Abdulhamid Cho’lpon. She’rlar & Go’zal Turkiston. She’rlar kitobi

Ashampoo_Snap_2015.08.14_07h51m37s_001_.png   Ҳамалнинг от қулоғи кўринмас кўройдин тунларида сафарга чиққанмисиз? Ана шунда олис-олисларда, кўз етмас ерда, нафақат кўз, балки овоз етмас йироқда, қоп-қоронғу осмоннинг бир чеккасини бехосдан тилган чақмоқ борлиқни бир лаҳза ёритиб ўтади. Бир лаҳзадан кейин олам яна қоронғуликка ғарқ бўлади…Ўзбек шоири Чўлпонни ўқиганимда ўша чақмоқ шуъласини кўз олдимга келтираман (Қозоқ адиби Эсонғали Равшановнинг «Чўлпон» мақоласидан. Мақолани мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин).

АБДУЛҲАМИД ЧЎЛПОН
ШЕЪРЛАР
034

150810112847_chulpon_640x360_bbc_nocredit.jpg Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон (Юнусов) 1897 йилда Андижон шаҳрида туғилган. Дастлаб мадрасада (1908—12), сўнгра рус-тузем мактабида (1912—14) тахсил олган. Шоирнинг адабий мероси шеърият, наср, драматургия, публицистик ва адабий-танқидий мақолалар ҳамда таржималардан иборат. Шеърий асарлари «Ўзбек ёш шоирлари», «Уйғониш» (1922), «Булоқлар» (1923), «Тонг сирлари» (1926) ва «Соз» (1935) тўпламларида, шунингдек, турли газета ва журналларда эълон қилинган. 20-йилларда ёзган «Ойдин кечаларда», «Қор кўйнида лола», «Новвой қиз» сингари ҳикоялари ўзбек адабиётидаги лирик насрнинг дастлабки мумтоз намуналаридир. «Кеча ва кундуз» (1936) романи ҳамда «Ёрқиной», «Халил фаранг», «Ўлдирувчи» (1921), «Севги ва салтанат», «Чўпон севгиси» (1922) каби пьесалари ҳам бор (бу асарларнинг аксарияти бизгача етиб келмаган). А. С. Пушкин («Борис Годунов», «Дубровский»), И. С. Тургенев («Чўри қиз»), И. Франко («Миллион», «Феруза»), Л. Андреев («Губернатор», «Осилган етти кишининг ҳикояси») сингари рус ва бошқа халқлар адабиётининг мумтоз асарларини катта маҳорат билан таржима қилган. Унинг таржимасидаги У. Шекспирнинг «Ҳамлет» трагедияси ўзбек таржима санъатининг шоҳ намунаси ҳисобланади. У 1938 йил 14 июль куни ҳибсга олиниб, кўп ўтмай, Тошкент шаҳри атрофида отиб ташланган. Вафотидан сўнг Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти (1991) ва «Мустақиллик» ордени (1999) берилган.

034

БУЗИЛГАН ЎЛКАГА

Эй, тоғлари кўкларга салом беран зўр ўлка,
Нега сенинг бошингда* қуюқ булут кўланка?
Учмохларнинг кавсаридек покиза,
Садафларнинг донасидек топ-тоза
Салқин сувлар тоғдан қуйи тушаркан,
Томчилари ёмғир каби учаркан,
Нима учун йиғлар каби инграйлар?
Ёв борми, деб тўрт тарафни тинглайлар?
Табиатнинг ўтини йўқ ўтида,
Шарақ-шарақ қайнаб чиққан булоқлар
Ҳар қоронғи, қўрқинч туннинг бетида
Шифо истаб келмасин дер, қўноқлар.
-Бу нега?
Айт менга.
Кўм-кўк, гўзал ўтлоқларинг босилғон,
Устларида на пода бор, на йилқи,
Подачилар қайси дорға осилғон?
От кишнаши, қўй маъраши ўрнига
-Оҳ, йиғи,
Бу нега?

Туморчалар хамойиллар тақинган,
Далаларда лола барги ёпинган,
Тоғ-тошларда ўйин қилган,
Чопинган
Гўзал қизлар, ёш келинлар қаерда?
Жавоб йўқми кўклардан-да, ердан-да,
Хароб бўлган элдан-да.
От минганда, қушлар каби учгувчи,
Эркин-эркин ҳаволарни қучғувчи,
От чопганда, учар қушни тутқувчи,
Учар қушдай ёш йигитлар қаерда?
Тоғ эгаси – сор бургутлар қаерда?

Сенинг қаттиқ сир – бағрингни кўп йиллардир эзганлар,
Сен безсанг-да, қарғасанг-да, кўкрагингда кезганлар.
Сенинг эркин тупроғингда ҳеч ҳақи йўқ хўжалар,
Нега сени бир қул каби қизғанмасдан янчалар?
Нега сенинг қалин товшинг “кет” демайди уларга?
Нега сенинг эркли кўнглинг эрк бермайди қулларга?
Нега тағин танларингда қамчиларнинг кулиши?
Нега сенинг турмушингда умидларнинг ўлиши?
Нега ёлғиз қон бўлмишдир улушинг?
Нега бунча умидсиздир туришинг?
Нима учун кўзларингда туташгувчи олов йўқ?
Нима учун тунларингда бўриларнинг қорни тўқ?
Нима учун ғазабингни уйғотмайдир** оғу-ўқ?
Нима учун борлиғингда бу даража бузғунлик?
Нима учун ўч булути селларини ёғдирмас?
Нима учун куч тангриси бор кучи-ла солдирмас?
Кел, мен сенга қисқагина достон ўқий,
Қулоғингга ўтганлардан эртак тўқий.
Кел, кўзингнинг ёшларини суриб олай
Кел, ярали танларингни кўриб олай, тўйиб олай.
Нима учун ағдарилган, йиқилган
Оғир тойнинг заҳар ўқи кўксингда?
Нима учун ёвларингни бир замон
Йўқ қилғундай темирли ўч йўқ сенда?
Эй, ҳар турли қулликларни сиғдирмаган ҳур ўлка,
Нега сенинг бўғизингни бўғиб турар кўланка?
04
МАҲМУД ХЎЖА (БЕҲБУДИЙ) ХОТИРАСИ

Жилгисиз қабрингни қора тунларда
Амалимнинг шамин ёқиб, изладим.
Қизил ва пок қонинг исларин сочгач,
Кучсиз кўйи юришимни тезладим.

Амалимнинг юлдузи, ким кўз тикди
Қора, жирканч… ўлим қони ерларга.
Савол бердим: “Йўқотганим қайда?”- деб,
Ўзимни ҳам ютмоқ бўлган ерларга.

Қўлидаги тутам-тутам гулини
Қабринг топиб, сочмоқ учун тиришди.
Гул ўрнига заҳар тилар муҳитда
Унинг қилган бу ишлари бўш ишди.

Мен-да ожиз – у муҳитнинг олдида
Қабринг топиб кўз ёшимни тўкмакка.
Ҳамда аччиқ ҳиддатим-ла ул ерда
Оқ каллалик-қора девни сўкмакка.

Шунинг учун юлдуз каби ярқираб,
Элда қолган исминг билан турамен.
Шул исмни эслаб, чизған йўлингдан
Йироқ кетмай, қимирламай юрамен.

Азиз отам, қўлимдаги гулларнинг
Мотам гули эканини билмайсен.
Шодлик гули кўпдан бери сўлганин,
Ер остида, пок руҳинг-ла сезмайсен.

Ана сочдим қалбимдаги гулларни
Термак учун чақирамен қўлларни..

1920

КЎНГИЛ

Кўнгил, сен мунчалар нега
Кишанлар бирла дўстлашдинг?
На фарёдинг, на додинг бор,
Нечун сен мунча сустлашдинг?

Ҳақорат дилни оғритмас,
Тубанлик мангу кетмасми?
Кишанлар парчаланмасми,
Қиличлар энди синмасми?

Тириксан, ўлмагансан,
Сен-да одам, сен-да инсонсан;
Кишан кийма, бўйин эгма,
Ки, сен ҳам ҳур туғилғонсан!..

МЕН ВА БОШҚАЛАР
(Ўзбек Қизи Оғзидан)

Кулган бошқалардир, йиғлаған менмен,
Ўйнаған бошқалар, инграған менмен.
Эрк эртакларини эшиткан бошқа,
Қуллик қўшиғини тинглағон менмен.

Бошқада қанот бор, кўкка учадир,
Шохларға қўнадир, боғда яйрайдир.
Сўзлари садафдек, товуши найдек
Куйини ҳар ерда элга сайрайдир.

Менда-да қанот бор, лекин боғланғон…
Боғ йўқдир, шох йўқдир, қалин девор бор.
Сўзлари садафдек, товуши найдек.

Куйим бор. Уни-да деворлар тинглар…
Эркин бошқалардир, қамалғон менмен,
Ҳайвон қаторида саналғон менмен.

БАРГ

Жонланди, яшарди, кўкарди қарашим,
Ўзимда бир турли эркинлик сезамен.
Кўнглимда қолмади шу тинда ғам-ғашим,
Умиднинг ипаклик қилини чўзамен.

Шу чоғда, шу боғда ҳар нарса юмшоқдир
Ҳар нарса кўкарган, ҳар нарса яшнайдир.
Шу боғда, шу чоғда ҳар нарса оппоқдир,
Қуёш-да нурини ҳовучлаб ташлайдир.

Ариқда сувларнинг ўйноқи қўшиғи
Шохларда ухлаган баргларни уйғотди.
Айниқса, шамолнинг у юмшоқ шўхлиги
Шохларда баргларни титратди, ўйнатди.

Қип-қизил қанотли капалак, йўлида
Учратди чиройли чизанак қизини,
Капалак тикилгач, у қизча қўлида
Ушлаган япроқ-ла беркитди юзини.

Олтинли қўнғизни болалар ушлашиб,
Ип билан кўкларга учириб ўйнайлар.
Қулликни севмаган йўқсилни кучлашиб,
Нимага ўзининг эркига қўймайлар.

Лабларим шу тунда чанқаған, қизарған.
Кавсарнинг сувидан шароблар истамас.
Фаришта қилиқли, малика қизлардан
Чанқоқни босувчи бир ўпич сўрамас.

Кўклардан малаклар қиз бўлиб тушсалар.
Яна мен ўтларни қўйнимга қўймаймен.
Қўйнимга тўлсалар, қўйнимдан тошсалар
Гулларнинг ҳидлари… Мен сира тўймаймен.

Ўпмаймен шу чоғда фаришта – малакни,
Ўпамен бутоқда титраган бир баргни…

ГЎЗАЛ

Қоронғу кечада кўкка кўз тикиб,
Энг ёруғ юлдуздан сени сўраймен.
Ул юлдуз уялиб, бошини букиб,
Айтадир: «Мен уни тушда кўрамен.
Тушимда кўрамен, шунчалар гўзал,
Биздан-да гўзалдир, ойдан-да гўзал!..»

Кўзимни оламен ой чиққан ёққа,
Бошлайман ойдан-да сени сўрмоққа,
Ул-да айтадирки: «Қизил яноққа
Учрадим тушимда, кўмилган оққа.
Оққа кўмилганда шунчалар гўзал,
Мендан-да гўзалдир, кундан-да гўзал!..»

Эрта тонг шамоли сочларин ёзиб,
Ёнимдан ўтганда сўраб кўрамен.
Айтадир: «Бир кўриб, йўлимдан озиб,
Тоғу тошлар ичра истаб юрамен!
Бир кўрдим мен уни — шунчалар гўзал,
Ойдан-да гўзалдир, кундан-да гўзал!..»

Ул кетгач кун чиқар ёруғлиқ сочиб,
Ундан-да сўраймаен сенинг тўғрингда.
Ул-да уятидан беркиниб, қочиб,
Айтадир: «Бир кўрдим, тушдамас ўнгда.
Мен ўнгда кўрганда шунчлар гўзал,
Ойдан-да гўзалдир… мендан-да гўзал!..»

Мен йўқсил на бўлуб уни суйибмен?!
Унинг-чун ёнибмен, ёниб-куюбмен.
Бошимни зўр ишга бериб қўюбмен,
Мен суюб…мен суюб…кимни суюбмен?
Мен суйган «суюкли» шунчалар гўзал,
Ойдан-да гўзалдир, кундан-да гўзал!!!»

БИНАФША
Бинафша сенмисан, бинафша сенми,
Кўчада ақчага сотилган.
Бинафша менманми? бинафша менми,
Севгингга, қайғунгга тутилган?

Бинафша, нимага бир озроқ очилмай,
Бир эркин кулмасдан узилдинг?
Бинафша, нимага ҳидларинг сочилмай,
Ерларга эгилдинг, чўзилдинг?

Бинафша,
Айт менга,
Кимлардир уларким,
Игнани бағрингга санчалар?
Бинафша,
Бир сўйла,
У қандай қўлларким,
Узалар, ҳидлайлар, янчарлар?

Бинафша, шунчалик чиройли юзинг бор,
Нимага узоқроқ кулмайсан?
Бинафша, шунчалик тортғувчи тусинг бор,
Кўнглимга исриқлик тўкмайсан?
Бинафша, йиғлама, бинафша, кел бери,
Қайғингни қайғумга қўшгил.
Бинафша, сен учун кўкрагим эрк эри,
Бу эрдан кўкларга учгил.

Бинафша, гўзалим, қайғулим, келмайсан,
Қайғунг зўр, қайғумни билмайсан,
Менга бир кулмайсан.

КЎКЛАМ ҚАЙҒУСИ

Эй қоронғи узун қишнинг хаёли
Кўклам чоғи кўзларимда ўйнама!
Айрилиқнинг чидаб бўлмас малоли
Кўклам, майса юзларида қайнама!

Бир оз… бир оз кўнгил берай кўкламда
Шафтолининг гўзал, қизил юзига,
Бир оз… бир оз алданмайин кўнглимда
Бош чиқарган йигитликнинг сўзига.

Қаршимдаги кулиб турган юмшоқ қиз
Кўм-кўк майса ўртасида бир гулдир.
Кўп йиғладим… ёшларимни қатор чиз
Ва қаршимда гўзал қизни бир кулдир!

Кўклам чоғи … Сайроқ булбул сайрамас,
На учунким, танбуримнинг тили йўқ.
Ул гўзал қиз чин қараш-ла қарамас,
На учунким, умидимнинг йўли ёқ.

Тилларимда ҳар кўкламнинг қўшиғи,
Юрагимда ҳар гўзалнинг севгиси,
Кўзларимда ҳар қайғидан бир йиғи,
Юзларимда алданишнинг белгиси.

Ёлғиз менми кўклам чоғи йиғлаган?
Ёлғиз менми ҳар умидда алданган?
Ёлғиз менми кўкрагимни тиғлаган?
Ёлғиз менми севинч билан бўлмаган?
Эй кўкламнинг кўз тортғувчи келини,
Нима учун йиғлатасан бир мени? …

АМАЛНИНГ ЎЛИМИ

Кўнглимда йиғлаган малаклар кимлар?
Шарқнинг оналари, жувонларими?
Қаршимда йиғлаган бу жонлар кимлар?
Қуллар ўлкасининг инсонларими?

На учун уларнинг товушларида
Ўтган асрларнинг оҳанги йиғлар?
На учун ёзмишнинг ўйнашларида
Ҳар юриш кўнглимни наштардек тиғлар?

Кенглик ҳаёллари учдими кўка
Бутун умидларни ёвларми кўмди?
Мангу тутқунликка кирдими ўлка?
Хаёлда порлаган шамларми сўнди?

Кечанинг жон олғич қоронғулиги,
Нажод юлдузини хаёлми билди?
Шунча тутқунларнинг ҳаққи, ҳақлиги
Бир ҳовуч тупроққа қурбонми бўлди?

Оҳимнинг ўтидан чиққан шуълалар,
Шарқнинг кўкрагида бир топмасми?
Кўксимдан қисилиб чиққан наъралар,
Уҳлаган дилларга кулиб боқмасму?

СУЙГАН ЧОҚЛАРДА

Гўзалларнинг маликаси экансан,
Буни сенинг кўзларингдан ўқидим.
Ўқидим-да истиқболим қушига
Хаёлимдан олтин қафас тўқидим.

Гунафшалар қулоғимга мадҳингни
Сўзлаб-сўзлаб чарчадилар, битмади…
Аламзада булбул йиғлаб, кечалар
Аламингнинг сўнгин тамом этмади

Кўзингдаги ҳикоянинг мазмунин,
Шоир бўлсам, айтиб-айтиб йиғлардим.
Ўшал, эски жароҳатли қалбимни
Сатрларнинг наштари-ла тилардим.

Хаёлимнинг қип-қизилдан кийинган
Парилари, ҳурларини кўрдингми?
Аламимдан гуллар эккан йўллардан
Коинотга ҳаёт сочиб юрдингми?

Йўлларингда шеър айтса сўлган барг,
Қулоғимга мусиқалар келтирур.
Қачон сенинг мусиқали овозинг
Сенинг мени суйганингни билдирур?

ҚАЛАНДАР ИШҚИ

Муҳаббатнинг саройи кенг экан, йўлни йўқотдим-ку,
Асрлик тош янглиғ бу хатарли йўлда қотдим-ку.

Карашма денгизин кўрдим, на нозлик тўлқини бордир,
Ҳалокат бўлғусин билмай, қулочни катта отдим-ку.

Ажаб дунё экан бу ишқ дунёси, аё дўстлар,
Бу дунё деб, у дунёни баҳосиз пулга сотдим-ку.

Унинг гулзорида булбул ўқиб қон айлади бағрим,
Кўзимдан ёшни жў айлаб, аламлар ичра ботдим-ку.

Қаландардек юриб дунёни кездим, топмайин ёрни,
Яна кулбамга қайғулар, аламлар бирла қайтдим-ку.

Муҳаббат осмонида гўзал Чўлпон эдим, дўстлар,
Қуёшнинг нурига тоқат қилолмай ерга ботдим-ку.

БЕР ҚЎЛИНГНИ

Бер қўлингни, шу титраган қўлим билан сўнг дафъа
Бир қисайин, сўнгра ортиқ у қўлларга тегмак йўқ.
Кўзларингни сўнгги марта тушир хира кўзимга,
Кўкрагимга киприкларинг сўнг мартаба отсин ўқ.

Кўкимизда ҳануз учмай қараб турган юлдузинг
Кўр юзини, айрилиқнинг кузи билан сарғайган.
Сен кетасан, юлдуз учар, ёлғизликда ташланган
Ўксигингга ҳаёт бермас ёғдулари кундузнинг.

Бер қўлингни сўнг мартаба, ёлғиз қолган ўксукман,
От ўқингни сўнг мартаба, алам кутган кўксимга.

ХАЁЛИ

Кўнгилдаги муҳаббатнинг учқунин
Хаёлимнинг бир бурчида беркитдим.
Ул учқуннинг кучлигидан сийнамда
Ҳеч тузалмас, оғир яра бор этдим.

Қулоғимга ол бахт, деб эшитилган
Азонларни шайтоний деб ўйладим,
Шунинг учун бахт берган малакка
Турли-туман афсоналар сўзладим…

Сочларини ўйнаб туриб эшитди
Ва дедиким: «Афсоналар беҳуда».
Бул сўзлари қулоғимга етишди:
«Оқдим, — деди, — қонли, зардобли сувда…»

Оқ-оқ, — деди афсоналар султони, —
Сенинг тахтинг, бахтинг унда кутадир.
Ул зардобли, қонли сувлар остида
Қора кийган жонинг жилва этадир.

Кет, эй шайтон, босқирадим… қўрқаман…
Кет-кет. Қилич синган, қалқон тешилган.
Кўрасанми? Мен эзилган, ётаман,
Устимга-да бало тоғи йиқилган.

Сўнгги нафас, охирги дам, эй малак,
Кел, бир қара, сўнгра йиқилсун фалак.

СИРЛАРДАН…

I

Бир тутам сочларинг менинг қўлимда,
Ғижимлаб ўпайми, ё тараб очай?
Сир деб сақлаганинг менинг қўйнимда,
Сир деб сақлайинми, ё элга сочай?

Сочилган сочингдай сочилса сиринг,
Анор юзларингни кимга тутасан?
Ўзинг-ку: Аларда вафо йўқ! — дединг,
Нимага уларни тағин кутасан?

II

Очилган қўйнимда тўлғонган танинг,
Кўнглингдан қилча ҳам ҳид этказмаса, —
Менга яқинлашма, ай тирик бўса! —
Севдим деганларинг ёлғондир сенинг!..

ГАЛДИР

Мен дутор бирлан туғишғон, кўҳна бир девонаман,
Ул туғишқоним билан бир ўтда доим ёнаман.

Дилларида ғам тўла бечораларга ёрман,
Вақти хуш, ғам кўрмаганлардан тамом безорман.

Мен дуторнинг торларига беркиниб олсам агар,
Пардаларнинг ҳар бири бергай бўлак ғамдан хабар.

Пардалар узра юриб турган одам бармоқлари
Кўкрагимдан кўп босар, шундан бўлур толмоқлари.

Икки торни қақшатиб, бармоқлар ўтса тўхтамай,
Ғамли ун чиқмас ўшал торларда Галдир йиғламай.

Йўқ ишим ҳоким, амалдор, шоҳу ҳоқонлар билан;
Биргадурман доимо ҳамдард болғонлар билан!..

Аҳли ғамлар мен каби мажнунсифат галдир бўлар,
Шул сабабдан банданинг номини Галдир қўйдилар.

СОЗИМ

Нафрат ўлкасидан ҳижрат қилганман,
Улфат диёрига маскан қурганман,
Юзимни ўт эмас, гулга бурганман,
Самовий завқларга тўлиб турганман
Булбуллар севгини мақтаган дамда!

Чечаклар ўсғуси кўз ёшларимдан,
Бўғинлар унғуси ўйлашларимдан,
Қалблар юмшағуси сайрашларимдан,
Севги чаманида яйрашларимдан
Жаннатлар яратгай ташланган жанда.

Тилинган тилларга қон югурғуси,
Бўшалган инларга жонлар кирғуси,
Тиканли боқчалар чечак кўрғуси,
Ҳақ йўли, албатта, бир ўтилғуси
Жандалар танимга теккан кунларда!..

* * *

Бир тутам сочларинг менинг қўлимда,
Ғижимлаб ўпайми, ё тараб-ечай,
Сир деб сақлаганинг менинг қўйнимда,
Сир деб сақлайинми, ё элга сочай.

Сочилган сочингдай сочилса сиринг,
Анор юзларингни кимга тутасан?
Ўзинг-ку «уларда вафо йўқ!» дединг,
Нимага уларни тағин кутасан?

Очилган қўйнимда тўлғанган танинг
Кўнгилдан қилча ҳам ҳид етказмаса,
Менга яқинлашма, ай, тирик бўса!
«Севдим» деганларинг ёлғондир сенинг!.

ХАЛҚ

Халқ денгиздир,
Халқ тўлқиндир,
Халқ кучдир,
Халқ исёндир,
Халқ оловдир, халқ ўчдир…
Халқ қўзғалса, куч йўқдирким, тўхтатсин,
Қувват йўқким, халқ истагин йўқ этсин.
Халқ исёни салтанатни йўқ қилди,
Халқ истади, тож ва тахтлар йиқилди…

Халқ истаги: озод бўлсин бу ўлка,
Кетсин унинг бошидаги кўланка,
Бир қўзғалур, бир кўпирар, бир қайнар,
Бир интилур, бир ҳовлиқар, бир ўйнар,
Йўқлиқни-да, очликни-да йўқ этар,
Ўз юртини ҳар нарсага тўқ этар…

Бутун кучни халқ ичидан олайлик,
Қучоқ очиб халқ ичига борайлик!

* * *

Хаёл, хаёл… Ёлғиз хаёл гўзалдир,
Ҳақиқатнинг кўзларидан қўрқаман.
Хаёлдаги юлдузларким, амалдир,
Оловимни алар учун ёқаман.
Гўзал хаёл, кел, бошимда гул ўйнат,
Маним истак-тилагимни эркалат!

Hamalning ot qulog’i ko’rinmas ko’roydin tunlarida safarga chiqqanmisiz? Ana shunda olis-olislarda, ko’z yetmas yerda, nafaqat ko’z, balki ovoz yetmas yiroqda, qop-qorong’u osmonning bir chekkasini bexosdan tilgan chaqmoq borliqni bir lahza yoritib o’tadi. Bir lahzadan keyin olam yana qorong’ulikka g’arq bo’ladi…O’zbek shoiri Cho’lponni o’qiganimda o’sha chaqmoq shu’lasini ko’z oldimga keltiraman (Qozoq adibi Esong’ali Ravshanovning «Cho’lpon» maqolasidan. Maqolani mana bu sahifada o’qishingiz mumkin).

ABDULHAMID CHO’LPON
SHE’RLAR
034

 Abdulhamid Sulaymon o’g’li Cho’lpon (Yunusov) 1897 yilda Andijon shahrida tug’ilgan. Dastlab madrasada (1908—12), so’ngra rus-tuzem maktabida (1912—14) taxsil olgan. Shoirning adabiy merosi she’riyat, nasr, dramaturgiya, publitsistik va adabiy-tanqidiy maqolalar hamda tarjimalardan iborat. She’riy asarlari «O’zbek yosh shoirlari», «Uyg’onish» (1922), «Buloqlar» (1923), «Tong sirlari» (1926) va «Soz» (1935) to’plamlarida, shuningdek, turli gazeta va jurnallarda e’lon qilingan. 20-yillarda yozgan «Oydin kechalarda», «Qor ko’ynida lola», «Novvoy qiz» singari hikoyalari o’zbek adabiyotidagi lirik nasrning dastlabki mumtoz namunalaridir. «Kecha va kunduz» (1936) romani hamda «Yorqinoy», «Xalil farang», «O’ldiruvchi» (1921), «Sevgi va saltanat», «Cho’pon sevgisi» (1922) kabi p`esalari ham bor (bu asarlarning aksariyati bizgacha yetib kelmagan). A. S. Pushkin («Boris Godunov», «Dubrovskiy»), I. S. Turgenev («Cho’ri qiz»), I. Franko («Million», «Feruza»), L. Andreev («Gubernator», «Osilgan yetti kishining hikoyasi») singari rus va boshqa xalqlar adabiyotining mumtoz asarlarini katta mahorat bilan tarjima qilgan. Uning tarjimasidagi U. Shekspirning «Hamlet» tragediyasi o’zbek tarjima san’atining shoh namunasi hisoblanadi. U 1938 yil 14 iyul` kuni hibsga olinib, ko’p o’tmay, Toshkent shahri atrofida otib tashlangan. Vafotidan so’ng Alisher Navoiy nomidagi O’zbekiston Respublikasi Davlat mukofoti (1991) va «Mustaqillik» ordeni (1999) berilgan.

034

BUZILGAN O’LKAGA
u7495f174062m.jpg
Ey, tog’lari ko’klarga salom beran zo’r o’lka,
Nega sening boshingda* quyuq bulut ko’lanka?
Uchmoxlarning kavsaridek pokiza,
Sadaflarning donasidek top-toza
Salqin suvlar tog’dan quyi tusharkan,
Tomchilari yomg’ir kabi ucharkan,
Nima uchun yig’lar kabi ingraylar?
Yov bormi, deb to’rt tarafni tinglaylar?
Tabiatning o’tini yo’q o’tida,
Sharaq-sharaq qaynab chiqqan buloqlar
Har qorong’i, qo’rqinch tunning betida
Shifo istab kelmasin der, qo’noqlar.
-Bu nega?
Ayt menga.
Ko’m-ko’k, go’zal o’tloqlaring bosilg’on,
Ustlarida na poda bor, na yilqi,
Podachilar qaysi dorg’a osilg’on?
Ot kishnashi, qo’y ma’rashi o’rniga
-Oh, yig’i,
Bu nega?

Tumorchalar xamoyillar taqingan,
Dalalarda lola bargi yopingan,
Tog’-toshlarda o’yin qilgan,
Chopingan
Go’zal qizlar, yosh kelinlar qaerda?
Javob yo’qmi ko’klardan-da, yerdan-da,
Xarob bo’lgan eldan-da.
Ot minganda, qushlar kabi uchguvchi,
Erkin-erkin havolarni quchg’uvchi,
Ot chopganda, uchar qushni tutquvchi,
Uchar qushday yosh yigitlar qaerda?
Tog’ egasi – sor burgutlar qaerda?

Sening qattiq sir – bag’ringni ko’p yillardir ezganlar,
Sen bezsang-da, qarg’asang-da, ko’kragingda kezganlar.
Sening erkin tuprog’ingda hech haqi yo’q xo’jalar,
Nega seni bir qul kabi qizg’anmasdan yanchalar?
Nega sening qalin tovshing “ket” demaydi ularga?
Nega sening erkli ko’ngling erk bermaydi qullarga?
Nega tag’in tanlaringda qamchilarning kulishi?
Nega sening turmushingda umidlarning o’lishi?
Nega yolg’iz qon bo’lmishdir ulushing?
Nega buncha umidsizdir turishing?
Nima uchun ko’zlaringda tutashguvchi olov yo’q?
Nima uchun tunlaringda bo’rilarning qorni to’q?
Nima uchun g’azabingni uyg’otmaydir** og’u-o’q?
Nima uchun borlig’ingda bu daraja buzg’unlik?
Nima uchun o’ch buluti sellarini yog’dirmas?
Nima uchun kuch tangrisi bor kuchi-la soldirmas?
Kel, men senga qisqagina doston o’qiy,
Qulog’ingga o’tganlardan ertak to’qiy.
Kel, ko’zingning yoshlarini surib olay
Kel, yarali tanlaringni ko’rib olay, to’yib olay.
Nima uchun ag’darilgan, yiqilgan
Og’ir toyning zahar o’qi ko’ksingda?
Nima uchun yovlaringni bir zamon
Yo’q qilg’unday temirli o’ch yo’q senda?
Ey, har turli qulliklarni sig’dirmagan hur o’lka,
Nega sening bo’g’izingni bo’g’ib turar ko’lanka?

MAHMUD XO’JA (BEHBUDIY) XOTIRASI

Jilgisiz qabringni qora tunlarda
Amalimning shamin yoqib, izladim.
Qizil va pok qoning islarin sochgach,
Kuchsiz ko’yi yurishimni tezladim.

Amalimning yulduzi, kim ko’z tikdi
Qora, jirkanch… o’lim qoni yerlarga.
Savol berdim: “Yo’qotganim qayda?”- deb,
O’zimni ham yutmoq bo’lgan yerlarga.

Qo’lidagi tutam-tutam gulini
Qabring topib, sochmoq uchun tirishdi.
Gul o’rniga zahar tilar muhitda
Uning qilgan bu ishlari bo’sh ishdi.

Men-da ojiz – u muhitning oldida
Qabring topib ko’z yoshimni to’kmakka.
Hamda achchiq hiddatim-la ul yerda
Oq kallalik-qora devni so’kmakka.

Shuning uchun yulduz kabi yarqirab,
Elda qolgan isming bilan turamen.
Shul ismni eslab, chizg’an yo’lingdan
Yiroq ketmay, qimirlamay yuramen.

Aziz otam, qo’limdagi gullarning
Motam guli ekanini bilmaysen.
Shodlik guli ko’pdan beri so’lganin,
Yer ostida, pok ruhing-la sezmaysen.

Ana sochdim qalbimdagi gullarni
Termak uchun chaqiramen qo’llarni..

1920

KO’NGIL

Ko’ngil, sen munchalar nega
Kishanlar birla do’stlashding?
Na faryoding, na doding bor,
Nechun sen muncha sustlashding?

Haqorat dilni og’ritmas,
Tubanlik mangu ketmasmi?
Kishanlar parchalanmasmi,
Qilichlar endi sinmasmi?

Tiriksan, o’lmagansan,
Sen-da odam, sen-da insonsan;
Kishan kiyma, bo’yin egma,
Ki, sen ham hur tug’ilg’onsan!..

MEN VA BOSHQALAR
(O’zbek Qizi Og’zidan)

Kulgan boshqalardir, yig’lag’an menmen,
O’ynag’an boshqalar, ingrag’an menmen.
Erk ertaklarini eshitkan boshqa,
Qullik qo’shig’ini tinglag’on menmen.

Boshqada qanot bor, ko’kka uchadir,
Shoxlarg’a qo’nadir, bog’da yayraydir.
So’zlari sadafdek, tovushi naydek
Kuyini har yerda elga sayraydir.

Menda-da qanot bor, lekin bog’lang’on…
Bog’ yo’qdir, shox yo’qdir, qalin devor bor.
So’zlari sadafdek, tovushi naydek.

Kuyim bor. Uni-da devorlar tinglar…
Erkin boshqalardir, qamalg’on menmen,
Hayvon qatorida sanalg’on menmen.

BARG

Jonlandi, yashardi, ko’kardi qarashim,
O’zimda bir turli erkinlik sezamen.
Ko’nglimda qolmadi shu tinda g’am-g’ashim,
Umidning ipaklik qilini cho’zamen.

Shu chog’da, shu bog’da har narsa yumshoqdir
Har narsa ko’kargan, har narsa yashnaydir.
Shu bog’da, shu chog’da har narsa oppoqdir,
Quyosh-da nurini hovuchlab tashlaydir.

Ariqda suvlarning o’ynoqi qo’shig’i
Shoxlarda uxlagan barglarni uyg’otdi.
Ayniqsa, shamolning u yumshoq sho’xligi
Shoxlarda barglarni titratdi, o’ynatdi.

Qip-qizil qanotli kapalak, yo’lida
Uchratdi chiroyli chizanak qizini,
Kapalak tikilgach, u qizcha qo’lida
Ushlagan yaproq-la berkitdi yuzini.

Oltinli qo’ng’izni bolalar ushlashib,
Ip bilan ko’klarga uchirib o’ynaylar.
Qullikni sevmagan yo’qsilni kuchlashib,
Nimaga o’zining erkiga qo’ymaylar.

Lablarim shu tunda chanqag’an, qizarg’an.
Kavsarning suvidan sharoblar istamas.
Farishta qiliqli, malika qizlardan
Chanqoqni bosuvchi bir o’pich so’ramas.

Ko’klardan malaklar qiz bo’lib tushsalar.
Yana men o’tlarni qo’ynimga qo’ymaymen.
Qo’ynimga to’lsalar, qo’ynimdan toshsalar
Gullarning hidlari… Men sira to’ymaymen.

O’pmaymen shu chog’da farishta – malakni,
O’pamen butoqda titragan bir bargni…

GO’ZAL

Qorong’u kechada ko’kka ko’z tikib,
Eng yorug’ yulduzdan seni so’raymen.
Ul yulduz uyalib, boshini bukib,
Aytadir: «Men uni tushda ko’ramen.
Tushimda ko’ramen, shunchalar go’zal,
Bizdan-da go’zaldir, oydan-da go’zal!..»

Ko’zimni olamen oy chiqqan yoqqa,
Boshlayman oydan-da seni so’rmoqqa,
Ul-da aytadirki: «Qizil yanoqqa
Uchradim tushimda, ko’milgan oqqa.
Oqqa ko’milganda shunchalar go’zal,
Mendan-da go’zaldir, kundan-da go’zal!..»

Erta tong shamoli sochlarin yozib,
Yonimdan o’tganda so’rab ko’ramen.
Aytadir: «Bir ko’rib, yo’limdan ozib,
Tog’u toshlar ichra istab yuramen!
Bir ko’rdim men uni — shunchalar go’zal,
Oydan-da go’zaldir, kundan-da go’zal!..»

Ul ketgach kun chiqar yorug’liq sochib,
Undan-da so’raymaen sening to’g’ringda.
Ul-da uyatidan berkinib, qochib,
Aytadir: «Bir ko’rdim, tushdamas o’ngda.
Men o’ngda ko’rganda shunchlar go’zal,
Oydan-da go’zaldir… mendan-da go’zal!..»

Men yo’qsil na bo’lub uni suyibmen?!
Uning-chun yonibmen, yonib-kuyubmen.
Boshimni zo’r ishga berib qo’yubmen,
Men suyub…men suyub…kimni suyubmen?
Men suygan «suyukli» shunchalar go’zal,
Oydan-da go’zaldir, kundan-da go’zal!!!»

BINAFSHA

Binafsha senmisan, binafsha senmi,
Ko’chada aqchaga sotilgan.
Binafsha menmanmi? binafsha menmi,
Sevgingga, qayg’ungga tutilgan?

Binafsha, nimaga bir ozroq ochilmay,
Bir erkin kulmasdan uzilding?
Binafsha, nimaga hidlaring sochilmay,
Yerlarga egilding, cho’zilding?

Binafsha,
Ayt menga,
Kimlardir ularkim,
Ignani bag’ringga sanchalar?
Binafsha,
Bir so’yla,
U qanday qo’llarkim,
Uzalar, hidlaylar, yancharlar?

Binafsha, shunchalik chiroyli yuzing bor,
Nimaga uzoqroq kulmaysan?
Binafsha, shunchalik tortg’uvchi tusing bor,
Ko’nglimga isriqlik to’kmaysan?
Binafsha, yig’lama, binafsha, kel beri,
Qayg’ingni qayg’umga qo’shgil.
Binafsha, sen uchun ko’kragim erk eri,
Bu erdan ko’klarga uchgil.

Binafsha, go’zalim, qayg’ulim, kelmaysan,
Qayg’ung zo’r, qayg’umni bilmaysan,
Menga bir kulmaysan.

KO’KLAM QAYG’USI

Ey qorong’i uzun qishning xayoli
Ko’klam chog’i ko’zlarimda o’ynama!
Ayriliqning chidab bo’lmas maloli
Ko’klam, maysa yuzlarida qaynama!

Bir oz… bir oz ko’ngil beray ko’klamda
Shaftolining go’zal, qizil yuziga,
Bir oz… bir oz aldanmayin ko’nglimda
Bosh chiqargan yigitlikning so’ziga.

Qarshimdagi kulib turgan yumshoq qiz
Ko’m-ko’k maysa o’rtasida bir guldir.
Ko’p yig’ladim… yoshlarimni qator chiz
Va qarshimda go’zal qizni bir kuldir!

Ko’klam chog’i … Sayroq bulbul sayramas,
Na uchunkim, tanburimning tili yo’q.
Ul go’zal qiz chin qarash-la qaramas,
Na uchunkim, umidimning yo’li yoq.

Tillarimda har ko’klamning qo’shig’i,
Yuragimda har go’zalning sevgisi,
Ko’zlarimda har qayg’idan bir yig’i,
Yuzlarimda aldanishning belgisi.

Yolg’iz menmi ko’klam chog’i yig’lagan?
Yolg’iz menmi har umidda aldangan?
Yolg’iz menmi ko’kragimni tig’lagan?
Yolg’iz menmi sevinch bilan bo’lmagan?
Ey ko’klamning ko’z tortg’uvchi kelini,
Nima uchun yig’latasan bir meni? …

AMALNING O’LIMI

Ko’nglimda yig’lagan malaklar kimlar?
Sharqning onalari, juvonlarimi?
Qarshimda yig’lagan bu jonlar kimlar?
Qullar o’lkasining insonlarimi?

Na uchun ularning tovushlarida
O’tgan asrlarning ohangi yig’lar?
Na uchun yozmishning o’ynashlarida
Har yurish ko’nglimni nashtardek tig’lar?

Kenglik hayollari uchdimi ko’ka
Butun umidlarni yovlarmi ko’mdi?
Mangu tutqunlikka kirdimi o’lka?
Xayolda porlagan shamlarmi so’ndi?

Kechaning jon olg’ich qorong’uligi,
Najod yulduzini xayolmi bildi?
Shuncha tutqunlarning haqqi, haqligi
Bir hovuch tuproqqa qurbonmi bo’ldi?

Ohimning o’tidan chiqqan shu’lalar,
Sharqning ko’kragida bir topmasmi?
Ko’ksimdan qisilib chiqqan na’ralar,
Uhlagan dillarga kulib boqmasmu?

SUYGAN CHOQLARDA

Go’zallarning malikasi ekansan,
Buni sening ko’zlaringdan o’qidim.
O’qidim-da istiqbolim qushiga
Xayolimdan oltin qafas to’qidim.

Gunafshalar qulog’imga madhingni
So’zlab-so’zlab charchadilar, bitmadi…
Alamzada bulbul yig’lab, kechalar
Alamingning so’ngin tamom etmadi

Ko’zingdagi hikoyaning mazmunin,
Shoir bo’lsam, aytib-aytib yig’lardim.
O’shal, eski jarohatli qalbimni
Satrlarning nashtari-la tilardim.

Xayolimning qip-qizildan kiyingan
Parilari, hurlarini ko’rdingmi?
Alamimdan gullar ekkan yo’llardan
Koinotga hayot sochib yurdingmi?

Yo’llaringda she’r aytsa so’lgan barg,
Qulog’imga musiqalar keltirur.
Qachon sening musiqali ovozing
Sening meni suyganingni bildirur?

QALANDAR ISHQI

Muhabbatning saroyi keng ekan, yo’lni yo’qotdim-ku,
Asrlik tosh yanglig’ bu xatarli yo’lda qotdim-ku.

Karashma dengizin ko’rdim, na nozlik to’lqini bordir,
Halokat bo’lg’usin bilmay, qulochni katta otdim-ku.

Ajab dunyo ekan bu ishq dunyosi, ayo do’stlar,
Bu dunyo deb, u dunyoni bahosiz pulga sotdim-ku.

Uning gulzorida bulbul o’qib qon ayladi bag’rim,
Ko’zimdan yoshni jo’ aylab, alamlar ichra botdim-ku.

Qalandardek yurib dunyoni kezdim, topmayin yorni,
Yana kulbamga qayg’ular, alamlar birla qaytdim-ku.

Muhabbat osmonida go’zal Cho’lpon edim, do’stlar,
Quyoshning nuriga toqat qilolmay yerga botdim-ku.

BER QO’LINGNI

Ber qo’lingni, shu titragan qo’lim bilan so’ng daf’a
Bir qisayin, so’ngra ortiq u qo’llarga tegmak yo’q.
Ko’zlaringni so’nggi marta tushir xira ko’zimga,
Ko’kragimga kipriklaring so’ng martaba otsin o’q.

Ko’kimizda hanuz uchmay qarab turgan yulduzing
Ko’r yuzini, ayriliqning kuzi bilan sarg’aygan.
Sen ketasan, yulduz uchar, yolg’izlikda tashlangan
O’ksigingga hayot bermas yog’dulari kunduzning.

Ber qo’lingni so’ng martaba, yolg’iz qolgan o’ksukman,
Ot o’qingni so’ng martaba, alam kutgan ko’ksimga.

XAYOLI

Ko’ngildagi muhabbatning uchqunin
Xayolimning bir burchida berkitdim.
Ul uchqunning kuchligidan siynamda
Hech tuzalmas, og’ir yara bor etdim.

Qulog’imga ol baxt, deb eshitilgan
Azonlarni shaytoniy deb o’yladim,
Shuning uchun baxt bergan malakka
Turli-tuman afsonalar so’zladim…

Sochlarini o’ynab turib eshitdi
Va dedikim: «Afsonalar behuda».
Bul so’zlari qulog’imga yetishdi:
«Oqdim, — dedi, — qonli, zardobli suvda…»

Oq-oq, — dedi afsonalar sultoni, —
Sening taxting, baxting unda kutadir.
Ul zardobli, qonli suvlar ostida
Qora kiygan joning jilva etadir.

Ket, ey shayton, bosqiradim… qo’rqaman…
Ket-ket. Qilich singan, qalqon teshilgan.
Ko’rasanmi? Men ezilgan, yotaman,
Ustimga-da balo tog’i yiqilgan.

So’nggi nafas, oxirgi dam, ey malak,
Kel, bir qara, so’ngra yiqilsun falak.

SIRLARDAN…

I

Bir tutam sochlaring mening qo’limda,
G’ijimlab o’paymi, yo tarab ochay?
Sir deb saqlaganing mening qo’ynimda,
Sir deb saqlayinmi, yo elga sochay?

Sochilgan sochingday sochilsa siring,
Anor yuzlaringni kimga tutasan?
O’zing-ku: Alarda vafo yo’q! — deding,
Nimaga ularni tag’in kutasan?

II

Ochilgan qo’ynimda to’lg’ongan taning,
Ko’nglingdan qilcha ham hid etkazmasa, —
Menga yaqinlashma, ay tirik bo’sa! —
Sevdim deganlaring yolg’ondir sening!..

GALDIR

Men dutor birlan tug’ishg’on, ko’hna bir devonaman,
Ul tug’ishqonim bilan bir o’tda doim yonaman.

Dillarida g’am to’la bechoralarga yorman,
Vaqti xush, g’am ko’rmaganlardan tamom bezorman.

Men dutorning torlariga berkinib olsam agar,
Pardalarning har biri bergay bo’lak g’amdan xabar.

Pardalar uzra yurib turgan odam barmoqlari
Ko’kragimdan ko’p bosar, shundan bo’lur tolmoqlari.

Ikki torni qaqshatib, barmoqlar o’tsa to’xtamay,
G’amli un chiqmas o’shal torlarda Galdir yig’lamay.

Yo’q ishim hokim, amaldor, shohu hoqonlar bilan;
Birgadurman doimo hamdard bolg’onlar bilan!..

Ahli g’amlar men kabi majnunsifat galdir bo’lar,
Shul sababdan bandaning nomini Galdir qo’ydilar.

SOZIM

Nafrat o’lkasidan hijrat qilganman,
Ulfat diyoriga maskan qurganman,
Yuzimni o’t emas, gulga burganman,
Samoviy zavqlarga to’lib turganman
Bulbullar sevgini maqtagan damda!

Chechaklar o’sg’usi ko’z yoshlarimdan,
Bo’g’inlar ung’usi o’ylashlarimdan,
Qalblar yumshag’usi sayrashlarimdan,
Sevgi chamanida yayrashlarimdan
Jannatlar yaratgay tashlangan janda.

Tilingan tillarga qon yugurg’usi,
Bo’shalgan inlarga jonlar kirg’usi,
Tikanli boqchalar chechak ko’rg’usi,
Haq yo’li, albatta, bir o’tilg’usi
Jandalar tanimga tekkan kunlarda!..

* * *

Bir tutam sochlaring mening qo’limda,
G’ijimlab o’paymi, yo tarab-yechay,
Sir deb saqlaganing mening qo’ynimda,
Sir deb saqlayinmi, yo elga sochay.

Sochilgan sochingday sochilsa siring,
Anor yuzlaringni kimga tutasan?
O’zing-ku «ularda vafo yo’q!» deding,
Nimaga ularni tag’in kutasan?

Ochilgan qo’ynimda to’lg’angan taning
Ko’ngildan qilcha ham hid yetkazmasa,
Menga yaqinlashma, ay, tirik bo’sa!
«Sevdim» deganlaring yolg’ondir sening!.

XALQ

Xalq dengizdir,
Xalq to’lqindir,
Xalq kuchdir,
Xalq isyondir,
Xalq olovdir, xalq o’chdir…
Xalq qo’zg’alsa, kuch yo’qdirkim, to’xtatsin,
Quvvat yo’qkim, xalq istagin yo’q etsin.
Xalq isyoni saltanatni yo’q qildi,
Xalq istadi, toj va taxtlar yiqildi…

Xalq istagi: ozod bo’lsin bu o’lka,
Ketsin uning boshidagi ko’lanka,
Bir qo’zg’alur, bir ko’pirar, bir qaynar,
Bir intilur, bir hovliqar, bir o’ynar,
Yo’qliqni-da, ochlikni-da yo’q etar,
O’z yurtini har narsaga to’q etar…

Butun kuchni xalq ichidan olaylik,
Quchoq ochib xalq ichiga boraylik!

* * *

Xayol, xayol… Yolg’iz xayol go’zaldir,
Haqiqatning ko’zlaridan qo’rqaman.
Xayoldagi yulduzlarkim, amaldir,
Olovimni alar uchun yoqaman.
Go’zal xayol, kel, boshimda gul o’ynat,
Manim istak-tilagimni erkalat!

Abdulhamid Cho’Lpon. Buloqlar Quchog’Ida by Khurshid Davron on Scribd

077

(Tashriflar: umumiy 102 648, bugungi 19)

1 izoh

Izoh qoldiring