Omon Matjon. Seni yaxshi ko’raman. Turkum & Shoirning o’zi o’qigan she’rlar

Ashampoo_Snap_2017.03.17_16h40m55s_004_.png 14 февраль — Устоз шоир Омон Матжон туғилган кун. Атоқли ва ардоқли шоир оғамни Оллоҳ раҳматига олган бўлсин.

Ўзбек муҳаббат шеърияти дафтарида атоқли шоир Омон Матжоннинг алоҳида саҳифаси бор. Шоирнинг юксак туйғу ва ўзига хос оҳанг билан йўғрилган ишқий сатрларини бошқа бирон бир ижодкор билан адаштириш қийин. Унинг шеърлари қўшиқларга айланиб, инсонлар қалбини забт этиб улгурган.

ОМОН МАТЖОН
СЕНИ ЯХШИ КЎРАМАН
Туркум

045

08   Омон Матжон 1943 йил 14 февралда Хоразм вилояти Янгибозор тумани Боғолон қишлоғида дунёга келган. Ўрта мактабни тугатгач, у Самарқанд Давлат университетида таҳсил олади. Омон Матжон 1969 йил олийгоҳни якунлаганидан сўнг, 2002 йилгача Ғафур Ғулом номли Адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир, бўлим бошлиғи, сўнгра «Ёшлик» журналида бош муҳаррир, «Чўлпон» нашриётида директор бўлиб ишлаган.
Омон Матжон болалагиданоқ шеърлар ёзишни машқ қилгани ва илк шеърлари эса, мактаб деворий газеталарию туман газеталарида чиқиб турганини айтади. У ўзбек шеъриятига 1960-йилларда ўз йўли ва оҳангги билан кириб келади. 1970 йилда шоирнинг «Очиқ деразалар», деб номланган илк шеърий тўплами нашрдан чиқади. «Кейин «Карвон қўнғироғи», «Қуёш соати», «Ярадор чақмоқ» каби китобларим, «Беруний» драматик достоним, Паҳлавон Маҳмуд ҳақидаги достоним, «Ҳаққуш қичқириғи» деган қирқ афсонадан иборат китобим, «Дарахтлар ва гиёҳлар китоби» деб номланган экологик мавзудаги китобларим кетма-кет босмадан чиқди», дейди шиорнинг ўзи. Шунингдек, 1991- 2011 йиллар ўртасида шоирнинг «Иймон ёғдуси», «Эркин ҳаволарда», «Ардахива», «Халоскор Руҳ», «Шайх Нажмиддин Кубро, Тўрабекахоним ҳақидаги қиссалари, «Дийдор Азиз» каби китоблари чоп этилган.
Шоир адабиёт соҳасидаги хизматлари учун Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофотига сазовор бўлган. 2006 йилда Омон Матжонга Ўзбекистон Халқ шоири деган унвон берилган.

045

1

Сен оппоқ кўйлакда
қорасоч —
Тушимда кўриндинг ёш пари
Ва бор-йўқ хотирот оламим
Чекинди руҳимдан ташқари.

Ким бўлдинг? Танимни осмондан
Қуёшга нур қилиб элатган!
Ким бўлдинг? Мудроқ бу танамда
Саноқсиз дарахтлар гуллатган!

Бу сенсан, муҳаббат, танидим,
Ўйлаган, кутганим, деганим.
Лекин сен, наҳотки, билмадинг,
Бу — бир туш, уйқуда эканим?

На орзу этолмай бир бўса,
Изҳорга на бир сўз узилмай,
Туш бирдан узилди…
Армонлар
Қолдилар қатлари бузилмай.

Лекин сен келишга ваъда бер,
Майлига, тушимда, бир замон —
Муҳаббат, мен сени кутаман,
Кутаман, уйғонмай ҳеч қачон!

2

Ўқий олмас бўлдим китоблар,
ҳарфлар кўзга аранг кўринар,
фақат сенинг чеҳранг кўринар,
сўзлар достонидан кетиб.

Чаман кезсам энди тинчим йўқ,
на капалак, на ранг кўринар,
фақат сенинг чеҳранг кўринар
гуллар бўстонидан кетиб.

Оқшом кўзни юмсам ҳам шу ҳол,
кўкда ялт-юлт бир жанг кўринар,
фақат сенинг чеҳранг кўринар,
юлдуз осмонидан кетиб.

Муҳаббат деб келдим дунёга,
ошиққа ер-кўк танг кўринар,
фақат сенинг чеҳранг кўринар,
дунё ҳар ёнидан кетиб.

3

Тақдир, нега ишқнинг икки юлдузин
Бир қутлуғ айёмда этдингу бунёд,
Қуюн, чочинларга ташладинг бизни,
Тиниқ бир осмонда қўймадинг озод?!

Тақдир, нега бизни замондош айлаб,
Бир ҳаёт тузини кўргизиб баҳам,
Бир бор тўйдирмадинг лекнн дийдорга,
Уни ҳам, мени ҳам этмадинг хуррам?!

Нега бир тупроқда бериб таваллуд,
Бу жаннат диёрда бор этиб бизни,
Ер ости, ер устин ганж этдинг,лекин
Айтишга қўймадинг энг муҳим сўзни?!

Нега бу минг йиллик номдор шаҳар —
 Бағри шарқу ғарбга очиқ бир макон,—
Топиб беролмади иккимиз учун,
Ё бир йўл, ҳеч қурса, битта ошиён!!

Чақин, камалаклар дарғаси, тақдир,
Қисматлар қомусин битганинг маҳал,
Аввал юракларга боқ, титраб турган,
Муҳаббат йўлларин равон эт аввал!

4

Кўп кезма дарахтзор боғлар ичинда,
Дарахтлар дил дўстинг бўлолмас сенинг,
Чорласанг келолмас,ёниб қучолмас,
Сен фақат менинг бўл,
меники,
менинг.

Кўп қолма жаранг сув булоқ бўйинда,
Булоқ ҳам дил дўстинг бўлолмас сенинг,
Қайнашим чашмадан теран жойдандир,
Сен фақат менинг бўл,
меники,
менинг.

Кўп титма муҳаббат китобларини,
Китоблар дил дўстинг бўлолмас сенинг,
Бу ишқнинг тарихи менинг қалбимда,
Сен фақат менинг бўл,
меники,
менинг.

5

Турмушнинг йўриғи боис гоҳида
Кутганларинг қилмас саховат, карам.
Шундаям орзуим ўзинг бўлгансан,
Қишдан яратганман ўзимга кўклам.

Бир кунлик насиба пойида қушлар
Ерга минг бор чумдук урсалар сарсон,
Мен кутдим лабингдан бир тотишни зор,
Сўнг минг йил яшай деб масту беармон.

Кундуз — ҳамма нурдан кўзи тўқ чоғлар
Юлдузларни ҳеч ким олмас ёдига!
Сен сиёҳ сочингни ёй учқунлатиб,
Кундуз ҳам туш кўрган ошиқ отига…

Ким кандай кун кўрса кўрган замон бу,
Шоирнинг ҳолидан кулма, илтимос:
Хаёлдир ягона овунчи унинг,
Тириклик манбаи орзудир, холос.

6

Қуёш тонг олдида қизарган каби,
Ғунчалар қисиниб юз ёрган каби
Ийманиб келасан,
очилолмайсан:

«Анавилар бор-да, ўшалар…» дейсан.

Қўлингда Зуҳрадан гўё бир хат бор,
Гўёки Лайлидан мерос  қисмат бор,

Минг йиллик ёзғутдан қутулолмайсан:
«Анавилар бор-да, ўшалар…» дейсан.

Азизим, юлдузлар фалакда бахтли,
Инсон ўз калбида — юракда бахтли…
Сен сира ўзингни нурга солмайсан:
«Анавилар бор-да, ўшалар…» дейсан.

Гулим, «ўша»ларга ўчма-ўч очил,
сенинг учун бугун боғлар бўш, очил!
Уларни қўявер, улар қолмаслар,
чунки бизлар каби сева олмаслар!

7

Турналар учди,
Булутлар кўчди.
Оғочларнинг барглари
Ерлара тушди.
Ғамгин кўрдим сени бу кез-а,
Баҳорингни бермагил куза,
Табассум қил!

Нечун ой йўқдир,
Нурга жой йўқдир.
Ёшли кўзинг бор,
Жўшқин сой йўқдир.
Ғамгин кўрдим сени бу кез-а,
Ёш ярашмас бу чақмоқ кўза,
Табассум қил!

Жавобсиз сўзим,
Зор ўлди кўзим.
Дардинг надир, айт,
Жон тутай ўзим.
Ғамгин кўрдим сени бу кез-а,
Ғам тушмасин бу ширин сўза,
Табассум қил!

Қўзғолсин тоғлар,
Чайқалсин боғлар,
Қуёш юзиндан
Йўқолсин доғлар.
Ғамгин кўрдим сени бу кез-а,
Доғ ярашмас бу оппоқ юза,
Табассум қил!

8

Ногаҳон деразам чертилар.
Келган ким? Айни тонг не сазо! …
Ёзаман деб хатлар,
ёзмади.
Кимди у? Э, сенми, хуш сабо!

Сабожон, бор ўшал боғ томон,
Гулларни гапга сол таманно.
Келтиргил ифорли хабарлар,
Бор, содиқ сирдошим, хуш сабо.

У бармоқ текизиб жунжиккан
муз булоқ устида бўл пайдо.

Оппоқми сув ости тошлари,
сўзлаб бер, жон дўстим, хуш сабо.

Бор! Унинг дарчасин тўсгувчи
ичковак толни эг, сол ғавғо…
Оқ қоғоз ётарми сўрида,
ўсма-чи, қалам-чи, айт, сабо?

Фазони бўйлайди йўлдошлар,
Ер билан сўзлашар Ой, Зуҳро…
Шу яқин, сас ётар бир жойдан
Менга ҳеч хабар йўқ, хат… сабо…

9

Соғиндим мен сени.
Кўргим келади,
Лекин айтолмайман ҳеч кимга буни.
Шаҳар ғуж тош ўрмон. Бошимга тушган
қуёшга талпинган оғочнинг куни.

Соғиндим.
Кун-тунлар қатланди қалбда
Рангин ипаклари соғинчнинг.
Агар
ёйсам йўллардаги симёғочларга
зорланиб етарди Самарқанд қадар.
Соғиндим, жаҳонда балки ҳеч бир тил
ҳижронни мукаммал ёзганмас ҳали.
Қадим ёзмалардек ул кунлар йитди,
бир сўзингни эслаш олам тасалли…
Дарахтман.
Мен миллион япроғим билан
боқаман зор титраб сен келар кунга.
Соғиндим мен сени.
Кўргим келади,
Лекин айтолмайман буни ҳеч кимга.

10

Умр ўтар,вақт ўтар,
Хонлар ўтар,тахт ўтар,
Омад ўтар,бахт ўтар,
Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан
Сенинг юришларинг,сенинг кулишларинг.

Баҳорда боғ на гўзал,
Қор тушса тоғ на гўзал,
Бу ёшлик чоғ на гўзал,
Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан
Сўзсиз қарашларинг,ҳолим сўрашларинг.

Ой чиқар гоҳ заҳоли,
Дўстлар кўпдир вафоли,
Ҳаёт шундан сафоли,
Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан
Сокин сўзлашларинг,пинҳон излашларинг.

Умр — йўл, қайрилиш кўп,
Учрашиш, айрилиқ кўп,
Унутиш,айтилиш кўп,
Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан
Ўша кулишларинг,ўша келишларинг…

11

Мумкинми,
мен бугун кетар чоғингда
Эсдаликка бирон нарса сўрасам?
Бир илинж истайди юрагим сендан,
Факат юпатмагил ва ичма қасам.

Энди учрашувлар бўлмас, биламан,
Бир кунда тўрт фасл эврилмас энди.
Ғийбат қашқирлари, ҳасад итлари
Энди очдан ўлинг, кетинг, бас энди…

Мумкинми, мен сендан кетар чоғингда
Эсдаликка бирон нарса ўтинсам?
Узун қора сочинг кўздан узилди,
Хўпми, узун тунга ҳамдард тутинсам?

Бир ўхшамас қилиқ қилсам ногаҳон
Ғир-ғир ёш айланган ул кўзлар қани? Қани
ул қиш, кузнинг заҳридан зада —
Орзу қушларимнинг осуд маскани?

Сенга не берднмки, бу соат яниб
Қалбимга бнр овунч қилурман таъма?
Кетма деб айтишга ҳаққим йўқ ахир,
Хайр дейишга ҳам қўймас бир нима…

Чунки сергак  ёғду, хушвақт руҳ билан
Мен туйдим, биламан, сезасан сен ҳам:
Бизни учраштирди сирли бир Шодлик,
Энди айирмоқда англаб бўлмас Ғам…

Илинж шул:
кўр тақдир ажратса ҳамки,
Пинҳона қовушган икки туйғуни,
Менинг юрагимдан узолмас асло
Сендан ёдгор қолган нурли қайғуни…

12

Миллион жажжи фонус ёқди зарахтлар.
Камалак. Яшиллик. Ёмғир юз фоиз…
Имон келтиргайман аммо —
бу боғлар
ёруғдир бизнинг-да севгимиз боис.

Ҳар оғоч, ҳар шохни уйғотди наврўз,
гул билан қитиқлаб карахт танини.
У сени кўрсатди менга.
Ва билдим
юрагим қаерда жойлашганини!

Оҳ, баҳор! Заминнинг сўз эркинлиги!
Майсалар куйлашар кўкка ўрлашиб.
Шу буюк қувончга жўр бўлдик биз ҳам
лабларим лабларинг билан бирлашиб.

Умр нима ўзи!
Имон келтирай,
ҳикмат бу, баҳордек қисқа ва аён:
Севги ила маъсуд онларни ўйла,
асил умр шулдир. Қолгани — ёлғон…

1979

14 fevral — Ustoz shoir Omon Matjon tug‘ilgan kun. Atoqli va ardoqli shoir og‘amni Olloh rahmatiga olgan bo‘lsin.

     O’zbek muhabbat she’riyati daftarida atoqli shoir Omon Matjonning alohida sahifasi bor. Shoirning yuksak tuyg’u va o’ziga xos ohang bilan yo’g’rilgan ishqiy satrlarini boshqa biron bir ijodkor bilan adashtirish qiyin. Uning she’rlari qo’shiqlarga aylanib, insonlar qalbini zabt etib ulgurgan.


OMON MATJON

SENI YAXSHI KO’RAMAN
Turkum

045

   O’zbekiston xalq shoiri Omon Matjon 1943 yil 14 fevralda Xorazm viloyati Yangibozor tumani Bog’olon qishlog’ida dunyoga kelgan. O’rta maktabni tugatgach, u Samarqand Davlat universitetida tahsil oladi. Omon Matjon 1969 yil oliygohni yakunlaganidan so’ng, 2002 yilgacha G’afur G’ulom nomli Adabiyot va san’at nashriyotida muharrir, bo’lim boshlig’i, so’ngra «Yoshlik» jurnalida bosh muharrir, «Cho’lpon» nashriyotida direktor bo’lib ishlagan.
Omon Matjon bolalagidanoq she’rlar yozishni mashq qilgani va ilk she’rlari esa, maktab devoriy gazetalariyu tuman gazetalarida chiqib turganini aytadi. U o’zbek she’riyatiga 1960-yillarda o’z yo’li va ohanggi bilan kirib keladi. 1970 yilda shoirning «Ochiq derazalar», deb nomlangan ilk she’riy to’plami nashrdan chiqadi. «Keyin «Karvon qo’ng’irog’i», «Quyosh soati», «Yarador chaqmoq» kabi kitoblarim, «Beruniy» dramatik dostonim, Pahlavon Mahmud haqidagi dostonim, «Haqqush qichqirig’i» degan qirq afsonadan iborat kitobim, «Daraxtlar va giyohlar kitobi» deb nomlangan ekologik mavzudagi kitoblarim ketma-ket bosmadan chiqdi», deydi shiorning o’zi. Shuningdek, 1991- 2011 yillar o’rtasida shoirning «Iymon yog’dusi», «Erkin havolarda», «Ardaxiva», «Xaloskor Ruh», «Shayx Najmiddin Kubro, To’rabekaxonim haqidagi qissalari, «Diydor Aziz» kabi kitoblari chop etilgan.Shoir adabiyot sohasidagi xizmatlari uchun Hamza nomidagi Respublika Davlat mukofotiga sazovor bo’lgan.

045

1

Sen oppoq ko’ylakda
qorasoch —094
Tushimda ko’rinding yosh pari
Va bor-yo’q xotirot olamim
Chekindi ruhimdan tashqari.

Kim bo’lding? Tanimni osmondan
Quyoshga nur qilib elatgan!
Kim bo’lding? Mudroq bu tanamda
Sanoqsiz daraxtlar gullatgan!

Bu sensan, muhabbat, tanidim,
O’ylagan, kutganim, deganim.
Lekin sen, nahotki, bilmading,
Bu — bir tush, uyquda ekanim?

Na orzu etolmay bir bo’sa,
Izhorga na bir so’z uzilmay,
Tush birdan uzildi…
Armonlar
Qoldilar qatlari buzilmay.

Lekin sen kelishga va’da ber,
Mayliga, tushimda, bir zamon —
Muhabbat, men seni kutaman,
Kutaman, uyg’onmay hech qachon!

2

O’qiy olmas bo’ldim kitoblar,
harflar ko’zga arang ko’rinar,
faqat sening chehrang ko’rinar,
so’zlar dostonidan ketib.

Chaman kezsam endi tinchim yo’q,
na kapalak, na rang ko’rinar,
faqat sening chehrang ko’rinar
gullar bo’stonidan ketib.

Oqshom ko’zni yumsam ham shu hol,
ko’kda yalt-yult bir jang ko’rinar,
faqat sening chehrang ko’rinar,
yulduz osmonidan ketib.

Muhabbat deb keldim dunyoga,
oshiqqa yer-ko’k tang ko’rinar,
faqat sening chehrang ko’rinar,
dunyo har yonidan ketib.

3

Taqdir, nega ishqning ikki yulduzin
Bir qutlug’ ayyomda etdingu bunyod,
Quyun, chochinlarga tashlading bizni,
Tiniq bir osmonda qo’ymading ozod?!

Taqdir, nega bizni zamondosh aylab,
Bir hayot tuzini ko’rgizib baham,
Bir bor to’ydirmading leknn diydorga,
Uni ham, meni ham etmading xurram?!

Nega bir tuproqda berib tavallud,
Bu jannat diyorda bor etib bizni,
Yer osti, yer ustin ganj etding,lekin
Aytishga qo’ymading eng muhim so’zni?!

Nega bu ming yillik nomdor shahar —
Bag’ri sharqu g’arbga ochiq bir makon,—
Topib berolmadi ikkimiz uchun,
YO bir yo’l, hech qursa, bitta oshiyon!!

Chaqin, kamalaklar darg’asi, taqdir,
Qismatlar qomusin bitganing mahal,
Avval yuraklarga boq, titrab turgan,
Muhabbat yo’llarin ravon et avval!

4

Ko’p kezma daraxtzor bog’lar ichinda,
Daraxtlar dil do’sting bo’lolmas sening,
Chorlasang kelolmas,yonib qucholmas,
Sen faqat mening bo’l,
meniki,
mening.

Ko’p qolma jarang suv buloq bo’yinda,
Buloq ham dil do’sting bo’lolmas sening,
Qaynashim chashmadan teran joydandir,
Sen faqat mening bo’l,
meniki,
mening.

Ko’p titma muhabbat kitoblarini,
Kitoblar dil do’sting bo’lolmas sening,
Bu ishqning tarixi mening qalbimda,
Sen faqat mening bo’l,
meniki,
mening.

5

Turmushning yo’rig’i bois gohida
Kutganlaring qilmas saxovat, karam.
Shundayam orzuim o’zing bo’lgansan,
Qishdan yaratganman o’zimga ko’klam.

Bir kunlik nasiba poyida qushlar
Yerga ming bor chumduk ursalar sarson,
Men kutdim labingdan bir totishni zor,
So’ng ming yil yashay deb mastu bearmon.

Kunduz — hamma nurdan ko’zi to’q chog’lar
Yulduzlarni hech kim olmas yodiga!
Sen siyoh sochingni yoy uchqunlatib,
Kunduz ham tush ko’rgan oshiq otiga…

Kim kanday kun ko’rsa ko’rgan zamon bu,
Shoirning holidan kulma, iltimos:
Xayoldir yagona ovunchi uning,
Tiriklik manbai orzudir, xolos.

6

Quyosh tong oldida qizargan kabi,
G’unchalar qisinib yuz yorgan kabi
Iymanib kelasan,
ochilolmaysan:

«Anavilar bor-da, o’shalar…» deysan.

Qo’lingda Zuhradan go’yo bir xat bor,
Go’yoki Laylidan meros qismat bor,

Ming yillik yozg’utdan qutulolmaysan:
«Anavilar bor-da, o’shalar…» deysan.

Azizim, yulduzlar falakda baxtli,
Inson o’z kalbida — yurakda baxtli…
Sen sira o’zingni nurga solmaysan:
«Anavilar bor-da, o’shalar…» deysan.

Gulim, «o’sha»larga o’chma-o’ch ochil,
sening uchun bugun bog’lar bo’sh, ochil!
Ularni qo’yaver, ular qolmaslar,
chunki bizlar kabi seva olmaslar!

7

Turnalar uchdi,
Bulutlar ko’chdi.
Og’ochlarning barglari
Yerlara tushdi.
G’amgin ko’rdim seni bu kez-a,
Bahoringni bermagil kuza,
Tabassum qil!

Nechun oy yo’qdir,
Nurga joy yo’qdir.
Yoshli ko’zing bor,
Jo’shqin soy yo’qdir.
G’amgin ko’rdim seni bu kez-a,
Yosh yarashmas bu chaqmoq ko’za,
Tabassum qil!

Javobsiz so’zim,
Zor o’ldi ko’zim.
Darding nadir, ayt,
Jon tutay o’zim.
G’amgin ko’rdim seni bu kez-a,
G’am tushmasin bu shirin so’za,
Tabassum qil!

Qo’zg’olsin tog’lar,
Chayqalsin bog’lar,
Quyosh yuzindan
Yo’qolsin dog’lar.
G’amgin ko’rdim seni bu kez-a,
Dog’ yarashmas bu oppoq yuza,
Tabassum qil!

8

Nogahon derazam chertilar.
Kelgan kim? Ayni tong ne sazo! …
Yozaman deb xatlar,
yozmadi.
Kimdi u? E, senmi, xush sabo!

Sabojon, bor o’shal bog’ tomon,
Gullarni gapga sol tamanno.
Keltirgil iforli xabarlar,
Bor, sodiq sirdoshim, xush sabo.

U barmoq tekizib junjikkan
muz buloq ustida bo’l paydo.

Oppoqmi suv osti toshlari,
so’zlab ber, jon do’stim, xush sabo.

Bor! Uning darchasin to’sguvchi
ichkovak tolni eg, sol g’avg’o…
Oq qog’oz yotarmi so’rida,
o’sma-chi, qalam-chi, ayt, sabo?

Fazoni bo’ylaydi yo’ldoshlar,
Yer bilan so’zlashar Oy, Zuhro…
Shu yaqin, sas yotar bir joydan
Menga hech xabar yo’q, xat… sabo…

9

Sog’indim men seni.
Ko’rgim keladi,
Lekin aytolmayman hech kimga buni.
Shahar g’uj tosh o’rmon. Boshimga tushgan
quyoshga talpingan og’ochning kuni.

Sog’indim.
Kun-tunlar qatlandi qalbda
Rangin ipaklari sog’inchning.
Agar
yoysam yo’llardagi simyog’ochlarga
zorlanib yetardi Samarqand qadar.
Sog’indim, jahonda balki hech bir til
hijronni mukammal yozganmas hali.
Qadim yozmalardek ul kunlar yitdi,
bir so’zingni eslash olam tasalli…
Daraxtman.
Men million yaprog’im bilan
boqaman zor titrab sen kelar kunga.
Sog’indim men seni.
Ko’rgim keladi,
Lekin aytolmayman buni hech kimga.

10

Umr o’tar,vaqt o’tar,
Xonlar o’tar,taxt o’tar,
Omad o’tar,baxt o’tar,
Lekin hech qachon chiqmas yodimdan
Sening yurishlaring,sening kulishlaring.

Bahorda bog’ na go’zal,
Qor tushsa tog’ na go’zal,
Bu yoshlik chog’ na go’zal,
Lekin hech qachon chiqmas yodimdan
So’zsiz qarashlaring,holim so’rashlaring.

Oy chiqar goh zaholi,
Do’stlar ko’pdir vafoli,
Hayot shundan safoli,
Lekin hech qachon chiqmas yodimdan
Sokin so’zlashlaring,pinhon izlashlaring.

Umr — yo’l, qayrilish ko’p,
Uchrashish, ayriliq ko’p,
Unutish,aytilish ko’p,
Lekin hech qachon chiqmas yodimdan
O’sha kulishlaring,o’sha kelishlaring…

11

Mumkinmi,
men bugun ketar chog’ingda
Esdalikka biron narsa so’rasam?
Bir ilinj istaydi yuragim sendan,
Fakat yupatmagil va ichma qasam.
Endi uchrashuvlar bo’lmas, bilaman,
Bir kunda to’rt fasl evrilmas endi.
G’iybat qashqirlari, hasad itlari
Endi ochdan o’ling, keting, bas endi…
Mumkinmi, men sendan ketar chog’ingda
Esdalikka biron narsa o’tinsam?
Uzun qora soching ko’zdan uzildi,
Xo’pmi, uzun tunga hamdard tutinsam?
Bir o’xshamas qiliq qilsam nogahon
G’ir-g’ir yosh aylangan ul ko’zlar qani? Qani
ul qish, kuzning zahridan zada —
Orzu qushlarimning osud maskani?

Senga ne berdnmki, bu soat yanib
Qalbimga bnr ovunch qilurman ta’ma?
Ketma deb aytishga haqqim yo’q axir,
Xayr deyishga ham qo’ymas bir nima…

Chunki sergak, yog’du, xushvaqt ruh bilan
Men tuydim, bilaman, sezasan sen ham:
Bizni uchrashtirdi sirli bir Shodlik,
Endi ayirmoqda anglab bo’lmas G’am…

Ilinj shul:
ko’r taqdir ajratsa hamki,
Pinhona qovushgan ikki tuyg’uni,
Mening yuragimdan uzolmas aslo
Sendan yodgor qolgan nurli qayg’uni…

12

Million jajji fonus yoqdi zaraxtlar.
Kamalak. Yashillik. Yomg’ir yuz foiz…
Imon keltirgayman ammo —
bu bog’lar
yorug’dir bizning-da sevgimiz bois.

Har og’och, har shoxni uyg’otdi navro’z,
gul bilan qitiqlab karaxt tanini.
U seni ko’rsatdi menga.
Va bildim
yuragim qaerda joylashganini!

Oh, bahor! Zaminning so’z erkinligi!
Maysalar kuylashar ko’kka o’rlashib.
Shu buyuk quvonchga jo’r bo’ldik biz ham
lablarim lablaring bilan birlanshb.

Umr nima o’zi!
Imoi keltiray,
hikmat bu, bahordek qisqa va ayon:
Sevgi ila ma’sud onlarki o’yla,
asil umr shuldir. Qolgani — yolg’on…

1979

093

(Tashriflar: umumiy 7 405, bugungi 1)

1 izoh

  1. Бунақанги дарға инсонлар кам туғилади. Шоиримизни бизга етказган Алллохга шукр.Улардан яна қайноқ шеърлар кутамиз….

Izoh qoldiring