Биринчи китобимга ёзилган сўзбошини ўқиб (Усмон Азим ёзган!) ҳам Отам (ичган вақтлари жуда тиниқ бўлиб кетарди) йиғлаган эди. “Лаҳзам ибодатдир, манзилим қиблам, / Йўлим жойнамоз деб чиқдим сафарга” деб ёзибсан, қизим, отаман, билиб-билмай озор бергандирман, кечир. Бу йўл осон эмас. Игна билан қудуқ қазиш дегани шу бўлади, бўйнингга олган бўлсанг, майли, қандай яшагинг келса яшайвер, деди.
ЕРГА ҚЎНМАЙДИГАН ҚУШ
Усмон Азимнинг ҳаётимда кимлиги хусусида
Наргиза ОДИНАЕВА
Ватан
Жуда кичкина эдим – эшитаётган янги сўзларимга изоҳ сўрайдиган вақтим. Момом қайсидир бўйинсасининг уйига меҳмонга бориб келиб, фалончи бир ватан солибди, бир ватан солибди, деб Энамга гурунг берди. Бир муддат ичимда “ватан” нималиги ҳақида ўйладим. Тиниқ тасаввур топмагач, томорқада ер чопаётган бобоминг ёнига бордим (бобом кетмонни ерга ҳар урганда ич-ичидан “ҳиҳ” деган овоз чиқарарди), ватан нималигини сўрадим. Бобом бир муддат кетмони дастасига суяниб атрофга синчиклаб боқди, кейин уйимизни, тупроқда ўйнаётган укаларимни, улкан, ям-яшил боғимизни, ўчоқда чой қайнатаётган қадди эгик момомни кўрсатди (эсимни таниганимдан бошлаб момом энгашиб юрарди. Нега ундай юришини сўраганимизда, Худога салом бериб юрибман, дерди). Энг чиройли нарсалар “ватан” деди. Мен уйга қараб чопдим. Вужудимда бир нарса бошланди, кўнглим ичимга сиғмай анчагача югурдим. Энг чиройли ватан бизникида, деб бақириб югурдим. Бобом кулиб томоша қилиб турди. Бирон ҳаракатимизга бобомнинг жилмайиб қараши тасдиқ, тўғри деган хулосани англатарди.
Баҳор кунларининг бирида бобом билан адирга қўй ҳайдадик. Ёмғирдан олдинги шамол эсиб, ажиб бўйларни олиб келди, юрагим ҳапқириб кетди. “Бобо, ватаннинг иси келяпти”, дедим. Бобом яна жилмайиб, елкамга алқовли қоқиб қўйди. Шундан кейин ватаннинг сарҳади кенгайиб борди.
Бобомнинг қайси ўгит, момомнинг қайси ривоятлари таъсирида, билмадим, кейинчалик уйимизнинг эртаси учун пешонам терлаб иш қилмаган куним, ота-онам қанча қистамасин, иштаҳа билан, ош бўлиб овқат еёлмайдиган бўлдим. Бўйнимдаги вазифамни сидқидилдан маромига етказмасам, ўзимни ватанга хиёнат қилаётгандек ҳис этардим (Худо кечирсин, ўша вақтларда Худо ва Ватан чегараларини фарқлолмасдим). Кўчада кўрган ҳар қайси одамимга ватандошлиги учун қўлини сиқиб, миннатдорчилик билдиргим келадиган даврларни ҳам яшаб ўтдим.
Устоз
Синфимизнинг энг аълочиси бўлганман. 1-синфдан бошлаб синф сардори эдим (бу маълумотни мазкур воқеада ўзимни оқлаш учун келтиряпман, чоғи). 2-синфда устозимиз “Эртага мактабга келмаслигимизни, қишлоқнинг бошида тўй бўлаётгани, ҳаммамиз ўша тўйга боришимиз”ни тайинлади. Уйга келиб устозимнинг бор гапини бобомга (уйдаги барча қарорларни бобом белгиларди) айтдим. Эрталаб эса далага мол ҳайдаб кетдим. Тушда бир синфдошим мактабдан келаётганини кўрдим. Унга “бугун устоз мактабга бормаслигимизни айтганди-ку”, дедим. У устоз бу гапни бизни синаш учун айтганини, мактабга мендан бошқа ҳамма борганини билдирди. Устоздан жуда хафа бўлдим. Ичимда тушуниксиз ҳислар довул кўтарди.
Эртаси мактабга бордим. Устозим кеча нега келмаганимни сўради. Устоздан хафалигимга диққат қаратиб, шу вазиятгача бирон баҳона ўйлаб қўймаган эканман. “Ўзингиз келманглар, тўйга боринглар дегандингиз-ку”, деёлмадим. Тилимга келган ёлғонни айтдим. Бобом касал бўлиб қолди, ёлғиз ўзини қолдирмаслик учун мен ёнида ўтирдим, дедим (Унда ҳали дунёда энг ишонган инсонларим бобом ва устозим эди. Улар ёлғон гапирмасди, хато иш қилишмасди – инсонийликни шу жиҳатлар белгилайди деб ўйлардим). Устозим бошқалар қараса бўлмасмиди, деган саволни “пост” қилганди, барча оила аъзоларимнинг банд бўлган ишларини санаб беравердим. Устозимга ёлғонни ёдланган шеърдек айтдим-у, кўз олдимда дунёни сув босаётгани тасвири айланаверди. Ичимда устозимдан жуда хафа бўлдим, мени шу ёлғонларни энг ҳурмат қиладиган инсонимга гапиртираётгани учун.
Устозларни уйида ҳам янги кийимда юради деб ўйлардим (4-синфларгача устозларни уй кийимида кўрмаганман. Биринчи марта эски кийимда, бошқалар қиладиган юмушларни қилаётганини кўрганимда ҳаётдан хафа бўлиб кетганман). Устозлар айтган ҳар қандай гап тўғри, рост деб ўйлаганман. Ҳозир ҳам устозларнинг кўнглимдаги мақоми ўзгармаган. Умрим оёқлаган сайин устоз мақоми (хилқати), баҳосини теранроқ англаб боряпман!
(Ҳозир устозимнинг ўша гапига ишониб (гарчи синфдошларим наздида синфимиздаги энг анқов ўқувчи “баҳоси”ни олган бўлсам-да) мактабга бормаганим учун ўзимдан хурсанд ҳам бўламан.)
Одамлар
Ҳали мактабга бормасдим, “Оталар сўзи”да бир муштипар она тақдири кўрсатилди. Ҳимоя қилиб турадиган невара армияга кетгач, ўғил ва келин бувини қариялар уйига топширади. Бувининг жони узилаётганда ўғил уйида дўстларига “ўтириш” қилаётганди. Буви қўлини чўзиб, болаларига илҳақ жони узилади.
Момом билан Энам менга ишора қилиб шивирлашди, бу нимани тушинадикан, деб. Йиғимни амаллаб тутиб тургандим…
Мени юпатиш учун улар роль ўйнаганини, ўлган момо ҳозир уйида, неваралари олдида мазза қилиб, иссиқ кўк чой ичиб ўтирганини айтишди. Лекин… “Одамлар нега бундай?” деган аламми, бир нарса томоғимда туриб қолиб, “Си” нотада 2-3 соат, балки ундан ҳам кўпроқ йиғладим. Бобом бозордан келганда ҳам бақириб йиғлаётгандим. Акам Бобомни бошлаб келди, тентак бўлганми, ўзидан ўзи бақириб йиғлаб ётибди, ҳеч ким ҳеч нарса қилгани йўқ, деб. Бобомнинг “нима қилди?” деган саволига ичимдаги оғриқни сўз билан ифодалаб айтолмадим. Ичимдаги оғриқни тушунтиришга ожизлик ноқулайлиги биринчи марта ўшанда бўлганди, кейин-кейин бундай вазиятлар “деҳқончилик”ка айланди.
Ҳаёт
Бошланғич синфларда ўқийман, бир қўшнимиз оламдан ўтди. Болаларининг каттаси 5 ёшларда эди. Кетган қўшнимизнинг “еттиси” кечаси 3-4 уй наридаги бошқа қўшнимизникида курсдошлар учрашуви бўлди. Тўйдек шовқин чиқарди. Олий маълумотли меҳмонларни кўришга қишлоқ йиғилди. Томошага мен билан Бобом бормадик. Ҳаётнинг бешафқат, кескирлигига биринчи гувоҳлигим эди. Кўрпанинг тагига кириб, азадор қўшнимиздан хижолат бўлиб қанча йиғласам йиғладим.
Илк иложсизлик
Телевизорда кўринган қаҳрамонларнинг дастрўмол тутиши қизиқ туюларди. Менда ҳам шунақаси бўлса-ю, худди шулардек ишлатиб кўрсам, рўмолча тутиш ҳисси қандай бўларкан дердим. Тиланим туртиб уйдан битта шокилали рўмолча топиб олдим. Ёйиб, юзимни обдон артдим. Бурнимдан олов киргандек бесаранжомлик бошланди. Момомга югурдим. “Момо, чидолмаяпман”, дедим. Қўл кучи билан ҳал қилиб бўлмайдиган иложсизлик, ожизлик туйғусига биринчи марта дуч келишим эди. Момом рўмолчани кўрибоқ, “Ҳа, болам-а, қалампир туйилган эди. Энди томорқани айланиб чоп, тўхтамай чопавер, куйгани совийди”, деди. 80 сотихли томорқамизни неча марта айландим, билмайман. Юзимнинг куйиши оғриғини орқамда қолдириб кетоладиган мисол ўқдек учганман ва ўша тезликдан таскин туйганман. Ҳозир ҳам иложсизлик, ожизлик нуқталарида ўша воқеадаги каби қаттиқ югурсам, елкамдан қараб турган ёқимсиз чорасизликларни ортда қолдириб кетолсам, деган ўй кўп ўтади.
Шеър завқи
8-синфдан адабиёт дарсини Бобоева Наргиза исмли (Худо раҳмат қилсин) ўзимдан 7 ёш катта ўқитувчидан ола бошладим. Умуман бошқа олам бошланди. Мен шеърни ҳис қиладиган бўлдим. Шу вақтгача кундалик мулоқотимдаги гапларни ҳам қофиялаб, вазнсиз “шеър” шаклида сайраб юрардим. Шеър табаррук нарсалигини тушундим. Туроқ, вазн, ташбеҳ, образ, оч ва тўқ қофия, миссия, ғоя, фалсафа каби жиҳатларни тушундим. Ўқиган шеъримни ҳис қилиб учадиган бўлдим. Адабиёт ўқитувчим ҳар дарсида шеър ўқиб беради. Сўзнинг каромати мени тентак қиларди. Адабиёт устозимнинг энг яхши кўрган ўқувчиси бўлиш учун ҳар куни “шеър” ёзиб бораман. Илҳомим оқсаган кунлари гоҳо Момом “қарашиб” юборади. “Момо, аввал кимдир ёзмаганми, аниқ ўзингиз тўқияпсизми?” деб иккиланаман. Момом “Йў, йў, болам, ишанайбер!” дейди. Шеърларимни ўқиб Бобоева устозим мендан ўтиб қувонади, мен устозимнинг энг яхши кўрган ўқувчисига айланаман. Кайфиятим ернинг кайфияти бўлмай қолди. Овқатни кўрсам етади, емасдан қорним тўйиб қолади. Олдинда катта сафар, таваккалликдан йўл топиш завқи кутиб тургандек ҳовлиқардим. Ҳар қайси ҳаракат, тезлик ва куч талаб қиладиган иш-юмушларда бир кишининг вақт имкониятида 2-3 кишининг натижасини кўрсатардим. Атрофимдагилар бунинг ичида дев бор, шу учираяпти, дейишарди. Қишлоғимизнинг мендан 5-6 ёш катта теримчи қизлари кечгача терадиган миқдорни мен тушгача терган кунларим ҳам бўларди. Унча-мунча билаги бақувват қизлар ҳам иззатини қилиб, 4-5 кун тўқийдиган қоқма гиламларга қурилган кунининг иккинчи шомини юзлатмай адоғига етардим. Ўзимни шу қадар қудратли – икки қўлим билан заминни белбоғдек ушлайдиган хомчўт олардим. Чунки шеърни билардим, ҳис қилардим, гўё учар эдим.
Қўшнимиз билан бир кунда пиёз узимига тушдик. Ўрканлаб кетган ўтларни чалғилаб, кейин пиёз териларди. Қўшнимизнинг пиёз майдони 20, бизники 18 сотих. 20 сотихни мендан бири бир ёш, иккинчиси икки ёш кичик йигитлар чалғилашга шай турибди. Пойга таклиф қилишди. Охирида қолган бижилдоқ сув олиб берадиган бўлиб келишдик. Чалғи билан сузяпман. Шу ўрмондан ўтиб кетсам, тезроқ мактабни тугатсам, “Ерга қўнмайдиган қушлар” ҳудудига етиб олсам, деган хаёлда 18 сотихни текислаб чиқдим. Қўшнимизнинг томорқасидаги “ўрмон”нинг анчаси ҳали тик эди. Йигитларга бижилдоқ сув олиб беришлари шартмаслигини, ҳозир ҳис қилган кайфиятимнинг ўзи етишини айтиб “раҳм” қилдим.
Шеър завқи менга фантастик шуур берарди. Отмаган тонглардан келаётган оҳанрабо руҳимни ўзига жодулар эди, ошиқтирарди.
Кейин обдон каллакландим.
Йиғлагим келган, лекин эркин йиғлашнинг иложи бўлмаган кезларда, ёнимдагиларга, “Мен актриса бўлишим керак эди ўзи. Ҳозир йиғла, денглар, йиғлаб бераман”, дердим. Актрисаликка уқувимни бажонидил синашарди. Мен шу ниқоб остида овозсиз йиғлаб берардим. Ёнимдагилар, э, чини билан йиғлаяпти, қаранглар. Сенинг кўз ёшинг ҳам катта-катта-эй, деб ҳайратланишарди. Мен шу тариқа мазза қилиб йиғлаб олардим.
Нафсга тескари қутб
Ўша кезлари уйда қаттиқ таъқибда эдим. Китоб ўқиётганим, дафтарга бирон нарса ёзаётганимни кўриб қолишса бақир-чақир, қаттиқ бесаранжомлик бошланиб кетарди (Иссиқ кунлари ҳам нимча кийиб юрардим. Ички томонига “ўғри кисса” тикиб олгандим, ручка ва дафтар солишга қулай қилиб. Имкон бўлиши билан дафтарни деворга тутибми, тиззамга қўйибми, битта сатр бўлса ҳам ёзиб олардим). Ёзмай десам ичимдаги ўтга чидолмас эдим.
Қорин ғамига конфликт ҳудуд, нафсга буткул тескари қутб борлигини ҳис қилардим, унга етиб олиш учун бир йўл умидида радио, телевидение, газета, журналларга саноқсиз хат ёзардим. Биров-ярим хатим эфирда ўқилгани, айтиб ўтилганининг ўзи етарди менга – “Ерга қўнмайдиган қушлар бор!”лигига ишончимни мустаҳкамларди. Келганимдан кейин қиёмат бўлишини билсам-да, имкон қадар адабиёт тадбирларига бориб келардим. Ўша кезлар кўнглимни укамдек ҳис қилардим. “Шу гўдакни бир мазза қилдириб келай, ичимда ўлиб-нетиб кетмасин” дердим.
Сурхондарёда “Адабиёт кунлари” бўлаётган экан. Термиздаги лицейда учрашув бўлишини, Усмон Азим “Наргиз ҳам келсин” деганини айтиб Шодмон ака Отамга телефон қилди (Шодмонқул Саломнинг Акаси билан Отам қалин дўст бўлишган). Отам Усмон Азим исмини эшитиб, “Наргизни айтган”ига ишониб-ишонмай тадбирга юборди.
Тадбирда менинг бутун танам уюшиб қолди – Усмон Азимнинг эътирофларини эшитиб. Ёнимдагиларга “Гап аниқ мен ҳақимдами?” деган савол назари билан қараб қўяман.
Ўша тадбирда Отамнинг бир ҳамкасби ҳам қатнашган экан. Отамга келиб қизингиз катта шоир экан, Усмон Азим айтди, шундай учирди-шундай учирди, энди… роса мақтади, дебди. Отам шу куни ичиб келди, бутун оила даврасида менга расман очиқча китоб ўқиш ва нима ёзгим келса ёзаверишим ихтиёри берилди.
Битта хона менинг шахсий ҳудудим этиб хатланди. Ҳатто, 50 мингга (яхши пул эди) атайлаб хонтахта сотиб олишиб, имкон қадар қулайлик яратиб беришди. Унча-мунча ишлардан ҳам озод қилиндим. Овқат вақтида чақиришади, бошқа вақт “ижод” қиламан. Отам деразадан ҳар замонда қараб кетади. Хонтахта устига бир нечта китобни очиб қўйганман. Шошиб қолганимдан 3-4 та китобни параллел ўқийман. Отам яна деразадан қараб турганини сездим. Хурсанд бўлиб Отамга қарадим, қарашимни кутиб кетмай турган экан. Хонтахтадаги очиқ китобларга ишора қилиб, “Қизим, тағин бировларнинг китобидан кўчириб, бизни шарманда қилма”, деди. “У ёғидан хавотир олманг!” дедим. Овқатланишга борганимда Энам “Нечта ёздинг?” деб сўраб туради. Бир хил вақтлари ҳазиллашаман: “Ёзолмаяпман”, деб. Энам “Энди нима қиламиз?” деб қайғуриб қолади. Мен куламан, ичимда Усмон Азимни бир алқайман, миннатдор бўламан.
Ўша йил тугаб, Янги йил кираётганда телефонимизга Усмон Азимдан мен ва оиламизга байрам “смс”и келди. Телефон Акамда турарди. Акам ҳовлиқиб кириб келди. “Эй, Усмон Азим байрам билан табриклабди, мана, ўқи!” Энди уйимиздаги кайфият тўполон бўлиб кетди. Янги йил байрами ҳам эсимиздан чиқиб, ундан юқорироқ, бошқача хурсандчилик бўлувди.
Биринчи китобимга ёзилган сўзбошини ўқиб (Усмон Азим ёзган!) ҳам Отам (ичган вақтлари жуда тиниқ бўлиб кетарди) йиғлаган эди. “Лаҳзам ибодатдир, манзилим қиблам, / Йўлим жойнамоз деб чиқдим сафарга” деб ёзибсан, қизим, отаман, билиб-билмай озор бергандирман, кечир. Бу йўл осон эмас. Игна билан қудуқ қазиш дегани шу бўлади, бўйнингга олган бўлсанг, майли, қандай яшагинг келса яшайвер, деди.
Шеърият
МТS компанияси 2 центга 20 дақиқа гаплашадиган таъриф эълон қилган вақтлар. Худо берса қулига… Сирож билан узоқ гаплашамиз, нечта 20 дақиқа тугаб, яна уланади. Ўзи яхши кўрган шеърларини кульминация қилиб навбати билан ўқийди. Телефонни қулоғимга ўнглаб қўйиб, рўмол ўраб оламан. Ишимни қилиб юравераман. …Дунё бозорининг одамлари, ҳо, / Олинг, юрагимни сотгани келдим…; Бу дунёким, менинг кўнглим ярим этди, / Ярми билан куйласам ҳам олам тўлар…; Ерга боғлаб қўйилганман, илдизим ер остида…; Менга беролмайсиз ҳеч қандай баҳо, / Оёқяланг бўлиб дунёдан ўтдим…; Тупроқ бўлай десам нега қўймайдурсан?..; Мени ҳам бир алқанг, ота, / Мен ер бўлдим, ота, ер…; Нимагадир келмайди ўлгинг, / Яшагинг ҳам келмайди бироқ…; Умрим тугаяпти, йўқдир дарагинг!..; Ўзингни аяма, / Бешафқат бўлгин, / Жонингга солиб тур гоҳида буров…; Она замин, бир учайин, қўйиб юбор…; Менга бир тош топиб беролмадинг сен, / Тошлари тупроққа айланган дунё…
Мен телба бўламан. Ўзимга, турган ҳудудимга сиғмай қоламан.
Ерга қўнмайдиган қушлар
Дўрмон семинари бўляпти. Уюшма биносида бўладиган тадбирга иштирокчиларни олиб боришган. Лифтда нечтадандир чиқиб, бошқалар кутиб турибмиз. Менинг чиқиш галимда Усмон Азим келиб қолди. Мен турган жойимда хўрозқанддай қотиб қолдим. Устоз – “Ерга қўнмайдиган қуш”ни биринчи марта “живой” кўришим эди. Лифтда у кишининг ёнида чиқиш ҳурматсизликдек туюлди. Лифтнинг эшиги “яна кимдир чиқса” дегандек бир муддат очиқ кутиб турди, кейин ёпилди. Мен шу қотишда анча қолдим.
Тадбир тугаб, қатнашчилар автобусга чиқиб, ё шу атрофда ўзаро гурунглашиб турибди. Усмон Азимдан 3-4 метр берида мен ҳам тўхтаб қолган вақтнинг ичида карахтман, гўё. Шодмон ака Усмон Азим билан “таништирди”. Оёғим ўзимга бўйсунмадими, тортиндимми, ҳурмат юзасиданми, ёнларига боролмадим, узоқдан салом бердим. Кейин улар жўнашди. Абдулла Орипов, Усмон Азим, Шодмонқул Салом юриш учун қилинган йўлак қолиб, газоннинг устидан, бир-бирининг изидан из босиб, ритмда қадам ташлаб кетишди. Буларнинг юриши ҳам шеър, деб то бинолар пана қилгунча кўз узмай турдим.
“Азим” мажлислар
Термизда кечки вақт вилоят ҳокимияти биноси (!) ёнида йиғиламиз. Сирожиддин Иброҳим навбати билан Абдулла Орипов, Усмон Азим, Сирожиддин Саййид, Эшқобил Шукур бўлиб шеър ўқиб беради. У шеърини ўқиб беринг, бу шеърини ўқиб беринг, деб таклиф айтиб турамиз. Сирож оҳангларини михлайди, биз шоирларнинг ўзидан эшитгандек қарсак чаламиз. Ўша кезлар моддиятимиз руҳиятимизга шу қадар тескари пропорционал эди. Бу мажлисдан дунёдаги биринчи рақамли миллиардерлар кайфиятида қайтамиз. Қайтишда ҳаммамиз Усмон Азим бўлиб шеър ўқиб қайтамиз. Азим – буюк дегани!
Усмон Азимнинг шеърлари мардоналик, бўйинга келган кунни тап тортмай, олийжаноб бўлиб яшаш, ҳаётга тик қараш, душманга ҳам кенглик қила олиш, ўз тарзингдан уялмаслик, ўзни аямаслик, Худога қараб бориш, қўйингки, заминдаги инсон тушиши мумкин бўлган барча ҳолатларнинг номини, шеърнинг сарҳадини, энг муҳими руҳ эканини ҳужайраларимизга сингдиради. Ҳали ҳаммаси зўр бўлади, деймиз.
Шу завқда, “Сирож, Усмон Азимнинг қандай одам бўлишини бобосининг отаси ҳам билган. Ўғлига Азим деб исм қўйган”, дейман. Сирож ҳам кулиб тасдиқлайди. Одамлар ким билан замондошлигини билишмайди, деб ўзимиз билганимиздан хурсанд, ҳавода сузиб қайтамиз.
“Буюк чевар”
Бир гал мен, Устоз, Шодмон ака тушлик қилдик. Сурхондарёдан нимадир юмуш юзасидан Тошкентга келганман. Устознинг танлови билан ҳаммамизга кўза шўрва айтилди. Ўша кезлар мен ҳам пархезни жиддий тутардим. Шодмон ака кўза шўрвани тановулга созлаяпти – бизникини ҳам. Устоз “нўхат мумкинмасди-ку, айтмабмиз-ку” дедилар. Мен ва Устознинг кўзасидан нўхат чиқмади, Шодмон акага аталганида бор экан. Устоз завқланиб кетди: “Кўрдингми, Наргиз, Худо буюк чевар, кўрдингми?! Икковимизга ҳам нўхат мумкинмас! Шугина жойларини ҳам ҳисобга олади”, деди. Ўша кундан луғатимга “Буюк чевар” ифодаси кирди ва кейин бу ҳикматга кўп иймон келтирдим.
Ҳали ҳаммаси зўр бўлади!
Ўқишга киролмай йиғлаб юрган йилларим. Сирожиддин Иброҳим Устоз сизни мақтабди, юринг, журнални топамиз, деди. Ёзнинг жазирамасида, Сирож, Хуршид, мен нечта “киоски”ни бажонидил айландик. Ахийри топдик. Учаламиз бир-биримиздан ўтиб шодланамиз. Кейин ўша атрофдаги ошхонада тушлик қиламиз. Анъанага мувофиқ, Сирож бизни меҳмон қилади. Термизнинг эгаларидек, ўзимиздан мамнун иштаҳада гурунглашамиз (Маҳмуд Абулфайз устоз Сирожнинг атрофидаги ўзидан катта, кичик йигит-қизларни, ўғилларинг, қизларинг, деб ярим ҳазил, ярим чин кўп гапирардилар. Сирожнинг бизга раҳнамо жойлари бисёр бўларди).
Бу гапларим мақтовга ўч экан хулосасини бермасин. Кўп ҳис қиламан: қушга дон ташлаб ушлаб турамиз, керак нуқтага “қамаймиз”-ку, Худоям бандаларига шунақа донлар ташлаб боради. Мен бу жойларини умримдаги шундай “дон”лар сифатида санадим.
“Азим” Инсон
Бахтинисо (Маҳмудова)ни сўнгги йўлга кузатишдамиз. Уй ҳовлисида тумонат одам. Улар миямдаги савол, ўйлардек бетартиб ҳаракат ва шовқинда. Мен ҳам бир бурчакда, ҳаёт бунга нега бунча бешафқат, номард бўлди деган оғриқ, тушуниксиз эътирозлар билан ичимга сўнгсиз тушиб турибман. Узоқ, яқиндан таниганларимга кўзим тушганда (ҳар хил ҳудудлардан боришган) улардан миннатдор бўлиб қўяман, шугина гўдакнинг иззатини қилиб келгани учун инсон зотига ҳурматим ошиб, баридан миннатдор бўламан.

Бахтинисонинг қушдек жонсарак яшагани, Туркияга шошгани, унинг жонсиз тани одамлар устидан учиб келгани ва яна кўп кўнглини бўғинлаган оғриқларини эслаб, йиғлаб турибман. Бир битигида отасининг ортидан эргашиб боргани, отаси унга қайрилиб ҳам қарамагани ҳақида ёзганди. Унинг тақдирида жумбоқ кўп эди.
Кўчадан эркаклар овози келиб турибди. Навбати билан Бахтинисо ҳақида гапиришяпти. Бир вақт таниш овозни илғадим. Беихтиёр диққатимни ўша томонга йўналтирдим. Усмон Азим Бахтинисо ҳақида катта эҳтиром, самимият, маҳзунлик билан гапираётган эди. Томоғимда бир нарса тилимни ҳам, нафасимни ҳам боғлади. Устознинг овозларини эшитиб, елкам силкиниб-силкиниб йиғлай бошладим. Билмадим, бу йиғи мусибатданми ёки Устозга эҳтиромданми… Ҳар қандай туйғу инсонни йиғлата олади. Бир мурғак қизнинг ҳурматига шунча йўл босиб, шу ёшда, шундай катта одам келишлари мумкин экан. Худо ёрлақасин!..
Ўша куни Устознинг ёнларига салом беришга боролмадим. Қандайдир салобатлари босдими ёки саломлашишнинг мавриди эмас, деб ўйладимми… Шу ташриф Устозни янада “Азим” одамга айлантирганди, наздимда. Шахс сифатидаги ҳурматим нечи карра ошган эди.
Шерикларим билан шом аралаш Термизга қайтдик. Бахтинисони кузатишга борганлар телеграм гуруҳ орқали ёзишиб кетяпти. Белгиланган бир санада ҳар йили йиғилиб, Бахтинисони хотирлашга, нимадир тадбирлар қилишга келишишяпти.
Мен ичимда бу айтилганлари бўладими, йўқми, Худо билади, Устознинг бугун кузатишга келганлари муҳими (етади), Бахтинисога адабиётнинг, катта шеъриятнинг эҳтироми шу, деб кетяпман.
Во-я, дунё-я!
ТерДУда танишлар кўришиб қолсак, Усмон Азимнинг бирон мисраси билан мухтасар қилиб аҳвол сўрашардик, ҳолатларимиздан бир-биримизни огоҳлантирардик. Бир-биримиздан қолишмай, сатрдан сатрга портлаб бориб, охирида Усмон Азим одам эмас, деб тўхтардик. Инсоннинг қирқ бир қават ичкарисидаги ҳолатларини шеърга бу қадар тиниқ сола олиш одамнинг имконидан хориж, деб маст бўлардик. Кейин, Устознинг гапларини ўзларининг оҳангида такрорлаб қўярдик: Во-я, дунё-я!…
Мен кейинчалик, айниқса талабаликдан олдинги ва талабалик йилларимда жуда мўртлашиб кетдим. Зарурат бўлганда ортимга қарасам, моддият томонлама ёрдам олишга кўнгил тўқ ҳеч кимим йўқдек эди. Ва ўзимни ўзим тортишга эриниб қолган вақтлар кўп бўларди. Шундай вақтларда Буюк чеварнинг кульминацияларидан шу қадар лол эдимки, аксарият тўхтаб қолган нуқталаримда Устоз тўсатдан телефон қилиб қолардилар. “Наргиз, яхшимисан, қийналмаяпсанми?” Нечидир дақиқа давом этган гурунгларини, албатта, “Ҳали ҳаммаси зўр бўлади!” деган сеҳрли сўз билан якунлардилар. Мен яна бажонидил яшашга киришардим. Ҳали ҳаммаси зўр бўлади!
Олийжаноб хазинабонга эҳтиром
Устознинг ўзларини мукаммал қура олишларида бўлинмай ижод қилиш шароитини яратиб берган аёлга раҳмат айтишимиз, алқашимиз керак энг аввал. Худо истеъдоддан қисмаган тақдирда ҳам, агар ижодкорнинг биқинига оилавий дилхираликлар ботиб турса, диққати бўлинса, арзиган-арзимаган ташвишларга андармон этилса, овози ўзига ҳам етмайдиган бўлиб умрини харжлаши ҳеч гапмас. Бизга Усмон Азим феноменини мукаммал ҳолда тақдим этгани учун Янгамга миллат ва адабиёт номидан ҳар бир ҳужайрам билан таъзим қиламан. Устознинг сарҳадларини бизга тўла-тўкис (хиёнатсиз) сақлолганлари, туҳфа этолганлари учун ташаккур!.. Ноёб мулкнинг олийжаноб хазинабонига ташаккур!..
Адабиётнинг бойлиги
Дунёда англаганингиз сари баҳоси тенгсиз бўлиб борадиган номли ва номсиз бойликлар бор. Шундай бойликлардан бирининг номи “устоз” деб аталади. Улар вақт, имкон, наф, бурч каби умрнинг қийматини белгиловчи омилларнинг сарлавҳаси. Улар шогирдларнинг, ортидагиларнинг йўл харитасини тепадан кўриб туради. Улар қалб меъмори. Уларнинг хизматлари эвазига инсонийликнинг қиёфаси тиниқ, маънавий ва моддий оламимиз бугун шу кўринишда.
Бир кишига, бир оилага, бир сулолага, бир мамлакатга тегишли бойлик, мулклар бўлади. Шунингдек, миллат, инсониятга тегишли бойликлар ҳам. Усмон Азим ҳам миллатнинг, адабиётнинг, инсониятнинг бойлиги. Шеърлари, шахсияти-да умумбашарий қадрият, туйғу, ғояларимизни чиниқтиради, иккиланганда қибламизни тиниқлаштирамиз, эътиқод компосимизни созлаб оламиз ҳар гал. Негизни англаган сари яшаш осон эмас. Шундай одамлар бор эслаганингизда, кўрганингизда яшашга таскин оласиз, миллат, ватан деган оғриқни ёдингизга қайтарасиз, яшашга арзийдиган сабаблар бор-ку, дейсиз. Гапимнинг аввалини бекорга ватан тушунчаси билан бошламаган эдим. Ичимдаги бу иқрорга анча бўлган – Усмон Азим мендаги Ватан ҳудудининг бир қисмига айланган.
Қарз
Ўзимни анча иродали одам ҳисоблайман. Лекин, инсон зоти ожиз, иккиланиб бир жойда туриб қолишлар, ҳаётга енгилган нуқталарни ҳис қилган вақтлар, ўзимга ишонмаслик вайроналикларида Устознинг Отамнинг менга шеър ёзишга рухсат беришига сабаб бўлган гапларидан қарздорлик ҳисси руҳимни сергаклантиради. Шеърни ҳис қилувчи ўқувчи сифатида Усмон Азимнинг ҳар сўзи мадад бўлиб келган (тенгқурлар, Устозлар давраларда Усмон Азим сен ҳақингда шундай яхши гаплар айтди, деб хабарлашиб туришарди). Одам зоти шундай ожиз хилқат. Елкасидаги юк, бир тақдирни бир ўзи яшаши, олдинга ишонч билан қадам босиши мушкул. Ваҳоланки, тақдирини ҳамма ўзи яшайди! Аммо атрофидаги, ўзи ҳурмат қиладиган инсонларнинг далдаси, ишончи кўп муҳим. Ўзи, умуман, яхши одамларнинг борлиги яшашга далда! Одамлардан яхшилик, уни тушуниш, одамийлик қарздорлигингиз умрга масъулият, эътиқодни икки карра оширади.
Ўшанда Отамнинг Усмон Азимнинг гапларига ишонгани ҳам оддий, яқиндан танимаган, ҳаётий тутум, фаолияти бошқа-бошқа одамлар-да Устозни катта Шахс сифатида ҳурмат қилишларидан, унинг ҳар қайси гапи тўғрилигига ишонишларидан бўлган.
Жуда узоқдан айланиб келдим. Устоздан ниҳоятда (!) (ўзларининг таъбири билан айтганда! “Ниҳоятда!” Шу сўзни бошқа ҳеч ким Устозчалик суйиб (ҳис қилиб) айтмаса керак) миннатдорман. Кўзимни юмиб кўрган сарҳадларим, кўзимни очиб ҳис қилган, кашф этган кенгликларим учун Устозга бўлган эҳтиромим Ўзига аён. Ўша тадбирдаги гаплари бўлмаганда, Худо билади, ҳозир қай кўйда, қай аҳволда бўлардим.
Ғашланмангизлар, ҳали бирон каромат кўрсатмадим. Ўзи соғлик, хотиржамлик, умрдан қисмасин, ичимда Устознинг ишончини оқлайдиган кайфиятим, катта нафас, сафарларим тараддуди бор. Ҳали ҳаммаси зўр бўлади!
Манба: Oyina.uz
Surxondaryoda “Adabiyot kunlari” bo‘layotgan ekan. Termizdagi litseyda uchrashuv bo‘lishini, Usmon Azim “Nargiz ham kelsin” deganini aytib Shodmon aka Otamga telefon qildi (Shodmonqul Salomning Akasi bilan Otam qalin do‘st bo‘lishgan). Otam Usmon Azim ismini eshitib, “Nargizni aytgan”iga ishonib-ishonmay tadbirga yubordi.
YERGA QO’NMAYDIGAN QUSH
Usmon Azimning hayotimda kimligi xususida
Nargiza ODINAYEVA
Vatan
Juda kichkina edim – eshitayotgan yangi so‘zlarimga izoh so‘raydigan vaqtim. Momom qaysidir bo‘yinsasining uyiga mehmonga borib kelib, falonchi bir vatan solibdi, bir vatan solibdi, deb Enamga gurung berdi. Bir muddat ichimda “vatan” nimaligi haqida o‘yladim. Tiniq tasavvur topmagach, tomorqada yer chopayotgan boboming yoniga bordim (bobom ketmonni yerga har urganda ich-ichidan “hih” degan ovoz chiqarardi), vatan nimaligini so‘radim. Bobom bir muddat ketmoni dastasiga suyanib atrofga sinchiklab boqdi, keyin uyimizni, tuproqda o‘ynayotgan ukalarimni, ulkan, yam-yashil bog‘imizni, o‘choqda choy qaynatayotgan qaddi egik momomni ko‘rsatdi (esimni taniganimdan boshlab momom engashib yurardi. Nega unday yurishini so‘raganimizda, Xudoga salom berib yuribman, derdi). Eng chiroyli narsalar “vatan” dedi. Men uyga qarab chopdim. Vujudimda bir narsa boshlandi, ko‘nglim ichimga sig‘may anchagacha yugurdim. Eng chiroyli vatan biznikida, deb baqirib yugurdim. Bobom kulib tomosha qilib turdi. Biron harakatimizga bobomning jilmayib qarashi tasdiq, to‘g‘ri degan xulosani anglatardi.
Bahor kunlarining birida bobom bilan adirga qo‘y haydadik. Yomg‘irdan oldingi shamol esib, ajib bo‘ylarni olib keldi, yuragim hapqirib ketdi. “Bobo, vatanning isi kelyapti”, dedim. Bobom yana jilmayib, yelkamga alqovli qoqib qo‘ydi. Shundan keyin vatanning sarhadi kengayib bordi.
Bobomning qaysi o‘git, momomning qaysi rivoyatlari ta’sirida, bilmadim, keyinchalik uyimizning ertasi uchun peshonam terlab ish qilmagan kunim, ota-onam qancha qistamasin, ishtaha bilan, osh bo‘lib ovqat yeyolmaydigan bo‘ldim. Bo‘ynimdagi vazifamni sidqidildan maromiga yetkazmasam, o‘zimni vatanga xiyonat qilayotgandek his etardim (Xudo kechirsin, o‘sha vaqtlarda Xudo va Vatan chegaralarini farqlolmasdim). Ko‘chada ko‘rgan har qaysi odamimga vatandoshligi uchun qo‘lini siqib, minnatdorchilik bildirgim keladigan davrlarni ham yashab o‘tdim.
Ustoz
Sinfimizning eng a’lochisi bo‘lganman. 1-sinfdan boshlab sinf sardori edim (bu ma’lumotni mazkur voqeada o‘zimni oqlash uchun keltiryapman, chog‘i). 2-sinfda ustozimiz “Ertaga maktabga kelmasligimizni, qishloqning boshida to‘y bo‘layotgani, hammamiz o‘sha to‘yga borishimiz”ni tayinladi. Uyga kelib ustozimning bor gapini bobomga (uydagi barcha qarorlarni bobom belgilardi) aytdim. Ertalab esa dalaga mol haydab ketdim. Tushda bir sinfdoshim maktabdan kelayotganini ko‘rdim. Unga “bugun ustoz maktabga bormasligimizni aytgandi-ku”, dedim. U ustoz bu gapni bizni sinash uchun aytganini, maktabga mendan boshqa hamma borganini bildirdi. Ustozdan juda xafa bo‘ldim. Ichimda tushuniksiz hislar dovul ko‘tardi.
Ertasi maktabga bordim. Ustozim kecha nega kelmaganimni so‘radi. Ustozdan xafaligimga diqqat qaratib, shu vaziyatgacha biron bahona o‘ylab qo‘ymagan ekanman. “O‘zingiz kelmanglar, to‘yga boringlar degandingiz-ku”, deyolmadim. Tilimga kelgan yolg‘onni aytdim. Bobom kasal bo‘lib qoldi, yolg‘iz o‘zini qoldirmaslik uchun men yonida o‘tirdim, dedim (Unda hali dunyoda eng ishongan insonlarim bobom va ustozim edi. Ular yolg‘on gapirmasdi, xato ish qilishmasdi – insoniylikni shu jihatlar belgilaydi deb o‘ylardim). Ustozim boshqalar qarasa bo‘lmasmidi, degan savolni “post” qilgandi, barcha oila a’zolarimning band bo‘lgan ishlarini sanab beraverdim. Ustozimga yolg‘onni yodlangan she’rdek aytdim-u, ko‘z oldimda dunyoni suv bosayotgani tasviri aylanaverdi. Ichimda ustozimdan juda xafa bo‘ldim, meni shu yolg‘onlarni eng hurmat qiladigan insonimga gapirtirayotgani uchun.
Ustozlarni uyida ham yangi kiyimda yuradi deb o‘ylardim (4-sinflargacha ustozlarni uy kiyimida ko‘rmaganman. Birinchi marta eski kiyimda, boshqalar qiladigan yumushlarni qilayotganini ko‘rganimda hayotdan xafa bo‘lib ketganman). Ustozlar aytgan har qanday gap to‘g‘ri, rost deb o‘ylaganman. Hozir ham ustozlarning ko‘nglimdagi maqomi o‘zgarmagan. Umrim oyoqlagan sayin ustoz maqomi (xilqati), bahosini teranroq anglab boryapman!
(Hozir ustozimning o‘sha gapiga ishonib (garchi sinfdoshlarim nazdida sinfimizdagi eng anqov o‘quvchi “bahosi”ni olgan bo‘lsam-da) maktabga bormaganim uchun o‘zimdan xursand ham bo‘laman.)
Odamlar

Hali maktabga bormasdim, “Otalar so‘zi”da bir mushtipar ona taqdiri ko‘rsatildi. Himoya qilib turadigan nevara armiyaga ketgach, o‘g‘il va kelin buvini qariyalar uyiga topshiradi. Buvining joni uzilayotganda o‘g‘il uyida do‘stlariga “o‘tirish” qilayotgandi. Buvi qo‘lini cho‘zib, bolalariga ilhaq joni uziladi.
Momom bilan Enam menga ishora qilib shivirlashdi, bu nimani tushinadikan, deb. Yig‘imni amallab tutib turgandim…
Meni yupatish uchun ular rol o‘ynaganini, o‘lgan momo hozir uyida, nevaralari oldida mazza qilib, issiq ko‘k choy ichib o‘tirganini aytishdi. Lekin… “Odamlar nega bunday?” degan alammi, bir narsa tomog‘imda turib qolib, “Si” notada 2-3 soat, balki undan ham ko‘proq yig‘ladim. Bobom bozordan kelganda ham baqirib yig‘layotgandim. Akam Bobomni boshlab keldi, tentak bo‘lganmi, o‘zidan o‘zi baqirib yig‘lab yotibdi, hech kim hech narsa qilgani yo‘q, deb. Bobomning “nima qildi?” degan savoliga ichimdagi og‘riqni so‘z bilan ifodalab aytolmadim. Ichimdagi og‘riqni tushuntirishga ojizlik noqulayligi birinchi marta o‘shanda bo‘lgandi, keyin-keyin bunday vaziyatlar “dehqonchilik”ka aylandi.
Hayot
Boshlang‘ich sinflarda o‘qiyman, bir qo‘shnimiz olamdan o‘tdi. Bolalarining kattasi 5 yoshlarda edi. Ketgan qo‘shnimizning “yettisi” kechasi 3-4 uy naridagi boshqa qo‘shnimiznikida kursdoshlar uchrashuvi bo‘ldi. To‘ydek shovqin chiqardi. Oliy ma’lumotli mehmonlarni ko‘rishga qishloq yig‘ildi. Tomoshaga men bilan Bobom bormadik. Hayotning beshafqat, keskirligiga birinchi guvohligim edi. Ko‘rpaning tagiga kirib, azador qo‘shnimizdan xijolat bo‘lib qancha yig‘lasam yig‘ladim.
Ilk ilojsizlik
Televizorda ko‘ringan qahramonlarning dastro‘mol tutishi qiziq tuyulardi. Menda ham shunaqasi bo‘lsa-yu, xuddi shulardek ishlatib ko‘rsam, ro‘molcha tutish hissi qanday bo‘larkan derdim. Tilanim turtib uydan bitta shokilali ro‘molcha topib oldim. Yoyib, yuzimni obdon artdim. Burnimdan olov kirgandek besaranjomlik boshlandi. Momomga yugurdim. “Momo, chidolmayapman”, dedim. Qo‘l kuchi bilan hal qilib bo‘lmaydigan ilojsizlik, ojizlik tuyg‘usiga birinchi marta duch kelishim edi. Momom ro‘molchani ko‘riboq, “Ha, bolam-a, qalampir tuyilgan edi. Endi tomorqani aylanib chop, to‘xtamay chopaver, kuygani soviydi”, dedi. 80 sotixli tomorqamizni necha marta aylandim, bilmayman. Yuzimning kuyishi og‘rig‘ini orqamda qoldirib ketoladigan misol o‘qdek uchganman va o‘sha tezlikdan taskin tuyganman. Hozir ham ilojsizlik, ojizlik nuqtalarida o‘sha voqeadagi kabi qattiq yugursam, yelkamdan qarab turgan yoqimsiz chorasizliklarni ortda qoldirib ketolsam, degan o‘y ko‘p o‘tadi.
She’r zavqi
8-sinfdan adabiyot darsini Boboyeva Nargiza ismli (Xudo rahmat qilsin) o‘zimdan 7 yosh katta o‘qituvchidan ola boshladim. Umuman boshqa olam boshlandi. Men she’rni his qiladigan bo‘ldim. Shu vaqtgacha kundalik muloqotimdagi gaplarni ham qofiyalab, vaznsiz “she’r” shaklida sayrab yurardim. She’r tabarruk narsaligini tushundim. Turoq, vazn, tashbeh, obraz, och va to‘q qofiya, missiya, g‘oya, falsafa kabi jihatlarni tushundim. O‘qigan she’rimni his qilib uchadigan bo‘ldim. Adabiyot o‘qituvchim har darsida she’r o‘qib beradi. So‘zning karomati meni tentak qilardi. Adabiyot ustozimning eng yaxshi ko‘rgan o‘quvchisi bo‘lish uchun har kuni “she’r” yozib boraman. Ilhomim oqsagan kunlari goho Momom “qarashib” yuboradi. “Momo, avval kimdir yozmaganmi, aniq o‘zingiz to‘qiyapsizmi?” deb ikkilanaman. Momom “Yo‘, yo‘, bolam, ishanayber!” deydi. She’rlarimni o‘qib Boboyeva ustozim mendan o‘tib quvonadi, men ustozimning eng yaxshi ko‘rgan o‘quvchisiga aylanaman. Kayfiyatim yerning kayfiyati bo‘lmay qoldi. Ovqatni ko‘rsam yetadi, yemasdan qornim to‘yib qoladi. Oldinda katta safar, tavakkallikdan yo‘l topish zavqi kutib turgandek hovliqardim. Har qaysi harakat, tezlik va kuch talab qiladigan ish-yumushlarda bir kishining vaqt imkoniyatida 2-3 kishining natijasini ko‘rsatardim. Atrofimdagilar buning ichida dev bor, shu uchirayapti, deyishardi. Qishlog‘imizning mendan 5-6 yosh katta terimchi qizlari kechgacha teradigan miqdorni men tushgacha tergan kunlarim ham bo‘lardi. Uncha-muncha bilagi baquvvat qizlar ham izzatini qilib, 4-5 kun to‘qiydigan qoqma gilamlarga qurilgan kunining ikkinchi shomini yuzlatmay adog‘iga yetardim. O‘zimni shu qadar qudratli – ikki qo‘lim bilan zaminni belbog‘dek ushlaydigan xomcho‘t olardim. Chunki she’rni bilardim, his qilardim, go‘yo uchar edim.
Qo‘shnimiz bilan bir kunda piyoz uzimiga tushdik. O‘rkanlab ketgan o‘tlarni chalg‘ilab, keyin piyoz terilardi. Qo‘shnimizning piyoz maydoni 20, bizniki 18 sotix. 20 sotixni mendan biri bir yosh, ikkinchisi ikki yosh kichik yigitlar chalg‘ilashga shay turibdi. Poyga taklif qilishdi. Oxirida qolgan bijildoq suv olib beradigan bo‘lib kelishdik. Chalg‘i bilan suzyapman. Shu o‘rmondan o‘tib ketsam, tezroq maktabni tugatsam, “Yerga qo‘nmaydigan qushlar” hududiga yetib olsam, degan xayolda 18 sotixni tekislab chiqdim. Qo‘shnimizning tomorqasidagi “o‘rmon”ning anchasi hali tik edi. Yigitlarga bijildoq suv olib berishlari shartmasligini, hozir his qilgan kayfiyatimning o‘zi yetishini aytib “rahm” qildim.
She’r zavqi menga fantastik shuur berardi. Otmagan tonglardan kelayotgan ohanrabo ruhimni o‘ziga jodular edi, oshiqtirardi.
Keyin obdon kallaklandim.
Yig‘lagim kelgan, lekin erkin yig‘lashning iloji bo‘lmagan kezlarda, yonimdagilarga, “Men aktrisa bo‘lishim kerak edi o‘zi. Hozir yig‘la, denglar, yig‘lab beraman”, derdim. Aktrisalikka uquvimni bajonidil sinashardi. Men shu niqob ostida ovozsiz yig‘lab berardim. Yonimdagilar, e, chini bilan yig‘layapti, qaranglar. Sening ko‘z yoshing ham katta-katta-ey, deb hayratlanishardi. Men shu tariqa mazza qilib yig‘lab olardim.
Nafsga teskari qutb
O‘sha kezlari uyda qattiq ta’qibda edim. Kitob o‘qiyotganim, daftarga biron narsa yozayotganimni ko‘rib qolishsa baqir-chaqir, qattiq besaranjomlik boshlanib ketardi (Issiq kunlari ham nimcha kiyib yurardim. Ichki tomoniga “o‘g‘ri kissa” tikib olgandim, ruchka va daftar solishga qulay qilib. Imkon bo‘lishi bilan daftarni devorga tutibmi, tizzamga qo‘yibmi, bitta satr bo‘lsa ham yozib olardim). Yozmay desam ichimdagi o‘tga chidolmas edim.
Qorin g‘amiga konflikt hudud, nafsga butkul teskari qutb borligini his qilardim, unga yetib olish uchun bir yo‘l umidida radio, televideniye, gazeta, jurnallarga sanoqsiz xat yozardim. Birov-yarim xatim efirda o‘qilgani, aytib o‘tilganining o‘zi yetardi menga – “Yerga qo‘nmaydigan qushlar bor!”ligiga ishonchimni mustahkamlardi. Kelganimdan keyin qiyomat bo‘lishini bilsam-da, imkon qadar adabiyot tadbirlariga borib kelardim. O‘sha kezlar ko‘nglimni ukamdek his qilardim. “Shu go‘dakni bir mazza qildirib kelay, ichimda o‘lib-netib ketmasin” derdim.
Surxondaryoda “Adabiyot kunlari” bo‘layotgan ekan. Termizdagi litseyda uchrashuv bo‘lishini, Usmon Azim “Nargiz ham kelsin” deganini aytib Shodmon aka Otamga telefon qildi (Shodmonqul Salomning Akasi bilan Otam qalin do‘st bo‘lishgan). Otam Usmon Azim ismini eshitib, “Nargizni aytgan”iga ishonib-ishonmay tadbirga yubordi.
Tadbirda mening butun tanam uyushib qoldi – Usmon Azimning e’tiroflarini eshitib. Yonimdagilarga “Gap aniq men haqimdami?” degan savol nazari bilan qarab qo‘yaman.
O‘sha tadbirda Otamning bir hamkasbi ham qatnashgan ekan. Otamga kelib qizingiz katta shoir ekan, Usmon Azim aytdi, shunday uchirdi-shunday uchirdi, endi… rosa maqtadi, debdi. Otam shu kuni ichib keldi, butun oila davrasida menga rasman ochiqcha kitob o‘qish va nima yozgim kelsa yozaverishim ixtiyori berildi.
Bitta xona mening shaxsiy hududim etib xatlandi. Hatto, 50 mingga (yaxshi pul edi) ataylab xontaxta sotib olishib, imkon qadar qulaylik yaratib berishdi. Uncha-muncha ishlardan ham ozod qilindim. Ovqat vaqtida chaqirishadi, boshqa vaqt “ijod” qilaman. Otam derazadan har zamonda qarab ketadi. Xontaxta ustiga bir nechta kitobni ochib qo‘yganman. Shoshib qolganimdan 3-4 ta kitobni parallel o‘qiyman. Otam yana derazadan qarab turganini sezdim. Xursand bo‘lib Otamga qaradim, qarashimni kutib ketmay turgan ekan. Xontaxtadagi ochiq kitoblarga ishora qilib, “Qizim, tag‘in birovlarning kitobidan ko‘chirib, bizni sharmanda qilma”, dedi. “U yog‘idan xavotir olmang!” dedim. Ovqatlanishga borganimda Enam “Nechta yozding?” deb so‘rab turadi. Bir xil vaqtlari hazillashaman: “Yozolmayapman”, deb. Enam “Endi nima qilamiz?” deb qayg‘urib qoladi. Men kulaman, ichimda Usmon Azimni bir alqayman, minnatdor bo‘laman.
O‘sha yil tugab, Yangi yil kirayotganda telefonimizga Usmon Azimdan men va oilamizga bayram “sms”i keldi. Telefon Akamda turardi. Akam hovliqib kirib keldi. “Ey, Usmon Azim bayram bilan tabriklabdi, mana, o‘qi!” Endi uyimizdagi kayfiyat to‘polon bo‘lib ketdi. Yangi yil bayrami ham esimizdan chiqib, undan yuqoriroq, boshqacha xursandchilik bo‘luvdi.
Birinchi kitobimga yozilgan so‘zboshini o‘qib (Usmon Azim yozgan!) ham Otam (ichgan vaqtlari juda tiniq bo‘lib ketardi) yig‘lagan edi. “Lahzam ibodatdir, manzilim qiblam, / Yo‘lim joynamoz deb chiqdim safarga” deb yozibsan, qizim, otaman, bilib-bilmay ozor bergandirman, kechir. Bu yo‘l oson emas. Igna bilan quduq qazish degani shu bo‘ladi, bo‘yningga olgan bo‘lsang, mayli, qanday yashaging kelsa yashayver, dedi.
She’riyat
MTS kompaniyasi 2 sentga 20 daqiqa gaplashadigan ta’rif e’lon qilgan vaqtlar. Xudo bersa quliga… Siroj bilan uzoq gaplashamiz, nechta 20 daqiqa tugab, yana ulanadi. O‘zi yaxshi ko‘rgan she’rlarini kulminatsiya qilib navbati bilan o‘qiydi. Telefonni qulog‘imga o‘nglab qo‘yib, ro‘mol o‘rab olaman. Ishimni qilib yuraveraman. …Dunyo bozorining odamlari, ho, / Oling, yuragimni sotgani keldim…; Bu dunyokim, mening ko‘nglim yarim etdi, / Yarmi bilan kuylasam ham olam to‘lar…; Yerga bog‘lab qo‘yilganman, ildizim yer ostida…; Menga berolmaysiz hech qanday baho, / Oyoqyalang bo‘lib dunyodan o‘tdim…; Tuproq bo‘lay desam nega qo‘ymaydursan?..; Meni ham bir alqang, ota, / Men yer bo‘ldim, ota, yer…; Nimagadir kelmaydi o‘lging, / Yashaging ham kelmaydi biroq…; Umrim tugayapti, yo‘qdir daraging!..; O‘zingni ayama, / Beshafqat bo‘lgin, / Joningga solib tur gohida burov…; Ona zamin, bir uchayin, qo‘yib yubor…; Menga bir tosh topib berolmading sen, / Toshlari tuproqqa aylangan dunyo…
Men telba bo‘laman. O‘zimga, turgan hududimga sig‘may qolaman.
Yerga qo‘nmaydigan qushlar
Do‘rmon seminari bo‘lyapti. Uyushma binosida bo‘ladigan tadbirga ishtirokchilarni olib borishgan. Liftda nechtadandir chiqib, boshqalar kutib turibmiz. Mening chiqish galimda Usmon Azim kelib qoldi. Men turgan joyimda xo‘rozqandday qotib qoldim. Ustoz – “Yerga qo‘nmaydigan qush”ni birinchi marta “jivoy” ko‘rishim edi. Liftda u kishining yonida chiqish hurmatsizlikdek tuyuldi. Liftning eshigi “yana kimdir chiqsa” degandek bir muddat ochiq kutib turdi, keyin yopildi. Men shu qotishda ancha qoldim.
Tadbir tugab, qatnashchilar avtobusga chiqib, yo shu atrofda o‘zaro gurunglashib turibdi. Usmon Azimdan 3-4 metr berida men ham to‘xtab qolgan vaqtning ichida karaxtman, go‘yo. Shodmon aka Usmon Azim bilan “tanishtirdi”. Oyog‘im o‘zimga bo‘ysunmadimi, tortindimmi, hurmat yuzasidanmi, yonlariga borolmadim, uzoqdan salom berdim. Keyin ular jo‘nashdi. Abdulla Oripov, Usmon Azim, Shodmonqul Salom yurish uchun qilingan yo‘lak qolib, gazonning ustidan, bir-birining izidan iz bosib, ritmda qadam tashlab ketishdi. Bularning yurishi ham she’r, deb to binolar pana qilguncha ko‘z uzmay turdim.
“Azim” majlislar
Termizda kechki vaqt viloyat hokimiyati binosi (!) yonida yig‘ilamiz. Sirojiddin Ibrohim navbati bilan Abdulla Oripov, Usmon Azim, Sirojiddin Sayyid, Eshqobil Shukur bo‘lib she’r o‘qib beradi. U she’rini o‘qib bering, bu she’rini o‘qib bering, deb taklif aytib turamiz. Siroj ohanglarini mixlaydi, biz shoirlarning o‘zidan eshitgandek qarsak chalamiz. O‘sha kezlar moddiyatimiz ruhiyatimizga shu qadar teskari proporsional edi. Bu majlisdan dunyodagi birinchi raqamli milliarderlar kayfiyatida qaytamiz. Qaytishda hammamiz Usmon Azim bo‘lib she’r o‘qib qaytamiz. Azim – buyuk degani!
Usmon Azimning she’rlari mardonalik, bo‘yinga kelgan kunni tap tortmay, oliyjanob bo‘lib yashash, hayotga tik qarash, dushmanga ham kenglik qila olish, o‘z tarzingdan uyalmaslik, o‘zni ayamaslik, Xudoga qarab borish, qo‘yingki, zamindagi inson tushishi mumkin bo‘lgan barcha holatlarning nomini, she’rning sarhadini, eng muhimi ruh ekanini hujayralarimizga singdiradi. Hali hammasi zo‘r bo‘ladi, deymiz.
Shu zavqda, “Siroj, Usmon Azimning qanday odam bo‘lishini bobosining otasi ham bilgan. O‘g‘liga Azim deb ism qo‘ygan”, deyman. Siroj ham kulib tasdiqlaydi. Odamlar kim bilan zamondoshligini bilishmaydi, deb o‘zimiz bilganimizdan xursand, havoda suzib qaytamiz.
“Buyuk chevar”
Bir gal men, Ustoz, Shodmon aka tushlik qildik. Surxondaryodan nimadir yumush yuzasidan Toshkentga kelganman. Ustozning tanlovi bilan hammamizga ko‘za sho‘rva aytildi. O‘sha kezlar men ham parxezni jiddiy tutardim. Shodmon aka ko‘za sho‘rvani tanovulga sozlayapti – biznikini ham. Ustoz “no‘xat mumkinmasdi-ku, aytmabmiz-ku” dedilar. Men va Ustozning ko‘zasidan no‘xat chiqmadi, Shodmon akaga atalganida bor ekan. Ustoz zavqlanib ketdi: “Ko‘rdingmi, Nargiz, Xudo buyuk chevar, ko‘rdingmi?! Ikkovimizga ham no‘xat mumkinmas! Shugina joylarini ham hisobga oladi”, dedi. O‘sha kundan lug‘atimga “Buyuk chevar” ifodasi kirdi va keyin bu hikmatga ko‘p iymon keltirdim.
Hali hammasi zo‘r bo‘ladi!
O‘qishga kirolmay yig‘lab yurgan yillarim. Sirojiddin Ibrohim Ustoz sizni maqtabdi, yuring, jurnalni topamiz, dedi. Yozning jaziramasida, Siroj, Xurshid, men nechta “kioski”ni bajonidil aylandik. Axiyri topdik. Uchalamiz bir-birimizdan o‘tib shodlanamiz. Keyin o‘sha atrofdagi oshxonada tushlik qilamiz. An’anaga muvofiq, Siroj bizni mehmon qiladi. Termizning egalaridek, o‘zimizdan mamnun ishtahada gurunglashamiz (Mahmud Abulfayz ustoz Sirojning atrofidagi o‘zidan katta, kichik yigit-qizlarni, o‘g‘illaring, qizlaring, deb yarim hazil, yarim chin ko‘p gapirardilar. Sirojning bizga rahnamo joylari bisyor bo‘lardi).
Bu gaplarim maqtovga o‘ch ekan xulosasini bermasin. Ko‘p his qilaman: qushga don tashlab ushlab turamiz, kerak nuqtaga “qamaymiz”-ku, Xudoyam bandalariga shunaqa donlar tashlab boradi. Men bu joylarini umrimdagi shunday “don”lar sifatida sanadim.
“Azim” Inson
Baxtiniso (Mahmudova)ni so‘nggi yo‘lga kuzatishdamiz. Uy hovlisida tumonat odam. Ular miyamdagi savol, o‘ylardek betartib harakat va shovqinda. Men ham bir burchakda, hayot bunga nega buncha beshafqat, nomard bo‘ldi degan og‘riq, tushuniksiz e’tirozlar bilan ichimga so‘ngsiz tushib turibman. Uzoq, yaqindan taniganlarimga ko‘zim tushganda (har xil hududlardan borishgan) ulardan minnatdor bo‘lib qo‘yaman, shugina go‘dakning izzatini qilib kelgani uchun inson zotiga hurmatim oshib, baridan minnatdor bo‘laman.
Baxtinisoning qushdek jonsarak yashagani, Turkiyaga shoshgani, uning jonsiz tani odamlar ustidan uchib kelgani va yana ko‘p ko‘nglini bo‘g‘inlagan og‘riqlarini eslab, yig‘lab turibman. Bir bitigida otasining ortidan ergashib borgani, otasi unga qayrilib ham qaramagani haqida yozgandi. Uning taqdirida jumboq ko‘p edi.
Ko‘chadan erkaklar ovozi kelib turibdi. Navbati bilan Baxtiniso haqida gapirishyapti. Bir vaqt tanish ovozni ilg‘adim. Beixtiyor diqqatimni o‘sha tomonga yo‘naltirdim. Usmon Azim Baxtiniso haqida katta ehtirom, samimiyat, mahzunlik bilan gapirayotgan edi. Tomog‘imda bir narsa tilimni ham, nafasimni ham bog‘ladi. Ustozning ovozlarini eshitib, yelkam silkinib-silkinib yig‘lay boshladim. Bilmadim, bu yig‘i musibatdanmi yoki Ustozga ehtiromdanmi… Har qanday tuyg‘u insonni yig‘lata oladi. Bir murg‘ak qizning hurmatiga shuncha yo‘l bosib, shu yoshda, shunday katta odam kelishlari mumkin ekan. Xudo yorlaqasin!..
O‘sha kuni Ustozning yonlariga salom berishga borolmadim. Qandaydir salobatlari bosdimi yoki salomlashishning mavridi emas, deb o‘yladimmi… Shu tashrif Ustozni yanada “Azim” odamga aylantirgandi, nazdimda. Shaxs sifatidagi hurmatim nechi karra oshgan edi.
Sheriklarim bilan shom aralash Termizga qaytdik. Baxtinisoni kuzatishga borganlar telegram guruh orqali yozishib ketyapti. Belgilangan bir sanada har yili yig‘ilib, Baxtinisoni xotirlashga, nimadir tadbirlar qilishga kelishishyapti.
Men ichimda bu aytilganlari bo‘ladimi, yo‘qmi, Xudo biladi, Ustozning bugun kuzatishga kelganlari muhimi (yetadi), Baxtinisoga adabiyotning, katta she’riyatning ehtiromi shu, deb ketyapman.
Vo-ya, dunyo-ya!
TerDUda tanishlar ko‘rishib qolsak, Usmon Azimning biron misrasi bilan muxtasar qilib ahvol so‘rashardik, holatlarimizdan bir-birimizni ogohlantirardik. Bir-birimizdan qolishmay, satrdan satrga portlab borib, oxirida Usmon Azim odam emas, deb to‘xtardik. Insonning qirq bir qavat ichkarisidagi holatlarini she’rga bu qadar tiniq sola olish odamning imkonidan xorij, deb mast bo‘lardik. Keyin, Ustozning gaplarini o‘zlarining ohangida takrorlab qo‘yardik: Vo-ya, dunyo-ya!…
Men keyinchalik, ayniqsa talabalikdan oldingi va talabalik yillarimda juda mo‘rtlashib ketdim. Zarurat bo‘lganda ortimga qarasam, moddiyat tomonlama yordam olishga ko‘ngil to‘q hech kimim yo‘qdek edi. Va o‘zimni o‘zim tortishga erinib qolgan vaqtlar ko‘p bo‘lardi. Shunday vaqtlarda Buyuk chevarning kulminatsiyalaridan shu qadar lol edimki, aksariyat to‘xtab qolgan nuqtalarimda Ustoz to‘satdan telefon qilib qolardilar. “Nargiz, yaxshimisan, qiynalmayapsanmi?” Nechidir daqiqa davom etgan gurunglarini, albatta, “Hali hammasi zo‘r bo‘ladi!” degan sehrli so‘z bilan yakunlardilar. Men yana bajonidil yashashga kirishardim. Hali hammasi zo‘r bo‘ladi!

Oliyjanob xazinabonga ehtirom
Ustozning o‘zlarini mukammal qura olishlarida bo‘linmay ijod qilish sharoitini yaratib bergan ayolga rahmat aytishimiz, alqashimiz kerak eng avval. Xudo iste’doddan qismagan taqdirda ham, agar ijodkorning biqiniga oilaviy dilxiraliklar botib tursa, diqqati bo‘linsa, arzigan-arzimagan tashvishlarga andarmon etilsa, ovozi o‘ziga ham yetmaydigan bo‘lib umrini xarjlashi hech gapmas. Bizga Usmon Azim fenomenini mukammal holda taqdim etgani uchun Yangamga millat va adabiyot nomidan har bir hujayram bilan ta’zim qilaman. Ustozning sarhadlarini bizga to‘la-to‘kis (xiyonatsiz) saqlolganlari, tuhfa etolganlari uchun tashakkur!.. Noyob mulkning oliyjanob xazinaboniga tashakkur!..
Adabiyotning boyligi
Dunyoda anglaganingiz sari bahosi tengsiz bo‘lib boradigan nomli va nomsiz boyliklar bor. Shunday boyliklardan birining nomi “ustoz” deb ataladi. Ular vaqt, imkon, naf, burch kabi umrning qiymatini belgilovchi omillarning sarlavhasi. Ular shogirdlarning, ortidagilarning yo‘l xaritasini tepadan ko‘rib turadi. Ular qalb me’mori. Ularning xizmatlari evaziga insoniylikning qiyofasi tiniq, ma’naviy va moddiy olamimiz bugun shu ko‘rinishda.
Bir kishiga, bir oilaga, bir sulolaga, bir mamlakatga tegishli boylik, mulklar bo‘ladi. Shuningdek, millat, insoniyatga tegishli boyliklar ham. Usmon Azim ham millatning, adabiyotning, insoniyatning boyligi. She’rlari, shaxsiyati-da umumbashariy qadriyat, tuyg‘u, g‘oyalarimizni chiniqtiradi, ikkilanganda qiblamizni tiniqlashtiramiz, e’tiqod komposimizni sozlab olamiz har gal. Negizni anglagan sari yashash oson emas. Shunday odamlar bor eslaganingizda, ko‘rganingizda yashashga taskin olasiz, millat, vatan degan og‘riqni yodingizga qaytarasiz, yashashga arziydigan sabablar bor-ku, deysiz. Gapimning avvalini bekorga vatan tushunchasi bilan boshlamagan edim. Ichimdagi bu iqrorga ancha bo‘lgan – Usmon Azim mendagi Vatan hududining bir qismiga aylangan.
Qarz
O‘zimni ancha irodali odam hisoblayman. Lekin, inson zoti ojiz, ikkilanib bir joyda turib qolishlar, hayotga yengilgan nuqtalarni his qilgan vaqtlar, o‘zimga ishonmaslik vayronaliklarida Ustozning Otamning menga she’r yozishga ruxsat berishiga sabab bo‘lgan gaplaridan qarzdorlik hissi ruhimni sergaklantiradi. She’rni his qiluvchi o‘quvchi sifatida Usmon Azimning har so‘zi madad bo‘lib kelgan (tengqurlar, Ustozlar davralarda Usmon Azim sen haqingda shunday yaxshi gaplar aytdi, deb xabarlashib turishardi). Odam zoti shunday ojiz xilqat. Yelkasidagi yuk, bir taqdirni bir o‘zi yashashi, oldinga ishonch bilan qadam bosishi mushkul. Vaholanki, taqdirini hamma o‘zi yashaydi! Ammo atrofidagi, o‘zi hurmat qiladigan insonlarning daldasi, ishonchi ko‘p muhim. O‘zi, umuman, yaxshi odamlarning borligi yashashga dalda! Odamlardan yaxshilik, uni tushunish, odamiylik qarzdorligingiz umrga mas’uliyat, e’tiqodni ikki karra oshiradi.
O‘shanda Otamning Usmon Azimning gaplariga ishongani ham oddiy, yaqindan tanimagan, hayotiy tutum, faoliyati boshqa-boshqa odamlar-da Ustozni katta Shaxs sifatida hurmat qilishlaridan, uning har qaysi gapi to‘g‘riligiga ishonishlaridan bo‘lgan.
Juda uzoqdan aylanib keldim. Ustozdan nihoyatda (!) (o‘zlarining ta’biri bilan aytganda! “Nihoyatda!” Shu so‘zni boshqa hech kim Ustozchalik suyib (his qilib) aytmasa kerak) minnatdorman. Ko‘zimni yumib ko‘rgan sarhadlarim, ko‘zimni ochib his qilgan, kashf etgan kengliklarim uchun Ustozga bo‘lgan ehtiromim O‘ziga ayon. O‘sha tadbirdagi gaplari bo‘lmaganda, Xudo biladi, hozir qay ko‘yda, qay ahvolda bo‘lardim.
G‘ashlanmangizlar, hali biron karomat ko‘rsatmadim. O‘zi sog‘lik, xotirjamlik, umrdan qismasin, ichimda Ustozning ishonchini oqlaydigan kayfiyatim, katta nafas, safarlarim taraddudi bor. Hali hammasi zo‘r bo‘ladi!
Manba: Oyina.uz
