Бобур шаҳид шоҳ Шайбонийхоннинг иниси Убайдуллахон билан Кўли Моғиён олдида жанг қилиб, шикаст топибди, деб хабар бердилар. Карвон аҳли қочқин аскарлар талонига учрашдан қўрқиб, суръат билан Самарқандга шошилдилар”. Восифийнинг Кўли Малик демай, Кўли Моғиён дейишига эътибор берган бўлсангиз керак. биз сиз билан Кўли Малик қаерда бўлганини биламиз, хўш Кўли Моғиён қаерда бўлган? Бу сўроққа жавобни Абу Тоҳирхўжа Самарқандийнинг “Самария” асаридан топамиз. Қимматли манбаъ эса қуйидаги маълумотни беради: “Баъзи тарих китобларида бордирким, Самарқанд аҳли Қутайба қўшини билан қаттиқ урушди. Қутайба шаҳар деворларидан узоқлашди ва Навбоғ деган ўринга бориб қўнди. У ерда катта бир ҳовуз қурдирди. Қўшини ҳовуз теварагида ўрнашди. Ҳозир ўша ҳовузни Кўли Моғиён дейдилар”. Тарихий эссе бошидаги “Бобурнома”дан олинган Самарқанд таърифига оид парчада Бобур мирзо бу кўлни Кўли Мағок деб тилга олгани эсингиздами?

Бобур Мирзо Турон салтанати пойтахтига қизилбошлар вассали сифатида кирганидан норози бўлган Самарқанд казо-казолари – хусусан, Шайбонийхонга яқин кишилардан бири бўлмиш Хўжа Низом бошчилигидаги одамлар Убайдуллахоннинг Самарқандга келишини сўраб, унинг қошига Хўжа Султон Иброҳимни юборганлари тарих китобларидан маълум. Кўли Малик жангидаги мағлубиятдан сўнг Бобур мирзонинг Самарқандга кирмай, Ҳисор томонларга ўтиб кетишига ҳам ишониш қийин. Унинг изма-из келаётган ўзбеклар билан Самарқанд остонасидаги Кўли Моғиёнда ҳам жанг қилгани эҳтимолдан ҳоли эмас. Ҳар қалай халқимиз тарихини ёритишдаги лоқайдлик бундай шубҳалар қилишимизга кўпроқ имкон туғдираверади.

Хуллас, Кўли Малик жангида енгилгандан сўнг Бобур Мирзо қолган-қутган қўшини билан Ҳисорга қараб кетди. Самарқанд Убайдуллахон қўлига ўтди. Бу воқеа жума куни юз берди ва Хожа Мавлоно Исфахон Убайдуллахон номини жума хутбасига қўшиб ўқиди.

Аммо, шайбонийлар сулоласининг тартиби ва муқаррар дастури шундай эдики, катта оғалари ва улуғ хешлари ҳаёт экан, кичиклари подшоҳлик тахтига қадам қўёлмасди. Шунинг учун ҳам Убайдуллахон Туркистондан келган амакиси Кўчкинчихонни Самарқанд тахтига ўтқизиб, ўзи Бухоро томон юзланди. Юқорида, Шайбонийхоннинг бобоси Абулхайрхоннинг 1450 йили темурий Султон Али Саид мирзо билан иттифоқ тузиб, Самарқандни қўлга киритгани ҳақида ёзган эдик. Ўша йили у отаси ва оғалари ўлдирилган бечора қиз – Робия – султонбегимга уйланган эди. Кўчкинчихон эса мана шу малика – Улуғбек мирзонинг қизидан туғилган фарзанд эди. Тақдирнинг ўйини деб шуни айтсалар керак…

Бироқ, Бобур мирзо тақдирининг бу ўйинига қараб туришни эп кўрмади. У яна Шоҳ Исмоил даргоҳига одам юбориб кўмак сўради. Самарқанд хаёли ва тахт ҳаваси уни кўр қилиб қўйганди. Шоҳ Исмоил мирзонинг илтимосини рад қилмади ва ўзининг бош амири Нажмий Соний бошчилигида олтмиш минглик қўшинни ёрдамга жўнатди. Асли исми Нажмиддин Ёраҳмад бўлган бу амирнинг Нажмий иккинчи деб аталишига сабаб, у бош амирлик вазифасига олдинги бош вазир – Нажмиддин Заргар вафотидан сўнг белгиланган эди. Хондамир, сафавийлар тарихчиси Ҳасан Румлу бу амирни ҳаддан ташқари қаҳри қаттиқ, золим ва бетайин саркарда сифатида тасвирлайдилар. Хондамир, бу амирнинг ёнидаги кишилар илтимосига қарамай Қарши шаҳрида қатли ом қилганини, зарурати бўлмаса ҳам Ғиждувони узоқ қамал қилиб ўтиришини ёзса, Ҳасан Румлу Нажми Сонийни “Қораюзли”, “жиноятчи” деб атайди.

Бобур мирзо мана шу амир бошчилигидаги қўшин билан дастлаб Қарши шаҳрини қамал қилди. “Абдулланома” муаллифи ёзади. “Улар… Қаршини олиб, бу ерда катта қирғин воқеа бўлди ва Мавлоно Биноий ҳам ўша ҳодисада шаҳид бўлди. Бу хабар тамом тарқалгандан кейин, Шайбоний насаб ҳоқонлардан шижоат нишон Абулфатҳ Жонибек Султон Убайдуллахон билан иттифоқлашиш учун шошилинч Бухорога келди. Темурхон, Пўлод Султон ва Абу Саидхон ҳам Самарқанддан Бухорога жўнадилар. Булар Жонибек султон ҳазратлари ва саодат нишонли Убайдуллахон билан қўшилиб, ҳаммалари бирга душманни даф қилиш учун ҳаракат қилмоқчи эдилар. Амо душман ҳужум хабарини эшитиб, уларнинг йўлини тўсиб чиққан эдилар. Шу сабаб султонлар жам бўла олмадилар”.

Восифийнинг ёзишича, тўққиз юз ўн саккизинчи йилнинг раббиул охир ойида (1512 йилнинг июнь ойи ўрталари)¹ (Бошқа бир қатор манбалар (“Ҳабиб-ас-сияр”, “Аҳсон-ат-товорих” 918 йилнинг ражаб ойи – 1512 йил сентябри)ни кўрсатади. Умуман, Восифийнинг бошқа саналаридаги хатога йўл қўйишини унутмаслигимиз керак, чунончи Ғиждувон қамалини тўққиз юз ўн саккизнинг зулқаъда ойининг 20 чи куни (1513 йилнинг 28 январида бошлангани ҳақидаги хабарниям нотўғри. Бошқа ҳамма манбалар бу санани тўққиз юз ўн сакизинчи йилнинг рамазон ойининг боши (1512 йил ноябрь ойининг ўртаси) деб кўрсатадилар. Восифийнинг бундай хатоларга йўл қўйишига сабаб у ўз асарини бўлиб ўтган воқеалар пайтида эмас, анча вақи ўтгандан кейин ёзган. Бундай ноаниқлик бошқа манбалардаям, уларга асосланиб ёзилган бугунги асарлардаям, шу жумладан менинг эссемда ҳам бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.) Самарқанд аҳолиси ичида Шоҳ Исмоилнинг содиқ лашкарбошиси Амир Нажми Соний саксон минг қўшин билан Термиз ёнида Амударёдан ўтиб, шамолдек учқур арабий тулпорларда шиддат билан Мовароуннаҳр ичкарисига кириб келаётгани ҳақидаги нохуш хабар тарқалди. Навкарлар эгнидаги жавшан ва бошқа пўлат ниқоблар қўшин сони кўплигидан худди темир тоғдек кўринармиш, дейишарди бу гапни олиб келганлар. Тез орада Қаршида юз берган қирғин тафсилотлари, айниқса, мана шу қирғиндан сўнг Нажми Соний айтган бир гап самарқандликлар дилига қўрқинчли ғулғула солди. Нажмиддин Соний: “Самарқандни эгаллаб, шаҳарни текислайман, полиз қиламан. Қовун экиб, Шоҳ Исмоилга туҳфа қилиб юбораман. Кейин Хитой устига юриш қиламан”, — деган эмиш. “Бу воқеани эшитган Самарқанд аҳлининг қўллари полиздаги касал палаклардек шилвираб тушди, — деб ёзади Зайнуддин Восифий, — бошларини эса қовунга ўхшаб ноумидлик саҳросига ташлагандек кўрдилар”.

Аммо, бу воқеадан бирмунча вақт ўтмай, — “Қизилбошлар қўшини Ғиждувонда Убайдуллахон бошлиқ ўзбеклар томонидан мағлуб қилинибди”, — деган хушхабар етиб келди.

Нажми Соний қўшини Қаршини қамал қилган пайтда Убайдуллахон ва Жонибек Султон Кармана атрофида, Кўчкинчихон билан Темур Султон бошлиқ бошқа ўзбек султонлари Миёнколда (Миёнкол – Самарқанднинг жанубий қисмида, Зарафшон дарёсининг ўрта оқимида, унинг ирмоқлари бўлган Оқдарё ва Қорадарё ўртасидаги жой – узунлиги тахминан юз километр) эдилар. Улар Шайбонийхон одатига кўра, қуръон очиб кўрганларида: “Ўзингизни ўзингиз таҳлика қўлига берманг!” – деган оят чиққандан сўнг, қизилбошлар билан жанг қилмай чекинишга қарор қилдилар. Улар оятнинг асл маъносини англамаганлари учун шу йўлдан кетдилар.

“Бу вақтда, — деб ёзади Зайнуддин Восифий, — султонлар нақиби Амир Араб лақабли амир Саййид Абдулла Туркистон вилоятидан Бухорога келдилар. Убайдуллахон билан кўришганларида, у ишонч-ихтиёрини қўлдан бериб, ғоят қўрқиб қолганини кўрдилар. Шунда у киши дедилар: “Эй, фарзанд, сизга не бўлди? Худои таоло сизга атаб ажиб туҳфалар ва ҳадялар юборди, сизга бу дунё ва охиратда олий мартабалар муҳайё қилди. Наҳотки, уларни қабул қилмай оёқости қилсангиз?”

Убайдуллахон деди: “Эй, махдум! Шу нарса ҳаққи, қизилбошлар лашкарининг саноғи саксон минг, бизнинг қўшинимиз эса неча минглигини яхши билурсиз. Шундай экан, бу улкан қўшин билан қандай қарши чиқиш мумкин?”
Амир Араб дедилар: “Худо ўз Қуръони ила хабар берадиким, “Кўпинча кичик гуруҳ катта гуруҳ устидан ғалаба қозонади”. Бадр жанги воқеасини олий мартабали ҳимматингиз назарида манзур тутинг ва ўртанманг”.

Шу ҳикоя устида душман Қарши вилоятини эгаллаб, аҳолини ялпи қирғин – қатли ом қилибди деган хабар етди. Буни эшитиб, Убайдуллахон ўртаниб, “Эй, маҳдум, бу ваҳший тўдага қарши туриб бўладими?” – деди.
Амир Араб ғазаби қайнаб жавоб берди:

То нагиръяд кўдаке, ҳалвофуруш
Баҳри бахшона кужо ояд ба жўш?

Яъни: “Бола йиғламаса, халвофурушнинг бахш этиш дарёси тошармиди?”

“Эй, фарзанд, — деди яна Амир Араб, — ҳозирроқ тараддудингизни кўрингки, ул жамоа мағлуб бўлсин. Чунки зулму-бедодлик олий даражасига етдими, унга завол ҳамроҳ бўлади. Бу улар зулмининг энг ниҳоясидир. Эй, ўғил, ўрнингдан тур! Давлат оёғини саодат узангисига қўйгин-да, ҳаммани олға бошла!”

Хуллас, Амир Араб Убайдуллахонни отга миндириб, уни қизилбош қўшини қарршисига чиқишга бошлади. Карманадан икки фарсаҳ йўл юргач, Амир Араб Убайдуллахонга: “Сиз то мен бориб Жонибек Султонни кўшинингизга қўшиб қайтмагунимча, бу ердан жилмай туринг!” – деди.

Амир Араб Жонибек Султон қароргоҳига келиб қарасалар, бир лаҳза кечикилса, бу лашкар батамом тарқаб кетар экан. Амир Саййид Абдулла ғазабланиб, Жонибек Султонга қаҳр қилдилар: “Шарму-ҳаё борм сенда? Ҳамма диловарлик ва баҳодирлик кўрсатаётганда, сен қочмоқни хаёл этибсан. Фарзандингдай бўлиб қолган Убайдуллахонку, бу имкониятни худонинг марҳамати деб билиб: “Муҳаммад дини ва миллати йўлида сарбозлик қиламан, — деб турибди”. Мир Араб шу хил сўзлар билан Жонибек Султонниям жангга отлантирди”.

Юқорида Ҳафиз Таниш Бухорийнинг ўзбек султонлари бирлашиш учун тўрт томондан Бухорога юрганлари ҳақидаги маълумотини келтириб ўтган эдик. Бу ҳозиргина сиз ўқиган воқеадан кейин бошланди. Аммо душман бу хабарни эшитиб, уларнинг йўлини тўсиш учун, Қаршидан кейин Самарқандга юрмай, Бухоро томонга юз тутди. Самарқанддан, аниқроғи Миёнколдан йўлга чиққан Темур Султон, Кўчкинчихон ва Абу Саидхон илдам юриб, Ғиждувон қалъасига кириб, уни истеҳкомга айлантирдилар. Нажми Соний қўшини етиб келиб қалъани қамал қилди. Қамалнинг бошланишини Восифий тўққиз юз ўн саккизинчи йил зулқаъда ойининг йигирманчи куни деб хато кўрсатади. Чунки бир неча тарихий манбалар қамал мазкур йил рамазон ойининг бошида (1512 йил ноябри ўртасида) бошланганини кўрсатадики, воқеаларнинг кечиши бу сананинг тўғрилигини исботлайди.

Самарқанд қўшини кирган Ғиждувон қалъасининг қамали бошлангандан сўнг, Ҳафиз Танишнинг ёзишича, Бухородан Жонибек Султон ва Убайдуллахон душман қаршисига йўналдилар. Ғиждувоннинг шарқида жойлашган Зарангори (бу Зарафшондан тарқалган ариқларнин бирининг номи) ёнида икки қўшин бир-бири билан муқобил бўди. “Ҳар икки томон қаҳрамонлари, — деб ёзади Ҳафиз Таниш, — марду-мардоналик кўрсатдилар. Ислом аскарларининг қўли кофир ва бидъат панжасини синдирди. Нажми Сонийнинг толе юлдузи куйди ва ўша жангда бошини ерга қўйди. Бобур подшоҳ мағлуб ва паришон ҳолда, ал-ифирор оятини (Қуръон, 33-сура, 16-оят) ўқиб қочиш шеваси илгаи суриб жангдан юз ўгирди”.

Хондамир эса, Зарангори ёнидаги жангда Нажми Соний ўзига тобе қўшиннинг сафга тизилишига шахсан ўзи раҳбарлик қилгани, жанг пайтида қўшин марказидан жой олганини ёзиб, сафавийлар қўшинининг мағлубиятини Нажми Соний билан келишолмаган амирларнинг хиёнати билан изоҳлайди.

Зайнуддин Восифий эса, одатига содиқ қолган ҳолда, ўзидан қўшиб-чатиб бўлса-да, воқеаларнинг жонли суратини чизади: “…Амир Нажми Соний Ғиждувон қалъасини қамал қилдилар. Нажмиддин Сонийнинг режаси Ғиждувондан сўнг Самарқандга қараб юриш эди. Мана шу қамал кунларининг бирида Амир Нажми Соний ўзига яқин одамлари билан мана шу режаси ҳақида суҳбат қуриб турганларида, қароргоҳда шовқин-сурон кўтарилиб, “Убайдуллахон бошчилик қилган ўзбеклар лашкари етиб келди”, — деган хабар етди. Буни эшитиб, Амир Нажмий айтди: “Убайдуллахонни тириклай қўлга туширинг, уни шоҳ ҳузурига юборамиз, қолганларни аямай қиринг”.

Уни ёнига келган аскарбошилар “Вазият жуда чатоқ, тезроқ отга мининг” – дейишларига қарамай, Нажми Соний такаббурлик билан: “Бу келганлар менинг отга минишимга арзирмикан?” – деб эриниб-суриниб ўтираверди. Қароргоҳдагилар уни тезлаб, ковушда, кўйлакчан ва бошяланг ҳолда шошилинч отга минишга рози қилишди. У ҳали ўтирган чодиридан узоқлашмай туриб, ўзбек отлиқлари унинг йўлини тўсиб чиқдилар. Уларни кўрган Нажми Соний отини тўхтатди. Ўзбеклар етиб келиб, уни отдан ағдариб, калласини танасидан айириб, найзага илишди.

Бу мағлубият Бобур мирзо дилидаги Самарқанд тахтини қўлга киритиш умиди илдизига болта урди. Гулбаданбегим “Ҳумоюннома”да ёзади: “Ака-укаларининг ноаҳиллиги ва мўғулларнинг душманлигидан Кўли Маликда Убайдуллахондан шикаст едилар ва ортиқ у вилоятда тура олмадилар. Сўнг Бадахшон ва Қобулга йўл олдилар. Шундан сўнг яна Мовароуннаҳрни қўлга киритиш ҳаёлини тамоман кўнгилдан чиқариб ташладилар”.

Йиллар ўтиб, қудратли ва шавкатли салтанат эгаси бўлгандаям, қизи “кўнгилдан чиқариб ташладилар” деб айтган Самарқанд хаёли ва айрилиқ алами Бобур мирзони энг сўнгги кунгача тарк этмади. Айниқса, шу хаёлга етиш истагида сўнгги урнишида йўл қўйган хатоликларини ўйлаганда, юрак-бағри сирқираб оғрирди. Мана шундай аламли дамларнинг бирида, Зарафшонбоғдаги кўшкда ўтириб умридаги энг қайғули ва маҳзун сатрларини битди:

Толеъ йўқи жонимга балолиғ бўлди,
Ҳар ишники айладим, хатолиғ бўлди.
Ўз ерни қўйиб, ҳинд сори юзландим,
Ёраб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди..

                                                                                                          *  *  *

Бобур мирзо она юртидан кетгани билан номи унутилмади. Халқ ўзининг даҳо фарзандини мудом ёдда тутди, у ёзган ғазалларни куйга солиб, дилўртар қўшиқлар яратди, саргашта мирзо қадами етган манзилларни қадамжоларга айлантирди.

Буюк Улуғбек мирзо яратган зиждаги юлдузлар миқдоридан кўп кунлар ўтди, ою-йиллар кечди, асрлар туну-кундек алмашди. Темур салтанати ўрнини эгаллаган кўчманчи ўзбеклар давлати ҳам ўзаро жангу-жадаллар туфайли бўлиниб кетди. Кўчманчи ўзбеклар маҳаллий элатдош-уруғдошлари – ўтроқ туркий халқлар билан аралашиб кетди ва охир-оқибатда уч алоҳида давлат: Бухоро, Хива ва Қўқон хонликлари вужудга келди.

XVIII асрнинг ўрталарида Фарғона вилояти Наманган, Қўқон, Марғилон ва Андижон мавзеларидан иборат бўлиб, буларнинг ҳар бири ўзича мустақил маҳаллий ҳукмдорлар томонидан бошқариларди. Ўртада узоқ давом этган курашлар натижасида Қўқон беглигининг мавқеи тобора кучаяверди. Ўзбекларнинг минг уруғидан бўлган Мардонбий Қўқон беги бўлиб турган даврда бутун вилоятни ягона ҳакимиятга бўйсундириш ҳаракати бошланди. Қўқон беглиги ўз ҳарбий кучлари ёрдамида буни амалга оширди. XIX асрнинг биринчи ярмига келиб, юқорида санаб ўтилган мавзелардан ташқари Тошкент, Туркистон, Ўратепа, Хўжанд ва уларга туташган ерлар ҳам Қўқон хонлигига бўйсундирилди.

Янги ташкил топган Қўқон давлати ҳукмдорлари – ўзбеклар ўз шажараларини ота-боболари билан жанг-жадалда олишиб, омади юришмай, ватандан бош олиб кетган, аммо қалами ва жасорати туфайли номини қолдирган Бобур мирзо билан боғлашга уриниб, ғаройиб афсоналар тўқидилар. Мана шундай ҳикоялардан бири қатор тарихий битикларда қайд этилган Олтин Бешик афсонасидир. Биз ушбу афсонани атоқли тарихчимиз Исҳоқон Жнайдуллахўжа ўғли Ибратнинг “Фарғона тарихи” асари асосида ҳикоя қилиб берамиз.

Ҳўқанд шаҳри Фарғона иқлимида бўлмаган, унинг ўрнида теваракда Тарғова, Чонкат ва Сарой деган қишлоқлар бўлган экан. Мана шу қишлоқларнинг бирида, аниқроғи, Тарғовада бир киши бўлиб, у бу қишлоқлар халқи, хонзодаси бўлмаса, иотат қилмаслигини билиб бир тадбир ишлатган экан.

У Андижон хонларидан Бобур ибн Умаршайхни шу қишлоқларга яқин жойдан қочиб ўтганини билгани учун ўзининг эмизикли ўғлига жуда қимматбаҳо либослар кийдириб, олтин бешик ясатиб, бешикни ноёб кимхобу-атласларга ўраб, Бобур мирзо ўтиб кетган йўл четида яшириб қўйган экан. Бегона одамлар олиб кетмаслиги учун бир неча хизматкорини соқчи қилиб ҳам қўйибди.

Бир неча кундан сўнг уч қишлоқдан сув очмоқ учун чиққан одамлар мана шу атайин қолдирилган бола ётган бешикка дуч келиб қолибдилар. Уч қишлоқ аҳли бола устида талашиб қолибдилар. Охири ичларидан бир киши чиқиб, бу талашни чек ташлаш йўли билан ҳал қилишни таклиф этибди. Ҳамма рози бўлибди. Чек тушишига қараб олтин бешик – саройликларга, унинг ёпуқлари – чонкатликларга, бола эса тарғоваликларга насиб қилибди. Болани тарбияларига олган тарғоваликлар унга Олтин Бешик деб исм беришибди.

Исҳоқхон Жўнайдуллахўжа ўғли Ибрат ёзади: “Бу Олтин Бешикни халқга Хонзода эканлигини равшан қилмоқда, нима илова сўзлар қўшулуб, болани бошида булут сипоия қилғон эркан, кийиклар эмизуб турғон экан ва қушлар соя солиб турғон экан, деб халқнинг қулоғига ўрнатуб то унгача йигит бўлуб, ҳурмати ва рухсори зиёда бўлуб, хушаҳлоқ ва хушмурувват бўлса ҳам Тарғова қишлоғидан бўлак халқ анқиёд (итоат) қилмай, ҳар бир жамоада бир бий бўлуб келса ҳам Олтин Бешикнинг бийлиги шуҳратлироқ бўлуб, мундин олти авлод бир суратда ўтуб, еттинчи авлодга келганда бул киши хони Ҳўқанд бўлуб… ниҳоятда сўзи нуфузли бўлуб хон исмини ривожлантириб, Шоҳруҳхон деб шуҳрат топгон…”

…Бу ғаройиб афсона бежиз яратилмаган. Йиллар ўтиб олис Ҳинд тупроғидан Бобур мирзонинг соғинчли ғазаллари тоғу саҳролар ошиб келиб Фарғона, қолаверса, бутун Мовароуннаҳр аҳли дилини забт этди. Халқ дилидаги мана шу ўчмас меҳрни сезиб-билиб юрган ҳукмдорлар ўз насл-насабларини ватангадо подшоҳ номи билан боғлаб, шу меҳр ва муҳаббатга шерик бўлишга уриндилар. Шу меҳр туфайли халқнинг ўзи ҳам ғаройиб афсоналар тўқиди. Ўзи тўқиб, ўзи шу афсоналарга ишонди. Шу меҳр туфайли тўқилган афсона ва достонларда (масалан,XV асрнинг охири ва XVI асрнинг бошларига оид тарихий воқеаларга акс этган “Ойчинор” достонида. Достонда Бобур мирзо ҳаётининг Самарқандни ташлаб Афғонистонга чекиниш палласи тасвирланган) Бобур сиймоси адолатли подшоҳ, доно инсон, буюк шоир сифатида намоён этилди.

Ўтмиш ва бугунннинг жоҳил ҳукмдорлари халқ дилидаги шу меҳрга қайта-қайта чанг солишга уриндилар. Аммо уларнинг чангаллари фақат бўғизларни бўғишга етди, холос. Улар ҳурлик маскани – юракни забт этолмадилар. Юракни эса фақат меҳр ва муҳаббатгина забт этган ва этажак…

1989

Xurshid Davron- Samarqand xayoli — 3 qism — Lotin alifbosida — Yuklab oling

XDK

(Tashriflar: umumiy 6 046, bugungi 1)

3 izoh

  1. Shuhrat Barlas
    13 Февраль в 3:46

    Хуршид ака ажойиб иш бўлибди. Раҳмат. Қайта-қайта ўқиб чиқдим ва эринмай Бобурнома билан таққослаб чиқдим. Аниқ тарихий воқеалар тафсилотини очиб берибсиз. Бу ерда «хаёл» кўрмадим. Адабиёт фанига тегишли жанрда ва Шоирона тилда ёзилган демасангиз ёзилиши тарих фанидан илмий иш сифатида баҳолангани маъқулроқ. Бу иш роман, ҳикоя ёки мақола эмас, балки аниқ тарихий воқеалар тафсилоти ёзилган илмий иш. Тарих фанидан илмий асар сифатида баҳоланишига асос бор. Бу иш, ўша давр китболаридан олинган маълумотлар асосида, ҳамма тарихий фактлар исботланган ва тарихта ҳақиқат бўлган воқеа ҳақида ёзилган. Яъни йўқ нарса ҳаёлан тўқиб чиқарилмаган, айнан тарихий фактларга асосланган ва тасдиқловчи манбалари мавжуд бўлган илмий иш. Агар Диалоглар, Бобурнома тилида келтирилса ва воқеаларга Хронологияси берилса бу иш Бобур даврини ва ўша давр воқеаларини Тарих фанининг тартиб қоидасига кўра очиб бериш, тушунтириш ва Интерпретация қилиш бўлиб турибди. Ажойиб иш.

  2. Ассалому алайкум, Устоз!
    Жуда ажойиб ва қизиқарли ёзилган экан. Бош кўтармай ўқиб чиқдим. Тарихни ёритишда адолат билан иш юритиш лозимлигини тўғри таъкидлагансиз. Афсуски, доим ҳам бунга амал қилинавермайди… .

  3. Assalomu alaykum. Bu yerda Shayboniyxon bo’yniga urilgan qilich ziyonidan o’lim topgan deb yozibsizlar. Men Xondamirning «Habib us siyar», Hasanbek Rumluning «Ahsan ut tavorix» asarlarida bu haqida mutlaqo boshqacha ma’lumot o’qidim

Izoh qoldiring