Richard Metison. Tugmachani bosing. Hikoya. Feruzshoh tarjimasi

45 Эшик остига ташлаб кетилган қоғоз пакетнинг уст қисмига қўлда манзил киритилганди: “Жаноб ва хоним Люис, 217е, ўттиз еттинчи кўча, Ню-Йорк, 10016.” Жўнатманинг ичидан усти шиша қалпоқ билан қопланган, ягона тугмачага эга ёғоч қути чиқди. Норма қалпоқчани очишга уриниб кўрди, бўлмади. Қутининг пастки қисмига хат битилган қоғоз маҳкам ёпиштирилганди: “Жаноб Стюарт 20:00 да ташриф буюради”…

Ричард МЭТИСОН
ТУГМАЧАНИ БОСИНГ
ФЕРУЗШОҲ таржимаси


Эшик остига ташлаб кетилган қоғоз пакетнинг уст қисмига қўлда манзил киритилганди: “Жаноб ва хоним Люис, 217е, ўттиз еттинчи кўча, Ню-Йорк, 10016.” Жўнатманинг ичидан усти шиша қалпоқ билан қопланган, ягона тугмачага эга ёғоч қути чиқди. Норма қалпоқчани очишга уриниб кўрди, бўлмади. Қутининг пастки қисмига хат битилган қоғоз маҳкам ёпиштирилганди: “Жаноб Стюарт 20:00 да ташриф буюради”.

Норма мактубни ўқиб, стол четига қўйди-да, жилмайиб, салат тайёрлаш учун ошхонага йўналди.

95 Роппа-роса соат 20:00да эшик қўнғироғи жиринглади.
– Ўзим очаман! – деди овозини баландлатиб Норма. Артур меҳмонхонада ўқиб ўтирарди.
Калта бўйли одам турарди йўлакда.
– Льюис хоним? – сўради у мулойимлик билан. – Мен жаноб Стюарт бўламан.
– Ҳа, айтганча… – Норма табассум қилишга уринди. Бу савдогарларнинг навбатдаги рекламаси эканлигига ҳеч қандай шубҳа қолмаганди.
– Киришга рухсат этинг? – сўради жаноб Стюарт.
– Ҳозир жуда бандман. Айбга буюрмайсиз, ижозатингиз билан қолдириб кетганингизни олиб чиқсам…
– Бу нима эканлигини билишни хоҳламайсизми?
Норма индамай ортга ўгирилди.
– Бу сиз учун манфаатли бўлиши мумкин…
– Пул жиҳатиданми? – сўради у даъвогарлик билан.
 

Жаноб жавобан бош ирғади.
– Айнан.
Норма қошларини чимирди.
– Нима сотяпсиз ўзи?
– Ҳеч нарса сотиш ниятида эмасман, – жавоб берди у.
Артур чиқиб келди меҳмонхонадан.
– Қанақадир тушунмовчилик эмасми?

Жаноб Стюарт ўзини таништирди.
– Аҳа, анави нарса… – Артур боши билан меҳмонхонага ишора қилиб, жилмайди. – Нима бало эди ўзи бу?
– Шуни тушунтиришга ҳаракат қиляпман, – жавоб қилди. – Киришга рухсат этарсиз?
Артур Нормага назар ташлади.
– Ўзинг биласан, – деди аёл.
У иккиланиб қолди.
– Хўш, нима дердим, марҳамат, киринг.

Улар меҳмонхонага киришди. Жаноб Стюарт оромкурсига жойлашиб, пиджагининг ички чўнтагидан кичик муҳрланган конверт чиқарди.
– Ичида қалпоқчани очадиган калит бор, – деб тушунтирди у журналлар турадиган столга конвертни қўяркан. – Тугма ишхонамизнинг қўнғироқ тизимига уланган.
– Нима учун? – сўради Артур.
– Агар тугмачани боссангиз, – гап бошлади меҳмон, – дунёнинг қайсидир бир бурчагида сизга нотаниш бўлган одам вафот этади ва сиз эллик минг долларни қўлга киритасиз.
Норма кўзлари косасидан чиққудек бўлиб, меҳмонга қаради.
У эса табассум қилди.
– Нималар деб валдираяпсиз? – ҳайрон бўлиб сўради Артур.

Меҳмоннинг нигоҳи ҳайратга тўлди.
– Ҳозиргина тушунтириб бердим-ку.
– Бу нима, ҳазилми?
– Мутойибанинг нима алоқаси бор, ахир? Бу мутлақо жиддий таклиф.
–Кимнинг вакили бўласиз? – сўради Норма.

Жаноб Стюарт хижолат тортди.
– Бу саволга жавоб бера олмайман деб қўрқаман. Бироқ сизни ишонтириб айта оламанки, бизнинг ташкилот мисли кўрилмаган қудратга эга.
– Менимча, кетадиган вақтингиз бўлди, – деди Артур ўрнидан туриб.
Жаноб Стюарт ўрнидан қўзғалди.
– Илтимос.
– Тугмачангизни ҳам ўзингиз билан олволинг.
– Балки, бир-икки кун ўйлаб кўрарсиз?

Артур қути ва конвертни жаноб Стюартнинг қўлига тутқазди-да, йўлакка ўтиб, чиқиш эшигини очди.
– Ўзимнинг карточкамни қолдираман, – меҳмон эшик ёнидаги стол устига ташриф қоғозини қолдириб, жўнади.
Артур уни икки бўлиб, улоқтирди.
– Сенингча, буларнинг ҳаммаси нимани англатади? – сўради Норма дивандан қўзғалмай.
– Менга барибир.

Аёл табассум қилишга уриниб кўрди, бўлмади.
– Зиғирча ҳам қизиқиш уйғонмадими?..
Артур тағин мутолаага киришди. Норма эса ошхонага ўтиб, идишларини ювишда давом этди.

– Нега ўзингни олиб қочяпсан? – сўради аёл.
Артур тишларини ювишда давом этаркан, бошини кўтариб, кўзгуда завжасининг аксини кўрди.
– Бу сенга қизиқарли бўлиб туюлмаяптими?
– Йўқ, аксинча, ҳақорат қиляпти.
– Тушуниб турибман, лекин… – Норма сочларини жингала қилиб бармоғига ўрашда давом этди, – нимаси биландир қизиқарли-ку, шундай эмасми?
– Бу, шунчаки ҳазил деб ўйлайсанми? – сўроқларини давом эттирди аёл ётоқхонада.
– Ҳазил бўлса, бу ёғи зил.

Норма тўшакка ўтириб, шиппагини ечди.
– Балки, психологлар қанақадир изланишлар олиб боришаётгандир.
Артур елка қисди.
– Бўлиши мумкин.
– Билишни хоҳламайсанми?

Эркак бош чайқади.
– Лекин нега?
– Чунки, бу ахлоқсизлик.
Аёл кўрпага ўранди. Артур чироқни ўчириб, уни ўпиш учун эгилди.
– Хайрли тун…
Норма уйқуга кўзларини юмаркан, эллик минг доллар ҳақида ўйлашда давом этарди.

Норма эрталаб уйдан чиқиб кетаётиб стол устида тўзғиб ётган ташриф қоғозининг парчаларига эътибор қаратди ва олиб, ҳамёнига солиб қўйишни маъқул топди.
Танаффус пайтида йиртилган парчаларни бир-бирига ёпиштирди. Картада фақат жаноб Стюартнинг исм-шарифи ва телефон рақами ёзилган эди.
Соат роппа-роса бешга бонг урганда у рақамларни териб, сим қоқди.
– Эшитаман, – жаноб Стюартнинг вазмин товши янгради.

Норма гўшакни илиб қўймаслик учун ўзини қўлга олди.
– Бу Люис хоним.
– Лаббай, Люис хоним? – унинг овозидан мамнунлигини уқиб олиш қийин эмасди.
– Менда қизиқиш уйғонди.
– Табиий ҳолат.
– Бирор бир сўзингизга ишонолмайман, албатта.
– Аммо, бу чин ҳақиқат.
– Нима бўлганда ҳам… – Норма ютунди. – Нотаниш одам ўлишини айтганингизда нимани назарда тутдингиз?
– Айтганларимни, холос. Қурбон исталган кимса бўлиши мумкин. Биз сизга бу инсон ҳақида билмаслигингиздан кафолат беришимиз мумкин. Ва, албатта, унинг ўлимини томоша қилишингиз шарт эмас.
– Эллик минг доллар эвазига?
– Мутлақо тўғри.
Аёл масхараомуз кулди.
– Тушунарсиз мағзава…
– Шунга қарамай, бу бизнинг таклифимиз, – деди жаноб Стюарт. – Қурилмани элтайми?
– Албатта, йўқ! – Норма жаҳл билан гўшакни илиб қўйди.

Пакет тағин эшик ёнида ётарди. Норма лифтдан чиқиши биланоқ буни пайқади. Қандай беадаблик! – деб ўйлади у. Шунчаки унга қўлимни текказмайман деган қарорга келди-да, ошхонага кириб, тушлик тайёрлашга киришди. Сўнг ташқарига чиқиб, қоғоз пакетни олди ва ошхонага қайтиб, стол устига қўйди.
Аёл меҳмонхонада коктейл ҳўплаб, деразадан кўчани кузатиб ўтирарди. Бироздан сўнг коклетларни ағдариш учун ошхонага бораркан, пакетни олиб, шкафнинг пастки тортмасига солиб қўйди. Эрталаб, албатта, ташлаб юборади.
– Балки, тиллоларга чўмилиб ётган қайсидир миллионер вақтини чоғ ўтказиш учун уюштиргандир, – деди аёл.

Артур тушликдан бошини кўтарди.
– Мен сени тушунмаяпман.
Улар жимлик сақлаб, тамадди қилишаркан, Норма кутилмаганда санчқини қўйди.
– Агар бу жиддий бўлса-чи?
– Хўш, нима бўпти шунга? – деди эркак ва ишонқирамай елка қисди. – Нима, қурилмани қайтариб олиб, тугмасини босиб, кимнингдир ҳаётига зомин бўлишни истайсанми?
Норма жирканиш билан унга қаради.
– Шундай бўла қолсин…
– Бу, сенингча нима?
– Лекин, биз бу одамни ҳатто танимаймиз ҳам.
Артур ҳайрат ичра қолди.

– Жиддий гапираяпсанми?
– Хўш, қурбон биздан ўн минг мил узоқликдаги кекса бир хитойлик деҳқон бўлса-чи? Конгодаги касалланганлардан бири бўлса-чи?
– Пенсильваниядаги бегуноҳ гўдак бўлса-чи? – эътроз билдирди Артур. – Қўшни кўчадаги ойимқиз бўлса-чи?
– Сен атайлаб мураккаблаштиряпсан.
– Ким ўлдирилишининг нима фарқи бор? – давом этди эркак. – Нима бўлганда ҳам, бу қотиллик-ку, ахир.
– Демак, қурбон сен ҳаётингда ҳеч қачон кўрмаган ва кўрмайдиган одам бўлса ҳам, – ўжарлик қиларди Норма, – ўлганидан-да хабаринг бўлмаса ҳам, тугмани босмайсанми?

Артур ҳайрат тўла нигоҳини аёлига қадади.
– Тугмани босаман, демоқчимисан?
– Эллик минг доллар.
– Нима алоқаси бор ҳозир…
– Эллик минг доллар, Артур, – турмуш ўртоғининг гапини бўлди аёл. – Европага саёҳат ҳақидаги орзуларимиз пучлигича қолмаган бўларди.
– Норма, йўқ!
– Ўша уйни сотиб олишга қурбимиз етган бўларди…
– Норма, йўқ. – унинг рангги оқариб кетди. – Худо ҳаққи, бас қил.
Аёл киприкларини учирди.
– Билганинг қил.

Аёл турмуш ўртоғига қуймоқ ва бекон тайёрлаш учун одатдагидан вақтлироқ уйғонди.
– Қаердан қуёш чиқди? – табассум билан сўради Артур.
– Ҳеч қаердан, – хафа бўлди Норма. – Шунчаки.
– Ажойиб. Кўнглимни кўтардинг.

Стакан ичимликдан тўлди.
– Рафиқанг худбин эмаслигини исботламоқчи эдим, холос.
– Бирор марта юзинга солганмидим?
– Хўш, – қўлларини бемазмун силкитди, – масалан, кеча оқшом.

Артур жим қолди.
– Тугма ҳақидаги суҳбатимизни айтаётибман, – эслатгандай бўлди эрига. – Мени нотўғри тушундинг деган умиддаман.
– Қайси жиҳатдан? – эҳтиёткорона сўради.
– Олайлик, – аёл тағин қўлларини ҳавода силкита бошлади, – мен фақат ўзимни…
– Ҳа-а…
– Йўқ-йўқ, Европага саёҳат, орзуимиздаги уй ҳақида сўзлаганларим эсингдадир…
– Норма, нега бу сени безовта қиляпти?
– Мен, шунчаки, оиламиз, биз ҳақимизда, – овозида титроқ пайдо бўлди, – ўйлаб гапиргандим. Европа бўйлаб саёҳат уюштиришимизни, уй сотиб олишимизни, тузукроқ хонадонда яшашимизни, қимматбаҳо кийим-кечакларимиз бўлишини, қолаверса, фарзанд кўришимиз учун кенгроқ имкониятимиз бўлишини хоҳлагандим.
– Фарзандли бўламиз, албатта.
– Қачон?

Артур унга хавотир билан қаради.
– Норма…
– Қачон?
– Жиддий айтяпсанми? – у ҳайратланарди. – Гап оҳангингдан жиддийга ўхшайди…
– Мен бу қандайдир тадқиқот эканлигини билиб турибман! – гапни бўлди аёл. – Улар ўртамиёна оилалар бундай имкониятдан қандай фойдаланиши мумкинлигини ўрганишмоқда.

Кимнидир қурбон келтириш ҳақидаги сафсата ҳам реакциямизни ўрганиш учун баҳона. Ахир, улар кимнидир ўлдиришлари мумкин деб ўйламаяпсан-ку, тўғрими?!
Артур жавоб бермади; унинг қўллари титрарди. Бироздан сўнг у ўрнидан турди-да, жўнаб қолди.
Норма нигоҳини қаҳвага қадаганча стол узра қолди. Ишга кеч қолаётганлиги ҳақидаги хавотирни хаёлидан ўтказаркан, бежирим елкаларини қисди. Хўш, бунинг нима ёмон томони бор? Аслида, офисда бош қотирмасдан, уйида ўтириши керак…
Идиш-товоқларнинг сариштасини олар экан, бирдан тўхтади, пастки тортмадан пакетни олди. Норма қурилмани стол устига қўйиб, конвертдан калитни олди-да, қалпоқчани очди. Узоқ муддат тугмачадан кўзини узолмади. Жуда ғалати… ўзига хослиги нимада экан-а?
Бу ёғи қандоқ бўлди? Уни бир лаҳза даҳшат тўлқини қамраб олди.

Тўлқин кучи кўпга бормай сустлашди. Истеҳзоли кулги ўйнади Норманинг чеҳрасида. Бемаънигарчиликка бунчалик кўп эътибор беришнинг ўзи вақтни беҳудага сарфлашдир.
Қурилма ва қалпоқчанинг калитини олиб, чиқинди қутисига улоқтирди ва кийингани кетди.
Телефон жиринглаган маҳалда аёл кечки овқат учун гўшт қовуриш билан овора эди. Мартини билан тўлдирилган стаканни қўйиб, гўшакни олди.
– Алло?
– Люис хоним?
– Лаббай.
– Биз сизни “Легокс хилл” шифохонасидан безовта қиляпмиз.

Норма уйқу аралаш туш кўраётгандек тингларди. Гўшакда Артур поезд платформасига қулаб тушганлиги ҳақида айтиларди. Шунчаки, бахтсиз ҳодиса.
Гўшакни қўяркан, Артур ўз ҳаётини икки баравар товон эвазига йигирма беш минг долларга суғурта қилганлигини эслади…
Йўқ. Норма бир амаллаб ўрнидан турди-да, ошхонага кириб, чиқинди қутисидан қурилмани қўлига олди. На мих, на винт… Қандай ишлаб чиқилгани умуман номаълум.
Норма чаққонлик билан қурилмани лавабо четига қўйиб, ёғочига дарз кетгунча мушт туширди. Ичкарисида тайинлик ҳеч вақо кўринмасди, на транзисторлар, на симлар… Қути бўм-бўш эди.

Телефон жарангини эшитганда аёл чўчиб тушди. Қадамларини амаллаб одимлатиб, меҳмонхонага кирди ва гўшакни кўтарди.
Жаноб Стюартнинг овози эшитилди.

– Ким ўлганини билмаслигимни айтган эдингиз!
– Азизим Люис хоним, – деди жаноб Стюарт.

63Eshik ostiga tashlab ketilgan qog‘oz paketning ust qismiga qo‘lda manzil kiritilgandi: “Janob va xonim Lyuis, 217e, o‘ttiz yettinchi ko‘cha, Nyu-York, 10016.” Jo‘natmaning ichidan usti shisha qalpoq bilan qoplangan, yagona tugmachaga ega yog‘och quti chiqdi. Norma qalpoqchani ochishga urinib ko‘rdi, bo‘lmadi. Qutining pastki qismiga xat bitilgan qog‘oz mahkam yopishtirilgandi: “Janob Styuart 20:00 da tashrif buyuradi”.

Richard METISON
TUGMACHANI BOSING
FЕRUZSHOH tarjimasi


Eshik ostiga tashlab ketilgan qog‘oz paketning ust qismiga qo‘lda manzil kiritilgandi: “Janob va xonim Lyuis, 217e, o‘ttiz yettinchi ko‘cha, Nyu-York, 10016.” Jo‘natmaning ichidan usti shisha qalpoq bilan qoplangan, yagona tugmachaga ega yog‘och quti chiqdi. Norma qalpoqchani ochishga urinib ko‘rdi, bo‘lmadi. Qutining pastki qismiga xat bitilgan qog‘oz mahkam yopishtirilgandi: “Janob Styuart 20:00 da tashrif buyuradi”.

Norma maktubni o‘qib, stol chetiga qo‘ydi-da, jilmayib, salat tayyorlash uchun oshxonaga yo‘naldi.

Roppa-rosa soat 20:00da eshik qo‘ng‘irog‘i jiringladi.
– O‘zim ochaman! – dedi ovozini balandlatib Norma. Artur mehmonxonada o‘qib o‘tirardi.
Kalta bo‘yli odam turardi yo‘lakda.

– Lyuis xonim? – so‘radi u muloyimlik bilan. – Men janob Styuart bo‘laman.
– Ha, aytgancha… – Norma tabassum qilishga urindi. Bu savdogarlarning navbatdagi reklamasi ekanligiga hech qanday shubha qolmagandi.
– Kirishga ruxsat eting? – so‘radi janob Styuart.
– Hozir juda bandman. Aybga buyurmaysiz, ijozatingiz bilan qoldirib ketganingizni olib chiqsam…
– Bu nima ekanligini bilishni xohlamaysizmi?

Norma indamay ortga o‘girildi.
– Bu siz uchun manfaatli bo‘lishi mumkin…
– Pul jihatidanmi? – so‘radi u da’vogarlik bilan.
Janob javoban bosh irg‘adi.
– Aynan.
Norma qoshlarini chimirdi.
– Nima sotyapsiz o‘zi?
– Hech narsa sotish niyatida emasman, – javob berdi u.

Artur chiqib keldi mehmonxonadan.
– Qanaqadir tushunmovchilik emasmi?
Janob Styuart o‘zini tanishtirdi.
– Aha, anavi narsa… – Artur boshi bilan mehmonxonaga ishora qilib, jilmaydi. – Nima balo edi o‘zi bu?
– Shuni tushuntirishga harakat qilyapman, – javob qildi. – Kirishga ruxsat etarsiz?
Artur Normaga nazar tashladi.
– O‘zing bilasan, – dedi ayol.
U ikkilanib qoldi.
– Xo‘sh, nima derdim, marhamat, kiring.

Ular mehmonxonaga kirishdi. Janob Styuart oromkursiga joylashib, pidjagining ichki cho‘ntagidan kichik muhrlangan konvert chiqardi.
– Ichida qalpoqchani ochadigan kalit bor, – deb tushuntirdi u jurnallar turadigan stolga konvertni qo‘yarkan. – Tugma ishxonamizning qo‘ng‘iroq tizimiga ulangan.
– Nima uchun? – so‘radi Artur.
– Agar tugmachani bossangiz, – gap boshladi mehmon, – dunyoning qaysidir bir burchagida sizga notanish bo‘lgan odam vafot etadi va siz ellik ming dollarni qo‘lga kiritasiz.
Norma ko‘zlari kosasidan chiqqudek bo‘lib, mehmonga qaradi.
U esa tabassum qildi.
– Nimalar deb valdirayapsiz? – hayron bo‘lib so‘radi Artur.

Mehmonning nigohi hayratga to‘ldi.
– Hozirgina tushuntirib berdim-ku.
– Bu nima, hazilmi?
– Mutoyibaning nima aloqasi bor, axir? Bu mutlaqo jiddiy taklif.
–Kimning vakili bo‘lasiz? – so‘radi Norma.
Janob Styuart xijolat tortdi.
– Bu savolga javob bera olmayman deb qo‘rqaman. Biroq sizni ishontirib ayta olamanki, bizning tashkilot misli ko‘rilmagan qudratga ega.
– Menimcha, ketadigan vaqtingiz bo‘ldi, – dedi Artur o‘rnidan turib.

Janob Styuart o‘rnidan qo‘zg‘aldi.
– Iltimos.
– Tugmachangizni ham o‘zingiz bilan olvoling.
– Balki, bir-ikki kun o‘ylab ko‘rarsiz?
Artur quti va konvertni janob Styuartning qo‘liga tutqazdi-da, yo‘lakka o‘tib, chiqish eshigini ochdi.
– O‘zimning kartochkamni qoldiraman, – mehmon eshik yonidagi stol ustiga tashrif qog‘ozini qoldirib, jo‘nadi.

Artur uni ikki bo‘lib, uloqtirdi.
– Seningcha, bularning hammasi nimani anglatadi? – so‘radi Norma divandan qo‘zg‘almay.
– Menga baribir.
Ayol tabassum qilishga urinib ko‘rdi, bo‘lmadi.
– Zig‘ircha ham qiziqish uyg‘onmadimi?..
Artur tag‘in mutolaaga kirishdi. Norma esa oshxonaga o‘tib, idishlarini yuvishda davom etdi.

– Nega o‘zingni olib qochyapsan? – so‘radi ayol.
Artur tishlarini yuvishda davom etarkan, boshini ko‘tarib, ko‘zguda zavjasining aksini ko‘rdi.
– Bu senga qiziqarli bo‘lib tuyulmayaptimi?
– Yo‘q, aksincha, haqorat qilyapti.
– Tushunib turibman, lekin… – Norma sochlarini jingala qilib barmog‘iga o‘rashda davom etdi, – nimasi bilandir qiziqarli-ku, shunday emasmi?
– Bu, shunchaki hazil deb o‘ylaysanmi? – so‘roqlarini davom ettirdi ayol yotoqxonada.
– Hazil bo‘lsa, bu yog‘i zil.

Norma to‘shakka o‘tirib, shippagini yechdi.
– Balki, psixologlar qanaqadir izlanishlar olib borishayotgandir.
Artur yelka qisdi.
– Bo‘lishi mumkin.
– Bilishni xohlamaysanmi?
Erkak bosh chayqadi.
– Lekin nega?
– Chunki, bu axloqsizlik.
Ayol ko‘rpaga o‘randi. Artur chiroqni o‘chirib, uni o‘pish uchun egildi.
– Xayrli tun…
Norma uyquga ko‘zlarini yumarkan, ellik ming dollar haqida o‘ylashda davom etardi.

Norma ertalab uydan chiqib ketayotib stol ustida to‘zg‘ib yotgan tashrif qog‘ozining parchalariga e’tibor qaratdi va olib, hamyoniga solib qo‘yishni ma’qul topdi.
Tanaffus paytida yirtilgan parchalarni bir-biriga yopishtirdi. Kartada faqat janob Styuartning ism-sharifi va telefon raqami yozilgan edi.
Soat roppa-rosa beshga bong urganda u raqamlarni terib, sim qoqdi.
– Eshitaman, – janob Styuartning vazmin tovshi yangradi.

Norma go‘shakni ilib qo‘ymaslik uchun o‘zini qo‘lga oldi.
– Bu Lyuis xonim.
– Labbay, Lyuis xonim? – uning ovozidan mamnunligini uqib olish qiyin emasdi.
– Menda qiziqish uyg‘ondi.
– Tabiiy holat.
– Biror bir so‘zingizga ishonolmayman, albatta.
– Ammo, bu chin haqiqat.
– Nima bo‘lganda ham… – Norma yutundi. – Notanish odam o‘lishini aytganingizda nimani nazarda tutdingiz?
– Aytganlarimni, xolos. Qurbon istalgan kimsa bo‘lishi mumkin. Biz sizga bu inson haqida bilmasligingizdan kafolat berishimiz mumkin. Va, albatta, uning o‘limini tomosha qilishingiz shart emas.
– Ellik ming dollar evaziga?
– Mutlaqo to‘g‘ri.

Ayol masxaraomuz kuldi.
– Tushunarsiz mag‘zava…
– Shunga qaramay, bu bizning taklifimiz, – dedi janob Styuart. – Qurilmani eltaymi?
– Albatta, yo‘q! – Norma jahl bilan go‘shakni ilib qo‘ydi.

Paket tag‘in eshik yonida yotardi. Norma liftdan chiqishi bilanoq buni payqadi. Qanday beadablik! – deb o‘yladi u. Shunchaki unga qo‘limni tekkazmayman degan qarorga keldi-da, oshxonaga kirib, tushlik tayyorlashga kirishdi. So‘ng tashqariga chiqib, qog‘oz paketni oldi va oshxonaga qaytib, stol ustiga qo‘ydi.
Ayol mehmonxonada kokteyl ho‘plab, derazadan ko‘chani kuzatib o‘tirardi. Birozdan so‘ng kokletlarni ag‘darish uchun oshxonaga borarkan, paketni olib, shkafning pastki tortmasiga solib qo‘ydi. Ertalab, albatta, tashlab yuboradi.
– Balki, tillolarga cho‘milib yotgan qaysidir millioner vaqtini chog‘ o‘tkazish uchun uyushtirgandir, – dedi ayol.
Artur tushlikdan boshini ko‘tardi.
– Men seni tushunmayapman.
Ular jimlik saqlab, tamaddi qilisharkan, Norma kutilmaganda sanchqini qo‘ydi.
– Agar bu jiddiy bo‘lsa-chi?
– Xo‘sh, nima bo‘pti shunga? – dedi erkak va ishonqiramay yelka qisdi. – Nima, qurilmani qaytarib olib, tugmasini bosib, kimningdir hayotiga zomin bo‘lishni istaysanmi?

Norma jirkanish bilan unga qaradi.
– Shunday bo‘la qolsin…
– Bu, seningcha nima?
– Lekin, biz bu odamni hatto tanimaymiz ham.

Artur hayrat ichra qoldi.
– Jiddiy gapirayapsanmi?
– Xo‘sh, qurbon bizdan o‘n ming mil uzoqlikdagi keksa bir xitoylik dehqon bo‘lsa-chi? Kongodagi kasallanganlardan biri bo‘lsa-chi?
– Pensilvaniyadagi begunoh go‘dak bo‘lsa-chi? – e’troz bildirdi Artur. – Qo‘shni ko‘chadagi oyimqiz bo‘lsa-chi?
– Sen ataylab murakkablashtiryapsan.
– Kim o‘ldirilishining nima farqi bor? – davom etdi erkak. – Nima bo‘lganda ham, bu qotillik-ku, axir.
– Demak, qurbon sen hayotingda hech qachon ko‘rmagan va ko‘rmaydigan odam bo‘lsa ham, – o‘jarlik qilardi Norma, – o‘lganidan-da xabaring bo‘lmasa ham, tugmani bosmaysanmi?

Artur hayrat to‘la nigohini ayoliga qadadi.
– Tugmani bosaman, demoqchimisan?
– Ellik ming dollar.
– Nima aloqasi bor hozir…
– Ellik ming dollar, Artur, – turmush o‘rtog‘ining gapini bo‘ldi ayol. – Yevropaga sayohat haqidagi orzularimiz puchligicha qolmagan bo‘lardi.
– Norma, yo‘q!
– O‘sha uyni sotib olishga qurbimiz yetgan bo‘lardi…
– Norma, yo‘q. – uning ranggi oqarib ketdi. – Xudo haqqi, bas qil.
Ayol kipriklarini uchirdi.
– Bilganing qil.

Ayol turmush o‘rtog‘iga quymoq va bekon tayyorlash uchun odatdagidan vaqtliroq uyg‘ondi.
– Qayerdan quyosh chiqdi? – tabassum bilan so‘radi Artur.
– Hech qayerdan, – xafa bo‘ldi Norma. – Shunchaki.
– Ajoyib. Ko‘nglimni ko‘tarding.

Stakan ichimlikdan to‘ldi.
– Rafiqang xudbin emasligini isbotlamoqchi edim, xolos.
– Biror marta yuzinga solganmidim?
– Xo‘sh, – qo‘llarini bemazmun silkitdi, – masalan, kecha oqshom.

Artur jim qoldi.
– Tugma haqidagi suhbatimizni aytayotibman, – eslatganday bo‘ldi eriga. – Meni noto‘g‘ri tushunding degan umiddaman.
– Qaysi jihatdan? – ehtiyotkorona so‘radi.
– Olaylik, – ayol tag‘in qo‘llarini havoda silkita boshladi, – men faqat o‘zimni…
– Ha-a…
– Yo‘q-yo‘q, Yevropaga sayohat, orzuimizdagi uy haqida so‘zlaganlarim esingdadir…
– Norma, nega bu seni bezovta qilyapti?
– Men, shunchaki, oilamiz, biz haqimizda, – ovozida titroq paydo bo‘ldi, – o‘ylab gapirgandim. Yevropa bo‘ylab sayohat uyushtirishimizni, uy sotib olishimizni, tuzukroq xonadonda yashashimizni, qimmatbaho kiyim-kechaklarimiz bo‘lishini, qolaversa, farzand ko‘rishimiz uchun kengroq imkoniyatimiz bo‘lishini xohlagandim.
– Farzandli bo‘lamiz, albatta.
– Qachon?

Artur unga xavotir bilan qaradi.
– Norma…
– Qachon?
– Jiddiy aytyapsanmi? – u hayratlanardi. – Gap ohangingdan jiddiyga o‘xshaydi…
– Men bu qandaydir tadqiqot ekanligini bilib turibman! – gapni bo‘ldi ayol. – Ular o‘rtamiyona oilalar bunday imkoniyatdan qanday foydalanishi mumkinligini o‘rganishmoqda. Kimnidir qurbon keltirish haqidagi safsata ham reaksiyamizni o‘rganish uchun bahona. Axir, ular kimnidir o‘ldirishlari mumkin deb o‘ylamayapsan-ku, to‘g‘rimi?!
Artur javob bermadi; uning qo‘llari titrardi. Birozdan so‘ng u o‘rnidan turdi-da, jo‘nab qoldi.

Norma nigohini qahvaga qadagancha stol uzra qoldi. Ishga kech qolayotganligi haqidagi xavotirni xayolidan o‘tkazarkan, bejirim yelkalarini qisdi. Xo‘sh, buning nima yomon tomoni bor? Aslida, ofisda bosh qotirmasdan, uyida o‘tirishi kerak…
Idish-tovoqlarning sarishtasini olar ekan, birdan to‘xtadi, pastki tortmadan paketni oldi. Norma qurilmani stol ustiga qo‘yib, konvertdan kalitni oldi-da, qalpoqchani ochdi. Uzoq muddat tugmachadan ko‘zini uzolmadi. Juda g‘alati… o‘ziga xosligi nimada ekan-a?
Bu yog‘i qandoq bo‘ldi? Uni bir lahza dahshat to‘lqini qamrab oldi.
To‘lqin kuchi ko‘pga bormay sustlashdi. Istehzoli kulgi o‘ynadi Normaning chehrasida. Bema’nigarchilikka bunchalik ko‘p e’tibor berishning o‘zi vaqtni behudaga sarflashdir.
Qurilma va qalpoqchaning kalitini olib, chiqindi qutisiga uloqtirdi va kiyingani ketdi.

Telefon jiringlagan mahalda ayol kechki ovqat uchun go‘sht qovurish bilan ovora edi. Martini bilan to‘ldirilgan stakanni qo‘yib, go‘shakni oldi.
– Allo?
– Lyuis xonim?
– Labbay.
– Biz sizni “Legoks xill” shifoxonasidan bezovta qilyapmiz.

Norma uyqu aralash tush ko‘rayotgandek tinglardi. Go‘shakda Artur poyezd platformasiga qulab tushganligi haqida aytilardi. Shunchaki, baxtsiz hodisa.
Go‘shakni qo‘yarkan, Artur o‘z hayotini ikki baravar tovon evaziga yigirma besh ming dollarga sug‘urta qilganligini esladi…
Yo‘q. Norma bir amallab o‘rnidan turdi-da, oshxonaga kirib, chiqindi qutisidan qurilmani qo‘liga oldi. Na mix, na vint… Qanday ishlab chiqilgani umuman noma’lum.
Norma chaqqonlik bilan qurilmani lavabo chetiga qo‘yib, yog‘ochiga darz ketguncha musht tushirdi. Ichkarisida tayinlik hech vaqo ko‘rinmasdi, na tranzistorlar, na simlar… Quti bo‘m-bo‘sh edi.
Telefon jarangini eshitganda ayol cho‘chib tushdi. Qadamlarini amallab odimlatib, mehmonxonaga kirdi va go‘shakni ko‘tardi.

Janob Styuartning ovozi eshitildi.

– Kim o‘lganini bilmasligimni aytgan edingiz!
– Azizim Lyuis xonim, – dedi janob Styuart.

033

(Tashriflar: umumiy 6, bugungi 1)

Izoh qoldiring