Zulfiya. «Umr daftari» turkumidan 3-qismli videofilm & Zulfiya. Tong bilan shom aro

1011 март– Атоқли шоира Зулфия таваллуд топган куннинг 108 йиллиги

    Устоз Зулфия опа таваллуди куни,  бир кун олдин эълон қилган хотирамда ёзиб ўтганимдек, шахсан менинг  тақдиримда катта ўрин тутган беназир, марҳаматли шоирага бағишлаган  ва узоқ йиллар «Ёшлар» телеканалида менинг бадиий раҳбарлигимда тайёрланган 3 қисмли фильмни сизга тақдим этаман.

099

ЗУЛФИЯ
ШЕЪРЛАР
056

Ўзбек халқининг севимли шоираси, таниқли жамоат арбоби, Ўзбекистон халқ шоири Зулфия Исроилова 1915 йили Тошкентда, ҳунарманд оиласида туғилган. У хотин-қизлар билим юртида ўқиган вақтларидаёқ (1931-1934) адабий тўгаракларга қатнашиб, шеърлар машқ қилади. 1935-1938 йилларда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институти аспирантурасида таҳсил олди.

1938-1948 йилларда нашриётларда муҳаррир, бўлим бошлиғи, 1950-1953 йилларда эса «Ўзбекистон хотин-қизлари» (ҳозирги «Саодат») журналида бўлим бошлиғи, 1953-1980 йилларда эса бош муҳаррир бўлиб ишлади. Зулфия 17 ёшида нашр этилган «Ҳаёт варақлари» (1932) номли биринчи шеърлар тўплами билан Ойдин, Музайяна Алавия, Хосият Тиллахоновалар сафига кириб келди.

Шоира «Шеърлар» ва «Қизлар қўшиғи» (1938) каби поэтик асарларини она Ватан ва унинг дала, чўлларида меҳнат қилаётган пахтакорлар, тракторчи қизларнинг қайноқ ҳаётларига бағишлайди. Айни чоғда, мазкур тўпламлардаги шеърлари шоиранинг маҳорат сирларини эгаллаётган даврини характерловчи асарлар сифатида ҳам муҳим эди.
088Уруш даврида «Уни Фарҳод дердилар» (1943), «Ҳижрон кунларида» (1944) каби тўпламларининг нашр этилиши Зулфиянинғ пешқадам шоирлар қаторига дадил кириб келаётганлигидан далолат берди. Бу тўпламдаги шеърлар Ватанга муҳаббат, душманга нафрат ва ғалабага ишонч руҳида яратилганлиги билан характерлидир.

Зулфиянинг «Менинг Ватаним», «Қўлимда қуролу устимда шинел», «Бизни кут» каби умидбахш шеърлари уруш даври ўзбек шеъриятининг жанговар руҳини ифодаловчи асарлар қаторидан ўрин олган.

Шоиранинг урушдан сўнгги йилларда яратилган «Далада бир кун» (1948), «Тонг қўшиғи» (1953) каби шеърлар туркуми, шунингдек, «Мен тонгни куйлайман», «Юрагимга яқин кишилар» (1958), «Куйларим сизга» (1965) тўпламларида Ватан мадҳи, меҳнат жараёнида фидокорлик кўрсатаётган кишилар ҳаёти жўшиб куйланади. Унинг «Сўроқлайди шоирни шеърим» (1960), «Ойдин» (1953), «Қуёшли қалам» (1967) каби очерк ва достонлари Ҳамза, Ойбек, Ойдин, Ҳамид Олимжон каби устозларнинг ёрқин хотираларига бағишланган.

Зулфия Ҳ.Олимжоннинг «Семурғ», «Зайнаб ва Омон» достонлари асосида пьеса ва опера либреттосини ҳам яратган.Шоира «Ўйлар», «Шалола» каби шеърий тўпламлари учун Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофотига сазовор бўлган. Ҳинд мавзуидаги шеърлари учун Жавоҳарлаъл Неру номидаги халқаро мукофотга, тинчлик ва дўстликни тараннум этувчи асарлари ҳамда тараққийпарвар Осиё ва Африка ёзувчилари ҳаракатидаги фаол иштироки учун эса халқаро «Нилуфар» мукофотига сазовор бўлган.

Унинг шеърлари рус, инглиз, немис, ҳинд, болгар, хитой, араб, форс ва бошқа тилларга таржима қилинган. Шоира Н.А.Некрасов, М.Ю.Лермонтов, Вера Инбер, Леся Украинка, Эди Огнетсвет, Марварид Дилбозий, Амрита Притам асарларини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилган.

056

БАҲОР КЕЧАСИ

Кеча жимжит, кўп гўзал кеча
Қарайсану суқинг киради.
Ёнади гул, жилмаяр ғунча,
Еллар ғир-ғир эсиб туради.

Баҳор кечи тиниқ ва оппоқ,
Борлиқ тўлган гуллар ҳидига.
Ҳислар уйғоқ, табиат уйғоқ,
Уйғун бўлиб киши дилига.

Ажаб, гўё тиниқ тўлин ой
Ҳоким сезар осмонда ўзин,
Бахтли билар шу дам ҳойнаҳой,
Сайр этган-чун бутун ер юзин.

Тун мусаффо, кеча беозор,
Биздайин соф нафас олади.
Унда йўқдир ўтмишдаги зор,
Янги куйга қулоқ солади.

Ойда кулиш, электрда нур,
Юрагимда севги тўлқини.
Дайди шамол елади ҳур-ҳур,
Олиб кетар кўздан уйқуни.

Ерга баҳор чаман тўшаган,
Олма ҳали гулини тўкмаган.
Кўк бахмалга гуллар бурканган,
Лаб очмаган, булбул ўпмаган.

Кўзим тушди олма гулига,
Дедим, тақсам энг гўзал бирин –
Сўйлаб берса… менинг чаккамда,
Дилбарлигин, гўзаллик сирин.

Шундай гўзал баҳорнинг гули,
Ундан гўзал биз ўсган ҳаёт.
Гул тутади ҳур инсон қўли,
Гулга тўлган бутун коинот.

Шу манзара, шу ажиб чаман
Қучоғида севинчга ботдим.
Оқшом завқин қониб ичиб мен,
Тоғ ортига ойни узатдим.

1935

МУҲАББАТ ТОНГИ КУЛГАНДА

Оқшом эди, ойдин кўприкда
Барно қизу йигит турарди.
Ойни кутган оқшомги кўкда
Бешик-бешик булут юрарди.

Булутларнинг ёриб қучоғин,
Ой кўрсатди олмос юзини.
Мағрур ташлаб ерга нигоҳин,
Тинглаб қолди йигит сўзини.

“Хоҳи инон, хоҳи инонма,
Сенинг севгинг қилмоқда шайдо.
Бундай ёниш бегона жонда
Бир ўчмас ўт бўлибди пайдо!”

Ой сузади, ел эсар майин,
Икки қалбни ёқар бир оташ.
Ёниқ дилнинг бахтиёр найин,
Ютмоқ бўлур сукут жафокаш.

Йигит севги тонгини кутар,
Қиз кўзидай қуюлади тун.
Лекин узун киприклар ўта –
Ярқирайди бахтга тўла кун.

“У бир ўтки, сени кўрмасам
Изтиробга солар жисмимни,
Лол қоламан – ахтариб топсам,
Унутаман ҳатто исмимни.

Хоҳ инонгин, инонма хоҳи,
Хаёлимда кезасан ёлғиз.
Мени севгин!”
Йигит нигоҳи
Севги тилар – сукут қилар қиз.

Оппоқ паға булут устида
Ҳайрон сузар кекса ойсулув.
Юлдузларни қучиб кўксида,
Анҳор тўлиб жўшиб оқар сув.

Шу чоққача ишқин қиз фақат,
Дилдан сўраб айтганди дилга.
Илк мусаффо, катта муҳаббат
Қиз дилидан келмасди тилга.

Ҳозир юрак бир нигоҳ бўлиб,
Боққан эди йигит кўзига.
Оқшом оғушига нур тўлиб,
Тонг кулгандай бўлди юзига.

Ерда қўшиқ, кўприкда шуъла,
Бахт-ла тепди икки ёш юрак…
Ой сўзлади юлдузни тўплаб,
Севги тонги ҳақида эртак.

1936

ҲИЖРОН

Куз оқшоми эди. Булутли оқшом,
Ойдан тўкилмасди кумуш каби нур.
Азамат тераклар сафи хаёлчан
Кўкка чўзган эди бошини мағрур.

Барглари сарғайган гуллар, дарахтлар
Оқшом туманида сокин боққан чоғ,
Ёрим, севар ёрим, жўнади жангга,
Менинг юрагимга тушди ҳижрон-доғ.

Мен севган дилдорнинг севган юрти бор!
Ишқ доим эрк учун ҳижронга рози.
Бу ҳижрон мангумас, висоли ҳам бор –
Қаҳратон қишларнинг бўлгандай ёзи.

1942

СОЙ КЕЧАСИ

Тоғ ортидан кўтарилди ой,
Сўлим қирғоқ нур-ла ўпишди.
Кўзгу бўлди жимжит оққан сой,
Ойнинг акси сувларни қучди.

Сойми ёки шаббода олди
Менинг кўзимдаги уйқуни?
Ой ёримни ёдимга солди,
Дилда тошди севги тўлқини.

1943

ФАРЗАНД

Нега севмай, эркалаб ўпмай,
Нечун демай уни ҳаётим?
Нега демай кўзимнинг нури,
Сўзлаганда қандим, новвотим?
Ширин экан фарзанд, у билан
Оилага кирар экан жон.
Кўзи кўзга тушиши билан
Меҳри болқир экан бепоён.
Иқбол бўлиб кўзинг олдида,
Кундан-кунга топаркан камол,
Не бахт, тоза ҳаёт боғингда
Ўсса тоза, бебаҳо ниҳол.
У бор ерда қайғу ва ҳасрат
Ҳаётингга бегона экан.
Қани айтинг, фарзанддан қиммат
Бу дунёда нима бор экан?
О… фарзандим, кўзим нурисан,
Менга сендай бўла олур ким?
Сен ҳаётим, сени кўраркан,
Дилда беҳад жўшади меҳрим.
Қора кўзларингга қарайман,
Унда борлиқ бўлар намоён.
Менинг бахтим ёрқин, бегумон
Жилваланиб кўринар аён.
Ширин сўзинг, чексиз меҳринг бор,
Қилиғингда бир олам ором.
Сен билан дил чиройли гулзор,
Қўшиғимга туганмас илҳом.
Сен ўс – соғлом, беқайғу, эркам,
Муҳаббатим бошингга соя,
Мен бахтиёр алла айтайин,
Қўшиқларим кўп, бениҳоя.
Кўз ёш нима, сен билма зинҳор,
Сенга порлоқ тилайман иқбол,
Бу дунёда на яхшики бор
Сенга, қўзим, сенга бўлсин, ол!

1943

СУЛУВ ТОНГ

Эрта баҳор эди бутун табиат
Яшил бахмал билан ёпилган эди;
Ёмғир сувлари-ла етилган ерлар
Кучли қўллар билан чопилган эди.
Тоғлар этагида, қирлар кўксида
Секин чайқаларди лола денгизи.
Экин ерларида эди намоён
Баҳорги меҳнатнинг ҳосилдор изи.
Куйчи ариқларнинг бўйида жийда
Майин таратганда атир бўйини,
Кумушдай баргларда бошланганида
Тонгги шабнамларнинг жилва ўйини;
Мен лола тергали чиқдим далага,
Кетдим майсалардан олмай кўзимни.
Қалбим осойишта, кўнглим беғубор,
Офтоб нурлари силар юзимни.
Енгил борар эдим марзалар бўйлаб,
Қушлар учар эди кўм-кўк ҳавода,
Сувлар ўз куйига борлиғим ўраб
Эркин оқар эдик ширин навода;
Қайдан пайдо бўлди, билмайман ҳали,
Қаршимда бир барно йигитни кўрдим.
Шу он кўкрагимда бир нарса ёниб
Унинг оташида мен беҳол турдим.
Бутун авзойимда ўша ўт юрди,
Кўзим унга тўнди, тилим бўлди лол,
Ҳамон сочар эди бўйини жийда,
Сувлар оқар эди ариқда зилол.
Аста бурилдиму булоқ лабига,
Шаффоф сувларига ювдим юзимни.
Унинг замзамали ойинасида
Гўзал ва бахтиёр кўрдим ўзимни.
Ҳовуч-ҳовуч олиб муздек сув ичдим,
Лекин ҳароратни этди зиёда.
Юрагим ўртанди беҳад, беомон
Гўё ғарқ бўлгандим ўтли дарёда.
Ўша ўтли дарё зўр тўлқинида,
Тотли бир лаззатда пар каби оқдим.
Юрак куйга кирди ишқ ёлқинида,
Шу ишқ китобига илк марта боқдим.
Шундан бери ўтди қанча баҳорлар,
Қанча мармар тонгнинг чиқди қуёши.
Беҳад сулув эди, кўп сулув эди –
Менинг юрагимнинг ишқ тонгин боши.
Ҳар баҳор фаслининг шундай тонгини,
Юлдузлар кетмасдан кутаман боғда.
Гўзал хотиротга тўлади қалбим,
Еллар сулув тонгни эслатган чоғда.
Гўё келтиради сабо, қуёш, гул
Ёшлик баҳоридан чексиз нашида,
Севги парисидай эркалар мени
Атирдай бўйини сочганда жийда.

1944

БАҲОР КЕЛДИ СЕНИ СЎРОҚЛАБ

Салқин саҳарларда, бодом гулида,
Бинафша лабида, ерларда баҳор.
Қушларнинг парвози, елларнинг нози,
Бахмал водийларда, қирларда баҳор…

Қанча севар эдинг, бағрим, баҳорни,
Ўрик гулларининг эдинг мафтуни.
Ҳар уйғонган куртак ҳаёт берган каби
Кўзларингга суртиб ўпардинг уни.

Мана қимматлигим, яна баҳор келиб,
Сени излаб юрди, кезди сарсари.
Қишнинг ёқасидан тутиб сўради сени,
Ул ҳам ёш тўкди-ю, чекилди нари.

Сени излар экан, бўлиб шаббода,
Сен юрган боғларни қидириб чиқди.
Ёйиб кўрсатай деб ҳусн-кўркини,
Яшил қирғоқларни қидириб чиқди.

Топмай, сабри тугаб бўрон бўлди-ю,
Жарликларга олиб кетди бошини.
Фарҳод тоғларидан дарагинг излаб,
Сойларга қулатди тоғнинг тошини.

Қирларга илк чиққан қўйчивонлардан
Қайда шоир, дея айлади сўроқ.
Бирида сукунат, маъюслик кўриб,
Ҳориб-чарчаб келди, тоқатлари тоқ…

Сўнгра жило бўлиб кирди ётоғимга,
Ҳуркар ва Омоннинг ўпди юзидан.
Сингиб ёш куйдирган заъфар ёноғимга
Секин хабар берди менга ўзидан.

Лекин ётоғимда сени тополмай,
Бир нуқтада қолди узоқ тикилиб.
Яна ел бўлди-ю, кезиб сарсари,
Мендан сўрай кетди қалбимни тилиб.

“Қани мен келганда кулиб қаршилаб,
Қўшиғи мавжланиб бир дарё оққан?
“Бахтим борми дея, яккаш сўроқлаб”
Мени шеърга ўраб суқланиб боққан?

Ўрик гулларига тўнмайди нега,
Елда ҳилпиратиб жингала сочин?
Нега мен келтирган шўх нашидага
Пешвоз чиқмайди у ёзиб қулочин?

Қандай ишққа тўлиб боқарди тонгга,
Камол топтирарди кенг хаёлимни.
Унинг рангдор, жозиб қўшиғида
Мудом кўрар эдим ўз жамолимни.

Қани ўша куйчи, хаёлчан йигит?
Нечун кўзингда ёш, туриб қолдинг лол.
Нечун қора либос, сочларингда оқ,
Нечун бу кўкламда сен паришонҳол?”

Қандай жавоб айтай, лолдир тилларим,
Баридан тутдим-у, келдим қошингга.
У ҳам ғаминг билан кезди афтода,
Боқиб туролмайин қабринг тошига.

Аламда тутоқиб дарахтга кўчди,
Куртакни уйғотиб сўйлади ғамнок.
Сенинг ёдинг билан елиб беқарор,
Гуллар ғунчасини этди чок-чок.

Гулу райҳонларнинг таралди атри,
Самони қоплади майин бир қўшиқ.
Бу қўшиқ нақадар ошно, яқин,
Нақадар ҳаётбахш, оташга тўлиқ.

Баҳорга бурканган сен севган элда,
Овозинг янгради жўшқин, забардаст.
Ўлмаган экансан, жоним, сен ҳаёт,
Мен ҳам ҳали сенсиз олмадим нафас.

Ҳижронинг қалбимда, созинг қўлимда,
Ҳаётни куйлайман, чекинар алам,
Тунлар тушимдасан, кундуз ёдимда,
Мен ҳаёт эканман, ҳаётсан сен ҳам!

1945

КЎРГАНМИДИНГ КЎЗЛАРИМДА ЁШ?

Соғинганда излаб бир нишон,
Қабринг томон олар эдим йўл.
Келтирардинг менга бир замон,
Энди ҳар чоғ мен элтаман гул.

Келдим. Узоқ қолдим мен сокин,
Сенинг азиз бошингда ёлғиз,
Осмон тиниқ эди ва локин,
Парча булут етиб келиб тез,

Кўкда менинг бошимда туриб
Гўё юрагимдай қалқди у.
Кўзимдаги ёшимни кўриб
У ҳам тўкди ёшини дув-дув.

Биз йиғладик тепангда шу кун,
Келдингми, деб кўтармадинг бош.
Айт-чи, сен-ла бахтиёр онлар,
Кўрганмидинг кўзимда бир ёш?

1945

ВИСОЛ БАЙРАМИ

Ёзибсанки: “Сен томон учдим,
Ялинаман, тонгда чиқ пешвоз!”
Кўз бўлди-ю бутун вужудим,
Кўкда этди юрагим парвоз.

Олиб кетмак бўлган қушинг ҳам
Диллар фармонига келди дуч.
Икки дилнинг меҳридан ўтиб,
Қўнмасликка тополмадим куч.

Сени гўё қуёшдан узиб,
Ўт парчаси сингари тутдим,
Чеҳранг беҳад бахтиёр кўриб
Ишон, ўзимни ҳам унутдим.

Сен сездингми, бизнинг нафасдан
Коинотда ортган эди нур.
Ҳатто сочлар қора чўғида
Бахту шодлик этганди зуҳур.

Шодлик сўзин айтиб улгурмай,
Ўтиб кетди бу висол дами.
Лекин дилда икки ёниқ най
Куйлар эди севги байрамин.

Ўзинг кетдинг, қолди хаёлда
Хумор кўзлар, иссиқ боқишинг.
Бир лаҳзали дил айёмидан,
Сира сўнмас ширин ёқишинг.

1953

РАШК

Ўлтирибман дарё бўйида,
Юрагимда рашк билан ҳавас.
Дарё оқиб борар… қўйнида
Қуёш нури, баҳорги нафас.
Йўқ, рашкимни қўзғатган бумас!
Чунки, мен ҳам халқ денгизида
Баҳор нафасини ҳам сезаман.
Дарё оқиб ётар изида,
Мен истасам жаҳон кезаман.
Лим-лим сувдан узолмайман кўз,
Тўлқинларда тирик ҳаяжон.
Қуёш миллион ва миллион юлдуз
Бўлиб унга сочилган маржон…
Тепасида учар гала қуш,
Арғимчоғин дарёга солиб.
Тоғ еллари уриб ўтар тўш,
Салқинидан шаҳарга олиб.
Йўқ, рашкимни қўзғатган бумас!
Ишқ ва ҳижрон оловларидан
Омон чиққан қайноқ дилим бор.
Мен қуёшли эл фарзандиман,
Бахтлиманки, ёниқ нафас ёр.
Йўқ, рашкимни қўзғатган бумас!
Нигоҳ кетар тўлқинлар билан,
Соҳилларга суқ билан қараб.
Қўлда кетмон, бир чол дарёдан
Боғига сув очади яйраб.
Кумуш сочдай ёйилар сув ҳам,
Қуйилади тупроқ қўйнига.
Менинг қалбим рашк бўлиб шу дам
Осилади сувнинг бўйнига.
Ҳовуч-ҳовуч ичади қизча,
Сероб бўлиб кетар ташна лаб.
Шеърим ўқиб бир ҳовуч сувча
Баҳра олармикан бирон қалб? –
Шу рашк мени қийнар бу нафас!..

1958

ЎҚУВЧИМГА

Юрак ниҳол олов қўйнида
Ёнар, кулар, яшнарди шайдо.
Орзу, ҳиснинг соф ўйинида,
Илк шеърларим бўларди пайдо.
Шеъринг мурғак, лекин дилинг соз,
Нафасингда, дедингиз, ўт бор.
Ёниб куйлаш шоирликка хос,
Ўсгин, совиш билмагин зинҳор.
Бу оташни бағримдан олиб,
Водийларга, гулларга бердим.
Тўқувчини қўшиққа солиб,
Қўриқ ерлар бағрига кирдим.
Ишқ, ҳақиқат қудрати гўё
Менинг билан тебратди қалам.
Қўшиқларим билмай ғаш, риё,
Ошкор кулдим, ошкор чекдим ғам.
Дили шоир ҳассос бир элга,
Фарзандлигим нақл этар бурчим.
Халқ қалбидай бир гўзал шеърга
Етармикан ҳеч қачон кучим…

1959

1 MART– ATOQLI SHOIRA ZULFIYA TAVALLUD TOPGAN KUNNING 108 YILLIGI

Ustoz Zulfiya opa tavalludi kuni, bir kun oldin eʼlon qilgan xotiramda yozib oʻtganimdek, shaxsan mening taqdirimda katta oʻrin tutgan benazir, marhamatli shoiraga bagʻishlagan va uzoq yillar “Yoshlar” telekanalida mening badiiy rahbarligimda tayyorlangan 3 qismli filmni sizga taqdim etaman.

0990ZULFIYA
SHEʼRLAR
056

Oʻzbek xalqining sevimli shoirasi, taniqli jamoat arbobi, Oʻzbekiston xalq shoiri Zulfiya Isroilova 1915 yili Toshkentda, hunarmand oilasida tugʻilgan. U xotin-qizlar bilim yurtida oʻqigan vaqtlaridayoq (1931-1934) adabiy toʻgaraklarga qatnashib, sheʼrlar mashq qiladi. 1935-1938 yillarda Oʻzbekiston Fanlar akademiyasining Til va adabiyot instituti aspiranturasida tahsil oldi.

1938-1948 yillarda nashriyotlarda muharrir, boʻlim boshligʻi, 1950-1953 yillarda esa “Oʻzbekiston xotin-qizlari” (hozirgi “Saodat”) jurnalida boʻlim boshligʻi, 1953-1980 yillarda esa bosh muharrir boʻlib ishladi. Zulfiya 17 yoshida nashr etilgan “Hayot varaqlari” (1932) nomli birinchi sheʼrlar toʻplami bilan Oydin, Muzayyana Alaviya, Xosiyat Tillaxonovalar safiga kirib keldi.

Shoira “Sheʼrlar” va “Qizlar qoʻshigʻi” (1938) kabi poetik asarlarini ona Vatan va uning dala, choʻllarida mehnat qilayotgan paxtakorlar, traktorchi qizlarning qaynoq hayotlariga bagʻishlaydi. Ayni chogʻda, mazkur toʻplamlardagi sheʼrlari shoiraning mahorat sirlarini egallayotgan davrini xarakterlovchi asarlar sifatida ham muhim edi.
088Urush davrida “Uni Farhod derdilar” (1943), “Hijron kunlarida” (1944) kabi toʻplamlarining nashr etilishi Zulfiyaningʻ peshqadam shoirlar qatoriga dadil kirib kelayotganligidan dalolat berdi. Bu toʻplamdagi sheʼrlar Vatanga muhabbat, dushmanga nafrat va gʻalabaga ishonch ruhida yaratilganligi bilan xarakterlidir.

Zulfiyaning “Mening Vatanim”, “Qoʻlimda qurolu ustimda shinel”, “Bizni kut” kabi umidbaxsh sheʼrlari urush davri oʻzbek sheʼriyatining jangovar ruhini ifodalovchi asarlar qatoridan oʻrin olgan.

Shoiraning urushdan soʻnggi yillarda yaratilgan “Dalada bir kun” (1948), “Tong qoʻshigʻi” (1953) kabi sheʼrlar turkumi, shuningdek, “Men tongni kuylayman”, “Yuragimga yaqin kishilar” (1958), “Kuylarim sizga” (1965) toʻplamlarida Vatan madhi, mehnat jarayonida fidokorlik koʻrsatayotgan kishilar hayoti joʻshib kuylanadi. Uning “Soʻroqlaydi shoirni sheʼrim” (1960), “Oydin” (1953), “Quyoshli qalam” (1967) kabi ocherk va dostonlari Hamza, Oybek, Oydin, Hamid Olimjon kabi ustozlarning yorqin xotiralariga bagʻishlangan.

Zulfiya H.Olimjonning “Semurgʻ”, “Zaynab va Omon” dostonlari asosida pyesa va opera librettosini ham yaratgan.Shoira “Oʻylar”, “Shalola” kabi sheʼriy toʻplamlari uchun Hamza nomidagi Respublika Davlat mukofotiga sazovor boʻlgan. Hind mavzuidagi sheʼrlari uchun Javoharlaʼl Neru nomidagi xalqaro mukofotga, tinchlik va doʻstlikni tarannum etuvchi asarlari hamda taraqqiyparvar Osiyo va Afrika yozuvchilari harakatidagi faol ishtiroki uchun esa xalqaro “Nilufar” mukofotiga sazovor boʻlgan.

Uning sheʼrlari rus, ingliz, nemis, hind, bolgar, xitoy, arab, fors va boshqa tillarga tarjima qilingan. Shoira N.A.Nekrasov, M.Yu.Lermontov, Vera Inber, Lesya Ukrainka, Edi Ognetsvet, Marvarid Dilboziy, Amrita Pritam asarlarini oʻzbek tiliga mahorat bilan tarjima qilgan.

056

BAHOR KЕCHASI

Kecha jimjit, koʻp goʻzal kecha
Qaraysanu suqing kiradi.
Yonadi gul, jilmayar gʻuncha,
Yellar gʻir-gʻir esib turadi.

Bahor kechi tiniq va oppoq,
Borliq toʻlgan gullar hidiga.
Hislar uygʻoq, tabiat uygʻoq,
Uygʻun boʻlib kishi diliga.

Ajab, goʻyo tiniq toʻlin oy
Hokim sezar osmonda oʻzin,
Baxtli bilar shu dam hoynahoy,
Sayr etgan-chun butun yer yuzin.

Tun musaffo, kecha beozor,
Bizdayin sof nafas oladi.
Unda yoʻqdir oʻtmishdagi zor,
Yangi kuyga quloq soladi.

Oyda kulish, elektrda nur,
Yuragimda sevgi toʻlqini.
Daydi shamol yeladi hur-hur,
Olib ketar koʻzdan uyquni.

Yerga bahor chaman toʻshagan,
Olma hali gulini toʻkmagan.
Koʻk baxmalga gullar burkangan,
Lab ochmagan, bulbul oʻpmagan.

Koʻzim tushdi olma guliga,
Dedim, taqsam eng goʻzal birin –
Soʻylab bersa… mening chakkamda,
Dilbarligin, goʻzallik sirin.

Shunday goʻzal bahorning guli,
Undan goʻzal biz oʻsgan hayot.
Gul tutadi hur inson qoʻli,
Gulga toʻlgan butun koinot.

Shu manzara, shu ajib chaman
Quchogʻida sevinchga botdim.
Oqshom zavqin qonib ichib men,
Togʻ ortiga oyni uzatdim.

1935

MUHABBAT TONGI KULGANDA

Oqshom edi, oydin koʻprikda
Barno qizu yigit turardi.
Oyni kutgan oqshomgi koʻkda
Beshik-beshik bulut yurardi.

Bulutlarning yorib quchogʻin,
Oy koʻrsatdi olmos yuzini.
Magʻrur tashlab yerga nigohin,
Tinglab qoldi yigit soʻzini.

“Xohi inon, xohi inonma,
Sening sevging qilmoqda shaydo.
Bunday yonish begona jonda
Bir oʻchmas oʻt boʻlibdi paydo!”

Oy suzadi, yel esar mayin,
Ikki qalbni yoqar bir otash.
Yoniq dilning baxtiyor nayin,
Yutmoq boʻlur sukut jafokash.

Yigit sevgi tongini kutar,
Qiz koʻziday quyuladi tun.
Lekin uzun kipriklar oʻta –
Yarqiraydi baxtga toʻla kun.

“U bir oʻtki, seni koʻrmasam
Iztirobga solar jismimni,
Lol qolaman – axtarib topsam,
Unutaman hatto ismimni.

Xoh inongin, inonma xohi,
Xayolimda kezasan yolgʻiz.
Meni sevgin!”
Yigit nigohi
Sevgi tilar – sukut qilar qiz.

Oppoq pagʻa bulut ustida
Hayron suzar keksa oysuluv.
Yulduzlarni quchib koʻksida,
Anhor toʻlib joʻshib oqar suv.

Shu choqqacha ishqin qiz faqat,
Dildan soʻrab aytgandi dilga.
Ilk musaffo, katta muhabbat
Qiz dilidan kelmasdi tilga.

Hozir yurak bir nigoh boʻlib,
Boqqan edi yigit koʻziga.
Oqshom ogʻushiga nur toʻlib,
Tong kulganday boʻldi yuziga.

Yerda qoʻshiq, koʻprikda shuʼla,
Baxt-la tepdi ikki yosh yurak…
Oy soʻzladi yulduzni toʻplab,
Sevgi tongi haqida ertak.

1936

HIJRON

Kuz oqshomi edi. Bulutli oqshom,
Oydan toʻkilmasdi kumush kabi nur.
Azamat teraklar safi xayolchan
Koʻkka choʻzgan edi boshini magʻrur.

Barglari sargʻaygan gullar, daraxtlar
Oqshom tumanida sokin boqqan chogʻ,
Yorim, sevar yorim, joʻnadi jangga,
Mening yuragimga tushdi hijron-dogʻ.

Men sevgan dildorning sevgan yurti bor!
Ishq doim erk uchun hijronga rozi.
Bu hijron mangumas, visoli ham bor –
Qahraton qishlarning boʻlganday yozi.

1942

SOY KЕCHASI

Togʻ ortidan koʻtarildi oy,
Soʻlim qirgʻoq nur-la oʻpishdi.
Koʻzgu boʻldi jimjit oqqan soy,
Oyning aksi suvlarni quchdi.

Soymi yoki shabboda oldi
Mening koʻzimdagi uyquni?
Oy yorimni yodimga soldi,
Dilda toshdi sevgi toʻlqini.

1943

FARZAND

Nega sevmay, erkalab oʻpmay,
Nechun demay uni hayotim?
Nega demay koʻzimning nuri,
Soʻzlaganda qandim, novvotim?
Shirin ekan farzand, u bilan
Oilaga kirar ekan jon.
Koʻzi koʻzga tushishi bilan
Mehri bolqir ekan bepoyon.
Iqbol boʻlib koʻzing oldida,
Kundan-kunga toparkan kamol,
Ne baxt, toza hayot bogʻingda
Oʻssa toza, bebaho nihol.
U bor yerda qaygʻu va hasrat
Hayotingga begona ekan.
Qani ayting, farzanddan qimmat
Bu dunyoda nima bor ekan?
O… farzandim, koʻzim nurisan,
Menga senday boʻla olur kim?
Sen hayotim, seni koʻrarkan,
Dilda behad joʻshadi mehrim.
Qora koʻzlaringga qarayman,
Unda borliq boʻlar namoyon.
Mening baxtim yorqin, begumon
Jilvalanib koʻrinar ayon.
Shirin soʻzing, cheksiz mehring bor,
Qiligʻingda bir olam orom.
Sen bilan dil chiroyli gulzor,
Qoʻshigʻimga tuganmas ilhom.
Sen oʻs – sogʻlom, beqaygʻu, erkam,
Muhabbatim boshingga soya,
Men baxtiyor alla aytayin,
Qoʻshiqlarim koʻp, benihoya.
Koʻz yosh nima, sen bilma zinhor,
Senga porloq tilayman iqbol,
Bu dunyoda na yaxshiki bor
Senga, qoʻzim, senga boʻlsin, ol!

1943

SULUV TONG

Erta bahor edi butun tabiat
Yashil baxmal bilan yopilgan edi;
Yomgʻir suvlari-la yetilgan yerlar
Kuchli qoʻllar bilan chopilgan edi.
Togʻlar etagida, qirlar koʻksida
Sekin chayqalardi lola dengizi.
Ekin yerlarida edi namoyon
Bahorgi mehnatning hosildor izi.
Kuychi ariqlarning boʻyida jiyda
Mayin taratganda atir boʻyini,
Kumushday barglarda boshlanganida
Tonggi shabnamlarning jilva oʻyini;
Men lola tergali chiqdim dalaga,
Ketdim maysalardan olmay koʻzimni.
Qalbim osoyishta, koʻnglim begʻubor,
Oftob nurlari silar yuzimni.
Yengil borar edim marzalar boʻylab,
Qushlar uchar edi koʻm-koʻk havoda,
Suvlar oʻz kuyiga borligʻim oʻrab
Erkin oqar edik shirin navoda;
Qaydan paydo boʻldi, bilmayman hali,
Qarshimda bir barno yigitni koʻrdim.
Shu on koʻkragimda bir narsa yonib
Uning otashida men behol turdim.
Butun avzoyimda oʻsha oʻt yurdi,
Koʻzim unga toʻndi, tilim boʻldi lol,
Hamon sochar edi boʻyini jiyda,
Suvlar oqar edi ariqda zilol.
Asta burildimu buloq labiga,
Shaffof suvlariga yuvdim yuzimni.
Uning zamzamali oyinasida
Goʻzal va baxtiyor koʻrdim oʻzimni.
Hovuch-hovuch olib muzdek suv ichdim,
Lekin haroratni etdi ziyoda.
Yuragim oʻrtandi behad, beomon
Goʻyo gʻarq boʻlgandim oʻtli daryoda.
Oʻsha oʻtli daryo zoʻr toʻlqinida,
Totli bir lazzatda par kabi oqdim.
Yurak kuyga kirdi ishq yolqinida,
Shu ishq kitobiga ilk marta boqdim.
Shundan beri oʻtdi qancha bahorlar,
Qancha marmar tongning chiqdi quyoshi.
Behad suluv edi, koʻp suluv edi –
Mening yuragimning ishq tongin boshi.
Har bahor faslining shunday tongini,
Yulduzlar ketmasdan kutaman bogʻda.
Goʻzal xotirotga toʻladi qalbim,
Yellar suluv tongni eslatgan chogʻda.
Goʻyo keltiradi sabo, quyosh, gul
Yoshlik bahoridan cheksiz nashida,
Sevgi parisiday erkalar meni
Atirday boʻyini sochganda jiyda.

1944

BAHOR KЕLDI SЕNI SOʻROQLAB

Salqin saharlarda, bodom gulida,
Binafsha labida, yerlarda bahor.
Qushlarning parvozi, yellarning nozi,
Baxmal vodiylarda, qirlarda bahor…

Qancha sevar eding, bagʻrim, bahorni,
Oʻrik gullarining eding maftuni.
Har uygʻongan kurtak hayot bergan kabi
Koʻzlaringga surtib oʻparding uni.

Mana qimmatligim, yana bahor kelib,
Seni izlab yurdi, kezdi sarsari.
Qishning yoqasidan tutib soʻradi seni,
Ul ham yosh toʻkdi-yu, chekildi nari.

Seni izlar ekan, boʻlib shabboda,
Sen yurgan bogʻlarni qidirib chiqdi.
Yoyib koʻrsatay deb husn-koʻrkini,
Yashil qirgʻoqlarni qidirib chiqdi.

Topmay, sabri tugab boʻron boʻldi-yu,
Jarliklarga olib ketdi boshini.
Farhod togʻlaridan daraging izlab,
Soylarga qulatdi togʻning toshini.

Qirlarga ilk chiqqan qoʻychivonlardan
Qayda shoir, deya ayladi soʻroq.
Birida sukunat, maʼyuslik koʻrib,
Horib-charchab keldi, toqatlari toq…

Soʻngra jilo boʻlib kirdi yotogʻimga,
Hurkar va Omonning oʻpdi yuzidan.
Singib yosh kuydirgan zaʼfar yonogʻimga
Sekin xabar berdi menga oʻzidan.

Lekin yotogʻimda seni topolmay,
Bir nuqtada qoldi uzoq tikilib.
Yana yel boʻldi-yu, kezib sarsari,
Mendan soʻray ketdi qalbimni tilib.

“Qani men kelganda kulib qarshilab,
Qoʻshigʻi mavjlanib bir daryo oqqan?
“Baxtim bormi deya, yakkash soʻroqlab”
Meni sheʼrga oʻrab suqlanib boqqan?

Oʻrik gullariga toʻnmaydi nega,
Yelda hilpiratib jingala sochin?
Nega men keltirgan shoʻx nashidaga
Peshvoz chiqmaydi u yozib qulochin?

Qanday ishqqa toʻlib boqardi tongga,
Kamol toptirardi keng xayolimni.
Uning rangdor, jozib qoʻshigʻida
Mudom koʻrar edim oʻz jamolimni.

Qani oʻsha kuychi, xayolchan yigit?
Nechun koʻzingda yosh, turib qolding lol.
Nechun qora libos, sochlaringda oq,
Nechun bu koʻklamda sen parishonhol?”

Qanday javob aytay, loldir tillarim,
Baridan tutdim-u, keldim qoshingga.
U ham gʻaming bilan kezdi aftoda,
Boqib turolmayin qabring toshiga.

Alamda tutoqib daraxtga koʻchdi,
Kurtakni uygʻotib soʻyladi gʻamnok.
Sening yoding bilan yelib beqaror,
Gullar gʻunchasini etdi chok-chok.

Gulu rayhonlarning taraldi atri,
Samoni qopladi mayin bir qoʻshiq.
Bu qoʻshiq naqadar oshno, yaqin,
Naqadar hayotbaxsh, otashga toʻliq.

Bahorga burkangan sen sevgan elda,
Ovozing yangradi joʻshqin, zabardast.
Oʻlmagan ekansan, jonim, sen hayot,
Men ham hali sensiz olmadim nafas.

Hijroning qalbimda, sozing qoʻlimda,
Hayotni kuylayman, chekinar alam,
Tunlar tushimdasan, kunduz yodimda,
Men hayot ekanman, hayotsan sen ham!

1945

KOʻRGANMIDING KOʻZLARIMDA YoSh?

Sogʻinganda izlab bir nishon,
Qabring tomon olar edim yoʻl.
Keltirarding menga bir zamon,
Endi har chogʻ men eltaman gul.

Keldim. Uzoq qoldim men sokin,
Sening aziz boshingda yolgʻiz,
Osmon tiniq edi va lokin,
Parcha bulut yetib kelib tez,

Koʻkda mening boshimda turib
Goʻyo yuragimday qalqdi u.
Koʻzimdagi yoshimni koʻrib
U ham toʻkdi yoshini duv-duv.

Biz yigʻladik tepangda shu kun,
Keldingmi, deb koʻtarmading bosh.
Ayt-chi, sen-la baxtiyor onlar,
Koʻrganmiding koʻzimda bir yosh?

1945

VISOL BAYRAMI

Yozibsanki: “Sen tomon uchdim,
Yalinaman, tongda chiq peshvoz!”
Koʻz boʻldi-yu butun vujudim,
Koʻkda etdi yuragim parvoz.

Olib ketmak boʻlgan qushing ham
Dillar farmoniga keldi duch.
Ikki dilning mehridan oʻtib,
Qoʻnmaslikka topolmadim kuch.

Seni goʻyo quyoshdan uzib,
Oʻt parchasi singari tutdim,
Chehrang behad baxtiyor koʻrib
Ishon, oʻzimni ham unutdim.

Sen sezdingmi, bizning nafasdan
Koinotda ortgan edi nur.
Hatto sochlar qora choʻgʻida
Baxtu shodlik etgandi zuhur.

Shodlik soʻzin aytib ulgurmay,
Oʻtib ketdi bu visol dami.
Lekin dilda ikki yoniq nay
Kuylar edi sevgi bayramin.

Oʻzing ketding, qoldi xayolda
Xumor koʻzlar, issiq boqishing.
Bir lahzali dil ayyomidan,
Sira soʻnmas shirin yoqishing.

1953

RASHK

Oʻltiribman daryo boʻyida,
Yuragimda rashk bilan havas.
Daryo oqib borar… qoʻynida
Quyosh nuri, bahorgi nafas.
Yoʻq, rashkimni qoʻzgʻatgan bumas!
Chunki, men ham xalq dengizida
Bahor nafasini ham sezaman.
Daryo oqib yotar izida,
Men istasam jahon kezaman.
Lim-lim suvdan uzolmayman koʻz,
Toʻlqinlarda tirik hayajon.
Quyosh million va million yulduz
Boʻlib unga sochilgan marjon…
Tepasida uchar gala qush,
Argʻimchogʻin daryoga solib.
Togʻ yellari urib oʻtar toʻsh,
Salqinidan shaharga olib.
Yoʻq, rashkimni qoʻzgʻatgan bumas!
Ishq va hijron olovlaridan
Omon chiqqan qaynoq dilim bor.
Men quyoshli el farzandiman,
Baxtlimanki, yoniq nafas yor.
Yoʻq, rashkimni qoʻzgʻatgan bumas!
Nigoh ketar toʻlqinlar bilan,
Sohillarga suq bilan qarab.
Qoʻlda ketmon, bir chol daryodan
Bogʻiga suv ochadi yayrab.
Kumush sochday yoyilar suv ham,
Quyiladi tuproq qoʻyniga.
Mening qalbim rashk boʻlib shu dam
Osiladi suvning boʻyniga.
Hovuch-hovuch ichadi qizcha,
Serob boʻlib ketar tashna lab.
Sheʼrim oʻqib bir hovuch suvcha
Bahra olarmikan biron qalb? –
Shu rashk meni qiynar bu nafas!..

1958

OʻQUVCHIMGA

Yurak nihol olov qoʻynida
Yonar, kular, yashnardi shaydo.
Orzu, hisning sof oʻyinida,
Ilk sheʼrlarim boʻlardi paydo.
Sheʼring murgʻak, lekin diling soz,
Nafasingda, dedingiz, oʻt bor.
Yonib kuylash shoirlikka xos,
Oʻsgin, sovish bilmagin zinhor.
Bu otashni bagʻrimdan olib,
Vodiylarga, gullarga berdim.
Toʻquvchini qoʻshiqqa solib,
Qoʻriq yerlar bagʻriga kirdim.
Ishq, haqiqat qudrati goʻyo
Mening bilan tebratdi qalam.
Qoʻshiqlarim bilmay gʻash, riyo,
Oshkor kuldim, oshkor chekdim gʻam.
Dili shoir hassos bir elga,
Farzandligim naql etar burchim.
Xalq qalbiday bir goʻzal sheʼrga
Yetarmikan hech qachon kuchim…

1959

021

(Tashriflar: umumiy 4 898, bugungi 1)

2 izoh

  1. Youtubeдаги «Хуршид Даврон кутубхонаси» саҳифасидан (https://www.youtube.com/my_videos?o=U) юклаб олишингиз мумкин. Аммо, бунинг учун Youtubeдан кўчириб оладиган махсус дастур компьютерингизда ўрнатилган бўлиши керак.

Izoh qoldiring