Mutavakkil Burhonov. Fitrat va Cho’lpon haqida xotiralar & Mutavakkil Burhonov. Tarona va ikki qo’shiq

38  5 май — Атоқли бастакор Мутал Бурҳонов таваллуд топган кун  

Самарқанд пойтахтлик вақтида Чўлпон ҳам шу ерда истиқомат қиларди ва Фитратнинг уйига тез-тез келиб турарди. Умуман, Фитрат билан Чўлпон ёшлари жиҳатдан, ораларидаги тафовут анчагина бўлса-да, жуда қалин дўст эдилар…

Мутаваккил Бурҳонов
ФИТРАТ ВА ЧЎЛПОН ҲАҚИДА ХОТИРАЛАР
Озод Шарафуддинов ёзиб олган

044

012 Мутал (Мутаваккил) Бурҳонов 1916 йилда Бухорода туғилган. Мусиқадан илк сабоқни Самарқанд мусиқа ва хореография институтида, сўнг Москвада таниқли мусиқа алломаларидан олган. 1949 йилда эса Москва консерваториясини битирган. Ижодий фаолиятини 30-йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб, дастлаб «Эй, булбул», «Ишқ ўти» (Машраб), «Ишқида» (Уйғун), «Табассум қилмадинг» (Навоий), «Намедонам чи ном дорад» (Ҳофиз) каби романларни ёзди, 1941 йилда Уйғун ва Иззат Султоннинг «Алишер Навоий» шеърий драмасига мусиқа, 1942 йилда Т. Жалилов, Т. Содиқов, М. Вайнберг, А. Клумовлар билан ҳамкорликда «Ўзбекистон қиличи» мусиқали драмасига мусиқа басталаган, 1947 йилда шоир Темур Фаттоҳ шеъри асосида Ўзбекистон Давлат мадҳияси мусиқасини яратган. Ўрта Осиё халқлари қўшиқларини ўзбек халқ чолғу асбоблари ва жўрсиз хор учун қайта ишлаган.

Бастакор 50-йилларда «Баҳор қушлари» вокал поэма, «Абу Али ибн Сино» симфоник сюита, яккахонлар, хор ва симфоник оркестр учун асарлар ҳамда 1968 йилда «Алишер Навоийга қасида» (А. Орипов) каби катта шаклдаги мусиқа асарини яратган. Унинг ярим асрдан зиёд давр мобайнида турли жанрларда яратган қўшиқлари, лирик романлари, жўрсиз хор учун қайта ишланган Шарқ халқлари куйлари, жозибали вокал симфоник асарлари, кино мусиқалари замонавий мусиқа санъатимизнинг «Олтин хазина»сидан ўрин олган. «Абу Али ибн Сино», «Самолётлар қўнолмади», «Мафтунингман», «Орол балиқчилари» (И. Икромов, М. Левиевлар билан ҳамкорликда), «Сурайё», «Бой ила хизматчи», «Истиқбол йўли» каби бадиий фильмларнинг мусиқаларини яратган. «Алишер Навоий» (1991) операсини, Ўзбекистон Давлат мадҳияси мусиқасини яратган. Абдураҳмон Жомий шеърига басталанган «Ширу шакар» янги қўшиғи ва қатағон йилларида шаҳид бўлган Файзулла Хўжаев, Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат каби элнинг асл фарзандлари ва ўзининг акаси ва амакиларининг порлоқ хотираларига бағишланган «Абадий хотира» реквием-марсиясини яратган.

Мустақил Ўзбекистон Давлат мадҳияси мусиқаси муаллифи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Ўзбекистон халқ артисти» унвонлари билан тақдирланган, «Буюк хизматлари учун», “Меҳнат шуҳрати” ордени, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Давлат мукофотлари соҳибидир Мутаваккил Бурҳонов 2002 йил оламдан кўз юмди.

044

ФИТРАТ  ҲАҚИДА ХОТИРАЛАР

05Тақдир менга Абдурауф Фитратдай улуғ инсонни таниш бахтини раво кўрганидан мамнунман. Мен Фитратни анча яқиндан билганмаи, унинг уйига тез-тез бориб турардим. Фитратнинг уйида кўпгина санъаткорларни, шоирларни, олимларни учратганман. Бу қутлуғ хонадондаги суҳбатлар менинг ҳаётимда чуқур из қолдирган, фикрим уйғонган, савиям кенгайган, санъат ва ижод ҳақидаги тасаввурларим анча тўлишган.

Фитрат билан биринчи бор кўришганимда, домла тахминан 42 ёшларда, мен эса эндигина 14 ёшга қадам қўйган ўспирин эдим. Бу даврда Фитрат аллақачон халқ ўртасида катта шуҳрат қозонган: Атоқли инқилобчи, йирик давлат арбоби, фаол жамоатчи, баркамол олим, истеъдодли ижодкор сифатида танилган эди. Қандай қилиб, шундай машҳур одам оддий бир ўспирин йигит билан яқин бўлиши мумкин? Бунинг ҳеч қанақа фавқулодда сиру асрори йўқ. Фақат ўқувчи буни англаб олиши учун, гапни бироз олисроқдан бошлашим — ўзимнинг қариндош-уруғларим тўғрисида ҳам жиндай маълумот бермоғим керак бўлади.

Мен 1916 йили Бухорода, ғоят ажойиб бир оилада дунёга келганман. Онам сомонийлар сулоласининг энг сўнгги вакиласи бўлганлар. Отам эса Музаййин маҳдум номи билан шуҳрат топган бўлиб, мадрасада мударрислик қилган эканлар. У билими чуқур, фикри очиқ, жаҳолат ва мутаассибликни жинидан баттар ёмон кўрган, ижтимоий ҳаётдаги илғор ҳаракатларга, жумладан, жадидчиликка хайрихоҳ одам бўлган. Бунинг учун амирнинг таъқибига учраган ва фожиали ҳалок бўлган.

Биз беш фарзанд бўлганмиз — Моҳида ва Фотима деган опаларим, Минҳожиддин ва Мисбоҳиддин деган акаларим бўлган. Уларнинг ҳаммаси ҳам ўқиган, оқ- қорани таниган ва айрим соҳаларда катта хизматлар қилган. Масалан, акам Мисбоҳиддин Бурҳонов Душанбеда яшаган, ўз вақтида «Тожикистони сурх» рўзномасининг муҳаррири бўлган эди. 1934 йилда уни қамадилар. У 1943 йилда қамоқ лагерларида ҳаётдан кўз юмган. Катта опам Моҳида, акамнинг қамалганига чидолмай, «халқ душманининг синглиси» деган «иснод»ни кўторолмай, ўз-ўзини ўлдирган. Фотима опам эса 1969 йили вафот этдилар. Мен шу опам туфайли, Фитратга яқин бўлганман. Аммо бунинг ҳам ўз ҳикояси бор.

Энди икки оғиз амакиларимдан гапирмоғим керак. Менинг уч амаким бўлган. Катта амаким Мазҳар махсум, ўртанча амаким Мукаммил махсум, кичик амаким Муаммир махсум. Уларнинг учови ҳам ўқиган, тараққийпарвар бўлиб, инқилобдан олдин Бухорода жадид ҳаракатининг ташкилотчиларидан эди. Садриддин Айний ҳам, Файзулла Хўжаев ҳам ўзларининг Бухоро инқилоби тарихи ҳақидаги китобларида уларнинг номларини зикр қилишган ва фаолиятларига юқори баҳо беришган. Амакиларимнинг учови ҳам 1937 йилда қамоққа олинган ва «халқ душмани» сифатида отиб ташланган.

Катта амаким Маҳзар махсум математик эди. Ҳиндистонда, Туркияда ўқиган. Шўро ҳокимияти йилларида эса илмий фаолият билан шуғулланган. 20-йилларда «Маориф ва ўқитувчи» ойномасида унинг мелиорация тарихига, ер тузилиши масалаларига бағишланган мақолалари чиққан. Ўша давр олимларининг ғалати бир хусусиятлари бўларди. Уларнинг асосий мутахассислиги математика ёхуд кимё бўлса-да, барибир адабиётга, санъатга, мусиқага жуда қизиқар эдилар. Мазҳар махсум ҳам бундан мустасно эмас эди. Шу туфайли бўлса керак, у Самарқанддаги этнографик музика ва хореография ўқув юртининг директори Миронов билан қалин, дўстона муносабатда бўлган. Амаким менда аллақандай қобилият учқунларини сезганми ё мусиқага муҳаббати ғолиб келганми, ҳар қалай, уйимиздагиларнинг қаршилигига қарамай, мени мусиқа мактабига берган.

Энди гапнинг индаллосига келайлик. Учала амаким ҳам Фитратга жуда яқин бўлишган, уни қадрлашган ва ҳар жиҳатдан эъзозлашган. 1908 йили Фитратнинг Туркияга кетишида катта амакимнинг ҳиссаси бор. Мукаммил махсум ҳам. Фитрат билан жуда қалин дўст бўлган, дўстлик иплари шу қадар мустаҳкам боғланганки, амакиларим бамаслаҳат Фотима опамни Фитратга бериб, уни ўзларига куёв қилишган. Мен опамни жуда яхши кўрардим. Шу туфайли, тез-тез уни кўргани Фитратникига бориб турадиган бўлиб қолдим. Бу чоғларда жумҳурият пойтахти Самарқандда булиб, Фитрат ҳам шу ерда ишлар, педакадемияда дарс берар ва институт берган уйда истиқомат қиларди.

Уй Абрам хиёбонида, институтнинг шундоққина биқинида жойлашган бўлиб, оддийгина ортиқча ҳашамсиз қурилган: Бир хонаси оврупоча, иккинчи хонаси шарқона услубда безатилган, ойнаванд даҳлизли бир кулба эди. Авваллари мен жуда тортиниб, қимтиниб, бегонасираб келардим. Лекин кўп ўтмай, ётсирашлар бутунлай йўқолиб кетди. Фитрат ўрта бўй, тўладан келган, гўштдор бурни остидаги тақасимон мўйлови ўзига ярашган, сочи тўкилиб, бошининг ёнлари ва орқа томонида қолган, шунинг учун пешонаси ҳаддан ташқари кенг кўринадиган одам эди. Уни анча хушфеъл одам деб ўйлаш мумкин. Аслида тажангроқ, серзарда, осонгина жаҳли чиқарди. Лекин менга нисбатан бир марта ҳам тажанглик қилгани йўқ. Билмадим, опам туфайли шундай бўлдими ёхуд менинг мусиқага ишқибозлигим Фитратга маъқул келиб қолдими, билмайман. Ҳар ҳолда, ҳар гал кириб борганимда, домла мени очиқ чеҳра билан кутиб олар, ўтиришга таклиф қилиб, аҳволимни суриштирар, қандай ўқиётганимни сўрарди.

Ростини айтсам, Фитратнинг уйи мен учун катта бир дорулфунун булди. Бу уйда мен Чўлпон, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон билан учрашдим, шу уйда шарқ мусиқасининг ҳақиқий гўзаллигини кашф этдим, унинг бениҳоя рангларга бой, битмас-туганмас бир хазина эканига ишонч ҳосил қилдим. Шу уйда Бухоро, Самарқанд, Фарғона, Тошкентнинг машҳур хонандалари, созандалари ва мусиқашунослари билан учрашиб, улардан анча нарса ўргандим.

Юқорида айтганимдек, мен Фитрат хонадонига қатнай бошлаган кезларда, домла ўнлаб драматик асарларнинг, гўзал шеърий дасталарнинг, ҳар хил илмий асарларнинг муаллифи сифатида танилиб қолгандилар. Мен ҳам у кишини забардаст олим, истеъдодли ёзувчи, устоз муаллим, деб билар эдим. Яъни менинг назаримда, Фитрат ўта жиддий, ўта салобатли, унча- мунча нарсаларга қизиқавермайдиган, бунинг учун вақти ҳам йўқ бир кимса эди. Тез орада маълум бўлдики, менинг бу тасаввурим бутунлай нотўғри экан. Фитрат кўп нарсани қадрлайдиган, айниқса, мусиқани ҳаддан зиёд яхши кўрадиган одам экан.

Ҳар ҳолда ўша кезларда ҳар ҳафтада бир марта Фитратнинг уйида мусиқа кечалари бўлиб турарди. Бу кечаларда шоирлар ва олимлар билан бир қаторда Домла Ҳалим Ибодов, Ота Ғиёс, Ота Жалол, Абдуқодир Исмоилов, Абдураҳмон Умаров каби устоз санъаткорлар ҳам иштирок этарди. Бу кечалар тонг отгунча давом этар, уларда Шашмақом оҳанглари янграр, турли мусиқа асбобларининг садолари эшитиларди. Тез-тез мунозаралар бўлиб турар, шарқ мусиқасининг хусусиятлари, усуллари, нозик жиҳатлари тўғрисида тортишувлар бўлиб кетарди. Фитрат мусиқани, қўшиқни ғоят нозик ҳис қилиши билан бирга, куйдаги ҳар бир зарбнинг ўринли ёхуд ўринсизлигини пайқай оларди.

Ўша мусиқий оқшом иштирокчиларини эслаб, уларнинг маънавий дунёси нақадар бой бўлганига қойил қолишдан толмайман. Улар мусиқасиз яшай олишмасди, шарқ мусиқаси уларнинг ҳар бир ҳужайрасига сингиб кетгандай эди. Фитрат мусиқанинг чинакам фидойиси эди. У 26-йилларда мусиқа тарихига оид қимматли илмий асар яратди. Унда кўпгина мусиқа асбобларининг тузилиши билан бирга, пайдо бўлиш тарихини ҳам баён қилиб берган. Бундан ташқари, 20-йилларда у Бухорода мусиқа ўқув юрти ташкил қилди. Бу мусиқа мактаби ҳозир ҳам бор. Фақат таассуфлар бўлсинки, бугун ўша мактабни Фитрат барпо этганини камдан-кам одам билади. Ўша мактаб жамоаси шаҳар совети билан келишиб, мактаб деворига бир лавҳа осиб қўйса-ю, шу билан Фитратнинг руҳини хотирлаб турса, кўп савоб иш бўларди.

Фитратнинг мусиқага садоқатини кўрсатадиган яна бир воқеани биламан; 26-йилларнинг бошида у Бухоро Шашмақомини ижро этувчиларни тўплаб, Ота Ғиёсдан машғулот йўлини, Ота Жалолдан наср йўлини ёзиб олди. Сўнг Тошкентдан атоқли мусиқашунос Успенскийни чақириб олиб, унга ёнидан пул тўлаб, Шашмақомни нотага кўчиртирган. Кейинчалик бу ноталар Москвада босилиб чиқди. Унда «Фитрат ва Миронов таҳрири остида» деган ёзув бор. Ноталарнинг бир нусхаси ҳозирги кунда Ҳамза номидаги Санъатшунослик институтида сақланмоқда. Ўша кезларда классик меросни эъзозлаш эмас, таҳқирлаш, тепкилаб йўқотиш авж олган эди. Шундай шароитда Фитратнинг қилган иши чинакам жасорат ҳисобланарди. Бу жасорат туфайли, классик мусиқамизнинг муҳим бир қисмн келажак авлодлар учун сақланиб қолди.

Фитратнинг мусиқага муносабати ҳақидагина эмас, табиати тўғрисида, инсоний сифатларининг айрим жиҳатлари тўғрисида ҳам тасаввур берадиган яна бир воқеа эсимда. Юқорида айтганимдек, Самарқандда мусиқа ва хореография ўқув юрти бўлиб, у Шердор мадрасасида жойлашган эди. Унда мусиқадан ўз даврининг таниқли созандалари дарс беришарди, адабиётни эса Ғулом Зафарий ўқитарди. Ўқув юртида талабалар вақти-вақти билан имтиҳон қилиб туриларди.

Фитрат бу ўқув юртида ишламас, лекин ҳамма имтиҳонларда қатнашарди. Унинг иштирок этишига, саволлар беришига домлалар ҳам, талабалар ҳам кўникиб қолишганди. Бир гал домлалардан бирининг ўғли имтиҳон топширибди. У чилдирмада аллақайси куйни чалаётиб, битта «бум»ни ортиқча уриб юборибди. «Бум» дегани чилдирманинг ўртасига уриладиган зарб, «бак» эса остига уриладиган зарб бўлиб, ҳар қайси куйда уларнинг миқдори қатъий белгиланган бўлади. У пайтнинг домлалари қариндош-уруғчилик, таниш- билишчилик деган нарсаларни билишмасди. Ўғлининг бир зарбни ортиқ урганига чидаёлмаган домла ғазаб билан ўдағайлабди: «Падаринг лаънат, «бум» йўқ эди-ку, бу ерда!» Фитрат қараса, имтиҳон бераётган боланинг иши пачава бўладиган. У дарров орага тушибди; «Домлажон, битта «бум» учун боланинг баҳосини туширмай қўяқолайлик». Фитратнинг орага тушганини кўриб, домла жаҳлидан тушибди.

Фитрат тажангроқ бўлса ҳамки, фикри тез ишлайдиган ҳозиржавоб одам эди. Зарур бўлғанда, бир лаҳзада керакли жавобни айтиб, харифини мот қилар экан. Бир куни бир талаба Фитратга мурожаат қилибди: «Домилажон! Мен сизнинг хатойингизни топдим!» «Хўш-хўш, — дептилар домла. — Қандай хато экан?» «Фалон мақолангизда «га» дейиш ўрнига «да» деб ишлатибсиз». Фитрат дарҳол жавоб берипти: «Эй, мулла! Менинг ўрнимда сиз бўлганингизда «да» тугул, «ба» деб ёзар эдингиз».

Баъзан эса Фитратнинг топқирлик билан айтган гаплари зоҳиран юмшоқроқ, бўштоброқ кўринарди-ю, аслида жуда тагдор бўларди. Бундай ҳолларда домла киноя ва пичингдан моҳирона фойдаланарди.
Бир гал шундай воқеанинг гувоҳи бўлганман.

Самарқандга, Фитратнинг уйига Ғафур Ғулом келди. Бу кезларда у «ёш, умидли шоир» қаторида юрса ҳам анча танилиб қолган эди. Табиатдан қувноқ, ҳазил-мутойибани, аскияни яхши кўрадиган Ғафур Ғулом ҳадди сиғиб, Фитратга ҳам тегажоқлик қилаверар эди. Бу гал ҳам, у ҳазил оҳангда гап бошлади:

— Домла, сизни яна танқид қилиш бошланди-ку! Эринмаган одамнинг ҳаммаси сизга тош отяпти…

Фитрат, одати бўйича, паст овозда босиқ оҳангда сўради:
— Ҳа, сабаб? Нима қилибмизки, бизни яна танқид қиладилар?

— Нима қилардингиз! Ҳамма шоиру адиблар замонамизни мадҳ этиб асарлар ёзишяпти. Сиз бўлсангиз «лом-мим» деб мақтамайсиз.
— Нимани мақтай, ахир?

Ғафур Ғулом атайин, Фитратнинг жиғига тегиш учун, жиддий оҳангда дейди;
— Мана, тракторлар чиқди. Мақтанг-да ўшани.

—Ие, мулла Ғофир! Мен, ахир, унинг овозидан қўрқаман-ку, қандай мақтайин…

Фитрат кўп талабаларга устозлик қилган, кўп шоирларнинг асарларини ўқиб, уларни тўғри йўлга солишга уринган, лекин устоз сифатида ўта талабчан эди. Гапирган гапингиз, қилган- ишингиз, ёзган асарингиз дидига ўтирмаса, ҳеч аяб ўтирмасди. Кимлигингизга қарамай, кўнглидаги гапни рўй-рост юзингизга айтиб соларди: Айтса ҳам гўрга-я, жаҳли чиққанда, уйидан қувиб солишдан тоймасди.

Ҳамид Олимжон Самарқандда ўқиб юрган кезларида Фитратнинг шогирди эди. У Фитрат ёзган асарларни мукаммал ўрганиб чиққан, унинг маърузаларидан кўп озиқ олган. Булар билан ҳам қаноатланмай, Ҳамид Олимжон шеърият бобида ҳам Фитратнинг этагидан маҳкам тутган эди.. У ёзган шеърларини мунтазам-равишда Фитратга кўрсатиб борарди. Афтидан, бундай учрашувларда Фитрат шеър ва шоирнинг қандай бўлиши кераклиги ҳақида Ҳамид Олимжонга анча нарса уқдирган бўлса керак. Хуллас, кунлардан бирида Фитратинг уйига Ҳамид Олимжон кириб келди. Кайфияти кўтаринки, ҳаракатлари шахдам. Аллақандай ички ғурур ва мамнуният билан Фитратга бир даста қоғоз узатди:
— Домла, мана, олтита шеър ёздим.

Фитрат уни ўтиришга таклиф қилиб, шеърларини ўқий бошлади. Аммо ўқиган сари пешонаси тиришиб, қовоқлари солина борди. Охири ғазабдан қўллари титрай бошлади. Олтинчи шеърни ўқиб бўлиши ҳамоно, шиддатли бир ҳаракат билан, шеърларни парча-парча илиб йиртди-да, Ҳамид Олимжон томонга улоқтирди.

— Булар шеър эмас, меър бўлипти. Сиз мен айтган гапларни яхши англамабсиз.
— Домла, нима гап ўзи? Нега бундай деяпсиз? — дея Ҳамид Олимжон Фитратни жунбушга келтирган сабабни англашга уринади. Фитрат эса буни тушунтириш ўрнига яна дағдаға қилади:

— Олтита эмас, иккита ёзинг. Лекин ёзганингиз шеър бўлсин!
— Домла…
— Чиқинг!.. .

Ҳамид Олимжон ўсал бир ҳолатда домланинг уйини тарк этишга мажбур бўлади. Қандай қилиб аламдан чиқиш йўлини ахтарган Ҳамид Олимжон кейин ўйлаб қараса, Фитратнинг гаплари тўғри—боягина ўзига доҳиёна туюлган шеърлар ўта ғариб, бенаво…

Орадан анча вақт ўтди. Ҳамид Олимжон иккита шеър ёзиб, яна Фитратнинг ҳузурига келади. Бу гал ҳам домла шеърларини синчиклаб узоқ ўқийди, сўнг чинчалоғининг бир бўғинини кўрсатиб, дейди:
— Ана энди Ҳамиджон гапларимни шунчасини тушунибди.

Фитрат ғоят нуфузли, қисқа муддат ичида одамлар ўртасида иззат-икром қозона оладиган, шоир сифатида ҳам, олим оифатида ҳам эътибори баланд одам эди. Бу гаплар фақат менинг гапим эмас. Фитратни яхши билган танишларимнинг анча-мунчаси унинг тўғрисида оғзидан бол томиб гапиради. Улардан бири Султон Умаров. Бу киши атоқли олим, йирик жамоат ва давлат арбоби эди. Султон Умаров ҳам Ўзбекистон, ҳам Тожикистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси бўлган, Ўрта Осиё давлат дорулфунуни ректори, Ўзбекистон Халқ Комиссарлари Совети Раисининг муовини, Тожикистон Фанлар академиясининг президенти лавозимида ишлаган.

Фитрат билан боғлиқ воқеаларни менга айтиб берганида эса, Султон Умаров ҳали аспирант эди. Бу воқеа, афтидан, 30-йилларнинг бошида бўлган экан. Ўшанда Султон Умаров Ленинградга илмий командировкага борадиган бўлиб қолипти. Жўнашидан олдин жумҳурият раҳбарларидан бири у кишини ҳузурига чақирибди. Шу кунларда Фитрат домла ҳам Ленинградга бориб, аллақандай илмий кенгашда иштирок этмоқлари кераклигини айтиб, Фитратдан бохабар бўлиб туриш Султон Умаровнинг зиммасига юкланибди. Фитрат рафиқаси билан Ялтада дам олаётган экан. Ўша ердан Ленинградга борибди. Султон Умаров меҳмонхонага келиб, Фитратни кенгаш бўладиган жойга кузатиб қўйибди. Ўшанда ёш аспирантни ҳайрон қолдирган нарса шу бўлибдики, Фитрат домла залга киришлари билан,донгдор шарқшунос олимлардан иборат мажлис аҳли у кишининг истиқболига оёққа қалқибди.

Бунақа иззат-ҳурмат камдан-кам олимга насиб этади!..

Фитратнинг ниҳоятда зўр шоир экани ҳақида Лоҳутий айтган бир гап сира эсимдан чиқмайди. 30-йилларнинг ўрталарида мен Лоҳутийнинг бир шеърига куй басталадим. Шу муносабат билан орамизда яқинлик вужудга келди. Аниқ эсимда йўқ— 1939 йилмиди ёхуд бироз кейинроқми — ҳар қалай, Лоҳутий билан кўришиб, анча суҳбатлашиб, ўтириб қолдик. Гап айланиб Фитратга келди. Шунда Лоҳутий бир воқеани айтиб берди: «Ҳа, Фитрат «халқ душмани»ку-я, лекин зўр шоир-да! Бир куни мен нима муносабат биландир унга шеърий мактуб ёздим. Кейин унинг жавобини кута бошладим. Ҳадеганда Фитратдан жавоб келавермади. Кута- кута, тоқатим тоқ бўлиб, энди жаҳл отига қамчи урабошлаган эдим, почтачи мактуб келтириб қолди. Фитратдан. У ҳам шеърда ёзипти. О, ана шеъру ана — санъат! Ўқиб чиқиб лол қолдим. Йўқ, шоир мен эмас эканман, «халқ душмани» бўлса ҳам Фитрат шоир экан!»

Айтиш керакки, Абулқосим Лоҳутий ҳазилакам шоир эмас эди. 1934 йилда у СССР Ёзувчилар уюшмасининг раҳбарларидан бири бўлиб сайланди. 1934 йилдан кейин, Фитрат ҳақида биронта ижобий гап айтиш хатардан холи эмасди. Юқоридаги гапни айтишга Лоҳутийни ҳеч нарса мажбур қилгани йўқ. Шунга қарамай, Фитратнинг шоирлигига бу даражада баҳо берган экан, Лоҳутий завқ-шавқини ичига сиғдиролмаган, ҳақиқатни айтиб, юрагини бўшатиб олишга эҳтиёж сезган.

1956 йили Фитрат оқланди. Шундан кейин, кўп йиллар мобайнида, мен шу муборак зотнинг хотирасига муносиб бирон иш қилишни ўйлаб юрдим. Ниҳоят, унинг шеърларидан бирига куй басталаб, шу йўл билан жиндай бўлса-да, у кишининг руҳини шод қилдим. «Нега тарк этдинг мени?» деб аталадиган бу романс ҳозир нашр этилган, кенг ижро этиляпти. Бироқ ўзим басталаган романсни тилга олаётган эканман, буни мақтаниш учун ёхуд ижодимни кўз-кўз қилиш учун айтаётганим йўқ, албатта. Мен шу баҳона Фитрат шеърининг драматизмга тўла ижодий тарихини айтиб бермоқчиман.Шеър қўйидаги банд билан бошланади:

Гўзалим, бевафо гулистоним,
Боғи умримда тоза райҳоним,
Ғаму қайғуларин ҳужуминдан
Сен эдинг меҳрибон нигоҳбоним,
Мени беҳуда ташладинг кетдинг,
Нега ўлдирмадинг-да, тарк этдинг?

Шеърнинг қолган бандларини келтирмайман, у бир-икки йил аввал «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафтаномасида тўла эълон қилинган. Шеърнинг ижодий тарихи қeйидагича: Ҳижрон дардига тўла ҳар мисрасидан айрилиқ изтиробларининг дуди анқиб турган ғоят мунгли ва айни чоқда, ғоят нафис ёзилган бу шеър опам Фотима Бурҳоновага аталган.

Юқорида айтганимдай, амакиларим опамни Фитратга 1928 йили беришган экан. Бу пайтда Фитрат 42 ёшда бўлиб, икки марта ўйланишга улгурган эди. Аммо нима сабабдандир бир хотини билан муросаси келишмаган, иккинчи хотини эса вафот этган. Фотима опам билан Фитрат уч йил ширин турмуш кечиришган, кейин ажралишган. Аммо бу ажралиш ҳар икковларининг ихтиёрларига зид ўлароқ, менинг акам Мисбоҳиддиннинг тазйиқи билан бўлган. У киши Фотима опамни Фитратга беришгани учун амакиларимдан ғоятда норози бўлган. «Нечун синглимизни турмуш қурган одамга беришди?», деган алам унга тинчлик берган эмас. Умуман, акам билан амакиларимнинг оралари илгари ҳам унча илиқ бўлмаган…

Хуллас, Мисбоҳиддин Бурҳонов 1931 йили Фотима опамни Самарқанддан Душанбега чақиртириб олиб, Қуръони каримни ўртага қўйиб, Фитратдан ажралишга қасам ичиради. Опам содда, художўй аёл эди. Табиийки, у қасамини буза олмайди, чунки мусулмончиликда қасамхўрлик энг оғир гуноҳлардан бири ҳисобланади.

Самарқандга қайтгандан сўнг, у Фитратнинг уйидан чиқиб кетади. Бу Фитрат учун жуда оғир зарба бўлади. У анча вақтгача ўзига келолмай юради ва юрагидаги бор дардини қоғозга тўкиб солади. Шу тарзда «Нега тарк этдинг мени?» деган шеърий мактуб дунёга келади. Опам бу мактубни умрининг охирига қадар кўз қорачиғидай авайлаб сақлаган. Мен у кишининг вафотларидан сўнг, қоғозларини кўздан кечираётиб, мактубни топиб олдим ва ундан нусха кўчирдим.

* * *

Гўзалим, бевафо гулистоним
Боғ умримда тоза райҳоним,
Ғаму қайғуларим ҳужуминдан
Сен эдинг меҳрибон нигаҳбоним.

Мени беҳуда ташладинг-кетдинг,
Нега ўлдирмадинг-да тарк этдинг.
Кел, гулим, кел, аёқингға йиқилай,
Бир замон қўй: тўлиб-тошиб йиғлай.

Қўй, бир оз қўйки, хоки пойингни
Сурмадек ёшли кўзума сурай.
Кетма, тур, тингла арзи ҳолимни,
Арз этай ҳоли пурмалолимни.

Қани ул дамки, сен эдинг ёрим,
Мунисим, ҳамдамим, мададкорим.
Сенинг оғуши илтифотингда
Роҳат этмишди жисми беморим.

Мени беҳуда ташладинг-кетдинг,
Нега ўлдирмадинг-да тарк этдинг.
Кел, аёқингға қон бўлуб тўкулай,
Бир нафас дард-ҳажрдан қутулай.

Кел, гўзал дилбарим, кел, сочингни
Бир тарай, бир ўпай-да, сўнгра…
Мени беҳуда ташладинг-кетдинг,
Нега ўлдирмадинг-да тарк этдинг.

ЧЎЛПОН ҲАҚИДА ХОТИРАЛАР044

011 Энди Чўлпон ҳақида билганларимни айтай. Самарқанд пойтахтлик вақтида Чўлпон ҳам шу ерда истиқомат қиларди ва Фитратнинг уйига тез-тез келиб турарди. Умуман, Фитрат билан Чўлпон ёшлари жиҳатдан, ораларидаги тафовут анчагина бўлса-да, жуда қалин дўст эдилар. Улар бир-бирларини жуда ҳурмат қилишар, бир-бирларининг истак ва хоҳишларига ғоят эътибор билан қарашар, бир-бирларининг билимларию истеъдодларини ҳурмат қилишарди. Уларнинг дўстлиги 20-йилларнинг аввалиданоқ бошланган эди.

Маълумки, Чўлпон 1921 йилдан бошлаб,бир неча муддат мобайнида Бухорода яшаган ва «Бухоро ахбори» рўзномасида ишлаган. Қулоғимга чалинган гапларга қараганда, Чўлпонни Бухорога Фитрат таклиф қилган. Фитрат у пайтларда Файзулла Хўжаев раҳбарлигидаги Бухоро Халқ жумҳурияти ҳукуматида нозир бўлган ва шу мавқеидан фойдаланиб, Чўлпонни «Бухоро ахбори» рўзномасига муҳаррир сифатида ишга таклиф қилган.

Чўлпон ўрта бўй, тўлачадан келган, доимо юмалоқ гардишли оддий кўзойнак тақиб юрадиган одам эди. У жуда серандиша, одамларга бехосдан озор бериб қўйишдан чўчийдиган, кўнгилчан ва чинакам шоирона табиатга эга эди. Арзимаган нарсага хуноби ошиб, фиғони фалакка етар, асабийлашар, яна арзимаган сабаб билан кайфияти жойига келиб қоларди.

Бир куни Фитратнинг уйига келсам, айвонда Чўлпон асабий бир ҳолатда у ёқдан бу ёққа юриб турибди. Салом бердим, нега кайфи бузуқлигини сўрадим. «Э, домланинг уйига меҳмонлар келган. Ҳаммаси бизни ёмон кўрадиган катталар. Яна хотинлари билан келишган. Улар тирноғимиз тагидан кир қидириб юрибди-ю, Фитрат домла уларнинг тегирмонига сув қуймоқда!». Ҳеч нарсага тушунмай, яна суриштирдим. Фитратдомла меҳмонларга: «Қани, олинглар, олиб ўтиринглар», деб одатдаги манзиратни қилибди, меҳмон аёллардан бири: «Мен оляпман, мана, олдимни кўринг», деб жавоб берибди. Фитрат эса дарҳол сўз ўйини айтибди-ю, аёлни ўсал қилибди. Чўлпон шунга хуноб бўлаётган экан. Гаплашиб турганимизнинг устига, ичкаридан Фитрат чиқиб қолди. Чўлпоннинг асабий ҳолатини кўриб, унга сўз қотди: «Ие, ҳали ҳам хунобмисиз, бас-да! Ахир, узр сўрадим-ку!» Буни эшитиб Чўлпон яна тутақди: «Э, қўйинг- е, домла-ей, шунақа ҳам бўладими?! Расво қилдингиз».

Чўлпонни Фитратникида кўриб юриб, унинг яна бир хислатини билиб олдим — у ҳам мусиқани жуда-жуда яхши кўрар экан. Шашмақом садолари янграганда Чўлпон сел бўлиб, бутун вужуди қулоққа айлангандай, бир маромда чайқалиб ўтириб тингларди. Қулоғи мусиқада-ю, ҳаёллари жунбушга келиб, нималарнидир кўз олдига келтираётгани сезилиб турарди. У эшитган куйларини юрак-юракдан жуда чуқур ҳис қиларди. Буни комил ишонч билан айтаётганимнинг боиси бор.

Баъзан шундай бўлардики, Чўлпон бир куйни берилиб тинглаб, ундан бағоят мутаассир бўлиб, чиқиб кетарди-да, икки-уч кундан кейин шу куйга мослаб шеър ёзиб келарди. Бу шеър эса авалги сўзларга қараганда, куйга ўн чандон, юз чандон мосроқ бўларди. Чўлпоннинг «Галдир» деган шеъри бунга мисол бўла олади. У халқ куйига мослаб, дутор тилидан, дутор туйғуларини изҳор қилувчи ажойиб лирик шеър яратган. Чўлпоннинг ўзи қўшиқ айтмас эди, лекин, жиндай дутор чертарди. Назаримда у дуторни чертган одамни ҳам яхши кўрарди ва дуторни алоҳида бир меҳр билан суярди. У Самарқандда турганида Солиҳа деган хотини бор эди. Солиҳа ажиб бир маҳорат билан дутор чаларди.

Чўлпон билан сўнгги марта 1936 йилнинг октябрь ойида Тошкентда, унинг Революция хиёбонидаги уйида учрашганман… Бунинг тарихи қуйидагича: 1936 йилнинг сентябрида мен Москвада опера студиясида ўқимоқда эдим. Бирдан мени Тошкентга чақириб телеграмма келиб қолди. Телеграммага Муҳиддин Қориёқубов имзо чеккан эди.

Қориёқубов ўша кезларда янги тузилган Ўзбекистон Давлат филармониясининг бошлиғи эди. Филармония олдида катта вазифалар турар, шунинг учун Қориёқубовга уни кадрлар билан мустаҳкамлашга ижозат беришган эди. Қори ака филармониянинг бадиий раҳбарлигига Маннон Уйғурни чақирипти. Мени эса хормейстер этиб таклиф қилипти, тўғрироғи, тайинлапти. Тошкентга келиб, филармонияга боришим биланоқ, Қори ака: «Ўқишингни бироз кечиктирасан, ҳозир декада концертини тайёрлайсан», дея кўрсатма берди. Ноилож, кўнишга мажбур бўлдим. Узлуксиз репетициялар бошланди.

Бир куни Қори ака мени ҳузурига чақириб қолди. Кирсам, хонада Уйғур ҳам ўтирган экан. Қори ака жуда жиддий оҳангда гап бошлади:
— 1937 йилда Москвада бўладиган ўзбек адабиёти ва санъати декадаси катта концерт билан якунланиши керак. Унда Совет ҳукумати ва коммунистик партия раҳбарлари иштирок этади. Эҳтимол, ўртоқ Сталиннинг ўзлари иштирок этсалар ҳам ажаб эмас. Табиийки, бу концертда энг яхши кучларимиз энг яхши номерларини зўр маҳорат билан кўрсатиб, санъатимизнинг бугунги қиёфасини намойиш этмоқлари зарур. Концертнинг финали зўр бўлмоғи керак. Унда улуғ Сталин ҳақида тантанали хор янграмоғи лозим. Худди шу масалада қийналяпмиз. Қонцерт финалида ижро этишга муносиб шеър тополмаяпмиз. Хуллас, шу ишни сенга топширмоқчиман. Сен Чўлпон билан эскидан танишсан. Борди-келдиларинг бор. Чўлпоннинг олдига бориб аҳволни тушунтирасан. Сталин тўғрисида зўр бир шеър ёзиб берсин. Чўлпоннинг аниқ ваъдасини олмай келма!

Ҳақиқатан ҳам, топшириқ жуда нозик ва ўта масъулиятли эди. Ахир, Москвада ҳукумат концертида шахсан ўртоқ Сталиннинг ҳузурида ижро этиладиган қўшиқнинг матнини ҳам, куйини ҳам ҳаммага буюриб бўлмайди-да! Айни чоқда, бу ғоят шарафли топшириқ. Сталин ҳақида қўшиқ ёзган одамга ҳамманинг ҳам қўли етавермайди. Бундай одамга маломат тошларини отсанг, у ярим йўлдан қайтиб, сенинг бошингга тегиши ҳам ҳеч гап эмас. Ҳаммадан ҳам муҳими — қўшиқ муаллифлари декадага олиб борилади, якунловчи концертда қатнашмоғи керак. Мабодо, ўртоқ Сталин, «бу қўшиқнинг муаллифлари қани, бир кўришиб қўяй», десалар, «мана, улар», деб кўрсатиш керак-да. Мабодо, Сталин кўрмаган тақдирда ҳам, барибир, Москвадан қуруқ қайтилмайди — биронта унвонми ё орден-медаль эгаси бўлиб қайтилади. Хуллас, истиқбол порлоқ…

Ана шундай уйлар билан Чўлпоннинг эшигини қоқдим. Эшикни Чўлпоннинг ўзи очди. У мени сира кутмаган эканми, ташрифимдан ажаблангандай эди. Шундай бўлса-да, хушнудлик билан қарши олди.
Ичкарига кирдик. Камсуқумгина дастурхон ёзилди. Ҳол-аҳвол сўрашдик. Суҳбат давомида ётиғи билан мақсадни англатдим. Қориёқубовнинг таклифини эшитиб, Чўлпон анчагача ўйга толди кейин чуқур хўрсиниб, жавобга оғиз очди.

— Ўзингиздан қолар гап йўқ, Мутаваккилжон. Сталин ҳақида шеър ёзиш мен учун сира- сира қийин эмас. Керак бўлса, бир кечада бунақа шеърлардан ўнтасини ёзиб бераман. Аммо масаланинг бир томони бор: Кўриб турибсиз, кейинги пайтларда менга тўрт томондан ҳужум бўляпти. Бошим устида булутлар жуда қуюқлашди. Мабодо, бирор фалокат рўй берса, менинг шеъримга куй басталаган композиторни соғ қўйишармикан. Мутлақо бегуноҳ одамлар ҳам бесабаб жувонмарг бўлиб кетишмасмикан?..

Мен хайр-маъзур қилиб чиқиб кетдим-да, бориб Қориёқубов билан Уйғурга Чўлпоннинг жавобини айтдим. Улар: «Ие, бу ёғини ўйламабмиз-ку», деганча бир-бирларига тикилиб қолишди.
Орадан кўп ўтмай Чўлпон қамалди, халқ душмани сифатида отилди. Аммо мен унинг «халқ душмани» эканига ишонолмай, узоқ вақт руҳий азобларда қийналиб юрдим.

Фитрат билан Чўлпон маданиятимиянинг икки буюк нурли сиймоси эдилар. Тақдир менга улар билан кўришиш, суҳбатларидан баҳраманд бўлиш бахтини ато этди. Энди билсам, уларнинг давраларида, улар билан ҳамсуҳбат бўлиб ўтказган фурсатларим умримнинг энг нурли фурсатларидан экан.


Манба: «Фитна санъати»,Тошкент — 1993

5 may — Atoqli bastakor Mutal Burhonov tavallud topgan kun

Samarqand poytaxtlik vaqtida Choʻlpon ham shu yerda istiqomat qilardi va Fitratning uyiga tez-tez kelib turardi. Umuman, Fitrat bilan Choʻlpon yoshlari jihatdan, oralaridagi tafovut anchagina boʻlsa-da, juda qalin doʻst edilar…

Mutavakkil Burhonov
FITRAT VA CHO’LPON HAQIDA XOTIRALAR
Ozod Sharafuddinov yozib olgan

044

012 Mutal (Mutavakkil) Burhonov 1916 yilda Buxoroda tug’ilgan. Musiqadan ilk saboqni Samarqand musiqa va xoreografiya institutida, so’ng Moskvada taniqli musiqa allomalaridan olgan. 1949 yilda esa Moskva konservatoriyasini bitirgan. Ijodiy faoliyatini 30-yillarning ikkinchi yarmidan boshlab, dastlab «Ey, bulbul», «Ishq o’ti» (Mashrab), «Ishqida» (Uyg’un), «Tabassum qilmading» (Navoiy), «Namedonam chi nom dorad» (Hofiz) kabi romanlarni yozdi, 1941 yilda Uyg’un va Izzat Sultonning «Alisher Navoiy» she’riy dramasiga musiqa, 1942 yilda T. Jalilov, T. Sodiqov, M. Vaynberg, A. Klumovlar bilan hamkorlikda «O’zbekiston qilichi» musiqali dramasiga musiqa bastalagan, 1947 yilda shoir Temur Fattoh she’ri asosida O’zbekiston Davlat madhiyasi musiqasini yaratgan. O’rta Osiyo xalqlari qo’shiqlarini o’zbek xalq cholg’u asboblari va jo’rsiz xor uchun qayta ishlagan.

Bastakor 50-yillarda «Bahor qushlari» vokal poema, «Abu Ali ibn Sino» simfonik syuita, yakkaxonlar, xor va simfonik orkestr uchun asarlar hamda 1968 yilda «Alisher Navoiyga qasida» (A. Oripov) kabi katta shakldagi musiqa asarini yaratgan. Uning yarim asrdan ziyod davr mobaynida turli janrlarda yaratgan qo’shiqlari, lirik romanlari, jo’rsiz xor uchun qayta ishlangan Sharq xalqlari kuylari, jozibali vokal simfonik asarlari, kino musiqalari zamonaviy musiqa san’atimizning «Oltin xazina»sidan o’rin olgan. «Abu Ali ibn Sino», «Samolyotlar qo’nolmadi», «Maftuningman», «Orol baliqchilari» (I. Ikromov, M. Levievlar bilan hamkorlikda), «Surayyo», «Boy ila xizmatchi», «Istiqbol yo’li» kabi badiiy fil`mlarning musiqalarini yaratgan. «Alisher Navoiy» (1991) operasini, O’zbekiston Davlat madhiyasi musiqasini yaratgan. Abdurahmon Jomiy she’riga bastalangan «Shiru shakar» yangi qo’shig’i va qatag’on yillarida shahid bo’lgan Fayzulla Xo’jaev, Abdulla Qodiriy, Abdurauf Fitrat kabi elning asl farzandlari va o’zining akasi va amakilarining porloq xotiralariga bag’ishlangan «Abadiy xotira» rekviem-marsiyasini yaratgan.

Mustaqil O’zbekiston Davlat madhiyasi musiqasi muallifi, O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan san’at arbobi, O’zbekiston xalq artisti» unvonlari bilan taqdirlangan, «Buyuk xizmatlari uchun», “Mehnat shuhrati” ordeni, O’zbekiston va Qoraqalpog’iston Davlat mukofotlari sohibidir Mutavakkil Burhonov 2002 yil olamdan ko’z yumdi.

044

FITRAT HAQIDA XOTIRALAR

fitratTaqdir menga Abdurauf Fitratday ulug’ insonni tanish baxtini ravo ko’rganidan mamnunman. Men Fitratni ancha yaqindan bilganmai, uning uyiga tez-tez boribturardim. Fitratning uyida ko’pgina san’atkorlarni, shoirlarni, olimlarni uchratganman. Bu qutlug’ xonadondagi suhbatlar mening hayotimda chuqur iz qoldirgan, fikrim uyg’ongan, saviyam kengaygan, san’at va ijod haqidagi tasavvurlarim ancha to’lishgan.

Fitrat bilan birinchi bor ko’rishganimda, domla taxminan 42 yoshlarda, men esa endigina 14 yoshga qadam qo’ygan o’spirin edim. Bu davrda Fitrat allaqachon xalq o’rtasida katta shuhrat qozongan: Atoqli inqilobchi, yirik davlat arbobi, faol jamoatchi, barkamol olim, iste’dodli ijodkor sifatida tanilgan edi. Qanday qilib, shunday mashhur odam oddiy bir o’spirin yigit bilan yaqin bo’lishi mumkin? Buning hech qanaqa favqulodda siru asrori yo’q. Faqat o’quvchi buni anglab olishi uchun, gapni biroz olisroqdan boshlashim — o’zimning qarindosh-urug’larim to’g’risida ham jinday ma’lumot bermog’im kerak bo’ladi.

Men 1916 yili Buxoroda, g’oyat ajoyib bir oilada dunyoga kelganman. Onam somoniylar sulolasining eng so’nggi vakilasi bo’lganlar. Otam esa Muzayyin mahdum nomi bilan shuhrat topgan bo’lib, madrasada mudarrislik qilgan ekanlar. U bilimi chuqur, fikri ochiq, jaholat va mutaassiblikni jinidan battar yomon ko’rgan, ijtimoiy hayotdagi ilg’or harakatlarga, jumladan, jadidchilikka xayrixoh odam bo’lgan. Buning uchun amirning ta’qibiga uchragan va fojiali halok bo’lgan.

Biz besh farzand bo’lganmiz — Mohida va Fotima degan opalarim, Minhojiddin va Misbohiddin degan akalarim bo’lgan. Ularning hammasi ham o’qigan, oq- qorani tanigan va ayrim sohalarda katta xizmatlar qilgan. Masalan, akam Misbohiddin Burhonov Dushanbeda yashagan, o’z vaqtida «Tojikistoni surx» ro’znomasining muharriri bo’lgan edi. 1934 yilda uni qamadilar. U 1943 yilda qamoq lagerlarida hayotdan ko’z yumgan. Katta opam Mohida, akamning qamalganiga chidolmay, «xalq dushmanining singlisi» degan «isnod»ni ko’torolmay, o’z-o’zini o’ldirgan. Fotima opam esa 1969 yili vafot etdilar. Men shu opam tufayli, Fitratga yaqin bo’lganman. Ammo buning ham o’z hikoyasi bor.

Endi ikki og’iz amakilarimdan gapirmog’im kerak. Mening uch amakim bo’lgan. Katta amakim Mazhar maxsum, o’rtancha amakim Mukammil maxsum, kichik amakim Muammir maxsum. Ularning uchovi ham o’qigan, taraqqiyparvar bo’lib, inqilobdan oldin Buxoroda jadid harakatining tashkilotchilaridan edi. Sadriddin Ayniy ham, Fayzulla Xo’jaev ham o’zlarining Buxoro inqilobi tarixi haqidagi kitoblarida ularning nomlarini zikr qilishgan va faoliyatlariga yuqori baho berishgan. Amakilarimning uchovi ham 1937 yilda qamoqqa olingan va «xalq dushmani» sifatida otib tashlangan.

Katta amakim Mahzar maxsum matematik edi. Hindistonda, Turkiyada o’qigan. Sho’ro hokimiyati yillarida esa ilmiy faoliyat bilan shug’ullangan. 20-yillarda «Maorif va o’qituvchi» oynomasida uning melioratsiya tarixiga, yer tuzilishi masalalariga bag’ishlangan maqolalari chiqqan. O’sha davr olimlarining g’alati bir xususiyatlari bo’lardi. Ularning asosiy mutaxassisligi matematika yoxud kimyo bo’lsa-da, baribir adabiyotga, san’atga, musiqaga juda qiziqar edilar. Mazhar maxsum ham bundan mustasno emas edi. Shu tufayli bo’lsa kerak, u Samarqanddagi etnografik muzika va xoreografiya o’quv yurtining direktori Mironov bilan qalin, do’stona munosabatda bo’lgan. Amakim menda allaqanday qobiliyat uchqunlarini sezganmi yo musiqaga muhabbati g’olib kelganmi, har qalay, uyimizdagilarning qarshiligiga qaramay, meni musiqa maktabiga bergan.

Endi gapning indallosiga kelaylik. Uchala amakim ham Fitratga juda yaqin bo’lishgan, uni qadrlashgan va har jihatdan e’zozlashgan. 1908 yili Fitratning Turkiyaga ketishida katta amakimning hissasi bor. Mukammil maxsum ham. Fitrat bilan juda qalin do’st bo’lgan, do’stlik iplari shu qadar mustahkam bog’langanki, amakilarim bamaslahat Fotima opamni Fitratga berib, uni o’zlariga kuyov qilishgan. Men opamni juda yaxshi ko’rardim. Shu tufayli, tez-tez uni ko’rgani Fitratnikiga borib turadigan bo’lib qoldim. Bu chog’larda jumhuriyat poytaxti Samarqandda bulib, Fitrat ham shu yerda ishlar, pedakademiyada dars berar va institut bergan uyda istiqomat qilardi.

Uy Abram xiyobonida, institutning shundoqqina biqinida joylashgan bo’lib, oddiygina ortiqcha hashamsiz qurilgan: Bir xonasi ovrupocha, ikkinchi xonasi sharqona uslubda bezatilgan, oynavand dahlizli bir kulba edi. Avvallari men juda tortinib, qimtinib, begonasirab kelardim. Lekin ko’p o’tmay, yotsirashlar butunlay yo’qolib ketdi. Fitrat o’rta bo’y, to’ladan kelgan, go’shtdor burni ostidagi taqasimon mo’ylovi o’ziga yarashgan, sochi to’kilib, boshining yonlari va orqa tomonida qolgan, shuning uchun peshonasi haddan tashqari keng ko’rinadigan odam edi. Uni ancha xushfe’l odam deb o’ylash mumkin. Aslida tajangroq, serzarda, osongina jahli chiqardi. Lekin menga nisbatan bir marta ham tajanglik qilgani yo’q. Bilmadim, opam tufayli shunday bo’ldimi yoxud mening musiqaga ishqibozligim Fitratga ma’qul kelib qoldimi, bilmayman. Har holda, har gal kirib borganimda, domla meni ochiq chehra bilan kutib olar, o’tirishga taklif qilib, ahvolimni surishtirar, qanday o’qiyotganimni so’rardi.

Rostini aytsam, Fitratning uyi men uchun katta bir dorulfunun buldi. Bu uyda men Cho’lpon, G’afur G’ulom, Hamid Olimjon bilan uchrashdim, shu uyda sharq musiqasining haqiqiy go’zalligini kashf etdim, uning benihoya ranglarga boy, bitmas-tuganmas bir xazina ekaniga ishonch hosil qildim. Shu uyda Buxoro, Samarqand, Farg’ona, Toshkentning mashhur xonandalari, sozandalari va musiqashunoslari bilan uchrashib, ulardan ancha narsa o’rgandim.

Yuqorida aytganimdek, men Fitrat xonadoniga qatnay boshlagan kezlarda, domla o’nlab dramatik asarlarning, go’zal she’riy dastalarning, har xil ilmiy asarlarning muallifi sifatida tanilib qolgandilar. Men ham u kishini zabardast olim, iste’dodli yozuvchi, ustoz muallim, deb bilar edim. Ya’ni mening nazarimda, Fitrat o’ta jiddiy, o’ta salobatli, uncha- muncha narsalarga qiziqavermaydigan, buning uchun vaqti ham yo’q bir kimsa edi. Tez orada ma’lum bo’ldiki, mening bu tasavvurim butunlay noto’g’ri ekan. Fitrat ko’p narsani qadrlaydigan, ayniqsa, musiqani haddan ziyod yaxshi ko’radigan odam ekan.

Har holda o’sha kezlarda har haftada bir marta Fitratning uyida musiqa kechalari bo’lib turardi. Bu kechalarda shoirlar va olimlar bilan bir qatorda Domla Halim Ibodov, Ota G’iyos, Ota Jalol, Abduqodir Ismoilov, Abdurahmon Umarov kabi ustoz san’atkorlar ham ishtirok etardi. Bu kechalar tong otguncha davom etar, ularda Shashmaqom ohanglari yangrar, turli musiqa asboblarining sadolari eshitilardi. Tez-tez munozaralar bo’lib turar, sharq musiqasining xususiyatlari, usullari, nozik jihatlari to’g’risida tortishuvlar bo’lib ketardi. Fitrat musiqani, qo’shiqni g’oyat nozik his qilishi bilan birga, kuydagi har bir zarbning o’rinli yoxud o’rinsizligini payqay olardi.

O’sha musiqiy oqshom ishtirokchilarini eslab, ularning ma’naviy dunyosi naqadar boy bo’lganiga qoyil qolishdan tolmayman. Ular musiqasiz yashay olishmasdi, sharq musiqasi ularning har bir hujayrasiga singib ketganday edi. Fitrat musiqaning chinakam fidoyisi edi. U 26-yillarda musiqa tarixiga oid qimmatli ilmiy asar yaratdi. Unda ko’pgina musiqa asboblarining tuzilishi bilan birga, paydo bo’lish tarixini ham bayon qilib bergan. Bundan tashqari, 20-yillarda u Buxoroda musiqa o’quv yurti tashkil qildi. Bu musiqa maktabi hozir ham bor. Faqat taassuflar bo’lsinki, bugun o’sha maktabni Fitrat barpo etganini kamdan-kam odam biladi. O’sha maktab jamoasi shahar soveti bilan kelishib, maktab devoriga bir lavha osib qo’ysa-yu, shu bilan Fitratning ruhini xotirlab tursa, ko’p savob ish bo’lardi.

Fitratning musiqaga sadoqatini ko’rsatadigan yana bir voqeani bilaman; 26-yillarning boshida u Buxoro Shashmaqomini ijro etuvchilarni to’plab, Ota G’iyosdan mashg’ulot yo’lini, Ota Jaloldan nasr yo’lini yozib oldi. So’ng Toshkentdan atoqli musiqashunos Uspenskiyni chaqirib olib, unga yonidan pul to’lab, Shashmaqomni notaga ko’chirtirgan. Keyinchalik bu notalar Moskvada bosilib chiqdi. Unda «Fitrat va Mironov tahriri ostida» degan yozuv bor. Notalarning bir nusxasi hozirgi kunda Hamza nomidagi San’atshunoslik institutida saqlanmoqda. O’sha kezlarda klassik merosni e’zozlash emas, tahqirlash, tepkilab yo’qotish avj olgan edi. Shunday sharoitda Fitratning qilgan ishi chinakam jasorat hisoblanardi. Bu jasorat tufayli, klassik musiqamizning muhim bir qismn kelajak avlodlar uchun saqlanib qoldi.

Fitratning musiqaga munosabati haqidagina emas, tabiati to’g’risida, insoniy sifatlarining ayrim jihatlari to’g’risida ham tasavvur beradigan yana bir voqea esimda. Yuqorida aytganimdek, Samarqandda musiqa va xoreografiya o’quv yurti bo’lib, u Sherdor madrasasida joylashgan edi. Unda musiqadan o’z davrining taniqli sozandalari dars berishardi, adabiyotni esa G’ulom Zafariy o’qitardi. O’quv yurtida talabalar vaqti-vaqti bilan imtihon qilib turilardi.

Fitrat bu o’quv yurtida ishlamas, lekin hamma imtihonlarda qatnashardi. Uning ishtirok etishiga, savollar berishiga domlalar ham, talabalar ham ko’nikib qolishgandi. Bir gal domlalardan birining o’g’li imtihon topshiribdi. U childirmada allaqaysi kuyni chalayotib, bitta «bum»ni ortiqcha urib yuboribdi. «Bum» degani childirmaning o’rtasiga uriladigan zarb, «bak» esa ostiga uriladigan zarb bo’lib, har qaysi kuyda ularning miqdori qat’iy belgilangan bo’ladi. U paytning domlalari qarindosh-urug’chilik, tanish- bilishchilik degan narsalarni bilishmasdi. O’g’lining bir zarbni ortiq urganiga chidayolmagan domla g’azab bilan o’dag’aylabdi: «Padaring la’nat, «bum» yo’q edi-ku, bu yerda!» Fitrat qarasa, imtihon berayotgan bolaning ishi pachava bo’ladigan. U darrov oraga tushibdi; «Domlajon, bitta «bum» uchun bolaning bahosini tushirmay qo’yaqolaylik». Fitratning oraga tushganini ko’rib, domla jahlidan tushibdi.

Fitrat tajangroq bo’lsa hamki, fikri tez ishlaydigan hozirjavob odam edi. Zarur bo’lg’anda, bir lahzada kerakli javobni aytib, xarifini mot qilar ekan. Bir kuni bir talaba Fitratga murojaat qilibdi: «Domilajon! Men sizning xatoyingizni topdim!» «Xo’sh-xo’sh, — deptilar domla. — Qanday xato ekan?» «Falon maqolangizda «ga» deyish o’rniga «da» deb ishlatibsiz». Fitrat darhol javob beripti: «Ey, mulla! Mening o’rnimda siz bo’lganingizda «da» tugul, «ba» deb yozar edingiz».

Ba’zan esa Fitratning topqirlik bilan aytgan gaplari zohiran yumshoqroq, bo’shtobroq ko’rinardi-yu, aslida juda tagdor bo’lardi. Bunday hollarda domla kinoya va pichingdan mohirona foydalanardi. Bir gal shunday voqeaning guvohi bo’lganman.

Samarqandga, Fitratning uyiga G’afur G’ulom keldi. Bu kezlarda u «yosh, umidli shoir» qatorida yursa ham ancha tanilib qolgan edi. Tabiatdan quvnoq, hazil-mutoyibani, askiyani yaxshi ko’radigan G’afur G’ulom haddi sig’ib, Fitratga ham tegajoqlik qilaverar edi. Bu gal ham, u hazil ohangda gap boshladi:

— Domla, sizni yana tanqid qilish boshlandi-ku! Erinmagan odamning hammasi sizga tosh otyapti…

Fitrat, odati bo’yicha, past ovozda bosiq ohangda so’radi:
— Ha, sabab? Nima qilibmizki, bizni yana tanqid qiladilar?

— Nima qilardingiz! Hamma shoiru adiblar zamonamizni madh etib asarlar yozishyapti. Siz bo’lsangiz «lom-mim» deb maqtamaysiz.
— Nimani maqtay, axir?

G’afur G’ulom atayin, Fitratning jig’iga tegish uchun, jiddiy ohangda deydi;
— Mana, traktorlar chiqdi. Maqtangda o’shani.
—Ie, mulla G’ofir! Men, axir, uning ovozidan qo’rqaman-ku, qanday maqtayin…

Fitrat ko’p talabalarga ustozlik qilgan, ko’p shoirlarning asarlarini o’qib, ularni to’g’ri yo’lga solishga uringan, lekin ustoz sifatida o’ta talabchan edi. Gapirgan gapingiz, qilgan- ishingiz, yozgan asaringiz didiga o’tirmasa, hech ayab o’tirmasdi. Kimligingizga qaramay, ko’nglidagi gapni ro’y-rost yuzingizga aytib solardi: Aytsa ham go’rga-ya, jahli chiqqanda, uyidan quvib solishdan toymasdi.

Hamid Olimjon Samarqandda o’qib yurgan kezlarida Fitratning shogirdi edi. U Fitrat yozgan asarlarni mukammal o’rganib chiqqan, uning ma’ruzalaridan ko’p oziq olgan. Bular bilan ham qanoatlanmay, Hamid Olimjon she’riyat bobida ham Fitratning etagidan mahkam tutgan edi.. U yozgan she’rlarini muntazam-ravishda Fitratga ko’rsatib borardi. Aftidan, bunday uchrashuvlarda Fitrat she’r va shoirning qanday bo’lishi kerakligi haqida Hamid Olimjonga ancha narsa uqdirgan bo’lsa kerak. Xullas, kunlardan birida Fitrating uyiga Hamid Olimjon kirib keldi. Kayfiyati ko’tarinki, harakatlari shaxdam. Allaqanday ichki g’urur va mamnuniyat bilan Fitratga bir dasta qog’oz uzatdi:
— Domla, mana, oltita she’r yozdim.

Fitrat uni o’tirishga taklif qilib, she’rlarini o’qiy boshladi. Ammo o’qigan sari peshonasi tirishib, qovoqlari solina bordi. Oxiri g’azabdan qo’llari titray boshladi. Oltinchi she’rni o’qib bo’lishi hamono, shiddatli bir harakat bilan, she’rlarni parcha-parcha ilib yirtdi-da, Hamid Olimjon tomonga uloqtirdi.

— Bular she’r emas, me’r bo’lipti. Siz men aytgan gaplarni yaxshi anglamabsiz.
— Domla, nima gap o’zi? Nega bunday deyapsiz? — deya Hamid Olimjon Fitratni junbushga keltirgan sababni anglashga urinadi.

Fitrat esa buni tushuntirish o’rniga yana dag’dag’a qiladi:
— Oltita emas, ikkita yozing. Lekin yozganingiz she’r bo’lsin!
— Domla…
— Chiqing!.. .

Hamid Olimjon o’sal bir holatda domlaning uyini tark etishga majbur bo’ladi. Qanday qilib alamdan chiqish yo’lini axtargan Hamid Olimjon keyin o’ylab qarasa, Fitratning gaplari to’g’ri—boyagina o’ziga dohiyona tuyulgan she’rlar o’ta g’arib, benavo…

Oradan ancha vaqt o’tdi. Hamid Olimjon ikkita she’r yozib, yana Fitratning huzuriga keladi. Bu gal ham domla she’rlarini sinchiklab uzoq o’qiydi, so’ng chinchalog’ining bir bo’g’inini ko’rsatib, deydi:
— Ana endi Hamidjon gaplarimni shunchasini tushunibdi.

Fitrat g’oyat nufuzli, qisqa muddat ichida odamlar o’rtasida izzat-ikrom qozona oladigan, shoir sifatida ham, olim oifatida ham e’tibori baland odam edi. Bu gaplar faqat mening gapim emas. Fitratni yaxshi bilgan tanishlarimning ancha-munchasi uning to’g’risida og’zidan bol tomib gapiradi. Ulardan biri Sulton Umarov. Bu kishi atoqli olim, yirik jamoat va davlat arbobi edi. Sulton Umarov ham O’zbekiston, ham Tojikiston Fanlar akademiyasining haqiqiy a’zosi bo’lgan, O’rta Osiyo davlat dorulfununi rektori, O’zbekiston Xalq Komissarlari Soveti Raisining muovini, Tojikiston Fanlar akademiyasining prezidenti lavozimida ishlagan.

Fitrat bilan bog’liq voqealarni menga aytib berganida esa, Sulton Umarov hali aspirant edi. Bu voqea, aftidan, 30-yillarning boshida bo’lgan ekan. O’shanda Sulton Umarov Leningradga ilmiy komandirovkaga boradigan bo’lib qolipti. Jo’nashidan oldin jumhuriyat rahbarlaridan biri u kishini huzuriga chaqiribdi. Shu kunlarda Fitrat domla ham Leningradga borib, allaqanday ilmiy kengashda ishtirok etmoqlari kerakligini aytib, Fitratdan boxabar bo’lib turish Sulton Umarovning zimmasiga yuklanibdi. Fitrat rafiqasi bilan Yaltada dam olayotgan ekan. O’sha yerdan Leningradga boribdi. Sulton Umarov mehmonxonaga kelib, Fitratni kengash bo’ladigan joyga kuzatib qo’yibdi. O’shanda yosh aspirantni hayron qoldirgan narsa shu bo’libdiki, Fitrat domla zalga kirishlari bilan,dongdor sharqshunos olimlardan iborat majlis ahli u kishining istiqboliga oyoqqa qalqibdi.

Bunaqa izzat-hurmat kamdan-kam olimga nasib etadi!..

Fitratning nihoyatda zo’r shoir ekani haqida Lohutiy aytgan bir gap sira esimdan chiqmaydi. 30-yillarning o’rtalarida men Lohutiyning bir she’riga kuy bastaladim. Shu munosabat bilan oramizda yaqinlik vujudga keldi. Aniq esimda yo’q— 1939 yilmidi yoxud biroz keyinroqmi — har qalay, Lohutiy bilan ko’rishib, ancha suhbatlashib, o’tirib qoldik. Gap aylanib Fitratga keldi. Shunda Lohutiy bir voqeani aytib berdi: «Ha, Fitrat «xalq dushmani»ku-ya, lekin zo’r shoir-da! Bir kuni men nima munosabat bilandir unga she’riy maktub yozdim. Keyin uning javobini kuta boshladim. Hadeganda Fitratdan javob kelavermadi. Kuta- kuta, toqatim toq bo’lib, endi jahl otiga qamchi uraboshlagan edim, pochtachi maktub keltirib qoldi. Fitratdan. U ham she’rda yozipti. O, ana she’ru ana — san’at! O’qib chiqib lol qoldim. Yo’q, shoir men emas ekanman, «xalq dushmani» bo’lsa ham Fitrat shoir ekan!»

Aytish kerakki, Abulqosim Lohutiy hazilakam shoir emas edi. 1934 yilda u SSSR Yozuvchilar uyushmasining rahbarlaridan biri bo’lib saylandi. 1934 yildan keyin, Fitrat haqida bironta ijobiy gap aytish xatardan xoli emasdi. Yuqoridagi gapni aytishga Lohutiyni hech narsa majbur qilgani yo’q. Shunga qaramay, Fitratning shoirligiga bu darajada baho bergan ekan, Lohutiy zavq-shavqini ichiga sig’dirolmagan, haqiqatni aytib, yuragini bo’shatib olishga ehtiyoj sezgan.

1956 yili Fitrat oqlandi. Shundan keyin, ko’p yillar mobaynida, men shu muborak zotning xotirasiga munosib biron ish qilishni o’ylab yurdim. Nihoyat, uning she’rlaridan biriga kuy bastalab, shu yo’l bilan jinday bo’lsa-da, u kishining ruhini shod qildim. «Nega tark etding meni?» deb ataladigan bu romans hozir nashr etilgan, keng ijro etilyapti. Biroq o’zim bastalagan romansni tilga olayotgan ekanman, buni maqtanish uchun yoxud ijodimni ko’z-ko’z qilish uchun aytayotganim yo’q, albatta. Men shu bahona Fitrat she’rining dramatizmga to’la ijodiy tarixini aytib bermoqchiman.She’r qo’yidagi band bilan boshlanadi:

Go’zalim, bevafo gulistonim,
Bog’i umrimda toza rayhonim,
G’amu qayg’ularin hujumindan
Sen eding mehribon nigohbonim,
Meni behuda tashlading ketding,
Nega o’ldirmading-da, tark etding?

She’rning qolgan bandlarini keltirmayman, u bir-ikki yil avval «O’zbekiston adabiyoti va san’ati» haftanomasida to’la e’lon qilingan. She’rning ijodiy tarixi qeyidagicha: Hijron dardiga to’la har misrasidan ayriliq iztiroblarining dudi anqib turgan g’oyat mungli va ayni choqda, g’oyat nafis yozilgan bu she’r opam Fotima Burhonovaga atalgan.

Yuqorida aytganimday, amakilarim opamni Fitratga 1928 yili berishgan ekan. Bu paytda Fitrat 42 yoshda bo’lib, ikki marta o’ylanishga ulgurgan edi. Ammo nima sababdandir bir xotini bilan murosasi kelishmagan, ikkinchi xotini esa vafot etgan. Fotima opam bilan Fitrat uch yil shirin turmush kechirishgan, keyin ajralishgan. Ammo bu ajralish har ikkovlarining ixtiyorlariga zid o’laroq, mening akam Misbohiddinning tazyiqi bilan bo’lgan. U kishi Fotima opamni Fitratga berishgani uchun amakilarimdan g’oyatda norozi bo’lgan. «Nechun singlimizni turmush qurgan odamga berishdi?», degan alam unga tinchlik bergan emas. Umuman, akam bilan amakilarimning oralari ilgari ham uncha iliq bo’lmagan…

Xullas, Misbohiddin Burhonov 1931 yili Fotima opamni Samarqanddan Dushanbega chaqirtirib olib, Qur’oni karimni o’rtaga qo’yib, Fitratdan ajralishga qasam ichiradi. Opam sodda, xudojo’y ayol edi. Tabiiyki, u qasamini buza olmaydi, chunki musulmonchilikda qasamxo’rlik eng og’ir gunohlardan biri hisoblanadi.

Samarqandga qaytgandan so’ng, u Fitratning uyidan chiqib ketadi. Bu Fitrat uchun juda og’ir zarba bo’ladi. U ancha vaqtgacha o’ziga kelolmay yuradi va yuragidagi bor dardini qog’ozga to’kib soladi. Shu tarzda «Nega tark etding meni?» degan she’riy maktub dunyoga keladi. Opam bu maktubni umrining oxiriga qadar ko’z qorachig’iday avaylab saqlagan. Men u kishining vafotlaridan so’ng, qog’ozlarini ko’zdan kechirayotib, maktubni topib oldim va undan nusxa ko’chirdim.

* * *

Go’zalim, bevafo gulistonim
Bog’ umrimda toza rayhonim,
G’amu qayg’ularim hujumindan
Sen eding mehribon nigahbonim.

Meni behuda tashlading-ketding,
Nega o’ldirmading-da tark etding.
Kel, gulim, kel, ayoqingg’a yiqilay,
Bir zamon qo’y: to’lib-toshib yig’lay.

Qo’y, bir oz qo’yki, xoki poyingni
Surmadek yoshli ko’zuma suray.
Ketma, tur, tingla arzi holimni,
Arz etay holi purmalolimni.

Qani ul damki, sen eding yorim,
Munisim, hamdamim, madadkorim.
Sening og’ushi iltifotingda
Rohat etmishdi jismi bemorim.

Meni behuda tashlading-ketding,
Nega o’ldirmading-da tark etding.
Kel, ayoqingg’a qon bo’lub to’kulay,
Bir nafas dard-hajrdan qutulay.

Kel, go’zal dilbarim, kel, sochingni
Bir taray, bir o’pay-da, so’ngra…
Meni behuda tashlading-ketding,
Nega o’ldirmading-da tark etding.

Manba: «Fitna san’ati»,Toshkent — 1993

CHO’LPON HAQIDA XOTIRALAR

011Endi Cho’lpon haqida bilganlarimni aytay. Samarqand poytaxtlik vaqtida Cho’lpon ham shu yerda istiqomat qilardi va Fitratning uyiga tez-tez kelib turardi. Umuman, Fitrat bilan Cho’lpon yoshlari jihatdan, oralaridagi tafovut anchagina bo’lsa-da, juda qalin do’st edilar. Ular bir-birlarini juda hurmat qilishar, bir-birlarining istak va xohishlariga g’oyat e’tibor bilan qarashar, bir-birlarining bilimlariyu iste’dodlarini hurmat qilishardi. Ularning do’stligi 20-yillarning avvalidanoq boshlangan edi.

Ma’lumki, Cho’lpon 1921 yildan boshlab,bir necha muddat mobaynida Buxoroda yashagan va «Buxoro axbori» ro’znomasida ishlagan. Qulog’imga chalingan gaplarga qaraganda, Cho’lponni Buxoroga Fitrat taklif qilgan. Fitrat u paytlarda Fayzulla Xo’jaev rahbarligidagi Buxoro Xalq jumhuriyati hukumatida nozir bo’lgan va shu mavqeidan foydalanib, Cho’lponni «Buxoro axbori» ro’znomasiga muharrir sifatida ishga taklif qilgan.

Cho’lpon o’rta bo’y, to’lachadan kelgan, doimo yumaloq gardishli oddiy ko’zoynak taqib yuradigan odam edi.
U juda serandisha, odamlarga bexosdan ozor berib qo’yishdan cho’chiydigan, ko’ngilchan va chinakam shoirona tabiatga ega edi. Arzimagan narsaga xunobi oshib, fig’oni falakka yetar, asabiylashar, yana arzimagan sabab bilan kayfiyati joyiga kelib qolardi.

Bir kuni Fitratning uyiga kelsam, ayvonda Cho’lpon asabiy bir holatda u yoqdan bu yoqqa yurib turibdi. Salom berdim, nega kayfi buzuqligini so’radim. «E, domlaning uyiga mehmonlar kelgan. Hammasi bizni yomon ko’radigan kattalar. Yana xotinlari bilan kelishgan. Ular tirnog’imiz tagidan kir qidirib yuribdi-yu, Fitrat domla ularning tegirmoniga suv quymoqda!». Hech narsaga tushunmay, yana surishtirdim. Fitratdomla mehmonlarga: «Qani, olinglar, olib o’tiringlar», deb odatdagi manziratni qilibdi, mehmon ayollardan biri: «Men olyapman, mana, oldimni ko’ring», deb javob beribdi. Fitrat esa darhol so’z o’yini aytibdi-yu, ayolni o’sal qilibdi. Cho’lpon shunga xunob bo’layotgan ekan. Gaplashib turganimizning ustiga, ichkaridan Fitrat chiqib qoldi. Cho’lponning asabiy holatini ko’rib, unga so’z qotdi: «Ie, hali ham xunobmisiz, bas-da! Axir, uzr so’radim-ku!» Buni eshitib Cho’lpon yana tutaqdi: «E, qo’ying- ye, domla-yey, shunaqa ham bo’ladimi?! Rasvo qildingiz».

Cho’lponni Fitratnikida ko’rib yurib, uning yana bir xislatini bilib oldim — u ham musiqani juda-juda yaxshi ko’rar ekan. Shashmaqom sadolari yangraganda Cho’lpon sel bo’lib, butun vujudi quloqqa aylanganday, bir maromda chayqalib o’tirib tinglardi. Qulog’i musiqada-yu, hayollari junbushga kelib, nimalarnidir ko’z oldiga keltirayotgani sezilib turardi. U eshitgan kuylarini yurak-yurakdan juda chuqur his qilardi. Buni komil ishonch bilan aytayotganimning boisi bor.

Ba’zan shunday bo’lardiki, Cho’lpon bir kuyni berilib tinglab, undan bag’oyat mutaassir bo’lib, chiqib ketardi-da, ikki-uch kundan keyin shu kuyga moslab she’r yozib kelardi. Bu she’r esa avalgi so’zlarga qaraganda, kuyga o’n chandon, yuz chandon mosroq bo’lardi. Cho’lponning «Galdir» degan she’ri bunga misol bo’la oladi. U xalq kuyiga moslab, dutor tilidan, dutor tuyg’ularini izhor qiluvchi ajoyib lirik she’r yaratgan. Cho’lponning o’zi qo’shiq aytmas edi, lekin, jinday dutor chertardi. Nazarimda u dutorni chertgan odamni ham yaxshi ko’rardi va dutorni alohida bir mehr bilan suyardi. U Samarqandda turganida Soliha degan xotini bor edi. Soliha ajib bir mahorat bilan dutor chalardi.

Cho’lpon bilan so’nggi marta 1936 yilning oktyabr` oyida Toshkentda, uning Revolyutsiya xiyobonidagi uyida uchrashganman… Buning tarixi quyidagicha: 1936 yilning sentyabrida men Moskvada opera studiyasida o’qimoqda edim. Birdan meni Toshkentga chaqirib telegramma kelib qoldi. Telegrammaga Muhiddin Qoriyoqubov imzo chekkan edi.

Qoriyoqubov o’sha kezlarda yangi tuzilgan O’zbekiston Davlat filarmoniyasining boshlig’i edi. Filarmoniya oldida katta vazifalar turar, shuning uchun Qoriyoqubovga uni kadrlar bilan mustahkamlashga ijozat berishgan edi. Qori aka filarmoniyaning badiiy rahbarligiga Mannon Uyg’urni chaqiripti. Meni esa xormeyster etib taklif qilipti, to’g’rirog’i, tayinlapti. Toshkentga kelib, filarmoniyaga borishim bilanoq, Qori aka: «O’qishingni biroz kechiktirasan, hozir dekada kontsertini tayyorlaysan», deya ko’rsatma berdi. Noiloj, ko’nishga majbur bo’ldim. Uzluksiz repetitsiyalar boshlandi.

Bir kuni Qori aka meni huzuriga chaqirib qoldi. Kirsam, xonada Uyg’ur ham o’tirgan ekan. Qori aka  juda jiddiy ohangda gap boshladi:
— 1937 yilda Moskvada bo’ladigan o’zbek adabiyoti va san’ati dekadasi katta kontsert bilan yakunlanishi kerak. Unda Sovet hukumati va kommunistik partiya rahbarlari ishtirok etadi. Ehtimol, o’rtoq Stalinning o’zlari ishtirok etsalar ham ajab emas. Tabiiyki, bu kontsertda eng yaxshi kuchlarimiz eng yaxshi nomerlarini zo’r mahorat bilan ko’rsatib, san’atimizning bugungi qiyofasini namoyish etmoqlari zarur. Kontsertning finali zo’r bo’lmog’i kerak. Unda ulug’ Stalin haqida tantanali xor yangramog’i lozim. Xuddi shu masalada qiynalyapmiz. Qontsert finalida ijro etishga munosib she’r topolmayapmiz. Xullas, shu ishni senga topshirmoqchiman. Sen Cho’lpon bilan eskidan tanishsan. Bordi-keldilaring bor. Cho’lponning oldiga borib ahvolni tushuntirasan. Stalin to’g’risida zo’r bir she’r yozib bersin. Cho’lponning aniq va’dasini olmay kelma!

Haqiqatan ham, topshiriq juda nozik va o’ta mas’uliyatli edi. Axir, Moskvada hukumat kontsertida shaxsan o’rtoq Stalinning huzurida ijro etiladigan qo’shiqning matnini ham, kuyini ham hammaga buyurib bo’lmaydi-da! Ayni choqda, bu g’oyat sharafli topshiriq. Stalin haqida qo’shiq yozgan odamga hammaning ham qo’li yetavermaydi. Bunday odamga malomat toshlarini otsang, u yarim yo’ldan qaytib, sening boshingga tegishi ham hech gap emas. Hammadan ham muhimi — qo’shiq mualliflari dekadaga olib boriladi, yakunlovchi kontsertda qatnashmog’i kerak. Mabodo, o’rtoq Stalin, «bu qo’shiqning mualliflari qani, bir ko’rishib qo’yay», desalar, «mana, ular», deb ko’rsatish kerak-da. Mabodo, Stalin ko’rmagan taqdirda ham, baribir, Moskvadan quruq qaytilmaydi — bironta unvonmi yo orden-medal` egasi bo’lib qaytiladi. Xullas, istiqbol porloq…

Ana shunday uylar bilan Cho’lponning eshigini qoqdim. Eshikni Cho’lponning o’zi ochdi. U meni sira kutmagan ekanmi, tashrifimdan ajablanganday edi. Shunday bo’lsa-da, xushnudlik bilan qarshi oldi.  Ichkariga kirdik. Kamsuqumgina dasturxon yozildi. Hol-ahvol so’rashdik. Suhbat davomida yotig’i bilan maqsadni anglatdim. Qoriyoqubovning taklifini eshitib, Cho’lpon anchagacha o’yga toldi keyin chuqur xo’rsinib, javobga og’iz ochdi.

— O’zingizdan qolar gap yo’q, Mutavakkiljon. Stalin haqida she’r yozish men uchun sira- sira qiyin emas. Kerak bo’lsa, bir kechada bunaqa she’rlardan o’ntasini yozib beraman. Ammo masalaning bir tomoni bor: Ko’rib turibsiz, keyingi paytlarda menga to’rt tomondan hujum bo’lyapti. Boshim ustida bulutlar juda quyuqlashdi. Mabodo, biror falokat ro’y bersa, mening she’rimga kuy bastalagan kompozitorni sog’ qo’yisharmikan. Mutlaqo begunoh odamlar ham besabab juvonmarg bo’lib ketishmasmikan?..

Men xayr-ma’zur qilib chiqib ketdim-da, borib Qoriyoqubov bilan Uyg’urga Cho’lponning javobini aytdim. Ular: «Ie, bu yog’ini o’ylamabmiz-ku», degancha bir-birlariga tikilib qolishdi.  Oradan ko’p o’tmay Cho’lpon qamaldi, xalq dushmani sifatida otildi. Ammo men uning «xalq dushmani» ekaniga ishonolmay, uzoq vaqt ruhiy azoblarda qiynalib yurdim.

Fitrat bilan Cho’lpon madaniyatimiyaning ikki buyuk nurli siymosi edilar. Taqdir menga ular bilan ko’rishish, suhbatlaridan bahramand bo’lish baxtini ato etdi. Endi bilsam, ularning davralarida, ular bilan hamsuhbat bo’lib o’tkazgan fursatlarim umrimning eng nurli fursatlaridan ekan.

Manba: «Fitna san’ati»,Toshkent — 1993

XDK

(Tashriflar: umumiy 3 798, bugungi 1)

Izoh qoldiring