Sanobar Mehmon. Navoiy va Omon Matjon & & Seni yaxshi ko’raman. She’rlar kitobi

44Ҳаяжон ва хотираларим бир-бирига чалкашиб ҳамон гап кимнинг китоби ҳақида кетаётганини айтмаганимни қаранг,гап менинг кичик юрагимга Хоразмга бўлган УЛКАН муҳаббатнинг илк таъмал тошини қўйган Ўзбекистон Халқ шоири Омон Матжон ва унинг бетакрор шеърияти ҳақида…

Санобар МЕҲМОН
НАВОИЙ ВА ОМОН МАТЖОН
Эссе


Бир пайтлар мактаб ўқувчиси эканим чоғда,қишлоғимизда тўрт тарафи пахта далалари билан ўралган 9-бригаданинг дала шийпони бўларди,бизда (Бухоронинг мен туғилган *Чорзона*қишлоғида пахта даласи «ёвон» деб аталарди,ва ҳар бир пахта даласининг ўз номи бўларди,»Оғар явон* билан *Гнездовой явон» ўртасида жойлашган бу кўримсиз дала шийпонининг битта зах ва моғор ҳиди анқийдиган хонасида қишлоқ кутубхонаси жойлашган эди,дала шийпонига ўша пайтда қоровул бўлган Жаъфар тоғанинг онаси,у кишини ҳамма *Жаъфар бийи* деб атар,аксарият ҳолда дала шийпонига ёш болаларни олма ўғирлагани келган деб гумон қилиб яқин йўлатмас,олма ўғриси эмас,кутубхонага келгувчи эканингга ўткир нигоҳлари билан обдон термулиб ишонч ҳосил қилгачгина кутубхона тарафга ўтказар,ўша зах,моғор ва эскию -янги китоблар ҳиди анқиб ётадиган бир кичкина даҳлиз-у, битта катта хонадан иборат кутубхона ҳиди мен учун ўша пайтларда дунё даги ЭНГ лазиз ҳид эди гўё….Айнан ўша олмалар ғарқ пишган кунлардан бирида раҳматли Жаъфар бийининг назоратларидан ўтиб кутубхонага кирганим бир кунда кўзим оппоқ муқовали,юпқагина «Одамнинг сояси қуёшга тушди*,-деган бир китобга тушдию, юрагим жиззз қилди ва ўша китобни танлаб олиб кетишга ёздирдим,кутубхоначи, ҳамиша очиқ юзли ва номига муносиб хушмуомала Хушвақт янга:»Яхши бадиий китоб келган «Эл қизи «,-деган шуни олмайсанми,кўпчилик шуни ўқияпти ҳозир «,-деб тавсия қилдилар, лекин мен ичида недир бир хазина бордек туюлган ушбу юпқа, оппоқ муқоваси бироз кирланган шу китобчани олдиму,уйга югурдим ва ….

Ва…..

Ҳақиқатдан ички сезги алдамаслиги рост шекилли; ушбу китобнинг шавқи билан мана бугунгача биргаликда яшаб келяпман…..

«Ўқий олмас бўлдим китоблар,
Ҳарфлар кўзга аранг кўринар.
Фақат сенинг чеҳранг кўринар —
Сўзлар достонидан кетиб.
Фақат сенинг кўзинг кўринар-
Кўзлар осмонидан кетиб-«

деган ҳароратли сатрлар мен учун ўлардай зерикарли, шу эртаю-кеч иши тугамайдиган,оч-офат молларига елкангда ўт ташиб келиб тинмай едирсанг ҳам тўйиб ўлмайдиган буткул қора меҳнатдан иборат шу қора қишлоққа шу оппоқ муқоваси бироз кирланган ушбу юпқа китобча ўзининг рангидай оппоқ бир нур олиб кирди, энди эрталабдан то кечгача тинимсиз айтадиганим,айтганим сари яйрайдиганим бу сатрлар менга бу қишлоқнинг асл манзарасини унутдирди, энди фақатгина дунё шу шеърларнинг ҳайрати рангида товланар, юрагимни шу шеърларда куйланган Жайҳун дарёсининг мавжлари янглиғ тоширар, тезроқ катта бўлгим, мактабни тезроқ тугатгим ва шу шеърларда куйланган сирли ва ёруғ бир дунёларга кетгим келар, юрагим қинига сиғмай энтикарди…
Айнан ўша шеърларда куйланган «Ўйноқи ғамдир куйларинг»,-деган сатрлар сабаб Хоразм ва унинг ўйноқи ғамни куйлаган санъатини севиб қолгандирман эҳтимол…..

«Вақти келиб чиқса бу жоним,
Дардларимга ясалса якун.
Бу дунёни тарк этар оним.
Эшигингдан ўтарман бир кун «,

«Мен сени соғиндим кўргим келади,

Лекин айтолмайман буни ҳеч кимга «, ва барча -барча шеърларни бир нафасда ёдладим. Рости, ўзимнинг нари борса ўнта шеъримни ёд биларман,улар ҳам ковиднинг хотирамга қилган таъсири сабаб айқаш-уйқаш бўлиб ўчиб кетди, лекин ўша «Одамнинг сояси қуёшга тушди»,-деб номланган китобнинг барча шеърларию,нуқта -вергулларигача бугун ҳам хотирамга михлаб қўйилган каби турибди….
Энг ҳайратланарлиси, ҳаттоки ковид ҳам бу шеърларга таъсир қилмади….

24Ҳаяжон ва хотираларим бир-бирига чалкашиб ҳамон гап кимнинг китоби ҳақида кетаётганини айтмаганимни қаранг,гап менинг кичик юрагимга Хоразмга бўлган УЛКАН муҳаббатнинг илк таъмал тошини қўйган Ўзбекистон Халқ шоири Омон Матжон ва унинг бетакрор шеърияти ҳақида.

Ўша вақтда юрагимга кирган бу ўтли ҳаяжон билан Омон Матжон деган номга ошиқ бўлиб, шоирнинг «Гаплашадиган вақтлар»,»Ҳаққуш қичқириғи»,»Сени яхши кўраман»,-деган барча китобларини топдим,ўқидим ва деярли ҳаммаси руҳимга сингиб,хотирамга ёд бўлиб қолди,у серҳаяжон шеърларни мен эмас,хотирам ёд олди….

Ўша вақтларда умримда бир бориб кўрмаган, Омон Матжон шеърлари таъсирида хаёлимда афсоналар,эртаклар ва ўтлиғ шеърлар диёри бўлиб туюлган Хоразмга ошиқ бўлдим….

У шеърларни ўқиганим ва Хоразмга ғойибона ошиқ бўлганимга ҳам салкам ўттиз йил бўлаяпти…

Лекин,бу ошиқлик ҳам хотирамга Омон Матжон нинг ковиддан кейин ҳам михдай ўрнашиб қолган шеърлари каби юрагимга ўша маъсум дамларнинг ҳаяжони билан қаттттттиқ ўрнашиб қолган эканки,ҳамон юрагимдан ювилиб кетмади…..
Йиллар ўтди,мактабни битириб,орзиқиб кутганим Тошкентга ҳам келдим ва яна Хоразмлик иккинчи бир шоир Матназар Абдулҳакимни кашф қилдим …

Не ажабки,Омон Матжоннинг серҳаяжон шеърларига ошиқ бўлган ўн икки,ўн уч ёшларимда бошдан -оёғим ҳаяжон ва ҳайратдан иборат бўлса, Матназар Абдулҳакимнинг шеърларига мафтун бўлган ушбу йигирма уч-йигирма тўрт ёшларимда содда ҳаяжонларим анчайин босилган, Тошкентда шеърларда куйланган каби қандайдир сирли ва ёруғ дунё бор деган ибтидоий ва ғўр тасаввур им яхшигина лат еган,»ҳамма ерда ҳам хўроз бир хил қичқиришини* ҳаёт яхшилаб кўрсатиб қўйган пайтлари эди ҳаётимнинг…
Во ажаб-таққосни кўрингки, Матназар оғанинг шеърлари ҳам айнан шу руҳда, айнан шулар ҳаққинда эди …

*Юрагингга қул бўл-у телба,
Ақлингга султон бўл у соғроқ!»,-

Мен бу шеърларни ўқиб ,яна юрагимда Хоразмга бўлган чандон бир ошуфталик зиёда бўлганини ҳис этдим….
Энди,шу сирли диёрга бормасам ,бу тупроқни Матназар оға айтмакчи:

*Хоразмни ковласангиз гар,
Ер остиннан дарёлар чиқишига «,-

гувоҳ бўлмасам бу энтикиш босил маслини англадим, ва ўз-ўзимга отамнинг ҳамиша совуққон, ҳамиша ақлли бўлишга ундовчи қаҳрли овозлари билан савол бердимки:»Боришдан мақсад нима?!?»

Ва отасидан ҳаттоки тушларида ҳам ҳайиқиб,чўчиб яшайдиган қизнинг дастаги билан жавоб бердимки:»Бориб, Матназар Абдулҳакимнинг дуоларини олиб келаман!»

Шу важ менга ўша пайтда жудаям жўяли туюлди ва бошқа майда-чуйда сабаблар чиқиб,йўлдан қолдирмаслиги,иккилантирмаслиги учун ўша заҳоти онамни ҳам*зиёрат қилиб келамиз»,-деб кўндириб,онам билан бирга йўлга отландик.(Бегона юртга бир ўзим ҳамроҳсиз боргани чўчидим барибир)

Ва яқин танишларимиз борлиги сабаб салкам бир ой Хоразмда бўлдик….

Худди бир нарсасини йўқотган одамдай Хоразмнинг муқаддас зиёратгоҳларида ,ҳаттоки айрим Хоразмликлар ҳам билавермайдиган Хазораспдаг и *Абдукарим Шайх»дан тортиб,Тўрткўлдаги»Кечирмас бобо»гача,ундан ҳаттоки Берунийдаги*Кечирмас бобо*ларгача бордим, лекин Матназар шоирнинг олдига боргани ҳаддим сиғмади, хижолат бўлдим, онамдан ўтган ич-ичимдан тортинчоқлигим боис ;ҳеч шарт телефон қилиб,ёхуд излаб боргани ҳаддим сиғмади….

Хоразмнинг илоҳий бир руҳи руҳимга ўшанда берган таскинни ҳамон соғинаман…

Ва беихтиёр ўзимдаги бир туйғуни англаб етдим….

Биз уйида меҳмон бўлган Янгибозорлик яқин танишларимиз ўшанда ҳайрон бўлиб:»Худдики,бир йўқотган нарсасини излаган одам каби Хоразмни зиёрат қилдингиз -а,ахийри қидирган нарсангизни топдингизми»,-деб кетар чоғимиз ҳазил аралаш сўрадилар….
Рости,мен Хоразмни гир айланиб Омон Матжон шеърлари руҳидаги ҳайратнинг рангини,Комилжон Отаниёзовнинг овозидан тараладиган жоннинг ичига кириб титратадиган ўша ўйноқи ва шикаста ғамнинг нафасини,Отажон Худойшукуровнинг забардаст овозидан таралган наъранинг аксини қидирдим,энг ғалатиси ҳозир ҳам шундай қидираман…..

Ишонинглар,гарчанд энди ўн икки,ўн уч ёшлардаги Омон Матжоннинг шеърларига ошиқ бўлган замонлардан ўтиб кетган, гарчанд ўша оловли ҳаяжонларим ҳаётнинг совуқ зарбалари билан яхшигина шикастланиб босилган эсада, гарчанд ёшим қирқдан ошиб қолган бўлсада бари-бир мен ҳамон Хоразмга бориб ўша болалик тасаввуримдаги Хоразмни қидираман, ҳамонки борсам ўша юқорида айтиб ўтганим ҳайратларимда яширин сирли ва мафтункор Хоразмни излайман,излайвераман,шу излам негадир сираям ўтиб кетмайди биродарлар…

Мен айнан ўша энг аввало Комилжон Отаниёзовнинг илоҳий хонишлари билан бошланган,сўнгра Омон Матжоннинг ўтли шеърлари билан қалбимга ин қурган,ундан кейин Матназар Абдулҳакимнинг фалсафа ва муҳаббат ила тобланган ҳикматга монанд шеърлари билан янада сайқал топиб, Отажон Худойшукуровнинг забардаст овози билан авж пардаларга кўтарилган шу мен учун ҳамон сирлар ва маънилар хазинасига ўранган Ҳазрати Нажмиддин Кубронинг юрти бўлган, Ҳазратим Тўхтавой отамнинг юрти бўлган шу ўзим учун табаррук бўлган тупроқни шунчаки хашаки одамлардан, хашаки шеърлардан, хашаки ашиллалардан қизғонаман ишонинглар….Шу илоҳий ва инсониятнинг дарди авж нуқталарда тараннум этилган бир қадийм юртнинг менинг тасаввуримда тикланган сирли сиймосига дарз етказиши мумкин бўлган барча хира нарсалардан қизғониб, авайлаб яшайман….

Эҳтимолки,ўша ўта гизли аяш туйғуси сабабдир- Матназар Абдулҳакимнибориб кўрмаганимга ҳам ….

Шу гўзал шоирнинг тасаввуримдаги гўзал сиймоси лат ейишидан,ўзим билмаган ҳолимда ич-ичимдан чўчигандирман….

2002-йилларда *Ўзбекистон адабиёти ва санъати* газетасида иш бошлаган кунларимда раҳматлик,барча журналистларнинг Устози Маҳмуд Саъдий ҳазиллашиб:»Сизни кўпчилик жудаям ҳаяжони кўп шоира»,-деб мақташаяпти, энди ҳаяжонни ақлнинг совуқ нигоҳлари билан қўрқитишни ўрганинг, журналистикада ҳаяжон кетмайди, дердилар. Дарҳақиқат,Устознинг меҳр ва рағбат аралаш пандларига ҳаётнинг ўзи дарҳол:»Лаббай»,-деб жавоб берди, аста-секин ҳаяжонни юракнинг энг чуқур ерига яширишга ва ҳаётнинг совуқ пандини ўзлаштиришга имосиз ҳам мослаша бордим ва ўша йили газетага суҳбат қилиш учун раҳматлик Омон Матжоннинг олдиларига *Навоий 30* да «Гулхан» журналида ишлардилар шекилли,суҳбат учун бордим….

Тасаввуримда шеърлари сабаб ,руҳи энг яқин танишимдан ҳам таниш бўлиб кетган шоирни аслан биринчи марта кўришим эди….

Маълум бир сабабларга кўра Омон Матжон ўша вақтларда жудаям руҳсиз, жудаям тушкун эди,менга тасаввуримда қадийм Хоразмнинг маънавий бир эгаси бўлиб шаклланиб қолган шоирни бу аҳволда кўриш жудаям юрагимга оғирлик қилди….

41Неча бор кўзларимга қалқиб чиққан кўз ёшларимни яшириб, яхшиям ёз чилласининг қайноқ бир куни эди,кўз ёшларни ҳеч бўлмаганда тер артиш баҳонасида яширса бўладиган….Раҳматли, Омон Матжон ўша куни Ҳазрат Навоийнинг:

«Зулфинг очилиб орази дилжў била ўйнар,
Ҳинду бачае шўх дурур су била ўйнар»,

-деб бошланадиган ғазалини сел бўлиб шарҳ қилдилар ва ғазал ўқиш ва уни шарҳлаш асноси шоирнинг тушкун руҳи чекиниб,кайфияти кўтарилди.

Мен Устоз шоиримизга:
«Чарх авзойи бу дам аввалгиларга ўхшамасни «
эслатдим.

Устоз Омон Матжон қаламига мансуб,Шерали Жўраев томонидан авж пардаларда куйланган ва ҳамма замонларнинг шедевр таронаси бўлиб қоладиган «Аввалгиларга ўхшамас»ни ёд билишим Устознинг кўнглини жудаям кўтарди ва биз жудаям чиройли суҳбат қилдик,суҳбатни тугаллаб кўчага чиққач барибир тортинчоқлигимдан ўкиндим…

Нафақат,»Аввалгиларга ўхшамас*, балким Омон Матжоннинг тўрттала китобини бус-бутун ёд билишимни айтолмаганимдан жудаям қаттиқ ўкиндим….

*Ахир,кайфияти кўтарилиб,руҳи қанчалар яйрар эдия,нега ашаддий мухлиси эканимни,бу суҳбатга ҳам айнан шунинг учунгина келганимни Шоирнинг ўзига айтмадим, қанчалар кўнгли кўтарилар эдику»,-деб ўзимни қанча койидим, лекин ўзимни ҳам яхши билар эдимки,қайтиб яна олдиларига кирсам ҳам барибир Омон Матжоннинг юзларига бу гапларни айтолмасдим, худди одамни унинг юзига мақташ бир хушомад қилган каби туюлар ва бу ҳолат мен учун ўта ўнғайсиз эдики,хуллас нима бўлганда ҳам, ҳозир ҳам ҳеч кимни юзига қараб мақтай олмайман…..

(Шахсан ҳозир ҳам дўстларим орасида ҳар куни ҳаққига йиғлаб дуо қиладиган Азиз одамларим бор, лекин афсуски,буни улар билмайдилар,мен буни уларга ҳеч қачон, ажабтовур феълим сабабидан айтолмайман, лекин уларга бўлган меҳримни дуо шаклида, муножот ҳолида Худойимга арзу-ниёз қиламан)

Ҳаттоки,суҳбат жараёнида ҳам жудаям қисиниб-қимтиниб,имкон қадар ҳаяжонсиз ва ақлли саволлар беришга ҳаракат қилганим эсимда.(Фақатгина,шеър ўқиганим «Аввалгиларга ўхшамас»ни ўқиганим бундан мустасно, чунки мен фақатгина шеър ўқигандагина эркинман,шеър ўқигандагина ўзимни руҳимнинг озодлигига топшираман,ёхуд ўқилаётган шеърнинг ўзи озодлик истаб менинг ихтиёримдан буткул чиқиб кетади)….

Кейин қайтиб ўн йиллар ўзим ҳам ижоддан чекиниш қилганим учун,Шоирни қайтиб бошқа кўрмадим….

Аммо, кўз олдимда ўша кўрганим Навоий ғазалини ўт-оловли саратоннинг кунида ўт-олов бўлиб шарҳлаган Омон Матжоннинг сиймоси қолиб кетди….

Назаримда,Навоийнинг руҳи бир сония ўзининг кўкларидан тушиб келиб Омон Матжонни ҳам ўзининг осмонларига олиб чиққандай эди гўёки:

«Сўкмак,ўтганлар ишин нотавонлар расмиким,
Ўз замонин рост этар қавми мардлар насликим,
Бу замон тилсимларин очмак ОМОНлар касбиким,
Эй Навоий қилма Жамшид-у,Фаридун васликим-
Ким,бу расвоийда жам аввалгиларга ўхшамас «
Чарх авзойи бу дам аввалгиларга ўхшамас,
Котиб-у,давру-рақам аввалгиларга ўхшамас….
Энди инсон қадри ҳам аввалгиларга ўхшамас»….

Ўша вақт айни шундай замон эди шоирим….
Навоий даврининг юксак ўлчамларидан олганда:

«Энди инсон қадри ҳам аввалгиларга ўхшамас » эди афсуски…..

Назаримда ,биз недир бир азиз нарсаларимизни келажакка олиб ўтолмаётгандаймиз..Янги авлодлар, ҳаттоки яхши авлодлар келаяпти, лекин недир азиз бир қадриятларимиз бор,биз шуни келажакка олиб ўтолмаётгандаймиз негадир…..

Шу исмсиз дардни ўйласам юрагимни недир бир ғалати, аччиқ оғриқ симиллатади,бир азиз ва қайтарилмас не ситамким ўтмиш бўлиб қолаётган қадриятларимиз бор,шуни келажакка олиб ўтолмаётганимиз юрагимни эзади, аммо бу энди алоҳида бир мавзу…….
Санобар Меҳмон.

7.02.2024-йил. Дўрмон

Hayajon va xotiralarim bir-biriga chalkashib hamon gap kimning kitobi haqida ketayotganini aytmaganimni qarang,gap mening kichik yuragimga Xorazmga bo‘lgan ULKAN muhabbatning ilk ta’mal toshini qo‘ygan O‘zbekiston Xalq shoiri Omon Matjon va uning betakror she’riyati haqida…

Sanobar MЕHMON
NAVOIY VA OMON MATJON
Esse


Bir paytlar maktab o‘quvchisi ekanim chog‘da,qishlog‘imizda to‘rt tarafi paxta dalalari bilan o‘ralgan 9-brigadaning dala shiyponi bo‘lardi,bizda (Buxoroning men tug‘ilgan *Chorzona*qishlog‘ida paxta dalasi «yovon» deb atalardi,va har bir paxta dalasining o‘z nomi bo‘lardi,»Og‘ar yavon* bilan *Gnezdovoy yavon» o‘rtasida joylashgan bu ko‘rimsiz dala shiyponining bitta zax va mog‘or hidi anqiydigan xonasida qishloq kutubxonasi joylashgan edi,dala shiyponiga o‘sha paytda qorovul bo‘lgan Ja’far tog‘aning onasi,u kishini hamma *Ja’far biyi* deb atar,aksariyat holda dala shiyponiga yosh bolalarni olma o‘g‘irlagani kelgan deb gumon qilib yaqin yo‘latmas,olma o‘g‘risi emas,kutubxonaga kelguvchi ekaningga o‘tkir nigohlari bilan obdon termulib ishonch hosil qilgachgina kutubxona tarafga o‘tkazar,o‘sha zax,mog‘or va eskiyu -yangi kitoblar hidi anqib yotadigan bir kichkina dahliz-u, bitta katta xonadan iborat kutubxona hidi men uchun o‘sha paytlarda dunyo dagi ENG laziz hid edi go‘yo….Aynan o‘sha olmalar g‘arq pishgan kunlardan birida rahmatli Ja’far biyining nazoratlaridan o‘tib kutubxonaga kirganim bir kunda ko‘zim oppoq muqovali,yupqagina «Odamning soyasi quyoshga tushdi*,-degan bir kitobga tushdiyu, yuragim jizzz qildi va o‘sha kitobni tanlab olib ketishga yozdirdim,kutubxonachi, hamisha ochiq yuzli va nomiga munosib xushmuomala Xushvaqt yanga:»Yaxshi badiiy kitob kelgan «El qizi «,-degan shuni olmaysanmi,ko‘pchilik shuni o‘qiyapti hozir «,-deb tavsiya qildilar, lekin men ichida nedir bir xazina bordek tuyulgan ushbu yupqa, oppoq muqovasi biroz kirlangan shu kitobchani oldimu,uyga yugurdim va ….

Va…..

Haqiqatdan ichki sezgi aldamasligi rost shekilli; ushbu kitobning shavqi bilan mana bugungacha birgalikda yashab kelyapman…..

«O‘qiy olmas bo‘ldim kitoblar,
Harflar ko‘zga arang ko‘rinar.
Faqat sening chehrang ko‘rinar —
So‘zlar dostonidan ketib.
Faqat sening ko‘zing ko‘rinar-
Ko‘zlar osmonidan ketib-«

degan haroratli satrlar men uchun o‘larday zerikarli, shu ertayu-kech ishi tugamaydigan,och-ofat mollariga yelkangda o‘t tashib kelib tinmay yedirsang ham to‘yib o‘lmaydigan butkul qora mehnatdan iborat shu qora qishloqqa shu oppoq muqovasi biroz kirlangan ushbu yupqa kitobcha o‘zining rangiday oppoq bir nur olib kirdi, endi ertalabdan to kechgacha tinimsiz aytadiganim,aytganim sari yayraydiganim bu satrlar menga bu qishloqning asl manzarasini unutdirdi, endi faqatgina dunyo shu she’rlarning hayrati rangida tovlanar, yuragimni shu she’rlarda kuylangan Jayhun daryosining mavjlari yanglig‘ toshirar, tezroq katta bo‘lgim, maktabni tezroq tugatgim va shu she’rlarda kuylangan sirli va yorug‘ bir dunyolarga ketgim kelar, yuragim qiniga sig‘may entikardi…
Aynan o‘sha she’rlarda kuylangan «O‘ynoqi g‘amdir kuylaring»,-degan satrlar sabab Xorazm va uning o‘ynoqi g‘amni kuylagan san’atini sevib qolgandirman ehtimol…..

«Vaqti kelib chiqsa bu jonim,
Dardlarimga yasalsa yakun.
Bu dunyoni tark etar onim.
Eshigingdan o‘tarman bir kun «,

«Men seni sog‘indim ko‘rgim keladi,

Lekin aytolmayman buni hech kimga «, va barcha -barcha she’rlarni bir nafasda yodladim. Rosti, o‘zimning nari borsa o‘nta she’rimni yod bilarman,ular ham kovidning xotiramga qilgan ta’siri sabab ayqash-uyqash bo‘lib o‘chib ketdi, lekin o‘sha «Odamning soyasi quyoshga tushdi»,-deb nomlangan kitobning barcha she’rlariyu,nuqta -vergullarigacha bugun ham xotiramga mixlab qo‘yilgan kabi turibdi….
Eng hayratlanarlisi, hattoki kovid ham bu she’rlarga ta’sir qilmadi….

24Hayajon va xotiralarim bir-biriga chalkashib hamon gap kimning kitobi haqida ketayotganini aytmaganimni qarang,gap mening kichik yuragimga Xorazmga bo‘lgan ULKAN muhabbatning ilk ta’mal toshini qo‘ygan O‘zbekiston Xalq shoiri Omon Matjon va uning betakror she’riyati haqida.

O‘sha vaqtda yuragimga kirgan bu o‘tli hayajon bilan Omon Matjon degan nomga oshiq bo‘lib, shoirning «Gaplashadigan vaqtlar»,»Haqqush qichqirig‘i»,»Seni yaxshi ko‘raman»,-degan barcha kitoblarini topdim,o‘qidim va deyarli hammasi ruhimga singib,xotiramga yod bo‘lib qoldi,u serhayajon she’rlarni men emas,xotiram yod oldi….

O‘sha vaqtlarda umrimda bir borib ko‘rmagan, Omon Matjon she’rlari ta’sirida xayolimda afsonalar,ertaklar va o‘tlig‘ she’rlar diyori bo‘lib tuyulgan Xorazmga oshiq bo‘ldim….

U she’rlarni o‘qiganim va Xorazmga g‘oyibona oshiq bo‘lganimga ham salkam o‘ttiz yil bo‘layapti…

Lekin,bu oshiqlik ham xotiramga Omon Matjon ning koviddan keyin ham mixday o‘rnashib qolgan she’rlari kabi yuragimga o‘sha ma’sum damlarning hayajoni bilan qattttttiq o‘rnashib qolgan ekanki,hamon yuragimdan yuvilib ketmadi…..
Yillar o‘tdi,maktabni bitirib,orziqib kutganim Toshkentga ham keldim va yana Xorazmlik ikkinchi bir shoir Matnazar Abdulhakimni kashf qildim …

Ne ajabki,Omon Matjonning serhayajon she’rlariga oshiq bo‘lgan o‘n ikki,o‘n uch yoshlarimda boshdan -oyog‘im hayajon va hayratdan iborat bo‘lsa, Matnazar Abdulhakimning she’rlariga maftun bo‘lgan ushbu yigirma uch-yigirma to‘rt yoshlarimda sodda hayajonlarim anchayin bosilgan, Toshkentda she’rlarda kuylangan kabi qandaydir sirli va yorug‘ dunyo bor degan ibtidoiy va g‘o‘r tasavvur im yaxshigina lat yegan,»hamma yerda ham xo‘roz bir xil qichqirishini* hayot yaxshilab ko‘rsatib qo‘ygan paytlari edi hayotimning…
Vo ajab-taqqosni ko‘ringki, Matnazar og‘aning she’rlari ham aynan shu ruhda, aynan shular haqqinda edi …

*Yuragingga qul bo‘l-u telba,
Aqlingga sulton bo‘l u sog‘roq!»,-

Men bu she’rlarni o‘qib ,yana yuragimda Xorazmga bo‘lgan chandon bir oshuftalik ziyoda bo‘lganini his etdim….
Endi,shu sirli diyorga bormasam ,bu tuproqni Matnazar og‘a aytmakchi:

*Xorazmni kovlasangiz gar,
Yer ostinnan daryolar chiqishiga «,-

guvoh bo‘lmasam bu entikish bosil maslini angladim, va o‘z-o‘zimga otamning hamisha sovuqqon, hamisha aqlli bo‘lishga undovchi qahrli ovozlari bilan savol berdimki:»Borishdan maqsad nima?!?»

Va otasidan hattoki tushlarida ham hayiqib,cho‘chib yashaydigan qizning dastagi bilan javob berdimki:»Borib, Matnazar Abdulhakimning duolarini olib kelaman!»

Shu vaj menga o‘sha paytda judayam jo‘yali tuyuldi va boshqa mayda-chuyda sabablar chiqib,yo‘ldan qoldirmasligi,ikkilantirmasligi uchun o‘sha zahoti onamni ham*ziyorat qilib kelamiz»,-deb ko‘ndirib,onam bilan birga yo‘lga otlandik.(Begona yurtga bir o‘zim hamrohsiz borgani cho‘chidim baribir)

Va yaqin tanishlarimiz borligi sabab salkam bir oy Xorazmda bo‘ldik….

Xuddi bir narsasini yo‘qotgan odamday Xorazmning muqaddas ziyoratgohlarida ,hattoki ayrim Xorazmliklar ham bilavermaydigan Xazoraspdag i *Abdukarim Shayx»dan tortib,To‘rtko‘ldagi»Kechirmas bobo»gacha,undan hattoki Beruniydagi*Kechirmas bobo*largacha bordim, lekin Matnazar shoirning oldiga borgani haddim sig‘madi, xijolat bo‘ldim, onamdan o‘tgan ich-ichimdan tortinchoqligim bois ;hech shart telefon qilib,yoxud izlab borgani haddim sig‘madi….

Xorazmning ilohiy bir ruhi ruhimga o‘shanda bergan taskinni hamon sog‘inaman…

Va beixtiyor o‘zimdagi bir tuyg‘uni anglab yetdim….

Biz uyida mehmon bo‘lgan Yangibozorlik yaqin tanishlarimiz o‘shanda hayron bo‘lib:»Xuddiki,bir yo‘qotgan narsasini izlagan odam kabi Xorazmni ziyorat qildingiz -a,axiyri qidirgan narsangizni topdingizmi»,-deb ketar chog‘imiz hazil aralash so‘radilar….
Rosti,men Xorazmni gir aylanib Omon Matjon she’rlari ruhidagi hayratning rangini,Komiljon Otaniyozovning ovozidan taraladigan jonning ichiga kirib titratadigan o‘sha o‘ynoqi va shikasta g‘amning nafasini,Otajon Xudoyshukurovning zabardast ovozidan taralgan na’raning aksini qidirdim,eng g‘alatisi hozir ham shunday qidiraman…..

Ishoninglar,garchand endi o‘n ikki,o‘n uch yoshlardagi Omon Matjonning she’rlariga oshiq bo‘lgan zamonlardan o‘tib ketgan, garchand o‘sha olovli hayajonlarim hayotning sovuq zarbalari bilan yaxshigina shikastlanib bosilgan esada, garchand yoshim qirqdan oshib qolgan bo‘lsada bari-bir men hamon Xorazmga borib o‘sha bolalik tasavvurimdagi Xorazmni qidiraman, hamonki borsam o‘sha yuqorida aytib o‘tganim hayratlarimda yashirin sirli va maftunkor Xorazmni izlayman,izlayveraman,shu izlam negadir sirayam o‘tib ketmaydi birodarlar…

Men aynan o‘sha eng avvalo Komiljon Otaniyozovning ilohiy xonishlari bilan boshlangan,so‘ngra Omon Matjonning o‘tli she’rlari bilan qalbimga in qurgan,undan keyin Matnazar Abdulhakimning falsafa va muhabbat ila toblangan hikmatga monand she’rlari bilan yanada sayqal topib, Otajon Xudoyshukurovning zabardast ovozi bilan avj pardalarga ko‘tarilgan shu men uchun hamon sirlar va ma’nilar xazinasiga o‘rangan Hazrati Najmiddin Kubroning yurti bo‘lgan, Hazratim To‘xtavoy otamning yurti bo‘lgan shu o‘zim uchun tabarruk bo‘lgan tuproqni shunchaki xashaki odamlardan, xashaki she’rlardan, xashaki ashillalardan qizg‘onaman ishoninglar….Shu ilohiy va insoniyatning dardi avj nuqtalarda tarannum etilgan bir qadiym yurtning mening tasavvurimda tiklangan sirli siymosiga darz yetkazishi mumkin bo‘lgan barcha xira narsalardan qizg‘onib, avaylab yashayman….

Ehtimolki,o‘sha o‘ta gizli ayash tuyg‘usi sababdir- Matnazar Abdulhakimniborib ko‘rmaganimga ham ….

Shu go‘zal shoirning tasavvurimdagi go‘zal siymosi lat yeyishidan,o‘zim bilmagan holimda ich-ichimdan cho‘chigandirman….

2002-yillarda *O‘zbekiston adabiyoti va san’ati* gazetasida ish boshlagan kunlarimda rahmatlik,barcha jurnalistlarning Ustozi Mahmud Sa’diy hazillashib:»Sizni ko‘pchilik judayam hayajoni ko‘p shoira»,-deb maqtashayapti, endi hayajonni aqlning sovuq nigohlari bilan qo‘rqitishni o‘rganing, jurnalistikada hayajon ketmaydi, derdilar. Darhaqiqat,Ustozning mehr va rag‘bat aralash pandlariga hayotning o‘zi darhol:»Labbay»,-deb javob berdi, asta-sekin hayajonni yurakning eng chuqur yeriga yashirishga va hayotning sovuq pandini o‘zlashtirishga imosiz ham moslasha bordim va o‘sha yili gazetaga suhbat qilish uchun rahmatlik Omon Matjonning oldilariga *Navoiy 30* da «Gulxan» jurnalida ishlardilar shekilli,suhbat uchun bordim….

Tasavvurimda she’rlari sabab ,ruhi eng yaqin tanishimdan ham tanish bo‘lib ketgan shoirni aslan birinchi marta ko‘rishim edi….

Ma’lum bir sabablarga ko‘ra Omon Matjon o‘sha vaqtlarda judayam ruhsiz, judayam tushkun edi,menga tasavvurimda qadiym Xorazmning ma’naviy bir egasi bo‘lib shakllanib qolgan shoirni bu ahvolda ko‘rish judayam yuragimga og‘irlik qildi….

41Necha bor ko‘zlarimga qalqib chiqqan ko‘z yoshlarimni yashirib, yaxshiyam yoz chillasining qaynoq bir kuni edi,ko‘z yoshlarni hech bo‘lmaganda ter artish bahonasida yashirsa bo‘ladigan….Rahmatli, Omon Matjon o‘sha kuni Hazrat Navoiyning:

«Zulfing ochilib orazi diljo‘ bila o‘ynar,
Hindu bachaye sho‘x durur su bila o‘ynar»,

-deb boshlanadigan g‘azalini sel bo‘lib sharh qildilar va g‘azal o‘qish va uni sharhlash asnosi shoirning tushkun ruhi chekinib,kayfiyati ko‘tarildi.

Men Ustoz shoirimizga:
«Charx avzoyi bu dam avvalgilarga o‘xshamasni «
eslatdim.

Ustoz Omon Matjon qalamiga mansub,Sherali Jo‘rayev tomonidan avj pardalarda kuylangan va hamma zamonlarning shedevr taronasi bo‘lib qoladigan «Avvalgilarga o‘xshamas»ni yod bilishim Ustozning ko‘nglini judayam ko‘tardi va biz judayam chiroyli suhbat qildik,suhbatni tugallab ko‘chaga chiqqach baribir tortinchoqligimdan o‘kindim…

Nafaqat,»Avvalgilarga o‘xshamas*, balkim Omon Matjonning to‘rttala kitobini bus-butun yod bilishimni aytolmaganimdan judayam qattiq o‘kindim….

*Axir,kayfiyati ko‘tarilib,ruhi qanchalar yayrar ediya,nega ashaddiy muxlisi ekanimni,bu suhbatga ham aynan shuning uchungina kelganimni Shoirning o‘ziga aytmadim, qanchalar ko‘ngli ko‘tarilar ediku»,-deb o‘zimni qancha koyidim, lekin o‘zimni ham yaxshi bilar edimki,qaytib yana oldilariga kirsam ham baribir Omon Matjonning yuzlariga bu gaplarni aytolmasdim, xuddi odamni uning yuziga maqtash bir xushomad qilgan kabi tuyular va bu holat men uchun o‘ta o‘ng‘aysiz ediki,xullas nima bo‘lganda ham, hozir ham hech kimni yuziga qarab maqtay olmayman…..

(Shaxsan hozir ham do‘stlarim orasida har kuni haqqiga yig‘lab duo qiladigan Aziz odamlarim bor, lekin afsuski,buni ular bilmaydilar,men buni ularga hech qachon, ajabtovur fe’lim sababidan aytolmayman, lekin ularga bo‘lgan mehrimni duo shaklida, munojot holida Xudoyimga arzu-niyoz qilaman)

Hattoki,suhbat jarayonida ham judayam qisinib-qimtinib,imkon qadar hayajonsiz va aqlli savollar berishga harakat qilganim esimda.(Faqatgina,she’r o‘qiganim «Avvalgilarga o‘xshamas»ni o‘qiganim bundan mustasno, chunki men faqatgina she’r o‘qigandagina erkinman,she’r o‘qigandagina o‘zimni ruhimning ozodligiga topshiraman,yoxud o‘qilayotgan she’rning o‘zi ozodlik istab mening ixtiyorimdan butkul chiqib ketadi)….

Keyin qaytib o‘n yillar o‘zim ham ijoddan chekinish qilganim uchun,Shoirni qaytib boshqa ko‘rmadim….

Ammo, ko‘z oldimda o‘sha ko‘rganim Navoiy g‘azalini o‘t-olovli saratonning kunida o‘t-olov bo‘lib sharhlagan Omon Matjonning siymosi qolib ketdi….

Nazarimda,Navoiyning ruhi bir soniya o‘zining ko‘klaridan tushib kelib Omon Matjonni ham o‘zining osmonlariga olib chiqqanday edi go‘yoki:

«So‘kmak,o‘tganlar ishin notavonlar rasmikim,
O‘z zamonin rost etar qavmi mardlar naslikim,
Bu zamon tilsimlarin ochmak OMONlar kasbikim,
Ey Navoiy qilma Jamshid-u,Faridun vaslikim-
Kim,bu rasvoiyda jam avvalgilarga o‘xshamas «
Charx avzoyi bu dam avvalgilarga o‘xshamas,
Kotib-u,davru-raqam avvalgilarga o‘xshamas….
Endi inson qadri ham avvalgilarga o‘xshamas»….

O‘sha vaqt ayni shunday zamon edi shoirim….
Navoiy davrining yuksak o‘lchamlaridan olganda:

«Endi inson qadri ham avvalgilarga o‘xshamas » edi afsuski…..

Nazarimda ,biz nedir bir aziz narsalarimizni kelajakka olib o‘tolmayotgandaymiz..Yangi avlodlar, hattoki yaxshi avlodlar kelayapti, lekin nedir aziz bir qadriyatlarimiz bor,biz shuni kelajakka olib o‘tolmayotgandaymiz negadir…..

Shu ismsiz dardni o‘ylasam yuragimni nedir bir g‘alati, achchiq og‘riq simillatadi,bir aziz va qaytarilmas ne sitamkim o‘tmish bo‘lib qolayotgan qadriyatlarimiz bor,shuni kelajakka olib o‘tolmayotganimiz yuragimni ezadi, ammo bu endi alohida bir mavzu…….
Sanobar Mehmon.

7.02.2024-yil. Do‘rmon

09

(Tashriflar: umumiy 234, bugungi 1)

Izoh qoldiring